OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифО.Генри
Асар номиМиршаб ва муножот (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - О.Генри
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Миршаб ва муножот (ҳикоя)
О.Генри

Медисон-сквердаги скамейкасида ўтирган Сопи қунишиб қўйди. Қачонки кечалари ёввойи ғоз галалари осмони фалақда тизилганча учиб бораркан, қимматбаҳо мўйна пўстини йўқ хотинлар эрларига меҳрибон-гиргиттон бўлиб қоларкан, Сопи эса паркдаги скамейкасида қуниша бошлар экан, демак, қиличини яланғочлаб қиш келаётган бўлади.

Сопининг тиззасига хазон келиб тушди. Бу Қорбобонинг ташриф қоғози эди. Бу чол Медисон-сквернинг доимий истиқоматчиларига меҳр-оқибатли, уларни яқин кунларда келиб қолишидан очиқчасига огоҳлантириб қўяди. Тўрт кўчанинг чорраҳасида у «Очиқ кўк остида» меҳмонхонасининг дарбони Шимол шамолига ташриф қоғозини тутқазиб, истиқоматчилари шай бўлиб туришлари кераклигини эслатади.

Сопи яқинлашаётган изғирин совуқларидан вужудини ҳимоя қиладиган восита ҳамда йўллар қидириб топиш учун ўз шахси тимсолида комитет таъсис этиши керак бўлган фурсат етиб келганини пайқади. Шунинг учун ҳам ўтирган скамейкасида қунишиб қўйди.

Сопининг қиш режалари у қадар баландпарвоз эмас эди. У жануб осмонини ҳам, Неапол кўрфазида лангар ташлаб туриш шарти билан елканли кемада Ўрта денгиз бўйлаб саёҳат қилишни ҳам орзу этмасди. Оролда уч ойгина қамоқда ётса — унинг дили қўмсаган бирдан-бир нарса шу эди. Уч ойгина кўнгли хушлайдиган улфатлари орасида устида муқим бошпана, еб-ичадиган овқати тайин бўлса, Борейнинг эпкини билан миршабларнинг таъқибидан даҳлсиз бўлса бас — Сопига бундан бошқа нарсанинг ҳожати йўқ.

Мана бир неча йиллардан буён Оролдаги меҳмондўст турма унга қишлик бошпана хизматини ўтарди. Унинг бахтиёрроқ ҳамшаҳарлари Флорида ёки Риверага билет харид қилганларидек, Сопи ҳам йил сайин Оролга қилинадиган зиёратига унча-мунча тайёргарлик кўрарди. Ҳозир худди ана шунинг мавриди етиб келган эди.

Ўтган куни у учта якшанба газетасини моҳирона тақсимлаб, биттасини пиджаги тагига ёзган, иккинчисини оёқларига ёпган, учинчиси билан тиззаларини ўраган эди — булар совуқдан сақлаёлмади: фонтан бўйидаги скамейкасида кечани шу қадар безовта ўтказдики, назарида Орол жуда ҳам ардоқли ва муддаодаги бошпана бўлиб кўринди. Сопи шаҳар қашшоқларига шафқат юзасидан кўрсатиладиган меҳрибончиликлардан нафратланарди. Унинг фикрича, қонун валинеъматликка қараганда шафқатлироқ эди. Шаҳарда сон минг жамоат ва хусусий хайр-саховат муассасалари бўлиб, улардан ўз камтарона эҳтиёжларига яраша бошпана ва озиқ-овқат олиши мумкин эди. Аммо хайр-саховат эҳсонлари Сопининг мағрур руҳига малол келарди. Валинеъматларнинг қўлларидан олинган ҳар қандай хайр-эҳсон учун пул билан бўлмаган тақдирда ҳам, хўрлик билан ҳақ қайтариши керак бўларди. Сезарнинг Брути бўлгани каби бу ерда ҳар бир ётоқ жойи мажбурий ванна билан боғлиқ, ҳар бир бурда нон эса дилингни тап тортмай титкилашдек беандишалик билан оғуланган эди. Ундан, кўра турмани истиқоматгоҳ қилиб олган афзал эмасми? У ерда албатта, ҳамма иш қатъий жорий этилган тартиб билан олиб борилади, аммо ҳеч ким жентелменнинг шахсий ишларига суқилмайди.

Шу тариқа қишки Оролга кетишга қарор берган Сопи дарҳол ўз режасини амалга оширишга киришди. Турмага кўпгина осон йўллар олиб борарди. Унга олиб борадиган энг ёқимли йўл ресторандан ўтарди. Сиз яхшигина ресторанда дабдабали овқат буюрасиз, маза қилиб тўйиб оласиз-да, кейин мирқуруқ эканлигингизни айтасиз. Сизни жанжал-суронсиз полисменнинг қўлига топширишади. Муросасоз судя хайрли ишни охирига етказади.

Сопи ўрнидан туриб, паркдан чиқди-да, Бродвей билан бешинчи авеню қуйилиб келиб туташадиган асфалт денгизи бўйлаб кета бошлади. Бу ерда у кечқурунлари ток занги, ипак қурти ва протоплазма бахш этиши мумкин бўлган энг соз нарсалар мужассамлашадиган чароғон кафе олдида тўхтади.

Сопи ўзидан имони комил — нимчасининг пастки тугмасидан тортиб юқорисигача кўнгли тўқ эди. Соқоли қиртишлаб олинган, устидаги пиджаги бинойидеккина, капалак нусха қора галустугини унга Шукрона куни миссионер хоним совға қилган эди. Агар столга сездирмай етиб боришга муваффақ бўлолса, ишининг ўнг келиши аниқ эди. Вужудининг стол узра кўриниб турадиган қисми офитсиантда ҳеч қандай шубҳа-гумон туғдирмади. Қовурилган ўрдак билан унинг ёнига бир шишагина шабли чақирсам бўлар, деб ўйларди Сопи. Кейин пишлоқ, қора қаҳваю сигара буюради. Бир долларли сигара жуда ёпишиб тушади. Ҳисоб-китоб ҳам унча катта бўлмайдики, кафе маъмуриятини қасоснинг ўтакетган шафқатсиз йўлларига мажбур қилмайди, у шу тариқа тамадди қилиб олгач, ҳузур билан ўзининг қишки бошпанасига равона бўлади.

Аммо Сопи ресторан остонасидан ўтиб ичкарига кирган ҳам эдики, кўзи пишиб кетган метрдотел нимдош чолвори билан жағлари қийшайиб кетган ботинкаларини кўриб қолди. Эпчил, бақувват қўллар уни шартта буриб жимгина ташқарига чикариб ташлаб, шу тариқа ўрдакни ногаҳоний қисматидан халос этди.

Сопи Бродвейдан бурилди. Афтидан, унинг йўлига гуллардан пояндоз тўшалмайди шекилли. На чора! Жаннатга кириб боришнинг бошқа йўлини қидириб топиш керак.

Олтинчи авенюнинг бурчагида моллар маҳорат билан териб кўйилган витринанинг чироқлари ўткинчиларнинг диққатини тортарди. Сопи ердан тош олди-да, витринанинг ойнасига қараб отди. Муюлишдан халойиқ ёпирилиб кела бошлади, ҳаммадан олдинда полисмен елиб келар эди. Сопи қўлларини чўнтакларига суққан кўйи ялтироқ жез тугмаларга жилмайиб турарди.
— Буни ким қилди?— деб дарҳол сўради полисмен.
— Бу ишга мени дахлдор деб ўйлаётганингиз йўқми? — деб сўради Сопи истеҳзосиз, улкан омадини қутлаётган кишидек кўнгилхушлик билан.

Полисмен Сопига ҳатто фараз билан ҳам қарагиси келмади. Магазинларнинг витриналарини тош билан чил-чил қиладиган одамлар қонун вакиллари билан музокара олиб бормайдилар — жуфтакни ростлайдилар. Полисмен йўлнинг қоқ ярмидан нарида трамвай орқасидан чопиб кетаётган одамни кўриб қолди. Таёғини ўқталди-да, изидан чопди. Сопи таъби тирриқ бўлганча яна йўлга тушди... Иккинчи марта омади келмади...

Кўчанинг нариги бетида унча асъасаю дабдабасиз ресторан бор эди. У иштаҳаси карнайлар билан чўнтаги қуруқларга мўлжалланган эди. Уни ҳавоси билан идиш-товоғи ўпкани узгудек, дастурхони билан таомлари шовдирабгина турар эди. Бу нафс ибодатхонаси Сопи иснод келтирадиган поябзал билан кўзга яққол кўринадиган чолворни монеъсиз олиб кирди. У столдан жой олиб, бифштекс, бир портсия қуймоқ, бир неча тўқоч, бир бўлак пирогни туширди. Сўнгра эса ресторан хизматкорига ўзи билан энг майда никел пул орасида заррача ҳам алоқа йўқлигини айтди.
— Ана энди тезроқ бўлинглар! — деди Сопи.— Миршабни чақиринглар. Худо хайрларингни берсин, имилламанглар: бир жентелменни маҳтал қилиб қўйманглар.
— Миршабсиз ҳам кунипг ўтиб қолар!— деди хизматкор мойли тўқочдек мулойим овоз билан ва коктейлга солинган олча сингари кўзлари шўх чақнади.— Ҳой, Кок, қарашиб юбор!

Иккала офитсиант Сопини беозоргина чап қулоғи билан йўлкага тепса-тебранмас қилиб ётқизиб қўйди. У худди дурадгорларштнг йиғма жазваридек бўғинма-бўғин ўрнидан қалқиб, кийимининг чангини қоқди. Қамалиш унинг учун хомхаёл, Орол эса йироқдаги сароб бўлиб туюлди. Икки уй наридаги аптека олдида турган полисмен кулиб қўйди-да, йўлига қараб кетди.

Сопи яна юрак ютиб омадини синаб кўришга аҳд қилгунча беш квартал йўл босиб ўтди. Бу гал унга жуда соз бир тасодиф тўғри келиб қолди. Магазин деразаси олдида турган камтарона ва кўркам либосли ёшгина жувон витринада соқол олиш учун ишлатиладиган товоқчалар билан сиёҳдонларни қизиқиб томоша қилмоқда, ундан икки қадамча нарида эса ўт ўчириш кранига суянган кўйи турқидан серзарда, барваста полисмен савлат тўкиб турар эди.

Сопи барча ёмон кўрадиган манфур кўча модабози ролини ўйнамоқчи бўлди. Кўз остига олган жабрдийдасининг батартиб кўриниши билан басавлат миршабнинг яқинда турганлигидан у, тез орада полисменнинг залварли қўли кифтимга келиб тушганини сезаман, қишни илиқ-иссиққина Оролда ўтказаман деб қатъий умид боғлашига асос берарди.

Сопи миссионер хоним совға қилган галстугини тўғрилаб, саркаш манжетларини ёруғ жаҳонга чиқарди-да, шляпасини чеккасига қўнқайтириб олган кўйи тўппа-тўғри жувон томон йўналди. Унга карашма билан им қоқди, томоқ қирди, илжайди, йўталиб қўйди. Кўчаларда бўладиган ёпишқоқ шилқимларнинг барча классик усулларини сурбетлик билан ишга солди. Сопи кўз қири билан полисменнинг уни қаттиқ тикилганча кузатаётганини кўриб турарди. Жувон бир неча қадам нарига кетиб, яна соқол олиш учун ишлатиладиган товоқчаларни кузата бошлади. Сопи унинг изидан бориб, шилқимлик билан ёнига туриб олиб, шляпасини кўтариб қўйди-да, гап қотди:
— Оҳ, мунча ёқимтойсиз-а! Айланмайсизми?

Полисмен кузатишда давом этарди. Ҳақорат қилинган хоним бармоғини кўтариб, имо қилса бас, Сопи аллақачон осойишта макон томон йўлга тушган бўларди. Назарида ҳозирданоқ политсия маҳкамасининг илиқ нафасию файзини сезаётгандек эди. Жувон Сопига ўгирилиб, унга қўлини чўзди-да, енгига ёпишди:
— Жоним билан, Майк!— деди у хушчақчақлик билан.—Пиво олиб берасанми? Мен сен билан илгарироқ гаплашишим мумкин эди-ю, миршаб қараб турган эди.—

Жувон унга эманга чирмашган чирмовуқдек ёпишиб олди, йигит уни қўлтиқлаганча тартиб кузатувчининг олдидан тундлик билан ўтиб кетди. Афтидан, Сопи эркинлик ҳузурини тортиб юраверишга маҳкум этилган эди чоғи.

Яқин орадаги кўчада ҳамроҳини юлқиб ташлаганча тирақайлаб қочди. У реклама чироқларидан чароғон кварталга, юраклар ҳам, ютуқлар ҳам, музика ҳам — барчаси бир хилда еп-энгил бўлган кварталга бориб қолди. Мўйнага бурканган хотинлар ва палто кийган эркаклар изғиринда хушчақчақлик билан сўзлашиб туришарди. Туйқусдан Сопини қўрқув босди. Ё аллақандай жодули сеҳргар уни политсия дахлидан халос қилиб қўйдимикан? Ваҳимага тушишига сал қолди. Театрга кираверишдаги ёп-ёруғ жойда савлат тўкиб турган полисмен яқинига келгач, «халойиқ тўпланган жойда безорилик» деган сомон парчага ёпишиб олмоқчи бўлди.

Сопи хирқироқ овозини бор бўйича қўйиб бақирган кўйи аллақандай мастлар ашуласини бошлади.

Йўлка бўйлаб ўйинга тушди, айюҳаннос солди, турли қилиқлар қилди — ҳар хил йўллар билан осойишталикни бузди.

Полисмен таёғини айлантирди-да, жанжалкашга орқа угириб, бир ўткинчига уқтирди:
— Бу Елсдан келган студент. Улар бугун Хартфорд коллежининг футбол командаси устидан ғалабаларини байрам қилишяпти. Шовқин-сурон кўтаришяпти-ю, аммо бунинг хавфли жойи йўқ. Бизга уларга тақилмаслик ҳақида кўрсатма берилган.

Ҳафсаласи пир бўлган Сопи ҳожати қолмаган ирғишлашларини тўхтатди. Наҳотки биронта ҳам полисмен гирибонидан ғиппа бўғмаса? Оролдаги турма унга етишиш маҳол бўлган Аркадиядек кўриниб кетди. У енгил пиджагини пухталаб тугмалади: изғирин эт-этидан ўтиб бормоқда эди.

Тамаки дўконида у газ ёлқинидан сигара тутаётган жанобни кўриб қолди. Жаноб ипак шамсиясини кираверишда қолдирган эди. Сопи остонадан ўтиб, шамсиясини олди-да, аста-секин йўлга равона бўлди. Сигарали одам унинг изидан тушди.
— Бу менинг шамсиям-ку,— деди у жиддият билан.
— Наҳотки?— деб тиржайди Сопи, ўғрилик устига ҳақоратни ҳам замлаб.— Нега бўлмаса полисменни чақирмаяпсиз? Ҳа, мен сизнинг соябонингизни олдим. Чақиринг ахир миршабни! Ҳов ана муюлишда турибди.

Шамсиянинг эгаси қадамини секинлатди, Сопи ҳам. Тақдир у билан яна қўпол ҳазиллашажагини аллақачоноқ сезиб турарди. Полисмен уларни қизиқиш билан кузатарди...