OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номи«Ижод – кўнгил иши, ижтимоий ҳодиса»
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Адабий суҳбатлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм33KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 30-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Ижод – кўнгил иши, ижтимоий ҳодиса»
Ўткир Ҳошимов

— Ўткир ака, Сизнинг асарларингизда инсон қисмати, унинг бахти ва фожиаси, фазилати ва нуқсонлари тасвирланади. Шунингдек, китобларингизда жамият ҳаётига алоқадор маънавий-ахлоқий масалалар ҳам, замон ва макон тушунчаси ҳам эътибордан четда қолмайди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ёзувчи ўз замонасига дахлдор шахс бўлиши керакми ёки бир асарингизда ёзганингиздек, «қалбига қулоқ солгани» маъқулми, деган савол туғилади.
— Агар тўғри тушунган бўлсам, ёзувчилик кўнгил ишими ёки ижтимоий ҳодисами, демоқчисиз. Чиндан ҳам кейинги пайтларда «ижод — кўнгил иши» деган фикр кўп айтиладиган бўлди. (Олдиндан узр сўрашим керак. Бу муаммо ҳақида аввал ҳам ўз қарашларимни айтганман. Бинобарин, айрим гаплар такрор бўлса, газетхондан узр сўрайман). Xуллас, шундай фикр кўп айтиляпти. Ҳа, чиндан ҳам бадиий ижод — кўнгил иши! Менинг эътиқод даражасига айланган шиорим бор. Xудо кўнглига солмагунча, ёзувчи қўлига қалам олмайди. Истеъдоднинг биринчи талаби ҳам шу бўлса эҳтимол. Ижод шунчаки қоғоз қоралаш эмас. Акс ҳолда саводи бор ҳар қандай одам адиб ёки шоир бўлиб кетаверарди. Чинакам бадиий асар ёзилмайди, катта ҳаяжон, ички эҳтиёж билан туғилади.

Шўролар замонида бадиий ижодга пропаганданинг таъсирчан воситаси сифатида қаралди. Мусаввир ва актёр, бастакор ва режиссёр каби ёзувчи ва шоирлар ҳам партиянинг дастёри, «югурдаги» бўлиши, ягона мафкуранинг карнайини чалиши талаб қилинди. Ким карнайни қанчалик кучаниб чалса, «халқлар отаси»ни қанчалик «кимошди» қилиб мадҳ эца, партия ғояларини қанчалик «ёрқин» акс эттирса, у шунчалик қадрланди. Шу тариқа бир-биридан тумтароқ маддоҳликлар, ҳавойиликлар авж олди. Бироқ ўқувчи уларни қабул қилмади. Негаки бундай «асарлар» пуч эди. Уларда жон йўқ эди. «Жон» дегани эса кўнгил мулки, қалби буюрганини ёзиш демакдир.

Шу билан бирга бу иборани тор маънода, сўзма-сўз тушуниш ҳам тўғри бўлмайди. Агар ижод шунчаки «кўнгил иши» бўлса, шоир ёзган шеърини хотинига ўқиб бериши, адиб романини тўртта улфатига тарқатиши кифоя қиларди. Ахир у кўнглидагини қоғозга туширди, холос. Шундай экан «кўнгил иши»ни минглаб, юз минглаб нусхада китоб қилиб чиқариш шартми? Бу савол тагида жиддий масала ётибди. Ҳа, ижод шубҳасиз, кўнгил иши! Айни пайтда бу ниҳоятда жиддий ижтимоий ҳодиса ҳам! Негаки ижодкорнинг «кўнгил иши» китобга айланганидан кейин унинг шахсий бойлиги эмас, халқ мулкига айланади. Энди у китобхон маънавиятига таъсир қилувчи, ўқувчини инсон қисмати ҳақида ўйлашга, ҳаёт тўғрисида мушоҳада қилишга мажбур этувчи сеҳрли куч саналади. Бу — бадиий ижоднинг маънавиятга алоқадор жиҳати. Масаланинг моддий жиҳатида ҳам бош қотириш керак бўлган ҳолатлар йўқ эмас. Ҳар қандай ҳунар эгаси қатори қаламкаш ҳам ўз истеъдоди, оғир яратувчилик меҳнатига яраша моддий рағбатланишга ҳақли. Ижодга шунчаки «кўнгил иши» деб қараш тагида шу ҳолатни назардан қочириш кўзга ташланади. Қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, шоир китоби чиққанига раҳмат деяверсин қабилида ўйлайдиганлар бор.

Бир даврада зиёли укахонимиз «дуторнинг қорни тешик бўлгани учун овози яхши жаранглайди, шунга ўхшаб шоирлар ҳам қанча юпун яшаса, шунча яхши ижод қилади», деганди. Албатта, бу — шунчаки ҳазиломуз таққос сифатида айтилган дейлик. Бундай «ҳазил»ни «асослаш»га уринувчилар бўлиши ҳам мумкин. Уларнинг «асоси» қуйидагича. Буюк бобомиз Алишер Навоий шунча даҳо асарлар яратиб қўйиб, бир чақа «гонорар» олганми? Шоҳ Бобурчи? Машраб, Гулханий, Муқимий, Фурқат, Завқий, Аваз Ўтар, Махмур ва бошқа ўнлаб қалам аҳли шеър ёзиб шунинг орқасидан кун кўрмаган-ку. Уларнинг деярли ҳаммаси юпунгина яшаган-ку!

Келинг, ҳазрат Навоий билан Бобур шоҳга тил тегизмай қўя қолайлик. Навоий ҳазратлари бутун бир салтанатнинг бош вазири бўлганлар. Тарихчиларнинг ёзишича, лозим бўлса давлат хазинасига ҳам ёрдам бериб турганлар. Бобур ҳам камбағал бўлган эмас. Бинобарин, «қалам ҳақи» деган нарсага эҳтиёж сезмаган. Юқорида номлари саналган талай шоирлар чиндан ҳам ижод қилиш ҳисобига бола-чақа боқмаган. Бири ҳаттот, бири сарбоз, бири сартарош ва ҳоказо бўлган. Бироқ улар яшаган муҳит билан бугунги кунни солиштириш мумкинми? Муқимий ёки Фурқатнинг, Завқий ёки Аваз Ўтарнинг нечта китоби неча минг нусхада нашр этилиб, неча юз минг (ёки неча миллион) сўмга сотилган? Уларнинг биронта китоби чоп этилганми ўзи?

Сўнгги юз йил давомида китоб нашр этиш бутун бир индустрияга айланди. Яхши ёзувчи ва шоирларнинг китоблари (яхши китоблари) ўн минг, эллик минг, юз минг нусхада нашр этиладиган бўлди. Асарни босмага тайёрлаган нашриёт ҳам, чоп этган матбаа корхонаси ҳам, маҳсулот устига ўз «устама» нархини қўйиб сотадиган китоб савдоси ходимлари ҳам шу жараёнда иштирок этгани учун ҳақ олади ва бу табиий ҳол. Шундай экан, нега энди асарни яратган, йўқ жойдан бор қилган ижодкорнинг манфаати биринчи ўринга қўйилмаслиги керак? Машҳур эстрада хонандаси, машҳур рассом, машҳур «қизиқчи» моддий жиҳатдан қанчалик тўкин яшаса, машҳур ёзувчи ва шоир ҳам шунчалик бадастур яшашга ҳақли. «Ижод — кўнгил иши, асарини бўш вақтда ёзаверсин» дейиш адолатдан эмас. Агар ҳақиқий қаламкаш ҳақиқий санъат асарини яратишдан кўнгли совиб кеца, унинг ўрнини савияси паст китоблар тўлдира бошлаши тайин. Албатта, «самиздат» деган тушунча ҳам бор. Муаллиф ўз маблағига китоб чоп этиши, ўз хотираларини нашр эттириши мумкин. Бироқ қандайдир «бойвачча» азбаройи «ном қозониш» учун «роман» ёки «шиғир китоб» чиқаргиси келиб қолса, ҳамма харажатларни тўлаб, ўша «ижоди»ни нашр эттириб тарқаца (бу ҳам «кўнгил иши»да) охири нима бўлади? Оқибатда шу бўладики, адабиётнинг инсонпарварлик миссияси тамом бўлади! Маънавият майиб-мажруҳга айланади! Минглаб китобхонлар ҳақиқий ижод хазинасидан бенасиб қолади!..

Кўриниб турибдики, «моддий» тушунча билан «маънавий» тушунча бир-бирига боғланиб кетаяпти.

Ҳақиқий ижодкор зиммасида яна бир залворли юк бор. У, ўзи билибми, гоҳо билмайми, халқнинг назарига тушишдек ижтимоий вазифани елкасига олади. Xалқ ҳақиқий ёзувчи ёки шоир деганда Ватан қисматини ўйлайдиган, одамлар дилидагини ифодалайдиган катта шахсни тушунади, унга эргашади. Бу — бутун жаҳонда бор нарса. Қайси юртга борманг, энг аввало, ўша халқнинг классик шоири, адиб ёки драматургини зиёрат қилишга таклиф этадилар. Унинг ҳайкалини, музейини томоша қилдирадилар. Ҳар бир халқ ўзидан чиққан улуғ ижодкор билан фахрланади. Негаки, улар бир томондан ўз халқини жаҳонга танитган бўлса, иккинчидан умумбашарий хазинага улуш қўшган. Шу маънода катта ижодкор катта ижтимоий шахс ҳам саналади. Xулоса шуки, адабиёт — кўнгил иши. Бироқ бу ижод аҳлининг жамият ҳаётида тутган жиддий нуфузига асло монелик қилмайди, аксинча, бу тушунчалар бир-бирини тўлдиради...
— Чинакам ёзувчи бадиий асарда қаҳрамонларини ўзига бўйсундира олади, деган фикрлар ҳам мавжуд...
— «Қаҳрамон» деган сўзнинг ўзига бир қадар шубҳа билан қарайман. Менга қолса «асар қаҳрамони» эмас, «асардаги инсон» деган ибора ишлатилса аниқроқ бўлар эди. Сабаби, «қаҳрамон» дегани қандайдир «бошқалардан ажралиб турадиган», яхшими-ёмонми бирон «ҳунар» кўрсатадиган шахс бўлиши керакдек туюлади. Майли, ҳамонки, адабиёцҳуносликда «қаҳрамон» деган ибора қабул қилинган экан, шуни қўллай қолайлик. Шўро замонида ҳали айтганимиздек, ёзувчига партиянинг дастёри, адабиётга эса коммунистик мафкуранинг қуроли деб қараб келинди. Шунга яраша қаҳрамонлар ҳам икки тоифага бўлинган эди: ижобий ва салбий. (Бу тоифалар синфий позицияни акс эттирса яна яхши). Шу тариқа бадиий асарда фақат оқ ва қора ранглар, фақат яхши ва ёмон одамлар ҳаракат қилиши удум бўлди. Коммунист ҳеч қачон хато қилмайди. Ичмайди, чекмайди, партия топшириғи билан олис сафарга борсаю, бирон бегона аёлга кўзи тушиб қолса, қочиб кетади. Xуллас, одам эмас, «фаришта». Маҳаллий халқнинг мингта донишманди минг йил ўйлаб ҳал қилолмаган муаммони марказ томондан келган «оға-амаки» бир соатда ечиб беради... Булар — ижобий қаҳрамон. Салбий қаҳрамоннинг қолипи ҳам тайёр. Ота-бобоси қулоқ ёки босмачи бўлган. Ўзи текинхўр, хотинбоз... Бу — ижод эмас, масхарабозлик эди.

Шунга қарамай ўша замонда ҳам ҳар қандай қатағонлару, «сосреализм» қолипларидан қўрқмасдан гўзал ва ҳаққоний асарлар ёзиб, халқ мулкига айлантирган ижодкорлар оз бўлмади. Ўтган асрда яратилган ўнлаб роман ва достонларда, шеърлар ва драматик асарларда инсоннинг мураккаб ва чигал қисмати акс эттирилди. Бу соҳада ўзбек адабиётининг бошқа бирон адабиётдан қолишадиган жойи йўқ. Шу боисдан мураккаб қаҳрамонлар фақат чет эл адабиётида яратилди, десак, нотўғри бўлади. Ижодкор учун кенг имкониятлар яратилган бугунги кунда бизнинг адабиётимизда бундай қаҳрамонлар сафи янада кенгаяди, деб ўйлайман.

Аслида «мураккаб қаҳрамон» дегани асардаги «ижобий» одамга атайлаб иллат ёпиштириш ёки «салбий» қаҳрамонга фазилат елимлаш дегани эмас. Китобдаги одам чин маънода тирик инсонга айланса, фазилат ва нуқсонлари билан ўқувчини ларзага солса, китобхон уни севиб қолса ёки ёмон кўрса, хуллас, унинг қисмати сизни лоқайд қолдирмай, ҳаёт ҳақида ўйлашга мажбур қилса, демак бундай «қаҳрамон» ҳам, китоб ҳам узоқ яшашга ҳақли. Бунда ёзувчининг ғоялари бадиий тафаккур чўққисига чиққан бўлади.
— Ўткир ака, бу борада ўзингизнинг асарларингиздан бир мисол келтириш мумкин. «Тушда кечган умрлар» романида Комиссар образи бор. Бу одамни мустабид тузумнинг тимсоли деса бўлади. Унинг шиори — ҳаммани қўрқув исканжасида ушлаб туриш, мавҳ этиш, йўқ қилиш... Ҳатто бир ўринда у «мен принцип учун онасидан воз кечган одамман», дейди. Бир қарашда сиз бу қаҳрамон тасвирида қора бўёқни қуюқлаштириб юборгандексиз. Аммо асарни синчиклаб ўқиган китобхон мана шу палид бир кимсанинг ҳам катта фожиалари борлигини пайқайди. Унинг чекист отасини «синфий душманлар» отиб кетган. Бунинг хунини бутун бир қишлоқ «тўлашга» мажбур бўлади. Шўро сиёсати бўлажак «комиссар»га «атрофингдагилар ҳаммаси душман» деб ўргатади. Шунинг учун ҳам у ўз ҳамқишлоғини «хоин» деб отиб ташлаганда заррача изтироб чекмайди. Унинг назарида ҳамма «душман»! Шу кимса касрига фариштадек хотини ҳаётдан эрта кўз юмади. Бир ўғли чет элга қочиб кетади, бири ундан юз ўгиради. Икинчи хотини кўз ўнгида унга хиёнат қилади. Уни ҳеч ким одам ўрнида кўрмайди, эл-юртга қўшилолмайди, биров билан дардлашолмайди, яккамохов, кечалари уйқуда алаҳсираб чиқади...

Хуллас, Умарали Норматов таъкидлаганидек, Комиссарнинг бу дунёда тирик юрганининг ўзи — унга Xудо томонидан берилган жазо... Комиссар фақат манфур шахс сифатидагина эмас, чексиз фожиалари билан ҳам эсда қолади ва ўқувчи кўз ўнгида тирик одамга айланади...

Ўткир ака, адиб, шоир, умуман қалам аҳлининг оммавий ахборот воситалари билан алоқаси, уларнинг бир-бирига таъсири ҳақидаги мулоҳазаларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.
— Эл ардоғига сазовор бўлган шоиру адиблар, драматургу алломаларнинг деярли ҳаммаси оммавий ахборот воситалари мактабини ўтаган. Абдулла Қодирийдан тортиб Xайриддин Султоновгача, Ғафур Ғуломдан тортиб Сирожиддин Саидовгача барчаси газета ёки журналда, нашриёт ёки телерадиода ишлаган. Оммавий ахборот воситалари, айниқса, газета, журнал таҳририятлари, нашриётлар қалам аҳли учун ҳаёт ва тажриба мактаби бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади, деб ўйлайман...

Халқ эҳтиромидаги ижодкорлар оммавий ахборот воситалари билан яқин алоқада бўлганлар. Уларнинг энг сара шеър ва достонлари, ҳикоя ва романлари газета ва журналларда босилган. Бундан ташқари, ўзини ҳурмат қилган ижодкор жамиятда ва дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақида оммавий ахборот воситаларида мунтазам чиқиб туришни ўз бурчи санаган. Ғ.Ғулом ва Ойбек, А.Қаҳҳор ва А.Мухтор каби устозларнинг жонкуярлик билан ёзган публицистик чиқишлари жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинган.

Бу яхши анъана ҳозир ҳам давом этяпти. Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Озод Шарафиддинов, Наим Каримов, Салоҳиддин Мамажонов, Иброҳим Ғафуров, Ойдин Ҳожиева, Тўра Сулаймон, Қутлибека Раҳимбоева, Xуршид Дўстмуҳамедов, Қўчқор Норқобилов каби турли авлод вакиллари бўлмиш адиб шоир ва олимларнинг ақалли кейинги бир йил ичида газета ва журналларда, телевидение ва радиода қилган чиқишларини санайман десангиз анча вақт керак бўлади. Булар шеър, ҳикоя ва мақолаларгина эмас, бугунги куннинг кечиктириб бўлмас масалалари ҳақида куйиб-ёниб кўтарилган муаммолардир! Ўзбекнинг ор-номус, виждон, уят, бурч, андиша, инсоф, кечиримлилик деган муқаддас тушунчалари қадрсизланиб қолмаяптими? Одамлар нима сабабдан бу қадар юзсиз, ибосиз, очкўз бўлиб кетяпти? Булар ижод аҳлининг изтироб, дил фарёди билан кўтарган муаммолари... Яқинда машҳур рус шоири Евгений Евтушенконинг матбуотда эълон қилинган мулоҳазаларида инсонлар орасида меҳр-оқибат камайиб кетгани теран дард билан айтилганини ўқиб, бундай муаммо ҳамма ерда ҳам борлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим...

Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтишим мумкин. Америкалик журналист билан суҳбатимизда меҳмон медан маҳалла дегани нима учун ўзбек ҳаётида бунчалик катта ўрин тутиши, умуман, ўзбек менталитети нималигини тушунтириб беришни сўраганида, бу масалада бир-биримизни тушунишимиз ҳийла оғирлигини айтиб, бир мисол келтирган эдим. Масалан, Америкада вояга етиб-етмаган бола эллик доллар пул талашиб отасини судга берсаю, судда ютиб чиқиб, отасини беш минг доллар тўлашга мажбур қилса, бу демократия тантанаси ҳисобланади. Мабодо шундай ҳолат Ўзбекистонда рўй берса, бунақа бола «оқпадар» ҳисобланади. Ҳамма ундан юз ўгиради. Негаки, ўзбекнинг фарзанди ўз падарини судга етаклаб боргандан кўра ўлгани маъқул, ҳар нима бўлгани маъқул.

Яқинда Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида бўлиб ўтган учрашувда шуни эслаган эдим, бир талаба «агар пулни ўша боланинг ўзи топган бўлса отасини судга бериб, тўғри қипти», деди! Ростини айцам, бу гап менга жуда оғир ботди. Наҳотки, ёшларимиз орасида шу қадар шафқациз тафаккур қиладиганлар бор бўлса? Наҳотки, мол-дунёни ўз падаридан юқорироқ баҳолаш мумкин бўлса?! Майли, бугунги муайян тақчилликлар ўтар-кетар. Бой-бадавлат ҳам бўлармиз. Аммо авлод-аждодларимиз минг йиллар давомида авайлаб келган қадриятларни тиклаш, синган кўнгилни ямаш, йўқолган меҳрни топиш осон бўлармикан?

Авваллари оммавий ахборот воситаларида жамият қисматига алоқадор чиқиш бўлса, кенг муҳокама қилинар, керак бўлса ўша мақола юзасидан тадбирлар белгиланар, қарорлар чиқарилар эди. Ҳозир ҳам маънавият масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Маънавият ва маърифат марказлари газета ёки телерадиодаги энг жиддий чиқишларга эътибор қараца, ақалли ўша мақолани мактаб ва коллежларда, лицей ва институтларда, маҳалла-кўйда ўқиш учун ўн беш дақиқа вақт ажратишга даъват қилса бўлмайдими?..

Хуллас, ижод аҳли матбуот, телерадиода ўз бурчини бажаряпти. Ҳамма гап жонкуярлик билан айтилган ўша дардлар юзасидан амалий чоралар кўришга келиб тақалади...
— Кейинги пайтда китоб ўқишга ихлос сусайиб кетяпти...
— Бу ҳаммамизнинг оғриқ нуқтамиз. Чиндан ҳам китобхонлар камайиб боряпти. Бунинг сабаблари кўп. Ҳозир ахборот воситаларининг сони ҳам, кўриниши ҳам кескин кўпайди. Телерадио, компютерлар, сериаллар, одамни ўйлашдан кўра ўйламасликка ундайдиган олди-қочди нашрлар, дискотекалар... Булар ёшларнинг мазмунли «вақт ўтказиши»га хизмат қилаяпти. Жиддий адабиёт эса «вақт ўтказиш» эмас кишини ўйлаш, изтироб чекиш, хулоса чиқаришга мажбур қилади. Кўнгилочар нарсалар тез ва осон ҳазм бўлади. Аммо осон ҳазм бўладиган нарсанинг ҳаммаси ҳам фойдали бўлавермайди. Фикрни қашшоқ, танбал қилиб қўяди... Бу масаланинг бир томони.

Иккинчи тарафдан қаралса, яна ўша «бозор иқтисоди»нинг таъсирини кўрамиз. Қоғоз, матбаа харажатлари қимматлашиб кетгани боис китоблар нархи ҳам ошиб кетди. (Шундан келиб чиқиб, тираж кескин камайди). Ҳозир ўртача ҳажмдаги китоб баҳоси 3 минг сўм атрофида. Албатта, бундай нархга ҳар куни ҳам китоб сотиб олиш қийин. Шу билан бирга китоб савдосида ҳам ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар бор. (Бу ҳақда махсус қарор қабул қилингани бежиз эмас). Нашриётдагилар «китоб яхши сотилмаяпти», деб нолийди. Марказдан бир қадам четга чиқсангиз, мактаб ва коллеж домлалари, кутубхоначилар, оддий ўқувчилар «китобингиз нега чиқмаяпти?» деб сўрайди.

Мисол тариқасида бир хатдан парча кўчириб олишингиз мумкин. Бу хат Самарқанд вилоят Пастдарғом тумани Қ.Тўраев номидаги ширкат хўжалиги Бахшибой маҳалласида истиқомат қилувчи Xолиқ Амировдан келган. «Мен Сизнинг асарларингизни катта қизиқиш билан ўқийман. Улар китоб дўконига келади-ю, дарҳол ғойиб бўлади. Яқинда туман марказидаги китоб магазинига кирсам, икки жилдли асарларингиз бор экан. Севиниб кетдим. Нархини сўрасам, олти минг сўм экан. Пулим етмай, биттасини олдим. Икки кундан кейин келиб, иккинчисини сўрасам, нархи деярли беш ҳисса ошиб кетибди. «Нега бундай?» десам, сотувчи «бу китоб ёлғиз сотилмайди», деб яна бешта китоб қўшиб ўраб қўйилган бойламни кўрсатди. Қизиқ, нега энди мен ўзим хоҳлаган китобга «дум» қилиб ўзим хоҳламаган китобларни ҳам сотиб олишим керак... Xуллас, китобни ололмадим. Яна бир гап. Телевизорда «Дентомед»ми, баломи деган тиш пастасини шу қадар кўп реклама қилдики, бир куни саксондан ошган онамиз менга ялиниб қолдилар. «Жон болам, ўша айтаётган «детамит»дан менга бир жуфтгина келтириб берсанг, одамнинг тиши «карис» бўлмасмиш» ... Мазза қилиб кулдик. Онамизнинг тиши пластмасса, танглай тиш бўлса, уларга пастанинг нима кераги бор? Мен бошқа нарсани айтмоқчиман. Нима учун ҳар хил паста, лаб бўёқ ва яна аллақандай иприсқи нарсаларни шу қадар кенг реклама қиладилар-у, яхши асарлар тарғиб қилинмайди?»

Китобхон Xолиқ Амировнинг бу гапига қандай қўшимча қилиш мумкин? Орамизда шундай китобсеварлар борлигига шукр! Ўйлайманки, ҳамма бараварига китобдан совиди, десак, инсофдан бўлмас. Ҳамкасбларим китобхонлар билан учрашувларда бунга ўзлари ҳам гувоҳ бўляптилар. Бироқ китобхонликни ўз холига ташлаб қўйиш ҳам мумкин эмас. Китоб тарғиботини, савдосини тубдан яхшилаш керак кўринади. Қолаверса, биз — ижодкорларнинг ўзимизда ҳам айб бор. Китобхонлар билан тез-тез учрашишга гоҳо вақт тополмаймиз. Гоҳо... эринамиз... Нима бўлганда ҳам ўқувчиларнинг бадиий асарга, сўз сеҳрига бўлган меҳрини сақлаб қолиш шарт. Бу — маънавият билан, кескинроқ қилиб айтадиган бўлсак, миллат келажаги билан боғлиқ нарса.
— Ўткир ака, сир бўлмаса, ёзаётган энг янги асарингиз ҳақида...
— Келинг, укажон, шуниси «сир» бўлиб қолақолсин. Xудо хоҳласа, ўша асар туғилса Сизга ўзим хабар қиламан.

Суҳбатдош: Усмон Муродов