OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номиДеҳқоннинг бир куни (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Деҳқоннинг бир куни (ҳикоя)
Ўткир Ҳошимов

Муяссар тонг саҳарда уйғониб кетади-ю, Алижоннинг бир текис чуқур-чуқур нафас олишига қулоқ солиб, жимгина ётади. «Қачон қайтганини билмабман ҳам», деб ўйлади у сатин кўрпадан бошини чиқариб. Девордаги осма соат беш марта занг уради. Унинг титроқ садоллари уйнинг шифтига, зардеворлар, кирпечлар осилган деворларга юмшоққина урилиб, сингиб кетади. Уй ичи яна жимжит бўлиб қолади. Соат кафтгири сукунат қўйнида гоҳ секин, гоҳ қаттиқроқ чиқиллаётгандай бўлади. Ой деразадан ўйчан мўралайди.

Муяссар эрининг елкасидан қучгиси келади-ю, ўйлаб қолади. «Чарчаган, дам олсин...».

Муяссар тонг саҳарда уйғониб кетади-ю, Алижоннинг бир текис чуқур-чуқур нафас олишига қулоқ солиб, жимгина ётади. «Қачон қайтганини билмабман ҳам», деб ўйлади у сатин кўрпадан бошини чиқариб. Девордаги осма соат беш марта занг уради. Унинг титроқ садоллари уйнинг шифтига, зардеворлар, кирпечлар осилган деворларга юмшоққина урилиб, сингиб кетади. Уй ичи яна жимжит бўлиб қолади. Соат кафтгири сукунат қўйнида гоҳ секин, гоҳ қаттиқроқ чиқиллаётгандай бўлади. Ой деразадан ўйчан мўралайди.

Муяссар эрининг елкасидан қучгиси келади-ю, ўйлаб қолади. «Чарчаган, дам олсин...».У ўрнидан оҳиста сирғалиб чиқади. Сандиқ устида ётган нимчасини кийиб олади-да, яна эрининг тепасига келади, узоқ қараб қолади. Алижоннинг кенг, таранг пешонасига майда тер тепчиб чиқибди. «Бечорагинам, — деб ўйлади Муяссар ундан кўз узмай, — бирам толиқибдики, дўпписини ҳам олиб қўймабди».

У эрининг пешонасини кафти билан авайлаб артади. Кейин айвонга чиқади.

Айвон лабига тегиб турган гултожихўрозлар бошида, ҳовли этагида уйиб қўйилган ғўзапоялар устида шабнам ялтирайди. Юм-юмалоқ тўлин ой қишлоқни ўзининг нурли йўргагига ўраб, уйқуга, ширин тонг уйқусига чорлайди, унда-мунда юлдузлар мудрайди. Аммо қишлоқ аллақачон уйғонган. Ҳар қайси ҳовлининг бурчагида туннинг бахмал пардасини парчалаб ўт ялтирайди: одамлар тандирларига олов ёқишган.

Муяссар ҳам айвондан чаққон сакраб тушади-ю, самоварга ўт ташлайди. Кейин ўчоқбошидан супрани олиб келиб, чўккалаб ўтйрганча хамир қоради. Тоғорани дастурхон билан ўраб-чирмаб, ҳовли бурчагидаги уйилиб ётган ғўзапоялар олдига боради. Бир қучоқ ғўзапоя олаётганида, қўлларини ҳавода муаллақ тутганча тўхтаб қолади. Дастак деворнинг орқасидаги, қўшни ҳовлидаги бир туп ўрикнинг дув тўкила бошлаган япроқлари тонг шамолида оҳиста пирпирайди. Муяссарнинг яқингина ўтмишини, кечаги кунларини ёдига солгандай шивирлайди. Бир пайтлар мана шу ўрик шохига арқон илиб арғимчоқ учарди. Шу ўрикнинг ғўрасини биринчи бўлиб ўзи ерди.

Eнди у шўх қизалоқ эмас, келин. Девор-дармиён қўшнисига тушган. Дадаси ҳам уларга — Муяссар билан Алижонга ўз қўли билан фотиҳа берган. «Алижон яхши йигит, ўзимизнинг синашта бола. Етим ўсган. Бир-бирига кўнгил қўйибди, бўлди-да!», деган.

Муяссар тўй куни дадаси қанчалик узундан-узун дуо қилганини эслаб жилмайиб қўяди-ю, ғўзалояни олиб тез-тез юриб кетади. Қоқ-қуруқ ғўзапоя гуп этиб ёнади, юзига олов тафти уради. У энди уй томонга юрганида бузоқ маърайди. Сигир ҳам Муяссарнинг қадам товушларидан уйғонгандай аста мўъраб қўяди.

Муяссар айвон лабидаги каттакон сирли челакни кўтариб, хашак иси анқиб турган оғилхонага киради. Нимқоронғи бурчакда ётган сигир пишиллаб ўрнидан туради.

«Таги ҳўл бўлибди, тозалаш керак», деб ўйлайди у. Кейин сигирнинг елинини ҳўлланган эски сочиқ билан тозалаб артади-да, чўққайиб ўтирганча соға бош-лайди. Илиқ сут томчилари челакка шовиллаб тушиб, кўпириб кетади, билакларига сачрайди.

Челак тўлганидан кейин қозиқ атрофида айланиб, онасига талпинаётган бузоқчанинг арқонини ечиб юборади. Бузоқ шодон диконглаб сигир тагига кириб кетади.

Муяссар болаликдан одат бўлиб қолган чаққонлик билан нон ясайди. Бир сават қилиб тандир олдига кўтариб боради, битта-биттадан ёпа бошлайди. Охирги нонни ёпади-ю, енгил нафас олади.
— Муяс!..

У эрининг овозини эшитиб, чаққон бурилиб қарайди. Беқасам тўнини елкасига ташлаб олган Алижон аивон лабида унга қараб турибди.
— Келинг! — дейди Муяссар обдастага сув қуя туриб.

Алижон айвондан илдам тушиб, гулзор лабига келади. Муяссарга тикилиб жилмаяди.
— Пунктда навбат кутиш ёмон-да, Муяс... Ҳар кеча юзталаб машина қаторлашиб кетади. Қўйиб берса тонг отгунча тураверасан киши, — дейди секингина. Муяссар унинг кеча уйга барвақт қайтолмагани учун узр сўраётганини тушунади.

Eрининг бақувват елкасидан ушлаб жилмаяди...
— Энгашинг.

Алижон ҳам унинг аразламаганини пайқайди-ю, бошини қуйи солади.
— Мана, бошим сизники, — дейди кулиб.

Муяссар сув қуя бошлайди. Алижон муздай сувдан сесканиб, пишқира-пишқира ювинади.
— Ювинаётганингизда ҳар доим отга ўхшаб пишқирасиз-а... Қаранг, кўйлагимни жиққа сув қилиб юбордингиз, — дейди Муяссар ҳўл бўлган этакларини кўрсатиб.

Алижон бошини кўтариб астойдил ялинади:
— Ҳеч бўлмаса тойчоқ денг, Муяс.

Муяссар унинг ёш болалардай бошини бир ёнга ташлаб туришига қараб, кулиб юборади.

Шу ондаёқ тандирдаги нон эсига тушиб, югуради. Қўллари куя-куя бир сават нон узиб олади. Тонг ёришади, тун қуши қоп-қора қанотларини йиғиб, қишлоқ устидан олисларга учиб кетади-да, чор-атроф одатдаги қий-чувга тўлиб-тошади.

Икковлари шоша-пиша ширчой ичишади. Алижон тушлик овқатини белбоғига тугадию машинасининг ёнига кетади. Дарвозахона томондан моторнинг гулдираган овози эшитилади. Кабина эшиклари қарсиллаб ёпилади.

Муяссар уйни наридан-бери йиғиштиради-да, икки четида қатор-қатор тераклар шовиллаб турган тошлоқ йўлдан далага томон юриб кетади. Узоқда, тоғ ортидан қуёш бош кўтаради. Қишлоқ сув қуйгандай жимиб қолади. Пахтазор катта-кичик ҳаммани, мактаб болаларигача домига тортган.

Муяссар этакни белига боғлаб олганча пайкалга шўнғийди. Пахталар ёноғига илинган қиров секин-секин шудрингга айланади. У эсини таниганидан бери ўрганиб кетган ишини тағин қайтадан бошлайди. Зум ўтмай этак тўлиб-тошади. Бора-бора бели зирқиллаб оғрий бошлайди. Зах, юмшоқ эгат ичига этакни ағдаради-ю, яна қайта боғлайди. Кўз ўнгидан ўнлаб, юзлаб, минглаб чаноқлар бирма-бир ўтади. Гоҳо шундай боши айланиб кетадики, кўзини юмса, тасаввурда оппоқ чаноқлардан бошқа ҳеч нарса кўринмай қолади. Аммо у тўхтамайди. Энгашиб олдинга интилаверади,

Пешинга яқин кун қиздира бошлайди. Муяссар нимчасини ечиб ташлаб, тағин ғўзалар орасига шўнғийди. Шу пайт мулойим куз қуёшида эриган юмшоққина ҳавони титратиб, табелчи Шоқосим аканинг таниш овози янграйди.
— Ҳой, ҳо-ой, қизларов, овқатга-э-э! Унинг товуши пахтазор устида анчагача элас-элас садо бериб туради.

Муяссар терган пахталарини уйиб, этакка босади, юкнинг оғирлигиданми, ўйга толибми, бошини қуйи солганча, хирмонга чиқиб боради.

Шоқосим ака этакни темир тарозига қўйиб, тошни сураркан, салқи қовоқларини липиллатиб Муяссарга қараб қўяди. Бурушиқ юзи оқариб кетгандай бўлади: — Қирқ саккиз кило... Мазангиз йўқ-ку, келин! Муяссар унинг нимага шама қилаётганини билиб ғижинади. «Ўйин-кулгидан бўшамай қолдинг», демоқчи-да!

У бир гап билан қайириб ташлагиси келади-ю, ёшини ҳурмат қилиб, ўзини тийиб қолади. «Майли, — деб ўйлайди пахтани хирмонга ағдара туриб. — Бу одамнинг одати шу. Юз йил асал билан боқсангиз ҳам оғзидан ширин гап чиқмайди».

Қизлар каттакон қайрағоч соясида, ҳовуз лабида ўтириб, тушлик қилишади. Қайрағоч шохларида юз-юзлаб чумчуқлар чирқиллайди. Қаёқдандир шамол келиб, ҳовуз юзидаги майда-майда жилолар елкасига миниб олади.

Орқа томондан машина сигнали эшитилади.
— Раис бува келяптилар! — дейди қайсидир қиз қўнғирокдай овоз билан.

Баланд бўйли, қотма, аммо тетик раис очиқ чеҳра билан ҳайқиради:
— Ҳорманглар, қизлар!

Қизлар қувноқ саломлашишади.
— Баракалла, қизлар! Яшанглар. План тўлган куни ҳаммангизни Тошкешта — томошага олиб бораман.
— Нақ Тошкентнинг ўзигами? — дейди орқароқда ўтирган қизлардан бири ишонқирамай.
— Нақ Тошкентнинг ўзига!
— Панорамага ҳам тушамизми? Раис беғараз қаҳқаҳа уради:
— Ўша панорамага тушамиз-да!

Раис яхши одам. Чиндан ҳам ҳар йили қизларни бир-икки марта шаҳарга — театрга олиб боради.
— Қани, — дейди у ҳаммага бир-бир қараб. — Ким энг яхши ишласа, ўшани келин қиламан. Хоҳласа, механизаторлар курсига жўнатаман.

Ҳовузда косасини юваётган қоп-қора қиз — Эътибор елкаси оша ўгирилиб қараб, бижир-бижир қилиб гапириб ташлайди:
— Ўзи битта ўғлингиз бор, қайси биримизни келин қиласиз. Уям бўлса шаҳарда ўқийди. Ким билсин, ҳали бола-чақасини бошлаб келадими.

Ҳамма қаҳ-қаҳ уриб кулади, раис ҳам...

... Яна ўша пайкаллар, чаноқлар, пахталар... Муяссар яна ишга шўнғиб кетади... Қўллари яна чаноқлар устида ўйнайди.

Оқшом шафағи юзига кул тортганида пайкалдан чиқишади. Муяссар уйга қайтишдан олдин канал бўйига келади: сигирга ўт юлиш керак. Муяссарнинг ёнгинасида чигиртка нағмасини бошлайди. Оромли сукунатни чуқурлаштириб, узоқ тинимсиз чириллайди. Сув юзида балиқ сакрайди. Чўлп этган овоз эшитиладию яна сукунат қуйилиб келади. Аллақаёқдан учиб келган балиқчи қуш сувга шўнғийди. Шу ондаёқ қийқириб ҳавога кўтарилади. Муяссар қирғоқда ўсиб ётган барра майсаларни шарт-шурт юлишга тушади. Алланечук қадрдон, маст қилувчи кўкатлар исидан боши айланиб кетади. Сув юзи қоп-қорайиб қолади. Энг аввал уйғонган шошқалоқ бир юлдузча канал сувига шўнғийди. Гоҳ жилоларда кўмилиб кетади, гоҳ яна қайтиб чиқади.

Орқа томондан мототсиклнинг гуриллаган товуши эшитилади. Мототсикл сукунатни тилка-пора қилиб яқинлашади-да, унинг ёнгинасида таққа тўхтайди. — Яна колхознинг ўтини юляпсанми? Муяссар қайрилиб қарамасданоқ танийди. Ўша — Шоқосим ака. У секин бошини кўтариб қарайди. Табелчи мототсиклининг эгаридан тушгиси келмай, бир оёқлаб ерга тиралиб турган бўлади. Муяссар унинг юзини ғира-шира қоронғида аниқ кўрмаса ҳам, қовоқлари пир-пир учиб турганини пайқайди.

Бу одам шундай ўзи: отдан тушса ҳам, эгардан тушгиси келмайди. Бир вақтлар раис бўлган эди. Унда Муяссар қизалоқ эди. Бир куни сигири пахтазорга тушиб кетгани учун Қоравой тақачининг тўққиз яшар ўғлини ўлар ҳолатда дўппослаган.

Шоқосим ака ҳалиям ўша кунларини қўмсайди. Менга одамларнинг димоқ-фироғи эмас, пахта керак, дейди. Муяссар бу сафар ҳам олишиб ўтирмай, қишлоққа қайтади.

У энди ўчоққа олов ёққанида эшикдан ола сигир мўъраб кириб келади. Муяссар гулларни пайҳон қилиб ташламасин, деб дарров арқонлайди. Каттакон сирли челак яни илиқ, серкўпик сутга тўлади.

Муяссар бузоқчани ечиб юборади.

Таом пишгандан кейингина Муяссар қаттиқ то-лиққанини сезади. Уч-тўрт жазни оғзига солади-ю, товоқни беркитиб қўяди. «Ҳали Алижон акам келса, биргалашиб овқатланамиз».

Лекин Алижон ҳали-бери қайтмаслигини ўзи ҳам билади. Терим кунлари шофёрлар кеча-кундузнинг фарқига бормай қолишади.

Гузар томондан баланд музика овози янграйди. «Клубда кино бўляпти, — деб ўйлайди Муяссар жимгина қулоқ солиб. — Қанақа кино экан?»

У уйига кириб, электр ёқади. Бурчакдаги тошойнага ўзини солади. Қора қош, қора кўз, мўъжазгина қиз унга қараб жилмайиб туради. Бирдан унинг шўхлиги тутиб кетадию ўзининг аксини ўзи масхара қила бошлайди. Тилининг учини чиқариб, бошини ликиллатиб қўяди. Кейин майин жилмайиб, ойна токчасидаги упани олади. Упага ботирилган пахтани юзига яқинлаштириши билан тўхтаб қолади.

«Яна қўлим ёрилибди», Ғўзапоя тирнаб ташлаган қўлларига қарайди. Тағин жилмайиб қўяди. Мана шу нозик, чайир бармоқлари, тиқмачоқдай қўллари билан аллақачон ўзига ҳайкал битгулик ишлар қилиб қўйганлиги, бугун ҳам ўша ҳайкалга яна жило бергани унинг хаёлига ҳам келмайди.

Кейин ухлаб қолишдан чўчиб, ечинмасдан ўрнига чўзилади, кута бошлайди. Ана, кўчадан машина овози келди. Муяссар илдам қаддини ростлаб ўтириб олади. Мотор товуши кучая-кучая яқинлашади-да, яна секин-секин узокдашиб кетади. «Йўқ, Алижон акам эмас, Идора томонга ўтиб кетди-ку».

У шифтта тикилиб узоқ ётади. Лекин энди мотор овози келмайди. Итлар акилламайди. Бедана ҳам сайрамайди. Қишлоқни уйқунинг сукунат тўлқинлари ўз бағрига олади.

Фақат қаердадир — узоқда алла эшитилади. Қайсидир она ўз кичкинтойининг бошида қўшиқ айтяпти. Муяссар ширин жилмайиб қўяди. Мана, бир йилдан кейинми, икки йилдан кейинми ўзи ҳам она бўлади. Ўшанда ўзи ҳам шунақа сокин кечаларга жон киритиб алла айтади. Бир вақтлар аяси кенжа укасига алла айтаётганида қулоқ солиб ўрганиб олган.

Уйқу унинг ҳам киприкларини алдаб-алдаб қовуштириб кетади. Муяссар толиққан оёқ-қўлларини ёзганча, донг қотиб ухлаб қолади.

У туш кўради. Тушида жажжигина қизалоқ эмиш. Ўрикнинг шохига арқон ташлаб арғимчоқ учаётганмиш. Ўрик қийғос гуллаганмиш. Арғимчоқ ҳар силкинганида унинг бошидан бир дунё гул сочилармиш. Арғимчоқ борган сайин қатиқроқ лопиллармиш. У борган сайин баландга, осмон-фалакка чиқиб тушармиш. Ер ҳам, осмон ҳам, арғимчоқнинг арқони ҳам — ҳаммаёқ гул эмиш. Оқиш пуштигул эмиш. У хандон уриб, қийқириб-қийқириб кулармиш. Кўзларидан ёш чиқиб кетармиш...

У туш кўради. Аммо ой фонусининг пилигини пасайтира бошлайди.

Кунчиқар томонда осмон сутдай оқиш рангга киради. Янги кун бошланади.