OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифОйбек
Асар номиУлуғ йўл (роман, 2-қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Ойбек
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Ўқитувчи» нашриёти, Тошкент —1978
Ҳажм277KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/7
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Улуғ йўл (роман, 2-қисм)
Ойбек

Ўн Биринчи Боб

I

Зумрад тўкилиб турган пастаккина эски уйнинг энсизгина айвончасида ўртоғи Гуласал билан иш тикиб гоҳ кулишиб, гоҳ жиддий сўзлашиб ўтирарди.

Кўкламнинг энг кўркам чоғи. Айвон офтоб. Ҳовли чиннидай тоза. Момосулув хола ҳовлини қиртишлагани қиртишлаган.

Чети жарликка туташган бу кичкина ҳовли дарахтларга лиқ тўла. Дукчи бўйрадай бўш жой кўрса, дарров бир новда кўчат топиб тиқиб қўяди. Ҳозир нафис гулларга бурканган бу дарахтларнинг ҳар бири гўё бир муаззам гулдаста каби, қуёшда кўркам чақнаган.

Тепаликдан оқиб тушадиган бир ариқ сув шалдираб шу ҳовли орқали ўтиб жарга қуюлади.

Момосулув хола ошхонада бўз енглик тутиб тандирдан жазиллаган зоғора нон узмоқда эди. Қимматчилик бу оилада ҳар дақиқа ўзини кўрсатиб туради. Зоғора нон, буғдой гўжа, қора шўрва тангликнинг биринчи белгилари.
— Уруш қурсин, бошга битган бало бўлди,—деди Зумрад ўртоғига.

Хафақон ўтирган Гуласал бўшашибгина қатим тортарди, узун тин олиб, хўрсиниб қўйди.
— Ёлғизгина акам мардикорликка жўнади. Мўмин-қобил, меҳнаткаш, зеҳни баланд йигит эди; ҳар нарсанинг уддасидан чиқадиган эпчилгина эди. Акам кетди-ю, уйимиз ҳувиллаб қолди... Мана энди... на ҳат бор, на хабар...
— Хафа бўлма, ўртоқжон, отам ҳар куни бозордан бир янги гап топиб келади. Некалай золим тахтдан тушди, энди мардикорликка кетган йигитларимиз яқинда қайтиб келади, деган миш-мишлар бор,—деди Зумрад ўртоғини юпатиб.
— Айтганинг келсин, ўртоқжон,— деди Гуласал бир оз енгил тортиб. Отасининг рус ишчилара, мастеровойларидан топган гапларини ҳар кун уйга йиғиб келишини ҳикоя қила кетди.—Пиёнбозорда трамвайнинг изини тозалаб юриб, отам кўп гапларни эшитади. «Спасиба», «харашо», «чорт вазми», яна алланимабало сўкишларни ҳам ўрганиб олибди. Дадам бояқишни тирикчилик ташвиши, ғами эзиб ташлади. Маҳалламизнинг имоми ўлгур дадамга: «Намоз ўқи, чулчут, кофир бўлиб кетяпсан-ку, охиратда азобини тортасан: вужудингни гуноҳга ботирма!» деб ҳар кун сўкармиш. Отам ҳам бўш келмас экан: «Саҳарда ишга жўнасам, оқшом кир-яғир, ҳориб қайтсам, худонинг ўзи кечирар, тақсир», деркан. «Мана, сиз озода, кийим-бошингиз ярқирайди, шошмасдан бир-бир босиб юрасиз, обрў катта, имом деб барча қўл қовуштиради. Яна оқчани хазондай супуриб ўтирибсизу ўлгудай хасис, қурумсоқсиз, чўзинг пулдан», деб ҳазиллашар эмиш. Имом жаҳлдан қизариб: «Сенга худонинг ўзи бас келмаса, бандаси бас келолмайди!» деб ўтиб кетаркан. Отам бояқиш бизни қоқила-суқила зўрға боқяпти-да, ўртоқжон,—деди Гуласал хомуш ҳолда.
— Ҳа, отанг меҳнаткаш, аёлманд одам,—деди Зумрад ишдан бош кўтармай.—Мана, менинг отам дукчи. Эртадан шомга қадар ғир-ғир дук учлайди. Дукни ким олади? Бизларга ўхшаш фақирлар олади-да, шундан билавер, нима бўларди пули... Лекин отам намозни сира канда қилмайди, ҳар жума эшонникига зикрга боради, ўлгудай бўғилиб, силласи қуриб қайтади.

Зумрад кўзларини чиройли сузиб, кенг қулоч ёйиб керишди-да, айвондан пастга тушиб жағи йиртилган эски кавушини оёғига илди.
— Қадди-бастинг сарвдек келишган...—деди Гуласал ўртоғига ҳавас билан қараб.

Зумрад кулди.
— Қорин тиришиб кетди-ку, хабар олай-чи, зоғора пишди шекилли, ҳиди димоққа келди,—деди-да, ошхонага югурди.
— Қоринларинг очиб кетди, қизим. Олиб бор, Гуласал ҳам есин,— деди Момосулув меҳрибон товуш билан.

Зумрад лорсиллаб турган эоғора нондан иккитасини қўлидан қўлига ола-ола пуф-пуфлаб айвонга югурди, дастурхон ёзиб, нонни бурдалади.
— Иссиққина, ола қол, ўртоқ, ишингни йиғ бирпас,— деди зоғорадан бир тишламини оғзига солиб Зумрад.— Бай-бай-бай, бирам ширин уннадики оғзимга.

Момосулув саватда зоғораларни кўтариб айвонга келганида, қизларнинг иштаҳа билан нон еяётганларини кўриб, ўксингандек гапирди:
— Толеларинг очилса, ёғли патир чайнасаларинг ҳам ажаб эмас. Худодан эрта-ю кеч тилаганим шу. Зумрадни, бутун шаҳарга донғи кетган заводчи бой сўратяпти. Бойнинг югурдаги Эшонхон худонинг берган куни бўзчининг мокисидек қатнагани қатнаган. Отаси икковимиз кеча розилик бериб юбордик.

Зумрад ҳар кунги гап, деб бепарво кулиб ўтирган эди, онасининг «розилик бериб юбордик» деганини эшитиб, ялт этиб кампирга қаради:
— Нима деяпсиз? ойи? Тегмайман унга. Тенг-тенги билан, тезак қопи билан. Бой бўлса, бойларнинг қизини олсин.

Кутилмаган бу гапдан Гуласалнинг томоғига нон тиқилай деди.
— Энди бу гапингни бас қил!—деди Зумрадга жаҳлдан қалтираб онаси.— Қизнинг изми отада; отаси кимга муносиб кўрса, шунинг этагини тутиб кетаверади қиз деган расми. Бахтинг очилди-ку, кўр бўлмагур! Еганинг олдингда, емаганинг орқангда, бойвучча бўлиб юрасан, ёмонми?! Отанг бояқишнинг ҳам кексайганда кўкрагига шамол тегадиган бўлди, буниям ўйлагин-да!
— Гапимни эшитинг, ойи,—деди Зумрад жаҳлини босиб, —у қутурган бой, кунига битта хотин олгиси келади. Эшитдим, икки хотини бормиш, икки кундош устига қайси юрак билан бермоқчисиз мени?! Еб қўйишади-ку!.. Ақли расо хотинсизку, нега буларни уйламайсиз?!
— Ҳа, кўрганман, учта хотин устига тушганлар ҳам бор, балодай иззатли-обрўли юришибди. Ёш хотин эрка бўлади, сўзингни ўтказиб ўтирасан, нодон қизим,— деди Момосулув ва кулимсираб қизининг елкасини қоқди.

Зумрад қўлида бир бурда зоғорани ушлаб деворга суянган ҳолда бир лаҳза жим ўтириб қолди, кейин асабий титроқ билан онасига деди:
— Сиз ўйлаган танти бой мингдан битта чиқади. Бойлиги кўп бўлса—ўзига, сизга гарди ҳам юқмайди. Икки орада мен куйиб кетаман. Сатанг хотинлари тинч қўярмиди мени, онажон!

Кампир қизига жавоб тополмади, алланималар деб пўнғиллаб, саватдаги зоғораларни ёйиб қўйди-да, ошхона йиғиштиргани кетди.

Зумрад яна бир неча дақиқа ваҳимали хаёллар оғушида ўтирди-да, сўнг Гуласалга қараб кулимсиради.
— Ўлсам ҳам топган бойларига тегмайман. Ол, нондан е!
— Беҳуда куйма, ўртоқжон, тегмайман десанг, оёқ-қўлингни боғлаб беришармиди, раъйингга қарашар,— деди Гуласал нонга қўлини узатиб.— Бизиикида ҳар куни арпа нон, жудаям чаккамга тегиб кетди, зоғоранинг мазаси бошқа.

Шу пайт эшикдан Манзура кириб келди. Бошида гунафша шоҳи паранжи. У ўрта бўйли, қорача, лўппигина қиз. Қошлари ўсмадан пайваста, бодомқовоқ, қисиқ кўзларининг қув ифодасига такаббурлиги қўшилган. У оқ шоҳи кўйлаги устидан белини сириб кимхоб нимча кийиб олган, қўлларида қўша-қўша ёқут кўзли тилла узук, билагузуклар.

Зумрад ирғиб ўрнидан турди-да, у билан қучоқлашиб кўриша кетди.
— Жим бўлиб кетдинг, ўртоқжон, кутавериб эсим кетди. Соғинганимдан ўзим келяпман,— деди Манзура ва қизариб четда тик турган Гуласалга зимдан қараб олгач, бепарвогина кўришди.
— Келиб яхши қилибсан, мен ҳам соғинган эдим,— деди Зумрад ўртоғининг паранжисини олиб тахлар экан.— Бу — Гуласал, яқин қўшнимиз, жуда чевар қиз.
— Шундайми?—деди Манзура Гуласалнинг бошидан оёғигача разм солиб.— Чевар бўлса, бир жуфт қозиқ лунги тикиб берсин. Лекин ҳеч кимда йўқ нусха бўлсин. Ойим қўша-қўша зардевору кирпечларни, қозиқ лунгиларни тиктириб қўйибди. Майли, тағин иккита қўшилса ортиқчалик қилмас.
— Ёқтирсангиз тикиб бераман,— деди тортинибгина Гуласал.

Манзура тўрга чиқиб, Зумрад солган қават-қават кўрпачага ўтирди ва димоғ билан Гуласалга қараб деди:
— Бир йўлим тушганда шоҳи билан ипакларни ташлаб ўтарман. Нархиниям гаплашиб қўяйлик, ишни бошидан пишиқ қилган яхши.

Гуласал хижолатдан ерга кириб кетай деди:
— Ўлдимми сиздан пул олсам, уят бўлади-я. Манзура севинчини яширолмади:
— Қани, аввал тикинг-чи, кейин ўшанга қараб муомала қилармиз,— деди кибр билан.

Манзуранинг овозини эшитган Момосулув ошхонадан югуриб келди, кўришиб, қайта-қайта ҳол-аҳвол сўрашгач, эски самоварни кўтариб, яна ўчоқ бошига кетди.

Зумрад билан Манзура болаликдан бирга ўсишган. Манзуранинг ҳовлиси икки маҳалла нарида эди. Улар бир отин ойида сабоқ ўқишган...

Зумрад отин ойисини севарди, у «раҳматли отин ойим яхши хотин эди», дея тез-тез эслаб қўярди. Отин ойилари олтмишларга етиб вафот этди, новча, тўладан келган, салобатли хотин эди. Қишда эгнига олача мурсак кийиб, бошига шол рўмол ўраб, устидан телпак бостириб оларди, ёзда эса ола-була гулдор, кенг чит кўйлак кийиб, бошига оқ дока рўмол ўрарди: рўмолнинг устидан бир қора липс пешанабоғни тиккайтириб боғлаб қўярди. Отин ойининг қўлида тутданми, жинғилданми асо бўларди, қаддини тик тутиб, бир-бир босиб юрарди. Отин ойи қуръонни ёддан ўқирди. Навоий, Фузулийнинг кўп ғазадларини ҳам ёд биларди, оҳанг билан чиройли ўқирди. Ўзи жуда хушхат, лекин шогирд қизларига асло хат битишни ўргатмас эди. «Қизларнинг хат билмагани тузук, йўқса йигитларга хат ёзишади», дерди. Диннинг талабларига қаттиқ ўжарлик билан риоя қиларди. Намоз-ибодатга берилган бу хотин охир пешинга қадар қизларни ўқитиб, кейин уларни озод қилгач, жойнамоздан силжимас, ўтирган жойида келинлари, невараларига иш буюриб ўтирар эди.

Отин ойи шогирдлари ичида Манзурани кўп туртарди, Манзуранинг қизлар билан сўзлашиб, кулишиб ўтирганини пайқаб қолса, дарров қўлида таёқ билан шаққа туширарди. Манзура аламига чидамагандан ҳўнг-ҳўнг йиғлаб оларди.

«Қизгина, эркалигингни уйингда онангга, отангга қиласан, бу даргоҳни мактаб дейдилар, мисоли қудуқни игна билан қазигандай, сабр талаб қилади илм деган нарса», дерди у.

Зумрад билан Манзура мактабга кўп йиллар бирга қатнадилар. Зумрад зеҳни баландлиги, ўқишга ҳаваси зўрлигидан кўп ўтмай саводини чиқариб олди. Манзура тузук ўқимади, хаёли, ҳаваси ўзга нарсаларга банд бўларди. Мактабга шунчаки «ўқидингми — ўқидим» қабилида қатнаганидан, чала савод қолиб кетди.

Зумрад ўн беш ёшларга етганда турмушнинг қаттиқчилиги туфайли таҳсилни тўхтатишга мажбур бўлди. Манзура бўлса Зумраддан кейин тағин бир йил чамаси мактабга қатнади, кейин ўз истаги билан ўқишни ташлади.

Бу икки қиз қалин дўст, сирдош бўлганидан борди-келди қилиб турсалар-да, Зумрад ўртоғиникига ҳар замонда бир борарди. Манзура Зумраднинг олдига ҳафтада бир-икки дафъа келиб кетарди.

Зумрад оппоқ ювилган тик дастурхонни ўртага ёзди, кичкина патнисда тўртта зоғора, тақсимчада бир ҳовуч парварда олиб чиқди. Манзуранинг қаршисига ўтириб, гап бошлади:
— Қани, гапир-чи, нима янгиликлар бор?
— Куёв муборак бўлсин, ўртоқжон, толеинг бор экан, жуда севиндим. Саидаҳмадбойникига борганман. Уй-жойлари яхши, ўзиям ҳали анча ёш, қирчиллаган вақти. Донғи кетган заводчи бой. Битта камчилиги — қўш хотиними? Ахир, сени ошиқу беқарор бўлиб олаётган эмиш-ку. Бо, эрка хотини бўлиб юраверасан... Тўй қачон? Яқинми?

Гуласал гапга аралашмай жим ўтирарди, у Зумрадга кўз қирини ташлаб, лабини тишлади.
— Тўй бўлади, деб бир оғиз айтмайсан ҳам-а, ўртоқжон! Ўртоқлик ҳам шунақа бўладими?— деди тағин Манзура.
— Менга бой эрнинг даркори йўқ,— деди Зумрад қошларини чимириб.— Кундошлик қурсин. Ўз тенгим топилиб қолар.
— Вой тентаг-эй, жинни-минни бўлдингми!— Ўтирган ерида бир тўлғаниб қўйди Манзура.—Бу нима деганинг? Мен муборак бўлсинга келсам, сен нима деб валдираяпсан? Тўрт кунми, беш кунми бўлди чоғи, акамнинг олдига бир-икки бойваччалар билан бирга Эшонхон келган эди,— овозини пасайтириб шивирлади Манзура.— У тез-тез келиб туради, ўзи қувгина, билимдон, яхши йигит. Менга ёқади-ю, фақат фақир-да... Акамга гапираётганида дераза орқасидан эшитиб олдим. Ўшандан бери чопқиллаб келиб кетай дейману, сира иложини қилолмайман. Бугун ойим, меҳмонлар келади, деганларига ҳам қарамай, олдингга югурдим...

Момосулув самоварни кўтариб келаётган эди, Зумрад югуриб бориб, «мени чақирсангиз бўлмасмиди?» деб қўлидан олди.

Кампир меҳмонга чойни аччиққина дамлаган эди, Зумрад ўртоқларига чой қуйиб узатди.

Кампир ўтириб олгач, гапни узоқдан бошлади. Эр-хотин бутун умр фақирлик, танглик билан турмуш кечирганларини, бераҳм тақдирнинг тоши ҳамиша бошларида дўлдай ўйнагани ҳақида узоқ гапирди, кейин деди:
— Худога шукур, ёлғизгина қизимнинг бахти бор экан. Лекин қизим тушмагур ёшлик қилиб оёқ тираяпти, Манзурахон. Ўзингиз тушунтиринг, насиҳат қилинг ўртоғингизга. Тагли-тахтли одамларнинг қизисиз, сизга ўргатгулик ери йўқ,— ялинди кампир.
— Ҳаммасини гапирдим, холажон, кўнади, кўнмай нима қиларди. Шундай катта даргоҳга келин бўлса ёмонми?!

Зумрад қовоғи солиқ, сукутда ўтирарди. Кампир эзмалик қилаверди.
— Муҳаммад алайҳиссалом, тўрт хотин олиш мумкин деган,— деди.

Энсаси қотиб, чурқ этмасдан ўтирган Зумрад чидамади, асабий титроқ товушда онасига деди:
— Кундошлар билан ит-мушук бўлиб юрар эканман-да!.. Қани тағин бир келсин-чи... жувонмарг бўлгур Эшонхон... Ер ютгур югурдакни... итдай бир талаб берай, мушукдай қочсин!..

Кампир оқариб кетди, қизига бир хўмрайиб, индамади,. Манзура бармоғи билан юзини сидирди:
— Вой ўла қолай, уят бўлади-я, уят — ўлимдан қаттиқ, Зумрад! Бас, нозингни йиғиштириб, хўп дегин-да, тегиб кетавер, кейин пушаймон бўлиб юрма!

Зумрад лабини буриб, тескари қаради,
— Юринглар, қизлар, ҳовлига тушайлиқ,— деди у ойисига жаҳл қилиб.

Кампир каловланиб, дастурхонни йиғишга тутинди. Қизлар гоҳ ундан, гоҳ бундан гаплашиб, ҳовли айланишди. Кўклам шабадаси қизлар руҳини кўтаргандек бўлди. Ҳазиллашиб, кулишиб, сув бўйига қатор ўтиришди-да, томларда тўполон билан қуроқ учириб юрган болаларни томоша қилишди.

Манзура кўпдан бери йиғилиб қолган гапларини қизларга шивирлаб ҳикоя қила бошлади. Ҳар кун совчилар эшиклари турмини бузишаётганини, онаси уларга дастурхон ёзиш, ош-сув қилишдан чарчаганини, «Отаси билади, бамаслаҳат жавоб қилармиз», деб жўнатганини ғурур билан сўзларди. Барчаси тагли-зотли одамлар эканлиги, улар келдими, дарров беркиниб олишини, совчилар, «қизни кўрамиз», деб хиралик билан туриб олишларини Манзура ҳузур қилиб гапирарди.
— Эртадан кечгача эшигимиздан совчилар аримайди. Баъзиларини-чи, Зумрад, жўрттага билмаган киши бўлиб, ўзим кутиб оламан, салом-алик қилиб кўришаман. Кейин ташқаригами, қўшниларникигами чиқиб кетаман,— деди Манзура қошларини ўйнатиб.— Мен, албатта йигит зангинлардан бўлса, кўҳлик, қомати алифдай, шижоатли, олифта бўлса, деб орзу қиламан. Шунақаси чиқмаяпти-да. Бирининг давлати бўлса, ўзи пакана, кўримсиз, бири чиройликкина, лекин чўлоқ, савил қолгурлар. Ҳаммасини ўзим киши билмас кўриб келаман. Кейин дадам ойим билан маслаҳатлашганда, қулоқ солиб эшитиб оламан. Машҳур бир баззознинг ўғлига сўратишибди. Оппоққина, сухсурдай йигит экану, бироқ бир кўзи ғилайроқ экан. Ойим ўшандан гап очган эди, бир лўлилик қилиб бердим, тенгим кўршапалакми, деб.

Зумрад Манзуранинг гапларини бугун ғоят лоқайдлик билан тингларди. Чунки онасининг «жавоб бериб юбордик» деган гапи унинг юрагига ваҳима солиб қўйган эди.

Манзура Зумрадга ачиниб, ич-ичидан қайғураётган ва индамай жим ўтирган Гуласалга кўз қирини ташлади.
— Зумрад, ўртоғингнинг ҳам зимдан яхши кўрган йигити борми? Қора мағиздай истараликкина экану, бўйи бир оз пастроқ экан-да,— деди у кибр билан.

Гуласал қип-қизариб кўзларини яширди, индамади. Лекин Зумраднинг энсаси қотган эди, дарров жавоб қайтарди:
— Бизга ҳам ўзимизга муносиби топилиб қолар. Бечора, ғариб бўлса ҳам, хулқи кўҳлик, ақли расо бўлсин... Эшитганман, ақл бошда, шижоат юракда, дер экан ҳакимлар. Айтишади-ку меҳнатни яхши кўрадиган йигитнинг қўли ҳам, дили ҳам гул,— деди у ҳар сўзини чертиб-чертиб.

Гуласал дугонасидан хурсанд бўлиб кетди, «ажаб қилдинг, бопладинг бу кеккайган ўртоғингни», дегандай кулимсираб қаради Зумрадга.
— Мана бу манзарани қаранглар, қизлар,— деди Манзура орага тушган кўнгилсизликни тарқатиш мақсадида.— Осмон ҳам кўм-кўк, ер ҳам кўм-кўк. Анави булутларнинг чиройли сузишини қаранглар...— шундай дея Манзура пастга қараб югуриб кетди.

Гуласал жарнинг нариги юзига имо қилди. Узоқда бир неча ёш-яланг йигитлар ит уриштиришар эди. Зумрад билан Гуласалнинг пастга тушгилари келмади. Манзурани чақиришди. Бироқ у эшитмади. Пастга тушиб олиб, ҳадеб қизларни чақирарди.
— Юринглар, анави ерда тегирмон бор экан, томоша қиламиз,— дерди у. Зумрад билан Гуласал ҳам ноилож пастга қараб югуришди.

Қизлар пастликка, жарга қараб кетма-кет чопқиллаб тушдилар.
— Ёпирай, сувнинг гувиллаши жуда ваҳимали-я!—деди Манзура чуқурликда оқаётган бир тегирмон сувга қараб.

Жарнинг париги юзида ит уриштираётган йигитлар очиқ юрган қизларни кўриб, алланималар деб қичқира бошлашди. Бегона кўздан ҳайиққан қизлар изларига қайтишди.

Манзура паранжисини бошига илди. Момосулув хола билан, қизлар билан хайрлашиб эшикка юрди.
— Ҳали вақт эрта-ку, ўтира турсанг бўларди,— деди Зумрад.
— Ўтириш шунчалик бўлади-да, меҳмонларим бор, бир-икки ўртоқларим келадиган эди. Сен ҳам бориб тургин, ҳадеб мен келавераманми?— деди аразлаган оҳангда Манзура, кейин эшик олдида бир зум тўхтади:— Зумраджон, кўп қийиқлик қилма, ота-онангнинг айтганига тегиб кетавер, олтинга кўмиласан...

Зумрад лабини бурди:
— Олтини бошида қолсин ер ютгурнинг.

Манзура, «эсинг йўқ», дегандай бошини чайқади-да, зинғиллаганича чиқиб кетди.

Орқасидан узоқ қараб турган Гуласал кулди:
— Бирам димоғдорки... Бой-да, пул қутуртиради бунақаларни!

Зумрад «ҳа» дегандай бошини кимирлатди, лекин индамади.

Гуласал ҳам ишини йиғиштиришга тушди.
— Мен ҳам уйга чиқа қолай, ойимга қарашаман,— деди. Хайрлашиб чиқиб кетди.

Зумрад айвонда аллақандай қўшиқни оҳистагина хиргойи қилиб, яна кашта тикишга берилди.

II

Намозгарга яқин эшикдан қовоғи солинган дукчи кириб келди.

Зумрад отасининг кайфи бузуқлигини дарров сезган эди. Ўрнидан туриб ишларини йиғиштирди-да, ичкарига кириб кетди.
— Кампир, бери кел!— чақирди чол хаста товуш би-лан.
— Ҳа-ҳа, нима гап, мунча қовоғингиздан қор ёғилмаса?!—деди кампир, шошилиб айвон лабига ўтиргач, сўнг эрига тикилди.
— Иш думи хуржунда бўлиб қолди, хотин. Боя Эшонхон олдимга келган эди. Бойнинг иши кўп эмиш. Яқинда Маскопга, Петербургга жўнаш эҳтимоли бормиш. Савдогар бойларнинг иши шундай-да, кампир, гоҳ у шаҳарга, гоҳ бу шаҳарга қатнаб туради... Пул ўзи келадими! Хуллас, тўйни хўжайин сафарга бориб келгандан кейин қилмоқчимиш. Кейин Эшонхон ўтириб-ўтириб: «Бой хотинларидан жиндай андиша қиляпти, ота, сабр қилинг», деди. Шундай, кампир, гап мужмал...

Чолнинг гапини анграйиб эшитиб ўтирган кампир бир неча дақиқадан сўнг эрига қараб деди:
— Куйманг, отаси, пешанасига ёзилганини кўради. Бойгами, фақиргами, тақдирнинг буюргани бўлади.

Зумрад уйда, эшик орқасида туриб ҳамма гапни эшитган эди. Севинганидан юраги гурс-гурс уриб кетди, югуриб айвонга чиқди-да, онасини қучоқлади:
— Бахтим бор экан, ойижон! Пешанамга бой ёзилмаган!— Зумрад севинчига сиғмай Гуласалнинг олдига югурди.

Оташ-дукчи қизининг енгилтаклигидан қаттиқ ранжиди, лекин на уришди, на сўкди. Қушдай учиб югурган Зумраднинг орқасидан бақрайиб қолди.

Ўн Иккинчи Боб

I

Унсин сандиқдан катта тугунни олиб очди-да, енг учи билан кўзёшларини арта-арта, онасидан қолган буюмларни бир-бир назардан кечирди. Эскигина кўйлак, четига гул тикилган рўмолча, икки дона алмисоқдан қолган ангишвона, икки дона тайёрланмаган хом дўппи... У ҳар қайсисини бирма-бир қўлга олиб, авайлаб сийпади, қалби ғам исканжасида қисилган ҳолда, узоқ хомуш ўтирди.

Рисолат кампир неварасини олдига солиб, аллақайга дайдиб кетган. Шокир ота тирикчилик дардида бозорга жўнаган. Тиқ этган товуш йўқ, қиз танҳо.

Тугунда тағин акаси Йўлчининг майда-чуйда Нарсалари: эски бир дўппи, қийиқ, сарғайиб кетган қоғозга русча ёзйлган хат — Йўлчи ўлганда Унсин унинг ён киссасидан топиб олган эди бу хатни. Унсин дўппини бармоқларининг учи билан қайта-қайта авайлаб сийпади, лабларига тегизиб бир-икки ўпди, тағин эҳтиёт билан тахлади, кўзларига суркади, қўш қўллаб кўксига босди. Онаси ва акасининг хотираларига чўмиб, юм-юм кўз ёшларини тўкди: аламдийда қиз узоқ ҳушсиз ўтирди. Қишлоқдаги ҳаётидан турли манзаралар кўз олдидан қаторлашиб ўтарди: меҳрибон онаси, қалбига энг яқин, азиз Йўлчи акаси билан хаёлан гаплашгандай, товушсиз алланималарни пичирлаб қўярди. Узоқ юртларга, мардикорга кетган Элмурод акасини эслаб хўрсинарди... Унсин шу аҳволда узоқ ўтиргандан кейин, хомушгина тугунни йиғиштираётган эди, Раъно кириб қолди.
— Қўрқиб кетдим-эй,— деди Унсин сесканиб, кейин тескари ўгирилиб тезгина кўз ёшларини артиб олди, мажолсиз ўрнидан туриб, ўртоғи билан кўришди.
— Мунча қўрқмасанг!— хандон ташлаб кулди Раъно, кейин бирдан қизнинг кўзидаги намни, вазиятидаги сиқиқликни пайқаб қолди-да:—Нима гап ўзи? Сенга нима бўлди?—деб сўради ташвишли оҳанг билан.
— Нимасини сўрайсан, ўртоқжон?— Узун уҳ тортди Унсин.— Сенинг нима ғаминг бор, нимани тушунасан! Туриб-туриб хуноб бўлиб кетаман, гоҳо онамдан қолган майда-чуйдаларни бир ёзиб кўраман, шунда пича ҳовурим босилгандай бўлади.

Раънонинг юзида табассум ўчди, бўшашибгина наматга ўтирди-да, рўмолдаги нарсаларга аста кўз югуртирди:
— Ростдан ойинг тикканми бу дўппиларни? Жудаям чевар аёл эканлар, чамандай ёниб турибди-я!

Унсин бош силкиди, узун бир хўрсиниб олди-да, титроқ овоз билан гапирди:
— Ҳа, дўппи тикишга жуда чевар эди, ўла-ўлгунимча онамдан хотира деб сақлайман буларни!— Унсин қаддини ростлаб олди. Йўлчининг дўпписи орасидаги хатни чиқариб Раънога узатди.— Акамнинг чўнтагидан топиб олганман бу хатни, кўр-чи!

Раъно хатнинг тахини ёзди, у ёғ-бў ёғини ўгириб қаради:
— Ўрисча-ку, эсизгина, ўқишни билмайман-да, билганимда ўқиб кўрардик, нима ёзилган экан-а?
— Акамнинг ўрис ошналари бор деб эшитган эдим. Акам, ўрис ўртоқларим билан туппа-тузук гаплашаман, деган эди бир марта менга,— дардчил товуш билан жавоб берди Унсин.

Раъно хатни буклади.
— Кўз ёш тўкиб ўтирганингдан нима фойда чиқади, ўртоқжон. Яхшиси, юр, Валя опамга бориб ўқитиб кўрамиз,— ҳаяжон билан қистади ўртоғини Раъно.

Унсин шошилиб тугунни сандиққа солди-да, паранжисини ёпинди, эшикни омонатгина қулфлаб, Раънонинг кетидан кўчага чиқди.

Дарахтларнинг кўм-кўк япроқлари ҳар соат, ҳар дақиқа гуркираб ўсган чоғи... Қуёш нурларидан гўзал олтинланган ҳавода енгил, ёқимли кўклам шамоли зир югуради...

Валя ҳовлида оппоқ ювилган кирларни чайқаётган экан.

Унсин кўришган ҳамон нима мақсад билан келганларини айтди.
— Шу хатни ўқинг-да, мумкин бўлса, бизларга тушунтириб беринг, опажон,— дёди у ялинган оҳангда.
— Нега мумкин бўлмасин, албатта мумкин,— деди Валя ва дарров ҳовлида турган стол атрофидаги табуреткаларга қизларни ўтқазди, ўзи ҳам уларга қаршима-қарши ўтириб олиб, қўлларини фартуғига артди-да, хатни очди, қошларини чимирган ҳолда жиддий тус билан кўз югуртиб, бир карра хатни назардан ўтказиб олди, кейин сўзларни бир-бир доналаб ўқий бошлади. Унсин бу сўзларнинг маъносини гарчи тушунмаса-да, қулоқ соларди. Раъно баъзи жумлаларни, ибораларни андак тушунарди.

Валя хатни ўқиб тугатди-да, тикилиб турган Унсинга тушунтира бошлади:
— Мазмуни шуки,— рус ва ўзбек сўзларини қориштириб сўзларди Валя,— Петров деган киши Васильев деган бир кишига ёзган бу хатни. Турмадан Йўлчи икковимиз бирга қочдик, дейди Петров. Мен узоқ жойга кетяпмон, махфий иш... Эҳтиёт бўл, ўртоқларга салом. Бу хатни сен-га топширувчи Йўлчи бизга ниҳоят содиқ киши. Жасур йигит, Туркистоннинг меҳнаткаш йигитларидан. Турмада секин кечадиган кунлар, тонг отмайдиган тунлардан фойдаланиб, рус тилини ва сиёсий билимни пича ўргатдим унга, дебди. Большевиклар партиясига арзийдиган йигит, дебди. Вассалом, хатнинг қисқа мазмуни шу,— деди Валя ва қоғознинг орқасига кўз югуртирди, адреси ҳам бор экан.

Раъно бир русча сўзга бир ўзбекча сўзни тиркаштириб, баъзи тушунмаётган сўзларни қайта-қайта сўраб, аниқлади. Унсин кўзларида жиққа ёш, индамай ўтирарди. Валя билан Раъно уни овутишга, кўнглини олишга тиришардилар.

II

Индинига соат ўн бирларда икки дугона трамвайда янги шаҳар томон жўнашди. Унсин трамвайга энди тушиши эди, унинг шовқинидан гўё бирдан боши айлангандай туюлди. У ўқтин-ўқтин пешанасини уқалаб қўяр эди. Раъно пиқ-пиқ кулди.
— Ўрганиб қоласан, конка ажойиб нарса, мўлжаллагаи жойингга лаҳзада элтиб қўяди,— деди ўртоғининг тиззасини туртиб. Қизлар вагондаги бегона кишилардан тортиниб, паст овозда гаплашиб ўтиришарди.
— Манави Қозикўча, шу ерда яхши ўртоқларим бор, қайтишда уларнинг олдига кириб чиқамиз-а,— деди Раъно Унсинни тирсаги билан туртиб.
— Қани, Қозикўча қани?—у ёқ-бу ёққа аланглаб сўради Унсин.
— Ўнг томонда, орқада қолди. Конка деганинг шамолдай ўтди кетди-да,— кулиб жавоб берди Раъно.
— Хўпам яхши нарса бўларкан,— деди Унсин ойналарга, курсиларга кўз югуртириб.

Трамвай Ўрдага етганда Раъно Унсинни шошира бошлади.
— Юр-юр, тезроқ туш, юриб кетади,— ўзи чаққонлик билан тушиб олди. Унсин ҳам шошилиб, ўртоғи орқасидан ерга сакраган эди, вагон эшигига паранжининг қулоғи илиниб қолди. У «Вой шўрим!», деб нима қилишни билмай турган эди, дугонаси бир силтаб, тортиб олди.

Ўрданинг икки томонида бир-бирига ёпишган эски, тор кичик дўконлар — баққоллар, қассоблар, машиначилар тизилган. Қизлар оҳиста юриб, дўконларга қараб, шивирлаша-шивирлаша Ўрда кўпригидан ўтишди, тўғри кўча билан кетишди.
— Городга икки марта чиққанман,— дедй Раъно шўх овозини жаранглатиб.— Бир гал Мерободга борганман, у ерда ўзбеклар ҳам туради, кейин бир марта аллақандай кўчалардан ўтиб, Қорасувга, бир боққа борганмиз холам билан.

Қизлар у кўчага бош тиқиб, бу кўчага бош тиқиб, адашиб анча юришди, охири бир рус чолдан сўрашди.
— Ҳа, баришналар, адашибсизлар, орқага қайтиб, майдончадан ўтинглар-да, чапга бурилинглар, нақ ўзига чиқасизлар. Тинч, пастқам кўча.
— Испасипа, испасипа,— деди Раъно севинганидан қайта-қайта.

Қизлар тез-тез юришиб сердарахт, икки томонидан жилдир-жилдир сув оқиб турган энсизгина сокин бир кўчага киришди. Қизлар сўроқлаб келган кўча шу эди. Тусмол билан бир-икки эшикни қоқиб, охири Васильевнинг уйини топишди. Эшикни ориққина, жуссаси кичик, сочларига оқ оралаган бир рус аёл очди.
— Василиф амаки уйдаларми?—тутилиб, қийналиб, ўзбекча-русча сўзларни аралаштириб сўради Раъно.

Унсин чачвонини орқасига ташлади:
— Васил амаким шўтдамилар?— дадил сўради Унсин бармоғи билан уйни кўрсатиб,— пажалиста чақиринг.

Аёл бир зум ҳайрон бўлиб турди-да:
— Киринглар, ҳозир келади,— деб қизларни ичкарига таклиф қилди.

Қизлар олдинма-кетин ичкарига киришди. Каталакдек торгина эски бир ҳовли. Деворга қисилиб ўсган икки туп олча ҳовлининг ёлғиз кўрки эди.
— Исмларингиз нима?—сўради аёл юмшоқлик билан.
— Мегнинг исмим — Раъно, ўртоғимники — Унсин,— жавоб берди Раъно русча сўзларни доналаб.
— Меники — Татьяна Ивановна,— деди аёл қизлар билан кўришиб.— Марҳамат, уйга киринглар, Васильевнинг иши жуда кўп, ҳозир келиб қолади.— Уйнинг, эшигини очиб, ичкарига таклиф қилди қизларни у.

Қизлар хонага киришлари билан паранжиларини йиғиштириб, дераза тагига ташладилар, ўриндиқларга ўтириб, сукутда атрофга кўз югуртирдилар. Томи паст, саҳни кичиқ бир хона, лекин оппоқ оқланган, озода.

Қаршида кулимсираб турган Татьяна Ивановнадан Раъ но тутилиб сўради:
— Болаларингиз борми, опа?
— Иккита,— жавоб берди у мулойим табассум билан икки бармоғини кўрсатиб,— бир қиз, бир ўғил. Каттам — қиз, Самарқандда, турмушга чиққан. Ўғлим Ваня фронт-да,— аёлнинг чеҳрасидан табассум йўқолди.— Ғам кўп,— деди у аламли оҳанг билан ва бошини чайқаб ҳовлига чиқиб кетди.

Қизлар ялт этиб бир-бирларига қарашди, Унсин лабини тишлаб, ачинганидан бошини тебратиб қўйди.

Аллақаердан пайдо бўлган бир кучук даҳлизда қизларга кўзини лўқ қилиб ўтириб олди.
— Лайчамикан?—сўради Унсин.— Индамайди-я, кўзларига қара!
— Кўзларининг зийраклигидан ақлли кучукка ўхшайди, ўрисларнинг итлари шунақа ўргатилган бўлади,— деди Раъно.

Қизлар бирпас чурқ этмай, гап йўқ, сўз йўқ жим ўтиришди. Кучук ҳам кўзларини узмай ҳайкалдай қотиб ўтирарди.

Татьяна Ивановна кўчага, қаергадир чиқиб кетган эди, анчадан кейин қайтиб кирди:
— Ҳеч ким келмадими?— сўради қизлардан.— Эримда нима ишларинг бор эди? Балки мен ҳам кўмак бера оларман сизга?
— Бир хат бор эди, ўзларининг қўлларига топширишимиз керак,— деди Унсин. Раъно буни русча тушунтирди хотинга.

Татьяна Ивановна индамади, фақат ўзларинг биласизлар, дегандай елкасини қисиб қўйди:
— Жек, йўқол, жўна!— деди кучукни жеркиб.

Кучук ирғиб ҳовлига отилди, Қизлар кулишди.
— Ўлгур-эй, серфаҳмлигини кўр!— деди Раъно хахолаб.

Шу пайт ўрта бўйли, кенг яғринли, оқ кўйлаги устидан тасма боғлаган, этик кийган Васильев кириб келди; Қизларни кўриб бошидан кепкасини олди. Қизлар дик этиб ўринларидан туришган эди.
— Здравстуйте!— деди у мулойим кулимсираб ва шапкасини қозиққа илди-да, четроқда турган ўриндиққа ўтирди.— Ўтиринглар, қизларим, ўтиринглар,— дея қизларни ҳам ўтиришга таклиф қилди.

Қизаришиб, тавозе ва назокат билан салом бергандан сўнг жимгина жойларига ўтиришаркан, Раъно кўзлари билан Унсинга имлади. Унсин нимчасининг чўнтагидан хатни чиқариб, ҳаяжондан қалтираган қўллари билан Васильевга узатди.

Васильев шошилиб кўзойнагини тақди-да, хатни қизиқиш билан кўздан кечирди. Сўнг бир оз сукут қилгач, деди:
— Йўлчининг таърифини эшитган эдим. Сизлар унинг кими бўласизлар, қизларим?

Раъно шу саволни кутиб тургандай дарров жавоб берди:
— Вот сестра, хароши кизимка. Қишлоқдан келган шаҳарга.

Унсин алланечук бўлиб қетди. Кўзлари жиққа ёшга тўлганидан, қизариб ерга қаради. Раънонинг тиззасини секин туртиб: «Акаси ҳалок бўлганида чўнтагидан топиб олган, сизга келтирдик, дегин, тузуккина тушунтирсанг-чи, ўрисча биласан-ку!» деди шивирлаб ўртоғига. Раъно билганича тушунтиришга тиришди.
— Петров амаким қаердалар? Тошкентдамилар ёки бошқа шаҳардамилар?—сўради бирдан Унсин мулойимлик ва назокат билан.

Васильев Унсиннинг қалбидаги тўлқинли ҳисларни, аламли кечинмаларни сезган эди. Бир қўлида папирос, бир қўли билан пешанасини уқалаб, бирпас жим ўтирди. Сўнг Петровнинг ҳозир Самарқандда эканлиги, яқин кунларда Тошкентга келишини тушунтирди.

Унсиннинг юзи ёришди, кўзларининг жилваси миннатдорлигини ифода этарди.

Эрининг ёнида буларнинг суҳбатига қулоқ солиб турган Татьяна Ивановна, энди тушундим, дегандай бошини маъноли тебратиб қўйди. Сўнг дастурхон ёзиб, чой ҳозирлай бошлади.
— Васильев папцрос тутатиб, қизларга шу кунлардаги янгиликлардан ҳикоя қила бошлади. Кўп курашларда чиниққан ишчилар синфи большевиклар партияси раҳбарлигида Николай истибдодини емириб ташлаганини тушунтирди.
— Афсуски, қизларим, бизга туғилган қуёш юзига булут тортибди. Буржуйлар помешчиклар, ифлос ва сотқин хиёнатчилар кўмаги билан давлатнинг жиловини қўлларига олиб қўйди. Оламнинг хўжайини биз, дейди улар. Ҳа, даҳшатли ҳақиқат бугун шундай,— деди қатъий равишда Васильев қаҳр билан бошини тебратиб.
— Буржуй деганингиз нима ўзи?— қизиқиб сўради Раъно.
— Ҳамма бойлар, фабрикантлар, савдогарлар, умуман айтганда, меҳнаткашларнинг қонини сўриб турган канамахлуқлар,— жавоб берди оғир сокинлик билан Васильев.

«Тушундик, тушундик» дегандай, кўзларида ғазаб билан бошларини тебратишди қизлар.
— Бутун меҳнат аҳли йиғилиб бир мушт кўтарсак, буржуйларни Муваққат ҳукумати билан бирга қўшиб жаҳаннамга ағдарамиз. Заводда мусулмон дўстларим кўп, ўзбекчани пича ўрганиб қолдим,— деди Васильев. Бирпас сукутдан кейин давом этди:—Қизларим, биз Совет тузумини қурамиз. Ишчилар, солдатлар, деҳқонлар — бир катта куч бўламиз,— деди муштини стол четига қўйиб, ишонч билан Васильев.— Омма учун хизмат қилиш, унинг юрагига кириб, ғафлат уйқусидан уйғотиш бизнинг муқаддас бурчимиз. Йўлчи нима қилди? Йўлчи ҳам шу йўлда қурбон қилди ўзини. Ҳар дақиқа ғанимат шу кунларда. Халқни айни курашга даъват этиш фурсати. Халқнинг юрагидаги орзу-истакларини тушуниш катта иш. Биз халқ билан биргамиз, асло чекинмаймиз бу йўлдан! Ҳамиша эл фойдасини кўзлаймиз, мақсадимиз ёлғиз шу!

Қизлар, бу сўзларнинг маъносини тушунишга тиришиб, лом-мим демай, жим тинглар эдилар.

Татьяна Ивановна самоварни олиб кириб, озгина қора нонни япроқлаб кесди, бир идишда олча қиём қўйди.
— Бу йил олчамиз бир талай гуллаган эди, лекин камроқ тугди, пишсин-чи, шакар бўлса, озгина қайнатардим,— деди қизларга чой узатиб Татьяна Ивановна.
— Биздаям олча бор, ғуж-ғуж тугди,— деди кўзларини ўйнатиб Раъно.

Ҳаммалари хурсанд ҳолда, оз-оз нон тишлаб, стаканда чой ичиб ўтирдилар.
— Аҳвол шундай, қизларим!—деди Васильев жиддий оҳанг билан аввалги гапга қайтиб.— Ҳозир бизнинг биринчи вазифамиз, рўй берган аҳволни халққа тушунтириш, курашни давом қилдириб, давлатни ўз қўлимизга олгунча курашга даъват этиш.

Қизлар гарчи Васильев айтаётганларнинг ҳаммасини тушуниб етишмаса-да, гапнинг замирини фаҳмлаб ўтиришарди.
— Қизларим, саводларинг борми?—сўраб қолди тўсатдан Васильев.
— Мусулмончадан саводим бор, лекин ўрисчадан сира хабарим йўқ,— деди Раъно афсусланиб,
— Мен бўлсам тамом гумроҳман. На ўқишни биламан, на ёзишни. Омилигимча қолганман,— деди ўксиниб Унсин.

Васильев ачинганидан, бошини қуйи солиб жим ўтирарди. Ўртадаги оғир сукунатни бузмоқчи бўлиб, Татьяна Ивановна гапга аралашди:
— Хафа бўлманглар, сингилларим, ёшсизлар, ҳали ўрганасизлар, мана, мен хафа бўлсам арзийди. Туртиниб-туртиниб ўқийману, лекин ёзишни билмайман,
— Балодай шариллатиб ўқийсан-ку, қўлингга тушган романни,— деди хотинига ҳазиллашиб Васильев.

Ҳаммалари кулишди.

Қизғин, мароқли суҳбат анча чўзилди. Меҳмонлар ҳам, мезбонлар ҳам, гўё кўпдан таниш, қадрдон одамлардай, бир-бирларига яқин ҳис қилишарди ўзларини.

Ниҳоят қизлар ижозат сўраб, ўринларидан қўзғалишди ва қайта-қайта ташаккур айтишиб, хўшлашишди. Эр-хотин қизларни кўча эшикка қадар кузатишиб, «Келиб туринглар», деб жўнатишди.

III

Қизлар Васильевникидан руҳлари кўтарилиб, хурсанд қайтишарди. Ўрдага яқин қолганда Раъно паранжисини қия очиб, жилмайди:
— Кўп ўйлайверма, ўртоқжон, кел, бу ёғига, конкада кета қолайлик.
— Пиёда томоша қилиб кетавермаймизми қайтага..,— деди Унсин иккиланиб, кейин бир нарса эсига тушгандай, ялт этиб Раънога қаради:— Айтгандай, Қозикўчадаги писта чақар қизларнинг уйига кирамиз деган эдинг, Раънохон, пиёда бора қолайлик.
— Ҳа-я, эсим қурсин, пиёда кетаверамиз,— деди Раъно шўх овози билан.

Чачвон остидан аста шивирлашиб, пиқ-пиқ кулишиб боришарди. Раъно ўнг томонга имлади.
— Мана бу — шифохона, бир марта томоғимга тепки келганда ўзим келганман шу ерга. Дўхтирлар ҳаммаси ўрис, ўзбекча биладиган ёлғиз битта-ю битта нўғай хотин бор экан. Ўзиям жуда билгич, машҳур дўхтир экан.

Унсин бир зум тўхтаб, шифохонага қаради.

Қизлар Қозикўчага қайрилиб, бир оз юришгандан кейин кичкина тор кўчага бурилар эканлар, дурадгорнинг эшигига қарши катта бир дарвоза олдида Зумрадга дуч келишди. У Манзура билан шу кўчадаги машҳур бойнинг қизи Гулчеҳра ва яна бир қиз билан гаплашиб турарди. Гулчеҳра лаби лабига тегмай, алланимани ҳикоя қиларди. Раъно билан Унсин юзларидан чачвонларини олишиб, қизлар билан кўришишди.
— Вой, дайди қизлар,— деди кулиб Зумрад,— ким экан булар десам, сизлар экансиз. Танишинг,— деди имлаб ёнидаги қизларга, кейин Раъно билан Унсинга ўртоқларини таништирди.— Бу қизлар Манзурахоннинг ўртоқлари: Рафиқахон билан Гулчеҳрахон,— деди.

Раъно билан Унсин эгилишиб, таъзим билан кўришишди.
— Манзурахон бизни қиз ошига айтиб келибдилар,— деди Гулчеҳра Раънога табассум билан.— Йигитнинг таърифи баланд. Қўша қаришсин. йигит қучоғи — севги ўчоғи... Базмдан қолмаймиз. Эртага бораверамиз.

Қизлар кулиб юборишди, Манзура қизариб, тескари ўгирилди.
— Келин пошшанинг сояси жуда юпқа, тил тегизманглар унга. Юринглар, қўшни қизларнинг олдига олиб кирай, ниҳоятда камтар, хушчақчақ қизлар, копток ўйнаб чиқамиз,— деди Манзурага Гулчеҳра.
— Юринглар, биз ҳам пистачи ўртоқларимизнинг олдига келяпмиз,— деди Раъно қизларга.

Қизлар қаршида, чап қўлда қийшайиб турган омонатгина тор эшикка киришди. Ҳақиқатан, бешта қиз, сердарахт, тангадай офтоб тушмаган салқин ҳовлида чир-чир айланишиб копток ўйнар эдилар. Қизлар жундан ясалиб, ранг-баранг ипаклар билан тўрланган коптокни навбатма-навбат ерга гуп-гуп уришиб, чир-чир айланишарди. Яна битта кичкина резинка коптоклари ҳам бор экан. Дугоналарини кўриб қизлар ўйинни дарҳол тўхтатишди-да, қучоқ очиб кўриша кетишди.

Дурадгорнинг иккинчи қизи, маҳмадона, гапга чечан, бир сўзлаб, ўн куладиган Бахмал бирпасда гапга тушиб кетди:
— Иши йўқнинг оши йўқ, ишламаган тишламас, дейдилар. Оч қолмасликнинг иложи шу деб кеча-кундуз мижжа қоқмай, писта чақиб берамиз. Пули қурсин, меҳнатига арзимайди, лекин начора! Бирпасгина қўлимизнинг чигилини ёзиш учун копток ўйнаяпмиз.

Қизларнинг каттаси — Сулув, истараси иссиққина, ақлли, оғир, жафокаш қиз — Раъно билан Унсиннинг кириб келганидан севиниб кетди.
— Аразмисан, ўртоқ, нега келмай қўйдинг? Кашталарингни ола келганларингда дардлашиб иш қилардик, беш қиз зардоб ютиб ўтирибмиз,— деди гина билан.

Гулчеҳра дарров коптокка урди ўзини. Коптокни ерга қаттиқ-қаттиқ уриб, лапанглаб айлана бошлади. У етти-саккиз айланиши биланоқ коптокни ариққа қочирди. Ҳарсиллаб копток орқасидэн югурган эди, қизлар пиқиллаб кулиб юборишди. Гулчеҳра қовоғини осилтириб бир ўқрайди-да, коптокни жаҳл билан ўртага отди.
— Ҳиринглашмай ўла қолларинг, айб пахта коптокда, шуям коптокми?—деди у кибр билан ва ўзини сояга олиб, қизларга бир-бир назар солди.— Пичир-пичир нимаси, эчкининг думини чайнаяпсанларми?
— Кулмай ўлайликми, ўйнагандан кейин кулишади-да, ўртоқ,— деди Бахмал қошини чимириб.— Тушинг, сиз, Раънохон опа, жудаям копток ўйинга устасиз, жоним тасаддуқ сизга.
— Қайдам, эсимдан ҳам чиқиб кетган шекилли, қани, кўрай-чи,— деб Раъно коптокни ерга бир урган эди, осмонга сапчиди. Қайта-қайта бўй баробар отилди копток; Раъно, гўё ҳавода учгандай, чир-чир айланар, оёқлари ерга сира тегмаётгандай, завқ билан, мароқ билан берилиб ўйнар эди. Қизлар ҳаммаси, нафасларини ичларига ютиб, чурқ этмай, санаб туришди. Раъно ўттиз олти марта айланган эдики, копток четга қочди. Қизлар навбатлашиб, зўр иштиёқ билан узоқ ўйнадилар. Бировлари даврадан лаҳзада чиқди, бировлари узоқ, ҳамманинг ҳавасини келтириб, чиройли ўйнади.

Раъно Зумрадни дурадгорнинг қизлари билан яхшилаб таништириб қўйди. Қизлар дам ўтмай қалин ўртоқ бўлиб олишди, бир-бирларига юракларини очишиб, у ёқ-бу ёқдан бир оз дардлашиб ҳам олишди.
— Тирикчилик қуриб кетсин, бир он тиним йўқ, нуқул дўкондорларнинг пистасини чақамиз. Шунақа жонга тегди-ки, асти қўйинг...— зорланди дурадгорнинг тўртинчи қизи Қандолат.
— Зумрад, юр энди, ҳали қиз ошига айтадиган ўртоқларимиз кўп. Бирам эзмасан-эй,— деди қистаб Манзура.
— Манзурахонникига қиз ошига. боринглар-а, қизлар,— деди Зумрад ёқимли жилмайиб, кейин Унсиннинг қулоғига шивирлади:—Эрта-индин бир кириб чиқаман сизларникига.

Раъно билан Унсин опа-сингилларга қўшилиб, дугоналарини кузатиш учун кўчага чиқишди. Атласларга бурканган, пардози жойида Гулчеҳра кеккайганича, мағрур юриб дарвозасига кириб кетди. Раъно, Унсин опа-сингиллар билан ҳовлига қайтиб киришди. Қизлар кичик болғачалар билан писта чақишга ўтиришди. Иш орасида ўтган-кетган ҳар хил қизиқ воқеаларни эслаб кулишиб ўтиришди. Унсиннинг ҳам кўнгли анча ёзилди, руҳи кўтарилиб, ҳазил-мутойибага аралашиб кетди. У ҳали турмушнинг оғирлигидан сўзлар, ҳали бойлар ҳаёти билан чоғиштирар эди.
— Тўғрисини айтганда, бойлар ўта ноинсоф, бағритош одамлар. Мана, машҳур пахтачи Мирзакаримбойни олинг, менинг тоғам бўлади. Эшигида бир оз турдим, ичганим ювинди бўлди, юмуш ўлгур кун ҳам, тун ҳам сира битмасди.
— Тўғри-тўғри,— маъқуллашди қизлар,— жамики бойлар золим.
— Ҳа-я, шундай оламга донғи кетган бой тоғасиникидан зиғирдай наф кўрмади-я, ундан бир ёт камбағал косиб чолникини афзал кўрди ўртоғим,— деди Раъно қизларга тушунтириб.

Қизлар тинмай писта чақар, қўллари қўлларига тегмас эди. Шу тарзда гоҳ турмушнинг аччиқ-чучугидан зорланишиб, гоҳ ҳазил-мутойиба билан узоқ гаплашиб ўтиришди.
— Хайр, ўртоқжонлар,— деди ўрнидан қўзғалиб Раъно.— Биз томонга ҳам боринглар, ўйнаб келасизлар.
— Борамиз, ўртоқжон, бир ҳордиқ чиқариб келамиз,— жавоб берди лаби лабига тегмай Бахмал қақилдоқ.

Унсин Раъно билан хайрлашиб, ҳовлига кирганда чолу кампирлар авжи жангда эди. Бир-бирларига аччиқ кесатишиб, ҳақоратларни ёғдириб туришган эди.
— Ер ютгур чолнинг хархашасидан ўлар бўлсам ўлиб бўлдим. Эсиз умрим-а, ғам-ғусса билан адо бўлди,— деди кампир муштини ерга уриб.

Чол Унсинни кўриб, кампирини койиб берди.
— Бўлди энди, овозингни ўчир. Киримни ювмасанг қўя қол, ўзим ҳам юваман. Даф бўл-э! Қўшниларникидан бери келмайди, шум кампир. Мана, қизим бор, бир оғиз айтсам, сўзимни икки қилмай ювади киримни.

Можаронинг сабабини тушунмай турган Унсин, чолнинг кейинги гапидан ўзига келиб, кулиб юборди.
— Уят бўлади-я, қўшнилар эшитса нима дейди, бас, буважон. Ундан кўра мана бу гапни эшитинг,— деди у бошидан паранжисини олиб тахларкан.— Йўлчи акамнинг чўнтагидаги хатни ўқиб берадиган одам топдик. Раъноларникида турадиган Валя опам ўқиб берди. Хатни Петров деган амаким Васильев деган кишига ёзган экан. Хатнинг орқасида турадиган жойи ёзилган экан. уйини адашиб-адашиб бўлсаям, топиб бордик. Бирам хушфеъл одам экан-ки... Йўлчи акамни биларкан, эшитган экан, ҳаммасини гапириб берди. Петров амакимни сўрадим. «Самарқандда, яқинда келади, хабар олиб тур», деди. Ота, гап кўп, бафуржа гапириб бераман,— деди Унсин ва ошхонага югурди, енгларини шимариб овқатга уриниб кетди. Қиз хурсанд, вақти хуш, ҳаяжонли эди.

Чол хархашани унутди, айвон лабига ўтириб, бошини икки қўли орасига олган ҳолда хаёлга чўмди: аччиқ-чучук воқеалар хотирасига берилди. Чолнинг кўз олдига кулимсираб турган барваста қомат, шижоатли Йўлчи келди-да, тағин паришон фикрлар бўронида йўқ бўлди...

Ўн Учинчи Боб

I

Завод ёнбошидаги салқин чойхонада Жумабой билан Шермат чой ичиб ўтиришибди.

Завод дарвозасидан ўзбек, тожик, рус ишчилари кириб-чиқиб туришибди.

Жумабой кичкина патнисдаги бурдаланган нондан еб, устидан тез-тез чой ҳўплаб қўярди. У заводда тузилган тўгаракда иш фаол кетаётганини, ўзи ҳам унга аъзо бўлганини, анча нарсага ақли етадиган бўлиб, кўзи очилиб қолганини Шерматга мамнуният билан ҳикоя қиларди.
— Майли, кирганинг маъқул, эҳтимол фойдаси бўлар,— дсди Шермат чой ҳўплаб.
— Сен ҳам кир,— деди атрофга бир аланглаб олгач Жумабой, овозини пасайтириб.— Мундоғ назар солсам, анча гаплар бор экану бехабар, ғафлатда юрган эканмиз. Кўкрагимиз кўр-да, кўр!—Нимадандир гумонсирагандай кўча томонга яна бир қараб олгач, сўзида давом этди:— Шуни яхши фаҳмладимки, биродар, мастеровойлар билан ишчилар сафининг олдида юриш керак экан. Ишчилар, тузумни ағдар-тўнтар қиламиз, дейди. Бу, биласанми, нима деган гап? Саидаҳмадга ўхшаганларни деворнинг тагига бостириб, барча ишга ўзимиз бош бўламиз, дегани. Яъни, ким меҳнат қилса — у хўжайин, гапнинг пўскалласи шу. Ишнинг бутун жилови советда бўлармиш, тушундингми, дўстим. Совет — халқнинг ғамхўри, бутун хатти-ҳаракати фақат халқ манфаатини кўзлаш экан. Совет деган сўзни бизнинг тилда шўро дер эканлар,— деди Жумабой уқтириб.— Сен ҳам кир бизнинг қаторга, дўстим, зеҳнинг баланд, кўп нарсаларни тушуниб оласан. Саидаҳмадхон, Эшонхонларнинг гапига кира кўрма, улар бўри, зинҳор ишонма!

Ўйга толган Шермат Жумабой бўшатган пиёлага чой қуйиб узатди.
— Бойларнинг бўрилигини ўзим ҳам биламан, лекин мен мусулмон фарзандиман. Ўрисларга қўшилиб, ўзимизнинг мусулмонларга ҳадик солиб юришим яхши бўлмас, деб андиша қиламан. Кўраман-да, шоширма-чи.

Жумабойнинг қовоғи солинган эди, у ихтиёринг, дегандек, елкасини қисиб қўйди. Шу пайт заводдан мастер Аркадий Петрович чиқиб келаверди. У Жумабойни узоқдан кўрган эди.
— Салом, ишлар қалай!—сўради Жумабой қўл узатиб.
— Тузук,— деб жавоб берди мастер ва Шермат билан кўриша туриб, Жумабойга деди.— Юр мен билан. Александр боғида мажлис бор.— Қўлидаги ўралган махоркани тутатиб, устма-уст тортди, Шерматга нимадир демоқчи бўлди-ю, лекин индамади.

Жумабой чўнтагини ковлаштириб, патнисга чақа ташлагач, ўрнидан туриб Аркадий Петровичга эргашди. Улар заводдан тинмай чиқаётган ишчилар тўдасига қўшилиб кетдилар.

Шермат ёлғиз қолиб, Жумабой айтган гапларни бир-бир хаёлидан ўтказди. «Саидаҳмадбойнинг зулми, ноинсофлиги ҳаддидан ошяпти, ишчилар норози,— деб ўйларди у.— Савдо-сотиқни йўлга қўйишни яхши билади-ю, ишчиларини рози қилишни нега билмас экан-а? Ё дунёнинг ўзи шунақа қурилганми?»

Шермат шундай хаёллар билан ўрнидан энди қўзғалган эди, завод ҳовлисидан йўрғалаб Эшонхон чиқиб қолди,
— Ҳа, Шермат ака, уйгами?— сўради у.
— Каллам шишиб ўтирибман шу топда,— жавоб берди дилгирлик билан Шермат.
— Э-э, беҳуда ташвишлар билан бош қотирманг, юринг, менга йўлдош бўлинг. Эски шаҳардан бир ҳовли кўрамиз,— деди Эшонхон сирли жилмайиб.
— Ҳовли савдо қиласизми? Ўзингизгами?
— Бе-э, бизга чикора! Бойга-да, бойга оляпмиз. Биз ҳам сизга ўхшаган бир хизматкор. Лекин мен ихлос билан хизмат қиламан. Ҳар ким меҳнатдан топади, меҳнатсиз иш битмас, ака! Лекин садоқат лозим, бу гапимни мендан катта бўлсангиз ҳам кўкрагингизга жо қилинг, маъноси катта,— деди Эшонхон ғурур билан.

У бугун ҳаддан ташқари сергап эди. Шермат бўлса онда-сонда бир сўз қотиб, жим борарди. Улар трамвайга тушиб, эски шаҳар томон йўл олдилар.

Трамвайда одам сийрак эди. Вагоннинг олдироғига бориб ўтиришгач, Эшонхон ҳамёнини чиқариб узоқ титкилади. У тезда майда тополмади. Қоғоз пулни майдалагиси келмаётганини сезган Шермат, кулимсиради:
— Мулла йигит, чақанинг чиқиши қийин бўляпти, бизники яқинроқда, мен ола қолай.

Эшонхон Шерматнинг гапидаги кинояни сезган бўлса ҳам индамади. Ҳамёнидан ярим танга чиқариб паттачига узатди.

Энди иккови ҳам чурқ этмасдан ўз хаёлларига банд, сукутда ўтирарди. Дарҳақиқат, икковининг ҳам иши осон амас. Шермат уззукун тинмай ишлайди, қанор-қанор пахтани ташийди. Эшонхоннинг зиммасида минг турли иш, бойнинг буйруқларини бажо келтирнш учун ҳали эски шаҳарга, ҳали янги шаҳарга қатнайди.

Ўрдага етганларида дув этиб бир тўда ўспиринлар чиқишди. Барчаси ёш йигитчалар, устларида олди очиқ оқ кўйлак, белларида қўш-қўш шоҳи қийиқ, кимда олача, кимда беқасам тўн, бошларида олифта чаманда-гул дўппи. Барчасининг руҳи кўтаринки, хушчақчақ, шод...
— Ўй-хаёлларига ғарқ бўлиб ўтирган Эшонхоннинг чеҳраси очилиб кетди:
— Эҳе-э, кайфлар жойида-ку,— деди у йигитларга қараб.

Йигитлар Эшонхон билан кўришишгач, вагоннинг бир бошига ғуж бўлиб ўтириб олдилар.
— Кайф ёмон эмас, қиттай пивохўрлик қилдик,— деди Эшонхонга яқин ўтирган чапанироқ бир йигит.— Тағин қаёққа кетяпсиз, Эшон ака, қаерга борсак оёғимизнинг тагидан чиқасиз-а?!

Йигитлар гурр этиб кулиб юборишди.
— Ҳа, хумпарлар, ҳамиша дон еган хўроздай қизариб юрасанлар, кайфларинг тарақ, мен шўрлик бомдоддан қоқ ярим кечагача юмушдан бўшамайман,— деди у кўзларини айёрона ўйнатиб.
— Ҳа, сен чайирсан, ишдан ўлмайсан, ўрисчаниям сувдай биласан. Хўжайинингнинг ҳамёнига тўққиз сўлкавой тушса, бир сўлкавой сеникига тушяпти. Нолима, дўстим,— деди бир йигит.
— Ия! Шундай дегин. Пулни қаерга тахлаяпсан, оғайни? Мўндига жойлаяпсанми, банкада асраяпсанмн?— сўради йигитлардан яна бири.

Бири у деди, бири бу деди, хуллас, Эшонхонни хўп айлантиришди.
— Пошшо юмалади, лекин шуниси таажжубки, бойларнинг ошиғи ҳануз олчи,— деди бир йигит жиддий.
— Ҳой падари қусур,— деди Эшонхон йигитни туртиб,—сен ҳали фақирмисан?! Бўзчи тиқ-тиқ этар, кўнчи пулни сузар. Бозорнинг пули сенда-ку.

Йигитлар яна қаҳ-қаҳ уришди.
— Юр, жўра, такяга борайлик, қулинг ўргилсин қовурма палов қиламиз,— деди бир йигит, кейин овозини пасайтириб шивирлади.— Бир нафас ошиқ отамиз. Қўлинг баланд келса—яна мўндига жойлайсан.

«Юр-юр!» деб қисташди бошқа йигитлар ҳам. Эшонхон рози бўлмади.
— Зарур ишим бор, жўралар, ишим битса, орқаларингдан етиб бораман. Узр.
— Кутамиз, ишингни бажо қилиб келавер!— деди яна бояги йигит.

Йигитлар Баландмачитда тушиб қолишди. Эшонхон чўнтагидан папирос олиб тутатди. Шерматга ҳам тутди.
— Чекинг!

Шермат индамади, фақат бошини чайқаб рад этди.
— Бу йигитлар ҳаммаси чапани, бизнинг маҳалламиздан. Бири кўнчи, бири косиб, бири қулупнайфуруш, аммо буларнинг асосий касби қиморбозлик,— деб Шерматга тушунтириб борарди.— Ютса — бой, ютқазса— қип-яланғоч гадой-да. Ниҳоят шўх, юлдузни бенарвон урадиган йигитлар.

Шермат ўз хаёллари билан банд, Эшонхоннинг гапларини лоқайд тингларди.

Эшонхоннинг эса бугун кайфи чоғ, гапни узгиси келмасди. „
— Бой ака яхши, баҳоси йўқ одам. Аммо шу кунлари ишчилардан жиндай хафа. Рус мастерларнинг сўзи билан бир гуруҳ ишчилар бош кўтариб қолишди. Э-э, аллақандай талаблар билан киришяпти бойнинг олдига. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, қўлларидан нима келарди дейсиз? Агар бебошлик қилаверадиган бўлишса, секин кавушларини тўғрилаймиз-қўямиз. Ишсизларнинг ҳисоби йўқ. Бир мўйлов қилсам, бир подани йиғиб оламан. Оға, огоҳ бўлинг, гап шундоқ!

Шермат ердан кўз узмай борарди, зимдан Эшонхонга қаради:
— Мулла йигит, йўл узоқми?— сўради у.
— Анча бор, Ўғри кўчадан ўтсак, етдик деяверинг.

Тегирмонни босиб ўтиб, яна сал юрилгач, бир-икки тор кўчадан айланиб, кичкинагина дарвоза олдида тўхтадилар. Эшонхон дарвоза ҳалқасини секин шиқирлатди.
— Жуда пастқам жой экан, зоғ кўринмайди-я!— деди Шермат атрофга аланглаб.
— Бизга худди шунақаси керак, ака,— деди Эшонхон сирли шивирлаб.

Шермат Эшонхон нима демоқчи эканини тушунмаган бўлса ҳам индамади.

Эшик оҳистагина қия очилди: устида пишиқ кийим-бош, мўйлови олифта буралган, қирқ беш ёшлар чамасидаги бир киши пайдо бўлди. У келганлар билан кўришгач, дарвозанинг бир тавақасини кенг очди:
— Қани, марҳамат, киринглар, кўринглар,— деди ичкарига даъват этиб.

Ҳовлида хотинлар, катта-кичик болалар кўп эди: ёт кишиларнинг узоқдан шарпасини билган ҳамон ўзларини ошхонага олишди.
— Кўринг, бойга маъқул бўлса, биз тайёр,— деди ҳовли эгаси асабийроқ товуш билан.

Эшонхон дарров ҳовлининг тўрт томонига кўз югуртириб олди-да, гапни иморат устига тақади. Тўрда икки хона ва бир даҳлиз, кенг айвонли, тунука томли янги иморат эди.

Шермат дарахтлари саралаб терилган, беками-кўст бу боғ-ҳовлини ҳам завқ билан томоша қилар, ҳам бу оиланинг бошига қандай фалокат келган экан, деб ичдан ачинар, ҳовлининг қоқ ўртасида кўм-кўк дарахтлар остида милдир-милдир оқиб ётган сув бўйида нари-бери юриб турар эди.
— Уй янги, атиги олти йил бўлди солганимга. Ноиложликдан сотяпман,— деди уй эгаси.

Шу пайт оппоқ сочли бир кекса аёл ошхонадан бошини чиқариб, ҳўнграб йиғлаб юборди. У йиғи аралаш ўғлини қарғар эди:
— Ҳамма балони ўзинг бошладинг, ўғлимни тўй қиламан деб, бизни шу кунларга гирифтор қилдинг. Уч кун ош берибди-я! Кўрпангга қараб оёқ узатсанг бўлмасмиди, болам? Тўрт даҳадан казо-казоларни чорладинг, карнай-сурнай, базм... Буларнинг ўзи бўлармиди?! Оқсоқол жувонмарг ўргатган сенга бу номаъқулчиликни! «Мен сендан қоламанми» деган дандонбозликнинг оқибати шу...— йиғлаб-йиғлаб гапирарди кампир.

Ўз ёғига ўзи қоврилиб турган эркак онасининг даккисидан кейин баттар тутақиб кетди:
— Бас қилинг, она, ишингиз бўлмасин!

Кампир бир зум жим бўлиб, сўнг яна йиғлай бошлади, ўғлидан, тақдирдан шикоят қиларди.

Эшонхон она-бола ўртасида бўлиб ўтган можарони эламади. Шерматнинг эса юраги туздай ачишиб кетди. Туриб-туриб: «Ҳар хонадонда бир кулфат...»— деб қўйди ўзига ўзи.

Эшонхон бемалол айланиб хоналарни, ҳовлининг бурчак-бурчакларигача кўздан кечирди, кейин ҳовлинннг сатҳини чамалади: икки таноб келар.
— Қайдам...— деди у қувгина кўзларини қисиброқ.— Боғ чакки эмас, аммо бой отанинг жуда диди баланд-да, иморат ёқармикан,— деди гўё маслаҳат ташлагандай Шерматга мурожаат қилиб. Сўнг уй эгасига қаради.

Ҳовли эгаси бошини қуйи солган ҳолда асабий қадамлар билан у ёқдан-бу ёққа юриб турарди.
— Иморат жуда пишиқ,— деди уй эгаси Эшонхоннинг олдида тўхтаб,— бойга бешак ёқади. Кўп кутишга фурсат йўқ, тезроқ пуллайман-да, Ғишкўприкка, жиянларимникига кўчиб бораман.
— Эрта ё индинга келаман, хайр,— деди Эшонхон дарвоза томон юриб.— Нархини ҳам эшитсак бўларди?

Ҳовли эгаси ердан бошини кўтармади. Эшонхонга қарамай жавоб қилди:
— Нархиям жойига яраша бўлади-да. Маҳалланинг элликбошиси бор, шу киши битиради ишни...

Эшонхон ва Шермат ҳовли эгаси билан хайрлашгач, тез чиқиб кетдилар.
— Кампирга юрагим ачишди, ота-бобомдан қолган мерос, деб йиғлайди-я. Кампирнинг орқасида турган келин бояқишга ҳам кўзим тушди, қанотсиз қушдай беҳуш кўринди. Беш-олти яшар болани кўрдингизми, мулла йигит, кийикдай сакраб юрибди, келган балодан бехабар. Ана фалакнинг гардиши!..— деди Шермат бошини чайқаб.
— Э-э, ажаб гапирасиз, ҳануз гумроҳ экансиз. Бундай воқеаларни мен кўп кўрганман. Кеча — бой, бугун — бўйнида гадой тўрва,— жавоб берди Эшонхон, ҳамон хомуш келаётган Шерматга қараб, Шермат индамади.
— Ҳа айтгандай, тағин бир гап бор, ака,— деди Эшонхон Шерматга қараб.— Энди бизга бир кампир керак бўлади. Ёши қирқ-элликларда бўлса ҳам эпчил, озода, пазанда бўлса, тушундингизми? Яна бир шарти шуки якка бош бўлсин. Чурвақалари бўлса, бизга тўғри келмайди.

Шермат ҳайратдан кўзларини катта очиб Эшонхонга қаради.
— Аёл нимага керак, тушунтиринг-чи? Эшонхон Шерматнинг соддалигидан кулди:
— Шунча ёшга кирган бўлсангиз ҳам, ғўр экансиз-ку, тавба? Бой ака меҳмондўст. Кўнғиллари — тўралар, бойваччалар, эҳтимолки, баъзан хуфия базмни хоҳлаб қолади... Бу уй ана шунақа хилват меҳмонхона бўлади,— шивирлади Эшонхон айёрона жилмайиб.
— Ё олло!— деди Шермат ёқасини ушлаб.— Ҳали дунёда мундоқ гаплар ҳам бор денг?
— Кўнгилнинг бир кўчаси-да, ака! Топинг, бир кекса аёлни, ширин сўз, уддабурон, лекин оғзи маҳкам бўлсин.

Шермат икки қўлини орқасига қилиб, қовоғи солиқ борарди. У зангинларнинг бузуқ сафоси, ифлос кирдикори ҳақида ўйларди.

Эшонхон хўмрайди, лабидаги папиросини олиб четга улоқтирди:
— Айнидим сиздан, ака, оқ-қоранинг фарқига бормас экансиз. Мен бўлсам сизни фаросатли йигит деб эргаштириб юрибман-а. Гўшкуйди сомсаларни иликдай лазиз, ҳолвадай ширин пиширадиган, зийракликда бу иқлимда мисли йўқ, идроки баланд бир аёлни топаман ўзим,— деди қатъият билан.

Шермат истеҳзоли кулди: «Чакки қилдим, ҳар қандай фалокатни бошимга ағдаришдан тоймайди бу шум йигит», деди ичида у.
— Маъқул,— деди у Эшонхонга қараб.— Бир аёл бор, эллик беш ёшларда, пазандаликда оламга донғи кетган, истараси иссиққина, озода, хушмуомала, ўзи ҳам ёлғизгина — сўққа бош. Юринг, хўжайин, олиб борай, ўзингиз гаплашинг.

Эшонхон Шерматдан хурсанд бўлиб кетди:
— Балли, мана энди ўзингизга келдингиз. Мана бу йигит кишининг иши! Аввало ҳовли масаласини бир ёқлик қилайлик, кейин кампирни ўзингиз бошлаб келарсиз, пича сабр лозим,— деди у Шерматнинг елкасига қоқиб.

Баландмачитга етганда булар айрилдилар. Эшонхон янги шаҳарга, Шермат Хадра томонга, ҳовлисига йўл олди.

Ўн Тўртинчи Боб

I

Зумрад қалин, узун сочини қунт билан тарагач, пешана ва чаккаларидаги жингалакларини ойна қаршисида ўтириб тартибга солди-да, ювилган кўйлагини кийиб айвонга чиқди. Бугун у жуда хурсанд, чеҳраси очиқ эди. Нонуштага қушдай енгил келиб ўтирди.

Чол ва кампир тирикчилик икир-чикирлари устида ғижиллашиб ўтирардилар.
— Бу нимаси, ҳар кун хархаша, бежанжал кун ўтмайдими, уят-ку ахир,— деб уларни босиб қўйди Зумрад.
— Бугун чоршанба бозор,— деди у онасига.— Эски-жўвага бораман-да, жиякларни пуллайман. Кейин гулдор фаранг читдан кўйлаклик оламан. Янги нусха чиққан ойи, биласизми?

Кампирнинг энсаси қотган эди, силтаб ташлади:
— Тек ўтир, бозорга ўзим бораман. Унақа юримсак бўлма, тентираш қизларга ярашмайди. Йиғиб бер менга жиякларингни,— деди кампир юзига фотиҳа тортиб.
— Ойижон, ўзим сиздан ўргилай!— деди онасига ялиниб, эркаланиб қиз.— Лаҳзада сотаман-у келаман, бозор тўла мендақа қизлар, нима бўлибди мен ҳам борсам? Ҳаялламай қайтаман. Сиз менга керак читни билмайсиз, ўзим ёқадиганини танлаб оламан.

Момосулув жаҳлдан тушди. Қизининг бугун хурсандлигини кўриб, она қалби бир оз юмшаган эди. Эридан бой совчи юборганини биринчи дафъа эшитганида, ёлғиз қизини қўш кундош устига беришдан заҳраси учиб, розилик бермаган эди. Бироқ, дукчининг бой ҳақидаги ҳар кунги гаплари, турмушнинг танглигидан шикоятини эшитавериб, қизим кўҳликкина, кўзга яқин, зора бойга сўзи ўтадиган эрка хотин бўлса, деб розилик бера қолган эди. Сўнгги кунларда хафақонлиги ошган, ота-она раъйига юрмаётгани учун қизини койиб қўйса ҳам, кўндиришга уриниб насиҳат қилса ҳам, бари бир ўзи хурсанд эмас эди. Уззукун ёлғизгина қизимни ўз қўлим билан қандай жаҳаннамга ташлайман, деб ўйлагани ўйлаган ҳатто шуни ўйлаб, тунлари ҳам уйқуси қочиб кетар эди. Она қизининг кайфиятидаги ўзгаришни кўриб, унинг қуёшда чўмилгандай ёруғ юзига боқиб мулойимлашди:
— Майли, бора қол, қизим,— деди.— Пулнинг ярмига турлаб ипак ол, қолганини сарфлама, читингни кейин оларсан, ров изингга қайт.
— Хўп, ойижон, мен дарров бориб келаман,— деди Зумрад севиниб. Жиякларни бир дока рўмолга тугиб қўйнига тиқди-да, эски паранжисини бошига илиб, кўчага югурди.

Баҳорнинг роҳатбахш шабадаси кўнгилларга ҳузур бағишлайди... Кўм-кўк осмон узра узоқдаги чўққиларда оппоқ қор чақнаган тоғлардан гала-гала оқ булутлар карвони кўркам сузади.

Зумрад югура-югура ҳаллослаганича лаҳзада Эскижўвага етиб келди. Бозорда одам қалин, кампирлар кўп, қизлар, жувонлар ҳам оз эмас. Жияк, дўппи ҳаддан зиёд сероб, дўппиларнинг нусхаси, хили кўп. Арзон, деҳқонбоп сатин дўппилардан тортиб, бойваччалар киядиган такдўзи, чамандагул, сидирға сипоҳ дўппиларга қадар ҳаммаси бор. Ғувур-ғувур — бозор ғавғоси, сотувчилар билан харидорлар ўртасидаги жаллобларнинг «ҳа баракалла»си, шовқин қулоқни битирарди.

II

Зумрад жиякларини пешинга яқин пуллаб бўлди. Чақа ва тангаларни нимчасининг ички чўнтагига жойлаб кўнгли тинчигач, дўппи бозордан чиқди. Юк ортилган аравалар, эшаклар, қўлларини чўзиб турган тиланчилар, сават-сават нон кўтариб югурган болалар, Машраб ғазалларини ўқиб «Ё ҳу!» дея бақириб кетаётган қаландарлар тўла кўчани оралаб бораётган Зумрад таққа тўхтади. Қизнинг рўбарўсидан Умарали чиқиб қолган эди. Зумрад ўзини секин четга олди, юраги гурс-гурс уриб кетган эди. Зумрад қочишни мўлжаллаган эди, аммо уни узоқданоқ пайқаб қолган Умарали йўлини тўсди.
— Ассалом, яхшимисиз?— сўрашди Умарали секин, ўзига хос мулойим товуш билан.

Зумрад уялибгина билинар-билинмас қаддини эгиб, жавоб қайтарди.

Умарали ҳам бу учрашувнинг қувончидан, ҳаяжонидан қизариб кетган эди. У овозини пасайтириб шивирлади:
— Дарров танидим, бир онда... Узоқдан паранжингиз кўзимга ўтдай кўринди, ёд бўлиб қолган... Ҳамиша кўз ўнгимдасиз...
— Шундайми?..— деди Зумрад, унинг нозик табассуми товушидан билинарди.— Ҳазилни яхши кўрасиз...
— Ният холис экан, алҳамдулилло, мана учратдим.
— Қўйинг-э, бунақа гапларни...— деди Зумрад нозли товуш билан.— Аттордан ипак олгани кетаётувдим...
— Ҳамроҳ бўлай сизга?— журъатсизгина сўради Умарали.

Қиз олдинда, йигит бир қадам орқада борар эди. Атторликка етганда Зумрад тўхтади.
— Муюлишда кутиб туринг,— шивирлади у. Умарали кулимсираб, оҳиста бошини қимирлатди, қиз имлаб кўрсатган бурчак томон юриб кетди.

Зумрад ҳар вақт ипак харид қиладиган дўкони олдида тўхтади. Қаригина, жиккак, мулойим кишига одоб билан салом бергач:
— Савдолар яхшими?— деб сўради. Чол ҳам хушмуомалалик билан:
— Келинг-келинг, ой қизим, кампир саломатмилар?— деб қуюқ сўрашди.— Хизмат?—дея дарҳол жилоланиб турган ранг-баранг ипакларни саралашга киришди.
— Икки сўмга хиллаб ипак беринг,— деди Зумрад пулни узатиб.

Чол турли рангдаги калава-калава ипакларни тарозида тортар экан, бир нафас жағи тинмади. Ё ўтган-кетган, эшитган гапларини сўзлар, ё Зумрадга турли саволлар ёғдирар, эзмаланар эди.

Юраги така-пука, шошиб турган Зумрад ипакларни қўлига олган ҳамон гўё қанот пайдо қилгандай, Умарали томон учди.

Икковлари бозордан чиқиб Жанггоҳдан ўтгач, сув ёқалаб кетдилар ва кимсасиз тор кўчага киргандан сўнг бир пана жой топиб, ўтирдилар.

Зумрад чачвонини гоҳ қия очар, гоҳ ёпиб гаплашар эди. У чачвони тагидан йигитга тўйиб-тўйиб қараб оларди. Барваста қомат, нурли кенг пешана, тим қора пайваста қошлар, ҳамиша кулимсираб турадиган маъноли кўзлар... Ўзига ярашган мўйлов... «Афсуски фақир...— кўнглидан ўтказди Зумрад, йигитнинг бошидан оёғигача разм солиб.— Бахтим фақат шу йигитда!» деган қатъий қарорга келди у.

Умарали аста-аста, бироқ ҳарорат билан сўзларди:
— Зумрадхон, инқилоб машъалдай ярқираб келди ватанимизга... Ҳуррият келди-ю, аммо ғариб, фақир халқимиз ҳануз ғурбатда... Буржуйлар, кенаслар, тўқлар жиловни қўлга олди. Туркистон диёрининг аҳолиси ялписига оми, шу сабаб ғафлат уйқусида. Боёнларимиз ўз ҳамёнлари ғамида, уламолар динни қалқон қиладилар, аммо чақа кўрсалар, ўзларини томдан ташлайдилар. Жадидлар бойларнинг парвонаси. Аввало бой болалари ўқисин, халққа навбат кейин келади, дейди улар.
— Жадид деганингиз кимлар бўлади?— сўради жиддийлик билан Зумрад.
— Бу сўз арабча, Зумрадхон,— жавоб берди Умарали.— Айнан маъноси — янги усул демакдир. Янги усулдаги одамлар жадидлар дейилади, янги усулдаги мактаблар жадид мактаблар дейилади.
— Ҳм-м, шундайми,— деди ўйланиб Зумрад.— Бир марта эшитган эдим, янги мактаблар очилар эмиш, деб раҳматли отин ойимнинг заҳраси учган эди. Гапиринг-чи, эшитайлик, қулоғим сизда.
— Ўйлаб турсам, фикр этсам, оламнинг иши ниҳоят мушкул, дейман. Хаёл дарёсида оқишни севаман, ўйлаб-ўйлаб дейманки, халқ ечади-да тугунни, шундай фаҳмлайман. Омма тебранса бир онда тоғни толқон қилади. Куч-да у, нуқул куч, қудрати зўр. Қадимдан таомил шу, омма ҳал қилади ҳар бир чиғилликни. Зиёлилар оммабоп йўлни тутсалар эди, барча мушкуллар осон бўларди. Бизнинг ғофил халқимиз тарбия, маърифат талабгоридир. Хулқ-одобимизга тарбия зўр таъсир этади, тарбия не чоғлик тўғри ва яхши бўлса, хулқ ва одобимиз ҳам шунчалик гўзал бўлғуси. Баъзан татар зиёлилари билан суҳбатда бўламан, мунозара қиламиз. Мактаб ва мадрасаларнинг ислоҳоти ҳақида муноқаша юритамиз. Ўйлаб қарасам, дарҳақиқат, мадраса ниҳоят чириган, унда ёлғиз диний ва шароит қонунлари, алмисоқдан қолган қоидалар йўсинида таҳсил олиб борилади. Тошкент, ҳатто Бухоройи шариф мадрасаларида ўн беш, йигирма йиллаб таҳсил кўрган талабалар бўлади, гоҳо бири олим чиқиб қолмаса, кўпчилиги нодон қолади. Мана, саккиз йилдирки мадрасада истиқомат қиламан, арабчани мукаммал ўргандим, аммо бошқа фанлардан, илмдан маҳрумман. Туркистон диёри қуюқ зулматда: нур, зиё, шуъла йўқ... Ватанимизнинг .аҳволига назар солсам, ўпқон ва зулмат кўраман, бир тутам зиё йўқки, кўнгилни равшан қилса. Мана, ўрис тилини мутлақ билмаймиз, аммо маърифатимиз, маданиятимиз учун бу ғоят зўр зарурият.
— Тўғри айтасиэ,— унинг сўзини бўлди Зумрад,— мен «кизимка», «маржа»дан бошқа сўз билмайман. Гапиринг, мулла ака, сиз гапни узмасангиз, мен фақат эшитсам.

Умарали табассум қилди.
— Аллақандай гаплар билан сизни зериктирдимми деган андишадаман,— деди Зумрадга чачвон орқали термилиб, сўнг тағин сўзлай бошлади. Ҳаётнинг гўё бир денгиз каби тўлқинда тургани, Россиядаги инқилоб бўрони, бунинг мавжи садоси бу ерларга ҳам етганлиги, рус ишчиларининг талаби, мусулмон меҳнаткашлари орасида ҳам турли ташкилотлар, жамиятлар барпо бўлаётганлиги ҳақида гапирди.
— Бу зулматдан, ғафлатдан, нодонликдан қутулмоқ учун эллик йилми, юз йилми керак бўлар?— деб сўраган эди Зумрад, Умарали ўрнидан туриб кетди. Туркистон ўлкаси тарихида Ибн Сино, Улуғбек, Навоий каби чақнаб учган юлдузлар ҳақида ҳарорат билан сўзлади Умарали. Лекин бир равшанлик кўрган кун, илмда, санъатда ярқираган шону шавкат хонлар зулмидан таназзулга учрагани ҳақида ёрқин мисоллар, ўткир ифодалар билан сўзлади.
— Ҳуррият мавжлари тонг шабадаси каби оромбахшдир. Шояд бахт ва иқбол умидимиз қуёшдай чақнаб кетса,— деди Умарали.
— Кошки эди...— деди енгилланиб Зумрад.— Биз каби мазлумалар ҳам маърифатдан баҳраманд бўлса.

Умаралининг фикрида, хаёлларида шу тобда бир кескин ўзгариш бўлганини дарров пайқаган эди Зумрад. Йигитнинг юзидаги қайғу кўлкасини ичдан узун бир хўрсинганини сезган эди ҳассос қиз. Оғир сукутга чўмган Умаралига чуқур муҳаббат билан, меҳр билан термилди, унинг кўзларидаги маънони, юзидаги дард мавжини қиз англаган эди.
— Ҳовлига борган эдим,— деди чуқур хўрсиниб Умарали,— синглим сизнинг ҳақингизда бир машъум хабарни айтди, бутун вужудим ўт бўлиб тутаб кетди. Зўрға ҳужрамга қайтдим. Кечаси билан кўзларимга уйқу қўнмади...— Умарали қуйи солинган бошини кўтарди, умид ва орзулари чил-чил бўлгандай дард билан боқди қизга.— Ростми шу гаплар?..— сўради ғайри табиий товуш билан аламдан эзилган ҳолда.— Бойгами?.. Бўладими?..

Зумрад бир оздан сўнг чачвонини қия очди:
— Ҳа, бу гаплар рост,— Зумрад чуқур хўрсинди.— Пули кўп бойлар қутуради, камбағалларнинг дами ичида...

Умарали оқариб кетди, аъзойи бадани ёниб, борлиғини чақмоқ ёқиб ўтгандай бўлди. Беҳуш, рангсиз лабларини аранг қимирлатиб, «Ҳмм», деди-да, кўзларини ерга тикди.

Зумраднинг раҳми келди. Нозик қалби билан яна шуни англадики, йигитнинг куюниши бежиз эмас экан.
— Мен «йўқ» деб оёғимни тираб турибман. Ўлсам ҳам бойга тегмайман, дедим. Эшонхон бўзчининг мокисидек худонинг берган куни қатнагани қатнаган. Кеча, жувонмарг, яна отамга учрашибди, бой сафарга кетяпти, четда ташвишли иши бор, шу ишини бир ёқлик қилса, тўй, депти. Сиз нима дейсиз, мулла ака?.. Нега индамайсиз?—сўради Зумрад Умаралига алам ва изтироб билан тикилиб. Умарали юрагидаги ишқини оташин сўзлар билан қиз олдига тўкди, кейин деди:
— Ҳа, биз камбағалларнинг дардимиз ичимизда. Лекин, инонинг Зумрадхон, туну кун хаёлим сизда... Ишқ девонасиман, кеча-кундуз ишқ ғамини чекаман...

Кўрдим ул хуршид ҳуснин, ихтиёрим қолмади,
Соядек бир ерда турмоққа қарорим қолмади.
Бир кун ўлмаз талъатинг кўрмак муяссар, охким,
Заррача ул кун ёнинда эътиборим қолмади.

— Яхшими? Гўзал ва чуқур маъноли назм...— узун уҳ тортиб, сўздан тўхтади Умарали.

Зумрад табассум билан жавоб берди:
— Мавлоно Фузулийнинг ғазаллари дардли дилларга малҳам. Қани мен ҳам сиз каби ҳамиша китоб ўқисам. Пешанам қурсин, кун бўйи силлам қуриб игна билан ипак чатийман...— деди қиз маъюс.— Бошимда шўрим кўп, билмадим бу фалокатдан нечук қутуламан?

Умарали пешанасини ушлаганича жим ўтирарди. У қаттиқ изтироб чекар, аммо ноиложликдан, ночорликдан талвасада, саросимада эди.
— Ишқ дарди ёмон нарса...— деди ёниб Умарали,— мен ишқингиз мубталосиман. Наҳотки бахт қўлимдан кетди!

Умаралининг бу сўзи Зумраднинг барча умидларини кўкка совуриб юборгандай туюлди. Бир зум сукутдан сўнг хўрсиниб ўрнидан турди, «Хайр, мулла ака!..» деди фақат ва тез юриб кетди. Қизнинг юзини ювиб қуйилаётган қайноқ кўз ёшларини Умарали кўрмади. Аммо «Хайр, мулла ака!..» деганида қизнинг овози аламли титраб кетганини сезди....

Ўн Бешинчи Боб

I

Шайхантаҳурнинг тор кўчаларидаги Валихонбойнинг ташқари ҳовлиси. Тахта-тахта гулзорлар ва саралаб ўтқазилган дарахтлар айланасида ғишт ётқизилган йўлкалар. Ҳовли атрофида бир-бирига туташ хоналар.

Бир тўда бойлар, уламолар, жадидлар жума намозидай чиққач, Валиҳонбойнинг кенг меҳмонхонасига йиғилганлар. Меҳмонлар турли таомлар, ноз-неъматлар тўкиб ташланган дастурхон атрофига гир айлантирилиб тўшалган духоба, атлас кўрпачаларда ўтиришибди, орқаларида момиқ ёстиқлар.

Мажлисда уламолар, ислом байроғини кўтарган шариат пешволари бисёр эди. Устларида этаклари ерга сургаладиган олабайроқ тўнлар, бошларида қозондай катта саллалар: таралган қуюқ соқоллари кўксиларини қоплаган. Булар ғурур ва кибр билан гердайиб ўтирганларига қарамай, қази-қартадан тортиб қанд-қурс, мураббога қадар, ҳаммасини ошайдилар. Бойларнинг аксарияти яғринли, бўйни йўғон, қориндор. Булар ичида фақат Саидикром нон емай озғин, жиккак, йўл-йўл читдан чопон ва эски маҳси кийган, кўриниши фақирнамо. У патирдан чимдиб, жим ўтирарди.
— Олсинлар, тақсир, яхна гўштдан тановул қилсинлар, иликдай лаззатли,— шивирлади ёнидаги бой.
— Ташаккур, мумкин бўлса чойдан узатсалар, инсонда нафс оз, қаноат зўр бўлгани маъқул,— жавоб берди Саидикромбой.

Ён-верида ўтирганлар пиқ-пиқ кулиб қўйдилар. Бириси чой узатиб сўради:
— Не гап ўтди, тақсир?
— Бошимда ташвишим кўп,— чойдан ҳўплаб, жаивоб қилди у,— Валихонбой таклиф қилдилар, азбаройи худо, кўзим қиймаганидан ишим кўплигига қарамай келишга келдим-у, кетишнинг иложини тополмай ҳалакман.

Саидикромбойнинг рубарўсида пихиллаб овқат ураётган семиз баззоз бошини кўтарди.
— Бой ота, Шўройи ислом мажлиси бу ахир, ҳали гап кўп, ислом ҳақиқатини тинглангиз; сизга, бизга тааллуқли пул масаласи бор.
— А, лаббай?— бир сапчиб тушди нон емас бой.— Пулмиш-а, бе, номаъқулчилик бу,— минғирлади асабий тусда.

Бойлар бир-бирларини туртишиб қўйдилар.

Тўрга терилган тўрт даҳанинг эътиборли уламолари сўзларига жиддият ва салмоқ бериб, саҳобалар ҳақида, шариатнинг асослари, закот масалалари, дунё ва охират устида музокара олиб борардилар.
— Уламо ҳазратлар, жавоблар!—хитоб этди ўз одатича енгил табассум билан Анвархон қори.

Мажлис аҳли сукутга толди. Мударрислар йўталишиб, бойлар кекиришиб қорига қулок, бердилар. Уламолар, мударрислар таомлардан қўл тортишмади, уларнинг таомили шунақа — еб ўтириб, тинглайверишади. Гоҳо ўзаро шивирлашиб, гоҳо бош кўтариб, хўмрайиб қараб қўядилар.

Қори секин, вазмин сўзлашга киришгаи эди, кумушдай товланган оқ банорас тўн кийган Садриддин аълам тўсатдан ўсиқ қошларини кўтарди, улар остида яширинган кўзларидан чақмоқ учди. Кейин у том лоқайдлик билан сўзлаб кетди. Бир неча бойлар, жадидлар бир-бирларини туртишиб, ивир-шивир қилишиб олдилар. Қизариб сўзини тўхтатган Анвархоннинг кўзлари ерга оғди. Садриддин аълам ҳазратнинг овози баланд, нутқи зўр: у араб, форсий сўзлар, ибораларни қориштириб салобатли гапирар эди.

У муқаддимани пайғамбар ва саҳобалардан бошлаб, ислом тариқатларига ўтди. Сўнг илм ҳақида сўзлади.
— Илм — ёлғиз оллога сиғиниш, ҳақиқат шудир, тушундингизми, қавм?—дея хитоб қилди у мажлис аҳлига.

Узоқ гапириб томоғи қақраб кетган аълам бир бойваччанинг таъзим билан туттан пиёласини қўлидан олди-да, бир йўла шимирди.

Мажлис аҳли аъламнинг нутқини ихлос билан тингларди. Гоҳ мудраб, гоҳ қулоқ осиб ўтирган Саидаҳмадхон ўрнидан туриб, мутавозелик билан аълам ҳазратнинг қўлини ўпди ва пихиллаб қайта жойига ўтириб олди.

Аълам мамнуният билан жилмайди:
— Ўғлим, давлатингиз бундан ҳам зиёда бўлсин, аммо шафқатни, кор-хайрни унутмагайсиз.

Саидаҳмадбой қуллуқ қилиб олгач, мадрасалар ва «Изоҳ» журнали бойлар ёрдамига муҳтож эканлигини айтди, аммо сўзини тезда мухтасар қилди.

Бир-икки эиёли шивирлашиб, «Бойнинг айёрлигини қаранг, гапи бу-ю, ўэи гўзал маликаларнинг қули» дея зимдан пичинг қилиб қўйдилар. Айрим зиёлилар ва жадидлар нохуш сукутда ўтирардилар.
— Жавоб ҳазрат, ақча масаласи боёнлар зиммасида бўлғуси, бир иложини қилурмиз,— оғир сукутни бузди Валихонбой.

Уламоларга жон кириб қолди, мадраса ҳақида, моддий масала хусусида тўйиб астойдил ээмаликка киришган эдилар, зиёлилардан бири хомуш ўтирган Анвархонга мурожаат этди:
— Шўройи исломнинг вазифалари ёлғиз мадрасанинг моддий жиҳати эмасдир, ўзга вазифалар-да бисёр. Қори афандим, сўзласинлар, сизни эшитайлик.
— Кетсам бўларди, зарур ишлар кўп, ижозат бергайсиз,— уй соҳибига мурожаат қилди Саидикромбой.— Аълам ҳазратнинг гапларини мамнуният билан эшитдик.
— Хасис меҳмондан қочар, деган гап бор, уят бўлади, ўтиринг, Туркистон ўлкасида ҳеч кимсанинг хазинаси сизникига тенг келмайди ахир: инсоф қилинг-да,— шивирлади Валихонбой.
— Бўлмаган гап,— оқариб кетди Саидикромбой,— оғзингизга қараб гапиринг-э, фақир бир бандамиз.
— Мошоолло!— ўз-ўзига айтгандай шивирлади Валихонбой.

Аммо Саидикромбой ўрнидан туриб кетишга журъат этолмади. Ички саросима билан лаб-лунжини осилтирган ҳолда ўтириб қола берди.

Энди чеҳраси хийлагина очилган Анвархон қори ёқимли оҳангда шошмасдан, равон гапирар эди:
— Керенский жаноблари ақли комил, ҳушёр, хусусан ҳуқуқ бобида етук, сиёсатга ўткир кимса. Шояд Туркистонга доир масалалар билан ўзлари машғул бўлурлар ва қунт билан ҳал қилурлар. Умидимиз зўр. Петербургда, Москвада, кўп жойларда, шу жумладан Тошкентда ишчилар, мастеровойлар ҳаракати бисёр авжга чиққан замондир ҳозир. Саккиз соат иш, тўла ҳуқуқ, моҳиёна жанжали ва ўзга кўп ғавғони кўтардилар. Жаноблар, олдимизда мусулмон фуқаросини, ўз меҳнат аҳлимизни тарбия қилмоқ зарурияти турур. Акс ҳолда рус ишчилари таъсирида ўз меҳнат аҳлимизнинг ҳам бебош бўлиб кетиш хавфи йўқ эмас!
— Офарин! Қори афанди айни муддаони айтдилар, шу замонда ишчиларнинг феъли бениҳоя айнаган. Саккиз соат эмиш-а, ғофилларни қаранг, кўз очиб-юмгунча ўтадиган шу фурсатда иш битадими?!—ғазаб тўлиб кетди Саидаҳмадбойнинг кўзларига.

Қори турли миллий масалалар устида тўхтаб, савдо аҳли, хусусан, Қўқон боёнлари ва зиёлилари зўр фаолият, иштиёқ ва суръат билан ишга тушганликларини, миллат ҳам истиқбол ҳақида қайғура бошлаганларини узоқ сўзлади. Қори Тошкентда ҳам уламо ҳазратлар, боёнлар, зиёлилар аҳиллик йўлидан бориб, қавмни ахлоқ, тарбия, садоқатга ўргатиш лозимлигини уқтирди. У сўзини тугатаркан, йўталиб олди-да, чой хўплади.
— Расули икром айтганларки...— деб оят билан бошлади сўзини баланд мавқели мударрислардан бири. У Қўқон билан хат-хабарлашиб турганликларини, қорининг айтганлари уламога ҳам маълум эканлигини қайд этиб, ҳаммага диққат талаб бир қараб олгач, гапида давом этди:—Подшоҳлар ҳокими мутлақ бўлиб келганлар, бу фарздир. Баъзи подшоҳлар золим, баъзи подшоҳлар Ҳорун-ар Рашид каби одил бўлурлар. Гавда бошсиз тирик эмас, халқ ҳам подшоҳсиз яшай олмайди. Табаррук авлодлар бор,— овозини пасайтирди мударрис.— Оллога сиғинамиз, шояд ҳурматга сазовор хоқон топилса, тангрим ўзи меҳрибон бўлғай.

Мажлис аҳли мударрисни оғир сукутда тинглар эди. У қуюқ соқолларини сийпаб жим бўлди.

Бир неча дақиқани ўтказиб, тағин Анвархон қори гапирди. У турли масалалар устида батафсил, шошмасдан сўзлади, ниҳоят, ақча масаласи устига келди. Яқин кунларда кенг миқссда Шўройи ислом қурултойи бўлажагини сўзлаб, бунга турли тадбирлар, тайёргарликлар кераклигини айтди.

Бойлар, гўё мум тишлагандай жим ўтирардилар.

Мудраб ўтирган Саидаҳмадбой кўзини очди.
— Қани, муҳтарам боёнлар, гапирсинлар, ҳимматлари қандай?— сўради бойларга бир-бир боқиб.
— Жаноблар, гапирсинлар!—хитоб қилди Валихонбой Саидаҳмаднинг сўзини такрорлаб.

Бойлар сукут қиларди, фақат бир-бирини туртиб, имо билан шивирлашишарди.

Бурчакда бошини қуйи солганича жим ўтирган Саидикромбойни Валихонбой оҳиста туртди. Нима гап, дегандай ялт этиб мажлис аҳлига кўз югуртирган нон емасга қараб, сизга ҳам дахли бор бу гапнинг, тингланг, дегандек жилмайди Саидаҳмадхон. Пинакка кетиб, сўнгги гапларни эшитмай қолган Саидикромбой бир лаҳза оғзини очиб анграйиб қолди. Сўнг гап нима устида кетаетганини фаҳмлади-да, бирдан оқариб кетди. Хаста товуши билан секин гапирди:
— Жаноблар, аҳли растаданман. Кичик бир дўкончам бор. Масков, Петербург фабрикантлари билан унча-мунча алоқа қилиб, иш юргизаман. Савдо йўқ, десам ёлғон бўлмас. Шундай, дўстлар, бир нав тирикчилик билан кун кечираман. Менда ҳеч вақо йўқ, иқтидорим йўқ. Тўғри, замон оғир, замон қалтис, бандаларини олло таолонинг ўзи ёрлақасин.

Барча ўтирганлар жим қолди, аммо Валихонбой жаҳлидан қизариб кетди:
— Биродар! Олтин-кумуш, гавҳар-марваридни сандиққа хўп босгансиз; нима, давлатингизни у дунёга орқалаб кетмоқчимисиз?! Хасислик ҳам эви билан-да, ҳар иш мезони билан, кори хайрдан бўйин товлашнинг шарофати йўқ!

Саидикромбой бир оқарди, бир қизарди, азбаройи бўғилиб кетганидан чурқ этишга қодир эмасди шу топда. Бирдан ўрнидан ирғиб турди-да, ёнида ўтирган Валихонбойга нафрат билан ўқрайди, кейин уламоларга қуллуқ қилиб, дағ-дағ титраганича, жағи ажраган кавушини оёқларига илди, ғизиллаганича чиқиб кетди.

Мажлис аҳли Саидикромбойнинг бу қилиғидан ранжиган эди. Ҳамма бир он жим қолгач, аста-секин нон емас бойнинг хасислигидан ҳикоя қила бошлади. Бу бой оқшомда барча келинларини ўз олдига чақириб, ҳамма чироқларни битта гугурт билан ёқиб бериши, ҳар куни уйида ёвғон мошхўрда қайнаши, заифалар ёвғон таомдан безганларидан тушда палов ёки чучвара қилиб ўзлари боплаб уриб оладиган бўлишганини бири олиб-бири қўйиб роса гапиришди.
— Афандилар, жаноблар, ишга ўтайлик!—деди бугун нечундир камгап, жим ўтирган адвокат Абдуллахўжа.

Мажлис аҳли жим бўлгач, йирик гавдали, салобатли бир мударрис сўз бошлади. Бунинг ҳам гапи оят ва пайғамбардан келиб, «Боёнлар ёрдам қўлини чўзсинлар!» деган даъват билан тамом бўлди.

Бойлар жим ўтирардилар. Ориқ ва жиккак бир баззоз уялибгина оғиз очди:
— Кори хайр улуғ нарса, тақсирлар, рўйхатга менинг номим ёзилсин, ўн сўм бераман.

Зиёлилар, жадидлар оҳиста бир-бирларини туртдилар.
— Оҳ, Туркистон!— бошини чайқади зиёлилардан бири.— Заволли Туркшстон! Шафқатсиз ўғлонларинг борки...

Саидаҳмадбой кибр билан илжайди ва мўйловларини бураб олди.
— Дарвоқе, хасис бойларимиз кўп, аммо сахийлар, инсофлилар йўқ эмас, рўйхатни менга топширсинлар, ҳаракатда — баракат, ўзим бир-бир гаплашиб, астойдил йиғаман барча зангинлардан.

Саидаҳмадхоннинг сўзини яна бир-икки бойлар маъқуллашгач, Садриддин аълам мамнуният билан бойга қаради.
— Жаноб Саидаҳмадбой, эртага ҳузурингизга рўйхатни етказурмиз. Олло таоло ёрлақасин...

Жадидлар, зиёлилар саросимада ўзаро имо билаи гаплашардилар.

Анвархон қори кулимсиради:
— Мажлиснинг кун тартиби тугади, меҳмонлар бемалол сўзлашиб ўтираверсинлар.

Ташқарида манти, кабоблар кўпдан тайёр эди. Ҳидлари хуш анқиган бу лазиз таомлар дарҳол дастурхонга тортила бошлади.

Уламо ва бойларнинг сўзларига базўр бардош бериб ўтирган шўх Жалилхон энди яйраб кетган эди, ёнидаги ўзига тенг ёшлар билан қуюқ суҳбатга киришди.
— Бу муҳорабада Туркия мағлубиятга дуч келади,— дея оҳиста гапираётган эди у, уламолардан бири эцштиб қолди, дарров эътироз билдирди:
— Истамбул ислом пойтахти, халифа шариатимизнинг ҳомийси, оёқ ости қилиш ярамайди, бойвачча!

Пиқ этиб кулиб юборган Жалилхонга аълам бир хўмрайиб қўйди.

Музокаралар, мулоҳазалар, тортишувлар яна давом этди. Қоринлар тўйганидан барчанинг кайфи чоғ, руҳи кўтаринки, суҳбат қизғин эди.

Садриддин аълам улуғвор ўтирарди, уламолар жамияти тузиш ҳақида ёнидаги Муҳаммадмансур баззоз билан минғир-минғир гаплашарди, жадидлардан шикоят қиларди. Кейин бир неча эътиборли бойлардан эртага мадрасага бошлаб келишни, холи бир маслаҳат борлигини айтиб илтимос қилди. Баззоз бир нафас ўйланиб қолгандан сўнг ваъда берди. Аълам енгил тортди.
— Уламолар билан зиёлиларнинг аҳил бўлмоқлари лозим, жадидларнинг орзулари янги мактаб очишдир, уларга рухсат бермоқ маъқул бўларди,— дея баззоз аъламга ётиғи билан сўзлай бошлаган эди, аъламнинг қиёфаси, гўё булут босгандай, қорайиб кетди:
— Бетамиз калта думларнинг гапи бу, ҳолбуки, улардан ҳазар қилмоғингиз лозим эди, бу қандоқ номаъқулчилик? Шариат кўрсатмиш мактабларини билурмиз, ўзгасининг даркори йўқ; дин, фақат дин йўли!

Муҳаммадмансур эсанкираб, қизариб кетди. Ўрнидан бир қўзғалиб олгач, аъламга жавоб берди:
— Гапингизга асло шубҳам йўқ, тақсир, аммо мен Масковда, Петербургда кўп бўлдим, ўзимнинг саводсизлигимдан ҳамиша пушаймон қиламан. Туркия, Арабистон каби ислом мамлакатларида ҳам олий мактаблар бормиш, бизнинг болаларимиз ҳам саводли бўлмоқларини, илми ҳисоб китобини билмоқларини орзу қиламан.
— Сабоқ мадрасага келганингизда мактаб масаласини бафуржа музокара қилгумиздир,— гапни кесди аълам.

Бой қуллуқ қилиб, албатта мадрасага боражагини тағин бир марта ваъда қилди. Мажлисда суҳбат турли мавзуларда давом этарди.

...Намозгар яқинлашган. Паловни тўйиб ейилгандан сўнг Садриддин аълам қўлларини баланд кўтариб узоқ фотиҳа ўқиди. Меҳмонлар кетма-кет кекиришиб аълам бошлиқ ҳовлига чиқиб қўл чайдилар ва бир-бир босиб, оғир қадамлар билан Шайхантаҳурга, намозга йўл олдилар.

Ўн Олтинчи Боб

I

«Осмон каби катта палакни хилма-хил ипак билан турлаб уч ойда тикиб тугатармиканман!— дея ўйларди Зумрад. Кейин ишпечини титкилаб аллақандай рангдаги бир ипакни топди.— Уч палак тикдим, бу тўртинчиси. Ҳаммаси бойларнинг эркаларига, ўзимга қани, биттагина кирпеч ҳам йўқ... Дўппи тикиш енгил-а, ҳай-ҳай палакнинг машаққати... Чамандай товлатиш учун юрагимнинг бутун қувватини, кўзларимнинг бутун нурини тўкишим керак-а. Палак оламнинг гардиши, дейди одамлар,— дерди яна Зумрад ўз-ўзига. Узундан-узун ипак қатимларини қулочлаб торта-торта, чидам ва бардош билан узоқ ўтирди у.

—Шу палакдан қўлимга тушган ақчага бир хонатлас олай-ки, кийганимда, гулдай яшнаб кетай, отамгаям, онамгаям тутқазмайман, албатта атлас оламан».

Дард ва алам ютиб меҳнат қилган бу қизни шундай орзу-ҳаваслар бир зум овунтирар, кунлари, ойлари шундай ўтар эди...

Хушҳаво савр ойи. Қуёшга чўмилган гилам-гилам қизғалдоқлар... Дарахтлар нафис баргларга бурканган, шамол майин, ёқимли... Жарда, анҳорни тўлатиб оққан сув йўлида, қуюқ дарахтлар соясида ястанган тегирмоннинг гурлаши ҳам баҳор нашъасига яна бир гўзаллик қўшгандай...

Ҳовли ўртасидаги бир туп қаригина, букчайган, гавдаси қовжираган катта балх тутнинг ғарқ пишган вақти. Зумраднинг онаси ҳар йилдаги каби эртага бу тутдан озгина шинни қайнатишни мўлжаллаб қўйган.

Зумрад нинани палакка тўғнади-да, ўрнидан турди, тиззаларини уқалади ва супурилган, чиннидай ҳовлига гиламдай тўкйлган тутларни тера бошлади.

Айвонда, супа устида куймаланиб ўтирган она қалин-қалин ясалган зоғора нонларни саватга герди-да, оёғига йиртиқ кавушини илиб, тандир бошига югурди.

Шу топда тўсатдан эшик гирч этиб очилди, аввал бошини суқиб, кейин ўзи пайдо бўлган бир бегона хотин шошилиб бошидан паранжисини олди. Юзлари сепкил, кўзлари ғилайроқ, ориққина хотин тортинибгина қарши борган Зумрадни бағрига босиб кўришди. Қизнинг бошидан оёғигача диққат билан кузатар, ундан кўзларини узолмас эди. Зумрад қизариб кетди, лекин дарров унинг қўлидан паранжисини олиб, ўтиришга таклиф этди.

Уф-ф, иссиғ-эй кун, ёниб кетдим,— деди хотин ўтирган ҳамон кир дастрўмол билан елпиниб.— Юринг ҳозир, сингилгинам, отлана қолинг жадалгина,— деди хотин кескин буйруқ билан.— Манзураой юборди мени, ўртоғи Зуҳрахон Бешёғочда бир кичик зиёфат беряпти, фариштадай-фариштадай қизларнинг сараси йиғилиб ўтиришибди, сиз бўлмаганга Манзураойгинанинг кўнгли тўлмаяпти. Ҳаялламай олдингизга солиб келинг, деди Манзурахон. Ҳовлида бирон эркак оти қолмаган, ҳаммаси ишда... Базмки, дутору танбур авжида!— Ғилай кўзларини айёрона қисиб қўйди хотин.

Борсамми, йўқми, деб ерга қараган ҳолда, ичдан аллақандай бир қаршилик билан олишгандай, ўйлавиб, иккиланиб қолди Зумрад.
— Қайдам, ишим кўп эди,— деди бошини кўтармасдан.
— Бо, иш қуриб кетсин, рангингизни сомон қилиб юборади-я бувақа ишлар. Қани, юра қолинг, ой қиз,— қистади хотин.

Момосулув бегона хотиннинг шанғиллашини эшитди шекилли, ичкаридан шоша-пиша югуриб чиқди. Айланиб, ўргилиб кўриша-сўраша кетди.
— Ўзинг ҳам қон бўлиб кетдинг, қизим, бора қол, отлан тезгина,— деди қизини шошириб она.— Манзурахон чақирибдими, йўқ дема, қалин ўртоғинг-а, хафа бўлади, тезроқ кийина қол, шоҳи кўйлагинг бор-ку, ўзингга жуда ярашади.
— Вой, ўлсин, эскирган-ку,— деди қиз юзини тескари буриб, кейин хомуш ҳолда аста юриб хонага кириб кетди.
— Айланай эгачи, бойнинг уйида чўриман, тақдир шу экан,— вайсай бошлади хотин.

Қаршида чўққайган кампир бир сўз қотолмас, хотиннинг лаби лабига тегмас, жаврар эди, наматда турган чойнакни кампирдан сўраб ўтирмади, бошига кўтарди-да, совуқ чойни бирдан шимирди.
— Қизгинангиз омон бўлсин, жудаям кўҳлик экан, қоматларига қараб тўймайди одам. Ажаб эмас толеи ярқираб кетса...
— Айтганингиз келсин, ўргилай, қизимнинг ҳусниям, ақлиям ёмон эмас, лекин жиндай ўжарлиги бор. Совчилар эшигимизнинг турмини бузяпти, баланд мартабали, эътиборли, катта-катта бойлардан одам келяпти, ҳаммасига қиз қурмағур «йўқ» дейди.

Бир лаҳза ўйланиб турдида, хотин қошлари билан сирли имо қилди:
— Охир замоннинг қизлари-да, ёмон маҳмадона бўлиб кетяпти ҳаммаси. Эҳтиёт бўлинг-а, ўз хоҳишига қўйиб қўйманг, тағин бебошлик қилиб битта-яримта саёқ билан топишиб кетмасин, ўргилай, доғда қоласиз-а! Алдаб-сулдаб, ёшми, қарими, бир бойгинага беринг. Ошиқ бўлдим қизингизга, паризоддай ҳусни бор экан, бахтли бўлсин,

Шу аснода хонадан яшнаб Зумрад чнқиб келди. Сочлари чаккаларига буйраланган, бошида лоладай ёнган товар дурра, шоҳи кўйлак устидан сириб тугмаланган беқасам нимчаси чиройли қабарган кўкракларини яширолмаган, оёқларида аяб аҳён-аҳёнда киядиган буюртма амиркон маҳси-кавуши.

Хотин термилиб, бир лаҳза ҳайратда қотиб қолди, кейин кўзларини айёрона ўйнатиб:
— Вой эгачижон, қизингизни бир кўрган одам ишқ ўтида куяди-қолади, ёмон кўздан сақласин эгам. Қўрқманг, менинг кўзларим ёмон эмас, туф-туф-туф...— Ғилай кўзларини икки ёнига шиғрайтириб тупук сачратиб қайта-қайта тупурди-да, шошилиб паранжисини бошига илди хотин.

«Кўзинг қурсин», деди кампир ичида. Қарғаб, энсаси қотган ҳолда тандир бошига юрди. Эскигина паранжисини бошига ёпиниб, Зумрад онасига ўгирилди.
— Билмадим, ойижон, қачон қайтаман, кечиксам ташвишланманг.
— Бекаларга қуюқ салом бериб кўриш, болам, одобли, сипо бўлиб ўтир, шақир-шуқур қилаверма,— тайинлади онаси қайта-қайта.
— Мунчаям эзмасиз-эй, ўзим биламан ҳаммасини,— эшикни шақ этиб ёпиб, хотиннинг орқасидан чиқиб кетди қиз.

Сув устига икки ёғоч ташлаб, шох солинган, тупроқ бостирилган лопиллама ингичка кўприкдан ўтиб, улар Хадра томон бурилдилар. Зумрад бирдан тўхтади-да, хотинга шивирлади:
— Мумкин бўлса, жиндай сабр қилсангиз, ҳув ана, жинкўчани кўрдингизми, шунда бир ўртоғим бор, ола кетсак.

Зумраднинг бу гапи хотинга сира ёқмаса-да, овозига сохта оҳанг бериб, жавоб қилди:
— Жоним билан хўп дердиму, жон синглим. Манзураой, дарров Зумрадхоннинг ўзини олиб келинг, бемаънилик қилиб нотаниш қизларниям эргаштира келманг, деб тайинлаган эдилар. Яна кўнгиллари хира бўлмасин. Юринг, айланай, жудаям ҳаяллаб қолдик, Зуҳрахон ҳам хафа бўлмасин.

Зумрад ранжиди.
— Манзурага нима бўлди, жин урдими!—ўрнидан қўзғалмади Зумрад, бир оз ўйланиб тургандан кейин тағин деди:—Манзурахонга ўзим жавоб бераман,— бирпас тўхтанг, ҳозир олиб чиқаман, ақлли-ҳушли, яхши қиз.

Зумрад қайрилиб энди икки қадам ташлаган эди, хотин унинг йўлини тўсди, яна эътироз қилишга киришди.
— Қўйинг, дўндиқчам. Зуҳраойдан жавоб олиб, ўзим қайтаман-да, ғириллаб олиб бораман, гапимни қайтарманг, тасаддуқ.

Зумрад хуноб бўлганидан чурқ этмади, юрсамми, юрмасамми, дегандай аста қадамлаб, хотинга эргашиб кетди. Бир оз юргандан сўнг Олмазорга бурилдилар. Маҳкама олдидан ўтар эканлар, Зумрад бир оз тўхтади:
— Мачалоп ўлгур ўтирарди керилиб, жувонмаргнинг қамчисидан қон томарди-я. Оламнинг иши шундай, хола, оқ пошшо қулади-ю, ҳаммаси бир бўлиб сувга чўкди-кетди.
— Ҳа-я,— деди хотин қадамини тезлатиб.

Зумрад эса ўтган воқеаларни хотирлаб кетмоқда эди. Ишчилар ва косибларнинг исёнини, хотинларнинг доди фарёдини, кампир холаси «Дод!» деб йиғлаб, оломон олдига тушиб югурганини, полициячилар хотинларни янчиб, уриб ҳайдаганини, холасининг ўлишига сал қолганини ҳикоя қилиб борар эди қиз.

Шарқираб оқиб турган бир сувдан ўтдилар-да, дарахтларга кўмилган, салқин, тинч, кичик кўчага қайрилиб, катта бир дарвоза олдида тўхтадилар.
— Яхши иморат-а, қутичадай пишиққина,— ғилай кўзлари билан уйга ишора қилди хотин ва темирдай мустаҳкам эшикни аста қоқди.— Чарчадингизми, оппоғим, пича дам олинг, мен ҳозир Зуҳраойнинг тағин бир ўртоғини чақириб келаман.

Шу топда калнамо, кўзлари бесаранжом, беўхшов бир кўса чол эшикни аста очди.

Шундайгина гулга ва дарахтларга тўла кўркам ҳовлига кирдилар. Қирқ беш ёшлардаги бир хотин ошхонадан чиқиб буларни қарши олди. Оппоқ, озода кийинган, чаққон, рангпаргина бу кампир югурганича келиб, қуюқ кўришди. Қизни бошлаб келган хотин кампирга нималардир деб шивирлади-да, кейин Зумрадга қаради, сохта илжайди:
— Марҳамат, меҳмонхонага кириб туринг, айланай, мен ҳозир келаман, ҳозир.

Кампир Зумрадни бошлаб кенг меҳмонхонага олиб кирди. Уюм-уюм қалашган асил жиҳозлар, қип-қизил яшнаган гиламлар, атлас кўрпачалар, бурчакларда одам бўйи хитой кўралар. Тўрдаги кенг сим каравотда қалин кўрпалар устига момиқ ёстиқлар ташланган... Зумраднинг кўзлари қамашиб кетди, ҳайратдан бир зум қотиб қолди «Тушимми, ўнгимми?»—шивирлади ўз-ўзига, тўрт томонга аланглаб.
— Ўзимизга тўқмиз, тасаддуқ, болаларим ҳаммаси дўкондор, баланд завқли йигитлар,— деди мулойим табассум қилиб кампир.

Икковлари гангир-гунгур гаплашиб ўтиришди. Зумрад қизиқиб ҳали уни, ҳали буни сўради. Бир онгина кўнглида пайдо бўлган алланечук гумон, ғашлик тез ўтиб кетди: одатдаги шўхлиги, сарбастлиги билан эркин сўзлашиб ўтирарди.

Қизни осонгина келтириб, меҳмонхонага киритиб юборган хотин лип этиб, ҳовлининг четидаги бир хонага кирди.
— Уҳ, ўлдим-эй,— деди пойгакроққа ўтириб.— Ишнинг ўнгидан келгани шундай бўлади, тўрам!

Эшонхон ўзида йўқ хурсанд, уйнинг у бурчидан-бу бурчига юрар ва тинмай папирос сўрар, иблис маккорлиги билан бошлаб юборган фожианинг давоми учун режалар тўқиш билан хаёли банд эди.
— Фарҳодни алдаган ялмоғиз кампирни топиб келсангиз ҳам бажара олмас эди шу ишни. Минг бир қувлик билан алдадим-аврадим, ахир олиб келдим-да,— бўғиқ товуш билан қих-қих кулди хотин.
— Деразадан мўралаб кўрдим, дуруст, шайтонга сабоқ беришга ярайсан.— Папирос тутунидан бўғилиб йўталди Эшонхон.

Тишқолидан қорайган яккам-дуккам тишларини тиржайтириб, хир-хир кулди яна хотин.
— Айёрликда уччига чиққанман, деб мақтансам ёлғон эмас. Айниқса шу шаҳри азимнинг донгдор боёнларига жудаям манзур менинг ишим, ўргилай. Дукчининг ҳовлисига тўғри кириб бордим, Манзураой чақиряпти, дарров юринг, айланай-ўргилай, деб аврадим, бирпасда онасининг бағридан хамирдан қил суғургандай суғурдим чиқдим. Бора-боргунимча «Зумрад, Зумрад» деб отини ёдлаб бордим. Нақ сиз ўргатгандай, Манзураой айтиб юборди, деб шундоғам ишонтирдимки, шилқ этиб олдимга тушиб келаверди қизгина. Мана, тилла қафасга солдим-бердим. Ҳаммаям эплаёлмайди мундақа ишни. Айёрликни мендан ўргансин манаман дегани ҳам.

Эшонхон кетма-кет папирос тутатар, ҳаяжондан ҳануз ўзини боса олмас эди.
— Қани, пулни чўзинг, ваъдангиз катта эди тўрам,— деди ғилай хотин.кескин товуш билан.

Эшонхон парвосизгина, ўз хаёллари билан банд ҳолда, дераза олдида узоқ турди, лабларига қистирган папиросни бир-икки қаттиқ-қаттиқ сўрди-да, очиқ деразадан ҳовлига ирғитиб юборди. Найрангнинг давоми — қизни тағин қандай алдаш кераклиги, турли йўл-йўриқлар излаган фикрлари тинмай кетма-кет чулғанар эди.
— Ҳой, бу ёққа қаранг, пулни чўзинг деяпман, арпани хом ўрганмисиз, нима мунча хаёл?— бўғилди хотин жаҳлдан бурнини қийшайтириб.
— Э, бақирма, секинроқ, ғилай!— деди силтаб бирдан ўзига келган Эшонхон.— Бой ака шу ерда-я, жаврама кўп.
— Пулни чиқаринг, тезроқ даф бўла қолай,— қистади хотин.— Қанд-қурс бераман, деган ваъдангиз ҳам бор, унутмагайсиз, мойли патир ҳай... Қани, бўла қолинг.

Эшонхоннинг энсаси қотган эди, жуда секин, шошилмасдан киссасидан ҳамёнини чиқарди-да, уч сўм суғурди.
— Ма,—деди хотинга пулни узатиб, кейин ҳамёнини қайтиб киссасига тиқди, жавондан икки қаттиқ патирни олиб, хотиннинг олдига тақ этиб ташлади.
— Шуми ваъда, имонсиз?! Ишим битди, эшагим лойдан ўтди, денг! Йўқ, чучварани хом санабсиз, пар-р-р этиб учириб юборсам овингизни, нима дейсиз?! Попукдай қизни иссиқ уясидан суғуриб олиб келдим, ҳусни оламда йўқ, шунинг нархи уч сўмми? Ноинсоф! Тилла билан тенг тортиб олса арзийди-я!

Эшонхон айёрона илжайди, хотиннинг орқасини силаб, бир-икки енгил уриб қўйди.
— Ҳали сендан умидимиз катта, кўзлаб қўйган яхши-яхши жонон қиэлар, жувонлар бор, бойнинг хизматида бўл,— дея хушомад қилди. Ҳамёнини очиб:—Мана, ол тағин!— дея бир сўм пул улоқтирди. Жавондан бир сиқим қанд-қурс олиб, хотиннинг ҳовучига тўкди.

Хотин енгиллашиб дуо қилди.
— Ўн сўм берарсиз, деб орзу қилган эдим, майли. Ҳар бир бойлар борки, шарақ-шарақ пул тутқазади, ука. Ишингиз бўлса ҳамиша тайёрман,— деди ва эшик томон юрди. Остонада бир зум тўхтади-да, айёрона кулги билан:—Чаққонликда, маккорликда мендан ўтадигани йўқ, хўп денг, опаси жонидан,— деди ғилай кўэларини қисиб.

Паранжисини бошига қийшиқ илиб, Эшонхонни яна қайта-қайта дуо қилди-да, товушсиз, мушук қадамлар билан дарвозага югурди.

Эшонхон вақти хуш ҳолда, иккинчи хонани босиб, учинчи хонага кирди.
— Мумкинми, бой ака?— сўради остонада тўхтаб. Пар ёстиққа ёнбошлаганча қимиз ичиб, вақти чоғ ўтирар эди Саидаҳмадбой.
— Кел, кел, қани, нима бўлди? Сўзла, ғивир-шивир қулоғимга чалинди.

Эшонхон мағрурона талтайиб, кўрпачанинг четига ўтирди.
— Зумрад қўлда, тақсир!
— А?— деди бой ўрнидан қўзғалиб, кейин қаддини ростлади, чордана қуриб ўтириб олди.— Зумрад деганда ақлимни йўқотаман, қомати кўрганни девона қилади. Айниқса ўйини, аҳ-аҳ...— бошини чайқади бой.— Атторнинг уйида кўрганман, рақси бемисл, эсингдами?
— Зумраднинг ҳануз ҳеч гапдан хабари йўқ. Оқсочга топширдим, зери-забарини тушунтирдим. Оқсоч ҳар балони эплайди, хумпар, найрангдан шайтонга дарс беради.

Бой янги сурма духоба дўппини бошидан олиб кўрпачага қўйди. Беҳад хурсанд, ниманидир ўйлар, сукутда эди. Чирпитдаги қимизни тиззасига қўйиб, бир-икки чайқади-да, косани тўлатиб шимирди. Мешдай шишган қорнини силаб яна бир оз жим ўтирди.
— Ўзинг топ йўлини, соҳиби тадбирсан, фарангсан, бу тақлид ишларда ўзингга тенг келадиган кимса йўқ, мулла.— Бирпас ўйланиб қолди бой, кейин кулгидан оғзини йиғолмай гапирди:—Ассалому алайкум, деб тўсатдан қизнинг олдига кириб борсам-чи?

Эшонхон қутичадан папирос олиб, бармоқларида эза бошлади, билимдонлик тури билан бир оз сукут этгандан сўнг, секин гапирди:
— Қиз жуда асов, андак сабр, эҳтиётлик лозим. Алдаб-сулдаб тақимингизга олинг, йўқса, иш пачава. Аввало, оқсоч.қанд-қурс, ёғлиқ патир, қулинг ўргилсин ғарчча думбали сомсаларни тўкиб ташлайди дастурхонга. Ўғилларим ҳаммаси дўкондор, рўзғоримиз ҳамиша шундай олқиб-чалқиб туради десин. Кейин эрмак учун ўзим кабоб тайёрлайман, озгина ёғлиқ манти. Кейин қулинг ўргилсин мусаллас. Ертўлада бор-ку, асил, кекса мусаллас. Бой ака, икки соатлардан кейин қизнинг кайфи тарақ бўлади, шунда кирсангиз иш жойида-да...— Эшонхон айёрона тиржайди:—Бахтингиз баланд келди, бой ака, кам. фурсатда гул каби чирмашиб кетасиз Зумрадхонга!

Саидаҳмадбой жилмайиб қўйди, қимизни косага тўлатиб, деди:
— Гапингнинг маъноси бор, давоси мусаллас. Кўп хотинлар билан бўлдим, кўп айш-ишрат сурдим. Бу ишда энг аъло даво мусаллас. Оқсочга тушунтир, икковимиз бирга ичайлик, десин, аврасин қизни. Аввало кампир ўзи бошлаб ичсин,— тайинлади Саидаҳмад.

Эшонхон одоб билан ўрнидан турди, секин юриб ҳовлига чиқди. Айвон устунига суяниб, алланечук хаёл билан оғир сукутда ўтирган калга сирли товуш билан шивирлади:
— Оқсочни чақир, тез!

Эшонхон биринчи хонага кирди, бирдан кўнглида аллақандай ҳис тўлқинланиб кетди. Негадир унда бир ташвиш рўй берди. Хонада у ёқ-бу ёққа айланиб юрди. «Бойнинг қилиқлари қурсин, малайлигимдан попукдай бир қизни шу фалокатга солганим яхшими, ахир? Виждон, номус қилча ҳам йўқми менда?» деди ўз-ўзича. Аммо ундаги афсусланиш, кўнглида фақат бир зиё каби ёнди-ю, ўчди. У дарров тағин аввалги шайтонлик бандига тушиб олди...

Зумрад дилгир, паришон ўтирарди. Шифтнинг ганч шарафаларини, деворларнинг нақшини томоша қилди, кўралар ва ипак гиламларни бир-бир кўздан кечириб, ажабланди. Ўйлади ичида: «Бойлар ҳаёти шавкатли, дабдабали, камбағал шўрлик хору зор, бир парча нон гадоси. Бойлар худонинг суйган бандаси, биз нима гуноҳ қилган эканмиз?» Уксиниб, ичдан хўрсинди қиз, аста ўрнидан турди, енгил қадамлар билан ташқарига чиқди. Ҳовлининг ола-чалпоқ соя саҳнига тушди. Чамандай гулзор қуёшда кўр-кам товланарди. Гуркираб ўсган садарайҳонлар, қашқар гуллар, гултожихўроз, хина... бир талай гуллар... Бири биридан гўзал, бири биридан хушбўй.

Зумрад кўтаринки руҳ билан гулзорни бир айланиб чиқди. «Мунчаям латиф манзил экан», деб ўйлади. Ҳамма ёқ бўм-бўш, чурқ этган овоз йўқ: жимжитликдан, хилватдан юраги чўчиб кетди, кўнгли ғаш тортди. «Ҳозир келаман», деди-ю, ташлади-кетди ғилай ўлгур, бир сир бўлмасин тағин, дея шубҳаланди-ю, бир дақиқа ўтмай кулиб юборди. «Юрагим қурсин, қўрқоқ эмасдим-ку». Зумрад бир-бир босиб дарахтлар орқасига кирди. Энди ранг ола бошлаган ғуж-ғуж гилослар кўзни тортарди. Ўриклар ҳам қуйилиб турибди. Думбул ўрикларга ҳаваси келди. Ингичка бир новдани эгиб, бир ҳовуч ўрикни сидирди. Думбул ўрикни яхши кўрарди, карсиллатиб чайнади. Олмалар тагида бир зум тўхтади. Ҳаммаси кузги экан. Қўшоқ-қўшоқ олма қалашган... Вой тавба, бодом ҳам бор экан!

Зумрад секин юриб, ҳовлининг четига чиқди. Энди у ошхона томон бурилган эди, фир йигитнинг шарпасини сезиб қолди-да, сесканиб орқага тисланди. Ким бўлди у? Чиройликкина йигит экан... Қиз атрофга аланглаб, деразалардан хоналарга қараб-қараб, меҳмонхонага қайтиб кирди.

Хонада ёйилган дастурхон ёниб-яшнаб турарди. Анвойи нози неъматлар тўкин. Чўпчакка ўхшайди-я! У бир зум дастурхонга тикилиб, кейин кўрпачага, дастурхондан узоқроқ ўтирди.

Ошхона томондан бурқираб сомса ҳиди келди. Енглари шимариғлик, дока рўмолнинг бир учини саллачадай ўраб орқага ташлаган ҳолда, қўлида жазиллама қайноқ сомса уйилган лаганни кўтариб оқсоч кирди.
— Яқинроқ ўтиринг, жоним, мен хилма-хил таомларни пишириб туришни яхши кўраман. Иссиққина сомса, олинг, очиқиб қолдингиз.— Лагандан олиб даста-даста сомсаларни қизнинг олдига қўйди кампир.— Олинг, ея қолинг, совимасин, ўргилай, иссиғида мазалик,— қайта-қайта қистади қизни, кейин ошхонага югурди.

Эшонхон чаққонлик билан сихларга кабоб терарди.
— Ҳой кал, чўғни сол кўрага, қани илдам!— буюрди чолни шошириб.
— Гўшти, хамири тайёр, мантини ўзингиз тугиб юборинг, иним, чаққонсиз, ҳар ишга қўлингиз келиша қолади. Мен қизнинг олдига бормасам бўлмайди, Мусаллас қани?—сўради кампир Эшонхондан.

Эшонхон индамади, лип этиб илдам ўрнидан турди-да, ертўлага тушиб кетди. Дам ўтмай катта бир гардин чойнакни мусалласга тўлатиб биқинганча ошхонага қайтди. Ўзи ҳам озгина ютиб олганидан, томоғини қоқиб: «Бай-бай, ўткирлиги-ей, девни ҳам қулатади бу оби ҳаёт!..» деб шпвирлади ва оқсочнинг қўлига тутқазиб, қайта-қайта тайинлади:
— Сомсага қўшиб ичкизаверинг, ҳозир кабоб тайёр бўлади. Олдида ўтиринг, аввало ўзингиз бир косани кўтаринг, ўлмайсиз, кайфи яхши.
— Зорманда!— ҳиринглади кампир ва чойнакни икки қул билан кўтариб, меҳмонхонага югурди.

Қиз қўлида сомса, кичик-кичик тишлаб, еб ўтирар эдя.
— Овқатга асло мазангиз йўқ экан, пошша қиз, чимхўр экансиз. Кўрдингки ош, кўтарма бош, деганлар қадимгилар. Овқатдан тортинманг сира. Олинг, ўргилай, лаззатли сомса.— Чойнакдан пиёлаларга мусаллас қуйиб, бир пиёласини Зумрадга узатди.— Ичинг, тасаддуқ, узумнинг суви, иштаҳа очади.— Бир пиёлани қўлига олди.— Қани, жоним, бирга ичамиз, менга табиб буюрган, шу билан одамман.

Қиз тортинибгина пиёлани қўлига олар экан, ҳидидан чўчиб кетди.
— Мусалласми, опоғойи, ҳиди ўткир?
— Йўғ-э, мусаллас бўлганича йўқ ҳали, узумнинг суви, айланай, биракайига кўтариб юборинг, ҳиди билинмайди.
— Йўқ, мен ичолмайман, раҳмат, ҳиди қурсин, ичиб кўрмаганман. Менга қараманг, ўзингиз ичаверинг, опоғойижон!— Пиёлани қайтиб дастурхонга қўйди Зумрад.

Оқсоч тағин сурбетлик билан қистай бошлади қизни.
— Хафа бўлманг, ой қиз, катталарнинг айтганини қилинг, кўнглимни оғритманг,— ялинди кампир қизга тикилиб.

Зумрад қўрқибгина пиёлани олиб ичишга тиришди, бирпас тўхтаб қолди, кейин бирданига кўтариб юборди, Ухчиб, қизариб кетди.
— Ичинг, жоним, қани, бирга ичамиз,— деб кампир ҳам юзини буриштирган ҳолда, кўзлариви чирт юмиб, пиёлани бошига кўтарди.

Қип-қизил қизарган оқсоч сомсани ҳали у лунжи, ҳали бу лунжига олиб чайнарди.
— Олинг, сомсадан енг, яна биттадан ичамиз. Мен фақат шу билан овқат ейман, баданни пок қилади, қизим!

Зумрад бир пиёла майдан лов этиб қизарган эди. Иштаҳа билан кетма-кет бир-иккита сомса еди.

Кампир пиёлаларни яна лиммо-лим тўлатди. Қизни чалғитишга тиришиб, кулгили олди-қочдиларни гапириб ўтирди.

Зумраднинг руҳи кўтаринки, кайфи ошган. Маҳаллада анҳордай катта бир тегирмон сув оқишини, маҳалласидаги икир-чикир кулгили ғийбатларни усталик билан, турли ёрқин иборалар билан сўзлай бошлади. Кўнглидаги сирли, махфий, ишқий ҳавасдан гоҳо бир шингил айтиб юборгиси келар ва енгил оқ булутга ўрагандай қалбининг эзгу ҳисларини бир-икки қисқа сўзлар билан айтиб қўяр эди.
— Ишқ деган нарса жуда сирли нарса, бировга кўнгил бериш яхши, лекин севганинг бой бўлса, кийганинг шоҳи-атлас, еганинг болу мой бўлса. Зумрадхон, пешанангизга шунақаси битилган, менинг кўнглим дарров пайқади.

Қиз жилмайди.
— Қайдам, толе ёр бўлса... Бой бўлмаса ҳам, ақли ҳуши расо, кўнглимга хуш бўлса бас...— деди кўзларини яшириб.

Кайфи тарақ оқсоч пиёланинг бирини ўзи олиб, иккинчисини қизга узатди.
— Кайфи яхши, ичинг, отинча!

Зумрад пиёлани олди, қайтиб ерга қўйди, тағин кўтарди, ичкиси келарди.
— Бир марта далада кечаси мусалласдан озгина тотиб кўрган эдим. Тахирроқ эди, бу ширин кўринади,— деди у кампирга.
— Жуда хушичим, кайфи ҳам нозик, шунинг учун ичинг деяпман-да, ёмон нарсани сизга ичкизармидим?! Қани, ўргилай, бирга кўтарайлик.

Иккови бирга кўтариб ичиб юбордилар. Зумраднинг ёноқлари лоладай ёнар, кўзларида оташ, сомсани иштаҳа билан ошар эди.

Кайфи тарақ оқсоч қизга яқин сурилди:
— Пулдорлар қаримайди, жонгинам, ҳамиша кўнгиллари ёш, шунақасини топсангиз, шоҳ бекалардай ўтираверасиз. Ёшсиз, билмайсиз, синглим, дунёнинг лаззатини тотиш керак.

Зумрад бўшашиб кетгандай бир зум жим қолди. Кўнглида яна ғашлик, безовталик пайдо бўлди. Жаҳл, шубҳа аралаш оҳангда деди:
— Аввало, жойингизга ўтиринг, эрдан гапирманг! Ишқ эзгу, ишқ оғир бир дард, ўзим биламан.

Оқсоч шошиб қолди, каловланиб ўрнидан турди, деворларни, дераза ва эшикни ушлаб, туртина-туртина чиқиб кетди.
— Иш қалай, тайёр бўлиб қолдими?—сўради Эшонхон овозини пасайтириб.— Деразадан қулоқ солдим, хахо-тарала зўр,— қиҳ-қиҳ кулди Эшонхон.
— Ўзим йиқилиб қоляпман, қиз қандай бўлса шундай, балонинг ўқидай ўтирибди. Қани, кабобни чўзинг.

Пиёз, мурч, сирка сепилган беш сих қайноқ кабобни санаб, хитой лагапга териб, кампирга тутқизди Эшонхон.
— Ишқилиб, алданг-да, тобини келтиринг!

Оқсоч хушбўй кабобларни кўтариб меҳмонхонага кирди, қизнинг олдига қўйиб, ўзи ҳам ўтирди. Зумрад патирдан бир тишлаб, бир сих кабобни қўлига олди. Ҳил-ҳил пишган юмшоқ кабобни пиёз қўшиб ея бошлади. Ҳақиқатан, кабоб лаззатли эди, дарров сихни бўшатиб дастурхонга қўйди қиз.
— Опоғойи, ўзингиз ҳам олинг, юмшоққина экан. Оқсоч сихдан бир жаз сугуриб, оғзига солди, кейин пиёлани тўлатиб, бир қўлда мусаллас, бир қўлда бир сих кабобни қизга тутди.
— Олинг, ўргилай, кабобни фақат мусаллас билан ейдилар, таомили шундай.
— Ростдан, мени бу ерга ташлаб, ҳалиги хотин қаёққа кетди? Ўлгур нега келмаяпти?— шубҳа ва ранжиган оҳангда сўради бирдан Зумрад, қошларини чимириб.— Сиз мени масг қилиб қўйдингиз-ку, бошим гир айланяпти, уят-а, Зуҳраойникига бу турда қандай бораман?
— Бо, келиб қолар ғилай ўлгур, шунгаям ташвиш тортасизми, айланай! Ҳали унчаям кўп вақт ўтгани йўқ, юргандир-да шанғиллаб.

Бой ёндош хонада. У қимизни тинмай ичарди. Зумраднинг гапларини кўз юмиб тинглар, мастлигига тағин мастлик қўшилар эди. Унинг энди сабри тоқати тугаган, ортиқ чидамади, оғзини катта очиб, узун бир ҳомуза тортди, керишди-да, ўрнидан оғир туриб, деразани ланг очди. Ялт этиб деразага қараган Эшонхонни қўли билан имлаб чақирди. Эшонхон оёқ учида, товушсиз қадам ташлаб, бойга югурди.
— Чакки бўлди, оқсоч маст бўлиб йиқилиб қолди,— деди, кейин соатига қаради:—Вақт бўлди, киринг, тақсир, қиз ёлғиз ўзи... Айш иши нозик иш, маҳбубангизни қучинг...

Бой севинч ва ҳаяжон билан шошилиб ўрнидан турди, қозиқдаги янги жужун камзулни кийди, мўйловини қайта-қайта бураб, дўппини йигитчалардай олифта қўндирди бошига. Хонадан икковлари бирга чиқдилар.
— Кал, ўзинг, кампир, ҳаммаларинг даф бўлинглар! Сен аҳёнда узоқроқдан хабар олиб турарсан, уқдингми?— деди шивирлаб бой ҳовлида бир оз тўхтаркан.

Эшонхон ва хизматчи қўлларини қовуштириб, ҳовлининг четига аста писиб кетдилар. Улар калнинг дарвоза ёнбошидаги кичкина қоронғи ҳужрасига кириб йўқ бўлишди.

Семиз, бақувват, ширакайф, багбақаси бўйнига сиғмайдиган хўроздай бой томоғини қоқиб, «Мумкинми?» дея меҳмонхонага мағрур юриб кириб борди.

Зумрад чўчиб кетди, ўрнидан сапчиб турди. Юзига рўмолини пана қилиб, оёқлари қалт-қалт титраган, ранги қув ўчган ҳолда тик туриб қолди. Оҳ, энди тушунди, маккор кампирнинг ҳийласи энди равшан бўлди! У ичида узун хўрсиниб, дард билан эзилиб, бошини қуйи солди.

Бойнинг юраги така-пука бўлди, ҳаяжонда, ички титроқ билан тўрга чиқиб, кўрпачага чордана қурди.
— Қани, ўтирсинлар, пошшохон, маликам!

Қизнинг юраги дук-дук урарди. Юзини яширган ҳолда, ҳаяжондан, таҳликадан тутилиб, асабий товуш билан, бетоқатлик билан гапирди.
— Бой ака, дарров билдим, Саидаҳмадбой сиз бўласизми, тўғрими?! Ҳийла, макр билан олиб келдингиз мени... Қани, хоин Эшонхонни чақиринг, шу ердадир у муғамбир, чақиринг, юзига бир тупурай! Тарсиллатиб бир шапалоқ солай! Кейин сиз билан гаплашаман.

Зумраднинг бутун вужудида титроқ бўлса-да, энди у сергак эди. Кўнглидаги ваҳимани, саросималикни боса олди, жасурлик, тетиклик касб этди: ҳазар қилгандай, нафрат билан қараб қўйди бойга. Бошини қуйи солиб, жим қотган бой, ниҳоят, сукунатни бузди: қиз томон эгилиб, товушига мулойимлик, юмшоқлик бериб, деди:
— Аввало, маликам, ўтиринг, иккинчидан у бир югурдак, сиз билан учрашувга арзимайди. Сизни мен олдириб келдим, жоним, бутун айб менда. Кўнглимда ишқ туғёни, кўнгил доимо сизда, сизни қўмсайди, Юрсам, турсам, қаршимда ёлғиз сиз. Ишқ ўти ёмон нарса, қалбни ёқади.

Зумрад, май таъсириданми, ғоят сарбаст ва дадил эди. «Қандай қочсам экан, ҳамма эшиклар албатта таққа-тақ беркитилган, дод-фарёдимни ҳеч ким эшитмас», деб ўйларди қиз. У бирдан ўтирди. Бойга орқа ўгириб, юзига бир қўли билан рўмолини пана қилиб ўтирди. Бошига кулфат булути ёйилганини сезди. Дарддан эзилиб, ҳасрати тошиб, ичдан хўрсиниб қўярди.

Саидаҳмад бир-икки сих кабобни қизнинг олдига қўйди, кейин ташқарига чиқиб, унинг оёқ товушини эшитган ва қаршисида қўл қовуштириб ҳозир бўлган калга хўмрайиб шивнрлади:
— Мантини олиб кел, чаққон!

Кейин у салмоқли юриб, мулойим табассум билан жойига келиб ўтирди. Хунук воқеалар рўй беришини фаҳмлагандай бўшашиб, бошини эгиб ўтирган қиэни овутиш тадбирларини излади. Ундан-бундан, турли кулгили гапларни гапиришга, ўзича аския қилишга ва ҳазил-мутойиба билан қизни овутишга уринди.
— Замон ўзгаряпти, аммо ҳамиша ҳаётнинг қаймоғи зангинларники,—деди бой ғурур билан. Кейин у яна ишқ бобига кўчди. Кўнглида ҳижрон, ишқ исёни зўрлиги ҳақида сўзлаб: «Дардимга сиздан бошқа табиб йўқ!» дея вайсаб кетди.

Зумраднинг энсаси қотган эди, асабий титроқ товуш билан, қатъият билан деди:
— Бас, ортиқ бир нафас ўтиришга тоқатим йўқ, кетаман...— қатъий оҳангда давом этди:— «Кўнгил ишқингиз» пуч нарса, ёлғон ҳаммаси. Кўҳлик, маликалардай икки бекангиз бор-ку, тағин сизга ўзга маъшуқанинг ...ишқ нима даркор?! Бойлик қутуртиради сизни, ҳа!..— деди қиз истеҳзо билан.— Ақча мўл, сандиқ-сандиқ олтин! Шулар қутуртиради. Каттагина ўғилларингиз, мен тенги попукдай қизингиз бор, уялмайсизми?—нафратдан тўлиб-тошиб, дадил хитоб этди қиз.

Бой ғалати бўлиб кетди, бир зум шошгандай, жавоб тополмагандай, нафаси ичига тушди. Кейин сокинлик билан, дабдабали оҳангда тағин ғапга киришди:
— Бағоят тўғри, бекалар бир-биридан гўзал. Лекин, жоним, асло унутмагайсизки, Муҳаммад пайғамбарнинг умматимиз, Муҳаммад алайҳиссалом дўндиққина тўртта хотин олган. Қани, бунга нима дейсиз? Йўқ, гапимни қайтарманг, жонгинам. Шу боғ, уй-жой, бу баҳаво манзил ҳаммаси сизга. Атласу товар, олтин-кумушга кўмиб ташлайман сизни. Даста-даста хизматчилар... Қўйинг-чи, кўнглингиз нима тусаса ҳаммаси ҳозир бўлади, таърифи баланд маликалардай яшайсиз. Зериксангиз, шоҳона зиёфатлар қуринг, базмлар ясанг, ихтиёр сизда. Лекин ишқу муҳаббатингизни менга бағишланг, жоним сизга тасаддуқ, асирингизман.

Қиз юраги сиқилган ҳолда, рўмолини тишлаб сукутда узоқ ўтирди. У чуқур хаёлга чўмган, кўнглидаги муқаддао ишқи, ишқдаги поклик, суйган йигити ва садоқат ҳақида ўйлар эди. Бирдан бошига ағдарилган бу фалокат бир машъум ёнғин каби унинг эзгу ишқини, пок ҳисларини куйдириб, қовжиратиб юборгандай туюлди. Атрофга нафрат билан кўз югуртирди. «Қай йўсин билан қочсам, нечук қутулсам?» дерди ичида. Ҳаяжондан, нафратдан кескин жавоб берди қиз:
— Бой ака, биламан, бойсиз, олтину, ақчангизнинг ҳисоби йўқ, олтин тахтда ўтирибсиз. Ҳаддан ташқари мағрурсиз. Кимсан — заводчи бой, донғингиз катта! Шундай бойларнинг дарди олтину кумуш, мисоли итпашшадай ёпишасиз унга, ирганаман бойларнинг нафсидан, хасислигидан! Камбағал, етимларга зарра меҳр-шафқат йўқ сизларда, уларни асло писанд қилмайсизлар. Меҳнаткаш, жафокаш халқ ҳозир арпа нонга зор. Очлик, қаҳатчилик бизга келган офат. Тангрим ўзи шафқат қилсин бандаларига, бир кун камбағаллар ҳам кошки ёруғликка чиқса! Тилагимиз кўп оллодан.

Бой Зумраднинг гапларини ҳазилга айлантиришга уринарди.
— Бойлар орасида хасислар йўқ эмас, лекин мундоғ назар ташласангиз, сахийлар ҳам оз эмас.

Бой уни енга олмасди, енга олмаслигини ўзи ҳам билар эди. У суҳбатни ишқ-севгига буришга, хушомадгўйликка ўтди, авради.
— Ичинг, маликам, қўйинг беҳуда, бефойда гапларни, унутинг дунёнинг ғамини. Ишқ, фироқ ёмон нарса, келинг, улфатчилик қилиб ўтирайлик.

Зумрад қанча ҳушёр бўлса-да, юзлари лоладай ёнган, кўзлари махмур сузилган эди,
— Йўқ, бой ака, бир қатра ҳам ичмайман,— деди Зумрад титроқ овоз билан, қатъиян рад этиб.— Алдаб, минг макр-ҳийла билан мени қафасга банд этдингизми? Шариат, одоб, виждон қани? Йўқ, йўлимни тўсманг, уйимга кетаман.

Қиз ғоят асабийлашган, хавфсираган, саросимада эди. У «дод» деб қичқириб юборгиси келарди. На қилсин, тутқун, ихтиёрдан, эркдан жудо бўлган!
— Ақлли-ҳушли, обрўли одам, деб эшитган эдим жанобингизнинг таърифини! Афсуски, бир чақага арзимайдиган махлуқ экансиз. Ақлнинг нишонасини ҳам кўрмадим сизда!— деди у жирканиб.— Виждон, инсонийлик деган фазилатлардан ҳам маҳрумман, денг! Бу қандай разолат!

Саидаҳмаднинг тили кесилгандай сукутда, жаҳлдан оқариб кетган эди, лекин дарров ўзини тутди, аввалги ҳолига қайтди:
— Маҳбубам, ширингинам, хўп валдирадингиз, лекин майли, чидайман. Кўнгил ишққа, эҳтиросга тўла, мен шафқат сўрайман сиздан, уринг, сўкинг, майли, суяман сизни. Ичинг, жоним, бир пиёла майни бирга ичинг мен билан.

Қиз бошини ҳам кўтариб қарамади. Бўшашган, ранги ўчган ҳолда мажолсиз, паришон ўтирарди. Унинг кўнглида кураш, ғазаб, нафрат. Наҳотки кетишнинг иложи бўлмаса? Нажот йўқми? Атрофга телбалардай жонсарак ҳолда термиларди қиз.
— Ўргилай сиздан, бир хўпланг!— қистади бой.

Шу тариқа алжираб, ҳансираган ҳолда ўрнидан ярим турди, қизнинг оғзига пиёлани тутди, мусалласни қуйишга уринди. Қиз пиёлани итариб юборди.
— Ҳаддан ошманг, бой!— дея олди холос Зумрад. Бошини чайқаб ўрнидан турди.

Оқшом тушган эди. Саидаҳмад токчадаги чироқни ёқди-да, қайта ўрнига ўтирди. Қизнинг кўнглини олишга уриниб, турли бачкана илтифотлар қилди, унинг елкасини қучиб, ўзига тортди. Зумрад нафрат билан бойнинг қўлини силтаб, деворга суқилди, кўзларини жавдиратиб деразадан ҳовлига қаради.

Шу кезда дарввза томонда аллақандай ғала-ғовур эшитилди, кимлардир дарвозани тарақлатиб, қаттиқ қоқмоқда эди.

Зумраднинг вазиятидаги ўзгаришни пайқаган бой илжайди:
— Ҳеч нарса эмас, жоним, парво қилманг.

Лекин шовқин борган сари кучаяр эди. Яқин қўшнилардан беш-олтитаси шовқин-суронни эшитиб кўчага югуриб ҳам чиқди шекилли.

Кал хизматкор дарвозани қалтираб очди. Эшонхон асабий тусда эшикка югурди. Кўчада уч киши турарди. Бириси забардаст, пишиқ гавдали, соқоли селкиллаган, келишган чол, иккинчиеи Жумабой, учинчиси ёшроқ, кенг яғринли, мулойим, хаёлчан бир ишчи йигит, чолнинг ўғли Саттор эди.
— Югурдак, сиз нари туринг, бизга бойни чақиринг!—қичқирди Жумабой.— Бу фақир йигитни ишдан бўшатишга нима ҳаққингиз бор сизнинг?! Қани, бой билан ўзимиз гаплашамиз.

«Аттанг, бу Шерматнинг иши, сувга суянма, деган сўзни билардим-ку...» деди ичида пушаймон ва саросимадан ўзини йўқотаёзган Эшонхон.
— Нега бўзраясиз, чақиринг жадал!—ўқрайди Эшонхонга чол.— Мўмин-қобил ўғлим не гуноҳ қилибдики, ишдан ҳайдайсиз?! Гапиринг!—ўдағайлади чол дағаллик билан. Кейин соқолини қашиб, салмоқланиб давом этди:— Раҳматли бой отанинг қўлида кўп ишлаганман. Ўлгудай ишлатарди, лекин ақчани берарди. Саидаҳмадбойнинг бу югурдаги инсофсизликда кўп бойлардан ўтяпти, заводнинг хўжайини эмишсиз! Хўш, гапиринг!—Эшонхонга қадади ўткир кўзларини чол.

Эшонхон Сатторни ёмонлашга уриниб гапира бошлаган эди, чол унинг гапини чўрт кесди:
— Йўқ, мулла, ўзингизни гўлликка солманг, бизни лақиллата олмайсиз, шу соқол оқаргунча сиздақаларнинг кўпини кўрганман,— деди оппоқ соқолини силаб.— Гапир, Саттор!
— Самоварда ўтирган эдим, Эшон ака келиб пинжимга тиқилди. «Ишчиларнинг орасида нима гап, кўнгилларида қандай ният, ҳаммасига кўз-қулоқ бўл, менга хабар бериб турасан», деди. «Йўқ, ака, бундай қийин савдони бошимга ортманг, мени тинч қўйинг», дедим, холос. Кўрган-билганим шу. Эртаси заводга борсам; «Йўқол, аблаҳ!» деб ҳайдади. Бор гап шу!— деди Саттор отаси ва Жумабойга қараб.

Эшонхон жавоб тополмай, қизариб, дудуқланиб қолди.
— Бой бу ерда йўқ, жўнанглар, туёқларингни шиқиллатинглар!
— Ахир бир куни заводнинг хўжайини мана шу Саттордақалар бўлади!— ғазабга тўлиб қичқнрди Жумабой.— Қани, чақир бойни, у шу ерда, биламиз. Ҳовлисидан топмадик, дарак сола-сола шу жойга етиб келдик. Лекин боғча жойида,— кулди киноя билан Жумабой.

Буларни пайқаган Зумрад бирдан сергакланиб, дадилланиб кетди, ирғиб ўрнидая турди-да, паранжисини нари-бери бошига ташлаб, ҳовлига югурди. Бой ўрнидан қўзғалишга улгурмаган ҳам эдики:
— Войдод, халойиқ, қутқаринг, кўмак беринг!— дея аламли қичқириб, дарвоза томонга ўзини урди қиз.

Ҳаммалари ҳайратдан қотиб қолган эдилар. «Нима гап?» дегандай бир-бирларига қарадилар. Аммо чол билан Жумабой фожиани дарров пайқади.
— Эҳ, золим бойлар! Сен қабиҳ иблиснинг ўзисан! — жеркди Эшонхонни қаҳрланган Жумабой,

Чол қизга ачиниб, ичдан эзилиб кетди. Ҳаётнинг бундай кулфатларини кўп кўрган, кўп эшитган чол тишларини ғижирлатди, лекин чурқ этмади.

Қовоғидан қор ёққан Саидаҳмад кеккайган ҳолда аста юриб ҳовлига чиқди:
— Нима гап, бу қандай можаро?— сўради пўнғиллаб.

Чол икки қадам илгари босиб салом берди-ю, ўғли ҳақида гапира бошлади:
— Шундай, бойвачча, болам бояқиш ҳе йўқ, бе йўқ, бўшади келди. Ҳеч гуноҳи йўқ. Ҳаммаси бу оқпадарнинг қилмиши!— деди Эшонхонни кўрсатиб.— Бу ноинсофдан шикоят қилиб келдим, бойвачча.

Энсаси қотган Саидаҳмад кўзларини олайтириб Эшонхонга ўқрайди:
— Нега бўшатдинг йигитни? Эшонхон хуноб ва асабий ҳолда:
— Бу ялқов, ўжар, тўнг!— деб ўзини оқлашга киришди.

Чол бўлса бўғилиб Эшонхон билан айтишиб кетган эди, Жумабой ҳам аралашди. Бой индамай тинглаб турарди, Кейин Эшонхонга қараб ўшқирди:
— Бобой отамизнинг қадрдони, ишлайверсин ўғли, хомсан, замонни тушунмайсан!— Тарс этиб бир шапалоқ қўйиб юборди Эшонхонга,
— Ҳа, бой, эамон ағдариляпти, оғзингизни очиб қоласиз бир кун,— деди Жумабой кинояли оҳангда.
— Бас, бораверинглар, — ғўлдиради бой ва меҳмонхонага кириб кетди.

Ишчилар кулишиб, мамнун ҳолда кўчага чиқдилар.
— Ахир, бир кун бу илонларнинг бошини янчамиз,— деди Жумабой ишонч билан.

Зумрад қоқила-суқила нафаси оғзига тиқилган ҳолда югурарди. Баландмачитга етганда, фалокатнинг даф бўлганига энди ишониб, қадамини секинлатди. «Барака топишсин, нақ Хизрдай бошимдан балони кўтаришди!» деди ўз-ўзига шивирлаб. У қабиҳлар чангалидан қутулганига севинса-да, ҳислари паришон, ғам-ғусса юрагига зил чўккан эди.

Ўртоғи Унсиннинг эшигига келиб тўхтади. «Кирсаммикан?—ўйлади қиз, кейин айниди.— Йўқ, уйимга тезроқ етиб олай».

Зумрад оқарган, ҳансираган ҳолда уйға етиб келганда хуфтондан ошган эди. Ҳовлидан тез ўтиб, хонага кирди, ўзини кўрпачага ташлади, шунда қайноқ кўз ёшлари қуюлиб кетди.

II

Оқшом қоронғиси қуюқлашган.

Эшонхон кўп асабий ҳолда ҳовлининг у бошидан-бу бошига юрарди...

Оқсоч кампир ошхонада икир-чикир иш билан машғул: ғивирлар, калга юмуш буюрар, қизни қўлдан чиқарганларига куюнар эди.

Эшонхон Ҳовлининг ўртасида тўхтаб оқсоч билан кални олдига чақирди. Дастурхонни йиғиштириш, қанд-қурсларни жавонга қулфлаш, овқатларни эртагача сақлаш, ҳамма нарсани саранжом қилиш каби буйруқларни топширди; уларни силтаб, жеркиб, сал аламдан чиққач, хонага — бойнинг олдига кириб кетди.
— Чилим!— қичқирди бой Эшонхонга қарамасдан.

Эшонхон дарров айвондан чилим кўтариб югурди, тамаки солиб гугуртни чақди-да, бойга тутқазди. Саидаҳмад чилимни қўлдиратиб қаттиқ-қаттиқ тортгач, оғзидан тутун булутини бурқситиб юборди, ўткир тамаки уни анча элитган эди. Майдан, тамакидан, аламдан гангиган бой қовоғини осилтириб ички хонага кириб кетди.

Бойнинг орқасидан эргашган Эшонхон остонада тўхтади:
— Ижозат берсалар, янги шаҳарни бир айланиб қелсам. Кўнгил жуда ғаш...
— Қўй, беҳуда диққатинг ошмасин. Қиз қўлдан, чиқди, майли, бу ҳам ўзича бир кўргулик...
— Қўлга туширмай қўймайман у кўрнамакни! Мен тикилдим, бало тикилмасин. Умидингизни узманг, кўнглингизни бузманг, бой ака.
— Биламан, кўнглинг ғаш сенинг, майли, ўйнаб кел,— дедй бой.— Мен ҳозир ёлғизликни истайман.

Эшонхоннинг кўнгли ёришгандай бўлди, енгиллашиб папирос тутатди-да, чиқиб кетди.

Эшонхон Пиёнбозорни айланаркан, аёлларга тегишиб, тентирашиб юрган бир тўда бойваччаларга дуч келди. Буларнинг барчаси пулдор, энгиллари яхши, ғарчиллама этикларда. Бири аттор, бири баззоз, бири қўйфуруш бойларнинг фарзандлари.

Эшонхон салом-аликлашиб бойваччаларга қўшилиб олди. Улар Сквер томон юришди.

Скверда одам қалин. Кеч салқинида бировлар скамейкаларда ҳордиқ чиқармоқда, бировлар хиёбонларни айланиб сайр этмоқда.

Бойваччалар, кинога кирайликми ё ресторанга борайликми, деб ўзаро тортишишар экан, Эшонхон уларли аврашга киришди:
— Зерикдим киноларидан, нуқул олди-қочди, энг маъқули ресторан, юринглар, жиндай ичамиз.

Кўпчиликнинг истаги шу бўлганидан, дарров кўна қолишди.

Энг яхши ресторанга кириб, катта стол атрофига давра қуришди. Бу ердагиларнинг аксарияти ясанган-тусанган рус бойлари эди.

Менюни варақлаб, узоқ баҳслашишгач, бифштекс билан арақ буюришди.
— Энг маъқули арақ, ўткир-да, дарров олади,— билимдонлик қилди Эшонхон.

Улфатлар арақни кўтара-кўтара овқатни уришди. Хусусан, нафси бузуқ Эшонхонга ҳеч ким етолмасди.

Суҳбат шу кунларнинг мавзуи — Петроград воқеалари, Муваққат ҳукумат устида айланарди. Кейин, заволли Туркистон ўлкасининг тупроғи олтин, Темур авлоди занжирдан халос бўлди, асоратдан қутулди, қабилидаги гапларни айтиб эзмаланишгач, олифта бир бойвачча Қўқон бойлари ва жадидларнинг мухторият масаласини кўтаргани ҳақида овозйни пасайтириб сўзлади. Бойваччалар, янги мактаблар ташкил этилиб, диний илмлар қаторида риёзиёт, иқтисод илмлари киритилса, тижорат тараққиёт топур, завод-фабрикалар очиб ташлаймиз, ана шунда ҳаммамиз миллионер бўламиз, деб қадаҳлар кўтаришди.

Баззоз йигит арақни оғзига ағдариб, бойларнинг бидъат ишлари кўп, ҳаддан ташқари тўй-ҳашамларга бисёр пул сарф қиладилар, омиликларидан тижоратнинг йўл-йўриғини билмайдилар, деб нотиқлик қилди.
— Туркистон мухторияти ҳозирча хаёлда-ку, шунчалик ғавғо кўтарасиз, дўстларим,— илжайди аттор Тоҳиржон.

У бойваччалар ичида энг олифтаси: устида янги жужун камзул, оёқларида сирма этик, бошида мош ранг сидирға духоба дўппи: шинам кийинадиган, ҳамиша усти боши йилтираб юрадиган йигит.
— О, Истамбул! Беш қитъада унинг мисли йўқ, дейдилар,— гапга аралашди қўйфуруш Бадриддиннинг катта ўғли Қамариддин. Отасининг таъсирида у ҳам қўполгина, пишиққина кийинадиган йигит эди.— Айни замонда Туркия қонга ғарқ. Фурсат келурки, ғолибият касб этар, наинки турк аскарлари жасур, шижоатли эмиш, истиқболининг порлоқлигига аминман.

Бойваччалар энди кабобга ўтишган эди, арақ узилмади; қадаҳлар кетма-кет бўшатиларди. Улар кайфлари чоғ бўлиб, гапни дам у мавзу, дам бу мавзуга бурдилар. Суҳбатнинг бош ипи дегрезлик Алихонбойваччанинг қўлида. У ҳарорат билан сўзлар эди.

Кимдир биров айтди:
— Петербургда жаноб Милюков, яқинда қўшинларимиз турк ерига оёқ босади, деди. Яроқ-аслаҳа шай эмиш, умиди катта.

Эшонхоннинг кайфи зўр эди.
— Буржуазия катта гап, маъноси чуқур; айни замонда бойларнинг ови юриб қолган, фурсатни қўлдан берманглар зинҳор!— деб таъкидладй.— Аммо, ёронлар, шу тобда замои ниҳоят қалтис. Ишчилар ёмон бош кўтаради дейман. Мусулмон ишчиларни айтмайсизми, кофирлар изига тушяпти. Бу ёмон хавф!
— Янглишасиз, укам Эшонхон,— деди чоллардай салмоқлаб машҳур чойфуруш бойвачча.— Орқамизда катта суянчиғимиз бор, бу уламо ҳазратлар. Фуқаро уламонинг раҳбарлигидан асло бош тортмаслигига шак қилмагайсиз.
— Дарҳақиқат уламонинг обрўйи зўр,— маст ҳолда кўзларини сузди папиросини сўриб Алихон.— Орамизда йўлдан урадиганлар чиқади албатта, иложи йўқ. Мусулмон ишчилар орасида ўрис ишчилар зимдан иш юритяпти, бу бизга равшан, кўр эмасмиз. Завод-фабрикаларни, давлатни қўлга олиш уларнинг ниятлари. Эҳа, гап кўп, лекин ёлғиз халоскоримиз уламо ҳазратлар!
— Бас-э, ўлдик-ку сиёсат ғавғосидан,— деди кайфи ошиб қолган баззоз йигит.— Замон бизники, ҳар ишнинг асоси сармоя.

Музика янграб кетди. Ресторанда ўтирган рус эркак ва аёллар рақсга туша бошлашди.
— Кетдим, жононларни қидиришга!— гандираклаб ўрнидан турди баззоз йигит.
— Муғамбирки, бу бобда тенги йўқ,— жаҳли чиққан эди Алихоннинг.— Қиз излаб кетгани ёлғон, жони пул!
— Биламан қурумсоқни,— деди камгап, сўзга тўмтоқ читфуруш бойвачча.— Ҳаддан ортиқ хасис махлуқ. Қараб турсин, азбаройи худо, бир кун қўлга тушириб, пулини қоқамиз.

Музика тинмасди. Мана, хипча бел камзул камарига ханжар осиғлиқ, сирма этик, катта папахда сухсурдай бир кавказлик йигит ўртада гир айлана кетди. Оёқ учида йўрғалаб, завқ ва эҳтирос билан рақс қилди. Бир столни қуршаган кавказликлар шод ҳолда олқишлаб қарсак чалардилар.

Бойваччалар папирос тутунини буруқситиб, маҳлиё ўтирардилар.

Эшонхоннинг ёдига бир нарса келган эди, ҳовлиқиб сўзлай бошлади.
— Тунов кун хўжайин билан ғалланинг пири Абдулатифбойнинг боғига борган эдик. Улфатлар чамамда етмишга қадар бор эди. Зиёфатни сўраманг, дўстларим, таърифидан ожизман. Унтача машшоқ тинмай мусиқа чалиб турибди. Ногоҳ бир йигит ўйинга тушиб кетди, асти қўяверинг, бай-бай-бай... Асло бунақасини кўрмаганман. Беҳуш қотиб қолибман.
— Э-э!— сирли тусда илжайди Алижон.— Тўғри, таажжуб нарса. Асли у йигитча Сайрамдан, исми Булбул. Дарҳақиқат бир офат!
— Ҳа-ҳа, нақ ўша, сайрамлик йигит, бирам гўзалки, жаннат ғилмонлари бўлса шунчалик бўлар... Ўн саккизда дейман чамамда, ё ўн еттидамикан?— Улфатларнинг ҳаммаси бирваракайига маҳлиё бўлиб қолишди.

Бойваччалар қизиқиб қолишди, уни топиб, базми жамшид қурмоққа қарор қилдилар. Шивирлашиб, қошлари ва кўзларининг имоси билан алланималарни гаплашдилар...

Ресторандан чиққач, бойваччалар тўда-тўда у кўча, бу кўчага тарқалишди. Эшонхон уйга етиб келиб, ҳужрасига кирганида соат бир бўлиб қолган эди.

Ўн Еттинчи Боб

I

Жомеда уламолар жамияги мажлиси. Ғиж-ғиж оқ саллалар... Ваҳминг келади... Шаҳарнинг мўътабар бойлари, пешқадам уламолар, фақир-фуқаро...

Жоме ҳовлиси ўртасидаги минбарда бирин-кетин уламолар нутқ сўзлайди. Улар пайғамбарнинг айтганлари, дин асослари, айни замонда ўзларининг вазифалари, режалари ҳақида гапирардилар.

Ора-сира «Омин!» «Олло таоло мақсудимизга етказсин!», «Шариатимиз мустаҳкам ва пок бўлғай!» деган хитоблар долғали денгизнинг тўлқини каби қарсиллаб қўяди.

Минбарга узун ярқироқ тўнининг этакларига ўралашиб йирик гавдали, салобатли бир уламо чиқди:
— Халойиқ, шариатимизнинг, муқаддас ислом динимизнинг пешвоси Махсумхон тўра Садриддин аълам жанобларининг табаррук зиммаларига уламо жамиятининг раислик лавозимини якдиллик билан юкласак арзийди.

Қарсак ва олқишлар тингандан сўнг кумуш ранг товланган кенг банорас тўн, катта оқ салла ўраган Садриддин аълам минбарга чиқди. Барчанинг диққати унда. Аълам вазмин, паст, ингичка товуш билан сўз бошлади:
— Халойиқ, олло таолога ҳадсиз ва ҳисобсиз шукурлар бўлсинки, бизни йўқдан бор қилди. Қудратли олло таоло бизни энг ҳурматли ва иззатли бўлган одам қилиб яратди. Биз мусулмонлар энг кароматли ва шарофатли ислом динига мушарраф бўлдик. Олло таоло бизга ўз сўзи бўлган қуръон каримни ато қилди. Ҳамма имонли кишиларнинг қуръон каримга амал қилмоқлари фарздир.— Аълам йўталиб олиб сўзида давом этди:— Муҳаммад алайҳиссалом қуръон каримнинг ҳукмларини ҳаммамизнинг қулоғимизга еткурди. Қиёматгача дунёга ўзга пайғамбар келмас, ҳам Муҳаммад пайғамбарга берилган шариат асло бузилмас,— Садриддин аълам пайғамбарнинг йўл-йўриғи, ислом буйруғи ҳақида узоқ сўзлади, қақраган томоғини қириб бир-икки йўталди.— Мусулмонлар, ҳеч бир иш олло таолонинг измисиз бўлмас, яъни ҳар бир иш ёлғиз олло таолонинг қудрати ва амри билан бўлур. Оллонинг амри ила уламо жамияти барпо бўлди. Қуръон шарифни кўкракка жо қилиб, расул акрам йўлига амал қилиб, уламо жамияти ўз вазифаларини ихлос ва виждон ила адо этмоққа сафарбар деб билур ўзини. Аллоҳумма ансара мин касорати диниҳи ва уҳдула мин ҳазорати диниҳи, яъни, халойиқ, эшитинг, худоё динга ёрдам берган одамга ўзинг ёрдам бер, динга рахна солган одамни ўзинг хор-зор қил! Қавм, жамоат, муборак бўлсин, ҳуррият кунларингиз! Омин!

Чуқур сукунатда тинглаган халойиқ қўзғалиб кетди. «Омин!» дея барча бирваракай дуога қўл кўтарди.
— Аълам минбардан тушар экан, яқин турган бойлар, Думанинг уч-тўрт чиновниклари таъзим билан салом бердилар. Одамларнинг баъзилари аъламнинг қўлларини ўпиб, баъзилари тўн этакларинй кўзларига суртардилар. Уни қуршаган бир гуруҳ уламолар бирга юриб мадрасанинг кенг ҳужрасига кирдилар.

Ҳамма ўтиргандан кейин узундан-узоқ дуо ўқилди. Аълам мамнуният билан тағин сўзга киришди. У вазифаларнинг мушкуллигини, вазифашунос, ҳуснихат бир котибнинг зарурлигини айтди.

Ҳазратнинг пинжига тиқилган уламолар; «Тақсиримнинг кўнгилларига маъқул котибни топурмиз!» деб ваъда қилардилар.

Уламолардан бири эшикка яқин ўтирган Мирзаҳалимни кўрсатди аъламга:
— Ҳазратим, мана ўтирибдилар. Мирзаҳалим, камтар, вазифашунос, бағоят ҳуснихат. Аълам бошини қимирлатди:
— Дуруст, мирза фозил йигит. Пича ўйлай-чи,— сукут қилди у.

Шу тобда ҳовлиқиб, терлаб хонага кирган Шарафиддин домла қайта-қайта таъзимда букилди:
— Муборак бўлсин, улуғ ҳазратим! Садриддин аълам жилмайди.
— Мана, домла Шарафиддин тиллойи ранг билан битишда энг аъло шогирдларимиздан,— сўнг Шарафиддин домлага қараб деди:—Котибликка сизни раво кўрурмиз, мулла!

Шарафиддин домла новча бўйли, кўзлари бежо, усти боши шай, пишиқ, озода, қайтарма ёқали узун камзул устидан кенг тўн кийган, бошида кичкина оқ мисқоли салла, камзул устидан соат занжири осиғлиқ.
— Вазифалар кўп оғир-ку, тақсир, каминанинг иқтидори етурмикан?—сўради Шарафиддин домла дераза остига ўтириб.

Аълам ўсиқ қошларини кўтарди:
— Ба уштур мурғ гўянд, ки бор каш, мегўяд: «Мурғам»; гўянд кипарвоз кун, мегўяд: «Ман уштурам». Яъни туяқушга юк ортмоқчи бўлсалар: «Қушман», дебди, уч, десалар: «Туяман», деган экан.

Уламолар қиҳиллаб, кўзларининг намини артиб-артиб кулишди. Шарафиддин домла ҳам кула-кула чўнтагидан дастрўмолини олиб, пешана терларини артди.
— Тақсир, бажону дил бу улуғ вазифани қабул қилгумдир,— дея қуллуқ қилди.

Сариққина, кўзлари ғилайроқ бир уламо аъламдан сўради:
— Ҳазрат, мирзанинг моҳиёнаси нечук бўлур? Аълам дарров жавоб бермади, бир оз жаҳли ҳам чиққан эди:
— Сизнинг шундоқ номаъқулчилигингиз қолмайди, мулла, қизиқ гапирасиз-а! Агар фузул набошад, жаҳон гулистон аст! (Форсча-тожикча! Агар бекорчи эзмалар бўлмаса, олам гули-тон.) Шарафиддин домла даставвал саъйи ижтиҳод билан котибликни бажо келтирсин, кейин кўрармиз.

Сиз, мулла, қавмнинг ичида бўлинг, тилингиз узунроқ, ваъз-насиҳат қилинг!

Териси қалин ғилай уламо ўзига теккан вазифадан қувониб кетган эди. «Қўлимдан келганини аямасман», деб шошилиб қуллуқ қилди.
— Эй аҳли уламо!— хитоб қилди аълам ўтирганларга бир-бир қараб олиб.— Туркистон вилоятининг жамики қишлоқ ва шаҳарларини оралаб, қавмларга имон, тавфиқ, охиратнинг азоб, роҳатлари хусусида тушунтирмоқ сизнинг зиммангиздадир. Бу ҳақда бафуржа, хотиржамлик билан сўзлашурмиз. Ҳозир вақт қисқадир.

Уламоларга янги гап топилганидан дарҳол бир-бирларини туртишиб, шивирлашиб, имо билан сўзлаша бошлаган эдилар.

Ҳазрат. Шарафиддин домла билан тағин икки мударрисни қолишга имо қилиб, бошқалар билан хайрлашгач, уламолар оёққа қалқиб, таъэим ва қуллуқ билан хонақоҳдан чиқиб кетдилар.
— Сизларни олиб қолганимизнинг сабаби шулдирки,— аълам мударрисларга қараб сўзлади,— улуғ вилоятимиз номидан барча қавмларимизга қарата бир эълоннома битиш зарурияти туғилди. Бу ишни жадал бажармоқ лазим. Ҳозир ҳузуримизда кўп обрўли фоэил мударрислар бор эди, аммо сукут қилдим, айтмадим, шовқин кўтаришни лозим топмадим... Зоти олийлари мунаввар кўнгилларидан мазмунли, салмоқли бир эълон тартиб этгайлар. Дини исломдан муқаддима бошлаб, андак аҳволи замон хусусида тўхтанг, кейин тағин динни тарғиб этгайсиз. Қавмларни ҳаяжонга солгудек юксак руҳдаги диний иборалар билан битгайсиз. Бандаларининг яхши ва ёмон ишларини олло таоло қудрат тарозуси ила билур, денг, бандаларни имонга даъват этинг. Қани, марҳамат, ишга!

Мударрислар ва котиб қуллуқ қилгач, эртагаёқ буйруқни бажо келтириб, ҳазрат ҳузурига етказмоқни ваъда қилдилар.

Садриддин аълам мамнуният билан ўрнидан қўзғалар экан, Шарафиддин домла ирғиб турди-да, қозиқдаги тўнни аъламга тутди, кавушларини тўғрилади.

II

Садриддин аълам жомедан қайтганда катта келини — ўғли Зуҳуриддиннинг хотини — узун кўйлагининг этакларига ўралашиб, ҳовли супурмоқда эди. Ҳазрат дарвозадан кираркан, келин дарҳол супургини четга олди, қўлларини кўксига қўйиб, букилиб салом қилди.
— Ассалому алайкум, улуғ мартабангиз қутлуғ бўлсин! Талабаларингиз хушхабар етказдилар...

Мамнуниятдан чеҳраси янада ёруғлашган аълам жилмайиб ичкари кириб кетди.

Ичкари кенг саҳнли катта ҳовли. Қатор икки уй, бир даҳлиз, тағин икки уй, бир даҳлиз, олди узун айвон. Ҳазратнинг катта хотини, отин буви, айвоннинг бошида йигирма-ўттиз қизни ўқитиб ўтирарди. Эски мактабнинг одатдаги шовқини ҳавони тўлдирган. Қурт шимган ёки сақич чайнаган қизни отин буви қўлидаги хивич билан оҳиста бир уриб қўяр, ҳозир ёнига бир шогирд қизни ўтқазган, дарс тинглар эди.

Аълам ҳовлида кўринган ҳамон қизи Адибахон отасининг истиқболига югурди.
— Туркистон оламининг офтоби!— қучоқлади уни қизи.— Акамдан эшитиб, беҳад хурсанд бўлдик.

Адибахон алифдай нозик, юзи тиниқ, оқ, йирик кўзлари устидаги ингичка қошлари офат... Шўх табиатининг ифодаси бўлган, ҳамиша табассумга мойил дудоқлари ҳуснига янада мукаммаллик бахш этган... Адибанинг устида ғўзапўчоқ нусха узун товар кўйлак, пушти шоҳи дурра тагидан тақимларига қадар тушган, майдалаб урилган сочлари ҳамиша тўлқинда... Қуръонни қироат билан ёддан ёқимли ўқийди, хотинлар ва кампирлар уни «Қори бегим» деб атардилар.

Ҳазрат мамнун эди, қизининг орқасига қоқиб, пешанасини силади, «Ойингни чақир!» деб буюрди ва хонага кириб кетди.

Аълам тўнини қозиққа илиб, саллани эҳтиёт билан тахмондаги ёстиқ устига қўйди-да, бошига тақия кийди, тўрга солинган қават-қават кўрпача устига ўтирди. Шу тобда аъламнинг иккинчи хотини Хадича бегим ранги ўчган, ранжиган ҳолда хонага елиб кирди.

Бир вақтлар Садриддин ҳазрат Бухорода тўрт йил қолиб кетган. У мадрасада мўътабар шайҳлар қаторида юрган. Шунда у Хадича бегимга уйланиб олган эди. Хадича бегим Тошкентга келгандан сўнг ёлғиз бир ўғил туққан, унинг оти Зиёхон, мадрасада таҳсил кўрган, ҳазратнинг истаги бўйича у олти йилдан буён Бухорода таҳсилни давом эттирмоқда эди.

Хадича бегим кичик жуссали, оппоққина, кўҳликкина хотин. Ҳамиша кўзлари кулиб турган, сўзлари ёқимли аёл.

Отин ойи зимдан рашк қилади, ўзи шогирд қизларни ўқитиш билан овора, кир ювиш, овқат пишириш, сигир-бузоққа қараш каби жамики уй-рўзғор юмушларини Хадича бегим зиммасига ташлаган. Ёз кунлари ҳатто шоликордаги бутун ишларни ҳам Хадича бегим саранжом қиларди.
— Ассалому алайкум,— сал букилди Хадича бегим.— Вой ўлай, келибсиз-у, мен томонга кирмабсиз-а, тўн-саллангизни ўзим олардим, ҳазратим...— у гина қилган бўлди эрига.

Аълам жавоб бермади, сукутда ниманингдир хаёлини суриб ўтираверди.
— Гапирсинлар, тақсирим,— аъламнинг қаршисига чўққайди Хадича бегим.— Катта ишга, юқори мансабга мушарраф бўлибдилар. Ҳовлида юмуш билан овора эдим, шу хушхабарни ўғлингиз топиб келди, отин ойисига шивирлаганини орқаворатдан эшитиб қолдим..» Қутлуғ бўлсин!

Ҳазрат мийиғида кулди:
— Кечаси бафуржа сўзлашурмиз, бегим...

Эшикдан лоп этиб келиб кирган отин ойи кундошини кўрган ҳамон энсаси қотган эди, оғиз очгиси келмади, индамай тўрга ўтириб аъламга савол назари билан қаради.

Хадича бегим енгил юриб чиқиб кетгач, аълам отинга мурожаат қилди:
— Хўш, аввало билмоқчи эдим, етарли нон борми? Қанд-қурс-ку, сандиғингдан топилади.

Қаригина юзи сепкил, баланд бўйли, шаддод отин ойи қаттиқ йўталиб олгач, қайта-қайта аксирди, мурсаги киссасидан чит рўмолча олиб, оғиз-бурнини артди-да, тағин рўмолчани қайтиб киссасига солди.
— Меҳмон келадиганмиди?— сўради кампир шошмасдан.—Эшитдим, индамайсиз, тўрам! Туркистон вилоятининг жамики уламоларига саркарда бўлибсиз, муборак бўлсин! Қанд-қурс бор, нон қаттиқ, меҳмоннинг олдига қўйиб бўлмайди.
— Пешин яқинлашди, қизларни озод қил, меҳмон келиши мумкин. Яхшилаб дастурхон ясалса кифоя, ош даркор эмас.

Отин ойининг жаҳли чиққан эди:
— Ҳамиша қилиғингиз шу, ҳазратим, овқат ҳақида хархаша. Сизга доимо умоч-угра, хўрда-ю, мошхўрда бўлса.
— Э, тавба,—соқолини сийпади аълам,— худонинг берган куни қизларинг палов келтиради-ку, пишириб овора бўлишнинг не ҳожати бор?!
— Вой ўлай: аз жавони то пири, аз пири то бакай, дегандек, ёшликда қариликка йиғдингиз, энди нимага йиғасиз?

Аълам қихиллаб кулди, отин ойи энсаси қотганидан юзини терс бурди, рўмолини тўғрилаб, у елка-бу елкасига ташлади.
— Ўн кунда бир келадиган паловни айтасиз-а! Шу бугун чучварами, мантими, ё палов бўлмаса уят-ку! Муллаларингиз бир оғзи-бурунларидан тўйсинлар. Қази ҳам пиширсак ёмон бўлмасди, садағаси кетай, тарашадай қотиб ётибди, оллонинг инъоми, қадрига етинг-да, ахир.
— Аввало, фақирлик юксак, камтарлик аъло нарса, буларнинг маъносини билмайсан, вағиллайсан. Ҳар бир ишнинг сири олтинда, қариганда даркор бўлади, олтин-кумуш оллонинг хазинаси!

Отин ойи лабини буриб, бир он жим ўтиргач, эрига тағин тушунтиришга уннади, ялинди-ёлворди — бўлмади, эрини асло кўндиролмади.

Аълам керишиб ўрнидан турди-да, таҳорат учун ҳовлига чиқди.

Отин биби даранг-дурунг қилиб сандиқни очди, бир-икки патнисни тўлдириб тузади, тағин бир-икки патнисга тўртта-тўртта мева ташлаб, берироқ қилиб ясади. Кейин патнисларга бир сидра разм солиб қараб чиқаркан, кўнгли тўлмади. «Нонларнинг суви қочиб қолган, уят-э, ҳазратим қурмагур бемаъни!»—койиди ичида эрини.

Айвонда қизлар:
— Шин-шин, бўлди пешин, зод-зод бўлди озод!— дея шовқин кўтаришди. Диққати ошиб турган отин ойининг жаҳли чиқиб, остонадан қичқирди:
— Ўлим бергур қизлар-ей, овозларингни ўчирларинг, бас, дейман!

Қизлар отин бибиларининг овозини эшитишмай, шовқинни авжига кўтаришди, Отин ойи қизларга қарата қўлини кўтарди.
— Озод!..— деди ранжиган бир оҳангда.

Кўп ўтмади, ҳазратни зиёрат қилмоқ ва табрик этмоқ учун ҳозир бўлган уламолар, мударрислар, бойларга меҳмонхона лиқ тўлди. Аълам хурсанд, кеккайиб ўтирар, ора-сира луқма ташлаб, бир-икки оғиз вазмин гапириб қўяр эди.

Мадрасадан келган бир неча шогирдлар патнис олиб кириб, чой ташиб, хизматда елиб-югурардилар.

Дастурхонга зимдан разм солган муллалар: «Патнис гўё биҳиштдан чиқибди, аммо нон қоқ, чой суюқ», дейишарди имлашиб.

Суҳбат уламолар жамияти атрофида борарди, уламолар жамиятининг моддий тарафидан гап айлантириб, бойларга қулоқ қоқиш қилардилар. Мўмингина бир кўнчи йигит гапирарди.

Мана, дарвоза олдида Саидаҳмадбой, Муҳаммадмансурбой, Валихонбойлар кетма-кет извошларидан тушадилар. Учаласи ҳам кийимда бир-биридан қолишмаган, эгниларида янги камзул, чакмонлар, товлама беқасам тўн, бошларида ихчам шоҳи саллалар, оёқларида ғарчиллаган амиркон маҳси-кавушлар.

Ҳазрат бошлиқ уламолар, барча меҳмонлар ҳовлига — янги келганлар истиқболига чиқиб кутиб олишгач, меҳмонхонага кириб ўтирилди. Аълам узун дуо ўқиди. Тағин қутловлар, тағин сўрашувлар такрорланди. Суҳбат изга тушгач, Садриддин аълам ичкарига кирди.
— Отин, ҳой, отин!— чақирди аълам айвонда туриб.
— Лаббай, ҳазратим?—сўради ҳозир бўлган Хадича бегим.
— Чақир, отин ойингни!— буюрди зарда билан аълам. Отин ойи хонадан югуриб чиққан эди, ранги ўчган Хадича бегим терс бурилиб айвондан тушиб кетди.
— Нима қиламиз, отин, бошим қотиб қолди, ош тузук бўлурди, аммо кўпчилик-да, етказиш маҳол,— ўйланиб сўради аълам:—Ёхуд хўрдами, табаррук таом, нима дейсан?

Лаҳзада айвонда қайта пайдо бўлган, ғайирлик ва ғазабда тўлганган Хадича бегим гапга суқилди:
— Яхшиси, ҳазратим, лаззатли мастава қилайлик, яйраб ичишади.

Отин ойи бармоғи билан юзини сидирди:
— Ўла қолай, мундоғам нокаслик бўларми? Бугун дастурхонингизга манти муносиб тақсир! Гўшт бор, пича етмайди, дарров гузарга бир муллаваччани югуртиринг, бирпасда ҳозир қиламиз.

Ҳазратнинг кўзлари жаҳлдан олайиб кетган эди, отин ойи бўш келмади, қаттиқ-қаттиқ гапирди эрига.
— Қайдаги гапларни гапирасан, отин, худонинг эртаги куни ҳам бор. Мастава ҳам саҳобаларнинг емиши, улуғ таом. Хадича бегимнинг сўзи маъқул. Ёғу гўштни камроқ солиб, суюқроқ қил, отин, меҳмонлар беҳад. Тобига келтириб зиғир ёғ аралаштиринглар, мастава палов эмас, биласан-ку, отин, у гуруч танламайди, оқшоқ қўшиб юборинғлар-да, шошмасдан қайнатинглар.

Ғазабдан тили қотган отин:
— Якарзан аз дасташ намиафтад (Форсча-тожикча: қўлидан битта тариқ. ҳам чиқмайди),— деди шивирлаб, холос.
— Аълам отин ойининг эътирозига ва истагига заррача эътибор бермади, гердайган ҳолда ташқарига юрди, Хадича бегим кундошига ялт этиб маъноли қараб олгач, кулимсираб ўчоқ бошига югурди.

Меҳмонхонадагилар таъзимга қўзғалиб, қайта ўринларига ўтиргач, Муҳаммадмансурбой гап бошлади:
— Баҳс қизиб кетди, тақсир,— аъламга мурожаат этди у,— бурноғи йил ёзда биҳишт каби бир боғнинг каттакон супасида улфатлар зиёфатда эдик. Соҳиб қулинг ўргилсин палов келтирди. Биз ошга ишҳата билан энди қўл урган эдик, тўсатдан тепамиздаги бир новдада ўтирган читтак, ўзингиз биласиз, жибилажибон, афв этасиз, жаноблар,— бой жилмайиб меҳмонларга қараб олди,— ахлатини ташлаб юборса бўладими! Нақ паловнинг қоқ ўртасига тушди, ҳаммамиз қўлимизни тортдик. Тақсир, шариатда йўл қалай? Ош ҳалолми, ҳаромми? Шу хусусда баҳс қилурмиз Муфтий, ҳалол деб фатво бердилар. Сизнинг табаррук фикрларннгизни эшитсак.

Меҳмонлар сукутда, аъламнинг жавобига мунтазир эдилар.

Садриддин аълам бир зум ўйланиб қолди.
— Қаердаги масалаларни қўзғайсиз, муҳтарам баззоз, читтакми, ҳумоюнми?— илжайди аълам. Меҳмонлар қаҳ-қаҳ уриб кулиб юбордилар, лекин Муҳаммадмансур бўш келмади.
— Ўзим бор эдим, тақсир, осмондан лаганга лоп этиб тушди, ўша он тепамиздаги дарахт шохидан жибилажибон пир этиб учди-кетди.
— Масала нозик,— жавоб берди аълам жиддий тус-да.— Таом хусусида ечилмаган масалалар ҳануз кўп. Балки оллонинг амри билан бўлгандир бу иш, олло таоло ҳар бир ишни аввалдан лавҳулмаҳфузга ёзиб, тайин қилиб қўяди.
— Наҳотки тангрим шунча одамни олдига келган овқатдан бенасиб қилса?— деди баззоз эътироз билдириб.
— Олло таолонинг сирлари кўп,— сўзларни бир-бир чертиб сўзлади аълам.— Эҳтимол ҳамтовоқларингиз орасидаги бир гуноҳкорга юборилган жазодир.

Баззоз ҳамманинг ўзига тикилганини сезгандай оқариб кетган эди, буни дарров пайқаган муфти орадаги ўнғайсизликни бартараф қилишга, баззозга ёрдамга шошилди. У қатор далиллар ва фатволарни қалаштириб ташлади.
— Каминанинг фикрича, паррандалар ҳалол махлуқдирлар, ошдан бир ҳовуч олиб ташлаб, емак мумкиндир,— деди у.

Аълам ўжарлик билан баҳсни давом эттиришга тиришган эди. У муфтига ҳужум қилди:
— Инсоннинг ҳалқуми ниҳоят пок бўлмоги шартдир! У буни қайд этиб, кейин бафуржа ҳал қилишга ҳавола қилгач, суҳбат бошқа томонга бурилди; подшо салтанати барбод бўлиб, камбағалларга ва бойларга озодлик келтирилгани, савдо-сотиқ тижорат ишлари тараққиёти каби масалалар устида гап айланди.

Суҳбат мадраса ислоҳига тақалганда, Садриддин аълам қатъият билан деди:
— Мадраса пайғамбардан қолмиш мерос, тарихи узоқ, унга тил тегизиш, қўл тақизиш гуноҳи азимдир. Мадраса олло таолодан юборилган динимизнинг мушарраф даргоҳидир.

Суҳбат узоқ давом этди, катта бойлардан бир нечаси мадраса ислоҳотига оид масалани қўзғагач, аълам: «Кўрармиз, оллонинг ихтиёрига ҳавола қилурмиз», деб суҳбатни кесди...

Садриддин аъламнинг меҳмонхонасидан қоқ ярим кечага қадар меҳмонлар аримади. Кетма-кет тўда-тўда ошна-оғайнилар, мухлислар аъламнинг мўътабар мансабини қутлашга келиб турдилар.

III

Заҳ ҳужрасида тақир пўстак устига чўкка тушган Умарали «Шарҳи мулло Жомий»ни мутолаа қиларди. Унга ёндош кенг ҳужрада олабайроқ ва банорас тўнларда, қозондай катта-катта саллаларда бир гуруҳ мударрислар жадидлар ҳақида ғийбат ва олди-қочди гапларни узиб-улаб, эзиб суҳбат олиб борардилар.

Яна бошқа кенг бир ҳужрада шогирдлар қофия тўқиб, жанг майдонини қиздириб юборганлар. Бир-бирига сўз ҳужуми, сўз ҳамлалари билан араб тилида баҳс юритардилар. Бозор яқинлигидан унинг шовқин-сурони, ғовур-ғувури, дарвиш ва қаландарларнинг товушлари мадрасага эшитилиб турарди.

Мадраса аҳли аксарият турмуш кечириши машаққатли ва мушкул бўлган, нонни тўйиб еёлмайдиган фақир одамлар. Аммо иккинчи гуруҳ, оз бўлса-да, ҳамёни ҳам, қурсоғи ҳам тўқлар, катта деҳқон, катта ер эгаларининг, бойларнинг фарзандлари. Уларнинг усти боши шай, ҳар кун егани палов, ичгани аччиқ чой, харжлари жойида.

Умарали қашшоқ бўлса ҳам, қалби тоза, инсоний ғурури зўр, юраги тўла дард, камтар йигит. У секин-секин ҳаёт фалсафасининг мағзини чақиб, инсон тақдири ҳақида мулоҳаза юритар, подшо истибдоди емирилгани, ҳуррият шамоли эсганини сезар, мушоҳада этар, инқилобни англаб тўғри тафаккур қилар, инқилоб бир баҳор каби унинг қалбига кириб борар эди. Қозон, Уфа, Оренбург газета-журналларини дўстларидан, ошна-оғайниларидан олар, берилиб мутолаа қилар эди.

Ҳозир Умарали араб тилидаги «Шарҳи мулло Жомий» ни такрор-такрор ўқир, ёдлар, лекин фикри хаёли тағин оламдаги воқеалар, аҳволи замон изидан кетар эди.

Ҳужранинг эшиги оҳиста очилди:
— Ассалому алайкум, ҳормасинлар, мулла ака!— Умаралининг қаршисида кулимсираган ва тер қуйган ҳолда Жумабой турарди.

Чуқур хаёлда ўтирган Умарали чўчиб кетди-ю, лекин меҳмонни кўрган ҳамон очиқ чеҳра билан ўрнидан турди, дўсти билан икки қўллаб кўришиб, кўрпачага ўтқазди.
— Хўш, тор ҳужрага тиқилиб ўқиб ўтирибсизми? — Токчага терилган китобларга кўз югуртирди меҳмон.— Бари арабча дейман?

Умарали бошини қимирлатди, — Қуръоннинг тили денг?— кулимсиради Жумабой, кейин жиддий тусда сўради:— Замон ҳам, турмуш ҳам ўзгаряпти, мулла, русчадан биласизми?
— Афсус, асло билмайман,— жавоб берди Умарали меҳмон қаршисида чордана қуриб.

Жумабой арабча, форсча ҳар қандай ўқишнинг, илмнинг яхшилиги, русча ўрганиб, рус маърифатидан, маданиятидан ҳам наф олиш зарурлигини сўзлади, кейин ишчилар, мастеровойлар ташкилоти ҳақида гапирди, ўзининг ўқиш-ёзишда тамом саводсизлиги, аммо гапда русча тузук гаплаша олишини айтди, Умаралининг ҳам русча ўрганишини тавсия қилди.

Умарали Жумабойнинг сўзини маъқуллади:
— Ёлғиз хоҳиш билан иш битмайди... Орзу юракда чўкиб ётибди.
— Мадрасада вақф йўқми?— сўради Жумабой.—Вақфга чиқарилган ерлардан, дўконлардан тушган маблағ талабаларники, деган гапларни эшитардим.

Умарали истеҳзо билан кулди:
— Вақфдан келган маблағ, гўё бир дарё, мударрислар ҳамёнига қуйилади, юқори талабаларники.

Жумабой қўлини чаккасига қўйганича ҳайрон ўтирарди:
— Шундай денг, мулла, тушундим ҳамма гапга. Аълам, мударрис, домла — ҳаммаси текинтомоқ, кана-да. Ҳозир мадрасага қадам босдим-у мударрислар муллаларнинг кўзлари гўё тикандай санчилди менга. Орқамга қайтай дедим, айнадим, хўмрайса хўмрайиб ўлмайдиларми дедим-да, ҳужрангизга чопдим. Орқамдан ивир-шивир қилиб қолишди чамамда.

Умарали Жумабойнинг бу гапига индамади, мударрисларни ранжитмаганмикан, не иш билан келди экан, дея кўнглидан кечирди у.
— Чой қилай?— ўрнидан қўзғалди Умарали.
— Э, ўтиринг, мулла!— қатъий эътироз билдирди Жумабой.— Озгина гап бор, қулоқ осинг.

Таажжубланган Умарали қайтиб жойига ўтирди. Жумабой эҳтиётлик билан гапни узоқдан бошлади.
— Хўжайинимиз Саидаҳмадбойни биларсиз, балки эшитгандирсиз. Бойлар орасида айниқса ифлоси шу, шайтонга дарс берадиган. Ёнида бир югурдак думи бор.
— Эшитганман таърифини,— бошини лиқиллатди Умарали.— Қани, гапиринг.

Ранги ўчган эди унинг, лекин ички титроқни босишга тиришди, нима гап, тезроқ гапирса эди, дегандай тоқатсизланиб Жумабойга тикилди.
— Бой яқинда Бешёғочдан жаннатдай бир ҳовли олибди, лекин бу жой унга махфий бир макон экан. Тунов кун заводда бир можаро бўлди-ю, бир-икки киши бўлиб бойни қидириб қолдик. Еру кўкдан тополмадик. Бир дўстимизнинг гапи билан шу пинҳон жойга бостириб бордик. Ҳамма ёқ жимжит, дарвоза ичидан қулф. Дарвозани қоқавердик, қўймадик, ахир очилди-ю, ўзимизни ичкарига урдик. Бу жаҳонда мисли йўқ бир боғ... Рўпарамизда ранги гезарган Эшонхон пайдо бўлди-ю, дарров ёқасига ёпишдик. Шу пайт тўсатдан хонадан бир қиз отилиб чиқди, паранжиси қўлида, ёпинишга ҳам улгурмаган: «Дод, мени қутқаринглар», деб ёлворди кўзлари жавдираб, кейин дарвозанинг очиқлигини кўрди-ю, ўзини кўчага урди. Тушундингизми, мулла? Ажойиб бир қизки, офтобнинг ўзи дейсиз, ҳусни кўзни қамаштиради.. Ана шу паллада бизни кўрсангиз! Ҳам ҳайрат, ҳам нафрат, ачиниш, дард... Кўнгиллар оловда қовжираб кетди. Эшонхонни ғажиб ташлагимиз келди, ўзимизни босдик. Шунақа муттаҳамлар камбағал қизларни олтин қафасларга туширади, бойларнинг нафсига қурбон қилади. Кейин, қовоғидан қор ёғиб бой чиқди. Талабимизни бойга айтиб, уни кўндирдик. Эшонхонда ҳам, бойда ҳам тариқдай виждон йўқ, турган-битгани палидлик. Нима қиламиз, жуда бўлмаса газетага берамизми? Маслаҳат учун келдим ҳузурингизга.

Бутун борлиғини йўқотгандай анграйиб ўтирган Умаралидан жавоб талаб қаради Жумабой.
— Бир чора йўқми?—сўради у такрор.

Умарали бошини қуйи солганича узоқ ўтиргач, узун бир сўлиш олиб оҳиста гапирди:
— Бойлар шундоқ ифлос махлуқ. Қайдам, биродар, қозига айтиб, газетга бериб бир нажот топиб бўлармикан? Бойларнинг ҳар ерда қўли узун.

Жумабой кўрган даҳшатли воқеаси, қизнинг чеҳрасидаги алам ифодасини бир дақиқа бўлсин унутолмаганидан тинчлигини бутунлай йўқотган, қаттиқ хафа эди. Шу кунлари унинг зиммасида катта бурчлар, вазифалар бўлса-да, жиндай фурсат топиб, дўсти Умаралини излаб келди, биргалашиб бир чора ахтармоқчи эди. Махоркани қоғозга ўраб тутатди.
— Эшитишимча, бу сулув қизга бой хуштор экан, уни пинҳон қўлга туширмоқчи бўлган, Гап кўп, одамлар дам ундай дейди, дам бундай дейди.

Умарали баттар оқариб кетди. У энди ички титроғини яширишдан, ожиз, бутун вужудини кемирган шубҳа мисоли уни бўғиб ташлагандай, ваҳима, қоронғилик ютиб юборгандай ҳис этарди ўзини.
— Исми нима экан қизнинг, билолмадингизми?—сўради журъатсизгина, титраган товуш билан.

Жумабой қаттиқ йўталиб олиб деди:
— Отини билолмадим, аммо қамишдай қомати бор, ҳуснини таъриф қилолмайман, мулла, бунга тилим ожиз;— Бир дам ўйланиб қолди Жумабой, кейин давом этди:— Эшитишимга қараганда, дукчи чол бор-ку, шунинг қизи эмиш.

Умарали гўё юрагида бир нарса узилгандай, тўсатдан ўпқонга йиқилгандай сезди ўзини, қадди букилди, бошини икки қўли орасига олганча жим қотди.

Жумабой: «Бу мендан ҳам баттар экан, қиз бечорага ачинди-ку», деб ўйлади.
— Шундай, дўстим, ёмонлар кўп, камбағални туянинг устида ит қопади. Эшонхондай палидларнинг бўйнини шартта узиб ташласак, савоб иш қилган бўлардик. Мулла, гапиринг, чораси нечук бўлади?

Умарали тўсатдан кўксини чангаллаган изтиробдан эзилиб кетди: хафа, дилгир эди қалбига бирдан қон, ғам, алам тўлган эди. У бошини кескин кўтарди:
— Жаҳоннинг иши гўё буқаламунга ўхшайди, мавлоно Фузулий айтганлар:

Дўст бепарво, фалак бераҳм, даврон бесукун,
Дард чўх, ҳамдард йўқ, душман қави, толъе забун.

Бир он сукут этгач, ичдан уҳ тортди Умарали:
— Толе, бахт биздан узоқда, фақат орзуси юракда...
— Фузулий ғазалларининг маъноси чуқур, заводда бир дўстим бор, тузуккина саводхон йигит, Фузулййнинг ғазалларини ёддан билади, гоҳо ўқиб кўнгилларимизни равшанлаштиради.— Жумабой бир зум жим қолди-да, тағин давом этди:—Халқимизнинг ғам-ғуссаси беҳад-беҳисоб, аммо ёлғиз ишчилар халоскоримиз. Ташкилотлар кўпаймоқда, шояд меҳнаткаш аҳли йўлини топиб олса.
— Жамики халқ ғафлат ботқоғида, қайдам, бир нарса қилиб бўлармикан!
— Рус ишчилари жасур, кўп нарсани тушунадиган, билгич одамлар. Мен шуларга эргашавериб, туппа-тузук кўзим очилиб қолди, мулла. Энди Эшонхон билан Саидаҳмад устида бир яхшилаб ўйлаб кўринг, балки бадбахтларга бир жазо топарсиз. Бизнинг ҳовлига боринг, сичқон ковагида ўтиргандай ўтираверманг, мундоқ чиқиб, халқнинг турмушини кўринг.

Жумабой хайр-хўшлашаркан, Умарали зўраки илжайиш билан ўрнидан турди. Жумабой тез чиқиб кетди.

Умаралининг хаёли фақат Зумрадда эди. «Наҳотки фалокат рўй берди?» деди йигит ўз-ўзига. Тор ҳужрада гир айланди. Қалбидаги олов, ҳасрат тўлқинини сира босолмасди. Ҳужрани наридан-бери қулфлади-да, мадрасани тарк этиб, шошилиб кўчага чиқди.

У Хадрага етиб, жар бўйига тушди, баланд-паст йўллардан хаёл оғушида беҳуш узоқ тентиради. Онда-сонда ўйинқароқ болалар, тирикчилик билан овора юрган катталар кўринарди. Йигит хаёлида фақат Зумрад. «Наҳотки шундай ақлли, фаросатли, зукко қиз тузоққа илинса?— ўйлар эди Умарали ва аллақандай шубҳалар, гумонлар фикрини ишкал қиларди.— Балки маккор Эшонхон Зумрадни алдагандир, олтин-кумуш, боғ-роғлар ваъда қилиб йўлдан оздиргандир?» Умарали оғир ўйларга ботган, эзилган, ҳазин ҳолда бир дарахтга суянди. «Йўқ,— деди ўз-ўзига тасалли бериб,— асло ўз истаги билан бормаган, агар шундай бўлса, фарёд қилиб қочмас эди. Эшонхоннинг тузоғига тасодифан илинган. Оҳ, қани у бадбахтни янчиб ташласам!..» Умарали кўксида дам ғазаб, кин тошар, дам муҳаббат, ғам исканжасида қалби зирқирар эди. У секин ҳолсиз юриб кетди. Пастда кўпириб жарга тушаётган сувнинг гуриллаши эшитиларди. Йигитнинг қалбида ишқ тўлқини шу қадар кучли эдики, бир нафас ором бермасди. Умарали оҳиста юриб қизнинг эшиги олдидан ўтди, ҳамма ёқ жимжит, фақат юрагининг гурс-гурс ургани эшитилади ходос. Шу тобда Умарали Зумрадни бир онгина кўргиси, овозини бир дафъагина эшитгиси келди. Орзуга баъзан бир зум бардош бериш ҳам оғир бўлар экан. «Эй фалак, нега гардишинг мунча ҳам тескари!»— дея хитоб қилди Умарали дилида ва жарлик-баландликларни ўтиб, катта кўчага, яна Хадрага чиқди.

Гузарда тумонат одам, чойхона ҳам лиқ тўлган. Аравалар, от-эшаклар дукури тинмайди, сомон ортган туялар кетма-кет ўтади.

Умарали чойхонага кириб, орқароқда ўтирган эди, бир четда майдалаб чой ҳўплаб ўтирган йигитлар, Умаралининг ошиқ ўйнаб, чиллак ўйнаб, бирга улғайган болалик ўртгоқлари — кўнчи йититлар қўярда-кўймай уни ўз давраларига тортдилар.

Ички кечинмаларини босишга тиришган Умарали бир йигитнинг узатган пиёласини қизариб-бўзариб базўр бўшатди.

Чапанинамо кўнчи йиғит гап қотди:
— Ёшликда чиллакни хўп ўйнар эдик, уста эдингиз, лекин қамиш сибизғани бирортамиз сизчалик чала билмасдик. Қарабмизки, мана, муллойи калон бўлибсиз!

Йигитлар шарақлаб кулиб юборишди. Буларнинг ҳам дарди қимматчилик, тирикчилик хархашаси.
— Бой кўнчилар ҳаддан ташқари бойиб кетяпти, меҳнат фақат бизларда, малаймиз-да, турмушимиз — ит турмуш,
— Катта салла бошга юк, катта калла ғамга кон, деган гап бор. Бизнинг калламиз ҳам, кўксимиз ҳам ғамхона бўлиб қолди. Подшодан қутулдик, ҳурриятга чиқдик, деб қувондик. Қани энди ҳаловат, на нонга тўямиз, на ошга!— шикоят қилди тағин бир йигит.

Энди Умарали оҳиста, вазмин сўзга киришди:
— Рафиқлар, Некалайдан қутулганимизга минг қатла шукур. Ҳозир қаҳатчилик авжда, ҳарбнинг даҳшати кун сайин ортмоқда, аммо фаҳмимда ишчилар бизга нажот келтиради.

Умарали шу кунлари билган, эшитганларини, ишчилар жамияти ҳақидаги фикрларини шошмасдан, паст овоз билан гапирди. Сўнг зарур иши борлигини айтиб, кетишга ижоэат сўради.

Йигитлар қўл қовуштирган ҳолда чуқур таъзим-ла Умарали билан хайрлашдилар...

Умаралинннг хаёл ойнасида яна севгилиси пайдо бўлди. Йигит кўксида кўр бўлиб турган ишқ ўти яна лов этиб алангаланди; кўнглидаги ғам, кин, азоб борган сари чигилланарди.

II- qism
 
Keyingi