OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номиЎзбеклар (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм60KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўзбеклар (ҳикоя)
Ўткир Ҳошимов

Маҳаллада қайси кампирни уйидан тополмасангиз, тўппа-тўғри Отинойиникига бораверинг! Отинойининг ҳовлиси паст кўчанинг этагида. Уйи ҳам бошқаларникидан ажралиб туради. Иккита деразали пастак уй. Бошқаларнинг деразаси олдида гилос бўлса, Отинойиникида икки туп тут бор. Бошқаларнинг томи тунука бўлса, Отинойининг томи шифер. Ҳамманинг томида телевизор антеннаси бор, Отинойиникида йўқ. Аммо унинг уйи ҳамиша ҳамманикидан гавжум бўлади. Доимо очиқ турадиган пастак дарвозадан киришингиз билан энг аввал димоғингизга гуп этиб райҳон иси урилади. Кейин бир маҳалла хотиннинг гангур-гунгур суҳбатини, болаларнинг қий-чувини эшитасиз. Машина сиғмайдиган (унга машинанинг нимаям кераги бор) тор йўлакдан ўтиб, қутидеккина шинам ҳовлига кирасиз. Ариқ тортиб экилган райҳонлар белга уради. Ош райҳон, сада райҳон, оқ райҳон, қора райҳон. Ҳовли этагида, эски бостирма олдида бир туп ўрик бор. Довучча тукканидан бошлаб туршак бўлгунча маҳалланинг қора-қура болалари шохдан-шохга тармашади. Отинойи ўрикни қизғанганидан эмас, болаларга ачинганидан чирқиллайди: «Ҳой, уйингга буғдой тўлгур такалар, туш, йиқилиб кетасан!» «Такалар» парво қилмайди. Биладики, Отинойининг тути ҳам, ўрик ҳам уларники! Умуман, бу ҳовли ҳамманики. Эрта кўкламда сумалак шу ерда бўлади. Исмалоқ сомса, ялпиз сомса Отинойининг бостирмасидаги тандирда ёпилади. Кейин тут пишади. Кетидан ўрик. Маҳалладаги хотиноши борми, чалларми, бешик тўйи борми, қуда чақириқми — ҳаммасининг маслаҳати шу ерда пишади. Қанча нон ёпилади, қанча гуруч дамланади. Қудаларга «тўққиз-тўққиз»да нималар тортиш керак...

Тўғри, у отинликдан кўра кўпроқ ходимлик қилган. Аммо уни ходим хола эмас, Отинойи дейишади. Қолаверса, ҳозир дастурхончиликни ташлаган. Уч йил бўлди. Кексайиб, кучи етмай қолди. Лекин ҳалиям Отинойи дейишади. Ёзда ўрик тагидаги эски сўри, қишда «чийлампа» сувоқ қилинган пастак шифтли, токчаларига баркашлар, чегаланган қадимий «гардим» лаганлар териб қўйилган уй ҳамиша гавжум бўлади.

Ҳозир ёз. Думбул бўлган ўрик шохида одатдагидек қўшни болалар кир майкасининг қўйнига ўрик тўлдиряпти. Биттасини оғзига ташлайди, биттасини қўйнига солади. (Ҳар эҳтимолга қарши.) Отинойи пастак шифтли уйида оғзи очилган эски сандиқ олдида чўккалаб ўтирибди. Уйни куядори ҳиди тутиб кетган. Ўртадаги хонтахта атрофида Иной гарангнинг хотини Баҳри хола, заводда ишлайдиган «гирой» Аҳмаднинг онаси Муаттар хола, «Келинпошша» ўтиришибди. Отинойи сандиқдан бирма-бир ўлимликларини олиб «кўз-кўз» қиляпти.
— Мана бу — кафанлик, - дейди у бежирим қилиб ўралган докани кўрсатиб.

Муаттар хола доканинг бир учини чимчилаб кўради.
— Яхши, мисқоли дока экан.
— Искандарим атайлаб Масковдан обкелган. - Отинойи керилиб қаддини ростлайди. - Мана буни йиртишга берасила. - У тағин бир тугунни очади. - Аммо-лекин рўмоллардан сал кўнглим тўлмай турибди. Ҳаммаси бир хил бўлгани яхши. Мана, ўттизтаси кўк, йигирматаси мошранг. Майли, Искандаримга айтаман, обкелиб беради.
— Қўйинг, овсин пошша, ҳали кўп юрасиз, - дейди Баҳри хола минғирлаб. У минғирламасдан гапиролмайди. Димоғи шунақа бечоранинг. Айниқса «п»ни айтолмайди, «м» дейди. Сал ғийбатчироқ-ку, аммо яхши хотин, кўнгли бўш. Қўшнининг мушуги туғсаям, «жони оғригандир», деб йиғлайди. У рўмолининг учини мижжасига босиб хўрсинди. - Қараб туринг, ҳали қўша-қўша неваралар кўрасиз, тўйлар қиласиз, овсин мошша! — У «пошша» деганда овози «мошша» бўлиб чиқади.

- Aytganingiz kelsin. - Otinoyi ma’yus jilmayadi. «oʻlimligini» tartib bilan yana sandiqqa joylaydi. - Xudo Iskandarimgayam qoʻchqordek oʻgʻillar bersa ajabmas. Kechayam kelib ketdi, bolam boyaqish. - Otinoyi sandiqni qaytadan titkilaydi. - Mana, - deydi ikki loʻppi yaltiroq qogʻozli sovunni olib. — Polcha degan joydan mozor bosib kelgan. Iskandarim obkeldi.

У совуннинг биттасини Баҳри холага, биттасини Муаттар холага беради.
— Вой, мунчаям яхши! - Муаттар хола «полский» совунни ҳузур қилиб ҳидлайди. Баҳри хола ҳам ҳидлаётганида Муаттар холадан дашном эшитади.
— Ис билмайсиз-ку, ҳидлаб ниманинг фарқига бордин-гиз...
— Ўғлимни дуо қилинглар, - дейди Отинойи астойдил ялиниб. - Ўзидан кўпайсин, денглар, яхши фарзандлар берсин, денглар.

Боядан бери индамай ўтирган «Келинпошша» жилмаяди.
— Менга-чи, Отинойи? Мозор босиб келган «Полча» совундан менга бермайсизми!
— Сиз совунни нима қиласиз, Келинпошша, ўзингиз ойдайсиз. Ундан кўра бориб чой дамлаб келинг.

«Келинпошша» - Отинойининг девор -дармиён қўшниси. Ўртадан туйнук очиб қўйишган. Эри проводник. Маҳалладаги ёш-яланглар уни Келинойи деб чақиришади. Отинойи учун у «Келинпошша». Яхши жувон, бечора. Саккизта боласи бор. Энг кичкинаси энди йўлга кирди. «Келинпошша» шу кўклам тағин бошқоронғи бўлди: довуччага. Ҳовуч-ҳовуч довучча еб эси кетди бояқишни. Келинпошша «дик» этиб ўрнидан туради. Отинойи кетидан тайинлаб қолади:
— Искандарим обкеган чойдан дамланг, болам. Дутор чалиб турганидан.

«Келинпошша» бир зумда чой дамлаб келади.
— «Полча» совунни тўяна қиласиз, Отинойи, - дейди кулиб. - Ақининг тўйига!

Ақида «Келинпошша»нинг тўнғич қизи. Ҳамшира бўлиб ишлайди. Яқинда узатишмоқчи. Янгийўллик пахта бригадирига фотиҳа қилишган.
— Тўяна сиздан айлансин! — Отинойи ҳам кулимсирайди. - Ақи қизимнинг тўйи бўлади-ю, мен қараб турармидим. Совун нима бўпти, ҳали Искандаримга айтсам, гилам олиб беради.

Искандар - Отинойининг ёлғиз ўғли. Катта жойда ишлайди. Оқ машинада юради. Марказда тўрт хонали уйи бор. Отинойининг айтишича, ваннаси чиннидан эмиш. Искандар яхши бола. Домга олиб кетаман, деб уввало ялинсаям, Отинойи кўнмайди: ҳовлисига ўрганиб қолган. Отинойининг биттаю битта орзуси бор. Шу - Искандарининг ақалли биттагина боласини бағрига босса, оёқ-қўлини бемалол узатиб кетарди.
— Майли, тўй бўлсин, - дейди у негадир хўрсиниб. -Eнди... Тирик жон-да, ўргилайлар. Вақти қазоим етса, болам бечора югургилаб қолмасин, дейман-да, иши оғир, лак-лак одамга хўжайин бўлиш осонми?

* * *

Искандар Ваҳобович «вертушка» гўшагини жойига қўйди-ю, ичидан хўрсиниқ келди. Министр ўринбосари телефонда йигирма минут «қовурди». Юбилей объекти ўлда-жўлда бўлиб ётгани учун Искандар Ваҳобович бошчилик қилаётган трест айбдор эмиш. Искандар Ваҳобович ётиғи билан тушунтирмоқ-чи эди, замминистр, «баҳона изламанг», деб жеркиб берди.

У сирқиллаб кетаётган чаккаларини кафти орасига олиб бир зум кўзларини ярим юмганча стол қиррасига тикилиб ўтирди. «Ҳар куни бир ғалва!»

Eшик ғийқиллаб очилди. Искандар Ваҳобович остонада турган дўмбоқ котибага «ҳа, тағин нима гап!» дегандек зардали қаради.
— Шаҳар телефонида сўрашяпти, — деди котиба ҳуркиброқ.
— Ким?

Котиба қуюқ бўялган киприкларини пирпиратди.
— Танишиман, дейди.

«Падарига лаънат танишларниям, нотанишларниям! Қайси бирининг иши тушса, дарров «таниш» бўлиб қолади». У олчаранг телефон гўшагини шахт билан кўтарди.
— Ҳа!

Шу заҳотиёқ шанғиллаган овоз қулоғини тешиб юборай деди.
— Искандармисан?

«Қанақа саводсиз бу! Бақиради, сансирайди!»
— Ким ўзи бу? - деди Искандар Ваҳобович қони қайнаб. Жавоб ўрнига яна савол эшитди.
— Искандармисан?
— Ҳа? Ўзингиз кимсиз? Гўшак яна шанғиллади:
— Холматман! Қўшнинг...

Искандар Ваҳобович беихтиёр қўшниларини бир-бир эслаб кўрди, Холмат деган қўшниси йўқ. Жинни бўлганми бу одамлар?!
— Қиладиган ишингиз бўлмаса, телефонни жойига қўйинг! Шундай деб энди гўшакни улоқгирмоқчи эди, бояги овоз

яна шанғиллади:
— Отинойимнинг аҳволи оғир!

Искандар Ваҳобович эсанкираб қолди. Ахир Отинойи... ўзининг онаси-ку!

Бўлди-бўлди! Холмат ака уларнинг девор-дармиён қўшниси. Проводник!
— Нима бўлди?! -деди бирдан юрагига ғулғула тушиб. -Ойимга нима бўлди?
— Аҳволи оғир.
— Шошманг, ҳозир «скорий» чақираман.
— «Скорий»ни нима қиласан? — Холмат ака тағин бақир-ди: - Ўзинг кел, тезроқ!

Телефон узилиб, «тут-тут-тут» деган қисқа товуш эшитила бошлади. Искандар Ваҳобовичнинг ичида бир нима узилиб кетгандек бўлди. Наҳотки онаси...

У югуриб қабулхонага чиқди. Машинка чиқиллатаётган котибага буюрди:
— Диля! Тезроқ машина чақиринг! Подъездга!

...Оқ «Волга» гавжум кўчалардан шиддат билан учиб борар, Искандар Ваҳобович орқа ўриндиқда ўтирганча юраги гурсиллаб бир саволни хаёлан қайтарарди. «Наҳотки!»

Машина чорраҳаларда ҳадеб тўхтар, у хаёлига келган даҳшатли ўйни ҳайдашга, «тоблари қочгандир-да», деб ўзини юпатишга уринар, аммо ўша заҳоти бояги шафқатсиз савол яна вужудини тешиб ўтар эди. «Наҳотки!»

Машина чойхўрлар чақчақлашиб ўтирган гузар олдидан ўтаётганида у бир қадар таскин топгандек бўлди. «Хайрият, тинчлик экан». У билади. Худо кўрсатмасин, бирон корҳол бўлса, чойхонада одам қолармиди? Аммо машина паст кўча-га кириши биланоқ юраги музлаб кетди. Ана, ўша шифер томли пастак уй, ана икки туп тут, ранги унниқиб кетган тахта дарвоза. Дарвоза олдида беш-олти эркак тўдалашиб туришибди. Аллақандай аёл тут тагини супуряпти.

«Наҳотки!» Бу савол унинг миясига сўнгги бор чақмоқдай урилди-ю, мажолсиз оёқларини аранг судраб, машинадан тушди. Шу ондаёқ Холмат ака югуриб келиб, уни қучоқлади.
— Онамиздан айрилиб қолдик-ку, укам! - У Искандар Ваҳобовични бағрига босганча бирдан ўкраб йиғлаб юборди.— Айрилиб қолдик!

Искандар Ваҳобовичнинг кўз ўнги қоронғилашиб кетди. У карахт бўлиб қолган, Холмат аканинг елкаси муттасил силкинаётганини, мўйлови ўзининг юзига тегиб ғашини кел-тираётганини сезиб турар, аммо бошқа нарсани идрок этолмас, хаёлида фақат бир фикр чарх урарди. «Ойим!» «Ойим!» У амаллаб Холмат аканинг қучоғидан чиқди-да, гандираклагудек бўлиб уй томон йўналди. Дарвоза олдида турган кишилар негадир унга тик қарамас, бири бошини хам қилиб турар, бири юзини ўгирганга ўхшарди. Бироқ ҳозир у бунга эътибор берадиган аҳволда эмасди.

Чайқалиб-чайқалиб ғиштин зиналардан чиқди-ю, салқин даҳлиздан ўтиб, уйга отилиб кирди. Қандайдир аёллар (Искандар қарамади) унга йўл бўшатишди.

Искандар ялтироқ қуббалари занглаб кетган сим каравотда ётган онасини кўрди. Устига оқ чойшаб ёпиб қўйилган. Онаси қандайдир осойишта ётар, худди ухлаётганга ўхшарди. Искандар ҳозир «Ойи!» деб чақирса, уйғониб кетадигандек.

У шундай қилди. Каравот олдига, наматга тиз чўкканча илтижо қилди:
— Ойи! Ойи-и!

Йўқ, онаси кўзини очмади. Шунда у чойшабни очиб ташлади-ю, онасининг қўлини, йиллар заҳматидан бармоклари қинғир-қийшиқ бўлиб кетган қўлини чангаллаб ўпди. Қизиқ, онасининг қўли муздек эди!
— Ойи! Ойижо-он! - деди ҳайқириб. Кейинги сўзлар бўғзидан йиғи аралаш отилиб чиқди.- Ойи-и!

У кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетган лаблари билан онасининг қўлларини ўпа бошлади. Кейин нима учундир икки қўллаб намат тўшалган ерни муштлади.
— Нега! Ойи, айтинг, нега?

У эсдан оғиб қолганга ўхшар, ҳадеб ерни муштлар, аммо бу хитоб онасига қаратилганми, ўзигами, ақли етмас эди. У чўккалаган кўйи тағин онасининг қўлларига ёпишди. Муздек, дағал қўлни юзига босиб, ўкраб юборди.

...Бу қўллар унинг бошини силаган, кўп силаган. Кўнгли ўксиганида, бетоб бўлганида, илк бор мактабга борганида, мактабни олтин медал билан битирганида... Институтга кир-ганида, битирганида... Ниҳоят... уйланганида... Бу қўллар унинг бошини кўп силаган. Ўзичи, ўзи онасининг бошини силаганми? Бирон марта, ақалли бирон марта силаганми?!

Юрагининг туб-тубидан отилиб чиққан бу савол аъзойи баданини ўртаб юборди.
— Ойи-и-и-и! - деди инграб.

Бу қўллар уни йўргаклаган, унга кўкрак тутган, шамоллаганида баданига қўй ёғи сурган. Бу қўллар сигир соққан, таппи қилган, кир ювган, овқат пиширган, нон ёпган...

Нон! Онасининг назарида нондан табаррук нарса йўқ эди. Қўни-қўшниларнинг гўдак боласи йўлга кирса оёғи орасидан кулча юмалатиб, бошқа болаларга обқочтирарди. Никоҳ тўйидан аввал икки ёшнинг пок турмушидан нишона бўлсин деб нон ушатарди. Бостирмадаги тандирда кунора нон ёпарди. Зоғорами, арпа нонми, ишқилиб, нон-да! Тандир ёнида ўралашиб юрган Искандарга энг аввал пишган нонни юзига сув сепиб узиб берарди...

У ёш тўла кўзлари билан беихтиёр каравот устига, шифт томонга тикилди. Ана, ана ўша нон! «Чийлампа» қилиб сувалган шифт остида, девордаги михга илиғлиқ турибди. Бир чети тишланган. Ана, ўша тиш излари. Бу — дадаси тишлаган нон. Қип-қизил...

У онасининг нонни арта-арта жойига илиб қўйганини кўрган. Михдан ҳадеб олиб қўйилавергани учун тешиги кенгайиб кетган. Аммо нон ҳамон турибди. Моғор босмаган, қип-қизил...

Бир маҳал у кимдир оҳиста туртганини идрок этиб, елкаси оша бурилиб қаради. Таниди: Баҳри хола. Кўк рўмол танғиб, кўк кўйлак кийиб олибди. Йиғлайвериб, шишиб кетибди.
— Бандаликда, болам, - деди у минғирлаб. — Оллонинг иродаси, жон болам! Ювғувчи келди... - Шундай деди-ю, ҳиқиллаб йиғлаганча кўк рўмолини юзига босди.

Искандар чиқиб кетиши кераклигини тушунди. Остонага борганида тўхтаб қолди. Онасига термилди. Онаси қуббалари занглаб кетган сим каравотда ётар, гўё ухлаётгандек, ҳозир ўрнидан туриб, уни бағрига босадигандек, икки кафти билан икки юзидан ушлаб, пешонасидан ўпадигандек эди. У доим шундай қиларди. Шу уйда, шу каравотда онаси уни бағрига босиб ухлатган. Эрталаб пешонасини силаб уйғотган.

...Eсида, ўшанда Искандар биринчи синфда ўқирди. Ўрик гуллаган кун эди. Мактабдан иситмалаб келди. Онаси минг зўрламасин, бир пиёла чой ичди-ю, худди мана шу каравотга чўзил-ди. Уйда хотинлар кўп эди. У иситма аралаш Баҳри холанинг димоғи билан минғирлаб айтаётган гапларини эшитиб ётарди.

«Eнди, овсинмошша, Худодан ҳам, бандасиданам қарзингиз қолмади. Уруш битди. Келганлар келди. Ўлганларни жони жаннатда бўлсин. Ёш умрингизни хазон қилманг. Болагаям ота керак, ўргилай. Сизга оғиз солаётганлар таг-зоти кўрган одамлар...»

Искандар онасининг жавобини эшитмади. Ухлаб қолди-ми, ҳушидан кетдими, ўзи билмасди. Умуман, бу гапларнинг маъносини тушунмасди. Фақат эртасига онаси куйиб-ёниб айтган сўзлар қулоғига ўрнашиб қолди.

«Иккинчи унақа гапларни гапирманглар! Худони қаҳри келди. Боламга қизамиқ тошиб кетди. Дадаси омон бўлса келар, келмаса пешонамдан кўрдим. Ёлғиз эмасман, шукр, олдимда болам бор...»
— Искандаржон, жон болам, - Баҳри хола унинг елкасига қоқди. — Чиқа қолинг, қоқиндиқ.

Искандар (у энди Искандар Ваҳобович эмас, Искандар, оддий Искандар бўлиб қолганди, негаки, ўлим ҳаммани баравар қилиб қўяди) вазмин қадамлар билан салқин даҳлизга чиқди.

Пешайвон устунидаги михларга онасининг бутун «бисоти» илиб қўйилибди: битта янги, иккита эски кўйлак, унниқиб кетган бахмал нимча, бир бурчи тешилган жун рўмол, ҳали тикилмаган бир кийимлик штапел, шол дастурхон...

Кавшандозда онасининг кавуши турибди. Қизиқ, бу кавушни Искандар уч йил илгари олиб берган эди. Нега яп-янги турибди?

Холмат аканинг хотини - Келинойи йиғидан қизарган кўзлари билан унга термилди. Искандар кавушга тикилиб турганини сезди шекилли, тушунтирди:
— Аяб юрардилар. Тўйга борсалар ёнбошларига — кўрпачанинг тагига беркитиб ўтирардилар. Искандарим оберган, деб мақтанардилар.

Искандар ҳамон кавушдан кўз узмасди. Келинойининг саволини дафъатан яхши эшитмади.
— Нима қилайлик, маставами, шўрвами? Искандар ҳеч нимага тушунмади.
— Нима? - деди гарангсиб.
— Ҳали-замон уйни одам босади. Иссиқ овқат қилиш керак, - Келинойи куйманиб тушунтирди. - Ўлик чиққан уйда қозон қайнатиб бўлмайди. Бизникида қиламиз. Сўрамасам ҳам бўларди-ку, сиз - ўзимизникисиз, укам.

Искандарни Келинойининг саволи эмас, ўзини ўртаётган муаммо қийнар эди.
— Нима бўлди? - деди инграб. - Ойим соппа-соғ эдилар-ку! Келинойи ўпкаси тўлиб хўрсинди.
— Туппа-тузук эдилар, - деди бурнини тортиб. - Эрталаб ўйнаб-кулиб ўтирдилар. Ўлимликларини кўрсатдилар. Ҳазиллашдик. Мен айтдим: «Ўлимни ўйламанг. Ақининг тўйи-ни... - Келинойи ҳиқиллаб қолди. — Ақиданинг тўйини ўзингиз бош бўлиб ўтказасиз», дедим. Хўп, дедилар. Кейин бирдан, ғалати бўп кетяпман, дедилар. Каравотга ётқизган эдик...

Искандар кавшандозга ўтирганча бошини чангаллади. Бу қандай гап! Бу қандоқ адолатсизлик! Нимага? Туппа-тузук юрган онаси нимага тўсатдан...

Келинойи ҳамон ҳиқиллаган кўйқ унинг бошига эгилди.
— Шўрва қила қоламиз.

Ажаб, шу топда таом ўтадими томоқдан! Дарвоқе, онаси шўрва пиширишга уста эди. Тўйда, маъракада хотинлар унинг овқатини мақташса қувониб кетарди. Айниқса, мохорани кўп қиларди. Бу таомни Искандар ҳам еган. Кўп еган! Онаси бева қолганидан кейин жамоат уни Отинойи қилди. У мактабда фаррош бўлиб ишлар, лекин уйда ҳам тинчи йўқ эди. «Келин тушди»га қовурма чучвара пишириш борми, «тўққиз-тўққиз»га қатлама қилиш борми, никоҳ тўйида «тортишмачоқ» бўладими, куёв-келиннинг бошидан сочқи сочишми, келин саломда қуда-қудағайларга салом беришми - ҳаммаси онасининг зиммасида эди. У тўйдан албатта тугунча олиб келар, тугунчада нон, монпаси, қовурма чучвара, кейин... албатта-мохора бўларди. Баъзан ярим кечалари эшик тақиллаб қолар, Искандар онасининг дик этиб ўрнидан туриб кетганидан уйғонар, зум ўтмай онаси қайтиб кирарди. «Жон болам, Исмат чўлоқ омонатини топширибди, бормасам бўлмайди, сен қўрқмайсан-а, катта йигитсан-ку», деб пешонасидан ўпиб чиқиб кетар, шу кетганча эртасига пешинда қайтиб келар, ўзича қуръон ўқир: «Жойи жаннатда бўлсин», деб юзига фотиҳа тортар эди.

...У онаси ётган уйга оқсоқланиб кириб кетаётган паранжили кампирни кўрди-ю, гарангсиб ҳовлига тушди. Димоғига райҳон ҳиди кирди. Негадир онасининг иси келгандек бўлди.

Келинойи ҳовлидаги райҳонлардан шоша-пиша юлганча уйга кириб кетди. Искандарнинг хаёлига ярқ этиб бир фикр урилди: «Гуляга айтиш керак. Хабари йўқ-ку ҳали».

У энди эшик томон йўналган эди, хотинига кўзи тушди. Гуля, қўлида оқ сумкача, худди тўйга келгандек ясаниб олган, водолазка кийган, қулоғида бриллиант зирак ялтираб турарди. «Қаёқдан эшитибди бу!» деган хаёлга борди-ю, унинг орқасидан сумка кўтариб келаётган шофёри Шавкатни кўриб, ҳаммасини тушунди: «Шавкат хабар қилган».
— Искандар ака! — Гуля унинг елкасига бошини қўйиб қучоқлади.— Бечора ойим! - У бир зум шу алфозда турди-да, негадир тескари қараб кафти билан юзини чангаллади. Шоша-пиша оқ сумкачасидан рўмолча олиб кўзига босди.

«Сен айбдорсан! - деб ўйлади Искандар вужуди титраб. -Ҳаммасига сен - қанжиқ айбдорсан!» У хотинидан чириллатиб юзини ўгирди-да, бурчакда, ўрик остида турган сўрига бориб ўтирди.

Шу ондаёқ шафқатсиз бир савол аъзойи баданини сирқиратиб юборди. «Ўзинг-чи, ўзинг!»

Унинг уйланиши қизиқ бўлди. Қурилиш факултетида Искандар Ваҳобовнинг олдига тушадиган талаба йўқ эди. Аълочи, жамоатчи... Тўртинчи курсда ўқиётганида СНОда «Граждан қурилишини маҳаллий шароитга мослаш» деган мавзуда маъруза қилди. У шу қадар дадил фикрларни ўртага ташлади-ки, муҳокама жанжалга айланиб кетди. Бировлар уни модернист деди, бошқалар донишмандга чиқарди. Шунда кафедра мудири, Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, профессор Зариф Ҳодиевич уни ҳимоя қилди. «Ёш дўстимиз Искандар Ваҳобовичдан келгусида етук олим чиқади», деди комил ишонч билан. Ростдан ҳам шундай бўлди. Зариф Ҳодиевич уни ўз тарбиясига олди. Искандар аспирантурада қолди. Биринчи бор домланинг қизи - жинси шим кийиб юрадиган Гуляни кўрганида эътибор бермади. Тўғрироғи, эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Кимсан, академикнинг қизи қаёқда-ю, маҳалла отинининг ўғли қаёқда! У шундай деб ўйлар, лекин домла билан олча соясида ўтириб суҳбатлашаётганда ичкарида роял чалаётган, баъзан хиёл бўғиқ, аммо юракни ўртовчи овозда қўшиқ айтаётган Гуландом - Гуляга кўнгли талпинаётганини сезиб турарди. Гуля консерваторияда ўқир, замонавий, ўктам қиз эди. Хуллас, Гулянинг ўзи унга кўнглини ёрди.

Тўй ресторанда ўтди. Келиннинг дугоналари паст кўчадаги кулбага келишганида Искандарнинг етти номуси ерга букилди. Назарида, Отинойи келинининг бошидан сочган соч-қилар ҳам, пиширган мохораси ҳам ўта бачкана, ўта ғариб кўринар эди. Буни қарангки, Зариф Ҳодиевич мард одам экан! Худди шу ҳовлида, худди шу сўрида ўтириб (Отинойи катта охурдан ем еган қудаларидан уялиб, ресторанга бормаган, аммо уйда чиройли дастурхон тузаб қўйган эди) қизига насиҳат қилди:

«Искандарни ўзинг танладингми, энди билиб қўй, шу оиланинг жирини жирлайсан. Онанг бечора бир кўз билан ўғил ўстирибди. Менинг ҳам бир болам иккита бўлди, Отинойининг ҳам».

Отинойи бу гапдан боши осмонга етди. Тоғдек суянчиқ топганига қувониб, қудасининг елкасига бош қўйиб йиғлаб юборди.

Ярим йилча яхши туришди. Отинойи келини уйғонмасидан аввал печкага кўмир қалаб қўяр, атайлабдан тандирда нон ёпар, кечқурун эр-хотин ишдан қайтишига овқат тайёр турар эди... Бошқа пайтларда у тўйгами, маъракагами чиқиб кетар, аллапаллада бир лаган совиган ош, бир коса мохора, бир чеккаси ушатилган қатлама олиб келиб, ўртага қўяр, тан-тана билан эълон қилар эди. «Олинглар, болажонларим! Сизларниям тўйга етказсин!» Кейин бир кийимлик читми, са-тинми қелинига узатарди: «Обқўйинг, келинпошша, худо хоҳласа, ўғил тўйи қилсангиз керак бўлади!»

Гуля қайнонасининг олдида бир нима дея олмас, кечаси Искандарни эговларди: «Онангиз тиланчиликни бас қилсин! Менга биров тишлаган қатламалар, биров садақа қилган латталар керакмас».

Катта жанжал арзимаган нарсадан бошланди. Бир куни Искандар ишдан келса, хотини диванга мук тушиб йиғлаб ётибди. Искандар унинг елкасидан оҳиста тутган эди, Гуля диван суянчиғини муштлади, ёшдан туши эриб кетган кўзида ғазаб чақнади:

«Йўқолинг! — деди йиғлаб. —Тиланчи онангиз билан қўшмозор бўлинг! Гиламим! Гиламимни нима қилди? Икки минғ сўмлик гилам эди! Ирим-сиримларинг бошингда қолгурлар!»

Искандар эсанкираб қолди. Девордаги ипак гиламга қаради. Йўқ, ҳаммаси жойида. Кейин, ерга тўшалган «Туркман» гиламини синчиклаб текшира бошлади. Қараса Гулянинг гапи рост. Гиламнинг бир бурчи тешилиб қолибди. Тангадек тешик. Искандар гўё шу билан тешик бекилиб қоладигандек бармоғини тиқиб кўрди. Юраги сиқилиб уф тортди. Бошини кўтарса, тепасида онаси турибди. Отинойи, «бу ёққа кел», дегандек уни имлади. Искандар ҳамон диванда юзтубан ётган хотинига ўғринча қараб қўйди-да, онасига эргашди.

«Айб манда, - деди онаси шивирлаб. - Кеча тўйда бир уй хотин Гуландомни мақтади. Келинимга кўз тегмасин, деб исириғ тутатгандим. Хокандоз ўлгурдан чўғ тушганини билмай қолибман. - У бир зум ўйланиб турди-да, тушунтирди: -Хотинингни кўнглини ол. Хапа бўмасин. Жа бўмаса, пенсиямдан йиғиб-йиғиб олиб берарман!»

На иложки, бу билан жанжал тугамади. Гуля масалани кўндаланг қўйди: «Ё мени денг, ё тиланчи онангизни! Кетаман! Дадамникига кетаман! Онам мени кўмирнинг сассиғини ҳидласин, деб туққан эмас».

Охири эр-хотин бошлашиб Зариф Ҳодиевичнинг олдига боришди. Маслаҳат сўрашган эди, қайнотаси Искандарни жеркиб берди: «Қанақа эркаксиз ўзи! Бир йил турмасдан онангизни ташлаб қочишни мўлжаллаб қолдингизми? Хотин деганни қаттиқ ушлаш керак-да, бундоқ!»

Дадасининг гапи Гулянинг жон-жонидан ўтиб кетди. «Уйингизга сиғмасам, ижарага квартира оламан», деб йиғлади. Қизиқ, шунда яна Отинойининг ўзи ёрдамга келди. «Болаларимга ёрдам беринг, жой олишсин. Гуландомим катта охурдан ем еган, менинг чалдеворимда турса уят бўлади», деб қудасига ялинди.

Шундоқ бўлди. Зариф Ҳодиевичнинг кўмагида шаҳар марказидан уй олишди. Эр-хотин, «юринг биз билан», деб Отинойини ҳол-жонига қўйишмади. Аммо Отинойи кўнмади. «Қорада кўрсам қорним тўқ, ўзларингдан кўпайинглар. Мен чолимнинг чироғини ўчириб кетмайман».

Тўғри, Искандар онасини қаровсиз қолдирмади. Лойсувоқ том устига старапил ўрнатиб, шифер ёптирди. Уй «замо-навийроқ» бўлди. Кейин... кейин газ киргизиб берди. Тўғри, табиий эмас, баллонли... Отинойи уларнинг «дом»ига борса кўп ўтиролмас, маҳалладаги бирон тўйними, маъраканими баҳона қилиб, тезгина тура қоларди.

Аввалига эр-хотин бу ҳовлига бот-бот келиб туришди. Кейин Искандарнинг ишлари кўпайди. Искандар энди кимсан Искандар Ваҳобовичга айланди, фан кандидати, трест бошқарувчиси... Ажаб, унинг иши кўпайгандан-кўпайиб борар, бироқ ҳаммасига улгурар эди. Фақат бир нарсага онасини кўришга вақт тополмасди. Бунга бир чеккаси Гуля ҳам сабабчи эди. Эр-хотиннинг умри ўтиб борарди. Фарзандлари йўқлиги аввалига билинмаса ҳам бора-бора Гуля серзарда бўлиб қолди. Бир куни эрига пичинг қилди: «Ойингиз сизга янги хотин излаб юрганмиш. Эшикма-эшик тентираб ўрганиб қолган-да! Топса-топадиям!»

Искандар ўшанда хотинини биринчи марта сансиради. «Уят борми санда», — деди ғазабдан титраб. Онаси ҳар доим бир гапни қайтарарди: «Хотинингни хафа қилма, болам. Умид билан бир ёстиққа бош қўйган». Гуля ҳар эҳтимолга қарши «профилактика» учун шундай деганини билиб, Искандар баттар ғазабланди: «Уят борми санда?» — Гуля кинояли кулди: «Уят нима қилади менда, ҳаммасини йиғиштириб сизга берган».

«Мана энди ҳаммаси тамом бўлди. Ҳаммаси». Искандар ҳовлида одамлар куйманиб юрганини пайқар, аммо ҳеч нимани» кўрмас эди.

Чеккиси келди. Шимининг чўнтагига қўл суқса, сигарет йўқ. Ҳали ишхонада стол устида қолиб кетаверибди. У маъносиз нигоҳини рўпарасидаги бостирмага тикди. Лойсувоқ том юпқалашиб қолибди. Каталакдек деразанинг бир кўзи синган, ойналари хиралашиб кетган.

Ажаб, охирги марта қачон келувди бу ҳовлига? Ҳа, байрам арафасида, еттинчи мартда келган эди. Тушлик танаффусидан фойдаланиб, бирров келдию кетди. Одатдагидек шошиб турарди. Кейин, Гуля меҳмон келади деб қўйган... Онасини тўртта чой, совун билан қутлади. Машина кутиб турганини баҳона қилиб туфлисини ҳам ечмади. Онаси шошиб қолди. Ялпиз сомса қилган экан.Мажбур қилиб шундан биттасини едирди. Искандар машинага ўтирганда ҳарсиллаб югуриб чиқди. Рўмоли қийшайиб елкасига тушиб кетган. Қўлида эски газетага ўроғлик бир нима. «Ма, - деди машинанинг қия очиқ эшигидан узатиб. - Гуландомниям оғзи тегсин». Искандар газета остидан иссиғи сезилиб турган сомсаларни машинанинг орқа ойнаси тагига ташлаб эшикни ёпди... Ўшанда онасини охирги марта кўраётганини билса эди! Бугун нечанчи ўзи? Ўн иккинчи июл. Бундан чиқди уч ойдан ошибди. Уч ой! Наҳотки шунча вақт ичида бир соат вақт тополмади? Топарди, хоҳласа албатта топарди...

У аллаким ўзининг отини айтиб чақираётганини идрок этиб, бошини кўтарди. Қараса, жинси шим кийган талабанамо йигит елкасида картон қути кўтариб турибди. Искандар уни танимади. Талмовсираб қараган эди, йигит сўради:
— Қаёққа қўяй?

Искандар ҳеч нимага тушунмади. Юки оғирроқ бўлса керак, йигит қутини қўш қўллаб чираниб елкасидан олди-да, сўри бурчагига - сояга қўйди. Искандарнинг кўзи қутига ёпишти-рилган этикеткага тушди. «Қорақум». Зум ўтмай бояги йигит тағин бир қути кўтариб келди. Униям сўри устига, бояги қутининг ёнига қўйди.
— Майиз, - деди секин.

Шундагина Искандарнинг хаёлига келди: «Пулини бериш керак».
— Шошманг, — деди чўнтагини кавлаб. — Неча пул бўлади? Йигит тўхтаб қолди. Ҳайрон бўлиб унга тикилди.
— Неча сўм? — деди Искандар овози хириллаб. Йигит негадир ерга қаради.
— Отинойим... — Шундай деди-ю, у ёғини гапирмади. Кўзи-га шу қадар маъноли тикилиб қарадики, Искандар беихтиёр пулни қайтиб киссасига солди. Йигит оҳиста бурилди-да, индамай кетаверди. Қизиқ, нима демоқчи бўлди у! «Отинойим менинг ҳам онам эди, сен пасткаш ҳамма нарсани пулга чақасанми», дедими! Ким ўзи бу йигит? Нимага Искандар уни танимайди? Умуман, ўзидан бошқа — Искандар Ваҳобовичдан бошқа кимни танийди?!

Бир маҳал у кавшандозда Келинойи имлаб чақираётганини кўрди. Паранжили ювғувчи оқсоқланиб зинадан тушиб келарди. Келинойи ёшдан қизарган кўзларини Искандарга тикди.
— Отинойимнинг зиракларини ювғувчига бердик, — деди секин. - Ўзлари васият қилгандилар.

«Ювғувчи», «васият...» Бу сўзлар Искандарга хунук, совуқ эшитилар, гўё бу гаплар ҳаммаси ёлғондек, тушида бўлаётгандек эди. Ҳозир уйғониб кетади-ю, енгил тортади.
— Мана... Олиб қўйинг...

Искандар меровсираб Келинойининг қўлига қаради. Икки лўппи чой. «Индийский».
— Иккитасини ювғувчига бердик. Рози бўлинг. - Келинойи титраётган лабини тишлади..— Тўртга эди. Саккизинчи мартда олиб келган экансиз. Отинойим... Отинойим... - Келинойи эн-тикиб қолди. — Баркаш орқасига бекитиб қўйган эдилар. Биров келса, Искандарим обкелган чойдан дамланг, дутор чалиб турган чойдан, дердилар. Мен бошқа чой дамлардим. Бунисини Отинойим ҳар куни ҳидлаб-ҳидлаб баркаш орқасига бекитиб қўярдилар.

Искандар боши ғувиллаб бораётганини, ҳозир йиқилиб кетишини ҳис этиб турарди. Келинойи «дутор чалиб турган» ҳинд чойини пешайвон тахтасига қўйди. Бурнини торта-торта йиғлаганча кўйлагининг ёқасидан қўйнига қўл суқиб, эски газета қоғозига ўроқлик алланима чиқарди.
— Олиб қўйинг, - деди қоғозни узатиб. — Ўлимлигим деб, ёстиқларининг орасига тиқиб қўйган эдилар. Сиз ташлаб кетган экансиз. Қирқ сўмини ювғувчига бердик. Икки юз олтмиш сўм қолди. Санаб олинг. - У газета қатини очиб, бир сўмлик, уч сўмлик пулларни Искандарга узатди.

Қачон, қачон шунча пул берганди у онасига!! Бу қандоқ жазо! Бу қандоқ бедодлик! Шу кунидан кўра онаси эмас, ўзи ўлгани яхши эмасмиди!!! Онаси бир сўмлаб йиққан пенсия пулини ҳам Искандарим берди деган. Шу гапга ўзиям ишонган, бошқаларниям ишонтирган. Қани энди кўкрагини шундоқ йиртса-ю, юрагини суғуриб олиб ерга улоқтирса!

Ич-ичидан отилиб келган бўғиқ йиғидан титраб, пулни ташлаб юборди. Бир сўмлик, уч сўмликлар паришон пирпираб кавшандозга тушди.

... Искандар ҳовлига, ундан йўлакка отилди. Узун атлас лозим кийган қандайдир келинчак тор йўлакка «шакароб» қилиб сув сепар, сачрамаслик учун қўлидаги пақирни борган сайин пастроққа эгар эди. Очиқ дарвозадан забардаст йигит кириб келди. Искандар унинг афтини кўрмади. Йигит майкачан елкасига йўл-йўл дастурхон ташлаб олган, елкаси аралаш гарданига ортилган бир қоп ун залвари остида икки букилиб келарди. Искандар бир томонга, сув сепаётган келинчак бир томон-га четлаб йўл беришди. Йигит яланг оёкларини гурс-гурс босганча Искандарнинг олдидан ўтиб, ҳовлига кириб кетди.

Искандар дарвозадан чиқди-ю, тўхтаб қолди. Эшик олдига тумонат одам тўпланган, тор кўчага машина сиғмай кетганди. Қизиқ, қаёқдан келди шунча машина! «Ишхонадан бўлса керак», деган ўй хаёлидан лип этиб ўтди. Аммо ўша ондаёқ булар «Жигули»,«Москвич» машиналари эканини, ишхонадан фақат ўзининг машинаси бир чеккада турганини пайқади.

Нарироқда юк машинаси турибди. Машина устида икки ўспирин туриб олиб, йиғма столларни, харракларни узатиб беряпти. Пастда эса тўрт йигит столларни пайдар-пай туши-ришиб, бир чеккага олиб қўйишяпти.

Искандар тут панасида турган тобутни кўриб, кўнгли узилиб кетди. Тобутдан берироқда, ҳозиргина машинадан туширилган харракларда салла ўраган, яктак кийган чоллар ўтиришибди.
— Бандалик-да, укам!

Искандар ёнида турган маҳалла оқсоқоли Шокир акага маъносиз қараб қўйди.
— Ҳамманинг бошида бор, - оқсоқол хўрсинди. — Онамиз бошқача эдилар-да, жаннати хотин эдилар.

Кейин оқсоқолнинг похол шляпа кийган «зами» Искандарнинг қўлини қисди.
— Неча ёшда эдилар? — деди секин.

«Бунинг нима аҳамияти бор?! - Искандар шуни ўйлади-ю, дафъатан хаёлига бошқа фикр келди. - Дарвоқе, неча ёшда эди онаси! Ҳа, ўн саккизинчи йил эди. Ўзи қирқ иккинчи йилда ту-ғилган бўлса, демак, онаси йигирма тўрт ёшда бева қолган экан».

Ўзини қучоқлаган тўнли кишини Искандар дафъатан таний олмади. Кейин билди: қайнотаси. Зариф Ҳодиевич унинг пешонасидан оҳиста ўпди.
— Бардам бўлинг, ўғлим, - деди секин. - Ота-она ўлмоғи фарз...

Кейин кимдир елкасига туртди. Қараса Холмат ака.
— Бу ёққа юр, — деди-ю, уни йўлакка бошлаб кирди. Девор тагидаги курсида ётган тўнни кийгизди, белига белбоғ ўради. Қати бузилмаган дўппи узатди, — кийиб ол!

Дўппи кичкина экан. Искандар кафти билан босиб-босиб ташқарига йўналаркан, Холмат ака яна пичирлади:
— Лайлактепага олиб борамиз-да, а! Ўзлари айтган эканлар. Искандар юк машинаси фақат стол-стулни олиб келишга мўлжалланмаганини тушунди. Лайлактепа олис, тўрт чақирим келади. Оёғи остида ўралашаётган ўн-ўн икки яшар болакайлар ҳам тўн кийиб, белини боғлаб олганига аввал ҳайрон қолди-ю, кейин тушунгандай бўлди. Эҳтимол, Холмат аканинг болаларидир, эҳтимол, қўшни болалардир...

... Олд томонига паранжи, орқасига мурсак ёпилган тобутни олиб чиқишганида ҳаммаёқ дилни ўртовчи фарёдга тўлиб кетди. Келинойи, Баҳри хола, Муаттар хола, аллақандай қизлар, келинлар чуввос солиб тобут кетидан югуришди.
— Вой онам!
— Рўшнолик кўрмаган онам!

Тўн кийиб, белбоғ боғлаган болакайлар кўзидан дув-дув ёш оқиб: «Бувижоним, бувижоним!» деб чириллашар эди. Холмат аканинг мўйлови ҳўл бўлиб кетган, нуқул титрарди.
— Ҳаммамизнинг онамиз эдингиз-а!

Йўқ, Искандар ўйлагандек тобутни машинага ортишмади. Елкада кўтарганча йўлга тушишди. Искандар тобут бандидан ушлаб олти-этти қадам юрган эди, уни сиқиб чиқаришди. У тобут бандига ҳадеб қўл чўзар, аммо навбат тегмас эди. Таниш-нотаниш одамлар гоҳ олдинга, гоҳ орқага ўтиб талашиб-тортишиб тобутга ёпишар, ҳар ким иложи борича кўпроқ кўтаришга, елкасини узоқроқ тутиб беришга ҳаракат қилар эди.

Бекатга чиқишганда троллейбус келиб қолди. Тўхташи билан дув этиб ўттизтача эркак тушдию тобутга ёпишди.
— Ким? - деб сўради зиёлинамо кўзойнакли йигит Искандарнинг ёнида кўз ёшини тўнининг енгига артиб-артиб кетаётган Холмат акадан.
— Отинойим!
— Ие! — кўзойнакли йигит ранги ўчганча тобутга қайтадан тирмашди.

Eнди катта кўча одамга тўлиб кетган, орқада троллейбус тўхтаб қолган, рўпарадан келаётган енгил машиналар чеккага чиқиб тўхтар, ҳайдовчи ҳам, йўловчилар ҳам шу томонга югуришар эди.
— Ким?
— Отинойим!
— Ие!

Кўчада ҳаракат бутунлай тўхтаб қолди. Бурилишга етганларида Искандар беихтиёр орқасига қаради. Одамлар оқими икки бекат орасига чўзилиб, бутун кўчани тўлдириб келар, тобут уларнинг елкасида осойишта тебраниб борар, оқимга эса янгидан-янги одамлар келиб қўшилар, қўшилар, қўшилар эди...