OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎтам Мирзаёр
Асар номиКуёв (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ўтам Мирзаёр
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм42KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2010-йил, 11-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Куёв (ҳикоя)
Ўтам Мирзаёр

Зафархўжаев домла тилидан илинди. Ўзимизга ўхшаган-да. Хотини Флорахоним билан суҳбатлашиб ўтириб, бир-икки шогирдини мақтаб қолди:

– Бунақа шогирдлар ҳеч кимда бўлмаган, улар ишимнинг давомчилари, шу пайтгача ўттиз нафар шогирд тарбияладим, аммо булар бошқача-миллатимиз бойлиги! Ҳар бири икки, уч хорижий тилни билади. Компютер техникаларини-ку ўзлари яратгандек бузиб, тузишади, – энди хотиржамман, – деди сўлиш олиб, ғурур билан.

– Ҳиҳ, падумаеш, хотиржам бўлишга бало борми, – дея даъфатан шанғиллади Флора. Сўнг, лабини буриб, чақчайганча эрига тикилиб кўнглидагини тўкишда давом этди: – Динарага куёв топишни қачон ўйлайсиз? Шогирдларим, шогирдларим дейсиз нуқул. Қирқ икки ёшингизда кўрган қизингиз-а! Пешонангизда бори шу, – у ўтирган жойида белига чап қўлини тираб, ўнг қўлининг кўрсатгич бармоғини ҳавода ўйнатиб, овозини хириллагунича қўйиб дона-дона қилиб таъкидлади, – Бўй... етиб...қолди! Бундоқ, унинг тақдирини ҳам ўйлаш керак. Тўхтанг-тўхтанг, шогирдларингиз орасида пичоққа илинадигани борми ўзи? Ҳаммаси ҳам ўзингизга ўхша¬магандир-а?!

Зафархўжаев гап нимадалигини англаб, довдираб қолди. Йўқ деса, мақтаниб қўйди. Бор деса, бечоралардан бирининг шўри қуриши турган гап. Флоранинг ҳижжакилашига қараганда астойдил киришганга ўхшайди. Ишқилиб, бўлажак куёв ҳам ўзига ўхшаб кафедрада ётиб юрмасайди. Эй, Худойим-эй, бу нима кўргилик-а? Бу хотинда ор борми ўзи?

Зафархўжаев катта чинни бакалини кўтариб, юмшоққина шиппагини шиппиллатиб, мункайганича лапанглаб, хонаси томон бораётганди, Флорахоним чаққон ўрнидан туриб, мушукдай ялтоқлана бошлади.

– Менга қаранг, домлажон, шогирдларингизни бир кўрсатмайсизми-а?

– Нима қиласан уларни, – деди эри зорлангандай,- бизга тўғри келмайди. Бировининг уйи йўқ, бошқасининг пули. Илмнинг орқасидан қувиб юрган гўдаклар-да.

– Нима қилибди. Ўзингиз авлиёмидингиз. Сизни одам қилган мана мен, – у ҳалигина ҳавода қиличдай ўйнатиб турган бармоғини кўксига қадади, – мен бўлмаганимда... ух, неблогодарний одамнинг хуниги, эсингиздан чиқибди-да, а? – деди важоҳат билан чўзиб.

Хоним шу даражада ғазабланган эдики, ҳатто унинг асабий хатти-ҳаракати белидан пастига ларзон солди.

– Қўйсанг-чи.., – чол қўл силтаб, йўлида давом этди.

Аламдан Флоранинг кўзлари қисилди. У кўзини очишни ҳам унутиб, телефон гўшаги томон интилди. Чап қўлида гўшак, ўнги билан телефон дафтарини варақлай-варақлай рақамларни теришга ҳам улгирди.

– С. С. С. Собиров, мана, ҳозир сўраймиз... – Ало, Сапар Назарович! Ваалайкум ассалом, хизматлар билан чарчамаяпсизми укажон? – деди у айёрона, – домлангиз билан суҳбатлашиб ўтириб, бир фикр каллага келди. Шогирдларингиздан тузукроғи борми? Вой ўлай, ундай деманг, домлангизнинг шогирдлари сизникиям, ўша жулдурвоқиларни оёққа қўйиш учун озмунча меҳнатингиз сингаяптими. Бундай, пичоққа илинадигани бўлса, дегандим. Қаердан бўлиши шарт эмас, одам қилиб оламиз. Мақсадми? Кейин айтаман. Йўқ, лавозимга эмас, бўш жой йўқ-ку оповси, шахсий масалада. Юборайми, дейсизми. Яхши бўлардию, аммо уларнинг ҳаммасини бирор баҳона билан тўплаб, бир-бир солиштириб, кўрсам, танишсам, девдим-да. Бизникидами? Йўқ, керакмас, юборманг, дастурхон, чой-пой дегандай. Меҳмон кутадиган аввалги қувватим йўқ, укажон, майли, бир иложини топинг, хайр.

Илиб қолган чойни ижодхонасида ҳўплаб ўтирган домла эшик тирқишидан хотинининг шаҳдини кўриб ўрнидан турдию кирпидек у ёқдан бу ёққа ғимирлаб бориб кела бошлади.

Киришган ишини охирига етказмаса кўнгли тинчимайдиган бу жодугар бир балони бошламасайди. Энди лўттибоз Собировни қўлга олади.

Собировга Илмнинг «и» ҳарфи ҳам бегона. Ҳар йили бир-икки такасалтангни ўқишга тиқиб кун кўради. Эшикдан ҳайдасанг тешикдан бош суқади. Хуфя режалар бобида Флоранинг иттифоқдоши. Стратегияни Флора белгилайди, амалиёт Собировники. Имтиҳон пайтида гаплашилганларни «бункир» қилиш, «шатакка олиш», яна алламбало усулларни ўйлаб топганлар ҳам шулар. Флора барча қалтис ишларини ана шу лўттибоз Собиров орқали битиради.

Ярамас Флора! Домла ҳадемай нафақага чиқади, ўрнига сизни тавсия этамиз, деб уни умид билан қўрқув орасида сақлайди. Ўл, аҳмоқ, ишониб юрибди. Флорага эса гаҳ деса қўлига қўнадиган ана шундай югурдак куёв керак. Чол ҳаммасини билади. Аммо кеч. Бирор чора кўра олмайди.

Шу шогирдида адашди-да! Туппа-тузук мақолалар ёзиб юрарди, кейин билса, улар «чанглатилган» экан. Бир куни унинг таъзирини бермоқчи бўлиб, номзодлик иши учун манба бўлган китобларни тўплади. Қаршисига ўтқазиб олиб, аямай тузлади. Охири вужудидан совуқ тер чиқиб кетган Сапарвой: «Домла, одамдан одам туғилганидек, китобдан китоб туғилади-да» деб туллаклик йўлига ўтди. Бирор чора кўришга кечиккан домла унинг илмий иши кунлари деярли тилини тишлаб юрди.

Илмий кенгаш домланинг ҳурмати учун Собировнинг ишини қабул қилди. Бу нуқсонларга Зафархўжаевдан бошқа ҳеч ким аҳамият бермади. Домланинг одам бўлиб қилган гуноҳи шу. Шу-шу ундан кўнгли совиган. Ўша кезлари Флоранинг йўл-йўриғи билан раҳбариятга одам қўйиб, катта ўқитувчи ҳам бўлиб олишга улгурди. Вақт олий ҳакам, деган ақидага амал қиладиган Зафархўжаев унинг катта ўқитувчи бўлишига ортиқча монелик қилмади.

Бора-бора у домлага сездирмай орқаворатдан ҳам иш битирадиган қилиқ чиқарди. Пул гапирганда ҳақиқат жим туради, дегани шу бўлса керак-да! Афсус!

Домла ўзини Флоранинг қолипига тушиб қолганини жуда кеч билди. Авваллари ҳаммаси рисоладагидек эди. Домла навқирон, бир сўзли, шижоаткор, бутун умрини иқтисодиёт илмига бағишлади. Ғамхўр домлалари қуршовида етимлигини ҳам унутди. Илмий ишини ёқлаганидан сўнг домла Камроновнинг хотини Зубайда ая унга оналик қилди – ўзи бош бўлиб, узоқ қариндошининг ўтириб қолган қизи – Флорага уйлантирди.

Зафархўжаевнинг бошқа иложи ҳам йўқ эди. Ёши ўттиздан ошган, чўнтагида номзодлик дипломидан бошқа ҳеч вақоси йўқ. Ётоқхонама-ётоқхона кўчавериб жонига теккан эди. Уйландию суяги тинчиди. Бутун кучини илмий изланишларга бағишлади. Зубайда аянинг маслаҳати билан Флоранинг ота-онасидан қолган ҳойҳотдай коттежга кўчиб ўтди. Флорахоним ҳам шундай талантли эрга тегиб, юзи ёруғ бўлганидан хурсанд. Анча пайтгача ёшлигида етишолмаган даврини суриш учун фарзанд орттирмай юрди. Кап-катта хотин бўлганида яқинларининг қийин-қистови билан қизчалик бўлди. Ўша дамлардагина домла Зафархўжаев ҳақиқатдан ҳам бахтли эди.

Хотини бир-икки йил уйда ўтириб зерикди. Ҳар хил машмашаларни ўйлаб топадиган бўлди. Ҳаётдан орқада қолиб кетяпман, ишга кираман деб хархаша қилди. Танишлар эрининг ҳурмати учун уни банкка ишга жойлаб қўйишди. Бу орада Зафархўжаев онасидай ғамхўр, маслаҳатгўйи Зубайда аядан айрилди. Аядан сўнг домла Камронов ҳам узоқ яшамади. Шундай қилиб, Флорани тергаб турадиган ҳеч кими қолмади. Флора эса бу пайтга келиб эрининг ҳурматидан фойдаланиш ҳадисини олган, катта охурнинг мазасини татиб улгурганди. Зиёфатлар, тантаналар, ҳашам кийим-кечаклар, зебу зийнатлар – буларнинг ҳаммаси учун жарақ-жарақ пул керак бўларди. Домланинг нархи эса улардан ҳам қиммат эди. Флора ана шу бебаҳо ёмбини қучоқлаб ётган мор эди.

Домла иш билан овора бўлдими ё пешонада бори шу экан-да дедими, ҳар ҳолда хотинини жиловлашга куч ҳам, журъат ҳам топа олмади. Умуман, қаттиққўллик унинг табиатига зид эди. Айниқса, хотин кишига. Олманинг бўшини қурт ейди, дегани шу бўлса керак-да!

Домла, қизи Динарани қанча яхши кўрмасин, Флора ўйлаганидек, шогирдларидан куёв қилиш нияти йўқ. Бунинг устига қизини куёвга беришдан кўпроқ Флора манфаатдор – эр қарияпти, унга эса «бўладиган» куёв керак. Куёвнинг орқасидан керилиш, иложи бўлса уни каттароқ лавозимга ўтқазиб қўйиб, бир умр эъзозу эътиборда айшини суриш Флоранинг азалий орзуси.

Яқинда институт бўйича «Ёш тадқиқотчи» клуби аъзоларининг маърузалари тингланади. Ҳой-наҳой, Собиров Флорани хабардор қилади. У эса, бир нарсани баҳона қилиб, куёв танлашга боради. Вой ярамас..!

Зафархўжаев эрталаб кафедра эшиги олдида Абдурашидни учратди.

– Ўғлим, бир дақиқа вақтингизни оламан.

– Марҳамат домла, қулоғим сизда, – деди Абдурашид қўлтиғига қисиб олган китоб-дафтарларига тартиб бериб.

– Шу десангиз, сизни бир-икки ҳафтага Зарафшонга юборсак, нима дейсиз?.

– Майлику-я домла, анжуман куни маърузам бор-ку!

– Биламан, маърузангиз билан танишдим, яхши. Ҳаммаси жойида. Лекин мўлжаллаб қўйган ўта муҳим ишларимиз ҳам йўқ эмас. Зарафшонда бир корхонанинг ишлаб чиқариш суратини таҳлил қилиш керак бўляпти. Ўсиш суратларини илмий асослашимиз зарур. Юқоридан шундай топшириқ олганмиз. – У кўрсаткич бармоғини тепага қаратди. – Ўзим бора олмаяпман. ўрнимга сизни юбормоқчиман. Жуда муҳим топшириқ. Келажагингиз учун ҳам яхши бўлади. Қолаверса, тажриба орттирасиз.

– Домла, балки, анжумандан кейин...– деди нафаси ичига тушиб. Шу дам ўзини илмда рақобатлашиб юрган дўстларидан енгилиб қоладигандай ҳис этди.

– Шошилманг, ўғлим, ҳали маъруза қилишга хўб улгирасиз. Бу гал бўлмаса, бошқа сафар. Бемалол бориб келаверинг. Ҳа айтгандай, уйдагиларни ҳам кўриб келасиз. Ҳужжатларни эртага бераман. Раҳбарият билан келишиб қўйганман. Биздан отангизга салом айтинг.

Абдурашид домланинг раъйини қайтара олмасди. Унинг «ўзимнинг ўрнимга»дегани кўнглини сирли ўртаб ўтди. Ажабтовур фикрлар кун бўйи оромини бузиб юрди. Нусха кўчириш учун қолдирган «Иқтисодда мувозанатнинг бузилиш оқибатлари» мавзусидаги маъруза матнини олиб, бир нусхасини кенгаш ҳайъатига қолдиргач, ётоғига кетди.

Одамзод пешонасига ёзилганидан қочиб қутулмас экан. Абдурашиднинг Зарафшондаги ишлари бир зумда битди. Қайтаётиб, уйига киришга ҳам улгурди. Ота-онасидан хабар олди. Ҳамма ишлар жойида. Кўнгли тоғдай бўлиб, кенгаш ўтадиган куни ғоздай керилиб Тошкентга етиб келса бўладими?

Домла Зафархўжаев ўз кабинети ёнида Абдура–шидни кўрдию томоғига қилтиқ тиқилгандек, ғалати бўлиб кетди. Унинг сафарда қилган ишлари юзасидан берган ҳисоботи ҳам қулоғига кирмади. «Ўзингдан кўр, бола», дегандек бир ола қараб, хонага кирди. Домланинг кетидан соядай эргашиб юрадиган Собировгина унга ёқимли муносабатда бўлди. Маърузасини мақтади. Иккинчи ё учинчи бўлиб минбарга чиқасан, дадил бўл, деб ғайратлантирди.

Абдурашиднинг юрагида доимгидай биринчи бўлиш иштиёқи ёлқинланар, шусиз ҳам ёд бўлиб кетган маърузасини орқа ўриндиқда варақлаб, жангга шай шердай ғўддайиб ўтирарди.

Йиғилганлар орасида хотин-қизлар ҳам анчагина эди. Уларнинг айримлари олдинги қатордаги юмшоқ ўриндиқлардан бирида кўзида қора кўзойнак, бир қоп бўлиб ўтирган Флорахоним билан «чўлпиллашиб» кетарди.

Ҳайъат раиси маърузачиларни номма-ном минбарга таклиф этди. Собиров эса Флоранинг биқинига қапишиб, агентлик фаолиятини бошлаб юборганига анча бўлганди. Маърузачиларнинг кийинишидан тортиб, нотиқлигигача, бўйи-бастию... хуллас ҳамма ўлчамлари таҳлил этилмоқда...

– Келажагини ўзимиз яратамиз, Худо хоҳласа, – деди ая Собировга. Аммо кимнинг келажагини ўзлари яратишини айтмади муғомбир.

Бу орада Флорахоним сувилондай буралиб, домлани олдига солиб, «Бухорога ўтаётиб», Абдурашиднинг отаси Нафас тоғани ҳам бир неча марта «зиёрат» қилиб қайтди. Гап орасида отага ўғли ишончли қўлларда, шахсан домла Зафархўжаевнинг қўл остидалигига шаъма қилди, Зартепанинг қатиғини мақтади, хуллас, Абдурашиднинг қариндошларини ўзига ром этиб қайтди. Ўғлининг муваффақиятидан Нафас тоғанинг боши айланиб, ғурури ошди.

Бир йил давомида домла-шогирдлик фалсафасининг охири Динарани севиб қолиш билан якун топди. Анча сўзамол, узоқни кўра биладиган, катта- кичикка бирдай ёқадиган Абдурашид Нафасовни уйланиш борасида ҳеч ким аҳдидан қайтара олмади. Унинг ақл кўзини ё аёл зотининг макри, ё шуҳрат тожининг ёғдуси басир қилиб қўйганди. Ҳа, хом сут эмган банда-я!

Дунёда шунақа ишлар борлигини Нафас тоға ҳам ўйламаган экан. Ноилож рози бўлди. Афсуски, Зафархўжаевнинг хатоси такрорланди. Бунда домланинг заррача айби йўқ.

Магистрлик иши мавзусини тасдиқлатиб олгач, Абдурашид олдида тўй масаласини ҳам бир ёқлик қилиш истаги пайдо бўлди. Зартепа – Тошкент ўртасидаги қатновлардан сўнг асъасаю дабдаба билан уйланиш компанияси бошланди. Бироқ барча ҳаракатлар қанча тез бошланган бўлса, шунча тез ва кутилмаганда сустлашди.

Ҳамма ишлар келин-куёвнинг тўйдан кейин қаерда туриши масаласига бориб тақалгач, орқага кета бошлади. Тўйнинг барча харажатларини ўзим ҳал қиламан, сиз аралашманг, деб керилган Флорахоним мум тишлаб олди.

Хуллас, навбатдаги учрашувларнинг бирида Динара Абдурашидни Чилонзор метросининг шундай ёнидаги кўпқаватли уйлардан бирига бошлаб борди. Учинчи қаватдаги икки хонали шинамгина квартирада ҳеч ким йўқ эди. Қизнинг дафъатан ёлғиз жойга андишасиз бошлаб келиши бўлажак куёвнинг кўнглида шубҳа уйғотди. Билагидан ҳам ушламаган қиз билан ёлғиз қолиш йигитни бироз эсанкиратди.

– Бунча шалвирайсиз, – деди Динара ҳали хаёлини йиғиб улгурмаган қайлиғининг бўйнига осилиб. – Мана шу уй энди бизники. Тўйдан кейин шу ерда мазза қилиб яшаймиз. Ойимлардан бизга совға. Қалай, сизга ёқдими? Яқинда иккаламиз учун атайлаб сотиб олдилар:

– Нега энди? Бизникида турмаймизми? – деди ажабланиб куёв.

– Қаерда? Қишлоқдами?

– Нима қипти? Тошкентда ҳам тўй қиламиз, қишлоқда ҳам. Тўйдан кейин чилламиз чиққунича у ерда турамиз, кейин ўқиш тугагунича бу ерда, – деди Абдурашид кўнгли ғашланаётганини сезиб шалвирабгина.

– Ундан кейин-чи?

– Ундан кейинини вақт кўрсатади.

– Чилла-пиллангизни қўйинг, Абдурашид ака, ойим эшитсала хафа бўладила. Биласизми? – деди Динара чимирилиб, сўнг қандайдир сирли хабарни айтишга чоғланди. Аммо бирдан шашти ўзгарди.

– Нимани? – деди Абдурашид овозини баландлатиб. Энди у ўзини анча тутиб олган, жиддийлаша бошлаганди.

– Ойим сизни жуда яхши кўрадилар, уларни хафа қилманг, илтимос. Тўй ўтгунча нима десалар хўп денг. Қолаверса, биттаю битта қизман, ўлиб қолсалар ҳам бунга рози бўлмайдилар.

– Эй, нима, мен ичкуёвмидимки... Йўқ-йўқ, бунақаси кетмайди. Ҳозироқ бу масалани бир ёқлик қилиш керак. Ижарада турсак, турамизки, бу ерда турмаймиз. Мени шунчалар орсиз, деб ўйлаяпсизми?

Динара Абдурашидни ҳарчанд тинчлантиришга ҳаракат қилмасин, уддасидан чиқа олмади. Не-не умидларда қаллиғини хилватга бошлаб борган Динара оқшомнинг оёғида сувга бўккан булкадай уйига кириб келди. Ойисига бўлган воқеани айтиб, кўз ёши қилди.

Ҳозироқ ётоқхонага бориб, ялангоёқ куёвнинг тонобини тортиб қўймоқчи бўлган Флорани қандайдир куч тўхтатиб қолди. У узун уф тортиб, столга ўтириб олди.

Домла Зафархўжаев эса шунга ўхшаган муаммолар кўндаланг бўлишини биларди. Чунки шогирди унақа йигитларданмасди.

Гап уқмас Флорахоним инсоф, диёнат бобида анча тарбияланадиган бўлди. Ишқилиб бола синмасин-да! Бир хиёл домла Абдурашидни ёнига олиб, насиҳат қилсаммикан, деб ўйлади. Аммо ғурури йўл қўймади. Аралашмай қўя қолди. Вақт – олий ҳакам! Абдурашид ҳам одоб юзасидан кўзга ташланмай қўйди. Флора билан куёв орасида Собиров чопар.

Вақт эса ўтиб борар, илмий ишлар билан овора бўлиб, ётоқхонанинг тўртинчи қаватидаги хонада қоғозларга кўмилиб олган Абдурашиднинг ҳузурига Флорахонимнинг хос элчиси Собиров домла келиб-кетавериб чарчади. Бир куни Динаранинг ўзи келди.

– Розиман, сиз нима десангиз шу, – деди кўзида ёши билан.

Онаси шундай ўргатган эди. Қизни ўз измига бўй- сўндирганидан кўнгли ўсган Абдурашиднинг шу орада мансаби ҳам ўсиб қолди. Ёш бўлишига қарамай, кафедрага етакчи мутахассис лавозимига таклиф қилинди. Диплом ҳимоясидан кейин тўй ҳам бошланадиган бўлди. Тўйдан олдин ундоқ қиладурман, бундоқ бўладур, деб керилган Флорахоним эл кўзи учун аввал Талабалар шаҳарчасидаги кафеда камтаргина, кейин қишлоқда тўй ўтказишга қарор қилди. Муборак бўлсинга хотин-халаж, қўни-қўшни йиғилди, дегунча Флорахоним тўтидай битта гапни такрорлайди: «Тўйни каттароқ ўтказайлик, эл кўзига камтарроқ бўлгани яхши, домлага гап тегиб қолмасин...»

Бир ўзи тўй ташвиши билан у ёққа, бу ёққа югуравериб, Флоранинг юраги доғланиб кетди. Эр жониворнинг сўлиган савлати жигарини эзди. Куёвидан ололмаган ўчини тўйдан кейин домладан олиб, шу доғни «ўхшатиб» ювишни дилига тугиб қўйди. Аммо шу кунларда тўйнинг ташвиши бир ўзига қолиб кетгани боис, кўзини шашт билан қисганича, каловланиб, «ух, неблогодарний одамнинг хуниги», дея у хонадан бу хонага зувиллаб бориб келиб юрибди. Қариндош-уруғсиз тўй қилиш осон дейсизми?! Собиров бечора мардлиги тутиб: «Сиз тўйни бошлайверинг, хизматни мана, мен қилай-да» деб керилган эди. Ўйламай гапирган оғримай ўлар, деганидек, хотини билан эртадан то шомга қадар шунча ҳаракат қилмасин, тўйнинг ташвишини адо қила олмаяпти. Ҳали униси кам, ҳали буниси...Флорахоним масаланинг бу жиҳатини ўйламаган экан! Шундай кунларда ёнида турадиган маслакдошлари, ака-укаси, жонкуяр синглиси бўлмаганидан ўксиди. Ёлғизлик алами дилини кесди. Аммо ичига ютди...

Мана тўй ўтганига ҳам уч ой бўляпти. Очиғини айтганда тўй машмашаси бошланганида калаванинг учини йўқотиб, қочгани гўр тополмай қолган Флорахоним энди унинг қандай ўтганини эслаёлмай ўтирибди.

Қўни-қўшнилар қараб туришмади. Орият кучлилик қилди. Униси у ёқдан, буниси бу ёқдан дегандай Флора гангиб қолганида жонига оро киришди.

Шу кунларда чолу кампир ҳамёнини олдирган лўлидай бир-бири билан дам аразлашиб, дам ярашиб кунни ўтказишмоқда.

Вақт самарасиз ўтгани сайин Флорахоним сиқилиб кетяпти. Бу ёқда Чилонзор метроси ёнидаги қизига атаб олган уй ҳам ҳувиллаб ётибди. Куёв жонивор ҳеч кимнинг гапига кирмайди. Лоақал кўнгли учун «Ойижон, овора бўлибсиз-да» ҳам демади. Одамни шарманда қилиб, ижарада яшаяпти. Шуларни эслагани сари хонимнинг ичагигача ачиб кетади. « Ўргилдим ғурурингдан! Ҳали бурнингдан тўқамни ўтказиб олай, кўрсатаман сен галварсга. Кимнинг орқасидан одам бўлиб юрганингни билмабсан ...» деган фасодли ғазаб аввал миясининг орқа томонини жазиллатиб, сўнг кўзининг гардишини ачиштириб, қорачўғида ўтдай яшнади. Хоним шундай дамларда йўлиққанни еб-ютишга тайёр арслондай ҳурпайиб кетади. Жойида соатлаб қилт этмай ўтиради.

Ҳозир ҳам ойнаванд айвонда куз офтобининг тафтига тобланиб, заҳар тўплаб турганида бир нуқтага тикилиб турган кўз қири шарт очилган дарвозага тушди. Вақт пешиндан ошганди. Собиров илжайиб, ўзи учун қадрдон бўлиб қолган таниш хонадоннинг таниш эшиги тутқичига шаҳд билан қўл чўзди.

– Оббо, – деди хоним эшиттирмай.

– Ассалому алайкум аяжон!

– Ваалайкум ассалом, келинг Сапаржон, бормисиз, – деди Флорахоним тўйдан чарчаб чиққанга йўйиб, одамнинг раҳмини келтирадиган оҳангда инқиллаб, унинг елкасига қўл учида қоқаркан. – Ўзингизнинг чарчоғингиз чиқдими, укажон, келиним тузукми? Барака топинглар, сизлар бўлмасангиз нақ абжағим чиқар экан, раҳмат ўргилайлар, раҳмат, яхшиликларингга қайтарай! – У ёнидаги ўриндиққа имо қилди.

– Раҳмат, аяжон, раҳмат. Сиздан ҳеч ёмонлик кўрмаганмиз. Қўлимиздан келганича-да!

Аяси Собировнинг бундай таниш ялтоқланишидан хиёл ҳушёр тортиб, хушламай турди. Шунчаки хабар олгани келмагандир, ё, тўйда қилган хизматлари эсдан чиқмасдан бирор нозикроқ илтимос билан келган.... Ё...

– Ая, суюнчи беринг, – деди Сапарвой ортиқча чўзмай ялтоқланиб.

– Нима гап, биров ишдан кетдими? – деди Флора муҳим янгиликдан тезроқ хабар топиш учун қулоғи нақ Сапарвойнинг бурнига теккудек беўхшов энгашиб. Шу дам унинг қоши, ҳам кўзи ҳам бирваракайига бир неча марта учиб тушди.

– Ҳеч ким ишдан кетгани йўқ,, – ёйилиб илжайди Сапарвой, – аксинча, куёвингизни ишга таклиф қилишяпти.

– Вой, қаерга, оғзингизга мой, нега мен билмайман?

– Юқорига, – Сапарвой бош бармоғи билан тепага имо қилди, – юқоридан сўрашяпти. Ишхонада ғала-ғовур гап. Газетада чиққан мақоласи катталарга ёқиб қолибди.

– Ростдан-а?! Яшшамагурнинг ўзи ҳам бало-да! Гап-сўзлари бирам ботир. Буни қаранг-а? Қаерга экан?

– Билмаймиз, домлаям яқинда эшитдилар. Эрталаб ректорнинг нақ ўзлари характеристика ёзибди. Проректор ҳам, декан ҳам халлослаб тавсифнома ёзиб юришибди. Сир тутишяпти. Хуллас, ҳаммамиз ҳайрон. Сиз биларсиз, деб келувдим.

– Эртами-кечми шундай бўлишини билардим, – деди ая сўлиш олиб. – Аммо бунчалик тез ниятимга етаман, деб ўйламагандим. – У ичидан қисиб келаётган қувончини яширишга ҳаракат қилиб, илжайди. – Абдурашиджоннинг ўзлари биладими? – у ёнидаги телефон гўшагини қўлга олиб, рақамларни боса бошлади.

– Билмаса керак, домла ҳам, мен ҳам қўнғироқ қилиб боғлана олмадик.

– Жавоб бермаяпти. Динара-чи? Униям телефони ўчиқ.

– Шошманг, ая, керак бўлса топишади. Аввал қаергалигини билайлик.

– Домла қаерда?

– Ишхонада.

– Менга қаранг, тезлик билан ҳаракат қилиш керак, бу имкониятни қўлдан бой бермайлик...

– Нима қил, дейсиз? Ахир қаергалиги ҳали номаълум-ку!

– Биладиганларнинг оғзини исканг, домлангизга қараб ўтирманг, оламни сув босса ҳам у кишининг тўпиғига чиқмайди. Ишхонага қайтиб боринг, хабарлашиб турайлик. Бирор жўяли фикр чиқса ўзим қўнғироқ қиламан. Йўқ, тўхтанг, топдим, – Флорахоним кўрсаткич бармоғини ҳавога тиркади, – топдим. Эртага домлангизнинг туғилган куни. Э ҳа-я! Тўйдан кейин ортиқча чиқим бўлмасин, девдим. Барибир иложи йўқ кўринади. Бўлди, шундай қиламиз. Рўйхат тузинг. Шу баҳонада хабари бор ҳаммани эртагаёқ чорлаймиз. Биридан бўлмаса, биридан гап чиқади, мана кўрасиз...

– Домла нима деркин?

– Эй, бу ёғини менга қўйиб беринг...

Иттифоқчилар шундай қарорга келиб тарқалишди. Флорахоним домла ишдан қайтгунича ич-этини еб бўлди. Келганида ҳам у кишидан бирор жўяли гап ола олмади.... Флорахоним маросим ҳақидаги қарорни ошкор этай, деб турганида,.куёв билан келиннинг ўзи бир қучоқ гул, совға-салом кўтариб кириб келишди.

Ёшлар бахтли эди. Бири гапириб, бири куларди. Уларнинг бахтиёрлиги Флорахонимга ҳам кўчди. Биринчи марта росманасига куёвини бағрига босиб, астойдил суйди.

– Онанг ўргулсин, бўйларингга қоқиндиқ. Ҳозир йўқлаб турувдик-а! Қани, қани, марҳамат...

Уларни ҳамиша меҳмонга мунтазир турадиган узун, айлана столнинг тўрига таклиф қилди. Домла ҳам кўришиш учун куёвига қучоқ очди.

– Суюнчи беринглар, суюнчи, – деди Динара ёш қизчалардек тантиқланиб.

– Вой, тинчликми? Нима гап? – деди Флорахоним тоқатсизланиб, гуё ўша сирли янгиликдан хабар топиш мавриди келганлигига амин бўлиб.

– Биз чет элга кетяпмиз....

– Вой! – Филорахонимнинг бошидан совуқ сув қуйгандай стол атрофидаги дуч келган стулга ўтириб олди.

– Шунақа бўлиб қолди, – деди Абдурашид аввал қайнотасини тўрга ўтқазиб, сўнг ёнидан ўзи жой оларкан, – Бир йил давомида аввал Япониядаги нуфузли банкларда навбати билан малака ошириб қайтадиган бўлдим. Илмий иш мавзуси жуда тўғри танланган экан. Интернет орқали анкета тўлғизгандим, савол-жавоблар бўлувди.... Расмий таклифнома ҳам юборишибди....

– Ҳа, иқтисодда мувозанатнинг бузилиши ҳақидаги тезисларингиз қалтисроқ эди. Вақт кўрсатди. Бахтингизга дунё иқтисодиёти эски аравага ўхшаб шалдираб, сизнинг қарашларингиз асосли эканини исботлади.

– Динара-чи? У ҳам бирга кетадими? – сўради Флора қувонишини ҳам, қувонмаслигини ҳам билмай.

– Бирга кетамиз, – деди Динара онасини тинчлантириш учун бўйнидан қучиб.

Бу янгиликдан Флоранинг кўнгли тўлмади. Янада ойдинроқ фикр эшитиш учун ўсмоқчилади:

– Бу ёқда лавозимга ҳам таклиф қилишибди, деб эшитдик....

– Ҳа, шундай бўлувди, – деди Абдурашид жиддий тортиб, – аммо мақсадимни эшитишгач, қўллаб- қувватлашди.

Флора иккинчи марта сапчиб тушди. Бир йиллик ўқишни деб шундай таклифдан воз кечган куёвини бундан кейин ҳеч қачон жиловлай олмаслигига кўзи етиб, уни суйиб-ардоқлашдан ўзга чораси қолмаганини англади.