OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОллоназар Абдиев
Асар номиТузоқ (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Оллоназар Абдиев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм83KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журнали, 2010 йил, 2-сон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тузоқ (қисса)
Оллоназар Абдиев

«
Устоз Камол оға Мамбетовнинг
ёрқин хотирасига бағишлайман.
»

Оғир Жиноят

Соат кечки тўққизлар чамаси. Мамбет Камолов ўзи очган жиноят ишининг расмий томонларини тугаллаб қўйиш мақсадида ҳужжат ёзиб, ишхонасида ҳалиям ўтирибди.Чин юракдан, ихлос билан ишлайдиган касбнинг ўз гашти бўлади. Ишлаганинг сайин роҳатланасан. Кўнглинг жўшиб, руҳинг юксалади.

Мамбетнинг тергов ишига аралашиб, меҳнат қилаётганига ўн йилдан ошди. Шу давр мобойнида ўқишда олган назарий билимларни амалда қўллаб, ўз устида бетиним ишлади. Ишнинг кўзини биладиган, тажрибали ҳуқуқшунос сифатида шаҳар прокуратурасида анча танилди. Биринчи даражали юрист.

Мана шу ҳозир ишлаб, ўтирган жиноий иш ҳам дастлаб очилиши мушкулдек кўриган эди. Ростдан ҳам шундай эди. Далил, гувоҳлар йўқ. Исбот билан бўйнига қўймасанг ҳеч ким ҳам шу ишни мен қилдим демайди. Ҳайтовур, ипидан-игнасигача суриштириб, таҳлил қилиб, ўрганиб, жиноятлар психологиясини билгани туфайли, тажрибаси орқали бир амаллаб очди. Очилгач эса, худди осон ишга ўхшаб қолди.

Кўпинча у ишда оқшомлари қолиб кетарди. Бунга хотини ҳам авваллари кўникмай, ёвқараш қилиб юрди. Ишни иш пайтида қилиб, қолганини эртага қолдирса осмон узилиб ерга тушармиди, деб бобиллаб ҳам берарди гоҳида. Бироқ Мамбет ундай қила олмасди. Чунки, биринчидан ҳали айтганимиздай, у касбини жуда севади. Қолаверса, бу вақт билан ҳисоблашиб қиладиган касблардан эмас. Қилмиш, жиноят кун-туни тинмасдан ишлаш, изланиш орқалигина очилади. Гоҳида, баъзи оғир жиноятларни тушида ҳам кўриб чиқади. Баъзан эса, жиноятни ким, қандай амалга оширганигача тушида аён бўлиб, ўнгдаги ишларига тўғри келган пайтлари ҳам бўлган. Қисқаси, терговчининг иши ёзувчиларникидай куннинг хоҳлаган пайтида давом этиб кетаверади. Иш тамом, вақт бўлди деб кетиб қолсанг, “дело” устини чанг босаверади. Унинг ечими вақт ўтган сари мушкуллашади. Изи совумасдан очиб ташланган маъқул. Гувоҳга тунги ўн иккида бориш керакми, уйқудан вос кечиб боришинг шарт. Иш эрталабга қолдирилса, ўша гувоҳга жиноятчи томонидан таъсир қилиниши эҳтимол.

Мембет ишнинг қадрини яхши билади, маданиятли киши сифатида ёндашади. Оиламни шу касбим орқали боқаяпман, обрў-эътиборим бор, шундай экан нега энди ўз касбимга хилоф иш қилишим керак, дея фикр юритди. Ахир, раҳбарлар ҳам тез-тез эътироф этишаяпти-ку унинг фидойилигини. Мана ўшаларни майдалаб, ҳижжалаб тушунтиргач, хотини ҳам тинчиди. Ишнинг дастлабки йиллари шундай кечди.

Одатдагидек, бугун ҳам хотини Гулзода қўнғироқ қилиб, ҳорманг деди, ширин гаплари билан эркалаб, қачон қайтишини, нима офқат егиси келаётганини обдон сўради. Ишга берилиб кетиб, биратўла битказиб кетишни ихтиёр этган эди. Кўз қири билан стол устидаги соатга қаради: тўққиздан ўн минут ўтибди. Хотинига ҳозир етиб боришини яна айтиб, гўшакни эндигина жойга қўйганди, яна телефон жиринглаб қолди. Прокурор, биринчи даражали юрист Аяп Абдамбетович экан. Ҳол-аҳвол сўрашгач, деди:

– Уйингга қўнғироқ қилмоқчи эдим, бироқ кечқурунлари ҳам ўтириб ишлашинг эсимга тушди. Раҳмат сенга.

Яхши гап кимга ёқмайди. Мамбетнинг кўкси янада ўсди.

Майли, ишга ўтайлик, – деди Аяп Абдамбетович, – ҳозиргина йигирма... кичик тумандаги 39- уй, 1-йўлак, 3-хонада оғир жиноят юз бергани ҳақида хабар қилишди. Икки киши ўлдирилган. Тезда ўша жойга бор. Мен ҳам етиб бораман.

– Хўп бўлади. Мамбет уй манзилини яна бир бор сўраб олиб, машинасига ўтирди.

Қотиллик содир бўлган жойга етиб борганида Аяп Абдамбетович, криминалист, судмедэксперт ва ишга алоқадор яна бир неча кишилар жам бўлишган. Ҳар ким ўзига тегишли ишга киришиб кетди.

Биринчи қаватда жойлашган бу уй бир хонали бўлиб, Жолдас Мадреймович деган ароқххўрники экан. Уйга киришданоқ ароқ, намлик, тер ва тамакининг аралаш бад бўйи димоққа урилди. Уй эгасининг бошига қандайдир темир қурол билан уришган, қонга беланиб ётибди. Бўсағада яна бир одам ётибди – чамаси ўлиб қолган. Полга тўшалган кир, йиртиқ палос туси билинмайди: қип-қизил қон. Уйда эски, парти кетиб, шарти қолган диван бор. жолдас, яъни уй эгаси шу диванда ётибди. Тирик бўлса керак, билинар-билинмас нафас олади. Ё қаттиқ маст бўлиб ухлаб ётибди, ёки зарба кучидан ҳушидан кетган.

Зўрға қийшайиб турган стол, учта курси хона ўртасида жойлашган. Стол устида иккита, остида яна иккита ароқ шишалари. Стол устида лаби синиқ пиёлалар, чойнак, қотган нон ушоқлари, пиёз қолдиқлари. “Ўзбекистон тарихи” китоби, ичида ручка, қоғоз... Дераза олдида ташқи қопламаси олинган транзистор токка тиқилган ҳолда ишлаб турибди. Хонада унча катта бўлмаган сейф ҳам бор. Эшиги очилиб қоган. Ичида папка, қоғоз, дафтарлар кўринади. Баъзилари полда сочилиб ётибди. Сейф илгари бу ерда турмаганини ҳамма пайқади. Чунки, хонанинг тўрдаги бурчагида сейфга монанд тўрт бурчакли ўрин чангдан ҳоли кўриниб турибди, демак, сейф ўша ердан бу ерга келтирилган. Ванна, ҳожатхона, ошхона обдон кўздан ўтказилди. Из тушган жойлардан нусха олинди. Аяп Абданбетович билан Мамбет Камолов барча ишни тугатиб, тунги кафеларнинг бирига кечки овқатга борганларида соат ўн бирдан ошган эди. Жиноятчи ким бўлиши мумкинлиги ҳақида қисқагина сўзлашиб олишди. Иккаласи ҳам ҳайрон. Ўғриниг иши дейишса, ароқхўрнинг уйига ким ҳам ўғирликка тушади. Ахир, ўғри кираётган уйида нима бор-йўқлигини чамалаб – билиб кирар. Жолдаснинг уйида лаби синиқ пиёлалардан бошқа ҳеч нима йўқлигини ўғри билмайдими? Ёки янги ўғрилардан бўлиши мумкин.

– Қотилнинг буларда қасди бор десак, ароқхўрнинг қандай душмани бўлиши мумкин?... Эрталаб тиниқ калла билан иш юритамиз.

– Бу ишни очиш осон бўлмайди, чамамда, Аяп Абдамбетович? Балки жабрланувчи билан гаплашиб кўриб, бирор нарса аниқлармиз.

– Жиноятчи уни нимага ўлдирмаган? – яна савол берди Аяп Абдамбетович.

– Ўлди деб ўйлаган бўлиши мумкин. Биттасини ўлдириб, иккинчисини аяб ташлаб кетмас. Ёки нимадандир ҳушёр тортиб шошгандир. Ёки тажрибаси кам жиноятчимикан?

– Ундай эмас, ҳийлакор бўлса керак. Бўпти, ҳозир дам оламиз. Қолганини эрталаб судмедэкспертиза, криминалист чиқарган хулосаларни жамлаб маслаҳатлашармиз. Мамбет Камолович, шу ишни сенга топшираман. Мушкул бўлса ҳам, лекин сен эплайсан.

Улар хайрлашиб, уйларига тарқалишди.

Пиёниста

Мамбет эрталаб медэкспертиза, крименалистларнинг хулосаларини олди. Жиноятчи оёғида резина оёқ кийим, қўлида ризина қўлқоп билан келган. Ҳеч жойда из қолдирмаган. Фақат Жолдас, ўлган киши, яна кимнингдир у ер-бу еридан бармоқ излари топилди.

Тез тиббий ёрдам бўлимига бориб, шифокордан Жолдаснинг аҳволини сўради.

Ёмон эмас, – деди дўхтир, – юз аралаш теккан унчалик зиён етказмабди. Бир ҳафталарда тузалиб қолар.

Мамбет Жолдас билан гаплашишга шошилди. У билан ўзи кимлиги, қариндошлари, ёр-дўстлари, кимлар билан алоқалари борлиги тўғрисида бафуржа суриштириб гаплашди. Яхши гапириб, ундан бироз маълумотлар олди.

Жолдас Мадреймов ёш пайтида жуда билимдон, саводли бўлиб, кўпчиликка эрта танилган. Тарихий мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлаш мақсадида Тошкентда аспирантурада ўқиган. Номзодлик ишини ёзиб тугатган. Илмий идорада ишлаган. Аммо, номзодликни ёқлаш олдидан илмий жамоатчилик фикрини тўплаш чоғида ишлари юришмай қолган. Чунки, ўшанда ишонган тоғи илмий раҳбари вафот этган. Аммо ўзи ҳам бироз такаббур, манманликдан холи эмас экан. Мақтовларни кўтара олмай қолган. Ножўя ҳулқ-атвори билан илмий жамоатчиликда нохуш фикр уйғотган. Аёлларга ҳам суяги йўқ экан. Ҳамроҳлари ҳам бора-бора пиёнисталардан иборат бўлаверган. Хотини ҳам буларга чидамай бир боласи билан ундан ажрашган. Кейин бир-икки марта уйланган, бироқ кейинги хотинлари ундан безиб, ташлаб кетишибди. Қариндош-уруғлари ҳам ундан қўлларини ювиб, қўлтиққа уришибди. Эндиги ҳамроҳлари кўчабезори, ичкиликка муккасидан кетганлар тоифасидан. Улар ҳам Жолдаснинг уйидан фойдаланишади. Ахир, ичиб тўйгач, ухлашга ҳам бирорта бошпана керак-ку. Жолдас ҳам ичмаса туролмайдиган бўлиб қолган, ароқ учун ҳар балога тайёр. Аммо, таажжуб, гоҳида у-бу нарса ёзиб ҳам турар экан. Курс иши, реферат ёзиб бериб ҳам ароққа пул ишлаб топаркан. Баъзан кутубхоналарга ҳам боришни канда қилмас экан.

Жалдас Мадреймов ким ҳужум қилганини айта олмади. Ўша куни кундузи Жолдасга бир йигит йўлиқиб, “Бошинг оғриб турибдими, тушунаман. Ма мана буни олда, хуморингни ёзиб ол” деб, пул берибди. Кимлигини нимага бундай қилаётганини сўрагунча йигит кетиб қолибди. Бирорта танишим, ё қариндошимдир, майли, бизга бизга ичишга пул топилса бўлди-да, деб Жолдас шу куни тўрт шиша қўлбола ароқ, нон, консерва олиб уйига жўнабди. Эшиги олдида шишадош жўраси Бердиёрга йўлиқибди. Эшикни ичкаридан қулфлаб, иккови торта бошлайди. Кейин чой ичгани ва зарба еганини чала-чулпа хотиралайди. Чанқаб, сув излаб қўли билан пайпаслаётганида зарба ейди. Ва ҳушини йўқотади. Шифохонада эрталаб ўзига келади. Ҳеч нимани билмайди. Кўчада калтакланавериб кўниккан чоғи, ким урганига қизиқиб ҳам кўрмайди. Аммо, шериги Бердиёрнинг ўлганини эшитиб, чўчиб кетди. Унга ачиндими, ё ўзини айблашларидан қўрқдими, ранги бўзариб:

– Ким ўлдирди? – дея олди холос.

– Шуни сендан сўрамоқчимиз. Жанжаллашган эдингларми?

– Йўғ-ей. Вой бечора. Мен ҳеч нарсани билмайман, ўртоқ терговчи. Қаттиқ маст эдик. Ўзи икки-уч пиёла ичсак, тамоммиз. Биз ўша куни икковимиз тўрт шиша ичганмиз. Бердиёрни нима билан ўлдирибди? Ё отишибдими?

– Сени урган темир билан боши мажақланган дедим-ку!

– Ёвузлар-ей неча киши экан?

– Номаълум. Фикримизча ёлғиз одам бўлса керак. Тағин ким билади? Ҳой сен мени сўроқ қила бошладинг-ку? Ҳай майли,ҳозир суҳбатимизни тугатамиз. Бироқ сен ҳозир мен билан бориб уйингни кўздан ўтказишинг зарур. Балки нималардир йўқолгандир. Сейфинг очиқ қолган. Қимматбаҳо нарсанг бормиди?

– Йўқ. Менда нима бўларди. Барини сотиб ичганман

– Сен кийин. Мен шифокордан рухсат оламан. Қолганини воқеа жойида гаплашамиз.

– Улар милиция ходими кузатувида жиноят содир бўлган уйга киришди. Жолдас эшикдаги сим темирдан ясалган илгичнинг қийшайиб турганини кўриб, “Бердиёр билан уйга киргач, илгични илган эдик. Қолганини гапириб берганман” деди.

Жолдас сейф томон югуриб борганини билмай қолди. Сейфдаги қоғозларни, делоларни ахтариб, титкилай бошлади. Анча ўтирди. Ниманидир йўқотгандай қоғозларни яна титкилади.

– Бирорта қоғозинг йўқми? – сўради Мембет. Хаёллари бўлинган Жолдас ялт этиб қараб:

– Нима? – деди.

– Бирор нарсангни йўқотдингми дейман?...

– Йўқ-йўқ. Ҳаммаси жойида.

– Сейф ўрнидан қўзғатилганми?

– Ҳа. Кўп вақтдан бери мана бу бурчакда турарди. Чамаси, сейфда қимматбаҳо нарса бор, деб кўтариб кетмоқчи бўлган.

Улар изма-из газхонага киришди. Газ плитаси ичида калит ётибди. Уни Мамбет топди.

– Бу калит қаерники? Нега бу ердан ётибди?

– Қани? – У калитни икки бармоғини суқиб тортиб олди. – Ахир бу сейфнинг калит-ку! Кеча роса қидириб, тополмаган эдик.

– Қачон йўқотган эдинг?

– Кеча. Ичиб ўтирганимизда пичоқни тополмагандик. Излашга эриниб, ароқнинг қопқоғини шу калит билан очган эдик. Учинчи шишага келганда газ плитасига тушурганман. Плита ўчоғининг ичига қараш кимнинг хаёлига келибди уни ҳам йўқотдик. Чамаси, чой қўйгани борганда дейсиз.

Юзи Таниш Одам

Мабетнинг боши қотди: “Бердиёрни Жолдаснинг ўзи ўлдирмаган бўлса керак. Шундай бўлганида кийимлари қонга беланарди. Жолдаснинг одам ўлдиргудек сиёғи йўқ. Қаттиқ маст бўлган. Иккаласи бирга ичган. Бундан ташқари Бердиёр Жолдасдан кучсиз эмас. Аксинча, қувватлироқ, гавдали кўринади.

Унда ким, нега ўлдирган? Қўшнилардан суриштириш лозим. Балки бирор ниманинг хабари топилар”.

Ўша куни ҳамма ишдан келар пайтда Жолдаснинг девордош қўшнисига учрашди. Ёши ўттизларда бўлган йигит хотини, болалари билан уйида екан:

Келиш сабабини айтгач, қўшни хотин:

– Бизга зиёни тегмайдими? – деб сўради.

– Сўз бераман. Рост гапни айтсангиз ўзим сизларни ҳимоя қиламан.

– Ҳа, бу воқеа ҳақида 02 га қўнғироқ қилган ҳам бизлармиз, – дея гап бошлади Гулой келинчак, – Жолдаснинг эшиги қаттиқ қоқилиб очилди. Қўшнимиз яна мастдир, шишадошлари эшигини қоқаётгандир, дея ҳавфсирамадик. Қотиллик юз беради, деб ўйламадик. Ахир, бу уйда жанжал-тўполон деярли ҳар куни содир бўлади. Салдан кейин эшиги яна очилиб-ёпилди.

Тақиллаган овоз эштила бошлади. Ниманидир темир билан қўпараётгандек гўё. Газ плитасини сотмоқчими, уни сотиб ичса овқатини қандай пиширади, дея таажжубландик. Бир пайт эркак кишининг жон ҳолатда чинқирган товуши икки марта эшитилди-да, яна жим-жит бўлди. Нимадандир юрагим безовталанди. Эримга бориб ҳабар олиб кел, десам: “Ҳе, ўшани, кундаги гап-да, борсам менга ҳам ароқ ичиради. Кейин мен ҳам бир шиша олиб беришим керак. Ўшалар билан тентираб юраманми?” – деб бормади. Унда ўзим бориб кўраман, сен ҳам қараб тур – деб қўшнимнинг эшигини очдим.

Бурчакда турадиган сейф ўртада, юзи таниш одам ундаги қоғозларни титкиламоқдла. Диванда Жолдас оға, полга яна бир киши чизилиб ётибди. Боши қонга беланган. Кўп қараб туролмадим, қўрқиб кетдим. Кўрган-билганимиз шу, оға.

– Раҳмат. Гулой, сиз сейф қошида турган одамни танийсизми?

– Йўқ, йўқ.

– Юзи таниш эди дедингиз-ку. Қўрқмай айтаверинг. Жиноятчини тез ушлаганимиз яхши-ку!

– Танимайман. Бироқ юзи таниш эди. Машҳур артистмиди, йўқ, ёзувчи журналистми? Хуллас, лавозими бор кишига ўхшатдим. Телевизорда кўп кўрардим уни чамамда. Янглишмасам, ўша одам билим юртинингми, театрнингми директори бўлиб ишлаган эди. Ҳозир янада улкан ишга ўтган. Исми Мирза Тойиров бўлса керак. Сейф олдида ўша Тоиров турарди.

– Йўға, бу мумкин эмас, – дея таажжубланди терговчи, – турқини яна бир кўз олдингизга келтиринг. Сиз айтаётган одам ҳурмат-этибордаги киши. Бундай жиноий ишга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Бунинг устига пиёнистада нима иши бўлиши мумкмн?

– Мен билмадим, – деди Гулой. – Билганингни айт дедингиз, мен айтдим. Бор гап шу!

– Майли сизга раҳмат. Мирза Тойировга ўхшаган киши эмасмикин, деб ўйлаяпман-да.

– Қайдам? Одам одамга ўҳшайди. Ё қўрқиб кетиб адашдимми, ким билади дейсиз.

– Балки ўшадир. Дунёда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Кимнинг ичида нима борлигини билиб бўладими? Сизга яна бир марта ташаккур, – дея Мамбет ташқарига йўналди.

– Бир дақиқа, Мамбет оға, – деб тушгунча Жеткер хотинига юзланди. – Айтгандай, куни қўшни йўлакдаги Соғиндиқ қўшнимиз қоронғи машинасини тузатиб ўтирди-ку!

– Ҳа-ҳа. У ҳам қўшнининг уйига кириб чиққан одамни кўрган бўлиши мумкин. Сўраб кўринг, – деб Гулой Соғиндиқни уйини кўрсатиб қўйди.

Соғиндиқ уйида экан. У ҳам даставвал ҳеч кимни кўрмадим, деб қўрслик қилди.

– Яхши, унда ҳеч кимни кўрмаганлигингни ёзма турда ёзиб бер. Мен хужжат қилиб тикиб қўяман. Аммо кейинчалик ўша одамни кўрганинг маълум бўлиб қолса, жиноятчини яширишга уринганинг учун жавоб берасан. Ахир, сен кечқурун 8.30-9.00лар орасида ўша йўлакка кириб чиққанларни кўрмаслигинг мумкин эмас. Чунки, сен машинангни таъмирлаб ўтиргансан.

– Тўғри, бошим балога қоладими, деб қўрқаман-да.

– Айтмасанг, қайтанга ёмон бўлади.

– Мен ўша бир нотаниш одамнинг йўлакка икки марта кириб чиққанини кўрдим.

– У ким экан? – сабрсизлик билан сўради Мамбет.

– У Мирза Тойиров деган олим.

– Қайси Мирза Тойиров. Машҳур зиёли Мирза Тойировми ёки яна бир Тойиров деган кишими? – дея аниқлик киритиш учун сўради Мамбет.

– Ўша директор Тойиров-да. Бундан уч йил илгари уни яқиндан таниганман. Ўшанда у номзодлик диссертациясини ёқлади. Мен автокорхонада ҳайдовчи эдим. Тагимда яп-янги “Ота йўл” автобуси. Бошлиғимиздан мени сўраб олибди. Бола-чақасига ва бошқа борди-келдиларига хизмат қилдим. Ўшанда хизматда юрган бошқа ҳайдовчилар билан сўзлашиб қолиб, бу одамни таниганман. Бошини оғритиб нега керак экан бу кандидатлик деганмиз. Баъзи ҳайдовчилар, жуда керак-да, жуда бўлмаганда бирор корхонага бошлиқ бўлади дейишганди. Ростдан ҳам шундан сўнг вазир ўринбосарлигига кўтарилди. Келгусида вазир бўлармиш, деган гаплар юрарди.

Терговчи Соғиндиқнинг гапини жим тинглади. Кўп маълумотларга эга бўлди. Соғиндиқдан Тойиров билан юзма-юз гаплашиб кўрдингми, деб сўради.

– Йўқ. Ўша қотиллик юз берган куни у мен билан бошини силкитиб саломлашди, холос. Бу уйда ночор кун кўрувчилар яшашади. Мирза Тойиров обрўли одам. Шунинг учун бундай уйга кирганини ҳеч ким билмаслигини хоҳлагандир. Бу ерда унинг таниши йўқ-ку, нега кеди экан, деб ўйлагандим.

Мамбет тасаввурида нимадир ойдинлашгандек бўлди. Бироқ қилмишни жиноятчининг бўйнига қўйиш жуда мушкул. Балки барчаси тескари бўлгандир? Яъни, жиноятга мана шу қўшниларнинг ўзлари алоқадорми? Жиноят оламида оқ деганинг қора, қора деганинг оқ бўлиб чиқадиган ҳолатлар кўп бўлади.

Дастлабки Тергов

Шундай обрўли одам қандайдир бир пиёнистани уйига кириб ўғрилик қилибди, деган гапга ишониш қийин. Бироқ ҳаётда нелар бўлмайди дейсиз. Гувоҳлар кўрсатмаси бўйича Тойировни тергов қилмасликнинг ҳам иложи йўқ, бошқа гумондор хабари чиқмаяпти.

Терговчи Мамбет Тойировга қўнғироқ қилди. Бир жиноят бўйича бир-иккита саволлари борлигини, идорага келиб кетишини илтимос қилди.

– Органни ҳурмат қилмасак бўлмайди. Албатта бораман, - деди Тойиров хотиржам.

Идорада ҳол-аҳвол сўрашишгач, мақсадни баён этди. Тўғри жавоб бериши лозимлигини уқтириб, терговчи еттинчи октябрь куни қаерда бўлганлиги тўғрисида сўради.

– Уйда. Янгангнинг ёнида.

– Яхшилаб ўйланг. Янглишмаяпсизми? Тойиров қўлини пешонасига қўйиб, бироз ўйланди-да, сўнгра деди:

– Ишдан эртароқ келдим. Дам оиб ётдим. Тинчликми ўзи? Нега тергов қиляпсиз?

– Қотиллик юз берган. Саволларга тўғри жавоб беришингиз керак.

– Бу қандай гап? Ҳукумат одамининг обрўсини тўкаяпсизми? – Тойиров аччиқланди.

– Қонун олдида ҳамма тенг, Мирза Тойирович. Ўзингиз яхши биласиз. Қонунни аввало сиз, раҳбарлар, ҳурмат қилмасангиз бошқалар не қилмайди? Шунинг учун жаҳл қилмай саволларимга жавоб беринг.

– Кечирасиз. Қизишибман, – дея у бирданига жиддий тортди. – Бу ерга гумондор сифатида келганимни ҳеч ким билмасин, уят бўлади-я. Тушимга кирмаган нарсалар. Астағфурилло!

У ёқасига тупурди.

– Мирза Тойирович, мушук-сичқон ўйинини бас қилайлик. – Мамбет Камолов гапни чўрт кесди. – Тўғрисини айтинг, сиз ўша куни кечқурун соат саккиз ярим тўққизларда бошқа жойда бўлгансиз. Иқрормисиз?

Тойиров терговчи баъзи нарсалардан хабари борлигини, тўғрисини айтмасликнинг фойдаси йўқлигини билди.

– Энди иним, айтганингиз тўғри. Дастлаб айтишга уялдим.

– Нимага уяласиз?

– Йигитчилик-да, ука, ора-сира чарчоқни ёзиб олмасанг бўлмайди. Бир аёл билан кўнгилхушлик қилдим.

– Соат нечада? Қаерда?

– Биласиз-ку, иним.

– Хизматчилик. Ҳар бир сўзнинг ўз оғзингиздан эшитишим зарур.

– Олти-саккизлар чамасида. Йигирма... кичик туманда.

– Тўққизлардамасми?

– Йўқ. Саккизларда кетдим. Чунки, бундай пайтда хотин ёдга тушади. Беихтиёр соатга қарайсан, не важ кўрсатишни ўйлайсан. Вой укам-ай, сирниям фош қилдирдинг-ку! Бу гаплар орамизда қолсин, хўпми?

– Яхши. Бироқ сизни саккиз ярим-тўққизларда бошқа жойда кўришган. Ким кўрибди? Мени кўриб, дарҳол соатига қарашибдими? Одамларга ҳам ҳайронсан.

– Ўша ўттиз тўққизинчи уйга бордингиз, кейин-чи?

– Уй рақамига қарабманми? Ахлат ташланадиган жойнинг тўғрисидаги уй-ку.

– Нечанчи йўлакда, нечанчи қаватда бўлдингиз?

– Биринчи йўлак, иккинчи қават. Ўнг томондаги хона бўлса керак.

– Аёлнинг исми? Ўша хонада турадими?

– Ҳа. Ўша хонада. Исми Санам.

– Ҳозирча етарли. Бирор нарсаларни аниқлаб яна чақираман. Берган жавобларингиз тўғрилигига имзо чекинг.

Тойиров сўровномага имзо чекди.

Ўйнаш

Мамбет ўттиз тўққизинчи уйга Жеткерни чақирди. “Жиноят очилгунча ҳар ким билавермасин, ўзинг баридан хабардорсан, деб сени чақирдим”, деди унга. Сўнгра:

– Подъездингизда Санам деган суюқоёқ хотин яшайдими? – деб сўради.

– Йўқ ундай хотин яшамайди.

Терговчи Санамнинг иш жойидан ўзига билдирмасдан суратини олдирган эди.

– Мана бу – Санам. У сиз яшайдиган уйдаги кимларгадир қариндош эмасми? Келиб турардими? Яхшилаб қара-чи...

Йўқ бу аёлни илгари кўрмаганман. Кўпдан бери ўша манзилда яшайман. Кимнинг қандай қариндоши бор, кимга ким келади – барини яхши биламан.

– Иккинчи қават ўнг тарафдаги хонада ким туради?

– Унда қари рус кампир-чол.

– Улар уйини ёмон хотинларга ижарага бериб қўймайдими?

– Ҳеч ҳам. Тўғри сўзли, тузук одамлар. Бу гап-сўзни эшитиб қолса, бизни ҳақорат қилдинг деб, жанжал кўтармаса яхши эди ҳали.

Мамбет кеча Тойировнинг ёлғон гапираётганини сезган эди. Аммо исботсиз бунга эътироз билдириш мумкин эмас. Шунинг учун бугунги ишларни аниқлаб олиб, сўнгра у билан гаплашади.

Кечқурун Тойировни яна хонасига чақирди.

Тойиров келгач, дийдиёсини бошлади:

– Ҳой, иним, нега чақираверасан? Қаерданам ўша аёл билан учрашдим... бурнимдан чиқардинг-ку! Эри йўқ хотин у. Қайтангга савоб бўлади дейишади-ку!

– Хизматчилик. Саволларимга тўғри жавоб берсангиз вақтингизни олмайман.

– Майли, илож қанча.

– Бугун мен кеча сиз айтган маълумотларни текширдим. Бирортаси ҳам тасдиқланмади. У ерда Санам деган аёл яшамас экан.

– Балки, яшамас ҳам, – деб Тойиров талмовсиради. Мен бу билан ҳеч ҳам уйида учрашмаганман. Саунага, ёзда кўлга, табиат қўйнига борардик. Ўшанда унинг уйи деб ўйлаганман. Саккизинчи кичик туманда ота-онасининг уйида туради баъзида.

– Гапни опқочманг. Сиз у ерда умуман Санам билан бўлмагансиз. Иқрор бўлаверинг.

– Нега, бўлдим! – ён бермади Тойиров.

– Сиз айтган ерда рус кампир-чол яшашади. Улар сизларни уйига киритадиган одамлармас. Ё ҳозир бирга уларникига бориб юзлаштираман.

– Иним, адашган бўлишим мумкин. Учинчи қаватнинг ўнг тарафими, чап тарафими, ишдан ҳориб чиққан одамнинг эсида қоладими? Мамбет укам, гапнинг бўладиганини гапирайлик-да.

– Нима демоқчисиз?

– Мен, иним, аввалдан сени биламан. Тўй-маъракаларда учрашиб юрибман. Мен ўзимга яраша обрўга эгаман бу гаплар кўчага чиқиб кетса, менга яхши бўлмайди. Сен ёрдам бер. Хизматдан қочмайман. Сўраганингни бераман. Қутқарсанг бўлди. Илтимос!

– Нима бермоқчисиз? –деб Мамбет ўзини билмасликка солди.

– Пул-да. Доллар бераман, хоҳласанг. Беш юзми, мингми, оғзингга сиққанини сўра. Пул кетса-да, обрў кетмасин.

Мамбет бош чайқади.

– Йўқ, бунақаси кетмайди, – гапни чўрт кесди.

Шунда Тойиров бугун иши жуда кўпайганини, ҳозир боши қаттиқ оғриётганини, бориб дам олмаса бўлмаслигини айтди. Мамбет Тойировдан Санамнинг уй манзилини ёзиб олди. Сўнг “иш”нинг баъзи ҳужжатларини тўлдирди. Бир пайт нимадир эсига тушиб, дарров кийинди-да, машинасига ўтирди.

У барибир кечикибди: етиб борганида Тойиров Санамнинг ёнидан чиқиб келаётган эди. Терговчини кўриб шошиб қолди.

– Мазам йўқ деган эдингиз-ку, Мирза Тойирович! – деб Мамбет қистовга олди.

– Санам оз-моз пулдан ёрдам бер, деган эди. Шунга келгандим. Ўзингиз нима қиляпсиз бу ерда?

– “Иссиқ” жойни манзилини олгач, ўтиролмадим.

Санам эшикни қўнғироқ босилгач, дарров очди. Эҳтимол, Тойиров қайтиб келди, деб ўйлагандир. Ахир ҳозир одамлар тунда тугул, кундуз эшигини очмайди. Етти бобонггача суриштиргач, кейин очади.

Санам бўсағада бошқа одамни кўриб қўрқиб кетди. Салдан кейин кулимсираб киринг деди.

Мамбет уни дарров сўроққа тутди:

– Мирза Тойировни излаб юрибман.

– Қайдам танимайман.

– Нимага танимайсан? Бирга ётиб-туриб...

– Ҳа-а. Умуман танийман-куя. Аммо кўрмадим.

– Келмадими?

– Келмади. Беш-олти кун илгари кўчада кўрувдим.

– Нега ёлғон гапирасан? Ҳозиргина ёнингдан чиқди-ку?

– Ай, қайним-ай, – Санам уялганидан бармоғини оғзига теккизиб нозлана бошлади. Елкасидаги юпқа халатни секин тортиб ечди. Фақат ички кийимда қолган бу нозанин шундай гўзал эдики... оппоқ бадан...

– Бундай пайтда вақт бой бериш ярамайди, қайним, кўз тегади. Қани келинг. Поччангиз шошиб келиб, шошиб кетди. Ҳовримни босолмай қолдим. Ўзинг билан ҳордиқ чиқарайлик энди. Ўзидан кўрсин поччанг, қани меҳмоним бўлинг.

Санам Мамбетни қучоқлаб, юзидан ўпмоқчи эди, Мамбет ўзини олиб қочди.

– Бошқа сафар, – деди Мамбет ва гувоҳномасини кўрсатиб: – Сизга бир неча саволларим бор.

Жувон халатини дарров кийиб олди. Креслога ўтирди. Оппоқ сонларини кўрсатиб, оёқларини бир-бирига чалиштирди. Кўкракларини кериб, кўз-кўз қилди.

– Бу уйда ким билан яшайсиз?

– Битта ўзим. Ўшанинг учун айтаяпман-да, ҳеч ким йўқ. Бизга бу ерда ҳеч ким ҳалақит бермайди.

– Санам, бу гапни қўйиб туринг. Менинг саволларимга тез-тез жавоб беринг.

– Майли, сўранг.

– Ота-онангиз қаерда?

– Қишлоқда.

– Қишлоқда яшашадими ёки меҳмонга кетишганми?

Санам ўйланиб қолди. Тойировдан буни сўрамаган эди.

– Ўша ёқда яшашади. Нимайди? – дея қарши савол қўйди Санам.

– Битта ўзинг турадиган бўлсанг, мижоз юбормоқчи эдим.

– Бўпти юборавер, бизда “отказ” йўқ.

– Еттинчи октябр куни қаерда бўлдинг?

– Кечқурунми? Мирза Тойиров билан ўттиз тўққизинчи уйда.

– Соат нечада?

– Олти билан саккизлар оралиғида.

– Кимнинг уйида?

– Ўрис чол-кампирнинг уйида. Ҳақини тўладик.

– Алдама. У ерда бўлмагансизлар. Юзлаштирайми?

– Қайним, ишқ сири нозик масала. Икки одам орасида қоладиган гап. Хуллас поччанг билан ўша ерда бўлдим. Нима қилганимизни ҳам айтайми?

– Ёлғон кўрсатма учун қонун олдида жавоб берасиз, Санам.

– Қонунни мен ҳам яхши биламан.

Мамбет у билан ади-бади айтишиб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Қоғозга ёзганларига қўл қўйдирди-да, бу ердан чиқди.

Қарғиш Олган Кимса

– Эртасига Жолдасни бориб кўрайин, деб касалхонага борса, у кетиб қолган экан. “Уч кун ҳам ётмади, – деди шифокор, – кетиб қолди. Эрталаб келиб ярасини тозалатиб кетди. Яна ичиб олган...”

– Энди қаердан топсам экан уни? – дея ўйланди Мамбет.

– Мен сизни келишингизни айтдим. Қаерда бўласан, терговчи излаб қолиши мумкин дедим. У бўлса қаерда бўлардим – уйда-да, ё бўлмаса темир бозорда, деди. Бир таниши машинасининг радиаторини сотмоқчи эканми мана бунга, – дея шифокор томоғини чертди.

Мамбет Жолдаснинг уйига борди. У йўқ экан. Кейин бозорнинг эски темир-терсак сотиладиган томонига юрди. Дарров топди. Битта пиёниста жўраси билан радиаторга боқиб ўтиришибди.

– Юр мен билан, – деди Мамбет, – кафеда ўтириб гаплашиб оламиз.

Кафе дарагини эшитиб Жолдас очилди. Жўрасига бир нималар деди-да, Мамбетнинг ортидан эргашди.

Мамбет четроқда жойлашган кафени танлади. Овқат, юз граммдан ароқ буюрди. “Соғлиқ учун” дея отиб олишди ва овқат ея бошлашди. Жолдас кайф аралаш ундан-бундан гап топиб сўзлай бошлади.

– Бошқасини қўя турайлик. Бир нарсани айт, – Мамбет Жолдасни яна ичкиси келаётганини пайқаб, афицианткага яна ароқ келтиришни буюрди. – Нега милицияга босқинчилик бўлгани, айбдорни топиб бериш ҳақида ариза бермаяпсан?

– Топганда нима ўзгаради. Бўлганим шу менинг...

– Ундай дема. Жиноятчи қўлга олинмаса, у яна жиноят содир қилиши мумкин.

– Ўлимдан қўрқмайман. Қайтанга шундай қилса яхши бўларди. Тирик юрганимда нимани қойиллатдим. Қайтиб келишдан хавотирланмайман. Ўғирлатадиган ҳеч нарсам ҳам йўқ.

– Барибир, жиноятчи нега сенинг уйингга бостириб кирганини, бирор нарса ўғирламоқчи ё сизларни ўлдирмоқчи бўлганини билишга қизиқмаябсанми? Сени ўлдирмоқчи бўлди, дўстингни эса ўлдирди. Ҳеч бўлмаса унинг руҳи учун жиноятчини жазолаш керак эмасми?

– Менга бари бир. Мен бир юрган тирик мурдаман.

– Ундай дема. Худо хоҳласа ишинг ўнгидан келиб, яхши бўлиб кетасан ҳали.

– Ишонмайман, кўп аёлларни хўрладим, қарғиш урган мени.

– Майли, сенга керак бўлмаса, мана бизга керак жиноятчининг жазоланиши. Буни шундай ташлаб қўймаймиз. Жолдас, жиноятчи нега сенинг уйингга кирган? Адишиб кирмагани аниқ.

Жолдас боши билан маъқуллади. Яана ичкиси келганини билдириб, стаканга ишора қилди. Яна отиб олишди.

Ўғирлик учун кирган дейишниям билмайман. Ёки душманинг борми?

– Менда душман нима қилсин? Жўрамни ўлдириб, ўзимни уриб кетса-да,уни кечираяпман-ку! Олдин ҳам қанча дўппосланганман. Ҳеч бирига кек сақламадим. Илгариги қайсарлигимдан ҳозир асар ҳам йўқ. Азалдан шундай бўлганимда бунчалик хўрланмасмидим балки, – у шундай дея йиғлаб юборди.

Мамбет, у йиғлаб бўлгач, яна сўроққа тутди.

– Унда ўғирликка кирган. Шундай десак тўғри бўладими?

– Нимани ўғирлайди? Синиқ пиёланими?

– Тўхта, ўғирлик учун киргани аниқ. Сейфни олиб кетмоқчи бўлган. Сейфда эса унга қадрли нимадир бўлган, тўғрими?

– Йўқ, – инкор этди Жолдас. – Менда қадрли нарса нима қилади? Аллақачон ичиб йўқ қилардим!

– Унда нега ўғирликка тушган?

– Ўртоқ терговчи, жиноятчи менимча хаёли паришон биров бўлса керак, менинг уйим биринчи қаватда бўлгани учун тўғри кираверган.

– Йўқ. У жинни одамга ўхшамайди. Ҳеч қайерда бармоқ изини қолдирмаган. Жиноят қуролини ҳам ўзи билан олиб кетган. Тўғрисини айт сейфда нима бор эди?

– Ҳеч нима.

– Нимадир бўлган.

– Унда нима экан у? – дея қарши савол берди Жолдас.

– У нарса олтин эмас, пул эмас, қимматбаҳо ё мерос нарсаям эмас. Ҳужжат бўлса керак. Уй ҳужжатими, суратми, ёки қўлёзмами?

– Топмадингиз. Менинг қоғозларим сейфда бут эди. Қимматбаҳо нима бор, деб очиб кўрган-да!

– Бўйнингга ол, – деб Мамбет Жолдаснинг кўзига тикилди. – Негадир сен жиноятчини яширяпсан?

– Нималар деяпсан? Менга шунча зарар келтирган кимсани нега яширай? Ўйлаб гапир...

– Бўлмаса яширмай айт. Ўша жиноят содир бўлган куни сен сейфни узоқ титкиладинг, мен кузатиб турдим. Бироқ керакли нарсангни топлмадинг. Сездимки, сен ўша излаган нарсангни ким оганини ўшандаёқ билгандинг.

– Гумон иймондан айиради, ўртоқ терговчи, хаёл бошқа, ҳақиқат бошқа.

– Майли, айтмай қўяқол, ўзим топаман. Аммо унда сен жиноятчини яширганинг учун жавоб берасан.

– Кўрармиз, – деб кулимсиради Жолдас.

– Ҳа тез орада топман.

– Унда яна юз грамм отайлик.

– Сенга кўплик қилмайдими? Овқатингни ҳам унча емадинг.

– Овқат емайман. Пиёнисталар овқат ейишмайди. Билмайсизми?

– Уни сен биласан. Менга қара, Мирза Тўраев билан қандай алоқанг бор?

Жолдас ҳомуза тортди, сўнгра йўталди. Мамбет барини кузатиб туриб, жавоб топиш учун қилинаётган ҳаракат деб тушунди.

– Нега сўраяпсан?

– Жиноятга алоқаси борлиги учун?

– Нима, мени маст, не сўрасам айтаверади деб ўйлаяпсизми? Майли айтақолай, Тойиров билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Фақат уни сиртидан танийман. Фан номзоди. Катта одам. Ўзим тарих билан илгари шуғулланганим учун уни ҳурмат қиламан.

Шу ерда Мамбет бундай бемани суҳбатнинг ҳеч кераги йўқ эканлигини, агар Жолдас Тойиров билан алоқаси бор бўлса, бу ердаги гапларни етказишини эслаб гапни тўхтатди.

Қайтаётиб Мамбет Жолдаснинг жиноятчини билиши аниқлигига яна бир бор ишонгандай бўлди. Шунинг учун Жолдаснинг ортидан пойлоқчи қўйишни маъқул топди.

“Органга Ишинг Тушмасин”

“Тойиров билан Мадрейимовнинг қандай алоқалари борлигини билсак жиноят тугунини ечиш мумкин”.

Шу ўй билан Мамбет эрталаб Тойировга қўнғироқ қилганди, “боролмайман, туманга кетяпман, министр рухсат бермайди” деб жавоб берди.

– Гаплашамиз рухсат беради, деди Мамбет ҳам гапдан қолмай, – чақирув қоғози юбораман. Юбормаганини кўрамиз шунда. Ҳалиям мен ҳеч ким билмасин, чақирув қоғози юбормай, телефонда ишдан сўнг чақирай деб юрувдим.

– Йўқ, сизга раҳмат, иним. Ахир мени жиноятга ҳеч бир алоқам йўқ-ку. Энди чақирсангиз устингиздан арз қиламан. Обрў кетса-кетсин!

– Ўзингиз биласиз. Аммо бугун кечқурун соат олтида сизни хонамда кутаман. Келмасангиз сизни милиция билан келтираман. Унчаликка бормассиз, деб ўйлайман, – деб Мамбет гўшакни жойига қўйди.

Ярим соатлардан кейин Аяп Абдамбетович қўнғироқ қилди.

– Мамбет Камолович, қаттиқ кетмаяпсизми?

– Нима гап, тушунмадим?

– Мирза Тойирович масаласи бўйича айтяпман. Ҳозиргина қўнғироқ қилиб сиздан ўпкалади. Тинч ишлашга қўймаяпти деди.

– Бунинг учун олдин ўзи тинч юрсин эди, – деди Мамбет кулиб.

– Мамбет, сиз асоссиз нарсаларга таяниб, уни катта жиноятга алоқадор қилмоқчи экансиз. Катта маблағ талаб қилмоқчи экансиз, айтишича.

– Ўзи аллақачон пора таклиф қилди. Олмадим.

– Ундан ҳам кўп сўрамоқчи деяпти. Аёлга борганим рост, ўша куни, ўша уйда жиноят юз берса мен бўлавераманми деяпти. Далил-исбот йўқ, ҳар куни бир гап. Юқорига арз қиламан деяпти.

– Арз қилавер демадингизми?

– Мамбет Камолович, чегарадан чиқиб кетманг. Арзимас нарсага чақиравермай қўяқолинг. Катта оқсоқол. Ҳурмат қилишимиз керак. Бунинг устига менга қудачилиги бор.

– Нима дейсиз унда жиноятни ёпамизми, Аяп Абдамбетович?

– Мен ундай демайман. Ишни очасиз.

– Унда Тойировни тинч қўя олмайман, кечирасиз.

– Эртага айбсиз бўлиб чиқса, ўзингизга зарари тегиб юрмасин дейман-да, мен сизга ишонаман. Шундаям етти ўлчаб, бир кесиш керак.

– Хўп бўлади, Аяп Абдамбетович. Терговчи номига гард юқтирмайман.

– Зафарлар ёр бўлсин!

– Раҳмат, сизга ҳам! – Мамбет гўшакни қўяр экан, Аяп Абдамбетовичнинг ўзини тушунганидан хурсанд бўлди. Кўнглини кўтарадиган гапларидан қувонди. Нима, ишни ёпиб ташла дейиши ҳам мумкин эди-ку!

Терговчи Мирзани келармикин, келмасмикин, деб ўйланди. Бунинг устига прокурорнинг етти ўлчаб, бир кес дегани ҳам ҳаёлидан кетмаяпти. “Ростдан ҳам Мирза ҳақида гумонларим хато чиқса, нима бўлади. Ҳақиқатан ҳам шу куни ўша йўлакда ўйнаши билан бўлган бўлса нима қиламан? Унда жиноятчи ким? Жолдаснинг айтганида жон борми? Жинни одам бўлса, бармоқ излари қолмасмиди? Жиноятни қилгач, қочиб кетишига ақли етадими жиннининг?

– Балки, Гулой-Жеткерларнинг қилмишимикан? Мени чалғитиш учун ёлғон кўрсатма беришдимикан? Соғиндиқ билан ҳам тили бир бўлиши мумкин. Ташқари эшикдаги бармоқ изи ҳам Гулойники эканлигини экспертиза исботлади. Унда Гулой нега одам ўлдиради? Қўшнисиниг уйига эга чиқмоқчи бўлишганми?

Майли, шундай бўлақолсин. Унда нега одам ишонмайдиган Мирза Тойировга айб юклади? Нега жиноятчини кўрмадик демаган ё бошқа одамни кўрсатмаган?

Чунки ўша куни Мирза Тойиров чиндан ҳам ўйнаши билан подъезда бўлган. Шунинг учун ҳам Гулой уни кўрсатаяпти. Ҳатто уни жабрдийданинг уйида кўришган бўлса, бошқа кимни тергаш керак? Чиндан ҳам жиноятчи Гулой бўлиб, Мирза Тойировнинг даккисини еб юрмайин. Қаттиқ ўйланиб ишлашим керак. Аяп Абдамбетович, терговчи менинг айтганимни қилмади. Ҳақ жойида қарор топар, чақирса бораверинг, деган бўлса керак, кечқурун олтида Мирза Тойиров хонага кириб келди.

Мамбетнинг хаёли бўлинди.

– Органга ишинг тушмасин экан, – ҳазиллашган бўлди Тойиров.

– Буни олдинроқ ўйлаш керак, ҳазилга ҳазил жавоб берди Мамбет, – ҳуш келибсиз!

– Мирза гапнинг индаллосини англаган бўлсада, ўзича раҳмат деб қўйди.

Мамбет ҳар сафар гумондор билан гаплашганда ҳар кимга ҳар хил услуб қўллаб гаплашиш зарурлигини яхши билади. Бўлмаса, гап олиш мушкул. Бу ҳам бир фан!

Ҳеч нарсани бўйнингизга олмаяпсиз, Мирза Тойиров.

– Нимани бўйнимга олишим керак?

– Саккиз ярим – тўққизларда сизни ўттиз тўққизинчи уй атрофида кўрганлар бор. Гоҳ ўйнашимни уйи дедингиз, гоҳ бошқанинг уйи, биз дам олишга келгандик дейсиз. Санам ота-онаси билан яшайди дегандингиз, битта ўзи яшаркан. Нега Санамни битта ўзи яшашини яширдингиз?

Мирза талмовсиради. Аммо яна ўзини ўнглаб олди:

– Ота-онаси келиб туради.

– Келгани билан уч-тўрт кунлаб ётмас. Одамларда ҳозир вақт ҳисобли. Кўп бўлса бир кун бўлар.

Ундан садо чиқмади. Столдаги қаламни айлантириб ўтираверди.

– Жолдас Мадрейимовни танийсизми?

Бу саволни кутган бўлса керак – дарров жавоб берди:

– Йўқ, ким экан у?

– Исмини ҳам эшитмаганмисиз?

– Йўқ, йўқ, ким бўлиб ишлайди, қаерда туради?

– Шу шаҳарнинг одами. Ишламайди, пиёниста.

– Пиёнисталарни танимайман.

– У ҳам тарихчи. Сиз танишингиз керак.

Мирза Тойиров ёлғонни ошираверса билиниб қолиши мумкинлигини ўйлаб, деди:

– Эсим қурсин. Ёдимга тушди. Жолдас Медрейимов, ҳа, аспирантурани битказган. Касбдошлар орасида айтилиб қоларди. Бироқ ўзим ҳеч учрашмаганман. Тўғриси, унинг йўли бошқа, меники бошқа.

Терговчи бошқа савол бермади, барибир иқрор бўлмайди. Жолдас билан учрашиш аниқ. Ана ўшанда бўйнига қўяман, деб хаёлидан ўтказди Мамбет.

Шартлашув

Мамбет жиноят ишига боғлиқ тушунтириш хати, далолатнома ва бошқа ҳужжатларни кўздан кечирмоқда. Жиноят қандай юз бергани ҳақида ўйлайди.

Мирза Жолдас қаттиқ маст бўлган пайтни кутиб, пойлаб юрган. Сўнг кечқурун – соат саккизларда келган. Калитни беҳуш ётган Жолдаснинг киссасидан оламан-да, сейфдан керак нарсани ўмариб кетаман, деб ўйлаган, лекин калитни тополмаган. Шунда у сейфни кўтариб кетмоқчи бўлади. Аммо бир ўзи эплолмаслигини сезади (Шу ерда жиноятчи битта одам эканлиги аниқланади). Уй ичида-ку судрар, ташқарида қандай судраб юради. Шунда сейфни бузиб очадиган темир излаб машинасига бориб келади (Буни Гулой ҳам тасдиқлади).

Келиб тақир-туқур қилиб сейфни оча бошлайди. Шовқиндан Жолдаснинг жўраси Бердиёр уйғонади. Шунда Тойиров гувоҳни гумдон қилади. Сейфни очади. Қўлида резина қўлқоп билан керак нарсасини излайди. Бир боғлам дело тугунини қўлқопсиз ечади. Шундан бармоқ изи қолган. Шу пайт Гулой эшикдан қарайди. Тойиров шошиб қолади. Милицияга хабар беришидан қўрқиб, тез-тез излаган нарсасини қидиради. Шунда Жолдаснинг уйғонганини кўриб, уни ҳам темир монтировка билан уради. Жолдас ҳушидан кетади. Уни ўлди, деб ўйлаган ва сейфдан излаганини топгач қочади. “02” га хабар қилган Гулой пойламайди. Бор гап шу!

Содир бўлган жиноят тафсилотлари хусусида фикрлаб ўтирган Мамбетнинг уяли телефони жиринглади. Пойлоқчи экан. У Жолдаснинг қўшниси. Илгаридан “орган”га хизмат қилиб, чойчақа топиб юради. Бу сафар ҳам хизмат ҳаққи олиш эвазига Жолдасни пойлаб юришга рози бўлди.

– Ташқарида ўтирсам, “дом”дан узоқроқ жойга битта қизил “Нексия” келиб тўхтади. Кўп турди. Бировни кутаётгани аниқ эди. Бир пайт подъезддан Жолдас чиққан эди, “Нексия” сигнал берди. Жолдас ён-верига қараб, машинага борди. Машина эгаси ўзи ўтирган эшик ойнасини тушуриб бир нималар деди, Жолдас машинага ўтирди.

Пойлоқчининг гапидан зериккан Мамбет уни шоширди:

– Хўш энди қаерда улар?

– “Нексия”нинг ортидан такси ушлаб пойлаб бордим. Ҳозир улар автовокзалдаги “Карвон” кафесида. Мен ҳам шу ердаман.

– Сени сезишмадими?

– Йўқ ташқарида, дарахт панасидаман.

– Ҳозир етиб бораман.

Мамбет Камолов “Тико”сини елдек учириб, етиб борди. Пойлоқчидан уларнинг энг чеккадаги “кабина”да ўтирганини билиб: “Уларнинг ёнидаги “кабина”га кирамиз маст одамлардай овозимизни ўзгартириб гаплашиб ўтирамиз. Сен кўпроқ сўзлайсан. Мен гап тинглашим керак”, деб тушунтирди.

Кафенинг ичи икки қатор қилиб, эшик ўрнида дока билан ажратилган “кабина”лардан иборат эди. Одам сийрак. Тўртта “кабина”да одам бор, холос.

Мамбет официанткани имлаб чақирди-да, гувоҳномасини кўрсатди:

– Мана буни ана у ҳужрага кириб, билдирмасдан стол остига ёпиштириб чиқасан, агар у ердагиларга билдирсанг, жазога тортиласан, – дея унга диктофон берди.

Улар овқат, бир шиша ароқ буюртиришди-да, пойлоқчиликка киришди. Чамаси, Тойиров улар кимлар эканлигини билмоқчи бўлди. сўнгра мастларча гап-сўзларини эшитиб, бехавотир яна гапга берилди.

Мамбетнинг қулоғи динг бўлди. Улар асосий масалага энди киришганга ўхшайди.

– Сенинг ишинг эканлигини дарров билдим. Бердиёрни нега ўлдирдинг? Мени ҳам ўлди деб ўйлагансан, – деди Жолдас.

– Вазият шуни тақазо қилди. Калитни қаерга қўйгандинг? Ҳеч тополмадим, - деди Тойиров.

– Чой қўяётиб газўчоқнинг устига тушурибман.

– Бердиёрни уйғониб кетгани учун ўлдирдим. Гувоҳ ортиқча эди. Сени ҳам урдим. Энди билдингми, менинг қўлимдан ҳар нарса келади. Қадамингни ўйлаб бос.

– Мени қўрқитолмайсан. Ўлимдан ҳам қўрқмайман. Қўлёзмани олибсан-ку? Уни сейфдан тополмадим.

– Қуриб кетсин ўша қўлёзма. Не савдоларга солди мени. Ўзинг ҳам тўйдирдинг. Нусхаси экан-ку? Асли қаерда?

Жолдас мазза қилиб кулди.

– Мирза Тойирович, мени ахмоқ деб ўйлаганмидинг? Асл нусхаси ишончли жойда.

– Нега терговчига мен ҳақимда айтмадинг?

– Сендан ҳали кўп фойдаланмоқчиман. Айтсам нима фойда? Сени қамашса, даромаддан айриламан-ку.

– Сен мени шантаж қилишни қўймайсанми?

– Шантажни энди кўрасан. То ўлгунча таъминлайсан. Бўлмаса ўзиндан кўр.

– Неча марта пул бердим сенга. Нега изимдан қолмайсан?

– Нима қилай ароқ суягимга сингган.

– Энди учрашмаймиз. Ўша воқеадан сўнг умуман кўришмаслигимиз керак. Балки ҳозир икковимизни ҳам пойлашётгандир. Хуллас гап тамом.

– Менга пул берсанг бўлди.

– Майли, охирги марта бераман. Сўнгра бир-биримизни танимаймиз. Келишдикми?

– Келишдик.

– Менга асл нусхани берасан ва жиноят ҳақида оғиз очмайсан.

– Хўп. Қачон берасан пулни?

– Эртага шу ерга шу пайтда қўлёзмани олиб кел. Мен икки юз минг сўм олиб келаман. Сўнг тарқаламиз. Бошқа учрашмаймиз. Боягидай ишимга бориб, икки шишага пул бер демайсан. Яна айтаман, шу охиргиси!

– Кўрамиз.

– Унда бермайман.

– Бермасанг ҳаммасини ошкор қилишга тўғри келади. Менинг номзодлик ишимни ўғирлаб, диссертация ёқлади, мана менинг қўлёзмам, деб фош қиламан. Судланасан. Бунинг устига одам ўлдирдинг. Хуллас, қамоқда чирийсан.

– Мен судлансам, сен ҳам судланасан. Қилмишимиз теппа-тенг.

– Менга барибир. Қайтанги қамоқда овқат беришади.

– Жолдас, гапни чўзишдан не фойда, – Мирза сал ҳовридан тушди, – мендан пулингни ол-да, ичиб ётавермайсанми? Аммо кейин мени тинч қўясан. Бўлмаса, ўлдириб юбораман. Ўзим ҳам ҳаётдан тўйганман. Келишдикми?

– Келишдик.

– Эртага шу ерда яна учрашамиз. Мен кетдим.

Мирза Тойиров кафедан чиқди.

“Карвон” Операцияси

Мамбет хонасига келиб, чуқур нафас олди: “Бу ишга ҳам сўнгги нуқта қўядиган пайт келди”.

Аяп Абдамбетовга ҳаммасини гапириб берди. Тезкор қўлга олиш гуруҳи таёрланди. Операция “Карвон” деб аталди. Тойирвни уйига пойлоқчи қўйилди.

Эртасига Мамбет Аяп Абдамбетович билан машинасини панага қўйиб, “Карвон” кафесини кузата бошлади.

Соат икки яримда Жолдас келди. Қўлида эски портфель. Аланглаб Тойировни излади. Ичкарига кирди. Сўнгра яна чиқди ва ўриндиққа бориб ўтирди.

Соат учдан ўта бошлади. Тойировдан дарак йўқ эди. Яна ичган шекилли, Жолдас бир томонга қийшайиб ухлаб қолди.

Мамбет билан Аяп Абдамбетович ҳайрон. Нега Тойиров келмаяпти?

– Балки ишдан бўшамагандир, қўнғироқ қилиб, ўзимни танитмай гаплашайми? – дея сўради Мамбет.

– Бўпти, – розилик берди Аяп Абдамбетович.

Қабулхонадаги қиз Тойировнинг пешиндан сўнг ишга келмаганини айтди. Сўнг министр ҳам Тойировни излаётганини билдирди. Мамбет гўшакни қўйди.

Кейин уйига телефон қилишди. Хотини ҳам “тушликдан сўнг чиқиб кетди”, деди.

– Пойлоқчи билан боғлан, – деди хавотирланган Аяп Абдамбетович.

Пойлоқчи, тушликдан сўнг соат иккидан ўн минут ўтганда Тойиров уйидан иккита катта сумка олиб чиқиб, “нексия”сига солиб катта тезликда автовакзал томонга кетганини айтди.

– Нега келмади экан, уйидан чиққанига бир соат бўлган? Ишга ҳам бормабди. Чамаси у бизнинг режаларимизни билиб қочган, – дея тусмоллади Аяп Абдамбетович.

– Мен ҳам шундай ўйлаяпман. Қочиб қаёққа боради? Қандай қочади? Ҳозир самалёт йўқ. Ҳар эҳтимолга қарши аэропортга хабар бериб қўяйлик, – деб Мамбет аэропортга қўнғироқ қилди. Темир йўл вакзали орган ходимларини ҳам огоҳлантирди. Шаҳар ва туман ДАН ходимларига ҳам қизил “Нексия”да, Мирза Тойировни ушлаш буйруғи берилди.

Республика прокурори, ички ишлар вазирлиги раҳбари ва тегишли ходимлари иштирокида қисқа йиғилиш ўтказилди.

Жиноятчи қаерга яшириниши мумкин, қандай қўлга олинади – шу каби саволлар устида мулоҳаза юритилди.

– Кейинги пайтда жиноятчиларнинг кўпи Қозоғистонга қочиб кетаяпти. Чунки у ернинг майдони катта. Ҳатто икки-уч оила яшайдиган олис овуллари ҳам бор. Бунинг устига ҳозир Қорақалпоғистондан кўп одамлар ноқонуний бориб ишлаб юришибди. Тили, дини, кўриниши бир хил халқ. Россияга ҳам кетиши мумкин. Шунинг учун ушбу мамлакатларга бориладиган ҳар қандай транспорт назоратга олиниши керак.

Тез орада Тахтакўприкдан хабар олинди. Қизил “Нексия”ни қўлга олиш бўйича хабар келмасдан олдин соат тўрт яримларда туман марказидан давлат рақамидаги қизил “Нексия” ўтган, ичида фақат битта одам. ЙПХ ходимлари ҳукумат рақами бўлгани боис автомабилни тўхтатмабди. Машина тўғри”Мулк” – “Кандирли” йўли бўйлаб кетибди.

– Тез изидан қувиб ушланглар. Вертолёт билан бизлар ҳам етиб борамиз, – деб топшириқ берилди.

“Кандир”лидан ўтиб, Қозоғистонга борадиган йўллар кўриб чиқилди. Тойиров Тахтакўприкдан саксон км олисда – “Қўштруба”даги битта чўпоннинг уйига яқинлашиб қолганда, соат еттиларда қўлга олинди.

Текширув чоғида ёнидан пистолет, эллик минг доллар, сумкаларидан кийим-кечаклари чиқди.

Жиноятчи қўлига кишан солиниб Нукусга келтирилганда вақт алламаҳал бўлган эди. Ходимлар баъзилари уйига, баъзилари хизматга тарқалишди.

Қўлёзма

Мамбет Камолов жиноятчини эртасига тергов қилди. Жолдаснинг тайёр диссертациясини озроқ ўзгартириб ўзиники қилиб олганини, бунинг учун Жолдасга пул берганини Тойиров бўйнига олди.

Жиноят юз берадиган куни Мирза Тойиров ҳайдовчиси орқали Жолдасга тўрт шишага еткулик пул бериб юборгани, Жолдас ҳам пул олиб келган йигит илгари бирор ишни битирган одамдир деб пулни олиб қолгани маълум бўлди.

– Сиздай раҳбар одамнинг қотилликка қўл уриши мумкинлигига ҳалиям ишонолмаяпман, – деди Мамет.

– Вазият шуни тақозо қилди. Аслида ўлдирмоқчи эмасдим. Бердиёр уйғониб қолди. Гувоҳни йўқотишга қарор қилдим.

Мамбет сўради:

– Нега қочдинг? Кафега нега келмадинг?

– Кафе эгаси танишим эди. Соат иккиларда қўнғироқ қилди. “Орган ходимлари пана-панадан бизнинг кафени кузатмоқда. Чамаси бирорта рецидивистни ушламоқчи. Сен бугун келма. Аёл билан келсанг кўзга тушасан”, деб қўнғироқ қилди. Шунда билиб қолдим. Нопок йўлдан юрсанг жазоси енгил бўлармиди? Қочишга мажбур эдим, – деди Тойиров ҳеч нарсани яширмай.

– Қозоғистонга – Қизилўрдага қум орқали “Нексия”да етиб олмоқчимидинг?

– Йўқ. Ўша ерга зўрға етиб бордим. Ҳозир куз қум қаттиқ. “Нексия”ни чўпонларнинг “девит”и ё “Урал”ига алмаштираман, деб ўйлагандим.

“Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан сўнг ҳам очилади” деган гап бор. Ифлос йўл билан орттирилган диссертация йиллар ўтгач фош бўлади.

Жиноят сабабчиси – Жолдаснинг Тойировни соғин сигир қилиб сўришга омил бўлган диссертация қўлёзмаси МамбетКамоловнинг столи устида ётибди. Қўлёзма Жолдасники. Унинг исм-шарфи қалам билан чизилиб, устига “Мирза Тойиров” деб ёзилган эди.