OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОмон Мухтор
Асар номиСуратдаги йўлбарс (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Омон Мухтор
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/15
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Суратдаги йўлбарс (ҳикоя)
Омон Мухтор

Рустам уйдаги ўзига тегишли дарсхонани йиғиштираётган эди, турли қоғозлар орасида эски бир девор-календарга кўзи тушди. Календар уйга қаердан, қандай келган? Эсламади. Плакат шаклидаги катта, қалин қоғознинг пастки қисмида бундан анча бурунги йилнинг ой ва кунлари белгиланган, юқори қисмида йўлбарс сурати босилган эди.

Рустамни сурат беихтиёр қизиқтирганидан, у дарҳол қайчи олиб, пастдаги ёзувни қирқиб ташлади, суратнинг ўзини эса қуйи деворнинг тўрига елимлаб қўйди.

Кейин, қилган ишидан мамнун бўлиб ёзув столи орқасида ўтирганича, рўпарадаги шакл-шамойилни томоша қила бошлади.

Рустам – шаҳарда туғилиб, шаҳарда ўсган йигит, – тирик йўлбарсни ҳеч қачон кўрмаган, болалик йиллари «Ҳайвонот боғи»да «мушуксимонлар оиласига мансуб» деб аталадиган сиртлонни, шерни, қоплонни сим-тўр олдида туриб кўрган, лекин йўлбарсни кўрмаган, битта-ярим китобда суратига кўзи тушган, холос. Сирасини айтганда, у йўлбарс билан арслон, қоплон билан сиртлоннинг унчалик бири-биридан фарқини ҳам билмайди. Мабодо боя қалин қоғоз пастида номи «Қизил китоб»га кирган йўлбарс, деб таъкидланмаган бўлса, Рустам суратдаги ҳайвонни шер деб ҳам ўйлаши мумкин эди.

Сурат яқиндан туриб олинганми ёки катталаштирилганми, ҳарҳолда, йўлбарснинг ости қизариб турган йўғон бурни ва очиқ-йирик кўзлари қараганинг заҳоти диққатингни тортар эди. Рустам суратга тикилганича, кўнглида ваҳмми-қўрқув туйди. Шу билан бирга, ажабланди. Одамлар «онгсиз ҳайвон» дейишади. Бунинг устига, йиртқич. Аммо башарасида, айниқса кўзларида шу қадар кўп маъно борки! Ана, сенга тик қадалган кўзларда бир ҳушёрлик ва бир эҳтиёткорлик, бир шиддат ғурури ва бир баёнсиз ҳасрат-мунг муҳрланган!

Рустам «томоша»ни тугатиб, стол устида ётган китобни эриниб варақлай бошлади. Эртага семинар! Тайёрланиш керак! Бу дунёда талабаларнинг тўқсон фоизига семинару имтиҳонлар доим бемаврид, ўз вақтидан олдинроқ келгандек бўлиб туюлади. Ҳаяжонланиб-шошганинг зўриққанингдан каллангга бир гап кирмайди.

* * *

Йўқ, у аста-секин дунёни унутиб ишга киришиб кетди.

Орадан оз вақт ўтдими, кўпми, бехосдан назарида, бир нарса ерга тўп этиб тушгандек бўлди. Ўрнидан сапчиб туриб қараса, столдан нарида, хона ўртасида мушукдек ағдарилиб бошини қийшайтирган йўлбарс ётибди. Рустам деворга қаради, девордаги сурат йўқолган эди.

– Ие, сен суратдан чиқиб пастга тушдингми? – деди Рустам ҳайрон бўлиб.

Уни баттар ҳайрон қолдириб, йўлбарс одамга ўхшаган тилда:

– Анчадан буён туз тотганим йўқ. Қорним оч, – деди.

Рустам ҳовлиқиб ошхонага борди. Ойиси овқатга уннаётган экан.

– Уйда гўшт борми, ойи?

– Гўштни нима қиласан?

– Керак.

Рустам музлатгични очди, тахминан икки килога яқин гўшт бор экан, идиши билан кўтариб дарсхонага қайтиб келди. Йўлбарс энди ўрнидан қўзғолиб чўкка тушган, ҳаво етмаётгандек оғир нафас олаётган эди. Лаҳза ичида ярим чайнаб, ярим ютиб гўштни еб қўйди. Кейин, керишиб-силтанганича, эшикка йўналди.

– Қаёққа?

– Бироз югуриш керак. Ҳазми таом, – деди йўлбарс.

Рустам энди йўлбарсни ўзиники деб билганидан, ёлғиз кўчага чиқаргиси келмади. Апил-тапил кийиниб, эшикка йўналди.

Йўлбарс йўлакдаги зиналарни кўрдими-кўрмадими, кўздан ғойиб бўлди. Рустам «кетиб қолди» деб ўйлади. Бироқ пастга тушса, ҳовлида югуриб юрган экан. Шу сонияда бошқа бир ҳолатдан Рустамнинг капалаги учди.

Уларнинг уйи ва рўпарадаги уйнинг тўрттала қаватида ҳам барча деразалар ланг очилган, чала кийинган эркаклар-у, сочлари ғижимланганми-тўзган хотинлар саф чеккан эди. Рустамни кўриб эркак-аёл баравар айюҳаннос сола бошлашди:

– Одамларда уят йўқ. Каталакдек уйда мушук тутишгани гўрга, ит ҳам боқишаяпти...

– Ит нима, тошбақадан илонгача уйга олиб киришган...

– Мана, йиртқичларга навбат етибди. Хўп, сенга катта ҳайвон керак бўлса, масалан, туя ёки филни етаклаб юрмайсанми?

– Биз бундан буёғи қўрқиб, қафасдаги қушдек, уйдан чиқолмай ўтирар эканмиз-да?

Рустам пайқади – даҳшатли жойи, унинг жонажон ойиси ҳам дераза олдида пайдо бўлган, бир ёлвориб, бир бақираётган эди:

– Отанг билан қўшмозор бўлгур, жон болам. Кап-катта йигитсан. Бу ҳайвон уйга қаёкдан келиб қолди?

Рустамни ғам босди. Бир томондан, қутидек териб чиқилган кўпқаватли уй шароитида атрофдагилар билан ҳисоблашмай иш тутиш яхши эмас. Лекин иккинчи томондан, сеники бўла бошлаган ҳайвонни «ортиқча экансан» деб ёнингдан ҳайдаб юбориш керакми?

У нима қилишини билмай, ўзини ёмғир остида кетаётган ёки тўғрироғи, тошбўрон қилинаётган кишидек сезиб, ҳовлидан катта йўл томон юрди. Бир маҳал йўлбарс эргашиб, ёнида бораётганини кўрди. Инсон ва ҳайвон – икковлон кўча айланиб қайтиб уйга киришадими? Йўлбарснинг сайр қилишдан ташқари, кўчага чиқишдан бирон мақсад-муддаоси борми? – Рустам тасаввур қилолмаётган эди. Умуман, уйга ҳам, ҳовлига ҳам аввалдан сиғмаган, сиғмайдиган махлуқнинг бундан кейинги тақдирини ўйлаб, қандайдир чора топишга тўғри келмасмикан? – у ташвишланаётган, бу ҳам унга номаълум эди.

Айни ёз. Туш пайти. Офтоб ловуллаб ёнаётган, ўт пуркаётган эди. Бундай паллада одамлар аксари уйида эшикни беркитиб ётишга уринади. Кўчага чиққанда ҳам, соя-салқин бир жойда ором олишга ҳаракат қилади... Шунга қарамай, кўчада одам кўп, арава минганлар ўз йўлига, пиёдалар ғужғон ўйнаган.

Рустамнинг ёнида йўлбарсга кўзлари тушиб, улар тўп-тўп ҳар ёққа қоча бошлашди. Кейин, атрофдаги уйлардан турли идора биноларигача ҳаммаёқда яна деразалар ланг очилиб, эркак-аёл айюҳаннос солишга тушди. Кейин, бир машина қуролланган аскар келди.

– Қочишим керак. Булар учраган ҳайвонни тинч қўймайди, – деди йўлбарс одамга ўхшаган тилда Рустамга.

Кейин, югуриб-сакраб, шамолдек учиб, аскарлар милтиқ ўқталишга улгурмай, аллақаёқларга кетиб қолди... «Ҳайвонот боғи»га бориб ўзи «таслим» бўлдимикан? У ерда овқат бор, жон ҳам сақлаш мумкин. Бироқ эркинликка ўрганган ҳайвон учун у ер – одамлар учун қамоқхонадек гап. Балки бирон яланг саҳрога ёки бирон сокин тўқайзорга ва ёки бирон тоғлардаги ўрмонзорга боргандир? Одам боласи ёнингдаги ҳайвон қаёққа кетгани-ю, қаерда юрганини

билмайсан!

* * *

Рустам саросималаниб, уйга қайтишни мўлжаллаётган эди, шу аснода биров оғир панжасини унинг елкасига қўйди. Бурилиб қараса, бир кунлар дадаси ишлаган, хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганидан ҳалокатга йўлиққан қурилиш идораси бошлиғи – Фармон ака деган киши. Ўшанда, дадаси ўлганида, бу одам уларнинг уйига келган, бир боғлам пул ҳам келтирган, ўзича ғамхўрлик, меҳрибонлик кўрсатгандек бўлган эди.

– Тўхта! Оббо! Рустамбой эмасмисан? – деди бошлиқ жиянини учратган тоғадек илжайиб. – Юр. Менинг уйим шу яқин жойда, кўриб қўй.

– Бошқа кун, амаки, – деди Рустам.

– Юр. Юр. Уялма. Уйни кўриб қўйсанг, керак бўлганида келаверасан.

Рустам илож-ноилож Фармон аканинг изидан йўлга тушди. Чиндан дам ўтмай серҳашам бир ҳовлига кириб боришди. Фармон ака олди айвон иморатга имо қилиб киравер, деганича ўзи бошқа бинога кириб кетди.

Рустам қисиниб айвонга кўтарилди. Эшикни очиб ичкари кирди.

Кирди-ю, тош қотди.

Хона ўртасида, ЯЛ-ЯЛ гиламлар орасида пўстак қабилида тулуп – ҳайбатли иўлбарснинг боши билан бирга шилинган териси ётар эди.

Бу – бошқа бир йўлбарс (балки, арслон, балки, қоплон) эди. Лекин Рустам ўзи ҳозиргина кўчада йўқотиб қўйган, шунга қарамай, уники бўлиб қолаверган йўлбарс...

қайсидир саҳродами,

тўқайзордами,

тоғлардаги ўрмондами

отиб ўлдирилган, сўйилган –

ўша йўлбарс бўлиб туюлди.

«Йўлбарс боласини тутмоқ учун йўлбарс уясига кирмоқ керак». Бир китобда буни мақолми, иборами дебди. Бировнинг боласини тутмоқ, уясига кирмоқдан даҳшатлироқ ҳол борми? Одамлар қайси маънода тўқиган бўлса экан?

Ер юзидаги табиий зилзила-ю, тошқинлар, ёнғинлар, инсонга тегишли портлатишлар, босқинлар ва булардан аллақаёқларга қочиб бораётган катта-кичик ҳимоясиз ҳайвонлар – улар орасида йўлбарс ҳам, Рустамнинг хаёлида яхлит манзара касб этди.

Рустам хонадан югуриб чиқиб, кўчага отилди. У ҳеч кимга аҳамият бермай, ўзининг аҳволига ҳам парво қилмай кўчада кўзларидан ёш оқиб, шамолдек учиб, унсиз йиғлаб борар эди.

* * *

Шу алфозда уйга қайтиб келди. Дарсхонага кириб, ҳар қачонги ўрнини эгаллади. Орадан қанча вақт ўтди, билмайди, эшик тақиллаётгандек бўлди. Биров қўнғироқ тугмасини босмаган, эшикни ҳам юқори қисми эмас, пастки қисмини бир маромда тўқ-тўқ уришдан тинмаётган эди. Рустам ажабланганича бориб эшикни очди. Йўлбарс қайтиб келибди. Жонивор бош уриб «ешик қоқаётган» экан.

– Ҳеч ерга сиғмаяпман. Чарчадим, – деди.

– Кел. Кир. Эй... – деди Рустам ҳаяжонланиб-суюниб.

Йўлбарс ичкари кирди. Хона ўртасида чўзилиб, оғзини катта очганича хириллаб эснади.

Рустам ўз ўрнига ўтиб ўтиргач эса... шифтга томон енгил бир сакраб... девордаги қалин қоғозга жойланиб олди.

»Ёшлик» журналининг 2010-йил, 8-сонидан олинди.