OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номиШаҳрлик куёв (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Шаҳрлик куёв (ҳикоя)
Ўткир Ҳошимов

Тўнғич куёв бўлганимиз учунми, қишлоққа борсак, дарров шаҳарлик куёв келди, деб овоза бўлиб кетади. Олмоқнинг бермоғи бор, деганларидек, тез-тез жавоб визитлари ҳам бўлиб туради. Яқинда яна шундай бўлди. Ишдан қайтиб эшикни очишим билан янгангиз Турсуной рўпарамга келди.
— Тш... — деди у кўрсаткич бармоғини лабига босиб. — Секинроқ, намоз ўқияптилар.
— Ким? — дедим мен ҳам беихтиёр пичирлаб.
— Боғбон амаки.
— Ким у, боғбон амаки?

Турсуной шунча йилдан буён боғбон амакини танимайсизми, дегандек қошини чимирди.
— Қишлоқда у кишини ҳамма танийди. Худо ярлақаб бир келиб қолибдилар.

Секин ечиниб, оёқ учида уйга кирдим. Боғбон амаки телевизорнинг антеннасини мўлжаллаб саждага бош қўйган эканлар. Анчадан кейин кўтариб, ўнг томонга, чап томонга салом бердилар-да, қаддиларини ростлаб, менга ўгирилдилар.
— Ассалому алайкум, куёв бола! Хўп саломатгина бормисиз? — Боғбон амаки билан биринчи марта кўришиб турган бўлсак ҳам эски қадрдонлардек қучоқлашдик. Одамни бир қарашда билса бўлади. Боғбон амаки кўп одамохун киши экан. Дастурхон атрофига ўтиришимиз билан мош-гуруч соқолини тутамлаб гапга киришиб кетди.
— Бу дейман, куёв йигит, ишлар кўпайиб кетдими? Қишлоққа кам борадиган бўлиб қолдингиз. Қайнотангиз кўп асл одам-да! Болаликдан тепкилашиб катта бўлганмиз. Шу денг шаҳарга кетяпман, деб қолмайманми! Бизнинг фарзандларимизникида ўн-ўн беш кун туриб келмасангиз қаттиқ хафа бўламан, деб туриб олди. Мен ҳам юзидан ўтолмадим.
— Жуда яхши қилибсиз, раҳмат, — дедим қувониб.

Боғбон амаки, у дунёни ҳам, бу дунёни ҳам баравар олиб борадиганлардан экан. Ош олдидан қиттак-қиттак ҳалиги нарсадан қилсакмикан, дегандим, ноз қилиб ўтирмади.
— Ҳа, энди бунинг ўзи ҳароммас. Кайфи ҳаром, — деди пиёлани қўлига олиб. Шундан кейин икковимизнинг ҳам қулфи дилимиз очилиб кетди. Боғбон амаки оғзидан бол томиб янгангизни мақтай кетди.
— Турсуной қишлоқнинг энг олди қизи эди-да, ўзиям. Бахтингиз бор экан. Шундоқ қизимизга уйландингиз. Қайнотангизни айтмайсизми? Шаҳарга узум сотгани кетяпман десам, гастиниса-пастиниса қилиб уриниб юрсангиз, бетингизга қарамайман, дейди-да! Бу йил бозорда узум сероб. Шу кунда сотиб қолмасак, эрта-индин янаям арзонлашиб кетади. Ўн-ўн беш кун бир ғайрат қиламиз-да, энди. Ёлғиз қўллик қилмайин деб, жиянни олиб келганмиз. Бозорда узумга қоровул бўлиб қолди. Уям сиз билан бир отамлашмоқчи ўзи. Ўқишга кираман, сўт бўламан, дейди. Топган ҳунарини қаранг.
— Нега олиб келмадингиз? — дедим астойдил ранжиб.
— Айтаяпман-ку, бозорда қоровуллик қилиб қолди. Эртага албатта олиб келаман. Хўп улфат йигит-да, ўзиям!

Ярим кечгача гурунглашиб ўтирдик. Кейин Турсуной боғбон амаки иккаламизга уйга жой солиб берди. Ўзи балконга чиқиб ётди. Бир хоналик уйда тургандан кейин одам ўрганиб кетаркан. Аёл меҳмон келиб қолса, мен, эркак меҳмон келса, Турсуной балконга чиқиб кетади.

Боғбон амаки сўзида турадиган одам экан. Эртасига ишдан келсам чуст дўппи кийган, ихчамгина йигит билан гурунглашиб ўтиришибди.
— Ие, ассалому алайкум! — Йигитча сакраб туриб мен билан қучоқлашиб кўришди. — Соғ-саломат юрибсизми, поччажон? Эшик-эллар тинчми, поччажон! Бардамгина юрибсизми, поччажон? Тоғамлар билан бир келиб қолгандик. — У боғбон амакига ишора қилди. — Поччанг билан отамлашмасанг бўлмайди, деб туриб олдилар. Турсуной опамизнинг хўжайинлари билан танишаману қувонмайманми, деб югуриб келдим. Менинг бозор-ўчарга тобим йўқ. Асли бу ерга ўқишга кириш учун келганман. Бир ёрдамлашиб юридическийга жойлаб қўймасангиз бўлмайди, поччажон. Ҳозир таниш-билишсиз иш битмайди.
— Биласизми, ўқишга кириш қийин, — дедим минғиллаб. — Менинг танишларим йўқ.

Боғбон амакининг қулоғида локатор бор эканми, минғиллаб айтган гапимни ҳам дарров эшита қолди.
— Ашнақа демасинлар-да, куёв! Сиз ҳам сўт тайёрлайдиган институтда ишлайсизми, ахир?
— Амакижон, мен домла эмас, аспирантман, — дедим тушунтириб.
— Аспирантми-маспирантми, бир жойда ишлагандан кейин барибир эмасми? — Боғбон амаки астойдил ажабланди. — Мен ҳам боққа сув тараган сувчига беш-ўн яшик узум бераманми? Буям шунга ўхшаган нарса-да! Институт ҳам ўзларига деҳқончилик!

Нима дейишимни билмай турган эдим, ошхона томондан Турсунойнинг йўталгани эшитилди.

Бунақа «адресли» йўталларнинг маъносини яхши билиб қолганман. Мени чақиряпти. Дарров олдига чиқдим.
— Гўрга унақа дейсизми? — деди пичирлаб. — Ўзини олиб қочяпти, деб ўйламайдими?
— Нима қилай, ростини айтаяпман-да!
— Қишлоқдагилар сизни бутун шаҳарни ётқизиб турғизадиган одам, деб ўйлашади. Бир гап қилармиз, дея қўя қолинг. Ҳа, ундан кейин. — Турсуной овозини янаям пасайтирди. — Анаву сапожки ўлгурни олмасам бўларкан. Уйда бир тийин пул қолмабди. Меҳмонлар яна ўн-ўн беш кун турадиганга ўхшайди. Ойликкача бирор ердан пул топмасангиз бўлмайди.

Бу кеча ҳам меҳмонлар билан аллапаллагача гаплашиб ўтирдик. Тоға-жиянни холи қолдириш учун алоҳида жой қилиб бердик. Янгангиз одатдагидек балконда, мен бўлсам ошхонада ётдим. Ошхонага ўрнашиб қолган пиёздоғ ҳиди кўнглимни бир оз беҳузур қилганини ҳисобга олмаганда жуда яхши ухладим.

Eрталаб қўнғироқ товушидан уйғониб кетдим. Шоша-пиша йўлакка чиқсам, Турсуной чаққонлик қилиб, аллақачон эшик олдига бориб олибди. У эшикни очди-ю, атлас кўйлак кийган, сочини майдалаб ўрган аёлни кўриб, қичқириб юборди.
— Вой, Адол, ўзингмисан?!

Икковлари бир-бирининг қучоғига отилишди, чўлпиллатиб ўпишишди.
— Бу менинг дугонам — Адолат, — деди Турсуной энтикиб. — Болаликдан бирга ўсганмиз.

Адолат ичкарига кирар-кирмас ийманиб пичирлади.
— Мен ёлғиз эмасман, — у юзлари ловиллаб қизарганича, Турсунойнинг қулоғига бир нима деб шивирлади.
— Вой, шунақами! — Турсуной қувонганидан қарсак чалиб юборди. — Чақир бўлмаса. — У менга қараб тушунтирди. — Адолатнинг тўйи яқинда бўлди. Куёв икковлари Тошкентга ўйнагани келишган экан.

Зум ўтмай каттакон чамадон кўтарган новча, ориқ йигит кириб келди. Тоға-жиянлар, келин-куёвлар, ўзимиз тўпланишиб нонушта қилдик. Ҳамқишлоқлар соғинишиб қолишган экан, хўп гурунглашишди.
— Гастинитсага борсак жой йўқ, — деди Адолат келинларга хос табассум билан. — Шу ёққа қараб келавердик. Ўн-ўн беш кун туриб, Турсунойни хурсанд қилиб келинглар, деб аямларнинг ўзлариям айтган эдилар.

Боядан буён жим ўтирган куёв энди гапга аралашди.
— Тўйга бормадинглар-да! — деди у гавдасига яраша ингичка товушда. Гапирганида учли бақбақаси ликкиллаб тураркан. Энди пайқадим. «Бизни тўйга айтмовдинглар шекилли», дегим келди-ю тағин ўйлаб қолдим. Ким билсин, балки Турсунойга хат-пат юборишгану мен бехабар қолгандирман.
— Мен Тошкентга уч йил олдин бир келганман. Жуда ўзгариб кетибди, — деди куёв яна бақбақасини ликкиллатиб.
— Бу кишининг ўзлари сизларга шаҳарни томоша қилдирадилар, — янгангиз менга имо қилди. — Шунақа пайтда ўйнаб қолмасанглар, кейин вақт топилмайди.
— Биз ҳам шуни ўйлаб тургандик, — куёв тасдиқлаб бош силкиди. — Кўчанинг четига ка-а-а-та қилиб «Санъат усталари контсерти» деб ёзиб қўйибди. Апиша! Баққа келаётганда аши кансертга тушамиз, деб қўйгандик. Паришталар омин деган экан. Поччамиз тўрттагина билет топсалар биргалашиб томоша қиламиз!

Нонуштадан кейин Турсуной билан йўлакка чиқиб маслаҳатлашдик.
— Энди бундоқ қиламиз. Ишхонадаги ўртоқлардан қарз кўтариб тураман. Жой масаласини бундай тақсимлаймиз. Келин-куёвга ичкарига жой қилиб берасан. Ёш нарсалар экан. Бир-биридан ажратиш яхшимас. Боғбон амаки балконда, жияни ошхонада ёта қолсин. Ўзинг бир амаллаб кавшандозга жойлашарсан. Мен кечқурун, меҳмонлар билан ўтиришиб бўлгандан кейин ишхонамга бориб ёта қоламан. Ишимиз икки сменалик деб баҳона қиламан.
— Майли, — деди Турсуной пичирлаб. — Фақат тезроқ пул топмасангиз бўлмайди. Аксига олиб кўк чой ҳам қолмабди.

Пулни олгандан кейин қайси бозорга борсам экан, деган ўй билан зинадан тушиб кетаётгандим, бир оз хириллаган овоз эшитилди.
— Ие, ассалому алейкум, куёвтўра!

Чўчиб бошимни кўтардим. Рўпарамда юзлари офтобда қорайган, чайир гавдали, қўш белбоғ боғлаган киши турарди. Пастдан эса беш-олти ёшлардаги боласини етаклаб семиз хотин ҳарсиллаб чиқиб келарди.

Нотаниш киши кўришиш учун қучоқ очганди, қўлимни чўзиб қўя қолдим.
— Ие, танимадилар шекилли, куёв? — деди у ранжиб. — Қишлоққа борганларида ҳамсуҳбат бўлгандик. Қарта ўйнагандик. Пирра! Аммо ўзлари пирранинг хўп ҳадисини олган эканлар! Қаторасига етти марта қолдиргандингиз...
— Келаверинглар, келаверинглар, — дедим дамим ичимга тушиб. — Бемалол...
— Ўзларига йўл бўлсин? — деди «пиррачи».

— Менми? Мен кўчиб кетяпман. Аспирантлар уйига! — шундай дедиму, учта зинани битта қилиб сакраб-сакраб пастга тушдим-да, кўчага отилдим.