OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОтаули
Асар номи«Занжирбанд шер» (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Отаули
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





«Занжирбанд шер» (ҳикоя)
Отаули

Турон ва Эрон қўшинлари ўртасида афсонавий Мароқанд остонасида бўлиб ўтган шиддатли жанг-жадаллар, ниҳоят, туронликларнинг ғалабаси билан якунланди. Эронликлар жанг майдонини ташлаб қочдилар. Нечоғли енгилмас, қудрати чексиз бўлмасин, туронликларда қочганни қувиш, ерда сулайиб ётганни уриш одати йўқ! Қочган қочди, уруш балоси даъф бўлганига шукур, энди тинч-хотиржам, шод-хуррам яшаш ҳам керак!

Қўшин сақмондек оғир тошотар ускуналарини судраб, араваларини тортиб, бошқа қурол-аслаҳаларини ғилофларга жойлаб қалъага қайтиш тараддудини кўрар экан, Эрон шоҳаншоҳининг элчиси шошилинч от чоптириб келиб, Турон ҳоқони Алп Эр Тўнганинг оёғига бош урди:

– Шоҳаншоҳим оламшумул ғалабангиз шарафига «кетар жафоси» деб бир зиёфат бермоқчилар! Бу зиёфатда Эрон билан Турон ўртасидаги абадий дўстлик аҳдномасини тузмоқчилар! Агар жаноби олийлари розилик берсалар!..

Eрон билан Турон ўртасидаги абадий дўстлик! Ният ҳам шу қадар ажойиб, шу қадар эзгу бўладими? Бундай қутлуғ ниятни қўллаб-қувватламаслик оламдаги энг катта гуноҳ эмасми?! Лекин мағлубнинг рақиб ғалабаси шарафига зиёфат бериши... Нима бу?! Тантилик, бағрикенглик, кечиримлилик, тинчликсеварлик, шулар каби чинакам алпга хос феъл-атвор ифодасими, ё илтифот ниқобини кийиб олган янги бир фитнакорликми?!. Алп Эр Тўнга ғалаба нашидасидан сархуш лашкарбошиларига синовчан кўз тикди. Уларнинг ҳеч биридан сас-садо чиқавермади. Шу пайт жонажон иниси Алп Эр Кунда таъзим бажо келтириб гапириш учун изн сўради. «Рухсат!» ишорасини олгач, ҳар бир сўзини салмоқлаб гап бошлади:

– Мағлубнинг ғолибга мардона тан бериши, бунинг устига, ғолиб шарафига зиёфат бериши... мардликнинг каттаси мана шу, менимча, оға! Энди биз ҳам тантилик-жўъмардликда улардан қолишмаслигимизни кўзларига бир кўрсатиб қўяйлик! Зиёфатдан бош тортсак, буни қўрқоқлик деб тушунишлари, бутун жаҳон аҳлига ҳам шундай тушунтиришлари аниқ! Ғалабамизни ўзимиз истагандек нишонлашимизга ҳеч бир монелик йўқ, албатта! Бироқ мағлуб эронликлар хизматимизда қўл қовуштириб, лаганбардорлик қилиб турсалар, ўзингиз тасаввур қилиб кўринг, оғажон, бунинг нашъу намосига не етсин!..

Алп Эр Тўнга укасининг кўзларига синовчан тикилди. Одамга болдек ёқадиган, наинки ёқадиган, болдек эритиб юборадиган гаплар айтиляпти. Буниси яхши. Лекин оталари Алп Эран ўлганидан буён ўзига соядек эргашиб юрадиган бу укасининг алланечук олазарак кўзларида гоҳо йилт етиб бир зуҳур кўрсатгандек бўлувчи бахилликка ўхшаш бир маъно... гапирилаётган гапларга унчалик қовушмайроқ турибди-да! Мана, неча йилдирки, ўзи Турон тахтида собит, лекин атрофида парвона бўлиб тахтга кўз тика-кўз тика кўзларини қорайтирган укаси... сидқидил гапиряптими, ё бирон шумликни кўзлаб?.. Ҳар қалай, бадгумон бўлмаслик керак! Бадгумонлик мардликдан эмас! Ўлдирса мард ўлдирсин! Эрон шоҳаншоҳининг ҳам, манови укасининг ҳам нияти ҳолислигидан умидвор бўлгани маъқул! Тантиликка яраша тантилик – муносиб жавоб шу! Зиёфат бўлса зиёфат-да, зиёфат – офат эмасдир, ҳар қалай!

Фирдавсмонанд Мароқанд теграсидаги дилкушо боғлардан бирида уюштирилган шоҳона зиёфат тўрида ўтирар экан, алпнинг кўнгли яйраб кетди. Шиғил ҳосилга кирган олмазор боғ, тўкин дастурхон, Эроннинг хандон писталари - хандаи ҳилол, нозанин форс раққосалари – яноқлари ол! Дилрабо хониш – Яратган Тангрига олқиш! Мағлуб шоҳаншоҳ билан жонажон укаси, чақирилмаган меҳмонлар-у чақирилган мезбонлар тилларидан саратондаги оромижон лайлакқордек бир текисда ёғилаётган мақтовлар, қасидалар, фахриялар, офарин-тасанноларни айтмайсизми! Ўлдирса мард ўлдирсин, албатта, лекин марднинг мардонавор мақтовлари марди майдон учун баайни тириклик сувидек ҳаётбахш, тоза насимдек ҳузурижон, болдек тотли...

– Жаноби олийлари, биз сизни нафақат Турон ҳоқони Алп Эр Тўнга, балки қадимий Сиёб дарёсининг чинакам шери марди Афросиёб деб биламиз! Афросиёбга, Афросиёбнинг Туронига шон-шарафлар бўлсин! Афросиёб бу ёруғ оламда марди майдонлик тимсоли бўлиб дунё тургунча тураверсин!..

Даврада бундай кимўзар мақтовлар гулгун шароблар тўла қаҳрабо қадаҳларга басма-бас айланар экан, ҳар иккисининг заптидан алпнинг боши айланиб, кўзлари тинди. Майи ноб кайфи, мақтовлар сафоси, лаганбардорлар кетма-кет илтифот қилаётган кийик гўшти, бедана гўшти, қимиз-қимрон, анқонинг тухуми..., навниҳол раққосаларнинг ноз-карашма билан толчивиқдек эшилиб-буралишлари, Турон билан Эроннинг абадий дўстлиги ҳақида шаробга қўшиб ичилаётган қасамлар, ўзаро қўл беришиб ва бағир босишиб боғланаётган аҳду паймонлар!.. Яшаш нега бу қадар ширин экан-а! Дунё гўзал, кўрганинг бахт, тириклик саодат, эл озод, юрт обод, тинчлик барқарор!.. Бундай юртга зиёфатлар, тўйлар, байрамлар ярашади! Эроннинг майи ноби ҳам сувдек сероб эканми, баайни Сирдарёнинг сувидек сирли-сирли оқишини кўринг!..

***

У ўзига келиб улкан чинорнинг қулоч етмас танасига қўлдан ҳам, оёқдан ҳам, кўкракдан ҳам занжирбанд қилиб ташланганини кўрди. Не кўз билан кўрсинки, атрофида жамики ишонган хос навкарлари-ю мулозимлари... бошлари таналаридан жудо бўлган ҳолда қора қонларига беланиб ётишибди!.. Ё фалак, бу не кўргилик?! Қани кечаги қасидагўйлар, лаганбардорлар, Эроннинг шоҳаншоҳи, туғишган иниси Алп Эр Кунда?!. Ким уни занжирбанд қилди, ким?!.

Ув-в-в!.. Им-м-м!.. Ўзининг бу афтода ҳоли учун баайни Аттилладек, қани, кимни бўғмоғи керак, укасиними, шоҳаншоҳними, бошқа ишонганлариними, ишонувчан ўзиними?!.

Алп Эр Тўнга қўл-оёқларини занжирдан бўшатиш умидида шердек наъра тортган кўйи жон-жаҳди билан юлқиниб-чиранар экан, кутилмаганда атрофини бир гуруҳ оломон қуршаб олди. Тикилиброқ қараб, қарийб барчасини яхшигина таниди. Неча йиллардан буён ўзи Туроннинг марди майдон ҳоқони сифатида ўтакетган номардлиги, пасткашлиги, олчоқлиги, сотқинлиги, бахиллиги, ғаламислиги, одам боласининг шаънига мутлақо ярашмайдиган бошқа хурмача қилиқлари учун зиндонга ҳукм қилган ипирисқи-сипирисқи кимсалар!.. Буларни зиндондан ким озод қилди?! Нима мақсадда?! Қани ўзи ишонган марди майдонлар?!.

Оломон уни чор тарафдан туртиб-нуқиб куткилашга тушди:
– Қалайсан энди, шер, иш қалай?..
– Ҳолингга маймунлар йиғлайди энди!..
– Мени зиндонда чиритиб ўлдирмоқчи эдинг, ана энди ўзинг шер чангалидаги қуёндек!..
– Томошанинг каттасини мана мендан кўрасан!..

Водариғ, бу қанақаси бўлди?! Қўллар занжирбанд, оёқлар занжирбанд, кўзларинг кўради, қулоқларинг эшитади, кўкрак қафас, юрак каптар!.. Жин кўзадан чиққанини кўриб турибсан, уни кўзага қайтариб тиқиш кераклигини ҳам яхши тушунасан, аммо-лекин-бироқ, надоматлар бўлғайким, дастинг қисқа!..

Буниси ҳали ҳолва экан! Алп Эр Тўнганинг шундоққина кўз олдида – куни кеча оламшумул ғалаба шарафига зиёфат уюштирилиб, ўзининг шаънига мақтовлар селдек ёғдирилган жойда... шундай бир антиқа йиғилиш бошландики, кўзларингга ҳам, қулоқларингга ҳам ишонмайсан киши! «Наҳотки бу тушим эмас, ўнгим бўлса?!» дея ҳайратдан ёқангни ушламоқчи бўласан, лекин қўлларинг... занжирбанд! Лаънати занжир!.. Йиғилиш тўридаги тахтиравонда Эрон шоҳаншоҳи билан ёнма-ён ўтирган жигарбанди, ўгай эмас, бир ота, бир онадан туғишган укаси Алп Эр Кунда сохта салобат, ясама виқор билан гап бошлади:

– Буюк Турон ҳоқони сифатидаги дастлабки фармони олийимни тингланг! Ипирисқи – маданият вазири, Муттаҳам – Адлия вазири, Ришватхўр – қозикалон, Кўршапалак – ташқи ишлар вазири, Латтачайнар – бош лашкарбоши!..

«Бўлди, бас, етар!» – Алп Эр Тўнганинг нақ бўғзига уч бўлакли бир нидо келиб тиқилди. Қулоқлари остида отаси Алп Эраннинг васиятлари қайта янграгандек бўлди: «Яратган Тангрига шукурки, икки алпомиш ўғлимнинг бири Тўнга – ҳеч қачон сувдек эриб оқмайдиган муз қоя янглиғ ёв босиб ўтолмайдиган мустаҳкам қалқон, иккинчиси Кунда – ёвуз босқинчилар билан ўзингдан чиққан балоларнинг додини берадиган ўткир қилич! Энди сен каттасан, иним, катталик қил, зинҳор ўз бошингни ўйлаб ининг билан ёвлашма! Унга ҳам қалқон бўл! Ҳамиша эл-юртни ўйлаб, икковинг аҳилликда иш кўр! Илоё сенларга Ҳақ йўлдош, адолат қўлдош бўлғай!..» Беихтиёр қаттиқ инграниб, бутун фикри-зикри, дарди-дунёсини кўзларига жамлаб, укаси Алп Эр Кундага илтижоли термулди: «Тўхта, ҳой, нималар деяпсан, нималар қиляпсан, ахир, сен Ултонтоз эмас, Алпомишсан-ку, иним! Дардинг тож-тахт экан, майли, очиғини мардона айтиб тўғриликча ола қол эди, бироқ ота васиятини унутиб, Ҳақ билан Адолатнинг юзига оёқ босма-да жон укажон! Ахир, сен босқинчи билан тил бириктириб, ўз бошини ўзи еб, ўз илдизига болта урадиган Тўнка эмас, Кундасан-ку, иним, эс-хушингни йиғсанг-чи!..»

Кутилмаганда укаси эмас, Эроннинг шоҳаншоҳи ўрнидан туриб, виқорли одимлаган кўйи Алп Эр Тўнганинг олдига келди. Унинг кенг яғринига кафтини босди:

– Қани, гапир, Афросиёб, укангга нима демоқчисан?! Ўзинг очиғини мардона тан олиб айт-чи, мана энди ким ғолиб, ким мағлуб?.. Сендек Туроннинг шери мардини мен – Эроннинг шоҳаншоҳи занжирбанд қилди деб ўйласанг қаттиқ янглишасан, дўсти азиз! Кўриб турибсанки, мен бу отўйинда ниҳояти бир томошабин бўлиб ўтирибман. Сени мен эмас, ўзингнинг тилингда гапириб юрган қавмдошларинг, жигарбандларинг занжирбанд этишди. Буёғини сўрасанг, сени мақтов билан маст қилиб қўлга тушириш фикри мақтовсуярлигингни яхши билган ўз жигаринг Алп Эр Кундадан чиқди. Мен унинг таклифига ниҳояти қўшилдим, халос, аслида, мен номардлик қилганим йўқ, шуни яхши билиб қўй! Энди буёғини ҳам ўзингникидан кўраверасан, биродари азиз! Ўзингники ўзагингни ўяди ҳали!..

Алп Эр Тўнга бу гапларни танасига ўйлаб, шердек баралла наъра тортолмади. Аввалига илондек тўлғонди. Кейин бургутдек қанотини ёзишга уринди. Қани энди ўзи занжирбанд этилган шу асрий чинорни таг-туги, илдиз-пилдизи билан қўпорса-да, бургутдек учиб бориб энг бапланд қояга тўшини урса!..

Начора, занжирбанд шер бургут эмас! Илон ҳам эмас! Турон қоплони, Турон йўлбарси, Турон тулкиси, Турон оҳуси... ҳам бошқалар! Худога шукур, у Турон шери! Шер бўлиб туғилган, шер бўлиб яшади, шер бўлиб ўлади! Начора, занжирбанд шер бўлиб ўлиш манглайида бор экан, шу топда шу алфозда ўлса ўладики, лекин ҳеч кимга бўйин эгмайди, ҳеч кимнинг оёғига бош уриб ялиниб-ёлвормайди, ҳаттоки ўз укасидан ҳам на шафқат, на марҳамат, на инсоф – ҳеч нима сўрамайди!..

Буюк Алп Эр Тўнга – буюк Афросиёб буюк Туроннинг хотирасида шу алфозда абадий муҳрланиб қолди – занжирбанд бўлса-да, шерлигича қолди! Орадан асрлар ўтиб, қадимий юнонлар уни Прометей қиёфасида ўз тасаввурларида қайта жонлантирдилар. Орадан яна қанча-қанча асрлар ўтиб, ўзларини Алп Эр Тўнганинг ворислари деб билган буюк қорахонийлар салтанатида яшаб ўтган буюк тилшунос Маҳмуд Қошғарий ўзининг буюк «Девони луғатит турк» асарида бу халқ ўзининг бу шерюрак алпи ҳақида яратганларини абадиятга муҳрлади. Яна неча асрлар ўтиб, буюк мутафаккир Алишер Навоий, ҳойнаҳой ўз жигарбанди Дарвишалининг хурмача қилиқларидан юраги ўртаниб, «Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса сен яхши бўл» шоҳбайтини ёзиб ҳам ўзида руҳий қониқиш ҳис қилолмади. Кунлдардан бир куни занжирбанд шер сувратини чизди-да, тагига ўз дастхати, мурод-мақсади, номаи аъмоли, орзу-армони, бутун ўзлигини икки форсий, уч туркий – жами беш сўзга жамулжам-у бир тутам қилиб битди: «Занжирбанд шер – енгаман дер!»

Не бахтки, занжирбанд шернинг неча минг йиллик занжирлари бизнинг кўз ўнгимизда ахийри узилди. Не бахтки, мана, ўн беш йилдан буён бу шерюрак шеримарднинг алпомишона қадди-қомати қайта ростланмоқда! Асрлар бўйи энг ғаламис кимсалар томонидан қўймижозликда, тулкисифатликда, туями-туяқушмонандликда, яна алламбалоларда кўп бора айблаб-камситиб-таҳқирланган бу жаноби шер, шердор-у шерзод халқ Алп Эр Тўнга – муз қоя, Айсбергдек буюк ўзлигига, худога минг қатла шукур, яна қайтмоқда!

Фақат энди ичимиздан чиққан балолар – ўзимизникилар ўзагимизни ўймасалар бас!..
1986-2006