OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиҚиёмат қарз (драма)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Театр ва драматургия
Шакл
   - Фожиалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм161KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/21
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Икки парда, ўн бир кўринишли драма


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қиёмат қарз (драма)
Ўлмас Умарбеков

Асосий Иштирок Этувчилар:

Сўлаймон ота — чўпон, 70-75 ёшларда.
Ғулом ака — уруш инвалиди, чойхоначи, 68-70 ёшларда.
Зеби хола — Сўлаймон отанинг хотини, 45-50 ёшларда.
Назаров — врач, 45-50 ёшларда.
Содиқ — аспирант, 30 ёшларда.
Анвара — 30 ёшларда.
Мамарасул — ферма мудири, 35-40 ёшларда.
Зарифа — Содиқнинг хотини, 22-25 ёшларда.
Зарифанинг ота-онаси, купедаги йигитлар, Галинанинг қишлоғидаги аёллар, қурувчи йигитлар, сельсовет раиси, Сўлаймон ота колхозидаги правление аъзолари ва бошқалар.

Биринчи Парда

Биринчи Кўриниш

Колхоз раисининг кабинети. Ҳамма правление аъзолари йиғилган. Сўлаймон ота ҳам шу ерда. Бир чеккада дўпписини ўйнаб ўтирибди. Раиснинг қўлида қандайдир қоғоз. Ҳамманинг кўзи унда. Ниҳоят раис бошини кўтаради.

Раис. Ўртоқлар, правление номига правление аъзоси, колхоз ферма мудири ва саккизта ферма ходимидан ариза тушган. Ўқиб бераман. (Ўқий бошлайди.) «Биз «Ғалаба» колхозининг чорвачилик фермаси ходимлари, яъни ферма мудири Мамарасул Иноғомов, сут соғувчилар Ойша Соттиева, Аълобуш Иноғомова, чўпонлар Бердивой Омонов, Мирҳолиқ Мирҳайдаров ва бошқалар — ҳаммаси бўлиб саккиз киши — ушбу аризани ёздик шул мазмундаким, кейинги йилларда колхозимизда чорвачилик ишлари оқсаб қолди. Сут камайиб, суюлиб кетди. Соғин сиғирларнинг кўпи... (Раис хатни ўқишдан тўхтайди ва аланглаб кимнидир қидиради.) Мамарасул Иноғомович? (Эшик ёнида дўпписини чангаллаб ўтирган лўппи юзли йигит бошини кўтаради.)

Мамарасул. Лаббай!

Раис. Сиғирмас сигир!.. Сиғирнинг нималигини аёллар чиқиб кетганда айтаман.

Мамарасул. Нервничит қилиб ёздикда, кечирасиз.

Раис. Асаб бузилса шунақа, тилдан уради. Хўп... (Ўқий бошлайди.) Сут камайиб, суюлиб кетди. Соғин сиғир... сигирларнинг кўпи таппа сутдан қолиб, кўпик қайтариб ётибди.

Сўлаймон ота. Мамарасул! Хафа бўлмагин-у, ука, айб сенда, мол боқишни билиш керак. Сиғир дейсанми, майли нима десанг дегин-у, лекин мол боқишни билиш керак. Мол жонивор бамисоли тили чиқмаган бола. Минг марта айтдим сенга — атрофида гирдикапалак бўлмасанг бўлмайди деб. Гирдикапалак бўлсанг, емидан, сувидан хабар олиб турсанг, мана ман деб елинини ўзи тутиб туради.(Мамарасул бошини қуйи солади. Раис аризани ўқишда давом этади.)

Раис. Яқин замонда думини дўнг қилиб... (Мамарасулга) Бу нима деганингиз?

Мамарасул. Думини диккайтирибда!..

Раис. ...думини дўнг қилиб, шаталоқ отиб юрган буқачалар мункайиб қолди. Кўзларида ёш. Ёзувчи бўлиб кетинг-ге, Мамарасул!

Мамарасул. Ҳа энди, ростида.

Раис. Куйиккан сиғирлар... яна сиғирлар, куйиккан сигирлар кўпайиб, молхона алғов-далғов бўлиб кетди. Негаки, бир тоннаю юз кило келадиган Олабуқа озиб, чопмайдиган бўлиб қолди. Салга ҳансираб, кўпик ташлайди. Ишонмасаларинг текшириб кўринглар. Масалан, куни кеча Эстониядан келтирилган тарғил, сиғирга сакрайман деганда, оёғи чалиниб кетиб (албатта мадорсизликдан), шалоп этиб семон полга йиқилди. Натижада бир шохи синди. Ҳаммангизга маълум, шу Олабуқа, яъни шу зотли жонивор районда, наинки районда, областда ҳам биринчилар қаторида бўлиб, бир неча марта медаль олган эди. Ҳозир эса ўзининг асосий ишига ярамай қолди.

0воз. Шуни ёзмасангиз бўларди. Мамарасул ука...

Мамарасул. Менам ёзмайлик девдим. Ойша хола оёғини тираб туриб олди. Уч кундан бери ғунажини куйикиб ётибди. Буқа йўқ. Бугун Қумариққа етаклаб кетди.

Раис. Қўйчиликда ҳам аҳвол яхши эмас. Колхоз атрофида ўт қолмади. Ҳамма қўйларни қирга ҳайдадик. Қирда қурғоқчилик. Ўт кам. Бўрдоқиларнинг думбалари киртайиб қолди. Сотгани одам уялади. Бу ҳакда бир неча марта колхоз раиси ўртоқ Абдулла ака Исмоиловга айтилди. Лекин ҳеч қандай чора кўрилмади. Бизнинг қатъий фикримизча биринчи ва асосий чора шуки, қишлоғимизнинг оқсоқоли Сўлаймон отадан қўйларни тортиб олиш керак.

Сўлаймон ота. Ия, Мамарасул?! Сени нима жин урди, ука?

Раис. Сўлаймон ота, сиз тинчланинг. Аризани охиригача ўқиб бўлай, кейин гапирасиз. (Аризани ўқишда давом этади.) Колхоз қўйлари озиб, чўп бўлиб турганда бу кишининг думбаларига, яъни қўйларининг думбаларига тиргович қўйиб юришлари — колхоз уставига хилоф. Уставда ҳар бир колхозчи оиласи билан ўнтагача шахсий қўйга эга бўлиши мумкин дейилган. Сўлаймон отада тўрт юздан ошиб кетди. Шул масалани тезда ҳал қилиб, колхоз чорвачилигини юксалтиришга ёрдам беришингизни сўраймиз. Яна бир гап. Куни кеча, яъни шанба куни кечаси, соат бирларда иккинчи бригаданинг майдонида беда ғарамидан бир эшак арава беда ўғирланган. Бу беда ишончли хабарларга қараганда, Сўлаймон отанинг қўрасига тушган. Бу масала ҳам текширилиб, айбдор жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз...»

Сўлаймон ота. Чинданам, Мамарасул, жинни бўп қопсан!

Раис. Сўлаймон ота!

Сўлаймон ота (унга парво қилмай). Беда қўрамга тушгани рост. Ҳайдаралининг ўзи обкеб берди. Сени жин урмаса, мени ўғрига чиқарасанми. Вой эсипасе?

Раис. Сўлаймон ота! Агар жим бўлмасангиз, масалани сизсиз ҳал қиламиз. Ўтиринг!

Сўлаймон ота. Аҳмоқ... (Ўтиради.)

Раис. Хўш, нима дейсизлар?

1-овоз. Аҳвол чатоқ экан, билмаган эканмизда...

2-овоз. Менда битта савол бор. Мамарасулга. Мумкинми?

Раис. Марҳамат.

2-овоз. Бир шохи синган ҳалиги...

Мамарасул. Олабуқа.

2-овоз. Ҳа, ўша Олабуқа, нима энди бутунлай ишдан чиқдими? Бунчалик эмасдир? Бизнинг бир сигиримиз бўларди. Жуда сузонғич. Шуни иккала шохи синиб қолди далада. Сузишгандирда. Шохсиз ҳам сут беравурди бинойидек. Мен мол дўхтирмасман, ўқитувчиман. Лекин бир шохи синса ҳам ҳалиги Олабуқа ўз ишини қилаверар дейман?

Мамарасул. Билмадим, ҳозирча касал. Тузалгандан кейин текширамиз. Ўртоқлар, гап ҳозир буқада эмас. Асосий масалани ҳал қилиб беринглар. Жудаям қийналиб кетдим.

3-овоз. Сўлаймон отадан қўйларни тортиб олиб бўлмайди.

Мамарасул. Нега? Ким бўптики у одам, ҳаммамиз қўрқамиз?

3-овоз. Уят сенга, Мамарасул, бундай дейиш. Сўлаймон отаниг кимлигини колхозда ҳамма билади. Қишлоқнинг отаси у. Маслаҳатгўйи. Бирон маърака усиз ўтмайди. Кейин бутун умри колхозда ўтяпти. Сен ҳали онангни қорнида эдинг у колхоз тузаётганда.

Сўлаймон ота. Онасиям аҳмоқ уни туққан...

Мамарасул. Сўлаймон ота! Мени ҳақорат қилсангиз майли, онамга тил тегизманг... Милицияга айтсам, нақ хулиган деб ўн беш суткага қамайди.

Сўлаймон ота. Ана! Ана! Айтмовдимми аҳмоқсан деб. Бўлмаса шундай дейсанми! Ҳой! Мени қамайдиган мелиса ҳали онасидан туғилганамас!

Раис. Сўлаймон ота! Мамарасул! Мажлисдамисизлар ўзи ё от бозордами? (Мамарасулга). Мақсадга кўчинг.

Мамарасул. Мақсадга кўчсам... Қўйларни Сўлаймон отадан тортиб олиш керак. Сотсин. Колхоз қўйларига қўшиб юборамиз. У ҳам тинч, биз ҳам. Қариганида қир ошиб юрмасин. Яқин атрофда биронта мол ўтлайдиган жой қолмади унинг дастидан. Ҳар баҳор шу. Ўзининг қўйлари бўлса ҳам майли эди. Еттиёт бегона одамники! Тағин у борми, йўқми, ҳеч ким билмайди.

1-овоз. Аммо-лекин бир ҳисобда бобойга қойил қолиш керак. Иккита қўйни тўрт юзга чиқарибдими офарин! Қани энди колхознинг чорваси шунақа кўпайса? Тағин ўқимаган одама?

Мамарасул. Нима демоқчисиз шу билан? Ўқиган бўлсанг ҳам ҳайф сенга демоқчимисиз?

1-овоз. Ҳў, ука! Ўзингни бос. Ҳали унга келганим йўқ.

Мамарасул. Ўғринча мол боқишни мен ҳам биламан. Лекин қаердан ўғирлайман! Бир чўнтагимдан ўғирлаб иккинчисига соламанми?! Колхоз уставида...

2-овоз. Мунча устав дейсан? Беустав ўттиз йилдан бери битта ҳам қўйни хато қилмай боқиб келяптими — Сўлаймон отага раҳмат! Ундан ўрганиш керак. Ўғринча боқиб нима қилибди? Ҳалиги аризангдаги бир арава бедами?

Мамарасул. Кунжараям. Ўзим берганман.

2-овоз. Ана! Беданиям бригадирнинг ўзи олиб келиб берган. Сўлаймон отага ким йўқ дея олади? Ҳеч ким! Лекин раис, Мамарасулнинг аризасида жон бор. Колхозда иккита ферма бўлиб қолди. Биттаси колхозники. Биттаси Сўлаймон отаники. Қаердан қўйнинг сутини топиш мумкин? Сўлаймон отаникидан, қаерда қўй сутидан карт думбадек қатиқ қилинади? Сўлаймон отаникида. Райондан келиб олиб кетишади. Қўйлар ҳам ўзи ҳавасга боқилган қўйлар. Ҳаммасининг бўйнида қизил лента, қўнғироқ. Жинғир-жинғир... Чет элдан келган меҳмонларга шу қўйларни кўрсатдим икки марта колхозники деб. Қойил қолиб кетишди.

Мамарасул. Ўзимизникилар ҳам ёмон эмас. Жуда мунақа оширманг, Сувонқул ака! Кўнгил ўксир экан.

1-овоз. Кўнглинг ўксиса нима қилардинг бунақа ариза ёзиб? Ваҳм босиб кетдику юракни!

Мамарасул. Ҳа энди, тезроқ ҳал қилинглар, дедикда.

Раис. Хўп! Масала равшан. Кимда ким Сўлаймон отанинг қўйлари колхозга ўтказилсин деса, қўл кўтарсин. (Мамарасул, кейин бошқалар қўл кўтаришади. Битта Сувонкул ака кўтармайди.) Сувонқул ака, нима, сиз қаршимисиз?

Сувонқул. Бетарафман. Бордию, ўша иккита қўйини ташлаб кетган йигит урушдан омон қайтган бўлса, айланиб келиб қолса, Сўлаймон отанинг юзига қандай қараймиз? Ахир, йигирма йил, йигирма беш йил деганда уйига кириб келганлар бўлдику?!

Ҳамма жимиб қолди.

Сўлаймон ота. Ҳа, балли. Ичларингда битта ақлли одам бор экан. Раҳмат, Сувонқул ука. Отангга ўхшабсан, раҳмат. Энди Мамарасул, ферманинг аризасига келганда, гап шу. Мани колхозга берадиган қўйим йўқ. Мана шу қўйларни деб юрибман. Маскопгаям бор арзангни кўтариб. Мани гапим шу. (Сўлаймон ота зарда билан чиқиб кетади. Яна ўртага жимлик чўкади.)

Мамарасул. Энди нима қиламиз, Абдулла ака?

1-овоз. Дард қиламиз! Чолни хафа қилиб қўйдикку?!

Раис. Сўлаймон ота билан мен ўзим яна гаплашаман. Мамарасул Инағомович, манави аҳмоқона аризангизни йиртиб ташланг. Архивга тушиб қолса устимиздан кулишади. Мажлис тамом. (Ҳамма ўрнидан туради).

Парда

Иккинчи Кўриниш

Саҳна айвондан иборат. Бир ёғи ҳовлига чиқади, бир ёғи уйга туташган. Уйнинг эшигида қулф осиғлиқ. Тўрда пастак ёғоч сўри. Сўлаймон ота айвонга кириб, хаёл билан сўрига ўтиради. Ниманидир ахтариб, ҳаммаёққа қарайди. Кўзи қулфлоғлиқ эшикка тушади. Айвон устунига осиғлиқ калит билан эшикни очиб, хонага кириб кетади. Кўп ўтмай бир бўғча кўтариб чиқади. Сўри устида уни очади. Бўғча хотинининг кийимларидан иборат. Сочвон, паранжи, эски маҳси... дорпеч... Чол уларни бирпас кўриб тахлайди, бўғчани тугади.

Яна хонага кириб, эски бир қутини кўтариб чиқади. Унинг ичини титкилайди. Кандайдир қоғозлар, хатлар ичидан кичкина тугун чиқади. Қидирган нарсаси шу эди. Шошиб очади. Бу янги чуст дўппи, шоҳи қийиқча. Чол дўппини қўлига олиб, оҳиста сўрига ўтиради. Қулоғига хотинининг овози эшитилади: «Дадаси! Ҳой, дадаси!» Чироқ аста-секин ўчиб, саҳна қоронғилашади. Яна шу айвон. Лампа-чироқ ёниб турибди. Сўрида Зеби хола ётибди.

Зеби хола (йўталиб). Дадаси!.. Ҳо, дадаси! (Саҳна орқасидан Сўлаймон отанинг овози эшитилади: «Ҳозир!») Нима қиляпсиз? Буёққа келинг.

Сўлаймон ота киради. Қўлида чойнак, пиёла.

Сўлаймон ота. Жуда бесабрсанда. Чой дамладим. Памил чой.

Зеби хола. Памил чой? Қаердан олдингиз?

Сўлаймон ота. Ғуломчўлоқ берди. Шаҳардан олиб чиқибди. Демак чой чиқибдими, ҳали замон тўқчилик бўлиб қолади. Мана ич, аччиққина дамладим. (Хотинига чой беради, сўри зихига ўтиради.)

Зеби хола. Олмачой ичавериб, памил чойнинг мазасини унутибман. Яхши чой бўпти, дадаси, раҳмат. Ўзингиз ҳам ичинг.

Сўлаймон ота. Ичавер, ичавер.

Зеби хола. Дадаси! Сотволди келмадими?

Сўлаймон ота. Яна Сотволди дейсана? Хат келса, югуриб олиб келарди. Мунча энди ўшани ўйлайвермасанг? Ўзингни ўйла.

Зеби хола. Роппа-роса икки йил бўлди. На хат бор, на хабар.

Сўлаймон ота. Тирик бўлса хат ҳам ёзади, ўзи ҳам келади. Ғуломчўлоқнинг гапини эшитдингку, душманнинг орқасига тушиб қолса, кимдан хат бериб юборади? Бунинг устига Сталинграддан кейин фашист дегани қуёндек қочиб турибди. Уни қувсинми Нўъмонжон ё сенга хат ёзсинми? Одамни хуноб қиладиган гапни гапирасанда.

Зеби хола. Сиз хуноб қилмай гапирасиз. Сизнинг гапингизга илон пўст ташлайди.

Сўлаймон ота. Тўғрида. Қани ўзинг айт, хуноб бўлмай нима қилай? Ўзингни ўйла, тезроқ оёққа тур. Расмана гапни айтганда, Нўъмонжонга биз ким? Нега энди доим бизни ўйлаши керак экан, фашист буёкда қолиб?

Зеби хола. Вой, вой, нима деяпсиз ўзи? Ахир мен уни ўғлим деганман. Кўз-қоши шундоқ Турсунимнинг ўзи. Ўзим уйлантирмоқчи эдим уни. Қиз топиб қўйганман. Ортиқ отиннинг қизи. Бирам кўҳлик бўлган. Кўрган уни Нўъмонжоннинг ўзи ҳам. Майли, деган.

Сўлаймон ота. Майли деган?

Зеби хола. Ҳа.

Сўлаймон ота. Тавба? Қачон улгурган эдинг? Доим сигир-бузоқни кетида эдингку?

Зеби хола. Хайрли ишга вақт топилади. Анави қутини олиб келинг...

Сўлаймон ота. Қайси қути?

Зеби хола. Менинг қутимнида. (Сўлаймон ота хонага кириб, олиб чиқади. Зеби хола ундан кичкинагина тугун олади. Очади. Дўппи билан шоҳи қийиқ.) Нўъмонжонга атаб олдим буниям!

Сўлаймон ота. Оббо сеней. Яхши, яхши.

Зеби хола. Сиз бўлсангиз, киммиз унга дейсиз. Урушдан кейин келаман деган, сизлар билан тураман, деган. Келмаса... келмаса... (Йиғлайди.) Сизни кимга ташлаб кетаман? Ҳувиллаган ҳовлида бир ўзингиз...

Сўлаймон ота. Ийя, ийя! Жинни бўлдингми? Нима деяпсан ўзи, хотин? Иситманг йўқми?

Пешанасига қўлини қўяди.

Зеби хола. Сезиб турибман... кетадиганга ўхшайман, дадаси...

Сўлаймон ота. Нафасингни совуқ қилма! Одам чўчир экан.

Зеби хола. Нима қилай... мени кечиринг... Олдин мен кетсам, тинч бўламан. Ўзингиз кўмасиз.

Сўлаймон ота. Озгина касал бўлиб, роса эзма бўлиб қолдинг, хотин. Бемаза гапларингни йиғиштир. (Қўлини олмоқчи бўлади.)

Зеби хола. Йўқ, олманг. Шундоқ ўтиринг, қўлингиз бирам иссиқ.

Сўлаймон ота. Иссиқ дегин? Бемавруд гапирдинг бу гапни, хотин. Ўттиз йил илгари қаёқда эдинг?

Зеби хола. Ачиняпсизми?

Сўлаймон ота. Йўқ. Яхши яшадик, хотин, Тоҳир-Зуҳра бўлмасак ҳам тотув яшадик. Сен нима дейсан ўзинг? Ҳа, яхши яшадик.

Зеби хола. Мен ҳам шу.

Сўлаймон ота. Сен билан ҳеч бошим эгилмади. Ширин гапингни аямадинг. Қозонимиз доим осиғлиқ турди. Яхши яшадигу, лекин жиндай ачинадиган жойим бор.

Зеби хола. Нима?

Сўлаймон ота. Тўйимиз эсингдами?

Зеби хола. Ҳа.

Сўлаймон ота. Гўшангага кираётганимда раҳматли янга, Холпошша хола уч кун тегманг Зебига, уят бўлади, деди. Мен аҳмоқ қулоқ солиб ўтирибман. Шунга ачинаман.

Зеби хола. Қуйилмадингиз, қуйилмадингиз.

Сўлаймон ота. Ҳа, ёқиб кетди-а, ўзингга ҳам?!

Зеби хола. Бўлди, энсамни қотирманг, сиздан доим бемаза гап чиқади.

Сўлаймон ота. Бўлди, бўлди, қизарма. Ҳали ҳам балиқдаксан.

Зеби хола. Бўлди дедимку.

Сўлаймон ота. Бўлди, бўлди. Ҳазил қилдимда, хотин. Аммо ўлимни хаёлингга келтирма. Ҳали кўп яшаймиз. Дўхтир, тузалиб кетадилар, дедию.

Зеби хола. Нўъмонжоннинг тўйини кўрсам девдим.

Сўлаймон ота. Кўрасан, келади у. Шунақанги тўй қилайликки, бутун Заркат гумбурлаб кетсин. Ҳали у болали-чақали бўлади. Уларни ким боқади, ким қарайди ўзинг бўлмасанг? Ўзинг боқасан. Болалар кўп бўлади. Фотима-Зуҳра, Ҳасан-Ҳусан, Тоҳир-Зуҳра... Эҳҳа... Ҳисобини йўқотиб қўямиз. Биттаси сенинг тиззангда бўлса, биттаси менинг тиззамда бўлади. Бир куни сен чўпчак айтасан, бир куни мен... «Минг бир кеча» бўлиб кетамиз иккаламиз. Жуда чўпчак етмаса ўзимизни чўпчак қилиб берамиз. Чўпчақдан қаеримиз кам? Бир бор экан, бир йўқ экан, яқин ўтган замонда, Заркат деган томонда, бир хуштан чўпон бўлган экан. Унинг ой деса ойдек, кун

деса кундек, ақли кўзидан марвариддек томиб турган хотини бор экан. Улар жуда тотув, аҳил яшашган экан. Эрининг гапини хотини иккита қилмас экан, хотинининг гапини эри... Эшитяпсанми? Зеби? (Хотинига қарайди ва чўчиб кетади.) Зеби! Зеби! Жонгинам Зеби! Мени кимга ташлаб кетдинг! Зеби! (Йиғлаб юборади.)

Парда

Саҳна ёришади. Сўлаймон ота дўппига тикилганича ўтирибди. Кейин бошини кўтаради. Хатларни йиғиштириб, бир қўйнига дўппи, қийиқчани тугиб, иккинчи қўйнига соладида, айвондан чиқиб кетади.

Парда

Учинчи Кўриниш

Толзор. Кичкина чойхона. Ёнида булоқ. Уч-тўрт жойдаги тўрқовокда бедана сайраяпти. Сўрида оёқларини осилтириб Сўлаймон ота ўтирибди. Қовоғи солиқ. Рўпарадаги дераза устига шиор ёзиб қўйилган: «Чойдан бошқа ичимлик ичилмасин. Чойхона мудири биринчи группа инвалиди Ғулом Ҳайдаров».

Сўлаймон ота. Ғулом! Ғуломэй! (Ҳеч ким жавоб бермайди.) Ғулом чўлоқ, қаердасан?

Ёғоч оёғини тўқиллатиб, бир қўлида кафтгир, бир қўлида сочиқ ушлаган Ғулом ака пайдо бўлади.

Ғулом ака. Ҳа, ҳа, мунча бақирасан, бетга чопар?! Келганингни кўрдим. Ёғим ёниб кетмасин деб чиқмадим. Нима дейсан?

Сўлаймон ота. Чойингдан бер. Аччиқ бўлсин.

Ғулом ака. Сенга аччиқ чой бериб ўлибманми? Ўзи қилтиллаб турибсан, сафар олдидан ўлиб-нетиб қолсанг нима қиламан?

Сўлаймон ота. Ҳа, чўлоқ! Топган баҳсингни қара. Менинг соғлигим сенга уч пул. Мақсадинг чойдан уриш. Буни етти яшар бола ҳам билади. Бўл тез. Оғзим қақраб кетди.

Ғулом ака. Нима евдинг? Кеча ошга қази солмовдим шекилли?

Сўлаймон ота. Сенинг ошингни егандан кейин ўн кун ошқозоннинг шўрини ювиш керак. Туздан ош қиласанми нима бало, масаллиқни уриб қолиб?

Ғулом ака. Ҳозир ҳам ош қиляпман. Неварам Қўқондан девзира олиб келибди. Сафар олдидан еб кетарсан дейман.

Сўлаймон ота. Мунча сафар деб қолдинг. Қанақа сафар?

Ғулом ака. Ёпирай, ўзини гўлликка солади-я! Пешанангга ёзиб қўйибдику шундоқ?!

Сўлаймон ота. (жиддий). Қаердан эшитдинг?!

Ғулом ака. Келиним айтди. Масков, Ленинград, Қрим, Қора денгиз қилиб келар эмишсан.

Сўлаймон ота. Йўғ-э?

Ғулом ака. Ҳа, ҳамма буйруқлар келинимнинг қўлидан ўтадида. У билади. Путёвка заказ қилибди раис. Ошиғинг олчи, дўстим. Менга қара, мени ҳам олиб кетмайсанми-а? Жа бўлмаса чамадонингни кўтариб юрардим.

Сўлаймон ота. Курортга-я?

Ғулом ака. Ҳа, нима қипти?

Сўлаймон ота. Етмиш йилдан бери атрофимда хира пашшадай ғўнғиллаганинг-ғўнғиллаган. Энди ўша ёкда ҳам тинч қўймайсанми? Тур, яхшиси чойингни олиб кел.

Ғулом ака. Қўполлигинг қолмади. Оғзинг худди Мамарасулнинг фермасига ўхшайди.

Сўлаймон ота. Бор, бор, кўп суюлма. (Чой олиб келади. Ўзига, Сўлаймон отага қуйиб

узатади.) Ҳа, тузук. Урмабсан. Демак мени курортга юборишмоқчи дегин?

Ғулом ака. Ҳа. Аммо-лекин мазза қиласан. Ташвишинг йўқ. Қўйлардан қутулдинг...

Сўлаймон ота. Бу гапинг тўғри. Қўйлардан қутулдим. Ташвишим йўқ. Лекин юрагим ғаш. Шу қўйлар билан овунардим. Энди мурдага ўхшайман.

Ғулом ака. Ваҳима қилма! Барибир бир кун топширишинг керак эди ё колхозга, ё ўша эгасига, дўхтир болага.

Сўлаймон ота. Нўъмонжонга.

Ғулом ака. Нўъмонжонга. У йўқ. Ўттиз йил кутдинг. Бўлдида!

Сўлаймон ота. Ҳакимбекнинг қизига ўхшаб қолсамчи?

Ғулом ака. Қайси Ҳакимбек?

Сўлаймон ота. Ҳўв, кўпкарида менинг отимдан йиқилиб, майиб бўлган Ҳакимбекда. Ўтган йили жанозасига бирга бордикку?! Қумариқлик...

Ғулом ака. Э, бўлди, бўлди, Хўш, унинг қизига нима қилибди?

Сўлаймон ота. Эридан қорахат келганда жаноза очган. Йил ўтмай, янгитдан эр қилган. Олдинги эри ўлмаган экан, йигирма йил деганда қайтиб келди.

Ғулом ака. Э, бўлди-бўлди! Эшитганман. Сайрамлик йигит.

Сўлаймон ота. Ҳа.

Ғулом ака. Дўхтир бола... Нўъмонжон ҳам кириб келади, демоқчимисан.

Сўлаймон ота. Ҳада.

Ғулом ака. Қани энди омон бўлса-ю, келса! Бутун қишлоққа ўзим ош қилиб берардим. Қўйларни бўлса... қўйларни колхоздан олаверади.

Сўлаймон ота. Ҳамма гап шундада, каллаварам. Ўзим топширсам девдим. Ўз қўлим билан. Иккита қўйинг мана шунча бўлди демоқчийдим. Шу кунгача унинг қайтиб келишига умидвор эдим. Қўйларни топширдиму умидим узилди. Қаёқлардадир ном-нишонсиз ётгандай... На ундан зот қолди, на бирор хотира... Кўз олдимдан кетмайди урушга кетаётгани. Ҳовлида экинларни суғораётган эдим. Бундай қарасам, эшик тагида турибди. Орқасига қоп илиб олган. Икки ёнида иккита қўзи... Мен ҳам кетяпман, деди. Дўхтир бўлиб бир ой ҳам ишлаганим йўқ қишлоғингизда. Эсон-омон қайтсам, шу ерда яшайман. Манави иккита қўзини яхши ният билан олувдим. Сотишга ҳам, сўйишга ҳам кўзим қиймади, деди. Сизда турсин, деди. Омонат, деди. Иккита қўзи эканку, омон қайтганда, оёғининг тагига юзта қўйни сўйиб ташлардим!.. Нима дединг? Турсунбойдан ажраб қолиб, Нўъмонжон ўғил бўлармикин девдим. Насиб қилмади.

Ғулом ака. Менга қара... Балки тирикдир?.. Шундоқ урушдан қайтган одам иккита қўйини ўйлармиди?..

Сўлаймон ота. Йўқ, тирик бўлса келарди ё хабар берарди. Нўъмонжон унақа қаҳри қаттиқ одам эмас эди.

Ғулом ака. Ким билади дейсан... Одамнинг ичига кириб бўлмайди?

Сўлаймон ота. Йўқ, Нўъмонжон унақа одам эмас эди. Раҳматли Зебининг ҳам унга меҳри тушиб қолган эди. Ўзи уйлантирмоқчи эди. Қиз ҳам танлаб қўювди. Насиб қилмади. Демак, мени курортга жўнатишмоқчи?

Ғулом ака. Ҳа, бир ўйнаб келасан.

Сўлаймон ота. Жўнайман. Лекин курортгамас. Борадиган жойларим бор ўзимнинг. Мана. (Қўйнидан беш-олтита конверт чиқариб, Ғулом аканинг олдига ташлайди.) Шу хат эгаларининг ҳаммаси Нўъмонжонни билишади. Лекин бизнинг Нўъмонжонми, бошқами — номаълум. Шуларнинг олдига бораман.

Ғулом ака. Эсингни едингми қариганингда?

Сўлаймон ота. Йўқ, Топмасам, эсимни еган бўламан. Шу фикр илгари хаёлимга келмаганига ачинаман. Мабодо ўзини топсам, ўзига, топмасам биронта қариндош-уруғи, таниш-билишига пулларни топшириб, қарзимдан қутуламан. Бўлмаса бу дунё тугул, у дунёда ҳам тинч

бўлмайман. Раис Абдуллажон, барака топкур, бозор нархида сотиб олди қўйларни. Нима қиламан шунча пулни? Тўғри ўйлабманми, нима дейсан?

Ғулом ака. Баракалла. Сендан бошқа нарсани кутмаган эдим. Энди бўлмаса гап бундоқ. Нўъмонжон топилмагунча чойхона берк!..

Сўлаймон ота. Бу нима деганинг?

Ғулом ака. Сени ёлғиз юбормайман. Бирга бораман.

Сўлаймон ота (унга тикилиб қолади). Чўлоқ!.. Менга меҳрибонлигингни билардим. Аммо бунчаликсан деб ўйламаган эдим. Раҳмат.

Ғулом ака. Оғирроқ бўл. Шунгаям раҳматми?! Мен ўзимни ҳам ўйлаяпман. Ҳали бақувватсан, битта-яримта хотин эргаштириб кетса, сенсиз нима қиламан? Чақчақлашиб бориб келамиз. Иннайкейин, менинг ташвишим сенинг ташвишинг, сенинг ташвишинг менинг ташвишим. Нима дединг?

Сўлаймон ота. Тўғри. Аммо дўстим, сен овора бўлма. Нима, мени бутунлай ақлдан озганга чиқаряпсанми?! Ўзим бораман. Нўъмонжонни топишим биланоқ сенга дилгиром бераман.

Ғулом ака. Менга қара...

Сўлаймон ота. Гап битта. Яхшиси битта фотиҳа бер. Тўхта! Маъмуржоннинг «Боғаро»сини қўй. Бир эшитай.

Ғулом ака. Ҳозир. (Ичкарига кириб, Маъмуржон Узоқов ижро этган «Боғаро» ашуласини қўяди ва қайтиб чиқиб, ўртоғининг рўпарасига ўтиради. Икки ўртоқ чурқ этмай ашулани охиригача эшитишади.)

Сўлаймон ота. Боғаро қўйсам қадам, гул ғунча қилмай хандадур. Жуда бўлмаганда шу битта хандасини кўрсам армоним йўқ эди...

Бир оз хаёл суриб, даст ўрнидан туради.

Ғулом ака. Ошга турмайсанми? Атайин сенга қилаётувдим.

Сўлаймон ота. Қайтганимда қиласан яна. Хайр. Ғулом ака. Омон бўл.

Сўлаймон ота кетади. Ғулом ака бир нарсасини йўқотган одамдек карахт бўлиб, орқасидан қараб қолади, кейин ичкарига кириб, «Боғаро» пластинкасини яна қўяди. Деразадан унинг ўйчан, хомуш башараси кўринади.

Парда

Тўртинчи Кўриниш

Студентлар ётоқхонасидаги бир кишилик хона. Стол, иккита стул. Темир каравот. Унда чақалоқ ётибди. Хонанинг ўртасидаги чироқ абажурига қошиқ, чўмич, кафтгир илинган. Стол ёнида дарс тайёрлаб ўтирган Содиқнинг оёғига боғланган кир ёядиган арқон абажурга уланган. Содиқ оёғини қимирлатганда қошиқ, чўмич, кафтгир тарақлайди. Шу шовқин билан у болани овутмоқчи бўлади. Бола бир оз тинади ва яна биғиллаб йиғлайди.

Содиқ. Алла, аллў, аллў!.. Сен ухла, мен дарс қилай, аллў! (Бола йиғлайди.) Аллў, аллў, уф! Жуда йиғлоқи экансанку-а, ойингдан ҳам баттар... (Бориб болани қўлига олади.) Бўлди, бўлди... Нима қилсам бўлади? Ашула айтиб берайми? (Куйлайди.) Олмани отдим отганга, сим калавотда... Йўқ, бу сенга бўлмайди... Айлама, айлама, айлаганим бор, қизларнинг ичида танлаганим бор. Бўлдида энди, мунча биғиллайсан? Аллў, аллў, алла! (Куйлайди.) Ҳозир сутга бораман, сенга каша қиламан... Ҳозир сутга бораман, сенга каша қиламан, ўзим каша емайман, ҳаммасини сен ейсан!.. (Бола йиғидан тўхтайди.) Ҳа, қизғанчиқ. Жон кирди-а? Кимга ўхшадинг, билмайман. Ҳойнаҳой бувинга ўхшасанг керак. У шунақа қизғанчиқ. Қизини... ойингни ҳам тортиб олиб кетди. Иккаламиз қолдик. (Бола йиғлайди.) Йиғлама, йиғлама, йигитга йиғи ярашмас, ҳали каша қиламан, лекин каша ош эмас. Ана, дадангни ҳам шоир қилиб

юбординг. (Куйлайди.) Ҳали каша қиламан, лекин каша ош эмас. (Бола тинади). Содиқ уни каравотга ётқизади ва стол ёнига ўтириб, яна дарс қила бошлайди.

Содиқ. Галилео Галилей ўзининг «Астрономик мулоҳазалар» китобида ернинг сайёралар орасидаги энг... (Эшик тақиллайди. Содиқ сапчиб ўрнидан туриб, болани каравот остига яширади). Жим ёт! Сен учун жанг бўлади ҳозир. Ким? Киринг.

Сўлаймон ота киради. Елкасида қоп.

Сўлаймон ота. Содиқмисан?

Содиқ. Ҳа.

Сўлаймон ота. Нўъмонжоннинг ўғлимисан?

Содиқ. Ҳа. Келинг. Ўтиринг.

Сўлаймон ота. Бирпас ўтираман. (Елкасидаги қопни эшик ёнига қўяди. Ўз уйидек хонани кузата бошлайди.) Дарс тайёрлаяпсанми?

Содиқ. Ҳа.

Сўлаймон ота. Яхши. Ким бўлмоқчисан?

Содиқ. Ядершик.

Сўлаймон ота. Жуда яхши. У нима дегани?

Содиқ. Физиканинг бир тури.

Сўлаймон ота. Ҳм. Яхши. Нечага кирдинг?

Содиқ. Ўттиз бирга.

Сўлаймон ота. Ўттиз бир... Бу, ўқишни одамлар йигирма уч, йигирма тўртида битиради. Сеники жуда чўзилиб кетибдику-а?

Содиқ. Аспирантурадаман.

Сўлаймон ота. Ҳм. Бу энди ўқишларнинг ўқиши. Шундоқми?

Содиқ. Шунақа деса бўлади.

Сўлаймон ота. Яхши. Мени танидингми?

Содиқ. Йўқ. Танимай турибман.

Сўлаймон ота. Мен заркатлик Сўлаймон ота бўламан. Хат ёзгансан менга, эсингдами?

Содиқ. Э, бўлди! «Правда»да бир журналист билан сизнинг суҳбатингиз чиқувди.

Сўлаймон ота. Ҳа, баракалла. Ўшандан кейин хат ёзгансан.

Содиқ. Ҳа. Лекин амаки, дадам сизнинг уйингиздан урушга кетмаган эканлар. Аниқлаганман. Фарғонадан кетганлар урушга. Биз асли фарғоналикмиз. Кейин сиз, у кишини уйланмаган деган эдингиз. Дадамлар уйланган эканлар. Опам бор. Мендан икки ёш катта. Ҳали ҳам қидириб юрибсизми?

Сўлаймон ота. Ҳа, омонати бор эди озгина. Қарз билан ўтиб кетмай дейманда.

Содиқ. Тушунаман... Военкоматда нима дейишди?

Сўлаймон ота. Нима дейишарди? Бедарак кетган. Бунақалар кўп. Қабрини топсам ҳам майли эди. Ўттиз йилдан бери кутавериб, шунга ҳам розиман энди. Дадангнинг қабри аниқми?

Содиқ. Аниқ. Калининградда. Ўтган йили бориб келдим.

Сўлаймон ота. Яхши. Ҳар бир одамдан ҳаётида битта из қолиши керак. Ё фарзанд, ё иш, ё қабр. Бир қулоч ер. Менинг Нўъмонжонимга ҳам бир қулоч ер насиб қилгандир? Нима дейсан?

Содиқ. Албатта. Балки тирикдирлар?

Сўлаймон ота. Кошкийди... Лекин тирик бўлса хабар берарди. Ўттиз йилдан бери бир одам кутса-ю, у хабар бермаса? Одамгарчиликмаску бу, а, нима дейсан?

Содиқ. Нима дердим? Тўғри, Амаки! Мен чой дамлай. Ҳойнаҳой йўлдан ҳориб келгансиз. Мен ҳозир.

Содиқ чиқиб кетади. Каравот остида бола йиғлайди. Сулаймон ота қаердан йиғи келаётганини билмай, аланглайди. Ниҳоят топади. Қўлига олади.

Сўлаймон ота. Бай, бай, бай... Чақалоқку бу?! Сени ким бекитди бу ерга, а? Кимсан сен-а?

(Эркалайди.) Аллў, аллў, аллў!.. Қўзичоғим аллў! Ширин болам аллў! (Бола йиғидан тинади, чой кўтариб Содиқ киради.) Буни нега каравотнинг тагига қўйибсан? Кимнинг боласи бу?

Содиқ. Маники.

Сўлаймон ота. Хумпар! Каравотнинг тагига қўясанми болани?!

Содиқ. Қоронғида яхши ухлайди. Менга беринг.

Сўлаймон ота. Тўхта. Ҳўл бўлибдику! Э, каллаварам. (Каравотга ётқизиб еча бошлайди.) Ўғил эканку? Ҳа, азамат! Ҳеч ким қарамадими сенга! Ёлғиз қолдингми? Ҳозир артамиз. Қуп-қуруқ бўласан! (Содиққа.) Қуруқ ниманг бор, опкел. (Содиқ шкафдан чойшаб олади.)

Содиқ. Манавинга ўрай қолайлик?

Сўлаймон ота. Манави бошқа гап. Оти нима ўғилчанинг?

Содиқ. Пеле.

Сўлаймон ота. Нима?! У нима деганинг.

Содиқ. Шунақа зўр футболист бор. Пеле деган. Ўшанга ўхшайди. Қаранг. Қоп-қора. Кейин нуқул коптокка ўзини ташлайди. Асли исми Фотиҳ.

Сўлаймон ота. Шундай де. Яхши исми бор экан. Фотиҳ. (Бола йиғлайди.) Бола бечора оч. Онаси қани?

Содиқ. Онаси йўқ. Йўқ, бор. Ҳозир йўқ. Ўғирлаб келдим.

Сўлаймон ота. Кимни? Пеленими? Э, Фотиҳними?

Содиқ. Ҳа.

Сўлаймон ота. Ҳеч нарса тушунмадим. Одамга ўхшаб гапир.

Содиқ. Онаси онасиникига кетиб қолган. Аниқроғи, олиб кетиб қолишган зўрлаб.

Сўлаймон ота. Тўхта. Бир чеккадан гапир. Кимнинг онаси? Кимни зўрлаб олиб кетган?

Содиқ. Пеленинг онаси, яъни менинг хотиним, Зарифа онасиникига кетиб қолди. Бутунлай. Тўғрироғи онаси келиб олиб кетди.

Сўлаймон ота. Фотиҳни ташлаб-а? Ўз туққан боласини-я?!

Содиқ. Йўқ. Боланиям олиб кетишувди. Бугун кечаси ўғирлаб келдим.

Сўлаймон ота. Энди тушундим. Шундай бордингу ўғирлаб келдинг?

Содиқ. Ҳа, данғиллама участкада туришади. Девордан ошиб тушдим. Катта итлари бор. Овчарка. Кечаси қўйиб юборишади. Лекин менга тегмайди. Бир ой девордан гўшт ташлаб ўргатиб олдим.

Сўлаймон ота. Ҳа, азамат! Боплабсан. Кейинчи?

Содиқ. Кейин девордан ошиб тушиб, шундай ҳовлининг ўртасига бордим. Иккита халиги, ўзбекча каравот. Биттасида чол-кампир. Биттасида (болага ишора қилади) она-бола пишиллаб ухлаб ётишибди. Аввал битта ўпдим Пелени. Кейин даст кўтариб қочдим.

Сўлаймон ота. Молодес! Ярим кечадан бери бола шу ерда?

Содиқ. Ҳа.

Сўлаймон ота. Демак, ярим кечадан бери бола оч?

Содиқ. Йўқ. Икки марта нон чайнаб бердим.

Сўлаймон ота. (мазах қилиб). Нон чайнаб бердим!.. Бор, анави қопни оч. Туяқурт бор. (Содиқ қопни очади.) Топдингми?

Содиқ. Топдим.

Сўлаймон ота. Чайна! Онасига олиб боргунча ҳарна мадор.

Содиқ. Онасига олиб бормайман!

Сўлаймон ота. Нега энди олиб бормас экансан? Қайси аҳмоқ эмизикли болани онасидан олиб қочади?

Содиқ. Ўрганиб кетади. Кичкина эмас.

Сўлаймон ота. Қанчага кирди?

Содиқ. Беш ойдан ошди.

Сўлаймон ота. Ҳа, катта бўлиб қолган экан. Опкел, сол оғзига. Ҳа, баракалла. Полвон ўғлим, ботир ўғлим... Яна чайна. Мунча ивирсийсан?! Онаси кетиб қолди дейсанми? Менга қара, онаси нега кетиб қолди?

Содиқ. Кетиб қолгани йўқ, олиб кетишди.

Сўлаймон ота. Нега?

Содиқ. Битта-ю битта қизимизни шу каталакка тиқиб қўймаймиз дейишди. Участкада турасизлар, дейишди. Кўнмадим.

Сўлаймон ота. Нега, мақтаяпсанку участкасини?

Содиқ. Участкалари яхши. Бештами, олтита хона. Катта ҳовли. Меники эмасда. Одам мустақил бўлиши керак. Қайнона, қайнотанинг қош-қовоғига қараб нима азоб? Тўғри эмасми?

Сўлаймон ота. Ўзинг ютмасдан боланинг оғзига солсангчи?

Содиқ. Ширин экан. Мана. (Боланинг оғзига солади.) Биламан. Сиз ҳам бор участкага дейсиз. Кўпчилик шунақа деяпти. Ўртоқларим ҳам. Ётоқхонада нима қиласан дейишяпти. Менинг боргим йўқ. Бормайман. Боя ўзингиз айтдингиз, ҳар бир одамдан ҳаётда биронта из қолиши керак. Мен ҳам шу фикрдаман. Ҳар бир одамда мақсад бўлиши керак. Менинг мақсадим — ўзимни илмга бағишлаш. Бирон нарса кашф қилиш. Хуллас жамиятга фойда келтириш. Базаров ҳаётнинг ҳамма лаззатларидан воз кечиб, ўзини курашга бағишлаган.

Суўлаймон ота. Ким у?

Содиқ. Тургенев деган ёзувчининг қаҳрамони. Ҳатто у тошда ётган. Мен ҳам бир йил матрасимга шағал солиб ётдим. Уйланмасимдан илгари. Чидаса бўлади. Участкада нима бор? Тўрт қават кўрпача, пар ёстиқ. Иссиқ сув, совуқ сув. Иссиқ овқат, совуқ овқат... Йўқ, бу аҳволда одам суюлиб кетади, илм яратиб бўлмайди. Пелени — ўғлимни ҳам қаттиққўллик билан, чайир қилиб тарбияламоқчиман.

Сўлаймон ота. Бу гапларинг менга маъқул. Яхши ўйлабсан. Лекин бола — бола.

Содиқ. Ҳечқиси йўқ. Ҳозир сут олиб келиб каша пишираман. Манний каша. Кейин яслига олиб бораман. Институтимизнинг яхши яслиси бор.

Сўлаймон ота. Барибир онасига олиб бориб берамиз. Нима дединг, полвон?

Содиқ. Йўқ.

Сўлаймон ота. Жиртиллама! Сенга ким қулоқ солади! Бор, яхшиси сут олиб кел. Қани, қанақа каша пишираркинсан, кўрамиз. Болани қара, эти суягига ёпишиб қопти? Сутга пулинг етадими? (Содиқ югуриб чиқиб кетади. Сўлаймон ота болани қўлига олиб куйлай бошлайди.) Боғаро қўйсам қадам, алла, гул ғунча қилмай хандадур, алла... Қани энди мени ҳам битта неварам бўлса? Боғаро қўйсам қадам гул ғунча қилмай хандадур... (Эшик тақиллайди.) Ким?

3арифа (эшик орқасидан). Менман, Содиқ ака! Фотиҳ шу ердами?

Сўлаймон ота. Оббо, сени қидириб келишдику, полвон. Энди нима қиламиз? (Эшикка.) Содиқ йўқ. Чиқиб кетди боя.

3арифа. Сиз кимсиз? Қаёққа кетдилар?

Сўлаймон ота. (болага). Очамизми? Нима бўлса бўлар. Очамиз.

3арифа. Нега индамайсиз? Очинг ахир эшикни!

Сўлаймон ота. Ҳозир деяпманку...

Эшик очади. Хонага Зарифа, онаси, отаси кириб келишади. Зарифа Фотиҳга ёпишади.

3арифа. Буёққа беринг-э! Вой, қўзичоғим! Юрагим чиқиб кетдику!

Онаси (Зарифага). Мен сенга айтдим бу йигит ўлгур бир балони бошлайди деб. Қулоқ солмадинг. Бола ўғирладими, тамом, уйни ҳам шипшийдон қилиб кетади, деявер! Қани ўзи? Ҳув яшшамагур.

3арифа. Ойи! бўлди энди!

Онаси. Нега бўлар экан? Ҳали ман бошлаганим йўқ. Ҳой (Эрига.) Ҳой деяпман! Дарсдамисиз нима бало? Нега қаққайиб турибсиз? Арзанда куёвингизни қидирсангизчи! Битта-

ю битта неварамни индамай ўғирлаб кетаверадими? Топинг, деяпман!

Отаси. Ҳозир, ҳозир, ҳозир. (Эшикка йўл олади.)

Онаси. Топинг, дарров. (Зарифанинг қўлидаги неварасига ёпишади.) Болагинам, болажоним. Ғафлат босиб ухлайверибман, сени ўғирлаб кетаверибди имонсиз! Айтиб ҳам қўймабди!

Отаси хотинининг бола билан овора бўлиб кетганини кўриб, оҳиста Сўлаймон отанинг ёнига ўтади.

Отаси. Ассалому алайкум. Мен келиннинг... Зарифанинг отаси бўламан. Мирбилол. Ўқитувчи эдим, ҳозир пенсиядаман. (Хотинига ишора қилади.) Бу киши...

Сўлаймон ота. Хотинингиз.

Билол ака. Худди шундай. Шарифахон.

Сўлаймон ота. Бамаъни хотинингиз бор экан.

Билол ака. Нимасини айтасиз! Қирқ йилдан бери бир ёстиққа бош қўйиб келяпмиз.

Сўлаймон ота. Савобнинг тагида қолибсиз.

Билол ака. Лаббай?

Сўлаймон ота. Савобнинг тагида қолибсиз дейман. Қизингиз ҳам онасига тортганми?

Билол ака. Буни қаранг, қизим менга ўхшайди.

Сўлаймон ота. Ҳа, буниси дуруст, дуруст.

Билол ака. Ўзларичи? Ўзлари ким бўладилар?

Сўлаймон ота. Менми? Мен... Сўлаймонман. Қишлоқдан, Заркатдан келганман.

Билол ака. Ў, кўриниб турибди. Соғломсиз, бақувватсиз. Қишлоқ ҳавоси кўп яхши нарса. Мен ҳам илгари...

Сўлаймон ота. Билол ака, нишхўрт гапни ҳозир бир чеккага қўяйлик. Хўпми? Ўғил бола гапдан гаплашайлик. Қани. Ўтиринг.

Билол ака. Хўп бўлади, хўп бўлади.

Сўлаймон отанинг рўпарасига, каравотнинг бир чеккасига ўтиради.

Сўлаймон ота. Гап бундоқ. Бугундан бошлаб қизингиз...

Билол ака. Зарифа...

Сўлаймон ота. Ҳа, Зарифа бугундан бошлаб эри, ўғли билан шу ерда туради. Тузукми? Мен кимлигимни айтиб ўтирмайман. Тузукми? Этигининг қўнжидан пичоғини олиб, чопонининг енгига арта бошлайди. Ё қайтарайми?

Билол ака. Йўқ, йўқ, бўлди. Менку розиман, лекин...

Сўлаймон ота. Эгачи! Буёққа қаранг (Зарифанинг онаси унга яқинлашади.) Неварани кўрдингизми?

Онаси. Кўрдим, айланай, кўрдим.

Сўлаймон ота. Жуда яхши. Бугундан бошлаб у отаси билан шу ерда туради.

Онаси. Вой, вой?

Сўлаймон ота. Гапни бўлманг. Муллакамга ҳозиргина кимлигимни тушунтирдим. Онаси ҳам шу ерда туради. Гап шу. Ўзини илмга бағишлаган одам участкада тура олмайди. Ҳалиги, нима эди? Аспирантураси битсин, данғиллама участкани ўзи солади. Ана унда хоҳласаларинг бирга туринглар. Розимисиз? Бўлмаса ҳозироқ қишлоққа кўчириб олиб кетаман.

Билол ака. Розимиз, розимиз! (Хотинини туртиб.) Гапирсангчи!

Онаси. Зорим бор, зўрим йўқ. Биттагина қизим эди.

Сўлаймон ота. Баракалла. Гап деган бундоқ бўлибди. Қизингизга ҳеч нима қилмайди. Нима, ўзингиз, эгачи, пичоғингиз мойда турганмиди муллакамга текканингизда? (Зарифага.) Эмизиб бўлдингми? (Зарифа бошини қимирлатади.) Баракалла. Болани оч қўйма. Полвон бола бу. Бўлмаса, қани, омин! Кечқурунга, эгачи, ош қилиб туринг. Тошканча палов беҳи билан. Келин-куёв боришади. Мен ҳам бораман. Қолган гапни ўшатда гаплашамиз. Келишдикми? Баракалла. Қани, туринглар энди. Пелега отдих керак. (Зарифа пиқ этиб кулади.)

Онаси. Кимга?

Сўлаймон ота. Фотиҳ полвон дам олсин. Эр-хотиннинг ҳам гаплари йиғилиб қолгандир?

Сут кўтариб Содиқ киради.

Содиқ. Мана, сут ҳам келди. (Меҳмонларни кўриб ҳайрон бўлиб қолади.) Нима гап? Тинчликми? Болани бермайман!

Сўлаймон ота. Ҳеч ким болангга тегмоқчи эмас. Кўргани келишибди, холос.

Билол ака. Ҳа, кўргани келдик. Тинчмисиз, ўғлим?

Содиқ. Раҳмат. (Сўлаймон отага.) Тушунмадим.

Сўлаймон ота. Бўлди-бўлди, кейин тушунасан. Хўп бўлмаса, мулла ака, сизлар бораверинглар. Кечқурун учрашамиз.

Билол ака. Бош устига. Куёвимизнинг шундай бамаъни қариндоши бор экан. Билмаган эканмиз. Албатта келинг, кутамиз.

Сўлаймон ота. Бормайчи! Хўп, хайр ҳозирча!

Билол ака хотини билан чиқиб кетади.

Содиқ. Зарифа! Нима бўлди ўзи? Ҳеч нарса тушунмаяпман.

Сўлаймон ота. Нимани тушунмаяпсан? Хотининг ёнингда. Ўғлинг ёнингда. Бўлдида.

Содиқ. (Зарифага). Ростми?

3арифа. Рост. Амаким кўндирдилар.

Сўлаймон ота. Мен ҳам борай энди.

3арифа. Вой, кечқурунчи? Дадам хафа бўладилар.

Сўлаймон ота. Кечқурунми? Кечқурун ҳаммамиз бирга борамиз. Келаман.

3арифа. Раҳмат.

Сўлаймон ота қопини елкасига олиб кетаётганда бир нарса эсига тушади. Қопдан бир сиқим қурт, иккита нон олиб Зарифага узатади.

Сўлаймон ота. Эрмак.

Содиқ. Амаки, қаёққа борасиз ҳозир? Мен бирга борай?

Сўлаймон ота. Йўқ, ёлғиз бўлишим керак. Ўйлаб оладиган ишларим кўп. Нўъмонжонни топмасам бўлмайди.

Сўлаймон ота чиқиб кетади.

Содиқ. Зарифа! (Бориб хотинини қучоқлаб, ўпа бошлайди.) Бутунлай келдингми?

Зарифа (эркаланиб). Нари туринг! Сутим оқиб кетади!..

Парда

Бешинчи Кўриниш

Тўрт кишилик вагон купеси. Купеда ўттизларга борган, лекин сочига оқ оралаган аёл ўтирибди. Ҳамма полкаларда бўғчалар, оғзи дока билан боғланган челак, тоғоралар... Аёл шод, поезднинг бир оҳангдаги тақ-туқига мос қандайдир ашулани хиргойи қилиб кетяпти. Сўлаймон ота киради.

Сўлаймон ота. Мумкинми?

Аёл. Келинг, ота. Салом алайкум.

Сўлаймон ота. Ваалайкум. Менинг жойим шу ерда экан.

Аёл. Марҳамат. (Рўпарасидаги ўриндиқ устидан битта бўгчасини олиб, ёнига қўяди.) Кечирасиз.

Сўлаймон ота. Ҳечқиси йўқ (Ўтиради.) Қаёққа кетяпсан, қизим?

Аёл. Москвага. Ўзингизчи?

Сўлаймон ота. Менинг йўлим олис.

Аёл. Ўғлингизнинг олдигами?

Сўлаймон ота. Ҳа.

Аёл. Ҳаёт шу экан. Умрнинг кўпи йўлда ўтар экан. Ойда икки, уч марта Москвага қатнайман.

Сўлаймон ота. У ерда қимматми?

Аёл. Нима?

Сўлаймон ота. Нима олиб кетяпсан? Памилдори, узум, нок...

Аёл (шарақлаб кулади). Вой, сотгани олиб кетяпти деб ўйладингизми? Наҳотки олибсотарга ўхшасам?

Сўлаймон ота. Йўқ, ўхшамайсан. Лекин ҳар ҳолда...

Аёл. Ўртоғимнинг олдига кетяпман. Банкет қиляпмиз!

Сўлаймон ота. Банкет? У нима деганинг?

Аёл. Зиёфат. Нодирхон акам докторлик диссертацияларини ёқлаяптилар.

Сўлаймон ота. Яхши, яхши... Доктор деганинг — олимларнинг олими де-а?

Аёл . Шундай деса ҳам бўлади.

Сўлаймон ота. Нимадан олим?

Аёл. Физикадан. Лекин физиканинг нимасидан, ўзим ҳам билмайман.

Сўлаймон ота. Яхши, яхши... Доктор... бу катта гап. (Қопини очиб, туяқурт олади). Ма, эрмак.

Аёл. Раҳмат.

Сўлаймон ота. Ўзинг ҳам олиммисан?

Аёл (кулади). Ҳа, уй ишидан, рўзғордан олимман.

Сўлаймон ота. Боланг кўпми? Пауза

Аёл. Бола йўқ, ҳали улгурмадик. Нодирхон акам доктор бўлиб олсинлар, бола қочиб кетмайди.

Сўлаймон ота. Ҳа, давлат билан фарзанднинг кечи йўқ. Лекин ёшликда болалик бўлиб қўйган яхши. Уй ишидан олимман дейсан, бу нима, ўқишга раъйинг йўқми?

Аёл. Нега? Мактабни медаль билан битирганман. Институтнинг иккинчи курсидан кетиб қолдим. Яхши қурт экан. Нодирхон акам шунда энди аспирантурага кирган эдилар. Мен ишладим. Нодирхон акам ўқидилар. Яхшиям шунақа қилган эканмиз, мана доктор бўляптилар!..

Сўлаймон ота. Яхши, яхши.

Аёл. Эзилиб кетдилар ўзлариям! Ахир осонми? Беш йил аспирантура, кейин икки йил кандидатскийнинг кетида сарсон бўлдилар. Бир ой Тошкентда бўлсалар, бир ой Москвада. Кейин тўрт йил докторантура. Бир йил лаборатория. Тағин ўзларига ачинмай менга ачинадилар. Шунча йил турмуш қилиб, бир мартаям курорт-пурортга олиб бормадим дейдилар. Менга курорт керак эканми? Нодирхон акамнинг бир кун хурсанд бўлиб юрганлари мен учун юзта курорт.

Сўлаймон ота. Бу гапинг тўғри. Эрнинг чеҳраси — хотиннинг дили. Эрнинг чеҳраси очиқ бўлганда хотиннинг дили қувнайди, қовоғидан қор ёғилиб турса, хотиннинг дили — жаҳаннамнинг ўзи. Отинг нима?

Аёл. Анвара.

Сўлаймон ота. Барака топ, Анвара қизим. Эрингни оти нима деятувдинг?

Анвара. Нодирхон...

Сўлаймон ота. Нодирхонни шунчаки иззат қилибсан, энди буёғи ўзинг ҳам иззатда бўласан.

Анвара. Ишқилиб айтганингиз келсин. Ўғлингиз ҳарбий хизматдами?

Сўлаймон ота. Ўғлим... Ўғлим урушда бедарак кетган... Ўғлим деяпман, ўғлим эмас, ўғлим фин урушида ҳалок бўлган, бу... ўғлимдек бир йигит... Урушга ўзим жўнатган эдим. Балки эшитгандирсан? Нўъмонжон... Нўъмонжон Назаров!.. Врач. Асли тошкентлик.

Ғулом ака — уруш инвалиди, чойхоначи, 68-70 ёшларда.

Зеби хола — Сўлаймон отанинг хотини, 45-50 ёшларда.

Назаров — врач, 45-50 ёшларда.

Содиқ — аспирант, 30 ёшларда.

Анвара — 30 ёшларда.

Мамарасул — ферма мудири, 35-40 ёшларда.

Зарифа — Содиқнинг хотини, 22-25 ёшларда.

Зарифанинг ота-онаси, купедаги йигитлар, Галинанинг қишлоғидаги аёллар, қурувчи йигитлар, сельсовет раиси, Сўлаймон ота колхозидаги правление аъзолари ва бошқалар.

Анвара. Йўқ, ота, эшитмаганман.

Сўлаймон ота. Ҳа, албатта, қаердан ҳам эшитардинг. Қаҳрамон-паҳрамон бўлганда, дараги чиқарди, газет-пазетга ёзишарди, телевизорда суратини кўрсатишарди. У қаҳрамон эмас. Урушга жўнади-ю, беному нишон йўқолди-қўйди. Минскка кетяпман. У ерда топмасам, Брестга бораман. Киевда ҳам бир хотин мени Нўъмонжон деган бир йигит ўлимдан асраб қолди деб ёзувди. Шунинг олдига ҳам бораман. Балки шу йигит менинг Нўъмонжонимдир?..

Анвара. Ажаб эмас, Топасиз, ота. Йигирма-йигирма беш йил деганда топилганлар бор. Сиз ҳам топасиз.

Сўлаймон ота. Топмасам бўлмайди. Қарзим бор. Қиёматли қарз. Иннайкейин...

Поезд тўхтайди.

Анвара. Станция!.. (Шошиб ўрнидан туради.) Сизга бирон нарса олиб чиқайми?

Сўлаймон ота. Йўқ, ҳеч нарса керак эмас.

Анвара. Мен тушиб чиқаман. Шунақа кичкина станцияларда яхши-яхши нарсалар бўлади.

Сўлаймон ота. Бор, қизим, бор. (Чиқиб кетади). Яхши жувон экан. Зеби ҳам менинг устимда ўлиб қоларди... (Оҳиста куйлайди.) Боғаро қўйсам қадам гул ғунча қилмай хандадир... Зеби! Топаман уни. Ўша Берлинигача бораман. Одам-а, одам... Бутун бошлиқ одам қумурсқадай йўқ бўлиб кетармиди?! Топаман. Сен ҳам тинч бўласан шунда. Кечалари безовта бўлмайсан тушимга кириб. Мен ҳам... тинч бораман ёнингга. Бошқа қиладиган ишим қолмади... бу дунёда.

Купега рюкзак осган ёш йигит киради. Унинг кийимидан жиддийлиги ҳам, енгилтаклиги ҳам билинмайди. Сочлари узун, бакенбардлари энгакларигача тушган. Хуллас, шу куннинг йигитларидан.

1-йигит (эшикни суриб). Васька! Келавер, бизнинг жой буёқда экан! (Пастки полкада ўтирган Сўлаймон отани кўради.) Салом, бобой!

Сўлаймон ота. Салом, салом. Келинглар.

1-йигит. Васька! Қаёкда қолдинг?! (Бўғчаларни кўриб.) Эҳҳа, бобой, налева қилиб чиқибсизда.

Сўлаймон ота. Ҳа энди, бир саёҳат қилгим келди.

Купега иккинчи йигит киради.

1-йигит. Васька! Эшитяпсанми, саёҳат қилгилари келибди, бобойни!.. (Кулади.) Харажати ўзиданку-а, бобой, саёҳатнинг?!

Сўлаймон ота. Буларни айтяпсанми? Йўқ, булар меники эмас. Бир жувонники. Истансага тушиб кетувди, ҳозир чиқади.

Васька. Жувонники? Жувон ким, Макс?

1-йигит. Жувонми? Жувон ҳалиги хотинларнинг ёши ҳам эмас, қариси ҳам эмас.

Васька. Шундоқ соки дегин. Бу яхши. Бобой, ўша жувон кимингиз бўлади? Свойми, чужойми?

Сўлаймон ота. Свояммас, чужояммас.

Йигитлар қотиб кулишади.

Макс. Зўрку, бобой-а!

Васька. Налевага қалай экан, а, бобой? (Қўлларини ишқалайди.) Ҳалиги... нима эди... ўзбекча... ишқилиб... Йўқ-йўқ, қўл солиб кўрдингизми?

Ҳовлиқиб Анвара кириб келади.

Анвара. Вуй, ота, шундай шошдим кеч қоламанми деб! Ҳеч нарса олмадим. (Йигитларни кўриб ҳайрон бўлади).

Сўлаймон ота. Буларнинг ҳам жойи биз билан экан. Зерикмай кетамиз.

Анвара. Жуда яхши. Салом, йигитлар!

У юқори полкадаги бўғчаларини ола бошлайди.

Макс. Йўқ, йўқ, жувон опа! Менинг жойим пастда.

Анвара бир оз ўйланиб қолади, кейин индамай пастки жойни бўшата бошлайди. Аммо Сўлаймон ота уни тўхтатади.

Сўлаймон ота. Тўхта. (Максга). Сен тепага чиқсанг бўлмайдими? Ёшсан, эркаксан. У ҳар ҳолда аёл.

Макс (кесатиб). Ў, бобой! Мен буни билмабман. Пардон. Лекин иложим йўқ. Олис йўлга чиқар эканман, мамам юмшоқ вагонда, алоҳида купеда, пастки қаватда ётишимни тайинлаганлар. Ота-онанинг измидан чиқиб бўладими? Тепага чиқишим мумкин, фақат битта шарт билан...

Сўлаймон ота. Хўш?

Макс (Анварани кўрсатиб). Агар жувон опамлар ҳам чиқсалар! (Кулади.)

Анвара. Уятсиз! Қандай тилингиз борди шундай дегани?!

Макс. Нима дедим? Ёнма-ён ётайлик дедим.

Анвара. Нима?!

Макс. Тўғри тушунинг мени. Сиз у полкада, мен бу полкада. Бунинг нимаси ёмон? Рўпарангизда бобой ётадиларку, барибир эмасми?

Васька. Бўлди, Макс. (Сўлаймон ота, Анварага.) У ҳазиллашяпти.

Сўлаймон ота. Бунақа ҳазил учун илгари тилни суғуриб олишарди.

Макс. Қачон?

Васька. Шуни ҳам билмайсанми, революциядан олдин.

Макс. Э, билмабман, бобой эски бобойларданку айтгандай. Яхшиям революция бўлибди, бобой. Бўлмасам, тилсиз юрармидик ҳозир? Бррр! Қандай маданиятсизлик! Арзимаган комплимент учун тилни суғуриб олиш! У даврлар ўтиб кетди. Ҳозир, бобой, озодлик! Ҳамма эркин қуш. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги... Яна нима?.. Хотин-қизлар эмансипацияси...

Сўлаймон ота бу сўзни тушунмай, ҳақорат деб ўйлайди.

Сўлаймон ота. Нима дединг? Яна қайтарчи?

Макс. Хотин-қизлар эмансипацияси... Нима эди?

Сўлаймонота (ўрнидан туриб кетади ва Макснинг ёқасидан ушлайди). Ман санга, зумраша, эманпасингни кўрсатиб қўяман. Тирранча! Менга ёпишдинг, индамадим (Анварага ишора қилиб), бунга ёпишдинг, индамадим. Энди бутун хотинларни ҳақорат қилишга ўтдингми! Ҳозир қайтариб ол! Ё бўлмаса, ўша эманпасингни кўрсатиб қўяман деразадан улоқтириб!

Макс. Нима деяпсиз, бобой... Э, отахон! Эмансипация нималигини биласизми ўзи? Қўйиб юборинг. Бўғманг деяпман сизга!

Васька. Бобой, эмансипация — озодлик дегани. Сўкиниш эмас.

Сўлаймон ота Анварага тўғрими деб қарайди, Анвара бошини қимирлатади.

Сўлаймон ота (Максни қўйиб юборади). Тўғри гапирсанг бўлмайдими, бола!

Макс. Мен ўйлаб топибманми! Философлар топишган бу сўзни (Анча ўзига келиб.) Аммо лекин, бобой, бицепеларингизга қойилман!

Сўлаймон ота. Яна ҳақорат қиляпсанми?

Макс (чўчиб). Вой, вой! Нима дедим? Бицепени биласизми ўзи? Мускул! Мускулларингиз зўр экан деяпман.

Сўлаймон ота. Ундоқ бўлса бошқа гап. Энди тек ўтир. Агар бу аёлга яна тегажоғлиқ қилсанг, ота-онангнинг аямайман. Шўтта ётасанми? Ё тепага чиқасанми?

Макс. Албатта тепага чиқаман, отахон. Тепаям бўлаверади... бизга.

Сўлаймон ота. Манави бошқа гап.

Макс. Лекин отахон, мени уришсангиз майли-ю, отамга тегманг.

Сўлаймон ота. Ҳа, отангга нима қибди?

Васька. Отаси ҳалок бўлган.

Сўлаймон ота. Ҳалок бўлган? Нима қилиб?

Васька. Эллик олтинчи йили. Чегарада.

Сўлаймон ота. Воянниймиди отанг?

Макс. Ҳа. Чегарани бузиб ўтаётганлар билан отишмада ҳалок бўлган.

Сўлаймон ота. Бечора... Қабрини биласанми?

Макс. Бўлмасамчи? Бориб ҳам келганман.

Сўлаймон ота. Бу ишинг яхши. Мен ҳам... Ўғлимнинг қабрини қидириб кетяпман. У урушда бедарак кетган.

Васька. Ийя! Бедарак кетган бўлса, қабрини қаердан биласиз?

Сўлаймон ота. Ҳамма гап шундада... Билмайман. Брестга бораман. Минскка, Киевга. Топсам топдим. Топмасам, яна борадиган жойларим бор.

Анвара. Топасиз, ота. Кўп ташвиш чекаверманг.

Сўлаймон ота. Топмасам бўлмайди. Адресларим кўп. Ҳаммасига бораман.

Кондуктор киради.

Кондуктор. Яхши кетяпсизларми? Ҳеч нарса керакмасми? Чой? Қанд? Нон?

Сўлаймон ота. Чойингдан опке. Кўк чойинг борми?

Кондуктор. Топилади, отахон. Бир стаканми ё?

Сўлаймон ота. Истаконингни нима қиламан? Чойнакда обке. Ҳа, менга қара, радиоинг нега гапирмайди?

Кондуктор. Кеч бўлди, отахон. Зерикдингизми? Пластинкаларим бор, қўйиб берайми?

Сўлаймон ота. Қўй. Нимани қўясан?

Кондуктор. «Ялла» бор. «Орэра». «Битлз»лар бор. «Ляна».

Сўлаймон ота. Кўп экан пластинкаларинг. Маъмуржон ҳам борми?

Кондуктор. У кишидан ҳам топилади.

Сўлаймон ота. Ўшани қўй. (Анвара ва йигитларга). Бир эшитиб кетайлик-а? (Кондуктор чиқиб кетади). Ўзларинг қаёққа кетяпсанлар?

Васька. БАМга.

Сўлаймон ота. Нима?

Васька. Байкал-Амур магистралига. Катта қурилиш кетяпти. Ўша ёққа.

Сўлаймон ота. Ишлаганими?

Макс. Бизни ким деб ўйлаяпсиз, отахон? Албатта, ишлагани. Уч ой каникулда ўша ёкда бўламиз.

Сўлаймон ота. Бу яхши. Ишлаганларинг маъқул. Иш одамни овутади. Иш одамни одам қилади.

Макс. Энгельс.

Сўлаймон ота. Нима?

Макс. Энгельс ҳам шу фикрда бўлган.

Сўлаймон ота. Яхши, яхши. Айтгандай, отинг нима?

Макс. Макс... Махсум...

Сўлаймон ота. Яхши отинг бор экан. (Васькага). Сени отинг нима эди? Васьками?

Чол ниманидир эслаб, қотиб-қотиб кулади.

Васька. Ҳа, нега куляпсиз, отахон?

Сўлаймон ота. Бизнинг қишлокда бир қоровул кампир бор. Сельпода. Чўча Маруса. (Кулгисини тўхтатолмай) Ўша... ўшанинг мушуги бор Васька деган. Катта, олачипор мушук...

Макс. Бунинг оти Васькамас асли Васил.

Васька. Васил, отахон. (Максни кўрсатиб). Манавилар чақиришга осон деб Васька қўйишган-де.

Сўлаймон ота. Васил. Сени ҳам отинг яхши экан. Ешликда ўзи шунақа. Ҳамма бир-бирига лақаб қўяди сенларга ўхшаб. Менинг бир ўртоғим бўларди. Абдураҳим деган. Ҳеч дўппи киймасди. Қишин-ёзин бошяланг юрарди. Шуни оти болалигидан «Дўпписи йўқ» бўлиб кетган. Ҳеч ким отини айтиб чақирмасди.

Шу пайт купеда Маъмуржон Узоқов айтган «Боғаро» ашуласи янграб кетади.

Сўлаймон ота. Жим. Эшитайлик.

Ҳамма қулоқ солади. Ашуланинг бир куплети ўтгач, Макс чидолмайди.

Макс (ярим овозда). Отахон?

Сўлаймон ота. Нима дейсан?

Макс. Йўталсам майлими?

Анвара кулиб юборади, унга қўшилиб ҳамма кулади, Сўлаймон отанинг ўзи ҳам.

Макс. Отахон, ашула яхши. Лекин менинг бир таклифим бор.

Сўлаймон ота. Хўш?

Макс. Йўл олис. Очко ўйнаб кетайлик. Тўрт киши зўр бўладида!

Сўлаймон ота. Очкойинг нима?

Макс. Йигирма бир. Келишдикми?

Сўлаймон ота Анварага карайди. У бошини қимирлатади.

Сўлаймон ота. Бўпти. Битта шартим бор. Ғирромлик қилмайсанлар. Кейин, ашула тинсин. Бўптими?

Макс, Васька. Бўпти!

Ашула кўтарилади.

Парда

Иккинчи Парда

Олтинчи Кўриниш

Киев ёнидаги қишлоқдардан бири. Панжара деворининг баъзи жойларида чириб кетган қийшайган ёғоч уй. Орқа томон қайинзор. Елкасига қоп ташлаган Сўлаймон ота билан бир бола пайдо бўлишади.

Митя. Галина холанинг уйи шу.

Сўлаймон ота. Раҳмат. (Қопини елкасидан олади). Уй мендан ҳам баттар шалвираб қолибдику-а.

Митя. Галина хола ҳеч кўчгилари келмайди. Кўп марта янги уй таклиф қилишди. Шу уйим яхши дейдилар. Лекин барибир бу йил кўчиришади. Биз ҳам кўчамиз. Почтанинг ёнига тўрт қаватли уй солишяпти. Иккинчи қаватда Галина хола, учинчида биз турамиз.

Сўлаймон ота. Яхши. Галина холанг нима, ёлғиз ўзи турадими?

Митя. Ҳа. Эрларини немислар осишган. Ўшандан бери ёлғизлар. Лекин биз доим қараб турамиз. Ойим ҳам, мен ҳам. Мактабдан болалар келиб туришади. Яқинда бутун қишга етадиган ўтин ёриб бердик. Севинганларидан роса йиғладилар.

Сўлаймон ота. Баракалла.

Митя. Амаки. Тошкент узоқми?

Сўлаймон ота. Самолётда олти соатли йўл дейишади.

Митя. Ў, узоқ экан. Демак, етти минг километрга яқин.

Сўлаймон ота. Қаердан билдинг?

Митя. ИЛ-62 соатига тўққиз юз километр тезликда учади. Мени Тошкентда ўртоқларим кўп. Ер қимирлаганда чақирганмиз. Дам олиб кетишган. Хат ёзишиб турамиз.

Сўлаймон ота. Яхши.

Митя. Амаки. Мен энди ўқишга боришим керак. Галина холам яқинда келадилар. Бизникида ўтириб туринг.

Сўлаймон ота. Йўқ. Чарчадим. Шу ерда туратураман. Манави сенга.

Қопдан қурт олиб беради.

Митя. Бу нима?

Сўлаймон ота. Қурт. Қуритилган қатиқ. Яхши нарса. Қўйнинг сутидан. Одамни тўқ тутади.

Митя. Раҳмат. (Кета бошлайди).

Сўлаймон ота. Тўхта. Отинг нима эди?

Митя. Митя.

Сўлаймон ота. Митя, уйларингда болта, мих топиладими?

Митя. Ҳа. Нима қиласиз?

Сўлаймон ота. Бир кун бўлса ҳам одам бутун уйда туриши керак. Менга ўн-ўн бешта мих билан болта келтириб бер. Хўпми?

Митя. Хўп бўлади. Ҳозир.

     Югуриб кетади.

Сўлаймон ота. Мана, Сўлаймон, Украинасига ҳам келдинг. Бу ерларни кўриш ҳам пешанага ёзилган экан. Ким билади, у хотинни ўлим чангалидан суғуриб олган сенинг Нўъмонжонингдир? Нўъмонжонлар ҳам кўп экан ўзи. Тошкендаям бор, Андижондаям, Украинадаям бор экан. Ҳаммаси нобуд бўлиб кетди. Айни қирчиллама чоғида, тоғни талқон қиладиган, ўйнаб куладиган чоғида нобуд бўлиб кетди. Қани энди улар ҳозир тирик бўлса?! Жаннат бўларди бу тупроқ, жаннат...

     Бир қўлида болта, мих, бир қўлида кўза кўтариб Митя келади.

Mитя. Мана, амаки. Манавини ойим бериб юбордилар. Сут. Муздек.

Сўлаймон ота. Раҳмат. Умрингдан барака топ. (Кўзани олиб, сутни ича бошлайди.) Ширин экан.

Митя. Ойимлар дадам ишдан келганларида сизни, Галина холамни уйга чақирмоқчилар. Ўзбекча палов қиламиз дедилар.

Сўлаймон ота. Раҳмат. Ойингга айт. Паловни мен ўзим эртага қилиб бераман. Қип-қизил, Тошкентча палов. Бугун Галина холанг билан гаплашадиган гапларимиз кўп. Хўпми? Шундоқ дегин.

Митя. Айтиб кўраман. Хўп, мен кетдим бўлмаса!

Сўлаймон ота. Бора қол.

Митя кетади. Сўлаймон ота чопонни ечиб, қўлига болта, мих олади ва деворнинг синган ёғочларини тузата бошлайди. Болтанинг тақ-туқи аралаш унинг хиргойиси эшитилади.

Боғаро қўйсам қадам, гул ғунча қилмай хандадур...

Парда

Еттинчи Кўриниш

Галинанинг уйи. Шинам безатилган хона. Тўрда Галинанинг келинчаклик кунлари эри билан тушган сурат. Сўлаймон ота билан Галина хола анчадан бери гаплашиб ўтиришибди. Стол устида нон, картошка, тузланган бодринг, чой, ароқ шишаси ҳам турибди.

Галина. Бир қултум ҳам ичмадингиз-а, Сўлаймон ота?

Сўлаймон ота. Умримда оғзимга олган эмасман. Қариганимда ичаманми?

Галина. Нечага бордингиз?

Сўлаймон ота. Етмиш олтига.

Галина. Ҳали ёш экансиз. Сизларда тўқсон, юзда фарзанд кўрадиганлар ҳам бўлади дейишади. Боладан қанча?

Сўлаймон ота. Йўқ, Зеби билан учта фарзанд кўрдик. Икки қиз, бир ўғил. Қизлар турмади. Болалигида ўлиб кетди. Ўғлимиздан фин урушида ажрадик.

Галина. Уруш сизнинг уйга ҳам кирган эканда.

Сўлаймон ота. Уруш кирмаган уй борми? Бу ерлардаку жанг бўлган, бизнинг томонларда ҳам шу. Қайси ҳовлига қадам қўйма, урушнинг изини кўрасан.

Галина. Уруш ўлсин, ҳамманинг юрагини тилиб кетди. Зеби опам тинчмилар?

Сўлаймон ота. Зеби... Йигирма саккиз йил бўлди Зебидан ажраб қолганимга.

Галина. Кечирасиз. Билмабман.

Сўлаймон ота. Ҳечқиси йўқ. Уни ўғлим билан Нўъмонжон адо қилди. Турсунимиздан қорахат келганда ўзи тамом бўлувди.

Галина. Нўъмонжон... Ким билади, балки ўша, мени халос этган йигит сизнинг Нўъмонжонингиздир?.. «Правда»да мухбир билан суҳбатингиз чиққанда жуда ҳам суюниб кетдим. Дарров сизга хат ёздим. Энди бирон дараги чиқар деб ўйладим. Йўқ, мана ўшандан бери уч йил ўтди, на ўзидан, на уни биладиганлардан хабар бор. Лекин юрагимнинг бир четида ишонч ин қуриб ётибди. Мумкин эмас дейман ўзимча. Бутун бошлиқ одам изсиз йўқолиб кетмайдику дейман. Шундоқ дейману бедарак кетганлар эсимга келади. Ҳали қанча хонадонда биров эрининг, биров ўғли, биров акасининг қаердалигини билмайди.

Сўлаймон ота. Нўъмонжондан ҳам ҳеч хабар келмади. Хабар келганда ким, қачон юборганини суриштириб топса бўларди. Галинахон, сен уни яхши эслаб қолганмисан? Тағин адашаётган бўлма?

Галина. Йўқ, Сўлаймон ота, адашаётганим йўқ. Ҳозир ҳам кўз олдимда турибди. Баланд бўй, йирик қора кўзлари ялт-ялт қилади. Қирра бурун, озгина букри бор...

Сўлаймон ота. Худди шундоқ! Бу — Нўъмонжон!

Галина. Албатта Нўъмонжон. Адаштираётганим йўқ. Тирик эканман уни унутмайман. Одам тағин ҳам, Сўлаймон ота, фил экан. Йўқ, филдан ҳам бақувват экан. Кўз олдимда эримни осишди...

Сўлаймон ота. Нега? Нима қилувди?

Галина. Урушнинг боши эди. Немисларнинг самолётлари худди қора калхатдек учиб келишди-ю, бирпасда қишлоғимиз дўзахга айланди-қўйди. ... Шошилинч ҳаммани кўчириша бошлади. Дмитрий шофёр эди. Машинасида яшиндек учиб келади-ю, одамларни ортиб, яна станцияга кетади. Охирги келганда, қишлоқнинг орқасида отишма бошланиб қолди. «Бўлинглар тезроқ, Галя, сен ҳам шошил!» — Дмитрийнинг шу гапи эсимда. Уйдан ҳеч нима олмадим. Фақат шоҳи рўмолим бор эди, оппоқ, танга-танга гулли, шуни олдим. Тўй куни қайнонам бошимга илиб қўйган эди. Митя машинасини энди юрғизганда, қишлоққа фашистлар кириб келишди. Митя «Ётинглар!» деб қичқирди-ю бизга, машинани уларнинг устига ҳайдади. Тасир-тусир отишма бошланиб кетди. Машина сельсоветнинг деворига урилиб, тўхтади. Немислар эримнинг қўлларини қайириб, олиб кетишди. «Митя, Митенька!» деганимча қолдим. Бир соатчадан кейин ҳаммамизни сельсовет олдидаги майдонга тўплашди. Кейин... бизга қаршилик кўрсатганларнинг аҳволи шундай бўлади деб Митяни шу ерда осишди. Икки кун шундай осилганича турди. Учинчи кунигина дорни бузишди. Ўзим кўмдим Митяни. Бир ойгина яшовдик у билан... Турмушнинг мазасини ҳам билмаган эдим... Энди ўн саккизга кирувдим...

Тўртинчи куни ёшларни ажратиб, станцияга олиб кетишди. Нўъмонжонни биринчи марта шунда кўрганман. Станцияга етай деб қолганимизда, отларнинг дупури эшитилди. Партизанлар экан. Юрагим ҳаприқиб кетди севинчдан. Кимдир мени даст кўтариб, худди қоп ташлагандай от устига ўнгариб олиб қочди. Додлашимни ҳам билмайман, йиғлашимни ҳам. Орқамиздан тасир-тусир отишма. Анчадан кейин от тўхтади. Бошимни кўтардим. Ўрмондамиз. Тепамда қорачадан келган йигит менга қараб кулиб турибди. Бу — Нўъмонжон эди. Уч кун унинг отрядида бўлдим.

Кейин мени, яна иккита қизни партизанлар Катта ерга жўнатишди. Ярим йил бизни ўқитишиб, яна Украинага, худди шу отрядга ташлашди. Лекин Нўъмонжонни кўрганим йўқ. Тўрт киши бир топшириқ билан кетиб қайтиб келишмабди. Қишлоғимизнинг четида тўртта номаълум солдатнинг қабри бор. Омонатгина тош ҳам қўйиб қўйибмиз. Лекин ким булар — ҳеч ким билмайди. Балки, Нўъмонжон шуларнинг орасидадир? Тағин ким билади? Гапингиз тўғри, Сўлаймон ота. Тирик бўлса дараги чиқар эди. Нўъмонжон жим кетадиган одамлардан эмас эди. Уч кун бўлдим у билан бирга. Уч кундаёқ меҳрим тушиб қолди. Отряддагилар уни ҳурмат қилишарди. «Чёрний Коля» дейишарди уни.

Сўлаймон ота. Чёрний Коля?

Галина. Ҳа, Нўъмонжон деёлмай, Николай дейишганда. Николай—Коля. Ўшанда Нўъмонжонлар бўлмаганда, бизни Германияга ҳайдаб кетишарди...

Сўлаймон ота. Галя, менга ҳалиги тўртта қабрни кўрсат.

Галина. Хўп. Эрталаб олиб бораман. Янги мактаб қуриляпти ўша ерга. Ярми кўтарилган. Айтгандай, Тошкентдан яқинда бир хат олдим. Буни сизга кераги йўқ. Лекин қизиқда. (Галина хола ўрнидан туриб шкафдан бир қанча хат олади, орасидан биттасини танлаб, жойига келади). Бизда Иван, Антон деганлар кўп бўлади. Сизларда Нўъмонжонлар ҳам кўп экан. Мана, военкоматдан келган хат. Қайси район эди? Ҳа, Чилонзор райони. Ўша районда ҳам Нўъмонжон Назаров деган одам яшар экан. Дарров хат ёздим. Бир йил деганда жавоб келди.

Сўлаймон ота. Мунча кеч?

Галина. Ким билади? Олим экан. Қандайдир илмий-текшириш институтида ишлар экан. Лекин урушда бўлмаган экан.

Сўлаймон ота. Қани?

Хатни қўлига олиб кўради.

Сўлаймон ота. Менга бер шу хатни.

Галина. Олинг.

Эшик очилиб, бир кампир пайдо бўлади.

Кампир. Мумкинми, Галина?

Галина. Келинг, Иванна хола. Келинг.

Иванна хола. Қутлуғ меҳмон келибди деб эшитдим.

Галина. Ҳа Иванна хола. Танишинг. Ўзбекистондан. Сўлаймон ота.

Сўлаймон ота. (ўрнидан туриб кўришади.) Ассалому алайкум. Яхшимисиз? Бақувватмисиз?

Иванна хола. Раҳмат, бақувват бўлиб энди нима қилардим? (Ўтиради.) Ухх!.. Ёшимни яшаб бўлдим, меҳмон. Худо жонимни олақолсаям бўларди энди. Қариларни унга кераги йўқми дейман. Нуқул ёшларга ёпишади биз четда қолиб. Мени бўлса кўзим тўрт осмонга, парво қилмайди. Ўғлингизни топдингизми, меҳмон?

Сўлаймон ота. Йўқ, онахон, топмадим.

Иванна хола. Қаерларда бўлдингиз?

Сўлаймон ота. Брестда бўлдим, Минскда бўлдим, Трусковецда бўлдим, Львовда бўлдим. У ердан буёққа келдим...

Иванна хола. Қидирган одам топади. Топиб қоларсиз сиз ҳам.

Сўлаймон ота. Кошки эди топсам. Топишим керак, онахон.

Иванна хола. Ниятингизга етинг ишқилиб, меҳмон. Мен ҳам ўттиз тўрт йилдан бери кутаман ўғлимни.

Сўлаймон ота. У ҳам бедарак кетганми?

Иванна хола. Бедарак кетган. Урушнинг бошида. Охирги хатини қирқ биринчи йилнинг августида ёзган эди. Мана. (Кампир рўмолга ўроғлиқ ўғлининг сурати билан титилиб кетган хатини олиб кўрсатади). Брестдан ёзган, сиз борган жойдан. Мен ҳам Брестга борганман. Лекин топганим йўқ. Ҳар йили ўша ёққа военкоматга хат юбораман. Жавоби битта. Брестда

ҳалок бўлганлар орасида ўғлингиз, Пётр Дмитрук йўқ.

Сўлаймон ота. Дмитрук?

Иванна хола. Ҳа, меҳмон. Дмитрук, Петро Дмитрук.

Сўлаймон ота хонанинг бурчагида турган қопини ечиб, дафтар олади ва уни титкилай бошлайди.

Сўлаймон ота. Бу Брест дегани ҳам катта шаҳар экан. Мен ҳамма қабристонларни айландим-у, лекин ҳамма фамилияларни ёзиб олганим йўқ. Оти бор-у фамилияси йўқ, фамилияси бор-у оти йўқларни ёзиб олдим. Иванчук бор.

Иванна хола. Йўқ, айланай. Дмитрук.

Сўлаймон ота. Ҳали ҳам Дмитрукни қидиряпман. Варламчук бор. Йўқ, онахон ўғлингизнинг фамилияси йўқ. Минскдагилар ичида чиқиб қолармикин?

Сўлаймон ота яна қопини титкилай бошлайди. Хонага бирин-кетин ўрта ёшли аёллар, кампирлар кира бошлашади.

Галина. Келинглар, келинглар. Олеся, буёққа ўтир. Катерина, кел, ўтир. Авдотья, сен буёққа ўтир.

Сўлаймон ота. Салом сингилларим, яхшимисизлар? (Аёллар у билан сўрашишади) Қани, бу дафтарни кўрайинчи, Иванна опа. Остапенко... Николай...

Иванна хола. Дмитрук, айланай, Петро Дмитрук.

Сўлаймон ота. Қараяпман. Дарго... Даргомижский... Василенко... Йўқ, опа, Дмитрук йўқ.

0леся. Котляр йўқми, амаки?

Сўлаймон ота. Котляр? У қаердан бедарак кетган?

Олеся. Минскдан. Эрингиз бедарак кетди деган хабар келган Минскдан. Разведкачи эди эрим. Иван Котляр.

Катерина. Медведчи? Олексий Медведь. Брестда эди у уруш бошлангандан. Укам.

Сўлаймон ота. Ҳозир қараймиз, Галина, ёрдам бер менга. Манави дафтарни сен қара.

Авдотья. Петроченко Игнат. Эрим. Балки уни учратгандирсиз, отахон? Қаранг, илтимос қиламан.

Сўлаймон ота. Қизим, илтимос қилмасанг ҳам қарайман. Эрим дегин?

Авдотья. Ҳа, эрим.

Сўлаймон ота. Ёш турмуш қурган экансан.

Авдотья. Ўн етти ёшимда. Ўйдан қочиб кетган эдик. ЗАГСдан ўтдикку, тўй қилишга улгуролмадик. Игнат, Игнат Петроченко.

Сўлаймон ота, Галина дафтарларни ўқишади. Ҳамма аёллар уларни ўраб олади.

Галина. Степанцев!.. Сўлаймон ота. Махарашвили...

Галина. Климчук...

Сўлаймон ота. Василий...

Галина. Имомов!..

Сўлаймон ота. Абдураҳмонов!..

Галина. Жабарзада!..

Сўлаймон ота. Давидян!..

Галина. Сигизбаев!..

Сўлаймон ота. Петроченко дейсанми?

Авдотья. Ҳа.

Сўлаймон ота. Бор. Бор Петроченко!

Авдотья. Отахон! (Уни қучоқлаб ўпади.) Азизим! Вой! Ўлган эканда? (Йиғлаб юборади.)

Сўлаймон ота. Тўхта. Потапенко экан. Петроченкомас. Кечир, қизим. Кўзим ўтмай колди.

Галина. Медведь ҳам йўқ. Котляр ҳам йўқ.

Ҳамма жим бўлиб қолади.

Сўлаймон ота. Мени кечиринглар ҳаммаларинг. Билганимда биттаям тошни ўтказиб юбормасдим. Ҳамма фамилияларни ёзиб олардим. Нўъмонжонни қарадим кўпроқ. Уни ўйладим. Кечиринглар.

Олеся. Сизда айб йўқ, отахон. Ваняни қидирмаган шаҳрим қолмаган.

Катерина. Мен ҳам Олексийни кўп қидирдим. Ҳеч ерда йўқ.

Олеся. Петро билан бир кунда кетган эди Ваня.

Иванна хола. Иккаловининг орасидан қил ўтмасди. Мактабни ҳам бирга тамомлашган эди. Фақат Петрони уйлантиролмадим, Шурочкани келин қиламан деган эдим. Степаниданинг қизини. Қайтмади. Мана энди Шурочканинг ўғли Петродай бўлди.

Олеся. Мени бўлса ҳеч кимим йўқ. Қариқиз бўлиб ўтяпман бу дунёдан. Ўлсам кўзимни ёпадиган одам йўқ.

Авдотья. Биз хотинларнинг тақдири ўзи шунақа экан. Азоб-уқубатга яратилган эканмиз.

Галина. Ундай дема, Авдотья, ёшлигимиз урушга тўғри келди фақат. Уруш бўлмаганда ғам-ғуссани билмасдик.

Иванна хола. Урушга қирғин келсин.

Олеся. Эҳ! Галина! Ичадиганинг борми? Қуй! Юрагим ёниб кетяпти!..

Авдотья. Менга ҳам қуй, Галя. Отахонга ҳам қуй.

Галина. У киши ичмайдилар.

Олеся. Биз билан ичадилар. Шунча тул қолган келинлари, қизлари билан ичмай, ким билан ичадилар?! Отахон! Ўша қайтмаганлар учун.

Сўлаймон ота. Хўп, қизим. Майли, ичайлик. Қайтмаганлар учун ичайлик. Эшик тиқ этса қараб, уларни шунча йилдан бери унутмаганлар учун ичайлик. Сизлар учун, онахон, сиз учун. Қизларим, сингилларим, сизлар учун! (Авдотьяга.) Сен, қизим, нотўғри гапирдинг. Азоб-уқубатга яратилган эканмиз дединг. Йўқ, сенлар мардликка, шон-шуҳратга яратилгансанлар. Мен эридан қорахт келиши билан бошқа эр қилиб кетганларни биламан. Аввалги эрини кутмаганларни, аввалги эри қайтганда бетига қаролмаганларни биламан. Ана улар азоб-уқубатга яратилган. Сен бошингни баланд кўтариб юр. (Олесяга.) Сен ҳам. Сабр-тоқатни, меҳр-оқибатни одамлар сенлардан ўргансин.

Авдотья. Раҳмат, отахон.

Олеся. Раҳмат.

Сўлаймон ота. Сенлар учун. Қани, олинглар!

Ҳамма ичади. Катерина секин украинча қўшиқ бошлайди. Оғир, ғамгин қўшиқ.

Катерина. Эйне светит месяченко!.. Не светит никому.

Олеся (Илиб кетади. Унга ҳамма қўшилади). Только светит милому, Как идёт до дому!..

Қўшиқ битай деб қолганда Митя киради ва жим бўлиб қолади. Қўшиқ тинишини кутади.

Митя. Галина хола! Мени ойим юбордилар. Меҳмон амакимни олиб чиқармишсиз.

Галина. Қайдам? Сўлаймон ота чарчаганмикинлар?

Митя. Амаки, юринг.

Сўлаймон ота. Юр. Йигит сўзини қайтариб бўлмайди.

Митя. Раҳмат.

Ҳамма ўрнидан туради.

Парда

Саккизинчи Кўриниш

Тўрт номаълум солдат қабри олдидаги кичкина сайхон ер. Олисда ярми кўтарилган мактаб биноси. Бино олдида қурувчилик материаллари бетартиб уюб қўйилган. Қабр олдида тўртта қурувчи йигит домино ўйнашяпти. Кимнингдир халати, шапкаси қабр устидаги тошга ташлаб қўйилган. Битта белкурак тошга тираб қўйилган.

Пётр. Ўттиз беш!

Степан. Худди меники-я, молодец!

Пётр. Ўн уч!

Иван. Менда.

Пётр. Тўрт.

Данило. Менга ҳам ҳеч чиқадими, йўқми? Ё келишиб олганмисанлар-а?

Пётр. Қирқ уч!

Данило. Бормисан?

Степан. Агар бугун ҳам цемент келмаса мен бўшаб кетаман.

Пётр. Қаёққа борасан? Ваъда берганмиз раисга. Битириб, кейин ҳаммамиз бирга кетамиз. Йигирма бир!

Иван. Ғишт ҳам атиги уч мингта қолибди. Ҳайронман, аҳвол шунақа чатоқ экан, қурилишни бошлаб нима қиларди бу йил?

Данило. Тўппа-тўғри. Кўрпага қараб оёқ узатиш керакда.

Пётр. Бўлди. Сен қолувдинг гапирмаган. Ўн тўққиз!

Галина хола, Сўлаймон ота пайдо бўлишади.

Галина хола. Салом, йигитлар.

Ҳеч ким парво қилмайди.

Сўлаймон ота. Ассалому алайкум.

Яна жимлик, йигитлар ўз ўйинлари билан овора.

Галинахола. (Уялинқираб.) Эшитмади. Мана шу қабр. Биронтасининг ҳам фамилияси маълум эмас. (Галина хола тош ёнига бориб, халат билан шапкани олади, лекин қаёққа қўйишни билмайди.) Йигитлар, бу кимнинг кийими?

Иван (бошини кўтармай). Қўйиб қўйинг жойига.

Пётр. Ўттиз икки.

Иван. Қойил! Яна биттадан кейин чиқаман. (Сўлаймон ота Галина холанинг қўлидан кийимларни олиб, йигитларнинг ўртасига ташлайди). Ия! Бу қанақаси бўлди? (Иван бошини кўтаради, бошқалар ҳам.) Кимсиз ўзи?

Сўлаймон ота. Белкурак кимники?

Иван. Нима эди?

Сўлаймон ота. Белкурак кимники деяпман?!

Иван. Ҳой! Ҳой! Ўзингизни босинг! Меники, нима бўпти?

Сўлаймон ота. Олиб қўй бу ердан.

Иван. Оғирроқ бўлинг отахон. Ўрнимдан турсам, юрагингиз ёрилиб кетмасин тағин.

Сўлаймон ота. Тур ўрнингдан, тирранча! (Сўлаймон ота Иванга қарши юради ва ёқасидан ушлаб кўтаради. Иван мушук боладек шалвираб ўрнидан туради.) Ол бу ердан белкуракни! (Дарров белкуракни тош ёнидан олиб қўяди).

Сўлаймон ота. Кимлар ётибди бу ерда, биласанми?

Иван. Имтиҳон оляпсизми?

Сўлаймон ота. Гапир, деяпман.

Иван. Хўп. Уруш қурбонлари... Нима бўпти?

Сўлаймон ота. Дард бўпти! Қурбонлар эмас, қаҳрамонлар ётибди. Сени деб, мени деб жонини аямаганлар ётибди. Бу ерга ҳар куни келиб, бош эгишинг керак. Сен бўлсанг... Э, сатқайи одам кет. Бошлиқларинг қани?

Иван. Мен қаердан биламан?

Сўлаймон ота. Топиб кел.

Иван. Ия, кимсиз ўзи? Уришасиз, дўқ қиласиз?

Пётр. Топиб кел. Сельсоветда. Цемент заводи билан гаплашяпти.

Иван истар-истамас кетади.

Сўлаймон ота. Сенлар нима қилиб ўтирибсанлар?

Пётр. Бекорчилик.

Галина. Булар ҳаммаси қурувчилар. Иш ярмига келганда лимит тугаб, материал бермай қўйишибди.

Данило. Ҳеч нарса қолмади. На тахта, на ғишт, на цемент.

Степан. Кичкина қурилиш катта бўлиб кетди. Раисимиз ўзи шунақа. Ферма ҳам шунақа бўлувди. Икки юз бош молга мўлжаллаб, беш юз бошга етадиган қилиб қуриб юбордик. Мактабнинг биноси икки қаватли эди, энди тўрт қаватли бўлиб кетди.

Сўлаймон ота. Яхши раисларинг бор экан. Суюнишларинг керак.

Степан. Шунақа ишсиз ўтиришгаямми?

Иван келади.

Иван. Йўқ. Цемент беришмабди. Ўзи кетибди заводга.

Сўлаймон ота (деворга суёғлиқ иккита қопни кўриб). Бу нима?

Пётр. Цемент.

Сўлаймон ота. Бор эканку?

Данило. Икки қоп бу. Бизга камида икки тонна керак.

Сўлаймон ота. Икки тонна келгунча шу бўлиб туради. Бекор ўтиргунча, бекор ишла дейишади бизда. Қани келларинг!

Сўлаймон ота битта қопни елкасига кўтариб, янги мактаб томон кетади.

Иван. Бу қанақа одам ўзи? Қаердан пайдо бўлиб қолди?

Галина. Меҳмон. Ўзбекистондан келган. Ўғлини қидириб юрибди. Уруш йиллари бедарак кетган ўғли. Шу қабрда балки унинг ўғли ҳам ётгандир?

Пётр (ўрнидан туради). Турларинг. Стёпа. Орқалат.

Иккинчи қопни кўтариб у ҳам кетади. Данило, Степан шошиб латони йиғиштиришади. Иван ҳам белкурагини олади ва қабр олдида бирпас туриб қолади.

Галина. Хафа бўлмадингми?

Иван. Йўқ. Билмадим, балки менинг ҳам отам шу ерда ётгандир.

Парда

Тўққизинчи Кўриниш

Узун кабинет. Унинг жиҳозлари — медицина асбоб-ускуналаридан иборат. Оқ халат кийган Нўъмон Назаров дераза ёнида папирос чекиб турибди. Радиодан репортаж кетяпти. Мухбирнинг овози. Шундай қилиб, ҳурматли радио эшитувчи ўртоқлар, биз сизларни медицинамизнинг муҳим тармоғида олиб борилаётган ишлар билан таништирдик. Институт билан хайрлашар эканмиз, институт директори Нўъмон Назарович Назаровга яна мурожаат қилдик. Нўъмон Назарович, сиз яқинда онкологларнинг Парижда бўлиб ўтган халқаро симпозиумида қатнашдингиз. Мумкин бўлса айтсангиз, симпозиум қандай масалаларни муҳокама қилди?

Назаровнинг овози. Марҳамат. Парижда бўлиб ўтган онкологларнинг олтинчи симпозиуми асосан битта масалани — инсон ва унинг умрини узайтириш масаласини муҳокама қилди.

Мухбирнинг овози. Бу соҳада сиз раҳбарлик қилаётган институтнинг муваффақиятлари кўп бўлса керак, албатта?

Назаровнинг овози. Албатта кўп. Бу ҳақда биз симпозиумда ҳам гапирдик. Лекин қиладиган ишларимиз ҳам оз эмас. Инсон ҳақида, унинг порлоқ келажаги ҳақида қайғурар эканмиз, унинг ҳар томонлама соғлом, умри узоқ бўлишига тўсиқ бўлиб келаётган ҳар қандай онкологик касалликларнинг олдини олишимиз керак. Бу — биз врачларнинг энг муқаддас бурчимиздир.

Мухбирнинг овози. Раҳмат, Нўъмон Назарович, ишларингизга яна бир бор муваффақият тилаймиз.

Назаровнинг овози. Раҳмат.

Секретарь қиз киради.

Секретарь. Мумкинми, Нўъмон Назарович?

Назаров. Нима гап?

Секретарь. Кечирасиз, сизни бир чол сўраб келди. Анчадан бери ўтирибди.

Назаров. Нима иши бор экан? Касалми?

Секретарь. Афтидан соппа-соғ. «Нўъмонжонни кўришим керак», дейди. Отчествонгизни ҳам айтмайди.

Назаров. Бандлар денг. Биласизку, тушгача ҳеч кимни қабул қилмайман.

Секретарь. Айтдим. Кўрмагунимча кетмайман дейди. Важоҳати бузуқроқ. Тағин елкасига қоп ташлаб олибди.

Назаров. Тушунтиринг, вақтим йўқ.

Секретарь. Хўп бўлади.

Секретарь тисарилиб чиқиб кетади. Назаров телефон трубкасини кўтаради.

Назаров. Клиниками? Козим Козимович? Бемор қалай? Яна ўша аҳвол. Тушунарли. Қон қуйиш керак. Наҳотки шуни ҳам менсиз қилолмасаларинг? Ҳа. Кейин мени хабардор қилинг. Хўп.

Шу пайт эшик тарақлаб очилади, қопини судраб, жаҳл билан Сўлаймон ота киради. Кетидан ҳовлиқиб секретарь киради.

Секретарь. Вой, ғалати одам экансизку?! Мумкин эмас дедимку сизга! Маданиятингиз борми ўзи?

Сўлаймон ота. Овозингни тий, қарқуноқ! Тўрт соатдан бери ушлайсан, сени маданиятинг борми ўзи?

Назаров. Нима гап?

Секретарь. Кўринг, Нўъмон Назарович! Ҳеч қулоқ солмайди бу одам!

Сўлаймон ота. Нўъмонжон?

Назаров. Хўш? Келинг?

Сўлаймон ота. Хўшинг нимаси?! Мени танимадингми?

Назаров. Кимсиз? Йўқ, танимадим.

Сўлаймон ота. Баракалла!.. Ўзимам танимайсан деб ўйловдим. Мен сени танидим. Дарров танидим! Кўрдиму дарров танидим.

Назаров. Жуда яхши. Келинг?

Сўлаймон ота. Яна келинг, дейди-я! Тавба! Мен... Сўлаймон отанг бўламан!

Назаров. Сўлаймон ота?

Сўлаймон ота. Ҳа! Заркатлик Сўлаймон ота!

Назаров! Э!.. Келинг, ота, келинг.

Сўлаймон ота. Танидинг! Танидинг! (Сўлаймон ота қопини ташлаб, қучоқларини ёзиб Назаров қаршисига юра бошлайди.) Сени топадиган кун ҳам бор экан! Нўъмонжон! Ўғлим! (Назаров уялинқираб ўрнидан туради, Сўлаймон ота уни бағрига босиб, йиғлаб юборади.)

Назаров. Ўзингизни босинг, ота. Ўзингизни босинг.

Сўлаймон ота. Қандай босай, ўғлим?! Ўттиз йил кутдим сени. Йўлингга кўзларим тўрт бўлди. Кўрмай ўлиб кетаманми деб қўрқувдим, Зеби холангга ўхшаб.

Назаров. Ким у?

Сўлаймон ота. Зеби холангни унутдингми? Хотинимда. Ҳар куни қатнардику олдингга. Қуймоқ қилиб.

Назаров. Ҳа, эсладим, эсладим.

Сўлаймон ота. Эсламай ҳам кўрчи! Оббо, Нўъмонжон-эй! Қаёқларда сени қидириб юрибман! Сен бўлсанг икки қадамлик жойда экансан. Нега жимиб кетдинг. А? Ё хафа бўлувдингми?

Назаров. Йўғ-э, нега хафа бўлай? (Секретарга.) Сиз бораверинг. (Секретарь чиқиб кетади.) Тинчмисиз, ота? Ўтиринг, ўтиринг. (Ўтиради.)

Сўлаймон ота. Менга нима қиларди? Мен тинчман. Ўзинг қалайсан?

Назаров. Яхши. Кўриб турибсиз.

Сўлаймон ота. Ҳа, кўриб турибман. Ишларинг яхшига ўхшайди. Катта одам бўлиб кетибсан. Қачон улгурдинг-а? Урушдан кела солиб, яна ўқишга берилибсанда, а?

Назаров. Урушда бўлганим йўқ. Шу ерда керак эканман, олиб қолишди.

Сўлаймон ота. Шундоқ де?.. Биз бўлсак... Зеби холанг билан урушдасан деб юрибмиз... Яхши, яхши. Демак, ўша кетганингча шу ердасан?

Назаров. Ҳа. Йўқ, уч йил Москвада ўқиб келдим.

Сўлаймон ота. Яхши, яхши. Бола-чақа қилганмисан?

Назаров. Ҳа. Икки ўғил, бир қизим бор. Катта ўғлим институтни битирди. У ҳам менга, онасига ўхшаб доктор бўлди. Бултур уйлантирдик.

Сўлаймон ота. Яхши, яхши. Келин қаерлик?

Назаров. Шу ерлик. Бирга ишлаймиз.

Сўлаймон ота. Яхши, яхши... Биз бўлсак... Зеби холанг билан сени кутдик. Кўзимиз эшикда бўлди ҳар куни. Яхши, яхши.

Назаров. Холам қачон қазо қилдилар?

Сўлаймон ота. Йигирма саккиз йил бўлди.

Назаров. Касалмидилар?

Сўлаймон ота. Касал? Йўқ... Касал бизда нима қилади? Қарилик.

Назаров. Ҳа, қарилик, ўлим ҳар кишининг бошида бор. Чой буюрайми?

Сўлаймон ота. Шундай қилиб, бола-чақаликман дегин, катта ўғлимни уйлантирдим дегин?

Назаров. Ҳа, кичкинасининг ҳам бўйи етиб қолди.

Сўлаймон ота. Яхши, яхши. Ишқилиб, ўзингдан тинчиган экансан, ўзингга тўқ экансан... Мен бўлсам, минг хил хаёлда юрибман. Кутдим аввал, кейин ҳалок бўлгансан деб ўйладим. Уруш бўлган жойларда қабрингни ҳам қидирдим... Яна кутдим. Кейин ўлиб қолсам нима бўлади деб яна қидирдим... Сен бўлсанг тирик экансан. Тирик... Менга қара, Нўъмонжон!.. Нега хабар бермадинг-а? Зеби холанг сени яхши кўриб қолувди. Ўзи сени уйлантирмоқчи эди...

Назаров. Ишчилик, ота. Кейин ҳар ҳолда... жудаям...

Сўлаймон ота. Ҳар ҳолда бегонамиз демоқчимисан?

Назаров. Унчалик эмаску, лекин...

Сўлаймон ота. Тўғри. Биз ким? Қишлоқи бир одам...

Назаров. Ундай деманг, ота.

Сўлаймон ота. Гапимга қулоқ солма. Қарилик. Қари одамнинг кўнгли бўш бўлади. Битта гап билан дили вайрон, битта гап билан боши кўкка етади. Эзма бўлиб қолади менга ўхшаб.

Назаров. Ҳечқиси йўқ. Хўш, эшитаман, отахон?

Сўлаймон ота. Эшитаман, дейсанми? Хўп, эшитаман десанг... Мен бир иш билан келувдим.

Назаров. Марҳамат, агар қўлимдан келса...

Сўлаймон ота. Йўқ, йўқ, қўрқма, ҳеч нарса сўраб келганим йўқ.

Назаров. Нима деяпсиз ўзи? Қўрққаним йўқ.

Сўлаймон ота. Кўзинг айтиб турибди, қўрқиб кетдинг. Қўрқма. Қари бўлсам ҳам, ҳали

бировга ташвишим тушгани йўқ. Эсингдами, урушга кетаётганингда менга иккита қўй ташлаб кетувдинг.

Назаров. Қўй?

Сўлаймон ота. Ҳа. Иккита ҳисори қўй.

Назаров. Э, бўлди, бўлди. Эсимга тушди. Хўш?

Сўлаймон ота. Шу қўйлар тўрт юзта бўлган.

Назаров. Тўрт юзта?

Сўлаймон ота. Тўрт юзта. Қишлоқнинг энг олди қўйлари шу қўйлар. Колхоз бозор нархида пул берди. Роппа-роса ўн минг сўм. Истасанг бориб, қўйларингни ол. Колхозга барибир.

Назаров (ҳайрон). Ота, бу ахир... бу ахир катта пулку?

Сўлаймон ота. Ўттиз йилда кичкина пул бўлармиди?

Назаров. Оббо отахон-эй... Оббо сиз-эй! Қўйлар ҳеч хаёлимга келгани йўқ. Лекин доим сизни, Зеби холамни ўйладим. Кўп марта отландим бориб келай деб. Лекин ана бораман, мана бораман билан вақт тез ўтиб кетар экан, шунча йил ўтиб кетибди. Лекин барибир борардим. Сизни бир кўриб келардим.

Сўлаймон ота. Раҳмат. Мана кўрдинг энди.

Назаров. Ҳа. Бошим осмонга етди, ота. Ҳозир бундай қиламиз. Келинингизни чақираман. Уйга борсин. Бир эслашиб, юракни бўшатамиз. Невараларингизни кўрасиз. Иккита қўй шунча бўлиб кетади деб ҳеч ўйламаган эдим. Оббо, Сўлаймон ота-эй, Сўлаймон ота-эй...

Телефон трубкасини олади.

Сўлаймон ота. Тўхта.

Назаров. Йўқ, йўқ! Уйга бормасангиз бўлмайди.

Сўлаймон ота. Боролмайман.

Назаров. Нега?

Сўлаймон ота. Ҳозир кетаман. Ишим бор.

Назаров. Қанақа иш? Бирга қиламиз!

Сўлаймон ота. Йўқ, бу ишни сен қилолмайсан, сенга бу ишни топшириб бўлмайди. Менга қара, шу иккита қўй ташлаб кетганинг ростми? Менга ташлаб кетганмидинг?

Назаров. Ҳа. Ҳозиргидек эсимда турибди.

Сўлаймон ота. Ҳозиргидек дегин... Қўй эсингда турибди-ю, бутун бошли одамни унутибсанда... Яхши... яхши... Биласанми, ҳамма қўй ҳам кўпаявермайди. Сенинг қўйларинг кўпаймади. Тўрт юзта қўйнинг эгаси бошқа одам. Киевда у. Ҳар ёз зиёрат қилиб келаман. Учта иниси бор. Бир-биридан яхши йигитлар.

Назаров. Тўхтанг, тўхтанг! Ҳозир сеники тўрт юзта бўлган деяётувдингиз. Энди эгаси бошқа одам дейсиз. Бу қандай бўлди? Менинг молларимни бировга беришга ҳаққингиз йўқ. Шикоят қиламан!..

Сўлаймон ота. Шикоят? Кимга? Судгами? Ундан нарига бор.

Назаров. Ийя, қанақа одамсиз ўзи? Урушга кетаётиб, иккита қўй бериб кетганим ростку, ахир?

Сўлаймон ота. Энди ўзингга келдинг. Иккита қўй бериб кетганинг рост. Ўттиз йилдан кейин қўйларинг ҳаром ўлди, десам ҳам бўларди. Лекин Сўлаймон ота ғирром одам эмас. Мана, сени ҳақинг шу. (Сўлаймон ота икки юз сўмликни Назаровнинг олдига ташлайди.) Орамиз очиқ энди. Истасанг, қишлоққа бориб қўйларингни олиб кел. Ҳамма билади. Бўйнига қизил лента бойлаб қўйганман.

Сўлаймон ота кета бошлайди.

Назаров. Ота! Тўхтанг!

Сўлаймон ота. Мен сенга ота эмасман. Ўша ўттиз йил олдин менинг олдимдан урушга кетган йигитга отаман. Бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам. Сенга эмас!

Чиқиб кетади. Назаров хаёл суриб колади. Телефон жиринглайди.

Назаров. Эшитаман. Нима? Ўлди? (У трубкани қўяди. Кўзи пулга тушади. Трубкани кўтаради.) Клиника. Ҳа, бу менман. Бояги ўлган йигитнинг адресини беринг. Ц-20, уй номери 31, 12-квартира. Раҳмат.

Селектор тугмасини босади. Буёққа киринг. Секретарь киз киради.

Секретарь. Эшитаман.

Назаров. Манави пулни олинг. Ц-20га борасиз. Биласизми? Яхши. 31-уй, 12-квартирада ёлғиз бир аёл яшайди. Шунга берасиз. Ўғлингизнинг чўнтагидан чиқди, дейсиз. Хўпми?

Секретарь. Хўп.

Назаров. Боринг.

У шундай деб секретарни чиқариб юборади ва оғир ўйга толади.

Парда

Ўнинчи Кўриниш

Вокзал олдидаги боғ. Олатароқ скамейкада Анвара ҳаётдан умид узган одамдек хомуш ўтирибди. Паровоз, машиналарнинг чинқириши қулоғига кирмайди. Ёнида тугун... Сўлаймон ота пайдо бўлади. Анварани кўриб тўхтайди, танигандек бўлади, тикилади.

     Сўлаймон ота. Сенмисан?.. Отинг нима эди? Маърипатми?

Олдига боради.

Анвара. Салом алайкум, ота. (Ўз аҳволидан уялинқираб ўрнидан турмоқчи бўлади.)

Сўлаймон ота. Ўтиравер. Ўтиравер, оббо, қизим-эй!.. Тоғ тоғ билан учрашмайди-ю, одам одам билан учрашади дейишгани рост экан-а, Маърипат? Маърипатмиди, отинг?

Анвара. Энди бунинг аҳамияти йўқ. Нима десангиз деяверинг. (Кўзига ёш олади.)

Сўлаймон ота. Ийя! Бу нима деганинг? Эсинг жойидами? От деган нарса, ном деган нарса нималигини биласанми ўзинг. Ном бу зот, авлод... Яхшини ёмондан, ёмонни яхшидан ажратадиган муҳр. Ота-она фарзандига ном қўяр экан, бутун орзу-умидини тикади унга. Умри қийинчиликда ўтган одам ўғил кўрса Бахтиёр, қиз кўрса Бахтгул қўяди. Икки маҳалла нарига юрмаган одам яхши ният билан ўғлини Йўлчивой деб атайди. Мен кўрмаган йўлларни у кўрсин дейди. Ҳамма гап шундаки, биров ўз исмига арзийди, биров арзимайди.

Анвара. Мен Анвараман.

Сўлаймон ота. Анвара... Бўлди, эсимга тушди. Яхши номинг бор экан. Биласанми, бу нима дегани? Анвара, Анвар, Мунаввар... нур дегани, ёруғлик дегани. Ўзим ҳам номинг шунақа бўлса керак девдим... Умрингни бир одамнинг бахтига бағишлабсанми, йўлини ёритибсанми, сен чиндан ҳам Анварасан... Айтгандай, эринг... нима эди ҳалиги... олимларнинг олими бўлдими, зиёфатларинг яхши ўтдими? (Анвара йиғлаб юборади.) Ҳа, нима бўлди, нега йиғлаяпсан? Юрагинг тўлиб турганини сезувдим. Нима бўлди?

Анвара. Аҳмоқ эканман, ота. Кўр эканман!..

Сўлаймон ота. Ҳа, нега?

Анвара. Мен бу ерда бир тийин ўзимга сарф қилмай, топган пулимни юбориб турсам, ҳатто тақинчоқларимни сотиб, қийналмасинлар десам, ўқишни ташлаб, ишласам!.. (Ўзини тутолмай йиғлайди.) У киши... У киши уёқда уйланиб олган эканлар! Нима қиламан энди, ота? Одамларнинг юзига қандай қарайман?!

Сўлаймон ота. Э, аҳмоқ! Э, иблис! Кўр эканку эринг, а? Одам эмас эканку?! Ўзингни бос, йиғлама. Садқаи йиғи кетсин эринг, ўзингни бос. Мени айтди дейсан, ҳали олдингга йиғлаб келади.

Анвара. Керак эмас, энди уни кўргани кўзим йўқ.

Сўлаймон ота. Баракалла! Мана бу гапинг жойида. У текинхўрни нима қиласан? Ёшсан, ҳуснинг бинойидай. Ақлинг жойида. Ҳали манаман деган йигитлар сени ахтариб келади. Ана ўшанда эҳтиёт бўл, насиб қилганига тегу текинхўр қилиб қўйма. Баравар ишлаб, баравар едир.

Анвара. Менга ҳеч ким керак эмас энди. Тўйдим.

Сўлаймон ота. Мана бу гапинг аҳмоқларнинг гапи. Яшаш керак. Дўст-душманнинг олдида бошингни баланд кўтариб юр. Сен куйма. Сени хор қилганлар куйсин. Ишлар экансан, ишлагин. Ишда ҳамма нарса унут бўлади.

Анвара. Мен унга ишонувдим. Менинг ҳеч кимим йўқлигини, етим ўсганимни биларди. Ота, шунақаям қаҳри қаттиқ одамлар бўладими, а? (Йиғлайди).

Сўлаймон ота. Бор, қизим, бор. Ҳали шунақа одамлар борки, кўзини лўқ қилиб сени алдайди. Биттани алдадими, ҳаммани алдайди. Дунёни сел олиб кетса тўпиғига келмайди. Ўзим бўлай дейди. Марднинг чопонини кийиб, номардлик қилади. Тузингни ичиб, тузлуғингга тупуради. Лекин уларни писанд қилма. Эзилганингни кўрсатма. Кўрсатдингми, баттар эзишади. Бўйнингни ғоз тут.

Анвара (истеҳзо билан кулади). У кишининг устозлари бор экан. Бирам яхши одам! Худди сизга ўхшайди. Ўша киши зиёфатда... Зиёфатни ресторанда қилдик. Виставканинг ичида. Мен қилган овқатларга ҳамма ҳайрон қолди, шефповар ҳам. Димлама, хамири шойидек юпқа манти, қовурма варақи, асал солинган қуштили, мунча-мунча қовурға солинган нўхат шўрва... Ҳеч нарса қолмади, мақтаб-мақтаб ейишди. Ўша киши — устозлари менинг шунақа ҳаёт йўлдошим бўлганида ўн марта доктор бўлардим дедилар. (Йиғлаб юборади яна.) Ҳаётингиз, ҳаётингиз йўлдоши... Анварахон учун қадаҳ кўтараман дедилар. Қарсак бўлиб кетди. Ҳамма ичди.

Сўлаймон ота. Баракалла, баракалла. Эринг доктор бўлмабди, сен доктор бўлибсан.

Анвара. Эртасига билдим хотинлари борлигини. Аёлнинг ўзи келиб айтди. Мени кечирасиз, агар сизнинг шунақа яхши одамлигингизни билганимда келмасдим деди. Тўрт йил бўлди турмуш қурганимизга деди. Тўрт йил бўлган экан (йиғлайди). Ўғиллари бор экан. Кўрдим. Бирам чиройли. Отасига ўхшайди. Мен бўлсам... юраверибман... юраверибман.

Сўлаймон ота. Йиғлама, қизим. Ҳали ёшсан. Ҳали яна турмуш қурасан. Фарзанд кўрасан. Хафа бўлма. Истасанг юр мен билан, ота-бола бўламиз. Катта боғим бор. Ўзим ўқитаман сени.

Анвара. Раҳмат, ота (ўрнидан туради).

Сўлаймон ота. Ҳа, қаёққа?

Анвара. Уйга, эртага ишга боришим керак.

Сўлаймон ота. Мана бу гапинг жойида. Ҳамма ғуборинг ишда чиқиб кетади. Ишлаш керак.

Анвара. Айтгандек, ўғлингизни топдингизми?

Сўлаймон ота. Ҳа, топдим... Қабрини топдим.

Анвара. Кечиринг, ота. Кўнглингизни ғаш қилдим. Мен тирик бўлсалар керак деб умид қилувдим.

Сўлаймон ота. Тирик бўлса, хабар қиларди. Уйга қайтарди. У ўлган. Учта ўртоғи билан жангда ҳалок бўлган. Хайр, қизим, йўлингдан қолма. Тўхта, менга эрингнинг адресини бер.

Анвара. Нима қиласиз?

Сўлаймон ота. Башарасига бир тупураман.

Анвара. Ҳожати йўқ, ота, энди у менга керак эмас.

Сўлаймон ота. Баракалла, бўлмаса ўзингнинг адресингни айт. Яхшиси ёзиб бер, мана қоғоз. (Сўлаймон ота қийиғини ечиб, бир неча конвертларни олади. Биттасини калта қалам билан аёлга узатади. Мана шунга ёз. Қайтганимда кираман. Хўп десанг, Заркатга олиб кетаман. Бўлганмисан, Заркатда? Э, жаннати қишлоқ. Бир ёғи тоғ, қишин-ёзин тепаси қор. Бир ёғи сув, ўрикзор, олмазор, узумзор... Баҳринг очилади. А, нима дейсан?

Анвара. Раҳмат. Қайтишингизда киринг, ота.

Сўлаймон ота. Албатта кираман. (Конвертни яна қийиғига ўрайди.) Сен ўйлаб кўр, хўпми?

Анвара. Хўп, хайр, ота...

Сўлаймон ота. Хайр, омон бўл. Эзилма кўп. Тинчлик, омонлик бўлса, бахтингни топасан. Соянгга салом беришади ҳали. Қари чолга ишон, қизим.

Анвара. Раҳмат, ота. (Кетади. Чол орқасидан қараб қолади.)

Сўлаймон ота. Бечора... Яхши жувон экан. Худди Зебининг ўзи.

Ғулом ака — уруш инвалиди, чойхоначи, 68-70 ёшларда.

Зеби хола — Сўлаймон отанинг хотини, 45-50 ёшларда.

Назаров — врач, 45-50 ёшларда.

Содиқ — аспирант, 30 ёшларда.

Анвара — 30 ёшларда.

Мамарасул — ферма мудири, 35-40 ёшларда.

Зарифа — Содиқнинг хотини, 22-25 ёшларда.

Зарифанинг ота-онаси, купедаги йигитлар, Галинанинг қишлоғидаги аёллар, қурувчи йигитлар, сельсовет раиси, Сўлаймон ота колхозидаги правление аъзолари ва бошқалар.

Парда

Ўн Биринчи Кўриниш

Киев ёнидаги тўртта номаълум солдат қабри. Олисда ярми қурилиб битган мактаб биноси. Сўлаймон ота қабрлар олдида турибди.

Сўлаймон ота. Кимсизлар? Ота-оналаринг ким? Қаердансанлар? Уйларингда кимлар кўз ёши тўкиб ўтирибди, йўлларингга интизор бўлиб? Кимлар менга ўхшаб изларингни қидириб юрибди? Қайси биринг ўрис, қайси биринг гуржи, қайси биринг қозоқ? Ким бўлмаларинг, ҳаммаларинг менинг фарзандларим. Биттанг Нўъмонжон, учтанг унинг дўстлари. Тирик бўлганларингда дийдор кўришардик. Сенларни кўриб, Турсуналимни кўргандек бўлардим, бутун Заркатга ош берардим, Маъмуржоннинг шогирдларини чақирардим. Одамлар қизиқ, молнинг эгасини қидирадими, керак бўлса ўзи келади дейишарди. Гап молдами? Одам керак одамга. Ўша доктор йигитни одам деб кутган эдим. Мени ҳам одам деганда ўттиз йил экану яна ўттиз йил кутардим. Ўғлим дердим. Сенлар ўғил менга. Биттанг Нўъмонжон, қолган учтанг унинг дўсти. Жойларинг жаннатда бўлсин. Энди сизлар ёлғиз эмас. Ҳар куни дарсга қўнғироқ чалинганда сенларни эслашади. Келиб, зиёрат қилишади. Мен ҳам эслайман. Ғуломчўлоқ ҳам. Сенлар дилимда бўласанлар доим. Яна келаман. Ҳар баҳор келаман. Ёнма-ён ўтириб, қишдан омон-эсон чиққанимизни гаплашамиз. Бир-биримизга умр, тинчлик-омонлик тилаймиз. Муздек пешаналарингга юзимни қўйиб, сенларни топганимдан суюнаман, кўнглим таскин топади...

Галина хола пайдо бўлади.

Галина. Ҳозир келишади. (Сўлаймон ота чўчиб тушади.)

Сўлаймон ота. Лаббай?

Галина. Ҳозир келишади. Раиснинг ўзи ҳам келади.

Сўлаймон ота. Жуда яхши. Кўнглим энди тинчиди, Галина. Сен билан менинг Нўъмонимиз шу. Ҳалок бўлган ҳамма Нўъмонжонлар шу ерда. Кўнглим тинчиди, энди ўлсам армоним йўқ.

Қурувчи йигитлар ва колхоз раиси келишади.

Раис. Салом Сўлаймон ота, қалай ётиб турдингиз?

Сўлаймон ота. Раҳмат.

Галина. Кечаси билан мижжа қоққанлари йўқ.

Раис. Тушунаман. Ота, бизни кечиринг. Қўлимиз калталик қилиб қолди. Бу йигитларга ҳали шундай ҳайкал қурайликки, ҳамма ҳайрон қолсин.

Сўлаймон ота. Биламан. Лекин мен бошқа сабаб билан сизларни бу ерга келишингларни илтимос қилдим. Биз Галя билан... Галина, яхшиси ўқиб бер. (Галина хола чўнтагидан қоғоз олиб, ўқий бошлайди.)

Галина. «Биз, Нўъмонжон Назаров ва унинг учта жанговар дўсти, қабримиз ёнидаги мактаб қурилишига икки юзи кам ўн минг сўм беришга қарор қилдик. Унда ўқийдиган болалар урушни билишмасин, бахтли бўлишсин. Мабодо кимда-ким уруш очиб қолса, биздек ботир бўлишсин. Нўъмонжон Назаров ва унинг дўстлари».

Сўлаймон ота. Мана ўша пул. Роппа-роса икки юзи кам ўн минг (қийиқчага ўроглиқ пулни раисга узатади). Чинакам одамлар ўлгандан кейин ҳам яхшилик қилади. Булар чинакам одамлар, хатни Галина билан иккаламиз ёздик. Аминман, Нўъмонжон тирик бўлганда шундай қиларди. Унинг дўстлари ҳам, олинг, раис!

Раис. Раҳмат! Раҳмат! Раҳмат, Сўлаймон ота. (Чолни бағрига босади).

Сўлаймон ота. (Галинага). Мана, ишлар битди, Галина. Мен ҳам энди кетай. Битта дилгиром бериб юборсанг. «Ўзбекистон, Заркат қишлоғи. Толзордаги чойхона мудири Ғуломчўлоққа. Менким Сўлаймон Йўлдошев дилгиромни бердим шул мазмундаким, Нўъмонжонни топдим. Уч баҳодир дўсти билан Киев ёнида тинч ётибди. Ҳайкал ўрнатишибди, уларнинг қабри устига. Бутун Украина уларни билар экан. Энди тинчман. Сен ҳам тинч бўл. Неваранг Мамасолига энди жавоб бер, ўқисин. Ўзим ёрдамчинг бўламан. Ёғоч оёғинг билан қийналма. Маъмуржоннинг пластинкасини қўйиб, иккаламиз келган-кетганнинг кўнглини оламиз, ошна-оғайнининг ғийбатини қилиб ўтирамиз. Абдуллажонга, мени сўраганларнинг ҳаммасига салом айт. Кўришгунча хайр. Қиёматли дўстинг Сўлаймон».

Парда

1974