OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОмон Матжон
Асар номи«Учинчи дарё мавжлари»
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Омон Матжон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Адабий суҳбатлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм23KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 7-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Учинчи дарё мавжлари»
Омон Матжон

Яхши шеър ёзиш истеъдодни, уни маромига етказиб ўқий олиш эса чинакам санъаткорликни талаб этади. Омон акага бунинг иккаласи ҳам насиб этган. Айниқса, шеърини ўзи ўқиганда бу ҳол яққол сезилади: сатрларни бўлиб-бўлиб, нозик жойларини оҳиста, залворли жойларини эса жаранглатиб ўқиганда шеърнинг қирралари биллурдай ярақлаб кетади, жозибаси бўртиб кўринади, тагмаънолари жилоланиб очилади...

Омон ака билан суҳбат қилиш истаги аллақачон туғилганди. Бироқ қулай фурсат тополмай юргандим. Ниҳоят таниқли шоиримизнинг 60 ёшга тўлаётгани баҳона бўлдию, қўнғироқ қилиб табрикладим ва мақсадимни айтдим. Рози бўлди, лекин шарт қўйди: «Фақат ноодатий саволлар бўлса, оддий суҳбатлардан фарқ қилса!», деди. Очиғи, бундай «теша тегмаган», ноёб саволларни топа олмадиму, шунга бир қадар ҳаракат қилдим.
— Ижтимоий шароит, муҳитнинг ижодга таъсири кундай равшан. Бироқ, холисона айтганда, Вақтнинг ижодга таъсири қандай?
— Бу жудаям мураккаб савол. Бундай қараганда, Вақт шундай нарсаки, ҳисобласа — бор, ҳисобламаса — йўқ. Уни эра, аср, йил, кун, соат деб белгилаб олганмиз, бу яхши нарса. Чунки умрнинг ўлчовли эканлигиниям билдириб туради ҳар ҳолда соат. Барибир ижтимоий шароит умр манзилларига жиддий қарашга мажбур қилади ва бунинг ўзиям яхши. Келган йўлига бир қараб, бу ёғига нима иш қилиш кераклигини одам бир ўйлаб кўради, белгилаб олади.
— Шеърда айтганингиздек:

Кўкдан ерга бир не туташ кўринар,
Умр — ўз бурчингни ўташ кўринар.
"Авлодлар алмашар!" — деган гап бекор,
Бу — ҳар кимни бир-бир синаш кўринар.

— Чиндан ҳам бу бир синов-да...
— Ўз-ўзини танқид масаласига қандай қарайсиз?
— Евгений Евтушенконинг шундай бир гапи бор: Ёзган китобларимни, аввал битган шеърларимни варақлаб «Наҳотки шуларни мен ёзган бўлсам, бундан дурустроқ ҳам ёзишим мумкин эди-ку». дейман баъзан, дейди. Мана шу ўз-ўзини танқид, ижодкор учун аввалги ёзганларига ўхшамайдиганроқ яна бир бошқа шаклларда ёзишга интилиш — бу мен учун мароқли иш. Чунки бу ерда ўқиган китобларингнинг озлиги, малакаларингга эътибор бермаётганинг маълум бўлиб қолади.
— Муайян давр, дейлик, бугуннинг тақозоси ва атрофингиздаги одамлар муносабатига эътибор берасизми?
— Бугунни анализ қилиш учун одамда ҳам турмуш малакаси, ҳам ўқув малакаси, ҳам уқув малакаси бўлиши керак. Агар, дейлик, бугун бир ибратли сўзни замондошинг айца, бу ҳақда анов олим ундай, фалон донишманд бундай деган эди-ку, деб эслай олиш лозим. Шунинг учун одам ёзган нарсасини ҳам қаттиқ танқид қилиб ташлайдиган, ҳам жуда мақтайдиган, ҳам бир маромда фикр айтадиган — уч хил одамларга эълон қилишдан олдин асарини ўқица, фойдадан холи бўлмайди.
— Бўш вақтингизга қараб ижодий кайфият ярата оласизми ўзингизда?
— Ҳақиқатан ўринли савол. Биласизми, Сафар, баъзида икки-уч кунлаб ёлғиз қоламан, шуни яхши кўраман. Баъзан ғоялар, фикрлар, шеърга мавзу бўладиган қизиқ нарсалар бошга келиб юради — ўн кун, бир ой, уч ой, олти ой... Асосийлари, иккинчи даражали бўлмаганлари эсдан чиқиб кетмай тўхтовсиз қайтиб келаверади. Бўш вақт менга шуларни қоғозга тушириш учун керак бўлади. Кўпинча одамлар ҳайрон бўлади: қанақа қилиб бунча асар ёзасиз, учрашув кўп, сафарлар кўп, қолаверса, иш... Бунда бўш вақтнинг таъсири албатта бор. Кайфият ҳам дурустроқ бўлиши керак.
— Ноўрин камситадиган кимсаларга қандай муносабатда бўласиз?
— Баъзан ноўрин хафа қилишса, ичимда «ўч олсаммикан, бировлар шуни қиляпти-ку, кўриб турибман мен» дейман. Лекин менга отамнинг, бошқа яхши одамларнинг насиҳати бор: жазо, ўч Xудоники, сен аралашма! Шундай деб таскин топасану, лекин жудаям устингга чиқиб олишигаям қўйиб қўйиш керак эмас. Ёмон жазоланмаса, демак, у яна давом этаверади-да. Қанақадир бир йўлини топиш керак. Шунинг учун умрнинг, одамга берилган катта сукут лаҳзаларининг, тинчликнинг, осойишталикнинг қадрига етиш керак.
— Барибир ўз давримиздан ажралиб яшолмаймиз...
—Тўғри, ўз давримизнинг одамларимиз. Биз кўпчиликнинг шодлиги билан шодланиб кетаверамиз. Бошқаларнинг ташвиши сенинг ташвишингдай туюлади. Кеча ҳалиги «Колумбия» кемасининг ҳалокати тафсилотларини кўриб, кўзларимдан ёш чиқиб кетди... Йигирма йиллик кема эди у, ҳавонинг қаттиқ қатламига дош беролмай портлаб кетди. Унинг ичида ҳинд қизиям бор, исроиллик одам ҳам бор — турли миллат вакиллари бор. Очиқ космосдаги элчиларимиз эди-да улар.
— Инсон кутилмаган вазиятлардан, ҳатто ҳодиса-фалокатлардан ҳам теран хулоса чиқариши лозим, демоқчисиз-да?
— Ҳа, Вақт ҳисобга ўтмайди, дедиму суҳбатимиз бошида. Қизиқ-да, шахматчилар ўртасидаги соатнинг тугмачасини босганда рақибнинг ҳисобига чиқиллаб ишлай бошлайди: «қани юр юришингни» деб бир-бирига соат тугмасини босиб қўйишади-ку. Ўзининг эмас, рақибининг вақтини белгилайди аслида улар. Менингча, «қани юр, юришингни қил» деб ҳаёт — Xудойи таоло бизга шундай Вақтни берган экан, унинг неъматларидан, барча яхшиликларидан фойдаланмоққа ҳамма муяссар бўлсин:

Яшаш, бу — орзулар қанотин кермоқ,
Яшаш, бу — муҳаббат гулларин термоқ.
Яшаш, бу — умрнинг гулгун дамларин
Эл учун яшамоқ, эл учун бермоқ.

— Сизнингча, бадиий ижод қилишнинг қизиқлиги нимада?
— Менинг «Учинчи дарё» деган шеърим бор. Машҳур ҳофизимиз Отажон Xудойшукуровга бағишланган бир пайт. Мен уни айтишни яхши кўраман:

Мен гоҳи Сирдарё сайлига борсам,
Кўнглимга келади қизиқ бир туйғу:
Гўё яқин жойда оқиб ётгандай
Сирдарёдан кўра каттароқ бир сув.
Шу ҳолга тушаман Xоразмда ҳам,
Буюк Амударё бўйида туриб.
Гўё Жайҳундан-да катта бир наҳр
Яқингина жойдан оқар ўкириб.
Бу нима? Қандайин сирли овоз бу,
Ерданми, кўкданми келар бу садо?!
Наҳот, тупроғимда кўзга ташланмай
Оқиб ётган бўлса учинчи дарё!
Билмадим, мени кўп таъқиб этади
Шу сирли акс-садо, шу илоҳий ун.
Руҳим жуда юксак бўлар шу кезлар,
Вужудим тупроққа жудаям яқин.

Менингча, нозиллик деган бир гап бор — одамнинг хаёлига гўзал ўй-фикрлар, ҳофизларга мусиқий унлар бир ердан келиб қолади. Бизнинг Ўзбекистонимизда жудаям азим, кўринмай оқиб турган дарё шовқинлари эшитилиб, «олдинга суз» деб турган, кўнгилга келган яхши хабарларни — нозилликни эҳтиёт қилиш, энг гўзал шакл ва мазмунга ўраб, кўпчилик билан ўртоқлашиш керак.

Энг улуғ ҳикмат шунда: менга келган чиройли гапни, фикрни яхши одамларга, ёнимдагиларга айтишим керак. Улар ҳам токи кўнглига бир нарса олсин. Турмушнинг, ҳаётнинг гўзаллиги шундан иборат. Менинг шахсан битта ўзимга ҳеч нарса керак эмас. Гўзал нарсаларни бўлишаман, баҳам кўраман бошқалар билан. Ёмон нарсаларни ҳар кимга айтавермайман...
— Менингча,шу саволга жавоб мана бу тўртлигингизда ҳам бор:

Мингтадан бир жонни ул доно Ҳакам
Истеъдод нури-ла этар мукаррам.
Инсон бу неъматни муҳтарам айлаб,
Баҳраманд эца шарт бошқаларни ҳам!

— Яхши эслатдингиз.
— Услубни шоирнинг ўзи ўйлаб топади. Аммо шеър йўналишини унинг табиати, аниқроғи, руҳияти белгилайди... Нега шундай?
— Бу жуда тўғри. Мисол учун шаклда ҳам гап кўп. Одамнинг шакли ҳар хил, аммо хотира авлоддан авлодга қандай ўтишини ҳали ҳеч ким билмайди. Шакл танлаш — физиологик ҳодиса. Ўн бир бўғиндан ортиғини, масалан, ўн олти бўғинни ўқишга овозим етадими-йўқми?! Бу нафаснинг қуввати билан боғлиқ-ку! Шакл танлангандан кейин энг қийин жойи — руҳнинг юкини унинг ичига киритиш. Мен бўғин санамайман, шеърнинг ўзи қуйилиб келганда ўша руҳнинг кучи шаклни танлаб беради. Руҳ — ички овоз айтиб туради, туртки беради. Шеърнинг қоғозга тушиши энди ўша шоирнинг саводи, ҳали айтдим: ўпка-овоз имкониятлари билан боғлиқ ҳодиса бўлиб қолади. Бу — бир-бирини тақозо қиладиган шакл ва мазмун бирлиги.
— Кейинги пайтда шаклбозлик шеъриятимизда ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Айтганингиздек, ўз услубига руҳиятини муштарак қилолмасликнинг оқибати экан-да бу?
— Мен ёш шоирларимизнинг, ким бўлсаям, ҳамма шаклларини қабул қиламан, майли, ёзаверишсин. Xоккуда ёзиш ҳам бир вақтлар урф бўлганди, кейин танкада, майли, сочмада, верлибр деймиз — ёзишсин. Лекин гап у нима демоқчи эканлигида! Одамлар яхши ўқиб, уқиб олиши керак уни.

Гёте айтади: шоир уч босқичдан ўтиши керак. Биринчи босқич — жудаям содда ёзади, ҳалиги, Қуёш чиқди ярқираб, Сувлар оқди шарқираб... сингари; иккинчи босқич — (агар шоир шунга кўтарила олса, кучи бўлса) жуда мураккаб. У нима ёзаётганини ўзиям билмайди ҳатто. Сўзлар қуйилиб келиб қолди-да деб нима бўлса қоғозга тушираверади. Буям ўтиши керак. Бу яхши, ёмон эмас. Бу — жисми, руҳи учун синов. Лекин учинчи босқич келади. Бунга ҳамма шоир чиқолмайди. У содда, тушунарли ёзади, лекин жуда кўп маъно ижодида яширинган бўлади... Мен Гёте кўрсатган мана шу учинчи босқични ёш шоирларга, балки ўзимизгаям тилайман.
— Масалан, ёзгансиз-ку:

Ўзга сайёрада бир шоир гўдак

Бешигин мақтарди тўқиб куй-ертак.

Наҳотки шу қадар қўмсар, соғинар

Қўл-оёғи боғлиқ пайтларни, тентак!..

Комил инсон тушунчаси ҳақида кўп ўйлаймиз. Умуман, қандай инсонларда комиллик аломатлари бор, сизнингча?
— Комиллик дунёнинг ўз қурилган шаклу мазмунидай жуда мураккаб нарса. Тасаввуфдаги етти босқич бекорга келтирилган эмас. Xудойи таолонинг қаршисида ёлғиз ўзинг қолмоқчи бўлсанг, у томонга бир қадам юрмоқчи бўлсанг — ўзни покла. Дастлаб одам ўзини жисман, руҳан поклай олиши комиллик сари олдинга қўйилган бир қадам.

Комиллик жуда катта билимни, албатта, билимни ва яна билимни, кейин маълум ҳаётий тажрибаларни, ўхшаш нарсаларни кузатишдан хулоса қила олишни талаб қилади. Ҳамма ҳам хулоса чиқаравермайди. Комилликка боришнинг асосида мантиқ туради.

Бизнинг шароитимизда энг комил деб эл орасида шунга интилаётган одамни айтиш мумкин. Бунинг замирида дийдор, инсоний муносабатлар билан боғлиқ, жуда кўп нарса мавжуд.
— Улуғ тарихий шахсларнинг бадиий образларини яратишнинг ўзига хос мураккабликлари, нозик жиҳатлари нималарда кўринади? Мана, Xожа Аҳрор Валий ҳақидаги «Халоскор руҳ» асарингизни ёзишда Сиз нималарга эътиборни қаратдингиз?
— Рассомдек хаёлимни чизиб беролмагач, шу ожиз ҳолимда шоирманми мен, дейди Чўлпон. Навоий, Огаҳий ғазалларига мухаммас боғлаганман, аммо Машраб ҳақида ёзишдан доим қўрққанман. Чунки, у — авлиё. Уни ёзиш учун инсон қандайдир ўзга ҳолатга кирмоғи керак... Тушда чўқмор билан қувиб қолмаса, ёзишга журъат қилса бўлади. Авлиёлар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Xудди шундай улуғ инсонлар бор. Улар ҳақида ёзишинг учун ё у зот тушингда аён бўлиши, ё ўзинг руҳан тайёр бўлишинг керак. Шайх Кубро, Яссавий ҳазратлари, Xожа Аҳрор Валий, Машраб, Сўфи Оллоёр — билганларим, билмаганларим қанча. Булар ҳақида ёзишга маълум диний-тасаввуфий қоидаларни ўтаб, покланиб, тозаланиб, кейин қўл урмоқ керак. Иримиям, анъанасиям шу.
— Суҳбатимизни вақт мавзуси билан бошлаган эдик, хотимаси ҳам шунга яқин бўлса: мана, олтмиш ёшга тўлдингиз — бу тўй, яхши, албатта. Аммо вақт нуқтаи назаридан қандай: бирпасда шу ёшга келиб қолгандай бўлмаяпсизми?
— Вақт ададсиз тушунча. Яратган, бандаларини бир қур ўзига назар ташласин деб тонгни оттиради, кунни боттириб, ўзига, ўз ҳаётига яна бир боқиб кўрсин деб тағин тонгга пешвоз қилаверади. Бунинг бари инсон учун имконият. Файласуфлардан бири, менингча, Аристотел айтган, худо ерни мукаммал қилиб яратган: унинг на пойгаги, на тўри бор — айлана шаклда, деб. Қуёш атрофида қанча планеталар мавжуд. Агар энг яқин юлдузга одам етиб бора олса ва «Биз шу юлдузга етиб келдик» деган хабарни радиотўлқин орқали Ерга юборса, бу товуш 42 йилда етиб келаркан! Ғафур Ғулом айтганидек, «Узилган бир киприк, абад йўқолмас, Шунчалар мустаҳкам хонаи хуршид...»

Шундай экан, менга яшаш учун вақтни кўп бердинг ёки оз бердинг, деб шаккоклик қилиб бўлмайди. Мен Ўзбекистонда туғилганимдан бениҳоя хурсандман. Яна, умримни тинч замонга раво кўргани учун Оллоҳга бениҳоя шукроналар айтаман.
— Сир бўлмаса, қандай янги асар устида ишлаяпсиз?
— Мен одатда янги асаримни, битмагунча, сир сақлар эдим, бугун нимагадир айтгим келяпти. Ҳозир тарихий бир асар устида ишлаяпман, йўналиши, сюжетлари — ҳаммаси тайёр. Фақат сиз айтгандай, бир ижодий кайфият бўлиб қолса, қоғозга тушириб олсам бўлгани. Ҳозирча бари хаёлимда. Тарихда Xоразм томонларда Тўрабекхоним деган малика яшаган. Уни Султон Сунжор (Санжар эмас) севиб қолган, малика оилали бўлишига қарамай унга уйланмоқчи бўлган. Малика кўнмаган. Сунжор Амударёнинг унинг салтанатига оқадиган ўзанини (у пайтда Жайҳун ўша жойларда учга бўлиниб оққан) бўғиб қўйган. Шунда малика қўриқчилари билан султоннинг олдига бориб, аёлнинг макри-ҳийласи деймизми, тадбиркорлиги ё зукколиги деймизми, ўзанни бир ўзи очтирган. Энди, буни қандай амалга оширган?...
— Демак, бу ёғи асардан маълум бўлади.
— Ҳа, шундай бўлгани маъқул.
— Номи қанақа?
— Шу, «Тўрабекхоним» деб атаяпман. Бица, биринчи навбатда бир қисмини севимли «Адабиёт ва санъат» газетамизга, тўлиғини «Шарқ юлдузи»га олиб бораман, иншоолло.
— Сизга ижодий кайфият ва куч-қувват тилайман.
— Раҳмат, чин дилдан раҳмат. Саломат бўлинг.

Суҳбатдош: Сафар Оллоёр