OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Otauli. Hisobot (hikoya) / Kiril
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОтаули
Асар номиҲисобот (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Отаули
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм51KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/05/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳисобот (ҳикоя)
Отаули

Ўзбекдек ўзига ўзи ғалва орттириб, ўз қобиғига ўз ихтиёри билан ўралиб, кундалик ташвишларга кўмилиб яшайдиган халқ бу оламда тағин борми экан?! Ҳар бир ўзбекнинг бошида бир дунё ташвиш – дунё ташвиши: уйланиш, ўғил-қизларни ўстириб-ундириш, уларга сеп йиғиш-уй қуриш, кейин узатиш-уйлантириш, хуллас, иш, иш, иш: на ҳузур, на ҳаловат,на сафар, на саёҳат, на ором, на фароғат!.. Шунга яраша... Майли, ҳеч ким «Мана, фидойи ўзбек!» деб ҳайкал қўймасин. Майли, миннатдор бўлиб раҳмат ҳам айтмасин. Ақалли ёмонотлиқ қилмай, бир оғизгина «Eй, яшанг-э, омон бўлинг-э!» деса экан!.. «Туя лўк-лўк этади, устида карвон ўтади». Холбуки туянинг ўзи ҳам дунёнинг устуни эмас! Лўкиллай-лўкиллай бу оламдан ўтади-кетади кунлардан бир куни!..

Нормуҳаммад одатдагидек тушлик пайтида ишхонасидан чиқиб, уйигача икки чақиримлик йўл бўйлаб илдам одимлар экан, ҳалигина чиқаверишда бехос учратиб қолган эски қадрдонининг гапларини ўйлади. Ўзидан ўн ёш катта бу одамга ҳаваси келди: ўз бошидан бошқа ҳеч бир ташвиши йўқ. Ҳар йили таралабедод, ҳар ойи сафар-саёҳат, ҳар куни байрам! Бирор йил аввал кўрганида Тибет, Сингапур, Малайзия, Индонезия, Сейлон ва ҳакозо Шарқ мамлакатларини бир сидра айланиб қайтганини айтиб мақтанган эди. Бугун бўлса, куни кеча Австралиядан қайтибди-ю, энди бир муддат нафас ростлагач, нақд олти ойга Антрактидага кетмоқчи экан! Ер юзида кўрмагани фақат шу «Оқ қитъа»гина қолибди, холос. Шу боис «Майли, омонат жон йўлда қолса ҳам розиман» дея тилхат ёзиб бериб, «ҳал қилувчи сафар»га отланиб турганмиш. Олтмишдан ошганда олти ой оқ қитъага «ҳаё-ҳуйт!» дея бош олиб кетиш!.. Ўша Афанасий Никитиннинг ашаддий шогирди учун қанчалик осон бўлса, ўзи учун шунчалик қийин, ҳатто ақлга сиғмайди...

Нормуҳаммад одатдагидек йўл-йўлакай нон дўконидан харид қилган беш бўлкани тўрва халтага жойлаб, супрақоқти қизининг мактабига зинғиллади. Зинғиллар экан, баттар хуноби ошди. Бундай елиб-югуришларнинг ниҳояси борми сира?! Қачон ўзидан тиниб-тинчиб, бамайлихотир «қарилик гаштини суриб» яшар экан? Шундай кун ҳам келармикан? Шундай кунга ета олармикан у ўзи?!.

Ўйлаб қараса, эллик тўрт ёшининг роппа-роса эллик йилини, демакки, ярим асрлик умрини ё мана шундай елиб-югуриш, ё енг шимариб ишлашларда, ё бошқотирма хисоб-китобларда ўтказибди. Кўпинча учаласиниям бир қўшиб!.. Эсида, тўрт-беш ёшидаёқ раҳмати отаси янги уйни чала қуриб, янги ер ўзлаштирар экан, ўша ернинг тақдирини уч ўғлига топшириб, ўзи давлатнинг ишига кетар эди.»Мана, қудуқ тўла сув, мана, «насос» деган мўъжиза, мана, навниҳол кўчатлар!.. Мен келгунимча ҳаммасини уч қайтара суғориб қўясанлар! Гап шу!..» Олти-этти яшар ака билан уч-тўрт яшар уканинг ёнида навбатма-навбат қудуқдан челакда сув ташиб хисоблардилар – хисоблаб таширдилар: бир челак, икки челак, уч!.. Кейинчалик бўйи андак чўзилиб, янги уйни сувоқ қилаётган отасига замбилғалтакда лой ташишар экан, тағин – бунисини энди тилда эмас, дилда, ичда, ич-ичда – хисобларди: бир ғалтак, икки ғалтак, уч!..

Ўн олти ёшида отадан етим қолганида эса, тилида ҳам, дилида ҳам хисобига хисоб қўшилди. Тўнғичи – йигирма яшар, кенжаси – олти ойлик жами тўққиз етим, онаси билан қўшиб хисоблаганда, боқувчисиз қолган ўн жоннинг кўрган куни, айниқса, акаси ўқишини сиртқига ўтказиб, ўзи мактабни битиргунча бирор йил... ё тийин санаш, ё кун санаш, хуллас, асосан хисоб-китобларда ўтди. Етуклик аттестатини қўлига олган заҳоти зилзиладан кейинги Тошкентга келиб, кундуз – қурилишга ишга, кечқурун – университетга ўқишга киргач, хисоб-китоблари бошқачароқ тус олди: худога шукур, ҳам ишлаб, ҳам ўқиб бошлади!.. Худога шукур, акам уйланди!... Худога шукур, синглим ўқишга кириб олди!.. Худога шукур, укаларим ҳам қад ростлаб, қаторга қўшилиб келяпти!.. Худога шукур, мана, диплом ҳам қўлга тегди!..

Олти йил қурилишда ишлаб – университетда ўқиб, бир йиллик ҳарбий хизматни ҳам ўтказиб, йигирма тўрт ёшида республика хисоблаш марказида иш бошлаган Нормуҳаммад хисоб-китобнинг каттасини ўша ерда кўрди. «Хисобли дунё» деганларича бор экан-э! Роппа-росат ўттиз йилдан буён шу «марказ»даги хисоб-китоблари... агар бир жойга жамлангудек бўлса, битта эмас, камида тўққизта туяга юк бўлса кераг-ов! Йигирму тўрт ёшдан йигирма тўққиз ёшгача йигит умри-ку, хисоблар-у китоблар уммонида қулочни катта отиб сузишларда кечди. Наинки кунглар ва ойлар, ҳаттоки йиллар ўтгани билинмади. Хисоб-китоблари мурод-мақсадлар-у орзу-армонларга қоришиб кетди: аввал ёлғиз синглим ўқишни битирсин, кейин яхши бўлади!.. Аввал шу укам ўқишни битириб бориб уйлансин, кейин ўзим!.. Аввал шу китобни ёзиб тугатай, ана ундан кейин... нарёғига олам гулистон бўлади!.. Лекин, мана, ўттиз беш йил ўтди , қани ўша гулистон олам?!.

Eсида, ўша бўйдоқликми-эркин қушлик чоғлари ишдан таътилга чиқиб Туркистонга борганида уй қураётган укаларига кўмаклашиш асносида айрим ҳамқишлоқлари, энди билса, атайин анқовсираб сўрашар эди:» Республика хисоблаш марказида итшлаймиан дегина-а? Ниманинг хисоб-китобини қилаверасанлар мунча?..» Энди яхшигина тушунадики, бу кўндаланг савол замирида соддадилнинг ҳайрати эмас, кўпни кўрган, кўра-кўра кўса бўлган донишманднинг истеҳзоси бор экан! Истасангиз-истамасангиз, ҳар қандай хисоб-китоблар инсоний умрнинг сархисобига боғланар экан, боғланиши шарт экан, акс ҳолда у ҳавойи, мағзи пуч бир нарса, шунчаки сароб экан! Саробга интилганнинг ҳолига вой экан!

Нормуҳаммад беш йиллик саробга интилишлардан ҳар қалай қуруққўл чиқмади: йигирма тўққиз ёшида уйланиб, ўттиз ёшида бир ўғилга – ота, ўттиз бир ёшида шу шаҳри азим чеккасидаги икки хонали уйга – эга, ўттиз икки ёшида «Хисобли дунё» деган дастлабки салмоқли китобига - муаллиф бўлиб чиқди...

У нон тўла тўрва – қўлида, мактабга етиб келиб кўрдики, кенжатой-эркатой қизи тағин эшик олдида йўқ: тўрвасини осилтириб аввал ошхонага, кейин синф хонасига кириб бориша мажбур бўлди. Қизи одатдагидек синфда кутиб ўтирган экан. Меҳрнинг бир кўзи – кафтда, қўлидан етаклаб чиқаётиб жаҳлини меҳри енгди-да, Яратганга илтижо қилди: «Илоё шу қизим тезроқ улғайиб, майли, отасига ҳайкал қўймасин, фақатгина миннатдор бўлса экан!..»

Йўлда қизи тағин «бебошлик» қилди: «Мендан кичкиналар ўқишга ўзлари келиб ўзлари кетишади. Тўртинчи синфни битиряпман-а! Қачонгача мана шунақа қўлимдан етаклаб юрасиз, ада?..» Қизини овутган бўлди: «Бу йилги ўқишинг тугашига бирор ҳафта қолди-ку, демак, яна бирор ҳафта... Майли, янаги ўқув йилидан бошлаб ўзинг келиб кетаверасан, қўй энди, хафа бўлма, қизим!..»

Ўзига қолса, эллик тўрт ёшида ўн яшар қизчаси билан бошлашиб юрмай, уни ўз эркига қўярди. Лекин... йигирма тўрт яшар аканинг ҳам, йигирма икки ва йигирма яшар опачаларнинг ҳам ишдан бўш вақтлари йўқ. Тўғри, қирқ олти яшар онанинг бўш вақти бор. Лекин у Нормуҳаммадга қаттиқ тайинлаб қўйган: «Мактаби ишхонангизнинг йўлида-ку, адаси, мени овора қилмай, шу қизингизни ўқишга ўзингиз обориб-обкептурмасангиз бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳозир бизда ҳам болаларни ўғирлаб, эвазига ота-онасидан отнинг калласидек пул талаб қилиш урф бўлаётганмиш, тинчлик керак! Кошки сизда отнинг калласиек пул бўлса, хисоб-китобдан бошқа ҳеч вақо!..» Жиддийроқ ўйлаб қараса, хотинининг гапларида жон бор. Катта қизлари-ку, балоғат ёшида, қолаверса, бирга ишлашади: бир-бирларига эш, бир-бирларига кўз-қулоқ! Лекин бу қизчаси ёлғиз... Дарҳақиқат, тинчлик керак, камбағалнинг бутун бойлиги, топган-тутгани кўз олдида тургани маъқул. Қўл остида бўлса яна-да маъқул – ишончлироқ! Бинобарин, янаги ўқув йилидан қизи мустақил бўлиб, ўқишга ўзи келиб ўзи кетадими-йўқми, бунисини худо билади. Ҳойнаҳой ишонишлари қийиндир-ов! Ҳозирча қизини ишонтириб турсин-чи!..

Майли, янаги йилни қўя туриб, бугунги кунни – шу бугунни ўйлагани маъқул. Тушликка аталган шу бир соатдаги ишларига улгуриши керак. Бир соатнинг қарийб ярми йўлда кетди, қолган ярмида тезроқ тушлик қилиб, ишига кечикмай етиб бориши шарт. Начора, қизчасининг қадами унмаяпти-да, лекин зеҳн солиб қараса, анчагина бўйи чўзилиб, елкасига баробарлашб қолибди. Ўн ёшидаки шунчалик бўйдор, бу қизи ҳам отасидек новчагина бўладиганга ўхшайди, ишқилиб, худо бахтини бўйига ўлчаб берсин!

Ўн йил аввал шу қизи туғилган куннинг эртасигами-индинига хисоблаш марказининг собиқ раҳбари уйига сим қоқиб, билса ҳазил, билмаса чин маъносида гап қилди: «Нима бало, ўзингиз туғдингизми? Энди буёғи қирқ тўрт ёшда чақалоқни оқ ювиб, оқ тараб ўтирибмизми?..» Маълум бўлишича, қўнғироғ-у ҳазил-ҳузулдан муддао уни бир ойлик ижодий сафарга ўзлари билан бирга ёзувчиларнинг Дўрмондаги боғига олиб кетиш экан. Бундан муддао эса, хисоблаш марказининг беш йиллик фаолияти хусусидаги батафсил хисоботни Нормуҳаммадга ёздирмоқчи, ўзлари қўлёзмани устидан пешма-пеш кўрмоқчи эканлар. Ўшанда у хисоботга муккасидан шўнғиб кетди, лекин собиқ раҳбарига ўхшаб «Қариган чоғда шу шаҳри азим шароитида тўртинчи фарзанд – тўртинчи ташвишнинг нима кераги бор эди» деб ўйламади ҳам. Аксинча, астойдил суюнди: Худога шукур, юрт мустақил бўлган кунларда тўрт қутбга татигулик тўрт фарзанднинг отаси энди у! Ана энди тўрт кўз тугал бўлди. Тўғри, ёлғиз ўғли укалик бўлганида нур устига нур эди. Лекин Худонинг бергани шу – шу учинчи қиз экан, берганнинг билгани бордир: уч қизни ўстириб-ундириб, тенгини топиб узатган ота тўппа-тўғри жаннатга тушармиш-ку!..

У кичкина қизини бошлаб уйига кириб келганида одатдагидек жамоа жам экан. Ҳатто ўғли билан катта қизлари тушлик қилиб бўлиб, энди ишга қайта отланиб туришибди. Қўлини апил-тапил ювди-да, ўзини ошхонага урди. Бирор соатлик тушликни беш дақиқага келтиришга ўзича уринар экан, хотини одатдагидек ҳазиломуз гап қилди, тўғрироғи, зорланди: «Сизга тегиб шу тўрт девору қозон-товоқдан бошқа нима кўрдим! Туркистоннинг қоровулига текканимда ҳам бундан яхшироқ яшашим мумкин эди! «Катта математик олим бўламан» деганингизга лаққа ишониб, «юр» десангиз эргашиб келаверибман-а мен нодон! Ақалли энди тезроқ ёруғликка чиқиб, бу тўрт девор ичида бир дурсиллаган келин кўрсам экан!..»

Бемаврид гаплардан Нормуҳаммаднинг энсаси қотди: «Ношукр банда! «Сизга тегиб нима кўрдим» эмиш! Аввало йигирма беш йиллик турмуш кўрдинг. Тўрт қутбга татигулик шу тўрт қоракўзни кўрдинг. Уларнинг ҳавас қилса арзигулик қадди-камолини ҳам, худога шукур, кўриб турибсан. Қолаверса, шаҳри азимнинг қоқ марказидаги тўрт хонали олиймақом уйни, Хўжакентдаги дала ҳовли билан икки хонали уйни, сандиқда ҳаракатсиз ётган университет дипломини ва ҳоказоларни кўрдинг. Худо хоҳласа, ниятни бутун қилсанг, дурсиллаган келинни ҳам, чақмоқдек куёвларни ҳам кўрарсан, ахир!..» Қани энди хотинини инсофга чақириб, ношукурликдан қайтаришга унда тил-забон, ақалли вақт-соат бўлса! Йигирма беш йиллик умри, куч-ғайрати, бутун борлиғини беминнат бағишлаган умр йўлдоши, ўзи ўқиган университетда ўқитиб олий маълумотга эга қилган малакали мутахассиски шундай норози экан, бу оламда Нормуҳаммаддан миннатдор ким бор?!.

Одатдагидек хотинининг гапларини «ешитмай» апил-тапил тушлик қилди. Бундай ҳазиломуз гапларга-ку, чидаса бўлади. Ҳазил-да, ҳазил! Лекин кираверишдаги кўзгу олдида ишга қайтиб чиқиш тараддудида турган ўртанча қизининг нолиниши юрагини ўртаб юборгандек бўлди гўё. «Ишдан – уйга, уйдан – ишга! Бор-йўқ кўрган-боққанимиз шу! Ишга чиққим, умуман, яшагим келмай қоляпти!..» Тўғри, нолиш ўзига эмас, катта қизига айтиляпти, қолаверса, маломат эмас, ниҳояти бир нола! Лекин унинг бир чеккаси отанинг юрагига наштардек санчилди. Яшаб тўймайдиган, ишлаб чарчамайдиган йигирма ёшда… бу қандай гап?! Мана, ўзи бир жойда муқим Муқимийдан минг карра кўпроқ ишлаб ҳали-ҳануз ишлагани сайин ишлагиси келаверади-ку! Ё ҳисоб-китобнинг меҳригиёси-ю оҳанрабоси шу қадар кучлими экан? Ундай деса, қизларининг касби-кори – тикувчиликнинг гашти ҳисобчиликнинг гаштидан кучлироқ, қолаверса, қўлга илингулик натижаси ҳам бугунги кунда минг чандон кўпроқ, шекилли?..

Жиддийроқ ўйлаб қаралганда, қизи мутлақо ноҳақ эмас. Тенгдошлари яйраб-яшнаб олий мактабларда ўқиб, ўзларининг эса, уззукун бир жойга михлангандек нинага кўз тикиб ишлашларига ич-ичдан ўксинади-да!

Ўзларида ўқишга иштиёқ кучли бўлмаса, отасининг дасти узун бўлмаса, бунинг устига хотини айтганидек, «бор-йўқ куч-ғайратини синглиси билан укаларининг ўқишига сарфлаб битирган, қолгани ёлғиз ўғлига базўр етган» бўлса! Начора, бу маломатларда ҳам жон бор! Эсини таниганидан буён «отам», «акам», «опам», «синглим», «укаларим» деб яшади. Отаси-ку, уларнинг қадди-камолини кўролмай ўлиб кетди. Лекин бошқалари… қани, қай бири ундан миннатдор бўлди?! Эсида, ўн икки йил аввал ўн икки яшар ўғли билан енг шимариб дала ҳовли қуриб бошлаганида томни ёпишга қийналганидан уйида яшаб олий маълумот олган укаларига ёлвориб борди: «Данғиллама уй эмас, Том тоғанинг кулбаси!.. Томни ёпиш, холос!» дея инсоф сўраб ўтинди. Биронтаси қадам босиб келмади! Икки ўртада Туркистонга бориб келишга пул сарфлагани қолди. Уч-тўрт йилдан кейингина икки укаси қадам ранжида қилиб, «Мана, шаҳарга келдик» деганига азза-базза дала ҳовлисига бошлаб борса, укалари тоғ оралаб қўшнининг ёнғоқзорига ҳужум қила кетишди. Азбаройи гап-сўзни кўпайтирмаслик умидида қўлларига кетмон ушлатиб даласини кўрсатган эди, ўшанда шартакироқ Салимжон укаси гапнинг пўсткалласини айтди-қўйди: «Аслида биз ҳашарга эмас, ошарга келганмиз, акам!» Начора, ўша Хўжакентда туғилиб ўсган тоға-жиянлар – Йўлчи билан Мирзакаримбой ўртасида меҳр-оқибат йўқлиги ҳолва экан! Туғишган ака-укаларда меҳр-оқибат кам қолди ҳозир! Бу халқ «ўзим!» деб бошладими, ўзини тўхтатаолмайди. Гадойи – бой, бойи – худой бўлсам дейди. Остановкаси йўқ! «Остановка» сўзини руслар олиб келганидан кейин ноилож уни «бекат» деб таржима қилиб олишди!..

Шу топда ўтганни кавлаштиришга бало борми! «Ўтган ўтди, кетган кетди, сўлган сўлди, қолган қолди». Энди бўладиган ишни қилиб, кейинги йигирма йил жон олиб-жон бериб шаҳри азим марказида оёққа қўйган ўғил-қизларининг тақдирини жиддийроқ ўйлагани маъқул! Қариндошлик ришталари, жигарбандлар ўртасидаги меҳр-оқибатни қайта тиклашга қурби келмай турган экан, энди ақалли оиласи мустаҳкам бўлсин! Тезроқ ишга бориб келгач, кечқурун оила бошлиғи сифатида беш жонга баробар яна бир карра дурустроқ амри маъруф қилиши керакка ўхшайди. Аслида шу… кейинги ўн ики йил бор куч-ғайрати-ю қўр-қутини дала ҳовлисига сарфлаб, у ерда кулба қуриб, боғ яратиб бекор қилган экан! Шунга сарфлаган маблағининг ўндан бирига ҳар йили бирон дам олиш уйида мазза қилиб ҳордиғини чиқарса, қолганини ўғил уйлаб, қиз узатишга яхши ният билан туфлаб тугса бўлмасмиди! Йўқ, аксинча, беш йил аввал «Бўлди, энди дала ҳовлида ер тимдалаб ишламайман, соя-салқинда роҳатланиб дам оламан!» деб турганида тиниб-тинчимас хотини тағин қутқуга солди: «Дала ҳовлида бошқа қўшнилардек данғиллама уй-жой қуролмаганингиздан кейин, ёнидаги беш қаватли уйдан икки хонагина арзон-гаров олайлик-қўяйлик, адаси! Ўғил уйлаб-қиз чиқаргач, эрта бир кун чол-кампир Тошкентдаги уйни ўғилга топшириб, ўзимиз кенжатойимиз билан ҳам барча қулайликлари бор уйда, ҳам баҳаво ҳовлида, ҳам соя-салқин боғда икки ёрти – бир бутун қиле-эб, қарилик гаштини суре-эб… Хўп дея қолинг, адаси! Эрта бир кун ўғил-қизларимиз ҳам бир-бирларига эш бўлиб! … Қарабсизки, мана, уч-тўрт йилдан буён уёқда - ўзи ортиқча ташвиш бўлиб турган дала ҳовли ёнида икки хонали уй яна бир ташвиш, бу ёқда - ёлғиз ўғилни тезроқ уйлаб, қизларни бирин-кетин чиқариш! Хуллас, ташвиш устига ташвиш! Шу бугун ишхонасидаги ташвишлардан тезроқ қутулса, уйидаги ташвишларини енгиллатишнинг ҳисоб-китобини қилиши керакка ўхшайди. Бир одамнинг елкасига шунча ташвиш… бас-да энди, агар у росмана туя бўлганида ҳам!..

Нормуҳаммад йўл-йўлакай соатига апил-тапил кўз ташлаб ишга отилар экан, кираверишдаги телефон нолакор жиринглади. Темирки чидаёлмаяпти, ҳалиям қулоғи чидайди! Дастакни қўлига олиб қулоғига тутган эди, марказ раҳбарининг янги ўринбосари! «Нормуҳаммад ака, тез етиб келинг, жиддий гап бор, сизсиз эплаштиролмаяпмиз!» «Ҳа, мана, кетаяпман!» деди-ю ташқарига отилди. Уйдан чиқар экан, қўшниларга сир бой бермаслик умидида ўзини бамайлихотир тутишга уринди, айни чоғда, қаттиқ алами келди. Куни кеча ҳам худди шундай тушлик чоғи энди уйига етиб келганида қўнғироқ қилиб, худди шундай кўрсатма берувди. Лўкиллаб борганида батафсилроқ кўрсатма берувдики, бирор соат ичида юқорига марказнинг йиллик фаолияти ҳақида қисқача ҳисобот тайёрлаб беришингиз керак экан! Кутиб ўтиришганмиш!.. Лом-мим демай бирор соатда ишни саранжомлади-да, қўлёзмани қўлига топшира туриб беихтиёр портлади: «Юқоридагиларга айтингки, ука, одам боласини дорга осишдан аввал ҳам «Eртага соат фалонда осамиз, тоат-ибодатингни қил!» дея муҳлат беришади. Худога шукур, дунёга ўт кетаётгани йўқ! Худога шукур, мустақил мамлакатда тинч-хотиржам яшаб турибмиз! Худога шукур, ҳукуматимиз ҳам муваққат ҳукумат эмас?!.»

Начора, дўппи олиб кел деса бошни олиб келишга ҳозиру нозир ўпкаси йўқ ҳайбаракаллачилар ҳамиша бўлган, ҳозир ҳам бор! Ўзиниг қўлидан иш келмайди-ю дўппи тор келганида икки оёқни бир этикка тиқиб шунақанги қисти-бастига олишади, қарабсизки, ким ёмон – сиз ёмонсиз. Худо ўзи шунақаларга инсоф берсин! Худодан тилаш билангина иш битмайди, уларни инсофга чақириб туриш ҳам керак! Ҳисоблаш марказининг собиқ раҳбарларидан бири ўз хотирасида ошкора айтган эдики, қачонлардир тсеканинг бўлим мудири «енг катта раҳбар» номидан худди шундай қисти-бастига олганида беихтиёр шундай портлабди: «Мен туяман, ўша катта раҳбаринг – от, сен бўлсанг, шу икки ўртада боғлаб қўйилган бир итсан! Мен ит билан битга эмас, отга ҳисоб берадиган туяман, тушундингми, ука?!»

Бу-ку энди, қарийб жон аччиғида айтилган қозоқнинг тўққиз пулидек тушунарли, лекин бир қадар қуюшқондан чиққан дағалроқ гап. Ўзбекнинг муомала маданияти, такаллуфи, ўзаро лутфу карами, «қизим, сенга айтаман» қабилидаги нозик қочиримларга бой гап-сўзлари!.. Пешинга қадар неча маротаба кўришганларида ҳам ҳисобот юзасидан лом-мим демаган ўринбосар… нега тағин қўққисдан?.. Яна қандай жиддий гап чиқиб қолди экан?!.

Нормуҳаммад уйидан ишхонасигача бўлган икки чақиримлик йўлни одамдек юриб, йўрғадек йўртиб ёхуд туядек лўкиллаб эмас, баайни қушдек учиб ўтди. Маълум бўлдики, «юқори»нинг масъул ходими ҳалигина махсус саволларини қолдириб кетибди. Оққа кўчириб қўйилган ҳисобот энди шу саволларга аниқ жавоб тарзида жадал равишда қайта ёзиб чиқилиши керак экан! Ана холос, пишди гилос! Шундай қилиш кераклигини кимдир бугун бехос эслаб қолибдими, ё?!. Яна бир карра портлагулик аҳвол-руҳияда бўлса-да шайтонга ҳай берди. Гапни чувалаштирмай бўладиган ишни қилгани маъқул! Бирор соат ичида ҳисоботни бузиб саволларга мослаб қайта қурди-да, қўлёзмани ўринбосарнинг қўлига қайта тутқазди: «Бўлдими, ука? Тағин нима ёзишимиз керак? Фақат… майли, бир кун эмас, ақалли бирор соат аввалроқ айтиб қўйсангиз, илтимос, тухум оғзига тиқилганида эмас!..»

Хонасига кириб, эндигина хотирини жамлашга тутинган эди, иттифоқо марказ бошлиғи ёнида аллақандай меҳмон келиб кириб келди. Аввал хонани, сўнг хона соҳибини унга таништирди, лекин унисини бунисига таништириб ўтирмади. Меҳмонга «Мен ҳозир…» деди-ю уни ташқарига йўллаб ўзи ортига қайтди. Хона тўрида ғоздек қотиб турган Нормуҳаммадни ўтиришга ундаб, ўзи қаршисига юзма-юз ўтирди-да, бургутдек ёвқур қараш қилди:

– Ёшингиз неччида, ука?

– Эллик тўртда?..

– Марказда қачондан буён ишлайсиз?

– Ўттиз йилча…

– Қачондан буён бош ҳисобчисиз?

– Ўн йил бўлди. Сиз келишингиздан тўрт йилча аввал?..

– Энди, ука, шу ерга раҳбар бўлиб келганимдан буён сизга қўлимдан келганича яхшилик қиляпман, тўғрими?.. Нима, ёқмаяптими? Ёқмаса, ариза ёзинг-да, ўз ихтиёрингиз билан ишдан бўшанг, хўпми? Ишингиздан норози бўлсангиз, ана, тўрт томонингиз қибла!.. Тушунарлими?!.

Нормуҳаммад мутлақо тушунмади: гуноҳи нима унинг?! Кимнинг арпасини хом ўрди? Кимнинг томорқасига тош отди? Кимнинг олдида қандай айб иш қилди?!. Ўзи ихлос қўйган энг зўр математик олимлардан бири, ишга келганидан буён, дарҳақиқат, ўзига хайриҳоҳлик ва меҳр-мурувват назари билан қараб келаётган тўққизинчи бошлиқ, «енди раҳбарга ёлчидим» деб юрганида… нега бундай кутилмаганда тўнини тескари кийиб олди?! Наҳот ўттиз йиллик тоат-ибодатию ҳисоб-китоблари шундоққина кўз олдида бир лаҳзада ёниб кетса-да, куйиб кулга айланса?! Бунга қандай тоқат қилиб бўлади?!.

У бехос қуруқликка чиқиб қолган балиқдек нафас олишга қийналиб, ҳанг-манг бўлиб турган эди, кўз ўнгида шаҳд билан ташқарига йўл олган раҳбар эшик олди-да бир муддат тўхтаб, ортига яна-да ёвқурроқ қараш қилди:

– Чаён охир-оқибатда ўзини чақар экан?..

Нима демоқчи?! Ким чаён - чаён ким?! Нортуяни чаёнга менгзаш… шу адолатданми?! Худодан-у бандаларидан сўраб олган адолатли шуми?!. Гарчи «Қиёмат»да қутурган Қоранордек аҳвол-руҳияда бўлса-да, раҳбарнинг масъум қўзичоқ кўзларидек беғараз ва бу кўзлар учун фавқулодда қаҳрли нигоҳларга чидаёлмай баайни бўтадек бўзлади:

– Шафқат қилинг, ака…

Шундай дея раҳбарга эргашиб ташқарига чиқди. Бино олдида уларни ҳалиги меҳмон бетоқат-безовта кутиб турган экан. Раҳбар хизмат машинасига ўтирар экан, у томонга қиё ҳам боқмай, меҳмонга уқтирди:

– Ана, айтдим! Ариза ёзиб ишдан бўшайди! Бўлдими?..

Машина шиддат билан олға интилар экан, Нормуҳаммад меҳмонга зимдан кўз ташлади. Ким ўзи бу? Кутилган меҳмонми ё кутилмаган меҳмон? Умуман, меҳмонми-мезбонми? Ҳисоблаш марказига, марказнинг ҳисоботига, ўзининг инсоний тақдирига, хусусан, ишдан бўшаш-бўшамаслигига бу одамнинг қандай алоқаси бор?! Нега марказ раҳбари одам қуригандек келиб-келиб шу кишига – бир ёзувчи асарининг номи билан айтганда, «кўчада қолган одам»га хисоб бериши керак?! «Кўчада қолган одам»ни у ҳам кўчада қолдириб, ўзи ўз хонасига қайтиб кирди. Ўзича ҳисоблади, хомчўт қилди, ҳисобни ҳисобга қўшди, кўпайтирди… Қайта-қайта ҳисоб-китоб қилиб кўрди. Дастлабки хулосага келдики, демак, ҳисоботда бир ишкал бор! Лекин… қандай ишкал?! Ўттиз йиллик тажрибага эга ҳисобчи – бош ҳисобчи ундаги ҳар бир рақам, ҳар бир жумлага исталган жойда боши билан жавоб бера олади.

Қонидан-у жонидан, уч юз олтмиш томири билан тўрт юз қирқ тўрт сўнгагидан ўтиб қоғозга тушган ҳисоб-китоблар-ку, ахир, улар?!. Бас шундай экан, гап нимада?!. Дафъатан миясига бир фикр чақмоқдек урилди: дарвоқе, ҳисоботнинг оққа кўчирилган нусхасида қўлёзмадаги сўнгги бир жумла йўқ эди-ку! Ҳалигина саволларга мослаб қайта кўчираётганида эътибор бермаганини қаранг! Ўша жумлани хотирасида сўзма-сўз қайта жонлантирди: «Модомики ҳисоблаш марказининг икки йиллик фаолияти билан боғлиқ ҳисобот хусусида гап кетар экан, унинг юздан кўпроқ ходимларидан, икки йил эмас, майли, йигирма-ўттиз йил эмас, мустақилликнинг ўтган ўн йили мобайнида кимлар нима иш қилдилар, шу хусусда ҳам ҳисобот сўраш керак бўлади деб ўйлаймиз. Масалан, марказ аъзоси Нормуҳаммад Шомуҳаммедов ўн йил мобайнида кундалик ҳисоблар ва ҳисоботлардан бевақт орттириб, «Ҳисоб рақами», «Ҳисоблаш техникаси», «Ҳисоблаш технологияси», «Ҳисоб-китоб» деган жами тўртта йирик тадқиқот яратди. Тўртта салмоқли китобни – рус тилидан, иккита тадқиқотни – қозоқ тилидан таржима қилди, соҳага доир ўнлаб мақолалар, рисолалар ва ҳоказолар ёзди. Айни чоғда, шундай марказ аъзолари ҳам борки, улар ўн йил бадалида, суриштириб қарасангиз, иккини иккига қўшган эмаслар, ҳатто «Икки карра икки – беш» деб ўйлайдилар! Афсуски, на унисига бир оғиз ташаккурнома, на бунисига енгилгина танбеҳ! Бу шунчаки эътиборсизлик эмас, ўтакетган ҳақсизликдир».

Қани, шу жумланинг авра-астарини ағдариб, жиддийроқ ўйлаб кўрайлик-чи! Ишчанни – ишчан, ялқовни – ялқов деб аташнинг, серғайратга олқиш айтиб, такасалтангни меҳнатга ундашнинг нимаси ёмон, хўш?! Ўтган аср бошларидаги мардикорлик воқеаларидан то «ўзбек иши» деб аталган кўргиликларга қадарлик аксарият кулфатларнинг замирида хизматга туҳмат, меҳнаткашни ёмонотлиқ қилиш ётмасмиди? Айблай туриб ишлатавериш ва ишлата туриб айблайвериш, яхшиликка ёмонлик билан жавоб қилавериш инсофданми? Наҳот бу дунёда одам боласидан яхшиликка яхшилик ҳеч қачон қайтмаса? Наҳот одам боласи яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтара туриб виждонан қийналмаса?! Нормуҳаммад эсини таниганидан буён ҳеч кимга ёмонлик соғинмайди, барчага, айниқса, ўз жигаргўшалари-ю дилтортарларига ҳамиша холисанилло яхшилик қилиб сувга солади: балиқ билар, балиқ билмаса, Ҳолиқ билар!..Лекин шунда ҳам... Фикрни фикрга қўшиб мантиқий хулоса чиқарадиган бўлсак, нима, ўттиз йил шу марказга қалб қўрию пешона терини тўкишдан муроди кунлардан бир куни ўз ихтиёри билан ариза ёзиб ишдан кетиш эдими?! Буниси қандай ноҳақлик бўлди сира?!.

Нормуҳаммад ич-ичидан қайнаб-тошиб чиқаётган исённи базўр жиловлаб, совуққон бўлишга уринди. Хўш, энди нима қилиш керак? Ўттиз йил муттасил дорихонадаги тарозибондек ҳар бир мўъжаз заррани ҳам ҳисобга олиб яшаган, қаерда ҳисобдан адашди? Ўзининг қонуний ҳаққи-ҳуқуқини сўраб хато қилдими? Нега ҳамиша ҳақ берилмаслиги, аксинча, олиниши – кимнингдир қўлидан юлиб-тортиб олиниши керак?! Қачонгача инсофга чақириш инсофсизликни авжига чиқаравериши керак? Аҳмад Яссавий ҳазратлари нақ юз йил – бир аср муттасил инсофга чақирган бу халқни наҳотки энди ҳеч қачон инсофга келтириб бўлмаса?!. Ё ўзи ҳам ношукурлик қилиб, андак ошириброқ юбордими экан? Бир гап камлик, икки гап кўплик қиладиган даражада кўнгли нозик одамларга, айниқса, раҳбарларга малол келадиган бирон-бир ноўрин-ножўя сўзга бехос йўл қўйиб, ҳисобдан адашдими экан? Қани, қай сўз бўлиши мумкин ўша ортиқча сўз?! Хотирасига ишонмай, дастлабки нусханинг қўлёзмасини компютерчи қиздан қайтариб олди-да, бир сидра қайта кўз югуртирди, ёнидаги ҳисобчиларга кўрсатиб, фикр сўради. Йўқ, ҳаммаси жойида! Ўрнида ишлатилган, ўрни-ўрнига қўйилган ҳақ сўз! «Eриган темир парчаси каби Ўртаб юборади тушган жойини». Ҳақ сўзнинг кучи бу! Хўш, ким у чидаёлмасдан ўртанаётган?..

Далилларни муқояса қилиш, чоғиштириш, қиёслаш, қиёсий таҳлиллар ниҳоясида қатъий бир фикрга келдики, ҳамма гап янги ўринбосарда! Ҳойнаҳой у сўнгги жумлани раҳбарга азза-базза ўқиб бериш билангина кифояланмай, ўзи тушунганидек талқин ҳам қилган, раҳбарни Нормуҳаммадга қарши қайраб солиб, унинг юрагига зимдан ўт ёқиб, тағин ўт ўчирувчилар жамиятига қўнғироқ қилган-да, «меҳмон»ни бу ўтни ўчиришга чиқарган! Тамом, бошқа гап йўқ. Бошқача бўлиши мумкин эмас! Ёш, заковатли, келажаги порлоқ ҳисобчи, қаторидаги нор, оташқалб ва оловюрак Гулханий деб юрса, оддийгина гўлах-ўтёқарга ўхшайди-ку бу! Э қойил! Ўт ёқишга устаси фаранглардан чиқиб қолди-ку! Демак, сир бой бермай шундай бир тадбир қўллаш керак бўладики, токи у ўзи ёққан ўтни ўзи ўз қўли билан ўчиришга дилида мажбурият сезсин! Шаҳд билан юриб ўринбосарнинг ҳузурига кириб борди-да, атайин анқовсиради:
— Ҳисобот масаласи тинчидими? Ҳеч гап йўқми? Учинчи одамнинг кўнгли таскин топдими?..- Саволларга жавобдан қаноат ҳосил қилгач, ўзидан ўн ёш кичик, лекин устаси фаранг ҳисобчининг кўзларига тик боқиб, баттар анқовсиради: -Раҳбаримиз ҳисоботнинг қаеридандир норози бўлиб анчагина аччиқ-тизиқ гаплар қилди. Сабабини унчалик тушунмадим. Мабодо сиз билмайсизми?.. – Ўринбосарнинг мусичадек беозор, мўмин-қобилгина кўринаётган қиёфасига синовчан боқиб, акаларча насиҳатомуз оҳангга ўтди: – Энди-и, сиз бу ерда янгисиз, ука! Ўртада англашилмовчилик билан хожолатпазлик бўлмагани маъқул. Аввалдан шаклланган анъана шуки, мен ҳисоботни қўлдан келганича ёзаман, ўринбосар ундан керагини олиб, маромига етказиб, бошлиққа кўрсатади, керакмасини кўтариб юрмай, секингина ўзимга қайтариб беради-да, хатойимни кўрсатади. Тушунарлими?.. Тўғри, менинг ҳисоботлар бобида ўттиз йиллик тажрибам бор, лекин бир калла – бир калла, икки калла – икки калла-да, укажон, шундай эмасми, «беайб парвардигор» деганлар… Ҳаммамиз ҳам бу дунёда ғаниматмиз…» Афтидан, ўринбосар ҳаммасини тушунди, бунинг устига, хайрият, орияти, ҳамияти, виждони бор экан, инсофга келди: «Тўғри айтасиз, ака!» дея туриб беихтиёр дувва қизарди… Нормуҳаммад ўзини қушдек енгил ҳис қилиб ўрнидан турди: «Ниҳоят, ўттизинчи йилнинг ҳисоботидан ҳам яхшигина қутулдик-а, ука! Хўп, хайр, эртага яхшилик билан кўришмайлик!»

Ишхонадан уйига бамайлихотир қайтар экан, ўзини янада енгилроқ ҳис қилди. Ўзича қатъий хулосага келдики, ҳақсуяр ўзбек ўз бошига ортиқча ташвиш орттирса орттирар, лекин у бу ташвишларни, жамики муаммолар, жумбоқлар, масалаларни ҳам аввало ҳисоб-китоб, қолаверса, сабр-тоқат ва ниҳоят, яхшилик билан енгади. Ҳа, яхшилик билан енгади, ҳаттоки ёмонликни ҳам!..