OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номиТелпак (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Телпак (ҳикоя)
Ўткир Ҳошимов

Агар палакат босиб ёзувчи бўлмаганимда албатта «шонли совет милитсиясининг» садоқатли ходими бўлардим. Ўзи болалигимдан орзуим шу эди... Майли, ҳозир гап бунда эмас. Бу воқеага кўп йиллар бўлди. Ўшанда арзимас нарса учун «совет милитсияси»нинг фидойи старшинасини шунчалик ташвишга солганимдан ҳамон хижолатдаман. Аслида-ку айб менда эмас, «Пўнчик»да!

... Ўша куни мукофот пули олмасак, «Пўнчик» мукофотни «ювамиз» деб тиқилинч қилмаса, шунча ғалва йўқ эди.

Шундай қилиб, лойиҳа институтининг «уч оға-ини ботирлари», яъни, Бобур - «Пўнчик», Ботир — «Тараша» ва Баҳром, яъни мен - лақабимни айтмай қўя қолай, иссиққина қаҳвахонага кирдик. Бурчакдаги илгичга кийим-бошларни ечиб, сосиска едик. Биттагина «Портвейн»ни бўшатдик.
— Эндй менга жувоб! - деди Бобур лунжини юмронқозикдек тўлдириб сосиска чайнаркан. — Дилишкани боғчадан олмасам, ўртоқ хотин ўлдиради!

Зум ўтмай кийиниб келиб, яна тепамизда пайдо бўлди.
— Ма, эҳтиёт қил! — деди банди елим қоғоз билан ямалган каттакон папкамни стол тагига тиқиб. - Анави ерда бегона кампания ўтирибди. Илиб кетмасин тағин!

«Пўнчик» пишиқ-да! Калласи ишлаганини қаранг. «Тараша» бир зум хаёл суриб ўтирди-да, сийрак киприкларини пирпиратди.
— Эшитиб кўр-чи, қорнимдан йиғламсираган товуш келмаяптими?
— Келяпти! - дедим илжайиб. - Меникидан ҳам қеляпти. Бояги вино зерикиб қолди, шеригини чақиряпти.

Ҳай, «йигирма олтинчиси»дан яна биттагинасини «отдик». Қорин тўқ - қайғу йўқ... Илгич олдига борсак, телпагим йўқ! Палто бор. Шарф бор, фақат телпак йўқ. Янгигина, иссиққина телпагим! Илгич атрофини қарадик, бўм-бўш бўлиб қолган столларнинг тагигача ўрмалаб чиқдик: йўқ! Тамом-вассалом!

Тарвуз қўлтиқдан тушиб ташқари чиқдик. Қулоғим шунақанги музлаб кетдики, чертсангиз жиринг этиб синиб тушадиган. Ҳалиги кайфдан асар қолмади. Буни қарангки, эллик қадам юрмай тепасида неон чироқ ёниб турган «оперпункт» рўпарасидан чиқиб қолдик. Ҳар куни шу ердан ўтиб эътибор бермаган эканмиз.
— Бўлди! — деди Ботир тарашадек гавдасини ғоз тутиб. — Телпагинг топилади! Мана, милитсия топиб беради!

Каталақдек хона тўғрисидаги столда ўтирган старшинанинг важоҳатини кўриб бақа бўлиб қолдим! Тўланбой полвон унинг олдида боғча бола! Ҳар елкасига иккитадан одам ўтирса чирпирак қилиб ташлайди! Юзлари қип-қизил. Соқол олаётганда бехосдан тиғ тегиб кетса, камида бир ярим литр қон оқса кераг-ов!
— Киравер! - деди «Тараша» далда бериб. Кейин гапни совутмай старшинага мурожаат қилди. - Ўртоқ началник! Жиноят содир бўлди. Ўғирлик!

Старшина чарчаганми, уйқудан қолганми, ҳузур қилиб обдан эснади. Этак томондаги лиқилдоқ курсиларга имо қилди.
— Т-а-ак... - деди кўзидан оққан мўлдир-мўлдир ёшларни артиб. — Т-а-ак...
— Ўртоқ началник... — Ботир тағин гап бошлаган эди, старшина рапидадек кафтини кўтарди..
— Пастрадавший ким?
— Манаву! - Ботир менга имо қилди. — Ярим соат олдин...
— Минуточку, гражданин! - деди старшина анчайин кескин оҳангда. - Пастрадавшийнинг ўзи гапирсин!

Ҳаммасини айтиб бердим. Бир бошдан. Қўрқибгина... Старшина тоқат билан эшитди. Кейин стол тортмасидан қоғоз олди.
— Т-а-ак, энди бошлаймиз! - деди тантанавор алфозда. -Фамилиянгиз? Айтдим.
— Исмингиз? Айтдим.
— Иш жойингиз? Айтдим.
— «Полингиз?»... Ҳа, тушунарли... Вазифангиз? Айтдим.
— Уй адресингиз? Айтдим.
— Оилавий аҳволингиз? Унисиниям айтдим.
— Бобонгиз Улуғ Октябр револютсиясидан олдин ким бўлган?
— Билмайман, — дедим ҳайрон бўлиб.
— Нега билмайсиз?
— Унда мен йўқ эдим.
— Харашо. Аввал судланганмисиз?
— Йўқ.
— Чет элда қариндошларингиз борми?
— Йўқ.
— Қандай мукофот олгансиз?
— Э, кўп олганмиз! - дедим мактаниб. - Бугун ҳам олдим. Ўттиз уч сўм. Кварталний мукофот!
— Унисини сўраётганим йўқ! - деди старшина асабийлашиб. - Сайланганмисиз?
— Бўлмаса-чи! Месткомда казначейман!
— Уф-ф! - Старшина қоғоз қиртиллатавериб чарчаб кетди шекилли, каттакон рўмолча билан пешанасини артди.
— Итак, нима бўлди? — деди кўзимга тикилиб. — Бир бошдан айтинг.

Ҳайрон бўлиб гоҳ унга, гоҳ Ботирга термилдим.
— Айтиб бердим-ку ҳаммасини.
— Гражданин Баҳром Холмирзаев... - у қўлидаги қоғозга қараб олди. - Тўис... Холмуродов! Бояги айтганларингиз оғзаки гап. Буниси — дакумент! Айтинг-чи, пастрадавший Холмирза... тўис Холмуродов, қайси стадия?

Капалагим учиб кетди.
— Қанақа «статя?»
— Статя эмас, стадия! - деди старшина жеркиброқ. — Исклерозингиз нечанчи стадия?
— Қанақа склероз?
— Исклероз бўлмасангиз телпакни нега йўқотасиз?
— Йўқотгани йўқ, ўғирлатди! — деди Ботир тушунтириб.
— Минуточку, гражданин! - деди старшина. — Пастрадавшийнинг ўзи гапирсин! — Кейин бир зум ўйланиб қолди. -Харашо! Қайси кафега кирдингиз?
— Мана шу, — дедим чайналиб. — Эллик қадам наридаги...
— Оти борми ўша кафенинг?
— «Ветерок».
— Қайси кўчада жойлашган?
— Мана шу кўчада. Ҳов ана, чироғи кўриниб турибди, ўртоқ лейтенант.

Лейтенант деганим ёкди шекилли, старшина анча юмшади.
— Кўчанинг номини сўрасам, бу чироқни гапиради, - деди нолиб. - Одамларга ҳайронсан, қаёққа борганини ўзи билмайди-да, тағин притензия қилади! Итак, кафега кирдин-гиз... Кейин-чи?
— Шу... ечиниб кийимларни илгичга илдик.
— Қайси томондайди?
— Нима «қайси томонда?»
— Вешалка!
— Бурчакда, чап томонда.
— Нега чап томонда?
— Ҳайронман.
— Нимадан ясалган? Ҳеч балога тушунмадим.
— Нима «нимадан ясалган?»
— Вешалкани сўраяпман! — деди старшина аччиқланиб. — Нимадан ясалган? Ёғочми, темирми?
— Темир! — дедим ишонч билан.
— Илгаги нечта эди?

Қаранг, шунисига эътибор бермаган эканман.
— Эсимда йўқ.
— Эсимда йўқ эмиш... Телпакни қайси илгичга илган эдин-гиз?
— Бунисиям... - дедим баттар эсанкираб. - Эсимдан чиқибди, ўртоқ лейтенант.

Старшина бу гал ҳам юмшади.
— Харашо... кейин-чи?
— Шу... овқат едик.
— Қанақа овқат?
— Сосиска.
— Неча порса?
— Мен бир порс, манави бир ярим...
— Шеригингиз ўзи учун ўзи жавоб беради... Итак, қанча Ўтирдингиз кафеда?
— Бир соатча.
— Тиш дўхтирга қатнаб турасизми?
— Нимайди? — дедим ҳайратланиб.
— Саволни мен бераман, пастрадавший Холмирза... тўис, Холмуродов! Тишингизнинг мазаси йўқми?
— Йўғ-э, тишим бутун.
— Тиши бутун одам тўртта сосискани бир соат ейдими?
— Очирит кўп экан, - дедим ёлғон гапириб.
— Хўп, кейин нима бўлди?
— Кейин... кийинаман деб бундоқ қарасам, телпагим йўқ!
— Харашо, - деди старшина бир қадар енгил тортиб. -Телпагингиз қанақа эди?
— Шу... телпакдака телпак...
— Оти нима ўша телпакнинг: кубанками, ушанками?
— Анавинга ўхшаган, - деб Ботир тиззасига қўндириб ўтирган телпакка имо қилдим.

Старшина яна узоқ қоғоз қиртиллатди.
— Қачон сотиб олган эдингиз?

Елка қисдим. Худо ҳаққи, телпакни қачон олганим паққос эсимда йўқ экан.
— Уч йилча бўлди, - дедим дудмал қилиб.
— Бизга конкретний гап керак, - деди старшина норози оҳангда. - Аниқ айтинг!
— Уч йил бўлди! — дедим таваккал қилиб.
— Қайси пайтда?
— Тушунмадим, - дедим кўзимни пирпиратиб.
— Нимани тушунмайсиз? - старшина юзимга синчковлик билан тикилди. - Ёзда олганмисиз, қишдами?
— Қиш эди!
— Соат неча эди?
— Пешинга яқин.
— Аниқроғи?
— Ўн икки ярим! - дедим иккиланмай.
— Ҳаво қанақа эди?
— Нима?
— Ўша пайтда, яъни, бундан уч йил аввал - йигирманчи январ куни кундуз соат ўн иккидан ўттиз минут ўтганда, телпак сотиб олаётганингизда об-ҳаво қанақа эди?
— Эсимда йўқ, - дедим тан олиб.
— Нега эсингизда йўқ? - деди старшина кўзимга боягидан ҳам синчковроқ тикилиб.
— Э, бўлди! - дедим ёдимга тушиб. - Гупиллатиб қор ёғиб турганди.
— Яхши! Текшириб кўрамиз. - У бир зум сукут сақлади.
—Неча сўмга олган эдингиз?
— Телпакними?
— Палтони сўраётганим йўқ-ку! — деди старшина энсаси қотиб. Қаранг, буниси ҳам хаёлимдан кўтарилган эди.
— Қирқ сўм! — дедим оғзимга келганини айтиб.
— Қаердан?
— Бозордан. Старшина уф тортди.
— Магазин тўла телпак, булар бозорга югуради. Қайси бозордан?
— Эски шаҳардан.
— Кимдан олгансиз?
— Биттасидан.
— Аниқ гапиринг! Ким экан ўша телпакфуруш?
— Қаёкдан билай.
— Одамларга ҳайронсан. Мол олади-ю, кимдан олганини билмайди. Телпак сотган одам эркакмиди, хотинми?
— Эркак эди, - дедим жонланиб.
— Алоҳида белгиси бормиди?
— Ниманинг?
— Ниманинг эмас, кимнинг! - деди старшина хуноби ошиб. - Телпакфурушни сўраяпман!
— Бор эди! Бошига бир эмас, учта телпакни устма-уст қўндириб олган эди.
— Телпакни ўша одамдан олганингизга гувоҳингиз борми?
— Иўқ, - дедим ростини айтиб.
— Шунақа-да! - старшина надомат билан бош чайқади. -Ҳозир кўрсангиз танийсизми?
— Телпакними?
— Телпакфурушни! - деди у тоқати тоқ бўлиб. - Кейин бир қадар жаҳлдан тушди шекилли, осойиштароқ сўради: -Астари қанақа эди?
— Нима?
— Телпакнинг астари қанақа эди? Кўкми, қорами, қизилми? Ўлай агар, телпакни шунча кийиб астарига қарамаган эканман.
— Эсимда йўқ, — дедим бўшашиб. Старшина хўрсинди.
— Одамларга ҳайронсан. Кийим кийишни билади-ю, рангига қарамайди. Алоҳида белгилари бормиди?
— Телпакфурушнингми?
— Телпакнинг!

Нажот кутиб Ботирга қарадим.
— Бор эди! - деди «Тараша» ўтирган жойида бир қимирлаб. - Чап қулоқчини қийшиқроқ эди. Куядори ҳиди келиб турарди.
— Малчите пажалиста, гражданин! - Старшина жўвадек бармоғини кўтариб, пўписа қилди.
— Гувоҳ сифатида сўраганимда жавоб берасиз. - А, вапше, - деди ҳафсаласи пир бўлиб, - битта гувоҳ инобатга ўтмайди. Камида иккита керак. -Кейин менга юзланди. - Мўйнаси қанақа эди?

Eсанкираб қолганимдан саволини яхши тушунмадим.
— Нега анқаясиз, пастрадавший? - У қошини чимирди. -Қанақа мўйна эди? Норками, қоракўлми, андатрами?
— Қуён эди!
— Алоҳида белгиси бормиди?
— Телпакнингми?
— Қуённинг! Қуённинг ранги қанақа эди?
— Кулранг эди!
— Эркакмиди?
— Телпакфурушми?
— Қуён! - деди старшина ростмана бўғилиб. - Қуён эр какмиди, урғочими?

Боядан бери чидаб ўтирган «Тараша»нинг тажанглиги тутиб кетди шекилли, шартта ўрнидан турди.
— Хунаса! - деди қўлини пахса қилиб. - Хунаса қуён эди! Бир оёғи чўлоқ эди! Бир кўзи ғилай эди!
— Гражданин! - старшина чаққонлик билан ўрнидан туриб устимизга бостириб кела бошлади. Аммо хона ўртасида таққа тўхтаб қолди. Баркашдек юзининг марказида кўриниб-кўринмай турган тугмачадек бурни қимирлаб кетгандек бўлди. Ҳавони бир-икки ҳидлади-да, ғолибона илжайди.
— Йигирма олти! — деди тантана билан. — Йигирма олтинчи портвейн! -гурс-гурс юриб бориб, стол устидаги телефон гўшагини юлқиб кўтарди. - Алё, ҳушёрхонами? Оперуполномочинний Эшбоев гапиряпти...
— Қо-о-оч! - «Тараша» шунақанги чинқирдики, хона жаранглаб кетди. — Қочиб қол! — деди-ю, ўзини эшикка урди. Оёғим остида ётган папкамга чанг солиб, мен ҳам кетидан ташландим.

... Атрофи гарбил тахта билан ўралган, зилзиладан кейин қайта қурилаётган аллақандай бино тагига етганда нафасимизни ростлаб олдик.
— Хафа бўлма, ўртоқ, - деди Ботир ғарч-ғурч қор кечиб бораркан. — Бошинг совқотган булса, менинг телпагимни кийиб кетақол...
— Э, йўқол! — дедим алам билан...

Уйга келишим билан келинингиз чиройли табассум ҳадя этди:
— Телпагингиз қани?
— Ие, тушиб қопти! — дедим бошяланглигим энди эсимга келгандек сочимни чангаллаб.

Келинингиз боягидан ҳам чиройлироқ жилмайди:
— Бошингиз тушиб қолмадими ишқилиб?

... Эртасига «Пўнчик» одатдагидек ишга кечикди. Ботир билан кечаги ҳангомани эслашиб ўтирсак, котиба қиз Гуличка эшикдан мўралади.
— Сиз! - деди менга қўлини бигиз қилиб. - Директорга! Срочна!

Юрагим така-пука бўлиб кирсам, директор тажанг бўлиб турган экан.
— Кеча нима ҳунар кўрсатдингиз? - деди чимирилиб. Энди оғиз очмоқчи эдим, жеркиб берди:
— Ўн беш сутка ўтиришни хоҳламасангиз манави жаримани тўлаб келинг. Эллик сўм!
— шундай деб аллақандай қоғозни юзимга улоқтирди. - Ичадиган - булар, балогардон - мен!

Хонага қайтиб кирсам, «Пўнчик» энди келиб турган экан.
— Нима бўлди? - деди Ботир иккови бараварига.
— Ўл бўлди, дард бўлди! - дедим бақириб. - Сен, ярамас «Пўнчик» кафега судрамасанг, телпагим йўқолмасди... Телпагим йўқолмаса...
— Телпак? - Бобурнинг лунжи шишиб кетгандек бўлди. -Папкангни очиб кўр-чи?

Ҳеч балога тушунмай, каттакон папкамни очдим. Қай кўз билан кўрайки, қадрдон телпагим бир қулоқчини қийшайиб илжайи-и-иб ётибди! Алам билан «Пўнчик»нинг ёқасига ёпишдим. Лўппи юзи тандирдан янги чиққан нондек қизариб кетди.
— Қўйвор! - деди ҳансираб. - Кеча бегоналар илиб кетмасин деб папкангга солиб қўйгандим. Яхшиликка ёмонликми, «Чурук папка!»

Ана холос! Баҳонада менинг лақабимни ҳам билиб олдингиз.