OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОтажон Норов
Асар номиАдабиёт ўладими? ёхуд Шукур Xолмирзаевнинг мангу саволи
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Отажон Норов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/31
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Адабиёт ўладими? ёхуд Шукур Xолмирзаевнинг мангу саволи
Отажон Норов

1

Бундан роппа-роса йигирма йил илгари, мустақиллигимизнинг дастлабки кунларида таниқли ёзувчи Шукур Xолмирзаевнинг «Адабиёт ўладими?» мақоласи кенг адабий жамотачиликда жиддий баҳс-мунозара уйғотган эди. Ушбу савол ҳанузгача адабий танқидчлилик, адабий давралардаги бўлган мунозараларда эътибордан тушмай келаётир. Xўш? Шукур Xолмирзаев мақоласида нима ҳақида фикр юритган эдики, йиллар ўца-да, адибу шоирлар, олиму зиёлилар ушбу саволга бот-бот мурожаат этиб келмоқда? Саволлар бисёр, жавоблар эса турлича. Масала моҳиятига теран назар ташласангиз, ҳеч иккиланишсиз айтиш мумкинки, ёзувчи адабиётнинг ўлиш-ўлмаслиги эмас, муҳими бошқа бир масала хусусида изтироб чекканлиги аёнлашади. Собиқ иттифоқ даври адабиёти мафкура зуғуми остида, назоратида яратилгани, шу мақсадда ёлғон шиорлар билан инсон тафаккурини парвариш қилишга урингани, бу мақсадлар инсонни, инсониятни, миллатни, миллат, элатни, элатлигидан, табиий яшаш, маданий урф-одатлари, қадриятлари, тили, динидан мосуво этиб, мутлақо қарам, халққа айлантириш ётганини барчамиз яхши биламиз. Қанча сувлар оқиб кетди, қанча тузумлар, даврлар ўзгарди… Шундай экан, «Адабиёт ўладими?» машъум саволнинг туғилиши, ботинимиздаги бир эҳтиёж замирида яратилган эдики, бу каби савол ёзувчини узоқ йиллардан буён ўйлантириб, тинимсиз мушоҳада юритиб келгани айни ҳақиқатдир…

Мустақилликка эришгандан кейингина ёзувчи кўнглидаги пинҳон ҳасратларини, дарду изтиробларини рўй-рост, дангал айта олди. Чунки, собиқ тузумнинг битта шарти бор эдики, ушбу шарт: «қайси мавзуда асар яратилмасин, унда совет кишисининг орзулари, армонлари, ўй-кечинмалари тасвирланмоғи керак» деган. Эсланг, Қодирий, Чўлпону Фитрат, Беҳбудию Усмон Носирларни, миллатимиз гултожларии мустақиллик, эрк, озодлик учун ёниб яшаган эди. Булардан ташқари юзлаб бегуноҳ миллат зиёлиларининг ақл тафаккури кесиб ташланди, йўқ қилинди…

Шукур Xолмирзаев ушбу мангу саволи билан ўзбек адабиётининг абадий келажаги, нурли манзиллари учун ўйлаб битгани, қайси мезонлар асосида иш кўрмоқ кераклиги хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашади… Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов «Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор» рисоласида шундай дейди: «Табиийки, давр тақозосига кўра, ёзувчилар яшаш учун, ўз истеъдодини рўёбга чиқариш учун коммунистик тузум билан муроса қилишга мажбур бўлган. Шу маънода, мустабид тузум даврида виждон азобини ким кўпроқ тортган, деса, мен, доимо бу ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсоннинг қадр-қиммати, эл-юрт тақдири ҳақида қайғуриб яшайдиган одамлар ва уларнинг олдинги қаторида бўлган ижод аҳли, деб айтган бўлардим». Юртбошимиз таъкидлаган теран фикрлар ҳақиқатан ҳам адабиёт фидойилари (ҳақиқий санъаткорлар) ҳақидаги ғамхўрлик масаласи биринчи навбатда, мустақиллик туфайли эришилган энг катта бойлигимиз – фикр эркинлиги, сўз эркинлиги бўлганлигини асослаб беради. Кечагина қалбу юрагимиз темир қафасда, тилимиз бир сўз дейишга ҳадиксираб турардик. Шукурки, мустақил бўлдик. Эндиги қилинадиган ва қилиниши мумкин бўлган эзгу ишларимиз нималардан иборат? Инсон руҳиятини, миллат ҳаётини, кашф этувчи сўз санъати – Адабиётимизнинг аҳволи қандай кечади? Ёзувчи Шукур Xолмирзаев ана шу каби ғоят изтиробли мангу саволга ўз қарашларини теран таҳлилу далиллар билан баён этади… Ўша пайтда мунозарага адибу шоирлар, мунаққидлар турлича қарашлар билан ўз мулоҳазаларини билдириб ўтади. Академик Матёқуб Қўшжонов эса бу борада ёзувчининг холис ниятини тўғри тушуниб, муносабатини билдиради: «Бу маърузани ғоят мириқиб эшитдим. Унда адабий жараён ва адабиётимизнинг аҳволи пишиқ-пухта ва ҳамма жараёнлари таҳлил этилган. Бундан қувондим ва айни пайтда кейинги етти-саккиз йиллик босиб ўтган йўлимизга ачиндим ҳам. Чунки биз шу даврда ур-сурлар, алғов-далғовлар ичида юравериб адабиётимиздан йироқлашиб кетган эканмиз…»

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганига йигирма йил бўлди. Шу қисқа вақт – асрларга тенг йилларда барча соҳада, хайрли, эзгу ишлар амалга оширилди. Xусусан, адабиётимизга эса янгича оҳанг, янгича руҳ кириб келди. Бу борада фикр юритадиган бўлсак, биргина 20 йил ичида бир юз элликдан ортиқ роман яратилибди. Ҳикоя ва қиссаларни айтмаганда, бу кўрсатгич яхши ҳолатдадир. Лекин сифат масаласига келсак, баъзилари ўқилмасдан йўқолиб кетмоқда…

…ана ўша романлар ичида халқ меҳрини, китобхон муҳаббатига сазовор бўлган асарлар бор. Булар ҳанузгача эътибордан четда қолмай зиёли ва оддий ўқувчи қалбига бирдек йўл топиб, маънавий бисотимизни бойитиб келмоқда. П.Қодировнинг «Она лочин видоси», Ш.Холмирзаевнинг «Динозавр», Т.Муроднинг «Отамдан қолган далалар», X.Дўстмуҳаммаднинг «Бозор», Ш.Бўтаевнинг «Қўрғонланган ой», У.Ҳамдамнинг «Мувозанат», Л.Бўрихоннинг «Жазирамадаги одамлар» каби ўнлаб романлар мунаққиду олимлар томонидан ижобий баҳоланди, бу борада муайян жиддий тадқиқотлар, ўқув қўлланмалар, дарсликлар яратилди.

2

Ёзувчи Ш.Холмирзаев машъум саволнинг бир жойида «бозор адабиёти» деган тушунчанинг кириб келиши ва бунинг зарарли томонлари хусусида ҳам фикр юритади. Бизнинг наздимизда «бозор адабиёти» дегани шундай нарсаки, харидоргир, енгил-елки асарлар китоб расталарнини тамомила эгаллаб олади. Ёзувчи ҳам ўқувчининг таъб-дидига мослабгина асарлар яратади. Лекин бундай қилиш реал мантиққа зидки, бора-бора ҳақиқий адабиёт билан енгил-елпи кўча адабиётининг орасидаги масофага путур етади. Бу дегани шуки, китобхонга миллат руҳиятини акс эттирувчи асарлар эмас, тезда ҳазм бўладиган, қалбу юрагини тезда завқу шавққа тўлдирадиган, хаёлини бир дамгина банд этадиган «воқеалардан иборат» асарлар сув ва ҳаводек зарурлиги аёнлашади…

…аёнки, кейинги ўн йилликлар адабий маҳсулотлари ичида бозор адабиётининг ошиғи олчи бўлди. Чунки, шу ўтган ўн йилликларда юзлаб детектив, мистик, фантастик, криминалистик асарлар пайдо бўлдики, номлари турфа хил, фақат битта ғоя ўқувчини ўз изидан эргаштиради, бу ҳам бўлса – ҳаётда бўлмаган нарсалар, рўй бермаган жараёнлар, жиноятлар, фирибгарликлар, сохталиклар хусусида тўқиб чиқарилган сюжетлар эди. Ёзувчининг нима ҳақида, нима демоқчи каби саволларга ўзлари ҳам тўлиқ жавоб беролмай, «олди-қочди» воқеалар билан китобхонни «алдашга» уриниши ақли бор ижодкор учун энг катта гуноҳ эканлигини наҳотки билишмаса?! Шукур Xолмирзаев ана шу масалага бефарқ бўлмасликка, ҳақиқий адабиёт билан «кўча адабиёти»нинг фарқига боришга чақиради…

…чақирадики, ўзи эътироф этганидек, адабиётни бундай вируслардан тозалаб туриш учун танқидчи-мутаржимларни ҳам шунга даъват этади… Рости-да, «ўзингга раво кўрмаганни, ўзгага ҳам раво кўрма» деб битилган муқаддас ҳадисларда…

Бозор адабиёти хусусида баҳслашиш катта мавзудир. Лекин шундай бўлса ҳам бир-икки назарий қарашларни ўртоқлашиш адолатдан бўлар…

3

Нисбатан қисқа вақт ичида маданий ҳаётимизда мислсиз ўзгаришлар, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бунда муҳтарам Юртбошимизнинг оқилона сиёсати – бозор иқтисодига ўтишнинг ўзбек модели ва бунда ақл билан, жуда пухта ўйлаб қилиниши ғоят зарур жиҳатлар ўзининг самарасини бериб келяпти. Xусусан, биргина бадиият соҳаси – адабиётимизда катта эврилишлар бўй кўрсатмоқда. Лекин, бозорбоп асарлар, хийла чаққанроқ чиқди. Бунга замин ҳозирлаган кайфият бир кунмас бир кун, ўз тақдири – эртанги ҳаёти олдида мунғайиб қолишини муаллифлар ҳам жуда яхши биларди… аммо, илк асарлари жуда катта шов-шувларга сабаб бўлган кекса ёшдаги адиблар ҳам «фаҳш», «найрангбозлик», «жиноят», «мафия» хусусида бичиб-чатиб, катта-катта романлару қиссалар ёза бошлади ва енгил-елпи адабиёти кўчасига бир юмалаб ўтиб олди… Сабаб – шунинг кетидан манфаат, обрў, бойлик ва ном қозониш ётганлиги – замирида ўша ният бир тош наридан қиёфасини намоён этиб туради… (Масалан Н.Исмоилов, Ҳ.Темиров, С.Бўри… бу рўйхатни яна давом эттириш мумкиндир, лекин буни санаб адоғига етиш мушкулдир!)

«Бозор адабиёти» деган атаманинг худди меторитдай ёппасига бостириб келиши – кўнгил ва руҳнинг нозик пардаларига жиддий таъсир этишидан нега чўчимаслигимиз керак?! Биз «олди-қочди», «енгил-елпи» асарлар билан ўзимизни алдамаслигимиз керак. Ҳозир китоб ўқийдиган ўқувчи жуда кам дея матбуотда ҳам, телевидениеда ҳам, мунозаралар тез-тез қулоққа чалиниб турибди. Балки шундай дейишдан олдин ёшларни энг гўзал, ўқимишли, мустақил фикрлашга, тафаккуримизни бойитишга ўргатадиган асарларни ўқишга чорлашимиз жуда ҳам зарурдир… Шукур ака бутун онгли ҳаётини Катта Адабиётимизнинг нурли келажаги учун чақириб, ўзи эса шунга Ибрат кўрсатиб яшади. Н.Исмоиловнинг «Бургут тоғда улғаяди» деган саргузашт қиссани яна 20 йилдан кейин ўқилишига ким кафолат бера олади? Агар ўқувчининг таъб-дидига мослаб ёзишда давом этилаверса, демак, бу нарса оқибатда жуда катта зарарлар келтириши мумкин. Санъат инсон руҳиятини тарбиялаши, унинг ҳаётдаги интилишларига монанд рағбат уйғотмоғи, миллат ҳаётидаги жиддий эврилишларни ҳаққоний кўрсатиб бермоғи керак. Шундай экан, хусусий газеталардаги «ҳикоя», «қисса», «роман» жанри остида чоп қилинаётган ҳалигидек асарлар ўқувчилар қалбида «демак, ҳикоя бундоқ бўларкан, роман андоқ бўларкан» деган тасаввурни уйғотмайдими?..

Бундан беш юз йил нарида яратилган Навоийнинг «Хамса»сини ўқийдиган китобхоннинг ўша асарларга бўлган эҳтиёжи ҳеч қачон сўнган эмас! Уни ўқиган ўқувчи ўша асар қаҳрамонларидек эзгу фазилатли бўлишга ўзида куч ва рағбат топади ҳам… Фарҳоду Ширинлар, Лайли ва Мажнунларнинг бир-бирига бўлган меҳр-муҳаббати, олижаноблиги, жасорати, мардлиги, инсонийлиги ҳар биримиз учун ибрат намунаси эмасми? Масалан Нуриддин Исмоиловнинг «Мафия сардори»ни ( уч китобдан иборат роман) ўқиган ўқувчи «ҳаёт шундай экан» дея мафия, жиноят йўлига кириб кетмаслигига ким кафолат беради? Адабиёт эса аслида инсонни эзгу йўлга чорлаши керак!

Мавзу ичида битта манбага мурожаат этишни маъқул кўрдик. Шукур ака адабиёт ҳақидаги суҳбатида шундай дейди: «Бир куни Антон Павлович Чехов шогирди Бунин билан Қора денгиз соҳиллларида сайр этиб юриб, иттифоқо тўхтаб қолишади. Толстой… Лев Толстой сув ёқасидаги бир қояда қоядек бўлиб ўтирганмиш. Оппоқ соқоллари елпиниб, елкаларига учармиш. Чехов ўзига хос назокат ва дўхтирларга хос хотиржамлик билан дебди: «Иван Толстой қариди. Яқинда ўлади. Биласанми, унинг ўлими мени унчалик ҳаяжонга солмайди. Бошқа нарса ҳаяжонга солади: адабиётимизда қаланғи-қасанғи ёзувчи, хом-хатала асарлар бодраб кетади. Диднинг бузилиши бошланади. Демак, одамга зиён етади… Толстойнинг авторитети адабиётимизни ана ўша лойқа оқимлар босқинидан асраб турибди ҳозир…»

Александр Титов айтмоқчи, «ғоя адабиётнинг юраги, унинг руҳидир. Агар ғоя бўлмаса одамларда худди ялтиллаган чўғлар сингари ёки тунда дарёлар юзида товланадиган пуфак янглиғ фақат Тангри ато этган учқунларгина қолади». Бизнинг адабиётимиз ҳар қачонгидан мавзу-мундарижаси, шаклу услубидан ҳам жиддий фарқланиб улгурди. Замондош инсон қисмати тасвирланган асарлар сув ва ҳаводек зарурдир. Бусиз дид ўтмаслашади, тафаккур олға силжимай қолади. Шукур аканинг мангу саволи ҳам ана шу каби изтироблар оғушида туғилган эди. Титов бўлса яқиндагина «Адабиёт кераксиз бўлиб қолдими?» саволи билан мақола ёзган эди. Шукур ака эса бундан йигирма йил илгари бу мавзуда баҳс-мунозарани бошлаб берди. Айниқса, ўзимизда ва бошқа ғарб, узоқ шарқ давлатларида ҳукм сураётган «кайфият»га илмий мезонлар, фактлар билан мурожжат этиб асосли равишда исботлаб берган эди…

Шукур ака адабиётнинг ўлмаслигини биларди… лекин у кишини ташвишга солган юқорида номлари келтириб ўтилган «Бозор адабиёти» яратувчилари каби асарлар урчиб кетишидан хавотирланар эди…

…хавотирланар эдики, ўзлари чоғроққина чайласи – Дўрмондаги ижодхонасидан чиқмай «ё-ти-иб» ёзаверди. Эркин Аъзам айтмоқчи, «ўқиса ўқисин, ўқимаса – отасининг гўрига…»

Энди машъум саволнинг мангу изтиробларига қайцак. Ҳар бир асар ёзувчининг қалбидан туғилган «фарзанди». Шундай экан омманинг бадиий китоб ўқишга бўлган эҳтиёжи ҳар қандай (сивилизациянинг энг юксак чўққиларига чиққан) даврларида ҳам туғилаверади… Ёшлар насри, назми, адабий-танқидий чиқишларида ҳали маҳоратнинг эгалланмаган кўпроқ мутолаани талаб қиладиган жиҳатлари кўзга ташланадики, боя айтганимиздек «Адабиёт ўладими?» мангу саволга муносиб жавоб бўладиган асарлари деярли учрамайди-да!!!

Катта авлодни қўя турайлик, ўзимизнинг тенгқур қаламкашларнинг бадиий изланишларида ачиниш ҳисси кўнгилга бир дам тинчлик бермайди. Биз Юртбошимизнинг яратиб берган чексиз имкониятларидан, оқилона фойдаланган ҳолда, Мустақил Ўзбекистонимизнинг БУЮК адабиётини худди спорт янглиғ дунёга тараннум этишимиз даркор. Ва, шунга маҳкуммиз! Адабиётни қисматим деб билган ёзувчининг ИБРАТЛИ ижод жараёнидан, яратган асарларидан ўқиб, уқиб ўрганишмиз ва жаҳонбоп асарлар яратишимиз энг долзарб масалалардан биридир…

Катта авлодга мунсуб адабиёт илми билан шуғулланиб келаётган зиёлилар «Яхши асарлар яратилмаяпти» дея бот-бот гапириб турибди. Лекин бунга қўшилиб бўлмайди. Яхши асарлар, жаҳонбоп асарлар яратилмоқда, аммо бошқа бир жиҳати кишини ўйлашга ундайди. Биз яхши асарларни севиб мутолаа қиладиган, китобхонларни тарбия қилишимиз керак…

Сабабки, ҳар бир давр адабий маҳсулоти ўша даврнинг кайфиятини ифодалайди. Кайфият эса ҳар кимда ҳар хил кечади. Интернет оммалашди. Ҳозирда интернециз ҳаётини тасаввур этолмайдиган бир авлод шаклланиб улгурди. Бу борада жиддий ишларни амалга ошириш зарурдир…

Адабиёт инсоният тафаккурини, унинг ҳаётдаги ўрнини, орзу-армонларию, мақсад-интилишларини ўзида жо этган Илоҳий санъатдир. Бизнинг ана шу поғонага етишимиз учун не-не эзгу ишлар амалга оширилмади. Эндиликда шунга монанд, шунга муносиб жавоб беришимиз учун тинимсиз изланмоғимиз керак. Шукур Xолмирзаевнинг мангу саволи мангу савол бўлиб қолаверади…

Энг асосийси бизлар (тенгдошларим назарда тутиляпти!) кўп асарлик ва бой катта адабиётимизнинг ёруғ келажагини ситқидилдан ўйлайдиган бўлсак, ёзмасликни ўрганмоғимиз керак. «Бозор адабиёти» ҳаваскор адибу шоирлари ана шу масалани ўзларига фарз қилиб олса АДАБИЙОТ учун энг катта хизмат қилган бўладилар…