OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОрзиқул Эргаш
Асар номиОлис юлдузлар (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Орзиқул Эргаш
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм77KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Олис юлдузлар (қисса)
Орзиқул Эргаш

Уйқуни бунча яхши кўришмаса булар. Бошлари болишга тегдими, қотишади-қолишади. Муннай гап-гап қилиб ётишмайдиям. Майли гаплашишмасин, лекин осмонга термулиб, маза қилиб хаёл суришса бўлади-ку!.. Ҳа, бир ҳисобда шунисиям маъқул, халал беришмайди. Бир ўзгинам жимгина тикилиб — гаплашиб ётаман юлдузчалар билан...

Шу, анчадан бери битта нарса миямдан кетмайди. Буларга айтай дейман-у, кулишадими, деб ўзимни тияман. Рост-да, ўзи кулгулироқ бир оз... Ўзимча дейман: юлдузлар баландда, жудаям баландда, ҳамма ердан кўриниб туришади. Шунақа бўлгач, ҳозир анови уруш бўлаётган жойлардагилар ҳам кўриб тургандир. Уларгаям бизга ўхшаб кечалари дам беришар. Шунда улар ҳам окопдами, чайладами, ёки шундай кенг дала ўртасидами (ишқилиб-да), чалқанча тушиб олиб, юлдузларга тикилиб ётишар... Ажойиб-да! У ёқда улар, бу ёқда бизлар — бир пайтнинг ўзида битта нарсани кўриб туришимиз мумкин...

Миямга ўрнашиб қолган нарса шуки, битта юлдузни, масалан, Маъмура опам танласалар, кейин Маҳмуд акага хат ёзсалар: фалончи юлдуз бизнинг бахт юлдузимиз, фалон пайтда унга тикилиб гапингизни айтинг. Мен бу ёқда туриб қулоқ соламан, десалар... Агар чинакамига ихлос билан қулоқ солса, эшитса бўлади. Мана мен эшитаман ҳам, гаплашаман ҳам. Лекин, опаларимга айтай дейман-у кулишадими, деб қўрқаман. Қўрқишимнинг бошқа бир сабабиям бор-да...

Айтмоқчи, танлаган юлдузим ҳақида ҳали Жўра акага ёзиб юборолганим йўқ. Чунки, хат узилиб қолган. Мана ўн бир ойни юз кўряпти. Ўн бир ой-а!.. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да. Хат келди дегунча, албатта ёзиб юбораман. Жўра акамга маъқул бўлади. Чунки, жудаям ёруғ, чиройли юлдуз. Ҳозирча у ос-монда йўқ. Ҳали тонгга яқин кўринади. Ҳув, тоғнинг тепасида чарақлаб туради...

Уни танлашим қизиқ бўлган. Тунов куни бригад бобомиз, «азаматлар, полвонлар», деб бизни уйғотиб, далага бошлаб кетди. Бориб буғдой ўроққа тушдик. Ҳеч уйқум очилмайди, мункиб-мункиб кетаман. Қоронғуда туртиниб-суртиниб, чалғи ураман. Яхшиям буғдойга қўшиб, қўл-пўлимни кесиб олмаганим.

Биздан олдинроқда, буғдой оралаб Жаббор амаки овоз бериб турибди. Қўрқишмасин, дейди-да.
— Ҳа, азаматларим, келаверинглар. Мана мен бу ёқдаман. Биринчи марра мана шу ер. Кейин дам оламиз. Ҳа, гаплашиб, гангир-гунгир қилиб ўринглар, уйқу қочади. Балли, балли азаматларим. Мен аскарларим, яшанглар!..

Ҳарчанд уринмайин, уйқунинг карахтлиги кетмасди. Қўлим ишдаю, миямда алланарсалар айланишади, тик оёқда турганча туш кўриб кетаётгандайман. Бир маҳал орқамдан биров чақирди:
— Моҳира!

Аланглаб орқа-олдимга қараб олдим. Ҳеч ким йўқ. Биргад бобо олдинлаб кетган қизлар билан гаплашиб турибди. Тавба!.. Уйқум ўчиб, сергак тортдим. Қўрқа-писа қад ростлаб, яна орқамга қарадим. Кўзим ҳеч бир қорани илғамади. Менга шундай туюлдиёв, деб кўксимга «туф-туф»лаб қўйдим. Ва шу пайт олисда, тоғнинг тепасида чарақлаб турган ёп-ёруғ юлдузга кўзим тушди. Осмонда бошқа унақа юлдуз йўқ эди. Бунча чиройли бўлмаса! Чақнайди-я!.. Йўқ, у жовдираб турарди. Менинг аҳволимга ачиниб, эзилиб, лекин иложсиз-ликдан не қиларини билмай, жовдираб-мўлтираб турарди. Секин тиззамга чўкдим, қўл-оёғимдан мажол кетганди. Чунки, мен Жўра акамни кўриб турардим...
— Моҳира, озгина чида, ҳаммаси ўтиб кетади. Ҳали борсам, қўлингни совуқ сувга урдирмайман. Кўрасан, шундай кунларга етамиз ҳали! — дерди у шивирлаган овозда.
— Моҳира қизим, санмисан, — шундоқ тепамда Жаббор амаки турарди. — Нима қилди? Қўлингни кесиб олмадингми ишқилиб?..
— Йўқ, биргад бобо, кесганим йўқ, яхшиман...
— Ҳа, барака топ, қизим, ғайрат қил. Опаларингга етиб ол...
— Хўп, амаки, ҳозир етиб оламан!
— Балли, балли, қизим...

Ғайрат билан, завқ-шавқ билан ўримга тушиб кетдим. Уйқум буткул ўчган, танам қушдай енгил, дилим шунчалик равшан тортиб борардики...

Мана ўша кундан бери қанча кеч ётсам ҳамки, биргад бобо овоз бериши билан сапчиб тураман. Туришим билан кўзим даставвал ўша чақноқ юлдузга тушади. Салом бераман.
— Ассалом, Жўра ака, — дейман.

Сўнгра шапир-шупур юзимни чайиб оламан-да, уйқу ширинлик қилиб ғингшиб ётганларни чимчилаб, қитиқлаб уйғотишга киришиб кетаман. Ортимда эса Жўра акам завқланиб, кулимсираб тураверади.

Бориб ўроққа тушамиз. Қоронғуликка кўз кўниккунча тимирскиланиб, ишимиз юришмайроқ туради. Бу пайтда Жўра ака хомушланиб, жовдираб, мени юпатишга уринади.
— Моҳигинам, сени қандай кунларга қолдириб келдим. Мени кечир. Ҳали кўрмагандай бўлиб кетасан. Озгина сабр қилсанг, бўлди...
— Жўра ака, сиз ҳечам парво қилманг, — дейман ич-ичимдан хитоб қилиб, — мен қийналганим йўқ. Қайтага бу ер менга ёқяпти. Далада, шийпонда ётиш маза экан. Энг яхши томони — қулоғим ойбийимнинг ғиш-ғишаларидан анча тинчиб қолди. Сиз доим хафа бўлиб, куйиниб юрардингиз-ку, сени ўгай онангнинг қўлидан қутқаришим керак, деб... Бу ерда ҳаммадан кичиги менман, эркатойман...

Қўлим ишдаю, хаёлимда Жўра акам билан мазза қилиб гаплашиб кетавераман.

... Хуллас, гапларим кўп-ку, лекин ҳаммаси ичимда қоп кетяпти-да. Опаларимга айтай десам, айтиб бўлмайдиган гаплар бари. Нотўғри тушунишлари мумкин... Эҳ, яна бир пас гаплашиб ётишса бўларди, ҳали вақт эрта эди.
— Ҳанифа опа. Ҳанифа опа!..
— Ҳм...
— Ухлаяпсизми?
— Ҳа, ухлаяпман, ухлаб қолганман.
— Э, ўлинг-е, — деб кулиб юбордим. — Дишакчага ўхшаб пиш-пиш ухлайсиз.
— Нима қилай?..
— Билмасам. Мени уйқум келмаяпти. Тўғрисини айтсам, қўрқаяпман. Бир ўзим қоп кетгандан кейин одам қўрқади-да. Ҳаммаларинг тош қотиб қопсизлар...
— Кўзингди чиппа юмиб ётаверсанг, сенам ухлайсан.
— Бўлмаяпти, уйқум қочиб кетди.
— Хўп, мен нима қилай, — деди Ҳанифа опа кўзини уқалаб, ўрнига туриб ўтираркан.
— Мен ҳаммаларингдан кичкинаман, шундайми? — дедим эркаланиб. — Шунинг учун, мени аллалаб, э, йўқ, алдаб, у ёқ бу ёқдан гапириб ухлатишларингиз керак. Кейин ўзингиз ухлайсиз...
— Ёқмай қолсин. Хай майли, нимани гапирай?..
— Ўзингиз биласиз... Ҳа, менга қаранг, — дедим бирдан жонланиб. — Маъмура опанинг яхши кўрганлари, биласизми, ким экан?
— Нима? — опамнинг кўзлари ярқ этиб очилиб кетди.
— Ҳалиги бор-у, Мақсад момо, ўша кишининг ўғиллари Маҳмуд ака экан.
— Вой, секин, секин, — деди Ҳанифа опа ҳовлиқиб.
— Э, аллақачон ҳаммаси ухлаб қолди, — дедим бепарво.
— Айтиб бўладими, — дуррачасини тўғирлаган бўлиб, қатор тизилиб ётган қизларга кўз ташлаб олди-да, секин шипшиди:
— Хўп, айт-чи, қаёқдан билақолдинг?
— Биламан-да. Мен сизникини ҳам биламан.
— Вой, ўлақолгин, бийронча, меникиям бор эканми?

Ҳанифа опам энди биров эшитиб қолишини ҳам ўйламай, бемалол жойлашиб ўтириб олди.
— Биламан эмиш. Хўп, билсанг бир бошидан айт-чи.
— Ҳо, урасиз-да...
— Тентак қиз, сени урарканманми!..
— Ҳанифа опа, ўша Маҳмуд акани мен яхши эслолмайман, жуда чиройли эди, дейишади-я? Урушга кетаётганида ўн етти ёшда экан-а бор-йўғи.
— Ҳа, ниҳолдеккина эди, — деди Ҳанифа опа ўйчан тортиб. — Эндигина мўйлови сабза уриб келаётганди.

Ўрнимдан чаққон турдим-да, опамнинг қаршисига келиб, жимитдайгина бўлиб ўтириб олдим.
— Ҳозир энди басавлат йигит бўп кетгандир-а?
— Вой, қиз қозией, — деди опам завқланиб кетиб, — ҳа-да, кап-катта йигит бўп қолгандир. Неча йил ўтиб кетди. Ишқилиб эсон-омон қайтиб келсин-да. Бир гап бўлса, Маъмура адо бўлади-я...

Худди совқотгандай этим бир жунжикиб олди.
— Э, қўйсангиз-чи, яхши ният қилинг, опа.
— Ҳа, ҳа, тўғри айтасан...
— Ҳанифа опа, — дедим гапимиз қовушаётганидан тетикланиб, — ўша Маҳмуд аканинг ёлғиз онасидан бошқа ҳеч кими йўқ экан-а, ростми шу гап?
— Ҳа, рост... Шўрлик момога ёлғиз тирноқ. Момонинг эри қулоқ қилинган. Момо ўғли билан ҳов анови тоғнинг этагидан келиб қолишган. Айтмоқчи, битта қизи ҳам бўлган. Кейин безгакдан ўлган. Бир куни, қиш пайти бўлган. Даладан, қор тагидан ғўзапоя юлиб келган бир боғ. Келгану, безгак тутиб, сандалда иситмалаб ётиб ўлиб қолган. Мақсад момо қизи олиб келган ўша бир боғ ғўзапояни ҳалигача айвони шифтида асрар эмиш. Ўша ғўзапояга қараб-чи, хумор бости бўлармиш.
— Вой, шўрликкина момоей!.. — бу гапни биринчи эшитишим эди, Мақсад момога ичим ачигандан ачиб кетди. — Биласизми, Ҳанифа опа, мен нимани ўйлайман. Мақсад момо ҳовлисида ёлғиз ўзи-я, Маъмура опа бориб айтса, мана шунақа, шунақа, мен сиз билан бирга яшайман, деса...
— Э, қизалоқ, — деди Ҳанифа опа хўрсиниб, — сенга қолса, ҳаммаси осон. Маъмуранинг ақли етмайдими шунга! Раҳми келмайди, дейсанми! Шўр-лик момони кўрганда учиб-қўнишларини кўрсанг эди. Хаёл қилсаки, югуриб бориб қучиб, ўпиб олса. югуриб-елиб хизматини қилса!.. Лекин бу мардум қўярмиди! Достон қилиб юборади-ку!..
— Э, мен бўлганимда сира ўйлаб ўтирмасдим. Гапиришса гапираверишсин. Момони ёлғиз қолдирмасдим... Ҳанифа опа, Мақсад момонинг ўзлари биладиларми?..
— Билмаса керак, — деди Ҳанифа опа иккиланиброқ, — билганида...
— Ҳа, билганида ҳар тугул кўча-кўйда кўзи тушиб турса ўғлини кўргандай бўларди-да, — дедим донолик қилиб.
— Ўзинг муштдаккина бўлсангам кўп балоларга ақлинг етади-я, — деди опам меҳр билан тикилиб.
— Ҳанифа опа...
— Ҳм...

Сўрашнинг фурсати етгандию, журъатим етмайроқ турарди. Шунинг учун сирлигина қилиб, жим туравердим.
— Ҳа, бийронча, яна бир нарса сўрамоқчимисан?..
— Ўзингиз айтасизми, ё ўзим айтайинми деб турибман-да.
— Нимани айтишим керак, қизгина?
— Ўзингизни гўлликка солманг, — дедим салмоқлаб, — яхши билиб турибсиз. Мен ўзим ҳаммасини биламану, шу, ўзингизди оғзингиздан эшитгим келяпти-да.
— Сен жинни бўп қопсан...
— Айтмайсиз-а, Ҳанифа опа, — деб атай овозимни баландлатдим.
— Вой, секин, секин... Уйғотиб юборасан-ку ҳаммани!
— Айтасиз-а?
— Қизиқсан-а, Моҳи, бу ҳар кимга айтадиган гапми!
— Вой, опа-а, мен ҳар ким бўпманми?

Аразлаган бўлиб, тўп этиб ўзимни тўшакка отдим-да, бошимни буркаб олдим. Опам аразимга ишонди, секин ёнимга ёнбошлаб, бир пас жим ётди-да, кейин юпатган бўлиб аста гап бошлади.
— Моҳира, мен унақа демоқчи эмасдиму, тушунгин-да. Бунақа гапни кўнгилда асраган яхши-да... Айтиб бўладими, қизлардан бирортаси уйғоқ бўлса ёки Сафар эшитиб қолса, эртага укамнинг юзига қандай қарайман. Отамга айтиб берса-чи...
— Э, ваҳима қилманг-е, опа, — деб юбордим аразимни бир пасда унутиб, бошимни кўрпадан чиқариб оларканман. — Буни ҳеч ёмон ери йўқ-ку. Бари-бир эрта-индин, Худо хоҳласа, уруш тугайди. Йигитлар қайтиб келади. Кейин тўй қиламиз. Ҳамма билиб олади-ку барибир.
— Унда бошқа гап, сингилчам, — деди Ҳанифа опам шийпонча шифтига кўз тикканча.

Иккимиз ҳам хаёлга берилиб, бир пас жим ётдик. Енгил шабада юзларимизни сийпаб ўтди. Чангалзор ортидан дарёнинг шовуллагани элас-элас эшитила бошлади. Қишлоқ тарафдан итларнинг яккам-дуккам акиллагани келарди.

Ҳанифа опам оҳиста хиргойи бошлади:

Бошимдаги рўмолим, чаман ичра,
Гул шохига илинди, чаман ичра.
Кимда экан хаёлинг, чаман ичра, боғ ичра,
Ёлғизлигим билинди, чаман ичра...

Опам бир пас жим қолди-да, хўрсинди. Менинг томоғимга алланима қадалиб димоғим куюшгандай бўлди. Кўзларимга дув ёш қуюлиб келди. Дарҳол тескари ўгрилиб олиб, кўзёшларимни артдим. Қулт этиб ютиндим.
— Моҳи, сенга нима бўлди, йиғлаяпсанми?.. — деди опам кифтимдан секин тутиб ўзига қаратаркан.
— Йў-ўқ, — дедиму, тўлиқсиниб турганимни сездириб қўйдим. Кейин очиғига кўчдим. — Опа, сиз ашула айтсангиз, мана шу еримга бир нарса қадалиб, нафасим қайтиб кетаверади. Йиғлагим келади.

Опам бирдан тетикланди.
— Вой, йиғлагинг келса, айтмайман.
— Йўқ, айтаверинг, яхши кўрганимдан шундай бўлади-да, опа, — дедим тиззалаб ўтириб олиб. — Кейин нимагадир раҳматли аям эсимга тушиб кета-веради. Ҳанифа опа, қаранг, худди кечагина бўлиб ўтгандай ҳаммаси. Лекин, сал кам етти йил ўтиб кетибди орадан.
— Ўлдинг — ўчдинг дегани шу-да, Моҳи, — деди у секин уф тортиб. Кейин оҳиста ўрнига туриб ўтирди.
— Ўша куни аям раҳматли икки тандир нон ёпдилар. Тўртовимизни ҳам чўмилтирдилар. Мени сочимни ўриб, жийда пўпагимни тақиб қўйдилар. Сочимни ўраётиб, ўзларидан ўзлари, қизим, бу сафар бошингни ювсанг, сочингни ким ўриб қўяркин-а, дедилар. Нимага унақа деяпсиз, ая, дедим ҳайрон бўлиб, ўзим айтаяпман-да, дедилар. Кейин насиҳат қилдилар. Қизим, энди катта бўп қолдинг. Ўнга кирдинг, сонга кирдинг, дейишади. Укаларингга бош бўл. Урма, уришма. Меҳрибон бўлгин, дедилар. Эртаси кун эрталаб уйғонсам, чақалоқ қилибдилар. Кейин гаплашиб ўтириб... Ҳеч ўладиганга ўхшамасдилар. Чақалоқни эмиздилар. Кейин ҳаммамизни чақириб, кўрсатдилар. Мана Башоратой, кенжатойларингиз, уни хафа қилмасдан, катта қиласизлар, дедилар. Кейин, майли энди бориб ўйнанглар дедилар. Укаларим ўйнагани чиқиб ке-тишди. Мени сира чиққим келмасди. Холам ёнларида бош солиб ўтирардилар. У кишига айтдиларки, Муяссархон, бориб, Эшон акангизни чақириб қўясизми, дедилар. Дадам ёнларига келиб ўтиришлари билан, аям менга қарадилар-да, Моҳира қизим, ҳовлини супурдингми, дедилар. Супурдим, дедим. Ўчоқнинг кулини олдингми, дедилар. Ҳозир оламан, дедим. Борақол бўлмаса, қизим, шу ишларингни қил, ҳозир меҳмонлар келади, кўп меҳмон, айб қилиб ўтиришмасин тағин, дедилар. Хўп, дедиму барибир ўтиравердим. Худди ташқарига чиқишим билан бир нарса бўладигандай туюларди. Охири дадам бошлари билан ишора қилганларидан кейин, ўрнимдан турдим. Ташқарига чиқдиму, ба-рибир эшик олдидан нари кетолмадим. Аямнинг гаплари аниқ-тиниқ эшитилиб турарди.
— Болаларни сизга, сизни Худога топширдим, дадаси, рози бўлинг, — дедилар аям.

Дод деб бақиргим келадию, овозим чиқмайди. Ҳаял ўтмай дадам бечора бақириб юбордилар.
— Кўзингни оч, Мушарраф!..

Бир пасда қий-чув бўлиб кетди.

Ичкарига отилиб кирдим. Қарасам, ҳамма ўзини йўқотган, довдираган. Фақат дадам бошларини эгиб, жимгина ўтирибдилар. Аям бўлса, у кишининг қўлларини ушлаганча, ухлаб ётибдилар.

... Ҳикоямни давом эттиролмай, ўрнимдан туриб кетдим. Милтираб турган фонус тагидаги челакдан бир пиёла сув ичиб, нафасимни ростлаб олдим-да, ўрнимга келиб ўтирдим. Бу орада Ҳанифа опам ҳам кўзёшларини артиб, ўзига келиб олди. Ҳа, шўрликкина-я, деб қўйди астагина.
— Биласизми, мен барибир ношуд эканман-да, — дедим алам билан. — Аямнинг васиятларини бажара олмадим. Кўрдингиз-ку, олдинма-кетин учта укамни топширдик.
— Унақа дема, сингилчам, — деди Ҳанифа опа синиқ овозда. — Бу сенинг қўлингдаги нарса эмас, тақдир. Умрлари қисқа экан. Энди Умаржон катта бўлсин, ишқилиб.
— Айтганингиз келсин, кеча-кундуз Худойимга ёлвораман, мен ўлиб кетсам ўлиб кетай, Умаржонга умр бергин, дейман.
— Вой, Моҳи, ниятни бутун тиласанг-чи. У нима деганинг, санам омон бўл, уканг ҳам катта бўлсин. Ўлиб кетганинг билан ер тўярмиди?!
— Тўғри айтасиз, опа, қўрққанимдан шунақа дейман-да. Бир куни шу Умаржонингиз юрагимни ёрди-да. Икковимиз ишком тагидаги чорпояда ётиб-миз. Ўшанда қишлоққа бўри оралаб, қўйларни ёриб кетганди. Эсингиздами, ўтган йили шу пайтлар эди-да. Ваҳимада ётиб-турардик. Шу десангиз, ярим кечада турибману, уйқусираб, билмайман нима хаёлда, Умаржонни яхшилаб тўшакка ўрабман. Кейин ўрнимдан туриб, уни роса қидирибман. Молхонаю қўйхона, бостирмалар тагини титкилаб чиқибман. Охири йиғлаб, дадамлар ётган уйга кирибман. Туринглар, Умаржонни бўри обкетибди, ҳеч ерда йўқ, дебман. Дадам бечора милтиқ кўтариб, ойбийим фонус кўтариб, қидиришга тушишди. Бута борми, чангалми, тагларини қараб, ариқ-зовурларгача тушиб, роса излашди. Мен изиллаб йиғлаганча орқаларидан юравердим. Охири чарчаб, энди эртага ёруғда қидирамиз, бўлганча бўлди, деб орқага қайтишди. Мен бўлсам, яна излайлик, деб йиғлайман.

Ойбийим келиб, ҳалиги биз ётадиган чорпояга ўтирди-да, бирдан бақириб юборди. Мана-ку, деб. Келиб қарасам, Умаржон маза қилиб, ҳеч нарсадан бехабар ухлаб ётибди. Ойбийим боплаб шапалоқ туширдики, кўзларимнинг олови чиқиб кетди.
— Вой, бераҳм-ей, — деди Ҳанифа опа бошини сараклатиб.

Мен кулдим.
— Биласизми, ойбийимни жуда қаттол деб ўйлашади. Лекин унақа эмаслар. Кўп уришади, қарғайди, тўғри, лекин ҳечам урмайди. Ургани фақат ўша бўлган. Унгаям ўзим айбдор эдим-да... Биласизми, нимага урмайдилар, қўрқадилар. Сизларни уриб бўлмайди, оқсуяксизлар, дейдилар. Ўша бир шапалоқ урганидаям, қўллари бир неча кун елкаси аралаш қақшаб, юрган экан... Кўп гапириб юбордим-а?.. Ҳанифа опа уйқунгиз кеп кетгандир-а?..
— Йўғ-е, қайтага уйқум қочиб кетди.
— Биласизми, аям раҳматли ҳалиги қўшиқни яхши кўрардилар. Ҳеч ким йўқлигида, бичиш-тикиш қилиб ўтириб, хиргойи қилардилар доим...

Ҳанифа опа иккимиз тўшакка узала тушиб, хаёл суриб ётибмиз. Лекин, менинг сираям уйқум келмасди.
— Битта нарса айтсам, кулмайсизми, Ҳанифа опа, — дея гап қотдим ўзимни тиёлмай.
— Кулмайман, айтавер, — деди опам бечора раъйимни қайтармай.
— Ҳар битта одамнинг ўз юлдузи бўлади, дейишади-я?
— Шунақа дейишади. Одам ўлса юлдузи ҳам сўнармиш ёки тескарисими, юлдузи сўнса одам ўлармишми, ишқилиб...
— Э, ўлимни гапирманг-е, опа, ҳа, эшитинг-да, мен айтаманки, ҳар битта одамда биттадан эмас, ҳар иккита одамда битта юлдуз бўлади.
— У нима деганинг?..
— Икки киши, масалан, Маъмура опам билан Маҳмуд аканинг битта юлдузи бор. Бахт юлдузи.
— Вой зумраша-е, — Ҳанифа опа тирсагига таяниб менга қаради. — Гапларинг одамнинг бошини айлантириб қўяди-я! Хўш, менинг тушунишимча ҳар битта жуфтнинг битта бахт юлдузи бўлади. Шундайми?
— Ҳа-да.
— Ўзи айтишади-ку, ҳар бир киши жуфти билан яратилади, деб. Бундан чиқади, уларнинг юлдузи ҳам азалдан белгиланган бўлади, шундайми?..
— Худди шундай, — дедим Ҳанифа опамни қизиқтириб қўйганимдан завқланиб кетиб.
— Унда қандай аниқлаш мумкин, масалан, мени, йўғ-е, Маъмура опангди юлдузини?..
— Бунинг йўли битта, — дедим-да, ўрнимдан туриб, шийпон устуни ёнига бориб ўтириб, юлдуззор осмонга тикилдим. — Улар икковлашиб излашлари керак. Икковининг кўзига баравар иссиқ кўринган юлдуз ўшаларники бўлади.
— Биз биргалашиб топиб берсак бўлмайдими?
— Бўлмайди. Биз аралашолмаймиз. Опам хат ёзсинлар. Маслаҳат сўрасинлар Маҳмуд акадан.
— Айланай сенгинадан, — деди Ҳанифа опамнинг қулфи диллари очилгандан очилиб. — Миянгда гап қайнаб ётади-я!.. Айтмоқчи, сен ўзинг танлаганмисан юлдузингни?
— Аллақачон.
— Ростданми, қани қайси юлдузни танлагансан, кўрсат-чи!..
— Э, ҳозир иложи йўқ. Ҳов тонгга яқин чиқади у.
— Зуҳро юлдузими?
— Худди ўша! — дедим мақтаниб.
— Ўша Зуҳро юлдузи илгари сену менга ўхшаган қиз бола бўлган экан-а.
— Йўғе, ростданми?!
— Ҳа-да, билмасмидинг?
— Йў-ўқ...
— Ана, сен билмайдиган нарсалар ҳам бор... Бўлмаса эшитгин. У камбағал бир деҳқоннинг қизи бўлган. Зуҳронинг гўзаллигини эшитган подшо ғойибона ошиқ бўп қопти-да, унга совчи қўйдирибди. Ота-онаси ноилождан рози бўлишибдию, қиз рози бўлмабди. Севган йигитим бор, ўшангга тегаман, дебди. Подшо ғазабланиб, унинг севган йигитини топдирибди-да, дорга осибди. Дорнинг оғочи узун, жуда-жуда баланд экан. Зуҳро кечаси келибди-да, йигити осилган дор оғочига тирмашиб чиқаверибди, чиқаверибди, дорнинг бошига етибди. Ундан у ёғи осмонга бир қадам йўл экан. Тонгда подшонинг одамлари келиб, унга бақириб-чақиришибди, пастга туш, дейишибди. Қиз кўнмабди. Барибир у ёқда ўтириб жон сақлолмайсан, тушасан бир кун, дейишибди.
— Тўғри, тушаман, қачонки ерда зўравон подшолар йўқолиб кетса, кейин тушаман, — дебди-да, кўкка чиқиб кетибди. Ана ўшандан бери ҳар кун тонг отарда чиқиб, ерга мўралаб қараб қўярмиш...
— Вой бечорагина...
— Моҳи, менам гапга унча нўноқ эмасману, лекин қоғоз-қалам олишим билан миямда ҳеч нарса қолмайди. Бир энлик хат ёзишим кун бўйи пахта чопиқ қилишданам қийин бўп кетади. Бўлди, менга гап топиб бердинг. Ана шуларни ёзиб юбораман.
— Росттанам ёзмоқчимисиз шу гапларни? Айтмоқчи, кимга эди?..
— Ҳа, Самар акангга-да!.. Вой, нималар деяпман, билиб қўйдинг-ку!..

Кулиб юбордим.
— Ўзимам билардиму, фақат ўз оғзингиздан эшитмоқчи эдим-да!..
— Сен тушмагурдан бир нарсани яшириб бўларканми, — деди бечора Ҳанифа опам енгилганини тан олиб. — Одамни гангитиб қўйиб, ичидаги гапларни аста-аста чиқариб оласан.

Ўзларини аниқ кўрмаётган бўлсам-да, сулувгина Ҳанифа опамнинг қип-қизариб, янаям очилиб кетганларини пайқаб турардим.
— Хўп, менга айтинг, опа, — дея бидирлаб яна давом этдим, — эрта бир кун уруш тугаб, акаларимиз қайтди дейлик. Улар тўғри бу ёққа келишса, бизлар буғдой ўриб ёки бўлмаса, пахта чопиқ қилиб ётган бўлсак. Тўғрисини айтинг, нима қилардингиз? Чидай олмасдингиз-а, тўғри бориб Самар аканинг бўйинларидан ачомлаб олардингиз-а?..
— Вой-вой, худо асрасин-а, — деди Ҳанифа опа юзларини қўллари билан бекитиб. — Шарманда қизнинг гапларини қаранглар!..
— Мен бўлсам шундай қилардим, — деб ўрнимдан турдим, — тўғри борардим-да, мана бундай қилиб, — дея устунни қучдим, — Жўрахўжа акамни қучиб олардим.
— Ким, Жўрахўжа?! — деб бақириб юборди у.

Мен вой дея бўшашиб ўтириб қолдим.
— Тентак қиз, ахир унинг оиласи бор-ку!..

Бир пас карахтланиб ўтирдим-да, кейин индамай ўрнимдан туриб, тўшагим устига бориб чўкдим.
— Унинг оиласи бор-ку, жиннивой, — деди опам койиган, шу билан бирга ҳамдардлик билдиргандай бўлиб.
— Биламан, бор, — дедим ўкинч билан, — лекин унга кўнгли йўқ.
— Қаёқдан биласан кўнгли йўқлигини?
— Ўзи айтганди. Барибир урушдан омон қайтсам, бирга бўламиз. Сени ўгай онангди қўлидан опкетаман, деганди.
— Бечора хотини умид билан йўл қараб юрибди-ку.
— Биламан, — дедим қуруққина қилиб, — лекин менам кутяпман. Ўн бир ойдан бери хат-хабар йўқ. Хотини нуқул йиғлайди. Барибир ўлган, бўлмаса хат келарди, дейди. Қайтангга чол-кампирни эзиб юборди. Мен бўлсам, умуман йиғламайман. Бориб бобом билан энамни юпатиб келаман. Чунки, биламанки, Жўра акам келади, соғ-омон келади. Менга айтиб кетган. Сизлар билмайсизлар, у ўша охирги куни оқ отига миндириб, ўзи жиловидан тутиб, шу ергача пиёда опкелиб қўйиб кетганди. Мени шу ерда кут. Албатта келаман. Мана шу тулпо-римда келиб, сени қишлоққа опкетаман, деганди. Шунинг учун мен ҳеч қачон ёмон хаёлга бормайман. Фақат яхши ният қиламан. Худо айтган эканки, ниятингга яраша бераман, деб. Майли, у йиғлайверсин. Лекин, мен йиғламайман...

Ҳанифа опа менга унсиз тикилиб қолди-да, бошини сараклатди.
— Дардинг қаттиқ экан сен бечораниям!..
— Э, опа, сиз билмайсиз-да, аввал у менга совчи қўйганди. Дадам бермагандилар.
— Тўғри-да, ёш бўлгансан. Ўн бешдамидинг?..
— Йўқ, унинг учунмас, ойбийимдан қўрқиб йўқ деган. Уларга дастёр керак бўлган-да. Кейин Жўра акамнинг отаси биз чол-кампирлар ёлғиз қолмайлик деб бошқа келин қилишган. Жўра акам урушга кетаётгани учун йўқ деёлмаган. Мен хафа эмасман у кишидан.
— Вой қизалоқ, қизалоқ, биласанми, одамнинг ҳаваси келади сенга, — дея Ҳанифа опа мени бағрига босди.
— Қўйсангиз-чи, мен сизларга ҳавас қиламан. Бунча чиройли бўлмасангизлар... Биласизми, Ҳанифа опа, — дея унинг бағридан чиқиб рўпарасига ўтириб олдим, — мен мудом тушимда тўй кўраман. Ҳаммаларинг бараварига келин бўлган бўласизлар.
— Ўзинг-чи, — деди Ҳанифа опам сочларини силаб.
— Э, мен ёшман-ку, — дедим уялиб, — меники кейинроқ-да. — Ҳа, эшитинг-да, шундай қилиб тушимда тўй кўраман-да, тўйхона мана шу шийпонимиз бўлади. Куёвлар оппоқ отларга миниб, чанг-тўзон кўтариб келиб қолишади. Ҳаммаси бир хилда аскарча кийинишган бўлади. Кейин қишлоқдан одамлар келишади. Ҳов анови ерда дошқозонлар ўрнатишади. Гулхан ёқишади. Атрофида ўйин-кулгу бошланади. Лекин-чи, алам қиладиган жойи — тушимни ҳеч охиригача етолмайман. Милтиқлар гумбурлаб қоладими-ей ёки манови тўқайга ўт кетадими-ей, ишқилиб...

Шу пайт қатор тизилишиб ётган қизлардан бири бошини кўтарди.
— Ҳей, менга қаранглар, ухлагани қўясизларми, йўқми?!
— Вой, Маъмура, уйғоқмидинг, — деди Ҳанифа опам уялганидан ўзини йўқотиб қўйиб.
— Ростини айтсам, мен опамнинг уйғоқ ётганларини билардим, — дедим очиғига кўчиб.
— Сен бийрончанинг билмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, — деди Маъмура опам ёлғондақа пўписа қилиб. — Уйғоқ эдилар эмиш. Ғўнғир-ғўнғир қилиб уйғотиб юбордиларинг-ку!.. Эссиз-а!..
— Ҳа, нимага эссиз деяпсан, — Ҳанифа опам қизиқсиниб.
— Яхшигина туш кўраётгандим.
— Қанақа туш экан, Маъмур?
— Туш-да.
— Айта қолинг, жон опа, — дедим эркаланиб.
— Ҳа, майли... Оқ отларни туш кўрибман, — деди Маъмура опам ўзига ярашган сиполик билан.
— Ана, Маъмура опам ҳам оқ отларни кўрарканлар, — дедим чапак чалиб.
— Тўй бўлаётган эканми? — деди Ҳанифа опам жилмайиб.
— Ҳа, манови жинқарчани эрга бераётган эканмиз.
— Ҳо, бекор айтибсиз, алдаманг!..

Маъмура опа бир пас жим қолди-да, кейин жиддийлашиб давом этди?
— Ростини айтсам, бийрончам, сени шийпонда қолишингга аввал рози бўлмагандим. Кейин ўша ойбийингни турткилашидан нарироқ бўласан-ку, деб кўнгандим. Ҳозир ўйлаб қарасам, тўғри қилган эканман, — деди опам овозида меҳр товланиб. — Сен бизга жудаям керак экансан.

Бу гаплардан мойдай эриб, кўнглим аллатовур юмшаб кетди.
— Энди биласанми, нима, озроқ мизғиб олгин. Уйқунг келмаётган бўлса, алла айтиб ухлатамиз, хўпми эркатойим. Ҳадемай биргад бобонг чақириб кеп қолади. Тағин уйқуни карахтлиги билан буғдой ўраман деб, қўл-пўлингни кесиб қўймагин.
— Ҳа, майли-майли, ухлайману, лекин алла айтсаларинг, уяламан-да, — дедим тантиқлигим тутиб. — Кап-катта қиз бўлсам...
— Ҳеч уялма, кап-катта қиз эмиш, — деди Ҳанифа опам эркалаб. — Маза қилиб ётавермайсанми. Қанийди менгаям биров шундай деса.
— Бўпти, бўпти, — дедим муросага келиб. — Фақат битта шарти бор. Алла айтинглару, лекин аввал шундай ният қилинглар: уруш тугаган, эрларингиз...
— Нима?! — деб юборишди икки опам ҳам бараварига.
— Э, кечирасизлар, — дея дарҳол хатомни тузатдим, — йигитларингиз эсон-омон келишган. Гумбур тўйлар ўтган. Орадаги тўққиз ой ҳам ўтган...
— Ҳа, тушмагур, тўққиз ойниям билади, — деди Ҳанифа опам завқланиб.

Мен давом этдим:
— Ўғилми, қизми — дўмбоқчаларингиз қўлларингизда. Сизлар алла айтаяпсизлар, бўптими?!

Таклифим ёқиб кетдими, бўпти, бўпти, деди опаларим кулишиб. Кейин галма-галига алла айтишиб, мени ухлатишга киришишди...

Лекин, мен учун алла айтишиб, ўзлари ухлаб қолишди. Бечора опажонларим роса чарчашган-да. Ҳа, майли, энди менам ухлайман. Бўлди, роса саннадим. Лекин, яхши бўлди-да, анча кўнглимни бўшатиб олдим. Эмасам ичим ёрилиб кетарди-да!.. Ҳанифа опам койимади, демак тушунди. Маъмура опамнинг пишиқлигини-чи. Ухлаган киши бўлиб ҳаммасини эшитиб олди-я. Билади-да, ўзига икки дунёдаям айтмайман бу гапларни... Шу ишим тўғри бўлдимикан, ишқилиб? Маъмура опам тилига маҳкамку-я, Ҳанифа опам соддалик қилиб оғзидан гуллаб қўйса, кейин қулоқма қулоқ ўтиб, вуй... бутун қишлоққа ёйилса-я!.. Жўра акамнинг уйидагилар эшитса, янгам аразлаб кетиб қолса! Шар-мандалик! Ҳаммадан бурун бечора чолу кампирнинг ҳоли не кечади!..

Қўрқувга тушиб, этим бир увишдию, ўзимни қўлга олдим. Э, худо асрасине, унчаликка бормас... Ҳар ҳолда Ҳанифа опамга тайинлаб қўйсам тузук. Бировга айтиб қўймасинлар...
— Ҳанифа опа... Опа, — дедим секингина.

Лекин, энди чинданам ухлаб қопти шекилли, опам қимир этмади. Ҳа, майли, эртага айтарман. Энди ўзимам ётсам бўлар. Хиёл чарчагандай бўляпман...

Бир чимдим ухладимми, йўқми, худди биров туртгандай уйғониб кетдим-да, шу заҳоти шийпоннинг кун чиқар тарафида чарақлаб турган юлдузга кўзим тушди. Қувониб кетдим. Жўра акам!
— Ассалом, Жўра ака!
— Салом, Моҳи! Озроқ дам ололдингми?
— Ҳа, роса. Биргад бобо ҳалигача келмабдими?
— Бир оз кечиккан кўринади. Шунисиям маъқул, бафуржа гаплашиб оламиз.
— Э, нимасини айтасиз, шунчалик орзу қиламанки, бирор кунгина саҳарда ўроққа тушмасак, деб. Йўқ, саҳар мардондан чақириб келади, азаматларим, полвонларим, деб. Лекин, ўзи жуда яхши одам, ҳеч кимнинг дилини оғритмайди. Э, нариги қишлоқда Фармон биргад дегани бор экан, от миниб юраркан. Қамчисидан қон томади, дейишади. Жаббор амакимиз беозор одам. Ҳеч кимни тиндирмайдиям, хафаям қилмайди. Бир қўлини бўйнига боғлаб олган, урушдан ногирон бўлиб келган. Кечаси ё азонда буғдой ўриб кетаверамиз, у киши йигирма-ўттиз қадам олдинда овоз бериб туради. Ўзини кўрмаймизу, овозидан мўлжал олиб, ўриб бораверамиз. Айтадики, мана шу мен турган ер марра, шу ерда мириқиб бир дам олиб оламиз, дейди. Қанча ғайрат қилсак ҳам ҳалиги маррага етишимиз қийин бўп кетади. Нега десангиз, бизларга сездирмай, секин-секин орқасига тисарилиб боравераркан-да. Буни опаларим сезишса ҳам хафа бўлишмас экан. Хафа бўлиш ҳам ўринсиз-да, барибир эртами, кечми, ўзимиз қиладиган иш. Тезроқ тугатсак яхши-да! Негадир бугун кеч қоляптилар, тинчликмикан ишқилиб?..
— Келади, хавотир олма.
— Буларга қўшилганимга йигирма кунча бўп қолди. Ўтган йили, аввалги йиллар ёшсан деб, мени ўзларига қўшишмас эди. Э, бирам яхши-ку улар. Айниқса, Маъмура опам билан Ҳанифа опам икковлари. Қаранг, ўрталарига олиб ётишибди мени. Далада ҳам шундай. Эҳе, иш шунақа кўпки, ҳали биргад бобо келса, бориб чошгоҳгача буғдой ўрамиз. Тўғри, қишлоқданам аёллар, кексалар, болалар келади. Лекин, улар тонг ёришгач келиб, қуёш ботар-ботмас қайтиб кетишади. Асосий юк бизларнинг бўйнимизда, ана шу ўн икки қизнинг бўйнида. Айтмоқчи, Ҳанифа опамнинг укаси Сафаржонни бизга кўз қилиб қўшиб қўйишган. Ҳар тугул ўғил бола-да, қизлар ёлғиз қўрқиб юришмасин, дейишган-да. Шундай қилиб чошгоҳгача буғдой ўрамиз-да, кейин пахта чопиққа тушамиз. Кечқурунги салқинда яна ўримни бошлаймиз. Кун қизиғида бўлмайди, бошоқлар қуруқшаб, дон тўкилади. Бир ҳафтача бурун арпа ўримини тугатгандик. Ҳали буғдойни йиғиштирсак, шоли ўрим бошланади. Ундан ташқариям бир-икки кун дарё тўсишга опкетишди. Бу йил дарё дамба-дам то-шиб турибди, юқоридаги қишлоқлардан бир-иккита уйларни олиб кетди... Ҳа, яна гўнг ташитишди, дори майдаладик. Ҳали ёз охирида ҳар хил ҳашарлар чиқади, томсувоқ дейишади, хирмонжой ҳозирлаш дейишади. Кейин у ёғига пахта терими бошланади. Ҳаммасига биз кўндаланг бўламиз. Биргад бобо шу-нинг учунам мудом алқаб юради-да, полвонларим, деб... Нега индамай қолдингиз?.. Йўқ, ҳечам қийналмайман, кўникканман. Ундан ташқари ҳозир кимгаям осон. Ўзингиз кўриб юргандирсиз, у ёқларда ёш қизларгача милтиқ кўтариб, урушиб юрганмиш-ку! Кейин яна бир гап: авваллари манови тўқайзорга қараб юрагим ҳарос олиб юрди. Кечаси ҳаммадан бурун ётиб олмоқчи бўлардим, аксига олиб уйқум қочиб кетарди. Ўзи қизиқ-да, нега энди манови шийпонни овлоқдан овлоққа олиб келиб қуришди экан. Шийпон дегани далаларнинг ўрта бир ерида бўлгувчи эди. Бу эса далалар тугаган жойда, тўқайзорга тақаб қурилган. Тўқайнинг бош-адоғи йўқ. Унга оралаш тугул, бир чеккасидан қараб турсангизам сесканасиз. Худди алламбалолар чиқиб келаётгандай бўлаверади. Лекин, бекорга чўчиб юрган эканман. Қўрқмаслик керак экан. Ҳанифа опам айтдики, у ёққа қарамагин ҳам, ўйламагин ҳам, деди. Сабил қолгур, қарамайман деб қанча тиришсам ҳам кўзим ўз-ўзидан тушавера-ди. Охири йўлини топдим. Юрагимни ботир қилдим-да, тўшакка ўраниб олиб, тўқайга тикилиб ётавердим, ётавердим. Қизиқ, аста-секин тўқайнинг ваҳимаси йўқолиб, ювош тортиб қолди. Ҳатто баъзида, бу ёққа кел, қизалоғим, деб чақираётгандай ҳам бўлади. Шу, бир айланиб чарх уриб чиқсамми, деб қўяман ҳам ўзимча... Ҳа, сизга айтмоқчи бўлиб юрган яна бир нарсам, ўтган йили мана шунақа пайтлар битта воқеа бўлган экан. Лекин қизлар келишиб олиб, ҳеч кимга ҳеч нарса дейишмабди. Менга Ҳанифа опам айтиб берди... Бир куни ярим кечаси қизлар уйғониб кетиб қарашса, бошлари томонда бир милтиқли киши ўтирганмиш. Қий-чув қилиб, бурчакка тиқилиб олишибди. Ҳалиги одамнинг соч-соқоллари ўсиб кетган, эгни-боши аллатовур. Лекин кўзлари жиққа ёш эмиш. Аввал роса қўрқишган бўлса, кейин ҳайрон бўлишибди. Мендан қўрқманглар, дебди ҳалиги одам, тўғри, урушдан қочиб юрибман, лекин номардликдан, қўрқоқликдан бундай қилмадим, дебди. Мен гулдай қизларини бундай ваҳший тўқайзорга ҳайдаб қўйган ҳукумат учун қон тўкишдан ор қиламан, холос, дебди. Ҳалиги одамни танишибди-ю, лекин қишлоқдагиларга айтишмабди. У бошқа кўринмабди. Урушга қайтиб кетган бўлса керак, дейди Ҳанифа опам. Чунки, ўша куни қизлардан бири унинг орқасидан бориб, бир нарсалар деб йиғлаб-ёлворганмиш. Қизнинг кимлигини айтмади опам. Ҳечқиси йўқ, ҳали билиб оламан...

Хуллас, ана шунақа гаплар, Жўра ака... Сиз нима деб ўйлайсиз, ҳалиги одамнинг гапи тўғрига ўхшайдию, лекин урушдан қочиб юриши барибир нотўғри-да, шундай эмасми?..
— Шундай. Умуман, мен ҳам бу ерларда кўп нарсаларни кўрдим, кўзим очилди. Насиб қилса, ҳали айтиб бераман. Менимча ҳам аёл зотини бунақа ҳимоясиз ташлаб қўйиш яхши эмас, гуноҳи азим!
— Ҳимоясиз эмасмиз-ку. Масалан, мен учун мана сиз борсиз. Қўрқмайман.
— Моҳигинам, сен ҳалиям гўдаксан. Ахир мен сендан қанчалар олисда эканимни биласанми?! Мен бор-йўғи юлдузман, олис бир юлдуз! Худо кўрсат-масин, сенга бир нарса бўлса, қўлимдан нима келади? Жовдираб, мўлтираб тураверишдан бошқасига ярамайман-ку!
— Унақа деманг. Қанча олисда бўлсангизам, майли. Фақат омон бўлинг. Сизнинг бу дунёда борлигингизнинг ўзи менга етади. Эҳ, билмайсиз-да, айниқса шу кеча-кундузлар мен чарчаш нима¬лигини, ғам-ташвиш нималигини билмайман. Ҳамма ҳайрон бўлиб қарайди, ҳавас билан қарайди. Сабабини тушунишмайди. Мен бўлсам, сабабини айтиб, бутун дунёга жар солгим келади, бахтимни кўз-кўзлагим келади... Ҳалигина сиз ҳақингизда опаларимга айтиб бердим. Мени тўғри тушунишди, ҳатто ҳаваслари келди... Жўра ака, негадир безовтасиз?..
— Бригадиринг ҳаяллади. Тезроқ келса бўлармиди...
— Кеп қолар... Вой, Жўра ака, нима у? Бир нарса ириллагандай бўлдими?.. — Атрофга алангладим, кўзим ҳеч нарса илғамади. — Э, ўлсин, дайди итлар бўлса керак...
— Қўрқма, Моҳи, — деди Жўра ака, овозида қўрқув туйдим. — Ўзингни бардам тут.

Нимадир яна ириллади, кетидан увлаб юборди. Қалин тўқайзор чеккасидаги қамишзор безовта чайқалиб, уларнинг остидан икки кўланка сирғалиб чиқди. Этим музлаб, титраб кетдим.
— Вой, бўри-ку, Жўра ака, иккита бўри!..
— Ҳа, бўри. Лекин сен қўрқма, айтганимни қил!

Бўрилар тўқай чеккасида диккайиб ўтиришди, шийпон тарафга қараб ириллаб қўйишди. Тишлари ярқираб кетди.
— Вуй, Жўра ака, улар мени кўрди. Нима қилай?..
— У ёққа қарама. Маъмурани уйғот, Ҳанифаниям!..
— Хўп. Маъмура опа, опа, туринг. Тез туринг!..

Маъмура опам кўзини очдию, нима бўлди ҳам демай, ўрнидан сапчиб турди. Чунки, худди шу маҳал бўрилар яна увлаб юборишган, опам дарҳол аҳволни тушунганди. Унинг биринчи қилган иши, дарҳол шийпон чеккасига борди-да, у ерда қалашиб ётган кетмонлардан бирини қўлига олди. Кейин бўрилар тарафга синчиклаб тикилди. Мен анча юрагимни босиб олиб, Ҳанифа опамни уйғота бошладим.
— Ҳанифа опа, туринг, тез бўлинг...
— Ҳа, ҳа, нима гап, биргадми? — деди у уйқусираб.
— Йўқ, биргадмас, туринг, кўрасиз.
— А, нимани кўраман, Маъмур, нима у, бўрими?! Вой, ўлай, бўри, энди нима қиламиз!..
— Ҳанифа, секин. Қўрқмагин, Сафарни уйғот, — деди Маъмура опам босиқлик билан.

Лекин бўрилардан кўзини узмади. Бўрилар безовталаниб, тўқай чеккасида изғишар, нимагадир бир-бирига қараб ириллаб қўйишарди. Ҳанифа опам бошигача бурканиб олган укасини турткилай бошлади.
— Сафар, Сафаржон, тур, укажон, тургин...

Сафар қимир этмасдан ётарди. Охири Ҳанифа опам бақириб юборди.
— Турсанг-чи, Сафар ўлгир!..
— Секин, бошқаларни қўрқитиб юборасиз, опа, — дедим дағ-дағ титраб.
— Тўғри, ҳеч ким ваҳимага тушмасин, Моҳи, — деди Жўра акам қувватлаб. — Энди бошқаларни ҳам уйғотинглар. Маъмурани тўхтат, у ёққа бормасин.

Қарасам, Маъмура опам қўлида кетмонни маҳкам тутганча, шийпондан тушяпти.
— Маъмура опа, тўхтанг, ундай қилманг.

Моҳи, гулхан ёқинглар, ғўзапояни ёқинглар, — деди Жўра акам йўл-йўриқ кўрсатишда давом этиб.
— Маъмура опа, гулхан ёқамиз, бўрилар оловдан қўрқишади.

Маъмура опам ортига қайтди. Устунга осиғлик фонусни қўлига олиб, пилигини кўтарди. Кейин бўриларга пўписа қилгандай, фонусни серпай бошлади. Бўрилар унга қараб тек қотишди. Кўзлари ёниб, бир-икки ириллаб қўйишди. Мен шийпон биқинидаги ғўзапоялардан икки боғини судраб келиб, опамнинг оёғи тагига ташладим.
— Опа, гугурт беринг.

Опам нимчаси киссасидан гугурт олиб узатди-да, яна фонусини силкита бошлади. Ҳанифа опам ўзини йўқотиб қўйганча, йиғламсираб, Сафарни турткиларди.
— Моҳи, Сафарни тинч қўйинглар, у турмайди.
— Хўп, Жўра ака. Ҳанифа опа, Сафарни қўйинг, бошқаларни уйғотинг, — дедим гугурт чақиб, гулхан ёқишга тутинарканман. — Ҳей туринглар, келинглар бу ёққа!.

Маъмура опам ҳам менга ёрдамлаша бошлади. Ҳайронман, кап-катта опаларим мен нима десам бажаришяпти. Ўз-ўзидан уларнинг каттасига айланиб қолгандим. Ғўзапоя буруқсаб бир тутун чиқарди-да, кейин чарсиллаб ёна кетди. Мен ботирланиб, яна икки боғ ғўзапояни судраб келдим.
— Баракалла, Моҳи. Ана шундай, қизларга айт, ҳеч ким шийпондан узоқлашмасин.

Аввалига қий-чув қилиб, шийпонни бошларига кўтарган қизлар, ўзларини босиб олишиб, гулхан ёнига келиб, бўридан ҳурккан қўйлардек ғум-ғуж бўлиб олишди. Ўттиз қадамча нарида эса икки бўри диккайиб ўтирибди. Кўзлари олов ёлқинида ёниб-ёниб кетади.
— Вуй, Маъмура, уларди кўзига қара, ёниб боряпти, — деди Ҳанифа опам дағ-дағ титраб.

Шу пайт бўрилар ўрнидан қўзғалиб, у ёқ-бу ёққа юра бошлади. Қизлар қий-чув кўтариб юбориши билан, яна тек қотишди.
— Уларга қараманглар, Моҳи, Қаршибой деб бақиринглар!..

Осмонга қарамасам-да, бечора Жўра акамнинг жовдираб, титраб-қақшаб бораётганини ҳис этиб турардим.
— Маъмура опа, Қаршибой деб бақирайлик, — дедим Жўра акамнинг фикрини дарҳол илғаб олиб. — Бўриларди жағи қаришиб, оғизларини очолмай қолишади.

Тавба, опаларим яна сўзсиз бўйсунишди. «Қаршибой», «Қаршибой» деб бараварига бақира бошлашди. Қарасам, бечора Сафар ҳам ёнимизга кеволиб, «Қаршибой», «Қаршибой» деб турибди. Ўзим не аҳволдаману, унинг қилиғидан кулгим қистайди.
— Моҳи, дадил бўл, гулханни баландроқ гурлатинглар. Янаям!..
— Хўп бўлади, Жўра ака!..

Чопқиллаб бориб, яна ғўзапоя келтирдим. Дарҳол боғини узиб, олов устига ёйиб ташладим. Узун таёқ билан олов бағрини очиб, қўзғатдим. Гулхан шийпон баравар бўлиб, ҳар ёққа учқун сачратиб, ловуллай кетди. Бундан руҳланган опаларим янада авжланиб, бақира бошлашди. Баъзилари кетмону ўроқларни олиб, бир-бирига уриб, даранглатишга тушишди. Шовқин-сурондан ҳуркиш-дими, оловдан қўрқишдими, ҳайтовур бўрилар бирин-кетин чангалзорга кириб ғойиб бўлишди...

Атроф тинчиб қолди. Гулхан ҳам вазифасини бажариб бўлиб, пасая бошлади.
— Моҳи, энди бир коса муздай сувдан симиргин-да, ётиб ухла. Хатар ўтди, — деди Жўра акам енгил тин олиб.
— Хўп бўлади!..

Жўра акамнинг айтганини қилдим-да, секин бориб тўшакка узандим. Опаларим келиб, атрофимга давра олиб ўтиришди. Улар аллатўсин маъюсланиб, менга кўз тикиб ўтиришар, бир оғиз ҳам сўз қотишмасди. Қайси бири бир чеккада пиқ-пиқ этиб йиғларди. Шийпоннинг кун чиқар тарафида, осмон этагида, бир ўзгинаси ҳорғин милтираб турган юлдузимга кўз тикканча, ухлаб қолдим...

Ўнгимдами, тушимдами Жаббор аканинг куйиб-пишиб гапираётгани қулоғимга кира бошлади.
— Ҳа, Худо бир асрабди. Кечаси билан кўнглим алағда бўлиб чиқди-я. Бесабаб эмас экан-да. Бўлди, ҳозироқ раисга чиқиб айтаман. Қишлоқдаги ҳамма ишимни йиғиштираман-да, шийпонга бориб ётаман, дейман. Инвалид ҳолимда менам қишлоқ билан шийпон ўртасида улоқ бўлдим. Боз устига кечаси билан хаёлим сизларда. Бўлди-е, менга деса!.. Ўзи шу кунлар қонимга ташна бўлиб юрибман. Ҳар куни нохуш бир хабар!..
— Яна қанақа хабар?..

Бу Ҳанифа опамнинг овози эди.
— Саҳар пайти бу ёққа отланиб турсам, ҳамсоямиздикида қий-чув бўлиб қолди.
— Нимага?..
— Нимага бўларди, Жўрахўжадан қора хат келибди.
— Амаки, жим бўлинг, гапирманг!..
— Хўп, қизим, хўп...

Энди тушундим, эшитаётганларим ўнгимда экан. Ўрнимдан сапчиб турдим.
— Нима дедингиз? Кимдан дедингиз? Жўра акам?.. Ёлғон, ёлғон денг!
— Ёлғон болам, мен шунчаки... — деди Жаббор амаки довдираб.
— Жўра акам тирик. У ўлмайди. Ўлмаслиги керак!..

Шундай дедиму, яна узала тушдим...

Бирдан енгил тортдим. Танам бир ҳовуч парга айланди. Уча бошладим. Учаяпман, учаяпман, шийпонимиз пастда қолиб кетди. Опаларим пастда қолиб кетди. Бундай қарасам, шийпонимиз гугурт қутичадайгина бўлиб кўринди. Тўқайзор эса, бош-адоғи йўқдай, ваҳимали бўлиб ётарди. Бир парчагина жой экан-ку. Нарёғида анови илонизи бўлиб кўрингани дарёдир-да. Кичкина ариқча экан бор-йўғи... Шунчалик баландга чиқиб кетибманми?.. Вуй, бирдан тушиб кетсам-а!.. Йўқ, тинмасдан учиб, баландлаб кетяпман. Охири ер кўринмай қолди. Ҳамма ёқ осмонга, ўзим яхши кўрадиган юлдуззор осмонга айланди. Бирдан қувониб кетдим, завқ-шавқ билан қанот қоқдим. Учишим тезлашди.

Юлдузлар ҳам менга қараб шитоб билан кела бошлашди. Тағин бирортасига урилиб кетмасайдим, деб хавотирга ҳам тушиб қўйдим. Қаёқда! Ҳеч уларга етолмасдим. Тавба! Кейин эслаб қолдим: эшитгандимки, юлдузларга етиш учун ойлаб, йиллаб, ҳатто асрлаб учиш керак, деб... Менам роса учдим. Эҳ-ҳе, неча замонлар ўтиб кетди орадан... ва ниҳоят юлдузлар маконига етдим. Етдиму, лекин ўзимизнинг, Жўра акам иккимизнинг юлдузимизни тополмадим. Излайвериб, ҳар бир милтираган чўққа қарайвериб, кўзларим толиб кетди. Кейин мен беҳудага бунча баландлаб кетганим, у осмон этагида экани ёдимга тушди. Мўлжал олиб, пастга эндим. Яна неча бир замонлар орадан ўтиб кичик бир тепалик кўзимга чалинди. Дастлаб борганим сари тепалик деганим улкан тоққа айланди. У ана шу тоғдан бир найза бўйигина юқорида бўлиши керак... Йўқ, хира, нурсиз юлдузчалар беҳисобу, аммо у йўқ. Ҳа, демак уни пастдагилар уриб қулатишган. Тоққа қулаб тушган. Тоғ бағирлаб учиб қидирдим. Қидира-қидира этакка етдим. Бемажол ерга қўндим. Қарасам, бир булоқ бўйида ўн битта опам қатор тизилиб ўтиришибди. Ёнларига бориб қўшилдим. Ўн икки қиз бўлдик. Ҳаммамиз оппоқ ҳарир кўйлакда.
— Нима қилиб ўтирибсизлар. Ёки сизлар ҳам...
— Ҳа, биз ҳам ўз юлдузимизни изладик, — деди Маъмура опам.
— Топдингизми?..
— Йўқ, ҳеч қаерда йўқ, — деди Маъмура опам уф тортиб, — ерда ҳам, у ёқда ҳам...
— Сиз-чи, Ҳанифа опа, сиз топдингизми?
— Топмадим, бийрончам, ҳаммаси беҳуда экан, — деди Ҳанифа опам кўзида ёши билан илжайиб.
— Ҳа, ҳаммаси!.. — деди Маъмура опам қўл силтаб. — Шунча елиб-югуриб, учиб-қўниб етиб келган манзилимиз шу ер бўлди. Эга бўлганимиз мана шу тахир сувли булоқ бўлди!..
— Тахир эканми суви? — дедим ташналикдан тамшаниб.
— Ҳа, тахир. Ишонмасанг ичиб кўр, мана, — деди Ҳанифа опам илжайиб.

Ичдим.
— Вой, бунча аччиқ!..

Ҳанифа опам хандон отиб кулди.
— Қисматинг бу, қисматинг! Ичавер!..
— Ич, яна бир қултум ич, — деди Маъмура опам ҳам бир пиёла сув тутиб.
— Ич, кўникиб қоласан, — деди Ҳанифа опам қистаб.
— Йўқ, ичолмайман, — дея ўрнимдан турдим.
— Ичасан, ичасан, — деди Ҳанифа опам зуғум билан.

Кейин мажбурлаб оғзимга қултиллатиб қуйди. Аъзои танамда оғриқ ва титроқ қўзғалди. Тошдай оғирлашиб, булоқ бўйига йиқилдим...
— Кўзингни оч, Моҳи, — деган овоз қулоғимга чалинди.
— Манови сувдан ич, — деди бошқа бир меҳрибон овоз.
— Йўқ, ичолмайман, аччиқ, — дедим пиёла тутган қўлни нари итариб.
— Нега аччиқ бўларкан, жиннивой, ичиб кўр-чи, мана бир қултумгина ич.

Лабимга муздай бир нарса тегди, ширингина... Қулт этиб ютиндим. Ва шунда зилдай қовоқларим ўз-ўзидан очилиб кетди.

Даставвал бошимда тизилиб, йиғламсираб турган опаларимга, кейин... ранги бўздай оқариб бораётган юлдузсиз осмонга кўзим тушди...