OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОдил Ёқубов
Асар номиМуқаддас (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Одил Ёқубов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм241KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/03
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Аннотация
«Муқаддас» қиссаси олтмишинчи йиллар ёшларининг севимли асарларидан бири эди. Қисса — муҳаббат ҳақида, тўғрироғи, фожеий севги ҳақида. Чин муҳаббат, поклик ва ҳалолликнинг рамзи. Қисса қаҳрамони Шарифжон севгилиси Муқаддасга эришиш орзусида худбинликка йўл қўяди ва... суюклисидан айрилади. Чунки худбинлик ва ноҳалоллик ҳукм сурган жойда муҳаббат сўнади, ҳатто ўлади. Шу боисдан «Муқаддас» қиссаси бугунги кун учун ҳам, эҳтимол келажак учун ҳам ибратли бўлиб қолаверади.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Муқаддас (қисса)
Одил Ёқубов

Бу воқеаларга бир қиз сабаб бўлди. Қизнинг исми Муқаддас эди... Мен у билан биринчи марта институтда, кириш имтиҳонлари бўйича химиядан ўтказилаётган сўнгги консультация пайтида танишдим, йўқ, танишдим десам нотўғри бўларди, шунчаки икки оғизгина гаплашиш бахтига муяссар бўлдим...

Ўша воқеадан бир кун олдин мен заводдан отпускага чиққандим. Отпускам имтиҳон пайтига тўғри келишини билган ойим билан ўгай отам: «Институтга имтиҳон топшириб кўр, кира олсанг, яхши, кира олмасанг сендан нима кетади?» деб анчадан бери қистаб юришарди. Мен имтиҳон топшириб толеимни синаб кўришга қарши бўлмасам ҳам: «Бу гап заводдаги дўстларимнинг қулоғига чалинса: «Бир йил ишламасдан туёғини шиқиллатиб қолди-я деб кулишмасмикин?» деган андишаларга бориб, иккиланиб юрардим. Ўша куни нонушта вақтида бу гап яна қўзғалди-ю, розилик бермай иложим қолмади. Лекин қизиқ: шу ишга ўзим розилик берган бўлсам ҳам, уйдан чиққанимдан кейин: «Ишдан қочди, деган гапга қолмасмиканман?» деган ўйлар яна эсимга тушиб, кўнглимни ғаш қилди, шунинг учун ҳам қабул комиссиясига кирмасдан аввал, бу ёғини ҳам бир кўриб қўяй, деган фикр билан консультация ўтказилаётган аудиторияга кирдим.

Мен кирганда деразалари ҳовлига қараган узун, ярим қоронғи аудитория қиз-йигитларга лиқ тўлган эди. Қоп-қора ялтироқ сочларини силлиқ қилиб тараб олган ўрта бўйли ёшгина домла қўлидаги бўр билан доскани тақ-тақ уриб, уни тушуниш мушкул бўлган мураккаб формулаларга тўлдирмоқда эди.

Бахтимга эшикдан кирган жойда, ярим очиқ турган катта деразанинг тагида ўриндиғи ўпирилиб тушган бўш стул, унинг ёнида кимдир туртиб қулатиб кетган узун пачоқ скамейка ётарди.

Мен домла кўриб қолмасин учун тез бориб скамейкани турғизиб қўйдим-да, четига ўтира қолдим.

Аудитория дим, иссиқ ва аллақандай ёқимсиз тер ҳидига тўла эди. Домланинг «цинкум», «водород», «валентлик», «сульфат кислотаси» каби кимёвий терминларга тўлиб-тошган лекцияси қулоққа кирмас, бир меъёрдаги гаплардан мудроқ босарди кишини. Атрофимдаги қиз-йигитларнинг қисилган кўзларидан улар ҳам домланинг лекциясига зор бўлганларидан эмас, балки имтиҳон олдидан кўнгилларини тинчитиш учунгина келиб ўтирганларини пайқадим. Бироқ кириб қолгандан кейин дарров индамай чиқиб кетиш одобдан бўлмайди,— деган андишага бориб, мен ҳам ўтириб қолдим.

Лекцияга бир нафас қулоқ солиб ўтирдим, сўнгра гап оддий кимёвий реакциялар устида кетаётганини тушундим-да, ундан баттар зерикиб, деразадан ташқарига қарай бошладим.

Деразадан кенг, чор бурчак ҳовлининг фақат бир чети, фонтани бор катта цемент ҳовуз билан унинг атрофидаги гулзор ва уч-тўрт туп кекса сада кўринарди. Ҳовузда баданлари қуёшда чўяндек қорайиб кетган бир тўда болалар чўмилишарди. Саданинг тепасига чиқиб олган бир бола уларга тош отар, пастдагилар эса унга сув сепишар, лекин сепган сувлари етмагани учун сададаги бола кулар, пастдагилари эса ғазабланар, тош қидирардилар.

Бу манзарага жуда қизиқиб кетган эканман, тўсатдан: «Мумкинми озгина сурилсангиз?» деган овозни эшитиб ҳушимга келдим. Овоз шундай майин ва ёқимли эдики, гўё юзимга тоғ шабадаси теккандек, тез бурилиб қарадим.

Ёнгинамда оқ шойи кўйлак кийган ўн етти-ўн саккиз ёшлар чамасидаги қиз турарди. У кечикиб келганимни домла кўриб ранжимасин деб қўрқаётган бўлса керак, катта-катта қора кўзларини домладан узмасдан, қаддини сал букиб турар, ўзи ҳам шошиб, югуриб келган бўлса керак, икки ўрим майин, қўнғир сочларининг учлари ечилиб, кўйлагининг этагини бутун қоплаб олганди.

Бундай қизни биринчи кўришим эди. Унинг чеҳрасида, ҳатто бутун қиёфасида ҳали гард юқмаган ёшлик ва беғубор қизлик иффати барқ уриб турардики, ўзимни йўқотиб қўйиб, унга жой беришни ҳам унутибман.

Қиз кўзларини домладан узиб менга қаради ва қошларини сал чимириб ўпкалангансимон:
— Озгина сурилиш шунча қийинми? — деди секин.

Шундагина ўзимга келдим, ёнимга ўтирмоқчи эканини тушуниб, шоша-пиша сурилиб ёнимдан жой бердим.

Қиз ўтирди. Юрагим нимагадир дук-дук урар, нафасим бўғиларди. Бир лаҳза шу аҳволда унга қарашга журъат этолмай иккиланиб ўтирдим, кейин секин кўз қиримни ташладим.

Қиз кўзларини дам домлага, дам олдидаги дафтарига тикиб, доскадаги формулаларни кўчирмоқда, ўзича пичирлаб, нималарнидир такрорламоқда эди.

Мен ён томондан унинг узун киприкларининг пирпирашини, нимагадир чимирилган бахмалдек қоп-қора қошларини кўрдим-у, юрагим яна гуп-гуп уриб, кўзларимни олиб қочдим. Назаримда ҳамма бизга тикилиб қараётганга ўхшарди. Тўсатдан қиз мен томонга энгашиб:
— Кечирасиз, домла ўчириб қўйдилар, мана бу формуланинг ёзилиши тўғрими? — деб сўради секин.

Мен ҳам унга томон энгашарканман, пешонамга майин соч толаларининг тегаётганини сездим, лекин кўзларимга ҳеч нарса кўринмас эди.
— Тўғри, — дедим шошиб.
— Қизиқ. Нимага бўлмаса буёғи чатоқ чиқяпти? Мен зўр куч билан ҳушимни тўплаб, дафтарини олдимга тортдим-да, ҳарфлар ва рақамлардан тизилган узун, мураккаб формулага тикилдим.

Шу топда мен шундай бир аҳволда эдимки, бу формуланинг хатосини топиш у ёқда турсин, миямга ҳеч бир фикр келмасди, лекин... (бу ҳам бир бахтдир-да!) тўсатдан гўё миямда бир нур «ярқ» этиб, қизнинг «валентлик» билан «атом» тушунчаларини чалкаштириб юборганини сезиб қолдим.
— Қачондан бери водород икки валентли бўлиб қолди? — дедим мен унга қараб. — Кислородни тўртвалентли қилиб қўйибсиз-ку.
— Мен атомлар сонини кўрсатган эдим, — деди қиз ва мени гапиришга ҳам қўймасдан бошини тез-тез силкитиб кулди.
— Ҳа, ҳа, тушундим, тушундим!..

Сўнгра дафтарини олдига тортиб формулани қайта ёзди-да, аллақандай порлаб турган миннатдор кўзлари билан менга бир қараб қўйди.
— Раҳмат сизга! — деди у ва секин кулди: — чарчаса шунақа бўлар экан...

Ёшликда муҳаббат нималигини ҳали яхши англаб етмаган, лекин кўнгил севгини қўмсай бошлаган бир даврда шунақа пайтлар бўлар эканки, бундай чоғларда чиройлигина эмас, истараси иссиқ қиз бўлса ҳам бир жилмайиб боқишидан, бир оғиз илиқ сўзиданоқ маст бўлиб қолар экан киши.

Мен ҳам у маҳалда шундай даврни бошимдан кечираётганим учун бўлса керак, юлдузи иссиқ бу қизнинг ширин муомаласи жуда эритиб юборди.

Чиндан ҳам маст эдим. Қулоқларим тагида гўё унинг майин овози қайта-қайта такрорланар, «Раҳмат сизга» деган сўзлари руҳимни эркаларди.

Консультация тамом бўлди. Аудиториядаги қиз-йигитлар шов-шув билан эшикка томон ёпирилди. Мен дафтар-китобларимни йиғиштирдим-у, нимагадир чиқиб кетолмасдан тўхтадим. Мен қизни кутардим. Лекин фақат шунинг учун тўхтаб қолганимни ҳали ўзим ҳам сезмас эдим. Шу маҳал тўсатдан биз томон жилмайиб келаётган силлиқ сочли ёш домлани кўриб қолдим. Даставвал мен унинг нимага илжаяётганини фаҳмлай олмасдан ҳайрон бўлдим, лекин кўзим қизга тушди-ю, дарҳол тушундим: домла қизга қараб жилмайиб келар, қиз эса нима учундир, гоҳ дафтар-китобларини тахлар, гоҳ яна столга ташлар, қулоқлари ловиллаб ёнар, ҳаяжонланаётгани чеҳрасида акс этиб турарди.

Хаёлимга: «Нега бундай ҳаяжонланади?» деган фикр келди, ўзимни болалар орасига уриб, ташқарига чиқаётганларга қўшилиб кетдим, лекин эшикка яқинлашгач, беихтиёр тўхтадим. Ўз ихтиёримдан кучлироқ бир нарса мени тўхташга мажбур этди. Шу пайт домланинг «Салом, Муқаддасхон!» деган мулойим овозини, сўнгра қизнинг секингина: «Салом!» деб жавоб берганини эшитиб, бурилиб қарадим. Улар бояги жойда ёнма-ён туришарди. Қиз кўзларини ерга тикиб, столда ётган дафтарларини дам очиб, дам ёпар, йигит эса унинг юзига, уялганидан бўлса керак, сал чимирилган майин қошларига термилиб қолган эди. Унинг қизга бундай тикилиб туриши негадир ғашимни келтирарди. Лекин нега?

— Бугун кечикдингиз? — деди домла кулимсираб. Қиз индамади, фақат бошини силкитиб тасдиқлаб қўя қолди.
— Ҳамма саволларга тушундингизми?
— Ҳа, — деди Муқаддас.
— Агар тушунмаган саволларингиз бўлса...
— Йўқ, ҳаммасига тушундим! — деди қиз ва бирдан дафтар-китобларини тез йиғиштириб, домланинг ёнидан ўтди-да, эшикка қараб юрди.

Мен унга йўл бериш учун тисарилаётиб кўзим яна домлага тушди. У бошини сал эгиб, Муқаддасга ер тагидан тикилиб қолган, қизнинг жавоби уни саросимага тушириб қўйгани кўриниб турарди.

Йўлакка чиққанимда, Муқаддас унинг охирига етиб зинапоядан пастга туша бошлаган эди. Мен жадалладим ва йўлакда у ёқдан бу ёққа юрган қиз-йигитларни туртиб-суртиб, Муқаддас билан кетма-кет кўчага чиқдим. Муқаддас ўнг қўлга бурилган ва эндигина беш-олти қадам юрган эди. Мен ҳам у бурилган томонга бурилдим. Яна худди боягидек ўз ихтиёримдан устун бўлган бир куч мени унинг кетидан юришга мажбур қилди. Лекин унга яқинлашишга журъат этолмас эдим. Мен унинг ўримлари ечилиб, кўйлагининг этагини қоплаб олган ва гоҳ ўнгга, гоҳ чапга тўлғанаётган қўнғир сочларидан кўзларимни узолмасдан борарканман, Муқаддаснинг тўсатдан ўгирилиб қарашидан ҳадиксирардим, назаримда ўгирилиб қараса, менинг нима учун эргашиб келаётганимни пайқаб қоладигандек туюларди.

Муқаддас муюлишга етганда рўпарадан тўладан келган, ўнг қошининг четида катта қора холи бор бир қиз чиқдию, иккиси тўхтаб гаплаша бошлади. Мен ҳам тўхтадим. Нима қилишимни билмаганимдан, худди осмонда бир нарса бордек, кўкка тикила бошладим. Бахтимга сал ўтмасдан иккови ажрашди. Муқаддас муюлишдан ўнг томонга бурилиб кетди, қиз эса менга қараб юрди. У ерга тикилганича ёнимдан тез юриб ўтаркан, ўзича нимагадир илжайиб қўйди. «Нимага кулимсиради? Наҳотки сезиб қолган бўлса?»

Муқаддас бурилган кўчада, муюлишдан юз эллик — икки юз қадам нарида, институтнинг қизлар ётоғи бор эди. Мен бу ётоқхонани яхши билардим, чунки ўтган йили ҳам институтга имтиҳон топшириб юрганимда Муқаддасга ўхшаган бир қизни яхши кўриб қолган эдим, у қиз ҳам шу ётоқда турарди. Мен ҳар куни эрталаб уни бир кўриш умидида ётоқхонанинг ёнига бир келиб кетардим. Кўчанинг нариги юзидан ётоқхонанинг деразаларига тикилиб ўтарканман, биров кўрса бу ерда нима қилиб юрганимни сезиб қоладигандай, юрагим пўкиллаб турарди. Кейин у қиз инсти-тутга кирди, мен эсам киролмай қолдим-у, аста-секин эсимдан чиқариб юбордим... Наҳотки, Муқаддас ҳам шу ётоқхонада турса?

Муқаддас тўхтади. Ётоқхонанинг олдида турган қизлар тўпига қўшилиб бир зум кўринмай қолди, сўнгра унинг хипча келишган қомати зинапоя устида бир кўринди-ю, яна ғойиб бўлди. Икки ўрим узун қўнғир сочларининг сўнгги марта нафис тўлғанганини кўриб қолдим.

Муқаддас ётоқхонага кириб кетиши билан мен ҳам ҳушимга келдим. Унинг менга кулиб қараган қоп-қора маъсум кўзлари эсимга тушиб, «Раҳмат сизга!» деган мулойим овози қулоқларим остида қайта жаранглагандек туюлди-ю, аъзойи баданимдан иссиқ чиқиб кетди...

Орқамга қайтдим. Муюлишга етганимда тўсатдан ҳужжатларимни ҳали топширмаганим эсимга тушиб қолди... Секин юриб институт рўпарасидаги дарахтзор майдонга бордим. Шохлари бир-бирига чирмашиб кетган садалар, нозик акациялар, уларни қучоқлаб, бошларини силаб турган қудратли эманларнинг соясидаги қатор ўриндиқларнинг ҳаммасини қиз-йигитлар эгаллаб олган. Ҳаммасининг қўлида китоб. Лекин менга шундай туюлдики, худди улар бу ерга дарс тайёрлаш учун эмас, чақчақлашиб ўтириш учун келганлар. Узун хиёбоннинг ўртасига борганимда, чап томондаги скамейкаларнинг бирида ўтирган иккита қиз билан ингичка мўйлов қўйган бир йигитча ўринларидан турдилар. Йигитча дарҳол иккита қизнинг ўртасига кириб уларни қўлтиқлаб олди, бир нимани айтиб уларни кулдирди ва учови хохолашиб, институтга қараб кетдилар. Уларнинг ўрнига ўтирарканман, «Наҳотки шулар кирганда мен киролмасам?» деган фикр кўнглимдан ўтди ва негадир яна Муқаддас эсимга тушиб кетди... Эрта-индин мана шунақа олифталардан биттаси шу хиёбонларда уни ҳам қўлтиқлаб юрмасмикин? Ё мен бу олифтадан камманми? Нимага бу ўқиганда мен ўқимас эканман? Ўқишга киришнинг нима айби бор? Ҳеч айби йўқ!»

* * *

Шундан кейин уч-тўрт кунгача Муқаддасни кўролмадим. Лекин у ширин бир туш каби сира хаёлимдан кўтарилмас эди. Кечқурунлари китобдан чарчаб, уйқум келмасдан юлдузларга тикилиб ётган чоғларимда, доим уни эслардим. Консультация куни энгашиб савол берганида пешонамга теккан майин соч толалари, мулойим табассуми кўз олдимда бир зум гавдаланар, қулоқларимга «Раҳмат сизга» деган майин овози эшитилиб кетарди-ю, тотли ва ҳароратли бир туйғу қалбимни тўлдирарди... Шу алфозда икки кун ўтди, учинчи куни биринчи имтиҳон эди... Менинг келажагим, ўқиш ё ўқимаслигим шу имтиҳонга, тўғрироғи, ўша ажойиб қизни учратиш-учратмаслигимга боғлиқ эди. Шундай деб ўйлаганим учун бўлса керак, ўша куни жуда эрта турдим. Ойим дамлаб қўйган чойни наридан-бери ичдим-да, йўлга тушдим. Ойим кетимдан кўчага чиқди. Индамасам институтгача борадиган. Қаттиқ койиб бердим.

Институтда одамнинг кўплигидан эшикка яқинлашиб бўлмас эди. Мен ўтган йилиёқ имтиҳон пайтида, ўқишга сира алоқаси бўлмаган одамларнинг ҳам институт остонасида санқиб юришини кўп кўрган эдим, лекин назаримда бу йил одам ўтган йилгидан ҳам кўп эди. Бир минутга уларнинг ҳаммаси кўзимга меҳнатдан қочиб юрган эркатойларга ўхшаб кўринди-ю, ғазабим қўзғади, лекин шу пайт хаёлимга: «Ўзинг-чи, ўзинг нима қилиб юрибсан?» деган фикр келиб, кўнглим ғаш бўлди. Хижолат бўлиб ўзймни оломонга урдим. Туртиб-турткиланиб юриб эшикка зўрға етиб олдим-да, ўша ерда навбатчилик қилиб турган юқори курс студентларига имтиҳон қоғозимни кўрсатиб, юз машаққат билан ичкарига кириб олдим.

Ичкарида ҳам одам кўп эди. Қатор эшикларнинг олдида, ҳар ер-ҳар ерда тўп-тўп бўлиб ёшлар турар, уларнинг шивирлашган ҳаяжонли овозлари эшитилар, асабий ҳаракатлари кўзга ташланарди. Бу ерда ҳукм сурган аллақандай ваҳима менинг ҳам вужудимга сингиб, гўё қон томирларимдан юрагимга бориб етди-ю, тўсатдан оёқларим мадори қуригандай бўлди. Муқаддас кўринмас эди. Наҳотки бошқа факультетга кирган бўлса? Зинапоядан секин юриб иккинчи қаватга чиқдим-да, юрагим гуп-гуп уриб чап қўлга бурилдим.

Тор йўлакнинг нариги бошига яқин жойда, мен имтиҳон топширадиган ўттиз бешинчи аудиториянинг олдида бир гуруҳ абитуриентлар тўпланганди. Имтиҳон бошланишига уч-тўрт минут қолган. Уларга қараб беш-олти қадам босганимда юрагим бирдан «шиғ» этиб, аъзойи баданим жимирлаб кетди: қизларнинг орасида Муқаддас ҳам бор эди!

Муқаддас тескари қараб турган бўлса ҳам мен уни дарров танидим; оқ шойи кўйлагининг этакларига тушиб турган икки ўрим қўнғир сочидан ва айтиб бериш жуда қийин бўлган яна алланималаридан танидим. Муқаддас бошини тез-тез ирғатиб, ёнидаги дугоналарига нима тўғрисидадир куйиб-пишиб гапирмоқда эди, яқинлашиб қолганимда қизлардан бири унга мени кўрсатиб бир нима деди. Муқаддас «ялт» этиб қаради ва юрагимни оловли ҳаяжонга тўлдириб, менга томон бир қадам босди-да, яна тўхтади. Унинг жовдираган қуралай кўзларидан, тортиниб, уялиб қарашидан бир нимани сўрашдан ийманаётгани кўриниб турарди.

— Вой айтавер, нимаси уят? — деди шу вақт қизлардан бири. Бу ўша тунов куни муюлишда учраган ва ёнимдан ерга қараб кулиб ўтиб кетган қора холлик қиз эди.

Тўхтадим. Муқаддас менга томон яна бир қадам ташлади-да, у ҳам тўхтади:
— Кечирасиз, — деди у, негадир қизариб тирноқларига тикилди, — кечирасиз, мен Абдуллаева бўлганим учун биринчи беш киши қаторида киришим керак эди. Шунга... шундан жуда қўрқяпман. Менинг ўрнимга киролмайсизми? Бошқаларга айтсам ҳеч ким унамаяпти. — Муқаддас бошини кўтариб юзимга қаради. Унинг кўзлари айни вақтнинг ўзида ҳам умид, ҳам илтимос ва тасвир этиш қийин бўлган аллақандай ҳисларни ифода этиб, порлаб, жовдираб турарди.

Олдин шошиб қолдим. Муқаддаснинг бу илтимоси уч-тўрт кундан бери чизиб юрган ҳамма режаларимдан ҳам аъло чиққани учун бўлса керак, ўзимни йўқотиб қўйдим. Фақат Муқаддас бошини кўтариб, аллақандай қўрқиб қарагандагина ҳушимга келдим ва «хўп» деб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолдим.

Одатда имтиҳонга биринчи бўлиб кириш, кузда совуқ сувга шўнғишдан ҳам қийин туюлади, ҳатто ўз билимига ишонган киши ҳам нимадандир ҳадиксираб, эти жунжикиб туради. Бу жиҳатдан мен ҳам ўзимни довюраклар қаторига қўшолмайман, лекин бу сафар мен «хўп» деб жавоб берганимда, Муқаддаснинг қоп-қора кўзларида чақнаган миннатдорлик ифодаси кўнглимга далда берди чамаси, имтиҳонга жуда дадил кирдим, одатдагидек иккиланиб турмасдан билетни ҳам дадил олдим...

Мен «омад» деган сўзга ишонмайман, лекин «омад келиши» рост бўлса, шу сафар менинг омадим юришган экан! Менга айни ўзим тилаб юрган саволлар тушган эди: биринчи савол — саккизинчи синф программасидан Ньютон қонуни, иккинчиси қаршилик кучи, учинчиси осонгина бир мисол!..

Мен бу саволларни шунчалик яхши билар эдимки, ҳатто: «Тайёрлик кўриб ўтирмасданоқ жавоб бериб қўя қолсаммикин?» деган фикрга ҳам бордим, фақат хаёлимни йиғиштириб, ўзимни босиб олиш учунгина ўтириб ҳозирлик кўра бошладим.

Имтиҳон олувчи комиссия икки кишидан иборат эди: биттаси олтмиш ёшлар чамасидаги, туксиз юмалоқ боши қуёшда чўғдек қизариб, жигарранг тусга кирган бир чол эди, иккинчиси тунов куни консультация вақтида Муқаддаснинг ёнига келиб ҳол-аҳвол сўраган силлиқ сочли таниш ёш домла эди. Мен ўтиришим билан у қўлида бир варақ қоғоз ушлагани ҳолда эшикка борди ва у ерда навбатчилик қилиб турган студент йигитчадан:

Таваккал қилиб биринчи бўлиб чиқдим. Даставвал ёш домла Муқаддасни сўраганини эшитганимда бир оз ҳадиксираган, савол ёғдириб йиқитишга ҳаракат қилмаса деб хавотирланган эдим. Лекин у фақат битта қўшимча савол берди. У ҳам бўлса атом ядроси тўғрисида эди. Мен бўлсам бу мураккаб ҳодиса билан шунчалик қизиқар эдимки, ҳатто ўрта мактаб дарслигидаги маълумотларгина эмас, атом тўғрисида босилиб чиққан ва кўзим тушган оммабоп мақола ва брошюраларни ҳам қидириб топиб, ўқиб юрар эдим. Кекса домла буни жавобимнинг бошиданоқ сезиб қолди шекилли, гапим тугамасданоқ:
— Бўлди, ўғлим, бўлди, балли, — деди ва имтиҳон қоғозимни олиб, қўл қўя бошлади.

Мен имтиҳон қоғозимни олиб қарамасданоқ беш олганимни тушундим ва тўсатдан ўзимни қушдек енгил ҳис этиб ташқарига отилдим.

Йўлакда мени Муқаддас кутиб турарди! У рўпарадаги чанг босган ёпиқ деразанинг олдида, физика дарсликларини кўкрагига босиб, иккита қиз билан гаплашиб турарди. Лекин эшик очилган ҳамон «ялт» этиб қаради. Шу қарашидан, катта-катта қора кўзларида бирдан чақнаган аллақандай ифодадан у мени кутиб, мен учун қайғуриб, ҳатто хавфсираб турганини билдимда, кўнглим яна ҳам чарақлаб кетди.

Муқаддас жилмайганича олдимга кедди.
— Нима бўлди? — деди у қўлимдан ушлаб. Менинг «беш» деган жавобимни эишитиши билан чеҳрасидаги гуноҳкор ифода чуқур ички бир шодлик билан алмашди-ю, юзига гўё ёруғ бир нур қуюлди.
— Вой, мен сизни йиқилиб қолмасангиз деб шундай қўрқдим, шундай қўрқдимки! — деди Муқаддас кулиб.

У яна бир нима демоқчи эди, лекин шу маҳал эшикда турган йигитча:
— Ўртоқ Абдуллаева! — деб чақириб қолди. Муқаддас сесканиб кетди-да, дарҳол эшикка томон юрди, йўл-йўлакай бурилиб қаради:
— Энди менинг ҳам беш олишимни тилаб туринг! — деди у ҳаяжонли, титроқ овоз билан.
— «Тилаб туринг...» бу нима дегани? Мен чиққунча кетиб қолмасдан кутиб туринг, дегани эмасми?.. Қандай ажойиб қиз!..

Узун йўлакда секин юра бошладим. Боя даставвал кириб келганимда йўлакда ҳукм сурган овозлар, ваҳимали гаплар энди тағин ҳам кучайган эди. Кимдир йиғлар, кимдир уни юпатар эди. Лекин ажабо: бу галпарнинг маъноси менинг хаёлимга бориб етмас, мен фақат битта овозни — Муқаддаснинг мулойим овозини эшитар эдим. Қулоқларим тагида унинг: «Вой, мен сизни йиқилиб қолмасангиз деб шундай қўрқдим, шундай қўрқдимки!» деган сўзлари тинимсиз такрорланар, ажиб бир мусиқа каби руҳимни эркалар, хаёлимни кўкларга кўтарарди.

Ярим соатча шу аҳволда юрдим. Сўнгра эшикка тикила бошладим. Мен билан баравар кирганларнинг ҳаммаси қайтиб чиқишди, улардан кейин кирганлардан яна битта қиз ҳам чиқди. Муқаддаснинг эса ҳамон дараги йўқ. Аста-секин юрагимда тўлиб-тошган шодлик аллақандай тараддуд ва қўрқув билан алмаша бошлади...

Қизиқ, Муқаддас кечиккан сайин менинг ҳам ҳушим ўзимга кела бошлади. Мен энди атрофимдаги қиз-йигитларни таний бошладим, уларнинг гап-сўзларига, яхши топшириб чиққанларнинг шодлигига, йиқилиб чиққанларнинг қайғусига тушунадиган бўлиб қолдим. Боя йиғлаётган қизга эътибор бермаган бўлсам, энди унинг худди Муқаддасга ўхшаган ёшгина бир қиз эканини кўриб, раҳмим келиб кетди.

Қизнинг атрофини қуршаб олган уч-тўртта дугоналари уни ҳамон юпатишар, у бўлса ҳеч кимга қулоқ солмасдан куюниб-куюниб йиғлар эди. Мен уни кўрдим-у, негадир ёш домланинг тунов куни Муқаддаснинг кетидан жимгина ғамгин тикилиб қолгани эсимга тушиб кетди... Кўнглимдаги бояги шодлик энди қандайдир оғир ваҳима билан алмашди. Лекин худди шу маҳал эшикдан Муқаддас кўринди. Унинг аллақандай чарақлаб кетган кўзларига, худди гулханнинг таптида тоблангандек гул-гул ёнган юзига кўзим тушиши биланоқ имтиҳонни муваффақиятли топширганини англадим. Унга қараб интилдим, қўлини сиқиб табриклаш учун шошилдим, лекин йўлакда турган қиз-йигитлар уни мендан олдин қуршаб олдилар... Қизлар у билан ўпишиб кетишди, йигитлар эса қўлини қисиб табриклай бошладилар. Сўнгра Муқаддас йиғлаётган қизни қучоқлаб ниманидир қизғин тушунтиришга киришди. Мен эсам... наҳотки, мени эсидан чиқариб юборган бўлса...

У атрофга аланглаб, кимнидир қидира бошлади, тўсатдан кўзларимиз тўқнашди, юзидаги табассумдан мени излаганини тушундим!

У менга қараб юрди, мен унга.
— Табриклайман, Муқаддасхон!

Муқаддас бутун вужуди билан кулиб, қувнаб жавоб берди:
— Раҳмат! Кўрдингизми, навбат алмашганимиз қандай яхши бўлди! Сиз ҳам беш олдингиз, мен ҳам! Энди доим шунақа қилайлик! Бўптими? — деди у.
— Бўпти, — дедим чин юракдан қувониб.

У юзимга бир секунд тикилди, гўё мени биринчи марта кўраётгандек аллақандай синовчан назар билан тикилди, сўнгра ерга қаради. Унинг нимадандир хижолат чекиб қулоқлари бирдан ловиллаб ёнганини кўрдим-у, ўзим қизариб кетдим. Муқаддас дилимдаги ҳисларни сезган эди!..

Ўртамизда қандайдир бир ўнғайсизлик вужудга келди. Бу ўнғайсизлик бизни йўлакда юрган навбатчи йигитнинг: «Имтиҳон топшириб бўлганлар бу ерда турмасин!» деган буйруғи қутқазди.

Секин юриб биринчи қаватга тушдик, сўнгра кўчага чиқдик ва остонани қуршаб олган оломонни зўрға ёриб, ётоқхона томонга ўтиб олдик. Лекин энди нима қилиш керак? Буни иккимиз ҳам билмас эдик. Мен Муқаддаснинг тўсатдан тумтайиб, индамай қолганидан бирга юришимиздан сиқилаётганини, уни уялтирмаслик учун хайрлашишим кераклигини сезиб турдим, лекин оёқларим ўз ихтиёримга қарши мени илгари судраб борар, орқада қолмоқчи бўлсам ҳам қололмас эдим.

Қуёш баланд кўтарилиб, ҳаммаёқни иссиқ алангага кўмиб юборганди. Ҳарорат шунчали зўр эдики, тротуарнинг соя тушмай қолган жойларига оёқ қўйиб бўлмас, иссиғи туфлидан ўтиб товонни куйдирарди.

Ҳавода ғир этган шабада йўқ, дарахтлар ҳам одамлардек иссиқдан толиб, мудраб турарди. Қани энди шундай пайтда Муқаддас «хўп» деса-ю, бирорта серсоя хиёбонга кириб дам олсак, ё бирга дарс тайёрласак!

Бирдан нима ҳам бўлди-ю, кўзим иккинчи қаватнинг тепасига тушди. Биз имтиҳон топширган аудиториянинг энг четги деразаси олдида иккимизга қандайдир маъюс тикилиб... бояги ёш домла турарди! «У нима қилиб турибди? Нега бундай тикилиб қарайди»— деб ўйладим. Бир зумда қалбимни тўлдирган ёруғ ҳисларга ҳам аллақандай соя ташлагандек туюлди.

Домланинг кузатиб турганини Муқаддас ҳам кўриб қолдими, ё уялганидан шундай қилдими, ишқилиб муюлишга етмасданоқ тўхтади ва ерга тикилиб:
— Сиз қаёққа кетяпсиз? — деб сўради. Мен шошиб қолдим. Азбаройи нима деб жавоб беришимни билмаганимдан:
— Мен... агар бўш бўлсангиз дарс тайёрлардик! — деб юбордим. Муқаддас бопшни яна ҳам пастроқ туширди.
— Кечирасиз, мен боролмайман.
— Нега?
— Негаки... мен ўзим шунақаман, — деди Муқаддас, — беш олган куним ҳеч дарс тайёрлай олмайман.
— Бўлмаса... кинога борайлик! — дедим мен, дедиму, шу сўзни айтишга журъат этганимдан ўзим ҳам ҳайрон қолиб, қизариб кетдим. Муқаддас «ялт» этиб юзимга қаради. Таклифим унинг қулоғига ёмон эшитилганини кўзларидан пайқадим. Лекин ўзимнинг ҳам қизариб кетганимни кўриб, уялиб қолганимни сезди чамаси, кўзларидаги совуқ ифода дарҳол юмшади.
— Раҳмат. Олдин имтиҳонларни топшириб олайлик, — деди у туфлисининг учи билан ер чизиб, кейин қўшимча қилди:
— Энди... Хайр...

Йўқ, Муқаддас буйруқ бермас, у фақат илтимос қилар, дугоналарининг кўриб қолишидан уялгани учунгина ажрашишни истар эди!
— Кўришгунча, — дедим мен.
— Хайр, — деди Муқаддас ва юзимга бир қараб олгач: — химияни ҳам шунақа қилиб топширамизми? — деб сўради.
— Албатта, — дедим кулиб. Биз ажрашдик.

Биласизми, илк баҳор пайтида ёмғирдан кейин осмон бошқача бир тиниқ мовийлик кашф этади. Ёмғирда чўмилган дарахтлар худди тўйга ясанган қизлардек очилиб, ҳаво хушбўй ҳидларга, қушларнинг чуғур-чуғурига тўлиб, олам яшнаб кетади.

Муқаддас билан хайрлашиб орқамга қайтарканман, менинг кўнглим ҳам худди ёмғирдан кейинги осмондек чарақлаб кетганди. Гўё ҳамма менга кулиб боқар, гўё ёлғиз мен эмас, ҳамма бахтиёр, гўё одамларнинг ҳаммаси бирдан бир-бирига меҳрибон, жуда мулойим, жуда яхши, жуда ғамхўр бўлиб қолган эдилар.

* * *

Уйга кечроқ қайтдим. Биз кўлнинг орқасида, Бўзсувнинг бўйида янги участкада турардик. Ҳовлига киришим билан кўзим жигарранг йўл-йўл пижамасини кийиб, ишкомнинг тагидаги сўрида ёнбошлаб газета ўқиб ётган дадамга тушди, ойим ҳовли супурмоқда эди. Эшикни очишим билан дадам қўлидаги газетасини, ойим супургисини ташлаб менга қаради. Афтидан кўнглимдаги шодлик юзимда шундоқ акс этиб турган бўлса керак, иккиси ҳам бирдан: — Бешми? — деб сўрашди.
— Шунақага ўхшайдими? — дедим мен.

Ойим пешонамдан ўпди. Дадам эса ёстиққа қайта ёнбошларкан:
— Ана, кўрдингми, кеча ўртоқлар билан гаплашиб қўйганман, десам ишонмовдинг, — деди қўлига газетасини олиб.
— Сиз бултур ҳам шунақа деган эдингиз, — деди ойим.

Дадам бирдан қўлидаги газетани четга отиб юборди, унинг оқ оралаган сийрак сочларининг тагидан бошининг қизариб кетгани, лабларининг пирпираб уча бошлагани кўринди.
— Хўп, мен ҳеч ким билан гаплашмадим. Бултур ҳам гаплашган эмасман, бу йил ҳам! — деди у титроқ, аянчли овоз билан.

Уларнинг жанжалини, айниқса ўгай дадамнинг худди бир нимадан аразлаган ёш боланинг овозидай аянчли овозини эшитмаслик учун уйга кириб кетдим. Бир йилдан бери давом этиб келаётган бу кўнгилсиз жанжал менга жуда оғир ботарди. Биринчидан, ойимнинг институтга киролмаганим учун ҳамма айбни дадамга тўнкаши қаттиқ тегса (Салим Каримович институтда ўқитувчи эди), иккинчидан, бултур бўлиб ўтган катта бир жанжал устида мен Салим Каримовичнинг ўз дадам эмаслигини, у менга фақат ўгай ота эканлигини билиб қолгандим. Ўшанда ойим, афтидан, менинг борлигимни унутиб қўйиб: «Шариф ўз болангиз эмас-да, ўз болангиз бўлганда-ку...» деб юборган, кейин кўзи менга тушиб гапи оғзида қолган, лекин, шу бир гапнинг ўзиданоқ менга ҳамма нарса аён бўлиб қолган эди. Бу гап менга жуда қаттиқ таъсир этган, шунчалик қаттиқ таъсир этган эдики, уйдан чиқиб кетиб, бир-икки кун бошқа ёқларда юриб келгандим... Шундан кейин ойим ўз дадамнинг урушда ҳалок бўлганини, урушдан олдин эса машинасозлик заводида конструктор бўлиб ишлаганини гапириб берганди. Мен ойимдан Салим Каримовичга қандай турмушга чиққанини сўрамадим, албатта, лекин ўша воқеадан бери уни негадир «дада» деб эмас, «Салим Каримович» деб чақиргим келадиган бўлиб қолди. Бунинг сабабини ўзим ҳам тушунолмайман, чунки Салим Каримович ёмон одам эмас, у мени жуда яхши кўради, ўғлим деб чақиради, эҳтимол ўз боласи бўлмагани учундир, жуда яхши муомала қилади.

Салим Каримович институтда кўп йиллардан бери оддий ўқитувчи бўлиб ишлар, демак унинг қўлидан келадиган ёрдами ҳам жуда чамали эди. Лекин ойим буни тушунгиси келмас, бултурдан бери уни қийнаб келарди. Мен дадамнинг бултур яхшигина ҳаракат қилганини, ўқишга киролмай қолганимда мендан ҳам кўпроқ изтироб чекиб юрганини билардим. У ҳатто мени институтга лаборантлик ишига жойлаштириб қўйишга ҳам ҳаракат қилиб кўрганди, лекин бунга мен ўзим кўнмагандим. Ойимдан ўз дадам тўғрисидаги гапларни эшитганимдан кейин, айниқса дадам машинасозлик заводида конструктор бўлиб ишлаганини билганимдан кейин, нимадир мени шу заводга торта бошлаган, назаримда у ерга бормасдан бошқа жойга бориб ишласам, отамнинг хотирасига ҳурматсизлик бўладигандек туюлганди менга. Олдин ойим билан Салим Каримович бу гапларимни эшитгилари ҳам келмаган эди, бироқ бир куни нима ҳам бўлди-ю, ойим эрталаб чиқиб кетиб, уйга узун бўйли, қотма, сочлари оппоқ оқарган, лекин шоп мўйлови қоп-қора одамни бошлаб келди. Бу одам Сулаймон ака эди.

Сулаймон ака дадамнинг энг яқин дўсти бўлганини, улар бирга ўқиб, бирга ишлаганларини, ўзи ҳам соддагина бир одам эканини кейинчалик билдим, бироқ биринчи учрашганимизда у менда ғалати таассурот қолдирган, шоп мўйлови ҳам, йўғон дўриллаган овози ҳам аллақандай ясама туюлганди.

Сулаймон ака мени заводга ўзи бошлаб борган, ҳужжатларимни ўзи тўғрилатиб, ўз цехига олиб кирган ва кейинчалик қадрдон бўлиб кетган мана шу универсал токарлик станогимда биринчи детални ўзи ясаб кўрсатган эди.

Отамнинг хотираси ҳурматигами, ё мени чиндан ҳам яхши кўриб қолганиданми, билмадим, ишқилиб, Сулаймон ака менга доим хуш муомала қилар, баъзан уйига, баъзан цехнинг бир четидаги кичик, тор кабинетига бошлаб кириб суҳбатлашиб турарди. Мен унга жуда ўрганиб қолгандим. Умуман шу бир йил ичида мен заводга, моторларнинг ғув-ғувига тўлган катта, улуғвор цехимизга, ўзимнинг универсал станогимга, дўстларимга жуда ўрганиб, яхши кўриб қолгандим.

Ойим билан дадам ўртасида бўлиб ўтган жанжал таъсир этди чамаси, бунинг ҳаммасини яна бир эсладим. Лекин қизиқ, бу сафар институтга ҳужжат топшираётганимдагидек кўнглим хира бўлмади. Муқаддас билан учрашув қувончи кўнглимнинг бир четида уйғонган шубҳани енгиб кетганди...

Муқаддасни эслашим билан иссиқ бир туйғу яна аъзойи баданимни жимирлатиб ўтди. Ўзим ҳам беихтиёр жилмайиб ўтирган эканман шекилли, уйга ойим кириб:
— Супага чиқ болам, овқат тайёр, нимага куласан!— деб сўрагандагина ҳушимга келдим. Ойим кулгимни бошқа нарсага йўйиб:
— Илоҳим бошқаларидан ҳам беш бўлсин! — деб қўйди.

Овқат вақтида ойим билан Салим Каримовичнинг орасида яна ўша эски гап қўзғалиб кетармикин, — деган хавотирда эдим. Яхши ҳам бу гап қўзғалмади. Бояги сўзларнинг ўзигами, ё мен уйга кириб кетгандан кейин ҳам жанжал давом этганми, билмадим, ишқилиб, дадамнинг қовоғи солиқ эди. У ҳатто вазиятини ҳам ўзгартирмаган: ўнг қўлтиғига иккита пар ёстиқни босиб, ҳамон газета ўқиб ётарди. Ёши элликларга бориб қолган, институтда ўқитувчилик қилаётган бу салобатли одам баъзан ёш болага ўхшаб кетар, арзимаган нарсадан ҳам хафа бўлаверарди.

Шундай пайтларда менинг унга раҳмим келарди. Бугун вақтим чоқ бўлгани учунми, билмадим, ҳар қалай унга бирон яхшилик қилгим келди. Тўсатдан хаёлимга: «Булар менинг Муқаддасни севиб қолганимни билиб қолишса нима қилишар экан?» деган фикр келди. Бир дақиқа кўзимга супанинг четида ўтириб, дадамга уялибгина пиёлада чой узатаётган Муқаддас кўриниб кетди. Бу орзу шунчали ширин эдики, унинг давомини ўйлаш истагида овқатдан бир-икки қошиқ едим-да, жойимга бориб ётдим... Мен ҳовлининг кун ботиш томонидаги хилват бурчакка, ўзим эккан икки туп олманинг тагига каравот қўйиб олгандим. Каравотнинг остидан ариқча ўтар, туну-кун тинимсиз оққан сув кечалари руҳимни аллалар, китобдан чарчаган чоғларимда ором берарди.

Бугун бу хилват жой кўзимга яна ҳам жозибали кўриниб кетди. Ўзимни каравотга ташлаб, олманинг қуюқ япроқлари орасидан осмонга тикилдим.

Қуёш ботган, боғни фақат ёз оқшомларидагина бўладиган майин ва сокин бир қоронғилик чулғамоқда эди. Жимжит, фақат қўшни ҳовлида чақалоқнинг йиғиси-ю, каравотнинг тагидан ўтаётган сувнинг майин шилдираши эшитилади, япроқлар орасида битта-яримта олтин нуқталар жимирлайди. Ана қаердандир узоқдан, афтидан кўлдан бўлса керак, қандайдир маъюс, лекин ёруғ эсдаликлар уйғотувчи бир куйнинг овози кела бошлади. Хаёлим кузда илиқ мамлакатларга қараб учган қуш каби яна Муқаддасга қараб учди... Орзунинг чегараси йўқ. Мен унинг шу уйда, шу ҳовлида юришини, шу ариқнинг бўйида, супанинг ёнидаги краннинг тагида ўтириб, ажойиб қўнғир сочларини ювишини кўз олдимга келтирдим...

Узоқдан, кўлдан эшитилаётган маъюс куй секин авжига чиқмоқда эди. Куй авжига чиққан сайин менинг ширин хаёлларим ҳам чуқурлашиб борарди... Биз албатта бирга ўқиймиз, ҳар куни ярим кечагача бирга ўтириб дарс тайёрлаймиз, сўнгра... Сўнгра уйдан чиқиб, бу ерга келамиз... Йўқ, мен бир ўзим чиқаман ва каравотга ётиб уни кута бошлайман. У бўлса... Уй йиғиштирган бўлиб яна анчагача чиқмай ўтириб олади. Ниҳоят, уйнинг чироғи ўчади ва қоронғида унинг шип-шип этган оёқ товушлари, «қаёқда қолдингиз, Шариф ака?» деган майин овози эшитилади. Мен ўрнимдан сакраб тураман ва уни қўлларимга кўтариб, кулган лабларидан, кўзларидан ўпаман...

Дарвоза томондан эшитилган «Шариф, ҳо Шариф!» деган овоз хаёлимни бўлиб юборди. Ўрнимдан туриб ўтирдим.
— Биров чақиряпти, чиқиб қара! — деди ойим. Шу вақт «Шариф, ҳо Шариф!» деган овоз қайта такрорланди. Бу — Тўлаганнинг овози эди.
— Тўлаганга ўхшайдими? — деди ойим ҳам. Тўлаган иккимиз бир цехда ишлардик. У мендан икки йил олдин заводга кирган «тажрибали» токарлардан. Бултур ишга кирганимда Сулаймон ака мени унга «шогирд» қилиб тайинлаган эди. Шундан бери Тўлаган ўзини менга яқин олиб юрар, мен ҳам уни ҳурмат қилардим. Лекин ҳозир унинг келиши менга негадир ёқмади, ҳатто кўнглимда аллақандай бир қўрқув уйғотди: «Кечаси нима қилиб юрибди?»

— Қўл тегмаяпти, дўстим, қани уйга кир, бирпас гаплашиб ўтирамиз, — дедим қандайдир енгил тортиб, лекин Тўлаган кирмади. Уни менга Сулаймон ака юборган экан. Эртага заводга бориб учрашар эмишман. Юрагим яна «шув» этиб кетди.
— Нима ишлари бор экан? Айтмадиларми?
— Йўқ, — деди Тўлаган. У яна папирос олиб тутатди. Гугуртнинг ярқ этган шуъласида лабларидаги табассум кўриниб кетди.
— Нега куласан?
— Ўзим...
— Отпуска маҳалидаям тинч қўйишмайдилар-да!
— Оббо сени-эй! — Тўлаган қаҳ-қаҳ уриб кулди ва елкамдан қучоқлаб ўзига тортди: — Сулаймон аканинг сенга айтадиган гапи бор экан, шунга чақирди.
— Қанақа гап? — дедим шубҳаланиб, — нимага яширасан?
— Ие, қизиқмисан? — деди Тўлаган, — унинг нима дейишини қаёқдан билай? Эртага ўзингга айтар ахир!..

Тўлаган кетди. Мен дарвозанинг олдида анча туриб қолдим. Кўнглим ғаш, бояги қувончли, ширин, аммо таги йўқ хаёллардан асар ҳам қолмаган эди. «Нимага чақириши мумкин? Яна қанақа гап чиқиб қолдийкин? Ё институтга кирмоқчи бўлганимни эшитиб қолдимикин? Эшитиб қолган бўлса нима дейман? Умуман... шундай яхши жамоадан, бир йил ишлаб орттирган дўстларимдан ажраб тўғри қиляпманми, йўқми?» Бир ҳафтадан бери унутишга ҳаракат қилиб юрганим бу ўйлар хаёлимни яна чулғаб олди.

* * *

Аҳволимнинг чатоқлиги шунда эдики, Муқаддас иккимизни бир-биримизга яқинлаштира оладиган яккаю ягона восита ҳозирча имтиҳон эди. Шунинг учун ҳам имтиҳондан қўрқиш уёқда турсин, унинг тезроқ келишини истардим. Имтиҳон куни яна жуда эрта уйғондим. Бу сафар чойга ҳам қарамасдан апил-тапил кийиндим-да, институтга чопдим. Имтиҳонга кечикиб қолишимдан эмас, Муқаддаснинг бошқа биров билан келишиб қўйишидан қўрқардим. Лекин институтга етиб, таниш акацияларга кўзим тушиши билан беҳудага қўрққанимни, умуман тўрт кундан бери чекиб келган изтиробларим, умидсизликдан қийналиб юрганларим — ҳаммаси бекор эканини тушундим: Муқаддас мени кутиб турарди! Аввалги сафаргидек, ичкарида, аудиториянинг эшигида ҳам эмас, кўчада, институтнинг оддидаги акациянинг тагида кутиб турарди!..

Бу сафар унинг эгнида ҳаворанг крепдешин кўйлак, бошида тагдўзи дўппи, оёғида енгил босоножка эди. Ҳаворанг кўйлак чеҳрасини очиб юборганиданми, ё тагдўзи дўппи жуда ярашиб тушганиданми, билмадим, ишқилиб Муқаддас кўзимга тунов кунгидан ҳам латофатли бўлиб кўринди. У шундай жозибали ва маъсум эдики, илк гуллаган бодом ниҳолини эслатарди. Мени кўриши билан олдимга қараб юрди. Кўзларида бирдан чақнаган қувончдан, лабларида ўйнаган табассумдан Муқаддаснинг мени, ёлғиз мени кутиб турганини билдим-у, юрагим яна баҳор куйларига, баҳор қуёшидек илиқ ва ёруғ ҳисларга тўлиб яйраб кетди.

Биз қўл беришиб кўришдик. Муқаддас қошларини ўпкалангансимон чимириб:
— Вой, мен сизни кечикиб қолармикансиз деб, жонимни ҳовучлаб турибман-а? — деб кулди. Менга унинг кулгисида ҳам аллақандай эркалик аралаш бир гинахонлик бордек туюлди.
— Мен кечикар эканманми? — дедим, — сиз билмайсиз Муқаддас, мен сизни ҳар куни...
— Юринг, — деди Муқаддас сўзимни бўлиб, гўё гапимнинг охирини эшитишдан қўрқиб, — ичкарига кирайлик...

Худди тунов кунгидек менга ҳам шундай туюлдики, гўё у юрагимдаги туйғуларни сезар, севиб қолганимни ҳис этар ва буни гапириб қолишимдан қўрқар эди.

«Қандай ажойиб қиз!» — Муқаддаснинг ўрнига имтиҳонга кирарканман, кўнглимдаги ҳамма ғалаён босилган, хаёлим равшан эди.

Лекин турмуш шунақа нарса эканки, у ўнг қўли билан бошингизни силаса, чап қўли билан юзингизга тарсаки тушириб тураркан. Ўша куни имтиҳондан йиқилишимга оз қолди. Қизиғи шундаки, бунга дадам сабаб бўлган экан. Буни мен имтиҳон олган озғин, нимжон домланинг аудиторияга киришим билан бир имтиҳон қоғозимга, бир юзимга тикилиб: «Салим Каримович сизнинг кимингиз бўлади?» деган саволиданоқ тушундим. Бир дақиқа ҳушимни йўқотиб, довдираб қолдим, лекин шу заҳотиёқ миямда бир нарса «ярқ» этиб, чолнинг мақсадини ҳам, истеҳзоли жилмайишини ҳам — ҳаммасини ёритиб юборди. Айни замонда юрагимдаги қўрқув ҳам қаёққадир йўқолди. Хаёлимдан: «қулатса қулатар!» деган фикр ўтди, бу фикр кўнглимда қандайдир шўхлик аралаш бир жасорат уйғотди-ю, дадиллик билан:
— Ҳеч кимим! — деб жавоб бердим чолга.
— Нима? — деди у пастдан юқорига қараб.
— Ҳеч кимим! — такрорладим мен, — умуман... жавобимга қараб баҳо қўяверасиз, мен сиздан енгиллик сўрамайман!..

Чолнинг ажин қоплаган узунчоқ юзига бирдан мулойим нур тушиб, кўзларида илиқ табассум жилваланди.
— Марҳамат, олинг! — деди у, ўйинчоқ, ёғоч куракчага ўхшаган кичкина кафтини столдаги билетларга чўзиб.

Мен қўлимга теккан биринчи билетни олдим ва одатдагидек саволларни ўқиб ҳам турмасдан, деразанинг ёнига ўтиб ўтирдим. Ўтиришим билан комиссиянинг иккинчи аъзоси ҳам кирди. Бу — қишлоқ аёлларига ўхшаб кетган, соддагина кийинган новча, семиз бир хотин эди.
— Хўш, нечанчи билет? — деди чол аллақандай хушчақчақ овоз билан.
— Ўн тўртинчи.

Менга учта савол — Ньютон биномининг ечилмаси, кесик конуснинг ҳажми (ечими билан) ва битта мисол чиққан эди.

Билганда қийин савол ҳам осон бўлиб кўринади кишига. Бу учта савол, аслида хийла мураккаб бўлса ҳам, жуда осон туюлди. Бунинг устига чол ҳам бояги гаплардан кейин менга тез-тез қараб жилмайиб қўяр, гўё кўнглимга далда берарди. Бу ҳам сабаб бўлди-ю, биринчи бўлиб қўл кўтардим.
— Марҳамат! — деди чол ва кафти билан столни «шап» этиб уриб, рўпарасидан жой кўрсатди. — Қулоғим сизда, яхши йигит.

У худди ёқимли куйни эшитишга ҳозирлангандек, кичкина нимжон гавдасини орқага, креслонинг суянчиғига ташлаб, кўзларини шифтга тикди. Сўнгра то мен жавоб бериб бўлгунимча вазиятини ўзгартирмади, фақат баъзи баъзидагина қўлини столга ташлаб, узун ингичка бармоқлари билан уни чертиб қўяр, лекин шунда ҳам жавобим унга ёқяптими, йўқми — билиб бўлмас эди.

Имтиҳон топшираётганда ўз жавобининг домлага қандай таъсир этаётганини билмаса жуда қийналиб кетади киши. Бир-икки марта ер остидан чолнинг ёнидаги аёлга кўз ташладим, лекин унинг гўё ярми чўрт кесиб ташлангандек калта бурунли семиз юзидан бир нимани билиб олиш қийин эди. Ниҳоят бор гапимни айтиб бўлдим. Чол вазиятини ўзгартирмасдан:
— Саволингиз йўқми? — деди афтидан аёлга мурожаат этиб.

Аёл истар-истамас лабини қимирлатди:
— Йўқ.
— Уч! — деди чол, бирдан ўзини олдинга ташлаб ва кўкраги билан столга суяниб. Унинг сал қисилган кичкина кўзларида, юпқа лабларида табассум ўйнагани учунми, билмадим, ҳеч чўчимасдан:
— Нега энди уч бўлар экан? — деб сўрадим.
— Негаки, молига қараб пул тўлаймиз-да, яхши йигит! — деди чол бармоқлари билан столни асабий тақиллатиб. Бу сафар совуқ бир титроқ аъзойи баданимни жимирлатиб ўтди.
— Қўшимча савол беринг! — дедим, дедим-у, овозимнинг бирдан қандайдир ўзгариб бўғиқ эшитилганини пайқаб қолдим.
— Қўшимча савол денг? Ҳм... — деди чол, — хўш... ҳмм... қани арифметик прогрессиянинг формуласини ёзиб беринг-чи!..

Қўлларим негадир титрар эди. Нега? Ахир арифметик прогрессия формуласи эсимда турибди-у! Мен қинғир-қийшиқ рақамларни тез ёзиб кўрсатдим.

Чол тўсатдан қаҳ-қаҳ уриб кулди:
— Икки! — деди у ва рўмолчаси билан кўзларини артаркан, қўшимча қилди:
— Қани, бўлмаса геометрик прогрессиянинг формуласини ёзинг-чи, кўрайлик!

Қоғозни олдимга сурдим ва чолнинг кулгисига дарҳол тушундим: боя ҳаяжон устида арифметик прогрессия формуласи ўрнига геометрик прогрессия формуласини ёзиб юборган эканман.
— Кечирасиз, — дедим, — бу...
— Икки! — деди чол. У ҳамон кўкрагини столга тираб, кўзларимга жилмайиб боқарди...

Йўлакда мени Муқаддас кутиб турарди. Ҳозир у билан ажрашишимга, қайта кўришмайдиган бўлиб, бир умр ажрашишимга ақлим етиб турарди. Лекин кўзларимга тикилиб, нимагадир жилмайиб ўтирган бу чол... Шартта ўрнимдан турдим:
— Истаган баҳонгизни қўйинг!

Чол яна қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Яша! Ўғил бола экансан! — деди у ва имтиҳон қоғозига тез қўл қўйиб, ёнидаги аёлга берди, аёл ҳам кулимсираганича қўл қўйди-да, менга узатди. Бирдан аъзойи баданимда кучли чарчоқ ҳис этиб, бўшашиб, ташқарига томон юрдим. Эшикка яқинлашиб қолганимда, аудиторияга Муқаддас кирди. Афтидан, рангим ўчиб, алланечук бир ҳолатда бўлсам керак, унинг кўзлари катта-катта очилиб: «Сизга нима бўлди?» деган ифода пайдо бўлди, лекин тўхтаб унга жавоб берадиган пайт эмас эди. У кўзларида шу савол билан ёнимдан ўтиб кетди. Мен ташқарига чиқдим.

Домла мен ўйлагандек «икки» эмас, «уч» қўйганини йўлакка чиққанимдагина билдим. Лекин олдинги «беш» олдида бу «уч» кўзимга жуда хунук кўринди шекилли, кўнглимни ғаш қилди...

Муқаддас ярим соатларда чиқди. У эшикда кўриниши биланоқ кўзлари билан мени излаб топди, атрофини қуршаб олган дугоналарига аллақандай асабий овоз билан «тўрт-тўрт!» деб жавоб берганича тўппа-тўғри олдимга келди. Қошлари сал чимирилган, кўзлари нимадандир қўрққан кийикнинг кўзларига ўхшарди.
— Вой, сизга нима бўлди?
— Нима бўларди, уч олдим! — дедим мен. Муқаддасга биров мени «икки» олди деган бўлса керак, «хайрият» дегандек чуқур нафас олиб энтикди, юзига қон югурди. — Хафамисиз? — деди у, кўзларимга тикилиб, деди-ю, бошини эгиб секин қўшимча қилди. — Мен сизга жавр қилдим...

Рўпарамда бошини қуйи солиб туришидан, овозидан, жовдираган кўзларидан мени деб изтироб чекаётганини билишнинг ўзи бир олам қувонч, бир олам бахт эди.
— Нимага хафа бўлар эканман! Битта учнинг зарари йўқ...

Муқаддас «ялт» этиб юзимга қаради, бошини тез-тез силкитиб тасдиқлади:
— Рост, рост, битта учдан қўрқмасангиз ҳам бўлади. Лекин бу ёғига эҳтиёт бўлинг. Энди мен ҳам сизга жавр қилмайман, — деди у яна гуноҳкорона жилмайиб.

Кўчага чиқиб хайрлашаётганимизда Муқаддасдан яна бирга дарс тайёрлашни илтимос қилдим. Муқаддас бу сафар ҳам кўнмади. Лекин шунга қарамасдан кўнглим негадир тинч эди. Ўша куни менга Муқаддаснинг қалбида ҳам яхши бир ҳис уйғонаётганга ўхшаб кўринганди.
— «Бу ҳақиқатми, ё амалга ошмайдиган бир ширин хаёлми?»

Бунинг хаёл эмас, ҳақиқатга яқин бир нарса эканига иншодан имтиҳон берган кунимиз ишондим.

Иншони биринчи қаватдаги ўн олтинчи аудиторияда бир неча группа бирлашиб ёзиши керак эди. Мен кирганда, аудитория одамга тўлиб қолган, фақат энг олдинда, домлалар ўтирадиган жойнинг қаршисидагина, биринчи столда бир-иккита бўш жой қолганди. Лекин аудиторияга одам ҳамон ёпирилиб кирмоқда, жадаллашмасам ўша жойдан ҳам қуруқ қолишим муқаррар эди. Мен Муқаддасни йўқлашга ҳам сабрим чидамасдан, ўртадаги тор йўлакдан биринчи қатордаги бўш столга интилдим. Аудиториянинг ярмига бориб қолган эдим, орқамдан:
— Шариф ака! — деган таниш мулойим овозни эшитдим. Юрагим «жиз» этиб орқамга бурилдим. Муқаддас мендан икки қадам нарида, аудиториянинг кўча томонидаги столнинг четида ўтирарди. Имтиҳон деган нарсанинг нақадар даҳшатли эканини шунинг ўзидан ҳам билса бўлади, жонимдан ортиқ кўрган қизнинг ёнидан ўтибман-у, уни кўрмабман!

У қўлини бермасдан фақат кўзлари билан саломлашди.
— Битта бўш жой бор, хоҳласангиз ўтиринг, — деди у секин, гўё ёнидаги қизларнинг эшитиб қолишидан қўрққандек. Ўзи эса менинг «хўп» дейишимни кутмасданоқ сурилиб ёнидан жой берди.

Бутун вужудим билан ловиллаб ёнига ўтирдим, бошқаларга билдирмасдан қўлини олиб секин сиқдим.
— Сиз қайси темани ёзмоқчисиз? — деди Муқаддас.
— Қайси тема тушишини биласизми?

Муқаддас кулди.
— Қўрқмайсизми?
— Йўқ, — дедим, «Сиз ёнимда экансиз ҳеч нарсадан қўрқмайман» деган фикр кўнглимдан ўтди, буни унга айтмоқчи ҳам бўлиб оғиз жуфтладим-у, журъат этмадим. Унинг чеҳрасидаги поклик, беғубор қизлик иффати, ҳам тортиниб, ҳам севиниб гапиришлари кишини қандайдир софликка, самимийликка ундарди.

Қалбимда яна баҳор эди. Кўнглимдаги бояги ваҳима у ёқда турсин, имтиҳон топширгани келганимни ҳам унутаёзган эдим. Шу топда фақат бир нарсани — Муқаддаснинг яқинлигини, гоҳо-гоҳо мулойим қараб қўйишларини, уялганидан сочларини ўйнаб, жилмайиб гапиришларини сезардим, бунинг ҳаммасидан бошим айланарди.
— Вой, туринг, домлалар келишяпти! — деди Муқаддас.

Шошиб ўрнимдан турдим. Аудиторияга бир эмас, бирдан уч домла кирган эди. Ари уясидек ғувиллаб турган аудитория бирдан сув қуйгандек жимжит бўлиб қолди. Атрофимга қараб қиз-йигитларнинг ҳаяжонланган юзларини кўрдим. Ҳамма бирдан худди буйруқ кутаётган солдатлардек жим бўлиб, серрайиб қолган эди.

Икки ассистент аудиторияни оралаб «ҳужжатлар»имизни текшириб чиққанларидан кейин, уларни бошлаб кирган ўрта бўйли, узун дўнг бурнига олтин кўзойнак қўндириб олган мўйсафид домла бутун деворни қоплаган катта доскага темаларни ёзишга киришди. Биринчи тема Йўлчи билан Гулнор образлари эди. «Образ» деган сўзни ёқтирмасам ҳам домла бошқа темаларни ёзиб тамом қилмасданоқ биринчисини танлаб олдим.

«Қутлуғ қон»ни ёшлигимдан севар эдим, менга Йўлчи ҳам, Гулнор ҳам жуда ёқар, Гулнордай бир қизни севишни орзу қилиб юрардим. Ҳозир эса менинг Гулнорим ёнимда ўтирарди. Мен ёзганларимнинг дарслик талабларига қанчалик жавоб беришини билмайман, лекин Йўлчи билан Гулнорга бўлган самимий муносабатимни, ҳурмат ва муҳаббатимни қоғозга туширишга астойдил ҳаракат қилдим. Қоғозга Гулнор билан Йўлчининг номларини ёзардим, аслида эса ўз муҳаббатимни ҳикоя қилардим.

Иншони шундай самимий, шундай зўр ҳаяжон билан ёзар эдимки, ҳамма нарсани, ҳатто ўтирган жойимни ҳам эсимдан чиқараёзган эдим. Фақат бир марта хаёлим бўлинди — аудиторияга таниш ёш домланинг кириб келганини кўриб қолдим. У биринчи столнинг орқасида олтин кўзойнагини чақнатиб ўтирган кекса домланинг қулоғига ниманидир шивирлади. Ўзи домлага гап уқтирар эди-ю, кўзлари Муқаддасда эди.... Аудиториядан қайтиб чиқиб кетаркан, назаримда менга ҳам бир қараб қўйгандек бўлди. Кўнглимдан: «Ўзи тилчи эмас-ку, бу ерда нима қилиб юрибди?» деган гап ўтди ва яна тунов кунгидек юрагим «шув» этиб кетди. Унинг кирганини Муқаддас ҳам пайқамадимикин, деб ер остидан кўз ташладим. У пайқамаган бўлса керак, бошини чап томонга эгиб, ёзиш билан банд эди...

Муқаддас «Шоҳи сўзана»ни танлаган эди... Биз иккимиз «чурқ» этиб оғиз очмас, ҳар биримиз ўз ишимиз билан банд эдик. Фақат бир марта — ёзганларимни оққа кўчиришга киришганимда, унинг «севгисини» эмас, «севгисининг» деб ёзинг, «ни» эмас «нинг» деб шипшиганини эшитиб қолдим.

Биз иккимиз баравар ёзиб тугатдик, лекин Муқаддас ёзганларини қайта-қайта ўқир, ниманидир тузатар эди. У ҳамма қизлардек энг сўнгги минутгача топширмаслигини билдим-да, сабрим чидамасдан, олдинроқ топшириб чиқиб кетдим.

Муқаддас мендан анча кейин чиқди. У одатдагидек яйраб-қувнаб эмас, аллақандай бўшашиб чиқди, гўё мен олдиндан билишим мумкиндек:
— Беш оламизми, йўқми? Сиз нима дейсиз? — деб сўради юзимга тикилиб.

Каромат қилишни билмаслигимни айтиб кулдим.
— Мен энди то баҳомизни эшитмагунимизча сира тинчимайман, уйқум ҳам келмайди, — деди Муқаддас ва қошларини сал чимириб ўйчан овоз билан қўшимча қилди:
— Энди энг қийини қолди. Нима бўлса ҳам тезроқ тамом бўлиб қўя қолса эди!
— Қўрқсангиз бирга тайёрлай қолайлик! — дедим унинг кўзларига тикилиб.
— Сиз химияни яхши биласизми? — сўради у.
— Яхши биламан. Ишонмасангиз бирга тайёрланайлик. Ўзингиз...
— Йўқ, ишонаман, — деди Муқаддас ва бир секунд иккиланиб тургач:
— Қаерда тайёрланамиз? — деб сўради.
— Сиз қаерни хоҳласангиз ўша ерда... Агар хоҳласангиз...

Муқаддас юзимга савол назари билан тикилиб турарди.
— Агар хоҳласангиз биз томонларга борамиз, — дедим мен ва шошиб қўшимча қилдим: уйда эмас, биз томонларда жуда яхши жойлар бор. Жуда ажойиб, салқин...
— Сиз қаерда турасиз?
— Шундай кўлнинг орқасида. Майда-чуйда олиб чиқиб кетсак... Эрталабдан кечқурунгача ўқиб келамиз. Ҳеч ким халақит бермайди.

Муқаддас ерга тикилиб турарди. Бу сафар у йўлакда юрган қиз-йигитлардан тортинмас, ё хаёли бошқа ёқда бўлиб, уларни пайқамас эди. У яна бармоқларига тикилиб ўйланиб қолди. Унинг қаттиқ иккиланаётганини яна бир нафас кутсам:

«Йўқ, боролмайман», деб жавоб беришини пайқадим ва тўсатдан кутилмаган бир журъат билан қўлини ушладим:
— Нимага бунақа қиласиз? Ё менга ишонмайсизми? — дедим.

Овозим титраб кетди.

Муқаддас ҳайрон бўлиб юзимга қаради.
— Ишонмасам шундай қилармидим?— деди у секин.
— Ишонсангиз нега...
— Хўп, майли, бораман, — деди Муқаддас; тўсатдан бошини кескин силкитиб, — лекин эртароқ чиқиб кетайлик!

Биз эртасига эрталаб соат саккизда кўлнинг олдида, почтанинг ёнида учрашадиган бўлдик. «Эртага кўнглимда бор гапни унга очиқ айтаман! Пайти келди!» — шу қарор билан уйга кетдим.

* * *

Эртасига учрашмоқчи бўлган жойимизга жуда барвақт бормоқчи эдим, лекин уйдан энди чиқаман, деб турганимда тўсатдан дадам чақириб қолди, кеча иншони қандай ёзганим тўғрисида сўроқ қила бошлади. Салим Каримовичнинг мақсадига тушуниб турардим. У ишнинг олдини олмоқчи эди, чунки физикани учга топширганимдан буён уйда яна жанжал ва ташвиш кўпайиб кетганди. Лекин шунга қарамасдан, унинг саволлари ғашимга тегарди. Назаримда, у қаёққа шошаётганимни билар ва жўрттага ушлаб тургандек туюларди. Ниҳоят сабр косам тўлиб кетди. «Мен ҳозир...»— дедим-у, Салим Каримовичнинг бир нима деб чақирганига ҳам қулоқ солмасдан ташқарига отилдим, дарвозадан чиқишим билан худди қафасдан қутулган қушдек автобусга қараб югурдим.

Аҳдлашган жойимизга ўз вақтида етиб бордим. Муқаддас эса чорак соат кечикиб келди. У маҳалда ҳамма қизлар ҳам бунақа учрашувларга кечикиб келишларини, жиндек куттириб қўйишни яхши кўришларини билмас эдим, шунинг учун ҳам бу чорак соат менга чорак асрга ўхшаб кўринди. Гап Муқаддасни кутиб қолишимда эмас, аблатта, ҳамма даҳшат шунда эдики, мен уни келиб кетиб қолган, деб хавфсирардим. Энди уни кўра олмас эканман-да, деб ичимда дадамдан астойдил хафа бўлиб турганимда, орқамдан кимнингдир:
— Шарифжонмисан? — деган дўрилдоқ овозини эшитиб, чўчиб ўгирилдим.

Олдимда айланасига ғишт терилган чор бурчак гулзорнинг ёнида Сулаймон ака турарди. Уни бу ерда учратишни сира кутмаганимдан бўлса керак, ўғирлик устида тутилган одамдек довдираб қолдим, ҳатто қўл бериб кўришишни ҳам эсимдан чиқариб қўйдим. Ўзим ҳам қизариб-бўзариб, терлаб кетдим шекилли, Сулаймон ака қоп-қора шоп мўйлови остидан кулимсиради-да, томирлари бўртиб чиққан катта суякдор кафтини узатиб:
— Ясан-тусанлар жойида-ю, кимни кутиб турибсан, ўғлим, — деб сўради.

Унинг «ўғлим» дейиши ҳар вақтдагидек қулоғимга жуда иссиқ эшитилди-ю, бу одамдан яшириб юрган ва уч-тўрт кундан бери ёдимдан кўтарилган бутун ишим эсимга тушиб кетди...
— Тунов кунги саволимизга жавоб бермадинг-ку? — деди Сулаймон ака. — Сиртдан ўқиганинг тузук эмасми? Ё заводлан кетгинг борми?

Мен кўзимни унинг юзидан узиб, трамвай келадиган томонга қарадим: Муқаддас ўша ёқдан келиши керак эди.
— Ойинг хоҳламадими? — деди Сулаймон ака. Унинг юзига қарай олмадим, ерга тикилдим. Юрагим гуп-гуп урарди, юзим, қулоқларим ловиллаб ёнаётганини сезардим, лекин нима деб жавоб беришимни билмас эди. Зотан отамнинг энг қадрдон дўсти бўлган, мени ўз бағрига олиб, яхшигина ҳунар ўргатган, ниҳоят ўз ўғлидек яхши кўрган бу мўйсафидга нима ҳам дердим? Унга фақат ҳақиқатни айтишим мумкин эди. Лекин бўлиб ўтган шунча воқеадан сўнг, ҳозир Муқаддасни кутиб турганимда, унга ҳақиқатни айтишим мумкинмиди?

Сулаймон ака менинг сукутимни тасдиқ аломати деб билди шекилли, бир зум тургач:
— Ҳа, сизга нима бўлди? — деган таниш овозини эшитганимдагина ҳушимга келдим.
— А? — дедим томирларимга иссиқ қон югуриб. Назаримда бирдан кўз олдимни тўсиб келган қора булут тарқаб, ҳаммаёқ нурга чўмилгандек туюлди.
— Чақирсам ҳам қарамайсиз? — деди Муқаддас. У аллақандай маъюс қоп-қора кўзлари билан юзимга ўйчан тикилиб турарди.

Бу сафар унинг эгнида биринчи марта кўрганимдаги оқ шойи кўйлак, бошида ўша тагдўзи дўппи эди, лекин ўзи кўзимга қандайдир ғамгин кўринди.
— Юринг, нариги томонга ўтайлик, автобусга чиқамиз, — дедим мен.
— Автобусда бориладими? — деди Муқаддас ва яна юзимга тикилиб, — узоқ эмасми? — деб сўради.

Менга шундай туюлдики, гўё у автобусга чиққиси келмас, нимадандир тортинар эди.
— Йўқ-йўқ, — дедим, — узоқ эмас, бирпасда етиб борамиз. Бўзсувнинг бўйида. Шундай салқин, шундай яхши жойларки... Юринг.

Нимагадир шошар эдим, шошаётганимни, Муқаддаснинг олдида ўзимни худди ёш боладек тутаётганимни сезиб турардим-у, лекин барибир, ўзимни босиб ололмас эдим. Қизиғи шундаки, ҳозиргина Сулаймон акани кўрганда кўнглимни ғаш қилган нотинч ўйлар ҳам ҳар сафаргидек Муқаддасни кўришим билан дарров йўқолган, ҳаммаси қувончли ҳаяжон билан алмашган эди.

Биз катта кўчадан ғизиллаб учиб ўтаётган енгил машиналарга йўл бера-бера, рўпарадаги автобус тўхтайдиган жойга ўтиб олдик.

Кун чиқиш томондаги тўрт қаватли бино устидан кўтарилган қуёш кўчаларни нур селига кўмиб юборган, одамлар ўзларини дарахтларнинг соясига ура бошлаган эдилар.

Муқаддас бугун нимагадир маъюс ва камгап, у қандайдир ўз ўйлари билан банд эди. У билан гаплашгим келар, лекин гапни нимадан бошлашимни билмасдим, сукутнинг чўзилиб кетганидан хижолат чекардим. Бунинг устига автобус ҳам кечикмоқда эди. Назаримда, Муқаддас автобус кутишдан зерикиб, тўсатдан айниб қоладигандек туюлар, автобус чиқиб келадиган муюлишдан кўзимни узолмас эдим.

Ниҳоят автобус ҳам келди. Одам кўп бўлишига қарамай, бир амаллаб чиқиб олдик. Муқаддас орқадаги бир жойга илинди, мен унинг ёнида типпа-тик турардим. Биз ҳамон гаплашмас эдик, машина юриб, кўлнинг орқасидаги биринчи кўприкка етгандагина, Муқаддас:
— Ҳали узоқми? — деб секин сўради.
— Йўқ, узоқ эмас, — дедим унга.

Муқаддас индамасдан ўйчанлик чўккан аллақандай ғамгин кўзларини яна деразага тикди. Асфальт йўлнинг ёнгинасида, чуқур жарликнинг тагида, кўм-кўк шишадек тиниқ Бўзсув оқарди, жарликнинг иккинчи томонида, баландликда, бир-бирига қўшилиб кетган ям-яшил боғлар туташ бир ўрмонзор кашф этарди.

Автобус иккинчи кўприкдан ўтиб тўхтаганда Муқаддас: «Ҳалиям келмадикми?» деган маънода менга бир қараб қўйди. Мен ўзимни кўриб кўрмаганликка солдим, Муқаддаснинг ёнида ўтирган чол ўрнидан турган эди, унинг жойига ўтирдим.
— Нимага бундай хафа кўринасиз? Тинчликми? — дедим секин.
— Йўқ, ўзим... — деди Муқаддас ва тўсатдан ўрнидан туриб, автобуснинг олдига ўта бошлади.

Бир дақиқа ўзимни йўқотиб қўйдим, сўнг секин юриб орқасидан бордим.
— Мен тушаман, — деди Муқаддас. У юзимга қарамас эди.
— Нега, яна бир остановка...
— Керакмас!.. — Бу сафар Муқаддаснинг овози қаттиқроқ эшитилди.

Ундан «нимага бундай қиляпсиз?» — деб сўрамоқчи бўлдим-у, тўсатдан автобусдагиларнинг ҳаммаси бизга тикилиб турганлигини, ҳамманинг диққат-эътибори бизда эканини кўриб, гапим оғзимда қолди.

Машина тўхташи билан Муқаддас гўё уни биров ушлаб қоладигандек, автобусдан биринчи бўлиб сакраб тушиб кетди.

Мен олдин унга аччиқ қилиб тушмай ўтиб кетавермоқчи бўлдим-у, лекин чидаб туролмай автобусдан секин тушдим — ўз иродамдан зўр бир куч унинг орқасидан мени ҳам машинадан судраб туширди.

Муқаддас жарликнинг бўйида, секин оқаётган Бўзсувга ўйчан тикилиб турарди. Унинг ёнига келиб тўхтадим.
— Нимага бундай қилдингиз? — дедим ҳаяжонимни зўрға босиб.
— Бормайман, — деди Муқаддас.
— Нега? Сабаби...
— Сабабини нима қиласиз? Бормайман дедимми — бормайман!

Бу сафар унинг овози қандайдир жуда кескин жаранглади. Бу кескинлик кўнглимга жуда қаттиқ тегди-ю, кутилмаган жойда мендаги журъатсизликка барҳам берди.
— Сиз.. ёмон жойларга бошлаб кетяпти — деб ўйладингиз чамаси! — дедим, қаттиқ гапираётганимни сезиб ва нимагадир бундан севиниб, — мени ёмон мақсадда бошлаб кетяпти, — деб ўйлаганга ўхшайсиз! Сиз мени ким деб ўйладингиз? Наҳотки мен шунчаликка борсам?

Шундай самимий гапирганим учунми, ё айтган сўзларим қаттиқ таъсир қилдими, билмадим Муқаддас қандайдир тез ўзгарди, юзидаги совуқ ифода бир зумда мулойим табассум билан алмашди.
— Йўқ, унақа эмас, унақа деб ўйлаганим йўқ, — деди у ерга қараб: — шунчаки... Юринг, сквердаги паркка бора қолайлик! — тўсатдан таклиф қилди Муқаддас ва қандайдир шўх порлаган қора кўзларини ўйнатиб кулиб қаради. — Ана, машина ҳам келяпти! Хўп дея қолинг, Шариф ака!

Муқаддас мендан куларди, албатта! У менинг «хўп» демасдан иложим йўқлигини, унинг ҳар қанақа талабини бажаришлигимни биларди-ю, тағин мендан нажот сўрарди!.. Шўх кўзларини ўйнатиб, оқ кўнгил ва пок қизлардагина бўладиган беғубор бир ноз билан жилмайиб, ўзининг «ғолиб» келишини билиб туриб, яна ижозат сўрарди!

«Бу қиз олдида ўзимни жуда ерга уриб юбордим, чамаси. Менда на йигитлик иззат-нафси, на ғурур, на ирода қолди» — деб ўйладим ичимда. Буни ўзим ҳам сеза бошлаган эдим. Лекин унга қарши чиқишга кучим етмас эди. Бу сафар ҳам яна таслим бўлдим.

Кўнглимда уйғонган ғазаб ва алам унинг «хўп дея қолинг», деб бир кулиб боқишидаёқ тарқаб кетди, лекин унинг яна шундай кулиб боқиши ва шундай илиқ сўзларини эшитгим келгани учун бўлса керак, автобусда кетаётганимизда атайин қовоғимни солиб олдим. Муқаддас бир-икки марта ер остидан менга кулимсираб қараб қўйди. Лекин буни кўриб кўрмаганликка солдим.

Муқаддас мени астойдил хафа бўлди — деб ўйлади шекилли, хиёбоннинг ёнига келиб автобусдан тушганимизда юзимга аллақандай гуноҳкорона тикилиб:
— Мен сизга ишонмаганим учун эмас, шунчаки... ўзингиз бир ўйлаб кўринг: яхши эмасда — деди ва қизариб қўшимча қилди:
— Қўйинг энди, шунақа қилманг!

Соя жойга нур тушгандек кўнглим бирдан ёришиб кетди:
— Нима қилдим?
— Шунақа... Бирам қовоғингизни солиб олдингиз-ки!..

Иккимиз баравар кулиб юбордик, орамизда ғов бўлиб турган номаълум тўсиқ ҳам кўтарилди-да, гўё бир-биримизга яна ҳам яқинроқ бўлиб қолдик.

Хиёбонда одам кўп эди, институтга кириш имтиҳонларини топшираётган ёш-ялангларнинг ҳаммаси гўё бошқа ердан жой тополмагандек шу ерга келган, улар хиёбоннинг энг хилват бурчакларигача эгаллаб олган эдилар. Қизил қум сепилган аллеяларнинг ўртасидан ўтарканмиз, скамейкаларда ўтирган йигитларнинг бизга тикилиб қараб қолаётганларини кўрдим, бир вақтнинг ўзида ҳам ғазабим қўзғар, ҳам нимагадир фахрланардим. Муқаддас эса уялганидан юзлари гул-гул ёниб, яна ҳам жозибали кўринар, у кўзларини ерга тикиб борган сайин жадаллаб борар ва текис ерда ҳам ҳадеб қоқилар эди.

Ниҳоят хиёбонни бир айланиб, қайтиб чиқаётганимизда, эшикка яқин жойдаги эстрада театрининг орқасида битта бўш скамейкани кўриб қолдик.

Муқаддас худди уни биздан бурун бошқалар эгаллаб олишидан қўрққандек, чопиб бориб ўтириб олди.

Скамейканинг икки ёнида икки туп кўк терак қад кўтарган, лекин унинг сояси қуюқ эмас, япроқлари орасидан сирғаниб ўтган нурлар худди шойи қуроқлардек парча-парча бўлиб ерга тушиб турарди. Скамейканинг олдига сепилган қизил қум ҳам қўғирмочдек қизиб кетган эди. Лекин Муқаддас ўтирган ҳамон:
— Яхши жой экан-а? Ҳеч ким халақит бермайди! — деди-да, нимагадир ўз-ўзидан қувониб теварак-атрофга бир қараб қўйди. — Тўғрими?
— Тўғри, — дедим. Унинг «Ҳеч ким халақит бермайди» деган сўзлари қулоғимга жуда иссиқ эшитилган, ўртамизни бўлиб турган масофа гўё яна бир-икки қадам қисқарганди.

Муқаддас қўлига химия дарслигини олди.
— Бўлди! Энди ким гапирса ҳам...
— Кинога билет олсин! — дедим мен. Муқаддас «жуда муғомбирсиз-а?» деган маънода бир қараб қўйди-ю, индамасдан ўқишга киришди. Мен унинг нимадан бошлашни сўраб ҳам ўтирмасдан китобнинг тўғри келган жойидан шариллатиб ўқиб кетганидан сал ўтмасданоқ тўхташини сезиб, ён томондан қараганда жуда нафис кўринган майин қошига, жимир-жимир терлаган пешонасидаги соч толаларига тикилиб, кўнглим аллақандай нурга, бахтга тўлиқ ўтирардим, лекин қулоғимга ҳеч нарса кирмас эди.

Тўсатдан, худди мен ўйлагандай Муқаддас ўқишдан тўхтади, гўё бу китобни сира қўлига қайтиб олмайдигандек, четга отиб:
— Сиз қўрқяпсизми? — деб сўради.
— Йўқ, — дедим, — нимадан қўрқаман?
— Мен шундай қўрқяпман, қўрқяпман, шундай қўрқяпманки, қўлимга китоб олгим келмай қолди! — деди Муқаддас ва ҳар сафаргидек бирдан ўйчанлик чўкиб, маъюс бўлиб қолган кўзларини бир нуқтага тикиб, кейин қўшимча қилди:
— Ўқишга киролмай қолишимдан эмас, шарманда бўлиб уйга қайтиб боришдан қўрқаман... Ростини айтсам дадамни хафа қилишдан қўрқаман, — деди Муқаддас, сўнгра гап ўз-ўзидан Бекободга, уларнинг оиласига ўтиб кетиб қолди...

Муқаддаснинг онаси ўзини болаларига фидо қилиб, фақат уларнинг бахтини ўйлаб, уйида ўтириб қолган содда аёллардан экан, отаси заводда мастер бўлиб ишларкан. Лекин у киши мастерликка ўқиш, илм орқали эмас, пешона тери тўкиб, меҳнат билан эришган одамлардан экан. Уларнинг жуда кўп фарзандлари бўлган, лекин ҳозир фақат Муқаддас билан унинг укаси қолган, иккита акаси урушда ҳалок бўлган, ҳозир Муқаддас бу оиланинг энг катта фарзанди экан. Шунинг учунми, ёки отаси ўзи ўқий олмасдан кўп заҳмат чеккани учунми, ишқилиб, кўпдан бери Муқаддасни ўқитиб, муҳандис қилиш орзуси кўнглига қаттиқ ўрнашиб қолган экан. Уйларига меҳмонлар келганда, дўстлари билан чақчақлашиб ўтирган чоғларида дадаси ҳамиша қизини чақириб, уларга кўрсатар, яхши ўқишини айтиб мақтар ва қизим албатта инженер бўлади, — деб ўзи ҳам фахрланиб қўяркан.

Бизнинг тақдиримиздаги бу кутилмаган ўхшашлик мени ҳам таажжубга солиб қўйган, ҳам қаттиқ қувонтирган эди.

Муқаддаснинг ота-онаси тўғрисидаги қизларга хос бошқача бир меҳр-муҳаббат билан қилган ҳикоясини тингларканман, уларни ҳеч қачон кўрмаган бўлсам ҳам, назаримда қаердадир учратгандек, биладигандек туюлар, гўё уларни кўпдан бери танийман, яхши кўраман. Кўнглимда ҳалитданоқ уларга нисбатан қандайдир бир фарзандлик туйғуси уйғонган, уларга бир яхшилик қилиш истаги туғилган эди. Менга негадир айниқса унинг дадаси ёқиб қолган эди. Кўнглимда гўё у менга меҳрибон бир ота бўлишига, мен эсам фронтда ҳалок бўлиб кетган ўз падаримни, топиб олишимга ишонч уйғонган эди...

Муқаддаснинг онаси ўзини болаларига фидо қилиб, фақат уларнинг бахтини ўйлаб, уйида ўтириб қолган содда аёллардан экан, отаси заводда мастер бўлиб ишларкан. Лекин у киши мастерликка ўқиш, илм орқали эмас, пешона тери тўкиб, меҳнат билан эришган одамлардан экан. Уларнинг жуда кўп фарзандлари бўлган, лекин ҳозир фақат Муқаддас билан унинг укаси қолган, иккита акаси урушда ҳалок бўлган, ҳозир Муқаддас бу оиланинг энг катта фарзанди экан. Шунинг учунми, ёки отаси ўзи ўқий олмасдан кўп заҳмат чеккани учунми, ишқилиб, кўпдан бери Муқаддасни ўқитиб, муҳандис қилиш орзуси кўнглига қаттиқ ўрнашиб қолган экан. Уйларига меҳмонлар келганда, дўстлари билан чақчақлашиб ўтирган чоғларида дадаси ҳамиша қизини чақириб, уларга кўрсатар, яхши ўқишини айтиб мақтар ва қизим албатта инженер бўлади, — деб ўзи ҳам фахрланиб қўяркан.

Бизнинг тақдиримиздаги бу кутилмаган ўхшашлик мени ҳам таажжубга солиб қўйган, ҳам қаттиқ қувонтирган эди.

Муқаддаснинг ота-онаси тўғрисидаги қизларга хос бошқача бир меҳр-муҳаббат билан қилган ҳикоясини тингларканман, уларни ҳеч қачон кўрмаган бўлсам ҳам, назаримда қаердадир учратгандек, биладигандек туюлар, гўё уларни кўпдан бери танийман, яхши кўраман. Кўнглимда ҳалитданоқ уларга нисбатан қандайдир бир фарзандлик туйғуси уйғонган, уларга бир яхшилик қилиш истаги туғилган эди. Менга негадир айниқса унинг дадаси ёқиб қолган эди. Кўнглимда гўё у менга меҳрибон бир ота бўлишига, мен эсам фронтда ҳалок бўлиб кетган ўз падаримни, топиб олишимга ишонч уйғонган эди...

Муқаддаснинг ота-онаси, ўртоқлари, она шаҳри ҳақида, гоҳ маъюс, гоҳ қувончга тўлиб айтаётган ҳикоясини эшитарканман, кўнглимдаги бу истак-орзулар ҳам гуркираб ўсиб борар, яна хаёл дарёсида сузардим.

Мен ҳалитданоқ бир кун эмас бир кун Муқаддас билан бирга чамадон кўтариб Бекободга боришимизни кўз олдимга келтира бошлаган эдим... Биз шаҳарнинг бир четидаги шафтоли, ўрик ва олчаларнинг қуюқ соясига кўмилган шинамгина ҳовлиларига кириб борамиз... Бизни эшикда чол-кампир кутиб олади. Кўзларидаги ёшларини артиб, пешоналаримиздан ўпадилар, узоқ умр тилаб, дуо қиладилар...
— Ие, доим шунақа қиласиз-а? Ҳушингиз жойидами ўзи? Юринг!

Уйқудан уйғонгандек чўчиб кетдим. Китоб-дафтарларини қўлтиқлаб олган Муқаддас скамейканинг олдида менга таажжуб билан қараб турарди.
— Қаёққа? — дедим.
— Кетамиз...

Муқаддаснинг қошлари чимирилган, кўзларида аллақандай бир қатъиятлик бор эди.
— Нега энди? — дедим ҳайрон бўлиб.
— Қўйинг, бирга дарс тайёрлай олмас эканмиз... Мен унга бошқа савол бермадим.

Шу топда менинг кўнглимда нималар бўлса, унинг кўнглида ҳам шунга ўхшаш бир нарса бўлаётганини пайқаган эдим. Фақат уни бир-икки кун кўролмай қолишдан қўрқиб:
— Агар эрта-индин бир учрашсак... — деб гап бошлаган эдим, Муқаддас:
— Йўқ, энди имтиҳонда учрашамиз, — деди оғзимдан сўзимни олиб.

Биз индамасдан паркдан чиқдик ва хайрлашиб, иккимиз икки томонга кетдик. Уч-тўрт қадам босмасданоқ орқамга ўгирилиб қарадим, худди шу пайт Муқаддас ҳам қаради-да, садаф тишларини чақнатиб бир кулди.

Қандай ажойиб қиз!

Тўсатдан кечаги қароримни унутиб қўйганимни, Муқаддасга севгим тўғрисида бир оғиз айтмаганимни эсладим. Эсладиму беихтиёр кулиб юбордим: унга бу ҳақда гапириб ўтиришга ҳожат қолмаган, чунки у ҳам мени севишига энди ишонаверсам бўларди. Энди олдимда бошқа мақсад турарди. Қандай бўлмасин ўқишга киришим керак эди!

* * *

Ниҳоят, бизнинг тақдиримизни ечадиган сўнгги имтиҳон ҳам келди. Бу сафар унинг қандай ўтганини, қандай саволлар тушганини ҳикоя қилиб ўтирмайман. Бунинг кераги ҳам йўқ, фақат шуни айтишим мумкинки, сўнгги имтиҳондан яна Муқаддас тўрт олди, мен беш олиб чиқдим. Бунга Муқаддаснинг ўзи сабаб бўлди. Ўтган имтиҳонда унинг ўрнига кириб уч олганим унга жуда қаттиқ теккан экан, бу сафар менинг хоҳиш билдиришимга қарамасдан ўз навбатида кирди ва худди олдиндан кутгандек, тўрт олиб чиқди. У шундай руҳи тушиб, лаблари титраб чиқдики, йиқилибди деган хаёлга бориб шошиб қолдим. Лекин «тўрт» олганини эшитиб койиб бердим. Югуришиб келиб, қуршаб олган қиз-йигитлар ҳам уни уриша бошладилар:
— Иккита тўртга шунча хафа бўласизми?
— Сиз қўрқмасангиз ҳам бўлади, ўн саккиз у ёқда турсин, ўн етти бал олганларни ҳам қабул қилишади!
— Сизни қаранг, мен тўрт олсам дўппимни осмонга отган бўлардим!

Бу самимий гаплар Муқаддаснинг кўнглига таскин берди шекилли, мен имтиҳонни топшириб чиққанимда хийла ўзига келиб қолган эди.
— Ана, мен нима деган эдим? — деди қошларини чимириб ва ҳаяжонли овозда давом этди.
— Деканатга чиқдим. Қизларнинг гапи рост экан. Ўн саккиз бал олганларни қабул қилишимиз аниқ дейишди!
— Энди кўнглингиз жойига тушдими? Муқаддас кулди.
— Ҳали иншо нима бўлишини айтинг! Домла оғриб қолган эканлар. Бугун келибдилар. Натижасини тушдан кейин эшиттиришар эмиш, — деди у ва қўлидаги кичкина соатига кўз ташлаб қўшимча қилди:
— Нима бўлса ҳам тезроқ эшиттириша қолишса бўларди.

Кўчага чиқиб бир айланиб келишни таклиф қилдим.

Муқаддас бу сафар одатдагидек ийманиб, тортиниб турмади. Аксинча севиниб кетиб: «Лимонад ичиб келамиз!» деди.

Биз кўчага чиқдик-да, қуюқ соя тушган хиёбонлардан паркка қараб кетдик. Кўчада одам кўп эди. Ҳар қачонгидек улар бизга қараб ўтар, айниқса ёш йигитлар менинг рашкимни келтириб Муқаддасга суқланиб тикиларди. Шу рашкданми, ё Муқаддаснинг яқинлигиданми, билмадим, ўзимни худди ловиллаб ёнаётган гулханнинг таптида тобланаётгандек ҳис қилардим, аъзойи баданимдан ловиллаб ўт чиқиб борарди. Муқаддас эса (ажабо!) гўё ҳеч нарсани сезмас, у нимагадир севинар, ҳадеб кулар, юзлари гул-гул яшнаб, ўткинчиларнинг диққат-эътиборини яна ҳам ўзига тортар эди. Ундаги бу сабабсиз шодлик аста-секин менга ҳам ўтди-ю, кўнглимдаги ғашликни тарқатиб юборди.

Муқаддаснинг нимагадир сал ранги ўчди. У қандайдир таажжуб чўккан кўзларини юзимдан узиб четга қаради.
— Мен бугун... соат тўртда Бекободга кетмоқчи эдим.
— Шунақами? — дедим, — майли, йўлингиздан қолманг...

Овозим титраб кетди. Муқаддас юзимга бир қаради-ю, бошини кескин силкитди:
— Юринг!

Биз ўша паркка, атиги ярим соат олдин хушвақт бўлиб, ўйнаб-кулиб чиқиб кетган паркка қайтиб келдик. Паркда одам сийрак эди. Одатда бўш ётмайдиган хилват жойлардаги скамейкаларнинг кўпчилиги бутунлай бугун кимсасиз бўлиб, институтларда имтиҳон тугаб қолганлигини кўрсатиб турарди. Биз нимагадир бу хилват жойларда тўхтамас, тўхташни на у, на мен таклиф қилардик. Умуман мендаги бояги қатъийлик қаёққадир йўқолган, Муқаддаснинг «юринг» деган кескин гапидан кейин бирдан паст тушиб, журъатсиз бўлиб қолган эдим. Муқаддас эса менинг нима демоқчи эканимни яхши сезса керак, институтдан ўзи бошлаб чиққан бўлса ҳам, энди гап очолмас, оғзига сўк солгандек, чурқ этмасдан ерга тикилиб борарди.

Паркнинг энг охирига борганда, ўнг қўлдаги қизил қум сепилган торгина йўлнинг бўйида чирмовиқ билан қопланган кичик бир соябон кўринди. Биз унга кўзимиз тушиши билан худди олдиндан аҳдлашиб қўйгандек индамасдан баравар бурилдик...
— Мен сизни деб... ёлғиз сиз учун! — дедим ниҳоят.

Муқаддаснинг боши яна ҳам пастроқ эгилди.
— Қўйинг, унақа деманг! — деди у секин титроқ овоз билан.
— Нимага демас эканман? Ахир мен сизни шунчали...

Муқаддас секин бошини кўтариб пастдан юқорига қаради. Унинг учлари эгилган узун киприклари орасида гўё гул чаноқларига қўнган шудрингдек тиниқ ёш томчилари ялтираб, аллақандай титраб турарди.
— Менга ишонмайсизми? — деди у, деди-ю, лаблари худди ўксиган боланинг лабларидек пирпираб уча бошлади, киприклари орасидаги тиниқ томчилар кўпайиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Муқаддас! — дедим унинг қўлларидан ушлаб.
— Агар ишонсангиз... бунақа деманг...

Мен индамасдан уни ўзимга тортдим, ҳали ўзимга, бахтимга, унинг бўса беришга рози эканига ишонмасдан бағримга босдим. Муқаддас жиндек ҳам қаршилик қилмади, у гўё боғбонга бўйин эгган ёш ниҳолдек итоаткорлик билан кўкрагимга бошини қўйди...

Бир минутга бу олам, оёқларим остидаги мен туғилиб катта бўлган бу ер, тепамдаги бу зангори осмон... ҳаммаси қаёққадир йўқолди-ю, Муқаддас билан икковимизгина танҳо қолдик, холос...

Унинг лаблари худди баҳор қуёшини эмган лолани эслатар, лола япроқларидек майин ва илиқ эди, уларда тоғ шабадаси тегиб япроқ ёзган чечакларнинг ажиб тароватли иси бор эди. Сочларидан, ажойиб қўнғир сочларидан райҳон ҳиди келарди...

Мана, бир ой бўптики, мен шу масъуд дамни, шу бўсани орзу қилардим: лекин уни қўмсаб кечалари уйқу кўрмай тонг оттирган чоғларимда ҳам мен бу лабларнинг бунчалик тотли бўлишини билмаган эдим, мен битта бўса худди чанқоқни қондирадиган бир пиёла булоқ суви каби қалбимдаги бутун алам ва изтиробларни боса олади деб ўйламаган эдим!.. Ажабо, битта бўса кўнглимдаги ҳамма чигалларни ечиб ташлаган эди.

Паркдан чиқиб Муқаддас билан бирга яна институтга томон борарканман, ўзимни асфальт устида эмас, гўё пат гилам устида юриб кетаётгандек ҳис қилардим, лабларимда ҳамон лабларининг бахмал майинлигини сезардим, димоғимга ураётган райҳон ҳидидан бошим айланарди... Фақат институтга кирганимизда ва мен эшикда қолиб, Муқаддас «бир минутга» қабул комиссияси жойлашган хонага чиқиб кетганидагина энди мен учун бу бинонинг эшиги ёпилгани эсимга тушиб, яна юрагим бир қисилиб қўйди. Сўнг ойимга телефон қилмаганимни эслаб, эшикдан кирган жойдаги телефон-автоматга бордим.

Ойимнинг қўрққан, титроқ овози узоқдан жуда ғалати эшитилди.
— Нима дединг? Нимага уч бўлади?
— Нимага бўларди? Ёмон ёзганим учун-да! — дедим мен энсам қотиб.
— Дадангга айтдингми?
— Нима дейман?
— Дарров айт! Тентак бўлдингми? Сенга айтяпман, эшитяпсанми — дарров топиб айт!
— Хўп!

Юқоридан Муқаддаснинг тушиб келаётганини кўриб трубкани илиб қўйдим.

«Энди бир қилмаган ишим имтиҳондан йиқилдим,— деб Салим Каримовичга йиғлаб боришми?»

Мен унинг қандай қилиб уч олганимни синчиклаб узоқ суриштиришини, аччиғи чиқиб пўнғиллашларини кўз олдимга келтирдим.
— «Йўқ, ўлсам ҳам бормайман!»

Муқаддас кулгисини, қувончини яширишга ҳаракат қилар, лекин қирғоққа сапчиган тошқиндек, шодлик юзига тепиб, кўзларида жилваниб турарди.
— Ўн саккиз бал олганларнинг кириши шак-шубҳасиз эмиш! — деди-да, кўнглимни кўтариш учун бўлса керак: — Ақалли ўн етти балга ҳам етолмадингиз-да!— дея қўшимча қилди.

Бояги игна юрагимга яна бир қадалди.

У дарҳол Бекободга жўнамоқчи эканинин айтди, шундай айтдики, гўё мендан ижозат сўради. Мен уни кузатиб қўймоқчи бўлдим. У қаршилик билдирмади. Умуман илгари кинога боришга кўнмай юрган бу қиз, бугун битта ҳам илтимосимни рад этмас, гўё бу билан қалбимдаги ярага малҳам берарди. Менинг эса бунга ҳам кўнглим тўлмас эди. Кейинчалик мен, Муқаддаснинг муваффақияти ва ўз муваффақиятсизлигим ўша куни мени қандайдир инжиқ ва худбин қилиб қўйганини, умуман мен ўзимни ўғил болаларча тутмаганимни кўп марта уят билан эслардим. Аммо ўша вақтда мен буни сезмасдим. Афтидан, худди шундай инжиқликнинг таъсирида бўлса керак, вокзалда поезд кутиб ўтирганимизда, мен чидай олмадим-да, бизнинг муносабатимиз келажакда қандай бўлишини билмоқчи бўлдим...

— Кейин. Мен қайтиб келай, кейин гаплашамиз! — деди Муқаддас ва энди боягидек йиғлаб эмас, кулиб туриб сўради:
— Бир нимадан шубҳа қиляпсизми?
— Йўқ, нега? — дедим дудуқланиб.

Муқаддас бир зум жим қолгач:
— Энди нима қилмоқчисиз? — деб сўради.
— Нима қилардим, ишлайман, — дедим ва бу сўзларим Муқаддаснинг юзида қандайдир илиқ ва шод табассум уйғотганини кўриб қолдим.
— Агар йиқилганимда мен ҳам ишлардим, — деди Муқаддас нимагадир ҳаяжонланиб, — ўзимизнинг металл заводимизга кириб ишлардим. Сиз ҳам заводга киринг. Бунақа юришдан ҳеч бир фойда йўқ...

Мен машинасозлик заводининг бир йиллик тажрибага эга ишчиси эканимни айтмоқчи эдим, поезд жўнайдиган бўлиб қолди. Шошиб хайрлашдик. Муқаддас вагоннинг зинапоясига чиқаётиб қулоғимга шипшиди:
— Икки-уч кунда қайтиб келаман. Ётоқхонага келинг, кутаман. Хўпми?

Поезд узоқлашиб, унинг шамолда ҳилпираган оқ шойи кўйлаги кўздан йўқолгунча қараб турдим.

Кўнглим энди мутлақо тинчиган эди. Қулоқларим тагида «Ётоқхонага келинг. Кутаман...» деган сўзлари такрорланар ва юрагимга аллақандай осойишта ва сўнмас бир шодлик бағишлар эди.

Кўчада, қаёққа боришимни ўйлаб, бир нафас турдим, сўнг бирдан қандайдир енгил тортиб, қувонч билан қарор қилдим — заводга!

Заводни эслашим билан бўлиб ўтган ҳамма воқеа қайта эсимга тушиб, ўзимдан ўзим уялиб кетдим. Лекин шу заҳотиёқ «шунчалик хижолат бўладиган бирон жиноят қилдимми?» — деб ўзимни юпатиб қўйдим, кўнглим ўша осойишта, ёруғ қувончга тўлиб, автобус билан заводга жўнадим.

* * *

Заводга биринчи смена ишини тугатиб, навбатдаги смена ишга тушадиган пайтда етиб бордим. Автобусдан тушиб заводнинг қизил ғиштдан қурилган баланд қўрғонига қараб юрганимда, дарвозадан ишчилар ҳам тўп-тўп бўлиб чиқа бошладилар. Ўртоқларимни кўчада кутсам ҳам бўларди-ю, цехни, станогимни бир кўриб кетиш ниятида ичкарига кирдим. Дарвозадан кираверишда ярим гектар келар-келмас гулзор бор эди. Гулзорнинг ўртасида заводнинг ҳурмат тахтаси, баъзи стендларга завод физкультурачилари олган кубок ва фахрий ёрлиқлари қўйилганди.

Гулзорнинг орқасида, то кўз илғамас жойларгача, бир-бирига параллель қурилган баланд ойнаванд цехлар қад кўтарганди. Улар худди катта парникларни эслатарди.

Бизнинг механика цехимиз гулзорнинг орқасидаги учинчи бинога жойлашган.

Ҳовлига киришим билан гулзорнинг ўртасидан ўтган йўлнинг чап томонида, кичкина цемент ҳовузчанинг ёнида тўпланиб турган бригадамиз йигитларига кўзим тушди. Менинг тўғримда қандайдир гап кетаётган бўлса керак, дарвозадан киришим билан йигитлардан бири:
— Ана, ўзи ҳам келди! — деб юборди. Ҳовузнинг ёнига тиз чўкиб, соқол қиртишлаётган Кулоянц:
— Оламда бормисан, академик? — деди кўпик чаплашган юзини буриб, — Изламаган жойимиз қолмадику? Қаёқларда юрибсан?
— Нима гап ўзи? — дедим, йигитлар билан кўришарканман, лекин ғовур-ғувур бўлганиданми, билмадим, ҳеч ким менга жавоб бермади.

Белигача қип-яланғоч бўлиб, краннинг сувига ювинаётган Тўлаган дабдурустдан.
— Ўртоқлар, тунов куни мен буни битта жонон билан бошлашиб юрганини кўрувдим! — деди итоатсиз сочларини артаркан. — Аммо жонони жа зўр экан!
— Шунинг учун ўқишга кирмасдан қочиб юрган экан-да, — деб кимдир орқамдан гап отган эди, ҳаммаси бирдан қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборишди.
— Нима гап ўзи? Нимага қидирдиларинг? — дедим юрагим пўкиллаб.

Соқолини олиб бўлиб ёнимга келган Кулоянц елкамга битта туширди:
— Жононга ошиқ бўламан деб ақлу ҳушингдан айрилибсан-да! Тунов кунги гаплар эсингдан чиқдими?

Бригадамиз илғор меҳнат бригадаси, деган ном олмоқчи-ю, сен бўлсанг лақиллаб юрибсан. Қойилман сендақа академикка!
— Одамларни чалғитма! — деди Тўлаган пахмоқ сочиқ билан мускуллари бўртиб турган баданини қизартириб артаркан, — ном олиш учун курашга бел боғламоқчимиз дегин! Ҳали пойгада ўзиб келсанг оласан бу номни!

Мен ғашим келиб: «Э, қўйсанг-чи бу сохта гапларни. Бу қуруқ сафсаталарга ўзинг ҳам ишонмайсан-ку?» деб бақиргим келди, лекин бир йил бир цехда бирга ишлашиб, анча дўстлашиб қолганимиз учунми, уларни ранжитгим келмади. Шу пайт: «Э, Шарифжон кепти-да», — деган йўғон, дўриллоқ овоз эшитилди:

Сулаймон ака ҳам Тўлаганларга ўхшаб одатдаги ишчи коржомаси ўрнига янги костюм-шим кийиб, бўйнига галстук тақиб олган эди. Мен буни кўрдиму, ҳамма гапга тушундим.

Демак, ҳозир мажлис бўлади. Мажлисда булар мени ўртага олиб тоза пўстагимни қоқишади. «Илғор бригада» деган ном олаётганимизда ишдан қочяпсан, деб роса изза қилишади».

Шу ҳақда ўйладиму, юрак ютиб, Сулаймон акага:
— Сизга бир оғизгина гапим бор эди, — деб илтижо қилдимда, у кишининг жавобини ҳам кутмасдан йўлакка чиқдим:

Сулаймон ака кулимсираб:
— Ҳа, нима гап, тинчликми ўзи, ўғлим? — дея орқамдан чиқди.

Шу топда ўзим жуда тўлиб турган эканманми, ё Сулаймон аканинг илиқ муомаласи сабаб бўлдими, ишқилиб шу залнинг ўзидаёқ у «ўғлим» деб гап бошлаши биланоқ, оғзидан сўзини олиб, бўлган воқеани сўзлай кетдим. Ҳаяжонланиб, дудуқланиб гапира бошладим. Сулаймон ака палапартиш ҳикоямни типпа-тик турганича олдин кулимсираб (афтидан, менинг самимийлигимдан севиниб), сўнгра қошларини чимириб, ўйчан кўзларини бир нуқтага тикиб, индамасдан эшитди. Гапириб бўлганимда клубда битта ҳам одам қолмаган, бўш залда фақат иккимиз турардик. Ниҳоят Сулаймон ака кўзларини бир нуқтадан узиб, юзимга тикилди.

— Агар сўнгги имтиҳондан ҳам яхши ўтганингда... бу ерга қайтиб келмас экансан-да, шунақами? — деб сўради.

— Ҳа, — дея бош ирғатдим.

Унинг юзига қарашга журъат этмасдим, гапни ўзим бошлаган бўлсам ҳам юрагимда бор гапни айтиб бўлганимдан кейин бирдан ўзимни йўқотиб қўйдим.

Жуда узоқ туюлган жимликдан кейин Сулаймон ака:
— Эрталаб ойинг уйда бўладими? — деб сўради.
— Бўлсалар керак.
— Айтиб қўй: эрталаб соат саккизларда бораман, йўлдан кириб ўтаман.

Ялт этиб унинг юзига қарадим. Сулаймон ака ўсиқ қошларини чимириб, ўйчан кўзларини бир нуқтага тикиб, узун, дағал бармоғи билан учлари сарғайиб қолган мўйловини силаб турарди. Бошимни кўтаришим билан у ҳам қаради, томирлари бўртиб чиққан катта, ялпоқ кафтини чўзди: — Хўп, гап шу! — деди у, — эртага учрашамиз! «Нима демоқчи? Ойим билан нима тўғрисида гаплашмоқчи?» хаёлимда шу нотинч ўйлар билан уйга кетдим...

* * *

Уйга кун ботиб, қош қорайиб қолганда кириб бордим. Ойим гулзорнинг ўртасидаги супада икки қўлини тиззасига қўйиб, аллақандай ўйчан, ғамгин бир вазиятда ўтирар, оқ шойи кўйлагининг устидан попукли ипак камар тақиб олган Салим Каримович эса супа билан гулзор ўртасидаги бир парча ерда у ёқдан-бу ёққа бориб-келиб турари. У камарининг бир учини ўнг қўлига ушлаб олган ва унинг попуги билан чап қўлини ҳадеб савалар, бу эса унинг нимадандир безовта бўлаётганини кўрсатарди. Эшик «ғийқ» этиб очилиши билан Салим Каримович тўхтади. Кўзойнаклари устидан тикилиб қаради. Ойим чўчиб бошини кўтарди. — Хайрият! — деди Салим Каримович ва нимагадир бошини чайқаб уф тортиб қўйди. — Биз сени деб қаёқларга бориб, эрталабдан бери чоп-чоп қилиб юрибмиз-у, сен бўлсанг... ўз ҳолингга юрибсан. Одам — деган ҳам шунақа бепарво бўладими, ўғлим?

Ойим индамасдан ўрнидан туриб олдимга келди ва аллақандай ҳолсиз, чарчоқ овозда:
— Қаёқларда юрибсан, болам?— деди секин. Унинг кўзлари жиққа ёшга тўлганини кўриб, шошиб қолдим.
— Қани юр, уйга кирайлик, — деди Салим Каримович қатъий овозда, — бир соат вақт қолди!

Ҳайрон бўлиб бир ойимга, бир Салим Каримовичга кўз ташладим. Салим Каримович менга қараб мамнун кулди:
— Бир бало қилиб ишингни тўғриладик, ўғлим... Ўртоқлар илтимосимизни қайтармадилар. Қани бўла қол, иншоингни тўғрилаб келганман, тезроқ кўчириб бер!..

Шошганимдан:
— А?! — деб юбордим. Салим Каримовичнинг бу хабаридан қувониш керакми, йўқми, буни ҳали ўзим ҳам яхши тушуниб етмасданоқ, ёдимга Сулаймон Акрамович тушди. Тушди-ю, кўнглимнинг бир четига «ярқ» этган шодликка совуқ сув сепилгандек бўлди.
— Йўқ, фойдаси йўқ, — дедим. — Энди фойдаси йўқ...

Бу сўзларни секин айтдим, лекин қизиқ, шундай дейишим билан Муқаддасни эсладим!

«Наҳотки тўғрилаш мумкин бўлса? Наҳотки биз бир институтда, бир аудиторияда, бир жойда ўтириб беш йил ўқишимиз мумкин бўлса? Наҳотки у билан доим бирга бўлиш бахтига муяссар бўлолсам?»
— А? — деди Салим Каримович, — қайта айт: нима дединг?
— Уйга кирайлик, уйга кириб гаплашайлик, — деди ойим. Унинг овозида қандайдир қўрқув бор эди.
— Бу қандоқ бўлди? —деди Салим Каримович. У бунақа жавобни сира кутмаганидан бўлса керак, кўзойнагини дам қўлига олар, дам қайта тақиб, бир ойимга, бир менга қарарди, — ўқишга хоҳишинг йўқ бўлса, яъни умрбод шу заводда оддий ишчи бўлиб ўтаман десанг... тағин ўзинг биласан. Аммо бундай қулай пайт турмушда бир келади, ўғлим. Сенинг ўрнингда бўлсам уни қўлдан бермас эдим, тағин ўзинг биласан!

Ойим қўлимдан ушлади:
— Юр, ўғлим, уйга кирайлик...

Индамасдан ойимнинг кетидан уйга кирдим. Салим Каримович нимагадир кирмади.

Хаёлим бирдан тўс-тўполон бўлиб кетган, кўнглимда бир-бирига зид ҳислар олишмоқда эди. Ҳақиқатан ҳам ғалати аҳволга тушиб қолгандим. Муқаддасни десам, бояги ажойиб одамлардан, дўстларимдан айирилишимни сезардим, лекин уларни десам... Муқаддас нима бўлади?..

Ойим айвондан уйга кираётиб эшик тепасидаги тугмачани босди. Уйни чарақлатиб юборган лампочка нурида столда турган катта сопол товоқ тўла ошни кўрдим. Ошга ҳеч ким қўл урмаган, афтидан, ойим уни менга сузган-у, келмаганимдан кейин ўчоққа қўйишни унутган, ош совиб қолган эди.
— Овқатингни иситиб берайми? — деди ойим. «Йўқ» деб бош чайқагандим, юзимга тикилди.
— Қани ўтир, нима гап ўзи, тузукроқ тушунтир-чи?

Ойим қўлимдан тортиб стулга ўтқизди-да, ўзи ҳам четда турган стулни рўпарамга суриб ўтирди. Лампочканинг кўзни қамаштирувчи ўткир ёруғлигида унинг пешонасидаги кўзлари ва лабларининг четларидаги ажинлари аниғроқ кўриндими, ё бутун қиёфасидаги аллақандай мунгли, маъюс ифода таъсир этдими, билмадим, ишқилиб, биринчи марта унинг хийла қариб, чарчаб қолганини аниқ кўрдим. Назаримда унинг дилида мендан, ўз фарзандидан яшириб юрган бир дарди, нидоси бордек туюлди-ю, бир секундга оёғига чўккалаб, унинг тиззасига бош қўйгим, ювилавериб ранги ўчиб қолган чит кўйлагига юзимни яшириб, ором олгим, ҳамма нарсани унутгим келди.. Лекин худди шу пайт ойимнинг кўзларидаги маъюслик аллақандай совуқ бир ифода билан алмашди.
— Нимага индамайсан? Қақларда тентираб юрибсан?

Бу совуқ ифодани кўрмаслик учун ерга қарадим, шу вазиятда бўлган воқеанинг ҳаммасини айтиб бердим, заводга борганимни, дўстларимнинг қандай қарши олганларини, Сулаймон Акрамовичга сиримни очганимни ва унинг эртага келмоқчи бўлгани — ҳаммасини гапириб бердим, фақат Муқадас тўғрисида ҳеч нима демадим.

Ойимнинг кўзларига ўйчанлик чўккан эди. У юзимга тикилиб ўтирар, лекин хаёли бошқа ёқларда эди. Аста-секин қалбимга тағин бояги туйғулар қуйилиб кела бошлади: тағин боягидек унинг муштипар бир аёл эканини, кўнглининг бир бурчида мендан яшириб юрган сирлари борлигини ўйлай бошладим, бироқ худди боягидек тағин кўнглим эриб кетаётганда ойим гап бошлади:
— Сулаймон ака билан ўзим гаплашаман, — деди у босиқ, маъюс овозда, — унга ҳаммасини ўзим тушунтираман. Нечук сени ўқишга киритишга бунчалик уринаётганимни ўзингга ҳам айтиб бераман, болам. Эҳтимол мен нотўғри қилаётгандирман. Бироқ бошқа иложим йўқ. Бунинг сабабини кейин тушунтириб бераман, болам. Лекин... Сен ҳозир дадангнинг айтганини қил: иншоингни унга кўчириб бер. Бўлмаса кеч қоламиз...

Тўғрисини айтсам, кўнглимнинг бир четида қандайдир шубҳа бор эди. Ойим келтирган, тўғрироғи, иншони ёзиб берганимдан сўнг айтадиган далиллари қанчалик салмоқли бўлмасин, дўстларим олдида ўзимни оқлай олмаслигимни сезардим, лекин... кўз олдимда кулиб турган Муқаддас, у билан беш йил бирга бўлиш истаги бу ўйлардан зўр чиқди-ю, қандай қилиб «хўп» деб юборганимни ўзи ҳам билмай қолдим.

Ойим ташқарига чиқиб бирпасдан кейин дадамни бошлаб кирди. Нимагадир кулимсираган, афтидан, ўз ишидан мамнун бўлган Салим Каримович қўлимга ўроғлиқ қоғозни бераркан:
— Қанақа ёзганингни бир кўриб қўйгин-у, қанақа ёзиш кераклигини ҳам ўрганиб олгин, — деди жилмайиб, — келажагингни шу қоғоз ҳал қилади. Эҳтиёт бўл, ўғлим!

Бу ўша — Гулнор билан Йўлчи тўғрисида ўз қўлим билан ёзган иншо эди. У қизил қалам билан шундай тузатилган, шундай чизиб ташланган эдики, худди қуроқ кўрпани эслатар, қалам тегмаган битта ҳам жумла қолмаган эди. Мен бунчалик тузатишларнинг сабабларига тушунмоқчи бўлиб, иншони ўқий бошлаган эдим, дадам қўлини елкамга қўйиб:
— Олдин кўчириб бер! Кейин ўқийсан! — деди. Ойим бу гаплар менинг иззат-нафсимга тегиб кетишидан қўрқса керак:
— Бўлақол, болам, тезроқ кўчириб берақол, — деди секин.

Ойим қўрқмаса ҳам бўларди: Салим Каримовичдан хафа бўладиган жойим ҳам йўқ, ҳақим ҳам йўқ эди.

Кейинчалик ҳамма нарса ҳал бўлгандан кейин мен ҳар сафар ўша дақиқаларни эслаганимда шундай уялар, юрагимни шундай қаттиқ бир оғриқ чангаллаб олардики инграб юборардим. Лекин у маҳалдд бировнинг қўли билан тузатилган иншони кўчириб нақадар катта хато қилаётганимни сезмас эдим, чунки хаёлим қувончли бир фикр билан банд эди: — Энди Муқаддас иккимизни ҳеч нарса ажрата олмайди!

Менинг ўрнимда ҳамма ҳам шу аҳволга тушиб қолармикин, ё мен ўзим шунчалик беқарор эканманми, билмадим, ишқилиб, ўшандан атиги бир соат олдин, мажлис вақтида қилган афсусларимни унутиб, иншони қайта кўчирар эдим. Мажлис маҳалида, у ерда жўш урган меҳнат руҳига мафтун бўлиб, Муқаддасни унутган бўлсам, энди ўша дўстларимни, ўша ажойиб руҳни унутиб, ёлғиз Муқаддасни ўйлардим...

Ниҳоят ёзиб бўлдим. Салим Каримович ёзганларимни ўзи бир марта ўқиб чиққач, бирор соатда қайтиб келишни ваъда қилиб, ошнасининг олдига жўнади. У чиқиб кетиши билан ойимга қарадим: унинг қўлида бу нотўғри, ифлос кирдикорни оқлайдиган қандайдир бир ҳужжат бор эди. Мен бу ҳужжатни кўришни, виждоним олдида ўзимни оқлашни истардим! Ойим ҳам менинг мақсадимни сўзсизоқ тушунди шекилли, уйнинг тўрига бориб, бутун деворни қоплаб олган гулдор чойшабни кўтариб михга илди ва тахмонда турган катта эски сандиқнинг устидаги кўрпаларни битта-битта олиб столга қўя бошлади.

Мен индамасдан унинг ишини кузатиб ўтирардим. Кўрпаларни олиб бўлгач, ойим сандиқни очди-да, унинг ичидан четлари қирқилган эски бир чамадон олиб, олдимга қўйди. Чамадонни очаётганида қўллари секин титраётганини пайқаб қолдим.

«Нега?! Мен ҳамма балони ўзим қилиб, яна айбни унга тўнкаб, дилига озор бераётганим йўқмикин?..»

Чамадондаги нарсалар оқ шойи билан ўралган эди. Ойим шойини кўтарди ва мен эҳтиёткорлик билан тахланган бир чамадон хатларни, эски конвертларни кўрдим. Уларнинг кўпчилиги уч бурчак хатлар бўлиб, сарғайиб, четлари йиртилиб кетган, кўк қалам билан битилган устидаги ёзувлари ҳам ўча бошлаган эди.
— Бу... отангнинг хатлари, — деди ойим, деди-ю, кўзлари жиққа ёшга тўлди, — мана, ўзиниям бир кўриб қўй...

Ойим хатларнинг тагидан катта бир конверт топиб ундан иккита сурат олди ва биттасини менга узатди.
— Фронтда тушган сурати...

Бу — узун бўйли, чакка суяклари туртиб чиққан, лунжлари ичига ботиб кетган қоп-қора бир одамнинг сурати эди. У жилмайиб турар, лекин негадир, афтидан, жуда озиб-тўзиб кетгани учун бўлса керак, йиғлаб турганга ўхшарди. Унинг бошида эски пилотка, эгнида ғижимланган эски гимнастёрка, оёғида катта кирза этик, суратнинг тагига эса қалам билан «Ленинград, 1941» деган ёзув битилган эди. Кўзим шу ёзувга тушди-ю, йиғлаб турганга ўхшаган бу қоп-қора новча одам юрагимга яқин, меҳрибон, гўё мард ва довюрак бир кишига айланди, гўё «Ленинград, 1941» деган сўзлар тўсатдан ярқ этиб нур сочди-ю, бу нур пилотка кийган нотаниш одамнинг қалбини, ички дунёсини, руҳини ёритиб юборгандек бўлди...

«Отам!» Мен бу сўзни фақат хаёлимда тилга олсам ҳам, у тўсатдан кўнглимни эритиб юборди. Ажабо: мен бу сўзни биринчи марта чин қалбимдан, самимий тилга олишим эди...
— Мана, буни ҳам бир кўриб қўй...— Ойим иккинчи суратни чўзди, чўзаркан; билинар-билинмас қизаргандек ва кулимсирагандек бўлди.

Бу дадам иккисининг урушдан олдин олдирган суратлари эди. Иккиси ҳам ёш ва бахтиёр эдилар.
— Мана шу одам сенинг отанг, ўғлим, — деди ойим секин. — Мен отанг олдида гуноҳкор эмасман, ўғлим. Хоҳласанг, мана хатларини ҳам ўқиб кўр. Мен жуда ёш бўлганим учун... турмуш қилдим. Бироқ мен ҳанузгача... — Ойим энтикди, бир зум сўзидан тўхтаб, рўмолча билан кўзларини артди, сўнгра ўзгарган, босиқ овозда давом этди: — Мен уни ҳанузгача унутганим йўқ, ўғлим. Шунинг учун унинг биттаю битта васиятини бажармасам виждоним олдида тинчий олмайман. Унинг биттаю битта васияти — сени ўқитиш эди, ўғлим, сени ўқитиб инженер қилиш эди. У ўзи инженер эди, яхши инженер эди. Сенинг ҳам инженер бўлишингни орзу қиларди. Мана, унинг ўлим олдида госпиталдан ёзган хати. Ишонмасанг, ўзинг ўқиб кўр.

Ойим бир чамадон хатларнинг орқасидан уч бурчак қилиниб букланган ва устига кўк қалам билан адрес ёзилган сарғиш конвертни олиб, менга чўзди.
— Госпиталдан, ўлим олдида ёзган хати, — такрорлади ойим, кейин юзимга қарамасдан секин қўшимча қилди:
— Отанг қорнидан яраланган эди...

Хатни олмадим. Отам тўғрисида яна бир оғиз сўз эшитадиган бўлсам, ўзимни тутолмай қолишимни сездимда, ўрнимдан туриб эшикка томон юрдим. Ойим тўхтатмади: у менинг қалбимдаги ҳисларни тушунган эди.

Ташқарида ҳаво бирдан ўзгариб, шамол кўтарилган, ҳовлидаги олча ва ўриклар совуқ куз келаётганини эслатиб қаттиқ гувиллар, шовиллар эди. Тиниқ, бахмалдек майин осмонни тўлдирган юлдузлар ҳам бугун одатдагидан бошқачароқ кўринар, муз парчаларини эслатиб совуқ чақнарди...

Айвоннинг устунига суяниб бир нафас турдим. Дарахтларни эгиб, гувиллатиб эсаётган шамол юзимга уриб, кўнглимдаги ғулғулани тағин ҳам кучайтириб юборди.

Деразадан ойимнинг сояси кўринди: у кўрпаларни жойига йиға бошлаган эди. Секин бориб жойимга, олчалар орасидаги ёғоч каравотга ўзимни ташладим.... Шамол ҳамон ғувиллар, дарахтлар куздагидек қаттиқ шовиллар эди.

Ойимнинг гапларидан кейин мен унинг ўзича ҳақ эканлигини тушундим, лекин қизиқ, дадамнинг хатлари, сурати, ойимнинг ҳикояси кўнглимни тинчитиш у ёқда турсин, ўйларимни тўс-тўполон қилиб юборган эди. Бу хатлар эҳтимол ойимни оқлар, лекин мени-чи? Мени оқлармикин? Бу ўйлардан қутулиш ниятида бошимни кўрпага ўрадим.

* * *

Эрталаб кун чиқар-чиқмас уйғондим. Тундаги шамол тинган, осмон кўм-кўк, тиниқ эди. Қуёшнинг илк нурлари ҳовлидаги икки туп мирзатеракнинг учларида жилваланар, ҳаммаёққа қандайдир осойишталик чўккан, ҳовли сув сепгандек жимжит эди. Тўсатдан уй томондан Салим Каримовичнинг овози эшитилди. Ҳайрон бўлиб муздек олча шохларини эгиб мўраладим, чунки Салим Каримовичнинг бунақа эрта турадиган одати йўқ эди. Уйдан ойим билан катта чарм папкасини қўлтиқлаб олган Салим Каримович чиқди. Норози овоз билан секин гапирмоқда эди:
— Мен у одам билан гаплашишни истамайман. Аммо эҳтиёт бўлинг. Бир чатоқ чиқса мен ҳам, ўртоқлар ҳам уятга қоламиз.
— Сулаймон ака гапга тушунадиган одам, — деди ойим, — ўзим ётиғи билан тушунтириб қўяман.
— Хўп. Ишқилиб уятга қолмайлик. Ҳозирги пайтда бу ниҳоятда нозик масала...

«Иншо тўғриланибди!» Миямда «ярқ» этган бу фикр нимагадир дилимни равшан қилолмади. Бирдан Сулаймон ака келадиган вақт яқинлашиб қолганини эслаб, ўрнимдан турдим. Қизиқ, хаёлимга келган биринчи фикр уйдан тезроқ чиқиб кетиш, у билан учрашмаслик, уни кўрмаслик бўлди. Кранга бориб муздек сувга бошимни ювдим. Кийиниб энди чиқаман деб турганимда дарвоза томондан ойим кўринди.
— Иншоинг тўғриланибди, табриклайман, ўғлим! — деди у кулимсираб. Лекин кўзлари худди кечагидек маъюс эди.
— Йўқ, йўқ, сен кетмагин, — деди ойим Сулаймон ака билан учрашмаслик ниятида кетмоқчи бўлаётганимни эшитиб. — Сўраб қолса уят бўлади.

Ойимнинг ҳаяжонланаётганини тушундим-да, қайтиб жойимга бориб ётдим.

Кўнглим ғаш эди, ҳатто нимадандир қўрқардим, бу қўрқув дилимга озор берар, иззат-нафсимга тегар, лекин ундан қутулишга ожизлик қилардим.

Дарвоза такиллади. Ойим шошиб, тез-тез юриб ўтиб кетди. Бир оздан кейин Сулаймон аканинг ясамага ўхшаган дўрилдоқ овози гўё ҳовлини тўлдириб, жаранглатиб юборди:
— Чой-пойга овора бўлманг. Ҳаммаси бўлиб беш минутга келдим, холос. Қани, шу сўрида ўтира қолайлик.
— Уйга кирайлик, ҳали сизга айтадиган анча гапларим бор, — деди ойим.

Сулаймон ака уйга кириш-кирмаслигини билмасдан иккиланди шекилли, бир зум жим қолди.
— Мен сиз билан гаплашаман, деб келсам, ҳали сиз мен билан гаплашиб қўяман денг! Оббо сиз-э... Шарифжон қани? Чақиринг уни!

Юрагим «шув» этиб ўрнимдан туриб кетдим. Лекин шу вақт ойимнинг:
— «Шарифжон шу ерда, олдин ўзимиз бир гаплашиб олайлик, кейин уни ҳам чақирамиз», — деган сўзлари билан кўнглим бир оз ўрнига тушгандек бўлди.
— Ҳай, майли, гапингиз бўлса эшитайлик, — деди Сулаймон ака. — Аммо бошқа нарсага овора бўла кўрманг. Шошиб турибман.

Сулаймон ака катта, оғир этиклари билан ерни гурс-гурс босиб айвонга чиқди, кейин иккиси ҳам уйга кириб кетдилар-у, овозлари эшитилмай қолди.

Ўрнимдан туриб ўтирдим. Юрагим пўкиллаб урар, бир ўйим чопиб бориб суҳбатларини бўлгим, «ўқишни ҳам, ишни ҳам йиғиштириб қўйдим!» — деб бақиргим келарди...

«Беш минут ўтираман», деган Сулаймон аканинг уйга кириб кетганига чорак соатдан ошиқроқ вақт ўтди-ю, лекин ундан дарак йўқ эди.

«Нега буларнинг гапи жуда чўзилиб кетди? Ёки ойим менга кўрсатган хатларини унга ҳам кўрсатяптимикин?» Тоқатим тоқ бўлди. Деразадан кўриниб қолмаслик учун кранни айланиб ўтиб, айвонга яқинлашдим. Ичкаридан Сулаймон аканинг овози эшитилиб турарди. Устуннинг ёнига борганимда сўзлари қулоғимга аниқ-аниқ кира бошлади:
— Хўп, тағин ўзингиз биласиз, лекин қаттиқ янглишаётганингизга шубҳам йўқ! — дерди Сулаймон ака. — Бунга менинг имоним комил, Раҳимахон! Шундай ажойиб ишчи, ажойиб одам бўлиб етишаётган ўсмирни йўлдан урибсиз-а? Бай-бай-бай!

Ойим бир нима деяётган бўлса керак (унинг овози эшитилмас эди), Сулаймон ака бир неча дақиқа сукут қилди, сўнгра илгаригидан кўра асабий ва қаттиқроқ овозда:
— Мен Содиқни сиздан кам билмайман! — деди, — биз бирга ўқиганмиз, урушда ҳам бирга бўлганмиз! У Шарифнинг инженер бўлишини орзу қиларди. Бу — тўғри! Лекин Содиқ ҳаёт бўлганида сира бу йўлга бошламас эди. Сиз уни бойваччага айлантирмоқчи бўляпсиз! Аммо гап уни бойвачча инженер қилиб етиштиришда эмас, гап уни одам қилиб етиштиришда!

Тўсатдан миямда исёнкор бир фикр чақнади.

«Нима демоқчи? Мени одам бўлмайди демоқчими? Йўқ!» Ичкарига кирмоқчи бўлиб интилдим-у, уйдан Сулаймон аканинг:
— Хўп, майли, билганингизни қилинг! — деган гапини эшитиб киришга журъат қилолмасдан яна тўхтадим. — Шарифнинг ўқишига қарши эмасман. Ўқисин, инженер бўлсин, фақат бу йўлдан бормасин, деяпман холос! — дерди Сулаймон ака. — Инженер бўладими, олим бўладими, тўғриликча бўлсин деяпман, холос! Хўп, бошқа гапингиз йўқми? Хайр!

Айвон билан олчазорнинг ораси ўн-ўн беш қадам келарди. Унга етиб бориш... Бу тўғрида ўйлаб улгурмаган эдим ҳамки, эшик очилиб остонада Сулаймон ака кўринди. Унинг юзи ҳаммомдан чиққандай қизарган, қошлари туташиб, қовоғи солинган, оппоқ қалин сочлари тўзғиган эди. Мен уни кўрдим дегунча юрагимдаги бояги исёнкор туйғулардан асар ҳам қолмади. Аксинча, ўз ихтиёримга қарши унга томон юрдим. Сулаймон ака мени кўриб тўхтади, Лекин кўришмади.
— Ўз фикримни ойингга айтдим! — деди у, афтидан, мени ҳам гаплашмоқчи деб ўйлаб, — энди билганларингни қилинглар. Лекин институтга хат ёзиб, сиримни очади деб қўрқмасаларинг ҳам бўларди...

Сулаймон ака, қошларини чимириб бир зум жим қолди.
— Ниятим бошқа эди... Минг афсус, мақсадимга тушунмабсан!..

У шартта бурилиб, зинадан тез-тез юриб пастга тушди-да, дарвозага қараб кетди.

«Наҳотки, шу кетишда чиқиб кетса? Наҳотки тўхтамаса?..»

Йўқ, тўхтади. Ҳовлининг ўртасига борганда тўхтади, ўнг қўлидаги ғижимланган шапкасини бошига қўндираркан, чақирди:
— Бери кел!

Мен чопиб бордим.
— Мабодо... кейин, турмушда қийналиб қолсанг... аҳмоқлик қилиб юрма, олдимга бор. Тўғри боравер, тушундингми?
— Сулаймон ака!
— Тушундингми? — юзимга қарамасдан деди у ва жавобимни ҳам кутмасдан вазмин, оғир қадамлар билан ҳовлидан чиқиб кетди.

Тишимни тишимга босиб, муштимни тугдим.

«Йўқ бормайман, ҳеч қачон бормайман!»

У менга бир оғиз илиқ сўз айтмади, нимага шундай қиляпсан, деб бир оғиз сўрамади ҳам, менинг дилимда ҳам ўзимга яраша бир дардим борлигини билишни истамади!..

«Йўқ, раҳмат, бормайман!»

Бу одамнинг оталарча муомаласига ўрганиб қолганим учунми, билмадим, унинг бу қадар совуқ муомала қилиши шунчалик қаттиқ теккан эдики, алам ва хўрликдан кўз ёшларимни зўрға тийиб турардим.

Бир оздан кейин уйдан ойим чиққанда, биз бир-биримизнинг юзимизга қарай олмадик. У мендан кўзларини олиб қочар эди, мен ундан... лекин иш битган эди! Мен ҳатто чой ҳам ичмасдан уйдан чиқиб кетдим. Институтга бордим, паркларни айланиб кечқурунгача юрдим. Аста-секин кўнглимдаги ғубор тарқаб, унинг ўрнини аллақандай ёруғ; дилни равшан қиладиган ўйлар; орзулар эгаллади: энди институтга киришим, Муқаддас билан бирга бўлишим муқаррар эди!

* * *

Шу кундан бошлаб мен учун ҳар соати бир йил туюлган кутиш даври бошланди. Мен икки нарсани кутардим. Бири институтга қабул қилинганлигимиз тўғрисида чиқадиган буйруқ бўлса, иккинчиси Муқаддас эди. Ҳар куни эрталаб уйқудан уйғонар-уйғонмас институтга қараб чопардим, юрагимни ҳовучлаб фойедаги эълонлар ёпиштириладиган досканинг олдига борардим, буйруқнинг чиқмаганини кўргач, ҳафсалам пир бўлиб, қайтиб кетардим-у, кун бўйи шаҳарни кезиб, кечқурун яна борардим... Шу тахлитда икки кун ўтди. Унгача Муқаддас ҳам қайтиб келмади. Учинчи куни эрталаб, эндигина уйқудан уйғониб, кўзларимни очгандим, ёнимга ойим келди, каравотнинг четига омонатгина ўтириб пешонамдан ўпди. — Табриклайман, ўғлим! — деди у маъюс жилмайиб, — буйруқ чиққан эмиш. Салим Каримович кечаси келиб айтди...

Юрагим бирдан қаттиқ уриб, юзим ловиллаб ўрнимдан сакраб турдим.

Дадам ҳовлида яланг оёқ, пижамасининг почаларини тиззасигача шимариб, гулларга сув қўйиб юрарди. У мени кўриб ёнимга келди, ҳўл, муздек кафти билан қўлимни сиқди.
— Энди табриклаймиз, ўртоқ студент!

Апил-тапил ювиниб, институтга чопдим.

Ўша куни қувончга қувонч улашиб кетадиган бахтли бир кун экан: яқиндагина ювилган асфальт кўчалар салқин ва ойнадек чарақлаб, сув пуркалган дарахтлар қуёш нурларига чўмилиб, гўё байрамда ясанган қизлардек очилиб, яшнаб кетганди. Гавжум кўчалардаги одамлар ҳам ҳар кунгидан яхшироқ кийинган ва нима учундир одатдагидан мулойимроқ ва ёқимлироқ кўринарди. Ҳамма бир-бирига йўл берар, бир-бирини иззат қиларди. Трамвайга чиққанимда ўзимдан ёшроқ бир қиз ўрнидан туриб менга жой берди ва «марҳамат, ўтиринг», деб жилмайиб қўйди, трамвайдан тушиб институтга қараб чопиб кетаётганимда, орқамдан биров «йигитча!» деб чақирди-да, чўнтагимдан авторучкам тушиб қолган экан, бояги қиздек мулойим кулимсираб қўлимга тутқазди.

Институт эшиги олдида, имтиҳон чоғидагидек бўлмаса ҳам ҳар қалай хийла одам тўпланган эди. Назаримда қизларнинг орасида Муқаддас кўрингандек бўлиб юрагим ўйнаб кетди. «Қўрққанга қўша кўринади», деган гап рост экан-да, институтга етиб қолганимда тўпланган ёшлар орасида бирга имтиҳон топширган таниш қиз-йигитларга кўзим тушиб, тўсатдан юрагим «шув» этди-ю, аъзойи баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Ўзимни кўриб-кўрмасликка солиб, жадаллаб ўтдимда худди сувга шўнғигандек фойега уриб кетдим.

Фойеда ҳам одам кўп эди. Бу ерга келувчиларнинг кўпчилиги қабул қилинишига умиди борлар, ҳатто ишонганлар бўлгани учундир, албатта, кўпчиликнинг юзида шодлик аралаш ҳаяжон жилва қилар, кўзлари чақнарди.

Эълонлар осилган катта қора досканинг олдидаги оломоннинг орасига суқилиб кириб, туриб-турткиланиб олдинга ўтиб олдим. Лекин ҳаяжонланганимдан гўё доска чайқалар, қоғозлардаги ёзувлар бир-бирига чаплашиб кетганга ўхшар, мен қидирган буйруқ ҳеч топилмас эди...

Ҳа, мана бизнинг факультет!.. Кўзларим узун рўйхатга қадалди. Ўз исмим ва фамилиямни қидира бошладим. Ана, топдим. Юрагим гупиллаб, рўйхатнинг бошига тикилдим. Аббосов; Акрамова, Алимов, Аҳмедова, Бобожонов... йўқ! — Юрагим шув этиб, рўйхатни яна бошидан охиригача ўқиб чиқдим: Муқаддас ростдан ҳам рўйхатда йўқ эди!.. Кўзларимга ишонмасдан рўйхатни қайта бошдан ўқишга киришдим... Наҳотки, қабул қилинмаган бўлса?

Унинг рўйхатга кирмай қолганига, демак институтга ҳам қабул қилинмаганига ақлим етиб турарди, лекин бунга ишонгим келмас, ишонишдан қўрқар эдим. Шунинг учун худди бошқа рўйхатларда бўлиши мумкиндек, уларни ҳам бир-бир ўқиб чиқдим, сўнгра яна биринчи рўйхатга қайтдим. Лекин аста-секин орқадан келганлар туртиб-сиқиб худди тошқин қирғоққа чиқариб ташлаган бир чўпдек, мени четга чиқариб қўйди. Шундан кейингина бир оз ҳушимга келиб, бу ҳодисанинг сабабини қидира бошладим. Лекин ўйлаб-ўйлаб бир қарорга келолмадим. Умуман, бунинг ҳеч қанақа сабаби йўқ, сабаби бўлиши мумкин эмас эди! Афтидан, бир англашилмовчилик юз берганди, эҳтимол рўйхат кўчирилаётганда хато бўлиб, унинг фамилияси тушиб қолган бўлса! Бу хатони тезроқ тузатиш, Муқаддас келмасдан олдин тузатиб қўйиш керак эди!

Қабул комиссиясига борсаммикан, ё деканатгами, деган ўй билан бир нафас иккиланиб турганимдан кейин, деканатга боришга қарор қилдим, чунки буйруқ чиққандан кейин бунақа масалалар билан деканат ҳам шуғулланишини бултуроқ билиб олган эдим.

Ўнг қўлга бурилиб, тор ёғоч зиналардан учинчи қаватга чиқа бошладим. Афтидан, менга ўхшаб хато «қидириб» юрганлар озмунча бўлмаса керак, юқорига чиқиб-тушаётганлар сон-саноқсиз, ҳамма ерда ғовур-ғувур, тўполон эди. Лекин қатновчиларнинг кўпчилиги иккинчи қаватдаги институт директорининг кабинетига бурилиб кетар, учинчи қаватга чиқувчиларнинг сони хийла оз эди.

Директорнинг кабинетига бурилмасдан, учинчи қаватга кўтарила бошлаганимда кўнглимдан: «Улар мендан сиз у қизнинг кими бўласиз, деб сўраб қолишса нима дейман», деган фикр ўтди.

Беихтиёр қадамим сескинлашиб қолди. Худди шу вақт тепада, учинчи қаватнинг йўлагида, зинага томон бир-бир босиб келаётган Муқаддасни кўриб қолдим... У ҳам мени кўрди-ю, юришдан тўхтаб, чиқиб боришимни кута бошлади.

Худда катта бир бахтсизлик рўй беришини олдиндан билган одамдек, аллақандай мадорсизланиб учинчи қаватга зўрға чиқдим. Биз қўл бериб кўришдик. Муқаддас тўсатдан пирпираб уча бошлаган лабини тишлаб ерга қаради.
— Кирдингизми? Нима дейишди? — деб сўрадим секин.

Муқаддас жавоб бермади, у фақат кўзларини ердан узиб аста юзимга қаради, унинг узун эгилган киприклари орасидан юмалаб чиққан икки томчи кўз ёшини кўрдим. Бу томчилар бир-бирини қувиб, юзидан юмалаб тушди-да, лабининг четидаги чуқурчага сингиб кетди...

Сўнгра бир-бирини қувган ёш томчилари кўпайиб кетди...
— Қўйинг, — дедим унинг қўлини қўйиб юбормасдан, — бу ерда бир хато ўтганга ўхшайди. Мени қабул қилганда, сизни қабул қилмайдиларми?

Муқаддас ёш тўла кўзлари билан менга «ялт» этиб қаради:

Кўнглимдаги ҳаяжонли тараддуд кутилмаганда қатъий журъатга айланди. Йўлакнинг охирида, деканатнинг эшиги олдида, бир-иккита яхши кийинган аёллар турар, четрокда ҳасса ушлаган бир чол ўтирарди. Биз боришимиз билан бошига шляпа кийган юм-юмалоқ бир хотин қўлида ўйнаб турган ҳашаматли хитой зонтиги билан олдимни тўсди.
— Сиз декангами, яхши йигит! Биз ҳам...

Мен унинг зонтигини жаҳл билан итариб ташладим.
— Биз сизга ўхшаб бу ерга тиланчилик қилиб келганимиз йўқ! Юринг, Муқаддас!

Аёл буни сира кутмаган бўлса керак, шошиб бир қадам орқага чекинди, оғзи очилганича бақрайиб қолди. Мен ичкарига кириб эшикни ёпаётганимда аёллардан бирининг:
— Ҳозирги ёшларимиздан ҳар нарсани кутса бўлади! — деб пўнғиллагани қулоғимга чалинди.

Деканнинг қабулхонасида одам ғуж-ғуж эди. Икки жойда иккита ёзув машинаси тақирлар, кимдир телефонда қичқириб гапирар, важоҳатларидан домлаларга ўхшаган беш-олтита салобатли кишилар нима тўғрисидадир қизғин баҳслашардилар. Лекин бу одамларнинг ҳеч қайсиси бизга қайрилиб ҳам қарамади, фақат «декан» деб ёзиб қўйилган ва қора чарм билан қопланган салобатли эшикнинг ўнг томонида ўтирган сочлари оппоқ кампир бизга қараб бирдан ўшқириб берди:
— Нимага рухсат сўрамасдан кирдиларинг? Декан банд!

Бир дақиқа ўзимни йўқотиб, довдираб қолдим, лекин кўзим Муқаддасга тушди-ю (у лаблари титраб, ёнимда турарди), дарров сўз топдим:
— Ҳеч ким рухсатсиз киргани йўқ! Ўшқиришдан олдин сўранг бундоқ! Бизни директор юборди!
— Нимага келганларингни сўрамасданоқ билиб турибман! — деб пўнғиллади кампир.
— Биласизми, йўқми, аммо бизни директорнинг ўзи юборди! — дедим қатъий.

Кампир жаҳл билан столдаги қоғозларни титкилай бошлади.
— Декан йўқ. Муовини қабул қиламан деса марҳамат! Мен билмайман! Ўзидан сўранглар!

Эшикни куч билан юлқиб очдим. Кўнглимдан: «нима бўлса бўлар!» деган фикр ўтди.
— Мумкинми?

Жавобни эшитмасданоқ ичкарига олдик. Лекин ичкарига кириб, энсизгина узун хонанинг тўрида, қора мовут ёпилган столнинг ёнида ёшгина бир жувон билан кулишиб, гаплашиб турган ўрта бўйли олифта кийинган йигитни кўришим билан юрагимдаги бор-йўқ журъат ва қатъият худди сув пуркалган алангадек ўчди-қолди. Бу олифта йигит ўша Муқаддас иккимизни доим кузатиб юрган, бир неча марта Муқаддасга сўз отиб, танишишга ҳаракат қилиб кўрган ёш олим Пўлат Азизов эди!... У бизга бир қараб қўйди-ю, сочларини калта қилиб қирқтирган ёш жувонга қўлини чўзди.
— Бизларни унутиб юбормасдан келиб туринг, Гулчеҳрахон! — деди у ва гўё шундай чиройли жувон билан яқин муносабатда эканини бизга кўрсатиб қўймоқчи бўлгандек, жўрттага қўлини қўйиб юбормасдан:
— Демак... шу қарорга келдикми? — деб сўради. Жувон калта, қуюқ сочларини силкитиб кулди:
— Яхши йигит келиб туринг демайди, вақт-соатини ва учрашадиган жойини аниқроқ айтади.
— Оббў сиз-е! — деди қизариб Пўлат Азизов, лекин жувон «Хўш, бопладимми?» деган маънода қўлларини силтаб қийшанглаб кулди ва эшикка томон юрди.

Ер тагидан Муқаддасга бир қараб олдим. У бошини қуйи солиб, тирноқларига тикилиб турарди. Узун-узун эгилган киприклари гўё титраётгандек пирпираб учар, ловиллаб ёнган узунчоқ юзи, бутун қиёфаси дилидаги пушаймон, уят ва ҳақорат ҳисларини худди кўзгудек акс эттириб турарди. Мен ҳам ичкарига кириб Азизовни кўрган заҳотимоқ бу ерга келиб яна бир хато қилганимизни тушунган эдим. Лекин энг ёмони шунда эдики, энди чиқиб кетиб бўлмас эди.

Жувон эшикни ёпиши билан Азизов ўзини четлари қирилган катта юмшоқ креслога ташлаб:
— Хўш, эшитаман? — деди ва гўё бизга қарашдан уялгандек столдаги қоғозларни титкилашга киришди.

Бир неча секундга чўзилган, лекин менга жуда узоқ туюлган жимликдан кейин ўзимни зўрға босиб мақсадимизни тушунтира бошладим. Муқаддаснинг исмини тилга олишим билан Азизов сўзимни бўлди:
— Конкурсдан ўтмаган сизми, ё Муқаддасхонми? Бирдан юрагимдан зўр бир тўлқин қайнаб чиқди-ю, бутун вужудимни ловиллатиб юборди.
— Муқаддасхон, — дедим секин.
— Ие! Бўлмаса Муқаддасхоннинг ўзлари гапирсинлар-да, сиз нима қилиб бу ишга аралашиб юрибсиз?

Унинг кўзлари бирдан ялтираб кетганини кўриб қолдим. Умримда ҳеч қачон ўзимни бунчалик ожиз ва аянчли ҳис этмаган эдим. У кўз олдимда гўё ўсиб, улғайиб, олижаноб бир одамга айланиб борар, мен эсам, аксинча; аллақандай кичрайиб, ерга кириб борардим. Ҳозир бу одам мени истаганча ҳақорат қилиши мумкин эканини, мен эсам унга жавоб қайтара олмаслигимни сезардим, аъзойи баданимдан совуқ тер чиқа бошлаган эди.
— Хўш, нега индамайсиз, гапиринг! — деди Азизов, кейин кўзларини столдаги қоғозлардан узиб, юзимга тикилди. Нима деб жавоб беришимни ўйлаб улгурмаган ҳам эдимки, Муқаддас тўсатдан, бошини кескин силкитди:
— Юринг, Шариф ака, кетайлик! — деди у секин, лекин аллақандай титроқ овозда. Ўзи ҳам гўё осмонга парвоз қилишга ҳозирланган чиройли ва мағрур қушга ўхшаб турарди, бошини сал орқага ташлаган, оқ шойи кўйлагини туртиб чиққан чиройли кўкраги тез-тез кўтарилиб тушар, ҳаяжондан гул-гул ёнган юзи, Азизовга қадалган катта-катта чиройли кўзлари қандайдир олижаноб нафратга тўла эди. Муқаддас бир нафас шу вазиятда Азизовга тикилиб турди, сўнгра менга юзланди:
— Юринг, кетайлик! — такрорлади у, бир қадам босди ҳам, лекин худди шу пайт Азизов икки қўлини креслонинг икки томонига шартта қўйиб, кутилмаган бир чаққонлик билан ўрнидан сакраб турди.
— Тўхтанг, Муқаддасхон, ҳар қалай ҳақиқатни билиб кетганингиз маъқул! — деди у паст, қандайдир бўғиқ овоз билан. Сўнгра столни тез айланиб ўтди-да, худди қулаб кетишидан қўрққандек, қўлларини орқага чўзиб, унинг четларини ушлаб олди. Унинг ҳаракатлари кескин, ўзи ҳам титраб-қақшаб турарди. Бироқ мени унинг гапи, ҳаракатларидан ҳам кўра овозидаги чуқур титроқ сескантириб юборган эди. Бу титроқ қандайдир бир дардга, нидога, аламга тўла эди. Буни Муқаддас ҳам сездими; ё Азизовнинг ҳаракатларидаги кутилмаган кескинлик таъсир этдими, билмадим, ишқилиб, икки қадам босмасданоқ тўхтади, гўё чақмоқ чақишини кутган одамдек, турган жойида қотиб қолди.

Бу «ҳақиқат» нимадан иборат эканини ҳали аниқ билмасам ҳам, ҳозир даҳшатли бир нарса рўй беришини сеза бошлаганимдан, мен ҳам серрайиб қолдим.
— Сиз неча бал олдингиз? — деди Азизов Муқаддасга ер остидан тикилиб.

Бир неча секунд чўзилган жимликдан сўнг:
— Ўн саккиз, — деди Муқаддас секин.
— Яхши, — деди Азизов, — лекин сиз ўн саккиз бал билан киролмаган ҳолда бу чиройли йигитча ўн олти бал билан қандай қилиб кирганини бир ўйлаб кўрдингизми, — деди у ва бир зум жавоб кутиб тургач:
— Бу йигитча сизнинг ўрнингизга кирганини биласизми? — деб сўради. — Бу йигитча ишини тўғриламаганда сиз бунақа хафа бўлиб, йиғлаб юрмасдингиз, билдингизми?..

Кўнглимнинг бир четида боядан бери худди шу саволни кутиб турган бўлсам ҳам қаттиқ сесканиб кетдим, «ялт» этиб Муқаддасга қарадим. У ҳам менга қаради. Аллақандай қўрқиб, нимадандир чўчиб қаради. Изтироб чўккан катта қора кўзлари гўё ёрдам сўраётгандек жовдираб, милтираб турар; қошлари аламли чимирилган эди. Бу кўзлар мендан Азизов айтган даҳшатли ҳақиқатни инкор этишимни сўрар, ялиниб-ёлворар эди. Мен эсам... мен эсам жонимдан, ҳаётимдан ҳам ортиқ кўрган севгилимнинг чеҳрасида акс этиб турган бу изтиробига, бу нидосиз саволига нима ҳам дердим? Секин бошимни эгдим...
— Афсуски, мен буни шу бугун, ҳозир билиб қолдим. Буйруқ чиққандан кейин билиб қолдим! — деди Азизов ва; яна боягидек унинг овозидаги аламли титроқ этимни жунжиктириб юборди. — Суриштириб билсам, бу йигитча иншосини тўғрилатиб олган экан... Сиз хафа бўлманг, Муқаддасхон, мен ҳалиям бўлса ҳаракат қилиб кўраман. Лекин мени бир нарса таажжубга соляпти: бу йигитча ўрнингизга жойлашиб олиб, тағин нимага сизга меҳрибончилик қилиб юрибди?..

Мен унга бир нима дейишим, бир жавоб қилишим керак эди. Буни ўзим ҳам сезардим. Лекин нима дейман? Мен ғаразгўй деб, мансабидан фойдаланиб, Муқаддаснинг бошини айлантирмоқчи бўлаётган бир фирибгар деб юрганим бу одам, аслида менинг ўзимдан яхши, соф ва олижаноб бўлиб чиқса нима ҳам қилардим, нима ҳам дердим? Мен фақат бир нарсани — бошим билан қоронғи, тубсиз жарликка қулаётганимни ҳис этардим, холос.

Кимдир секин инграб юборгандек бўлди.

Зўр куч билан бошимни кўтардим, кўзим Муқаддаснинг жиққа ёшга тўлган катта-катта кўзларига тушди. У афтидан, ҳўнграб йиғлаб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олган, кўз ёшлари эса, худди менинг қарашимни кутиб тургандек; бир-бирини қувиб юмалаб туша бошлади.

Мен эсам унга тикилиб турардим, бутун вужудим билан изтироб чекардим, лекин уни юпатишдан, унга тасалли беришдан ожиз эдим, ажабо: мен унинг кўнглини олишга ҳақим йўқ эди!..

Азизов бир қадам олдинга юрди.
— Йиғламанг, Муқаддасхон, ҳалиям ҳаракат қилиб кўрамиз; — деди у. — Ҳали вақт бор...

Лекин Муқаддас унинг гапига қулоқ солмасдан тескари бурилди.
— Қўйинг! Кераги йўқ! — деди Муқаддас секин, — кераги йўқ! — у кўзларини қўллари билан қуёшдан тўсгандек тўсиб, эшикка томон юрди.

Мен уни тўхтатмадим, тўхтатишга журъат этмадим, лекин Муқаддас чиқиб кетгач, тўсатдан рўй берган ҳодисанинг бутун даҳшатини тушуниб Азизовга юзландим:
— Инсофсиз! — дедим кўз ёшимни ютиниб. Фақат шу бир сўзни айтиб чиқиб кетмоқчи эдим, бироқ Азизов қўлимни шап ушлади-да, юлқиб тўхтади:
— Инсофсиз ким? Сенми ё менми? — деди у кўзларини нафрат билан чақнатиб. — Инсофсиз деб сени айтадилар! Тушундингми?

Нима дейишимни билмай лол бўлиб қолдим, чунки у ҳақ эди! Қўлимни унинг қўлидан юлқиб чиқариб олдим-у, ташқарига отилдим...

Муқаддас билан иккимизнинг ўртамизда пайдо бўлган кўприк қулаб тушганига, энди бу кўприкни тиклаб бўлмаслигига ақлим етарди, албатта, бироқ шунга қарамасдан ҳалиям бўлса у билан гаплашишни, бўлган воқеани унга тушунтиришни истардим, афтидан, бўлиб ўтган ишнинг бутун даҳшатини ҳалиям англаб етмаган эдим. Менга бу иш ҳалиям бўлса бир англашилмовчилик бўлиб кўринарди, чунки шуни яхши билардимки, агар Муқаддаснинг ўрнига киришимни сезганимда ҳеч қачон бу ишга розилик бермаган бўлардим!..

Қабулхонада ўтирганларни ҳайратда қолдириб ичкаридан жинниларча югуриб чиққанимда, Муқаддас тор ва ярим қоронғи йўлакнинг охиридаги зинапояга яқинлашиб қолган эди. У оёқ товушларимни эшитиб ўгирилиб қаради-да, қадамларини яна ҳам тезлаштирди.
— Муқаддас! — деб чақирдим, йўлакдагиларнинг таажжуб билан бақрайиб қолганларига эътибор ҳам бермасдан. — Муқаддас, тўхтанг!

Муқаддас тўхтамади, лекин зинадан пастга тушмасдан нари кетди ва йўлакнинг энг охиридаги катта деразанинг олдига бориб тўхтади. Тез юриб унинг ёнига бордим.

У худди бир нарсадан аразлаган одамдек тескари ўтирилиб, узун қўнғир сочларининг учларини бармоқларига ўраб турарди.
— Муқаддас, — дедим, — Муқаддас, менга бир қаранг, мен...

Муқаддас вазиятни ўзгартирмасдан:
— Домланинг айтганлари ростми? — деб сўради.
— Муқаддас, — дедим ёлвориб, — менга бир қаранг...
— Ростми деяпман? — такрорлади Муқаддас. Тўсатдан томоғимга бир нарса тиқилгандек бўлиб бир нафас жим қолдим.
— Рост, Муқаддас, лекин гапимга ишонинг, мен бу нарса сизнинг ўқишга киролмай қолишингизга сабаб бўлади деб сира ўйламаган эдим. Бўлмаса... наҳотки, мен сизни... Ахир мен...

Муқаддас шарт бурилиб юзимга тикилди. Ҳеч қачон унинг чеҳрасида бундай ифодани кўрмаган эдим: қоп-қора кўзлари чақнаб тағин ҳам чиройли кўринар, юзи ловиллаб ёнар, нам лаблари пирпираб учради.
— Сенинг киролмаслигингга сабаб бўламан, деб ўйламагандим дейсиз, мендан бошқа бир кишининг ўрнига кирганингизда-чи, унда нима бўларди? — деди Муқаддас, деди-ю, кўзлари яна жиққа ёшга тўлди. — Мен аҳмоқ бўлсам... сизга шундай ишонган, шундай ишонган эдимки!

У тескари ўгирилди-да, кафтлари билан юзини босиб секин йиғлай бошлади...

Яна боягидек миямда гўё бир нарса «ялт» этиб ёнди-ю, назаримда зўр бир ҳақиқатни тўсиб турган парданинг чети кўтарилгандек туюлди. Буни жуда аниқ ҳис этдим, лекин... лекин мен масаланинг бу томонини ўйламаганим ҳам рост-ку ахир! Мен катта бир адолатсизлик ва инсофсизлик қилиб қўйганимни бўйнимга оламан, аммо, биринчидан, бунинг оқибатини яхши ўйламаган бўлсам, иккинчидан, мени бунга мажбур этган нарса... Муқаддас эди-ку, севгимиз эди-ку!
— Муқаддас, — дедим кўзларини учратишга ҳаракат қилиб; — менинг ҳам гапимга бир қулоқ солинг. Мен ёмон, разил иш қилиб қўйганимни бўйнимга оламан. Лекин мен буни билмасдан қилдим. Энди мен ўзим тузатаман, ўзим ҳаракат қиламан...
— Раҳмат. — Муқаддас рўмолчаси билан кўзларини артди; — Раҳмат, мен энди ўқиб бўлдим!
— Муқаддас?..
— Мен энди ўқимайман! — деди Муқаддас, — наҳот сиз мени бу ерга меҳнатдан қочиб келган деб ўйласангиз? Мен ишчининг қизиман! Мен шунчалик сизга... сизни, — у гапининг охирини айтмади, ёш тўла кўзлари билан юзимга яна бир қаради-да, зинапояга томон бурилиб кетди.
— Муқаддас! — дедим уни тўхтатишга ҳаракат қилиб. — Муқаддас.
— Қўйинг, бўлди! Орқамдан юрманг! Шунча берган ёрдамингиз ҳам етади! — деди Муқаддас ва йиғлаганича зинапоядан югуриб тушиб кетди... Иккинчи қаватга буриладиган жойда шамолда учгандек майин тўлғанган икки ўрим сочлари тағин бир кўринди-ю, ғойиб бўлди...
— «Қўйинг! Бўлди! Шунча берган ёрдамингиз ҳам етади!» — Унинг йиғлаб айтган бу сўзларида аллақандай бир дард, муҳаббат дарди бор эди, лекин айни маҳалда бу унинг «умидингни уз» ҳам дегани, «тамом» дегани, «битди» дегани эди...

Назаримда шу топда кимдир менга қон ва жон бериб турган ҳаёт манбасини шартта кесиб ташлагандек эди: хаёлимга ҳеч бир фикр келмас, гўё миям ҳам; қалбим ҳам бўм-бўш эди. Ҳатто ҳозир мен учун нақадар катта фожиа рўй бергани ҳам онгимга бориб етмаган, қаерда ва нима учун турганимни ҳам яхши билмас эдим, фақат юрагимнинг бир чети қаттиқ оғрир, худди заҳарли тикан қадалиб турганга ўхшарди.

Тўсатдан турган жойимдан пастда, кўчанинг нариги юзида Муқаддасни кўриб қолдим. У ҳамон рўмолчаси билан кўзларини тез-тез артиб бир-бир қадам ташлаб борар, худди нотаниш шаҳарда адашиб кетиб, қаёққа боришини билмай қолган бир бечорага ўхшарди.

Уни кўришим билан хаёлимга:
— Бу ерда нима қилиб турибман? — деган фикр келди. — Бу даҳшатли хатони тузатиш учун бир ҳаракат қилиб кўришим керакми, ё Муқаддас айтмоқчи ҳеч нарсани билмагандек бўлиб, унинг ўрнига кириб олиб ўқиб кетавераманми?

Йўқ, мен энди ўқимаслигимга, ўқийман десам ҳам ўқий олмаслигимга ақлим етиб турарди.Демак рўй берган адолатсизликни тўғрилашим керак, тўғрилаб Муқаддасга айтишим керак, кейин у ўқийдими-йўқми, ўзи билади, аммо адолатни тиклаш менинг вазифам, менинг виждон бурчим!..

Пастга қараб югурдим. Иккинчи қаватда ректорнинг кабинети оддида турган бояги одамлар йўқ, йўлак ҳам бўшаб қолган эди. Катта, қўш деразали ёруғ қабулхонанинг тўрида ўтириб, машинка чиқиллатаётган ёш қиз менинг «директор борми?» деган саволимга юзимга ҳам қарамасдан:
— Кўзингизнинг олдида чиқиб кетди-ку, кўрмадингизми? — деб жавоб берди.

Унга бошқа савол бериб турмасдан яна пастга отилдим. Директорни танимас эдим, йўлакда ва биринчи қаватда учраган одамлар мен тасаввур этган директорлик салобати бўлмаганлиги учун, уларга мурожаат ҳам қилиб турмасдан кўчага чиқдим.

Ташқарида эшикнинг рўпарасида, акациянинг соясида турган «Победа»нинг ёнида икки киши хайрлашмоқда, иккаласи ҳам яхши кийинган, қорин сола бошлаган салобатли одамлар эди. Эшикдан югуриб чиққанимда уларнинг бири — папка қўлтиқлаб олган, сочларига оқ оралаган, ўрта бўйли; оқ шойи кителли одам «Победа»нинг эшигини оча бошлади. Машинанинг юриб кетишидан қўрқиб чопиб бордим:
— Институт директори сиз бўласизми? — дедим ҳансираб.

Машинанинг эшигига қўл чўзган одам бундай одобсизликни кутмаган учунми, ё мен жудаям ҳовлиқиб кетган эканманми, юзимга таажжуб билан тикилиб:
— Мен бўламан, хўш? — деб сўради.
— Сизга жуда зарур бир гапим бор эди.
— Шунақами? Эртага келсангиз қанақа бўларкин,— деди у кулимсираб.
— Кечирасиз, эртага қолдириб бўладиган иш эмас!— дедим, унинг яна машинага ўтирмоқчи бўлаётганини кўриб, беихтиёр қўлимни чўздим.

Директор менга яна диққат билан қараб қўйди. Сал қисилган кўзларида яна таажжуб ифодаси жилваланди.

У кескин ҳаракат билан енгини кўтариб қўл соатига тез кўз ташлади ва лабини тишлаб бошини чайқади:
— Кечирасиз, ука. Сира иложим йўқ. Кечикяпман. Бир зарур иш билан чақиришган эди, етиб бормасам бўлмайди! — деди ва юзимга яна бир кўз ташлаб, қўшимча қилди:
— Эртага эртароқ келинг. Биринчи навбатда қабул қиламан.

Унинг кескин ҳаракат билан «Победа»нинг эшигини очганини кўриб, яна тўхтатмоқчи бўлгандим, директор билан хайрлашиб турган одам «шап» этиб қўлимдан ушлади:
— Менга қаранг, яхши йигит, одобсизлик ҳам эви билан-да! Сиз ким бўласиз ўзи?

Директор машинадан бошини чиқариб менга юзланди:
— Тўғри, тўғри, арзингизни бу кишига айтсангиз ҳам бўлади... мумкин бўлса ёрдам беринг... — деди у ва шофёрга қараб имо қилди: «ҳайда!»
— Менга қаранг, — деди директорнинг шериги, — мен сизни бир ерда кўргандек бўлаётибман. Сиз... Салим Каримовичнинг ўғли эмасмисиз?..

Кўчани тўлдирган «Зим» ва «Победа»ларга аралашиб муюлишдан бурулиб кетаётган директорнинг машинаси орқасидан тикилганимча қотиб қолдим, энг сўнгги умидим ҳам пучга чиққани мени оғир ўйга толдирган эди.

Ёнимдаги одам қўлимдан ушлади:
— Сизга нима бўлди, йигитча? Сизнинг масалангиз ҳал бўлувди шекилли. Тағин нима қилиб юрибсиз?

Кескин бурилиб қараган эдим, у кишини танир эканман.

Бу ўша, иншо ёздирган олтин кўзойнакли чиройли мўйсафид домла эди!
— Ҳа, менинг масалам ҳал бўлди! — дедим унинг силлиқ қирилган қип-қизил юмалоқ юзига, олтин кўзойнаги тагида чақнаб турган чағир кўзларига ғазаб билан тикилиб. — Аммо мен масалани ҳал қилган одамлар билан гаплашмоқчи бўлиб келгандим! Мен уларни фош қилгани келдим! Фош қиламан! Энди тушундингизми мақсадимга?..

Домланинг юмалоқ юзи ғалати чўзшшб, кўзларида: «Бу жинними ўзи» деган ифода жилваланарди. У елкасини бир қисиб қўйди-да, худди уни шу топнинг ўзидаёқ фош қиладиган жойга судраб кетишимдан қўрқандек, жадаллаб институтга кириб кетди.

Яна боягидек хийла вақтгача нима қилишимни билмасдан туриб қолдим: хаёлимга тузукроқ бир фикр келмас, ҳушимни йиғиб ололмас эдим. Ниҳоят анчадан кейин миямга:

«Директор, эртага келасан деди-ку, унгача Муқаддас кетиб қолмасин!» деган фикр келди.

Муқаддаснинг кетиб қолишидан қўрқиб муюлишгача шошиб, жадиллаб бордим, лекин муюлишдан ўтиб, кекса қайрағочлар соя ташлаган таниш икки қаватли уйни кўришим билан қадамим ўз-ўзидан секинлашиб қолди.

...Сўнгги бир ой ичида бу кўримсизгина бино мен учун дунёда энг кўркам, энг зийнатли, энг оромбахш бир жойга айланган эди. Мен унинг олдидан юрагимни ҳовучлаб, Муқаддасим, севгилим яшаган иккинчи қаватдаги балконли хонадан, хонанинг деразаларига тутилган ҳарир тўр пардасидан кўзларимни узолмасдан, уни кўрмасам ҳам ҳар сафар қалбим нафис ва тотли туйғуларга тўлиб ўтардим. Мен уни неча марта қувончдан бошим арш-аълога етиб шу уйга кузатиб қўйган, неча марта уни кўролмасдан изтироб чеккан эдим, лекин ҳеч қачон унинг олдига ҳозиргидек қўрқиб, юрагимни тўлдирган қоронғи ва оғир ҳислардан кўнглим ғаш бўлиб бораман деб ўйламагандим.

Ҳамиша одам кўп бўладиган ётоқхонанинг олдида бахтга қарши бу сафар ҳеч ким йўқ эди. Бир-икки минут саданинг тагида битта-яримта таниш-билиш чиқиб қолишини кутиб турдим, сўнгра секин эшикка бордим.

Йўлакда, иссиқ сув тўлдирилган катта бакнинг ёнида кўзойнак таққан бир кампир пайпоқ тўқиб ўтирарди.

Муқаддасни чақириб беришини илтимос қилгандим, бошини чайқаб уфлаб олди.
— Сира тинчлик бермадиларинг-бермадиларингда!— деди-да, ўнг қўли билан белини ушлаганча иккинчи қаватга чиқиб кетди.

Ташқарига қайтиб чиқиб ариқ бўйидаги саданинг соясида кута бошладим. Юрагим тез-тез урар, хаёлимда фақат битта фикр айланарди: «Борми, йўқми, чиқадими, чиқмайдими?»

Боя ҳеч ким бўлмаган ётоқхонанинг олдида, энди гўё мени кутиб тургандек, қиз-йигитлар тўплана бошлади. Назаримда улар ҳадеб менга қараётгандек, нақадар хунук иш қилиб қўйганимни билиб, мендан нафратланишаётгандек туюларди.

Тўсатдан тепамдаги балконнинг эшиги очилгандек бўлди. Мен тез қарадим ва балконда турган Муқаддасни кўрдим.

У бояги шойи кўйлаги ўрнига оддий чит кўйлак кийган, сочларини орқасига турмаклаб олган, афтидан, кетишга аҳд қилгани чин эди. Кўзларимиз бир секундга учрашди. Унинг кўзлари яна жиққа ёшга тўлдими, ё менга шундай туюлдими, билмадим, у бошини қуйи солиб индамасдан яна ичкарига кириб кетди...

Бирпасдан кейин эшикда имтиҳон топшириб юрган кезларимизда бир-икки кўзим тушган ўша юзида қора холи бор қиз кўринди. У секин юриб ёнимга келди-да, гўё мени энди кўраётгандек юзимга қадалиб, тўрт букланган бир парча қоғозни чўзди:
— Муқаддасхон чиқмайман дедилар... — Шундай деди-ю жавобимни кутмасданоқ ётоқхонага кириб кетди. Мен ҳам соядан чиқиб бошим оққан томонга қараб кетдим.

Муқадааснинг жавоби тахминан қанақа бўлишини сезсам ҳам, кўнглимнинг бир четида ҳануз сўнмаган бир умид милтираб турарди. Тўрт букланган қоғозни очдим. «Шариф ака! Менга кўп яхшиликлар қилдингиз. Бу яхшиликларингиз учун раҳмат. Бироқ энди ўзингизни қийнаманг. Ҳозир менинг институтга қабул қилинишим тўғрисида буйруқ олиб келган бўлсангиз ҳам мен қолмас эдим. Гапимга ишонинг: энди бир-икки йил ишламасдан сира ўқимайман. Бу бир ой менга катта сабоқ бўлди. Ақлим кирди. Ниҳоят шуни ҳам тушундимки, олдин ишлаб кейин ўқиш фақат меҳнатни ҳурмат қилиш ва чиниқиш учунгина эмас, одам таниш учун ҳам зарур экан. Агар билсангиз... Мен сизга шундай ишонгандим, шундай ишонгандимки!..

Хайр. Муқаддас».
— «Бу қандоқ бўлди? Мен нималар қилиб қўйдим? Қандай қилиб ўзимга ўзим пичоқ урдим? Қандай қилиб ўз бахтимдан ўзим айрилдим?»

Биринчи дақиқада бу саволлар юрагимда тутаб турган изтиробни бирдан ловиллатиб юборди-да, хаёлимда бошқа айбдорларни қидиришга киришдим.

Шу топда бу нарсада ўзимни эмас, ойим билан Салим Каримовични айблашга, ҳамма гуноҳни ўша иккисига тўнкашга тайёр эдим.

Лекин ажабо: мен уларни айблашга ҳақим борми? Уларга бир нарса дейишга тилим борадими? Мен ўзим эмасми тунов куни бу ишга розилик берган? Ўшанда розилик бермаганимда, иродасизлик қилмаганимда улар мени мажбур қила олишармиди?»

Аччиқ алам билан иқрор бўлдим: йўқ!..

Менинг ҳеч кимни айблашга ҳақим йўқ эди. Ҳаммасига ёлғиз ўзим айбдор эдим. Бу нарсага ўз инсофсизлигим, сабрсизлигим, иродасизлигим сабаб бўлди! Бўлмаса бир йил ишлаб шунча ҳурмат орттирган, ҳунар ўрганган заводни шундай ташлаб кетармидим? У ерда орттирган шунча дўстларимдан шундай осонгина юз ўгирармидим? Мен тенги йигитлар ҳам ишлаб, ҳам ўқиб, қийинчиликлар билан олишиб, улар устидан ғалаба қозониб юрган бир пайтда, мен севгилимнинг жойини тортиб олиб бундай шарманда бўлиб қолармидим?..

Ҳа, энди ақлим кирган, энди ҳамма нарсага тушунган эдим. Муҳаббат — муқаддас туйғу. У софликни талаб этади. Муқаддас менинг ўзимни ҳам, севгимни ҳам тарк этиб, кўзимни очган эди. Халқнинг «Инсофли одам ошини ер; инсофсиз бошини» деган мақолида мужассамланган ҳаётнинг энг улуғ қонунларидан бири менга ўзининг шафқатсиз, лекин адолатли кучини кўрсатган эди.

* * *

Чирмовуқ соябон тагида қанча ўтирганимни ўзим ҳам билмайман. Паркни тўлдира бошлаган одамларнинг ғовур-ғувурларидан ўзимга келганимда қуёш ғарбга ёнбошлаган боя мен кирганда иссиқдан қақраб ётган хиёбонларга дарахтларнинг қуюқ сояси тушган эди. Парк жонланмоқда, ҳаёт ўз изига тушмоқда эди. Юрагимдаги ғам-ғусса нақадар оғир бўлмасин, мен ҳам яшашим, кун кечиришим, ҳаётни давом эттиришим керак эди, ўрнимдан туриб соябон тагидан чиқдим...

Энди нима қилишимни, бундан кейин қайси йўлдан кетишимни ҳали ўзим ҳам яхши тасаввур этмас эдим. Фақат бир нарсани яхши билардим — бу йил қайтиб институтга қадам босмайман!

Паркдан чиққач: қаёққа боришимни ўйлаб бир зум туриб қолдим. Негадир уйга оёғим тортмас эди.

Шундай пайтларда ҳаммада ҳам бўладигандек, мен ҳам кўнглимдаги дардимни дўстимга, кўнглимга яқин бир одамга айтгим, ҳасратлашгим, ўртоқлашгим келарди.

Лекин кимга бораман? Кимга айтаман?

Йўқ, мен Сулаймон Акрамовични ҳам, Тўлаганни ҳам, бир йилда заводда орттирган бошқа дўстларимни ҳам унутмаган эдим, уларнинг ҳаммаси эсимда турарди, ҳатто Сулаймон Акрамовичнинг бир ҳафта олдин айтган сўзлари ҳам ёдимда эди, лекин уларнинг олдига энди қайси юз билан бораман, нима дейман?

Рост, кўнглимнинг бир четида агар самимий кечирим сўраб борсам улар кўкрагимдан итармасликларига ишонардим, лекин журъатсизликданми ё йигитлик иззат-нафси йўл қўймадими, ишқилиб заводга бормасдан, уйга қараб йўл олдим. Эҳтимол уйда институт билан заводга олиб борадиган иккита йўлдан бошқа учинчи бир йўл топилиб қолар!

Шу хаёл билан уйга кетдим, лекин ажабо: хаёлим дўстларимда, заводда эди. Мен қандайдир уларни қўмсар эдим. Қани энди шу топда Тўлаган билан одам сийрак кўчаларни кезиб, кўнглимдагиларни унга гапириб берсам, бир ой ичида тўпланган ҳасратларимни тўкиб юрагимни бўшатсам?..

Дарвозадан ҳовлига кирдим-у, ҳайрон бўлиб тўхтадим, рўпарадаги супада сийрак сочларини чангаллаб Салим Каримович ўтирар, ёнида қўлида бир пиёла сув тутиб ойим турарди.

Мен Салим Каримовичнинг:
— Шарманда қилди! Шарманда! — деган сўзларини эшитиб қолдим.

Дарвоза очилганини эшитиб, ойим ўгирилиб қаради. Салим Каримович эса секин ўрнидан турди. Унинг лаблари титрар, кўриниши жуда аянчли эди.
— Бу қандоқ бўлди? — деди у, қандайдир йиғламсираган, титроқ товуш билан. — Сен кимни фош этмоқчи бўлиб юрибсан? Мен сени ўғлим деб, жигарбандим деб ўртоқларга елиб-югуриб ишингни тўғрилаб берсам-у, сен бунақа қилсанг? Мени ўртоқларим олдида қай аҳволга солиб қўйганингни биласанми ўзинг? Шарманда қилдинг, шарманда!

Шу топда менинг ҳам дардим ўзимга етарли бўлиб тургани учунми, билмадим, қаттиқ бир нарса дейишга оғиз жуфтладим-у, лекин унинг йиғлашдан бери бўлиб турганини кўриб ҳушимга келдим: унга қаттиқ гапиришга нима ҳақим бор? Ахир айб унда эмас, ўзимда-ку! Бу иродасиз, шўрлик одам ойимнинг қистовлари билан шу ишга мажбур бўлганини кўра-била туриб индамаган эдим-ку! Дадамни айблаш ҳам виждонсизлик бўлади-ку!
— Кечирасиз, болалик қилибман. Директорга кираман деб жаҳл устида айтгандим. Кўнглингиз тўқ бўлсин... Ҳеч қачон кирмайман! — дедим ва уйга бурилдим. Тўсатдан хаёлимдан: «Агар ўз дадам тирик бўлганда эҳтимол бу ишлар бўлмас эди, эҳтимол мен бу аҳволга тушмас эдим!» деган фикр ўтди-ю, кўзимга ёш келди...

Уйга киришим билан орқамдан ойим ҳам кирди. У тўппа-тўғри олдимга келди, иккала қўли билан бошимни ушлаб, кўзларимга тикилди:
— Сенга нима бўлди, болам? Кўнглингдаги дардингни онангдан нега яширасан? Нега бундай қиласан.

Йўқ, сочларига оқ оралаган, пешонасига чуқур ажинлар тушган бу она ўз фарзандининг дардини тушунмайдиган оналардан эмас эди! Мен бир ой ичида бошимдан ўтган ҳодисаларни ундан яширмасам ҳам бўларди!..

Бошимни унинг қўллари орасидан секин чиқариб ерга қарадим. Айни маҳалда уйга келаётганимда йўлда ўйлаганим учинчи йўлнинг йўқлигига ҳам амин бўлдим.
— Мен бу йил ўқимайман, — дедим, — яхшиси заводга қайтиб бораман.
— Нега? — секин сўради ойим, унинг овози жуда мулойим эди. — Сир эмасми?
— Йўқ, сир эмас, бироқ бу тўғрида ҳозир айтолмайман. Мен сизга фақат шуни айтишим мумкинки; тунов куни шу ишга розилик бериб жуда катта хато қилибман, чунки бир одамга... бир қизга жуда жавр бўлди... Йўқ демасангиз, Сулаймон аканинг олдига бораман.

Ойим узоқ вақт жим қолди.
— Майли, болам, ўзинг биласан, — деди ниҳоят ва яна бошимни ушлаб, пешонамдан ўпди. Унинг кўзлари нам эди:
— Йўқ, болам, сен эмас, мен янглишдим. Ўқи деб зўрлаб сени қийнаб қўйганга ўхшайман. Бора қол, болам, майли, бора қол.

У яна пешонамдан ўпди. Уйдан чиқиб Сулаймон аканинг олдига кетдим.

Хатони тузатиш учун ҳаётни қайтадан бошлаш керак эди.