OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОдил Ёқубов
Асар номиОшқовоқ (етюд)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Одил Ёқубов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Этюдлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм6KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ошқовоқ (етюд)
Одил Ёқубов

— Кўктеракданман, дедингизми, болам? Мақсуд Лайлак — деган бўларди, ҳаётми?.. Салом айтиб қўясиз. Бу ҳалиги... Мусавой полвон-чи?
— У киши қазо қилганлар, ота...
— Э, шунақами? Жойи жаннатдан бўлсин! Кўп яхши одам эди, раҳматлик. Ошқовоқ бўлмаганда қишлоғимизда илдиз отиб кетармиди, қайдам. Туппа-тузук ишлаб келаётганида ўртадан ошқовоқ ҳангомаси чиқиб қолдию омади кетди бечоранинг!
— Қанақа ошқовоқ, ота?
— Ҳа шу... ўзинг билган ойим қовоқ-да, болам... Ўттизинчи йилларнинг бошимикан, энди хўжалик тузилган чоғлар. Мусавой полвон хўжалигимизга раис бўлиб келдилар. У маҳалда ўттиз рўзғор ҳам бир хўжалик эди! Сибирга сургун бўлган Қўшоқбой — деган бойнинг уйига тушди, қўшни бўп қолдик. Сал қўрслигини айтмасангиз жуда меҳнаткаш, мўмин-мулойим одам эди, бояқиш. Ўзиям денг, кетмонни урарди азамат! Бошқаларниям қаттиқ ишлатарди, ўзиям ишларди шоввоз!

Куз келди. Тузуккина ҳосил кўтардик. Ғалладан ёлчимадигу аммо лекин сабзавот ёмон бўлмади. Ҳаммасидан ҳам ошқовоқни айтинг. Ҳар ошқовоқки, бир эшакка юк бўлади!

Совуқ тушиб қолган эди, чамамда, бир куни нима ҳам бўлиб, келин ўз қишлоғига кетди. Кампирга «Полвоннинг чой-пойига қараб тур», деб тайинлаб қўйдим.

Ҳар куни қовоқ оши. Наҳоргаям қовоқ оши, тушда ҳам, кечқурун ҳам.

Бир куни кампир қовоқ сомса қилган экан, бир товоғини қизимдан бериб чиқардим. Сал ўтмай қизалоғим, кўзида ёш, қайтиб кирди.
— Полвон амаким чақиряптилар, дада!.. чиқдим. Дарвозада полвон турибдилар. Қўлида бояги бир товоқ сомса, қовоғидан қор ёғади, важоҳатидан одам қўрқкулик! Мени кўрдию гап йўқ, сўз йўқ, ҳалиги сомсани товоғи билан бошимдан ошириб ҳовлига отди денг!
— Ҳа, Мусавой, тинчликми, ўзи?
— Тинчликми дейди-я? Уйимдаги ҳамма ошқовоқни ўғирлаб ўзимга сомса қилиб берасанми? Қани, олиб чиқ, ўғирлаган ошқовоқларингни, муттаҳам!..
— Ахир, қайси ошқовоқни айтяпсиз, полвон? — демоқчи бўламану қани энди гапга қулоқ солса!

Ўзиям полвон деса полвон дегудек давангидай йигит эди, ёқамдан ушлаб бўғиб олган, овози дўриллаб, қишлоқни бошига кўтариб бақиради, ўғридан олиб, муттаҳамга солиб сўкади! Кафтдеккина жой, лаббай дегунча қўни-қўшни, бутун қишлоқ аҳли йиғилди-қолди. Биз ҳам ўзимизга яраша обрўликкина чапани йигитмиз, ахийри ҳушимни йиғиб: «Муса полвон бўлмоқ тугул Алпомиш бўлсанг ҳам, сен билан бир олишиб кўрай», деб мен ҳам энди ёқасидан олган эдим, қўқон аравада келин келиб қолса бўладими!..
— Ҳа, Алижонни адаси.. (Алижон деган ўғиллари бўларди, ҳаётми? Балли! Салом айтиб қўйинг!) Ҳа, Алижонни адаси? Во, ўлмасам, сизга нима бўлди?
— Нима бўларди? Сен у ёқда ўз дардинг билан юрибсан, мен далада иш билан юрибман, бу ўғри-муттаҳамлар бўлса ҳамма ошқовоқни ўғирлаб тағин ўзимга сомса қип берсин!
— Қайси ошқовоқни айтасиз?
— Қайси бўларди! Ўша меҳмонхонанинг бурчагида ётган ошқовоқларни айтаман-да! Биттасини қолдирмай уриб кетибди-я, бу муттаҳамлар!
— Вой адаси тушмагур-эй!.. Мен ҳамма ошқовоқни сомонхонага олиб кириб, сомонга кўмиб қўювдим-ку, кўрмабсиз-да, адаси!

Келин бечора шундай деб, чопиб кириб омбордан иккита ошқовоқни кўтариб чиқса бўладими!..

Полвонни айтаман, сизга ёлғон, худога чин, болам, рангида қон йўқ, турган жойида ях бўлиб қотди, қолди!

Раҳмим келиб: «Э биродар, қўйинг энди, хато бўлди, кўриб турибман, хондан ҳам хато ўтади», дейман. Қани энди бошини кўтариб юзимга қарай олсин-чи, бечора!

Шу куниёқ отга миниб туманга жўнади. Эртасига эрталаб (биз билмай ҳам қолдик) саҳар пайти. Кўктеракдан арава олиб келиб кўчиб кетибди.

— Аттанг, қуриб кетгур шу ошқовоқ бўлмаганда қишлоғимизда илдиз отиб қолармиди, қайдам? Кўп содда, кўп яхши одам эди, раҳматлик!