OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎзбектош Қиличбек
Асар номиКечиккан севги (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ўзбектош Қиличбек
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кечиккан севги (ҳикоя)
Ўзбектош Қиличбек

Ёрқиной синфга йиғлаб кирди. Ғала-ғовур қилаётган ўттиз чоғли саккизинчи синф ўқувчилари бирдан жимиб қолди. Ёрқиной ўтира солиб парта устига ёйилган китоб-дафтарига юзини босганча йиғидан қизарган кўзларини ҳаммадан беркитди.

Бироз ўтиб хонага ўқитувчимиз кириб келди. Унинг ҳам важоҳати ўзгарган, эшикни шаҳд билан ёпишидан недир кўнгилсизлик содир булгани сезилиб турарди.

Ёрқиной билан ўқитувчимиз ҳалигина директор ўринбосарининг хонасига кириб кетишган, узунқулоқ гапларга қараганда, Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш учун чақиртирилган эдилар. Албатта, Ёрқинойни чақиришлари тайин эди — қадди расо, чеҳраси гўзал, майин-мулойим, ёқимли овоз соҳибаси Ёрқинойсиз бизнинг литсейда бирон-бир тадбир ўтмасди.
— Туринг, Ёрқиной!

Ўқитувчимиз ҳаммага сизлаб мурожаат қилар, жаҳли чиқиб турган бўлса-да, бу гал ҳам Ёрқинойга аввалги муносабатини ўзгартирмай гапирди. Ёрқиной нам югурган узун-узун қайрилма киприкларини, бодом қовоқларини гулдор рўмолчаси билан артиб ўрнидан турди. Унинг чаросдек чақноқ кўзлари ерга қадалганди.
— Мени ер билан битта қилдингиз-ку! Бошқа синфнинг қизлари индамай кийиб кетяпти-ку?! Бир кунга киясиз… бир умр деётганимиз йўқ-ку?! Унақа байрам кўйлакни бозордан ҳам тополмайсиз… Сиз бўлса, ноз қиласиз?! Бировники деб бурнингизни жийирасиз… Ана дугонангиз Меҳрихон…

Тарбиячимиз шошиб гапирганидан «аччиқ қалампир» сўзлари бўғзига тиқилиб қоларди. Меҳрихон деганлари литсейимизда кўзга кўринган, шайдолари кўп қизлардан эди.
— Ана Меҳрихон… нозланмай, ҳаммадан биринчи байрам кўйлакни кийиб чиқди-ку?! Ё сизни ундан ортиқ ерингиз бор-ми?! Бойнинг қизи бўлсангиз ҳам майлийди… Ҳамма кийиб ташлаган дейсиз?! Балки ўшалар сиздан тоза юрар…

Буниси керагидан ортиқча эди. Ўғил бола бўла туриб бу гаплар менинг ҳам нафсониятимга тегди. Гапнинг бир учи ётоқхонада туришимизга бориб боғланар, тарбиячимизнинг гап оҳангида шундай шаъма сезилиб турарди.

Ёрқиной синфда ўз обрўсига эга, эсли-ҳушли ботартиб қиз эди. У тарбиячи билан талашиб-тортишиб ҳамманинг диққатини бўлишни ўзига раво кўрмай, ихчам оқ сумкачасини билагига илди-да, китоб-дафтарини кучоқлаб шартта ташқарига чиқди-кетди. Тарбиячимиз бир сўз демай қолди.

«Ўлгудай ўжар киз… Эгилгиси келмайди.» Ҳаммага алоҳида-алоҳида топшириқ берилгач, тарбиячимиз журнал тўлдираётиб шундай деб ғўлдиради. Унинг гапи биринчи партада ўтирганим учун менга эшитилди.

Эсимизни танигандан буён деярли ҳар йилги аҳвол такрорланганди. Наврўз келиши билан қизларимизни рақс тушиш, турли намойишлар кўрсатиш учун литсей тадбирларига, туман маданият саройига чақиришар ва ўша ернинг фондидаги миллий либосларни кийиб тайёргарлик қилишарди. Кўйлаги борлар ўзиникини, кўйлаги йўқлар фонддаги эски-тускиларни эгнига илишиб байрамни гулдек ўтказиб беришга мажбур эдилар.

Ўтган йили ҳам собиқ тарбиячимиз билан Ёрқиной ўртасида худди шу оҳангда тортишув бўлиб ўтган, ўжар қиз ўз айтганидан қайтмай: бировларнинг атлас-адрасини киймаслик учун туман марказидаги байрамга қатнашмай қўя қолганди.

Литсейдаги йигитларнинг барчаси Ёрқиной исмини эшитганда бирдан сергак тортишар, лекин ҳеч бири юрак ютиб қизга яқинлашолмасди. Буни ўзимдан уч бош юқори акаларнинг сирли суҳбатларидан сезганман.

Синфдаги ўнта ўғил боладан фақат менгина ётоқхонада турардим. Шунданми, Ёрқиной иккаламиз жуда иноқ эдик. Ҳатто, бир хонада тун ярмигача яширинча қолиб телевизион курсатувга биргалашиб хат ёзганмиз. Унинг ёзуви гўзал, бетакрор эди. У баъзи-баъзида жиғимга тегар, ҳар икки гапининг бирида жон олар табассум ҳадя этиб турарди.

Кейин билсам, ўша баъзи-баъзидаги илмоқли гаплари унда уйғонган тоза туйғуларининг тилига кўчгани экан. Мана орадан етти йилча вақт ўтиб, буларни ўзимча тушундим.

«Қандай завқли, сурурбахш дамлар эди-я?!»

Ўн биринчини битиргач, кўпчилигимиз турли ўқув юртлари томон юл олдик. Зеро, литсейимизнинг обрўси шу билан баҳоланар эди-да! Биз беш йигит ҳужжат кўтариб пойтахт сари чопдик. Бешовимизнинг ичидан фақатгина менга омад кулиб, бўлажак шифокор номини олиш учун медитсина академиясига ўқишга кирдим.

Мана, бешинчи босқичга ўтиб ушбу воқеаларни титилиб кетган хотира саҳифаларидан олиб, оппоқ қоғозларга бирма-бир тиклаб ўтирибман. Кеча бизни ўз вилоятимизга амалиёт ўташга жўнатишди. Мен тери касалликлари юналиши билан вилоятимизнинг бош поликлиникасига бордим. Бекорчиликдан берироқ иш бўлган, касаллик тарихлари тахини варақлаб ўтирганимда, бирдан таниш фамилия-исмни учратдим.

«Меҳрихон!»

Ичимда аллақандай тотли илиқлик уйғонди. Биз билан параллел синфда ўқиган шайдоси кўп бу қиз ўз ҳисобим бўйича биринчи, танишлар ичидаги биринчи беморим бўлди. Мен ҳаётим мобайнида илк бор бир ишга чин дилдан киришдим. Териси қўрқинчли оқ доғлар билан қопланган Меҳрихонни ўн учинчи шифохонадан топдим. Унинг литсейдан кейинги ҳаётини ипидан игнасигача сўраб-суриштирдим. Зеро, бу ёш дўхтирларча қизиқиш, дарддорларга ғамхўрлик қилиш, қолаверса, бурчим деб билганимдан эди. Ундан ташқари, ўртамизда синфдошлик ришталари бор эди.

Меҳрихоннинг айтганларини икир-чикиригача тўлиқ ўрганиб, алоҳида дафтарга ёзиб бордим. (Дарвоқе, бизга шундай ўргатишган.) Шўрлик қизнинг қисқагина ҳаётидан шуни билдимки, тўй кунидан кейин шу — бўлмағур-ярамас хасталик юзага чиққан. Докторлик кўзи билан қараганда, ҳамма гап янги кийилган сеп либосларида эди.
— Чимилдиққа кирганимдан кейин баданим қичишадиган бўлди-қолди… Келин бўлиб тушган оилам сал ночорроқ... Келин кўйлак сал эскироқ эди-да… Ундан ташқари, вақтида бировларникини ҳам ирганмай кийиб кетаверганмиз.

Меҳрихоннинг бу иқрори ноўрин бўлиб, унинг хасталиги витамин етишмовчилигининг оддий кўриниши эди. Унинг тузалиши хақида мужмал фикрдан нарига ўтолмайман.

Келин кўйлак — барчага бирдек ёқимли эшитилувчи, энг покиза, оқ, оппоқ кўйлак тўғрисида ҳам ҳеч қандай қора фикр айтмоқчи эмасман.

Ижарадаги келин кўйлакни ҳеч қанақа қўлдан ўтмаган, ҳеч қандай кир-чир бадангга тегмаган, мос ёки номос деб биров кийиб кўрмаган, деб ҳисоблаймиз, янги келиннинг оқдоғ касаллигини ҳам эсламаймиз-да, кўнгилга, нозик кўнгилга келамиз.

«Бировники», «Қайтариб берамиз», «Бир кунлик» каби сўзлар кўнгилга келса, уни кийишга қайси мағрур қизнинг кўнгли тортаркан?!

Меҳрихоннинг айбига иқрор бўлиши — ўзига бўлган ишончнинг камайганидан эмасми? Агар бу дардга Ёрқиной чалинганда: «Мен бировларнинг кийимини ҳеч киймагандим-ку», деб ўзига-ўзи савол берар ва Меҳрихонга ўхшаб «аввал бировларнинг кийимини кийганимдан ёки келин кўйлакдан касал юққан», деб ўйламай касалликнинг асл моҳиятига эътибор берарди.

Ёрқиной қадди каби ғурури тик қизларнинг энг гўзали, ҳа у ана шундай мағрур, эгилмас кўнгли, кўриниши ҳам ўта гўзал қиз эди. Ёрқиной мана шу ўжарлиги, эгилмас-қайрилмаслиги учун литсейдаги манаман деган йигитларнинг юрагини олиб қўйганди. Мана, шунинг учун ҳам Ёрқиной учала тарбиячимиз билан терс бўлди. Ва ниҳоят, мана шунинг учун ҳам Ёрқинойни севиб қолдим. Худди, шунинг учун унинг уйига совчиларимни юборишга аҳд қилдим.

Фақат ва фақат шундай кишиларгина — ўзлигини топа олган, ўзлигини топган қизларгина севишга арзигулик!!! Севилиш бахтига фақат улар муносиб! Мана кўрасиз, қатъий ишонч билан айтаманки, Ёрқиной тўйимизда ҳам ўзига хос ва мос кийиниб — келин, тенгсиз келин бўлади.

Охирги суҳбатимизда Меҳрихоннинг Ёрқиной ҳақида айтган гаплари бошимга гурзи каби қарсиллаб урилиб, қўл-оёғимни қалтиратиб, ишққа лиммо-лим юрагимни зирқиратди.

«Ёрқиной литсейни тугатган йилиёқ эрга теккан... Ҳозир учта боласи бор. Бир ўғил, икки қиз.»

Хазонрезги хиёбоннинг узун йўлкаси бўйлаб ортини ўгириб кетаётган, ўғилчаси елкаси оша ҳайрат тўла мунчоқ кўзлари билан менга қараган, бир қизи қўлидан, иккинчиси узун этагидан ушлаб олган жувон кўз ўнгимда жонланди.

«Наҳот?.. Наҳотки, кўнглингнинг туб-тубида биргина қизга нисбатан уйғонган ўлмас севгингни англаб етиш учун беш йил керак бўлса?! — деди ичимдаги овоз. Кейин таскин бериш учун қўшиб қўйди. — Сенга энг яқин қиз ўша экан-а?! Буни кечиккан севги, салгина кечиккан севги дейдилар!» Қанчалик ҳафсала ва меҳр билан битилган бўлса ҳамки, «У» ҳақдаги хотира дафтарчамни йиртиб ташладим.