OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиСовға (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм24KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Совға (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

— Мен тайёрман. Тайёрмисиз? — сўради Валижон.
— Тайёрман, болам. Ёз! — деди Шаҳодат хола. - Лекин нимадан бошлашни билмай, ўйланиб қолди. У сира ўғлига хат ёзмаган эди. Эрига ёзар эди. Раҳматли Раҳмонқул ака арабча ўқишни биларди. Иннайкейин, унинг ёзувини яхши кўрарди. «Шаҳодат, зерзабарини хўп келтирасан-да. Пулемётдай ўқийман хатингни!» — дерди ҳар ёзганида.

Ўғли арабчани билмайди. Ўзининг эса янги алифбега уқуви йўқ. Уқуви бўлганда қўшнисининг ўғлини чақириб ўтирмасди, ўзи ёзарди. Ёзадиган гапи кўп эди. Мана, бир йил бўлдики, ўғлидан хат олмайди, ном-нишонсиз кетди. Ўқиб юрган пайтларида тузук эди, ҳафтада, жуда бўлмаса ойда бир ёзиб турарди. Ишга кирди-ю, бедарак кетди. Аммо ишга кирганда ўн беш сўм пул юборди! Эрта куз эди ўшанда. Авжи долзарб пайт. Бутун қишлоқ, тирик жон борки, далада. Шаҳодат хола колхоз боғчасида тушликдан кейин болаларни эндигина ухлатиб ўтирган эди, ҳовлини бошига кўтариб Қоравой почтачи келиб қолди.
— Шовқининг қурсин, намунча бақирасан? — деди бўғилиб Шаҳодат хола. — Болла ухлавотти! Нима дейсан?
— Сизга пул келди, пул! — деди почталон оғзининг таноби қочиб.
— Қанақа пул? Қатдан? — ҳайрон бўлди Шаҳодат хола.
— Қанақа пул бўларди? Қоғоз пул-да! — деди почталон. — Нахт ўн беш сўм! Ўғлингиз юборибди.
— Ўғлингиз юборибди? Вой, ўғлимдан айланай! — Шаҳодат хола севиниб кетди, болалар эсидан чиқди, шанғиллаб гапира бошлади. — Вой, болагинам-а! Пул юбориб нима қиларкан! Хат-пат ҳам борми?
— Э, хола! — почталоннинг жаҳли чиқди. — Хатни нима қиласиз? Пул юборибди, бўлди-да. Ночор одам пул юборадими! Пул сўрайди. Хўш, ҳозир оласизми? Ё эртага почтахонадан оласизми?

Шаҳодат хола ўйланиб қолди. Нима қилиш керак? Ҳозир олиб қолса, ҳеч ким билмайди. Билса яхши бўларди. Айниқса, Қумри отин билан Аълобуш билса яхши бўларди. Гўё иккаловининг фарзанди фарзанду бошқаларники фарзанд эмас. Боладан гап очилдими, тамом, бири бирига гап бермай эртани кеч қилишади, кечни эрта. «Холпошшам тушмагур... бало-да, бало!..» деб отин бошласа, билгинки, кетидан Аълобуш туради: «Собиржонимни айтмайсизми, тасаддуқ!» «Тасаддуқ» демай кет иккаловинг ҳам!
— Эртага почтахонадан ола қолай?!
— Ўзим ҳам шундай дерсиз, деб турувдим, — почталон тиржайди. — Бутун қишлоқ билсин, дейсиз-да! Дуруст, дуруст. Аълобуш кеннойим ҳам ҳеч уйда олмайдилар, бориб оладилар.

Eртасига эрталаб Шаҳодат хола янги кавуш-маҳсисини, Қумри отин билан бирга ўзоқ йили тиктирган қора духоба камзулини кийиб кўчага чиқди. Ҳали эрта эди. Ҳеч ким йўқ. Фақат муюлишда раис шофёрининг эшигини тақиллатиб турарди. «Ичибди-да яна, — хаёлидан ўтказди Шаҳодат хола. — Раис энди еб қўяди». Шу пайт димоғига гуп этиб иссиқ ноннинг ҳиди урилди. Осмонга қаради. Аълобушнинг мўрисидан тутун чиқиб турарди. Шаҳодат хола шу ёққа юрди.
— Аълобуш! Ҳой, Аълобуш! — деди эшикни қия очиб. — Аълобуш-увв!

Аввал жавоб бўлмади. Кейин:
— Ҳувв, тасаддуқ, ҳув-в-в! — деган чўзиқ овоз эшитилди.

Бу Аълобуш эди. Шаҳодат хола жилмайиб қўйди. Кўп ўтмай бир сават буғи чиқиб турган кулча кўтариб йўлакда Аълобушнинг ўзи кўринди.
— Эшикда нима қилиб турибсиз, тасаддуқ? — деди Аълобуш Шаҳодат холага бошдан-оёқ қараб чиқиб. — Ичкарига киринг. Чойим тайёр.
— Шошиб турибман, раҳмат, — деди Шаҳодат хола.
— Ҳа, йўл бўлсин, тасаддуқ? — сўради Аълобуш, янги кавуш-маҳсига кўз қирини ташлаб.
— Пўштага кетяпман, айланай, — деди бепарволик билан.
— Ҳа, тинчликми, тасаддуқ? — сўради Аълобуш.
— Адҳамжон пул юборибди, — деди Шаҳодат хола. — Шуни олиб келмоқчиман.
— Вой, тасаддуғ-эй, эй, вой, тасаддуғ-эй! Ҳў-ўп болаларимиз бор-да, тасаддуқ! — деди Аълобуш. — Собиржонимни айтмайсизми, тунов куни хатида, ойи, мандалинни посилка қилсам нима дейсиз, депти. Йўқ, дедим, тасаддуқ, йўқ, дедим. Ўзинг киявер, дедим. Маскопда ярашади бунақа кийимлар, дедим.
— Мандалини нима экан, айланай? — сўради Шаҳодат хола, кулгидан ўзини зўрға тийиб.
— Нима бўларди, тасаддук, алламбало материял бўлса керак-да!

Шаҳодат хола энди ўзини тутиб туролмади. Мандариннинг нималигини айтиб юборай деди-ю, лекин айтмади, ўртоғини хафа қилгиси келмади. Фақат тўйиб-тўйиб кулди.
— Нега куляпсиз, тасаддуқ? — сўради Аълобуш.
— Болаларнинг қилган ишига кулмай бўладими?
— Тўғри айтасиз.

Аълобуш қўшнисига қўшилиб кулди. — Хўп, мен борай бўлмаса, — деди Шаҳодат хола ва кўчага чиқди. Чиқди-ю, қурукдан-қуруқ кетаётганидан тортинди. Мақтангани кирган экан, деб ўйламасин тағин Аълобуш! Орқасига қайтди.
— Айтгандай, Аълобуш! Эсим қурсин, нега кирдинг ҳам демайсиз. Бир қатим оқ ипингиз борми? Бувинисанинг кенжаси фартуғини йиритиб қўйибди. Тикай десам, ипим тамом бўлибди.
— Бир қатим эмас, бир ғалтак олинг, тасаддук. Ип сиздан айлансин!

Почта Қумри отиннинг уйидан икки ҳовли нари эди. Шаҳодат хола кирай деди-ю, боғчага кеч қолишини ўйлаб, кирмади. Кириб ҳам нима қилади?! Аълобуш билди — бутун қишлоқ билди деган гап!

Почтада дарров иши битди. Тахи бузилмаган ўн сўмлик билан беш сўмликни қўлига олар экан, кўзларида ёш йилтиради. Пичирлаб, ўғлини дуо қилди. Пулни чўтагига солишни ҳам, солмасликни ҳам билмай, қўлида ушлаганча кўчага чиқди. Тўлиб турган юраги бўшашиб кетди — йиғлаб юборди. Унинг биринчи марта шундай йиғлаши эди. Раҳматли эридан қолган дард ҳам, ўзининг тортган ҳамма қайғу-аламлари ҳам, ўғлининг мана шундай обрўга эришиб, пул юбориши ҳам шу йиғида акс этар эди.
— Шаҳодатхон, ҳо, Шаҳодатхон! Кўчанинг ўртасидан нима қилиб турибсиз?

Шаҳодат хола шоша-пиша рўмол учи билан кўзларини артди, ёнига қаради.

Икки қўлини белига тираб, эшик олдида Қумри отин турарди.

Шаҳодат хола ўзини босиб олиб, шу томонга юрди. Пулни чўнтагига солмоқчи эди, солмади. «Отин ҳам билиб кўйсин!» — деди ичида.
— Ассалому алайкум! Эрталаб пўштада нима қилиб юрибсиз? Адҳамжонга пул юборяпсизми? Бола тушмагурга ҳалиям пул юборасизми-а?
— Йўқ, отин, — Шаҳодат хола жилмайди. — Мен юбораётганим йўқ. Адҳамингизнинг ўзидан пул келибди. Шуни олиб келяпман!
— Шундоғ денг, вой, умрингдан барака топкурей. — Қумри отин қўлини ёзиб дуо қилди. — Мартабаси баланд бўлсин, топгани тугаллик билан ўтсин. Омин! Шундоқ денг?
— Шундоқ, айланай, шундоқ.

Шаҳодат хола уйига қандай етиб келганини билмади. Келди-ю, пулни кечагина ўқиб ўтирган «Юсуф ва Зулайҳо»нинг ўртасига солиб, токчага қўйиб кўйди. Ўн сўмлиги ҳали ҳам тахи бузилмай турибди. Беш сўмликни ишлатиб юборди. Ишлатмоқчи эмас эди, Адҳамжон келганда икковини ҳам ўзига бермоқчи эди. Пулга зор бўлмаса нима қилади ишлатиб? Бунинг устига яқинда пенсия бера бошлашди. Пулга зор эмас. Лекин ишлатиб юборди. Қоравой почтачи уйланганда тўёна олди-ю, миёнчага етишмай қолди. Шунда ишлатиб юборди. Ўн сўмлиги турибди. Жуда ўксиб кетганда токчадан китоби билан олиб қараб ўтиради. Кеча чидолмади. Почтага борди. Қоравой ёлғиз ўтирган экан.
— Йўқми? — сўради унга термилиб.
— Йўғ-а, хола, йўқ, — деди Қоравой айбдор оҳангда. — Мен ҳам тушунолмай қолдим. У ёқ-бу ёққа кетиб қолган бўлса керак-да... — У шундай деди-ю, яхши баҳона топгандай, шу гапга маҳкам ёпишиб олди. — Ҳа, у ёқ-бу ёққа кетган!! Инженер деган гап ҳозир жуда зарур гап, хола. Инженер ҳамма ёқда керак. Бирон ёққа жўнатишган. Келиб қолади. Мана кўрасиз, ё хат келади, ё ўзи келиб қолади.

Шаҳодат хола уйига қайтди. Кўнгли хира эди. Зора Қоравойнинг айтгани келса?! У эринибгина овқатга уннади. Пиёз билан гўштни қовуриб бўлиб, нима қилишини билмай ўйланиб қолди. Кейин, бўлганича бўлар, деб бир товоқ сув солиб ёпиб қўйди.

Шу пайт кимдир эшик томондан:
— Хола, кирсам майлими? — деб қичқирди.
— Бўмаса-чи, киравер, — деди Шаҳодат хола. Бу Бувинисанинг тўнғичи — Валижон эди.
— Кел, болам, кел, — деди Шаҳодат хола. — Ҳа, нима дейсан?
— Хола, мени мактабимдан юборишди, йўқ... ўзим келдим. Анақа... — Валижон тутилиб қолди.
— Ҳа, қанақа? Гапиравер, — деди Шаҳодат хола.
— Биласизми, яқинда... Саккизинчи Март, — деди Валижон ўйланиб-ўйланиб. — Шунга... шунга совға қилмоқчийдик. Мен. Аннақа... қанақа совға қилишимни билмайман.

Валижон бурнини шўлқ этиб тортди-да, Шаҳодат холага қараб жавдирай бошлади.
— Тузукроқ гапир, болам, нима қилмоқчисан, қанақа совға?
— Сизга совға, — деди Валижон.
— Менга? — ҳайрон бўлди Шаҳодат хола.
— Сизга. Учинчи «Б» дагилар ҳама хотинларни бўлиб олишди. Мен ойим билан сизни танладим. Укам сизни яхши кўради. Нуқул боғчадан келганда «бувимга бояман» деб йиғлайди.

Шаҳодат хола жилмайди.
— Шунинг учун менга совға қилмоқчимисан?
— Ҳа, — деди Валижон. — Лекин нима қилишимни билмаяпман. Ўзингиз айтиб бера қолинг.

Шаҳодат хола кулиб юборди. Кўнгли бирдан ёришиб кетди. Валижонни бағрига босди.
— Раҳмат, болам, раҳмат, — деди у Валижонни ўпаркан. — Менга совға керакмас. Ҳамма совғани ойингга қилгин. Ойингга керак совға. Сенларни боқаман, деб бечора тиним билмайди.
— Ойимларга тайёрлаб қўйдим, — деди Валижон.
— Бўлмаса, қўя қол. Менга керакмас.
— Айта қолинг!

Валижон йиғлагудай бўлиб турарди. Кампир ўйланиб қолди.
— Нима совға қилсанг экан? Кўп ўйлади. Ниҳоят топди:
— Ёзувинг кўҳликми? — сўради у.
— Доим беш оламан! — деди Валижон.
— Бўлмаса Адҳам акангга битта хат ёзиб берасан.
— Хат? — Валижоннинг лаблари чўччайди.
— Мен айтиб тураман, сен ёзасан. Бу жуда ғалати хат. Ана шу менга совғанг бўлади. Бўптими?
— Бўпти! — деди Валижон.
— Ёзмаймизми? — сўради Валижон зерикиб.
— Ёзамиз, болам, ёзамиз, — деди Шаҳодат хола ўпкаси тўлиб ва секин гапира бошлади.

У шунчалик секин гапирардики, Валижонга бир марта ҳам қайта сўрашга тўғри келмади. Қош қорайганда хат тайёр бўлди.
— Қани, ўқиб бер-чи, — деди Шаҳодат хола.

Валижон салмоқлаб ўқий бошлади:

«Ассалому алайкум, Адҳамжон, ўғилгинам! Эсонмисан, омонмисан? Тинчмисан? Юборган пулингни олиб, бошим осмонга етди. Раҳмат. Раҳматли дадангнинг ўрнини босиб турганлигингдан бениҳоя хурсандман. Ишқилиб, умринг узоқ, мартабанг баланд бўлсин. Ниятингга ет.

Ўғлим, болажоним, кўнглимни ғаш қилиб турган бир гапни айтсам, хафа бўлма, ҳар ҳолда онангман. Мана, йил бўлиб қолди, сендан хат олмаяпман. Ўзинг ҳам келмайсан. Биламан, ишинг кўп, вақтинг йўқ. Лекин икки энлик бўлса ҳам хат ёзсанг, шу менга кифоя. Соғлиғингни, ўйнаб-кулиб юрганингни билсам, бас.

Мендан аҳвол сўрасанг, аҳволим яхши. Ҳали ҳам боғчада болалар билан бағ-буғлашиб ётибман. Кеча мозор бошига бориб, дадангнинг мозорини суваб келдим. Раҳматли орзу-ҳавасингни кўролмай кетди. Тунов куни Собиржондан хат келган экан, сени сўрабди. Яхши, дедим. Ишқилиб, қаерда бўлсанг ҳам омон бўл.

Сен соғиниб кутгувчи ойинг Шаҳодат».

Валижон хатни шу куниёқ почта қутисига ташлади.

Орадан бир ҳафта ўтди. Шаҳодат хола боғчадан келиб, айвонда кўрпа қавиб ўтирарди. Кўчадан шанғиллаб Аълобуш ўтиб қолди. Кўп ўтмай ўзи кириб келди. Қўлида посилка қути.
— Тасаддуқ! Собиржонингиздан посилка келди, — деди у айвонга чиқиб ва бирдан кулиб юборди.
— Ҳа, тинчликми? — сўради Шаҳодат хола.
— Тинчлик, тасаддуқ, тинчлик!... — у кулгидан ўзини тўхтатолмай зўрға гапирарди: — Малдалини тушмагур кийимлик эмас экан, тасаддуқ, ейдиган нарса экан, ейдиган! Нима экан, деб сабрим чидамай пўштада очдим. Бундоқ қарасам малдалин! Олинг, мазасини кўринг, тасаддуқ.

У бир ҳовуч мандаринни Шаҳодат холанинг этагига ташлади.
— Бирам мазали, бирам мазали! Маскопда йўқ нарса бор экан, тасаддуқ, йўқ нарса бор экан.

Шаҳодат хола зўр-базўр илжайди.
— Умридан барака топсин Собиржон.
— Илойим айтганингиз келсин, тасаддуқ. Хўп, мен чиқай, овқатим кечикиб кстди. Чиқинг, тасаддуқ чақчақлашиб ўтирамиз, чиқинг.

Аълобуш яна шанғиллаб чиқиб кетди.

Шаҳодат хола мандариндан биттасини арчиб, оғзига солди. Лекин ўтмади. Чайналиб қолди. Кўзлари ёшга тўлди. Миясига қуйилиб келаётган оғир фикрларни ҳайдамоқчи бўлиб ўрнидан турди. Ҳовлига, тушиб оғзидагини тупуриб ташлади. Ўчоқ бошига бориб, қайтиб келди. Айвон устунига суянди.
— Яна кўз ёшими-а? — деди шу пайт кимдир. Шаҳодат хола чўчиб орқасига ўгирилди. Йўлакда оғзи қулоғига етиб Қоравой турарди.
— Қани, дарров кўзингизни артиб олинг-чи!
— Хўп, болам, хўп.

Шаҳодат хола енги билан кўзларини артиб, жилмайган бўлди.
— Мана бу бошқа гап, — деди Қоравой. — Энди манави хатни олинг.

Шаҳодат холанинг юраги ўйнаб кетди.
— Ўғлимданми?
— Ҳа, ўғлингиздан.
— Вой, болам-эй, болажоним-эй! — Шаҳодат хола гуллик конвертдаги хатни бағрига босиб йиғлаб юборди.
— Ия-ия! Бу қанақаси бўлди? — деди Қоравой кулиб. — Хат келмасаям йиғи, келсаям йиғи экан-да? Ўқиб берайми?

Шаҳодат хола бош ирғади.
— Бу ёққа беринг.

Қоравой конвертни очди-ю, ҳайрон бўлиб қолди. Хатни у ёқ-бу ёққа айлантириб кўрди, конвертни янгитдан қараб чиқди. Кейин ўйланиб қолди.
— Ўқимайсанми?! — деди Шаҳодат хола енгидан тортиб. — Адҳамдан эканми?
— Ҳа, ҳа, ўғлингиздан.. Адҳамдан... — деди Қоравой хатдан кўзини ўзмай.
— Ўқи бўлмаса!
— Ҳозир... мана... эшитинг, — Қоравой Шаҳодат холага бир қараб қўйди-да, ўқий бошлади. — «Ассалому алайкум, ойижон. Сизни соғинтириб қўйганим учун мени кечиринг. Узоққа кетиб қолувдим. Ойижон, сизни жуда соғиндим. Аҳволларингиз тузукми? Хатингизни олиб жуда хурсанд бўлдим. Ўзннгизни уринтирманг. Менинг ишларим яхши. Яқинда учрашиб қоламиз.

Ойижон! Сизни хотин-қизларнинг халқаро байрами — Саккизинчи Март билан табриклайман. Хатингизни соғиниб кутувчи ўғлингиз — Адҳам».
— Болам, болажоним!

Шаҳодат хола кўзини дарё қилиб хатни Қоравойнинг қўлидан олди-да, бағрига босганича уйга кириб кетди.

Қоравой ҳеч нарсага тушунмай жойида туриб қолган эди.

Хатни Валижон ёзганидан у ҳам хабарсиз эди.

1964