OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЎзбектош Қиличбек
Асар номиКўк сомса (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ўзбектош Қиличбек
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм22KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кўк сомса (ҳикоя)
Ўзбектош Қиличбек

«
Йигирма ёшида вафот этган синфдошим Д. ни хотирлаб
»

Бутунлай бахтсиз киши бўлмаганидек, барча бахтиёрларнинг ҳам бахти тугал эмас.

Бахтсизларнинг икки тоифаси бор. Биринчи тоифа бахтсизлар — чинакам бахтсизлар бўлиб, улар тор ва хира кўнгил дарчасидан дунёни қора бўёқларда кўришади. Бундай бахтиқароларнинг бахтсизлиги — улар ўзларини бахтсиз деб ўйлашидир! Ундайлар ўзига ўхшаганларни кўрганда қувонади, шундайлар сафи кенгайишини истайди.

Яна шундайлар борки, ҳаёт улардан ненидир олиб қўйган, шўрпешоналарига қандайдир камчилик тамғасини босган бўлса-да, улар ўз дардини тишлари орасида сақлаб ғийбатчиликдан йироқда, қувноқ номини олиб яшаш билан бирга, яқинларига қувонч бахш этиб ўтадилар. Бундай кишилар эса, бахтли бўлиб бахтини билмаган калтабинлардан минг карра бахтлироқдир!
— Сомсахўр! Ҳой, сомсахўр!

Анча олисдан кимнингдир шундай деб бақиргани файласуфона хаёлларимни бузди. Аввалига унинг кимлигини англаёлмадим. Зум ўтмай бу овоз дўстим Д. га тегишли эканини англадим. У яқин келиб қўлини узатди.
— Ҳа, сомсахўр, ўз лақабингдан тондингми, қарагинг келмайди.
— Шундай катта кўчанинг ўртасида шарманда қиласан, — дедим унинг қўлини сиқиб. — Қўлинг мунча совуқ?.. Нега кеч қолдинг?
— Шопирим касал бўп қопти, шунга... Ўзинг-чи?
— Эрталабки футболни кўраман, деб...
— Ҳа, тушунаман, — гапимни бўлди у. Унинг янгича ҳазил қилишини шундоққина сезиб турардим. — Уй кинотеатринг бўлганидан кейин, кўчага чиққинг келармиди?! — у менинг уйимда телевизор йўқлигини, қўшнимникида футбол кўришимни билар, ҳозир мийиғида кулиб шунга шаъма қиларди. — Кондитсионерни ёқиб қўйиб, қайноққина кофени хўриллатиб-а?! — У ўтиб кетаётган йўловчиларга сира парво қилмас, хандон отиб кулар, хушчақчақлик билан ўнг қўлини елкамга ташлаб олганди. — Юмшоқ диванда ётволиб...
— Бўлди, ҳаддингдан ошма!— гапдан тўхтатаман уни. Кейин ҳазилига ҳазил билан жавоб бергим келади. — Қўй, камбағал бир йилда бир марта телевизор кўрмоқчи, шунгаям ҳалақит берма! Ўзинг иккита шопирим бор дейсан, биров ғинг деяптими?!
— «Камбағал бўлсанг, ўзингни бойдек тут», деган экан бир бўйдоқ ишга кетаётганда... Ана, шунақа гаплар...

У бинога киришимизда менга йўл берди.
— Кеча сомса егани борувдим...
— Ўв-в, — ҳайқириб юборди у. — Қачон сомсалар ҳақида гап бошларкансан, деб кутиб турувдим, ўлай агар. Бошла, жигарим, сомса егани борсанг, макаронли сомса сотаётган эканми? А? — гапирмоққа лаб жуфтлагандим у шошиб қўшиб қўйди. — Биламан, бир ўзинг боргансан. Айтиб қўяй, ўтган кунгидай «қуйруқли сомса едим, оҳ-оҳ» деб сўлагимни оқизма!
— Хўп.

Сомса емасдан куним ўтмаслигини, ишни ташлаб сомсапаз бўлиб кетмоқчилигимни, қаерда бўлмасин сомсалар, сомсапазлик ҳақида жўшиб гапираверганимни, бир сўз билан айтганда, «сомса жинниси» эканимни биргина шу дўстим билар, шунинг учун ўзимга ёққан лақаб билан — сомсахўр деб чақирарди. Дунёда иккита ҳазилкаш бўлса, биттаси шу дўстим эди. Гап-гаштак ейдиган ошналарим кўп бўлса ҳам, Д. га гапиргандай ҳеч кимга кўнглимни очиб гапирмасдим.
— Кеча кўксомса егани атайин бозорга тушдим. Берган сомсасининг ичидан беданинг барги чиқса бўладими? Хўрандаларни мол деб ўйлайсиз шекилли деб...
— Тўхта-тўхта! Кўксомса деб нима кўкарган бўлса, солаверган экан-да! — Д. кўзлари жиққа ёшга тўлиб қақиллаб кулар, қорнини силаб дамба-дам менинг қорнимга ҳам уриб қўярди. — Бедадан сомса еб дамлаб қолмадингми, ишқилиб?!

Кечқурун сал-пал безовта бўлганимни эслаб ич-ичимдан ғижиниб Д. нинг гапларидан хижолат бўлдим. Хонамизга киргач, у термосдан қулоқли пиёласига қуйиб қандайдир суюқликни ичиб олди. Дамламанинг ўткир ҳиди димоққа урилди. Анчадан буён унинг аллақандай доривор дамлама ичиб юришини билсам ҳам, юмшоқроқ қилиб сўрадим.
— Қанақа ичимлик?
— Ҳа, буми? — у пиёлани тўнкариб қўйди-да, қўл силтади. — Ҳеч нима... Оддий витамин. Витаминлар тўплами-да! Мажлисга чиқамизми?!

Унинг устомонлик билан ёлғон ишлатиши ва бунинг устига гапни силлиққина буриб юборишидан дардини яшириш истаги кучли эканлигини сездим ва уни ортиқ қистаб ўтирмадим. Сочимни тараган бўлдим-да, унинг ортидан эргашдим. Д. нинг ёнига ўтираётиб унинг гипсланган чап қўлини кўриб ток ургандек титраб кетдим.
— Нима қилди? — беихтиёр унинг қўлини ушлаб олдим.
— Ҳа, буми... ҳеч нима. Кеча зинапоядан йиқилиб тушдим.
— Қандай қилиб?! Ҳовлида турасан-ку?!
— Кеча тушдан кейин клиникамизга борувдим. Дўхтирга кўриниб чиқибман-да, қоғозхалтамни қабулхонада унутиб қолдирибман. Унинг ичида паспорт-маспорт, уйнинг ҳужжатлари бор эди. Кўчага чиққанимда эсимга тушиб орқамга қайтдим. Шошганимдан адашиб учинчи қаватга чиқиб кетибман. Иккинчи қаватга чопиб тушаётганимда... — менга унинг мана шундай батафсил гапириши ёқарди. Унинг юзига табассум ёйилди, бу табассум бирмунча мунгли эди. — Тушаётганимда, гимнастикачиларга ўхшаб учиб кетдим-да, қарсиллаб деворга урилдим. Кўзимни очсам, қўлим икки жойидан синибди.
— Сумкангни топдингми?!
— Йўқ-да! Ҳаммаёқни қараб чиқдик. Қанот чиқариб учиб кетганми, ҳеч қаёқда йўқ. Ҳаммадан сўраб чиқдик, ҳеч ким билмайди!
— Э, худо! Биронтасига тайинлаб келдингми, мабодо топилиб қолса, менга хабар қилинг, деб! Клиникада нима қилиб юрувдинг?
— Ҳа, у ердами... Қўявер, айтишга арзимайди. Ўпкамни кўриб қўйишди. Дўхтир, ётасан, дейди. Э, жиннимисиз, мен ётмайман дедим. Э, лекин уларнинг битта нарсасига беш кетдим, ҳозирги медитсина кўкрак қафасиниям ёриб ташларкан! Мен шу пайтгача қовурғаларни кесиб оператсия қилишолмайди, деб юрардим. Сизни шунақа оператсия қиламиз, дейди...
— Йўғ-э...
— Ҳа... Кейин дўхтир...

Хонага бошлиқ кириб йиғинни бошлагач, бизнинг суҳбатимиз бўлиниб қолди. Бошлиқ ҳарқанча жон куйдириб сўзламасин, унинг ҳеч бир гапи қулоғимга кирмас, бутун фикру хаёлим ёнимда ўтирган, шунчалик оғир, ҳар қандай бардошли одам учун ҳам оғриқли бўлган дардини ичига ютиб эрталабдан кулишга ўзида куч топган, ўзгаларни-да кулдириб, ҳаммага яхши кайфият улашаётган одамда эди.

«Бошида шунча ташвиш-у унинг эрталабки ҳазил-ҳузулини қара, — дердим ўзимга-ўзим. — Бор-будини йўқотибди-ю сўрамасанг, ғиринг демайди! Эртага жарроҳ столига ётадиган бўлиб турибди, бу ҳам эсида йўқ! Лоақал сумкасини олган ўғри мушукни сўкиб ноинсоф ҳам демади-я?!»

Ҳар ким ўз уйида хаёлий қўллари ва тасаввури кўзлари билан Бахт худосини яратади. Бу ерда ўз уйи дейилгани бежиз эмас, чинакам шахс оиласидан четда бахтни тасаввур қилолмайди. Дўстим Д. нинг бахт худоси шундай эдики, у ҳаммага бир хил кўз билан қарар, барчага бирдек қувонч бахш этарди.

Ўша йиғилишда менга меҳнат таътили беришди.

Орадан икки ҳафталар чамаси вақт ўтиб Д. менга телефон қилди.
— Кўргани келмайсанми? — узоқ салом-аликдан сўнг унинг айтгани шу бўлди. — Сомсахўрлик қилардик!
— Бораман эрта-индин... Э, менга қара, Бахт худоси кимийди?!
— Нечта ҳарф? — унинг овози узуқ-юлуқ эшитила бошлади. — Ўзбекчадами ё лотин тилидами? Агар ўзбекчада бўлса, ёзиб қўй: Бахт худоси — М, Е, Н, мен.

Кейин алоқа узилиб қолди. Мен эса дўстимнинг охирги гапларини такрорлаганча қолдим. «Бахт худоси — мен!»

Д. нинг касалхонада ётганлигини эртароқ билмаганим учун ўзимни сўкиб-қарғаб апил-тапил бозор қилдим-да, уни кўргани йўлга тушдим.

Ҳўл мева солинган қоғозхалтани кўксимга босиб олганимданми ё ҳаяжон зўриданми клиниканинг иккинчи қаватига чиққанимда юрак гурс-гурс урар, пешонамдан реза-реза тер қуйиларди. Ҳамшира қиз Д.нинг хонасини кўрсатди-да, енгимдан тортиб тўхтатди.
— Ўн минутдан ошиқ гаплашманг, беморни уринтириб қўйишингиз мумкин.

Унга «хўп бўлади,» — дедим-у ичимдан бошқа хаёл ўтди.— «Икки қадрдон ўртоқ бир ярим ой деганда бир марта кўришади-ю айтган гапингизни қаранг! Шуям инсофданми?!»

Бир кишилик палатага кириб дўстимни таниёлмай қолдим. Ундан ҳеч нима қолмаганди: эт суякка ёпишган, каравот лабида ўтирган скелетга катта каллани ўрнатиб қўйишгандай эди. Микробми, қуртми унинг ўпкасини еб битирган, ўпка етишмовчилиги — гипоксиядан оёқ-қўллари шишиб, ҳаммаёғи кўкариб кетган, овози зўрға хириллаб чиқарди. Лекин кўзлари асло ўзгармаган, ҳамон ўша-ўша кулиб турарди. У ҳарчанд уринмасин, мендан тузукроқ ҳол-аҳвол сўраёлмади.
— Ўша куни сени ҳалиги аптекар қиз билан кўрувдим, — қоғозхалтани тортма устига қўйиб, унинг кўнглини кўтармоқчи бўлдим. — У сен билан гаплашиб турувди. Пастда...

У кулмоқчи бўлди. Лекин қаттиқ йўтал тутиб хириллаб қолди. Каравот остидаги туфдонни олдим-да, у туфлагунча тутиб турдим. У зўриқиб бўлса-да, ўзини сал-пал ўнглаб олди-да, кулмоққа уринди, лекин унинг кўзларида мунг акс этди.
— У-у-у-у... м... м-м-эн б... б-билан э... э-эм-мас, — ҳарфларни чўзиб гапирди у. — М... м-мен у билан т-турувдим!
— Тўйларингда ўзим давракашлик қиламан! — Одатдагидан баландроқ товушда кулдим мен. — Бир умр ҳамманинг эсида қолсин!
— Унда... сомсани-чи?!

У яна кулмоқчи бўлди. Лекин бу гал ҳам қаттиқ йўтал гапини тугатишга халақит берди. Мен эса бир вақтлар унга «тўйингда сомсапазлик қилиб ҳамманинг танглайини тушираман» деганимни эсладим. Дўстим Д. ҳозир ўша гапимни эслатмоқчи бўлаётганди.
— Ҳа, яхши эслатдинг, гўштли тандир сомса опкелгандим. Қайноққина... Тўйларингдаям худди шунақасини пишираман.
— Яна... — хиҳ-хиҳлаб гапирди у, — сомсага беда солиб юрмагин...

Мен унинг кўнгли учун жилмайиб елимхалтачага солинган сомсалардан бирининг ичини ёриб Д. га кўрсатдим. У қўлимнинг куяётганлигини билиб қўли билан «жойига қўй» дегандай имо қилди.
— Сомса опкелишингни билардим... — деди у. — Сервитамин сомсалар дейсан-да!
— Э, бу сомсаларнинг фойдасини билмайсан-да, булар димлаб пиширилган. — У кўзларини катта-катта очиб мароқ билан тошиб-жўшиб гапираётган «сомсахўрга» қараб ўтирарди. — Бу ерга келишда қатлама сомса олгандим. Биттасини ғарчча тишласам, ичидан узун қанор қопнинг ипи чиқиб турибди-да!

Мен гапимни тугатгунимча у дам қизариб, дам кўкариб, оғзини каппа-каппа очиб, ўнг қўл кафтини ботиқ кўксига босиб-босиб гапиришга тайёрланди. Кейин дадил гапириб ҳиқиллаб кулди.
— Берган икки юз сўмингга каноп чиқмай, бахмал чиқсинми?
— Эҳ, — менга унинг тагли ҳазил гапи етиб бормаганди. Бу аҳволингда кулишга йўл бўлсин, дегандай бироз гинахонлик, озроқ ачиниш ҳисси билан гапирдим. — Ўша пайтда дори ичиб юришингни билардим. Нега «витамин Икс» ичяпман деб алдардинг-а?! Дардингни айтсанг, бўлмасми-ди?!

Кейин унинг соғайиб кетишини, бу ҳақда дунёнинг кучли руҳшунослари китобидан парчалар ўқиб унга далда бердим. У бошини бир жойда тутиб туришга қийналар, иягига мушт тираган жойлари қонсизланиб оқариб қолар ва бир муддат шу ҳолича турарди.
— Қандай бахтлисизлар?! — у касалхона боғига қараб олганди. Унинг «Бахтлисизлар» сўзини қандай оҳангда айтганлигини эсласам, ҳали-ҳануз товонимгача музлаб кетаман. — Қандай бахтлисизлар?! Ҳозир ўша ёқдан келяпсизлар! Мен эса...

У йиғлаворди шекилли овози чиқмай қолди.
— Э, нима қиласан кўчада? — мен шошганимданми ё унинг кўнглини оғритиб қўйишдан қўрққаним учунми пала-партиш жавоб бердим. — У ер шовқин-сурон, иссиқ, дим, ҳавоси бузилган.

Уни бетўхтов йўтал тутганидан ҳамшира кириб, кетишимга имо қилди.

Ташқарига чиқиб ҳамширанинг гапларини тингларканман, унга нимадир дегим келар, лекин бўғзимга тиқилган аччиқ йиғи сўзлагани бермасди.

Пешона экан-да, дейишади-ку, кўпни кўрган қариялар, худди шундай пешона, шўрпешона экан, дейман: мен шифохонага борган куним дўстим Д. нинг ҳаётдаги энг сўнгги кун экан. Эртасига унинг ўлими ҳақида эшитдим. Жони узилаётганда ҳам дўстимнинг оқараётган юзида табассум, мунгли табассум қотиб қолган бўлса керак... Дўстимнинг ўлганига сира-сира ишонгим келмайди. У бебахт яшаб, бахтсизларча эрта вафот этган бўлса ҳам, бахт ҳақида буюк ҳақиқатни айтиб кетганди. Унинг ҳаёти бунга исбот эди: «Қаерда ва қандай яшашингдан қатъи назар, ҳаёт — фақат ва фақат кулиш, қувониш учун берилганлигини асло унутма!» Бахтнинг бу олтин қоидаси кўнгилдан-кўнгилга ўтиб мангу яшайди.

Бахт худоси дўстим Д. тимсолида кўз ўнгимда жонланади. У юрагидан нимадир олиб устимиздан ҳовучлаб сочиб юргандай.