OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифО.Генри
Асар номиXотира йўқолганда (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Юмор
Муаллифлар
   - О.Генри
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонАбдумурод Кўчибоев
Ҳажм51KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Xотира йўқолганда (ҳикоя)
О.Генри

Ўша куни эрталаб хотиним билан одатдагидек хайрлашдик. У қўлидаги чойини ичиб бўлмасданоқ, мени эшик олдигача кузатиб қўйишга шошилди.У палтомнинг қайтарма ёқасидан кўзга кўринмас қилни қоқиб туширганича (бу унинг «Сен фақат ўзимга тегишлисан!» деган барча аёлларга хос тантиқлигининг ифодаси эди) шамоллаб қолганимни унутиб қўймаслигимни сўради. Тўғриси, мен шамоллаган эмасдим. Кейин севимли аёлларгина хайрлашаётганларида эрига тортиқ қиладиган бўса алмашув юз берди. Кейин хотиним кўп йиллик тажрибасига асосланган синчковлик билан бўйинбоғимнинг тўғноғичини тўғрилаб қўйди. Эшикни ташқаридан ёпаётиб, у уй шиппагини шаппиллатганича чой ичишини давом эттириш учун ошхонага кириб кетаётганини эшитдим.

Уйдан чиққанимда ҳам мен билан юз бериши мумкин бўлган бирор ғайритабиий ҳолатни ҳис қилмадим. Ҳаммаси тўсатдан бошланди.

Ниҳоят бир неча ой давомида куну-тун қаттиқ ишлашга мажбур қилган темир йўл компаниясининг шов-шувли тергов ишини муваффақият билан якунига етказиб, енгил нафас ола бошлагандим. Сирасини айтганда, бир неча йиллардан бери дам олмасдан ишлаганимни тан оламан. Менинг қадрдон дўстим ва даволовчи шифокорим Волни бу ҳақда бир неча бор огоҳлантиргани ҳам рост.
— Ўзингни эҳтиёт қил, Белфорд, агар бироз нафасингни ростлаб олмасанг, бу сен учун аянчли тугаши мумкин. Мана кўрасан, сенинг ё асабинг, ё миянг панд бериб қўяди. Эҳтимол газеталардан ўқигандирсан, қариб, ҳар ҳафта амнезия ҳолатига тушган одамлар ҳақида ёзишяпти, одам уйидан чиқади-ю, дом-дараксиз йўқолади, қаерларда дайдиб юрганини ўзи ҳам билмайди, ўзи ким, қаерда яшагани-ю исми нима эканлигини ҳам хотирасидан ўчиб кетади. Буларнинг барчасига сабаб толиқиш ва ҳаддан ташқари ҳис-ҳаяжонга берилиш. Натижада мия томирларида кичик қон тиқилиш юз беради.
— Мен бундай ҳолларда қон тиқилишни репортёрларнинг миясидан қидириш керак, деб ўйлайман, — эътироз билдирдим.

Шифокор Волни бошини ирғаб қўйди.
— Йўқ, оғайни, бу касаллик билан ҳазиллашиб бўлмайди. Сен дам олиш ва муҳит алмаштиришга жуда муҳтожсан. Ахир, ўйлаб кўр, ҳар куни бир айлана бўйича елиб-югурасан: суд, идора, уй. Дам олмоқчи бўлсанг, қонунлар мажмуасини ўқийсан. Вақтинг борида маслаҳатимга амал қил.
— Нега дам олмас эканман? Пайшанба кунлари хотиним билан қарта ўйнайман. Якшанба кунлари у онасидан келган хатни ўқиб беради. Қайнонам ҳар ҳафта канда қилмай битта хат ёзиб туради. Қонунлар мажмуасини ўқиш — бу дам олиш эмас, бу мураккаб масалани ечиш дегани! — ўзимникини маъқуллардим.

Ўша куни эрталаб кўча бўйлаб борарканман, шифокор Волнининг юқоридаги гапларини эсладим. Ўзимни доимгидан унча ёмон ҳам сезмасдим, кайфиятим ҳар доимгидан ҳам яхшироқ эди.

Уйқудан уйғонганимда бутун аъзои-баданим уюшиб, қақшаб оғрирди. Ахир, темир йўл вагонида узоқ соатлар давомида ўтирган ҳолда ухлашнинг ўзи бўладими? Ўтирғич суянчиғига елкамни тираб, фикримни жамлашга уриндим. Ўйлайвериб, ўйлайвериб, ниҳоят ўзимдан-ўзим «ҳар ҳолда менинг бирор исмим бўлиши керак-ку!» — деб сўрадим. Чўнтакларимни кавлаштирдим. Ҳеч воқа йўқ. На бирорта хат, на бирорта визит карточкаси ёки ҳужжат йўқ эди. Уларнинг ўрнига ички чўнтагимдан йирик пуллар билан уч минг доллар топиб олдим. «Барибир, мен ўзи кимман?» Калламда фақат шу савол такрорланар ва тинимсиз ўйланардим.

Вагон одамлар билан тўла ва ҳамма ўзаро бетакаллуф суҳбатлашар, шод -хуррам ва аъло кайфиятда эди. Демак, уларни қандайдир умумий бир манфаат бирлаштириб турипти. Йўловчилардан бири, уст-бошларидан долчин ва алое ҳиди анқиб турган басавлат эркак, менга дўстона бош силкиб, ёнимга келиб ўтирди ва газета ўқий бошлади. Аҳён-аҳёнда у ўқишдан тўхтар ва биз сафар чоғида рўй берадиган одатга кўра у ёқ, буёқдан гап сотишардик. Маълум бўлишича, мен бундай суҳбатга бемалол кириша оларканман ва бу ҳолатда хотирам менга ҳеч ҳам панд бермаётгандек эди.
— Сиз ҳам кўринишингиздан ўзимизнинг одамларга ўхшайсиз, — деди янги танишим. — Бу сафар ғарбдан сараланган вакиллар келишаяпти. Конгрес Ню-Ёркда бўлишлигидан жуда хурсандман. Мен ҳали шарқий штатларда бирор марта ҳам бўлмаганман. Ўзимни таништиришга рухсат беринг. Мен Р.П.Болдерман. Миссури штатидаги Xикори-Гроув шаҳарчасидаги «Болдер ва ўғли» фирмасининг вакилиман.

Бундай танишувга тайёр бўлмасам-да, оғир вақтларда эркак кишига хос вазминлик билан, довдираб қолмай, ҳар ҳолда ўзимни тутдим. Миям жуда секин ишлар, бироқ, нима бўлса-да, ҳисларим ёрдамга етиб келганди. Янги танишимдан анқиётган ўткир дори-дармон ҳидлари ҳам фикрлашимга ёрдам бериб юборди.
— Менинг исму-шарифим Эдвард Пинкхаммер, — дедим тутилмасдан. — Мен доришуносман, Канзас штатидаги Корнополисда яшайман.
— Сиз доришунос эканлигингизни дарров пайқагандим, — жавоб берди танишим илтифот билан. — Ўнг қўлингизнинг кўрсаткич бармоғида ўғирдан ҳосил бўлган қадоқ борлигига дарров эътибор бердим. Биз, доришуносларда ҳамманинг қўлида шунақа қадоқ бўлади. Чамамда, сиз ҳам бизнинг умумамерика конгресига делегат бўлсангиз керак?
— Нима, вагондаги барча йўловчилар доришуносларми? — ҳайратланиб сўрадим мен.
— Албатта. Бу вагон тўппа-тўғри ғарбдан келяпти. Фақат патентланган таблеткалар-у ампулалардан ташқари ҳеч нарсани билмайдиган, ўзлари эса дори тайёрлашни билмайдиган ҳозирги доришунослардан фарқли ўлароқ, йўловчиларнинг ҳаммаси пихини ёрган эски доришунослар. Ҳа, биз ҳар қандай дорини ўз қўлларимиз билан тайёрлайдиган доришуносларданмиз. Биз баҳор ойларида ўз томорқаларимизда етиштирган доривор ўсимликлар уруҚларидан, айни пайтда ширинликлар ва ҳатто оёқ кийимлари билан савдо қилишдан тортинмайдиган доришуносларданмиз. Сизга тўғрисини айтаман, бу кенгресда мен айрим янги фикрларни айтмоқчиман. Одамларга янги ғоялар керак. Мана масалан, қайд қилдирадиган кукун ва сегнет тузи солинган шишачаларни олайлик. Айрим ҳолларда у узум циркаси ва сурмадан тайёрланади, бошқа ҳолларда натрийдан тайёрланади. Биринчиси, буни ўзингиз ҳам биласиз, қип-қизил заҳар, иккинчиси ҳеч қандай зарарсиз дори . Бироқ шишачаларга ёзилган қоғозни осонгина адаштириб юбориш мумкин. Одатда доришунослар бу шишачаларни қандай жойлаштирилишини билсангиз керак? Ҳа, иложи борича бир-бирларидан узоқда, турли жойларда сақлашади. Айнан мана шуни мен нотўғри ҳисоблаян. Мен уларни ҳар қандай вазиятда адашиб кетмаслик учун ёнма-ён қўйиш тарафдориман. Менинг фикримни тушунаяпсизми?
— Назаримда, гапларингизда жон бордек, — дедим мен.
— Ана кўрдингизми! Демак, бу фикрни конгрессда айтаман, сиз мени қўллаб-қувватлайсиз, келишдикми? Ҳар хил кремлар-у косметик воситалар ишлаб чиқаришга устаси фаранг бўлиб кетган шарқлик доришунослар ўзларини ҳаммадан устун сезишади. Мана кўрасиз, биз уларни таблеткаларию, пипеткалари билан ярим йўлда қолдириб кетамиз.
— Сизга фойдам тегиши мумкинлигидан хурсанман, — дедим руҳланиб. — Демак, шишачалардаги... ҳалиги.
— Узум цирка плюс сурмали туз ва узим цирка плюс натрий тузли шишачалар.
— ...битта полкада ёнма-ён туриши керак, — жиддий оҳангда гапни тугалладим мен.
— Яна бир гап, — давом этди мистер Болдер, — Сиз таблетка тайёрлашда ёрдамчи восита сифатида нимадан фойдаланасиз, магнезияданми, углекислий тузданми, ёки кукунланган глицроз редиксданми?
— Менми, э-е.. магнезиядан, — дедим мен, ҳар ҳолда талаффузи осонроқ сўзни танлаб.

Бодлер кўзойнаги ортидан менга ишонқирамай тикилди.
— Мен эса глицироз редиксни афзал кўраман, чунки магнезия тез қотиб қолади.

Ўртага бир зумлик сукунат чўкди.
— Буни қаранг, яна амнезия билан боғлиқ ҳодиса, — деди у газетани менга узатиб, ундаги мақолани кўрсатиб. — Мен бундай воқеаларга мутлақо ишонмайман. Ўндан тўққиз ҳолатда бу қип-қизил муғомбирлик. Бу ишдаги ва оиладаги бир хиллик жонига тегиб кетган одамнинг бошқача яшашга интилиши холос. Шундай қилиб, у уйидан қочиб кетади ва уни ниҳоят топиб олишсалар, у ўзини хотираси йўқотганга солади. Гўёки ўз исмини билмайди, чап елкасида холи бўлган ўз хотинини ҳам танимаганга олади. Xотира йўқотиш эмиш! Нега улар ўз хотираларини ўз уйларида йўқотишмайди?

Мен газетани олиб, жарангдор сарлавҳали қуйидаги мақолани ўқий бошладим:

«Денвер, 12 июн. Машҳур адвокат Элвин С.Белфорд бундан уч кун олдин сирли равишда ўз уйидан чиқиб кетган ва уни излаб топиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлар самарасиз якунланмоқда. Мистер Белфорд бизнинг шаҳримиздаги машҳур кишилардан ва жамиятимизнинг юқори табақасига мансуб, ўз ишини устаси бўлган адвокатлардан. Сирли равишда йўқолиш арафасида у банкдаги ҳисобидан йирик миқдордаги пул олган. Шундан буён уни ҳеч ким, ҳеч жойдан тополмаяпти. Мистер Белфорд кам топиладиган вазмин феълли, хонанишин ва ўз оиласидан, ишидан кўнгли тўқ кишилардан эди.Унинг уйдан Қайри табиий ҳолатда чиқиб кетишини фақат биргина сабаб билан изоҳлаш мумкин: у бир неча ой жараёнида Н. темир йўл компаниясининг мураккаб судида ҳаддан ташқари берилиб ишлади. Ҳолдан тойдирадиган даражадаги иш унинг хотирасига салбий таъсир қилган бўлиши мумкин. Ҳозирги кунда ғойиб бўлган адвокатни қидириб топиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда».
— Сиз афтидан унча-мунча нарсаларга ишонмайдиган кишилардан ўхшайсиз, мистер Болдер, — дедим мен мақолани ўқиб чиқиб. — Менимча буларнинг ҳаммаси ҳақиқат. Турмушда барча соҳаларда муваффақият қозонаётган, ҳурмат-еътиборли, оилавий ҳаётда бахтини топган одам қандай қилиб тўсатдан барчасидан воз кечади-ю, Қойиб бўлади? Мен биламан, хотира йўқотиш дегани, ростдан ҳам бор гап. Ундай киши қаёққа бораётганини, исми-шарифи нима эканлигини, на ўтган ҳаётини, на ўз хонадонини эслай олмайди.
— Ҳаммаси уйдирма ва ёлғон! — эътироз билдирди мистер Болдер. — Тўғриси, улар барча ҳаёт ташвишларига қўл силтаб, бироз ўйнаб келишни хоҳлашадилар. Ҳозирги одамларни биласиз-ку, ҳамма жуда ақлли бўлиб кетган. Эркаклар ана шу амнезия деган нарсадан бохабар бўлиб олишиб, энди ўз истак-майлларини шу билан хаспўшламоқчи бўладилар. Қолаверса аёллар ҳам. Ниҳоят бир кун келиб ҳаммаси аниқ бўлгач, кўзларини сизга лўқ қилишиб, илмий далилларни рўкач қилишиб: «Мени кимдир гипноз қилиб қўйган!» — дейишади.

Мистер Болдер мени ўзининг ана шундай хулосаси-ю фалсафаси билан ишонтирмоқчи бўлди. Бироқ, бу гапларга негадир ишонгим келмади…

Поездимиз Ню-Ёркка кечқурун соат тўққизларда етиб келдик. Извошга ўтириб меҳмонхонага келдим ва меҳмонхона дафтарига ўз исмимни Эдвард Пинкхаммер деб ёздирдим. Бу пайт менинг бутун вужудимни ғаройиб, тушуниб бўлмайдиган, маст қилғувчи бир енгиллик, чек-чегараси йўқ озодлик ҳисси, барча имкониятлар эшигини ланг очаётган тотли бир ҳиссиёт қамраб олгандек бўлди. Xудди бу ёруғ оламга эндигина келаётганимдек ҳис қилардим ўзимни. Илгари менинг оёқ-қўлларимни боғлаб ташлаган аллақандай занжирлар бирданига парча-парча бўлиб узилиб кетгандек. Келажак кўз олдимда худди бегуноҳ болакай кўзига кўринаётгандек тўппа-тўғри ва теп-текис бўлиб ясланиб ётар ва мен унга ҳаётий тажрибаларим, билимларим билан қадам ташлашга ҳозирланаётгандек эдим.

Меҳмонхона ходими менга ҳаддан ташқари синчковлик билан тикилаётгандек туюлди. Чунки қўлимда ҳеч қандай юким йўғлиги гумонсирашларига асос бўлиши мумкин.
— Доришунослар конгрессига келдим, — тушунтирдим мен. — Жамадоним қаердадир ушланиб қолган шекилли.

Шундай деб чўнтагимдан бир даста пул чиқардим.
— Албатта, албатта, — деди меҳмонхона ходими тилла тишларини ялтиратиб. — Бугун бизга ғарбий штатлардан анчагина делегатлар жойлашишди.

Шундай деб у қўнғироқ чалиб, дастёр болани чақирди.

Мен ўз ролимни янада ишончлироқ ўйнашга киришдим:
— Ҳозир бизнинг Қарбимизда янги бир йўналиш пайдо бўлган. Биз конгрессга узумциркали калийли сурмали шишачаларни узумциркали калийли натрийли шишачалар билан ёнма-ён, бир полкада сақлашни таклиф қилмоқчимиз.
— Жентелменни уч юз ўн тўртинчи хонага бошлаб бор, — буюрди югурдак болага, меҳмонхона ходими шошилиб.

Ва мени ўша заҳотиёқ ўз номеримга бошлаб боришди.

Бу кунисига жамадон ва у-бу кийимлар сотиб олиб, Эдвард Пинкхаммер номи билан яшашни бошлаб юбордим. Ўтмиш ҳаётим муаммолари ҳақида бош қотириб ўтиришни ҳам истамадим.

Оролларда жойлашган улкан шаҳар менинг лабларимга ялтироқ қадаҳларга тўлғазилган ширин ҳаёт шарбатини тутқазди. Ва мен бу қадаҳни миннатдорчилик билан симира бошладим. Эдвард Пинкхаммерга, у оламга бор-йўғи бир неча соат олдин келган бўлса ҳам, инсоният томонидан яратилган ва ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган мана шу ранг-баранг қизиқарли ҳаёт завқидан роҳатланиш бахти насиб қилди. Мен одамни сеҳр-жодулаб, худди эртакдаги учар гилам сингари кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ўлкаларга олиб кетадиган, шодон мусиқа янграётган, шўх жононлар рақсга тушаётган ва ва бандасини ғаройиб, кулгули аҳволга соладиган театрларда, том устида қурилган ресторанларда бўлдим. Оёғим қаёққа бошласа, шу томонга кетавердим. Энг қизиҚи — ҳеч ким менга буйруқ бермас, ҳеч нарса: на атроф муҳит, на вақт, на одоб қонун-қоидалари менга халақит бермасди. Мен Қалати кабачкаларда овқатланар, лўлилар оркестри мусиқаси, мусаввир ва ҳайкалтарошларнинг тинимсиз ҳайқириқлари садолари остида ғалати ноз-неъматлардан татиб кўрардим. Мен электр нурлари остида тунги ҳаёт худди кино лентадагидек қайнаётган, у ерда турли-туман бантик ва шляпалар, оламда мавжуд барча тақинчоқлар ялтур-юлтир қиладиган жойларда ҳам бўлдим. Буларнинг ҳаммасидан ўзимга сабоқ олишга уриндим. Ва тушундимки, эркин ҳаётнинг калити на ахлоқсизликда, на расм-русмларга риоя қилишда экан. Сертакалуфликка ҳамма жойда бож тўлаш шарт экан, бўлмаса Озодлик дея аталмиш мамлакат сарҳадларига қадам қўя олмас экансан. Ташқи ҳашамат ва кўзга ташланадиган тартибсизликлар, усти ялтироқлик ва бетакаллуфсизлик ортида, у унчалик кўзга ташланмаса ҳам, ана шундай темир қонун ҳукмрон эканлигини пайқадим. Демак, Манхеттен кўчаларини кезар экансан, ана шу ёзилмаган қонун-қоидаларга риоя қилсанг, сен дунёдаги озод кишиларнинг энг озодисан! Бу қонун-қоидаларга буйсунмас экансан, оёқ-қўлларингга кишан урилади!

Гоҳида кайфиятимга қараб бурчакларига палма дарахтлари экилган улуғвор ресторанларга овқатланишга кирардим. У ерда ҳамма ярим овозда гаплашади, атроф-муҳитдан щодагонлик, ясама назокатлилик ва сиполик ёғилиб туради.

Гоҳида эса, бақироқ хизматчилар ва ҳеч кимдан тортинмасдан ўпишиб, қучоқлашаётган ёшлар, ясама тақинчоқлар сотувчи аёллар билан тўлиб тошган кемачада сайр қилардим. Одамлар арзон-гаров ва қўпол кўнгилхушликлар қилишлари учун бегона соҳиллар томон ошиқишарди. Ва ҳар доим, барча томонлардан нуру-ёғдуларга кўмилган, ҳашаматли, маккор, бевафо, лекин йўлдан оздирувчи, дилтортар Бродвей, худди афюн каби ўзига тортадиган Бродвей кўчаси кўриниб турарди.

Бир кун кундуз меҳмонхонага қайтаёцам, йўлакда миқтидан келган, бурундор, мўйлабли бир киши йўлимни тўсди. Мен уни чеккалаб ўтиб кетмоқчи бўлдим. Бироқ у кўнгил оғритар даражада такаллуфсизлик билан менга мурожаат қилди:
— Xелло, Белфорд! Ню-Ёркда нима қилиб юрибсиз, жин урсин? Сизни ўз китобларингиздан ажратиб, уянгиздан чиқишга нима мажбур қилди? Рафиқангиз ҳам ўзингиз биланми? Ёки бу ерда, хи-хи-хи , бошқаси ҳам борми?
— Сиз адашдингиз, сер, — дедим, совуқлик билан қўлимни унинг қўлларидан тортиб олиб. — Мен Пинкхаммерман. Узр, мен жуда шошиляпман.

У ўзини четга олди, башарасида ҳайрат аломатлари кўринди. Номеримнинг калитини олиш учун меҳмонхона ходими олдига бораётиб мўйлабли киши дастёр болани чақириб, телеграф бланкалари ҳақида суриштираётганлигини эшитдим.
— Менга ҳисоб-китобни тайёрланг, — дедим меҳмонхона ходимига. — Кейин ярим соат ичида нарсаларимни йиғиштириб, пастга олиб тушишсин. Ҳар хил қаланҚи-қасанғилар хиралик қиладиган бу меҳмонхонада қолишни истамайман.

Ўша куниёқ бошқа меҳмонхонага, Бешинчи авеню бошидаги тинчгина, эски русумдаги отелга кўчиб ўтдим.

Бродвей кўчасидан сал нарида ташқи оламдан тропик ўсимликлар билан иҳоталанган, очиқ ҳавода овқатланиш имконияти мавжуд ресторан жойлашган. Ҳамма томони гўзал ва осуда бу ресторанда ажойиб хизмат қилишади, шу сабабли бу ерда нонушта ва тушлик қилиш жудаям ёқимли. Бир кун шу ресторанга келиб эндигина папоротниклар орасидаги бўш стол томон бораётгандим, тўсатдан кимдир енгимдан тортди.
— Мистер Белфорд! — ҳаддан ташқари ёқимли бу товушни эшитиб тўхташга мажбур бўлдим.

Ўгирилиб қараб, ўттиз ёшлардан ошган, ғайри табиий гўзал кўзлари билан менга худди қадрдон, севимли дўстидек тикилаётган аёлга кўзим тушди.
— Тўхтатмасам, қарамай ҳам ўтиб кетасиз шекилли, — деди у гина билан. — Фақат «пайқамабман», дея ишонтиришга уринманг. Орадан ўн беш йил ўтгач, ўзаро бир қўл қисишсак нима бўлибди?

Мен дарров унинг қўлини қисишга шошилдим. Кейин унинг рўпарасига ўтириб олдим. Бошим билан имо қилиб официантни чақирдим. Xоним бепарвогина апелсинли музқаймоқни чуқаларди. Дарров ялпизли ликёр буюрдим. Унинг сочлари қизҚиш бронза рангда эди. Бироқ уларга тикилишга улгурмасдим, чунки унинг кўзларидан нигоҳимни узишнинг иложи йўқ эди. Шундай бўлса-да, унинг сочлари айнан менинг олдимда қизҚиш тусга кираётганидек, ўрмон ичкарисидан туриб қуёш ботишини кузацанг, худди шундай манзарани кўрасан, деган ғалати бир ҳиссиёт мени бир лаҳза ҳам тарк этмасди.
— Мени танишлигингизга ишончингиз комилми? — сўрадим мен.
— Йўқ, — ширингина кулиб жавоб берди у. — Бунга менинг ҳеч қачон ишончим комил бўлмаган.
— Сизга менинг исму шарифим Эдвард Пинкхаммер эканлигини, Канзас штатидаги Корнополисдан келганлигимни айцам, нима дейсиз? — сўрадим безовталаниб.
— Нима дердим? — такрорлади у кўзлари шодон чарақлаб. — Биринчи галда Ню-Ёркка рафиқангиз мисс Белфордни олиб келмагансиз деб ўйлардим. Албатта бу жуда ачинарли. Мен Мериан билан бажонидил учрашган бўлардим.

У бирозгина овозини пасайтириб қўшиб қўйди:
— Сиз ҳамон ўша-ўшасиз, Элвин.

Унинг шаҳло кўзлари синовчан боқиб, менинг нигоҳимни овлай бошлади.
— Йўқ, сиз анча ўзгарибсиз, — гапида давом этди аёл.

Унинг овозидан энди енгилгина қувноқлик оҳангини сеза бошладим.
— Мана, энди кўряпман. Сиз унутмабсиз. Сиз мени йиллар давомида бир кун ҳам, бир соат ҳам унутмаганингизни кўряпман. Мен сизга, мени ҳеч қачон унутолмайсиз, дегандим-ку.

Мен хижолатланиб самон найча билан ликёримни қўзғай бошладим.
— Xудо ҳақи, мени кечиринг, — дедим унинг тикилиб қарашларидан ўзимни қўярга жой топа олмай. — Гап шундаки, мен ҳаммасини унутиб юборганман. Бирортаси эсимда йўқ.

Аёл менинг гапимга кулганича қўл силтади. Юзимдан ниманидир пайқаб, мафтункорона ҳо-ҳолаб кула бошлади.
— Сиз ҳақингиздаги янгиликлардан доимо хабардорман, — давом этди у. Энди сиз ғарбда, Денвер шаҳрида шекилли, машҳур адвокациз. Ё Лос-Анжелосдами? Билишимча, рафиқангиз Мериан сиз билан жуда фахрланади. Эҳтимол эшитгандирсиз, сизларнинг тўйларингиздан кейин ярим йил ўтгач, мен ҳам эрга тегдим. Бу ҳақда газеталарда ҳам ёзишди. Фақат гуллар учун икки минг доллар сарфлашди.

У ўн беш йил илгари учрашганмиз дегандими? Ҳа, ўн беш йил, бу жуда катта муддат.
— Сизни табриклаб қўйсам, унчалик кеч бўлмасмикан? — дедим ҳадиксираб.
— Йўқ, агар сиз бунга журъат қилибсизки, унчалик кеч бўлмайди, — деди у қойилмақом очиқ кўнгиллик билан.

Унинг бу гапини эшитиб, жим бўлиб қолдим ва тирноғим билан дастурхонни чиза бошладим.
— Менга фақат бир нарсани айтинг, Элвин, — илтимос қилди у, мен томонга шиддат билан эгилиб. — Мен буни кўп йиллардан бери билишни истайман. Бу бор-йўғи аёлларга хос бир қизиқиш холос. Ўша оқшомдан кейин умрингизда бирор марта оппоқ атиргулга қўл текказишга ёки ҳидлаб кўришга… борингки, шабнам ва ёмғирдан намиқиб қолган оқ атиргулларга қарашга журъат қилолдингизми?

Мен нима дейишимни билмай, ичимликдан ютиндим.
— Сизга такрорлаб айтишим жоизмикан, мен буларни бирортасини эслолмаяпман, — дедим чуқур уҳ тортиб. — Менинг хотирам ҳеч нарсага ярамай қолган. Бундан қанчалик афсусда эканлигимни, айтмасам ҳам бўлар, — дедим хижолатланиб.

Аёл столга тирсаклаб олди ва унинг нигоҳи менинг сўзларимни эътиборга олмагани ҳолда сирли равишда тўғридан-тўғри менинг қалбимни пайпаслай бошлади. У мулойимгина кулиб қўйди, унинг кулгуси ҳам қандайдир Қалати туюлди. Бу, менимча, бахтдан масрур кулгу эди, унда ҳам қаноатланиш, ҳам надомат оҳанглари сезиларди. Мен кўзларимни олиб қочишга уриндим.
— Сиз алдаяпсиз, Элвин Белфорд! Ҳа-ҳа, мен сезяпман, сиз алдаяпсиз, — деди у ишонч блан шивирлаб.

Мен папоротниклар томонга анқовсираб тикилдим.
— Менинг исмим Эдвард Пинкхаммер, — дедим мен. — Мен бу ерга доришуносларнинг бутунамерика конгрессига делегат бўлиб келдим. Ҳозир бизнинг Қарбда янги бир йўналиш пайдо бўлди. Биз циркасурманатрий тузи ва циркакалий натрий тузлари солинган шишачаларни полкаларда бошқача тартибда сақлашни таклиф қилмоқчимиз. Эҳтимол, бу сизга унчалик қизиқ туюлмас…

Ресторан рўпарасига ҳашаматли коляска келиб тўхтади. Аёл ўрнидан турди. Мен унинг узатилган қўлини олиб қисиб, таъзим бажо келтирдим.
— Xотирам менга панд берганидан жуда-жуда хижолатдаман, — дедим. — Сизга барчасини айтиб беришим мумкин эди, бироқ тушунмайсизми деб қўрқаман. Сиз менинг Пинкхаммер эканлигимга ишонмадингиз, мен эса, тўғриси, анаву оқ атиргулларни…
— Яхши қолинг, мистер Белфорд, — жавоб берди аёл, ҳамон ўша ҳам ғамгин, ҳам бахтли кулгуси билан ва коляскага ўтирди.

Ўша куни кечқурун театрга бордим. Меҳмонхонага қайтиб келсам, худди эртаклардагидек, кўринишидан жуда камтар, қора кийимдаги бир кишига кўзим тушди. У тирноқларини шоҳи дастрўмолчаси ила ялтиратиш билан банд бўлиб, бу ишига бутунлай берилиб кетгандек эди.
— Мистер Пинкхаммер, — деди у бепарволик билан, бутун диққат эътиборини кўрсаткич бармоғига қаратиб, — менга бир неча дақиқа вақтингизни ажрата оласизми? Эҳтимол хонага кириб гаплашармиз?
— Марҳамат, — дедим мен.

У мени кичик хонага бошлаб кирди. У ерда бир жуфт эр-хотинлар ўтирарди. Агар хонимнинг юзидаги ташвиш ва чарчоқ аломатларини ҳисобга олмасак, у жудаям гўзал аёл эди. Унинг келишган қомати, юз тузилиши, сочларининг ранги ва кўзлари айни менинг дидимга мос эди. Сафар кийимидаги бу аёл, ғайри табиий ҳаяжон билан менга тикилди ва қалтироқ қўлларини кўксига босди. У ҳозир худди мен томонга ўзини отишга тайёрдек эди, бироқ, унинг ёнида ўтирган эркак қўлини буйруғомуз силкитиб, уни тўхтатиб қолди. Кейин эркак менга Ҳигрилди. У қирқ ёшларда бўлиб, қулоғи остидаги сочларига оқ тушган, юзи мардонавор, кўринишидан жиддий одамга ўхшарди.
— Белфорд, қадрдоним, мен сени яна қайта кўраётганимдан беҳад хурсандман! — деди у самимий оҳангда. — Албатта сен соҚ-саломат эканлигингга ишончимиз комил эди. Сени ҳаддан ташқари ҳолдан тойганлигинг ҳақида огоҳлантиргандим-ку, ахир. Энди сен биз билан уйингга кетасан ва дарров ўзингга келасан.

Мен масхараомуз кулимсирадим.
— Мени тез-тез Белфорд деб чақиришадиган бўлишди, тўғриси бунга кўникиб ҳам қолаяпман шекилли, энди унчалик ажабланмаяпман ҳам. Бироқ бу ниҳоят жонга тегади ахир! Марҳамат қилиб мени эшитинг, мен Эдвард Пинкхаммерман ва сизни умримда биринчи бор кўриб турибман.

Эркак киши жавоб беришга улгурмасдан аёл аянчли инграб юборди. Бу менга фиғон сингари эшитилди. Аёл ўрнидан сакраб туриб, мен томонга отилди. Эркаклар уни тўхтатиб қолишга беҳуда уринишди.
— Элвин! Элвин! Менинг юрагимни ёрма! Мен сенинг хотинингман, ахир! Энг қурса исмимни айт! Бу аҳволга тушганингдан, ўлиб кецанг ҳам майли эди!

Аёл шундай деб ҳиққиллаганича мени маҳкам бағрига боса бошлади.

Мен қатъий равишда, ҳурмат-еҳтиром билан ўзимни унинг қўлларидан халос қилдим.
— Xоним, — дедим жиддий оҳангда, — мени маъзур тутасиз. Сиз мени ташқи ўхшашлигимга учиб, катта хатога йўл қўяяпсиз. Жуда афсусдаман…-шундай деб кулиб юбордим. — Мени қандайдир Белфорд билан худди циркасурманатрий тузли шишачани циркасурманатрий тузли шишача билан адашиб кетмаслик учун бир полкада қўйиш мумкин эмас. Агар бу гапларим сизга кулгули туюлаётган бўлса ҳам айтай, биз ғарблик доришунослар айнан мана шу фикрни доришуносларнинг умумамерика конгрессида айтиш учун келганмиз.

Хоним нима дейишини билмай шеригига ўгирилиб, оҳ-воҳ қила бошлади:
— Бу нима деган гап, шифокор Волни, оҳ, энди нима бўлади?
— Ҳозирча хонангизга кириб туринг, — деди ҳамроҳи ва уни эшик томон бошлади. — Мен у билан қоламан ва яна гаплашиб кўраман. Унинг эс-ҳушими? Йўқ, ундай бўлмаса керак… Эҳтимол миясининг кичик бир бўлаги…ҳа, ҳа, у албатта тузалиб кетади. Сиз хонангизга бориб туринг, бизларни ёлғиз қолдиринг.

Хоним чиқиб кетди. Қора кийимли киши ҳам тирноқларини ялтиратишда давом этганича чиқиб кетди. Бироқ у йўлакда пойлаб турганини сездим.
— Сиз билан гаплашиб олишим керак, албатта рухсатингиз билан, мистер Пинкхаммар, — деди мен билан ёлғиз қолган киши.
— Марҳамат, сер, агар бунга жуда иштиёқманд бўлсангиз. Бироқ, маъзур тутасиз, мен қулайроқ жойлашиб олай, жуда чарчадим, — дедим.

Шундай деб дераза олдидаги кушеткага ётиб олиб, сигарета тутатдим. У курсини менинг ёнимга суриб, ўтириб олди.
— Келинг, гапни чўзмайлик, — деди у мулойимлик билан. — Сиз мутлақо Пинкхаммер эмассиз.
— Буни сиздан яхшироқ биламан, — дедим хотиржамлик билан. — Бироқ одам бирор фамилия остида яшаши керак-ку! Сизни ишонтириб айтаманки, ўзим ҳам бу фамилиядан унчалик хурсанд эмасман. Аммо, бир лаҳзанинг ўзида ўзингга фамилия ўйлаб топишга тўғри келиб қолса, ҳар доим ҳам негадир каллангга чиройли исму-шарифлар келавермас экан. Ҳар ҳолда.. нега ўзимга Шерингхаузер ёки Скроггинс деган фамилияларни танламадим экан-а! Менимча Пинкхаммер фамилияси ҳам унчалик ёмон эмас.
— Сизнинг исму-шарифингиз Элвин Белфорд, — жудаям хотиржамлик билан давом этди шифокор. — Сиз Денвердаги энг зўр адвокатлардан бирисиз. Сиз амнезия касалига йўлиққансиз ва вақтинчалик ўзингизнинг ким эканлигингизни унутгансиз. Бунинг сабаби — ҳаддан ташқари толиқиш, эҳтимол, доимий бир хил ҳаёт тарзи ва кўнгилхушликларга вақт тополмаганингиз ҳам бўлгандир. Бу ердан ҳозиргина чиқиб кетган аёл — сизнинг рафиқангиз.
— Тан олиш керак, чиройли аёл экан, — дедим мен бироз ўйланиб тургач. — Айниқса унинг каштан рангли сочлари менга жуда ёқди.
— Бундай аёл билан фақат фахрланиш лозим. Сиз ғойиб бўлганингиздан бери у икки ҳафта давомида, айтиш мумкинки, уйқу нима эканлигини билмади. Сизнинг Ню-Ёркда эканлигингизни Айсидор Нюменнинг телеграммасидан билдик. У бизнинг Денверлик коммивояжерлардан бири. У сизни меҳмонхонада учратганини ва уни сиз танимаганлигингизни маълум қилди.
— Ҳа, шундай воқеа рўй бергандек эди, — дедим мен. У мени адашмасам, Белфорд деб атади. Аммо танишиб олишимизга вақт етмадимикан?
— Менинг исмим Робет Волни, шифокор Волни. Мен сизнинг йигирма йиллик қадрдон дўстингизман ва улардан ўн беш йилини — сизнинг шахсий врачингиз бўлиб ўтказдим. Биз телеграмма олишимиз биланоқ миссис Белфорд билан сизни қидириб бу ерга келдик. Қани Элвин, қадрдон, эслашга урин, эсла!
— Уринганимдан нима фойда? — эътироз билдирдим мен қовоғимни уюб. — Сиз ўзингизни врачман дедингиз. Бўлмаса айтинг-чи, амнезияни даволаб бўладими? Агар одам хотирасини йўқоца, у аста-секинлик билан тикланадими, ёки бирданми?
— Баъзан аста-секинлик билан, лекин бутунлай эмас. Баъзан эса қандай йўқолган бўлса, бирдан, тўсатдан тикланади.
— Мени даволай оласизми?
— Азиз дўстим, — жавоб берди у, — сени даволаш учун қўлимдан келган ҳамма нарсани қиламан!
— Бўпти! — дедим мен. — Мени ўзингизни беморингиз деб ҳисоблайверинг. Бироқ, шундай бўлса, врач сифатида сир сақлашингиз лозимлигини ҳам унутиб қўймайсизми?
— Гап йўқ! — жавоб берди доктор Волни.

Мен кушеткадан турдим. Стол устига кимдир оқ атиргуллар, бир даста оқ атиргул, ҳиди ёқимли анқиб турган, яқиндагина сув пуркалган атиргул гулдони қўйганлигини кўрдим. Мен уни олиб дераза орқали иложи борича узоқроққа ирғитдим ва яна кушеткага ётиб олдим.

— Гап бундай, — дедим шундан кейин, — яхшиси мен бирданига тузалай. Буларнинг барчасидан чарчаб кетдим. Энди эса, Мерианни чақир. Эҳ, агар билсайдинг, — дедим унинг биқинига бармоғимни ниқтаб, — оҳ, бу икки ҳафта ичида қандай завқли ва бахтли яшаганимни билсайдинг!