OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиШиринсой оқшомлари (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм27KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ширинсой оқшомлари (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

Ширинсой оқшомлари! Нақадар жозибадор, нақадар оромбахш!.. Қуёш қизил бахмал сингари товланиб, ўзини азим чинорлар панасига олганда, бу оқшомлар кўҳна табиат кўрки — тонгдан ҳам мусаффо бўлиб кетади. Гўё бутун қишлоққа атлас пояндоз солингандай... Кенг кўчалар ҳам, қатор ок уйлар ҳам, олди гулзор колхоз клуби ҳам гоҳ сариқ, гоҳ қизғиш тусга кириб қишлоқ ҳуснига ҳусн қўшади. Бу ернинг одамлари-чи? Улар оромбахш оқшомлардан ҳам гўзал. Бу одамлар билан суҳбатлашиб тўймайсан. Улар уддасидан чиқмаган иш йўқ. Шунинг учун ҳам лабларида доим табассум, кўзларида севинч, улар тонгни ҳам, тунни ҳам қўшиқ билан қарши олишади.

Қишлоқ қизларининг шўх, ўйноқи яллаларини эшитсанг, Шоҳимардоннинг шифобахш булоқларидан тўйиб-тўйиб сув ичгандек бўласан, ғуборинг тарқалиб, роҳатланасан.

Назира қишлоққа тушиб келган куннинг эртасигаёқ, қизлар уни ўртага олиб, қўшиқ айттиришган эди. Йўқ деганига қўйишмади. Шунда у қандайдир лапарни тутила-тутила айтиб, зўрға қутулган эди...

Ҳозир у икки қўлини иягига тираб, дераза ёнида ўтираркан, даладан қайтаётган қизларнинг яллаларини эшитиб, негадир шу воқеани эслади. Ўшанда бир чеккада дарахтга суяниб турган Қосимжон ҳам: «Йўқ, деманг, айта қолинг. Барибир қутулмайсиз» — деган эди. Қосимжон шундай демаганда, Назира қизларга қулоқ солмасди. Билмайман, деярди-қўярди. Лекин нега Қосимжоннинг сўзини қайтара олмади? Яхши кўринмоқчимиди унга?

Назира бир хўрсиниб қўйди. Йўқ, яхши кўринаман деса, билмаган нарсасини айтармиди? Ишқилиб, нима бўлса ҳам лапар Қосимжонга ёқди. Қизларга қўшилиб чапак чалди. Кейин... Кейин... меҳмонхонагача кузатиб кўйди. Хайрлаша туриб, қўлини маҳкам сиқди. Энди-чи? Энди бундай қилмайди... Кечқурунлари қолмайди. Қолса ҳам, энди барибир Назирага бунинг аҳамияти йўқ. У уйланяпти. Боя тўйга айтиб кетди. «Ўзингиз бош бўлинг», деди. Бош бўлинг, эмиш. Нимага? Ўзининг эшсиз севгисигами? Йўқ, у кетади, ҳа, кетади.

Назира деразани беркитди, сиқилиб кетди шекилли, яна очди. Чуқур бир уҳ тортди, бошини кичкина қўллари устига қўйди.

Шу пайт кимдир дераза олдидан ўтиб кетди. Кетидан яна кимнингдир шарпаси эшитилди. Кўп ўтмай, меҳмонхона қаршисидаги клуб одамлар билан тўлди. Кимдир дутор чала бошлади. Бу Шерали бўлса керак, Назира дарров англади. Шерали дутордан ҳеч ажралмайди. Ишга ҳам олиб боради. Бўш қолди дегунча, тинғиллатгани-тинғиллатган. Ана, кимдир ашула айтиб юборди. Ким бўлди экан? Бирам яхши айтяптики... Назира беихтиёр қулоқ солди.

Қуралай кўз йигитга

Ишқим тушди.

Туш кўрибман, тушимда

Мени қучди,

Мени қучма, топганинг

Мен эмасман.

Ваъдаси йўқ йигитни

Ёр демасман.

«Ваъдаси йўқ йигитни ёр демасман»... Ваъда... Ваъда берганмиди? Шунчаки, келинг, бирга ишлаймиз, деган эди, холос. Биргина шу гапи билан келавердими?

Назира олдида турган Қосимжоннинг суратига тикилди ва беихтиёр хаёл суриб кетди.

Қосимжон институтни битираётганида, Назира тўртинчи курсда эди. Иккови бир-бирини яхши билса ҳам, алоқалари салом-аликдан, ўқиш ҳақидаги гаплардан нари ўтмасди. Нима бўлди-ю, янги йилни бир жойда кутадиган бўлиб қолишди. Ўшанда қора костюмини яхшилаб дазмоллаб, биринчи марта галстук таққан, қўнғир сочларини чап томонга текис қилиб тараган Қосимжон Назирага жуда бошқача бўлиб кўринди. Қўл бериб кўришганда эса, юраги жиз этиб кетди. Ўтириш авжи қизиган пайти, Қосимжон ҳазил аралаш:
— Уйлансам, Назирадақа қизга уйланман, — деб юборди.

Йигитлар «дидинг дуруст», дегандай Назирага қараб қўйишди. Назира сесканиб кетди. Лекин ҳазил аралаш айтилган шу сўз икковини бир-бирига жуда яқин қилиб қўйди. Қосимжон қишлоғига кетадиган куни:
— Битириб, Ширинсойга боринг, бирга ишлаймиз, — деди.

Назира қанот пайдо қилиб, орқасидан учгудай бўлди. Ҳа, ўшанда у ўз ҳаётини Қосимжонсиз тасаввур қила олмади. Шунинг учун ҳам институтни битириши билан Ширинсойга йўл олди. Колхоз раиси меҳмондўст одам экан. Назира келиши билан уйига олиб кетди. Алоҳида уй беришгунча шу ерда туришни таклиф қилди. Чой ичиб ўтиришган эди, бир қиз келиб қолди.
— Танишиб қўй, Гулчеҳра, — деди Нурмат ака Назирани кўрсатиб, — бу киши янги зоотехнигимиз.

Қиз мулойим жилмайиб қўйди.
— Жуда яхши. Салом, — деди қўлини узатиб.

Икки қиз чой ичилиб бўлгунча апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Раиснинг эътирозига қарамай, Гулчеҳра янги дугонасини уйига олиб кетмоқчи бўлди.
— Нурмат ака, хўп дея қолинг. Иккаламиз гаплашиб ётамиз. Хўпми?

Назира уялинқираб ерга қаради.
— Мана кўрдингизми? — Гулчеҳра яна раисга ёпишди. — Бир марта хўп десангиз нима қилади? Қосимжон акам билан қирга юборинг, деб қанча ялиндим, юбормадингиз. Энди бунга ҳам йўқ дейсизми?

Назира Қосимжоннинг исмини эшитиши билан ялт этиб унга қаради-ю, қизариб кетди. Буни ўзи ҳам сезди шекилли, юзини дастрўмоли билан секин яширди.
— Хўп, хўп. Бунча қақилламасанг? — деди ниҳоят раис кулги аралаш. — Сенга йўқ деб бўлармиди? Меҳмон рози бўлса, олиб кета қол. Сиз нима дейсиз, Назира?
— Майли, — деб розилик берди Назира. У Гулчеҳрадан Қосимжоннинг қачон келишини тезроқ билишга ошикарди.
— Бўлмаса, буларни эртага ўзинг фермага олиб борарсан.
— Хўп бўлади. Қани, кетдик, — Гулчеҳра Назирани қўлидан ушлаб ҳовлига олиб тушди. Шу маҳал қаердадир ит ҳуриди, товуқ қақиллади.
— Тавба, — деди Назира, — далада кун жуда тез кеч бўларкан-а?
— Ёқмадими? — самимийлик билан сўради Гулчеҳра.
— Йўқ, нега? Яқиндагина машинадан тушганимда кун тепамда эди. Бирпасда кеч бўлди-қўйди. Шунга айтяпман.
— Тўғри, ўрганмаган кишига шунақа кўринади. Қосимжон ака ҳам янги келганларида шунақа бўлувдилар.

Назиранинг юзига яна қизиллик югурди. Лекин бу гал ортиқ чидай олмади. Шериги қиз бўлгани учунми, ё ҳозир ўзини раиснинг уйидагидан дадилроқ сездими, сўради:
— Айтгандай, Қосимжон акангиз қирдан қачон келади?
— Эртага. Ана, уйга ҳам келдик.

Назира сўнгги гапни эшитмади. Эртага... Майли, эртага бўлса эртага! Кўпи кетиб, ози қолди. Қандай бўлиб кетган экан? Қандай кўришар экан? Ҳали ҳам аввалгидек камгап, мулойим, уятчанмикан?.. Ё... У шундай хаёллар билан Гулчеҳранинг меҳмондўстлигига ҳам унча эътибор бермади. Икки чимдим ош еди-ю, бир ҳўплам чой ичди. Кейин Гулчеҳра солиб берган ўринга ёнбошлади.

«Мана, Қосимжон ака, — ўйлади Назира, — қишло-ғингиздаман. Севинчим ичимга сиғмаяпти. Сиз-чи? Сиз хурсанд бўлармикинсиз?»

У кўзларини ширингина сузиб, юмшоқ пар ёстиққа юзини қўйди.

Бегона жойда олдинга хилма-хил овқат қўйишса ҳам, егандай бўлмайсан, кечаси қандай ухлаганингни билмайсан. Шунинг учун бўлса керак, Назира дугонасидан олдин ғира-ширада уйғонди. Тиззаларини кўрпанинг устидан қучоқлаб, биринчи меҳнат кунининг қандай бўлишини, Қосимжон билан қандай учрашишни ўйлаб кетди. У ишдан қўрқмасди. Албатта, шундай катта колхозда зоотехник бўлиб ишлаш анча масъулиятли нарса, лекин бу уни чўчитмасди. Бироқ юрагига ғулғула солган нарса ҳам йўқ эмас... Қосимжон уни қандай қарши оларкин? Орзулари рўёбга чиқармикан?

Тонг ёришганда икки қиз фермага кириб келишди. Бу ерда аллақачон иш бошланган эди. Биров хашак ташиган, биров сигир суғорган. Катта ферма ҳовлисининг ўртасида иккита сут ташийдиган машина турибди. Ёнида қатор-қатор бидонлар... Назира алан-жаланг, ҳамма нарсага суқ билан қарайди.
— Назира! — кимдир тўсатдан чақириб қолди.

Назира бу овозни таниди, таниди-ю, юраги шув этиб кетди, турган жойида қотиб қолди.
— Салом. Кечирасиз, кеча қирда эдим, кутиб ололмадим.

Назира орзиқиб кутган кишиси олдига қанот пайдо қилиб учиб келган, юрагига яқин одами пайдо бўлиб қолганини, аввал унинг, кейин кулиб турган Гулчеҳранинг қўлини сиққанини билмай қолди. Қосимжон уларни хонасига бошлаб кириб, диванга ўтқазганидагина Назира ўзига келди, бироқ ҳали ҳам бошини кўтара олмай, ер остидан Қосимжонга қаради.
— Тинч юрибсизми?
— Раҳмат. Э, бу ерда тинч юриб бўладими? Бир кун ҳам бошингиз ғалвадан чиқмайди. Иш-иш-иш.
— Қўйинг, — гапга аралашди Гулчеҳра. — Бу кишини ҳалитдан чўчитманг.
— Назира қўрқадиганлардан эмас. Иннайкейин, шу ерда ишлайдиган бўлсалар, ғалва, ташвишларимизга шерик бўлсинлар-да!

Учовлари кулиб юборишди. Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Қосимжон трубкани олди.
— Лаббай. Салом, Нурмат ака. Ҳа, шу ерда ўтирибдилар. — Қосимжон Назирга қараб жилмайиб қўйди, — ҳа, энди кўникиб кетарлар. Хўп, ҳозир.

Қосимжон трубкани қўйди.
— Раис сизга, салом, дедилар.
— Раҳмат.
— Мен ҳозир идорага бориб келаман, кейин бафуржа гаплашамиз. Унгача Гулчеҳра билан фермани айланинглар. Янги аппаратларни кўринглар.

Қосимжон қандайдир папкани олиб чиқиб кетди. Назира енгил нафас олди. Унга Қосимжоннинг шу топда кетгани ёкди. Ферманинг ишлари билан яхшилаб танишиб олади, бўлмаса, қулоғига гап кирармиди? Лекин шу куни Қосимжондан дарак бўлмади. Гулчеҳра билан фермани айланар экан, эшик томонга қараб-қараб олади. Қани энди келса! Узоқдан бир кўриниб кетса ҳам майли эди. Назирага ҳозир шу ҳам кифоя қиларди.

«Иши кўп, — деди ўзича, янги туғилган бузоқларни кўришаётганда, — бечора, тиниб-тинчимайдиганга ўхшайди».
— Буларда ҳеч тиним йўқ, — қизишиб гапирди Гулчеҳра. — Сигирлардан ҳам кўра буларга кўп қараймиз. Шундай қилмасангиз ҳам бўлмайди. Ҳаммаси зотли! Фермани шулар ҳисобига кенгайтирамиз. Қосимжон акам ҳам ҳар куни икки маҳал шу ерга кириб кетмасалар, кўнгиллари жойига тушмайди. Раисни айтмайсизми? У киши ҳам шундай. Колхознинг бўлинмас фонди эмиш булар.

Назира беихтиёр жилмайди. Шундай ёнгинасида қулоқларини диккайтириб, оппоқ тилини чўзиб турган ола бузоқнинг бошидан силади.

«Иши кўп. Битта «бўлинмас фонд»нинг ўзи қанча иш. Майли, қўлимдан келганича ёрдам бераман. Лекин нега келмаяпти? Кеч кирди. Бугун ҳам дараги йўқ...»

Кейин-чи? Кейин нима бўлди? Қосимжонни кунда кўрадиган бўлди. Ҳатто, кечалари фермада қолиб ҳам кетишди. Назира ўз ҳаётининг энг қувончли даври ҳисобланган ана шу тўрт-беш ой ичида Қосимжоннинг ҳақиқий кўмакчисига айланди. Сигирларнинг ратсиони икки марта кўпайтирилди. Электрчўпон, электропоилкалар ҳар бир бўлимга қурилди. Назира колхозда ҳаммага яқин ва жонкуяр бўлиб қолди. Колхоз умумий мажлисларининг бирида раис ҳамманинг олдида унинг пешонасидан ўпди.
— Агар ўғлим бўлганида, ўзим келин қилардим, — деди ҳазил аралаш.

Залда кулги кўтарилди. Назира ер остидан ёнида ўтирган Қосимжонга қараб қўйди. Қосимжон самимийлик билан жилмайди.

Мажлисдан сўнг клубда одатдагидек ўйин-кулги бошланиб кетди. Гулчеҳра қўшиқ айтди. Яхшигина овози бор экан. Ферманинг шофёри Шерали дуторда унга жўр бўлди. Биринчи пок севги ҳақидаги юракдан айтилган бу қўшиқ Назирани тўлқинлантириб юборди. Қўшиқ тугаши билан эшикка чиқди.

Тун. Ширинсойнинг оромбахш туни. Кўкда сон-саноқсиз юлдузлар... Қайси бири сўниб, қайси бири ёнаётганини сезмайсан киши. Шулардан бири Назираники. Ҳов, ана... Ҳаммасидан ёруғ, ҳаммасидан катта. Бироқ нега ёлғиз?

Eндигина баргак ёзган толзордан майин шамол эсди. Назира ўша томонга юрди... Бир маҳал олдинда кимнингдир шарпаси кўринди. Унинг ёнида яна биров борга ўхшайди? Ким экан булар? Назира юришини ҳам, орқага қайтишини ҳам билмай, тўхтаб қолди.
— Энди қўйиб юбормайман, — дерди эркак овози, — Гулчеҳра ростини айтинг, қачонгача қийнайсиз?

Назира бўшашиб, оёқлари мадорсиз чалишиб кетди. Бу Қосимжон эди.

«Қосимжон... Энди нима қилдим? Ишқилиб, ўзимни сездирмай... кетиш керак, билдирмай кетиш керак».

Назира зўрға уйга етиб келди. У ечинмасдан ўзини совуқ каравотга ташлади-да, йиғлаб юборди.

Eртасига эрталаб Қосимжон келди. У худди ёш боладек севинчини ичига сиғдира олмай, тўй ҳақида гапирди. Ўзингиз бош бўлинг, деди Назирага. Назира юрак йиғисини бўғиб, жилмайди...
— Рост, сиз ҳамма нарсанинг уддасидан чиқасиз. Бормасангиз, хафа бўламиз. Келишдик-а?

«Наҳотки, сезмаган бўлса? Наҳотки, севишимни билма-са? — ўйларди Назира, унинг гапларига қулок соларкан.

Билса шундай дермиди? Айб ўзимда. Нега билдирмадим? Нега айтмадим? Ҳозир айтайми?»
— Қосимжон ака?
— Нима, борасизми? Назира орир хўрсинди.
— Ҳа, бораман... Қосимжон чиқиб кетди.
— Кетиш керак, — деди ўзига келиб Назира. — Тезроқ кетиш керак.

Бу сўз унда куч пайдо қилди. Ўрнидан туриб бор нарсасини тахлади.

«Кетиш керак, тезроқ кетиш керак!»

Бирпасда кийиниб, чамадонини кўтарди-да, кўчага чиқди. Шу маҳал клубда чироқ ёнди. Яна Шерали дуторини черта бошлади. Нега мунгли, боягидек қувноқ эмас? Ҳа, бу куйни Шералининг ўзи яхши кўради. Ёлғиз қолса, нуқул шуни чалади. Қизиқ, наҳотки у ҳам Назирага ўхшаса?..

Назира катта йўлга чиққунча ҳеч кимни учратмади. У енгил нафас олди. Марказга ҳали йироқ. Лекин ҳечқиси йўқ. Шу ердан кетиб олса, бўлди. Назира атрофга меҳр билан боқди. Қанчалик таниш жойлар!.. Ярим йил ичида бу ерлар худди туғилган қишлорвдек унга жуда азиз ва яқин бўлиб қолган эди. Нурмат ака-чи? Шерали-чи? Қизлар-чи? Уларни ташлаб кетаверадими? Лекин кетиши керак.

Унинг ўпкаси тўлди. Кўзларига яна ёш келди. Ўзини қанчалик босмасин, қуйилиб келаётган бу ёшни тўхтата олмади. Шу алфозда қанча юрди, билмайди, қаршисидан келаётган машинанинг чироғи кўзларини қамаштириб юборди. Машина унинг ёнига келиб таққа тўхтади.
— Шу маҳалда қаёққа? — Назира ҳовлиқиб машинадан тушаётган кишининг Нурмат ака эканини билди. Билди-ю, нима дейишини билмай қолди.
— Қаёққа кетаяпсан, ҳой, менга қара? — сўради яна раис ва ҳеч нарсани билмагандай рўмолчасини узатди. — Ма, юзингни артиб ол. Қаёққа кетяпсан?
— Шаҳарга... — бўшашиб жавоб берди Назира ёшларини артаркан.
— Шундай дегин? Қани, машинага чиқ-чи!

Нурмат ака бир зумда чамадонини машинага солди ва Назирани ёнига ўтқазди-да, кишлоқ томон ҳайдаб кетди.
— Қаёққа олиб кетяпсиз, тўхтатинг! — Назира жонҳолатда раиснинг қўлига ёпишди.
— Қаёққа бўларди! — жилмайиб жавоб берди раис. — Ширинсойга! Сен бизни ташлаб кетармидинг?

Назира жавоб бермади. Нурмат ака ҳам анчагача жим борди.
— Нега хафалигингни билмайман, лекин ғам ёмон нарса, — деди ниҳоят раис. — Уни енгмасанг, ҳаётинг бузила-ди, орзуларинг пучга чиқади. Уни енгиш керак!

«Уни енгиш керак, — такрорлади раиснинг сўзини ичида Назира ва шу топда қаттиқ чарчаганини сезди, — енгиш керак. Қандай қилиб?»

Ўзига-ўзи берган бу саволи жавобсиз қолди. Мудроқ босган кўзлари юмилиб, бошини секингина Нурмат аканинг елкасига қўйди. «Барибир кетаман. Лекин шундай елкага бош қўйиб ухлаш қандай яхши!..» У бундан бир неча йил муқаддам отаси фронтга кетадиган куни ана шундай ором олган эди. Лабидан табассум аримайдиган Нурмат ака, ҳозир унинг учун ўз отасидек азиз ва меҳрибон бўлиб кетди.

«Шуларни ташлаб кетаманми? — хаёлидан ўтказди Назира. — Ўз қизидек бағрига олишди. Ёлғизлигимни билдиришмади. Наҳотки бахт фақат севгида бўлса? Бу одамлар билан яшашнинг ўзи бахт эмасми?!»

Машина колхоз идорасига яқинлашганда, клубдан яна қувноқ куй янграй бошлади. Назира анча енгил тортди. Бошини кўтариб, қулоқ сола бошлади. Бунча дилбар чалаётган ким экан? Шералимасми?

1959