OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎлмас Умарбеков
Асар номиУруш фарзанди (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Ўлмас Умарбеков
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Шарқ» НМАК Бош таҳририяти, Тошкент - 2005
Ҳажм126KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/18
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
Ўлмас Умарбековнинг «Танланган асарлар»и II жилдидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Уруш фарзанди (қисса)
Ўлмас Умарбеков

1

— Киши ҳаётида шундай воқеалар бўладики, умрбод хотиридан кўтарилмайди, — деб ҳикоясини бошлади Азиз Комилов. — Уларни эслаганингда дам севинасан, дам қайғурасан. Бундан етти-саккиз йил муқаддам менинг бошимдан ҳам шундай бир воқеа кечди. Ўшанда мен ўқишни тамомлаб, Қишлоқ хўжалик илмий-текшириш институтида ишлардим. Бу институт, билсангиз керак, деярли ҳамма пахтакор республикалар билан, ҳатто чет эллар билан пахтачиликни ривожлантириш бобида алоқа қилади, пахтанинг янги навларини етиштириб беради. Институтнинг бир қанча илмий ходимлари Миср, Жазоир, Яман ва бошқа бир неча мамлакатда ишлашарди. Мен уларни танирдим, отпускага келишганда уларнинг ҳикояларини мароқланиб эшитардим, уларга ҳавасим келарди. Лекин бу соҳадаги ишда қали ўзини дуруст кўрсатмаган ёш агрономни олис, ўзга мамлакатга ким юборарди? Бунга умид боғлаб бўлармиди?! Ҳар қалай, мен шундай деб ўйлардим ва ўзимни шу билан овутардим. Аммо бундай бўлиб чиқмади. Бир куни мени институт директори чақириб қолди:
— Сизни Болгарияга юбормоқчимиз. Нима дейсиз? — деди у.

Тўсатдан қилинган бу таклифдан гангиб, нима дейишимни билмай қолдим.
— Хасководан 108-Фни сўрашибди, — жавобимни кутмасдан гапида давом этди директор. — Янги очилган ерларига экишар эмиш. Олиб борасиз, экишда кўмаклашасиз. Мавсумни тугатиб қайтасиз.
— Эплай... эплай олармикинман? — вужудимни ҳам севинч, ҳам қўрқув қамраб олганди.
— Эплайсиз, —деди директор ва гап тамом дегандай ўрнидан туриб, менга қўл узатди.

Маст одамдек унинг кабинетидан чиқдим.
— Табриклайман, — деди секретарь қиз менга ҳавас билан тикилиб. — Кеча кимни юборишни ўйлаб анча ўтиришди. Кейин сизни лозим топишди!
— Раҳмат! — дедим миннатдорлик билан, гўё мени у юбораётгандай маҳкам билакларини қисиб. — Качон кетаман?
— Бир ҳафтадан сўнг. Ҳужжатларингизни тўғриланг. Бошим осмонда эди. Ўша куниёқ шоша-пиша ҳужжатларимни тайёрладим, суратга тушдим. Кейин уйга жўнадим. Уйимиз институтдан анча олис бўлиб, икки ҳафтада бир бориб келардим. Отам урушда ҳалок бўлган. Уйда ойим билан синглим туришади. Севинчли хабардан улар ҳам шошиб қолишди. Синглим дарҳол кийим-кечакларимни ҳозирлашга тушиб кетди. Овқат еб бўлишган бўлса ҳам, мен ҳозир кетаётгандек, янгитдан овқатга уннашди.

Хуллас, бир ҳафта сафар орзусида ўтиб кетди. Уруғликларни жўнатдик. Раҳбарларимдан керакли маслаҳатлар, китоблар олдим. Ҳафта охирида ўртоқларим, ҳамкасбларим билан қуюққина хайрлашиб, Москвага жўнадим. Икки кундан кейин эса Болгария тупроғига қадам қўйдим.

2

Болгария ажойиб мамлакат. Бир борган киши унинг мафтуни бўлиб қолади. Кўкўпар тоғлар, қишин-ёзин зумрад ўрмонлар, гоҳ бирлашиб, гоҳ ажралиб оқадиган кумуш дарёлар бу ўлканинг ҳусни, ғурури. Унинг қишлоқлари, йўлларини айтмайсизми? Икки ёқаси олма-гилос ёхуд олхўри, бу йўллардан ўтганда, ўзингизни чексиз мевазор ичида бораётгандек сезасиз. Ҳеч кутилмаганда қишлоқ устидан чиқиб қоласиз. Қишлоқлар бир-бирига ўхшамайди, ҳаммасининг ўзига хос архитектураси бор. Бир қишлоқ икки қаватли жимжимадор уйлардан иборат бўлса, иккинчиси унинг тескариси — уйларнинг ярми йўлнинг пастида, кенг айвонли, ясси, айланма зиналардан тушилади. Баъзи уйларнинг томига гараж қурилган. Ҳаммасига одамнинг ҳаваси келади, ҳаммаси бежирим, чиройли. Шаҳарлари ҳам худди шундай. Бутун Болгарияни айланиб, бир-бирига ўхшаган иккита бинони топиш қийин. Хуллас, бу мамлакатда ҳамма нарса — ер ҳам, сув ҳам, ҳаво ҳам гўзал, мафтункор. Болгарлар ўз юртлари ҳақида шундай ривоят тўқишган Худо ҳаммага ер улашиб, болгарларни унутибди. Улар хафа бўлиб Худога арз қилишибди. Худо жаннатнинг бир бўлагини кесиб, болгарларга берибди.

Бу ривоят. Аммо дунёда жаннат дейиладиган жой бор бўлса агар, у Болгария, уни болгарлар ўзлари яратган. Шунинг учун ҳам дунёнинг ҳар бурчагидан бу ерга дам олгани, томоша қилгани ҳар йили минг-минглаб одамлар келишади, уни кўриб, ўзларини бахтиёр ҳис қилишади.

Мен ҳам шундай бахтиёрлардан эдим. Хасковода бир йил ишладим. Кооператив ходимлари мендан хурсанд эди. Мен ҳам улардан хурсанд эдим. 108-Ф яхши унди. Яхши ҳосил кўтарилди. Шу вақт ичида мен болгарча тушунадиган, ҳатто унча-мунча гаплашадиган бўлиб қолдим, анчагина дўст орттирдим. Айниқса, кооператив агрономи Йордан Конев билан жуда қалин бўлиб кетдик. У икки йил Боёвутда ишлаб кетган экан. Икки гапнинг бирида ўзбекларнинг меҳмондўстлигини мақтар ва Боёвутда кечган ҳаётини завқ билан эслар эди.

Пахта икки марта териб бўлингач, менинг ишларим анча енгиллашди. Кўп вақтимни округнинг хушманзара ерларини кўриш, чўмилиш билан ўтказа бошладим.

Бир куни эрталаб нонушта қилиб ўтирган эдим Йордан колиб қолди.
— Табриклайман, дўстим! — деди у қаршимга ўтирар экан.
— Нима бўлди? — ҳайрон бўлиб сўрадим мен.
— Кооператив бизга кўрсатган ёрдаминг учун сени бир ойга Златни Пясцига юборишга қарор қилди.
— Наҳотки? — севиниб кетдим.
— Бу ёғини эшит, — Йордан қўлини кўтариб, мени тўхтатди. — У ёкда бир ўзинг зерикиб қолма тағин деб, мен ҳам борадиган бўлдим.

Ёш боладек чапак чалиб юбордим.
— Эрталаб йўлга тушамиз. Тайёргарлигингни кўравер. Йордан шундай дедию, шошиб чиқиб кетди. Кечқурун кооператив боғида зиёфат бўлди. Кооператив аъзолари номидан директор гапириб, менга ва институтимизга миннатдорлик билдирди. Эртасига эса, тонгги салқинда Йорданнинг машинасида Йордан, унинг хотини Лада, икки ёшли ўғли Матей ва мен Қора денгиз томон жўнадик. Оқшом пайти донғи жаҳонга таралган Златни Пясцига кириб бордик.

Златни Пясци Болгариянинг йирик порт шаҳри Варнадан ўн олти километр нари бўлиб, тоғ ва денгиз оралиғига жойлашган курорт шаҳар. Кимдир бу шаҳарни жаҳоннинг келажаги, деган экан. Бу фикр ҳақиқатдан йироқ эмас. Бутун шаҳар гулга ўралган. Ҳар қадамингизда мева... бир ёқда гилос, бир ёқда олма, узумзорлари баланд қояларга чирмашиб кетган. Ақлни шоширадиган сайилгоҳлар, истироҳат боғлари, бир-биридан гўзал ҳовли-жойлар, меҳмонхоналар кўзни қамаштиради.

Биз шаҳар ўртасидаги «Нимфа» меҳмонхонасига жойлашдик. Бу меҳмонхона шундай соҳилда бўлиб, денгиздан атиги эллик қадамча нарида эди. Ўз хонамга кириб ечиндим, кейин балконга чиқдим. Муздек денгиз нафаси гуп этиб димоғимга урилди. Тўйиб симирдим-да, денгизга қарадим. Кўм-кўк осмон билан туташ мовий денгиз тинч, сокин эди. Ботиб бораётган қуёш нурларидан у атласдек товланиб, кўзни оларди. Енгил шамол турди. Камалак тус тўлқин оҳиста сузиб келиб, қирғоққа урилди. Соҳилдаги олтин ранг қумни нам қилди, кейин шундай оҳиста қайтиб кетди. Яна келди, яна қайтди. У худди тун бўйи ов қилган, аммо ҳеч нарса тополмай чарчаб тин олаётган шерга ўхшарди.

Йордан кирди.
— Қалай?
— Зўр, — дедим ҳамон денгиздан кўз узмай.
— Овқатдан сўнг чўмиламиз. Нима дединг? Мен хўп дегандай бошимни қимирлатдим.

Кўп ўтмай, ресторанга тушдик. Одам кам эди. Бурчакда икки қиз ва бир йигит ўтиришарди. Зал ўртасида оркестр қандайдир майин куй чаларди. Официант келди.
— Моле?
— Мешана скара, ракия, — деди Йордан ҳозиржавоблик билан.

У мени ҳам ўзи каби бу ажойиб қовурма таомни ва олхўридан тайёрланадиган ароқни яхши кўришимни биларди. Официант кетиши билан қаёқдандир шўх аёл кулгиси эшитилди. Залга қарадим. Кичкинагина Матей ғалати қилиқлар билан рақс тушарди. Оркестрдагилар куйни тезлаштиришди, Матей янада шўх ўйнай бошлади. Яна аёл кулгиси эшитилди. У жуда тиниқ ва жарангдор эди. Мен қизларга бир-бир қараб чиқдим. Денгизга қараган очиқ дераза тагида бир йигит ва икки қиз ўтирарди. Кулаётган шу қизлардан бири эди. Лекин қайси бирилигини ажрата олмадим. Икковининг кўзи Матейда бўлиб, юзларида табассум ўйнарди. Иккалови бир хил енгсиз оқ кофта кийган. Бири қора-мағиз, аммо сочи (бўялган бўлса керак) оппоқ, иккинчиси эса, оқ бадану, қош-кўзи қора, қубба қилиб тугилган қалин сочи зулуқдек эди. Шу иккинчи қиз рўпарасида сигарет чекиб ўтирган йигит алланима деб кулди. Кейин бошини қимирлатди. Қиз чаққон ўрнидан туриб, дўмбоқ қўлларини ёзиб ўйнаётган Матейга яқинлашди ва унга шўх тикилганича рақсга тушиб кетди. Худди шуни кутиб тургандек, оркестр ўйноқи бир куйни чалиб юборди. Қиз Матейни қучоқлаб олиб, зални айлана кетди. Оқ ҳаво ранг шим учун, келишган оёқларига чиппа ёпишган, кофтаси хипча белини таранг тортиб турарди. Ингичка, оппоқ бўйнидан маҳкам қучоқлаб олган Матей ўзида йўқ шод, қиқир-қиқир куларди. Қиз шериклари ёнига келганда нимадир деди. Яна қувноқ аёл кулгиси эшитилди. Бу шу қизнинг ўзи эди. Кулги аралаш яна бир нималар деди-да, Матейни ерга қўйиб, қўлларидан ушлаганча раксга тушиб кетди.
— Тузук-ку, — дедим мен унга маҳлиё бўлиб. Лада менинг гапимни ўзича тушуниб:
— Ётсирашни билмайди, — деди.

Оркестр тинди. Ҳаммамиз, ҳатто оркестрдагилар ҳам беихтиёр чапак чалиб юбордик. Қиз Матейни етаклаб столимиз ёнига олиб келди. Кейин:
— Мерси, мусье, — деди-да, қўлидан ўпиб, Йорданга тутқазди.

Унинг овози ёқимли, қўнғироқдек эди. Биз унга бирон нарса дегунча жойига бориб ўтирди.
— Таклиф қилсак бўларди столимизга, —деди Лада эрига.
— Сен нима дейсан? — Йордан менга қаради.
— Чакки бўлмайди, — дедим мен. — Лекин чақирсак ҳаммасини чақирайлик.
— Бу ишни манави мусьега топширамиз. — Йордан шундай деб, ўғлига уларнинг столини кўрсатди. — Иккала опангни қўлидан ушлаб олиб кел. Амакинг ўзи келади.

Матей дадаси айтгандек қилди. Кўп ўтмай, икки столни бирлаштириб янгитдан овқат, ичимлик буюрдик. Кейин танишиб олдик.

Йигит — Драгомир Шопов Болгария граждан флотида штурман экан. Оқ соч қиз унинг қайлиғи — Лили, стюардесса. Матей билан рақс тушган қиз эса Анна-Мария. У ҳам стюардесса бўлиб, Венгрия граждан ҳаво флотида ишларкан.
— Анна-Мария эски қадрдонимиз, — деб изоҳ берди Драгомир. — Отпускани бизда ўтказишни илтимос қилувдик, келди. «Нептун»да турибмиз.

Йордан мени таништирди.
— О, Тошкент, Самарканд? — ҳавас билан деди Анна-Мария, — хорошо!

Унинг оппоқ тишлари марварид доналарига ўхшарди.
— Борганмисиз?

Анна-Мария йўқ, дея бошини қимирлатди.
— Но оччен-н, оччен-н по-бивать...

У русча тўғри гапирдимми, дегандай Драгомирга қаради.
— Тўғри, — деди Драгомир. Кейин менга ишора қилиб, қўшиб қўйди. — Мана, яхши таниш орттирдик. Бу киши фақатгина русчани эмас, ўзбекчани ҳам ўргатиб қўяди.
— Қизиқиш бўлса бас, — дедим мен. — Маркс ўн кунда лотинча ўрганган экан.
— О, — кулди Анна-Мария, — Маркс қаёқдаю, мен қаёкда?

Ҳаммамиз унга қўшилиб кулдик.
— Қани, танишганимиз учун, — деди Йордан ўз қадаҳини кўтариб.

Ҳаммамиз ичдик. Анна-Мария мен билан қадаҳни уриштираётиб ғалати табассум билан қараб қўйди. Унинг йирик қора кўзларида севинч порларди. «Жуда шўх, қувноқ бўлса керак», — хаёлимдан ўтказдим мен.

Чиндан ҳам бутун суҳбатимиз давомида унинг чеҳрасидан табассум аримади. Кимга қарамасин, кўзлари, лабларида кулгу ўйнарди. Озгина қизишиб олганимизданми, суҳбатимиз қизғин тус олиб кетди. Нималар ҳақида гаплашганимиз ҳозир эсимда йўқ. Ҳар ҳолда, анча ўтирдик. Суҳбатга фақат Анна-Мария аралашмади. У гоҳ Матейни тиззасига олиб эркалар, гоҳ ўзидан-ўзи менга қараб кулиб қўярди. Мен нималарнидир гапирсам ҳам, кўзим унда эди. Тўғрироғи, нигоҳим кўпинча унга тушарди. Нега бундай? Мен буни ўша пайт билолмадим. Лекин бир нарса аниқ эди бунақа чиройли қизни мен ҳали учратмагандим. Назаримда, у бизнинг олдимизга тўппа-тўғри ажойиб севги ҳақидаги китобдан ё бўлмаса олис бир афсонадан тушиб келгандай эди.

Бир маҳал у шошиб ўрнидан турди.
— Мирчо! — У Драгомирга французчалаб алланима деди-да, соатини кўрсатди.
— Бизни кечирасизлар. — Драгомир ўрнидан турди. — Анна-Марияни Будапештдан онаси телефонга чакирибди.
— Учрашгунча, — деди Лили.

Анна-Мария бошини қимирлатиб хайрлашди. Кўп ўтмай, биз ҳам турдик.
— Яхши қизлар экан, — деди Лада кўчага чиққанимиз-да. — Айниқса, Анна-Марияси.
— Йигит ҳам дуруст, — деб унга қўшилди Йордан. Мен индамадим. Соҳилга тушдик. Минг хил чироқлар оғушида сокин денгиз бўйи ҳозиргина Анна-Мария тушиб келган афсонавий шаҳарга ўхшарди. Анчагина айландик. Матей отасининг қўлида ухлаб қолди.
— Хурсандмисан? — сўради Йордан меҳмонхонага етганимизда.
— Жуда, — дедим мен.

Чиндан ҳам хурсанд эдим. Юрагимни севинч ва аллақандай ширин орзулар қоплаган, ҳеч нарсани ўйлагим, истагим келмаса ҳам хаёлимда ўзим тушунмаган фикрлар, орзулар кезарди.

Йорданлар билан хайрлашиб (улар одамларни безовта қилади, деб Матейдан чўчиб биринчи қаватга жойлашган, мен эса ўнинчи қаватда эдим), ўз хонамга кўтарилдим. Ётгим келмади. Балконга чиқдим. Денгизда баланд-паст тўлқинлар пайдо бўлган, аллақаерда музика янграрди. Бирпас денгизни, ўркач-ўркач тўлқинларнинг қирғоққа урилишини, сон-саноқсиз юлдузлар учаётганини томоша қилиб, ўрнимга чўзилдим. Юрагимни қоплаган севинч ва қандайдир бахт ҳисси ҳамон тарқалмас, кўз олдимдан эса янги танишларим, Анна-Мариянинг кулиб турган сиймоси кетмасди. Кўп ўтмай олис йўл машаққати ўз ишини бажарди, ухлаб қолдим.

3

Эрталаб энди тонг ёриша бошлаганда Йордан эшигимни тақиллатди.
— Тур, — деди у хонага кириб, устимдан чойшабни тортар экан. — Чўмилиб келамиз.

Унинг эгнида плавки ва олачипор кўйлак бор эди, холос. Мен ҳам шундай кийиниб, қора кўзойнагимни тақдим-да, пастга тушдик. Юмшоқ, нам қум оёққа чилп-чилп ёпишарди. Ҳали чиқмаган қуёшнинг қизғиш нурлари осмонга найза каби санчилган, денгиз оҳиста қирғоққа урилиб, шердек пишилларди.
— Кўряпсанми? — деди Йордан денгизда, қирғоқдан икки юз қулочча нарида қаққайиб турган қора қояни кўрсатиб. — Шунга бориб келамиз. Кетдик!

У денгизга шўнғиди. Муздек сув томчилари юзимга урилди. Сесканиб кетдим. Бирпас совиб олай, деб шундай денгиз лабига ўтирдим. Йордан анча жойга бориб, менга ўгирилди.
— Тушмайсанми?
— Ҳозир, — қўлимни силкидим.

Шу пайт мен томон оқиб келаётган думалоқ, оппоқ бир нарсага кўзим тушиб қолди. У худди коптокка ўхшарди. «Нима бўлдийкин?» — кўзойнагимни олиб, унга тикилдим. Копток оқиб келаверди. Анча яқинлашди. Ўрнимдан туриб қарадим. Бу — одамнинг боши эди. Кўзлари юмилган, қўл-оёқлари денгиз остида жуда тинч, шарпасиз ва эркин ҳаракат қиларди. Ҳавас билан томоша қилиб турдим. Қирғоққа озгина қолганда у ўрнидан туриб, мен томон ўгирилди. «Ким экан бу сув париси?» — дедим ўзимга ундан кўз узмай. У оёқлари остидаги сувни шалоплатиб, қирғоқ томон юрар экан, менга парво қилмасди. Мен эса унга тикилиб қолган эдим. Қадди-қомати бунчалик расо, келишган қизни камдан-кам учратиш мумкин. Ингичка оқ плавки ингичка белини таранг тортган, ҳар қадам босганда офтоб бирозгина қорайтирган силлиқ баданидан сув томчилари дув-дув тўкиларди. Плавки тусидаги ингичка оқ мато остида совқотган думалоқ кўкракларининг учи иккита кўзмунчокдек қорайиб турарди. Соҳилга чиқиб, бошидаги оппоқ қалпоқчасини олганда қалин қора сочлари нозик елкалари билан битта бўлиб ёйилди. Севиниб кетдим. Бу — Анна-Мария эди.
— Қалай, сув ёкдими? — Мен у томон юрдим.
— О, сизмисиз? — Анна-Мария тишларини ялтиратиб жилмайди. — Сув жуда яхши.

Биз кўришдик.
— Сиз ҳам эрталаб чўмилишни яхши кўрасизми?
— Жуда ҳам.

Анна-Мария ўтирди. Мен ҳам унинг ёнига чўккаладим. Эрталаб одам кам бўлади соҳилда, баъзан ҳеч ким бўлмайди.
— Тинчликни яхши кўрар экансиз-да? Анна-Мария кулди.
— Тинчликни ҳам, тиниқ сувни ҳам. Эрталаб сув жуда тоза бўлади, муздек бўлади. Сиз нега чўмилмайсиз?
— Чўчияпман.
— Нимадан? — у кўзларини йирик очиб, менга қаради. — Сузишни билмайсизми?
— Ҳар ҳолда, сизчалик эмас. Яхши сузар экансиз.
— О, мен Дунайни сузиб ўтганман.
— Оҳо-ҳо-ҳо! — қоя устидан Йорданинг овози келди. У бизни чақирди.
— Ким? — сўради Анна-Мария.
— Йордан.
— Юринг, борамиз.

Анна-Мария сакраб турди-да, менга қўлини узатди.
— Юринг, — дедим мен ҳам унинг завқига қўшилиб. Иккаламиз ёнма-ён сузиб кетдик. Мен ёмон сузмасдим.

Лекин Анна-Мариячалик эмас. У дам ёнбошлаб, дам бир қўллаб сузар экан, худди дельфинга ўхшарди.

Қояга етиб келганимизда Йордан унга қўлини узатди.
— Мана, — дедим мен. — Бир ўзим эмас, сув парисини ҳам олиб келяпман.

Анна-Мария хахолаб кулди.
— Олтинсоч Лорелея дегин! — деди Йордан.
— О, йўқ, — деди Анна-Мария сочини сиқар экан. — Уни мен тушунаман, лекин унга ўхшагим келмайди.
— Ўҳ-ҳў! — хаёлимдан ўтказдим мен. — Ўз қадрини яхши биладиганга ўхшайди». Кейин овозимни чиқариб дедим — Бизнинг давримизда муҳаббатдан ҳеч ким зарар кўрган эмас. Нима, қўрқасизми?
— Йўқ, — Анна-Мария жиддийлашди. — Севгидан қўрқмайман, унинг оқибатидан кўрқаман.
— Шунинг учун...
— Шунинг учун қайтамиз, — гапимни кесди у бирдан ўзгариб. — Нонушта вақтим бўлди.

У бизни кутмай, сувга шўнғиди. Соҳилга қайтишдан бошқа иложимиз қолмади.
— Курорт жойда жиддий суҳбатни қўй, — деди Йордан сувдан чиққанимизда.

Мен қизариб кетдим. Лекин айб мендами? Ўзи бошлади-ку? Гапимни тасдиқламоқчидек, атрофга қарадим. Аммо Анна-Мария ҳеч ерда кўринмасди. Наҳотки, хафа бўлган бўлса?
— Жуда бўлмаса хайрлашса бўларди, — дедим ўзимни оқлашга уриниб Йорданга.

Йордан елкаларини қисди.

Шу куни кечгача уни ва шерикларини кўрмадик. Ўзимиз ҳам уларни кўришга ошиқмадик. Нонуштадан сўнг Йорданнинг машинасига ўтириб, Златни Пясцини айланиб чиқдик. «Лўлилар чодири», «Кукари», «Тегирмон» каби ресторанларни томоша қилдик.

Болгарларнинг меҳнатсеварлигига қойил қолдим. Оддий материаллардан ҳам шундай ажойиб сайилгоҳ, меҳмонхона, ресторанлар қуриб ташлашганки, кўриб тўймайсиз. «Лўлилар чодири»да биронта стол ёки стул йўқ. Стол ўрнида арава, стуллар эса эгарлардан иборат. Табиий бўлиши учун бир-иккита аравага от, эшак боғлаб қўйилибди. «Кулиби» деган ресторан эса фақат қамишдан, ўзимизнинг оддий қамишдан бўлиб, тўрт кишилик, олти кишилик, икки кишилик чайлалардан ташкил топган. Чайлалар шундай чиройли тўқилганки, одамлар ҳашаматли ресторанларга боришдан кўра, шу ерни афзал кўришади. Икки-уч кун аввал жойни банд қилиб қўйишади.

Пешингача айланиб, «Тегирмон»га кирдик. Бу ресторан дарё бўйида бўлиб, илгарилари чиндан ҳам тегирмон бўлган экан. Унга зарурат қолмагач, ресторан қилишибди. Қизиғи шундаки, хўрандалар учун ҳозир ҳам бунда ун тортилади, шу ерда нон ёпилади. Ресторанда фақат нон билан ейиладиган овқатлар тайёрланади.

Одам кам эди. Кабоб буюрдик. Официант иссиқ нон билан пиво, мағиз олиб келди-да, энгашиб Йорданга нимадир деди.
— Нима деди? — сўради Лада у кетгач.
— Ҳозир кўрасан. — Йордан кулиб, менга ғалати қараб қўйди. Кейин чидамади шекилли, айтди. — Азизнинг Ўзбекистондан эканлигини билиб, меҳмонга паламут қовуриб келсам майлими, деяпти.
— Йўғ-е, — севиниб кетди Лада. — Паламут бор эканми?
— Кеча бир нечта тутиб келган экан.
— Паламутинг нима? — сўрадим қизиқиб.
— Антиқа балиқ, — тушунтирди Йордан. — Камдан-кам бўлади. Жуда ширин, семиз. У фақат қовурилади. Оқ вино, коньяк билан жуда кетади-да.

Ҳаммамиз бу ғалати балиқни орзиқиб кутдик. Ниҳоят, официант келди. У тантана билан қўлидаги лаганни столга қўйди. Ажойиб ковурма таом ҳиди димоққа урилди. Лагандаги балиқ унча катта эмас, келса ярим килодан ошиқроқ келарди. Аммо туси ғалати эди. Қора, тим қора, ҳар ер-ҳар ерида кўндалангига кумуш ранг қалин чизиқлар бор, бош-танаси тенг. Лаган устида у худди думба ёғдек титраб турарди.
— Кечирасизлар, — деди официант ҳаммамизга бир-бир қараб чиқиб, — шу битта қолувди.
— Зарари йўқ, раҳмат, — дедим мен.
— Мен партизан бўлганман, — деди официант менга қараб. — Бизнинг отрядда бир ўзбек бор эди. Зиёмат Ҳусанов. Яхши одам эди. Танимайсизми?
— Йўқ, — дедим мен.
— Таниш қийин. У билан Италиягача борганмиз урушиб. Мени икки марта ўлимдан қутқариб қолган. Урушдан кейин икки марта хат ёздим. Жавоб келмади.
— Суриштираман, — ваъда қилдим мен. — Балки, топарман.
— Раҳмат, — официант миннатдор бўлиб, балиққа ишора қилди. — Олинглар. Ҳозир кабоб ҳам тайёр бўлади.

Лада севинганича бор экан. Балиқ жуда мазали эди. Лекин бирпасда тамом бўлиб қолди.
— Бир танишим бор, — деди Йордан. — Паламут топтирамиз.
— Бай Ефтимми? — сўради Лада.
— Ҳа. Ҳозир ўзи бар очган. У топади.

Овқатдан сўнг меҳмонхонага қайтдик. Лада билан Матей дам олгани ўз хоналарига кириб кетишди. Биз эса Бай Ефтимни қидириб кетдик. Уни топиш қийин бўлмади. У очган бар шундай меҳмонхонамизнинг тагида бўлиб, йўғон занжирлар билан қирғоққа тортиб қўйилган иккита қайиқдан иборат эди. Аммо иккала қайикда ҳам ҳеч ким кўринмади. Бардан сал нарида фанердан ясалган пастак уй бор эди. Шу ёққа юрдик.
— Бай Ефтим! — қичқирди Йордан.

Эшик очилиб, ичкаридан матросларнинг олачипор майкасидаги серсоқол бир мўйсафид чиқди. Афтидан, у энди уйқудан турган бўлса керак, йирик қўллари билан кўзларини ишқаларди.
— Здравей, Бай Ефтим! — деди унга яқинлашиб Йордан.
— А! Йорданчо! Салом, азизим! — мўйсафид уни таниб, қўл берди. — Қачон келдинг?
— Кеча. Лада ҳам келди. Ўғилчани ҳам олиб келдик. Мана бу — менинг дўстим. Ўзбекистондан, — Йордан мени таништирди.
— Демак, Ўзбекистондан? — сўради Бай Ефтим менга қўл узатиб.
— Ҳа, — дедим мен.
— Жуда соз. Кечқурун келинглар. Яхши нарсаларим бор. Меҳмон қиламан.
— Бай Ефтим, — деди Йордан. — Менинг дўстимга паламут ёқиб қолди. Лада ҳам қўймаяпти. Шундан топилмайдими?
— Бай Ефтимда нима топилмайди ўзи?! — деди ғурур билан чол. — Кечқурун келинглар. Жияним ҳам қайлиғи билан шу ерда. У ҳам паламут буюрган. Ҳаммангга биттадан қовуриб бераман.
— Раҳмат, — деди хурсанд бўлиб Йордан.

Биз тепага кўтарилдик. Меҳмонхонага етай деганимиз-да олдимизга «Волга» келиб тўхтади. Драгомир тушди. Машинада Анна-Мария, Лили ҳам бор эди. Сўрашдик. Анна-Мария яна тишлари ярақлаб жилмайди. Кўнглим жойига тушди. Демак, хафа бўлмапти.
— Кечқурун нима қиласизлар? — сўради Драгомир.
— Паламут буюрдик, шунга борамиз, — деди Йордан.
— Биз ҳам буюрганмиз. Мен сизларни таклиф қилмоқчи эдим. Қизлар ҳам илтимос қилишди.

Мен ялт этиб Йорданга қарадим. У мийиғида кулиб қўйди.
— Қаерда?
— «Дракон»да, — деди Драгомир. — Амаким очган бар. — У бирдан кулиб юборди. — Иккита ишдан чиққан қайиққа «Дракон» деб ном қўйибди. Жуда ғалати одам.
— Тўхтанг?! — деди Йордан. — Бай Ефтим амакингизми? -Ҳа.

Ҳаммамиз кулиб юбордик.
— Ҳозир биз унинг олдидан келяпмиз, — деди Йордан. — Сизни айтган экан-да, жияним келади деб?
— Ҳа.
— Бўпти бўлмаса. Кечқурун учрашамиз.
— Бўпти.

Биз хайрлашдик. Машина кетди.
— У ҳам илтимос қилган бўлса, жиддий қизга ўхшай-ди, — деди Йордан меҳмонхонага кирар эканмиз. — Лекин хайрлашса бўларди эрталаб.
— Ҳозир хайрлашди-ку? — дедим мен.
— Кўрганим йўқ.
— Сен ўзи кўп нарсани кўрмайсан, — негадир ҳозир Анна-Марияни ҳимоя қилгим келиб кетди. — Қўл силкитиб хайрлашди.
— Кўрмадим, — ўжарлик қилди Йордан.
— Мен кўрдим! — дедим мен ҳам ўжарлик қилиб.
— Майли, майли, — Йордан қўлларини кўзига тутиб кулди-да (у доим шундай куларди), қўшиб қўйди: — Ишқилиб, зерикмасанг бўлгани. Яхши қиз экан.

Жаҳлим чиқиб кетди. Лекин унга жавоб қайтариш ўрнига ёш боладек қизардим.

«Чиндан ҳам яхши қиз!» — ўйладим хонамга кирганим-да яна Анна-Марияни кўз олдимга келтириб ва тунги учрашувни орзиқиб кута бошладим.

4

Кечқурун шаҳар айлана бошладик, у бошидан бу бошига бир неча марта пиёда бориб келдик. Шунча юрсак ҳам аксига олиб вақт жуда секин ўтарди. Ниҳоят «Нимфа»га сўнгги бор қайтиб келганимизда соат ўн иккига бонг урди. Пастга тушдик. Чироқлари дам кўк, дам қизил тусда парпираётган қайиқларнинг бирида Драгомирлар анчадан бери ўтиришган экан. Бай Ефтим Лада ва Матей билан ота-боладек кўришди, кейин ҳаммамизни қайиққа таклиф қилди. Мен ўзим ҳам сезмай Анна-Мариянинг ёнига ўтириб қолдим.
— Қалай? Яхши дам олдингларми? — сўради Йордан.
— Ҳа, — деди Драгомир. — Анна-Марияни роса чарчатяпмиз. Анна-Мария ер остидан Драгомирга ялт этиб қаради-да, кулди.
— Варнага бориб келдик, — гапида давом этди Драгомир. — Магазинларни айландик. Қизлар билан юрсанг — шу. Курортдан ҳам магазин афзал уларга.
— Мирчо! — Лили лабларини чўччайтириб, Драгомирни туртди.
— Тузук нарсалар борми? — сўради Лада. Ҳаммамиз кулиб юбордик.
— Аёлларнинг ҳаммаси бир хил, — деди Йордан. Аммо аёллар бизга эътибор қилишмади. Анна-Мария ўрнидан туриб, оёғидаги ҳал шиппакни кўрсатди.
— Яхшими? — у шундай деб менга қараб қўйди.
— Жуда ҳам! — деди Лада шошиб. — Йордан, эртага биз ҳам бориб келайлик?
— Сеники бор-ку, — деди Йордан.
— Бу бошқача, кўрмаяпсанми?
— Жуда яхши! — дедим мен Анна-Марияга. — Ярашибди. У мулойим жилмайди.

Ҳазил-мутойиба гаплар билан анча вақт ўтиб кетди. Бай Ефтим бор маҳоратини кўрсатиб, паламутларни қовуриб келди. Анна-Мария, Лада ёш болалардек сакраб кетишди. Ҳаммамиз Бай Ефтимнинг ошпазлик маҳоратини мақтаб, унинг соғлиғига қадаҳ кўтардик. Бай Ефтим ҳам биз билан ўтирди. Беш-олти рюмкадан сўнг у қизишиб:
— Шу паламут деб мен одам ўлдирганман, —деди тўсатдан.

Анграйиб қолдик. У бир чеккадан бизга қараб чиқди.
— Ҳа, одам ўлдирганман.
— Қўйсангиз-чи! — деди Драгомир ва бизга қараб, қўшиб қўйди: — Кекса денгизчи денгиз эртакларини эслаяпти.

Биз кулган бўлдик. Лекин ҳеч қайсимизнинг томоғимиздан овқат ўтмай қолди.
— Жаноб барон, — дедим шунда мен. — Бу балиқни ҳеч ким менчалик пишира олмайди. Агар бизга бир рюмкадан ракия берсангиз, ўзим қовуриб берардим.
— Ганс! — қичқирди барон ва мени кўрсатди. — Буни ошхонага олиб бор! Мана буларга ракия бер! Эй! — Мени туртди. — Ҳозир тайёрлайсан. Мадам бўлади, мадам!..

У хурсанд эди. Мен ҳам ишим ўнгидан келаётганига хурсанд эдим. Ганс мени бароннинг ошхонасига олиб борди. Меҳмонхона унинг ёнида эди. «Ишқилиб, соқчи қўймасин-да ёнимга», — ўйладим мен. Кейин дадил бўлиш учун ярим стакан ракия ичиб юбордим. Хаёлим тепамда қаққайиб турган Гансда. Лаънати ҳеч кетмайди-да. Нима қилиш керак?

Бай Ефтим яна рюмкасини тўлатди.
— Нима қилиш керак? — деди уни ичиб юбориб. — Лаънатига битта балиқни қовуриб бериб ичирмайманми, деб ўйлаб қолдим.

Уйладиму, шоша-пиша битта балиқни қовурдим. Кейин бир стакан тўлатиб ракия қуйдим-да, Гансга узатдим.
— Ол, Гансик, азизгинам, баронга ҳам етади.

У қўрқа-писа тарелкани қўлимдан олди. Бир бурчакка бориб, апил-тапил балиқни тушира кетди. Тўхтатдим.
— Э, Гансик, бундай бўлмайди, азизим. Мазаси манави билан-да.

Стаканни узатдим. У иккиланиб турди. Қарасам, бўлмайдиган. Шунда тарелкани кўзларини бақрайтириб туриб тортиб олдим.
— Яхши, яхши! — деди у шошиб. — Бер бу ёққа!

У шундай деди-ю, афтини бужмайтириб, стаканни бўшатди. Ракия жонивор ҳам ўткир экан, кўзлари ёниб кетди, нафаси халқумига келиб, ўқчий бошлади.

«Биттанг кетдинг», — дедим ичимда севиниб.

Яна бешта-олтита балиқни қовургунимча Ганс «тайёр» бўлди. Ўзича ниманидир хиргойи қилиб, куйлай бошлади. Шу пайт «Ганс!» дея қичқириб қолди меҳмонхонадан барон. Ганснинг эса парвойи фалак. Шошиб балиқларни тарелкаларга солдим-да, ўзим меҳмонхонага кириб бордим. Липпамга пичоқ қистириб олганман. Барон бир қизни тиззасига ўтқазиб ичиб ўтирарди. Магнитофондан аллақандай немисча куй янграрди.
— О, болгар! — деди барон оғзи қулоғига етиб. — Болгар яхши, паламут болгардан яхши!

У хахолаб кулди. Қиз ҳам унга қўшилди. Ғазабимни сездирмаслик учун мен ҳам тиржайиб қўйдим. Тарелкаларни столга қўяётиб, кўзим муз солинган челакдаги шампанскоега тушиб қолди.
— Марш! Шнель, шнель!

Бароннинг шундай деганини биламан, шишанинг учидан ушладиму, қарсиллатиб бошига солдим. Қиз додлаб юборди. Юз-кўзлари винодан кўпириб кетган барон полга ағдарилди. «Т-с-с!» — дедим қизга қўлимни бигиз қилиб. Деразага бордим. Энди уни очган эдим, белимга бир нарса санчилди. Қарасам, пичоқ. Қайтдим. Пишиллаб ётган бароннинг кўкрагини мўлжаллаб туриб, уни отдим, кейин деразадан сакрадим. Шу пайт отишма бошланиб кетди. Автоматчиларнинг бир қанчасини қириб, балиқчилар билан жойимизга қайтдик. Ўшанда иккита панжамни ўқ узиб кетган.

Бай Ефтим икки бармоғи йўқ чап қўлини кўрсатди. Биз жим эдик. Ҳаммамизга унинг ҳикояси қаттиқ таъсир қилган эди.
— Ҳай, — деди бир маҳал Бай Ефтим. — Қани, Мирчо, рюмкаларни тўлат. Биз урушни кўрдик. Сизлар уни билмайсизлар. Ишқилиб, билманглар.

Драгомир рюмкаларни тўлатди.
— Қани, омон бўлинглар!

Бай Ефтим ҳаммамиз билан рюмкасини уриштира бошлади.
— Ие, — деди у менга навбат келганда. — Бу қиз қани?

Мен ёнимга қарадим. Анна-Мария йўқ эди. Қачон кетиб қолган экан.
— Анна-Мария! — қичқирди Лили. Ҳеч ким жавоб бермади.
— Қаёққа кетдийкин? — ҳайрон бўлди Йордан.
— Шу ердадир, — деди Драгомир. — Қани, қўлимиздагини ичиб юборайлик.

Биз истар-истамас ичдик. Хаёлимиз Анна-Марияда эди.
— Ҳикоям ёқмади шекилли? — деди Бай Ефтим хижолат бўлиб.
— Унга тушуниш қийин, — деди Драгомир. — Бирпас кутайлик.

Лекин Анна-Мария келмади. Мен уни қидиришни таклиф қилдим. Драгомир «Нептун»га кетди. Йордан билан мен хиёбон томон йўл олдик.

Бир соатча айландик. Бироқ, ҳеч қаерда уни кўрмадик. Қайтиб келганимизда Драгомир ҳам унинг мемонхонада йўқлигини айтди. Унга нима ёқмаган бўлиши мумкин? Ё бирон воқеани эслаб кетдимикин? Ҳеч қайсимиз буни билмас эдик.
— Мен уни яхши биламан, — деди бир маҳал Лили. — Қаердадир у ҳозир хаёл суриб ўтирибди. Шунақа одатлари бор. Келинглар, ундан ташвишланмайлик.
— Шундай де, қизим, — деди Бай Ефтим. — Мен роса хижолатга тушиб қолдим. Қаёкдан ҳам шу воқеа эсимга келди ўзи? Вино олиб чиқайми?
— Олиб чиқинг, — деди Драгомир.

Аммо винодан мен ичолмадим. Бир қултум ютдим, холос. Кўнглим негадир ғаш эди. Қанча ўйламай, бу ғашликнинг сабабини тополмадим. Шерикларим яна суҳбатга тушиб кетишган, лекин уларнинг гапи қулоғимга кирмас, денгизга тикилганимча ўтирардим. Осмонда булутлар пайдо бўлганиданми, денгиз мотам тутаётган аёлга ўхшарди. Ҳамма ёқ қоп-қоронғи. Узр сўраб, ўрнимдан турдим. Йордан кузатиб қўймоқчи бўлувди, кўнмадим. Эрталаб соҳилда учрашишга ахдлашиб, меҳмонхонага кетдим.

5

Ярим йўлга борганимда негадир соҳилга бурилдим. Туфлимга қум тўлиб бораётганига парво қилмай қирғоқ бўйлаб юрдим. Меҳмонхонанинг рўпарасига келганимда олдимда бир нарса қорайиб кўринди. Нималигини олисдан кўриб бўлмасди. Яқинлашдим.
— Анна-Мария?! — деб юбордим шу топ ҳаяжон ичида. Қора нарса менга ўгирилди. Унинг кўзлари қоплоннинг кўзларидек ёнарди.
— Ҳа? — деди у секин.
— Нега кетиб қолдингиз? Хавотир олдик.
— Лили тинчлантирмадими? Унинг овозида киноя сезилди.
— Ташвишланманглар, деди. Лекин ҳар ҳолда...
— Кўнглим яккаликни тилади.
— Ярим кечада бир ўзингиз чўчимайсизми? Тағин, тун қоронғи. Анна-Мария истеҳзо билан кулди.
— Баъзан шундай тун кундуздан яхши кўринади одамга.
— Йўғ-э...

У гапимни тугаттирмади
— Менга ачиняпсизми? Ё танбеҳ бермоқчимисиз?
— Нега танбеҳ бўлсин?
— Бўлмаса ўтиринг.

У ёнидаги шиппакларини четроқ суриб, жой кўрсатди. Ўтирдим.
— Ҳа, — деди у, — бугун тун қоронғи. Денгизда ҳеч нарса кўринмайди. Осмонда ҳам. Тун қанчалик қоронғи бўлса, кунни шунчалик равшан ҳис қилгинг келади. Афсуски, кўпинча бундай эмас.
— Анна-Мария.
— Ҳа.
— Сизни нимадир қийнаяпти?
— Йўқ, нима қийнаши мумкин? Ёш бўлсам, чиройли бўлсам, кулги юзимдан аримаса, нима қийнаши мумкин?

У бирдан кулиб юборди. Лекин унинг бу кулгиси қандайдир совуқ, ясама эди. Чўчиб кетдим. Буни пайқади шекилли, жиддий оҳангда деди:
— Юринг, яхшиси қоямизга бориб келамиз.
— Қоямизга? — ҳайрон бўлиб сўрадим мен.
— Ҳа. Сув париси чиққан қояга. Юринг! У бу гал, балки, сизга бўса ҳадя қилар.

У жавобимни кутмасдан ечина бошлади. Уялиб, кўзимни четга олдим.
— Юринг!

Сув шалоплади. Бошимни кўтарганимда у анча олисда сузиб кетаётган эди. Дарҳол ечиндим-да, мен ҳам ўзимни сувга отдим. Унга етиб олганимда вужудимни севинч қоплаган, кутилмаган яқинликдан бошим осмонга етган эди.

Кўп ўтмай, қоя устига чиқдик. Анна-Мариянинг тўзғиган сочлари елкалари, кўкракларига тушиб турар, чиндан ҳам сув парисига ўхшар эди.
— Менга бу ер жуда ёқиб қолди, — у энтикиб нафас оларди.
— Бугундан бошлаб менга ҳам, — дедим тонгги учрашувимизни эслаб.

У жилмайди, гуруч тишлари бирин-кетин кўрина бошлаган юлдузлар шуъласида ялтираб кетди. Кейин сеҳрли оҳангда деди:
— Ҳар куни шу маҳал келинг. Сув париси сизни кутади.
— Агар ҳадясини берса... келаман.

Анна-Мария яна жилмайди. Кейин нам лабларини оҳиста юзимга тегизди. Вужудимни ширин титроқ қоплади, эҳтиётлик билан сочи аралаш елкаларидан қучоқлаб, ўзимга тортдим. У индамади, муздек қаттиқ кўкраклари кўкрагимга ёпишди, юзимни юзига қўйдим, кейин лабларидан узоқ ўпдим. Иссиқ нафаси юзимга, кўзларимга урилди. Унинг юраги дукиллаб урар, ҳўл қўллари пешонамни, сочларимни силарди. Бирдан у бошини кўтариб, мендан ўзини тортди.
— Сиз чиройликсиз, Анна-Мария, — дедим бошқа нима дейишимни билмай.
— Ҳамма шундай дейди.
— Ўзингиз ҳам буни биласиз... Боя...
— Боя жаҳл устида шундай дедим. Эътибор қилманг.
— Менинг ҳам ўз фикрим бор. Шуни айтдим, холос.
— Раҳмат, — Анна-Мария ўйланиб қолди. — Лекин... бахт чиройда эмас, — деди у бир оздан сўнг. — Бахт нималигини одам ҳеч маҳал билмайди. Қаранг! Пароход!

Анна-Мария сакраб ўрнидан турди. Қўлларини чўзиб, олисни кўрсатди. Мен у кўрсатган томонга эмас, унинг ўзига тикилардим. Шу топда у қоя устига қора мармардан йўнилган ажойиб ҳайкалга ўхшарди. Куни кеча шундай гўзал қизни кўришни, у билан мана шундай роҳат қучоғида бўлишни хаёлимга келтирган эдим. Наҳотки, муҳаббат шундай биринчи учрашишда, шундай тасодифан юз берса? «Севиб қолдимми уни?» — хаёлимдан ўтди. Лекин «ҳа», деёлмадим. Ҳаммаси шунчалик тез юз берган эдики, ўйлашга фурсат етмаган эди.
— Кўряпсизми? — хаёлимни бўлди Анна-Мария. Турдим.
— Ҳув ана!

Олисда милтиллаб қандайдир чироқлар сузиб борарди.
— Мен саёҳатни яхши кўраман.
— Мен ҳам, — дедим уни тирсагидан ушлаб.
— Эртага Балчиққа бормоқчимиз. Сиз бормайсизми? У илтижо билан менга қаради.
— Бораман, — дедим. — Албатта бораман! Анна-Мария денгизга шунғиди. Мен қирғоққа чиққанимда кийиниб бўлган, энгашиб сочларини сиқарди. Кўп ўтмай кўчага кўтарилдик.
— Мени кузатманг, — деди у.
— Нега?
— Ёмон кўраман. Эрталаб Йордан ҳам келадими чўмилгани?
— Билмадим.
— Тунда фақат иккимиз, хўпми?

Мен «хўп», деб бошимни қимирлатдим. У чопиб кўчанинг нариги бетига ўтди-да, дарахтлар ичида ғойиб бўлди. Анчагача у кетган томонга қараб қолдим. «Нима бўляпти ўзи? Бу, енгилтакликми ё жиддий?» Қанча ўйламай, саволларим жавобсиз қолди. Анна-Мария мураккаб қиз эди. Унга ҳали тушунмас эдим.

6

Эртасига эрталаб анчагача у келмади. Йордан билан икки марта қояга бориб келдик, нам қумда ётдик. Соҳилнинг у ер-бу ерида одамлар пайдо бўла бошлади. Мен ҳаммага тикилардим. Ҳатто, оқариб қирғоққа яқинлашаётган тўлқинларга ҳам, гўё у сувдан чиқиб келаётгандек умид билан қарардим.
— Кайфинг йўқроқ кўринади? — сўради Йордан.
— Унчаликмас, — дедим ундан кўзимни олиб қочиб, — Бай Ефтимнинг ҳикояси хаёлимдан кўтарилмаяпти.
— Ҳа, Бай Ефтим... — деди Йордан. — Кўпни кўрган у. Лекин кеча аёлларнинг олдида шуни гапирмаса бўларди. Лада энди паламутни оғзига олмайдиган бўлди. Анави сув паримиз топилганмикин?

Нима дейишимни билмай қолдим. «Айтайми? — ўйладим мен. — Йўқ, яхшиси кейин. Алоқаларимиз нимага олиб келади, ҳали билмасам. Кейин айтаман». Шундай қарорга келдим-да, жавоб бермадим.
— Унга чолнинг ҳикояси ёқмади, назаримда, — гапида давом этди Йордан. — Ҳа, ёқмади. Бўлмаса, нега кетади? Иннайкейин, мен сенга айтсам, ҳаддан ташқари димоғдор, эрка. Шериклари атрофида гирдикапалак бўлишларини кўрдингми?
— Меҳмонда, — эътироз билдирдим мен.
— Сен ҳам меҳмонсан. Туппа-тузук юрибсан-ку!

Мен индамадим. «Нега келмаяпти?» Бу савол бош оғритадиган даражада мени қийнарди. Бирдан унинг кечаги таклифи эсимга тушиб қолди. Балки ўша ёққа кетгандир?
— Йордан!
— Лаббай?
— Балчиққа олиб бормоқчи эдинг. Бормаймизми бугун?
— Бўпти.
— Узоқми Балчиқ?
— Ўттиз километр келади.
— Нонуштадан кейин борайлик, бўлмаса?
— Бўпти. Қани, юр, яна битта чўмилайлик, — Йордан урнидан турди.
— Мен бўлдим.

Йордан денгизга шўнғиди. «Ҳа, у албатта Балчикда, — ўйладим мен. — Бўлмаса келарди».

Офтоб кўзимни олди. Қирғоққа ўгирилдим. Соҳилнинг пастак тош девори ёнидаги сарв дарахти тагида тиззаларини қучоқлаб бир қиз ўтирарди. Анна-Мария! У мени кўрмасди. Ё ўзини кўрмаганликка соларди. Олдига бордим.
— Салом!

У секин бошини кўтариб, кўзларини менга тикди. Унинг ранги сўлғин, қовоқлари шишган эди.
— Кеч келдингиз?
— Ҳа, — деди у. Овози ҳар галгидек эмас, бўғиқ эди. — Ёмон ухладим. Тун бўйи ўйлаб чиқдим.
— Нимани?
— Ҳар нарсани. Бошим ғовлаб кетди. Ёшлигимдан шунақаман. Кўп ўйлайман. Кўп хаёл сураман. Азиз бирдан у исмимни айтиб мурожаат қилди. — Бахт нима?
— Бахт? -Ҳа.
— Бахт... Нима десам экан? — дедим мен ўйланиб. — Агар... агар одам ўз ҳаётидан рози бўлса, хурсанд бўлса, менимча шу бахт.
— Сиз ўз ҳаётингиздан хурсандмисиз?
— Ҳозирча шикоятим йўқ. Кейин нима бўлади, билмайман. Ҳар ҳолда, ёмон бўлмаса керак. Орзуларим кўп.
— Мен эса ўз ҳаётимдан хурсанд эмасман. Сиз айтгандек, рози ҳам эмасман.
— Нега? — ҳайрон бўлдим мен.
— Ким билади, назаримда, мен худди капалакка ўхшайман. Умри қисқа, кичкина капалак... У гулдан бу гулга қўнаман. Аммо биттасида ҳам қўним тополмайман. Тикан киргандек, сакраб бошқасига ўтаман...
— Кўп ўйлаганингиздан. Қаранг, бу ер қандай гўзал, — дедим уни овутмоқчи бўлиб. — Ўйнанг, кулинг, ёшсиз ҳали, ўйлашнинг вақти келади.

Анна-Мария ғамгин жилмайди.
— Сиз худди ойимга ўхшаб гапирасиз. У ҳам доим шундай дейди. Кейин йиғлаб қўшиб қўяди: «Сен менинг бахтимсан, сен хурсанд бўлсанг, мен хурсанд бўламан, тинч бўламан». Унинг бахтли эмаслигини аллақачон билганман, мен унинг ташвишиман, мени билганларнинг ҳаммасига ташвишман... Мана, кеча ҳам қанча ташвиш орттирдим.
— Ундай деманг. Сиз билан танишганимдан жуда хурсандман.
— Ростданми? — унинг кўзлари пирпираб кетди.
— Рост. Йордан келди.
— Ҳа, қочоқ қиз! Кеча бизни роса ташвишга қўйдингиз-да, — деди у ҳазил аралаш.

Анна-Мария «ана кўрдингизми», дегандек менга қаради.
— Нега чўмилмаяпсизлар? Бугун сув жуда яхши.
— Ҳозир, — деди Анна-Мария. — Ўртоғингиз Тошкентга таклиф қиляптилар.
— О, Тошкент... — Йордан бошини қимирлатиб қўйди. — Гўзал шаҳар. Кўп бўлганман Тошкентда. Бориш керак. Ҳозир эса менинг бошқа таклифим бор. Биз бугун Балчиққа бормоқчимиз. Марҳамат, агар истасангиз, бирга борамиз.

Анна-Мария менга маънодор кўз қирини ташлаб қўйди.
— Қайдам, — деди у, кейин елкаларини қисиб: — Мирчога айтаман.
— Сизни Руминия қироличасининг тахтида суратга оламан, — деди Йордан. — Айтишларича, у жуда гўзал бўлган эмиш. Аммо тирик бўлганда, ҳеч шубҳасиз, у сизга тан берган бўларди.
— О, жудаям ошириб юбордингиз-ку! — Кулди Анна-Мария.
— Мен хато қилмайман, кўзим пишиб кетган. Хўп, узр. — Йордан ўрта аср рицарларидек эгилиб хайрлашди.— Бизни қиролича ва шаҳзода кутиб қолдилар. Кўришгунча, хайр!
— Чўмиламизми? — сўрадим Йордан кетгач.
— Ҳа, — Анна-Мария ўрнидан турди. — Сув — даво. Кетдик.

У яна аввалгидек қувноқ ва шўх бўлиб қолганди. Бетўхтов кулар, юз-кўзимга сув сепиб, атрофимда баликдай айланарди.

Анча чўмилдик. Мен қояга таклиф қилдим.
— Йўқ, тунда, — деди у.

Қирғоққа чиққанимизда нонушта пайти бўлган эди. Бир соатлардан сўнг учрашишга ваъда бериб, у кетди. Мен ҳам ўз хонамга кўтарилиб, кийиндим-да, ресторанга тушдим. Лада, Йордан, Матей аллақачон овқатланиб ўтиришарди. Официант менинг ҳам овқатимни олиб келди. Шоша-пиша ея бошладим.
— Иштаҳанг тузук, — деди Йордан. — Бу — эрталаб чўмилишнинг фойдаси.
— Ҳар куни чўмилиш керак, — деди Лада. — Матей бўлмаганда мен ҳам шундай қилардим.
— Икки киши бўлиб чўмилса, янада яхши бўлади, — деди Йордан ва ҳар доимгидек қўлини кўзларига тутиб, пиқ-пиқ кулиб юборди.

Унинг нимага шама қилаётганини билиб, қизариб кетдим. Лада тушунмади.
— Сен ҳам чўмиляпсан-ку, деди соддалик билан у эрига.

7

Балчиқ — Қора денгиз бўйидаги кичкина қадимий шаҳар. Унинг бир томони денгизга, бир томони эса баланд тепаликларга туташиб кетган. Ҳар қадамингизда узоқ ўтмиш ҳиди анқиб туради. Ўрта асрнинг готик усулидаги черковлари ҳамон ишлаб турибди. Энди уларнинг беҳисоб қўнғироқлари ҳар соат ҳамма ноталарда жаранглаб, вақтдан дарак беради. Назаримда, бу шаҳарчада иморатлардан кўра кўчалар кўп. Қинғир-қийшиқ, паст-баланд тош кўчалар... Шунинг учун бўлса керак, одам сийраклигига қарамай, шаҳар сершовқин шўх кўринади. Юзлаб оёқ товушларига, оқ халат кийган, саватчаларда иссиқ тешик кулча сотадиган болаларнинг «Моле бонбони! Моле геврици!» — деган овозлари кўшилиб, ажойиб оҳанг касб этади, кайфиятингизни кўтаради. Тешик кулчаларни эса бу ерда яхши пиширишади седана сепишади, қип-қизил, юмшоқ, оғзингизга солсангиз, эриб кетади.

Лекин Балчиқ фақат булар билан саёҳатчиларни ўзига тортмайди. Шаҳарнинг жанубида, шундай денгиз бўйида ажойиб сарой бор. Улкан санъат ва табиат ёдгорлиги бўлган бу сарой ўтмишда қандайдир Руминия қироличасининг ёзлик қароргоҳи бўлган. Саёҳатчиларнинг кўпи шу саройни кўргани келишади.

Биз Балчиққа етиб келганимизда қуёш энди сарв бўйи кўтарилган эди. Чет эллик эканимизни сезишиб, дарҳол атрофимизни болалар ўраб олишди. Йордан ҳаммага тешик кулча, мен эса аёлларга садаф маржон олиб бердим. Бир маҳал Анна-Мария қаёққадир чопиб кетди. Кетидан бордим.

Бир кампир катта-кичик чиғаноқларни ёзиб ўтирарди. Анна-Мария энг каттасини олиб, қулоғига тутди.
— Денгиз, худди денгизнинг ўзи! — деди у завқланиб. — Ана, тўлқинлар қирғоққа уриляпти! Эшитинг!

У чиғаноқни менга узатди. Қулоғимга тутдим. Ҳақиқатан ҳам чиғаноқдан денгиз шовқини келарди.
— Олинг, — дедим унга қайтариб. — Балчиқдан хотира.
— Йўғ-э, қиммат бўлса керак? — деди у. Аммо севиниб кетаётгани кўзларидан билиниб турарди.
— Совғанинг нархини суриштирмайдилар.
— Раҳмат. — Анна-Мария машиналаримиз томон тез-тез юриб кетди. — Лили, қара, менда нима бор!

Мен кампир билан ҳисоблашиб, уларнинг олдига келганимда, Анна-Мария чиғаноқни ҳамманинг қулоғига бир-бир тутиб чиқаётган эди.
— Ҳеч эсдан чиқмайдиган эсдалик бўлди бу, — деди у, менга миннатдорлик билан тикилиб. — Катталигини қаранг...

Мен кулдим. Арзимаган совғамни олганидан ва ундан завқланаётганидан мен ҳам хурсанд эдим.

Бир соатча шаҳар айландик. Уймакор дарвозаларни, деворлари нураган қалъаларни томоша қилдик. Хароба қасрларга кўтарилдик. Черковларни, турклар ҳукмдорлиги давридан қолган мачит ва унга туташ ўт босган қабристонни кўрдик. Кейин машиналаримизга ўтириб, Руминия қироличасининг саройига бордик. Дарвозадан киришимиздаёқ ҳайратга тушдик. Кенг йўлка, икки томони юз яшар арғувонлар, чинорлар... Уларнинг соясидан йўлкага тангадек шуъла тушмайди. Димоққа гупиллаб атиргулларнинг ёқимли ҳиди урилади. Юз қадамча юрганимиздан сўнг тахта кўприк келди. Унинг таги жар, аллақаердан шаршаранинг овози эшитиларди. Жарликда жимирлаб оқаётган кумушдек тиниқ сув кўприкнинг ўнг томонидаги тепалик тагида йўқ бўлиб кетарди. Олдимизда икки қуббалик қизил том кўринди. У шундай денгиз бўйида эди.
— Қаср шу, — деди Йордан. — Денгизга чиққан.

Биз айланма зинадан пастга тушдик. Қаср унча катта эмас эди. Лекин дид билан қурилган. Икки табақали ўймакор эшикдан ичкарига кирдик. Катта даҳлиз, ундан тўрт томонга эшик кетган, тўрда зал. Унинг ўртасида ўша даврдан қолган жимжимадор кумуш қандил осиғлиқ турарди. Залга бир хона туташ эди. Унга кетма-кет қурилган иккита эшикдан кирилар экан. Қироличанинг ётоқхонаси экан бу хона. Хонанинг ўртасида баланд, кенг тахта каравот турарди.

Тўрттала томонда шифтга туташиб кетган тош ойна, бир бурчакда атир-упа столи, бир бурчакда эса каравот рангида шкаф. У ҳам ойналик.
— Шу ерда у балиқчиларни қабул қилган, — деди Лада.
— Балиқчиларни? — ҳайрон бўлдим мен.

Лада бошини қимирлатиб, негадир қизариб кетди.
— Бу — афсона, — деди Йордан.
— Афсона эмас, рост, — эътироз билдирди Лада.
— Қанақа афсона? — гапга аралашди Анна-Мария.
— Айтиб бер, энди, — деди Йордан хотинига.
— Тепага чиқайлик.

Биз қасрнинг биринчи қаватини яна бир оз айланиб, тепага кўтарила бошлаган эдик, деворга ёпиштирилган кўк чиннига кўзим тушиб қолди. Унга араб ҳарфларида нималардир ёзилган эди. Ўқий олмадим.
— Бу нима? — сўрадим Йордандан.
— Биронта шарқ шаҳзодасини қабул қилган бўлса керакда қиролича, — деди Йордан ва кулиб кўйди.

Лада ҳам кулди.
— Ҳар ҳолда, уни ўлдирмагандир?
— Ким билади, — деди елкаларини қисиб Йордан. — Балки, ўлдиргани учун ёдгорлик қолдиргандир?

Эр-хотин яна кулишди. Уларга Драгомир билан Лили ҳам қўшилди.
— Нимага куляпсизлар? — Сўради Анна-Мария.
— Мен ҳам ҳеч нарса тушунмаяпман, — дедим мен.
— Ҳозир, — деди Йордан. — Ҳозир ҳаммасини Лада айтиб беради. У эртак айтишга уста.

Биз денгизга қараган узун айвонга чиқдик. Айвоннинг ўртасида оқ мармардан йўнилган баланд тахт турарди.
— Қиролича шу ерда ўтирарди, — деди Лада.
— Наҳотки? — Анна-Мария югуриб бориб, тахтга ўтирди.
— О, бу ердан денгиз жуда чиройли кўринаркан. Ҳаммамиз беихтиёр денгизга қарадик. Кўм-кўк денгиз фируза деворлар билан ўралган улкан ҳовузга ўхшарди. Мен панжарага суяниб, пастга қарадим. Кўзим тиниб кетди. Айвон денгиздан анча баланд бўлиб, сув устида лапанглаб турарди.
— Ҳа, қиролича аҳмоқ эмас экан, — деди Драгомир истеҳзо билан. — Лада, афсонангни айтиб бер энди.
— Айтишларича, қиролича жуда эҳтиросли аёл бўлган экан, — деб Лада ҳикоясини бошлади. — Ҳар ёз шу ерга келар экан-да, кун бўйи боғни айланар экан, оқшом тушиши билан шу айвонга чиқиб, тахтига ўтирар экан. Худди шу пайтда овдан қайтаётган балиқчилар ўз қайиқларида унинг қасри олдидан ўтишар экан. Қиролича улардан энг ёшини, энг чиройлисини танлаб чақиртирар экан. Тун бўйи у билан кайф-сафо суриб, тонгда ўлдирар экан. Шу аҳвол ҳар куни, ҳар йили такрор бўлар экан. Бир куни денгизга шундай термилиб ўтирган экан, ажойиб бир балиқчи ўтибди. Ёш эмиш, келишган, бақувват эмиш. Қиролича уни ажойиб таомлар, ичимликлар билан бояги сиз кўрган залда меҳмон қилибди. Қироличанинг бундай меҳрибончилигини тушунмаган йигит овқатланиб бўлиб, кетмоқчи бўлибди. Қиролича кулиб юборибди. «Сен менга ёқиб қолдинг, йигит, — дебди у. — Бугун мен билан бўласан». Бечора йигит бўшашганича жойидан қимирлолмай қолибди. Нима қилсин? Қироличага гап қайтариб бўладими? Қолибди. Одатдагидек, тун бўйи кайф-сафо бўлибди. Кайфи ошган йигит уйини ҳам, ёш хотинини ҳам унутибди. Аммо у қироличага ёқиб қолибди. Шунинг учун тонгда уни ўлдирмабди. Кечқурун келиш шарти билан қўйиб юборибди. Кун ўтибди, оқшом тушибди. Денгизда бирин-кетин қайиқлар кўринибди. Аммо йигит кўринмабди. Бир кун кутибди қиролича, икки кун кутибди. Учинчи куни чидолмай, бутун шаҳарга одам чоптириб, йигитни қидиртирибди. Аммо ҳеч қаердан ў топилмабди. Бир куни қиролича денгизга термилиб ўтирган экан, бир нарса оқиб бораётгандек кўринибди, дарров хизматкорларини чақиртириб, тутиб келишни буюрибди, келтиришибди. Қиролича қараса, ўша йигит экан. Бечора шармандаликдан уялиб, ўзини денгизга ташлабди. Севгиси барбод бўлганини сезган қиролича ҳам шунда ўзини сувга отибди.
— Қайғули афсона, — деди Анна-Мария ўйланиб. Мен унга қарадим. У узун оёқларини чалиштириб, хаёлчан, ярим юмуқ кўзларини денгизга тикканича қўлидаги йирик ёқут кўз узугини оҳиста ўйнаб ўтирарди. Шу топда ўша бахтсиз муҳаббат ошиғи — қиролича тирилиб келиб, ўз тахтида ўтиргандек бўлиб кетди менга. Ундан кўз узолмай қолдим. У гўзал, бағоят гўзал эди. Фотоаппарат «ширқ» этди.
— Суратингиз тайёр, менинг қироличам! — деди Йордан шўх овоз билан.

Анна-Мария эътибор бермади. У ўз хаёллари билан банд эди. Боши сал орқага ташланган, ингичка, ёқут ранг лента билан танғилган сочлари тахт суянчиғи устида ёйилиб ётарди.
— Қайғули афсона, — қайтарди у. — Лекин бир кун бўлса ҳам мен шу қиролича ўрнида бўлишни истардим.
— О, — деди Йордан киноя билан. — Севиш ва ўлдириш учунми?
— Йўқ, фақат севиш учун. Бундан катта бахт борми? Ҳеч ким жавоб бермади. Сўзсиз ҳам унинг ҳақлигини ҳамма ичида тасдиқлаган эди.
— Дада, сув! — деди Матей.

Бу гап ҳаммамизни паришонликдан чиқарди.
— Дарвоқе, қорин ҳам очди, — деди Драгомир.
— Ҳозир кетамиз. Биттадан суратларингизни олай. Йордан аёлларни бирма-бир тахтга ўтқазиб, суратга олди.

Кейин ҳаммамиз ёнма-ён туриб тушдик.

Златни Пясцига қайтганимизда кун пешиндан оққан эди. Кўчаларда одамлар деярли кўринмасди, ресторанлар бўм-бўш. Куз қуёши худди Тошкентдагидек серёғду ва иссиқ эди. Анна-Мария негадир ҳорғин ва маъюс кўринарди. У йўл-йўлакай бир оғиз ҳам гапирмади. Йорданнинг баъзи ҳазил-ҳузул гапларига енгил жилмайиш билан жавоб берган бўлса ҳам кўзлари ўйчан ва жиддий эди.

Шаҳарнинг марказидаги «Астория» ресторанида овқатландик. Овқат маҳали ҳам у чурқ этмади, тузукроқ овқатланмади. Эринибгина кофе ичар экан, кўзларини ресторан рўпарасидаги пристандан узмасди. Пристань тинч, кўприк устида иккита калта шим кийган семиз, юзлари тандирдан янги узилган нондек қип-қизил, ўрта ёшли киши (немис бўлса керак) бесўнақай латта шляпа кийган бир кампир билан гаплашиб туришарди. Кўприк ёнидаги қум соҳилда қизил тасма билан эгар тортилган оқ туя узун бўйнини чўзиб, сўлакларини оқизганича эринчоқлик билан кавш қайтарарди.

Ташқарига чиқдик.
— Ана, туя, туя! — деди Матей онасига ёпишиб. — Битта минай.
— Йорданчо! — деди Лада. — Тинч қўймайди энди. Минсин.

Ҳаммамиз туянинг олдига бордик. Қари фотограф дарров туянинг устига нарвон қўйди.
— Моле, — деди у оғзи қулоғига етиб жилмаяр экан. Туя бепарволик билан кавшанар, жойидан қимирламасди.

Матей эса ўзида йўқ шод эди. Уни пастга туширганда:
— Мен ҳам! — деб қолди Анна-Мария кўзлари чақнаб.
— Момент! — фотограф ёнида турган чамадондан оқ чойшаб олиб, Анна-Мариянинг устига ташлади, кейин оқ рўмол билан бошини танғиди, фақатгина кўзлари очиқ қолди. Туя устига чиққанда у худди жазирама саҳрода кетаётган араб аёлига ўхшарди. Фотограф қўлига узун таёқ ҳам тутқазди. Анна-Мариянинг чеҳрасида бояги маъюсликдан асар ҳам қолмади. Ёш боладек оёқлари билан туяни ниқтаб, ўз тилида нималардир деб куларди. Фотограф уни немис деб ўйлади шекилли, аппаратини тўғрилаб қўлини кўтарди.
— Ахтунг! Ахтунг!

Анна-Мария унга ялт этиб қаради. Унинг қошлари чимирилган, кўзлари ғазаб билан ёнарди. Аммо, фотограф ўз иши билан банд, ундаги ўзгаришни пайқамади. Мен ҳайрон бўлдим. «Нега жаҳли чиқди?» — ўйладим ўзимча, лекин ҳеч нарса тушунмадим. Анна-Мария яна бирпасда ўзгарди, жилмайиб Лилига русча мурожаат қилди.
— Унга айт, туя бошини кўтарсин.

Лили болгарчалаб фотографга унинг илтимосини тушунтирди.
— О, сега! Сега!

Фотограф ҳозиржавоблик билан туянинг олдига бориб, ерда ётган тизгинини олди-да, Анна-Марияга узатди. Туя эринибгина бошини кўтарди. Кейин яна эгилди. Анна-Мария қўлидаги таёқ билан унинг бўйнига урди. Туя бошини кўтармади. Анна-Мария яна урди. Туя парво қилмади. Анна-Мариянинг кўзлари чақнаб кетди. Чап қўли билан тизгинни тортар экан, ўнг қўлидаги таёқ билан туяни юз-кўзи аралаш савалай бошлади. Аввал индамай турган туя бошини олиб қочиб, бирдан айлана бошлади. Анна-Мария тўхтамади. Савалайверди. Туя калтакдан кўзларини яшириб, кўз атрофида гир-гир айланарди. Бирдан у бўкирди, оёқларини бесўнақай кўтариб, сакрай бошлади.
— Моле ви! Другарка! Моле ви! — қичқирди жон ҳолатда фотограф.

Биз қўрқиб кетдик. Аммо нима қилишимизни билмас эдик. Лили нимадир деб қичқирди. Драгомир ҳам бир нималар деди. Анна-Мария эса ҳеч кимга парво қилмай туяни савалар, ўз тилида нималардир деб қичқирарди. Бир маҳал эпчиллик билан туя устидан сакраб тушди. Шундай эпчиллик билан бошидаги рўмолини, чойшабни ечди-да, қум устига улоқтириб, югурганича меҳмонхона томон кетди. У йиғларди.
— Нима бўлди унга? — деди ҳайрон бўлиб Йордан. Драгомир билан Лили бир-бирларига қарашди, аммо ҳеч нарса дейишмади. Мен ҳам нима дейишимни, бу даҳшатли воқеани қандай тушунишни билмасдим. Фотограф ҳансираб нафас олаётган туянинг бошини силар экан, ялингансимон дерди:
— Менда айб йўқ, туя жуда ювош эди, менда айб йўқ. Билмадим, нима бўлди?
— Мадам жуда қизиққон экан, — деди пристандаги немислардан бири, — гут, гут!

Биз кайфимиз бузилиб, меҳмонхонага жўнадик.

8

Алламаҳалгача ўзимга келолмай ётдим. Бу қандай қиз ўзи? Нега бунчалик тез ўзгариб туради? Бечора туяни нима учун бунчалик ғазаб билан савалади? Шу саволлар билан унга бўлган муносабатимни аниқлаб олишим керак эди. Лекин муносабатим қандай? Мен ҳеч нарсани билмасдим, хаёлларим мени қаёққа олиб кетмасин, боши берк кўчага бориб тақалардим.

Ўша куни тунда соҳилга тушдим. Негадир, уни келмайди деб ўйлаган эдим. Йўқ, келибди. Қоя қаршисида худди аввалгидек — тиззаларини қучоқлаб ўтирарди. Аммо бу гал кийимда эди. Ўша қора шим. Баданига ёпишиб турган оқ кофта. Тиниқ осмонда оҳиста сузиб бораётган ой унинг сўлғин юзини ёритиб турарди.
— Қаранг, бугун денгиз жуда тинч, — деди у мени олдида кўриб.

Ёнига ўтирдим.
— Тинч, ҳам салобатли... — У менга ўгирилмади. — Лекин нега одамлар шундай тинч бўлолмайди?
— Ким билади, — дедим мен. — Ҳар ҳолда, одам ўзини жиловлагани маъқул.

У индамади. Иккаламиз анча вақтгача жим ўтирдик. Мен ундан кўп нарсани сўрамоқчи бўлиб, бир неча марта оғиз жуфтладим. Лекин нимадан бошлашни билолмай турдим. Кейин бу фикрдан қайтдим. Агар унинг дарди бўлса, ўз саволларим билан ярасига туз сепган бўламан.
— Мени кечиринг, — деди у, ҳамон денгиздан кўз узмай. — Бугун ножўя қилиқлар қилдим. Аҳ, фақат бугун эмас! Ҳар куни шундай қилдим. Бугун эса фотографнинг менга немисча гапирганидан жаҳлим чиқди. Бечора туяда ҳеч гуноҳ йўқ эди. Анна-Мария бошини эгиб, қўллари орасига олди, елкалари титраб кетди.
— ... Эсингиздами, мен ҳеч кимга бахт келтирмайман, фақат ташвиш келтираман, деган эдим. Тўғри шу. Ҳеч ким мендан хурсанд бўлмайди. Ҳатто, ҳайвонлар ҳам. Ҳа, ҳайвонлар ҳам!
— Қўйинг, йиғламанг, — мен елкаларидан қучоқлаб, уни овута бошладим. — Қироличаларга йиғлаш уят.

Анна-Мария йиғи аралаш кулган бўлди. Бошини кўтариб, муштлари билан кўзларини артди.
— Сиз яхши одамсиз. Сиз билан танишганимдан жуда хурсандман. Аммо сизга ҳам ташвиш орттирдим. Ишонинг, мен шу пайтгача мушукка ҳам озор берган эмасман.
— Ишонаман, — дедим мен. — Келинг, шу ҳақда гаплашмайлик. Яхшиси, юринг, бир чўмилиб чиқамиз. Сув тинчлантиради, асабларни жойига келтиради. Ўзингиз шундай дейсиз-ку!
— Йўқ, — Анна-Мария яна ўйланиб қолди. Бир маҳал у ўзининг йирик кўзларини менга тикди. — Азиз!.. Мени ўпинг!

Мен ҳайрон бўлиб ва шу билан бирга қувончли ҳаяжон билан уни бўйнидан қучоқладим. У бошини қўлимга ташлаб, юмшоқ лабларини менга тутди. Унинг бутун бадани, юзлари ёнарди. Узоқ ўпдим, у қафасга тушган қушдек типирчилар, аммо лабларини лабимдан узмасди. Бирдан у суғурилиб, қучоғимдан чиқди, тўзғиган сочларини тўғрилар экан
— Раҳмат, — деди ва денгизга кўз тикди. Унинг кўзларида ёш ялтирарди.
— Анна-Мария...
— Анна-Мария...
— Ҳеч нарса деманг.

У ўрнидан туриб, қўлини узатди.
— Хайр.
— Анна-Мария!
— Хайр.

Беихтиёр қўлимни узатдим. У маҳкам қисди, кейин енгил бурилиб, шаҳар томон оҳиста юриб кетди.

Мен анграйганимча унинг ортидан қараб қолдим. Нима бўляпти ўзи? Бу бахтми, кулфатми, нима? Мен ҳеч нарсага тушунмай қолган эдим. Лекин бир нарса аниқ эди. Мен севиб қолган эдим. Баҳор ҳавосидек соф, денгиздек нотинч сеҳргар қизни севиб қолган эдим. Севгим қандай натижаларга олиб келишидан қатъий назар, ўз ҳаётимни ўша пайтда усиз тасаввур қилолмасдим.

9

Эртасига азонда уйғониб, пастга тушдим. Йорданни уйғотдим.
— Тонгги чўмилиш ёқиб қолди шекилли? — деди у кулиб.

Соҳилга тушдик. Мен ўзимда йўқ шод эдим. Қояга етиб бориб, тош устига ўтирдик. Кўзим қирғокда, аммо у бўш, ҳеч ким кўринмасди. «Наҳотки келмаса?» — ўйладим хавотирланиб. Аммо бу хавотирланиш ўзимга ўринсиз кўринди. У келиши керак, албатта келиши керак эди. Бироқ у келмади. Тунда ҳам келмади. Тонггача мижжа қоқмай чиқдим. Тонг отиши билан эса шошиб соҳилга тушдим. Ҳеч ким йўқ. Нима қилишимни билмай қолдим. Нимадир ичимда узилиб кетгандек бўлди. Йордан келди.
— Ҳа, кайфинг йўқ кўринади?
— Сал бошим оғрияпти.

У чўмила бошлади. Нонуштагача ўтирдим шу ерда. Нонуштадан сўнг Йордан Варнага бориб келишни таклиф қилди. Лада ҳалигача Анна-Мариянинг оёғидаги туфлидан ололмаган, кимдир шу кунга ваъда берган эди. Бош оғриғини баҳона қилиб қолдим. Улар кетиши билан «Нептун» меҳмонхонасига югурдим. Бориб Драгомир Шоповни сўрадим.
— Икки кун бўлди кетганига, — деди администратор аёл.
— Қизлар-чи? — шошиб сўрадим.
— Қанақа қизлар?
— Анна-Мария, Лили?
— Улар ҳам кетишди. Ҳаммаси бирга кетишди.
— Бутунлайми?
— Билмадим, ҳар ҳолда, бизнинг меҳмонхонадан кетишди.

Бўшашганимча ташқарига чиқдим. Кечгача шаҳарни айландим, аммо ҳеч қаерда уни учратмадим. «Нега кетди? — ўйладим ўзимча. — Нега хайрлашмади? Наҳотки, мен ҳам унга бир эрмак бўлган бўлсам?» Бу даҳшатли фикр миямга келди-ю, жаҳлим чиқа бошлади. «Енгилтак, бағри тош қиз!» — койидим ўзимча ва унинг ғайри-табиий қилиқларини бирма-бир эслай бошладим. Аммо унинг ёмон томонларини қанча бўрттириб эслайман, у мен учун азиз бўлиб қолганига, хамма қилиқлари, гаплари ширин, ёқимли эканига ишондим. Бу ишонч кун сайин кучаяр ва уни унутиш жуда оғир бўлишига иқрор қиларди.

Йордан билан Лада мендаги ўзгаришнинг сабаби бош оғриғи эмаслигини сезишарди, албатта. Аммо менга билдиришмасди. Фақат бир марта Йордан:
— Бу, бизнинг оғайнилар йўқ бўлиб қолишдику-а? — деди гап орасида.

10

Орадан бир ҳафта ўтди. Бу ҳафта мен учун йилдек туюлиб кетди. Ҳеч нарса татимас, ҳеч нарса қизиқтирмас, тезроқ уйга кетишни истаб қолган эдим. Бу ҳақда Йорданга ҳам айтдим.
— Дўстим, бу дунёда ҳеч нарса боқий эмас, — деди у. — Кетарсан ҳам, уйингда бўларсан ҳам. Аммо шу ерда ўтказган кунларинг умрбод хотирангдан кўтарилмайди. Ҳар ҳолда, бегона юрт. Шошма. Яна бир ҳафта турайлик. Нептун байрамини кўрайлик.

Йўқ дея олмадим. Чунки, мен кетсам, уларнинг ҳам кетиши керак эди.

Уша куни тушдан сўнг Лада Матейни ухлатгани кетди. Йордан соҳилга тушди. У яна бир оз қораймоқчи эди. Мен тушмадим, ухлагим ҳам келмади. Қўлларимни орқамга тугиб, марказий хиёбонни айлана бошладим. Оёғим беихтиёр «Нептун» томон бошлади. Унинг йўлкасига энди етганимни биламан, орқамдан кимдир салом берди. Таниш овоз. Угирилдим. Лили! Сўрашдик.
— Мен сизнинг меҳмонхонангиздан келяпман, — деди у.
— Анна-Мария қаерда? — шошиб сўрадим.
— Шу ерда. Сизга салом айтди.
— Мен уни кўришим керак.
— Кўрасиз. Аввал сизга айтадиган гапим бор.

Лили холироқ жой қидира бошлади. Меҳмонхона ёнидаги арғувон тагига ўтирдик.
— Гапиринг, қулоғим сизда! — мен шошилардим.
— Анна-Мария ҳозир сиз билан учрашганимни билмайди. Гап шундаки... — Лили ўйланиб қолди. Афтидан, у нимадандир хижолатда эди.
— Гап шундаки, Анна-Мария сизни севиб қолган...
— Нега қочиб кетди бўлмаса? — ҳайрон бўлдим мен.
— Бунинг сабаблари кўп. Эътибор берган бўлсангиз керак? У жуда ғалати, — гапида давом этди Лили. — Мен ўзим ҳам илгарилари унга ҳайрон бўлардим. Лекин унинг ҳаёти билан танишгач, тушуна бошладим. Унинг отаси йўқ, тўғрироғи, отаси бор-ку, лекин йўкдек. У уруш фарзанди... Онасининг азоблари, ўзининг ғуссали ҳаётидан ўша одамга нафрати шу қадар кучлики, биров унинг тилида гапирса, жиғибийрони чиқиб кетади. Бунинг аҳмоқлик эканини, ҳеч кимда айб йўқлигини билади, лекин баъзида ўзини тутолмайди. Туяга хуружи эсингиздами? Туяда ҳам, фотографда ҳам ҳеч гуноҳ йўқ эди...

Мен Лилининг гапларидан ҳеч нарса тушунмадим. У эса очиқ айтишдан ё чўчирди, ё уяларди.
— Биз ҳаммамиз уруш йиллари туғилганмиз.
— Биз бошқа гап, Азиз, — деди Лили. — Биринчи учрашувимиздаёқ сиз бизга ёқиб қолдингиз. Мулоҳазали, жиддий одам кўринасиз. Шунинг учун ҳам Анна-Мария қийналаётганини кўриб, гарчи, у рухсат бермаса ҳам, сиз билан гаплашишга қарор қилдим. Мен уни уруш фарзанди дедим. Уруш йиллари онаси ёлғиз яшарди. Унинг эри коммунист бўлиб, қамоққа олинган, қандайдир қонцлагерга жўнатилган. Уйга эса бир немис офицери жойлашган. Онаси билан унинг алоқалари қандай бўлган — буни уларнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Лекин Венгрия озод қилинган йили Анна-Мария туғилган. Онасининг эри қайтиб келмади. Онаси ҳам ҳали ёш бўлишига қарамай, бошқа турмуш қурмади. Ҳаётини қизига бағишлади. Анна-Мария етти-саккиз ёшигача ҳеч нарсадан хабарсиз, эркин ўсди. Аммо ўқишга борадиган бўлганидан бошлаб, унда ўзгариш юз берди. Бунга унинг ўзи ёки онаси эмас, баъзи қўни-қўшнилар сабаб бўлишди. Анна-Мария жуда шўх, ҳозир ҳам ўзингиз кўрдингиз, шўхлиги қўзиб қолади. Болалигида ўғил болалар билан теппа-тенг ўйнайверар экан. Бир куни ўзи тенги бир болани нима учундир урибди. Бола йиғлабди. Онаси келиб, Анна-Марияни уришибди. «Ҳа, фашистнинг уруғи! Ўзингни кўрсатяпсанми!» — дебди у. Анна-Мария бу гапнинг маъносига аввал тушунмапти. Уйга келиб онасига айтиб берибди. Онаси уни овутибди, аммо ўзини тутолмай йиғлабди. Анна-Мария ўз ҳаётида нимадир чатоқлигини шунда англабди ва отасини сўрабди. Она ўз эрини айтибди, суратини кўрсатибди. «Даданг фашистлар қўлида ўлган, у яхши одам эди», — дебди.

Анна-Мария эртасига калтак еган боланинг уйига боради.
— Менинг дадам кимлигини биласизми? — дейди ғазаб билан у.
— Ким экан даданг? — киноя билан сўрайди бағри тош аёл.
— Дадам фашистлар қўлида ўлган!
— Шундай де? — аёл кулади. — Ойинг яхши эртак тўқибди. Бориб сўра, юбкасининг тагида яшаган немис ким экан!
— Ойимни ҳақорат қилманг! — дейди Анна-Мария йиғи аралаш ва қўлидаги папкасини аёлга отади.

Шу куни у ўзининг кимлигини билади. Онасидан уялади, ўртоқларидан, ўзидан уялади. Онаси бечора уни қандай қилиб овутишни билмайди. Анна-Мария бошқа мактабда ўқий бошлайди. Аста-секин у ўз аҳволига кўникади. Аммо одамови бўлиб ўсади. Ҳаммадан қочади, кўп вақтини уйда ўтказади. Айни вақтда, унда мағрурлик, ўз тенгқурларини менсимаслик кайфиятлари пайдо бўлади. У яхши ўқийди, янги мактабда унга жуда яхши муносабатда бўли-шади. Тўққизинчи синфда ўқиб юрган пайтлари, бир куни ўқишдан қайтса, эшиклари тагида баланд бўйли, басавлат бир одам турган экан.
— Сизга ким керак? — сўрабди Анна-Мария.
— Мен фрау Хорватни кўрмоқчи эдим, — дебди бегона киши немис тилида.
— Ишдалар. Ҳозир келадилар. Мен қизлари бўламан. Уйга киринг.
— Қизлари? — бегона киши унга тикилиб қолибди.
— Ҳа. Анна-Мария. Юринг.

Анна-Мария уни уйга олиб кирибди. Кофе тайёрлагунча онаси келибди. Ў бегона кишини кўрибди-ю, турган жойида қотиб қолибди.
— Эрих?!
— Ҳа, — бегона киши жилмайиб ўрнидан турибди.
— Нега келдинг? — дўқ қилибди Анна-Мариянинг онаси. — Анна-Мария! Чиқиб тур!

Анна-Мария ҳеч нарсага тушунмай, қўшни хонага чиқади. Онаси унинг кетидан эшикни ёпади. Аммо уларнинг гапини у эшитади.
— Нега келдинг? — сўради яна онаси.
— Тинчлан, Элиза, — дейди бегона киши ялиниб. — Тинчлан. Сўнгги учрашувимизга ўн олти йил бўлди. Кўргани келдим. Биз, ахир, яқин эдик...
— Буни энди аҳамияти йўқ. Ўшанда қол, таслим бўл, дедим. Кўнмадинг.
— Мен офицер эдим, Элиза.
— Нега келдинг?
— Кўргим келди. Анна... Анна-Мария катта қиз бўлибди.
— Унга сенинг ҳаққинг йўқ. У менинг қизим.
— Биламан. Мен уни фақат кўрмоқчи эдим. Элиза, унга совға олиб келганман. Шуни беришга рухсат эт.

Элиза хола зўрға рози бўлибди. Қизини чақирибди. Бегона киши унга анча тикилиб ўтирибди. Кейин кўрган бўлсангиз керак, Анна-Мариянинг қўлида катта ёқут кўзли узук бор, шуни берибди. Ҳамма гапни эшитган Анна-Мария йиғлаганича уйдан чиқиб кетибди. Шу куни она-бола мижжа қоқишмабди. Орадан кўп вақт ўтмай, Анна-Мариянинг номига Кёльндан хат келибди. Отасидан экан. «Анна-Мария, — дейилган экан унда, — биламан, сен мени ёмон кўрасан. Мени деб кўп азоб чекдинг. Аммо мен ўз гуноҳимни ювиш учун ҳамма нарсага тайёрман. Сени олиб кетиш ниятида уйларингга борган эдим. Лекин гапимиз қовушмади. Онанг рози бўлмади. Сен энди каттасан. Ўзинг кел. Мен сенга бутун дунёни кўрсатаман. Париж, Рим, Лондон... Фақат, хўп десанг бўлди. Хатингни кутаман». Анна-Мария жавоб ёзмади. Онасига ҳам хатни кўрсатмади. Аммо тун бўйи алаҳлаб чиқди. Шундан кейин уларнинг алоқаси узилди. Чунки, Анна-Мария бу пайтда катта қиз, яхши-ёмоннинг фарқига борадиган бўлиб қолган эди. Унга ким керак? Бутун умрини унга бағишлаган онами, ё бегона бир одамми? Албатта — она! Аммо у ўзгариб қолди. Сал нарсадан жаҳли чиқади, ўзидан-ўзи йиғлайди, кўп ўйлайди. Бунинг устига бир йигит уни ҳақорат қилиб, унда одамларга ишончсизлик туғдирди.
— Нима қилиб? — сўрадим мен. Лили хўрсинди:
— Анна-Мария чиройли қиз. Унинг хушторлари жуда кўп бўлган. Ҳозир ҳам кўп. Лекин ўша пайтлари бир йигитга кўнгил қўйган. Алоқалари анча чуқурлашгач, Анна-Мария унга ўз ҳаётини айтиб берган. Шу кундан бошлаб, йигит унга кўриниш бермаган. Жуда эзилди. Унга қўшилиб, онаси ҳам эзилди. Бечора, ўзини қизи олдида гуноҳкор ҳисоблади-да. Тўрт йилдан бери мен Анна-Марияни биламан. Бир линияда ишлаймиз. Шу пайт ичида кўп йигитлар унга муҳаббат қўйишди. Лекин у ўзини олиб қочди. Ҳеч қайсисига ишонмади. Сизга ҳам кўринмоқчи эмас. Ҳатто, Будапештга кетиб қолмоқчи эди. Бир амаллаб олиб қолдик. У ҳозир жинни одамга ўхшайди... Борасизми?
— Ҳа, — дедим. — Юринг.
— Биз Бай Ефтимнинг уйида турибмиз, — деди Лили севиниб ўрнидан қўзғалар экан.

11

Бай Ефтимнинг уйи Златни Пясцинининг энг четида экан. Пастак тахта панжара билан ўралган ҳовли. Тўрида икки қаватли оқ уй. Ичкарига кирдик. Лили бурама зина тагига келиб қичқирди.
— Анна-Мария!

Ҳеч ким жавоб бермади. Юрагим дукиллаб ура бошлади.
— Анна-Мария! — қичқирди яна Лили.

Иккинчи қаватдаги дераза очилди, кимдир мўралади-да, кейин шарақлатиб деразани ёпди.
— Тепада у! — дедим ҳовлиқиб.
— Ҳозир.

Лили чопиб, тепага чиқиб кетди. Қанча вақт ўтди, билмайман. Юрагим дукиллаб уришдан тўхтамас, хаёлимда минг хил фикрлар уймалашарди. «Топдим! Топдим! Энди у мен билан!» — дердим ўзимча севинчим ичимга сиғмай.

Бир маҳал тепада оёқ товушлари эшитилди. Қарадим. Анна-Мария кўзларидан нур ёғилиб, ўзининг ажойиб табассуми билан менга қараб турарди.
— Анна-Мария!

У пастга югурди. Туша солиб, бағримга отилди.
— Анна-Мария!..

У нам кўзларини бўйнимга суртар, алланималар деб шивирларди.
— Бирон ёққа кетамизми?

У бошини қимирлатди. Эшикка чиқдик. Рўпарадаги ресторан олдида икки отли файтон турарди. Чақирдим.
— Четга! Шаҳардан четга!

Извошчи отларга қамчи босди. Файтон учиб кетди. Мен Анна-Мариядан кўз узмасдим. Қўлларидан, маст қилувчи сочларидан, юзларидан ўпардим. Иккаламиз ўзимизда йўқ шод эдик.

Кечқурун ҳамма дўстларимизни йиғиб, Бай Ефтимнинг барига тушдик. Кекса денгизчи ўзининг ошпазлик маҳоратини яна бир бор кўрсатди.
— Табриклайман, — деди Йордан қўлимни сиқиб.

У ҳам, ҳамма ҳам хурсад эди. Анна-Мария илгаригидек очилиб кетган, дам мен билан, дам Драгомир билан, дам Матени кўтариб олиб рақс қилар, шўх латифалар айтиб, ҳаммамизни кулдирарди.

Барда тонггача ўтирдик. Кейин, Бай Ефтимнинг уйига бордик. Болгар одати бўйича, у, сопол идишларга қўлбола вино қуйиб чиқди.
— Бахтли бўлинглар, — деди у. — Сизларни кўриб, мен ҳам ёшариб кетдим.

Тушда учрашишга ваъдалашиб, тарқалдик.

Хонамга кўтарилиб, каравотга ўзимни ташладиму, донг қотдим. Неча кунлардан бери бунчалик қаттиқ ва ширин ухламаган эдим. Кўзимни очганимда кимдир зарб билан эшикни тақиллатарди. Уйқусираб бориб очдим. Драгомир билан Лили.
— Кечиринг, безовта қилдик, — деди Драгомир, у нимадандир хавотирда эди, — Анна-Мария келмадими?
— Йўқ, — дедим мен қўрқув аралаш.
— У йўқ. Чамадони ҳам йўқ.

Мен қотиб қолдим. Пастдан Йордан кўтарилди.
— Келмаптими?
— Йўқ.
— Аэропортга бориш керак, — деди Йордан. — Юринглар.

Шоша-пиша кийиниб, пастга тушдик. Кейин Йорданнинг машинасида аэропортга жўнадик. Аэропортда у йўқ эди. Варна — Будапешт самолёти бир соат бурун учиб кетибди. Драгомир кассага бориб, уни суриштирди. Бўшашиб қайтди. Ҳа, у шу самолётда учиб кетибди. Мен нима қилишимни билмай, гандираклаб аэропортдан чиқдим.
— Хавотир олма, — деди Йордан. — Қандайдир мақсад билан уйига кетган. Адресни биламиз, балки, ўзи ҳам хабар берар.

Лили ҳам шундай деди, ҳатто ҳозироқ телеграмма юборишини айтди. Қайтдик. Меҳмонхона олдида Бай Ефтим турар эди.
— Мана буни у турган хонадан топдим, — деди у Драгомирга қоғозга ўроғлик бир нарса билан конверт узатар экан.

Драгомир шошиб конвертни йиртди. «Лили, Мирчо! — дейилган эди унда. — Бошқа иложим йўқ. Учрашгунча хайр. Анна-Мария». Хатнинг тагида илова бор эди:

« ...Мирчо, мана шу зажигалка билан хатни Азизга бер. Илтимос».

Драгомир конвертдаги иккинчи қоғозни менга узатди.

«Азиз, мени кечиринг. Хайрлашмадим. Шу маъқул. Мен сизга бахт келтира олмайман. Такдирим шундай. Бу ерда ўтказган ажойиб кунларимиз — менинг энг бахтиёр кунларим бўлди, шундай бўлиб қолади. Мени қидирманг. Баъзи-базида шу зажигалкани ёқиб, мени эсласангиз бўлди. Эсдаликка арзигулик бошқа нарса тополмадим. Сизнинг чиғаноғингиз эса, доим мен билан бўлади. Уни қулоғимга тутиб, ҳаётимнинг энг ажойиб кунларини эслайман. Кечалари ҳам ёстиғим тагига қўйиб, уни тинглайман, товушингизни эшитгандек, нафасингизни туйгандек бўламан. Бахтли бўлинг. Анна-Мария».

12

Златни Пясцида ортиқ туролмадим. Ҳар бир тошда унинг изи бордек кўринди, ҳар қадамда унинг овозини эшитгандек бўлдим. Эртасигаёқ Хасковога жўнадим.

Мана, ўшандан бери қанча вақт ўтиб кетди. Ундан битта ҳам хат олганим йўқ. Аммо унинг илтимосини бажармадим. Қидирдим. Орадан бир йил ўтгач, уйидан «адресат кўчиб кетган» деган жавоб келди. Будапешт катта шаҳар, бирон жойга кўчгандир. Ғалати қиз, нега дўстларига тайин жойини билдирмайди? Лили унинг ўша йили аэрофлотдан бўшаганини хабар қилди. Лекин у қаёкда? — Улар ҳам, мен ҳам билмайман. Шундан кейин яна икки марта Болгарияга бордим. У билан борган жойларимизни кўрдим, денгизда чўмилдим, қояда узоқ-узоқ ўтириб, хаёлан уни қучдим, аммо ўзини қайтиб кўрмадим. Ҳар гал папирос чекканимда шу зажигалкани қўлимга олар эканман, капалак умридек қисқа севгимизни эслайман... «Анна-Мария! Соғ бўл, сенга бахт тилайман».