OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиҚадаҳ (тўқилмаган ҳикоялар туркумидан)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/17
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қадаҳ (тўқилмаган ҳикоялар туркумидан)
Ўлмас Умарбеков

Болалигимда бувим айтиб берган бир афсона ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Умрим ўтиб қолди, аммо ярим аср бурун шу эшитган афсонам, бувимнинг товуши ҳамон қулоғим остида...

Бир саҳоба ҳар куни мактабга бориб, ўғлига битта олма бериб келар экан. Бир куни мактабга боришнинг ҳеч иложи бўлмабди. Нима қилишини билмай, йўлда турган экан, юпун кийинган бир одам олдидан ўтиб қолибди.

Саҳоба сўрабди:
— Мабодо мактабга кетмаяпсизми?
— Топдингиз, тақсир, мактабга кетаяпман, — дебди йўловчи.
— Ундай бўлса бир илтимосим бор... Мактабда ўғлим ўқийди. Мана шу олмани бериб қўйсангиз...
— Уни мен қандай танийман? — сўрабди йўловчи.
— Киришингиз билак кўзингиз тушади. Энг чиройли бола менинг ўғлим.

Йўловчи индамай саҳоба узатган катта, қип-қизил олмани олибди.

Саҳоба кечқурун уйига қайтса, ўғли йиғлаб ўтирган эмиш. Сабабини сўрабди.
— Нега бугун олма олиб бормадингиз мактабга?

Саҳоба уни алдашганини айтиб, ўғлини юпатибди. Эртасига ўша одамни койибди.
— Сиз, мени, ўғлимни хафа қилдингиз. Нега олмани унга бермадингиз?
— Кечирасиз, — дебди йўловчи. — Мен сизни ҳам, ўғлингизни ҳам хафа қилишни ўйлаганим йўқ. Сиз, менга энг чиройли болага олмани беринг, дедингиз. Менинг кўзимга ўз ўғлимдан чиройлироқ бола кўрингани йўқ. Шунинг учун олмани унга бердим.

Саҳоба ҳеч нарса деёлмабди.

Мен ҳеч қайси халқ, ҳеч қайси миллатни камситмоқчи эмасман. Лекин менинг учун менинг халқимдан чиройли, сабр-тоқатли, бағри кенг, кўли очиқ халқ йўқ.

Бир воқеани айтиб бермоқчиман. Воқеанинг тўқима эмаслигига, ҳар бир сўзимнинг ҳақлигига гувоҳим бор. Бу гувоҳ дўстим, улкан ёзувчи Шукур Холмирзаев.

Тахминан ўттиз йилча бурун мени Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасига чақиришди.
— Ука, анча-мунча ҳикоялар ёзиб қўйдингиз, — деди уюшма раҳбарларидан бири. — Пойтахтда чиқаришга қарор қилдик. Зудлик билан йиғиштириб олиб келинг. Яхши сўзма-сўз таржима қиладиганларга уюшма ҳисобидан ҳақ тўлаймиз, кейин хат билан жўнатамиз!

Ҳикояларни тўплаб олиб бордим. Сўзма-сўз таржима ҳам қилинди. Гапнинг қисқаси, ўша йили Ёзувчилар уюшмасининг бош раҳбари атоқли ёзувчимиз Комил Яшин илтимос хати билан ҳикояларим ўша ерга жўнатилди.

Уч-тўрт ҳафта ҳаяжонланиб юрдим. Пойтахт нашриётидагилар ҳикояларни олишлари билан ўқиб чиқадилар. Дарҳол менга шартнома лойиҳасини юборадилар. Қарабсизки, яқиндагина адабиётга кириб келган одамнинг уч юз саҳифали китоби рус тилида чиқиб турибди! Аммо, уч-тўрт ҳафта эмас, йил ўтиб кетди. Жавоб келмади. Русча чиқадиган китобдан совиб кетдим, унутиб ҳам юбордим.

Орадан яна анча вақт ўтди. Эсимда йўқ, бир куни ишдан келсам, хотиним почта қоғозини кўрсатди.

Бандерол. Китоблар бўлса керак. Ёзувчилар дўконига илтимосларимизни юборган эдик. Почтахонага бордим. Бандерол анча оғир эди. Сезиб турибман, қоғозликка қоғоз-ку, лекин китоб эмас.

Eр-хотин очдик. Пойтахтдан келган бандерол — ҳикояларим эди. Ичида нашриётнинг хати билан иккита, ҳар бири беш-олти қоғоздан иборат тақриз ҳам бор. Аввал нашриётнинг хатини ўқиб чиқдим: Ҳикояларингиз, тақризларни юборяпмиз. Нашриёт бундай ҳикояларни чоп этолмайди. Хатнинг мазмуни тахминан шундай эди. Кейин тақризларни ўқиб чиқдим. Уларда ҳикоялар ҳаёт ҳақиқатидан йироқ, бундай воқеалар бўлиши мумкин эмас, дейилган эди. Адашмасам, тақризларни биттаси Тошкентдан жўнатилган эди.

Eр-хотин бироз хафа бўлдик, жаҳлимиз чиқди. Лекин нашриёт билан баҳслашишни ўзимизга эп кўрмадик. Бунинг устига худди шу пайтда марказий газета ва журналларда ҳикояларимнинг баъзилари босиладиган, ҳатто босилиб ҳам турган эди.

Ёз кунларининг бирида ўша, Марказда ҳикояларимни китоб қилиб чиқариш ташаббускори бўлган акамиз уюшмада мени кўриб қолиб севиниб кетди.
— Ука, жуда яхши бўлди сизни кўрганим. Машинангиз бор-а? Ишхонангиздан рухсат олиб бераман. Марказдан бир редактор келган. Таржимонлик ҳам қилади. Шуни икки кун айлантириб келмайсизми? Илтимос сиздан!

Мен Шукур Холмирзаевга қарадим. Бирга эдик. Шукур ихтиёр ўзингизда, дегандек елкаларини сезилар-сезилмас кўтариб қўйди.
— Майли, — дедим мен. — Меҳмон қаерда?
— Меҳмонни ҳозир пастга туширамиз. Менинг хонамда ўтирибди.

Кўп ўтмай уйларимизга хабар қилиб, меҳмонни олдик-да, довон орқали Фарғона водийсига қараб йўл олдик.

Мўлжалимиз бўйича кечқурун тўққизларда Қўқондан Фарғонага ўтиш, меҳмонхонада тунаб, эртаси кун бўйи водийни айланиш ва кечки салқин билан Тошкентга қайтиш эди. Меҳмон ҳам режамизни маъқуллади. У биз тенги йигит эди. Катта-катта ёзувчиларга ўрганиб қолган бўлса керак, уюшмамиз раҳбари бизни таништирганда, анчагина совуқ кўришди. «Куним сенларга қолдими?» дегандек тутди ўзини. Машинанинг орқасига ўтириб олиб, худди ҳар куни Фарғонага бориб келадиган одамдек кўзларини юмиб ухлаб ҳам олди. Тағин қизиқ одати бор экан, ҳеч нарса билан қизиқмайди, сўрасангизгина жавоб беради.

Бу одати Шукур билан бизни мутлақо ранжитгани йўқ. Иккаламиз маза қилиб гаплашиб кетдик.

Тошкентдан жўнаётганимизда меҳмон биздан жиндек ранжиб ҳам олди.

Танишиб бўлганимиз, қаёққа боришимизни гаплашиб олганимиздан кейин, машинага таклиф қилдим. Меҳмон ҳеч иккиланмай олдинги эшикни очиб, ўтира бошлади. Бу жойда ҳар доим, ҳозир ҳам уёқ-бу ёққа борадиган бўлса, Шукур ўтиради. Орқа ўриндиққа ўтириб қалин сочлари тўзғишини ва ҳамманинг олдида тарашни, умуман тароқ тутишни у ёмон кўради. Сезиб қолдим, жаҳли чиқиб, қошлари бир пастда чимирилиб кетаяпти. Лекин-гапиришга улгурмади.
— Илтимос, Сиз орқага ўтиринг, — дедим меҳмонга. Кейин ҳафа қилмаслик учун қўшиб қўйдим, — йўл-йўлакай биз маршрутни, йўлларни маслаҳатлашиб кетамиз.

Шукур тинчиб, ёнимга ўтирди.

Довонга кўтарилмасдан Тангатопди қишлоғига кираверишда, шундай сувнинг бўйида шинамгина чойхона бор. Шу ерга етиб борганимизда, Шукур иккаламиз беихтиёр бир-биримизга қарадик. Тушдик. Кабобпаз зира хиди анқиб турган қўй гўштини сихларга тортаётган экан. Чойхоначи йигит бизни салқин бир жойга ўтказиб битта кўк, битта памил чой келтирди. Тандирдан янги узилган иккита баркашдек-баркашдек жойдари нон қўйиб кетди.

Кабобпаз кабобларни кўра устига териб олдимизга келди:
— Озгина аччиқ-чучук ҳам қилиб ҳам берайми?

Minnatdor boʻldik. Achchiq-chuchuk bor joyda, ozgina boʻlsa ham ichiladi. Mashinaga bir-ikkita shisha solib olgan edik, bittasini keltirib, vodoprovod ostiga qoʻyib qoʻydim.

— Умарбеков! Бу қандай бўлар экан? — деди Шукур жиддий оҳангда. — Сиз ичмайсиз, рулдасиз. Бу одамни мен биринчи марта кўришим. Индамай у билан ичавераманми? Кейин нима бўлади?
— Фарғона тонг отгунча бўлади, — дедим мен ҳазиллашиб, кейин унга ўхшаб жиддий оҳангда қўшиб қўйдим. — Агар меҳмон ичмаса, сиз ҳам ичмайсиз-да. Шу ҳам ташвишми?
— Бу гапингиз ҳам маъқул. — деди Шукур. — Лекин фаҳмлашимча, яхшилаб таклиф қилинса, рад этмайди.

Мен кулиб юбордим. Кулгининг боисини меҳмонга тушунтирдим. Биринчи марта унинг чеҳраси ёришганини шунда кўрдик.

Аччиқ-чучук, барра кабоб, муздек ароқ, иссиқ нон, булоқ суви... Бунинг устига ғир-ғир эсиб турган тоғ шамоли... Анча қолиб кетдик чойхонада. Мўлжал бузилди. Маршрутни ўзгартиришга тўғри келди. Кечаси соат ўн иккиларда Катта Фарғона каналининг Куйганёрдаги бўлимига кириб бордик.

Бўлим бошлиғи Нўъмонжон деган ажойиб йигит эди. Саид Аҳмад ака таништирган. У билан сўрашдик. Кимдир мототсиклда келиб биз билан кўришди-да, орқамда юринглар, деб мототсиклига ўтирди. Кўп юрганимиз йўқ. Икки кўча айланиб, Усмон Юсупов музейи ва шу ердаги кичкина меҳмонхонага кириб бордик.

Кўп ўтмай, Нўъмонжоннинг ўзи етиб келди. Қучоқлашиб кўришдик. Шукурни, меҳмонни таништирдим.

Меҳмонхонага кўтарилдик. Аччиқ чой, кетидан катта бир лаганда ош келди.
— Қани олиб турайлик, — деди Нўъмонжон ва ўзи биринчи ошга қўл узатиб бошлаб берди. — Ростини айтинглар. Уйқу босаяптими, йўқми?
— Нима эди? — сўрадим тушунмай.
— Балиқ овласак нима дейсизлар? Тунги балиқ овининг зап гашти бўлади-да!

Мен меҳмонимизга айтувдим, хурсанд бўлиб кетди.

Ўрнимиздан турганимиздан тўғоннинг бир тарафидаги сув чиқарилиб тизза бўйи қолган эди. Фонарлар, ой нурида кумушдек товланиб, ўзини ҳар ёққа ташлаётган балиқларни қўл билан тутса бўларди. Шундай қилдик. Тутганимизни челакка солиб узатамиз, зум ўтмай, қовуриб келишади... Яна тутамиз. Хуллас, оёқлар музлагунча ов қилдик.
— Мен биринчи марта қўл билан балиқ тутишим! — деди меҳмон. — Айтиб берсам, ўлай агар, ишонишмайди!

Нўъмонжон кулиб қўйди. Ўша куни у бизни хурсанд қиладиган яна бир иш қилиб қўйган экан. Буни эрталаб билдик. Меҳмонхонанинг катта даҳлизига дастурхон ёзиб, бизни таклиф қилишди. Боғда бурнининг учларигача шарбат босиб шафтоли, узум, еб юрган меҳмонни етаклаб, кўтарилдик.

Даҳлизда Нўъмонжон билан бирга фарғоналик ҳамкасб дўстларимиз Охунжон Ҳакимов, Йўлдошали Сулаймонов туришарди. Пешинда Қуйганёрдаги машҳур, Охунбобоев, Усмон Юсупов, Юсуфжон Қизиқлар табаррук қилиб кетган Қорадарё устидаги чойхонада девзира палов еб, Фарғонага жўнадик.
— Тўғри Адҳам аканикига борамиз. Сизларни кутиб ўтирибдилар, — деди Йўлдошали.

Турган-битгани афсона, латифа, ҳазилдан иборат бўлган, оғзаки том-том китоблар ёзиб ташлаган атоқли ёзувчи, уруш қаҳрамони, водийнинг эрка фарзанди Адҳам Ҳамдам билан кўришмасдан бўлмасди. Аввало у хафа бўларди. Кейин у билан бир дақиқа бўлишни фақатгина биз эмас, кўпгина қалам ахли қувонч деб биларди.

Адҳам ака ҳазул-ҳузул гаплар билан бизни кутиб олди. Бирпас Фарғона раҳбарлари ҳақида шўх, кулгули, аммо ҳеч кимни ҳақорат қилмайдиган латифалардан айтиб берди.

Келинойимиз ярим коса-ярим косадан серқатиқ мастава олиб келди.

Кейин иккита машинага ўтириб, баланд кумушбарг тераклар соясидаги текис кўчалардан юриб, озода, одамнинг баҳрини очадиган шаҳарни айландик. Адҳам ака меҳмонни тарихий ўлка музейига олиб кириб чиқди. Соат бешларда педагогика институтида бордик. Зал тўла одам эди. Бизни пича кутиб қолишибди. Шу сабабли ректорнинг кабинетига кирмай, учрашувни бошлаб юбордик. Охунжон ҳаммамизни, шу жумладан меҳмонимизни ҳам таништириб чиқди. Савол-жавоб, режалар ҳақида гапириб қоронғи тушганини билмай қолдик. Адҳам ака аралашмаса, учрашув тонготаргача чўзилиши мумкин эди. У киши жиддий ишларни баҳона қилиб, кечани тугатди. Ректорнинг кабинетида чой ичдик. Ҳаммамизнинг елкамизга тўн ташланди.

Меҳмон елкасидаги банорас тўнга ҳавас билан қараб, мендан сўради.
— Пулини кимга бериш керак?
— Шукурга, — дедим мен. — Унинг закази билан олиб келишган, ёқдими?
— Жуда ҳам, — деди меҳмон. — Яна битта сотиб олсам бўладими?
— Бўлади, — дедим мен.

Фарғоналик ҳамкасбларимиз билан теракзор такъяда ўтирганмизда Шукур ёнимга келди.
— Умарбеков, бу тўн неча сўм тураркан, билмайсизми?
— Нима эди?
— Меҳмонимиз қизиқаяпти.
— Адҳам акадан сўраб кўринг.
— Ҳафа бўладилар. Совғанинг ҳам баҳосини суриштирасанми, деб, койийдилар.
— Меҳмонга худди шундай тушунтиринг. Афтидан мен ножўя ҳазил қилдим. Энди яхшилаб ростини тушунтириш керак.

Шукур кулиб юборди.

Ярим кечада меҳмон мени уйғоқ ўтирганимни кўриб ёнимга келди.
— Бугунги учрашув планлаштирилганмиди?
— Йўқ. Эскпромт.

Меҳмон индамади. У нималарнидир ўйлар, мулоҳаза қилар, аммо айтишга ийманарди.
— Ёзувчиларни яхши кўришар экан.
— Ҳа, бизда адабиётни, санъатни севишади, — дедим мен.

Eрталаб нонуштадан сўнг, уч-тўрт машина бўлиб, Шоҳимардонга кетдик.

У ердан қоронғида қайтиб Қўқонда тунадик.

Меҳмонимиз шу кунлар ичида сезиларли ўзгариб кетди. Аввало офтоб тегиб, юзлари, қўллари қорайди. Озгина тўлишди ҳам. Лекин гап бунда эмас, гап унинг бирдан афсона ичига тушиб қолганлигида ва бу ҳолатни яширмаётганида эди. Биз, Шукур иккаламиз унга маъқул келиб қолдик, нима уни қизиқтирса, хайратга солса, энг яқин дўстларидек бизга мурожаат қилар, билиб олар, уччаламиз қолганимизда ўзининг, онасининг ҳаётидан баъзи, ўзи учун қизиқ туйилган воқеаларни айтиб берарди. Ёлғиз ўғил экан. Шеъриятга қизиқиб, адабиётчи бўлибди. Аммо ундан шоир чиқмабди. Яшаш керак, касалманд онани боқиш керак. Нашриётга шунинг учун ишга кирибди. Ҳали ёшлигини, шоир бўлиб кетиши мумкинлигини айтиб, биз уни юпатдик.

Хуллас, икки кунга йўлга чиққан одамлар, тўрт кун водийда қолиб кетдик.

Тушликда яна Қўқон такъяларидан бирида ош еб йўлга тушдик. Йўлдошали бизнинг машинамизда Пунгангача борди. Шу ерда у билан хайрлашдик. Яна бир марта ҳаммага салом ва миннатдорчилик билдириб, қўйишни меҳмонимиз биздан олдин илтимос қилди. Йўлга тушдик. Ниятимиз кечки салқинда Тошкентга кириб келиш, бизникида овқатланиб, тарқалиш эди.

Довонга етганимизда меҳмон елкамга қўлини қўйди.
— Бирон салқинроқ жойда тўхтасак бўладими?
— Марҳамат, — дедим мен.
— Йўлдошали, Адҳам акалар машина орқасига нималарнидир қўйишди. Афтидан ичадиган нарсалар ҳам бўлса керак?
— Бор, — деди Шукур. — Ҳали ўзимиз Тошкентдан олганларимиз ҳам турибди.
— Мен ичмоқчиман. — деди меҳмон.

Меҳмон амри вожиб. Чодакдан ўтгандан сўнг, йўлнинг чап томони салқин эди. Тузукроқ жой қидириб ўтирмасдан машинани тўхтатмоқчи бўлдим, меҳмон кўнмади.
— Кабоб еган жойдек жой бўлса яхши бўларди.
— Сиздан шоир чиқишига шубҳа йўқ, — деди Шукур. — Мен ҳам чиройлироқ жойда тўхтасак дейман. Сиз-чи, Умарбеков?
— Кемага тушганнинг жони бир.

Довондан тушаверишдаги булоқ бошида тўхтадик. Шу ерда чойхона бор эди. Лекин чойхонадан идиш-товоқдан бўлак нарса олишга тўғри келмади. Ҳамма нарсани Фарғоналик дўстларимиз иккита тугун қилиб, машина орқасига жойлаб қўйишган экан. Яхна гўшт, мева, ичимликлар, катта сопол товоқда полов ош, нон...

Шунга қармай, чойхоначи амаки таомил деб, иссиқ нон, қанд-қурс келтириб қўйди.

Меҳмон сабрсизлик билан идишларга ичкилик қуйилишини кутарди. Ниҳоят ҳамма тайёргарлик кўриб бўлингач, Шукур пиёлаларга тўлатиб ароқ қуйди.
— Мана, меҳмон, олинг.
— Менинг гапим бор, — деди меҳмон. — Илтимос қиламан, эшитинглар. Мен Тошкентга келиб сизлар билан учрашишимни билганим йўқ эди. Аммо учрашганимдан хурсандман. Энди хурсандман. Шукур, сизнинг олдингизда мен Ўлмасдан кечирим сўрашим керак. Унинг ҳикояларини мен қайтариб юборганман. Ичида тақризлар ҳам бор эди. Нашриётнинг хати ҳам бор эди. Ўлмас, олганмисиз?
— Ҳа, — дедим мен.
— Ўқиганмисиз ҳаммасини?
— Ўқиганман.
— Мендан хафа бўлсангиз арзийди, Нашриётнинг хати ҳам, уюштирилган иккала тақриз ҳам ҳикояларингизга, энг муҳими, халқингизга туҳмат. Сиз, ўзбек ёзувчилари шундай кўнгли очиқ, камтар, ёзувчига ҳурмати баланд халқингиз билан фахрлансангиз арзийди. Ўлмас, ҳикояларингиз, қаҳрамонларингизга ишончсизлик билдириб биз гуноҳ қилдик. Мен гуноҳ қилдим. Қўлёзмаларингизни олиб кетаман. Китобингизни чоп этишни талаб қиламан. Биз Тошкентдан борган бир тақризга қаттиқ ишониб юбордик. Мени кечиринг. Шу қадаҳ ўзбек халқи учун, Ўлмас, Шукур сиз бахтли ёзувчиларнинг қаҳрамонлари учун ичаман!

Мўлжалимиз қайтишда ҳам бузилди. Довонда узоқ қолиб кетиб, Тошкентга ярим кечаси кириб келдик.

Бу воқеани мен ҳикояларимни мақташ учун гапириб бераётганим йўқ. Сиз ҳам, ҳурматли ўқувчи, мен ҳам, бир нарсага севинишимиз керак.

Ажойиб халқимиз бор. Унинг ақл-идроки, қадоқ қўллари билан ҳозирги қийинчиликлардан эсон-омон чиқиб кетамиз, ҳар бир хонадонда «очил дастурхон»лар пайдо бўлади, танишми, нотанишми, ҳамма меҳмонларни иззат-икром билан кутиб оламиз. Эшик олдидаги одамга: «Ким керак эди сизга?» демай, «Қани, ичкарига киринг», деган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

Халқим! Олис, машаққатли йўлинг бехатар бўлсин! Омад ва бахт ҳамиша сенга ёр бўлсин!

1994, май