OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎрхон Камол
Асар номиБезори (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўрхон Камол
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲикоят Маҳмудова
Ҳажм29KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Безори (ҳикоя)
Ўрхон Камол

Истамбулда баҳор бўлмайди!

Истамбулда олти ой қиш, олти ой ёз бўлади. Баҳор — бу қишга улоқиб кирган ёз зарраси бўлсада, ажабтовур ёруғлик ҳамда илиқликка эга. У худди чақиндек қиш зулматини парчалаб, қор пардасини супуриб ташлайди, лаҳзалик бахти эвазига қишга ўрин бўшатиб беради. Ўшанда ҳам янада бадқовоқ кунлар шамол, ёмғир ва лойгарчилиги билан олдинма-кетин судралиб ўтаверади.

Истамбулда баҳор бўлмайди!

Апрелнинг ўрталари эди. Кундуз кундан кейин ёздагидек иссиқ ва нурафшон, бир тутам қиш зулмати янглиғ қош қорайди. Осмонда юлдузлар чарақлади. Истиқлол хиёбонидан авто ҳамда троллейбуслар оқими тўхтовсиз ўтиб турар, баъзи-баъзида кўча посбонларининг кескин хуштаги эшитилиб қоларди.

Хиёбоннинг ўнг томонидан Тақсим майдони йўналишида бир йигитча кетиб борарди. У оёқ яланг бўлиб, чилвир билан танғилган шимининг жулдури чиқиб кетганидан почаси худди шокилага ўхшаб осилиб ётарди, Йигитча бу шимни Ҳарбия мавзеидаги ахлатхонадан топиб олганди. Бундай топилдиқдан севиниб кетган йигитча далва-далваси чиқиб, калта бўлиб қолган шимини ечиб, ахлатга отиб юборди. Кўйлак деб аталувчи увадаси эса ифлослигидан худди клёнкага ўхшаб кетганди. Унинг йиртиқларидан ўсмирнинг қорача танаси шундоққина кўриниб турарди. Иигитчанинг патила-патила, ювуқсиз узун сочлари елкасигача осилиб тушганди. У на Бойўғлидаги данғиллама уйларга, на авто ҳамда троллейбуслар оқими тўлдириб ўтаётган Истиқлол хиёбонига, на йўлка бўйлаб шундоқ ёнгинасида кетаётган одамларга эътибор берарди. У хиёбоннинг икки томонида худди тоғ тизмаларидек тизилган баҳайбат уйлару нурафшон, кўркам витриналарни пайқамаётгандек эди. У муштумига қисиб олган сигарета қолдиғини жон-жаҳди билан чекканча, мана шу гунг, лоқайд ҳамда худбин оламнинг баҳайбат уйларига, кўзни қамаштирувчи витриналарига, мўйнаю бахмалга ўралган тамтам аёлларига, бениҳоя рашк қилган қиёфада хонимларининг қўлидан ушлаб хўмрайиб бораётган эркакларига гўё тупурмоқчи бўлгандек паға-паға тутун чиқарарди.

У қора ҳошияли қимматбаҳо сигарета қолдиғи тутунини ичига тортганча ўзининг яланг оёқларига қарадида, алам билан хўрсиниб қўйди. Унинг оёқлари бақувват ва чайир эди. Агар, ҳатто Бетон оғанинг ўзи ундан мана шу сигарета қолдиғини тортиб олмоқчи бўлса, оёқлари уни фалокатдан қутқариб қолиши аниқ.

Ҳа-а, Бето-о-он! Бир калла қўйиб, икки мушт туширса, тамом-вассалом! Бир марта эса Бетон оға бир мушт билан қандайдир норғул кишини ер тишлатиб, қамоққа ҳам тушиб чиққанди.

Йигитча яланг оёқларини ҳамон шахдам ташлаганча кетиб борарди. Сигарета қолдиғи бармоғини куйдирганди, у болохонадор сўкинганча уни отиб юборди. Зар ҳошияли сигарета қолдиғи учқунли ёй ясаб шундоққина ёнгинасида гўзал хонимни қўлтиқлаб кетаётган олифтанинг локланган туфлисига бориб тушди. Олифта жулдурвоқига еб юборгудек ўқрайиб қаради. Агар ёнидаги ҳамроҳи бўлмаганда, жулдурвоқининг роса адабини бериб қўйган бўларди. Йигитча қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида:
—Ҳа, намунча кўзингни пахтасини чиқармасанг?!— деб ўшқирди.

Йўловчи ҳайратдан донг қотиб қолди: ялангоёқ, пах-моқ соч безори Олло таоло номидан садақа сўраш ўрнига ўзини ҳаёсизларча тутяптия!

Йигитча чирт этиб тупурдида:
— Бор, аравангни торт!— деб тўнғиллади.

Мана шу дақиқада у худди Бетон оғага ўхшаб кучли эди. Бир калла қўйиб, икки мушт туширса, тамом-вассалом! Кейин нима бўлади? Бетон оғага ўхшаб қамоқхонага тушадими? Ундан баттари бўлмайдими, унга бари бир. Қамоқхона бўлса нима бўпти? Бетон оға нари борса уч ой ё олти ой ўтирдида, яна айшини қилиб юрибди. Ҳозир апрелнинг ўрталари, уйларнинг буғ иситгичлари ишламай қўйган, қамоқхонада эса айтишларича, печкалар майнинг охиригача ёқиларкан, қорнинг ҳам тўқ бўлади. Боз устига, Бетон оға ҳикоясича, у ерда папиросга ошиқ ўйнашаркан. Қамоқда энг муҳими: ўзингни қандай тута билишингда. Шундай қилиш керакки, одамлар сендан қўрқиб турсин. Бетоноға нима қилибди денг? Қамерага олиб киришганда уни аристонлар бўлар-бўлмасга ўртага олиб, турткилашаверишибди. Қараса, бўлмайдиган. Бетон оға бир калла қўйиб, икки мушт туширибди! Шундан кейин ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб олибди.

Бировнинг ғами эрта кириб, кеч чиқади, деганларидек, у кимнинг ҳам эсига келардию, ким ҳам у ҳақда қайғурарди? Қариндошлариданку — ҳе, онасини эмсин! фойда йўқ. Ота-онасию хола-тоғалари, буви-бувасию ҳаммаси бир гўр, ҳеч кимнинг у билан иши йўқ. Умуман, ҳозирги одамларга ҳам ҳайрон қоласан: кунига беш марта минорадан азон айтиб намозга чақиришади, черковда қўнғироқлар чалинади, одамлар тўп-тўп бўлиб мачит, черков, синагогларга боришади, яна шундай оломон бўлганча мачит, черков, синагоглардан чиқиб келишади. У ерганимага боришади? Рамазон, ҳайит ёки бошқа байрамларда одамлар ҳаво шари учиришади, болаларга пушти, бинафша, кўк, сариқ рангли кўйлаклар кийдириб ясантириб қўйишади, болалар ҳам роса яйраб олишади. Кейин рамазон ҳамда бошқа байрамлар ўтгач, яна одатдаги олачалпоқ кунлар бошланади. Ёмғир ёғиб, шиддатли шамол уй пиромонларини узибюлқийди, ёмғир аралаш парча-парча қор ёғади, изғирин кучаяди. Қор ёғиб, изғирин забтига олган, дийдираган Истамбул шалаббо бўлган вақтидаги кунлар қандоғам яхши эди! Ушанда ҳамма уйлардаги қозонхоналар ёқиларди подъездлардаги батареялар ҳам чунонам иссиқ бўларди. Ҳовури кўтарилиб турган батареяга Бетон оға савлат тўкиб ўтириб оларди, кейин эса Эрол Уч Қарта, Демир Твист, Али Анқов ва бошқалар ҳам папирос қолдиғига пирра ўйнашдан чарчаганларида иссиқ батареяларга ўтириб олишарди. Ҳозир-чи? Батареялар совуқ, қозонхоналардаги олов ўчган, э, ҳаммаси онасини эмсин!

Истамбулда баҳор бўлмайди!

Истамбулда олти ой қиш, олти ой эса ёз. Апрелда печкаларни иситишни тўхтатишади, ахир, апрелнинг кўп қисми қиш қарамоғида шамол-бўрон, ҳўл қор, ер яхлайди. Фақат бу билан кимнинг неча пуллик иши бор? Бетон оға, Эрол Уч Қарта, Демир Твист, Али Анқовни демасак.

Эрдални «Абидик-Губидик» филмини кўришгач, Ўзтурк—ҳақиқий турк деб атай бошлашди. «Яшаси-и-ин!» дея ҳайқирганча у кино қаҳрамонларига худди қуйиб қўйгандай тақлид қиларди. Твистга тушгандаку, ҳамманинг оғзи очилиб қоларди! Ахир, бу ҳақда киночилар билишадими? Эҳ, агар улар Эрдали Ўзтуркга рол беришганда эди, у қотириб ташларди-я! Тунги пистирмадаги гангстер ролини беришганда эди! Масалан, у баҳайбат уйнинг орқасида ўтириб олиб, уч бармоқ орасидан ҳуштак чалса борми, ҳатто полиция машиналарини ҳам издан чиқариб юбориши ҳеч гапмас, агар издан чиқазолмаса ўзини нақ ўликдай ерга ташлайди!

«Ўлай агар қарсаклардан зал босиб тушмаса!

Лекин бу ҳақда киночиларга гапириб кўр-чи? Уларга фақат ўзларининг Ойша ҳамда Пари каби гўзалларини суратга туширишса бўлгани. Xорижий филмлар бўлса бошқа гап! Эҳ, агар Америкада бўлиб қолсам эди. Сен нимага куляпсан, Уч Қарта! Алдаяпти, деб ўйлаяпсанми? Ёки эшитмасдан, теварак-атрофга аланглаяпсанми?»

Бирдан у киночиларни ҳам, хорижий филмларни ҳам, Уч Қартани ҳам, умуман, ҳамма нарсани унутиб тўхтаб қолди. Унинг олдида каттакон тунги ресторан, тўғрироғи, қандиллар шуъласига чулғанган, атрофида эркагу аёллар ўтирган ҳамда йўқ ердаги нарсалар уйиб ташланган стол қўйилган рестораннинг ўзи ҳам эмас, фақатгина ана шу рестораннинг витринасигина турарди, холос. Унинг эътиборини жалб қилган витрина ё бўлмасам, у ерга кўз-кўз қилиб қўйилган овқатлар ҳам эмас, балки ўткир ошпичоқ билан қоқ ўртасидан иккига бўлинган улкан балиқ эди. Мазкур балиқ денгиз махлуқига ўхшарди — у буни ё кинода, ёки кечасилари Бетон оға ўқиб берадиган расмли китобда кўрганди. Денгиз, йиртқич махлуқ, пароход. Малласоқол капитан, матрослар. Бир вақтлар борлиқ қандай гўзал бўлган-а! Қароқчи кемалар! Қароқчи кемалардаги юнгалар.

Мана шундай кемалардан биронтасида юнга бўлишга жони жаҳонини беришга ҳам тайёр эди. Қорнинг тўқ, трюмда иссиқ ўрин. Бирдан ярим кечада — тревога чинқириб қолади! Душман кемаси! Қароқчилар уларни абордажга олиб, худди «Темир ниқоб» филмидаги каби барча команда аъзоларини ханжар билан чавоқлашгач, капитаннинг қўл-оёғини боғлаб трюмга ташлашади. Тун. Ғалабадан маст бўлган қароқчилар донг қотиб ухлаб қолишади. Шунда у, худди «Темир ниқоб»-даги бола каби оҳиста ўрнидан туриб, асир капитан боғлаб ташланган арқонни ечади. Лекин қочишдан олдин палубага керосин шимдирилган латталарни ташлаб қароқчи кемани ёқиб юборишади. Кема қоп-қора денгиз қаърида ёрқин шуъладай ловиллайди! Кейин капитан хазинасини кўмиб қўйган кимсасиз оролга боришади. Улар бойликларни қайиққа ортиб, каттакон портга етиб боришади. Бу ерда улар кема сотиб олишлари керак. Қапитан худди «Темир ниқоб»даги каби уни кемани қўриқлашга қолдириб, револвер берадида, ўзи байроғига бош суяк ҳамда суяклар тикилган қароқчи кемалари сотиб олиш учун кетади. Лекин мана шу вақт портда қулоғига исирға таққан қандайдир ёвуз, маст-аласт, қўпол, ярамас кишилар ўралашиб юришган бўлади. Улар бу қайиқнинг оддий қайиқлардан эмаслигини фаҳмлаб қолиб, болани тутиб олиб яширин зиндонга ташлаш, ҳамда қайиқни эгаллаш учун бостириб кела бошлашади. У қайиқни ўраб олишаётганини кўриб туради ва қароқчилардан ўзини муҳофаза қилиш учун отиши лозимлигини ўйлайди-ю, қўлида револвер бўлишига қарамай, қўрққанидан гангиб қолади. Xудди шу вақт аллақаёқдан ўқ овози эшитилади. Қулоғига исирға таққан қароқчилар бирин-кетин қоп-қора, ифлос сувга қулай бошлашади. Болани порт соқчилари ўраб олиб, қўлига кишан солишади:— қамоқ! Xўш, нима қипти, қамоқ бўлса қамоқда! Ахир, Бетон оға ҳам у ерда ўтириб чиққанку, бир ери камайиб қолгани ҳам, ўлгани ҳам йўқ. Кунлардан бир куни кечаси иссиқ батареяда ётиб, уйқугакетиш олдидан у шундай деганди: қамоқхонада печкалар бутун апрел давомида, ҳаттоки майнинг охирларигача ёқилади, қориннинг ғамини емасанг ҳам бўлади, ошиқда хоҳласанг пулга, пул йўғида эса папиросга ўйнасанг ҳам бўлаверади.

Йигитча хўрсинди. Унинг қаршисидаги ресторан витринасида — каттакон балиқ, ток баргидан қилинган дўлма, қип-қизил памилдорилар, куйдирилган қўй оёғи, буйрак, жигар, кўк салат.

У йўлкага тупурди. «Агар қамоққа тушиб қолсанг,— дерди Бетон оға,— ҳеч нарсадан қўрқмаслик керак. Бир калла қўйиб, икки мушт туширсанг, тамом-вассалом! Бирорта аҳмоқроғини боплаб адабини бериб қўйсанг, қолганлари ўз-ўзидан ипакдай мулойим тортиб қолишади. Кейин еганинг олдингда, емаганинг ортингда, деганларидек, худди пошшодай давру даврон сураверасан!»

Унинг назари олдинги столда ўтириб каттагина бўлак гўштни саранжомлаётган думалоқ бағбақали, бақалоқ амакида тўхтади. «Мана буни гўшт десалар бўлади! Нега менга кўзини олайтиряпти, бу бақалоқ? Костюм билан галстугини ечиб, сочини тап-тақир қилиб олиб, қулоғига исирға тақиб, қароқчиларга ўхшатиб кийинтириб қўйсанг, тап-тайёр «Темир ниқоб»даги қароқчи бўлади-қўяди. Эҳ, юнга ролини ўйнашни менга топширишса эди, ўлай агар!— зал қарсаклардан қоматга келарди.»

Кундузги чироқ билан ёритилган ресторан деразасининг рўпарасида ўтирган бақалоқ амаки жулдурвоқига бақрайиб қараб турарди. Бир вақтлар унинг ўзи ҳам мана шундай безори бўлиб, апрелнинг совуқ кунларида тош кўчаларида оёқ яланг юрар, кийимлари ҳам худди шу йигитчаникига ўхшарди, ресторан ойнаси орқали кавшанаётган хўрандаларга оч кўзлари билан тикилиб қарарди. У ҳам отасиз, онасиз ҳамда хола-аммасиз ўсди-ю, лекин бари бир одам бўлиб етишди. Сув, қандолат сотди, дастёрчилик, ҳаммолчилик қилди. Султонахматда ёнғин бўлганда эса, Расим Черкешли билан ўғирлик қилди, кейин ўғирланган моллар билан Мачки, Шишли, Ҳамалбошида беркиниб юрди. Бу ерда уни тутиб олиб, боплаб адабини беришди. Шундан кейин ўйлай-ўйлай гарданини қашидида, катта йўлга чиқиб олди. У йўлтўсарлик қилиб одамларни тунар, босқинчилик қиларди, баъзан ўзи ҳам биқинидан пичоқ еб қоларди-ю, лекин ўз улушини қўлдан бой бермасди. Қаерда? Қандай қилиб? «Э-е, ўтган нарсаларни кавлаштиришнинг нима ҳожати бор? Асосийси, ҳозир нуфузли одамман, пудратларим бор, конторам ҳаттоки Савдо палатасида ҳам қайд қилинган!»

Хўранда бир кўтаришда қадаҳни бўшатди-да:
— Гарсон!— деб бақирди.

Бошдан-оёқ қора кийинган официант югуриб келди:
— Xизмат, бейим?
— Ҳов анави ярамасни ҳайдаб юбор! Кўряпсанми, ойна олдида қаққайиб турибди.

«Ярамас? Ҳали шунақами? Xўш, агар ярамас бўлган тақдирда ҳам, унга нима? Унга нима ёмонлик қилди, айби нима?»
— Ҳой, йигитча, қани, туёғингни шиқиллатиб қол-чи «Нега? Нима учун? Мен ахир сизлардан овқат сўрамаяпман-ку? Манави нусхани қулоғида исирғали қароқ-чи сифатида тасаввур қилганим билан осмон узилиб ерга тушмади-ку?»
— Сенга айтяпман, жўна бу ердан!
— Нега ҳайдаяпсан, оға? ЙОКИ мен унинг гўштини еб қўйдимми?
— Кўп валдирайверма!

Официантнинг кулгиси қистади. У энди боланинг олдига бормоқчи бўлиб турувдиямки, уни бошқа одам ориқ, қизил галстук тақиб, силлиқ таранган эркак/ чақириб қолди:
— Гарсон!
— Лаббай, бейим?
— Болани нега ҳайдаяпсан?

Савдо палатасида қайд қилинган собиқ ўғри унинг жиғига тегиб жавоб қилди:
— Xоҳишим— шу!
— Шу? Шунақа денг! Нега энди?
— Унинг кўриниши кўнглимни айнитяпти!
— Аҳ-ҳа, демак, уни кўрсангиз кўнглингиз айнияптими?
— Нима, сенга ёқмаяптими, тўнка?
— Нима-а-а? Сиз тўнка дедингизми?
— Бўлмаса кимсан, бемаъни?
— Сен отангни сансирагин, тентак! Менинг кимлигимни биласанми?
— Нақ Олло таолонинг ўзимасмисан, ишқилиб? Менга деса худо бўлмайсанми, бари бир чумолидек эзиб ташлайман!

Салфеткалар ғижимланиб столга ташланди. «Ҳе, онангни сени! - Ҳой, қумкапиликлар! Еникапликлар! Оқсарой, бу ёққа кел! Саматя! Едикуле!..» «Қани, Атика, Явузсалим Эдирнеканларнинг адабини бер-чи, бизникилар билан ўйнашиб бўлмаслигини кўрсатиб қўйинглар-чи!» «Малта, Фотих, Ункапи, Шишхона буёққа!»

Ҳавода муштлар дўлайди, столлар тўнкарилди, бокаллар, стакану графинлар синди, вилкаю қошиқлар полга улоқтирилди
— Швейсар!
— Полиция! Швейсар!Полиция!

Ҳаммаси худди кинодагидек бўлди. У ресторандаги муштлашувни қандайдир, номини эсдан чиқариб қўйган кинода кўраётгандек ҳис қиларди. У хурсандлигидан нафаси бўғзига тиқилиб қолай дерди: «Ур, урсанг-чи!

Вой анавини-ей, бўшашма! Сол уни, оға, боплаб ада-бини берсанг-чи! Эҳ, бир вақтлар Ойхон Ишик қандай муштлашарди-я! Э йўқ, ўшанда Эшреф Колчак эди, шекилли. Ана муштлашуву мана муштлашув бўлгандида, ўзиям!»

Полициячилар, квартал қоровуллари чопиб келишди муштлашганлар ҳамда рестораннинг бошқа хўрандалари, официантлари — ҳаммадари биргаликда полиция участкаси томон йўналишди. Йигитча ҳам уларга эргашди. Ахир, муштлашув у туфайли келиб чиқдида! Ҳозир участкага боришгач, ҳақиқатанам ҳаммаси шундай бўлдими, деб сўрашади, шунда у ғурурла кўкраккериб: «Ҳа» деб жавоб беради. Шундан кейин уни қамаб қўйишармикан? Ишқилиб, қамаб қўйсинларда. У ерда печка майнинг охиригача ёқилади, хоҳлаганингча овқат ейсан, ошиқ, қарта. Xудо бераман деса ҳеч гапмас, энди яшаса бўлади! Бугунку кўча иссиқ, эртага қарабсанки, об-ҳавонинг авзойи бузуқ. Уйларнинг иситгичлари ишламайди, батареялар совуқ, уларда исиниб бўпсан. О-о-оҳ! Қамоқ, қамоқ, қамоқ.

Лекин, муштлашув иштирокчилари полиция участкасига киришаётганда полициячи болани қўлидан ушлаб қолди.
— Сен қаёққа кетяпсан? Қани, жўна бу ердан!
— Ахир, оғай.
— Тезроқ жўна, кимга айтяпман?

«Ахир, бу қанақаси бўлди, оға? Наҳотки, шу адолатдан, қонунан бўлса? Ахир, мен майгача маза қилиб қамоқда ўтириб чиқишим мумкин эдику! Иссиқ овқат, ошиқлар. Папирос қолдиғи бўлса ҳам майли, мен розиман. Тфу, жин урсин, яна омадим келмади-да!»

Полиция участкаси эшиги олдида яна бошқа полициячи пайдо бўлди. Бола бошини эгганича унга яқинлашди.
— Полициячи амакижон, ҳой, полициячи амаки.

Ахир, муштлашув мен сабабли чиқди. Мени қамоққа ўтказиб қўйинг!

Полициячи унинг ёнидан бепарво ўтиб кётди. У боланинг гапларини эшитдими ё ўзини эшитмаганга солдими — худо билади.

— Тфу, жин урсин, ҳаммаси қўшмозор бўлсин! Наҳотки, бу мамлакатда ҳеч қандай қонун қолмаган бўлса! Ҳаттоки, қамоққа тушишга ҳам имкон беришмайдия! Ўша ерда ҳеч бўлмаса қишни ўтказиб олсайдим!