OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОйбек
Асар номиУлуғ йўл (роман, 1-қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Ойбек
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Ўқитувчи» нашриёти, Тошкент —1978
Ҳажм367KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/7
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Улуғ йўл (роман, 1-қисм)
Ойбек

Биринчи Боб

I

Кун совуқ. Қуёш дам очилиб, кўнгилларни ёритиб юборади, дам ёпилади-да, тумшайиб олади. Дарахтлардан тўкилиб улгурмаган япроқлар ора-сира ширт-ширт узилади, салқин ҳавода бир-икки айланиб тун изғиринида қатқалоқланган, энди эса сумалаклана бошлаган кўча лойига ғарибона ясланади.

Кун совуқ, лекин бозор қайнайди. Бу ерга туташган кўчаларнинг ҳаммасидан одам дарёдай оқади. Баъзи бировлар совуқдан қотган қўлларининг кафтларини оғизларига тутадилар-да, «куҳ-куҳ» деб иситиб оладилар.

Жоменинг орқасида, унинг баланд ғишт деворига тиқилиб Оташ-дукчи ўтирибди. У лукни ғув-ғув айлантиради, сўнг бир қўли билан кўзойнагини кўтариб туриб, дукни кўзларига яқин тутани, синчиклаб қарайди, тағин уни силлиқлай бошлайди. Дук кутиб ўтирган серямоқ жулдур паранжили ёш-қари хотинларга у бир-икки оғиз гапириб ҳам қўяди.

Оташ-дукчи олтмишларга яқин, бурушиқ юзида кўзлари теран жойлашган, елкаси чиқиқ, кўркам оппоқ соқолли қовжироқ бир чол. Лекин унинг кўркам оппоқ соқоли бор, салласининг йиртиғи, тўнининг ямоғи асло эсига келмайди, бунга ўрганиб кетган. Соқолини бармоқлари тез-тез тараб, зеб бериб туриш чолга одат бўлиб қолганди.

Борган сари бозорнинг ғовур-ғувури авжга чиқади. Бу кун чоршанба бўлганидан бозор айниқса қизиган. Ҳар ким ўз ҳолига яраша, бири қопда, бири қопчиқда буғдойми, арпами келтириб сотар эди. Бировлар савдо-сотиқ ёки харж билан овора бўлса, бировлар чўнтакларида сийқа чақаси йўқ, бозор расталарида гаранг сургалади.

Жоменинг бир ёнбошида кабобнинг хуш бўйи гуркирайди.
— Келинг, келинг!.. Пишди кабоб!.. Ғарчча мой!. Маза қиласиз, келиб қолинг!..— мақтайди кабобчилар.
— Ҳай-ҳай кабоб, жоним кабоб...— деди бошини лиқиллатиб дукчи ёнидаги паранжили кампирга бир кўзини қисиб.
— Бе... Нимасини гапирасиз,— қихиллаб кулди кампир.
— Димоғингга иси тегса бас!—деди киноя билан тағин бир хотин.
— Тезроқ бўла қолинг, ота! Дук ўзи неча пул?— сўради сабрсизланиб шу ерда ўтирган бир ёш жувон.
— Арзонроқ бўлсин,— деди кампир ва рўмоли учига тугилган тангани секин ушлаб қўйди.

Чол дукнинг учини ингичкалар экан, кулимсиради:
— Арзон, арзон, бир танга, холос! Кўриб турибсиз, бир дукни қўлдай чиқаргунимча она сутим оғзимга келяпти. Саҳардан оқшомгача чархнинг ғув-ғуви каллани шиширади, кейин қорин пиёз пўстидай шилиниб, базўр уйга етсам, кампирим тақ этиб олдимга бир коса арпа умочми, оқшоқ хўрдами қўяди. Ҳа, шундай, сингилларим.
— Ҳаммамизнинг кунимиз шу экан, ер ютсин дунёсини!— деди шошиб турган жувон.
— Тавба дегин, қизим, парвардигорим ўзи ёрлақасин, ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ, бандасининг умри шундоқ...— деди кампир насиҳатомуз оҳангда.
— Отамнинг соқоли оқарибди-ю, қачон ёруғликка чиқар экан?!—сўради заҳарханда билан ҳалиги жувон.
— Ўзи кўрмаса болалари кўрар ёруғликни...— деди кампир осойишта товуш билан.

Чолнинг юзида истеҳзоли енгил табассум титрар эди, у индамай қўлидаги катта дукни кампирга узатди:
— Мана, она, дукларнинг бузруги — дурвоза! Хотинлар навбат билан бир тангадан пул узатиб дукларни олар, рўмолчагами, эски латтагами ўраб, уйларига шошиб жўнар эдилар.

Хотинларни жўнатиб, Оташ чол шошмасдан яна ўз иши билан машғул бўлди. Баъзан эсига келган эски байтлардан аста куйлаб қўяр эди. Дукчи ёнида ямоқчи косиблар, бирор кимса йиртиқ маҳсими, чурук чориқми кўтариб келармикин, деган умид билан сарғайиб ўтирардилар,
— Эшитайлик жиндай, баландроқ ўқинг, отахон!— деди бир косиб йигит.
— Овоз чиқмайди, иним, эрмак-да,— деди чол.
— Ота қадим байтларга мисоли кон, ҳеч ким билмаганни билади,— деди четроқда ўтирган кал косиб.

Оташ-дукчи бўғиқ овозини сал кўтариб, бир байт бошлади, «ўҳу-ўҳу» деб йўталди.
— Э-э... Чироқларим, бир вақтлар қандай тиниқ эди бу овоз... Энди қарабсизки, худди эски араванинг гупчаги...

Шу пайт чолнинг олдида баланд бўйли, олифта мўйловли бир йигит тўхтади:
— Ассалому алайкум, амаки!

Устида узун тринка камзул, бошига янги чамандагул дўппи қўндирган, дўрдоқ лаблари устига ингичка мўйлов қўйган, қуюқ пайваста қошли бу йигит Оташ-дукчига, шўрвасининг шўрваси дегандай, чатишиб кетган, узоқ бир қариндош эди.
— Кўринмайсан, Эшонхон, ҳануз бойнинг эшигидамисан?— сўради дукчи қўл бериб кўришгач ва пастак ўриндиқни яқинроқ сурди.— Қани ўтир.
— Ия, эшигида деганингиз нимаси, қария, бойнинг тўридаман, тўрида!— Эшонхон қўнжидан бир латта чиқариб, қунт билан этикларининг чангини арта бошлади.— Ишим олчи, амаки, обрў катта, бойнинг жилови қўлимда, чизган чизиғимдан чиқмайди.

Дукчи бир зум сукутдан кейин деди: — Шундоқ бўлса, омадинг келибди, ука! Бояқиш отанг нуқул меҳнат билан ўтиб кетди бу дунёйи ғамхонадан.— Бир он сукутдан сўнг дукчи тағин Эшонхонга қараб сўради:—Ўрис тилиниям ўрганган бўлсанг керак, жиян?
— Ҳа, амаки, қийиб ташлаймиз русчани ҳам,— жавоб берди ғурур билан Эшонхон.

Чол носқовоғидан кафтига жиндай нос тўкиб, тағин гапга киришди:
— Отанг бояқиш мардикорликка кетган йигитларни кўп гапирарди. Тангри ўзи бечора бандаларига, етим-есирлар аҳволига раҳм қилсин, уруш битса, келиб қолишармикаи?
— Э-э, ота, уларнинг қисмати шу экан, ташвиш қилманг, уруш битди дегунча ҳаммаси дарров уя-уясига қараб қанот қоқади. Подшоҳи олий ҳазрат ҳақига эрта-ю кеч дуо қилишни унутманг. Иншоолло, буюк Русиямиз ғолибиятга эришажак. Бунга аминмиз,— деди Эшонхон билимдонлик билан.
— Қайдам, иним, — деди дукчи, оғзидаги носвойдан Курмакланиб.— Замон бузилишга бузилди. Ишқилиб, ўғлонларнинг омон кайтганларини кўрсак бас, кейин биз омонатини топширардик-да, адамга равона бўлардик... Ҳа, бу ёлғон дунёнинг аччиқ шарбатини хўп тотдик...

Эшонхон аввал мўйловини бир-икки дафъа бураб олди, кейин овозини пасайтириб, чол томон энгашиб сирли оҳангда деди:

—Отахон, тангрига минг карра шукур қилсангиз арзийди, шу кунлар сизга омад келди, катта омад...

Дукчи қаттиқ таажжубдан ялт этиб қаради Эшонхонга:
— Нима деяпсан, эсинг жойидами? Оч-яланғоч бир ғариб банда бўлсам, менинг эшигимда омад не қилсин?!

Эшонхон, аввал бир қаҳ-қаҳ уриб кулди, кейин тағин шивирлади:
— Ота, бутун шоҳона молу дунё кўчиб келади яқинда хонадонингизга, бахт-саодат, иқбол — барчаси сизни излаб қолди...
— Э-э, тентак, ажаб гапларни айтасан. Ҳазилни қўй, иним, замон аҳволидан сўйла. Юртга тинчлик керакми, йўқми? Нега юрт оғалари буни ўйламайдилар? Мен шунга доғман...
— Э-э, чол-э,— деди Эшонхон қўлини силтаб,— юртнинг аҳволи билан бош қотирманг, ўзингизни ўйланг, гапни эшитинг! Машҳур аттор Эшмуҳаммадхон бойни яхши биласиз-а? Катта ер-сувлари, ғиж-ғиж мол тўла дўконлари... Тошкентнинг тўрт даҳаси уники десам, лоф бўлмайди.
— Ҳа, биламан, биламан, бир вақт элакдай уч газ читни закот деб тутқизган эди менга. Паст, зиқна, ит феъл бир бой. Хўш, гапир, қани эшитайлик.
— Чамамда, икки ҳафта бурун, бир кун, кеч пайти бой ака икковимиз файтонда ёнма-ён ўтириб, ўша аттор бойникига бордик. Улфатчилик жойида бўлди, ичдик, едик... Ўша куни Эшмуҳаммадхон жаноблариникида қиз оши экан. Катта ичкари ҳовлисининг бутун уй-айвонлари қизларга лиқ тўла эди. Бир қизларки, ҳар бири бир паризод дейсиз. Ташқари ҳам тўла одам. Биз пинҳон хўп томоша қилдик. Эшмуҳаммадхоннинг қизини ҳам ғира-шира кўрдим. Маликалардай ясан-тусанган, тўлагина, лекин ростини айтсам, унча кўҳлик эмас, қорачагина қиз экан.
— Ҳа, эшитдим. Эшмуҳаммад жаҳонда мисли йўқ бир тўй берибди, таърифидан тил ожизмиш. Қутурган-да, олтин қутуртиради...— деди дукчи кесатиб.
— Аҳ, авжи гапни қизиқ жойида бузасиз-а! Бойлар ахир шаҳримизнинг кўрку обрўси, тўй қилса, юртга ош берса, ёмонми? Ҳаддан ташқари тўй берса, ўз ҳамёнидан ахир ҳаммаси! Ҳар тўйнинг ўз мезони бўлади. Гапни эшитинг, ота! Саидаҳмадхон, мен, бир тўда бойлар секин деразадан томоша қилдик. Катта уйда қизлар саф тизиб ўтиришибди. Тўрда бообрў оилаларнинг олтин-кумуш, шоҳи-зарбофларга беланган қизлари, пойгакда ҳоли танг оила қизлари... Лекин бундай базмни сира кўрмаганман, Марғилондан, Фарғонадан донғи кетган яллачилар чақирилган. Дутору танбур, ашула, ўйин бир зум тинмади. Лекин барчанинг ақлини олган бир қиз бўлди... Чиройли, попукдай бир қиз ўйнадики, аҳ-аҳ, иқлимда мисли йўқ, беқиёс...
— Ҳа, ҳа, аҳёнда шундай ўйноқи бир қиз чиқиб қолади,— деди кулиб дукчи.
— Э-э, гапни бўлдингиз. Хўш, шундай қилиб, чунон ўйнадики ўша қиз, Саидаҳмадхон жаноблари эс-ҳушидан айрилдилар қолдилар. «Яна битта ўйнасин, яна битта ўйнасин», деб шарақ-шарақ пул суғура бошлади. «Уят бўлади», деб базўр пулларни қайта киссасига солдирдим. Бою бойваччаларнинг барчаси қизга маҳлиё бўлди, илло барчасининг кўнгли ўртанди. Қиз ҳам пайқаб қолди шекилли, изза бўлиб таппа ўтириб олди, пиқ-пиқ йиғлади. Эшмуҳаммадхон: «Бас, бўлди, чиқинглар ташқарига», деб ҳаммамизни ичкаридан ҳайдади. Кейин кўп ўтирмадик, жўнадик. Саидаҳмадхон тамом ҳушдан айрилди, дедим, йўлда анчагача бир сўз қотмади, лекин чидамади, шекилли, сўради: «Кимнинг қизи экан? Офат! Офат!» «У ғариб-бенаво бир оиладан. Оти Зумрад», дедим.— Эшонхон чолга тикилди:—: Хўш, нима дейсиз, амаки? Энди гап сиздан.

Чолнинг қовоғи осилиб кетган эди:
— Бас, бас, ҳароми! Тилингни тий, алжирама!—деди қаҳрли бўғиқ товуш билан дукчи Эшонхонни жеркиб.— Зумрад пок, асил қиз. Қиз ошиларни, қиз базмларини севади, ўртоқлари билан боргандир бойникига. Очиқ, шўх қиз. Нима бўпти?

Бир оз сукутдан сўнг Эшонхон жиддий оҳангда сўради:
— Хўш, нима дейсиз, ота? Гапим чин. Бой: «Тез ўртага туш, гаплаш», деб қўймаяпти. Тўғри, ўғиллари бор, қизлари бор, қўш хотини бор, тағин хоҳлабди бир уйланишни, нима бўпти? Давлатига ярашади-да. Машҳур заводчи бўлса, шоҳона шаън-шавкати бўлса, қизингиз маликалардай яйраб-яшнайди, ёмонми?

Чол «уҳ» дея бошини қуйи солди, хомуш тортди.
— Тавба, қизиқ гап...— деди паришон ҳолда. Эшонхон дукчининг бўшашганлигини пайқаб, яна шивирлаб аврай бошлади:
— Тихирлик қилманг, хўп денг, қария! Ўзингиз ҳам бой бўлиб оласиз, бу ёғини ўйланг. Дук-пукингизни йиғиштиринг, шу ҳам касб бўлди-ю, қўйинг-э! Толе офтоби чиқаман деяпти, эсингиз жойидами?!
— Иним Эшонхон, бу ғоят қийин савдо,— деди Оташ-дукчи.— Бой аканг ўлгудай қув, муғамбир одам. Кўп кўрганмиз, чироғим. Бойлар ошиқ бўпти, жигаридан урибди, дейдилар. Ундай қиламан, мундай қиламан, бошимга кўтараман, деб Сулаймон тахтини ваъда қилиб, бечораларнинг гулдай қизларини оладилар. Шунақа беахлоқ бўлади бой-бойваччалар! Кўп кўрганмиз, жиян! Биздақа ҳокисорларни алдашга, аврашга уста улар. Бошимни қотирма, жиян, қўй беҳуда гапларни!
— Э, бас-э! Мўътабар зотларга тил тегизманг! Тўғри, битта-яримта зиқна, бахили онда-сонда чиқиб қолади, ҳаммаси шундай бўлаверармиди! Саидаҳмадхон мурувватли, адолатли, ғарибларга меҳрибон бир одам. Қани, ота, фотиҳани бераверинг, қизингизнинг бахтини ўйланг! Биз бир холис дуо деб юрибмиз!

Чол ҳам иккиланиб қолган эди. «Ҳарна бўлса-да, бой, бадавлат одам, балки қизим бойнинг давлатида олқиб-чолқиб, бола-чақали бойвучча бўлар, ўзим ҳам қариганимда қорним тўйиб овқат ерман», деб ўйлади ичида. Бир зумда Оташ-дукчи кўнглида фикрлар қуюни айланиб кетди.
— Жиян, мени шу тобда шошириб, икки оёғимни бир этикка тиқма. Бу осон гап эмас, умр савдоси, дейдилар ахир. Сабр қил: бир-икки кун ўйлаб кўрай, кампиримга маслаҳат қилай, қавми қариндошим бор ўзимга яраша.
— Майли амаки, ҳар нечук ишни тезроқ битирган яхши, орқага сурманг, ўзингиз доно одамсиз, сизга маслаҳатнинг нима даркори бор? Унга-бунга айтиб, бахт қушини чўчитиб қўйманг!—ўрнидан турди Эшонхон.— Хўп хайр!

Эшонхон қаддини тик тутиб, тим томон тез юриб кетди. Дукчи узоқ паришон ўтирди. Бошида турли-туман хаёллар чалкашиб кетди. Гоҳ: «Шундай катта бир давлатмандга қайната бўлиш тоғдай бир бахт-ку», дерди ўз-ўзига, гоҳ: «Бундай воқеаларнинг оқибати ҳамиша фалокатли бўлган», дея гумонга кетар эди чол. «Тоғдай тахт бўлгунча, бармоқдай бахт бўлсин», деди Оташ-дукчи ўзича шивирлаб ва шу он хаёли тамом қарши томонга учди.

Жомедан муаззин овози янгради, дукчи шошилинч равишда дукларни, асбобларни йиғиштиргач, жума намозига югурди.

II

Намозга яқин эди. Эшонхон меҳмонхонанинг эшигини секин очди:
— Мумкинми? Ассалому алайкум!—деди таъзим билан.

Танчада хомуш ўтирган Саидаҳмадхон парвосизгина остона томон кўз қирини ташлади:
— Хўш, қаёққа йўқолдинг?—зарда билан сўради. Эшонхон, қўллари кўксида, айёрона илжайиб, кўзларини ўйнатиб олди-да, танчага суқилди.
— Бой ака!—деди товушига сирли тус бериб.— Тўй бўлиб қолди... Жанобларига тўй муборак!
— А?— деди Саидаҳмадхон йирик, тўнкадай оғир, гўштдор жуссасини бир қўзғатиб.— Нима деб валдираяпсан, баччағар, тушунтириб гапир!— Бир зум сукутдан кейин кулиб юборди.— Э-э, энди фаҳмладим, гап бошқа ёқда экан.— Бойнинг йирик қора кўзлари ёниб кетган эди, семизлигидан йилтираган йўғон бармоқлари билан мўйловини бир-икки бураб олгач, қошларига қадар бостирилган янги сувсар телпагини пешанасига кўтарди.— Қани, гапирчи, мирзам, кўндими исқирт бобой? Нима деди? Айт, қани, бошидан батафсил гапир!

Эшонхон энди гапиришга шошилмас эди, чўнтагидан «Роза» папиросини чиқариб, бармоқлари орасида эзди, тишлаб гугурт чизди, бир-икки қаттиқ-қаттиқ тортгач, секин гапга тушди. У бугун тушда масжид Жомега, дукчи олдига борганини, унга нималар деганини бир-бир сўзлади.
— Бояқиш чол сўз тополмасдан, ағрайганча қотди-қолди,— деди Эшонхон папирос тутунидан ҳавога кетма-кет ҳалқалар учираркан.— Хуллас, бой ака, қўймадим, чолни кўндирдим. Мана, жаноб, иш шундай дўндирилди. Хуллас, ҳаракатингизни қилаверинг. Шошилмасангиз бўлмайди, қиз бағоят сулув, дилбар, битта-яримта илиб кетмасин, доғда қолманг...

Саидаҳмадхон суюниб кетган эди.
— Отангга раҳмат! Айни муддао!— деди-да, ўйга толди.

У энди хотинларининг йиғи-сиғи, хархашасини, болаларининг норозилигини ўйлар эди.

Эшонхон бойнинг ҳолатини кўнглидаги андишани пайқаган эди, албатта, шунинг учун унинг фикрларини чалғитиш ниятида тағин гапга киришди:
— Фақир киши учун бир олтин танга — хазина,— деди Эшонхон ва чолнинг ҳамёнини бир дафъа тўлдирмоқ, қизга бир неча қат асил сарполар тайёрламоқ лозимлигини айтди.— Бойнинг хотин устига хотин олишини халқ ёмон кўради, шу сабабдан кичикроқ ширин бир тўй қиламиз. Бой ака, ҳали ёшсиз, элликка знди киряпсиз, шундайми, оға? Икки марта уйландингиз, тағин икки уйланиш олдингизда турибди. Ҳаёт мисли бир югурик дарё, оқади кетади, сурган кайфу сафонгиз қолади,—қув кўзларини сузиб, илжайди Эшонхон.
— Умуман айтганда, иш чакки бўлмади,— деди Саидаҳмадхон ёстиққа ёнбошлаб.— Лекин қўйиб берсам, тилингни хўп қайрайсан. Бу гапирганларингни ўзим ҳам биламан, аммо уй ичини, хотинларни ўйлаяпман. Хайр, майли, улар тез кўникиб кетишади. Энди тўйни бошлайверамиз, ўзинг бош бўлиб, ҳамма ишни саранжом қиласан, уқдингми? Қизнинг бутун сарпосини атлас-шоҳидан, духо-базарбофдан оласан. Чолга нафақа керак, дейсанми? Гапинг тўғри. Бир қора чўзсак кифоя деб ўйлайман, озми, минг сўлкавой! Қалай, тузукми? Тушида кўрмаган дукчинг шунча пулни, баччағар, бу ёғини ҳам ўйла!
— Бир қора деганингиз маъқул, лекин бу замонда пул ҳам хашак-да.
— Ҳо, анойи, бировнинг дунёсига тантилик қилма, ақча ердан терилмайди, ука. Раҳматли бобом ўла-ўлгунча: «Олтин йиғ, болам, олтин йиғ! Ҳар нарсанинг давоси — олтин, белингнинг қуввати— олтин!» деган эди. Сен касофат нуқул мени исроф йўлига сургайсан!—кулди Саидаҳмад.

Суҳбат узилмади, улар заводдан, пахтадан гаплаша бошладилар. «Сарт ва маччойи ишчиларга нисбатан айниқса, эҳтиёт бўлиш зарур», деган гаплар ҳам бўлди ўрталарида.
— Ҳали заводни бир айланиб чиқдим, қайда эдилар, жаноблари?—сўради Эшонхон.
— Ҳа, кўпаслар билан юрдим. Пахта иши кўп оғир, нозик иш-да. Сўнг мадрасада бўлдик. Хуллас, кун ўтди,— деди Саидаҳмад ва оғзини катта очиб ҳомуза тортди.

Қоронғи тушган эди, хизматкор ва извошчи Қоравой келиб ўттизинчи осма чироқни ёқа бошлади.
— Ҳовлига кираркансиз, жаноб, овқат тайёрмиш. Бой, одати бўйича, кўпинча овқатни ичкарида ерди.
— Ошми?— кескин сўради Қоравойдан бой. Бошини тебратиб «ҳа» деган имони қилди хизматчи.
— Олиб чиқ!— буюрди Саидаҳмад.
— Ҳайратда қолган Қоравой бойга ялт этиб қаради-да, индамасдан ичкарига кириб кетди.

Саидаҳмадхон тиржайди:
— Энди хотинларга шу кунлар оз-оз заҳар ташлаб турмоқ тузук, аста-секин кўникишсин, а, нима дединг?

Эшонхон қаҳ-қаҳлаб кулиб юборди.
— Бой ака, дуруст, йўлини биласиз.— Чироқнинг пилигини тузатишга киришди.
— Сен касофатга қойилман! деди Саидаҳмадхон пешанасини ишқаб.— Ишни хўп боплабсан. Энди бойвуччаларга тўнгроқ гапириб турамиз, йўқса, иш чатоқ бўлади.
— Бой ака, илоҳим кунига уйланинг, бошингиздан давлат қуши асло кетмагай!— деди Эшонхон товушини пасайтириб.

Ўрта эшик олдида Қоравойга оқсоч серёғ палов уйиб сузилган хитой лаганни тутқазди-да, ниманидир шивирлади. «Билмадим» дегандай пастки лабини осилтириб, бошини бир ёнга қийшайтирди Қоравой.
— Катта беканинг жаҳллари чиқаётганмиш, нима бало бўлибди, тинчликми, деб сўраётганмишлар,— деди. Қоравой лаганни Эшон қўлига тутқазиб, оппоқ дастурхонни ёзаркан.

Саидаҳмад иллжайди:
— Бор-бор, ишингни қил, хумпар!— Бир он сукутдан сўнг овозини пасайтириб деди:— Эҳтимол, уйланарман, лекин пинҳон тут буни, алжирасанг тилингни кесаман.
— Хўжайин, хўп, соқовман, лекин мен шўрлик тоқ ўтаманми бу дунёдан? Инсоф қилинг-да, ахир, хўжайин,— деди Қоравой ўксинган ҳолда.

Саидаҳмад қиқирлаб кулди, кейин ҳазилнамо пўписа қилди:
— Аввало, мулла жиринг керак, бошпана бир ватан керак. Кейин қайлиқ орзу қилсанг бўлади. Бўйинг бир қарич, бунинг устига абжағинг чиққан чўтир бўлсанг, сен таъвияга ким боқади, тентак!
— «Бошим кал, кўнглим нозик», деганини эшитганмисиз, бой ака?— деди дарров енгларини шимариб, қўлларини ювгач, қази ва гўштни тўғрашга киришган Эшонхон.
— Хўп, хўжайин, умидни узмаймиз, «умиди йўқ — имони йўқ», деган мақолни ҳам эшитганмиз,— деди қизариб Қоравой ва секин эшикни ёпиб чиқиб кетди.
— Падар лаънати-ей...— деди бой Эшонхон тутган обдастадан ўтирган жойида қўлларини чаяркан, сўнг икковлари чурқ этмасдан сергўшт, ёғли паловга қўл узатишди. Эшонхон очлигидан ошни бош кўтармай ошалар, Саидаҳмад эса ялқовгина ерди.

Қовоғи солиқ Қоравой кириб Эшонхоннинг олдига катта гардин чойнакда кўк чой қўйиб чиқиб кетди.

Бой тухум пўчоғидай юпқа хитой пиёладаги чойни майдалаб хўплади-да, ўрнидан турди:
— Городга кетяпман, бир-икки фабрикантлар билан ресторанда ўтирмоқчи эдик,— деди бой. Дик этиб туриб, таъзимда қаққайган Эшонхонга буюрди:—Чиқ, Қоравойга айт, файтонни тайёр қилсин. Ҳозирча бутун гапни махфий сақла, валдираб шов-шув кўтариб юрма! Бойвуччаларнинг можаросини унча писанд қилмайман, лекин қайнаталардан, битта-яримта душманларнинг ғийбатидан чўчиш керак. Эҳтиёт шарт...
— Хотиржам бўлсинлар, бой ака, асло ғам емасинлар, бутун ғовларни ўзим бартараф қиламан,— деди Эшонхон мўлтонилик билан ва ҳовлига отилди.

Саидаҳмадхон устидаги сурма ранг янги мовут камзулининг этакларини қўли билан уриб бир-икки қоқди, телпагини бошидан олиб, бармоқлари билан чертиб тозалаган бўлди. Қозиқдан ярқираган, қора мовут қопланган узун, кенг почапўстинни олиб кийди. Оғир одимлаб меҳмонхонани бир-икки айлангач, кўкрак чўнтагидан олтин соатини олиб қаради-да, шошилиб амиркон кавушини кийди, тез юриб ҳовлига чиқди.

Ташқари ярим яланғоч дарахтлар, чиптага ўралган атиргулларга тўла саҳни кенг ҳовли эди.

Файтон ҳали тайёр бўлмаганига қарамасдан, Саидаҳмад ичкарига киришни хоҳламади, ғишт терилган тор йўлкада бирпас айланиб турди.
— Марҳамат, бой ака! Файтон тайёр!— хабар қилди Эшонхон.

Саидаҳмад такаббурона юриш билан дарвоза олдига чиқди ва гердайиб, юмшоқ извошга ўтириши ҳамон Қоравой «Чуҳ-чуҳ, ҳай!..» деб узун қамчини кўтарди. Йилтираган, бир-биридан гўзал қўш олмовут отлар енгил юриб кетишди.

Файтон кўздан йўқолгунча, кўчада тик қотиб турган Эшонхон ичкарига кирди. Ҳовлининг бир бурчидаги тор, қоронғи ҳужрада пайпаслаб токчадан чироқни топди, уни ёқиб кичкина шалоқ хонтахта устига қўйди. Совуқ, танчаси ҳам йўқ зах ҳужрада, бир қўлини иягига тираб, бир лаҳза хаёлга толганча жим ўтириб қолди. Сўнг токчадан қалин катта китоб — «Минг бир кеча»ни олиб, варақлай бошлади...

III

Айвонда босма гулли бўз кўрпа ёпилган пастаккина танчада қизлар ўтирарди. Улар тўртта эди; ундан-бундан гангур-гунгур гаплашиб, бирови тепалик, бирови жияк, бирови гардиш тикиш билан машғул. Улар кўнгилларида чайқалган ҳавасларига бовар, юксак завқларига хос нозик нусхаларни, кўркам нақшларни бир-биридан ўзишиб тикар эдилар.

Қизларнинг бири Оташ-дукчининг қизи Зумрад, бошқалари — унинг ўртоқлари, қўшни қизлар. Ўн беш билан ўн саккиз ўртасидаги попукдай кўркам бу қизлар кичикликдан бирга ўйнаб ўсган, ўзаро самимий дўст, аҳил дугоналар.

Булар орасида Зумрад айниқса шўх, сўзлари, қилиқлари ўзига ярашган дилбар қиз. Унинг ўрта, толма бўйи, нозик бели, ингичка эгма қошлари, қирра бурни, йирик учқунли кўзлари бир-бирига муносиб. У сарбаст, зийрак, ҳаракатлари дадил, сўзлари ўткир, ўртоқлари орасида онабош қиз. Маҳаллада ўткир, гапга чечан қизлар кўп бўлса-да, ўта қашшоқ, паст табақадан ҳисобланган Оташ-дукчининг қизи — Зумраднинг оқилалиги, зукколиги ва сулувлигига катта-кичик барча тан берар, мафтун бўлар эди.

Оташ-дукчининг отасидан қолган бўғот томли пастак уйнинг бир чеккаси чўккан, қийшайиб тўкилиб турар эди.

Кафтдай кичкина ҳовлининг бир ёқасидан ўтган анҳор бўйи — қуюқ толзор, серсоя, жимжит бир гўша.

Зумрад — кампир ва чолнинг битта-ю битта ёлғизи. Уларга у ҳам ўғил, ҳам қиз, ундан бошқа фарзанд кўрмаган эдилар.

Гуласал жиякни тез-тез қатим тортиб тикарди. Бирдан тиниқ овозини жаранглатиб куйлаб юборди:

Деразадан бош боққан, дилбарим,
Ғамза билан қош қоққан дилбарим.
Деразадан боқмангиз, бошим яланг,
Боқсангиз, боқмасангиз — қошим қалам!..

Қизлар қотиб-қотиб кулишди.
— Нима қилай, икир-чикир гапларинг қурсин, зерикиб кетдим. Қўшиқ кўнгилнинг чигилини ёзади, билсанглар...—деди Гуласал — кўзлари қийиқ, бодом қозоқ, истараси иссиқ, жажжигина қиз.
— Турмушимиз нуқул машаққат-а, мундақа замонни ер ютсин! Худонинг берган куни озиғимиз ун оши бўлиб қолди. Олти ойми-етти ойми бўлади, тишимизга гўшт теккани йўғ-а, уф!..— деб қўлидаги гардишни ерга қўйди Башор.— Отам бояқиш эрта-ю кеч маҳси тикади, жўжабирдай жонмиз, топганимиз етмайди.— Озгина сукутдан кейин қўшиб қўйди:—Бир пўстдумба босган, сергўшт палов бўлса-я шу тобда...
— Вой-вой, ун ошига нозми? Бизнинг қозонимиз нуқул қора шўрва қайнатади,— деди истеҳзо билан Гуласал ипак қатимини тишлари билан узиб.

Раъно жон-жаҳди билан дўппи тикарди. У Башорнинг тиззасини секин туртди:
— Ҳай, Башор, муғамбирсан-ей, ҳар куни еганларинг қайла, мошкичири, писмиқ ўлгур, пишиқсан, айямайсан. Туршак, мағиз-ку қоп-қоп, отанг ҳар кун ташийди бозорга.

Башорнинг жаҳли чиқиб кетган эди, ёнидаги гардишни ердан юлиб олди-да, тап этиб танча устидаги мис баркашга қўйди:
— Сенинг ҳамиша гапинг шу! Тўқсан, бутсан, деб кўз очирмайсан. Отам шўрлик ёз бўйи ер ишлайди, қишда ҳаммолликка бозорга югуради, бир уй тўла жонни боқиш осонми?! Ичганимиз ёвғон хўрда, ёвғон ун ош, онда-сонда бир адашиб зиғир ёғ палов кўриб қоламиз. Тўқлик ўлсин шу бўлса!

Зумрад ўртоқларининг бир зум жиқиллашганидан хуноб бўлиб ёниб қетди:
— Бас-э, ўлинглар илойим, шуям гапми! Камбағалмизу, лекин қадримизни билайлик. Қорнимиз оч булсаям, кўзимиз тўқ бўлсин!
— Ажабми! Ўзинг ҳам тупугингни ютдинг-ку!— деди пайваста қошларини чимириб Башор.
— Қўй, жоним Башоратхон, тақдирнинг мурувватига умидвор бўлайлик. Кунимиз туғса, тинчиб қолармиз. Балки худойим ҳаммамизга яхши-яхши куёвлар буюрса...— кўзларини ноз билан сузди Зумрад.— Тегиб кетармиз...

Қизлар беихтиёр кулиб юборишди.
— Попукдай йигит чиқса, индамай тегиб кетаверардим,—деди жўрттага жиддий тус билан Раъно.
— Ўл-э, мунча эрсирамасанг!—деди юзини терс буриб Гуласал.

Қизлар тағин қаҳ-қаҳ уришди.

Айвоннинг бир четида Зумраднинг онаси —Момосуув хола чархни ғув-ғув айлантирарди. У новча, қуруқ суяк бир кампир: юзи бурушиқ, чакаклари ичига кирган, ҳаёт машаққатидан кўзлари нурсизланган, бошида сузилиб турган эски дока рўмол устидан қора дурра танғилган.

Кампир чарх ғув-ғувидан қизларнинг гапини эшитмас эди, лекин эр ҳақидаги сўзлари қулоғига ета қолди, зарда билан бўғилиб бақирди:
— Ўлинглар, қизлар ҳам шундай беҳаё бўладими! Қақилдоқлар-эй, эр-эр, деб ўласанлар-а!—Кампир қизларнинг маъюс тортиб қолганини кўриб, пича юмшади.—Парвардигорим барчангизга меҳнаткаш, жафокаш, баинсоф йигитларни буюрган бўлсин! Куёвларинг билан қўш ҳўкиз бўлиб тирикчилик қилинглар, илоҳим, дастурхонларингдан қазилик норин, ёғлик патир аримасин...

«Айтганингиз келсин!» деди ичида шивирлаб Раъно.
— Йўқ, ойижон, Мен эрга тегмайман, битта-ю битта қизингизман, ёстиқ бўлай сизга!— деди Зумрад.
— Ёмон нафас қилма, қизим, қари қизликни ҳеч қайсиларингга кўрсатмасин тангрим!— деди кампир бошини чайқаб.

Қизлар ишдан қўлларини узмасдан гоҳ кулишиб, гоҳ ҳазил аралаш, гоҳ жиддий гап талашиб узоқ ўтирдилар.

Кампир қурушган бармоқлари билан тиззаларини бир-икки қаттиқ-қаттиқ уқалаб олгач! «Ё олло!» деб ўрнидан қўзғалди. Ис босган тор, қоронғи, йиллар юкидан букчайган ошхонада Момосулув хола ўчоққа олов ёқди, декчага бир қошиқ мой томизди-да, жазиллатиб пиёзни қовурди. Қора шўрва осонгина тайёр бўларди.
— Вой-вой-эй, жудаям чарчадим...— деди керишиб Раъно ва ишпечини йиға бошлади. Бошқалари ҳам нари-бери ишларини йиғдилар-да, дув этиб ҳовлига тушдилар.

Зумрад белини сиқиб тугмаланган калта нимчасининг чўнтагидан хил-хил ипак билан турланган коптокни чиқариб ерга бир урган эди, у бўй баробар сапчиб кетди. Чир-чир айланиб, қайта-қайта коптокни отиб ўйнай бошлади.

Қизлар бошларини гоҳ осмонга кўтариб, гоҳ ерга боқиб, коптокни кузатиб турдилар.
— Баҳор келсин, қониб-қониб бир ўйнайликки...— деди Раъно кулиб.
— Копток ўйнашни жудаям яхши кўраман, ёзин-қишин чўнтагимда олиб юраман,—деди Зумрад коптокни қайтадан кичкина чўнтагига тиқиштириб.

Қизлар бир-бирларини опичиб, қувлашиб, жаранг кулгилар билан бир оз яйрашди. Кўча эшик бўсағасида Оташ-дукчи пайдо бўлган он, қизлар унинг авзойи бузуқлигини пайқаб, дарров уй-уйларига тарқалишди. Зумрад ҳам Раънога эргашиб чиқиб кетди.

Чол қовоғи солиқ, ерга боққани ҳолда хонага кирди, устидаги олача тўнини ечиб, эски кир чопонини кийгач, айвонга чиқди, ўҳў-ўҳўлаб йўталганча, танчага тиқилди.
— Ҳей, қайдасан? Бери кел!—чақирди у кампирини. Ошхонада таппиинг аччиқ тутунидан хит бўғилган кампир минғиллади:
— Бай-ба-ей, чолим бечора ичи яланиб оч келади-я...
— Бери кел деяпман, қулоғинг том битганми?!—тағин чақирди чол тоқатсизланиб.— Гап бор...

Момосулув хола келиб айвон четига омонат ўтирди:
— Тағин нима гап топиб келдингиз? Доим машмаша... Овқат тайёр.
— Чиқ, яқинроқ ўтир, гап кўп,— деди ювошланиб чол.
— Эшитяпман, гапираверинг!—деди зарда билан кампир.

Дукчи чол танча оша бошини чўзгани ҳолда сирли товуш билан сўзга киришди. У Жомеда ўтирганида бугун олдига Эшонхон келганини айтди. Кейин унинг извошда хўжайини билан зиёфатга биргалашиб борганини, у ерда қиз ошида деразадан қизларга мўралаганларини, Зумраднинг роса ўйнаганини, бойнинг ишқи тушиб қолганини — ҳаммасини бир-бир айтди. Кампир ҳайратдан тишсиз оғзини балиқдай катта очиб тинглар эди.
— Энди бой нима учун Эшонхонни олдимга юборганининг маънисини тушундингми, кампир? Э-э, гумроҳ, қизингни сўратяпти! Бошим қотиб қолди!—қичқирди жаҳл аралаш дукчи.

Ранги ўчиб, беҳуш анграйиб қолган кампир чолнинг бақириғидан ўзига келди, оёқларидан эски кавушларини тушириб танчага суқилди:
— Қайси бой? Бўйдоқми ўзи, шунисини гапиринг аввал!— деди сабрсизланиб.
— Дарҳақиқат жуда бой. Машҳур пахтачи бойлардан. Ўзим ҳам бир кўрганман, жуда такаббур, унча-мунчани писанд қилмайди, айтгани айтган, дегани деган.— Чол бир оз сукут қилгач, кулиб, тилининг тагига нос отди.—Эси паст кампир-эй! Сенинг гапингга куляпман. Бўйдоқми дейсан! Бўйдоқ бўлади-ю, бой бўлади-ю, сенинг қизингни сўрайдими! Эсинг жойидами? Ўзи чамаси элликларда, аммо икки хотини бормиш! Ҳа, шундай, ували-жували одам. Ишқи тушган қизингга, яхши кўриб қолган...—деди чол, носвойдан дудуқланиб.
— Ишқи тушмай ўла қолсин!—деди бўшашиб Момосулув.— Йигирмада, ўттизда бўлсаям, битта хотинлик бўлсаям, «Ҳа, пешанаси шу экан қизимнинг», дердим. Икки кундош-а, икки ёв! Кун берармиди айғир отдай икки кундош! Кундошликка кун туғмас, кун туғса, бутун туғмас, деган қадимларнинг сўзини билмайсизми?! Попукдай қизим чўри бўлади-ку, уларга, куяди, ўтда ёнади... Кўп кўрганман мундоқ воқеаларни... Йўқ, чол, сира бўлмайдиган гап. Ўша Эшонхон-да, биламан, хўп тулкилигини, сиз, лақиллаган чол, унинг ноғорасига ўйнамоқчисиз!

Чол «уҳ!» деб узоқ сукутга толгач, наматни бўйра билан қўшиб кўтариб, носвойни тупурди, бўғилиб қаттиқ йўталди:
— Қайдам, молу дунёсининг ҳисоби йўқ бадавлат одам. Шояд қизим яйраб-яшнаб кетса, деб умид қилган эдим, шу важдан менга маъқулдай кўринган эди...
— Хом калласиз—деди кампир куюниб,—давлати кўпнинг куни заҳар заққум бўлади “оч қорним—тинч қулоғим” деган қадимнинг гапини биласиз-ку. Мўмин-қобил бир меҳнаткаш топилиб қолар, андак сабр қилинг, пушаймон бўласиз.
— Сен, кампир, тушунмайсан, бойнинг давлатидан биз ҳам қариган чоғимизда қитдай баҳраманд бўлармидик дейман. Касбим дукчиликка барҳам берармидим... Кунимиз ҳам битиб қолди, бир шингил роҳат кўрармидик...

Момосулувнинг жаҳли чиқиб кетган эди:
— Ихтиёр сизда-ю, отаси, лекин қараб туринг, қизингиз хунибийрон йиғлаб қайтиб келади, шунда пушаймон бўласиз. Худо кўтарсин бойларингизни, мен уларнинг ҳаммасини миридан-сиригача биламан, ҳа, хўп денг гапимга!— Кампир жаҳл билан ўрнидан турди-да, қаддини ростлаб, ошхонага кетди.

Оташ-дукчи танчага тиқилиб, узоқ ўй сурди. Унга гоҳ кампирнинг гаплари маъқулдай кўринар, гоҳ бунинг тэскариси тузук тушар эди.

У намозгарга тайёрлангач, ошхона олдига борди.
— Ҳой, кампир, оғзингни юма тур, қизингга ҳам, бошқаларга ҳам алжираб қўйма! Оғиз айғоқ, тил тайғоқ! Уқдингми? Маҳалланинг катталари билан секин маслаҳатлашиб кўраман,—деди-ю, кўчага чиқиб кетди чол. ,

Зумрад эшикдан кирган ҳамон онасининг хафалигини севган эди:
— Тағин нима гап ўтди, йиғлабсизми?— сўради онанинг юзига тикилиб қиз.
— Чол ўлмагур билан жиндай ғижиллашдик-да, нима бўларди...— деди кампир тутундан хип бўғилган товуши билан.—Қўй, ишинг бўлмасин, қизим!
— Бу нимаси-я, ойи, ўқтии-ўқтин уришиб қоласизлар. Чолу кампир аҳил, меҳрибон бўлиши керак эди. Ойижон, бу ғавғо, хархаша камбағаллигимиздан бўлса керак... Майли, ойи, беҳуда куйинманг, отам келсин, ўзим уришиб қўяман,—деди Зумрад ва онаси узатган бир коса қора шўрвани кўтариб, нимадир куйлаган ҳолда айвонга енгилгина чиқиб кетди.

Иккинчи Боб

I

Осмондан майин, енгил қор учқунлайди. Қатқалоқ кўчаларда совуқдан жунжиган одамлар тирикчилик ташвишида шошилиб, бири бозорга борар, бири бозордан қайтар эди. Енгил-енгил кийинган аравакашлар отда букчайиб ўтирадилар, ўқтин-ўқтин иссиқ нафаслари билан кафтларини иситиб оладилар. Гоҳо гув этиб конкалар, гоҳо отлиқлар ўтиб кетади.

Мана, сувсар телпак, пачапўстинда, мўйловлари олифта буралсан Саидаҳмадхон файтонни битта ўзи тўлдирган ҳолда гердайиб кетмоқда. Уни танимаган одам кам. Савдо аҳли, пахта даллоллари: «Асеалому алайкум!» дея таъзим билан салом бериб қоладилар. Саидаҳмадхон баъзан извошини бир лаҳза тўхтатиб, бирор таниш билан жиндай гаплашар экан, самоварчига: «Чилим»! дея қичқиради. Самоварчилар чилимни шоша-пиша пишитиб, нари-бери артиб югурадилар. Файтон енгил боради, ҳамманинг кўзи, гўё мақомга монанд, учиб кетаётган қўш олмовут отларга қадалиб қолади.

Эскижўвада баланд ғишт бино, мануфактура магазинига етгач, файтон қайрилди, мадраса олдида тўхтади. Бой салмоқдор қадами билан кенг йўлакдан ўтиб, ўнг томондаги эшикни очди-да: «Мумкинми, тақсир?» деди ва жавоб кутмасдан ичкари кирди. Тор, қоронғироқ ҳужрада бош мударрис— аълам билан тўртта-бешта уламо ўтирарди.
— Эҳе, хуш келибдилар, жаноблари!—деди ўрнидан қўзғалиб мударрис.

Уламолар билан кўришиб бўлгач, бой пихиллаб базўр чордона қурди.

Ҳужра ўчоғида пистакўмир лаққа чўғ бўлиб турарди. Икки токчага араб ва форс тилларида, баъзилари тош босмада чоп этилган, баъзилари қўлда битилган қалин-қалин китоблар терилган.

Мударрис— Садриддин аълам ва унинг ҳузуридаги машҳур уламолар саватдай катта оқ саллаларда, қат-қат янги, кенг тўнларда, ҳаммалари узун соқолли, салобатли кекса одамлар эди.
— Жаноблари, бардаммилар?—сўради бойга мурожаат этиб Садриддин аълам.

Бой ўзига жиддият бериб, қуллуқ қилди:
— Ташаккур, тақсир, ўзларидан сўрасак?— ва бир-бир уламолар билан сўрашиб чиқди.
— Қалай толиби илмлар, умуман барча мадраса аҳли, таълим ишлари тузукми?—сўради бой Садриддин аъламдан.
— Толиби илмларимизнинг намозу ибодатга, таҳсилга ихлослари кўп баланд. Вақф ерларининг маблағларига қаноатда бўлиб таҳсил қилурларки, офарин дейишга сазовордирлар,—жавоб берди, кичик айёр кўзларини қисиб, пахмоқ соқол уламо.

Садриддин аълам шошмасдан, сўзларни бир-бир чертиб салмоқ бериб сўзлай бошлади. Мадраса талабалари орасида ҳатто йигирма-йигирма беш йил мобайнида матонат ва ижтиҳод билан таҳсил қилувчилар борлигини айтди.
— Булар гўё игна билан қудуқ қазигандек бағоят диққат, қунт билан меҳнат қилурлар,— деди Садриддин аълам.

Бошини қуйи солиб, сукутда ўтирган кўса бир уламо деди:
— Камбағал, ночор шогирдларимизнинг ҳоли танг. Ҳолбуки, уларнинг озиқ-овқати ёлғиз вақф зиммасида. Бир гуруҳ шогирдлар, баъзи уламолар билан тил бириктириб, вақф даромадини лаққа-лаққа ютадилар. Бутун фалокат ва разолат шунда. Шариатимизнинг қонунлари, ҳуқуқлари қайда қолди?! О, барчаси барбод топди, ёлғиз олло таоло...
— Бас-бас-э!— кесди уламонинг сўзини жаҳлдан қизарган Садриддин аълам.— Олло ҳақи, бўҳтон бу... Астағфирулло, деганларингиз нуқул куфурдир.
— Астағфирулло! Бўҳтон!—деди бўғилиб хаста овоз билан бир уламо.
— Фараз қилайлик,— Садриддин аълам ўтирган ерида бир чайқалаб олди,— мабодо бир-ярим ноинсоф бор, деб. Аммо нафақанинг улкан ҳиссаси шогирдларга ажратилган. Лекин инкор қилмаймизки, шогирдлар орасида олчоқ, дангаса, расво, илдиздан чириган базмкаш ҳаромилар бордирки, бу кўп фоже воқеа, астағфирулло, шояд тангрим ўзи жазоларини бергай!

Саидаҳмадхон, гарчи, зарур ишлари кўплиги туфайли ичдан тоқатсизланса-да, жим қулоқ солиб ўтирарди.
— Афсуски, иллатлар кўп, тақсирлар,— деди мўйловини аста бураб бой.— Шариат бобида четга тоймасдан, бандалар кўкрагига имонни жо қилмоқ — сиз азизларнинг вазифангиз. Биз эса олло таолонинг ожиз бандасимиз. Раҳматли отамиз, фарзандимиз қуръони шарифни варақлашга муяссар бўлғай, деган ниятда каминани мактабга бердилар. Ёш эдик, шўх эдик, домламиз сал нари бўлса, шип этиб дарчадан отардик ўзимизни. Мана, ғирт омиман, жаноблар, расвойи оламман. Лекин на чора, ёлғиз пушаймонлик...— Уламоларга бир-бир қараб чиқди бой, сўнг давом этди:—Қулоқ беринг, тақсирлар, замон тараққиёт поғонасига етди. Петербургда бўлганимда татар бойлари билан кўп учрашдим, бирга бўлдик, улар зийрак, ақлли, ўқимишли, ислом йўлига берилган одамлар. Бухоройи шарифнинг амири олийлари Петербург мусулмонлари учун бир масжид бино қилдирибдилар, кўриб ақлим лол қолди. Миноралари самога қадалган муҳташам бир бино. Татар дўстларга эргашиб ҳар кун намоз ўқидим, бир кун канда бўлмади.— Бой жилмайди.— Ўз шаҳримизда, билмадим, иш кўплигиданми, тарки намоз юрар эканмиз...

Уламолар кулиб қўйишди.
— Мусулмон бандасининг боши ҳамиша саждада бўлмоғи фарздир, жаноб!— деди аълам жиддият билан ва қўлидаги тасбеҳни бармоқлари орасида бир-икки айлантириб қўйди.
— Шу шаҳри азмимизда ҳам татар дўстларимиз, зиёлилар бисёр,— деди бой ва бир қўзғалиб, тиззаларини уқалаб олди.— Улар билан зиёфатда, мажлисларда, савдо-тижорат масалаларида тез-тез учрашиб турамиз.
— Ҳа, жаноб, татарлар динда қанчалик мустаҳкам бўлса, тижоратда ҳам шунча фарангдирлар,— деди уламолардан бири узун соқолини силаб.
— Шундоқ, тақсирим,— деди бой бошини тебратиб.— Татар уламолари мадрасаларда бирмунча ислоҳот ишлари бошлаганлар. Бизнинг Тошкентда, Қўқонда, Самарқандда, Андижонда зиёлилар, жадидлар кўпаймоқда.
— Дини исломимиз барбод бўлурми, астағфирулло...— деди уламолардан бири йиғламсираган оҳангда.

Қовоғини осилтириб ўтирган Садриддин аълам қуюқ қошларини кўтарди ва бойга мурожаат қилиб, қаҳрли оҳангда деди:
— Шариатимиз фақат оллони, пайғамбарни, қуръонни буюрмиш биз ожиз бандаларига. Жадид деган бадном даҳрийлар пайдо бўлмиш, кофири жаҳондир бадбахтлар! Қиёмат яқинмикин, тангрим, ўзинг кечир бандаларнинг гуноҳини, замон бузилди, олам расво бўлди. Аммо уламоларимизнинг биронтаси уларга ёндашмас, биз олло таолога сиғиниб, йиғлаб, дуо қилурмиз, умматларга йўлбошчи, раҳнамодирмиз.

Уламолар бошларини қимирлатиб, аъламнинг айтганларини маъқулладилар.
— Дилимизда аввало худо, сўнг пайғамбар алайҳиссалом ва шариатимиздир!— деди уламоларнинг бири.
— Ҳақ рост!— тасдиқлади киприкларини пириллатиб иккинчи уламо.

Саидаҳмадхон пешанасини уқалаб, жим бўлди. У нима дейишни билмасдан тараддудда қолган эди.
— Мумкинми? Ассалому алайкум!— Эшикдан кулимсираб Анвархон қори кириб келди.

У ўрта бўйли, яғринли, оппоқ юзига калта қора соқоли ярашган, кўзларида ақл жилваси кўринар эди, бошида дид билан ўралган кичик оқ салла, эгнида сурма ранг мовутдан узун тўн.

Анвар қорининг орқасида қуюқ таъзим билан қўлларини кўксига қўйиб, баланд бўйли, сийрак соқолли, ингичка, рангпар киши — «Изоҳ» журналининг котиби Мирзаҳалим турар эди.

Уламолар ва Саидаҳмадхон ўринларида қалқиб, қори билан кўришиб қайта-қайта сўрашдилар.

Саидаҳмадхон Анвархон қорини ёнига ўтқазгач, яна бир карра сўрашиб олди.
— Мадрасада кўрарман деб ўйламаган эдим жанобларини,— деди Саидаҳмадхон қорига қараб.
— Ҳазратларини зиёрат қилгали гоҳо келиб турамиз,— жавоб берди қори кулимсираб.
— Қори!—деди Садриддин аълам оҳиста, салмоқли нутқи билан.— Айни вақтида келибсиз, кўп хурсандмиз. Биз шу топда бой жаноблари ила муҳим бир масала устида сўз чақиб ўлтирурдик. Имонимиз комилдирки, сиз уламо ҳазратларнинг ислом динининг ҳомийлигига аминсиз. Сиз уламоларнинг пок ниятларини, хулқи-атворини яхши билурсиз. Шундоқ экан, умид қилурмиз, сиз жадидлар йўлига сад чеккайсиз, у беҳаёларни йўқотгайсиз!

Анвархон қори бир лаҳза ҳайратда қолган эди. Лекин зийрак киши бўлганидан дарҳол уламолар кўнглидаги ғашликни сезди, Саидаҳмадхонга мурожаат қилди:
— Шу давримизда жадид аталмишлар мавжуд бўлди. Жанобларга маълум бўлғайким, уларнинг мақсади—ислом байроғи соясида халққа хизмат этмоқ ва миллатга раҳнамо бўлмоқдир. Биз билурмиз, уламоларимиз кўнгиллари пок, динимиз учун ўзларнни қурбон этадиган зотлардир. Уламо ҳазратлар жадидлар ила биргаликда халққа раҳнамолик этсалар, тарбия, шафқат қилсалар кўп дардларимиз шифо топган бўлур эди, муқаддас вазифаларимиз бажо этилган бўлур эди. Олло таоло, пайғамбаримиз, шариатимиз ҳақи, онт ичурман, тақсирлар,— қори бир зум сукут қилиб, уламоларга бир-бир қараб чиқди,— пок виждон ила қайд этурманки, уламоларга эътиқодимиз буюкдир, жаноб Саидаҳмадхон,— Анвар қори бойга мурожаат этди,— халқимиз бидъат, хурофот ботқоғида қолиб борур, бунинг боиси недур? Илм-урфондан мутлақо маҳрум, нодонлик-гумроҳликка муттасил ғарқ бўлмишлар. Миллатимизнинг бу жароҳатларига даво излайлик, шафқат қилайлик! Уламо ҳазратлар биздан асло ранжимасинлар,— деди қори дадил оҳангда, — бу масалалар хусусида бир оз оғиз очсак, мактаб, мадрасаларга бир оз ислоҳ киритайлик десак, ҳазратлар ўта мутаассиблик ила зиддият кўрсатурлар. Истамбулда дорилфунун бор. Туркиянинг Анқара, Измир каби шаҳарларинда янги усул мактаблар очилмиш. Арабистонга бир назар ташланг: Қоҳира, Искандария, Дамашқ, Бағдод шаҳарларининг барчасида дорилфунунлар, мактаблар бисёр эмиш. Жаноблар, аҳвол шундоқ. Туркистон вилоятида маориф машъали йўқ, халқимиз ҳаёти том зулмат. Эски мактабларимиз ғоят қолоқ. Ҳолимиз фоже ва аянчли. Унча-мунча тараққийпарвар зиёлилар, жадидлар пайдо бўлиб келурлар. Булар ҳам шариатимизни, қуръони шарифни муқаддас билурлар, инчунун мактаб ишларига ғамхўрлик кўрсатурлар. Уламо ҳазратлар, муҳтарам бойлар, зиёлилар, жадидлар орасида бирлик лозимдир. Айни эамонда мактаб-мадрасаларимиз ислоҳ талабдир.

Ҳужра эшигида, ташқарида, бир тўда шогирдлар турарди. Улар баъзан эшикни қия очиб, тағин ёпар, ўзаро ивир-шивирлашиб қўяр эдилар.

Уламолар қовоқлари солиқ, ерга боқиб, сукутда ўтирардилар. «Изоҳ»нинг котиби мулойим оҳангда секин сўзлади:
— Жадид аталмиш кимсалар пайдо бўлди, майли, ўзларини муқаддас ислом байроғимиз остига олсалар, қаршилик кўрсатмайлик, биргалашиб миллат учун жон куйдирайлик. Туркия ва Арабистон яқин дўстларимиздир. Ғоямиз, иқболимиз, маслагимиз бирдир. Айни замонда вазифаларимиз зўр ва масъулиятлидир. Олло таоло ўзи карам этсин!

Уламолар жиндай юмшадилар. Улардан баланд бўйли, серсавлат, эллик беш ёшлардаги бири муғамбир кўзларини Анвархон қорига тикандай қадади:
— Ислом байроғи остида бирлашувга эътироздан ожизмиз. Дин учун, иқбол учун, муқаддас вазифалар учун жонимиз фидо!— деди кескин равишда ҳаяжондан қизариб.

Садриддин аълам, одати бўйича, кўзларини ердан олмаган ҳолда шошмасдан минғиллаб сўзлашга киришди. «Жадидлар орқадан динга раҳна солиб юрурлар», дея турли далиллар кўрсатишга ўриниб, узоқ гапирди. У ичида Анвар қорини ақлли, тадбирли, ҳушёр, оламдан хабардор, деб ўйлаганидан, ҳар нечук тихирлик қилса-да, аста-секин бўшашди:
— Ислом дини пок ва улвийдир. Уламолар дин ҳомийси, халқ йўлбошчисидирлар. Модомики, шундоқ экан, зиёлилар, бойлар — барчаси уламолар билан иноқ бўлиб, уламоларга асло шак келтирмай бирлашсалар, шояд халқ бошидаги ташвиш ва кулфатларни, тангрининг қудрати ила даф этурмиз. Уҳў-ўҳў,— деб бир-икки йўталди аълам, тағин асабий ҳолда бошини кўтариб, қорига қаради:— Жаноблари огоҳ бўлсинларки, хоин жадидларнинг шаллақиликлари ҳаддан ошгани ҳамон сад чекурмиз. Тошбўронни билурмисиз? Туркистон ўлкасига, бандаларига қудратли тангри раҳм қилса, ўзи нур ато этур!
— Пок виждонимда зарра шубҳа йўқ, ҳазратим!— деди қўллари кўксида таъзим билан қори.— Олло ҳақи, асло шак келтирмагайсиз...
— Тақсирлар,— деди Саидаҳмадхон аввал уламоларга, сўнгра аъламга мурожаат этиб,— ғалва-можаро, низоларга барҳам берайлик. Алҳамдулилло, барчамиз мусулмонмиз, бизни шариат йўлидан сиз олиб борурсиз. Лекин эамонамизнинг талабига мувофиқ, қори афанди айтганларидай, қитдай ислоҳ билан мактаб-мадрасаларга илми ҳисоб киритмоқ гуноҳ бўлмас, деб ўйлаймиз. Тақсирим, менга ижозат берсинлар, тижорат ишида ҳар бир дақиқанинг қиммати ғоят зўр,— деди бой ва пихиллаб ўрнидан қўзғалди.
— Чой, чой лозим эди, афсуски фаромуш бўлибмиз,— деди Садриддин аълам ўрнидан турар экан.
— Ташаккур!— деди бой қуллуқ этиб, уламолар билан хайр-маъзур қилиб ва қорига кўзини қисиб зимдан имо билан боқди-да, ҳужрадан чиқди.

Уламолар ҳам ҳовлига чиқдилар. Саидаҳмадхон ва Анвархон қори тағин қуллуқ қилиб, уламолар билан қайта-қайта хайрлашдилар ва кўчага қараб аста юрдилар. Кўча эшик олдида икки талаба «Ассалому алайкум!» деб таъзим билан салом берди. Анвархон қори тўхтади, қўл бериб, ҳар иккиси билан кўришди. Бой «Ваалайкум...» деб ўтиб кетишни мўлжаллаган бўлса-да, ноилож тўхтади.
— Бу кишининг зеҳни олмос, юраги пок, дарди илмда,— деди қори бойга Умаралини кўрсатиб.— Қани шундай чанқоқ йиғитларга илм булоғини очиб юборсак. Буниси эса машҳур ялқовлардан,— деди кулимсираган ҳолда қори.— Тарбия билан балки эпга келтириб бўлур, дейман, жиндай заҳарлиги ҳам бор.
— Шогирдларни миридан-сиригача биласиз-да, қари жаноблари. Сабр-матонат билан илм ва динни чуқур ўргансалар, ахир бир кун муддаога етадилар,— деди бой гердайиб.
— Кўп яхши гапирдилар, қори ҳазратлари. Мароқ билан тингладик, айтганларингиз барчаси ҳақиқатдир. Илмга ташналигимизнинг таърифидан тил ожиз...— деди Умарали таъзим билан қорига мурожаат этиб.— Ҳужрадаги суҳбатни эшик орқасидан эшитдик. Афв этгайлар,— жилмайди йигит.

Умарали йигирма уч, йигирма беш ёшларда, баланд бўйли, оқишдан келган, келишган йигит. Унинг кенг пешанаси, йирик кўзларидаги фикр ва ақлнинг теранлиги ички руҳиятидаги гўзалликни кўрсатарди. Эгнидаги жуда содда, ҳатто фақирона, лекин тоза кийими ҳам, бошидаги қунт билан ўралган кнчкина оқ салласи ҳам жуда ярашган.
— Талабалар моддий ва маънавий аҳволининг шу тобда ғоят чатоқлиги — барчамизнинг дилимиздаги жароҳат. Унинг давосини ахтармоқ, шифосига эришмоқ кўнгилларимиз орзусидир, иним,— деди қори Умаралига мулойим боқиб.
— Ҳар ишда сабр-қаноат лозим, жаноб Анвархон, мусулмончилик аста-аста,— деди шошганидан тоқатсизланиб Саидаҳмадхон.

Умаралининг шериги, қори, ялқов, деб таништирган шогирди, Хуррам мирзо кўзлари ола-кула, кўсароқ, қаримсиқ, паканагина йигит эди.
— Бой ака!— деди Хуррам мирзо Саидаҳмадхоннинг пинжига суқилиб.— Номим Хуррам, дўстларим эркалаб «Танбал» дейдилар. Лекин араб тилида мадраса аҳли орасида олдимга тушадигани йўқ. Ўқтин-ўқтин шу маконда дилим сиёҳ бўлиб кетади-ю, битта-яримта чапани улфатларим олдига бориб жиндай май ёхуд банг билан кўнгил очаман. Шундоқ, бой ака, мендек фақирга зиғирдай шафқат ва эҳсон кўрсатсалар. Давлатингиз бундан ҳам зиёд бўлгай.
— Оббо, нафси бузуқ, сира бу қилиғингни қўймадинг!—деди ранжиб шогирдлардан бири.
— Фалокат, писмиқсан, нарироқ тур!—деди Хуррам мирзо тўнғиллаб.

Қори билан Умарали кулиб юборишди.
— Серзавқ кўринасан, эртага ҳовлига бор, гаплашамиз, хўпми?— деди бой кеккайиб.

Хуррам мирзо қайта-қайта букилиб таъзим қилди. Анвархон қори билан Саидаҳмадхон. кўчага чиққач, дарвоза олдида учраган шилпиқ кўзли чолга: «Чилим, тез чилим!» деди сабрсиз ҳолда.
— Жоним ўргилсин сиздан, бой ака, чилим, мана!— Чилимни шошилиб бойга тутди чол.

Саидаҳмадхон чилимни бир-икки узун-узун тортди ва «ол!» дея бир чақани ташларкан, чол букилиб қўл қовуштирди.
— Уламоларнинг дилини оғритманг, жаноб қори, иноқлик билан иш кўрсангиз, ютасйз. Уламонинг қудрати зўр, тегажаклик қилманг,— ўгит берган бўлди Саидаҳмадхон мийиғида кулиб.
— Уламоларга ҳурматимиз чексиз,— жавоб берди қори, лекин...

Бирдан қорининг сўзини кесди Саидаҳмадхон:
— Городга чиқмаймизми?
— Ташаккур!—деди қуллуқ қилиб Анвархон қори.— Матбаага киришим зарур, бир рисола битган эдим, шунинг нашрига доир жиндай юмуш бор. Китобдан аввало сизга ҳадя этажакман.

Бой қуллуқ қилди:
— Индинга бизнинг ҳовлига марҳамат этсинлар, суҳбатлашамиз.

Қори: «Албатта борурман», деб хайрлашгач, Саидаҳмадхон файтонга ўтирди.
— Заводга!— буюрди бой извошчига.

II

Файтон юриб кетиши билан, Анвар қори қайтиб мадрасага кирди ва Умарали ҳужраси томон юрди.

Умарали эҳтиром билан қорини ёлғиз кичкина кўрпачага ўтқазди.
— Саидаҳмадхон пахтачи бойлар орасида энг эътиборлиларидан. Рус фабрикантлар ҳам яхши танийдилар,— деди қори пешанасини уқалаб.
— Биламан, лекин ғурури ҳам хийла баланд,— деди Умарали қорининг қаршисига — қуйига чўккалаб.— Илмга тушунмайдиган, қадри-қимматига етмайдиган махлуқ ҳаммаси.
— Бойлар кўпаймоқда, бу ёмон эмас. Уларни ташвиқот-тарғибот билан тараққийпарварлик йўлига солиш бизнинг вазифамиз. Миллатнинг аҳволи фожедир, буни бойларга тушунтирмоқ бизнинг бурчимиз. Аввало бойларни ғафлат уйқусидан уйғотурмиз, сўнг улар билан биргаликда миллат ғамини кўрурмиз. Иним Умарали, бу ғоят мушкул иш, лекин миллатнинг корига ярайдиган одамлар — бойлар. Уламо ҳазратларнинг жадидларга зидлиги авжга минмоқда, билмадим, оқибати не бўлур.
— Жаноблари ҳаргиз ифрот, эҳтиёт бўлсинлар! Буларнинг сири фақирингизга кўп аён,— деди Умарали товушини пасайтириб.— Ҳақиқий дин ҳомийлари бўлмиш уламоларга ҳурматимиз комил, афсуски, ашаддий нодон мутаассиблар ҳам бор, уларга тоб бериш мушкул.
— Зинҳор машаққат чекманг, иним,— деди қори ва кулиб юборди.— Саидаҳмадхон бўлмаса эди, уламолар еб қўярдилар мени. Тошбўрон, деб дўқ қилдилар, эшитдингизми?
— Ақл соҳибининг сўзи эмас, албатта, тангрим ўзи сақласин сизни. Аммо жаноблари амин бўлсинларки, булар орасида "ҳар қандай қабиҳликдан бош тортмайдиганлар бор.
— Модомики шундоқ экан, биз кези келганда жасурлик, кези келганда мулойимликни ишга солиб, ғолиб чиқурмиз,— деди Анвархон қори. Кейин бир оз сукутдан сўнг давом этди:— Бир кун сизни Саидаҳмадхонникига олиб бораман. Ҳа, бойни ёқтирмадингизми?
— Уларнинг зиқлиги тағин, бай-бай-бай, такаббурлигини, ғурурини айтмайсизми? Асло тоқатим йўқ!— назокат билан жилмайди Умарали.

Ҳаётнинг мушкулликлари, муаммолари ҳақида қори узоқ гапирди. Умарали кўнглини эзган ҳасратларини гапирди. Отаси кўпдан вафот этганлигини, онаси ҳар кимнинг эшигида юмушда юрганлиги, ёлғизгина синглиси жияк тикиб тирикчиликка ёрдам беришга мажбурлиги ҳақида дард билан сўзлади.
— Мен бўлсам, илм гадойи бўлиб мадрасада юрибман. Онам билан синглимни ўйласам тунлари кўзларимга уйқу қўнмайди...

Анвархоннинг кўнгли эзилган эди, қаршисида ўтирган, руҳан сиқилган йигитнинг аҳволини яхши тушунган эди. Узоқ сукут қилгач, юпантирувчи, мулойим товуш билан деди:
— Иним Умарали, модомики онангиз, синглингиз рўзғорни қийинчилик билан бўлса-да тебратиб турур эканлар, сабр қилинг, таҳсилингизни бир нуқтага етказинг. Ҳар бир туннинг бир кундузи бўлгани каби, ҳаётингизнинг ҳам кундузи келур. Илм шами йўлингизни ёритур. Иншоолло, муддаонгизга етурсиз.
— Фақирликнинг подшоҳликдан улуғлигига аминман, жаноблари!—деди енгил тортиб Умарали.

Шу тобда бирдан эшик очилди, талабалардан бири ҳужрага бошини тиқди:
— Дўстим, тез чиқ, мударрис дарс бошладилар, лекин жуда феъллари айнаган.

Қори ўрнидан турди:
— Бизга ижозат беринг, сиз ҳам дарсдан қолманг, илмнинг дурлари беҳуда сочилмасин!

Умарали арабча бир китобни қўлтиғига тиқиб, қори билан бирга ҳовлига чиқди, уни эшикка қадар кузатгач, назокат билан хайрлашди:
— Жаноблари кўнглимизни ва ҳужрамизни нурга тўлдирдилар. Минг қатла ташаккур, тез-тез кўрмоқни орзу қилардим...— деди ва қорини жўнатиб, дарсхонага югурди.

Учинчи Боб

I

Шокир ота дўконига Тулки тилмоч ўзининг қиморбоз, безори дўстларидан биттасини эргаштириб кириб келди. Тулки тилмочнинг асли исми Бозорбой бўлса-да, бу исмини кўплар билмас, «у кўпдан айёрлиги, қувлиги сабабли орттирган «Тулки тилмоч» лақаби билан ҳаммага маълум эди. Ўзи ҳам ўрганиб кетган, мабодо биров: «Исмингиз нима?» деб сўраса: «Исмим Тилмоч, ишим ҳам тилмочлик, бу ҳунарда олдимга тушадиган кимса йўқлигидан мени Тулки тилмоч, дейдилар!» деб ғурур билан жавоб берарди. У узун бўйли, ходадай бесўнақай, беўхшов киши. Ўзи қирқларга энди кирган бўлса-да, қоп-қора териси суякларига ёпишган, юзлари тириш, у ёқ-бу ёққа қараб сўррайган йирик тишлари чурук. Катта ола-кула кўзлари қинидан отилиб чиқадигандай, айниқса, ғилайлигидан жуда ҳам хунук. Шунинг учун ҳам Тилмоч ҳамиша қора кўзойнакда юрарди. Булар етмагандек, тағин пастки жағи олдинга чиққан, пастки лаби ҳам осилиб турар эди. Тулки тилмоч Шайхантаҳур қозиси олдида тилмочлик қилар ва ўзининг касбидан ниҳоят мағрур бўлганидан, маҳалласидаги косиб, бўзчи, темирчи ва бошқа касб эгаларини писанд қилгиси келмас, фақат элликбоши, бой-бойваччаларга қуюқ салом берар эди. Оёғида этик, эгнида узун тринка камзул, кўкрагида соатининг узун йўғон занжири.
— Эҳе, бобой, ҳорманг, ишлар қалай?— деди Тулки тилмоч дўкон четидаги наматга ўтириб ва имо билан ёнидан дўстига жой кўрсатди.
— Келинглар,— деди Шокир ота нохушгина товуш билан, энсаси қотган ҳолда.

Тулки тилмоч у ёқ-бу ёқдан бир қадар гап айлантирди. Шокир ота унча рўйхуш бермаганини пайқаганидан гапнинг пўскалласини айтди қўйди:
— Унсин қалай?—сўради тишларини тиржайтириб. — Оҳо, ана энди келдинг ўзингга!— деди қиморбоз қалин лабларини ялаб.— Гоҳо ой қизингиз, бобой, гузардан паранжида ўтиб қолади. Сулувлиги сочвон тагидан ҳам билинади, орқасидан термилганимча қотиб қоламан... Ўртаниб кетаман. Олай шу қизни, дейману, лекин камбағалман-да, ҳамёнда ҳемири йўқ, қани илож...
— Бас-бас! Йўқол, аблаҳ!— жаҳлдан бўғилиб бақирди чол.

Қиморбоз Шокир отанинг сўзини писанд ҳам қилмади, киссасидан халтача чиқариб, эски қоғозга махорка ўради, тишлари орасига қистирди, дўконнинг бурчак-бурчакларига аланглаб қаради:
— Дўконнинг озодалигига қара, Тулкибек, исқирт чолнинг омади...

Шокир ота ойнак устидан ўқрайди:
— Бас, йўқол деяпман сенга, баччағар!
— Хафа бўлманг, бобой, гапга қулоқ солинг,— деди Тулки тилмоч айёрона кулиб.— Яқинда Саидаҳмадхон бойнинг меҳмони бўлдим. Бойларнинг сараси экаклигини биласиз. Шаҳарнинг обрўли бойлари, каттаконлари кўп эди. Дастурхонга ҳолва-ю асал, кабобу мантиларни тўкиб ташлади. Бойлардан биттаси: «Йўлчи ўлди-ю, лекин ҳануз тинчимадик, ишчилар, мастеровойлар сувни лойқатяпти», деб қолди. Дарров сўзни мен олдим: «Йўлчи ҳам, мастеровойлар ҳам барчаси бир гўр, албатта, тезда олдини олиш керак. Лекин Йўлчининг фариштадай бир синглиси бор, бир маҳсидўз чолнинг қўлида, қиз ҳам косибликда фаранг, тиккан маҳсилари мисоли бир гул», дедим. Бою бойваччалар ҳайратда қотиб қолишди.

Шокир ота ишдан тўхтаб, кўзойнагини пешанасига кўтарди:
— Йўлчининг арвоҳини тинч қўй, тил тегизма! Йўлчи мард, шер йигит эди, дунёга бир келди, бир кетди. Синглиси камтар, меҳнаткаш бир қиз. Ҳуснда Тошкентнинг тўрт даҳасида тенги йўқ. Лекин ҳали ёш, йигирмага кирсин, кичик акаси Элмурод келсин, рабочиликда юрибди... Унга, ўзига муносиб, боадаб, ақлли, ювошгина куёв топамиз.
— Бобой, сиз менинг сўзимга киринг, Унсинни менга топширинг. Бизнинг хонадонда супуриш-сидиришдан бошқа иш йўқ, пишириш-куйдириш келинингиздан ортмайди. Кенг-мўлчилик, яйраб юради, гулдай асрайман, зинҳор қайтарманг сўзимни. Каталакдай ҳовлингизда диққинафас бўлиб, меҳнатда чақилиб ўтирибди, инсоф қилинг, қария! Раҳмим келади, бир савоб иш қилай, дейман.
— Хўп, денг, бобой!— деди махорканинг тутунини бурқситиб қиморбоз.— Мен-ку муттаҳам қароқчи, хуллас, расво одамман, айбим шу... Уйлан, уйлан, деб худонинг берган куни кампирим қулоғимни битиради... Энди, бобой, сиз тихирлик қилманг, қизни Тулки тилмочга беринг, маҳси тикиш қиз болага осон юмуш эмас, сил бўлади-я, бу ёғиниям ўйланг-да. Тилмочни бекорга Тулки демаган одамлар, бир бой куёв топади, қараб туринг, чўтал берамиз сизга!.. Хо-хо-хо!

Шокир ота қаршисида ўтирган безориларнинг тегажаклигидан, шаллақилигидан хуноб бўлган ва қаҳрланган эса-да, индамади. Тулки тилмоч тағин гапга киришди. Пўписа ҳам қилди, ялиниб ҳам кўрди, лекин чолни сира кўндира олмади.
— Бефойда гап билан тилингни кўп қайрайверма!— бақирди Шокир ота ўрнидан туриб.— Фалокат, шеригингни олдингга сол! Даф бўлларинг!
— Ҳе, қари така!— деди қиморбоз Тулки тилмоч орқасидан кўчага чиқа туриб.— Бир кун пушаймон бўлмагин, дейман, Тилмочнинг қози калондай тирговучи бор, билиб қўй.
— Алжирама, жўна!—ҳайдади бўғилиб Шокир ота ва дўконнинг кўча эшигига шақирлатиб занжир сола бошлади.
— Вой ўлай, нима гап, отажон? Нима шовқин? — айвонга чиқадиган эшик орқасидаи сўради ташвишли овоз билан Унсин.
— Гап кўп, қизим, тура тур!— деди чол йўталиб.
— Оҳ, овозингдан!..— деди қиморбоз беҳаё шивирлаб, Унсиннииг товушини эшитаркан.
— Тинчликми, отажон?— тағин сўради Унсин сабрсизланиб.
— Қараб тур! Барибир қизни ахир суғурамиз инингдан. Чурук уйингга ҳайф шундай фаришта!— деди қиморбоз кўчада мушти билан пўписа қилиб.

Чол асабийлашган ҳолда уйга киргач, бўлган воқеани Унсинга гапириб берди.
— Қўйинг, куйманг, отажон, худойим бутун дўзахни у муттаҳамлар бошига ағдарсин!—деди Унсин чолга таскин бериб ва тағин ишини қўлга олди.

II

Саидаҳмадхон заводдаги торгина конторасида столга оғир гавдасини ташлаган ҳолда пишиллаб ўтирар, қаршисида нозик қоматини алифдай тутиб Эшонхон турар эди.
— Қани айтган пахтанг, йўқ-ку?— сўради зарда билан бой.
— Келиб қолар, йўл узоқ, бой ака,— жавоб берди Эшонхон.
— Тур, механикни чақир, йўлакай чой ҳам ола кел,— буюрди бой.

Заводнинг машина бўлимидан, девнинг қалби каби, гурс-гурс узлуксиз зарб эшитилиб туради. Завод Паркент кўчанинг пастқам бир жойида, аҳоли кам яшайдиган ерда. Конторанинг деразасидан толлар, қайрағочлар кўринади, кўча ботқоқ, йўллар ёмон. Пахта ташийдиган аравалар ёзда тупроқ булутига кўмилса, қишда ботқоққа чўмилади. Аравакашлар «ҳай-ҳай», «чуҳ-чуҳ» дея шовқии билан кўчани бошга кўтарар эдилар.

Эшикдан қўлида чойнак Эшонхон ва механик Аркадий Петрович кириб келдилар. Механик эллик ёшлардаги соқоли калта, чарм камзул кийган киши эди.
— Э, Аркадий Петрович, келинг-келинг, саломатмисиз, ишлар яхшими?— деди бой ўтирган жойида ва қаршидаги ўриндиқни кўрсатди.
— Салом, ишлар ёмон эмас, жойида,— жавоб берди механик ўриндиққа ўтириб.
— Эшитишимга қараганда заводда, ишчилар орасида сартлардан, маччойилардан бир гуруҳ ялангоёқ бузуқлар, ғаламислар, йўлдан урарлар пайдо бўлибди. Кўзингиз йўқми, бу қандай номаъқулчилик?!—асаби тутганидан қизариб сўради бой.
— Сиз қизишманг,— деди мулойим, вазмин товушда механик.— Барчалари меҳнаткаш, азамат йигитлар, бир, зум қаддини ростламасдан қанор-қанор, той-той пахтани кун бўйи ташийдилар. Норозилигингизнинг сабабини тушунолмадим, бой?
— Сувни лойқатиб, содда меҳнаткаш йигитларга йўл-йўриқ кўрсатиб юрганлар бор эмиш ишчилар орасида,— деди бой ўзини бир оз босиб.
— Ах, бор эмиш денг... Ундай миш-мишларга мен ишонмайман, лекин мен ишлайдиган машина бўлимида иш бир секунд ҳам тўхтагани йўқ, хўжайин. Прессларга қуйилиб турган пахта дарёси, пресслардан думалаб чиқаётган той-той пахталар бир нафас тингани йўқ. Бундан ортиқ яна нимани талаб қиласиз?— Механик бойга тикилиб қаради.
— Заводнинг иши кетяпти, бунга аминман, лекин ҳалигидек мен айтган бузуқилар оралаб юрган бўлса, бизга кўп зиён етади. Менинг сиздан талабим — ҳар ишнинг олдини олиш лозим, сиз ҳам кўз-қулоқ бўлиб юринг. Ҳушёрлик керак, оқ подшонинг йўлидан юриш керак.

Аркадий Петрович индамади-да, бир оз сукутдан сўнг ўрнидан турди.
— Мен борай, машиналарни назоратсиз қолдириб бўлмайди, мен уларнинг кўз-қулоғиман,— деди ва тез юриб чиқиб кетди.

Саидаҳмадхон чойни эринчоқлик билан ҳўплаб, ниманидир ўйлаб жим ўтирарди.
— Бой ака,— деди Эшонхон Саидаҳмадхон узатган пиёлани ола туриб,— бу механик, техникларингизга ишониб бўлмайди, мусулмон ишчиларни йўлдан уриб, ақл ўргатаётганлар шуларнинг ўзлари!
— Сенинг ақлинг бало! Битта сенга ишонаман, мирза Эшонхон!— деди бой узун ҳомуза тортиб.— Ҳа, айтгандек, бугупдан бошлаб Смирновга пахта беришни тўхтатдим. У падар лаънат кам нарх билан олиб, зўр бериб Масков-Петрга жўнатяпти, фойдани у қилаётибди. Келса, берманглар, хўжайинга учраш, денглар, уқдингми?
— Хўп, бой ака! Эгрига эгри бўлинг, дейман-ку ҳамиша сизга. Лекин ишни зимдан қилиш керак. Қўполлик ярамайди. Пахтачи бойлар, процентчилар билан ғоят нозик муомалада бўлмоқ лозим. Улар деҳқон қийналиб турган пайтни пойлайди, қарзга пул беради-да, шартта боплайди қўяди, сиз қолаверасиз. Мана шунга доғман. Сиз ижозат беринг, мен пинҳон иш қилай: даладан пахтани тўппа-тўғри заводингизга оқизиб берай, ҳамма рақибларингиз доғда қолсин! Ана шунда уларни ҳуржунга ўтқазамиз.
— Ҳақиқатан, мирза, дағаллигим бор,— кулди бой.— Майли, ўзинг ҳамма ишга разм солиб юр. Замон жуда лойқаланиб кетяпти, ҳали қарасанг у бой синибди, ҳали бу бой... Пахтачи бойларнинг орасида энг бели бақуввати, қўли баланди ўзим бўлсам ҳам, баъзан хаёлга кетиб, чўчиб қоламан.
— Иқболингиз баланд, сира қўрқманг, тақсир!— деди Эшонхон ўрнидан турган Саидаҳмадхоннинг елкасига почапўстин ёпиб.
— Мен кетдим. Эшон, аравакашлар, пул, деб келса, ҳайда ҳаммасини, бугун пул йўқ, дегин. Уқдингми?
— Уқдим, уқдим, бой ака!— деди Эшонхон таъзим билан.

Бой оғир қадамлар билан айвонга чиқди, бир зум тўхтаб, завод томонга, кенг ҳовлидаги брезент ёпилган тоғ-тоғ той пахталарга назар ташлагач, тоза ювилган файтонга ўтирди:
— Ҳайда!— буюрди извошчига.
— Бой ака, қаерга?— сўради извошчи узун қамчини баланд кўтариб.
— «Регина»га!— деди бой файтоннинг юмшоқ ёстиғига ясланиб.

Файтон заводнинг катта дарвозасидан кўчага чиққач, балчиқни сачратиб, учиб кетди.

III

Эшонхон бойни жўнатгач, қайтиб конторага кирди. Бир оз чўт қоқиб, ҳар кунгидек ҳисоб-китоб қилди. Кейин ташқарига чиқди, пул кутиб турган аравакашларга, бирини сўкиб, бирига дўқ қилиб, қўпол муомала қилди. Аравакашларнинг баъзи кексароқлари ялиниб кўришди, ўспиринлари сўкишди, баъзилари индамасдан хўмрайганча жўнашди. Аравакашлар ҳар вақт Эшонхонни: «Бой акамнинг ити!» деб сўкар эдилар. Эшонхон буни билар ва ичида: «Шошма, хап сенларними!» дея ёниб юрар эди.

Эшонхон завод ичига кирди, пахта ташиётган ишчиларни тергаб, ҳар ишдан чалкаш топиб, бир қанчаларини хафа ҳам қилди:
— Ҳой, анқов, қопинг йиртиқ, кўзинг кўрми?
— Ҳой, тожик, ҳангамангни бас қил, тез-тез қимирла!

Ўрта ёшли мўмингина бир ишчини тўхтатди:
— Ишлар қалай?— сўради пўнғиллаб Эшонхон.
— Лаббай, хўжайин, хизмат?—сўради ишчи катта қанор пахта остидан икки букилган ҳолда.
— Ҳозир ишингдан қолма, ишдан чиққач, олдимга кир, гап бор.
— Хўп, хўжайин, хўп!— деди ишчи ва инқиллаганича қилтириқ оёқларини бир-бир босиб, қанор тагида букилганча кетди.

Эшонхон кўксини баланд кўтариб, гердайган ҳолда самовар томон юрди, лекин у ерга яқинлашганда яна бир ишчини тўхтатди.
— Ҳой, фалокат, ичганмисан? Тўхта-чи! Кўзлари қийиқ, кўса ишчи оқариб тўхтади.
— Хўжайин, зинҳор койиманг, ичганим йўқ...— деди ишчи ўзини четга тортиброқ.
— Баччағар, кўриб турибман-ку!— бақирди Эшонхон. Ишчи индамади, завод томон тез юриб кетди.
— Келинг-келинг, хўжайин!— қарши олди Эшонхонни самоварчи — бир кўзи ғилай, семиз, пакана киши.

Кичкина, ифлос чойхона олдида уч-тўртта тўрқовоқ осиғлиқ турарди. Бир-икки ишчи йиртиқ намат устида чой ичиб, гаплашиб ўтирарди.

Эшонхон чойхонани, у ердаги чойхўрларни бир оз кўздан кечиргач, аста туриб, яна контора томонга кетди.

IV

— Тузукмисиз, онажон?— сўради Умарали хаста ётган онасининг пешанасидан меҳр билан ўпиб.

Ўғлини ҳамиша соғинч билан кутувчи Ҳилол буви севинганидан дарҳол ёстиқдан бошини узди:
— Ўтир, танчага ўтир, болагинам, рангинг ўчибди, совуқ-да... Ўтира қол!
— Уринманг, ётинг, ойи...— деди Умарали онасининг юзини силаб. Бошидан салласини олиб, қозиққа илгач, эскигина дўппини бошига кийди ва танчага суқилди.
— Жим бўлиб кетдинг, хабар олай ҳам демайсан. Биласан-ку, йўлингга кўз тикиб ўтираман... Кечиксанг ташвиш тортаман,— шикоят қилди она сўниқ, ғамгин товуш билан.
— Ойи, мадраса жафосини чекиб юрибман...— жавоб берди Умарали мулойимлик ила.
— Майли, ўғлим, таҳсилингга ғов бўлмайман асло. Эҳтимол, масжидга имом бўларсан... Бирпасгина бўлса ҳам, ора-чора кўриниш бериб, нотавон кўнглимни тинчитиб кетсанг бўлгани...

Ҳилол буви мажолсиз гавдасини базўр ростлаб, ёстиққа суянди. Эски пешанабоғни қошларига тушириб боғлади. У ўрта бўйли, жиккак гавдали, қорамтир келган, кўҳликкина хотин эди. Бурушиқ юзида ва ғамгин кўзларида она муҳаббати, самимий юрак меҳри балқир эди.
— Изғиринда айвонда ётибсиз, уйга кирсангиз бўлмасмиди?—сўради Умарали онасининг орқасидаги ёстиқни тузатиб.— Кўчириб қўяйми?
— Йўқ, жоним, ёруққина айвон тузук менга, уйда нафасим тиқилиб кетади.

Умарали буни биларди. Ҳилол буви унча-мунча ёмғир-қорни писанд қилмас, қишнинг қаҳратон чилласидагина танчани уйга кўчирар ва совуқ бўшашган ҳамон, кўклам дараги келмасдан, тағин айвонга кўчиб олар эди.
— Оғриқ қолдими, уйқунгиз қалай?— сўради Умарали онасининг ранг-рўйига разм солиб.
— Билмайман, болам, қандай бедаво дардга чалиндим, на уйқу бор, на иштаҳа. Кўкрагимнинг санчиғи сира қолмайди,— жавоб берди она хаста товуш билан.

Умарали индамади, у онасининг аҳволига ич-ичидан қайғурар, табиб чақирсаммикан, деб ўйлар, пули йўқлиги дилини эзар, онасидан ёки синглисидан пул сўрашга тили бормас эди.
— Жамила кўринмайди, қаёққа кетди?—сўради Умарали ҳовлига, ўчоқ бошига кўз югуртириб.
— Жиякларини Ойниса бувисига олиб кетган эди, келиб қолар. Қиз бояқишга қийин бўлди... Мен ётиб қолдим...— деди Ҳилол буви ва шу он ўғлининг юзидаги ғам кўланкасини сезиб, сўзини бошқа мавзуга бурди:—Қўшнилардан ҳали униси, ҳали буниси ҳолимни сўрагани чиқиб туради. Жиндай гаплашамиз. Шу кеча-кундуз турли-туман миш-мишлар кўпайди. Худога ёлвораман, ўзи асрасин сени. Бағримда бўлсанг, кўнглим тинчроқ бўлармиди, Нима гап ўзи, нега замон чайқалиб қолди? Мадрасадасан-ку, ўғлим, гапир, сенга ҳаммаси аён бўлса керак, тушунтир мен гумроҳгаям. Нима бўляпти? Ўйлаб ақлим етмайди сира.

Умарали кулимсиради.
— Сира ташвиш тортмагайсиз, ойи, мен тинчман, таҳсил билан машғулман,— деди онасини юпатиб.— Миш-миш гапларга эътибор берманг. Эшитишимга қараганда, Русия аскарлари урушдан бош тортишаётганмиш. Лекин тирикчилик машаққати ҳаддан зиёд, халқнинг аҳволи борган сари харобликка кетяпти.

Эшик ғирч этиб очилиб, Жамиланинг овози жаранглади:
— Вой, акам келиптилар! Мунча соғинтирасиз!— Қиз паранжисини айвон четига улоқтириб, акасини қучоқлади.
— Танчага ўтир тезроқ, қизгинам, совқотибсан,— деди Ҳилол буви.

Умарали синглисини эркалаб, ҳол сўрашгач, ёнига ўтқазди ва танчанинг оловини очиш учун куракчани излади.
— Қўйинг, безовта бўлманг, ака, ўзим очаман оловни,— деди Жамила ва ўчаёзган қўрнинг устидан кулни тортди.— Жияк ўлгур сув текин кетди, эсиз меҳнатим. Буям майли-я, насияга олиб қолди Ойниса хола, пули йўқ экан.— Танча устидаги чойнакни бошига кўтариб совуқ чойдан қулт-қулт ютди. Кейин рўмолини ечди-да, сочларини тузатиб, қайтадан ўради.

Умарали синглисига ҳам меҳр, ҳам қизғаниш ҳисси билан термилди. Синглисининг ингичка, нозик қошлари остидаги шаҳло кўзларида мунг кўриб, ич-ичидан дард чекди.

«Насия» сўзини эшитган Ҳилол буви бўшашиб кетган эди. Бир оз сукутдан сўнг қизини овутишга уринди:
— Майли, қйзим, қечқиси йўқ. Ойниса холанг инсофли хотин.— Умаралига қараб давом этди;—Попоп тикишга шундоғам чеварки! Тошканнинг тўрт даҳасида ҳеч ким унга тенг кела олмайди.— Кулимсираб сирли товуш билан шивирлади.— Катта ўғли ҳам попопнинг пири, меҳнаткаш йигит, попукдай йигит. Синглинг ҳам нозандай бўй етиб қолди. Худойим хоҳласа, шу мўмин-қобил йигит бизга куёвликка насиб бўлармикан, деб умид қиламан.
— Э-э, қўйинг-э!—деди уялганидан лоладай қизарган Жамила ва ирғиб ўрнидан туриб уйга кириб кетди.

Умарали онасидан ранжиди:
— Эрта-ку! Энди ўн бешга кирди-я!
— Куним битиб, қазо қилсам, синглинг аро йўлда қолмасин, дейман. Кўзим очиғида, жойига, буюрганига топширсам, дейман. Мазам йўқ, Умарали!.. Кейин, яхшигина қиз топиб, келин қилсам. Сенинг ҳам бошингни икки қилсам. Ақлли, ҳушли қиз бўлса, обрўли жойдан бўлса... Кейин ўлсам армоним йўқ,— сукут қилди Ҳилол буви, ўксингандай узун бир уҳ тортди.— Пул йўқ-да, болам!.. Бу ёғини ўйласам, кўзларимга уйқу қўнмайди.
— Қаёқдаги гапларни айтасиз!— деди ранжиган Умарали.
— Йўқ, гапимга қулоқ ос, болам! Кўзимнинг остига олиб юрган бир попукдай қиз бор. Оти Хурсан. Биласан, ўзинг ҳам кўргансан. Ота-онаси фақиргина одамлар, лекин таги асил, узоқ чатишган қариндош бизга. Қомати расо, оппоққина, қошлари қалам, юзлари анордай, садағаси кетай, чиройли қиз.

Умарали жилмайди, кўзларида аллақандай бир хаёл жилваланди, ичдан бир уҳ тортди.
— Арзийди мақтовга!— деди у секин.
— Тадбирли, доно қиз,— деди она давом этиб.— Ўқтин-ўқтин Жамиланинг олдига бирров келиб кетади.— Ҳилол буви бир оз жим қолиб, кейин деди:—Расми озроқ пул бериш керак. Ориқ бўлсаям, кичкина бўлсаям, битта қўй керак. Таомили шу, болам. Хаёлхонамда гир айланаман, шунга илож тополмайман, ночорман...
— Бўш хаёллар... Қўйинг, дилингизни асло ранжитманг!— деди Умарали хомуш бир аҳволда.
— Намозгар яқин, ойи, нима овқат қиламиз?—сўради уйдан чиқиб Жамила.
— Угра ош қил, қизим. Кошки эди палов бўлса, болагинамни сийлаб юборсам... Гўшт йўқ, гуруч йўқ. Майли, омон бўлсин, масжидга имом бўлсин, тангримдан тилаганим шу...
— Уграми, умочми, бари бир, зиёни йўқ,— деди Умарали кулимсираб.

Умарали ва онаси узоқ дардлашиб ўтирдилар. Умарали, гоҳ-гоҳ онасининг чеҳрасига тикилиб қўяр ва унинг хасталигига чуқур қайғурар эди.

Жамила чўнтагидан бир ҳовуч туршак олди ва патнисга ташлади.
— Туршак шиминглар, рўпарадаги қўшни Ойтош буви бор-ку, ака, биласизми? Ҳали ўтин ёриб берган эдим, дуо қила-қила эси кетди, кейин чўнтагимни тўлатиб туршак берди. Тиш синдирадиган туршак, эрмак қилиб ўтиринглар,— деди Жамила ва ошхонага кетди.

Ҳилол буви туршакка қўл узатди:
— Ҳа-я, рангидан билиниб турибди, тошдай экан.— Қурт еган туршакдан битта олди, оғзига солиб сўра бошлади.— Ол, шимиб ўтир,— деди ўғлига. Умарали икки дона туршакни қўлига олиб, «пуф-пуф» қилиб тозалаган бўлди, кейин шима бошлади.
— Бай-бай-бай, тишни синдиради, дегани рост экан, лекин мазаси ёмон эмас,— Умарали жилмайди.

Она-бола туршак шимиб ўтирдилар. Ҳилол буви наматнинг четини кўтариб, катта бир қайроқ тош олди, Умаралига узатди.
— Данагини чақиб егин, эрмак.

Шу тобда эшикдан аммаси Бувсара кириб келганини кўрган Умарали, қўлидаги қайроқни танча четига қўйиб, меҳмонни қарши олгани айвондан тушди. Аммасини кўрганидан севиниб кетган Жамила ошхонадан югуриб келди.

Бувсара узоқдан, Қаънидан ҳориб келган эди, паранжисини Жамиланинг қўлига ташлаб, уни қучоқлади, икки юзидан ўпиб кўришди, Умаралини ҳам қучоқлади, Ҳилол бувига энгашиб елкасини тутди. Жамила дарров уйдан кўрпача олиб чиқиб тўрга солди, аммасини ўтқазиб, орқасига ёстиқ қўйди, қаршисига чўнқайди.

Бувсара кўрпачага ўтиб ўтиргач, «Омин!» деб қўлларини кўтарди. Ҳаммалари дуога қўл очдилар. Бувсара шивирлаб, яхши тилаклар, ниятларни айтиб узоқ дуо қилди, ҳаммалари қўлларини юзларига тортдилар.
— Бувсарабону, саломатмисиз, поччамиз, ўғиллар, келинлар ўйнаб-кулиб юришибдими?— сўради Ҳилол буви.
— Шукур, худога минг қатла шукур, айланай, ҳаммаси саломат, салом деб қолишди...

Бувсара баланд бўйли, қошлари пайваста, кўзлари тийрак, зуваласи пишиқ, оппоққина, эллик икки-эллик уч ёшлардаги аёл эди. У кексайган бўлса-да, кўзларининг ўти сўнмаган, сочида бир тола оқ йўқ, ҳануз хушрўй, унга ҳеч кимса қирқ-қирқ иккидан ортиқ ёш бермас эди.

Бувсара гапга тушди:
— Умарали чироғим, бола-чақа кўп, тирикчилик ғамида поччанг бояқиш чақилиб кетди. Кунимизга яраб турган ёлғизгина бир отимиз бор эди, тўсатдан ўзини таппа ерга ташлаб ўлди-қўйди. Энди пешанамизга тағин қачон от битади, нарх-наво осмонда...
— Э, афсус, биламан, қизил қашқа, ювош от эди, чакки бўлибди,— деди Умарали ачиниб.
— Ҳа, ўргилай Бувсара, келган бало-қазо ўшанга урсин, ўзларингнинг танларинг соғ бўлсин, қаттиқ куйманглар, худонинг қаҳри келади-я,— тасалли берди Ҳилол буви.
— Тўғри айтасиз, ўзим ҳам шундоқ деб поччангизни овутаман, лекин ўйласам юрагим жиз-жиз ачиб кетади, Эр қаноти — от! Тушларим ҳам шундоқ алкаш-чалкашки, эрталаб ҳеч қасрга сиғмадим. Сизларни бир кўриб келай, деб йўлга тушдим. Қаъниям жуда узоқ-да, ҳали пиёда, ҳали аравада, хуллас, етиб келдим.
— Яхши қилибсиз, аммажон, биз ҳам сизни соғинган эдик,— деди Жамила Бувсаранинг келганига беҳад севиниб.
— Мендан хабар олиб турганингиз яхши, Бувсарабону,— деди Ҳилол буви дард билан.— Кундан-кун касалим зўрайса зўрайяптики, орқага қайтиш йўқ. Куним битиб, қазойим яқинлашиб қолди шекилли...
— Ундоқ деманг, опоғойижон, рангингиз туппа-тузук. Олдингизда қатор-қатор тўйларингиз турибди-я, парвардигорим ўзи шифо беради ҳар қандай дардга!— юпатиб гапирди Бувсара.— Умарали иним, яхишси, ўқтин-ўқтин ойингизни ўқитиб туринг. Ўқитганда ҳам тузукроқ домлага ўқитинг.

Ҳилол буви деди:
— Айланай сиздан, домлалар бор, лекин нафаси ўткирини топиш қийин. Билмадим, қиёмат яқинми, яъжуж-маъжуж келяптими, тавба дейман, домлалардан ҳам путур кетган.
— Ўзим Қаънидан бошлаб келаман, нафаси жудаям даво бир домла бор,— деди жиддий тусда Бувсара.

Бувсара арзир-арзимас гапларни айтиб эзмалик қиларди. Умарали бошини қуйи солиб, жим ўтирарди. Жамила ўчоқ бошида шошилиб хамир ёниб, угра кеса бошлади.

Ҳавода янграган азон товуши намозгарни эслатди. Умарали ирғиб ўрнидан турди-да, ҳовлига тушиб таҳорат олгач, масжидга чиқиб кетди.

Тўртинчи Боб

I

Саидаҳмадбойнинг меҳмонхонасига улфатлар лиқ тўлган. Дастурхонда мураббо, асал, хил-хил ҳолвалардан тортиб, .гўшткуйди сомсалар, жазиллаган иссиқ кабоб, яхна кийик гўштига қадар анвойи ноз-неъматлар мўл.

Улфатларнинг аксари пахтачи бойлар ва баззозлар. Зиёлилардан Анвархон қори, Мирзаюнусхон, шоир Ғарибий бор. Шоир баланд бўйли, қирқлардан энди ошган киши. Унинг йирик хаёлчан кўзлари, кўркам, калта қора соқоли, эгнидаги олача тўни, кичик оппоқ салласи — ҳаммаси ўзига ярашган. Қалбидаги ишқ ва шеър булоғининг жилваси юзига тошгандай жозибадор.

Ғарибийнинг бир ёнида машҳур ҳофиз Мулла Тўйчи ўтирарди. Бу юксак нафосат соҳибининг бутун борлиғида ёқимли жозибадор ифода кўринар эди. Ҳофиз ва Ғарибий яқин дўст, бир-бирларининг шоирона нозик руҳларини, шеърият ва мусиқий тўла қалбларини яхши тушунар эдилар.

Эшикка яқин жойда Саидаҳмаднинг ўзи, маҳалланинг бир неча обрўли кишилари ва шундай ўтиришларга ҳамиша хиралик билан суқиладиган Тулки тилмоч ўтирар эдилар.

Меҳмонлар даҳага кирган қуртдай: бировлар иссиқ кабобни чайнар, бировлар кийик гўштига ўзини ташлаган, бировлар бу таомларга хўп тўйганидан кекира-кекира писта-бодомни эрмак қилар эдилар.

Суҳбатлар гоҳ қизиб, гоҳ узилиб давом этарди.
— Ўтган сана завод қўлдан кетаёзди. Банкадан жиндай қарзим бор эди. Иш бир орқага кетдими, ўнғарилиши мушкул бўлади. Қарз деган нарса мисоли бўйинга боғланган бир харсанг тош ботқоқнинг қаърига тортади кетади... «Саидаҳмадбой ана синади, мана синади», деб ҳар дақиқа кутиб турган рақиблар оз эмасди...— Сирли табассум билан меҳмонларга бир қараб олгач, давом этди мезбон.— Бир кун Мирзакаримбойнинг боғида зиёфатда эдик. Бой тикка юзимга солди. «Қил устида турибсиз; силлиқлик билан бутун чигирни ўзимиз ечамиз, заводни бизга беринг, тақдирга вақтида тан бериш маъқул. Йўқса, пушаймон бўласиз, жаноб!» деса бўладими! Юзимга айтди-я! Оқариб кетдим. Ирғиб ўрнимдан турдим-да. «Э, балли, бой ота, ташаккур!» дедим, тўғри дарвозага юрдим, орқамдан Ҳакимбойвачча югурди: «Афв этсинлар, бой ака, падаримиз ҳазиллашдилар. Завод олиш ниятим асло йўқ, худо хоҳласа ўзим қурдираман»,— деди. Жаҳлдан жуда авзойим бузилган эди. «Бой отангиз қари тулки, тайёрга айёрликни яхши кўради. Толеимиз бугун пастлашибдими, эртага баланд бўлса ажаб эмас, ҳали лойга тиқилганимизча йўқ, бойвачча. Умидим зўр, оллога шак келтирмайман, дедим. Мабодо заводни сотгудай бўлсам, Мирзакаримбойга сотмайман, сиз амин бўлинг, ўрисними, туркманними, арманними, жуҳудними топаман, бойвачча!» дедим. Ҳакимбойвачча чурқ этолмади, уялганидан қотиб қолди. Извошга ўтирдиму, жўнадим.
— Мирзакаримбой эски тулки,— деди йўталиб баззоз Муҳаммадмансур, олтмишдан энди ошган калта қиров соқолли, лекин йигитлардай олифта ясанган киши.— У, хабарингиз бўлғай, хасис бой. Чимкентда, Авлиёотада, Қўқонда, Фарғонада — кўпгина шаҳарларда дўконлари бор. Бой ота хизматкорининг фариштадай сулув, ёшгина қизига уйланиб олган эди, бултур ёзда тўсатдан заҳар бериб ўлдириб қўйишди, эшитгандирсиз, жаноблар. Шаҳарда ёмон шов-шув бўлди; бой отанинг ҳам, гердайган Ҳакимбойваччанинг ҳам обрўйи бир пул бўлди! Қизнинг отаси Мирзакаримбойнинг йигирма йиллик хизматкори, бир кечада Салимбойваччани чавақлаб, ўлигини жарга тепиб юборди. Ана офат!

Балли, жаноб, шунда мен, хўп бўлди, дедим, толенинг пастлиги ана шу, шундоқ бўлади!— деди гердайиб Саидаҳмадбой.
— Э-э, бу воқеани Тошкан аҳолиси орасида эшитмаган қолмади,— деди пахтафуруш Мирҳожи, боши юмалоқ, катта бурнининг катаклари керик, дағал соқолли, тўнғиздай совуқ, гердайган бой.— Чавақланган шаҳид Салимбойвачча ернинг қаърида ҳок бўлиб ётибди, кейин хизматкор Ёрмат Сибирга ҳайдалди, холос!
— О, қори афанди,— деди негадир бугун чурқ этмасдан хомуш ўтирган шоир Ғарибий Анвархонга энгашиб.— Шаҳид кетмиш нотавон қизга бир қатра ачиниш излайман, афсуским, надомат чеккан бир кимсани-да тополмасман... Барбод бўлмиш қиз қалбимни чўғдай узди...
— Ҳаёт чигилларининг биридир, —жавоб берди шоирга шивирлаб Анвархон.— Қизни ажал бу дунё жаҳаннамидан қутқазмиш...
— Тағин бир хизматкори бор эди Мирзакаримбойнинг,— дўнғиллаб давом этди Мирҳожибой,— туғишганларидан, девдай йигит эди. Ёмонлар йўлдан урди чамамда, оломонга эргашиб қўзғолонга аралашибди. Алалхусус, саллотлар ўқи билан гум бўлди. Ёмонларнинг бети қурсин, ёмонлар кўп. Оқ подшо олий ҳазратларига арз қилиб, жамики исқирт, муттаҳам қашшоқларни отиш эмас, осиш керак, ибрат бўлса шояд.
— Тўғри айтасиз, жаноб бой, ёмонлар кўп,— деди юмшоқлик билан Мирзаюнусхон, мадрасада бир неча йил таҳсил кўрган, татар ва турк адабиётидан хабардор, ориққина, қирғий бурун, фақирона кийинган, ўттиз беш ёшлардаги жадид.— Туркистон ўлкасининг халқлари маърифатдан бехабар, зимистон бир ҳаёт кечирурлар. Бутун фалокат шунда! Афсуски, боёнларимиз халқ манфаати, халқ дардини назар-писанд қилмайдилар, шифосини ахтармайдилар.

Мажлис аҳли чуқур сукутга кетди. Қош-қовоғини осилтириб ўтирган Муҳаммадмансур ранжиган оҳангда деди:
— Олло таолога асло шак келтирмагайсиз, мирзам, бандаларининг ғамини ёлғиз оллонинг ўзи чекади.

Тағин ўртага узоқ сукут чўкди. Лекин Эшонхон бошлиқ бир неча хизматкорлар катта-катта хитойи чинни лаганларда буғи бурқираган қази-қартали паловни кўтариб киргач, мажлис аҳлида бир енгиллик ҳис этилди. Эшонхон ва Тулки тилмоч гўштни бир лаҳзада чаққонлик билан тўғраб ташлагач, меҳмонлар енгларини шимариб, бир-бирларига «олсинлар-олсинлар» қилишиб, паловни ошай бошладилар.

Суҳбат гоҳ узилиб, гоҳ янгиланиб, тағин Мирзакаримбой устида тўхтади.
— Жанобларининг хабарлари бўлса керак, Мирзакаримбой бултурнинг ўзидаёқ дўндиққина, олифта бир тул хотинга уйланибдилар!— деди Саидаҳмадхон Муҳаммадмансурга мурожаат этиб.

Муҳаммадмансурнинг айёр кўзлари табассумдан қисилди. У чайнаётган қазисини ютганича йўқ эди, Тулки тилмоч сўзни илди:
— Ижозат этгайлар, жаноблар, батафсил ҳикоя қилай. Бой отанинг икир-чикир, нозик сирларига камина хўп ошнаман,— деди у, мойли бармоқлари билан кўзойнагини тўғрилаб.
— Сўзланг, тилмоч, бундоқ қизиқ гаплар эрмак-да, меҳмонларнинг жиндай кўнгли очилсин!— деди Саидаҳмадхон ва Эшонхон кўк чой сузиб узатган пиёлани олди.

Тулки тилмоч ўтирган ўрнидан бир қўзғалиб, жойлашиброқ олди.
— Бой ота бир сира Салимбойваччага қаттиқ мотам тутди, аммо кўп муддат кечмади, тақдирга тан берди. Мен ҳам гоҳо бой отанинг ҳузурида бўлардим, пайғамбарларнинг, азиз-авлиёларнинг ҳам жафо-алам чекканлари ҳақида ибратли гапларни айтиб бояқишга тасалли берардим. Бой отанинг олдига маҳалласининг элликбошиси, обрўли, доно, гапга чечан соҳиби тадбир Олимхон ака ҳам тез-тез кириб турарди. Элликбоши — бой отанинг яқин дўсти, маслаҳатгўйи. «Уйланинг, уст-бошингизга, таҳорат сувингизга қараб туришга бир маҳрам керак, умр ғанимат,— деди бир кун Олимхон ака.— Ижозат беринг, бир жононни ўзим топаман, шунча давлат билан тоқ ўтирасизми!»— деди. Хуллас, бойни кўндирди. Лекин уй ичи — Ҳакимбойвачча, қизи, Салимбойваччанинг хотини шундай бир ғавғо кўтаришдики, у ёғини қўяверинг. Бой ота қаттиқ турди. «Ҳаммангдан кечсам кечаман, илло уйланаман», деди.— Тулки тилмоч бармоқларини қирсиллатиб, мажлис аҳлига диққат талаб бир-бир қараб чиқди.
— Қани, гапиринг, эшитайлик, оқибати не бўлди экан?— сўради кибр билан Саидаҳмадхон.
— Бой ота билан Ҳакимбойвачча ўртасида элликбоши бўзчининг мокисидай югуриб қолди. Ниҳоятда эпчил, билимдон одам-да Олимхон ака, алалхусус ишни битирди. Бой давлатни бўлиб беришга рози бўлди, улар оталарининг уйланишига ижозат беришди. Бутун ишни зимдан, киши билмас, пинҳон битиришди. Элликбоши ҳар иккала томондан чўтал олди ва бой отага қизлардай бир ёш жувонни топиб бердики, ҳусни бажо, орқаси билан битта соч, юзлари сутдай тиниқ, қошлари пайваста, йигирма саккизга тўлиб-тўлмаган бир барваста қомат маҳбуба...
— Бай-бай-бай.., чол қурғурнинг иқболини кўринг!— деди бошини сараклатиб Мирҳожи.

Меҳмонлар қотиб-қотиб кулишди.

Эшонхон билагига сочиқ солиб, бир қўлида дастшўй, бир қўлида обдаста билан пайдо бўлди. Меҳмонлар қўлларини ювиб, бировлар кўк чой, бировлар фамил чойни иссиқ-иссиқ хўплашга киришдилар. Суҳбат ўзга мавзуларга кўчди. Подшо ҳақида, уруш ҳақида, олди-қочди хабарлар тилдан тилга ўтди. Эшонхон даҳлизда ичириб-едириб меҳмон қилган бир гуруҳ танбурчи, ғижжакчи созандаларини бошлаб кирди.
— Хайрият, хуш созу, муаззам овозингиздан кўнгилларимиз мунаввар бўлғай! Ё раббий, фисқу фасод тутунидан ифрот бўғилдик-ку,—- деди шивирлаб шоир Ғарибий табассум билан Мўлла Тўйчига.
— Балли!—деди кулиб шоирнинг сўзини эшитган Мирзаюнусхон.
— Ҳофизи аъзам, мажлисни хушнуд қилсинлар, мунтазирмиз!
— Мен товушимни ростлагунимча, созандалар лутф айласинлар, «Роҳат»ни эшитайлик,— деди юмшоқлик билан Мулла Тўйчи танбурчига мурожаат этиб...

«Роҳат» янгради. Мажлис аҳли сукутда эшитди. Танбурнинг мўъжизакор торларидан қуйилган мусиқа мавжи ҳавони тўлдирди. Юксак маҳоратли созандалар ижро этган дилнавоз куй бирдан барчанинг кўнглига сафо келтирди. Мажлис аҳлининг кўпчилиги лаззатпарастликдан инсоний маънавияти бузилганлар эса-да, сеҳркор «Роҳат» куйидан ажойиб нозик ҳаяжонлар тўлқинида сирли бир рўёга ботдилар. «Роҳат» хотимага етганда шоир Ғарибий енг учи билан кўзларидаги намни артиб, бошини тебратар эди. Мулла Тўйчининг мислсиз ёқимли овози қудратли бир шалола каби қуйилиб кетди. Мажлис аҳли мароқ билан, ихлос билан тинглар эди. Тошларни ёриб, қуёшга интилган бир ниҳол каби диллар юксалар, ҳатто кибрдан қалблари қотиб кетган Тошпўлат баззоз, Саидаҳмадбойларнинг оғзидан ҳам «Офарин!», «Саломат бўлсинлар!», «Ўлманг!» деган хитоблар ўқтин-ўқтин янграр эди.

Тўйчи ҳофиз Навоий, Фузулий, Машрабларнинг қалблари ёлқини абадий сақланган байтларни буюк маҳорат билан куйлар эди. Бу куйлардан, мусиқа сеҳридан кўнгиллар зиёга, шавққа тўлиб равшанлашди, майин ҳисларда балқиди.
— Ассалому алайкум! Астағфирулло!.. Тангрим ўзи сақласин!..— деди дабдабадор оҳангда қўққисдан меҳмонхонада пайдо бўлган Саидакбар Бузрук эшон — Саидаҳмадхонбойнинг катта қайнатаси.

Унинг ортидан бир неча уламо кириб келди. Устларида қат-қат ярқироқ тўнлар, бошларига саватдай оқ саллалар қўндирилган, соқоллари серкиллаган, салобатли, баланд мавқели казо-казолар...
— Марҳамат, ҳазратим, марҳамат! Иноят ва илтифотларига ҳасанот!— деди одатдаги ясама табассуми, айёрлиги билан Саидаҳмадхон қўлларини тавозеда қовуштириб.

Кайфиятлари кескин бузилган меҳмонлар барчаси оёққа қалққан эди, ҳурмат билан бир-бир кўришилгач, уламоларга тўрдан ўрин берилди, узундан-узун дуодан сўнг: «Омин!» дейилди ва қайта-қайта ҳол-аҳвол сўрашга киришилди.

Саидакбар эшон баланд бўйли, кенг яғринли, йирик гавдали, олтмиш ёшлардаги киши. Катта юзи гўштдор, қип-қизил бурни баайни хўрознинг тожиси, қават-қават камзул ва тўнлар устидан тағин кенг, кумуш товланган банорас тўн кийган, бошига катга оқ салла ўраган, оёқларида сағри кавуш. Ота-боболари эшон ўтган, ёшлигидан тоат-ибодат, зикр билан суяги қотган. Бухоро мадрасасида таҳсил кўрган, эшонлар орасида машҳури, обрўлиси, бузруги.
— Бу янглиғ базмларда азозил ҳам шерик бўлур эмиш.— Бузрук эшон Саидаҳмадбойга мағрур тусда қараб олди.— Сизлардан оллонинг қаҳрини қайтармоқ ниятида остонангизга қадам ранжида қилдик...— деди эшон танбеҳловчи оҳангда.
— Хотирларига малол келмагай, ҳазрат. Тангрим ўзи карам қилсин, бандаларига марҳамати бениҳоядир,— деди уламолардан бири.
— Қадамларига ҳасанот, кўп хурсанд бўлдик, марҳабо!— Заррача саросималик сезмаган Саидаҳмадхон уламоларни дастурхонга таклиф этди.— Таомлар интизор...

Эшонхон ўзига хос чаққонлик билан иссиқ сомса ва бир неча лаганда буғи бурқираган палов билан уламолар олдини бирпасда тўлатиб ташлади. Уламолар «Бисмилло!», «Алҳамдулилло!» дея узун енгларини шимариб, овқатга берилдилар.

Қази-қартали паловни хўп ошагандан кейин уламолар сомсага, юмшоқ нон билан мураббога, асалга ўтишди.
— Қори афанди, дарвоқе, қулоғимга чалинди, бир рисола ёзганмишсиз,— деди Бузрук эшон сўзларига вазминлик бериб.— Нима гап ўзи?—Ўсиқ қошларини кўтариб, сурма тортилган йирик кўзларини қорига тикди.
— Тақсир, ёшларга оид қадимдан қолган, халқ яратган ибратомуз, ахлоқий ҳикоялар, масаллардан иборат бир рисола тартиб этмиш эрдим,— жавоб берди Анвар қори ўзига хос сиполик билан.
— Кўп ножўя қилмишларингиз бор, қори,— деди Бузрук эшон ранжиган тусда.— Рисола тартиб қилмоқ бағоят яхши гап, аммо пайғамбарлар, авлиё-анбиёлар ҳақида диний ривоятлар битилган рисолаларни чоп эттирсангиз, кўп савобли иш қилган бўлур эдингиз.
— Ҳазрати бузруквор,— шошмасдан гапирди қори,— форсий, араб китобларда ибратомуз, ёшларга фойда келтирувчи ҳикоялар кўп бўлади, биз ҳам ислом машъалини баланд тутган арабларга тақлид қилдик. Фақирингизнинг рисоласида диний ривоятлар ҳам бисёр.
— Балли, қори, суҳбатда балиқдай сузасиз! Аммо ҳаргез охиратни унутмағайсиз: марг уштур аст, ки бур сори ҳар хонадон меояд! (Форсча-тожикча: ажал гўё бир туяки, ҳар хонадон олдида чўкади ) —деди эшон кинояли оҳангда ва чойни бир-икки ҳўплаб, устма-уст йўталди.

Эшонхон лаганда устига мурчли пиёз сочилган кабобни кўтариб кирди.
— Бай-бай-бай... Чўғдай кабоб экан! Қоравойингиз хўп пазанда,— деди Бузрук эшон ёғи томиб турган кабобни сихдан суғуриб.

Уламолар пиёз аралаш кабобни чайнашга тутиндилар. Уй соҳиби таъзим ва такаллуф билан:
— Олсинлар! Таомни мунтазир қилмағайлар!— деб ейишга қистар эди.
— О, таомларнинг аълоси кабоб эмиш! Ажаб тотлиқ пишибди,— деди эшон иккинчи сихни бўшатиб.— Ҳовлида кўзим тушган эди, қўра устига мукка тушиб пиширмоқда эди, кўп яхши извошчингиз бор-да!
— Нафсиламр, мундоғ лаззатли кабобни емаслик гуноҳдир,— деди лаганга қўл узатиб уламоларнинг бири ва димоғига мурч урганидан устма-уст аксириб олди.

Улфатлар бамайлихотир икки-уч киши бўлиб, паст овозда суҳбат қилар эдилар.

II

Саидакбар эшон «Ё олло!» деб базўр ўрнидан турди.

Саидаҳмадхон ва бир-икки ёшлар ўринларидан туриб: «Хуш келибдилар!» дея тавозе қилдилар. Эшонхон тўғрилаган пишиқ кавушларини кийиб, мағрур юриб, ташқарига чиққан Бузрук эшон олма, шафтоли дарахтлари орасидаги ғиштин йўл билан ичкарига қараб юрди.

Ҳовлида ўйнаб юрган бир тўда катта-кичик болалар «Ассалому алайкум!» дея, назокат билан қўл қовуштириб, эшон олдига дув йиғилдилар.
— Боракалло, катта бўлинглар! Олло-таоло инсоф бергай барчангизга!— деди Бузрук эшон болалардан бирининг елкасидан қоқиб, бирининг бошини силаб ва ғишт зинали баланд айвонга чиқди.

Хона эшиги очилиб, бойнинг катта хотини Арабхонбегим севинганидан юзи ёруғланиб, югуриб чиқди:
— Ассалом, хуш келибдилар, марҳабо!— деди отасига букилиб салом бериб.
— Оппоқ ойим, попук ойим!— деди эшон қизининг елкасини қучиб.

Арабхонбегим шоҳи-атлас кўрпачалардан иккитасини танча тўрига қаватлаб солди ва катта пар ёстиқни эшоннинг орқасига қўйиб, қаршисига ўтирди.
— Омин!— деди эшон аллақандай бир дуони ўқиб, соқолини сийпади.
— Хуш келибдилар, ойижоним тетиккина юрибдиларми, саломатмилар?—узундан-узоқ сўраша бошлади Арабхон.

У ориққина, ўрта бўйли, қошлари пайваста, бодом қовоқ, озгина сепкили бўлса-да, истараси иссиқ, ўрта ёшли хотин эди. Узун сочларига чирмашган сочпопуклар орқасини тўлатган, қўлларида қўш-қўш узук ва билагузуклар.
— Ўзинг яхшимисан? Қалайсан, оппоқ қизим?— сўради эшон жойлашиб ўтиргач.
— Худога шукур, юрибман. Юмушим кўп, болалар шўх, ҳар куни меҳмон, куёвингиз меҳмонсиз туролмайди,— деди Арабхонбегим рўмолини тузатиб.
— Шукур қилинг, қизим, оллонинг марҳамати ёғилган уйга меҳмон ёғилади. Ношукур бўлманг!—деди эшон қизига насиҳат бериб.
— Тангримга минг қатла шукур!—деди Арабхонбегим табассум билан.

Ота билан қиз бир оз ундан-мундан ганлашиб ўтирдилар.
— Ассалому алайкум!— деди шошилиб хонага кирган Жўрахон — Арабхонбегимнинг иккинчи ўғли, олифта кийинган, оппоққина, кўзлари ўтли, ўн олти ёшлардаги кўркам йигитча.
— Қани ўтир, тентак! Эшитдим, май ичармишсан, аҳмоқ!— деди эшон набирасига тикилиб.

Жўрахон индамади, қизарган ҳолда кўзларини ерга тикди.
— Жўрахон ювош бола, бобоси!—Арабхон ўғлининг ёнини олди:—Жиндай эркалиги бор, бир кеча сағалгина ширакайф келибди... Улфатлари кўп-да... Отасининг иши йўқ.

Қовоғини осилтириб ўтирган Бузрук эшон нимадир демоқчи бўлди-ю, оғзини очишга улгурмади. Эшикдан бойнинг кичик хотини Зебихон лоп этиб кириб келди.
— Ассалом!— деди у икки қўлини кўксига қўйган ҳолда букилиб.
— Боракалло! Саломатмисиз, қани ўтиринг!— деди эшон Зебихонга.

Зебихон пастроқ бўйли, оппоқ, кўзлари айёрона ўйноқлаган, семизгина, йигирма беш ёшлардаги жувон эди. Кундошига зимдан қараб қўйди, ўтиришга ботинмади.
— Ишим кўп, улуғ ҳазрат, узр...— Уялиб ерга боқди ва орқаси билан секин юриб чиқиб кетди.

Бир зумда Арабхоннинг кўзлари ғазабга тўлди, йиғламсираб отасига қаради.
— Куйганимдан адо бўлдим,— деди дардли товуш билан.— Худонинг берган куни бойнинг қулоғини ғийбатга тўлдиради, бой бўлса менга фироқ қилади, ғазаб қилади. Икки кундош тез-тез қирилиб оламиз... Кундошлик бошим, заҳарли ошим...— Арабхонбегим лиқ ёшга тўлган кўзларини ерга тикди.

Қовоғини солиб, жим ўтирган Жўрахон секин ўрнидан туриб чиқиб кетди.
— Оллонинг амрига итоат қил, бека қизим, пешанангга ёзилганини кўрасан.— Бузрук эшон насиҳат қилди...— Зебихонга қаттиқ гапирма, дилини оғритмай сабр қил, у дунёда кундошларнинг макони жаннатда...

Арабхонбегим маъюсгина жилмайди.
— Отажоним кечирсинлар, кўнглимнинг дарди тошиб кетган эди, жиндай бўшатдим.— Овозини пасайтириб шивирлади:— Зеби шу даргоҳга ўн етти ёишда тушди, мана саккиз йил бўлиб қолдики, фарзанд кўрмади, алам қилади шекилли.

Эшон индамади, бир зум хаёлда жим ўтирди, кейин қизига боқиб деди:
— Ўзинг бош бўлиб, нафаси шифокор домлага ўқит, шояд парвардигорим қудрат қалами билан пешанасига фарзанд битса!
— Вой ўлақолай, бузруквор ҳазратим, жудаям ажойиб гапирасиз. Кундошим туғмайди, деб ҳам куяйми! Бе-е-е, тирноққа зор бўлиб ўтмайдими дунёдан!
— Ҳай-ҳай, тавба дегин, қизим!—кўзларини олайтирди отаси.— Оллонинг қаҳри келади, асло ғайирлик қилмай, кўнглингни кенг тут!

Арабхон отасига жавоб бермади, хомуш ўтириб қолди. Бирдан эшикнинг икки тавақаси очилиб кетди, оқсоч ҳарсиллаганча самовар кўтариб кирди.
— Ассалом алайкум, тақсир, хуш келибсиз!— деди самоварни ерга қўйгач, боши ерга етгунча эгилиб оқсоч.

Эшон бошини қимирлатиб, алик олди. Арабхонбегим оқсочга: «Бораверинг, ишингиздан қолманг», дегандай имо қилди-да, сурилиб самоварга яқин ўтирди. Оқсоч иссиқ нон, патир, мева-чева уюлган катта патнис, пиёла, янги сочиқ олиб кирди, кейин оёқ учида юриб чиқиб кетди.
— Қорним жуда тўқ, меъдам андак койиб турибди, оппоқ қизим,— деди эшон Арабхон узатган пиёлани олиб.
— Новвот билан иссиқ-иссиқ ичинг,— деди Арабхон ва кулчадан, патирдан ушатиб қўйди.

Ота-бола чой ҳўплашиб, сўзлашиб ўтирдилар. Арабхон катта ўғли Отабекдан шикоят қилди:—Улфатлари кўп, қоқ ярим тунда маст келади, келин ҳам аразлаб отасиникига кетганига уч кун бўлди...
— Чакки бўлибди,— деди эшон соқолини қашиб.— Ўртага совуқлик тушмасдан алдаб-сулдаб олиб келинглар.
— Эрталаб Отабек тушмагур: «Араз қиладиган хотиннинг кераги йўқ, бугун келмаса уч талоқ қилдим», деб чиқиб кетди.
— Тентак бола! Бойга айтаман, насиҳат қилсин, йўлга солсин, эркалатишнинг ҳожати йўқ, ёмон йўлга тушиб кетади,— деди танбеҳлаб эшон.
— Қайнатаси бу йил Қарқарага кетаётиб, юр, деса, бормади. Қўй ҳайдаб келамиз, ўйнаб, дунёни кўриб келасан, деб чунон ялинди, бўлмади. Отабек қайнатасини ёмон кўради. Ўлгудай зиқна, хасис бой ўзиям!— кулди Арабхон.
— Мадрасада таълим олсин, десам, бой кўнмадй, тузем мактабга бераман, деб кофирларга қўшиб қўйди. Мусулмон одам бундай номаъқулчилик қилмоғи ярамайди,— деди ранжиган тусда эшон.
— Рост айтасиз, ҳазрат. Отабек мадраса кўрмади, янгичаниям ёлчитиб ўқимади, ташлаб кетди. Мана энди, аро йўлда қолди. Отасидан олади сабоқни: ҳали улоққа, ҳали базмга югуради.
— Тангрим ўзи инсоф берсин,— деди йўталиб эшон ва фотиҳа ўқигач, ҳарсиллаб базўр ўрнидан турди.

Эшон Арабхонбегим, Зебихон ва болалар билан хайрлашгач, бир-бир босиб ташқарига чиқди.

Меҳмонхонада суҳбат қуюқ ва қизғин эди. Анвар қори бармоқларини ўйнатиб, силлиқ, чиройли сўзларди. Саидакбар эшон кириши билан ҳамма ўрнидан қўзғалиб, ҳазратга жой берди. Қори ғариб ва йўқсилларга боёнларнинг шафқат кўрсатмоғи, халқ ғамини бирга кўтармоғи ҳақида аллақандай ифодалар, ибратли гаплар билан сўзларди. Бузрук эшон қулоқ солиб, бир оз сукутда ўтиргач, бир-икки йўталиб олди, мағрур тусда бошини кўтариб гап бошлади. У ўзига хос усул билан авлиёларнинг ғурбати, саҳобаларнинг фақирлиги ҳақида турли оятлар, ривоятлар келтирди. Сўфиларнинг ҳаётидан, уларнинг ишқи — ҳақиқат ишқи, улар ҳақиқатни излайдилар, оллонинг ошиғидирлар, ҳақиқий инсон охиратни ўйламоғи даркордир, деб шошмасдан ҳикоя қилди.

Суҳбат ортиқ қизимади, ундан-бундан гаплашиб, чой ичишдн. Узундан-узоқ дуодан сўнг меҳмонлар қўзғалишди.

Ботқоқ кўчага қоронғилик оғир чўккан, изғирин шамол юзларнинг иссиғини шиларди. Саидаҳмадхон ва қўлида фонарь тутган Эшонхон меҳмонларни жўнатиб, меҳмонхонага киришди.

Қоравой билан Эшонхон дастурхонлар йиғар эканлар, бой ичида: «Городга қарта ўйнагани жўнасаммикан ёки яқинроқ пинҳон жойда бойваччалар билан бирга бўлсаммикан,— деб ўйлар эди.— Йўқ,— деди у ўз-ўзига,— чарчадим, уйга кирай».

У меҳмонхонадан чиқиб, ичкари томон ҳорғин юрди.

Майда қор сепалар эди.

Бешинчи Боб

I

Саидаҳмадбойнинг заводи ишчиларидан Жумабой ва Шермат бозорда, чархчилар олдида ўтирар эдилар.
— Алалхусус, ука, турмуш шундоғам мўшкуллашдики, дўзахнинг ўзи бу дунёга кўчибди, десам, асло муболаға бўлмас,— деди Шермат, янги чархланган пичоқни қинига солиб.
— Ўҳў, оғайни, одам деган махлуқ ҳар қандай оғирликни кўтаравераркан,— деди кўзлари шилпиқланган, совуқдан қизарган қирғий бурнига синиқ кўзойнак қўндирган қуришиқ жуссали қари чархчи.

Унинг эгнида олача тўн, устидан белбоғ, ранги ва мўйнасидан асар қолмаган эски телпакни бостириб кийган, оёқларида пайтаваси оққан йиртиқ маҳси. Чолнинг қаршисида ўтирган шериги — йирик гавдали, пешанаси дўнг, мулойим йигит. У кир, ямоқ гуппи чопонга ўралган, яланг оёқларида йиртиқ калиш, бошида яғир дўппи. Йигит гунг-соқовлигидан индамасди, бир отим носни тил тагига ташлаб, чарх тортади, чархнинг бутун оғирлиги унинг гарданида. Чол эса қайроқ устида пичоқни қайраб ўтиради. Чархдан тинмай учқун отилади, ғув-ғувдан қулоқлар битади.
— Меҳнат аҳли ҳамиша забунликда. Савдогарлар-чи? Барчаси зангин, бизнинг бел ва билак кучимиздан семирган ҳаромтомоқлар!— деди қаҳр билан Жумабой.
— Нафсиламр айтдингиз, пул қутуртиради-да, давр уларники,— деди чархчи чарх устига ростлаб.
— Ҳақ ерини топар, деган доно сўзни сиз яхши биласиз, қария,— деди Жумабой чолга мурожаат қилиб.— Хотиржам бўлинг, золимни кўтармайдиган замона келади, шунда ҳақиқат қуёши ярқираб кетади!
— Шояд олло таоло бандаларини ярлақаса, рўзғор танглиги эзиб юборди, ука!..—деди чархчи бошини ғамгин тебратиб.— Қани энди биздақа ғарибларга ҳам кун туғса!
— Туғади, албатта туғади яхши кун, золимнинг жойи жаҳаннам!—жавоб берди Жумабой ишонч билан.
— Айтганинг келсин, омон бўл, иним, умид шами билан кўнглимни равшан қилдинг,— деди чол енгил тортиб.— Эгри озади, тўғри ўзади, деган сўз бор. Дилимиз тўғрими, иқболимиз баланд бўлгай!—деди қўлини кўксига уриб чархчи. Узоқ сукутдан кейин ичдан бир уҳ тортиб давом этди:—Қачон палов еганимни билмайман, қора шўрва, арпа нон, холос... Бизнинг энди тўримиздан гўримиз яқин... Ҳадемай маконимизга равона бўламиз... Э-э, бевафо дунё!.. Чироқларим, сизлар ёруғлик кўринглар...
— Йўқ, отажон!— деди Шермат.— Тенгликни, ҳурриятни, ҳақиқат офтобининг балқиб чиққанини сиз ҳам кўрасиз!
— Иншоолло!.. Садағанг кетай, иним, умид қиламиз, ноумид — шайтон...— сийрак соқолини силаб қўйди чол.
— Ота, бизлар кўп нодон эканмиз,— деди Шермат ёнидаги икки қадоқ мош солинган халтачани қўлига олиб,— бир қошиқ умочми, мошхўрдами ҳалқумимиздан ўтса бас, худога минг қатла шукур, бугунги кун ҳам ўтди, деймиз, хурсанд бўламиз. Э-а, падарига лаънат бундай турмушнинг! Хўш, биз худога нима қилибмиз?! Нима гуноҳимиз бор?!—бўғилиб йўталди Шермат.
— Ҳай-ҳай-ҳай, калима келтир, иним, оллога минг марта тавба дегин,— деди чархчи чол ранжиган тусда.
— Йўқ, отахон, дўстимнинг сўзи тўғри, биз нодонмиз,— деди Жумабой, кўкрагини кўрсатиб.— Кўзи сўқирдан, кўкраги сўқир ёмон! Мен рус ишчиларга разм соламан, ўзаро ивир-шивир гапларига қулоқ осаман, эшитганларимни дилимга тугиб, хўп мағзини чақаман. Улар кўп нарсани тушунадилар. Шу кеча-кундуз бутун оламда бўлиб турган жамики воқеаларни биладилар; бизга ўхшаш кўкраги кўр эмас. Тез-тез йиғин қилиб, маслаҳатлашадилар. Тошкентда туриб, дунёнинг бир чеккасидаги Масков, Питер ишчилари билан зимдан алоқа қиладилар; полисалардан ҳам, тўралардан ҳам, оқ пошшодан ҳам қўрқмайдилар!
— Тавба!— деди чархчи ёқасини ушлаб.

Соқов йигит на бир товуш эшитар, на бир сўз тушунар, унинг ички руҳияти ўзга бир олам, ўз фикрлари, ўйларига чулғанган ҳолда чарх тортар эди. Гоҳо йигит суҳбатдошларнинг юз ифодаси; кўзлари жилвасидан бирор нарса тушунгиси келар, ночор ичдан уҳ тортиб қўяр ва тағин битмас-туганмас хаёлларга ботар эди.
— Сен бу дунёга, ёлғиз гапга келган инсон экансан, дўстим. Отанг раҳматли ғоят мўмин, камгап одам эди. Бир ош, пишгунча оғзидан бир калом чиқмасди. Кўча-кўйда, самоварда бирор жанжалми, ғавғоми чиққудай бўлса, секин шип этиб қочиб қоларди. Сен бўлсанг гап оламида балиқдай сузасан, оламни бошингга кўтариб бақирасан, балли сенга-е! Мен кетдим.— Халтачани кўтариб Шермат ўрнидан турди.
— Олов йигит-да, олов!..— деди кулиб чархчи. Жумабой ҳам қўзғалди. Чархчилар билан хайрлашгач, икки дўст йўлга тушдилар. Булар гоҳ гаплашиб, гоҳ сукутда борар эдилар, чархчилар Пичоқчилар қаторидан, бозорнинг чуввос шовқин-тўполонидан чиқиб, Чорсудан ўтгач, Кўкча тарафга қайрилган ҳамон, чап кўчага кирдйлар.
— Оқшом самоварга чиқ, жиндай гаплашамиз,:— деди Жумабой кичкина эшик олдида тўхтаб.

Шермат «хўп» дегандай бошини қимирлатди ва ҳорғин юриб котди. Унинг уйи бир кўча юқорида эди, бир оз юриб ўнг қўлга буриларкан, ит уриштириб, тўполон кўтарган йигитчаларга дуч келди.
— Э-э, қўйворинглар, жабр-ку бояқишларга,— деди Шермат ранжиб.

Лекин болаларнинг биронтаси Шерматнинг гапига парво қилмади, оғзи-бурни қон итларни бир-бири устига ташлаб, олкишлардилар. Шермат юзини терс ўгириб ўтиб кетди.

II

Шермат эшиги олдида дукчи чолга дуч келди. Оташ-дукчи икки қўли орқасида ерга қараб хомуш турарди.
— Ассалому алайкум!— Халтасини қўлтиғига қисиб, қўлларини чолга узатди Шермат.— Қани, амаки, ҳовлига марҳамат!— деди у дукчи билан кўришгач, эшикни кенг очиб.
— Келган эдим, йўқ экансан, иним, ҳозир келиб қоладилар, деган эди келин.

Шерматнинг овозини эшитиб, уйдан тўрт ёшдан саккиз ёшгача икки ўғилча ва қизчаси югуриб қарши олишди. Устларида бўз гуппи, эски калиш, чориқларни оёқларига илган гўдаклар, меҳмонни кўргач, учовлари ҳам бир оғиздан: «Ассалому алайкум!» деб салом берар эканлар, «Ваалайкум ассалом, чироқларим», деди дукчи; бирининг бошини силади, бирининг елкасига қоқди. Энг кичиги, жажжи қизча отасининг қўлларида севиниб бўйнини қучган эди.

Шермат амакиси Оташ-дукчини танчага таклиф қилди. Бир косадан угра ош ичдилар, кейин чойга ўтгандан сўнг чол мақсадни очди.
— Ука Шермат, бир маслаҳат учун келган эдим,— деди чол соқолини силаб.
— Хизмат, амаки?— сўради Шермат, қўлидаги пиёлани танча устидаги эски баркашга қўйиб.

Оташ чол гапни узоқдан бошлади. Ўғли йўқлиги, бор-йўғи ёлғиз бир қизи эканлиги, ҳоли танглиги, чол-кампир кексайиб, бу дунё билан видолашув чоғлари яқинлашгани — ҳаммасини шошмасдан сўзлади. У гапни қариларга хос эзмалик билан айлантира-айлантира, ниҳоят, Саидаҳмадбойнинг Эшонхонни совчи қилиб юборганига олиб келди.
— Гап шу, иним, бошим қотиб қолди. «Кўнгил кўнгилдан сув ичар», деган қадимгиларнинг гапи бор. Ақл ёшда эмас, бошда. Сен ёш бўлсанг ҳам, ақли комилсан, акамдан қолган ёлғиз ёдгорсан, деб келдим.— Дукчи жавоб кутгандай Шерматга қаради.

Шермат бошини қуйи солиб жим утирарди. У ўз фикрини — хўжайини Саидаҳмадбойга кўнглидаги нафратини, бойларнинг расво феълини бу содда чолга лўнда қилиб қандай англатишни ўйларди.

Оташ чолнинг ҳам боши қотган эди. Ўртадаги узоқ сукутни Шермат бузди.
— Кўзингизнинг оқу қораси, ёлғиз қизингизни Саидаҳмадбойдай бир тўнғизга, тағин икки кундош чангалига қандай берасиз?! Йўқ, амаки, мен бунга асло рози эмасман!— деди Шермат қатъият билан.— Бой куёвни ахтарманг, қўлида ҳунари бор, қизингизга муносиб бир инсофли, ақлли йигит топилиб қолар. Ҳунари бор хор бўлмайди, амаки, буни ўзингиз яхши биласиз. Саидаҳмадбойларнинг миридан-сиригача бизга аён. Бузуқ, ишқи йўқ эшак-да бари!..

Дукчи чурқ этмади. Суюққина дамланган фамил чойдан бир пиёла ичгач, чол ўрнидан турди.
— Ўйлашиб кўрамиз, ука, бу оғир савдо,— деди оёқларига зилдай оғир чориқларини кийиб.
— Саломат бўлинг, оппоқ ойимга, Зумрадхон синглимга салом айтинг!— деди Шермат чолни кузатиб кўчага чиққач, бу ишдан норозилигини амакисига тағин қайта-қайта уқтиришга тиришди.

Чол қоронғи тушган лой кўчада қоқила-сурина аста юриб кетди...

Олтинчи Боб

I

Совуқнинг заҳри кесилган, февралнинг охирлари...

Саидакбар Бузрук эшон катта хонақоҳга ёндош тор ҳужрада ёлғиз ўтирар эди. Кенг ҳовли шохлари ғуж тўп қайрағочлар, бесўнақай тарвақайлаган тутлар, тик ўсган дил тераклар билан тўла. Чор атрофида кичик-кичик ҳужралар каторлашган бу ҳовлини ўртадан қоқ ёриб, катта бир ариқ тўла сув оқиб турарди.

Эшон якка дсразаси зич ёпилган қоронғи ҳужрада тасбеҳ ўгирар, ибодатга берилган эди.
— Ҳазратим, ижозат берсалар,— сўради эшик очилиб, остонада тўхтаган жиккак гавдали, соқоли бир тутам чол эшоннинг эски муриди, хизматкори Худойқул махсум қўл қовуштириб.— Ҳазратимни зиёрат қилгали қишлоқдан одамлар келган.
— Киришсин!— деди эшон бир лаҳза сукутдан сўнг ва деразага имо қилди.

Махсум чориқларини шошмасдан ечгач, оҳиста бориб деразани очди. Кичкина деразадан кирган қуёшнинг бир тутам сўниқ шуъласи ҳужрани сал ёритди. Махсум енгил юриб чиқиб кетди.

Эшон ўсиқ қошларини ва қуюқ соқолини силади, бошини қуйи солиб, тасбеҳ ўгиришда давом этди.

Эшик очилиб, етти-саккиз ёш-қари деҳқонлар ҳужрага кирдилар; елкаларидаги хуржунларни остонага ташлаб, қўллари кўксида, қайта-қайта букилдилар, ихлос ва чуқур тавозе билан салом бергач, эшоннинг қўлларини ўпиб, тўнларннинг этакларини кўзларига суртдилар.
— Бўлди, бўлди, ўтиринглар!—деди секин эшон.

Деҳқонлар хуржунларидан нимта-нимта гўшт, думба ёғларни, турли кийимликларни чиқариб, эшоннинг олдига қўйдилар, кўзларида ёш, тағин таъзимда букилдилар.

Махсум деразадан ташқарида турган икки-уч қўй-эчкига имо қилиб:
— Ҳазратим, дуо қилсинлар!— деди. Эшон қўлларини баланд кўтариб дуога очди. Деҳқонлар ҳам қўлларини кўтариб, чўкка тушдилар.

Эшон кўзларини юмиб узоқ дуо ўқиди: «Омин!» дея юзини сийпади. Товушсиз йиғлаган деҳқонлар, эшонга эргашиб, қадоқли қўллари билан юзларини сийпадилар.

Эшон, беш вақт намозни канда қилмаслик, оллога, авлиё-анбиёларга сиғиниш, олло йўлига хайр-садақани унутмаслик, охиратни ҳамиша ёдда тутиш ҳақида вазминлик билан узоқ сўзлади. Кейин ҳазрат меҳнат мавзуига кўчди:
— Меҳнат қилинглар, ўғилларим, кор ор нест, яъни меҳнат ор эмас, меҳнаткашлар, косиблар оллонинг суйган бандаларидур алкосибу ҳабибулло!— деди эшон сўнгги сўзларни қироат билан.— Хорлик, муҳтожликдан асло ор қилмагайсиз, қаноатни дилларга жо қилгайсиз, зеро, охиратда иқболингиз мисли чироқдир!..

Деҳқонлар ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, ихлос билан эшитар эдилар.
— Дам олинглар, ўғилларим!— деди эшон майин товуш билан.

Деҳқонлар тағин букила-букила таъзим билан чиқиб кетдилар.
— Бир чойнак аччиқ чой келтиринг, махсум!—деди эшон, эшик олдида буйруққа мунтазир тўхтаган махсумга.
— Хўп, пирим!—деди мурид ва товушини тағин ҳам пасайтириб сўради,— гўшт-ёғларни ичкарига олиб кирайми?
— Балли!— бошини қимирлатиб тасдиқлади эшон.

Махсум бир чойнак чой билан пиёла олиб келди, бир-икки қайтариб қуйди, пиёлани эшонга узатгач, гўшт-ёғларни ичкарига таший бошлади.

Ҳазрат эрталаб катта бир товоқ қуюқ қаймоққа иссиқ нонни бостириб тўғрар ва тўйиб еб олар эди.

Ҳар кун яқин-узоқдан эшонга товоқ-товоқ қаймоқ келарди. Дарвоза олдида, ҳовлида ўтирган муридлар: «Балли, балли, боракалло, ҳазрат ибодатдалар», деб дуо қилиб, қаймоғу, сариағларни олиб қолардилар. Бир қисмини ичкарига жўнатсалар, бир қисмини ўзлари урардилар.

Саидакбар эшоннинг ота-боболари ҳам кўп тақводор зшон ўтган. Атроф қишлоқларга донғи кетган бу катта даргоҳдан ҳар вақт муридлар, уламолар аримас, ҳамиша тоат-ибодат, зикр узилмас эди.

Эшон чойни ҳузур билан ичиб, чойнакни бўшатгач, ўрнидан турди, аста юриб ҳовлига чиқди. Эшонни кўрган ҳамон катта ҳовлининг бурчак-бурчагида, ҳужралар олдида ўтирган муридлар ўринларидан туриб, қўл қовуштирдилар. Эшон бир-бир босиб, икки тавақали ўймакор эшикдан ташқари ҳовлига ўтди.

Ҳовлида ўйнаб юрган бир тўп ўғил-қиз болалар — эшоннинг неваралари «Ассалому алайкум!» деб таъзимда қотишди. Эшон кулимсираб, бирининг пешанасидан ўпди, бирининг юзини силади. «Боракалло, катта бўлинглар!» деди.

Ташқари ҳам кенг, катта дарахтларга тўла боғ. Ёнғоқ, шотут, гилос — ҳаммасидан бор. Ҳовлининг икки томони бўгот иморат; катта чорхари, шифти рангдор тоқили, деворлари ганчли меҳмонхоналар. Эшиклари ва деразаларининг эшиклари ўймакор, пишиқ, саҳнига чорси, қадимий ғиштлар терилган даҳлизлар, ҳужралар...

Саидакбар эшон у вақтлар ёш бола эди. Бу иморатлар унинг эшон бобоси замонида қурилган. Муридлар, атрофдаги усталар, деҳқонлар ўша эшондан дуо олиб, қўй-эчкиларни бўғизлаб, пойдеворни бошлаб юборган эдилар. Ички, ташқари ҳовли ва унга ёндош хонақоҳ, ҳужралар терилган учинчи ҳовлида бутун ёз иш қайнаган. Булар ҳаммаси ўша вақтда беш-олти ёшда бўлган Саидакбарнинг эсида. Баъзан у ёлғиз ибодатда ўтираркан; бобосини хотирларди. Йирик гавдали бобосининг зикрда, даврада юргани, муридлар, халойиқ ҳаяжон билан, йиғи билан зикр тушгани, Машрабнинг ғазаллари ўқилганда бобосининг этагини ушлаб тинглагани, баъзан ўзи ҳам биргалашиб ўқигани... Ҳаммаси бир-бир кўз олдида гавдаланар эди.

...Эшон оҳиста юриб, даҳлизга кирди. Кенг, равонли даҳлизда ўтирган меҳмонлар дув қалқиб, қўл қовуштирдилар. Бузрук меҳмонхона бўсағаси олдида амиркон каву-шини ечиб, ичкари кирди.

Меҳмонхонада қадларини эгиб, таъзимда турган меҳмонлар орасидан фарғоналик икки меҳмон унинг олдига илдам қадамлар билан келди, қўлларини ўпиб, орқага чекинди.
— Ўтиринглар, марҳамат!— деди эшон меҳмонларга ва улар бўшатган жойга ўтирмасдан, пойгакроққа, дераза тагига чўкди. Меҳмонлар ҳам эшонга ҳурмат, эҳтиром изҳор этгандай, секин-секин чўккаладилар. Дуодан сўнг, кимдир икки қўллаб узатган пиёлани олиб, эшон чойни майда хўплаб ичди.

Меҳмонлар деярли барчаси уламолар, бойлар, бойваччалар эди. Жадидлардан фақат бир-икки киши кўринарди.
— Қўқонданмисизлар? Қалай, у ерларда, нима гап?— сўради эшон мусофир меҳмонларнинг биридан.
— Тақсир, бугун саҳар Қўқондан келдик,— жавоб берди каттагина, новчадан келган, чўтир киши.

У, Қўқон бойларидан бўлса керак, мовут камзул устидан янги сирма тўн кийган, бошида катта сувсар телпак.
— Ҳазратим, зиёратингизга мунтазир эдик, тангрига минг дафъа шукурлар бўлсинки, мунаввар бўлдик,— деди иккинчи мусофир — Абдулазиз махсум.

У, ўртаҳол, мулланамо киши эди. Кичиги тринка камзул устидан олача тўн кийган, бошида катта кўк салла.

Ҳазрат бирон сукутдан сўнг биринчи меҳмонга мурожаат қилди:
— Ўғлим, Қўқон аҳволидан сўзланг, эшитайлик. Ҳа, дарвоқе, Жамолиддин Муҳаммадкарим сўфи саломатмилар?
— Саломатлар, тақсирим, ҳаммалари саломатлар. Ҳазратимга кўпдан-кўп дуо ва салом йўлладилар,— деб жавоб берди меҳмон назокат билан.
— Ифрот мусаффо инсон, шариатнинг чин ҳомийси, эшону азимдирлар. Тошкентга бир дафьа келган эдилар, кўп яхши суҳбатда бўлган эдик.

Қўқондан келган меҳмонлар Жамолиддин Муҳаммадкарим сўфини тариқатнинг пешвоси, авлиёи пир, дея кўп таърифини гапирдилар. Мажлис аҳли чурқ этмай жим ўтирар эди. Баъзи бойваччалар зерикканларидан сеқин уҳ тортиб қўярдилар.
— Ислом аҳли учун шариатнинг пири — пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом йўриқларини астойдил эътиқод билан, муҳаббат ва иштиёқ билан бажо келтирмоқ оллонинг буйруқларидан биридир,— деди эшон оғир, майин овоз билан ва меҳмонга юзланди:—Сўзлангиз, Мирсиддиқхон махсум, Қўқонда аҳли савдода ғанилар, зангинлар мўлми? Эшитувимизга кўра, боёнлар орасида пахтачи бойлар кўп эмиш.

Мажлис аҳли эшоннинг боёнлар хусусида гап очганидан хурсанд бўлиб, бир оз жонланди.
— Тақсирим, Қўқонда зангинлар, айниқса, пахта савдосига машғул бўлганлар, пулдорлар кўп,— кулди меҳмон,— гапу гаштак, тўй-томоша сероб. Пулни қай йўлга сарф қилишни билмай, гангиганлар ҳам кўп топилади.

Биққа семиз, юмалоқ гавдали, калта, қалин соқолли киши қув кўзларини сузиб деди:
— Меҳмон кўп тўғри айтдилар, Қўқонда бойлар, айниқса, қишлоқларда заминдорлар кўп. Уларнинг хазинасига пахтадан олтин бамисоли дарё бўлиб оқяпти.
— Оқ пошшо ҳазратлари Туркистон ўлкасида тинчлик ва осойишталик ўрнатгани туфайли, боёнларимизнинг савдо-тижорат ишлари кўп яхши ривож топди,— деди Абдулазиз махсум.— Афсуски, заводчи, фабрикант бойлар кўп эмас, боиси нима? Фақирингизнинг гумонига қараганда, савдо аҳли орасида аҳволи замонни кўп фаросат қилғувчи зийрак, эпчил одамлар йўқлигидадир. Мадрасада таҳсил кўрганлар дарҳақиқат шариатнинг мағзини чақадилар, лекин савдо оламида балиқдай сузадиган донишмандлар йўқ, десам лоф эмас. Тақсир, сиз фунун-маьрифат чашмасининг бошидасиз, биз каби ҳокисор фақирингиз, аҳволи замонга оид муборак, дурдона фикрларингизни эшитсак...

Мажлис аҳли оғир сукутда эшоннинг жавобини кутарди. Мирсиддиқхон: «Бу қандай номаъқулчилик?» дегандай Абдулазизни туртиб қўйди. Абдулазиз пинагини бузмасдан Бузрукдан жавоб кутарди.

Эшон чуқур мулоҳазага кетгандай, кўзларини юмган эди, ҳайтовур қўйфуруш Бадриддинбойнинг ўғли Қамариддинбойвачча сукунатни бузишга журъат этди:
— Ҳақиқий дин — бизнинг муқаддас ислом динимиз. Биз бандалар барчамиз оллонинг ихтиёридамиз. Алалхусус ҳаёт кундан-кун мураккаблашмоқда. Ҳайҳот, барча ҳунармандлар, боёнлар ғирт оми. Пирим, бу мушкулотнинг чораси нима?

Эшон кўзларини очди, узун соқолини силагач, «Ҳм-м...» деди ва сўзларини чертиб гапирди.
— Аҳли ислом, Муҳаммад алайҳиссалом умматлари оллони ҳақ билурлар. Э-э, жаббор, гуноҳга ботган ожиз бандадурмиз. Ўзинг билурсан, мушкулотларни осон қил!..— Эшон бир неча дақиқа тағин кўзларини юмиб, фикрлар ичра чўмди, кейин вазмин давом этди:—Идрок, зако маърифатли кишиларимиз дилларида ҳамиша олло ва пайғамбарни тутиб, амал қилсалар, барча мушкулотлар осон бўлғусидир.— Эшон товушига сирли тус берди. Ҳар бир мўмин-мусулмон фақирми, зангинми сабрли, қаноатли бўлмоғи даркор.

У тоат-ибодат, тасбеҳ ҳақида гапирди. Мажлис аҳли ихлос билан тинглар эди. Эшон Абдулазизга қараб илжайди:
— Шоҳ Машрабнинг назмларини ўқигандирсиз? Сўфиёна, кўп ибратли назмлари бор:

Машраб сани деб келди жаҳонга,
Бошини қўйди остоналарга.
Эй, майфурушим, бир коса май бер!
Ваҳдат майидан ичголи келдим.

— Ўқиганмиз, тақсир, ўқиганмиз,— дейишди бир неча киши.
— Боракалло! Шоҳ Машраб ҳам оллонинг ошиғи,— деди эшон мамнуният билан.— Оллонинг ишқи ҳақиқий, пок ишқ.
— У энди сўфийлариннг тариқати ҳақида гапира бошлади. Форсий, сўфиёна назмлардан ўқиб, маъносини ўзбекча тушунтирди.

Меҳмонлар иштиёқ ва эътиқод билан тингладилар. Баъзилар кўзларига ёш олиб: «Воҳ, бу олам пуч!..» дер эдилар.
— Балли, бу ёлғон дунёнинг моҳиятини яхши тушунинг, охират боқийдир,— деди эшон ва қуйида жим ўтирган ўғли Саиднабихонга буюрди:—Меҳмонлар зерикмасинлар, зиёфатни қуюқ қилғайсиз, хуш суҳбатда бўлғайсиз.

Саиднабихон дик этиб туриб, отасига назокат билан қуллуқ қиларкан, бутун мажлис аҳли оёққа қалқиб таъзимга эгилди.

Эшон ўрнидан турди, мағрур, бир-бир босиб, меҳмонхонадан чиққач, ичкари ҳовли томон юриб кетди.

Эшоннинг катта ўғли Саиднабихон меҳмонларни дастурхонга даъват этди. Хизматда бўлган ёш муридлар иссиқ варақилар, иликдай пиширилган эт-мойларни тортиб, кулча ва патирларни ушатдилар.

Меҳмонлардан бири:
— Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим, пиримизнинг дастурхонлари табаррук, бу неъматлардан тановул қилмоқ савоб,— деди такаллуф билан,

Очиқиб ўтирган меҳмонлар таомларни ошашга киришдилар.
— Ҳазратнинг биродари амакингиз — улуғ пир ҳақида кўп эшитганмиз, афсуски, табаррук дийдорларини кўришга муяссар бўлолмадик. Сўзланг, махсум, эшитайлик,— деди Абдулазиз Саиднабихонга мурожаат этиб.
— Тошкан аҳли кўп ихлос билан сиғинар эди улуғ ҳазратга,— деди терифуруш бой Мирсаид, қўлидаги иликли суякни ғажиб.
— Марҳум улуғ ҳазратнинг ажойиб хислатлари бениҳоя эди,—деди Саиднабихон.—Шариат бобида ғоят билгич эдилар. Доимо ҳонақоҳда муридлар ва мухлислар билан тоат-ибодатда бўлур эдилар. Марҳум ғоят кам уйқу эдилар. Бир куни улуғ ҳазрат ҳужрада ёлғиз ибодатда эканлар, бир киши ҳузурларига келди. Улуғ ҳазрат дарҳол оёққа қалқиб: «Марҳабо, хуш келибсиз», дея таъзимда букилибдилар. Муридлар секин эшик очиб боқсалар, ҳужрага нур ёғилмиш, у сирли авлиё ғойиб бўлмиш. Улуғ ҳазрат: «Афсус, афсус!» деб қайтиб жойларига дилгир ўтирмишлар. Сўфилар: «Тақсир, бу не каромат?» деб сўрасалар, улуғ ҳазрат: «Ғойибдан келди, сир қолсин...» деб жапоб берибдилар. Бу каби сирларни, бола эдим, сўфилар иа муридлардан кўп эшитардим.— Аллақандай ўйга чулғаниб сукут қилди Саиднабихон.
— Улуғ ҳазрат уйланмасдан тоқ ўтганлар, деб эшитамиз, ҳақиқатми? Рафиқалари бўлмаганми?—сўради меҳмонлардан бири.
— Йўқ-йўқ, уйланмаганлар! Ҳақиқий пок инсон эдилар!—жавоб берди Саиднабихон.—Бир кам етмишда вафот этдилар, бу дунёдан тамом тоқ ўтдилар.
— Улуғ пирнинг афт-атвори нечук эди? Билсак бўладими?—сўради чимкентлик бир меҳмон.

Маҳалланинг элликбошиси сочиқ билан оғзини артиб, қих-қих кулди:
— Новчадан келган қоп-қора киши эди. Индамас, ювош одам эди. Кўзлари кичкина, лекин ҳамиша ўтдай ёниб турарди. Тоқ ўтганлиги рост, аммо ҳарамларида фаришталардай соҳибжамоллар кўп, бўлганмиш. Бировлар ундай дейди, бировлар бундай...

Саиднабихон жаҳлдан қизариб кетди.
— Мошоолло! Бу не бўҳтон!—қичқирди у бўғилиб.— Гуноҳдан қўрқинг, улуғ ҳазрат бағоят пок зот эдилар!

Мирсаидбой кулиб деди:
— Шайхнинг тоқ ўтганлиги ҳақиқат. Ҳузурларида кўп бўлганман, хизматларида турганман. Оқсочлари, ёш-ёш қора соч парилари кўп бўларди. Ким билади... Пайғамбаримиз тўрт марта уйланган...

Суҳбат ўзга эшонлар, тарихда ўтган машҳур шайхлар устига кўчди.
— Бир вақт замонанинг зайли билан шаҳри Туркистонга борганман,—деди кекириб юмалоқ, семиз меҳмон.— Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилмоқ нияти ила борган эдим. У киши авлиё бузрук. Халқ орасида у киши хусусида кўп ибратли ривоятлар бор. Яссавий мақбарасини Темир Кўрагон бино қилдирган, кўп ҳайбатли, муҳташам-мақбара. Гумбази самога етади. Ҳазрат олтмиш уч ёшга етганларида: «Пайғамбар ёшига етдим, энди ёруғ дунёдан воз кечдим», деб чоҳга кирмишлар. Ўз кўзим билан кўрдим, у қоронғи бир чоҳ. Тоат-ибодат билан ҳазрат етти йил яшагандан сўнг, адамга равона бўлмишлар. Туркистондан Макка-Мадинага йўл бор эмиш. Ҳазрат Султон чўлу саҳро, дарё-ю денгизларни бир лаҳзада ўтиб, пайғамбаримиз ҳузурига борган эмишлар.—Юмалоқ киши қўлидаги пиёлани бўшатиб, дастурхонга қўйди ва шошмасдан тағин сўзида давом этди:—Ҳожилар ойларча йўл юриб Макка-Мадинага борганларида, пайғамбаримиз: «Аввало Аҳмад Яссавййни зиёрат қилинглар, кейин бу томонга келинглар», дермишлар. Халқнинг гапи бу.
— Аҳмад Яссавий балки бизнинг пиримизга чатишган қариндошдир?—сўради мажлис аҳлидан бири.
— Эҳтимол, ота-боболаримиз, аждодларимиз Аҳмад Яссавийга бориб етар,—жавоб берди Саиднабихон.

Суҳбат қизиб кетди. Бойваччалардан бири, пахтафуруш, соддароқ кийинган, кўп бадавлат, лекин хасис, камгап йигит:
— Тақсир, бир савол бор, мумкинми?—деди Саиднабихонга.
— Бажону дил, марҳамат!—тебранди эшоннинг ўғли.
— Халқнинг гапига кўра пайғамбаримизнинг мўйи мубораклари ва бир дона муборак тишлари бормиш. Изоҳ берсалар, эшитсак.

Меҳмонлар қизиқиб кетди, ҳамма қулоқ солди. Саиднабихон пайғамбарнинг мўйи ва тиши ҳақида батафсил жавоб бериб деди:
— Саҳобалар авлодида бир араб пайғамбаримизнинг мўйи муборагини Тошкентга ҳадя қилиб келтирган. Шайхлар ва сўфилар мўйи муборакни ғоят эҳтиёт сақлаганлар. Ҳозир мўйи муборак ҳам, муборак тиш ҳам шу хонақоҳда.—Саиднабихон қўли билан ён ҳовлига ишора қилди.— Гумбаз остидаги тошнинг тагида сақланади.

Меҳмонлар ихлос билан кўзларига ёш тўлиб тингладилар.
— Марҳум бобомиз — улуғ шайх пайғамбаримизнинг муборак мўйи ва муборак тиши устида халқ кўз ёшларини тўкавермасинлар, деб тош ичига жо қилиб кўмдирганлар.

II

Меҳмонлар бирдан ўринларидан турдилар ва эшоннинг ўғлига: «Бошласинлар!» дея ишорат этдилар. Барча меҳмонлар ташқари ҳовлини ўтиб, хонақоҳ ҳовлисига чиқдилар. Дарахтлар орасидан ва ҳовуз ёнидан ўтиб, гумбаз олдида тўхтадилар. Сўфи қоровул бўйра устида хуррак отиб ухлар вди. Бўз яктак ва малла бўз тўнга ўралган пакана сўфининг бошида тўхтаб, Саиднабихон деди:
— Туринг, снзга нима бўлди, сўфи, одамлардан уялмайсизми? Хоб — бародари марг!( Форсча-тожикча: уйқу— ажалнинг укаси.)

Сесканиб уйғонган чол саросимада қолган эди, сапчиб ўрнидан турди, шошилиб чориғини оёқларига илди-да, қўлида катта калитни чангаллаган ҳолда хонақоҳ томон югурди.
— Марҳамат, хуш келибдилар!—деди каловланиб. Хонақоҳ эшикларини кенг очди сўфи ва букилиб, меҳмонларга таъзим қилди.

Меҳмонлар оғир сукунатда қоронғи хонақоҳга битта-битта кирдилар. Барча ўзини гўё пайғамбар қабри олдида ҳис этарди. Ўртадаги тошнинавбат билан бир-бир ўпиб, ҳўнг-ҳўнг йиғладилар. Гумбаз устидаги кабутарлар овози уларга гўё самодан келган пайғамбар овози каби туюларди.

Ҳаммалари тош олдида ерга чўкка тушдилар, кейин бир дўппифуруш, хотинбоз, шилқим дўкондор ингичка, ёқимсиз овоз билан аллақандай оятни ўқишга киришди. Ҳаммаларн ихлос билан тинглаб, узундан-узун дуо қилдилар ва орқалари билан юриб, хонақоҳдан чиққач, тағин ташқари ҳовлига қайтиб, даҳлизда обдаста ва сочиқ тутиб турган хизматчилар олдида тўхтадилар, қўлларини чайиб, меҳмонхонага кириб ўтирдилар.
— Бобонгиз кўп савоб иш қилган эканлар, чунончи, пайғамбаримизнинг тишлари ва мўйларини шундоқ эҳтиёт сақлаганлар. Бу муқаддас даргоҳ қиёматга қадар улуғ зиёратгоҳдир,—деди Мирсиддиқхон Саиднабихонга қараб.
— Дарҳақиқат, гапингиз тўгри,—деди эшоннинг ўғли бошини тебратиб.

Хизматкорлар товоқ-товоқ палов келтирдилар. Сергўшт, сермой, қази-қартали паловдан гуркираган хуш бўй ҳамманинг нафсини қўзғаб, иштаҳасини очиб юборди. Бир-икки эпчил киши дарҳол енгларини шимариб, гўшт, қази-қартани бирпасда тўғраб ташлади, меҳмонлар: «Олинг, олинг!» билан ошашга киришдилар.

Паловга хўп тўйгач, кўк қашқар пиёлаларда ҳузур билан кўк чой ичишди.

Меҳмонлар энди эзилиб суҳбатлашиб ўтирдилар.

Эшоннинг кичик ўғли Саидғанихон бир бойвачча билан кириб келди. У жужун камзул, беқасам тўн, янги мошранг духоба дўппи кийган олифта ёш йигит эди.
— Ассалому алайкум!—деди у остонадан меҳмоцларга,
— Ўтиринглар, кўрганимиз — кўришганимиз,— деди Мирсаидбой.
— Ўҳў, сиз жаноблар, бехабардирсизлар, янги воқеалар оламни титратиб юборди-ку!—деди Саидғанихон даврага суқилиб.
— Мишмишларни городдан эшитиб келяпмиз,— деди Саидғанихоннинг ёнига чўкка тушган бойвачча.
— Мошоолло, тинчликми?—сўради қўлидаги пиёлани дастурхонга қўйган Саиднабихон.

Меҳмонлар таажжубда сабрсизлик билан қотиб қолдилар.
— Некалай подшо тахтдан тушибди, бу машъум хабар шу бугун Петербургдан етиб келибди,—шошилиб гапирди бойвачча.

Меҳмонлар аввал чўчиб тушдилар, кейин ҳаяжондан бири оқарган, бири қизарган ҳолда, ағрайиб қолдилар.
— Э-э, бўлмаган гап...—деди ўртага чўккан оғир сукунатни бузишга журъат этиб кимдир.
— Олло ҳақи, городда дув-дув гап,— деди Саидғанихон.
— Жим-э, полислар ашитмасин!—Саиднабихон қалтираб манглай терини артиб олгач, укасини туртиб қўйди.
— Оқ подшо ҳазратлари,— деди бойлардан бири оқариб,—оллонинг бандаларига абадий буюрган ҳомийси эди, бу қандай бемаъни гап!
— Хоинлар кўп-да, шуларнинг тарқатган гапи-да,— деди бепарволик билан гапиришга тиришган бир бой.— Тангрим ҳамиша ўз паноҳида асрасин подшоҳимизни.
— Городдан келяпмиз ахир, жаноблар,—деди ҳовлиқиб Саидғанихон.—Эшитганимизни айтамиз-да, шов-шув кўп. Газеталарда ҳеч нарса йўқ, лекин одамлар орасида гап кўп. Петербургдаги ишчилар солдатлар билан бирлик-да қўзғолон кўтариб, Қишки саройни ҳалқалаб ўрабдилар, тожу тахтни тору мор қилибдилар. Бу хабар бизнинг эски шаҳарга ҳали етгудай бўлмабди. Городда қиёмат, ишчилар билан мастеровойларнинг оғзи қулоғида.
— Дарҳақиқат, Петроградда аҳвол ниҳоят бетинч, деб эшитган эдим,—деди Мирсиддиқбой.—Очлик, муҳориба ишчилар орасида норозилик туғдирган. Эҳтимол, тўғри хабардир... Оқ подшо ҳазратлари нуқсондан албатта холимас. Ҳар қалай бу гап ёлғон бўлсинда...

Мажлис ҳаяжонда эди, Абдулазиз сўз бошлади.
— Ваҳки оқ подшонинг ўғиллари тахтга кўтарилгандир. Лекин бемор хаста бир ўғиллари бор, деб эшитардим,— дсди Мирсаидбой.
— Ҳеч ишонгим келмайди,—деди бошини чайқаб юмалоқ бош.—Ёлғон гапдир. Некалай-а, Некалайдай подшоҳи аъзам!—Оёқларини уқалаб, ўнгланиб ўтириб олди бой.— Лекин бир подшо тушса, тағин бири чиқади тахтга, вассалом! Азалдан таомил шу. Қани, омин, денглар, турайлик.

Бу хабар кутилмаганда қарсиллаган чақмоқдаё барчани ҳайрат ва ҳаяжонга, саросимага солган эди. Фотиҳа ўқилгач, меҳмонлар дув туриб, эшоннинг ўғиллари билан хайр-маъзур қилишди, ҳазратга салом айтиб, тарқалишди.

Саидғанихон ёнидаги бойваччаларга ниманидир шивирлади-да, ичкарига, отаси олдига шошилиб кириб кетди.

Бир неча дақиқадан кейин бошига оқ мисқоли салла ўраб, банорас тўн кийиб Саиднабихон чиқди, хизматкорларга буйруқлар бериб отда Шайхантаҳурдаги мадрасага, дўсти олдига жўнади: «Балки, биргаликда городга чиқармиз», деган фикрни кўнглидан кечирди.

У миш-миш хабарларни суриштириб, ҳақиқатни аниқлашга шошиларди...

Еттинчи Боб

I

Жумабой билан Шермат, ҳар кунгидай ишдан чиқиб, уйга қайтмоқдалар. Заводга пиёда қатнайдилар, трамвай кирасига сарф бўладиган чақа ҳам ҳарна рўзғорга мадад...

Айниқса, шу кунлари бу икки дўстнинг суҳбати қуюқлигидан тонгда ишга, оқшом уйга етганларини сезмай қоладилар.
— Чамамда, йўлнинг таноби ҳам тортилди шекилли,— деб кулиб қўйди Шермат.
— Биласанми, биродар,—жиддий сўзларди Жумабой,—Николай тахтдан тушди-ю, тағин гап кўпайди, ишчилар, айниқса, мастеровойлар Петроград воқеаларини шу кеча-кундуз дақиқа сайин кузатиб туришибди.
— Ўша бадбахтдан қутулганимиз ростми, оғайни, таги пуч гап эмасмикан, деб чўчиб қўяман. Оқ подшо-я?! Тожи тахтдан нечук воз кечди экан-а? Ақлим етмайди...—бошини чайқади Шермат.
— Назаримда Питер ишчилари ниҳоят уюшқоқ, шижоатли дейман-да,—деди секин қадам босиб Жумабой,— ораларида зўр-зўр адвокатларни чўқиб ташлайдиган раҳбарлари бор эмиш; ҳар завод, ҳар фабрикада тўдалари, жамиятлари бор эмиш,—деди Жумабой овоэини пасайтириб.—Шу ердаям борга ўхшайди...—Дўстига синовчан назар ташлади у.—Гап кўп, билмайсан, хумпар, лақмалик ҳам эви билан-да. Нуқул: «Хўжайин, хўжайин!» деб букиласан, э-э, мазанг йўқ.
— Биродар, бу дунёнинг тузини сендан уч кун илгари тотиганман, хўжайинларга таъзим қилсанг ёқасан, ёқсанг— тинч бўласан. Башарти «хап, сеними!» деса, ўша куни орқангга тепки ейсан. Шу важимга тушунсанг, менга таъна қилмассан.—Шермат Жумабойга юзини ўгирди.— Сен бўлсанг тезсан, ҳовлиқиб кетасан. Мундоқ бўлиш ярамайди. Ҳар ишни мезони билан қил, садағанг кетай!

Жумабойнинг ҳар нечук энсаси қотса-да, тағин гапда давом этди:
— Ишчилар нуқул Николайни калака қилади. Иш билмас, нўноқ, лаванг эмиш у. Малика-чи, ўта айёр, муғамбир, айш-ишратга ботган... Қўй-чи, поп ўйнаши бормиш. Ҳа, шундай аломат гаплар.

Шермат қотиб кулди:
— Уларнинг поплари ҳам бизнинг эшонларга туғишган экан!

Ўрдани босиб ўтиб то Самарқанд дарвозага етгунларигача Жумабой билан Шерматни ҳар қадамда таниш-билишлари—самоварчилар, косиблар тўхтатишар, шаҳарда тарқалган миш-миш гапларни суриштиришар эди. Икки дўст шошилмасдан билган-эшитганларини ҳар сўраганга такрорлаб борардилар.

Чойхоналарда одам қалин. Бировлар: «Худо бизни ёрлақади, ҳуррият!» дейишса, бошқа бировлар: «Балли, тожи тахтни остин-устин қилганларнинг отасига раҳмат, минг таҳсину тасанно уларга!» дейишар эди. Яна баъзилари бўлса: «Бу қандоқ гап бўлди, подшосиз мамлакат ҳам бўлар эканми?» дейишарди ранглари ўчиб.

Шермат уйига етганда, Жумабой билан хайрдашиб ҳовлига кирди. Шаҳардаги шов-шув гаплар унга тинчлик бермасди.
— Хотин, ҳой хотин, бу ёққа қара.— Шермат айвон лабига ўтирди.

Рухсора қора қозонига бир қошиқ ёғ солиб, ёвғон уграга уннаган, бироқ ҳўл ўтинни ёндиролмасдан хуноб эди. У тутундан ачиган кўзларини уқалаб, айвон олдига келди.
— Йўлингизга қарайвсриб ўлиб бўлдим, арпа унидан хамир қордим. Бир ёқда ўтинни ёндиролмай жоним ҳалак. Овқатим кеч қолиб кетяпти, нима дейсиз?
— Ўтирсанг-чи, хотин, гап кўп. Оқ подшо тахтдан қулабди. Уқдингми?

Ҳайратдан қотиб қолган Рухсора бир оздан сўнггина фаҳмлади гапнинг мағзини.
— Ажаб бўпти-да, зора энди биздақа ғарибларнинг ғамшш ейдиган бирон адолатли подшо тахтга чиқса.
— Вой, ҳафтафаҳм-эй, подшонинг яхши-ёмони бўладими?! Оқ ит, қора ит — бари бир ит! Бизнинг мастеровойлар шундоқ дейди, жуда билгач, ўткир одамлар. Ўзимизнинг Жумабой бор-ку, у ҳам ақлда мастеровойлардан қолишмайди, зийрак.

Шермат, хотини сопол қумғондан қуйиб турган сувда ювинди-да, сандал тўрига ўтиб, деворга суянди.
— Овқатингни тезлат, хотин, арпа угра бўлсаям қорин тўйсин.
— Икки ой бўлади, болаларнинг тиши гуруч кўрмайди...— деди Рухсора ошхона томон кетаркан.

Шу чоқ эшикдан қора-қура уч-тўрт бола кириб келди. Энг кичиги — қизчани катта ўғил опичлаб олган. Болалар чуввос билан оталарига ёпишдилар.
— Вой-бў, ариқда сув йўқми, қизим,— деб Шермат ўрнидан ирғиб турди. У қизчасини ариқ бўйига олиб борди. Қўшни ҳовлидан чиққан торгина ариқча икки қулоч ерни босиб, яна иккинчи қўшни ҳовлисига ўтиб кетар эди. Шермат қизчасини яхшилаб ювинтирди, қизча хархаша қилиб йиғлаб ҳам олди. Шермат ўйлар эди: ғарибмиэ, бечорамиз, мана, энди ҳуррият фазилати билан толе ярқираб кетса шу гўдакларнинг бошига бахт қуши қўнса, золимлар панжасида биз кўрган зулмларни балки булар кўришмасмиди?

Шу пайт, қўшни ҳовлида бир челак мағзава ариққа ағдарилди. Қўшни кампир кимнидир шанғиллаб қарғарди.
— Э-э, сувни расво қилдингиз-ку, хола, мағзавани сувга агдарасизми!— ранжиб девордан қаради Шермат.
— Сен ҳам бормидинг энди! Бо, мен билан ади-бади айтишгунингча оқади-кетади, болам. Бобонг ўлгурнинг ҳаммоллиги жонимга тегди, наҳотки қишин-ёзин кири аримаса-я.
— Бас қил, мунча жаврадинг, кампир,— айвонда ўтирган еридан дўнғиллади чол.— Хурсанд бўлиб келган кунинг ҳам дийдиёсини ўқиб кайфингни бузади-я, баччагар.

Кампир яна бобиллаб берди.
— Савил, нимангизга хурсанд бўлар экансиз?
— Э, хотин, Некалай подшо тахтдан тушибди. Бозорда дув-дув гап.
— Вой, чоли тушмагур-эй, боядан бери энди айтасизми?— гангиб қолган кампирнинг қўлидан челак тарақлаб ерга тушди.

Шермат кулгидан қотиб қолди. У сандал теграсида хотини пиширган ёвғон уграни бола-чақаси билан ичиб ўтираркан, қўшни кампирнинг нарвон орқали нариги қўшниларидан золим Николай тахтдан йиқилганини айтиб, суюнчи олаётгани қулоғига чалинди. Атроф қўшнилар шовқин-сурон кўтаришиб, бир-бирларига хабар қила кетишди.

Шермат ҳам овқатини шошиб-пишиб ичди-да, чойхонага — ёру биродарлари олдига югурди. Ишдан қайтишда Жумабой билан ваъдалашишган эди.

II

Баҳор ҳавосидан кўнгиллар ҳузур қилади...

Заводнинг пресслаш цехида рус, ўзбек, тожик — турли Миллат ишчилари тўпланишиб, алланимани муҳокама қилишарди.

Айниган тринка камзул кийган, чаккалари ичига ботган, баланд бўйли, сариқ соч бир рус ишчи кир кепкасини сиқимлаган қўлини ҳавода ўйнатиб, куйиб-пишиб гапирар, гап орасида папиросини қаттиқ-қаттиқ тортиб, бусиз ҳам димиқиб кетган хонага ҳалқа-ҳалқа аччиқ тутун таратар эди.
— Ўртоқлар, чоризм ағдарилди. Ниҳоят, даҳшатли зулм уяси парчаланди. Меҳнат аҳлининг, ғарибларнинг зориқиб кутган революция қуёши бугун юзини кўрсатди. Генерал-губернатор Куропаткин бўлса, телеграммани қиндирига босиб ўтирибди. Бадбахт заводлардан, корхоналардан янги хабарни эшитиб келаётган вакилларни: «Жаноблар, император олий ҳазратлари ўз жойларида, тахтларида!» деб лақиллатяпти. Жамики халққа маълум бўлсинки, романовлар сулоласи тожу тахтдан абадий маҳрум бўлди. Биз ишчилар, солдатлар, камбағал деҳқонлар билан биргаликда курашиб эришдик бунга. Бироқ кураш ҳали тугагани йўқ. Яна курашамиз, асло чекинмаймиз! Токи ишчи-деҳқонлар ҳокимиятини ўрнатгунимизча курашамиз. Шу заводимизнинг ўзида қанчадан-қанча миллат фарзандлари бор. Агар бир ёқадан бош чиқариб иш тутсак, бу ердаги эски тузумни ҳам синдирамиз, меҳнаткашларни оғир мусибатдан қутқарамиз.

Сўнг нотиқ барчани ишга тушмоққа даъват этиб, ўзи зудлик билан темир йўл корхонасига учрашиб, бугунги ҳодисалардан хабардор бўлиб қайтажагини айтди ва тез чиқиб кетди.

Рус тилини тушунмайдиган мусулмон ишчиларига унинг айтганларини Жумабой ва Шермат шивирлаб таржима қилиб беришди.
— Золим Николай подшо тахтдан қулапти. Ҳурриятга чиқадиган фурсат келди. Лекин ўзимизнинг хону беклар бор ҳали. Буларни ҳам таг-туги билан йўқотмагунимизча бизга тинчлик бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳушёр бўлмоғимиз керак. Яна айёр бойларнинг янги тузоқларига илинмайлик, такрор айтаман, ҳушёр бўлайлик! Қани ишга!

Ишчилар кўнгилларида орзу-умид, ҳаяжонли ҳислар тошган ҳолда ўзаро сўзлаша-сўзлаша ишга тушиб кетдилар.

Ҳавода чанг, чигит тўзони булут каби сузарди. Қанор-қанор, той-той пахталар остида қадди дол ишчилар қадамларини ҳорғин, базўр сургар эдилар...

III

Вақт пешиндан оғган. Қовоғи солиқ Эшонхон асабий ҳолда айвонга чиқди, извошни артиб-тозалаб юрган Қоравойга: «Хўжайиннинг ҳузурига Жумабой билан Шерматни тез айтиб кел!» деб буйруқ қилди-да, яна конторага кириб кетди.

Бутун гавдасини столга ташлаган ҳолда ялпайиб нимадир чизиб ўтирган Саидаҳмадга деди:
— Бой ота, чақирдим бадбахтларни. Пича дўқ қилинг, кофирларнинг эгри йўлига зинҳор бошларинг оғмасин, Некалай олий ҳазратлари одил подшойи аъзам, деб тушунтиринг итларга.

Бой Эшонхонга айёрона кўз қирини ташлади.
— Замон қалтис, ука, нодонсан... Петербургда шу кунлари бебошлик авжида; ишчилар, саллотлар ҳокимиятга чанг соляпти. Кўпаслар бўш келмас, тангрим ўзи асрасин, офатларни бошимиздан даф қилсин...

Эшонхон бойнинг қаршисига ўтириб олди, папиросини тутатиб валдирай бошлади. У Туркистон бойларининг камфаҳмлиги, тадбирсизлиги ҳақида сўзлади.
— Мусулмонлар — диннинг қули. Дин-шариат йўлида маданият ва маърифат билан халқни тарбияламоқ лозим, мусулмон ишчиларининг рус ишчилари билан дўстлашувига сад чекмоқ лозим. Бунда уламоларнинг эътиборидан фойдаланиш зарур.
— Бас қил, валдирама!— қўлини силтаб жеркиди ғазабидан қизарган бой.— Қўйиб берсам, жағингни хўп шақиллатадиганга ўхшайсан. Маданият, маърифат эмиш... Калтафаҳм, деб сени айтса бўлади. Некалай подшо тахтдан тойиб турган шу тобда бундай тутуриқсиз гапларнинг нима ҳожати бор?! Мактаб, маърифат аста-аста бўлаверади. Омимизми? Қирққа чидагаи, қирқ бирига ҳам чидайверамиз. Сен тадбиркор бўлсанг, бугунги дардга даво топ!
— Тушундим, тушундим, бой ота,— деди нафаси ичига тушган Эшонхон ва папиросини кулдонга эзиб ўчирди.

Лекин ишнинг кўзини биласан, Эшон,— юмшади бой.— Ҳийла-найрангда устаси фарангсан. Отанг яхши, онанг яхши, деб алдайсан-сулдайсан, қарабсанки, мўлжалингдагини бирпасда қўлга туширасан, хуллас, юлдузни бенарвон урадиганлардансан.
— Қулингизни жанобларининг ўзлари тарбия қилганлар, ўла-ўлгунимча миннатдорман,— деди таъзим билан Эшонхон.— Тадбиркор бўлсангиз ютасиз, йўқса сизни бошқа балиқлар ютиб юборади, иш чиппакка чиқади...
— Дуруст, ақлинг бажо!— деди мамнун жилмайиб бой.— Ёдимда, етти йил муқаддам отанг бояқиш бошлаб келган эди сени олдимга. «Рус тилини биладиган болани ахтараётган экансиз, кунимга ярар, деб ўғлимни тузем мактабида ўқитган эдим, сизга топширдим, ишлатинг, ўргатинг»— деди, ялинди, отанг раҳматли. Хўп, дедим, олиб қолдим. Падаринг ўзида йўқ хурсанд бўлиб кетди. Дарҳақиқат, мана, ажабтовур йигит бўлдинг.— Мўйловини бир-икки бураб қўйди бой.— Заводни тез-тез айланиб, мусулмон ишчиларни таъқиб қилиб тур, кўз-қош бўлмасанг, ҳамма нарса ишкал бўлади. Уларга тушунтир, боёнлар ўзимизники, бир мазҳабдамиз, динимиз, ирқимиз бир, бир миллатмиз, дсгин. Намойишга борманглар, шу заводдан нон еб турибсизлар, хиёнат йўлига қадам қўйманглар, дегин. Э-э, Эшон, нимасини ўргатаман сенга, ўзинг гапга чечансан, билиб гапиравер,— деди Саидаҳмадхон яна хомуш тортиб.

Эшонхон недир демоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаган эди, эшик очилди.
— Мумкинми? Ассалому алайкум,— деди Жумабой, Унинг кетидан кирган Шермат ҳам салом бериб, Жумабой ёнида тўхтади.
— Чақиртирибсиз, бой ота, хизмат?— сўради Жумабой.
— Ўтиринглар, қани, ўтиринглар,— деди Эшонхон икки ўриндиқни ўртага суриб.

Бир-икки дақиқа сукутдан сўнг Саидаҳмадхон сунъий табассум, ҳалим овоз билан сўз бошлади. Замонанинг қалтислиги, Петрограддан етиб келган хабарлар устида гапирди.
— Оқ подшо олий ҳазратлари кўп одил эдилар. Неча йиллар мобайнида шундай азим бир мамлакатни осуда тутиб келардилар. Афсуски кўкраги кўр безорилар, нон-кўрлар тож-тахтни оёқ ости қилишибди. Албатта тадбирли одамлар кўп, замон тинчиб, ҳар нарса ўз изига кириб қолар,— деди юмшоқ товуш билан, бой. — Бойми, камбағалми — биз мусулмонлар барчамиз Муҳаммад пайғамбарнинг умматимиз, бир ёқадан бош чиқармоғимиз фарз. Сизлар бебошликка йўл қўйманглар, мусулмон ишчиларга тушунтириб, йўлга солинглар,— деб узоқ гапирди Саидаҳмадхон.

Жумабой билан Шермат кўзлари ерда, қошлари чимирилган, жим ўтирардилар.

Эшонхон папирос тутатиб, қаттиқ-қаттиқ сўрди. Қошлари керилиб, кўзлари олайди, асабийлашди:
— Аммамнинг бузоғидай бақрайиб ўтираверасанларми, гапирсаларинг-чи, эшитайлик.

Шермат Эшонхонни шу дамда ғажиб ташлагудай бўлса-да, Жумабойдан ҳайиққани сабабли индамади, фақат «сен гапир» дегандай дўстига қаради.
— Хўжайин!— деди Жумабой.— Бир миллатмиз, бир умматмиз, деганингиз бари маъқул, лекин биз ночор, қашшоқмиз, сиз бойсиз, хасиссиз. Шу сабабдан бир ёқага сиғмасак керак.
— Оббо, Жума-ей, тузингни ичиб, тузлуғингга тупураман, дегин,— деди бой пичинг билан.— Ҳаромзодаларнинг йўлига тушдингми?
— Йўқ, хўжайин, асло ёмон йўлга бош суқмаганман. Бола-чақа дардидан ортмаймиз, тирикчилик дарди бамисоли жаҳаннам, ютиб юборган бизни,— тик қаради бойга Жумабой.
— Шермат мусулмони комил, намозни канда қилмайди, бой ота, боодоб йигит, шу сабабдан хуш кўраман уни. Жумабой бўлса шов-шув можаронинг бошида,— гап қистирди Эшонхон.
— Гапир, товуткаш!— деди бой, қув кўзларининг қири билан Жумабойга боқиб.— Отанг ғайратли, донишманд, мўмин одам эди, кўп йиллар раҳматли отамизнинг хизматларида бўлган эди.

Жумабой кўксини ғазаб ва нафрат ҳисси чулғаб келаётган бўлса ҳам, ўзини босиб, бошидаги кир дўпписини бир-икки асабий айлантириб қўйди.
— Ишласанг — тишлайсан, деган гап бор, хўжайин. Биз ишдан бош тортмаймиз, бироқ ишламасдан тишлайдиганлар бор. Николай бадбахтдан қутулдикми, зулмдан қутулибмиз, худога шукур — деб Жумабой аввал бойга, кейин Эшонхонга дадил боқди.

Бой жавоб тополмай бир дақиқа сукутда қолди, у ички саросимани яширишга тиришарди. Нимадир демоқчи бўлган Эшонхонга бир хўмрайган эди, у ҳам жим қолди.
— Бўпти, ишларингга жўнанглар, лекин мусулмонлар ҳақ йўлдан озмасинлар!— деди тўнг оҳангда бой.

Жумабой билан Шермат бир-бирларига маъноли қараб олишгач, енгил юриб чиқиб кетдилар. Орқаларидан хўмрайиб қараб қолган Эшонхон: «Касофатлар!» деб тўнғиллади, лекин бойнинг ички кайфиятини яхши тушунганидан, шу топда бир оғиз гап айтишга ботинмади, жим тураверди.

Саидаҳмадхон қўлидаги папиросини чекиб тугатгач, керишиб ўрнидан қўзғалди, Эшонхонга заводга чиқ, деб ишорат қилди-да, айвонга ўтди.

Гавдасининг оғирлигидан зинадан чайқалиб зўрға тушгач, заводнинг кенг ҳовлисига бир қараб олди ва кеккайиб извошга ўтирди.

Саккизинчи Боб

I

Қоронғилик тонг ёругида эрир экан, қуёш муҳташам кўтарилди. Юзларига шафақ сурган, он сайин минг турланган майин булутлар мовий ҳавода кўркам кезар эди.

Эскижўвада одам кўп. Аксарият ёшлар, зиёлилар, янги мактаб муаллимлари — маьрифатпарвар жадидлар. Усталар, мардикорлар, дурадгорлар кўп эди. Бир четда ҳаваскор ёш созандалардан иборат духовой музикачилар тўдаси эски-янги куйларни чалар эди. Мадраса талабалари, бойваччалар ҳам кўзга чалинар эди.

Бир зиёли бойвачча жадид дўсти билан хотин-қизлар масаласи хусусида қизғин баҳслашарди.
— Ислом динида хотин-қизлар масаласи мураккаб муаммо. Пайғамбаримиз тили билан айтганда, бизнинг ислом динимиздаги аёллар иффатли, номусли, ҳаёли бўлмоғи шарт,— дерди у.
— Дарҳақиқат, мушкул масала,— дерди жадид бойваччанинг сўзини маъқуллаб.— Хотин-қизларимиз таълим олмоқлари мумкин, аммо ҳамиша пардада бўлмоқлари шарт. Тўғри, бизнинг паранжиларимиз бир оз хунукроқ, ислоҳ талаб.

Нарироқда Умарали бир-икки дўстлари, толиби илмлар билан қуюқ суҳбатда.

Йиғилган халойиқ сурон билан янги шаҳар томон қўзғалди. Музикачилар янги ўрганилган аллақандай бир маршни чалиб, олдинда борардилар. Йўл-йўлакай гузарларда, чойхоналардаги одамлар, баққоллар — ҳаммалари ўринларидан туриб томоша қилардилар. Дув-дув гап, кулги, ҳазил — ҳаммаси фақат Николай устида эди.

Оломон Ўрда сувини ёқалаб, Сквер майдонига қараб йўл олди. Кўчаларда қизил байроқлар, турли шиорлар ёзилган плакатлар кўтарган кишилар. Майдон атрофида отлиқ ва пиёда аскарлар турарди. Буларнинг чеҳраларида жиддият, тантана ва ҳаяжон ифодаланарди.

Рус ишчилари эски шаҳардан чиққанларни мамнуният ва олқишлар билан қаршиладилар. Зўр ҳаяжон билан бир-бирларини табрик этдилар. Ишчилар, усталар, мардикорлар рус дўстлари билан қучоқлашиб кўришдилар.
— Яшасин ҳуррият!
— Қонхўр Николай даф бўлсин!
— Яшасин меҳнаткашлар!

Ҳаяжонли шиорлар гоҳ ўзбек тилида, гоҳ рус тилида кетма-кет янграр эди.

Намойиш юксак руҳда, ҳаяжон тўлқинида давом этарди. Руслар кўп эди, демократ зиёлилар — муаллимлар, журналистлар, приказчиклар кўп эди. Темир йўл корхонасидан, трамвай паркидан, заводлардан, турли майда корхоналардан йиғилган ишчилар Сквер, Товуқбозор, Пиёнбозорга лиқ тўлган. Озодлик байрами бутун меҳнат аҳлининг қалбига севинч тўлдирган. Шавқ билан, юксак ҳаяжон билан барча кўчага чиққан.

Саидаҳмадбойнинг югурдаги Эшонхон ишчиларни алдаб-авраб, заводдан чиқармасликка уриниб кўрса ҳам, иложсиз қолди. Жумабой, Шермат бутун мусулмон ишчиларни бошлаб, рус дўстлари билан биргаликда намойишга қўшилдилар.

Мана, Жумабой бир тўп мусулмон ишчилар ўртасида нутқ сўзламоқда. Ҳаяжондан унинг юраги гурс-гурс уради. Қўлини пахса қилганича унча-мунча рус сўзларини аралаштириб, баланд овоз билан сўзларди у. Нарироқда Петров, шапкаси қўлида, жўшқин нутқ сўзлайди. У гоҳ-гоҳ киссасидан рўмолчасини олиб, пешанасини артиб қўяди.

Нотиқлар ўзгариб турарди, кетма-кет янги-янги нотиқлар сўз оларди. Булар бир-биридан жўшқин, бир-биридан тўлқинли сўзлардилар. Асрлар бўйи ҳукм сурган зулм занжири парчалангани, жабр уяси бўлган Романовлар тахти емирилгани, зимистон ҳаётга ҳақиқий озодлик қуёши кулиб боққани ҳақида шавқ-завқ билан гапирардилар.

Мусулмон ишчиларнинг кўпчилиги рус мастеровойлари, раҳбар ишчилари сўзлаган бу ҳароратли нутқларни тушунолмаганликларидан хит бўлардилар. Ораларидаги рус тилини унча-мунча тушунадиганлари таржима қилишга уринардилар.

Бир ерда дурадгорлар, ғиштчилар, маҳсидўз усталар, сувоқчилар, мардикорлар гуруҳ-гуруҳ турардилар. Улар орасида соқоли кўксига тушган, кўринишдан жиддий, серфикр, мулоҳазали меҳнат шерлари диққатни жалб этардилар. Булар чуқур сукутда нутқ тинглардилар.

Чеккароқдаги катта дарахт тагида Саидаҳмадхон кеккайиб, папирос чекиб турибди. У бу гаплардан энсаси қотганини, юрагида қўзғалган ташвишини яширишга тиришар, ишчиларнинг хатти-ҳаракатларига лоқайдлигини кўрсатиш мақсадида олдидаги бир-икки бойваччага Петроград воқеаларини гапирар эди.
— Бу ялангоёқлар вақиллайверади-да, қўлларидан нима келарди? Князлар ҳам қараб ўтиришмагандир. Тадбир-чора кўришаётган бўлса, эҳтимол давлат яна олий ҳазрат Михаил Александрович қўлига ўтар. Буни менга жаноб губернатор махфий суратда маълум қилдилар,— деди шивирлаб, сўнг қув кўзларини қисиб, маъноли жилмайиб қўйди.

Татар бойларидан бири узоқдан Саидаҳмадни кўриб қолган эди. Кўзига олтин пенсне, устида бахмал ёқали янги пальто, билагига асо осган татар бой Саидаҳмадхон ва бойваччалар билан сўрашиб: «Ийй, тангрим, бу ниндий маҳшар!» деди ва ҳассасини билагидан олиб ерга тиради-да, гапга тушиб кетди. У Петербург воқеалари, муҳораба ҳақида, кечагина ўзининг генерал-губернатор Куропаткин ҳузурида бўлгани ва ўрталарида ўтган суҳбатни гоҳ пенснесини тузатиб, гоҳ ҳассасини ўйнаб бениҳоя эзмалик билаи сўзлай бошлади. Сўнг: «Иншоолло, замон тинчиб қолар, афандилар», деди ва таъзим билан хайрлашгач, тағин бир танишининг олдига ўтиб кетди.

Кўнгилларига ғашлик тўлган Сандаҳмадбой ва бойваччалар ҳам ён кўчада турган изаошларига, ўтиришиб жўнаб қолишди.

II

Умарали дўстлари билан хайрлашгач, Сквердан айланиб Пиёнбозорга борди. Пиёнбозорда одам кўп эди. Умарали бугунги воқеалар, эшитган нутқлари ҳақида хаёлга чўмган ҳолда секин юриб, қатбр қассоб дўконлар олдидан ўтди ва тор чойхонага келди. Кир шолча ёйилган каравотга ўтирди.
— Ҳа, ишлар қалай?— деди самоварчига қараб кулимсираган Умарали.— Ташна бўлдик, битта чой.

Чаққон самоварчи шу ондаёқ бир чойнак чой кўтариб келди.
— Хўш, мулла ака, кўринмайсиз, хамма ёқ намойиш, Некалай золим қулапти, фалокатдан қутулдик. Озодмиз,— кулди самоварчи.

Умарали чойни қайтарди:
— Соз бўлди, халқ жуда хурсанд, ажойиб давр келяпти. Лекнн, ука, Туркистон ўлкаси қоронғида, ҳаммамиз ялписига саводсизмиз, бунинг чорасини излаш керак,— деди Умарали чойдан ҳўплаб.
— Мусулмонлик аста-аста, мулла ака, тўғрими? Ўзимиз оми бўлсак, бир кун болаларимизнинг саводи чиқиб қолар. Ҳа, ростдан, маҳалла тинчликми? Бир ҳафтадан буён уйга тушолмайман, иш-иш... Хўжайин қурғур ҳадеб қимор ўйнагани ўйнаган. Ҳа, мулла ака, қулинг ўргилсин кабоб бор, ейсизми? Сели жизиллаб турибди.

Умарали кулимсиради:
— Ҳол сўр, аммо ҳамённи ҳам сўр, ука, биласан-ку, қип-қизил гўштмиз.

Самоварчи сўзамол эди:
— Э-э, ака, вақф сандиғининг калити сизларда-ку!
— Эй тавба,— жавоб берди кулиб Умарали,— бизда эмас, уламоларнинг чангалида.

Самоварчи индамади.

Чойхонада деҳқонлар, корандалар кўп эди. Ҳали чой, ҳали нон сўраб турардилар. Самоварчи битта кулча билан икки сих кабобни секин Умаралининг олдига қўйиб кетди.

Умарали кабоб устидан бир-икки пиёла аччиқ чой ичди. Сўнг ўрнидан қўзғалди. Чой ва кабоб ҳақини ташлаб, хайрлашди:
— Ташаккур, биродар, саломат бўлинг, деди ва кабобпазга ҳам бошини лиқиллатиб хўшлашди.— Ҳужрага марҳамат, суҳбатда бўламиз.
— Фурсат бўлганда албатта борамиз, ўзлари ҳам келиб турсинлар, мулла ака,— деди самоварчи ва қўлидаги бўш чойнакларни кўтариб нариги бошга югурди.

Умарали шошмасдан Пиёнбозордаги трамвай тўхтайдиган жойга борди. Киссасида бир-икки чақа борлигида трамвайга тушмоқ ниятида эди у. Шу пайт ёнидан ширакайф икки бойвачча ўтди. Умарали уларга қараб: «Тавба, дунёнинг тўфони тўпиғига чиқмайди-я, буларнинг!» деб кўнглидан ўтказди. Бойваччалардан энсаси қотиб, тескари қараган эди, олдига келиб тўхтаган уч паранжили — икки қиз ва бир кампирга кўзи тушди. Одатда янги шаҳарда мусулмон аёллар кам учрарди.

Умарали секин бир-икки қадам ташлаб, қизларга яқинроқ келди. Чачвон тагидан қизларнинг бири, айниқса, кўҳлик кўриниб кетди кўзига. Айни пайтда танишдек ҳам туюлди. Қизлар ўзаро секин суҳбатлашиб туришарди. Тўсатдан назарини тортган қиз кулиб юборди.
— Ўша, ўзимизнинг маҳаллалик йигит-ку,— деди у кампирга шивирлаб.

Буни Умарали ҳам эшитди ва фурсатдан фойдаланиб қиз билан бир-икки оғиз суҳбатлашишга жазм қилди.
— Зумрадхонмисиз? Танияпман,— деди эскигина паранжидаги қизга мурожаат этиб.— Нима қилиб юрибсиз городда, таажжуб?— сўради кулимсираб.
— Мероводдан келяпмиз. Бир ўртоғимникига қиз ошига борган эдик. Мен-ку, таниш эмасдим-а, мана бу ўртоғим қўймади, юр деб,— Зумрад ёнидаги янги шоҳи паранжидаги Бадриддин қўйфурушнинг қизи Манзурахонни имлаб кўрсатди.

Умарали билан Зумрадларнинг маҳалласи бир-бирига яқин. Умарали Зумрадни болалигидан хуш кўрар эди. Қиз ўша вақтларидаёқ шўх, ўйноқи, гапга чечан, дилдор эди. Ёшликда икки-уч маҳалла қизлари, болалари йиғилишиб «кепак-кепак», «қуш тили» ўйнашар эди. Ўйинга қизиқиб кетганларидан, қош қорайганда оналарининг зўри билан истар-истамас тарқардилар. Йиллар ўтиши билаи булар ўсиб, Умарали мадрасага ўқишга кетди. Зумрад бўйи чўзилиб паранжига кирди. Болаликда пайдо бўлган туйғунинг нималигини Умарали кейинроқ тушунди. Қизни кўриш мушкуллашган сари уни тез-тез эслар, юраги тотли уриб, бирга ўтган дамлар хаёли билан яшар зди. Гоҳо уйига келганда синглиси Қумрихонга: «Ойпопук қалай, омонми? Оламда мисли йўқ, гўзал қиз-да!» деб қўярди. «Юрибди, аввалгидан ҳам кўҳлик, бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилган. Сизни тез-тез сўраб туради», дерди синглиси.

Умарали Зумрад олдига тағин бир қадам босди:

— Бурқаъни кўтар, тангри учун, эл сени кўрсун,
Бу ҳусну малоҳат яна қай кун учундур?—

деди шивирлаб, ҳароратли оҳангда.
— Гўзал байт, Лутфий ҳазратларини ўқишни ҳам, тинглашни ҳам яхши кўраман,— деди Зумрад чиройли кулиб.
— Гўзал қизларга ярашадиган байтлари кўп ҳазрат Лутфийнинг. Эшитдимки, мактабга бориб, отин ойимга дарс берибсиз?!—кулиб юборди Умарали.
— Йўғ-э, ўлдимми! Отин ойим раҳматли ўқиган, донишманд, ширинсухан аёл эдилар,— деди Зумрад.

Шу орада трамвай келиб тўхтаган эди. Қизлар чаққонлик билан кампирни қўлтиқлашиб трамвайга чиқиб олишди, уларнинг кетидан Умарали ҳам чиқди. Кампир трамвайдан тушишнинг осонлигини кўзлаб олдинга йўрғалаган эди, Манзура ҳам Зумраддан энсаси қотиб, кампирнинг ёнига кетди.

—Зумрад ўлгурнинг беҳаёлигини қаранг, дарров ошиғини топиб олди. Уялмайдиям, шунча одамнинг олдида шақиллаб ўтирганини қаранг!— деди Манзура кампирга шивирлаб.

Кампир индамади, бир неча дақиқа ўтгандан кейин аста деди:
— Ҳа, айланай, замон охир бўлгани шу-да.— Бир оздан сўнг қўшиб қўйди:—Кўнгил кўнгилдан сув ичади, деган гап бор, қизим, бизлар гумроҳлик билан ўтказган эканмиз умрни.
— Йўғ-э, таги пастлигидан, буви,— деди Манзура ва ёнига келиб тўхтаган оппоққина рус кондуктор хотинга қайта-қайта санаб, билетга пул узатди ва учта бармоғини кўрсатди.
— Мулла акам менга белат олганлар, овора бўлманг, Манзурахон,— деди Зумрад ўтирган жойидан.

Манзура дарров кондуктор хотин қўлидан ортиқча пулни олиб, чўнтагига солди:
— Мулла акангизнинг оқчалари атиги иккита билетга етибди-да,— деди кесатиб.

Ўзаро қуюқ суҳбатга киришиб кетган Зумрадхон билан Умарали Манзуранинг пичингини эшитмадилар ҳам.

Вагон бўшгина, танишлар ҳам кўринмас эди. Одамлар кўпинча эски шаҳар билан янги шаҳар ўртасида пиёда қатнар эдилар.

Умарали завқ билан гапга берилган эса-да, гоҳо ён-теварагига қараб қўярди. Мусулмонлар хотин-қизларнинг кўча-кўйда эрлар билан сўзлашишларини ғаш кўрардилар.

Шайхантаҳурда Манзура ва кампир Зумрад билан хайрлашдилар. Манзура уч кундан кейин келишини, зарур иши борлигини айтди. Зумраднинг қулоғига энгашиб шивирлади:
— Мулла акангиз силлиққина эканлару, бироқ камбағалликлари бор-да, мундоқ пулдорроғи йўқмиди?!

Зумрад дарров пичинг билан секин жавоб берди:
— Мулла акам фақир бўлсаям ақли расо. Пулдорлар сизга муносиб.
— Бас, тилинг жудаям аччиқ-эй!— жеркди Манзура ва юзини терс бурди.

Зумрад писанда қилди:
— Ўртоқжон, билмайсиз, меҳнатнинг оши лаззатли бўлади...

Манзура индамади, кампирни олдига солиб, тушиб кетди.

Баландмачитга етгач, Зумрад билан Умарали ҳам тушдилар. Улар бир-икки қадам олдинма-кетин юриб, Жаркўчага бурилдилар.

Умарали ҳислари тўлқинланган ҳолда ширин гапларни, ажойиб латиф сўзларни шивирлар эди. Жаркўчада сув ёқалаб хуш суҳбатда секин борардилар.
— Ҳамиша хаёл оғушида юраман,— деди Умарали бир он тўхтаб,— дардим-аламим, орзу ва тилакларим — барчаси кўнглимга ҳибс этилган. Юрак доимо ишқ ўтида ўртанади...— Тағин аста юрди қизнинг изидан.

Зумрад йўлнинг паст-баландидан эҳтиёт қадам ташласа-да, қоқила-суқила борар эди. Қалби гурс-гурс урар, кўксини тўлатган ширин туйғулардан маст, энтикиб қўяр эди. У қанчалик сарбаст, шўх бўлса-да, шу топда айтишга бир сўз тополмагандай, ёки ширин рўёни бузгиси кёлмагандай сукутда борар эди.
— Фикрим, хаёлларим фақат сизда, болаликдан севаман сизни, инонинг, Зумрадхон,— деди йигит ялинган оҳангда.— Ҳужрамда ёлғиз ўтирганимда ёшлик, болалик чоғларимизда бирга ўйнаганларимиз, томма-том чопиб, варрак учирганларимизни эслайман. Эсингиздами, катта қуроғимни сиз учириб юборган эдингиз... Ҳис этаманки, сизга етадиган қиз йўқ жаҳонда...
— Хайр, мулла ака,— деди қизариб Зумрад маҳалласига етгач,— одамлар ёмон-а, гап-сўздан қўрқаман...
— Хайр, гўзалим, фақирингизни унутманг... Умидим катта,— деди Умарали ҳам қизарган ҳолда.

Зумрад индамади, тез юриб кўчасига бурилиб кетди.

III

Умарали мадрасага ҳорғин, лекин кўкси тўла ширин хаёллар билан кириб келди! Мадраса сокин. Ҳужраларда талабалар бири араб, бири форс тилини мутолаа қилиш билан банд.

Умарали чўнтагидан калитни олиб, ҳужрасини очди, бошидаги салла ва устидаги олача тўнини, қозиққа илди, токчадан эскигина дўпписини олди-да, бармоғи билан чертиб қоқди. Кичкинагина тақир пўстакка чўзиларкан, хаёли тағин Зумрад томон учди... Умарали кўзларини юмиб, хаёл дарёсида оқади, кейин аста-секин Зумрад узоқлашади. Умарали мадрасанинг аҳволи, толиби илмлар ҳақида ўйлади, сўнг бугун намойишда эшитган гаплари ёдига тушди. Эшитган гапларини бир-бир эслаб, мағзини чақишга уриниб кўрди. Рус тилини билмаганидан ўкинди.

Эшик ғийқ этиб очилиб, Хуррам махсум кирди.
— Мумкинми? Ишлар қалай, городга лақиллаб чиқиб келдингизми?— қочириқ қилди у.

Умарали истар-истамас ёстиғидан бошини кўтарди, эринчоқлик билан керишиб, Хуррам махсумга ўтиришни имо қилди.

Хуррам махсум муллаёқа кир кўйлак устидан кийган олача тўнининг этакларини ўраб, чўкка тушди, сийрак эчки соқолини бармоқлари билан тараб олди, пилтаси чиққан эски тақиясини бошида бир айлантириб қўйди, «қани гапиринг», дегандай, шилпиқ кўзларини Умаралига тикди.
— Городга чиқдик,— деди шошмасдан Умарали.— Жуда катта намойиш бўлди. Рус ишчилар, мастеровойлар барчаси ўша ерда. Мусулмонлар ҳам бор. Палиса, миршаблардан нишон йўқ, ин-инига кириб кетибди. Қонхўр Николай йиқилди, энди барчамиз озодмиз, деб барча беҳад хурсанд. Айтинг-чи, оға, Николайдан қутулдик, бу ҳақрост. Лекин оқибати нечук бўлар экан?

Хуррам махсум оғзидан носвойни девор тагига туфлади-да, минғирлаб гап бошлади.
— Э-э, шунгаям бошингни қотирасанми, хом калла?! Бири тахтдан тушса, яна бири чиқади, таомили шу, вассалом!— бирпас жим қолди у, сўнг кўнглидаги андишага ўтди.— Дўстим Умарали, бу бефойда гапларни йиғиштир, таомдан гапир.

Умарали илжайди:
— Пайғамбарларнинг буюргани қаноат, буни жаноблари асло унутмагайлар. Бир бурда нону бир пиёла чой бас, биз ўзгасини орзу қилмаймиз.
— Мадрасанинг тўқлари ёғли, гўштли паловни мусаллас билан уради, биз-чи, биз худога нима ёзибмиз!— деди Хуррам асабийлашиб.

Шу чоқ ҳужрага елкасида хуржун, ҳарсиллаб Сидқий махсум кириб келди. Елкасидаги хуржуини деворга суяб қўйгач, севиниб кетган Умарали билан қучоқлашиб кўришди, Хуррам махсумга қўлини узатди.
— Бугун барча городда экан, сизни кўп изладим, гап-сўз кўп, чироқ!— деди этикларииинг чангини артиб Сидқий.
— Узоқдан бир кўриндилару, яна одамлар орасида кўздан ғойиб бўлдилар,— жавоб берди кулимсираб Умарали.

Шоир Сидқий махсум Искандардан; камбағал оилада туғилиб ўсган, қаттиқчиликда қийналиб ўқиган, кейин мадрасага жойлашган. Кўп хору зорлик билан мадрасани тугатгач, Искандарга қайтмасдан, шаҳарда қолган. Назмда хийла тузук, қалами ўткир, пишиқ, ҳозиржавоб шоир эди. Ўрта бўйли, мулойим ифодали, юзлари бурушиқ, фақирона кийинган, хушфеъл, хушмуомала киши эди.

Шоир мўъжазгина ҳужранинг тўрига чиқиб, чордана қуриб ўтиргач, намойишда кўрган-эшитганларини гапира бошлади.
— Подшонинг ўзи лаванг экан, якка-ягона ўғли касалманд экан, иним. Аммо халқнинг ғазаби кекирдагига келган, ҳозир Искандар Зулқарнайнни тахтга ўтқазсалар ҳам, эплай олмайди. Ҳа, замон шундоқ,— деди Сидқий махсум ва калта мошкичири соқолини сийпаб қўйди.
— Тожи тахтдан, подшолардан бездик, даф бўлсин барчаси,— деди шоирга қараб Умарали.— Лекин Туркистоннинг аҳволи нечук бўлади, шу кўнгилга ғашлик солади, оғир ғафлат оғушидамиз-ку, оға!

Шоир кўзларини юмган, қуйи солинган бошини чайқаб ўтирар эди:
— Шу топда, замон бир дошқозондай қайнаб турибди, иним, сабр қилайлик-чи, уламолар, зиёлилар табақасидан ақли заколар бир йўл кўрсатар, деган умид бор. Кўнгилдаги илҳом булоғи сира тиним бермайди. Шу лаванг подшонинг чирик уясини, маккора маликанинг поп ўйнашини ҳикоя қилиб бир ҳажв ёзсам, деган ниятим бор.

Қотиб кулган Умарали ўрнидан туриб кетди:
— Балли, ёзсинлар, сизнинг ўткир қаламингиз уларнинг қабиҳ қиёфаларини барчага ошкор қилгай. Ёзинг, илҳом париси мадад бергай,— деди Умарали ва меҳмоннинг рўбарўсига ўрнашиб ўтирди.
— Э-э, тавба!— деди буларнинг гапи тугамаганидан хит бўлган Хуррам махсум.— Ҳаёт бир мисли дарё, уни на сиз, на биз, на уламолар тескари оқиза олади, ўз йўлида кетаверади, беҳуда бош қотирманглар, барака топгурлар. Тақсир, сиз дейман, шу мадрасанинг тупроғини хўп яладингиз, лекин ҳануз эшон ва уламонинг кимлигини билмаган ғофил экансиз. Уламолар халқнинг ғамини ермиди? Улар ўзларининг томоғи, қорни дардида! Эшоннинг қорни бешдир, бири ҳамиша бўшдир, деган гапни эшитмаганмисиз? Қани, дўстлар, вақт пешиндан оғди, тамадди лозим, бизнинг қорнимиз битта, ғамини ейлик... Пулдан чўзинглар, каминадан хизмат, бир паловжон ясаб келай.

Шоир истеҳзоли кулги билан жавоб қилди:
— Пул бизда чикора, махсум, нафсни тийинг. Халқнинг тишлагани бурда нони йўқ, сиз паловни орзу қиласиз!
— Бас қилинг бемаъниликни!— деди Хуррамга Умарали қизарган ва ранжиган ҳолда, кейин шоирга мурожаат этди.— Дарров бир рисола битсинлар, қофияларни пишиқ-пухта қилиб, ибратли ибораларни ёғдириб ташлагайсиз. Каминангиз ҳам қарашиб юборади, кўчириш, босмага тайёрлаш каби ишларни бизнинг зиммамизга юклайверсинлар.

Шоириинг юзи ёришди, индамади, ўрнидан туриб хайрлашган ҳамон чиқиб кетди.

Хуррам махсум бир отим носини тилининг тагига ташлади, дудуқланиб деди:
— Ё раббим, тилнинг узуни даллолга керак деб ўйлардим, гумроҳ эканман, энди билсам, тилнинг узуни шоирники, қолаверса, сеники экан.

Умарали индамади, токчадаги китобларни титкилай бошлади. Махсум нохуш кайфиятда бўшашиб чиқиб кетди.

Умарали бир арабча китобни қўлтиғига босиб, ҳужрани қулфлади, дарсхонага — ўртоқлари олдига югурди.

Тўққизинчи Боб

I

Бўғотлари тўкилиб турган торгина зах айвонда пастаккина омонат курсига ўтириб, Унсин маҳси тикар эди.

Қиз Шокир отанинг болаларга мослаб бичган бачкана маҳсиларини тикаркан, ипни қулочкашлаб тортар ва пишиқ бўлснн учун уни тез-тез мумлаб қўяр эди. Қиз бутун зеҳни, диққатини бериб, жон-дили билан чок тикарди.

Шокир ота Унсинни ўз қизидай севади, эркалайди, ачинади унга. «Унча кўз нурингни тўкма, қизим, нари-бери тикавер, бозор кўтараверади», дерди Унсинга. Қиз кўнмас: «Болаларга пишиққина бўлгани яхши», дер эди кулиб.

Унсиннинг таърифи чор атрофга тарқалган. «Қўли гул, толеи офтоб», деб мақтардилар уни. Одамлар шу сабабдан буюртма маҳсиларни Шокир отага топширардилар. Айрим косиблар Унсинни ўзларига оғдириб олиш учун баъзан уриниб ҳам кўрардилар. Шокир отадан ва бувисидан яширин Унсиннинг олдига бирор кампирни юбориб, минг турли нарсалар — пул, яхши кийим-бош, ҳатто бой куёвлар ҳам ваъда қилардилар. Унсин баъзиларини яхши гап билан қайтарар, баъзиларини койиб ҳайдар эди. «Ҳолни кўр, дардни сўр», дейдилар. Шердай оғам адо бўлди, орқасида соядай титраб қолдим; ёлғиз жигарим Элмурод Русиянинг аёз ерларида не ғурбатларда юрибди. Менга кийим нима даркор, куёв нима даркор? Маъни борми сизда?! Бас, жаҳлим чиқса, кавушингизни тўғрилаб қўяман» деб оғзиларига урарди уларнинг.

Ҳеч ким уни алдай олмас, йўлдан уролмас, ақлли, фаросатли қиз, Шокир отани ўз отасидай севар, ҳурмат қилар эди.

Шокир отанинг дўкони келди-кетди, бекорчилар кўп. Биров нарх-наво, қимматчиликдан шикоят қилса, биров у ёқ-бу ёқдан ғаплашиб, кўнгил ёзгани келади.

Унсин кўпинча айвонда ёлғиз ишлайди. Шундай вақтларда у ўз хаёлларига эрк бериб, қалбини ҳамиша чўғдай куйдириб турган дард тўлқинига ботади, баъзан Шокир ота ҳузурига келганларнинг суҳбатларига қулоқ бериб овунади. Баъзан отанинг олдига битта-яримта саводли танишлар келиб қоларди. Ана ўшанда, Абомуслим жанглари, форсийдан таржима қилинган турли жангномаларни ўқирдилар. Бундай кезларда Унсин вақтнинг ўтганини ҳам, чарчаганини ҳам сезмас эди.

Баъзи-баъзида ўзига ўхшаш фақир қўшни қизлар, ўртоқлари чиқишиб, кўнгилларини гам-ғуссадан жиндай бўшатадилар.

Шокир отанинг кампири Рисолат биби уйда кам бўлади, тентирашдан бўшамайди. Гоҳ кинна солгани кетади, гоҳ эшонникига кетиб йўқ бўлади. У эшоннинг хизматида бўлишни оллога ибодатнинг бир йўли, деб ишонади.

Осмонда булутлар карвони тинмай сузади. Қуёш гоҳо бир кўриниб, тағин булутларга бурканиб олади. Ҳаво изғирин...

Қор, ёмғир айниқса Шокир отанинг чаккасига теккан эди. У ҳар гал эски омонат нарвонни томга авайлаб қўяди. Қирқ ямоқ гуппи чопонга ўралиб, бошига алмисоқдан қолган телпагини бостиради-да, томга кул ташлаб тепкилайди.

Унсин тоғаси Мирзакаримбойдан бутунлай умидини узган. У баъзан паранжига ўралиб, гузардаги баққолгами, ёки бозоргами ўтадиган бўлса, дарвоза олдида почапўстинга ўралиб, кўпинча элликбоши билан суҳбатлашиб ўтирган тоғасини кўриб қолади. Шунда ўзини кўчанинг нариги бетига уриб, зинғиллаганича ўтиб кетади. Мирзакаримбойнинг ўткир кўзлари барибир уни пайқайди: «Ҳой кўр бўлгур, салом қани!» деб бақиради у. Унсин тоғасининг гапига парво қилмайди, жўрттага қаддини тағин ҳам тикроқ кўтариб, ўтиб кетаверади.

Қиз билмайдики, «одобсиз» жияннинг «кўрнамак»лигидан ранжиган Мирзакаримбой элликбошига: «Битта-яримта кўрними, калними топиб, қўшиб қўйиш савоб, қизнинг бўйи чўзилиб қолди. Бу ишни ўзингиз бажарасиз, чолни фақат сиз кўндирасиз», деган. «Ташвиш қилмасинлар, чол ўжар-ку, лекин қизни хамирдан қил суғургандай, чол кулбасидан суғурамиз», деб жавоб берган элликбоши ҳам.

Унсин ёшлигида ўз қишлоғида ўрганган, ҳануз ёдида қолган бир қўшиқни оҳиста куйлаб иш тикар эди.

Шокир ота дўконда чармга қаттиқ сув пуркади, кўвани тақ-тақ урди, кейин ўтирган жойида энгашиб эшик тирқишидан қичқирди:
— Ойпўпоч, туш бўлди-я, тўп отилди, эшитмадингми? Қумғонни ўтга қўй, қизим, қорин очди.
— Ҳозир, отажон, ҳозир! Кун ҳам чопиб кетяпти-да,— деди Унсин ва шошилиб чармга бигиз тиқди.— Нон озроқ эди,— деди тағин астагина.
— Қаноат қорин тўйдирармиш, ой қизим,— хохолаб кулди чол.

Унсин ишини йиғиштирди-да, оёғига эски кавушини нлиб, ўчоқ бошига югурди. У ҳўл ўтинни тутатиб аранг ёққач, қора қумгонга сув тўлатиб оловга қўйди.

Шу пайтда бир таёқни сургаб Собиржон кирди:
— Опа, қорним очди...

Уисин қозиқдаги саватдан битта қоқ нонни олди, бир бурдасини ушатиб унга тутқазди.
— Оз-ку, опа, яна беринг,— олган нон бурдасини чайнаб туриб сўради бола.
— Қаноат қорин тўйдиради, тушундингми, ука!— деди Унсин чойнак-пиёлаларни юва туриб.— Бир кун қорнимиз тўйиб қолар, Собиртой.— Қиз ошхонага кетди.

Чолга бир чойнак чойни аччиқроқ дамлади.
— Ота, чойни дамладим, келинг!— чақирди Унснн.
— Бу ёққа узата қол, қизим, олдимда улфатим бор,— деди Шокир ота.

Унсин бир бурда нонни ўзига қолдириб, кичкина патнисга яримта нон ва иккита пиёла қўйиб, чойнак билан патнисни дўконга узатди. Эшик тирқишидан секин мўралади.

Жумабой ака.

Заводда ишлайди. У Унсинга жуда қадрли ва қадрдон. Йўлчи акасининг жонажон дўсти эди. Йўлчи акаси орқасидан Шокир ота билаи ҳам таниш-билиш бўлиб қолган.

Унсин ўзига ҳам чой дамлаб, Шокир ота билан Жумабойнинг суҳбатига қулоқ солди.

Заводда ишлайдиган Жумабой ака Шокир отасига топган-тутганини тўкиб кетади, отасининг ошнаси. Наригиларини танимади.

Жумабой отага шу кунлардаги воқеалар, рус ишчилардан эшитганларини, давом этаётган қонли урушдаги талафотнинг кўплиги, қурол-аслаҳа озлиги ва бошқа билган-эшитганларини ҳикоя қилиб ўтирарди.

Шокир ота чойда ивитган нонини лиқ этиб ютди, бир-икки йўталди.
— Жаҳаннамнинг лабида турибмиз, иним, охири бахайр бўлсин, халқ жуда эзилиб кетди-да, водариғ!..— деди бошини чайқаб.

Жумабой овозини пасайтириб яна алланималарни узоқ гапирди. Ишчиларнинг қандайдир яширин ташкилотлари ҳақида сўзлаб: «Биз ҳақмиз, бойларингизнинг охири вой», деди у тиззасига уриб ўрнидан тураркан.

Унсин чойини ичиб бўлиб, тағин ишини қўлига олди. Жумабойнинг охирги сўзлари қизни ҳам ўйлатиб қўйган эди. Қиз ўзи кўрган-кечирган баъзи воқеаларни хаёлидан ўтказиб, дунёнинг ҳақиқатан ҳам адолатсиз қурилгани устида ўйлаб кетди, ўзича Жумабой айтган фикрларнинг мағзини чақишга уриниб кўрди.

Охир пешинда битирган маҳсиларини йиғиштириб:
— Буюртмалар битди, ота, менга берадиган ишингиз борми?— деб сўради Шокир отадан..

Шокир ота қўлидаги чармни чўза-чўза, қиздан мамнун бўлиб жавоб берди:
— Болам, пича дам ол, ўртоқларингникига чиқиб, бирпас гурунглаш. Энди, чироғим, хуфтондан кейин ўтирарсан ишга.

Унсин ўрнидан турди. Шу топда кайфи жуда чоғ эди, дугонаси Раънохонларникига ров чиқиб келгиси келиб кетди. Ҳовлининг бир чеккасида таёқ йўниб ўтирган Собиржонни чақирди:
— Собиржон, бирпас қимирламай ўтиргин, мен Раъно опангникига бирров чиқиб келаман, жуда зерикдим.

Собирга ёқинқирамади, бир жойда ўтиришга тоби йўқ эди боланинг.
— Кечаси чўпчак айтиб берсангиз, ўтираман, опа,— деди у кўэларини ўйнатиб.

«Хўп, хўп!» деди Унсин. У яланг оёқларига эски кавушларини илди, паранжини бошига ташлаб кўчага югурди.

Шокир отанинг уйи билан Раъноларники яқин эди. Унсин бир кўча айланди-ю, кичкина, эски ўймакор эшикни очиб, оҳиста ичкари кирди.

Раънонинг отаси Мирвали таърифи кетган наққош. Раъно уларнинг ёлғиз фарзанди. Наққош катта, дўнг пешанали, соқоллари сийрак киши. Унинг кўзлари сермаъно, мулойим боқади. Муомаласи ҳам ёқимли. Кўз очиб меҳнатни кўрган. Наққош Йўлчининг яқин дўсти, сирдоши бўлган. У Унсинга жуда меҳрибон, ҳамиша илиқ сўз билан қизнинг кўнглини олишга тиришар:— «Сабр қил, қизим, Элмурод аканг келса, суюниб қоласан. Яхши одамнинг бағридасан», дер эди у.

Наққош Раънони эски мактабда ўқитган. Раъно қомати келишган, юзи сутдай тиниқ, нодир бир ҳайкалтарошнинг ижоди каби гўзал. Кўзларида шўхлик ва ақл мавжи, табиати қувноқ, қуюқ сочлари белига тушган; ўзига ярашган ғурури ҳам бор. Навоийни, Фузулийни чиройли ўқийди, чуқур ҳис қилади, бу аср шоирларидан Муқимий, Фурқат, Завқий каби шоирларнинг ғазаллари билан яхши таниш. Наққош бундай китобларни Раънонинг сўроғи, ялинишига қараб, саҳҳофликдан топиб келтирар, ўқитиб ўзи ҳам эшитишни севар эди.

Раънонинг онаси Мунисахон: «Ўн саккизга кирдинг, намоз ўқи, қуръон ўқи, бу нимаси — ўқиганинг нуқул ошиқ-маъшуқлар можароси, уят-ку,— деб ранжир эди қизидан.— Тикиш тик, қизим, қизга кашта ярашади, мошина олиб берсин даданг, яхши ҳунар қизларнинг ҳуснига ҳусн қўшади». Қиз онасини қучиб: «Ўргилай сиздан онажоним, ишқим фақат китобда. Шоирларнинг шеърлари, ғазаллари, фикрлари, рамзлари беҳад, бениҳоя. Отам бир муаллим топиб берсалар ўрисча ҳам ўқирдим», дерди эркаланиб.

Мунисахон ҳайратдан сўз тополмасди, сўнг ранжирди: «Астағфирулло дегин, ёмон бўлиб кетяпсан, ташқаридаги маржадан, Валядан чиққан гап-ку бу. Отанг ўлгур ҳам ўрис мастеровойлар деса жонини беради, гуноҳидан қўрқаман». Баъзан у қизининг кундан-кун очилиб бораётганидан севиниб: «Ёлғизимсан, қизим, кўзимнинг оқу қораси, назаримда сенинг тенгинг йўқ оламда... Совчилар ҳам эшигимизнинг турмини бузяпти», дерди оналик ғурури билан.

Наққошнинг ташқарисида бўғот томли, пишиққина кичик даҳлизли бир хонадан иборат уй бўлиб, шифт рангдор сирлар билан бўялган, тоқидор эди. Бунда бир рус оиласи яшайди. Эри Андрей Соколов Тупроққўрғонга яқин бир корхонада хизмат қилади, хотини Валя машинада попоп тикади, қўл ҳунарига ҳам ғоят моҳир. Беш-олти яшар ўғилчалари ҳам бор.

Унсин деразани чертди.
— Валя опа, яхшимисиз?— дея сўрашди у.

Дераза қаршисида ўтирган Валя попоп тикарди. Пишиққина, ихчамгина, сочлари сариқ, мовий кўзли, серҳаракат, шўх аёл эди у.
— Кел-кел, Унсин, кела қол, азизим,— деди ёқимли товуш билан Валя.
— Раъноникига,— деди Унсин ичкарини имлаб.
— Бирпасгина ўтир олдимда, зерикдим,— деди Валя ўзбекчалаб. У ўзбек тилини бутун нозик томонлари билан яхши билар эди.

Унсин кавушини остонада қолдирди, паранжисини даҳлиз бурчагига отди-да, қаддини сал эгиб салом бергач, Валянинг қаршисидаги ўриндиққа ўтирди.

Уйнинг жиҳози жуда содда, эскигина шкаф, каравот, стол, тўрт-бешта ўриндиқ. Деворга суратлар осилган: ота-оналари, бобо-бибилари, эри билан ўзи, ўғли...

Хотинлар гулкўрпа, чойшабларни чизмакашлардан чиздириб келардилар ва Валяга попоп тиктирардилар. Ўзбек аёлларининг завқини яхши билган Валя ишларини кўнгилларидагидай бажариб мамнун қиларди уларни.

Ишдан ҳориб келган эри, баъзан: «Шу ҳам ишми, зерикмаганингга ҳайронман. Заводдами, фабрикадами ишлаш минг марта афзал-ку бундан» деб қўярди.

Валя Унсин билан гаплашиб ўтириб, шиғиллатиб ишини тикади. Унсин матога нинадан тўкилаётган ранг-баранг нақшларни мароқ бнлан кузатади.
— Буюртмаларингиз кўпми, Валя опа?— сўради Унсин кулиб.
— Сарт аёллар қизларига туғилган кунидан бисот йиғадилар-ку, Унсин! Қиз чиқарадиган оналар тугун-тугун иш кўтариб келишарди» бў йил бир оз тортилиб қолди. Замон оғир-да, жоним, халқнинг турмуши кун сайин оғирлашиб кетяпти...

Валя бирдан бошини кўтариб Унсинга боқди, жилмайди:
— Попоп тикишни ўргатайми сенга, азизим? Зеҳнинг баланд, бирпасда ўрганиб оласан.
— Эплай олармиканман, қийин бўлса керак,— деб жавоб берди Унсин.
— Вой, сен-эй, маҳси тикиш бундан осонми?!—кулди Валя.
— Хўп, опажон, баҳордан бошлаб ўргатинг. Ҳунардан унар, дердилар онам раҳматли. Майли, бу ҳунарни ҳам ўрганиб қўяй,— деди Унсин севиниб ва паранжисини қўлтиғига олиб, ичкарига югурди.
— Нима гап, жим бўлиб кетдинг, ишинг кўпми? Энди ўзим хабар оламан, деб турган эдим,— деди Раъно кўришиб, кейин Унсиннинг қаршисига ўтириб сўраша бошлади.— Отанг яхши юрибдиларми? Яхши одамлару, пича ўжарликлари, сергапликлари бор-а? .
— Ўжарликка ўжарлар, лекин сергапликлари менга ёқади, ўртоқжон, бўлмаса зерикканимдан юрагим тарс ёрилиб кетмасмиди?
— Раънонинг ойиси ошхонада нимагадир куйманиб, ғивирлаб юрарди. Икки қиз танчага суқилиб одатдагидай қизғин суҳбатга берилдилар.

Раъно гапга уста, ранг-баранг сўзлар, нозик рамзларни кетма-кет тизиб, гапни қийиб юборар, қочириқ, учирма гапларни ўринлатиб, суҳбатдошини зумда шошириб қўяр эди. У шеър, ғазал ўқишда ҳам ҳар кимсани йўлда қолдирарди.

Унсин билан Раъно қониқиб, кўнгилларидаги пок ҳислари, нозик кечинмаларини бир-бирларига очиб, гўё сирли рўёда оққандай ўтирардилар.

Айвонга эрта баҳор офтоби қуйилган, кўк гумбази ажойиб олтин ранг олган, табиатнинг кўнгил ғуборларини ювадиган гўзал онлари...
— Баҳорнинг дараги бу,— деди Унсин майин оҳангда осмонга қараб,— қиш қариб қолди...
— Қишдан қитдай бор. Ҳут-ют, сариқ сумалак, аямажиз... Қаторлашиб турибди,— кулимсиради Раъно.
— Ўртоқжон, яхши ғазаллардан ўқи, эшитсам кўнглим гулдай яшнаб кетади.
— Пича сабр қил, бирам қизиқ гапларим бор, эшит,— деди Раъно.
— Нима гап экан, тезроқ гапир,— қистади сабрсизлик билан Унсин.
— Ҳар кун совчи келади, безорлар бўлиб кетдим,— шивирлади Раъно.— Тунов кун ҳовлида ёлғиз қолган эдим, эрмакка жияк чатиб ўтирсам, эшикдан бир дўмбоққина бола кириб келди. «Опажон, шу сизга!» деб бир мактубни қўлимга тутқазди-ю, йўқ бўлди. Ким ёзибди, дейсанми? Ҳа, ану бор-ку, косибнинг ўғли, Миркарим лаванг, шу ёзибди, Жиндак саводи бор, ўлгурнинг хати жуда хушхат. У-чи, жуздонларни жуда пишиқ тикади, ўймакорлаб бежайди. Отасининг кайфи ҳамиша бузуқ, егани шолғом; ўзи ўлардек зиқна, у ёғини сўрама; уйлари қутичадек бежирим, маҳкам-мустаҳкам.— Раъно рўмолини тўғрилаб, сочларини сийпаб қўйди.
— Э-ҳа!—деди Унсин.— Уйи паст маҳаллада, онаси ҳам мўлтонигина, деган эди бувим, балки ўғли яхшидир;— бир кўзини қисиб ҳазиллашди Унсин.
— Эшит, у ёзибди: «Ёнимдан бепарво ўтиб кетдингиз, мен бўлсам ҳушимдан айрилиб телба қолдим...» ва ҳоказо гаплар. Эсимдан ҳам чиқаёзибди. Ҳа, хатнинг охирида: «Рад этсангиз, ўлимга ҳукм бўлганим... қитмир-қитмир», деб қўйибди. Аввалига кулавериб ўлдим, кейин жаҳлим чиқиб кетдим. Майда-майда қилиб йиртиб ташладим хатини. Кеча кўчада ўзиниям учратдим, бир тугунни қўлтиқлаб олибди, ғизиллаб бозорга кетяпти. Менга кўзи тушди-ю, телбадек қотди қолди. «Мажнун бўлмай ўла қол», дедим ичимда. Ўзимни кўрмаганга солиб, зинғиллаганимча ўтиб кетдим олдидан. «Вой, азизим, ошиқи беқарорман», деб алжиради; тўхтамадим, кетавердим, орқамдан: «Юринг, бозорга борамиз, қулинг ўргилсин нўхатшўрак еймиз», деб валдираганича қолди. Эси пастнинг — иши паст, дедим ичимда, жуда энсам қотиб кетди,— қошларини чимирди Раъно.

Унсин Раънонинг гапларини кула-кула тинглади. Навбат ўзига келиб алланимани айтмоқчи бўлиб, оғиз жуфтлаётган эди, эшикдан кириб келаётган Валяни кўриб тўхтади.
— Келинг, Валя опа, танчага ўтиринг, бозиллаб турибди,— уни тўрга таклиф этди Раъно.
— Йўғ-э, танчага ўтиргани қўрқаман. Қишин-ёзин айвонда ўтирасиз, тоза ҳавода, шунинг учун ўзбек қизларининг ёноқлари лоладай бўлар экан-да,— кулди Валя ва танчанинг сиртиға ўтириб олди.

Валя ўзбекчани бинойидеккина билса ҳам, Раъно жўрттага, русчани ўрганишга уриниб, билганини русча, билмаганини ўзбекча, қориштириб гапирарди.
— Русия совуқ,, Туркистон ўлкаси қишда ҳам шунақа офтобли,— деди айвонда жилваланган қуёшга кўзларининг ишораси билан кўрсатиб Раъно.
— Нимани гаплашиб ўтирибсизлар?— сўради Валя.
— Русларнинг одати яхши, хотин-қизлари хоҳласа уйда ўтиради, хоҳласа кўчани бир айланиб келади. Биз бўлсак, кўчага бесўроқ қадам босишга ҳаддимиз йўқ, ўтирибмиз сандалга тиқилиб,— деди лабларини чўччайтириб Раъно.
— Сартнинг закони ёмон,— қизнинг гапини маъқуллади Валя.— Динингиз хотин-қизларни жуда ҳам таҳқирлайди.
— Бизга ҳам ёруғлик кун бормикин?— деди ўксиниб Унсин.
— Ажаб эмас, қизлар, ҳуррият рост бўлса, энди замонлар бошқача бўлади...

Қизлар ундан-бундан узоқ гаплашишди, орзуларга берилишди. Гап айланиб кийимга тақалди. Қизларнинг яхши кўргани қўш этакли бурма кўйлак. Валя дид билан кийинишнинг сирларини тушунтирди қизларга. Шол, духоба, ҳарир... хил-хил газламалар тўғрисида гапирар, қизлар ҳавас билан тинглаб ўтиришар эди.
— Буларнинг ҳаммаси бойларнинг қизларига. Камбағалнинг шўри қурсин, мана, мени кўринг, кийганим нуқул чит,— деди Унсин.
— Ҳа, бойларнинг қизлари шоҳи-атласга ўралиб юришади, биз бўлсак читга ҳам эўрға етишамиз...— лабини бурди Раъно.— Бисотимда битта-ю битта ипак отган кўйлаклигим бор,— деди Раъно Валяга қараб,— аммам ҳадя қилган, тикай десам, бузиб қўяманми деб қўрқаман.
— Қани, кўрсат-чи!— ялинди Унсин қизиқиб.

Раъно ичкарига кириб кетди. Валя энди оёқларини танчага узатиб, ўрнашиброқ ўтирди. Ичкаридан даранг-дурунг сандиқ очилгани эшитилди. Раъно кулиб, кўйлаклигини олиб чиқди, авайлаб танча устига қўйди-да, жойига ўтирди.

Валя билан Унсин кўйлакликни ёзиб кўра бошлашди.
— Ёмон эмас, қани энди буни бизларникидақа қилиб янгича тиктирсанг жуда сенга ярашади-да. Бу қуёшда товланиб туради, тиктириб берайми, Раъно?

Раъно севиниб, кўйлакликни қўллари билан сийпалаб қўйди.
— Городда таниш машиначим бор, хўп десанг, ўзим бошлаб бораман,—ваъда қилди Валя.
— Бўпти,— кўнди Раъно ва шивирлади,— бироқ ойим билмасин. Чевар хотинникига чиқамиз, деб тўғри городга жўнаймиз. Ойим билса, қиёмат қилади-я.

Учовлари пиқ-пиқ кулишди, Раъно сакраб туриб, кўйлакликни сандиққа жойлаб чиқди.

Шу пайт эшикдан уст-боши кир-чир Мирвали наққош келиб кирди. Унсин дарров ўрнидан қалқиб салом бераркан, наққош сўраша бошлади:
— Боракалло, қизим, саломатмисиз, ота яхшимилар? Валяхон, қалайсиз?
— Намозгар бўлибди, чиқай, ўзииг ҳам чиқиб тур, Раъно,— деди Унсин паранжисини ёпиниб.

Раъно билан Валя Унсинни эшиккача кузатиб чиқдилар.

III

— Қани, махсум, «Минг бир кеча»дан бир ўқисинлар, кўнгил чигилини ечайлик, ҳу токчада,— Шокир ота кўзлари билан имлади.— Косиблардан ялиниб олувдим, йўлингизга кўз тутиб ўтирибман.

Дилкаш махсум индамади, ўрнидан туриб китобни олди-да, охиста варақлаб жойига ўтирди:
— Шартим шуки, ота, бугун озроқ ўқиймиз, зарур ишим бор эди,— деди йўталиб.— Ҳай-ҳай-ҳай, «Минг бир кеча» арабларнинг нодир гавҳари, ўлмас, абадий асар! Мисли йўқ ажойиб ҳикоялар бор бунда. Муаллифларнинг услуби гўзал, хаёл деигизи чексиз кенг бўлган, отахон!
— Тўғри айтасиз, махсум, нодирликда тенги йўқ, лекин аёл зоти ҳақида бунда бирмунча камситишлар бор, шунисига ҳайронман,— қих-қих кулди чол.

Махсум китобни тез-тез варақлаб, бир ҳикояни топди.
— Қани эшитинг, отахон, парилар ҳақида бир ажойиб тотли ҳикоя, тингланг-чи,— тилсимга кирган каби шавқ билан ўқий бошлади махсум.

Чол ишдан тўхтамади, хаёли, фикри китобда, берилиб завқ билан тинглайди.
— Одамни сеҳрлаб қўяди, махсум, хаёл денгизига ғарқ қилади-я, ҳай-ҳай парилар олами!.. Лекин уятли, беҳаё гаплар кўп...— деди чол бошини тебратиб.
— Ҳа, турмушда ҳам шундай фисқ-фужур гаплар бисёр,— кулди махсум.— Кулгили латифалар ҳам керак, тақсир.

Махсум эҳтирос билан ўқирди, қўлларининг, қошларининг имоси жўр бўларди. Ҳар бир сўзга жон бериб, руҳ бериб ўқирди.

Кўп ўтмади, бир лаҳзанинг ўзида дўконни одам босиб кетди. Ўқишдан хабар топган бир неча кекса, ёш-яланг тўпланиб қолди. Хат-саводи йўқ кишиларда эшитиш иштиёқи зўр бўлади. Улар чурқ этмай, махсумнинг ўқишига қулоқ тутдилар. Ранг, зиё, назокатга ўралган фикрлар, туйғулар, хаёллар... Саройлар, қасрлар, вазирлар, сухсур йигитлар... зебо, ақли комил, ой чеҳра маликалар, гўзал қизлар... Кийимлари бахмалдан, зардан, бўйин, билак, бармоқлари гавҳар, лаъл, марваридларга беланган...

Махсум ҳикояни тугатди, қиз ва ҳаммол ҳақидаги бошқа бир ҳикояни бошлади.
— Қани, қани ўқисинлар, ҳангамага ташнамиз,— дейишдн тингловчилар бир оғиздан.
— Уҳў, иш катта-ку,— деди махсум атрофига кўз югўртириб. У шунча одам йиғилганидан бехабар эди. Ўқишни давом эттирди.

Кетма-кет боғланган воқеалар рангли, ажойиб эди. Воқеалар борган сари мураккаблашиб, кенгайиб борарди.

Боядан бери ишдан тўхтаган, анграйиб тинглаб ўтирган уста ҳаяжонда деди: ..
— Қаранг, қандай хаёлга бой, серзавқ, сеҳрли ҳикоялар. Эшитганман, арабларнинг ривоят-ҳикояларида нозик завқ, чуқур фикр, юксак хаёллар бисёр бўлармиш.

Шўхроқ йигитлардан бири устага луқма ташлади:
— ... Зар ва ипакка бурканган маликалардан бирининг қўйнига, момиқ тўшагига кириб олсангиз-а, айш-ишратга тобингиз борми, уста?
— Э, жиян, қани келтиринг бир паризодни, шув этиб кўрпасига кирай, йигитлардан ҳам баттар чирмашиб кетайки...— жавоб берди, сир бой бермай, бир тутам соқолини қайта-қайта силаганча Шокир ота.

Хонада «гур» кулги кўтарилди. Дилкаш махсумнинг силласи қуриди.
— Хайр, дўстлар, энди бизга ижозат, ота!— деди махсум устага боқиб.
— Барака топинг, махсум, зим-зиё кўкраклар жиндай равшан бўлди,— деди миннатдорчилик билдириб уста.
— Тез-тез келиб турсинлар!— деб ўтинишди бошқалар ҳам.

Ўнинчи Боб

I

Кенг меҳмонхонада қават-қават атлас кўрпача-ю, момиқ қўш ёстиққа ёнбошлаганича Саидаҳмадбой ётибди; қаршисига Эшонхон чўкка тушган. Қуюқ фамил чойни эрмак қилиб ўтиришар. Эшонхон бойга ҳамон Зумраднинг таърифини қилар эди.
— Ойдай сулув, париларникидай қомати бор, рақсда ўзингиз биласиз, мисли йўқ! Дукчининг олдига тўрт дафъа бордим, бой ака, алдадим-аврадим, ишқилиб, дукчини кўндирдим-да. Қиз кўнмаган эмиш, зиёни йўқ, қиз деган бир муштипар нарса, кимга тутқизса кетаверади-да, ҳадди борми! Энди бой ака, тўйни жадал бошлаб юборамиз, қолган ишга қор ёғади.

Саидаҳмадхон ёстиқдан ўзини кўтариб жилмайди, устма-уст бир неча топқир кекирди, кейин деди:
— Қайдам, қиз сулувликка сулув, ғурури ҳам баланд бўлса керак. Бироқ бойвуччаларнинг ғалваси дардисар бўлармикан, дейман. Орқаворатдан Зебихоннинг қулоғига чалинганми, кейинги кунларда симобдай эриб кетяпти. Ўғиллар ҳам хабар топишганми, тузук рўйхуш беришмайди, зимдан ўшшайиб қўйишади. Катта ўғлим очиқдан-очиқ: «Яна уйланадиган бўлсангиз, бошимни олиб чиқиб кетаман», деди шартта юзимга.

Эшонхон аввал ҳайратдан қотиб қолган эди, бир зўмдан сўнг секин гапира бошлади:
— Аттанг, бой ака, ишни хўп пухта пиширган эдим, чиппакка чиқишига доғман. Сиз бўшашманг, бойвуччаларингиз ҳам, эркатой ўғилчаларингиз ҳам кўнади, кўнмай иложи қанча. Ўғилларингиз ҳали ёш, вақти келганда ўзлари ҳам қўша-қўша хотинни орзу қилиб қолишар. Сиз пайтни қўлдан берманг, вақт ғанимат.

Оғзининг таноби қочған бой, ички ҳаяжонини яширишга тиришиб, бир он сукут қилгач, деди:
— Уйдагилар, қолаверса, маҳалла-кўй раъйига қарши иш тутсам бир карра оғизга тушишим турган гап. Ўғилларнинг обрўйига ҳам путур етадими, дейман. Замон нозик. Қил устида қалқиб турибди. Яхшиси, Қўқонда уйланганим маъқулмиди? Тез-тез бориб-келиб тураман, умримнинг кўпи Қўқонда ўтяпти. Шартта шинамгииа бир ҳовлини олардим-қўярдим. Пулга нима топилмайди дейсан?— Пиёладаги чойини ҳўплаб давом этди бой.— Қўқонда ошналар ҳам кўп...— Бой бир зум сукутга толди,— Бу ишни пухта ва пинҳон олиб борганимиз маъқулмикан дейман?— бақрайган кўзларини Эшонхонга қадади бой.
— Хўш-хўш? Муддаоларини очиқроқ айтсинлар,— деди айёр кўзларини ўйнатиб Эшонхон.

Саидаҳмадхон, одати бўйича, салмоқ билан пихиллаб аста гапирди. Ҳеч кимга билдирмай кичик бир ҳовли топишни, дукчига яхшилаб тушунтиришни, борди-ю, чолни бунга кўндириб бўлмаса, қиз ошига — зиёфатга, деб қизни тузоққа илинтириш мумкинлигини тушунтирди. Бойларнинг шундай ишлар қилишини, бир вақт ўзи ҳам бир гўзал билан неча йил ҳам шундай яшаганини айтиб, қорнини серкиллатиб кулди.
— Мундай ишларнипг давоси ҳам, калити ҳам — пул,— деди Саидаҳмад мўйловини бураб.— Пул бўлса — чангалда шўрва! Эшонхон жиян, мана мундай ишлар бор жаҳонда.

Қув Эшонхон бойнинг муддаосини дарров фаҳмлади:
— Бу ўйлаганингиз ҳам чакки эмас, бой ака, уддаласа бўлади. Қиз ошига деймизми, ўзга бир йўл топамизми, хуллас, ўз оёғи билан келтириб қўндирамиз кафтингизга, — деди у кўзларини ўйнатиб.
— Балли,— деди бой енгил тортиб,— Қўқондан ширингина бир ҳовли топ, иложи бўлса шинам бир боғча бўлсин. Пулидан қўрқма, ҳамма ишни махфий бажар. Қиз хоҳласа қолар, хоҳламаса кейин кетаверади, кўрамиз-да...— Бой, кўнглидан бир гап ўтиб, жилмайди.— Раҳматли падаримиз мулкни жуда яхши кўрар эдилар, пул билан, тадбир билан, ўрни келганда ёқалашиб бўлса ҳам, кўз тиккан ерларини қўлга киритмай қўймасдилар. Ҳовли ҳам мулк. Яхши-ёмон кунларда керак бўлиб қолади. Яхши-яхши мусулмонми, русми жувонлар бўладики, олифта, шўх, дилдор... Ҳозирча ишратга яраб турар.

Эшонхон хандон ташлади. У бой билан бундай мавзуларда суҳбат қилишни севарди, хурсанд эди ҳозир.
— Хўп, жоним фидо сизга, бой ака, шарқираб оқиб, турган суви бор, беҳиштнинг бир бурчагидай шинамгина боғча топайки, ҳузур қилинг. Башарти пулни аямасангиз, барча иш жойида бўлади. Маслаҳатимга юрсангиз, даставвал бир оқсоч топамиз, таомларга моҳир, пазанда аёл бўлсин, муомалани биладиган, озода бўлсин. Ана ўшанда амирнинг ҳарами деяверинг боғингизни: ҳамма ёқ бежоғлиқ. Ҳадеганда кабобу манти-ю, гўшткуйдилар келиб турса. Кўнглингиз тўқ бўлсин, бой ота, ўзим дўндириб юбораман бу ишларни,— деди Эшонхон даҳанини йиғиштириб ололмай.
— Маъқул, гапингда маъни бор,— деди бой тиззаларини уқалаб.— Тўғри айтасан, оқсоч жуда зарур. Қирқ-эллик ёшлардаги тил-жағи йўқ, чаққонгина бир аёлни топ, қимир этмай ўтирадиган бўлсин. Қоровул ҳам керак-да, ахир. Тилига қулф солиб қўямиз, сидқидил хизмат қилса, хафа қилиб қўймасмиз.

Эшонхон қих-қих кулди, уқдим, дегандек боши билан имо қилди, кейин деди:
— Қайдам, ғоят нозик иш, бой ака, дукчигаям жабр бўлади-да, қизга ҳам...

Бой асабий тусда бир хўмрайди:
— Айнадинг, тентак, майли, амримизга мунтазир фидайи йигитларимиз кўп, лаҳзада ҳар на юмуш бўлса қотириб ташлашади.

Эшонхон оқариб кетди, тили бир зум ғўлдираб қолган эди, базўр ўзини ростлаб олди:
— Бой ака, тузингизга нонкўрлик қилмайман. Отамсиз, валинеъматимсиз, мени одам қилган ҳам ўзингиз, ўла-ўлгунимча остонангизда қулман. Амр этинг, қизни дўндириб қўлингизга қўндираман.

Бойнинг айёр кўзлари қисилди:
— Пўписа қилдик-да, хафа бўлма. Эшонхоннинг яна чеҳраси ёришиб кетди.
— Қуллуқ, жаноблари, қуллуқ,— деди таъзимга эгилиб.

Бой тилла занжирли соатни киссасидан суғурди: — Олти бўлибди-ку, хўп эзмаланибмиз, Эшон, меҳмонлар келади, хизматчиларга айт, жой тайёр қилишсин.
— Хўп, бой ака,— деди Эшонхон ва меҳмонхонадан отилиб чиқиб кетди.

II

Меҳмонлар соат саккизларда йиғила бошладилар. Аксарият, ўн-ўн икки киши жадидлар бўлиб, булар меҳмонхонанинг қуйироғидан жой олдилар. Тўрда, орқаларига қўйилган момиқ ёстиқларга суяниб, гавдалари юмалоқ, гўштдор бир неча атоқли бойлар терилган эди. Салласини силлиқ ўраган, соқоли мошкичири, янги мовут тўн ва амиркон маҳсиларда баззоз Муҳаммадмансур, унинг ўнг ёнида дегрезлик машҳур аттор Тошпўлат. У соддароқ, қўполроқ кийинган, бақбақаси қўш қават осилган, кенг яғринли, митти кўзлари айёр, калта тўрва соқолли, олтмиш ёшлардаги киши. Унинг ёнида жадидларнинг мўътабари Анвархон қори ўтирар эди. Қори билан ёнма-ён ўтирган киши — машҳур адвокат Абдуллахўжа. У Москвада таҳсил кўриб, биринчи бўлиб олий маълумот олиб келганлардан; пакана, тўлароқ, олифта кийинган, юзлари жиддий, ифодали, ақлли одам. Адвокатдан қуйироқда, биринчи дафъа янги мактаб очган Масъудхон ўтирибди. У қотмадан келган, ўрта бўй одам, кенг пешанали, мулойим чеҳрасига қора мўйлов жуда ярашган, содда кийинган, ўттиз беш ёшлардаги киши. Унинг ёнида, ўрта ҳол бойваччалар орасида энг илғори, зиёлиси, қоп-қора кўзлари учқунли, йигирма беш ёшлардаги барваста йигит. У нотиқ, ҳазилга уста, русчани яхши биладиган, тузуккина маълумотли Жалилхон эди. Бошқалари, Муҳаммадмансур бойнинг чап қўлида ўтирганлар — Тошкентда машҳур бойлар, катта ер-сув эгалари, бойваччалар, бир неча жадидлар...

Улфатлар қизғин суҳбатга киришиб кетдилар.

Дастурхон башанг: иссиқ нон, патир, хилма-хил пишириқлар, қази-қарта, яхна гўшт, турли ширин нозу неъматларга тўла. Пойгакда оқ рух самовар шақиллаб қайнаб турибди. Самовар ёнида чўкка тушган Эшонхон ҳалим вазиятда, тавозе билан, бир қўли кўксида, меҳмонларга дам-бадам чой узатади. У тез-тез бойга термилади, унинг имоли қисқа буйруқларига мунтазир. Мана, бойнинг «Норин тайёрми?» дея шивирлаши билан, «Хўп бўлади, жаноб!» деди-ю, учиб чиқиб кетди.
— Жаноблар ижозат берсалар, икки оғиз гап бор эди,— мурожаат этди меҳмонларга ўзига хос енгил табассум билан Анвархон қори.
— Марҳамат, марҳамат, жаноб қори,— деди дарҳол уй соҳиби.
— Бугунги диққатга сазовор муҳим воқеа Петроградда Муваққат ҳукуматнинг барпо бўлганидир. Олий табақали зотлардан бўлмиш князь Львов, Ручков, Родзянко, Керенский ва бошқалар ҳукумат аъзоларидир.
— Ўзимизнинг тошкентлик Керенский, машҳур адвокат, ўткир нотиқ,— шивирлади Абдуллахўжа Масъудхонга энгашиб.
— Ҳа-ҳа, биламан, ҳамшаҳаримиз-да, ҳовлиси Гоголь кўчасида,— деди астагина Масъудхон.

Кар Абдуллахўжа қўлини қулоғига қўйиб Масъудхонга энгашди, лекин эшитолмади. Масъудхон кулимсиради, фақат такрор гапирмади.
— Аҳволи замон чакки эмас,— сўзида вазмин давом этди Анвар қори.— Муваққат ҳукумат ҳарбни давом эттирмоқда, қурол-аслаҳанинг ғамини емоқда. Барча сармоя аҳли, барча боёнлар мустабидлик сиқиғидан қутулиб, мамлакатнинг идорасини ўз қўлига олди. Дарҳақиқат, бу буюк инқилоб. Туркистон ўлкаси қавмлари ҳануз зулматда, бугунги бизнинг муқаддас бурчимиз, жаноблар, халқни ғафлатдан қутқариш, маърифатга бошлаш. Бу ғоят оғир, албатта.
— Тўғри-тўғри, барчамиз ғафлат балчиғига ботганмиз, аввало замонга мувофиқ мактаб тартиб этмоқ шарт. Боёнларимиз ўз зиммаларига олсинлар бу бурчни,— деди Масъудхон.

Жадидларнинг бир нечаси бир оғиздан маъқулладилар.
— Ҳақиқатни сўзладилар, қори афанди, ўзлари ўрнак бўлсалар.

Қори аччиқ чойни шошмасдан бир-икки ҳўплади, кейин деди:
— Жаноблар, зиёлилар, боёнлар, зангинлар барча савдо аҳли билан бирликда, иттифоқлик билан, бир-биримизга кўмакдош бўлиб, бир ташкилот тузсак.— Қори ўтирганларга бир-бир назар ташлаб олгач, тағин сўзда давом этди:— Бунинг айни вақти-соати келди, фурсатни қўлдан бермаслик, ҳушёрлик даркор. Башарти, ислом байроғи соясида улуғ вазифалар, тадбирлар, режаларни олдимизга қалаштириб, шижоат ва виждон билан, ватанимизга муҳаббат билан ижтиҳод қилсак, шояд шону шараф билан мақсадга етурмиз. Азиз дўстларим, биз турк авлодимиз, Туркистоннинг тарихида бизнинг шону шарафимиз юксак бўлган. Халқни маърифат томон бошламоқ бизнинг бурчимиз. Иншоолло мушкулларимиз осон бўлгай. Жаноблар, русларда «Совет» ташкилоти бор, менимча, биз ташкилотимизга «Шўро», ёхуд «Ислом байроғи», ё эса. «Шўройи исломия» дея ном берсак чакки бўлмас. Ихтиёр сизларда, айта беринг-чи, фикрларингизни билсак.

Мажлис аҳли чуқур сукутда қулоқ солар, баъзилар қаттиқ ҳаяжонда эди. Кўпчилик «Шўройи ислом»ни маъқул кўрди.
— Кўп яхши, «Шўройи исломия» чуқур мазмунли. қавмларимизнинг айни муддаоси бўлғай,— деди қатъият билан Анвархон.— Тошкентда бу ташкилотнинг маркази бўлиб, ўзга шаҳарлар ва мавзеларда шўъбаларини тузажакмиз.
— Офарин, қори афанди,— деди шавқланиб, ёниб Жалилхон.— Бутун ўлка бўйлаб бу ташкилот шўъбаларини оғдириб ташлагаймиз. На қилсинки, халқимиз асрлар бўйи разолатда қолмиш, биз шу халқимизнинг ожиз кўзларига равшанлик келтирайлик. Мақсадимизга фақат бирлик, иноқлик билан етурмиз, ўзга икир-чикир масалалар билан фикрларимизни чалғитмайлик.
— Жаноблар!— деди минғирлаб пахтафуруш Мирҳожибой.— Албатта бу ташкилотни уламо ҳазратлари раҳбарлигида барпо этиш зарур, ҳушёр бўлайлик, ислом йўлидан чекилмайлик.

Абдуллахўжа бир-икки дафъа йўталиб олди, кейин у, Петроград воқеалари, князлар, графлар ҳақида, Муваққат ҳукумат хусусида гапирди ва деди:
— Муҳтарам Анвархон қори бу масалани кўп чуқур таҳлил қилиб, ўзларининг ёрқин фикрларини баён қилдилар. «Шўройи исломия» номи бизнинг бутун орзуларимизга муносибдир, ғоят ўринлидир. Қонунга мувофиқ, бир ташкилот барпо этилажак бўлса, албатта, авом билан ва авомнинг улуғлари, яъни уламо ҳазратлар, обрўли боёнлар раҳбарлигида таъсис мажлиси ўтказилур, расмий эълон этилур; ташкилот шундай туғилур, жаноблар! Шунинг билан бирга, ташкилотнинг ҳайъати сайланур, ана ундан кейин бутун иш ҳайъат қўлида бўлажак. Албатта, ҳайъат таркибида энг эътиборли, бообрў, вазифашунос шахслар бўлмоғи лозимдир.

Мажлис аҳли Абдуллахўжанинг айтганларини маъқуллаб, бошларини тебратдилар.
— Жаноб қори,— деди пихиллаб Саидаҳмадхон.— «Шўройи исломия»нинг ташкили сизнинг зиммангизда бўлса. Маъқулми, жаноблар?— меҳмонларга мурожаат этди бой.
— Балли жаноб, барчамизнинг муддаомиз шу,— деди Муҳаммадмансур баззоз қорига.— Вазифашунос, интизомкор киши — сиз жанобларининг ўзларидир, Уламо сизни севади, ҳурмат этади.

Анвархон қори назокат билан қуллуқ қилди.

Шу тобда икки хизматкор катта хитой лаганларда серқази, сергўшт норин олиб кирдилар, кейин Эшонхоннинг идорасида катта-катта жонон косаларда мурч билан ўлдирилган пиёзли ҳўл норин тортилди.

Суҳбат тўсатдан кесилган эди.
— Қани, дўстларим, суҳбат қочмайди, таом совимасин,— деди Саидаҳмадхон меҳмонларни норинга даъват этиб.

Меҳмонлар бир-бирларига: «Олсинлар, олсинлар» дея мулозамат қила-қила норинхўрликни бошлаб юбордилар.

Лаззатли таом меҳмонларнинг кайфини кўтарган эди. Меҳмонлар ҳазил-ҳузул қилишиб, иштаҳа билан хўп едилар.
— Бай-бай-бай, кўп лаззатли норин бўпти, мунақасини олам асло кўрмаган,— деди кекириб меҳмонларнинг бири.

Нориннинг устидан биров фамил, биров кўк чой ичгач, пихиллашиб, кекиришиб, момиқ ёстиқларга ёнбошладилар, Остонада шоир Ғарибий пайдо бўлди.
— Э-э, келсинлар, муҳтарам шоир,— деди Саидаҳмадхон ва кулимсираб ёстиқдан қаддини сал кўтарди.

Икки қўли кўксида шоир меҳмонларга таъзим қилди:
— Ассалому алайкум, кўрганимиз — кўришганимиз. Шоир қуйига чўкка тушишни мўлжаллаган эди, лекин ўрнидан ирғиб туриб, ўзининг ёнига тортқилаган Жалилхонга қаршилик қилолмади, ўтиб унинг ёнига ўтирди.
— Афсуски, бир зарурият йўлимга сад чекканидан кечикдим. Жаноблар, кечиргайлар,— деди шоир назокат билан жойлашиб ўтиргач, сўнг давом этди:—Заволли Туркистон ўлкасида озодлик қуёши ярқиради, камина кўп мамнун ва умидвордирки, маърифат-санъат қуёши ҳам биз каби мазлум халқлар бошида порлагай. Озоди ободи аст! (Форсча-Тожикча: Озодлик ободлик келтиради) Бу ҳақ сўздир...

Ҳаёти машаққат ва мусибат билан тўла бўлган шоир Ғарибий аксарият ишқий ғазаллар битса-да, маърифат, илм ҳақида ҳам кўп қайғурар ва ёзар эди.

Эшонхон катта косага тепалаб сузилган шўрвали норинни икки қўллаб меҳмонга тутди:
— Марҳамат, тақсир!
— Шоир, қани олсинлар, таомни зориқтирмагайлар!— деди Саидаҳмад меҳмондўстлик билан.
— Мажлисни давом эттирайлик, шоиримизнинг ҳам қулоқлари очиқ, норинни ошаб туриб, суҳбатимизда иштирок этаверсинлар,— деди. кулимсираб Анвархон қори.
— Хўп, тақсирим, хўп,— норинга қўлини солиб, бошини тебратиб маъқуллади Ғарибий ва жилмайди:—Уштурки коҳ меҳоҳад — гардан дароз мекунад. (Форсча-тожикча: Туяга овқат керак бўлса, бўйнини чўздди.)

Меҳмонлар кулиб юбордилар.

Масъудхон илм-маърифат устида ҳаддан ташқари эзмалик билан сўзга киришди, халқни тарбия қилиш, ёш авлодга хос одоб-ахлоқ ҳақида узоқ гапирди.
— Оллоҳи таоло инсонларни истеъдодли, қобилиятли, яхши-ёмонни, фойда ила зарарни, оқ ила қорани фарқ қиладиган этиб яратган. Аммо инсондаги бу қобилият бир жавоҳирки, уни камолотга еткурмакчун тарбия лозим. Агар инсон гўзал тарбияга мушарраф бўлса, бутун умр бахтиёр бўлғуси, агар бузуқ одатларга ўрганса, ахлоқсиз, номуссиз, танбал, инсонлик турқини йўқотган махлуқ, оллодан қўрқмайдиган, шариатни ҳамиша оёқ ости қиладиган бўлур. Астағфирулло, ундай кимсалар у дунёда ҳам яхшилик кўрмагайлар, жаҳаннам уларнинг абадий макони бўлур.

Тугиб ташлов ила бўлмас, бола бўлгай бало сизга.
Вужуди тарбият топса, бўлур у раҳнамо сизга.

Масъудхон, калта соқолини сийпаб, даврадагиларни кўздан кечирди.
— Агар фикр яхши тарбият топса, ханжару олмосдан бўлур ўткур,— деди Ғарибий қўлларини сочиққа артиб.

Мажлис аҳли: «Тўғри-тўғри!» дея бошларини лиқиллатди.

Масъудхон вазминлик билан яна сўзда давом этди:
— Илм, фан ва фикр олами ниҳоят кенг ва чуқур. Ахлоқ ҳуснияни айниқса ёш авлодимизга ўргатмоқ бизга ҳам фарз, ҳам вожиб. Энг мўътабар одамлар яхши хулқ эгаларидирлар. Минг чандон афсуски, боёнларимиз ахлоқ ҳуснияга эътибор қилмайдилар. Умуман, савдо аҳли маърифатга бепарво.
— Офарин!— деди Анвархон.— Кўнглимиздагини айтдингиз, илм-маърифат ҳамиша ақл билан йўлдошдир.

Масъудхон тағин гапга тушди, «Шўройи исломия»нинг ташкилий вазифаларига тақади сўзни:
— Уламолар, ўз боёнларимиз ҳам рус бойлари Муваққат хукумат билан иттифоқликда, ҳамкорликда иш тутмоқлари зарурдир,— деди.

Мажлис аҳли Масъудхоннинг айтганларини маъқуллагач, турли масалалар, айниқса, моддий масала хусусида музокаралар, тортишувлар қизиб кетди.

Саидаҳмадхон лоқайдлик ва ғурур билан деди:
— Кўрамиз-да, ҳозир баҳснинг ҳожати йўқ, боёнларимиз қараб турмас ахир, бу ҳақда бафуржа гаплашармиз.

Қори ва зиёлилар юзларида норозилик ифодаси кўринди, лекин индамадилар.
— Ечиб олиш лозим бўлган яна бир жузъий масала бор эди.
— Ташкилотимизга мувофиқ, яхши бир бино керак,— деди ўрнидан бир қўзғалиб олгач, Жалилхон.— Кейин стол, ўриндиқлар, жавон, умуман, жиҳоз керак-да, қуруқ ўзи бўлаверадими?

Тутилиб-тутилиб минғирлади Тошпўлатбой:
— Бино, ҳовли обдан зарур, ўринли гапирди инимиз Жалилбойвачча,— узун кекириб яна давом этди:—Иккимизнинг зиммамизга тушади бу масала,— деди Саидаҳмадхонга қараб,— ўйлашиб, бамаслаҳат зангинларнинг ҳамёнига бир-бир қўл соламиз, оқча йиғамиз. Оқча бўлса, бино топишнинг мушкуллиги йўқ.

Суҳбат ярим тунга қадар давом этди. Бу орада палов ҳам ейилди, неча топқир чой ҳам ичилди. Шоир Ғарибий чўнтагидан тахланган бир варақ қоғозни қайта-қайта чиқариб, бир-икки янги шеърларини ўқиди. Меҳмонлар «Балли», «Офарин!» каби олқишлар билан тингладилар. Ғарибий илм-маърифат, нодонлик, ғофиллик ҳақида ёзган эди.

Меҳмонлар ўринларидан қўзғалишиб, хайр-маъзур билан тарқалдилар.

III

Саидаҳмадхон иккинчи хонага ўтди. Жиғилдони қайнаганидан бетоқатланиб, ўзини ёстиққа ташлади, бир чойнак кўк чойни ҳам бўшатди. Аҳволи яхшиланмагач, қичқирди:
— Хап дору келтир, ҳой!
— Лаббай, тақсир?—сўради остонада пайдо бўлган Эшонхон.
— Жавонни оч, асил дори, деб мақтаб берган эди ҳинд табиб, қани, кўрайлик-чи.

Эшонхон дорини дарров топиб, бир пиёла сув билан бойга тутди.
— Асил дорига ўхшайди, ҳидидан биляпман. Жиғилдонингиз қайнаши нориндан, хўжайин, ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади.

Дорини ютиб, қулт-қулт сув ичгач, бой чўзилди:
— Ҳовлига кир, ташқари ҳовлида ётиб қолдилар де,— деди кекириб.

Эшонхон ичкари ҳовли эшигининг ҳалқасини оҳиста шиқирлатди, қаршисида пайдо бўлган оқсочга деди:
— Бой акам ташқарида ётиб қолдилар, бир оз тоблари бўлмай турибди, янгалар хавотир олишмасин.
— Ҳа, меъдаси бузилгандир,— деди оқсоч энсаси қотиб.— Овқатни орқа-олдинга қарамай ейди-да, бой акангиз. Нафсини тиймайди.

Эшонхоннинг дарди бўлак. Оқсочни туртиб қўйди ва шивирлади:
— Эрга тег, оппоқ қиз, юрасанми оқсочликда, ўзим олардиму, ҳамён қуруқ-да.

Оқсоч қўлидаги чироқни баландроқ кўтариб, Эшонхоннинг юзига тутди:
— Ҳа, туллак, ола қарғага ўхшаб ҳамиша кўзинг аланг-жаланг, шунча пул топсанг ҳам, лабингни ялаб тураверасан. Ташвишим сенга тушмай қўя қолсин. Тегсам ҳам сендақа ялақига тегмайман.

Оқсоч эшикни таққа ёпиб, занжир солди.

Гаранг бўлиб қолган Эшонхон бир-бир босиб, ғарибона ҳужрасига кирди, токчадаги чироқни ёқиб, ўзини ёстиққа ташлади, хомуш хаёлга толди...

Эндигина йигирма беш-йигирма олтига кирган Эшонхон шу дамда ёшини яшаб бўлган кексалардек ҳис этди ўзини. Ўйга толди... Бой пишиқ одам, бир тийинни чакки томизмайди. Бу алдаб-авраб унча-мунча тортади, лекин бой ўлгудай қурумсоқ. Ҳали завод, ҳали дўкон, ҳали боғ ўртасида бўзчининг мокисидек қатнагани қатнаган. Яна меҳмон кутишини айтмайсизми, ёлғиз бошида шунча ғавғо. Саккиз йил бўлибди шу эшикда. Пахтачилик савдоси яхши ҳунар. Ўн-ўн беш йил сабр қилса, ўзи ҳам бир мустақил иш бошлаб юборар. Бир кун эмас, бир кун унинг толе юлдузи ҳам чақнаб қолар. Онаси бояқиш: «Қачон бир бошинг икки бўлади? Мен ҳам бу дунёнинг ташвишидан тинчиб, кўз юмсам», дегани деган. Ҳар ишнинг боши пул. Пул бўлса — чангалда шўрва, ҳар қандай хонадоннинг қизига қўли етадиган бўларди...

Эшонхон узоқ хаёл сурди. Бетинч қиладиган, ташвишга соладиган режалари, ўйлари кўп эди. Ниҳоят, у папирос олиб тутатди, Тор ҳужрасида ҳалқа-ҳалқа тутун бурқитиб у ёқдан-бу ёққа юрди. Тез-тез туйнук-дарча олдига бориб, ташқарига қулоқ солиб қўярди. Папиросини зарда билан ўчириб, энди ўрин солмоқчи бўлиб турганида, енгил оёқ товуши эшитилди ва ўша заҳоти дераза аста чертилди.
— Эшигингизни илмасангиз нима бўларкан!—деди Зеби Эшонхон эшикни очиб, уни ҳужрага олган ҳамон.

Ўрта бўйли, тиқмачоқдай, оппоқ Зебихонга устидаги янги пушти товар кўйлак жуда ярашган эди. Пешанасига қора товар дуррани ноз ила танғиган, катта шол рўмолга бурканган эди.
— Чироғингизнинг пилигини пасайтиринг...—деди Зебихон паст овоз билан.

Зебихонни бундай ҳолатда сира кўрмаган Эшонхон довдираб, пилигини пасайтираман деб чироқни ўчириб қўйди. Ҳужрадаги якка ўриндиққа Зеби ўтириб олган эди. Эшонхон нафасини ростлагандан кейин дераза олдига ташланган кўрпача устига ўтирди.
— Бой отангиз бўкиб қолган бўлса керак!— деди истеҳзоли оҳангда Зеби қошларини чимириб.

Зебининг кайфиятини пайқаб ололмай турган Эшонхон қихиллаб кулди:
— Бой ота Ҳиндистондан келган хап дорини ичдилару, дарҳол дев уйқусига кетдилар. Сизга не бўлди, икки ҳафтадан буён фақирингизни зориқтириб қўйдингиз?

Зебихоннинг маъюс кўзларида ишва жилваланди.
— Келмасам, аҳволимдан ўзингиз хабар олай ҳам демайсиз. Отамникига бориб келдим. Эшитгандирсиз, отам бояқиш синди! Шу-шу уйга чўкди, ваҳима бўлиб қолган,— узун уҳ тортди Зеби.—Бой отангиз ўлгурнинг парвойига ҳам келмайди. Дадамнинг беҳиштдай қанақа боғи бор эди, ўзингиз ҳам кўргансиз. Узуму олма, ноку нашвати... ҳаммаси энди ҳосилга кирган. Отам шу боғимизни сотаман, деяпти. Дилига чироқ ёқса ёримайди шу кунда. Бир кўйлак эт бўлиб юрадиган онам шўрлик ҳам куявериб, бир ҳовуч суяк бўлибди қолйбди. Гап шунақа, Эшонхон ака, дард кўп, ҳамдард йўқ.

Зебихон дилгир ҳолда қўлини чаккасига қўйиб, жим қолди. Эшонхон нима дейишини, уни қандай юпатишни ўйларди.
— Жуда ёмон иш бўлибди. Отангиз жуда танти бойлардан эдилар. Давлатни аямай совурганларда. Балки қарзлари кўпдир, қайдам... Дўкондор аҳли ниҳоят пишиқ бўлиши керак, мутлоқ насияга мол олмаслиги зарур. Насиянинг оти қурсин, оти ҳам ёмон, оқибати ҳам.
— Рост айтасиз, қандай донғи кетган катта дўкондор эди отам, эшигимиздан бир лаҳза одам аримас эди. Қаердан келди бу фалокат, ақлим ҳайрон.

Эшонхон Зебининг маъюс кўзларига тикилиб, икки тиззасини кафтлари орасига олганича жим ўтирарди.
— Ҳа, бу бир фалокат. Бироқ куйишнинг сира фойдаси йўқ. Ҳар бандаи мўминни яратганнинг ўзи ёрлақасин.— Зебихон узоқ сукутда ўтиргач, бошини кўтариб узун бир оҳ тортди.—Отам ҳам майли-ю, ҳаммадан ҳам икки укамга ачинаман. Бири ўнда, бири еттида. Иккаласи ҳам ҳали жуда ёш. Ҳозир эски қўр-қутдан бор, лекин ётиб еганга тоғ чидамайди. Отам шўрлик телбалардан эрта-ю кеч наша чекади, одамгарчиликдан чиққани шу-да... Ҳовлимиз жудаям хароб, билмадим, охири не бўлар экан.

Зебининг кўзларидан дув этиб ёш тўкилди. Эшонхон шошиб, камзулининг чўнтагига қўл солди. Сўнг Зебининг кўкрак чўнтагидан кўриниб турган рўмолчасини олиб ёшини артди.
— Тақдир дейдилар буни, Зебихон, толе ва иқбол қуши отангизнинг бошларига яна қўнса ажаб эмас.— Сўнг, қўшиб қўйди:—Отангизга жиндай ёрдам керак эди... Бой отанинг омади юришган ҳозир. Пахта нуқул олтин бўлиб ёғиляпти, бай-бай-бай, қани шу давлат менда бўлса...
— Ҳа, бой битиб кетяпти, бироқ бизга нима нафи бор?—деди Зеби энсаси қотиб.
— Нега нафи бўлмасин, азизим? Бойга ййғлаб-ёлвориб кўринг-чи, зора кўнгли юмшаса, мурувват қўлини чўзиб, суяб юборса.

Боядан бери мотамсаро ўтирган Зеби аста кулиб қўйди. Бу билан у анча енгил тортгандай бўлди. Сочларини силаб дуррасини тўғрилади, кўзларидаги намни артди.
— Рост айтасиз, ўзим ҳам кўнглимга тугиб қўйган эдим буни, Эшонхон ака. Кези келганда сиз ҳам айтиб туринг, зора қурумсоқнинг кўнглига худо раҳм солса... Сизнинг гапингизга киради-ку валинеъматингиз, ораларингиздан қил ўтмайди, нимасини яширасиз,—кинояли кулди.

Эшонхоннинг ранги қув ўчган эди... «Ҳамма сирдан хабардор кўринади», дея кўнглидан ўтказди. Хомуш у бурчакдан-бу бурчакка юра бошлади.
— Зебихон, мен гапирсам бўлмас, сизнинг йўриғингиз бошқа. Гапга чечансиз, жоним, яна бойнинг тилини яхши биласиз... суюкли хотинисиз... Мен бўлсам тобе бир одамман. «Сенга бу «шнинг нима дахли бор?» деб қолса, нима дейман? Йўқ, жоним, эҳтиётлик шартдир...— оҳиста эркалаб Зебининг бошидан ўпди у.
— Қўйинг, шу топда кўнглимга ҳеч нарса сиғмай турибди,—деди Зеби елкасидаги рўмолини тузатиб.
— Ноз-истиғно, ғам-андуҳ олиб чиққан эканлар-да бизга.—Эшонхон қўярда-қўймай Зебини кўрпачага ўтқазди. Сирғалиб тушган рўмолини авайлаб елкасига ёпди.— Зебихоним, дунё шундай, вафоси йўқ, кўнгилнинг ороми фақат айшу ишратда. Келинг, унутайлик бу ташвишларни, инсоннинг умри жуда қисқа. Ғам-андуҳ айниқса тез қаритади инсонни...

Эшонхон Зебининг қўша-қўша узук, билагузук ярақлаб турган момиқ қўлларини ўпиб, белидан қучди.
— Қўйинг-э, суюқлик қилманг, шу топда юрагим тарс ёрилиб кетай деяпти,— деди Зебихон ва бир оз нари сурилди.

Кўнгли хираланган Эшонхон папиросга зўр берди. Зебихоннинг ҳамон ҳасратидан чанг чиқарди.
— Етти йил бўлади шу даргоҳга қадам босганимга. Лаззатини ҳам тотдим, заҳар-заққумини ҳам. Лекин бир фарзанд кўрмадим, шунга доғман... Бойнинг бу билан иши йўқ. Мен туғмасам, катта хотини туғиб берган. Ер ютгурларнинг биттаси ҳам ёқимтойгина эмас, бири биридан бедаво. Айниқса Отабеги жуда қўрс, бузуқ, ўсалки! Бетинг қурғурни кўришга тоқатим йўқ. Хотинининг дарров бўйи-да бўла қолибди. Билмадим, мен бечорага худо нега фарзанд ато қилмайди?! Онам шўрлик кўрсатмаган на дўхтир, на табиб қолди. Бир ўрис дўхтир: «Туғасан, ғам ема», деган эди. Ишқилиб, юрагимни бир парча чўғ ҳамиша ёндириб ётади-да...

Зеби яна сукутга толди. Хомуш ўтирарди. Эшонхон унга ачингандай сохта ғамхўрлик кўрсатди:
— Ноумид шайтон, дейдилар, оппоғим, ноумид бўлманг. Донғи тўрт даҳага кетган бир афғон табиб бормиш. Дарак солиб кўрай-чи. Кейин сизга тайинини айтарман. Бойнинг давлати катта. Бироқ меросхўрлари ҳам кўп. Сиз икки қўлингизни бурнингизга тиқиб қолаверасизми? Йўқ, ётиб қолгунча отиб қол, деганлар, сиз ҳам ҳаракатингизни қилинг...
— Ҳа, дардим ичимда. Кундошим амал-памал қилмадими деган гумоним ҳам бор. Кундошлик— кўнгил ғашлик экан, Эшонхон ака. Майли, ўша табибни дараклаб кўринг, албатта бораман.

Зебихон руҳан енгиллашгандай сезди ўзини, эркаланиб, Эшонхоннинг елкасига бошини қўйган эди, у секин қучиб, ёстиққа тортди...

Зеби яна сукутга толди. Хомуш ўтирарди. Эшонхон унга ачингандай сохта ғамхўрлик кўрсатди:
— Ноумид шайтон, дейдилар, оппоғим, ноумид бўлманг. Донғи тўрт даҳага кетган бир афғон табиб бормиш. Дарак солиб кўрай-чи. Кейин сизга тайинини айтарман. Бойнинг давлати катта. Бироқ меросхўрлари ҳам кўп. Сиз икки қўлингизни бурнингизга тиқиб қолаверасизми? Йўқ, ётиб қолгунча отиб қол, деганлар, сиз ҳам ҳаракатингизни қилинг...
— Ҳа, дардим ичимда. Кундошим амал-памал қилмадими деган гумоним ҳам бор. Кундошлик— кўнгил ғашлик экан, Эшонхон ака. Майли, ўша табибни дараклаб кўринг, албатта бораман.

Зебихон руҳан енгиллашгандай сезди ўзини, эркаланиб, Эшонхоннинг елкасига бошини қўйган эди, у секин қучиб, ёстиққа тортди...

Avvalgi
I- qism