OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номи«Бутилка» ҳожи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм11KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Бутилка» ҳожи (ҳикоя)
Ўткир Ҳошимов

«
Бошқа ҳожиларга дахли йўқ
»

Дўстим ўғлини уйлантираётган эди. Энди... тўй бўлганидан кейин... ўзингиз биласиз... Ҳалиги қурғурдан жиндай-жиндай қилиб ўтирсак, даврамизга оқ яктак, оқ дўппи кийган кетмонсоқол йигит келиб қўшилди. Келин-куёвга бахт-саодат тилаб, фотиҳа тортди.
— Яратганга шукроналар бўлсин! — деди қироат билан. -Муқаддас сафар шарафи каминага ҳам насиб айлади!

«Қуллуқ бўлсин», дедик. Дастурхонда анави «шайтон суви» турганидан хижолат чекдик.
— Минг бор узр, Ҳожи ака. — Косагул шундай деб, шишаларни ими-жимида стол тагига олиб қўяётган эди, Ҳожи ака кескин бош чайқади.
— Йўқ-йў-йў, тақсир! - деди далда бериб. — Сизлар баҳузур, тақсир, баҳузур. Тўйда хурсандчилик қилишнинг айби йўқ.

Косагул иккиланиб қолди.
— Сиздек мўътабар одамнинг олдида...
— Безиён, тақсир, безиён... Биз ҳам бундан бисёр нўш айлаганмиз. - Ҳожи ака жиндай-жиндай ичкилик қуйилаётган пиёлалардан кўз узмай таъкидлади: - Нўш айлаганмиз, бисёр нўш айлаганмиз.

Косагул шумгина йигит экан, Ҳожи аканинг кўзлари сувга тушган мунчоқдек йилтираб турганини пайқаб қолди.
— Сўраганнинг айби йўқ, Ҳожи ака. Мабодо ўзлариям...
— Йў-йў-йў! — Ҳожи ака кескин бош чайқади. - Биз ҳам нўш айлаганмиз... Айлаганмиз.
— Кўп эмас, жиччагина, - деди косагул илжайиб. Ҳожи ака оғир муаммо қаршисида қолгандек, бир зум ўйга толди.
— Каминани кўп хижолатли аҳволга соп қўйдиларда, -деди хўрсиниб. - Келинг, йигитнинг сазаси ўлгунча шайтоннинг бўйни узилсин!
— Қайси биридан?
— Каминага «қизили»ям бўлаверади, - деди Ҳожи ака камтарлик билан.

Косагул пиёлага бир қултум коняк қуйиб узатган эди, Ҳожи ака янаям синиқроқ оҳангда қўшиб қўйди:
— Жонлироқ бўлаверсин, тақсир.

«Жонлигина» қуйилган пиёлани олиб, қисқа нутқ ирод этди:
— Ёшлар қўша қарисин! Ували-жували бўлсин!

Баайни совуқ чой ичаётгандек, қоп-қора соқолининг биттаям туки қилт этмади. Бодринг билан газак қилиб, «Яратган неъматингга шукр», деб қўйди.
— Охиригача олмабсиз-ку, Ҳожи ака? - деди косагул пиёла тагида қолган жиндай конякка қараб.
— Ҳар нарсанинг қонун-қоидаси бор, укам! - деди Ҳожи ака виқор билан. - Ичкилик хамр, яъниким макруҳ нимарса. Аммо унинг ичида сув ҳам бор. Сув - энг покиза неъмат. Шундайми? Камина сувини ичдим. Макруҳи тагида қолди. Айтяпман-ку, камина ҳам бундан бисёр нўш айлаганмиз. -У қиқирлаб кулди. - Бир улфатимиз бўларди. Ғалати гапларни топиб юрарди. Бир гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. «Биринчи қадаҳ билан иккинчисининг орасига қил ҳам сиғмаслиги керак», дерди. Топган гапини қаранг, баттолнинг! Қил сиғмасин, дейди-я!

Косагул Ҳожи аканинг ишорасини дарров тушунди. Пайсочга солмай, пиёлани тўлдириб узатди.
— Йў-йў-йў! Ундоқ қилмасинлар-да, укам! - Ҳожи ака шундай деди-ю конякни сипқарди. «Яратган неъматингга шукр», деб пиёлани косагулга узатди. - Кўрдиларми, укам, макруҳи яна тагида қолди. Ўзлариям ўргансинлар!

Даврадагилардан бири сафар таассуротларини сўраган эди, Ҳожи ака яйраб кетди.
— Э, нимасини сўрайсиз, ука! - деди шанғиллаб. - У ёқлар Хизр назар солган юрт! Ҳар қадамда магазин! Ҳар қадамда дўкон. Жамийки нимарса муҳайё! Апелсинларни текинга тарқатади-эй! Хоҳла - бир яшик ол! Хоҳла - бир тонна ол! Буни қаранг, ҳамма нарса бор-ку, термос йўқ экан. Уч-тагинасини обкетувдим, олам жаҳон пул бўлди! Улфатим, шуни менгаям айтсанг, ўлармидинг, деб ёмон хапа бўлди.
— Кечирасиз, қайси улфатингиз? - дедим тушунмай.
— Ҳалиги баттол-да! Биринчи қадаҳ билан иккинчисининг орасига қил сиғмасин, дейдиган. Шу баттолнинг яна бйр гапи бор. «Иккинчи қадаҳ билан учинчисининг орасига қил сиғмасин, дейман-ку, аммо ип сиғмаслиги керак», дейди!

Косагул яна пиёлани тўлдирди. Ҳожи тагида озгина қолдириб, пиёлани қайтарди.
— Яратган неъматингга шукр, - деди виқор билан. - Кўриб қўй, укам! Тагида ҳар гал бир хил макруҳи қоляпти! У ёқда-чи, вей, видик, телевизор, камера деганлари капийка! «Сони» дейсанми, «Панасоник» дейсанми, «Плипс» дейсанми. Иккита «видик» олсанг, биттаси текин!
— Нега, Ҳожи ака? - дедим ҳайратланиб. - Биттасини пулга, биттасини текинга берадими?

Ҳожи ака ҳе-ҳелаб кулди.
— Нега текинга бўларкан? Икки ҳисса арзон бўлганидан кейин биттаси ёнга қоладими, ахир? Тижоратнинг айби йўқ-ку, тўғрими?! Биз тижорат қилаверибмиз, қилаверибмиз, қарасам, юким кўпайиб кетибди. Икки қўлимда иккита чамадон. Орқамда сандиқдек сумка. Салапан халтанинг боғичини тишимга тишлаб олганман. Кетяпсам, биттаси йўлимни тўсди. Ўзининг тилида важир-важир қилади, тушунсам ўлай! Таржимон келди. «Нима деб алжираяпти бу?» десам, тушунтирди. «Юкингиз юз килодан ошиб кетибди-ку», дейди. «Юкимни оғирлиги унга тушибдими, ўзим кўтариб кетяпман-ку», десам, яна важир-важир қилди. «Нима деяпти?» десам, «Жаноб зиёратчимилар ё отмилар?» деб сўраяпти дейди. «Мен от бўлсам, бу эшшак», дедим-да, амаллаб самолётга чиқиб олдим. - Ҳожи ака хахолаб кулди. Косагулга қараб маъноли томоқ қириб қўйди. - Тўртта видик обкелгандим, иккитаси ёнга қолди. Ўғилчаям қизиқади-да техникага. - Шундай деб яна косагулга қараб қўйди. - У ёқда-чи, дазмол пул экан. Янаги гал дазмол обораман. Баттол иккаламиз ўнта-ўнтадан олволсак, о-кей бўлади! Баттолнинг яна бир гапи бор. Учинчи қадаҳ билан тўртинчисининг орасига қил сиғмасин дейман, ип сиғмасин демайман, аммо-лекин арқон сиғадиган бўп кетса, юрак сиқилади-да, дейди. Топган гапини қаранг! Вой баттол-эй!

Косагул шишадаги охирги конякни силқитиб қуйиб узатди.

Шишани ерга ташлади. Ҳожи ака тагида озгина қолдириб, пиёлани қайтарди.
— Яратган неъматингга шукр! Кўриб қўй, братан! Макруҳи тагида қолди!
— У ёқда манави масалага қандоқ қарайдилар, тақсир? —"деди косагул.
— Унақанги бетамиз гапларни гапирма, братан! - деди Ҳожи ака аччиқланиб. — Ичкилик ичган одам ўлимга маҳкум қилинади!
— Вой-бў, бир ўлимдан қопсиз-да, тақсир! - деди коса-гул. - Тақсир ўн бешинчи бўчка билан ўн олтинчи бўчка орасидан самосвал ўтмагунча қўймайдилар шекилли!

Ҳожи ака тутақиб кетди.
— Оғзингга қараб гапир, ўв братан! - деди қўлини пахса қилиб. - Мен сувини ичдим, билдингми? Макруҳи тагида қолди, билдингми?! Аввал ўрганиб олгин-да, кейин виступат қил, билдингми?!

Қарасам, жанжал чиқадиган. Секин туриб кета қолдим.