OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номиУч хил одам (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Уч хил одам (ҳикоя)
Ўткир Ҳошимов

Байрам ҳамма ерда бир хил тантана қилинади. Аммо ҳаммаям байрамни бир хил нишонлайвермайди...

Исмоил тўртинчи қават деразасидан ташқарини томоша қилиб турарди. Касалхона ҳовлиси гавжум. Икки четига хонаки арчалар экилган йўлкадан ола халат кийган беморлар, башанг кийинган кишилар тинмай ўтади. Қаердадир биринчи қаватда, телевизор қўйилган вестибюлда бўлса керак, тантанавор мусиқа садолари янграйди. Икки бино оралиғидаги гулзор атрофига қўйилган ўриндиқлар тирбанд. Ҳов, чеккада касалхона атрофини ўраган бетон девор ёнидаги бир туп ёнғоқ соясида, шундоқ майсалар устига газета ёзиб эр-хотин ўтиришибди. Эркакнинг эгнида касалхона халати. Хотин атлас кўйлак кийиб олган. Тўрт-беш ёшлардаги болакай қип-қизил пуфагини ҳавода силкиганча, уларнинг атрофида пилдираб юрибди. Эр-хотин унга кўпда эътибор беришмайди ҳам, ўзлари билан овора.

«Соғинишиб қолган бўлса керак, — деб ўйлади Исмоил хаёлан жилмайиб. — Бугун шунақа кун. Хотинлар эридан, эрлар хотинидан хабар олади».

Шу тобда у ўзининг ёлғизлигини бугун ҳам, эртага ҳам ҳеч ким уни йўқламаслигини ўйлаб кўнгли чўкди. Ҳолидан хабар оладиган хотини йўқ. Бола-чақаси йўқ. Ота-онасига эса касалхонага тушганини хабар қилгиси келмади. Нима кераги бор кекса одамларни овора қилиб? Оператсияга ётиши кераклигини айтса баттар ваҳимага тушишади. Дашнободдан Тошкентга келиб-кетиш осонми?

У нохуш хаёлларни қувиш учун ишхонадаги дўстларини ўйлади. «Тўлқин ҳам келмади, ким билади, балки кеча навбатчилик қилган бўлса, уйида уйқуни уриб ётгандир«. Навбатчилик қанақа бўлишини газетачилар яхши билади. Битта ҳарф ўзгариши билан «шаҳар» «заҳар»га айланиб, балога қолишинг ҳеч гап эмас...

Ўша кеча Исмоил ҳам навбатчи эди. Алла-паллагача саҳифа ўқиб қаттиқ толиқди. Чанқаб, муздеккина совуқ чой ичганини билади. Ошқозонида шу қадар қаттиқ оғриқ турдики, чангак бўлиб қолди. Тонг-отарга яқин тўппа-тўғри шу ерга олиб келишди. Унинг бахтига профессор Наримонов ҳали кетмаган экан. Исмоил икки йилча аввал шифохона ҳақида мақола ёзган, мана шу машҳур жарроҳ билан ҳам суҳбатлашган эди... Текшириб кўришса, дард ошқозонда эмас, ўт халтасида экан. Халтачадаги тош силжиса, тиқилиб қолиб, ёмон оқибатга олиб келиши мумкин экан.

«Парво қилманг, — деди профессор , — бу мураккаб оператсия эмас. Кўричакни кесгандек гап. Сизни ўзим «кесаман«. Аввалига палатада муттасил анқиб турадиган дори ҳиди, оператсиядан янги чиққан беморларнинг оҳ-воҳига кўниколмай юрди-ю кейин ўрганиб қолди. Энди ўзини ҳам «кесиш»га тайёрлаб қўйишди.

Ҳозир бир кўнгли пастга тушиб, телевизор кўргиси келди-ю тағин «айниди». Шу ердан ташқарини кузатишнинг ўзи томоша эмасми?

Бояги ёнғоқ остида ҳамон эр-хотин ўтиришар, хотин олдидаги сумкасидан тухум олиб, эрига арчиб берар, болакай эса пуфагини ўйнар эди. Йўлакдан оқ халат кийган уч ҳамшира ўтди. Ҳар қайсисининг қўлида шода-шода настарин. Қизлар нима ҳақдадир қаттиқ-қаттиқ гаплашишар, хандон отиб кулишарди.

«Бу йил настарин кўп бўлибди, — деб ўйлади у қизлардан кўз узмай. — Таҳририят хонасида биқиниб ўтириб гулниям унутиб юборади одам».

Исмоил яна ўша томонга қаради-ю йўлакдан бир-бирига суяниб келаётган икки йигитни кўрди. Улардан бири маст бўлса керак. Кўксига лолақизғалдоқ босганча гандираклаб қадам ташлар, шериги уни қўлтиқлаб олган эди.

«Шунақа жойгаям маст бўлиб келадими!» Исмоил энсаси қотиб юзини ўгирди. Ўгирди-ю бирдан ўша томонга қараганча сесканиб кетди. Йигитнинг кўксидаги лолақизғалдоқ эмас, қон эди. Унинг оппоқ кўйлаги қизариб, ёқавайрон бўлиб кетганди. «Биров пичоқ урибди», деб ўйлади, Исмоил вужуди музлаб. Йигитлар бир-бирини суяган кўйи дераза тагидан ўтиб, бино томон бурилиб кетди. Исмоил йўлакка шошилди. Семент зиналардан югургудек бўлиб, биринчи қаватга — жарроҳлик бўлимининг қабулхонасига келди. Остонасига ҳўл латта ташланган очиқ эшик олдида тўхтаб ичкарига разм солди.

Бояги оқ кўйлакли йигитча кушеткада икки букланиб ўтирар, бошини чангаллаб нуқул сўкинар эди. Беморнинг бошидан оққан қон кўйлагини қизартирганини энди кўрди. Калта енгли, катак кўйлак кийган оғайниси эса нима қиларини билмай серрайиб турар, ранги ўчиб кетганди.
— Нега ўзидан ўзи сенларга бутилка отади?

Исмоил ичкарига мўралаб, девор тагидаги стол қаршисида ўтирган дўхтирни энди кўрди. Бу — кўзойнак тақиб юрадиган рангсиз жарроҳнинг фамилияси Олимбоев эканини Исмоил билиб олган, беморлар негадир ундан чўчишини кўриб, ҳайрон қолган эди. Ўзи ёшу ҳамма ундан қўрқади. Исмоил яна беморга ўгирилиб қаради-да унинг бошидан ҳамон қон оқаётганини пайқади.
— Билмадим, — деди катак кўйлакли йигит киприкларини гуноҳкорона пирпиратиб. — Кўчада кетаётгандик. Биров автобус деразасидан шиша отди. Шиша Анварнинг бошига тегди. — У гапини тасдиқламоқчи бўлгандай беморни бармоғи билан кўрсатди.

Анвар кўзларини дўхтирга қадаб, бошини чангаллаганча яна сўкинди.
— Шундай қилиб, шиша отди дегин? — Жарроҳ хотиржам ўтирганча кўзойнагини йилтиллатиб беморга қараб қўйди.
— Қизиқ, — деди ингичка бармоқлари билан столни чертиб, — битта шиша шунча қиладими, а! Аввал бошингга тегса, кейин ёқангни йиртса, кўйлагингни дабдала қилса. Қўлли-оёқли бутилка экан-да!

Анвар лабини яна ҳам қаттиқроқ тишлаб, йиғлаб юборди. У елкалари силкиниб баралла йиғлар, овози энди раста бўлгани учунми, хунук эшитилар эди. Катак кўйлакли йигитча эса нима қилишини билмай, бир унга бир дўхтирга қараб жавдирарди.
— Хўш, сизга нима керак? — деди дўхтир бирдан бошини буриб. Исмоил беихтиёр ичкарига кириб қолганини, жарроҳнинг кўзойнак ортидаги тикандек ўткир кўзлари ўзига тикилиб турганини энди пайқади.
— Нима сизниям бутилка билан уришдими?

Исмоил унинг овозидаги заҳархандани сезиб, аччиғи чиқди.
— Нега калака қиласиз? Аҳволини кўриб турибсиз-ку, — деди беморга имо қилиб. — Бир одам нажот кутиб турса-ю сиз тергов қилсангиз? Қанақа дўхтирсиз ўзи?
— Ўзингиз кимсиз? — Олимбоев шошилмай ўрнидан турди. Исмоил унинг рангсиз юзи янада оқариб қирра бурни қисилиб кетганини кўрди. Бу бола кимингиз бўлади? — деди кўзойнак ортидаги митти кўзлари чақнаб.
— Танийсизми?
— Танишим шартми? — деди Исмоил бўғилиб. — Ким бўлса ҳам одам-ку, ахир! Бемор-ку!
— Марҳамат қилиб хонани бўшатиб қўйинг. — Исмоил дафъатан эсанкираб қолди. Ҳеч ким у билан бундай қўпол муомалада бўлмаган эди.
— Менга қаранг, — деди овози титраб. — Беморга ҳозироқ ёрдам кўрсатмас экансиз... «Фелетон ёзаман!» демоқчи бўлди-ю тилини тийди. У ҳеч қачон фелетон ёзмаган, ёзмоқчи ҳам эмасди. Аммо бировнинг дардига томошабин бўлиб туришни ҳам хоҳламасди. — Кетмайман! — деди бўғиқ овозда. — Нажот кутиб турган одамни сўроқ қилишга нима ҳаққингиз бор? Прокурормисиз?
— Бировнинг ишига аралашишга сизнинг нима ҳаққингиз бор? — Олимбоев шундай деб беморга юзланди. — Ўлмайди. Жароҳати ўладиган даражада эмас. Бирпас азобини тортса безорилик қилмайдиган бўлади. Инқилламай ўтир, сўтак!

Исмоил қолишини ҳам, кетишини ҳам билмай иккиланиб туриб қолди. Дўхтирининг буйруғи билан хонага ҳамшира кирди. Беморнинг бошини текшира бошладилар.
— Ўн саккизинчи палатада битта жой бўш, — деди Исмоил. — Ёнимдаги чолга бугун жавоб теккан.

Олимбоев кўзойнак ортидан «Ҳалиям шу ердамисан» дегандек истеҳзоли қараб қўйди.
— Жойингизга боринг!

* * *

Исмоил йиғи товушидан уйғониб кетди. Бошини кўтариб Анварнинг каравотида, оёқ томонида ўтирган хотинни кўрди.

Кеча Анварни шу палатага олишганида Исмоил «Гапим Олимбоевга таъсир қипти-да», деб ўйлаган эди. Кейин билса, бошқа жой йўқлиги учун йигитчани шу ерга киритишган, мияси чайқалган-чайқалмаганини аниқлаш учун икки кунга олиб қолишган экан.

Кечқурун ҳам мана шу чигирткадек озғин, қоп-қора хотин Анварнинг олдига келиб кетган эди. У томирлари бўртиб кетган озғин қўллари билан юзини тўсган кўйи ўксиб-ўксиб йиғлар, ўғлини койир эди.
— Отангнинг куйдиргани етмасмиди, жувонмарг! Энди сен бормидинг, ергина юткур! Ишламасанг, ўқимасанг. Ажалнинг тиғи парронига учрагур отанг топганини ичса! Ҳаҳ, пешонагинам қурсин-а...

Исмоил унинг озғин елкаларига ингичка қўлларига қараб раҳми келди. Балки ягона умиди шу ўғлидандир.

Анвар саллага ўхшаб бинт билан боғлаб ташланган бошини девор томонга ўгириб ётар, индамас эди.
— Ҳаҳ, пешонагинам қурсин! — деди аёл яна изтироб билан.

Анвар ётган жойида жеркиб берди:
— Кўп вайсайверманг!

Исмоил уҳ тортиб ўрнидан турди. Аёл кафтини туширди-ю ёшли кўзларини унга тикди:
— Сизниям уйғотиб юбордикми?
— Зиёни йўқ, — деди Исмоил каравот тепасидаги сочиқни олиб ташқарига чиқаркан.

Унинг кетидан Анварнинг онаси ҳам чиқди. Уч-тўрт қадам юрмасдан етиб олиб Исмоилнинг қўлидан ушлади.
— Насиҳат қилинг, ўргилай, — деди муҳим бир сирни айтаётгандай пичирлаб. — Ўртоқлари ўлгур ёмон... Учтасини ерга қўйиб, топган болам шу. Кечки мактабда бинойидай ўқиб юрувди. Бозор-ўчаримни бирпасда қилиб келади. Оёғидан ўт чақнайди. Отасининг ичишини мактабдаги ўртоқлари юзига солган экан, ўқишни ташлаб кетди. .. Шу одам бўлсин деб кўча супураман. — Аёл елкасига ташлаб олган халатининг этагини қайириб, бурнини артди.

Исмоил бировнинг кўз ёшига тоқат қилолмасди. Ҳозир ҳам томоғига илиқ бир нарса тиқилиб, кўнгли бузилди.
— Куюнманг, холажон, — деди хўрсиниб. — Анвар ҳали ёш. Йўлини топиб кетади.
— Эсли йигит кўринасиз., — аёл яна йиғламсиради. — Насиҳат қилинг, Худоё барака топинг.
— Хўп, — деди Исмоил ютиниб, — албатта айтаман. Ўзим ишга жойлаб қўяман.

Исмоил ювиниб келганда, Анвар тумбочка устида турган стакандаги чойга қанд солиб, қошиқ билан айлантириб ўтирарди.
— Чой ичинг, — деди у дўриллаб.

«Ёш бола, — деб ўйлади Исмоил унинг ёниб турган кўзларига, ҳали устара тегмаган мўйловига қараб. —Ҳали гўдак-ку, бу! Йўлга солиш керак».
— Раҳмат. — Бир зум ўйланиб турди-да, сўради: — Нега уришдинг?
— Қиз талашдик, — деди Анвар ҳамон қошиқни айлантираркан, ахмоқларча илжайиб.

Исмоил бу ёшдаги болаларга насиҳат ёқмаслигини билар, шунинг учун кечадан бери нима воқеа рўй берганини суриштирмаган эди.
— Қиз сени яхши кўрса, талашишнинг нима кераги бор! — деди у иложи борича табиий гапиришга уриниб.

Анвар яна боягидай илжайди:
— Танимайман ўзини!
— Танимасанг нега талашасан?
— Ие, қиз бўлгандан кейин талашади-да.
— Эндиям талашсанг калтакнинг бундан каттасини ейсан!

Исмоил унинг бошидаги қон доғи қотиб қолган «салла»га имо қилди. — Бу сафар осон қутулибсан!
— Менми?! — Анвар тумбочкани шу қадар зарб билан муштладики, тагида озгина чой қолган стакан зириллаб кетди. — Энди калтакни бошқаси ейди. Қонини ичаман!

Исмоилни оператсия столига ётқизишлари билан тепасида Олимбоев пайдо бўлди. Унинг оғзи-бурни дока ниқоб билан тўсилган, фақат йилтираб турган кўзойнагининг ўзи қолган эди. Исмоилнинг юрагида қўрқув аралаш шубҳа уйғонди. Уни прфессор Наримонов оператсия қилиши керак эди-ку!

Олимбоев унинг кўнглидан ўтганини сезгандек бошига эгилди.
— Домла санавиатсияда Навоийга учиб кетдилар. Оғир касал бор экан. — Сўнг митти кўзлари қисилиб кулимсиради. — Қўрқманг, оператсиянгиз мураккаб эмас. Узоғи билан бир ҳафтада оёққа туриб кетасиз.

Исмоил тақдирга тан беришдан бошқа иложи қолмаганини билиб, кўзини юмди. Ростини айтганда, энди унга барибир эди.
— Биласизми, дўстим, — деди Олимбоев унинг бошига эгилиб. — Медитсинани энг инсонпарвар касб дейишади. Аммо жарроҳликда шафқатни йиғиштириб қўйиш керак. Бўлмаса жарроҳнинг қўли қалтирайдиган бўлиб қолади... Гуманизм — сизларнинг соҳа.

Бир неча лаҳзадан кейин шундай жимлик чўкди-ки, Исмоил ўз юрагининг уришини ўзи эшитаётгандек бўлди...

* * *

Инсоннинг доимий ҳамроҳи хаёл бўлмаганида одам ниҳоятда қашшоқ бўлиб қолармиди... Исмоил оппоқ шифтга муттасил тикилиб ётган уч кун мобайнида ўша беадад хаёллар уни тарк этмади. Оператсиядан кейин қорнида пайдо бўлган оғриқ азоб берганида ҳам, осма укол тагида ётиб, икки кун туз тотмаганида ҳам ўша хаёллар билан овунди. Ўзларининг қишлоқдаги чорбоғда бўлган тўйни эслади. Ҳар гал қишлоққа борса, унинг ҳузурига ийманибгина чиқадиган, соғиниб кетганини қулоғига шивирлаб айтиб, унсиз йиғлайдиган хотини Шоҳиданинг рангпар, аммо кўркам юзи, қуралай кўзлари тасаввурида жонланди.

Исмоил учинчи босқични битиргандан кейин ота-онаси кўзимиз тириклигида кўриб қолайлик, деб унинг тўйини ўтказишган эди. У Тошкентда юрганида ҳеч кимни чандон яхши кўрмагани учун, қўшни қишлоқнинг энг сулув қизини олиб берамиз де-йишганларида кўниб қўя қолганди. Аввалига Шоҳидани яхши кўрадими-йўқми ўзи ҳам билмай юрди. Фақат хотини вафот этганидан кейин уни яхши кўришини, жонидан ортиқ севишини ҳис қилди.

Шоҳиданинг юраги туғма «порок» экан. Дўхтирлар унга туғиши мумкин эмаслигини айтишса ҳам Исмоилдан яшириб юраверибди. Она бўлишни хоҳламайдиган аёл борми? Устига устак қишлоқ туғруқхонаси.

...Исмоил унинг азасига етиб борди. Ҳам суйган аёли, ҳам юлдуз кўрмай жон берган бегуноҳ чақалоқдан жудо бўлиш оғир экан. Шундан кейин, Исмоил қишлоғига қайтиб бормади. Юқори босқичда ўқиётганида амалиётда қатнашган газета таҳририятида энг «кичик» лавозим — мусаҳҳиҳ ёрдамчиси қилиб ишга олинганига раҳмат деди... Дарахт бир ерда кўкариши рост экан. Бора-бора газетанинг етакчи ходимларидан бирига айланди. Журналистнинг қаттиқ нони, гоҳо кеча-кундуз тиним билмай ишлаш унга ёқар, тўғрироғи, ярасининг эскиришига ёрдам бераётгандек эди...

Кеча ҳамкасблари кўргани келишганида ўзининг беҳаловат ҳунарини қаттиқ соғинганини ҳис этди. Эрта-индин ўзига жавоб беришларини, тағин ишга шўнғиб кетишини ўйлаб таскин топди.

Сўнг Анварга ишга киритиб қўяман, дегани эсига тушиб, ҳамширадан турар жойини ёзиб олди. Битта-битта юриб ҳовлига чиқди. Икки четига арчалар экилган йўлкадан оҳиста юриб кетди.

Қуёш ҳали ботган, аммо ҳаво тунд, кўнгилни ғаш қиладиган булутли оқшом эди. Ҳовлида одам сийрак, афтидан ёмғир ёғса керак, намхуш шамол эсиб турарди. У йўлканинг охирига бориб, орқасига бурилган эди, таниш овозни эшитиб тўхтаб қолди.
— Қўй дейман, жойига! — деди ўша овоз. Кейин қўпол қилиб сўкинди. — Қўй бўлмаса, абжағингни чиқариб ташлайман, онангни...

Исмоил овоз чиққан томонга — касалхона девори ёнидаги ёнғоқ тагига қаради-ю давра қуриб ўтирган бир тўда одамларни кўрди. Йўқ, булар бемор эмасди. Исмоил синчиклаб қараб, майкачан бўлиб олган Анварни кўрди. У ўтирган жойида ёнидаги йигитнинг қизил кўйлагига ёпишиб олган, йигит ўрнидан турмоқчи бўлар, Анвар қўйиб юбормас эди.

«Қаёқдан кирибди булар! — деб ўйлади Исмоил ўша томонга юраркан, кейин тушунди. — Девор ошиб тушган».

У етиб боргунча қизил кўйлакли йигит ўрнидан турди. Анвар ҳам унинг ёқасига ёпишганча туриб кетди.

«Аҳмоқ — деб ўйлади Исмоил ичида Анварни койиб, — яна жанжал бошлаяптими?»

У яқин келиб, майса устидаги сочилиб ётган майда-йирик аралаш пулларни кўрди. Нарироқда иккита арақ шишаси думалаб ётар, даврадаги тўрт эркак бамайлихотир сигарет тутатиб, Анвар билан қизил кўйлакли йигитнинг жанжалини кузатар, аммо ажратиб қўяй демасди.

«Аблаҳлар! Кап-катта одамлар ёш болаларни уриштириб томоша қилиб ўтирса!». У қорни оғрий бошлаганига қарамай қадамини тезлатиб келди-да, Анварнинг билагидан ушлади.
— Қўйвор! — деди секин, аммо қатъий қилиб.

Анвар ярқ этиб қаради. Унинг ранги ўчиб кетган, ҳарсиллар, аммо рақибини қўйиб юбормас эди. Қизил кўйлакли новча йигитнинг ҳам ранги гезариб кетган, бир оғиз ҳам гапирмай юлқинар, Анварнинг чангалидан чиқмоқчи бўлар эди.
— Пулни ютиб олиб, энди қочадими? — қичқирди Анвар тупук сачратиб.
— Қўйиб юбор! — деди Исмоил қатъий қилиб. — Ким сенга қимор ўйнасин деди!

Исмоил бир қарашдаёқ Анварнинг кўзларида совуқ ўт ёниб кетганини сезди. Лекин эътибор бермади. У ҳеч қачон қимор ўйнамаган, поезддами, бошқа жойдами, шундай даврани кўрса, четлаб ўтар, бу ўйиннинг қоидаларини ҳам, ёввойи завқини ҳам билмас, тан олишни хоҳламас эди.

Ерда ўтирганлардан бири, маст бўлса керак қийқириб кулди.
— Ўқитувчинг зўр-ку, Анвар!

Анвар шуни кутиб тургандай Исмоилга ўшқирди.
— Хўжайинмисан менга?!

Исмоилга унинг сенсираши алам қилди. Чигирткадай озғин, қон қақшаб йиғлаётган аёл кўз олдига келди-ю юраги эзилиб кетди.
— Калланг ишлайдими, аҳмоқ! — деди бўғилиб. — Нима деб келишгандик сен билан!

Анвар ҳамон рақибига ёпишган кўйи хириллади:
— Бор-р-ре, онангни!...

Исмоил ўзини тутолмай қолди. Анварнинг юзига тарсаки туширди. Секин, аяб...

Кутилмаганда Анвар унинг қорнига шу қадар зарб билан мушт туширдики, Исмоилнинг кўзидан ўт чақнаб кетгандек бўлди. Биқинида чидаб бўлмас оғриқ уйғониб, ҳамма ёқни зулмат қоплади-да, гурсиллаб ерга йиқилди.

У кўзини очганида энг аввал бир жуфт ялтироқ нарсани кўрди. Синчиклаб қараб, бу кўзойнак эканини, бошида Олимбоев энгашиб турганини англади. Сўнг тағин ўша таниш жарроҳлик столида ётганини, атрофини оқ либосли одамлар ўраб олганини кўрди.

Олимбоевнинг юпқа лаблари қимирлади. Исмоилнинг ҳамон гувиллаб турган қулоғига унинг овози узоқ-узоқдан эшитилгандек бўлди.

— Хавф ўтди!... Қўрқманг, дўстим, тузалиб кетасиз. Фақат бу гал кўпроқ ётасиз... — бир зум сукут сақлаб, қўшиб қўйди. — Гуманизм яхши нарса... Фақат билган одамга...