OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎрхон Камол
Асар номиЭнг муҳими, нон!.. (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Турк адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўрхон Камол
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонҲикоят Маҳмудова
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Энг муҳими, нон!.. (ҳикоя)
Ўрхон Камол

Вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Шифт таккинасидаги бирдан-бир лампочка хонани ғира-шира ёритарди. Ойтан ҳафталик газетага берилган рекламаларга тикилган кўйи чорпояда ётарди. У босма сатрларга қанчалик тикилмасин, бари бир ҳеч нарсани кўрмас, ҳолбуки, худди шу саҳифада номининг ўзиёқ қизларнинг юрагини орзиқтириб юборадиган ашёлар реклама қилинган эди. Бунда ип ва жундан тўқилган, одми сатиндан тикилган, расмли ҳамда расмсиз нархи ўн бешдан етмиш лирагача бўлган жимжимадор қўлқоплар; етмиш бешдан уч юз лирагача бўлган кумуш ҳамда олтин суви юритилган упадонлар; билагузугу тароқлар; тақинчоғу мунчоқлар; кечки туфли-ю ботинкалар; сумка-ю кечки кўйлаклар; чепчигу, орлону жун ҳамда нейлондан тўқилган свитерлар, кофталар; юзга ишлатиладиган гриму киприк учун тушлар; Идиш-товоқ, гулдону қанддонлар, керамика хуллас, ҳамма-ҳаммасидан бор.

Ойтан иловани қўлида ушлаб турса ҳам унда нималар ёзилганини кўрмасди. Шундай қилиб, бошқа иложи йўқ: мактабни ташлаб ишга кириши керак. Ҳадемай пивохонадан отаси маст-аласт келадида, одатдаги дийдиёсини бошлайди: «Жонга тегдиларинг, бадбахтлар! Ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди! Ахир, неча бор сенларга айтдим: иш йўқ, сенлар бўлса тушунишниям истамайсанлар! Мени тириклай гўрга тиқмоқчимисанлар? Ўлиб-нетиб қолсам борми, дарров ишга югургилаб қолардиларинг. Сенга айтяпман, ҳой хотин, ишга кир. Қизимизам ишласин.

Демак, мактаб билан хайрлашишга унинг навбати келганга ўхшайди. Унинг кўпгина тенгдошлари биринчи синфга йиғилганларида қанчалик шўх-шодон ва беғам-беташвиш эдилар-а! иш дея мактаб билан хайр-маъзур қилишга мажбур бўлгандилар.

Ҳамма орзулари чиппакка чиқди энди унга на мактаб, на медицина институти, на врачлик дипломи насиб қилади. Келажаги номаълум ҳаёт бошланади. Чўнтакда ҳемирисиз, аянчли, ярим оч ҳолдаги тирикчилик. Гавжум кўчалар ҳамда хиёбонлар бўйлаб дайдиб юриш. Шундоққина ёнгинангдан ғизиллаб ўтаётган автомашиналар оқимига қараш. Буларнинг ҳаммаси сен учун эмаслигини биласан ҳам. Орзуларингнинг сароблигини, ҳеч вақога ҳаққинг йўқлигини тушунасан. Оч қолмаслик учун дугоналарингга ўхшаб мактабни ташлаб, трикотаж фабрикаси ёки бошқа бирон жойга ишга киришга мажбурсан. Онаси неча марта кўз ёши тўкканча: «Отангга қулоқ солма, қизалоғим, мактабни ташлама, хоҳиш ва иқтидоринг бор экан, ўқийвер. Бугун биз бормиз, эртага худо подшо!» деб унинг қулоғига қуярди.

Қиз жаҳл билан реклама варағини итқитиб юборди.

Худонинг берган куни дадаси онасини қистовга олиб қаерга бўлмасин кирчими, ё пол ювадиган бўлибми ишга жойлашиб олишини талаб қиларди. Қиз шўрлик беҳисоб жанжалу ғидибидиларни эшитавериб неча-неча кечаларни қон йиғлаб ўтказганди. «Ҳой хотин, отанг прокурорлиги вақтида сурган давру давронларинг тугади энди, деб гап бошларди дадаси кўпинча, — сен айтган толлар аллақачон кесилиб кетган. Xомтама бўлма.

Ҳа, мана шунақа.» «Ҳой, дадаси, ҳеч бўлмаса қўшнилардан номус қилсангизчи. Шундоғам бизларни бутун оламга абтар-дафтар қилиб юбордингиз!» «Абтар-дафтарларингга тупурдим!» «Мен эсам тупурмайман! Қизимиз катта бўляпти, ахир, ҳеч бўлмаса ўз пуштикамарингиздан бўлган қизчангизнинг келажаги ҳақида ўйласангиз бўларди!» «Мен тўғримда ким бош қотирганди, хўш? Менинг келажагим ҳақида ким қайғурганийди? Бўйнимга тўрва халта осиб кўчага ҳайдаганларида ўн беш ёшга ҳам кирмагандим. Менга осон тутасан, шекилли? Ё мен одаммасмидим? Ўқишни хоҳламаганмидим? Ўқиб, касб-ҳунарли бўлиб олган оғайниларимни кўрсам, ич-етимни мушук тирнайди! Менга биронтасининг раҳми келдими ё ночор вақтимда ёрдам бердими?» «Унда уйланиб бола-чақа орттиришнинг нима ҳожати бор эди?» «Ғунажин кўзини сузмаса, буқа арқонни узмайди. Узингку китоб ичига ўлдим-куйдим деб, ишқий мактублар солиб берган. ЙО ёлғонми?» «Бас қилинг!» «Нега бас қиларканман? ЙО тағин қўшниларингдан чўчияпсанми?» «Қизимиз ҳали ухлагани йўқ, эшитиб қолади! Номус қилсангиз-чи!» «Эшица эшитаверсин! Бу уйланиш менга қайси ҳузур-ҳаловат учун керак эди? Тағин, келиб-келиб, манман деган прокурорнинг қизига уйланишни менга ким қўювди! Менга оддий хизматчи қиз ҳам бўлаверарди! Бир биримизга ёрдам берардик, уялиб ҳам ўтирмасдик, таъна-маломатларга ҳам ўрин қолмасди!» «Ҳақиқатанам яхши бўларди. Ўтган ишга саловат, энди обидийда қилишнинг ҳожати йўқ!» «Нимаси кеч экан, ҳалиям тузатиш мумкин. Қизингнинг ўқимишли бўлишини истасанг, пол ювишгами, кир ювувчиликками, ошпазликками ёки хоҳлаган жойингга бориб ишла! Мени унут! Қизинг ҳақида ўйла!» Xудонинг берган куни шу аҳвол.

Ойтан кўрпага ўралиб юм-юм йиғлаганча, бу жанжалларни эшитиб ётарди. Кўчада қор ёғар, бўрон қутурар, шамол ойналарни тарақлатарди. Кейин баҳор бошланарди. Уйда эса ҳар кеч даҳанаки жанг давом этарди. Онанинг бўзарган юзи жиддий тус олган, худди иситмалаётгандай йилтиллаган кўзлари остида теран қора кўлагалар пайдо бўлганди. Бод ва юрак хасталигидан заифлашиб қолган аёл бировларникида пол ювувчи, кир ювувчи, ошпаз ёки тикувчи бўлиб қандай ишлай олсин?

Эшик тақиллади. Ойтан ўрнидан сакраб туриб, эшикни очишга шошилди. Остонада жаҳлдор, хом семиз, қип-қизил юзлари шишган отаси турарди. У ҳатто қизига қиё ҳам боқмай уйга кириб келди. У ўзининг бутун турқ-таровати билан шу тарзда гапираётгандай бўларди: «Наҳот, унга, пенсионерга, пивохонада ўтириш ҳуқуқи ман этилган бўлса? Уйдагилари рўзғорни тебратиб турганда борми!»
— Бундан буён ишлар пачава, деб неча бор айтдим, дея у одатдаги дийдиёсини бошларди.
— Нафақа юқ ҳам бўлмайди. Эҳ, қани энди ҳамма оила аъзоларингни, ўғил-қизларингни йиғиб тергаб ишга жўнацанг! Уйга ҳам дарҳол қутбарака кирарди. Ҳа, энг муҳими, нон!

У аллақачон дастлабки сариқ рангини йўқотган, йиртиқ-ямоқ, лойбалчиққа беланган ботинкасини ечдида, оғир қадам ташлаганча зинадан кўтарила бошлади.
— Аввал таом, сўнгра калом! Билим олиш, ҳунар егаллашнинг ўзи бўлмайди. Бир товуққа ҳам сув, ҳам дон керак. А, лаббай? Ҳа, аввало нон, ундан кейин ҳар хил мактаблар. Ҳамма билан муроса қиладиган, ҳар қандай гапга ҳа, баракалла, деб турган даврларим ўтиб кетди. Энди икки қўлимни бурнимга тиқиб ўлтиравера-ман. Ё раббим! Пичоқ бориб суякка тақалди-ку. Ортиқ бу тарзда яшашга қодир эмасман. Ўлганимдан кейин қизим врач бўлганидан менга нима фойда? Ўзига ўхшаш врач ёки аптекачига тегади-кетади-да?! Уҳ! Дармоним қолмади-я!

У ҳозиргина қизи ётган чорпояга чўзилди. Ойтан бир пайтлар, кичкинтойлигида қиладиган одати бўйича унинг ёнига келиб ўтирди. У қўлини отасининг елкасига қўйдида, мулойимгина суйкалди. Бирдан отанинг кўнгли юмшаб, қизнинг қуюқ қўнғир сочларидан силади. Уйга қайтаётиб янги жанжал чиқариш учун бутун дунё-ни, шу жумладан, хотини, оиласи ва албатта, хотинининг отаси прокурорни ҳам астар-пахтасини ағдариш ниятида дилига тугиб қуйган барча дағал сўзларию ҳақоратлари ҳам эсдан чиқди.
— Дадажон, мен мактабдан кетмоқчиман.

У худди шапалоқ егандай бирдан бошини силкитди.
— Нега энди кетаркансан?
— Ишга киряпман.
— Қаерга?
— Трикотаж фабрикасига. У ерда дугоналарим иш-лашади. Айтишларича, аввалига маош озроқ бўларкан, кейинчалик, иш ўрганиб, тажрибам ортгач эса. Биласизми, улар билан бирга ишлашимни эшитиб, шунақаям суюниб кетишдики! Эртага эрталабдан борадиган бўлдим.

Икки гапнинг бирида, она-бола ишлашгандагина уйда фаровонлик бўлиши мумкин, деб таъкидлайдиган ана шу жоҳил одамнинг қалбида нимадир титраб кетди. У ўкинч, ҳатто афсусланиш ҳиссини туйди. Томоғига бир нарса тиқилгандай нафаси қисилиб, кўзида ёш айланди,
— Xотин! Ҳой хотинжон!—бўғиқ овозла чақирди у. Кўпикли қўлини кир пешбандига артганча, баланд бўйли, озғин, рангпар аёл унга яқинлашди.
— Гапиринг, қулогим сизда.

У: «Биласанми, қизимиз ишга кирмоқчиймиш?»—демоқчи бўлди-ю, лекин индамади, агар ҳозир оғиз очиб бир нарса дейдиган бўлса, йиғлаб юбориши аниқ эди. Эр-хотин бир-бирларига сассиз тикилиб қолишди. Ойтан ҳамон, аввалгидек, отасининг ёнида ўтирганча унинг бармоқларини ўйнарди. У хайрлашиши лозим бўлган мактаби ҳақида, айниқса, энг севимли химия дарси ҳақида ўйларди. Xимия, биология, математика. Эртанги кунга анча дарс берилганийди. Агар ҳозир ўтириб дарс тайёрлай бошласа, ярим кечада тугатиши ҳам амримаҳол. Xимия ўқитувчиси унинг мактабга келмаганини эшитиб роса ажабланса керак ўзиям. Математика муаллимичи?! Ойтан мактабга келмабди? Йўғ-е, иссиғи қирқ даражага кўтарилиб турганда ҳам дарсларни қолдирмайдиган ўша Ойтан-а? Бўлмаган гап! Касал бўлиб қолганида ҳам қанча қисташмасин, у бирор мартаям мактабдан уйига кетмасди! Ёпирай, шу қиз мактабга келмадими, деб росаям ҳайрон қолишса керак. Уқитувчилар доим у билан фахрланишарди! Ахир, биология ўқитувчиси уни ўқишни давом эттириб, албатта, доктор бўлишга кўндирмаганмиди. Севимли муаллими ҳамда ярим хароба кулбада умрининг охирги дамларини кечираётган етмиш ёшли қўшниси Ҳадия хола унга катта умид боғлашганди. Агар қўшнилар ҳолидан хабар олиб, ўтину кўмир, кийим-бошидан тортиб овқатигача галма-галдан ташиб туришмаса бечора кампирнинг шўрига шўрва тўкиларди. Ойтан ҳам тез-тез ундан хабар олиб турарди. Югуриб келиб: «Ҳадия бувижон!»—деб чақирарди. «Ҳа, чироғим»: «Доктор бўлганимдан кейин, сизни албатта касалхонамга олиб бориб оёғингизни тузатаман». «Илойим айтганинг келсин, қизалоғим!» «Яп-янги оппоқ кофта, янги туфли олиб бераман». «Уша вақтга бориб мени эсингдан чиқариб юборасан, бўталоғим». «Ҳечам эсимдан чиқармайман, Ҳадия буви, худо ҳаққи рост, гапиряпман!» «Эсингдан чиқарсанг-чи?» «Агар эсимдан чиқарсам кўр бўлай бувижон!» «Ундай демагин, бўталоғим! Душманларимизнинг кўзлари кўр бўлсин. У вақтда эсингдан чиқарсанг ҳам, мени ҳозирги кунда эслаб турганингнинг ўзи кифоя».

Ташқарида яна ҳаво айниган: шамол аралаш ҳўл қор ёғяпти, ҳаммаёқда лойгарчилик. Ойтан бирдан бугун Ҳадия бувиникига бормаганлигини эслаб қолди.

Чорпоядан сакраб туриб, ошхонага чопиб кирдида, ясмиқ ёвғонидан товоққа солиб, бир бўлак нон, озроқ туз, катта бош пиёз олволди. Энди унга отаси билан онасининг нима ҳақда гапираётганлари бари бир эди. У шитоб билан уйдан чиқдида, худди шамол билан қувлашмачоқ ўйнагандай, ўқдай учиб Ҳадия бувининг кулбасига отилиб кирди. Кампиршо нимдошгина қуроқ кўрпага оёғини ўраганча, икки букилиб оловда исиниб ўтирарди. Афтидан, қўшнилардан кимдир яқингинада кўмир олиб келиб манқални ёқиб берган шекилли. Кекса аёлнинг фикрлари узоқ ўтмишда айланиб юрарди.

У бундан эллик йил аввал Истамбулдаги худди бугунгидай совуқ, бўронли тунни эслаганди. Зейрекнинг чекка маҳалла-кўйларидан биридаги пештоқи ўймакор улкак ёғоч уйни хотирлади. Ўшанда у ғунчадаккина эди, эрталабдан кечгача тиним билмай пиллапоядан юқоридан пастга югургани-югурган эди, эрталаб эса тонг ёришар-ёришмас на қор, на совуқни писанд қилмай булоқдан сув олиб келгани борарди.
— Ҳадия буви, бу ёққа қаранг, мен келдим! Ойтаннинг овозини эшитиб, кекса аёл хаёл дарёсидан шўнғиб чиққандай бўлди.
— Xуш келибсан, бўталоғим!
— Нима ҳақда ўйланиб қолдингиз?
— Узим ҳам билмайман, аввалги ҳаётим ҳақида эслаётгандим.
— Ясмиқ ёвғон, нон ва топингчи, яна нима олиб келганимни.
— Пиёздирда?
— Ҳа, топдингиз!
— Раҳмат, сенга, қизалоғим. Бу дунё-ю у дунё Олло таоло сени ёрлақасин.

Ойтан энгашиб овқатни кампирга яқинроқ сурди, кейин нон билан пиёзни ҳам қўйди. Ҳадия буви қизнинг қўнғир сочли бошини меҳр билан қучоқлаб, ёноқларидан ўпди.
— Ойтан, қизалоғим, қандай қарорга келганимни биласанми? Сен доктор бўлмагунингча ўлмасликка аҳд қилдим. Қутаман. Доктор бўлишингга яна неча йил бор.
— Саккиз.

Ҳадия буви бармоғини букиб санай бошлади, бу вақтга келиб у етмиш саккизга кираркан! Ўша кунларга ета олармикан? Тағин саккиз йил яшай олармикан? Ҳа, майли, бу ҳақда ўйламаслик керак. Қизни хафа қилиб, умидларини пучга чиқаришнинг нима ҳожати бор.
—Сенинг касалхонангни супуриб-сидириб тозалайман, беморларга қараб тураман, сен бўлсанг, оёғимни даволайсан, кейин қанд касалимни, ошқозонимни.

Ойтан кўз ёшларини зўрға тийганча, одатдагидек:
— Албатта, албатта!—деб жавоб қилди.

Кейин у кулбадан отилиб чиқдида, қор ҳамда халқобларни босиб уйига чопиб кетди.