OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиТун (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм53KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тун (ҳикоя)
Ўлмас Умарбеков

У энди шошилмасди. Отишмалар анча орқада қолиб кетган ўрмонга эса у орзиқиб кутган қоронғилик чўккан эди. Шундай бўлса ҳам узоқ югуришдан ва ҳалигача бутун вужудини исканжага олган қўрқувдан юраги дукиллаб урар, чарчаган тиззалари ҳар қадам босганида букилиб кетай, букилиб кетай дер эди.

Атроф жимжит. Онда-сонда орқадан ўқ товуши эшитилиб қолади. У шундай яққол эшитилардики, гўё ёнингда отишаётгандек бўлиб юракни баттар ғулғулага соларди. Ҳар ўқ отилганда, у орқасига ўгирилар, аммо оёқлари юришдан тўхтамасди, кучи борича, судралиб бўлса ҳам, олдинга интиларди. Шу алфозда у анча юрди, отишма бу-тунлай тинди ё унга шундай туюлди, дарахтлар орасидан сарғайиб бир-иккита юлдуз кўринди. Юрак уриши бир оз секинлашди. Кичкина бир тепаликка чиққанда, тўхтади, бирпас дам олгиси келди. Аммо ҳамон тарқалмаган қўрқув билан орқасига қаради. Орқада ҳеч нима кўринмасди. Ҳаммаёқ қоронғилик ва жимлик ичига ғарқ бўлган эди. У буни сабрсизлик билан кутган бўлса ҳам, энди юрагига ғулғула туша бошлади. Одатда шундай жимликдан сўнг ҳаммаёқни итларнинг товушлари тутиб кетарди. Немисларнинг ўзларидан кўра итлари уни кўпроқ қўрқитарди. Лагердаги итларни у яхши биларди, қанча одам уларга қурбон бўлмади, кочганларнинг деярли ҳаммасини шу итлар топди. Унинг ўзини ҳам биринчи марта қочганда итлар талаган эди. Бу гал қандай бўлар экан? Наҳотки, яна тутиб олишса? У шуни ўйлаб, ҳозиргина босиб ўтган йўлига тикилди. Қоронғи парда ва соқчилардек қаққайиб турган дарахтлар танасидан бошқа ҳеч нарса кўринмади, ҳеч қандай товуш ҳам эшитилмади. Шу топда агар юз чақирим нарида бирон нарса тиқилласа у эшитар, бирон нарса ғимирласа, бехато кўрарди. Лагер ҳаёти унинг бутун вужудини кўз билан қулоққа айлантириб қўйган эди. Шунинг учун ҳам атро-фига яна бир қараб чиқиб, бир оз таскин топди, аммо ўтирмади. Олдинда, пастликда нимадир ингичка кумуш тасмадек ялтиради. Наҳотки йўл бўлса? У беихтиёр чўчиб тушди. Ҳозир йўл унинг душмани эди. Шу душман уни якиндагина шерикларидан ажратди, яна асирликка гирифтор қилди. Қандай бўлмасин, ундан тез ўтиб олиш керак. Дам олиш хаёлидан кўтарилиб, у пастга отилди. Тепаликдан тушганида кумуш тасма йўқолди. Йўқолди-ю, у енгил тортди. Кумуш тасма йўл эмас, жилға эди. Сувнинг оҳиста жилдираб оқаётганини у аниқ эшитди ва юрагини бениҳоя севинч қоплади. Бир неча ойдан бери у жилғанинг овозини биринчи марта эшитиши, бир неча ойдан бери тайёргарлик кўриб келган қочишнинг биринчи марта муваффақиятли амалга ошганига ишониши эди. Шундагина у ниҳоятда чанқаганини, лаблари қуриб, ёрилиб кетганини сезди. У ютинди, аммо ҳеч нарса томоғидан ўтмади. Оғзи қақраб кетган эди. Жилғага етиб келди-ю, энгашди ва шошиб иккала қўлини сувга тикди. Аммо ҳовучида сув ололмади. Иккала қўли банд, иккала қўлида у таглари ейилиб, эгилиб қолган лагерининг ёғоч кавушларини ушлаб олган эди. Уларни кўрди-ю, тишлари аламдан ғижирлаб кетди: бирпас тикилиб турди-да, бор кучи билан улоқтирди. Кавушнинг иккала пойи қандайдир дарахтнинг шохларига илинди, кейин бирин-кетин дўп этиб, ерга тушди. Шундагина у расмана чўккалаб, қўлларини яна сувга солди, муздек сув тирсакларигача кўмди, ҳовучини оғзига олиб бормасданоқ, вужудини оромбахш сокинлик қоплай бошлади. Юз-кўзи, қуриган лабларида қотган тер шўри аралаш у неча ҳовуч сув ичди, билмайди. Лекин ҳеч маҳал эсини таниганидан бери бунчалик ширин сув ичмаган эди. Жилға унга янгитдан қувват берди, чарчоқлари унутилгандек бўлди. Энди у ҳамма нарсага, ҳатто ўлимга ҳам тайёр эди. Бироқ энди у тириклигича қўлга тушмаслигини биларди. Шунга аҳд қилган эди. Немисларнинг ўзи ҳам энди уни тутиб олишса, омон қўйишмасди.

Немислар хаёлига келиши билан у яна хавотирланиб атрофга қулоқ солди. Жилғанинг сокин, бутун дунё ташвишларига бефарқ жилдирашидан бошқа ҳеч нарса эшитилмади. Наҳотки қутулган бўлса, у шунга ишонгиси келарди, аммо лагерда орттирилган тажриба, биринчи марта қочгандаги таҳлика умр бўйи олис ўрмон этагида қолиб кетган шерикларининг жасадлари ҳали суюниш эрталигидан, ҳали неча марта ўлим унга юзма-юз келишидан дарак бериб турарди. Немислар ҳали тинчишмайди. Ҳозир улар, албатта, бутун лагерни оёққа турғазишади, тирикларни ҳам, ўликларни ҳам тонг отиши билан яна санаб чиқишади, уни топишмагач, ўрмонни тит-пит қилишади, ҳамма постларга, отрядларга хабар беришади, хабар беришгандир ҳам. Бугун эса бўлди, бугун ўрмонга бошқа киришмади, киришга қўрқишади. Тун қочоқларники. Унга ўхшаганларники. Эртага бошқа гап. Эртага у мабодо қўлга тушадиган бўлса, фақат ўлиги тушади. Эртагача эса ҳали вақт кўп. Бутун тун унинг ихтиёрида.

У шундай хаёллар билан осмонга қаради. Янги ойнинг тақадек ним ранг гардиши ғарбда кўринди. Юлдузлар кўпайди. Аммо ҳамон ўрмон ёришмаган, юз метр нарида нима бор, нима йўқ билиб бўлмасди. У ойга қараб тонггача тахминан қанча вақт борлигини ҳисоблаб чиқди ва ўзи кутмаган хотиржамлик билан оёқларини сувга солди. Солди-ю, оғриққа чидолмай инграб юборди. Товонлари ва пан-жаларига кимдир пичоқ солиб юборгандек бўлди. Дарров тортиб олди. Нега бундай бўлганини у энди билди. Иккала оёғи ҳам олис йўлда тилиниб, тарам-тарам бўлиб кетган эди. Иккинчи марта оҳиста сувга туширганда оғриқ унча билинмади ва беихтиёр, шундай оёқларини тиззаларигача сувга солиб жилға лабига чузилди. Туриш кераклигини, бу ердан тезроқ кетиш кераклигини билса ҳам, ҳозир ҳеч қандай куч уни турғаза олмас, уч йиллик уруш, асрлар каби чузилган даҳшатли асирлик давомида эришган шу биргина дақиқалик оромини бузолмас эди. У роҳат билан кўзларини юмди, аммо ухлаб қолишдан қўркиб, дарҳол очди, шунинг ўзи, шундай ётишнинг ўзи бир олам бахт эди. Қанча чузилар экан бу бахт? Йилларми, ойларми, кунларми? Ё шу туннинг ўзими? Буни у билмасди, билишни ҳам истамасди. Икки томонга ёйилган қуш қанотидек қўллари тагидаги майин, нам майсалар, юмшоқ тупроқ, оёқларидаги ҳар бир мўйни силаб оқаётган беғубор жилға, тепада, сокин осмонда милтиллаб турган юлдузлар, бугундан бошлаб, унинг сирдоши, халоскори, дўсти бўлиб қолган қоронғи ўрмон уни олис хаёлларга ғарқ қилган эди. Кўз олдига онасининг сурати келди. Нега ўзи эмас? Нега унинг юриш-туриши, ўқишдан келишини пойлаб, эшик тагида ўтириши, кечалари бир неча марта туриб, устидан сирғалиб тушган кўрпасини тузатиши эмасу, оддийгина, бозордаги беш дақиқалик омонат суратхонада олдирилган хира сурати келди? Балки бу суратдан онаси унга қандайдир дард билан, сураткашнинг талаби билан кулишга ҳаракат қилса ҳам, кўзларида ташвиш, чексиз ғам билан қараб турганидандир? Ким билади, балки шундайдир. Ҳар ҳолда бу сурат ҳеч қачон кўз олдидан кетмайди. Ҳозир ҳам шундай бўлди, уни қўлига олиб гаплашаётгандек бўлди. Бир учи эзилган, оддийгина сурат. Бошида оқ дока рўмол, сочи кўринмайди, балки оқариб, докага қўшилиб кетгандир? Кулмоқчи бўлганидан юзидаги ажинлар баттар тортилиб кетган, олд тишлари тушиб, шундай милклари кўриниб турибди. Суратни биринчи марта кўрганида унинг кўзларидан ёш чиқиб кетди. Ҳам севинди, ҳам раҳми келди. Кейин кўникиб кетди. Бўш қолди, уни гимнастёркасининг чўнтагидан олиб тикилади, гаплашади, кейин яна эҳтиётлик билан газетага ўраб чўнтагига солиб кўяди. Асир тушган куни ундан ажради. Йил бўлди шунга. Шундан бери хаёлидан шу сурат кетмайди. Ҳозир ҳам шу сурат кўз олдига келди-ю, аммо энди у онасига эмас, онаси унга ачиниб тикилаётгандек бўлди. Нега ачинади? Шу аҳволга тушганигами ё ёлғиз ўзи қутулиб кетаётганигами? Бунга у айбдор эмас. Аҳвол шундай бўлиб қолди. Унинг омади келди, бошқаларники келмади. Тағин ким билади, соғ қолганлар ҳам бордир? Балки эртага учрашиб қолишар?

Унинг хаёли бўлинди. Юрагини яна ғашлик қоплай бошлайди.
— Фронт олис, Зиямат. Партизанларга қўшилиш керак.

Лейтенантнинг охирги гапи шу бўлди. Зиямат бошқа уни кўрмади, овозини эшитмади ҳам. Отишма бошлани-ши билан биринчи у йиқилди. Ўқ шундай орқа миясига тегди.
— Саидмурсал! Дўстим! — деганича, Зияматнинг гапи оғзида қолди.

Лейтенант кўз юмди. Зиямат уни кўтариб ўрмонгача олиб бормоқчи бўлди, лекин:
— Қоч! Эсингни едингмй?! — деган овоз уни тўхтатди, кимдир елкасига туртди.

У лейтенантнинг буришган ва бирпасда қорайиб кетган юзига қаради-ю, ўрнидан турди, негадир ёғоч кавушларини ечиб, қўлига олди-да, ўрмон томонга югурди. Олдинда кимдир йиқилди, кимдир овози борича додлади. Зиямат шу овоз келган томонга югурди, аммо кеч қолган эди. Шериги аллақачон жон таслим қилган эди. Бошқа ҳеч ким кўринмади. Орқадан «Халт! Халт!» деган овозлар, ўқ товушлари борган сари яқинлашиб келарди. Зиямат аланглаб, атрофга қаради. Олдинда чакалакзор кўринди, унинг кетида ўрмон. У бор кучини тўплаб шу томонга югурди. Юз-кўзлари, қўллари тилиниб-тимдаланиб, ўрмонга етиб келганда ён-верида ҳеч ким қолмаганини пайқади, қувлаб келаётган немисларнинг чинқироқ овозлари, автомат товушлари эса ҳамон бирдек эшитиларди. Зиямат нафасини ростламоқчи бўлиб тўхтади ва орқасига ўгирилди, шу заҳоти автомат ўқлари визиллаб шундай боши устидан ўтиб кетди. У шошиб эгилди, ўқлар энди бели устидан визиллаб ўта бошлади. «Тамом!» — ўйлади у қўрқув ва қандайдир ўзи англамаган совуққонлик билан. Шундай бўлса ҳам, у ётди, пешонаси нимагадир дўқ этиб тегди, аммо у парво қилмади. Овозлар энди орқадан эмас, чап томондан эшитила бошлади, ўқлар тингандек бўлди. Зиямат ўрнидан даст турди-ю, ўнгга қараб югуриб кетди. Кўп ўтмай яна отишма бошлан-ди, итларнинг ҳуриши эшитилди. Зияматнинг юраги орқасига тортиб кетди. У ўкдан кўра итлардан кўпроқ қўрқарди. Унинг назарида ҳозир ўққа чап бериш мумкин эди, итларга эса чап бериб бўлмасди. Улар ис билса бўлди, ўлжасини топмасдан қўймасди, айниқса, лагердаги итлар шундай эди. У буни кўрган, ҳатто болдирининг бир парчасидан ажралиб, ўз бошидан ўтказган эди. Лагерга келтирилганининг иккинчи куни эди ўшанда.

Улар кун бўйи тош ташишди. Минглаб одам тоғни йўнар, гулдираб пастга, жарликка тушаётган тошларни минглаб одам, худди занжирдек тизилиб, илон изи йўлдан тепага олиб чиқарди ва яна шу жарликка, фақат йўлга яқин томонга ташларди. Ярим оч, ярим яланғоч, қилтиллаб ўзидан оғир тошларни кўтарган асирлар орасида кимлар йўқ эди?! Зиямат уларни кўрди-ю, ваҳми учиб кетди. Унинг назарида бутун дунёнинг эркаклари шу ерга келтирилиб кишанлангандек эди. Ёнма-ён ўтиб қолишганда, киртайган кўзлари демасангиз, ҳамма гўё бир қолипдан чиққан, одам зотидан анча йироқ қандайдир даҳшатли махлуқларни эслатарди. Ҳамманинг соч-соқоли ўсган, ҳаммада олатароқ, ҳам олди, ҳам орқасига рақамлар осилган яғир кийим. Оёқларида тошдан баттар тарақлайдиган ёғоч кавуш... Кечагина улар одам эди, кечагина уларнинг тили бор эди. Бугун эса уларда на тил, на исм бор. Фақат рақам. Зияматда ҳам шундай рақам. У энди Зиямат эмас, икки минг етти юз ўн олтили ракам эди. Бундан буёқ у шундай, ўлгунга қадар икки минг етти юз ўн олтили рақам бўлиб қолади. Улим эса узоқ эмас, елкасида турибди. Қочиш керак. Зиямат баракка кириши билан қўланса ҳид димоғига урилди-ю, шу фикр миясига қуйилди. Лекин қандай қилиб? Биронта одам юзлаб соқчилар, электр токи юборилган тикан симлар билан ўралган бу дўзахдан қочиб қутулганмикан? Баракда ҳеч ким унинг бу саволларига жавоб бермади. Барак тинч, фақат орқа томонда кимдир инграб йиғларди.

Кун пешиндан оққанда у бутунлай дармони қуриганини пайқади. Ўқ теккан чаккаси қулоғи аралаш лўқиллаб оғрий бошлади. Бирпас ўтиргиси келди. Бироқ бунинг иложи йўқ эди. Ит етаклаган автоматли соқчилар маҳбусларнинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турарди. Йиқилганларнинг деярли ҳаммаси ўша заҳотиёқ отиларди.

Зиямат енгилроқ бир тошни кўтариб, елкасига бир амаллаб қўйди-да, тепага юра бошлади, аммо оёқлари қалтираб, юриши секинлашди. «Наҳотки шундай ўлиб кетсам? — ўйлади у хавотирланиб. — Йўқ, чидаш керак, чидаш. Кейин қочаман. Ҳеч ким қочмаган бўлса, мен биринчи бўламан. Унда ўлсам, майли».

Лекин юриш борган сари қийинлашди, елкасидаги тош оғирлашди. Тепага кўтарилганда кўз олди қоронғилашди, гандираклаб, тошни ташлашга улгуролмай орқасига гурс этиб йиқилди. Шу заҳоти ит ҳуриди ва оёғига нимадир санчилди. Зиямат ҳовлиқиб ўрнидан туришга интилар, ит эса оёғига маҳкам ёпишганича ирилларди. «Шнел! Шнел!» — қичқирди қоя устидаги соқчи. Кимдир қўлтиғига кирди. Зиямат бир амаллаб ўрнидан турди, ит қайтиб кетди. Қўлти-ғига кирган киши тошни елкасига қўйиб қўйди. «Раҳмат», — деб юборди Зиямат шунда ўз тилида. Шериги индамади, фақат ўз тошини кўтарганича, «юринг», дегандай олдинга ишора қилди.

Улар тошларни жарликка улоқтириб пастга тушишаётганда, шериги секингина сўради:
— Қаердансиз?
— Тошкентдан, Шайхантавурдан, — шундай секингина жавоб берди Зиямат.
— Мен Туркистондан. Воронежда қўлга тушдим. Сиз-чи?
— Курскда. Исмингиз нима?
— Саидмурсал.
— Меники Зиямат. Бу ер қаер?
— Югославия.
— Атроф ўрмон экан, — Зиямат шундай деб, шеригининг қочиш ҳақидаги фикрини билмоқчи бўлди.
— Партизанлар ҳам бор. Зиямат уни тушунди.
— Уринмадингизми?
— Ҳозирча чора йўқ. Баракда гаплашамиз. — Саидмурсал «гап тамом» дегандек, олдинга ўта бошлади. — Чидаш керак. Оёғингиз қон.

Зиямат шундагина ит болдиридан бир парчасини узиб олганини сезди. Бироқ начора? Чидаш керак. У шу фикр билан ўзини босди, зирқираган оғриққа эътибор қилмасликка уринди.

Кеч кириб, жарликни туман қоплай бошлаганда, тепада занг урилди. Маҳбуслар яна занжирдек тизилиб, юқорига кўтарила бошлади. Жарликни айланиб ўтиб, тош йўлга чиқишганда, Зиямат ўнг томони пастлик, қуюқ чакалакзор эканлигини кўрди. «Қочиш керак!» Яшин тезлигида миясидан шу фикр ўтди-ю, беихтиёр ёнига қаради. Соқчи ундан беш метрча нарида эди. Ўртада қатор маҳбуслар, Саидмурсал кўринмади. «Ўзим уриниб кўраман, — ҳаёлидан ўтказди ва орқасига қараб қўйди. Орқадаги соқчи ҳам беш метрча масофада эди. Қочса бўлади. Фақат биронта муюлиш келганда, шунда олдиндаги ҳам, орқадагиси ҳам кўрмай қолиши мумкин эди. Шу хаёл билан у юз метрча юрди. Ниҳоят, у кутган муюлиш келди. Олдиндаги маҳбус айланиши билан, Зиямат бир силтаниб, ўзини чакалакка отди. Гурс этиб тушди-ю, пастга думалаб кетди. Автомат тариллади. Итлар даҳшат билан ҳурий бошлади. Зиямат ўрнидан туриб, қаёққа чопишни мўлжаллагунча битта ит етиб келиб, ёпишди. Кўп ўтмай немисларнинг овозлари чакалакзорни тутиб кетди. «Тамом», — ўйлади Зиямат итнинг бўғзига кучининг борича ёпишар экан.

Лекин у бу гал ҳам тирик қолди. Ҳушига келганида коронғи бир музхонада ётганини кўрди. Қандай азобларни бошидан кечирмади у ўшанда. Бир ҳафта оч қўйишди, калтаклашди. Ҳамма ёғи моматалоқ бўлиб кетди. Жони каттиқ экан, ўлмади. Бир ҳафтадан сўнг яна тош ташишга ҳайдаб кетишди.
— Бахтли экансиз, — деди Саидмурсал уни кўриб. — Омон қолдингиз. Энди менинг буйруғимни кутинг!

Буйруқ бир ойдан кейин келди. Зиямат билмаган экан, лагерда бутун бир ташкилот мавжуд экан. Саидмурсал унинг раҳбарларидан бири экан. Буни у картсердан чиққан куни кечқурун билди. Баракда йиғилиш бўлди. Қочиш ва партизанларга қўшилиш, кейинчалик бутун лагерни озод қилиш лейтенант Саидмурсал Худойберганов бошлиқ асирларга топширилди. Қочиш картошка ковлагани олиб чиқиладиган кунга белгиланди. Картошка ўрмон этагига экилган эди. Ниҳоят шу кун етиб келди. Немислар эллик кишини машиналарга босиб олиб кетишди. Зиямат ҳам шулар орасига тушди. Кун ботгунча ҳамма жон-жахди билан ишлади. Лекин ҳамманинг кўзи Саидмурсалда эди. Немислар уларнинг берилиб ишлаётганларини кўриб, тушдан кейин анча бепарво бўлиб қолишди. Кун ботганда Саидмурсал сигнал берди, ҳамма ўзини чакалакзорга урди. Зиямат ёнида турган соқчини юз-кўзи аралаш тушириб, йиқитди-ю, шериклари кетидан югурди...

...Зиямат ўрнидан турди. Оёқларининг оғриғи қолган, бош оғриғи ҳам анча тинган эди. У чуқур нафас олди-да, осмонга қаради. Ой тиккага келибди. Демак, тун энди ярим бўлибди. Ҳали вақт кўп, тонггача у анча йўл босиши мумкин. Лекин қаёққа юради? Партизанлар қайси томонда? Буни у билмасди. Ҳамма ёқ қоронғи. Бегона ўрмон, бегона ер. Бироқ у энди анча тинч эди. Ҳар ҳолда энди у эркин. Эркинликда ўлим ҳам ҳавфли эмас.

У жилғани тиззасигача сувга ботиб кечиб ўтди ва биринчи марта енгил нафас олиб йўлга тушди.

Тонгга ҳали эрта эди. Ўрмон ҳамон тун қўйнида, чурқ этган товуш эшитилмасди. У тўнгакларга, шох-шаббаларга қоқилиб-қоқилиб борар экан, тонгда қаердан чиқиб қолишини ўйларди. Ўрмон тугаб, биронта қишлоқ чиқиб қолармикин, ё тоққа туташиб кетармикан? У кўпроқ иккинчисини, жуда бўлмаганда, ўрмоннинг тугамаслигини истарди. Қишлоқда немисларнинг бўлиши турган гап. Балки унинг атрофида соқчилар ҳам бордир. Ҳа, албатта, немислар соқчи қўймаса тинчимайди. Йшқилиб, қишлоқдан чиқиб қолмасин, унда ҳамма уринишлари барбод бўлади. Партизанларнинг эса қишлоқ ёки унинг атрофида бўлиши мумкин эмас. Улар ё тоғда, ё ўрмонда. Ким билади, балки тонггача уларга дуч келиб қолиши ҳам мумкин. Кошки эди шундай бўлса!

Аллақаерда паровоз жонҳолатда қичқирди. Зиямат диқ-қат билан қулоқ солди. Гудок, афтидан, орқа томондан эшитилди. Наҳотки, лагер шунчалик яқин бўлса? Анча йўл босди-ку! Унинг юраги орқасига тортиб кетди. Назарида, адашиб кетиб, бир жойда айланаётгандек туюлди. Ла-гердан қочишга қочиб, тамом қутулай деганда, наҳотки яна қўлга тушса?! У шундай ўйлаб, атрофга ҳадиксираб қаради. Йўқ, ҳеч нарса билиб бўлмайди. Ҳамма ёқ дарахт, арча, қора қайин, яна қандайдир дарахтлар... Лагер ёнида ҳам шундай эди, бу ерда ҳам шундай. Йўқ, у адашмаган, юлдузларга қараб юрди-ку! У танлаган юлдузлар ҳамон олдинда. Йўқ, адашмаган. Иннайкейин, адашган бўлса, итларнинг овозини эшитарди. Улар тун бўйи тинмай акил-лайди. Бу фикр унга анча далда бўлди, қадамини тезлатди. Бир чақиримча юргандан сўнг, ўрмон сийраклашди, ой бир оз оқариб, дарахтларнинг учларида кўкимтир тутун кўринди. «Тонгга яқин қолибди, — ўйлади Зиямат. — Олдинда нима экан — йўлми ё қишлоқ? Нима бўлса ҳам тезроқ билган маъқул». Шу хаёл билан у чопиб кетди. Лекин ярим чақиримча ҳам юргани йўқ эдики, кенг асфалт йўл устидан чиқиб қолди. Шу заҳоти орқага қайтди, юраги дукиллаб ура бошлади, пешонасини совуқ тер қоплади. Яхшиямки, биронта постга тўғри келмади. Энди нима қилиш керак? У ўйга толди.

Чиндан ҳам унинг олдида жиддий муаммо турарди. Йўл бўйлаб бориш керакми ё уни кесиб ўтиб, тўғрига — ўрмон ичидан кетиши керакми? Йўл тўппа-тўғри уни немислар қўлига олиб бориб топшириши аниқ эди. Аммо тўғрида нима бор? Иўл айланиб, шу ёққа ўтган бўлса-чи? Тоғли жойда тўғри йўл камдан-кам бўлади. Шундай бўлса ҳам у тўғри йўлни кесиб ўтишга қарор қилди. Оҳиста ўрмондан чиқиб, йўлга қаради. Йўл жимжит, қора асфалт ой ёруғида эриган сақичдек ялтирарди.

Шу пайт олисда нимадир сарғайиб кўринди. Зиямат шошиб ўзини орқага олди. Баланд тўнка ёнига ётиб, йўлга тикилди. Сарғайиб кўринган нарса чироқ эди. Кўп ўтмай у иккита бўлди. Зиямат машина келаётганини англади. Моторнинг гувиллаган овози ҳам эшитила бошлади. Минутлар соатдек чузилиб, ниҳоят, машина яқинлашди. Унинг ёруғида Зиямат йўлнинг нариги бети ҳам каттагина ўрмонлигини кўриб олди. Оғир юк ортилган бесўнақай машина унинг рўпарасига етиб келганда, Зияматнинг кўзлари қамашиб кетди. Қўли билан юзини беркитди. Машина узоқлаша бошлади. Шундагина кўзларини очди ва яна эҳтиётлик билан йўлга тикилди. Аммо бошқа машина кўринмади. Зиямат тўғри қарорга келганига ичида суюниб, йўлни кесиб ўтди ва яна ўрмон ичига кирди.

У анча йўл босди. Лекин ўрмоннинг кети кўринмасди. Тонг ота бошлади. Қуёшнинг илиқ нурлари дарахтлар орасидан ўтиб, ерга найзадек санчилди. Зиямат тўхтади. Энди юриш хавфли эди. У яна кеч киришини ё биронта бахтли тасодиф юз беришини кутишга қарор қилиб, атрофига қаради. Ўзидан сал нарида, чап томонда, воронка сифат ўра кўринди. У шу ёққа юрди. Ўра каттагина эди. Эски бир дарахтнинг илдизини ковлаб олишган бўлса керак, ичи ҳам чуқургина, одам ўтирса кўринмас эди. У шу ўрага тушди ва ҳузур билан оёқларини чўзиб ўтирди. Энди у қутулганига, немислар қидириб келмаслигига тўла ишонган эди. Шунинг учунми, ўтириши билан бадани бўшашди, кўзлари ўз-ўзидан юмилди.

Қирқ учинчи йилнинг ёзи, немисларнинг ҳужуми олдидан, у худди мана шундай ўз окопида ўтирган эди. Унда эгни бут — оёғида этик, қўлида автомат бор эди, ҳозиргидек яланг оёқ ва юпун эмас эди. Немислар ўшанда тунлари ҳам ҳужумни тўхтатишмасди, бир взводдан иккинчи взводга ўтиш амри маҳол эди.

Зияматнинг взводи тепаликка жойлашган бўлиб, душманнинг асосий эътибори шу томонда эди. Комбатнинг асл нияти ҳам шу эди. Шунинг учун ҳам у взводга битта ортиқча пулемёт берган эди.
— Ҳусанов, сенга оғир бўлади, — деди у душман тонгда яна ҳужумга ўтганда. — Маҳкам тур. Немислар бу ерда катта куч бор, деб ўйлашсин. Тушундингми?
— Тушундим, ўртоқ комбат! Буйруғингиз бажарилади.
— Вазият ўзгарса, капитаннинг ўзи келади.
— Хўп бўлади, ўртоқ комбат!

Комбат кетди. У кеча кечқурундан бери рота командири капитан Кравтсовнинг ўрнида эди. Кравтсов қўлидан ўқ еб, санбатга олиб кетилган эди.

Зиямат Кравтсовни ҳам, комбат Синиченкони ҳам яхши биларди. Госпиталдан қайтиши билан уни шу баталонга взвод командири қилиб юборишган эди. Икки йиллик жанг давомида у ўз командирларини яхши кўриб қолган ва ҳар доим уларнинг жангдаги совуққонлиги ва ботирлигини кўриб қойил қоларди. Комбат анчагина камгап бўлиб, Кравтсовнинг акси эди. У доим аниқ ва қисқа кўрсатма берар, капитан эса жуда узокдан келарди. Асосий мақсадга кўчгунча одам қон бўлиб кетарди. «Хўш, аҳволлар қалай, азизим!» У шундай деб гап бошладими, тамом, бирон ояир топшириқ бермоқчилигини ҳамма билиб оларди. Сўкадиган бўлса, аввал қўшни роталардан гап очарди, қўшни ротанинг кечагина келган, ҳали душман билан ҳатто юзма-юз ҳам келмаган солдатини кўкларга кўтариб мақтарди, кейин, сен-чи, деб, гуноҳкор жангчини сўкиб кетарди, бечоранинг гап эшитмаган биронта уруғ-аймоғи қолмасди. Шунга қарамай уни солдатлар яхши кўришарди. Бундай ҳурматга у жангда бевосита иштирок этиши билан, солдатни аяши, унинг аҳволидан доимо хабардор бўлиб туриши билан эришган эди.

Қўшни рота икки кун аввалги оғир жангдан сўнг, мудофаанинг иккинчи линиясига ўтганда, шу тепаликни эгаллашни Кравтсов Зияматга топширди.

Тунги тинчлиқдан фойдаланиб, Зиямат ўз взводини қийинчиликсиз тепаликка олиб чиқди. Лекин шу пайт қаттиқ отишма бошланди. Артиллерия қўшилгандагина немислар анчагина жимиди. Шундай капитан яраланди. Эътирозига қарамай, шахсан комбатнинг буйруғи билан санбатга олиб кетишди.
— Ҳусанов, жойингдан силжима, — деди у кета туриб.

Зиямат унинг буйруғини бажарди. Кун бўйи немислар етти марта ҳужум қилишди. Лекин бир марта ҳам тепаликка яқинлашиб кела олишмади.

...Тўп овозлари тинди. Бир зум ҳамма ёқни жимлик қоплади. Қишлоқ томондан аллақандай қушнинг чивчиви эшитилди-ю, яна тинди. «Булбулга ўхшайди», — хаёлидан ўтказди Зиямат ва кўз олдига Қорасувдаги ҳовлиси келди. Ҳозир узумлар етилиб ётибди у ерда. Ҳусайни ҳам, шивилғони ҳам. Чуғурчиқ кўпроқ шивилғонига келади. Занғар, қайси узумни ейишни билади. Бирпас қарамадингми, талаб кетади. Онаси ишкомга тўрттами-бешта эски челак осиб, тизгинларини айвоннинг устунига боғлаб қўярди. Биронта куш кўрдими, шу тизгинни тортарди, бутун боғкўчани челакларнинг тарақ-туруғи, чуғурчиқларнинг чағ-чағи босиб кетарди. Ҳозир ким қараётган экан боққа?
— Мана шуниси одамни хуноб қилади, — деди кимдир.

Зиямат хаёли бўлиниб, ёнига қаради. ПТР ушлаган жангчи жаҳл билан тамаки тутатар экан, пастдаги ялангликдан кўзини узмасди.
— Нимаси, Володя? — сўради Зиямат.
— Артподготовкадан кейинги жимлик-да, қон бўлиб кетади киши. Олифтагарчилик қилмасдан кела қолишса, ўладими лаънатилар!
— Ҳовлиқма, ҳозир келишади.

Зиямат шундай деб улгурмаган эди, олдинда танк кўринди.
— Айтмадимми!
— Худди шундай, ўртоқ командир! — жангчи болаларга хос қувонч билан танкни мўлжалга ола бошлади. — Кела қол, азизим, кела қол.
— Шошилма.

Танк ўн метрча ҳам юрмаган эдики, ёнида иккинчиси пайдо бўлди. Кўп ўтмай, тўртта бўлди. Кейин яна иккита қўшилди. Улар ҳар галгидек, ёйилиб эмас — икки қатор бўлиб келарди.
— «Тигр»ларга ўхшайди, — деди Володя.

Зиямат индамади. Немисларнинг бу машҳур танкларини у биринчи марта кўраётгани йўқ эди. Агар ён томонидан отилса, автомат билан ҳам уларни ишдан чиқариш мумкин эди.
— Пулемётларни ҳозирланг! — буйруқ берди у. — Менинг командам билан отилсин!

Масофа борган сари қисқарди. Юз метрга етганда, танклар ўт очди. Траншеяни аччиқ тутун, чанг қоплади.
— Йигитлар! Бошладик! — қичқирди Зиямат ва ўзи биринчи бўлиб ўт очди.

Олтмиш метрга келиб қолган биринчи танк тўхтади. Люк очилиб, немис танкчисининг калласи кўринди. Автомат тириллади, у икки қўлини ёзиб, танк устига ағдарилди. Шу пайт иккинчи қаторда келаётган танк ёниб кетди.
— Мен! Мен ёндирдим! — қичқирди Володя.

Аммо Зиямат уни эшитмади. Шундай ёнида снаряд портлади. Кўзларига нимадир ёпишди. Енги билан артар экан, яна снаряд гумбурлаганини эшитди.
— Володя! Галиулин!

Ҳеч ким жавоб бермади. У кўзини очганда, битта танк тепаликка кўтарилаётганини кўрди. Танкнинг узун стволи худди уни нишонга олаётгандек эди. Зиямат шошиб ўзини чапга олди. Шунда у Володянинг траншея ичида тупроққа беланиб ётганини кўрди.
— Володя!

Аммо Володя жим эди. Зиямат ПТРга етгунча, ёнидаги гранатани олиб пастга, танкнинг ғилдиракларини пойлаб улоқтирди. Танк тўхтади, бир силтаниб орқасига қайрилмоқчи бўлганида, ёниб кетди. Лекин шу заҳоти ундан сал нарида бошқаси кўринди. У тепаликка кўтарилмади. Тўхтаб, тепаликни ўққа тута бошлади. Бошқа танклар ҳам шундай қилган бўлса керак, Зияматнинг гир атрофида снарядлар ёрила бошлади. У энди взводдагилардан ким бор, ким йўқ, билолмай қолди. Бир амаллаб ПТРни топиб, траншеядан бошини кўтарди. Пастда яна бир танк ва унинг атрофида немислар кўринди. У танкнинг туйнугини пойлаб, ПТР ни бўшатди. Танк портлади. Шу пайт кимдир уни туртди ва нималардир деб қичқирди. Зиямат эшитмади. Битта танк шундай устидан ўтиб кетди. Зиямат чаққонлик билан орқасига ўгирилиб, уни нишонга олди. Аммо ПТР отилмади. Ўқ тугаган эди. Шу пайт чўнтагидаги граната эсйга келди. Олди-ю, тезлик билан улоқтирди. Граната шундай люк устига тушди. Орқадан автомат товушлари эшитилди. Немислар траншеяга жуда ҳам яқинлашиб қолишган эди. Зиямат уларни аниқ кўрди. Дарҳол автоматини елкасидан олиб, ота бошлади. Уч-тўрт немис шу заҳоти йиқилди. Бошқалари ётиб олди. Ҳужум яна тингандек бўлди.
— Степанов! — қичқирди Зиямат юзидаги терни сидирар экан.

Ҳеч ким жавоб бермади.
— «Наҳотки, улар...» — Зиямат шундай деб ўйлади-ю, ўз хаёлидан ўзи чўчиб кетди ва шошиб атрофига қаради.

Траншеянинг у турган жойдан бўлак ҳамма ери бузи-либ, уюм-уюм тупроқ бўлиб ётарди.

Олдинда яна танклар пайдо бўлди. Энди улар ёлғиз эмас, ҳар бирининг орқасида автоматчилар бор эди.

Зиямат уларни кўриб, автоматига янги диск қўйди. Чўнтагидан сўнгги гранатани олиб, камарига қистирди.
— Ўртоқ командир! — қичқирди шу пайт кимдир. Зиямат таниди.
— Галиулин! — севиниб чақирди у.
— Менман, ўртоқ командир!
— Ёнингда ким бор?
— Степанов бор эди. Снаряд қорнига тегди. Бошқаларни кўрмаяпман.
— Чақириб кўр. Галиулин қичқирди.
— Ҳеч ким жавоб бермаяпти.
— Дадил бўл, ошна. Келишяпти, кўряпсанми?
— Кўряпман. Иккита гранатам қолди, ўртоқ командир.
— Танкни пойла.
— Тушундим, ўртоқ командир! Ўзингизда-чи?
— Битта!

У бошқа ҳеч нарса айтиб улгурмади. Кучли портлаш уни силтаб ташлади. Оғир бир нарса бошига тушди. Ўзига келиб, ўрнидан турганида, траншея устидан танк ўтиб кетаётганини кўрди, гранатани олиб улгурмади, бир немис устига ташланди. Зиямат бор кучини тўплаб, уни улоқтирди-да, атрофини ўраб келаётган немисларни нишонга ола бошлади. Немислар ётиб олишди. «Тирик олишмоқчи ше-килли? — ўйлади Зиямат. — «Олиб бўпсанлар, аблаҳлар!» Галиулин! Бардам бўл!» — у шундай деб қичқирди-да, қўлидаги гранатани немислар ғуж бўлиб ётган томонга улоқтирди. Шу пайт чаккасига нимадир урилди, у кўзлари тиниб йиқилди ва ҳушидан кетди.

Кўзини очганида, ўрмонда ётганини кўрди. «Худога шукур, тирик эканман», — хаёлидан ўтказди у. Аммо бу тириклик жуда қимматга тушди унга. У ҳали асир тушганини, ўзига ўхшаган юзлаб асирлар ичида ётганини билмасди. Билганда эса, бутун вужуди бўшашиб кетди.

Бир ҳафтадан сўнг асирларнинг ҳаммасини юк вагонларга босишди. Эшелон қўзғалганда олисда даҳшатли тўп овозлари эшитилди.
— Бизникилар! — деди кимдир завқ ва шу пайтнинг ўзида чексиз ўкинч билан. — Танидим! Бизнинг тўплар!..

Ҳеч ким унга жавоб бермади. Эшелон ғарбга йўл олди.

Зиямат кўзини очганда, кун тиккага келган эди.

Ўрмон жимжит. Ҳеч нима кўринмайди. Нима қилиш керак? Наҳотки, қоронғи тушганга қадар кутишга тўғри келса?.. У ҳеч қандай қарорга келмай, ўрнидан турди. Шу пайт олисда ола эчки етаклаган бир одамнинг қораси кўринди. Зиямат шошиб ўзини дарахтнинг панасига олди. Ким экан у? Қаердан пайдо бўлиб қолди? Қишлоқ наҳотки шунчалик яқин бўлса? Эчки бир йўқолиб, яна кўринди. Унинг эгасини Зиямат энди яққол кўрди. У чол эди. Бу Зияматни тинчитди. Чол унга яқинлашди. Бекинишнинг мутлақо иложи қолмади. Кўз-кўзга тушди. Чол худди Зияматдек, жойида қотиб қолди. Анча вақт улар бир-бирига тикилиб туришди. Ниҳоят, Зиямат чидамади. Имлади. Аммо чол жойидан қимирламади. Эчки унинг қўлидан тушиб кетган чилвирни судраб, қочиб кетди. Чол парво қилмади. У, сеҳрланган одамдек, Зияматга тикилиб қолган эди.
— Я плен, понимаеш? Плен... — деди секин Зиямат кўкрагига қўлини бигиз қилиб.

Чол уни тушунмади.
— Я плен! Понимаеш? — деди яна Зиямат. — Рус, рус... Москва!..

Чолнинг кўзларида табассум пайдо бўлди.
— Аз българин, — деди кейин ва Зияматга яқинлашди.
— Партизан... менга партизанлар керак, — деди Зиямат, чол унинг олдига келгач.
— Партизан? — сўради чол унга тикилиб.
— Ҳа, партизанлар керак, — деди яна Зиямат.

Чол «тушундим» дегандек, бошини қимирлатди. Зиямат кўнглида бир олам севинч билан уни қучоқлади ва ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборди.

1970