OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОноре де Балзак
Асар номиДаҳрийнинг ибодати (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Франсуз адабиёти
Бўлимлар
   - Реализм
Муаллифлар
   - Оноре де Балзак
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонПошали Усмон
Ҳажм73KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Даҳрийнинг ибодати (ҳикоя)
Оноре де Балзак

«
БАЛЗАК (Балзаc) Оноре де (1799.20.5, Тур - 1850.18.8, Париж) - франтсуз реалист ёзувчиси. Балзакнинг ижодий мероси жанр жиҳатидан улкан ва хилма-хил: романлар, повестлар, драмалардан иборат. Балзакнинг кўпгина романлари ва повестлари умумий ғоя асосида бирлаштирилган ва «Инсон комедияси» деб номланган кўп жилдли эпопеяни ташкил этади. Унда Балзак ўз замонасидаги франтсуз жамиятининг ҳаққоний, ёрқин манзарасини яратган. «Инсон комедияси»ни муаллиф 3 қисмга бўлган: «Одатлар ҳақидаги этюдлар», «Фалсафий этюдлар», «Аналитик этюдлар». Ўйланган 143 та асардан 97 таси ёзилган. Энг катта қисми «Одатлар ҳақидаги этюдлар»дир, унга 72 та роман кирган бўлиб, булар орасида — «Гобсек» (1830), «Евгения Гранде» (1833), «Горио ота» (1834), «Йўқотилган орзулар» (1837—43) каби асарлар бор.
Балзак ижодида франтсуз реализми ўзининг юксак поғонасига кўтарилди. «Инсон комедияси» эпопеяси 19-асрнинг 1-ярмидаги франтсуз жамиятининг реалистик манзараларини кенг қамровда акс эттирганлиги, воқеаларга, далилларга бойлиги, турли тоифадаги кишилар драмаси яратилганлиги, ёрқин образлари ва персонажлари билан катта таассурот қрлдиради. Эпопея асарлари бир-бири билан боғланган, қаҳрамонлар тақдири туташ. Судхўр Гобсек, коммерсант Гранде, банкир Нусинген, зиёли Растиняк каби образлар асардан асарга ўта боради. Балзакнинг «Инсон комедияси» эпопеяси замондошларининг юксак баҳосига сазовор бўлган. Балзакнинг «Евгения Гранде», «Горио ота», «Гобсек», «Сағри тери тилсими» асарлари С. Муҳаммаджонов, М. Мирзоидов, М. Маҳмудов ва б. таржимасида турли йилларда ўзбек тилида нашр этилган.
»

Фанни қимматли физиологик назари билан бойитган, ёшлигидаёқ маърифат маркази — Париж тиббиёт куллиётининг шуҳрати ҳисобланган, Европа тиббий ходимларининг эҳтиромига ноил бўлган доктор Бяншон терапевт бўлмасдан аввал узоқ вақт жарроҳлик қилган эди. Талабалик йилларида у донғи кетган буюк франтсуз жарроҳларидан бири, фанда истеъдодини чақиндек зуҳур этган Деплен раҳбарлигида ишларди. Ҳатто Депленнинг душманлари унинг бошқа бировга мерос қолдириш имконияти бўлмаган усулини ҳам ўзи билан гўрга олиб кетди, деб эътироф этишарди. Чунки Деплен табиатидаги ҳамма нарса шахсий хусусиятга асосланган эди: ундаги мағрурлик ҳаётлигидаёқ ёлғизланиб қолишига сабаб бўлганди, айнан шу мағрурлик унинг ўлимидан кейинги шуҳратини сўндирган эди. Унинг қабри узра келажак авлодга фидоий даҳонинг изланишлари натижасида кашф этилган сир-асрорлардан воқиф этувчи дабдабали ҳайкал йўқ. Балки, Депленнинг истеъдоди унинг эътиқодига мос келгандир, шунинг учун ҳам у фоний бўлгандир.

Депленнинг наздида заминий муҳит ўзида ҳаёт вужудга келтирадиган бўшлиқ бўлиб, ер эса пўстига бурканган тухумга ўхшаш нарса, шу боисдан у «аввал товуқ пайдо бўлганми ёки тухум?», деган саволга жавоб бериш имкониятига эга бўлмаслиги учун товуқни ҳам, тухумни ҳам инкор этган. У ибтидоий тириклик оламининг яратилишига ҳам, инсон жонининг ўлмаслигига ҳам ишонмасди. Деплен шубҳаланмасди, инкор қиларди. Бу кўп олимларга хос бўлган ошкора, кундай равшан бўлган даҳрийлик эди: булар ажойиб кишилардир, лекин улар бутун вужуди билан даҳрий бўлиб, даҳрийликни диндор кайфиятдаги кишилар қандай эътиқод билан рад этсалар, улар ҳам шундай тарғиб этувчилардир. Депленда бошқача эътиқодларнинг таркиб топиши ҳам мумкин эмасди: ахир у ёшлигидан тириклик оламининг гултожи бўлмиш одамни дунёга келгунча ҳам, ҳаёт пайтида ҳам, ўлгандан сўнг ҳам, ўз тиғи билан ёрган, унинг бутун аъзои баданини миридан сиригача синчиклаб ўрганган эди, унинг бирор жойида ҳам диний таълимотлар учун жуда вожиб бўлган ўша «воҳид жон» деган нарсани учратмаганди. Киши узвияти (организми)даги мия, асаб, нафас олиш — қон юриши каби учта марказни, улардан мия ва асаб бир-бирининг ўрнини боса олиш қобилиятига моликлигини билиб олгач, Деплен ҳатто умрининг сўнггида кўрмоқ ва эшитмоқ учун кўз ва қулоқнинг бўлиши мутлақо зарур эмас, деган хулосага келди: уларнинг ўрнини сўзсиз қуёш ўрилмаси[1] босади. Шу тарзда инсон узвиятида иккита жон топгач, гарчи, бу далил билан Худо ҳақидаги масалага тегиб кетмаса-да, Деплен бунда ўзининг даҳриёна қарашларининг исботини кўрди. Айтишларича, машҳур жарроҳ йўл қўйган хатолари учун сира пушаймон қилмасдан ўлган экан, таассуфки, даҳоларнинг кўпчилиги шундай оламдан ўтишган.

Деплен шуҳратини хиралаштиришга уринган душманлари бу йирик олим кўп соҳада бачканалик қилади, дейишарди. Унинг ташқи тартиботидаги зиддиятларни бачканаликка йўярдилар. Ҳасадгўй ва калтафаҳмлар буюк ақл эгаларининг қандай мақсадлар билан ижод қилаётганини тушуниб етмайдилар; шунинг учун ҳам улар ана шундай юзаки зиддиятларни кўриб қолсалар, бас, дарҳол ўшаларга ёпишиб олишади-да, улар асосида айбнома тузадилар ва айбдорни қоралайверадилар. Шунча таънаю маломатларга сабаб бўлган комронлик уддабуронликни оқлайверсин, восита ва мақсад мувофиқлигини кашф этаверсин, лекин бўҳтонлар билан юз берган низоли тўқнашувлар асоратсиз қолмайди. Бизнинг давримизда Наполеонни ўз бургутини Англия узра парвоз қилдиргани учун қоралаган эдилар: 1822 йилгина бизга 1804 йилнинг ва Булон десантлар кемасининг моҳиятини равшанлаштирди.

Депленнинг шуҳрати ва билими ғоят устувор эди, бинобарин, душманлари унинг хулқидаги ғайритабиийликни нишонга олган эдилар. Дарвоқе, Депленда инглизлар шунчаки экстсентризм (ғаройиблик) деб атайдиган хусусият бор эди, холос. У гоҳ фожианавис Кребилондек башанг, гоҳ бепарволарча кийинар, бир қарасангиз извошда, бир қарасангиз пиёда юрарди. У гоҳида чўрткесар, баъзан очкўз, мўмин-қобил, айрим ҳолларда эса хасис ҳам эди, аммо айни замонда ўзига эҳтиром кўрсатиб, сал вақтда ёрдам қўлини чўзган қувғинди ҳокимларга ўз бисотини тақдим этишга тайёр бўлиб, ҳеч кимга хос бўлмаган, энг зиддиятли хулосаларга сабаб бўларди. Тўғриси, қандайдир қора орден тасмасини қўлга киритиш пайига тушиш унга — шифокорга муносиб эмас, бундан ташқари, саройда чўнтагидан дуолар китобини тушуриб юборишга ҳам журъат этган, лекин амин бўлингки, у ҳаётда ҳамма нарса устидан хуфиёна куларди. Деплен кишиларнинг юзаки ялтироқлигини ҳам ҳеч бир муболағасиз кузатиш имкониятига эга эди. У одамларни ҳаётда қандай бўлса, шундай, яъни энг тантанали ва энг одатдаги вазиятларда кўрарди. У жоҳил одамларни ўлгудай ёмон кўрарди. Улуғ кишининг маънавий хислатлари кўп ҳолларда бир-бирига мувофиқ тарзда намоён бўлади. Борди-ю, бу буюк намояндаларнинг бирортасида ақлдан кўра истеъдод устун бўлса, у барибир оддийгина «бу одам заковатли» дейилган кишига нисбатан ақллироқдир. Заковатлилик ботиний кўриш қобилиятига таянади. Бундай кўриш қобилияти муайян бир соҳани билиш билан чегараланган бўлиши ҳам мумкин: лекин гулни кўрган киши қуёшни ҳам кўради. Кунларнинг бирида ўзи томонидан халос этилган дипломатнинг оғзидан: «Императорнинг саломатлиги қалай?» деган саволига, Деплен: «Сарой аъёнига жон кирди, одамга ҳам жон кирди», деб жавоб берганди. Шундай фикр билдирган киши фақат жарроҳ ёки фақат шифокоргина эмас, балки катта ақл эгаси ҳамдир. Ана шунинг учун инсонга хос нарсани сабр-тоқат билан синчиклаб қарашга одатланган кузатувчи унинг ўзини ҳаммадан юқори қўйишини кечиради ва буюк жарроҳдан унинг ўзи бунга ишонгандек, буюк министр чиқиши мумкинлигига ҳам ишонади.

Депленнинг ҳаётида замондошлари кузатиб юрган бир қатор жумбоқлардан энг қизиғини танладик: ҳикоямизнинг сўнггида унинг ечими берилади, худди шу ечим Деплен хотирасини унинг баъзи бир бемаъни гуноҳлардан соқит қилади.

Орас Бяншон Депленнинг суюкли шогирдларидан бири эди. Отел-Де шифохонасига киришдан аввал Орас Бяншон тиббиёт талабаси сифатида Лотин маҳалласидаги «Воқе уйи» номи билан машҳур бўлган пансионда фақирона ҳаёт кечирарди. Шўрлик йигит у ерда оғир муҳтожликнинг азоб-уқубатларини бошидан ўтказарди, лекин қудратли истеъдод соҳиблари ҳаёт дошқозонидан мусаффо ва мустаҳкам олмос янглиғ ҳар қандай зарбага бардош берадиган бўлиб чиқиши лозим эди. Улар эҳтиросларининг шиддат ила ловуллаётган алангасида обдон чиниқиб, ўз ишларига виждонан бериладилар, ўзларининг алданган ҳирсларини муттасил меҳнат пардасига буркаб, даставвал даҳолар қисматини белгилайдиган ўша курашга кўникиб кетадилар. Орас ростгўй одам бўлиб, виждон, ор-номус бобидаги муросалардан ҳазар қилар, ваъдабозлик эмас, балки амалий ишни маъқул кўрарди, у дўсти учун сўнгги ёпинғичини ҳам аямайдиган, унинг учун вақти ва ширин уйқусидан кечадиган кишилардан эди. Мухтасар қилиб айтганда, у берганининг эвазига қанча оларкан деб ўйлайдиган дўстлардан эмасди, зеро уларни ўзлари берганига нисбатан кўпроқ олишга ишончи комил эди. Орас дўстларининг кўпчилиги унга нисбатан сохталикдан холи бўлган ботиний эҳтиромини бажо келтирарди, лекин уларнинг баъзи-бирлари уни айблашдан ҳайиқардилар. Аммо, Орас ўз вазифаларини озгина бўлса-да, бачканаликка йўл қўймасдан намоён этарди. Унинг пуританизм (сиполик) ёки ваъзгўйликка мутлақо ҳуши йўқ эди: маслаҳат бераркан, уни тумтароқ сўзлар билан музайян этар, кези келганда ичиш ва тамадди қилишни ҳам дўндирарди.

Қувноқ улфат, совут кийган аскардек, унча расмиятпараст ҳам эмас, ростгўйлик ва очиқликда денгизчига ўхшамайди, чунки ҳозир денгизчилар — айёр дипломатларнинг нақд ўзи, ўз ҳаётида одамлардан ҳеч нарсани сир тутмайдиган ёқимтой бу йигит эса кўзларидан кулгу, бошини баланд кўтарган ҳолда олға қараб бормоқда эди. Агар буни бир сўз билан ифодаламоқчи бўлсак: у кўплаб Ораслар учун Пилад[2] эди, ахир, бизнинг давримизда қадимги қасоскор илоҳаларни ўзларида чинакам мужассам этган кишилар насия берувчилардир. Орас ўз қашшоқлиги устидан жасоратнинг асосий белгиларидан бири бўлган кўтаринки руҳ билан ғолиб келарди, у ҳеч нарсаси йўқ кишилар сингари бошқалардан қарийб ҳеч қачон қарз олмасди. У туядай сабр-қаноатли, оҳудай чаққон бўлиб, ўзининг қатъий эътиқодлилиги ва жиддийлиги билан ўзгалардан ажралиб турарди. Машҳур жарроҳ доктор Орас Бяншонни дўстлари учун янада қадрдон қилган ўша фазилатлари ва нуқсонларини билиб олганда Ораснинг ҳаётида бахтли давр бошланаётган эди. Клиниканинг бош шифокори ёш йигитни ўз ҳомийлигига оларкан, демак, ёш йигитнинг мансаби таъминланган деяверинг. Одатда Деплен шифокор сифатида бой хонадонларга ташриф буюрганида Бяншонни ўзи билан бирга олиб борарди. Бу қишлоқи йигитнинг тобора Париж ҳаётининг сир-асроридан воқиф бўлиб боришидан ташқари, бундай ташриф пайтларида тушган маблағнинг муайян бир қисми ҳам одатда ассистентга тегарди. Деплен беморларни уйида қабул қилган вақтида ҳам ассистенти Бяншоннинг ёрдамига таянарди, у баъзи бир беморни минерал сувга олиб боришни гоҳида унга топширарди, қисқаси, у Бяншонга мижозлар тайёрларди.

Оқибатда сал муддат ўтгач, мустабид жарроҳ ёнида Зайд[3] пайдо бўлганди. Бири шаън ва билим чўққисини забт этган, катта бойлик ва шуҳратга эришган, бошқаси на бой ва на машҳур. Париж осмонида зўрға милтиллаган бу икки киши бир-бирига яқин бўлиб қолишди.

Буюк Деплен ўз ассистенти Бяншондан ҳеч нарсани яширмасди. Устози ёнидаги ўриндиқда ёки Депленнинг хонасидаги машҳур диванда қандайдир аёлнинг ўтирган-ўтирмаганлиги ҳам Бяншонга маълум эди: Бяншон ўзида шерга хос ғайратлилик, ҳўкизга хос кучлиликни мужассамлаштирган бу мижоз соҳибининг, унинг ўлимига сабаб бўлган (Деплен юрак хуружидан ўлган), кўксини ҳаддан ташқари кенг очган буюк инсон мижозининг барча тилсимотидан огоҳ эди. Ассистент бу бағоят заҳматкаш зотнинг ҳулқ-атворидаги ғалати одатларни, арзимас бойлигини, бу илм соҳибида мужассам бўлган саёҳатчининг пинҳоний умидларини ўрганиб олди ва шу билан бирга Депленни асфаласофилинга жўнатадиган, фақат унинг юраги дош берадиган туйғуни олдиндан кўра билди, чунки ҳар ҳолда у чўяндан бўлмасдан, балки ташқи томондан чўянга ўхшарди, холос.

Бир куни Бяншон Депленга Сен-Жак маҳалласида яшовчи бечора мешкобчининг толиқиш ва муҳтожликдан оғир касалликка чалинганини ҳикоя қилиб берди: маълум бўлишича, шўрлик оверналик 1821 йилнинг узоқ чўзилган қишини фақат картошка ейиш билан ўтказган. Деплен ўзининг барча беморларини ташлаб, Бяншон билан бирга отини ҳолдан тойдиргудек чоптириб, Сен-Денида машҳур Дюбуа томонидан очилган шифохонагача етиб келди. Деплен оверналикни даволади, у тузалиб кетгач, Деплен унга от ва бочкалар сотиб олиш учун пул берди. Кейинчалик ўша оверналик ўзининг бир хусусияти билан ўзини кўрсатган эди. Унинг дўстларидан бири оғриб қолганида, оверналик уни дарҳол Депленнинг ҳузурига бошлаб келди ва ўз халоскорига деди:
— Унинг бошқа бировга мурожаат қилишига сира-сира тоқат қилолмаган бўлардим.

Деплен ўзининг қўрслигига қарамасдан, оверналикнинг қўлини сиқаркан, унга деди:
— Уларнинг ҳаммасини олдимга бошлаб келавер.

У канталликни[4] Отел-Де килиникасига қабул қилди ва унга нисбатан катта ғамхўрлик кўрсатди. Бяншон ўз устозининг оверналик мешкобчиларга бўлган хайрихоҳлигини бир неча бор кўрган эди. Лекин, Депленнинг Отел-Де клиникасидаги иши ўзига хос ғурур манбаи бўлганлиги туфайли ассистенти унинг ҳулқидан ғайриодатий ҳеч нарса сезмасди.

Бир куни эрталаб соат тўққизларда Бяншон авлиё Сулпитсий майдонидан ўтиб бораркан, устозини кўриб қолди. Деплен ўша майдон номидаги черковга кириб кетаётган эди. Ҳамиша кабриолет (икки ғилдиракли енгил арава)дан фойдаланади Деплен бу гал негадир яёв келиб, черковга Пти-Лион кўчасидаги эшикдан, гўёки шубҳали бир уйга кираётгандек, ўғринча кириб кетди. Устозининг эътиқодини, унинг моддиюнлигини, сўзида қатъий туришини билган шогирднинг ажабланиши ўринли эди, у кўринмасликка ҳаракат қилиб, ўзини черковга урди ва ҳайратга сазовор манзаранинг гувоҳи бўлди: буюк Деплен — ушбу даҳрий, жарроҳ тиғини ўзларига яқин йўлатмайдиган фаришталарни бешафқат ҳақоратлайдиган бу бебок масхарабоз шикастанафс бир алпозда тиз чўкиб турарди... тағин қаерда денг? Биби Марям бутхонасида! У ўша ерда ибодат бажо келтирар, йўқсил-бечораларга хайру эҳсон улашарди, унинг бу амалида сохталикдан ном-нишон кўринмаётганди.

«Турган гапки, у черковга Биби Марямнинг кўзи ёришига доир масалани ойдинлаштириш учун кирган эмас, — ўйлади ажабланганча Бяншон. — Башарти мен унинг Вужуд-ул-илоҳ ҳайитида серҳашам ўртукнинг бирор шокиласидан тутиб турганини кўрсайдим, бу кулгили бўлур эди, холос. Аммо шу топда черковда уни танҳо ўзини гувоҳларсиз кўриш чиндан ҳам ажаб-да!»

Уни биров Отел-Де клиникаси бош жарроҳи ортидан пойлаб юрибди, деб ўйламасин дея Бяншон изига қайтиб кетди. Тасодифан ўша куниёқ Деплен уни ресторанга тушликка таклиф этди. Тушлик охирида Бяншон суҳбатни усталик билан ибодатга бураркан, уни риёкорлик деб атади.
— Ҳа, бу риёкорлик насронийлик дунёси учун Наполеоннинг барча зулуклари сўрган қонларидан ҳам қимматга тушади, — деди Деплен.
— Ибодат бу папанинг ихтироси бўлиб, олтинчи асрдан буён мавжуд; унинг замирида: «Ушбу менинг вужудим эрур» сўзлари ётади. Уч юз йил мобайнида черковга қарши фитна уюштириб келган бидъатчилар устидан қозонилган ғалабани нишонламоқчи бўлган папа тахти муқаддас инъомларни тўғри тақдим этиш борасида довлашиб, Вужуд-ул-илоҳ маросимини жорий этиш жараёнида озмунча қон тўкишга тўғри келдими. Папа жорий қилган янги тартиб Тулуза графи билан албигойчилар ўртасида урушлар келиб чиқишига сабаб бўлди: валденслилар ва албигойчилар уни эътироф этишни хоҳламасдилар.

Шунда Деплен даҳрийларга хос пичинг қиларкан, унинг оғзидан волтерона истеҳзолар ёмғирдай ёғиларди: очиғини айтганда, бу «Цитатор»га[5] бўлган бир хунук тақлид эди.

«Ё ажабо, нима бўляпти ўзи? — ўйларди Бяншон. — Эрталаб кўрган художўй қани?»

У Депленга ҳеч нарса демади, уни чиндан ҳам авлиё Сулпитсий черковида кўрдимми дея шубҳаланди. Деплен Бяншонни алдамаса керак: улар бир-бирини жуда яхши билишади, улар қанча-қанча муҳим муаммолар ҳақида неча бор фикр алмашишган, «нарсалар табиати ҳақида» талқин этадига турфа тизимларни муҳокама қилишган. Уч ой ўтди. Бяншоннинг хотирасига маҳкам ўрнашиб қолган бўлса-да, у бошқа бу мавзуга қайтмади. Ўша йилнинг ўзида бир кун Отел-Де клиникасининг шифокорларидан бири Бяншоннинг олдида савол бермоқчи бўлгандек Депленнинг қўлидан ушлади:
— Айтинг-чи, муҳтарам устоз, нечун авлиё Сулпитсий черковига киргандингиз?
— Мен бемор руҳонийнинг ҳузурига киргандим, унинг тизза қопқоғида йирингли яллиғланиш пайдо бўлган, — жавоб қайтарди Деплен, — Гертсогиня Ангулемская менга ҳурмат бажо келтириб, уни даволашни ўз зиммамга олишимни илтимос қилди.

Ҳужум қайтарилди. Берилган изоҳ шифокорни қаноатлантирган бўлса-да, аммо Бяншон ишонқирамади.

«Ҳали шунақами! У черковга бемор тиззаларини даволаш учун борармиш!» — деди шогирд ўз-ўзига.

Бяншон Депленнинг орқасидан кузатиб юришга қарор қилди; у Депленнинг авлиё Сулпитсий черковига қайси кун ва соатда кирганини эслади ва бир йилдан сўнг худди шу пайтда унинг тағин черковга келиш-келмаслигини текшириб кўриш учун айнан шу вақтда келишга қарор қилди. Ҳақиқатдан ҳам, Деплен келиб турсайди, черковга бу тахлит мунтазам қатнаши муайян ҳолни илмий тадқиқ қилиш учун асос бўлур эди, зеро бундай кишининг тафаккури ва ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри зиддият бўлиши мумкин эмасди. Келгуси йили айнан шу кун ва шу шу соатда, Бяншон ўшанда Депленнинг ассистенти эмасди, жарроҳнинг кабриолети Турнон ва Пти-Лион кўчаси муюлишида тўхтаганини ҳамда ўз кабриолетидан тушиб, иезуитларга хос эҳтиёткорлик билан черков томонга йўналганини, сўнгра Биби Марям меҳроби олдида яна ибодат бажо келтираётганини ўз кўзи билан кўрди. Бу Деплен эди, ҳа, шахсан ўзи! Бош жарроҳ, қалбан даҳрий, тасодифан художўй. Аҳвол жиддий тус олмоқда эди, машҳур олимнинг қайсарлиги ҳамма нарсани остин-устин қилиб юборди. Деплен кетгач, Бяншон черков анжомларини йиғиштираётган ридохона бошлиғи олдига келиб, ундан хозиргина чиқиб кетган жаноб черковга мунтазам равишда келиб турадиганларданми, деб сўради.
— Мана, йигирма йилдирки, шу ерда ибодат қиламан, — дея жавоб берди ридохона бошлиғи, — ана шу ибодатга жаноб Деплен бир йилда тўрт бор келади, бу унинг буюртмаси билан бажо келтирилади.

«Деплен буюртма қилган ибодат! — ўйлади кетаётиб Бяншон. — Бу (бир ҳисобда) муайян даражада эр кўрмаган аёлнинг ҳомиладор бўлишидай муҳим гап, ҳар қандай шифокорни шаккокка айлантириш учун шу сирни билиб олиш кифоя».

Вақт ўтмоқда эди. Гарчи доктор Бяншон Депленнинг дўсти бўлса-да, аммо унинг ҳаётининг ўзига хос хусусияти ҳақида гаплашишга сира қулай фурсат тополмас эди. Одатда, улар табобат ёки киборларга хос бўлган бир вазиятда учрашардилар; лекин, бундай вазиятда дўстлар юмшоқ ўриндиққа ястаниб, камин олдида оёқларини иситаётиб, бир-бирларига ўз сирларини ошкор этган самимий суҳбатларга имконият бўлмайди, албатта. Ниҳоят, орадан етти йил ўтгач, оломон архиепископ боргоҳини тор-мор этган, 1830 йил инқилобидан сўнг унинг республикачилар ташвиқоти таъсири остида кўз илғамас сон-саноқсиз уйлар узра ялтираган яшиндек зарҳалланган салибларини маҳв этганида, кўчаларда шаккоклик ва исён ҳукм сурганда Бяншон Депленни тағин ўша авлиё Сулпитсий черковига кираётганда тасодифан кўриб қолди. Унинг ортидан кириб, у билан ёнма-ён туриб олди. Дўсти зиғирча бўлса-да, ҳайратланмади, қиёфасида ҳатто ҳайрат аломати сезилмади. Деплен буюртма қилган ибодатни иккаласи бажо келтиришди.
— Тақводорона мунофиқлигингизнинг сабабини баён этолмайсизми, дўстим? — сўради Бяншон Деплендан улар черковдан чиққанларида. — Мен сизни, ҳа, сизни бу ерда ибодат чоғида уч бор кўрганман! Сиз бу сирни менга ошкор этишингиз, сизнинг эътиқодингиз ва ахлоқингиз ўртасидаги ошкора зиддиятни изоҳлаб бермоғингиз лозим. Сиз худога ишонмайсиз, айни пайтда ибодатга келиб турасиз! Қадрдон устоз, лутфан жавоб берсангиз.
— Мен сиртдан ўта диндор одам бўлиб кўринганим билан, ҳақиқатда эса сизнинг ўзингизга ўхшаган даҳрийман.

Шунда Деплен Молер «Тартюф»ининг янги ношири сингари сиёсий арбобларни ҳақоратлаб, роса пичинглар ёғдирди.
— Мен сиздан бу ҳақда сўраётганим йўқ, — деди Бяншон. — Мен сизнинг нега бу ерга келганингизни ва нима сабабдан ибодат буюртма қилганингизни билмоқчиман.
— Хўп, азиз дўстим, — деди Деплен. — Менинг бир оёғим тўрда, бир оёғим гўрда, бинобарин, мен энди ҳаётимни қандай бошлаганимни сизга ҳикоя қилиб беришим мумкин.

Бяншон ва ўша улуғ инсон шу дақиқада Гирдибод кўчаси ёхуд Парижнинг энг жирканч кўчаларидан бирида эди. Деплен Бяншонга дарвозадан айлана зинагача узун йўлак орқали кириладиган ҳайкални эслатувчи ўша уйлардан бирининг еттинчи қаватини кўрсатди; одатда ўша пастак деразалар зинани зўрға ёритар, дарҳақиқат, қоқилиб-суқилиб яшовчиларнинг ҳақоратларига бепарво эди. Бу уй яшил тусли эди; биринчи қаватларда мебел сотувчи савдогар яшарди, қолган қаватларда турфа қашшоқлар кун кечирарди. Деплен қўлини кескин баланд кўтараркан, Бяншонга деди:
— Мен ўша ерда, баландда икки йил яшаганман.
— Биламан дъАртез ҳам ўша ерда турарди. Мен илк ёшлигимда у ерда қарийб ҳар куни бўлардим. Бизлар бу болохонани «даҳолар қиёмига етадиган банка» деб атар эдик.
— Хўш кейин-чи?
— Ҳозир иккаламиз тинглаган ибодат ҳаётимдаги айрим ҳодисалар билан боғлиқ. Улар ўша, сиз айтгандек, дъАртез яшаган болохонада ўтказган вақтимга тўғри келади; ҳув анави, тепасида кўйлак осилган, гуллар солинган тувак турган жой. Қадрдон Бяншон, Париж қийин шароитда яшашга бардош беришга мажбур этди. Мен очлик, юпунлик, ялангоёқлик, пулсизлик — қисқаси, шафқатсиз муҳтожликни бошдан кечирганман. Ана шу «даҳоларни қиёмига етказадиган банка»да чўпдай қотиб қолган бармоқларимни нафасим билан зўрға илитардим, ўша томонга сиз билан бирга ҳам бир назар ташлагим келиб кетди. Қиш шундай даҳшатли келдики, ишлаётганимда бошим узра кўтарилаёган буғни, совуқ пайтларда отлардан кўтарилаётган буғдек сезиларли даражада чиқиб турган нафасимни кўрардим. Шундай ҳаёт билан курашиш учун таянчни қайдан топишни ҳам билмайсан киши. Мен ёлғиз эдим, кўмаклашадиган ҳеч кимсам йўқ, китоб сотиб олиш ва тиббиётдан олаётган сабоғим учун тўлашга бисотимда бир су[6] ҳам йўқ эди. Қизиққонлик, шаккоклик ва тиниб-тинчимаслик хусусиятига молик бўлганлигим учун дўстларим ҳам йўқ эди. Менинг серзардалигим турмуш машаққатлари ва меъёридан ортиқ меҳнат қилганлигим билан изоҳланишини ҳеч ким тан олмасди: ахир, мен ижтимоий ҳаётнинг энг қуйи қатламида эдим, лекин унинг устки қатламига чиқишни хоҳлар эдим. Шунга қарамасдан, сиздан яширадиган сирим йўқ, сизнинг олдингизда риёкорлик қилишнинг ҳам асло ҳожати йўқ, мен муҳтожлик ботқоғига ботиб, узоқ вақт тентираб юрган бўлсам-да, ҳар қандай чўққига кўтарила оладиган иқтидорли кишиларга хос бўлган меҳрибонлик ва ўша эзгу ҳис-туйғуларни қалбим тўрида асраб келдим. Мен олаётган арзимас нафақамдан бошқа нарсани на қариндошларимдан, на жонажон шаҳримдан кутишим мумкин эди. Мен ўшанда нонушта учун қотиб қолган нонни (у янгисига кўра арзонга тушарди) Пти-Лон кўчасидаги новвойдан сотиб олар ва сутга солиб ивитар эдим: шундай қилиб эрталабки емагим икки суга тушар эди. Пансионда қиладиган тушлигим кун оша бўлиб, у 16 су турарди. Шу зайлда ҳар куни ўн су харажат қилардим. Энгил-бош ва поябзалга қанчалик аҳамият берганлигим ўзингизга равшан. Билмадим, кейинчалик у ёки бу ҳамкасбимизнинг хиёнаткорона ҳаракатларини кўрганда бошдан кечирганимиз ранжу аламни титилиб кетаётган бошмоғимизнинг устимиздан маккорона илжайишини кўриб қолганимизда ёки сюртугумизнинг қўлтиқдан чок-чокидан кетиши қулоққа чалинганда бошдан кечирган ранжу алам билан қиёсласа бўлармикан?

Мен фақат сув ичардим, аммо айни замонда Париж қаҳвахоналарига бўлган ҳурматим ғоят баланд эди. Фақат Лотин маҳалласининг Лукулларигина кириши мумкин бўлган Соппи қаҳвахонаси менга нимаси биландир жаннатмакон туюларди. «Наҳотки, бирор кун менга ҳам ўша ерда бир финжон қаймоқли қаҳва ичиш ва бир қур домино ўйнаш насиб этади?» — уйлардим мен. Муҳтожлик туғдирган ўзимдаги ғазабни мен меҳнатга алмаштирдим. Ўз қадримни ошириш ва жамиятда эгалламоқчи бўлган ўрнимга муносиб бўлиш мақсадида мен имкони борича чуқур билим олишга ҳаракат қилдим. Еган нонимдан кўра ёққан лампа ёғи кўпроқ бўлган: тунларни оқартириб меҳнат қилган пайтимда кўз ўнгимда ёнган чироқ менга ҳамма нарсадан кўра қимматга тушган. Бу давомли, бешафқат олишув эди. Мен ҳеч кимда ўзимга нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотолмадим. Ахир, дўст орттириш учун ёшлар билан таниш бўлмоқ керак, улар билан талабалар борадиган жойга бориб, майхўрлик қилиш учун бисотингда бир неча су бўлмоғи лозим. Менинг эса ҳеч вақом йўқ эди! Аммо Парижда ҳеч ким бирор нарсани тасаввур қилолмайди. Қанақа муҳтожликда яшаётганимни бировларга ҳикоя қилиб беришга тўғри келганда мен кўпинча томоғимга алланарса тиқилиб қолгандек, ўзимни ноқулай сезардим. Кейинчалик менга бой оилада туғилиб, ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган ҳамда бу масаланинг учлик қоидасидан бехабар кишиларни учратишга тўғри келди: ёш йигитча беш франкли чақа экюга қандай муносабатда бўлса, жиноятга ўшандай муносабатда бўларкан. Ана шу бойвачча овсарлар менга: «Нега қарзга ботиб кетдингиз? Нега зиммангизга мунча мушкулотни олдингиз?», дейишарди.

Улар менга халқнинг очликдан ўлаётганини эшитиб, нега у ёғли нонлардан сотиб олмаскан, деб сўраган маликани эслатарди. Нон топиш учун бош ва қўллардан бошқа на дўстлари, на бир мири маблағи, на обрўйи бўлган, Парижда тамоман ёлғиз кун кечираётган, тағин жарроҳлик учун жуда қиммат олади деб шикоят қилган бойлардан бирортасини кўрсам дегандим! Унинг ҳоли не кечарди? Ўзига овқат излаб қаерга борарди? Менинг жаҳлим чиққан ва раҳм-шафқатсиз кунларим бўлганини сиз яхши биласиз, Бяншон. Мен бу билан оқсуяклар жамиятига хос бўлган ёшликдаги бепарволик изтироблари ўша кибру ҳаво учун ўз-ўзимдан қасос олардим; менинг шуҳратга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимга нафрат, ҳасад ва бўҳтоннинг қанчалик ғов бўлганини эслардим. Парижда айрим кишилар сизнинг эндигина эгарга ўтиришга шайланаётганингизни кўрса, биров келиб барингиздан тортади, сизни йиқилиб, боши билан ерга урилсин деб ўшанинг ўзи айилни бўшатади; бошқа биров эса отингизнинг туёғидан тақасини суғуради. Тағин ўзгаси қамчинингизни ўғирлайди; энг ростгўйи — қўлидаги тўппончаси билан сизни қоқ манглайингиздан отмоқчи бўлади. Азизим, сизда истеъдод бор, аммо ҳадемай ўртамиёна зотлар ўзларига устунлик қилаётганларга нисбатан қандай даҳшатли кураш олиб бораётганини билиб оласиз.

Кечқурун сиз йигирма беш луидор ютқазсангиз борми, эртасига сизни қиморбозликда айблайдилар, энг яхши дўстларингиз эса йигирма беш минг франк ютқазди деб гап тарқатишади. Бошингиз оғриса борми, сизни ақлдан оза бошлади, дейдилар. Мабодо оғзингиздан бирор ножўя гап чиқиб кетса, нақ шўртумшуққа чиқарадилар. Борди-ю, сиз ана шу олчоқлар тўдаси билан курашга жаҳд қилсангиз, энг яхши дўстларингиз сизни ҳеч кимни ёқтирмайди, ўзим бўлсам дейди, деб дод солишади. Хулласи калом, сизнинг фазилатларингиз камчилик ва нуқсонга, эзгу ҳаракатларингиз жиноятга йўйилади. Башарти, сиз бировни қутқаришга муваффақ бўлсангиз, сизни қотилга чиқарадилар. Гарчи бемор росмана ҳаётга қайтган бўлса-да, сиз уни сунъий йўл билан тузатгансиз, у келажакда бунинг учун жазосини тортади, мабодо у ҳозир ўлмаган бўлса, кейинроқ ўлади, дейишади. Қоқилиб кетсангиз борми: «Йиқилди» дейишади. Борди-ю, бирор нарсани ихтиро қилиб, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилмоқчи бўлсангиз, ёшларнинг олға интилишига тўсқинлик қилади дейдилар, муғамбир деган ном чиқарасиз. Шундай қилиб, дўстим, модомики худога ишонмас эканман, демак, одамга ишониш тўғрисида гапирмаса бўлади. Менинг танимда қанчадан-қанча бемаъни гапларга сабаб бўлган, Депленга мутлақо ўхшамаган Депленнинг яшашини сиз яхши биласиз, ахир. Ўтган ишга салавот. Шундай қилиб, мен биринчи имтиҳонга тайёрланаётиб, сариқ чақага зор бўлиб, мана шу уйда яшардим ва ишлардим. Биласизми, мен сира иложини тополмай «Аскарликка борганим бўлсин» дея қарор қилган киши ҳолатига тушган эдим. Менда яккаю ягона илинж қолган эди: «Мен ўша ўзим туғилган шаҳардан Париж ҳаёти ҳақида мутлақо тасаввурга эга бўлмаган, ойига ўттиз франк олаётган, жиянининг нуқул булдириқ гўшти билан кун кечираётганига қатъий ишонган, энди бўлса унинг уст-боши ҳақида ғамхўрлик қилаётган кекса қишлоқи холаларимнинг совғаси бир чамадон ички кийимни олишим лозим эди. Чамадон мен уйда бўлмаган пайтда келган экан, мен университетда эдим: маълум бўлишича, кира ҳақи қирқ франк тураркан. Зинапоя тагидаги ҳужрада турувчи дарвозабон этикдўз немис ўша қирқ франкни тўлаб, чамадонни олиб қолган экан. Қандай қилиб олдиндан кира ҳақини тўламай чамадонимни қўлга киритиш ҳақида бош қотириб, Фоссе-Сен-Жермен-де-Пре ва Тиббиёт факултети кўчаси бўйлаб узоқ вақт санқиб юрдим, ҳолбуки, мен ички кийимимни сотиб ҳам кира пулини тўлашим мумкин эди. Менинг бефаҳмлигим, бирдан-бир истеъдодим, жарроҳлик эканини яққол кўрсатди. Дўстим, нозик қалб эгалари, бирмунча юксак доирада фаолият кўрсатиш учун туғилган иқтидорли кишилар кўпинча бачкана одамларга хос ҳийла-найранг, топқирлик, чапдастлик каби хусусиятлардан маҳрум бўлишади: бу тахлит мўмин-қобил даҳолар ҳомийси — тасодиф, улар изламайди, улар топади.

Мен уйга кечроқ қайтдим; сен-флуралик Буржа исмли мешкобчи қўшним ҳам шу пайтда қайтган эди. Бизлар шунчаки девор-дормиён қўшнидай бир-бирининг ухлаётганини, йўталаётганини, кийинишларини эшитиб турадиган, пировардида бир-бирига ўрганиб қолган таниш эдик. Қўшним хўжайин мени ижара ҳақини уч марта орқага сурганим учун ҳайдамоқчи эканини айтди; мен эртасигаёқ жўнаб қолишим даркор эди. Маълум бўлишича, хўжайин кўшнимни ҳам касби маъқул бўлмаганидан кўчиб кетишга мажбур қилаётганмиш. Мен ҳаётимдаги энг машаққатли тунни ўтказдим. Арзимас уй анжомлари ва китобларимни олиб чиқиш учун ҳаммолни қайдан топаман? Ҳаммол ва дарвозабонга қаердан пул тўлайман? Қаерга бориб бош урсам экан? Унсиз йиғларканман, телбаларча ўз-ўзимга фақат шу саволларни берардим. Охири ухлаб қолдим. Муҳтожликда кишига турфа тушлар бахш этувчи уйқу ҳамдард бўлади. Эртасига эрталаб нонимни сувга ботириб тамадди қилаётганимда хонамга Буржа кириб келди.
— Жаноб талаба, — деди у менга баланд овоз билан, — мен бир бечора, ташландиқ бола эдим, Сен-Флурада паноҳ топиб ўсдим, на отам, на онамни биламан. Бунақа бисотим билан уйланишим мумкин эмас. Сизнинг ҳам жонкуярларингиз унча кўп эмас, молу давлатингиз ҳам йўқ ҳисоби. Гапимга қулоқ солинг: пастда менинг қўл аравачам турибди, уни ҳар соатига икки су кира ҳақи бериш шарти билан ижарага оламан; унга ҳамма анжомларимизни жойлаштирса бўлади. Модомики, бизни бу ердан ҳайдаб чиқаришган экан, хоҳласангиз турар жойни бирга қидирамиз. Бу ер ҳам айтгулик жаннатмакон жой эмас-ку, ахир.
— Биламан, қадрдоним Буржа, — дедим мен, — лекин бир нарса халал беряпти; пастда экю турадиган ички кийимларим бор, ўша пулдан уй ҳақини ҳам, дарвозабонга тўланадиган қарзни ҳам тўлашим мумкин эди. Бироқ чўнтагимда сариқ чақа ҳам йўқ.
— Яхши! Менинг бироз танга пулим бор, — жавоб берди Буржа менга ўзининг эскирган ва ёғ босган чарм ҳамёнини салмоқлаб кўрсатаркан. — Ички кийимингиз ўзингизга керак бўлади.

Буржа менинг хонам учун ҳам, ўз хонаси учун ҳам тўлади, дарвозабоннинг қирқ франкини ҳам бериб қўйди. Кейин у кўч-кўронимизни ва менинг кўйлакларим жойлашган чамадонни аравачага юклади-да, уни кўчалардан ғилдиратиб кетди, хоналар ижарага берилиши ҳақида эълон ёпиштирилган уйлар олдидагина тўхтарди, холос. Мен бўлсам ўша уйларнинг ҳар бирига кириб чиқар ва ижарага бериладиган хонани кўздан кечирардим. Туш бўлиб қолди, аммо бизлар ҳамон бошпана излаб Лотин маҳалласида беҳуда санқирдик. Қайга бормайлик, ижара ҳақи оёқдан оларди. Буржа мени вино дўконига таклиф этди. Аравани эшик олдида қолдирдик. Кечга яқин Роган кўчасининг тижорат муюлишида мен бир уйнинг энг сўнгги қаватида зинапоя майдончаси билан бир-биридан ажратилган иккита хона топдим. Ўшаларни ижарага олдик. Ҳар биримиз йилига олтмиш франкдан ижара ҳақи берадиган бўлдик. Энди менда ҳам, дўстимда ҳам бошпана бор эди. Бирга тушлик қилдик. Буржа бир кунда эллик сугача топар эди. Унинг юз экюга яқин пули бор эди. Буржа от ва бочка сотиб олишдек орзуни амалга ошириш арафасида эди. У муғамбирона ўсмоқчилаб, менинг барча сир-асроримдан воқиф бўлиб олди, қандай аҳволда эканлигимни билиб олгач, бир умрлик эзгу орзусидан вақтинча воз кечди, ана шуни эсласам, ҳанузгача бутун вужудимни ҳаяжон босади. Буржа йигирма икки йил сув ташиди, лекин у ўзининг юз экюсини менинг келажагим учун қурбон қилди.

Шунда Деплен Бяншоннинг қўлини қаттиқ сиқиб қўйди.
— У ўша пулларни менга берди, улар менинг имтиҳонга тайёргарлик кўришим учун ғоят зарур эди! Дўстим, бу одам ҳаётдаги бурчимни, менинг ақлу заковатим, эҳтиёжимнинг унинг эҳтиёжларидан муҳим эканлигини фаҳмлади. У менга ғамхўрлик қилар, мени «ўғилчам» деб атар, китоб сотиб олишим учун пул қарз берар, баъзан эса қандай ишлаётганимни кўриш учун секингина хонамга кириб келар эди. Ниҳоят, у менга оналарча мушфиқлик кўрсатиб, мен маҳкум этилган ўша қашшоқлик ва маза-матрасиз емакни фойдали ва тўкин овқатга алмаштириш имконини берди. Буржанинг ёши қирқларда эди. Унинг афт-ангори ўрта асрлардаги шаҳарликни эслатарди, манглайи бўртиб чиққан, рассом унга қараб бемалол Ликургни[7] чизиши мумкин эди. Боёқиш юрагида йиғилиб қолган меҳрни кимга изҳор этишни билмасди. Ҳаётида унга меҳр қўйган ягона жонзот бундан сал илгари ўлган бароқ ити эди; Буржа менга ўз бароғи ҳақида тўхтовсиз гапирар, черков унга жаноза ўқиш учун ижозат бермасмикан, бу тўғрисида менинг фикрим қандайлигини билмоқчи бўларди. Унинг сўзларига кўра, бу бароқ ит ҳақиқий насроний бўлиб, ўн икки ой мобайнида Буржа билан черковга борган, у ерда ҳеч қачон ҳурмаган, жим туриб орган овозини тинглаган, худди хўжайини билан ибодат қилгандек у билан ёнма-ён ўтирган. Бу одам ёлғизлигимни, изтиробларимни тушуниб, бутун меҳру садоқатини менга қаратди, унинг қўлидан келадиган нарса шу эди, зотан. У мен учун энг меҳрибон она, ҳеч қачон бировга зиён-заҳмат етказмайдиган энг ардоқли ва фазилатли киши бўлиб қолди. Гапнинг лўндасини айтганда, у эзгулик тимсоли бўлиб қолди, ўзи бунёд этаётган яхшиликдан қониқиш ҳосил қилган одам эди. Мен Буржани ҳар гал кўчада учратганимда, у менга ақл бовар қилмайдиган олижаноблик билан фаросатли нигоҳ ташлар эди; у елкасида юки йўқ кишидай қоматини тик тутиб юришга интиларди; мени соғлом ва яхши кийинган ҳолда кўрганидан ўзини бахтли ҳис этаётганга ўхшарди. Бу бир жиҳатдан оддий кишининг фидойилиги бўлса, иккинчидан, бирмунча юқори муҳитга кўчирилган енгилтак қизнинг муҳаббати эди. Буржа менинг барча топшириқларимни бажарар, мени белгиланган соатда уйғотар, чироғимни тозалаб қўяр, зинапоямиз майдонини супуриб-сидирар эди; у покизалиги билан ҳар қандай инглиз оқсоч аёли билан баҳслашиши мумкин эди.

Бизнинг бутун хўжалигимиз унинг гарданида эди. Филопемен[8] га ўхшаб ёғоч ҳам арраларди. Меҳнат ўз олдига қўйган мақсадини такомиллаштирганини англагандай, у ҳамма нарсани жўнгина, аммо қойилмақом қилиб адо этарди. Отел-Де клиникасига ассистент-амалиётчи бўлиб ишга кирганимда Буржа билан ажралишга тўғри келди, чунки мен клиника қошида яшашим даркор эди. У чуқур ғамга ботарди, лекин менинг диссертатсия устида ишлаётганимда талаб қилинадиган харажатлар учун пул йиғаётгани учун ўзини юпатар ва бўш вақтларимда уникига бориб туришимни илтимос қилар эди.

Буржа мен билан фахрланар ва жон-дилдан яхши кўрарди. Агар сиз менинг диссертатсиямни излаб топсангиз эди, унинг Буржага бағишланганини кўрган бўлардингиз. Шифохонада ишлаш муддатимнинг сўнгги йилида унга от билан бочка сотиб олиш ва бу мард оверналикнинг қарзини узишга етадиган даражада маблағга эга эдим. Мен унга пулларимни сарфлаганимни билгач, роса жиғибийрон бўлди, шунга қарамасдан хўп суюнди, унинг энг эзгу орзуси ушалган эди-да, ахир. У кулди ва мени койиб қўйди; у ўзининг бочкасига, ўз отига қарар ва кўз ёшларини артаркан, деди: «Яхши эмас! Қандай ажойиб бочка! Лекин сиз бундай қилмаслигингиз керак эди... Ўзи ҳам кетворган от экан, нақ оверна зотига ўхшайди».

Киши кўнглини эритадиган воқеани сира кўрмаганман. Менинг қаршилик қилишимга қарамасдан, Буржа мен учун энг қимматбаҳо нарса, сиз хонамда кўрган — ғилофига кумушдан сайқал берилган жарроҳлик асбоблари тўпламини, албатта, сотиб олиш истагини билдирди. У мен дастлабки муваффақиятларимдан ўзида йўқ шод эди, лекин унинг «уни мен одам қилдим» деганини, ҳатто бунга ишора ҳам қилмаган. Гапнинг очиғини айтганда, у бўлмаганда муҳтожлик ҳаётимга зомин бўлган бўлар эди-ку, ахир. Бояқиш ҳаётини мен учун қурбон этди: маълум бўлишича, у тунги машғулотларимни деб мен учун қаҳва сотиб оларкан-да, ўзи нонга саримсоқ суртиб ер экан. У касал бўлиб қолди. Тунларни унинг бошида ўтказганимни айтиб ўтирмасам ҳам бўлади. Умримда биринчи бор уни сақлаб қолишга муяссар бўлдим. Лекин икки йил ўтгач, касаллик яна қайталади, қанчалик тиришиб парвариш қилмайлик, табобатдаги барча воситаларни ишга солмайлик, Буржа вафот этди. Бирорта қирол ҳам бунчалик парвариш қилинмаган бўлса керак. Ҳа, Бяншон, бу ҳаётни ўлим чангалидан тортиб олиш учун мисли кўрилмаган даражада ҳаракат қилдим. Унинг ўзи амалга оширган ишларини кўриш имкониятига эга бўлишини истагандим; унинг барча истакларини ижро этсам дегандим, ҳаётимда шу пайтгача сира такрорланмаган, қалбимни батамом чулғаган, ташаккур туйғусини изҳор этишни ниҳоясига етказишни истагандим, ҳанузгача мени ёндириб келаётган ўтни ўчирмоқчи эдим!
— Менинг иккинчи отам Буржа ўз қўлимда жон берди, — дея давом этди Деплен озгина сукут сақлагач, унинг ҳаяжонлангани шундоққина билиниб турарди. — У қолдирган васиятномага биноан, барча молу-мулки менга ўтмоғи даркор эди; бу васиятномани унга ҳар хил хужжатлар тузиш идорасида ёзиб беришган экан, унда иккаламиз Роган кўчасига бирга кўчиб борган йил қайд қилинган эди. Унда софдил диндор кишининг тимсоли мужассамлашган эди. Биби Марямни шундай севар эдики, киши маъшуқасини шундай севиши мумкин, холос. Гарчи, у эҳтиросли диндор католик бўлса-да, менинг даҳрийлигим ҳақида лом-мим демаган эди. Касаллиги хатарли тус олганда у мендан ўзи учун черков ёрдамини уюштиришда ҳеч нарсани аямасликни илтимос қилган эди. Мен унинг учун кунига икки мартадан дуои фотиҳа ўқишни буюртма қилдим. У кечалари тез-тез ўзининг охиратдаги қисматидан қўрқаётганини ҳикоя қиларди: унга ҳаёти унча тақводорлик билан ўтмаганга ўхшаб кўринарди. Бояқиш! У эртадан-кечгача меҳнат қиларди. Агар борди-ю, беҳишт бор бўлса, унга бу кишидан бошқа ким ҳам муносиб бўлиши мумкин? У авлиё сифатида черковнинг сўнгги хайрбодини қабул қилган эди (у чиндан ҳам авлиё эди); унинг ўлими ҳаётига мос эди: Буржанинг тобути ортидан фақат бир киши борарди: бу мен эдим. Яккаю ягона валинеъматимни дафн этгач, менга қилган яхшиликлари эвазига нима қилсам экан, деб ўйлардим. Унинг на оиласи, на дўстлари, на хотини, на болалари бор эди. Лекин у диндор эди, унда диний эътиқод мавжуд эди, бунинг учун у билан баҳслашишга ҳаққим бормиди? У бир куни менга қўрқа-писа бўлажак дуои-ибодат ҳақида ёрилган эди; қилган ёрдамини пеш қилмаслик учун у менинг зиммамга бундай мажбуриятни юкламоқчи эмасди. Дастлабки имконият туғилганда мен авлиё Сулптсий черковига керакли миқдорда пул тўплаб, бир йилда тўрт бор охират ибодатини буюртма қилдим. Буржа учун амалга ошириладиган ягона нарса — унинг тақводорлик истагини бажо келтириш. Шу боисдан бир йилда тўрт марта — кўклам, ёз, куз ва қишда черковга келаман ва шаккокка хос самимият билан дейман: «Ё худованди карим, тасарруфотингда ўлгандан сўнг тақводор кишилар йиғиладиган маскан бўлса, мўмин-қобил Буржани унутма, агар у азоб-уқубатни бошидан кечирмоғи керак бўлса, ўша мусибатларни менинг гарданимга юкла, токи у тезда жаннат аталмиш маъвога эришгай». Мана, азизим, фикрлаш тарзи меникидек кишининг қарори шундай бўлади. Қасамёд этаманки, Буржанинг эътиқоди менинг миямда қарор топсайди, бор-бисотимни берган бўлур эдим.

Депленни сўнгги марта даволаган Бяншон машҳур жарроҳни даҳрий сифатида вафот этган деб айтишга ботинолмайди. Наҳотки, бир вақтлар пештоқига «Буюк одамлар учун умидбахш диёр» деган сўзлар ёзилган ўша заминий маъбад қопқаларини очган кишига ройиш оверналик жаннат қопқаларини очмаган бўлса? Ҳа очган — айнан шундай деб ўйлаш диндорлар учун қувончли эмасми, ахир?!

Parij 1836 yil, yanvar

  1. Қуёш ўрилмаси — анатомияда қоринда туташган вегетатив асаблар тизими. (Тарж).
  2. Қадимги грек адабиётида Орест ва Пиланднинг бир-бирига садоқатли бўлганларига ишора. (Тарж).
  3. Зайд — Муҳаммад Пайғамбарнинг қули бўлиб, кейинчалик Ислом динининг ашаддий тарғиботчисига айланган.
  4. Кантал — Франтсиядаги бир вилоят номи.
  5. «Цитатор» — франтсуз адиби Пиго-Либрен асари бўлиб, унда католик черковининг иллатлари фош этилади.
  6. Су — ХИХ аср франтсуз пул бирлиги.
  7. Ликург — ярим афсонавий қонун чиқарувчи давлат ва жамоат арбоби.
  8. Филопемен — қадимги юнон қўмондони, одил ва меҳнатсевар киши бўлган.