OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎткир Ҳошимов
Асар номиХаёлларга бўламан тутқун... (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ўткир Ҳошимов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм42KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/26
Манба[ziyouz.com ziyouz.com...]


Нашр белгилари
1964-йил


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Хаёлларга бўламан тутқун... (ҳикоя)
Ўткир Ҳошимов

«
Кўрмай десам, кўзим кўр эмас,
Юрмай десам, оёғим бутун.
Аммо қалблар ортиқ жўр эмас,
Хаёлларга бўламан тутқун».

Миртемир
»

У кетди... Япроқлари оқшом шабадасида оҳиста силкиниб турган бир туп ўрик тагидан бурилиб ўтди-ю, муюлишда кўздан ғойиб бўлди. Қарғашойи кўйлагининг этагини, ўнг билагига илиб олган қизил сумкачасинигина кўриб қолдим. У кетди... Қулоқларим остида анҳорнинг қиқир-қиқир кулгиси-ю, хўрсинишга тўлган қиз йиғиси қолди.

У кетди-ю, кўз ўнгимда изтиробга тўлган, ҳам яқин, ҳам узоқ сиймоси қолди.

...Кўзларимда ёш қалқидими?! Йўқ-йўқ, ахир нега энди? У кетди. У кетди-ю, хаёлимда ҳам ширин, ҳам аччиқ, ҳам қувноқ, ҳам аламли узуқ-юлуқ хотиралар қолди...

...Ўшанда мен биринчи курсда ўқирдим. Биринчи имтиҳонни топширган эдим. Қизиқ, ёшлик экан-да! Биринчи курс талабаларининг ҳаммасида бўладиган одат менда ҳам бор эди. Ўзимни жуда билимдон, юқори курсдагилардан ҳам, гоҳо домлалардан ҳам кўпроқ нарсани биладиган киши ҳисоблардим. Ҳа, мен мағрур эдим. Бунинг устига биринчи имтиҳондан аъло баҳо олдим. Мен шод эдим, аллақаёқларга учгим, баланд-баланд парвоз этгим келарди. Гавжум йўлкалардан бораркан ман, ҳеч кимни кўрмас, ҳеч нимани сезмас эдим.

Троллейбусга чиқдим. Бўш ўриндиққа ўтириб китоб варақлай бошладим. Китоб ўқирдиму сатрлар мазмунини ўзим ҳам тушунмасдим. Хаёлларим олисларга етаклаб кетарди мени.

Ёнимга келиб ўтирган қизга парво ҳам қилмабман. Бир вақт у пиқ этиб кулиб юборди.
— Одамга қарагингиз ҳам келмайдими, Эркин ака? Чўчиб ўгирилдим.
— Ие, Холида... — хижолатдан қип-қизариб кетган бўлсам керак, Холида яшнаб-яшнаб кулиб юборди.

Ноқулай аҳволда илжайиб, унга разм солдим. Ҳеч ўзгармабди. Доим ниманидир кутгандай болаларча жавдираб турувчи чарос кўзлари ҳам, чеҳрасига аллақандай соддаликками, бўшангликками ўхшаш ифода берувчи қалинроқ лаблари ҳам ўзгармабди. Бу ўша Холида эди. Бундан ярим йилча аввал ўзим билан бир партада — ўрта мактаб партасида ўтирган Холида эди. Ҳеч ўзгармабди... фақат мени «ака» деб атаганига ҳайрон бўлдим. Мактабда бўлса ҳар доим «Ҳе бола» деб чақирарди, шайтон қиз!

Хаёлимни йиғиштириб олмасимданоқ Холида яна ҳужумга ўтди:
— Жа, талаба бўлиб... а? Ўқишлар яхши кетяптими?
— Ҳм, — дедим сўзимнинг ярмисини ютиб. Мен уни «сиз»-лашимни ҳам, «сен»лашимни ҳам билолмай, бир зум истиҳола қилиб турдим-да, фақат, гапириш учунгина сўрадим: -Сиз қаерда ўқияпсиз, Холида?

Билмадим, Холида саволимни эшитмадими ёки эътибор бермадими, юзини четга буриб, у ёқ-бу ёққа аланглай бошлади. Олдинроқда турган аёлни чақириб жой берди. Мен ҳам дарров туриб кетдим. Икковимиз ёнма-ён туриб, анчагача жим кетдик. Кейин Холида яна аввалгидай жилмайиб сўради:
— Шундай қилиб, журналист бўлар экансиз-да... Кўрсам майлими? — Холида қўлимдаги китобни олди.- Луи Арагон! Яхши ёзувчи бўлса керак-а?

Мен индамай бош силкиб қўйдим. Холида китобни варақларкан, ичидан зачёт дафтарим чиқиб қолди. У менга ёв қараш қилди. Қуюқ қошлари бир тўлғаниб қўйди.
— Рухсатсиз кўрсам хафа бўлмайсизми?

Мен, аввалига, майли, дедим-у, кейин бирдан унинг Қўлларига ёпишдим. Сурат! Ахир дафтар ичида ўзининг сурати бор-ку! Кўрса нима хаёлга боради? Битирувчилар кечаси ўтказилган куни синфдошларимиз билан сурат алмашгандик, негадир Холиданинг суратини ўшандан бери ёним-да олиб юрардим. Нимага шундай қилаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Фақат... фақат Холиданинг менга бошқачароқ қараб юришини болалар шама қилишарди ўшанда. Менда ҳам шу қизга нисбатан меҳрми, аллақандай ҳис уйғонганди. Лекин нима учундир шу топда унга суратини кўрсатгим келмади.
— Холида, кечирасиз, мумкин эмас, — дедим сунъий илжайиб. Зачёт дафтаримни чўнтагимга солиб қўйдим.
— Кечирасиз... Сизнинг ички ишларингизга аралаша олмайман. - Холида ҳазиллашяптими, чиндан гапиряптими билолмадим. Орага тушган совуқ вазиятни йўқотиш учун тайинлироқ сўз қидирар, аммо тилим калимага келмасди. Троллейбус Хадрага яқинлашаркан, «Ватан» кинотеатрининг катта-катта афишалари лип этиб кўриниб ўтди.
— Яхши кино кетяпти... Тушамизми?

Мен бу гапни ҳам фақат орадаги ўша ноқулай вазиятни бузиш учун айтдим. Дабдурустдан кинога таклиф қилишим Холидани ўйлантириб қўйди. Мен унинг йўқ дейишини кутиб турардим. Аммо йўқ демади. Елкасини учириб Қўйди.
— Билмасам.
— Бўпти, юринг! — дедим қувониб...

Кинодан чиқиб, зиналар ёнидаги пастак арча тагида бир оз туриб қолдик.
— Эркин ака, биласизми... - Холиданинг ёноқлари қип-қизариб кетди. Бир ўрим сочининг учини тутамлаб туриб, тутилиб-тутилиб гапирди, - биласизми... Ман... сизга халақит бермайманми?

Шу топда у кўзимга жуда содда, жуда пок, шу билан бирга аллақандай сирли кўриниб кетди. Бу савол олдида ўзим ҳам эсанкираб қолдим.
— Йўғ-э, нимага энди?..
— Бўлмаса... келар ҳафтанинг шу куни, шу соатда, шу ерга келсам йўқ демайсизми?..

Холида баттар қизариб кетди. Қуюқ қайрилма киприклари юзига тўкилди.
— Холида, келасизми, ростдан келасизми? - дедим севиниб.
— Мен кетдим! Хайр!

Холида ердан кўз узмай кескин бурилди-да, келиб тўхтаган троллейбусга қараб югурди. Сариқ жемперига қуйиб қўйгандек ярашиб тушган бир ўрим йўғон қўнғир сочининг силкиниб бораётганини кўриб турдим. У троллейбус зинасига оёқ қўяркан, менга бир ўгирилиб қаради. Назаримда мулойим, жуда мулойим жилмайиб қўйгандек бўлди. Шундагина мен уни кузатиб қўйишим кераклигини тушундим. Ахир биз у билан ёнма-ён маҳаллада турамиз-ку! Аммо мен кечиккан эдим. Троллейбус бир силкиниб юриб кетди. Турган жойимда серрайиб қолдим. Ҳозиргина бўлиб ўтган гап-сўзлар қулоқларим остида дилрабо куй садоларидек жаранглар, шу куй мени бир умр сархуш қилиб қўяётгандай бўларди.

Келаси учрашувгача шу куй оғушида яшадим.

Чоршанба куни Холидани худди ўша ерда, кинотеатр зиналари ёнидаги пастак, хонаки арча тагида кутиб олдим. Холида бу сафар ўзига сал оро берган, бошини яқинда ювган бўлса керак, узун сочларининг нами ҳали қуримаган эди.
— Бугун кинога тушмай қўя қоламиз, хўп? - Холида қошини чимириб, чиройли жилмайиб қўйди.
— Ихтиёрингиз...

Ҳали оқшом қўниб улгурмаган катта кўчадан Ўрдага — Анҳор томонга юриб кетдик.
— Уйдагилар яхши ўтиришибдими, Холида? - дедим унинг қадамига қараб оҳиста борарканман.
— Раҳмат...— Холида анчагача жим қолди... Анҳор кўпригидан ўтиб дарахтзор орасига кирдик. Оқшом энг аввал шу ерга қўнади. Дарахтларнинг текис шовиллаши анҳорнинг безовта тўлқинлари овозига қўшилиб, беозор, оромбахш сукунатни чуқурлаштираётгандек бўларди...
— Ўтирамизми? — Анҳор лабида турган пастак скамейкага имо қилдим.

Ўтирдик. Анҳорнинг туб-тубидан қайнаб чиқаётган сувга тикилганча қолдик. Анчагача икковимиздан ҳам садо чиқмади.
— Эркин ака, сиз мени одобсиз қиз деб ўйлаяпсизми? — Холида жавдираган кўзларини кўзимга қадади.

Ҳайрон бўлдим.
— Нега энди?

Холида анчагача индамади.
— Рост-да... Ўзимдан-ўзим сизга... - Холида бошини яна-ям қуйироқ эгди. Қийналиб-қийналиб гапирди. - Лекин нима қилай? Фақат, фақат сиз мени ҳайдамасангиз бўлди...

Бутун вужудимни ҳали ҳеч сезилмаган, ҳали ҳеч синаб кўрилмаган аллақандай ёқимли титроқ қоплади. Ҳали ишқ нималигини билмаган юракда нозик, жуда нозик, шамчироқдек бир ўт - севгига чанқоқ ўт йилтиллаб тураркан. Майингина муҳаббат шабадаси бир марта, фақат бир марта сийпалаб ўтса, бу учқун ловиллаб кетаркан.
— Холида, ахир нега ундай дейсиз? Ахир мен сизни... сизни... Хаёлимни ёлғиз сиз олиб қўйдингиз-ку, ахир! Менга насиб бўладими, йўқми, деб хавотирланиб ўзим ҳам тополмай юрган азиз бир нарсани қиз муҳаббатини тақдим қиласизу...

Мен яна анча-анча гапларни айтгим, юрагимдаги ҳисларимнинг ҳаммасини тўкиб солгим келарди-ю, аммо шу ҳислар олдида ўзим ожиз эдим...
— Ростми? Шу гапларингиз ростми? —Холида қайрилма киприкларини кўтариб кўзларимга тикилди.

Eнтикиб кетдим.
— Наҳотки менга ишонмасангиз? Холида секин бош силкиди.
— Ишонаман... Лекин... Келинг, энди бир-биримиздан сир яширмайлик. Хўп?
— Сиздан нимани ҳам яширай?
— Ёлғонми?-Холида айёрлиқ билан қошини учириб қўйди,-Ҳув, анунда, зачёт дафтарингизни нега тортиб олдингиз?
— Унда... унда сизнинг суратингиз бор эди, Холида!
— Ростми?-Холида яна ўша болаларча соддалик билан кўзларини жавдиратди...

Шу куни иккаламиз уйгача пиёда қайтдик.

Мен Холида билан хайрлашган дақиқадан бошлабоқ юрагимда сўнмас бир ўт алангалана бошлади. Бу ўт ҳеч тўхтамас, висол дамлари яқинлашган сайин кучаяр, фақат ўзини кўрсам сал босиларди-ю, хайрлашишимиз билан яна ловилларди.

Бу ўт икки йилгача, йўқ-йўқ, ундан кейин ҳам, шу кунгача ҳам ҳеч пасаймади. Лекин, нетайки, гоҳо тақдир сенинг измингга эмас, сен тақдирнинг измига бўйсунишга мажбур бўлиб қоларкансан...

...Иккинчи курснинг охирги имтиҳонини топширган куним Самарқандга—вилоят газетасига уч ойлик практикага кетиш олдидан Холидани учрашувга таклиф қилгандим. Аммо у келмади. Ҳар гал беш минут куттириб қўйса, аламимни папиросдан олардим. Бу сафар папирос ҳам дош беролмади. Худди ўша Анҳор бўйидаги пастак скамейка ёнида бир соат турдим. Юрагимни чулғаган шубҳалар чигаллашиб кетди-ю, шаҳар кўчаларида анчагача айланиб юрдим. Ўша таниш хиёбонлар, ўша сокин анҳор, жуфт-жуфт бўлиб сайр қилиб юрган ўша севишганлар бир дардимни ўн қиларди.

Хаёлимда икки савол, икки муаммо ҳукмрон эди: Холиданинг олдига борайми, йўқми? Эҳтимол, унга бир нима бўлгандир? Йўғ-э, ахир куни кеча ўзим кўрдим-ку! Агар у шунчаки ноз қилаётган бўлса-чи? Шу топда унинг уйига, остонасига бош уриб бораманми?

...Йўқ, йўқ, бари бир муҳаббат устунлик қилди. Холидаларнинг кўчасига қандай қилиб бориб қолганимни ўзим ҳам билмайман. Уларнинг уйи тор кўчанинг ичида эди, аммо нечанчи эшик эканини билмасдим. Ҳар сафар уни кузатиб қўйганимда кўча бошида хайрлашардик. Холиданинг ўзи ҳам уяларди шекилли, кўча ичига киришимни хоҳламасди.

Бир лаҳза иккиланиб турдиму кўча ичига кирдим. Лекин йигирма қадамча юрар-юрмас тўхтаб қолдим. Иккала тавақаси ланг очиб қўйилган эшикдан бир қўлида белкурак, бир қўлида каттакон пақир кўтариб Холиданинг акаси чиқиб келди. Мен унинг отини ҳам билмасдим. У биздан уч йил аввал мактабни битирган, ҳозир аллақандай идорада ишлаётганини эшитгандим. У менга қайрилиб қарамай, пақирга симёғоч тагига уйиб қўйилган кўмирни олиб сола бошлади.

Яқинроқ келиб салом бердим. У белкуракни ташламай, энгашиб турган кўйи елкаси оша менга қаради. Қаради-ю, бирдан қаддини ростлади. Жингалак сочи тер аралаш пешонасига ёпишиб қолган, кўмир тегиб қорайиб қолган майкаси ҳам ҳўл бўлиб кетганди. Билмадим, саломимни эшитмади-ми, алик олмади. Яхшилаб таниб олмоқчи бўлгандай менга узоқ тикилиб қолди. Кейин пешона терини шахт билан сидириб ташлади-да, кўзимга тикилиб туриб сўради:
— Хўш, хизмат?!

Бирдан эсанкираб қолдим. Уялиб кетдим. Нима дейишимни билмай тўғрисини айтиб қўя қолдим:
— Холидахон бормилар?
— Акаси керак эмасми, акаси! — унинг ранги ўчиб, белку-рак ушлаган қўли асабий қалтирай бошлади. Мени еб юбормоқчи бўлгандай, тишларини ғижирлатиб таъкидлади.— Қадамингни билиб бос, бола! Қизларга осилгандан кўра бурнингни эпласанг-чи! Кимсан ўзинг! Дадангга ўхшаган сартарош бўласан-да!.. Эсинг борида туёғингни шиқиллатиб қол, ҳа!

Кўз ўнгим қоронғилашиб, бутун вужудим ловиллаб ёна бошлади. Қулоқларим шанғиллаб кетди. Инсон учун бундан ортиқ ҳақорат, бундан ҳам уятли нарса борми? Хаёлимда энг муқаддас нарса деб юрган уй шуми ҳали? Юрагимнинг энг чуқур жойларида иззатини ардоқлаб юрган кишиларим шу бўлдими?

Йўқ, мен унга бир оғиз ҳам гапирмадим. Гуноҳкор одамдай бошимни қуйи солганча бурилдиму мадорсиз оёқларимни судраб босиб юриб кетдим.

Иўқ, мен энди бу кўчага ҳеч қачон қадам босмайман, ҳеч қачон!.. Яхши кўриш — ялиниш, ёлвориш деган гап эмас! Мен Холиданинг олдида гуноҳкор эмасман. Ялинмайман ҳам... Эртасига эрталаб Самарқандга жўнаб кетдим. Кетдим-у, хаёлим шу ерда — Холида билан қолди. Ўзимча бу бемаънигарчилик учун Холиданинг мендан кечирим сўрашини кўтардим. Ростдан ҳам бир ҳафтанинг ичида Холидадан кетма-кет иккита хат олдим. Иккала хатнинг ҳам мазмуни бир хил эди. «Мен сиз билан учрашишим керак. Тезроқ келиб кетмасангиз бўлмайди», дебди. Қаёққа бораман? Яна ўша уйгами?! Кимнинг олдига бораман? Мени шунчалик ҳақорат қилган одамнинг олдигами? Нимага бораман? Ялиниш-ёлвориш учунми?

...Холидага хат ёзиш учун уч марта қўлимга қоғоз-қалам олдим-у, аммо ёзолмадим. Ҳар сафар қалам ушласам, кўз олдимда унинг акаси жонланар, назаримда, менга нафрат билан тикилиб турар, аямай ҳақорат қиларди.

Бари бир бўлмади. Орадан икки ойча ўтганидан кейин Холидага хат ёздим. Ёзишга ёздим-у, ўзимдан-ўзим афсусланиб қолдим. Хатимга жавоб келмади.

Қайтиб борганимдан кейин Холида буларнинг ҳаммаси учун мендан узр сўрайди, деб юргандим. Йўқ, бутун хаёлим пучга чиқди. Практика тамом бўлай деб қолганда, собиқ мактабдош дўстим Жавдоддан хат келди. Хат жуда қисқа эди.

«Холидадан умидингни уз! Эрга текканига ўн беш кун бўлди. Акасининг ўртоғига тегибди...»

Хатни бурда-бурда қилиб улоқтирдим. Бевафо! Ярамас! Сотқин! Яна қай сўз билан атай ўшани?

Йўқ, менинг нафратлашга, лаънатлашга ҳам ҳолим қолмаганди. Киприкларимни тўсган ёш пардаси томоғимни бўғиб қўйганди.

Бари бир энди ишлай олмаслигимни тушундим. Лаш-лушларимни йиғиштириб уйга қайтдим.

Автобусдан тушишим билан атайлаб Холидаларнинг кўчасига бурилдим. Негадир уни шу ерда, шу кўчада учратишимга ишонардим. Ҳа, янглишмабман. Мен уни кўрдим. Фақат узоқдан, орқасидан кўрдим. У кўча эшик олдида тўхтаган яп-янги «Волга» машинасининг ёнида хаёл сургандек қимирламай турарди. Кулранг макентош устидан қўнғир сочларини ташлаб олган.

Бировдан чўчиган одамдек тўхтаб қолдим. Ичкаридан оқ кўйлак устидан қора галстук таққан новчагина йигит чиқди. Билагидан ушлаб Холидани машинага ўтқазди. Кейин ўзи рулга ўтирди-да, ҳайдаб кетди.

Чамадон бандини жон-жаҳдим билан қисганимдан бармоқларим қирсиллаб, ўнг қўлим титрай бошлади. Молпа-раст! Амалпараст!

Яна қанча турганимни билмайман. Қуёш тиккага келиб аёвсиз қизитарди. Асфалтдан кўтарилган чучмал ҳовур кўнглимни беҳуд қила бошлади.
— Майли,-дедим ўзимни юпатиб, - Холида куюнишга, ўртанишга ҳам арзимайди ўзи. Менинг унга олиб берадиган машинам йўқ-ку ахир?

Бу сўзлар билан юпана олмаслигимни билсам ҳам, ўзимни овутишга тиришар, аммо ўзимни овутишга, Холидани унутишга қанча уринсам, унинг хотираси қалбимга шунча маҳкамроқ ўрнашиб борарди. Мен учун фақат бир нарса аён эди: Холида - бевафо қиз!

...Шу кунгача мен фақат мана шу фикр билан яшадим. Аммо, бугунги воқеалар бутун фикримни остин-устун қилиб юборди. Кўзим мошдек очилди.

...Бугун ҳам Холидани худди ўша биринчи сафардаги каби троллейбусда учратдим. Эшикдан киришим билан орқа дераза ёнида турган Холидага кўзим тушди-ю, юрагим жиз этиб кетди. Индамай кондукторнинг ёнига ўтиб олдим. Энди пул узатаётган эдим, орқадан Холиданинг товуши эшитилди:
— Иккита билет беринг...

Титраётган қўлларимни яшириш учун шимимнинг чўнтагига суқдим. Йўқ, юрагимни рашк эмас, ғазаб ҳам эмас, аламли бир изтироб чулғаб олганди. Ўгирилиб қарамасликка ҳаракат қилиб индамай туравердим. Аммо Холиданинг ўзи қарашга мажбур қилди мени.
— Эркин ака, сизга ҳам билет олдим.

Елкам оша назар ташладим. У ҳалиям ўзгармабди. Фақат кўзлари, болаларча жавдираб тикилувчи кўзлари энди эҳтиёт билан боқарди кишига. Рангим ўчиб кетганини ўзим ҳам сезиб турардим.
— Раҳмат! Ҳисобни тўғрилаб қўймоқчи бўлибсиз-да... — Бирдан Холиданинг ҳам ранги ўчди. Бурни қисилиб, лаблари пирпираб учди. Икки томчи ёш кўзларидан дув этиб юмалаб тушди-ю, кейин елкалари силкиниб-силкиниб, унсиз йиғлай бошлади.

Довдираб қолдим. Одамларнинг бизга ҳайрон бўлиб тикилаётганини кўриб, троллейбус тўхташи билан Холидани судраб тушиб кетдим.
— Ўзингизни босинг! - дедим қуруққина қилиб. У ёқ-бу ёққа аланглаб, тушган жойимизни танидим: Ўрда экан. Холидани қўйиб юбормай, Анҳор бўйига олиб тушдим. Сарғиш қумни ялаб оқаётган сув қирғоғига етиб келганимиздан кейин қўлини қўйиб юбордим.
— Ювиниб олинг...

Холида ҳўл қумда чуқур-чуқур из қолдириб сув бўйига чўнқайди. Ювиниб бўлгунича скамейкада ўтирдим. Деярли ҳеч нарса ўзгармаган. Оқшом сукунатини чуқурлаштириб шовил-лаётган дарахтзор ҳам, оҳиста оқаётган анҳор ҳам, муюлишдаги бир туп ўрик ҳам - ҳаммаси ўша-ўша. Пастак скамейка ҳам ўз ўрнида турибди.

Фақат, фақат бир нарса етишмайди. Қани ўша беланчакка солиб аллалагандай ширин ҳисларга етаклаган суҳбатлар? Қани ўша йигит қалбимнинг илк муҳаббат чўғини алангалатган эҳтиросли сўзлар, қани? Қани ўша болаларча маъсумлик билан жавдираган кўзлар, қани? Наҳотки ҳаммаси ёшликнинг сирли сўқмоқларида тўзонли бир из қолдириб ўтмишга сингиб кетган бўлса?

Холида ҳамон чўнқайиб ўтирганича сувни шапиллатиб ювинар, елкасидан ошиб тушган сочининг учи тўлқинлар юзида ўйнаб ҳўл бўлиб кетганди. Мен бўлсам унинг кўз ёшлари сувга қўшилиб оқиб кетаётганини ҳис қилиб турар, ўзим ҳам юрагимни ўртаб юбораётган ҳисларимни базўр тўхтатиб ўтирардим.

Ниҳоят, Холида қизил сумкачасидан шойи рўмолча олиб юзларини арта-арта ёнимга келиб ўтирди. Анҳорга тикилганча ўтиравердим.
— Гапиринг, Эркин ака! — деди у қизариб кетган кўзларини менга тикиб.
— Нимани?
— Бир йигитга кўнгил қўйиб, бошқасига тегиб кетган қиз қандай таъналарга лойиқ бўлса, шуларнинг ҳаммасини гапи-раверинг...
— Сизга айтадиган гапим битта — бахтли бўлинг.
— Ким?
— Сиз... ўртоғингиз...
— Яна қанақа тилакларингиз бор?

Холиданинг бу гапи таъна бўлиб эшитилди. Юрагимдаги изтироб ўрнини ғазаб эгаллади.
— Бўлгани шу! — дедим чўрт кесиб.

Холида анчагача жавоб бермади. Анҳор қаттиқроқ шовиллай бошлади. Хиёбон тепасида чироқлар лип-лип этиб бирин-кетин ёнди.

Кутилмаганда Холида ҳорғин кулиб қўйди.
— Қайси куни туш кўрибман: иккаламиз шу ерда... йўқ, бу ерда эмас, бошқа жойда - каттакон анҳор бўйида турганмишмиз. Ювинаман деб эгилсам, бошимдан рўмолим сирғалиб тушиб, сувга оқиб кетибди. Ҳув бирда менга кўк шойи рўмол совға қилгандингиз-ку, ана ўша рўмолмиш... Қўлимни чўзсам, ҳеч етмасмиш...

«Eркин ака, қаранг-қаранг, рўмолим оқиб кетяпти», десам индамай туравердингиз. «Жон Эркин ака, тутиб беринг рўмолимни! Ахир уни ўзингиз олиб бергансиз-ку... Қаранг, энди уни бошқа одам тутиб олади», десам, аразлаб бурилиб кетибсиз. Бирпасда сизни ҳам, рўмолимни ҳам йўқотиб қўйибман... Уйғонсам, ёстиғим ҳўл бўлиб кетибди... - Холида лабларини қимтиб бошини қуйи солди. Шамол турди. Япроқларнинг ердаги сояси титрай бошлади. Анҳорга тўкилган чироқ нурлари чил-чил бўлиб кетди. Холида бирдан бошини кўтариб, кўзларимга аянчли табассум билан тикилди.
— Эсингиздами, Эркин ака, биринчи марта шу ерда, шу скамейкада ўтириб гаплашган эдик. Қизиқ, бирон марта бир-биримизнинг қўлимизни ҳам ушламаганмиз... — У бирдан қўлимдан ушлаб олди. Қўлларининг енгил титраётганини сезиб турардим. Вужудимни тентакларча бир эҳтирос қоплаб олди. Бирпасда маст одамдек кўз ўнгим қоронғилашди.

Қизиқ, нима демоқчи у? Ахир бу... бу... Борди-ю, пайти келиб менинг хотиним ҳам бировга шундай гапларни айтса...

Холиданинг қўлини шахт билан силтаб ташладим. Силтаб ташладим-у, уятдан, аламдан, изтиробдан додлаб юборай дедим. У кўзларимга шунчалар маъюс, шунчалар аламли ўкинч билан тикилиб қолдики, кўзимни қаерга яширишимни билмай қолдим.

Йўқ, бунақа тикилганидан кўра аямай тарсакилаб юборгани, дод солиб йиғлагани, одамларни бошига йиғиб, мени бадном қилгани минг марта афзал эмасмиди? Мен ундан нима бўлса ҳам бир нарса кутардим, аммо у ҳамон ҳайкалдек қотиб турарди. Анчадан кейин у ҳаво етишмагандек эн-тикиб-энтикиб гапира бошлади:
— Сиз мени... Ўшанақа... ёмон хотин деб ўйлаяпсизми? Шунақами?

Холида бу сўзларни шивирлаб айтди. Аммо шу тўрт-беш оғиз сўз қулоқларимни батанг келтириб, чиппа битириб қўйгандек бўлди.
— Рост... - Холиданинг кўзларида ёш йилтиллади. - Рост. Мажбуран қурилган турмуш хиёнат қилишга олиб келса эҳтимол. Лекин мен ўз номусимни ҳеч нимага, сизнинг муҳаббатингизга ҳам алишмайман...

Мен нимадир демоқчи бўлдим. Аммо сўз тополмадим. Холида ҳам менга навбат бериб ўтирмади.
— Сиз мени... мени хиёнатчи, бевафо деб ўйлайсизми?

Ўзингиз-чи... ўзингиз нега менга шунақа... бепарво қараб келдингиз?

Холида юзимга дадил тикилиб, мендан жавоб кутди. Энди у йиғламасди. Мен бўлсам шу топда бир нима дейишга ожиз эдим.
— Ўша... ҳаммаси учун битта мен айбдорманми? Йўқ, муҳаббатимизнинг уволини иккаламиз баравар бўлишиб оламиз! —Холиданинг кўзлари ўт бўлиб чақнаб кетди. Аммо бир лаҳзадаёқ яна ўшандай маъюс бўлиб қолди. - Агар мени чиндан... ростдан ҳам яхши кўрганингизда ёзган хатларимга жавоб бермасмидингиз? Менинг нима учун ўқишга киролмаганимни, уйдагилар бунга йўл қўйишмаганини билдингизми? Охирги марта учрашувга боролмай қолган куним уйга совчи-лар келганини билдингизми? Ўшанда ёрдам бердингизми менга? Йўқ... - Холида бирдан ўксиб-ўксиб йиғлаб юборди. -Ўша куниёқ синглимдан уйингизга хат бериб юборгандим. Акам эшик олдида кўриб қолиб, хатни тортиб олибди... Ҳаммасини эшитдим... Ўша куни сиз уйга келган экансиз. Акам сизни хафа қилиб юборибди. Сиз бир гап билан аразлаб кетдингиз. Мен сизга ишонардим... Ўзимга ишонгандек ишонардим. Сиз бўлсангиз... Мен бир йўла ҳаммасидан айрилдим... Агар чиндан яхши кўрсангиз шунақа қилармидингиз... Кейин... кейин мен ҳеч кимга ишонмай қўйдим. Энди менга барибир эди.

Холида чуқур изтироб билан йиғлар, унинг ҳар бир сўзи юрагимни тилимлар, ҳар томчи ёши қалбим ярасига томар эди.
— Ўтинаман, йиғламанг!- дедим титраб-қақшаб.- Холида, йиғламанг! Йиғламанг!

Холида чуқур уф тортди.
— Майли, Эркин ака, ҳаммаси ширин тушдек ўтди-кетди. Энди ҳечам қайтиб келмайди. Фақат, сиздан бир илтимос... Эндиги муҳаббатингизни - бошқаларга насиб бўладиган муҳаббатингизни эҳтиёт қилинг...

Холида секин ўрнидан турди. Қизил сумкачасини билагига илди-ю, менга узоқ тикилиб қолди.
— Эркин ака, эсингизда бўлсин. Мен бари бир сизни яхши кўраман. Умримнинг охиригача яхши кўраман. Эшитяпсиз-ми, охиригача, охиригача... - У яна йиғлаб юборди. Кейин аста бурилди-ю, узоқ касалдан турган одамдай гандираклаб-гандираклаб юриб кетди.

Қаёққа? Нимага? Наҳотки мен ёшлигимнинг, бутун умримнинг олтин дақиқалари билан абадий видолашсам! Наҳотки у бутун орзу-умидларимни ўзи билан умрбод олиб кетса?

Даҳшат ичида ўрнимдан сакраб туриб кетдим.
— Холида!

Мен бутун хиёбонни янгратиб ҳайқириб юбордим деб ўйлагандим, йўқ, бу сўз юрагимнинг туб-тубидан бўғиқ, аламли бир нидо бўлиб чиқди. Муюлишдаги ўрик ёнида унга етиб, билакларидан маҳкам ушлаб олдим. У ҳам, мен ҳам терак баргидек қалтирардик...
— Холида! Жонгинам. Қоракўзим. Сиз... Сиз...

Мен нима қилаётганимни ўзим ҳам билмас, нимадир дегим, алланималар деб ҳайқиргим келарди. Холида кўзларимга хотиржам тикилиб туриб, паст, аммо қатъий оҳангда гапирди:
— Қўлингизни тортинг! Мен бировнинг хотиниман.
— Холида, ахир тушунсангиз-чи! Мен...

Холида қўлимдан беҳолгина, силтаниб чиқди-ю, япроқлари оқшом шабадасида оҳиста силкиниб турган ўрик тагидан бурилиб, муюлишда кўздан ғойиб бўлди. Қарғашойи кўйлагининг этагини, ўнг билагига илиб олган қизил сумкачасини кўриб қолдим.

У кетди... У кетди-ю, ҳам ширин, ҳам аччиқ, ҳам қувноқ, ҳам аламли узуқ-юлуқ хотиралар қолди менда.

Шу хотиралардан бошқа нимам ҳам бор менинг? Ахир мен муҳаббатимни эҳтиёт қилолмаган, асрай олмаган, ёлғиз яхши кўриш билан кифояланиб юрган одамман-ку! Шу бахтимни аввалроқ асрасам бўлмасдими!

...Кўзларимда ёш қалқидими? Йўқ-йўқ. Нега? Эндими?