OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиҚизимга Мактублар
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт1994
Ҳажм65KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган15/05/2010
Манба[ziyouz.com ziyouz.com...]


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қизимга Мактублар
Ўлмас Умарбеков

«
Мангу дунё бўсағасида
»

Бу дунёга келганларнинг, албатта, кетмоғи бор. Кимдир бир кун олдин, кимдир бир кун кейин... Кетади-ю, қайтмайди. Мангу дунё абадий уни ўз қучоғига олади.

Кетмоғи яқин қолганини киши сезганда чўчимайди, аммо турли ўйлар қуршовига тушади, кечган, кечирганларини эслайди, олис, яқин одамлар кўз олдидан ўтади. Мен билан ҳам шундай бўлди. Касалхонада ётарканман, вақтим, иродам етганича, кўнглим кўтарганича ўйларга, хотираларга берилиб кетиб, шуларни ёздим.

Умида! Қизим...

28-октабр, 1993-йил. Ўн кун давом этган текшириш, ўрганишлардан сўнг қандайдир аниқлик пайдо бўлди. Даволовчи врач Татяна Дмитриевна келиб, қўлимни сиқди.
— Касалингиз биз хавотир олганчалик илдиз отмаган экан. Нафас атрофидан бошқа ҳамма аъзоларингиз соғ. Касал нафас йўлларига ўтмаган. Бир-икки кун ичида консилиум қиламиз. Радиологлар, бош хирург, директор билан маслаҳатлашамиз. Менимча, сизни аввал даволашимиз, кейин оператсия қилиб, касалликни олиб ташлашимиз керак.

Истараси иссиқ, нигоҳи самимий шифокорнинг бу сўзларидан қувониб кетдим. Вужудим илиб, кайфиятим кўтарилди. Миннатдорчилик билдириб, телефонга югурдим. Текшириш натижаларидан Зуҳра қисман хабардор бўлса ҳам ўзимнинг оғзимдан хушхабарни эшитгани маъқул эди.

Қийналиб гапирсам ҳам Зуҳра мени англади, шу заҳоти, худди мен каби у ҳам ўзгариб кетди. Ёзнинг бошларидан бери биринчи марта унинг овозида севинч оҳанглари пайдо бўлганини сездим. Телефонни ёриб юборгудай бўлиб, ҳозир етиб бораман, деди. Бошим осмонда эди. Худога шукур. Демак, бир қанча вақт томоғимни радиатсия нурлари билан даволашади. Тошкентда ўн марта нурланганимда шу ишлар бирмунча камайган эди. Касалим тарихида ёзилган. Ким билади, балки бу ерда шуни эътиборга олишдимикан? Консилиумда ҳам шундай қарорга келишса, ўзимни бахтли ҳисоблардим. Тахминан бир ой, бир ярим ойдан сўнг уйга қайтишим мумкин. Қизим, сени кўраман, укаларим, дўст-биродарларимни кўраман. Умида, сени жуда соғиндим. Деярли ҳар кеча қўнғироқдек овозингни эшитгандек бўламан. Кўз олдимда ўзинг пайдо бўлиб, кўзларинг ёниб: «Ада! Келдим!» - дейсан-да, ёнимга келиб, юзимдан ўпгандек бўласан. Кўп эмас, атиги икки ҳафтадан бери Москвада бўлсам ҳам, ҳар куни сенинг ўқишдан қайтаётган пайтинг, ўз калитинг билан дарвоза-эшикни шарақлатиб очишинг, шахдам қадамлар билан тақ-туқ, тақ-туқ қилиб айвонга кўтарилишинг кўз олдимдан ўтади. «Ада! Мен келдим!..» Қизим, жоним, сени яна кўрадиган бўлдим. Орзум эсон-омон уйга қайтмоқ эди, ниятимга етадиганга ўхшайман. Худо хоҳласа, марҳамат қилса, бир ой, бир ярим ойлардан сўнг тузалиб қайтаман...

* * *

Менинг бир ҳикоялар ва қиссалар китобим бор. Унга «Оқ қалдирғоч» деб ном қўйганман. Олтмишинчи йилларнинг охирларида Булғорияда бўлганимда булғор адабиётининг машҳур, эл орасида катта обрўга эга классик ёзувчиси Эмин Пеликнинг шу номдаги ҳикоясини ўқиган эдим. Ҳикоя катта эмас. Мазмуни шундай. Бир деҳқон буғдой пишиғи маҳали далага, ўримга кетаётганида бўйига етган қизи ҳам унга эргашади. Ҳамма ўртоқларим кетишяпти, мени ҳам олиб боринг, деб отасидан илтимос қилади. Ота рози бўлади. Ёз. Кун иссиқ. Қиз далада бир дарахтнинг остида ўримдан чарчаб дам олгани ётади ва ухлаб қолади. Уйқусида кўкраги муз бўлиб кетаётганини сезади. Чўчиб уйғониб қараса, кўкрак устида кулча бўлиб, илон ётган эмиш. Дод солиб, қиз уни улоқтиради. Ҳамма унинг овозини эшитиб, югуриб келади. Қиз бўлган воқеани айтиб беради. Шу кундан бошлаб у касалга чалиниб қолади: овқатланмайди, ухламайди, кўнгли ағдариладиган бўлиб қолади.

Ота-она уни ҳамма яқин орадаги шифокорларга, табибларга кўрсатишади. Аммо қиз тузалмайди. Кимдир уларга қизингиз оқ қалдирғочни кўриши керак, шунда тузалади, деб маслаҳат беради. Эр-хотин аравага қизларини ётқизиб, оқ қалдирғоч қидириб кетишади. Улар телеграф устунларига тортилган симёғочлар остида қишлоқма-қишлоқ, шаҳарма-шаҳар узоқ кезишади, оқ қалдирғочни топишга қизларини ишонтиришади. Қиз шу ишонч билан яшайди. Умид билан симёғочларга, осмонга тикилади.

Татяна Дмитриевна ўз ҳамкасблари билан менга шундай ишонч беришди. Нурланиш, кимёвий терапия бундан бу ёғига менинг оқ қалдирғочим. Мен уни топаман, уни кўраман. Зора бу гўзал, беозор қуш менга ҳам Худонинг шифосини олиб келса?!

Иккинчи қалдирғочим — жонимдан ҳам азиз қизим Умида. Унинг учун яшашга интилдим, ҳамма хаёлим, қувватимни жамлаб, сиҳатимни яхшилашда шифокорларга ёрдам беришим керак.

Москвага жўнаётган кунимиз Умида билан хайрлашувим кўз олдим¬дан кетмайди. Эрта туриб кийинаётганимда у олдимга келди. Бўйнимдан қучоқлаб юзини юзимга қўйди. Сезиб турибман, мактабга боргиси йўқ. Икки-уч кундан бери у литсейга ўтган эди, ўқишдан қолиши керак эмас. Шунинг учун қаттиқ бағримга босдим, ўқишдан қолишига, самолётгача мени укам, синглим билан бирга кузатиб қўйишига зарурат йўқ. Кейин у ҳам эзилади, мен ҳам. Оддийгина хайрлашган маъқул.
— Нима олиб келай Москвадан? — сўрадим уни қўйиб юбориб. Шу билан шундай хайрлашганим кифоя, дегандек бўлдим. У ақлли қиз — тушунди. Жилмайиб:
— Ҳеч нарса. Тузалиб қайтсангиз бўлди, ада, - деди.
— Албатта қайтаман.

Шундай деб елкасига бир-икки қоқиб қўйдим. У оҳиста юриб, ўз хонасига ўтди. Портфелини олиб, айвондан тушаётганда, орқасига қайтди:
— Хайр, ада! Мендан хавотир олманг! Соғайиб келинг! Мен қўлимни силкитдим.

Охирги кўришганимиз шу. Охирги деяпман-у, уни яна кўришимга, ҳали кўп у билан бирга бўлишимга ишонаман. Ўз оёғим билан уйга кириб бораман, бағримга босиб, иссиқ пешанасидан ўпаман. Зуҳра телефонда у билан гаплашиб турибди. Ҳар гал гаплашиб келганида ундан салом айтади. Ўқишлари яхши эмиш. Инглиз тилидан, математика, физикадан беш баҳо олаётган эмиш. Умида, жоним қизим! Яхшиям Худо бизга сени берди.

Опанг каби мен учун ҳам энг азиз, энг қимматли, энг ширин ва шакар одамсан. Сенинг бахтли бўлишингни қанчалик исташимни билсанг эди! Омон бўл, қизим. Барча орзуларингга ет. Мен ҳар куни Худодан опанг билан сенинг бахтингни сўрайман. Узоқ умр кўришингни, ниятларингга етишингни сўрайман. Ҳар қандай бало-қазолардан сени асрашини, сендан, опанг, аммаларинг, Акмал акангдан марҳаматини аямаслигини сўрайман. Арзандам, ёлғизим, агар баъзида сени уришган бўлсам, кечир. Фақат яхши ниятда шундай қилганман. Сени яхши кўришимни, ҳеч кимга ишонмаслигимни яхши биласан. Қизим, агар тақдир тақозоси билан энди кўришмай қолсак, опангни эҳтиёт қил. Бечора опанг мен билан кўп азоб чекди. Сен уни ҳурмат қил. Ёлғизлатиб қўйма. Қаттиқ гапирма, яхши гапингни аяма. Иложи бўлса доим бирга тур. Қизим, ҳаётингга гард юқмасин, бахтли бўл. Омон бўл, фариштам, арзандам!..

* * *
Ўзбекистоним, севикли юртим! Не-не жафолар сенинг бошингга, фарзандларинг бошига тушмади?! Шаҳарларинг, қишлоқларинг душманлар оёғи остида неча бор топталди, ёнди, фарзандларинг қирилди, қул қилиб сотилди. Сен барибир қад кўтардинг, кул бўлган шаҳар, қишлоқларинг қайтадан бунёд бўлди, ҳуснига ҳусн қўшилди. Элимиз, еримиз донғини жаҳонга таратган йигит-қизларинг сени кафтларига кўтардилар. Кимни айтай? Боболаримиз Темур, Улуғбек, Бобур Мирзоларними? Момоларимиз Зебуннисо, Нодира, Увайсийларними? Аҳмад Яссавий, Беруний, Хоразмийларними? Чўлпон, Боту, Авлоний, Қодирийларними? Усмон Носир, Ойбек, Ғафур Ғуломларними? Сен яна яшнаб кетасан, сени бўстонга айлантираётган халқинг ҳеч кам бўлмайди. Сен давр сурадиган замон келди. Шу замонни, мустақил ҳаёт заминини кўраётганларга мен чин юракдан зафар, омад тилайман. Насиб этса оз бўлса ҳам уларга қўлимдан келганича ёрдам бераман.

Юртим, Ўзбекистоним, қадрдон, туғишган элим! Чўчима! Сен тарих кўргансан, баъзилар чипта ковуш кийиб юрганларида, сен чарм этик, зар тўнда юргансан, шаҳарлар кўргансан. Муҳими, йўқ бўлиб кетганинг йўқ — борсан, ҳаётсан! Давлат кўрган халқ хор бўлмайди. Ўз йўлини топади. Авлод-авлод болаларинг роҳатини кўрасан. Йиллар келади, ҳозир сенга шарт қўяётганлар ўз шартларидан қайтиб, сенга дўстлик таклиф қиладилар, ҳеч қандай шартсиз, ғурур ва киборсиз. Худо ўзи ёр бўлсин сенга!

* * *

Қоғозларни олдимга қўйиб, қўлимга қалам олдим. Фикрларим равшан, кўнглим тинч. Шундан бўлса керак, энг аввало қизимни ўйлаб кетдим. Кеча туғилган кунига биринчи марта ҳеч нарса совға қилмадим. Опаси Москвадан жўнатган нарсалар ўз йўлига. Мен ўз қўлим билан унга бирон нарса олиб беришим керак эди. Дарвоқе, эсимга тушди. Москвага жўнаётганимда унга янги автомат ручка ва шундай автомат қалам бердим. Мабодо туғилган кунинггача қайтмасам, дедим. Оғзи қулоғига етиб жилмайди. Ўзингиз ишлатинг, деди. Мен жавоб бермай, бошидан ўпдим.

Шуларни ўйлаб кетиб, унинг болалигида берган бир саволи эсимга тушди. Ада, бувам, бувимлар ҳақида, ўзингизнинг болалигингиз, опамлар ҳақида гапириб беринг, ҳеч нарса билмайман, деб сўраган эди у. Ўшанда хўп, деб кулиб қўя қолган эдим. Шунчалик уйда кам бўлардим, ўтмишни эслашга вақт бормиди у пайтлари? Мана энди назаримда шундай вақт келди. Албатта, қизимни ёнимга ўтқазиб, гапириб бериш имкониятидан ҳеч хаёлга келмаган касаллик оқибатида маҳрумман — овозим йўқ. Даволанишдан бўш вақтларим фақат ёзишим мумкин. Аммо кимёвий дори, нурланиш бошни айлантириб, кўнгилни ағдарар экан, лоҳас қилиб, анчагина бўшаштириб қўяр экан. Ўзимга келган дақиқаларда, даволаниш бўлмаган кунлари ўтмишдан эсимга тушганларни, майли, ёзай. Шу мендан қизимга эсдалик бўлсин. Бобоси, бувисининг ҳаётлари билан, опаси ва менинг ёшлигим билан оз бўлса ҳам танишсин. Бафуржа ёзишга кўзим етмаяпти. Сезишимча, вақтим кам, кейин узоқ йилларни қайта эслашга шароит йўқ. Аммо қўлимдан келганича уриниб кўраман. Аммо ёзганларимни ҳозир жўнатаман. Тузалиб кетсам, ўзим олиб бориб қўлига бераман. Тузалмасам... опаси — Зуҳра олиб кетади...

Умида, қизим, Сени ўйлаб ёзаяпман. Ўқи, ота-боболаринг кимлиги билан таниш. Мен асли тошкентликман. Ҳовлимиз Тошкентнинг ҳозирги «Россия» меҳмонхонаси билан вокзалга борадиган трамвай йўли ўртасида бўлган. Мен шу ерда туғилганман. Ҳовлимиз катта, йигирма сотихча келарди, бундан ташқари олти сотих атрофида болохонали молхонамиз ҳам бор эди. Молхонага алоҳида эшикдан кириларди, кўзга унча ташланмасди.

Ўша пайтлари бизнинг ҳовлимиздан Миробод маҳалласининг шимол томони бошланган.

* * *

Шимолдан пастга қараб кетган, кетма-кет тушган уйларда асосан қариндошларимиз яшашарди. Улардан кейин рус қўралари бошланарди. Бобонг — менинг отам Раҳимбек аканинг уч акаси ва бир опаси борлигини биламан. Дадамнинг энг катта акалари Каримбек полвонни кўрмаганман. Айтишларига қараганда баланд бўйли, елкадор, жуда келишмаган одам бўлган. У кишининг ўғли Турғунбек акани кўп кўрганман, кўп у билан бирга бўлганман. Баланд бўйли, мўйловдор, овози уйни титратадиган одам эди. Унга қиёс қилса, албатта отаси, Каримбек полвон ҳам шундай одам бўлган.

Дадамнинг ундан кейинги акаси Бобобек полвон эди. Эсингдами, опанг жуда кўп марта Чилонзорда яшайдиган Раҳима аммангга телефон қиларди, унга зарур дорилар топиб бериб турарди. Бобобек полвон ана шу Раҳима аммангнинг адаси, мен уни эс-эс биламан. Урушдан олдин қазо қилиб кетган. Уни кўмиш маросими ҳам эсимда. Одам жуда кўп бўлган, Тошкентдаги полвонлар, айтишларича, Фарғона водийсидаги полвонлар ҳам у билан видолашгани келишган.

Ҳаким полвон дадамнинг энг кичик акаси эди. Дадам, Бобобек амакимдан у кескин фарқ қиларди. Кўккўз эди. Бундан ташқари дадам катта амакимлардек тўла эмас, баланд бўйли, қотма эди. Лекин ундан ҳам тошкентлик кўп полвонлар йиқилишган, деб айтишарди. Амакиларим, дадамнинг бирон марта ҳам кураш тушганини кўрмаганман. Лекин айтишларича, Паркент, Пискент, Бўка, Тошкентнинг ўзида анчагина обрўга эга бўлган полвонлардан эканликларини кўп эшитганман. Уйда моддий тақчиллик юз бериб қолса, улар жума кунлари курашга бориб, этак-этак пул ишлаб келишар экан.

Зулфия аммам Бобобек амакимдан кичик. Ҳаким амаким ва дадамлардан катта эди. У киши ҳам худди ака-укалари сингари баланд бўйли, қирра бурун, бақувват, полвонсифат аёл эди. Кўзлари ҳам бўй-бастига яраша йирик эди. Биз болалар ножўя иш қилиб қўйсак, у бир олайиб қараса, тирақайлаб ҳар чеккага қочиб кетардик. Аммам бир қарашда дағал, қўпол кўринсалар ҳам, диллари бўш, салга кўзлари намланадиган, аммо тез ўзларини тутиб оладиган аёл эдилар. Катта ва кенжа ўғиллари билан қўш ҳовлили уч ҳовли уйда турардилар. Ўртанча ўғиллари Миробид ака ўқитувчи, ҳозирги «Пахтакор» стадиони тушган Эгарчи маҳаллада яшарди. Миробод бозорда қаричилик сабабли сабзавот сотиб кун ўтказадиган Яккасарой маҳалласининг обрўли кексаларидан, қариндошимиз Тўлаганбек амакимнинг қизларига уйланган эди. Дадам қариндошлари Эгарчи, Ўқчи ва Миробод маҳаллаларида, ойимнинг авлодлари эса Тезиков бозорининг орқаси Яккасаройга туташ Дамариқ, Қушбеги, Қумариқ маҳаллаларида узоқ-узоқ даврлардан бери ҳовли-жой қилиб келишарди.

Катта амаким билан аммамнинг нима иш билан шуғулланишгани, тирикчиликлари қандай ўтганини яхши билмайман. Аммо Ҳакимбек амаким мол-мулки ажратиб олиниб, қулоқ қилингани, Украинанинг Николаев шаҳрида ўн йилча бўлганини биламан. Амакимнинг ўзлари айтиб берардилар. Битта кўрпа, иккита ёстиқ, тунука чойнак билан тўртта пиёлани қўлларига тутқазиб, вокзалга ҳайдашган. Хотинлари, катта ўғиллари Юсуфбек, иккита қизлари билан қизил юк вагонда Украинага жўнаб кетганлар. Амаким русча, украинча яхши гапирарди. Сургунда албатта анча қийналган. Лекин унинг бахтига Николаев шаҳрининг об-ҳавоси Тошкентникига ўхшар экан. Тезда кўникиб, аввал битта чайла, кейин бир хонали лўмбоз уй қуриб олган. У украинларни жуда ҳурмат қиларди. Уни ёлғизлатиб қўйишмаганини, кечалари сут, ёғ, нон олиб келиб, ундан хабар олиб туришганини кўп гапирарди.

Амаким ўзи яхшигина деҳқон эди. У ерда ерёнғоқ, қовун, тарвуз, жўхори экиб, икки-уч йил ичида анча ўзини эплаб олибди. Ўттиз тўққизинчи йили уни юртига қайтишига рухсат беришибди. Қизим, Музроб аканг шу Ҳакимбек амакимнинг ўғли. Биз у билан тенгдошмиз. Икки ёшгина мендан катта бўлса керак. Она юртларига қайтиб келиб, амаким турли жойларда энг оддий ишларда ишлаганлар, аравакашлик, қоровуллик қилганлар. У киши дунёдаги сиёсий аҳвол, давлат арбобларининг қилаётган ишлари ҳақида гапиришни яхши кўрардилар. Аммо фақат дадам, ойимгилар билан гаплашардилар. Бошқалар билан гаплашиш кутилмаганда яна қандай фожиалар олиб келишини билардилар.

Дадамни ҳам қулоқ қилиб юборишларига оз қолган экан. Амакиларимни, шу жумладан, дадамнинг ҳам Новкатда ерлари бўлган. Дадам ўз ерларида иморат қурмоқчи бўлибдилар. Томини ёпишаётганда кимдир ҳукумат қарори чиққан газетани кўтариб келиб қолибди. Дадам ўқиб қарасалар, қарор ошиқча ер, ошиқча иморатларни тортиб олиш ҳақида экан. Шундай томдан тушибдилар-у, усталарга жавоб бериб юборибдилар. Қоронғи тушганда аравани қўшиб, бор юкни ортиб, устига бизни ўтқазибдилар-да, Тошкентга йўл олибдилар. Эртасига ёлғиз ўзлари қишлоқ советига бориб, иморатни ҳам, ерни ҳам ҳукуматга топшириш ҳақида ариза бериб келибдилар. Шундай қилиб қулоқ бўлиш хавфидан қутулиб қолган эканлар.

Умида, қизим, сенинг буванг, менинг дадам Раҳимбек Умарбеков 1956-йили 22-декабрда, пайшанба куни кечқурун оламдан ўтди.

Ойим, сингилларим, амакиваччам Музроб айвонимиздаги танча атрофида ўтирардик. Кетма-кет катта хонага кириб, бетоб дадамлардан хабар олардик. Мен кирганимда дадам кўзлари очиқ, анчагина енгил нафас олиб, шифтга қараб ётардилар. Мени кўрдилар, назаримда кўзлари билан жилмайган бўлдилар. Икки кунча бурун худди шу жойда, шу қора темир каравот ёнига мени чақириб, васият қилган эдилар. Йўқ, видолашмадилар, ўлаяпман, сен энди оиланинг каттасисан, демадилар. Хотиржамлик билан ёнларига ўтказиб, қўлимни қўлларига олдилар:
— Ўғлим, бир-иккита одамга берадиганим бор. Имкониятингиз пайдо бўлганда бериб қўйсангиз. Хўпми?
— Албатта, дада, — дедим мен юрагим орқамга тортиб. Гаплари васият эканини, ўлимга тайёргарлик кўраётганларини дарҳол фаҳмлаган эдим.
— Дада! Ўзингиз ҳали ўша одамлами кўрасиз. Туриб кетасиз яқинда! — дедим юпатишга интилиб. Ўшанда уларнинг қазо қилишларини тасаввур ҳам қилолмаган, шундай кун яқинлигига ишонмаган, ишонгим келмаган эди.

Дадам гапимни эшитиб, оҳиста қўлимни қисиб қўйдилар, қўллари ҳар доимгидек юмшоқ, иссиқ эди.
— Биттаси Юнусбек тунукачи. Ойинг уйини билади. Ракатда. Иккинчиси Тўлаганбек оппоқдаданг. Бу одамга берадиганимиз кўп эмас. Лекин барибир қарз бўйнимда кетмасин.
— Хўп бўлади, дада. Хавотир олманг. Ҳамма қарзларингизни узаман.
— Раҳмат, ўғлим. Боринг энди. Ўз ишларингизни қилинг. Мен бирпас ухлайман.

Дадамларнинг шу гаплари, овозлари ҳозир ҳам қулоғим остида, дилимда. Ўша куни хотиржам ётганларини кўриб, оёқ учида секин чиқдим. Ҳамма менга қаради.
— Ухлаяптиларми? — сўрадилар ойим.
— Уйғоқлар. Лекин тинч ётибдилар, — дедим мен. Ярим соатлардан сўнг Музроб хабар олгани кирди ва бирдан кўзлари олайиб қўрқиб чиқди:
— Муздайлар! Жавоб бермаяптилар!

Ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, катта хонага отилиб кирдик.

Дадам ухламоқчи бўлиб ётганларича оламдан ўтган эдилар... Эртасига жума куни Минорга, ўзимизнинг хилхонага қўйиб келдик.

Опанг иккаламиз дадамнинг вафотларидан кейин кўп вақт ўтмай қарзларини топширдик. Тўлаганбек амаким олмадилар. Аммо бизни фарзандлик бурчимизни адо этаётганимиздан хурсанд бўлиб дуо қилдилар, омад, бахт тиладилар.

Дадамларни кўпчилик «Мулла Раҳимбек», «Раҳимбек оқсоқол», «Раҳимбек полвон», деб атарди. Шу мурожаатларнинг ҳаммасида у кишига нисбатан чуқур ҳурмат, эътибор борлиги кўриниб турибди.

Кўча-кўйда кетаётганимизда ҳамма, катта-кичик у киши билан сўрашарди, биринчи бўлиб салом берарди. Бунинг албатта сабаблари кўп. Дадам очиқ кўнгил, бағрикенг, сахий, халқимиз урф-одатларининг ҳаммасини чуқур ҳурмат қиладиган одам эди.

Уруш йиллари, айниқса, дадамнинг қандай одам эканликларини мен — анчагина эси кириб қолган бола, тушундим. Ҳозир ҳам у кишининг ўша пайтлари қилган ишларига, одамларга кўрсатган яхшиликларига қойил қоламан, таҳсин ўқийман. Мени у кишининг ўғли эканимни билиб қолган кексалар дарҳол қўлларини фотиҳага ёзадилар, у кишини мақтайдилар. Худодан жойлари жаннатда бўлишини тилайдилар.

Холамга, ойимнинг опасига қийналиб қолишганини кўриб, сигирларимизнинг биттасини бериб юборганлари эсимда қолган. Ўзим ҳайдаб олиб бориб берганман.

* * *

Қариндош-уруғ, маҳалладаги биронта маърака дадамнинг иштирокисиз, ёрдамларисиз ўтмасди. Шунинг учун уйимиз ҳар куни кечқурун гавжум бўларди. Кимгадир улар пул берардилар, кимгадир бир қоп-ярим қоп гуруч, ё сабзавот олиб бориб беришни ваъда қилардилар. У кишининг икки ғилдиракли «дувуколка» дейиладиган икки кишилик извошлари бор эди. Ишга ҳар куни шу извошда бориб келардилар. Кўпинча отни извошга мен қўшардим. Дадам текшириб, у ёқ-бу ёғини қаттиқроқ тортиб қўярдилар. Отлар ичида эсимда қолгани тўқ қизил рангдаги тўриқ от. У жуда чопқир ва йўрға эди. Менга ҳам яхши қулоқ соларди. Унинг эсимда қолгани шуки, бир йили Қўйлиқда бўлган улоқда дадамнинг ўртоқларидан бири шу отни сўраб келгани бўлди. Улоқни олди. Аммо ташлаётганда от нимадандир ҳуркиб, уни йиқитиб қочди. Бир ҳафтадан сўнг Самарқанд дарвоза томондаги экинзор ичидан топиб келдик. Шунинг учун дадам фарзандлари урушга кетган кексаларга бозордан у-бу олиб бериб турардилар. Мен ёнларида ёрдамлашардим.

Биз уруш бошланганини ўша таррхий 1941-йилнинг 22-июни, якшанба куни кундузи эшитиб қолдик.

* * *

Немислар босиб олган шаҳарлардан қочиб келганлар Тошкентда асосан шу томонларда жойлаша бошлагандилар. Бунинг учта сабаби бор эди. Биринчидан, темирйўл вокзали шу томонда эди, икки чақиримча ундан берида христиан черкови қад кўтарган, рўпарасида Ўрта Осиёдаги энг катта ҳарбий госпитал жойлашган эди. Яна бир чақиримча берида, мактабимизнинг яқинида Миробод бозори, Тезиков бозори ҳам унча узоқ эмасди.

Менимча, турли шаҳарлардан ҳар куни эшелон-эшелон келаётганларнинг кўпроқ шу томонлардан турар жой сўроқлашларига сабаб шулар эди. Кўча-кўйда, бозорда тиланчилар, чўнтаккесарлар, оч-гадолар кўпайиб кетди. Ҳокимият текин ошхоналар очиб қўйган бўлса ҳам, кўчиб келаётганларнинг ҳаммасини турар жой билан таъминласа ҳам бозор ичи тўполон, тинч ўтиш қийин бўлиб қолди. Лекин бу биз болаларни ташвишга солгани йўқ. Тўполон, уруш-жанжал, қий-чувни қайси бола четлаб ўтгиси келади?

Иккита катта ҳовли атрофи иморатлар — синфлардан иборат мактабимизнинг ярмини Украина, Белоруссиядан кўчиб келганлар эгаллашди. Ўқиш икки сменада ўтадиган бўлди. Пастки синфларни аввал биринчи сменада қолдиришди. Аммо бир соат олдинга кўчиришди. Биринчи, иккинчи синф болаларининг кўпи ўқишга кечикадиган бўлиб қолди. Шундан кейин юқори синфларни биринчи сменага кўчиришди. Биз ўшанда роса қувондик. Эрта туриширниз зарурлигини, бозор-ўчарга cМқиширниз, жуда бўлмаганда нон, пахта ёғига навбат олиб қўйишимизни эсимиздан чиқарган эдик. Мен опам билан нон, ёғга навбат олиш учун чиқардим. Кейинги ишим уйда молга қараш, тонгги соғилган сутни мижозларимизга тарқатиш, ортиб қолганини баланд овоз билан қичқириб кўча-кўйда сотиб келиш эди. Бу ишни мен бир ўзим эмас, ойимлар билан бирга қилардим. Эрталабки сут ўн литрли бидонларда уч бидон чиқарди. Икки бидон билан ойим кетардилар. Бир бидон билан ярим литрли шиша банкани кўтариб, уйқу босган кўзларимни ишқалаб-ишқалаб мен кетардим.

* * *

Қиш кунларининг бирида дадам уйга рус чол-кампир билан ўрта ёшли бир аёлни бошлаб келдилар.
— Бугун вокзалда эдим, келганларнинг ҳаммаси ҳар қаёққа кетишяпти. Булар туришибди. Қаёққа боришларини билишмайди. Юклари йўқ. Ленинграддан келишибди. Бошлаб келавердим. Битта хонани берамиз. Битта оила экан.

Дадам шундай деб, бизни уларга таништирдилар.

Катта хонамизни, икки эшикли, ойнавонли айвонимизнинг бир эшиги ёнидан фанер билан тўстириб, уларга ажратиб бердик. Уйда учта тўр симли темир каравот бор эди. Шуларни ҳам уларга бериб, ўзимиз ерда ётадиган болдик.
— Булар ерда ётишга ўрганмаган. Кейин учалови ҳам зиёли одамлар экан.

Хотини ўқитувчи, ўзи, қизи доктор экан, - дедилар бизни ўзларича овутган бўлиб дадам.

Ленинградлик меҳмонлар тўрт йилдан зиёд, 1946-йилнинг ёзигача бизникида туришди. Бағрикенглик қилинса, кичкинажойга ҳам сиғиб кетаверилар экан. Улар уч киши бир уй, айвоннинг чорагида; ойим, опам, дадам, яна тўртта бола бир уй, айвоннинг қолган қисмида ҳеч қандай хуноб-гарчиликсиз шунча йилни ўтказдик. Улар билан бир оиладек бўлиб кетдик.

* * *

Сталинграддаги жангдан кейин ўзбек хонадонларида йиғи-сиғи кўпайиб кетди. Почталён ҳар куни қорахат кўтариб келадиган, хонадонларда кетма-кет жаноза ўқиладиган бўлиб қолди.

* * *

«Қорахат» деган бало бизнинг қариндошларимизникига ҳам келадиган бўлиб қолди. Биринчи бўлиб бу кулфатни аммам эшитдилар. Катта ўғиллари Аҳмад акадан қорахат келди. Сталинград остонасида бўлган жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлганларини урушдан кейин билдик. Уларни деярли тайёргарчиликсиз, жуда оз ўқитиб, урушга солишган. Баъзилар милтиқни қандай ўқлашни билмай ўлиб кетишган. Ўша куни аммамнинг уйлари бирпасда одамга тўлди. Ҳамма қариндошлар йиғилишди. Аммо аммам, Назира келинойим жаноза очирмадилар. Қорахат келиб, орқасидан ўзи кириб келган одамлар йўқ эмасди.
— Кутаман, — деди Назира келинойим. — Балки омондирлар?

Ҳеч ким эътироз билдирмади.

Назира келинойим уч боласи билан Аҳмад акани оламдан ўтгунига қадар кутди. Адашмасам 1988—1989-йилларда у қазо қилди. Мен у хотиннинг эрига бўлган садоқати, болаларига меҳри ва матонатига таҳсин ўқийман. Аҳмаджон акадан қорахат келган кундан кейин кўп ўтмай, катта қизлари Ҳакима тутқаноқ касалига чалиниб қолди. Синглиси Шарифа билан мен биринчи синфга борганимизда у учинчи синфни битирган эди. Ўз ёшига нисбатан гавдаси катта, тўладан келган, қувноқ, шўх қиз эди у. Ўқиши ҳам яхши, ҳамма фанлардан аълога ўқирди. Касали зўрайиб, у эсини ҳам йўқотди. Дадам, ойиси, бошқа қариндошларимизнинг уни кўрсатмаган шифокорлари қолмади. Аммо Ҳакима тузалмади. Анча йиллар ўтиб, қазо қилиб кетди.

* * *

Иккинчи жаҳон уруши тугаганига яқинда ярим аср бўлади. Бу уруш ер юзидаги деярли барча халқлар тарихида мудҳиш, фожиали ҳодиса бўлди.

Уйимиз рўпарасидаги ҳарбий казармани мен ана шу урушнинг тугашига муносиб ҳисса қўшган катта бир карвонсаройга ўхшатаман. Шу ердан халқ белини тугиб, душман қаршисига отланди, ўлим билан юзма-юз кcлди. Ватан, дўсллик, биродарлик қасамига ўзини сафарбар қилди. Даҳшатли уруш ўзбек халқининг бир сўзли халқ эканини, мард, дўстларига содиқ эканини, сабр-тоқатли, заҳматкаш халқ эканини кўрсатди. Шу билан бирга бу уруш қанча одамларнинг ёстиғини қуритди. Қизим, Умида, мен сенга атаб, мураккаб, катта урушнинг бир кичкина бўлагини қисқача қоғозга туширдим. Лекин шу қисқача ҳикоядан ҳам ўз халқингнинг қандай эканини кўриб турибсан. У билан фахрлан. Мен — даданг каби шу халқни сев, унга содиқ бўл, унинг хизматини қил. Биламан, ишонаман, сен ўз халқингнинг обрўсига обрў қўшадиган, унинг дуосини оладиган ишлар қиласан. Қодирсан шунга, ниятингга ет, омад, бахт ҳамиша сенга ёр бўлсин!

* * *

Ойимлар ҳам асли тошкентликлар. Туғилган жойлари маълум — Яккасарой, Губрбоғ маҳаллаларининг пастида, Дамариқ маҳалласи бўлган. Маҳалланинг чор атрофи колхоз ерларига туташганлиги ҳали-ҳали эсимда. Дамариқнинг бошида узун болохонали қўрғон бўларди. Тўртала томони болохона, пасти турар жой, ошхона, молхона, ҳисобсиз ҳужралар. Шу қўрғонни Дўсимбой деган одам қурган. Айтишларича, у катта йилқичи савдогарлардан экан. Қўрғонга яқин жойда пахта заводи ҳам бўлган экан. Ойим, яъни бувинг шу одамнинг невараси. Сен ойимларнинг ойиларини, менинг бувимни ўқишга бўлган ҳавасинг билан эслатасан. Кўпчилик орасида Ҳожар отин деб ном олган ойимларнинг ойилари ўз даврининг анча ўқимишли аёлларидан эди. Кўп марта мен бунинг гувоҳи бўлганман. Жуда яхши Қуръон ўқирдилар, унинг сураларини содда қилиб тушунтириб берардилар. Бундан ташқари жуда кўп тарихий, бадиий китобларни ўқиб туширганларини гап орасида англаб олиш қийин эмас эди. Аммо ўзларича ҳеч маҳал ўқимишли эканликларини кўз-кўз қилишга, бошқалардан ўзларини баланд тутишга интилмасдилар. Машҳур Ҳотамтой, Хорун ар-Рашид, Лайли ва Мажнун ҳақидаги араб афсоналарини ва яна аллақанча «Минг бир кеча»дек давом этадиган эртакларни мен у кишидан эшитганман. Ким билади, балки бадиий адабиётга қизиқишни менга у киши ўргатгандир!

* * *

Мен бувимларни тез-тез кўришни, бизникига келишларини, ё уларникига боришни яхши кўрардим. Кўпроқ бизникига келишлари маъқул эди. Бизникига келсалар, беш-олти кун турардилар. Ҳар кеча тўйиб-тўйиб чўпчак эшитардик.

Бувимнинг ёшликларини эслатувчи бирорта расм, сурат бўлмаса ҳам уларнинг чиройли, келишган аёл бўлганлари шундай билиниб турарди. Ўрта бўйли, қирра бурун, қизил мағиз, қоматлари тик, қўллари текис, панжалари узун, юмшоқ. Мен учун бувим мақтаса, ғурурланса арзийдиган ўзбек аёлларининг ёрқин тимсоли эдилар. Eнди-энди тушуняпман, у киши оталари Дўсимбой бувамизни жуда яхши кўрганлар. Чунки атрофларида қачон болалар тўпланмасин, биз, болалар эса, кўпчилик эдик, улар кўпинча оталари ҳақида, у кишининг от миниши, улоқ тушиши, болаларни яхши кўргани ҳақида гапирардилар.
— У кишидан пўлат сандиқ қолган, — дердилар. — Қулфи, зулфи пўлатдан. Ўзи тутдан. Бу сандиқни ҳеч қурт емайди. Доим ичи тоза туради. Қулфига шундай калит солиниши билан жаранг-журунг қилиб очилади. Отам раҳматли шу сандиқда пул, ширинлик, қуруқ мева сақлардилар. Сандиқ уч бўлимдан иборат. Биттасида танга пул турарди, биттасида қуруқ мева, биттасида чақмоқ қанд. Ҳар куни отам шу сандиқни очиб, ҳамма болаларни чақирардилар. Аввал уларга пул ташлардилар. Муҳтожлик бошларингга тушмасин, деб дуо қилардилар. Кейин қуруқ мева ташлардилар. Кўряпсизларми, туршак, жийда, майиз, ёнғоқ — ҳаммаси бирга турибди. Сизлар ҳам шундай бирга, аҳил бўлиб, бир-бирларингга ҳурмат билан қараб яшанглар, дердилар. Охири чақмоқ қандни болалар устига таш¬лардилар. «Ҳар бирингизнинг ҳаётингиз шу қанддек ширин бўлсин», деб яна дуо қилардилар. Ўша сандиқ ана, тахмонда турибди. Битталарингга уни, албатта, қолдириб кетаман. Яхши кунларга хизмат қилсин.

Умида, бувим оламдан ўтганларидан кейин ўша сандиқни бизникига олиб келишди. Бувим менга қолдириб кетдилар. Ошхонамизнинг олдида турган қизил тахта сандиқ Дўсимбой бувамиз болаларга атаб битта бўлагида чақ¬моқ қанд, битта бўлагида танга пул, битта бўлагида қуруқ мева сақлаган ўша сандиқ бўлади. Тураверсин, у бувнаримиз, боболаримизнинг ўз даврида анча тўқ, аҳил, тотув, бир-бирларини ҳурмат қилиб яшаганларидан нишона.

Бувимнинг катта қизлари Саври холам ҳам худди бувимлардек чиройли, келишган аёл эдилар. Мен у кишининг бирон жойда ишлаганларини билмайман.

Лекин ишлари кўп эди. Бувимдан чеварлик, мошиначилик, хуллас, турли тикув ҳунарлари у кишига ҳам ўтган эди. Хоҳ ўз уйларида бўлсин, хоҳ бизники ёки бувимларникида бўлсин, бирон нарса тикиб, қавиб ўтирардилар. Эски уйимиздаги кўпгина кўрпа, кўрпачаларни холам қавиганлар. Қўли гул аёл, дейишарди у кишини қариндош-уруғлар, таниш-билишлар.

* * *

Уйда бир кичкина сурат бор. Ойим билан менинг суратим. Куз бўлса керак, мен палтодаман. Ойим макентошдалар. Бошларига рўмол ўраб олганлар. Бир сиқим қора сочлари рўмол тагидан пешаналари устида чиқиб турибди. Сураткаш иккаламизни фотоаппаратга қараб туришимизни талаб қилган бўлса керак, мен кўзларимни катта очиб, тикилиб турибман. Ойимларнинг ҳам нигоҳлари шу томонда. Лекин менга қарамаётган бўлсалар ҳам меҳр тўла кўзлари, бутун вужудлари, диллари менда экани сезилиб турибди.

Одам қариганида, болали, неварали бўлганида ҳам ота-она меҳрига зор бўлар экан. Қани энди ҳозир ойим тирик бўлсалар, юртимдан олис бир жойда Худодан шифо тилаб шифтга қараб ётган пайтимда ёнимга келсалар, ғадир-будур, аммо иссиқ қўлларини пешанамга қўйиб, мени юпатсалар. Қани энди уларнинг тиниқ, ширали овозларини эшитсам? Албатта, улар мени юпатадиган, кўнглимни кўтарадиган гаплар топардилар. Йўқ, менга ҳозир уларнинг гаплари ҳам керак эмас, ўзларини кўрсам кифоя эди. Ким билади, балки мен ҳозир уларни эслаб, ўзимнинг манфаатимни ўйлаб шундай деяётгандирман? Балки, менинг ҳозирги аҳволимни кўрмаганлари маъқулдир. Кўрсалар эзилиб кетармидилар? Аммо биламан, оғиримни енгил қилиш учун ўзларини ўтга, сувга уриб, Худодан менга шифо тилардилар.

Дадамлар-чи? У киши ҳам шундай. Сира эсимдан чиқмайди. Учинчими, тўртинчи синфда ўқийман. Қишда бирдан жағ тишим оғриб қолди. Кечаси билан ухламай, думалаб чиқдим. Аҳволимни кўриб, ойим ҳам, дадам ҳам ухлашгани йўқ. Намакоб қилиб, ғарғара қилдириб кўришди. Маргансовка билан ҳам чайдиришди. Иссиқ гувалага юзимни қўйиб ётқизишди. Қани энди оғриқ босилса?! Эрталабга бориб, яна зўрайиб кетди. Дод, деб йиғлаб юбордим. Дадамнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Извош қўшишни кутмай, тезда мени кийинтириб трамвайда Эски Жўвага олиб бордилар. Шу ерда бир таниш тиш дўхтири бор экан. Доктор кўриб, бирпасда оғриқ тишни суғуриб олди. Ҳатто сезмай ҳам қолдим. Анча йиринг чиқди. Кейин бирдан оғриқ қолди. Дадам мени қучоқлаб, бағриларига босдилар.

У киши ҳозир менинг аҳволимни кўрсалар, эс-ҳушларини йўқотиб қўйишларига аминман. Йўқ, яхшиси улар ҳозирги ҳолатимни кўрмаганлари маъқул. Балки, кўриб туришгандир? Балки, Яратганнинг ўзидан менга шифо тилашаётгандир? Уларнинг илтижолари билан, қизим, сенинг, опангнинг илтижолари билан Худо менга шифо бераётгандир? Ажаб эмас шундай бўлса!

Дада, ойи! Жойларингиз жаннатда бўлсин. Ҳар куни Худодан мен шуни сўрайман. Қандай фарзанд эдим сизларга, фарзандлик бурчимни қандай адо этдим? Буни сизлар, ўзингиз биласизлар. Худо билади. Аммо мен сизлардек отам, онам бўлганидан фахрланаман.

Умида, қизим, сен бувангни билмайсан. Лекин оз бўлса ҳам бувингни кўргансан. Унутма уларни. Улар яхши одамлар эди. Ҳалол меҳнат билан яшашди, бировнинг ҳақига хиёнат қилишгани йўқ, қўлларидан келганича одамларга яхшилик қилишди. Бизни, яъни мен — дадангни, амакинг, аммаларингни ўқитишди, покиза, ҳалол яшашга ўргатишди.

* * *

Мен ойимни саводсизликни тугатиш курсига қатнай бошлаган пайтларидан бошлаб эслайман. Ўшанда демак, уч-тўрт ёшли бола эдим. Курс кўчамизнинг охиридаги клубда жойлашган эди. Ойим мени ҳам олиб борардилар. У ерда беш-ўнта қизга эски ўзбек тилидан ўргатардилар, ўзлари эса бошқа курсга кириб, лотин алиибосини ўрганардилар. Шу клубдан бир муюлиш нарида Миробод бозорининг дарвозасидан берироқда Абдулла Авлонийлар уйи жойлашган эди. Мен кўп вақт ойим билан, баъзан дадам билан шу уйга келиб турардик. Ойимларнинг айтишларича, Абдулла Авлоний уларга шахматни ўргатган, ёзув-ўқувларидан ҳам хабардор бўлиб турган. Аммо мен Абдулла Авлонийни кўрмаганман. Дадам томонидан бу буюк маърифатчи олим, шоирнинг қандайдир қариндошлиги бор, дейишади. Лекин гап бунда эмас. Абдулла Авлоний бутун ўзбек халқининг қариндоши, фахри ва унутилмас фарзандидир.

* * *

Абдулла Авлонийникида улуғ одамларнинг йиғилиб туришлари қариндош-уруғ, таниш-билишларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Масалан, дадам адабиётдан четда бўлишларига қарамай, адабиёт, санъатга меҳр қўйганлар, санъаткорлар, ёзувчилар билан яқин муносабатда бўлганлар. Йимус Ражабий, Ортиқхўжа Имомхўжаев, Ғафур Ғулом, Карим Мўминов ва бошқа бир қанча адиб, санъаткорлар бизникида тез-тез бўлиб туришарди.

* * *

Бир куни мактабдан келсам, ойим китоб ўқиб ўтириб, йиғлаяптилар. Дадамлардан хавотир олиб, чўчидим, олдиларига югуриб бордим.
— Ойи! Тинчликми?
— Э, болам, тинчлик қаёқда? — дедилар ойим китобдан бошларини кўтармай. - Ер юткур Зайнаб Кумушни заҳарлаб қўйди!..

Анча енгил тортдим. Гап шундаки, А. Қодирийнинг «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини мен ўқимаган бўлсам ҳам мазмунлари билан таниш эдим. Дадам, ойим биз болаларга айтиб беришган эди.

Араб алифбосида чоп этилган эски китоб яна ойимларнинг қўлларига тушиб қолибди. Ошхонани супураётиб, кўмир яшиклар орқасидан топиб олибдилар. Қизиқиб кетиб, яна ўқишга тушибдилар. Китобнинг ярми йўқ эди. Ёшларини артар эканлар, мени огоҳлантирдилар.
— Мактабда тағин шу китобни ўқиётганимни айтиб ўтирма. Қодирийни халқ душмани қилиб юборишган.

Ваъда бердим. Аммо овоз чиқариб ўқишларини илтимос қилдим. Тўрт кечами, беш кечами оз-озгинадан ўқидилар. Бутун оила бўлиб эшитдик. Давоми йўқ эди. Шунда дадам кимларда борлигини айтдилар. Бир танишимизникига опам, иккинчисиникига мен бордим. Исми шарифини айтмайман, мен борган одам, дадамнинг яқин ўртоқларидан бири, мактабимиз ўқитувчиси эди.

Илтимосимни эшитиб, у киши узоқ бошини эгиб ўтирди.
— Вақти келиб бу китобни ўқийсан, — деди ахийри. — Лекин ҳозир ҳеч кимдан суриштирма, Менда ҳам йўқ.

Унда борлигини фаҳмладим, лекин жавоби менга кифоя эди. Опам ҳам китобни тополмадилар.

Орадан икки-уч ой ўтгач, ойимнинг ўзлари қаердандир шу китобни топиб келдилар. Бошидан охиригача ўқиб бердилар. Китобни ўқиётгандаги ҳаяжондан дам титраган, дам йиғи аралашган овозлари ҳамон қулоғим остида.

«Ўткан кунлар» - улуғ китоб. Фақат ўзбек адабиётининг эмас, бутун мусулмон халқлари маданиятининг фахри.

Абдулла Авлонийнинг: «Миллат бари арбокаш-у ҳаммолдир, афти-ангори қаро, кийгани жулдур-жулдур» сатрларини ўша йиллари дадамдан эшитганман.

* * *

Ойим шовқин-суронсиз, шикоятсиз, сокин, тинч умр кечирдилар. Шундай сокин, тинч, шикоятсиз оламдан ўтдилар.

Шифокорлар имконлари борича, у кишининг оғриқсиз, узоқ умр кўришларига ҳаракат қилишди. Аммо ҳамманинг пешанасига ёзилгани бўлади. Саксон икки йил яшаб, ойинининг бировга оғирликлари тушганини, бировдан ўпкаланганларини билмайман. Ойим чинакам ўзбек аёли эдилар.

* * *

Назаримда Москвада мени даволай бошлаганларидан бери, анчагина дилим тинчиб, қўлимга қалам оладиган ҳолатга келганимдан бери сенга атаб ёзмоқчи бўлганларим ниҳоясига етиб қолди. Ҳозирча кифоя. Худо хоҳласа, уйга қайтсам, эсимга тушган воқеаларни ёзиб берарман. Хатларимнинг сўнгида устоз Абдулла Қаҳҳорга ўхшаб, сенга, қизим, берадиган иккита маслаҳатим бор. Биринчиси:
— Бу дунёда опангчалик сенга меҳрибон, яқин, азиз, сендан жонини ҳам аямайдиган одам йўқ. Бирга бўл. Ёлғизлатиб қўйма. Асра.

Иккинчи маслаҳатим:
— Давр ўзгариб кетди, қадриятлар ўзгарди. Лекин ҳамма даврда ҳалол меҳнат, поклик, одамийлик қадрланган. Шу ёдингда бўлсин.

Ёлғизим, суюклигим, хайр, омон бўл, бахтли бўл.