OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОмон Мухтор
Асар номиМуҳаббат ўлимдан кучли (I- китоб)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Омон Мухтор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм491KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/10
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журнали, 2010 йил, 4-5-cонлар


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Муҳаббат ўлимдан кучли (I- китоб)
Омон Мухтор

Биринчи Китоб - Денгиз Туби, Саҳро Қаърида
«
Ичкари ташқарига чиқмоқ истаюр,
Истаюр ташқарида моҳни.
Ташқари ичкарига кирмоқ истаюр,
Истаюр ичкарида Аллоҳни...

Икром Отамурод
»
«
Зуҳра Ерда нурга зор,
Осмондаман деб ўйламанг...

Зуҳра Алиева
»

Муқаддима

Бомдод пайти. Икки маҳалла наридаги масжид томондан азон элас-элас эшитилиб, руҳим алланечук маҳзун тортган ва бунга зид ҳар тонгда бўлганидек, парвозлана бошлаган бир дам эди.

Дераза олдида туриб, тўрт қаватли бино томидан баландроққа бўй чўзган кўм-кўк дарахтларга тикилганимча, нималигини ўзим ҳам аниқ айтолмайдиган, ҳаётга дохил узуқ-юлуқ гапларни хаёлдан кечираётган эдим.

Дунёда одам борки, ўзини олижаноб деб ўйлайди. Биров мабодо мен ёмонман, мен тубанман, деган тақдирда ҳам, билингки, бу ноз-фироқдан бошқа нарса эмас. Айтган гапига ўзи иштибоҳ билан қарайди. Тарих бўйи шундай бўлиб келган.

Умуман, одамлар ҳаётларида бўлган хатолар, гуноҳларни тан олмасликка мойил. Худо йўлиқтирмасин, лекин агар тасодифан дуч келсангиз суҳбатлашиб кўринг, ҳаттоки пихини ёрган жиноятчи ҳам оқланишга ҳаракат қилади. Менинг гуноҳим йўқ, кутилмаганда шунақа бўлиб қолди, дейди. У баъзан тарбия етишмагани, баъзан шароит нобоп эканлигидан қабиҳликка боргандек таассурот уйғонади. Кўпинча терговчи унинг айбини бўйнига қўйгунича терлаб кетади.

Гоҳо бундай баҳс чиқади. Одамларнинг неча фоизи доно, эзгу, сахий? Неча фоизи аксинча, нодон, ёвуз, манфаатпараст? Албатта, буни ҳеч ким ҳисоблаб кўрмаган. Ҳисоблаб бўлмайди ҳам! Бир томондан, биз кўркам деб билган кишида етарлича қусурлар бор. Хунук аталган кишида эса улуғворлик учқунлари топилади. Иккинчи томондан, бир йўлда кетаётган одамларни қандай қилиб “сарак-пучак”ка ажратасан? Биз ким бўлибмиз, буни дунёдаги улуғ ҳакамлар ҳам бажаролмаган... Аммо Ўзувчи доим мураккаб бу жараёнга “шўнғиш”га уринади. Худо кечирсин, У Зот яратган бандаларга “шакл-шамойил” бергиси келади. Бу балки, дунёни англашга уриниш нишонасидир?!

Дераза олдида туриб, шуларни ўйлаганимча, бир инсоннинг яқин ўтмишдаги қисмати ёдимга тушди.

Биринчи Қисм - Филлар Ҳаёти

1

Суратлардан бирида парпарак. Осмонда чарх ураяпти. Унинг чанғини эслатган ост темирига мушукка ўхшаб фил боласи занжир билан боғланган.

Иккинчи суратда саҳроми, аллақандай тақир ер. Бу сурат парпаракдан туриб олинган бўлса керак, бири-бирининг пинжига кириб, чумолидек ғимирлаб ётган тўда филлар.

Яшайдиган, ўтлайдиган жойи қолмаганидан, йигирма олтита фил боласини (дастлабки сурат) қайсидир қўриқхонага кўчириб, бошқа икки юзга яқин филни (суратга туширгандан кейин) отиб ташлашган экан...

* * *

— Марва! Сизни!

Телефон қачон жиринглади? У сезмаган эди.

Китобдан бошини кўтариб гангиб қаради.

Қабулхонада улар икки киши рўпара икки столни эгаллашган. Ҳазрат деган йигит бошлиқнинг ёрдамчиси; у — котиба.

Унинг исми — Марварид. Лекин барча Марва дейишар, бунга ўзи ҳам одатланиб қолган эди.

Ўрнидан туриб, Ҳазратнинг қўлидан дастакни олганича, ўйчан мулойимлик билан:
— Лаббай, — деди.
— Салом алайкум. Яхшимисиз, Марважон?! Тинчмисиз?!
— Яхши. Ўзингиз... — деди Марварид бир оз ҳаяжонланган, шунинг баробарида, тараддудланиб-ташвишланган кўйда.

Ҳозир Иброҳимнинг қўнғироқ қилишини у хаёлига келтирмаган эди.

Булар икки йилдан буён таниш. Ҳафтада бир — жума кунлари кўришиб туришади. Бу — Марварид учун байрам эди! Ҳафта бўйи шу кунни пойлар, кейин соат санаб, кеч киришини кутар, кеч киргач, йўлнинг нариги бетидаги бекатга қараб югурар эди.

У бугун ҳам соат санаётган эди.
— Бир қошиқ қонимдан кечасиз, Марважон! Бугун боролмайдиганга ўхшайман. Режа бузилди...

Марварид болаликдаги дугоналарини йўқотган, улардан узоқлашиб кетган эди. Кейинчалик топган яқин дугонаси йўқ ҳисоби! Йигитлардан ҳам дўсти йўқ эди. Умуман, ҳаётда кўпчилик билан унинг муносабати умри — қисқа бўлган эди!

Иброҳим ажойиб йигит! Унинг бошқа белгилардан ташқари, ҳаммадан бурун бир хислати Марваридга ёқарди. Айрим йигитлардек у қиз билан танишгач, тезда “қўлига эрк” бермаган, ҳамонки эрк бермас эди. Эҳтимол, шу боисдан, Иброҳимга Марварид ишонган, ўргана бошлаган эди. Иброҳим уни ёқтирадими? Нега кўришиб юрибди? Мақсади нима? — Марварид билмасди. Ўзи-чи?! Кўнгли қандай? Бу йигит билан қайси кўчага кириб, қаергача бормоқчи?! — бу ҳам унга қоронғи эди. Булар тўғрисида ўйлашдан — Марварид қочар, ўйлашга қўрқарди. Чунки бутун дунёда унинг Иброҳимдан бошқа кишиси йўқ.

Иброҳимнинг кела олмаслиги сабаби жиддийми? Балки, бирон корҳол рўй бергандир?! Сўраш керакдир? Аммо Марварид паришонланиб, нафас ютиб турарди.
— Эски оғайнилар қўйишмаяпти. Давра экан! — деб сўзини давом эттирди Иброҳим. — Қўлга тушиб қолдим. Хафа бўлишяпти.

Марварид масалага тушунган эди.

Ортиқча чайналмади.
— Демак, кейин...
— Кейин. Лекин мен сизни кўришим керак. Душанбами ёки сешанба!
— Майли, — деди Марварид.

У дастакни илиб, қайтиб ўз ўрнига ўтди.

Икки йил ичида улар бир марта кўришолмаслиги дунёнинг тўнтарилиши эмас! Шунга шунчами?! — у изтироб чекишига арзимайди! Иброҳим кўрсатган сабабни Марварид баҳона, деб шубҳа билан ҳам қарамайди. Иброҳимнинг ўзига ишонганидек, ҳар бир сўзига ишонади! Айниқса, Марварид Иброҳимни оғайниларидан рашк қилиб, унинг эркини бўғишни истамайди. Умуман... бу кун режа бузилганини айтмаганда, улар ҳар қачонгидек гаплашишган, ҳамма нарса оддий, табиий эди.

Бироқ Марварид ўз ўрнини эгаллагач, аввалига бир оз фаромушлик туйди. Юзига кимдир тарсаки тортган боладек ҳолатни сезди.

Кўп ўтмай пайқади:

кўнгли нотинч, ғаш эди.

Юрагига ғулғула тушган эди.

У ногоҳ эслади:

“Эски оғайнилар” — Иброҳим бир пайт ишлаган идора хизматчилари!

Улар тўғрисида, ишдан кетган кунлари тўғрисида Иброҳим одатда, ноҳуш-асабий сўзлар эди.

Марварид ҳозир шарт ўрнидан туриб Иброҳимга қўнғироқ қилиш, унга мен билан кўришманг, бўпти, лекин уларнинг ёнига ҳам борманг, дейишни ўйлади.

Йўқ, ўтирган ўрнидан қимир этмади.

Сал ҳуркиб, саросималаниб ҳамхонаси томон кўз ташлади.

Ҳазрат илк қарашда олийжаноб инсон! Хушсуҳбат, билимли.

Аммо ишхонадаги одамки бор, у барчасининг ҳаётини ипидан игнасигача аниқлаб-хабардор бўлиб юргиси келади.

Бунинг устига, Ҳазрат бошлиққа ҳаддан ташқари фидойи. Жонини тиккан. Хизматчилар ҳақида бу йигит ҳойнаҳой, бошлиққа ахборот ҳам бериб турса керак!

Марварид у билан эмин-эркин гаплашади. Ҳасратлашади. Апоқ-чапоқ! Лекин кўнглида уни ёқтирмайди. Унга ишонмайди.

Қисмат экан...

Марвариднинг ҳаётида ёруғ саҳифадан қоронғи саҳифа кўп! Аввалдан шундай.

Бу зулматга у аксар, кимнингдир назар ташлашидан хавф-хавотирда яшайди.

Мабодо кимдир ундан ҳаёти тўғрисида сўраса, у гапни тез бошқа ёққа буради. Кўмади. Кўзларини олиб қочиш баробарида, қўллари, оёқларини ҳам негадир яширишга уринаётгани, танига титроқ тушиб, буни зўр бериб енгишга ҳаракат қилаётганини сезади. Уни тер босади.

Марварид шу боис, бошқалардан ҳам кўпроқ Ҳазратдан ҳайиқади.

У ҳозир Иброҳим билан гаплашиб, кўнглидаги дардларини Ҳазратнинг олдида изҳор этолмас, буни истамас эди!

Ўзини бепарво тутган бўлиб, яна қўлидаги китобни кўздан кечира бошлади.

Ўшликдан Марварид, ҳар хил сафарномалар, саргузаштларга қизиқар, асосан тарихга, жуғрофияга тегишли китобларни ўқир эди. Табиат оламига бағишланиб, рангин суратлар босилган китоблар уни айниқса қизиқтирарди. Баъзан идорада ҳам ўқиб ўтирар эди.

Ана, у китобга мук тушган; бироқ энди филлар ҳаёти акс этган қайси суратга тикилиб, қандай ёзувларни кўздан кечираётганини ўзи ҳам сезмаётган эди.

Шу куни ишхонада бошлиқ йўқ эди. Атроф туманларни айлангани кетган. Қабулхона жимжит эди.

Туш пайти яқинлашган.

Ахийри...

телефонни қўриқлаб, соядек қадалиб ўтирган Ҳазрат ўрнидан қўзғалиб, чой ичгани эшикка йўналди.

Марварид шошганича, телефон ёнига борди. Нафаси бўғзига тиқилиб, рақам тера бошлади.

Беш дақиқа...

ўн...

йигирма...

ўттиз...

Натижа бўлмади!

Кейин:
— Алло. Менга Иброҳим ака керак!
— Қанақа Иброҳим?! Адашдингиз.
— Алло. Менга Иброҳим...
— Дунёда Иброҳимдан кўпи борми?! Қизиқ одам экансиз.
— Алло. Менга...
— Қўйсангиз-чи! Бошқа ишингиз йўқ шекилли, синглим.
— Алло...
— Ҳадеб қўнғироқ қилишаверади!

Бардоши тугаб, дам сайин юраги ёнаётган Марварид телефонни ҳам, қабулхонани ҳам қолдириб, югурганича кўчага чиқди.

“Худойим! Бу ёғи нима бўлади?”

Тўғрига қараб юрди.

Кетди.

Кетди.

Ниҳоят, яланг-бепоён бир ўтлоқзорга бориб қолди.

Назарида, Иброҳим шу атрофда юргандек эди...

2

Иброҳим ҳали бу ерга етиб келмаган эди!

Бу кун у не савдоларга йўлиқаётганидан бехабар.

“Эски оғайнилар” билан баъзан кўча-кўйда, баъзан маърака-тўйда кўришарди. Лекин минг йилдан буён улар билан бир даврада ўтириб, ош-қатиқ бўлмаган эди.

Минг йил бурун Иброҳим “Иқтисод ва сиёсат” деган идорага ишга кирган, бу ерда Бош Раҳбар билан тезда унинг ораси бузилган эди.

Бош Раҳбар — Ғайрат Нусрат маълум обрўга, мавқега эга киши эди. У онадан туғилганию оғзидаги сўрғични ташлаган кунлардан бошлаб давра тўрида ўтириш, хонлар, бекларга ўхшаб одамлар устидан ҳукмронлик қилишга, уларни ўзи истаган томонга етаклаб, истамаган томондан қайириб олишга одатланган эди! Бундай тоифа айвончали шапка, сариқ кител кийган раҳбарлар тўғрисида гоҳо қўрқув аралаш ҳолатда феъли оғир, муомаласи дағалроқ, аммо ишнинг кўзини билади, ўзи яхши одам, дейишади. Айримлар меҳрлари тошиб, ҳатто ийиб, динга алоқасиз бир тарзда иймонли одам, деб ҳам қўйишади. Шуҳратпараст, мансабпараст, дабдаба-асъасага берилиб, ўзини салкам — наузамбиллоҳ! — худо деб билган бу тахлит фиръавнларда иймон “номаъқул” қиладими?! У масжид қурса ҳам, тўғри дўзахга кириб кетаверади!

Ғайрат Нусрат, қисқаси, халқ, деб айюҳаннос солгани кўйда, халқни оёқ учида кўрсатар, идорада, юрган йўлида “Жалабни боласи, энангни! Занғар. Қизиталоқ” деб ҳаммани сўкиб ҳам кетаверарди. Бу ерда одамлар, ёқимли бир сўзни эшитгандек, қўл қовуштириб тураверишарди. Шунга ўрганиб қолишган эди! Инсоф юзасидан айтганда...

Аҳён-аҳёнда бўлса-да, кимдир мажлисда минбарга чиқиб, Ғайрат Нусратни чимчилаб қўйгандек, оз-моз танқид қилган пайтлар ҳам учрар эди. Ғайрат Нусрат “танқидчи”ни эртаси куниёқ ҳузурига тутиб келтириб, мансаби ёки ойлигини кўтарарди. Тинч юр, ўзинг ўтирган шохга болта урма, дерди. Танқид қанчалик одамларга ёқса, у шунчалик нархни юқори белгиларди. Шу боисдан, аҳён-аҳён бўлса-да, бақириб-чақириб мажлисни “гуллатадиган”лар топилиб турарди. (Бир гал қайсидир хизматчи минбарга чиқиб, ким ҳақда, нима деяётганини ўзи ҳам билмай, қўлини олдинга чўзганча “муртадлар” деб ҳайқирган эди).

Аммо мажлис бўлмаган одатдаги кунлар ҳамма офтобда қовжираган гулга айланарди.

Биров миқ этмайди.

Одамлар оғзига сув олган.

Талқон солган.

Аллабир хорижий фильмда бошлиқ ечин деса шаппа ечина бошлаган идора ходимини кўрсатишган эди! Бу идорада ҳам хизматчилар ғурур ёки номус тўғрисида ўйламайдиган бўлиб кетишган эди.

Иброҳим ўйин шартини қабул қилмаган эди.

У Ғайрат Нусратга қул бўлишни истамади.

На ҳақоратга чидади, на ҳимматга қаради.

Иброҳим — душман эди!

Ғайрат Нусрат Иброҳимни йўқотиш пайига тушди.

Ундан айб қидира бошлади.

Қидирган — топади!

У хўжалар авлодидан, мулланинг ўғли эканлигини аниқлади.

Уни ишдан бўшатиб юборди.

Иброҳим Ғайрат Нусрат кутганидек бошқа бир идорага ишга кирмади. Қайси идорада ишласа ҳам, Ғайрат Нусратнинг узун қўли гирибонидан тутаверишини ҳис этди. Бунинг устига “ескилик тарафдори” деган тамға унинг манглайига босилган эди. Шаҳардаги заводлардан бирига бориб, меҳнат кишилари орасидан жой олди. Олий маълумотли эканлигини унутди. Зиёли хизматчидан қора ишчига айланди.

У падарингга лаънат, деб Ғайрат Нусратни унутиб кетаверса, шу билан олам гулистон, бу воқеа балки тугар, тинчиб кетар эди! Бироқ...

Иброҳим дардини ичига ютолмади.

Икки киши қилич кўтариб майдонга чиққан;

Иброҳимнинг қиличи синиб, Ғайрат Нусрат ғолиб келган эди.

У энди Иброҳимнинг устидан қаҳ-қаҳ отиб кулмоқда эди!

Иброҳим бунга чидаёлмади.

У — ёш йигит эди. Номусли эди. Ғурурли эди.

Ғайрат Нусратни янчиб-топтаб, шоирлар айтмоқчи “мен ҳали ўлганим йўқ!” ёки “тирикман ҳамон!” дейишга шаҳдланди.

Кейинчалик у ўз ишидан пушаймон бўлди. Болалик қилдим, эҳтиросга берилдим, жоҳил бир кимсага тенглашиш шарт эмасди, қолаверса, замон шу безбетлар, ёвузлар замони, деб ўйлади. Лекин ўшанда ўзини тўхтатиб туролмади. Шўро сиёсатини кўнглида кўп ҳам қўлламагани ҳолда, ўзи “шўроча” иш қилди.

Икки-уч кун эринмай машинка чиқиллатди:

Ғайрат Нусрат — чўчқа
Ғайрат Нусрат — чўчқа
Ғайрат Нусрат — чўчқа...

Кейин бир куни саҳарлаб таниш идорага борди.

Қоровулни гапга солиб чалғитди. Кўча эшикдан Ғайрат Нусратнинг хонаси эшигигача, зина тутқичидан деворларгача — ҳаммаёққа қоғоз елимлади.

Идорада ўша куни бўлди тўполон!

Ўзувга кўзи тушмаган зот қолмаган эди.

Ғайрат Нусрат шу кундан эътиборан “чўчқа” лақабини олди. Бу ном унга ёпишди-қолди.

У Иброҳимдан интиқом олиши керак эди.

Иброҳим — душман эди!

Аммо Ғайрат Нусрат ўзини лоқайд-бепарво тутди.

Енгилганига иқрор бўлдими?

Қолаверса, оддий ишдаги одамга нима дейди?

Афтидан, улар орасидаги муносабатни эшитган-ешитмаганга гап тушунтириб, эл ичида бадтар шармандаи шармисор, достон бўлишдан қўрқди ҳам!

Улар қайтиб юзма-юз келишмади.

Иброҳим Ғайрат Нусратга уни варанглатиб отгани милтиқ етишмаётганини биларди!

Шунга қарамай, ана, ойлар, йиллар ўтиб, у рўй берган бу воқеани унута бошлаган эди. Ўз ишини қилиб, ўз тирикчилигини кўриб юрар эди. Осойишталанган эди! Совиган эди!

Дарвоқе...

Эслашга ҳам арзимайдиган бир ҳолат:

Ўтган йилмиди, олдинги йилми?!

Иброҳим ўзи ишлаган заводдан кечки пайт кўчага чиққан эди.

Узун хиёбон. Беш юз қадамча юрилади. Кейин, бекат.

Автобусга миниб, уйга жўнайди.

Унинг қаршисида бехос олача тўнга ўранган йигит қомат тиклади:
— Чилим!

Унинг ёнида шу пайт, дарахтзорда яна икки йигит кўринди. Иброҳим уларга аҳамият бермай, чўнтагидан тамаки чиқарди.
— Яхшисидан! — деди олача тўнли йигит.
— Яхшисига пул йўқ. Етишмайди! — деди Иброҳим.

Оббо!

Биқинига қаттиқ бир нарса санчилди. Думоғига қўланса ҳид урилди.

Кеч кириб, эндигина чироқлар ёна бошлаган. Лекин кўчада одам кўринмайди.

Буларнинг унга нима қасди бор? Нега уч томондан уни қуршаб туришибди?

У орқага қараб қочишини кутишаябдими ёки “хўш” деб оғиз очишиними?

Иброҳим лаҳза ичида қандай бўлмасин, йўлни тўсганларнинг нияти бад эканлигини ҳис этди ва лаҳза ичида, ҳув рўпарада, дарахт панасида яна кимдир беркиниб турганини пайқади. Бу “ким” деганнинг қайсидир белгилари таниш, аммо ким эканини аниқ билиб бўлмаётган эди! Иброҳим шу аснода Ғайрат Нусратни эслади. Бош Раҳбарнинг шотирларидан биронтаси хизмат қилгиси келганмикан?

У энди ғазабланди.

Унга ғазаб куч бағишлади.

Қўлидаги тамакини индамай қайтиб чўнтагига солди. Кейин, кўча кўрган, кўчага хос лисонни билган йигит эканлигидан, безориларни биринчи навбатда гангитиб, сал орқага чекинтириш учун имкони борича қаттиқ ҳуштак чалди.

Шу паллада — худонинг қудрати! — унинг ўзи ҳам кутмаган бир ҳолда, хиёбоннинг икки томонидан икки тўп киши баланд товушда гапириб, кела бошлашди. Йўлни тўсган йигитлар ҳуштак изидан ёпирилган оломонни кўриб, нима бўлаётганига ҳам ақллари етмай, дуч келган томонга ура қочишди. Ажинадек зумда ғойиб бўлишди...

Иброҳим бу ҳолатни баъзан шунчаки кулиб эсларди, холос.

У — орадан, ана, ойлар, йиллар ўтиб, яна “ески оғайнилар” билан бир даврада ўтириши, қайтиб уларга яқинлашгандек иш тутишининг албатта, ҳеч ҳожати йўқ эди! Муносабат буни тақозо этмасди. Даврага унинг кўзи учаётган ҳам эмасди. Шароит шундай бўлиб қолди! Иброҳим бош буролмади!

Иброҳимнинг “ески оғайнилар”и:

  1. Кабир Ҳожи
  2. Шоди Турсун
  3. Бўтавой Нодир
  4. Акмал Рашид

деган йигитлар эди.

Иброҳим аскарликда юриб, ўқишга кечроқ кирган эди.

Такдир тақозоси! — унга тенгдош, лекин ўқишни ана-мана битирадиган бу йигитлар билан у маълум муддат ижара кулбада бирга турган, ўшанда қадрдонлик муносабати туғилган, бу муносабат билим даргоҳини тугатгандан кейин ҳам улар ўртасида сақлангандек эди. Иброҳимни бир йили “Иқтисод ва сиёсат” идорасига ишга жойлаштириб қўйган ҳам шу йигитлар эди. У қандай муомалада бўлмасин, булар доим унга нисбатан ўзларини олдиндан ўртоқ, дўстдек тутишган, ҳарҳолда шунга ҳаракат қилишган эди. Иброҳим Ғайрат Нусрат билан ёвлашиб, ниҳоят ишдан кетгач, бу йигитлардан ҳеч ким уни қийнаб, ундан гап сўрамаган, унга ортиқча бирон нарса ҳам демаган эди. Кўча-кўйми, маърака-тўйда учрашиб қолганда ҳамон “ески оғайнилар” ҳол-аҳвол сўрашиб, жилмайганча ўтиб кетишар, фақат кўп йиллик қадрдонлик баробарида, энди орада қандайдир “масофа”ни тутгандек намойишда юришар эди. Буни сезган Иброҳим эса сўнгги пайтларда булар билан яқинликни орзу ҳам қилмаётган эди...

Бу кун эрталаб дабдурустдан Шоди билан Бўтавой у ишлаган завод эшигига келиб қолишди.

Улар:
“Сен дўстликни биласанми? Қанақа одамсан ўзи? Одам ҳам шунақа ёввойи бўладими?” дейишди.

Яна улар:
“Кабир Ҳожи эгизак фарзанд кўрган. Ўзининг ҳам туғилган куни! Бегона одам бўлмайди. Яқин ўртоқлар тўпланяпмиз. Сени алоҳида айтиб, бизни юборди!” дейишди.

Яна:
“Кечқурун чойхонага борасан. Кутамиз... Бормасанг, ўзингга тан! Минбаъд кечирасан, деб кетаверамиз!” дейишди.

Иброҳим фаромушланди.

У:
“Мен Ғайрат Нусратга душман бўлишим мумкин! Бу йигитларда гуноҳ нима?” деб ўйлади.

Яна у:
“Дунёда одамлардан ажралиб, қочиб яшаб бўладими? Одамлар орасида танҳо! — кулгили... Бу билан мақтаниш бемаънилик, албатта!” деб ўйлади.

Яна:
“Булар Ғайрат Нусрат даражасида бўлмаса ҳамки, мавқе эгаллаган, обрў-еътибор қозонган кишилар:

  1. Кабир Ҳожи — таниқли ёзувчи.
  2. Шоди Турсун — таниқли олим.
  3. Бўтавой Нодир — таниқли режиссёр.
  4. Акмал Рашид — таниқли ҳакам.

Сени биров ҳурмат қилганида, бош буриш манманликка ўхшаб қолмайдими?” деб ўйлади.

Иброҳим эзилди.

Ноиложлик сезди.

Ваъда беришга мажбур бўлди.

Мана, кечга томон ишдан чиқиб, шаҳар этагидаги чойхонага қараб йўлга ҳам тушди.

Инсонни юрак алдамайди. Алдаса, ақл алдайди.

Унинг ўз хатти-ҳаракатидан юраги тўлмаётган; йўлда оёғи тортмай бораётган эди.

Буни у — оғайниларидан бегоналашгани оқибати деб тушунди.

Буни у — ёцираш, қисиниш, деб тушунди.

Буни у — Марварид билан бугун кўришолмагани учун ўкинч, деб ҳам тушунди.

Иброҳим ўзи-ўзини алдамоқда эди.

* * *

Шаҳар этагидаги чойхона шарқираб оқан дарё устида.

Атроф баланд-паст тепалик. Узоқдан қишлоқ уйлари кўзга ташланади.

Давра — жами ўттизга яқин киши — аллақачон тўпланган.

Айримлар “қозон бошидаёқ” ичиб ҳам олишган бўлса керак, ҳали дастурхон теграсида ўтиришмаганига қарамай, кўпчилик хушчақчақ эди.

“Эски оғайнилар”у уларнинг оғайниларидан собиқ ҳамкасбларгача — ҳамма Иброҳимни мамнун қаршилади. Кимдир қучоқлашиб, кимдир ўпишиб кўришди.

Тўпланганлар Иброҳимни даврада учратишганидан кўзларига ишонмаётгандек, шошиб қолишган эди. Уларнинг ўзини тутишида ҳар қалай бир оз саросималаниш ҳам бор эди.

Ниҳоят, унинг келишига қараб тургандек, одамлар дастурхон ёнига келишди. Жой эгаллашди.

Зиёфат-зарофат бошланди.

* * *

Дўст-ўртоқлар бирма-бир Кабир Ҳожини табриклай бошлашди. Тезда Иброҳимга ҳам навбат келди.

У ҳам Кабир Ҳожи (истеъдодли ижодкор, куюнчак инсон!) ҳақида илиқ гаплар айтди. Меҳрини изҳор қилишга уринди.

Шу сонияда унга ҳамма нарса содда-табиий туюлди. У, келганим яхши бўлди, бу жойларнинг гўзаллиги! Одамлар бири-бирига меҳрибон, ажойиб давра, деган хаёлга борди.

Бироқ негадир унинг юраги чироқ ёқса ёришмаётган эди.

Инсонни юрак алдамайди. Алдаса, ақл алдайди.

Орадан бирон соат ўтгач, даврадан қандайдир файз кета бошлади.

Кўпчилик сармаст, шу билан бирга, бояги хушчақчақлик йўқолган эди.

* * *

Иброҳим — даврада, шунга қарамай, даврадан четланиб бир ўзи қолгандек ҳолатни туймоқда эди.

У ёнверидагиларнинг узуқ-юлуқ гап-сўзларига аралашолмай, мен нега бу ерга келдим, деб ўйлаётган, беихтиёр хаёлга ботган эди.

Одатда, йиғит-қизлар ўқиш, иш жойи, баъзан кўча-кўй, баъзан турли театр, кинотеатр дегандек томошагоҳларда танишишади.

Биров ажабланиши, биров тиржайиши мумкин:

Иброҳим Марварид билан бу гўшалар эмас...

“Ҳайвонот боғи”да танишган эди.

Ўшанда Марварид фил айланиб юрган тўр-сим ичидаги майдонча қаршисида — бир харрак четида мункайиб ўтирар эди.

Иброҳим адашиб-улоқиб “Ҳайвонот боғи”га кирган, кезиб юриб толиққан эди. Ногоҳ улар гаплашиб қолишди.

Кейин, учраша бошлашди.

Марварид “Болалар уйи”да ўсган экан.

Ота-онасини билмайди. Яқин бирон кишиси йўқ.

Эгаллаган бошпанаси йўқ. Топган мол-мулки йўқ.

У ҳозир қайсидир ётоқхонада яшаб юрар экан.

Қандай бўлмасин, бу қизнинг (бутун дунёда) Иброҳимдан бўлак ҳеч кимга кераклиги ҳам йўқдек эди!

Иброҳим энди ҳар қачон Марварид тўғрисида ўйлаганида, юрак-бағри ўртаниб кетар эди.

* * *
Даврада қизиқ кайфият...
бу ерда (гўёки)
томоша тугаганми ёки
ҳамон бошланмаганми эди!
Орадан яна жилла вақт ўтгач —
(балки, олдинги томоша тугаб, янги)
томоша ҳам бошланди.

Иброҳим худди шундай бўлишини юрагида сезган ва (ўзи-ўзини алдаб) ажабки, бундай бўлмайди, деб ишонган эди...

Унинг “ески оғайнилар”и кутилмаганда Ғайрат ака келмоқчи эдилар, тутилиб қолдиларми, келмаяптилар, деб ташвишланиб, нотинчлана бошлашди. Улар афтидан, ошга гуруч солмай, Бош Раҳбарнинг йўлини пойлашаётган эди.
— Сизлар бошлайверинглар, мажлисим бор, лекин етиб бораман, деган эдилар!
— Ваъда берган бўлсалар, келадилар!
— Келишлари керак!

Иброҳим рўй берган ҳолатдан қанчалик эзилиб, асабийлашмасин, аввалига ўзини ўта осойишта тутишга уринди. “Ғайрат Нусрат келса, келипти! Келмаса, келмапти! Сенга нима?! Кўнглингга ёқмаган одам билан (умрингда, ҳеч қачон) бир даврада ўтирмаганмисан? Жуда дўппи тор келса, турасан-кетаверасан! Биров бўйнингдан боғлаб қўйибдими? Ёки, бировдан қўрқадиган жойинг борми?”

Аммо ҳаммаси ҳали олдинда эди!

Кўп ўтмай...

Кабир Ҳожи бачканалик қилди.

Бир четдаги каттакон қопчиқни очиб, Ғайрат Нусратнинг мойбўёқда ишланган расмини чиқарди. Чойхона айвони устунига шошмасдан илиб қўйди:
— Ғайрат акам келсалар, кўриб хурсанд бўладилар! Яқинда чиздирган эдим. Совға қилмоқчи эдим...

Иброҳимнинг энсаси қотди.

“Бу йигит ёки унинг эгизаклари туғилган кунга Ғайрат Нусратнинг нима алоқаси бор? Xўп, буниси майли. Ғайрат Нусрат ким, бирон ишни қотирган даҳоми, авлиёми? Ҳатто ўшандай бўлган тақдирда ҳам...

Аллоҳдан бошқасига
сиғинмагин, деганлар!”

У эслади:
Кабир Ҳожи талабалик йиллари олийгоҳ раҳбарларининг пинжига суқилиб юрарди! Кейин ҳам каттароқ лавозимдаги кимнидир кўрса, ҳаяжонланиб яқинлик қидирарди. Қандай қилиб қўйнига кирсам экан, дегандек ҳолат бу йигитнинг юз-кўзида ҳамиша акс этиб турарди... Эринмаган одам! Чойхонага расм кўтариб келибди. Бутга сиғингандек иш тутаётганини билмасми экан?

(Аллоҳдан бошқасига
сиғинмагин, деганлар...)

Яқиндан буён тилга олинаётган шахсга сиғиниш — фақат биргина шахсга тегишли эмас экан-да! Ана, оддий идора. Бундай идоралар минг-минглаб. Кабир Ҳожи сингари биров чиқса, бас. Юрган йўлида ғайрат-нусратларни улуғлаб, ўзини қулдек тутади, оғринмай-қийналмай халқнинг қўл-оёғини боғлаганча, уларнинг олдига ташлайди!

Кабир Ҳожи — ёзувчи. Ўзига яраша шуҳрат топган.

Балки, истеъдодли ҳамдир. Сафда юрибди.

Лекин инсон дунёда истеъдодсиз бўлгандан ҳам кўра, иймонсиз бўлгани ёмонроқ экан!

Иброҳим: “Тўхта! Сен меҳмонсан, бу гапларнинг ҳозир сенга дахли йўқ, “кўзим кўр, қулоғим кар” бўлиб, нафас ютиб ўтиравермайсанми?” деб ўйлади. Ўзини у ҳамон осойишта тутишга уринди. Бироқ бўлмади...

Шу аснода

у —

ҳозир бу гапларнинг

бевосита ўзига

дахли борлигини

пайқади-қолди.

“Эски оғайнилар” унга юзланишди.
— Ғайрат ака келсалар, яхши бўларди, — деди Шоди Турсун. — Биз бугун, шу даврада сизнинг масалангизни кўрмоқчи эдик!
— Менинг масаламни? — ажабланганича сўради Иброҳим.
— Унча масала ҳам эмас... Сизни идорага, ишга қайтармоқчимиз! — тушунтириш берди Кабир Ҳожи.
— Яраш-яраш! — елкаларини қисиб, қўлларини ишқади Бўтавой Нодир.
— Ғайрат ака ана-мана келадилар! — деб таъкидлади Акмал Рашид.

Иброҳим қисинди.

Булар илк қарашда хайрихоҳлик истаб, эзгу бир вазифани бажаришаётгандек эди!

Аммо бу давра Кабир Ҳожи белгилаётган муносабатлардан кўпроқ Ғайрат Нусратга Иброҳимни рўпара қилиб қўйиш учун уюштирилганга ўхшар; ҳарҳолда, шундай таассурот уйғонмоқда эди. “Эски оғайнилар” қабиҳлик қилишган эди.

Иброҳим шунисига ҳам рози эди! У, мен сенлардан иш сўрабманми, деб кулмоқчи эди-ку...
— Ғайрат ака яхши одам. Бағрикенг, — деб сўзни давом эттирди Кабир Ҳожи. — Айниқса, бировга кек сақламайди. Буёғини ўзингиз тушунасиз...

Иброҳимнинг лабларида табассум қотди.

У сергакланди:

гап бу ёқда экан!

Булар Ғайрат Нусрат эмас, унинг олдида Иброҳимни айбдор деб билишади. (“Сен вақтида телбалик қилгансан! Одобсизлик қилгансан! Ғайрат ака чизган чизиқан юрмагансан!”)

Булар Иброҳимни Ғайрат Нусратга рўпара қилганда ҳам, уни оппа-очиқ бўйин эгдирмоқчи! Тиз чўктирмоқчи!

Булар Иброҳим ўзларига ўхшамаганига чидашолмайди!

Ўзларига ўхшатмагунча тинчишмайди ҳам!

(Иброҳим ёки булардек бўлиши ёки буларнинг ҳам душманига айланиши керак!

Учинчи йўл йўқ!)

Иброҳим шу дамда “ески оғайнилар”ига:

“Мен адашибман. Сенлар вақтида ҳеч нарсага тушунмаган экансан. Ҳамон тушунмабсан!” дегиси келди.

Иброҳим яна “ески оғайнилар”ига:

“Мен адашибман. Сенлар — биринг ёзувчи, биринг олим, биринг санъаткор, биринг ҳакам; сенлар — зиёли; лекин... Сенлар учун ҳаёт ўзгара бошлагани бир пул. Сенлар учун оёғи ердан узилган жоҳил бир кимса азиз. Ўз манфаатларинг ҳамма нарсадан устун экан! Сенлар эзгуликни Ғайрат Нусратга алмашибсанлар. У эмас, Ғайрат Нусратнинг хизматига бел боғлабсанлар!” дегиси келди.

Иброҳим уларга:

“Мен адашибман. Сенлар — халқнинг ҳаёти, турмушидан бехабар, атрофда яшаётган одамлар ҳол-аҳволини инобатга олмайдиган, уялмайдиган бўлиб кетибсанлар. Қотиб қолибсанлар. Сенлар қулсан. Қаролсан!” дегиси келди.

Аммо у паришонланди, холос.

Аммо у тилини тишлади.

Гапирганинг кумуш бўлса, гапирмаганинг олтин!

Айниқса:

Ғайрат Нусрат ҳали келадими, йўқми?

(Бу — унинг учун ҳам энди аҳамият касб этган эди!)

Келмаслиги ҳам мумкин...

Шароитга қараб иш тутиш керак!

Айниқса:

Бутун давра уларга анграйиб тикилган эди.

Давранинг оғзи ҳам, тили ҳам — шубҳасиз, Иброҳимнинг ёшликдан “дўст”лари эди!
— Майли, ўйлашиб кўрамиз! — деди Иброҳим босиқлик билан.

Унинг “кейинги йилларда улғайиб, одоб сақлаётгани” (аттанг) инобатга ўтмади.

Шу дамдаёқ ҳис этди:

У осонликча жон бермаганидек, булар ҳам осонликча сиртмоқни бўшатмайди!

Ёшликдан “дўст”лари уни Ғайрат Нусрат келгунча “пишитиб” қўйишмоқчи! Шунга қарор қилинган.
— Бунинг нимасини ўйлайди? Аниқ гап! — деди Шоди Турсун анча кескин.
— Аниқ гап... Мен ўз ишимдан, ўз ҳаётимдан розиман. Идорага қайтиш ниятим йўқ. У сувлар оқиб кетди.
— Демак, сизнинг Ғайрат Нусратга ҳеч қандай ишингиз ҳам йўқ! — файласуфона хулоса чиқарди Акмал Рашид.

Иброҳим индамади.

Баҳсга ҳожат қолмагандек эди.

Кутилмаганда ўрнидан сапчиб:
— Мен тушунмаяпман. Сиз нега Ғайрат акани ёмон кўрасиз? Ич-ичингизда нафрат билан қарайсиз? — саҳнадан туриб нидо қилаётгандек, овози титраб Иброҳимни исканжага олди Бўтавой Нодир.

Гапирганинг кумуш бўлса, гапирмаганинг олтин!

Лекин бу гал Иброҳим ўзини тўхтатолмади:
— Сизлар мендан юз чандон ақлли, билимли. Мен сизларга нима дейман?! Бировни одамий гўзал хислатлар, кўзга ташланган юксак фазилатлари учун ҳурмат қилиш, яхши кўриш мумкин. Кучли иймон-еътиқоди учун! Эзгулик истаб, шу йўлга ўзини тиккани учун! Катта бир ишларни бажармаса ҳамки, ақалли одамларни қийнамагани учун! Xалқни қийратмагани учун... Тирикнинг чопони, ўликнинг кафанини ечиб, данғиллама уйлар қурдирган, итига тилла тиш қўйдирган одамни қандай яхши кўрасан? Инсоф керак!
— Умас-бумас, сизлар душмансизлар, оғайнижон, — деди Кабир Ҳожи.
— Сиз эскиликка муккасидан кетган, замонга қарши юрган миллатчисиз, бузғунчисиз! — тортишувга якун ясади Акмал Рашид.

Орага узоқ сукунат чўкди. Кейин:

“Эски оғайнилар” Иброҳимни ўз ҳолига қўйиб, бошқа нималардир ҳақида гаплаша бошлашди. Давра чалғиган, Иброҳимга одамлар аҳамият бермай қўйган, уни унутгандек эди.

* * *

Иброҳим ўрнидан секин қўзғалиб, —

қўл ювгани чойхона ичкарисига қараб кетди.

У ҳеч ким пайқамаса, бу ердан бир йўла жилиб қолишга қарор қилган эди. Даврадаги ҳолати-руҳиядан ишнинг яхшилик билан тугалланмаслигини Иброҳим энди ошкор сезмоқда эди. Болаликдаги икки дўсти сўнгги пайтда аллабир можарога аралашиб, кўчада нобуд бўлишганини, иккисини ҳам номаълум кишилар ўлдириб, ариққа ташлаб кетишганини бу кеч у бот-бот эсламоқда эди. Ўз биродарлари билан ашаддий душманга айланишни Иброҳим истамасди ҳам!

Аттанг! Булар ёшликдаги озгина муқаддаслик, одамийликни ҳам йўқотиб, энди буткул ўзгаришган эди!

Булар Иброҳимни “унутишмаган” экан: ортиқча қимир этгани қўйишмади! Кимлардир босган қадамини ўлчаб, уни пойламоқда эди!

Бироқ у чойхонани айланаётиб,

шу аснода

бир мулоқот рўй берди.

Одатдаги одми кийган, устига кўмир чанги урган чойхоначиларга ўхшамаган; бошида фўта, эгнида оқ яктак, сақоли, қош-киприклари ҳам оппоқ, фариштадек қария самовар ёнида куймаланар эди.

Иброҳим шунчаки яқинлашиб, салом берди.
— Сизни олдин кўрмаган эканман! — унга тикилиб деди чойхоначи.
— Минг йилдан буён келмаган эдим.
— Ҳалиям бекор келибсиз!

Иброҳим ажабланди.

Қария унинг ранг-рўйига қараб, аҳволини пайқадими? — билиш қийин эди. Иброҳим ҳозир бу ҳақда ўйламаётган ҳам эди. Негадир ўзи-ўзидан гапга гап уланиб кетди.
— Дунёда бир ҳикмат бор. Инсон, одам билан ҳайвон орасида яшайди! — деди қария. — Ҳар кимда ўзига яраша яхши жиҳат топилади. Оғайниларингиз ёмон одамлар бўлмасликлари ҳам мумкин.
— Улар ёмон эмас! — тасдиқлади шошиб Иброҳим.
— Лекин айрим ҳол, айрим соатларда ваҳшийлик қилишади.
— Сиз ажойиб экансиз, оқсоқол, — деб жилмайди Иброҳим.
— Йўқ, кулманг. Атроф-оламга диққат қилинг... Ҳар бир одам қайсидир жонзотга ўхшайди! Биров отга, биров итга. Xудо шундоқ яратган! Нега биз билмаймиз! Одам ўзини тутмаса, бора-бора ўша ҳайвон турқига киради.

Шу пайт Иброҳим рўпарадаги очиқ деразадан кечки қуёш нурларига чўмган тепалик томон қаради. Айни ёз куни пахталикка ўраниб олган қандайдир бола беш-ўнта чўчқа етаклаб, пастга энмоқда эди. “Булардан қайси бири Ғайрат Нусрат бўлса?” ичида кулиб ўйлади Иброҳим.
— Ўзини туца-чи?! — деб сўради чойхоначидан.
— Туца ҳам баъзан киради, лекин бу бошқа сабоқ! — Кейин, қария суҳбатни тугатди. — Майли, сизга Xудо ёр бўлсин!

Пойлоқчи йигитлар ҳовлини “шудгор” қилиб юришганидан, Иброҳим ноилож яна даврага қайтди.

* * *

Бу ерда

у йўқ пайтда

яна бир карра

“муҳокама” бўлгани кўриниб турарди.

Келиб ўтиргани заҳоти:
— Менга қаранг. Бир жумбоқни чақолмаяпмиз, — унга мурожаат қилди Шоди Турсун. — Демак, ишдан кетганингизда ҳаммаёққа сиз қоғоз ёпиштиргансиз, шундайми?!
— Мен, — деди осойишталик билан Иброҳим.
— Ана холос! Биз бировлардан бекорга ўч олиб юрибмиз! — бошини чайқади Акмал Рашид. — Шу ишни шахсан ўзингиз яхши деб ўйлайсизми?
— Яхши эмас. Ёш болага ўхшаган иш! — бўйнига олди Иброҳим.
— Бўлмаса нега ундай қилдингиз?! Мен тушунмаяпман, — бўғилди Бўтавой Нодир.
— Бундай қилмаслик керак эди! Лекин бу билан барибир, ҳеч нарса ўзгармайди.
— Яъни?! — деб сўради бутун гавдасини дастурхон устига ташлаган Кабир Ҳожи.

Гапирганинг кумуш бўлса, гапирмаганинг олтин!

(Ол-а... Xалқ бир умр тилини тишлаганидан, тиллага кўмилиб ётибди!)

Иброҳим жавоб беришга мажбур эди.
— Ўзингдан ёши ҳам, иши ҳам катта одамни ҳурмат қилиш керак! — деди у. — Фақат ёши ёки фақат иши катта одамнинг ҳам сўзига қараш керак! Ҳурматини бузмаслик керак! Акс ҳолда, ҳаёт издан чиқади. Барча иплар узилади. Бошбошдоқлик рўй беради. Итоациз мумкин эмас... Лекин фарзанд ота-онани ҳурмат қилиши учун биринчи навбатда, ота-она ўзини муносиб тутмайдими? Биз катта-кичик, ҳаммамиз банда. Энг аввал, Xудога итоат қиламиз. (Аллоҳдан бошқасига сиғинмагин, деганлар). Банданинг бир-бирига итоати нисбий! Xўп. Дунёда ҳар кимнинг ўз тушунчаси бор. Фикри. Қараши! Ҳис этганинг, ўйлаганингни айтмаслик қўрқоқлик, мунофиқлик эмасми?! Қачонгача уйда бошқа, кўчада, одамлар орасида, мажлис ёки даврада бошқа гапни гапириш керак? “Бошимга қилич келса ҳам дегайман ростин!” — ота-боболарнинг бу шиори наҳотки, замонлар ўтиб, йўқолди? Тараққиётга эришган сайин, “маймуният” деганидек, наҳотки, муносабат ниқоб тақиб, ўйин кўрсатишга айланган бўлса? Сиёсий ўйин! Ижтимоий ўйин!

Оммавий ўйин... Табиийлик қани? Xолислик қани? Биз катта халқмиз. Аммо орамизда шундай одамлар борки, бутун ҳаётни театрга яқинлаштириб, ўзи ўйнаб, бутун халқни ўйинга тортгиси келади. Ана, сиз сиғинган Ғайрат Нусрат! Унинг буюклиги ёлғон. Ўзи билади! Сизлар ҳам биласизлар! У қўлидаги қон томган қиличи билан, ўз шаъни, ўз обрўйини тутиб турибди. Имкон топиб яшаб қолишни истайди, холос! Сизлар унга ошиқ-шайдо бўлсанглар, марҳамат! Лекин ҳаммадан буни нега талаб қиласизлар? Ҳамма унинг аравасига миниб, ашуласини айтиши шартми?

Дунёда

ҳеч ким

биров билан тортишаётиб

“биз енгилдик, тақсир!” демайди.
— Агар сал олдинги давр бўлса, мен сизни бу фикрингиз учун отиб ташлатган ёки қамоқда чиритган бўлардим! — ғудраниб қўйди Акмал Рашид.

Баҳс ҳали давом этадигандек эди. Бироқ...

Даврадагилар чойхонага асосан,

ўз машиналарида келишган,

машиналар ён томондаги майдончада тизилган эди. Йўлни чангитиб, янги бир машина келиб тўхтади.

Ҳайдовчи кабинадан чиқар-чиқмас, Акмал Рашид ўрнидан ирғиб туриб, унга томон ошиқди.

Иброҳим ҳайдовчига кўзи тушиб, эсанкираб қолди: бу — ўтган йилмиди, олдинги йилми? — хиёбонда, дарахт панасида туриб уни пойлаган йигит эди!

(Ажабо, ўшанда Акмал Рашид “ташаббус” кўрсатганмиди ёки уни “четлаб”, ҳайдовчи тўппа-тўғри Ғайрат Нусратнинг иродаси билан иш тутганмиди? Қандай бўлмасин, бу одамлар ўша пайтда ҳам тинч туришмаган экан!)

Аммо буниси ҳали ҳолва экан.

Акмал Рашид негадир кабинага кириб, бир оз ўтирди.

Кейин, ранги оқарган, асабий ҳолатда орқага қайтди.

У сал кибрланганми, тантанали намойишдами? — ўрнини эгаллаб, даврадагиларга совуқ, синчков тикилди.
— Ғайрат ака келмайдиган бўлдилар! — деди салмоқлаб. — Келолмайдилар! Бугун тушдан кейин Ғайрат акага суиқасд уюштирилибди.

Давра чайқалиб кетди.
— Нега?
— Қаерда?
— Нима бўлибди? Тирикми?
— Тирик! Лекин келадиган ҳолда эмас, — деди Акмал Рашид. — Машинага портлатгич ўрнатишибди. Тушлик қилиб, уйдан чиққан эканлар. Яқинлашган пайтлари портлабди! Ҳалиям яхши ишламабди. Бўлмаса, куллари кўкка совриларди. Мен хабарлашдим... — у бир дам ўйланиб, гапни якунлади. — Мен ҳозир миршабларни чақиртирдим.
— Миршаблар? — даврада кўпчилик ҳозир бу ерда миршабга қандай эҳтиёж борлигига тушунмаётгандек эди.
— Миршаблар, албатта! — деди Акмал Рашид. У Иброҳимга томон бурилди. — Бу ишни сиз қилгансиз, оғайнижон! Биз билганлардан — бошқа киши қўпорувчилик қилмайди.
— Мен? Унга менинг нима ишим бор? — эзилиб пичирлади Иброҳим.
— Сиз бу ишни қилмаган тақдирда ҳам, мен уни сизга ёпиштирардим. Лекин ҳозир бутун шубҳа-гумон сизга тушяпти. Ғайрат аканинг сиздан бўлак душмани йўқ! Сиз гоҳ очиқ, гоҳ бекитиқча унга қарши курашгансиз... Бугун сизни бу ерга таклиф қилганимиздан кейин, хаёлингиз қочиб, Ғайрат ака билан кўришмаслик, бунинг олдини олиш учун унинг машинасини пойлагансиз. Партлатгич ўрнатгансиз... Сиз ишлаган заводда порох ҳам, бошқа дорилар ҳам истаганча топилади! Бугун туш вақти бўлиб-бўлмай, ишдан кетгансиз. Безовталаниб, қаёқларгадир қўнғироқ қилгансиз. Бизнинг йигитларимиз ҳаммасини белгилаган! Қисқаси, айбингиз бўйнингизда, оғайнижон! Бугунги сиз билан суҳбат ҳам уни тасдиқлайди...

Иброҳимнинг юраги орқага тортди.

Эс-ҳуши бошидан учди.

(Ғайрат Нусрат келгани ҳам дуруст экан! Одам боласи ҳақиқатга тик қарай олади. Туҳмат ёмон! Туҳмати ногаҳон...)

Иброҳим ўзини қанчалик оқлашга уриниб, далил келтирмасин, даврадагилар гапни эшитмаслиги, ишонмаслиги — фойдаси йўқлигини ҳис этди. Довдираб қолди...

У фалокатга йўлиққан, ишнинг расвоси чиққан эди!

Йўқ. Иброҳим этак силкиб, даврани дадил тарк этди.

Йўл томон мағрур босди.

Кетди. Илдам бора бошлади.

Аммо кўп ўтмай...

орқадан бутун давра шовқин солиб келаётганини кўрди.

Булар ярадор қушга эрк бериб, типирчилашини томоша қилган ёвуз мергандек, уни кузатиш учунгина қўйиб юборишган; энди босиб-янчиб қўлга киритишмоқчи! — афтидан, буларнинг нияти шу эди.

Иш бугун чигал, қалтис тус олиб, шу даражага етишини ким билибди дейсиз. Инсон нодон бўлмаса...

Иброҳим ярим ўгирилиб,

орқага қаради.

Давранинг биринчи сафида унинг —

“Эски оғайнилар”и келишмоқда эди.

Буниси майли.

Улар кўзлари қонга тўлиб, ҳаллослаб югуришмоқда;

турқи-тароватлари ўзгарган эди.

Тасаввурга сиғмайдиган ҳол! Тавба:

  1. Кабир Ҳожи — Кабир Ҳожи, шу билан бирга тулки
  2. Шоди Турсун — Шоди Турсун, шу билан бирга айиқ
  3. Бўтавой Нодир — Бўтавой Нодир, шу билан бирга қоплон
  4. Акмал Рашид — Акмал Рашид, шу билан бирга бўри

еди!

Иброҳим беихтиёр

чойхонадаги фариштадек қарияни эслади.

Қария айтган гапга кулган эди! Энди ўкинди.

Кейин:

“Инсон — гапирувчи махлуқ!” деган ғалати нақл ёдига тушди.

“Инсон баъзан ҳайвон қилмайдиган ишни қилади!” деган гапни ҳам хаёлидан кечирди.

Йўлда — рўпарада узоқдан миршаблар машинаси кўринди.

Иброҳим икки ўртада қолганини сезди.

Яна икки томон бор.

Бир ён — қирлик. Тезда ўраб олишади!

Иккинчи ён — дарё. Сувнинг суриб, оқизиб кетишидан ҳарҳолда, умидланиш мумкин!

Иброҳим тўғри ўзини дарёга отди.

У қирғоқдан энди узоқлашган эди:

тўппончадан қарсиллаб осмонга ўқ узилди.

Сўнг:

ўқ Иброҳимнинг қулоғи остида визиллади.

Уфққа бош қўяётган офтоб тўшаган нурдан — дарё юзи қонга белангандек эди.

Иброҳим негадир шу сонияда (яна) болаликдаги икки дўсти кўчада нобуд бўлиб кетишганини эслади. Уларнинг аниқ бир гуноҳи бормиди ёки улар ҳам туҳматга қолишганмиди? (Ҳозиргидек воқеа юз берган бўлиши мумкин-ку!)

У гоҳ шўнғиб, гоҳ юзага қалқиб, шиддат билан сузмоқда эди.

Бироқ:

“жодуларки, боғлар оқар сувни...” —

қайсидир жоду (сеҳргар) кишанлаб ташлагандек, — шарқираб оққан сувда Иброҳим бир ердан узилолмай, секин сурилмоқда; гирдобда ўралашган сингари ҳолатни туймоқда эди.

Қирғоқ бўйлаб эса

катта бир тўда

у билан ёнма-ён югуриб бормоқда;

олдинда кетаётган қоплон, бўри, айиқ, тулки изидан — уларга қаёқдандир қўшилиб олган — итлар (вовуллаб), мушуклар (бағиллаб) эргашиб келмоқда;

қирғоқни булутдек чанг-тўзон

қоплаган

еди...

3

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим.

... Биз унинг (Иброҳим алайҳиссаломнинг, ҳақ йўлга лойиқ эканлигини) билган эдик. Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: “Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар (бутлар) нимадир?” деганида; улар айтдилар: “Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз”. У (Иброҳим) деди: “Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар!”

... Бас, у (бутлар, ҳайкалларни) парча-парча қилди.

... Улар: “Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир!” дедилар. Улар(нинг айримлари) айтишди: “Худоларимизни айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик”. (Шунда уларнинг катталари): “Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар!” дейишди.

... (Мушриклар) дедилар: “Уни (Иброҳимни) ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар, ўз худоларингизга ёрдам қилинглар!”

... Биз айтдик: “Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!”

... Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи (яъни, уни ёқиб юбормоқчи) бўлдилар. Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик.

* * *

Иброҳим: “Мен Ёлғиз сенга сиғинаман, парвардигорим!” деб худога ибодат-илтижо қилмоқда эди.

Қирғоқдаги сурон ҳадеганда босиладигандек эмасди.

Қирғоқда яна бир неча бора ўқ қарсиллади.

Ваҳший тўдада бўлганлардан ҳар бири — бир Ғайрат Нусрат эди! Булар қон қўмсамоқда эди.

(Ким эгри кишининг

эгридир сояси ҳам...)

Иброҳим ниҳоят, ўзини оқимга ташлаб қўйиб, кўзларини чирт юмди.

Устидаги енгил кийим ҳам ҳозир унга оғирлик қилмоқда эди. У болаликдан сузишни ўрганган, лекин ҳеч қачон бу аҳволда сувга тушмаган эди. Шунга қарамай, Иброҳим бу ҳақда ўйламаётган эди. Назарида, улкан ўтин ғарами ҳозирланиб ўт қўйилган ва қўл-оёғини боғлаб, уни қадимий тош отиш қуроли — бир манжаниққа солишганча, оловга отишган эди. У ёруғлик, иссиқликни сезмоқда. Аммо аланга-оташ унга таъсир қилмаётган эди. Иброҳим: “Парвардигорим Ўзи аҳволимдан огоҳ!” деб ўйлаб таскин-тасалли топаётган эди.

* * *

Шу ҳолатда орадан қанча вақт ўтди? — билмасди.

Кўзларини очиб, ажабланди:

бир муддат илгари Ғарбда қизариб ботаётган қуёш

энди Шарқдан қизариб чиқмоқда эди.

Диққат қилиб туриб, яна ажабланди:

тўполон-сурон тинган, атроф-жавониб жимжит эди.

Бошини кўтариб, аланглаб, бадтар ажабланди:

дарё келиб қуйилганми? — ўзининг денгизда эканлигини сезди.

Денгиз ҳорғин-ҳорғин нафас олмоқда эди.

Олисда қорайиб турган нуқтани кўриб, Ер бўлса керак, деб ўйлаганича, шу томон сурина бошлади.

Қуёш найза бўйи кўтарилганда, у қирғоққа чиқиб олди.

Бу — яланг-бепоён бир ўтлоқзор эди.

Лекин ўтлоқзордан ҳам олдин Иброҳимнинг —

тўп бўлиб юрган филларга кўзи тушди.

Дарё, денгиз уни афтидан, бир ёқларга итқитиб-улоқтирган эди. Бунга Иброҳим энди ажабланмади ҳам.

У бугун (кеча) Марварид билан учрашолмаган, филлар тўғрисида гаплашмаган эди. Шу боисдан, улар тўғрисида ўйламаган ҳам эди. Ҳозир денгиз соҳилида турганича, беихтиёр...

Бир китобда филларни “қуруқликда яшовчи сут эмизувчи ҳайвонларнинг энг каттаси” деб ёзишгани ва “бўйининг узунлиги фалон метр, оғирлиги фалон кило” деб белгилаб қўйишганини эслади. Ўша китобда қизиқ гаплар бор эди. “Агар хартуми бўлмаса, фил яшай олмасди. Чунки унинг йўғон ва камҳаракат бўйни ердаги овқатни эгилиб ололмасди!” дейилган, кейин “фил сувни ҳам хартуми билан ичади!” деб тушунтирилган эди.

Яна бу китобда филнинг курак тишлари катта эканлиги, шу тишлардан зийнат буюмлари ясалиши-ю, филлар юз йилгача яшаши ҳам айтилган эди. Бошқа бир китобдаги жозибали тасвир ҳам Иброҳимнинг ёдига тушди: “Юраги ёрилиб ўлиш ҳолати баъзан филларда ҳам учрайди. Озиқа-ем тугаб, сув ичадиган қудуқлар қуриб қолганини кўрганда, филлар қаттиқ қайғуриб, ҳасрат-надомат чекадилар. Бироқ улар ҳар қандай шароитда бир-бирларига кўмаклашадилар. Уларнинг қайсидир биродари йўлда қулаб, ҳалок бўлса, тирик қолганлар унинг суякларини кўтариб, филлар қабристонига олиб бориб қўядилар”.

Иброҳим бундан роппа-роса минг йил муқаддам араб ат-Тануҳи ўз “Ғаройибот”ларида “фил ниҳоятда ақлли жонзот” дегани ва филни қўлга ўргатиш жуда машаққатли экани ҳақида ҳикоя қилганини ҳам эслади. Ўша замонларда филлар катта қийматга эга, одамлар ҳар бир филнинг қадрига етган экан. “Ҳиндистонда яхши фил учун пулни аяшмас экан. У ерда бўлганимда, ҳарбга яроқли филнинг баҳоси — ўн минг, энг катта, кучли филнинг баҳоси — юз минг динор эканлигини эшитдим” деб ёзганди ат-Тануҳи.

Иброҳим ғамгин кулиб, яқин давр (сўнгги аср)да яшаган фаранг Экзюперининг “Бола пошшо” китобини ҳам эслади. Бола филни ютган аждар расмини чизса, катталар шляпа, деб ўйлашибди...

* * *

У энди “эски оғайнилар”идан —

бало-қазодан қутулган эди.

Шунинг учун ҳеч нарсадан ташвишланмаётган эди.

Осойишта эди. Таслим бўлмаганидан мамнун эди.

Филлардан ҳайиқмади. Ётсирамади.

Бунинг устига, толиққан эди. Очиққан эди.

Тўғри филлар томон бора бошлади.

Темирдан этик кийгандек, оёқлари оғир эди.

Унинг ўзи ҳам катта, салобатли бўлиб қолган эди.

Филларга қўшилиб, япроқлар, кўкат-сабзавот, ёввойи ўсимлик мевалари билан озуқлана бошлади.

Шу пайт...

бир фил яқин келиб,

хартумини чўзди.

Фил...

унга таниш эди!

“Бу Марварид эмасмикан?” деб ўйлади Иброҳим.

Кейин...

ўзининг ҳам хартуми борлигини пайқади.

У ҳам...

хартумини чўзди.

Хартумлар бир-бирини сийпалаб,

қучди.

Фил-Марвариднинг кўзлари жиққа ёш эди.

Фил-Иброҳимнинг ҳам кўзлари ёшга тўлди.

(Шу сонияда унинг нақ рўпарасида

чойхонадаги

фариштадек

қария

жонланди.
— Бу бошқа сабоқ! Сизга худо ёр бўлсин! — деди қария).

Ниҳоят...

* * *
Филлар тўпланиб, йўлга тушишди ва —
неча минг йиллик тарих
қайтарилгандек бўлди.
Неча минг йил муқаддам эса
бундай воқеа
рўй берган эди...
* * *

Бир сайёҳлар карвони қароқчилар, ҳар хил жангари тўдалардан қочиб, дашти-саҳрога юз тутган эди.

Одамлар қум-тўзон ичида саргардон кезишади. Машаққат, очлик, айниқса ташналикдан чўп-устихонга айланишади.

Улар йўлга миниб чиққан филлардан фақат бир жуфти тирик қолган эди.

Йўқ, шундан кейин кўз ўнгидаги зулмат чекиниб, атроф ёриша бошлайди. Олисдан тиниқ денгиз нафаси келади.

Сайёҳлар денгизга қараб бора бошлашади. Аммо шу дамда пайқашади:

Негадир ҳаммаёқни туз қоплаган! Оёқ остида ер оппоқ, юрган пайтда оёғингга ёпишиб, парча-парча кўчади.

Икки ён томонда паст-баланд тепаликлар ойнадек ярқирайди. Йўл устидаги саксовулдан чақир тиканаккача — барчасининг шох-япроқлари шишани эслатади. Тегсанг, чирсиллаб синади.

Ниҳоят, карвон мовийлиги, нафис-нозик гўзаллиги кишини ҳайратга соладиган буюк бир денгизга яқинлашади.

Денгиз илк қарашда ярим музлаб, ярим эриб ётгандек туюлади. Умуман, у ҳаво ёниб ётганига зид ҳолда, музликларни эслатади.

Одамлар ҳовлиқиб, бири-биридан қизғангандек, уриниб-туртиниб олдинга ташланишади.

Улар филларни ҳам сувга туширишади.

Бироқ кўп ўтмай, орқага қараб қочишади.

Денгиз — сув эмас, эриган туздан иборат! Туз оғизни тирнаб-яралаб, кўзни ачиштираётган эди. Бадандаги эски жароҳатлардан қон сирқирарди. Сайёҳлар қирғоққа чиққандан сўнг ҳам, баданларига илгакдек ёпишган туз уларнинг суяк-суягини оғритмоқда эди.

Улар мана, энди

бу ястаниб-оқариб ётган —

Ўлик денгиз эканлигини англашади.

Бу денгизга дарёдан тасодиф келиб тушган балиқ лаҳза ичида жон беради. Бирон нарса сузмайди. Туз юзада тутиб турганидан, денгиз остига ҳеч нарса чўкмайди ҳам!

Карвондагилар аввалгидан бадтар ҳолга тушиб, тинка-мадорлари қуриб, ловуллаган офтоб остида, қирғоқда, ҳар ким ҳар ерда чўзилганча, уйқуга кетишади. Ҳамма ухлаб қолади.

Сувга туширилган бир жуфт фил — филлар-чи?

Филлар денгизни дарҳол тарк этгиси келмайди.

Дунёда ўхшаши бўлмаган бу денгиз гўёки азоб эмас, жон роҳати! — мазза қилаётгандек, улар эркин ўйнамоққа тушади. Аввалига улар сувда — туз эритмасида қулоқларигача ботиб туришади. Кейин, юзага қалқиб, шодумонлик билан бири-бирига хартумларидан сув пуркаша бошлашади. Ювиниб-тозаланиб, покланаётгандек бўлишади. Эртаси куни тонг-соҳаргача шундай ҳолат давом этади.

Уйқудан уйғониб, сайёҳлар филларни қидиришади.

Лекин қирғоқдан тополмай, тез орада гап нимада эканлигини сезишади.

Улар — денгизда

филларнинг бири-бирини хартуми билан қучиб,

ҳайкалдек тош қотганча, —

тузга айланиб қолишганини...

кўришади.

4

Иброҳим ўзини дарёга отдими?
Денгизга бориб етдими?
Қум-тўзон кечдими?
Сув ўрнига
туз ютдими? —
қандай бўлмасин,

Нусрат Ғайрат билан шотирлари уни тутиб йўқотиш ниятидан қайтишмаган эди.

Буни у яхши биларди.

Унинг назарида, таъқиб давом этмоқда, ўзи ҳамон қочиб бормоқда.

Шу тахлитда, Иброҳим ниҳоят, денгиз бўйидаги бир шаҳарчага юзланди.

Бу ерга етиб келгунича, у уч-тўрт кун поездда, кейин ҳайбатли кемада йўл босган эди.

Поезддаги вагонлар ифлос, оддий чой ҳам йўқ. Йўлдаги безорилар фақат кечалари эмас, куппа-кундузи ҳам одамларни тунаб кетишар, яна ўчакишгандек, ойналарга тош отишар эди. Кемада одам кўп. Сичқоннинг ини минг танга. Иброҳим юқори қаватдаги очиқ, яланг саҳнда, дағал бир тахта устида ўтириб, тунни қуш уйқусида ўтказди.

Мана, энди у соҳилда бадмаст кишидек, беҳол чайқалиб турар эди.

Ёз куни, қуёш айни тик қадалган пайт.

Соҳилдаги шаҳар, шаҳарчаларда меҳмонхонадан муносиб жой топиш тугул, хароб бир бурчакни эгаллаш ўлимдан қийин. Буни йўлдаёқ эшитиб-билганидан, Иброҳим одамларга эргашганча, шунчаки денгиз ёқалаб тўғрига қараб кета бошлади. Кеч кирмай туриб ҳарҳолда бирон бошпана топиш керак. Бегона шаҳар, кўчада қолиб кетиш мумкин.

Бандаргоҳ яқинидаги майдончада аксари хотин-халаж, қандайдир кишилар даста бўлиб, ғужғон ўйнашарди. Бу ерда тўпланганлар жойсиз меҳмонларга уйларини ижарага беришар экан.

Иброҳим қўним топишга кўнглида умид уйғониб, майдончани айлана бошлади. Бироқ унинг бу ҳолати узоққа чўзилмади.

Уни ҳеч ким уйига олиб боришни истамас, қанчалик мулойим, ҳатто ялингудек сўзлашмасин, биров билан гапи пишадиганга ўхшамас эди. Бошқалардек савдолашиб, бирон талаб қўйишни-ку, у хаёлига ҳам келтирмаётган эди. Барча уй эгалари тил бириктиргандек, бизга аёллар ёки оилали кишиларми бўлса, ёлғиз йигитни қўёлмаймиз, тўрт-бешта ўсмир бўлганда ҳам майли эди, дейишарди. Афтидан, улар шунга қатъий қарор қилишган эди.

Кун иссиқ, дим. Денгиздан эсган нам ҳаво нафасни бўғади.

Иброҳим аввалгидан баттар лоҳасланиб, жиққа терга ботган. Аммо майдончада бирдек чарх урмоқда эди.

Ахийри, ийманибми, одамлардан бир четда турган ёш, хушрўй жувонга унинг кўзи тушди. Жувоннинг ранг-рўйида бу даврадаги тажанг-тўпори аёллардан фарқ қилган одамшавандаликми-самимият барқ урарди. Негадир лаб жуфтлаб ҳар сўзга оғиз очганида, бир қизариб олар экан. Жувон Иброҳимга ўз уйидан жой беришга қарши эмас, шунинг баробарида, алланечук иккиланаётган ҳам эди.
— Бизнинг уйимиз йўли узоқ, — деди ниҳоят. — Бу ерда кўпинча денгиз бўйидан жой танлашади.
— Менга бунинг аҳамияти йўқ, — деди Иброҳим.
— Жой ҳам унча яхши эмас.
— Бори. Ҳозир менга барибир, — деди Иброҳим. У шу қадар толиққан эдики, ортиқча гаплашишга ҳам ҳоли етмаётган эди.

Улар автобус бекатига қараб йўл олишди.

Бекатда ҳадеганда автобуснинг қораси кўринмади. Сабри тугаган Иброҳим енгил машина тутди.

Жувоннинг уйи жуда тупканинг тагида ҳам эмас экан.

Машина осмонга тирмашаётгандек, қандайдир тепаликка кўтарилиб, ярим соатча йўл босгач, тор кўчага кириб, эски бир эшик олдида тўхтади.

Улар ҳовлига киришди.

Ҳовли — қуюқ дарахтзор. Тўрда каттагина бино. Олди айвон. Дарахтлар панасида яққол кўзга ташланган бу иморат пинжида олдинроқ қурилган япасқи, кўримсиз яна бир уйча.

Улар уч-тўрт зина пастга тушишди.

Жувон эшикни очди.

Иброҳим жувоннинг изидан ичкари кирди.

Ярми ерга кўмилган ойнадан ғира-шира ёруғлик тушиб турар, хона зах, рутубат эди.

Оёқ остида тахталар кўпчиган, кўкарган, дарз кетган.

Шифтни, деворларни кимдир қўл учида оқлаган, бурчак-бурчакларда тирқиш-туйнуклар ямалмай қолаверган. Бу — хона ҳам эмас, одатдаги ертўла эди.

Темир каравот. Бир тўмба ва бир курси. Бутун-бор жиҳоз шу.

Иброҳим мана, энди уй эгасининг нега бот-бот қизаргани-ю, иккиланганига тушунди. Лекин айб жувонда эмас, айб унинг ўзида. Бу жойни у одамнинг иззат-нафси оғрийдиган даражада хароб, деб ўйламаган, жувон шаъма қилганига ҳам қарамаган эди. Қанақа бўлса-да, бошпана топилаётганига суюнганидан, қайсарланган эди.

Унинг кўнглидан кечганини билгандек, жувон:
— Шу кунлар қўлимиз қисқа. Бир оз қийналиб қолдик. Бўлмаса, уйга одам киритмасдик, — деди. Лаҳза сукут сақлаб, қўшиб қўйди. — Қаранг. Ёқмаса, бошқа жой изларсиз.

Иброҳим индамай, курсига чўкди.

Умуман, у иложсиз эди. Унинг чўнтагида жой учун тўлайдиган нақд пулнинг ўзи ҳам йўқ эди. Иброҳим ахир, уйдан бир чиққанича қувғинга учраган киши эди.

Шошмасдан қўлидаги соатни ечди.

Қўйнидан ҳам эски бир соат олди.

Бармоғидан узукни чиқарди.

Барини тўмба устига қўйди.
— Бойлигим... Ишга киргач, қарзим бўлса, яна узарман.

Жувон тўмба устидан нима учундир эски соатни олиб, ажабланиб тикилгандек бўлди. Кейин, Иброҳимни ажаблантириб, лом-мим демай хонадан тез чиқиб кетди.

Дам ўтмай, қайтиб новча бир эркак — эри билан хонага кириб келди. Энди эски соатни эркак қўлида тутиб турарди.

У остонадаёқ бош силкиб, сўради:
— Бу кимники?! Қаердан олгансиз?
— Дадамники. Уруш пайтидаги ўлжа, — деди Иброҳим. — Дадам устага кўрсатгани менга бериб қўйган эдилар.

Эр-хотин русча эмас, бошқа ажнабий бир тилда ўзаро алланарсаларни ҳаяжонланиб гаплаша бошлашди. Иброҳим ҳолатдан келиб чиқиб, тил билмаса ҳамки, буларнинг олмон (немис) эканлигини пайқади.

Тунда, кема саҳнида ҳар хил кишиларнинг гап-сўзлари Иброҳимнинг қулоғига чалинган эди. Бу шаҳарчага дунёнинг турли бурчакларидан одамлар асосан дам олгани келишади. Шаҳарчанинг туб аҳолиси, туркий бир унут қабила йигирма фоизни ҳам ташкил этмайди. Саксон фоиз тарих давомида саргардонликда суринган миллатлар. Араблар, эронийлар (пирсиёнлар), ғарбликлардан юнонлар, олмонлар. Олмонлар — ҳаммадан кўп. Бир қисми ўтмишда келган. Яна бир қисми урушдан кейин қолиб кетган асирлар. Одамлар аксари бири-бири билан русий забонда сўзлашса-да, ўз тили ва урф-одатларини йўқотмаган.
— Қаердансиз?! Исмингиз? — Иброҳимнинг хаёлини бўлди уй эгаси.

Иброҳим ўзини таништирди.
— Мен Ганс, хотиним Эмма, — деди уй эгаси. — Менинг бобом соатсоз бўлган. Ана, соатда насл-насаби ёзиб қўйилган. Анча бурун менда шунақа соат бор эди, ўғирлаб кетишган... Оддий матоҳ дунёни айланиб келганини қаранг! — Ганс бошини тебратиб, жилмайди. — Бизга шу етади. Бемалол тураверинг! — у чўнтагидан уч-тўртта қоғоз пул чиқариб, тўмба устига қўйди. — Бу ҳозирча яшаш учун! Қисинманг.

Иброҳим гангиб қолган эди.

Бир кунлар дунёнинг ярмини қонга белаган ваҳший тўда олмонми ёки булар олмон? Ер билан осмонча фарқ қилади. Бутун гап қаерда, қачон одамнинг, халқнинг қандай руҳда тарбияланиши, қайси йўлдан боришида (баъзан боришга маҳкум этилишида) экан-да!

Бегона шаҳарда яхши кишиларни учратгани, иши ўнг келгани Иброҳимни суюнтирган эди. Албатта, ёдгорлик-соат унга қадрли, бунинг устига, отаси бериб қўйган омонат эди. Шунинг баробарида, мол азизми, жон азиз? — одам шарт-шароитга қарайсан. Қолаверса, бировнинг мулкини эгасига қайтаришдан эзгу иш борми?

Эр-хотин хонани тарк этгач, Иброҳим каравотга ўзини ташлади.

Қотиб қоламан, деб ўйлаган эди. Ўн-ўн беш дақиқа ёта олди, холос.

Бир томонда ота-онаси, иккинчи томонда Марварид унинг ҳолидан бехабар, мотам қилиб ўтиришгандир? Уларга тирик эканлиги, соғ эканлигини тезроқ билдириш керак!

Ўрнидан даст қўзғалди.

Қўлига соат, бармоғига узукни қайтиб тақди.

Тўмба устидаги пулни ҳам чўнтагига солди.

Алланечук бардамлик сезиб, хонадан чиқди.

* * *

Автобус нақ эшик олдига келиб тўхтади.

Бекат шу ерда экан.

Автобусга миниб, йўлга тушгач, хаёлга чўмди.

У Марварид билан икки йилдан буён шунчаки танишми-дўст сифатида кўришиб турган, орада муносабат аниқ эмаслигига қандайдир бепарво қараган эди. Ўз навбатида Марварид ҳам бирон даъво-талаб қўймаган, афтидан бунга журъати, ҳаттоки ботинишга ҳоли етмаган эди. Ўзининг “Болалар уйи”да ўсгани кам, қамаб отиб ташланган ота-онанинг фарзанди эканлиги ҳар кун, ҳар лаҳза хаёлида сақланган қиз, ҳамма қатори оила бахтини кўришга ҳақли эканлигини гоҳо ўйлашга ҳам қўрқар эди.

Улар ҳар гал учрашганда, бир хил “ашула”:
— Қаёққа борамиз?
— “Ҳайвонот боғи”га.

Марварид на кинога қизиқади, на театрга. Болалик гаштини сурмаган-да! — “Ҳайвонот боғи” бўлса, бас, ёзми-қишми, қайта-қайта бораверар эди. Бу ерга келиб, фақат даррандалар эмас, оддийгина паррандаларни ҳам умрида илк дафъа кўраётгандек, ҳаяжонланиб томоша қиларди.

Иброҳим бир оз айланиб, зерика бошларди. Дунёда шу “Ҳайвонот боғи”дан бошқа нарса қуриб қолганми? Ҳайвонлар билан уларнинг нима иши бор? Болалик пайти уйлари “Ҳайвонот боғи” яқинида бўлгани ёдига тушарди. Гоҳ ярим тун, гоҳ саҳарларда дашти-саҳролар, кенгликлар нафаси келган нотинч, нолон ўкирик-бўкириклар эшитилар, кишининг бағрини эзар эди. Иброҳим эркидан айрилган ҳайвонларга ачинарди.

Марварид харрак четида ўтириб, тўр-сим ичида вазмин юрган филни томоша қилишни айниқса ёқтирарди. Иброҳимни ҳам фил қизиқтирарди. Унга фил Ҳиндистонни, Ҳабашистонни эслатарди. Қадим шаҳарлар, шоҳ саройлари, одам тўла кўчаларни эслатарди. Шарқда ва ажабки, Шарқ ҳаётидан Ғарбда ҳам сирли, сеҳрли бир оҳангда ёзилган китобларни эслатарди... Иброҳим энди Андерсен, Перро, Ҳофман, Шварц ва “Минг бир кеча”нинг аниқ “ҳиди” уфурган Вильгельм Ҳауф эртакларини эсларди. У, балсорлик Аҳмад ҳикоятини — тасодиф ўз исми (Иброҳим) ҳам борлиги учун эмас, — Шарққа чексиз ҳурмат, меҳр билан ёзилгани учун! — яхши кўрар, бор-йўғи йигирма тўрт йил яшаб дунёда ном қолдирган олмон адиби қиёфасини тасаввур қилишга уринарди... Марвариднинг ёнида, харракда ўтириб, бир қўшиқдаги: “Қаноатда Саида филча бўлурми, ҳай-ҳай” — деган сўзлар ҳам Иброҳимнинг беихтиёр хаёлидан кечарди. Бунинг баридан у таъсирланар, лекин барибир, яна зерикарди. Ҳайвонлар тутқунликда бўлган “боғ”ни Иброҳим БОҒ деб билмас эди.

Марварид билан у кўчада гаплашиб юргиси келарди.

Ниҳоят, Марварид унга эргашарди.

Кўча кезаётиб, ёзми-қишми, Иброҳим Марваридни музқаймоқ билан сийларди. Болалик гаштини сурмаган-да! — музқаймоқ бу қизнинг жони эди. Шундан бошқа нарсани кутмас эди.

Иброҳим ўз майли, хоҳишидан кўра кўпроқ Марвариднинг кўнглига, раъйига қарарди. Ҳафтада бир қур учрашув қиз учун байрам эканлигини ҳис этар эди.

Бир куни...

қиш ўртаси эди.

Лап-лап қор ёғарди.

Иброҳим корхонадан чиқиб, одатдагидек Марварид билан бекатда кўришишдан олдин, тоза кийингани уйга бирров кирган эди.

Уларникига Бокира — қариндошлари келган экан. У баъзан “чол-кампир”дан хабар олиб турарди.

Бу қизни ҳар жиҳатдан Марвариднинг акси, дейиш мумкин.

Ҳайвонлардан касал юқади, деб умрида “Ҳайвонот боғи”га бормаган. Уйдаги ит билан мушукка ҳам сал ҳуркиб, ижирғаниб қарайди.

Кўчада, хиёбонда ҳеч қачон қўпол-дағал харрак устига ўтирмайди.

Тўқ-тўкин оилада ўсгани бутун хатти-ҳаракатида сезилади. Чой ичганида — чой, овқат еганида — овқат ундан миннатдор бўлаётганга ўхшайди. Бундай қизлар ҳақида йигитлар, еган-ичгани баданидан ҳовур бўлиб чиқса керак, дейишади. Ёмон ўйга боришдан ўзларини тийишади.

Бокира билан Марварид кийинишда ҳам бири-биридан фарқ қилади. Марварид тоза-озода, лекин аксар эски кийимда. Тартибга ҳам кўп қарамайди — эгни билан бош ва оёқ кийими ранги доим мос келавермайди. Бокиранинг эса усти илгакка илиб қўйилгандек таассурот уйғотади. Бошидаги бўрк қошигача босилган — қиёфасидан ўтмиш маликаларнинг суратини ёдга солади.

Албатта, Бокира “чол-кампир”дан хабар олгани келиб, қўлини совуқ сувга урмайди. Бунга уни қўйишмайди ҳам! Шундай латифа учрайди. Бир чол билан кампир келинга сабоқ беришни ўйлаб, уй ишларини ким бажариши устида баҳслаша бошлашибди. Шунда келин: “Тўхтанглар, — деган экан. — Талашманглар! Ҳамма ишни навбат билан, бир кун сиз, бошқа куни сиз қилинг!” Бокира — шунақа келин бўладиган турқи бор.

Дарвоқе, келин...

“Чол-кампир” Бокирани ўз қизимиз, дейишарди. Иброҳим билан унинг бошини қовуштириб қўйиш ниятлари йўқ эмасди. Кўпдан бери уйда шу гап айланарди.

Иброҳим ҳали қатъий қарорга келмаганини айтиб, фақат ожизгина бўйин бураётган эди.

У гоҳ ўз уйлари, гоҳ қариндош-уруғ даврасида ёшликдан Бокирани кўриб-кузатиб юрганидан, табиийки, қизга нисбатан “бегоналик” қилмас, бу қизни эркароқ ўсгани учун танноз деб ҳам билмас эди. Бокира ҳозирча меҳмон, холос! Уй бекасига “айлангач”, не-не нозанинлар осмондан ерга тушмайди. Шароит тақозо қилса, “қўли косов, сочи супурги” бўлмайди. Турмушнинг ўз йўриғи бор! Бунинг устига, Бокира, шубҳасиз, ақлли, маданиятли. Шаҳардаги кошоналарда ўтган катта йиғинлар, анжуманлар, олий мақомдаги кишилар қатнашадиган томошаларга канда қилмай бориб туради. Керак бўлса, нутқ ҳам ирод қилади. Бир сўз билан, Бокира — янги, замонавий шахс! Марварид эса — бошига гоҳ рўмол ташлаб, гоҳ тўр қалпоқ кийиб ҳам кетаверадиган, дейлик, минг йиллар қаъридан келган оддий-жўн қиёфа!

Иброҳим ота-она раъйига қараши, улар билан ҳисоблашиши керак. Бокира билан ҳам ҳисоблашиши керак — “уйдаги гап”дан у хабардор, қиз бола, билдирмаса ҳамки, Иброҳимга кўнгли мойил, кўнглида шу хонадонни “танлаб” юрибди. Иброҳимнинг ёши ўттизга бориб қолган, масалани узил-кесил ҳал этиш пайти аллақачон етган. Аммо истиҳола унинг йўлини тўсаётган эди. У Марваридга “боғланиб” қолганини ҳам ота-онасига айтолмаётган эди. “Остонаси тиллодан уй”га келин бўлиб тушаётган қизнинг насл-насаби, қайси дарахт меваси эканлигини сўраб-билиш ота-онанинг ҳақи-ҳуқуқи! Мусулмончиликда “ота-онасининг тайини ҳам йўқ”, “ҳароми” ёки “валади зино” деган гап келади. Ота-онаси номаълум боланинг (қизнинг) қаердан, қандай бунёд бўлганини билмайсан. Шу билан бирга, учраган етимни, тамға босгандек иш тутиб ҳақорат қилиш инсофга кирмайди. “Етим қўзи асрасанг...” қабилидаги айбномалар-ку, аниқ номард кишилардан чиққан. Мусулмончиликда етим-есирларга шафқат, улар бошини силаш — илк қаторда туради. “Етимлар, мискинлар ва мусофирлар” — бу уч сўз ояти карималарда алоҳида таъкидланган! Иброҳим Бокиранинг соясига кўрпа тўшаётган ота-она икки йўлдан бирини танлаб, Марваридга қучоқ очишларига кўзи етмайди. Уларнинг минг хил фатво-далил келтириб, исён кўтаришларини ҳис этади. Шунинг учун у вақтни чўзиб, ишни пайсалга солмоқда эди.

Одатда, қиз боланинг кечки пайт уйдан чиқиши қийин.

Лекин йигитга ҳам осон кўчавермайди. Одобни бузмаслик, бировга озор етказмасликка мажбурсан.

Ўша куни Иброҳим ота-онаси-ю, меҳмон (Бокира)нинг кўнглини олиб, кўчага сирғалиб чиққунича маълум муддат ўтган эди.

Ерга қор кўрпа бўлиб тўшалган, ҳамон бўралаб ёғаётган эди.

Таниш бекат бўм-бўш.

Иброҳим учрашувга кечиккан эди.

У Марваридни қидириб, бирга юрган кўчаларни айлана бошлади ва...

беихтиёр “Ҳайвонот боғи” эшигига бориб қолди.

Узоқдан қизнинг қорасини кўриб, титраб кетди.

Эшик берк. Аммо Марварид девор-панжарага бағрини босиб, ичкарига мўраламоқда.

Иброҳим яқинлашгач, пайқади:

қизнинг кўзларида бир олам ҳасрат акс этарди.

Йўқ! Иброҳим кутганига зид, Марварид ўпкаланмади.

Шунчаки эшикка имо қилиб, шикоятланди:
— Дарров беркитиб қўйишибди!

Рўй берган ҳолатдан эзилган Иброҳим, буни билдирмай, эркалаб:
— Келинг. Томоша ўрнига бугун икки ҳисса музқаймоқ еймиз. Бўптими?! — деди.
— Бўпти! — деди Марварид мутелик билан.

Шу куни Иброҳим, ҳимояга муҳтож ғариб бир қизни ҳимоясиз, баттар ғарибликда қолдиролмаслигини сезди. У Бокира эмас, Марваридни ёқтиришини ҳам сезди. Бехосдан ҳамма нарса хаёлида ойдинлашгандек бўлди. Мавридини топиб, ота-онасига ётиғи билан аҳволни тушунтиришга, уларнинг қалбидаги “муз”ни эритишга қарор қилди.

Бироқ Иброҳим бунга улгуролмади.

* * *

Автобусда шаҳарча маркази, денгиз бўйига келиб, почтахонага кирди.

Тирикман, соғман, деб уйга ва Марвариднинг ётоқхонасига телеграмма жўнатди.

Кейин, батафсил хат ҳам ёзди.

Ниҳоят, кўнглида бир оз осойишталик туйиб, почтахонадан чиқди.

Кеч кирган, ҳаводаги ҳовур босилган.

Шаҳарчада шуғулланадиган бирон касби-кор топиши кераклигини ўйлаганича, соҳил бўйлаб шошмай юра бошлади.

Бир гап сира хаёлидан кетмаётган эди:

“Нафрат — шайтоннинг мулки!”

У ўз тақдири ҳақида ўйлаб, қаердадир ўқиган бу гап ёдига тушганди.

Соҳил бўйлаб кетаётиб, яна эслади:

“Қобил қизни севарди, лекин Ҳобилга бермоқчи бўлдилар. Қобил ғазаб-нафратга тўлиб (хусумат жиҳатидан) биродари Ҳобилни ўлдирди.”

Демак, нафрат тарихи энг қадим, Одам Ато давридан бошланган.

Демак, инсон қонида нафрат (муҳаббат билан ёнма-ён) аввалдан келади.

Шунинг баробарида, бора-бора дунёда нафрат “урчиб” кетди.

“Нафрат мактаби” деган тушунча шаклланган. Шу номда китоблар ҳам бор. Бу — иллатга эмас, инсонга нафрат тарбиясидан иборат. Аслида, инсонга бундай дарс бериш, инсонни бу руҳда тарбиялаш жиноятга тенгдир.

Ғайрат Нусрату шотирлари ҳам, ҳатто булар билан чиқишмаган Иброҳим ҳам шу мактабда ўқишган. Бу мактаб пештоқига: “Кимки, бизга қарши турса, шартта-шартта отамиз!” деб оппа-очиқ ёзиб қўйилган. Аммо фақат Иброҳим эмас, унинг “эски оғайнилар”и эмас, анча мавқе эгаллаган ўша Ғайрат Нусрат ҳам “адашган банда”лар, холос. Катта бир дарахтдан шохча, холос!

Дарахтнинг ўзи-чи?

Бир пайт (кечагина, Иброҳимнинг болалик, илк ёшлик йиллари эди), шундай сиёсатчи “доҳий”лар чиқдики, улар оломоннинг нодонлигидан фойдаланиб, илғор зиёлиларнинг миллатпарварлик, ватанпарварлик тушунчасини ўзига ниқоб қилиб олди. Энг аввал, бу қайғули пок ҳиссиётни оммавий тусга киритди. Кейин, гўёки ўз миллати, ватани манфаатини кўзлаб, ривож топишга “халал” бераётган атрофдаги бошқа эл-элатларни бунинг учун “айбдор” қила бошлади. Шу йўсин, бир одамни иккинчисига, бир халққни иккинчи халққа қарши қўйиб, ҳаммаёққа адоват уруғини сепди. Одамлар қилт этмай жон беришга тайёр жоҳил ҳолатда қўлига қурол олди.

Дунёнинг гоҳ у-гоҳ бу чеккасида “ниқоб” йиртилди.

Жумладан, Олмонияда ваҳший бир тўда кўчага, майдонга отилди. Сочлари устарада қирилган, кўпчилик ялангбош эди. Улар ҳар ер-ҳар ерда тўпланиб, бақириб-чақира бошладилар. Майдонларда гулхан ёқдилар. Ҳеч кимдан ҳайиқмай тўполон-тартибсизлик қилиб, ўз ҳукмини ўтказишга тушдилар. Юз-кўзларида уларга йўлиқиб шунчаки оғиз очган кишини йўлдаёқ “иккига бўлиб ташлайдиган” бир ифода муҳрланган эди. Улар “фашист” деб ном олдилар. Дағал этиклари билан ўт-алафни босиб, тўрт томонга бостириб бора бошладилар. Лак-лак тирик жон ўт-алафдек оёқ остида қола бошлади.

Ана, ҳозир ҳам баъзан Фарангистон, баъзан Амриқо, ҳатто Русияда, айниқса яна Олмонияда худди кечаги ваҳший тўда қайтиб бош кўтаришга уринаётгани кўзга ташланади. “Янги фашист (неофашист)”лар вақти-вақти билан кўча, майдонларга чиқадилар. Улар гоҳ Гитлер, гоҳ Сталин суратини қўлларида кўтарган. Кийимларида, тутган байроқларида аниқ хоч шакли...

Бу гапларнинг шу палла Иброҳимга кераги борми?

Албатта.

Бир томондан, бу дунё олдида банда хасдек ёки чумолидек бўлса-да, Бутун Ерни елкасида кўтариб юргандек ҳолатни сезади. Куласизми, куясизми инсон қисмати шу!

Иккинчи томондан, моҳиятан ҳаётда сариқ чақачалик аҳамияти йўқ “қоғозбоз” бир идорада ҳаёт бир маромда давом этаётган, Ғайрат Нусрат хаёлига келган бемаъниликни қилиб қутураётган, атрофдагилар эса бу бедодлик қаршисида чорасизлик, ожизлик сезиб, қулга айланаётган эди. Иброҳим жамоага “сингиш” ўрнига барча одатдагидек “тинч яшашига халал” бера бошлади. Муҳими, у итоатдан бош бурди. Бу дунёда ҳеч бир эски муқим ҳолат ўзгаришни истамайди! Иброҳим фақат бошлиқ эмас, кўпчиликнинг норозилигини уйғотди. Мана, энди қочганига қарамай, ҳамон хатарли ҳолатда юрибди.

Орада нафрат туғилиб, фавқулодда шароит юзага келганида, афти-ангори бинойидек кишилар фашист (ёки садист) бўлиши, ғишт қолипдан кўчиши ҳам мумкин экан!

Иброҳим ҳозир яна қандай савдолар чекида борлигини билмаганидек, бундан сўнг ҳаёти қай йўсинда кечишини ҳам тасаввур қилолмаётган эди.

Шу кайфиятда у бандаргоҳга келиб, овқатлангани бир қаҳвахонага кирди.

Қаҳвахона деярли бўм-бўш, атиги уч-тўрт мижоз дераза олдида сўзлашиб ўтиришарди. Улар Иброҳимга қизиқсинибми, эътибор берибми қарашди. Лекин бунга у аҳамият бермади. Тўрдаги пастак саҳнда сочлари елкасини қоплаган ёшгина йигит юзлаб, балки минглаб одам тўплангандек, завқланиб-берилиб қўшиқ куйламоқда эди. Иброҳим йигитга юзлангани заҳоти негадир, олмон бўлса керак, деб ўйлади. Ва аксар бўлганидек, беихтиёр шарқона эртаклари билан номи тарихда қолган Вальгельм Ҳауфни яна эслади.

Айни дамда, ўзича изтиробланиб, илтижоли пичирлаб ҳам қўйди:
— Худонинг ўзи мададкор бўлсин!

* * *

Худонинг ўзи мададкор бўлсин...

Олдинги карвон эмас, бошқа бир карвон — орадан тахминан минг йил ўтиб, — дашти-саҳрога йўл олган эди.

Сайёҳлар (савдогарлар, зиёратчилар) тун бўйи илдам босишарди. Кундузи ниҳоятда иссиқ, ҳаво алангаланиб ётар, бир қадам суриниш ўлимдан қийин. Тунлар аксинча, салқин, чарақлаган юлдузлар ҳам йўл кўрсатишар эди.

Ҳар куни офтоб кўтарила бошлаши билан, улар тўхтаб, чодир тиклашар, бир оз ҳордиқ чиқаргач, вақтни тезроқ ўтказиш учун кўрган-кечирганларидан суҳбат қуришарди.

Йўловчилардан ҳар ким бир ҳикоя айтиши керак эди.

Бағдодлик Салим Барруҳ Лайлак-халифа тўғрисидаги ҳикоясини тугатган, балсорлик кекса савдогар Аҳмадга навбат етган эди.
— Мен сизларга ўз ҳаётимдан бир воқеани айтиб бераман, — деди Аҳмад. Сўнг шошмасдан ҳикоя қила бошлади:
— “Менинг отам Балсорда мўъжазгина дўкон очган эди. У бой ҳам, камбағал ҳам эмас, ўртаҳол кишилардан эди. Бор мулкини йўқотишдан қўрқиб, ўзини ортиқча уринтирмас, бирон таваккал ишга қўл урмас эди. Мени болаликдан ўзига ёрдамчи қилиб олган, ҳалоллик, тўғриликка ўргатган эди. Вақти-соати келиб ёшим ўн саккизга тўлганида, отам (афтидан, менинг келажагимни ўйлаб) умрида илк дафъа дадил иш тутди, денгизга савдо-сотиқ учун чиқаётган кемага минг тилла тикди. У ўзининг бундай журъатли хатти-ҳаракатидан телбаланиб қолган бўлса керак, ўша кунлариёқ жони узилди. Орадан бир неча ҳафта ўтгач, отам (пул тикиб) мато юклатган кема денгизда ғарқ бўлганини эшитдим ва бу хабар етиб келишидан олдинроқ отамнинг дунё билан видолашиб қўяқолганига шукр қилдим. Мен ҳали ёш, бепарво эдим. Ғам-ҳасрат мени букмади. Отамдан мерос бор танга-тиллани белимга тугиб, мендан ҳеч ажралишни истамаган содиқ хизматкоримиз (Иброҳим)ни ёнимга олганимча, ўз бахтимни излаб олис сафарга отландим.

Биз эсаётган шамолга эш Балсор бандаргоҳидан йўлга тушдик. Минган кемамиз Ҳиндистонга қараб равона бўлди.

Денгизда беш-ўн кун осойишта йўл кечганимиздан кейин, кема дарғаси кутилмаганда, бўронга дуч келаётганимизни айтди.

Дарға анча паришон. У чамаси денгизнинг айни шу жойдаги шароити, баланди-пастини билмаётган ва бўронга юзма-юз туриш учун қурби-тажрибаси етмаётган эди. Унинг буйруғи билан елканлар туширилиб, кема оқим ихтиёрига топширилди.

Тун кирди. Совуқ. Осмонда эса ой порлар эди.

Илк қарашда ҳеч нарса ана-мана бўрон бошланишидан дарак бермаётган, дарғанинг башорати оқланмаётганди.

Худди шу палла бизнинг ёнгинамиздан олдин яқин ўртада кўзга ташланмаган бир кема шиддат билан ўтиб кетди.

Биз хавотирланиб турган бўрон олдидаги даҳшатли сукунатда бояги кема саҳнидан келган ваҳший ва хушчақчақ қийқириқлар, аллакимларнинг баланд товушини эшитиб, нима бўлаётганига тушунмай мен баҳад ажабландим. Мен билан узуқ-юлуқ сўзлашаётган дарғанинг-ку, капалаги учган, ҳол-мадори қочган эди. “Бу ажалдан бошқа нарса эмас! — деб хитоб қилди у. — Кемамни Худо урди!” Дарға нега бундай деяётганини эндигина сўраб аниқламоқчи эдим, ёнимизга денгизчилар дабдурустдан ёқа йиртиб, югуриб келишди. “Кўрдингларми?! — нидо қилишди улар жон ҳолатда. — Бизнинг кунимиз битди!”

Дарға кемани ўзи бошқармоқчи бўлиб, барчадан қуръон ўқиш, ичида калима келтиришни сўради. Лекин бунга улгуриб-улгурмай, кучли бўрон қўзғалиб, сув кира бошлаган кема чок-чокидан сўкилди.

Сувга дарҳол қайиқлар туширилди ва энг сўнгги киши қутулиши асносида, бизнинг кўз олдимизда кемамиз денгиз тубига чўкиб кетди.

Мен ҳамма қатори бор бисотимдан мосуво ҳолда, яланг денгизда қолдим.

Бу билан иш тугамаган эди.

Бўрон дам сайин қутуриб-авжига миниб, қайиқни ўйинга сола бошлади. Мен ва келиб пинжимга кирган кекса хизматкорим (Иброҳим) бир-биримизга ёпишиб, аввалдан меҳрли бўлсак-да, сўнгги нафасгача ажралмасликка онт ичдик.

Ахийри, тонг ота бошлади. Кун қизариб чиқаётганида, қайиғимизни шамол қанотида кўтариб бир ёқларга суриб-улоқтириб ташлади. Мен теграмизда қайиқларда бўлган ҳамроҳларимиздан биронтасини шундан сўнг қайтиб кўрмадим.

Қайиқ бир гал писта пўчоғи бўлиб ўйнаганида ҳушимдан кетган эканман, қайиқни ҳам, мени ҳам қўйвормай бало-қазодан сақлаган кекса хизматкорим (Иброҳим)нинг бағрида ўзимга келдим.

Бўрон тинган эди. Ўз кемамиз жанозаси ўқилганини кўзимиз билан кўрган, бу аён эди, лекин таажжубки, бизнинг қийиғимиздан сал нарида бир кема турибди. Яқинлашганимизда, уни танидим, тунда дарғани ваҳимага солиб шиддат билан ёнимиздан ўтиб кетган ҳалиги кема эди. Унга қараганимдаёқ юрагим ваҳимага тўлган бўлса, у ерда бирон жон асари сезилмаётганидан, тарс ёриладиган ҳолга келди. Шунинг баробарида, учраган кема бизни қутқарса қутқариши мумкин ягона умид даргоҳи эди ва биз ё Муҳаммад! — деб ғайратланишга мажбур эдик. Шундай қилдик ҳам. Қўлларимиз, оёқларимизни ишга солиб, кемага интилдик ва кўп ўтмай, унинг кўланкасига бориб қолдик. Мен кучим борича овоз бердим, аммо кема томондан ҳеч бир сас-садо эшитилмади.

Кеманинг бурун тарафида узун арқон осиғлиқ эди. Мен унга чирмашиб, кемага кўтарилдим.

Ёҳу! Бу не ҳол!? Кема саҳнига чиқиб олганимда дуч келганимни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Бутун саҳн қонга беланган, туркий-арабий либосга ўранган йигирма-ўттиз кишининг жасади узала-чўзила ётар эди. Кеманинг бош устунида башанг кийинган, қўлида тиғ, ранги ўчиқ, кўзлари бақрайганча қотган яна бир одам жасади. У устунга пешонасига қоқилган катта мих билан бириктириб қўйилган эди. Оёқларим бўшашиб, эсхонам чиқиб кетди.

Мендан кейин хизматкорим (Иброҳим) кемага кўтарилди. Тирик бир жон эмас, мозористонни кўриб, унинг ҳам жони товонига тушгандек бўлди.

Биз дуо ўқиб, пайғамбаримиз руҳи поклари қўллашини тилаб, кемани кўздан кечиришга қарор қилдик.

Ҳар қадамда яна бир даҳшатли ҳол рўй бермасмикан, деб орқа-ўнгимизга қарар, ўзи-ўзимиздан хавотирланар эдик. Бироқ атрофда денгиз сокин чайқалиб ётар, кемада ҳам оғир сукунат ҳукмрон эди. Бу жимжитликда биз товуш чиқаришга ҳам қўрқар эдик. Назаримизда, устунга михланган дарға жасади сўник кўзлари билан бизни таъқиб қилаётгандек, саҳнда ётганлардан кимдир туйқусдан бошини кўтарадигандек эди.

Шу ҳолатда пастки қаватга олиб тушадиган зина олдига етиб келдик. Иккимиз ҳам тўхтаб, бири-биримизга тикилдик. Хаёлимиздан ўтганини тилга кўчиришга ботинмаётган эдик.
— Улуғим! — деди ниҳоят содиқ хизматкорим. — Кемада хунрезлик бўлгани кўриниб турибди. Лекин пастда мабодо қотиллар тиқилиб ётган тақдирда ҳам, мен бу ердаги мурдалар билан узоқ мулоқотдан кўра, ўшалар билан учрашишни афзалроқ, деб ўйлаяпман.

Мен ҳам очиғи, шундай фикрда эдим.

Биз ўзимизни қўлга олсак-да, ҳаяжонланиб зинадан пастга тушдик. Бу ерда бизнинг фақат оёқ товушимиз эшитилаётган эди. Хоналардан бири эшиги олдига келдик. Эшикка қулоғимни қўйиб, диққат қилдим — жимжит. Эшикни очдим.

Хонада ҳамма нарса — қурол, кийим-кечак, ҳар хил буюмлар — оёқ остида, атрофда тартибсиз сочилиб ётар эди. Озгина муддат илгари дарғами, ёрдамчиларими хонанинг чангини чиқариб бадмастлик қилишган бўлса керак, ҳатто дастурхондаги идишлар йиғиштирилмаганди.

Биз йўлакдан-йўлакка, хонадан-хонага ўта бошладик ва ё тавба! — ҳаммаёқда марварид, ипак, қоп-қоп шакар, бошқа бойликлар тахтланиб, тўлиб-тошиб ётганини кўрдик. Мен ёш, серҳаяжон бўлганимдан, кимсасиз қолган бу кемадаги эгасиз бутун мулк энди менга буюрар экан, деб ўйлаб хушнудлик сездим. Лекин кекса Иброҳим ҳали суюнишга эрта, қуруқликдан жуда олисда бўлишимиз мумкинлиги-ю, бировнинг ёрдамисиз, ёлғиз ҳолда иш тутиш қийин эканлигини эслатиб, баданимни бир оз совутди.

Бу ердаги мўл-сероб ноз-неъматлар, шарбатлардан тановвул қилиб, қорнимизни тўйғазиб, қайтиб саҳнга чиқдик. Жасадларга қараб, бизни яна ғам босди. Уларни денгизга ташлаб халос бўлишга шахтландик ва шу дамда жонимиз ҳалқумимизга келиб тиқилди. Лошлардан биронтасини ўрнидан қимирлатишнинг иложи йўқ эди. Улар кема соҳнига ёпишиб қолган, остидаги тахта билан кесим-кесим қўпориб-кўчиришга тўғри келар, бу хатарли ва бунинг учун бизда яхши бир арра-тешанинг ўзи йўқ эди. Устундаги дарғани ҳам қимирлатолмадик. Ҳатто унинг қўлидаги тиғни тортиб олишга кучимиз етмади.

Кунни алам-ҳасрат билан ўтказиб, кеч кирганида кекса Иброҳимга ухлаб-нафас ростлаб олишни буюрганимча, ўзим бирон ёқдан ёрдам етиб келмасмикан, деб кема саҳнида навбатчилик қилишга чоғландим. Аммо ой чиқиб, тахминан тун ярмига борганида, мени қаттиқ уйқу босиб, шунчаки бир мундининг орқасида чўккалаганча, пинакка кетдим. Энди кўзим илина бошлаган эди, бехос ҳушёр тортдим. Зероки, шу сонияда елканлар шамолда шитирлаб, кема тўшига тўлқинлар шалоплаб урилаётганини аниқ эшитдим. Кейин, дабдурустдан қадамлар товуши, одамлар овози ҳам эшитила бошлади.

Мен ўрнимдан сапчиб турмоқчи, атрофга қарамоқчи эдим, лекин қандайдир мубҳам куч кўзимни очишимга ҳам, қимирлашимга ҳам йўл бермади. Шовқин-сурон эса кучайиб бормоқда эди. Назаримда, денгизчилар кема саҳнида югуриб-елиб, бақириб-чақирганча, ўз вазифаларини бажаришмоқда эди. Кимнингдир бурро тилда уларга буйруқ бераётганини ҳам пайқадим. Арқонлар таранг тортилиб, барча елканлар ишга туширилганини ҳам ҳис этдим. Уйқу домига тортиб, бошим дам сайин оғирлашмоқда эди. Бири-бири билан чақишган тиғлар, шамширлар жаранги қулоғимга чалинган бир ҳолатда, ниҳоят қотиб қолдим. Аллақачон чиқиб ёйилган офтоб юз-кўзимга тушганида уйғондим. Ўрнимдан туриб, у ён-бу ёнга қарадим. Кема саҳнида манзара ўша-ўша, жасадлар сочилиб ётар, устунга михлаб қўйилган дарға ҳам ўз ўрнида эди. Бўрон, тунда эшитилган сурон менга тушдек туюлди. Ўзимча кулиб қўйиб, Иброҳимни қидира бошладим.

Хизматкор дарғага тегишли хонада фаромушланиб ўтирарди.
— Улуғим! — деди кириб келганимда, надомат билан. — Мен бу жинни кемада яна бир кечани ўтказгандан кўра нақ денгиз тубида балиқларга ем бўлишга минг карра рози эдим! — Ундан шикоят боисини сўраганимда, бундай жавоб қилди: — Уч-тўрт соат ухлаганимдан кейин уйғониб, бошим устида тапир-тупур товушларни эшитдим. Аввалида сиз югуряпсиз, деб ўйладим. Лекин қарасам, тўпиллаётган йигирматадан оз одам эмас, бунинг устига, ҳар хил қийқириқ-қичқириқлар ҳам диққатимни тортди. Кўп ўтмай, зина томондан оёқ товуши баралла эшитила бошлади. Ана шу пайтдан бошим ғувиллаб қолди, худ-бехуд узуқ-юлуқ бир нарсаларни кўрганга ўхшайман. Нима чин, нима рўё, билмайман. Ҳалиги устунга бириккан киши худди мана, бу ерда, дастурхон ёнида ўтириб, май ичиб, ғазалхонлик қилди. Тепада, унинг яқинида ётган қирмизи нимчали киши ҳам келиб, тўрдан жой олиб, у билан бирга май сипқорди! — Кекса хизматкор менга шуларни айтиб берди.

Биродарлар! Юрагим-бечора энди рўйи-рост қинидан чиқди, десам гапимга ишонсанглар керак. Мен ўзи-ўзимни алдашимга эҳтиёж қолмаганди, мурдалар тунда тирилганини кўрганимга шубҳаланиш ортиқча эди. Албатта, бундай жамоа билан бир кемада сайри-сафар қилишнинг мароқли-гаштли жойи йўқ эди!

Менинг Иброҳимим яна ғамгин хаёлга ботди. Сўнг қўққисдан “эсладим!” деб юборди. У дунё кезиб, дунё кўрган ўз бобосининг шайтон васвасаси ва хуружини даф этадиган дуоихайрини эслаган экан. Кекса хизматкорим яна менга сидқидилдан, ихлос билан Қуръон тиловат қилсак, бу кеча сеҳр-жодудан қутулишимизга йўл очилишини уқтирди. Унинг таклифи мени суюнтирди.

Шунинг баробарида, биз хавотир ичида кеч киришини кута бошладик. Дарғанинг хонаси ёнида кичик бир бўлма бор, биз шу ерда беркинадиган бўлдик. Хона ичи кўринадиган қилиб, шу томонга каттагина бир неча туйнук очдик. Кейин, бўлма эшигини ичкаридан ёпиб, мустаҳкам тамбаладик. Иброҳим бўлма шифтининг тўрт бурчига Расули Акрамнинг муборак исмларини ёзиб қўйди. Шу тахлит биз фалокатли тунни қаршилашга шайландик.

Тахминан яна тун ярмига борганида, менинг кўзларим ўзи-ўзидан юмила бошлади. Хизматкорим Қуръон ўқишимни сўради. Ўқиганим сайин руҳим ёришиб, кўнглим равшан тортиб, сергакландим.

Шу фурсатда тепада жонланиш сезилди. Арқонлар ғийқиллаб, кема суриниб, кема саҳнидан оёқ товушлари-ю, ҳар хил овозлар етиб кела бошлади. Биз бир оз жон ҳовучлаб тургач, кимдир зинадан пастга тушаётгани шарпаси эшитилди. Шунда, кекса ҳамроҳим ўз бобосидан ўрганган дуои хайрни ўқишга тушди:

Осмонларга учмайсизми,
Ер қаърига тушмайсизми,
Денгиз тубин қучмайсизми,
Бўронларда кўчмайсизми —
Яратгандан бўлак ким бор?!
Сизга Ёлғиз У Мададкор!

Тиловат, ибодат-илтижо — бошқа, дуоихайрлар, азойимхонликларга мен кўп ишонавермас эдим. Шу боис, ёнимиздаги хона эшиги очилганида, тепа сочим тик бўлди. Хонага кундузи устунга бириккан хушқомат киши кирди. Унинг пешонасидаги мих олиб ташланмаган, бироқ қўлидаги тиғ қинга солинганми, кўринмаётган эди. Унга эргашиб сипо кийинган яна бир киши — тепада, унинг яқинида ётган бири келди. Хонага дастлаб кирган дарға узун қора соқол қўйган бўлса-да, ранги заҳил эди. У кўзлари чақчайиб, ҳар ёққа аланг-жаланг нигоҳ ташлади. Шундоқ ёнгинамиздан ўтиб кетганида, мен уни бемалол кузатдим, у эса биз беркинган бўлмага унчалик аҳамият бермади. Дарға билан унга эргашган киши хона ўртасидан жой олишиб, биз тушунмаган тилда асабий, баланд товушда, ҳатто бақириб гаплаша бошлашди. Юқори пардага кўтарила борган овозлар хона деворларини титратиб, ниҳоят дарғазаб дарға хонтахтага муштини урди. Бироқ унинг суҳбатдоши қаҳ-қаҳ отиб кулганича, ўрнидан турди ва дарғадан унга эргашишини сўраб, юқорига имо қилди. Дарға ҳам ўрнидан сапчиб, қиндан тиғ чиқарди. Улар изма-из хонани тарк этишди.

Биз улар ғойиб бўлишганидан сал енгил нафас олдик. Аммо бизнинг нотинчлигимиз ҳадеганда тугамади. Кема саҳнида урён-сурон бошланган эди. Тепадан анча пайт югур-югур, ҳайқириқ, кулги ва дод-фарёдлар эшитилиб турди. Ахийри, худди кема тарс ёрилиб кетадиган жаҳаннам шовқини кўтарилиб, қиличлар жарангига аралаш ҳаммаёқ гўё остин-устун бўлди ва... бирдан қайтиб зил-замбил сукунат чўкди. Орадан жилла вақт ўтиб кема саҳнига кўтарилганимизда, ҳамма нарса аввалгидек — чор атрофга қон сачраган, жасадлар тараша бўлиб қотган эди.

Кемада бир неча кунни шу аҳволда ўтказдик. Менинг ҳисобим бўйича қуруқлик (ер) Шарқ томонда эди ва кема шу ёққа қараб борар эди. Лекин ҳамма бало шундаки, кундузи анча-мунча масофа босиб, кечалари у кескин орқага суриниб кетганга ўхшарди. Ҳарҳолда, офтоб чиққанида биз ўзимизнинг эски жойимизда эканлигимизни сезардик — эҳтимолки, кема аҳли тунда бутун елканларни ишга солиб, олдинги жойга қайтиб келишга эришарди.

Биз бу даҳмазадан қутулиш учун кеч кириши олдидан елканларни боғлаб, эътиқод билан чарм ўрамасига яна Расули Акрамнинг муборак исмларини ёздик ва хизматкорим таклифига кўра, бобоси дуои хайрини ҳам қўшиб қўйиб, шу чарм билан барча елканларни қоплаб ташладик. Ўзимизнинг бўлмада бу ёғи нима бўлишини интиқ кута бошладик. Ўша кеча арвоҳлар ҳар қачонгидан ҳам юз чандон жазавага тушишди. Лекин ажабо! — эртаси куни тонгда елканлар боғлиқ — биз маҳкамлаган ҳолда турганини кўрдик. Ва энди кема бир маромда сузиши учун кундузлари елканларни етарли даражда очадиган бўлдик. Шундай қилиб, беш кун ичида анча илгариладик.

Олтинчи куни ниҳоят, узоқдан қуруқлик кўринди.

Субҳи содиқ эди.

Мўъжиза рўй бериб, жон сақлаганимиз учун Аллоҳ ва Унинг Расулига ҳамду санолар айтдик.

Ўша кун ва ўша тун қирғоқ бўйлаб суздик ва еттинчи куни эрталаб қаршимизда шаҳар қорасига кўзимиз тушди. Машаққат билан лангар ташладик, хайрият у ўрнашди. Биз кема саҳнидаги қайиқлардан бирини сувга туширдик. Кейин, зўр бериб эшкак эшиб, шаҳар томон суздик. Ярим соатча вақт ўтгач, денгизга келиб туташган дарёга етиб олганча, қирғоқа кўтарилдик.

Дарвозахонада бизнинг қадам қўйганимиз ҳинд шаҳарларидан бири эканлигини аниқладик. Аслида, бу биз сафар қилишни мўлжаллаган жойдан унча узоқ эмасди.

Карвонсаройга бориб, ғурбатли саёҳатимиздан кейин ўзи-ўзимизни сийлаб, зиёфат қилдик. Шу ерда донишманд, аммо (хизматкоримнинг кўнгли тўлсин учун) сеҳр-жодуни ҳам билган бир кишини қаердан, қандай топиш мумкинлигини саройбондан сўрадим. У мени шаҳар четидаги кўримсиз бир ҳовлига бошлаб келди. Эшикни тақиллатиб ичкарига кирганимда Муллей деган кишини суриштиришим кераклигини айтди.

Ҳовлида мени бурни узун, оппоқ соқолли кимса қаршилаб, нега келганимга қизиқсинди. Донишманд Муллейни қидираётганимни билдирдим. Муллей унинг ўзи экан. Мен унга кемадаги шароитни тушунтириб, маслаҳат сўрадим.

Бу денгизчилар қабиҳ бир қилмишлари учун денгизда тентирашга маҳкум этилган, деди у менга. Уларнинг бошлари ерга теккани заҳоти алаҳлашлари тугайди, лекин бунинг учун (биз олдин ўйлаганимиздек) уларни ётган тахталари билан қўпориб ерга олиб тушиш керак, деди яна чол. Кейин, донишманд Худо олдида ҳам, инсоф юзасидан ҳам топиб олинган кема ва бутун бойлиги менга ҳалол, меники бўлишига ҳақли эканлигимни тасдиқлади. Фақат, бу гапни ҳаммага достон қилиб юрмаслигимни тайинлади. Шундан сўнг, у сероб давлатимдан кичик бир улуш совға қилсам, ўз қуллари билан бориб жасадларни олиб тушишга ёрдам беришини айтди. Мен унга ўзи хоҳлаганича бойлик инъом этишимни айтдим. Ва биз арра, болта кўтариб олган бешта қул ҳамроҳлигида йўлга тушдик. Йўлда Муллей, мен билан хизматкорим (Иброҳим) Қуръонга мурожаат қилиб, елканларга муқаддас сўзларни ёзганимиздан таъсирланиб, завқланди. У, биз учун бу ягона нажот йўли бўлганлигини таъкидлади.

Кемага етиб келганимизда вақт пешинга борган эди. Кўплашиб ишга киришдик. Ҳаш-паш демай, жасадлардан тўрттаси кичик бир қайиққа жойлаштирилди. Қулларга уларни олиб бориб кўмиш топширилган эди. Тезда қайтиб келган қуллар жасадларни дафн этишга эҳтиёж бўлмагани, ерга қўйишгани заҳоти улар бир ҳовуч тупроққа айланишганини маълум қилишди. Биз тахталарни кўчира бошладик ва кечгача барча жасадларни ерга етказишга улгурдик. Биргина бош устундаги жасад қолган эди. Биз михни тахтадан суғуриб-ажратиб олишга қанча уринмайлик, бу ишдан ҳеч натижа чиқмади. Мих ўрнидан қилча ҳам сурилмас эди. Менинг бошим қотганди. Ахир, дарғани ерга олиб бориш учун кемани тутиб — бутун сақлаб турган устунни кесмайсан-ку!

Бу ташвишдан ҳам мени Муллей қутқарди. У қулларидан бирига дарҳол қирғоққа бориб, бир идишда тупроқ келтиришни буюрди. Тупроқ олиб келингач, соҳир-донишманд алланималарни пичирлаб, куфлади. Кейин, тупроқни жасаднинг бошига тўкди. Дарға шу ондаёқ кўзларини пирпиратиб, чуқур нафас олди ва михни ёнлаб унинг манглайидаги жироҳатдан юзига иссиқ қон сизиб оқа бошлади. Биз энди михни осонликча суғурдик. Ярадор дарға қуллардан бирининг қўлига йиқилди.
— Мени ким ўрнимдан қўзғади?! — деб сўради у, ҳушини йиғиб. Менга Муллей ишора қилиб қўйгач, дарғага яқинлашдим. — Эй нотаниш зот, ташаккур сенга. Сен мени кўп йиллик азоб-уқубатдан қутқардинг, — деди у. — Эллик йилдирки, менинг таним денгизда сузиб, безовта руҳим тунлари унга ҳамроҳдир. Мана энди руҳим тинчиб, бошим ерга тегадиган бўлди. Ота-боболардан мерос сўнгги маконга бора оламан.

Мен ундан бу саргардонлик сабабини гапириб беришини сўрадим. У яна тилга кирди:
— Бундан эллик йил бурун Жазоирда яшар, давра кўрган, эрка, бедард эдим. Очкўзлигим, нафси бадлигим мени бир кемани қўлга киритиб, шу кемада ҳукмимни ўтказганча, денгизда қароқчилик қилиб юришга ундади. Маълум муддат шу касби-кор билан шуғулландим. Кибру ҳавога тўлган пайтим эди, Занта деган жойда пули-моли йўқ бир дарвеш-қаландар кемага минди. Кемада аёвсиз-дағал жамоа тўпланганимиздан, қаландарнинг рутбаси билан ҳеч ким ҳисоблашгиси ҳам келмади. Мен эса ҳатто унинг устидан масхара қилиб куладиган бўлдим. У бошда индамади, ўзини босиқ тутди. Сўнг бир куни кўпириб кетиб, аччиқ гапирди, нолойиқ, қабиҳ, гуноҳ ишга берилганимни менинг юзимга солди. Ўша сония мен ҳам унга ҳеч нарса демадим. Бироқ тунда ёрдамчим билан ичиб ўтириб, пирнинг танбеҳи бехос ёдимга тушди ва қоним қайнаб кетди. Султонлар айтишга ботинмайдиган маломат гапни менга шу сассиқ бир гадо айтганига чидаб кетавераманми, деб ўйлаб, қаттиқ ғазабланганимча, кема саҳнига югуриб чиқдим. Унинг кўксига тиғ санчдим. У жон бераётиб, мени ва барча шерикларимни қарғади. Бошимиз тупроқ искамагунича бизга ҳаёт ҳам, ўлим ҳам насиб қилмаслигини айтди. Биз ҳамон ундан кулиб, лошини денгизга ташладик. Ёҳу! Шу тундаёқ унинг башорати амалга ошди. Одамларимдан бир гуруҳи менга қарши исён кўтарди. Тарафдорларим тенгсиз олишувда улардан енгилишди ва улар мени тутиб, устунга михлашди.

Шундан сўнг, ҳамма бири-бирини чавоқлашга тушиб, кемада тирик жон қолмади. Менинг ҳам нафас олишим тўхтаб, жоним чиққандек эди. Бироқ мен ҳам, бошқалар ҳам карахтланган эканмиз, холос. Навбатдаги тун келиб, биз дарвеш-қаландарни денгизга ташлаган вақт етганида, ҳамма қайтиб тирилди. Биз одатдаги ҳаётни давом эттираётгандек эдик, шунинг баробарида, фожиали айни ўша тундаги манзара бирдек қайтарила бошлаган, тақдир бизнинг хатти-ҳаракатимизни кишанлаб ташлаган эди. Ой-йиллар ўтиб, на тирик, на ўлик денгизда оқиб юрган эдик. Ерга яқинлашишга умид йўқ, бўронга юзланиб, барча елканларни очиб, ўзни ҳар ён отганимиз, сув остидаги тошларга урилиб парчаланиб кетишни кутганимизнинг ҳам фойдаси йўқ — денгиз тубига ҳам бош қўёлмаётган эдик. Минг шукрки, энди жон таслим қилиш мумкин. Миннатдорман сендан, халоскорим! Сен ғойибдан келиб, мени қутқардинг. Бу кема, мол-мулк сенга омад келтирсин. Буюрсин.

Шуларни деб, дарға бошини эгди. Шу дамдаёқ жони узилиб, шериклари сингари у ҳам бир ҳовуч тупроққа айланди. Биз унинг хокини бир қутига солиб, бошқалар қатори ерга олиб бориб топширдик.

Мен шаҳарда ёллаган ҳунармандлар кеманинг кам-кўстини тузатишди. Кемадаги ортиқча юкни катта фойда билан турли матолар, ашёларга алмаштирдим. Қадрдон танишим Муллейга меҳрибонлик кўргаздим ва ниҳоят, янги кема хизматчилари топиб, ўз ватанимга йўл олдим. Йўлда шошмай ҳар хил мамлакатлардан оролларгача тўхтаб, савдо билан шуғулландим. Тўққиз ой деганда Балсорга етиб келдим. Ё пайғамбар! Ишим юришиб, бахтиқаро дарға қолдирган нақдина-мерос икки ҳисса ошган эди.

Менга буюрган омад, менинг давлатимни кўриб, ватандошларим бу одам машҳур денгизчи Синдбоднинг ғордаги олтинларини қўлга киритган бўлса керак, деб гумон қилишди. Мен уларни бу фикридан қайтармадим. Шу пайтдан балсорлик ўн саккиз ёшга тўлган йигитлар бахт излаб, сафар қилишга одатланишди. Мен уларни ҳам бу шаштидан қайтаролмадим.

Мана, энди осойиштароқ яшайдиган бўлдим. Лекин ҳар беш йилда бир Маккага, ҳажга бориб, бизга доим ўзи мададкор аллоҳимга шукрона айтаман. Раҳмли ва меҳрибон аллоҳдан ўша кема дарғасининг ҳам гуноҳини ўзи мағфират қилишини сўрайман...”

* * *

Иброҳим қаҳвахонада деразага, дераза орқали мовий денгизга тикилиб ўтирганича, Ҳауфнинг эртак-ҳикоятини эслаб, дунёга келиб гулдек очилмай сўлган бу йигитча эҳтимол, ислом динини расман қабул қилмагандир, лекин у мўмин-мусулмон эди, бўлмаса буни шунчалик эътиқодли руҳда ёзолмасди, деб ўйлади. Яна ўша эртак-ҳикоят таъсирида хаёлидан кечирди: “Ҳар қандай ёвузлик номусулмонликдир! Ҳар қандай ёвуз хатти-ҳаракат учун одам жавоб беришга мустаҳиқ эканлиги барҳақ! Балки, мен ҳам билиб-билмай ёвузлик қилганимдан жазога тортилаётгандирман? Поко Парвардигоро, Ўзинг мағфират қил!”

Тўрдаги пастак саҳнда сочлари елкасини қоплаган хонанда ҳамон берилиб турли тилларда қўшиқ куйламоқда эди.

Дераза яқинида, ёруғликда ўтирган йигитлардан бири ўрнидан туриб, кутилмаганда Иброҳимнинг ёнига келди:
— Кечирасиз. Сиз ким, қаердансиз?
— Ўзбекистондан. Ўзбек, — деди Иброҳим.
— Саёҳатга келганмидингиз?
— Йўқ. Саргардонлик, — очиғини айтди Иброҳим.
— Бу ёққа юринг-чи, — шериклари ўтирган томон ишора қилди йигит.

Иброҳим йигитлар қўшиқ тинглаб паст товушда суҳбат қураётган даврага бориб қўшилди.
— Биз туркий қабила. Ўз қавмимизга мансуб кишиларга бефарқ қарамаймиз, — деди ёши каттароқ йигит. — Келинг, қўлни кўкракка қўйиб, самимий гаплашайлик. Сафардан мақсад?
— Мен сафар қилганим йўқ. Мени тўлқинлар шу қирғоққа келтириб ташлади.
— Ватанда аҳволингиз қандай эди?
— Ўзим-ўзимга бошоғриқни “сотиб олмагунча” тинч юрган эдим... Олий маълумотим бор. Ҳарбий хизматни ҳам ўтаганман. Маълум муддат “Иқтисод ва сиёсат” деган идорада ишладим. Лекин сўнгги пайтлар қора ишчи эдим.
— Бандаргоҳда ишлайсиз. Юк ташувчи керак. Бу вақтинча! Сизни кузатмоқчимиз! Таклиф маъқул бўлса, бизнинг идорамиз шу ердан икки бино нарида, эрталаб учрайсиз... Истамасангиз, йўлингиз очиқ, фақат билинг, шаҳарда экансиз, шу дамдан бошлаб барибир, сиз бизнинг кўзимиз остидасиз...
— Ўйлаб кўраман, — деди Иброҳим.

У шаҳарда илк дафъа кўчага чиққанидаёқ бу йигитларга юзлашгани ёмонлик нишонасими ёки яхшилик аломатими, билмаётган эди. Тирикчиликни амаллаш керак, шунинг баробарида, ҳамма нарса мавҳум эканлигидан, бошпана сингари мана, дарров иш ҳам топилганига ортиқча суюнмаётган эди. Унинг жисми-жонини ҳали безовталик, ваҳм тарк этмаган.

Йигитлар туркий лисонда, аммо тилдан кўра кўпроқ аллақандай “томоқдан” сўзлаган эди. Айрим сўзларни Иброҳим шунчаки тусмоллаган, шунга қарамай, гапнинг мазмунига тушунганди. Унинг ўзбек тилидаги нутқига йигитлар ҳам тушунишгани кўриниб турарди.

Соҳил бўйлаб бандаргоҳни, лангар ташлаган улкан кемалар, яқин-олисда сузаётган қайиқларни бир оз томоша қилиб юрди. Кўча охирида топаликлар, уларга туташ — қорли тоғлар юксалган эди.

Ниҳоят, ижара уйга қайтиб келди.

5

Қачон ухлаб қолганини билмайди.

Қараса, рўпарада пастга энган қандайдир узун зина.

У зинадан туша бошлади. Оёқ босгани сайин атроф-олам қоронғилашиб, зим-зиё бўлаётган эди.

Ахийри, тор йўлакка ўхшаш бир жой кўринди.

Тўрда катта-вазмин эшик.

Очди.

Кенг-мўл хонада биргина шам милтиллар эди.

Иброҳим ичкари кириб, толиққанидан шам олдида чўкди.

Шу пайт биров уни елкасидан тутиб, қайтиб оёққа қўйди.

Иброҳим қаради.

Унинг қаршисида фариштадек оқ кийган чойхоначи чол турар эди.
— Сиз бу ерга қандай келиб қолдингиз? — деб ажабланди Иброҳим.
— Мен ҳамма ерда борман. Мен Нуҳман!
— Нуҳ? — бадтар ажабланди Иброҳим.
— Дунёда бир ҳикмат бор. “Тошқиндек фалокат яқин, инсонлар, тўхтанглар, ҳушёр бўлинглар, гуноҳлардан асранинглар, тийилинглар!” дейдиган киши доим керак. Вақти-вақти билан шундоқ кишилар чиқади. Улар борлиқни ғафлатдан, ёвузликдан поклайди. Бундайлар қачон, қаерда бўлмасин, исми Нуҳ!
— Мен тушундим. Ёпирилган бало-қазодан сиз мени ҳимоятингизга олдингиз.
— Ҳимоят худодан! — деди қария. — Менинг вазифам фақат огоҳлантириш.
— Очиғи, хом сут эмган банда, оғайниларим билан иш бу даражага боради, деб ўйламаган эдим. Назаримда, улар ёмон одам эмасди. Тўғри, улар аввалдан ҳар бири ўз йўлида ўртача истеъдодли, баъзан истеъдодсиз, лекин чаққонми-корчалонми, ҳалол-ҳаромга қарамай имконият яратиб, яйраб яшашни ёқтирган йигитлар эди. Бири-бирига ҳалқадек боғланиб, атрофдаги одамлар ҳаёти, тақдирини ҳал қилувчи гуруҳга айланишганди. Улардан қай бирига инсоний юксак, муқаддас тушунчалар бобида сўзласанг, кўзида совуқ бир учқун чақнар эди. Уларнинг ичиқора эканлиги, менга тузоқ қўйиши мумкинлигини хаёлимга келтирмагандим. Мана, энди ҳолим хароб. Уйим куйди. Қачонгача сарсон-саргардон кезаман? Ота-онам, сингилларим, укаларим аҳволи нима кечади? Марварид менсиз қандай яшайди? Билмайман.
— Сарсон-саргардонлик қисмат. Сизга осойишталик, фароғат ҳаром. Албатта, ҳалиям орқага қайтиш, тиз чўкиб тавба қилиш имкони топилади. Енгиш ё енгилиш руҳга, ишонч-эътиқодга боғлиқ. Дунёда ҳар ким ҳам собит бўлавермайди. Аммо сиз ундай қилолмайсиз! У ҳолда сиз ҳозиргидан бошқа қиёфа касб этасиз. Шароитга қараб тусини ўзгартирган буқаламунга айланасиз...

Шам ногоҳ лап этиб сўнди.

Қария қаёққадир ғойиб бўлди.

Театр саҳнасидаги безаклар сингари хона ҳам йўқолган эди.

Иброҳимнинг кўзи қоронғига кўника бошлади.

Бошини кўтариб, юлдузлар чарақлаган осмонни кўрди.

У саҳрода, нақ қум тепаликлари орасида тургандек эди.

Бехос ҳув баланд тепаликда судралган бир карвонга кўзи тушди.

Иброҳим туякашларга яқинлашиб, эътибор берди. Карвон шу қадар бой, шу қадар бойки! Туялар устидаги ёпқичларгача ялтир-юлтир, осмондаги юлдузлар ерга дув тўкилгандек! Булар қаёқдан келиб, қаёққа кетаяпти? Бутун мамлакат бойлигини бир ёқларга олиб кетаяптими ёки бошқа ерлардан мамлакатга бойлик олиб келаяптими?

Иброҳим карвонбошига юзланиб, қўлини кўксига қўйганича, сиполик билан сўради:
— Биродар, йўл бўлсин?

Карвонбоши унга такилиб беозор жилмайди:
— “Ҳожатингни элга арз этмакка ҳожат бўлмасун”.
— Шеър ўқишингиздан, демак, бу бизнинг шарқона карвон экан-да! — Иброҳим шундай деб разм солса, карвонбоши бегона эмас, ўз укаси Исмоил. — И-е! Сен бу ерда нима қилиб юрибсан?
— Сизни қидираётган эдим. Уйдан кетганингизга неча ой, неча йил бўлганини биласизми, ака? Чол-кампир дунёни тарк этишди. Сингиллар, укаларингиздан ҳам бир мен қолганман...
— Ўнингдагилар-чи? Бегонами?
— Ҳам бегона, ҳам ошно... Булар ҳаммаси бутпараст!
— Буддага сиғинишадими? — деб қизиқсинди Иброҳим.
— Буддага сиғинса, гўрга эди. Қадим дунё тарихида ҳам ягона Тангрини ҳеч ким инкор этмаган! Буларнинг умуман дини йўқ, кофирлар. Лекин бутпараст. Турли расмлар, ҳайкалларга сиғинишади. Қабристонларида худди тирик одам қўр тўкиб ўтиргандек, ҳайкаллар ўрнатишади.
— Дунёда ким тушуниб-тушунмасин, ислом сўнгги, комил дин! Биз мулла Абдураҳмон Хўжанинг боласимиз. Шундай экан, сен нега буларга қўшилиб юрибсан? Яна “ошно” дейсан!
— Илож қанча! — деди Исмоил. — Ҳаёт шундай шаклга кириб қолди. Мен булар билан бир йўлдан боришга мажбурман.
— Менга қара! Мени оиламизнинг аҳволи қизиқтиради. Наҳотки, бутун бошли оиладан биргина сен қолган бўлсанг?
— Қизиқ гапирасиз, ака. Гўёки бунга мен айбдордек! Эсласангиз, Қулижон мисгар деган отамнинг қадрдонлари бор эди. Ўн саккизта боладан уйида учтаси яшаб, қолгани қирилган, йўқолган, хасталанган. Дунёда ҳар куни минг-минглаб киши нобуд бўлади. Айниқса, ҳимоясиз болалар. Норасидалар! Хасталиклар, фалокатлардан ташқари, исёнлар, босқинлар, оддийгина очлик, юнунлик, муҳтожлик...
— Бокира деган қиз бўлар эди? — дея мавзуни ўзгартирди Иброҳим.
— Бокира масаласи сал мураккаб... Отам билан онам йиллаб сизни қидириб, йиллаб эшик пойлагандан кейин, сизга аза очган эдилар. Улар Бокирани яхши кўришарди. Нима десам экан... Қисқаси, мени уйлантиришди. Узр, албатта.
— Болаларинг ҳам борми?
— Икки қиз, икки ўғлимиз бор. Мавлуда ва Мавжуда, Ҳасан ва Ҳусан.
— Яхши. Бизнинг ташкилот қайси ҳолда?
— Эшитишимча, Ғайрат Нусрат кетган. Ҳозир унинг ўрнида ташкилотни Нусрат Ғайрат деган киши бошқаряпти.
— Менинг эски оғайниларим-чи?
— Юришибди. Улар энди янги бошлиқнинг шотири. Лекин ўша, вақтидаёқ сизга қарши ҳукмнома ёзилган. Сизни кечиришмайди.
— Сен Марваридни билармидинг?
— Мен билганим, бу қизнинг уч-тўрт ёшида ота-онасини қамаб отиб ташлашган. У аллабир холасими, аммаси қўлида қолган. Кейин, ночорликда етимхонага беришган. Ҳозир қаерда, қандай юрибди, айтолмайман.

Карвон ривоятлар, афсоналардаги каби ниҳоят, йўлга тушди.

Енгил тун шамолида қум денгиз мавжларидек чайқалмоқда эди.

Бу — тушми, хаёлми, тасаввурми?

Иброҳим елкалари дир-дир титраб, қумга чўкканича, кафтларини кўзларига босди.

* * *

Денгиз бўйидаги шаҳарча кўркам.

Бу ерда қишин-ёзин ҳаво мўътадил.

Уйлар “тепаликка қараб ўсиб” борганидан, ҳаммаёқдан денгиз яланг кўринади.

Йўллар четида азим чинорлар.

Боғлар. Фавворалар. Булоқлар.

Аҳоли зич, бунинг устига бу ер карвонсарой қабилида бўлганидан, кўчалар ари уяси. Баъзан суринмай-туртинмай юриш амримаҳол.

Ҳар қадамда магазинлар, дўконлар. Кўча бетларида ҳам анқонинг уруғидан бўлак нарса сотилади.

Турфа рангин бинолар. Томошахоналар. “Энг бемаъни” томошахона эшигида ҳам одам тирбанд.

Қирғоқнинг чўмилишга мўлжалланган жойларида ҳам одам ғужғон ўйнайди. Эркак-аёл, ҳатто оёғи чиқмаган болаларгача ярим яланғоч аралаш-қуралаш, бири-бирининг пинжига суқилиб, чўзилиб ётишади.

Иброҳим талотумни хуш кўрмай ишдан бўш пайтларида кўпинча кўча охиридаги тепаликлар томон йўл олар, бу ерда атроф жимжит, соҳил тинч эди. Биринчи кундаёқ бу ерни у “кашф этган”, “ўзиники”га “айлантирган”.

Мана, энди бот-бот шу ерга келар, катта, бужур бир тош устида соатлаб чексиз, ҳайбатли денгизга тикилганича, хаёл суриб ўтирар эди.

Унинг боболари аслида қадим-буюк, ёдгорликларга бой Бухорои шарифдан. Абдураҳмон Хўжа (қайсидир карвонга илашиб) Тошкентга келган, бу ерда Шамсия бону деган қизга уйланиб, қўним топган эди. Иброҳим ота-боболари ўтган жойларни яхши биларди, отаси билан, гоҳ-гоҳ бўлса-да, сайри-саёҳат қилганди. Ота ва она энди шу ерлик — тошкентликка айланишганди.

Иброҳим укаси Исмоилдан тўрт-беш хат олгач, орада “узилиш” рўй берди, Исмоил афтидан бир пайт отаси (Абдураҳмон Хўжа) тарк этган Бухорои шарифга қайтиб кўчиб кетган эди. Қисқаси, Иброҳим “юрт билан алоқа”ни уза бошлаганди.

Марварид унинг хатларига жавоб ёзиб турарди (аммо у Иброҳимнинг оиласи билан таниш ҳам бўлмаганидан, уларнинг аҳволидан бехабар эди). Ниҳоят, кутилмаганда қиз телеграмма берди: “Истасангиз, ёнингизга бориш, сиз учун жонимни қурбон қилишга тайёрман”.

Иброҳим, кел, жоним, деб жавоб телеграммаси юборди.

“Бараяпман” деб огоҳлантирди Марварид.

Иброҳим бегона ерда аксар зерикар, ўз юрти, ўз “одамлари”ни соғинарди. Айниқса, Марварид! У Марваридни севганига энди-энди зиғирча ҳам шубҳаланмай қўйганди.

У “белгиланган кун”да машина ёллаб, аэропорт томон жилди. Бироқ машина йўлда ҳар хил сабаблар билан бир оз тутилиб, Иброҳим аэропортга сал кечикиб келди.

Аммо гап бунда эмас.

У аэропорт залида бири кўксини чангаллаб йиғлаётган, бири телбаларча айюҳаннос солаётган кишиларни кўрди. Ўзига “керакли рейс” ҳақида суриштиргач, бошидан ҳуши учди.

Самолёт шаҳарчага қўниш олдидан денгиз устида бир қур чарх уради. Айни шу дамда Денгиз билан Осмон “бирлашиб” кетгандек таассурот уйғонади.

Қандай бўлмасин, шаҳарчага учиб келаётган самолёт Осмон билан Денгиз орасидаги тафовутни йўқотиб, тўппа-тўғри Денгиз Тубига “ўқдек” санчилиб кириб кетган эди.

Аэропортда кимдир рўй берган ҳалокатни “техник сабаблар”га йўяр, биров учувчини айблар, бошқаси “об-ҳаво”дан ўпкаланарди (ҳеч ким шаҳарчага дам олгани “ўзимиз”нинг Нусрат Ғайрат — олдинги Ғайрат Нусрат эмас! — учиб келаётганида “осмон бўшатиб қўйилгани”ни тасаввур ҳам қилмас эди).

Бир юз эллик тўртинчи самолётда учган бир юз эллик тўрт киши Денгиз тубига чўкиб ҳалок бўлган эди.

Иброҳим ҳалокат тўғрисидаги ортиқча тафсилотларга берилмай, шаҳарча марказига қайтиб келди.

Албатта, ҳалокатга учраганларнинг барча яқинлари ёнида оҳ-уҳ тортиб, кўзёш тўкиб ярим кун-бир кун аэропортда туриши, маъмуриятнинг оғзини пойлаб энди нима гап чиқишини кутиши мумкин эди. Бироқ тоқат қилолмади. Юраги тарс ёриладигандек ҳолатни сезди. Эзмаланишга ҳожат йўқ, шусиз ҳам рўй берган фожеа аён эди.

Мана, энди Иброҳим етим ҳолатига тушган эди.

Бўш қолдими, ўзи “кашф этган” соҳилга келиб катта, бужур тошга ўрнашар, денгизга тикилганича, кўзларидан вижир-вижир ёш оқарди. У Марваридни қанчалик яхши кўришини илк бора теран ҳис этмоқда эди.

Мурғак-норасида пайтидаёқ ота-онасидан айрилган, қаровсиз қолган, улғая бошлагач ҳам муҳтожлик, оч-юпунлик, ҳимоясизлик машаққатидан боши чиқмаган шўрлик Марваридга оддий-одамий насиба — гўри-кафан ҳам буюрмаган эди. Денгиз бу кун Марварид ва унга ўхшаганларнинг қабристони! Денгиз бу жиҳатдан саҳрони эслатади. Одатда, саҳро қаърида йўқолган кишилар ҳам ҳайвон-ҳашаротларга ем бўлиб, бирон гуноҳлари бўлганидан эмас, тақдир аёвсизлигидан, дунёдан гўри-кафансиз кетадилар!

Шу кунлар самолёт ҳалокати сабабиданми, бошқа бир боиси борми, ҳар қалай денгизга ғаввослар кўп тушишаётган эди. Улар сингари, уларга эргашиб Иброҳим ҳам энди неча бора денгизга тушди, сув остига шўнғишга уринди. Жилла қурса, Марвариднинг “қабри”ни зиёрат қилмоқчи эди.

Денгиз туби қоп-қоронғи. Барқутдек.
Бироқ унда турли нур бор. Зар, ўтдек.
Қизғиш-яшил. Гунафшаранг. Кўк-сариқ.
Балиқларнинг “машъал”лари кўп ёруғ...

Иброҳимга денгиз — “эски таниш”. Ҳали унча вақт ўтгани, унутгани йўқ, у девордек суринган тўлқинлар билан, ўлим билан олишган. Денгиз ости қандай эканлигини билар эди. Лекин қирғоққа яқин, одам сузадиган жойда денгиз ости тоғ этагими-ён бағригами ўхшар, фақат уюм-уюм тошлар, эпкиндек вазнсиз гиёҳлар кўзга ташланарди.Бу ҳали чинакам денгиз туби эмасди.

Денгиз туби қоп-қоронғи. Барқутдек.
Бироқ унда турли нур бор. Зар, ўтдек.
Ўритади “уч юлдузли” қармоқчи —
У нур сари ҳар балиқча бормоқчи...

Ўнлаб катта-кичик қайиқда эрта саҳардан денгизга чиққан балиқчилар ёки денгиз остидан чиғаноқ териб бозорда безаб сотган ҳаваскор ғаввослар денгизни қанчалик “ўрганишган”? Айтиш қийин. Ҳарҳолда, Иброҳим олдин дуч келган ва энди яна кўраётган манзара одамлардан эшитиб юрган ҳикоялардан фарқ қилар эди.

Сал баландда қалқиб-қалқиб жим сузар —
Нозик шоҳи парашютдек медуза.
Қимирлайди гўзал “денгиз юлдузи”,
Қизғиш-сарғиш тусда экан у ўзи.
Ҳам яшил ранг нур тўкаркан ҳар ёнга.
Бу ер кондир қисқичбақа, маржонга...

Умрида қум тепаликларини оралаган киши саҳронинг “ўлик” эмас, тирик бир рангин вужуд эканлигини ҳис этади. Саҳро бепоён бўлгани учунми, уни осмонга ҳам менгзайдилар.

Иброҳим ҳар гал денгизга шўнғигани сайин шу — саҳродаги каби ҳолатни туяр эди.

Денгиз туби серюлдузли осмондек,
Балиқ юзса, худди юлдуз учгандек.
Ҳам яшаркан бунда жайҳун — акула,
Хуллас, бу жой, тарикликка бой, тўла...

Тирикликка бой, тўла! Шу билан бирга, қанча кемалар, самолётлар, одамлар учун қабристон!

Ўзини тупроқ деб билиш, тупроққа эҳтиёткор муносабат қуруқликка хос. Денгизлар, уммонларда-чи?

Иброҳим нега дунёда ҳар куни минг-минглаб кишилар беном-бенишон йўқолаётгани, асосан, инсоният ўзи-ўзини нега азалдан то бу кун қириб ташлаётганига тушунолмас эди.

У ҳаётида (юрагида) ҳамон безовталик, ваҳм борлигидан, орқага дадил қайтолмаган, ўзи Марвариднинг ёнига боролмаган эди. Марварид унинг ёнига келишига изн берган эди. Энди севган қизи қаршисида ўзини айбдор сезаётган эди. Қизда топилган журъат, жонфидолик унда етишмаганидан изтироб чекаётган эди.

Иброҳим ер билан яксон ҳолатда эди.

Лекин инсониятнинг эзгулик истаган, бу йўлга кирган фарзандларидан қай бирига ҳаётда осон кечган?

Бири дорда, бири бадарға...

Чидаш керак.

* * *

Бир куни одатича “ўзиники”га “айланган” соҳилга бориб, ҳар галгидек денгизга тикилиб ўтирган эди.

Олис бир нуқтадаги кема худди оқ иморат — у қайси томон суриниб бораётганини билиб бўлмас эди. Ундан ҳам олисда парда тортиб турган пуштиранг булут эса қирғоқдаги тоғ тизмаларини эслатар, гўё тик бораверсангиз, чиндан яна тоғларга йўлиқадигандек таассурот уйғонарди.

Денгизда кема-ю, шу булутдан бўлак нарса йўқ.

Сув офтоб нурларига қоришиб ойнадек ялтирар, тўлқинлар шалоплаганча, соҳилдаги тошларга оҳиста бош урарди.

Ниҳоят, кема булут бағрига сингиб кетгандек бўлди. Лекин шу аснода сиёҳ тўкилгандек, булут этагида нимадир қорайиб кўринди.

Нуқта дам сайин каттариб борганича, аниқ шакли-шамойилга кира бошлади. Қайиқ!

Денгиз бўйида яшаган балиқчилар баъзан кеч тун, баъзан тонг-саҳарда денгизга чиқиб узоқ-узоқларга кетиб қолишларию кун ейилганида қирғоққа қайтишларини Иброҳим биларди. Бу қайиқ ҳам балиқчиларники бўлса керак, деб ўйлади.

Аммо қайиқ яқинлаша-яқинлаша унинг рўпарасига келиб тўхтади. Қайиқдан у кутганидек кексами-ёш ҳорғин балиқчилар эмас, алланечук мамнун, бахтиёр — келишган киши ва ниҳоятда кўҳли жувон тушиб, у ён-бу ён кўз ташлашди. Одамлар бири-бирига асосан бегона деб қарайдиган шаҳарчада саломлашиб гаплашишга ҳар кимда майлу рағбат топилавермайди. Боягилар эса Иброҳимни пайқаб жилмайганча саломлашишди. Сизга халал бермаймизми, деб ҳам сўрашди. Кейин, қайиқ бурнидаги арқонни ярми сувга ботган тошга шошмасдан боғлаб, ўзларига ўтиргани жой ҳозирлаша бошлашди.

Иброҳим ўрнидан туриб, тепалик томон юрди.

Тепаликдаги кафтдек майдончадан иланг-биланг ипдек сўқмоқ тоққа ўрлаган эди. Иброҳим бандаргоҳдаги йигитлардан ҳув тоғ ўркачида икки қабр — бир рассом ва унинг хотини қабри борлигини эшитганди. Хотини вафот этганида рассом уни ўша ерда дафн эттирган, қабр ёнида ўтириб расмлар чизган ва ўзи ҳам кўз юмганида шу ерга қўйишларини васият қилган. Бу ҳолатдан эр-хотин орасида бўлган катта муҳаббат нафаси келар эди.

Иброҳим сўқмоқдан юқорига кўтарилди.

Бу — супадек бир жой. Жарлик билан денгиз ўртасида қўнқайган. Ўркач, холос.

Иброҳим қўш қабр пойида чўкиб, булар иккисининг миллати, дини қайси эканлигини ҳам ўйламай, уларга бағишлаб тиловат қилди. Юзига фотиҳа тортгач, қўзғалиб ўзи келган сўқмоқ томон қаради.

Бир қизми-жувон юқорига кўтарилаётган эди.

Иброҳим диққат қилдию...
нафаси бўғзига тиқилди.
Марварид!
Дам ўтмай, қиз унинг ёнига етиб келди.
Бағрига отилди.
Худойим!

Шу пайт қиличдек кескир, кучли бир шамол туриб уларни қамраганича, оёқларини ердан узди.

Денгиз томон учириб кетди.

Бири-бирининг бағрига сингиган Иброҳим ва Марварид денгиз устида учиб боришар...

улар инсон наслидан эмас, бирон қуш ҳам эмас...

осмонда чарх ураётган —

филларни эслатишар эди.

Иккинчи Қисм - Най Садоси

6

Унга аввалида олисдан от дупури эшитилаётгандек туюлди.

Сўнг, назарида, дарвоза кескин тақиллади.

Ниҳоят, отнинг кишнаганию одамларнинг ғала-ғовури эшитила бошлади.

Тушми? Ўнгми?

У бир ёндан иккинчи ёнга ағдарилди. Айни дамда сассиз бир шарпа хонада ғимирлаётганини сезди. Истар-истамас кўзини очиб, мулозим ташвишланиб турганини кўрди.
— Сизни сўрашаяпти, бегим.

Маҳал-бемаҳал ҳар ким уни безовта қилмасди. Шу боисдан, сўраган ким бўлди-ю, қандай юмуш чиқди экан, деб ўйлаб, ўрнидан малол билан қўзғалди. Пойгакда энди мулозими тутган обдастадан қўлини чайиб, юзини ювди. Тўнини шошмасдан кийиб, ташқари чиқди.

Тонг ёриша бошлаган, лекин ҳали фонуслар ўчмаган. Илк навбатда оқ от олдида қомат тиклаган сипоҳига кўзи тушди.

Туш эмас, ўнг экан!

Уни бехос йўқлашга сабаб борми?

У олдинга босар-босмас, ҳовлида тўпланганлар нафас ютиб, орқага чекинишди. Фақат сипоҳи отни қолдирганича, қўли кўксида илдам юриб, тиз чўқди:
— Шаҳзодам! Минг қатла узр. Турғизишга тўғри келди.
— Нима гап?
— Онҳазрат сизни қистов келсин дедилар.

Индамай изига қайтди.

Мулозим тез кийинтирди. Йўл учун сув ва томоқ ҳам тайёрланган эди.

Эшикдан чиқиб бир дам паришонланди.

Рўпарадаги уй эшиги, деразаларига қаради. Уйда шам ёқувли, юқори дераза яқинида энага жойнамоз устида ибодат бажо келтирмоқда. Болаликда волидаси вафот этган. Бу аёл шундан буён она ўрнига ўтар эди.

Энага юзига фотиҳа тортиб, деразани очди:
— Бегим! Бошингиз тошдан бўлсин. Парвардигоримнинг Ўзи сизни учраган бало-қазодан асрасин. Дўсту душман олдида хорликдан, забунликдан халос этсин. Ҳар қадамда мадад берсин. Омин.

Энага қўлларини юзига суйкагач, негадир бармоқларини лабларига босди.

Ҳайбатли ҳовлининг баланд гужум дарвозасидан бояги отга бошқа бир оқ от қўшилиб чиққанича, Мадора шаҳарчасидан Тошқўрғонга қараб йўл олди.

Мадора Тошқўрғонга нисбатан ҳам қадимий, обод ва ораста жой. Отлиқлар кўчадан-кўчага ўтиб, чойхоналар, катта-кичик ишратхоналар, дўконлар, усти айвонли уйлар, яшнаб ётган боғларни оралаб боришаркан, шаҳзода ҳозир ҳамма нарса билан хайрлашаётгандек ҳолатда эди. Улар қуюқ бир дарахтзорни ёнлаб, шер шаклидаги тарновларидан шариллаб сув қуйилаётган ҳовуз бўйига чиқишганида, у беихтиёр отнинг жиловини тортди. Унинг хаёлида ярқираган жоду кўзлар, соядек нозик вужуд жонланган эди! Шаҳзода ҳамма нарса билан хайрлашишга чоғлангани ҳолда, ҳатто ишқи тушган, ўзи учун Мадорада танҳо, азиз сиймо билан хайрлашмагани ва хайрлаша олмаслигини мана энди ҳис этди.

Сўнгги пайтлар мамлакатга душман бостириб келаётгани тўғрисида совуқ миш-миш тарқалган. Ҳаммаёқ нотинч, чўп суқилган ари ини.

Шаҳзода бундан бехабар эмасди.

Лекин у ҳали жуда ёш, мўйлаби энди сабза урган йигит эди. Шўх. Ўйинқароқ. Бедард! Душман келса, отам бор, ўзи чора кўради, бизни ҳимоя қилади, деб ўйлар эди. Унинг ҳаёти бу кунгача тинч эди. Бу кун саҳардан ҳаловати бузилди. Шу асно отга қайтиб қамчи соларкан, маҳзун бир ҳолат уни чулғади. Шаҳзода шу паллада онҳазрат нега чақирганига ҳам тушуниб етган эди. Юзлашган соатда шоҳ ота нима дейиши мумкинлигини башорат сингари тасаввур қилди:
— Ўғлим! Душман маккор, аёвсиз. Бунинг устига, шаҳар дарвозалари калитини унга қўшқўллаб топширадиган хоинлар топилади. Мен қариб қолдим. Ҳолим йўқ. Сен ёшсан. Юртни асра, халқни асра! Бировлар топташига йўл берма! Сенга насиҳатим ҳам, васиятим ҳам шу...

Отлиқлар Мадорани орқада қолдириб, очиқ далада кета бошлашди. Ва кўп ўтмай, бепоён саҳро бошланди.

* * *

Мисдек қизиб ётган мажнун-саҳрода Дарвеш олдин қўлидаги ирғай таёғи, кейин озғин оёқлари тиззагача қумга ботиб, имиллаб борар эди:
— Ҳақ дўст! Ў аллоҳ!

У чарчаган, чанқаган, оч. Унга қўнадиган бир манзил керак. Ҳарҳолда жисмига жон киритадиган ўша манзилга етиб олишни умид қилиб, қолган-қутган бутун кучини сарфламоқда эди.

Ахийри, олисдан шаҳар қорасига кўзи тушди.

Аммо шу лаҳзада орқадан булутдек ёпирилиб келаётган бир тўп отлиқ кўринди.

Дарвеш ажабланиб тўхтади.

Кўп ўтмай, отлиқлар яқинлашишди. Дарвеш ўртада келаётган киши қўшин бошлиғи эканлигини кўнглида сезди.
— Ҳақ дўст! Ў аллоҳ!
— Биз дунёни эгаллаётган мамлакатмиз! Сенинг юртингни ҳам босиб олмоқчимиз! — деди ўртадаги киши. — Сен ким?
— Искандарнинг шохи бор.
— Сен ким деяпман.

Дарвеш бошлиққа тиржайиб қаради.

Бу одам қизиқ экан!

У — Яссавий бўлиши мумкин.

Оллоҳёр бўлиши мумкин.

Машраб бўлиши мумкин...

Сен уларнинг кимлигини, ақалли номини

билмайсан-ку!

Ўз улуғларингни байроқ қилиб кўтариб,

ҳаммаёққа шу байроқни қадагинг келади.

Бизга бегона бир оламни тиқиштириб,

яна кимлигимни сўрайсан!
— Мен Дарвешман.
— Озиб-тўзиб кетибсан, оғайни. Сенга кўнглим ачиябди. Тила тилагингни, — деди босқинчи.
— Бошингизни бир кўрсатинг, — деди Дарвеш.
— Бошимни? Бошни нима қиласан?
— Шох борми, йўқми?
— Эй, одам кийик эмас. Эчки эмас!
— Барибир. Учрайди. Ана, яқинда, Сурхонда...

Бошлиқнинг жаҳли чиқди.
— Тентак... Олиб бориб зиндонга ташла, — имо қилди аскарларига. — Ҳар хил аҳмоқ гапларни гапириб юрмасин.

Орадан уч-тўрт кун ўтгач, саркарда боши қичиб шох ўсаётганини пайқади.

Аскарларидан Дарвешни олиб келишларини сўради.

Улар ерга чўккан зим-зиё зиндонга кириб, кутилмаган ҳолатга дуч келишди.

Дарвеш ўзи-ўзидан қаёққадир ғойиб бўлган.

Зиндонда фақат унинг жулдур жандаси қолган эди.

* * *

Ўша куни — айтишларича, — зиндондан олиб чиқиб кетилган жанда гоҳ-гоҳо қайсидир зиндонларда “қайтиб жонланган” эмиш!

Дарвеш-чи? У, эшилган арқондек туйнукдан тушиб-тортилиб турган нурга чирмашиб, зиндондан чиқиб кетган эмиш!

Бунга ким ишониб-ишонмаслиги ўзига ҳавола. Лекин...

Тошқўрғонга ниҳоят етиб келган шаҳзодага кекса шоҳ ота шундай дегандек бўлди:
— Ўғлим! Ҳар қандай душман ўз юрти, халқини сенинг юртинг, элингдан устун деб билади. Беписанд қарайди. Лекин бошида шохи бўлган ҳатто бирон жаҳонгир ҳам юрагида ўти бор, эркни таниган одамни енголмаган. Топтаёлмаган! Яна билгинки, ташқи душмандан ҳам кўра кўпроқ уларнинг аравасига минганлар ёмон. Улардан эҳтиёт бўл. Ҳар кимнинг олдида ўзингни йўқотма, ўғлим...

* * *

Бу ривоятларми-ҳикоятларни Ворис бобоси Исмоил Хўжадан эшитган эди. Бобосидан яна Иброҳим деган унинг акаси бир пайтлари йўқолганини ҳам эшитган.

Тўзон хас-хашакни йиғиб-жамлаб, шар шаклига келтириб аллақаёқларга элтиб ташлаганини кўрганмисиз? Баъзан инсонни ҳам шамол-тўзон шундай учириб кетган, ўрнидан кўчиргандек бўлади. Гирдибодга тушиб, бир неча қадам босишнинг ўзи нақадар мушкул эканлигини сезасан.

Бироқ инсон чидамли, бардошли. У саҳрода изсиз йўқолиб кетмайди. Сарсон-саргардонлик, бутун машаққатлар, кулфатлар, озорларга қарамай, кўксини шамолга тутганича, илдам бораверади. Бораверади.

Саҳрода уч белги: ёлғиз дарвоза, кейин сардоба, кейин чор атрофдаги телпакка ўхшаган тепаликлар, бу — босиб ўтилган йўл, тарих.

Бир кунлардаги шон-шукуҳини ҳамон йўқотмаган ёдгорликлар, харобалар. Синиқ сопол идишлар. Ҳайкал ва ҳайкалчалар. Тангалар. Бу ҳам — тарих.

Осмондан туриб ерга кўз ташласангиз, тарих ва бу кун туташ, иккиси ёнма-ён яхлит бўлиб туюлади.

Биз кўприк устидамиз. Ўтиб-ўтмасимиздан, янги-янги авлодлар кўприкни эгаллайди.

Улар яна шамолга кўксини тутиб, илдам бораверади. Бораверади...

Ворис ҳар гал бобосидан эшитганларини, айниқса Иброҳимни эслаганида шу гаплар хаёлидан кечар эди.

Бу гал ҳам уйдан кетаётиб унинг хаёлини, аслида ўзи кўрмаган-билмаган — Иброҳим банд этганди.

Ворис ич-ичида Иброҳимни қандайдир яхши кўрарди.

7

Ҳусан кўчада бошини эгиб, ер чизиб бораётган эди.

Хаёл сури-иб!

Аниқ нимани ўйлаяпти? Ўзи ҳам билмасди. Киши йўлда кетаётиб узуқ-юлуқ ҳар нарса ёдингга тушади.

Қандай бўлмасин, бир мисра уйдан чиққанидан буён қулоғи остида янграётган эди:

Тўкулғонимиз бу даврда тўлғусидур...

Ҳусан ахийри фикрини жамлаб, бир замонлар Хожа Абулбарака мушоирада айтган мисранинг маъноси устида бош қотира бошлади... Фалсафа бўйича, одам идишга қиёсми? “ТўкҒладиган” ва “тўладиган”? Гап “идиш” ичидаги сув — ҳаёт тўғрисида бораяптими ёки ҳаётдаги инсоний насиба — йўқотиш жабрию эришиш бахти ҳақидами? Балки, умуман, гап комиллик устида боргандир? Биз аксар “доно”лик қилиб юрамиз-ку, эски китобдаги биргина мисрага баъзан “тишимиз” ўтмайди.

У манзилга етиб келганини сезмаган эди.

Бошини кўтариб тўғрига қараганича, анграйди.

Ҳусаннинг опалари — Мавлуда ва Мавжуда билим даргоҳи яқинидаги бир тош устида ўтиришарди.

У опаларини кўрган лаҳзада опаларнинг ҳам унга кўзи тушди. Ўринларидан туриб, этак қоқишди.

Ҳусанга шу сонияда опалари қариб, бир оз афтода бўлиб қолгандек туюлди. Юраги алланечук ачишди. Шунинг баробарида, икки опа унга онаси Бокира бону ва отаси Исмоил Хўжани эслатишди. У жигарларини олдин бу эшикда бирон пайт учратмаганидан, сал саросималанган эди. Лекин ўнгланиб, дарҳол улар томон юрди. Опаларнинг ҳам чеҳраси ёришди. Ҳусанни онадек бағирларига босишди.
— Бу ерда нима қилиб турибсизлар? — деб сўради Ҳусан ниҳоят.
— Сени кўргани келдик.
— Нега уйга боравермадинглар?
— Сизлар уйдами-йўқ, билмадик, — деди Мавжуда. Мавлуда қўшиб қўйди:
— Ҳозир поезддан тушдик.
— Шоира уйда. Сизлар боринглар. Мен, икки соатгина дарсим бор.

Опалар кўтариб келган тугунларини қўлларига олишди.

Ҳусан ойнаванд эшикдан узун йўлакка кириб бораркан, опаларини учратганидан номаълум бир ҳаяжон туймоқда эди. У негадир яна онаси Бокира бону, отаси Исмоил Хўжани эслади.

Ҳусан отаси олдида меҳрли ва итоатли фарзанд эди.

Урушда бўлган, кейин қамоқда ҳам ётиб чиққан (бобоси уруш қаҳрамони бўлса, нега қамашади? Жиноятчи бўлса, нега орден-медал беради? Ҳусан то ҳозир бу мантиқсизликка ҳеч тушунолмасди. Қисқаси), эгнида гимнастёрка, шинел, бошида салла, ярим мулла-художўй, ярим ишчи-деҳқон Абураҳмон Хўжанинг ўғли эканлиги учунми ёки бутун оиласи қирилиб, акаси Иброҳим ҳам бадар кетгани учунми, Исмоил Хўжа содда, меҳнаткаш, хокисор, гуноҳ қилган боладан ҳам узр сўрайдиган беозор киши эди. Бир оз журъатсизми-эҳтиёткор ҳам эди, шунчаки эшик тақиллаганда чўчиб тушишга одатланганди. Эски-арабий китоблар ўқир, айтадиган гапи асосан, ота-боболардан келган тартиб-одоб бобида бўларди. Ҳусан ҳали ёш, муросасиз эди. У тун-кун отни қамчилагиси келар, унга отаси “ожиз”лигидан доим аравани орқага тортаётгандек бўлиб туюларди. Мана, энди ўйлаб кўрса, от чопгани билан араванинг ўзи орқада экан! Ҳусан отасининг феъл-атворидан вақтида норозилангани кўпинча ёдига тушиб, ўзи-ўзидан хижолат чекарди.

У волидаси олдида айниқса меҳрли, итоатли эди.

Бокира бону эрининг акси, дадил ва фаол. Бола ўстириш, уй юмушларидан ташқари, ательеда тикувчи эди. Оила ҳаётида бирон чигаллик чиқса, эрига қараб ўтирмай, ҳал қилиб кетаверарди. Афти-ангоридан катта бир давраларда юриш, кўркам бир шароитда яшашга муносиб аёл, лекин машаққатли рўзғор гирдобига тушиб қолгандек эди. Мана, энди Ҳусан ҳар гал онаизорини эслаб юрак-бағри эзиларди.

Маъруза ўқийдиган хонага қараб кетаётиб, табиий ҳолда Ҳусан оиланинг яна бир аъзоси — ўз биродари Ҳасанни ҳам эслади. Рангин бир манзара кўзи олдидан ўтгандек бўлди.

Ҳа, улар эгизак эди.

Ҳасан ва Ҳусан!

Аввалдан элда бор тартиб: болаликда уларнинг иккисини камситмай-ўкситмай қўғирчоқдек бир хилда ясантиришар, иккисига уйда тенг меҳр кўргизишарди. Эгизаклар бир боғчага қатнаб, бир мактабга борган, ўн йил бир синфда, бир партада ўтириб ўқиган эди. Ўша болалик даврида бегоналар тугул синфдошлардан муаллимларгача уларни адаштиришганидан, кўп кулгили ва завқли ҳолатлар юз берган. Бу эмас, ҳатто падари бузруквори Исмоил Хўжа Ҳасанни Ҳусан, Ҳусанни Ҳасан деб мурожаат қилган пайтлар ҳам учрайдики, ёқа ушлашга мажбурсан. Фақат мискин она Бокира бону бошини кўтариб тик қарамай уларни фарқлай олар эдики, қандай буни эплагани унинг ўзига ва Ўлғиз худога аён!

Болалик кунлари ўтиб, мактабни битирган Ҳасан ва Ҳусанга ота-она афтидан ҳамон бирдек либос кийдириб, уларни бир йўлга солишмоқчи эди-ку, иложи бўлмади. Бу дунёда вақти келиб жон-жигарларнинг ҳам турқи-таровати ўзгариб, ҳаёти ва қисмати турлича шаклланар экан! Ҳасан ота-онаси ёнида, оила кўчиб келган Бухорода қолиб, газчилар билим юртига ўқишга кирди. Ҳусан бир пайт бобоси Абдураҳмон Хўжа, бувиси Шамсия бону яшаган, қабрлари ҳам қолган пойтахтда ўқишни орзу қилиб, дорилфунун эшигини қоқди.

Кўз юмиб очгунча улар улғайиб, ҳар бири ҳаётда ўз ўрнини эгаллади.

Ҳасан ҳозир Навоий вилоятида обрўли раҳбар. Таниқли киши.

Ҳусаннинг ҳам мавқеи ундан кам эмас. Эътибор топган олим. Китоб ёзади. Таниш-билиши сон минг.

Бу кун аввалгидек эгизакларни икки томчи сув деёлмайсиз. Яқин биров ўхшатмаса, қолганлар хаёлига ҳам келтирмайди.

Ҳасан спортчилар каби йўғон, миқти. Кибор, баъзан кескин.

Ҳусанни ҳам мабодо спортчига қаёсласа, кураш тушадиган ёки муштлашадиган эмас, сакрайдиган ёки узоқ масофага югурадиган хилидан. Камтар, хокисор (йиллар ўтиб, суяги отасига тортгани билинган бўлса керак).

Энди фақат опалар Бухорода яшайдилар. Улар, поччалар, жиянлар гоҳ-гоҳ Тошкентга келиб туришади. Бироқ Навоийга кўпроқ боришади. Навоий яқин. Қолаверса, Ҳасаннинг имконияти бошқача.

Албатта, эгизаклар ҳам кўришиб турадилар. Кўришмай қаёққа борасан!

* * *

Ҳусан эслаганларини “сандиққа солиб-қулфлаб” дарсхонага кирди.

У қарийб чорак аср талабаларни “имтиҳон қилиш” давомида ўзи ҳам гўёки мунтазам имтиҳон топширарди. Бир Ўзувчи айтган экан: “Ўшлар олдинда юрадилар. Ҳаётдан четланмаслик учун бирга бўлиш керак”.

Улар олдиндами — орқада эканлиги баҳсли масала. Таълим-тарбия бутун дунёда йилдан-йил қийинлашиб бораётгани аниқ гап!

Буниси майли.

Фалсафа — тафаккур демак.

Тафаккур эса — симоб.

Ана, юзлаб китоб. Биргина дин бобида муносабатнинг минг бора ўзгаргани. Гоҳо роҳибона, гоҳо даҳриёна.

Турфа мазҳаблар. Оқимлар. Яна риндлик.

“Ислом экстремизми” деган гап чиққан. Бу икки сўз бири-бирига зид.

Фалсафа (агар у чиндан қатордаги бир фан бўлса) ҳеч қачон тугал шаклланган эмас. Бу кун талабага бир фикрни тушунтириб, эртага тескарисини айтиш субутсизлигидан хунукроқ ҳолат борми? Токи инсоният комил бўлмагунича фалсафа етук бўлолмайди! Қўлига китоб олишга иштиёқи йўқ талабани бу кети берк кўча (лабиринт)га қандай бошлаб, қандай етаклаб чиқиб кетасан?

Дарс соати тугаб қўнғироқ чалинишига оз қолган эди, Ҳусанни дўсти Қурбон домла йўлакка имлади:
— Эшикда сизни кутишаяпти. Жигарлар келган экан!

Оббо...

Ҳусаннинг жони худди товонига тушди.

Мавлуда ва Мавжуда қайтиб бу ёққа келишганмикан? Сабаб?

Шоира уйда бўламан деганди. Кўчага чиққан эканми? Худо сақласин, у...

Ўзи яхши аёл! Лекин туйқусдан меҳмон келишини ёқтирмайди.

Одатда, уйга “бостириб” келган меҳмонни нохуш, қош-қовоғи бир қарич осилиб қаршилайди. Унга, таомил шу, меҳмон отангдай улуғ, деган гапни тушунтиролмайсан. “Нега ҳар ким отамдай улуғ бўлар экан, бир оғиз айтиб келса, ўлмайди-ку!” деб туриб олади. Умуман, уйда истаган палла меҳмон кутадиган шароит ҳам топилавермайди. Домла (олим)нинг бир ойлик маоши баъзан бир ҳафтага етиб-етмайди. Ўзингни ҳар ёнга уриб сал тайёргарлик кўрмасанг, уялиб қоласан! Бу жаҳатдан, Шоира албатта, ҳақли.

Ҳусан шуларни ўйлаганича, эшикдан чиқдию...

қаради.

Пастда, анча нарида сут билан чайгандек янги машина...

машина ёнида, дарахтлар томон юзланган Ҳасан турар эди!

Биринчи навбатда Ҳусан кўзларига ишонмади. Опалар изидан бу кун Ҳасан ҳам келиши ақлга сиғмасди. Нима, шунчаки тасодиф туфайли бундай бўлдими ёки қандайдир муносабат бору жигарлар атай шундай қилишдими?

Кейин, Ҳусан бу гал Ҳасан ҳам хабарлашмагани ва уйга бормай, тўғри бу эшикка келганини ўйлади.

Эгизаклар бири-бирини қучишди.

Ҳусан машина ёнида куймалаётган ҳайдовчига ҳам қўл узатди.

Қачондан бу расмга кирди? Ҳусан сезмай қолган, у “сиз”сирар, Ҳасан уни “сен”сираб гаплашарди:
— Яхши юрибсанми? Тинчмисан?
— Раҳмат. Ўзингиз? — Ҳусан беихтиёр “гуллади” — Эрталаб опалар келишган эди.

Ҳасан бехабар экан, кўзларини йирди:
— Опалар? Уйдами?

Ҳусан қисиниб бош тебратди.
— Мен вақтим зиқ, ярим кунга келганман. Ҳозир қайтиб кетаман, — деди Ҳасан. — Опаларга индама. Хафа бўлишади. — У яқин кишилар гапига халал бермасликка фаҳми етмаган ҳайдовчига кўз қирини ташлаб қўйиб, Ҳусанни қўлтиқлаганча дарахтзор томон бошлади. — Сенда ишим бор. Илтимос, — деди шундан сўнг. — Ворис мени қон қилиб юборди. Қаёқлардадир юрибди, — деди ўғли ҳақида. — Ўзини тутиши бетартиб! Ўйламай гапиради, алжийди! Шу ёқда экан, одамлар кўрибди. Сен уни топ. Домласан, олимсан, насиҳат қил. Менинг бошим қотган.

Ҳасанни идора ишларидан бўлак бу ташвиш пойтахтга олиб келганини ҳис этган Ҳусан фаромушланди.

У Ворисни кам кўрган, кам кузатганди. Яхши билмасди.
— Мен бир суриштирай-чи! — деди.
— Суриштириш кам. Узил-кесил! — деди Ҳасан. — Опаларга буни ҳам айтма. Аёллар оғзи бўш, гапни кўпайтиришади. Уч-тўрт кун ичида яна қўнғироқ қиларман.

Боягидан ҳам ўйчанроқ кўйда машинага қараб юрди.

Орқа ўриндиқдан қандайдир халтани олиб, қайтиб Ҳусанга яқинлашди:
— Совға! Биласан, қуруқ қўл билан келолмайман, — бу гал тез одимлаб, машинага минди.

Ҳайдовчи энди ўз ўрнида ўтирарди.

Машина дам ўтмай, зув этиб дарахтлар панасида беркинди.

Бу кун опалари билан дийдорлашганида суюнган Ҳусан биродари Ҳасанни кўрганидан ҳам ҳаяжонланган эди.

Улар ҳеч муболағасиз, бир қориндан талашиб тушган. Фақат бу эмас, бор-йўғи уч дақиқа фарқ билан дунёга келганлар.

Эгизаклардан ким дастлаб, ким кейин кўз очганини билиб бўлмайди. Бунга вақтида аҳамият берилмаган. Исм тахминан қўйилган ва аслида, Ҳасан қолиб, Ҳусан уч дақиқага катта бўлиши ҳам мумкин! Дунёда шундай содда ҳақиқатлар учрайдики, ҳеч қачон ҳеч ким тагига етмаган ва етишга ортиқча уринмаган! Зероки, ҳар бир ҳақиқат оламшумул ҳодисага айланавермайди! Улар эгизаклар, холос. Буни тан олишга бурчли эдилар.

Сут билан чайгандек машина дарахтлар ортида ғойиб бўлгач, Ҳусан қизиқсиниб халтани очди. Олма-анор, ҳолва-новвот. Бир боғлам пул ҳам... Ҳасан шунақа, барча жигарларига меҳрибонлик, ғамхўрлик кўрсатиб юради!

Лекин Ҳусан бир дам бурунги мамнуният аралаш қисиниб-эзилгандек ҳолатни сезди. Бировдан, айниқса ўз яқинларидан пул олишни ор деб билмайдиган киши кўп — балки, муҳтожлик, балки, очкўзликдан! Айримлар порани ҳам гуноҳ деб билмайди — олишга ўрганиб кетган. Айб устида қўлга тушириш қийин, кўпинча балиқдек қўлдан сирғалиб чиқиб кетади ҳам!

Ҳусан ақлини таниганидан буён тер тўкиб, бири икки бўлмаган, косаси оқармаган. У ота-онаси сингари қўли қисқа эканлигига қарамай, бу борада мағрур эди. Ҳасаннинг эътиборини қадрларди. Шу билан бирга, пул тўғрими-эгри йўл билан топилган? — ўйлашга ҳам мажбур эди. Ҳар қадамда ҳалол луқма, деган гап кўнглидан кечарди. Ҳозир ҳам кўча ўртасида серрайиб, шу ҳақда хаёлга чўмди.

Ниҳоят, йўлга тушгач, Ворис тўғрисида ўйлай бошлади.

Пойтахт шаҳарда, келган манзили, мақсади ноаниқ бировни учратишга уриниш сомон ғарами ичида игнани ёки дейлик, дарёми-денгизга тушган узукни қидириш билан баробар! Ворис қаерда? Уйидан кетиб, нима қилиб юрибди? Кимдан, қандай суриштириш керак? Ҳасан вазифани унга юклади, тамом! Бажармаса, у айбдордек, ўпкаланади. Шунақа нозикмизожлиги йўқ эмас!

Қиёс ўринли бўлмаса-да, болаликдан эшитгани — бир кунлар амакиси Иброҳимни отаси Исмоил Хўжа узоқ қидириб тополмагани беихтиёр Ҳусаннинг ёдига тушган эди.

Уни негалигини ўзи ҳам билмаган бир ғусса чулғади.

* * *

Уйга кириб келганида кайфияти ўзгарди.

Дастурхон ёнида опалари билан Шоира хушчақчақ суҳбатлашиб ўтиришарди. Хотини одатича қош-қовоқ солмаганига Ҳусан хурсанд бўлди.

У халта кўтариб келганига Шоиранинг янада чеҳраси очилди.Эскидан аёл зоти шу, уйда тўкин-сочинликни кўрса, ўзини бахтиёр ҳис этади.

Даврага қўшилган Ҳусан опаларини гапга солиб, Ҳасан билан Ворисдан оғиз очмаган ҳолда баъзи нарсаларни аниқлаб олишга умидланди. Гапни опаларнинг ўзи бошлади.
— Бухорога бормай қўйдингиз, — деб шикоятланди Мавлуда. — Тўй-маъракага айтганда ҳам, бормайсизлар.
— Борамиз. Бу йил албатта борамиз, ёзда, — деди Ҳусан шошиб. — Худо хоҳласа, Шоира, қизлар, ҳаммамиз...
— Бултур тўй қилганда кўп кутдик, — гапга аралашди Мавжуда. — Одамлар сўрайди, ким келди, ким кетди? Дунё ғанимат. Биз ҳам қариб қолдик...
— Эй, сизлар ҳали ёш қиз! — ҳазиллашиб кулди Ҳусан. — Эркак киши ука бўлса ҳамки, ака ўрнига ўтади. Қариган ана, биз! Вақт бўлса, ҳафсала йўқ, ҳафсала бўлса, вақт...
— Элликка кириб-кирмай қарийдими? Сизлар ҳали йигит! Унақа деманг, уят бўлади...
— Ҳасан ҳам доим шамолдек келиб, шамолдек кетади. Қачон қарама, иш! Иш! — деди яна Мавжуда. — Лекин баъзан ҳар биримизга ярим мошин қовун-тарвуз, мева-чева ташлаб кетади. Тўй-маърака пайти мол сўйиб юборади. Яна бир қоп гуруч, бир қоп ун...

Ҳа! Ҳусан ҳеч қачон Ҳасан бўлолмайди. Бировга бундай ҳиммат кўрсатолмайди. Улар оиласида барча меҳнаткаш, тиришқоқ (ҳаётда Ҳасанга нисбатан Ҳусан кам хизмат қилгани йўқ). Лекин худо омадни кимга бериб, кимга бермас экан! Камбағалда одамгарчилик нима қилсин, деган гап юради. Камбағал-ку, одамгарчиликни билади, чўнтак қуп-қуруқ. Қўли қисқа кишининг тили ҳам қисқа! Қўтир бу дунёнинг ҳикматига киши баъзан тушунолмайсан.
— Ҳасан Ворисни уйлантирмоқчи, — деб Ҳусаннинг хаёлини бўлди Мавлуда. — Келин ҳам топиб қўйган. Яқинда хабар қилса керак.
— Менинг гуноҳим бўйнимда, Ворис қанақалигини яхши билмайман, — деди Ҳусан эҳтиётланиб. — Борсам, атрофимда беш-ўнта киши, доим чалғийман.
— Ворис отасининг боласи! — мавҳум гап қилди Мавжуда.

Чойдан кейин опалар шошқин ўринларидан туриб, кийина бошлашди.
— Ў, бахайр (қаёққа)?
— Хумсонда бир дугонам бор. Бу кеча ўшаларникига бориб ётамиз, — деди Мавлуда. — Эртага кечқурун келиб сизларникида қоламиз.
— Шоирахон ҳам юрсин. Қарши бўлмасангиз, — деди Мавжуда.
— Майли, боргинг бўлса, бор.

Аёллар кетишгач, Ҳусан яна Ворис тўғрисида ўйлашга тушди.

* * *

Йигитнинг исми — Ўмонқул.

Дуппа-дуруст, насл-насабли оилада туғилган бола ўлавергач, ўлимни “алдамоқчи” бўлибми, унга шундай исм беришган.

Бу — Итолмас, Хунукбой деган исмларга ўхшаб қадим-қабилачилик даврларидан келган. Ўзимиз учун ҳам бунинг қадри йўқ, мазмунида камситса, бола яшаб кетишига содда ишонч билан қўйилган исм.

Ўмонқул уч-тўрт йил бурун Ҳусаннинг қўлида ўқиган. Ҳозир бир дўконда тамаки сотади.

Талабалик йиллари уйга бот-бот келиб турганидан, Ҳусан уни ўзига яқин тутади. Шогирдининг қайсидир йўсинда Ворис билан оғайни эканлигини эшитган, бу ҳам орадаги “яқин”ликка кўприк бўлган эди. Кейинги йилларда йигитлар узоқлашиб кетганми ёки ҳамон дўстми? Ҳусан бехабар. Аммо бир нарса аён: шаҳри азимда Ворисга тегишли гапни билса — Ўмонқул билади.

Шогирди дўконини Ҳусан эсламайди (дўкон бир неча бора ўзгарган ҳам). Уйига аксинча, отаси ўлгандами, уйланганидами икки-уч борган.

Вақтни бекор ўтказмай, уйда ёлғиз зерикиб ҳам ўтирмай тезроқ масалани ҳал этиш учун кечга томон у кўчага чиқди.

Қуёш эндигина ботган. Ерда сон-саноқсиз чироқлар ёқилиб, осмонда юлдузлар кўрина бошлаган.

У хаёл домида узун йўлкада кетаётган эди, бехосдан кўнгилсиз воқеага дуч келиб тўхтади.

Растадаги савдо мажмуи бошланишида оқ кўйлак, оқ шим кийган, фавқулодда гавдали, кучли бир киши ит мушукка ташлангандек, беш-олти ёшлардаги нимжонгина болани чангалида тутганича, ерга отиб юборар, урар, тепар, кўтарар ва яна отар эди.

Майдончада ҳовли-боғдан челакда ўрик-олча келтириб сотган аёлларни тўртта бўлиб қувиб юрадиган миршабларнинг қораси кўринмасди. Атрофда одам ғуж-ғуж. Бироқ рўй бераётган воқеани барча гангиб томоша қилмоқда.

Ҳусан ҳам оддий томошабинга айланди.

Шу аснода у воқеага дарҳол аралашиб чора кўришни истар эди-ку, оқ кийимли кишига бас келолмаслигига ақли етаётганди. Қарши туришга Ҳусанда жисман куч йўқ. Руҳан ҳам (отаси Исмоил Хўжага хос журъатсизлик, эҳтиёткорлик унинг қони-жонида намоён бўлмоқда). Бир қадам босишга куч тополмаётганди. Фақат кўриб турган манзарадан довдираб, ўзини қулдек ночор-нотавон сезганидан эзилаётган эди.

Ниҳоят, бояги челак кўтарган аёлларданми биров бақирди:
— Ҳайвон! Ахир, у бола-ку. Ўлдириб қўясан!

Ҳусан шу дамда ҳис этди... Чиндан гавдали киши болани ана-мана ўлдириб қўйиши ҳам мумкин.

Аёлнинг сўзи таъсир қилдими, ўзи болани “эзғилаб” тўйдими, шундан сўнг ҳарҳолда арвоҳни эслатган киши дўкон эшигидан четлашди. Бола ҳам ўрнидан туриб, чайқалганича, бир томонга судралиб кета бошлади.

Шундай якун қаноатлантиргандек, Ҳусан ҳам тарқалаётган халойиқ орасида бу ердан жилди. Сал нарига бориб нон, мева-чева харид қилгач, йўлида давом этди.

Бироқ унга дахли бўлмаган, ўткинчи воқеа кўзи ўнгида, хаёлида қотиб қолган эди! Юрагига ғулғула тушган, жисми ва руҳини аллақандай нотинчлик эгаллаганди. Кўчада у даҳшат туйиб борар эди.

Одамни одам уриши (уруш бунинг катта шакли!) инсоният тарихида ибтидоий даврдан келган шармандали ҳолат... Биз жилла бурун (ёшлар борасида) эслаган Ўзувчи айтган эди: “Тил ўз вазифасини бажаролмаганида, қўл ишга тушади”. Яъни, инсоний муносабат ўрнини ҳайвоний хатти-ҳаракат олади... Қадимдан мулкдорлар ўз қуллари, хўжайинлар қаролларини урганлар. Ҳамон баъзан қўли остидаги хизматчиларни урадиган бошлиқлар топилади. Баъзи эрлар қўли қичиб хотинини уради. Хотин эрини урган пайтлар ҳам оз бўлса-да, учрайди. Худо кечирсин, нобакор фарзанд отасими, онасини ургани гоҳо қулоққа чалинади.

Айниқса, болалар. Дунёда болани уриш одамзодга гўёки аввалдан муҳрлаб берилган. Бир вақтлар мактабдор-мулла узун калтак (хода) билан болалар бошига туширар эди. Ҳозир ҳам муаллим ўқувчини жазолашга ўзини ҳақли деб билади, қўлида чўп ё хивич ўйнатиб, ҳеч бўлмаса, жилд қўлтиқлаган болани мактаб атрофида югуртиради. Ота-оналар болаларини дўппослайди. Болалардан катта ёшлиси кичикларини уради... Бу ёввойилик, жаҳолат, зўравонлик туйғуси ҳамон одамларда сақланиб қолганига ақл бовар қилмайди!

Ўмонқулнинг шаҳар марказидаги уйи томон кетаётган Ҳусан ҳали ўзи-ўз ҳолатини тўла англамаган эди. У кўчадаги воқеадан саросималанган, ич-ичидан эзилганди. Бундан ташқари, оқ кийган киши унга дабдурустдан ташланадигандек, алланечук қўрққан ҳам эди. Вазиятни ҳисобга олмаслик, бировнинг важоҳатли-ваҳший, аччиқ устида эканлигига парво қилмаслик ёмон оқибатга олиб бориши мумкин, бу енгилтаклик, деб ўйлаган, бир томондан, ўзини умрида жаҳолатга қарши турган олижаноб зиёли турқида кўрганидан, дадил ўртага тушгиси келиб, иккинчи томондан, бирон пайт низога аралашишдан яхшилик чиқмаслиги ақидасига кўра, кўпчилик қатори босиқ-бепарво туравериш унга афзал бўлиб туюлган эди... Лекин ана, воқеа кечган жойдан, растадан узоқлашиб ўз йўлидан бораётганича, энди Ҳусан даҳшат туйиш баробарида, ожизгина болани ҳимоя қила олмагани, аралашмаганидан қандайдир уялаётган эди. Тарихда (фақат узоқ тарих эмас, фуқаролар уруши даврида, кейинги тўполонларда ҳам) ўзбек йигитлари (кўксида ёли бўлганидан) бир киши ҳеч гап, бутун бошли тўплар-тўдаларга қарши туришга ботинганини эслаб, юракдаги олов қачон, нега сўнганига ҳайратланаётган эди. Челак кўтарган аёл кўзи олдида жонланиб, ҳозирги аёллар эркакларга нисбатан ўктамроқ эканлигидан қисиниб, хижолат ҳам чекаётган эди.

Инсон табиатан озми-кўпми ўзини оқлашга мойил. Шундан, Ҳусан эҳтиросга берилмаяпманми, бекорга эзилмаяпманми, деб ҳам ўйлашга уринаётган эди. “Гавдали киши ўзи ким? Бола ким? Тўқнашув нима сабабдан рўй берди? Мен билмайман. Бировдан ҳатто бундай сўраёлмадим!” деган гап хаёлидан ўтиб, ҳис этган (ҳамон ҳис этаётган) даҳшатнинг “пилиги”ни пасайтиришга, бутун-бор воқеани унутиб юборишга ҳам ҳаракат қилаётган эди... Шу кайфиятда Ўмонқулнинг уйига кириб борди.

Ўмонқул томи қанот шаклида, икки қаватли чиройли, мўъжаз ҳовлида турар (шогирд кўп қаватли бинода эл қатори яшаган устозидан бадавлатроқ) эди. У кутилмаганда устоз қадам ранжида қилганидан боши кўкка етиб, дарҳол дастурхон ёзишга тутинди. Ҳусан бир зумга бемаврид эшик қоққанини айтиб, узр сўраганига қарамай, қозон остирди. Хотини (келин) овқат қилиб келгач, девор-токчадан ароқ ҳам олди. Икки пиёлага тўлдириб қуйди:
— Олинг, устоз.
— Мен ичмаяпман, — деди Ҳусан.
— Олинг, ҳеч нарса қилмайди.

Ҳусан Ўмонқулнинг озгина кайфи борлигини энди пайқади. Шогирди кўнгли учун пиёлани уриштириб, бир қултум ичди.
— Охиригача оласиз, устоз, — деб қайсарланди Ўмонқул. — Сиз мендан илмдан кечиб дўконда ўтирганим учун хафа бўлманг. Тирикчилик! Оила боқиш керак. Умуман, одамга муносиб яшаш керак! Биламан, кечаги кун эмас, эски замонлардан олимлар, шоирлар ўзи шоҳми, гадоми камбағални улуғлаб, бойларни туртишган. “Бой бойга боқар”, “боёнларга туф”, шунга ўхшаган! Нотўғри. Одамнинг яхши-ёмонлиги бойлик-камбағалликка қарамайди. Ўвуз бойлар бўлган. Лекин камбағаллар ҳам шундай ёвузликлар, жоҳилликлар қилганки... “Камбағалнинг хирқасидан ор қилмоқ шунчалар”. Буниси яхши айтилган. Ор қилиш керак ҳам! Йиртиқ кийган бирон киши учрамагани дуруст! Бизда одамлар қадимдан асосан, деҳқончилик, ҳунармандлик, яна кўча-бозор, савдога ўрганган. Савдогарлар ҳимматли, олижаноб тоифа... Мендан хафа бўлманг, устоз.
— Хафа бўлмайман, — деди Ҳусан. Ўзича, Ворис ҳам шунақа қайсарлик, гапдонлик қилармикан, деб ўйлади. — Баъзи сўзларингиз баҳсли. Лекин мен бунинг учун келганим йўқ. Ворис тўғрисида сўрамоқчи эдим.
— Ворис?
— Жияним. Сизлар қачон, қаерда танишгансизлар?
— Бухорога бир борганимда танишганман. У Бухорода эди.
— Ҳозир Тошкентда экан.
— Жуда хокисорсиз-да, устоз. Бетайин жиянни қидириш бир, катта бошингизни кичик қилиб... У шу ерда. Ҳали кўришолмадик. Қўнғироқ қилган эди, овоз ҳеч эшитилмайди. Касалхонага ётмоқчиман, дегандек бўлди. Қайси касалхона? Нега ётади? Тушунмадим. Қайтиб қўнғироқ қилишини пойлаб ўтирипман.
— Шунисига ҳам раҳмат, — деди Ҳусан.

* * *

У кўчадаги кўнгилсиз воқеани батамом унутган эди.

Шогирди уйидан узоқлашиб катта кўчага чиққани заҳоти, оқ кийган гавдали киши ва муштдек бола яна хаёлида жонланди. Даҳшатли манзара кўзи олдига келди.

Ичган киши шерга айланади. Айниқса, ичмай юрган бўлса! Ҳусан мабодо энди бояги воқеа устидан чиқса, иккиланмай шартта ўртага тушадиган ҳолатда эди. Буни у ҳатто тасаввур қилаётганди.

Шунинг баробарида, унинг хаёли тубида бундай саволлар чўкиб ётарди:

Гавдали киши ўзи ким? Бола ким? Тўқнашув нега рўй берди?

Бу саволларга янги саволлар қўшила бошлади.

Биринчи галда:

Бола растадан судралиб қаёққа кетди? Уйигами?

Кейин:

Уйга бориб ётиб қолмадими? Бирон касалхонага олиб кетишдимикан? Уйга етиб-етмасдан ёки етгач, ўлган бўлса-чи?

Хўп. Яна:

Унинг ота-онаси борми? Улар қаерда? Боласини биров ўласи урганидан хабардорми ёки бехабар?

Умуман:

Гавдали киши билан боланинг ўзаро муносабати? Булар танишми, бегонами?

Таниш (бири-бирига дахлдор кишилар) бўлса, шундай аёвсизликка бориладими? Бегона бўлса, нима қилиб орадан ўт чиқди?

Туйқусдан Ҳусаннинг хаёлига муҳим бир гап келди. У тахмин қилди:

Гавдали киши (Ўмонқул мақтаган савдогар) тижорат дўкони бошлиғи (хўжайини)! Ўғрилик юз бераётганини пайқаган, пойлаб юриб болани қўлга туширган. Унга умрида эсдан чиқмайдиган сабоқ беришга чоғланган. Мол аччиғи — жон аччиғи. Ўзини тўхтатолмаган!

Воқеа шу тахлитда кечганлиги эҳтимолга яқин эди.

Вақт кеч бўлиб қолганидан, кўчада одам сийрак тортган. Йўл устидаги растага Ҳусан ана-мана юзланади. Шунинг учун у Дўкондор ва Ўғри тўғрисидаги ўзи топган тахминга либос кийдириб, гўёки “безай” бошлади:

Демак, бу якка ҳолда қўлланган жазо!

Жиноятга қарши!

(Бола — жиноятчи!)

Чиндан шундай бўлса, кимни — Дўкондорними, Боланими? — оқлашни ўйлаб кўришга тўғри келади.

Шарқда (балки, қайсидир даврлар Ғарбда ҳам) қадимдан гоҳ у, гоҳ бу ерда ўғрилик (қўли эгрилик) қилганларнинг қўлини кесганлар (чопганлар). Бошқаларга ибрат тариқасида шу йўсин чора кўрилган... Баъзи жойларда бу тартиб ҳозиргача сақланиб келади! Лекин бундай жазо (ёки кўчада сазойи килиш)ни одатда, бир киши бажармаган! Бунга ҳақли эмас! Кўпчилик келишиб, адолат юзасидан ҳукм чиқарган (ўшанда ҳам баъзан ноҳақлик рўй бериб турганини китоблардан ўқиганмиз. Ана, Колумбияда бир йигитни ҳаёсизликда айблаб, сазойи тарзида чавоқлаб ташлашади. Кейин, унинг гуноҳи йўқлиги ошкор бўлади). Бу — барибир, жаҳолат. Чунки, оломон — ёвуз, шафқатсиз. Оломон лаҳзалик телба ҳолатда баъзан йўлида учраганни селдек суриб кетиши мумкин.

Ҳусан катта йўл ёқалаб одимлаганича, растага кириб келди.

Савдо мажмуи олдидаги майдончага қадам қўйди.

Хаёлидан кетмаётган фикр: Дўкондор ва Ўғри ҳақидаги тахминнинг тўғри-нотўғрилигини кимдандир сўраб, тасдиқлатиб олмагунича кўнгли тинчиб бу ердан кетолмайдиганга ўхшарди.

Энди дўконлар ёпиқ.

Челак кўтарган аёллар ҳам кўринмайди.

Фақат бир четда икки-уч аёл тамаки, қурут, сақич сотиб ўтиришарди. Булар эрта-кеч шу ерда, ҳамма гапни билишади!

Саволга тутса-чи?

Йўқ.

Гап унмади.
— Яхши ўтирибсизларми, сингиллар? — дейиши билан, аёллар чувиллашди:
— Нима ишингиз бор? Бир нарса олмоқчи бўлсангиз, олинг. Бўлмаса, кетавермайсизми? Ўзи маст...

Ҳусан маст эди.

Кетаверди.

У ҳозир бу ерда уймалашишда маъно йўқлигига қаноат ҳосил қилган эди.

* * *

Уйга кириб келгач, обдан ювинди.

Ҳушёр тортди.

Оромкурсига чўкиб қалин дафтарни очди.

Касалхона дегани ҳам телеминора эмас, узоқдан кўриниб турадиган! Ворис қаердаги, қайси касалхонада? Излаш керак.

Бирма-бир турли касалхоналарга эринмай қўнғироқ қила бошлади. Навбатчилар билан гап талашиб, бир ялиниб, бир дўқ уриб терлаб-пишганича, икки соат деганда ниҳоят, жияни дарагини топди. Ворис марказий касалхонада экан!

Вақт алламаҳалга борган. Жуда чарчаган эди.

Шоирани опалари ёнида Хумсонга жўнатганига пушаймонлик сезиб, ўзи-ўзига ўрин тўшади.

Чироқни ўчириб кўрпага ўранди.

Салқин баҳор туни. Шамол ғувиллаб дарахтларни силкитарди.

Осмонга булут чиққан экан, бир маҳал шитирлаб ёмғир ёға бошлади.

Тезда қотиб ухлаб қоламан, деб ўйлаган эди. Кўзи бир илингач, уйда ёлғиз эканлиги-ю, бу кунги таассуротлар юкидан уйқуси қочди. У ён-бу ён ағдарилиб, ётаверишми, ўрнидан туришини билмай, азоблана бошлади... Эркак киши хотини уйда борлигига бепарво қарайди. Уйда бўлмаса, пайтавасига қурт тушади. Усиз яшаёлмаслигини сезади.

Хотини йўқлар ёки хотини ўлганлар аҳволини худо кўрсатмасин! Ана, маҳалладаги Марат бобо деган сўққабош киши. У, кунни балки, ҳар хил юмуш билан “алдар”. Нақ юраккача зулмати “кириб келадиган” тунларни-чи? Қандай ўтказар экан?

Ҳусан ёлғизлик ҳақида ўйлаганида доим Марат бобони кўнгли ачиб эслар ва файласуф эканлигидан, Бу Одам ҳаёти фалсафасини тушунгиси келар эди. Ҳаммадан ҳам, Марат бобонинг оила қурмаганми, ажралганми, ўзини Ўлғизликка бепарво қарагандек тутиши Ҳусанни ажаблантирарди.

Бу кеч уйқуси қочиб, у яна ёлғизлик, Шоира, муҳаббат, аёллар тўғрисида хаёлга чўмди.

Юз — юз, лаб — лаб, кўз — кўз, қош — қош...

Азалдан Одам шундай Яратилган. Ажабланиш ортиқча. Лекин қизлар, аёлларда буларнинг ҳар бири Алоҳида Аҳамиятга эга. Малоҳат касб этади! Асрлар давоми Шарқда шоирлар Аёл юзи ҳақида (бетидаги холигача), лаблари ҳақида (ҳатто оғзи шаклигача), кўзлари ҳақида (киприкларини унутмай), қошлари ҳақида (қандай ўрнашганини шарҳлаб, гоҳ ёйга ўхшатиб, гоҳ “қиличлардирки” деб) минг-минглаб байту ғазал ёзганлар. Улар албатта, маҳлиё бўлганлар ва бу маҳлиёликдан Аёлнинг Хаёлий Юксак бир тасвири шаклланган. Аёл деганда шу тасвир кўз олдига келади.

Бироқ дунёда Бу Тасвирни умрида тасаввур қилолмаган, шоирона фикрдан узоқ йигитлар-эркаклар ҳам топилади. Аёл феъл-атворини, кўнглини баъзан тушунмаслик, Аёлни камситиш, Аёлга оғир ишлар буюриб, қийналгани, хўрланганига четдан лоқайд қараб туриш — бу бемаъниликлар Ўша Тасвирни кўрмаганлик ва инсоний туйғулар дағаллашиб кетганлигини пайқамаганлик белгисидир. Эҳтимолки, қалбда муҳаббатнинг ўзи йўқлиги белгисидир.

Ҳусаннинг дўсти, икки марта уйланиб оилада роҳат-фароғатга эришмаган Қурбон домла бунга мисол. У кўпинча:
— Шоирлар ёзгани фақат рамздан иборат. Аёлни фариштага, парига ўхшатиш уйдирма, холос! — дейди.

(Аслида, Марат бобо ҳам шунақамикан?)

Ҳусан эса талабалик йилларидаёқ Шоирани учратиб, Шоир бўлиб севган ва йиллар ўтиб, ўша ўт ёлқини ҳамон кўксида сақланган эди. Ўшлари улғайиб кексалик остонасига қадам қўйишган бўлса-да, у ошиқ йигитдек ҳозир ҳам хотинини кўркам, барно деб билар, рашк қиларди. Шу боисдан, опаларим борса борибди-да, Шоирани тоғдаги қайсидир қишлоққа, бегона кишилар уйига юбориб нима қилардим, деб ўзи-ўзидан норозиланаётган эди.

Ўмғир энди ерни қимчиламоқда.

Шамол кўчайиб нола чекмоқда.

Бир оз чалғимаса ухлаёлмаслигини ҳис этиб, ўрнидан турди.

Чой қўйди. Босим икки пиёла ичди.

Бу кун рўй берган воқеаларга аралаш ҳолда бутун ҳаётини эслашига тўғри келганидан, шу дамда у истаб-истамасин, яна хаёл капалаги болалик гулзорига бориб қўнди.

Болалик кунларини бахт деб билиш қанчалик ҳавойи бўлмасин, бу тушунчада барибир жон бор. Бола алам ва зулмнинг алам ва зулм эканлигини англамагани учун ҳам, ўз йўлида югуриб бораверади. Унга ҳаётдаги яхши ва ёмон ҳодисалар табиий бўлиб кўринади. Дейлик, Ҳусан болаликда бирон пайт ўзини бахтсиз сезмаган. Ҳозир ҳам болалигим бахтсиз кечган, деб ўйламайди.

Амалда аҳвол қандай эди?

Ҳусан эслайди: ота Исмоил Хўжа маъмурий бир идорада хат саралайдиган кичик хизматчи, олган маоши ойдан-ойга етмас эди. Ойнинг охирида ўтадиган кун қуруқ нон билан чойга қоларди. Бошқа пайт ҳам еганлари ёвғон, атала, пиёва. Она Бокира бону топган-тутганини болаларни кийинтиришга кеткизарди. Унинг қизиқ бир гапи бўларди: “Еган-ичганингни биров билмайди. Эгнингга ҳамма қарайди!” Лекин оила аҳил. Уларнинг уйидан кўчага гап чиқмас эди. Битта майизни қирққа бўлиб ейишарди.

Опалардан бири еттинчи, иккинчиси тўртинчи синфдан ўқишни тўхтатган. Эгизакларни эса аввалдан мактаб “қучоқ очиб” қаршиламаганди.

Бошланғич синф муаллимаси уларга юзлашганидаёқ ранги ўзгариб (кейин билса, унинг ўзи ҳаётда бахтсиз, тирноқ кўрмаган экан), булардан биттаси бошқа мактабда, жилла қурса бошқа синфда ўқисин, менга оғирлик қилади, деб туриб олди. Ота-она норозиланиб, директор аралашгач, Ҳасан-Ҳусанга ўчакишиб қолди. У ўз қатъиятини кўрсатгиси келиб, дарс бошланиши билан, эгизаклардан бирини (такдирнинг номардлиги, бу асосан, Ҳусан, деб тушунамиз!) синфдан ҳайдаб чиқарар, ёнидаги жилдни рўйи-рост деразадан кўчага улоқтирар эди. Бола бечора, қизчаси инжиқлигини кўтарган отадек, танаффус пайти индамай қайтиб синфга кирар, янгидан “жанг” бошланарди.

Асабий, баджаҳл муаллима уларни қийнаётганини билган синфдошлар аксинча, Ҳасан-Ҳусанга шундай меҳрибонлик кўрсатишган эдики, Ҳусан ҳозиргача буни таъсирланиб, миннатдор бўлиб эсларди.

Мана, энди, узоқ йиллардан сўнг, муаллима кўрсин! Сохт-сумбати, юз-кўзидаги ифода билан ҳам, юриш-туриш машқи билан ҳам Ҳасан Ҳусанга, Ҳусан Ҳасанга ўхшамайди. Жонкуяр тарбиячи уларни кўрса, ким билсин, ўзини муродига етган санармиди?

Болаликда бир олманинг икки палласи бўлган Ҳасан ва Ҳусан бу кун бири-бирининг ҳолидан буткул хабардор, дарди-дилини ўқиб боради деёлмайсиз. Қаранг! Ҳасан билан ўғли Вориснинг муносабати олдин қандай эди? Ҳозир қандай? Ҳусанга қоронғи! Отанинг мақсади нима-ю, боланинг мақсади нима? Буни билмай туриб, бир иш қилолмайсан. Ота ва ўғил, она ва қиз, эр ва хотин, опа ва сингил, ака ва ука (эгизакларни қўяверинг!) бора-бора, сезмай ётлашиб, узоқлашиб кетиши фожиа эмасми? Ўлғизлик азоби шундан бошланмайдими?

Ҳусан қайтиб ўринга чўзилиб, уйқу келишига умидланди.

Уйга қадам босганидан буён у, узуқ-юлуқ ҳар нарсани ўйлаб, чалғишга уринаётган эди. Бетартиб хаёллар ортида бўлак бир манзара — оқ кийган гавдали киши ва ҳимоясиз бола унинг кўз олдидан кетмаган эди. Ҳусан дам сайин янгидан даҳшат туйиб, юрагига ғулғула тушмоқда эди.

Инсоният игна кўзидан туя ўтадиган тараққиёт даражасига, фанда, маданиятда камолотга етгани ҳолда, минг йил бурунгидек жаҳолат, ёвузлик ҳукм сурган Бу Дунёда, ақл юзасидан қараганда, катта киши кўчада мурғак болани тутиб ургани — оддий, кичик бир воқеа, холос. Лекин ақл — файласуф бўлса, туйғу — ҳақиқатпараст. Ақл чекинишга ундаса, туйғу ўзингни оқлашга монеълик кўрсатади! Ҳусанни кўксида уйғонган виждон қийноғи каби ҳолат ўртаётган эди.

Бир қараса, одам — мўрт нарса. Жон — кириб чиққан шунчаки нафас.

Яна бир қараса, одамнинг боши — тошдан, жисми — темирдан қаттиқ. Қирқ йил қирон келса, ажали етган ўлади.

Ҳусан тасаввур қилди:

Бола ётиб қолса-да, ўнгланади. Ўлмайди! Бир куни вояга етади. Ўшанда барча одамларни оқ кийган гавдали киши деб билади. Барчага нафрат-адоват билан қарайди. Дуч келган бировга ташланади. Қўлида тиғ ёки тўппонча!

Ҳусан яна тасаввур қилди:

Гавдали киши масалан, аввалдан ўғрилик қилган болани жазоламади! Эгри йўлга кирган бола барибир, жиноятчи бўлиб ўсади. Аксинча, вақтида ҳеч ким йўлини тўсиб сабоқ бермагани унга гўёки қанот бағишлайди.

Иккала ҳолатда ҳам бола жиноятчига айланар экан, нима қилиш керак?

Дунёда токи ҳамма ерда эзгу тарбия ва тўғри йўлдан боришга шароит яратилмагунича, жиноятчи бўлса-да, ушоқ норасидани қоралашга тил бормайди!

Ўмғир, шамол тинган эди.

Булут тарқаб, уйга ой нури тушди.

* * *

— Ҳамма қироатхонада тўпланинглар!

Уйдаги эшикка урушдан кейинги йиллардаги сингари радио карнайи ўрнатилган.

Эълон радиодан олдин берилдию кейин қўшиқларга ўтилдими ёки қўшиқлар олдин янграб, кейин эълонга навбат етдими? Ҳусан англаёлмади.

Эшик қулфини тузатмоқчи, деразага ойна ўрнатмоқчи эди. Жўмракдан ҳам занглаган сув оқиб ётибди. Тузатиш керак.

Булар майли. Ҳар гал ёмғир ёғганида томдан чакка ўтади. Тўрт қаватли иморатнинг тўртинчи қавати ёмон экан!

Ҳусан эринганидан, дастлаб жўмракка яқинлашди. Секин бураган эди, жўмрак қолиб, радио “тил”га кирди.

Эълонни ўқиган — таниқли бирон сухандон эмас, маҳалла сухандони ҳам эмас... негадир бу Марат бобонинг овози эди!

Маҳалла деб аталса-да, уларнинг жойи эски шаҳардагидан фарқ қилади. Гугурт қутисидек бир хилда кўп қаватли қатор бинолар қурилган. Марат бобо тўйми-маросимми, гоҳ эшик тақиллатиб, гоҳ кўчада турганича деразага қараб аҳли жамоани чақиради. Бу гал радио орқали хабар қилаётганга ўхшайди.

Ҳусан дарҳол кўчага йўл олди. Қўшиқлар-чи?

Унинг юракдан ёқтирган қўшиқлари беш-ўнта.

Карим Зокиру ўғли Ботир аканинг бир-икки қўшиғи. Ҳалима опанинг халқ йўлидаги сочмалари. Маъмуржон ака, Маъруф хўжа Баҳодир... Таваккал ижросида “Фасли навбаҳор ўлди, ўтибон зимистонлар” деб бошланган қўшиқ. Саттор Яраш...

Шу куни у Алишер Навоий ғазалига боғланган икки қўшиқни ижро этди. Ҳусан ўзини шундай бахтиёр сездики! Ажиб ҳасрат ҳам туйди. Бошини остонага қўйиб йиғлаб, жон таслим этишга тайёр эди.

Қилмади ёдимни ҳаргиз

бир пари рухсора ҳам...

Эълондан олдинми-кейин берилган қўшиқлардан Ҳусан қисқаси, ёқавайрон бўлиб кўчага чиқиб кетганини сезмай қолди.

Бу жой — шаҳар этаги.

Қироатхона — уйлардан ҳам четда.

Икки орада — ёлғизоёқ йўл.

Атроф бўм-бўш.

Ҳусан бош эгиб, ер чизиб борар эди.

Маҳалла-атрофдагилар мажлисми, бирон муносабат борми, баъзан қироатхонада тўпланишарди. Қироатхона — ташландиқ, хароб. Лекин биров бунга аҳамият бермасди. Йиғилиб гаплашса, бир иш ҳал бўладигандек, тўйга-маросимга чиққан сингари ҳамма бирин-кетин бораверарди.

Бугун одамларни нега чақиришди? Номаълум! Ҳусанни бу қизиқтирмаётган ҳам эди. Марат бобо радиодан даъват қилмаса, балки уйдан чиқмасди.

Узоқдан қироатхонанинг қораси кўзга ташланганида, у Саттор Ярашнинг қўшиғини ўзича минғирлаб борарди:

Қилмади ёдимни ҳаргиз

бир пари рухсора ҳам...

Шу пайт муштдек бир бола унинг ёнидан шайтонваччадек зип этиб ўтиб кетди.

Ҳусан бола қачон йўлда пайдо бўлганини пайқамагани устига, боланинг афти-ангорини яхшироқ кўришга улгурмади. Бола қироатхонанинг очиқ эшигига йўналиб, кўздан ғойиб бўлди. Ҳусаннинг хаёлидан негадир, хайрият, тирик экан, деган гап ўтди.

У қироатхона эшигига етиб келди.

Бинога кирди.

Бино нимқоронғи. Рутубатли.

Баланд гумбаз остидаги қалин деворлар турли замонларда ўтган фиръавнларнинг расмлари билан безалган. Улар қироатхонага ҳашам бергандек.

Қатор терилган курсилардан раёсат эгаллайдиган ўрингача банд. Аммо таниш бирон катта киши кўринмайди. Ҳаммаси болалар.

Ҳусан қироатхона деразалари томон қаради.

Деразалардан бири ортида, кўчада руҳонийлардек узун ридо кийган Марат бобо. Қўлида тилла таёқ, суяниб турибди.

Унинг ёнида ҳали йўлда кўринган бола билан Ҳасан.

Биров Ҳусанни қўлтиғидан тутди. Қараса, Ўмонқул.
— Бу ерда сизга нима бор, устоз! — Ўмонқулнинг эгнида жанда, бошида кулоҳ. Лекин қўйнидан шиша чиқарди. — Охиригача оласиз...

Ҳусан шогирди қўлидан юлқиниб чиқиб, шошганича қайтиб ўзини ёлғизоёқ йўлга урди. Айни сонияда қироатхона томонда кимдир Саттор Яраш қўшиқларини айтаётган эди:

Қилмади ёдимни ҳаргиз

бир пари рухсора ҳам...

Ҳусаннинг кўнгли бузилди.

У кўкси чок бўлиб фарёд чекишга тушди ва ...

бирдан уйғонди.

8

Ҳусан билан билим даргоҳи эшигида учрашган Ҳасан — машина Навоийга қараб йўл олгач, кўзларини ҳорғин юмди.

У Тошкентга машинани олдинроқ юбориб, ўзи самолётда учиб келган эди. Бундай иш тутганию машинада қайтаётганига эса сабаб: йўл устида Гулистон, Жиззах, Самарқандда бирров тўхтаб ҳамкорлик бўйича баъзи бир шартномаларга имзо чекиши керак.

Уни телевидение суҳбатга таклиф қилганди. Агар, шунақа истак билдирилган, дейилмаса ва Ворисдан ҳам ташвишланаётган бўлмаса, эҳтимолки, келмасди. Нари борганда, вилоятдаги ойнаи жаҳон орқали “тайёр сурат”ини юбориб қўя қоларди.

Суҳбат саёзроқ, юзакироқ ўтгандек бўлди. Саройдек ҳайбатли хонада қатор столлар. Дастурхон ёзилган, биров бу ерга тамадди қилгани келмагани аён эканлигига қарамай, турфа ноз-неъматлар “тўкиб ташланган”, тўпланганлар доира шаклида столлар атрофидан жой олишган эди. Булар ҳар бири корхона раҳбарими, машҳур пахтакорми, бошқарувчими — ном қозонган, обрўли киши. Аммо ростми-ёлғонми ҳисобчилар каби рақам келтириб, барча тутилиб-қийналиб, зерикарли бир гапларни айтиш ёки қоғоздан ўқиб беришга уринар эди. Ҳасан ҳам... Худо бандага икки нарсадан бирини — ё сўз, ё меҳнатни берар экан! Ана, эгизаклардан Ҳусан — сўз кишиси, Ҳасан — фаолият. Албатта, иккисини ҳам эплаганлар топилади. Лекин бу мустасно.

У Тошкентга келиши билан Ворисни учратишга умидланганди. Назарида, ўғли нақ рўпарасидан чиқадигандек эди. Ҳусанга дардини ёриб вазифа юклашдан бўлак натижага эришолмади. Бундан ҳам энди кўнгли тўлмай борар эди.

Ҳасан пойтахт шаҳарни неча бора чангитган. Шундай бўлса-да, бу ердаги ҳаётга ўрганмаган. Кўниколмаган. Вилоят вакилига хос белгилар — аёвсиз меҳнат ва бунга қоришиқ беғам-бепарво ҳолатни йўқотолмаган.

Унинг шу кунгача умри асосан, чоп-чоп, югур-югур билан ўтди. Тенгдошларига нисбатан кечроқ, мўйлаби сабза урганда эмас, ияги қорайганда уйланган. Яна, фарзанд кўришса-да, биринчи оилада турмуши унмаган. Иккинчи хотинидан болалари анча ёш. Буни билиб, ўзини доим бардам тутишга ҳаракат қиларди. Аммо улғайиб, кундан-кун уйқуга тўймаётганми, шиддатланишга кучи етмаётганми — оғир юкли аравани тортган отдек, ланж бир ҳолатни сезар эди.

Бир оз мудрамоқчи эди. Оёғи оғриб, кўзларини очди.

Машина Тошкентни орқада қолдириб, Янгийўлга яқинлашмоқда.

Кун ёруғ. Атроф ям-яшил.

Бехосдан санчиб оғрий бошлаган оёқларини сийпаб, осмонга, чарақлаб турган қуёшга қаради.

Шу дам отаси Исмоил Хўжа ёдига тушди.

Исмоил Хўжанинг ҳам оёқ оғриғи бор эди.

У даҳлизда оёқларини тошновга узатиб, офтобга тутиб ўтирарди.

Ҳасаннинг қўлига баъзан кичик бир шишада илонми-арк мойини бериб, суркашини сўрарди.

Ҳасан оғринмай хизматни бажарарди.

Ота дуо қиларди.

Болаликда шўхлик, нотинчлик унга (балки, биродари Ҳусанга ҳам) ёт эмасди. Бироқ рўзғор — ғор бўлган шароитда муттасил унга қанот ёзолмаётгандек туюлиб, ўзини юраги тарс ёрилаётгандек сезар эди. Ўзи ва оила учун фойдали бир иш қилгиси келар эди.

Гоҳ-гоҳ эслайди...

“Бир қисм қуруқлик, қолган уч қисм сув”, деган гапни китобда ўқиган. Ҳали бирон пайт дарё ёки денгиз бўйига бормаган, буюк уммонларни кўрмаган. Ўввойи-харсанг тошларни оралаб бағридан пастга сув отилаётган юксак тоғларни тасаввур ҳам қилмас, шарқираган оппоқ шалола нима, билмас эди.

Унинг саҳро, туя расмига китобда кўзи тушган. Бепоён қумлик, ҳафталаб-ойлаб сув ичмай томири тортиб, ташналикдан тарс ёрилган тақир ерлар, лоладек гуллаган ва қуриб сап-сарғайиб дағаллашган янтоқни, явшанни, ковгарни ҳали кўз олдига келтиролмас эди. Лекин бир қаричлигидан у сувга талпинарди.

Кўпинча уйда, тоғорада чўмилиб ўтиришни ёқтирарди.

Опалари Мавлуда ва Мавжуда унга балиқмисан деб тирғалишар, биродари Ҳусан эса ҳиринглаб кулар эди.

Бир гал қишлоқдан келган аллақайси қариндошларга “ёпишиб” олди. Қишлоқда сув бўлишини билар эди.

Ажабки, йўлда ҳам, қишлоққа кириб боргандан сўнг ҳам на тўпланган сув, на оқар сувни кўрди.

На кўл. На ҳовуз.

Бухорода эскидан сув танқис, ҳар томчи баъзан тиллага тенг эканлигидан бехабар эди.

Ҳовлида зерикиб қолиб, негадир икки қўли орқада, ташвишланиб турган қарияга юзланди.
— Бобо! — деди. — Мен чўмиламан!
— Даҳлизга киринг. Бир оғиз гапингиз, болам, — деди таппи ёқаётган кампир чолнинг ўрнида. — Ҳозир сув иситиб бераман.
— Йўқ, мен бошқа... Далада! — деди Ҳасан.

Қария кўпни кўрган эди, унинг кўнглини фаҳмлади.
— Юринг-чи, ўғлим, — деди.

Далани оралаган, суви тизза бўйи келадиган ариқ ёнига бошлаб борди:
— Қани, ечиниб бир калла ташланг-чи!

Ҳасан ечиниб сувга тушди.

Мана, энди у дашт-саҳролар, денгиз-уммонлар, юксак тоғларни минг бора кўрган. Бироқ ўзини аксар ҳамон тоғорада ўтирган ёки лойқа сувга “калла ташлаган”дек сезади. Катта бир ишлар қилмоқчи бўлгану ҳаётда бунга эришолмагандек кайфият уни тарк этмайди.

Яна бир, аслида муҳим ҳам эмас, ўткинчи, арзимас воқеа аҳён-аҳён ярқ этиб кўзи ўнгида жонланади.

Қурбонми-рамазон ҳайити куни саҳарлаб Ҳасан биродари Ҳусан билан қариндошлардан (отасининг холасими, аммаси) кекса бир аёлнинг уйига табриклагани боришди. Аёл — уйи деворларида чўғдек гиламлар осилган, қатор токчаларда қирмизи лаганлар, чойнак-пиёлалар терилган, кумуш ва олтин қопламали сандиқлар тўрдан жой олган — илк қарашдаёқ бой-бадавлат эди. Уруш, кейинги машаққатли йилларда у ҳарҳолда “синмаган” эди. Бухорода ўша пайтлар ҳайит, байрам кунлари сўроқлаб келган болаларга пулми, совғами бериш расмига риоя қилинарди. Аёлнинг ҳам афтидан, марҳамат кўрсатгиси келди, қўлига уч сўмлик пул олди-ю, бу пулга биров от-туя бермаса-да, қизғаниб-иккиланди. Бир сўмни ўзида қолдиришга қарор қилгандек эди. Ҳасан-Ҳусанни уч-тўрт қўшни эшикка бошлаб борди, аммо майда пул топилмади. Орқага қайтиб, аёл астойдил кийинди, кўчама-кўча юриб, учраган одамни тўхтатганча, пулни майдалашни сўрашга тушди. Ҳасан ва Ҳусан хижолат чекиб, кераги йўқ, дейишганига қарамай, қариндош уларни на қўйиб юборар, на уч сўмликдан воз кечарди. Ахийри, бозоргача етиб боришди. Бозорда кампир пулни майдалаб, уларга бир сўмдан берди. Қолган бир сўмни авайлаб чўнтагига солганича, уйига қайтиб кетди.

Мана, энди Ҳасан “гариллаб юрган” анча-мунча кишидан бойроқ (қариндош аёлга ўхшаганлардан юзтасини “сотиб олиш”га қурби етади). Унга болаликда, бояги аёлнинг иши сал кулгили, сал аянч бўлиб туюлган эди. Ҳозир эса бу ишга бошқача қарайди. Бир сўмга бир сўм қўшилмаса, одам бой бўлолмайди! Қўлига кирган бойликни кўкка совурган қанча бойваччалар хор, забун ҳолга тушмаган! Тарихда мисол кўп!

У оғриётган оёқларини сийпаб, қуёш нурига чўмган далаларга тикилганича, хаёл суриб бораётган, телевизорда чиққаним арзон, Ворисни ҳам топиб-олиб кетмаяпман, демак бу сафаримда ортиқча харж-харажатдан бўлак ҳеч нарсага эришмадим, деб ўйлаётган эди.

* * *

Ҳасан машинада яқин орада бунча узоқ йўл босмаган эди.

Олдинлар тун-кун юрса-да, толиқмас, йўлнинг машаққат эканлигини сезмасди.

Уни, эндиги аҳволини билиш, куч-ғайратини синаш учун ҳаётнинг ўзи бу йўлга бошладимикан?

Аслида, йўл янги, равон. Оғринмай кетавериш керак.

Гулистонда узоқ тўхтамади. Бир пиёла чой ичди, холос.

Жиззахда ҳам тутилмоқчи эмасди. Лекин эрталабдан дастурхон ёзиб кутишаётган экан. Бундан ташқари, жони озгина ором тилаётган эди.

Ора-орада оёқ оғриғи босилиб, кейин яна авж оларди.

Машина Жиззахдан узоқлашиб Самарқандга яқин қолганида:
— Абумуслим! Сен бу ёққа ўт, — деб ҳайдовчини нари суриб, ўрнини эгаллади. Ўзини чалғитиб, оғриқни унутмоқчи эди.

Ҳайдовчидан ёлчиш — эр хотиндан, хотин эрдан ёлчигандек гап.

Ҳасанни роппа-роса йигирма йил Абдулла ака деган ҳайдовчи олиб юрган эди. Ақлли, меҳнаткаш, тоза-озода бу одамга Ҳасан ўзига ишонгандек ишонарди. Абумуслим ҳам бўйнидаги вазифани тўғри бажариб келаётган йигит. Аммо атрофга қизиқиб қарагани билан, сезгир эмас. Юз-кўзингдан дарҳол маъно уқмайди.

Ҳасан ўз ҳаёти тўғрисида сўзлаш, ўз аҳволини ҳар кимга баён этишни ёқтирмайди. Ўзлик — қўрғон, деб тушунарди. Ҳатто бу кун биродари Ҳусанга сир очгани — кам юз берадиган ҳол! Болалик, ёшликдан у елкасига тушган юк қанчалик оғир бўлмасин, букилмай туришга, ингранмай-оғринмай иш тутишга ўрганган.

Ана, ҳозир ҳам дард олдида ожиз келмаслик учун, от сурган чавандоздек, машинани бошқаришга тушди.

Мансаб, мулк-давлат эгаллаб тўкин-фаровон яшашга эришгунича, Ҳасан не-не тўсиқларни ёриб ўтган! Энг аввал, қўли қисқалик (камбағаллик)дан, катта бир ишлар қилишга имкон тополмаслик — ночорлик, ноиложлик тўсиғи! Сўнг, сени ўз ғариб кулбангда ҳам бир нарсани эркин ўйлаш, бир ишни мўлжаллаб эркин ҳаракат қилишга қўймаган — тўралар қурган тўсиқ! Яна, тер тўкиб қўлга киритган нақдинани тўрт томондан тортган-талаган, юлиб-юлқиган юҳо олғирлар... Ниҳоят, ғайрлик-ғараз!

Бироқ Ҳасан болалик, ёшлик йилларидаёқ албатта оёққа тураман, деб онт ичган...

Ва оёққа турган эди!

Унинг учун ҳаёт — ҳаракат.

У — ҳамон тўсиқларни енгаётган киши.

Фақат дастлаб оила қурганида дуч келган тўсиқни енголмаганидан ҳамон жони азоб исканжасида. Нима қилишини билмай саросималанади.

Ҳасан Лабиҳовуздаги бир дўконда Қурбоной билан танишган эди. Ниманингдир устида баҳслашиб хафалашишди. Лекин ўн-ўн беш кундан кейин, кўчада тасодифан юзлашиб қолиб, негадир Қурбоной салом берди, Ҳасан алик олди. Илк учрашишдаги баҳсу мужодалани паққос унутгандек, иккови бири-бирига қадрдонлик билдирди. Кейин, Лабиҳовузда яна учрашишди... Ўшанда янги шаҳар энди қурила бошлаган, Намозгоҳдан нари ёғи дала эди. Эски Бухоронинг энсиз кўчаларида эса йигит-қизлар бот-бот юзма-юз келиши оддий ҳолат, айниқса Лабиҳовуз — сайлгоҳ, ёшлар бўш пайтларда кўпинча бу ерда айланиб юришарди.

Улар кўриша бошлашди.

Ҳасанни ота-она уйланишга қистаётган эди.

Ҳасан уйланди.

Қурбоной овқат пиширишга уста, эрта-кеч кир ювиш, уйни ойнадек тутишда якто чиқди. Она-Бокира бонунинг пинжига кирди-қўйди. Билимли, китобхон, жаҳон маданиятидан воқиф эканлиги билан ҳам, қайнонасини “бу қиз ёшлигим, ўзим” дейдиган кўйга солди. Чамаси, Исмоил Хўжа ҳам келиндан рози эди. Аммо кўп ўтмай, Ҳасан ўша, илк учрашишдаги баҳсу мужодаладан керакли хулосага келмай адашганини сеза бошлади. У бир кунлар, ҳали болаликми-ўсмирлик пайти уйдаги беозор гап-сўзлардан волидаси (Бокира бону)нинг вақтида кўнгли Исмоил Хўжада эмас, амаки Иброҳимда бўлгани-ю, қисмат бошқача шаклланганини билиб олган, ҳаётда шунақа ишлар ҳам учраб туришига ажабланган эди. Исмоил Хўжа мўмин, табиатан шикаста эканлигидан, ўзини бундай гап-сўзларга аҳамият бермагандек тутар, уни акасининг йўқолгани қайғуси кўпроқ эзар эди. Ҳасан — Исмоил Хўжа эмас (гарчи унга фарзанд бўлса ҳамки)... Хуллас, Бокира бону уйда, оилада жиловни қўлга олиб қандай ҳукмфармолик қилаётган бўлса, Қурбоной ҳам биринчи кундан шундай йўл тута бошлаган эди. Унга бирон эътироз билдириш, қатъий бирон кўрсатма бериш мумкин эмасди. Ўз билими, ақлини намойиш қилишга тушарди. Биров уни камситишидан қўрққандек, баҳслашаверарди. Бу дунёда эр-хотинликнинг минг йиллик ёзилмаган қонунлари борлигини тушунмас, тириклик гоҳ муросасизлик, гоҳ муросасозликдан иборат эканлигини билмас эди.

Уч йил деганда “икки томон”нинг ҳам сабр косаси тўлди,

Ҳасан Қурбойни яхши кўрмайди, деб бўлмасди.

Яхши кўрарди.

Бироқ буни “унутди”.

Ота-онасининг ризолигига ҳам қарамади.

Кишанни узмаса бўлмаслигини ҳис этди.

Узди.

У ажралсам, тамом, деб ўйлаган эди.

Бу — бошланиши экан.

Аввало, орада гулдек фарзанд — Ворис бор эди.

Яна, ўзи “турмушда уқувсиз” деб билган ҳолда “ташлаб кетган” Қурбоной олдида жавобгарлик бор эди.

Булардан бўлак, кўнгил шишаси бир карра синган, ҳаёт жоми зардобга тўлган эди.

Ўша маҳаллар Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги узоқ туманлар ажратилиб, Навоий вилояти барпо этилди. Кўпдан буён Газлига қатнаб ишлаётган Ҳасанни янги вилоятга таклиф қилишди. У эски Карминага туташ, кундан-кун марказ турқини олаётган Навоий шаҳрига кўчиб келди.

Ҳасан бу ерда обрў, мавқе топа бошлади. Маълум муддат ўтиб, Норгул деган қизга уйланди. Норгул унга бир қиз, бир ўғил туғиб берди. Лекин бу фарзандларга бўлган меҳр унинг Ворисга нисбатан оталик меҳрини сўндиргани ёки камайтиргани йўқ.

У олдинлар Газли ва Бухоро орасида қатнарди.

Энди Навоий ва Бухоро орасида андармон бўлди.

Умр шамол экан!

Бокира бону, унга эргашиб Исмоил Хўжа — азиз падар ва мунис волида дунёни тарк этишди.

Бухорода Ҳасаннинг опалари, Қурбоной ва Ворис қолган эди. Ҳасан ҳамон икки ўртада бўзчининг мокисидек қатнарди.

Қурбоной-чи? Қандай яшаётган эди?

У икки марта эр қилди. Барибир турмуши унмади.

Аҳвол аламли, гоҳида нафратли эди. Ҳасан эътибор бермай, она-бола билан кўришиб юрди.

Қурбонойнинг рухсати билан, ойда-йилда бўлса-да, Ворисни Навоийга олиб борди. Янги оиласи билан “таништириб, ошно қилиш”га уринди. Бола отасиз ўсаётгани жабрини имкон қадар “енгиллатиш”га жонини тикди.

Яна йиллар ўтди.

Ворис улғайди. Уйланадиган ёшга ҳам етди.

Тезроқ уйланса, бўйнига хуржун осилиб, ўзи-ўзидан тинчирмиди?

Кутилмаганда Қурбоной дунёга этак силкиди.

Ҳасан ана шунда, икки ўртадаги бутун зиддият, можароларга қарамай, бу Аёл ўзига қадрли эканлигини, бир умр уни яхши кўрганлигини сезди. Чиндан билимли, ақлли Қурбонойдан кўп нарса ўргангани, ундан кўнглида миннатдор эканлигини ҳам сезди.

Ў Парвардигор! Дунёнинг бебақолигидан аччиқ-аччиқ йиғлади.

Ворис уйда ёлғиз қолди.

Кап-катта йигит! Лекин Ҳасан бир ерда бўлайлик, деб ўғлини уйни сотиб Навоийга келишга ундади.

Шу палладан ота-бола орасидаги муносабатда гоҳ-гоҳ ғишт қолипдан кўча бошлади...

Ҳайдовчи ўрнида машинани ҳайдаб бораётган Ҳасан баёнсиз бир азоб туймоқда эди.

* * *

Кун қайтган. Осмонни булут қоплаган.

Машина Самарқандга кириб борди.

Ҳасан бу ерда ҳам Гулистон, Жиззахдаги каби ҳамкор оғайнилар билан суҳбатлашиб, шартномаларга имзо чекканида аллақачон қоронғи тушган эди. Кўп ўтмай, шамол тўзон кўтариб, ёмғир бошланди. Ҳасан бир пиёла чой ичиб-ичмай, тез қўзғолди.
— Бошқа гал. Шошаяпман, — деди.
— Ҳеч бўлмаса, ёмғир тинсин.
— Баҳор ёмғири! Кесакмидик, эрисак!

У машина ёнига келиб, Абумуслим орқа ўриндиққа ташлаб қўйилган болишни пинжига олиб, донг ухлаб ётганини кўрди.

Ҳасаннинг ўрнида ҳар қандай бошлиқ ҳайдовчини уйғотиб, тур, кетдик, дер, гап тамом, вассалом эди. Аммо Ҳасан уни кузатган мезбонлар олдида бир томондан ҳайдовчининг фаҳми камлигидан хижолат чекиб, иккинчи томондан қўполлик қилишга уялди. Яна ҳайдовчининг ўрнини эгаллаб, машинани сурди.

Самарқанддан катта йўлга чиққанда бемалол тўхтаб Абумуслимни “туртиб қўйиш” мумкин эди. Ҳатто ҳар қандай бошлиққа ўхшаб энди маромида “тузлаш” ҳам мумкин эди. Айниқса, ҳозир нам ўтибми, оёқларида мажол қуриган, ортиқ “ҳайдовчилик” қилиши зулмга айлана бошлаган эди... Бироқ шунчаки қайрилиб қараб, шу дамда негадир ёнида ётган Абумуслим унинг кўзига Ворис бўлиб кўринди. Чарчагандир, ётсин!

Шамол гирдибод уриб, ёмғир челаклаб қуя бошлади.

Ҳасан олдиндан машина ҳайдаб юрган. Йўлдан чўчимайди. Бу ёғи яқин. Бир соатдан кўпроқ вақт ичида Навоийга кириб борилади... Шунга ҳам ота гўри қозихонами?

Йўлда машинани ҳайдаб кетаётиб (ёнидаги Абумуслимми? Ворисми?) қайта-қайта, ўзи-ўзига раҳми келиб, ёшлар шафқатсиз, менинг ҳолимга Ворис озгина тушунсайди, деб ўйлади. Кейин, қайта-қайта, ўзи-ўзини бепарволикда айблаб, аксинча Ворисга раҳми кела бошлади. Болам қаерда, қандай юрган экан, деган хаёлга борди. Унга бу кун қўзғалган жонидаги оғриқ ўғли билан учрашолмагани натижаси бўлиб туюлди.

Ҳалигина Самарқандда машинадан тушиб ўктам, тарс-турс юрган Ҳасан энди бора-бора оёқлари борми-йўқлигини сезмаётган эди.

Нима бўлгану нима бўлаётганини тушунмаётганидан, уни бадтар ғусса чулғади.

Ўнидаги Ворисми ёки Абумуслимми, энди батамом ажратолмаётган эди.

Буниси майли. Ҳозир у гўёки машинада эмас, пиёда, тиззасигача қумга ботиб, саҳро кечиб бораяпти. Бир тепаликдан шувиллаб қум кўчаяпти. Ана-мана, уни кўмиб ташлаши мумкин.

Яна, назарида, биродари Ҳусан (Тошкентда эмас!) офтоб ловуллаган саҳродами, зулматли-ёмғирли шу йўлдами, тўрт томон югуриб Ворисни ва нечундир... уни —

Ҳасанни қидираяпти.

Улар машина ичида эканини билмайдими?

Бир пайт ёмғир тиниб, кўкда ой ярқираганини пайқади.

Шу асно...

бу нима эди? —

“ло ҳавла ва ло қуввата...” —

нақ йўл устида тутун орасида хумдан чиққан девдек, қурумга қорилган қоп-қора, бадбашара махлуқ тиржайиб турибди.

Ҳасан ҳушини йиғиб олишга улгурмади.

Махлуқ узун тирноқли панжаларини чўзиб, машинани йўлдан сирпантириб юборди.

Машина бориб катта бир дарахтга манглайини урди.

9

Уйқудан бехос уйғониб кетган Ҳусан —

худди харсанг бир тошдек кўксига тегиб турган

тунни қийналиб суриб ташлаган,

шундан кўкси оғриётган эди.

Бу — кеча Ўмонқул билан “улфатлашиш”нинг оқибати, деб ўйлади.

Атрофга қараб, Шоира уйда эмаслигини эслади.

Хотинсиз нонушта қилгинг ҳам келмайди!

Роппа-роса қирқ беш кун бурун чекишни “ташлаган”ди. Ҳозир гоҳ-гоҳ бўлганидек, чекиш хумори тутди. Лекин туз тотмай тамаки тутатиб кўчага чиқиш кони зиён! Ўрнидан туриб, эринганича чой қўйди.

Энди бир пиёла чой ичмоқчи эди, эшик тақиллади.

Хумсондан Шоира билан опалар барвақт қайтиб келишибди, деб ўйлаб, суюниб эшикни очди.

Остонада нотаниш уч киши.

На салом, на алик.

Ўртада новчароғи Ҳусанга жиноятчини тутгандек тикилди:
— Абдураҳмоновмисиз?
— Нима эди?
— Электрга нега тўламайсиз?
— Тўланган бўлиши керак, — деб ғудранди Ҳусан.
— Қоғозини кўрсатинг!
— Мен бу билан шуғулланмайман. Оилам... Уйда у йўқ!
— Сиз шуғулланмайсиз? Нима учун?
— Мен бир илм кишиси. Домла... — ўзини оқлаётгандек бўлди Ҳусан.
— Гапни кўпайтирманг, бобой. Менга аҳамияти йўқ!
— Эй... — Ҳусан хафа бўлиб ичкари кириб кетди. Уйда бир оз пул (кеча Ҳасан берган пулнинг бозордан ортгани) борлиги эсига тушган эди. Олиб чиқиб новчага узатди.

Новча қоғоз ёзиб берди.

Ҳусан эшикни ёпди. Арзимаган иш бўйича юрган йигитларнинг безбетлиги, жоҳиллигидан озорланган эди. Шулар ҳам ўзбекми? Қани, ўзбекнинг каттага ҳурмат, кичикка иззати? Оддий одоби? У йигитлардан бир ранжиса, ўзининг терговчига юзлангандек қисиниб-ожизланиб турганидан, табиатан камтар, хокисор эканлигидан икки норозиланди.

Яна у ўйлади: “Камбағаллик айб эмас”? Айб! Кеча Ўмонқул бу ҳақда тўғри гапирган экан! Айниқса, олим, санъаткор — зиёли камбағал бўлганидан ҳар кимнинг олдида ўз ҳолидан уялиб, тортиниб туришга одатланиб қолмаслиги керак!

Унинг “ланж”лигига фақат кеча Ўмонқулнинг қистови билан ичгани сабаб эмас. Бу кун эрталабдан жисми-жонида кечаги рўй берган воқеалар асорати-ю, тунда кўрган туши ғубори сезилмоқда эди. “Ўлганнинг устига тепган” бўлиб йўлакдаги “суҳбат” уни буткул эзиб юборганди.

Кийиниб эшикка йўналди.

Шу пайт телефон жиринглади.

Дастакни кўтарди:
— Эшитаман.
— Ҳусан! Яхшимисан? Бу Ибод.

У билан Ибод дорилфунунда бир пайтда ўқишган, ётоқхонада бирга туришган. Лекин анчадан буён кўришишмаганди.
— Яхши. Раҳмат. Ўзинг тинч юрибсанми? — деб сўрашди Ҳусан.
— Юрибмиз. Сени бугун бир кўрмоқчи эдим. Муҳим гап бор.
— Бугун иложим йўқ. Жияним касалхонада. Бухородан опаларим келган.
— Зарур. Ярим соатга. Бирга тушлик қиламиз. “Анҳор”да кутаман.

Дастакни ўрнига қўйгандан сўнггина, Ҳусан Ибоднинг “юрфак”да ўқигани, адлия соҳасида ишлаб, ҳозир бир ерда терговчими, адвокатми эканлигини эслади. Унинг нима муҳим гапи бор экан?

Қирқ йилдан ошди... Улар ётоқхонада танишиб қолишган. Уларни дўст ёки оғайни дейиш қийин. Қизиқ жойи, ўша йиллари ҳам, ўқишни битириб кейинчалик ҳар хил давраларда юзлашганда ҳам, Ибод Ҳусанга нуқул мазах қилаётгандек ишшайиб, беписанд қараб, ҳазиллашгандек маза-бемаза гапиришга одатланган эди. Мен одамнинг даражаси билан ҳисоблашаман, сен — ким бўлма (олимми, домлами), ғариб бир шахс, итнинг орқа оёғи! — сен билан бундан яхшироқ гаплашолмайман, мазмунида ўзини қандайдир юқори тутиб келар эди.

Аммо уч-тўрт йил бўлди, Ибод Навоийга борган экан, Ҳасан билан танишибди, ҳатто қадрдонлашибди, шу-шу Ҳусанга ҳам “меҳри тушиб” қолди. Баъзан бўлса-да, энди қўнғироқ қилиб Ҳусанни йўқлар, ора-сира кўришиб бирга тушлик қилар, суҳбатлашарди. Гоҳида ўзининг баъзи бир ишлари бўйича унга гўёки маслаҳат ҳам соларди. Бундай пайтларда исмини атамай, луфт кўрсатиб “нима дейсиз, олим ака?” тарзида мурожаат қиларди.

Ҳусан эшикни қулфлаб, зинадан пастга туша бошлади.

Орқадан уйда яна телефон жиринглагани эшитилди.

Бир изига қайтгиси келдию иккиланиб, қўл силтади. Буниси ҳозир ортиқча!

Унинг ёшликдан одати: вақт жуда зиқ бўлмаса, уловга минмасди. Яқинми-узоқми, пойи-пиёда кетаверарди. Ишга ҳам асосан, яёв қатнарди.

Йўлда кетаётиб, Ибод тўғрисидаги ўй уни тарк этмади.

Энг аввал: “муҳим гап” нима экан?

Кейин: умуман, Ҳасанни таниб Ҳусанга нисбатан муносабат ўзгаргани ҳаётда доим учраб турадиган ҳолатми ёки бу ерда “коса тагида нимкоса”, у англаб етмаган қандайдир маъно яширинми?

Шу асно яшаган жойи (уйи), турмушида бўлган шарт-шароит Ҳусаннинг кўзи олдига келди... Бу нима жин урган бошқарма эканки, камида ўнта раҳбар ой-йил ўтмай алмашинди. Лекин одамлар яшаб келаётган уй бирон пайт сонга киргани йўқ. Бошқарма (ташкилот) рақами бошланишида 3 эди, сўнг 5 бўлди, сўнг уларни кўпайтиргандек — 15. Уйнинг кўриниши, ҳолати эса ўша, ғарибдан-ғариб! Уй қурилгандан буён бинонинг ўзи майли, йўлаклар таъмирлаб, тозаланмаган. Томни аҳён-аҳён нонга ҳолва ёки сариёғ суркагандек ямашади. Бутун деворлар оқарган, сарғайган. Тарнов йўқми, нима бало, юқори қаватдан пастгача сув оқиб ётади.

Уй эгалари ўзи ҳаракат қилиши керак. Лекин оддий одамларда бунга имкон қаерда? Истиқомат қилаётганлар ярми нафақага қараб яшайди.

Ҳусанга Шоира учта қиз туғиб берди. Насиба экан, иккиси бошқа вилоятларга эрга тегиб кетди. Бири Тошкентда, ота-онанинг суянчи. Бироқ у ҳам ўзидан ортмайди.

Ҳусан бу манзарани нега тасаввур қилаяпти?

Дарвоқе...

Ибод!

Ҳасандан Ибод нимадир манфаат кўради!

(Мушук бекордан офтобга чиқмайди!)

Ҳасан бошқа жигарлари қатори, Ҳусанга ҳам гоҳ-гоҳ қарашади. Шу билан бирга... Ҳусан ор қилади! Сен, ахир, халқнинг кўзи олдидаги одамсан! Биров танимаса, биров танийди!

У шароит ҳақида ҳатто биродарига (ўзи кўриб турибди-ку!) очиқ оғиз очгани уялади.

Ибодга ўхшаганлар эса уялмайди.

Ҳасанга оппа-очиқ, бир масалада қийналаяпман, қуруғидан чўзинг, хўжайин, дейди.

Нохуш бир кайфиятда билим даргоҳига етиб келиб, дарсхонага кирди.

* * *

Кафедрада Қурбон домла негадир телефон дастагини чакагига босиб, ўйланиб ўтирарди.
— Ҳа, нима гап?
— Сизга! — деди Қурбон домла дастакни узатиб.
— Лаббай?
— Уйингга кечқурун, эрталаб қўнғироқ қилдим. Бу ерга ҳам учинчи марта... Сени ҳеч тополмаяпман!

Ҳусан машғулотдан эрталабкидан чандон эзилиб, толиқиб чиққан эди. Овоз эгасини таниб, бунинг ҳам иши қистов, “уйига ўт тушган”, бу Ибоддан ҳам кўра муғамбир, бўйинга яна бир ташвишни ортмасайди, деб ўйлади.
— Танимадингми? Ҳамроман. Дўстинг!

Эй! Худо дўстдан ҳам буюрмаган экан. Ҳеч талаб-даъвосиз фидойи Қурбон домладан ташқари, албатта!

Ҳамро ҳам Ибод сингари дорилфунунда бир даврда ўқиганлардан. Турли идораларда ишлаган. Ҳозир аллақайси клубда раҳбар.
— Эшитаяпман, — деди Ҳусан.
— Бугун сени кўришим керак.
— Бугун қийин. Бош қашишга вақтим йўқ. Кечирасан, дўстим.
— Бўлмаса, эртага. Тушликда, — деди Ҳамро.
— Соат иккиларда. Унгача дарсим бор.
— Яхши. Ишхонага кел. Кутаман.

Ҳусан дастакни ўрнига қўйдию қайтиб кўтарди.

Шоира билан опалар Хумсондан келишдимикан?

Уйда телефон жавоб бермади.

* * *

Анҳор бўйидаги қаҳвахонада Ибод у билан кўришаётиб:
— Сени йўқлаганим... соғинганман! — деди.

Ҳусан бу “меҳрибонлик”дан қисиниб, “эй! Мен қиз боламидимки, соғинса!” деб кўнглидан кечирди. Шу дамда пайқади. Бир пайтлар Ибод беписанд қараган бўлса, энди у “олифталик” қилаётгандек. Тескари ҳол содир бўлаётган экан!

Узоқ тутилишдан хавотирланаётган эди.

Кечанинг ўзидаёқ Ворисни сўроқлаб, дарагини топгани яхши бўлди. Аммо Ҳусан ҳали жияни аҳволини билмайди. Нега ота-бола бири-биридан хабарсиз? Орада нима гап ўтган? Бу ҳам номаълум! Қандай бўлмасин, Ворис унинг хаёлидан кетмаётган эди.

Бундан ташқари, уни “йўқлаган” Ибоднинг мақсадини тезроқ билгиси келарди. Органда ишлаган, айниқса қўлтиғида доим торози тутган бундай киши “муҳим гап” дедими, муҳим бир гапи борлигига Ҳусан шубҳаланмасди.

Ибод эса афтидан шошмаётган эди.

Улар тушлик қилишаётиб, у хуш кайфиятда (ёки ўзини шундай тутиб) лим-лим оқаётган анҳорни, атрофдаги гўзалликни, “табиат эркаси” баҳорни астойдил мақташга тушди.
— Ҳозир тоғларда офтоб остида қор ярқираб, ирмоқларда сув шарқираб ётибди. Қани, энди уч-тўрт кун бўш вақтинг бўлса-ю, шаҳардан чиқиб кетсанг! — деди. — Умр ўтади. Шоир айтган-ку “Дўстлар, ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар”!

Шундан кейин, Ибод Ҳусаннинг машғулотдан бўлак пайтда эркин эканлигига ҳавас қилиб, ўз касбида “иш соати” деган гап йўқлиги, бирон жиноий ишга “шўнғишса”, кундузми-тунми сезмай қолишидан шикоятланди.
— Умуман, ҳаёт тегирмон. Гап шундаки, бизнинг одамлар дам олишни билмайди, — деб ўкинди Ибод. — Ана, Ширмонбулоқ. Тоғ устида “Дам олиш уйи” жойлашган. Яқин қишлоқлардан уч-тўрт чол-кампирни болалари мажбур қилиб жўнатишибди. Ўзлари тоғда, икки кўзи пастда! Бемалол кексалик гаштини сурмайсизларми, мазмунида гап қилсам, ҳаммаси уйда ишим бор, дейди... Қисқаси, иккимиз вақт топиб, тоза ҳавони бир айланиб келишимиз керак.

Ҳусан диққат қилди.

Дунёда “кифтини келтириб” чиройли гапирадиган киши кўп. Гапнинг эса аксар ичи бўш! Ибоднинг ҳар бир сўзи маъноли-мағизли... Бу қандай шахс ўзи, деб ўйлади Ҳусан. Сен ўзингни олимман, дейсан-у, ёшликдан то ҳамон унинг олдида ип эшолмайсан. Бу одамнинг юриш-туришида ожиз-кеккаймалик билан босиқ-мутафаккирлик бирлашиб кетгани ажабланарли.

Туйқусдан хаёли қочди.

У бир томондан, Ибод мақсадга кўчишини кутиб, иккинчи томондан, Вориснинг ёнига шошаётгани учунми, Ворис ўзи бирон жиноятга йўл қўймадимикин, деган фикр миясига чақмоқдек урилди. Баъзи “эркатой”лар жиноятдан сўнг касалхонага бориб ётиб олишини эшитган, китобларда ўқиган эди.

Ҳусан жияни тўғрисида тасаввури хира эканлигини ҳозир чуқур ҳис этди... Ҳасаннинг биринчи хотинидан! Гоҳ Бухоро, гоҳ Навоийда юрган. Абдураҳмон Хўжанинг барча фарзандлари-ю, неваралари каби Тошкентни ҳам “ярим ўз шаҳри” деб билади. Ўмонқул билан дўст... Ибод гапни аста-секин Ворисга “олиб” бормаётганмикан?
— Бугун машқинг паст, оғайни. Соғлигинг ўзи яхшими? — Ҳусанга тикилиб сўради Ибод.
— Соғлик яхши, — деди Ҳусан ва аниқ нима дейишини билмаганидан, хаёлига келганини айта бошлади. — Кеча хунук бир воқеа рўй берди. Кўчада кетаётган эдим, гавдали бир киши нозиккина болани ураётган экан. Шундан буён қандайдир ғаш бўлиб юрибман.
— Сен ҳам қизиқ экансан! Дунёда бунақа воқеа тўлиб ётибди. Ҳар куни қанча қонли, оғир жиноят рўй беришини биласанми? Ҳар нарсага куяверса... Ҳалиям бизда жиноятчилик нисбатан кам. Киссавурлик, ўғрилик йўқолиб бораяпти. Безорилик ҳар қадамда кўзга ташланмайди. Талаб қаттиқ... — Ибод бирдан мавзуни ўзгартирди. — Ҳасан ака кеча келган эканлар, эшитмай қолибман. Кўрмоқчи эдим... Навоийдан бизнинг соҳада ишлаган бир танишим бугун эрталаб келган эди, ўша билан гаплашаётиб, сенга қўнғироқ қилдим... Бўлган-бўлмаган ҳар хил...
— Нима “бўлган-бўлмаган”?
— Ўзинг эшитмадингми? Сени шунинг учун чақирдим... унча яхши хабар эмас. Лекин босиқ бўл... Ҳасан ака Тошкентдан кетаётган эканлар, Самарқанддан ўтгандан кейин авария ... тирик қолган! Бунисига шукр. Қайси аҳволда, буниси ноаниқ... Эшитганимни сенга етказмасликни номардлик, деб ўйладим...

Ҳусан нақ жони суғуриб олингандек бўлди.

Икки киши икки қўлтиғидан тутмаса, ўрнидан туролмайдигандек эди.

Унинг учун Ҳасан фақат жон-жигар эмас. Бир Вужуднинг ярми!

Улар Бир Бола ўрнида Қўш бўлиб туғилган!

Бири кетса, бошқаси ҳам...

Унга ҳарҳолда шундай бўлиб туюлади!

Лаҳза ичида сўнгги воқеалар хаёлида чарх урди.

Негадир “аҳмоқ кун” деган гап хаёлига келди.

У кечаги кунми, бу кунни кўзда тутаётганини ўзи ҳам билмас эди.

* * *

Тириклик шу...

қандай фалокат рўй бериб, қанчалик ғамга ботмагин, ўрнингдан туришга мажбурсан!

Ҳаётдан ҳатто чарчаб тинканг қуриганда ҳам, илдам юриш насибанг. Қочиб қутулолмайсан!

Барибир, ҳозир касалхонага бориб биринчи галда Ворисни кўриш, йўл-йўлакай энди нима қилишни ўйлашга тўғри келади.

Қаноти бўлса, шу ондаёқ Навоий томон учар эди-ку, одам қанотсиз яратилган!

Айни дамда бир пайтлар отаси Исмоил Хўжа амакиси Иброҳим учун қай йўсин куйиб, адои тамом бўлганини Ҳусан одатдагидек фақат тасаввур қилмай, гўёки ўз баданида туйди... Исмоил Хўжа изтиробга чўмгани кам, Ғайрат Суръатми, Суръат Ғайратми деган арбоб кўрсатмасига биноан, гоҳ Кабир Ҳожи ва Шоди Турсун, гоҳ Бўтавой Нодир ва Акмал Рашид деган йигитлар, баъзида тўрталаси бирга маҳал-бемаҳал бот-бот уйга бостириб келишгани, қаердан бўлмасин, акангни топасан, деб уни қийноққа солишгани — улар хонадони тарихида шундай воқеалар ҳам ўтганини эслади. Эҳтимол, Исмоил Хўжа шу зулм-зуғум натижасида боболари юрти Бухорога кўчган, журъатсизми-эҳтиёткор кишига айланган эди. Ҳусан, бечора отам, деб ўйлади.

Яна айни дамда маҳалладаги Марат бобо ёдига тушди.

Унинг бу гапларга дахли нима?

Бир куни Ҳусан кўчадан уйга қайтаётган эди, чойхона олдидаги харракда ўтирган кекса бировга кўзи тушди. Тикилди-ю, эси оғиб, саросималанди. Бу — бобоси Абдураҳмон Хўжами, отаси Исмоил Хўжами эди.

Бунга ишонгандек, лекин кўзларини катта очиб, яқинлаша бошлади.

Яқинлашгач, сергакланди:

Марат бобо...

Олдин эътибор бермаган экан.

Унинг афти-ангорида уларга бир оз ўхшашлик бор экан.

* * *

Касалхонада карантин. Қўли-оёғи узун кимдир сирғалиб ичкарига кирмаса, бу ерда шамолни ҳам ўтказишмаётган экан.

Ҳусанга ошқозон ва ичак касалликлари бўлимида ётган жиянини эшикка чақиртириб беришди. Каттакон дарвозанинг тирқиши, девордаги тешик-туйнуклар олдида одамлар ғуж бўлиб олган, ҳар ким ўз “бемор”и билан гаплашишга уринар эди.

Касал кўргани келиб кеч қоронғисида, бу шароитда бировни кўришнинг ҳам, жиддий гаплашиш эмас, яхшироқ сўзлашишнинг ҳам имкони топиладиганга ўхшамасди.

Ҳусан жияни — озғин, дароз йигитчани аввалида танимади. Кейин, ҳалигина жияни ҳақида ёмон хаёлга борганини эслаб, бадтар хижолат чекди.

У албатта, Ворисга Ҳасан тўғрисида оғиз очмади.

Улар бири-бирини “кўздан қочирмаслик”ка тиришиб, узуқ-юлуқ сўзлашишди.
— Яхшимисан? Нима бўлди?
— Ўтибман. Яхши. Тошкентга келишим билан шунақа... Энди тузалиб қолдим.
— Карантин қачон тугайди?
— Эртага.
— Унда эртага яна келаман.
— Икки-уч кунда ўзим чиқаман.
— Бирон дори керакми? Нима керак?
— Ҳеч нарса, амаки. Раҳмат...

Ҳусан кўнгли тўлмай изига қайтди.

Аҳвол қандайлигидан қатъи назар, у эрта ё индин Навоийга йўл олишни мўлжаллай бошлаган эди. Лекин шароитга қараб иш тутиш учун олдин қўнғироқ қилиш керак.

Уйдан қўнғироқ қилишни истамаганидан, касалхонадан узоқлашиши билан, шу ўртадаги почтахонага кирди.

Одам оз экан.

Телефон тезда уланди.
— Алло.
— Алло, Норгул...

Норгул индамасди. Йиғлаяптими?!
— Хабарим бор. Қон бўлиб турибман. Йиғламанг! Гапиринг!
— Реанимацияда. Жуда оғир. Ҳали ўзига келгани йўқ. Нима бўлади, билмайман. Дори буюришган эди, йўлда уйга кирдим.
— Мен ишонаман, ҳаммаси яхши бўлади. Эртага ёки индинга бораман.

Аёл табиатига тушунмайсан! Норгул, ёнида икки фарзанди, эри учун қайғураётиб, дайди “боласи”ни эсдан чиқармаган экан:
— Ворис-чи?
— Бирга олиб борарман. Топдим. Юрибди. Тинч...

Ҳусан гарчи Ибоддан Ҳасаннинг тирик эканлигини эшитган бўлса-да, Норгул билан гаплашгач, сал осойишталанди.

* * *

У ҳарҳолда чалғиганди.

Ҳасан ва Ворис, Ворис ва Ҳасан! — булар иккиси бутун хаёлини банд этганди.

Касалхона томон бораётиб растадан ўтгани-ю, бу ерда бозор қилганида ҳам, гавдали киши ва бола тўғрисида ўйламаган эди.

Мана, энди катта йўл ёқалаб юриб, қайтиб растага кириб келди-ю, савдо мажмуи олдида тўхтади. Назарида, бир силтаниб орқага — кечаги кунга қайтгандек, мудҳиш воқеа гўёки ҳозир, шу паллада рўй бераётгандек бўлди. Даҳшатли ҳаяжон чопари кўксида эшик қоқа бошлади.

“Жиноятчилар олами”да айланиб юрган Ибоднинг кўзи қотган-да! Ҳусаннинг шўрлик бола ҳақидаги гапига пинагини бузмади... Аслида, биров бировга қўл кўтаришга ўзини ҳақли деб билиши дунёдаги бор жиноятларнинг муқаддимаси эмасми? Афсуски, ҳаётда учраган яхши-ёмон ҳолатни қандай ҳис этиш — ҳар кимда ҳар хил. Бирон хатти-ҳаракатни кузатиб жисми-жонидан ўтказиш, баҳо беришдан маҳрум, ғафлатда юрган киши озми? Тарбия етишмайди.

Ҳусан шарт савдо мажмуи бошланишидаги дўконга кирди.

У ҳозир маст ҳолатда эмасди. Лекин мабодо оқ кийган, гавдали киши шу дамда дўконда бўлса, тақсир, кеча, қутурган пайтингиз сўзлашолмадим, хўп, ўзи нима гап, демоқчи эди. Айнан шу тахлит гаплашишга қарор қилганди.

Дўконда икки ёш йигит пештахталарни тартибга солишарди.

Ҳусан дўконни айланди. Ичкари хона томон кўз ташлади.
— Хизмат, отахон?

У нима деярини билмай қолди.

Бу йигитлар билан гаплашиш, улардан гавдали киши тўғрисида сўраш телбалик, холос. Бир гапни билганда ҳам, айтишмайди. Ким сайраса, эртагаёқ паттаси қўлида, орқасига тепиб ҳайдашади.
— Бир оз ширин кулча. Қанд-қурс, — деди Ҳусан.

Дўкондан чиқиб, кечаги майдончада яна серрайди.

Тун кирган. Атрофни қоронғи қоплай бошлаган.

Шоира билан опалари аллақачон Хумсондан қайтиб, уйда уни пойлаб ўтиришгани кўзи олдига келиб, ниҳоят, уйга қараб юрди.

Растадан узоқлашиб бормоқда, аммо хаёли ўша дўконда қолган эди.

Хў-ўш...

Бирдан унинг кеча “тиклаган иморат”и қулади.

Болани урган киши — дўкондор бўлмаса-чи?

Унда, бола ҳам — ўғри эмас.

Бу ҳолда, бола нима иш қилган эканки, ғазабга учрабди?

Фавқулодда кучли бир киши нимжон болани нега калтаклайди?

Ахир, бу (оқибатини Ҳусан билмаган) воқеа рўй берганига бирон-бир сабаб бўлиши керак-ку?

Хаёлига янги фикр келди:

Улар ота-бола эмасмикан?

Зурриётини йўлга сололмаган, гапини ўтказолмаган ота...

Жаҳл чиқса, ақл қочади...

Йўқ!

Ҳусан Дўкондор ва Ўғри ҳақидаги (ўзи ишона бошлаган) тахминга кўнглида энди иштибоҳ сезаётганидек, улар ота-бола эканлигига ҳам шубҳа билан қараётган эди. Орадаги муносабат ҳам, тўқнашув нега рўй бергани ҳам маълум эмас.

Бир нарса аён:

бу ишнинг тагига етмагунча унинг кўнгли жойига тушадиганга ўхшамайди.

У бундан сўнг ҳам растадан ўтади.

Ва албатта, майдончада тўхтайди.

Ва албатта, дўконга мўралайди.

Арвоҳ турқидаги киши ва ожизгина болани қидиради.

Лекин кейин-чи? Уларни топса, шу билан иш битадими?

* * *

Уйда Шоира ошга гуруч солмай, унга қараб ўтирарди.
— Опалар қани? — деб сўради Ҳусан остона кечиб.
— Кўчага кетишди. Растада юрган бўлишса керак. Ҳозир келиб қолишади.

Ҳусан йўлда, растада шунча юриб опаларини учратмаганига ажабланди. Уларгаки дуч келмабди, демак катта йўл ёқасида, растада бировни излаб ҳам топиш қийин.
— Яхши бориб келдингларми ўзи?
— Зўр! — деди Шоира.
— Қозонни менга қолдир. Сен дастурхон туза.

У гуруч тозалаётиб, хаёли ҳамон Ҳасан, Ворис ва кўчадаги болада эди.

Шоира дастурхон тузаб-тузамай, опалар кириб келишди.

Улар ўзлари учун нималардир харид қилишган.

Шоирага мақтаниб кўрсатишди.

Ҳусаннинг чарчоқ, ғамгин ҳолатига зид, аёллар кайфияти кўтаринки. Улар мамнун эдилар.

Дастурхон атрофидан жой олишгач, ундан-бундан сўзлаша бошлашди.
— Сиз ҳам бирга борсангиз бўларкан, — деди Мавжуда.
— Қаёққа?
— Хумсонга-да! Хаёлимизга келмапти. Ўлғиз қодириб кетаверибмиз.
— Эй! Менинг бошқа ишим йўқми? — деди Ҳусан. Беихтиёр асабий, кескин гапирганини сезиб, гапнинг давомини юмшатди. — Бунинг устига, ҳамшаҳарларимиз ибораси “айтган жойга бор, айтмаган жойда нима бор”. Мени улар танимаса, билмаса...
— Билади. Телевизорда кўрган... Баъзан ошно билан бегонани ажратолмайсан! Бир ёз Хумсонда, санаторийда дам олганимда Заррина билан танишганмиз. Меҳмонга чақирган. Кейин, эри-иккисини Бухорога таклиф қилдим. Келишди. Уч-тўрт кун юришди. Язнангиз ҳали бардам эдилар, меҳмонлар кетамиз деганда, биз сизларни кузатамиз, бирга Навоийга борамиз, у ердан Самарқандга, ўша ерда хайрлашамиз, дедилар. Шундай қизиқ сайр қилганмиз. Шу баҳона орада қариндошдек меҳр туғилган.
— Битиб кетган бой бўлса бошқа гап, оддий, меҳнаткаш кишилар, — деб гапга қўшилди. Мавлуда. — Лекин боришимиз билан оёғимиз остида қўй сўйишди. Осмондан фаришта тушгандай, бизни худди тавоб қилишди. Кўнгли очиқ, яхши одамлар экан...

Ҳусан дунёда яхши одамлар (чин инсонлар) кўплигини билмайдими! Шунга қарамай, йўлиққан ҳар кимга “доно”лик билан баҳо беришлару “ошно” бўлишлар унга ёқмасди. У, ОДАМ деган мавжудотнинг соат капгиридек яхши ва ёмон орасида “тебраниб” туришига умрида неча бора гувоҳ бўлган! Ҳусан гоҳо эслайдиган Ўзувчи “яхши одамнинг падарига лаънат” қабилидаги ғалати гапни айтган эди. У, опаларию Шоирани бу кун сийлаган Бердиқул исмли шахс эртага, хотини Заррина бону ёнида, ўғлими-неварасини етаклаб келиб, домла, сиз ўзимизники, бу бола эса сизники, демаслигига кафолат беролмасди. Бундайлар “ачиб” ётибди!

Опалар меҳмон...

Ҳусан мулозамат кўрсатиши керак.

Очиқ чеҳра билан суҳбат қуриши керак.

Лекин у нима дейишга ҳайрон эди.

Опаларга Ворис тўғрисида ҳикоя қилиш мумкин.

Ҳасан тўғрисида бўлган-бор воқеани айтиб бериш мумкин.

Ўшанда улар касалхонага бориб (тирқишдан бўлса-да) Ворисни кўришлари, Навоийга бориб Ҳасаннинг ёнида туришлари ҳам мумкин.

Бунинг нимаси ёмон?

Бу — минг йиллик таомил. Яқин кишилар “ўз ҳаётини” бири-биридан “пинҳон” тутмаслик, яхши кунда ёки бир кор-ҳол рўй берганда бехабар қолмаслик шартига доим риоя қилиб келганлар!

Бироқ бундай иш тутиш Ҳасаннинг иродасига зид.

Айниқса, ҳозир унинг иродасига бўйсунмай бўлмайди.

Ҳасан ҳашаматли ҳовлисини қўрғонга айлантирганидек, ўзини иҳота девори билан ўраб олган.

У бир томондан, барча оғзига қарашини, иккинчи томондан, барча унинг ҳаётидан “четроқда туриши”ни истайди.

Бу яқин кишиларга ҳам тегишли. Аввалдан Ҳусанни бекордан “опаларга индама” деб огоҳлантиргани йўқ.

Опалар-чи?

Мавлуда ва Мавжуда бировга, айниқса ўз жигарларига ёмонлик тилашмайди. Лекин улар (балки, аёл эканликлари сабаб, қизиқиб) Ворисдан ҳар нарсани сўрашлари, гап ковлаштириб, қош қўяман деб кўз чиқаришлари ҳам мумкин.

Ҳасан ҳақида эшитган заҳоти кўзёш тўкиб, туни бўйи оҳ-воҳ чекишлари, шунинг баробарида Ҳасаннинг ҳаётию қисматини бир бошдан муҳокама қилишлари мумкин. Навоийга боргач, унинг оиласи тинчини бузиб, бош-қош бўлишга уринишлари, қолаверса, далда ўрнига элдан бурун мотам тутишга “киришиб” кетишлари ҳам мумкин.

Биз нега шундаймиз?

Билим бор. Ақл бор.

Юракда эзгуликка интилиш бор.

Комиллик ҳақида гапирамиз.

Одамшаванда бўлгимиз келади.

Лекин ўзни муносиб тутолмаймиз.

Лойли кўчаларда адашиб-улоқиб юрганга ўхшаймиз.

Ҳусан шу боисдан, опаларга, улар олдида хотинига ҳам сир бермаётган, дарди-ҳасратини ошкор қилмаётган эди.

Хўп. У шунчаки суҳбатга жон киритиш учун кўчадаги бола тўғрисида гапирсин!

Адлия соҳасида ишлаган Ибодки унинг қандай даҳшат туйганини ҳис этмади, опалари буни теран англайдими? Ана, шу паллада улар аллакимнинг меҳмондўстлиги, меҳрибонлигини мақтаб-таъкидлаб, бу билан Ҳусанга таъна қилган, унинг таморқасига тош отгандек бўлишаётганини сезишаётганмикан? Ўртада Шоиранинг безовталаниб, хонада асабий югура бошлаши қолади.

Эри хомуш, паришон эканлигига аллақачон аҳамият берган Шоира, опалар билан ўзи ҳам меҳмонга борганидан қисинган кўйда:
— Кейинги келишларингда биз ҳам қўй сўямиз, худо хоҳласа! — деб очилган мавзуни ёпгандек бўлди.

Ҳусан пайқади: унинг ҳолатини озор чекишга йўйган хотини, опаларга тегиб кетадиган гап қилган эди.
— Ўз опажонларим! От билан туя сўйса ҳам арзийди, — деди гапни андавалаб.

Ош пишди деганда эшик қўнғироғи жиринглаб, кенжа қиз ва куёв келиб қолишди. Опалар шу ерда эканлигини Шоира кеча уларга айтган, бугун вақт топиб кўргани келишган эди.

Умида боғчада ишлайди.

Зафар “нефт ва газ” идорасида.

Ўшлар даврага қўшилгач, ҳукм сурган нохушлик унутилди.

Опалар ва Шоира яна олдинги кўтаринки кайфиятга қайтишди.

Ҳусан ҳам ўзини “эплаш”га урина бошлади.
— Дада, — деди гап орасида Умида, — сизнинг Қурбон домла деган оғайнингиз борми?
— Бир кафедрада ишлаймиз. Нима эди?
— Бугун келган эди. Неварасини боғчага жойлаштирмоқчи экан... Жуда содда, антиқа киши экан. Келиб, тўппа-тўғри, мен ҳеч қачон пора олган ҳам, пора берган ҳам эмасман, сизларни хурсанд қилолмайман, дейди. Кейин, сиз кимнинг қизи, деб сўради. Исмингизни айтсам, ўрнидан туриб кетди, Ҳусан мени ошначилик қилибди, номимни сотибди, деб ўйлайди. Бошқа боғчага бораймикан...

Ҳамма кулиб юборди.

Ҳусан ҳам.
— Яхши олим. Ҳолол киши! — деди.
— Ҳусанжон, эшитганмисиз, бобомиз Абдураҳмон Хўжа банкда ҳам оз-моз ишлаган эканлар, — деди Мавлуда.
— Эски пайтларда ҳам банк бўлган эканми? — деб ажабланди Шоира.
— Бўлган. Айний “Судхўрнинг ўлими” китобида ҳам ёзган.
— Демак, бобомиз ҳисоб-китобни ҳам яхши билганлар, — хулоса чиқарди Мавжуда.
— Ҳасан бу жиҳатдан бобомизга тортган! — кулиб қўйди Мавлуда.
— Биз ҳар жиҳатдан отамиз, бобомизга тортганмиз. Ота-боболардан ўтиб қаёққа борардик! — деди Ҳусан.
— Мен бу ҳақда гапирмоқчи эмасдим, дада, — унга юзланди Зафар. — Ҳасан амакимни... эшитган бўлсангиз керак?

Ҳусан буни кутмаганди. Шум хабарнинг олтита оёғи бўлади, куёв ишлаган идорага дарров “ахборот” етиб келган. Бир соҳа бўлгач, балки бу табиий.
— Эшитдимми, йўқми бунақа нарсани гапирмаган дуруст, ўғлим, — куёвни кескин тўхтатди Ҳусан.

Опалар улар иккисига аланг-жаланг қарашди:
— Ҳасан? Тинчликми?
— Тинчлик. Бу хизмат борасидаги гап! — деди Ҳусан қатъий.
— Банкда ишлаб ҳам ҳар ким бой бўлавермас экан! — деб хўрсинди Умида.
— Худо, ол, қулим, деган олади, — тагдор гап қилди Мавжуда.

Шундан сўнг, Умида билан Зафар ўринларидан туришга чоғланишди.
— Аммажонлар! — деди Зафар. — Эртага бизникида меҳмон бўласизлар. Қўй сўймасак ҳам...

Эй! Яна “қўй”.

Йўқ. Бу гал “қўй”га ҳеч ким эътибор бермади.
— Сизлар ишли киши, — деди Мавлуда. — Бошқа келганда, доммод. Сафар қариди. Эртага кетамиз.
— Нега? Юрибсизлар-да! — “норозиланди” Шоира.
— Сизларни кўрдик, хурсанд бўлдик. Асалнинг ҳам ози яхши, — деб гапга аралашди Мавжуда. — Ўзларинг албатта, келинглар. Эрталаб автобусга чиқсак, кеч кирмай Навоийга етиб боради. Ҳасанжонни ҳам бир кўриб, Бухорога ўтиб кетаверамиз.
— Мен бугун қўнғироқ қилган эдим, — деди ўйланиб Ҳусан. — Сизларни айтдим. Ҳасан беш-ўн кундан кейин боришларингни сўради. Ҳозир жуда банд экан.

Опалар тарвузи қўлгиғидан тушгандек бўлди.

Улар, эсига келган яқини уйига “бостириб” боравериш расми йўқолаётгани, кундан-кун бу “эскирган одат”га айланаётганини эҳтимолки, биринчи марта ҳис этишаётган эди.

Ҳусан шу палла “меҳмон боби”да Шоирага ўхшаб иш тутди.

У Ҳасаннинг хоҳишини бажарган эди.
— Унда кундузги поездга чиқамиз, — деди Мавлуда. — Навоийга кейин, қўнғироқ қилиб борармиз.

Инсон ҳамма нарсага кўникади.

Бири-бирига етказган озорларга ҳам...

* * *

Ҳусан ланж, фаромуш эди.

Икки опа — Мавлуда ва Мавжуданинг юзи вагон ойнасида сўнг бор лип этди. Поезд шиддатланиб, муюлишда беркинди.

Ўзи-ўзидан қандайдир норози эди. Ҳасанни ўйлаб, назарида, опаларига хиёнат қилганди. Умуман, хонадон аъзолари орасида меҳр-оқибатга ёнма-ён, худбинлик ва — ўзаро муносабатда, — озми-кўпми сохталик борлиги аламли. Улар қачон, нега бир тан-бир жон бўлолмаганини айтиш қийин. Балки, бу ота Исмоил Хўжа ва она Бокира бону бири-биридан “узроқроқ” кишилар бўлгани ҳолда қовушган кундан бошлангандир? Балки, Азалдан то Ҳамон инсон қонида яшаган қусурлару улар қаршисида қўрқув ва ишончсизлик (ўзига ишонган даражада бировга ишонмаслик, қачондир жамоа шаклида кун кечирган инсониятнинг асрдан-асрга, йилдан-йилга якка-ёлғизлик томон бораётганлиги) натижасидир? Ўзларини кўркам бир хонадон фарзандлари, аҳил оила, деб билган кишилар “яқинлик” соясида “бегоналик”ни ҳам “сақлаб қолишгани” ҳар бир банда туғилгандан ўлгунигача ва балки, ундан кейин ҳам ХУДО ОЛДИДА жавобгар Ўлғиз шахс эканлиги БЕЛГИСИ бўлса керак? Бу — опалардан ҳам кўра кўпроқ бири-бирига “киндиги боғланган” Ҳасан билан Ҳусанга тегишли. Ҳасан билан Ворисга ҳам...

Темирйўл бекатидан узоқлашган Ҳусан шуларни ўйлаганича, машина ёллаб билим даргоҳига етиб келди.

У кафедрага кирганида ҳар кунгидек ундан эртароқ иш бошлаган Қурбон домла кўзойнак тақиб қалин бир китоб “ичига шўнғиган” эди. Ҳусанни кўриб қисиниб-қизаргандек бўлди.

Ҳусан боғча ҳақидаги гапни беихтиёр эслаб, кулиб қўйганича, Қурбон домлани хижолатдан қутқарди:
— Кеча қизим Умида келган эди. Сизни мақтади. Яхши дўстингиз бор экан, деди.

Шундан сўнг, у то шу дам бировга билдирмаган “дарди”ни Қурбон домлага ёрди. Ҳасаннинг ҳаёти қил устида эканлигию Ворис билан муносабатини ҳам маълум изга солиш кераклигини яширмай айтди. Ниҳоят, Навоийга бирров бормаса бўлмаслигини тушунтирди.
— Сўрасангиз, жавоб беришмайди, — деди Қурбон домла. — Индамай кетаверинг. Мен бир иложини қиларман.

Ҳусан машғулотлардан кейин, яна ланж, фаромуш ҳолатда кўчага чиқди.

* * *

Мелоддан ҳам илгарироқ —

Спартакнинг ватандошлари Икор ва Дилол парвозидан тортиб:

Дам семурғ-қуш,

дам учар гилам...

Ўки, яна достондаги:

Алпомишнинг Бойчибар оти,

Тўрт ярим газ эмиш қаноти...

Қандай бўлмасин,

Ер — фоний.

Осмон — боқий.

Бу кун: “Биров — Ерда, биров — Осмонда!” десангиз ҳеч ким ажабланмайди. Биз тириклар ва ўликларни кўзда тутмаяпмиз, гап фақат тириклар ҳақида! Жисмнинг қайсидир восита орқали Кўкка Кўтарилиши бу кун оддий ҳол. Ҳаво кемалари Осмонни “тўлдирган”. Руҳнинг Кўкка Юксалиши ҳам янгилик эмас. Эҳтимолки, Жисм юксалишига нисбатан қадимийроқдир. Осмонга чиқиб тушгандек ҳолатни ҳис этган ҳар хил кишилар бор. Ерга қараганда Осмоннинг умри узоқ (боқий) эканлиги учун Инсон бир умр Парвозга чоғланмаганмикан? Бир шоирнинг шеърида қизиқ мисра келади:

Галактика мозорида кўмилар таним...

Дунёда аввал-охир Ер ва Осмон, Жисм Парвозию Руҳ Парвози тўғрисида ўйламаган бирон шоир, бирон олим йўқ.

Айниқса, файласуфлар! Кўпинча ўзини Ер билан Осмоннинг авра-астарини ағдариб кўргандек тутади.

Ҳусан “доно”лик қилмаса-да, у ҳам бу борада мунтазам ўйлайди... Бунинг бари даҳрийлар (моддиюнчилар) неча йилки инкор этган тариқат, Одам Ато билан Момо Ҳавво “Ерга тушингиз!” деган Фармони Олийни олган пайтдан бошланмаганми? Ўша, АЗАЛ СОАТдан икки ўртада

Муаллақ бир ҳолат

пайдо бўлмаганми?

Кўчада, Ҳамро ишлаган клуб томон кетаётиб, Ҳусан ҳали мактаб остонасини тарк этмаган кунлар “Ўқувчи-ёшлар саройи”га қатнаганини эслади. Ўшанда у “Авиамоделчилар” тўгарагида қатнашган, чиройли кичик самолёт шакллари ясаган, учувчи бўлишни орзу қилган эди. Аммо қисмат экан, кейинчалик Инсон тафаккури:

Сўздан, Тушунчадан, турли даврларда

турли “либос”га ўранган Дунёқарашдан

баҳра топиш унга бахт бўлиб туюла бошлади.

Мана, энди ўйлаб кўрса, нотаниш шаҳарга келган сайёҳдек, замонлар давомида турли кўчаларга “кириб-чиққан” фалсафа — фанлар Онаси, — то ҳамон:

Биз ўзи ким? Яратилишдан маъно нима?

Бизга қандай муҳим вазифа юкланган? —

ва бошқа, бошқа оддий саволларга жавоб топмаган,

МУАЛЛАҚ БИР ҲОЛАТдан

бўлак нарсани аниқлай олмаган экан!

Ҳусанга ўхшаб Ҳамро ҳам файласуф.

Ихтисос бўйича.

Лекин амалда арбоб. Клубга раҳбар бўлгунича ҳам катта-кичик идораларни бошқарган.

Бир гал у тўғрида Ибод билан сўзлашгани Ҳусаннинг ёдига тушди.
— Томбосдини биласан! — деди негадир Ибод.
— Қанақа “томбосди”?
— Ўз оғайнимиз. Ҳамро! Лақабини эшитмаганмидинг?
— Биринчи эшитишим.
— Сен ҳам Афанди экансан!
— Нега Томбосди? Тушунмаяпман.
— Ўшлигида, зилзила пайти уларни том босган. Ота-онаси ўлган. Ҳамро ўзи болор-вассалар орасида тирик қолган. Баъзан гапириб юради. Кўпроқ ичган бўлса, йиғлайди. Кўксингга бошини қўйиб йиғламаган экан, демак сизлар унча яқин эмас экансизлар.
— Хўш?
— Ҳар нарсани илтимос қилавериб, кишини чарчатиб юборади.

Ҳусаннинг Ҳамро билан муносабати чиндан “унча яқин эмас”. Улар орасидаги муносабат ёшлик йилларига садоқатми, ўтган беғубор кунларни қўмсашми? — шундай бир туйғуга асосланган. Ҳусан қачондир Ҳамро тўғрисида корчалон, деган фикрга борган, унинг ҳаётидаги кулфатдан воқиф бўлганидан сўнг ҳам, фикри ўзгармай қолаверган эди.

Тақа шаклида қурилган икки қаватли эски ва анчайин хароб бино.

Ҳамронинг кабинети иккинчи қаватда.

Гаплашадиган гап жиддийми, ҳар қалай у дастурхон тузаб, эшикка қараб ўтирарди. Ҳусан билан кўришаётиб:
— Кўчага чиқмаймиз. Шу ерда чой ичиб қўяқолайлик, — деди.

Ҳамро Ҳусаннинг боя ўйлаганларини олдиндан билгандек, улар стол ёнидан жой олишгани заҳоти, кутилмаганда:
— Ер — фоний, Осмон — боқий, биров — Ерда, биров — Осмонда! — деди.
— Хў-ўш?
— Ғарбдан олдинроқ Шарқда қадимдан китобларда Иторид, Миррих, Муштарий, Зуҳал, Зуҳра деган сайёралар, юлдузлар номи учрайди. Улар сиртида ҳаво йўқ ҳисоби. Иссиқ. Масалан, Ерда Саҳрои Кабир ёниб ётгани ҳеч нарса эмас, Зуҳра сайёрасида ҳарорат 450-470 даража. Бунинг устига, бир кеча-кундуз Ерда бўлган 417 кеча-кундузга тенг...
— Сен ўқиганингни мен ҳам ўқиганман. Мен эмас, саводли мактаб боласи ҳам бу гапларни билади, — деди тоқатсизланиб Ҳусан.
— Тўхта! Гапни эшит... Сўнгги йилларда олимлар бир куни Ердан Осмонга “кўчиб чиқиш” устида ўйлашади. Зилзила, тошқинлардан Ер йўқолиб кетади, дейишади. Ҳозир кўп катта мамлакатларда аниқ “Осмонни ўзлаштириш” нияти билан юрганлар ҳам чиқаяпти. Осмонда шароит йўқлигига қарамай, улар ҳатто турли сайёраларни Ердагидай, хаёлан ўлчаб, бировларга тақсимлаб беришаяпти. Рўйхат тузиб, банкларга пул ўтказилаяпти. Бу фантазия эмас, ҳақиқат.

“Ерда ҳаётни минг йиллар давомида тартибга сололмаган одамзод Осмонни гуллатадими?” деб ўйлади ўзича Ҳусан.
— Жон оғайни, мақсадга ўтавер, — деди.
— Мен шу ҳаракатга қўшилмоқчиман.
— Қўшилавер! — “рухсат” берди Ҳусан.
— Менга ишонганинг учун раҳмат... Мен сендан бирон нарса илтимос қилмаганман. Чунки мендек сен ҳам ўз аравасини ўзи тортган кишисан. Ерда юрибсан. Биродаринг Ҳасан ака бошқа. У киши Осмонда, дейиш мумкин.

Ҳусаннинг хаёли қочди: “Нега Ҳасанни энди бу эслаяпти?”

Лекин эгизаклар бора-бора қарама-қарши қиёфа касб этаётгани рост!

Ҳусан — камтар, ўзини хокисор (тупроққа тенг) тутишга ҳаракат қилади.

Ҳасан — ўзини баланд парвоз (ҳавода учиб юргандек) тутади. Кибор. Буни табиий ҳол, деб билади.

Уларнинг яшаш ҳолати ҳам шунга яраша!

Унинг хаёли бўлинди.
— Илтимос, мени Ҳасан ака билан таништир.
— Нега?
— Менга иш юритиш учун маблағ керак.
— Мен бунга аралашолмайман. Ўзинг таниш. Ўзинг гаплаш... Айниқса, ҳозир бу кўнгилга сиғмайди. Ҳасан оғир ётибди, — “аварияга учраган” дейишга Ҳусаннинг тили бормади.
— Ўтган бўлса, бориб кўришнинг айни мавриди эмасми?
— Эй... — Ҳусан хафа бўлиб кетди.

Ҳаётда ҳалол йўл билан пул топиш қийин шекилли!

* * *

Шам

лап-лап

ёнади.

Оппоқ капалак қанот қоққандек.

У эриб битгунича атрофни ёритади.

Одам ҳам шу! Умрида атрофни ёритиши керак.

Аммо биз доим бундай қилолмаймиз.

Ўзини шамдек ёқиб, озгина, ожизгина бўлса-да, нур таратишга аксар қурбимиз етмайди.

Бизнинг қонимизда зулмат кўп.

Арофни ёритиш қаёқда? Бизга бирон нафи тегадиган бўлса, йўлда кўринган ШАМлар (ЧИРОҚлар)ни аксинча, ўчириб юрамиз. Тап тортмай!

Қўлларингни қанотдек силкитиш, ўзингни Осмонда деб билиш мумкин. Лекин бу — Парвоз эмас.

Инсон — Жисми, Руҳи пок ҳолатга кириб, атрофни ёритмагунича Осмонга кўтарилолмайди.

Инсоният ҳали Зулматдан қутулгани йўқ.

Биз муаллақ бир ҳолатдамиз.

Худойим! Кечиргин.

Худойим! Бу не ҳол? Сен одамни тенг, оламни тўкис яратдинг! Кўркам яша, аҳил яша, шукрона қил, дединг!

Бироқ

Одам Ато фарзандлари (яна ўша, Қобил ва Ҳобилдан бошлаб) кўпкарига тушгандек, ўртага ташланган “бузоқ”ни ҳар ёққа тортдилар. Улар — Худбин ва Бадбин, — аҳил, кўркам яшаёлмадилар.

Инсоннинг бундай

нотенг, нокомил

эканлиги, бундай

телба ҳаўтида

ҳикмат нима, худойим?

... Ҳусан ич-ичидан зил кетаётган эди.

Назарида, ўзини аёвсиз тутган, Ҳамрога озор берганди.

Ҳамро (ичмаганига қарамай) ана-мана йиғлайдиган аҳволда қолаверган эди.

Ғариб осий банда!

Уларнинг бутун суҳбати икки кишининг алжирашига ўхшар эди.

* * *

Касалхона эшиги бу кун очиқ.

Ҳовлига кириб ингичка йўлкадан узун бино томон йўналган Ҳусан, дарахтзорда шунчаки вазмин одимлаётган кекса бир беморни кўриб қолди. Бемор ҳам бошини кўтариб унга кўз ташлади.

Марат бобонинг касал эканлигию чолни бу ерда учратишини у хаёлига келтирмаган эди. Бир гал кўчада чолнинг афт-ангорини бобоси Абдураҳмон Хўжа, отаси Исмоил Хўжага ўхшатгани ёдига тушди. Олдинги кеча тушида кўрганини ҳам эслади. Шошганича, пешвоз юрди. Ҳол сўрашди.

Шу аснода илм эгаллайман, ёшларни тарбиялайман, деб югуриб-елиб, маҳаллада баъзан маърака-маросимда қатнашишдан нарига ўтмагани, қўни-қўшни, улар орасида Марат бобога то ҳозир ҳеч қачон иши бўлмагани, Бу Одамнинг ҳаёти, қисмати, юракдаги дарди-ҳасрати нима, қизиқмагани...

мана, энди ўзи ҳам кексалик шаробини ютишдан унча узоқда турмаганини...

ҳис этди.

Ва шу асно

сўққабош, кимсасиз қарияга лутф кўрсатиб яхши бир сўзлар айтгиси келди.

Аммо сўз тополмади.

Қарияни бағрига босгандек бўлди.

Бироқ бу ҳам аллақандай расмий тус олди.

Ниҳоят, жияни ҳам шу касалхонада ётганини айтди.

Марат бобо қўл очиб дуо қилди.

Ҳусан бинога кириб, ўзига керакли палатани топди.
— Ўмонқул ҳозир чиқиб кетди. Кўрмадингизми?
— Йўқ, — деди Ҳусан.
— Сизларни роса овора қилибман.
— Биз майли. Даданг...
— Дадам келган эдими? — деб қизиқсинди Ворис. — Кўрмадим.
— Дарагингни билса, учрарди-да!
— Ўмонқулдан бошқа ҳеч ким билан хабарлашолмадим. Кўнглимга сиғмади, амаки. Узр!

Улар хонага туташ айвонга чиқиб ўтиришди.

Ворис ҳамшира қизларга чой буюрди.
— Ўзи Навоийда юрибсанми?
— Навоийда! Лекин дадам билан бирга эмас. Саҳро этагидан ҳовли олганман. Кундалик қора меҳнат.
— Даданг ўз ёнида бўлишга қистамаяптими?
— Бу ҳам бор. Дадам мени ўзича яхши кўради. Мен ҳам... Лекин мен ақлимни таниганимдан онамнинг қўлида, эркин ўсганман. Дадамнинг уйида туролмайман. Зерикаман. Баъзан одамни “ёш бола”га айлантириб юборадилар.
— Ота-бола бундай юрганларинг яхши эмас. Муроса-мадора қилинглар.
— Буниси тўғри, — деди Ворис. Шунинг баробарида, чуқур хўрсиниб қўйди.
— Тўйнинг ошини қачон еймиз?
— Қанақа тўй?
— Ўзингни гўлликка солма. Менга айтавериш мумкин.

Ворис амакисидан барибир уялар экан, дув қизарди:
— Бу ишда ҳам дадам билан келишолмаяпмиз.
— Бу ердан қачон чиқмоқчисан?
— Индин. Туғилган куним! Шунга қараб чиқмоқчи эдим.
— Табриклайман! Бир кун олдинга суриш керак.
— Туғилган кунними?
— Йўқ, албатта. Мен эртага Навоийга бораяпман. Бирга борайлик, демоқчи эдим.
— Мен уч-тўрт кун юрсаммикан? Ўмонқул билан...
— Ҳозир бу қийин, — деди Ҳусан. — Менинг режам бузилади. Буниси майли. Даданг оғир ётибди.
— Ҳалигина келди, дедингиз-ку?
— Кейин шунақа бўлиб қолди. Бориш шарт. Қолган гапларни йўлда гаплашаверамиз.

Ворис амакисининг сўзларига тушунмай гангиб қолган эди.

Ҳусан ўрнидан турди.

Ворис уни дарвозахонагача кузатди.

* * *

Унинг хаёли биродари ва жияни билан банд эди.

Растага етиб келганида бехос узоқдан оқ кийган гавдали кишини кўрди. Турқидан арвоҳни эслатган киши йўл томон катта-катта одимлаб борарди.

Ҳусан саросималаниб қолди.

Майдончада рўй берган воқеани бу кун бирон марта эсламагани, тасодиф мулоқотни кутмаганидан, шу дам оёқларидан мадор қочгандек бўлди.

Йўқ. Ўзини дарҳол ўнглади.

Қадамини тезлатди.

Важоҳатли киши йўл ёқасидаги машиналар ортига ўтиб кетди.

Ҳусан ҳам шу ёққа қараб юрди.

У ҳамон нима дейиши, қандай гаплашишини билмасди.

Аммо назарида, гаплашиш шарт эди.

Машиналар ортига ўтган эди, кўзи тушди:

нариги томондаги кўча бетида кўп эмас, ўн-ўн беш чоғли кекса-ёш устига қизил бахмал ёпилиб олача чопон ташланган кичик бир тобутни кўтариб боришарди.

“Бола!” деб ўйлади ўзича Ҳусан ва унга бу — ўша, растадаги бола бўлиб туюлди. “Биз кўплашиб уни асраёлмадик!” деган гап хаёлидан кечди.

Гавдали кишини Ҳусан кўздан қочириб қўйган эди.

Мусулмончилик! Бир дам паришонлангач, югуриб бориб тобутга елка тутди.

Айни сонияда тобутни унга ёнма-ён оқ кийган киши кўтаришиб бораётганини пайқади.

“Бу Инсон одамийлик қила олар экан, нега ҳайвонлик қилди? Ҳайвонлик қилар экан, нега одамгарчилик қилаяпти?

Дунёнинг ишларига ҳеч қачон

охиригача

тушуниб бўлмас экан!”

Ҳусан яна, беихтиёр:

“Воқеага ортиқ қизиқишда маъно йўқ!” деб ўйлади.

* * *

Уйга қараб кетаётиб, ўз болалик кунларини, отаси Исмоил Хўжа амакиси Иброҳим учун қайғуриб, ҳаётда дуч келадиган сарсон-сарғардонликлар ҳақида гапирганини эслади.

Унинг кўз олдига қайтиб биродари Ҳасан, жияни Ворис келди.

“Ота-бола нимани талашади?

Улардан қай бири айбдор?

Бизга умр бўйи ҳақиқат битта дейишди. Барчани бир йўлга солмоқчи бўлишди. Инсонлар эса ҳар бири Ўз Ҳақиқати билан яшади... Бу нима, адашишми, жаҳолатми ёки азалдан келган “ҳаёт қонуни”ми? Инсониятнинг бошини бириктириб, уни Буюк Ҳақиқат (адолатли, аҳил, бахтли яшаш)га бўйсундириш, ўргатиш мумкинми? Мумкин эмасми?”

Ҳусан хаёлида айланган саволларга жавоб топмаётган эди.

10

Амакисини дарвозахонагача кузатиб қайтган Ворис, палата эшиги олдида турган — эгнида касалхона кийими, аммо бошида дўппи, ихчам оппоқ соқолли кишини кўрди.
— Бировни кутаяпсизми, отахон?
— Шахматни биласизми? — саволга жавоб ўрнида сўради дабдурустдан қария. — Ўтганимга уч кун бўлди. Ўйнайдиган ўртоқ тополмаяпман.
— Тахта қаерда?
— Хонада. Юринг.
— Сизлар нечи киши?
— Уч киши.
— Бўлмаса, бу ёққа олиб келинг. Мен бир ўзим.

У хонага кириши билан изидан чол шахмат тахтасини кўтариб келди. Стол устига тахтани қўйганича, доналарни тера бошлади. Хатти-ҳаракати эркин ва ғаюр, шу билан бирга, афт-ангори осойишта эди.

Ворис илк қарашда бу одам ўзбекми, татар ёки озарми? — ажрата олмади. Ўшини ҳам тахмин қилолмади.
— Олдин бир пиёла чой ичинг, — деди доналарни териб бўлган қарияга.
— Чой кейин, — деди у.

“Жанг” бошланди.

Ворис чуқур сукутга чўмиб секин ўйнар эди.

Рақиби ундан ҳам секинроқ ўйнар экан. Лекин ўйнаётиб аллабир қадим нидоларни эшитилар-эшитилмас, паст товушда ўзи-ўзича хиргойи қилишга одатланган экан.

Ана, кўп ўтмай хиргойи қилишга тушди:

Дилда дардинг бўлмаса, дарди саримни ковлама...

Буни икки-уч қайтаргач, янги мисрага кўчди:

Маърифатдан бехабарсан. Гавҳаримни ковлама...

Сал туриб, бутун нидони “янги”лади:

Биҳишт айвонида бўлмоқ иложин орзу қилмай,

Сотарга дину дунёнинг ривожин орзу қилмай,

Яна Руму Хито божу хирожин орзу қилмай,

Шаҳи рўйи заминнинг тахту тожин орзу қилмай —

Гадои фақр бўлдим. Сайр этарман баҳру бар танҳо...

Ворис, умрида ўзи ҳам эҳтимол фақирлик ва танҳоликда баҳру бар (денгиз ва қуруқлик)да кезган Бу Одамга нисбатан кўнглида қизиқишми—ҳурмат туйди.

Улар уч қўл ўйнашди.

Қария икки марта Ворисни енгди.

Ворис бир марта ютди. Аммо унга чол атай ён бергандек эди.

У ўрнидан туриб, бу гал ўзи чой дамлаб келди. Янги танишини дастурхон ёзиғлиқ айвонга таклиф қилди.
— Узр. Нечига кирдингиз, отахон?
— Саксонга яқинлашдим... Исмингиз нима, йигит?
— Ворис.
— Ҳали келган Ҳусан Хўжанинг жиянимисиз?
— Амаким! Катта олим. У кишини танийсизми?
— Биз бир маҳалладан... Мени Марат бобо дейди.
— Кечирасиз, нега Марат бобо? — деб эҳтиётланиб сўради Ворис.
— Ким билсин, балки Муроддирман? Бир кунлар Муроддан Марат авло кўринган бўлса керак, шунақа ёзишган. Аслида, иккиси ҳам эмас... Мен балки, қароқчилар кемада кўксига тиғ санчиб денгизга улоқтирган Дарвеш-қаландардирман? Балки, одамларни ғафлатдан уйғотган, вақти-вақти билан огоҳлантирган Чол-Нуҳдирман? Балки, Она Ери тортиб олинган, мосуво кўйга тушган Шаҳзода? Балки, саҳрода тентираган, зиндонда жандаси қолган яна бир Дарвеш? Ўзим ҳам билмайман. Умримда исмимдан тортиб ҳамма нарса қоришиб кетган... Фақат, эсимда. Бир пайт бизни қандайдир ғорга олиб боришган. Биз у ерда кўприк қурганмиз. Нима мақсадда? Айтолмайман. Қатор бўлмалардан иборат ғор. Ҳар қайси бўлма хонақоҳга ўхшайди. Бир неча тубида сув, чуқур ҳовузми, кўлми? Улар орасида оролчани эслатган нам ер. Биз мана, шу дўнгликларни “бирлаштирадиган” осма кўприклар қурганмиз.
— У ғор қаерда?
— Биздан жойни пинҳон тутишган. Ўшандаёқ ғорнинг “оғзи” ҳам ёпиб ташланган. Билмайман... Кўз олдимда кўркам музсарой. Оҳактошдан тикланган ҳайбатли устунлар. Қандиллардек сумалаклар. Биз қурган осма кўприклар юрганингда беланчакдай тебранади. Лопиллайди... ғорда чироқ ўрнатиб атроф бир оз ёришганида мени бир нарса айниқса, ажаблантирган. Абадий музлик ичида, хонақоҳ гумбазидек тепада қушлар учиб юрибди. Кўршапалак бўлиши ҳам мумкин! Лекин мен қушлар деб ўйлаганман. Улар қачон, қаердан ғорга келиб ин қурганини билиб бўлмасди... Мен кўрган дунё шу эди!
— Саксон ёш узоқ умр, — деди Ворис. — Бундан бўлак бирон воқеа хотирангизда қолмаганми?
— Менинг бошимга кўп уришган, бу бошимда калтак синди, деган маънода эмас, аниқ! Ғира-шира алланималарни эслайман... Суянган тўрт оғайним мени сотди. Ҳатто душманга айланиб йўқотишга ҳаракат қилишди. Кетдим... Кўп сарсон-саргардонликлар кўрдим. Биров сен босмачисан, сен қолоқсан, ваҳшийсан, сенинг тарихинг ҳам, дин-эътиқодинг ҳам бир чақа, деб кўксимдан итарди. Биров мени қул қилиб ишлатди... Бир қизни ёқтирардим. Денгизда ғарқ бўлди... Бир гал уйланиб, озми-кўпми яшадим ҳам. Лекин ўша, ўзим ёқтирган қизни унутолмадим. Кетдим... Мана, энди қайси макон, қайси замонда юрибман? Ўлғиз худо билади.

Ворис Марат бобонинг сўзларидан қаттиқ таъсирланган, ҳозир у ўзини Бу Олам чегарасидан ташқаридаги Бир Оламга назари тушгандек сезаётган эди.
— Менинг бобом Исмоил Хўжа деган киши эдилар, — деб ҳикоя қила бошлади Ворис. — Тирик бўлсалар, у кишининг ҳам ёши саксонга яқин борарди. Болалик пайтим бобом баъзан Иброҳим деган акалари йўқолгани тўғрисида гапирар, кўпинча кўзларига ёш олар эдилар... Сиз менга уларни эслатдингиз! Мен эртага касалхонадан кетаяпман. Қачондир яна сиз билан кўришиш насиб этади ё йўқ. Шунинг учун, ижозат берсангиз, ҳеч кимга, ҳалигина амакимга ҳам очиқ-ошкор айтмаган баъзи бир гапларни сизга айтсам...
— Айтинг, — деди Марат бобо.
— Бола эдим, ота-онам ажралиб дунёнинг шафқатсизлигига тушунмай, то ҳамон юрагимда бунинг асорати қолди. Асосан, онам қўлида тарбияландим. Бобом Исмоил Хўжа, бувим Бокира бону гоҳ-гоҳ мендан хабар олиб туришарди. Дадам ҳам... онам Курбоной дунёдан ўтгунча ҳам, кейин ҳам менга доим меҳр кўрсатган! Лекин бора-бора дадам билан мен бири-биримиздан узоқлаша бошладик. “Бегона”лаша бошладик. Дадам аравани бир ёққа, мен бошқа ёққа тортаяпмиз! Албатта, отанинг оталигини тушунаман, имкон етканича кескин муомаладан сақланиб юраман. Дадам бадавлат, кибор, одамлар ярим қизиқиш, ярим қўрқув билан қарайдиган ҳукмфармо киши! Барчадан кўра яхши еб-ичиш, чиройли кийиниш, дабдабали уйда яшаш, дабдабали юришни ҳаёт мазмуни деб билган, моддий манфаатни биринчи ўринга қўйган ўзи-ўзига хон, ўзи-ўзича бек киши! Шу билан бирга, қизиқ жойи, ичида ожиз, журъатсиз қулни эслатади. Атрофдагилар ҳам унга ўхшаб қул бўлишини истайди! Менга муттасил, ундай дема, ундай қилма, тарзида талаб қўяди. Оғзига ағрайиб қарашимни, у чизган чизиқдан юришимни — болалик кунларимдан, айниқса энди — бўйнимга юклагиси, мени худди кишан-занжирга солгиси келади. Мен ўзимни озгина эркин тутсам, бу унинг ғашига тегади, норози бўлаётгани кўринади.

Мен тушунмайман, биз қадимдан қудратли, озод, мағрур аждодлар насли эмасми? Қонимизда мутелик, қуллик қаердан келди? Ким, қачон бизни бунчалик қулга айлантирди? Дадамнинг олдида юрт ҳақида, миллат ҳақида, тил ҳақида гапириш мумкин эмас. Сен хато йўлга кираяпсан, алжираяпсан дейди. На узоқ тарих, на далиллар орқали фош бўлаётган яқин тарихни эслаш ҳам мумкин эмас. Чидаёлмайди. Сен турли унсурлар, миллатчи-жадидларга эргашма, улар гуноҳи борлиги учун қамалган, отиб ташланган, тўғри қилинган дейди. Фитрат, Қодирий, Чўлпонларни ҳам шу сафга қўшади. Уларга хайрихоҳликни адашиш деб билади. Умуман, юрт аҳволи, халқ борасида дадам билан сўзлашмаган дуруст! Инсонга зўравонлик ўтказиб бўлмаслигини тушунтиролмайсан...
— Сизга қийин экан, йигит, — деди Марат бобо сал паришонланиб. — Онадан, отадан шикоят қилиш, она ёки отанинг кўзига тик қарашнинг ўзи жоиз эмас. Мусулмончиликка кирмайди! Бизга шундай тарбия берилган... Яна айтсам, бировни ортиқча муҳокама қилмаган маъқулроқ бўлиши керак. Бу дунё – у дунё ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб беради... Бундан ташқари, мен йиллар бўйи ўйлаб, итоат яхшими, эркинлик яхшими? Қай бири афзал? Аниқ ҳукмга келолмадим. Ўшлигим қайтса, балки бошқача яшар эдим. Бу сизга ҳам, дадангизга ҳам тегишли... Умримда бир хулоса ясадим, бизни қусурлар, иллатлар эмас, одамга нафрат билан қарашга ўргатишган, оиладан ташқи тарбиямизда бировни маҳв қилишга мойил кайфиятга “тайёр” турққа “киритишган” экан. Кечирилмас ҳол! Шароит одамий бўлиши керак... Менинг гапларим бетартиб, йигит. Хафа бўлмайсиз.
— Ҳаммаси тўғри. Лекин дадам ҳам мени енгилтаклик қилаяпти, болалик қилаяпти, деб ўйлайди. Ҳолбуки, ёшим ўттизга бораяпти, дунёда минг йиллик қадрланган тушунчалар, муқаддаслик, эзгулик бор, уларга риоя қилмаса, яшашда маъно қани? Мен бир қизни ёқтираман...
— Чиройлими? — деб бехос-дабдурустдан қизиқсинди Марат бобо.
— Чиройли. Ақлли. Ҳаёли.
— Исми нима?
— Марварид!

Вориснинг назарида, Марат бобо елкаларини, бошини адл кўтаргандек, кўзлари ярқ этгандек бўлди:
— Марварид?
— Шунақа... Яхши қиз. Биргина айби, қўли қисқа оиладан. Бунинг устига, мендек у ҳам эркин фикр юритади, дадам мени у йўлдан оздираяпти, деб тушунади. Шунинг учун, тиш-тирноғи билан қарши. Менга бошқа бир қиз қидираяпти.
— Ўйлаб кўринг, оқаётган бир ҳовуч сувнинг йўлини тўсса, у ён томонлардан йўл излайди, — деди негадир Марат бобо.
— Мен саҳро этагидаман. Бир гал отда бораётиб узоқдан най садосини эшитдим. Шундан буён ўша садо қулоғимда. Осойишталигим йўқолган. Баъзан тоқатсизланиб ҳар ёққа от чоптираман. Ўша садони яна, яна эшитгандек бўламан. Бу қаердан келаяпти, ким? Билмайман.
— Саҳро денгиз тубига, денгиз туби саҳрога ўхшайди, — деди Марат бобо ўйчан.
— Мени дуо қилинг, отахон. Шу қиздан ажралмай! Унга етишай!

Марат бобо қўл очиб дуо қилди.

* * *

Эртаси куни Ворис касалхонадан кетаётиб, Марат бобо билан хайрлашгиси келди. Чол ётган палата остонасига борди.

Тўхтади.

Эшик қия очиқ.

Хонада Марат бобо ёлғиз.

Олдида шахмат тахтаси.

Ўзи-ўзича дона сурмоқда, эшитилар-эшитилмас, паст товушда эски бир нидони хиргойи қилмоқда эди:

Хўжа, саййид, беку хон — сардорлар бадкор эса,

Зулм тиғин тез этурда — ҳар бири номдор эса,

Коса-лес, каззоб шайхлар — бу ватанда бор эса,

Мазлум эллар инграшубким, парча нонга зор эса —

Куфр элига Машрабидек раҳнамо пайдо бўлур...

Лаҳза ичида Вориснинг кўзи олдида

бутун олам

гўёки чарх урди.

“Бу ватан...

мазлум эллар...

парча нонга зор...

куфр элига раҳнамо...”

Ажабо! Бизга сўнгги асрда расмга киргандек туюлган гаплар неча асрлар бурун (эҳтимол, минг йиллар бурун ҳам) ҳис этилган, айтилган экан.

Бу нима? Одамларни табақалар (синфлар)га бўлиш қадимдан борми?

Ҳаётдаги ҳақиқатми? Уйдирмами?

Табиий ҳолми? Тўқилганми?

Буни “синфий кураш” дегандек сўнгги асрларда ҳукм сурган нотўғри қараш, десангиз минг йиллар давомида “Мазлум ва Золим” тарзида фикр юритилган.

Яна, Халқ (“Кўзи вақти саҳар сайёра бўлган Халқ”)!

Эл-улус. Фуқаро (“Фақир” сўзининг кўплик шакли эмасми?!)

Ўртада шахмат тахтаси.

Нега доналарнинг ҳақ-ҳукуқи бир хилда эмас?

Гап биров бой, биров камбағал оилада туғилганида эмас. Гарчи ўшандаёқ ноҳақлик, адолатсизлик рўй берса-да, инсон интилувчан, ўзгарувчан мавжудот! Бировнинг қисмати бошқага ўхшамайди! Муҳими, бутун Ер юзида ҳамон Ноҳақлик, Адолатсизлик учраб турганида.

Ўртада шахмат тахтаси!

“Ҳусан амакидан бу борада сўраш керак.

У файласуф. Балки, билади”.

Куфрдан, куфр элига айланиш, яна раҳнамо бўлишдан Ўзинг асра, эй Худо!

Барчамизга (ҳар бир бандага) Ўзинг инсоф бер! Диёнат бер!

Жаҳолатдан, турфа исёнлардан, йўлларда тўкилган қонлардан, юз туман фалокат ва ҳалокатлардан Ўзинг асра!

... Ворис Марат бобога халал бергиси келмади.

Орқага чекинди.

Эшикдан секин узоқлашди.

Учинчи қисм - ИНСОН ВА ҲАЙВОН

11

У болалик пайтидан юрагида бир оғриқ сезса-да, баъзи эр-хотин ажралган оилаларда бўлганидек, дадам онамни, мени ташлаб кетган, деб отасидан ҳеч қачон норозиланмаган, ҳатто ўпкаланмаган эди. Вақтида онаси Қурбоной ота-болани бири-бирига қарши қўймаган ҳам эди! Ворис отасига ортиқча бирон эътироз билдиргани ҳам йўқ! Аксинча, ота томонидан унга эътироз билдирилаётган эди. Ота ўз боласи билан кўпдан буён ким кимни енгади, қабилида иш тутиб, унга кескин ҳукмини ўтказишга уринаётган эди.

Ана, амакиси билан у машина ёллаб, Навоийга жўнашди.

Йўлда Ҳусандан Ворис отаси автофалокатга йўлиққанини эшитди. Шунчаки дадамнинг тоби қочгандир, деб ўйлаган эди, алланечук бўлиб кетди.

Уйдан хафалашиб чиққан эди. Дадам қидириб ҳам юрмасин, деган хаёлда бировга индамай Тошкентга қараб жўнаганди. Мана, энди отаси қайси аҳволдаю икков қандай юзлашишади, билмаганидан қайғуга ботган эди.

Ворис бир неча яқинларини тупроққа топширган. Ота томондан бобоси, бувиси, она томондан яна бобо ва буви, ниҳоят онаси Қурбоной. Ўлимдан унинг юраги зада эди. Шу боис қўрқаётганди. Инсон дунёда Омонат Вужуд!

Кеч йўлга чиқишган эди, қоронғи тонгда Навоийга етиб келишди.

Уйда барча барвақт туриб нонуштага тайёргарлик кўришаётган экан. Дарҳол дастурхон ёзишди.

Биринчи галда улар Ҳасаннинг аҳволи билан қизиқишди.

Норгул:
— Бир оз енгил тортдилар. Бугун реанимациядан палатага ўтказиши керак, — деди.

Бу гапда таскин бўлса-да, Вориснинг ҳамон кўнгли нотинч эди.

Нонуштадан кейин, Норгул, ортидан болалари — Қудрат ва Маъсума, лом-мим демай хонадан чиқиб кетишди. Анча ҳаяллаб, бир маҳал ҳар хил тугун-тугунчаклар кўтариб киришди.
— Туғилган кунингиз билан, ака.
— Табриклайман, ўғлим.

Туғилган кун “эсдан чиққан”дек эди.

Ворис таъсирланиб кўзлари ёшланди.

Сенинг дунёда шулардан яқин кишинг йўқ, деган гап хаёлидан кечди. У дадаси олдида ўзини озми-кўпми айбдор сезди. Менинг касримга отам фалокатга йўлиқиб, оғир ҳолга тушмадимикан, деб ўйлаб изтироб чекди. Шунинг баробарида, Ворис ҳис этаётган эди: сут билан кирган жон билан чиқади! У ўз эътиқодидан (раҳматли онаси берган тарбиядан, қолаверса, аждодлардан келган тарбиядан, яна, дейлик, ҳатто Марвариддан) воз кечиб, отаси кўрсатган йўлдан юриши ёки унга ҳамма нарсани қурбон қилишдан сақланиб, яна... яна узоқлашиб бораверишига тўғри келади.

Дунёқараш масаласи нақадар мураккаб!

Бу — азобли, озорли, гоҳида қонли йўл!

Ворис шу палла “Сўна” деган китобни, Артурни эслади.

Ота билан бола бундай тўқнашиши шартмиди?

У эътибор берди. Янги “она”си — Норгул ўзича Ҳусандан кўра Ҳасан катта (алифбода ҳам “а” — “у”дан анча олдин келади, биринчи ҳарф!) деган фикрда бўлса керак, отаси тўғрисида амакисига “акангиз” деб гапирар экан. Ҳусанга мурожаат қилиб:
— Акангиз сизларни кўриб тезроқ туриб кетармиканлар? — деди.

Амаки билан жиян касалхонага боришга шайланишган эди, Норгул яна:
— Шошманглар, — деди. — Ҳозир машина чақираман.
— Ўзимиз бораверамиз.
— Машина барибир, бекор ётибди. Хизмат қилсин!

* * *

Улар кўчага чиқиб, машинани кута бошлашди.

Хижил кайфият, тунд ҳолатда эканлигига қарамай, Вориснинг хаёлидан кечадан буён Марат бобо кетмаётган эди. Ҳусанга:
— Марат бобо деган киши билан танишдим, амаки, — деди.
— Қўшнилардан. Маҳаллада фаол, — деди Ҳусан. — Бир хонали панел уйда туради. Баъзилар ёлғиз экансиз, дейишса “Нега, ёлғиз? Худо бор!” дейди. Барча ёппасига даҳрийликка ўтган бир пайтда ҳам худони унутмаган шундай кишилар учрайди.
— Сиз-чи? — ҳуркибгина сўради Ворис.
— Бизнинг бобомиз, отамиз художўй эдилар. Кейин, кундан-кун бутун эшиклар маҳкам ёпилди. Менинг хатолар, гуноҳларим йўқ эмас, лекин касбим мумтоз фалсафа эканлиги мени қутқарган, юрагимда мен ҳам худодан қайтмаганман. Доим фарзу суннат деб юрмайман-ку, баъзан яширинча илтижолар қиламан.
— Мени сўкманг, амаки, рости, дадамга тушунмайман, одамлардан узилган. Навоийда кексалар бундайларга “дунёсини сотган” ёки “сотилган” дегандек нохуш қарашади. Дадам ишонмайдими, қўрқмайдими...
— Унақа дема. У — сенинг отанг, менинг биродарим! Ҳар қандай киши бошига кулфатми-мусибат тушса, худо дейди. Чунки икки дунё орасида Бир худо билан бир ўзи қолади! Даданг сир бермаса керак. Марат бобога ўхшаганларнинг йўриғи бошқа.
— Ғаройиб инсон экан! Кўпни кўрган, — деди Ворис.
— Мен уни яхши билмайман.
— У менга бобом Исмоил Хўжа билан акаси Иброҳимни эслатди.
— У бир гал менга ҳам бобомни, отамни эслатган, — деди Ҳусан. — Одамга одам ўхшайди. Умуман, дарвешсифат киши. Баъзан аллақайси денгизлару кемалар ҳақида гапириб юради.

Дарвоза олдига машина келиб тўхтади.

Ворис ажабланди. Машина — ўша, олдинги машина, ҳайдовчи ҳам — ўша, таниш Абумуслим. Қизиқ, “катта хўжайин” бир ўзи автофалокатга йўлиққанми?

Йўлга тушишгач, ҳайдовчидан сўради:
— Аравангиз зиён кўрмапти шеккилли?
— Бу ҳам бир ёғи пачоқланган, касал эди. Икки кунда тузаттириб беришди. Энди олиб чиқишим!
— Ўмон иш бўлибди, — гапни Ҳасанга буриб, луқма ташлади Ҳусан.
— Гапирманг. Ўмон, домла! Барибир, сўрайсизлар. Сўрамаганда ҳам, ичларингда бу воқеа нега рўй берди, деб ўйлайсизлар... Хўжайин ўзим ҳайдайман, дедилар. Кўнмасам бўларкан! Бунинг устига, ёнларида қотиб ухлаб қолибман. Чарчаган эдим. Машина аксига, чап тарафдан дарахтга бориб урилган. Мен зиён кўрмаганим болишдан...
— Болиш?
— Лўла, деймизми, ёстиқми? Хўжайин баъзан орқада ёнбошлардилар, — деб сўзини давом эттирди Абумуслим. — Шуни олиб, кўксимга босиб ухлаётган эдим. Зарбани қайтарган! Энг ёмони, менга ҳеч нарса қилмагани. Оз-моз лат еганман, холос. Касалхонага мени ётқизишмади ҳам! Абжағим чиқса, яхшироқ эди...
— Унақа деманг! — насиҳат қилди Ҳусан.
— Сиз билмайсиз-да, домла, Ворис акам биладилар.. Хўжайиннинг кечирмай узоқ кек сақлаб юриш одатлари бор. Ҳайдаб юборсалар, майли, шукр дейман. Мени қийнаб, йўқ қилиб, бола-чақамни қон қақшатишлари мумкин. Ҳали кўрасизлар, у кишининг қўлидан келади. Янгамнинг оёқларига йиқилиб, ёлвориб юрибман.
— Биз ҳам айтамиз. Кечиради, — ваъда берди олийҳиммат Ҳусан.

Бу “биз” фақат Ҳусанга тегишли. Ворис Бухородан Навоийга кўчганидан буён расмга кирган зулмдан ўзини қандай қутқаришини ўйлаши керак! Қани, энди ақалли қайтиб Бухорога қочишнинг иложи бўлса! Қўймайди. Кун ҳам бермайди!

У амакисининг ҳурмати, оғир аҳволга тушган отасининг юзи учун бу ёққа келишга келиб, муносабат яхшиланиши мушкул эканлигини сезиб турар эди.

* * *

Касалхонада, тикланиш (реанимация) бўлимидаги мўъжаз бир хонада Ҳасан баланд каравотда ётарди. Унинг боши, елкалари докага ўраб ташланган. Лекин икки бети қип-қизил, кўзлари чақнаган, бу — ўнгланиш аломатими ёки кучли дорилар таъсирими? — билиш қийин. Ўғли билан биродарини кўриб — кутаётган экан! — синиқ жилмайди.
— Бир ўлимдан қолдим, — деди ва шу дамдаёқ сўради: — Уйга кириб чиқдингларми?
— Кирдик.

Улар каравот ёнидаги курсиларни эгаллашди.
— Абумуслим қаёқда экан?
— Кўчада турибди.
— Нега кирмади? Муттаҳам!
— У сиздан қўрқади! Шунинг учун қочиб юргандир?
— Сен ҳам гапирасан! Мард бўлса, қочмасди.
— Сиз уни кечиринг! Ўзи тавбасига таянган, — деб берган ваъдасини бажарди Ҳусан.
— Кўрамиз! — деди Ҳасан бу гапга ортиқча эътибор бермай.
— Икковларингни ҳам худо асрабди! Айб унда эмас!

Ҳасан бу гапни қулоғи остидан ўтказиб юборди.

У ногоҳ олдингидан бардамроқ товушда “бошидан ўтгани”ни ҳикоя қила бошлади:
— Баъзан оёғим оғриб турарди. Ўша куни ҳаво нам келганиданми, қаттиқ оғриди. Босилармикан, деб рулга ўтирган эдим. Шундай бир воқеа рўй бердики! Айтсам, биров ишонмайди... Йўлда қоп-қора хунук бир махлуқ пайдо бўлиб, машинага қараб юрди, уни четга суриб ташлади...
— Буни ҳар кимга айтиб юрманг, — деди Ҳусан.
— Мен нима бўлганига тушунмаяпман.
— Илм тили билан айтганда, бу бошқа оламга тегишли ҳолат. Сиздан қандайдир норозилик...
— Катта олимсану бидъат нарсани гапираяпсан. Менинг нимамдан норозиланади?
— Мен шу кунлар ўзимча ўйладим. Сизнинг яхши ишингиз кўп. Лекин ёмон ишлар ҳам... “Ҳеч бир фалокат бекордан рўй бермайди” деган ақида бор.

Суҳбат икки биродар орасида бараётганди. Ҳасан энди Ворисни кўриб-кўрмаганга олаётган, уни гўёки “унутган” эди.

Ворис авваллари эгизаклар учраганида сезмаган экан, Ҳусан “сиз”сираб, Ҳасан “сен”сираши ярашмаган ҳол! Аксинча, ОЛИМга ҳурмат билан қаралмайдими? Шу дамда унинг ақлли ва камтар амакисига нисбатан ҳурмати ошди.
— Кеча Ибод келган эди, — деб мавзуни ўзгартирди Ҳасан. — Эшитиб, тўғри самолётда учиб келибди.
— У биздан чаққонроқ-да! — деди Ҳусан кулиб. — Бизнинг юкимиз оғирроқ. Ҳамро дегани ҳам келиб қолса, ажаб эмас.
— У ким? Танимайман.
— Ўзи танишиб олади... Майли, сизни чарчатиб қўймайлик. Мен ҳали шу ердаман. Дўстларим, шогирдларим бор, баҳонада кўришарман.
— Сен нима қилмоқчисан? — деб туйқусдан жим ўтирган Ворисдан сўради Ҳасан.
— Шу ердаман. Уйимдан бир хабар олсам...
— Дарвоқе, сенинг уйинг бор! — деди Ҳасан кесатиб. — Сен, бола, оёғингни билиб бос...
— Менга қаранг, — дадил сўзлай бошлади яна Ҳусан. — Бу Навоий вилояти! Ҳазрат Навоий Ҳусайн Бойқаро билан ўғилларини яраштиришга умрларини тикканлар, эшитган бўлишингиз керак. Мен у Зотнинг қаршисида бир гардман. Лекин сизни кўришдан ташқари, бу ерга сизларни яраштиргани келдим. Икковларинг ҳам ўйинни тугатинглар. Яхши эмас.

Ворис дадасининг сал чекиниб “сиз”лашга ўтганини пайқади. Лекин унинг дағдағаси пасайгани йўқ.
— Сиз билмайсиз-да, бунинг қилиб юрган ишини, — деди надомат билан. — Баъзи одамларни ночор, баъзи ҳайвонларни, дейлик кўчадаги ит-мушукни қаровсиз, деб ёш-болага ўхшаб, топган пулини сочиб юрибди. Ўзига дахли йўқ нарсаларга аралашиб, ҳар ёқда жанжал-тўполон кўтариб нима қилади? Деворга ҳадеб мих қоқавермаслик керак! Хўп, бу майли. Мустамлака эдик, дейди, қарам эдик, дейди, бу йўлда кўп киши ўлган, дейди. Миллатпарастлик қилади. Хўп. Менинг раъйимга қарамай, бир қизга уйланмоқчи. Тушунмайди, олдиндан келган тартиб, оилада биров бош бўлади, қолганлар унга бўйсунади, итоат қилади. Бўлмаса, ҳар ким кўрпани ҳар ёққа тортиб, бош-оёқ очилиб қолади, бутун ҳаёт тизими бузилади... Яна гап кўп, ҳозир мавриди эмас, айтолмайман.

Ҳасан гапни асослаб айтган эди.

Ҳусан анча сукутга чўмди.
— Қандай бўлмасин, ота-бола бири-бирингни тушунишга ҳаракат қилинглар. Бири-бирига душман эмас, дўст бўлиб муомала тутса, ҳақиқат очилади, — деди ниҳоят. — Сен, жиян, тилингга эҳтиёт бўл, ҳамма бало тилдан келади. Китобдан олган билимдан ҳаётий билим фарқ қилади. Даданг ҳаётда тажрибали киши. Қадрла! Ўрган! Бундан ташқари, жони ачимаса, сен билан тортишиб юрмасди! — У Ҳасанга юзланди. — Сиз ҳам ҳар нарсага қизишманг. Бугун кечагидан фарқ қилади. Дунё эркин фикрга қараб бораяпти. Ўшлар майдонга кириб келган сайин ҳаёт эски қолипга сиғмай қолар экан! Атрофга қаранг, катта бир ўзгаришлар рўй берадиганга ўхшаяпти.
— Ҳеч нарса ўзгармайди! Мана, мен айтдим! Мен кийимимни алмаштирганим билан, ичида ўзимман! — деб тўнғиллаб қўйди Ҳасан.
— Шунга қарамай, йиллар давомида мен ўзгардим, сиз ўзгардингиз! Ҳаёт бир ерда турмайди. Ота-боболарга кўп қайишмасангиз ҳам, сизни бугун минг йиллик бой-камбағал, насл-насаб деган тушунчалар қизиқтиради. Қўлим узун, истаганимни қиламан, деб ўйлайсиз. Мени кечиринг, албатта. Лекин “Саййидсан, хожасан зинҳор мағрури насаб бўлма!” деган эски гап келади. Мен муҳаббат масаласини кўзда тутаяпман. Бу кўнгил иши. Қўйинг, аралашманг. Йигит ўз ҳаётига ўзи эгалик қилсин...
— Сен ҳам шу ёққа тортаяпсан! — деди яна “сен”лашга ўтиб Ҳасан.

* * *

Улар кўчага чиқишгач, Ҳусан узоқдан гап бошлади.
— Акутагава деган ёзувчи бор. Япон. Бир ҳикояси менга ёқади, — деди. — Будда жаннат ҳовузи бўйида айланиб юрган экан. Оқ нилуфарлар билан қопланган ҳовуз тубида, дўзахда осий бандалар азобланаётган экан. Будданинг Кандата деган қароқчига кўзи тушибди. Қароқчи умрида кўп кишиларга зулм ўтказган, одам ўлдиришдан ҳам тоймаган экан. Лекин у бир куни ўрмонда ўргимчак уясини топташ, ўзини оёғи остида эзиб ташлашдан сақланган экан. Шу хайрли иши учун Будда унга шафқат қилиб, уни жаҳаннам чангалидан қутқармоқчи бўлибди. Жаннат ўргимчагининг нилуфар япроғига илинган кумуш толасини сувга туширибди. Тола эшилиб-чўзилиб дўзахдаги денгиз тубига етиб борибди. Кандата толани тутиб, юқорига чиқа бошлабди. Ана-мана чиқдим, деганида бошқа осийлар ҳам толага осилиб олишганини пайқабди. Бахиллиги тутиб, сенлар ҳамманг эмас, бир мен азобдан қутулишим керак, деб барчага дағдаға қила бошлабди. Шу пайт у тутиб турган тола чирт узилибди... Бу ҳикояда қароқчининг яна бад феълига борганидан ҳам кўра кўпроқ, Будда озгина эзгуликни ҳисобга олиб, кечирмоқчи бўлгани муҳим... Бошқа диндан мисол кетирганим учун худойим мени қаҳрига олмасин. Астағфуруллоҳ... Барча динларда худоки, кечиримли, Раҳим ва Раҳмон экан, биз нега кин-кудурат билан яшаймиз? Сен, жигар, отангни кечиришга, кейин у ҳам сени кечиришига ҳаракат қил! Ҳаётда учраган муаммолардан қочишнинг иложи йўқ...

Улар кўча бошида хайрлашишди.

Ворис боши ғувиллаб, қандайдир эсанкираган эди.

Ота билан бола тўқнашиши шартмиди?

“Сўна”. Артур! Артур...

Албатта, отага қарши боролмайсан.

Лекин жадидлар-чи, миллат қайғуси билан яшаганлар?

Ўша, аср бошида (бу Шарққа ёт қандай бедодликки!) ёшлар (жадид, янги авлод) кексалар (қадим, эски авлод) билан, болалар оталар билан қирпичоқ бўлмаганмиди? Оталар ҳаёт бора-бора ботқоққа айланганига бепарво қараган, қотиб қолган жоҳил бўлсалар, нима қилиш керак? Худойим, бандангни кечир.

Вориснинг юрагида ШУНДАЙ БИР ДАРД борки, отаси буни ҳис этмайди. Отага қарши эса боролмайсан!

Амакиси-чи? Кўп нарсани ҳис этади.

Билимли. Диёнатли.

Яхши киши!

Лекин қўли қисқа, машаққат билан умрини ўткаргани учундир, журъат, жасорати кам.

Ювош-ювош!

Яраш-яраш!

Шунга қарамай (шароит кўтармаганига ҳам қарамай), дадаси билан бугун анча қатъий гаплашди. Раҳмат!

Ажабки, амакисига нисбатан дадаси ҳар жиҳатдан кучли. Бунга ҳозиргина яна қаноат ҳосил қилди. Бу нима, баъзан эзгуликдан кўра Ўвузлик кучлироқми?

Ота билан бола тўқнашиши шартмиди?

* * *

У ўз уйига йўл олган эди.

Отасидан ҳарҳолда кўнгли тинчиди.

Тирик экан! Соғая бошлаган экан!

Яшасин, Илоҳим!

Имкон топиб Марварид билан бирон хилват гўшада учрашиш керак. Қиз бола — ота-онаси ортиқча эрк беришмайди!

Марваридни соғинган. Оҳу кўзларини! Ингичка бармоқларини!

Тезроқ кўрмаса, ўлиб қоладигандек...

Йўлда оғайниси Ўмонқул эсига тушди.

Хайрлаша олмаганига ўкинди.

Ўмонқул исмининг “Азиз инсонлар худонинг Яхши Қули, биз Ўмон Қули” деган маъноси ҳам бормикан?

Уйга етиб келгач, отга миниб, саҳрога қараб кетди.

Узоқдан най садоси эшитилаётган эди.

Ворисга бу садо қаердан чиқиб, узоқларга қандай таралаётганини аниқламагунича кўнгли таскин топмайдигандек бўлиб туюлди.

12

Орадан ярим йилдан кўпроқ вақт ўтди.

Ҳасан тузалиб, рўй берган автофалокатни эсидан ҳам чиқара бошлаганди.

Фақат, олдиндан бўлганидек, баъзан оёғи оғрирди.

Ҳаёт бир маромда бораётгандек эди.

...........................................................

Ов — унинг хаёлида йўқ эди.

Тўғри, сўнгги йиллар ўзига яқин беш-ўн киши билан Ҳасан гоҳ-гоҳ саҳро ичкарисига йўл олишар, тулкими, қуёнми отишар, аммо бу овдан кўра кўпроқ қумга чиқиб дам олиш ниятида амалга оширилар эди.

Ҳозир у шахсан овга бормоқчи ҳам эмасди.

Даврада ўтирган эди, бирдан бу фикр миясига урилди.

Кун шанба эди.

Одатдагидан эртароқ кўчадан уйга қайтган Ҳасан тоғорадаги илиқ сувда оёғини юваётиб, ёнида обдаста тутиб турган Норгулга шикоят қилди:
— Ярим йилдан ошди, Ибод кўринмайди. Касалхонада бир хабар олганича, қорасини кўрсатмай кетди. Менинг қўлимдан нон ер эди, қорни тўйган шекилли. Ўз жигарим Ҳусан ҳам...
— Ҳусан ака кўп қўнғироқ қилдилар.
— Қачон?
— Вақт-вақти билан...
— Нега менга айтмадинг?
— Эсимдан чиқибди.
— Эс бўлса, чиқади-да! Ибод-чи?
— У кишидан хабар йўқ. Ҳусан ака олдинги куни ҳам қўнғироқ қилган эдилар, бораман, дедилар. Опаларингиз ҳам келмоқчи...
— Опалар яқинда келиб-кетган эди-ку.
— Ким билсин, соғинганмиз, дейишди.

Шу гап устида биров дарвоза тугмасини босди.
— Хў-ўш? — деди ўтирган ўрнида Ҳасан. Сўнгги кунлар у дарвозага овоз аппарати ўрнатган. Энди “ўзингни таништирмай” бу ҳовли остонасидан кечолмайсан.
— Хўжайин! Ибодман.

Ҳасан алланечук ҳаяжонланди.
— Хизрни йўқласа бўларкан, — деди хотинига. Оёғини артиб, ўрнидан турди.

Норгул унинг қўлига сув қуйди. Кейин, шошганича, тоғорадаги сувни тошновга олиб бориб тўкди.

Ичкаридан югуриб чиққан Қудрат дадасига бир қараб қўйиб, дарвозани бориб очди.

Ибод, орқасидан бўйи пастроқ кишини эргаштириб, ҳовлига кирди.
— Бормисиз, хўжайин, — деди ҳали яқинлашмай туриб.
— Мен-ку, борман. Ўзлари... Офтоб қаёқдан чиқди?
— Офтоб доим сиз турган томондан чиқади, хўжайин, — хушомад қилди Ибод.

У Ҳасан билан қучоқлашиб кўришди.

Ўнидаги киши ҳам сал ўнғайсизланиб қучоқлашди.

Ҳасан меҳмонларни катта хонага бошлаб кирди.

Ҳовлида Норгул билан Маъсума югуриб қолишди.

Қудрат дастурхон келтириб ёзди. Чой олиб кирди.
— Бир қошиқ қонимдан кечасиз, Ҳасан ака. Чет элда юрган эдим, — деди ниҳоят, Ибод.
— У ёқларда телефон бўлмас эканми? — кесатди Ҳасан.
— Тараққиёт зўр. Лекин мен ёшликдан, телефонга ишонмаслик керак, телефонда ҳар нарсани гапириб бўлмайди, деган тарбия олганман. Ортиқча эҳтиёткормиз-да, хўжайин! — Ибод мавзуни ўзгартирди. Ўнидаги кишига имо қилди. — Бу Ҳамро. Биродарингиз Ҳусан, мен, бу бир пайтда дорилфунунда ўқиганмиз. Сизни бир кўриш орзуси бор экан. Ҳусан, биласиз, бунақа ишлардан қочиб юради, йиғлаб-сиқтагани учун ўзим олиб келавердим.
— Сиз ҳам адлиядамисиз? — деб Ҳамрога мурожаат қилди Ҳасан.
— Йўқ, мен бир клубда раҳбар. Сизнинг суҳбатингизга муштоқ эдим. Бизга озгина меҳрибонлигингиз ҳам керак.

Ҳасан индамай ўрнидан турди. Девор шкафни очиб, бир боғлам пул олди.
— Клубга ёрдам бермайман. Ҳозир ўзимнинг ишим унча яхши эмас. Лекин мана, бу сизга. Бола-чақа билан уч-тўрт кун байрам қиласизлар. — У ўйланиб, яна бир боғлам пул олди, кулимсираб Ибоднинг олдига ташлади. — Сиз яқинимни қуруқ қолдирмай. Сиз ҳам оилангиз билан...

Шу пайт боягидек овоз аппаратига “жон” кирди.
— Хў-ўш?
— Биз, укажон! Биз.

Мавлуда ва Мавжуда кириб келиб, бошқа хонада ҳам дастурхон ёзилгач, гўёки олдиндан белгилангандек, Ҳусан остона ҳатлади.

Ҳасаннинг оғайниларию шотирлари меҳмон “ҳид”ини тез олишади. Кўп ўтмай, улар (айримлари хотинлари билан) ҳовлини тўлдиришди. Ҳасан қўй сўйдирди. Қозонлар қайнай бошлади.
— Ворисни айтмайсанми? — деди бир маҳал Норгулга Ҳасан.
— Айтдим. Уйда меҳмонлари бор экан.
— Тўйни бошлаб юбормагандир, ҳар қалай? Битта-яримта меҳмон бўлса, етаклаб келавермайдими?
— Ҳозир яна айтаман.

Жилла туриб, Ворис ҳам Ўмонқул деган оғайниси ва кекса бир киши билан келиб қолди.

Шундай қилиб, кутилмаганда Ҳасаннинг хонадонида катта бир давра тўпланди.

* * *

Аввалида бири-бирини танимаганлар танишишди.

Бири-бирини таниганлар кўпроқ эди.

Масалан, Ҳасан бу кунгача аҳамият бермаганди: биродари Ҳусан ёшликдан Ибод, Ҳамроларни билгани кам, Вориснинг “меҳмон”лари — Ўмонқулни ҳам, манови кекса кишини ҳам кўриб юрган экан!

Дарвоқе, кекса киши (нотаниш ва афти-ангори қандайдир “таниш” меҳмон!) Ҳусанга маҳалладош бўлган бу ёши улуғ кишининг Ворис билан касалхонада қадрдонлашиб қолганию ўзи-ўзича “дийдорлашгани” келгани Ҳасанни бир оз ажаблантирди. Ҳазиллашган кўйда: “Бизнинг ўғлимиз учратган кишиси билан ҳатто дадаси билан гаплашгандан яхшироқ гаплашиб, дарров иноқланиб кетади!” деди.

Айниқса, чолнинг исми унинг диққатини жалб этди:

Марат бобо!
— Бир мамлакат бошқасини эгаллаганидек, исмлар ҳам баъзан бегона юртга “бостириб” кирар экан, — деди Ҳасан. — Ўшлик йилларимиз бундай исмлар кенг тарқалган эди. Мэлис, Фрунзе...
— Аслида, бу исм ҳам эмас, фамилия. Балки, лақабдир? Эсимда йўқ. Маратнинг исми Жан Пол бўлган, — деди олим Ҳусан. — Лекин қадимдан у ҳар жойда учрайди. Бунга ажабланмаслик керак. Ана, бир қомусда ўн иккита Маркс деган фамилияга кўзим тушди. Қисқаси, Марат бундан икки асрча бурун Фарангистонда, қирол Людовик XVI ҳукмронлиги даврида майдонга чиққан доҳийлардан эди!

Якобинчилар деган қўпорувчи гуруҳ пайдо бўлиб, клуб тузган. Улар қироллик салтанати, монархияни ағдариб, республика барпо этиш учун курашган. Париж Коммунаси, деган гапни эшитганмиз. Бу тўнтаришни тарихда “Буюк Француз инқилоби” ҳам дейишади. Муҳими, доҳийлар халқни кўчага чиқариб, осойишта Фарангистонни ағдар-тўнтар қилишади. Улар “озодлик”, “демократия” деб ҳайқиришади. Лекин ўзлари бу юксак тушунчаларни ниқоб қилиб, бировларни “озодлик душмани”, “демократия душмани”, “халқ душмани” деб қамаб, йўқотиб юборишни авж олдиришади. Марат зулмни, қўлини қонга бўяшни ёнидаги бошқа доҳийлардан ҳам ўтказиб юборади. Бедодликдан, қирғиндан норозиланган одамлар орасидан Корде деган аёл эллик ёшли Маратга махфий яқинлашиб, уни пичоқлаб ўлдиради... Тарих кўпинча қайтарилар экан! Бунга ўхшаш воқеалар кейин ҳам, рўй берганини биламиз... Исм албатта, манглайга босилган муҳр эмас! Бир хил исм остида ҳар хил одам ўтади. Исмдан обрў-эътибор қидирганлар билан бирга, тасодиф йўлиққанлар... Марат бобо ажойиб инсон! Мен қаттиқ ҳурмат қиламан.
— Сизларга сирни очайми? Хотиндан бўлак зот билмайди, мавриди келмаса, унга айтмасдим... Бир пайт ёшликда менинг ҳам лақабим Марат эди. Кўча болаларига қўшилиб юриб, барчага ном беришган. У пайтлар Марат бизга чинакам қаҳрамон, ҳавас қиладиган инсон бўлиб туюларди-да! Шунақа деб ўргатишган! — Ҳасан Марат бобога юзланди. — Сизу мен турли кишилар бўлсак ҳам, отдош эканмиз, оқсоқол. Келинг, Марат учун ичайлик.
— Марат бобо ичмайдилар, — деди Ворис.
— Олдин ҳам ичмаганмисиз?
— Балки, ичгандирман. Нафс одамни алдайди.
— Энди оғизларига олмайдилар, бу отахоннинг ёшларига ҳам мос келмайди, — изоҳ берди “Марат бобо бўйича билимдон” Ворис.
— Марат бобо учун ҳам олайлик, — гапни андавалади Ҳамро. — Биз ҳам сизнинг ёшингизга етайлик!
— Мен тушунишимча, тарихда бирон инқилобми-тўнтариш бекордан юзага келмаган. Буни Ҳусан, олим акамиз, мендан яхши биладилар, — одатича, сўзни ғиштдек тера бошлади Ибод. — Кўпинча бировлар қутуриб, бировлар қашшоқлашган. Жаҳолат кучайган. Қонунлар эскирган, ишламай қўйган, ҳаёт тарзи яроқсиз бўлиб қолган. Бир ўзгариш ясашга эҳтиёж туғилган. Тўғри, кейин яна қамашлар, хунрезликлар содир бўлгани ёмон. Лекин тарих шу! “Озодлик”, “демократия” дегани нисбий тушунча. Ҳақиқат, адолат ҳам шундай. Эртакдаги орзу! Ҳар қандай жамият семонга ўхшаб тез қотади. Ўз шакли қолипини ҳимоя қила бошлайди. Аксар ҳолда, янги шакл эски мазмунга қайтади. Ҳамма бало шундаки, инсон табиатининг ўзида эзгулик билан бирга ёвузлик, одамийлик билан бирга ваҳшийлик бор.

Ҳусан бехос жўшиб кетди:
— Худонинг ҳикмати, зиддиятсиз мумкин эмас! Ҳазрат Навоийнинг байтлари машҳур, биласизлар.

Одам борки, одамларнинг нақшидир,

Одам борки, ҳайвон ундан яхшидир.

Анча кескин айтилган! Лекин ҳаётда ҳар ким “икки оёқли махлуқ”қа айланишдан асранишни ўйлаши керак. Икки ўртада масофа бир қадам. “Фозил кишилар шаҳри” дегандек тарихда олижаноб одамларнинг қўли баланд келган мамлакатлар, жамоалар ҳам учрайди.
— Отахон, яшашдан маъно нима? Сиз умрингиз давомида қандай хулосага келдингиз? — деб гапга аралашди Ўмонқул.
— Аввалдан худо юрт озод, обод бўлсин, одамлар осойишта, яхшироқ, бахтлироқ яшасин, деган гапни кўнглимга солди. Дунёда юз фоиз олижаноб, юз фоиз қабиҳ кишилар ҳам бўлган. Лекин бундайлар кам! Хатосиз, гуноҳсиз яшаш қийин. Шунга қарамай, умримда “Ўзингни гуноҳдан асра!” деган гапга ўргандим. Мен учун ҳозир ҳам шундан бошқа хулоса йўқ! — Кейин, Марат бобо негадир аллабир денгиз, саҳро ҳақида гапирди. У яна, айрим кишилар нафс балосига йўлиққанидан нақ ҳайвонга айланганини аниқ кўрганлигини айтди. Унинг ҳикояси ҳаётдаги воқеадан кўра кўпроқ афсонага, ривоятга ўхшар эди.

Илк қарашда давра хуш кайфиятда эди.

Ҳасан ҳам.

У ҳар кимни ёқтиравермайди.

Марат бобо унга ёқди.

Шуурсиз бир ҳолатда бобоси Абдураҳмон Хўжа, отаси Исмоил Хўжани эслади.

Амакиси Иброҳим ҳақидаги гаплар ҳам ёдига тушди.

Шунинг баробарида, дам сайин давра Ворис уйга бошлаб келган бу таниш-нотаниш чол атрофида йиғилгандек таассурот уйғонганидан Ҳасаннинг энсаси қотди. Ўзи суҳбатни қизиқиб Марат бобога “йўналтириб қўйган” бўлса-да, бировга ёки бировнинг сўзига шайдолик Ҳасанга ёт. У давраларда, айниқса уйида “диққат марказида туриш”га одатланган. Қолаверса, фақат чолнинг ҳикояси эмас, бутун суҳбатни ҳаётга дахлсиз ортиқча “валдираш” деб қабул қилаётган эди.

Бундан ташқари, дунё кўрган, одам таниган, шубҳасиз ақлли, кучли кишилар билан мулоқотда бўлишга ёшлик йилларидан унинг тоқати йўқ. Бу етмагандек, ўғли уни қўйиб қаёқдаги бир чолга қайишгани ҳозир юрагида рашк-адоват ўтини ёқаётган эди. Буларни бири-биридан қандай қилиб узоқлаштирса экан, деб ўйлаб безовталана бошлади. Умуман, сўнгги пайтлар Ҳасаннинг жисми-жонида Ворисга нисбатан норозилик камайиш ўрнига юз чандон кўпайган эди.

Шунда ов борасидаги фикр —

хаёлида чақмоқдек чақнади.

* * *

— Ворисбек! Ўғлим! Азиз меҳмонларни эртага қумга олиб чиқиш керакмикан? Ов баҳона, бир мириқиб дам олишса...
— Ов? Бизга шунчалик меҳрибонлик. Қиёмат одам экансиз! — деди меъёридан ортиқ ичиб, эркаланиб ўтирган Ҳамро.

Ибод тирсаги билан очиқ унинг биқинига туртди.
— Мен ўзим бош бўлиб борардим, лекин қўрқаман. Оёғим оғрияпти. Ҳали унча ўнгланмадим ҳам, — деб сўзни давом эттирди Ҳасан. — Сиз бошлаб борасиз, ўғлим. Қумда юрадиган иккита машина, ҳамма нарсани саҳарлаб йигитлар, ана, Ҳалим билан Салим, тайёрлаб қўйишади. Абумуслим билан Қамбар деган йигитларимиз йўлни билишади, машиналарни ҳайдаб боришади... Марат бобо хоҳласалар, мен билан қолсинлар. Иккимиз уйда сизларни кутиб, суҳбатлашиб ўтирамиз.
— Ташаккур. Лекин мен саҳрони соғинганман, — деди Марат бобо. — Бирга боришим керак.

Зиёфат-зарофат тугаган эди.

Меҳмонлар тарқала бошлашди.

Ҳусан аёллар тўпланган хонага бориб опалари Мавлудаю Мавжуда билан дийдорлашиб чиқди. Саҳаргача “озгина мизғиш” учун уни Марат бобо, Ўмонқул билан бирга Ворис ўз уйига олиб кетди.

Ҳамрони уйқу босаётган эди, меҳмонларга ажратилган хонага йўналди.

Ҳасан ҳовлида йигитларга кўрсатма бериб хонага қайтиб кирганида, биргина Ибод дераза ёнидаги оромкурсида хаёл суриб ўтирарди.
— Чарчаб қолмадингизми, хўжайин?
— Аксинча. Яйрадим, — деди Ҳасан.
— Сиз билан гаплашмоқчи эдим.
— Нимани?
— Кайфиятингиз менга ёқмаяпти.
— Ҳаммаси жойида.
— Барибир, бугун машқингиз паст. Ҳатто касал пайтда яхшироқ эдингиз, — деди Ибод.
— Сиз, изқуварлардан гап яшириб бўлмайди. Киши қўлига пичоқ олдими, бир нарсани кесади. Сўнгги пайтлар менинг пичоғим кесмаяпти. Атрофда душманим кўп. Давлатим, номим, даражам кўтарилиш ўрнига пастга қараб оға бошлади. Давр оғир. Бунинг устига, Ворис... Болалигида юз-кўзимга оз-моз қарарди. Энди отнинг жиловидай қўлимдан чиқиб кетди. Қайиришга мажбурман, қайиролмаяпман. Бошқа болаларим аксинча, ундан ўгит олаяпти. Болаларимга тарбия беролмадим, эртага дунёга келиб топганимни булардан биронтасига ишониб топширолмайман.
— Шунга шунчами, Ҳасан ака? Ҳаёт бу... Сиз мендан сўранг, шунақа фожеалар борки! Бир жуфт мисол келтирсам, эсингиз оғиб, кечаси ухлолмай чиқасиз! Қадрдонимсиз, айтаман, ҳаёт изга тушиб кетади. Шукр қилинг.

Ҳасан индамади. Деразага қаради.

Йигитлар ҳовлида ҳамон куймаланаётган эди.
— Абумуслим! Ўзи милтиқ отишни билмайди, лекин овни яхши кўради.
— Сиз-чи? Қизиқмайсизми?
— Меники тескариси. Ўқтирмайман, лекин мўлжалга отаман.
— Сиз нега бормаяпсиз?

Ҳасан кулиб:
— Тергов бошланди-ку! Мен кейинги гал, — деди.
— Марат бобо қолса бўларди. Ўзим ёнингизда қолаверайми?
— Йўқ. Сиз борганингиз дуруст.

13

“... Жаброил (алайҳиссалом) уруғ олиб келди ва Одам (алайҳиссалом) сочди ва ерни мола қилди. Қазоға қарғалар келиб, эккан буғдойни ковлаб олиб, ея бошлади. Одам (а.с.) андоқ кўриб, муножот қилиб айдиким: — Илоҳи, менинг экконимни зоеъ қилмағил! Бас, худойи таоло Жаброил (а.с.) дин Одами Сафийға бир ёй ва неча ўқ йиборди. Чун Одамға ўқ отмоқни ўгротди (ўргатди). Андин сўнг буюрдиким, Одам, бу ўқни қарғалар сори отғил! Бас, Одам (а.с.) отди ва хато қилди (ўқ тегмади). Жаброил (а.с.) табассум қилиб айди: — Яна бир ўқ отғил! Бу кезикда отгани урди. Жаброил (а.с.) шодмон бўлди. Одам (а.с.) сўрдиким: — Эй Жаброил, аввал отқонимда нега табассум қилдинг ва сўнг отқонимда нега шодмон бўлдунг? Жаброил (а.с.) айди: — Ул табассум анинг учун қилдим (ким) ва сўнг шодмон бўлдумким, агар аввалги ўқинг қарғаларга тегса эрди, фарзандларинг (авлодларинг) илкидин (дастидан) қиёматқача ҳеч нимарса халос бўлмағай (Ер юзида инсондан бўлак тирик жон қолмагай) эрди! Ва яна билгилким, ўқ отмоқ худойи таолонинг лутфи эрур... ўқ отмоқликнинг савоби бисёрдур!”

Дунёда ҳар бир касби-корнинг пири бор. Қадимдан шундай келган.

Овнинг пири — Одам Ато.

(Ҳарҳолда, биз оталаримиздан эшитганимиз шу!)

Вақтида инсон учун ов эҳтиёж бўлган.

Бир томондан, ов орқали инсон тўйинган. Кийинган.

Иккинчи томондан, ов орқали инсон ўзини ваҳший ҳайвонлардан (ва бошқа босқинлардан) ҳимоя қилган.

Шу боис, ўқ-ёйга қасидалар битилган.

Ов шараф саналган. Ботирлик, мардлик белгиси деб тушунилган.

Кейин ҳам...

асрлар давомида мерган — қаҳрамон даражасига кўтарилган. Моҳир мерганларга ҳавас қилиб, ҳатто подшоҳлар гоҳ-гоҳ овга (шикорга) чиққанлар.

Инсон учун ҳозир ҳам ов эҳтиёж.

Олдинги ҳолатда бўлмаса-да, баъзан тўйиниш, кийинишга хизмат қилади.

Ҳимоя ҳам керак.

Оддий мисол. Яқин-яқингача ёввойи қушлар инсонга кун бермай қўйгани ёки чигирткалар ёпирилиб “ерни ялаб” ўтгани сингари воқеалар учрагани маълум.

Қаерлардадир оч бўрилар (ёки шер, айиқ) қишлоқларга бостириб келиб, одамга ташланганини эшитамиз.

Шунга қарамай, ҳайвон инсонга эмас, бора-бора инсон ҳайвонга ҳамла қилиб, қирғин солиши расмга кирди.

“Табиатни асраш” деган гап юради. Кимдан? Инсондан, албатта.

“Темир девор” бўлиб олдинга суриниб бораётган инсондан!

Балки, ортиқча ҳашам — қайсидир мушук пар ёстиқда ётган, қайсидир итнинг туваги олтинга айлангандир? Лекин катта шаҳарларнинг пастқам кўчаларида қаровсиз юзлаб ит-мушук тўп-тўп бўлиб тентираганини кўрмайсизми?

Одамлар “ҳайвонлар ҳалокати инсон ҳалокатининг бошланиши” деган гапни ўйласалар экан!

Энг даҳшатлиси, қачондир “ҳайвон ови”га ўхшаб “одам ови” (одам ўлдириш, турли воситалар билан уни маҳв этиш)га йўл қўйилганидир... Фалончи ёки пистончи жаҳонгир бегона бир мамлакат халқи билан ёнма-ён минглаб ўз фуқаролари устига ўқ ёғдиради. Кейин, бир куни эснаб ўтириб, шу ишни қилмасак ҳам бўлар экан, аммо ўшанда бошқа илож йўқ эди, дейди.

“Ўқ отмоқ худойи таолонинг лутфи” бўлмай қолди.

Бунинг “савоби (ҳам) бисёр” эмас.

Чинакам овчи энди бундай шароитга қайғуриб қарайди.

Браконьер пинагини бузмайди.

“Одам ови”га ўрганганлар эса ҳайвонларга қўшиб овчини ҳам, браконьерни ҳам отиб кетаверади.

* * *

Машинада Вориснинг уйи томон бораётиб, Ҳусан шу гапларни хаёлидан кечирди.

Биродари Ҳасаннинг ўзи бормайдиган овга барчани таклиф қилгани ҳам унга ажабланарли туюлди. Мабодо ота-бола муносабати изга тушган бўлса, эҳтимолки, бунга ажабланмасди. Даврада “улар ораси бузуқ” эканлиги сезилган эди.

Умуман, тасодифан тўпланган давра “жинлар базми” каби таассурот қолдирганди. Марат бобо ва Ворисдан бўлак ҳамма меъёрсиз ичган, суҳбат қанчалик жиддий бўлмасин, айтилган бутун гап-сўзлар гўёки тамаки тутунидек бош устида “ҳалқа”ланган...

Ибод билан Ҳамрони аслида Ҳусаннинг қадрдонлари, дейиш мумкин. Ҳасан буларни меҳмон қилиб, туғишган биродарига нисбатан ҳам ўзига яқин тутгани унга, Ҳусанга, қандайдир малол келганди. Булар иккисини уйда сақлаб қолиб, Ҳусанни Вориснинг уйига жўнатгани шу дамда унга айниқса малол келаётган эди. Ўмонқулга қўшилиб, асосан Ҳасаннинг кўнгли учун сезиб-сезмай кўпроқ ичиб қўйгани сабаб, ҳозир инсон яшашга мажбур бўлган дунёнинг бемаънилигидан қаттиқ норозиланаётганди.

Тун қоронғи, йўлга фақат машина чироқлари нури тушиб турар, машина ичи ҳам нимқоронғи эди. “Овми? Дам олишми?” — эртага Ворис “бошлаб борадиган” саҳро сафари тўғрисида улардан ҳеч ким оғиз очмаётганди. Сирасини айтганда, Абумуслим билан Қамбар йўлни билишса, ҳамма нарсани Ҳалим билан Салим тайёрлаб қўйишадиган бўлса, Вориснинг “бошлаб бориши”да маъно нима? — афтидан, бошқалар эмас, унинг ўзи ҳам яхши тушунмаётган эди.

Шунчаки бир гал Ўмонқул Ҳусанга юзланиб:
— Ишонмайсиз устоз, — деди. — Мен Марат бобони билмасдим. Метродан чиқиб Навоийга машина ёлласам, отахон шерик бўлиб машинада ўтирган эканлар. Шунда танишиб қолдик... — Кейин, Вориснинг ёнида, олдинда ўтирган Марат бобога мурожаат қилди: — Овга кўп чиққанмисиз, отахон?

Марат бобо анча сукут сақлаб, ниҳоят:
— Денгизда кўп сузганман, саҳрода кезганман. Худо кечирсин, менинг гапим шаръий эмасдир, лекин бирон тирик жонни яшашдан маҳрум қилишга ботинмаганман, — деди. — Бир қизни яхши кўрардим. У ҳайвонларга ачинарди. Уларга қараб, кўзлари ёшланарди. Бундай кишиларни кам кўрганман! Ундан айрилгач, шу “дард” менга юқди. Овни ёқтирмайман. Оёғим ҳам тортмаяпти.
— Бўлмаса, нега Ҳасан аканинг ёнида қолмаяпсиз! — деб сўради Ўмонқул.

Марат бобо қизиқ гап қилди:
— Айрилганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер. Мен сизнинг қавмингизданман.

Жилла бурун даврада осойишта, суҳбатга мойил, ўзи ҳақидаги гапларга ҳам бепарво ўтирган Марат бобо энди негадир ўйчан ва маҳзун эди.

* * *

Кун ёришмасдан эшик олдига қумда юрадиган иккита машина келди.

Барча “ов баҳона, дам олиш”га борадиганлар Вориснинг уйида тўпланишган эди. Машиналарга, жойлашишди.

Булар — ҳавдовчилар билан бирга, ўн киши эди:

  • Марат бобо
  • Ҳусан
  • Ибод
  • Ҳамро
  • Ўмонқул
  • Ворис
  • Ҳалим
  • Салим
  • Абумуслим
  • Қамбар

Машиналар йўлга тушди.

Тўрт соатдан зиёд йўл босишди.

Гоҳ қумли яланг дашт, гоҳ қум тепаликларини оралаган сўқмоқлардан ўтиб, тўхтамай боришарди.

Кўпчиликнинг кайфияти кўтаринки эди.

Ҳусаннинг ҳам. Кечаги юрагидаги ғаш тарқаганди.

У дунё кўрган, лекин шаҳарли зиёли эди. Умрида саҳрога, овга чиқмаганди.

Аввалида осмон кўкарди. Ой бўзарди. Юлдузлар чироқлардек бирма-бир ўчди. Сўнг, ярқ этиб, бир қум тепалиги ортидан отилган тўпдек қуёш кўтарилди.

Чор атрофда яшил ва заъфарон ранг қоришган эди.

Ҳусан билмасди, саҳро баъзан китобларда ёзишганидек “қум барханлари”ю қуёшда қовжираган ковгар, явшандан иборат эмас экан. Қизариб — сарғайган янтоқ ёнида минг турфа ўсимлик, минг турфа гул. Яккам-дуккам пастак саксовуллардан боғ бўлиб турган катта саксовулзорларгача саҳронинг тириклиги, кўрки. Унда-бунда аҳён юксак ялангликларда ёки қум тепаликлари ҳалқаси ичида, чуқурликда икки-уч ўтов, баъзан бир қаватли узун оқ иморатлар кўзга ташланади.

Қуёш билан бирга ҳарорат кўтарилмоқда.

Лекин ғир-ғир шамол эсмоқда.

Ниҳоят, икки томон қуюқ саксовулзор майдончага келиб қўнишди.

Қум устига палос тўшалди.

Олдин бу ерга келганлар ўрнатган омонат ўчоқ бор. Ҳалим қозон илди, Қамбар ўтин йиғди, Абумуслим ўт ёқди, Салим овқатга унади. Кейин, қопқоқни ёпиб қўйиб, булар ҳам палос устидан жой олишди.

Дастурхон ёзиғлиқ. Ичкилик, ҳар хил газак муҳайё.

Ҳайдовчилар, Ворис билан Марат бободан бўлак барча ичди.

Ҳусан ҳам, ичмайман, ўзимни тўхтатолмаганим ёмон, деб кеча аҳд қилганига қарамай, бу кун “чиннидек тиниқ ҳаво”да яна “шариатни бузди”.

Марат бобо кечагидек, ўйчан ва маҳзун эди.

Тўғрироғи, унинг юз-кўзида номаълум бир совуқ шарпа кезаётган эди.

14

Ворис, ичмаса ҳамки, аъло кайфиятда.

Ўмонқул, айниқса Марат бобо кутилмаганда уни сўроқлаб келишганидаёқ терисига сиғмай суюнган. Бу кунги саҳро сафари унга гўёки қанот бағишлаганди.

Ана, хайрият, узоқ мужодаладан кейин, отаси у билан ҳисоблаша бошлаган, ҳатто номига бўлса-да, уни ўз ўрнида овга юбориб, меҳрибонлик кўрсатган эди.

Йўл бўйи Ворис ўзи кўпинча от суриб саҳро этагидан орқага қайтгани, бу кун илк дафъа чинакам саҳрони кўраётганини ўйлаган, унга мана ниҳоят, най садоси қаердан чиқиб, олисларга қандай таралганини аниқлайдиган пайт етгандек бўлиб туюлган эди. Лекин улар келиб қўнган саҳро қаъри жимжит, гўёки бутун саҳро асрий сукутга чўмган.
— Оқсоқоллар! Овқат пишгунича ов қилайлик. Бир нарса отиш шарт эмас, бунинг гашти бор-да! — деди Абумуслим. — Хўжайин доим шунақа қиладилар.

Палос устида ўтирганлар ҳаммаси ўрнидан турди.

Машиналар орқасидан милтиқлар олинди.

Гуруҳларга бўлинишди:

Ибод, Ҳамро, Ўмонқул — бир гуруҳ.

Ҳалим, Салим, Абумуслим, Қамбар — иккинчи гуруҳ.

Марат бобо, Ҳусан, Ворис — учинчи гуруҳ.

Ҳар ёққа қараб кетишди.

Милтиқ Ҳусаннинг қўлида, Ворис билан Марат бобо шунчаки сайр қилишга чоғланишган. Атроф-жавонибни кўришдан катта бахт йўқ.

Улар иккиси бир қум тепаликка кўтарила бошлашди.

Кўп ўтмай, Ҳусан орқада қолди.

Шу асно Ворис най садосини баралла эшитди.
— Қизиқ. Ким, қаерда чалаётган экан?
— Нимани?
— Найни-да!

Улар тепаликка кўтарилишди.

Атрофда шамол қумни ўйнаётган, саҳро денгиздек тўлқинланаётган эди. Ворис негадир Марат бобо олдин айтган бир гапни эслади:
— Саҳро денгиз тубига, денгиз туби саҳрога ўхшайди!

Энди най яқин жойда, аниқ-тиниқ янграётган эди.

Ворис Марат бобога шу ҳақда ажабланиб яна нималардир дегиси келаётган эди, бехосдан...

уни Марат бобо елкаси билан кескин туртиб юборди.

У тўрт-беш қадам нарига учиб кетди.

“Бу одамни жин урдими, нега туртади? Ҳали бақувват экан! Тавба...”

Ворис юз-кўзларига сачраган қумни сидириб, ўрнидан турди. Марат бобо томон қаради.

Марат бобо жилла нарида кўкси қонга беланиб ётар эди.

* * *

Ворис лаҳза ичида қандай воқеа рўй берганини пайқади.

У най садосига чалғиб саҳрода гумбурлаган ўқ овозларини эшитмаган эди.

Ҳол-беҳол Марат бобонинг ёнига бориб тиз чўкди. Биринчи марта:
— Бобожон! — деб мурожаат қилди. — Бу ўқ менга тегишли эди, бобожон! Сиз бекорга...

Кўксини чангаллаган, бармоқлари орасидан қон сизаётган Марат бобо бошини чайқади. Тушуниксиз бир тарзда:
— Кечиккан ўқ! Етиб келди, — деди.

Ворис Марат бобонинг узун оқ сурп кўйлагини йиртиб, ярани боғлашга урина бошлади. Лекин бундан натижа чиқмади, Марат бобо жон таслим қилаётган эди.

У азобланиб-алаҳлаб, алланарсаларни пичирларди.

Биринчи навбатда, негадир:
— Муҳаббат! — деб пичирлади.

Кейин, Ғайрат Суръат ва бошқа аллақайси исмларни тилга олди.

Кейин, яна тушуниксиз бир гапни айтди:
— Искандар...

Банда!

Қаландар...

Жанда!

Шундан сўнг, кўкси бир кўтарилиб-тушиб, жон берди.

Ворис атроф-жавонибга диққат қилди.

Саҳро қайтиб оғир сукутга чўмган.

Ҳалигина янграётган най садоси тинган эди.

15

Ҳусан ўқ овозларига ортиқча аҳамият бермаганди.

Йигитлар ов қилишаяпти! Табиий ҳол!

Ўзи милтиқни аскардек елкасига осган, ўқ узишни хаёлига ҳам келтирмай, шериклари ёнига шошмай бораётган эди.

Қум тепаликка кўтарилгач, Марат бобонинг жасади ва жасад ёнида ҳўнгир-ҳўргир йиғлаб ўтирган Ворисни кўриб, нима бўлганига тушунмай анграйди.

Ворис кўзёшларини қўллари орқаси билан артиб, ўрнидан турди.
— Амакижон! — деди ҳамон йиғи аралаш товушда. — Дадам ов баҳона мени йўқ қилмоқчи бўлган экан. Мен ҳозиргина бир ўлимдан қолдим! Марат бобо мен... мен учун жонини берди! Мен аввалдан сезганман, бу одам сизларнинг амакингиз эди! Дадам ўз амакисини ўлдирди.

Ҳусан тахтадек қотган эди.

У катта бир олим бўлатуриб, Вориснинг сўзлари мағзини чақолмаётган, нега фалокат рўй берганини тасаввур қилолмаётганди.

Ахийри, ўзини қўлга олди.

Елкасидаги милтиқни ерга қўйиб, жасад ёнига борди. Марат бобонинг кўзларини юмди. Кўйлак йиртиғи билан иягини боғлади. Ворисга:
— Бўлган воқеани бошқаларга билдириш керак, — деди.

* * *

Милтиқни яна елкасига осди.

Ворисни маййит ёнида қолдириб, ўзи тепаликдан пастга энди.

Юраги хуфтон эди.

Бу одам амакими, бегонами? Аҳамияти йўқ. Бегуноҳ бир киши ўлдирилган эди.

Рўй берган воқеа тасодифми ёки Ворис айтмоқчи, бировга атай қасд қилинганмиди? Қотил ким? Буларни аниқламасдан, бир нарса дейиш қийин.

Қандай бўлмасин, шу сонияда Ҳусан беихтиёр бундан бир неча ой бурун пойтахтда, растада рўй берган воқеани, оқ кийган Гавдали Киши ва Ожизгина Болани эслади. Унутдим, деб ўйлаганди. Унутмаган экан! Ўткинчи бу воқеада гўёки бир рамзий маъно бор эди.

* * *

Икки томон қуюқ саксовулзорда Ибод, Ҳамро, Ўмонқул ниманидир гаплашиб туришарди.

Ҳусан уларга яқинлашиб, рўй берган воқеани айтди.

Ибод дарҳол саргакланиб, осмонга уч марта ўқ узди.

Бир маҳал Салим билан Абумуслим қандайдир ориқ-озғин тулкини кўтариб келишди.
— Қолганлар қани? Кўрмадингларми? — деб сўради Ибод.

Салим секин гап тушунтира бошлади:
— Ҳалим билан Қамбар “акахонимизга телпакбоп совга бўлади” деб иккиси икки милтиқдан манови тулкини отди. Кейин, негадир тулкига ҳам қарамай, шошиб қаёққадир кетишди.
— Қамбар машинасини ҳам қолдириб кетавердими?
— Шунақа.
— Қаёққа?
— Сал нарида парпарак учадиган майдонча бор, — деди Абумуслим.
— Тушунарли.

Ибод жамоа жиловини қўлга олди.

Чала йиғиштирилган дастурхон йиғиштирилди.

Абумуслим, Ҳамро, Ўмонқул палосни олиб Вориснинг ёнига кетишди.

Салим ов ҳаром кетмасин, деб бир четда ўткир пичоқ билан тулкининг терисини шилишга тутинди. У Ибоднинг бўйруғига бўйсунмай шу ерда қолаверган эди.

Ибод Ҳусанни қўлтиқлаганича саксовулзор этагига бошлади. Марат бобо ҳақида нималарнидир сўраган бўлди. Кейин, Ҳусанни қолдириб, уч йигит изидан ўзи ҳам қум тепаликка қараб кетди.

Ҳусан бормоқчи эди, журъати етмади. У — “ҳаёт дағалликлари”га ўрганмаган зиёли (олим) киши, — умрида биринчи марта жасад ёнида ўтириб кўзларини юмган, иягини боғлаган эди. Бу ҳолатни ҳали кўп тушлар кўради, босинқирайди!

Вориснинг ёнига кетганлар у билан бирга ниҳоят, палосга ўралган маййитни кўтариб келишди.

Ворис энди кўзёшларини қуритган, юз-кўзида алам ва нафрат ифодаси муҳрланган эди.

Ҳусан ҳамон саксовулзор этагида нафас ютиб, қўлида чўп, ер чизиб ўтирарди.

Ибод бошқалардан ажралиб, унинг ёнига яна келгач, ўрнидан турди.
— Вориснинг гапларига нима дейсиз, олим ака?
— Қанақа гаплар?
— Ўз отасини мени ўлдирмоқчи бўлди, деяпти.
— Ворис ҳозир эсини йўқотган, ўйламай гапираверади.
— Кейин, бу одам амакиларинг эдими?
— Бизнинг амакимиз йўқолганига тахминан эллик йилдан ошган. У ҳаётдаги мингга тўфонни кечиб ёнимизга келиши ақлга сиғмайди. Келса, ошқор қиларди ҳам! Ўки, бу ўз-ўзидан ошкор бўларди. Чол бегона эди, лекин барибир, яхши иш бўлмади.
— Майли, ҳаммасини аниқлаймиз. Бу ерда туришдан маъно йўқ, орқага қайта қолайлик.

Ибод барчага йўл тадоригини кўришни буюрди.

Бир инсон ва бир ҳайвон ўлган эди. Кўплашиб ўроғлиқ палосни машиналардан бири орқасига жойлаштиришди. Салим ўзи шилган тулки терисини ҳам унинг ёнига тиқиштирди. Ибод Қамбарнинг машинасини ўзи ҳайдайдиган бўлди.

Қозонда овқат сабил қолган эди.

Бор нарсани йиғиштириб, йўлга тушишди.

* * *

Вориснинг уйига етиб келишгач, Ибод қўнғироқ қилиб тиб ходимлари ва миршаб чақиртирди.

Йўл бўйи ҳеч ким бири-бири билан гаплашмаганди. Мана, энди Ибод, телефондан бўшагач, барчадан бир хонада тўпланишни сўради.
— Бу тасодиф ўлим, бир ўқ тулкига, бир ўқ чолга теккан, — деди у давра тўплангач. — Лекин барибир, хунук иш бўлди. Ҳалим билан Қамбар айбдор...
— Бу уюштирилган иш! — қайсарланди ўз фикрида туриб олган Ворис.
— Сиз энди шошманг. Тергаш менинг вазифам... Чол сўққабош экан, демак даъвогар йўқ. Лекин бировнинг ўлимини, у денгиздами, саҳродами, яширолмайсан. Ҳалим билан Қамбарни топиб тутишга тўғри келади.
— Биз уларни топиб тутмаймиз-ку! Сиз бу гапларни нега гапираяпсиз, мен тушунмаяпман, — деди Салим.
— Энг аввал, сиз билан Абумуслим гувоҳсизлар. Миршаблар сизларни барибир тергайди. Бундан ташқари, ким бу ерда қолиб, ким мен билан Ҳасан аканинг олдига боради, у кишим билан масалани ҳар томонлама аниқлаштиради? Маслаҳатлашиш керак...

Бироқ маслаҳатга ҳожат қолмади!

Ибод гапини тугатар-тугатмас, ҳовлига тиб ҳодимлари ва миршаблар кириб келишди.

Улар Ибод билан икки оғиз гаплашиб, тиб ходимлари текшириш ўтказиш — экспертиза учун жасадни, миршаблар протокол тўлдириш учун Салим ва Абумуслимни олиб кетишди.

То шу дам ўзини осойишта тутган Ибод энди бехос гангиб қолгандек эди...

* * *

— Ҳамро билан Ўмонқул иккиси шу ерда, Вориснинг ёнида қолишади, — деди у Ҳусанга. — Сиз, олим ака, мен билан юринг...

У ҳеч кимдан жавоб кутмай, Абумуслимнинг машинасига, ҳайдовчи ўрнига ўтирди. Ҳусан ҳам индамай унга бўйсуниб, машинага минди. Йўлга тушишгач, шунчаки:
— Ҳасан билан нимани аниқламоқчисиз? — деб сўради.
— Ҳеч нарсани.
— Йўқ, сиз оиладаги оддий ўйиндан ўт чиқди, саҳрода одам ўлдирилди, демоқчимисиз? Шуни аниқлаш керакми?
— Энди буни аниқлаб бўлмайди, — деди Ибод.
— Нега?
— Мен миршаблар билан гаплашдим, улар биз етиб келгунча воқеадан хабар топган экан. Вилоятдаги бошқарма бу ердагилардан олдин ишга киришиб, Ҳалим билан Қамбарни қидиришаётган экан...
— Бунча тезкорлик, ақл бовар қилмайди.
— Буниси майли. Одамлар орасида аҳиллик бўлмаса, улар худбинлик, манфаатпарастлик, қабиҳлик қилиб, яқинми, узоқ кишиларми, бири-бирига душманлик билан қарашдан қайтмаса, ҳаётда нохушлик устига нохушлик чиқаверади. Бардам бўласиз, олим ака, — Ибод негадир машинани йўл четига олиб тўхтатди. — Ишлар пачава...
— Очиқроқ гапиравермайсизми?
— Ҳалим билан Қамбарнинг Ҳасан ака билан ўз ҳисоб-китоблари бўлган. Ҳасан акага хизмат қилиб, улар бошқа бировларга ҳам хизмат қилишган. Катта доирадаги кишилар атрофида баъзан шунақа ишлар бўлиб туради! Қандай бўлмасин, иккиси Ҳасан аканинг уйига келиб, бир қошиқ қонимиздан кечасиз, акахон, овда оддий тасодиф рўй бериб, дайди ўқ Ворисга тегди, Ворис ўлди, дейишган.
— Эй худойим-эй!
— Ҳасан ака кўксини чангаллаб гурс этиб йиқилган. Юраги ёрилган, дейишаяпти. Кўргулик, чидайсиз!

Ҳусан ўтирган ўрнида адоитамом бўлиб қолган эди.

Тақдир! Яна нима зарбаларинг бор?
— Ҳасан аввалдан овни нега ташкил қилди? Керакмиди? — деди у, ниҳоят.
— Сиз билмайсиз-да, олим ака. Овни хуш кўрган киши бошқаларнинг ов қилишидан ҳам баҳра олади. У ўзича ов хаёлига борган, кейин ҳалиги йигитлар уни илҳомлантирган бўлиши ҳам мумкин... Яна бир гап. Кўнглингизга олманг, Марат бобо тўғрисида. Дейлик, отаси ёки сиз, амакиси эмас, Ворисга шу одам кўксини қалқон қилиб, жонини берди. Мен буни аниқ текширдим, бу масалада иштибоҳ йўқ. Чолни билмасдим. Очиғи, кўнглимда унга нисбатан ҳурмат, меҳр уйғонди. Мабодо у менинг амаким деб тахмин қилинса, ҳатто оз-моз ўхшаса, мен ўзимни ҳар ёққа ташламасдим... Сўққабош бўлса ҳамки, уни ўз манзилига олиб бориб кўмишга тўғри келади.
— Ҳасан нима бўлади?
— Ҳасан акани асрга улгурмасак, бомдод намозига чиқарамиз. Кейин, ё сиз, ё Ворис бу ерда қолиб, иккалангиздан бирингиз мен билан Тошкентга жўнайсиз.
— Менга қўшни бир одамнинг ўлигини олиб бориб, маҳалла-кўйнинг юз-кўзига қараш...
— Маҳалла билан ўзим гаплашаман! Ўмонқул ҳам... маҳалланинг розилигини олиб, отахонни мен ўз уйимдан чиқараман, деяпти.
— Ҳалим билан Қамбарни топиб тутишади, албатта. Улар қамалиб кетадими?
— Марат бобо ишида ҳам, Ҳасан ака борасида ҳам уларга аниқ айб қўйиш қийин. Тасодиф деган гап бор. Улар фақат шартли қамоқ жазоси олиши мумкин. Бу яна, тергов қандай боришига боғлиқ... — Ибод қайтиб машинани ҳайдади.

Ҳусан Ҳасаннинг уйида, дарвозадан кирибоқ ҳовлида ўзини юлиб-юлқиб дод-фарёд солаётган Норгул билан Маъсума, Мавлуда билан Мавжудага рўпара келишини тасаввур қилди. У боя саҳрода Марат бобонинг кўзларини юмгани, иягини боғлаганидан буён бошига тўқмоқ тушгандек, гаранг ва карахт эди. Ҳозир бехос “тирилиб”, кўнгли бузилганича, кўзларидан юзига ёш оқа бошлади.

Бунга эш ҳолда...

Ҳусан сўнгги пайтлар Ибодга нисбатан ўзини кучлироқ сеза бошлаган ҳам эди, “олим ака” деган мурожаатга учган экан!

Ҳозир унга нисбатан

ўзини

ёшлик йилларидаги сингари

ожиз ва ғариб сезди.

* * *

Икки йилдан кейин

Ворис Марваридга уйланди.

Тўй кечаси эди. Давра тўрида, кўёвнинг ёнида жўралари, келиннинг ёнида дугоналари ўтиришарди. Базм қизигандан-қизиб борарди... Даврада, дастурхонлар атрофида ўтирганларни ҳорғин ва ўйчан кузатаётган Вориснинг нигоҳи бехосдан бурчакдаги бир дастурхон ёнида ўтирган кекса кишига қадалиб қолди. Бу — бобоси Исмоил Хўжами, у кўрмаган-билмаган Иброҳимми ёки ўз қўллари билан тупроққа қўйган Марат бобоми? — шуларнинг нақ ўзи эди. Бу ким экан, деб ўйлади. Унинг тикилганини пайқагандек, қария кулимсираб қўйди. Кейин, секин қўл очиб дуо қилгандек бўлди... Ворис саросималаниб қолди. Қариядан базм охиригача кетмасликни ким орқали, қандай сўраса, тўй одоби бузилмайди? У дарҳол муайян фикрга келолмади. Қайтиб бурчакка қараганида, қария ғойиб бўлган эди...

* * *

Мен шу тонг деразадан узоқлашиб, анча маҳал хонада нари-бери юрдим.

Ниҳоят, яна дераза олдига келдим.

Тўхтадим.

Тўрт қаватли бино томидан баландроққа бўй чўзган кўм-кўк дарахтларга илашган нигоҳим уларга эргашиб осмонга кўчди.

Қарадим.

Осмонда парча-парча булут. Аммо уларни оралаб, — кун ёришаётган эди.