OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎринбой Усмон
Асар номиСанжоб (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ўринбой Усмон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм35KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/02/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Санжоб (ҳикоя)
Ўринбой Усмон

(«Лаҳзанинг ларзалари» туркумидан)

Илиққина, юмшоққина эди сийпалаётган нарса. Йигитчанинг қитиғи келиб, нарироқ сурилди. Илиққина, юмшоқкина вужуд шу заҳотиёқ у томон сурилди ва яна қитиқлай-қитиқ-лай сийпалай кетди. Сийпалади-сийпалади-да, уни қучоқлаб олди. Бирданига аъзои баданини ўнлаб, юзлаб бармоқлар, илиққина, юмшоққина, лекин этингни сескантирувчи бармоқлар қитиқлай кетди. Йигитча кўз очишга уринди, киприклар ажралмади, қўли билан итармоқчи бўлди, тирсаклари биқинига ёпишиб қолганди. Тўсатдан илиққина, юмшоққина нарса беўх-шов, йўқ, фақат беўхшовгина эмас, ёқимсиз, қулоқларинг борлигига ҳам ўкинтирадиган ал-фозда хунук кулди. Кўзлар очилишга интилар, киприклар ажралмасди, қўллар кучини кўрса-тишга тиришар, биқин сира қўйвормасди. «Овора бўлма, болакай, мени кўролмайсан… Чун-ки мен йўқман. Йўқман. Сен йўқ қилдинг мени! Нега билмасликка оласан? Дарров танимай қолдингми? Дарров-а? Бўйнимга арқон солиб, бозорга судраганинг эсингдан чиқдими? Ҳа-ҳа, зиғирча инсоф қолган экан-ку! Танимадим, деб қутулишинг мумкин эди-да. Йўқ-йўқ, ўзингни оқламагин. Йигит деган бундай бўлмапти. «Мен обормоқчи эмасдим, отам қўйма-дилар, охур тўла ем бўлса, еб туриб маърайдиган қўйни йўқот, дедилар?!» Жазо бошига соя солганда бировни қалқон қиладиган одамни жиним суймайди. Сен ўз отангни ўққа тутиб, омон қолмоқчимисан? Касал отангнинг қулоғига маъраганим ёқмай қолиб, эгизак туғадиган бўлса ҳам, сотиб кел, деганида, кўнгли учун хўп дедингу олдимга хашак солдинг, сувни янгиладинг. На хашакка, на сувга қарамасдан маърайвергандим, олдимга келиб, худди одам билан гаплашгандай гаплашдинг. «Сен эсли қўйсан-ку, маърамагин, отам бетоб ётибдилар, маърайверсанг, бошлари қаттиқ оғрийди, ана-ана, гапимга тушундинг-а, эсинг бор, дедим-ку!» Оғзингга қараб бир зум жим қолгандим, гапинг тугаши билан отанг опангга энчи қилган қўзичоғим кўз олдимга келди-ю… «Нега яна маъраяпсан, боланг бўлса ёнингда, уни қара, ҳеч маърамайди, ўшандан ўргансанг бўлмайдими? Ёки иккинчи қўзингни ўйлаяпсан-ми?!» Сен одам бўлсанг-да, мени тушунгандай эдинг. Энди опангникига бориб эгизимнинг кичигини олиб келарсан, дея хурсанд бўлаётгандим. Қаёқда? Барибир одамлигингга бор-динг. Маърашдан тўхтаганимга қувониб, уйга кириб қўлингга китобингни олдинг. Алам қилиб кетди менга. Аллақаёқларда, опасиникида қўзичоғим мени қўмсаб бўзлаб юрса-ю, бу мени алдаб қўйиб, ёнбошлаганича бемалол китоб ўқийверса! Энди мендан кўрасан! Отангнинг боши оғриса-оғрир, нима ишим бор? Неварам хурсанд бўлсин, куёвим қизимга қаттиқ гапиришини қўйсин, дея қўзичоғимни берворди-ку ўзи! Бўлмаса одамлар, жа, ҳиммат қилганларида, узатган қизларига энчига битта бузоқ беришади. Отанг куёвига яхши кўринмоқ-чи-да, бузоққа кўшиб қўзичоғимни етаклатворди. Кошки, ўша куёв деганлари миннатдор бўлса. Ана, қизи кўзининг сувини оқизиб келди-ку! «Яхшиликни билмайдиган одамларга бергансиз мени. «Қурумсоқ отанг ўлай деб турган тиррақи бузоқча-ю мушукдай қўзи билан оғзимни ёпмоқчи бўлдими», деди. Нега кенг ҳовлингизга сиғмай қолдим, отажон? Ўзи пешонам шўр эканми… Онажоним бўлганларида…» Отанг ўшанда пешонасини ушлаб қол-мадими? «Оҳ, она қизим-а, она қизим… Майли, яна пича чида, боланг ҳурмати. Куёв бир кунмас-бир куни ит феълидан тушар. Бор, борақол, жанжал кўтариб юрмасин яна», деди у. Опанг йиғлаб-йиғлаб дарвозадан чиқаркан, отанг бошини чангаллаб ётиб қолмадими? Бил-дингми, энди нега дард тортаётганини? Унга бола азиз бўлса, менга ҳам азиз. Кейин у сотиб кел, деса, арқонлаб, ҳол-жонимга қўймасдан бозорга судрайверасанми? Нима, ўша куни жаҳлим чиқиб турганди, дейсанми? Уришинг, ағанатиб-ағанатиб тепишинг керак эди ўшаларни. Ёнингда қиз бола туриб у гапларга чидадинг-а? Ўшанда улар иккита эди. Иккита-ку, учта бўлганда ҳам уриб ташлардинг. Аядинг. Жанжал чиқмасин, дединг. «Тўйга қачон борайлик, шу ўнинчи синфда қиласилами ё битирув кечасини қўшворасилами? Нега оғиз очмийсан? Тилингни ютвордингми? Ё мум тишлаганларми куёв почча? Маҳалламизнинг ой-дай қизини қўлтиқлаб юроласану, қайниларингга биттагина саломни насия қиласанми?» Муштларинг тугилди-ю… ёнингдаги қиз уларни ёзиб қўйди: «Қўйинг, арзимайди, буларнинг фақат оғзи ботир, қўл кўтаришингиз биланоқ сичқоннинг инини излашади.» Сен улар-га қаттиқ ўқрайдинг-да, индамай ўтиб кетдиларинг. Орқадан яна гап отиб қолишди. Сассиқ-сассиқ… Қизни кузатиб қайтганингда улар йўқ эди. Асабинг бузилиб қайтдинг. Энди шуни баҳона қиляпсанми? Вақтида ора очди қилгин эди. «Қанақа боласан ўзи, бозорга обор, тўрт тангага олса ҳам, сот, қайтариб келма.» «Ота, ўзингиз бу йил ҳам эгизак туғади, дегандин-гиз.» «Ўнта туғса ҳам, керакмас, қулоқ-миямни еворди. Кўп маъраган қўй хосиятсиз келади. Обор, йўқотиб кел! Қайтиб кўзимга кўрсатма!» Ана-ана, барибир отангга тўнкаяпсан-а.?.. Бозорда қўй кўп экан, ҳадеганда, сеникига харидор келавермади, келгани ҳам менга эмас, сенга қарарди-ю, кепак баҳосини айтарди. Туравериб зерикиб кетдинг. Қайтариб кетай, десанг, отангнинг гапи, сотай десанг, харидор йўқ. Бозорқайтиш бўлиб қолганди. Бир маҳал шокосадай кўзлари қип-қизил киши келиб у ёқ-бу ёғимдан ушлаб кўрди. «Сотамизми?» «Сотамиз!» «Етмиш берайми?» Индамадинг. Нима-нима дейсан? Ўшанда қизилкўзнинг арзимаган пул айтаётганини эмас, наҳотки, сени сотворсам, деб ўйладим?! Нега унда бари-бир кўндинг? Харидор аста-аста юз сўмга чиқиб бориб тўхтаганида, «баракасини берсинми», деганида унинг қип-қизил кўзига қарамасдан қўл узатдинг? У одам мени судраб кетаётганда, зорланиб маъровдим, қўлингда пул, қаққайиб қолдинг. «Қанчага сотдинг, бола? Юзга? Ёмон эмас, саҳардан бери ўтирибсан. Агар шу қассоб амакинг бўлмаганда, уйингга қайтариб кетардинг!» Сен бу гапларни айтган одамнинг афтига ҳам қарамадинг. Ортингга чопиб бориб бўйнимдаги арқондан ушладинг. «Ҳа, бола, арқонни қайтариб олиш энди эсингга кел-дими? Иримни биларкансан-а?» «Амаки, мабодо, қўйимни сўйманг. Қорнида боласи бор. Эгизак туғади. Майлими, амаки? Ишонинг менга. Ҳар йили эгизак қўзилайди.» «Мўйловинг чиқиб қолибди-ю, ғирт бола экансан-да, ҳалиям. Баракасини олдингми, бўлди-да. Энди қўй-ни емлаб семиртираманми, кўпайтираминми, сўйиб, гўштини сотаманми, обориб Сирдарёга оқизаманми, буёғи менинг ишим!» Қассоб мени мол-қўйлар ортилган уловга чиқарди-ю, жўнади-кетди. Сен қоққан қозиқдек қотиб қолдинг…

«Ҳаяллаб кетдинг, ўғлим, умрингда бозорни кўрмагандинг, чув туширишмадими, иш-қилиб? Юз сўмга сотдинг? Боя боласини ҳам қўшиб кетсанг бўларкан. Уни қара, илгари маъраш нималигини билмасди, онасини обкетдингу, миямни эговлашни бошлади. Аслида шаҳардаги каталакдек ҳовлида қўй боқиш нимаси? Қишлоқда яшаганимизда қўтон тўла қўй эди. Биттасининг овозини эшитмасдинг. Қўйхона ҳовлининг этагида, чақирсанг, эшитмайдиган жойда. Бетта-чи, шундоққина пешонангда…»

«Ота, қўйни бир қассоб олди. Кўзлари қип-қизил. Уни сўядими энди!»

«Қассоб? Балки сўймас… Йўғ-эй, сўймасов. Боласи борлигини айтдингми? Асли ўзи-ям билар-а… Қассоб бўлса, сўймайди…»

Шунда сал хотиржам тортдинг. Лекин қўзичоққинам онамни топиб берлаб маърай-верди. Ўша тун қандай ухлаганингни билмадинг. Эртаси чала-чулпа нонушта қилиб, ўша қизилкўз қассобни қидиришга отландинг. Сўраб-суриштириб, унинг дўконини топдинг. Навбатда турган одамлар сени дўкон олдига яқинлаштиришмади. «Булар муштдайлигидан ҳаммани босиб-янчиб ўтаман, дейди». «Ҳов бола, навбатда тур, отанг тенги одамлардан уялмайсанми?» «Қассобга гапи бормиш, гўшт керак, деб тўғрисини айт-қўй-да, орага тиқилма, деяпман…» Одамлар ортидан турдинг ҳам. Тарози олдига яқинлашганда ўша қизилкўз «Хўш, оғайни, қанча тортай», дея қўлидаги пичоғини ўйнатди. «Шу пичоғини қўйимнинг бўйнидаям ўйнатса-я, ё аллақачон…» «Мени танимаяпсизми, амаки?» «Сендақаларнинг уруғинг кўп бўлса. Қайдам…» « Ўв бола, бўл тез, оладиганингни ол, экиб қўйган вақтимиз йўқ». «Мен кеча сизга қўй сотувдим». Қассоб ҳайрон бўлиб елка қисди. Одамлар сени нари суришди. Аламинг келди… Кечагина «бор, барака»лаб қўлингни узворайин деган кишининг бугун танимаганга олиши… Бир маҳал қарасанг, дўкон олдида ҳеч ким қолмабди.

«Э, ҳалиям шеттамисан, оғайни. Қўйингни соғиниб қолдингми? Унда нега сотдинг?»

«Амаки, пулингизни олкелдим, қўйимни берсангиз».

«Ҳи-ҳи-ҳи, қизиқ экансан-ку, сал олдинроқ айтмайсанми, бир қадоқ ҳам гўшти қол-мади, ана керак бўлса, калласини ол!»

«Сиз?! Сиз… дарров…»

«Ўлгудек жағи очиқ экан, бўлмаса, бир-икки ҳафта боқиб семиртирмоқчийдим. Нақ қулоқ-миямни еб ташлади. Лекин тўғрисўз йигит экансан. Айтганингдай, эгизак боласи боракан. Сўйиб қўйиб, кункўрмас еримни ўйиб-ўйволдим… Умримда биринчи марта бўғоз қўйни сўйишим. Қара, ҳозирдан қўлим қалтираяпти… Сенга ўхшаш битта шогирд излаётгандим. Мабодо, менга шогирд тушмийсанми? Ие, йиғлаяпсанми? Битта қўйга шунчами? Қўй инсон учун яралган, сену менинг насибамиз».

«Сиз жаллоддан баттар экансиз!»

«Ҳи-ҳи, кўринишинг йигитдай бўлсаям, аслида оғзидан сути кетмаган гўдак экан-сану… Худди кенжа ўғлимнинг ўзи-я… У роппа-роса ўн йилгача оғзига гўшт олмаса-я! Кенжам ўшанда икки яшармиди, икки ярим яшармиди, битта эчкини сўйишга тўғри келди. Қарасам, муштчалари билан уряпти. «Ҳа, той, муштлашгингиз кеп қолдими», дедим. «Шиж момоншиж, ба-ани пих қилдиж. Шиж момоншиж, момоншиж…»! Ё, қудратингдан, гўдак кўзидаям шунчалик қаҳр бўладими? Қарашга чўчийсан. Эркаламоқчи бўлувдим, нари қочди. Шу-шу гўштни кўрса, кўнгли озади, олдимга яқинлашмайди. Уям ҳатто сендайлигида мол сўйсам, кўчага чиқиб кетарди. Биласанми, у ҳозир нима иш қиляпти? Қассоб! Нега анг-раясан? Ишонмаяпсан-а? Мол аччиғи – жон аччиғи, деб эшитгандирсан? Ўғлим иккита бола-лик бўлгандан кейин бошқа ҳовли олиб кетганди. Олдин мен уни ўйласам, у энди ўз жужуқларини ўйлайди. Бола-чақам деб мол-ҳол ҳам қилди. Бир куни кечда уйига қайтса, хотинининг ранги ўчган. «Сигирга бир нарса бўлган. На хашакка қарайди, на кавш қайтаради. Бир жойда қимирламай ётибди.» Ўғлим молхонага кириб, хотинининг ваҳимаси бежиз эмаслиги-ни англайди. Шошиб қўшнисини айтиб чиқади. «Ҳалоллаб олиш керак», дейди қўшни сигирнинг у ёқ- бу ёғини кўриб. У амалланг дегандай қўшнига мўлтирайди. «Умримда чум-чуқ сўйган эмасман, қўлимдан келмайди. Лекин тезда ҳалоллаб олмасангиз, уволига қола-сиз», дейди қўшни. «Сиз қараб туринг, мен отамни айтиб келай, бўлмаса,» дейди ўғлим. «Нималар деяпсиз, жон талвасасида-ку бу, жа нари борса, тўрт-беш дақиқадан сўнг…» Ўғлим сигирга бир қарайди-ю, ошхонага чопиб бориб пичоқ олиб келади. Хириллаётган сигирнинг бўғзига пичоқ тортворади… Тушунгандирсан, унинг нега бундай қилганини? Пули куйган-да. Сигири жон бераётганда, уни сўйса, неча пул сотишини-ю, агар ҳаром қот-са, қанча зарар кўришини тийин-тийинигача ҳисоблаб чиққан. Сўйган сигири мўмай пул бўлгач, олдимга келиб, ёрилиб қолди. Нимаймиш, ота касбини олмоқчиймиш. «Пичоғин-гизни берасиз, ота», деб турволди. Қонида бор бўлгандан кейин, барибир ота касбини қиларкан-да. Уни ёнимга олдим. Ҳозир ўша эчкини сўйганимда муштлаган, ўн йилгача оғзига гўшт олмаган ўша кенжатойим ҳозирда шаҳарнинг энг катта, олди қассобларидан. Сен бола, бу гапларни нега айтганимни тушундингми? Тушундинг… Сенга пул керак бўлгани учун қўйни бозорга олиб чиққансан. Кейин эгизак туғса кўпайиши эсингга келиб, ё ўзбошимчалик қилганинг учун отангдан эшитадиганингни-эшитиб, мени қидиришга тушгансан. Хўш, оғайни, каллани оласанми? Мана у!»

Қассоб пастга эгилиши билан кескин бурилдинг-да, уйга қараб жўнадинг. Оёғингни қўлтиғингга қистиргандайин тез юриб борардинг, лекин чопгинг келарди, гўё ҳозир орқангдан калла етиб келади-ю, қўлингга пичоқ тутқазади: «Бор энди, болаларимни ҳам сўй, бор!» Олдингдан эса, олдингдан муштчалари тугилган, кўзлари тўла ёш болакай чиқади. Унга етай деганингда тисланиб-тисланиб, девор панасига ўтиб кетади. Энди йўлингда бир қўлида пичоқ, бир қўлида пул чангаллаган нотаниш одам кўндаланг бўлади. «Кўрдингми, қанча пулим бор, пичоғимни берайми, сенинг пулинг бундан ҳам кўп бўлади, ма, ма...» Ундан қочаётганингда кўз олдингни қора девор тўсиб чиқади. Тентираб-тентираб, ўз маҳаллангдан эмас, қўшни маҳалладан чиқасан. Кимнидир кутасан, интиқ бўласан. У тезроқ келса-ю, юрагингни очсанг. Ҳозир у келади-ю, пичоқни ирғитворади. Узоқ-узоқларга, қўл етмас томонларга отворади. Тўсатдан хунук қаҳқаҳа ўзингга келтиради. Шундай рўпарангда, уч қадам нарида учта башара тиржайиб турарди. «Почча келибдилар-да, бир мириқиб гурунг-лашарканмиз-да». «Келинг, маҳалламизга сўнгги, тарихий сафарингизни нишонлайлик!» «Биқинларидан дарча очишимизни кутадиларми ёки қуён билан ошна бўладиларми?» Уч башара тиржаяди, таҳқир тошаётган нигоҳлар қизилкўз қассоб қўлида ўйнатган пичоқдай нақ бўғзига қадалади. Башаралар чайқалади, чайқалаверади, учта эди, тўртта бўлди – қизил-кўз қўшилди, тўртта эди, бешта бўлди - қизилкўз қассобнинг бир қўлида пичоқ, бир қўлида пул ўғли қўшилди, бешта эди, олтита бўлди – опасига қўл кўтараётган поччаси қўшилди, башаралар чайқалаверди, кўпаяверди, чайқалаверди, кўпаяверди. Ортиқ ўзингни тутиб туролмадинг. Бир мушт билан битта башарани уриб қулатдинг, оёғингни чалган иккинчи-сини айлантириб тепгандинг, қаёққадир учиб кетди. Қолганлари қочиб қолишди. Мушт егани гандираклаб келиб гарданингга тушириб қолди. У шу лаҳзаёқ яна бир мушт еб қулади. Қулаётиб оёғингга ёпишди: «Маҳалладан изингни қуритаман!» « Қадамингни қирқа-ман», яна бири иккинчи оёққа ёпишди. Оёқларингнги силтаб чиқардинг-да, тепавердинг, тепавердинг… Башаралар кўринмас, фақат ғужанак гавдалар у ён-бу ён юмаларди. Шу пайт кимдир енгингдан тортди: «Наҳотки, сиз… сиз шунчалик раҳмсиз бўпкетдингиз. Чумолига озор бермайдиган инсон… Қўйинг энди… Ё мени алдаб келаётгандингизми?..» « Сен ара-лашма, жоним, буларни тепиш, тепкилаш керак!» Сен аямай тепкилайвердинг, юмалоқ-ёстиқ қилиб тепкилайвердинг. Қиз ялина-ялина сени кўндиролмагач, юм-юм йиғлаганча югуриб кетди..» Сиз – сиз эмассиз, сиз – сиз эмассиз!» «Сиз - сиз эмассиз!» - кейин бу сўзлар маъно-сини англаб етдинг. Ерда юмалаб ётган икки йигитни турғазиб қўйдинг-да, уйингга қараб судралдинг.

Қўзичоғим тинмай маърарди. Сен унга қараб турдинг-турдинг-да, қўл силтаб кўчага чиқиб кетдинг. Қош қорайганда қайтдинг. «Ўғлим!» - чақириб қолди отанг. Овози негадир маъюс эди. «Яна опам йиғлаб келдими», деган ўйда ҳадиксираб отангнинг оғзига тикилдинг. У бошини қийиқча билан боғлаб олган, ёстиққа суянган кўйи киртайган кўзларини каттароқ очишга уринарди. «Қаёқларда юрибсан, ўғлим?» Йўқ, опанг келмаган, ҳеч кутилмаган бош-қа бирон кўнгилсизлик юз берган,отангнинг овози маъюс эди, лекин қандайдир бир бошқа-чароқ. Маъюсликка гина аралашганми, ранжишми… «Нега индамийсан? Оҳ, болам-а, мен сени шунчалик бағритош қилиб тарбияладимми? Эсингдами, «Ота, кўчага юринг, болалар кучук уриштиришяпти, биттасидан роса қон оқяпти, ўлиб қолади», деб келганинг? Оддий-гина қуш, ҳайвонга юрагинг ачийдиган бола инсонга қўл кўтардингми, оёқости қилиб теп-киладингми?» «Дарров арз қилиб келишибди-да. Уларнинг ўзлари мени оёқости қилишди.» «Сен туппа-тузуксан-ку! Ё оёқ-поёғинг синдими? Иккита йигитни қонга белаб ташлабсан. Биттаси белини кўтаролмай ётганмиш. Ҳозиргина отаси чиқиб кетди. Унинг таъна-маломатлари бошимни ёряпти. Зўравоннинг отаси, дейди-я!» «Уларнинг ўзлари мени оёқости қилишди. Олдинлари ҳам…» «Яна битта гапни қайтарасан-а, тўрт мучанг соппа-соғ, туппа-тузуксан-ку!»

«Туппа-тузуксан-а!» Бағриқурт қўйнинг ўпкасига тушса, у сенинг юрагингга оралаганини билмасди отанг. Бутун вужудингни жўлак аямай чақарди. Додлаворгинг келарди. Шундай додласангки, бир лаҳзада ичинг бўшаса. Ич-этингни кемириб ётган ўй-хаёллар олис-олисларга сира қайтиб келмас бўлиб учиб кетса!..»

«Ота, уларнинг ўзлари мени оёқости қилишди, мен тепдим, холос. Опамни, сизни поч-чам оёқости қилгандан баттар муомала қилишди. Мен уларни тепкиладим, холос.». Отанг кўзини ерга тикди, бошини ушлаганча қолди. Олдинлари унинг олдига тиз чўккан, «Ота, сиз-га нима қилди, бошингизни босиб қўяйми, ё аччиқ чой дамлаб келай, ичасизми», дея меҳри-бонлик қилган бўлардинг. Энди қоққан қозиқдек туравердинг. Отанг «е, дунё», деди-ю, ўр-нига чўзилиб, тўшакни бошигача тортиб олди. Туриб-туриб, аламинг келди. «Ота, қассоб қўйимизни сўйибди. Эгизак боласи боракан!» Кўрпа бир кўтарилди-ю, отанг янада қаттиқ-роқ бурканиб олди. Сен индамай қараб турдинг-турдинг-да, ташқарига чиқдинг. Орқангдан эшитилган маъюс товуш жойингда тўхтатди. «Қандай замон бўлди-я? Ўз пушти камарингдан бўлган зурриёдинг таъна-маломатга кўмса-я, заррача аямасдан, отам демасдан! Қариб, кучдан қолаверсанг, ўз болангнинг кўзига ҳам хунук кўринаркансан. Ҳали уйланмасдан шунча-лик, биттасини бошлаб келса, нималар қилса? Эй, қари бошим, устингда чақиладиган тошён-ғоқларга чидаёласанми?!»

«Ҳозир қайтиб кираман. Ота, сиз мен учун энг азиз инсонсиз, ўйламасдан гапириб-ман, сизни бошимда кўтариб юраман, дейман… Йўқ, отам нолиш қиляптилар-ку. Эркак киши!.. Дарвоза ғийқиллаб очилади, ғийқиллаб ёпилади. Сен ўйчан кетаверасан, кетавера-сан. Юриб-юриб, биттагина деразасидан ёп-ёруғ нур сочилиб турган уй олдига келасану, сира нари ўтиб кета олмайсан. Юрмоқчи бўласану, оёқларинг бўйсанмайди, қотиб қолган-дайин. Дераза олдига қандай борганингни, бармоқларинг ўз-ўзидан чўзилиб, ёруғ сочилаётган ойнани чертганингни билмайсан. Бармоқларинг деразага ёпишиб қолади. Кўзларида қўрқувми, ҳаяжонми, қиз кўринганда ҳам бармоқларингни деразадан олишга кучинг етмайди. Сени кўрган қизнинг савол тўлган нигоҳида даҳшат ўйнайди. «Кетма! Сенга айтадиган гапим бор. Кетма! Агар айтмасам, юрагинг ҳозир тарс ёрилади!» Хайрият, бу сўзларнинг тилингга чиқмагани. Уларнинг қанчалар йиғлоқилигидан ўзинг ҳам уяласан, терга ботасан. Нари кетаётган қизни устма-уст дераза чертиб тўхтатасан. Энди қиз нигоҳидан даҳшат арииган, ўкинч қадалиб турарди сенга: «Мен сизни сира бундай деб ўйламагандим. Шафқатсиз экансиз. Гиёҳни эзғилашса ҳам куйинишларингиз алдамчи экан-да. Алдамчи экан-да!» Йигит нигоҳинг шиддат билан ўкинчни тешмоққа уринади: «Илтимос, пардани туширма! Менга бир зумгина қулоқ сол. Қўшниларингни ўзлари мени оёқости қилишди. Мен уларни тепки-ладим, холос. Сен билан гаплашиб олишим керак. Менга нималардир бўляпти. Дунёга сиғма-япман, сиғмай кетяпман. Илтимос, пардани туширма!» Қиз ерга қараганча пардани туширади. Ҳалигина зим-зиё кўчани қувонтирганча сочилиб турган нур парда остига яширинади. Сен умид билан кутасан. «Ҳазиллашяпти, ҳозир деразани очворади». Уйда чироқ ўчади. Зулмат аро тентираб-тентираб, ноилож уйга қайтасан.

Отанг шарпангга илҳақ ётган эканми, остонадан ўтишинг биланоқ шивирлаб чақиради. «Келдингми, бу ёққа кир, ўғлим!» У авзойингга қараркан, хавотирланади. «Ёнимга ўтир, ўғлим! Кетганингдан бери ўйланаман. Нега тўсатдан бунчалик ўзгариб қолдийкин, дейман. Билсам, айб менда экан. Лекин мен қўйни қассоб олишини-ю, касбига иснод келтириб, дар-ровгина сўйиб сотишини туш кўрибманми, ўғлим! Аммо одам деган Исанинг ўчини Мусадан олмайди. Жаҳлинг чиққанда, шайтонга ҳай бериб, астағфурулло, десанг, тамом, ўтади-кета-ди». «У мени «сиз – сиз эмассиз», деди. «Гапирсанг-чи, бундоқ, қон қилвординг-ку! Бўлар иш бўлди, энди минг ўйлаганинг билан ўрнига тушмайди. Лекин инсон кўнглини олиш қийин. Эртага фурсат топиб ўша болалардан узр сўра. Оталарига ўзим тушунтираман, йигит-чиликда бўлади, ўзларингни бошларингдан ўтмабдими, бир ўзига уч киши ёпишгач, ҳеч нарса кўзига кўринмапти, ҳозир пушаймон, дейман. Катта бошимни кичик қиламан…» «Йўқ, ота, улар мендан узр сўрашсин!» «Уҳ!.. Сенга нима бўлган ўзи? Одам бир кечадаёқ шунчалик ўзгарадими? Сен қулоқсиз бола эмасдинг-ку.» «Мен – мен эмасман!» «Нима-а? Бу нима деганинг?»

Илиққина, юмшоққина нарса минглаб бармоқлари билан йигитчанинг бошини чим-чилар, у тўшакдан у ён-бу ён тўлғанарди.