OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОдил Ёқубов
Асар номиМатлуба (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Одил Ёқубов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм103KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/3
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Матлуба (қисса)
Одил Ёқубов

Матлуба синглисининг хатини эрталаб олган бўлса ҳам, ўқиб чиқиб столининг тортмасига ташлаб қўя қолди. Чунки унинг илтимосини адо этолмаслигини тушунган эди. Кейин кун бўйи санаторий врачининг зиммасидаги минг хил майда-чўйда ишлар билан бўлиб, синглисининг хати ёдидан ҳам кўтарилди. Кечқурун ниманидир қидириб столнинг тортмасини очди-ю, кўзи хатга тушиб, кўнгли яна бир хил бўлиб кетди.

Синглиси санаторийнинг шофёридан бериб юборган хатида шундай деган эди:

«Опажон!

Институтга энг ками ўн тўрт балл билан қабул қилишар экан. Мен ўн икки балл олдим. Бироқ одамлар: ҳар нечук қишлоқдан келгансан-ку, шошмай тур, дейишяпти. Кеча қабул комиссиясининг масъул секретари Самиғжон Матқобилов деган кишининг олдига кирувдим. У киши сизни яхши танир экан, салом айтди, кейин кетмай тур, бир иложи топилиб қолар, деди.

Опажон! Индинга мандат комиссияси бўлади. Шунгача бир келиб, ўша йигитга учрашиб кетсангиз қандоқ бўлар экан? Санаторийнинг машинасида икки соатда келасиз-ку! Жон опажон! Шундоқ қилинг. Чунки бу йигит сизни жуда... жуда... ҳурмат қилар экан...»

Мастура «жуда, жуда ҳурмат қилар экан», деган сўзларнинг тагига чизиб қўйган эди.

Эрталаб бу сўзлар фақат ғашини келтирган эди, ҳозир ҳам юрагини жиз эттиролмади, лекин Мастуранинг «Опажон!» деб бошлаган хатини қайта ўқиркан, нигоҳи олдига унинг озғин маъсум чеҳраси ва мўлти-раб турган кўзлари келди...

Матлуба юраги «шиғ» этиб, очиқ деразанинг олдига борди.

Кун ботган, икки тоғ оралиғидаги чуқур дарага соя тушган, лекин ўнг қўлдаги осмон ўпган чўққилар олмосдай чарақлаб турарди. Чўққи этагидаги санаторий боғидан жаз ва саксофон овозлари келар, пастдан шопиллаб оққан сой бўйидаги ёнғоқзор орасидан гоҳ ширакайф хиргойи, гоҳ зўр қаҳқаҳа эшитиларди.

Кеча кечқурун сой бўйига бир гуруҳ «ёввойи» дам олувчилар келган. Улар орасида бир маҳаллар Матлуба ишлаган шаҳар поликлиникасининг бош врачи Асқар Аминович ҳам бор эди. Асқар Аминович Матлубани кўриб: «Ие, шўттамисиз ҳали? Тўй бўлдими? Чақирмадингиз-а?» деб ҳазиллашди. Унинг бу ҳазили Матлубанинг қалбидаги эски ярани тирнаб, кечаси билан тўлғаниб чиқди.

Самиғжон ҳам ўшанда дадаси билан бирга «ёввойи»ларга қўшилиб келган эди. Улар сой бўйига чодир тикиб, бир-икки ҳафта туришган эди. Ў маҳалда бу санаторий ҳали қурилмаган, Матлуба эса эндигина саккизинчини битирган, кийикдай ҳуркак бир қизча эди. Катта шаҳардан келишган бу одамлар жуда ғалати туюлар, дам ҳуркак қишлоқ қизларини суратга олиб, дам «Тарзан» бўлиб дарахт шохларида учиб юрадиган хушсурат «посон» йигитча эса бир юрагини жизиллатар, бир чўчитар эди. Самиғжон ҳам бошқа қишлоқ қизлари орасидан ёлғиз Матлубани хушласа керак, уни кўпроқ суратга олишга тиришарди. Баъзан у Матлубанинг қалбида ажиб ҳислар уйғотгувчи олис шаҳарларнинг, аллақандай сирли қалъаларнинг суратларини ҳадя қилар, баъзан гўё Матлуба мевага зордай, этак-этак ёнғоқ қоқиб ҳадя қилар, қиз уялиб қочганда эса, қувиб бориб, сочидан тортқилаб ўйнашар эди...

Лекин қизиқ: Матлуба ҳар сафар Самиғжонни ўйларкан, негадир кўнглини ёруғ нурга тўлдирган бу ёз оқшомлари эмас, ҳаммадан бурун ёмғир челаклаб қуйиб турган илиқ баҳор куни эсига тушарди.

Унда Матлуба саккиз йиллик мактабни битириб, медтехникумнинг биринчи курсида ўқир эди.

Ўша куни уст-боши ёмғирдан шалаббо бўлса ҳам ўзи ёш боладай қувнаб кулган Матлуба автобус тўхтайдиган жойга чопиб бораркан, уни янги «Москвич» қувиб ўтиб, беш-олти қадам нарида тўхтади, сўнг машинанинг эшиги очилиб ёш бир йигитчанинг боши кўринди:
— Чопинг, Матлубахон!

Матлуба дарров таниди: «Самиғжон!..» Таниди-ю, шошганидан машинанинг ёнидан ўтиб қочмоқчи бўлди.

Лекин Самиғжон «газ» бериб уни қувиб ўтди ва яна машинасини йўлига кўндаланг қилди.
— Ие, мени танимадингизми, Матлубахон? Мен ўша... «Тарзан» бўламан... Эсингиздами?

Матлуба беихтиёр илжайди.
— Ҳа, эсимда...
— Бўлмаса нега қочяпсиз? Шаҳарга келиб, ҳалиям шаҳарли бўлолмадингизми? Қани чиқинг. Мен бўри эмасман-ку еб қўяди деб қўрқсангиз! — деди Самиғжон кулиб: — Ўзингиз айта қолинг, Матлубахон, сиздай қиз ёмғирда пишиб турса-ю, мен машинада ўтиб кетсам қандоқ бўлади, а?

Матлуба нима дейишини билмай:
— Машина ўзингизникими? — деб сўради, сўради-ю, лабини тишлади: шуниям сўрайдими?
— Машина поччамларники, лекин ўзимники ҳисоб. Нега десангиз поччамлар ҳайдашни билмайдилар! — деди Самиғжон ва Матлубага қараб кўзини қисди:
— Хоҳласангиз ҳар куни катайса қилдираман!
— Раҳмат! — Матлуба аччиғланган бўлиб, юзини четга бурди; лекин бу ҳазилкаш, хушчақчак йигитдан аччиғланолмаслигини, ҳатто қовоғини солишга ҳам қурби етмаслигини сезиб, беихтиёр жилмайди.
— Шунақа бўлсин! — деди Самиғжон. — Сал қовоғингизни очиб ўтиринг. Одамнинг капалагини учириб юбордингиз-ку, Матлубахон!

Самиғжон Матлубани ётоқхоналарига олиб бориб қўйгунча бир лаҳза тинмай ҳазиллашиб, уни кулдириб борди, хайрлашаркан:
— Эртага Темирйўлчилар паркида техникумлараро волейбол мусобақаси бўлади, — деди. — Бизнинг команда соат бешда ўйнайди. Келасиз, а, Матлуба?

Матлуба:
— Билмадим энди... — деб баҳона қидира бошлаган эди. Самиғжон, қўлини оғритиб сиқди:
— Йўқ деманг, Матлуб! Кутаман. Бормасангиз хафа бўламан!

Матлуба спорт билан кўп қизиқмас эди, мусобақага йиғилган оломонни кўриб ҳайратда қолди: одамнинг кўплигидан кенг майдонга танга ташласа ерга тушмас эди.

Ҳаворанг майка кийган Самиғжон узун, бақувват оёкдарига гўё пружина ўрнатилгандай, дик-дик сакраб келиб, Матлубани қўлтиқлаб олди ва волейбол майдончасининг четида турган бир тўп қизларнинг ёнига бошлаб борди. Қизларнинг шивирлашиб қолганларини кўрган Матлуба дарров сезди: рашк қилишяпти!

Қизларнинг рашк қилиши бежиз эмас: хушқад, келишган Самиғжон ўйинда ҳам устаси фаранг эди. Ҳар сафар Самиғжон осмонга сакраб тўпни қарши томонга қарата урганида парк хушнуд қийқириқлардан ларзага келар, қизлар эса, кўзлари чақнаб: «Қойил, Самиғжон, қойил!» деб қийқиришар эди. Матлубанинг ўзи ҳам шунчалик қизишиб кетдики, ўйиннинг охирида ғалаба ва табриклардан оғзи қулоғига етган Самиғжон қизларнинг қуршовидан зўрға чиқиб Матлубанинг олдига келганда ўпич берганини ўзи ҳам билмай қолди!..

Кейин... кейин Самиғжон хизматга кетди. Матлуба уни икки йил кутди. Қишлоқ йигитларининг хатлари ва юборган совчиларини, курсдошларининг ишқ-муҳаббати, ҳаммасини рад этиб кутди. Бу ўртада техникумни ҳам битириб, поликлиникага ишга кирди...
— Опажон...

Матлуба бир сапчиб «ялт» этиб бурилиб қаради. Остонада... Мастура турарди. Уст-боши чанг-чунг, бошидаги нафис ҳаворанг дурраси бир томонга оғиб кетган, кўзлари ҳорғин.
— Йиқилиб қолдингми? Мастура ерга қаради.
— Йўқ... Сизни тушгача кутдим — бормадингиз. Кейин такси олиб келдим. Эртага мандат комиссиясининг мажлиси...
— Бекор қипсан келиб, — деди Матлуба. — Мен бари бир боролмайман.

Мастура кўзларини мўлтиллаб опасига тикилди.
— Нега?
— Чунки... мен техникумга ҳам, институтга ҳам бировга ёлвориб кирган эмасман!

Матлуба опасига билдирмай «қилт» ютинди.
— Ахир у киши... Сизни жуда-жуда... Матлуба тоқатсизланиб, бошини чайқади.
— Биламан. Бироқ, бормайман. Юр, дамингни ол. Энди нима бўлса ҳам... толеингдагини кўрасан! — деди у, сўнг синглиси йиғлаб юборишга тайёр эканини кўриб, яна кўнгли эриб:
— Мени кечир, Мастур, — деди ёлвориб. — Мен сен айтган... йигитнинг олдига боролмайман, жоним. Сабабини кейин... бир кун айтиб бераман. Юр, дамингни ол...

Мастура индамади, фақат пастки лабини қаттиқ тишлаб олди. Опа-сингил амбулаториядан чиқиб, дарвозага яқинлашиб қолганларида боғдан Асқар Аминовичнинг ширакайф овози эшитилди:
— Матлубахон! Шошманг, мана буни олиб кетинг!.. Асқар Аминович, эгнида пижама, қўлида дастурхонга ўралган товоқ, олчазордан чиқиб келди.
— Умрингизда бунақа ош емагансиз. Ўзим дамладим... — Асқар Аминович тўхтаб бир Матлубага, бир Мастурага қаради.
— Бу қиз...
— Бу қиз менинг синглим, — деди Матлуба. — Ўхшаймизми?
— Ўхшаш ҳам гапми? Худди ҳозиргина тухумдан чиққан жўжалардай! — деб кулди Асқар Аминович.— Сизни биринчи марта кўрганим эсимга тушди. Техникумни битирган чоғингиз... эсингиздами?
— Эсимда, — деди Матлуба, негадир қизариб.
— Синглим ҳам институтга кирмоқчи эди... бали етмабди...
— Қайси институт? — деди Асқар Аминович. Мастура қизариб:
— Физкультура институти, — деди истар-истамас. Асқар Аминович Матлубага юзланди:
— Илгарироқ айтмабсиз-да, Матлубахон. Ошна-оғайнилар топилар эди. Аттанг!

Асқар Аминович гапини тугатмаган ҳам эди, Мастура тўсатдан кўзлари ёниб:
— Опамлар ўзлари шунақа! Бошқага қайишса қайишадиларки, ўз жигарига раҳм-шафқат қилмайдилар! — деди-ю, текис йўлда қоқиниб дарвоза томонга чопиб кетди.

Матлуба ранги ўчиб, унинг кетидан тикилиб қолди. Асқар Аминович ўнғайсизланиб томоқ қирди.
— Аттанг, олдиноқ билганимда...
— Майли, — деди Матлуба. — Ўз йўлини ўзи топгани яхши.

Асқар Аминович кулди.
— Аммо-лекин… Худди ўзингиз! Хулқ-атвори ҳам сизга ўхшар экан. Ўша... техникумда айтган гапларингиз эсимга тушиб кетди... Эсингиздами?.. Матлуба «ҳа» деб бош ирғади-да, Асқар Аминович оилан совуққина хайрлашди. У уйларига боргиси келмай, дарага, шовиллаб оқаётган сойга бурилди. Асқар Аминовичнинг гаплари кўнглининг энг чуқурида ётган эсдаликларини яна қўзғаб, хаёлини ағдар-тўнтар қилиб юборган эди.

* * *

Охирги давлат имтиҳонини «беш»га топшириб чиққан Матлуба дугоналарининг табрик ва ўпичларига ҳали тўйганча ҳам йўқ эди, йўлакда секретарь қизнинг овози янгради: — Матлубахон, комиссияга кирармишсиз! Матлуба қуршаб олган қиз-йигитларнинг даврасини зўрға ёриб ўтиб, ҳозиргина чиққан аудиторияга кирди.
— Келинг, яқинроқ келинг, қизим! — комиссия раиси, юмалокдан келган химия домласи уни очиқ чеҳра билан қарши олди, сўнг ёнида ўтирган тўладан келган хушсурат одамга юзланди:
— Ҳали айтган қизимиз Матлубахон Иброҳимова шу киши бўладилар...

Тўладан келган хушсурат одам оқ оралаб қолган қалин сочларини силаб, Матлубага синовчан тикилиб ўтирарди. Боя Матлуба имтиҳон топширганида бу одам йўқ эди, шунинг учунми, бошқами, Матлуба ийманиб кўз қирини ташлар экан, оқ сочли одам химия домласига «маъқул» деган маънода бош ирғаганини кўриб қолди.
— Сизни ҳурматли доцентимиз Асқар Аминович чақирдилар, Матлубахон, — деди домла.

Асқар Аминович унинг гапини таъкидлаб бош ирғади.
— Бизнинг поликлиникамизга сизга ўхшаган... ёш, қўл-оёғи чаққонгина ҳамшира қизча керак эди, борасизми, Матлубахон?

Матлуба елкасини учирди.
— Тақсимотда мени Сурхондарёга ёзишган.
— Сизга Тошкент яхшими ё Сурхондарё даштларими? — деди Асқар Аминович кулимсираб.
— Мен шунчаки... ўшанда ойимлар бетоб десам ҳам қолдиришмовди...
— Унда қолдиришмаган бўлса, энди қолдиришади. У ёғини бизга қўйиб берасиз. Келишдикми?
— Менга бари бир, — деди Матлуба ва бу гапи Асқар Аминовичга ёқмаганини пайқаб қолди. Доцентнинг кенг пешанаси тиришиб, катта қўй кўзлари қисилди.
— Хўп, яхши, — деди у. — Эртага министрликнинг кадрлар бўлимига боринг. Мен айтиб қўяман.

Шундай қилиб, Матлуба Асқар Аминовичнинг раҳбарлигида ҳамшира бўлиб ишлай бошлади. Поликлиникада ундан бошқа яна ўн чоғлик ҳамширалар ишлар, шундай бўлса ҳам одам етишмас эди. Матлуба укол қилар, жароҳатларни боғлар, дори-дармон берар, юз хил асбоб-ускуналарни ишга солиб, беморларни даволар, хуллас, эрталабдан кечгача нафас олишга ҳам вақт тополмас эди. У бош врачни деярли кўрмас, гоҳо-гоҳо йўлакда дуч келиб қолса, Асқар Аминович мулойим кулимсираб:
— Ҳа, қора қиз, ишлар қалай? — деб сўраб қўярди. Бош врачнинг қўйган лақаби тезда бутун поликлиникага тарқаб, бошқалар ҳам Матлубани «қора қиз» деб чақирадиган бўлишди. Лекин бу лақаб Матлубани унча ранжитмас, чунки қорачадан келган бўлса ҳам юлдузи иссиқ эканини яхши билар, буни ёш врачларнинг муомаласидан ҳам сезар эди.

Матлуба бошида нафис қизил дурра, эгнида нозик қоматига ярашиб тушган ва қорача чеҳрасини аллақандай очиб юборган оппоқ халат, икки ўрим майин сочи белида, тор йўлакдан дик-дик юриб ўтганида суқланиб қарамаган одам бўлмас, ҳатто даволанишга келган кекса беморлар ҳам Матлуба укол қилаётганида: «қўлингиз енгил экан, дард кўрманг, қизим!», деб дуо қилишар, ёшлар эса тиржайишиб, йўлини пойлашар эди.

Бир куни уни Асқар Аминович чақириб қолди.

Матлуба кирганда Асқар Аминович, олдида бир ликопча новвот, дўнг пешанасида маржон-маржон тер, фамил чой ичиб ўтирарди. У Матлуба билан ўрнидан туриб, қўл бериб кўришди, столнинг олдига чуқур креслога ўтқазиб, бежирим хитой пиёласида чой узатди.
— Ишлар қалай, қизим, ҳеч ким хафа қилаётгани йўқми?

Матлуба унинг синовчан кўзларидан кўзини узиб ерга қаради.
— Йўқ, раҳмат...
— Шикоят йўқ денг? Яхши-яхши... — Асқар Аминович дўнг пешанасини силаб анча ўтирди, бир-икки марта томоқ қириб одди, кейин ясама хушнуд кулиб:
— Сиздан битта илтимосим бор, Матлубахон, — деди. — Лекин кўнглингизга ҳеч нарса келмасин... хўпми?

Матлуба чаракдаб турган қоп-қора кўзларини ердан узиб, бош врачга қаради. Асқар Аминович қошлари чимирилиб, яна томоқ қирди.
— Менинг бир жияним бор. Ўзи жуда яхши, камтар, культурный йигит, Матлубахон. Лекин ҳалигидақа... сал тортинчоқроқ. Илтимосим шуки, иккаловинг бир учрашиб танишсаларинг...

Матлуба Асқар Аминовичдай салобатли одам шу гапни қўзғаганидан уялиб, яна кўзини олиб қочди.
— Жияним сизни қаердадир кўрган экан. У сизни ҳалигидақа... қандай тушунтирсам бўлади, ёқтириб қопти... Уйларингизга совчи юбормоқчи экан, уришиб бердим. Ҳозирги ёшлар аввал танишадилар-билишадилар, яъни маданий йўл тутиш керак, дедим...

«Маданий йўл!.. Ойимлар касал деб, йиғлаб борганимда қолдиришмаган одамлар, сизнинг бир оғиз гапингиз билан Сурхондарёдан олиб қолишди. Бундан чиқди, гап тагида гап бор экан-да!..»

Матлубанинг ўйлари қуюндай чархпалак бўлиб кетди. Бу қуюн орасидан Самиғжоннинг вокзалда хайрлашаётанларидаги хафақон чеҳраси, ғамгин қўй кўзлари намоён бўлди.
— Яна таъкидлайман, кўнглингизга ҳеч нарса келмасин, Матлубахон, — деди Асқар Аминович. — Албатта, ҳозирги ёшларга, яъни сизга, менинг бу гапларим ғалати туюлиши мумкин. Лекин мен аминманки, танишсаларингиз... тил топишиб кетасизлар. Жияним ҳам ҳалигидақа... жа замонавий, культурний йигит, Матлубахон!..

«Замонавий йигит!..» Матлубанинг кўз олдига яна Самиғжон келди. Лекин бу сафар унинг хафақон чеҳраси тез хиралашиб, эсига сўнгги хати тушди:

«Белорус қизлари жа дуркун бўлар экан, ўзлариям жа қуриб кетмагурлар...»
— Менинг «Волгам» ихтиёрларингда. Бир ўйнаб келинглар... хўпми, Матлубахон?

Матлуба тўсатдан юраги увишиб, бошини пастроқ эгди.
— Нусратжон! — деди Асқар Аминович. Матлуба эшик очилганини сезса ҳам қарамоқчи эмас эди, ихтиёридан зўр бир куч оҳиста боқишга мажбур этди.

Остонада ҳақиқатан замонавий кийинган, қоп-қора сочлари силлиқ, узунчоқ буғдойранг юзи қип-қизил бўлиб кетган бир йигит ўнғайсизликдан кўзлари сузилиб, ишшайиб турарди. Йигит новчагина, лекин яғриндор бўлгани учунми, бақалоқроқ кўринар эди.
— Қани, ёшлар, танишиб қўйинглар... «Волга»мни олиб, бир катайса қилиб келинглар!

Асқар Аминович шундай деди-да, гўё Матлуба эътироз билдиришидан қўрққандай, шоша-пиша хонадан чиқди. Нусратжон қошлари чимирилиб, аллақандай содда юзидаги жимир-жимир томчиларни дастрўмолчаси билан артиб, Матлубанинг рўпарасидаги креслога чўкди.
— Ман Сизни... кўрганман, жуда кўп кўрганман, Матлубахон...
— Шунақами? — деди Матлуба. Тўсатдан унинг дилида болаларга хос бир шўхлик уйғониб, кулгисини аранг босди.
— Биз дўстлар билан чоллар чойхонасида ош қилишиб... гурунглашиб ўтирганимизда ўтиб қолардингиз. Ҳамма сизнинг йўлингизга тикиларди...
— Ҳаммами ё сизми?

Нусратжон «қовун тушир»ганини пайқаб, дудуқланди.
— Мен... Мени-ку, ўзингиз кўриб турибсиз...
— Ҳа, кўриб турибман... — Матлуба кўнглидаги шўх туйғуни яна ичига ютиб:
— Ўтираверамизми шўтта? — деб сўради.
— Юринг бўлмаса айланамиз, «Волга»ни ташлаб кетдилару тоғамлар...
— Тоғангизнинг «Волга»си бўлмаса, ўн биринчи трамвай ҳам бор, — деб кулди Матлуба.
— Келинг, бир катайса қилайлик, — деди Нусратжон кўчага чиққанларидан сўнг. — Ноумид шайтон, биз ҳам «Волга»лик бўлиб қолармиз...

Матлубага Нусратжон бу гапни бўлакча маънода гапиргандай туюлди, машинага чиқаркан, жўрттага:
— Қачон оласиз «Волга»ни? — деб сўради. Нусрат ҳам бўш келмай:
— Лотерея олиб қўйибман. Биттаси бўлмаса биттасига чиқиб қолар, — деб кулди.

Матлуба ҳам беихтиёр кулимсиради. У ўзидан ҳайрон эди: боя Асқар Аминович жиянидан гап очганида шсаси қотган бўлса, энди Нусратжоннинг гап-сўзлари ёқиб, юрагининг аллақаери жазиллай бошлаган эди. Нусратжон унга неча бор ишқ-муҳаббат изҳор этган қишлоқ йигитларини эслатарди. Матлуба бу йигитларнинг севгисини рад этса ҳам, уларни қаттиқ ранжитаётганини сезиб, ич-ичидан зил кетарди.

Қизнинг индамай қолишини бошқача тушунган Нусратжон:
— Гап пулда эмас, пул топилади, — деди. — Машина топилмайди, Матлубахон. Айниқса янгисини топиш қийин.
— Пулингиз шунча кўпми?
— Ҳар қалай, бир машинага топилади.

Матлуба:

«Пулингиз машинага кетса қалинни қандай тўлайсиз?» деб ҳазиллашмоқчи бўлди-ю, қуйишқондан чиқиб кетишдан ийманиб:
— Олганга яраша янгисини олинг-да! — деб кулди.
— Илойим, айтганингиз келсин! — деди Нусрат. — Хўш, нима қиламиз, далага чиқамизми ё кафе-мафега кирамизми, Матлубахон?
— Йўқ, бирорта парк-маркка кира қолайлик. Яхшиси, Скверга туша қолайлик.

Скверда одам гавжум эди. Илиқ мусаффо ҳавони жийда ва акация гулининг хушбўй ҳиди тутган, хиёбондаги қиз-йигитларнинг қўлларида ҳам даста-даста гул, шунинг учунми, ё ёшларнинг шўх кулгилариданми, ҳаммаёқ аллақандай очилиб, яшнаб кетган эди.

Нусратжон ҳам гул олмоқчи бўлиб, гулчиларнинг олдида тўхтаган эди, Матлуба «раҳмат, керак эмас», деб қўлидан тортди.

Матлуба дуч келган биринчи бўш скамейкага ўзини ташлаб, атрофга тикиларкан, Самиғжон хизматга жўнашидан бир кун олдин худди шу ерга келганлари эсига тушди...

Улар Скверга кечқурун кун ботмасдан олдин келишган, лекин гаплари тугамай, юракларни лиммо-лим тўлдирган ҳис-туйғулардан энтикиб, қайноқ бўсалар оғушида тонг отганини ҳам пайқамай қолишган эди.

Бу эсдаликлар тошқиндай ёпирилиб келди-ю, Матлуба ўзидан ижирғаниб, Нусратжонга юзланди:
— Менга айтадиган гапингиз бор эди шекилли? Айтинг...

Унинг дабдурустдан бундай дейишини кутмаган Нусратжон шошиб қолди.
— Энди... ўзингиздан қолар гап йўқ. Бор гапни тоғамлар айтгандир.

Матлуба кулгисини яшириш учун ерга қаради.
— Хайрият тоғангиз бор экан. У киши бўлмаса нима қилардингиз?
— Йўқ-йўқ, гап унда эмас! Шунчаки... ўзингиз билиб турибсиз-ку, демоқчи эдим... Қисқаси, бирга турмуш қурсак дейман! — деди Нусратжон ва қулоқларигача ловиллаб, худди тоғасиникига ўхшаган дўнг пешонаси ялтиллаб кетди. Буни кўрган Матлуба гапни чўзмаслиги кераклигини, гап қанча чўзилса бу содда йигит шунча қаттиқ ранжишини тушунди.
— Мени кечирасиз, Нусратжон ака, — деди у мулойимлик билан, — мен ҳали турмушга чиқмоқчи эмасман. Ўқимоқчиман.
— Майли, ўқисангиз бош устига...
— Йўқ-йўқ, гапни чўзмайлик. Фойдаси йўқ. Мени кечирасиз, Нусратжон ака.

Йигит аллақандай сўниб, нурсизланиб қолган кўзларини осмонга тикиб:
— Майли, нима ҳам деймиз, — деди секин. — Суймаганга суйканмаймиз, Матлубахон... — Хўп, хайр бўлмаса... — Матлуба ўрнидан турди. Нусратжон қўзғалмади. У осмондаги сийрак пуштиранг булутларга тикилиб ўтирар, оқариб кетган юзида, сал қисилган қўй кўзларида аллақандай сокин бир мунг жилва қиларди. Матлуба юраги «шиғ» этиб, бир-икки оғиз ширин гап айтгиси келди, лекин йигитнинг кўнглини баттар оғритишидан қўрқиб, оҳиста узоқлашди...

* * *

...Эрталаб Матлуба энди ишга борган эди, Асқар Аминович чақиртириб қолди. Матлуба худди ҳозир совуқ сувга шўнғийдиган одамдай, вужуд-вужуди жимирлаб кетди. Лекин бош врач уни кулиб қарши олди. — О, ёшлар, ёшлар! — деди у бошини чайқаб. — Тузукроқ гаплашишни ҳам билмайсизлар. Арзимаган нарсага аразлашиб қоласизлар! Қани, ўтиринг-чи, Матлубахон? Хўш, кеча нима бўлди ўзи?

Матлуба диваннинг четига омонатгина ўтирди, ҳозир бошланадиган савол-жавоблардан ўнғайсизланиб, рўпарасида ўтирган бу салобатли ва хушмуомала одамни ранжитишини билиб ғужанак бўлиб олди.
— Мабодо... қўполлик қилмадими у тентак?
— Йўқ, йўқ...
— Ё жияним ёқмадими сизга?

Матлуба уялганидан совқотаётгандай титраб:
— Кечирасиз, Асқар Аминович, мен... ҳали турмуш қурмоқчи эмасман! — деди.
— Ҳмм... — Бош врач бармоқлари билан столни чертиб жим қолди, сўнг ўрнидан туриб, кабинетини бир айланиб чиқди. Матлуба унга қарамаса ҳам, бош врачнинг юзидаги мулойим табассум сўнганини, қошлари чимирилиб, қовоғи солинганини сезиб ўтирарди.

Ниҳоят Асқар Аминович тўхтаб:
— Турмушга чиқишни хоҳламасангиз... бир нима дейишим қийин, — деди хўрсиниб. — Лекин назаримда, сиз хато қиляпсиз, Матлубахон. Биз кексалар кўпни кўрганмиз. Ишқ-муҳаббат деган баландпарвоз гапларга учиб, гулдай қизлар бебахт бўлганини биламиз. Шунинг учун... мен сизни ўз қизимдай кўриб, шу ишга аралашган эдим. Чунки жияним, қўрсроқ бўлса қўрсроқдир, бироқ... кўнглида кири йўқ, пок йигит, Матлубахон. Ҳалиям бўлса ўйлаб кўринг!

Матлуба бошини кўтармасдан:
— Майли, — деди оҳиста. — Мен ўйлаб бўлдим, Асқар Аминович.
— Шунақами? Хўп, нима ҳам деймиз? Аммо-лекин кечирасиз, Матлубахон, мен сизни бунчалик енгилтак деб ўйламовдим. Умуман мен сиздан буни кутмаган эдим! Ҳа, кутмаган эдим!

Матлуба ялт этиб қаради. Бош врачнинг: «Мен сиздан буни кутмаган эдим» деган сўзлари унга: «Мен сизни Сурхондарёдан олиб қолганимда илтимосимни ерда қолдиради деб ўйламаган эдим», деган маънода эшитилди-да, бу гап жуда қатгиқ тегди.
— Қилган ғамхўрлигингиз учун... раҳмат. Бироқ мен ҳам сиздан буни кутмаган эдим.
— Нимани кутмаган эдингиз? — деди Асқар Аминович юришдан тўхтаб.
— Агар Сурхондарёдан олиб қолишдан мақсадингиз, жияниниз... Мени жиянингизга олиб бериш бўлса... раҳмат! Ҳалиям кетишим мумкин.

Асқар Аминович, ияги ғалати қалтираб, кўзлари қисилди.
— Агар мен шунча яхшилик қилиб эшитган гапим шу бўлса... Сизга ҳам раҳмат. Лекин Тошкентда қолганингиз учун пушаймон қилаётган бўлсангиз, марҳамат, ҳалиям йўлингиздан қолманг!
— Майли, кетаман! — деди Матлуба.
— Жуда соз. Оқ йўл. Эртага министрликка боринг. Кадрлар бўлимига телефон қилиб қўяман. Хайр. Муваффақият тилайман. — Раҳмат! — Матлуба бошини мағрур кўтариб хонадан чиқди, лекин лабораторияга кирди-ю, ўзини диванга ташлаб йиғлаб юборди. Бир зумда ҳамшира қизлар йиғилишди, бир-бирига гап беришмай суриштира кетишди, бироқ Матлуба лом-мим демади, халатини ечиб, ўз кийимларини кийди-да, поликлиникадан чиқди.

* * *

...Министрликнинг кадрлар бўлимида одам кўп эди. Матлуба навбат олиб, ташқарига чиқди. У чорбурчак гулзорнинг четидаги скамейкага ўтириб, кўчадан ғизиллаб ўтаётган машиналарга, трамвай ва троллейбусларга пашшадай ёпишиб олган болаларга тикилди. Матлубанинг кўнгли хуфтон, кўчада узоқ ўтирди. Ҳар сафар Асқар Аминовичнинг муомаласи эсига тушса, кўзига милт-милт ёш келарди. Кеча бу гапларни писанд қилмаган бўлса ҳам, кечаси жуда алам қилди. Йўқ, гап унинг Сурхондарёга кетишида эмас. У олис жойларга бориб ишлашдан қўрқмайди. Лекин Асқар Аминович... У бундай қилишга нима ҳақи бор? Жиянимга эрга тегмадинг деб ҳақорат қилишга, ишдан ҳайдашга ким ҳуқуқ берди унга?..

Матлуба буни ҳар ўйлаганида бир тўлғаниб, тонг отгунча хаёлида Асқар Аминович билан олишиб чиқди.

У бир ўйи министрга кириб бўлган воқеани айтиб бергиси ҳам келди, лекин бу фикридан дарҳол қайтди, чунки министр уни Сурхондарёга боришдан қўрқяпти, деб ўйлаши мумкин!

Матлуба навбати ўтиб кетишидан қўрқиб ўрнидан турган эди, гулзорнинг рўпарасига таниш қора «Волга» келиб тўхтади-да, ундан Асқар Аминович тушди.

Матлуба кўриб-кўрмаганликка олиб, тескари бурилди. Асқар Аминович қўлида катта чарм папка Матлубанинг ёнидан ўтиб эшиккача борди, борди-ю, худди бир нарса эсидан чиққандай тўхтаб:
— Сен... бу ерда нима қилиб юрибсан? — деб сўради.

Матлуба ҳайрон бўлиб Асқар Аминовичнинг юзига тикилди:
— Нима қилардим? Сурхондарёга кетмоқчи бўлиб келдим.
— Тентак! — деди Асқар Аминович, қовоғини солиб. — Бор, ишингга бор, ҳеч қаёққа кетмайсан!
— Ўзингиз-ку, кеча...
— Ўзингиз, ўзингиз! Бир оғиз гапириб бўлмайди сенларга! — деди Асқар Аминович, юзини буриштириб. — Ҳайронман ҳозирги ёшларга. Бунча тегма-нозик бўлмасаларинг? Бор ишингга, кеч қоласан!

Матлуба эътироз билдиролмади, томоғига бир нарса тиқилгандай туюлиб, «қилт» ютинди-да, Асқар Аминовичнинг ёнидан ўтиб, трамвайга қараб чопиб кетди.

* * *

Июннинг охирларида Самиғжондан телеграмма келди: «Йўлга чиқяпман. Рейс 421. Кутиб ол. Матқобулов». Қасдига олиб, Самиғжон келадиган куни поликлиниканинг уч-тўртта ходими бир ҳафтага Мирзачўлга ёрдамга борадиган бўлиб қолди. Улар орасида Матлуба ҳам бор эди.

Матлуба узоқ ўйлади. Асқар Аминовичнинг олдига киришга оёғи тортмас, кирганда нима баҳона кўрсатишни тасаввур этолмас эди. Лекин ўйлай-ўйлай бошқа илож тополмагач, охири киришга мажбур бўлди.

Ўша воқеадан кейин Матлуба бош врач билан гаплашган эмас, Асқар Аминович ҳам у ер-бу ерда учрашиб қолганларида совуққина бош ирғаб қўя қоларди.

Матлуба кирганида Асқар Аминович халатини ечиб, қозиққа илмоқда эди. У Матлубага қарамай:
— Хўш, хизмат? — деб сўради.

Матлуба дудуғлана-дудуғлана илтимосини тушунтира бошлаган эди, Асқар Аминович худди у кутган саволни берди:
— Сабаб боролмайсиз? Сизни Мирзачўлга командировка қилаётган бўлсак, ёш деб, бола-чақаси йўқ деб юборяпмиз ахир. — Асқар Аминович жойига бориб ўтираркан, кинояли жилмайди. — Ё... бирор муҳим сабаби бўлса — буни айтинг.
— Сабаби... — Матлуба довдираб қолгани учун ўзидан ғижиниб, сумкасидан телеграммани олиб, столга қўйди. — Сабаби шу!

Асқар Аминович телеграммани ўқиркан, пешана-сини ишқаб:
— Матқобулов... Бу ким? — деб сўради.
— Солдат... хизматини битириб келяпти... — Матлуба кўзларини қаёққа яширишини билмай, терлаб кетди.
— Хўп. Солдат бўлса, хизматдан келаётган бўлса... илож йўқ, — деди Асқар Аминович. — Муовинимга айтинг: ўрнингизга бошқа бировни тайинласин!

Матлуба севинганидан стулга қоқилиб эшикка отилган эди, Асқар Аминович тўхтатди:
— Яхши йигитми? Тўйга чақириш эсингиздан чиқмасин-а, қора қиз?

... Самолёт бир соатча кечикиб келди. Бошида дўппи, эгнида атлас кўйлак, қўлида бир даста гул, юрагини чулғаган ҳаяжондан бир жойда туролмай, аэропорт олдидаги хиёбонларда айланиб юрган Матлуба, гулзорнинг четидаги скамейкада ўтирган бир гуруҳ эркак-аёллар уни зимдан кузатишаётганини, бир-бирларига қараб имо-ишоралар қилишаётганини пайқаб қолди:

«Самиғжоннинг қариндош-уруғлари!»

Улар орасида ўн саккиз-ўн тўққиз яшар иккита қиз бор, иккалови ҳам жуда келишган, чиройли эди. Бири сочини қирқтириб сарғиш рангга бўяган, иккинчиси баланд қилиб турмаклаб олган. Ўтган-кетган ҳамманинг кўзи шуларда эди. Даврада худди Самиғжонга ўхшаган дуркунгина ёш жувон ҳам бор эди. Матлуба гулзорнинг ёнидан ўтаётиб, ёш жувон чиройли бурнини жийириб кулаётганини кўриб қолди, кўриб қолди-ю, қаддини ростлаб олислаб кетди.

Матлуба Самиғжонни дарров таниди. Самолётдан чиққанлар орасида беш-олти солдат бўлса ҳам, уни кўрган заҳотиёқ таниб, юраги ўйнаб кетди: ўша!

Чап қўлида шинель, ўнг қўлида чамадон кўтариб олган Самиғжон трапдан чопқиллаб тушиб, илдам юриб, темир панжарага яқинлаша бошлади.

Самиғжоннинг бўй-басти яна ҳам чўзилиб, кучга тўлиб, бақувват йигитга айланган, узунчоқ қорамағиз юзида, кўз қарашлари, ҳатто одимлашида ҳам аллақандай шиддатли бир нарса пайдо бўлган эди.

Панжарадан чиқиши билан уни қариндош-уруғлари қуршаб олишди.

Чиройли ёш жувон унинг бошини эгиб икки юзидан чўлп-чўлп ўпди, қизлар кулишиб қўл узатишди, қизлардан кейин шляпа кийган серсавлат йўғон одамлар ва хивчиндай хушқомат йигитчалар навбатма-навбат қучоқлашиб, ўпишишиб узоқ кўришишди, ниҳоят, ҳаммаси катта оломон бўлиб, аэропорт биносига қараб йўл олишди. «Мени чақиргани эсида ҳам йўқ! Аҳмоқ бўлиб югуриб келибман!..»

Худди шу пайт, Самиғжон, гўё Матлубанинг кўнгил фарёдини эшитгандай, атрофга аланглаб қаради ва мунғайиб турган қизни кўриб, унга томон интилди. Лекин ёш жувон уни тўхтатиб, қулоғига бир нима деб шивирлади. Самиғжон «хўп» деб бош ирғади-да, Матлубага қараб югурди. Матлуба ҳам кўнгли бирдан равшан тортиб унга томон интилди. Самиғжон қадоқдай оғир катта қўли билан унинг майин кафтини оғритиб сиқаркан:
— Яхшимисан, Матлуб? — деди кулимсираб. — Битта ўпсам бўладими?

Матлуба қўлини тортиб олиб, орқага тисарилди.
— Ҳалиям ўшанақамисан? — деди Самиғжон.
— Қанақаман?
— Қишлоқи!
— Боринг. Қариндош-уруғларингиз безовта бўлишяпти! — деди Матлуба.

Самиғжон яна унинг қўлидан ушлади:
— Юр, бизникига!
— Йўқ, йўқ! — Матлуба чўчиб орқага тисарилди.
— Кимдан уяласан? Жа ғалати одатларинг бор-да!— деди Самиғжон, пешанаси тиришиб. — Хўп, бўлмаса... Эртага учрашсак... Қаерда учрашамиз? Ҳа, Темирйўлчилар паркида! Темирйўлчилар парки. Эсингдами? Волейбол ўйнаган жой. Соат бешда. Эсингдан чиқмайдими? — Самиғжон кўзини қисиб кулди-да, кутиб турган қариндошларига қараб чопиб кетди. У чопиб бориб қизларни қўлтиқлаб олди. Буни кўриб турган Матлуба, бирдан ўпкаси тўлиб. «Бормайман! — деди ўзича. — Агар ўлиб қолсам ҳам бормайман!»

Самиғжон гўё уни дарров эсидан чиқаргандай қизларни қўлтиқлаб, аэропортга кириб кетиши, қариндош-уруғларининг уни менсимай кинояли боқишлари Матлубани шундай ўкситдики, дакки еган содда қишлоқ қизларидай кўз ёшини тиёлмай пиқ-пиқ йиғлаб юборди, сўнг қизарган кўзлари билан автобусга чиқишга ийманиб камқатнов тротуардан пиёда кетди...

Кун ботган, лекин дарахтларнинг учлари, кўп қаватли баланд иморатларнинг пештоқлари чарақлаб кўзни олар, офтобда эриб, кигиздай майинлашиб қолган асфальтдан қўланса ҳид кўтариларди.

Матлуба кўзига ҳеч нарса кўринмай, туфлисининг пошнаси билан юмшоқ асфальтга «мих қоқиб» бораркан, шу маҳалгача Самиғжоннинг қариндош-уруғлари билан қизиқмаганини эслади. Қариндош-уруғлари у ёқда турсин, энди ўйлаб қараса, Самиғжоннинг ўзини ҳам яхши билмас экан. Яхши биладиган ўрталарида нима ҳам бўлди? Қишлоқда танишишди, кейин бир-икки марта у ер-бу ерда учрашишди, хизматга жўнаётганида ўпишиб хайрлашишди, ниҳоят, хат ёзишиб туришди. Шу!

Бунақа танишлар ҳозирги ёшлар орасида озмунча бўладими? Уч йилдан бери келган ҳамма совчиларни қайтарганида, танишмоқчи бўлган ҳамма йигитларга рад жавоби берганида... нимага умид қилган эди?

Йўқ, у эртага учрашувга бормайди. Самиғжон уни севмас экан, у ҳам Самиғжонга суйканмайди!.. Майли, қариндошлари унга танлаганларини олиб беришсин! Самиғжон уни «қишлоқи» деди, Матлуба қишлоқи бўлса, ҳалиги қизлардан биттасини ола қолсин!

Матлуба учрашувга бормасликка астойдил қасд қилса ҳам, эртасига соат бешга яқинлашган сайин юраги ўйнаб, бир жойда туролмай қолди. Қизнинг ихтиёрига бўйсунмаган бир куч уни паркка судрар, жойида ўтиришга қўймас эди. У ўзи билан ўзи олишиб, шундай чарчадики, соат бешга занг урганда ҳолсизланиб диванга йиқилди. Шу пайт уни телефонга чақириб қолишди.
— Матлуба, сенмисан? Хайрият кетмаган экансан!

Матлуба Самиғжоннинг гапларига эмас, телефонда баралла эшитилиб турган чинқироқ музикага қулоқ солиб, сукут сақлар эди.
— Гап шундаки, мен боролмайдиган бўлиб қолдим. Эшитяпсанми, Матлуба?
— Эшитяпман, — деди Матлуба. — Жуда яхши бўпти. Мен ҳам боролмас эдим.
— Нега? — деди Самиғжон кулиб. — Мендан хафа бўляпсанми? Биласан-ку ахир: бунақа пайтда келди-кетди кўп бўлади. Уйдан зўрға қутулиб чиқувдим, опам билан поччамлар судраб кетишди. Бу ерда... яна ўтириш. Зиёфат!.. — Самиғжон ширакайф одамларга хос хушнудлик билан кулди. — Кўриб турибсан-ку, ахир!
— Ҳа, кўриб турибман. Майли, опангизнинг қайинсингиллари билан бўлаверинг... — Матлуба бу гапни айтишга айтиб қўйиб ўзидан ғижинди: «Мунча бачкана бўлмасам!».
— Ие, ҳа? — деди Самиғжон. — Кошки опамларнинг сендақа ажойиб қайинсингиллари бўлса? Мана, опам ҳам куляптилар, сени айтяптилар, содда қиз экан деяптилар!.. Эшитяпсанми, Матлуба! Нега индамаяпсан?
— Нима дейман?..
— Эртага соат бешда. Ўшатта. Эшитяпсанми — соат бешу ноль-нолда. Кеч қолмагин тағин. Кўзим тўрт бўлиб кутаман. Эшитяпсанми, Матлуба?

Матлуба дили равшан тортиб жилмайди. — Агар чиндан кўзингиз тўрт бўлиб кутсангиз!..

* * *

Матлуба ишдан чиқиб, ательега борди. Унинг бундан бир ой муқаддам заказ қилган, лекин кеча Самиғжоннинг келишига тайёр бўлмаган кўйлаги тайёр бўлган экан. Эрталаб у янги кўйлаги билан янги туфлисини кийиб, икки ўрим сочини баланд қилиб турмаклаб, поликлиникага кириб келганида, ҳамма ҳайратда қолди. Ҳамшира қизлар эса: — Вой, мунча очилиб кетибсан, Матлуба!.. — деган хитоблар билан қарши олишди.

Матлуба бу хитоблар, ёш врачларнинг хушомадлари ва кутаётган учрашувдан боши гангиб, тушгача қушдай учиб юрди. Тушки овқат маҳалида халатини ечиб, буфетга кираёттан эди, кимдир мулойим овозда: «мумкинми, яхши қиз?» деб чақириб қолди. Матлуба бурилиб қаради-ю, юраги алланечук бўлиб кетди.

Йўлкада аэропортдаги чиройли ёш жувон турарди! Жувон қоп-қора ингичка қошларини чимириб, Матлубага разм солди, кейин: — Кечирасиз, яхши қиз, — деди. — Малол келмаса бир минут вақтингизни берсангиз. Ташқарига чиқа қолайлик. Бу ерда гаплашадиган холироқ жой йўқ экан.

Улар олдинма-кейин юриб, поликлиникадан чиқишди. Кўчанинг у юзидаги кичик гулзорга ўтиб, чинор тагидаги скамейкага ўтиришди.
— Матлубахон — деди жувон. — Сиз балки «бу нотаниш жувон нима қилиб юрибди», деб ҳайрон бўлаётгандирсиз?

Матлуба индамади. Унинг юрагидаги қўрқув сўнган, унинг ўрнини аллақандай совуқ бир туйғу эгаллаган, чунки жувон нима мақсадда келганини пайқаган эди.
— Мен... Самиғжоннинг опалари бўламан, — деди жувон жилмайиб, жилмайганда оппоқ тишларининг орасига қўйилган нафис тилла қоплама ялтиллаб кетди.
— Мен сизни... ўзимга синглимдай яқин олганим учун келдим, Матлубахон. Сиз жуда... содда, яхши қиз экансиз...
— Раҳмат.
— Йўқ, ўлай агар ёлғон гапирсам! Сиз менга жуда ёқдингиз. Агар ёқмаганингизда, оқ кўнгил бир қиз эканингизни билмаганимда бу ерга келиб юрмас эдим...

«Гапинг бўлса резинкадай чўзавермай айтиб қўя қолмайсанми?» Матлуба ранги ўчиб, кўзларини олиб қочди. Жувон хўрсинди.
— Кўриб турибман, мени хушламаяпсиз. Сиз Самиғжонни жуда яхши кўрсангиз керак... Бироқ оқибати нима бўлади? Яхшироқ ўйлаб кўрдингизми буни?

Матлуба энтикди.
— Оқибат... нима бўлишини укангиздан сўранг!
— Укамни қўйиб туринг, Матлубахон!
— Нега энди қўйиб турар эканман?
— Чунки... ҳозирги йигитларни биласиз. Айниқса Самиғжон. Шон-шуҳратдан маст бўлиб, қизларнинг хушомадларидан боши айланиб қолган. Ҳали кўришсаларингиз айтиб берар: армияда бир кун ҳам хизмат қилмабди. Икки йил Округ офицерлар уйининг физкультура командасида волейбол ўйнаб ўтказибди. Шаҳарма-шаҳар кезиб юрибди. Чет элларга чиқиб, бир даста диплом олиб, спорт мастери бўлиб қайтибди! Энди институтга кирмоқчи... Беш йил ўқиса, шаҳарма-шаҳар айланиб юрса! Яна чемпионатлар, чет элга чиқишлар, шон-шуҳрат, йўлини пойлаган жононлар!.. Сиз... Сиз соддагина бир қиз экансиз...

Матлуба кўнглининг бир четида унинг ҳақ эканига иқрор эди, лекин иқрор бўлгани учун ҳам баттар ёнди.
— Ундан кўра... сен укамга муносиб эмассан деб қўя қолинг! — деди у лаблари титраб.

Жувон бошидаги дуррасини тўғрилаб кулди.
— О, Матлубахон, Матлубахон! Ёшсиз-да, ёш! Мен сизнинг келажагингизни ўйлаяпман!
— Боя айтдим-ку, келажагим нима бўлишини укангиздан сўранг, деб!
— Мен ҳам айтдим-ку, укам ҳали турмушнинг аччиқ-чучугини татиб кўрмаган тантиқ бир йигит деб. У ҳозир ақл билан иш тутадиган аҳволда эмас!

«Ҳа-а... коса тагида нима коса бор экан-да! — Матлубанинг қалбида шўх туйғу жавлон урди. — Бундан чиқди Самиғжон билан гаплашган. Самиғжон мени деган!..»
— Майли-да! — деди у кескин. — Нима қилса ҳам ўзи қилсин! Сиз аралашманг!

Жувон бошини чайқаб хўрсинди-да:
— Нечага кирдингиз, Матлубахон? — деб сўради.
— Ҳар нечук, сиз ўйлагандек қариб қолганим йўқ!
— Мен ҳам шунинг учун сўрадим-да, ёшингизни!— деди жувон. — Самиғжон энди йигирма бирга кирди. Сиз кўп бўлса йигирмага боргандирсиз... Ҳозир қайси қиз ўз тенгдошига турмушга чиқади, Матлубахон?
— Бундан чиқди, сизнингча ҳозирги қизлар чолларга тегар экан-да!
— Чолга бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда, ўзидан ўн-ўн беш ёш катта одамга тегади. Мен ҳаммани эмас, ақлли қизларни айтяпман!

Матлуба бурнини жийирди.
— Ақлли қизлар, а? Аҳмоғингиз бордир бу ерда! Ўйлайсизки, ниятингизни билмайди деб? Бу насиҳатингизни ўша укангизга олиб бермоқчи бўлган қайн-сингилларингизга беринг! Тушундингизми?
— Тушундим! — жувон ранги ўчиб ўрнидан турди, кўзлари аллақандай совуқ чақнаб:
— Кеча сизни кўрганимда соддагина қиз экан деб ўйловдим. Энди қарасам... ичидан пишган экансиз! Ҳа, сиз укамга муносиб эмассиз! Унинг келажаги порлоқ! Ҳали донғи бутун дунёга кетади. Сиз укамга тегиб, унинг бошига дардисар бўлмоқчимисиз? Тегиб бўпсиз!

Жувон бунинг ҳаммасини тин олмасдан тез гапирди-да, Матлуба оғиз жуфтлаганича бўлмай, кўчадаги оломонга қўшилиб кетди. Матлуба ҳушига келганда жувоннинг аллақачон қораси ўчган эди.

Матлуба аввал ўксиб, кўзига милт-милт ёш олди, кейин ўпкасини босиб, ўзидан ғижинди, дилини чулғаб олган алам қишлоқ қизларига хос бўлакча бир ўжарлик билан алмашди:

«Йўқ, мен укангга дардисар бўлмоқчи эмасман. Бошда мен эмас, уканг менга ёпишган. Йўқ, чучварани хом санабсан! Самиғжондан айириб бўпсан мени!» Матлуба сумкасидан миттигина ойнасини олиб, тўзғиган сочларини тузатди, юзлари ловуллаб ёнган мулойим қизчанинг аксига қараб, кўз ёши аралаш жилмайди: «Чолга тег дейди-я! Ҳаммани ўзингдек кўрасанда!.. Керак бўлса... ўша қайнсингиллирингни чолга бер!.. Аҳмоғинг йўқ бу ерда!..

* * *

Самиғжон айтган жойида, бир маҳаллар волейбол майдони бўлган, ҳозир эса ўртасига катта фонтан ўрнатилган гулзорнинг атрофида айланиб юрарди. Эгнида енгсиз гулдор финка, оёғида кўзгудек ялтиллаган учи бигиз туфли, тўзғиган қалин сочлари ўзига ярашиб тушган. Самиғжон Матлубага аэропортдагидан ҳам хушсурат кўринди-ю, негадир яна кўзига ёш келди.

Самиғжон уни кўриб, тез юриб келди-да, қўлтиғидан олиб, четрокдаги скамейкага бошлади. Скамейкада муштдеккина бир кампир коляскада неварасини ўйнатиб ўтирар эди.

Самиғжон Матлубани қўлтиқлаб олганича кампирнинг ёнига ўтирди.
— Ярим соат куттирдинг. Бурун бунақа одатинг йўқ эди-ку?
— Биз икки йил кутганда сиз ярим соат кутсангиз нима бўпти?
— Ҳа-а? Балосан-ку! Биру ноль! — Самиғжон шундай деб кулди-да, тўсатдан қизни қучоқлаб юзидан, лабларидан, бўйнидан ўпа бошлади.

Унинг оловли бўсасидан нафаси қайтиб вужудидан ўт чиқиб кетган Матлуба, кампир ўрнидан турганини кўриб, ҳушига келди, қаттиқ талпиниб, Самиғжоннинг қучоғидан чиқди.
— Вой, нима қиляпсиз? Уялмайсизми одамлардан? — деди ҳансираб.
— Бе! Кимдан? Ана у кампирдан уяламизми? У ҳам роса ўпишгандир ёшлигида! — Самиғжон кўзлари ўт чақнаб, Матлубага яқинроқ сурилиб ўтирди. Матлуба унинг яна ўпишга чоғланаётганини кўриб, скамейканинг четига сурилди. Самиғжон хиёбондаги қиз-йигитлар кулимсираб қарашаётганини кўриб қовоғини солди.
— Ана холос! Одамлар менинг ўпичларимдан эмас, сенинг мана шу қилиғингдан кулишяпти! — деди у. — Шу одатларинг сира қолмади-қолмади-да!
— Одатимга нима бўпти? Бўлмаса сизга... учраган жойда ўпиб кетаверадиган текин қизни топибсиз-да!
— Ие, бу нима деганинг? — деди Самиғжон.
— Ўзингизни гўлликка солманг! — деди Матлуба кескин. — Агар мени десангиз олдин... олдин ЗАГСдан ўтинг, кейин билганингизни қилинг!
— ЗАГСдан ўтинг! — Самиғжон кўзларини лўқ қилди, кейин бирдан хоҳолаб кулиб юборди.

«Бундан чиқди... опахонларининг гапи тўғри экан-да!» — Матлуба рангида қони қочиб, энтикди.
— Нега куласиз?
— Ўзи куладиган гап қиляпсан-да!

«Яхши кўрса нега уйлангиси келмайди? Нега?» — деди Матлуба ичида. У бунга сира тушунолмас, Самиғжон эса ҳамон хоҳолаб куларди.
— Сичқонга ўлим, мушукка ўйин. Сиз мени қўғирчоқдай ўйнатиб, бир кун ташлаб кетмоқчисиз!
— Қизиқсан-а! Ҳозирги замонда ким ЗАГСни ўйлайди? Бир-бирини яхши кўргандан кейин...
— Яхши кўрсангиз... — Матлуба «тўй қилинг, уйланинг!» демоқчи бўлди-ю, ийманди.
— Яхши кўрсангиз... нега ЗАГСдан ўтишдан қўрқасиз?
— Тўхта! Ахир сен... ахир биз...

Самиғжон: «ахир биз бир-биримизни севамиз-ку!» демоқчи эди, лекин «севги» сўзи унга чучмал кўриниб, дудуғланиб қолди, сўнг юзи буришиб: — Ахир сен мени... яхши кўрасан-ку! — деб хитоб қилди.
— Сиз-чи? — деди Матлуба. Самиғжон асабийлашиб елкасини учирди.
— Менга нима бўпти? Ахир... бир-биримизни яхши кўрсак бўлди-да! Ўйнаб қолайлик... Бошқаси бўлаверар ахир!.. Наҳот шаҳарга келиб ҳеч нарсани ўрганмаган бўлсанг? Мен сени... туппа-тузук бўлиб қолгандирсан, деб ўйловдим!
— Мен сиз айтган туппа-тузуклардан эмасман! — деди Матлуба. — Бўлмайман. Бўлолмайман ҳам.
— Агар мен ўргатсам-чи?
— Раҳмат!

Тўсатдан Самиғжон қизнинг қўлидан «шап» ушлаб ўрнидан турғазди.
— Бўлди! Юр, бир жойга борамиз! Матлуба унга ҳадиксираб қаради:
— Қаёққа?
— Бир ўртоғим чақирган. Жиндай зиёфат бўлади. Менинг ёр-биродарларим билан танишасанми, йўқми?— деди Самиғжон кулиб: — Ё ЗАГСдан ўтмагунча танишмайсанми ?

Матлуба индамай парк дарвозасига томон йўналди. Самиғжон паркдан чиқиши биланоқ беш панжасини кўрсатиб, (бу унинг «беш сўм бераман» дегани эди) дуч келган биринчи машинани тўхтатди.
— Чилонзорга.
— Ўтиринглар!

Машина «газик» эди. Самиғжон Матлубани, орқа ўриндиққа чиқариб, ўзи ёнига ўтирди-ю, машина қўзғалиши билан яна боягидай маҳкам қучоқлаб олди. Матлуба унинг иссиқ лабларидан лабини олиб қочаркан, гоҳ ўзини кўриб кўрмаганликка олиб ўтирган шофёрдан уялар, гоҳ борадиган жойларини ўйлаб ваҳима босар, лекин шундай бўлса ҳам Самиғжонни силтаб ташлашга журъат этолмас, чунки унинг «қишлоқи» деб кулишидан қўрқар эди.

Машина узоқ юрди. Матлуба Чилонзорга борган бўлса ҳам ҳеч қачон савдо марказидан нарига ўтмаган эди, шунинг учун ҳам назарида, дунёнинг бир четига бориб қолгандай туюлди. Ниҳоят Самиғжон «келдик» деб машинани тўхтатди-да, сакраб тушиб Матлубага қўлини чўзди.

Улар катта кўчанинг муюлишига тушган, кўчанинг икки юзида эгизак болалардай бир-бирига ўхшаган тўрт қаватли бинолар солдатлардай саф тортиб турарди.

Самиғжон Матлубани қўлтиқлаб, кўчанинг чап юзидаги ҳовлига бошларкан:
— Сал қовоғингни оч, Матлуб! — деди ёлвориб. — Худди мендан қўрқаётганга ўхшайсан, а?
— Йўқ, ўзим...
— Шундай чиройли қиз!.. Ҳайронман: кийинишинг, юриш-туришинг жойида-ю, қилиқларинг... Ке, қўй, замонавий қизларга ўхшагин, Матлуб!
— Ўхшай олмасам-чи?
— Жуда ўхшаб турибсан-да! Фақат... қовоғингни оч! Қани бир жилмайгин. Яна!..

Самиғжоннинг мулойим кулиб гапириши, айниқса «Матлуб», деб эркалаб чақириши қизга у билан илк бор учрашган чоғларини, йигитнинг аллақандай беғубор шўхликлари, қизларни кулдириш учун ёнғоқ тепасида «Тарзан» бўлиб шохдан-шохга сакраб учишларини эслатди. Кўз олдига суюкли қишлоғи, тоғ этагидаги қалин ёнғоқзорлар келди-ю, юраги илиқ меҳрга тўлиб, беихтиёр жилмайди.
— Ҳа, бормисан? Мана энди мен яхши кўрган Матлубга ўхшадинг! — деди Самиғжон.

Улар арининг уясидай ғуж-ғуж болаларга тўла ҳовлидан ўтиб, қаршидаги уйнинг иккинчи қаватига чиқишди. Самиғжон «34» деб ёзиб қўйилган эшикнинг тугмасини босди. Эшик очилиб, остонада бўйнидаги галстуги бир томонга қийшайиб, сийрак малла сочлари тўзғиб кетган пакана хомсемизгина бир йигит пайдо бўлди. У ширакайф кўзларини Матлубага тикиб ишшайди:
— Э, бормисанлар, оламда? Қани, хоним, марҳамат қилсинлар! — Йигит Матлубанинг қўлтиғидан олмоқчи бўлиб қўлини чўзди, Матлуба худди ёш боладай ҳуркиб, Самиғжоннинг орқасига яширинди. Уни хом-семиз йигитнинг мастона ҳаракатигина эмас, ичкаридан эшитилаётган чинқироқ музика билан қизларнинг қаҳқаҳаси, айниқса йўлакни тўлдирган паға-паға тамаки тутуни-ю, аллақандай қўланса ҳид сескантириб юборган эди.

Пакана йигитнинг худди бўялгандай қип-қизил, қалин лабларида ғалати табассум жилва қилди:
— Ие, ҳа, намунча чўчийсиз, хоним? Бўри эмасмизки, еб қўйсак! — Йигит гапини тугатмаган ҳам эди, йўлакда у куни Самиғжонни кутгани аэропортга чиққан икки қиз кўринди. Қизлар Матлубага «салом» деган маънода бош ирғашди-да, Самиғжонни қўлтиқлашиб ичкарига бошлашди.
— Сиздақа кавалердан ўргилдик! — Кутавериб кўзимиз тўрт бўлди-ку, ўртоқ Матқобулов?

Самиғжон қизларни кўрганда Матлуба эсидан чиққандай, хушнуд кулиб ичкарига кириб кетди.
— Қани, хоним! — пакана йигит, қийшайиб қолган галстугини тўғрилаб, Матлубанинг билагидан ушлади.

Матлуба тўсатдан қишлокда эшиттан ваҳимали гаплари, мана шунақа зиёфатлару бу зиёфатларда бўладиган беҳаёликлар ҳақидаги «миш-миш»лар эсига тушиб:
— Йўқ, йўқ, кирмайман! — деб бақирди-да, қўлини тортиб олиб, зинадан пастга отилди. У биринчи қаватга тушганида орқадан ҳалиги йигитнинг:
— «Ҳой, Самиғжон! Тутиб келган кийигинг қочиб кетди, оғайни!» деган овозини эшитди. Самиғжон уни катта кўчага чиққанида қувиб етиб, қўлидан ушлади:
— Тўхта? Қаёққа қочяпсан? Нима бўлди сенга?
— Ҳеч нима! — Матлуба қўлини тортиб олиб, унинг юзига ғазаб билан тикилди. — Қаёққа олиб келдингиз?
— Қаёққа бўларди? Оғайнимникига келдик.
— Ўргилдим бунақа оғайнингиздан. Мен копток эмасманки, оғайнингизга оширсангиз!— Матлуба шартта бурилиб кетмоқчи эди, Самиғжон ушлаб қолди.
— Шошма-шошма, нималар деяпсан ўзи? Наҳот ҳазилни тушунмасанг?! Ахир оғайнимнинг хотини бор-ку!.. Бу жувонларнинг биттаси ўшанинг хотини-ку!..

Матлуба яна кўзлари чарақлаб кетди.
— Хотини бўлса... нега менга осилади? Сиз ҳам яхшисиз! Мени хомсемиз оғайнингизга ташлаб, унинг хотини билан... қўлтиқлашиб...

Матлуба гапиролмай юзини кафтлари орасига яширди. Самиғжон уни елкасидан қучоқлаб, кулди.
— Шу ҳам гап бўлди-ю! Булар жуда яхши, жуда оқ кўнгил, одамлар, ахир!... Сен... қанақасан ўзи?
— Майли, мен шунақаман! — деди Матлуба изтироб билан. — Улардақа бўлолмайман! Бўлишни хоҳламайман. Тушундингизми?

Самиғжон йўловчилар қизиқсиниб қараётганини кўриб, Матлубани четта тортди.

Қизнинг хатти-ҳаракатлари боя унинг кулгисини қистатган бўлса, энди ғашига тега бошлади. Айни замонда қизнинг сўзларида, аллақандай ички бир дард акс этиб турган маъсум чеҳрасида, ёш билан пардаланган катта қора кўзларида бўлакча бир поклик ва самимият бор эди. Самиғжон бу самимиятни сезар, сезгани учун ҳазилга буришга уринарди.
— Бундан чиқди... тўй бўлмагунча кўришмас эканмиз-да!
— Нега куласиз? Яхши кўрсангиз... нега қўрқасиз?

Самиғжоннинг юзидан изтироб акс этди.
— Ҳалиям қўрқаётганим йўқ. Лекин... кимга керак шу иш? Мен ҳали ўқийман, ахир!
— Ўқисангиз нима қипти? — деди Матлуба. — Сиз ўқийсиз, мен ишлайман. Сизга ёрдам бераман.

Матлуба: «Жоним билан хизматларингизни қиламан!» демоқчи бўлди-ю, Самиғжон ғалати кулимсираганини кўриб, лабини тишлади. Кўнглида эса унинг «хўп» дейишини илтижо қилар, агар у «хўп» деса чиндан ҳам унинг вафодор ёри, содиқ дўсти бўлишга қасамёд қиларди...

Самиғжон афтини бужмайтириб:
— Тўй, уй-рўзғор, қозон-товоқ, бола-чақа! Вой-дод! — деб кулди.

Матлуба бошини эгди, қўрқиб бўлса ҳам ўжарлик билан: — Войдод бўлса... мен ҳам бундай юролмайман, — деди.
— Бўлмаса кутар экансан-да! — деди Самиғжон,— Беш йилга чидайсанми?
— Майли, кутаман!
— Қариб қоласан-ку! — Самиғжон бу гапни айтишга айтиб қўйиб, дарров тилини тишлади. Чунки Матлуба тўсатдан ранги ўчиб, лаблари пирпираб кетди.
— Қариб қолишимдан қўрқсангиз... атрофингизда парвона бўлиб юрганлар билан бўлаверинг! Институтни битириб, машҳур бўлганингизда уйланасиз!

Матлуба шундай деди-да, ўзини катта кўчага отди. У ёқдан бу ёққа ғизиллаб ўтаётган машиналарнинг бири тормозини ғичирлатиб тўхтади, иккинчиси четга буриламан, деб ариққа қийшайиб қолди. Матлуба эса кўзига ҳеч нарса кўринмай, кўчадан ўтди-да, тротуардаги оломонга қўшилиб кетди... Самиғжон бир лаҳза қизнинг кетидан тикилиб турди, кейин қўлини бир силтаб, орқасига қайтди.

* * *

Ҳозир олти йилдан кейин, ўшанда Самиғжонга айтган гаплари, дарҳол «ЗАГСдан ўтасан» деб, оёқ тираб туриб олганлари Матлубанинг ўзига ҳам ғалати туюлади, буни ҳар эслаганида уятдан юзлари буришиб кетади. Лекин содда қишлоқ қизи, у ўша кеча Самиғжон билан алоқани узиб, тўғри қилганига амин эди. Тонг отгунча мижжа қоқмай, қоронғида шифтга тикилиб ётаркан, Матлуба ўшанда яна бир нарсани кўнглига қаттиқ тугди: ўқиши керак! Чунки наздида, Самиғжон ҳам, опаси ҳам уни шунчаки бир ҳамшира деб ўйлаганлари учун назарга илишмагандай туюлди. Агар у институтда ўқиганида улар ҳам бошқача муомала қилишар эди!.. Шунинг учун ҳам қишлоқи бир ўжарлик билан: «Агар бошимга тош ёғса ҳам ўқийман, кириш имтиҳонларидан сурункасига ўн йил йиқилсам ҳам ўқийман!» деб ўзига ўзи сўз берди. Самиғжон бу воқеадан кейин ҳам бир-икки марта Матлубахонни излаб поликлиникага келди. Лекин Матлуба унинг олдига чиқмади. У чиқмасликка чиқмас эди-ю кейин бир неча кунгача ҳеч қаёққа сиғмай, пушаймон чекиб юрарди. Умуман, Самиғжондан кўнглини узишга қаттиқ аҳд қилса ҳам уни зимдан кузатишда давом этар, газеталарда суратлари чиқса қирқиб олар, у ҳакдаги мақолаларни қайта-қайта ўқир, шундай пайтларда дугоналарига билдирмай хилватда йиғлаб кўнглини бўшатар эди.

Бир кун — унда Матлуба ТошМИнинг иккинчи курсида ўқир эди, — медиклар билан физкультурачиларнинг волейбол бўйича ўртоқлик учрашуви бўлди. Учрашувда Самиғжон ҳам қатнашди.

Матлуба Самиғжон кўриб қолишидан қўрқиб, ҳам шуни истаб, ўйинни бошдан охиригача томоша қилди.

Физкультурачилар учрашувни учу бир ҳисоби билан ютдилар. Уйиннинг охирида физкультурачилар Самиғжонни осмонга отиб, табриклашди. Уни табриклашиб, атрофида гиргиттон бўлганлар орасида қизлар кўп эди. Буни кўрган Матлуба майдондан секин чиқиб кетди.

Негадир кўнгли вайрон бўлган Матлуба, катта кўчада маъюс бораркан, тўсатдан унинг ёнига «Волга» келиб тўхтади-да, Самиғжоннинг «Матлуб» деган таниш овози эшитилди.

Матлуба юраги шиғ этиб, ялт этиб қаради, қаради-ю, машина тўла қизларни кўриб, ўзини яна оломон орасига урди.

Охирги сафар Матлуба Самиғжонни бешинчи курс имтиҳонларини топшириб, практикага кетаётганида кўрди. Бир кун кечқурун сўнгги имтиҳондан қутулган Матлуба хуррам кулиб, ётоқхонасига кирган эди, қўшни хонада турадиган бир қиз югуриб кирди:
— Сизни бир йигит чақиряпти! Жа кетворган йигит!

Матлуба дарров сезди: Самиғжон! Самиғжон ҳовлида папирос чекиб турарди. Матлубани кўрганда офтобда қорайган шиддатли юзида кинояли табассум жилва қилди.
— Мана, бир қошиқ қонимиздан кечармикансиз, деб келдик, Матлубахон!

Матлуба унга яқинроқ борди-ю, сесканиб кетди: Самиғжон оёқда зўрға турарди!.. Галстуги бир томонга қийшайиб қолган, кўзлари қизариб кетган, лаб-лунжи осилган...

Матлуба вужуди зир титраб орқага тисарилди.
— Тўхта, нега қочяпсан, Матлуб! — деди Самиғжон. — Мана, хоҳласанг ЗАГС дан ўтамиз. Агар сен учун менинг юрагимдан ЗАГС қоғози ортиқ бўлса, марҳамат, унга ҳам тайёрмиз!

У Матлубага яқинлашмоқчи бўлиб бир-икки қадам ташлаганди, қоқилиб кетиб, акацияни ушлаб қолди.

Матлуба қайрилиб ҳам қарамади. У ётоққа кирди-да, ўзини каравотга ташлаб йиғлаб юборди.

Шу-шу Самиғжон қайтиб келмади. Эҳтимол ўшанда маст бўлса ҳам Матлубадан ранжигандир. Ундан ранжимаган, кўнгли қолмаган ким бор ўзи? Биттаю битта синглиси Мастура бўлса... уни ҳам йиғлатди! Бултур институтни битириб, қишлоққа келгандан бери қанча жойдан совчи келди — ҳаммасини қайтарди, ҳаммасини ранжитди. Йигитлар уни кибор дейишади, баъзилар ҳатто бемеҳр, тошбағир қиз деб ўйлайди. Балки Самиғжон ҳам шу хаёлга боргандир? Матлуба бўлса... Кошкийди Самиғжон яна бир марта қидириб келса, келиб бир оғизгина илиқ сўз айтса... нималар қилмас эди Матлуба?.. Ҳижрон дудида лахча чўғ бўлган юраги ёшлик эҳтироси, қизлик меҳр-муҳаббати — ҳамма-ҳаммасини унга икки қўллаб тутмасмиди! Унинг садоқатли ёри, ҳамдард дўсти, сирдош ўртоғи бўлмасмиди? Бу ғурур бу, аламларни эсидан чиқариб, бир умр «чўриси» бўлмасмиди?..

Кошкийди одамлар буни билишса! У ҳам тирик жон эканини, ёшликда қўмсаган беғубор, пок муҳаббат орзусида ёниб битганини, қонида кўпирган эҳтиросини жиловлай-жиловлай чарчаганини, олдин Самиғжонни пушаймон қилдириб, кейин унинг мисоли бир чўриси бўлиш ниятида адойи-тамом бўлганини тушунишса!..

Йўқ, ҳеч ким буни билмайди, ҳамма уни «димоғдор» бир қиз деб ўйлайди.

Матлуба чуқур хўрсиниб ўрнидан турди, пастда, қоронғи жарликда шовиллаб оқаётган дарёга қулоқ солганича, бир-бир босиб орқага қайтди.

Мастура бошига будильникни қўқиб, диванда ғужанак бўлиб ухлаб ётар, йиғлаган бўлса керак, қовоқлари шишган, сочлари ёстиққа ёпишиб қолган эди. Матлуба юрагига қуюлиб келган опалик меҳридан кўнгли эриб, синглисининг маъсум чеҳрасига, нам киприкларига тикилиб, бирпас турди, сўнг алламаҳал бўлиб қолса ҳам, машина сўрагани санаторий директорининг уйига кетди.

Опа-сингил саноторийнинг алмисоқдан қолган тарақ-туруқ «газиги»да йўлга чиққанларида қорли чўққилар усти эндигина оқара бошлаган, лекин дара ҳали зим-зиё, тоғ бағридаги боғлар қорайиб кўринар, сойнинг шовуллаши аллақандай ваҳимали туюларди.

Улар барвақт йўлга чиқиб яхши қилишган экан, пачоқ машина гоҳ радиатори қайнаб, гоҳ мотори ўчиб, шаҳарга соат тўққиздан ошганда кириб боришди.

Қишлокдан иккиланмай чиққан Матлуба шаҳарга яқинлашган сари ҳаяжони ортиб, талмовсирай бошлади. Агар ёнида Мастура гуноҳкор боладай мунғайиб ўтирмаганда, балки ярим йўлдан қайтиб кетар эди.

У институт биноси кўриниши биланоқ машинани тўхтатиб, шофёрга жавоб берди, сочини, кийимларини тузатаркан, ҳаяжонини яшириш учун жўрттага дағал овозда:
— Қани, бошла! — деди синглисига. — Мен билмасам, қабул комиссияларинг қаёқда-ю, ўртоқ Матқобулов қаёқдалар?

Мастура олдинга ўтди. Унинг кетидан бораётган Матлуба институт олдидаги хиёбонларда юрган тўп-тўп қиз-йигитларни кўриб, беихтиёр тўхтади.
— Қаёққа чопасан? Матқобулов келадиган вақт бўлдими ўзи?
— Келган бўлишлари керак. Соат иккида мандат комиссияси. Ҳамма иш ўша кишининг қўлларидан ўтади-ку, ахир! — Мастура кўзлари жовдираб бир опасига, бир институт томонга қаради-ю, бирдан чеҳраси ёришиб кетди.
— Ана, кептилар! У ёққа эмас, бу ёққа қаранг. Кўрдингизми, қизлар билан гаплашиб турибдилар-ку!..

Матлуба ранги ўчиб, синглиси кўрсатган томонга қаради. Самиғжон қўлида шляпа, теракка суяниб, бир гуруҳ қизлар билан чақчақлашиб турарди. Узоқдан унинг чеҳраси аниқ кўринмас, фақат оппоқ тишлари йилтирар, лекин Матлубанинг назарида у ҳеч ўзгармаган, аксинча, яна ҳам яшариб кетгандай туюлди. Кутилмаганда Матлубанинг эсига Самиғжоннинг бир маҳаллар кулиб айтган гаплари тушди:
— Кутсанг майли-ю, лекин... қариб қоласанда!..»
— Ўша киши, — деди Мастура. — Танимадингизми?
— Танидим, — Матлуба қуруқшаб қолган лабларини ялади. — Танидиму бироқ... мени кечир, Мастур, мен бу одам билан учрашолмайман! Кейин... бир кун ҳаммасини айтиб бераман. Кечир, жонгинам! — Матлуба синглисини қучоқлаб юзидан ўпган бўлди-да, Самиғжон кўриб қолишидан қўрқиб, ариқ бўйидаги дарахтларни паналаганича чопиб кетди.

Мастура қулт этиб ютиниб институтга қараб кетди. У Самиғжонга учрашмасдан секин ўтиб кетмоқчи эди, лекин эшикка борганида Матқобулов кўриб қолиб, қизлар даврасидан чиқди.
— Ҳа, пучуқ, қаёқларда юрибсан? — деди у кулиб.— Кеча излаб тополмадим.

Мастура бошини хам қилиб, туфлисининг учи билан ер чиза бошлади.
— Мен кеча... қишлоққа борувдим.
— Шунақами? — деди Самиғжон. — Қалай, опангни кўрдингми?
— Кўрдим. Опамлар... ҳозир шўтта эдилар... Самиғжон бирдан ранги ўзгариб, атрофига олазарак бўлиб қаради.
— Қани? Қаёқда?

Самиғжоннинг юзида акс этган ҳаяжон, овозидаги титроқ мисоли бир нур бўлди-ю, Мастуранинг кўнглини қоронғи қилиб турган аллақандай шубҳаларни тўзғитиб юборди. У тўсатдан ҳамма нарсага тушуниб, секин хўрсинди.
— Опам... кетиб қолдилар. Сизни кўрдилару кетиб қолдилар...
— Нега? — деди Самиғжон. — Нега келди-ю, кетди?
— Билмасам...
— Тавба! — Самиғжон бўғилиб кетаётгандай бўлиб томоғини силади сўнг:
— Эҳ, Матлуб! Матлуб! — деб бош чайқади-да, мийиғида кулимсиради. — Опанг... Ҳалиям ўша-ўша эканда а?

... Матлуба эса, бу пайт институтдан узоқда шаҳар паркининг энг хилват жойида бир ўзи ўтирарди. У ўзи билан ўзи олишар эди: «Ҳозир қилган иши тўғри бўлдими, йўқми? Мастурага нисбатан, биттаю-битта синглисига нисбатан яхши қилмади, албатта. Лекин ҳозир Самиғжон билан учрашганда нима дерди? Ўшанда гапингизга кирмай аҳмоқлик қилган эканман, мана энди пушаймон бўлиб келдим, дейдими?»
— Йўқ, учрашмаганим яхши бўлди! — дерди Матлуба. Лекин кўзларини парк дарвозасидан узолмас, қаёққа кетганини синглисига айтмаганини унутиб, Самиғжон излаб келишини орзиқиб кутар, олисда унга ўхшаган йигит кўринса юраги ўйнаб кетарди. Келаётган йигит Самиғжон эмаслигига ишонгач, кўзига милт-милт ёш оларди.

Тошкент, 1966 йил

«Қайдасан, Морико» китобидан олинди («Шарқ», Тошкент – 2002).