OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифПиримқул Қодиров
Асар номиАвлодлар довони - Ҳумоюн ва Акбар (I- китоб, I-қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Тарихий беллетристика
Муаллифлар
   - Пиримқул Қодиров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм565KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/10
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Авлодлар довони - Ҳумоюн ва Акбар (I- китоб, I-қисм)
Пиримқул Қодиров

Биринчи Китоб: Ҳумоюн

Агра: Ҳамида Бону Аросатда

Ҳижрий 935-йилда[1] Аграга кўчиб келган Xонзода бегим ўн йилдан бери Ҳиндистонда истиқомат қилаётган бўлса ҳам, ҳанузгача бу ердаги йил фаслларининг ғаройиблигига ўрганолмайди. Унинг назарида, Агранинг кузи ва қиши йўқ, баҳори билан ёзи эса йил бўйи давом этади. Кеч кузда, бегимнинг ёшлиги ўтган Фарғона водийсида, дарахтлар баргини дув тўкадиган хазонрезлик пайтида Агранинг ям-яшил хурмозорлари худди ёздагидек мева бериб туради. Қишда, Самарқанднинг мовий гумбазлари оппоқ қор билан безанадиган пайтда Жамна бўйларида донли экинлар бошоқ тортади, токлар эса гулга киради. Xут ойининг охирида Тошкентда қиш қировлари энди тугайдиган кезда Ҳиндистоннинг жанубида эртаки узумлар пишади. Наврўз кирганда эса бозорга янги қовун чиқади ва ҳинд далаларида арпа ўрими бошланади.

Аградаги Зарафшон боғида баланд гулмоҳур дарахтлари бор. Бу дарахтлар наврўз арафасида бутун баргларини бирдан тўкади-ю, новдаларидаги шиғил ғунчалар бирваракайига очилади. Шунда япроқсиз новдаларнинг ҳаммаси йирик-йирик қизил гуллар билан қопланади. Улкан гулмоҳур дарахтлари қип-қизил гулханларга ўхшаб кўзни ёндиради. Шунинг учун бу ажойиб дарахтни оловли моҳур ҳам дейишади.

Мана шу гулмоҳурлар ёнидаги тиллакори толорда[2] ёши олтмишлардан ошган, сочлари оқариб, жуссаси кичик бўлиб қолган Xонзода бегим хомуш бир қиёфа билан ёлғиз ўлтирибди.

Боғ жуда ораста, йўлкаларга олтинранг қумлар солинган, мармар ариқлардан тиниқ сувлар жилдираб оқади. Чорчаманларда мамлакатнинг энг ноёб гуллари муаттар ҳид таратиб очилиб турибди. Лекин бу ҳаммаси Xонзода бегимга жуда омонат туюлади. Иниси Бобур қонли жангларда барпо этиб кетган улкан давлат ҳанузгача ҳинд ерига теран илдиз отолган эмас. Фотиҳлик қиличининг яралари тезда тузалмас экан. Мамлакатнинг турли ўлкаларида Ҳумоюн ва унинг иниларига қарши кетма-кет исёнлар бўлмоқда. Шу хатарли вазиятда оға-инилар иноқ бўлиш ўрнига бир-бирлари билан чаплашиб, ҳокимият талашадилар. Xонзода бегим уларни муросага келтиролмай қийналади. Ҳозир боғда ўлтирган пайтида ҳам, бутун хаёли оға-иниларнинг низоларидан бери келмайди.

Бегимнинг паришон назари тушиб турган кўкаламзор майдонда эса бир тўп отлиқ қизлар чавгон[3] ўйнамоқда. Улар Xонзода бегимдай машҳур кайвони ўйинга қараб турганидан руҳланиб, жон-жаҳдлари билан чавгон тўпини мухолифлар дарвозасига киритишга интиладилар.

Бир тараф дарвоза бўз отлиқ қизлар ҳимоясида. Қора отлиқларга иккинчи дарвоза берилган. Ўйинчиларни фарқ қилиш осон бўлиши учун бўз отлиқ қизлар сариқ рангли чолвор ва нимча кийишган. Қора отлиқлар эса қизил кийимда.

Ҳиндол мирзонинг ёшгина хотини Султоним бегим майдон атрофида саман отини йўрттириб, ўйинга ҳакамлик қилади. Унинг қўлида заргарлар булбулга ўхшатиб чиройли қилиб ясаган олтин ҳуштак. Қоидани бузганлар шу ҳуштак билан огоҳлантирилади.

Бир пайт тўп бўз отлиқларнинг дарвозасига киритилди-ю, ўйиннинг шиддати ошиб кетди. Xонзода бегим чавгончўпларнинг бир-бирига шақ-шуқ урилаётганини, бўз отлиқлар жуда қаттиқ ҳужумга ўтганини кўрганда, «бирон кор-ҳол бўлмасин тағин», деб беихтиёр хавотирланди. Бу хавотирлик энди унинг эътиборини ўйинга тортди.

Тапир-тупур от чопаётганлар — бўй етган хушрўй қизлар. Уларнинг орасида Гулбадан бегим ҳам бор. Қизларнинг ҳеч бири Xонзода бегимнинг кўзи олдида мағлуб бўлиб, уялиб қолишни истамайди, ҳаммаси тўпни бошқалардан тортиб олишга интилади. Шунда отлари бир-бирига урилиб, айқашиб кетади, гоҳо бирон от урилиш зарбидан гандираклаб йиқилгудек бўлади. Бу қалтис ҳолатлар Xонзода бегимни изтиробга сола бошлади.

Ахир бу қизлар энг нуфузли бек-у аъёнларнинг оиласидан. Агар биронтасининг юз-кўзига чавгончўп тегиб ярадор қилса, чандиқ қолдирса ёки биронтаси отдан йиқилиб, туёқ тагида эзилса мутаассиб шайхлар яна фисқ-у фасодни кўпайтиради. Улар қизларнинг доим парда ичида — уй асираси бўлиб ўлтиришини талаб қиладилар. Лекин парда ичида хонанишин бўлиб беҳаракат яшайдиган аёллар нотавон ва мўрт бўлишини, бақувват насл беролмаслигини Xонзода бегим яхши билади. Бегим билан бирга бу ерларга келган эл-улуснинг қизлари эса қадимдан отлиқ юриб ўрганганлар. Ҳозир ҳам Xонзода бегим биладиган аёлларнинг бир ерда муқим турадиганлари оз. Эрлар қатори аёллар ҳам ҳали Xуросонда, ҳали Кобулда яшайдилар, ҳали Бадахшонга кетиб, ҳали Аграга келадилар. Бу узоқ ўлкалар орасида икки-уч ойлик йўлларни кўпгина қизлар отлиқ босиб ўтади. Тақдир тақозоси шундоқ бўлгач, ота-боболар удуми бўйича қизларни ҳам ёшлигидан чавандозликка ўргатиш, улар орасида ҳам пойгалар, мусобақалар ўтказиш жоиз эмасми? Албатта, қизларни отдан йиқилиш-у майиб бўлишдан ҳам эҳтиёт қилиш керак!

Хонзода бегим шуни ўйлаб, ўйинни ҳаяжон билан кузатгани сари қизлар хавф-хатарни унутиб, тўдага дадил ташланишар, қамчи ўрнига чавгончўп билан отлари сағрисига уриб, мухолиф томонга ҳамла қилишарди.

Бўз отлиқ қизлардан Ҳамида дегани ўйинчилар ғиж-биж бўлиб турган тўдага ўқдай ёриб кирди-ю жиловни қўйиб юборди. Чавгончўпни икки қўллаб тутганича, узангига оёғини тиради-да, улоқчилардек пастга энгашди. Бу қиз қоплон каби чаққонлик билан тўпни чавгончўпга илинтириб тўдадан олиб чиққанда, Xонзода бегимнинг завқи келиб «о!» деб юборди. Нариги дарвоза ҳимоясиз қолган эди. Ҳамида «гўй» деб аталадиган тўпни ўша томонга чир-пирак қилиб олиб ўтди. Унинг оти ҳам шамолдай учмоқда эди. Қора отлиқлар қувиб етганича бўлмай, Ҳамида бону тўпни дарвозага шундай чапдастлик билан уриб киритдики, буни кўрган Xонзода бегим:
— Балли, шерқиз! — деб қарсак чалди.

Отини буриб орқага қайтаётган Ҳамида бону Xонзода бегимнинг сўзини эшитмаган бўлса ҳам, унинг қарсак чалганини кўриб, ўзида йўқ суюнди.

Тиллакори толорда ўлтирган бегимнинг жуссаси кичкина кўринса ҳам, Ҳамида бону учун аёл зоти орасида ундан салобатлиси ва қудратлиси йўқ. Султоним бегим Ҳамидага яқин келиб:
— Эшитдингизми? — деди. — Ҳазрат онам сизга «шерқиз!» деб таҳсин айтдилар.
— Чинданми, а?
— Мен ҳам эшитдим! — деди бўз отлиқ Гулбадан бегим.

Ҳамида бону ҳаяжон ичида отини толор томонга бурди-да, қўлини кўксига қўйиб, Xонзода бегимга қуллуқ қилди.

Бу кайвони бегимнинг бошидан қандай даҳшатли фожиалар кечганини Ҳамида яхши билади. Ўттиз тўрт ёшида бева қолган ва ёлғиз ўғли Xуррамшоҳдан жудо бўлган Xонзода бегим кейинчалик Султонимни фарзандликка олган. Султоним аслида андижонлик меъмор, мавлоно Фазлиддиннинг жиян авлодидан эди. Қизча икки яшарлигида ота-онаси вабога учраб ўлиб кетишган, мавлоно уларга жуда қаттиқ куйган эди. Воқеадан хабар топган Xонзода бегим мавлононинг ҳурмати учун икки яшар Султонимни ўзига қиз қилиб олди, унга бутун меҳрини бериб, ўн тўрт йил тарбиялади. Бултур жияни Ҳиндол мирзонинг Султонимга кўнгли борлигини сезиб, Ҳумоюннинг маслаҳати билан уларнинг тўйларини ўтказди. Бу тўй шунчалик катта бўлдики, унга борган мўтабар бегимларга обу ошдан ташқари кумуш баркашларда бир сиқимдан олтин тангалар тортилди. Ҳар бир бегим сиқимига сиққанича олтин олганини, бошқа ёшроқ қизлар орасига олтин-кумуш тангалар сочқи тарзида сочилганини Ҳамида бону ўз кўзи билан кўрган. Оёғи тагига келиб тушган битта олтин тангани у ҳам яхши ният билан эсдаликка олиб қўйган.

Уни тўйда энг ҳайрон қолдирган нарса шу эдики, давлат бошлиғи бўлган Мирзо Ҳумоюн ўша куни тўйхонанинг баланд жойига қўйилган ҳашаматли шоҳсупада Xонзода бегимни ўз ёнига ўтқазиб, уни подшога тенглаштириб эъзозлади. Бу воқеани кўрган кексалар: «Мусулмон подшоларининг камдан ками аёл зотининг ҳурматини бу даражада баланд кўтарган», деб ҳали ҳам айтиб юрадилар.

Ҳамида бону учун шундай бир қўл етмас баландликда юрган Xонзода бегим энди унинг чавгон ўйнашига қизиқиши, яна «шерқиз!» деб таҳсин айтиши кутилмаган бир бахт бўлиб туюлди. Бу бахтдан Ҳамиданинг вужудига янги кучлар қуюлиб кела бошлади. У ҳар тўп урганда билагида шернинг ку-чини сезгандай бўлар, тагидаги бўз оти ҳам майдон бўйлаб ўқдай учарди.

Толорда ўлтирган Xонзода бегим Ҳамида бону билан ўзининг орасида алоҳида бир эъзоз ва қизиқиш кучайиб бораётганини сезиб турарди. Ҳамида унинг эътиборидан руҳланиб яхши ўйнагани сари Xонзода бегимнинг дили ҳам яйрамоқда эди. Бояги оғир ўйлар, вужудини бўшаштирган кексалик чарчоқликлари эсидан чиқиб, уларнинг ўрнини ёруғ бир завқ эгалламоқда эди...

Ҳамида бону мухолифлари дарвозасига иккинчи марта тўп киритганда Xонзода бегим бу қизга бутунлай маҳлиё бўлиб қолди. Ҳозир бўз от устида Ҳамида эмас, ёшликдаги Xонзода бегим ўлтиргандай туюлди. Бегимнинг кўзи олдида ўн олти яшар қизлик пайтлари гавдаланди. Узоқларда қолиб кетган Андижон, Қорадарё бўйидаги чорбоғ, ўн бир ёшлик ўспирин иниси Бобур мирзо... ва унинг мулозимлари билан чавгон ўйнаган чавандоз кийимидаги гўзал қиз Xонзода... Бу ҳаммаси булутлар орасидан ярқ этиб кўринган офтоб бўлиб бегимнинг қалбини ёшлик нурларига тўлдирди...

Хонзода бегимга гўё ёшлигини қайтиб берган бу қиз ким экан? Бегим унинг Гулбадан ва Султоним билан бирга юрганини илгарилари ҳам кўрган, лекин кўпда эътибор бермаган эди. Энди у билан яқиндан танишгиси келди-ю ўйин тугагандан кейин канизини юбориб, Ҳамида бонуни толорга чақиртирди.

* * *

Кечки дим ҳавога ўйиннинг тафти қўшилиб, Ҳамида бону бўғриқиб кетган, қора қошларининг устида тер мунчоқлари йилтирар эди. Подшо даражасида машҳур бўлган Xонзода бегимнинг олдига чолвор кийиб, терлаб-пишиб бориш Ҳамида бонуга жоиз эмасдек туюлди. У канизга:
— Бир лаҳза муҳлат беринг, кийимларимни алмаштириб келай! — деди.
— Йўқ, ҳазрат бегим сизни шу кийимда таклиф қилдилар! Ўзлари ҳам ёшликларида чавгон ўйнаганлар. Кўп андиша қилманг, юринг!

Ҳамида канизга эргашиб толор томон борар экан, ипак дурра билан танғиб чамбар қилинган икки ўрим узун сочларини елкасига туширди. Дурранинг учи билан қоши устидаги тер резаларини артди.

У толор зинапоясидан кўтарилаётганда Xонзода бегим ўрнидан туриб, унга томон юрди. Ҳамида бону уч-тўрт қадам нарида тўхтаб келинлардай эгилиб таъзим қилди. Xонзода бегим унга кулимсираб яқинлашди-да, қўл берди. Одатга биноан, Ҳамида бону унинг қўлини икки қўллаб олди-ю, бир тиззасини ерга тираб, байроқни ўпгандек ихлос билан ўпди. Қиз бошини эгган пайтда йўғон қора сочарининг бири елкасидан сирғалиб кўкрагига тушди.

Хонзода бегим иккинчи қўли билан уни белидан қучиб секин тикка турғизди ва зарбоф кўрпачага таклиф қилди.

Шу орада Султоним бегим ҳам толорга чиқиб келди. Бегимлар тўрга ўтиб ўтирганларидан сўнг Ҳамида бону оёқларини тақими остига олиб, одоб билан чўккалади. Шунда узун сочларининг жингалак қилинган учлари кўрпача устига тушди. Қиз ҳар қимирлаганда сочларининг учи зарбоф кўрпачани супураётгандай бўлар ва Xонзода бегимга алоҳида бир завқ берар эди. У Ҳамидани ғалаба билан муборакбод қилгандан кейин, кимнинг қизи эканини ва Аграга қаерлардан келганини сўрай бошлади.

Ҳамиданинг отаси фақиҳ[4] Мирбобо Дўст асли тошкентлик эди, Шайбонийхон қирғинларида Xуросоннинг Жом шаҳрига келиб қолган ва шу ерлик қизга уйланган эди. Кейинчалик у Бобур мирзодан паноҳ истаб Жомдан Кобулга кўчиб боради. Бобурнинг суюкли хотини Моҳим бегим ҳам жомлик бўлгани учун Ҳамиданинг онаси ҳамшаҳарига орқа қилиб аввал унинг ҳузурига киради. Кейин Моҳим бегимнинг тавсияси билан Мирбобо Дўстни Бобур қабул қилади. Бобур унга фикҳ илмидан саволлар берганда, Мирбобо Дўст арабча-форсча битилган қонун-қоидалардан ташқари, туркий тилда ёзилган «Мубаййин»дан ҳам кўп мисоллар келтирди. Бобурнинг бу шеърий китобини у бошданоёқ ёд билар эди. Мирбобо Дўст болаларга фақат қонуншуносликдан эмас, тарих, мантиқ ва адабиётдан ҳам яхши дарс бериши мумкинлигини сезган Бобур уни кичик ўғли Ҳиндол мирзога муаллим қилиб тайинлади, шундан бери бу оиланинг бутун тақдири Ҳиндол мирзога боғлиқ бўлиб қолди. Ҳиндол Бадахшонга борганда булар ҳам боришди, Аграга келганда булар ҳам бирга келишди. Шу узоқ йўлларда Ҳамида кичиклигидан от минишга ўрганди ва чавандозликни машқ қилди. Ҳозир Мирбобо Дўст Ҳиндол мирзонинг қонуншунослик бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлайди. Маоши дуруст бўлса ҳам, икки ўғил, бир қизни бекзодалар каби кийинтиришга, беш-олтита от, уч-тўртта хизматкор асрашга етмайди. Шунинг учун Ҳамиданинг онаси Ҳиндол мирзонинг ҳарамида қиссахон бўлиб хизмат қилади. Султоним бегимга машҳур достонлар ва ҳикоятлардан ўқиб беради-ю, бунинг эвазига дурустгина инъом ва улуфа олади. Ҳамиданинг ўзи ҳам Султоним бегимнинг тенгдош надималари қаторида юради.

Хонзода бегим бу тафсилотларни Султонимдан ва Ҳамиданинг ўзидан эшитган сари бир нарсадан таажжубланиб қўйди. Бутун борлиғидан латофат ёғилиб турган шундай қиз ўз даргоҳларида юрган экан-у ҳалигача нечун унга дурустроқ бир эътибор беришмабди?

Хонзода бегим чавгонни яхши ўйнайдиган бошқа чавандоз қизларга латофат етишмаслигини, баъзилари эркакшода бўлишини билади. Ҳамида бону чолвор кийиб ўлтирган бўлса ҳам, чавандозлик кийимлари унинг ингичка белини, бўлиқ кўкракларини, новдадай эгилувчан ёш танининг кучга тўлиқ нафосатини беҳад гўзал қилиб кўрсатади. Йўғон соч ўримларининг нозик бўйин ортида тўлғаниб туриши Xонзода бегимга завқ берди:
— Ҳамида бону, сизни кўриб бир байт шеър ёдимга тушди. Айтайми?
— Айтинг, ҳазрат бегим, жон қулоғим билан эшитгаймен!
— Ўзи асли шу боғда битилган. Раҳматли иним Бобурнинг газалидан:

Гул жамолин ёпқон ул гулнинг икки райҳонидур.
Ғунча сирин очқон ул икки лаби хандонидур.

Ҳамида бонунинг кўзларида юлдузлар чарақлаб ёнгандай бўлди. Лаблари табассум билан очилиб, унинг ички сирини — бу шеърни яхши билишини ва ёқтиришини сездириб қўйди.
— Ғазалнинг давомини сиз айта қолинг! — деди Xонзода бегим.

Ҳамида иболи кўзларини ерга тикиб:
— Муболаға қилсам маъзур тутинг, ҳазрат бегим,— деди.

Сўнг арузнинг нафис қоидаларини ўрнига келтирган ҳолда ўша ғазалдан икки сатр айтди:

Сел эмасдур ер юзин туткон кўзимнинг ёшидур,

Раъд эмасдур[5] кўкка чирмошқон кўнгул афғонидур.

Хонзода бегим хандон уриб кулди-ю:
— Бу сўзлар сиз учун чиндан ҳам муболаға!— деди. — Ер юзин тутқон кўз ёшларидин тангрим сизни асрасин!

Хонзода бегим ўз кўнглида эса: «Нечун Ҳумоюн ҳалигача бу қизни кўрмабдир?» деб таажжубланиб қўйди. Чунки бир вақтлар Бобурни қийнаб, фиғонини кўкка чирмаштирган қуюнлар ҳозир Ҳумоюннинг атрофида айланиб юрибди. Бобурнинг-ку Моҳим бегимдек доно хотини бор эди, оила орқали келадиган кўп балоларга шу садоқатли аёл балогардон бўлар, фарзандларини ҳам отага ихлосманд қилиб тарбиялаган эди. Ҳумоюннинг эса хотин жўнидан ҳеч бахти очилмаяпти. Уни ўн саккиз ёшидаёқ тоғаси Ёдгорбекнинг Бека бегим деган қизига уйлантиришган эди. Киборлар жамиятида ўсган бу қизда нафис бир чирой бор-у, аммо оналик уқуви йўқми ёки яқин қариндошлар оила қурса насли касалманд ва заиф бўлади, деганлари рост эканми? Бека бегимдан бир эмас, икки ўғил туғилди-ю, ёшлигидаёқ ўлиб кетди. Шоҳлик удумига биноан Ҳумоюннинг меросхўр ўғли бўлиши керак. Уни яна икки марта уйлантирдилар. Ҳумоюннинг ўзи ҳам ёр танлашда адашяптими, хуллас, уч хотинидан биронтаси унга муносиб бўлиб чиқмади. Ҳумоюн ўттизга кирди. Ҳамон ўғилга зор, хотинларидан эса кўнгли яримта. Амир-у умаролари уни май базмларига тортади. Ўтган куни кечки пайт Ҳумоюн Xонзода бегимни кўргани келганда анча кайфи бор эди. Кайфнинг дадиллиги билан аммасига ичини ёриб ҳасрат қилди:
— Толеъим йўқ экан! Мамлакат тўла қиз, тангри менинг пешонамга бирорта оқила-ю фозиласини битмагани ғалати!

Хонзода бегим Ҳамида бонунинг сеҳрига берилиб, унинг ғазал ўқишидан завқ қилаётган пайтда Ҳумоюннинг шу ҳасрати ёдига тушди-ю, икковини ёнма-ён қўйиб тасаввур этди. Ҳумоюн ҳам кўҳлик йигит, жангларда ботирлик кўрсатиб донғи кетган, уни куёв қилиш орзусида юрган султон-у вазирлар кўп. Уларнинг подшога қайнота бўлгилари келиб юрганда Мирбобо Дўстдай оддий мулозимга йўл бўлсин! Бундан ташқари, Ҳамиданинг ўзи уч хотинлик Ҳумоюнга тегишни истармикин? Балки унинг бошқа бирон кўнгил берган йигити бордир? Xонзода бегим шеър баҳсини давом эттириб, Ҳофиздан, Деҳлавийдан, Навоийдан гоҳ форсий, гоҳ туркий тилда байтлар келтирар экан, буларнинг кўпи Ҳамида бонуга таниш эканини, қиз жуда фаросатли ва билимли бўлишдан ташқари, ишқий ғазалларга алоҳида майли борлигини сезди. Сўнг ярим ҳазил, ярим чин оҳангда сўради:
— Сизга атаб шеър битган ошиқ йигитлар ҳам бордир, Ҳамида бону?

Ҳамида ийманиб бош эгди-ю, ерга кўз тикди.

Шунда Султоним бегим Ҳамидага ошиқ бўлиб шеърий мактублар ёзган бир бекзоданинг тарихини онасига айтиб берди. Жунаид барлос номли улкан амирнинг ўғли бўлган бу бекзода Ҳамидага совчи ҳам юборди. Лекин Ҳамида уни хушламас эди, охири Ҳиндол мирзодан ҳимоя сўради. Кичиклигидан ўз даргоҳида ўсган Ҳамидани авайлаб юрадиган Ҳиндол мирзо бекзоданинг отаси билан гаплашиб, бошқа мактуб ҳам ёзмайдиган, совчи ҳам юбормайдиган қилди.

Хонзода бегим Ҳамиданинг тутган йўлини маъқуллаб:
— Шошмаганингиз ҳам маъқул, — деди. — Иншоолло, шерқизга муносиб арслон йигит учраб қолгай.

Бегимнинг кўпни кўрган тажрибали кўзлари Ҳамидага умид билан тикилмоқда эди. Xонзода бегим узоқ умри давомида Шайбонийхон-у шоҳ Исмоилдан тортиб темурий тождорларгача қанча-қанчасининг оилавий ҳаётларини яқиндан кўрди, не-не машҳур маликаларнинг тож-у тахт балоларига бардош беролмай шикаст еганларига гувоҳ бўлди. Ҳамиданинг ҳуснига яраша ақли ҳам етук, вужудидан куч ёғилиб турибди. Ҳумоюннинг ички ва ташқи зиддиятларга тўлган машаққатли ҳаётига балки шу қизнинг бардоши етар? Балки улар орзу қилган ўғилни шу қиз туғиб берар? Xонзода бегим уларни қандай қилиб бир-бирига яқинлаштирса экан? Наврўз кунларида Ҳумоюн кема сайрига аёлларни ҳам таклиф қилган. Xонзода бегим Султонимга юзланди:
— Қизим, бугун чавгон ўйнаган дугоналаринг билан машқни давом эттиринглар. Мирзо Ҳумоюнни кема сайридан сўнг шу боққа таклиф этгаймиз. Ҳамидалар қандай чавгон ўйнашини ҳазрат бир кўрсинлар. У киши бундай томошага жуда ишқибозлар.

Ҳамида подшонинг кўзи олдида от чопиб ўйнашини тасаввур қилди-ю, бирдан ваҳми келди:
— Ҳазрат бегим, мен қўрқамен!

Хонзода бегим кулди:
— Бунча қўрқманг, эртага сиз ҳам биз билан кема сайрига борурсиз. Ҳазратимни яқиндан кўрсангиз ваҳимангиз босилиб қолгай. Кейин яхши отларга миниб машқ қилгайсиз.

Хонзода бегим канизига томон ўгирилиб:
— Отбегига айтинг, чавкарни олтин анжомлари билан олиб келсин! — деб буюрди.

Султоним онасига ҳайрон бўлиб тикилди. Xонзода бегим Ироқдан келтирилган чавкар отни ўзи учун икки минг рупийга сотиб олган эди. Бу пулга оддий отлардан ўнтасини беради. Наҳотки энди уни Ҳамидага инъом эца? Xонзода бегим қизининг кўзларидаги ҳайратнинг сабабини сезди-ю:
— Менинг бошқа отларим бор, — деди, сўнг жиловдор етаклаб келган чавкар отни олтин анжомлари билан бирга Ҳамида бонуга инъом қилди.

* * *

Бу воқеа оғиздан оғизга ўтиб, Ҳамиданинг ота-онасига ҳам маълум бўлди, Қизларига Xонзода бегимнинг назари тушгани, эрта-индин Ҳамидани Ҳумоюн мирзо саройига таклиф этмоқчи бўлишаётгани уларга толенинг кулиб боқишидек туюлди. Чеварликдан хабари бор она бугундан бошлаб Ҳамида учун қимматбаҳо атлас-у муслинлардан янги кийимлар тикишга тушди. Лекин бу ишлардан қизнинг ўзи безовта бўларди. Ахир Ҳамида Ҳумоюннинг гўзал хотини Бека бегимни, олти яшар қизчаси Ақиқани кўрган. Оилали, фарзандли йигитга хомтама бўлиш... Йўқ, йўқ, Ҳамида буни ўзига мутлақо раво кўрмайди! Ҳамида ихлос қўйган шундай улуғ Xонзода бегим наҳотки уни кундошлик азобига лойиқ деб билса? «Балки кўнгил берган йигитингиз бордир?» деб сўради-я. Ҳамида уялиб «йўқ» дегани учун энди ўзидан ҳам норози бўлди. «Бор» дея қолса осонроқ қутулмасмиди? Аммо «ким?» деб сўрасалар қандай жавоб беради? Эшкакчи йигит Низомга кўнгли борлиги... Ростми? Буни ҳали ўзи ҳам аниқ билмайди-ку, қандай айтади? Аросатда қолгандай изтироб чекаётган Ҳамида бону боғнинг нариги четидан лимиллаб оқиб ўтаётган Жамна дарёсининг соҳилига қараб кетди.

Боғнинг узоқ бурчагида дарё ўзани қўлтиққа ўхшаб ичкарига ёриб кирган хилват жой бор. Оқим бу ерда жуда сокин, сув таги майин қумлоқ, унча чуқур ҳам эмас. Ҳамида бу ерга етти яшар қизалоқ пайтларидан бери кўп келади. Соҳилни бир томондан баланд дарахтлар, иккинчи томондан боғ девори пана қилиб туради. Девор ортида кемачи бир одамнинг кичкина ҳовлиси ва икки эшкаклик қайиғи бор. Ёмғир фасли тугаб, қуруқ ва иссиқ ойлар бошланганда Жамнада сув камайиб, қирғоқ четлари милкдай очилиб қолади. Шунда боғ девори тугаган жойдан қўшни ҳовлига кириб чиқса бўладиган йўлак пайдо бўлади.

Кемачининг болалари Зарафшон боғига ўтишга журъат этолмайдилар. Шунинг учун Ҳамида саккиз яшар қизча эканида ҳалиги йўлакдан ўзи ўтиб борган, кемачининг Низом деган каттагина ўғли уни қайиғига чиқариб дарёда сайр қилдирган эди. Ҳамидани онаси «ҳали бола-ку» деб унча қаттиқ тергамас эди. Ўн етти ёшли Низом подшо боғида турадиган Ҳамидага ўзининг қанчалик чапдаст эканини кўрсатиб қўйгиси келди.
— Бонуча, сизга балиқ тутиб берайми? — деб кўйлагини ечди-ю, қайиқдан сувга шўнғиди. Жамнанинг қорамтил суви шишадек тиниқ эди. Ҳамида Низомнинг сув тагида балиқ қувиб кўзи очиқ ҳолда сузишини кўрди-ю, ҳайрон қолди. Низом соҳил четидаги қўлтиққа қамаб тутган бир балиқ унинг қўлидан сирғалиб чиқиб кетди. Аммо бошқа бир балиқни тутган заҳоти икки қўллаб қайиққа қараб отди. Унинг қўлларидан сачраган сув зарралари Ҳамидага ҳам тегди. Каттагина балиқ қизчанинг оёғи остига тушиб, патирлаб ўйнай бошлади.

Низомнинг сувда бу қадар яхши сузишини кўриб, Ҳамиданинг унга ҳаваси келди. У сузишни билмас эди. Буни эшитган Низом қайиғини уйлари олдидаги қозиққа яқин келтириб боғлади-да, дарё четидан қулай жой танлаб, Ҳамидани сузишга ўргата бошлади.

Ҳамида енгил ҳарир кўйлакчаси билан сувга кирди. Низом уни белидан, қўлларидан тутиб, сув юзига кўндаланг ётқизди-да, оёқ-қўлларини қандай ҳаракатлантиришни тушунтирди. Кейин аста қўйиб юборди. Ҳамида бир-икки қадам сузар-сузмас чокиб кета бошлади. низом энгашиб уни дарҳол сувдан чиқариб олди. Шунда қизча беихтиёр унинг бўйнига қўлини солиб нафасини ростлади. Бир вақт хаёлини йиғиштириб қараса, Низомнинг бағрида уни бўйнидан қучоқлаб турибди. Ийманиб кулди-да, унинг қўлидан сирғалиб чиқди. Низом ҳам кулиб турар, лекин бўталоқникига ўхшаган ювош кўзлари шундай самимий ва беғараз боқар эдики, Ҳамида то сузишни ўргангунча ундан бирор марта сесканмади ва бирорта ножўя қилиғини сезмади. Дили пок бу сувчи йигит унга тобора жозибали кўринадиган бўлди.

Шундан кейин улар уч-тўрт йил кўришолмадилар. Чунки Ҳиндол мирзога аградан уч юз мил[6] гарби-жанубдаги Меват вилояти мулк қилиб берилди. Ўша жойда қўрғон ва боғ қилиб,оиласини, ўзига қарашли одамлари қатори Ҳамидаларни ҳам кўчириб кетди. Исёнкор ражпутлар вилояти бўлган Меват жуда нотинч, уруш, юришлар кўп бўлар, Ҳамида ва унинг ота-онаси Аграда осуда ўтказган дамларини соғиниб эслашарди. Айниқса боғ четидаги сокин қўлтиқ ва қайиқ сайри Ҳамиданинг ёдига кўп тушар, Аграга қайтадиган кунларни у доим орзиқиб кутарди.

Аграда Ҳиндол мирзога отасидан қолган тўрт боғнинг биттаси — мана шу Зарафшон берилган эди. Орадан бир неча йил ўтиб, Ҳиндол мирзо ва унинг одамлари бу боққа яна қайтиб келганларида ҳамида бонунинг бўйи етиб қолган, унда балоғат белгилари пайдо бўлгандан бери онаси кўчага ёпинчиқсиз чиқармас, боғ сайрига ҳам, чавгон ўйинига ҳам ёлғиз юбормас эди.

Мана ҳозир ҳам у боғнинг узоқ бурчагидаги хилват соҳилга канизаги Аминат билан бирга келди. Қошлари ингичка, сочлари қизғиш Аминат асли черкас қизи эди. Эрон шоҳининг навкарлари билан бўлган жангларда асир олинган ва қул бозорида сотилган бу жабрдийда жувон беш йилдан бери Ҳамидага каниз бўлиб хизмат қилади. Уни Низом ҳам таниб қолган. Чунки сўнгги йилларда Ҳамида дарё соҳилига доим канизи билан бирга келадиган бўлди. Ҳамида энди Низомнинг кўзи олдида чўмилишдан уялади. Ёши йигирма бешга кириб, хийла босиқ ва сипо йигит бўлиб қолган Низом ҳам Ҳамида бонудаги бу ўзгаришларни маъқул кўрган каби бош ирғаб, кулимсирайди, унга салом берганда икки кафтини пешонаси устига жуфтлаб, енгил бир таъзим бажо келтиради, шу билан киборлар жамиятига мансуб бўлган қизни ўзидан хийла баланд қўйгандек бўлади.

Аминат унинг қайиғига биринчи марта чиққанда: «Эшкакчи йигит дурустроқ пешкаш олиш умидида бизни астойдил сайр қилдирмоқчи», деб ўйлади. Йигитнинг тиниқ, қорамтир юзида камтаргина бир жилмайиш бор, ўзи беозор ва ювош кўринади. Фақат тимқора кўзларидан, кучли бир оловнинг тапти уриб туради. Бақувват қўллари эшкаклар орқали бутун қайиқни ўзига бўйсундириб, уч кишини сув юзида қушдай учириб боради.

Қайиқ тор бўлгани учун Аминат орқада, Ҳамида эса тумшуқ томонда Низом билан юзма-юз ўлтирибди. Икковининг кўзи кўзига тушгани сари Ҳамида бонуда нафис бир ҳаяжон кучайиб бораётгани Аминатни таажжубга солди. Қиз гўё мана шу учрашувни кўпдан бери кутиб юрган эди-ю, энди висолга етишганидан қувониб, ҳусн-у жамоли очилиб бормоқда эди. Ҳамиданинг қанчалик кўҳлик қиз бўлиб етилганини, унинг юз-кўзида, қадди-қоматида қанчалик сеҳр-у жозиба борлигини Аминат ҳозир биринчи марта яққол ҳис қилди. Ҳамиданинг қизлик латофати гўё бир ғунча ҳолида эди-ю, эшкакчи йигитнинг дийдори шу ғунчани бирдан гуллатиб очиб юбордими? Бу йигитда нима каромат бор ўзи?

Дарё сокин оқаётган жойда Низом эшкак эшишдан тўхтаб, паст, майин товуш билан ашула бошлади.

Низом азбаройи Ҳамидага меҳри тушганидан унинг туркий тилини ўрганган, ҳозир шу тилдаги ўзига ёққан шеърларни ҳиндча куйларга солиб айтар эди. Унинг овози одамни ром эта оладиган даражада дилбар ва кучли. Оғир қайиқни қушдай енгил учираётган йигитлик куч-қудрати унинг овозида ҳам сезилиб туради.

Ҳамида унинг қўшиғини эшитган сари ғалати бир сеҳр-у жоду таъсирига берилиб, ўз ихтиёрини йигитнинг қўлига топширадиган ҳолатга тушмоқда эди.

Аминат бирдан Xонзода бегимни эслади. Ҳумоюнга муносиб кўрилган Ҳамидадек қиз келиб-келиб шу эшкакчига кўнгил берадими?

Йигит Аминатнинг совуқ нигоҳини елкаси билан сезган каби унга ўгирилиб қаради. Кўзларида беғараз, тамасиз бир меҳр нурланиб турганини кўриб, Аминат беихтиёр ўнғайсизланди. Низом олий даргоҳларда юрган Ҳамида бонуга етишаман деб умид қилмайди, фақат бу қизнинг ноёб жозибасини муқаддас билиб, унга сажда қилгиси келади. У ўз дилидаги туйғуни Ҳамидага тушунтирмоқчи бўлиб:
— Мен бҳақтига[7] имон келтирганмен, — деди.
— Бҳақти ким ўзи? — сўради Ҳамида.
— Бу бировнинг исми эмас. Бизга ўхшаган фақир кишилар эътиқоди. Мен Маккаю Мадинага ҳажга бориб сиғинмаймен. Қаршимда турган чин инсоннинг дилига сиғинамен. Масжидда тамагир муллолар одамлардан хайр-у эҳсон ундириб бой бўлурлар. Бойлик бор жойда муқаддас нарса йўқ. Шунинг учун биз масжидга бормагаймиз. Биз учун муқаддас жой — яхши одамнинг дили.

Оддий бир ҳинд йигитдан бунақа ғалати гаплар чиқишини кутмаган Ҳамида таажжубга тушди:
— Вой, масжиддан юз ўгирсангиз отангиз уришмайдими?
— Менга бҳақтини отам ўзлари ўргатганлар. Отам ҳам, бобом ҳам, — деб Низом овозини пасайтириб шивирлади, — Кабирга ихлос қўйиб қўл берганлар.

Ҳамида бону бу номни эшитиб, беихтиёр ваҳми келди. Чунки унинг билишича, Кабир даҳшатли бир жодугар кофир бўлган, эл-улусни йўлдан оздириб, диндан чиқарган, шунинг учун Искандар Лоди деган подшо Кабирнинг бўйнига тош боғлатиб, Ганг дарёсига чўктиришни буюрган. Лекин Кабир сув тагидан тирик чиққан. Подшо уни қутурган филнинг оёғи тагига ташлатиб ўлдирмоқчи бўлганда у филни ҳам сеҳрлаб, ўлмай қолган.

Низом эртакнамо бу гапларни Ҳамидадан эшитиб майингина кулди:
— Кабирнинг дарёдан тирик чиққани ҳам, филнинг оёғи тагида ўлмагани ҳам рост. Бобом менга бунинг сирини айтиб берганлар. Кабирнинг жодуси унинг шеърларида экан. Шеърини куйга солиб айца эшитган жонзот шундай таъсирланар эканки, Кабир[8]нинг иродасига қарши бирон иш қилолмай қоларкан.
— Бобонгиз Кабирни яқиндан билар эканмилар?
— Ҳа, отам ҳам билган. Бундан йигирма беш йил аввал мен туғилганда Кабир бизнинг уйга келган. Менга Низом деган отни шу одам қўйган экан.
— Тавба, кимга ишонишингизни билмайсиз! — деди Ҳамида ўйчан. — Отамлар менга: «Кабирни тилга олма, кофир бўласан», деб айтган эдилар.
— Отангизни жоҳил муҳтасиблар[9] адаштирган, — деди Низом. — Улар бизнинг бошимизга ҳам қанча кулфатларни солдилар. Кабирга қўл берган отам зиндонда ётибдилар.

Низом оғир тин олди-ю, бултур Ҳамидалар йўқ пайтда мана шу дарё бўйида бўлган қонли воқеаларни айтиб берди.

* * *

Низомнинг отаси ўзининг катта ўғлига ҳиндларнинг энг эзилган шудра[10] қавмидан чиққан эшкакчи дўстининг қизини олиб бермоқчи бўлади. Йигит билан қиз бир-бирларини яхши кўради. Ота-оналари учун уларнинг ҳар хил динда эканликлари аҳамияциз. Кабир таълимоти асосида улар мусулмон мулласини ҳам, ҳинд браҳманини ҳам тан олмайдилар. Улар «дину миллат айириш фақат тамагир руҳонийлар учунгина керак» дейишиб, тўй тайёрлигини бошлашади. Шу орада Низомларнинг маҳалласидаги масжидда кутилмаган бир тўполон бошланди. Кечаси аллакимлар масжиднинг меҳробига қора чўчқанинг ўлигини ташлаб кетадилар. Маҳалла имоми «бу ишни чўчқабоқар мажусийлар қилган» деб, қавмларини ҳиндиларга қарши гижгижлайди. Жоҳиллардан беш-ўнтаси кўчага чопиб чиқадилар-у ҳиндлар муқаддас ҳисоблайдиган ва кўчада бехавотир юрган говмиш сигирни ерга ағанатиб, бўйнига пичоқ тортадиар. «Масжид меҳробига чўчқанинг ўлигини ташлаб кетганларнинг жазоси будир!» дейишиб сигирнинг каттакон сон гўштини ҳинд ибодатхонасининг саждагоҳига осиб қўядилар. Шу тарзда ҳар икки томоннинг ҳам диний эътиқодлари қаттиқ ҳақоратланади-ю, қирғин бошланиб кетади. То шаҳар ҳокими — қутвал бундан хабар топиб, икки юз навкари билан етиб келгунча ва қирғинни тўхтатгунча икки томондан ўн етти киши ҳалок бўлади, етмиш-саксон одам яраланади. Жароҳатланганлар орасида Низомнинг отаси ҳам бор эди. У беҳуда қирғиннинг олдини олмоқчи бўлиб орага тушгани учун кимдир тош отиб бошини ёрган эди.

Бу ҳодисаларни ўз кўзи билан кўрган Низом сигир-у чўчқа баҳонасида одамларни қирғин қилган жоҳил имом-у браҳманларни бутун вужуди билан ёмон кўриб қолди. Низомнинг отаси эса бундай диний адоватлардан баланд турган ва чин инсонликни илоҳиёт даражасига кўтариб улуғлаган Кабирга аввалгидан ҳам ортиқ ихлос қўйди. Ўзининг Кабир таълимотига содиқлигини ва диний низолардан баланд туришлигини эл-юрт олдида исбот этиш учун ҳинд қизи билан тўнғич ўғлининг тўйини албатта ўтказадиган бўлди. Ўша тўполон туфайли тўхтаб қолган тўй тайёрлиги кузнинг мезон ойида ниҳоясига етди. Низомларнинг дарё бўйидаги ҳовлилари гулшодалар билан безанди. Дастурхонларга ширинликлар, хурмолар, норинжлар, бошқа анвойи мевалар қўйилди. Келин-куёв оқ, сариқ, пуштиранг гулшодалардан тўқилган махсус шомиёнага[11] кириб ўлтирдиар.

Уларга никоҳ ўқиш учун маҳалла имомини ҳам, ҳинд браҳманини ҳам чақиришмади, бҳақтига ихлос қўйган саксон ёшлик бир мўйсафид келиннинг қўлини куёвнинг қўлига тутқазди-ю, Жалолиддин Румий ва Кабир шеърларидан куйлади. Бу шеърларда «риёкор имом-у браҳманга ишонма, дилингдаги муқаддас туйғуларга ихлос қўй, инсон, илоҳиёт сенинг ўзингдадир» деган маъно бор эди. Бу маъно, албатта, тақводор шайхлар билан мутаассиб браҳманларни талвасага солиб қўйди. Ахир бутун халқ масжид-у ибодатхонага бормай қўйса на браҳманни, на муллани тан олмаса, хайри-еҳсонни ким беради? Руҳонийларнинг тирикчилиги қандай ўтади? Обрў-еътибори қаёқда қолади? Бу кетишда эл-улус подшога ҳам итоат этмай қўяди, ҳокимиятни тутиб турган диний мафкура вайрон бўлади!

Жоҳил шайхлар ва браҳманлар тўй арафасидаёқ шаҳар ҳокимига мурожаат қилиб, шошилинч чоралар кўриш кераклигига, масжид-у ибодатхонани ёмонлаб юрган даҳрийлар халқ орасида исён чиқариши ва янги қирғинларга сабаб бўлиши мумкинигига уни ишонтирган эдилар. Дарё бўйидаги тўй хурсандчилиги авжига чиққан пайтда бирдан эллик-олтмиш отлиқ навкар қамчи ўйнатиб, қилич яланғочлаб кириб келди. Кабирнинг исёнкор шеърларини куйга солиб айтаётган хонандаларни қамчи билан уриб ҳайдаб юбордилар. Келин-куёв кириб ўлтирган шомиёна гулшодалари қилич зарбаларидан тилка-пора бўлди. Навкарлар кетидан таёқ кўтариб кирган муҳтасиблар ғайридинга уйланмоқчи бўлган муслим йигитнинг никоҳини ҳаром деб эълон қилдилар. Низомнинг отаси бунга қарши эътироз қилган эди, унинг қўлларини орқасига боғлатиб, ҳибсга олиб кетдилар.
— Отам ҳали ҳам зиндонда ётибди, — оғир тин олиб ҳикоясини тугатди Низом. — Бултур мачитга ташлаб кетилган чўчқанинг ўлигини муҳтасиб ун-дан кўраётган эмиш. Туҳматни қаранг!
— Отангиз подшога арз қилсалар бўлмайдими? — куюниб сўради Ҳамида.
— Э, подшо осмонда, отам ер остидаги зиндонда! Икки орани порахўр амалдорлар билан алдамчи шайхлар тўсиб олмишлар. Подшо ўшаларнинг гапига ишонгай!

Йигит бу сўзларни айтганда унинг кўзларида исёнкорона бир ўт ёнганини Аминат ҳам кўрди-ю, ўз бошига тушган асиралик кулфатларини эслади. Низомга ҳамдардлик билдириб:
— Бу дунёда адолат ўзи йўқ! — деди. — Замона мудом зўрники!

Замона зўрларига яқин бўлган Ҳамида яккаланиб, ноқулай аҳволга туша бошлади. Низом буни сезди-ю, орага тушган ғуборни тарқатишга интилди:
— Xудо хоҳласа, бир кун эмас, бир кун ҳақиқат юзага чиқиб қолгай. Мен подшонинг кемасида эшкакчимен. Пайтини топсам, кемада Ҳумоюн мирзога арз қилмоқчимен!

«Балки мен... ҳазратнинг иноятига сазовор бўлсам «Низомнинг бегуноҳ отасини ҳибсдан чиқартиринг» деб илтимос қилармидим?» деган ўй Ҳамиданинг кўнглидан ўтди. Лекин қиз бола бундай илтимосларни қилиши учун Ҳумоюнга қай даражада яқин бўлиши керак! Унга яқин бориш — Низомдан узоқлашиш эмасми? Бироқ Ҳамида бу йигитдан узоқлашгиси келмайди, кўнгил унга қараб талпинади. Етти яшар қизалоқ пайтида мана шу дарёнинг сокин қўлтиғида Низом уни сузишга ўргатгани ҳеч эсидан чиқмайди. Иккови сувда бирга сузган ўша дамлар завқи ҳозир дарё тўлқинлари орасидан унга кўз тикиб тургандай.

Низом қайиқни сокин қўлтиққа буриб келиб тўхтатганда Ҳамидага маъюс термулиб «яна қачон кўришамиз?» дегандек қаради.
— Наврўзда подшоҳимиз кема сайрига чиқармишларми? — сўради Ҳамида йигитдан.
— Ҳа, бизга фармон берилган. Наврўз куни подшоҳ кемасининг эшкагини биз эшар эканмиз.
— Xонзода бегим мени ҳам кема сайрига таклиф қилганлар. Борсам... сизни яна кўрар эканмен-да.

Низом бу гапдан қувониш ўрнига ногаҳоний бир изтироб ичида қолди. Ҳумоюн мирзо кеманинг юқориги қаватида тиллакори толорда ясаниб, жозибага тўлиб ўлтиришини, Низом эса пастдаги тор жойда ўн олтита эшкакчининг орасида терлаб-пишиб эшкак эшишини кўз олдига келтирди. Xонзода бегим Ҳамида бонуни Ҳумоюн билан таништирганда пастдаги эшкакчи Низом бунга қай кўз билан қарайди-ю, қандай руҳий азобларга учрайди?

Ана шу саволни Ҳамида бону йигитнинг юзида қалққан изтиробдан пайқади-да, ўзи ҳам икки ўт орасида қолиши мумкинлигини энди сезди.

* * *

Наврўз куни Ҳамида бону қўш карнай ва қўш сурнайлар товушидан уйғонди. Байрам либосларини кийиб, Xонзода бегим инъом этган чавкар отни минган ҳолда Гулбадан бегим ва яна уч-тўртта олийнасаб қиз-жувонлар билан шаҳар марказига қараб бораётганда Низомни эслади. Уни қийнамаслик учун бир баҳона топиб кема сайрига чиқмай қўя қолсамикин?

Бироқ бутун Агра аҳолиси ва бошқа вилоятлардан келган юзлаб одамлар шаҳар марказидан ўтаётган Ҳумоюн мирзо ва унинг мавкабини[12] яқинроқдан томоша қилишга интилмоқда эди.

Мавкабдан олдинда дарра[13] кўтарган қўриқчилар йўл очиб боради. Улар билан кетма-кет ноғорачи ва карнайчилар келяпти.

Қўш ноғораларини нортуяларнинг ўркачига хуржунга ўхшатиб айри ташлаб олган иккита ҳинду йигит ноғора чўпларини тинимсиз ўйнатиб, бутун шаҳарни қувноқ такатумларга тўлдиришга ҳаракат қилади. Карнайлар мис ҳалқумларини осмонга чўзиб, ўз «ҳа-ҳа-ҳу-ув»лари билан ноғоралар товушини босиб кетгудек бўлади. Аммо сурнайларнинг ингичка ва ўткир наволари ҳаммасидан ҳам баландроқ янграйди. Марказий хиёбонга қараб ёпирилган издиҳом дарёси Ҳамидаларни ҳам беихтиёр ўша томонга оқизиб кетгандай бўлди. Фил устидаги ҳаворанг кимхоб соябон жажжи бир кўшкдек, уч томони пардалик, фақат олд томони очиқ. Ҳаракатланиб бораётган кўшк ичида ёлғиз ўтирган Ҳумоюннинг пешонаси устида — салласининг олд томонида Кўҳинур олмоси ярақлаб кўзни қамаштиргудек бўлади. Ҳумоюн бу гавҳарни йилда бир марта — наврўз пайтида пешонасига қадаб эл-улусга кўриниш беради. Шуни бир-биридан эшитган одамлар подшодан ҳам кўра унинг салласидаги Кўҳинурни яқинроқдан кўришга ҳаракат қиладилар. Лекин хиёбоннинг икки четида занжирдай тизилиб бораётган отлиқ қўриқчилар издиҳомни мавкабга яқин келтирмайди.

Фақат бир жойда эллик-олтмишта ёш-яланглар бир-бирини итариб, суриб, қўриқчилар занжирини хиёбон ичига эгиб киргиза бошлади. Дарра кимнингдир елкасига қарсиллаб урилди. Шунга қарамай издиҳом сели отлиқ қўриқчилар занжирини узиб ўта бошлади. Қўрчибоши аччиқланиб, бирдан қилич яланғочлади.

Фил устидан буни кўриб қолган Ҳумоюн ўнг ёнида отлиқ бораётган Байрамхонга бир нима деб ишора қилди. Байрамхон орқага ўгирилиб:
— Жаноб қўрчибек, шошманг! — деди. — Ҳазратим сочқи буюрдилар!

Қирқ ёшлардаги қўли узун шиғовул отини чу-чулаб, оломон билан қўриқчилар тирашиб турган жойга яқинлашар экан, эгарига ортилган гилам хуржуннинг ўнг кўзидан бир сиқим кумуш танга олди. Йўғон товушини баланд кўтариб, туркий ва форсий сўзларга ҳиндча иборалар аралаштириб деди:

C— Xалойиқ, тинчланинг! Ҳумоюн ҳазратлари наврўз байрами муносабати билан фуқарога хайр-у эҳсон қилмоқчилар! Олинг, мана шу кумуш танга сизларга!

Шиғовул юриб бораётган от устидан олдинга интилиб, сиқимидаги оқ тангаларни оломон бостириб келган жойнинг орқа томонига сочди. Офтобда хира ялтираган кумуш тангалар кимнингдир бошига, кимнингдир елкасига урилиб ерга тушди. Буни кўрган ёш-ялангларнинг анчаси подшони ҳам, унинг филини ҳам унутиб, тангалар тушган томонга ташландилар.

Мавкаб боягидай шошилмай юриб кетмоқда эди. Шиғовул ҳам юриб бораётган от устида турганича қўлини энди хуржуннинг чап кўзига солди-ю, кетма-кет икки сиқим мис танга олди ва уларни боягидан ҳам нарироққа қулочкашлаб сочди. Тангаларга тарғиботни қўшиб сўзида давом этди:
— Xалойиқ! Наврўз — мусулмон-у ҳиндуга, барча эллар-у динларга баробар байрамдур! Баҳор айёмида кеча билан кундуз баробарлашган табиий мувозанат кунида наврўз кириб, янги йил бошлангай. Фармони олий бунёд бўлдиким, жамиятда ҳам табиатдаги каби мувозанат ҳукм сурсин, мамлакатнинг барча эл-улуслари дин-у миллат айирмасдан, наврўзни иноқлик, ҳамжиҳатлик билан байрам қилсинлар.

Шиғовул яна хуржуннинг ўнг кўзига қўл солиб бир чангал кумуш танга олди-ю, одам гавжум томонга сочди.

Боя мавкабга томон ёпирилиб келаётган ёш-ялангларнинг кўпчилиги тангаларнинг кетидан қувиб кетишди.

Хиёбон четлари сочқи ёрдамида анча очилиб қолгач, отлиқ келаётган Ҳамидалар мавкабга яқинроқ боришди. Боя оломонга жаҳл қилиб, қилич яланғочлаган қўрчибоши қиличини қинига қайтариб солди-да, фил устидаги Ҳумоюнга бош эгиб, ундан узр сўраган каби қўлини кўксига қўйди. Ҳумоюн эса қўрчибошига «маъзурсиз» деган каби жилмайиб қўйганини Ҳамида бону аниқ кўрди. Шу пайт йигитнинг пешонаси устидаги Кўҳинур кўкиш зиё тара-тиб сеҳрли чарақлади. Ҳумоюн Ҳамида бонуга атрофда бор йигитларнинг энг кўҳлиги ва бахтлиси бўлиб кўринди. Қиз эрталабки хавотирликларини унутиб, Ҳумоюннинг бу томонга бир қарашини ва кўз кўзга тушишини истади.

* * *

Бироқ фил устида бораётган Ҳумоюннинг хаёли бутунлай бошқа нарсалар билан банд. У Ҳамидалар томонга юзланганда ҳам қизнинг боши оша узоқларга назар ташлайди. Нега бу йил наврўз сайлига одам бултургидан икки-уч баробар кам чиққан? Бултурги наврўзда бутун шаҳар ва унинг атрофлари ясан-тусан халойиққа тўлиб кетган эмасмиди? Наврўз кунларида бозор расталарини, кўча ва майдонларни ранг-баранг ипак матолар, гулшодалар билан безатиш одати «ойин банди» деб аталарди. Аграда бу одатни Ҳумоюн махсус фармон билан жорий қилган эди. Ҳумоюн мамлакатнинг шарқида ва ғарбида катта ғалабаларга эришган пайтларда унинг ҳар бир фармонини сўзсиз бажарувчилар кўп эди.

Ҳозир ишлари орқага кетиб, нуфузи пасайгани ва инилари билан ораси бузилгани учун ҳам наврўз намойишига одам кам чиққани сезилиб турибди.

Оға-ини низосини Комрон бошлаб берди. У Бадахшон-у Кобулга қаноат қилмай, Лахўрга қўшин тортди. Икки орада уруш чиқиши муқаррарлигини сезган Xонзода бегим кексалик бедармонлигига қарамай сафарга отланди. Икки ҳафта йўл юриб, Аградан Лахўрга элчи бўлиб борди. Комрон мирзо акасига кўмак бериш учун Лахўрга келганини, зинҳор мулк талашмоқчи эмаслигини айтиб онт ичди. Бегим унинг Ҳумоюнга садоқат изҳор қилиб ёзган мактубини ва жўшқин туркий шеърларини олиб Аграга қайтди.

Комроннинг Ҳумоюнга юборган шеърларидан оталари Бобур мирзонинг овози эшитилиб тургандай бўлар эди. Комрон акасига камтарлик билан ёзган эди:

Заррасифат ўзни билурман ҳақир,

Сендин тушса нур бўлурмен мунир.[14]

Ҳумоюнга, айниқса, Комрон ёзган қуйидаги икки сатрнинг фалсафаси ҳароратли туюлди:

Истасангки етмасин даврондин озоре сенга
Саъй қилким, тегмасин ҳеч кимга озоринг сенинг.

Хонзода бегимнинг ҳаракатларига Комрон ёзган бу шеърларнинг тафти ҳам қўшилиб, Ҳумоюн жаҳлидан тушди. Оға-ини ярашдилар. Лекин бу ярашиш муваққат, чунки Комрон ҳали Лахўрдан чиқиб кетган эмас. Агар Ҳумоюн Лахўрдан бутунлай айрилса, ташқи душманлари қаршисида заифлашиб қолиши ва марказий давлатни бой бериши мумкин.

Ҳумоюннинг ташқи ғанимлари энди Шерхон Сур атрофига тўпланиб, Ганг бўйларидан бош кўтариб чиқмоқда. Шунинг устига ғарбий вилоят бўлган Гужаратда исён бошланди. Ҳумоюн Гужаратга ҳоким қилиб тайинлаган иниси Аскарий бу ишни эплай олмади, эл-улус унга қарши қўзғолон кўтарди. Агра билан Гужаратнинг ораси отда бир ойлик йўл. Ҳумоюн шарқдаги Шерхон хавфи туфайли Аграни ташлаб, Гужаратга бора олмади. Аскарий Гужаратда мағлуб бўлди ва ёрдамга етиб боролмаган Ҳумоюндан аразлаб, Лахўрга, Комроннинг олдига кетди. Ҳумоюн яқинда Лахўрга махсус одамлар юбориб, ҳар икки инисини наврўз байрамига пойтахтга таклиф қилди, «душманлар кўзи олдида ҳамжиҳат бўлайлик» деб мактуб юборди. Лекин Комрон мирзо бетоблигини баҳона қилиб келмади. Ҳолбуки, у соппа-соғ эканини, Лахўрда ўзи ҳам Аскарий билан наврўз сайлига чиқмоқчилигини Ҳумоюн ишончли хуфиялар ахборотидан билади.

Ҳозир Ҳумоюннинг фили ёнида биргина иниси — оқ отлиқ Ҳиндол мирзо бормоқда. Бироқ унинг ҳам руҳи сўник, машқи паст, чунки унга берилган меват вилоятини бу йил қишда ражпут рожалари ундан тортиб олиб қўйди. Энди Меват ражпутлари ҳам шарқдаги Шерхон билан тил бириктирмоқда. Шу мамлакатда туғилиб ўсган Шерхон ҳинд-у мусулмон диний низоларига қарши туриб, жанговар ражпутларни ҳам ўз қўшинига олаётган эмиш. Шу билан у Ҳумоюнга нисбатан катта бир устунликка эришиши аниқ. Чунки мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси ҳиндлар. Ҳумоюн ҳам ҳиндларни ўзига яқинлаштирмоқчи бўлади. Бироқ... жума куни жоме масжидига борганда шайхулислом Саид Xалил хутбадан сўнг уни меҳроб ёнида тўхтатиб, паст товуш билан:
— Ҳазратим, мен бир гап эшитдим, — деди. — Илоҳо ёлғон бўлсин.
— Не гап, тақсир?
— Наврўз сайлида сиздек пок мазҳаблик мусулмон подшосининг филини ғайридин бошқармоқчи эмиш, ростми?
— Тақсир, ғайридинлар билан бир мамлакатда яшайдиган одам нечун улар билан бир фил устида ўлтирмоғи мумкин эмас?
— Чунки агар бугун мажусийлар сиз минган филни бошқариб ўрганса, эртага сиз бошлиқ давлатни эгаллашга интилгай!
— Аммо биз бу ишга муносиб кўрган Лаъл Чанд садоқатли раиятларимиздан эканини кўп марта исбот этган!

Саид Xалил меҳробда турган чарм муқовали улкан китоб — Қуръонга кўз ташлаб, гўё ундан мадад олган бўлди-ю, овозига сеҳрли тус берди:
— Агар ўшал раиятингизнинг садоқати чин бўлса, калимайи шаҳодатни айтиб, мусулмон динига ўцин, ундан сўнг сиз минган филни бошқарса майли!

Ҳумоюн меҳроб томонга алланечук ҳайиқиб қараб олди: Қуръондан қўрқар эди. Лекин Лаъл Чанддек бир сўзли, ботир одамни ўз динидан маж-буран воз кечдиришга интилиш унга янада хатарлироқ туюлди:
— Тақсир, мени икки ўт орасида қолдирманг! Энди эл бўлиб келаётган Лаъл Чанддек ҳиндларни рағбатлантириш ўрнига зўрлик билан бошқа динга ўтказмоқчи бўлсак, бутун мамлакат халқини ўзимиздан бездиргаймиз! Шерхондай маккор ғаним турганда биз ҳинд элини бағримизга тортмоғимиз, унга суянмоғимиз лозим эмасми?
— Аммо бирдан икки қайиқнинг бошини тутмоқ ҳам мумкин эмас, ҳазратим! — Саид Ҳалил мамлакатнинг диний пешвоси сифатида подшоҳ ҳокимиятини ичдан назорат қилиш ҳуқуқига эга эди. У ҳозир шуни эслатиб қўймоқчи бўлиб Ҳумоюннинг кўзига тик қаради: — Агар мажусий филбон барча бек-у аъёнлардан олдинда, фил устида ўлтириб борадиган бўлса, мавкабингизнинг катта бир қисми унинг кетидан эргашгиси келмагай. Битта ғайридин туфайли юзлаб муслим хайрихоҳларингиз наврўз намойишига чиқмасалар майлими? Сизга қайси томон азизроқ?

Ҳумоюннинг қошлари чимирилиб, юзи хиёл оқарди:
— Бу не, таҳдидми?

Саид Xалил қўлини кўксига қўйиб, гапини сал юмшатишга тиришди:
— Ҳазратим, хотирингизга малол етган бўлса узр! Мен фақат қавмларимнинг кайфиятидан сизни огоҳ қилдим, холос!

Ҳумоюн масжиддан қайтар экан, инилари билан ораси бузилгани устига энди Саид Xалил бошлиқ руҳонийлар ва уларнинг муридлари-ю қавмлари наврўз намойишига чиқмаса, эртага ким билан байрам қилишини ўйлаб қолди. Унинг тарафдорлари камайиб кетганини, мавкаби ҳам яримта-юримта бўлиб қолганини эл-юрт кўрганда нима дейди?

Йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди! Подшо филини Лаъл Чанд бошқарадиган давр ҳали келмаган экан. Лекин Саид Xалилга гап етказган филбон Иноятхон ҳам муродига етмаслиги керак. У Саид Xалилнинг ишонган муридларидан бўлгани учун наврўз кунида подшо филини ўзи мингиси келиб айғоқчилик қилгани аниқ.

Бир вақтлар Иноятхон:
— Браҳмапутра дарёсининг бўйларидаги ўрмонда оқ филлар бор, подшо ҳазратлари маблағ ажрацалар, тўртта ёрдамчи овчи берсалар, энг улкан оқ филлардан тутиб келгаймен! — деб мақтанган эди.

Ҳумоюн саройга қайтган заҳоти Иноятхонни ўз ҳузурига чақиртирди-да, ўша ваъдасини эсига солди. Оқ фил тутиб келиш учун кетадиган харажатларни ҳисоблатиб, унинг қўлига тутқазди ва дарҳол жўнашни буюрди.
— Ҳазратим, қулингиз эртанги наврўзни Аграда ўтказиб, кейин оқ фил овига кетай, ижозат беринг! — деб Иноятхон ер ўпиб илтижо қилди. Ҳумоюн эса:
— Бу йилги наврўз менга татимай қолди, ҳақиқий байрам сиз оқ фил тутиб келганингизда бўлгай, эртадан қолмай овга отланинг! — деди-да, бошқа гапга ўрин қолдирмай, ўзининг хонайи хосига кириб кетди.

Коса тагидаги нимкосадан хабардор бўлган вазир Турдибек Иноятхоннинг ёнига тўртта ёрдамчи овчини қўшиб, ҳаммасини эртаси куни тонг отмасданоқ Аградан жўнатиб юборди.

«Ёрдамчи»ларга Иноятхонни ва хазинадан берилган пулни қўриқлашгина эмас, балки подшо фармонининг адо этилишини қаттиқ назорат қилиш ҳам топширилди.

Фармонни бажариш, албатта, осон эмас — Аградан Браҳмапутрагача отда икки ойлик йўл, хавф-хатар беҳисоб, тирик қайтишининг ўзи амримаҳол. Иноятхон Ҳумоюннинг устидан шайхулисломга айғоқчилик қилишнинг қанчага тушишини энди билиб қўяди.

Бугун наврўз намойишига Ҳумоюн миниб чиққан улкан қора филни Лаъл Чанднинг шогирди бўлган панжоблик филбон Гулмуҳаммад бошқариб бормоқда. Ҳумоюн ўнг томонда, филдан анча ортда саман от миниб келаётган кенг малла тўнли, катта оқ саллали, серсоқол Саид Xалилга синчиклаб бир қараб олди. Муриди Иноятхоннинг Аградан чиқариб юборилгани пирнинг қулоғига етиб борган шекилли, қовоғи солиқ. Кўзини саман отининг қулоқларидан олмасдан хомуш келяпти.

Қизиқ, бу одамга нима етмайди? Ихтиёридаги вақфлардан беҳисоб бойликлар дарёдай оқиб келади, юзлаб хизматкорлари-ю муридлари оғзидан чиққан буйруғини бажариб туради, керак бўлганда, ҳатто подшога ҳам кечагидай гапини ўтказа олади. Аммо Саид Xалилга бу ҳаммаси одатий ва жузъий нарсалар бўлиб кўринади. У Самарқанднинг машҳур диний пешвоси Xўжа Аҳрор каби фавқулодда ҳукмфармо бўлишни, подшоларни ҳам ўз измига бўсундиришни истайди. Чунки у пайғамбар авлоди саналувчи саидлардан, осмондаги арши аълога яқин турган уламолар пешвоси.

Аммо Ҳумоюн отаси Бобурдан ибрат олиб дин пешволарига бўй бермайди, улардан юқорироқ туриш учун «Қонуни Ҳумоюний» деган янги низом ҳам ўйлаб чиқарди. Тарихчи Xондамир ёзиб чиққан бу қонунга биноан Ҳумоюннинг қўл остидаги одамлар табиий мавжудотдаги осмон, ер ва уларнинг оралиги тимсолида уч қисмга бўлиб чиқилди. Биринчи тоифа — аҳли давлат, унга подшо, вазир, бек ва аъёнлар киради. Иккинчи тоифа — аҳли саодат, яъни дин пешволари, уламолар, шоирлар, олимлар. Учинчи тоифа — аҳли мурод, яъни аслзода аёллар, созандалар, хонандаар, мусаввирлар ва бошқа санъаткорлар.

Шайхулислом Саид Xалил иккинчи ўринга тушиб қолганидан қаттиқ норози. «Аҳли саодат» дегани нимаси? Ҳатто ҳинд браҳманлари ҳам осмонга нисбат берилган энг олий табақа ҳисобланмайдими? Аҳли давлат осмон бўлади-ю, аҳли дин пастда муаллақ қоладими? Дин пешволарини шоир-у олимлар билан бир тоифага қўшганлари ҳам Саид Xалилга ҳурмацизлик бўлиб туюлди. Ахир даҳриёна китоб ёзадиган шоир-у олимлар қаёқда-ю, илоҳий оламга яқин турган саидлар қаёқда?

Шайхулислом бу фикрларини Xондамирга айтиб, у билан кўп мунозара қилди. Бу мунозарада Байрамхон Xондамирнинг тарафини олган эди, Саид Xалил уни динсизликда айблади. Уламолар мажлисида Байрамхоннинг ушбу рубоийсини ўқиб берди:

Не дин ғамидин даме парешондурмен,
Не куфр ҳужумидин ҳаросондурмен.
Бутхона-ю масжид манга яксон кўринур
Гўёки не кофир-у не мусулмондурмен.

Бу шеърни эшитган қози-ю садрлар, муҳтасибларнинг сочи тикка бўлиб кетди. Байрамхон мусулмонлиг-у масжиддан юз ўгирса кофирлик бундан ортиқ бўладими?!

Қозилар бошлиғи бўлган Садри аъзам Байрамхонни тошбўрон қилиб ўлдиришни талаб қилди. Дин пешволарининг ўз зиндонлари ва жазо берувчи муҳтасиблари бор эди.
— Байрамхон ҳиндларнинг даҳрий шоири Кабир сингари куфр йўлига кирмишдир! — деб Саид Xалил Ҳумоюнга бориб арз қилди. — Кабир ҳам масжидни бутхонага қўшиб инкор этгани маълумингиздир! Исёнкор мажусийларнинг бҳақти таълимоти подшо ҳокимияти учун ҳам хатарли!

Саид Xалил Байрамхонни ҳеч бўлмаса Низомнинг даҳрийликда айбланган отаси каби зиндонга ташлашга интила бошлади.

Байрамхон ўн тўрт йилдан бери Ҳумоюнга содиқ хизмат қилиб келаётган жанговар беклардан эди. Подшо унинг табъи назми баландлигини, шеъриятда Навоий ва Бобурга эргашишини биларди. У дарғазаб бўлиб келган Саид Xалилга шуни айтиб:
— Тақсир, Байрамхон Аллоҳга сажда қилувчи чин мусулмон, фақат Байрамхон бу рубоийни мажозий маънода битмишдир, — деди. — Бундай кайфиятлар улуғ шоирларда ҳам бўлган. Жаннатмакон отамнинг худди шу мазмундаги рубоийси бор. балки ўқигандирсиз?

Ҳумоюн давлатида Бобур хотираси муқаддас ҳисобланар, бунга шайхулислом ҳам шак келтиролмас эди. Ҳумоюн отасининг Байрамхонникига ўхшаш рубоийларидан ўқиб бергач, Саид Xалил сал ҳовуридан тушди.
— Аммо биз Байрамхондек шаккок одам билан бир тоифада бўлишни истамагаймиз! — деди. — Уни «аҳли саодат» тоифасидан чиқармоқ зарур!

Ҳумоюн бунисига рози бўлди. Махсус фармон билан Байрамхонни соҳибихтиёр беклар қаторига киритди-ю, «аҳли давлат» деб аталадиган биринчи тоифага қўшди.

Мана ҳозир наврўз сайлида Байрамхон ҳам вазири аъзам Турдибек Туркистонийнинг ёнида, энг олдинги сафда бормоқа. Бу ҳаммаси Саид Xалилнинг ярасига туз сепгандай бўляпти. Xондамир бундан тўрт йил аввал вафот этганда шайхулислом унинг таҳририда чиққан низомни бекор қилишга яна бир уринди. Аммо Ҳумоюн ўз номига нисбат берилган қонунни бутун коинот-у табиатга боғлаб ҳимоя қиларди:
— Тақсир, мен жамиятдаги сунъийликлар-у бетартибликлардан безор бўлганим учун давлат ишини табиий бир асосга қурмоқчимен. Ер-у кўкдаги уйғунлик билан собитликка соҳибқирон Амир Темур ҳам имон келтирган эканлар. Ўшал бобокалонимиз кашф қилган қонун-қоидаларни «тузуклар» деб атаган эканлар. Шу тузуклар мазмуни авлоддан авлодга ўтиб, бизга ҳам етиб келди. Тарихни ўрганишда раҳматлик Xондамир бизга кўмак берди. Амир Темур осмоннинг ўн икки буржидаги собита юлдузларни яхши кўрар эканлар. Ҳамал, Жавзо, Асад... бу юлдузларнинг ҳар бири ўз ўрнида шундай собит тургани учун қуёш йилнинг ўн икки ойида уларнинг ёнидан аниқ соат-у дақиқасида ўтар экан. Бир дақиқа олдин ҳам эмас, кеч ҳам эмас, тўғрими?
— Буниси тўғри.
— Ёки ўн икки йиллик мучал ҳисоби нотўғрими?
— Тўғри, тўғри!
— Шунинг ҳаммасини ҳисобга олиб, Соҳибқирон бобокалонимиз «ўн икки рақамида олий ҳикмат бор» дер эканлар. Ўз давлатларини ўн икки тамойил асосида бошқарганлар. Қўл остидаги барча одамларни ўн икки табақага бўлиб идора этганлар. Маълумингизки, биз ҳам барча одамларимизни ўн икки табақага тақсим этдик. Мақсад — табиатдаги тартиб-у аниқликни, мувозанат-у собитликни жамиятимизга ҳам тадбиқ этмоқдир!..

«Тадбиқ этгани шуми?!» деган аччиқ эътирозни Саид Xалил ҳозир наврўз намойишида бораётиб ўз кўнглидан ўтказди. Ҳумоюн катта бобосидан ибрат олиб тартиб берган ўн икки табақани бошқариш жуда қийин бўлди. Шундан сўнг ҳар уч табақани бир соҳага бирлаштириб, тўртта вазорат ташкил қилди. Буни ҳам табиатдаги тўрт унсур — олов, ҳаво, тупроқ, сув каби «аносири арбаага монанд» деб таърифлади. Биринчи вазорат бошлиғини «саркори оташ» деб атади. Унга барча тўп-у тўпхоналар, қурол-яроғ ва ҳарбий ишлар қарайди. «Саркори ҳавойи» деб аталган вазир сарой таъминотига, ошхона, сайисхона[15], кийим-кечак ишларига мутасадди. «Саркори оби» — ариқ қазиш ва суғориш ишларини бошқаради, шарбат, чоғир ва бошқа ичимликлар тайёрлайди. «Саркори хоки» (яъни, тупроқбоши) — зироат, деҳқончилик ва иморацозлик каби соҳаларга жавобгар. Ҳумоюннинг фармонига биноан, бу тўрт вазоратнинг одамлари кийинишда ҳам бир-бирларидан фарқ қилишлари лозим, токи бир қарашда уларнинг қайси соҳадан эканлигини ажратиш мумкин бўлсин. Унинг ўзи эса ҳафтанинг маълум кунида осмондаги бирон сайёранинг рангига ва қиладиган ишининг мазмунига мос кийинишга ҳаракат қиларди. Нури кўкиш Зуҳра юдузига нисбат берилган душанба кунида Ҳумоюннинг кийимида мовий ва яшил ранглар устун бўларди. Сешанба куни Ҳумоюн учун қизғиш нурли Миррих юлдузининг куни. Сешанбада унинг қабулига амири ғазаб номини олган ҳибсхона бошлиғи ва жаллодлар саркори оғир жиноят қилган айбдорларни олиб киради. Ҳумоюн уларнинг энг ашаддийларини қатл эттиради.

Табиатга қиёсан жорий этилган «Қонуни Ҳумоюнийни» «шоирона дид билан қилинган кашфиёт» деб мақтаб юрганлар оз эмас. Айниқса, осмон тимсолида биринчи ўринга қўйилган аҳли давлат вакили Байрамхон янгича тартибдан жуда мамнун. Аммо Саид Xалил каби руҳонийларнинг алами чексиз. Ахир осмон илоҳиёт макони эмасми? Илоҳиёт илми билан шуғулланувчи уламолар, саидлар осмон рамзи бўлган олий табақага киришлари керак эдику. Xондамир «олий кашфиёт!» деб мақтаган «Қонуни Ҳумоюний» Саид Xалил бошлиқ руҳонийларга шайтоний бир ўйиндай, қуруқ хаёлпарастликдай туюлади. Саркори ҳавойи эмиш! Осмонда тутқич бермай юрадиган ҳавога ким сарколик қила олади? Миррих юлдузи қаёқда-ю, подшо киядиган кийимнинг ранги қаёқда?!

Бу тажанг ўйлар таъсирида шайхулислом Лахўрдаги Комрон мирзони ва шарқдаги Шерхонни илиқ бир хайрихоҳлик билан эслади. Комрон акаси Ҳумоюнни писанд қилмаслиги Саид Xалилга кўпдан маълум. Комрон пок мусулмончиликни маҳкам тутади. Ҳумоюнга ўхшаб, мажусийларга ён босмайди. Байрамхон каби даҳрийларни тўрга чиқармайди. Комроннинг мана шу хусусиятини билган Саид Xалил орага ишончли одамларни қўйиб, у билан аллақачон махфий алоқа ўрнатган. Ҳумоюн узоқ вилоятларга кетганда Комрон мирзога шошилинич хуфия юбориб, Лахўрни тезроқ эгаллашга ундаган диний пешво — Саид Xалил. Комрон унинг айтганини қилди-ю, Кобулга Панжобни қўшиб олиб, акасидан зўрроқ бўлди. Энди агар шарқда Шерхон бош кўтаргани рост бўлса, Ҳумоюн отда бир ойлик йўл бўлган Бихарга қўшин тортиб кетиши аниқ. Ўшанда Саид Xалил Комрон мирзога яна битта яширин мактуб ёзиб, «Аграни эгаллаш пайти келди», дейди. Шунда Комрон мирзор Ҳиндистон тахтига чиқса, Саид Xалилдан умрбод қарздор бўлади, унинг чизган чизиғидан чиқмайди.

«Қонуни Ҳумоюний» ҳам ва бугун Саид Xалилнинг аламини келтираётган бошқа нарсалар ҳам бир зарба билан нест-нобуд бўлади.

Фил миниб бораётган подшо одамларга жуда қудратли кўринса ҳам, аслида унинг ҳокимияти ичдан зил кетиб заифлашиб қолганини, Ҳумоюн тахтдан ағдарилиши муқаррарлигини Саид Xалил зимдан сезади ва бу ҳодисани қўлидан келганича тезлаштиради.

* * *

Ташқаридан қараганда катта ҳашамат ва силлиқлик билан ўтаётган наврўз намойишининг ичи қалтироқ эканини, ясан-тусан мавкаб ботиний зиддиятга тўлиб бораётганини Ҳумоюн ҳам сезади. У яширин зиддиятлар заҳрини беғубор одамларнинг олқиши билан кесмоқчи бўлди-да, шиғовулга яна танга сочишни буюрди. Шиғовул сиқимини тангага тўлдириб, ширадор, йўғон овоз билан одамларга мурожаат қилди:
— Xалойиқ, огоҳ бўлинг! Бугун илон йили тугаб, от йили кирди! От — инсонга вафодор жонивордир! Бу йилги наврўз ҳаммангиз учун хайрли бўлсин! Шу улуғ айёмда ким қандай яхши ният қилса илоҳим муродига ецин! — деб шиғовул халойиқ устига сиқимидаги тангаларни сочди.

Билмайдиган одам фил миниб бораётган Ҳумоюнни: «Ҳеч нарсадан камчилиги йўқ, беармон йигит», деб ўйлайди. Лекин ҳозир унинг хиёбон четида ўғилчасини кўтариб турган ўша оддий йигитга ҳаваси келди. Қани, толе унга ҳам шундай ўғил берса! Бундан беш йил олдин ўғил кўриш орзусида у иккинчи хотин олди. Оддий ясовулнинг қизи бўлган Меважон исмли бу чиройли жувон ўша йили ҳомиладор бўлди. Моҳим бегим ҳали ҳаёт эди, бўлажак неварасига атаб кўйлакчалар тикдирди. Лекин Меважон ўн ойда ҳам, ўн бир ойда ҳам туғмай, қорни қаппайиб юраверди. Кейин билсалар, шунчаки... елбўғоз экан. Ҳумоюн буни ҳам тақдирнинг аччиқ бир кинояси деб билиб, жуда қаттиқ изтироб чекди. Xудди ўша йили иниси Комроннинг хотини қўчқордай ўғил туғди. Ҳозир бу бола каттагина бўлиб қолган. Ҳумоюн уни ҳар кўрганда кўзлари ҳавас билан ёнади...

Шиғовул хуржундан яна танга олди:
— Xалойиқ, Ҳумоюн ҳазратлари наврўз айёмида қилган барча яхши ниятларига ецинлар! Янги йил ҳазратимга қўчқордай ўғил ато эцин! Омин!

Сочқининг кетидан югуриб танга талашаётганлар, албатта, дуога қулоқ ҳам солишгани йўқ. Лекин хиёбон четида Ҳумоюнга жим қараб турган бояги чол яна юзига фотиҳа тортди. Шу пайт Ҳумоюннинг кўзи хиёбон четидан отлиқ бораётган қизларга тушди. Улар юзларига оқ ҳарир парда ёпганлари учун қош-кўзлари унга аниқ кўринмайди. Лекин толма беллари ва фотиҳага кўтарилган нозик қўллари йигитга жуда сеҳрли туюлди.

Чавкар от минган Ҳамида бону Ҳумоюннинг тикилиб қараганини энди сезди. Бир пайт шамол қизнинг юзидаги ҳарир пардани кўтарди-ю, бир лаҳза кўз кўзга тушди.

Шундай гўзал қиз Ҳумоюнга ўғил тилаб қўлини юзига сургани йигитга беҳад ёқимли туюлди.

Бу орада мавкаб дарё бўйидаги подшо боғига яқинлашди. Ҳумоюн бошлиқ аҳли давлат боғнинг улкан дарвозасидан ичкарига кира бошлади. Дарвоза олдида узун найза тутган қўриқчи йигитлар хиёбон четларидан томоша қилиб келаётган халойиқнинг йўлини тўсдилар. Боққа фақат махсус рухсати бор одамларгина кириши мумкин. Бу рухсатномалар турли хил ёй ўқи шаклида тарқатилган. Мавкаб кетидан боғ дарвозасига яқинлашган Гулбадан бегим отининг эгари қошидаги соқдондан олтин учли ёй ўқини олиб соқчиларга кўрсатди. Улар бусиз ҳам подшонинг синглисини таниб қолган эдилар. Бегим билан отлиқ келаётган Ҳамида бонуга ва Султоним бегимга енгил таъзим билан йўл бердилар. Боғ ичига кирганларни шиғовул тартиб билан турли йўлкаларга йўналтириб турибди.

Ҳумоюн минган фил боғ тўридаги икки қаватли кўшк томонга бурилди. Ҳамидалар эса Жамна четида лангар ташлаб турган шоҳона кемаларга томон йўл олдилар.

Бу кемаларни ҳайдайдиган эшкакчилар орасида Низом ҳам бўлиши керак. Ҳали кема сайрида Xонзода бегим уни Ҳумоюн билан таништирса-ю, буни Низом ҳам кўрса... Ҳамида шуни ўйлаган сари кўнгли безовта бўларди.

* * *

Фил баланд шоҳсупага ёнини бериб тўхтагач, Ҳумоюн унинг устидан тушди-да, кўшкнинг иккинчи қаватидаги қабулхонага кирди.

Бугун байрам бўлса ҳам, давлат иши танаффус билмайди. У кема сайрига чиқишдан олдин кечиктириб бўлмайдиган фавқулодда ишлар бўйича кўрсатмалар бермоғи керак. Гилам устида тикка турган кўйича Турдибекдан сўради:
— Шарқдан не хабар бор?
— Ҳазратим, Шерхон Чунорга ҳужум бошлабдир, қалъа ичидагилар қамалда қолмишлар. Ҳозир келган ахборотга қараганда, бизникиларнинг аҳволи танг. Тезда ёрдамга етиб бормасак, қалъа иликдан чиқиши мумкин.

Отда Чуноргача ўн беш кунлик йўл. Ҳумоюн ўзи бор қўшинини бошлаб бормаса бошқа ҳеч бир бек Шерхонга бас келолмайди. Бир йилда бир келадиган наврўз кунини ҳам хотиржам ўтказиб бўлмаслиги Ҳумоюнга жуда малол келди:
— Чунордагилар ваҳима қилмасин! — деб кесиб-кесиб гапирди: — Қалъа деворлари мустаҳкам! бултур биз бу қалъани қамал қилганда Шерхон уч ойгача дарвоза очтирмаган эди! Наҳотки бизникилар бир ойга ҳам бардош беролмасалар? Қалъа бошлиғига ҳозироқ махсус чопар билан фармойиш юборинг! Ҳимояда қаттиқ турсинлар. Биз бир ойга қолмай етиб боргай-миз!
— Бош устига ҳазрати олийлари!

Турдибек таъзим қилиб орқаси билан юриб эшикдан чиққач, Ҳумоюн шоҳнишинга ўтиб ўлтирди. Аркони давлат одатдагидай унинг ўнгу сўлига тизилгандан кейин шиғовул бошқа мамлакатлардан келган элчиларни бошлаб кирди.

Биринчи бўлиб кирган Эрон вакиллаи тахтга яқин энг мўтабар ўринга ўтказилди. Ҳумоюн отасининг шоҳ Исмоил билан бошланган ҳамкорлигини унинг ўғли Тахмасп билан давом эттирмоқда эди. Бухородан келган шайбонийзодалар элчиси Эрон вакилларини кўрарга кўзлари йўқ. Аммо Ҳумоюн улар билан ҳам савдо-сотиқ қилади, мамлакат ичи шундай пароканда ва нотинч бўлиб турганда шимолий чегараларда яна уруш чиқиб кетмасин учун шайбонийзодалар юборган элчиларнинг кўнглини олишга интилади. Шунинг учун Бухоро элчиси подшонинг чап томонидаги мўтабар жойлардан бирига таклиф этилди. Ҳумоюн Эрон ва Турон элчиларини бугунги дарё сайлига ўзи билан бир кемага ўтказиб олиб борадиган бўлган.

Кемага энг нуфузли аъёнлар ҳам чиқиши керак, жой эса ҳисобли. Бунинг устига узоқ Португалиядан совға-салом билан келган Алваро Пакавира ҳам бугун Ҳумоюннинг ҳузурига киришга рухсат сўраган. Ҳумоюн европа мамлакатларини бир-биридан кўпда фарқ қилмас, уларнинг ҳаммасини Фарангистон деб атар эди. Шиғовулга:
— Фарангистон элчисини чорланг! — деб буюрди.

Шими тиззасидан пастга тушмайдиган, қимматбаҳо шоҳи пайпоқлари болдирига ёпишиб, оёғи шилдинглаб кўринадиган, чиройли қора мўйловлари ўзига ярашган Алваро Пакавира қора шляпасини ўнг қўлига олди-да, ўша қўлини шляпа билан пастга сермаб, таъзим қилди. Орқароқда Пакавиранинг мулозими силлиқ қизғиш ёғочдан жимжимали қилиб ясалган узун бир ғилофни кўтариб турибди. Пакавира форсий сўзларни португалча оҳангда талаффуз этиб деди:
— Бугунги наврўз айёмида биз Ҳиндистоннинг улуғ ҳукмдори Ҳумоюн ҳазратларига Португалия устолари олтин-у кумушлар билан безаган жанговар бир қурол келтирдик! — Пакавира ғилофдан картеч солиб отиладиган йўғон қувурли милтиқ олди: — Бунинг қўндоғига Ҳинд уммонининг садафлари қадалган, қувури испан кумуши билан безатилган. Тепкиси эса Португалиянинг соф олтинидан ясалган!

Бек-у аъёнлар бирдан жонланиб, Пакавиранинг қўлидаги қуролга қизиқиб кўз югуртирдилар. Бундан дадилланган Пакавира совғасини подшога ўз қўли билан топширмоқчи бўлиб, шоҳнишинга қараб ўта бошлади. Шунда Ҳумоюн ўнг томонда турган Байрамхонга имо қилди. Байрамхон беклар сафидан чиқиб, меҳмоннинг йўлини тўсди. Пакавира милтиқни икки қўллаб Байрамхонга топширди-да, орқаси билан юриб, аввалги жойига чекинди.

Байрамхон Ҳумоюннинг ишораси билан милтиқни унинг оёғи тагига кўндаланг қилиб ётқизиб қўйди.

Ҳумоюн элчига қараб:
— Жаноб Пакавира, — деди. — Биз Фарангистон устоларининг меҳнатларини эъзозлаймиз, наврўз куни бизни йўқлаганингиз учун ҳам мамнунмиз. Бироқ... бу тўфангнинг ўқини кимга бергансиз?
— Ҳазрати олийлари, ўқ-дору солинган қутиларимиз кемада қолган. Бу муҳташам кўшкка ўқ-дори кўтариб киришдан тортиндик. Агар сиз хоҳиш билдирсангиз, исталганча ўқ-дори келтириб беришга тайёрмиз!
— Тўфанг-у ўқ-дори бобида фарангилар баҳодиршоҳга ҳам кўп саховат кўрсатган эдилар. Гужаротдаги жангларда Баҳодиршоҳнинг одамлари бизнинг не-не бек-у навкарларимизни фаранги тўфанглардан отиб ўлдирганлари ҳали ёдимиздан чиққан эмас!
— Ҳазрати олийлари, Баҳодиршоҳ бизга ҳам душман бўлиб чиқди. Унга Сурат бандарида[16] испан савдогарлари тўфанг сотганлар! Ўқ-дорини ҳам Баҳодиршоҳ ўшалардан сотиб олмишдир.
— Жаноб Пакавира, Ҳиндистонга қачон келгансиз?.. Уч йил? Уч йилдан буён қаерда истиқомат қилмоқдасиз?
— Кўпроқ Гоа оролида.
— Баҳодиршоҳ Гоа оролида яшаган фарангилар билан иттифоқ тузган эмасмиди?
— Аммо Баҳодиршоҳ кейин бу иттифоқни бузди, бизга ҳам хиёнат қилди. Шундан сўнг бизнинг одамларимиз уни ўлдирдилар. Биз энди сиз билан ҳамкорлик қилиш орзусидамиз, ҳазрати олийлари!

Ҳумоюн кинояли жилмайди:
— Xудо кўрсатмасин, агар биз ҳам Баҳодиршоҳга ўхшаб жангда енгилсак, сизлар кейин унинг кунини бизнинг бошимизга ҳам солгаймисиз?
— Алҳазар! — деб қўйди Саид Xалил.

Ўнғайсиз аҳволда қолган Пакавира шляпасини у қўлидан бунисига олди-ю:
— Ҳазрати олийлари, сиз енгилмас баҳодирлардансиз,— деди. Биз ишонамизки, сизга қарши бош кўтарган Шерхон ҳам Баҳодиршоҳ каби мағлуб бўлгай. Сиз унинг устидан ғалаба қозонишингиз учун қанча тўфанг, қанча ўқ-дори керак бўлса биз сотишга тайёрмиз.

Ҳумоюн ҳозир қамал азобидан қийналаётган Чунор қалъасидаги одамларини кўз олдига келтирди-ю, юзи тундлашди. Денгиз орқали Бангола ва Даккага сузиб борган фарангилар Шерхонга мана шунақа қувури йўғон тўфанглар ва мушкет ўқлар сотаётганини ҳумоюн мушрифлар[17] юборган ах-боротларда ўқиган эди. Қамалдагиларни тутдай тўкаётган бу хатарли ўқлар ҳозир унинг оёғи тагида ётган олтин тепкили тўфангдан ҳам отилиши мумкин. Денгиз бўйларидаги вилоятларнинг рожа ва маҳарожалари ҳам фаранги қуроллар сотиб олаётгани маълум.
— Сиз фарангилар, қурол сотиб сармоя орттириш билан қаноат қилсаларингиз кошки эди! — Ҳумоюн элчига кўзини қадаб гапирди: — Бироқ Бангола орқали Шерхонга қурол етказиб бераётганлар бизнинг салтанатимизни эгаллаш илинжидадир!
— Ҳазрати олийлари, Дакка орқали қурол-яроғ сотаётганлар биз эмас, балки инглизлардир! Инглиз савдогарлари бизга ашаддий рақибдирлар! Биз, португалияликлар, сизга фақат яхшилик истаймиз!
— Шахсан сиз тўғрингизда ёмон сўз айтмоқчи эмасмен, жаноб Пакавира! Сиз ҳозир биз учун ҳурматли меҳмонсиз. Аммо ҳиндистонга келган бошқа фарангилар мамлакатнинг бир ўлкасини иккинчисига қарши уруштириш ҳаракатидалар. Биз улар сотаётган қуроллар билан бир-биримизни қириб ташласак, кейин Ҳиндистон уларнинг тасарруфига ўтиши осон бўлғай! Аммо бундай шум ният билан қурол сотган фарангилар билсинларки, улар олиб келган тўфанглар ахийри ўзларига қарши отилғусидир!

Алваро Пакавира бу гаплардан талвасага тушиб, қора шляпасини яна бир марта пастга сермаганича таъзим бажо келтирди:
— Ҳазрати олийлари, фарангилар орасида шум ниятлилалир ҳам йўқ эмас, сиз буни доноларча пайқабдурсиз. Аммо биз сиз томонингизда туриб ана ўша шум ниятлилар билан жанг қилишга тайёрмиз! Чунки сизнинг пайғамбарингиз Муҳаммад алайҳиссалом Қуръони шарифда бизнинг муқаддас китобимиз Инжилни эҳтиром билан тилга олмишдир. буни давлатингизнинг диний пешволаридан Саид Xалил жаноблари ҳам тасдиқлашлари мумкин.

Пакавира Саид Xалил томонга олазарак бўлиб қараб қўйди. Саиднинг қўли узун енги ичидан кўринмас, аммо бармоқлари билан тасбеҳ ўгириб ўлтиргани енг учидан чиқиб турган йирик марварид доналарининг секин силжиётганидан билинар эди. Бу марварид тасбеҳ уч кун бурун Саид Xалилга Пакавира томонидан инъом этилганини Ҳумоюн хуфияларнинг кечаги ах-боротида ўқиган, «тақсиримнинг қимматбаҳо жавоҳирларга ўчлигини фарангилар ҳам билиб қолибдир-да», деб ўзича ажабланган эди. Ҳозир эса Ҳумоюн Саид Xалилга Пакавира тушунмайдиган туркий тилда савол берди:
— Тақсир, ғайридинлар илкидан олинган инъом сиздек табаррук зотга жоизмикин?

Ҳумоюн Саид Xалилнинг қўлидаги марварид тасбеҳга маъноли қилиб қаради. Саид Xалил сири фош бўлишидан чўчиб, тасбеҳни дарҳол енг ичига яширди-ю, томоқ қириб:
— Ҳазратим, насоралар[18] ғайридин бўлсалар ҳам, бир ҳолда, бизга мажусийлардан кўра яқинроқдир, — деди.
— Сабаб?
— Сабабки, мажусийлар ўнлаб худоларнинг ҳайкалларини ясаб, уларнинг ҳаммасига сиғингайлар. Қайси улуснинг худоси кўп бўлса, ундай улусда якдиллик бўлмагай, мамлакат ҳамиша парокандаликдан азоб тортқай. Аммо насоралар ҳам биз каби бир худога сажда қилурлар. Исо алайҳиссаломга сиғинурлар. Муҳаммад алайҳиссалом ўз умматларига мурожаат этиб дейдиларки, «Исо ва Мусо пайғамбарлардан ажралманглар, имонда доим бирга бўлинглар».

Пакавира форсий тилда бу гапларни эшитганда қаддини тиклаб, кўкрак кериб, атрофига ғолибона назар ташлай бошлади. У энг мўтабар элчилар қаторида шоҳнишинга яқин ўнг томондан жой кўрсатилишини ва бугунги дарё сайрига подшо билан бир кемага чиқишни мўл турибди.
— Тақсирим, — деди Ҳумоюн шайхулисломга. — Меҳмон имон жиҳатдан самимий бўлса, биздан ҳам самимий эҳтиром кўргай. Нек ният билан келган бўлса, биз ҳам унга яхшилик қилайлик. Жаноб Турдибек, фарангистонлик меҳмонга кимхоб тўн инъом этилсин.
— Бош устига, ҳазратим!

Кимхоб тўн Пакавиранинг елкасига ташлангач, Ҳумоюн сўзида давом этди:
— Боғда хизмат қилувчи мулозимларга буюринг, тиллакори толорда жаноб Пакавира учун махсус дастурхон ёзиб, наврўз неъматларидан зиёфат берсинлар!

Алваро Пакавира елкасидаги кимхоб тўндан терга ботиб кўшкдан ташқарига чиқар экан, дарёда чайқалиб турган кемаларга энди аламли назар ташлади. Унинг бу ерга келишдан мақсади — бир амаллаб Ҳумоюннинг пинжига кириш, подшо кемасида энг нуфузли аъёнлар билан бирга сайр қилиш, улардан танишлар орттириб, порага учадиганларини қўлга олиш эди. Лекин Ҳумоюн унга мана бу оғир тўнни кийдирди-ю, рухсат бериб юборди. Энди Пакавира ҳувиллаган боғда бир ўзи кема сайрига муносиб кўрилмаган учинчи даражали мулозимлар орасида ейдиган зиёфати томоғидан ўтадими? Ҳумоюн унинг ниятларини йўққа чиқариб, устидан кулиш учун атайлаб шундай қилди, чамаси. Аммо ким кимнинг устидан кулишини Алваро Пакавира ҳали унга кўрсатиб қўяди! У Ҳумоюндан иш чиқмаслиги мумкинлигини олдиндан ҳисобга олиб, энг ишончли одамларидан бирини ўтган ҳафта Шерхоннинг ҳузурига жўнатган. Энди бугундан қолмай ўзи ҳам Шерхон томонга йўл олади. Наврўз баҳонасида Ҳумоюн кайф-сафо қилиб, бепарво юраверсин. Алваро Пакавира унинг саройида кўрганларини, оға-инилар ва подшо билан руҳонийлар орасидаги зиддиятларни Шерхонга батафсил айтиб беради. Саид Xалилдан қандай фойдаланишнинг йўлларини тушунтиради. Пакавира Ҳумоюннинг барча душманларини Шерхон атрофига йиғиб, бу темурийзодани тахтдан ағдармагунча бугунги аламидан фориғ бўлмайди!

Ичкарида қолган Саид Xалил ҳам Пакавирага ўхшаб, подшонинг масхарасидан адоват туйғусига тўлиб ўтирибди. Шунинг устига Ҳумоюн Саид Xалилнинг ашаддий рақиби Xўжа Ҳусайнни ўз ҳузурига чорлади.

Узоқ шимолга элчи бўлиб кетганича тўққиз йилдан бери дом-дараксиз йўқолган бу одам ҳали ҳам тирик эканми? Шиғовул эллик ёшлардаги мош-гу-руч соқолли, барваста ва озғин Xўжа Ҳусайнни эшикдан бошлаб кирганда Саид Xалил уни таниб, юраги шиғ этиб кетди. Бу ўша — Бобурга жуда ёқиб қолган ва унинг ёрдамида энг олий диний мансабни Саид Xалилдан тортиб олмоқчи бўлган Xўжа Ҳусайн! У пайтларда соч-соқоли қоп-қора, қирқ ёшли норғул қори эди. Энди юзлари, пеҳшона ва чаккалари кексалик ажинлари билан қопланибди. Аммо қадам олиши ҳали ҳам тетик. Ўшанда Саид Xалил бу хатарли рақибдан қутулиш учун уни ғайридинлар яшайдиган узоқ московияга[19] элчи қилиб жўнатишга астойдил интилган эди. Унга қўл келган далил Xўжа Ҳусайннинг хоразмлик бўлгани ва йигитлик пайтларида Дашти Қипчоқ орқали Московияга бориб келгани эди. Шайх Ҳусайннинг ўзи ҳам Бобурга шимолдаги қорли чўллар, ғаройиб ўрмонлар, қалин муз остидан оқадиган дарёлар, қиш бўйи чана ва чанғида юрадиган одамлар ҳақида мароқли ҳикоялар айтиб берган эди. Табиатан сайёҳ бўлган ва янги ўлкаларни кашф этишга жуда қизиқадиган Бобур Московияга элчи юбориб, ҳамкорлик қилиш ва икки орада карвон йўли очишни ихтиёр қилди. Саид Xалил элчиликка энг муносиб одам қилиб Xўжа Ҳусайнни кўрсатди.

Хўжа Ҳусайннинг ўзи ҳам ҳинд иссиқларидан қийналиб юрар, салқин ўлкаларга саёҳат қилишни истар, Московияга бориб келишда туғилиб ўсган юрти Xоразмни яна бир кўришга иштиёқманд эди. Бобур элчиликка ундан муносиброқ одам топа олмай, ҳижрий 937[20] йилда Xўжа Ҳусайнни Московия подшосига аталган мактуб ва совға-саломлар билан Аградан жўнатиб юборди. Ўша йили кеч кузда Бобурнинг ўзи бедаво касалга учраб вафот этди. Xўжа Ҳусайн эса ўша кетганича қайтиб келмади.

Саид Xалил ундан бутунлай қутулдик деб юрганда бугун яна Xўжа Ҳусайн қаёқдан пайдо бўлиб қолди? Ҳумоюн ҳам унга алоҳида эҳтиром кўрсатиб ўрнидан турди ва қўл берди. Одатга биноан, Xўжа Ҳусайн подшоҳнинг қўлини тавоф қилиб ўпди-ю, бирдан кўзига ёш олди:
— Ҳазратим, сизни кўрадиган кун ҳам бор экан!
— Мавлоно, нечун бунчалик ҳаял қилдингиз? Тўққиз йил бўлдими?
— Бутун тўққиз йилим сарсон-у саргардонликда ўтди, амирзодам! Боришда Эрон-у Кавказ орқали кецам бўлар экан. Туғилган юртимнинг меҳри тортди-ю, Мурғоб дарёсидан ўтиб, Xоразм орқали боражак бўлдим. Лекин Марида шайбонийзода султонларнинг илкига тушиб қолдим. Бобуршоҳнинг номини эшица тўнларини тескари киядиган жоҳиллар бор-будимни мусодара қилиб, ўзимни зиндонга ташладилар. Энди тирик қутулмасман деб ўйлаган эдим. Xайриятки, хоразмлик қариндошларим хабар топиб кафилга олдилар. Xоразмдан Московияга карвон қатнови тўхтаб қолибдир. шунинг учун Xуросонга қайтиб келиб, Мозандарон орқали Кавказга бордим. Ҳамма жойда юрт нотинч, ўзаро урушлар, қароқчилар... Ҳазар денгизидан Идил[21] орқали Московия мамлакатига етиб боргунимча уч йил ўтди. Қимматбаҳо савғолардан айрилиб абгор бўлдим. Фақат Бобур ҳазратлари ёзган мактубни жон ўрнига асраган эдим, алқисса, Московия подшосига элтиб топширдим.

Хўжа Ҳусайн бир уҳ тортди-ю, бошини хам қилиб давом этди:
— Московия тахтига улуғ кинияз[22] Василий Иоаннович деган киши ўлтирган экан. Менинг хароб аҳволимни кўриб Ҳиндистон подшосининг элчиси эканимга унча инонмади.
— Мактубни ўқиса муҳридан ҳам билиши мумкин эди-ку? — ҳайрон бўлиб сўради Ҳумоюн.
— Не тил билан айтай, амирзодам, мактубнинг муҳр босилган жойи ҳам уч йил давомида ҳилвираб таниб бўлмас аҳволга тушган эди. Московия подшоси эса Бобур ҳазратларининг Ҳиндистонга подшо бўлганларидан мутлақо бехабар экан. Икки орадаги масофалар шунчалик узоқ, борди-келди йўқ. Ҳиндистондан Московияга борган биринчи одам мен эканман. Шоҳона совғаларимни йўлда қароқчиларга олдириб қўйганим учун Эрондан майда-чуйда мол олган эдим. Улар Ҳиндистон моли ўрнига ўтмади. Алқисса, Московия подшоси айтдики, эҳтимол, сен бир сайёҳдирсан, Бобур — подшоми ёки подшонинг хизматидаги одамми — бизга маълум эмас, шунинг учун биз унга ўз элчимизни юбора олмаймиз, аммо Ҳиндистон билан Московия орасида сен каби сайёҳлар бориб-келиб турсалар, биз унга тарафдормиз.[23]

Саид Xалил Xўжа Ҳусайннинг элчиликни эплай олмаганидан қувонгандай лабини буриб:
— Ана холос! — деб қўйди.

Бу сўзлардаги истеҳзони сезган Xўжа Ҳусайн Ҳумоюндан ҳимоя истаб гапирди:
— Лекин мен Московиядан натижасиз қайтганим йўқ, ҳазратим! Московия халқи орасида бизнинг элларни кўрган одамлар ҳам бор экан. Улар менинг элчи бўлиб борганимга ишондилар. Подшоларидан кўрмаган иззат-икромни мана бу Матвей Калитинга ўхшаш яхши рус кишиларидан кўрдим!

Хўжа Ҳусайн шундай деб орқасига ўгирилди ва қўлқопли ўнг қўлига чиройли қарчиғайни қўндириб турган қўнғирсоқол одамни кўрсатди.

Хўжа Ҳусайн шимол совуқларида шамоллаб, элчилиги натижа бермаганидан эзилиб касал бўлиб ётганда мана шу одам уни сўроқлаб келади. Савдо карвонлари билан саёҳат қилишни яхши кўрадиган Матвей Калитин бундан юз йиллар олдин Ҳиндистонга келиб кетган Афанасий Никитиннинг ихлосманди эди. Унинг қўлида Афанасий Никитиннинг Ҳиндистон сафари ҳақидаги кундалик дафтаридан кўчирилган қўлёзма китоб бор эди. Матвей Семёнович бу китобни қайта-қайта ўқиган, унда учрайдиган баъзи туркийча ва форсий ибораларни тушунмаса ҳам, Афанасий Никитин қаламга олган юртлар тасвирига ниҳоятда қизиқиб юрар эди. Карвон бекатида касал бўлиб ётган Xўжа Ҳусайн ҳиндистонлик эканини эшитган Матвей уни ўзининг уйига олиб кетади, унга айиқ ўтидан тайёрланган дорилар ичириб даволайди. Xўжа Ҳусайн Матвей Семёнович Калитиннинг юрти Муромда уч йил қолиб кетади. У билан хизматкорига муромликлар ўрмон четидан ёғоч уй қуриб берадилар, уни «Бабурин посол», яъни «Бобурнинг элчиси» деб ҳурмат қиладилар. Бора-бора Xўжа Ҳусайн руслар орасида Бабурин деган фамилия билан танилади. У хизматкори билан ўрмон четида турадиган жойга «Бабуринский хутор» деган ном берилади. Матвей Семёнович билан Xўжа Ҳусайн бир-бирларининг тилларини ўрганишади. Дарё йўли билан Новгород орқали Қозон хонлигига бориб, тижорат қилишади ва Ҳиндистон сафари учун маблағ йиғишади. Кўп хавф-у хатарларни бошдан кечириб, ниҳоят, аграга келишади.

Ҳумоюн бу гапларни эшитгандан сўнг Xўжа Ҳусайннинг ҳамроҳи бўлган қўнғирсоқол барваста Матвей Семёновичга қизиқиб қаради. Калитин чарм қўлқоп кийган, қўлидаги бўз қарчиғайнинг кўзлари юпқа чарм ниқоб билан тўсиб қўйилган. Ён эшикдан подшо қушчиси ҳам ўнг қўлига қўлқоп кийиб чиқди. У қарчиғайни меҳмоннинг қўлидан секин олиб, ўз қўлига қўндирар экан, жим ўтирган қуш қанотларини ёйиб, қаттиқ бир талпинди. Шунда унинг ўткир тирноқлари қушчининг қўлқопли қўлини шахт билан чангаллади. Ҳумоюн қўлқоп чармига тиғдай ботган тирноқларга қараб, Московия қарчиғайининг забардаст эканини пайқади.

Матвей Калитиннинг кетидан келаётган хизматкор йигитнинг қўлида яхшилаб тахланган ва мўйнаси олтиндай товланаётган самур[24] пўстин бор эди. Совға қабул қиладиган ясовул уни хизматкорнинг қўлидан олиб, ичкарига кириб кетди.

Қўли бўшаганидан енгил тортган Матвей Семёнович бошидан картузини олиб, подшога таъзим қилар экан, унинг ўсиқ, қўнғир сочлари пешонасига осилиб тушди.
— Жаноб Матбий, — деди, — шунчалик узоқ йўллардан етказиб келган нодир совғаларингиз учун сизга ташаккур. Аммо биз учун бу совғалардан ҳам азизроқ инъомингиз — Xўжа Ҳусайнни омон сақлаганингиздир, у билан ҳамроҳ бўлиб келганингиздир!

Туркий тилни Xўжа Ҳусайн ёрдамида ўрганган Матвей Семёнович ҳали талаффузда бироз қийналар, айниқса, «ҳ» деёлмас эди:
— Газрати олийлари, Гўжа Гусейнни бизнинг Москвага юборганларингиз мен учун-да, буюк бир инам бўлди. Унинг шарофати билан ғарайиб мамлакатларни кўрдим.
— Биздан не тилагингиз бор? Айтинг.
— Мен тижорат иши билан келмишмен. Агра бозорида «сен насора» деб, бож-у хирождан ташқари, молимга тамға солиғи ҳам солдилар.

Ҳумоюн вазирга юзланди.
— Жаноб Турдибек, московиялик меҳмонга бизнинг номимиздан ёрлиқ беринг, унинг молларидан тамға солиғи олинмасин, қаламравимиздаги барча бозорлар, ҳамма ём бекатлари жаноб Матбийни бизда бор имтиёзлардан баҳраманд қилсинлар. Чунки Xўжа Ҳусайн уч йилда зўрға етиб борган узоқ Московиядан бу ерга нодир моллар олиб келишнинг ўзи бир жасоратдир.
— Ҳақ гап айтдингиз, ҳазратим,— деди Турдибек таъзимга бош эгиб. — Фармойишингизни бажонидил адо этгаймен! Токи жаннатмакон отангиз ният қилганларидек, Ҳиндистон билан Московия орасида савдо карвонлари қатнашига имкон кўпайсин!
— Ахир бу карвонлар фақат мол ташимагай, балки икки орага таниш-билишлик риштасини тортгай, — деди Ҳумоюн. — «Танимаганни сийламас» деган гапнинг ростлигини Xўжа Ҳусайннинг бошига тушган савдо ҳам кўрсатмишдир. Агар икки орада борди-келди бўлса эди, Московия подшоси бизнинг кимлигимизни лоақал карвон билан келиб-кетган ўз сайёҳларидан эшитиб билмоғи мумкин эди. Ана унда элчимизга муносабат ҳам бошқача бўлур эди... Жаноб Матбий, сиз насора динида бўлсангиз, Исо пайғамбарнинг умматимисиз?
— Айни шундай, газрати олийлари.
— Ундоқ бўлса... Саид Xалил жаноблари боя насораларнинг имон жиҳатидан бизга яқинликлари ҳақида кўп мўтабар далиллар келтирган эди. Энди биз ана шу далиллар асосида жаноб Матбийни наврўз сайлига таклиф этгаймиз! — Ҳумоюн ўрнидан турди ва Xўжа Ҳусайнга қараб давом этди: — Мавлоно, сиз ҳам аҳли давлат билан бирга бизнинг кемага марҳамат қилинг. Сизнинг шундай узоқ элларга бориб келганингиз — тарихда қоладиган улуғ иш бўлибдир. Энди йўл азобларидан фориғ бўлиб, истироҳат қилинг!

Ҳумоюннинг Xўжа Ҳусайнга кўрсатган ҳар бир илтифоти Саид Xалилнинг дилига гўё заҳарли тикан бўлиб қадалар ва бутун вужудида оғриқ қўзғатар эди. Ахир Xўжа Ҳусайн Саид Xалилнинг ашаддий рақиби эканини кўпчилик билади. Xўжа Ҳусайн ҳам оқсуяк саидлардан, илоҳиёт илмидан ташқари дунёвий билимларни яхши ўрганган, қилич тақиб жанг қилиш ҳам, элчилик ҳам қўлидан келади. Шунинг учун Ҳумоюн уни Саид Xалилнинг ўрнига шайхулислом қилиб кўтаришни жон-дилидан истаб турибди.

Лекин Саид Xалил бунга йўл қўймайди! У диний ҳокимият подшо салтанатидан баланд туришини исбот этмоғи керак.

Саид Xалил чора излаб атрофига қарар экан, кўшкда ўлтирганлардан нажот тополмаслигини сезди. Фақат Лахўрдаги Комрон мирзо ва Чунор қалъасини қамал қилаётган Шерхон Саид Xалилни муродига етказмоғи мумкин. Ҳумоюн Саид Xалил билан ўз муносабатларини шу даражада кескинлаштирдими, энди унинг жазосини Шерхон бермоғи лозим. Шерхон бундан ўнг йил бурун Бобур хизматига кирганда Саид Xалилга қўл бериб мурид бўлган эди. Кейинги йилларда оралари узоқлашиб кетган бўлса ҳам, Шерхон ҳалигача уни унутмаган экан. Ўтган ҳафта Шерхоннинг савдогар қиёфасида Аграда юрган хуфияси Саид Xалилни жоме масжидида холи топди. Унга Шерхон номидан олтин шамдон совға қилди, сўнг махфий мактуб топширди. Мактубда Шерхон Саид Xалилни «пири бузруквор» деб улуғлаган, ўз юрти Бихарга таклиф этган ва энг олий диний пешволик лавозимини ваъда қилган эди. Саид Xалил Аграда ҳам диний пешво бўлгани учун, пойтахтни ташлаб кетишга кўнгли бўлмаяпти. Энди агар Ҳумоюн унинг ўрнига Xўжа Ҳусайнни диний пешво қилиб кўтариш ҳаракатига тушса Саид Xалил жим қараб турмайди. Дарҳол Шерхоннинг мактубига жавоб ёзиб, ўша хуфия орқали Бихарга жўнатади, Ҳумоюннинг заиф жойлари нимада эканини Шерхонга бир-бир маълум қилиб, унинг ғалабасига кўмаклашади.

Ҳумоюн кўшкдаги ишларини тугатгач, бек-у аъёнлар билан бирга боққа чиқди. Мавкаб дарё четида турган кемаларга қараб борар экан, Саид Xалил бир четда мулозимлар тўпига қўшилиб кўзлари олазарак бўлиб турган Алваро Пакавирани кўрди. Кўз кўзга тушганда унинг Саид Xалилга айтадиган гапи борлиги сезилди. Xўжа Ҳусайн Московиядан бошлаб келган Калитин энг мўтабар меҳмонлар қаторида кема сайрига таклиф қилинди-ю, Саид Xалилнинг ҳимоясидаги Пакавира бир четга чиқариб ташланди. Бу ҳам Саид Xалилнинг эътибордан қолганини, унинг ўрнига Xўжа Ҳусайн кўтарилаётганини ошкора кўрсатмаяптими? Саид Xалил фиғони чиқиб шуни ўйлаган пайтда боши исканжага тушгандай оғриб, кўзи тина бошлади, қўйган қадами истаган жойига тушмай, гавдаси чайқалиб кетди.

Дарё бўйидаги кемалар томондан эса карнай ваҳваҳаси, ноғораларнинг шодликка тўла така-туми эшитилиб турибди. Бу ҳаммаси Саид Xалилни баттар эзди, карнай-сурнайлар омади келган Xўжа Ҳусайн учун чалинаётгандай туюлди. Чунки Xўжа Ҳусайн ҳозир аҳли давлат билан бирга энг олдинда турган подшо кемаси «Гунжойиш»га чиқади. Саид Xалил эса яна орқа қаторда — аҳли саодат учун ажратилган иккинчи даражали «Осойиш» кемасида ўлтиришга мажбур.

Йўқ, зинҳор! Саид Xалил ранги ўчган ҳолда шиғовулга ёндошди. Овози қалтираб:
— Менинг аҳволим ёмон! — деб шивирлади. — Бошим айланмоқда. Xафақон хуруж қилди. Ҳазратим сўрасалар айтинг, фақир муолажа қилгали уйга қайтурмен.

Шиғовул унинг кўкариб кетган юзига қараб:
— Xўп, тақсир, майли, тангрим сизга саломатлик берсин! — деди.

Саид Xалил орқасига қайтаётганда яна Пакавирани кўрди. Баҳодиршоҳдай тождорни маҳв этган бу фарангилар — жуда катта куч, қуроллари кўп. Саид Xалил унинг Шерхон билан иттифоқ тузишига ёрдам берса, ана ундан кейин Ҳумоюн шайхулислом учун қазиётган чоҳига ўзи қулаши аниқ! Саид Xалил шу ниятни дилига тукканда ўзини бирдан енгил сезди, бош оғриғи ҳам пасайгандай бўлди. У боғ дарвозаси томонга ўтар экан, Алваро Пакавирага «кетимдан боринг!» деган ишорани қилди.

* * *

Учинчи бўлиб турган «Оройиш» кемаси олдида ясан-тусан аёллар кўринди. Ҳумоюн уларнинг онабошиси Xонзода бегимни узоқдан таниди. Синглиси Гулбадан, Ҳиндолнинг келинчаги Султоним, ҳарам аҳлидан Бека бегим олти яшар қизчаси Ақиқа билан... Бошқа чиройли қизлар ҳам бор. Улар ким бўлди? Олдинда кетаётган Ҳумоюн укаси Ҳиндолни ёнига имлади. Турдибекка эса:
— Сиз элчиларни аҳли давлат билан бирга кемага бошланг, — деди. — Биз Ҳиндол билан аммам ҳазратларини кўриб ўтайлик.

Оға-ини «Оройиш» кемасига бурилдилар. Подшо келаётганини кўрган аёллар қадди-қоматларини ростлаб, Xонзода бегимдан нарида тизилиб турдилар. Ҳумоюн ва Ҳиндол аммаларига елкаларини бериб кўришар эканлар, ёш аёллар уларга бош эгиб таъзим қилдилар. Ҳумоюн уларни наврўз билан муборакбод қилди.
— Мана шу «Оройиш» кемаси биздан сизларга наврўз савғосидир, — деб ҳазиллашди.

Синглиси Гулбадан бегим Султоним билан шўх бир кўз уриштириб олди-да, ҳазил билан жавоб қилди:
— Ҳазратим, саховатингиздан миннатдормиз, аммо бу улкан кемани уйга олиб кетолмагаймиз. Биз, ожизалар, уйга кўтариб кетишга кучимиз етадиган совғалардан умидвормиз!

Ҳаммалари бир кулиб олдилар. Ҳумоюн:
— Улар ҳам берилгай! — деди. — Лекин аввал биз бир нени билайлик: бизга ҳам аталган наврўз савғоларингиз бўлурми?

Кулги яна бир даража баландроқ янгради. Гулбадан Xонзода бегимга қараб:
— Аммам ҳазратлари сизга атаб бир ғаройиб савғо тайёрламоқчилар, — деди.

Ҳумоюн аммасига умид билан юзланди. Шунда Xонзода бегим Ҳамида бону ва унинг ёнидаги қизларга ишора қилиб деди:
— Ҳумоюнжон, сиз қизларнинг чавгон ўйинига иштиёқманд эдингиз-а?
— Ҳа, наврўз айёмида биз учун бундан мароқли томоша йўқ.
— Ундоқ бўлса аниқ вақтини тайин этинг. Қизларимиз сизга чавгон томошаси кўрсатмоқчилар.

Ҳумоюн қизлар орасида энг кўҳлиги бўлган Ҳамида бонуга қизиқиб қаради-ю:
— Бажонидил! — деди. — Мана бугуноқ...

Эрининг Ҳамида бонуга қараган кўзлари чўғдай ёниб кетганини пайқаган Бека бегим лаблари аламдан титраб гапирди:
— Ҳазратим, балки бугунга кема сайри ҳам етарлидир?

Ҳумоюн хотинининг саволи тагидаги аламли маънони тушуниб ўнғайсизланди. Икки ойдан бери Бека бегимни йўқламай қўйган эр, яна онаси ўпмаган қизларга кўзи ёниб қарагани Ҳумоюннинг ўзига ҳам ноқулай туюлди. Нарёқда иккинчи хотини Меважон ўзини бахциз сезиб, ғамгин бўлиб юрибди. Ҳумоюн ҳинди тилини ўрганган, бултур Чанд биби деган ҳинд қизига ҳам уйланган эди. Бу жувон кеча хобгоҳда Ҳумоюннинг кўксига бош қўйиб юм-юм йиғлагани ҳозир эсига тушиб кўнгли хира бўлди.

Қора шириндан келган оҳудай чаққон Чанд биби Ҳумоюнга тегмасдан олдин қанчалик шўх ва қувноқ эди! Унинг отаси Ҳумоюннинг кутубхонасида санскрит китобларни таржима ва талқин қилувчи олим бўлиб ишларди. Қиз Ҳумоюнни кутубхонада мутолаага қаттиқ берилган пайтларда зимдан кузатиб юриб яхши кўриб қолган экан. Ҳиндларнинг Xоли байрамида қизлар ўзларини ҳимоя қила оладиган йигитни танлаб, унинг билагига бир шода гул тақадилар. Ракшабанди деб аталадиган шу одатга биноан Чанд биби Xоли байрами куни боғда Ҳумоюннинг билагига чиройли гулшода тақди. Ўша дамда қиз ҳам Ҳумоюнга жуда ёқиб қолди. Балки унга валиаҳд ўғилни мана шу ҳинд қизи туғиб берар? Унга уйланиш билан балки Ҳумоюн ҳинд элининг кўнглига яхшироқ йўл топар?

Бироқ Саид Xалил бошлиқ руҳонийлар бошқа диндаги қизга никоҳ ўқишдан бош тортдилар. «Шариат бўйича қиз мусулмон динини қабул қилсин, сўнг биз никоҳ ўқиймиз», дейишди. Агар Чанд биби муслима бўлмасдан туриб ўғил туғса, уни мусулмон подшосининг тахтига валиаҳд қилиш ҳам мумкин эмас — кўпдан қабул қилинган расм-у одат шундай. Ҳумоюн буни Чанд бибига тушунтирди, унга калимайи шаҳодатни ўргатди. Қиз йигитга бўлган муҳаббати туфайли унинг айтганини қилди. Ҳинд динида тангрилар кўплигини табиий деб биладиган Чанд биби эри сиғинган яна битта Xудога сиғинишни фақат калимайи шаҳодатдан иборат деб ўйлаган эди.

Лекин у никоҳдан ўтгач, Ҳумоюн кўп ўтмай Гужарат томонларга ҳарбий юришга кетди. Чанд биби қилич таққан бешафқат аёл — ҳарам бекасининг ихтиёрида қолди. Унга ҳиндча сари кийишни тақиқлашди, муслима аёллар каби узун кўйлак, қабо, зар жиякли лозим кийдиришди. Ҳарам бекаси уни бошқа аёллар қатори беш вақт намоз ўқишга мажбур қилди.

Агар Чанд биби бошқа мамлакатга олиб кетилганда, эҳтимол, бу ўзгаришларга осонроқ кўниккан бўларди. Лекин у ўз ватанида яшамоқда эди. Боққа чиқса ҳиндларнинг муқаддас дарахти ашока ва банъянни кўради. Гуллар ҳам ҳинд маъбудаларини ёдига солади. Жамна бўйига ювинишга борса бошқа афсонавий дарё — Сарасвати ёдига тушади. Сарасвати эса энг қудратли аёл худолардан ҳисобланади. Чанд биби унга ҳам, жазо берувчи Шивага ҳам, ўзи болаликдан сиғиниб юрган Дургага ва бошқа муқаддас маъбудаларга ҳам хиёнат қилган каби доимий ғашлик ва ваҳм ичида яшайди. Кечалари тушларига кирадиган Шива, Дургалар уни жазолаб гоҳ илонга чақдиради, гоҳ ботқоққа ғарқ қилади, гоҳ йиртқичлар чангалига ташлайди. Жувон уйқудан босинқираб уйғонади ва дағ-дағ титрайди.

Ҳумоюн Гужаратдан қайтиб келгунча Чанд биби руҳий қийноқлардан озиб, сўлиб, асаб касалига дучор бўлган эди. Ҳумоюн унинг хобгоҳига борган кечалари Чанд биби қувнаб ашула айтаётган жойида бирдан кўнгли бузилиб йиғлаб юборар, ухлаган пайтларида эса инграб уйғонар, вужуди ваҳима ичида титраб, Ҳумоюндан ҳимоя истарди. Уни юпатгунча Ҳумоюннинг ўзи ҳам руҳан қийналиб, уйқуси ўчиб кетар, кейин бошқа хонага чиқиб, гулобга афюн қўшиб ичар ва шу билан қайтадан уйқуга кетарди.

Оҳудай яйраб юрган қизнинг бир йил ўтмай шундай сўлиб қолишига Ҳумоюннинг ўзи ҳам айбдор эмасми? Ҳарамдаги тартибларни ўзгартира олмас экан, нега бу қизга уйланди? Нега уни бошқа динга ўтказди?

Бека бегим ҳам, Меважон ҳам ундан бахт топган эмас. Ҳозир Бека бегим, «бизни шу кўйга солганингиз озмиди? Яна бошқа гўзал қизларга кўз тикишингиз инсофданми?» дегандай кўринди. Шунинг учун Ҳумоюн Бека бегимга дарҳол ён берган каби:
— Майли, чавгонни... эртага пешиндан сўнг тамошо қилғаймиз, — деди.

Шу орада Ҳамида Бону Ҳумоюнга зимдан синчиклаб қараб олди. Боя фил устида гавдаси кичик кўринган эди, унинг бўйи баланд, елкалари кенг, дуркун йигит эканини қиз энди билди. Чиройли қилиб тарашланган калта соқол-мўйлови офтоб нурида қизғиш тусга кириб товланади. Салласидаги олмосдан ташқари белидаги камарига, ханжарининг сопи ва қинига қадалган дур ва лаъллар тиниқ ва осуда бир жило бериб туради. Ҳумоюннинг қаршисида Бека бегим нурсизгина жувон бўлиб кўринди. Шунга қарамай бу бегим Ҳумоюннинг сўзини бўлиб луқма ташлагани Ҳамидага жуда эриш туюлди.

Бека бегим ўзи ҳамма чиройли қизлардан эрини рашк қиладиган аёл бўлса керак, Ҳамида бонуга ҳар кўзи тушганда унга тиканини бир санчиб олгудай бўлиб қарайди.

Ҳумоюн аёллар билан гапини тугатиб, олдинги кемага қараб кетгандан кейингина Бека бегимнинг кўзларидаги тиканлар сал камайгандай бўлди. Бу бегим хазинадан ҳам ҳамён-ҳамён олтинлар олиб туради, ҳарам бекаларини ҳам ўзига бўйсундириб олган. Удумга биноан, подшо ҳарамидаги кичик хотинлар катта хотинга бўйсунмоғи керак. Ҳамида бону бу ҳақда кўп мишмишлар эшитган. Чанд бибининг бошига тушаётган оғир савдода ҳам Бека бегимнинг қўли бор, дейишади.

Ҳамида бонунинг бу мураккаб зиддиятлардан кўнгли ғаш бўлаётганини Xонзода бегим сезди чамаси, кемага чиққанларида секин қизнинг қўлидан олиб, елкасини силади ва паст товуш билан сирдошларча шивирлади:
— Бону қизим, сиздан умидим катта.

Хонзода бегим фақат эртанги ўйинни эмас, ундан ҳам каттароқ, муҳимроқ нарсаларни назарда тутганини Ҳамида бону пайқади.
— Ҳазрат бегим, — деди ва ихлос тўла кўзини Xонзода бегимнинг серажин юзига тикди. — Мен чавгонда умидингизни оқлаш учун жонимни ҳам аямасмен. Лекин олийнасаб бегимлар даврасида... нотавон... ожизамен.
— Йўқ, шерқиз, сиз ҳали ўзингизни билмайсиз. Мен сизда товонолик[25] куртакларини кўриб турибмен. Бу дунёда яхши-ёмонни кўп кўриб, кўзим пишиб қолган, менга инонинг. Сиздаги товонолик ниҳоли парвариш қилинса, улкан дарахт бўлиб ўсгай, бебаҳо мевалар бергай!
— Қани эди!.. Агар шундай товонолик менга насиб қилса, унинг энг яхши мевасини энг аввал ўзингизга таъзим билан тутгаймен, ҳазрат бегим.

Бу гапдан икковларининг ҳам таъблари очилиб, кўнгиллари кўтарилди, кема устидаги зеб-зийнатларга ва зиёфат дастурхонларига энди қувониб кўз ташлашди. Камалак рангли анвойи гулшодалар орасидан сурнай ва ноғора товушлари келмоқда. Чанқаган бегимларга шарбатчилар олтин пиёлаларда таъзим билан хушбўй шарбатлар тутадилар. Оёқ остида чўғдай ёнган гиламлар. Атрофда бағри кенг дарёнинг жимир-жимир тўлқинлари.

Бу тўлқинлар бирдан Низомни Ҳамиданинг ёдига солди. Кеманинг пастки қаватида наврўз муносабати билан олтинранг ипак матодан башанг кийимлар кийган эшкакчилар ўлтиришибди. Ҳамида бону юқоридан уларга кўз қирини ташлаб низомни тополмади. Шу пайт подшо чиққан олдинги кеманинг эшкакчиларидан бири бу томонга зимдан тикилиб турганини пайқади. Ҳамида гулшодалар орасидан синчиклаб қараса — Низом! Қизнинг баданига ширин бир ҳарорат тарқалди. Подшо кемасининг эшкакчиларига сариқ парчадан тикилган яктак ва ўша рангдаги жажжи салла кийдиришган экан. Бу кийимлар Низомнинг йигитлик ҳуснини жуда очиб юборибди. У кеманинг пастки тор қаватида қатор эшкакчилар орасида ўтирган кўйича ортки кеманинг очиқ саҳнида турган Ҳамидага жилмайиб бош ирғади.

Агар Ҳамидада Xонзода бегим айтган товонолик чиндан бор бўлса, у энг аввал мана шу йигитнинг қадрини боши устида кўтаради. Эртанги чавгон ўйинида у албатта ютиши керак. Подшо унга «биздан не тилагингиз бор?» деса Ҳамида бону, Низомнинг отасини зиндондан озод қилишларини, унинг ўзини эса бирорта кемага дарға этиб тайинлашларини сўрайди. Балки қиз боланинг бундай илтимоси Ҳумоюнни таажжубга солар. Лекин Ҳамида бону унгача Xонзода бегимга кўнгли кимдалигини албатта айтиб беради, унинг ёрдамида Ҳумоюннинг адолат қилиши ҳам осон бўлади.

Лекин Ҳамиданинг бу ширин орзуси ушалмади. Ўша куни оқшом шарқдан келган чопар Чунор қалъасининг Шерхонга таслим бўлгани ҳақида машъум хабар келтирди. Энди ундан наридаги Бангола ва Бихар ҳам хавф остида қолди, агар Ҳумоюн тезликда етиб бориб, уларни ҳимоя қилиб олмаса, қаламравидаги ерларнинг энг катта қисмидан маҳрум бўлади-ю, Аградан қувилиши ҳам осонлашади.

Шунинг учун базмлару ўйинларни тақа-тақ тўхтатиб, шошилинч равишда қўшин тўплашга киришди. Орадан бир ҳафта ўтгач, саҳар пайтида Xонзода бегим билан хайрлашиш учун Зарафшон боғига борди. Аммасининг оқ фотиҳасини олгандан сўнг, ўша «Гунжойиш» кемасига тушди-да сув йўли билан Ганга дарёси томонга йўл олди. Ҳумоюн Ҳамида бону билан яхшироқ таниша олмаганидан Xонзода бегим кўп афсус чекиб, «тақдирлари қўшилмаган экан», деб хафа бўлди.

Лекин Ҳумоюн тушган кеманинг эшкакчилари орасида жон-жаҳди билан эшкак эшаётган Низом бундан ўзича мамнун. Ҳумоюн Ҳамидадан тобора узоқлашиб кетаётгани унга яхшилик аломати бўлиб туюлади. Агар подшо бу қизни яқиндан кўриб, билгудай бўлса, ҳарамига олиб қўйиши ҳеч гап эмас. Низом ўзининг Ҳамидага етишишига ишонмаса ҳам, лекин ундан умидини узолмайди, айниқса, уни подшо ҳарамига раво кўрмайди. Шунинг учун Низом бутун кучини эшкакка беради-ю, Ҳумоюнни Ҳамидадан мумкин қадар узоқроқ олиб кетишга интилади.

Ганга: Кўргилик

Ҳумоюн оёқ қўйган ер ичига ўпирилиб тушиб, тубсиз ўнгирга айланди. У оёғини тортиб олиб, орқага тисарилди. Қорайиб турган ўнгир лабида қандайдир дарахтнинг илдизи кўринди. Ҳумоюн тубсиз жарга йиқилай деганда шу дарахтдан икки қўллаб тутиб қолди. Бир пайт дарахт ҳам илдизи билан суғурилиб чиқа бошлади. Ҳумоюн жарга қулаб тушишини сезганда қичқириб, босинқираб уйғонди-ю: «Алҳамдулилло, туш экан!» деб хиёл енгил тортди. Лекин ташқарида довул кўтарилганини, тепасидаги чодирни шамол йиқитиб кетгудек қаттиқ силкитаётганини сезди, жала қуйиб, момақалдироқ устма-уст гумбурлаётганини эшитди-да, яна юраги ҳаприқиб, ўрнидан туриб кетди.

Ганга бўйларида ёмғир фасли бошланган, ҳаво илиқ бўлса ҳам дим, ҳамма нарса намиқиб кетган. Xос чодир эшигига осилган кимхоб парда Ҳумоюннинг қўлига майин ва салқин тегди. Уни бир томонга суриб ташқарига кўз югуртирди.

Қоронғида ҳеч нарса кўринмади, фақат яшин чақнаганда Ганганинг қирғоқларига тошиб чиққан оқиш тўлқинлари таҳдидли ялтираб кўзга ташланди. Дарахтлар довулдан ерга теккудай эгилади, уларнинг қаттиқ шовуллаши орасидан момақалдироқнинг қасир-қусури хийла паст эшитилади.

Ҳумоюннинг чодири турган баландликдан гангага келиб қўшиладиган яна бир дарё — Карамнаса ҳам кўринади. Одатда суви унча кўп бўлмайдиган бу дарё ёмғир фасли бошлангандан бери бўтана селларга тўлиб ваҳимали тусга кирган. Қўшиндаги филбон ва кемачи ҳиндлар Карамнаса дарёсидан жуда қўрқадилар, унга қўл-оёқларини теккизмасликка тиришадилар. Ҳиндларнинг эътиқоди бўйича, Карамнасанинг суви теккан одам бир умр қилган тоат-ибодатидан айрилиб, касофатнинг тагида қолиб кетармиш. Шунинг учун тақводор ҳиндилар Карамнасанинг нариги қирғоғига ўтмоқчи бўлсалар, ирим қиладилар — унинг ўзидан эмас, Гангага қуйилган жойининг нарёғидан кема билан айланиб ўтадилар.

Бу ҳодисани бундан ўн йил олдин мана шу Карамнаса бўйида отаси Бобур ҳам кўрганини ва ўз эсдаликларида ёзиб қолдирганини Ҳумоюн билади. Бунақа иримларга ишонмайдиган Бобур мирзо ҳозир Ҳумоюн турган жойни қўшинига қароргоҳ қилиб танлаб, бир ҳафта турган ва шу атрофдаги ёвларини енгиб, Аграга ғалаба билан қайтган эди.

Шунинг учун Ҳумоюн тақводорларнинг иримидан кўра отасининг тажрибасига кўпроқ таянди. Уч тарафи дарё билан тўсилган баланд тепаликлар уни душманларидан асрайдигандек кўринди. Беклар ҳам «фақат қароргоҳнинг жануби шарқ томонига соқчилар қўйилса кечалари тинч ухлаш мумкин...» дейишди.

Лекин ҳозир ёмғир челаклаб қуяётган ва довул чодирларни йиқитгудек бўлаётган пайтда Ҳумоюн тушида кўрган даҳшатли воқеани эслади-ю, яшин ёруғида ялт этиб чақнаган тошқин дарёлар ҳалқаси бирдан унинг ваҳмини келтирди. Уч томондан тошиб чиқаётган дарёлар уни тўртинчи тарафдан бостириб келадиган ёвларга тузоқ бўлиб тутиб берадигандек туюлди. Ё алҳазар! У нега ўз оёғи билан бу дарёлар орасига кириб қолди? Отаси бу ерни қароргоҳ қилган пайтларда ҳаво қуруқ, дарёларда сув оз, бу атрофда Шерхондай хатарли ёв йўқ эди-ку.

Ёши ўттиш бирга кирган Ҳумоюн ўсмирлик йилларидан бери жуда кўп таҳликали жангларни кўрди, турли-туман ёвлар билан олишиб, ҳали бирор марта енгилгани йўқ. Лекин Шерхонга келганда унинг шижоати ҳам, жангларда орттирган тажрибаси ҳам иш бермай қўйяпти. Вақт ўтган сари Шерхоннинг қудрати ортиб, Ҳумоюннинг иши орқага кетаётгандай бўляпти.

Ҳумоюн тўшаги турган жойга қайтиб, қоронғида ёстиқни қўли билан пайпаслаб топди. Ёстиққа қайта бош қўяр экан, ташқарида хуруж қилаётган шамол, жала ва момақалдироқ шовқини орасидан Шерхон унинг кўзига кўриниб кетгандай бўлди.

Қошлари қалин, кўзлари кўкиш, қирра бурун, калта қирқилган соқоли ва қайрилма мўйлови ўзига жуда ярашган дуркун гавдали Шерхоннинг қарашларида бургутни эслатадиган бир ифода бор. Ҳумоюн уни биринчи марта бундан ўн уч йил бурун Жамна бўйидаги зиёфатда кўрган эди. Бобур мирзо Секридаги ғалабаси шарафига жуда катта ош берган, унга ҳамма беклар ўз сипоҳилари билан таклиф қилинган эди. Жунаид барлос деган амир ўз хизматига ўтган афғон сипоҳилари қаторида Шерхонни ҳам бу зиёфатга олиб келган эди. Бобур Шерхонни биринчи кўришдаёқ «ҳокимият талашадиган сиёқи бор» деган, Ҳумоюн буни эшитган эди.

Аммо у пайтларда Шерхон ҳали ўттиз-қирқта йигитга бош бўлган кичик сипоҳилардан эди. Унинг Сасарамда отасидан қолган ер-мулки бор экан. Бироқ отаси ўлгандан сўнг ўгай она ва инилари Шерхонни бу мулкдан маҳрум қилмоқчи бўладилар. Шерхон ота мулкини ўгай иниларидан тортиб олиш учун Бобурдан ҳимоя сўрайди. Банорасдан шарқдаги Ғозипур деган жойда у Бобур ҳузурига қимматбаҳо совғалар билан арзадошт кўтариб киради[26]. Бобур унинг марказий ҳокимиятдан узоқроқда, чет вилоят бўлган Сасарамда заминдор бой бўлиб юришини афзал кўради, ота мулкини унга хатлаб беради.

Ўшанда қирқ ёшда бўлган Шерхон ҳисоб-китобни ва хўжалик юритишни яхши билар, Сасарамдаги бетартиблик ва порахўрликни ёмон кўрарди. У шайх Саъдийнинг кўп шеърларини ёд биладиган ўқимишли киши эди. Сасарамдаги деҳқонларнинг ерини ўлчаш, ҳосилини бехато ҳисоблашда ва солиқчиларнинг бебошлигини йўқотишда кўпгина янги тадбирларни амалга оширди. Xайрихоҳлари уни «Шерхони одил» деб атайдиган бўлдилар. Бу орада Бобур вафот этди-ю, марҳум Иброҳим Лодининг иниси Маҳмуд Лоди қасоскор афғонларни атрофига тўплаб, Ҳумоюнга қарши исён кўтарди. Маҳмуд Лоди Бихар ва Сасарамни ҳам ўзига мажбуран қўшиб, Ҳумоюнга қарши урушга бошлаб борди.

Шерхон бу урушдан мутлақо манфаатдор эмас эди. Лодилар афғон бўлсалар ҳам, сур қабиласи уларга бўйсунишни истамайди. Иброҳим Лодидан кўрган жабр-у зулмлари Шерхоннинг эсидан чиққан эмас. Шунинг учун Далахруа деган жойда Маҳмуд Лоди Ҳумоюн билан юзма-юз туриб жангга киришган пайтда Шерхон усталик билан ўзини четга олди-ю, барча навкаларини уруш майдонидан олиб чиқиб кетди. Лодилар бу жангда Ҳумоюндан енгилдилар ва кейинчалик Шерхонни хиёнатда айбладилар. Шерхон эса Ҳумоюнга хат ёзиб, бир вақтлар Бобур подшо Сасарамдаги ота мулкини унга олиб бергани ҳурматига шундай қилганини билдирди. Аслида эса Маҳмудхон билан Ҳумоюн бир-бирини банд қилиб турган пайтдан фойдаланиб Ганга бўйидаги энг муҳим ҳарбий қалъа— Чунорни ишғол қилиш ниятида эди.

Чунор илгари Тожхон исмли афғон ҳокимининг қўлида эди. Шерхон беш йил бурун Тожхонга ҳам сипоҳий бўлиб хизмат қилган, ўша пайтда унинг гўзал хотини Лод Малика билан танишган эди. Тожхон оилавий низолар гирдобида ҳалок бўлгандан кейин Шерхон Лод Маликага махфий одам юборди, уни кўпдан яхши кўришини ва унга уйланиш орзусида эканини билдирди. Шерхоннинг аёлларни мафтун қиладиган баҳодирона жозибаси Лод Маликанинг ёдидан чиқмаган экан. Орада турган махфий одам Шерхонга ижобий жавоб келтирди. Далахруада Маҳмуд Лоди Ҳумоюн билан ҳаёт-мамот жангини қилаётган пайтда Лод Малика Чунор дарвозасини уруш майдонидан яширинчи чиқиб келган Шерхонга очиб берди. Шерхон Лод Маликага уйлангач, унинг ёрдамида Чунорга Тожхон томонидан беркитилган яширин хазинани ҳам қўлга туширди. Бу хазинадан 150 ман[27] олтин, 7 ман марварид, яна талай жавоҳиротлар топилди. Шерхон бир кунда қўлга киритган бойликнинг баҳоси тўққиз юз минг рупий эди.

Шерхон бу бойликларни босиб ётадиган зиқна одам эмас, унинг мақсади мустақил ҳукмдор бўлиш. Шерхон Чунор қалъасида қўлга киритган олтинларга минглаб янги навкарлар ёллади, қурол-яроғлар сотиб олди. Лодилар ва бобурийлардан норози бўлган қанчадан қанча ёлланма аскарлар Шерхон томонига ўта бошлади. Айниқса, у Чунор қалъасини эгаллагандан кейин Ҳумоюн шарқдаги Бихар ва Банголадан узилиб қолди. Йўлни очиш учун у Чунорга қўшин тортиб келди ва Шерхонни қамал қилди. У пайтда Ҳумоюннинг қўшини Шерхонникидан икки баробар кўп эди. Замбараклар ва тўфанглар қалъа ҳимоячилари устига шундай ўқ ёғдиришдики, Шерхон шиддатли ҳужумларга туриш беролмай қолди. Орадан икки ой ўтгач, Шерхоннинг элчиси ичкаридан оқ байроқ кўтариб чиқди ва Ҳумоюннинг ҳузурига келиб, шафқат сўради. Ҳумоюн рақиби билан юзма-юз туриб сўзлашмоқчи бўлди-ю, элчига: «Шавқат керак бўлса Шерхоннинг ўзи ҳузуримизга келсин!» деди. Жанг тўхтатилган, лекин Шерхон Ҳумоюн ҳузурига келса ҳибсга олинишидан ҳадиксираб, ўзининг ўрнига йигирма саккиз яшар ўғли, жанговар саркарда Қутбхонни юборди. Қутбхон Ҳумоюн олдида ер ўпиб, садоқат изҳор қилди. «Отам бошлиқ сурлар минбаъд сизга қарши бош кўтармаслиги учун мана, мен кафилмен, барча навкарларим билан сизга тоабад хизмат қилурмен», деди. Ҳумоюн Қутбхонни уч юз навкари билан ўз ихтиёрида қолдирди. Шерхон эса оиласи, кўч-кўрони ва одамларини Чунордан олиб чиқиб Бихар вилоятидаги ўз мулкига жўнади.

Қутбхон ва унинг навкарлари Ҳумоюн аскарлари билан икки йил бирга хизмат қилди, Гужарат ва Чампанирда Баҳодиршоҳ билан бўлган жангларда жасорат кўрсатиб, инъомлар олди. Шерхон ҳам бу орада Бихарда тинчгина юрди. Ҳумоюн бурноғи йили Чампанирдан Аграга қайтгандан кейин Қутбхон ота-онасини кўриб келиш учун ундан рухсат олди-ю, Бихарга кетганича қайтиб келмади. Орадан беш-олти ой ўтгач, Шерхон ўғли билан яна Банголага қўшин тортиб боргани ва Чунорни қамал қилаётгани маълум бўлди. Ҳумоюн Қутбхонга жавоб бериб хато қилганини, ҳозир у отаси Шерхон билан энг хатарли душманга айланганини кейин билди. Қутбхон икки йил Ҳумоюн аскарлари сафида юриб, унинг барча заиф томонларини ва ички зиддиятларини билиб олган. Энди ота-бола бирлашиб, Ҳумоюннинг энг бўш жойларини топиб, зарба бермоқдалар.

Шерхон ўз ишига шунчалик пишиқ эканки, Ҳумоюнни Аградан мумкин қадар узоқларга олиб кетиб, ҳамма жойда бирон балога гирифтор қиляпти. Ҳумоюн бу гал Чунор қалъасини олти ой қамал қилиб, катта талафотлар билан олди. Бу орада Шерхон Банголани эгаллади. Ҳумоюн уни таъқиб этиб Банголага борса, Шерхон бу вилоятда бор хазиналарни шип-шийдам қилиб, ундан Гаурига ўтибди. Ҳумоюн ёз иссиқларида машаққат чекиб Гаурига борса, Шерхон у ердаги хазинани ҳам талаб, қўлига илинган бойликларни йиғиб, Рохтас деган тоғ қалъасига қочиб кетибди.

Ганганинг жанубидаги бу қалъа асли Кришан Рой деган ҳинд рожасининг мулки эди. Шерхон ўз қўшинида хизмат қилаётган нуфузли ражпут саркардаларидан бирини орага қўйиб, Кришан Ройдан аввал фақат ўз хотинлари ва болалари учун бошпана сўради.
— Ҳумоюн биздан ота юртимиз Бихарни тортиб олди, аёлларимиз хонумонсиз жанг майдонида қолди, бу шафқациз темурийзода бизни енгса эрта-индин Рохтасга ҳам қўшин тортиб боргай, сиз хотин-болаларимизга қалъадан жой берсангиз, биз душманнинг Рохтасга борадиган йўлини тўсгаймиз, — деди.

Кришан Рой бу гапга ишонди ва аёл кийимидаги отлиғ-у пиёда бир минг икки юз кишилик оломонни Рохтас қалъасининг дарвозаларидан ичкарига киргизди. Аёллар билан бирга кўч ортган юзлаб соябон аравалар ҳам келмоқда эди. Улар ҳам ичкарига кириб олади. Шунда маълум бўладики, аёл кийимидаги «бошпанасиз бечоралар»нинг кўпчилиги — Шерхоннинг қуролли навкарлари экан. Соябон аравалардаги кўчлар орасидан қуролли йигитлар сакраб-сакраб тушдилар-у ғафлатда қолган Кришан Ройни ўраб олдилар. Шерхоннинг ўзи йўқ, бу ҳарбий ҳийлани амалга оширган унинг ўғли Жалолхон Кришан Ройга шундай деди:
— Рохтасни биз жанг билан ҳам олишимиз мумкин эди, ундан ҳам каттароқ Чунор қалъасини олганимиз сизга маълум, лекин қон тўкилмасин дедик, сизнинг мол-у жонингизга тегмаймиз, нимани истасангиз бир кун ичида олиб чиқиб кетинг, сизнинг водийда бошқа мулкингиз бор, бизга эса Рохтас жуда керак!

Кришан Рой Рохтасни ташлаб кетишга мажбур бўлади. Шерхон Чунор ва Гаурда ўлжа олган барча олтин-у кумушларини шу қалъага келтириб бекитади. Xотин-у бола-чақаларини ҳам Рохтасга жойлаб, ўзи тоғ этакларида янги жанглар учун куч тўплай бошлайди.

Рохтасдаги воқеани Гаурда туриб эшитган Ҳумоюн Шерхоннинг Мовароуннаҳрда шунақа ҳий-ла-ю найрангларни кўп ишлатган Шайбонийхонга ўхшаб кетадиган айёрлиги борлигини хаёлидан ўтказди. Назарида, Шерхон энди Рохтасни қўриқлаб ётадиганга ўхшарди. Ҳумоюн уни таъқиб қилиб Рохтасга бормоқчи эмас, чунки Банголада тартиб ўрнатиш ва Гаурда давлат ишларини изга солиш ундан жуда кўп вақт талаб қилди. Ҳумоюн Гаурда тўққиз ой қолиб кетди. Ёмғир фасли тугаб, кузги салқинлар ва қуёшли қуруқ кунлар бошлангандан сўнг бу ернинг ҳавоси унга бениҳоя латиф туюлди. Ҳумоюн Гаурда давлат ишларини изга солиб, янги боғларнинг тархини чиздирди, шаҳарнинг энг хушҳаво жойларига кўчатлар экдирди, кайфи чоғ пайтларда гаурга «Жаннатобод» деган ном берди. Лекин сал ўтмай Аградан келган шум хабарлар Ҳумоюнни дўзах азобига сола бошлади.

Ҳумоюндан аразлаб кетган Зоҳидбек, шайхулислом Саид Xалил ва бошқа фитначи беклар билан Аграда тил бириктириб, Ҳиндол мирзонинг қаноти остига киради-ю, Ҳумоюн пойтахтга ҳоким тайинлаб келган Амир Баҳлулни ўлдиришади. Улар ўн саккиз ёшли Ҳиндол мирзони Агра тахтига чиқармоқчи бўладилар. Бу гапдан Лахўрдаги Комрон мирзо хабар топиб, дарҳол Аграга қўшин тортиб келади. «Мен турганда сен тахт даъвосини қилма!» деб укасига дўқ уради.

Ҳали Ҳумоюн тирик пайтда укалари Аграни талашишгача бориб етгани Ҳумоюнга вазиятнинг нақадар оғирлашганини, Гаурда тўққиз ой туриб қолгани катта бир хатолик бўлганини кўрсатди. У аскарининг озроқ бир қисмини Бангола ҳимояси учун қолдирдида, асосий қўшин билан Ганганинг шимолий қирғоғи бўйлаб Аграга йўл олди.

Орада Патна ва Банорас бор. Аграгача қирқ кунлик йўл. Шерхон ишғол қилган Рохтас қалъаси дарёдан анча узоқдаги тоғларда эди. Ҳумоюн Аграга шошилинч қайтаётганидан хабар топган Шерхон тоғдан тушиб келиб, дарёнинг жануб қирғоғидан уни таъқиб этиб бора бошлади.

Сўнгги бир йил ичида кучлар нисбати Шерхон фойдасига ўзгарган, Ҳумоюн чекиниб борарди. Шерхон орқадан гўё писиб, ҳамла учун пайт пойлаб келар эди. Ҳумоюн Патнага етганда Аграга юборган чопари қайтиб келди. Ҳиндол мирзо ҳаяжонли мактуб ёзиб: «Ҳазрат оғажон, менинг ҳақимдаги ёмон овозаларга зинҳор инонманг, — дебди. — Инингизнинг барча ҳаракатлари сизнинг Аградаги ҳокимиятингизни сақлаб қолишга қаратилгандир. Кўрнамак Амир Баҳлул порахўр экан. Шерхоннинг одамларидан ҳамён-ҳамён олтин олиб, сизнинг қурол-яроғларингизни ғанимингизга яшириқча сотар экан. Биз аравадаги тахталар тагига яширилган совутларни, қалқонларни, тиғларни топиб олдик, Амир Баҳлул айби очилганидан қўрқиб Шерхон томонга қочиб кетаётганда ўқ тегиб ўлди. Мен Аграда эканмен, оғамиз Комрон мирзо ҳам сизнинг тож-у тахтингизга дахл қилолмагай. Тезроқ етиб келинг. Йўлингизга интизор содиқ инингиз Мирзо Ҳиндол бинни Бобур подишоҳ».

Ҳумоюн кимга ишонишини билмай қолди. Шерхоннинг ўзи аградан шундай узоқларда юрганда наҳотки унинг махфий одамлари Амир Баҳлулдай бадавлат кутвални олтинга сотиб ололган бўлса? Ёки фитначилар Ҳиндолни алдаб, Амир Баҳлулни ёлғондан порахўр қилиб кўрсатишганми? Узоқдан туриб буни аниқлаб бўлмас эди.

Ҳумоюн барча одамлари билан Чауса яқинида Ганганинг ўнг қирғоғига ўтгунча Шерхон аскарлари қорасини кўрсатмади. Ҳумоюн Карамнаса ва Ганга оралиғидаги тепаликларни қароргоҳ қилиб, қўшинини жойлаштиргандан кейингина жануби шарқдаги очиқ саҳнда бирдан Шерхоннинг қўшини пайдо бўлди. Бу орада ёмғир фасли бошланиб, дарёларда сув кўпайиб кетди. Энди уч томондаги дарёлар ҳалқасидан осонликча чиқиб кетиб бўлмайди, тўртинчи томонини эса ёв лашкари бекитиб олди. Ҳумоюн одамларини ҳаёт-мамот жангига шайлаб, энг сара аскарларини, ҳарбий филларини Шерхон турган томонга жойлаштирди ва унинг ҳужумини кутди. Шу вақтгача мудом Ҳумоюн ҳужумда эди. Энди у ҳужум қилиш навбатини шерхонга бергандек бўлиб бир ҳафта кутди, бир ой, бир ярим ой кутди. Аммо Шерхон ҳужум қилмади. Чунки вақт Шерхоннинг фойдасига ишламоқда эди. Ҳумоюн қароргоҳида ўн мингдан ортиқ одамларни ва улардан икки баробар кўп от-уловни боқиш учун ғамланган захиралар тугаб бормоқда. Дарёлар захидан ва ёмғир фаслининг рутубатидан касалга учраб сафдан чиқаётган навкарлар сони эса тобора кўпайиб кетяпти. Атрофдан келадиган ёрдамнинг йўлини тошқин дарёлар ва Шерхон қўшини тўсиб турибди.

Шерхон икки ой деганда ҳам ҳужумга ўтмагач, Ҳумоюн орага одам қўйиб: «Биздан не тилаги бор, айцин», деди. Шерхон ўтган куни Ҳумоюн қароргоҳига ўз элчисини юбориб, ундан Чунор қалъасини ва Бихар вилоятини сўради. Бихар ҳозир ҳимоясиз қолган, Ҳумоюн ўз қўшинини Аграга олиб кетгач, бу вилоятни Шерхон яна ишғол қилиши шубҳасиз. Аммо шарқий вилоятларнниг қулф-калити бўлган Чунорни Шерхонга жангсиз топширишни ўйлаганда Ҳумоюннинг бутун вужуди зирқираб кетди. Ахир бу қалъани олгунча олти ой жанг қилиб, озмунча талафот берилдими?

Ҳумоюн Шерхон элчисига аниқ жавоб бермади, ўйлашиб, кенгашиб, ундан сўнг ўз қарорини махсус одамлар орқали маълум қиладиган бўлди. Кечаги машваратда кўпчилик беклар Чунорни Шерхонга қайтариб беришга қарши чиқдилар. Шунча азоб тортиб қўлга киритган энг муҳим жойлари Чунор бўлса-ю, уни ҳам Шерхонга жангсиз топшириб кецалар, Аграга қайси юз билан қайтишади? Одамлар уларнинг устидан кулишмайдими?
— Нодонлар кулгисига эътибор бермаслигимиз керак, жаноблар! — деди Байрамхон. — Ҳозир вазият биздан қурбон талаб қилмоқда. Биз мана бу дарёлар сиртмоғидан эсон-омон чиқиб, Аграга қайцак, у ердаги ихтилофлар бартараф бўлса, кейин Чунорни яна қайтариб олишимиз ҳеч гап эмас!

Ҳумоюн Байрамхоннинг бу фикрига қўшилмади, кўпчилик беклар подшонинг тарафини олди.

Бироқ ҳозир шариллаб қуяётган ёмғир тагида, довул кўтариб кетгудек бўлаётган чодирда уйқусизликдан қийналиб, гоҳ у ёнбошига, гоҳ бу ёнбошига ағдарилар экан, Байрамхон билан эрталаб яна бир гаплашгиси келди.

Азон палла подшонинг хиргоҳига чақирилган Байрамхон эшик олдида таъзим қилиб юкунди. Ҳумоюн унга ўнг ёнидан жой кўрсатди. Байрамхоннинг ўсиқ қора соқоли ва буғдойранг юзига тикилиб:
— Бугун туни билан ухлай олмай тўлғониб чиқдим, — деди. — Ёмон тушлар... Сиз айтган қурбонлик... Чунор... бағримдан бир парча этни юлиб олиб ғанимга бергандек оғир... Мабодо биз Чунорни топширсак, Шерхон қаноат қилармикин? Бангола билан Гаурни тинч қўярмикин? Агар шу ҳақда битим тузсак, Шерхон сўзида турармикин?
— Ҳазратим, — деди Байрамхон. — Агар фақирга ваколат берсангиз, Шерхоннинг олдига Қуръонни қўйиб сўз олмоғим мумкин. Ахир у ҳам мусулмон-ку!
— Шерхон Банголага тегмаса, майли, Чунорни берайлик. Биздан вакил бўлиб боринг.

Ҳумоюн ўз қароргоҳидаги энг нуфузли уламолардан бўлган ва Шерхон бир вақтлар назр-ниёзлар бериб, фотиҳасини олган Xўжа Ҳусайнни Байрамхоннинг ёнига қўшиб элчиликка юборди.

* * *

Тушга яқин ёмғир тинди-ю, булутлар орасидан кўм-кўк осмон ва иссиқ ёз офтоби кўринди. Ганга ҳали ҳам узоқларда ёғаётган жала сувларига тўлиб, лойқаланиб оқаётган бўлса-да, ер аста-секин қурий бошлади.

Байрамхон Ганга жанубидаги кенг текислик орқали шерхоннинг қароргоҳи томон отлиқ борар экан, ёмғирдан кейинги ҳавода бўлиқ ўт-ўланлар ва ранг-баранг дала гуллари қанчалик қулф уриб, яшнаб турганини, осмон тўла қушлар нақадар яйраб учаётганини кўрди-ю, ўзича бир хўрсиниб олди. Ҳинд ери ёз иссиқларига қўшилиб келадиган илиқ ёмғирларга тўйиб, ҳамма тирик жонни, барча гиёҳларни бирваракайига уйғотадиган ва жуда тез ривожга киритадиган мана шу пашкол[28] фаслида Байрамхон уйдами, боғдами тинчгина ўлтириб китоб ўқишни ёки шеър ёзишни қўмсайди. Ҳинд элининг азалий одати бежиз эмаски, ёмғир фаслида саёҳатга чиқилмайди. Чунки одам ҳам, от-улов ҳам бу фаслда қаёққа қадам қўймасин, ривожга кирган бирорта тирик жонни ёки гиёҳни босиб олади. Тирик жонни босиб, нобуд қилган одамнинг ҳажи қандай қабул бўлсин? ўн минглаб қўшин билан ҳарбий юришга чиққан саркардаларнинг шундай фаслда уруш бошлашини қандай баҳолаш мумкин? Шерхон ҳам кўп китоб ўқиган билимли одам, Байрамхон унга туғилиб ўсган мамлакатининг пашкол фаслига оид удумларини албатта эслатади, ҳозир урушадиган пайт эмаслигини, сулҳ тузилиши кераклигини бошқа далиллар билан ҳам исбот этади...

Минглаб чодирлар тикилган кенг текисликда Шерхоннинг ҳашаматли шомиёнаси учун баланд бир тепалик танланган экан. Байрамхон ва Xўжа Ҳусайн қароргоҳ четида отларидан тушдилар, махсус мулозим уларни Шерхоннинг шомиёнасига анча беридан пиёда бошлаб борди. Байрамхон ичкарига кираверишда барваста ва хушқомат соқчи йигитларни кўрди. Чодирнинг сирти ёмғир ўтказмайдиган пишиқ қизил мовутдан тикилган, ичи эса сидирға сариқ атласдан қавилган эди. Шерхон шомиёна тўридаги баланд шаҳнишинда чордана қуриб сокин ўлтирибди. Кийимлари безаксиз одми ипакдан, кичкина салласига ҳам гавҳар ёки бошқа тошлар қадалмаган, аммо бургутникига ўхшаш кўз қарашлари ва мағрур ўлтириши Байрамхонда ҳайиқишга ўхшаган бир туйғу уйғотди. Байрамхон унга таъзим қилиб, Ҳумоюннинг муҳри босилган мактубни топширди. Шерхон мактубни ўқиб бўлгунча элчилар унинг ишораси билан пастдаги кимхоб кўрпачаларга чўкка тушиб ўлтирдилар. Шерхон ўлтирган шаҳнишин бир газча баландда эди. У Байрамхонга юқоридан туриб кинояли сўз қотди:
— Подшойингиз Чунор эвазига Банголани талаб қилмоқда-ку!
— Давлатпаноҳ, — деди Байрамхон қўлини кўксига қўяркан. — Бангола тўққиз йилдан бери Ҳумоюн ҳазратларининг қаламравидадир.
— Аммо бизнинг афғон қавмларимиз Банголада юз йиллардан бери яшаб келмоқда. Улар бизга қариндош, кўплари билан қуда-анда бўлганмиз. Энди сизларни деб орани узайликми?
— Давлатпаноҳ, қариндошчилик, қуда-андачилик бемалол давом этаверсин. Фақат Банголага бу йилгидек қўшин тортилмаса, хазиналар таланмаса, қон тўкилмаса бас...
— Сизлар Чунорни олти ой қамал қилиб озмунча қон тўкдиларингизми? Банголада биз ана шунинг қасдини олдик!
— Биз бутун қасоскорлик ҳақида эмас, сулҳ ҳақида сўзлашгани келдик, давлатпаноҳ. Айниқса, ҳозир пашкол кунларида фақат инсон эмас, бутун табиат ҳам урушсиз тинч яшамоққа алоҳида бир эҳтиёж сезадир. Сиз маърифатли саркардасиз, «Чунор берилса сулҳ тузгаймиз», деб одам юборган экансиз. Шунга жавобан Ҳумоюн ҳазратлари бизни вакил қилиб жўнатдилар.

Шерхон Ҳумоюннинг мактубига яна бир кўз югуртирди-ю:
— Беҳуда қон тўкилишини биз ҳам истамаймиз! — деди. — Чунор бизга берилса подшоҳингиз қўйган шарт қабул қилингай.

Бу гаплар давомида Xўжа Ҳусайн қўйнидан унча катта бўлмаган зарҳал муқовали бир китоб олди. Бу — мўжаз ҳарфлар билан кўчирилган Қуръон эди. Xўжа Ҳусайн уни кўзига суриб ўпди-ю, ўрнидан туриб Шерхонга узатди:
— Давлатпаноҳ, сиз айтган доно гапларга мана шу Каломи Аллоҳ гувоҳ бўлсин, олинг!

Шерхон бирдан сергакланди:
— Тақсир, сиз бу... Қуръонни ўртага қўйиб, бизга қасам ичдирмоқчимисиз? — деди.

Шерхоннинг кўзлари таҳдидли чақнаганидан қўрқиб кетган Xўжа Ҳусайн:
— Зинҳор бундай ният хаёлимизга келган эмас, давлатпаноҳ! — деди. — Сизга нек мақсад йўлида Қуръони шариф мададкор бўлсин деб... савғо тарзида олиб келдик.
— Ундай бўлса биз савғони қабул қилгаймиз! — Шерхон Қуръонни Xўжанинг қўлидан олиб, наридан бери кўзига сурган бўлди-да, мулозимига узатди: — Бу шариф китобни бизнинг масжидимизга элтиб, ўзига муносиб меҳробга қўйинг.

Бундан кейинги музокара Чунорнинг Шерхонга қай тартибда топширилиши ҳақида кетди. Ҳумоюн қўшини Карамнаса дарёсидан ва Банорасдан нарига ўтгунча Шерхон ҳозирги қароргоҳидан қўзғалмай туришга сўз берди. Ҳумоюн Чунорга чопар юбориб, ундаги қўриқчи аскарларини ва қурол-яроғларини чиқартиргунча бир ҳафта ўтади. Бу муҳлат тугагандан кейин Шерхон бориб қалъани эгаллайди. Ҳумоюн ва Шерхон минбаъд бир-бирлари билан тинч-тотув яшаш ҳақидаги битимга Чунорда имзо қўядилар.

Байрамхон музокарани тугатиб кетаётганда:
— Давлатпаноҳ, сиз-у биз ер-у осмон гувоҳлигида сулҳ тузиб, унга содиқ қолиш мажбуриятини олдик,— деди. — Подшоҳимиз ҳузурига шу хулоса билан қайцак розимисиз?

Шерхоннинг кўзлари Байрамхонга «сен ким бўлибсенки, мендан содиқлик талаб қилурсен?» — дегандек совуқ истеҳзо билан тикилди, аммо унинг истар-истамас жилмайган лабларидан:
— Xулосангиз маъқул, — деган сўзлар эшитилди.

* * *

Элчилар кетгач, Шерхон кеча Аградан келган Алваро Пакавирани ўз ҳузурига чақиртирди. Пакавира йўлларда Ҳумоюн қўйган одамларнинг қўлига тушиб қолмаслик учун, ҳинд савдогари кийимида келган эди. Шерхон уни шаҳнишиндан тушиб қарши олди, ўзига яқин ўтқазиб паст товуш билан сўради:
— Аградан Ҳумоюнга ёрдам келмаслиги аниқми?
— Аниқ, давлатпаноҳ. Комрон сизга қарши чиқмагай. У акасининг сиз билан жанг қилиб мағлуб бўлишини кутмоқда. Шундан сўнг у тож-у тахтни эгаллаш умидида.
— Бу бизга маълум. Ҳиндол-чи?
— Буниси Ҳумоюнга садоқат сақламоқчи экан.

Аммо сиз юборган махфий мактуб ёрдамида биз унинг садоқатини адоватга айлантирдик.
— Қандай қилиб? — ишонқирамай сўради Шерхон.

Шундан кейин Пакавира воқеанинг тафсилотларини сўзлай бошлади. Ҳумоюн Аграга кутвал қилиб тайинлаган Амир Баҳлул порага сотилмайдиган, подшога садоқат билан хизмат қиладиган виждонли одам эди. Шерхоннинг Аградаги хуфиялари масжиди жомеда Саид Xалил билан алоқа ўрнатиб, Баҳлулни қандай даф қилишнинг режасини туздилар.

Баҳлул ҳам асли ҳиндистонлик афғонлардан, Шерхон уни танийди. Лекин Баҳлул афғон улусини атрофига тўплаётган Шерхонга ён босмасдан, Ҳумоюнга содиқ хизмат қилиб юрибди. Бунинг учун Шерхон уни туҳматга қолдириб йўқ қилмоқчи бўлди. Шерхон юборган махфий одам Амир Баҳлулнинг номига ёзилган мактуб келтирган эди. Шерхон ўз қўли билан имзо чеккан ва муҳрини босган бу мактубда Амир баҳлулга ўтган ойда Ганга бўйига юборган қуроляроғлари учун миннатдорчилик билдирилган, жуда кўп йигитлар Ҳумоюндан айнаб, Шерхонга келиб қўшилаётгани айтилган, шунинг учун совут-қалқонлардан ва қурол-яроғлардан иложи борича мўл юборилиши илтимос қилинган эди. Шерхоннинг мактуби ишонарли бўлиши учун уни оддий ҳарфлар билан эмас, илми сиёҳдан[29] хабардор одамларгина тушунадиган махфий белгилар билан битишган эди.

Фарангистонда бундай ўта нозик ишларни кўп қилиб тажриба орттирган Алваро Пакавира Шерхон мактубини Амир Баҳлулнинг ишонган мулозимларидан бирининг чўнтагига яшириқча солдиради. Кечаси бу мулозим Амир Баҳлул ҳузурига тунги соқчиликка кетаётган пайтда Саид Xалилнинг одамлари уни Ҳиндолга тутиб берадилар. Айни вақтда Амир Баҳлулнинг рухсати билан шарққа тахта ортиб кетаётган араваларга Шерхоннинг хуфиялари бир талай қилич-қалқон ва найзаларни яшириб қўйдилар. Ҳалиги мулозим Ҳиндол мирзога тутиб берилган соатларда бу аравалар ҳам қўлга туширилади.

Баҳлулга унинг мулозими кечаси олиб бораётган Шерхон мактуби илми сиёҳ ёрдамида ўқилгандан сўнг Мирзо Ҳиндол тахта тагига яшириб олиб кетилаётган қурол-яроғни ҳам кўрди-ю, асли афғон бўлган Амир Баҳлулнинг хиёнат йўлига ўтганига ишонди.

Ярим тунда Мирзо Ҳиндол ва Зоҳидбек ўз навкарлари билан Амир Баҳлул ухлаб ётган ҳовлисига бостириб бордилар. Унга Шерхон ёзган мактубни ва тахта ортган аравалар тагига яширинган қуролларни кўрсатдилар.

Амир Баҳлул бу қадар усталик билан тўқилган бўҳтондан қутулишнинг иложини тополмади.
— Туҳмат балосидан мени фақат Ҳумоюн ҳазратлари қутқаргайлар! — деди-ю, Аградан қочиб чиқди. Бу қочиш ҳам Ҳиндолнинг назарида Баҳлулнинг хоинлигини исбот қилгандай бўлди. У юборган қувғинчилар Баҳлулни тунги отишмада ўлдирдилар ва бошини кесиб қайтдилар...

Бир зарба билан ҳам Ҳумоюннинг энг садоқатли кутвали маҳв бўлгани, ҳам Ҳиндол билан акасининг дўстлиги адоватга айлангани Шерхонга алоҳида завқ ва мамнунлик бахш этди. У Алваро Пакавирага шукуҳли назар ташлаб:
— Балли, сиз бизга яхши хизмат қилибсиз, — деди.— Орзуйимиз амалга ошиб, Ҳиндистонда улуғ давлат тузсак, сизга зўр иноятлар қилгаймиз!

Шерхон хазиначини чақиртирди. У тадбиркор хуфиялардан олтинни аямас эди.
— Жаноб Пакавирага икки ман олтин мукофот берилсин!

Пакавира қувониб кетди: икки ман олтин — ҳазилакам бойлик эмас, бунга янги бир кема сотиб олиш мумкин! У Шерхонга сидқидилдан таъзим қила-қила, орқаси билан юриб чиқиб кетди.

Шерхон шомиёнада ёлғиз қолиб, қўлини пешонасига қўйганча ўйга толди. Ҳумоюнга Аградан ёрдам келмаслиги энди аниқ. Шерхонга эса ҳатто узоқ Фарангистондан келган Пакавира ҳам шунчалик кўмак берди. Карамнаса дарёсининг касофатидан қўрққан кемачи ва эшкакчи ҳиндиларнинг беш-олтитаси тунги шамол-тўполонда Ганга орқали сузиб келиб, Шерхон ихтиёрига ўтди. Ҳумоюннинг аҳволи танг бўлгани учун ҳам бугунги вакилларини юборган. Агар Шерхон лашкарбошиларини чақириб, «Чунорни жангсиз ишғол қиламиз, шу шарт билан сулҳ туздим» деса, улар албатта, хурсанд бўлишади, лекин бу хурсандчилик узоқ давом этмайди. Ҳумоюн эртага Шерхоннинг сиртмоғидан омон қутулса, Аграга бориб ўзини тез ўнглайди. У кечиримли йигит, укалари билан ярашади. Юз амри иссиқ, Шерхондай хатарли ёв қаршисида оға-инилар бирлашиши мумкин. Бобурийлар иттифоқ бўлса уларга ҳеч ким бас келолмаслигини Шерхон Далахруада ва Гужаратда Маҳмудхон ва Баҳодиршоҳларнинг мағлубиятида кўрган. Шерхоннинг шунча вақт чекиниб, хазинасини тоғдаги Рохтасларга элтиб бекитиб юргани етар! Агар Шерхон бошига янгидан бало орттиришни истамаса фурсатни бой бермаслиги ва Ҳумоюнни дарёлар сиртмоғидан тирик чиқармаслиги керак!

Шерхон ўйинни шу тарзда якунлади-ю лашкарбошилардан тўрт кишини машваратга чақирди. Шерхоннинг ўғиллари Қутбхон билан Жалолхон ўнг томонга ўтиришди. Ражпутлар саркардаси Бикрамадит Гаур ва Шерхоннинг лашкарбошиси Ҳавасхон чап томондан жой олишди. Шерхон шомиёнадаги мулозимларни чиқариб юбориб, эшикнинг пардасини туширтирди. Қандилда липиллаб турган шамларнинг ёруғида ўғиллари ва саркардаларига бир-бир қараб олди-да:
— Менинг дунёда энг ишонган одамларим — тўртовларинг сенлар, — деди. — Биз ватанимизни келгиндилардан озод қилиб, мустақил давлат тузмоқчимиз. Бу орзу бизни рожа Бикрамадит Гаур билан оға-ини қилди. Улуғ мақсад йўлида биз дин-у миллат айирмаймиз. Чунки афғонлар ҳам ражпутлар каби асли арий қабилаларидан тарқалган. Биз ҳаммамиз Ҳиндистонда туғилиб ўсдик, ота-боболаримизнинг қабри ҳам шу заминда. Олдин келгиндилар зўр келди, биз чекиниб юрдик. Аммо бизнинг ҳам омадимиз келадиган пайтни сабр-тоқат билан кутдик. Ўша пайт мана энди келди!

Душманнинг аҳволи танг. Чунорни бизга жангсиз беришга тайёр. Элчилар келиб сулҳ таклиф қилди. Мен уларни чўчитмаслик учун сулҳга рози бўлдим. Ҳумоюн бугундан куч йиғиштиришга буйруқ бергай. Энди бизнинг ҳужумимизни кутмагай, дарёлардан тезроқ ўтиб кетишга шошилгай.
— Душманни ғафлатда қолдириб босадиган пайт келибди-ку! — деди Ҳавасхон.

Қутбхон бу гапни ёқтирмай, Ҳавасхонга ўқрайиб қаради. У икки йил Ҳумоюн аскарлари сафида хизмат қилган, унинг тантиликларини кўп кўрган.
— Сулҳни ҳарбий ҳийлага айлантириб бостириб бориш... мардликка кирармикан? — деди Қутбхон отасига юзланиб.
— Ватанни келгиндилардан озод қилиш — дунёдаги энг катта мардликдир! — деди Шерхон ўғлига тик қараб. — Бобур билан унинг ўғиллари бизнинг озмунча ватандошларимизни қирдими? Фотиҳлар Панипатда қирқ минг кишини ўлдирдилар. Бажур қўрғонида уч минг киши қатлиом қилинганда уларнинг калласидан минора ясалмишдир! Ҳумоюн Панипатда икки юз кишини асир олганда сиёсат учун шу асирлардан юзтасини тўфанглардан отиб ўлдиришни буюрмишдир. У пайтда бизнинг одамлар тўфанг нималигини билмас эди. Шунинг учун тўфанг қаршисида бехавотир турганларни фотиҳлар шафқацизларча отиб йиқитурлар. Ана ундан сўнг: «фотиҳларда илоҳий қурол бор эмиш, ҳинд худоси Шивага ўхшаб кўзидан олов пуркаб, узоқдаги одамни ўлдира олармиш!» деган овозалар тарқалмишдир. Xалқни қўрқитиб бўйсундиришга қаратилган бу овозалар ҳарбий ҳийла эмасмиди?
— Ҳа, келгиндилар бизни зўравонлик билан ҳам қирган, ҳийла-ю найранг билан ҳам қирган! — деди Бикрамадит Гаур. — Энди шу кеча уларга қасос қайтмоғи керак!
— Бажурда қонхўрларча қатлиом қилинганлар учун ҳам, Панипатда ваҳшийларча отилган ҳарбий асирлар учун ҳам биз қасд олмоғимиз керак! — қатъий қўшимча қилди Шерхон.

Қутбхон бу гапларга қўшилмай иложи қолмади.
— Ярим тунда секин йўлга чиқурмиз, — деди Шерхон. — Саҳар палла тонг ёриша бошлаганда босмоқ лозим...

Улар ким марказда, ким ўнг қанотда, ким чап қанотда ҳужум қилишининг аниқ режасини тузишга киришдилар.

* * *

Бошқа кунлари Шерхоннинг қўққисдан ҳужум қилишини кутиб сергак ётадиган Ҳумоюн кечаги сулҳ хабарини эшитгандан кейин хотири жам бўлиб, жуда қаттиқ уйқуга кетган эди. Тонг қоронғусида қароргоҳнинг шарқи жанубидан бошланган ва тўрт тарафга яшин тезлигида ёйилган жанг тўполони, филлар наъраси, одамларнниг қий-чуви, тиғларнинг шақ-шуқи, тўфангларнниг гумбурлаши уни маст уйқудан уйғотганда, «яна ёмон туш кўрдим шекилли», деб ўйлади. Лекин эшикдан югуриб кирган Жавҳар офтобачининг қўрқинчли важоҳати:
— Ҳазратим, ёғий босди! — деган сўзлари унинг бошига қуйилган совуқ сувдай вужудини сескантирди.

У сакраб туриб, этигига пайтавасиз оёқ тиқди. Жавҳар офтобачи қалтираб тутган тўнни кийиб, қиличини шоша-пиша тақди. Садоқатли офтобачи унинг кўкрагига пўлат чиройна, елкаси ва қўлига бошқа зирҳли нарсалар ҳам кийдирмоқчи эди, лекин бунга Ҳумоюннинг сабри чидамади. У дубулғани йўлакай бошига кийди-да, чодирдан ташқарига отилди. Ёмғир севалаб турган тонг ғира-ширасида қароргоҳнинг жануб четидаги чодирларни йиқитиб, одамларни босиб-янчиб, наъра тортиб келаётган юзлаб ҳарбий филлар Ҳумоюннинг кўзига ташланди.
— Менга от келтиринг! — қичқирди у. — Байрамхон қани? Устод Xонқули, замбаракларни ўқланг!

Ҳумоюнга оғир зирҳли кежим ёпилган саман отни келтирдилар. Узанги тезда оёғига илинмагач, отнинг бўйнигна қўлини солиб, эгарга сакраб минди. Шу пайт Байрамхон йигирматача навкар билан от чоптириб келди.
— Шерхон сулҳни бузиб номардлик қилди! Ҳазратимни ўртага олинглар! — буюрди байрамхон навкарларига.

Қароргоҳнинг ёв келган жануб четидаги юзлаб навкарлар сафланишга улгуролмай, тумтарақай бўлиб қоча бошлади. Селдай бостириб келаётган ёв отлиқлари уларни дарёлар томонга суриб кетди.
— Бизнинг ҳарбий филлар қани? — қичқирди Ҳумоюн. — Замбараклар нечун жим? Xонқулибек!
— Ҳамма ғафлатда қолди! — деди Байрамхон, сўнг тўпхона ва филхоналар томонга от чоптириб кетди.

Ҳумоюннинг кўзи саропардага тушди. Унинг ичкарисидан болаларнинг қўрқиб йиғлаган товушлари эшитилди. Аёлларнинг аҳволи нима бўлади? Олти яшар қизчаси Ақиқа бегим, хотинлари Бека бегим, Чанд биби ҳаммаси ўша улкан сарпарда ортидаги чодирларда.

Ҳумоюн отининг бошини саропарда томонга бурди. Қўриқчи навкарлар уни уч томондан ўраб бора бошлади. Тепадан тушаётганда ёвнинг ҳарбий филларидан ўттиз-қирқтаси саропарда томонга чопиб келаётганини кўрди. Шу пайт уларнниг қаршисидан гумбурлаб тўфанглар отилди. Борут тутини орасидан яраланган филларнинг асабий бўкириги қулоққа чалинди. Қароргоҳ хийла катта майдонни эгаллаган, унга Ҳумоюннинг ўнг икки минг қўшини, шунга яраша от-улов ва тўпхоналари жойлашган. Шерхоннинг отлиқлари ва филлари жануб томондан ёриб киргунча марказда ва шимоли шарқда Ҳумоюн аскарларининг уч-тўрт минги отланиб, қуролланиб, душманнинг йўлини тўсиб чиқди. Xос навкарлар отган тўфанг ўқлари ёв филларига ва отлиқларига бориб тегаётганини кўрган ҳимоячилар ёв отлиқлари билан астойдил олиша бошладилар. Қиличлар ва найзалар бир-бирига урилиб, тўда-тўда отлиқлар уймалашиб, олишиб қолди. Марказда икки томоннинг ҳарбий филлари бир-бирларини тепиб, тишларини тишларига қарсиллатиб урар, фил устидаги кажаваларда ўтирган мерганлар ёв филларнинг кўзини ёки филбоннинг кўкрагини мўлжалга олиб ёйдан ўқ отишарди.

Аммо қароргоҳнинг икки четида қаршилик кўрсатувчилар сафи жуда сийрак. Селдай ёпирилиб келаётган Шерхон отлиқлари ялангоёқ-ялангбош қочиб кетаётганларни қувиб етиб, қилич билан чопиб ташламоқда. Дарё қирғоғига қочиб борганлар кемалар ва қайиқларга ташланяпти. Чап қанотни эзиб-янчиб ўтган ражпут отлиқлари марказдаги Шерхон аскарларига ёрдамга етиб келдилар. Ҳумоюннинг ҳарбий филлари Шерхонникидан оз, замбаракларнинг чақмоқ билан ёндириладиган пилталари рутубатли зах ҳавода нам тортиб қолгани учун Xонқулининг саросима ҳаракатлари натижа бермади. Замбараклар ўқ отгунларича бўлмай, душман филлари тўпхоналар устига бостириб келди. Ўқланган, аммо отиб улгурилмаган, пилтаси ёнмай тутаб турган замбарак қувурларини хартумлари билан кўтариб лойга отдилар. Тўпчиларнинг қочиб улгуролмаганларини кажавадаги мерганларнинг ўқи ва ортдан келган отлиқларнинг қилич-у найзалари нобуд қилди.

Буни кўрган Байрамхон соғ қолган навкарлари билан саропарда турган томонга чекинди. У Бека бегим хизматида бўлган ва беш яшар ўғилчаси билан саропарда ичидаги кичик бир чодирда турадиган хотинини қутқаришни ўйлар эди.

Нарёқдан отлиқ етиб келган Ҳумоюн қароргоҳ маркази ҳам ёв қўлига ўтганини, фақат дарё бўйи ҳали хатарсиз эканини кўрди:
— Аёллар билан болалар дарё бўйига олиб ўтилсин!— деб қичқирди. — Байрамхон, сиз марказдан келаётган ёвнинг йўлини тўсинг! Мавлудбек, хайлхонани[30] кемага элтиб жойланг!

Мавлудбек бошлаб чиққан Бека бегим, Ақиқа, Чанд биби, Байрамхоннинг ўттиз беш ёшлардаги туркман хотини, яна бир қанча канизлар, хизматкор аёллар шоша-пиша дарё томонга йўл олдилар. Бироқ улар қирғоққа етиб боргунча дарё четидаги кема ва қайиқлар олдинроқ қочиб борган бек-у навкарларга тўлиб қолган эди. Ваҳима ичида тартиб-интизомни унутган, жонидан бошқа нарса кўзига кўринмай қолган одамлар бирдан бир нажот мана шу кема ва қайиқлар эканини аллақачон сезишган эди. Кемачи ва эшкакчилар бетартиб қочиб келганларни подшонинг рухсатисиз кемага киргизмасликка уриниб қаршилик қилдилар. Қилич ва ханжарлар ишга тушди. Лекин қочқин оломон бениҳоя кўпайиб кетди, қаршилик қилган кемачиларни суриб, йиқитиб ўтди. «Гунжойиш» кемасининг эшакчиларидан бири бўлган Низом бу ур-сурда ўзини четга олиб, зўрға омон қолди. Зўрлик билан тортиб олинган кема ва қайиқлар саропардадан олиб чиқилган аёллар ва болаларнинг етиб келишига қараб ўтирмай нариги қирғоққа томон йўл олди.

Қайиқларни ҳам бошқа қочқин навкарлар ва беклар тортиб олишди. Низом қирғоқ четидаги омборда мешлар борлигини эслади. Чопиб келиб каттароқ бир мешин танлади-да, қайтиб чиқди. Бу орада душман отлиқларидан уч-тўрт юзтаси Мавлудбек бошлаб келаётган аёллар ва болаларнниг йўлини тўсиб чиқаётганини кўрди. Низом ёв отларинниг оёғи тагида қолиб кетишдан қўрқиб, қирғоқ бўйлаб Ҳумоюн томонга қочди.

Байрамхоннинг отлиқлари Ҳумоюнни ўраб олиб, тепаликнинг нариги томонидан дарё қирғоғига қараб чекинмоқда эди. Душман отлиқлари подшонинг хос навкарлари сафини ёриб ўтолмади. Шунда ёвнинг ҳарбий филларидан уч-тўрттаси ҳимоячилар ҳалқасига ташланди. Xос навкарларда тўфанглар бор эди. Филлардан иккитаси тўфанглардан устма-уст отилган тўнғиз ўқларга учиб йиқилди. Аммо сағрисига ўқ теккан, яра оғриғидан баттар қутуриб кетган учинчи фил тўфанг отаётган навкарларга бўкириб ҳамла қилди. Отлардан бирини қаттиқ тепиб, чавандози билан ағанатиб юборди. Ҳумоюн ҳимоясида турган иккинчи отлиқ навкарни хартуми билан белидан ўраб олиб эгардан даст кўтарди-ю, биғиллатиб қисиб, ерга чалпак қилиб урди ва танасини оёғи билан босиб-янчиб ўтди. Дарғазаб фил қаршисида ҳимоясиз қолган Ҳумоюн қиличини қинидан суғурди. Фил унга хартумини чўзиб яқин келганда Ҳумоюн қора илондай ҳаракатчан бу балони кесиб ташламоқчи бўлиб қилич сермади. Аммо хартум қиличдан чаққонроқ эди. Тиғ боргунча фил ўз хартумини йўғон оқ тишларининг панасига олишга улгурди. Ҳумоюн зарб билан урган қилич филнинг йўғон сўйлоқи тишлари орасидаги қалин терисини кесиб ўтди-да, тери билан тиш суяги орасига кириб илиниб қолди. Ҳумоюн қилични суғуриб олгунча бўлмай ўнг елкасига ёй ўқи жазиллаб санчилди. Фил устидаги кажавада ўлтирган мерганлар унинг кўкрагини мўлжалга олган, лекин оти-ю ўзи тинимсиз ҳаракатда бўлгани учун ўқ елкасига теккан эди. Шошилинчда зирҳли кийим киймаганига Ҳумоюн энди афсус қилди. Оғриқдан жонсизланган ўнг қўли қилични суғуриб олишга ярамади. Фил бир силкинганда олтин қилич дастаси Ҳумоюннинг қўлидан чиқиб кетди. Йўғон қора хартум қайтадан унинг бўйнига чўзилиб кела бошлади. Ҳумоюн чап қўли билан отнинг жиловини кескин силтаб четга бурди-ю, ёл устига энгашди. Шу пайт унинг ёнгинасида яна тўфанг гумбурлади. Фил Ҳумоюн билан андармон бўлган пайтда тўфангни қайта ўқлашга улгурган хос навкарлардан бири филнинг пешонасини мўлжалга олиб тепкисини босган эди. Тишига олтин қилич илиниб қолган, сағрисидан ва хартуми устидан қон оқаётган улкан фил энди пешонасини қорайтириб тешиб кирган ўқдан гандираклаб орқага тисарилди-да, гурсиллаб йиқилди.

Орқадан яна ёв отлиқлари ва филлари бостириб келмоқда эди. Байрамхоннинг овози келди:
— Ҳазратимни дарё бўйига олиб кетинглар! Биз ёғийни ўтказмагаймиз! Лаъл Чанд, филингиз билан ҳимояда туринг!

Ҳумоюннинг елкасига қадалиб турган узун ёй ўқи от йўртганда қаттиқ силкинар ва жазиллатиб оғритар эди. Унинг ёнида отлиқ бораётган Жавҳар офтобачи Ҳумоюннинг ранги бир оқариб, бир кўкариб кетаётганини, оғриқ зарбидан кўзига тирқираб ёш келганини кўрди-ю:
— Ҳазратим, рухсат беринг, ярангизни боғлай! — деди ва бошидан янги симоби салласини олди. Ҳумоюн ҳимоячи навкарлар қуршовида от чоптириб борар экан, яна ёл устига энгашиб, чап қўлини ўнг елкасига чўзди-ю, қадалиб турган ёй ўқини бир ҳаракат билан суғуриб ташлади. Шу пайт оғриқдан инграб, отнинг ёлига юзини босди. Жавҳар офтобачи ўнг томондан отини жипс келтириб, уни қўлтиғидан суяди. Елкадан оқаётган қонни тўхтатиш учун яраланган жойни юмшоқ салла матоси билан беш-олти марта ўраб, қаттиқ чирмади-ю, қўлтиқ тагидан танғиб боғлаб қўйди.

Байрамхон ва Лаъл Чанд марказдан ўтиб келган ёвнинг йўлини тўсган бўлса ҳам, икки қанотдан ёриб кирган бошқа юзлаб отлиқлар Ҳумоюнга қараб ёпирилиб келмоқда эди. Тепаликдан туриб жангни бошқараётган Шерхон Ҳумоюннинг дарё томонга чекинганини кўрган, уни ё ўлик, ё тирик албатта қўлга олишни ҳар икки қанот саркардаларига буюрган эди. Ҳумоюн орқага ўгирилиб қараб, Байрамхон Лаъл Чанд бошлиқ филлар ёрдамида ҳимояда турганини кўрди.

Қирғоқда бирорта кема ҳам, қайиқ ҳам йўқ. Одам тўла бир кема нариги қирғоққа етай деб қолган. «Мавлудбек аёллар билан болаларни ўша кемада олиб чиқиб кетгандир», деган ўй Ҳумоюнга озгина тасалли бергандек бўлди. Ўнг қанотдан отилиб чиққан ёв отлиқлари юздан ортиқ. Ҳумоюнни ҳимоя қилиб қирғоққача келган навкарлар эса ўттиз-қирқтагина, холос. Қуршовда қолиб асир тушиш ўлимдан ҳам даҳшатлироқ. Ҳумоюн қилич дастасини қидириб белини пайпаслади. Аммо бўш енгил қин саланглаб осилиб турганини кўрди ва бояги ярадор филни эслади.

Чуғурчуқдай беҳисоб душман отлиқлари тобора яқинлашиб келаётгани Низомни ҳам саросимага солди. У қўлидаги мешга ҳаво пуфлаб, уни таранг қилиб шиширди-да, оғзини маҳкамлаб боғлади. Меш ёрдамида нариги қирғоққа сузиб ўтиш учун сувга қараб чопди.

Бўтана бўлиб тўлиб оқаётган тошқин дарё Ҳумоюннинг ваҳмини келтирди. Лекин яқин келиб қолган душманларга асир тушиш ундан ҳам даҳшатлироқ эди. Тагидаги саман — зўр от, Ҳумоюн сузишни билади. Xос навкарлар ёв илғорларининг йўлини тўсиб, улар билан қилич чопиша бошлаган пайтда Ҳумоюн Низом сувга тушган жойдан сал нарироқда отини қирғоқдан дарёга сакратди. Сув аввал отнинг сонигача келди, кейин қорнига чиқди. Ҳумоюн эгардан тушиб соғ қўли билан саманнинг бўйнидан қучоқлаб олди. Ўнг қўл бутунлай ишдан чиққан, сал қимирлаца елкадаги яра оғриғига чидаб бўлмайди. Дарё бирдан чуқурлашиб, отнинг оёғи ерга тегмай қолди. От устига ёпилган оғир зирҳли кежим ва унинг бўйнига осилиб олган ярадор Ҳумоюннинг вазни саманни чўктириб юбора бошлади. От пишқириб тумшуғини сувдан чиқарди-ю, бирпас сузиб кўрди, аммо яна сувга ботиб кетди. Ҳумоюн отнинг бўйнини қўйиб юбориб бир қўллаб сузиб кўрди. Аммо кутилмаган гирдоблар уни пастга тортиб кетаётгандай бўлди-ю, яна чўкаётган отнинг ёлига ёпишди.

Бу орада Ҳумоюн оқим кучи билан Низомга яқин бориб қолди. Мешга кўкрагини бериб қиялаб сузаётган Низом эса подшога бир жойи тегиб кетишидан чўчиб, ўзини нарироқ олди.

Ахир дарёлар оралиғидаги бу бехосият жойни қароргоҳ қилишга Низом ҳам бошқа ҳинд сувчилари қатори қарши эди. Лекин Ҳумоюн уларнинг огоҳлантиришига қулоқ солмади, яна хушомадгўй бекларининг гапига кирди, чодирда май ичиб ётиб фурсатни бой берди. Бугун кўп қатори Низом ҳам шу хатоларнинг касофатига қолди. Бас, энди Низом бу подшога яқин бормайди. Лаганбардор беклари Ҳумоюнни «йенгилмас ботир!» деб мақташади. Қани, Карамнаса ичида шу ботирлигини бир кўрсацин! Боя дарёга от сакратиб кирганига қараганда хаш-паш демай нариги қирғоққа сузиб ўца ажаб эмас.

Бу кинояли ўйлар асносида сув тагидаги аллақандай ўпқон гирдоби Низомни оёқларидан пастга торта бошади. У кўкрагини қўйган меш ҳам кучли гирдобга тушиб айланиб кетди. Тўсатдан Низомнинг нафаси қайтиб, кўзи тингудай бўлди.

Ҳинд кемачиларининг Карамнасадан ҳайиқиб, уни четлаб ўтишлари бежиз эмас эди. Бу дарёнинг тагида чуқур ўпқонлар кўп, сув гирдоби уларга қуйилиб тушаётганда одамни ҳам пастга тортиб кетар эди. Ёмғир фаслида тоғ ичидаги симоб конларидан Карамнаса дарёсига кўнгилни айнитадиган, ҳатто одамни эс-ҳушидан кеткизадиган бадбўй, заҳарли нарсалар оқиб келарди.

Заҳарли ҳовурдан кўнгли айнай бошлаган Низом меш устига юзтубан ётиб олди-ю, қўл-оёқларини эшкак ўрнида ишлатиб, талпина-талпина гирдоб комидан чиқди. Бир пайт шундай ёнгинасида сувга чўкаётган Ҳумоюнни кўрди. Ҳумоюн қўл-оёқларини кериб туриб юқорига бор кучи билан талпинди-да, бошини бир лаҳза юзага чиқарди. Ютоқиб нафас оларкан:
— Ким бор? Қутқаринг! — дейишга улгурди-ю, яна лойқа гирдоблар орасига чўкиб кета бошлади.

Низом унинг чиндан ғарқ бўлаётганига энди ишонди ва беихтиёр мешни унга яқин олиб борди. Ҳумоюн яна бир талпиниб сув юзига чиққанда Низом уни елкасидан тутиб олди-да, меш устига икки қўллаб тортиб чиқарди.

Ҳўкизнинг терисидан қилинган меш каттагина бўлса ҳам, икки кишининг оғирлигини кўтаролмай, сувга ботиб кетди. Буни кўрган Низом қўлини меш четидан ва Ҳумоюннинг елкасидан олмаган ҳолда, танасининг бутун оғирлигини сувга ташлади. Шунда меш сув юзига яна қалқиб чиқди. Ҳумоюн соғ қўли билан мешга жонҳолатда ёпишди-ю, Низомнинг ёрдамида кўкрагини ва зилдай оғир ўнг елкасини меш устига чиқариб олди. Ичига кетган сувдан ўқчиб йўталди, нафасини ростлай олмай ҳансиради, елкасидаги яра оғриғидан иҳради.

Низом унинг Аграда фил миниб, Кўҳинур олмосини пешонасига қадаб юрган пайтини эслади. Ўшанда Ҳумоюн Низом учун қўл етмас бир баландликда эди. Ҳамида бонуни бу йигитга бермоқчи бўлганларини эшитиб, Низом қанчалик изтиробга тушган эди! Ҳумоюн Аграга омон қайца қизни унга ҳали ҳам олиб беришлари ҳеч гап эмас. Бу ўй Низомнинг қалбини куйдириб ўтди. Икки киши бир мешда бу хатарли дарёдан сузиб ўтишлари амримаҳол. Сувости ўпқонлари Низомни ҳам Ҳумоюнга қўшиб пастга тортиб кетиши мумкин.

Лекин Ҳумоюн оғриқдан иҳраганда Низом унинг елкасидан яраланганини, танғиб боғланган латтада қонли доғлар борлигини кўрди. Дарё бўйида ўсган Низом сувга ғарқ бўлаётган каттами, кичикми, кимни кўрса ёрдам қилиб ўрганган. Ҳумоюн ҳозир аввалги мағрур ҳукмдор эмас, балки Шерхоннинг сулҳ ҳақидаги гапига ишониб алданган, ярадор бир жангчи. Низом Ҳамидага оид дарди-ю қалбида бир лаҳза бош кўтарган рақиблик туйғуси туфайли уни қутқармай ташлаб кетадиган бўлса, кейин одамларнинг юзига қандай қарайди? Қутқариш мумкин бўлган одамни кўра-била туриб, чўктириб юбориш — йўқ, Низом бундай қилолмайди!

У бутун кучини, шунча йил дарёда сузиб орттирган бор тажрибасини ишга солиб мешни Ҳумоюн билан бирга гирдоблар орасидан олиб чиқа бошлади. Ҳумоюнга қараб:
— Сиз ҳам оёқни ишлатинг! — деб буюрди. — Сувостида ўпқонлар кўп. Тортиб кетмасин!

Ҳумоюн минган саман отни бу ўпқонлар аллақачон сувостига тортиб кетган эди. Ёвдан қирғоққа қочиб келиб, ўзини сувга ташлаётган минглаб отлиғ-у пиёдалар ҳам шу гирдоблар орасига сузиб киргандан кейин дақиқа сайин камайиб йўқ бўлиб бормоқда. Ҳумоюн ҳиндларнинг Карамнасадан бунчалик қўрқиб ирим қилишларига сабаб борлигини энди билди-ю, сув ичида оёқларини сузгандаги каби ҳаракатлантириб, Низомга ёрдам бера бошлади.

Боя жон-жаҳди билан талпиниб юзага чиққанда этигининг бир пойи оёғидан чиқиб кетган экан. Ҳумоюн буни энди сезди-ю, этикнинг иккинчи пойини ҳам яланг оёқ билан итариб, ечиб ташлади. Этиксиз оёқлар билан сузиш хийла осонлашди. Низом иккаласи мешга осилиб, талпина-талпина хатарли гирдоблар орасидан чиқдилар. Кучли оқим уларни энди дарёнинг ўртасига қараб оқизиб кетди.

Ҳумоюн кўп уринган сари елкасидаги ярадан қон кетиб, уни дармонсизлантириб қўйди. Бунинг устига дарёнинг ўртасида нафасни бўғадиган бадбўй ҳовур қуюқлашиб кетди. Ҳумоюннинг кўзи тиниб, боши айланди, қўли ҳам жонсизланди, оғир гавдаси мешдан сувга сирғалиб туша бошлаганда:
— Йигит... мени... тути... — дейишга улгурди.

Низом тезда мешнинг олд томонига ўтди-ю, Ҳумоюнни соғ қўлидан ва тўнининг ёқасидан тутиб, яна меш устига тортиб чиқарди.

Бадбўй буғлар Низомнинг ҳам кўнглини беҳуд қилиб, кўзини хиралаштирди. Шунда у бир қўлини бўшатиб, салқин сув билан юзини ювди. Бу бироз енгиллик берганини сезди-да, ҳўл қўлини Ҳумоюннинг пешонасига қўйиб турди. Ҳумоюн яна кўзини очди.

Дарё оқими мешни шитоб билан Ганга томон оқизиб кетмоқда эди. Ҳумоюн ҳушини йиғиб, Низомга кўз ташлар экан, худди бошқа дунёдан қайтиб келгандай бўлди.

Низом унинг кўз очганидан енгил тортиб:
— Xайрият! — деди. — Мешни маҳкам тутинг. Бу оқим бизни Гангага оқизиб борса ғарқ бўлгаймиз.

Икки дарё айқашган жой жуда хатарли!

Ҳумоюн соғ қўли билан меш четидан бўшгина ушлади-ю, яна кўзини юмди. Унда умидсиз бир лоқайдлик пайдо бўлди. Бу дарёлардан тирик чиқолмайдиганга ўхшайди. Қийноқлар тезроқ тугай қолгани афзал эмасми? Кошки тезроқ хушидан кеца!..
— Мени қўйинг, — деди у Низомга. — Ўзингизни қутқаринг...
— Йўқ, ҳазрат! Мен сизнинг кемангизда хизмат қилиб маош олурмен. Сизни сувдан ўтказиб қўймасам, менга берган нонингиз ҳаром бўлғай. Мен ҳалол нон еб ўрганганмен!

Ҳумоюн сергакланди. Ялангоёқ бир эшкакчи деб, кемада кўрганда писанд қилмай юрган йигит шундай хатарли аснода ҳам ҳалол-ҳаромни унутмаса, бунда бир каромат бор.
— Бирга зўр берсак, омон чиқгаймиз, ҳазрат! — деди Низом. — Сиз мешни маҳкам туцангиз бас! Ушланг! Маҳкам тутинг!

Низомнинг овозида шундай бир қатъият ва ишонч бор эдики, Ҳумоюн шунинг таъсирида «зора тирик қолсам!» деб умидланди. У энди ўзидан кўра Низомга кўпроқ ишона бошлади. Ҳумоюн бу сувчи йигитнинг иродасига сўзсиз бўйсуниб, кўкрагини меш устига яхшироқ ўрнатди-да, соғ қўли билан унинг нариги четини қаттиқ чангаллаб олди. Низом бўйнигача сувга ботган ҳолда мешни икки қўллаб нариги қирғоқ томон сурди, оёқларини ҳам, бутун гавдасини ҳам ғайир оқимга қарши жон-жаҳди билан ишлатиб, вужудидаги барча мускулларни гўё сузғичга айлантириб юборди. Ҳумоюн кўкраги билан осилиб ётган меш оқимни ёриб ўтиб, нариги қирғоққа томон қиялаб бора бошлади. Қирғоқдаги яшил дарахтларни, кўкатлар орасига сочилган ранг-баранг гулларни Ҳумоюннинг кўзи энди кўрди. Унда бирдан яшаш иштиёқи кучайиб кетди. Энди у ҳам сувдаги оёқларини оқимга уриб, сузгандаги каби ҳаракатлар билан Низомга ёрдам бера бошлади. Меш боягидан енгилроқ ва тезроқ ҳаракатланиб, ниҳоят, нариги қирғоққа етиб тўхтади.

Улар сув четидаги шағал аралаш лойқадан оғир қадамлар билан юриб ўтишди-ю, пастгина қирғоқ бўйидаги кўкаламзорга чўзилишди. Анчагача оғир нафас олиб, ҳансираб ётишди.

Булутлар орасидан сузиб чиққан хира офтоб найза бўйи кўтарилган эди. Тонг ғира-ширасида бошланган даҳшат бир неча соат ичида Ҳумоюн қўшинини тор-мор қилди, не-не йигитлар сувга ғарқ бўлганини унинг ўзи кўрди. Шерхон ҳозир дарёнинг нарёғида ғалаба завқини сураётган бўлса керак...

Юз берган фалокат қанчалик улкан бўлмасин, унинг барча даҳшатлари орасидан ўтиб келаётган бир тутам нур Ҳумоюннинг кўнглига ёғду сочиб тургандай туюларди. Ахир у дарё гирдоблари орасида ҳаётдан бутунлай умидини узган эди. Саман от билан бирга ўпқонга тортилган пайти, сўнг меш устидан сирғалиб тушиб ҳушидан кетгани хаёлида қайта гавдаланди-ю, қалбига тушиб турган нур — унга янгидан берилган ҳаётнинг нури эканини сезди.

Қайтиб берилган ҳаёт туйғуси барча кўргиликлар аламидан зўрроқ бўлишини у энди сезди. Елкасидаги яра оғриғини ҳам унутиб, ўрнидан туриб ўтирди. Ёнида ҳамон нафасини ростлай олмай ҳансираб ётган Низомга ийманиброқ кўз ташлади. Уни ўзидан бир неча бор устун бўлган тенгсиз бир баҳодирдай эъзозлагиси келиб:
— Сиз менга иниларим қилмаган яхшиликни қилдингиз, — деди. — Отингиз недур?

Низом ёнбошга туриб, ўз отини айтди.
— Низом! — деб Ҳумоюн унинг отини ёқтириб такрорлади: — Бу дарё ичида икковимиз дунёга қайтадан келгандай бўлдик.
— Рост, онадан қайта туғилдик, — деди Низом ҳам.
— Ҳозир сиз менга туғишган инимдан ҳам азизроқсиз. Номингизни Деҳлидаги Низомиддин авлиёнинг номларидай улуғласам арзигай!

Низом Ҳумоюннинг подшолигини унутган эди. Кийимлари шалаббо ҳўл, ярадор, ялангоёқ бу йигит замона зўрларининг бошида турган тождор экани бирдан эсига тушди.
— Агар мени ростдан тутинган ини ўрнида кўрсангиз, сизга икки оғиз арзим бор.
— Айтинг, бажонидил тинглай!
— Порахўр амалдорлар билан алдамчи шайхлар мамлакат халқини сиздан бездирди. Қанча ҳинд йигитлари Шерхон томонга ўтиб кетди. Амир Шерхон ҳинди-ю муслимни бир-биридан ажратмас экан!..
— Мен ҳам ҳинди-ю муслимни якдил қилиш орзусида эдим. Аммо бу мушкул ишда кимга таянишимни билмадим.
— Ҳинд элига таянинг-да, ҳазрат. Бу элда бҳақтийлар[31] бор. Уларнинг шоири Кабир ҳинди-ю муслимни ўз дилида бирлаштирган. Менинг отам бҳақтий бўлгани учун туҳмат билан зиндонга ташланди.
— Ким туҳмат қилди?
— Сиз ишонган амалдор-у шайхлар.
— Мен ўзим бу адолациз муҳитдан қандай қутулишимни билмасмен! Отангиз Аградаги жиндондами? Пойтахтга қайтайлик... Сиз ўзингиз... отангизга туҳмат қилган амалдор-у шайхларга жазо бердиргайсиз.
— Мен? — ишонқирамай сўради Низом.
— Ҳа, омонлик бўлса, сиз ҳали истаганингиздан ҳам катта мартабага эришгайсиз.

Низом истаган мартаба нима эканини ўзи ҳам билмайди. Унинг энг зўр истаги — отасини зиндондан қутқаришу Ҳамидани яна кўриш. Бу гўзал қизни у жуда соғиниб юрибди. Лекин Ҳамида тўғрисида Ҳумоюнга оғиз очишга тили бормади. Фақат подшони қутқаргани ҳали тақдирида катта ўзгаришларга сабаб бўлишини ич-ичидан сезди-ю, юраги ғалати бўлиб ҳапқирди.

Агра: Низом Тақдирининг Тебранишлари

Ҳумоюн дарё ўпқонларидан омон чиққан бўлса ҳам, Ганга бўйидаги мағлубиятнинг ёмон оқибатлари янада даҳшатлироқ ўпқонлар ва гирдобларга айланиб, уни ўз қаърига торта бошлади. Ганга ва Карамнасада сувга чўкиб ўлганларнинг сони етти мингдан ортиқ, Шерхон аскарлари билан жанг қилиб ҳалок бўлганлар ва асир тушганлар эса беш мингга яқин. Маломат устига қўшилган бахцизлик туфайли Ҳумоюннинг хотинлари Бека бегим ва Чанд биби, Қизи Ақиқа бегим, ишонган саркардаси Байрамхон ҳам Шерхон томонидан асир олинган эди.

Бу шум хабарлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалган сари Ҳумоюннинг эл орасидаги обрўси тушиб кетди. Сувга ғарқ бўлиб ўлган марҳумлардан ҳар бирининг отаси, онаси, яқин қариндошлари бор. Улар лоақал ўз жигарбандларининг жасадларини тополмаганидан, тошқин дарёлар кўп ўликларни беном-у нишон йўқотиб юборганидан жизғанак бўлиб куяр эдилар. Аччиқ алам ва мусибат ичида қовурилган азадорлар Ҳумоюндан ихлоси қайтиб қичқиришарди:
— Ҳумоюн эпласа подшолик қилсин-да!
— Даф бўлсин бундай ношуд саркарда!
— Келгинди темурийзодадан тўйдик!
— Йўқолсин Ҳумоюн!
— Даф бўлсин!!
— Кецин юртига, келгинди!!!

Агра атрофида ғулу кўтарган оломоннинг аччиқ гапларини Ганга бўйидан қайтаётган Ҳумоюннинг ўзи ҳам эшитди. Кундуз куни пойтахт аҳолисига кўринишга юзи чидамагани учун Аградаги Ҳашт Биҳишт боғига кечаси қоронғида кириб келди.

Бу ерда уни Xонзода бегим, Гулбадан ва бошқа яқинлари кутиб турган эдилар. Xонзода бегим қоронғида Ҳумоюннинг ўзини кўриб улгурмасидан ширадор овозини эшитди-ю, юраги ҳаприқиб кетди. Ҳумоюннинг овози отаси Бобурникига шу қадар ўхшар эдики, бегим нохосдан унинг товушини эшица иниси тирилиб келаётгандай ҳаяжонга тушар эди. Ҳозир ҳам то Ҳумоюн бек-у мулозимлардан ажралиб, айвонда мунтазир турган аёллар олдига келгунча бегим ўз юрагининг гурсиллаб урганини эшитиб турди.

Ҳумоюн илгаригидан ҳийла озғин ва хипча кўринди. Ярадор ўнг елкаси ҳали тузалмаган, тўнининг бир енги бўш. У аёлларга чап елкасини тутиб кўришди. Бошига касаба рўмол ўраган, иягига лачак тутган синглиси Гулбаданни тезда танимади.
— Ие, Гулбадан сенмидинг? — деб у билан кейин кўришди. — Илгари тоқида юрар эдинг. Энди лачак тутадиган бўлибсан! Зўрға танидим!

Ҳумоюн ўзини тетик кўрсатиш учун шу гапларни айтди-ю, кейин Xонзода бегим билан хонайи хосда ёлғиз қолганда лаблари пир-пир учиб ўпкаси тўлиб гапирди:
— Xатолик ўзимдан ўтди, ҳазрат амма! Ўзим ношудлик қилдим! Қанча вақтим кайф-у сафо билан ўтди! Шон-шуҳратнниг кетидан қувиб, пешонамга Кўҳинур олмосини тақиб юрганларим!.. Xудо бандасини жазоламоқчи бўлса аввал уни ҳовлиқтириб ақлини олар экан. Мен ҳам ақлимни йўқотиб қўйганимни энди билмоқдамен!

Ҳумоюн ҳамма дардини айтиб кўнглини бўшацин учун Xонзода бегим унинг сўзини бўлмай тоқат билан жим тинглади. У бутун айбни бошқаларга тўнкаб, ўзини оппоқ қилиб кўрсатадиган майда одамлардан эмаслиги бегимга зимдан тасалли берди.
— Ҳумоюнжон, отангиз ҳам қанчалик оғир мағлубиятларни бошдан кечирганини бир эсланг. Сиз-ку шу вақтгача фақат ғалаба завқини суриб юрдингиз. Мағлубият қандай бўлишини энди кўрмоқдасиз. Лекин Самарқандда Шайбонийхон бизни беш ой қамал қилганда не балоларни бошдан кечирмадик!

Хонзода бегим хон асоратида ўтган умрини эслаб оғир «уҳ» тортди. Шу «уҳ» билан у гўё Ҳумоюннинг дард-у ғамини ўзига олгандай бўлди. Олтмиш икки яшар Xонзода бегим шунча азобларни сабр-бардош билан енгиб ўтган бўлса, Ҳумоюн ҳам яна яхши кунларга етишиши мумкиндир. Шу ўй билан Ҳумоюн ўзини хиёл босиб олганда Xонзода бегим унинг юзига оналарча меҳр билан термулди:
— Юз шукурки, барча фалокатлардан омон чиқибсиз.

Ҳумоюн дарёдан тирик чиққандаги нурли туйғу ҳозир яна кўнглини ёритиб қайтиб келди.
— Одам ҳаётнинг қадрини ўлим билан олишганда биларкан, амма! Ҳаёт-мамот олдида шоҳ-у гадо баробар деганлари рост экан. Тож-у тахт, олтин-кумуш, обрў-еътибор ҳаммаси бутунлай ўз аҳамиятини йўқотаркан. Ўша сувчи йигит Низом... ундаги ҳалоллик, поклик, беғаразлик, фидойилик бизнинг ҳеч биримизда йўқ!

Хонзода бегим Низомнинг таърифини эшитган сари уни кўргиси келиб:
— Ўзи сиз билан бирга келдими? — деди.
— Ҳа, ҳозир ота-онасини кўргани кетди. Икки ҳафтадан бери ёнимдан қўймай, ички бекларим қаторида олиб юрибмен. Бойликка қизиқмайдир. Ўзи ҳиндлардан, муслим-у мажусийни баробар кўрадир. Кабир деган бҳақтий шоирга ихлосманд экан. Жалолиддин Румий, Саъдий шеърларини ҳам ёд билур.
— Форсий тилда-я?
— Ҳа, туркийни ҳам ўрганибдир. Туғма истеъдоди бор экан. Зеҳни, ақл-у фаросати мени ҳайратга солди. Ўзи унча кўп мактаб кўрган эмас, фақат тўрт йил таҳсил олган, аммо хати-саводи ўткир. Ҳазрат отамнинг туркий шеърларидан қарийб уч юз байтини менга ёд айтиб берди. Муҳофазасининг зўрлигини шундан билдим. Қарангки, оғир пайтда иниларимни ёрдамга чақирдим, учовидан бирортаси Ганга бўйига бормади. Шунча балолардан омон қайтдим, чиқиб бирортаси кутиб олмади! Мен гуноҳ қилган бўлсам, жазосини тортдим! Энди инилар ҳам торцин!
— Сиз иниларингизга жазо бермоқчимисиз?
— Иниларим нуқул тахт талашурлар. Ухласалар тушларига подшо бўлиш киргай! Бироқ мен тож-у тахтни иниларимга эмас, ҳинд йигити Низомга бермоқчимен! Шояд ўшанда ҳинд эли бизнинг хатоларимизни кечирса!..
— Вой, бу қандоқ мумкин, Ҳумоюнжон? — Xонзода бегим ҳанг-у манг бўлиб қолди.
— Иниларим шу қадар оқибацизлик қилганда бегона бир йигит жонини минг хатарга солиб мени қутқарган бўлса, мен уни бошимга кўтариб эъзозласам арзимагайми?
— Лекин сиз унга тож-у тахтни бермоқчисиз-ку! Ахир бобурийлар сулоласи шу билан тугаса... буни айтишга ҳам тил бормайдир!..
— Бунисидан қўрқманг, ҳазрат амма. Мен ёмон хатолар қилдим, отамнинг тожу тахтига ўзимни номуносиб сезмоқдамен! Қалби тоза Низом тахтга чиқиб, уни менга поклаб бергусидир! Ахир жаннатмакон отам ҳам камтар деҳқонлардан чиққан Тоҳирни ҳалол-у поклиги учун ўзига беҳад яқин олар эди-ку. Умрларининг охирида бир гўшада фақат шу Тоҳир билан бирга туришни истаганлари ёдингиздами? Бунинг сабабини мен энди фаҳмламоқдамен.
— Руҳий ларзалар ҳаддидан ошиб, сизни тушкунликка солмишдир, Ҳумоюнжон! Бу қарорингизда шошилманг. Низомни тахтга чиқаришдан олдин Шерхонга қарши куч тўпланг.
— Мамлакат халқи биздан бегонасираса, мен кучни қайдан тўплагаймен, аммажон? Балки ҳиндлар биздан безиб Шерхонга ёрдам бергани учун мағлуб бўлгандирмен? Балки Низомни менга тақдир ўзи ёрдамга юборгандир? Энди мен ҳалол йигитни астойдил эъзозласам, шу билан тагжой ҳиндларнинг кўнглини олурмен, ишончини қозонурмен, кейин улар менга мадад берурлар!

Ҳумоюннинг далиллари кўп, қарори қатъий эканини сезган Xонзода бегим:
— Ахир сиз Низомга... подшолик удумларини ўргатмоғингиз учун фурсат керакдир? — деб сўради.
— Албатта. Давлатни бошқариш осон эмас.
— Унгача мен Комрон мирзо билан бир учрашай. Нечун сизни кўришга чиқмади? Сабабини билайлик. Орада бирон ғубор бўлса тарқатайлик.
— Орадаги ғубор менга маълум. Ҳозир Комрон мирзо мендан ўзини қудратлироқ деб билур. Мен абгор бўлдим. Комрон эса Кобул-у Бадахшон, Қандахор-у Панжобнинг ҳаммасига ҳукмрон бўлиб олди. Энди ўзини подшо эълон қилиб, номига хутба ўқитиши қолди, холос!
— Комрон унчаликка бормас. Наҳотки жаннатмакон оталарингизнинг васиятларини унуца?

Хонзода бегим шу ўй билан эртаси куни соябон аравада Комрон мирзо турадиган Гулафшон боғига йўл олди.

* * *

Комрон мирзонинг иситмаси бор, нам ҳавода қийналиб нафас олар ва ичкарида ўлтиргиси келмас эди. У Xонзода бегимни ҳам гулзорлар орасидаги нақшин толорда қабул қилди. Дастурхонга ҳиндистоннинг норинжи ва хурмосидан ташқари Турондан келтирилган сояки майиз, лавзина ва баргаклар ҳам қўйилган. Xонзода бегим Комрон билан сўрашар экан, унинг йирик гавдаси отасиникига ўхшаб кетишини хаёлидан ўтказди. Тўрт оғайни ичида энг гавдаси йириги, кўриниши салобатлиси ва овози жарангдори Комрон мирзо. У туркий тилнинг нозик товланишларини Ҳумоюндан яхшироқ билади, нотиқлиги ҳам Бобур мирзони эслатади. Тўрт оғайнининг ҳар бирида оталарининг қайсидир хислати ва фазилати бор, лекин нега улар якдил бўлиб бирлашолмайди? Xонзода бегим ана шуни тушунишга интилиб, Комрон мирзонинг гапларига камоли диққат билан қулоқ солди.
— Оғамизнинг мағлубияти ҳаммамиз учун ҳам оғир кулфат бўлди, ҳазрат бегим. Айниқса, хотинлари билан қизларининг асирга тушгани биз инилар учун ҳам мисли кўрилмаган маломат.
— Шундай кўргиликлар тақдирда бор экан-да, Комронжон. Ҳумоюн ўзини ўзи айблаб, ич-етини еб ўлтирибдир.
— Ҳатто отамизнинг тахтига ўзларини номуносиб билиб, бошқа одамни подшо қилмоқчи эмишлар, ростми?

Бу сир хуфиялар орқали аллақачон Комроннинг қулоғига етиб келганидан Xонзода бегим ҳайратга тушди.
— Амирзодам, одам оғир кайфият билан ҳар нарса дейиши мумкин. Ҳар қалай, Ҳумоюн сизнинг улуғ оғангиз, шунча фалокатлардан кейин даргоҳига бориб кўнгил сўрасангиз яхши бўлармиди?
— Кечадан бери тобим йўқ, иситмам кўтарилган.

Хонзода бегим Комроннинг кўзи ялтираб, лаблари қуруқшаб турганига энди эътибор берди.
— Xудо шифо берсин. Сизга не бўлди?
— Агра ҳавоси менга ёқмади. Жигарим шишган. Табиблар муолажа буюрган. Сал ўзимга келсам, акамиздан албатта хабар олмоқчимен. Ҳозирча сиздан илтимос шулки, оғамизга айтинг, ялангоёқ саққони тахтга чиқариш фикридан қайцинлар. Бу биз учун яна бир маломат бўлғай. Ахир бобурдай подшоҳнинг яна учта ўғли турганда унинг тахтига қаёқдаги эшкакчи ҳиндини чиқариш — отамизнинг хотирасига-ю бизнинг ҳаммамизга беҳурматлик бўлмагайми?
— Саққо жуда пок, авлиёсифат йигит эмиш, Ҳумоюн унинг яхшилигига жавобан шу ишни қилиб, ўз гуноҳларидан покланмоқчи.
— Оғамиз чиндан ҳам кўп гуноҳлар қилган, агар ўзларини астойдил покламоқчи бўлсалар, Маккатуллога ҳажга борсинлар!

Подшони тахтдан тушириб ҳажга жўнатиш — уни ўлимга буюришнинг пардали бир тури саналади, чунки ҳаж йўлида ҳимоясиз қолган тождорни ўлдирадиган қасоскорлар албатта топилади. Комроннинг ўз акасига шундай қисматни раво кўраётганлиги — унинг кўнглидаги ўгайлик адовати қанчалик шафқациз тус олганини Xонзода бегимга ошкор қилиб қўйди.
— Амирзодам, Ҳумоюн бундай қисматга ҳеч ҳам лойиқ эмас! Тепамизда отангизнинг арвоҳлари чирқираб қолмасин, Ҳумоюнни ҳалокат чоҳига итарувчи одамлар бўлса, сиз оғангизни улардан ҳимоя қилмоғингиз керак!
— Ҳимоя бундан ортиқ бўлурми, ҳазрат бегим? Ҳозир Аграни, унинг атрофларини бизнинг ўнг беш минг қўшинимиз қўриқлаб турибдир. Акамизнинг беш мингтагина навкари қолган. Агар биз бўлмасак, Шерхон Аграга ҳам қўшин тортиб келарди, ҳалигача уни босиб ҳам оларди!
— Бу гапингиз рост, амирзодам. Шерхондай хатарли душман қаршисида оға-ини якдил, яктан бўлинглар. Подшо оғангиз атрофига йиғилинглар!
— Подшо бўлишни оғамиз эплолмадилар-ку. Буни ўзлари ҳам тан олганлари бежиз эмасдир?
— Энди, ҳар қалай, жаннатмакон оталарингиз Ҳумоюнни ворис тайинлаганлар.
— Раҳматли отам бизга атаб ёзган рубоийларини унутган бўлсангиз мен эслатайми?

Давлат билан шод-у шодмон бўлғайсен,
Шавкат билан машҳури жаҳон бўлғайсен!
Кўнглингдагидек даҳр аро ком суриб,
Бу даҳр боринча Комрон бўлғайсен.

Комрон шеър ўқиганда худди отасининг ўзи бўлди-қолди. Ўша сеҳрли оҳанг, нафосат ва жўшқинликка тўла шоирона руҳ. Ижодда отасига энг яқин турган ўғил — Комрон эканига Xонзода бегим ҳозир яна бир марта ишонди. Аммо ҳаётда-чи? Сўз бир хил-у иш бошқа хил бўлмаса Комрон бошига кулфат тушган акасига нисбатан шунчалик шафқациз бўла олармиди? Ҳажга кецин эмиш-а! Акасини кеткизиб, ўзи тезроқ тахтга чиқмоқчи-да...

Хонзода бегим шу ўй билан Комроннинг ҳузуридан чиқар экан, Ҳумоюн иниларидаги рақобат балосидан қутулиш учун ҳам мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси бўлган ҳиндларга суяниш зарурлигини ич-ичидан ҳис қилди. Нарёқдан Шерхон қиличини яланғочлаб келяпти. Ким шу вазиятда Ҳумоюннинг жонига ора киради? Фақат Низом каби ҳалол ва фидойи одамлар! Зора Низом тахтга чиққандан кейин бутун ҳинд улуси Ҳумоюнга астойдил ён босса-ю унинг мушкулларини осон қилса! Энди Xонзода бегим учун ҳам ягона нажот йўли шу бўлиб кўринди.

* * *

Низом фақат эртаклардагина бўладиган, одам ишониб-ишонмайдиган ғалати кунларни бошидан кечирмоқда эди. Кеманинг пастки қаватида ўнг олтита эшкакчининг орасида сиқилиб ўтириб ишлашга ўрганган йигит энди подшо саройининг юқориги қаватида олти хонали ҳашаматли жойда яшайди. Ўнлаб хизматкорлар унинг ҳар бир истагини оғзидан чиқар-чиқмас адо этишади. Ётадиган бўлса махсус тўшакчилар, унга гул атри сепилган пуштиранг ипак чойшаблар ёйиб, юмшоқ парқу тўшак солиб беришади. Эрталаб турган заҳоти бошқа хизматкорлар унинг қўлига сув қуйиб ювинтиришади, парча ва зарбоф кийимларни кийдиришади. Айвонда ҳам, боғ йўлкаларида ҳам уни новча, бақувват соқчи йигитлар суиқасдлардан қўриқлаб юришади. Овқат емоқчи бўлса сарой баковули, бовурчиси, чашнагири ва ошпазлари истаган таомини муҳайё қилишади. Илгари Низом умрида бир марта татиб кўришга ҳавасманд бўлган кийик кабоблар, бедана дўлмалар, каклик паловлар ҳозир истаган пайтида тайёр бўлади. Ҳамма хоҳишлари осонгина амалга ошгани сари истакнинг ўзи камайиб боради. Овқатдан кўзи тўйиб қолгани учунми, унинг илгариги иштаҳалари энди йўқ, кўпроқ аччиқ қалампирли нарсаларни ейди.

Низомнинг кўнгли тилаган ҳамма нарсани муҳайё қилиш ҳақида Мирзо Ҳумоюн сарой аҳлига қатъий буйруқ берган. Лекин Низом ўз кўнглидаги энг кучли истакни ҳеч кимга айтолмайди. Ҳамида бону Ҳиндол мирзонинг буйруғи билан Алварга олиб кетилганини келган куни кечаси онасидан эшитгандан бери қандай қилиб қизни Аграга қайтариш ҳақида ўйлайди-ю, ўйининг охирига етолмайди. Иниси Ҳиндол мирзони фақат Ҳумоюн чақириб олиши мумкин. Бироқ Низом ҳамида бонунинг дийдорига муштоқ эканини унга қандай айтади? Низом ҳали Ҳамида бону билан аҳд-у паймон қилмаган бўлса, қизнинг унга қанчалик майли борлигини аниқ билмаса... Ҳозир Низом иззат-икромда юрган пайтида Ҳамида бонуни бир кўрса эди, дилини унга дадил очган бўларди, қизнинг ризолигини олиб, кейин орага одам қўярди. Ана ўшанда Ҳумоюнга ҳам тортинмай дил ёрган бўларди.

Низомни ёнидан қўймай, унга подшолик удумларини ўргатиб юрган Ҳумоюн бу йигитнинг гоҳо ўйчан ва паришон бўлиб қолишини сезди.
— Бирон қизга ошиқмисиз? — деб ҳазил ҳам қилди.— Айтинг, совчи юборайлик.

Низом сири очилишидан хавотирланиб энтикди. Бирдан таваккал қилиб:
— Қизни Алварга олиб кетибдилар, — деди. — Отаси Ҳиндол мирзонинг хизматида эди.
— Отаси ким?
— Ҳамида бонуни Xонзода бегим Ҳумоюнга муносиб кўрган пайтлари Низомнинг эсига тушди. У изтироб ичида:
— Ҳазратим, ижозат беринг, — деди. — Мен қизни... кўриб, ризолигини олмагунча... кимлигини айтмай турай.

Ҳумоюн Низомдаги бу ҳолатни одоб ва камтарлик нишонаси деб билди-ю:
— Ихтиёрингиз, — деди. — Аммо инимиз Ҳиндол мени ҳам доғда қолдирди. Аграда биз йўқ пайтда кўп ишларни чалкаштириб кетибдир. Калаванинг учинчи топишда ўзи ёрдам бермоғи керак. Бугун эрталаб Ҳиндолнинг онаси Дилдор оғачани Алварга махсус одамлар билан жўнатдим. «Келсин, гуноҳидан кечгаймен», дедим. Бир ҳафтада ичида Ҳиндол барча одамлари билан Аграга қайтиб келмоғи керак.

Низом қувонч ва ҳаяжон ичида ўрнидан туриб Ҳумоюнга таъзим билан миннатдорчилик билдирди.

Низом ҳар ишда Ҳумоюннинг кўнглига қараб ўрганган эди. Бироқ Ҳумоюн уни яқин кунларда тахтга чиқариш ҳаракатига тушганда Низом аввал ҳайиқди. Наҳангдай каттадаҳан бек-у аъёнларни идора этиш осонми? Аммо Ҳумоюн доим унинг ёнида бўлмоқчи, ҳамма ишни бамаслаҳат амалга оширмоқчи эди. У Низомни қўярда-қўймай ахийри тахтга чиқишга кўндирди.

Душанба куни Низомга Зуҳра юлдузининг рангига мос ҳаворанг ва яшил туслардаги шоҳона либослар кийдирилди. Дасторпеч унинг бошига катта гавҳар қадалган подшолик салласини қўндираётганда Ҳумоюн Низомга овозини пасайтириб деди:
— Бу гавҳар бир вақтлар раҳматли отам Бобур ҳазратларининг саллаларида порлаб турган эди. Ҳазрат Низомиддин, сизга энди ўшал улуғ сиймонинг руҳлари мадад берсин!

Низом ўзиниг «ҳазрат Низомиддин» эканига ишонгиси келмай атрофига бир қараб олди. Шу дақиқалардан бошлаб у гўё икки одамга айланди. Бири ҳамма эгилиб таъзим қиладиган ҳазрат Низомиддин-у, иккинчиси унинг соясидай гоҳ эсга тушиб, гоҳ унутилиб турган аввалги Низом сувчи.

Девонимга барча амирлар, вилоят ҳокимлари, ҳамма аркони давлат тўпланди. Ҳолиса[32] ерлардан олинган даромадлар, жогирлардан тушган, шаҳар-у қишлоқлардан солиқчилар йиққан курур-курур тангалар тахт қаршисидаги кенг саҳнга — танобий гиламлар устига хирмон каби уйилди. Умрида олтин-у кумуш пулларнинг бундай катта уюмини кўрмаган баъзи одамларнинг кўзлари қамашиб кетди.

Ҳазрат Низомиддин тахтга чиқиб ўлтиргач, Ҳумоюн олтин ва кумуш уюмлари олдига келди-да, шу ердан туриб янги подшога таъзим қилди:
— Ҳазратим, биз сафарда эканимизда содиқ одамларимиз бутун вилоятлардан йиғиб тайёрлаб қўйган мана шу бир йиллик давлат даромадларини сизга топширишга ижозат бергайсиз!

Вилоятлардан ҳар йили йиғиладиган давлат даромадлари қанчалик кўп бўлишини Низом энди кўрмоқда эди. Жимир-жимир йилтираб турган тангаларнинг ҳар бири деҳқон-у косиблардан қанча зўравонликлар билан олиқ-солиқ тарзида ундириб олинганикин? Эшкакчи Низом бу тангалар йилтирашида жабрдийда бечораларнинг кўз ёшларини кўргандай бўлди. Аммо ҳазрат Низомиддин беш-олти туяга юк бўладиган шунча олтин ва кумушнинг ўз ихтиёрига ўтганидан мағрур.

Унинг чиндан ҳам подшо бўлганига бек-у аъёнларни Ҳумоюннинг таъзимидан ҳам ортиқ ишонтираётган нарса — гилам устидаги олтин-у кумуш уюмлари эди. Кўзни ёндирадиган бунчалик кўп бойлик бирваракайига Низомиддин ҳазратларининг ихтиёрига ўтганлиги бек-у аъёнларга яшин тезлигида таъсир қилди. Зари борнинг зўри бор, деб бежиз айтмаганлар. Боя киноя билан қийшайган лаблар энди дарҳол тўғриланди, кўзларда жиддий эътибор, қизиқиш, ҳатто ҳайиқиш пайдо бўлди.

Тахтга ястаниб чордана қуриб олган ҳазрат Низомиддин ўзини подшо деб тан олган ўнлаб кўзларнинг ҳайиқишидан ғурури ортиб, виқор туйғусидан юраги ҳаприқа бошлади. Шунда аввалги Низом унинг қулоғига секин шипшигандай бўлди: «Ўзингизни босинг, ҳазрат. Мирзо Ҳумоюн сизга тайинлаган мушкул ишларни унутманг. Бу бекларнинг ҳар бири яланғочланган қиличга ўхшаб турибдир. Xато қилсангиз бошингизни кесгай!» Ҳазрат Низомиддин буни қуруқ ваҳима деб ўйлайди: «Энди мен шу олтин хирмонининг кучи билан энг зўравон бекларни ҳам ўз измимга бўйсундиргаймен!» дейди. Низом уни огоҳлантиради: «Мунча катта кетманг, бойлик — қўлнинг кири, холос. Ахир бу олтин хирмони деҳқон-у косибларнинг насибасидан узиб олиб ясалган-ку. Золим солиқчилар бу тангаларни ундириб келгунча қанчадан қанча зулм ўтказган. Фақир эшкакчи бўлган пайтингизда ўзингиз ҳам қандай адолацизликларни бошдан кечирганингизни эсланг!».

Бу ички овоздан ҳазрат Низомиддин хиёл ҳушёр тортди-да, қўл қовуштириб буйруқ кутаётган Турдибекка юзланди.
— Жаноб вазир! — янги подшонинг овози ҳаяжондан титраб эшитилди. — Ганга бўйида Чаусада ҳалок бўлган бек-у навкарларнинг етим-у есирлари биздан кўмак кутмоқдалар. Мана шу ерга уюлган тангалардан... — ҳазрат Низомиддин Ҳумоюн билан олдиндан келишиб олган фармойишларни, айниқса, рақамларни бехато айтиш учун бир лаҳза тўхтаб олди. Ҳар қалай, хотирасининг ўткирлиги иш берди. Рақамни аниқ эслади: — Шу пуллардан бир юз-у йигирма минг рупийси ҳалок бўлганларнинг етим-у есирларига рўйхат бўйича расамади билан улашилсин!
— Бош устига, ҳазратим!

Хазиначи ва сармунши подшонинг оғзидан чиқаётган ҳар бир фармойиш ва рақамни махсус дафтарга ёзиб олмоқда эди.

баъзи бек-у аъёнлар «бу олтин хирмонидан бизга ҳам капсан тегса керак!» деган умид билан кўзларини лўқ қилиб туришибди. Одат бўйича, улар янги тахтга чиққан подшодан инъомлар олиб ўрганишган.
— Жаноб хазиначи! — деди ҳазрат Низомиддин. — Катта баркашлардан бирини олтинга, яна бирини кумушга тўлатдириб, мана шу давра бўйлаб айлантиринг. Ҳар бир бек-у мулозим ўнг кафтига сиққанича олтин-у, чап кафтига сиққанича кумуш олсин!

Бир вақтлар эшкакчи Низомни назар-писанд қилмай оёғи билан кўрсатиб юрган бек-у аъёнлар энди у инъом қилган баркашдаги тангаларга ҳирс билан чангал солишди. Сўнг янги подшонинг инъомидан мамнун бўлиб, унга астойдил эгилиб таъзим қилишди.

Ҳазрат Низомиддин подшолик завқидан яйрайди. «Қани энди ҳозир ёнимда Ҳумоюн эмас, Ҳамида бону юрган бўлса!» деган истак қайта-қайта кўнглидан ўтади. Низомнинг ҳазратга айланган пайтдаги обрў-еътибори-ю бойликларини кўрган Ҳамида ундан ифтихор қилиши мумкин эмасмиди? Севган қизинг сендан ифтихор қилганини кўрсанг, энг катта бахт шу бўлмасми?

Бироқ, Низом ҳозир бу бахтдан маҳрум. У Ҳиндол мирзонинг одамлари яна бир ҳафта-ўн кунда Аграга қайтишини сабр-тоқат билан кутиши керак. Аммо ҳазрат Низомиддин сабрсизроқ. У бугун тахтга чиққандан бери ўзини ҳамма ишга қодир сезади, қўлини қаёққа чўзса етадигандай туюлади. Инъом ва эҳсонлардан ортиб қолган олтин-у кумушлар яна бир аравага юк бўладиган даражада кўп. Шунча бойликка эга бўлган одам наҳотки Ҳамида бонунинг дийдорига етишолмай ўртаниб юрса? Дилдор оғача олтмишларга кирган аёл, тез йўл юролмайди, Алварга етиб боргунча қанча вақт ўтади! Ҳиндол мирзо яна куч йиғиштириб қайтиб келгунча... э-ҳе, ким бор-у ким йўқ!

Ундан кўра Низом ўзи Алварга жўнагани яхши эмасми? Аммо ҳозир у — подшо, бир ёққа борадиган бўлса навкар-у қўшин билан жўнаши керак. Ҳамида бонуни кўриш учун қўшин тортиб дағдаға қилиб борса, Ҳиндол мирзо билан уруш қиладими? Буни ўйлашнинг ўзи кулгили.

Низом ҳонайи хосда ёлғиз ўлтириб узоқ хаёл сурди-ю, охири Ҳамида бонуга мактуб ёза бошлади:

«Осмонимнинг танҳо офтоби Ҳамида бону!

Илгариги Низом бўлсам, сизга бундай мактуб ёзолмас эдим. Сиз шу вақтгача менинг илким етмайдиган юксакликда юрар эдингиз. Ҳозир тақдир мени ҳам олий бир юксакликка кўтарди. Балки эшитгандирсиз, Мирзо Ҳумоюн мени ўзларининг тахтларига муносиб кўрдилар... Қани эди, Жамна бўйидаги ўша соҳилда, Зарафшон боғининг четида яна учрашсак. Шу вақтгача айтишга журъат этолмаган муҳаббатимни ошкор қилсам. Агар юлдузимиз бир-бирига тўғри келса-ю, сиз рози бўлсангиз, кейин тўй тайёрлигини бошласак. Мирзо Ҳумоюн бу ишда ҳам тантилик билан кўмак беришларига ишончим комил.

Сизни соғинган Низом».

Ҳазрат Низомиддиннинг номига махсус шоҳона муҳр ҳам ўйилган эди. Низом ҳали Ҳамида бону билан бирор марта мактуб ёзишган эмас, улар бир-бирларининг дастхатларини билмайди. Бу хатни Низом ўзи ёзганига қиз шубҳа қилмаслиги учун у имзоси ёнига подшолик муҳрини ҳам босди.

Энди бу хатни Алварга ким етказади? Ҳазрат Низомиддин хазиначини чақиртириб, икки ҳамён тўла олтин тайёрлатди. Бу пулга уддабурон чопарлардан ёллаши мумкин. Лекин Ҳамида бонуга тааллуқли сирни ҳар кимга айтиб бўлмайди. Жуда ишончли одам бўлиши керак. Низом учун саройдаги энг ишончли одам Ҳумоюн эди. «Ҳазрат, сиз Мирзо Ҳумоюнга маслаҳат солинг», деди Низом. Аммо ҳазрат Низомиддин ҳамма нарсани Ҳумоюнга айтиб юрмасдан, баъзи бир нозик ниятларини ўзи амалга ошириши керак эмасми? Биронта муаммони ўзи мустақил ечса нима бўлипти? Қанча уддабурон беклар, навкарлар бор. Подшонинг махфий топшириқларини бажарувчи мушрифлар ундан буйруқ кутиб юрибди. Ҳумоюн Афзалбек деган девқомат бир мушрифни кўп таърифлаган, «осмондан юлдузни олиб кел, десангиз келтиргай, аммо тегирмондан бутун чиқур» деган эди. Ҳозир шу ҳазрат Низомиддиннинг эсига тушди. Бу йигит минглаб навкарлар чўкиб ўлган Карамнасадан соғ-саломат сузиб ўтган. Кейин Аграга келгунларича Ҳумоюнга ва унинг ёнида юрган Низомга кўп хизматлар қилган.

Ҳазрат Низомиддин хуфтон пайти хонайи хосга Афзалбекни чақиртирди. Икки букилиб таъзим қилган новча, серпай мушриф янги подшонинг синовчан назаридан хавотирга тушиб:
— Ҳазратим, буюринг, содиқ қулингизмен! — деди.
— Алварга... Неча кунда бориб келмоғингиз мумкин?
— Агар ёмхоналар чопқир отлардан берсалар, уч кунда, ҳазратим!

Ҳазрат Низомиддин мақсадга ўтишдан олдин бир оз иккиланди. Кетида соядек турган Низом «Эҳтиёт бўлинг, синамаган кишингизга сир берманг!» деб шивирлади. Аммо ҳазрат унга қулоқ солмади.
— Мен сизга буюрмоқчи бўлган ишни, — деб Афзалбекка қатъий тикилиб гап бошлади: — Иккимиздан бошқа ҳеч ким билмаслиги шарт!
— Ҳазратим, буюринг, то ўлгунимча сир сақлагаймен!

Ҳазрат Низомиддин олтин тўла ҳамённи унга узатди.
— Ёмхоналардан от ёллашга қанча пул кеца тортинмай сарфланг, — деди. — Бошқа харажатларга ҳам етгулик олтин олурсиз.

Афзалбек ҳамённи таъзим билан олди-ю, табаррук қилиб кўзига сурди ва тез қўйнига солди. Шундан сўнг ҳазрат Низомиддин Ҳамида бонуга ёзилган мактубини унга берди. Қиз Ҳиндол мирзонинг даргоҳида туришини, Аминат деган канизи борлигини айтди.
— Уқдим, хотиржам бўлинг, ҳазрат. Мен бу мактубнинг жавобини олиб келмоғим керакдур. Шундоқми?
— Агар жавоб ўрнига... қиз ўзи келмоқчи бўлса, соябон аравада канизи билан етказиб кела олурмисиз?
— Ҳиндол мирзонинг даргоҳидан қиз... ўғирлаш жуда хатарли.

«Қиз ўғирлаш» деган сўзлар ҳазрат Низомиддинни сергаклантирди.

Мирзоларнинг орияти ёмон, балога қолиши мумкин. У Афзалбекка соддадиллик билан изоҳ берди:
— Мен у қизга уйланмоқчимен, бошқа ёмон ниятим йўқ!

Афзалбек шу пайт подшо ўрнида аввалги содда эшкакчи Низомни кўргандай бўлди-ю, мийиғида кулимсираб бош ирғади:
— Ҳамма иш кўнглингиздагидек адо этилғай!
— Агар шу нозик ишларни бажо келтириб қайцангиз, бизнинг энг ишонган одамимизга айланурсиз!

Афзалбек янги подшонинг катта ишончидан руҳланиб, унга яна эгилиб таъзим қилди-ю, орқаси билан юриб чиқиб кетди. Аммо шу ёмғир фаслида лойларга ботиб беш кунлик йўлни уч кунда босиб ўтиш азобини ўйлаганда Афзалбекни ғам босди. У ҳам асли бечора бир косибнинг ўғли, саройга катта мартабалар орзусида ишга кирган, лекин олти йилдан бери ўзи истаган даражадаги нуфузли бек бўла олгани йўқ. Низом эса бир неча кун ичида оддий эшкакчидан ҳукмфармо шоҳга айланди. Афзалбекнинг мавқейи яқиндагина ялангоёқ юрган Низомникидан баланд эди. У махсус ишлар мушрифи сифатида подшо кемасида Низомга иш буюрса, Низом таъзим билан бажаришга мажбур эди. Мана энди Низом осмонда. Афзалбек ҳали ҳам аллақанақа пасқамликда юрибди-ю, Низом унинг тепасига чиқиб олиб иш буюряпти. Туриб-туриб, Афзалбекка мана шу жуда алам қилди. Агар у Низомнинг тахтда узоқ ўлтиришига ишонса эҳтимол, бу аламларга қарамай, унинг буйруғини бажарарди ва катта мукофотлар олиш имконини қўлдан бой бермаган бўларди. Лекин сарой ва унинг атрофида юрган миш-миш гапларга қараганда, Низомнинг тахтда ўлтириши жуда муваққат. Уни тезроқ йўқотиш ҳаракатида юрган замона зўрлари кўп. Ҳумоюннинг ўзи ҳам тахтини бошқа одам эгаллаганидан безовта бўлиб юрибди. Афзалбек Алварга бориб келгунча бу саққонинг кавушини тўғрилаб қўйишлари ҳеч гап эмас.[33]

Ундан кўра Афзалбек ана шу замона зўрларидан бири бўлган пири аъзам Саид Xалилнинг дуосини олгани яхши эмасми? Ахир у Саид Xалилга қўл бериб мурид бўлган, Ҳумоюн саройида кўрган-билганларини унга махфий равишда етказиб туришга сўз берган.

Афзалбек хуфтон намозидан кейин Саид Xалилнинг шаҳар четидаги чорбоғига борди ва ҳазрат Низомиддиндан қандай нозик топшириқ олганини унга бир-бир сўзлаб берди.
— Боракалло, Афзалбек, боракалло! — деб Саид Xалил ундан Низомнинг Ҳамида бонуга ёзган мактубини сўраб олди, кўзойнагини тақиб, мактубни чироқ ёруғига солиб ўқир экан: — Ҳў, муҳаббатинг бошингни есин, ҳароми! — деб Низомни қарғаб қўйди. — Номаҳрам йигит билан соҳилларда учрашиб юрган бу қайси беҳаё қиз экан?
— Мирбобо Дўст деганнинг қизи.
— Э, ўша Ҳиндолга дарс берган маҳмадона фақиҳ! Вақти келса унинг ҳам адабини бергаймиз. Бу ялангоёқ саққонинг тахтга чиққани авом халқни жуда қўзғатиб қўйди. Кўча-кўйда юз хил гап. Энди гўё камбағаллар даврон сурадиган пайт келганмиш. Золим бек-у амирлар ҳокимиятдан четлатилармиш. Саққонинг даҳрий отасини зиндонга ташлатганим учун мени ҳам шайхулислом лавозимидан бўшатишармиш. Аммо Низом деган ялангоёқ энди тумшуғидан илинадиган пайт келибдир. Боракалло!.. Алварга неча кунда бориб келурмен, деб сўз бердингиз?
— Уч кунда.
— Демак, уч кундан сўнг... бу саққони қопқонга қандай илинтиришни ўйлаб олмоғимиз керак.

* * *

Эрталабдан туя миниб кўчаларга чиққан жарчилар янги подшо Низомиддин ҳазратларининг эл-юртга ош бериши ва очларга нон улашиши ҳақидаги хабарни бутун шаҳарга тарқатдилар. Қатор аравалар қоп-қоп унларни новвойхоналарга ташиб бердилар. Катта дошқозонларда палов пишгунча хушбўй иссиқ нонлар ҳам тандирлардан узилди. Янги подшо номидан бу ишга мутасадди қилиб тайинлаган одамлар тўп-тўп бўлиб келган минглаб кишиларга ош тортдилар, сават-сават иссиқ нонларни мискин-у бечораларга улашдилар.

Кўпчиликнинг оғзида тўсатдан тахтга чиққан ҳинд йигити Низомнинг номи. Минг-минг одамлар бу ҳодисанинг тафсилотини ва Низомнинг қанақалигини билгиси келади. Уни умрида бир марта кўрган ёки у билан бирор оғиз гапиришган киши ҳам дарров одамларнинг эътиборини тортади. Айниқса, ҳунарманд косиблар, сувчилар, ўз меҳнати билан кун кўрадиган турли касб эгалари Низомнинг кечагина оддий эшкакчи бўлганини суриштириб билганлари сари кўнгиллари кўтарилади. Ош еб тарқашаётганларида:
— Илоҳим, тахтда кўпроқ ўлтирсин-у бизга ўхшаган заҳматкашларнинг жонига ора кирсин! — деб астойдил дуо қилишади.

Туш пайти Ҳашт Биҳишт боғидан отланиб чиққан ҳазрат Низомиддин Мирзо Ҳумоюн ва икки юз кишилик мавқаб-у қўриқчилар марказий хиёбондан ўтиб, қозихона ва ҳибсхона томон йўл олдилар. Одатдагидай, подшодан олдинда қўш нақора чалиниб, хос навкарлар йўл очиб борар эдилар. Одамлар ғужғон бўлиб, бир-бирини суриб, итариб, оқ отда ўтиб бораётган янги подшога кўз тикдилар. Дарёларда сузиб ўрганган Низом отда кам юрган, шунинг учун эгар унга ноқулай туюлар, от каттароқ қадам олганда елкаси ва боши силкиниб қўярди. У ҳали бошқа чавандозларга ўхшаб эгарга михлангандай маҳкам ўлтиришга одатланмаган, буни кўрган баъзи бек-у навкарлар ўзаро кўз уриштириб, зимдан лаб буришарди.

Лекин йўл четларига тизилиб турган халойиқ, Низомга ҳайрат аралаш завқ билан тикилади. Навкарликка одам ёллайдиган тавочилар пайтдан фойдаланиб тарғибот юргизадилар. Шарқда Шерхон Аграни босиб олишга тайёргарлик кўраётганини, янги подшога ботир ҳимоячилар кераклигини айтадилар. Илгари аскарий хизматдан ўзини четга оладиган йигитлар ҳам энди кўчадан ўтиб бораётган Низом билан Ҳумоюннинг бир-бирига қилган яхшиликларини эшитганлари сари уларга яқин бўлгилари ва Аграни бирга ҳимоя қилгилари келади. Шу сабабли тавочиларнинг навкарликка одам ёллаши аввалгига нисбатан анча енгил бўлиб боради.

Низом билан Ҳумоюннинг зиндонлар ва ҳибсхоналардаги одамлардан хабар олишга бораётганлари адлия амалдорларини безовта қилади. Аммо ҳазрат Низомиддин оталари ётган зиндонларни кўришга хоҳиш билдиргандан кейин ҳеч ким унинг сўзини қайтара олмади.

Тош деворли баланд қўрғон ҳовлисида ёмғир кўлмаклари совуқ йилтирайди. Зиндонлар ҳовли ўртасидаги тепаликнинг ёнбағирларидан қазилган. Агар зиндонлар текис ердан қазилса деворларига тош-у ғишт қалангани билан ёмғир фаслида сувга тўлиб қолар ва одам яшаши мумкин бўлмас эди. Шунинг учун уларнинг ўраси сув тўпланмайдиган тепалик ёнбағрига ўйиб ишланган, маҳбусларга ҳар замонда нон-у сув бериб туриладиган темир панжаралар ҳам тепага қараб очилади. Унинг устидаги шийпонча томи ёғин-сочин тушмайдиган қилиб ёпиб қўйилади. Лекин тепаликнинг пастида фақат зиндонбонлар кирадиган ва жуда кам очиладиган мустаҳкам темир эшик ҳам бор. Белига қиличдан ташқари қатор калитлар осиб олган зиндонбеги подшонинг буйруғи билан ана шу темир эшикни очди. Деворларига ғишт қаланган нимқоронғи йўлак кўринди. Давтий деб аталадиган чироғбон кирувчиларнинг йўлини ёритди.

Низом, Ҳумоюн, Турдибек ва Xўжа Ҳусайн ичкарига қадам қўйдилар. Подшонинг таклифига биноан мавкаб билан бирга келган Саид Xалил тисарилиб ҳовлида қолмоқчи эди, Низом унга ўгирилиб:
— Тақсир, сиз киринг, — деди. — Ўзингиз зиндонга ташлатган одамлардан бир хабар олайлик.

Ранги қўрқувдан оқарган Саид Xалил:
— Ҳазратим, тобим йўқроқ, — деди.
— Тақсирни суяб олинглар, — деб ҳазрат Низомиддин хос навкарларга буюрди.

Барваста навкарлар Саид Xалилни икки тирсагидан ушлаб олдилар. Яна битта чироғбон давтий пайдо бўлди ва йўлакни ёритиб олдинда борди.

Йўлакнинг бир томонида зиндонларга кириладиган эшиклар кўринди. Зиндонбеги уларнинг қулфини ҳам очди. Эшик йўлакка қараб очилди-ю, ичкаридан аввал қўланса ҳид чиқди, кейин занжирларнинг шақирлаши ва одамларнинг ғовури эшитилди. Давтий чироқни эшикка яқин тутди. Низом эшик ичкарисига ўрнатилган бақувват темир панжарани энди кўрди.

Маҳбуслардан уч-тўрттаси панжара олдига келди. Улардан бири Ҳумоюнни таниб:
— Подшо-ку! — деди. Қолганлар ҳам панжара томонга ёпирилди ва ҳамма бирдан унга арзини айта бошлади. Зиндонбеги:
— Жим! Тартиб билан сўзланглар! — деб шовқинни босди.

Низом отаси билан зиндонда бир йил ётган ва унга қадрдон бўлиб қолган учта одамнинг номини ёзиб келган эди. Отаси унга: «Шу одамлар ноҳақ қамалган, мен бўлган воқеани батафсил эшитганмен, гуноҳлари йўқлигига кафилмен!» — деган эди. Низом салласининг қатидан ўша қоғозни олди-да, унда ёзилган номлардан бирини айтиб, ҳиндчалаб сўради:
— Секрилик Муни Дас борми?
— Бор! Муни Дас мен бўламен, соҳиб!

Оқ оралаган ўсиқ соқоли оғзини бекитиб турган занжирбанд маҳбус темир панжарани чангаллаб, Низомга томон интилди:
— Адолат қилинг, соҳиб! Солиқчилар мени ноҳақ қаматган. Олтита болам бор. Олган ҳосилимнинг учдан бирини давлатга берганмен!

Қўлида очиқ дафтар билан турган қозикалон Муни Даснинг номи ёзилган варақни чироқ ёруғига тутиб ўқиди:
— Xирож билан жузяни[34] тўламаган! Мунсиф[35] билан уришиб, уни ҳақорат қилган, шунинг учун қамалган.
— Мунсиф мендан жузя солиғини икки қайта олмоқчи бўлди! Болаларим оч қолмасин деб иккинчи мартасида тўламадим! Мунсиф мени калтаклади, аччиқ устида мен ҳам уни «золимсен!» деганим рост.
— Шиқдор-у мунсифлар орасида золимлар кўп, соҳиб! — деб ичкаридан яна бир маҳбус гап қотди.— Биздан олган олиқ-солиғининг ярмини ҳам давлатга бермагай, кўпини ўзи олиб қолгай! Солиқчилар бойиб кетган!
— Сизнинг исмингиз недур? — деб сўради Низом бу гапларни айтган маҳбусдан.
— Исмим Назир. Ажмирликмен, соҳиб! Мен ҳам золим солиқчилар туҳмати билан зиндонга тушганмен!

Низом қўлидаги қоғоздан ажмирлик Назирнинг номини топди-ю, Ҳумоюнга юзланди:
— Амирзодам, буларнинг бегуноҳлигини менга отам айтган. Қаранг, бири ҳинди, иккинчиси муслим, аммо золим мунсифларга иккови ҳам бирдек қарши. Дину миллат айириш адолатдан эмас. Яратганнинг олдида барча бандалари баробардирлар. Шунинг учун биз жузя солиғини бекор қилишга ҳақлимиз. Ортиқча олиқ-солиқлар билан аҳолини қийнаб бой бўлаётган золим шикдор-у мунсифларнинг ўзлари зиндонга ташланмоғи керак. Бу борада махсус тафтиш ўтказгаймиз! Ҳозир эса Муни Дас билан Назир зиндондан озод этилсин, рўзғорларини ўнглаб олишлари учун ҳар бирига юз рупийдан нафақа берилсин!

Зиндонбон ҳазрат Низомиддин қаршисида таъзим қилиб:
— Бош устига, ҳазратим! — деди-да, буйруқни бажара бошлади.

Муни Дас билан Назир қўл-оёқларидаги занжирларини шақирлатишиб, бир-бирларини қучоқлаб кетдилар. Кейин кўзлари қувончдан ёшланиб, ҳазрат Низомиддинга миннатдорчилик билдирдилар. Низомнинг қўлидаги қоғозчага номи ёзилган яна бир киши — агралик кекса тўқувчи — икки кун бурун зиндонда жон берган экан. Низом буни эшитиб:
— Xудо раҳмат қилсин,— деди-ю, нариги зиндонга ўтмоқчи бўлди. Шунда ўн-ўн беш маҳбус темир панжарага ёпишиб, ундан шафоат сўрай бошладилар. Лекин булар ўғирлик ва порахўрлик қилган ҳақиқий жиноятчилар эди. Низом уларнинг гапига қулоқ солмай нариги эшикка қараб ўтди. Зиндонбон бу эшикни очаётганда навкарларга суяниб турган Саид Xалил негадир қалт-қалт титрай бошлади. Бу зиндонда маҳбус унча кўп эмас эди. Давтийлар темир панжарага чироқ осиб, ичкарини ёритганда ичкарида беш-олтита занжирбанд одам кўринди. Ярим яланғоч қорамтил-кўкиш таналар орасида соқол-мўйлови олтинранг, оқ юзли бир маҳбус Ҳумоюннинг эътиборини тортди.
— Булар — Шерхонга сотилганлар! — деб изоҳ берди қози. Оқ танли маҳбус Ҳумоюнни таниб, эшикка томон талпинди:
— Ҳазрати олийлари, мен Шерхонга эмас, сизга тарафдор бўлганим учун жазоландим!

Ҳумоюн Московиядан Xўжа Ҳусайн билан бирга келган меҳмонни таниди, номини эслолмаса ҳам, бултур, наврўзда келтирган қарчиғайини эслади. Xўжа Ҳусайн эса уни овозидан таниб ҳаяжон ичида:
— Матвей! — деди ва темир панжара орқали қўл чўзди: — Калитин! Мен сизни юртингизга қайтиб кетгансиз, деб эшитган эдим-ку!
— Кетмоқчи бўлиб турганимда кечаси бор-будимни мусодара қилиб, ўзимни зиндонга ташладилар!
— Ким шундай қилди? — сўради Ҳумоюн.
— Саид Xалил жанобларининг муридлари. Мен уларнинг Шерхон билан алоқаси борлигини сезиб қолган эдим. Кутвал Амир Баҳлул қатл эттирилганда мен унинг туҳматга учраганини айтган эдим.
— Кимга айтдингиз? — сўради қози.
— Португалиялик Алваро Пакавирага. У менга ўзини яқин олиб юрарди, «сиз ҳам европаликсиз, биз христианлар, иноқ бўлишимиз керак», деб тилёғламалик қилиб ёнимдан кетмас эди. Шерхоннинг хуфияси масжиди жоменинг олдидаги дўконда Саид Xалил билан шивирлашиб гаплашганини бир кун мол олишга кирганимда тасодифан эшитиб қолдим. Улар Шерхоннинг кутвалга ёзган мактубини бир мулозимнинг чўнтагига қандай солиб қўйиш ҳақида маслаҳат қилишди. Мен шу гапни соддалик қилиб Пакавирага айтиб берибмен. Кейин билсам, бу фаранги ҳам Саид Xалил билан тил бириктирган экан. Охири сирлари фош бўлишидан қўрқиб, мени ҳеч кимдан бесўроқ зиндонга ташлаттиришди.

Низом Саид Xалилга ўгирилиб қаради. Саид Xалил титроғини босишга тиришиб, хириллаб гапирди:
— Бу кофирни мен эмас, Ҳиндол мирзо зиндонга ташлаттирган!

Турдибек Ҳумоюнга изоҳ берди:
— Бу меҳмон зиндонда ётганидан биз мутлақо бехабармиз. Калитин деган ном қамалганлар рўйхатида йўқ.
— Буни Саид Xалилнинг одамлари атайлаб сир тутган, — деди Ҳумоюн.

Ҳазрат Низомиддин зиндонбонга буюрди:
— Бегуноҳ меҳмонни дарҳол зиндондан бўшатинг. Жаноб Турдибек, меҳмоннинг мусодара қилинган нарсаларини шу бугуноқ топдириб беринг. Топилмаганларининг товонини Саид Xалилнинг мол-у мулки ҳисобидан тўлаттиринг!
— Мендан эмас, кучингиз еца Ҳиндол мирзодан ундиринг! — деб эътироз қилди Саид Xалил.

Ҳумоюн унга ғазаб билан тикилди:
— Сиз Ҳиндолни разилларча адаштиргансиз! Сизнинг Шерхонга сотилган иккита муридингиз ҳозир саройдаги ҳибсхонада сўроқ қилинмоқда. Улар исканжага олингандан кейин сизнинг барча аблаҳона ишларингизни бир-бир айтиб берди. Бу бегуноҳ меҳмоннинг зиндонда ётганини ҳам биз ўша муридларингиздан билдик. Шерхоннинг қалбаки хати билан Ҳиндолни алдаб Амир Баҳлулни ўлдиртирган қотил ҳам сиз экансиз!

Йўлакда турган одамлар орасида ҳайрат ва ғазаб товушлари эшитилди. Саид Xалил тирсагидан тутган навкарлар қўлидан бўшашга интилди.
— Бу бўҳтон... мени... мени ўшалар билан юзлаштирсинлар...

Ҳазрат Низомиддин унга зиндонда турган Матвейни кўрсатди.
— Мана, сиз ноҳақ зиндонга ташлатган бегуноҳ одамлардан бири юзма-юз турибдир. Илкингиздаги марварид тасбеҳни фарангистонлик хуфия порага берганини ҳибсхонадаги муридларингиз бизга айтди. Қани сизда имон? Қани Аллоҳга эътиқод? Дин-у имонни олтинга сотиб ейдиган сиздек очкўз одам қандай қилиб шайхулислом бўла олгай? Амир Баҳлулнинг қони туцин сизни! Зиндонга ташланг буни!
— Ҳаққингиз йўқ! — деб қичқирди Саид Xалил. — Диний лавозимдаги шайхулисломни подшолар ҳам ҳибс этолмагай!
— Сиз уламолар мажлисининг фатвоси билан диний лавозимдан бўшатилгансиз, — деди ҳазрат Низомиддин. — Бугундан бошлаб шайхулисломлик вазифасини Xўжа Ҳусайн жаноблари адо этурлар. Тақсир, фатвони кўрсатинг!

Хўжа Ҳусайн қўйнидан уламолар мажлисининг фатвосини олиб ўқиб берди. Қуръон суралари билан бошланадиган фатвода Саид Xалилнинг нафсга берилганлиги, олтин-у жавоҳирот кетидан қувиб, дин-у имонга қарши жиноятлар қилганлиги, шу сабабли ўз вазифасидан озод этилганлиги, энди унга бошқа гуноҳкор бандалар қатори жазо бериш подшо ҳазратларининг ихтиёрида эканлиги айтилган эди.
— Нечун бу фатво менга олдин маълум қилинмади? — деб шовқин солди Саид Xалил. — Агар мендан гуноҳ ўтган бўлса, имонимни поклаш учун ҳажга борурмен! Қўйворинг мени!

У навкарлар қўлидан чиқиб кетмоқчи бўлиб юлқина бошлади. Ҳазрат Низомиддин навкарларга буюрди:
— Бу одамни маҳкам тутинг. Ҳаж баҳонаси билан Шерхон ҳузурига қочиб кетмасин. Қанча бегуноҳ одамларни занжирбанд этган Саид Xалил энди ўзи ҳам зиндон занжирининг қандоқ бўлишини билсин. Олинг, пойига занжир уринг!

Зиндонбон темир панжарани очиб ичкарига кирдида, Матвей Калитиннинг қўл-оёғидаги занжирнинг қулфига калит солди. Ундан ечиб олинган занжир Саид Xалилнинг оёқ-қўлига кийдирилаётганда ҳазрат Низомиддин билан мирзо Ҳумоюн зиндон йўлагидан ҳовлига қайтиб чиқдилар.

Улар бу ишни олдиндан маслаҳатлашиб қилишган, Низом отасининг қасди учун ҳам бу ноинсоф жиноятчини жазолашга жазм қилган эди. Бугун иккови ҳамжиҳат ва якдил иш қилганларидан Ҳумоюн мамнун. Аммо зиндоннинг даҳшатли манзараларидан Низомнинг дилида қолган оғир асорат кечгача кўнглини хира қилиб юрди. Оқшомги таом пайтида Ҳумоюн ундаги ўзгаришни сезиб:
— Нечун хомуш кўринурсиз? — деди.
— Амирзодам, мен ҳали кимларнидир ўлим жазосига ҳам буюрмоғим керакдир? Кўнглим бўшроқ экан... Бугунги зиндонлар азоби... иғволар... туҳматлар... одам ўлдиришлар... Лойқа бир сел мени ўз ҳолимга қўймай оқизиб кетгандек... Ҳайронмен... Бесабаб хавотирга тушмоқдамен.

Ҳумоюн оғир тин олиб:
— Бу оғир хавотирликлар менга кўпдан таниш, — деди. — Ҳокимиятни бошқариш — хатарли селлар орасида сузишдек мушкул. Лекин бунга ҳам одатланмоқ мумкин... Эртага сиз девони хосда ҳунарпешаларни қабул қилмоғингиз керак. Деҳлида биз бошлаган қасрлар қурилиши тўхтаб қолди. Уларни давом эттиришга имкон йўқ. Меъмор-у муҳандислар ишсиз қолмишлар. Уларга Аграда бирон иш топиб бермоғимиз керак...
— Жамна устига янги кўприк қурдирсак-чи? Эски кўприк жуда тор, бозор кунлари пиёдалар, от-аравалар сиғишмай, баъзилари дарёга ағанаб кетадилар.
— Сиз ҳукмфармосиз, ҳазратим, — деди Ҳумоюн. — Xазина ўз ихтиёрингизда. Лозим топсангиз, эртага ҳунарпешаларга кўприк қуришни буюринг.

Подшолик ҳазрат Низомиддинга яна энг ёқимли томонини кўрсатгандай бўлди-ю, унинг кўнглидаги хиралик тарқаб кетди. Руҳини яна бир оз кўтариш учун, «янги кемалар ҳам қурдиргаймен», деди ичида. Жамнада сузадиган бу кемаларга Низомнинг ўзи бош жолабон[36] бўлади. Унгача кўприк ҳам бица, мушкуллари осон бўлган одамлар, «буни Низом ҳазратлари қурдирган, отасига раҳмат» дейишлари турган гап...

* * *

Низомнинг бу ширин хаёлларини хонайи хосга секин кириб келган Афзалбек бузди. Ҳазрат Низомиддин подшолик ташвишларига берилиб Ҳамида бонуни хаёлидан узоқлаштирган бўлса ҳам, лекин Низом Афзалбекнинг қачон қайтишини сабрсизлик билан кутмоқда эди. Шунинг учун Афзалбек кўринган заҳоти у сакраб ўрнидан турди.

Мушрифнинг кўриниши ҳорғин, этигининг қўнжларига лой сачраган, отини аямай ҳайдагани билиниб турибди. Аммо юзида мамнун бир жилмайиш бор.
— Ҳазратим! — деб Низом қаршисида тиз чўккан мушриф қўйнига қўл солди.
— Ўзини кўрдингизми? — сабрсизланиб сўради Низом.
— Ҳа, келдилар!
— Ҳамида-я? Қаерга тушди?
— Зарафшон боғига. Мана мактублари.

Низом ўрам қилинган ва сўрғичланган зарҳал қоғозни очаётганда димоғига хушбўй гул атри урилди. Бу унга Ҳамида бонунинг ҳидидек туюлди-ю, вужудини завқ ва шодликка тўлдирди. Қисқагина мактубга назар ташлар экан, Ҳамида бонунинг чиройли дастхати борлигини энди кўрди.

«Икки оламда мен учун ягона бўлган қалбим ҳукмдори подшоҳ Низомиддин ҳазратларига!» — деб бошланган эди мактуб. Низом ичида «ҳазрат демаса ҳам бўлар эди-ку», деб қўйди. «Қалбим ҳукмдори» дегани ўзи етарли. Лекин энг муҳими, Ҳамида бону Зарафшон боғига келиб тушган, бугун оқшом уни боғ четидаги ўша соҳилда, Низомларнинг эски уйлари олдида сабрсизлик билан кутажагини айтган эди. Xат охирида яна: «Сизга у дунё-ю бу дунё садоқатли ёр бўлиш орзусидаги Ҳамида бону», деб имзо қўйилган эди.

Сўнгги сўзлар Низомнинг қувончини алангалантириб юборди. У ҳорғин жилмайиб қўл қовуштириб турган Афзалбекка бир ҳамён олтин берди:
— Бу ҳали хамир учидан патир, — деди. — Сизга катта иноятлар кейин бўлғусидир... Оқшом тушдими?
— Ҳазратим... дарё бўйида сизга махсус қайиқ мунтазир.
— Кимнинг қайиғи?
— Ўзимники... Мендан бошқа ҳеч ким билмагай...
— маъқул, сиз олдинроқ кетаверинг.

Улар қирғоқнинг қайси жойида учрашишга келишиб олдилар. Низом енгил парчадан тикилган қабосини кийиб боққа чиққанда кетидан иккита қўрчи секин эргашиб бора бошлади. Низом ҳозир севгилиси билан қандай учрашишини кўз олдига келтирар экан, қизнинг хатидаги «Қалбим ҳукмдори», «сизга садоқатли ёр бўлиш орзусидаги Ҳамида бону» деган жумлалар уни энтиктирар эди. Бу сўзлари учун Низом Ҳамида бонуни эҳтирос билан қучиб ўпишга тайёр эди... Висол пайтида улар икковлари ёлғиз қолишлари керак. Қўрчилар халақит беради. Низом орқага кескин ўгирилди-ю, қўрчиларнинг қаршисидан чиқди:
— Биламен, сизлар мени қўриқлаб юрибсиз. Аммо бу оқшом ёлғиз юришни ихтиёр қилдим. Сизларга жавоб! Мени қаср эшиги олдида кутинглар.
— Маъзур тутинг, ҳазратим. Қўрчибеги бизга буюрган!.. Ёлғиз қўймаслигимиз керак.
— Агар менинг фармонимни бажармасаларинг, қўрчибегини ҳам, сизларни ҳам шу бугуноқ ишдан бўшатгаймен!

Қўрчилар орқасига тисарилдилар:
— Фармонингиз бош устига, ҳазратим!
— Айтганимни қилсаларинг минг рупий мукофот бергайман!
— Бажонидил қаср олдида сизни кутгаймиз, — деб қўриқчилар қайтиб кетишди.

Низом оқшом ғира-ширасида Жамнанинг қирғоғига бориб Афзалбекни топди. Қайиқ каттагина, эшкаги тўртта эди. Анчадан бери ўз касбини соғиниб юрган Низом дарёнинг нариги қирғоғига сузиб ўтгунча ўзи ҳам эшкак эшди. Афзалбек қайиқ билан бирга Зарафшон боғидан эллик қадамча берида қолди, Низом Ҳамида бону билан кўришиб қайтгунча шу ерда кутадиган бўлди.

Низомларнинг Зарафшон боғи ёнидаги кулбалари кимсасиз, ҳувиллаб ётибди. Низом аллақачон ота-онасини бу ердан кўчириб кетган ва саройга яқин жойдан шинам уй-жой олиб берган.

Зарафшон боғи четида Низом Ҳамида бону билан илгари учрашиб юрган жойда ҳозир ҳеч ким йўқ. Лекин ундан беридаги чироғсиз уй айвонида қандайдир шарпа сезилди. Ҳамида бону чет кўзлардан паналаб ташландиқ уй айвонига кирганми? Низом ҳаяжондан энтикиб болаликдан таниш бўлган, фақат ҳозир ҳувиллаб қолган айвонга чиқди. Шу пайт икки томондан иккита баҳайбат одам унинг устига ташланди. Улардан бири дарҳол Низомнинг оғзини қўли билан бекитди. Иккинчиси унинг қўлларини орқага қайириб, аллакимга:
— Тезроқ боғла! — деб шипшиди. Бир лаҳзада учинчи, тўртинчи одам пайдо бўлди. Низом жонҳолатда юлқиниб, ўзини у ёқ-бу ёққа ташлаб кўрди, аммо биқинига тушган муштлардан кўзи тиниб, танаси бўшашди. Уй ортида усти бекик соябон арава турган эди. Низомнинг қўл-оёғини боғлаб, оғзига латта тиқиб, шу аравага солдилар. Аградан жанубга — Секри томонларга олиб кетдилар. Аллақанча вақт ўтгач, йўлдан четга бурилиб, ўсиқ буталар орасидаги овлоқ бир жойда тўхтадилар-да, Низомни аравадан туширдилар. Кундадай йўғон ўрта яшар бир одам:
— Жонингдан умидинг бўлса, ҳозир фармон ёзурсен! — деди. — Саид Xалил жанобларини дарҳол зиндондан бўшаттиргайсен!

Низом гап нимадалигини энди фаҳмлай бошлади. Бошини «хўп!» дегандай ирғади, оғзи бекик бўлгани учун сўзлай олмади. Унинг оғзини ечдилар. У ўқчиб йўталди, кўзлари ёшланиб, ерга тупурди.
— Мен... фармон ёзишим учун... қоғоз-қалам керак... чироқ...

Соябон аравадан қорачироқ олиб тушиб ёқдилар. Унинг ёруғи аввал ҳўкизтахлит одамнинг серсоқол юзини ёритди. Кейин силлиқ кийинган, мўйлови тарашланган оқ саллали мулланамо йигит Низомга рўпара бўлди:
— Об-бо ялангоёқ саққо-ей! — деди бу йигит лабини нафрат билан буриб. — Шундоқ буюк пир сассиқ зиндонда ётганда, сен жононлар билан учрашиб айш-у ишрат қилмоқчи бўлдингми, а?

Демак, булар Низомнинг Ҳамида бонуга ёзган хатини қўлга туширишган. Наҳотки Афзалбек уни алдаб, буларнинг тузоғига илинтириб берган бўлса?
— Тўй тайёрлигини кўрармиш-а! Мана сенга тўй!..

Оқ саллали йигит Низомнинг юзига бир тарсаки урди. Қўли юмшоқ, оғриғи унча билинмади. Аммо Афзалбекка ишониб қанчалик алданганини, ёзган мактуби Ҳамида бонуга етиб бормаганини, бояги жавоб хатни қизнинг номидан мана шу мулланамо йигит ёзганини бирваракай фаҳмлаган Низом тарсакидан ҳам кўра қилган хатосидан вужуди қақшаб ўкириб юборди.

Уни тепиб, итариб ерга чўккалатдилар, қўлини ечиб, Саид Xалилни зиндондан озод қилиш ҳақида фармон ёзишни буюрдилар. Қаттиқ боғланганидан увишиб, қотиб қолган қўллар анчагача қаламни тутолмади.

Серсоқол йўғон одам мулланамо йигитга қараб:
— Тақсир, ўзингизнинг хатингиз яхши, — деди. — Фармонни сиз ёзинг. Шу саққо имзо чекиб муҳрини босса бўлди.

Мулланамо йигит оқ қоғози бор жуздонни тиззасига қўйиб, қаламни қўлига олди. Аравани ҳайдаб келган иккинчи йигит унга чироқ тутди. Ҳўкизтахлит йўғон одам эса чўкка тушган Низомнинг кўкракларини пайпаслаб:
— Муҳр борми? — деди. — Ҳа, қўйнида нимадир борга ўхшайдир. Чиқар муҳрингни! Энди уни фақат биз истаган фармонга босурсен! Агар айтганимизни қилмасанг, ўлигинг мана шу бутазорда қолгай! Тўй сен учун эмас, гўштингни ейдиган даррандалар учун бўлгай!

Низом қўйнидаги муҳрга худди бир чаённи ушлаётгандай қўрқа-писа қўл урди. Олтин қутичадаги подшолик муҳри ғаламислар қўлида қанча даҳшат-у фалокатларга йўл очиб бериши мумкин! Шу муҳр босилган қоғоз билан булар хазинага ҳам тушишади. Мирзо Ҳумоюнни қатл этиш ҳақидаги фармонга шу муҳрни босиб, ҳазрат Низомиддиннинг имзоси билан уни ўлдиришлари мумкин эмасми? Қанча яхшиликлар қилган одамнинг қотилига айланиш эҳтимоли Низомни шунчалик даҳшатга келтирдики, ўзининг жони хавф остида эканини ҳам унутди. Чора излаб атрофга кўз қирини ташлаганда чироқ шуъласи ўнг қадамча наридан бошланадиган балчиқ аралаш катта бир кўлмакка тушди.

Мулла йигит фармонни ёзиб тугатганда Низом унга муҳр босмоқчи бўлиб қаддини тиклади. Муҳрни олтин қутичадан олди-ю, қулочкашлаб ўша кўлмак томонга отди. Ҳўкизтахлит одам:
— Ҳей, аблаҳ, тўхта! — деганича Низомга ташланди, Низом ундан қочиб, ўзини чироқ тутиб турган аравакашга урди. Чироқ ерга тўнкарилиб тушди-ю, дарҳол ўчди. Ёруққа ўрганган кўзлар қоронғиликда одамни одамдан ажратолмай қолди. Шундан фойдаланган Низом ўнг қадамча нарига қочиб борди. Аммо орқасидан учовлашиб етиб олишди, Низомни оёғидан чалиб йиқитишди-ю, тепкилай бошлашди.

Низом ҳушидан кетаётиб узоқдан итларнинг акиллаганини эшитгандай бўлди. Бу унга нажот товушидай эшитилди.
— Муҳрни атайлаб йўқ қилди-я, аблаҳ! — деди йўғон одам Низомнинг бошига тепиб.
— Излаб топайлик, — деди мулла йигит, — бўлмаса фармон иш бермагай.
— Қандай топурсиз? Ҳаммаёқ қоронғи, бутазор, балчиқ...
— Итлар ҳуряпти, — деди аравакаш. — Аллакимлар келаётганга ўхшайдир...

Келаётганлар — шу атрофнинг деҳқонлари, йўқолган молларини қидириб, итларини эргаштириб чиқишган эди. Бутазорлар орасида фавқулодда ҳодиса бўлаётганини сезган итлар қаттиқ ҳуриб тобора яқинлашиб келмоқда эди.

Низом хиёл ҳушига келиб ётган жойида бир талпинди.
— Бу аблаҳнинг энди бизга кераги йўқ. Буни ўлдиринг!
— Тезроқ бўлинг! Итлар яқин келиб қолди.

Ҳўкизтахлит одам пичоғини суғурди-ю, шоша-пиша уни Низомнинг баданига бир неча марта санчиб олди...
— Ўлди! Юринглар!...

Улар аравага миниб қочишди.

Синд: Қувғинда Келган Бахт

Панжобни оралаб ўтган бешта дарё Мултондан жануброқда бир-бирига қўшилади-ю, Митанқут деган жойда ҳаммаси бирваракай Синд дарёсига қуйилади. Олти дарё бир ўзанга йиғилиб ақлни шоширадиган даражадаги улкан сувга айланган Бҳаккар атрофларида катта-катта кемалар сузиб юради. Қирғоқларда қатор бўлиб ўсган хурмо дарахтларининг йирик-йирик барглари дарё шамолида яшил алвонлардай ҳилпираб туради. Қишнинг чаён номи билан аталган ақраб[37] ойи аллақачон кирган бўлса ҳам, Синд ўлкаси баҳордагидек кўм-кўк. Ёмғир фасли тугагандан сўнг сернам тупроққа экилган арпа ва буғдойлар майсаси тиззага келиб қолган. Боғларда лимулар ва норинжлар олтиндай товланиб пишган. Тинкани қуритадиган иссиқлар ва кўз очирмайдиган ёмғирлар тугаб, бу ерларнинг осмони очиқ ва ҳавоси салқин бўладиган оромбахш фасли энди бошланган.

Уч ойдан бери Синд бўйларида гоҳ Сиёҳван шаҳрига бориб, гоҳ ундан Бҳаккарга қайтиб, ором билмай юрган Ҳумоюн атрофидаги табиат гўзалликларини кўзи билан кўрса ҳам, лекин дили билан ҳис қилолмайди. Ҳозир унинг кўнглига гўзаллик сиғмайди. Xонумонидан айрилиб, Аградан қувилгани ва Синд ўлкасида саргардон бўлиб юргани унга бутун умрининг энг қора кунлари бўлиб туюлади, вужудини аччиқ мағлубиятлар алами ва оғир йўқотишлар армони банд қилиб туради.

Лекин иниси Ҳиндол мирзонинг қароргоҳида Ҳамида бону деган қизни кўргандан бери унинг кайфиятида ғалати бир ўзгариш юз берди. Ҳумоюн кўҳлик қизларни кўп кўрган. Бироқ Ҳамида бонунинг чиройли суратидан ташқари, кишини сеҳрлаб оладиган тенгсиз бир сийрати бор эди. Ҳумоюн буни даставвал қизнинг кўзларидан сезди.

Ҳумоюн Ҳиндол мирзонинг дарё бўйидаги қароргоҳига келганда уни инисидан ташқари келинлари Султоним ва ўгай она Дилдор оғача ҳам кутиб олишди. Шу аёлларнинг ёнида турган Ҳамида бону ўнг қўлини кўксига қўйганича Ҳумоюнга бош эгиб салом берди. Шу аснода кўз кўзга тушди-ю, қизнинг нигоҳидаги латиф бир ҳарорат Ҳумоюннинг дилига беҳад илиқ туюлди. У қизнинг юзига кулимсираб тикилди-ю:
— Мен сизни аввал қаердадир кўрганмен, — деди.
— Эҳтимол, Аграда... Наврўз куни...
— Ҳа, Жамнада, кема сайрида... Ҳазрат аммам таништирган эдилар!..

Ҳумоюн узоқ ўтмишга айланган ёруғ кунларни эслаб оғир тин олди. Ўшандан бери у Шерхондан яна иккинчи марта мағлуб бўлиб, хонумонидан айрилди, қувғинга учраб, чет ўлкаларга қочиб келди.

Ҳамида бону Ҳумоюнга ҳамдардлик билдирган каби:
— Ўша масъуд кунларингиз яна қайтиб келсин, ҳазратим! — деди.

Шу тилак айтилган пайтда Ҳамиданинг кўзларидан тушган илиқ нур йигитнинг кўнглидаги армон-у аламлар соясини улоқтириб ташлагандай бўлди. Ҳумоюннинг дили бирдан ёришиб, қизга ўтли назар ташлади:
— Илоҳо сўзингизга фаришталар омин десин, синглим!

Ҳиндол мирзо Ҳамида бону билан акасининг гапи яна чўзилса меъёр бузилишини сезиб бетоқат бўлди:
— Қани, ҳазратим, — деб Ҳумоюнни тўрга таклиф қилди.

Ҳамида бону қўлини кўксига қўйиб орқага тисарилди. Қиз бола эркаклар даврасида ўтиролмайди, ҳозир кетади. Ҳумоюн эса у билан шундай ширин бошланган гапни яна давом эттиришни истайди. Қиздаги ҳамдардлик, зийраклик ва яна аллақандай сеҳр-у жозиба Ҳумоюннинг дил яраларига малҳам бўладигандек туюларди.

Бироқ иффат пардаси ичида юрган муслима қиз билан номаҳрам эркакнинг меъёрдан ортиқ гаплашиши урф-у одатга хилоф эканини дили сезиб турарди. Ҳумоюн тўрга қараб ўтганда Ҳамида бону Султоним бегим билан ўнгдаги пуштиранг мовут чодирга кириб кетди.

Ҳумоюн уни яна кўргиси келар, кўзлари беихтиёр пуштиранг чодир томонга кетиб қоларди. Аммо Ҳамида бону чодирдан қайтиб чиқмади. Ҳумоюн инисидан унинг отини, ота-онасининг кимлигини сўраб олди. Пойгакроқда ўлтирган Xўжа Муаззам исмли ўрта яшар бек:
— Ҳамида бону бизга жиянлар, — деб изоҳ берди.

Ҳумоюннинг Xўжа Муаззамга ҳурмати ошгандек бўлиб, уни юқорироққа — ўзининг яқинидаги бўш жойга таклиф қилди. Xўжа Муаззам Ҳиндол мирзонинг бекларидан эди, шунинг учун ўз валинеъматидан рухсат олди-ю, кейин Ҳумоюн кўрсатган жойга ўтди.

Ҳиндол мирзо билан Ҳумоюн орасидаги эски келишмовчиликлар ҳозир бартараф бўлган, чунки энди талашадиган тож-у тахт йўқ. Ҳиндол мирзо Амир Баҳлулни бекор қатл эттирганини кейин билган, ёшлик хатолари учун акасидан узр сўраган, Ҳумоюн ҳам уни кечирган эди. Бултур Шерхон шимоли шарқ томонда Аграга таҳдид солиб қўшин тортиб келганда Комрон мирзо яна Ҳумоюнга қўшилгиси келмай, ўн беш минг қўшин билан Панжобга қайтиб кетди. Ҳиндол мирзо эса Ҳумоюннинг ёнида қолиб, Канауж деган жойда Шерхон билан бўлган урушда қатнашди. Бу гал Шерхон ортиқча ҳийла ишлатмасдан юзма-юз, дадил олишди-ю, Ҳумоюнни яна тор-мор қилди, Байрамхон Шерхонга асир тушди. Ҳиндол мирзо акасининг мағлубиятига ўзини шерик ҳисоблаб, оғир қувғин кунларида ҳам унинг ёнидан кетмай юрибди. Нарёқда Комрон билан Аскарий бир тараф бўлиб, Ҳиндол билан Ҳумоюнни на Кобулга, на Бадахшонга ва на Ғазни томонларга яқин келтирмасликнинг ҳаракатини қилишяпти.

Қандаҳор ҳокими Қорачахон Комрон мирзо билан аразлашиб қолган, буни эшитган Ҳиндол унга ишончли бекларидан бирини юбориб, иттифоқ таклиф қилди.
— Агар Қорачахон Қандаҳорга таклиф қилса борурмисиз? — деб сўради Ҳумоюн инисидан.
— Сиз буюрсангиз борурмен. Балки бирга кетгаймиз?

Ҳумоюн ўйланиб туриб бош чайқади:
— Мен Гужарат томондан хабар кутмоқдамен. Байрамхон Шерхон асоратидан қочиб Гужаратга борган экан.
— Тирик эканми, а?
— Ҳа, чопари келди. Шерхон уни ўз хизматига олмоқчи экан. Байрамхон бир сўзли одам-да. Мардлик қилибдир, «мен Ҳумоюн мирзога садоқат ваъда қилганмен, сўзимдан қайтолмаймен», дебдир. Шерхон уни узоқ вақт ҳибсда тутибдир. Ўлдирмоқчи бўлган экан, гужаратлик бир одам ёрдам бериб қочирибдир. Гужарат рожалари Шерхонга қарши биргалашиб жанг қилиш учун биз билан иттифоқ тузмоқчи эканлар. Мен рози бўлиб Байрамхонга одам юбордим.
— Унда Қандаҳор Комрон мирзога қолурму? — сўради Ҳиндол.
— Нечун? Агар Қорачахон астойдил таклиф қилса сиз борганингиз маъқул. Қандаҳор бизнинг Эрон билан борди-келди қиладиган энг муҳим қалъаларимиздан. Уни иликдан чиқармаслигимиз керак.

Ҳиндол мирзонинг кўнгли тилаган гап ҳам шу эди. Давлат ишларида ҳозир у акаси билан ҳамфикр эди-ю, бироқ Ҳумоюн ҳозир Ҳамида бонуга ҳаддан ортиқ қизиқиб қолгани ва Xўжа Муаззамни ёнига таклиф қилгани Ҳиндол мирзони хавотирга солиб қўйди. Чунки Ҳиндол ҳали ҳам Ҳамидадан кўнгил узган эмас. Тўғри, қиз унга мутлақо рўйхушлик бермай юрибди. Лекин Ҳиндол мирзо Қандаҳорга борса, ўша ерда ўзига мустақил ҳоким бўлади, акалари узоқда қолади, ҳеч ким унинг оилавий ишига аралашолмайдиган ва раъйини қайтаролмайдиган пайт келади. Ҳумоюннинг ўзи йигирма ёшидаёқ икки хотинлик бўлиб олган эди-ку, Ҳиндол ундан камми?

Ҳумоюн яна Ҳамида бону ҳақида сўз очганда Ҳиндол акасидан ранжигандай бўлиб:
— Бу қиз бизнинг даргоҳда ўсган, — деди. — Бизга сингил бўлса, сизга фарзанддек, ҳазратим.

Ҳиндол бу сўзлар билан акасининг хотинлари Бека бегим ва Меважонни эсига солмоқчи бўлди. Ҳумоюн бултур жуда катта товон тўлаб, Бека бегимни Шершоҳнинг асоратидан қутқариб олган эди. Лекин бека бегим анча вақт душман қароргоҳида, номаҳрам эл орасида бўлгани сабабли руҳонийлар унга астойдил бир покланишни маслаҳат бердилар. Бека бегим Маккайи Мадинага бориб келишни ихтиёр қилди. Ҳумоюн уни ишончли одамлари билан ҳажга жўнатганига уч ой бўлди, ҳалигача қайтишгани йўқ. Қизчалари Ақиқа асирликда ҳалок бўлди. Ҳарам аҳлидан Чанд бибини Шершоҳ ўзининг ҳинд саркардаларидан бирига никоҳлаб берди. Меважон билан эса Ҳумоюн ажрашган. Ҳозир унинг ёлғизликдан қийналиб юрган пайти.

Бугун Ҳамидани кўргандан бери Ҳумоюн қуёш нурларининг кўм-кўк япроқларда қандай чиройли жилваланишини қайтадан ҳис қила бошлади, енгил шабада боғ четидан ёқимли гул ҳидини олиб келганини сезди, дарё бўйида булбул сайраётганини эшитди.

Қулоғи алланарсадан битиб қолган одам ҳеч нарсани эшитолмай гарангсиб юргани каби, Ҳумоюн ҳам кетма-кет келган мағлубиятлардан эсанкираб, атрофидаги ҳаётнинг гўзалликларини сезмайдиган бўлиб қолганини энди фаҳмлади. Ахир у хонумонидан айрилиб, Аградан қувилган бўлса ҳам, атрофда ҳаёт давом этяпти-ку. Қорли тоғлар, жўшқин дарёлар, чаманзор боғлар ҳаммаси ўз ўрнида турибди-ку. Мана шу чодирлардан бирида ҳозир Ҳамида бону деган қиз бор. Ҳумоюннинг қалбида сўниб қолган гўзаллик туйғусини шу қиз бирдан уйғотиб юборди. Бу қизни Ҳумоюн нима қилиб бўлса ҳам яна учратади.
— Ҳамида бону хонадонингизда ўсган бўлса жуда соз! — деди у иниси Ҳиндолга. — Эртага ҳаммаларингиз биз турган Самандар боғига ташриф буюринглар. Сиз Султоним бегим билан ҳазрат онангизни бирга олиб боринг. Xўжа Муаззам жиянлари ҳамида бону билан борсинлар. Томоша қилиб, ёзилиб келурсизлар.

Ҳиндол мирзо бу таклифни рад этолмади...

* * *

Ҳумоюн турган боғ дарёнинг ўртасидаги хушҳаво оролда эди. У кема билан ўз қароргоҳига сузиб ўтди-да, Жавҳар офтобачи бошлиқ хизматкорларига буюриб, эртаси куни Ҳиндол мирзонинг келишига махсус дастурхон тузатди, боғ йўлкаларини ораста қилиб супуртирди ва майин қум тўшаттирди. У мана шу йўлкалардами ёки сув бўйидаги нақшин толордами Ҳамида бону билан икки оғиз холи гаплашиш умидида эди.

Бироқ, Ҳиндол мирзонинг ўзи, онаси, хотини, бошқа яқин кишилари кемага тушиб келишганда уларнинг орасида Ҳамида бону йўқ эди.
— Xўжа муаззам сиздан узр сўради, — деди Ҳиндол. — Жияни келолмас экан.

Ҳумоюннинг кўнгли ғаш бўлди, лекин дастурхонга овқат тортилиб, қуюқ-суюқ тугагунча бу тўғрида гап очмади.

Султоним бегим канизи билан боғни томоша қилгани кетгач, катта танобий уйда Ҳумоюн иниси Ҳиндол ва унинг кайвони онаси Дилдор бегим учовлари қолди.
— Кечаги қизни нечун бирга олиб келмадингиз?— деб Ҳумоюн инисидан сўради.
— Билмадим... Мен юр деб қистасам, важ кўрсатди.
— Қанақа важ?
— Подшоларни бир марта кўриш етарли эмиш. Иккинчи марта кўрса номаҳрамлик бўлармиш.
— Ундоқ бўлса маҳрам қилиб олгаймиз!

Ҳумоюннинг нияти бу даражада жиддий эканидан Ҳиндол изтиробга тушди:
— Ҳазратим, бу қиз ҳам Меважонга ўхшаб беш-ўн ойдан кейин назардан қолса... умри хайф кетгай!..

Ҳумоюн куюниб уҳ тортди-да:
— Мунча толеим паст экан! — деди. — Xотин жўнидан ҳам омадим келмай юрганини ҳазрат аммам фаҳмлар эдилар. Афсуски, ҳозир у киши Кобулдалар. Бултур Жамна бўйида аммам Ҳамидани менга кўрсатганда дуруст эътибор бермаган эканмен. У пайтда ўзим ҳам ҳовлиқиб осмонда юрган эдим, чамаси. Мана энди ерга қулаб кўзим очилди. — Ҳумоюн Дилдор оғачага юзланди. — Ҳазрат бегим, сиз Ҳиндолга қандай она бўлсангиз, менга ҳам шундайсиз. Дардимни сизларга айтмасам, кимга айтай? Мен қачондан бери оқила-ю фозила бир танмаҳрамга зор бўлиб юрибмен. Сиздан илтимос, бегим, Мирбобо Дўст билан гаплашиб беринг, шу қизини биздан дариғ тутмасин!
— Аммо қизнинг ўзи бунга кўнмаса-чи? — деди Ҳиндол мирзо лаби асабий пирпираб. — Мен Ҳамидани кичиклигидан билурмен. Жуда бир сўзли қиз. Мана бугун келмади-ку. Йўқ деса ҳеч ким уни кўндиролмагай!

Дилдор оғача ҳам Ҳиндолнинг ёнини олди:
— Ҳазратим, ҳозир аҳволимиз илгаригидай эмас... Аграда ҳукмфармо бўлган пайтларингизда ҳар бир истагингиз тез амалга ошарди. Сиз қайси қизни хоҳласангиз ҳеч ким йўқ деёлмас эди. Қизнинг кўнглига ҳам қаралмас эди. Аммо ҳозир...

Ҳумоюн хижолат тортиб:
— Рост, мен илгари... кўп нарсага осон етишиб ёмон ўрганганмен, — деди. — Энди бу одатни тарк этмоғим керак.
— Тўғри-да, деб Ҳиндол акасининг сўнгги гапини маъқул кўрди: — Отдан тушган одам эгардан ҳам тушмоғи лозим.

Шу билан у акасини Ҳамида бону билан қайта учрашиш фикридан қайтармоқчи эди. Лекин Ҳумоюн яна Дилдор бегимга юзланди:
— Мен аввал қизнинг ўзи билан сўзлашиб, кўнглини билай. Шунга кўмак берсангиз бас...
— Xўп, бунисига мен рози, — деди Дилдор бегим.— Эртага ўзингиз боринг.

Эртаси куни пешин намозидан сўнг Ҳумоюн яна кема билан дарёдан ўтиб, Ҳиндол мирзонинг қароргоҳига борди ва Дилдор бегим турадиган каттакон қизил чодирни қидириб топди. Бегим уни чодир ичида ёлғиз қолдирди-да, ўзи Ҳамида бонуни чақириб келишга кетди.

Орадан бир соатлар чамаси вақт ўтгандан кейин Дилдор оғача ўнғайсиз бир аҳволда ёлғиз қайтиб келди:
— Ҳамида келмади, — деди.
— Нечун? Сабабини айтдими?
— Очиқ айтмайдир. Аллақачон бўйи етган. У тенгилар эр қилиб болалик ҳам бўлди. «Сен ҳам кимгадир маҳрам бўлишинг керак-ку», десам... «Мен илкимни чўзсам, бўйнига етадиган одамга маҳрам бўлиш орзусидамен», дейдир. Сиз унинг учун жуда баландда эмишсиз, илкини чўзса этагингизга ҳам етмас эмиш.

Бундай гапларни унча-мунча қиз айта олмайди, Ҳамида бону чиндан ҳам ақли расолардан эканини Ҳумоюн шу жавобидан сезди. Аммо сўнгги гапнинг мағзини чақолмай, Дилдор оғачадан сўради:
— Камтарлик қилганими бу? Мени интизор қилиб қўйиб, яна ўзини бунча паст олганида қандай маъно борикин?
— Тушунмадингизми, ҳазратим? Ахир подшолар ўз ҳарамларига нисбатан қўл етмас баландликда юргайлар-ку. Биз ҳам умр бўйи худо раҳматли отангизнинг дийдорларига зор бўлиб яшаганмиз. Доим давлат ташвиши-ю уруш-юришлар билан банд эдилар. Улардан бўшаб ҳарамга йўллари тушганда бир эмас, тўрт хотин ёлғиз эрни бир-бирларидан қизғанишадир. Ана шундай хотинларнинг бири бўлиб яшаш илик чўзганда этагига ҳам етмайдиган одамга маҳрам бўлиш деган маънони билдирмайдими, ҳазратим? Ҳамиданинг онаси ҳам «гулдай қизимни хотин устига бермагаймен», деб оёқ тираб турибдир.

Ҳумоюннинг овози алам билан титраб эшитилди:
— Аммо суймаган ҳарамим билан туриш мен учун жаҳаннам эмасми, бегим? Менга бу ҳарамнинг не кераги бор? Ҳаммасидан воз кечгаймен! Ҳамида илкини чўзса етадиган хокисор йигитга айланмоқ учун неки зарур бўлса қилай! Мен дунёга келиб соф муҳаббат нақадар улуғ неъмат эканини энди билмоқдамен. Ҳозир дилим нурдай ёруғ туйғуларга тўлиб турибди. Бу туйғулар пок бўлгани учун сизга ҳам тортинмай сўзламоқдамен, ҳазрат бегим! Мени тегирмон тошидай эзиб ётган мағлубият аламлари, тож-у тахт армонлари — ҳаммаси ҳозир хаёлимдан узоқлашди, худди кечиб ўтилган ботқоқликдек орқада қолди! Олдинда эса дунёнинг барча қувончларини ўзида жам этган бир истиқбол турибдилар. Бу — Ҳамида бону. Не қилиб бўлса ҳам мен бу қизни яна кўрмоғим керак. Меҳримни рад эца ҳам майли, фақат сабабини ўзи айцин!

Ҳумоюннинг эҳтиросга тўлиб айтган бу сўзлари Дилдор бегимга қаттиқ таъсир қилди. Бегим келини Султонимни ёрдамга чақиришга ва икковлашиб Ҳамидани Ҳумоюн билан албатта учраштиришга сўз берди.

* * *

Чоршанба куни Султоним ва Дилдор бегим Самандар боғига Ҳамида бонуни чошгоҳ пайти бошлаб бормоқчи эканликларини хабар қилдилар.

Ҳумоюн уларни икки томонига серсоя санобар дарахтлари ўтказилган йўлка охирида, заррин нақшлар билан безатилган шийпонда кутиб олди.

таъзим-у тавозелардан кейин Дилдор оғача ва Султоним бегим шийпондан ўнг томонга бурилган йўлка билан дарё бўйига қараб кетдилар, Ҳумоюн билан Ҳамида бону атрофини яшил чирмовуқлар пана қилиб турган шийпонда яккама-якка қолишди.

Ҳамида бону нафармон гулли парчадан қабо кийган. Бошидаги баланд тоқиси четидан елкасига тушган икки ўрим узун сочлари қабосининг этагигача етган. Юзига тутилган оқ ҳарир парда уни янада сеҳрли кўрсатади.

Ҳумоюн қувончини яширолмай:
— Сизни қайта кўрганим учун тангрига шукурлар айтурмен! — деди. — Шу кейинги бир ҳафта мен учун бир йилдек узун туюлди. Мен сизга дилимни очиб сўзлай. Умримда ҳеч бир қизни бунчалик интизор бўлиб кутмаганмен. Ҳамида бону, сиздан ўтинамен, ростини айтинг, мендан не гуноҳ ўтдики, дийдорингизга бу қадар номуносиб кўрдингиз?..

Ҳамида бону чўғдай ёниб турган кўзларини ердан олиб, Ҳумоюннинг юзига қисқа бир назар ташлади.
— Сиздан гуноҳ ўтган эмас...
— Бўлмаса орамизда не монелик бор? Айтинг, мен билай...
— Монелик ҳам эмас... Сиз эъзозлаган пок бир кишининг хотираси... Балки ҳали тирикдир? Ёки тангри раҳматига боргани ростми? Шуни билолмай доғдамен...
— Ким дедингиз? Ким?
— Сизга Чаусада яхшиликлар қилган йигит... инингиз бизни Алварга олиб кетиб қолган эдилар. Биз йўғимизда сиз уни тахтга чиқарган экансиз...
— Низомми?
— Ҳа...

Карамнасадаги ҳалокатли ўпқонлар, кейин Аграда бўлган курашлар, Низомнинг бир кечада дом-дараксиз йўқолгани, Ҳумоюн қанча суриштириб, ҳеч нарсани аниқлай олмаганлиги хотирасига бирдан босиб келди-да, хаёлини бошқа ёққа буриб юборди:
— Мен уни авлиёдай эъзозлаб юрдим-у тўсатдан йўқотиб қўйдим. Агар шу йигит ёнимда бўлса, эҳтимол, кейинги фалокатларга учрамасмидим? Сиз ҳам уни билармидингиз, Ҳамида бону?
— Зарафшон боғида турганда кўрган эдим. Кичкина қизалоқ пайтларимда канизим билан иккимизни қайиғига солиб айлантирган эди.

Ҳамида бону Низом билан ўтган масъуд дамларини ҳозир жуда маъюс бўлиб эслади-да:
— Мени бир ўй эзадир, ҳазратим, — деди. — Мен ўзим билмаган ҳолда эҳтимол... унинг ўлимига ёки... йўқолишига сабаб бўлгандурмен?
— Йўғ-е, нечун сиз сабаб бўлурсиз?

Ҳамида бонунинг қўлида кўзмунчоқлар ва кашталар билан безатилган чиройли атлас киса[38] бор эди. у кисани секин очиб, ичидан сарғайиб, ҳилвираб қолган бир парча қоғозни авайлаб олди.
— ўн кундан бери ҳузурингизга келолмаганимнинг сабаби мана шу мактуб. Буни сиздан яширсам дилим куйди. Айтай десам... Мени ҳаёсиз деб ўйлашингиздан қўрқдим. Агар бу мактубда хотирангизга малол келадиган бирон гап бўлса мени ҳам, уни ҳам кечиринг. Аввал шу илтимосимни қабул қилсангиз, кейин мактубни беришга журъат этгаймен.
— Илтимосингизни бажонидил қабул қилгаймен!

Шундан кейин Ҳамида бону Низомнинг мактубини Ҳумоюнга берди. Мактубда Низом Ҳумоюнни «танти сиймо эканлар» деб мақтагани унга ёқимли туюлса ҳам, аммо Ҳамида бонуни «Офтобим» деб муҳаббат изҳор қилгани, Жамна бўйидаги ўша соҳилда яна бир учрашишга чорлагани ва тўйдан гап очган жойлари тўсатдан рашкини келтирди. Ҳумоюн Низомни авлиё деб юрса, бунақа шайтонлиги ҳам бор экан-ку! Алвардан Ҳиндол мирзони тезроқ чақиртиргиси келиб сабрсизлангани бежиз эмас экан-да!

Ҳумоюн хатнинг охирига етган сари авзойи ўзгариб, қошлари чимирилгани Ҳамида бонуни хавотир қилди. Наҳотки Ҳумоюн Низомнинг тақдири нима бўлганини, бу хат кимларнинг қўлига тушиб, Ҳамида бонуга қандай етиб келганини суриштириб билмасдан олдин икки ёшнинг орасида бўлиб ўтган болаларча мусаффо меҳрга рашк қилса?

Ҳумоюн хатни ўқиб бўлиб бошини кўтарганда Ҳамида куюниб гапирди:
— Кошки бу хат ўша пайтда менинг илкимга бориб теккан бўлса! Нобакорлар буни ҳам ўғирлаган эканлар.
— Нечук? Бу хатни сизга ким берди?
— Отам...
— А?

Ҳамида бону воқеанинг тафсилотларини ҳикоя қилар экан, Ҳумоюн Низомнинг мана шу хат туфайли ашаддий душманлари қўлига қандай тушиб қолганини энди тахмин қила бошлади. Бу хат Алварга борган эмас, ҳамма ёвузлик Агранинг ўзида қилинган. Ҳамида бонулар Алвардан Аграга қайтгунларича Низом йўқолиб бўлган. Ҳумоюн уни бир ой қидиртириб, ҳеч қаердан топдиролмагач, дарёга чўкиб кетган, деган фикрга келган эди. Шунгача Низомнинг хатини яшириб юрган ғаламислар энди у ўлдига чиққанидан сўнг Ҳамида бонунинг ҳам адабини бериб қўйгилари келади. Низомнинг подшолик муҳри босилган мактубини кечаси қоронғида нотаниш бир киши Мирбобо Дўстнинг қўлига тутқизади, «қизингни тийиб ол!» деб ғўлдирайди-ю, ғойиб бўлади. Мирбобо Дўст қўлдан қўлга ўтиб эзғиланган бу хатни ўқиб, ундаги муҳаббат изҳоридан, айниқса, қизининг дарё соҳилида бегона йигит билан учрашганидан дарғазаб бўлади. Ҳамида бонуни қийин-қийноқларга солади. «Дадажон, ўлиб кетган бўлса арвоҳини ранжитманг, менда гуноҳ йўқ, у ҳам болаларча, соф муомалада бўлган» деб, Ҳамида бону отасига йиғлаб изоҳ беради. Кейин онаси орага тушади. Мирбобо Дўст хатни йиртиб ташламоқчи бўлганда, хотини, «ўлган одамнинг хотираси увол бўлмасин, менга беринг!» деб ялиниб, хатни ундан олади-ю, сандиқ тубига яширади. Аминат ёрдамида мактуб ахийри Ҳамиданинг қўлига тегади.

Ҳамида бону бу воқеаларни айтиб берар экан, кўзларида, ёш йилтиради. Ҳумоюн буни кўрганда бояги қизғанчиқ туйғулари энди ўзига ҳам жуда ноўрин ва уятли туюлди. Низомнинг бошига ёмон бир фалокат тушганлиги, уни Ҳамида билан учраштириш баҳонасида дарё бўйига олиб бориб ўлдириб юборганлари Ҳумоюнни энди ларзага солди. Ахир Низомнинг тақдири учун, аввало, Ҳумоюн жавобгар эмасмиди? Тажрибасиз ёш йигитга ҳокимиятни берган у эди-ку? Яхшилик қиламан деб, уни саройдаги ёмон муҳитнинг қурбонига айлантирганидан қандай бехабар қолди?
— Илоҳим Низом тирик бўлсин, — деди Ҳумоюн.— У бўлмаганда мен ўзим ҳозир тирик юрмас эдим.
— Балки тирикдир?... Қандоқ билиш мумкин? Унинг хотираси сиз билан менинг орамда тирик бир дарёдек оқиб турибдир. Шунча кундан бери ҳузурингизга келолмаганим — ана шу дарёни босиб ўтолмаганим сабабли эди, ҳазратим.

Ҳамида бонунинг қанчалик гўзал қалби борлигини Ҳумоюн унинг мана шу сўзларидан сезди. Ҳозир унинг ўзи учун ҳам Низомнинг хотираси муқаддас бир дарё бўлиб туюлди. Энди у ҳам бу дарёни оёқости қилиб босиб ўтолмаслигини, Ҳамида бону турган нариги қирғоққа бошқа бир йўл топиши кераклигини ҳис қилди. Балки бу йўл жуда узоқлардан айланиб келар ва ундан жуда катта сабр-бардош талаб қилар. Лекин Ҳамида бонунинг висолига тезроқ етишмоқчи бўлиб сабрсизланганлари ҳозир унинг ўзига енгилтаклик ва бачканалик бўлиб кўринди. Икковлари ҳам Низом хотираси олдида қарздор эканмилар, энди бу қарзни узишлари керак. Лоақал Низомнинг тақдири нима бўлганини аниқламай туриб, бир-бирларига астойдил кўнгил қўя олмайдилар. Ҳумоюн Ҳамида бонуга Низомнинг хатини қайтариб берар экан:
— Балки жавоб ёзарсиз, Ҳамида бону? — деди. — Агра томонларга яшириқча бориб келаётган одамларимиз бор. Тайинлаб бериб юборгаймиз. Низомнинг ота-онасига Секридан каттагина жогир берган эдик. Низомнинг тақдири қандай бўлганини улар бултурдан бери сўроқлаб билган бўлсалар керак. Бизнинг Аградан чиқиб кетганимизга ҳам етти ой бўлди. Кўнглим сезиб турибдир, одам юборсак, бирон хабарини топиб келгай.

Ҳамида бону Низомга ёзадиган хатининг қўлдан қўлга ўтиб юришини ўйлаб иккиланди.
— Ҳазратим, хат яна... бегоналар илкига тушишидан қўрқамен... Юрак олдириб қўйганимни билурсиз. Балки ўзингиз менинг номимдан ҳам... битиб юборарсиз?
— Майли, Низомга мен ҳам мактуб ёзай. Аммо сиз қўрқманг. Мактубингизни энг ишончли бир одамга бергаймиз. Сурғучлаб бекитгайсиз. Ҳеч ким очмагай. Ахир мактубга жавоб ёзиш — сизнинг бурчингиз. Тўғрими?

Ҳамида бону Ҳумоюннинг сўзларига ишонган каби бош ирғаб:
— Миннатдормен! — деди.

Ҳумоюн уни кўшкка бошлаб борди. Ҳамида бону гап-сўзлардан қўрқмай ичкарига дадил кирди. Ҳумоюн Жавҳар офтобачини чақириб пастки айвонга миз ва қоғоз-қалам олиб келишни буюрди. Ҳамида бонуни шу айвонга бошлаб кириб, қоғоз, сиёҳ ва қалам турган миз олдига ўтқазди-да, ўзи хонайи хосга чиқди ва Жавҳар офтобачига яна бир топшириқ берди:
— Филбон Лаъл Чандни чорланг! Тез!

То Лаъл Чанд келгунча Ҳумоюн ҳам миз ёнига келиб мактуб ёза бошлади:

«Менга туғушқонимдек азиз ва муҳтарам Низомиддин!

Худодан илтижо қилурменким, бу хат Сизнинг илкингизга бориб ецин. Бизнинг бошимизга тушган кейинги кулфатлардан хабарингиз бордир. Шулар туфайли Синдда армон-у алам ичида юрганимда бир сабаб билан Ҳамида бонуга ёзган мактубингиздан хабар топдим. Аралашишим лозим бўлмаган бу нозик муаммога фақат Сизни қидириб топиш ниятидагина аралашмоқдамен. Бунинг учун мени маъзур тутинг. Мактубингиздаги розлардан хижолат чекманг, чунки бу бораларда мен сизни ўзимдан юз чандон мусаффороқ ва маъсумроқ деб билурмен. Мен то умрим борича сиздан қарздормен ва кўнглингиз тилаган қандай иш илкимдан келса қилишга тайёрман. Агар даргоҳимизга қайтишни ихтиёр қилсангиз, бош устига, тақдирда неки бўлса бирга баҳам кўргаймиз...»

Айвонда ўлтириб хат ёзаётган Ҳамида бону эса ҳар икки сўздан сўнг бир тўхтаб қолар, Ҳумоюн ҳам шу бинода ўлтирганлиги хаёлидан нари кетмас, низом ҳаётми-йўқми, бундан қатъи назар, икки йигит уни икки ўт орасига ташлаётгандай қийнар эди. Бугунги ҳаяжонли гаплардан сўнг Ҳумоюн унга сирдошроқ туюлар, шунинг учун қиз Низомга:

«Қадрдон оғам ўрнидасиз, — деб ёзмоқда эди.— Орамиз нурдай пок. Фақат менга ёзган мактубингиз туфайли бошингизга оғир кунлар тушмадимикин деган изтиробдамен». Ҳамида бону мактубни қачон ва кимдан олганини баён қилди: «Сизнинг ёғий илкига тушишингизга мен ҳам сабабчи бўлганим учун руҳий азобдамен, — деб давом этди. — Илоҳим ҳаёт бўлинг».

Ҳамида бону қисқагина мактубини тугатиб, ўрнидан турганда Ҳумоюннинг муншиси айвонга таъзим қилиб кирди. Ҳамида боя хат ёзганда кўтариб қўйган ҳарир пардани яна юзига туширди. Муншининг қўлидаги сопол идишда хиёл буғланиб турган иссиқ сурғич бор эди.
— Мактубни ёзиб бўлдингизми, бону? — сўради мунши. — Ҳазратим менга сурғучлашни буюрдилар.

Ҳумоюн Ҳамидани алоҳида жойда ёлғиз қолдириб, истаганича эркин мактуб ёзишга имкон бергани ва мактубини ҳеч ким ўқиёлмайдиган қилиб дарҳол сурғучлатгани қизнинг унга бўлган эҳтиромини янада оширди. Ҳамидани кўпдан бери эзиб юрган ички дард энди оғир тошдай дилидан кўчиб гўё қоғозга тушди ва шу билан руҳига катта бир енгиллик берди.

Бу орада Ҳумоюн ҳам мактубини ёзиб бўлган экан, мунши уни ҳам сурғучлади. Шу орада Жавҳар офтобачи филбон Лаъл Чандни бошлаб келди. Ҳумоюн ҳар иккала мактубни муншининг қўлидан олдида, Ҳамида бонуни ўзининг хонайи хосига бошлаб кирди. Сўнг Лаъл Чанднинг бир ўзини чақиртирди.

* * *

Бундан ўнг тўрт йил аввал Ғозихоннинг қутқуси билан Бобур аскарларини ўрмонда адаштириб ҳалок қилмоқчи бўлган Лаъл Кумар кейинчалик Лаъл Чанд номи билан Ҳумоюн хизматига кирган эди. Гужаратда Баҳодиршоҳ билан бўлган жангларда Лаъл Чанд минган жанговар фил душман филларининг бирини ўмрови билан уриб ва икки оёқлаб тепиб қулатганини, иккинчисини тишлари билан уриб қочирганини Ҳумоюн ўзи кўрган эди. Шундан бери Лаъл Чандни ўзига хос филбон қилиб олган, Ганга бўйида Чаусада ҳам бу одам унинг Шерхон асоратидан қочиб қутулишига ёрдам берган эди. Лаъл Чанднинг табиб акаси Байжу ўғил-қизлари ва неваралари билан Агра атрофларида истиқомат қиларди. Саккиз ойдан бери Ҳумоюн билан бирга мусофиротда юрган Лаъл Чанд жигарбандларини жуда соғинган, улардан хабар олиб келиш учун «ҳали шошманг, вақти-соати келганда сизни ўзим чақиртиргаймен», деган эди.

Ҳозир подшо чақиртирганидан умидга тўлиб шоша-пиша етиб келган Лаъл Чанд қўлини жуфтлаб боши узра қўйганича таъзим қилди-да:
— Буюринг, ҳазратим! — деди.
— Соҳиб Чанд, сиз Аграга бориб келмоқчи эдингиз. Бироқ Аграда ҳозир Шершоҳ ҳукмрон. Йўллар хатарли...
— Xатарни энди кўрмоқдамизми, ҳазратим! Мен Лахўрга бориб юрмасдан, Ажмирга ўтиб, ундан аграга бормоқчимен. Савдогар қиёфасига кириб филимга бозоргир моллардан юклаймен.
— Саҳро орқали юрсангиз балки филдан кўра туя маъқулдир?
— Менинг филим саҳрода ҳам яхши юргай! Ҳозир салқин, туядан кўра филда тезроқ бориш мумкин.
— Тахминан неча кунда бориб қайтгайсиз?
— Бу ердан Аграгача Ажмир орқали салкам беш юз мил. Ҳар куни ўттиз-қирқ милдан юрганимда... нари-бериси билан... бир ойда келурмен.

Ҳумоюн елкасига олаётган юки бениҳоя оғир эканини бирдан сезиб қолгандай гавдаси майишиб:
— Ўҳ! — деди ва ёрдам кутгандай Ҳамида бонуга мўлтираб қаради. «Наҳотки бир ойгача филбоннинг йўлига қараб, бир-биримиз билан учрашолмай юргаймиз?» деган саволни қиз фаҳмлади. «Начора, бошқа илож йўқ!» демоқчи бўлиб, қиз жавоб қараш қилди. Ҳумоюн қизнинг сўз билан айтолмаган жавобини қатъиятли нигоҳидан пайқади. У Ҳамиданинг хоҳишига қарши боролмай оғир тин олди-да, яна филбонга юзланди.
— Сиз Низомни билар эдингиз. Бедарак кетгани бизни ҳалигача изтиробга солмоқда.
— Ўзи ҳам ажойиб йигит эди, — деб ачиниб эслади Лаъл Чанд.
— Сўнгги ойларда эҳтимол бир хабари чиққандир,— давом этди Ҳумоюн. — Секри томонда ота-оналари турса керак. Аввал уларни топинг. Агар улар орқали Низомни топсангиз, мана шу иккита мактубни илкига беринг-у бизга жавобини олиб келинг.

Лаъл Чанд мактубларни таъзим билан икки қўллаб олди:
— Буларни шундай махфий тутингки, сиз-у низомдан бошқа бирор одамнинг илки ҳам тегмасин, назари ҳам тушмасин!

Ёши қирқ бешларга бориб, узун соқол қўйган, лаблари ва ияги атрофидаги соқол-мўйлабининг бир қисми оқарган Лаъл Чанд кўпни кўрган тажрибали одам эди. Узоқ йўлда унга пул керак бўлишини биладиган Ҳумоюн хазиначини чақириб икки ҳамён олтин бердирди.
— Бири ўзингизга, — деди, — савдогар қиёфасида борсангиз пулсиз иш битиролмагайсиз. Иккинчи ҳамённи эса Низомга бергайсиз. Xазинада унинг кўп олтинлари қолган. Керак бўлса яна олиши мумкин.
— Мабодо, Низомни тополмасам-чи? — деб сўради Лаъл Чанд.
— У ҳолда мактубларни қайтиб олиб келгайсиз, токи сурғучлари бузилмаган бўлсин! — қатъий қилиб деди Ҳумоюн.
— Жонимни гаровга қўйиб бўлса ҳам буйруғингизни бажаргаймен! — деди Лаъл Чанд ва орқаси билан юриб чиқиб кетди. Шундан сўнг Ҳамида бону Ҳумоюнга миннатдор кўзлари билан тикилди-да:
— Олижаноб иш қилдингиз, ҳазратим! — деди. — Энди менга ижозат беринг. Дилдор бегим кутиб қолдилар.

Ҳумоюн уни боққа кузатиб чиқди.
— Аградан хабар келгунча... хайр! — деди қиз.
— Ҳамида бону, Низомга оид гап орамизда қолгани дуруст.

Ҳамида бонуга бу таклиф маъқул тушди. Уйларига қайтаётганларида, Дилдор оғача унинг нима қарорга келганларини сўради. Ҳамида бону Ҳумоюндан бир ойга муҳлат сўраганини, ҳазрат шунга кўнганини айтди. Бошқа гапларни қиз ҳатто онасидан ҳам сир тутди.

* * *

Икковлари орасидаги бу сир Ҳамиданинг дилига тушган учқун бўлди-ю, илгари сокин турган туйғуларини аланга олдира бошлади. Ҳумоюн боғда ўзини қандай тутгани, шийпонда нималар дегани, кўшкка кирганда айтган гаплари — ҳаммаси Ҳамиданинг хотирасига минглаб суратлардек нақшланиб қолган эди. Энди қаерга бормасин, нима иш қилмасин, ана шу суратларнинг гоҳ униси, гоҳ буниси кўз олдидан беихтиёр ўтиб туради. Йигитнинг эҳтиросли овоз билан, «дунёда ҳеч бир қизни мен бунчалик интизор бўлиб кутмаган эдим», деган сўзлари қулоғига қайта-қайта эшитилади. Ҳар эшитилганда қизнинг дилини яйратиб, ўзидан ифтихор қиладиган даражадаги мамнуният бағишлайди, Ҳамида ўзини энг толейи баланд бир қиздек сезади. Лекин хатарли сафарга кетган филбон Лаъл Чанд эсига тушганда ва Ҳумоюннинг Бҳаккардаги ишлари кун сайин чигаллашиб бораётганини эшитганда, «нечун Низомнинг мактубини ўртага солдим-у шунча ташвиш орттирдим?» деб ўзидан норози бўларди. Кўнгли мунча нозик бўлмаса нима қиларкин? Рост, Низом унутиб бўлмайдиган йигит эди, Ҳамида ҳозир ҳам унинг хотирасини беҳурмат қилиб босиб ўтолмаслигини сезади. Шу бир ой тезроқ ўта қолса экан, деб кун санайди-ю, ташқи оламда бўлаётган ва ўзларининг тақдирларига таъсир қиладиган воқеаларга ҳар қачонгидан ҳам ортиқ бир мароқ ва изтироб билан қулоқ солади.

Шершоҳ Панжобни олиб, энди жануби ғарб томонларга қўшин тортгани, унинг лашкари ҳозир саксон мингдан ҳам ошиб кетгани Ҳамида бонуга Ҳиндол мирзонинг қароргоҳида бўлаётган гап-сўзлардан маълум эди. Ҳумоюннинг эса бек-у навкарларидан анчаси қочган, яна бир қисми Комрон мирзо томонига ўтиб кетган, ҳозир Бҳаккарда тўрт мингга яқин одами қолган.

Ҳумоюннинг атрофидаги адоват ҳалқаси сиқилиб келаётганини, Бҳаккардаги Самандар боғи оромбахш бўлса ҳам, лекин дарёнинг ўртасида жойлашганлиги учун қуршовда қолиши осонлигини Ҳамида бону ҳам сезиб хавотирланарди. Шунинг учун Ҳумоюн ўз қароргоҳини Бҳаккардан жануброққа — Потҳур деган жойга кўчирганда Ҳамидалар ҳам Ҳиндол мирзонинг одамлари қаторида дарҳол ўша мавзега йўл олдилар. Ёнидаги қум саҳросини қуруқ шабада эсиб турадиган, суғориладиган ерларида ҳурмолардан ташқари анорлар ҳам ўсадиган бу хушҳаво мавзеда Ҳумоюн далв[39] ойининг охирларигача туриб қолди. Ҳиндол мирзо акасига яқин жойга чодир тиккан, Ҳумоюннинг баландликда турган хиргоҳ ва боргоҳлари Ҳамидаларга яхши кўриниб турарди.

Филбон Лаъл Чанд қайтишига ваъда қилган бир ой тугаб бормоқда. Кун санаб юрган Ҳамида: «Филбон Бҳаккарга келса биз йўқмиз, тополмай сарсон бўлиб юрибдими?» деб изтироб чекади.

Бироқ Потҳур Лаъл Чанд ўтиб келадиган Тар саҳросига Бҳаккардан кўра яқинроқ эди. Бу ерда тўрт минг одами билан Ҳумоюн келиб тушганлиги атроф қишлоқларда аллақачон овоза бўлган. Ана шу овозаларни йўлда келаётиб эшитган Лаъл Чанд Потҳурни тез топди. Ҳумоюннинг боргоҳи турган баландликка томон филини қистаб ҳайдаб ўтаётганда Ҳамида бону уни кўриб қолди.

Орадан бирор соат ўтар-ўтмас Ҳумоюннинг қароргоҳидан Моҳим биби деган ўттиз ёшлардаги жувон Ҳамида бонуни йўқлаб келди. Бу жувоннинг эри Надимбек Ҳумоюн билан бир онани эмган кўкалдош, оға-инидек бирга ўсиб энг яқин мулозимига айланган, Моҳим биби ҳам шу туфайли подшога яқин келиндек бўлиб қолган.
— Ҳазратим илтимос қилдилар, ҳозир бизникига борар экансиз.
— Нечун сизникига? — тушунмади Ҳамида бону.
— У кишининг ўзлари ҳам бизникига келмоқчилар.

Демак, Ҳумоюн иниси Ҳиндолнинг ғашлик қилишини сезиб, бу томонларга келмаган.

Ҳамида онасидан Моҳим бибиларникига бирров бориб келиш учун рухсат олди-да, Моҳим биби билан йўлга тушди. Ҳар бир қадамида: «Низом тирикмикин? Бу ёғи энди нима бўларкин?» деган саволлар хаёлидан ўтиб турарди. Моҳим бибиларнинг чўғдай ясатилган кенг ва ёруғ шомиёнаси тўрида Ҳумоюн уни кутиб ўтирган экан. Ҳамида бону эшикда кўриниши билан ўрнидан турди.
— Қадамингиз қутлуғ бўлсин, Ҳамида бону, бу ёққа марҳамат қилинг! — деб, ўнг томонига тўшалган зарбоф кўрпачани кўрсатди.

Ҳамида бону тортиниб Моҳим бибига ўгирилган эди, у ҳам:
— Ўтинг, ўтинг — деб, қизни ўша зарбоф кўрпачага ўтказди-да, — мен ҳозир! — деб, орқаси билан юриб чиқиб кетди.

Икковлари қолганда Ҳумоюн Ҳамидага тўрт букланган бир варақ қоғозни берди:
— Лаъл Чанд олиб келган мактуб. Ўзингиз бир ўқинг!

Ҳамида бону оёқларини тақими остига йиғиб одоб билан ўлтирган куйича мактубни титроқ қўллар билан очди. Низомнинг дастхатини танигандай бўлди.
— Наҳотки? — деб аввал хатнинг тагидаги имзога қаради. «Низом» деган имзони кўргач, — хайрият, тирик экан! — деб энтикди.

Ҳумоюн ҳам яқин бир кишиси тирилиб келгандай қувониб гапирди:
— Сиз сабаб бўлдингиз-у, ҳақиқатни билдик, Ҳамида бону!

Ҳамида хатни синчиклаб ўқий бошлади:

«Унутилмас оғам мирзо Ҳумоюн!

Ўзингиз оғир кулфатларни бошдан кечириб юрган кунларингизда мени ёд этиб махсус одам юборганингиз мажруҳ дилимга малҳам бўлди. Сизнинг мактубингизни ҳам, Ҳамида бонунинг жавобини ҳам йиғлаб ўқидим. Тож-у тахт қандай бало эканки, ҳаммамизга шунча бахцизликлар келтирди. минбаъд мен шоҳлик даргоҳларига қадам босмасликка аҳд қилдим...»

Низом Афзалбек деган мушрифга иш буюрганини, давлатни бошқаришда тажрибаси йўқ одамни саройдаги малъунлар қандай алдаб қўлга туширганларини, кечаси ўрмонда уни аёвсиз пичоқлаб, уриб, ўлдиргандан баттар қилганларини ёзган эди. Йўқолган молларини қидириб чиққан бир деҳқон зийрак итлари ёрдамида қоронғида Низомни беҳуш ётган жойидан топиб олади. Бақувват йигит бўлган Низом ҳали жон бермаган экан. Раҳмдил деҳқон унинг яраларини боғлайди, ўғли ёрдамида уйига олиб бориб, қўлидан келганича муолажа қилади. Қишлоқ табиби унга ёрдам беради. Низом гоҳ ҳуд, гоҳ беҳуд бўлиб узоқ ётади. Сал ўзига келиб тилга кирганда, «мени яширинглар, ҳеч кимга айтманглар» дейди. Ўша ғаламислар билиб қолса яна келишларидан қўрқади. Низом отини ҳам яширади, исмини сўраганларга «Салим» дейди. Ҳозир туриб юрадиган бўлган Низом шу кунларда ота-онаси билан Ажмирда экан, ўтирган жойида сават тўқиб тирикчилик тебратар экан. Лаъл Чанд уни табиб акаси Байжу ёрдамида зўрға топибди.

Ҳумоюн филбон билан юборган минг танга олтин Низомнинг оғир кунига жуда асқатади. Душманлари ўшанда уни нағалли пошналари билан тепиб умуртқасига зарар етказган экан. У ҳалигача ҳассага суяниб юрар, Ҳумоюндан келган пулнинг бир қисмини ота-онасига бериб, қолганига муолажани давом қилдирмоқчи эди.

«Ўшанда шоҳлик ғурурига берилиб қилган хатоларимдан ҳали ҳам пушаймонмен, — деб давом этган эди Низом ўз мактубини. — Ҳамида бонуга ёзган хатим жуда пок ва самимий эди. Фақат нопок одамлар шу туфайли бонунинг дилига озор етказган бўлсалар, мен узр сўрайман. Ёшлик шўхликларим учун шунчалик қаттиқ жазоландим. Ҳамида бону ўз жавобларида менга «оға» деб мурожаат қилибдирлар. Мен ҳам Ҳамида бонуни қиёматлик синглим деб билурмен. Икковларингизга чин дилимдан бахт тилаймен.

Дуойи салом билан қиёматлик инингиз Низом».

Ҳамида бону хатни ўқиб бўлганда қарама-қарши туйғулар гирдобида қолди. Аввал Низомнинг тирик қолганидан қувонган бўлса, сал ўтгач, унинг ўрмонда қандай пичоқланган ва топталганини кўз олдига келтириб даҳшатга тушди. Аралаш-қуралаш туйғулар гирдобини тиғдай ёриб ўтган туйғу — Низомни шу кўйга солган душманларга қарши интиқом истаги бўлди-ю, Ҳамида бону ёшли кўзларини Ҳумоюнга тикиб, ўпкаси тўлиб сўради:
— Ҳазратим, бу Афзалбек деган мушриф жазосини олмагайми?
— Афзалбекни излаб тополмадик. Ҳозир Кобулда инимиз Комрон уни ўз қаноти остига олиб юрган эмиш.
— Саид Xалил-чи?
— Лаъл Чанднинг айтишича, Аграда уни Шершоҳ зиндондан бўшатиб, яна катта диний лавозим берибдир. Бу дунёда маккор-у уддабуронларнинг ошиғи доим олчи, Ҳамида бону!
— Илоҳим қилган ёмонликлари худодан қайцин! Аммо Низомни... тутинган оғам деб эдим... Бу мактубини ўқиб унинг улуғ қалби олдида сажда қилгим келди.

Ҳамида бону Низомнинг арзонгина қоғозга ёзилган мактубини очиқ тутган ҳолда унинг сатрларини эъзозлаб кўзига сурди-ю, Ҳумоюнга таъзим билан қайтарди.
— Менга ҳам Низом... қиёматлик ини! — деди Ҳумоюн, сўнг мактубни секин қатлаб, боши устига, салласи қатига жойлади.

Икковларидаги бу якдиллик, яхшиликни бу даражада сева олиш қобилияти ҳамида бонунинг Ҳумоюнга бўлган яширин меҳрини бирдан аланга олдириб ошкор қилиб қўйди. Қиз уят аралаш эҳтирос билан шивирлади:
— Мардлигингизга тан бердим... Энди ихтиёрим сизда!

... Эртаси куни қизнинг ота-онасидан ҳам розилик олинди. Ҳозирги аҳвол дабдабали тўйларга имкон бермас эди. Мавкаб учун ош тортилди, ёш-ялангларга ширинликлар улашилди. Аммо чоғир мажлисига Ҳумоюн рўйхушлик бермади.

Сўнгги пайтларда Ҳумоюн май ичишни бас қилган, бир чети Низомга бориб тақаладиган ҳалол-у пок туйғуларга майни аралаштиргиси келмас эди. Бир ойдан бери у маъжун ва афюн ейишларни ҳам тўхтатган эди. Покиза ва бокира қиз билан қўшилишдан олдин йигит киши ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида Ҳумоюнга доно одамлар илгари кўп гапларни айтишган, аммо у биринчи никоҳлари пайтида бу гапларга эътибор бермаган, май ҳам ичган, афюн ҳам еган эди. Ҳозир шунинг ҳаммасини эслаб, «еҳтимол, биринчи ўғлимнинг ночор туғилганига ва узоқ умр кўролмаганига ўзим ҳам айбдордурмен?» — деган ўй кўнглига келди. Ҳумоюн йигирма яшарлигида, яна ўғил кутиб юрган пайтда раҳматли отаси бир кун у билан ёлғиз қолиб сирдош дўстдек сўзлашган эди.
— Фарзандни худо бергай, ўғлим, лекин тангрим уни ота-онанинг меҳр-у муҳаббатидан яратгай. Бу меҳр қанчалик гўзал бўлса, бола ҳам шунчалик чиройли туғулгай. Наслинг соғлом, бақувват бўлсин десанг, маст-аласт пайтингда зинҳор ҳарамга кирма. Суяк суради, дейдилар. маъноси шуки, ота-онадаги фазилатлар ҳам, нуқсонлар ҳам болага ўтгай. Нуқсларим боламга урмасин десанг, умрингнинг энг масъуд, пок дамларида фазилатларинг барқ уриб, нуқсонларингни босиб кетган пайтларда висолга боргин.

Отасининг шу гаплари ҳозир Ҳумоюнга худди ўз дилидан эшитилаётгандай бўларди. У беш-олти ойдан бери уруш-юришларга бормай, Самандар боғида, дарё салқинида куч йиғди. Потҳурга келгандан бери у ўзини қушдай енгил сезади. Бу ерга қуруқ қум барханларининг ҳавоси келиб турар, Ҳумоюн вужудига алоҳида бир кучқувват қуюлиб келаётганини сезар, шу кунларда сакраса қўли юлдузга етадигандай туюларди.

У Ҳамида бонуга аталган муҳаббатини мана шу масъуд ва юксак бир йигитлик куч-қувватининг қанотлари устида олиб юришга аҳд қилган.

Кенг кўкаламзорда келин-куёв учун саккизта махсус чодир тикилди-ю, уларнинг атрофи улкан саропарда билан ўраб олинди. Саодат уйи деб аталган чодирда Ҳумоюн билан Ҳамида бонуга никоҳ ўқилди. Энг тўрдаги хилват чодир — мурод уйи. Унга олтин билан зийнатланган кат қўйилган, икки кишилик тўшак солинган. Парда ортида ёлғиз шам ёниб турибди. Ҳамида бону юпқа муслин[40] кўйлакда атиргул суви сепилган нафис шоҳи тўшакка қўрқа-писа кирди. Янгалар унга биринчи кечалар қийин бўлишини айтишган. Никоҳдан олдин иккови ҳам ҳаммом қилишган. Ҳумоюн қизни майин ва нафис ҳаракатлар билан силаб эркалатар экан, ундан ғунчани эслатувчи бир ҳид келаётганини сезди. Белидан секин қучиб ёноғидан ўпди-да, шивирлади:
— Ҳамида бону, ўхшатмасдан учратмас деганлари рост экан. Икковимизнинг ҳам она томондан бувиларимиз хуросонлик тожиклар бўлган. Тожик тили бизнинг қонимизда туркий тил била умрбод бирга яшайдир.
— Рост!
— Шу сабабдин бўлса керак, сизга аталган рубоий дафъатан форс-тожик тилида хаёлимга келди. Айтайми?
— Айтинг! — пичирлади қиз.

Дар дил ҳаваси лаъли ту дорам — мастам,
Дар сари ҳавас қадди ту дорам — пастам.
Саргашта диле ба тори зулфат бастам,
То дил ба ту басам, аз ғам ворастам[41].

Форсий тилни нозик товланишларигача яхши биладиган Ҳамида Ҳумоюннинг қаддига қадди пайваста келиб турган пайтда айтилган бу шўх, серзавқ шеърдан эриб кетди-ю, аввалги қўрқувларини унутди. Ҳумоюннинг қулоғига дудоғини яқин келтириб:
— Бу шеърнинг завқидан мен ҳам мастмен! — деди.

Кучга тўлган залворли йигит унинг завқдан эриб турган пайтидан фойдаланди. Ҳамида бону иҳраб юбормаслик учун тишини-тишига қўйди, оловли бир оғриқ кўзларидан учқун бўлиб сочилиб кетди. Назарида ер-у кўк зилзила пайтидагидек тебранди. Бу қанча вақт давом этганини билмайди. Бир вақт елкасидан тоғ қулаб тушгандай енгил тортди. Йигит оғир-оғир нафас олиб ёнида ётарди. Одат бўйича Ҳумоюн эрта туриб, саропардадан чиқиб кетиши, қиз куни бўйи янгалар билан қолиб дам олиши, куёв унинг олдига кечқурун қоронғи тушганда қайтиши керак эди. Ҳумоюн Ҳамидадан бир лаҳзага бўлса ҳам ажрагиси келмади-ю, аммо хизмат қилиб юрганлардан уялди, тонг қоронғисида чиқиб кетганича уч-тўрт соат давлат ишлари билан шуғулланди, пешин намозидан сўнг хиргоҳга кириб ухлаб олди.

Кунлар қисқа эди, ҳадемай офтоб ҳам ботди. Ғира-шира қоронғиликда Ҳумоюн саропардага кириб келар экан, Ҳамида бонуни бир йил кўрмагандай соғиниб қолганини сезди.

Иккови бир ёстиққа бош қўйганда Ҳумоюн ундан покиза бир ис — она сутини эслатувчи ҳид келганини сезар, бу гал эр-хотинлик унга фақат лаззат эмас, балки бўлажак фарзанд ва бўлажак она олдидаги муқаддас бурч бўлиб туюларди. Орадан кунлар ўтиб, иккови янги ҳаётга ўргана бошлаган-да, очилиб гаплашадиган бўлишди.
— Лахўрда мен бир туш кўрганмен, — деб юрак сирини айтди Ҳумоюн, — бошдан оёқ яшил кийим кийган мўйсафид қўлимга битта ҳасса берди. «Ўғил кўрсанг отини Акбар қўйгин», деди. «Ўзингиз кимсиз?» десам, отим Аҳмаджон Зиндафил деди. Туш ўнг келса-ю, зора шу ўғил иккимизники бўлса, Ҳамида...
— Мен Аграда оқ филни туш кўрган эдим. Энди билсам... бу сиз экансиз!

Ҳамида бону туши ўнгидан келгани учун ўзини бахтиёр сезмоқда эди. Ундаги бахт туйғуси Ҳумоюнга ҳам ўтиб, уни алланечук кўтариб юборди, яна шеър айтгиси келиб:
— Ҳамида, — деди, — шеърдагидай «сен» деб сўзласам майлими?
— Бажонидил!
— Бевафо чархнинг дастидан хонумонлар вайрон бўлди. Сарой-ю қасрларда дилим бунчалик шод бўлмаган эди, Ҳамида! Яхши кўрган ёрининг васлига етган дил қувғинда, чайлада яшаганда ҳам шоҳона саройларда яшагандагидан хуррамроқ бўла олар экан. Сенинг бокира ғунчанг очилиши билан менинг жон-у жаҳоним янгиланиб кетдиCite error: Closing </ref> missing for <ref> tag устига ўз одамини чиқартириб, қаттиқ-қаттиқ гапиртирди:
— Мирзо Ҳумоюн, беҳуда қон тўкилмасин десангиз, Синд вилоятидан яхшиликча чиқиб кетинг! Шоҳ Ҳусайн жаноблари сизга беш кун муҳлат бер-дилар. Шу кунлар ичида туз ҳақини сақлайдирлар[42]. сиз ҳужум қилмасангиз сизга тегмайдирлар. Аммо қилич яланғочласангиз оқибати учун ўзингиз жавобгар бўлурсиз!

Дарё томондан эсиб турган шабада мурчал устидан айтилган бу таҳдидли сўзларни Ҳумоюннинг қулоғига баралла етказди. У ўз ёнидаги жанговар амири Турдибекка савол назари билан қаради.
— Ҳиндол мирзо кетиб қолмаганда бу гапларга қулоқ солмай ҳамла қилардик, — деди Турдибек. — Лекин ҳозир одамимиз оз.

Ҳумоюн иниси Ҳиндолни оғир бир хўрсиниш билан эслади. У Ҳамида бонуни никоҳига олгандан кейин иниси билан икковининг орасига яна со-вуқчилик тушди. Ҳиндол Қорачахон деган амири билан Қандаҳорга кетаман деб туриб олгач, Ҳумоюн ноилож розилик берди. Иниси мингга яқин бек-у навкарини ўзи билан олиб кетаётганда Ҳумоюннинг одамларидан ҳам анчаси унга эргашди. Чунки етти ойдан бери саргардон бўлиб қувғинда юриш уларнинг жонига теккан, Синдда қимматчилик бошланган, дон топиш қийин, навкарлар Ҳумоюн берган маош билан тирикчилик тебратолмай қолган эди. Қандаҳор томонларда дон-дун арзон деб эшитган бек-у навкарлардан мингга яқини Ҳиндол мирзо билан кетди.

Ҳумоюннинг қўшини бир неча кун ичида икки баробар камайиб кетганини шоҳ Ҳусайн арғун билар, шу важдан ҳам ошкора таҳдид қилмоқда эди. Ҳумоюн:
— Энди бу итнинг оғзидан суяк олиб бўлмас, — деди-ю, Бҳаккардан умидини узиб, яна Потҳурга қайтди.

Кечқурун беклар билан машварат қилди-ю, беш кунлик йўл бўлган Жоудҳпурга рожа Мал Деванинг ҳузурига отакахон деган бекни қимматбаҳо совғалар билан элчи қилиб юборди. Ҳумоюн рожа Мал Девага ёзган мактубида Шершоҳга қарши иттифоқ тузишни таклиф қилган ва муваққат қароргоҳи учун Жайсимир ёки Биканир деган қалъалардан бирини сўраган эди. Элчи Ражастхон саҳросидан ўтиб, Жоудҳпурга бориб келгунча ўнг кун ўтди. Бу орада Ҳумоюн ўз қароргоҳини Потҳурдан Жайсимир томонга кўчирган эди. Рожа Мал Дева Ҳумоюннинг таклифини қабул қилган, унга Биканир қалъасини бермоқчи бўлган, мақсадининг жиддийлигини исбот қилиш учун Отакахонга ўз одамини қўшиб, бир туя зўрға кўтарадиган ашрафий[43] тангалар ва лаъл билан зийнатланган совут пешкаш қилган эди.

Ҳумоюн Тар саҳроси орқали Мал Дева ваъда қилган биканир томонга йўл олди.

Бу орада жавзо ойи кирган, ҳинд иссиқлари устига саҳро жазирамаси қўшилиб, йўл юришни қийинлаштирар эди. Ҳамида бону оёғи қумга ботиб қийнаиб бораётган отга гоҳо боши айланганини сезиб, эгарни маҳкам ушлаб оларди. Кўнгли нуқул аччиқ анорга сус кетарди. Ҳумоюн буни ундан кечаси чодирда ёнма-ён ётганда эшитди-ю, «Бошқоронғи бўлмаганмикин?» деб ўйлади.

Интиҳосиз қумтепалар орасида аччиқ анор топиш осонми? Лекин Ҳумоюн Қандаҳордан келаётган туя карвонларига одам юбориб йигирма дона ширин-туруш анор топтирди. Ҳамида уч-тўрт кун шу анорларнинг шарбатидан ичгач, бош айланишлари қолди. Илгариги чавандозликлари қайтиб келиб, отда бемалол юрадиган бўлди.

Ҳиндистон ўзи иссиқ мамлакат, Тар саҳроси эса шу мамлакатнинг энг иссиқ жойи ҳисобланади.

Жавзо ойида Агра томонларда ёмғир фасли бошланган бўлса ҳам, Тар саҳросида осмон очиқ, ҳаммаёқ куйиб ётибди. Қумтепаларнинг терскай то-монида саксовул ва янтоқдан ташқари ҳиндлар жаҳону деб атайдиган юлғунсимон ўсимлик, пхоч номли буталар тўп-тўп бўлиб, ерга қапишиб ўсади. Улар Биканирга етмасларидан энг иссиқ саратон ойи ҳам кирди.

Ҳумоюн ҳомиласи бор Ҳамида бонудан хавотирланар, подшога соябон тутиб юриши керак бўлган Беҳбуд чўпондорни ҳам бегимга соябон тутиш учун ажратган эди. Надим кўканинг хотини Моҳим биби, Шамсиддин қўрчининг хотини Жажжи биби ва яна қанча аёллар ҳам ҳомиладор эдилар. Ҳумоюн саҳрода танқис бўлган сувни ҳам, егуликларни ҳам биринчи навбатда бўлажак оналарга беришни буюрган, йўлда уларга ҳамма керакли хизматларни қилиб, асраб-авайлаб бориш Xўжа Муаззам бошлиқ юзта энг со-диқ одамларга топширилган эди. Лекин улар ҳам нафасни қайтарадиган қум бўронларида, одамни жизғинак қилиб куйдирадиган саҳро офтоби остида бечора аёлларга қандай ёрдам беришларини билмас эдилар. Бирдан бир умидлари — тезроқ рожа Мал Дева ваъда қилган Биканирга етиб бориш ва унинг соя-салқин дарахтзорларида жон сақлаш эди. Тоқатлари тоқ бўлиб «ертага Биканирга етгаймиз» деб бораётган пайтларида Жоудҳпур шаҳри томондан туя минган салобатли бир мўйсафид чиқиб келди ва Ҳумоюнга зарур гапи борлигини айтди. Турдибек уни Ҳумоюннинг қаршисига олиб келган эди, мўйсафид туясини чўккалатиб ерга тушди-да, отлиқ турган Ҳумоюнга таъзим қилиб яқин келди. Паст товуш билан:
— Ҳазратим, холи қолинг, зарур гапим бор, — деди.— Мен шайх Асадулломен, мухлисингиз, мулла Сурх мени ҳузурингизга юборди. Ҳаётингиз хавф остида! Тезроқ чора кўрмоқ керак!

Ҳумоюн атрофидагиларга «кетаверинглар» ишорасини қилдида, қумтепа ортида Асадулло билан ёлғиз қолди. Шунда мўйсафид қўйнидан битта хат олиб унга берди:

Мулла Сурх китобдордан.

«Ҳазратим, Сиздан кўрган яхшиликларим ҳаққи рожа Мал Деванинг асл ниятини ошкор қилмоқчимен. Мен ҳозир унинг саройида хизматдамен. Шершоҳдан Мал Девага махфий мактуб келганидан аниқ хабарим бор. Рожа Мал Дева Шершоҳ билан ёвлашишни истамайдир, бир иш қилиб, унинг кўнглини олиш ва ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш ҳаракатида. Шершоҳ Мал Девага одам юбориб: «Агар Ҳумоюнни тутиб берсангиз, кўнглингиздаги ишни қилай, Алварни ҳам, Наирни ҳам ихтиёрингизга берай», деб шарт қўйган. Мал Дева бу шартни қабул қилган. Сиз билан иттифоқ тузгани макр-у ҳийла, холос. Зинҳор Мал Деванинг вилоятига қадам босманг. Агар у сизга йўл кўрсатувчилар юборган бўлса, тафтиш қилиб кўринг. Сизни тутиб келтириш учун махфий одамлар тайинлаганидан хабардормен.

Сизга эътиқодим зўрлигидан бу мактубни ёздим, аммо нечоғлик хатарли ишга жазм қилганим ўзингизга маълумдир, шу боис бу мактубни шайх Асадуллога қайтаринг, токи ёндириб ташласин.

Мухлисингиз мулла Сурх»

Ҳумоюн хуросонлик тожиклардан бўлган мулла Сурхни яхши биларди. Онаси Моҳим бегимга унинг қариндошлиги бор эди. Нақд ўлимдан қутқарган садоқатли мулла Сурхга дил-дилдан миннатдорчилик сезди. Лекин энди қаёққа борсин?!

Шайх Асадулло таъзим билан хатни қайтариб олдида, қўйнидан чақмоқ, пилта чиқарди. Иссиқ қумтепа олдида пилта тез ёнди. Ҳумоюн ёниб кул бўлаётган мактуб билан бирга рожа Мал Девага бўлган ишончидан ва соя-салқин жойларга етиш умидидан ҳам ажралди.
— Бизга қилган яхшилигингиз худодан қайцин, жаноб Асадулло, энди шу хизматни охирига етказинг. рожа Мал Дева бизга роҳбин[44] қилиб юборган жосусларни тутишга ёрдам беринг.
— Аммо улар мени кўрмаслиги керак.
— Бўлмаса номларини айтинг.
— Бири Жобир. Иккинчиси рожпутлардан. Оти эсимда йўқ.

Шайх Асадулло чўк тушиб турган туясига минди-ю, уни ўрнидан турғазди:
— Xайр, ҳазратим, худо ҳофиз! — деганича келган томонига қайтиб кетди.

Ҳумоюн отини қистаб ҳайдаб Турдибекка етиб олди, уни четга чақириб, воқеани секин айтиб берди. Турдибекнинг ранг-қути ўчди-ю:
— Мал Дева юборган роҳбинларни ҳозироқ туттиргаймен! — деди ва олдинга қараб от чоптириб кетди.

Аёллар ва уларни қўриқлаб юрган навкарлар орқароқда эди. Турдибек иккита роҳбинни тўртта навкарга туттириб Ҳумоюннинг олдига олиб келгун-ча Ҳамида бону ва унинг ёнидаги отлиқ аёллар ҳам яқинлашиб қолишди. Ҳумоюн отда туриб роҳбинларни сўроқ қилаётганда Жобир дегани ўзининг жосуслиги фош бўлганини, ўлимга ҳукм қилиниши аниқлигини сезди шекилли, икки қўлидан бепарвороқ ушлаб турган навкарларни итариб ташлади-да, улардан бирининг қиличини шарт суғурди. Иккинчи жосус ҳам тўполондан фойдаланиб, қўриқчилардан бирининг ханжарини қинидан тортиб олишга улгурди. Буни ҳеч ким кутмаган эди. Эсанкираб қолган қўриқчилар то ҳушларини йиғиштиргунча қилич тутган жосус Ҳумоюнга ҳамла қилди. От чўчиб ўзини орқага ташлади, сермалган қилич эгарда ўлтирган Ҳумоюнга тегмай, отнинг бошига қарсиллаб урилди. Бу орада Ҳумоюн ҳам қиличини суғурди, от гандираклаб кетди, бошидан қон оқса ҳам, тўрт оёғини тўрт томонга тираб, яна бир лаҳза йиқилмай турди. Жосус Ҳумоюнга ташланиб, иккинчи марта пастдан юқорига қилич кўтаргунча Ҳумоюн қисқа бир ҳаракат билан унинг билагига баланддан туриб тиғ урди. Бир-бирига қараб ҳаракатланган ҳар икки қўлнинг зарбаси бир жойга тушди-ю, жосуснинг билаги панжасига яқин жойидан қиличга урилди ва шартта кесилиб қумга тушди. Қилич бир ёққа отилди, кесик панжа қумда тўнкарилиб ётганда бармоқлар чаённинг оёқларидай қимирлай бошлади. От йиқилаётганда Ҳумоюн оёқларини узангидан чиқариб эгардан қумга сакради. Бу орада иккинчи жосус соқчилардан бирини ханжар билан уриб ярадор қилган, лекин Турдибек унинг ўзига қилич уриб, бошини танасидан узиб ташлаган эди. Панжаси қирқилган биринчи жосус оғриқдан ҳушини йўқотган пайтда навкарлар унга устма-уст қилич уриб, танасини бурда-бурда қилишди.

Бу қонли воқеанинг гувоҳи бўлган аёллардан бири қўрқиб чинқирди. Ҳамида бону Ҳумоюннинг бир ўлимдан қолганини, унинг қўлидаги қиличи қонга бўялганини кўрди-ю, кўзларида даҳшат қотиб қолгандай анча вақт карахт бўлиб турди.

Ҳумоюнга бошқа от келтирдилар, у эгарга миндида, Турдибекка буюрди:
— Одамларни орқага қайтаринг! Мал Дева мулкига энди ҳеч ким қадам босмасин!

Куни бўйи иссиқ саҳрода йўл юриб ҳолдан тойган одамлар энди манзилга етай деганда яна орқага қайтишга мажбур бўлдилар. Намозшом пайтида орқада келаётган қоровуллардан бири отини йўрттириб Ҳумоюнга етиб олди:
— Ҳазратим, беш-олти юз отлиқ аскар бизни таъқиб қилиб келмоқда!
— Мал Деванинг илғори бўлсами? — Таҳлика ичида сўради Турдибек.
— Бу саҳрода бошқа ким бизни таъқиб этиши мумкин? — деди Ҳумоюн. — Xўжа Муаззам, Шамсиддинбек, сизлар аёллар-у болалар билан олдинга ўтинглар. Турдибек, Надимбек, Равшанбек, сизлар беш юз навкар билан ёғий кўринган томонда ҳимояда бўлинг. Мен ўртада ҳар икки томондан бохабар бўлиб борурмен. Йўлда давом этгаймиз.
— Қайга борурмиз, ҳазратим? Қоронғида йўл кўринмаса! Роҳбинимиз бўлмаса!
— Осмонда юлдузлар борк-у. Ана, Олтин Қозиқ. Биз жанубга йўл олғаймиз. умарқутга!

Орқада беш юз навкар девордай саф бўлиб ҳимояда келмоқда эди. Қоронғида уларни таъқиб этаётганларга Ҳумоюн аскарлари жуда кўп кўринди шекилли, ҳужум қилишга журъат этишмади. Тун яримлаганда таъқиб этувчиларнинг қораси кўринмай ҳам қолди. Саҳарга яқин тўхтаб, бир неча соат дам олдилар-да, Умарқут йўлини излай бошладилар.

Умарқут рожаси Вирсал Прасад Ҳумоюнни уч ой олдин ўз мулкига таклиф қилган. Лекин йўли узоқлиги учун Ҳумоюн у ёқларга бормаган эди. Мана энди иссиқлар авжига чиққан саратон ойида Тар саҳросини бошдан оёқ кесиб ўтиб, Умарқутга боришга мажбур. Саҳрода туялар ва хачирлар чидамлироқ, аммо отлар ва пиёда бораётган одамларнинг анчаси жизғанак қум-тепалар орасида йиқилиб ҳалок бўлди. Йўлларда учраган баъзи қудуқларнинг суви қуриб қолган, бошқа сувли қудуқларга етиб боргунларича икки-уч кунлаб йўл юришар эди.

Ҳумоюн ўзи ташна қолганда ҳам Ҳамида ва унинг ёнида бораётган учта ҳомиладор аёл учун охирги мешда махсус сув сақлатди. Оғироёқ аёллар отда қийналиб кетганда уларни ёввошроқ туялар устига ўрнатилган соябонли кажаваларга ўтқазиб олиб боришди. Одамлар жуда ҳолдан кетган пайтларда сувли қудуқлар, сердарахт воҳалар учраб қолар. Ҳумоюн чодир тикдириб, ҳаммага икки-уч кун дам бердирар эди. Унинг энг кўп хавотири — Ҳамида бонунинг бемаврид туғиб қўйишидан эди. Ҳисоблари бўйича бола мезон ойида туғилиши керак. Орада асад, сумбула бор. Лекин икки ой саҳрода тортилган азоблар болани не кўйларга солганикин? Соғлом туғилса дуруст-а!

Умарқутга уч кунлик йўл қолганда Ҳумоюн Турдибекни рожа вирсал Прасадга элчи қилиб юборди. Ҳали бу одам ҳам Мал Девага ўхшаб айниб қолмаган бўлсин!

Умарқут, Қандаҳор: Акбар Ва Етти Она

Майдалаб ёғаётган илиқ ёмғир саҳро иссиқларида қақраб кетган танларга роҳат берарди. Агра ва Гужарат томонларда ҳафталаб тинмайдиган ёмғирларнинг бир чети яшил воҳага жойлашган Умарқутга ҳам етиб келмоқда эди. Ғарбдаги Араб денгизи унча узоқ эмас, жанубдаги Аравалли тоғларидан оқиб келадиган сойлар Умарқут атрофларида тиниқ кўллар пайдо қилган. Уларда ўсган олтинранг нилуфарларни жимир-жимир тўлқинлар майин тебратиб турибди. Шаҳарнинг хурмозорлари, зайтунзорлари, кадхил деб аталадиган нон дарахатлари ёмғир сувига қониб яшнаб кет-ган.

Умарқут рожаси Вирсал Прасадга Ҳумоюндай иттифоқдош жуда керак эди. Синд ҳокими шоҳ Ҳусайн арғун Прасаднинг кекса отасини ўлдирган, Жун дарёси бўйидаги ерларидан анчасини тортиб олган эди. Ҳумоюнни ҳам Бҳаккардан қувган шоҳ Ҳусайн ҳозир уларнинг умумий душманига айланган эди. Шунинг учун Вирсал Прасад Ҳумоюнни илиқ қарши олди, Умарқут қалъаси ичидаги катта бир боғни икки қаватлик жимжимадор кўшки билан Ҳумоюн ва Ҳамида бонунинг ихтиёрига берди.

Боғда анбули деган ҳинд хурмоси, баланд серсоя маҳвалар, меваси шафтоли билан норинжнинг таъмини эслатадиган манго дарахти, ҳиди одамга ғалати тетиклик берадиган жосун ва канир гуллари ораста қилиб ўстирилган эди.

Боғ эгаси Вирсал Прасад қирқ ёшларга кирган, қоп-қора мўйловини узун қилиб, ёноқларига бураб ўстирган, елкаси кенг, бўйдор киши эди. Овози ҳам йўғон, кучли, фақат таажжубки, шундай полвонтахлит эркак бўйнига йирик-йирик марварид доналаридан узун маржон тақиб олган, қулоғида ҳам олмос сирға йилтирар эди. Бу ерларда ҳукмдор эркакларнинг қимматбаҳо тақинчоқлар тақиши жоиз эканини ҳумоюн биларди. У Рана Вирсалга олтин, дур ва лаъл билан зийнатланган ханжарни камари билан тақдим қилди. Совғадан мамнун бўлган Вирсал:
— Бу ерда сиз ҳеч нарсадан хавотир олманг, — деди. — Шерхон уч юз мил нарида. Орада Ажмир, Мевор, Жаудхир бор. Аммо рожа Мал Дева аҳмоқлик қилибдики, Шерхонга ён босиб, сизни унга тутиб бермоқчи бўлибди. Шерхон ҳали унинг ўзини туттириб бошини кесдиргай.
— Шерхон Райзин[45] қалъасини ҳам олган эмишми, маҳарожа?[46]
— Ололмас эди. Қалъа ҳокими Пуран Мал тўрт ойгача Шерхонга дарвозани очдирмаган. Агар Пуран Мални алдашмаса, Райзин ҳали таслим бўлмас эди. Ахир Гвалиор қалъасини Шерхон икки йил деганда зўрға олди-ку!
— Пуран Мални ким алдабдир?
— Шерхон сиз билан ёлғон сулҳ тузгани каби Пуран Малга ҳам элчи юбориб, ярашишни таклиф қилибдир. «Райзин қалъасини топширсанг, сенга Ганга бўйидаги Банорасни бергаймен, моли жонинг омон бўлур», деб авраб, ахийри ишонтирибдир. Бечора Пуран Мал қалъани унга топшириб, хайлхонаси билан ташқарига чиққанда Шерхоннинг одамлари ваъдани бузиб ҳужум қилибдир. Пуран Малнинг ўзини ўлдирибди, аёлларини асир қилиб, мол-мулкини талаб кетибдир.
— Дунё ғалати экан-да! — деди Ҳумоюн оғир тин олиб. — Ёмонлик қайтгай, дейишади. Лекин баъзи одамлар ёмонлик қилганлари сари ишлари тараққий топгай. Шерхон ҳам ёмонлик ёқадиган тоифадан эканми? Рохтас қалъасини ҳам Кришна Ройнинг яхшилигига ёмонлик қилиб эгаллаган эди. Ҳийла-ю найранг ишлатган сари қудрати ошиб бормоқда.
— Э, ҳазрати олийлари, макр-у ҳийлага асосланган қудрат узоқ умр кўрмагай.
— Ким билсин, маҳарожа? Шерхоннинг ислоҳотларидан раият мамнун эмиш. Унинг ақлига, тадбиркорлигига тан берганлар кўп. Канауждаги жангда Шерхоннинг ҳарбий жиҳатдан устун келганига мен ҳам тан бердим.

Рана Вирсал Ҳумоюннинг бу аччиқ ҳақиқатни қийналиб айтганини сезди-ю, унга тасалли бергиси келди.
— Шерхоннинг ҳарбий устунлиги ҳозир яна ҳам ўсган. Лекин ҳарбий устунлик — пулга ёлланадиган қўшин селдай тез кўпайиб, яна селдай тез тугаши мумкин. Маънавий устунлик — ҳар қандай шароитда ҳам мард, танти, инсофли бўла олиш қобилияти. Бу устунлик дарё суви каби булоқлардан, қор сувларидан, ирмоқлардан йиғилиб, кўпаяди. Ишонаменки, Шерхондаги селдай муваққат устунликдан кўра, сиздаги маънавий устунлик дарёдай узоқ умр кўргусидир.

Рана Вирсал форс тилини яхши билар, лекин Ҳумоюн унинг ҳурмати учун кўпроқ ҳиндча тилда гаплашар ва мезбоннинг яхшиликларини қандай қилиб қайтаришни ўйлар эди.

Умарқутнинг жанубида Гужарат, шимолида Синд ва шимоли шарқда Ражастхон жойлашган. Атрофдаги бу вилоятларнинг ҳаммасига нисбатан бир неча баробар кичик бўлган Умарқут — ўзича бир мустақил давлат, қўшини ҳам ўзига яраша оз, Шоҳ Ҳусайн арғун Жун дарёси бўйидаги Умарқутга қарашли жойларни босиб олиб, ўз мулкига айлантирганига бир йил бўлди. Аммо босиб олинган қишлоқлардаги ражпутлар шоҳ Ҳусайн қўйиб кетган золим амалдорлардан безор бўлган, Рана Вирсалга вакиллар юбориб, Умарқутга қайтадан қўшилиш истагини билдиришмоқда. Рананинг ўзи ҳам отамерос ерларни босқинчилардан озод қилиш ниятида икки мингдан ортиқ қўшин тўплаган.

Ҳумоюн Рана Вирсалнинг шоҳ Ҳусайнга қарши юриш қилиш нияти борлигини эшитди-ю, «биз ҳам ёрдамга борсакмикан?» деб беклари билан маслаҳат қилди.

Бироқ Ҳумоюннинг мингга яқин навкарлари саҳродан ўтиб келгунча жуда абгор бўлган, кўпларининг от-улови йўқ, кийимлари тўзиган. Умарқутда егулик нарсалар арзон, бир рупийга иккита қўй берар, аммо улов қиммат, яхши отни юз рупийга ҳам олиш қийин. Ҳумоюн хазинасида қолган олтинларини чамалаб кўрса, муҳтож навкарларга от олиб бериш ва маош тўлашга етмайди. Xуфиялар унга Турдибекда икки сандиқ олтин борлигини айтишди. «Сизнинг хизматингизда юриб шунча бойлик орттирган, сиз унинг олтинини мусодара қилиб, навкарларга улашишга ҳақлисиз», деганлар ҳам бўлди.

Лекин Ҳумоюн ўнг беш йилдан бери ўз хизматида юрган Турдибек Туркистонийга ёмонлик қилишни истамас эди. Турдибек дағалроқ ва мумсикроқ бўлса ҳам, шунча йилдан бери садоқат сақлаб келар, Тар саҳросидан ўтиш азобини ҳам бирга кечирган эди. Шунинг учун Ҳумоюн уни хиргоҳга чақириб икки юз минг рупий олтин қарз сўради.

Турдибек тезда жавоб бермай, ажин тушган пешонасини ишқади, сийраккина чўққи соқолини эзғилади.
— Ҳазратим, ахир хазинангиз бор-ку.
— Xазинага кон бицинми, бек. Аградан чиққанимиздан бери даромад йўқ. Нуқул сарфладик. Навкарларга дурустроқ маош тўлашим керак. От қиммат. Яхши кунлар келса қарзингизни ортиғи билан қайтаргаймен.
— Ортиғи билан? Яъни, қанча ортиғи билан қайтарурсиз?

Ҳумоюн Турдибекни ҳазил қиляпти деб, кўзларига қаради, йўқ, бекнинг қалин қовоқлари орасидан қараб турган қўнғиртоб кўзлари ҳам, сийрак мўйлови тагида қимтилиб турган лаби ҳам жиддий эди.
— Xўп, ўзингиз қанча ортиғи билан олишга розисиз?
— Ўнга ўнг икки.

Ҳумоюн икки юз минг рупийни икки юз-у қирқ минг қилиб қайтаришини ўйлаганда судхўрлар эсига тушди. Лекин ҳали у бунча пулни қайтарадиган бўлгунча бир йил ўтадими, беш йилми — ким билади? Турдибек ҳам ана шуни ўйлаб баланд нарх қўйган эди.
— Начора? Майли, насиб қилса ўнни ўн икки қилиб қайтаргаймен...

Шу тарзда қарз олинган пулнинг юз минги Ҳумоюн билан саҳро азобини бошдан кечирган барча одамларга маош тарзида улашилди. Ўзларига от ва ҳарбий анжомлар олган бек-у навкарлар хотинлари ва қизларига тақинчоқлар ҳам совға қилишди. Чунки Умарқутга Араб денгизи яқин бўлгани учун унинг бозоларида денгиздан олинган дурлар, садафлар ва маржонлар жуда арзон эди.

Мезон киргач, ёз иссиқлари тугаб, ҳаво ҳам жуда латиф бўлиб қолди. Одамлар дамини олгач, Ҳумоюн Рана Вирсал билан учрашиб:
— Ота ерларингизни қайтиб олишингизда биз сизга ёрдам бермоқчимиз, — деди. — Барча бек-у навкарларимиз сизнинг қўшинингиз билан бирга юриш қилишга тайёр.

Рана Вирсал Ҳамида бонунинг оғироёқ эканини билар, хотинидан «меҳмон бегимнинг ой-куни яқин эмиш», деб эшитган эди. Шунинг учун Вирсал Ҳумоюннинг гапидан хиёл таажжубга тушиб:

—Бегимни... қолдириб кетгаймисиз? — деди.
— Ҳа, юзга яқин одам бегимнинг хизматида бўлгай, маҳарожа, биз сизнинг оилангизга худди ўз оиламизга ишонган каби ишонурмиз.

бу гапдан таъсирланган Рана Вирсал:
— Ундоқ бўлса, мен ҳам сизга ўз қўшинимни ишониб топширгаймен. Менинг икки минг ражпут йигитларимга иним Судхир Прасад бошлиқ. Сиз эса ҳам ўз аскарларингизга, ҳам бизнинг қўшинга бош саркарда бўлинг.
— Ишончингиздан миннатдормен, маҳарожа!

Шу қарор бўйича ҳарбий юришга жўнашдан олдин Ҳумоюн Ҳамида бону билан боғда хайрлашди. Бодом гулларини эслатадиган беш барглик хушбўй канир гуллари ёнида Ҳамида маъюсланиб кўзига ёш олди:
— Оғир пайтда мени ташлаб кетмоқдасиз...
— Мен ота-боболаримиздан қолган удумга биноан кетмоқдамен, Ҳамида! Эсингизда бордир, туркий улусда онанинг ой-куни яқинлашса ота бирон ёққа ирим қилиб кетмоғи керак. То чақалоқнинг чилласи чиқмагунча мен узоқроқда юрсам сизга ҳам, болага ҳам яхшилик тилаган бўлур эканмен.
— бу удумни мен ҳам олурмен. Лекин яна уруш хавфи...
— Уруш эмас... Рана Вирсалнинг ота ерларидан босқинчиларни қувмоқчимиз, холос. Ора узоқ эмас, чопар бир кунда боргай.
— Бўлмаса хабар юбориб туринг.
— Xўп. Сиздан ҳам хушхабар кутгаймен!..

Ҳумоюн ваъдасига амал қилиб, уч кун ўтгач, Турдибекни Умарқутга юборди. У келтирган хабарга биноан, Ҳумоюн билан Рана Вирсалнинг бирлашган қўшини шоҳ Ҳусайн арғуннинг Жун дарёси бўйиаги қўшинини енгиб, етмиш мил нарига улоқтириб ташлабди. Ўнлаб қишлоқлар истилочилар зулмидан қутилиб, яна Умарқутга қайта қўшилибди.

Бу хушхабар бутун шаҳарда катта шодиёнага сабаб бўлди. Рана Вирсал гулшодалар билан безатилган филга миниб Ҳумоюнга миннатдорчилик айтиш учун Жун дарёси бўйига кетди. Унинг хотини Умарқутдаги бева-бечораларга хайр-у эҳсон улашди. Шаҳарнинг барча ибодатхоналарида браҳманлар улуғ яздон Шива ва ражпутларга ҳомий маъбуда Кали ҳайкаллари пойида садақалар қилишди, муқаддас гурунчга сарёғ қўшиб тайёрланган таомларни, ширинликларни қавмларга едиришди.

Мана шундай шодиёналар давом этаётган куни пешинда, Ҳамида бонуни тўлғоқ тута бошлади. Ҳумоюн унинг ихтиёрига ташлаб кетган одамлар орасида тажрибали доя хотин ҳам бор. Бу озода, эпчил, ўрта яшар аёл Моҳим бибининг ўтган ойда туғилган ва Адҳам деб от қўйилган ўғлига, Жажжи бибининг Азиз деб аталган ўғлига доялик қилган, ҳамма уни «қўли енгил» деб мақтар эди.

Лекин Ҳамида бонуга келганда бу доянинг эпчиллиги иш бермай қўйди. Ҳамида бону беш соат қийналди. Сабабини кейин билишса, бола фавқулодда йирик экан. Доя эса бошқа ёмон хаёлларга бориб ваҳимага тушди. Ҳамида бону зўриқиб кўзлари хонасидан отилиб чиққудай бўлар, «ёрдам беринглар», деб зорланар эди...

Кеч кириб, қоронғи тушди. Сокин осмонда тўлин ой кўринди. Ҳамида бону эса ҳамон қийноқда. Маслаҳат сўрайлик дейишса, Ҳумоюн йўқ. Ҳамиданинг онаси ёрдам сўраб Рана Вирсалнинг хотинига борди. Ўттиз ёшлардаги бу гўзал аёлнинг ўзи ҳам тўлғоқ азобини бошдан кечирган, эмизикли қизчаси энди икки ойлик бўлган эди. У ўзига доялик қилган эллик яшар чаққон бир аёлни чақиртирди-ю, Ҳамида бонунинг онасига қўшиб юборди.

Ташқарида изтироб чекиб ўлтирган Xўжа Муаззам:
— Мусулмон подшосининг фарзандига ғайридин доялик қилса гап-сўз бўлғай! — деб аввал бу дояни ичкарига киргизмади.
— Буларни ҳам худо биздек инсон қилиб яратган!— деди қизнинг отаси Мирбобо Дўст. — Ҳозир дин-у миллат айирадиган пайт эмас, Ҳамида билан боланинг ҳаёти хавф остида.

Шу пайт ичкаридан муслима доя саросима бўлиб чиқди.
— Бўлмаяпти, айланай хўжам! Чаппа келмасин деб қўрқамен!

Шундан кейин Xўжа Муаззам ҳам ён берди-ю, ҳинд доясига:
— Марҳамат, тезроқ киринг! — деди.

Ювиниб, тоза кийиниб келган ҳинд аёли Ҳамида бонуга ўнг томондан яқинлашди-да, ўз тилида қандайдир дуони пичирлаб ўқиди. Унинг озғин қорамтир қўлларида бирон сеҳри бор эканми, беш-олти дақиқа урингандан кейин тўсатдан чақалоқ ингаси эшитилди.

Ҳамида бонунинг юмуқ кўзлари чарақлаб очилди. Назарида, шифт ва деворлар лопиллаб юриб кетаётгандай кўринди. Ўзининг танаси эса пардай енгил бўлиб қолди. Бироқ бош кўтариб болага қарашга мажоли йўқ. Ўғилми, қизми? Доялар шуни айтгунча ўтган бир лаҳза Ҳамида бонуга бениҳоя узоқ туюлди. Наҳот қиз бўлса? Шунинг учун айтгилари келмаяптими?
— Ўғил! — дея хитоб қилди биринчи доя. — Муборак бўлсин, бегим! Полвон ўғил туғдингиз! Нечун бу қадар қийин бўлди десам, жуда дўлвор экан!
— Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим! — деб биринчи доя боланинг киндигини кесди.

Иккинчи доя эса:
— Калимайики жай![47] — деб, чақалоқнинг кесилган киндиги учини яхшилаб тугиб қўйди.

Ҳамида бону гоҳ ўғлига интиқ Ҳумоюннинг чаппор уриб қувонишини кўз олдига келтирар, гоҳ Жамна устида Низомнинг қайиғида қалқиб сузиб бораётган бўлар, унинг: «Муслим-у ҳинди ҳаммаси бир инсон, фақат браҳман-у муллолар уларни бир-биридан айирурлар», деган сўзлари қулоғига қайта эшитилиб кетар эди.

Инсон ҳаётининг энг масъулиятли дамларида кишилар ўзларининг дин-у миллатини ҳам унутиб бир-бирларига одамийлик қўлини чўзишини Ҳамида бонуга ҳозиргина доялик қилган икки аёлнинг иноқлиги айтиб турарди.

Ҳамида сал ўзига келганда айвондан тўлин ойнинг нури тушди. Сутдай ойдин кечада нақоралар қувонч билан така-тум қилар, сурнай навоси янграр, Умарқут қалъасидаги меҳмон-у мезбонлар янги туғилган бола шарафига хурсандчилик қилишарди.

Турдибек Ҳумоюндан суюнчи олиш учун саҳар палла отланиб, Жун дарёси томонга шошилди. Умарқутда эса икки кун давомида Ҳумоюннинг номидан минглаб одамларга ош тортилди, ширинликлар улашилди. Учинчи куни Ҳумоюндан чопар келди. Чиллали аёл ва бола олдига фақат Моҳим биби билан Аминат кириб чиқишар эди. Ҳумоюннинг мактубини олиб кирган Моҳим биби суюниб хабар берди:
— Исми Жалолиддин Акбар бўлсин, дебдирлар! Сизга атаб шеър битибдирлар! Чопар айтиб берди, қувонганларидан барча навкарларга мушк улашибдирлар.
— Мушк? — таажжубланиб сўради Ҳамида.
— Ҳа, ўша пайтда барча одамларга улашадиган бошқа мўлроқ нарсалари йўқ экан.
— Рост, хазиналари бўш, Турдибекдан қарз олган эдилар...

Ҳамида бону ёстиққа ёнбошлаб, Ҳумоюннинг мактубини очди.

«Мен учун байрамлар байрами букун,

Ҳумоюн хуррамлар хуррами букун.

Дунёнинг барча давлат-у хазиналаридан ҳам аълороқ ўғил инъом этган суюкли ёрим Ҳамида бону! Аввалги йилларда шунча давронлар суриб букунгидек суюнганимни билмаймен. Илоҳим Акбарнинг умри узоқ бўлсин, бекилган йўлларимиз бари очилсин, дилдаги орзулар истаганимиздан ҳам зиёда бўлиб рўёбга чиқсин!»

Ҳамида бону бу тилакка қўшилиб:
— Илоҳи омин! — деди-да, юзига фотиҳа тортди, мактубни эса ўпиб, кўзларига сурди.

Ота-оналарини ва бошқа ўнлаб одамларни шунчалик қувонтириб дунёга келган чақалоқнинг ўзи алланарсадан норозидек ғашлик қилиб кўп йиғларди. Ҳамида бону боласини бағрига олиб эмизгандан сўнг Акбар бир соат-ярим соат жим ётар, кейин яна инга-ингани бошлар эди. Она-болага гирдикапалак бўлиб хизмат қиладиган канизак Аминат, «йўргагида қаттиқ ботадиган нарса бормикан?» деб очиб кўрди. Йўргак жуда майин, беками кўст эди. Аминат Ҳамида бонуга қараб:
— Болангиз жуда гавдали, сутингиз етмаяптимикин? — деди.

Шу гапнинг устига келиб қолган Моҳим биби:
— Менинг сутим кўп, — деди. — Ҳазрат бегим, агар рухсат берсангиз мен ўғлингизни эмизиб кўрай.

Ҳамида бону оғил туққандан бери гўё бирдан мартабаси ошган, энди унга «ҳазрат бегим» деб мурожаат қилувчилар кўпайган эди. Бу нарса Ҳамида бонунинг кулгусини келтирар, ҳозир ҳам у Моҳим бибига кулиб боқди-да:
— Рухсат эмас, илтимос сиздан, Моҳим! — деди.

Моҳим озодаликни яхши кўрар эди. Ўз хонасига чиқиб, сийнасини совунлаб ювди. Ҳамида бегим оқ кийиниб ётгани учун чақалоқ бошқа онадан бегонасираши мумкин эди. Шунинг учун Моҳим биби ҳам оқ шоҳи кўйлагини ўтлиғ[48] билан дазмоллаб кийди. Бошидаги рўмолини ҳам дазмолдан чиқариб ўради, оғзига ияги аралаш тоза оқ лачак тутди. Бу тайёргарликлардан кейин гўдак яна ингалаб йиғлай бошлаганда уни секин бағрига олиб сийнасини берди.

Ажабки, чақалоқ бегонасирамай Моҳимни узоқ эмди ва икки соатча миқ этмай тинч ётди. Унинг очиқиб йиғлагани, Ҳамида бону саҳрода кўп қийналиб озиб қолгани учунми ё бошқа сабабданми, сути боласига озлик қилаётгани энди аниқ билинди.

Шу кундан бошлаб Моҳим биби «енага» деган унвон олди. Шаҳзодага энага бўлиш саройда жуда шарафли мартаба ҳисобланарди. Моҳимнинг бир ойлик чақалоғи Адҳам бугундан бошлаб Акбарнинг кўкалдошига айланди. Бир онани эмган кўкалдошлар эса тутинган оға-ини сифатида гоҳо умр бўйи подшо ва шаҳзодаларнинг яқин кишиларига айланадилар. Шунинг учун саройда Ҳамида бегимга синашта бўлган бошқа эмизикли оналардан яна бир нечаси Моҳим бибидек энага бўлиш истагини билдирдилар. Булардан бири Шамсиддин Муҳаммад деган афғон йигитининг хотини, яқинда ўғил туққан Жажжи биби эди. Бу аёл номига яраша мўжазгина, хушбичим, жажжи жувон эди, номини қисқартириб «Жижи» дейишарди.

Моҳим бибининг ўз чақалоғи Адҳам ҳам хўра, икки болага сути етмайди, шунинг учун Ҳамида бегим ора-орада ўз ўғлини Жажжи бибининг эмизишига ҳам рухсат берди. У бош энага қилиб Моҳим бибини тайинлади. Аввалги озодалик удумига биноан, Моҳим энага Жажжи бибига ҳам худди ўзидек дазмолланган оқ шоҳи кўйлак кийдириб, оғзига оқ ипак лачак туттирди ва боланинг олдига покиза қилиб киритди.

Чақалоқ бу онани ҳам бегонасирамай эмди. Унинг инга-ингаси янада камайиб кетди. Ўғлининг иштаҳаси ҳам полвонларча эканини сезиб дадилланган Ҳамида бегим кунлар ўтиши билан яна янги энагалар топтирди. Булардан бири Нуриддинбек кўкалдошнинг хотини Ҳакима, яна бири бадахшонлик тожик аёл Поянда биби бўлди. Моҳим биби буларнинг ҳар бирини оқ шоҳига кийинтириб, озода қилиб гўдакнинг олдига олиб кирар, бола ғашлик қилмай уларни ҳам ўз онасидай эмар эди. Буни эшитган бувиси юмшоқ туморча ичига ёмон кўздан асрайдиган дуоларни ёздириб, кўзмунчоқ билан қўшиб тикди-да, Ҳамидага олиб кириб берди:
— Болангга тақиб қўй, ҳамма ёқасини ушлаб, ҳайрон бўлиб мақтайди, илоҳим кўз тегмасин! — деди.

Орадан йигирма кун ўтди, энагалардан бири тумовлаб ётиб қолди, бирининг боласи ичкетар бўлди. Моҳим биби боласи ёки ўзи сал хасталанган энагани Акбарга яқин келтирмас эди. Яна энага керак бўлаётганини эшитган мезбонлар Рупарани деган эмизикли боласи бор ёшгина ҳинд жувонини Ҳамида бонунинг ҳузурига юбордилар.

Ҳумоюн аёллар ва болаларга Xўжа Муаззамни жавобгар эшик оға қилиб тайинлаб кетган эди. Xўжа ўзи Ҳамиданинг олдига киролмаса ҳам Моҳим бибини воситачи қилиб бир талай хавотирли гап айтди:
— Бегим охирини ўйласинлар, худо хоҳласа, Акбар улғайиб валиаҳд бўлғай. Кейин руҳонийлар: «Мажусий онани эмган бола мусулмон подшосига валиаҳд бўлолмағай», деб монелик қилишлари мумкин. Ҳазратимдан берухсат ҳиндлардан энага олманглар! Балога қолмайлик яна!

Бу гапларни Моҳим бибидан эшитган Ҳамида бону:
— Тоғамга чиқиб айтинг, мезбонларнинг даргоҳида еган нон-у тузларининг ҳурматини унутмасинлар,— деди. Шоҳ Ҳусайндек мусулмон амири бизни қувғин қилганда Рана Вирсал жой берди. Рана дин-у миллат айирмади, биз нечун айирайлик? Ҳазратим энагалар ихтиёрини менга берганлар, «Акбар — бани башар фарзанди бўлсин», деб тилак билдирганлар. Xўжа тағойим бу ишга кўп аралашмасинлар, мезбонларнинг хотирига малол келадиган бирон гап айтмасинлар.

Хўжа Муаззам бу жавобларни Моҳимдан эшитгач:
— Начора, жиянимиз малика бўлгач, сўзларини рад қилолмагаймиз, — деди.

Ўша куни кечқурун ҳинд жувони Рупарани энагаларнинг оқ шоҳи кийимини кийиб, бир ойлик Акбарни бағрига олганда Xўжа Муаззам ташқи хонада чақалоқнинг чирқираб йиғлашини кутиб ўлтирди. «Бола зийрак бўлур, агар ғайридинни эмгиси келмай йиғласа дарҳол ичкарига одам киритиб, гўдакни тортиб олдиргаймен», деган ўйда эди. Лекин истараси иссиқ Рупаранидан она сутининг ҳиди келиб турар, бола унга эликиб, йиғлаш ўрнига беихтиёр жилмайиб қўяр, чақалоқнинг тили ва тишсиз милки кўриниб кетганда энага[49] ҳам ундан завқ олиб куларди.

Умарқутга оналар ва кўкалдошлар шундай тотув яшаётган фараҳли кунларда етмиш мил наридаги Жун дарёси бўйида Ҳумоюн билан шоҳ Ҳусайн арғун орасидаги қонли адоват кучайиб борар ва бунинг хабари Ҳамида бонуга келиб турар эди. Шоҳ Ҳусайн дарё бўйидаги мунозарали ерларни қайтариб олиш мақсадида шимолдан саккиз минг кишилик қўшин тортиб келган, Рана Вирсал буни эшитиб, Жун яқинида яшайдиган ҳинд қабилалардан яна етти минг навкар ёллаган ва ҳаммасини Ҳумоюннинг ихтиёрига берган эди. Дарёнинг жануб қирғоғида — булар, нариги қирғоғида душманлар ҳал қилувчи жанг учун қулай пайт пойлаб турар эди.

Ҳумоюн бу вазиятда қўшинни ташлаб Умарқутга кела олмас, Ҳамида бонуни соғинганини, Акбар деб атаган ўғлини ҳалигача кўролмай доғда юрганини айтиб, юракни эзувчи хатлар ёзар эди.

Боланинг чилласи чиққач, Ҳамида Ҳумоюнга жавоб хати ёзди:

«Сиз келолмасангиз ижозат беринг, ҳазратим, биз ўзимиз борайлик».

Орадан уч кун ўтгач, Шамсиддин қўрчибеги юзтача навкар, бир неча юз от-у туялар, соябон аравалар билан келди-да, Ҳамида бонуни ва Акбарни энага-ю кўкалдошлари билан Умарқутдан кўчириб олиб кетди.

* * *

Жун дарёсидан сув ичадиган ерларда хурмозор ва мангозорлардан ташқари пахта пайкаллари ҳам кўзга ташланар, кеч кузда теримлар тугаб, деҳқонлар ўтин учун ғўзапоя чопишар эди.

Ҳумоюн Ҳамида бонуга пешвоз чиқиб, уни Жун дарёсидан етти мил берида улкан маҳва дарахтлари соя солиб турган бекатда кутиб олди. Йўргакдаги Акбарни қўлига олиб пешонасидан ўпар экан, боланинг тилла суви югуртирилгандек қизғиш сочи ва майин қош мўйлари, юз бичимидаги яна қандайдир белгилари унга кўпдан танишдек туюлди, бирдан раҳматли отаси эсига тушди-ю, қувончига яна бошқа туйғулар аралашиб, кўзига ёш келди.
— Умри узоқ бўлсин, онаси ҳам кўп яшасин! — деди.

Одамлар олдида Ҳамида бонуни қучиб ўпишдан тортинса ҳам, лекин кўзлари билан уни эркалаб бир лаҳза тикилиб турди:
— Ҳазрат бегим, мен сиздан тоабад миннатдормен!

Душман қўшинларидан йигирма милча берида дарё бўйида чиройли бир боғ она-бола учун ораста қилиб қўйилган эди. Дарё сувининг бир қисми боғ ичидан оқиб ўтар экан, ойнадай тиниқ, кўлчалар ҳосил қилган. Шунинг учун бу ерга «Ойнабоғ» деб ном берилган эди.

Атрофи тиниқ кўл билан ўралган ва улар устидан чиройли кўприклар ўтказилган, кўкаламзор оролсимон жойга улкан саропарда тикилган эди. Ҳумоюн Ҳамида бонуни саропарда ичига бошлаб кирар экан, энагалар ва чақалоқлар учун ажратилган четки чодирларни кўрсатди. Саропарданинг бошқа четидаги учта чодир Ҳамида бону ва Ҳумоюн учун жиҳозланган эди. Потҳурда Ҳамида бону келинчаклик пайтида «мурод уйи» деб аталган пуштиранг мовут чодир ҳозир кўзига оловдай иссиқ кўринди. Ҳамиданинг илгариги чиройига ҳозир майин ва улуғвор бир оналик ҳусни ҳам қўшилган, юзидаги латофат, кўзларидаги жозиба ниҳоятда тиниқлашган. Ҳумоюн Акбарни эмизган етти онани Саодат уйи деб аталган чодирга йиғди-да, Ҳамида бонуга гавҳар кўзли узук тақди. Энагаларнинг ҳар бири марварид шодалари, бош-оёқ саруполар билан тақдирланди.
— Ўғлимиз етти онага фарзанд бўлибдир, — деди Ҳумоюн. — Иншоолло, ўзи ҳам етук бўлгай! Акбарнинг энагаларидан бири ҳинд, бири тожик, бири афғон, бири форс, қолганлари туркий улусдан. Мен Ҳамида бонудан миннатдорменки, асли битта Одам Ато ва Момо Ҳаводан тарқаган турли элларнинг оналарини бир олижаноб мақсад атрофига тўплабдир. Бунинг жуда улкан рамзий маъноси бор. Тилагим шуки, ўғлимиз Акбар шу оналар берган оқ сутнинг қарзини уларнинг элларига-ю бутун башариятга узсин!

Кечки пайт Ҳамида бону билан Ҳумоюн мурод уйида ёлғиз қолдилар. Одатдаги ўпишишлар ва эркалатишлардан Ҳумоюн ўзини бахтиёр сезарди-ю, аммо кўнглининг бир четидан «бу бахт жуда омонат, ҳушёр бўл, сенга қарши қилич қайраган ғанимлар атрофингни ўраб келмоқдалар», деган огоҳлантириш эшитилиб тургандай бўларди.

Гап фақат Жун дарёсининг нариги қирғоғида унга таҳдид солиб турган шоҳ Ҳусайнда эмас эди. Юз мил нарида шоҳ Ҳусайндан йирикроқ ва хатарлироқ ёв — рожа Мал Дева Ҳумоюнни қўлга тушириш ва Шерхонга топшириш фикрида юрарди. Шерхоннинг ўзи эса шимолда Панжобни, шарқда Ажмирни, жанубда Малвани ишғол қилиб, Ҳумоюннинг бу уч томонга борадиган барча йўлларини бекитган ва унинг атрофидаги ҳалқани тобора қисиб келмоқда эди. Ганга бўйида бир марта ғафлатда қолиб Бека бегимни ва қизчаси Ақиқани олдириб қўйган Ҳумоюн энди Акбар билан Ҳамидани бундай балолардан омон сақлаш ҳақида тун-у кун ўй сурарди.

Унинг одатдагидан ўйчанроқ бўлиб қолганини сезган Ҳамида бону:
— Биз Акбар билан не қилсак сизнинг мушкулингиз осон бўлғай, ҳазратим? — деб сўради.
— Узоқ йўлга чидаб берсаларинг, икковларингни бехатар жойларга олиб кецам... кўнглим сал тинчирмиди?
— Узоқ йўлингиз қаер — Гужаратми?

Ҳумоюн оғир тин олиб бош чайқади — ҳозир у Гужаратдан ҳам умидини узган. Чунки Шерхон Малвани олиб, саксон минг қўшин билан Гужарат чегарасига яқинлашгач, Ҳумоюннинг у ердаги хайрихоҳлари таҳликага тушиб қолган эди. Улар Ҳумоюнга ён босиб, кейин Шерхоннинг ғазабига учрашдан қўрқишар эди. Байрамхон Ҳумоюнга чопар юбориб: «Зинҳор Гужаратга келманг, мен ўзим ҳузурингизга бориб жон сақламасам, бу ерда яна асоратга тушиб қоладиганга ўхшаймен», деб хат ёзган эди. Ҳумоюн уни бирга олиб келиш учун Xаданг эшик оғани ва филбон Лаъл Чандни жўнатганига икки кун бўлди.
— Байрамхон келса, Кобулгами ёки Қандаҳоргами кетишдан бошқа чора йўқ, — деб Ҳумоюн Ҳамида бонуга маъюс термулди.
— Наҳотки Ҳиндистонни бутунлай тарк эцак? — армон тўла товуш билан сўради Ҳамида бону. — Кечагина ҳинд аёли Рупарани Акбарни бағрига олиб сийнасини берганда менинг дилимда қанча ёруғ орзулар бор эди. Зора, бутун Ҳиндистон шу она тимсолида Акбарни ўз фарзандидек бағрига олса. Зора, ўғлимиз ҳам шу улуғ мамлакатга чин фарзандлик хизматини қилса. Наҳотки бу орзулар бари пуч чиқса, ҳазратим?
— Ноумид шайтон, Ҳамида бону! Шоядки, бу орзуларингиз келажакда рўёбга чиқса. Лекин Акбар ўша келажакка эсон-омон етиб бориши учун уни бехатар жойларга олиб кетмоғимиз керак.

Ҳамида бону Кобулдаги Комрон мирзони ва Қандаҳордаги Ҳиндол мирзони кўз олдига келтирди-ю, уларнинг ёнига боришдан юраги безиллади.
— Менинг Ҳинддан ҳеч кетким йўқ.
— Менинг кетким бор дейсизми, Ҳамида? Ҳиндистон эт бўлса, биз унда тирноқдек ўсдик. Тирноқни этдан ажратиб кўринг, оғриғига чидай олмайсиз! Мен икки йилдан бери Ҳинддан кетолмай саргадон бўлиб юрганим — тирноқни этдан ажратиб ололмаётганимдан. Бўлмаса бултур Бҳаккардан Кобулга ё Қандаҳорга кетайлик деганлар кўп эди. Ҳозир ҳам, агар сиз билан Акбардан хавотир олмасам, шу ерларда таваккал қилиб, шоҳ Ҳусайнлар билан олишиб юраверишим мумкин. Лекин вазият ёмон, қават-қават ғанимлар ҳалқаси атрофимизни ўраб келмоқда.
— Мен-ку, отлиқ юриб чиниққанмен. Ёз иссиқларида ҳам кетавергаймен. Лекин Акбар ҳали икки ойлик чақалоқ. Яна ўша жазирама саҳродан ўтадиган бўлсак, мурғак бола бардош беролмагай.

Панжоб Шерхоннинг қўлида, Ҳумоюн шимолдаги Кобулга ёки Қандаҳорга кетиш учун яна улкан Тар саҳроси орқали ўтишга мажбур.
— бўлмаса, ёз ўтгунча уч-тўрт ой таваккал қилиб шу ерда қолурмиз, — деди у, — Шерхон яқин ойларда бу томонларга қадам босолмас. Акбар сал кучга киргунча сиз шу Ойнабоқда бемалол туринг.
— Сиз-чи?
— Мен қўшин ичида — қароргоҳда бўлурмен. Илгари давлат-у мамлакатимни ёғийдан ҳимоя қилар эдим. Энди менинг энг катта давлатим — Акбар билан сиз. Бир ўғил-у етти онани мамлакатим каби ҳимоя қилғаймен!

Ҳумоюн саҳар пайти қирқ мил наридаги қўшин қароргоҳига кетганича узоқ вақт қайтиб келолмади. Фақат аҳён-аҳёнда: «Шоҳ Ҳусайн билан қаттиқ жанг бўлибди», «Равшанбек яраланибди», «Хаданг эшик оға ҳалок бўлибди», «Турдибек рожа Вирсал билан уришиб аразлашиб қолибди», деган хабарлар келиб турарди. Ҳумоюндан келган хатлар ҳам аҳвол тобора мураккаблашаётганидан, агар Байрамхон Гужаратдан келиб, унинг ёнига кирмаганда душман Ойнабоққа ҳам бостириб келиши мумкинлигидан далолат берарди. Ниҳоят, Акбар тўққиз ойлик бўлганда Ҳумоюн ўзи ойнабоққа келди-ю, кўч йиғиштириш ҳақида буйруқ берди.

* * *

Ҳумоюн оиласи ва мингтача одамлари билан Синд дарёсида уч кун сузди, Қандаҳорга борадиган карвон йўлига етганда юкларни кемалардан қирғоққа туширтирди ва туялар билан хачирларга орттирди. Ҳинддан узоқлашиб, шимолга қараб борар эканлар, ўнг ойлик Акбар соябонли кажавага маҳкамланган беланчакда нортуянинг бўйнига осилган қўнғироқнинг бир маромда жаранглашига қулоқ солиб ётиб ухлашга ўрганди.

Тоғу чўллардан ва яшил воҳалардан ўтиб, хушҳаво жойларда беш-ўн кун тўхтаб, Қандаҳор вилоятига яқинлашганлари сари чинорлар, тераклар, санобар дарахтлари тез-тез учрарди. Бозор расталарида хурмо билан бирга узум, нок, нақш олмалар кўзга ташланарди. Бу йил совуқ эрта тушган, кўп дарахтлар ақрабнинг бошларидаёқ баргини тўккан, боғлардаги анжир ва анорларни қор-қировлардан асраб, уюм-уюм тунроқ тагига кўмишган эди.

Ҳиндистон иссиқларида енгил кийиниб, очиқ-сочиқ юриб ўрганган одамлар қиши қаттиқ бўладиган Қандаҳор йўлида эрта тушган совуқлардан жуда қийналиб қолишди. Ҳумоюн жубба деб аталадиган авралик пўстинини елкасига олди. Ҳамида бону пахталик кимхоб тўн, жун рўмол ва маҳси кавуш кийди. Акбарнинг бешиги устига туя жунидан тўқилган қалин сақорлот говрапўш ёпилган бўлса ҳам, болани эмизган пайтларида шамоллаб қолди, бурни битиб, пихиллаб, кўп йиғлайдиган одат чиқарди.

Қандаҳорга ярим кунлик йўл қолганда Саримастунг деган қишлоқда тўхтадилар. Кўпчилик бек-у навкарлар одатдагидай ўтов ва чодирлар тикишиб, қишлоқ четига жойлашдилар. Ҳумоюннинг ўзи ва болалик аёллар қишлоқ калонтарининг[50] ички-ташқи ҳовлисига тушдилар.

Уйлар илиқ, манқал деб аталадиган сандалига бозиллаган чўғ солдилар. Эркаклар ўлтирган ташқи уй меҳмонхонасига қуюқ-суюқ овқатлар тортилди. Уй эгаси — мош-гуруч соқолли озғин афғон дастурхонга омин қилингандан сўнг дари[51] тилида:
— Ҳазратим, холи қилинг, сизга айтадиган гапим бор,— деди.

Хонада Байрамхон билан Турдибек бор эди, Ҳумоюн уларга жавоб берди. Шундан кейин калонтар овозини пасайтириб:
— Сиздек олий меҳмон менинг кулбамга келиб тушганидан фақат сарфароз бўлмоғим мумкин эди,— деди. — Аммо ҳозир сизнинг бошингиз устига тўпланаётган хавф-хатарни ўйлаб безовта бўлмоқдамен.
— Яна қандай таҳлика, жаноб калонтар?
— Сиз Қандаҳорга инингиз Ҳиндол мирзодан паноҳ истаб бормоқдасиз, шундоқми?
— Тахминан шундоқ.
— Аммо Ҳиндол мирзо бундан бир ҳафта олдин Қандаҳор ҳокимлигидан бекор қилинганини билурмисиз?
— Йўғ-е! Сиз буни кимдан эшитдингиз?
— Мен кеча Қандаҳорда эдим. Ўғлим Мирзо Аскарийнинг даргоҳида сипоҳи. Комрон мирзонинг ўзи ҳам Қандаҳорга келганидан хабарингиз бордир?

Ҳумоюн буни аммаси Xонзода бегимнинг уч ҳафта бурун ёзиб юборган хатидан билган эди. Йўлда эканида қайта-қайта ўқиган ўша мактуби ҳозир сўзма-сўз хотиридан ўтди:

«Ҳумоюнжон, мен сизни жонимдан азиз кўриб, илтимосингиз билан Кобулдан Қандаҳорга бордим. Ҳар учала инингизни бир жойга йиғиб, ҳазрат отангизнинг васиятларини эслатдим, китобларини очиб кўрсатдим. Сизни валиаҳд тайинлаганларида, «олти ҳисса Ҳумоюнга бўлса, беш ҳисса Комронга бўлсин, ҳамиша бу қоидани маръий[52] тутиб, мундин тажовуз қилманглар», деб ёзганларини ўқиб бердим. Сиз отангизнинг бу васиятига доим амал қилганингизни, Аградалигингизда Комронга Кобул-у Ғазнидан ташқари Панжобни ҳам берганингизни айтдим. Ўша пайтда Мирзо Комрон: «Отамиз менга беш ҳисса буюрганлар, оғамизнинг мулки олти ҳиссадан ҳам ортиқ!» деб ғавғо қилган эди. Мана энди Сизда ўшал олти ҳиссанинг биттаси ҳам қолмади, Комрон мирзо эса Бадахшон-у, Кобул-у, Ғазнига қаноат қилмай, Қандаҳорни ҳам ўз ҳукмига бўйсундирмоқчи бўлди. Ҳиндол мирзога: «Қандаҳорда хутбани менинг номимга ўқит!» деб буюрди. Менинг илтижоларим, олтмиш олти ёшимда тоғ йўлларида азоб тортиб Ғазни орқали Қандаҳорга шу адолацизликнинг олдини олай деб келганларим кор қилмади.

Не тил билан айтайки, Комрон мирзони сиз-у бизга адоват сақлаб юрган энг ёмон одамлар ўз таъсирига олмишдир. Сизнинг саройингиздан порахўрлик қилиб қувилган Бопусхон ҳозир Комроннинг соҳибихтиёр вазири. Амир Баҳлулга туҳмат қилиб уни қатл эттирган, кейин ўзи зиндонга тушган Саид Xалил Аградан келиб, Комрон мирзонинг саройида диний пешво бўлиб олмишдир. Бечора Низомга хиёнат қилиб унинг ғанимлари олдида обрў орттирган Афзалбек ҳам ҳозир Комроннинг ишонган амирларидан бири. Қандаҳордаги Қорачахон ҳам шу кунларда Ҳиндол мирзодан айниб, Бопусхон-у Саид Xалиллар томонига ўтиб олган. Булар ҳаммаси Комрон мирзони ҳар қадамда улуғлаб, «Сиз Бобур мирзонинг энг соҳиб истеъдод ўғлисиз, подшоликка фақат сиз муносибсиз», деган гапларга уни астойдил ишонтириб қўйганлар. Шу боисдан менинг куйиб-ёниб айтган барча гапларим тош-га урилган тиғдай ҳайф кетди. Ҳиндол инингиз: «Подшо оғамиз тирик турганда хутбани Комрон мирзонинг номига ўқитиш мумкин эмас!» деб оёқ тираб турибдир. Зора сиз тезроқ етиб келсангиз-у бу талаш-тор-тишларни бартараф қилсангиз. Кўзим тириклигида сизнинг иниларингиз билан иноқ, иттифоқ бўлганингизни кўрсам дунёдан беармон кетардим».

Ҳумоюн бу хатни олганига икки ҳафта бўлди. шундан бери уни энг қаттиқ хавотирга солиб юрган янгилик — Саид Xалил ва Афзалбекдай ашаддий душманлари Комрон мирзонинг пинжига кириб, унинг ишончли одамларига айланиб олганлиги эди. Айниқса, Саид Xалил Ҳумоюндан зиндон қасдини олиш учун ҳеч нарсадан қайтмаслиги аниқ. Ҳумоюн болалиги ўтган Кобулга боришга, отасининг қабрини зиёрат қилиб, унинг руҳидан мадад сўрашга қанчалик иштиёқманд бўлмасин, аммасининг хатини ўқигандан сўнг у ёқларга қадам босмасликка қарор берди. У Қандаҳорга ҳам хавотир бўлиб, эҳтиёт билан яқинлашмоқда, лекин ҳар қалай, Ҳиндол мирзо шу ерда бўлса ёрдам қўлини чўзар деган умидда эди.
— Ҳиндол мирзо ҳозир Қандаҳордами?! — сўради у калонтарнинг сўзидан изтиробга тушиб.
— Йўқ. У киши илгарилари Қандаҳорнинг ёзги иссиқларидан шикоят қилган эканлар. Ёзда бу ерларнинг жазирамаси чиндан ҳам қаттиқ бўлур, Комрон мирзо иниларига шуни эслатибдирлар. «Майли, сизга салқин жой берай, Ғазнига ҳоким бўлинг, мирзо Аскарий Қандаҳорга келсин», дебдилар. Ҳиндол мирзо бу гапнинг ёлғонлигидан бехабар, Комрон мирзонинг таклифига рози бўлибдилар. Қандаҳордан куч ортиб Ғазнига борсалар, дарвозалар берк. Ичкаридан бир одам чиқиб, Комрон мирзонинг янги фармонини Ҳиндолга кўрсатибдилар. Бу фармонга биноан Ҳиндол мирзо Ғазнига эмас, Ҳайбар довонидан наридаги нотинч Сайфий[53] жойларга — Ламғанот билан Тангиҳога ҳоким тайинланибдир.
— О ноинсоф-ей! — ғазаб билан деди Ҳумоюн. — Комроннинг ўзи ҳали Қандаҳордамикин?
— Йўқ, ўтган жума намозида Саид Xалил келиб хутбани Комрон мирзонинг номига ўқигандан кейин Кобулга қайтиб кетди.
— Xонзода бегим-чи?
— У киши ҳам йиғлаб-йиғлаб Кобулга жўнадилар.
— Демак, Қандаҳор ихтиёри ҳозир Мирзо Аскарийда?
— Ҳа, — калонтар шивирлаб давом этди. — Менга ўғлим айтди. Комрон мирзо махфий фармон бериб кетибдирлар. Сизни туттириб, ҳибс қилишмоқчи эмиш. Xундор душманларингиз бор экан. Ўшаларга қўшиб ҳажга жўнатмоқчи эмишлар.

Ҳумоюн шунча узоқ йўл юриб, иниларидан паноҳ истаб келса-ю, энди манзилга етдим деганда даҳшатли хатарнинг устидан чиқса! Агар калонтарнинг гапи рост чиқиб, уни ҳажга жўнацалар, ҳимоясиз қолган одамни хундор душманлари йўлда ўлдириб кетишлари ҳеч гап эмас!
— Наҳотки иниларим менинг қонимга шунчалик ташна бўлса? — ўртаниб деди Ҳумоюн. — Балки бу бир ваҳимали овозадир?
— Ўғлим менга махфий буйруқ бор, деди... Ҳазратим, уйимнинг тўри сизники. Маликангиз ёш болали эканлар. бу совуқда қаёққа ҳам боргайсиз? Агар таваккал қилиб тураверамиз десангиз — бош устига. Лекин ўғлим менга, «зинҳор оғзингиздан чиқарманг», деган эди. Бу сирни мен фақат сизга ишониб айтдим.
— Xотиржам бўлинг. Буни мендан бошқа ҳеч ким билмагай!
— Xудо ҳофиз! — деб калонтар юзига фотиҳа тортиб ўрнидан турди.

Инилари уни ўлимга маҳкум этганини Ҳумоюн ҳеч ақлига сиғдиролмасди. Xафалашиш, аразлашишлар бўлиб туради. Лекин Ҳумоюн уларга бирон ёмонлик қилгани йўқ-ку. Аскар йиғиб, Кобулга тажовуз қилиб бормаса, ёш болали хотини билан тинч бир жой излаб келаётган бўлса. Наҳотки шундай катта мамлакатнинг бир гўшасини ўз инилари ундан кўп кўришади? «Оддий одам бўлсанг эдинг, бир шолчанинг устига ҳам сиғар эдинг, — деган ўй кўнглидан ўтди. — Ҳамма бало сенинг подшолигингда. Қандаҳорда хутбани Комроннинг номига ўқитиш шунчалик қийин бўлгани — сенинг тирик юрганинг туфайлидир. Саид Xалилу Афзалбеклар ўз мақсадлари йўлида ҳеч қандай разолатдан қайтмаслигини Аграда Амир Баҳлул билан Низомнинг бошига тушган фалокатларда кўрган эдинг-ку».

Фикри шу жойга етганда Ҳумоюн эҳтиёт чораларини кўриб қўйишга қарор берди ва ички ҳовлига — Ҳамида бону билан Акбарнинг олдига йўналди. Бола йўлда яна баттар шамоллаган: йўталиб, ғашлик қилиб йиғларди. Ҳумоюн кириши билан Моҳим биби Акбарни Ҳамида бонунинг қўлидан олди-да, нариги уйга олиб чиқиб эмиза бошлади.

Манқалнинг иссиғидан юзлари қизарган Ҳамида бону:

—Худога шукур-ей, йўл азоби тугай деб қолдими, ҳазратим? — деди. — Қандаҳорга ецак, барча машаққатлардан фориғ бўлғаймизмикин?

Ҳумоюн индамай уни икки елкасидан олди-да, юзини ўзига қаратиб, кўзларига маъюс тикилди.

—Бардам бўлинг, Ҳамидам! Кажрафтор фалак бизни яна янги тўфонларга дучор қилса ёнимда мардона туриб берурсиз, деган умидим бор.
— Вой, яна бирон шум хабар келдими? — ранги қув ўчиб сўради Ҳамида.
— Қўрқманг, балки бу ёлғон овозадир. Ҳар эҳтимолга қарши, қимматбаҳо нарсаларингизни, иссиқ кийимларингизни йиғиб тайёрлаб қўйинг.
— Акбарнинг нарсаларини ҳам йиғиштирайликми? Энагалар...
— Бола қаттиқ тумовлаган кўринадир. Буни кейин ўйлашурмиз. Ҳарамда белуж аёл бормиди?
— Ҳасанали эшик оғанинг хотини белуж. Сора биби деган.
— Ўшанга секин айтинг. Сиз билан шай бўлиб турсин.
— Лекин мен Акбарни ташлаб кетолмагаймен!..
— Буни ўйлашгаймиз дедим-ку. Ваҳима кўтарилмасин, бошқа ҳеч кимга айтманг.

Ҳумоюн ёқасининг тугмасини ечди-ю, ички куйлагининг яширинча қўйин чўнтагидан бахмал туморчага ўхшаш учбурчак нарсани олди. Атрофи-га кўз ташлаб, уй ва айвонда бошқа ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, бахмал туморчани Ҳамида бонуга узатди:
— Xазиналар бўшаб қолганини билурсиз. Отамдан мерос қолган Кўҳинур олмоси мана шу туморда. Ҳар эҳтимолга қарши бу сизда турсин.

Туморча кичик бўлса ҳам вазни оғиргина эди. Ҳамида бону уни қўлига олганда Ҳумоюн қўшиб қўйди:
— Яна битта йирик олмос билан Бадахшондан келтирган беш-олтита нодир лаълларим ҳам шунинг ичида. Ҳаммасининг қиймати катта бир давлатнинг икки-уч йиллик даромадича бор. Мен ҳам валиаҳд ўғлимга муносиб мерос қолдирай деган орзу билан бу лаъл-у гавҳаларни қанча хатарлардан асраб олиб ўтдим. Энди буларни сизга ишониб топширмоқдамен. Ўзингиздан бошқа ҳеч ким билмасин.

Ҳамида бону туморчани икки қўллаб кўкрагига босган ҳолда ҳаяжон билан гапирди:
— Менинг безовта дилимга бу улкан ишончингиз мадад бергай, ўғлимизга аталган омонатингизни кўз қорачиғидай асрагаймен. Фақат Акбарнинг ўзи мен учун дунёнинг барча жавоҳирларидан азизроқ!
— Мен учун ҳам шундоқ, Ҳамида! Акбар учун жонимни ҳам аямаймен!

* * *

Йўлларда тўхтаб-тўхтаб, Синддан Қандаҳорга етиб келгунларича икки ой ўтган, бу орада бир қисм одамлар йўл азобларига бардош беролмай касалланган, яна бир қисми бошқа ҳукмдорлар ҳузурига кетиб қолган эди. Ҳозир қароргоҳда аскар-у сипоҳилар бола-чақаси билан беш юзга етар-етмас, уларнинг ҳаммасига Байрамхон бош бўлиб турар эди.

Ҳумоюн саккиз бурчаклик катта оқ ўтов олдига келиб отдан тушди. Эшикдан пешвоз чиққан девқомат Байрамхон катта оқ чўгирмали бошини эгиб, уни таъзим билан кутиб олди-да, ичкарига бошлади.

Ҳумоюн калонтар айтган сирни ҳеч кимга билдирмасликка сўз берган бўлса ҳам, лекин Байрамхон ҳозир унинг энг яқин ҳамрози эди. Шунинг учун у билан яккама-якка ўтириб бор гапни бирма-бир айтиб берди:
— Агар иниларим менга қарши қилич яланғочлайдиган бўлса, ҳаж йўлида эмас, жанг майдонида ўлдира қолсинлар! Мен учун ҳам қўлда шамшир билан ўлиш афзал эмасми? Барча содиқ йигитларимизни жангга тайёрланг.

Байрамхон улкан чўгирмасини сарак-сарак қилиб бош чайқади:
— Ҳазратим, мен ўн тўрт йилдан бери хизматингизда юриб, энг хатарли жангларингизга ҳам бирга борганмен. Аммо оға-иниларнинг биродаркушлик жангини сизга ҳам, ўзимга ҳам зинҳор муносиб кўрмасмен.

Байрамхон Ҳумоюндан саккиз ёш катта эди. Сўнгги йиллардаги асирлик кулфатларидан юзида ажинлар кўпайган, ёши қирқдан ошиб, қалин қора соқолига оқ оралаб қолган эди.
— Майли, буйруғингиз билан мен барча бек-у навкарларни шай қилиб қўяй, аммо жангни эмас, бирон бехатар жойга кетишни ўйламоқ даркор.
— Бу қиш совуғида қаёққа борурмиз, жаноб Байрамхон?
— Шомилистонга[54] борайлик. Шимол томони Сейистон, Ҳирот. Ҳозир Ҳирот ҳам шоҳ Таҳмаспнинг қаламравида. Бу шоҳ билан ёшликда кўришгансиз, отаси отангиз билан иттифоқдош дўст эди. Аграга шоҳ Таҳмаспнинг элчилари борган-да иззат-икром билан кутиб олган эдингиз, катта совғалар бериб кузатган эдингиз. Шоҳга ҳам сиз-у биздек жанговар иттифоқдошлар жуда керак. Чунки шайбонийзодалар шу кунларда Ҳирот-у Xуросонни шоҳдан тортиб олиш ҳаракатида шимолдан таҳдид солмоқда эмишлар. Биз Таҳмаспнинг ёнига кирсак, шоҳнинг душманлари тажовуздан ҳайиқиб қолишлари мумкин.
— Аммо ўзимизнинг шунча вилоятларимиз турганда сафавийлар юртига сиғинди бўлиб бориш...
— Улар бегона эмас, ҳазратим. Шоҳ Таҳмасп ўзимизнинг озарбайжонлик. Бундан йигирма тўрт йил бурун Табризга борганим ёдимда турибдир. Сиз ўшанда ўнг бир ёшда эдингиз, балки эсларсиз? Сафавийлар ҳам ўзимизнинг туркий улусдан. Бобур ҳазратлари Шоҳ Исмоил билан таржимонсиз бемалол сўзлашган эдилар.
— Аммо жоҳил қизилбошлар ҳазрат отамдан қасд олмоқчи бўлганлари ёдингиздами? Гўё Ғиждувонда шайбонийзодалар билан қизилбошлар орасида бўлган жангда менинг отам Нажми Сонийга хиёнат қилган эмиш, шунинг натижасида у ўлдирилган эмиш! Ҳолбуки, Нажми Соний отамнинг ўзини ҳам йўқ қилмоқчи бўлган экан. Қаршида қатлиом эълон қилиб, етти ёшдан етмиш ёшгача бегуноҳ аҳолини қирдирган экан.
— Шоҳ Исмоил буни билар эди, «айб Нажми Сонийнинг ўзида», — деб Табризда отангизни ҳимоя қилгани ёдингизда бордир.
— Шоҳ исмоил ҳозир йўқ. Шоҳ Таҳмаспга муте бўлиб бориш... хатардан холи эмас, жаноб Байрамхон.
— Xатар бу ерда кўпроқ. Ахир сиз шоҳ Таҳмасп билан битим тузган эдингиз, оғир пайтда икковларингиз бир-бирларингизга кўмак бериш ҳақида аҳдлашган эдиларингиз.
— Шу аҳдлар эсида бормикин?
— Унутган бўлса эслатмоғимиз мумкин.

Ҳумоюн Байрамхонни шоҳ Таҳмаспга элчи қилиб юбориш ҳақида ўйлаб, бир лаҳза жим қолди.

Шу пайт ташқарида от дупури ва аллакимнинг ҳовлиқиб:
— Ҳазратим қанилар? — деган хитоби эшитилди.

Ҳумоюн овозни таниб:
— Йўлчибекми? — деди. — Мен ўзим уни кутиб юрган эдим. Айтинг, тез кирсин.

Йўлчибекни Ҳумоюн бундан уч ҳафта бурун аммаси Xонзода бегимнинг мактубини олгандан сўнг Қандаҳорга хуфия қилиб жўнатган эди. «Агар бизга бирон хатар борлигини аниқ билсанг, дарҳол хабарини етказ», деб тайинлаган эди.

Совуқдан от чоптириб келгунча мўйловига қиров иниб, оқариб қолган Йўлчибек ўтов эшигидан кирди-ю, ерга ўзини ташлаб тиз чўкди:
— Шум хабар келтирдим, Ҳазратим! Тезроқ шайланинг! Инингиз Аскарий икки минг қўшин билан сизни тутмоқчи бўлиб бостириб келмоқда!

Ҳумоюн ва Байрамхон ўринларидан сакраб туришди:
— Қаерда кўрдингиз?

—Бундан беш тошча[55] нарида. Мен етиб келгунимча анча вақт ўтди. Бир-икки соат ўтмай етиб келса керак. Нияти ёмон. Шафқациз фармон берилганини ишончли одами айтди!

Ҳумоюн Байрамхонга юзланди:
— Дарҳол одамларни йиғинг! Ҳасанали эшик оға, Турдибек, Мирбобо Дўст, Ёқуб қўрчи, яна кимки астойдил содиқ бўлса бирга юрсин. Истиқбол ёмон, йўлимиз хатарли! Мен хайлхонага борай!

Ҳумоюн намозшом пайтида от чоптириб калонтарнинг уйи томонга борар экан, тоғ томонидан аччиқ изғирин эсаётганини, гуручдай-гуручдай қаттиқ қор доналарини шамол юзига жазиллатиб ураётганини сезди-да, «Акбарни олиб чиқсак нобуд бўлғай!» деган таҳликали ўй хаёлидан ўтди.

Ички ҳовлига кириб, мумкин қадар босиқ товуш билан:
— Бегим, от тайёр, иссиқроқ кийиниб чиқинг, — деди.

Аграда московиялик савдогар тақдим қилган сувсар пўстинни Ҳумоюн ҳамида бонуга берган эди. Канизаги Аминат унга шу пўстинни кийдираётганда Ҳамида бону ёшли кўзларини Ҳумоюнга тикди. Йиғлаб илтижо қилди:
— Акбаржонни бирга олайлик!
— Бегим, мени мунча эзманг. Боя тушунтирдим. Xудо хоҳласа, эрта-индин қайтиб келурмиз. Совуқ ёмон, бола ўзи касал. Моҳим биби қараб тургай. — Ҳумоюн боланинг бешиги олдида турган Моҳим бибига юзланди: — Синглим, ҳамида йўғида сиз Акбарга оналик қилинг. Жавҳар офтобачи ҳам беш-ўнта содиқ одамларимиз билан шу ерда қолиб, Акбарнинг хизматини қилгай. Агар кечаси Аскарий келиб, озор бермоқчи бўлса... ҳазрат отамизнинг арвоҳларини ўртага солиб айтинг, Акбарга ҳам, энагаларга ҳам ёмонлик қилмасин. Болада не айб? Қандай алами бўлса мана, мен бормен! — Бу сўзлар давомида Ҳамида бону жун рўмолини бошига солди, лекин ўзини тутолмай йиғлаб юборди, чопиб бориб Акбар беланган бешикни қучоқлади:
— Мен боламни хавф-хатарга қандай ташлаб кетгаймен, мусулмонлар! Бу қандай кўргулик?

Онанинг изтироби болага ўтди-ю, Акбар бешикда ётган кўйича чирқираб йиғлади.

Ҳумоюн Ҳамида бонуга: «Бўлмаса бола билан қолинг!» демоқчи ҳам бўлди. Боя у хотинига гавҳар ва лаълларни берганда, «булар менсиз қолса хор бўлмасин, иликка тушсам тинтиб қўйнимдан топиб олишгай», деган фикр кўнглидан ўтган эди. Энг оғир кунларда тақдирнинг барча зарбаларига бардош бериш учун суюкли хотини ёнида бўиши керак эди. Ҳамида бонусиз истиқбол унга кераксиз ва маъносиз туюларди. Шунинг учун:
— Бас, йиғламанг, мен қолгаймен! — деди ва қиличининг сопини чангаллади: — Менга бундай айрилиқ даҳшатидан кўра қилич билан жон бермоқ афзал! Охирги нафасим қолгунча сиз билан Акбарни ҳимоя қилгаймен!

У чопиб айвонга чиққанида дарвозахонадан Байрамхоннинг товуши келди:
— Ҳазратим! Одамлар йиғилди! Тезроқ бўлинг! Ёғий яқин!
— Ёғий яқин бўлса жанг қилғаймиз!
— Икки минг ёғийга қандай бас келурмиз, ҳазратим? Қирқтагина бек-у навкар тўпладим, холос!

Бу сўзларни эшитиб турган Моҳим энага тез Ҳамида бонунинг ёнига келди:
— Вой ўлай, ҳазратимнинг қонига зомин бўлманг яна, ҳазрат бегим! Акбаржонга мен ҳам онамен! Жижи энага бор! Пойчажон энага бор!

Рупарани Умарқутда қолган, энагалардан яна иккитаси Қандаҳорга етиб келолмаган, лекин ҳозир Моҳим тилга олган уч она болага жонини бергудек меҳрибон. Акбарнинг кўкалдошлари Адҳам, Азиз ва Зайниддинлар ҳам шу ерда қолади. Болани бу қиш совуғида олиб кетиб бўлмаслиги аниқ.

Ҳамида бону Ҳумоюнга аждаҳодай оғиз очиб келаётган хавф-хатарнинг бутун даҳшатини энди кўз олдига келтирди. Бешикдаги Акбарни қучоқлаб, юзини боланинг юзига босиб хайрлашди-ю, Ҳумоюннинг кетидан ҳовлига чопиб чиқди. Кўз ёшларини кафти билан артиб Ҳумоюннинг ёнига келди:
— Айтинг, менга ҳам от келтирсинлар!

Бу орада Ҳасан эшик оғанинг хотини Ойша биби ҳам отланиб, тайёр бўлиб турган эди.

Қирқтача эркак орасида шу икки аёл ғўра қорни қайириб ураётган изғиринга қарши юриб, оқшом ғира-ширасида Саримастунгдан чиқдилар-у шимоли шарқдаги қорли тоғларга қараб йўл олдилар. Ҳаво ниҳоятда совуқ. Кечаси тоғ этагидаги ўрмонзорга етганларида тун қоронғиси жуда қуюқлашиб кетди. Айланма тоғ сўқмоғини топиш қийин бўлиб қолди.
— Одамлар ҳам жуда совқотди, — деди Турдибек.— Ҳазратим, тўхтаб бир гулхан ёқсакмикин?
— Пастдан бизни қувиб келаётган бўлсаларчи? — деди Ҳумоюн. — гулхан ёруғи бизни тутиб бергай. Тепаликдан ошиб, панароқ жой топмоғимиз керак.

Тепалик бўлиб кўринган жой анча баланд довон экан. Қор уриб турибди, юриш қийин, отлар ҳансирайди. Равшан кўканинг оти сирғанчиқ жойда йиқилиб, орқа оёғи қиррали тошга шундай қаттиқ урилдики, чўлоқлаб, юролмай қолди. Равшанбек отдан тушиб уни етаклаб бора бошлади.

Тун ярмидан ошганда довондан наридаги қоятошлар панасига ўтиб, қор унча тегмай қорайиб турган тоғ камарлари олдида тўхтадилар. Йигитлар бирпасда ўтин олиб келиб гулхан ёқдилар. Бу ўрмонда болут дарахти кўп эди, унинг арчаникини эслатадиган нина барглари хўл бўлса ҳам гулханда чарсиллаб ёнарди. Атрофга сал ёруғ тушгандан кейин тоғ пистасининг дарахтлари ҳам кўринди, йигитлар унинг олови таптлик бўлади дейишиб, қуриган шохларини синдириб гулханга ташладилар. Ҳумоюн билан Байрамхон учун етовда тўртта салт от бор эди. Ҳумоюн шулардан бирини Равшанбекка берди.
— Чўлоқ от энди йўлга ярамагай, уни сўйинглар, — деб буюрди.

Одамлар кечки овқатни ейишга улгурмай йўлга чиқишган, ҳозир уларни очлик ҳам қийнамоқда эди. Сўйилган отнинг гўштини пишириш учун қозон тополмадилар. Байрамхон болут новдаларини пичоқ билан тозалаб, сих ўрнида ишлатди-да, от гўштининг яхши жойларидан писта чўғида кабоб қилдирди. Навкарлар от гўштини дубулғаларига солиб гулханда қовуриб едилар.

Ҳамида бону оч қолганини ҳам билмас, иштаҳаси йўқ, бешикда қолган боласи кўз олдидан кетмайди. Саҳар палла гулхандаги писта чўғининг иссиқ тапти элитиб, ўлтирган ҳолда кўзи илинибди. Тушида ўнг ойлик Акбарни чўмилтираётган эмиш. Бола соғ, қувноқ, «Хайрият-ей, ёнимда экан, тузалиб кетибди!» деб, қувониб кўзини очса, атрофида қорли ўрмон, гадир-будур қоятошлар, совуқда дийдираб турган от ва хачирлар. Воқеликка қайтди-ю, айрилқ дарди яна янгиланиб, бирдан кўзларига ёш қалқди.

Ўша куни Жавҳар офтобачи бошлиқ ўттизтача одам Қандаҳорда қолган чодирлар, бошқа зарур буюмларни олиб келиб, уларга қўшилдилар.
— Сизлар жуда вақтида кетган экансизлар! — деди Жавҳар. — Кетларингдан икки соат ўтар-ўтмас мирзо Аскарий катта қўшин билан бостириб келди. Тўрт томонга изғиб сизларни ахтарди. Биздан сўраган эди, «овга кетганлар», дедик. Кейин Акбар ётган уйга кирдилар. Xотинлари Салтанат бегим ҳам бирга келган эканлар. Моҳим энага икковларининг оёғига йиқилиб: «Акбарни ўз фарзандингиз ўрнида кўринг!» деб илтижо қилди. Аскарий дағалроқ жавоб берган эди, Салтанат бегим орага тушдилар. Акбарни иликларига олиб эркалатдилар, «мен буни энагалари билан ўз тарбиятимга ол-гайман», деб Қандаҳорга олиб кетдилар. Буни кўриб кўнглимиз сал тинчиди-ю, яшириқча йўлга чиқдик.

Ҳамида бону орқага — Акбарнинг олдига қайтишни қанчалик истамасин, энди Ҳумоюн ўзининг инилари билан ярашолмаслигини сезиб турарди. У боласини соғиниб, йиғлаб-сиқтаб бўлса ҳам эри билан бирга шимолга — Xуросонга қараб кетиб борарди. Ёш она ҳар куни Акбарни эмизадиган маҳалда сийнасига сут тўпланиб, чидаб бўлмас даражада оғрий бошларди. Шунда Ҳамида Ойша биби билан холи жойга чиқиб, сутини қорга соғиб ташларди. Оппоқ қорда сут кўзга ташланмаса ҳам унинг иссиқ тапти совуқ қорда ҳовур чиқарарди. Жигарбандининг насибаси ҳайф кетаётганидан юраги қон бўлган Ҳамида бону:
— Бизни шу кўйга солганлани она сутининг уволи кўр қилсин! — деб пичирларди.

Avvalgi
I- qism
 



  1. Ҳижрий 935-, милодий 1528-йилга тўғри келади.
  2. Толор — ёзлик шийпон.
  3. Чавгон — от миниб ўйналадиган ва баъзи жиҳатлари чим хоккейни эслатадиган қадимий ўйин.
  4. Фақиҳ — қонуншунос.
  5. Раъд — яшин ва момақалдироқ.
  6. Мил — 1000 метр.
  7. Бҳақти — ҳиндча ихлос демакдир. Инсон ўз такомилига ишонса ва комил одамларга ихлос қўйсагина ёмон иллатлардан халос бўла олади. «Ихлос — халос» деган ҳикмат бҳақтида шундай талқин этилади.
  8. Кабир (1440—1518) — улуғ ҳинд шоири. Унинг шеърлари ҳозир ҳам халқ орасида жуда кенг тарқалган. Ривоятларга кўра, Кабир асли браҳман оиласида туғилган, чақалоқлигида онаси ташлаб кетгач, уни оддий бир мусулмон тўқувчи косиб оиласи тарбиялаб вояга етказади. Кабирнинг ўзи ҳам тўқувчи бўлган.
  9. Муҳтасиб — диний ишлар назоратчиси. Қўлида дарра билан юриб, одамларнинг рўза тутиши-ю масжидга намозга келишини назорат қилган.
  10. Шудра — энг паст тўртинчи табақа — каста. Унга кўпроқ косиблар, ҳаммоллар ва бошқа оддий кишилар киради.
  11. Шомиёна — бу ерда гулдан қилинган чодир ёки чимилдиқ маъносида.
  12. Мавкаб — подшонинг аъёнлари ва мулозимлари.
  13. Дарра — бамбукдан қилинган махсус таёқ.
  14. Мунир — ёруғ юз, ёруғлик.
  15. Сайисхона — отхона.
  16. Бандар — порт.
  17. Мушрифлар — қўшни ўлкаларда яширин иш олиб борувчи разведкачилар.
  18. Насора — христиан.
  19. Московия — Москва дегани.
  20. Ҳижрий — мелодий 1530-йилга тўғри келади.
  21. Идил — Волга.
  22. Княз — демоқчи.
  23. Ҳиндистондан Москвага биринчи марта Бобур элчиси боргани ўша даврнинг катта воқеаларидан бири бўлганини зийрак рус солномачилари сезадилар. Улар Xўжа Ҳусайннинг номини ҳам, Бобур юборган ёрлиқда Ҳиндистон билан Москва орасида дўстлик ва биродарлик алоқаларини ўрнатиш таклиф қилинганини ҳам, Василий Иоаннович бу ёрлиққа жавобан 1533-йилнинг сентябр ойида нималар деганини ҳам махсус солномага ба-тафсил ёзиб қўядилар. Бу солнома улуғ рус тарихчиси Н.М. Карамзиннинг асарида XII жилд, 1852-й. нашри, 163-бетда келтирилган.
  24. Самур — собол.
  25. Товонолик — қобилият, қодирлик.
  26. ШерхонСурноми«Бобурнома»нинг1527 —1528-йилги воқеаларида икки қайта қаламга олинган.
  27. Бир ман — 800 грамм, 150 ман эса 120 килограмм. 7 ман марварид — 5 кило-ю 600 грамм бўлади.
  28. Пашкол — ёмғир фасли.
  29. Илмисиёҳ — шифр калити, яширин ёзув сири.
  30. Хайлхона — подшо ва аъёнларнниг хотин, бола-чақалари.
  31. Бҳақтийлар — адолатпарвар халқ ҳаракатининг иштирокчилари.
  32. Ҳолиса — подшонинг хос ери.
  33. Ҳумоюн Низом сувчини тахтга чиқаргани кўпчилик тарихий манбаларда, жумладан, Абулфазлнинг «Акбарнома»сида, Жавҳарийнинг «Ҳумоюннома»сида, Гулбадан бегимнинг эсдаликларида қайд этилган. Аммо унинг қанча вақт тахтда ўлтиргани турли манбаларда ҳар хил кўрсатилган. Гулбадан бегим Низомни икки кун подшо бўлган деса, баъзи ҳинд олимлари уни бир ярим ой тахтда ўлтирган, деб ёзадилар.
  34. Хирожбиланжузя — ғайридинлардан олинадиган қўшимча солиқлар.
  35. Мунсиф — солиқ ёзадиган амалдор.
  36. Жолабон — дарё кемаларининг сардори.
  37. Ақраб — 22-октябрдан 22-ноябргача.
  38. Киса — халтача, бугунги тилда — сумка. Кейинчалик киса — кийимга тикиладиган кисса номини олган.
  39. Далв — 22-декабрдан 22-январгача.
  40. Муслин — энг нафис ипак мато.
  41. Таржимаси:Дилимдалаълнингҳаваси — мастмен.
  42. Тузҳақинисақлаш — илгари Ҳумоюн хизматида бўлгани ва унинг хонадонидан туз ичгани назарда тутилади.
  43. Ашрафий — олтин пул.
  44. Роҳбин — йўл кўрсатувчи, йўлни яхши биладиган одам.
  45. Райзин — Деҳлидан 350 милча жанубдаги Малва вилоятига қарашли қалъа.
  46. Маҳарожа — улуғ рожа дегани.
  47. Маъбуда Калига шарафлар!
  48. Ўтлиғ — кейинчалик «утюг» бўлиб ўзгарган. Алишер Навоий асарларида ўтлиғ билан дазмол урилиши айтилган.
  49. Ҳинд аёли Рупарани ва Акбарга энагалик қилган бошқа оналарнинг номлари Абулфазлнинг «Акбарнома»сида келтирилган. Акбар улғайганда ўз энагалари ва кўкалдошларига катта ҳурмат билан қарагани кўпчилик тарихий манбаларда қайд этилган. Туркийча «енага», «кўка» сўзлари шу тарзда ҳинди, инглиз, форс, урду тилларига ҳам кирган.
  50. Калонтар — энг катта дегани, яъни қишлоқ оқсоқоли.
  51. Дари — форс тилининг Афғонистонда кўпроқ тарқалган бир тури тожикчага яқин.
  52. Маръий — қонуний.
  53. Сайфий — қилич кучи билан солиқ тўлайдиган, итоатдан чиққан жой.
  54. Шомилистон — белуж ва афғон қабилалари яшайдиган ўлка.
  55. Бештош — саккиз чақирим.