OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОмон Мухтор
Асар номиЎйин (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Омон Мухтор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм45KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/11
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ўйин (ҳикоя)
Омон Мухтор

— Одамда бир оз фаросат бўлса экан, — мийиғида кулиб деди Келдиев даврадагиларга бир-бир кўз ташлаб, телевизорга имо қилганча. — Эътибор бердингларми, «не жафолар чекмадим бир бевафо дилдор учун!» деб ашула айтяпти. Афтидан, шу йигит не жафолар чеккан кишига ўхшайдими?! Асло! Бунақа ёғли кўз, қип-қизил юз, катта қорин билан унинг ўзи бевафолик қилиб, кимгадир жафо юклаши мумкин-ку, лекин бировни деб у куйишига мен мутлақо ишонмайман!..
— Артист-да, дадаси, ўрганганини айтади, — назарида, эри даврада ўтирганларини унутиб, шунчаки оғзидан гуллаётгандек туюлдими, гапга аралашди, Келдиевнинг хотини Замира.
— Ўргансин, айтсин, марҳамат, мен қарши эмасман, — қайсарланди Келдиев. — Лекин ашула одамга бундай мос тушиши керакми ёки йўқми? Одамларимиз жуда маданиятли бўлиб кетган, деймизу баъзан оддий фаросат тўғрисида ўйламаймиз. Киши ўзининг аҳволини ўзи билмаса!..
— Кўриниши шунақалигига қарамай, у яхши одам бўлиши ҳам мумкин, — деди уй бекаси Холида ўйчан. Шунинг баробарида, у ўрнидан туриб, телевизорни ўчира қолди. — Одамни билиш қийин. Айниқса, телевизорга қараб, менимча, бир нима деб бўлмаса керак. Жисмоний камчиликни кўриб, инсоннинг қалби қандайлигига баҳо бериб бўлмайди. Умуман ташқи кўриниш алдамчи... — Тўғри гапирдимми, дегандай Холида эрига кўзи остидан маъноли қараб қўйди.
— Тўғри, — деди Қамбар бошини силкиб, — инсон қалбининг гўзаллиги жисмоний камчиликка қарамайди... Лекин нега одамни билиш қийин экан?! Арзимаган нарсалардан одам қанақалигини бемалол айтаверса бўлади...

Замира қизиқсиниб, Қамбарга тикилди:
— Масалан?
— Масалан, овозга қараб айтиш мумкин. Кийинишига караб. Кўчада юриш, оёқ олишига қараб...
— Сиз шуларга қараб, адашмай айта оласизми? — сўради Замира.
— Нега айтмас эканман? — деди Қамбар. — Хўўш... — У бирпас ўйланиб, сўзида давом этди: — Қайсидир йили Сирдарёга борганимиз. Катта группа. Ҳар хил кишилар. Орамизда файласуф бир домла ҳам бор. Шогирди билан... Қисқаси, шу домла... мен унинг файласуфлиги қайси даражада эканини билмайман-ку, лекин овқат тановул қилиши ўзига хос эди. Оғзидагини чайнаб-ютмай, қошиқни кўтараверади, лунжи сурнайчиларникига ўхшаб шишган, кўзларида шу қадар безовта бир мутелик акс этганки... таомнинг ҳурматини астойдил ўрнига қўяётгандекми ёки дейлик, олдидаги идишни биров тортиб олиб қўйишидан қўрқаётгандекми, таассурот қолдиради кишида... Мен биринчи танишган кунимиз домланинг шогирди билан гаплашишимга тўғри келди. «Домлангиз ёшликдан анча қийналиб ўсган. Шунақами?» дедим секин. «Шунақа бўлиши керак... ўзининг айтишига қараганда!» деб ғудранди шогирд. «У аёлманд, болалари кўп!» дедим куйиниб. «Ҳа, бир этак. Еттитами, саккизтами...», деди шогирд. «Уруш йиллари домла асирликка тушганми, шунга ўхшаган бир нарса бўлган...», деб пичирладим ўзимча. «Домла омадсизроқ одам!» деб, тасдиқлади шогирд. «Умуман, у мискин, умрида бировга зиёни тегмаган... Домла ишлаётган институт маъмуриятига ҳайронман, унинг дарс соатини кўпайтириб, унга сал имконият яратиб беришса нима қиларди!» дея асабийлашдим энди. «Домла талаб қилолмайди. Улар ўзлари билиб, бировга ғамхўрлик кўрсатишмайди!» деди шогирд. Кейин, менга тикилиб: «Сиз домлани яхши билар экансиз-да!» деди. Мен, ҳа, ҳа, биламан, деб қўя қолдим... Эртаси куними, индиними, тушлик пайтида домлага ортиқча эътибор бермай, бировга малол келмайдиган йўсинда: «Одамнинг овқатланишига қараб, унинг бутун таржимаи ҳолини айтиб бериш мумкин!» — деган гапни шунчаки ўртага ташладим. Даврадагилар бунга ишониб-ишонмай кулиб, таом тановул қилишга тутинишди. Лекин ўша куни таниқли бир раққоса менинг нақ рўпарамда ўтирарди. У менга маъноли кўз ташлаб қўйиб, шунақанги чиройли овқатландики, сўз билан ифодалаш қийин. Мен домлага кўнглим ачиб, қанчалик эзилган бўлсам, раққосани кузатиб, шунчалик завқим келди... Қисқаси, атрофга лоқайд-бепарво қарамасангиз, одамни билаверасиз. Қадим-қадимдан дастхатни кўриб, одамнинг феъл-атворини айтиш расм бўлган, бу энди анча машҳур соҳа. «Хатшунослик» деган фан ҳам бор...
— Яшанг, иним! — деди ҳаяжонланиб Келдиев. — Раҳмат! — деди у негадир ҳаттоки ийиб. — Телевизорда-ку, жонли одам, мана, укамиз Маҳкамжон оддий суратга қараб, кимлигингизни айтаверади. Бу унга писта чақишдай гап. Қамбаржон айтмоқчи, бу ҳам илм...
— Ростданми? — Маҳкамга қараб сўради қизиқсиниб Замира. Маҳкам суҳбатга аралашмай, давра қуйисида ўй суриб ўтирарди.
— Э, йўқ, Келдиев домла шунчаки менинг баҳойимни оширяптилар, — ғудранди у нохушроқ кайфиятда.
— Сиз унақа камтарлик қилманг. Мен ҳозир албомни олиб чиқаман. Бир қотиб кулайлик, — деди Холида ўрнидан туриб.
— Йўқ, янга, олиб чиққанингиз билан айтмайман! — деди Маҳкам бу гал қатъий.

Даврадагилар овқатланиб, чой ичиб бўлишган, аммо ҳали жилла ўтиришни исташганидан, Маҳкамнинг ўзини терсроқ тутиши кўпчиликка қандайдир оғир ботди.
— Мен шунча нарсани айтиб ташладим. Сиз нега икки оёқни бир этикка тиқяпсиз, мен тушунмаяпман, — тўнғиллади Қамбар.
— Мен ўзим сизнинг ҳунарингизни кўрганман, Маҳкамжон. Шахсан! — деди Келдиев ҳам энди инжиб. — Албомни бундай варақлаб, сиз бизни хурсанд қилишингизнинг кимга нима зиёни бор?! Аксинча, баҳс якунланади. Сиз эрка йигитсиз, албатта. Лекин ҳамма нарса эви билан-да...
— Сизлар мендан бекорга хафа бўляпсизлар, — деди сал эзилиб Маҳкам. — Мен талабни бажо келтирмаганим эркадик, ноз-истиғно эмас. Фақат бу ишни ташлаганман, тўғриси. Бошқа шундай қилмайман, деб қасам ичганман...
— Нега қасам ичасиз? — Унга ажабланиб, ишонқирамай тикилди Холида.
— Ҳар қандай хунар одамнинг бахтига яраса... ҳар бир ишни эплаган одам қилса!.. Мен эплолмай қолдим...
— Қизиқ. Бирон ерда нотўғри гапириб юбордингизми? — савол ташлади Қамбар.
— Йўқ, мен нотўғри гапирмайман. Анча йил фотография билан шуғулланганман, одамлар суратга тушаётганда ўзининг қандайлигани беихтиёр кўрсатиб қўяди, турли-туман кишиларни кўравериб, кўзим пишган. Умуман, бу оддий иш. Мен суратга қараб, тирик одамни, унинг аппарат оддида турган холатини тасаввур қиламан. Ҳолатдан феъл-атворга ўтилади...
— Хўш, кейин нима бўлди? — Тоқатсизланиб сўради Келдиев.
— Нима бўларди... Бир куни, ҳунар кўрсатаман, деб оғзим куйди. Шу, холос, — деди Маҳкам алланечук хижолат чеккан кўйда.
— Гапни бошлагач, охирига етказиш керак. Шаф-шаф дегунча шафтоли демайсизми! — ўчоққа ўтин қалади Замира.
— Мен бу воқеани ҳеч кимга айтмагандим. Лекин майли, орада ғашлик қолмасин учун сизларга гапириб бераман, — деди Маҳкам. — Келдиев домла кўрганлар, рост, мен ўз ишимда бир пайтлар устаси фаранг эдим. Мени давраларда ўтирғизиб, ўқ нишонга текканидан одамлар қотиб кулишарди. Мен ўзим ҳам завқланардим, чунки менинг назаримда бу қизиқ бир ўйин эди... Шундай юриб, бундан беш-олти йил бурун Шариф деган дўстим билан тасодифан унинг қариндошлариникига меҳмонга бориб қолдим. Шаҳар этагидаги бу боғ-ҳовлини олдин ҳам кўрганман, Шарифнинг қариндошлари — тоғаси, янгаси ёши ўттизга етиб эр қилмаган қизлари билан бирга туришади... Ўша куни уларникида нима муносабат бор эди — эслолмайман, бошқа нарса ёдимда — Шариф билан мендан бўлак яна анча-мунча киши йиғилган, ҳамманинг кайфияти кўтаринки эди... Хўп, айни ёз пайти, ҳовлида гангур-гунгур қилиб ўтириб, қаёқдан ҳам гап суратга бориб тақалди. Мен маҳмадоналигим тутиб, суратдан одам таниш мумкинлиги оғзимнинг бир четидан чиқиб кетди. Ҳозиргина сизлар қизиққанларингга ўхшаб, даврада кўпчилик чуғурлашга тушди. Ҳалиги — уй эгасининг қизи — Нафиса югуриб ичкаридан албом кўтариб келди... Йўқ, у албомни менинг қўлимга бермади, фақат уч-тўртта суратни олиб, кўзлари чақнаб муғамбирона кулганча, бундай гап қилди:
— Биз бу одамларни яхши биламиз, сиз, менимча, танимайсиз... Мен қўлингизга биттадан сурат бераман, сиз биттадан фикрингизни айтиб турасиз, майлими?!
— Майли, — елкамни учирдим, менга бари бир, деган маънода. Нафиса даврадагиларга кўрсатиб, қўлимга сурат тутқазди.
— Айтинг...
— Айтаверайми? — дедим фолбинлардек қўр тўкиб. — Бу одам илк қарашда содда, самимий таассурот қолдиради. Катталар олдида одоб сақлайди, болаггарнинг бошини силайди. Унинг яна бир одати бор. Одамлар орасида ўзини жўмард, чапани йигитлардек кўрсатишни ёқтиради. Лекин у анойи эмас. Ўз манфаатини яхши билади, қолган ҳаммаси ниқоб. Керак бўлса, ўзини томдан ташлайди, сувдан қуруқ чиқади...

Даврадагилар кулишди. Менга Нафиса бошқа суратни берди.
— Бу йигит, романтик дейдими, ҳавойи хаёллар билан яшайди. Суратга қовоқ уйиб тушганига қарамай, кўча-кўйда кўрсангиз, юзи ёруғ, кўзлари порлаб юради. Эгни уринган, туфлиси кўпинча лойми, чанг... Яхши йигит. Ундан дуруст бир одам чиқарди-ку, елкасидан туртиб, ёрдам берадиган кишиси йўқ. Асосан, уйим-жойим деб югуриб-элгани билан, хотиндан унчалик ёлчимаган...

Даврадагилар яна кулишди. Нафиса сурат танлаётиб, бу гал негадир бир оз саросималангандек бўлди. У суратни кўрсатгач, менга нима учундир даврада бошқалар ҳам нафас ютишгандек туюлди. Бунинг устига, ёнимда ўтирган Шариф эгаимдан тортдими, оёғимни туртиб қўйдими — шунга ўхшаган бир иш қилди.
— Буниси-чи? — деди шу пайт Нафиса, ниҳоят суратни менинг кўлимга тутқазиб.

Мен — ўзини суратшунос, сурат орқали биринчи галда одамшунос деб билган киши — даврада қандайдир ўзгариш рўй берганини пайқаб, ҳушёр тортишим, албатта, бас энди, деб ўйинни секин тўхтатишим керак эди. Лекин мен ўз санъатимга ўзим махлиё бўлиб қолгандим. Мен гўёки саҳнага чиққан актёр эдим. Назаримда, томоша залида ўтирганларнинг хатти-ҳаракатларига, пичирлаш-шивирлашларига парво қилмаслигим, ролимни охиригача бажармай, саҳнани тарк этмаслигим керак эди.
— Бу анча мураккаб одам. Бир сўз билан баҳолаш қийин, — дедим жилмайиб. — Ақлли, чиройли, мағрур. Ўз ишида истеъдодли. Бундай йигитларни хотин-қизлар тез, баъзан бир кўришда ёқтиришади. Умуман, бу ҳам ёмон йигит эмас. Лекин жуда худбин. Ҳаммадан ҳам кўпроқ ўз-ўзини яхши кўради. Унинг ҳар қандай фидойилигини ҳам...
— Раҳмат, Маҳкам ака, — деди Нафиса қўлимдан суратни олиб. У қўлидаги суратларни албомга жойлаб, албомни қўлтиғига қистирганча, шаҳд билан уйга йўналди.

Давра бирдан сув қуйгандек бўлиб колган эди.
— Кўп ўтирдик. Энди бизга жавоб берсанглар, — деди ахийри уй эгаларига қараб аёллардан кимдир.

Шу гапни кутаётгандек, ҳамма гур этиб ўрнидан турди.

Мен ҳам Шариф билан кўчага чиқиб, йўлга тушдик. Негадир қабиҳ бир иш қилган одамга ўхшаб, кўнглим ғаш, кир эди. Айни сонияда ўзимни худтси бегона тилда гаплашадиган одамлар даврасидан қайтаётгандек ҳис этар, гангиб қолган эдим.

Муюлишга етганимизда беихтиёр портладим:
— Нега индамайсан? Нима бўлди ўзи?!
— Сен қовун тушириб қўйдинг, оғайни, — ғудранди ёнимда миқ этмай келаётган Шариф. — Ахир, у Юсуф эди-ку...
— Мен ҳеч нарсага тушунмаяпман. Қанақа Юсуф?
— Сен худбин деган йигит. Юсуф... Нафиса билан яқинда уларнинг тўйи бўлиши керак...

Кейин Шариф мен билан хайрлашди.

Уйда ўша кеча алламаҳалгача бўғилиб, тўлғаниб ётдим. Хижолатли бир ҳолатни туйиб эзилар, донолик қиламан, деб нодонликка йўл қўйганимдан азобланардим.

Йўқ, тонгга яқин қотиб қолибман, анча бардам уйғондим. Оқшом рўй берган бутун воқеани эслаб, менга энди қийналишим асоссиз, бемаънилик бўлиб туюлди. Аввало, мен Нафисанинг Юсуф билан муносабатини қаёқдан билибман, улар ўзи менинг бўйнимга арқон боғламаслиги керак эди! Бунинг устига, мен тўғрисини айтдим, масалан, саҳнага чиққан актёр хотинбозлар тўғрисида гапирганида, дейлик, залдаги бирон хотинбоз мендан ранжимасмикин, қабилида истиҳолага бориб ўтириши кулгили эмасми!

Шу йиллари кино соҳасидаги бир идорада ишлайман, беғам-бедард кайфиятда ишга бордим. Ҳар кунгидек қоғозларни стол устига уйиб ташлаб, ўз вазифамни бажара бошладим. Аммо...

Тушга яқин кутилмаганда эшик очилиб, хонага Шарифнинг тоғаси — Аъзам ака кириб келди. Мен уни кўриб, нақ жиноят устида қўлга тушган киши сингари юрагим орқага тортди.

Қизиқ жойи: Аъзам ака, аксинча, мен билан ҳар қачонгидан қуюқ сўрашди. У осойишта ўтириб олиб, об-ҳаводан нарх-навогача — турли нарсалар устида бафуржа суҳбатлашишга уринди. Афтидан, Аъзам ака худди кечаги кўрсатган ҳунарим учун менга миннатдорчилик билдиргани келганга ўхшар эди.

У ниҳоят мақсадга кўчаётгандек бўлди.
— Бир вақтлар йигитлар қизларни танлаб-топиб, харидорлик қилишган, — гапни узоқдан бошлади Аъзам ака. — Ҳозир бу иш қизларнинг гарданида, бировни топиб-маъқулласа — яхши, бўлмаса — юраверади. Йигитларнинг ғайрат кўрсатишидан умид кам. Ота-онага қийин... Мен буни айтишим ноқулай. Лекин Нафиса ёмон қиз эканидан уйда ўтиргани йўқ. Сиздан яширмайман, биз бировни ўзимиз топиб уни узатишни ҳам кўп ўйлаганмиз. Натижа чиқмаган... Бизнинг топганимиз унга ёқмайди, бўлмаса ёқтирганингни айт, деганимиз билан индамайди. Фақат яқинда мана шу Юсуф деган йигит...
— Айб менда. Мен билмай осийлик қилибман! — бошимни эгдим мардлигим тутиб.
— Йўқ, айб сизда эмас, — деб кескин тўхтатди мени Аъзам ака. — Сиз албатта билмагансиз. Ундан ташқари, холис фикри учун бировдан хафа бўлиш аҳмоқ одамнинг иши... Мен бошқа нарса... Нафисага шу Юсуф ёқдими, розилик бериб, тўйга тараддуд кўраётган пайтимиз...
— Эй, мен бари бир... — Ғудрандим виждон азобига ўхшаш ҳиссиётдан юрагим бурдаланган кўйда.
— Сиз менинг гапимни эшитмаяпсиз, — деди ўпкаланиб Аъзам ака. — Мен сизга шунчаки илтимос билан... Нафисанинг бизга уйда оғирлиги тушмайди. Фарзандимиз, минг йил юрмайдими! Лекин дунёда лафз, обрў бор. Олди-бердиси бошланган тўйни шагша тўхтатса, одамлар олдида маломатга қатиш мумкин. Ноқулай...
— Нима, Нафиса тегмайман деяптими? — паришонланиб сўрадим Аъзам акадан.
— Тегмайман деяпти. Ўзи топиб, ўзи энди қайсарлик қиляпти... Нафиса сизни ҳурмат килади. Сизга ишонади... Илтимос. Бизга ёрдам беринг. Қандай бўлмасин... Кўчамиз бошидаги касалхонани биларсиз, ёнида лаборатория. Нафиса ҳозир шу ерда ишлайди. Илтимос...
— Бўпти, мен ўзим у билан гаплашаман. — дедим Аъзам аканинг мақсадига тушуниб, бу одамлар қаршисида гуноҳимни ювгим келганидан ҳаяжонланиб.

Аъзам ака маҳзун илжайиб, менга гўёки таъзим қилмоқчидек эгилиб-букилиб хонадан чиқиб кетди.

Мен бир нафас гангиб ўтирдим. Кейин, тушлик пайтидан фойдаланиб, ваъдага биноан Нафиса билан гаплашиш учун касалхонага қараб жўнадим.

Нафиса ишлайдиган лаборатория атрофига темир панжара ўрнатилган касалхонанинг рўпарасидаги икки қаватли мўъжазгина бинода жойлашган эди. Шу кунга қадар бу ерга ишим тушмаганди.

Хўп, сўраб-суриштириб, кириб бордим. Мактаблардаги кимё кабинетларини эслатадиган, катта-кичик ҳар хил шиша идишлар қалашиб ётган хонада Нафиса қандайдир япасқи стол устига ҳорғин энкайиб ўтирарди. Мени кўриб, алланечук ажаблангандек, шу билан бирга суюнгандек бўлди. Ўрнидан туриб, менга дўстона кўл бериб, дераза орқали касалхона томон имо қилганча:
— Бировдан хабар олгани келганмидингиз? — деб сўради.

Ваъда берганимдан бошлаб хонага кириб Нафиса билан юзлашганимга довур бу кизга панд-насиҳат қилиш менга ҳамирдан қил суғургандек битадиган иш бўлиб туюлганди. Мана энди — унинг қаршисида турганимда, саросималаниб тиззам қалтираётганини сездим.
— Ҳа, албатта... — Чайналдим сўз тополмай. Аслида, ёлғон бўлса ҳамки, яна нималардир дейишим, теграда бир оз айланиб, беозор суҳбатга рағбат туғилгач, секин-аста дардимни ёришим керак эди. Лекин журъатим етмадими, сабрим чидамадими, ҳар қалай, шу ондаёқ қўшиб қўйдим: — Сиз билан икки оғиз гаплашмоқчи эдим.

Нафисанинг авзойи бирдан ўзгарди:
— Нимани? — деб сўради у сергакланиб.

Мен бу қизнинг ҳаёти, тақдирига беихтиёр аралашаётганимни, шунга тўғри келиб қолганлигани ўйлаб, баттар саросималандим. Узоқ чайналиб, мени кечиринг, кеча сизларникида кўрсатганим шунчаки ўйин, турмуш бошқа нарса, синглим, деган жўн гапни унга обдан уқтиришга уриндим. Нафиса менга алжираётган одамга қарагандек ҳафсаласиз тикилиб, асабийлаша бошлади. Ниҳоят, у дабдурустдан:
— Менга айтинг-чи, Юсуф ўзини кўпроқ яхши кўрадими, меними? — деб яна савол ташлади.

Бутун тоат-ибодат бир пул. Нафиса ўз билганидан қолмаётган эди. Мен мабодо Юсуфни айбласам, бу ерга келганимдан натижа чиқмаслигини, аксинча, йўқ, сизни, десам, бунга Нафисани ишонтиролмаслигимни ҳис этиб, бошим қотганча ғудранишга тушдим:
— Биласизми, муҳаббат доим ҳам...
— Қўйинг, Маҳкам ака... нима кераги бор, — деди Нафиса. — Мен ўзим унинг қанақалигини кўнглимда сезиб тургандим, фақат ифодалашга қийналаётгандим. Сиз кеча тўғрисини айтдингиз! — дафъатан менга у синчиков қаради. — Сизни ким юборди бу ерга?!

Мен ўзимни буткул йўқотиб, типирчилаб қолдим.
— Эй, мен... юрагим... — деб алланарсаларни ғулдирадим. Нафисанинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Майли, сиз ҳам шу ниятда экансиз... мен розиман, — деди у. — Бўлдими? Кетинг энди... — Нафиса менга тескари ўгирилиб, дераза олдида шамдек қотди.

Мен хонадан секин сирғалиб чиқиб кетдим...

Маҳкам чуқур сукутга чўмди. Ҳозир — даврада унинг ҳам кўзларида ёш ҳалқаланган эди.
— Кейин-чи? Нафиса ўша йигитга тегдими? — сал туриб, секин сўради Замира.
— Ҳа, тез орада уларнинг тўйи бўлиб ўтди, — сўзида давом этди Маҳкам. — Тўғри, Шариф билан дўстлигимиз бузилмаганига қарамай, мен тўйга борганим йўқ. Мени ҳеч ким айтгани ҳам йўқ... Ярим йилми, бир йилданми кейин, Шарифдан, оғайнинг нега кўринмай кетди, деб сўрашган экан, у мени қўймай судради. Ўша кундан бошлаб олдингидек Шариф билан Аъзам акаларникига баъзан кириб чиқадиган бўлдим. Хонадонда ҳеч ким мен фолбинлик қилган оқшомни, рўй берган кўнгилсизликни эслаб менга таънакор боқмади — улар самимий кишилар эди!.. Мен Юсуф билан танишдим, кўп ўтмай маълум даражада дўстлашиб ҳам қолдик. У жуда ёқимтой йигит эди. Мен уни кўриб, ҳатто, вақтида унга баҳо берганимда ҳақ эмас эканман, деган қарорга келдим... Назаримда, Юсуф билан Нафисанинг муносабати ҳам ҳавас қилгулик эди. Иккиси икки гул, биридан бири хушбўй... Шу тахлит орадан кунлар кечиб, ошқозони жароҳатланган Шариф касалхонага — бу ҳам бир тасодиф, қарангки, Нафиса ишлаган лаборатория ёнидага касалхонага тушиб даволанишига, мен ундан уч-тўрт марта хабар олишимга тўғри келиб қолди. Эски мўъжазгина бинога қайтиб бош суқишим етти ухлаб тушимга кирмаганди, аммо Шарифни кўргани бир борганимда беихтиёр ўша томонга ҳам ўтдим.

Шарифнинг беморлигини билган Нафиса менинг кириб келганимга бу гал ажабланмади. Ҳол-аҳвол сўрашиб, менга ўтиргани жой кўрсатди. Лекин ундан-бундан сўзлашаётиб, у кўзлари порлаганча, қизиқ гап қилди:
— Мен бир нарсани ўйлайман, Маҳкам ака. Тушунмайман... Нега баъзи одамлар ҳақиқатни айтгандан кейин чекиниб, ўзларини панага олишга уринишади? Тарихда терисини шилиб, гулханга ташлашганда ҳам сўзидан қайтмаган кишилар бўлган экан. Нима учун ҳозир биров жазога тортилмаслигага қарамай, ҳаммамиз қўркиб турамиз? Менинг фикрим шу, дейиш наҳотки одамдан катта журъатни талаб қилса?!
— Бу бизнинг томорқамизга отилган тош, — дедим гапни ҳазилга буриб.
— Йўқ, мен умуман... билмоқчиман, — деди Нафиса.
— Менимча, сиз бахтлисиз. Демак, бундай хаёлларнинг ҳеч қандай...
— Мен албатта бахтлиман, — деди Нафиса. — Биз ҳаммамиз ҳам тўрт девор ичида ўзимизча бахтлимиз, — кулиб, негадир қўшиб қўйди у. — Бари бир, билишим керак. Мардлик етишмаганига бирон сабаб бордир-ку, дунёда...

Нафиса шу куни гўёки менинг қаршимда ўтирган ҳакам эди. Мен унинг асосли гапига жавоб қилолмаслигимни, жавоб қилганимда ҳам, боридан кўра оғирроқ маломатдан кутулолмаслигимни ўйлаб, баданимдан совуқ тер чиқиб кетди.
— Мавриди келса, ҳозир ҳам мардлик қилади одамлар. Ҳамма нарса шароитга боғлиқ, — деб ғудрандим, баҳс тугади, дегандек ўрнимдан туриб. — Ундан ташқари, бунақа масалани дабдурустдан муҳокама қилиб бўлар эканми? Уйдагиларни сўраб қўйинг...

Мен Нафиса борасида осойишталангандим, шу суҳбатдан кейин қайтиб ғашланиб қолдим...

Маҳкам яна сукутга чўмди.
— Бўлган-бори шуми? Тамоммн? — безовталанди Келдиев.
— Сиз охирини айтмадингиз. Бу воқеа шундай оддий тугаши мумкин эмас, — деди куюниб Холида, кўзи остидан эрига қараб қўйганча.
— Қисқаси, улар бирга яшаяптими, қандай яшаяпти, гапиринг, дўстим, —тўнғиллади Қамбар, — ҳар қалай, воқеанинг охирида нуқта бўлиши керак...
— Тўғри, лекин... нима десам экан... охирини айтганимдан натижа чиқмайди, чунки бунга акл бовар қилмайди, — деди Маҳкам. — Қизларининг иродасига қарамай, ўз билганларича иш бичишганидан охир-оқибатда азобланибми, бошқа сабабданми, ҳарҳолда, уч йил ичида Аъзам ака билан хотини дунёдан ўтишди. Нафиса шаҳар этагидаги боғ-ҳовлида Юсуф билан ёлғиз қолди. Бирон йил ўтар-ўтмас, Нафисанинг ўзи ҳам бўғма касалига чалиниб, кўз юмди... Шундай қилиб, арзимаган давр ичида бутун хонадон барбод бўлди. Боғ ҳовли, йиллар давомида одамлар йиққан ашёлар, буюмлар, китоблар — ҳамма нарса Юсуфга буюрган экан, Юсуф эгаллаб олди. Лекин гап бунда эмас... Мен Нафисага тегишли маросим кунларида Юсуфни кузатиб, уни биринчи кўраётгандек, эс-ҳушим оғди. У Нафиса учун зўр бериб, намойишкорона изтироб чекар, аммо ҳаракатлари аниқ, қатъий, бир сўз билан Юсуф — ҳар қачонги ёқимтой йигит эди. Мен бу йигит Нафисани ҳеч қачон севмаганини ҳис этдим. Шу боисдандир, менга хонадоннинг бахтсизлиги оддий, табиий рўй берган кулфат бўлиб кўринса-да, аслида, бу ерда қандайдир яширин бир жиноят беркиниб ётгандек туюлди...

Маҳкам чўнтагидан рўмолча чиқариб, киприкларига инган ешни артди.
— У ҳозир ҳам ўша боғ-ҳовлида турадими? — деб сўради Замира.
— Ҳа, ўша ерда. Янги оиласи билан... Бошланишида айтганимдек, бу ҳаммаси беш-олти йил ичида содир бўлди...
— Менга қаранг, нима қилганда ҳам, сиз суратга қараб бу йигитга аввалдан тўғри баҳо берган экансиз-ку, — деди Келдиев. — Ҳаммаси сиз айтгандек бўлиб чиқибди. Шундай экан, нега ўзингизни бурдалаяпсиз?
— Бу киши сўзларида қаттиқ турмаганларига ўкиняптилар, — эрига тушунтириш берди Замира, шунинг баробарида, илмоқ ташлашга уриниб.
— Менимча, сиз баҳо бермаганда ҳам бутун воқеа шундай кечарди, — деди Холида. — Ҳаётда нималар бўлмайди...
— Мен кетма-кет иккита хатога йўл қўйдим. Аввало, ҳунар кўрсатмаганим маъқул эди. Кейин, сўзимдан қайтмаслигим керак эди, албатта, — деди Маҳкам ўйчан. — Йўқ, мен ўша оқшом тилимни тишлаганимда, воқеа бошқа шаклга кириши ҳам мумкин эди. Нима учун?! Бундай манзарани тасаввур килинг... Юсуф худбин эди, тўғри. Лекин биз ҳеч қайсимиз фаришта эмасмиз, бировга эҳтиётсизлик билан баҳо бераверишни ким қўйибди бизга?! Аввал ўзингга боқ, деган гап бор. Ҳар ким бошкдларга даҳолик килишни эмас, ўз қусурларини йўқотишни ўйласа! Ахир, ҳар биримизда ўзимизга яраша қусур топилади. Хўп, аллабир файласуф, одам — суюқлик, қайси шишага солсангаз, шунга мос шаклга киради, деган экан. Айтмоқчиманки, Юсуф қайнотаси Аъзам аканинг хонадонида — эзгу кишилар орасида, Нафисанинг муҳаббати туфайли ўзгариб кетиши ҳам эҳтимол эди. Нафиса уни худбин деб билиб, худбинлигани эслатавериб, чексиз муҳаббат кутиб, қийнаб, бу йигитни ўзгариш ўрнига баттар худбинликка томон суриб юбормадимикан?! Буниси майли... Аъзам ака, хотини ўз куёвларининг ёмон жиҳатини билишмаса, тўйни тинч ўтказаверишса, балки дард-алам кўрмай юришаверармиди?! Нафисанинг ўзи ҳам ортиқча қийналмасмиди?! Ҳаттоки, улар шундай ўлиб кетишганида ҳам, ўлим бостириб келгунича, бу хонадондагилар боридан кўра анча бахтли яшашармиди?! Иккинчи хато... мен сўзимдан қайтмай, тўй бузилганидан бутун ҳаёт бузилгани ёмонроқ, деб ҳақиқатдан чекинмаганимда ҳам, воқеа бошқача кўчарди... Қайсарланаётган Нафисага мен мадад бўлардим, Аъзам ака, хотини мендан инжишгани ҳам, маломат ҳам ўтарди-кетарди. Нафиса, эҳтимол, янада кеч бўлса-да, бир куни ўз бахтини топарди. Балки, бундай бахтсизлик рўй бермас эди... Мен ўша боғ-ҳовлида кўпчилик тўпланган оқшом нега маҳмадоналик қилиб, сурат ҳақида сўзландим?! Юсуфнинг сурати қўлимга текканида, нохушликни сезатуриб, ўзимни нега тўхтатолмадим — бунга нима халал берди?! Кўп ўйлайман... Эрка, Юсуфга нисбатан кўпроқ худбин эканлигимдан беихтиёр шунга йўл қўймадиммикан?! Ёки ҳаммасига Нафисани ўзимча бир оз ёқтирганим сабаб бўлдими?! Айтиш қийин... Бўлган-бор воқеа шу... Ўзларинг билганларингча тушуниб олаверинглар...

Даврада энди ҳамма нафасини ичига ютиб, мум тишлаб қолган эди. Маҳкам бехос ўрнидан қўзғалди, эшик ёнига бориб, кийинишга тушди.
— Ҳа, намунча бирдан... Кўлингизга албом тутқазмаймиз, қўрқманг, — деди Холида давранинг руҳини ўзгартиргаси келибми, ярим ҳазил, ярим чин оҳангда.
— Гап қўрқишда эмас... Қачон шу воқеани эсласам, юрагим ўйнай бошлайди. Бир ерда ўтиролмай қоламан, — деди Маҳкам жиддий. У эшикка йўналиб, остонада тўхтади ва орқага ўгирилиб энди бедардми, киноялими илжайди. — Ҳамма айтганларимга ишондинглар-а? Ҳолбуки, тихирлик қилаверманглар, деб мен буни хозир тўқидим, — ғудранди негадир. — Бировнинг уйидаги албомни бошқа одамлар кўришининг нима ҳожати бор?! — Маҳкам хонадан чиқиб кетди.

Даврадагилар унинг изидан эшикка тикилиб, ҳеч нарсага тушунолмай анграйишди...