OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Otauli. Badal (hikoya) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОтаули
Асар номиБадал (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Отаули
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/06/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бадал (ҳикоя)
Отаули

Мана, бир йилдирки, Ҳалил йўқ оромини баттар йўқотди. На ётишида ҳаловат бор, на туришида. Маррага яқинлашиб қолгани кейинги уч-тўрт кун ичида-ку, қўяверасиз. Хаёлан нималарнидир хомчўт қилади, қайта-қайта ҳисоблаб кўради. Уззукун бир нарсани ўйлайди: «Қачон бу боши-кети йўқ ташвишлардан қутулиб, илмий ишимни давом эттирар эканма-а? Қачон шундай кун келар экан?» – дея илтижоли савол беради ўзига.

Ҳаммаси кутилмаганда бошланди. Роппа-роса бир йил илгари – айни мана шундай имтиҳонлар пайтида директорлари Зуфар Холматович олдига чақиртириб, ачиниш аралаш хайрихоҳлик билан тикилар экан:

– Сиз ижарада турасиз-ку, дом олиш ниятингиз борми? – деб сўраб қолди.

Ҳалил аввалига тушунмади. Юраги бир орзиқиб, бамисоли уришдан тўхтаб қолгандай бўлди. «Наҳотки мактабимизга квартира ажратилган-у, уни менга раво кўришган бўлса?! Йўғ-э. Бунга ишониш қийин! Ё… математика ўқитувчиси Болта аканинг кишини таҳқирловчи «ҳазил»ларидан эмасмикин?». У ич-ичидан қуйилиб келаётган ҳаяжонини босишга уриниб, ўзича ҳазил қилган бўлди:

– Ниятимиз эмас, орзуимиз бор! – деди маъноли кулимсираб. Сўнг дангалига кўчиб қўя қолди. – Нима эди, менга дом бермоқчимисизлар?

– Албатта-да! – директор ўриндиққа ястанар экан танти қараш қилди. – Яна унақа-бунақаси эмас, кооперативнийси! Озгина пул чиқин қиласиз-у, қарабсизки, бош-бутун ўзингизники-да!

Ҳалилнинг бирдан ҳафсаласи пир бўлди. «Мен нима ғамдаман-у, қўбизим нима дейди» – ўйлади ўзича энсаси қотиб.

– Кооперативга чоғимиз келмас-ов. Яна бир оз тура турайлик-чи, у ёғи бир гап бўлар – дея чиқиб кетмоқчи эди, директор тўхтатди:

– Тағин ўзингиз биласиз, ука! – деди расмана ўтириб, уни олдига имлаб чақирар экан. – Билсангиз, бу ҳам яхши имконият. Маорифчиларга атаб уй қурилмоқчи экан. Мактабимиздаги талабгорлар учун битта квартира ажратишибди. Ҳозирча ариза-ю ҳужжатларни тўплаб, пулини кейинроқ олишар экан. Яхшилаб ўйлаб кўринг, ука!

Ҳалил «Майли, ўйлаб кўраман» деб чиқди-ю, ўша куни ҳақиқатан ҳам хўп «ўйлаб кўрди». Дарсини тугатар-тугатмас хужраларига ошиқди. Бу гапни Хайрига айтди ҳамки, бўлди, бошига бало орттирди! Нимагаям айтди шу гапни Хайрига ўзи? Индамай, эртасига бориб директорга «Йўқ, бизга тўғри келмас экан» деб қўя қолгани маъқулроқмиди. Ўшанда эшитди-ю, у ҳовлиқма босар-тусарини билмай қолди. «Вой, қандай яхши! Бировларга сиғинди бўлиб ўтирганимизда уй беришади-ю, олмайсизми, пулини бир амаллаб тўплармиз, келинлик сепларимни сотарман, тежаб-тергармиз, қарз-ҳавола қилармиз» деб ҳол-жонига қўймади. Ахийри кўндирди. Мана, энди…

Ўшанда икковининг ҳовлиқишганлари-чи. Ўзларини нари борса бирор йилдан кейин аллакимнинг каталакдай ҳужрасида эмас, яп-янги, ёп-ёруғ хоналарда тасаввур қилиб энтикишганлари-чи! Ҳужжатларни топшириш учун икки ҳафта елиб-югургани-чи! Илмий ишини бутунлай йиғиштириб қўйиб, пул тўплаш учун мактабдан-у тайёрлов курсидан қўшимча дарс олганлари-чи! Хайрини туғруқхонадан олиб чиқаётганида чақалоқ Хуррамни қутлаб, бир даста гул тақдим қилиш-у таксида олиб келиш учун икки сўмни кўзи қиймагани-чи! Уч ойлик чақалоқ Хуррамни олиб Хайрининг кийилмаган, бир-икки кийилган сеплик кўйлакларини чайқов бзорида ўтган-кетганга кўз-кўз қилиб турганлари-чи! Хайрининг «Уй олишимизни ҳозирча хўжайкага билдирмай турайлик. Тағин ғайирлиги келиб, қиш ичида боламиз билан «Қани, бир кўчиб боқларингчи, мен томоша қилай!» деб қолмасин» дея болаларча маъсумона ўтинишлари-чи!..

Ҳе-э, падарига лаънат ҳаммасининг! Унга илмий иш қилишни ким қўйибди ўзи? Отасига ўхшаб тинчгина сувини суғориб, укаларига бош-қош, ойисига суянчиқ бўлиб ўша ёқларда юраверса бўлмасмиди? Шу ғала-ғовур шаҳарда туртиниб-суртиниб, итнинг кейинги оёғи болиб юриш шартмиди унга? Хўп, илмий иш қилиш билан тоғни қайириб ташлармиди? Педагогика дегани шундай бир боши-кети йўқ жумбоқ нарса эканки, бу жумбоқни келиб-келиб у ечиб берармиди? «Туйғулар тарбияси» эмиш! Фу! Ҳозир одамлар нима ғамда-ю, иложи борича яхши еб-ичиб, ўзимга зеб бериб, айшимни суриб яшасам, деган илинжда бутун фикри-зикри мўмай пул топиш бўлса-ю… Улар сенинг туйғуларингга ҳам, туйғуларингнинг тарбиясига ҳам тупуришади, билсанг…

Эҳ-ҳ! Нафсиламбирини айтганда, шаҳарда яшашни Жавлон акаси-ю Фарида кеннойисига чиқазган экан-да!

Кеннойиси ҳақида ўйлар экан, Ҳалил номусдан каттакон автобусга сиғмай қолди. Иссиғу ғала-ғовурдан баттар нафаси қайтиб кетгандай бўлди. Назарида ҳамма одамлар, ҳаттоки деразадан лип-лип ўтаётган муҳташам бинолар-у ям-яшил дарахтлар ҳам уни масхаралаётгандай, устидан қаҳқаҳа ураётгандай туюлди. «Бекор бордим, – ўйлади у алам билан. – Бекор бордим! Икки ўртада ўзимни шарманда қилиб, ўсал бўлганим қолди. «Оқ товуқ дона сочар, ўз ортини ўзи очар» деганлари шу-да. Уларни билмасмидим!» Қулоқлари остида кеннойисининг хандон кулгиси-ю ҳар қандай одамнинг суяк-суягидан ўтиб кетадиган заҳарханда гаплари жаранглаб кетди:

– Вой-вой-эй! Йигит киши, бир боланинг отаси, от эмас, туя эмас, атиги уч минг сўмни шундоқ кассага олиб бориб топширишдан қўрқасизми-я? Билсангиз, Жавлон акангиз «Волга»мизни олиб келишда ўттиз мингни қўлидаги кичкина сумкачасида ўйнате-э-эб бегона юртларда ҳафталаб юрган! Сиз бўлсангиз, а-ти-ги уч минг сўмга шунча!.. Ҳа, олиб бориб топшираверинг. Ким ҳам сизда шунча пул бор деб ўйларди!»

Эҳ-ҳ! Атиги уч минг сўм эмиш! – ўзича яниб қойди Ҳалил. – Сиз учун атиги бўлса атигидир. Лекин мен учун… Лекин мен учун…

Судрашиб юриб-юриб бундан беш кун илгари мактабга хабар қилиб қолишди: уй олишидан умиди бор кооператив аъзолари тез – уч-тўрт кун ичида биринчи бадални тўлашсин! Акс ҳолда рўйхатдан чиқариб ташлаймиз!»

Бу гапни эшитиб Ҳалил довдираб қолди. Дарсларига кўз-қулоқ бўлиб туришни ёнидаги ҳамкасбидан ўтинди-да, шошганича ижара уйларига қайтди. Бешикда «инга»лаётган Ҳуррамга ҳам қарамай, хужра эшигини зичлаб беркитиб, Хайри иккови сандиқни очишди. Пулларни биридан кейин бири навбатлашиб қайта-қайта санашди: роппа-роса 2 минг-у 57 сўм! Демак, яна минг сўм бўлса, биринчи бадал учун етади! Лекин шунча пулни кимдан олиш керак?

Икковлон маслаҳатлашиб Жавлон акасида тўхташди. Ахир Жавлон акасидан бошқа кими бор уларнинг бу каттакон шаҳарда? Қолаверса, бегона эмас, бир қорин айланган бўлса ҳам, ҳар қалай қариндош, туғишган амакивачча. Ўшанда ҳам худди шу пайтда – қоқ тушда Ҳалил автобусда хаёл суриб, ширин энтикиб кетарди. Фақат қарама-қарши томонга: у ёқдан эмас, у ёққа! » Ҳозир боради-ю, Жавлон акасига вазиятни тушунтиради. Минг сўмни олади. Икковлон «Волга»га ўтириб ортига қайтишади. Сандиқдаги 2057 сўмни ҳам олиб қўшишади-да, ўша «Волга»да биргалашиб кассага олиб бориб топширишади. Ўлдими, бериб турар. Жавлон акаси учун минг сўм дегани нима гап ахир. Писта пўчоғидай бир нарса. Уйида «запас»и бордир. В крайнем случае, магазиндан вақтинча олиб бериб турар. Кимсан улкан бир магазин директори!» – шундай ўйлаган эди Ҳалил «у ёққа» борар экан. Лекин…

Унинг тасаввурида ўша манзара (нечанчи марта) қайта гавдаланди: кираверишда турган «Волга»нинг атрофлари-ю бутун ҳовли узун-қисқа ёғоч-тахталарга тўлиб кетган. Ҳавозада икки уста, пастда икки уста – улар йўлакнинг тепасида болохона қурмоқда эдилар. Ишком тагидаги сўрида Жавлон акаси баҳузур елпиниб ётар, унинг олдида студент амакиваччаси Эҳсон магнитофоннинг қаеринидир кавлаштирар, кеннойиси эса усталарга кўрсатма бериб турар эди. Ҳалил саломлашиб, сўрига чўккалар экан, Эҳсон магнитофонни ўйнаганича:

– Кеннойи! – деди ўзича кулимсираб. – Кеннойи! Болохона кимнинг чўнтагига қурилаяпти ўзи? Акамнинг ҳисобиданми ё сизнинг кучингиз биланми?

Кеннойиси усталарга кўз қисиб, қўлини белига қўйганича гердаяр экан, «муносиб» жавоб қилди:

– Ҳе-э, билсангиз, акангизни ҳам мен боқаяпман ҳозир. Бутун топган-тутганини манови «Волга»си-ю ўйнашларига сарфлаб, чўнтаги қоқ-қуруқ акангизнинг!

Эҳсон магнитофонни «тинч қўйиб», сўрида оёқларини ерга осилтириб ўтирди:

– Ҳа-а, энди, ўзингиз зўрсиз-да! База билан магазин тенг бўлармиди? Ахир акамлар ҳам сиз берсангиз – ейди-да!..

Ҳалил бу ҳазил-ҳузул гапларни тинглаб ўтирди-ўтирди-да, ниҳоят Жавлон акасига ёрилди. Гапларини тугатар-тугатмас Жавлон акаси зорланди:

– Эшитдинг-ку, кеннойингнинг гапларини. Унга фақат чираниш бўлса. Ҳали пули болохонага етмай, ўзим қарз қидираманми, қайдам…

Ўшанда ҳам Ҳалил шу йўлдан, шу автобусда ҳозиргидай ўзини сўка-сўка қайтганди. Хужрага келиб, Хайри билан маслаҳатлашиб, қишлоққа – ойисининг олдига – икки кунга бориб келишга, бунинг учун ўттиз сўмни сарфлашга мажбур бўлганди. Эҳ-ҳе, ойиси-ю эндигина армиядан келиб иш бошлаган укасининг елиб-югуришлари. Уччовлон қўшнисидан минг сўмлик тилла заёмни минг писанда билан олиб кирганлари! Қайтар экан, портфелда, етти-саккиз қават «ҳимоя»га ўралган минг сўмлик заёмни қўлидан қўймай, поездда бутун йўл давомида ухламай келганлари! Ярим кечада Тошкентга келиб тушгач, таксида кетишга хавфсираб, тонг отгунга қадар вокзалнинг кутиш хонасида титраб-қақшаб ўтирганлари! Роппа-роса уч минг сўмни қайта-қайта санаб, қийиқчага маҳкам тугиб, сандиққа солиб, устидан каттакон қулф осиб қўйгандан кейинги Хайри икковининг қувонганлари!.. Буларни кеннойиси билармиди?! Ҳис қила олармиди?! Унинг учун уч минг сўм – «атиги»!

Аксига олиб бу гал Жавлон акасининг уйда бўлмаганини қаранг-а!. Бўлганида-ку, иккови ҳозиргача аллақачон «ғир» этиб «Волга»да олиб бориб топширган бўлишарди! Ҳар қалай, кассагача анча йўл, яна топшириш пайти… Нима деб бўлади? Уч минг сўм ҳазилакам пулми?! Кеннойиси унинг ҳақиқий қадрини билармиди.

Эҳ-ҳ. Жавлон акаси ўшандаёқ – бундан тўрт кун илгари шу сабил минг сўмни лоақал бир неча ойга қарзга бериб турганидамиди! Шунча оворагарчиликлар, имтиҳону консултатсиядан жавоб олиб халлослашлар бўлмасмиди. Бериб турганида, кечалари кўмир тушириб бўлса ҳам узарди Ҳалил ўша қарзини! Йўқ бўлса ҳам майли эди. Бунақа минг сўмдан қанча-қанчаси борлигини у жуда яхши билади-ку. Ҳали ким билсин, пулни топширишга кеч қолдими. Олишмаса-я? Унда ҳамма қилган тоат-ибодати бир пул деяверинг.

Қизиқ экан бу дунёнинг ишлари. Наҳотки одамзод пулнинг «таъми»ни билиб олган заҳоти шунчалик тез ўзгариб кетса? Ўзлигидан, инсоний туйғулардан, ҳиммат ва одамгарчиликдан бунчалик тез воз кечиб юборса?! Ахир Жавлон акаси унинг ҳозирги аҳволини яхши тушунади-ку, ҳис қилиши керак-ку! Ахир, айтишига қараганда, ўзи ҳам бир пайтлар ундан беш баттар қийналган экан-ку!

Эсида, Ҳалил эндигина институтга кирганида Жавлон акаси ана шу участкасини қурар, у дарсдан бўшагач, келиб уйда ишлаётган усталарга қарашарди. Ўшанда Ҳалил баъзан ётиб қолиб, Жавлон акаси билан «яримтани майдалаб отамлашар» экан, Жавлон акаси кайф устида қизишиб бир нарсани кўп уқтирарди:

– Ҳей, мен сенга айтсам, бу дунёда ҳамма нарсанинг отаси ҳам, онаси ҳам пул! Йўқ бўлсанг, қариндош-уруғ ҳам бир чақирим жойдан қочиб қолади. Бор бўлсанг – худди мазахўрак арилардай қариндошларинг ҳам кўпайиб кетади. Эҳ-ҳе, сен нимани ҳам кўрибсан , ҳали бошингга тушганда биласан. Мен олий маълумотли дипломим билан олтмиш сўм учун оддий сотувчилик қилиб юрганимда, билсанг, икки болам билан бир ойда тўртта квартирага кўчганман. Бир ойда тўрттасига! Ўшанда лоақал бирон қариндошим келиб, «Ҳой, ҳолинг қалай?» деган эмас. Энди-чи… Ҳей, нимасини гапирай!

Кеннойиси ҳам унинг гапларини тасдиқлаб, қўшимча қиларди:

– Ўшанда бир хўжайинимиз соат тўққиздан сал кеч қолганида Жавлон акангизни дарвозадан киритмаган. Кечаси билан акангиз уй атрофида гир айланиб, мен икки болам билан ваҳимадан дағ-дағ титраб чиққанман!..

Ўшандай қийинчиликни бошидан ўтказган одам, бугун энди бегона эмас, хеши кўмакка муҳтожлигини кўриб, имкони бўла туриб, ёрдам қўлини чўзмаса! Қанчалик ёвуз сеҳргар, ёсуман экан бу пул деганлари! Наҳотки у ҳам вақти келиб, бу қийинчиликларни енгиб ўтгач, Жавлон акаси-ю кеннойисига ўхшаб қолса? Йўғ-э…

Нафсиламбрини айтганда, бу ҳаёт деганлари бамисоли мана шу тиқилинч автобусдай гап экан, – ўйлади Ҳалил ушлагичга осилганича ён-верида туртиниб-суртиниб, «оҳ-уҳ»лаб кетаётган, ҳар бекатда тушиб-чиқаётган одамларни кузатар экан, – автобуснинг худди бахт қушидай лапанглаб келишини интиқлик билан кутасан. Туртина-суртина бир амаллаб чиқиб оласан. Пайт пойлаб туриб, олғирлик билан бўшаган ўриндиқни ишғол қиласан. Энди нафасингни ростлаб, яйраб ўтирганингда, ана-мана дегунча тушадиган бекатинг келиб қолади… Қизиқ, мана шу ўтирганлар ўзига ўхшаб «қоқ теппасида қаққайиб» турган, бекатларда бир амаллаб автобусга чиқиб олиш илинжида уймалашаётган одамларга ачиниш ва хайрихоҳлик билан қарармикин, ё масхаралими? Неча фоизи унақа-ю, неча фоизи бунақа экан? Эҳтимол уларнинг барчаси ҳам худди Жавлон акаси ва кеннойиси каби ўзлариниг яқиндагина шулар каби бир илинжда турганини унутиб, ўриндиқни зап ишғол қилганидан мамнун бўлиб, уларга нафрат ва масхара назари билан қарашаётгандир? Ўзи ҳам шу ўтирганлар-у Жавлон акасининг ўрнида бўлганида, шундай ўйламасмиди? Йўқ-йўқ! Бу ахир дахшат-ку! Агар ҳамма ҳам шундай ўйлайверса, тирикликнинг, Ҳазрати Инсонликнинг маъноси қолармиди. Ҳалил ҳеч қачон улардай бўлмайди! Бошқаларнинг ҳам улардай бўлмаслигига жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. У ишида туйғулар тарбиясининг пулдан қудратлироқ эзгу воситаларини кўрсатиб беради! Одамларни ёсуман пулнинг исканжасидан қутқариб олади. Шу ниятда юрибди-да бу улкан шаҳарда , сабил қолгур минг сўмни топиш учун эмас.

Тезроқ пулларни олиб бориб топширади-ю, елкасидаги зилдай юкдан қутулиб, асосий ниятини рўёбга чиқаришга – илмий ишига киришади. Ёзда қарзидан қутулади. Кузда илмий текшириш институтига ишга ўтади. Тамом, бошқа гап йўқ! Ишқилиб кеч қолдинг демай, пулларни олишса бўлгани!

Пулларни шундай тиқилинч автобусда олиб бориб, кассада ўтирган бегона одамга (ҳеч бир гувоҳсиз) топширишни ўйлар экан, Ҳалилнинг юраги яна «шувв» этиб кетди: автобусда олдириб қўйса-чи? Кўзингдаги сурмангни билинтирмай олиб қўя оладиган киссавурлар борлигини у эшитган-ку. Кассир ҳам пулларни олмадим деб тонса-чи?.. Лекин шу пайт Ҳалилнинг қулоқлари остида кеннойисиниг ўша масхарали гаплари қайта янграб кетгандай бўлди:

– Вой-вой-эй! Йигит киши, бир боланинг отаси, от эмас, туя эмас, атиги уч минг сўмни шундоқ кассага олиб бориб топширишдан қўрқасизми-я! Билсангиз, Жавлон акангиз «Волга»мизни олиб келишда ўттиз мингни қўлидаги кичкина сумкачасида ўйнате-э-эб бегона юртларда ҳафталаб юрган. Сиз бўлса шу а-ти-ги уч минг сўмга шунча… Ҳа, олиб бориб топшираверинг, ким ҳам сизда шунча пул бор деб ўйларди!»

– Тўхта! – Ҳалил ўзидан ўзи нафратланиб кетди. – Ҳақиқатан ҳам, кеннойиси айтмоқчи, «йигит киши, бир боланинг отаси» пулларни шундоқ портфелга солиб олиб бориб топширишга мунча титраб-қақшамаса! Нима бўлса-бўлар-да. Аслида шу иш юзни солишга, изза бўлишга арзимасди. У ёққа бораман деб икки-уч соатингни йўқотгунча ўзинг олиб бориб топширганингда, ҳозир енгиллашиб, хотиржам ўғилчангни ўйнатиб ўтирган бўлар эдинг!… Ҳали ҳам кеч эмас, улгуриши мумкин. Нима қилиб бўлса ҳам елкасидаги бу зил юкдан тезроқ қутулиши керак!

Ҳалил автобусдан тушганида шу қарорга келиб тўхтаган эди. У шоша-пиша уйга кирди-ю, кўзларини Хайридан олиб қочиб, тўғри бешик олдига тиз чўкди. Қарамаса ҳам, хотинининг кўзларидаги «Ҳа, нима бўлди, келмадими?» деган саволни яққол ҳис қилди. Қулоқлари бу саволни эшитишга тоқат қилолмаслигини сезган Ҳалил уйқудаги гўдакнинг мимит қўлларини эркалаган кўйи гап қотди:

– Қани, пулларни ол. Касса ёпилмасида топшириб кела қолай.

– Вой, қўйинг, битта ўзингизми? Қўшнилардан бирини чақириб кирайлик, ҳарна ёнингизда эш бўлиб бориб келарди…

– Бас! Ол дегандан кейин ол! – Ҳалил ўзини тута олмай қолди. – Нима, мени бўри еб қўярмиди?! Куппа-кундуз, атрофимда одамлар бўлса! Ҳаммани ҳам инсофсиз, киссавур, йўлтўсар, юлғич деб ўйлайсанми?

… У ўзига студентликдан қадрдон бўлиб кетган портфелини кўтарганича ташқарига чиқди. Йўл-йўлакай Хайрининг:

– Ишқилиб пулга, ўзингизга эҳтиёт бўлинг. Омон-эсон топшириб келинг. Унгача мен ош дамлаб тураман. Келмаса-келмас, ўзимиз бир байрам қилайлик, – дея шивирлаб айтган гапларини эшитмади гўё.

Ҳалил турфа тақдир, мақсад ва илинжда яшаётган миллионлаб одамни бағрига сингдирганича қуёшнинг ҳали қайтмаган тафтида лоҳас болиб ётган йирик шаҳар кўчаларидан портфелини ўнг қўлида маҳкам тутганича шаҳдам қадамлар билан кетиб борарди. У ишдан чиққан одамлар билан янада тиқилинчроқ бўлиб кетмасида биринчи келган автобусга тезроқ чиқиб олиш илинжида эди.

… Балки у бекатга бориши биланоқ автобусга чиқиб олар, балки андак кутиб қолар. Пулларни топширишга улгурар ё бутунлай кечиккандир. Хайри иккалови орзу қилган «яп-янги, ёп-ёруғ уй»га-ю ўзи интилган илмий текшириш институтига ё ўтар, ё ўта олмас. Эҳтимол у ҳам бир неча йилардан сўнг пулнинг «таъми»ни билиб, турмуш машаққатларидан безиб, худди Жавлон акаси-ю кеннойиси каби кундалик эҳтиёжларига қул, пулга банда бир кимсага айланиб қолар, ёки уларга мутлақо ўхшамайдиган, бутунлай бошқача одам бўлар… Ким билади дейсиз! Лекин ҳар қалай шу кетишида Ҳалил автобусга тезроқ чиқса, пулни топшириб улгурса, қарзидан қутулса, янги уйга-ю илмий текшириш институтига ўтса, бизнинг туйғуларимизни тарбиялаш, уларни «жодугар» пулнинг исканжасидан қутқаришга қодир бўлган илмий иш қилишга қатъий аҳд қилган.

Ишқилиб у ўз илинжларидан тезроқ қутулсин-у шундай ишни қила олсин-да!