OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номиДеҳқоннинг бир туни (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм28KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Деҳқоннинг бир туни (ҳикоя)
Ўткир Ҳошимов

«
Бундан йигирма икки йил аввал «Гулистон» журналида «Деҳқоннинг бир куни» деган ҳикоя босилган эди. Унда оддий пахтакор оиланинг бир кунлик ҳаёти тасвирланган...
Ҳикоя рус тилида «Литературная Россия» ҳафталигида чиқди, тўпламларга кирди, талай қардош халқлар тилларига, чет эл тилларига ўгирилди.
Орадан шунча фурсат ўтгач, эски дўстларим, қарийб ўз тенгқурларим — Муяссар ва Алижонни қўмсайвердим... Мана, улар билан тағин учрашдик.

Муаллиф, 1989 йил, март.
»

Ё-ё-тишибди... Ўнг томонда Алижон. Чап томонда Муяссар... Ёнбошида тўрт яшар Дониёр... Уй ичи салқин, чўян печканинг ғира қопқоғидан тушаётган нур деворга қизғиш чизиқ тортган. Ташқари ойдин шекилли, дераза ёруғ. Эски тошойна хира йилтирайди. Тошойна бурчагига қистириб қўйилган расм оқариб кўринади. Лекин Муяссар уни равшан тасаввур қилади: Валижоннинг сурати. Уни Ҳалимахон чизган. Бўёқ қалам билан... Ўлмасидан ярим йил илгари... Тошойна токчасидаги соат шошилинч чиқиллайди. (Валижон Новгород томонлардан олиб келган батареяли соат)... Алижон ёнбошига ағдарилиб «имм» деб қўяди. «Тағин бели оғрияпти», деб ўйлайди Муяссар юраги ачишиб. Аммо эридан ҳол сўрашга ботинмайди: «Уйғониб кетмасин».

Етти йил бўлди. Туппа-тузук машинасини ҳайдаб юрган одам айни қиш чилласи «пичан обкелмасак бўлмайди», деб тоққа кетди-ю, бир ҳафтада шу дардни орттириб келди. Бормаса бўлмасдиям-да... Ферманинг моллари очликдан бўкириб ётган бўлса... Колхознинг ўзи беда сепмаса...

Алижон аввалига сездирмади. Ичидан Муяссарнинг жун рўмолини белига боғлаб юраверди. Кейин ётиб қолди. Қимир этса жони чиқиб кетаётгандек инграйди. Ўшанда «ёрилди». Хашак олиб қайтишаётганда қор кўчиб, икки кеча тоғда қолиб кетишибди...

Уй ичи салқин... Чўян печка эшигидан тушаётган чизиқ ожиз милтирайди. Валижоннинг соати шошқин чиқиллайди. Муяссарни хаёл олиб қочади. Валижон соғмикин... У ёқларда совуқ қаттиқ бўлармиш. Бугун «Время»да айтди. Москвада 28—33 даража... Новгород Москвага яқин эмиш. Валижон айтган.

Дониёр қув-қув йўталади. Оёқ-қўлини типирлатиб, устидаги кўрпани очиб ташлайди.
— Ая-а-а! — дейди йиғламсираб.

Муяссар тирсагига таяниб, боланинг устига кўрпа тортади. Пешонасига кафтини босиб кўради. Хайрият, иситмаси йўқ.
— Ухла, болам, ухла, — дейди секин.
— Бунинг яна йўталяпти-ку, онаси...
— Сизниям уйғотиб юбордими? — Муяссар эрига ачиниб қарайди. — Шўх-да, боя Салимангиз айтди: печкада қор эритиб, пишиллатибди... Ухланг.

Муяссар эрининг уйқусини ўчириб юборишдан қўрқиб, қимир этмай ётади. Соат чиқиллайди. У тағин Валижонини ўйлайди. Мўмин бола. Отасига тортган. Ўнни битириб институтга кирмоқчи эди. Йиғламоқдан бери бўлиб қайтиб келди. Домла айтганмиш. «Eкономист бўлишни орзу қиладиган одам аввал фамилиясини тўғри ёзишни ўрганади, йигитча! Қишлоғингизга бориб пахта тераверинг!»

Муяссар куйди. Отаси кулди: «Биз томонларда пахта теришдан бошқани ўргатмайди, демадингми, ўғлим... Майли, парво қилма, ҳамма олим бўлиб кетса, подани ким боқади». Валижон пода боқмади-ю, тағин пахта терди.

Кейин... Бошқа гап чиқиб қолди. Янги раис (аввалги Раис бува қамалиб кетди, уч йил бўлди: пахтани қўшиб ёзган экан) мажлис қилди. Хўп ақлли гаплар айтди. (Айтадиям-да, ёш, ўқимишли). «Кўриб турибсизлар, биз томонларда туғилиш кўпайиб кетяпти, — деди, — ҳар битта оилага ўн беш сотихдан томорқани қаердан топамиз, пахтага ер етмаяпти-ку»: Хуллас, аён бўлдики, Россиянинг ноқоратупроқ ерлари «ўтюрак» дёҳқонларни, иложи бўлса, ёшларни кутиб ётган эмиш.

Валижон тушмагур шу гапни эшитди-ю, патагига қурт тушиб қодди. Муяссар «кетма», деб уввало ялинса ҳам кўнмади. «Тушунсангиз-чи, ая, ўз ҳолимга қўйинг, ёш бола эмасман», деди.

Дадаси ёнини олди (ҳар қалай эркак-да). «Болани ўз ҳолига қўй, онаси, раис бир нимани билмаса гапирмайди», деди.

Валижон бир йилчадан кейин кеч кузакда тўсатдан келиб қолди. Отпускага. Қаранг, Муяссар ўғлини танимай қолса денг... Соқол қўйган... Бошида телпак... Ралатироқ бўлиб қолган. Камгапми-эй, одамовими-эй...

Икки марта синглисининг мозорига бориб келди-да, тағин йўлга отланиб қолди. Ўша куни дадасига дилини ёрди: «Хўроз ҳамма ерда бир хил қичқираркан, ҳеч ким бизни қучоқ очиб кутиб олгани йўқ. Ўзларининг туриш-турмуши яхши бўлса, қишлоғини ташлаб қочармиди, жонимга тегди, баҳорда қайтиб келаман», деди. Отаси гапини маъқуллади: «Тентираб юрма бегона юртларда! Келавер, очингдан ўлсанг мен кафил».
— Уйингда ис борми, онаси?

Хаёл суриб ётган Муяссар эри томон илкис ўгирилади.
— Ухламадингизми?.. Ўлсин... кўмирхонага кирсам, яккаш кукун қопти. — У бир зум жим ётади-да, сўрайди.
— Поезд билетини эртага оласизми?
— Оламан, — Алижон негадир хўрсинди. — Буям бир қоп ғалва шекилли. Аввал Москвага бориларкан, ундан Тбилисига, ундан Кутаисига...
— Майли, дадаси. Кўрмаган жойларни кўриб келасиз.

Жимиб қолишади. Янги раис Алижоннинг белидаги бодини даволаш учун Кавказ томондаги аллақайси «курот»га путёвка берибди.
— Жонингиздан айлансин, — дейди Муяссар осойишта оҳангда. — Қийналиб юрасизми?

Тағин жимлик чўкади. Аллақаерда ит акиллайди.
— Кўмир олиш керак, — деди Алижон бўғиқ овозда. — Қишнинг кети кўринмаяпти.
— Ўлсин, анқонинг уруғи-ку. — Кечаги воқеа дафъатан Муяссарнинг эсига тушади. — Магазинга қанд келган экан. Тумонат одам... Қарасам, Турсуной холаям очиритда турибди. «Eримда гуноҳ йўқ, мажбур қилишган», дейди. Адойи тамом бўпти.
— Раис бува инсофли эди, — Алижон тағин хўрсинади. — Халққа қайишарди.
— Ўғлини қарғади, — дейди Муяссар куйиниб. — Тошкентда ўқиган ўғли бор эди-ку... ҳозир Қўқонда ишлаётган экан. Судмишмией, адвокатми... Турсуной хола «отангни қамоқдан чиқариб бер, шу одамнинг пуштикамаридан бўлгансан-ку, болам», деб йиғласа, ўғли кўнмабди. «Приписка қилганларга чора йўқ, ая», дермиш.
— Унгаям осонмас, — дейди Алижон хомушлик билан. — Нима қилсин, давлатнинг одами.
— Уларникидаям кўмир адо бўлган экан, — дейди Муяссар Турсуной холанинг гапини эслаб. — Шотурсунга бир машина кўмир обкеб беринг, барака топкур, раҳматли отангиз раис буванинг қадрдони эди, деса Шотурсун жеркиб берибди: «Икки юздан камига бўлмайди, мен етимхонанинг директори эмасман. Раис бува кўмиб кетган тиллаларни чиқаринг-да, мундоқ», дёпти.
— Отасига ўхшаган эррайим-да, бу бола! — Алижон жаҳл билан тўнғиллайди. — Шоқосим ака ҳам шунақа худобехабар одам эди.

Муяссар қовоғи муттасил учиб турадиган Шоқосим акани, ҳозир стантсиядаги кўмир искаладда ишлайдиган Шотурсунни эслаб, кўнгли ғаш тортади, раис буванинг хотинигаки шундоқ деган бўлса, бошқаларга икки юз элликдан камига кўнмайди.

Турсуной холанинг йиғлаб айтган гаплари тағин хаёлига жонланади: «Сизга ёлғон, Худога чин, жон қизим, чолим бир хил раисларга ўхшаб сандиқ-сандиқ пул йиғмади. Бошқалардан нимамиз ортиқ, мана, бир пақир кўмирга зор бўлиб ўтирибман...»
— Раис бува вақтида пенсияга чиқиб кетса шу ишларга аралашмасмиди, — дейди Муяссар ўзига ўзи гапириб.
— А? — Алижон энди мудрай бошлаган шекилли, қайта сўрайди. — Ким дейсан?
— Раис бувани айтаман-да.
— Ундаям барибир қамаларди...

Муяссар астойдил ажабланади:
— Нега энди? Ўзига тўғри бўлса. Бировга оғзи тегмаса, тили тегмаса...
— Планни бажармаса бўлмасди-да, онаси, — дейди Алижон ишонч билан. — У замонларда бажармаса қамаларди. Энди бажаргани учун қамаяпти.

«Ўзинг паноҳингда асра, Худо!», дейди Муяссар хаёлан. Дили ёришади. Яхшиям эри раисми, бригадирми бўлмагани... Ана, қанчаси қамоқда ётибди.

Нариги хонадан ингроқ товуш келади.
— Қайси бири? — дейди Алижон хавотир билан.
— Салимангиз... — Муяссар нариги хонада ётган уч қизининг қайси бири тушида алаҳсирагани-ю, қайси бири инграганини аниқ билади.
— Яна баннисага ётқизсакмикан, — дейди Алижон. — Жигар оғриғи қўзғади шекилли. Ҳалимага ўхшаб...
— Нафасингизни иссиқ қилинг! — дейди Муяссар беозор жеркиб.

Eрининг кўнглидан ўтаётганларни билади. Ўзининг ҳам кўз ўнгига лоп этиб Ҳалимахон келади. Валижондан кейин туққан қизи. Ўзиям бу дунёга сиғадиган қиз эмасди-да. Сочи ер супурарди. Киприги юзига тушарди. Отаси ҳам ҳайрон: кимга тортган бу қиз? Чап қўллаб расм чизса (чапақай эди), одамнинг ақли шошарди. Шунақа меҳнаткаш, шунақа чаққон. Нон ёпади, сигир соғади, пиллага қарайди, далага чиқиб чопиқ қилади, юз килолаб пахта теради. Яхши қиз маҳалладан чиқмайди, деган гап рост экан. Ўн олтига тўлиб-тўлмасдан турнақатор совчилар қатнаса денг... Бўлмаса тўққизинчига энди кўчган қиз...

Бир куни Муяссар ишдан келса, Ҳалимахон акасини айвон бурчагидаги курсига ўтқизиб қўйиб, албомга расмини чизяпти. Қўлида бўёққалам. «E, бунингизга айтинг, ая, хит қилиб юборди-ку, одамни, — деди Валижон дўриллаб. — Нима, мен виставкага қўйилган эчкиманми? Икки соатдан бери қоққан қозиқдек ўтирибман. Э, бор-э!» — Валижон қўлини пахса қилиб ўрнидан туриб кетаётган эди, Ҳалимахон мулойим жилмайди. «Қирқига чидадингиз, қирқ биригаям чиданг-да, акажон! Беш минут қолди».

Муяссар қизи чизган расмга бундай қараса... Ё тавба! Ўғли шунақа катта йигит бўп қоптими? Мўйлови сабза урган... Кўзларида, қоп-қора кўзларида алланечук шўхлик... Ҳатто иягидаги ҳусунбузар ҳам ярашиб тушган.

... Муяссар ўша кунги гапи учун ҳануз ич-этини ейди. Нега бақирди қизига? «Сен аҳмоққа қачон ақл киради, қиз ўлгур! Овқатга уннаш ўрнига... Аканг бу йил ўнни битиради, аҳмоқ, нима қиласан вақтини олиб? Йиғиштир қалам-паламингни!» Билса эди, олти ой ўтмай ғунчадек қизини тупроққа топширишини... Ҳалимахон дори сепилган далада ишлайверибди жигари эзилиб адойи-тамом бўпти-ю, иҳ демабди. Ўзи-чи? «Аяжон, қорним оғрияпти, кўнглим беҳузур бўляпти», деса: «Ёқмасроқ нарса егандирсан-да, қатиқ ичсанг босилади», деб қўя қолибди... Баннисага олиб боришганида касали ўтиб кетган экан... Йўлакка, эшик тагига ётқизишди.

Муяссар эрини бунақа алпозда биринчи кўриши эди. Аввал дўхтирларга ялинди: «Жон акалар, қанча олсангиз олинг, қизимни тузатинг», деди. Биров қулоқ солса қани! Ҳаммаёқ оҳ-воҳ, ҳаммаёқда ранги заъфарон касаллар. Шунда Алижоннинг кўзи ғазабдан ёниб кетди. Қиёмат қўпди. (Ювош одамнинг жаҳли чиқса ёмон бўларкан.) «Каттанг ким? — деди ўдағайлаб. — Менинг қизим холасининг чорбоғида ишлаб сариқ бўлгани йўқ. Пахтада кетмон чопиб шу дардга йўлиқди! Тузатасан! Тузатмасанг, онангни Учқўрғондан кўрсатаман!»

Ранги заҳил, қилтириқ дўхтирнинг гапи Муяссарнинг эсидан чиқмайди: «Менга нима дейсиз, ака! Бола боғчасиниям касалхонага бўшатиб берган бўлсак, кўриб турибсиз, коридоргача тўлиб кетди. Боринг, ўша катталарнинг олдига!»

Алижон «катталарнинг олдига бормади. Борадиган аҳволда эмасди.

Бола бола экан-да. Валижон синглиси билан кўп ғижиллашарди. Гоҳ ручка талашади, гоҳ дафтар... Аммо Ҳалимахоннинг ўлигини баннисадан олиб келишганида ерга мук тушиб шунақа йиғлади, шунақа йиғлади...

Муяссарнинг мижжаларига ёш қалқийди. Томоғига йиғи тиқилиб, димоғи ачишади. Эрини безовта қилишдан қўрқиб, лабини тишлайди.
— Ҳа, онаси? — дейди эри хавотирланиб.
— Ўзим... — Муяссар ҳиқиллаб, бурнини тортади. — Ухланг... Чарчагансиз.
— Қўй, онаси... — Алижон дағал қўли билан унинг бошини силайди. — Баҳорда ўғлинг келади. Насиб этса тўй қиламиз... Невара кўрасан...

Ажаб, бир вақтлар келинлик пайтида (қаранг, шунгаям йигирма икки йил бўпти) эрининг қўли бехосдан тегиб кетса, бадани жимирлашиб кетарди. Энди бўлса эри бошини силаса ёш боладек ором топади. Нима бу? Ўзиям тушунмайди.

Нариги хонада тағин Салима инграйди. Муяссарнинг кўнглига ғул-ғула тушади. Балки яна баннисага ётқизиш керакдир. Йў-ўқ, биттасидан айрилгани етади! Ўт тушсин, ўша пахталарига!

Сутдан оғзи куйган қатиқниям пуфлаб ичаркан. Бултур кузда Салима «кўнглим айнияпти, биқиним санчиб оғрийди» деганида эр-хотин югургилаб қолишди.

Хайрият, бу сафар вақтида олдини олишди. Ҳалиям асорати қолган шекилли, бу сариқ ўлгурнинг... Алижон инқиллаб ўрнидан қўзғалади.
— Ҳа? — дейди Муяссар ташвишланиб. — Белингиз...

Алижон уҳ тортади. Ётган жойида чўзилиб ти-мирскиланадй. Намат устидаги сигарет билан гугуртни олади.
— Шу одатингиз қолмади-да, дадаси, — дейди Муяссар дашном бериб. — Бола ётибди демайсиз.

Алижон индамай гугурт чизади. Чаккасидаги оқарган сочлари, ажин тушган пешонаси бир лаҳза ёришиб кетади.

«Умр ҳам ўтди, — деб ўйлайди Муяссар. — Икковимиз ҳам ўтин бўлдик. Қизиқ, кўнглида на алам, на оғриқ сезади. Бу гап шунчаки лип этиб хаёлидан кечади. — «Дунёнинг ишлари шу экан».

... Ой ботган шекилли, деразадан тушаётган нур хиралашади. Ҳовли томонда қўй маърайди. (Валижоннинг тўйига атаб боқилаётган қўй).
—Онаси, — дейди Алижон сигарет кулини ёнбошидаги пиёлага чертиб. — Ўғлинг келгунча уйни сал эпақага келтириб қўйсакмиди...

Яхши ният билан ҳовли этагига бир уй, бир айвон солишган. Томини ёпишдию у ёғига қўл қисқалик қилиб қолди. Валижон у ёқда бўлса, ҳали қанча иш бор. Эшик-дераза ўрнатиш, сомон сувоқ, оқ сувоқ, бўёқ... Эҳ-ҳе!

Ажаб, Алижон унинг дилидан ўтганини дарров сезади.
— Қўявер, онаси, — дейди юпатиб, — мусулмончилик — астачилик. Бахтимизга болалар соғ бўлсин.
— Шундай деб сигаретни пиёлага босиб ўчиради. — Ухла, онаси, чарчагансан.

Тошойна янаям хирароқ ялтирайди. Соат аллаловчи оҳангда чиқиллаётганга ўхшайди. Бора-бора соат овози жимлик қўйнига сингиб кетади. Муяссарни уйқу элитади. Шунда эри елкасига оҳиста туртганини сезиб норозилик билан кўзини очади.
— Нима дейсиз? — дейди озорланиб.
— Онаси... — Алижон йўталиб қўяди. — Ўйлаб қарасам, ўшаёқ менга тўғри келмас экан.

Муяссар уйқусираб яхши тушунмайди:
— Қанақа ўшаёқ?
— Ўша-да! Халтубами, Малтубами... Бориш юз сўм... Келиш юз сўм... Ундан кўра кўмир олайлик... Валижонинг келгунча уйни сувокдан чиқариб қўяйлик.

Муяссарнинг уйқуси бир зумда ўчади.
— Эсингиз жойидами, дадаси! — дейди астойдил койиб. — Етти йил кутиб, энди путёвка олган бўлсангиз, яримжон бўлиб қолган бўлсангиз... Сиз ҳам умрингизда бир марта...
— Ке, қўй, онаси! — Алижон тағин унинг бошини силайди. — Олтиариқ томонда иссиқ сув бормиш. Шунга уч марта тушсам, отдек бўлиб кетаман. Мана кўрасан.

Eри шу қадар ишонч билан гапирдики, Муяссар иккиланиб қолди.
— Қандоқ бўларкин, дадаси, — дейди бўшашиб. — Лабздан қайтсангиз...
— Ухла, — дейди Алижон алланечук хотиржамлик билан.

Муяссар тушунади. Бу — эрининг қатъий қарори. У бир лаҳза алағда бўлиб ётади. Кейин уйқу унинг киприкларини алдаб-сулдаб қовуштиради. Қанча фурсат ўтганини билмайди-ю, айвонда чироқ ёнганини ҳис этади. «Салима турди, — деб ўйлайди уйқу аралаш. — Хўп меҳнаткаш чиқди-да, шу қизим. Умридан барака тонсин». Пақир банди даранглаганини ҳам эшитади. «Туриш керак, хамир кўпчиб кетгандир... Салима сигир соғгунча нон зувалаб қўймасам бўлмас». Уйғонмоқчи бўлади-ю, кўзини очолмайди.

Туш кўради... Баҳор эмиш. Ўрик гуллаганмиш. Қизалоқ эмиш. Ўрик шохига илинган арғимчоқда учаётганмиш. Арғимчоқ силкинган сайин бошига дув-дув гул ёғилармиш. Оқ, пушти гуллар...

Шунда... Ҳалимахон пайдо бўпти. Сочлари ер супурадиган, киприги юзига тушадиган қизи Ҳалимахон...

«Кел, қизим, келақол! — дермиш у қўл чўзиб. Қизини қучоғига олибдию учаверибди-учаверибди. Ҳалимахон унинг пинжига кириб, «аяжон, аяжон» дермиш. Арғимчоқ борган сайин биланд ҳаволанармиш... Она-бола бир-бирини қучокдаб осмон-фалакка учиб кетишаётганмиш. Негадир Муяссарнинг йиғлагиси келармиш.

У туш кўради. Ой фонуси аллақачон ўчган. Кунчиқар томонда эса кўкимтир қор босган тоғлар ортида осмон ёришади. Ҳовли этагида пастак бостирмада «пов-пов» деган овоз эшитилади. Салима сигир соғаяпти. Соғиб бўлиб, қозиқ атрофида бетоқат айланаётган бузоқчани ечиб юборади, кейин тандирга ўт қалайди... Нон ёпади... Ширчой қилади... Янги кун бошланади...