OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифПиримқул Қодиров
Асар номиАвлодлар довони - Ҳумоюн ва Акбар (II- китоб, II-қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Тарихий беллетристика
Муаллифлар
   - Пиримқул Қодиров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм541KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/12/10
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Авлодлар довони - Ҳумоюн ва Акбар (II- китоб, II-қисм)
Пиримқул Қодиров

Иккинчи Китоб: Акбар (Давоми)

Фатҳпур, Бҳира: Маънавий Зилзила

Секри тепалиги устига қизил тошдан муҳташам қилиб қурилаётган янги пойтахт ўн йилнинг нари-берисида узоқлардан кўзга ташланадиган улкан қалъа тусини олди. Қалъа атрофига сипоҳилар, дўкондорлар, косиб-у ҳунарманд ва бошқа турли хил касб эгалари минг-минглаб уй-жойлар қурдилар. Боғлар, дарахтзорлар, ҳовлилар, кўча ва хиёбонлар кўпайди. Секридан Аграгача бўлган ўттиз беш миллик йўлнинг икки чети кела-келгунча серодам манзилларга, раста ва дўконларга тўлиб кетди.

Дастлабки йилларда расмий доиралар Секридаги янги пойтахтни Фатҳобод деб атаган бўлсалар ҳам, лекин уни қурган оддий одамлар «Фаҳтпур», яъни «Ғалаба шаҳри» деган қисқа номга тезроқ ўргандилар. Бора-бора кўпчилик аҳоли ҳам, давлат арбоблари ҳам Фатҳпур дейдиган бўлдилар. Янги пойтахт бутун мамлакатга шу ном билан танилди.

Ҳамида бегим учун Фатҳпурнинг жанубида катта боғ ҳовли қурилди. Бу йил эллик олти ёшга қадам қўйган Ҳамида бегимнинг ҳозир олтита невараси бор. Уларнинг каттаси Салим тўққизга кирди, Мурод саккиз яшар. Булар иккови оталари билан ҳарбий юришларга ва узоқ сафарларга бирга кетадиган бўлган. Акбар мутъа никоҳи билан уйланган кейинги хотинларидан Шамшод биби унга яна бир ўғил туғиб берди. Гужарат юриши пайтида туғилган ва ҳозир олти ёшга кирган бу учинчи ўғилга Дониёл деб от қўйдилар. Отаси унга ҳам алоҳида кўшк солиб берган, бек атка ва мураббийлар тайин этган. Ўғил невараларидан ташқари, Ҳамида бегимнинг шаҳзода хоним, шукринисо бегим, Ором бону деган учта жажжи қиз невараси ҳам бор. Уларнинг ҳар қайсиси билан ҳафтада бир кун бирга бўлса ҳам баҳри дили очилиб, вақтнинг қандай ўтганини сезмайди.

Сарой аҳли-ку, Ҳамида бегимнинг номини тоқ айтмайди, афсонавий Биби Марямга қиёслаб «Марями Макон» деб улуғлайди.

Лекин йигирма йилдан бери беваликда ўтаётган умр ҳам унга ўз тиканларини санчиб туради. Кундузи билинмайдиган ёлғизлик кечаси тўшакда ўзини кўрсатади. Эллик ёшнинг нари-берисида аёлларда бўладиган ўзгаришлар уни кўп диққинафас қилади, гоҳо юраги тапир-тупур уриб, баданини совуқ тер босади-ю, оёқлари, аксинча, чўғдай қизиб кетади. Сал нарсадан хавотири ошиб, дилини ваҳм босадиган пайтлар кўп бўлади.

Унинг энг кўп хавотирликлари — мудом ўзини ўтга-сувга урадиган Акбар туфайли. Бегим ҳатто ўғлини ҳаддан ортиқ мақтаб, кўкка кўтаришларидан ҳам чўчийди, чунки шуҳратдан маст бўлган Акбар ражпутча қиличбозлик қилмоқчи бўлиб, ўзини ўзи ўлдиришига сал қолганини бегим одамлардан эшитган.

Гужаратдан сўнг шарқдаги Бихарга юриш қилинди. Акбар икки юздан ортиқ дарё кемаси қурдирган эди. Асосий қўшин қирғоқ бўйлаб кетди-ю, Акбарнинг ўзи энг яқин мулозимлари, онаси ва хотин-болалари билан бир ой кемаларда сузиб борди.

Жамна ва Ганга бўйлаб қилинган бу дарё сафарини Ҳамида бегим умрининг энг масъуд хотиралари каби қайта-қайта эслаб юради. У келинлари ва неваралари билан тушган кема саҳнида тупроқ солиб ўстирилган жажжи гулзор бор эди. Қафасларда болалар яхши кўрадиган қушлар ҳам дарё бўйлаб сузиб борарди. Икки юз кема улкан бир карвонга айланиб, беш-олти мил масофага маржондай тизилган эди. Душман чегараси ҳали узоқ, ҳар икки қирғоқда ҳам ўз одамлари, кўкаламзор қир-адирлар ва обиҳаётга тўйган экинзорлар.

«Аҳли мурод» деб аталадиган махсус кемада Тансен бошлиқ хушовоз хонандаларнинг овози янграйди. Тун қоронғисида машъалалар ёруғи дарё мавжларида беҳад кўпайиб кўринади, куйлар ва қўшиқлар афсонавий бир сеҳр билан карвонга қўшилиб оқиб боради.

Икки ҳафта шу тарзда йўл юриб, Оллоҳобод шаҳрига етдилар. Бу ерда Жамна Гангага бориб қуйиладиган ғалати жой бор. Жамна суви қорамтир, Ганга эса оқиш, иккласи қўшилгандан кейин анча жойгача олачалпоқ бўлиб оқади-да, кейин кулранг тусга киради. Қирғоқлар беҳад кенгайиб, дарё аввалгидан беш-олти баробар улканлашиб кетади.

Ҳинд ривоятларида баён қилинишича, Оллоҳободда Ганга ва Жамнага ер остидан учинчи бир дарё— Сарасвати ҳам келиб қўшиларкан.
— Сарасвати аслида покиза бир маъбуда бўлган, — деб ҳикоя қилган эди Жодҳа Бай қайнонасига. — У Ҳимолай деган тангрининг қизи экан, тақдирида Ганга билан қўшилиш бор экан. Сарасвати илгари Гангага етгунча ер юзидан оқиб келаркан. Лекин дунёда нопоклик кўпайиб кетибдир. Сарасвати Гангага пок етиб келиш учун ер тагига тушиб оқибдир. Мана шу Оллоҳободда яна юзага чиқиб, севгилисига қўшилибдир. Шунинг учун бу дарёларнинг қўшилган жойи муқаддас зиёратгоҳ ҳисоблангай.

Чиндан ҳам, икки улуғ дарё қўшилган жойда одам бениҳоя кўп. Айтишларича, улар Ҳиндистоннинг турли вилоятларидан пиёда келишган, чунки шу муқаддас дарёлар қўшилган жойда бир марта чўмилиб кецалар, бутун гуноҳларидан покланишларига ишонишади.
— Қанийди шу ривоят рост бўлса! — деб Ҳамида бегим ҳам кеманинг бир четида аёллар учун қилинган парда ичига кириб, Ганга сувига қайта-қайта шўнғиб чиққан эди. Ҳозир буни эсласа дилида энг пок ва ёруғ туйғулар уйғонади.

Лекин Оллоҳободдан нарида яна Ҳамида бегимнинг таҳликалари бошланди. Чунки Акбарга қарши урушмоқчи бўлган афғон саркардаси Довудхоннинг юз минг аскари, беш минг ҳарбий фили бор эди. Афғонлар уни «бугунги Шерхон» деб улуғлар эдилар. Акбар онаси ва хотин-болаларини жанг майдонидан узоқ бўлган Жаунпурга юборди. Ўзи эса Ҳожипурдаги Довудхонга мактуб йўллади. «Икковимизнинг икки юз минг аскаримиз урушадиган бўлса беҳад кўп қон тўкилгай, — деб ёзилган эди Акбарнинг Довудхонга юборган мактубида. — Ундан кўра ўзимиз яккама-якка олишганимиз афзал эмасми? Сиз ҳам Ҳиндистонда туғилиб ўсгансиз, фил жангини яхши билурсиз. Мен ҳам битта филга миниб майдонга чиқай, эл-улуснинг кўзи олдида иккаламиз жанг қилайлик. Ким ғолиб чиқса, Бихар-у Бангола ўшаники бўлсин».

Довудхон яккама-якка жанг қилишга журъат этмаганини эшитиб Ҳамида бегим анча енгил тортди. Чунки Акбар Ҳинд уммонида португалларнинг зўр кемаларини кўрганда қувваи баҳриянинг[1] аҳамияти қанчалик катта эканини сезган, ўзининг икки юз кема-дан иборат дарё флотини шундан кейин қурдирган. Ҳали бундай флот Довудхонда йўқ. Бир кун кемада туриб жангни бошқарган Акбар иккинчи куни саман оти Роҳворга миниб, қуруқликдан ҳужум қилаётган жангчилари орасида пайдо бўлди. Жангчилар уни бир-бирларига кўрсатишиб, «ана, ҳазратим жангга кирдилар!», «оқ отда ўтдилар», дея бошлашди. Уни кемада кўрганлар эса, «ҳазратим ҳали ҳам бизнинг орамизда» дейи-шарди.

Акбарнинг жиловида гўё Xўжаи Ҳизр юришини, шунинг учун у ҳали бирорта жангда енгилмаганини юзбоши ва мингбошилар ўз қўл остидаги аскарлар қулоғига атайлаб қуяр эдилар. Бу гаплар сафдан сафга ўтиб, кўпчилик орасида тарқагандан кейин, навкарлар Акбарнинг ўзини кўриб қолсалар: «Энди албатта енггаймиз!» дейишиб, ҳар бири ўнта ёвга бас келадиган шижоат ва жазава билан жанг қилар эди. Акбарнинг ўзидан ҳам кўра номи катта кучга айланганини Довудхон ҳам сезди, у ҳам қуруқликдан, ҳам дарё ичидан қилинган кетма-кет ҳамлаларга бардош беролмади-ю, кечаси қалъани ташлаб, жанубга қараб қочди.

Шарқдаги ғалаба учун Акбар Гужаратдагига нисбатан хийла оз вақт ва куч сарфлаганига қарамай уни «назаркарда маҳдий!» деб энтикиб улуғлайдиганлар пайдо бўлди.

Бу меъёрсиз мақтовлар ҳатто Марями Макон — Ҳамида бегимни ҳам ҳовлиқтирар, бегим юриб бораётганда гоҳо оёғи ерга тегиб-тегмаётгандай бўлар, ғайритабиий бир куч уни осмонга учириб чиқиб кетадигандек туюларди. Лекин бу улуғлашлар Акбарнинг бошини қанчалик айлантириб қўйишини, Гужаратдаги мастлик яна такрорланиши мумкинлигини ўйлаганда бегим дарҳол ҳушёр тортар ва ўғлидан хавотир ола бошларди.

Одамлар Акбарни «довюрак, ботир» деб таърифлаганлари сари у ўзини янги-янги хатарлар гирдобига ташлар, ана шуниси бегимни мудом хавотирга соларди.

Овга борганда чита билан кийик тутишга қаноат қилса бўлади-ку. Йўқ, шергир филга миниб, йўлбарс отишга чиқарди. Махсус одамлар йўлбарс яшайдиган ўрмонни ўраб олиб, нақоралар, нафирлар шовқини билан йиртқични жойидан қўзғатади ва ўрмон четидаги ялангликка чиқишга мажбур қилади. Бу ерда фил минган Акбар йўлбарсга рўбарў бўлади. Шергир фил хартуми ва тиши билан йўлбарсни уриб йиқитишга интилади. Бундан ғазаби келган йўлбарс гоҳо ердан туриб филнинг боши устига сакрайди. Агар фил устида тўфангни ўқлаб тайёр турган овчи йўлбарсни сакраган пайтида бошидан отиб йиқитолмаса-ю, фақат ярадор қилса, бу қудратли йиртқич филнинг кўзига панжа уриб, тирноқларини ботиради. Кўздан айрилган фил довдираб қолади. Бу орада йўлбарс яна бир сакраб фил устидаги овчига етиб боради ва уни тилка-пора қилиб ташлайди. Бундай ҳодисаларни Акбарнинг ўзи кўрган. Шунга қарамай, яна беш-олти ой ўтгач, шергир филига минади-ю, йўлбарс овига жўнайди. Xавф-хатар билан олишишга бунча ишқибоз бўлмаса нима қиларкин? Ҳамида бегим ўғлининг чапдаст мерганлиги учун тангрига шукрлар қилади. Кейинги ўн йилда Акбар еттита йўлбарсни отиб йиқитганидан хабардор она:
— Бўлди, энди бас, жониворларга раҳмингиз келсин!— деб ўғлига ялинади.

Акбар «хўп» деб кўнгандай бўлди-ю, кейин ўттиз беш ёшида фил жангига қатнашиб, яна бир фалокатдан зўрға омон қолди. Ҳамида бегим ўз кўзи билан кўрган бу ҳодисани ҳар эслаганда эти бир жунжикади.

Бухородан келган Абдуллахон элчилари фил жангини томоша қилишга ҳавасманд экан. Акбар Жамна бўйидаги ўша кенг майдонда иккита зўр филни маҳаватлари билан бирга уриштиради. Бир вақтлар Байрамхоннинг филини енгган машҳур Фавждорни журъати йўқроқ маҳават минган экан. Ўртадаги тупроқ кўтармадан нарига ўтмай, жуда ланж олишди. Томоша зерикарли бўлаётгани учун Акбар Бухоро элчилари олдида ўнғайсизланди. Оташдорни чақиртириб, «Фавждорнинг маҳаватига айтинглар, дадилроқ жанг қилсин!» деб буюрди. Аммо буйруқ ҳам кор қилмади — маҳаватлар ўз жонларини хатарга қўйгилари келмаётгани сезилиб турарди.

Шундан сўнг Акбар элчиларнинг олдида рожа Бирбални қолдиради-да, ўзи филлар жанг қилаётган майдонга тушиб борди. Унинг ишораси билан оташдорлар ёниб турган оловни икки фил орасига кўтариб кириб, олишувни тўхтатдилар. Фавждор маҳавати билан Акбар турган жойга чақиртирилди. Ҳар икки филга маст қиладиган ширин ичимлик берилди. Шундан кейин Фавждорга Акбарнинг ўзи минди. Кайфи ошган филлар энди ўлар-қоларига қрамай жанг қила бошлади. Икки орадаги тупроқ кўтарма бирпасда пайҳон бўлиб ерга қоришиб кетди. Акбар Фавждорни анкуш билан хиллалаб, рақиб филнинг ёнбошига ўтказдирди. Биқинидан берилган зарба қарши томонни қаттиқ силкитиб, маҳаватни ерга йиқитиши керак эди. Лекин рақиб фил Акбар ўйлаганидан зўрроқ эканми, зарбага бардош берди, маҳавати ҳам филнинг қулоқлари остига тиззасини тиқиб йиқилмай қолди.

Акбар филларнинг икки юз йил умр кўришини билар, улардаги йигитлик қудрати етмиш-саксон ёшгача сақланиб қолади деб ўйларди. Байрамхоннинг фили Зўравор билан Фавждор олишганига ўн саккиз йил бўлди. Наҳотки шу йиллар ичида Фавждор кучдан қолган бўлса? Акбар унинг зарбаси аввалгидай эмаслигини энди сезди. Дамудор деб аталадиган қаршидаги филнинг айни кучга тўлган даври экан, орқадан шундай қаттиқ зарба бердики, Фавждорнинг олд оёқлари букилиб, чўккалаб қолди. Акбар унинг боши оша ерга қулаб тушадигандай бўлди.

Одамлар: «Ваҳ!» деб юбордилар. Аёллар қаторида жангни томоша қилаётган Ҳамида бегим дод солиб юбормаслик учун оғзини кафти билан бекитди, лекин ўрнидан туриб кетганини ўзи билмади.

Бу орада Акбар ўзини хиёл ўнглаб, Фавждорни бир амаллаб тикка турғазди. Дамудорни бошқараётган маҳават подшо оиласидан балога қолмаслик учун иккинчи зарбадан филини тутиб қолди. Акбар Фавждорни орқага буриб яна ҳамлага ўтди. Лекин шу орада жанг вақти тугади-ю, олишув дуранг деб эълон қилинди. Ранги хиёл ўчган Акбар ҳансираб элчилар олдига қайтиб келди. Жанг манзарасидан ҳаяжонга тушган элчилар Акбарнинг олдида таъзим қилишиб:
— Довюраклигингизга тан бердик, ҳазратим! — дейишди.

Кечқурун Акбар онасидан хабар олишга борганда Ҳамида бегим кўзига ёш олиб дардини айтди:
— Шоҳ ўғлим, наҳотки элчиларнинг икки оғиз таҳсини учун ўз жонингизни шунчалик хатарга қўйсангиз? Таваккалчилик ҳам эви билан-да, ахир. Шу қадар ўйламай иш қилиш тўғрими, айланай болам?!
— Мен бу ишни ўйлаб қилдим, онажон. Абдуллахон биз билан беллашмоқчи эмиш, Кобул-у Бадахшонни тортиб олмоқчи эмиш. Элчилари ўз кўз билан кўрган олишувни бориб хонга айтиб берсинлар. Мен билан олишув қанақа бўлишини хон кўз олдига келтирсин. Эҳтимол, бугунги фил жанги Абдуллахон билан бўладиган қонли урушнинг олдини олишга ёрдам берса! Мен ана шу мақсадда майдонга тушдим.
— Лекин сиз майдондан омон чиққунингизгача мен ўлиб бўлдим! Бизни ҳам ўйланг-да, жон болам!
— Xўп, онажон! — деб Акбар минбаъд жонини хатарга қўймасликка сўз беради. Лекин бошқа кутилмаган жойдан яна онани безовта қиладиган бирон хатар чиқади.

Акбарнинг довюраклиги Абулфазл билан Бирбалга жуда ёқади. Уларнинг фикрича, Акбарнинг шуҳрати ва обрўси давлат манфаатларига хизмат қилади. Агар унинг шундай зўр обрўси бўлмаса, қўл остидаги одамлари Секридаги янги пойтахтни қисқа вақт ичида бунёд қилишга ёки икки юзта дарё кемасини қуришга бу қадар жон-жаҳдлари билан киришармиди?

Абулфазл билан Бирбал Акбарнинг шу улкан обрўсидан фойдаланиб, энди шайх Ансорийнинг диний истибдодини йўқотмоқчи бўлади. Гужарат юришидан олдин режаси чизилган эътиқод уйи Биҳардаги ғалабадан кейин қуриб битирилди. Акбар руҳонийларни мунозараларга жалб қилиш учун бинони «Ибодатхона» деб атади. Ҳамида бегим бу ибодатхонани кириб кўрган эмас, аммо уни марҳум Салим отанинг маслакдоши бўлган Абдулла Ниёзийнинг ҳужраси ўрнига қурганларидан мамнун.

Абдулла Ниёзийнинг ҳужраси эвазига Секри ўрмони четидан Акбар унга уй қурдириб, деҳқончилик учун ер ҳам ажратгани онасига жуда маъқул бўлди. Чунки Абдулла Ниёзий ҳам Салим ота каби адолатпарвар одам эканлигини бегим яхши билади. Ибодатхонада Акбар имон-у эътиқод мунозаралари ўтказганда Ансорийга ўхшаган тамагир дин пешволари шайх Муборак билан Абдулла Ниёзийга бас келолмасликлари аниқ. Бианадаги халқ ҳаракатига қатнашган маҳдийлар дин-у миллат айирмас эдилар. Акбар уларнинг шу бағри кенглигини маъқул кўриб, ибдатхонадаги мунозараларга ҳинд браҳманларини ҳам, оташпарастлар вакилини ҳам таклиф қила бошлади. Абдулла Ансорий ва унинг тарафдорлари чекка-чеккада пичирлашиб: «Ибодатхона Бианадаги исёнчилар илкига ўтди, маҳдийлар Акбаршоҳни ҳам диндан чиқаришмоқда!» деган ваҳимали гаплар тарқатдилар.

Маҳдийлар эса Акбарни «минг йилда бир келдаиган улуғ раҳбар!» деб кўтар-кўтар қилишади.

Селдай ёпирилиб келаётган бу қарама-қарши фикрлар таъсирида Акбарнинг ўзи ҳам ғалати бўлиб юрибди. Кейинги пайтда чоғир ичмайди, гўштлик овқат емайди, ҳеч ким билан очилиб гаплашмайди. Ҳозир узоқ Бҳира ўрмонларига кетган. Яна фил миниб, йўлбарс овига чиқмаса эди...

Ҳамида бегим Бҳирадан хабар кутиб юрган пайтда Абулфазл келиб қолди. Унинг маъюс қарашлари онани яна безовта қилди:
— Акбаржон саломатмилар?
— Шукур... Лекин озиб кетдилар. Уйқулари ёмон.
— Табиблари бор эди-ку. Бҳим Надҳ ўша ердами?
— Табибларни қабул қилмай қўйганлар. Куни билан ўрмонда ёлғиз юрадилар, тоғ тепасида соатлаб ўй суриб ўлтирадилар. Ёнларига чақирмаганларидан сўнг, биз боришга журъат этолмагаймиз.
— Рожа Бирбал ўша ердамилар?
— Ҳа, рожа Бирбал билан ҳам очилиб сўзлашмай қўйдилар. Пойтахтга қайтайлик, десак истамадилар.
— Ов билан кўнгиллари ёзилар эди-ку.
— Биз ҳам шуни ўйлиб, овга тайёрлик кўрдик. Шергир филлари тахт қилинди. Махсус одамлар ўрмон ичидаги йўлбарсларнинг атрофини ўраб, очиқ жойга ҳайдаб чиқди. Кийик овлайдиган читалар ҳам қафасда буйруқ кутиб турган эди. Бирдан ҳазратим «жониворларга жабр қилиб не топдик!» дедилар-у йўлбарсларни ўрмонга қайта киритиб юборишни буюрдилар. Қафасдаги читаларни ҳам узоқроққа олиб бориб, қўйиб юборишга амр бердилар. Овни ман қилиб махсус фармон чиқардилар.
— Йўлбарс ови ман этилса менинг дилимдаги иш бўлибдир, — деди Ҳамида бегим.
— Лекин бошқа бир хавотирлик пайдо бўлди, бегим. Одамдан бегонасирайдилар. Мудом, ўзлари ёлғиз. Мусоҳаба-ю мурокаба[2]. Ҳушлари жойида эмасми? Ҳеч кимни қабул қилмай қўйдилар. Давлат ишларини эслацак, уришиб берадилар. Подшо одамга бир нарса деб бўлмаса!... Ўйлаб-ўйлаб, ахийри сизга маслаҳатга келдим. Ҳазратиимга фақат сизнинг ҳаддингиз сиғиб, тўғри йўл кўрсатмоғингиз мумкин...
— Акбар мени чорладими?
— Йўқ, билдирмай келдим. Билсалар, рухсат бермас эдилар.
— Мавлоно, сиз билан отангиз шайх Муборак ҳам Акбарни ҳаддан ортиқ улуғлайвериб шу кўйга солдиларингиз. Мана, оқибати!
— Осий бандамиз, ҳазрат бегим. Бизни афву этинг.
— Аммо келганингиз яхши бўлибдир. Мен тезроқ Бҳирага борай. Дилим сезган эди-я!..

Ҳамида бегим ўзининг тунги бетобликларини ҳам унутди, Фатҳпурдан отда ўн кунлик йўл бўлган узоқ Бҳирага шошилинч жўнаб кетди.

Ҳаруда деган ҳинд лочини тоғ тепасида турган Акбарнинг ёнгинасидан учиб ўтди. Лочиннинг елкаси тўқ қизғиш, қорни ва бўйни оқ. Сариқ рангли панжаси билан қора бир илонни чангаллаб олган. Илон ейдиган бу лочин ўз овини думидан чангаллаб осмонда чирпирак қилиб учиради. Заҳарли илон тез учишдан кўзи тиниб, бошини кўтариб ололмайди, лочинни чақишга илож тополмай қолади. Ҳаруда эса илонни осмоннинг юксак бир жойидан ерга ташлаб юбориб ўлдиради.

Мана шу одати учун ҳиндлар Ҳарудани муқаддас қуш деб эъзозлашади. Ривоятларга биноан, гўзаллик ва зафар маъбудаси Лакшми Ҳаруданинг қанотлари устида ўлтиради. Илгари Акбарнинг хаёлида афсонани воқеликдан ажратиб турадиган аниқ чегара бор эди. Энди шу чегара йўқолган, уни гўё сел олиб кетган. Шу сабабли ҳозир ёнидан учиб ўтган Ҳаруданинг қизғиш қанотлари устида ҳаво тўлқинига ўхшаш ҳарир бир нарсани кўргандай бўлди-ю, «Лакшми шу эканми?» деб ўйлади.

Кечалари унинг тушига тўрт қўли, бешта юзи бор Шива кириб чиқади. Ғазаб бобида ҳеч ким Шивага бас келолмайди. Икки кўзидан ташқари пешонасида учинчи яширин нигоҳи ҳам бор. Астойдил ғазаби келганда шу учинчи кўзи бирдан очилади-ю, олов сочади. Шива тикилиб қараганда одам ёки бошқа жонзот шу кўзнинг оловидан куйиб кул бўлади. Шиванинг ёқаси ўрнида ўрам-ўрам илонлар. Одамларнинг бош суякларини ипга тизиб, бўйнига маржон қилиб тақиб юради. Пўлат гурзисининг учига ҳам одамнинг бош суяги қопланган. Чунки у гуноҳкорларга жазо берувчидир.

Акбарнинг тасаввуридаги воқелик билан ғайритабиий ва илоҳий нарсаларнинг чегарасини бузиб ўтган сел уни ердан узиб олиб осмонга чиқариб юборган улуғлашларнинг оқибати эканини ҳозир ўзи ҳам сезмайди. Фақат уни «доҳий!» «маҳдий!» деганлари сари ўзини аланечук ёлғиз, ҳаммадан узилган бекас одамдай сезади.

Унинг руҳи безовта, сабабини гўё Жалолиддин Румий айтиб кетган: «Тананг — от, руҳинг — унинг сувориси. Шуни билки, от емиши суворига озиқ бўлмагай!»

Илгари Акбар кўпроқ танасини парваришлар эди, энди билса нуқул отни боқиб, суворини оч қолдирган экан. Ҳозир аксини қилиб, ейиш-ичишдан ўзини чеклади-ю, маънавий озиқ берадиган илм-у асрорга, сўфийлар ва ҳинд донишмандлари таълимотига қайта-қайта шўн-ғиб, ўзига керакли маънавий гавҳарни излашга тушди.

Руҳ, ақл, қалб, кўнгил — булар табиатдаги чор унсурга ўхшайди, инсондаги бутун маънавий дунё шу тўртовидан таркиб топишини Акбар энди биляпти. Араб, форс, ҳинд, юнон — турфа тилли файласуфлар ҳаммаси руҳ билан тананинг, кўнгил билан ақлнинг орасидаги зиддиятлардан дод деб ўтганлар. Акбарнинг ўзи ҳам ҳозир шу ички зиддиятлардан қутулолмай азоб тортиб юрибди. Орқага ўгирилиб қараса, қанча зафарларга эришгани, қанча катта давлат-у обрўга эга бўлгани уни қаноатга ва мамнунликка ундайди. Аммо дилига разм солса, ўзидан ҳам, атрофидаги ҳаётдан ҳам кўнгли тўлмайди. Ҳали амалга ошмаган истак-орзулари беҳад кўп. Уларга қачон етишади?

Шунда гўё Абдулҳамид Ғаззолий деган файласуф уни огоҳлантиради: «Икки биқининг орасидаги кўнглинг — сенинг ашаддий душманингдир».

Ҳинд файласуфлари ҳам кўнгилни унинг ташқи манбаларидан узиш кераклигини, ҳеч ким йўқ бир ўрмонда ўз қалбига қулоқ солиб, дилдаги муқаддас туйғуларга берилиб яшашни маслаҳат берадилар.

Акбар шу мақсадда Ҳимолай тоғи этакларидаги ўрмонзор Бҳирага келиб яшамоқда. Бу ерга у билан бирга келган беш юздан ортиқ бег-у мулозимлар, қўриқчи ва хизматкорлар Бҳиранинг Боғи Сафосидаги кўл атрофларига чодир тикиб олишган. Бир вақтлар Комрон мирзо кўр қилинган Боғи Сафога Акбар ўн яшарлигида биринчи марта отаси билан келган эди. Шундан бери ўтган ўн йилликлар уни не кўйларга солмади! Мана, ҳозир ёши ўттиз саккизга борди, лекин ҳали ҳам ўзини жуда нокомил сезади, хаёлини яхлит бир муқаддас туйғу атрофига йиға олмайди. Унинг истаги шуки, танаси руҳига сўзсиз итоат эца, юраги нафсдан покланса, у ўзидан ҳам, оламдан ҳам мамнун ва ризо бўлса. Сўфийлар буни «орифлик» дейди, ҳинд фақирлари «самадҳи» деб атайди, лекин икковининг моҳиятида ҳам комил инсонликка интилиш бор.

Акбар табиатдаги покликни, гўзаллик ва мувозанатни кўриб ҳаваси келади. Нега унинг дилида табиатдаги уйғунлик йўқ? Бу саволга жавобан яна Румийнинг хитоби эшитилади:

«Кўзни юмгил, кўзга айлансин дилинг!»

Акбар кўзи олдида турган табиатдан ҳам улуғроқ, ундан ҳам абадийроқ мутлақ ҳақиқатни қалб кўзи билан кўришга ва руҳини унга қўшиб юборишга интилади. Лекин бунга ҳеч муваффақ бўлолмайди.

Тақдир унга шунча куч-қувватни, истеъдодни, қудратли давлатни нима учун берган?

Бу саволга Ажмирдан Акбар бир вақтлар зиёратга борган Муъйиниддин Чешти мақбарасидан Бҳирага келган мўйсафид Муртазо Аҳмадхон ўзича жавоб берди. У шеърни куйга ўхшатиб айтадиган хушовоз қавволлар билан бирга Акбарни улуғлаб ашула айтди, сўнг Акбарнинг қаршисида тиз чўкиб, унга сажда қила бошлади:
— Сиз минг йилда бир келадиган доҳий! Дунёда адолат ўрнатиш учун Xудо томонидан юборилган маҳдийсиз!

Зўр эътиқод ва ишонч билан айтилган бу сўзлар Акбарга шундай таъсир қилдики, унинг кўзларидан ёш оқа бошлади. У кўз ёшини артмасдан ўрнидан туриб кетди-да, ўрмонда анча вақт ёлғиз айланиб юрди.

Балки муртазо Аҳмадхон ҳақдир? Унга аён бўлмаса камоли ишонч ва эътиқод билан шундай дермиди? Лекин Акбарнинг амалий ишда аниқ далилларга таяниб ўрганган ақли бу гапга бовар қилмайди.

Осмондан ҳам бирон ишора бўлса эди, Акбар ўзининг ўжар ақл-у идрокини сўзсиз ишонтирган бўларди. У ёлғиз ўзи тоғ тепаларига чиқади, уйқусиз тунларда шам ёруғида ўй суриб ўлтиради. Тепадан бирон гумбурлаш ёки ҳайқириш эшитилса, «тангридан ваҳий келдимикин?» деб, вужудини титроқ босади, руҳида зилзила қўзғалади. Лекин яхшироқ қулоқ солса, узоқда ё момақалдироқ гумбурлаган ёки ўрмонда йиртқичлар бўкирган бўлиб чиқади.

Муртазо Аҳмадхондан ташқари шайх Муборак ҳам Акбарнинг маҳдийлигини исбот этишга ҳаракат қилмоқда. Ахир ҳижрий мингинчи йил яқинлашяпти. Шайх Муборак мусулмон оламида Акбардан қудратлироқ подшо йўқ деб ҳисоблайди. Унингча, маҳдийликка муносиб бошқа одам йўқ. Шунинг учун шайх Муборак Акбарнинг тезроқ маҳдий деб эълон қилинишини, шу тарзда абдулла Ансорий бошлиқ руҳонийлар ҳокимияти йўқотилишини истайди. Акбар маҳдий бўлганда кийиши керак бўлган улуғвор самовий кийимларга шайх Муборак буюртмалар берган.

Буни эшитган Акбарнинг руҳи осмонга талпинади, аммо танаси ҳамон ердан кўтарила олмайди. Xаёлида воқелик билан илоҳиёт бир-бирига қоришиб кетган пайтларда уч кўзли тангри Шива Нанди номли ҳўкизига миниб, қаршисидан ўтгандай бўлади. Бирдан хушёр тортиб қараса, Боғи Сафода ёлғиз ўлтирганини кўради. На Шива бор, на Нанди. Шунда «ақлдан озмаяпманмикин?» деган ўй этини жунжиктириб ўтади.

* * *

Кеч кириб, ўрмон дарахтлари Боғи Сафодаги кўлга узун-узун соя ташлаб турган пайтда Акбар хаёл суриб булоқ бўйида ўлтирган эди. Саккиз йигит Боғи Сафога кўтариб кирган заррин тахтиравон булоқдан пастроқда тўхтади. Кутилмаганда ундан Ҳамида бегим чиқиб келди. Акбар: «Бу ҳам рўё бўлса керак!» деб чўчиб ўрнидан турди:
— Сиз?.. Ҳазрат онам?
— Ҳа, бу мен, мунглиқ онангиз!..
— А... Э... Сизни ким чорлади?
— Дилим чорлади!

Акбар онасидан ҳам бегонасирагандек анча берида тўхтаб турибди. Ҳамида бегим орадаги масофани дадил босиб ўтди-да, Акбарни бағрига босиб, йиғлаб юборди:
— Акбаржон, онангиз сизга керак бўлмаганда кўзингизга кўринмай йўқ бўлиб кетгай! Аммо бошингизга мушкулот тушганда ернинг тагидан бўлса ҳам етиб келгаймен!

Она бағрида Акбар бир лаҳза беғубор болалик даврига қайтгандай бўлди. Кўнгли юмшаб:
— Xуш келибсиз! — деди ва онасини икки ошиёнли кўшкка бошлаб кирди. Бегим йўлда чанқаган эди. Акбар гулоб чақирди.
— Сув кичикдан, аввал ўзингиз ичинг, болам!

Акбар лиму шарбатининг лаззатини анча кундан бери энди қайтадан сезди. Бовурчилар Ҳамида бегим учун дастурхон ёзиб, энг сархил ширинликлар ва сабзавотдан қилинган таомлар келтира бошладилар. Бегим тўрт йилдан бери гўшт емас, буни бовурчилар билар эди. Акбар ҳам Бҳирага келгандан бери гўшт емай қўйгани она-болани маънавий маслакдош қилгандай туюлди. Xуштаъм сабзавотлардан пиширилган анвойи овқатларни эса Ҳамида бегим атайлаб иштаҳа билан ер, унинг таъсирида Акбар ҳам лаганга тез-тез қўл чўзаётганини ўзи сезмасди. Киндик қони орқали ўтган гўдаклик туйғулари акбарни аслига қайтараётгандай, воқелик билан хаёлий рўёнинг орасидаги чегара туман орасидан секин чиқиб келаётгандай бўларди. Лекин ойлар давомида унга сингдирилган маҳдийлик афсуни ҳали осонликча тарқайдиганга ўхшамасди. Она-бола суҳбатлашиб ўлтирганларида Акбар бир неча марта жим қолиб осмонга қулоқ солди. У тангридан илоҳий нидо келишига астойдил ишониб юрганини Ҳамида бегим энди сезди.

Кечаси Акбар сома деган гиёҳнинг сувидан тайёрланган шарбат ичди.
— Сома ҳиндларда муқаддас гиёҳ ҳисоблангай,— деб онасига тушунтирди. — Кечаси ойдинда тоғдан териб тушарлар. Олтин узук тақилган бармоқлар билан эзиб, шарбатини элакдан сузиб поклагайлар. Бир-икки кун тургандан кейин етилиб, енгил кайф бергай. Аммо бу илоҳий кайф саналур.

Ҳамида бегим сомадан бир пиёла ичиб ётган эди, кечаси билан ухлай олмади. Браҳманлар соманинг кайфи билан туни бўйи ҳиндча дуолар ўқиб, ухламай чиқишлари эсига тушди-ю, Акбарни қийнаб юрган уйқусизликларга сома ҳам сабаб бўлаётганини пайқади. Эртаси куни Акбарга туркий ичимлик бўлган қимизни эслатди:
— Кобулда ўсмир пайтингизда қимиз ичганларингиз ёдингиздами? Аждодларимиз орқали қонимизга сингган одат...
— Ҳинд иссиқларида қимиз оғирлик қилгай.
— Аммо Бҳира салқин экан. Бир томони тоғ, бир томони дарё.

Онасининг қимизга кўнгли кетаётганини сезган Акбар бовурчини чақирди:
— Чиғатойхон Тошкандий қимизхўр эди. Бориб айтинг, биз учун топдирсин.

Қип-қизил кади тўла қимиз ўша куни топиб келинди. Ҳамида бону сарёғда пиширилган бақувват овқатлар буюрди-ю, аввал ўзи бир коса қимиз ичди, кейин қўярда-қўймай Акбарга ҳам ичирди. Муздай булоқ сувига кадиси билан қўйиб совутилган қимиз чанқоқни шундай яхши босдики, Акбарнинг танаси яйраб, бирдан иштаҳаси очилганини сезди. Она-бола гўшт емасликларини биладиган бовурчи уларга туркийча қаймоқ торпиқ пишириб келди. Акбар шарбатчига ишора қилиб, ўзига ва онасига яна бир косадан қимиз қуйдирди. Уни ичгандан кейин вужудига майин бир мудроқ тарқаб, дунё ғамлари хаёлидан узоқлаша бошлади. Ҳар куни ётар маҳалда ичадиган сома ичимлигини бугун онаси илтимос қилиб ичирмади. Унинг ўрнига ҳам яна бир коса қимиз берди.

Акбар хуфтон кеч бир уйқуга кетганча, эртаси куни офтоб чиққанга қадар қотиб ухлади.

Сўнгги кунларда у ҳеч кимни қабул қилмай қўйгани учун давлат ишлари тўхтаб қолган, подшонинг қабулига киролмай хит бўлиб юрган одамлар кўп эди. Акбарнинг ўй-хаёлини бузмаслик учун мулозимлар ҳам оёқ учида юрардилар. Бутун қароргоҳ мудроқ босгандай бўшашган эди. Акбар эрталаб ухлаб ётган пайтда Абулфазл билан рожа Бирбал Ҳамида бегимнинг ҳузурига келдилар.
— Яхши ухлаётган бўлсалар, бу — соғайиш аломати! — суюниб деди Абулфазл. — Шояд бугун бизни ҳам қабул қилсалар. Навбат кутиб турган шошилинч ишлар кўп.

Ҳамида бегим бош чайқади:
— Мавлоно, ҳали сабр қилинг. Гужаратдаги мастликлари бир кунда тарқаган экан. «Маҳдий», «доҳий» деб, ойлар давомида афсун қилдиларингиз. Бунинг кайфи тарқалиши учун анча вақт керакка ўхшайдир.
— Шукурки, ҳазратим сиз билан иноқлар.
— Менга хос ҳакимни чақириб берингизлар, — деди Ҳамида бегим. — Бамаслаҳат даво қилайлик.

Хос ҳаким Бҳим Надҳ Акбарга қувват берадиган таомларни кўпроқ едиришни маслаҳат берди. Шу маслаҳат бўйича Ҳамида бегим эрталабки ширчойга қувват берадиган қаймоқ ва сарёғни кўпроқ солдирди. Тушга бориб Акбар чанқай бошлаганда она-бола яна қимиз ичдилар, табибнинг буйруғи билан сабзавот шўрвага каклик гўштидан қўшиб пиширдилар ва сувини сузиб бердилар. Акбарнинг кайфияти яхшиланиб бораётганини кўрган Ҳамида бегим унга руҳ ва тананинг бирлиги ҳақида Салим ота айтган сўзларни эслатди:
— Инсон ҳам дарахт каби моддий илдизлардан озиқланаркан, шоҳ ўғлим! Қон билан таралувчи озиқ руҳга қувват бераркан.
— Лекин нафс билан кўнгил — руҳнинг душманидир, — деди Акбар.
— Кўнгил ҳам пок бўлса, руҳга зид келмагай. Ҳиндларнинг кўнгил ҳақидаги фикрлари эсингиздами? Карма — биздаги кўнгилга ўхшаб табиий эҳтиёжлар, майлларни келтириб чиқараркан. Бусиз яшаб бўлмас экан.
— Аммо жайнлар кўнгилни ёпишқоқ матога ўхшатурлар. Ҳаётнинг бутун кир-чирлари шу матога ёпишавергай.

Ҳамида бегим ҳам жайнлар таълимотидан хабардор эди. Жайнлар тирик жониворнинг гўштини ейишга шунинг учун қаршики, инсон ўлганда унинг жони бошқа бирон жондорга, гоҳо эчкига, қўйга, гоҳо илонга кўчиб ўтади. Жайнларнинг жониворларга раҳмдиллигидан ташқари биттадан ортиқ хотин олмасликлари, имон-у эътиқодлари бунга рухсат бермаслиги ҳам Ҳамида бегимга ёқади.
— Жайнлар кармани кир оладиган матога ўхшатганлари рост, — деди бегим. — Лекин уни тез-тез тозалаб туриш керак, дейдилар. Ахир кармасиз ҳаёт бўлурми? Ичиш, ейиш, уйланиш, фарзанд кўриш — ҳаммасида кўнгил иштирок этмай иложи йўқ.
— Лекин кўнгилни имон-у инсоф кўчасидан юргизиш мушкул.
— Нечун? Комил инсонларда руҳ ҳамиша кўнгилга етакчилик қилгай, ақл билан дил жуфт қанотлардек бирга парвоз этгай.
— Демак, мен ҳали камолотдан жуда узоқдамен,— деди Акбар. — Руҳим мудом осмонга талпинур. Аммо танамни руҳим кўтарилган юксакликка олиб чиқолмай, аро йўлда муаллақ қолурмен.

Акбар ўзининг руҳий ҳолатига тўғри баҳо бера бошлаганида Ҳамида бегим ичида «хайрият!» деб қўйди-ю, уни муаллақ ҳолатдан тезроқ ерга қайтариб туширгиси келди.
— Мен ўтган ҳафта тушимда Ҳумой қушни кўрибмен, — деди бегим. — Қанотлари бургутникидан ҳам баҳайбат. Боши-ю бўйни шертахлит. Одамникидай икки илки бор. Тоғ этагида одамлар тўпланган экан. Ҳумой қуш илкида каттакон бир китобни кўтариб ўтиб, тоғ тепасига бориб қўнди. Одамлар унга қараб югурдилар. Ҳумой китобни ташлаб учиб кетди. Тоққа олдинроқ етиб борган тўрт-беш одам ҳалиги китобни «мен олай, мен олай!» деб талашиб қолдилар. Бир-бирига бермагандан кейин уни тўрт-беш бўлак қилиб бўлиб, турли томонга олиб кета бошладилар. Шунда сиз пайдо бўлдингиз. «Тўхтанглар, ахир, яхлит китобни парчалаб олиб кетиш гуноҳ-ку», деб уларни қайтаришга тушдингиз. Лекин уларнинг бирини қайтарсангиз, бошқаси тутқич бермайдир. Азбаройи ачинганимдан «оҳ!» тортиб, уйғониб кетибмен.

Акбар ўйланиб турди-ю:
— Яхши туш кўрибсиз, — деди. — Китоб — ҳақиқат рамзи. Одамлар ҳақиқатни парча-парча қилиб турли томонга олиб кетганлари рост. маънавият ҳам парчаланган. Ҳар ким илкидаги бир парча ҳақиқат-у маънавиятни маҳкам тутиб олган. Бошқаларнинг илкида ҳам ҳақиқат-у маънавият парчалари борлигини тан олмайдилар. «Фақат мен ҳақмен!» деб, бошқа халқларни камситадилар. Ўзаро урушлар, дин-у миллат айиришлар мудом шундан келиб чиқғай... Сиз тушингизда кўрган китобнинг парчаларини одамзод бир жойга йиғиб, яхлит ҳолига келтирмагунча, дунёда адолат ўрнатиб бўлмагай. Менинг орзуйим сочилиб кетган ўлкаларни бир давлат қилиб бирлаштиришгина эмас, балки парчаланиб кетган ҳақиқатни бир улуғ маҳзарга[3] йиғишдир.
— Илоҳим, бу орзуингизга етинг, шоҳ ўғлим. Туркий улусдан чиқиб, Ҳиндистонга фарзанд бўлдингиз. Энди билсам, бир улуснинг қобиғини ёриб чиққан одам фақат иккинчи бир халқнинг фарзанди бўлиш билан чекланиб қололмас экан. Уммонга қуйилган дарё бутун дунё кенгликларига чиқаркан. Шунга ўхшаб, сиз ҳам ўз улусингиз, ўз мамлакатингиз ташвишларидан куч орттириб, умумбашарий муаммоларни ечишга бел боғламоқдасиз. маънавият бобида аждодларингизнинг ҳеч бири бундай мушкул, бундай мураккаб мақсадларни ўз олдиларига қўймаган эдилар. Сизда улкан истеъдод-у ғайрат бор. Аммо мен тушимда «оҳ» тортиб уйғонганимга сабаб — «ёлғизлик қилдингиз, болам!». Китобни парчалаб, турли томонга қочганларнинг ҳаммасини одам бир ўзи нечук тутгай?
— Ёнимда ҳеч ким йўқмиди?
— Йўқ эди! Ахир, содиқ амирларингиз нечун кўринмайдилар? Азиз кўка, Ман Синх, рожа Бирбал, Абулфазл... Ҳар бири сиз учун жонини беришга тайёр-ку!

Акбар сўнгги пайтда узлатга чекингиси ва ёлғиз юргиси келиб, энг яқин кишиларидан узилиб қолгани нотўғри бўлганини энди сеза бошлади. Онаси уни янада ҳушёр торттириш учун Аграда бўлган бир фожиани айтиб берди:
— Сиз йўғингизда Аградаги садрлар судури Абдунаби яна диний низоларни аланга олдирди. Сиз-ку, масжидлар қатори ҳинд бутхоналари қуришга ҳам рухсат берган эдингиз. Лекин шайх Абдунаби бор тахтани масжид ёнига келтириб тахлатибдир. Бутхона учун тахта бердирмабдир. Бутхона қурилиши тўхтаб қолгандан кейин, келинимиз Жодҳа Байга қадрдон бўлган браҳман ўз қавмлари билан борибдир-да, ўша тахталарнинг бир қисмини садрлар судуридан берухсат олиб кетиб, бутхона қурилишига ишлатибдур. Мухтасиб буни билиб қолиб, браҳманни ҳибсга олибдир.
— Мен буни эшитган эдим, — деди Акбар. — Сафардан қайтгунимча браҳман ҳибсда сақлансин деган эдим.
— Аммо браҳман қочмоқчи бўлган эмиш. Ростми, ёлғонми, билмадик. «Сўроқ пайтида браҳман муслимларни ҳақорат қилди, кечаси қочмоқчи бўлди», деган баҳона билан садрлар судури уни қатл эттирибдир.
— Об-бо, жаллодлар-ей!
— Энг ёмон фожиа кейин бўлди. Браҳманнинг тўртта хотини бор экан. Шулардан учтаси «сати» қилиб, мурда билан ўзларини ёндирибдирлар. Буни Жодҳа Бай эшитиб қанча йиғлади! Аёлларнинг қариндошлари-ю браҳманнинг қавмлари бу адолацизликдан қаҳр-у ғазабга тўлиб юрибдилар. Ахир шайх Абдунабидай жоҳилларга одамларни қатл эттирш ҳуқуқини ким берган?
— шариат берган, — деди Акбар. — Агар менинг даҳрийлигимга раият-у бариятни ишонтирсалар, шариатга суяниб мени ҳам қатл эттиришлари мумкин.
— Булар шариатни шунчалик суиистеъмол қиладиган бўлса, ўринларига шайх Муборакдек ҳалол одамларни қўйсангиз бўлмагайми?

Акбарнинг кўпдан бери кўнглига туккан истаги ҳам шу эди. Ҳозир бу истак янги бир куч билан қайтиб келди. Уни амалга ошириш учун яна пойтахтга қайтиши керак.
— Пойтахтда Тодар Мал ҳам сизнинг йўлингизга мунтазир, — деди Ҳамида бегим. — Жизяни бекор қилиш учун етарли маблағ тўплаган эмиш.

Ерда шунча ишлари туриб, Акбар осмондан нидо кутиб юргани энди унинг ўзига ғалати туюлди. Ҳамида бегим уни тезроқ аввалги ҳолига қайтаришга интилиб изтироб билан сўзлашда давом этди:
— Шоҳ ўғлим, шайхлар сизни ердан узиб олиб осмонга чиқариб юбормоқчи бўлурлар! Мени ҳам Исо пайғамбарнинг онаси Биби Марямга қиёслаб муболаға қилурлар. Лекин мен Биби Марям эмасмен, шукрким, сиздек улуғ инсонга онамен! Шунинг ўзи менга еткуликдир! Тангрининг олдида гувоҳлик берурменки, сизга бир эмас, етти она оқ сут берган. Шунинг учун мен сизни маҳдий эмас, Одам Ато фарзанди деб билурмен!

Акбар тасдиқ маъносида бош ирғади. Xаёллари осмондан ерга тушаётгани унга енгиллик бермоқда эди. Қуюқ булутдай оғир туйғулар кучли шамол остида тарқаб кетаётганга ўхшарди. Ўғлини булут орасидан чиқариб олаётганини сезган она илҳом ва эҳтирос билан сўзлашда давом этди:
— Сиз афсонавий Искандар каби улкан ном қозондингиз, Акбаржон! Алишер Навоийнинг «Хамса»сини ўқигансиз. Садди Искандарий достони ёдингиздами? Ўша ерда Арасту, Суқрот, Афлотун каби оламшумул донишмандлар нелар деганини бир эсланг!

Акбар «Садди Искандарий»ни хаёлидан қайта ўтказаркан, бир нарсадан ҳайрон бўлди. Навоийнинг жаҳон халқларини адолатга ва руҳий яқинликка ундаб ёзган туркий достони Акбарнинг миллий адоватлар ва диний низоларни йўқотишга қаратилган эътиқодига нақадар ҳамоҳанг! Достондаги яъжуж-маъжужлар — қонли урушлар ва миллий адоватлар тимсоли эмасми? Садди Искандарий барча ёвузликларнинг йўлини тўсиш учун қурилган экан-ку. Уни Шарқ-у Ғарбдаги барча халқлар дин-у миллат айирмасдан биргаликда қурганлари бежиз эмас.
— Акбаржон, сиз ҳам Секрида қурган эътиқод уйи орқали барча элларни руҳан яқинлаштириш ниятида эдингиз. Сизнинг бу ихтиронгиз ҳам хатарли низо-ю адоватларнинг йўлини тўсадиган маънавият Садди эмасми, ахир? Навоий Искандар сиймосида ўзи орзу қилган раҳбарни улуғлайдир. Аждодларингиз орасида шу орзунинг амалига яқин келган раҳбар — сиз эмасмисиз? Ахир сиз узоқ Фарангистондан, Афлотун-у Арастулар ўлкасидан насора руҳонийларини таклиф қилган эдингиз. Улар Гужаратдан ўтиб, бизга яқинлашиб келмоқда эмишлар. Ким чиқиб кутиб олгай? Қаёнга жойлаштиргай? Қанча мулозимларингиз сизнинг қабулингизга мунтазир! Сиз қиладиган қанча муҳим ишлар навбат кутиб қолди! Қанча одам бир парча нонга зор! Ёрдамга муҳтож бевалар қанча!
— Рост! — деб Акбар бирдан ларзага келиб ўрнидан туриб кетди. Момақалдироқ гумбурлаганда «ваҳий эмасмикан?» деб руҳида зилзила қўзғалгани каби, ҳозир ҳам вужуди жунбушга келди. Кўзлари оловдай ёниб:
— Мен осмондан кутган нидоларни сиздан эшитдим, онажон! — деди. — Барча ёвузликларга қарши Садди Искандарий қурмоқ!..
— Эҳтимол, одамлар буни Садди Акбарий деб атагайлар, болам!
— Ажойиб... Ғанимларим буталар орасига яширинган илонлардек заҳар солиш учун пайт пойламоқдалар. Энди уларни ҳинд лочини Ҳаруда каби юксакка олиб чиқиб, ташлаб юбориш мумкин!

Кўпдан бери йўли тўсилиб, дам бўлиб ётган анҳорнинг олди очиб юборилса, ўзанига сиғмай тошиб, лойқаланиб оқади. Шунга ўхшаб, Акбарнинг дилида қисилиб ётган туйғулари ҳам энди танасига сиғмай ёпирилиб чиқа бошлади. У қарсак чалиб сармунши Ашрафхонни чақирди-да, кетма-кет фармойишлар бера бошлади:
— Аграга чопар юборинг. Мирдевон Тодар Малга фармонимиз шулки, Секрида, Аграда, Деҳлида ва бошқа субаларда[4] қанча очлар, муҳтожлар, етим-у есирлар, кексайиб қаровсиз қолган нотавонлар бўлса биз боргунча ҳаммасини рўйхатга олсин. Яна бир фармойиш: сўнгги етти йилда, аҳолидан олинган жизя солиғининг умумий миқдори қанча? Шунинг аниқ ҳисоб-китоби тузилсин.
— Фатҳпур кутволи Иброҳимхонга буйруғимиз шулки Гоа оролидан келаётган фаранги руҳонийларини иззат-икром билан кутиб олсин, сарой ичидаги хос меҳмонхонага жойлаштирсин. Гужаратдан оташпарастлар пешвоси Мехержи келган бўлса, унга ҳам яхши жойлардан берилсин.

Ҳамида бегим ўғлидаги ўзгаришни ҳайрат билан кузатиб турар, Акбар аввалгидай серғайрат, ишчан қиёфага қайтгани сари онанинг қувончи ортиб борарди. Ашрафхон эса Акбарнинг кетма-кет ёпирилиб келаётган истакларини шоша-пиша қоғозга туширмоқда эди:
— Ёзинг: Қосим саркорга фармойиш шулки, биз боргунча тўрт қисмлик ибодатхонанинг барча хоналарини турли тилдаги муқаддас китоблар билан жиҳозласин. Биз пойтахтга қайтганда саидлар, уламолар, браҳманлар, бошқа дин-у миллат вакилларини шу эътиқодхонага таклиф этгаймиз. Сўнгги фармойиш: ҳозир бҳирадаги барча бек-у аъёнларни кечқурун машваратга чорланг. Мири манзил йўл тайёрлигини кўрсин, эрта ўтиб индин пойтахтга қайтиб кетгаймиз!

Анчадан бери жимиб мудраб ётган Бҳирадаги қароргоҳ бу фармонлардан гўё чўчиб уйғонди-ю, ҳаммаёқ бирдан жонланди. Чодирлар ва кўшкларнинг ичи-ташини ғивир-ғивир ҳаракат тутиб кетди.

* * *

Мирдевон тодар Малнинг ҳисобига биноан, сўнгги етти йилда барча вилоятларда, шу жумладан янгидан қўшиб олинган Гужарат, Бихар ва Банголада ўтказилган молия ислоҳотлари натижасида давлат хазинасига тушаётган даромадлар аввалгидан уч баробар ортган эди. Шу даромадларнинг эллик курурдан ортиғи ғайридинлардан олинган қўшимча солиқ — жизядан тушган экан. Акбар устози Салим Чештига бу адолациз солиқни бекор қилиш ҳақида ваъда бергани қачон эди? Сўнгги йилларда хаёли бошқа нарсаларга алаҳсиб, буни унутган бўлса, энди шунинг ҳиссасини чиқариши керак эмасми? Муҳтожларга хайр-у эҳсон қилиш одати ҳамма элларда бор-ку. Барча имон-у эътиқод вакилларига баробар улашиладиган хайр-еҳсонга қайси тақводор шайх қарши чиқа олади?

Акбар шу ўйлар билан жизядан тушган тангаларнинг катта бир қисмини муҳтожларга улашмоқчи бўлди. Унинг фармони билан девониом олдидаги мармар ҳовуз сувдан тозаланди. Xазинадан чарм қопларда олиб чиқилган тангалар қуп-қуруқ қилиб артилган мармар ҳовузга худди омборга тўкилган буғдойдай тўкилди. Ҳовуз лим-лим тўлганда, унга ўн етти курур[5] рупий танга сиққанини Акбарга маълум қилдилар. Шунча кўп пулни хайр-у эҳсон тарзида улашиш бек-у аъёнлар учун ақлга сиғмайдиган бир иш эди. Акбар буни ониф — тўлов деб атади:
— Онифлар — давлатнинг ёрдамига муҳтож кексалар, етимлар, ногиронлар, бева-бечоралардир. Биз бу пулларни фуқародан солиқ тарзида олганмиз. Энди уни барча имон-у эътиқод вакилларига баробар улашсак адоалтдан бўлгайми, йўқми, тақсирлар?

Акбарнинг бу саволи руҳонийларга қаратилган эди. Энг аввал шайх Муборак:
— Беҳад катта савоб бўлғайдир! — деб хитоб қилди.

Ҳинд браҳмани дева Прасад ҳам:
— Бриҳма, Шива, Вишну — учаласи ҳам бундай саховатдан шод бўлурлар! — деди.

Шайх Ансорий ва Абдунабилар мармар ҳовуз тўла пулнинг мачит-у мозорларга эмас, камбағал муҳтожларга улашилишини унча ёқтирмасалар ҳам, лекин ониф — тўловнинг савоб иш эканини тан олишга мажбур бўлдилар.

Шундан кейин Акбар мирдевонга тайинлади:
— Соҳиб Тодар Мал, ўзингиз тузган рўйхат бўйича чинакам муҳтож одамларга берилишини назорат қилинг, токи очкўз пулдорлар жанда кийиб келиб, бева-бечоранинг ҳақини олиб кетмасин!

Тошҳовуз тўла тангалар ўн минглаб муҳтожларга қирқ икки кун давомида улашилди.

Шу орада жизя солиғи ҳам бекор қилинди. Абулфазл дилидаги бу орзунинг амалга ошганидан беҳад шод бўлди.
— Ҳазратим, Панжобда, Ганга бўйидаги Аудда эл-улус сизнинг ҳақингизга ҳиндча қўшиқлар тўқибдилар, — деб дафтарга ёзиб олинган сатрларни Акбарга ўқиб берди:

Ҳинд-муслим адовати йўқолиб бицин,

Акбарни куйлайлик, мақсадга ецин.

О тангрим Кришна, Акбарга умр бер,

Унинг ислоҳоти доим бўлсин бор[6].

шеърдан мамнун бўлган Акбар:
— Xалқда донишмандлар кўп! — деди. — Дилимизда борини дарров сезибдилар.
— Жизядан ташқари ҳиндлардан олинадиган зиёрат солиғи ҳам шайх ансорийларни бой қилмишдир, ҳазратим! Банорасга ёки Ганга билан Жамна қуйиладиган жойга зиёратга борувчи ғайридинлар муслим нозирларига бир рупийдан солиқ тўлайдирлар. Бир йилда ўн курур зиёратчи борса, ўн курур рупий фойда қилурлар!

Акбарнинг навбатдаги фармони билан зиёрат солиғи ҳам бекор қилинди. Мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси бу диний солиқлардан қутулганлари учун Акбардан қанчалик мамнун бўлса, катта даромад манбаидан айрилган мухтасиб-у қозилар, имом-у уламолар ундан шунчалик норози эдилар. «Подшомиз динидан қайтди!», «Мусулмончилик тамом бўлди!», «Мажусийлар тепамизга чиқиб кетди!» деган иғво гаплар тарқала бошлади.

Шунинг устига Гоа оролидан Фатҳпур-Секрига Акбарнинг махсус таклифи билан келган фаранги руҳонийлари учун подшо саройи ичидан жой берилди, уларнинг ўз тилларида ибодат қилинишлари учун тезликда кичкина черков ҳам тикланди. Сарой ичида малика Жодҳа Бай қурдирган ҳинд ибодатхонаси борлигидан нолиб юрган муслим уламолари энди черков тепасига ўрнатилган насоралар салибини кўриб, жонлари ҳалқумларига келгандай безовталанди. Шайхулислом Ансорий Акбарнинг ҳузурига келиб, кофирлардан эҳтиёт бўлиш ҳақида муқаддас китобларда нималар дейилганидан гап бошлади:
— Ҳазратим, фарангилар илоннинг ёғини ялаган, билинтирмай заҳар солгай. Буни улар билан муомалада бўлган подшолар яхши билурлар. Эрон-у Турон тождорлари кофирларни ҳатто мамлакат ичига киргани қўймайдилар.

Ахир ғайридинларнинг масжидга киришга ҳақлари йўқ-ку, Мусулмон мамлакати ҳам улкан бир масжиддек пок турмоғи керак эмасми? Боболарингиз юрти Турон, Бухорои шариф кофирлар учун масжид каби ёпиқ. У ёқларга бирон кофир бориб қолса, кўчадаги оломон тутиб олиб ўлдириб юборгай. Чунки шайхлар «кофирларни ўлдирмоқ савобдир!» деб уларни ишонтириб қўйганлар. Шунинг учун у ёқларга кофирлар юрак ютиб боролмагай. Борганлари ҳам тирик қайтмагай!
— Тақсир, Турондаги ўша жоҳил хурофотчиларни бизга ибрат қилиб кўрсатмоқчимисиз? Улар Қуръонга мутлақо зид ишлар қилганини наҳотки фаҳмламасангиз?
— Нечун зид? Ахир Қуръони каримда кофирлардан эҳтиёт бўлишни буюрганлар...
— Эҳтиёт бошқа! Сиз... Ҳужурат сурасини бир эсланг. ўн учинчи оятда нелар дейилган?

Ансорий кўп уриниб бу оятни эслай олмади.
— Маъзур тутинг, кексалик, муҳофазам заифлашган...

Акбар барча оятларни ёд билар эди. Ҳужурат сурасини аввал араб тилида ёддан айтди-ю, кейин таржима қилиб берди:
— «Эй инсонлар! — дейди Аллоҳи таоло: — Биз сизларни бир ота, бир онадан яратдик ва сизларни турли миллатлар ва қабилаларга мансуб қилдик, токи бир-бирларингиз билан яқиндан танишгайсизлар». Бутун бани башар бир ота, бир онанинг фарзанди бўлса, барча миллатлар-у қавмлар бир-бирларига биродар эмасмилар? Ўшал суранинг ўн иккинчи оятида айтилмаганмики, бошқа дин, бошқа миллат вакилини ноҳақ ўлдирмоқ — биродаркушликдир. Борми шу маънодаги оятлар?
— Энди эсладим... Бор!
— Бор бўлса, уламоларингизга айтинг. Чекка-чеккада бизни даҳрий деб ғийбат қилмасинлар. Мен Аллоҳга дил-дилимдан ишонурмен. Менинг мақсадим— ҳақ йўлига қайтмоқдир. Сешанба куни турли дин, турфа миллат вакиллари бир даврага йиғилгаймиз. Сиз ҳам мунозарада иштирок этинг!

Ансорий ноилож қўл қовуштириб, таклифни қабул қилди.

* * *

Секри тепалигида турган улкан гумбазли эътиқод уйи ҳозир ҳамманинг диққат марказида. Фавқулодда янгиликларни кўпчилик энди шу ердан кутади. Заррин ўймакорликлар билан зийнатланган салобатли эшик олдига махсус қоровуллар қўйилган. Бугун сешанба, Акбар келадиган кун бўлгани учун қоровуллар ичкарига фақат унинг ўзи таклиф қилган руҳонийларни киритмоқдалар.

Бошига катта оқ салла ўраган, малла ипак ридо кийган Абдулла Ансорий эшикдан бирга кирган браҳман Деви Прасадга бир жойи тегиб кетишидан қўрққанидан ўзини нари тортди. Аммо нарёқда оташпарастлар руҳонийси Моҳиёр Меҳержи келаётганини кўриб, ўзини қўядиган жой тополмай питирлаб қолди.

Деви Прасад кенг оқ дҳоти[7] устидан кулранг камзул кийган, пешонасига қизил хол — тилак қўйган. Оташпараст Меҳержи эса белига уч попукли камар боғлаган. Акбарнинг таклифи билан Гоа оролидан келган насора руҳонийлари Рудолф Аквавива билан Антони Монсеррате товонгача тушадиган узун қора хирқа кийишган. Бошларида туркларнинг фескасини эслатадиган қора қалпоқ. Руҳонийларнинг узун соқолига ўрганган шайх Ансорий Аквавиванинг фақат мўйлови борлигидан ҳанг-манг бўлди-да:
— Астағфирулло! — деб қўйди.

Ибодатхонадаги хоналарнинг бирида Шива, Вишну ҳайкаллари, бирида оташпарстларнниг мангу ёниқ оловлари. Буни кўрган Ансорий «астағфирулло!»ни яна бир неча марта такрорлашга мажбур бўлди.

Садрлар судури шайх Абдунаби ўз рақиби Ансорийга ўхшамасликка тиришиб, бугун бошига мусулмон байроғи рангидаги яшил салла ўраган, бўйнига оқ ипак фўта ташлаган эди. Умр бўйи будпараст ва оташпарастларни қувғин қилган садри жаҳон энди уларнинг имон-у эътиқодларига муҳташам бинодан шунчалик мўтабар ўрин берилганини кўриб:
— Тавба! — деб асабий шивирлади.

Яна бир хонага ўтганларида, Фарангистон қироли Акбарга совға қилиб юборган олтин муқовали «Инжил» кўзга ялт этиб ташланди. Унинг ёнида Биби Марямнинг чақалоқ Исони қўлига олиб турган рангдор сурати турибди. Бу икки нарсани Акбарга Рудолф Аквавива совға қилиб олиб келган эди. Акбар олтин муқовали китобни ҳам, Биби Марям суратини ҳам эъзоз билан кўзига суртиб қабул қилганини Абдулла Ансорий қабул маросимида кўрган эди. Рудолф Аквавива ҳамроҳларига мақтаниб: «Акбар ҳазратлари «Инжил»ни ўпиб кўзга сурганлари — биз учун насора динини қабул қилгандай қувончли ҳодиса бўлди!» деганини Ансорий ўз хуфияларидан эшитган эди. Ҳозир шунинг ҳаммасини хаёлидан бир-бир ўтказар экан: «Бу бино — ибодатхона эмас, кофирхона!» деган ғазабли ўй кўнглидан кечди. Xудди масжиднинг минбарига чиқиладиган мармар зинапояга ўхшаш зиналар уларни бино марказидаги муҳташам саҳнга олиб чиқди.

Акбар олдинроқ келиб уларни шу ерда кутиб турган экан. Унинг ёнида шайх Муборак билан яна бир мўйсафид бор эди. Абдулла Ансорий бу барваста мўйсафидни таниганда юраги бирдан шиғ этиб сесканди. Бир вақтлар Бианадаги халқ қўзғолонига бошчилик қилган Абдулла Ниёзий шу эди. Ансорийга битта ғоявий душман — шайх Муборакнинг ўзи ҳам кўп кўринарди. Энди Акбар Абдулла Ниёзийни ҳам Ансорийга қарши даҳанаки жангга соладиган бўлса, уларга қандай бас келади? Садри жаҳон рақиб бўлса ҳам, шайх Муборакка нисбатан бехатарроқ кўринди. Ансорий беихтиёр шайх Абдунабига яқинроқ келди.

Мунозара ўтказиладиган саҳн доирашакл қилиб қурилган эди. Саҳннинг тўрида Акбар ўтирадиган шохнишин бор. Айланасига гилам ва зарбоф кўрпачалар тўшалган, кексалар суяниб ўлтириши учун бахмал болишлар қўйилган.

Акбарнинг ишораси билан Абулфазл мезбонлик вазифасини ўтай бошлади: ҳинд браҳманларининг икки ёнига оташпараст ва насора руҳонийларини ўтказди. Ансорий билан Абдунабига Акбарнинг чап томонидан, шайх Муборак билан Абдулла Ниёзийга эса подшонинг ўнг ёнидан жой берилди.

Акбар ҳаммага бир-бир кўз ташлаб олгач:
— Фараз қилингки, — деди, — биз йиғилган бу хона— баланд бир тоғнинг чўққиси. Бу тоққа бирингиз шимол ёнбағирдан, бирингиз жанубдан, бирингиз шарқдан, бирингиз ғарбдан чиқиб келдингиз. Бу бинонинг тўрт томонидаги хоналар — тўрт хил имон-у эътиқод маконларидир. Улардан бошланган тўрт зинапоялар эса — гўё тоғнинг тўрт ёнбағри. Қарама-қарши ёнбағирда юрганда бир-биримизни кўрмаган, тан олмаган бўлсак ҳам, чўққигача чиққанда ҳаммамизга баробар бўлган юксакликда учрашишга муяссар бўлдик. Бу юксаклик — ҳамамизнинг муқаддас туйғуларимизни жам қилди. Тепамиздаги гумбаз — парвардигор рамзи — барчамизга баробардир. Ҳаммамиз битта бани башар фарзандларимиз. Шунга қарамай, хурофот-у бидъат ҳамон бир элни бошқасига қарши гиж-гижлаб, қонли урушлар чиқармоқда. Биз нечун бунга йўл қўймоқдамиз? Осмон рамзи бўлган бу гумбаз остида аввало шу саволга жавоб топайлик. Дилимиздагини очиқ сўзлайлик. эътиқоди турлича бўлган эл-улусларни руҳан яқин қиладиган йўлларни излайлик.

Акбар бир тўхтаб олди-да:
— Мунозарага барча эътиқодларни қиёсий ўрганган етук аллома шайх Муборак раислик қилсалар розимисизлар? — деб аввал Деви Прасад билан Меҳержидан сўради.

Улар шайх Муборакни Абдулла Ансорийдан афзал кўришлари маълум эди, шунинг учун дарҳол ўз розиликларини билдирдилар. Аквавива ҳам бу фикрга қўшилди. Одатда, уламолар мажлисига шайхулислом Ансорий раислик қилар эди. Лекин садри жаҳон ўз рақибининг раислик қилишидан мудом ғаши келарди. Шунинг учун шайх Абдунаби ҳам раислик тизгини бугун бошқа одамга ўтганидан мамнун бўлиб розилик маъносида бош ирғади.

Яккаланиб қолган шайх Ансорий эътироз қилишнинг фойдаси йўқлигини сезди-да, бошини солинтириб жим қолди. Шайх Муборак раисликни бошлаб, Акбарнинг фикрини давом эткизди:
— Кўп балолар — бизнинг имон-у эътиқодимиз бошқаларникидан яхшироқ деб мақтанишдан келиб чиқгай. Ҳолбуки, яратганнинг олдида барча улуслар баробар.

Абдулла Ансорийга сўз навбати келганда:
— Фақир ҳам турфа элларнинг руҳан яқинлашиб, иноқ яшашларига тарафдормен, — деди. — Аммо низо кўпинча беш бармоқ баробар эмаслигидан келиб чиқгай. Динлар ҳам барчага баробар бўлолмагай. Чунки ҳар бир юртнинг ўз ҳукмрон дини бор. Фаранги меҳмонлардан сўранг. Буларнинг мамлакатларида насоралардан бошқа ҳукмрон дин борми?
— Аммо биз муслимларни ҳурмат қилурмиз! — деди Аквавива. — Қадимий масжидларни буздирмай, тарихий обида тарзида асрамоқдамиз.

Садри жаҳон Абдунаби кутилмаганда Абдулла Ансорийнинг тарафини олиб, Аквавивага эътироз қилди. — Мана шу Ҳинд уммонида кема билан сузиб юрган фарангилар Маккага ҳажга борган муслимларнинг йўлини тўсиб, неча бор пул-у буюмларини талаб кетганлар, муслималарни асира қилиб, зўравонлик билан ўз никоҳларига ўтказмишлар!

Шайх Муборак Рудолф Аквавивага мурожаат қилди:
— Муҳтарам падре[8], бу гапларда асос борми?
— Асос шуки, денгиз қароқчилари бошқа халқларда ҳам бор, — деб ўнғайсизланиб изоҳ берди Аквавива. — Насораларни зўравонлик билан ўз динига ўтказган, уларнинг аёлларини чўри қилиб олган муслимлар ҳам йўқ эмас.
— Фақат денгиз қароқчилари шундай қилғонми?— сўради шайх Абдунаби. — Сизларнинг қиролларингиз амирал баҳр қилиб тайин этган Васко де Гама Албукерка ҳинд уммонида озмунча муслимларни қирганми? Гоа оролида ҳиндлар-у муслим эрларни қириб, ҳимоясиз қолган аёлларни Фарангистон аскарларига никоҳлаб берган эмасмилар?!

Аквавива яна ўз ватандошларини ёқламоқчи бўлиб гап бошлаган эди, ёши каттароқ Антони Монсеррате унинг сўзини бўлди:
— Падре, Албукерканинг шафқацизликлари бизнинг юртимиздаги виждонли одамлар томонидан ҳам нафратга учраганини очиқ айтмоқ керак. Ҳатто Васко де Гама биринчи бўлиб Европа учун Ҳиндистонни очган сиймо сифатида тарихга кирган бўлса ҳам, кейинчалик қирол фармони билан Ҳинд уммонига ҳоким тайинланиб, иккинчи марта келганда кўп шафқацизликлар қилмишдир. Йўловчи ташийдиган араб кемасида аёллар, болалар, чоллар келаётганини Васко кўрса ҳам, лекин ёғ сепдириб, аямай ёндириб юбормишдир. Португалияда Васконинг бу қилмишлари маълум бўлгач, у халқнинг назаридан қолди. Умрининг охирида хор бўлиб ўлди. Ҳозир замонлар ўзгарган. Салиб юришлари даври энди ўтди. Диний низолардан безор бўлиб, муроса йўлини излаётган одамлар Португалияда ҳам кўпайиб бормоқда.

Абулфазл отасидан рухсат олиб, Монсерратега савол берди:
— Ундай бўлса, эҳтимол, Фарангистон қироллари ҳам ҳозир барча динларни баробар деб тан олгандирлар?

Монсеррате бош чайқади:
— Афсуски, биз ҳали бундай фикрдан анча узоқмиз. Бу фикрга келмоқ учун бошқа элларнинг муқаддас китобларини сизлар каби астойдил ўрганмоқ лозим. Фақат сўзда эмас, амалда турли халқларнинг руҳий бойликларини эъзозлаб, ҳозир биз ўлтирган бинодек меъморлик обидаси қуришнинг ўзи — тарихда ҳали мисли кўрилмаган бир янгиликдир. «Дунёдаги энг зўр жасорат — руҳнинг ботирлигидир», деган нақл эшитганмен. Ҳазрати олийлари, — деб Монсеррате Акбарга мурожаат қилди: — Сиз шу бинонинг меъмори экансиз. Турли элларни руҳан яқинлаштириш нияти билан яратган бу обидангиз менга улуғ бир жасоратдек туюлмоқда. Мен сизнинг бу кашфиётингиз олдида бош эгиб айтмоқчименки, биз уни қадрлашимиз, эъзозлашимиз лозим!

Бу таклифни кўпчилик қабул қилгандан сўнг, асабий гаплар ғубори хиёл тарқади-ю, Абдулла Ниёзий сўз олди.
— Биз бундан ўттиз йил аввал Бианадаги халқ ҳаракатига иштирок этганимизда орзу қилган эдикки, қудратли давлат тузилса, унинг тепасида мамлакатни яктан-у якдил қилишга қодир раҳбар турса, одамларга азоб берувчи адолацизликлар йўқолса... Абдулла Ансорий жаноблари ўша пайтда Исломшоҳ саройининг диний пешвоси эдилар. Бизни «даҳрий» деб фатво бердилар, Исломшоҳ Аълойини ҳалок қилди... Менинг жоним қаттиқ экан, ёшим ҳам ёшроқ эди, мана, ҳалигача тирикмен. Ансорий жаноблари ҳамон ўша эски хурофот отидан тушмаётганлари мени таажжубга солмоқда. Биз бу ерга диний низоларни бартараф этмоқ учун йиғилганмиз. Яна эски адоватларни қўзғатгандан кўра қайси элда қандай руҳий бойлик, қандай маънавий фазилат бўлса, шуни бир жойга йиғайлик. Энг яхши удумлар-у анъаналарни барчамиз қабул қилайлик. Ана унда «сулҳу кулл»[9] деган олий мақсадга тезроқ етгаймиз. Барча халқлар, имон-у эътиқодлари турлича бўлса ҳам, руҳан бир-бирлари билан баробар, тенг деб эълон қилинмоғи лозим!

Ансорийнинг бўйнига гўё яширин бир сиртмоқ ташлангандай бўлди. Шайх Муборак билан Абдулла Ниёзий Акбарнинг пинжига кириб олишибди. Энди улар ўз душманларидан қасд олишлари аниқ. Ансорий бўйнидаги сиртмоқнинг тобора сиқилиб келаётганини сезиб турибди. Жон сақлаш учун у энди Акбарни кўкларга кўтариб мақташга тайёр эди.
— Тақсир, — деб у аввал Абдулла Ниёзийга юзланди: — Исломшоҳ зулмидан биз ҳам жабр кўрганмиз, унинг тазйиқи остида хато ишлар қилганмиз, бунинг узрини Фирдавсошиён Ҳумоюн ҳазратларига айтганимизда, узримизни қабул қилган эдилар. Энди ўтган ишга салавот!.. Биз бугун бошқа бир даврда яшамоқдамиз. Тарихга Жалолиддин Акбар номи билан кираётган бу давр чиндан оламшумул аҳамият кашф этмоқда. Муқаддас китобларда каромат қилинмишки, минг йилда бир улуғ сиймо пайдо бўлиб, дунёни адолацизликдан поклагай. Мен аминменки, ана шу улуғ сиймо ҳозир бизнинг даврамизда ўлтирибдирлар. Ахир тошҳовузни олтин тангага тўлатиб, ўз онифларига шоҳона тўлов қилиб тарқатганлари камдан кам бўладиган саховат эмасми? Ёки мана бу ибодатхонада ҳазратимни бошқа дин вакиллари ҳам энг одил маънавий пешво деб улуғлаётганлари ноёб ҳодиса эмасми? Шунинг ҳаммасини хулоса қилиб фақир айтмоқчименки, насоралар масиҳо деб атайдиган, биз маҳдий деб улуғлайдиган олий сиймо сиздирсиз, ҳазратим!

Ансорий ўрнидан туриб, Акбарга икки букилиб таъзим қилди:
— Илоҳо маҳдийларча улуғ адолат ўрнатиш сизга насиб бўлсин! — деди-да, гўё ҳеч ким айтолмаган энг зўр гапни ўзи айтгандай мамнуният билан илжайиб қўйди. Шундан кейин шайх Абдунаби ҳам Акбарни энг адолатли пешво деб мақташга мажбур бўлди.

Шайх Муборакка шу керак эди. У пайтдан фойдаланди-ю, Акбарни энг олий фақиҳ ва барча диний низоларни ҳал қилувчи мужтаҳид деб фатво чиқариш ҳақида таклиф киритди.

Ансорий билан шайх Абдунаби ўз тилларидан тутилганларини шунда сездилар. Агар Акбар олий мужтаҳид бўлса, шайхулислом ҳам, сардлар судури ҳам керак бўлмай қолади!

Шуни жон-дили билан истаб юрган Абулфазл фатвони олдиндан ёздириб, тайёрлаб қўйган эди, унга биринчи бўлиб шайх Муборак имзо чекди. Шайх Абдулла Ниёзий ҳам дарҳол қўл қўйиб берди. Шундан кейин Абулфазл фатвони шайх Абдунабининг олдига олиб борди. Насоралар ва браҳманлар «нима бўларкин?» деб жим қараб туришибди. Акбар кўзини ерга тикканича қимир этмайди. Аммо унинг сукути шайх Абдунабига овини пойлаётган йўлбарснинг сукутини эслатди. «Йўқ!» деб кўринг-чи! Ҳозиргина Акбарни «енг адолатли ҳакам!» деб мақтаганлари риёкорлик, қуруқ тилёғламалик бўлиб чиқади. Шайх Абдунаби оғир бир хўрсинди-ю, фатвога имзо чекди.

Навбат Ансорийга келганда унинг қўлидаги қалам дир-дир титрай бошлади. Бу қандай кўргилик? Ўз қўли билан ўзига гўр қазигандай иш қилса-я... Қалтираган қўли қоғозни тирнаб, ҳарфларни чалкаштириб юборди, лекин бари бир қоғоз юзида унинг имзоси пайдо бўлди.

Тамом!.. Шайх Ансорий уйига келиб бир кун касал бўлиб ётди. Эртаси куни ичини ёндираётган аламни қоғозга тушириб, кўнглини бўшатгиси келди-ю, Патнадаги сирдош дўсти мулла Танвирга махфий мактуб ёзди. Мактубда «Бутун ислом тарихи Акбарга қарши!», «Подшо мужтаҳид бўла олмайди». «Мени имзо чекишга мажбур қилдилар!», «Биласиз, гоҳо қароқчилар билан ҳам вақтинча, муроса қилингай» деган гаплар ёзилган эди.

Мулла Танвир кейинги пайтда Акбарга ихлос қўя бошлаганидан Ансорий мутлақо бехабар эди. Исён ҳиди келаётган мактуб мулла Танвир орқали айланиб келиб, Акбарнинг қўлига тушди. Кеч куз оқшомида Акбар Ансорийни девони хосга чақиртириб келиб тикка турғизиб қўйди. Абулфазл мулла Танвирдан қайтиб келган мактубни Ансорийга овоз чиқариб ўқиб берди. Ансорий мактубдан тониб қутула олмаслигини сезди-ю, оёқда туролмай тиз чўкди:
— Мени авф этинг! Жаҳл устида ёзган эдим, ақлсизлик қилганмен!.. Қирқ йиллик хизматларим ҳаққи, мени бир марта кечиринг!

Акбар ғазаб билан деди:
— Қирқ йиллик хизматлар эмас, риёкорликлар, хоинликлар! Байрамхоннинг ўлимида ҳам иштирокингиз борлигини сезганмен! Адҳамхон билан Моҳим энаганинг бошига етган ҳам сизсиз! Деҳлидаги Пўлат васвасни ишга солиб, менга ўқ оттирганларнинг илҳомчиси ҳам сиз бўлгансиз!
— Йўқ, йўқ, тангри ҳаққи, мен бу суиқасддан бехабармен! Аҳмоқ бўлиб, Танвирга шу мактубни ёзганим рост!
— Ибодатхонада мени маҳдий деб мақтаб, мактубда «даҳрий!» деб қарғаган одам ҳар қандай разолатга қодир эмасми?
— Риёкорлик қилдим, рост. Бу гуноҳим учун, майли ҳажга борай! Маккатуллога бориб, покланиб келай!

Кекса одам Акбарнинг оёғига йиқилиб илтимос қилгандан кейин, Акбар унинг ҳажга кетишига рухсат берди. Ансорий ҳаждан кейин Гужаратга қайтди ва ўша ерда вафот этди. У ўз бобосининг мақбарасига яшириб юрган икки сандиқ олтин давлат ихтиёрига олинди ва наврўз байрамида мискин-бечораларга улашилди.

* * *

Саройда ҳар чоршанба оқшоми ораста базмлар ва шеърий мажлислар бўлар эди. Акбар мамлакатнинг энг соҳибистеъдод шоир-у санъаткорларини ўз атрофига йиғишга интиларди. Машҳур хонанда Тансен, мусаввир Xўжа Абдусамад, маликушшуаро Ғазалий, унинг тарбияси билан юксак пояларга кўтарилиб бораётган ва ҳозир «Хамса» ёзаётган Файзи Фаёзий, ҳам форсий, ҳам ҳиндий тилларда гўзал шеърлар битган, ажойиб қўшиқлар ҳам айтадиган хушчақчақ рожа Бирбал, шеърий истеъдоди отаси Байрамхонникидан қо-лишмайдиган Абдураҳимхон — буларнинг ҳаммасини Акбар маънавият гавҳарлари деб атар эди. Унинг саройида «нўҳратан» — яъни «тўққиз гавҳар» деган ибора машҳур бўлган, фан, адабиёт ва санъатнинг тўққизта энг ёруғ юлдузлари орасидан Абулфазл ҳам ўрин олган эди. Кекса Ғазалий вафот этганда тўққиз гавҳарнинг саккизтаси қолди, лекин «нўҳратан» ибораси ҳамон истеъмолда эди.

Акбар бир кун сарой ташқарисида деворга оҳак билан расм чизаётган ялангоёқ ҳинд йигитчасини кўриб қолди. Йигитчанинг қўлида мўжизаси бордай, панжасининг уч-тўрт ҳаракати билан деворда жонли суратлар пайдо бўларди. Ўзи ҳам сурат чизишни яхши кўрадиган Акбар йигитчанинг ёнида тўхтаб:
— Отинг недур? — деб сўради.
— Дасванта.
— Нечун деворга сурат чизмоқдасен, Дасванта?
— Қоғоз-қаламим йўқ.

Акбар суриштириб билса, Дасванта — камбағал бир юк ташувчи ҳаммолнинг ўғли экан, «Рамаяна» ва «Маҳабхорат» достонларинниг жуда кўп жойларини ёд биларкан, чизган суратлари ҳам шу достонларнинг қаҳрамонлари ҳақида экан. Акбарнинг ўзи ҳам бу достонларни яхши кўрарди. У Дасвантани сарой рассомларининг сардори Xўжа Абдусамаднинг олдига бошлаб келди:
— Зеҳни ўткир. Бир тарбиялаб кўринг, мавлоно. Дасванта Акбар кутгандан ҳам истеъдодлироқ бўлиб чиқди. Унинг «Маҳабхорат» воқеаларига чизган суратлари Акбарга энг машҳур рассомларникидан ҳам кучлироқ завқ берди. Шундан кейинги чоршанба оқшомида бўлган санъаткорлар мажлисида йигирма икки ёшли Дасванта энг етук маънавият гавҳарлари — нўҳратан қаторига қўшилди. Акбарнинг бу ҳақдаги фармонини Абулфазл санъат аҳлига эълон қилар экан:
— Гавҳарларимиз яна тўққизта бўлди! — деб мамнуният билдирди.

Шу куни куй ва қўшиқлар орасида мушоира ҳам бўлди-ю, ёши юздан ошган шоир Қосим коҳий ўзининг «Филнома» деган шеърини ўқиб берди.

Акбар филни яхши кўриши, филбонлик ҳам қилгани кўпчиликка маълум эди. Коҳий ўзини узоқ умр кўрадиган филларга ўхшатган. Акбарни эса шу филларнинг суюкли маҳаватига қиёс қилган эди:

Хок бир сар мекунам чун фил ҳар жой мерасам,

Гар набинам бар сари худ филбони хийшро.

Дидаам то ишқи ман афзун шавад он филбон

Медавонад бар сарам филдомони ҳийшро[10].

Акбар бу тўрт сатрни эшитганда завқ қилиб бир кулиб олди. Филга ўхшаб ёши юздан ошган бу одамда ҳали ҳам болаларча бир маъсумлик бор эди. Унинг фил сингари ўз бошига тупроқ сочишининг сабаби ҳам беҳад чиройли ифода этилганди. Фил ўзи яхши кўрган филбонига қанчалик суяниб қолган бўлса, Коҳий ҳам дил-дилдан Акбарга меҳр қўйганини шеърий нафосатга йўғириб айтмоқда эди. Асли Самарқанд томонларда, Оқдарё ва Қорадарё оралиғидаги Миёнқолда туғилиб ўсган Қосим Коҳий йигитлик пайтида Ҳиротда яшаган, Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийларнинг суҳбатида бўлган шоир эди. Ҳозир пойтахтда ундан кекса одам йўқ. Ёши қамарий ҳисоб билан бир юз-у ўн саккизга кирган бу одам бир умр уйланмасдан бўйдоқ ўтмоқда эди. Коҳийнинг сийрак соқоли пахтадай оппоқ, яккам-дуккам қолган жағ тишлари ейилиб, милкига тенглашиб қолган, жуссаси ҳам кичкина. Шу ёшдаги одамдан бундай шеър чиқишини кутмаган одамлар унинг ҳар бир байтига қойил бўлиб, ўтирган жойларида тебраниб қўйишарди:

Ҳамчу фили маст мехоҳам бихурушам ҳар замон

Ошкор ато кунам розиниҳони хийшро.

Боз мегўям, ҳадиси ишқ хуштараст,

Беҳки, чун фил нигоҳ дорам забони хийшро[11]

Шу ёшдаги одамнинг маст филдай жўш-у хуруш қилмоқчи бўлгани, лекин яна филларга хос вазминлик билан тилини тийиб юриши Акбарнинг шеърдан олаётган завқини яна бир даража оширди. У ўзи ҳақидаги ошкора мақтовлар ва мадҳияларни кўп эшитган. Бу ердаги шеърий иффат, камтарлик ва гўзал бир табассум Акбарга ниҳоятда ёққани учун:
— Мавлоно, яна бир ўқисинлар! — деб шеърни иккинчи марта эшитди. Сўнг биронта нуқсони йўқлигини, ҳар бир сўзи гавҳардай хилланганини мақтади ва Абулфазлга юзланди: — Бир юз-у ўн саккиз ёшда шунчалик мукаммал шеър ёзиш — камдан кам учрайдирган мўжизадир. Мавлоно Коҳийнинг пойи қадамлари табаррук. Сарой дарвозасидан то шу ерга келгунларича неча қадам қўйган бўлсалар ҳар бир қадамларига юз рупийдан инъом берилсин! минбаъд саройга ҳар келганларида яна минг рупийдан бериб турилсин!

Мушоира бўлган жойдан сарой дарвозасигача юз қадамдан ортиқ эди. Сарой шоирларидан ҳеч бири ҳали бундай қисқа шеър учун ўн минг рупий мукофот олмаган эдилар. Қосим Коҳий таъзим қилиб, бу инъом учун Акбарга миннатдорчилик билдирар экан, унинг алланарсадан кўнгли тўлмагани сўник кўринган кўзларидан сезилди.

Эртаси куни хазина очилганда Қосим Коҳий келиб ўн минг рупийни олиб кетиши керак эди. Лекин орадан бир ҳафта ўтди ҳамки, кекса шоир саройга қайтиб келмади. Акбар уни касал бўлиб қолмадимикин, деб Абулфазлни хабар олгани юборди. Қосим Коҳий кичкина боғ ҳовлида турар, уй юмушларини қиладиган мош-гуруч соқолли битта хизматкоридан бошқа ҳеч кими йўқ.

Абулфазл унинг токчаларида китоблар турган хонасига кириб, ҳол-аҳвол сўради-ю:
— Нечун ҳанузгача хазинадан мукофотни олмадингиз? — деди.
— Мунча пул менга не керак, жаноб вазир? Меросхўрим бўлмаса!.. Мен у шеърни мукофот учун ёзган эмас эдим.
— Эҳтимол, бошқа тилагингиз бордир? Айтинг, мен аъло ҳазратга етказай.

Қосим Коҳийнинг олд тишлари аллақачон тўкилиб, лаблари ичкарига ботиб кетган, учи хиёл қайрилган узун бурни эгилиб тушиб, лабларига тегай деб қолган.
— Мен ёшимни яшаб бўлганмен, менга мол-дунёдан кўра имон-у эътиқод азизроқ. Навоийдек, Жомийдек улуғ сиймоларни кўрганмен. Улар диний адоватларни қандай йўқотишнинг йўлини излаб, тополмай кетган эдилар. Акбар ҳазратлари турли эътиқодларни тенг кўриб сулҳи кулл эълон қилиш билан ҳанузгача топилмаган янги бир йўлни кашф қилдилар. Мен умримнинг охирида ана шу йўлдан юриб ўтмоқчимен. Агар ҳазратим мени ўзларига содиқ маслакдош деб билсалар, фақир учун энг олий мукофот ана шу бўлғай!

Абулфазлдан бу гапларни эшитган Акбар:
— Мавлоно Коҳийнинг бу жавобидан бошимиз кўкка етганини бориб айтинг, — деди. — Агар истасалар, пайшанба куни яқин маслакдошларимиз даврасига марҳамат қилсинлар!

Боғи Фатҳнинг тиллакори меҳмонхонасига хуфтон кеч йиғиладиган шайх Муборак, рожа Бирбал, Абулфазл, унинг шоир акаси Файзи, Азиз кўка, Абдураҳим хони хононлар қаторига навбатдаги пайшанба куни Қосим Коҳий ҳам келиб қўшилди.
— Мавлоно, — деб Акбар энг аввал унга мурожаат қилди, — сиз ажойиб шеърий муаммолар ёзмишсиз. Бизнинг ўтрумизда[12] мушкул ҳаётий муаммолар турибдир. Биз сулҳи кулл эълон қилиб бирлаштирмоқчи бўлган турли имон-у эътиқодлар бамисоли мустақил қа-йиқлардек ҳар бири алоҳида сузиб ўрганмишдир. Мақол борки, икки қайиқнинг бошини тутган одам ғарқ бўлур. Мухолифларимиз бизни ҳам ғарқ қилмоқчилар. Уларнинг назарида биз на муслим, на маъжусий, на оташпараст — бу динларнинг ҳеч бирига тўлиқ дил бермаган, ора йўлда қолган динсизлар эмишмиз.

Шайх Муборак бу таъна-дашномларни Акбарга айтишга тили бормай истиҳола қилиб юрган эди. Энди уларни Акбарнинг ўзи айтганидан дадилланди-ю, сўзлашга ижозат олди:
— Ҳазратим, сиздек имони мустаҳкам сиймога нисбатан айтилган бу сўзлар ўтакетган туҳматдир! Бу туҳматдан қутулишнинг ягона йўли — сиз кашф этган олий эътиқодни янги таълимот шаклига солиб эълон этмоқдир. Ибодатхонада айтган эдингизки, турли имон-у эътиқодлар тоғ ёнбағирлари каби баланд бир чўққига етганда бирлашурлар. Ана шу маънавий юксакликни сиз асос солган янги маслак деб атасак арзир!

Акбар ўзини янги бир маслакнинг асосчиси қиёфасида тасаввур этди-ю, эти жимирлаб, ўзидан ўзи сесканиб кетди. Кеча онасини кўргани борганда Ҳамида бегим яна хавотирга тушиб айтган гаплар қулоғига қайта эшитилгандай бўлди: «Шайх Муборак сизни «маҳдий» деб ишонтириб, Бҳирада не кўйларга солгани ёдингиздан чиқдими, шоҳ ўғлим?».
— Xотиржам бўлинг, онажон, ўғлингиз у кўчаларга қайтиб кирмагай. Мен ўзимнинг маҳдий ҳам, пайғамбар ҳам эмаслигимга аллақачон имон келтирганмен. Шунинг учун фақат бош фақиҳлик — мужтаҳидлик унвонини қабул қилганмен, холос.
— Акбаржон, Сиз подшолиғ-у саркардалик юкини қийналиб кўтариб юрганингиз озмики, шайх Муборак янги маслакнинг оғирини ҳам сизнинг елкангизга ортмоқчи?

Онасининг куюниб берган бу саволига Акбар ҳали жавоб топа олгани йўқ. У янги маслакнинг оғир юкини елкасига олишга юраги бетламай Қосим Коҳийга юзланди:
— Мавлоно, сиз кўпни кўрган сиймосиз, бизга маслаҳат беринг.
— Фақирдан маслаҳат сўраганингиз учун ташаккур, ҳазратим! Салкам етмиш йил Турон-у, Xуросон-у, Кобулда яшадим, эллик йилдан бери Синд-у Ҳиндда истиқомат қилмоқдамен. Ақлимни таниганимдан буён мен жаҳонни кезиб, гоҳ адашиб, гоҳ туртиниб, руҳим яйрайдиган маънавий бир манзил изладим. Ниҳоят, ёшим юздан ошганда етиб келган энг олий маънавий манзилим — сиз ҳозир раҳбари бўлган мана шу табаррук давра бўлди. Умр бўйи мени руҳонийлар истибдоди қийнаб келар эди. Сиз шу истибдодни йўқотганингиздан бери руҳим яйрамоқда.

Аммо бу истибдоднниг кетидан кун кўрган, бой бўлган, мартаба орттирган улкан бир гуруҳ уламо-ю мулла имомлар бор, улар аламзада бўлиб, қасд олишни ўйлаб юрибдир. Улар учун бидъат-у хурофот — бамисоли борут солинган омбор. Шундай бир тайёрлик кўрмоқ керакки, янги таълимотингиз эълон қилинганда ғанимларингиз унинг учқунлари билан борут омборини портлата олмайдиган бўлсинлар.
— Раҳмат сизга, мавлоно, менинг дилимдаги гапни айтдингиз! — деб Акбар Коҳийнинг фикрини давом эттира бошлади: — Фақат ичкарида эмас, қўшни мамлакатларда ҳам мухолифларимиз бизнинг худодан қайтганлигимиз ҳақида дод-вой кўтармоқдалар. Эрондан сафавийлар, Турондан шайбонийзодалар бизга элчилар юбориб: «Исломдан воз кечганингиз ростми?» деган маънода саволлар бермоқдалар. Биз ҳам уларга элчилар юбориб, «алҳамдулилло муслиммиз» деган мазмунда жавоблар ёздик. Бизга қарши кўтарилган хуружлар ҳали-бери босилмагай. Вилоятлардан келаётган махфий ахбротлар вазият ниҳоятда мураккаблигидан далолат бермоқда. Шунинг учун янги таълимотни каттароқ тайёрлик билан қулай бир вазият келганда жорий этайлик. Ҳозирча уни мана шу даврадагилар ўз дилимизга жо қилайлик. Ахир чин ихлос-у эътиқод аввало дилда яшамоғи керак-ку.
— Ҳақ гап! — деди Абулфазл.

Энди шайх Муборак ҳам Акбарнинг сўнгги фикрига қўшилишга мажбур бўлди.

Яширин розларимни ошкор қилгим келур.

Лекин яна айтаман: ишқнинг пинҳон ҳадиси хушроқдир,

Филлар каби тилимни тийиброқ юрганим яхшироқдир.

* * *

Акбар ўз маслакдошларига мукофотлар берган ўша кезларда шайх Абдунаби унинг қаҳрига учради.

Беш қўлини оғзига тиққан бу баднафс шайх вақфлардан тушган ва ҳаж қилувчилар учун ажратилган пулларнинг катта бир қисмини ўз сандиғига солиб олгани аниқланди. Жиноятлари бўйнига қўйилгач, Акбар уни ҳибс қилдирди. Ҳибсхонада ҳам шайх Абдунабининг душманлари бор экан. Садри жаҳон қатл эттирган бегуноҳ одамлардан бирининг ўғли шу ерда қоровул экан. Бошқа қасоскорлар шайхнинг қаерда ётганини шу қоровул орқали биладилар. Бу қасоскорлар орасида масжид олдидаги тахталарни бутхона қурилишига ишлатгани учун қатл эттирилган ва учта ёш хотини «сати» одати бўйича ўзларини ёндириб ўлдирган браҳманнинг қариндошлари ҳам бор эди. Қасоскор оломон ҳалиги қоровул ёрдамида кечаси ҳибсхонага бостириб кирди-да, шайх Абдунабини тошбўрон қилиб ўлдириб кетди.

Ансорий ва шайх Абдунаби бошқариб турган уламо-ю, қози-ю мухтасиблар ипи узилган тасбеҳ доналари каби турли томонга тирқираб, саросима ва ғулғула ичида қолдилар. Жизя солиғи олиб бойишга, мажусийларни қул қилиб сотишга имкон берадиган диний истибдод бинолари худди зилзилага учраган эски уйлардай бирма-бир қулаб туша бошлади.

Зилзила пайтида ҳамма ўзини нохуш сезгани каби, шу истибдод орқасидан кун кўриб келган катта гуруҳнинг йиқилиб-суруниб талваса қилишлари кўпчилик сарой аҳлида, ҳатто Акбарнинг норасида ўғилларида ҳам оғир ва мураккаб туйғулар уйғотди.

Энди ўн бир ёшга кирган шаҳзода Салим ҳаддан ортиқ ўйчан ва камгап бўлиб қолди. Унинг муаллими Фарид Бухорий Акбар ҳузурига кириб арз қилди:
— Ҳазратим, шаҳзоданинг руҳий ҳолатларидан хавотирдамиз. Соатлар давомида ёлғиз ўлтириб ўй сурадилар. Илгари кўп китоб ўқир эдилар. Ҳозир китоб ҳам ўқимай қўйдилар. Эҳтимол, шаҳзодани овга олиб бормоқ зарурдир?
— Мавлоно, биз овни тақиқ этганимиз ёдингизда борми?
— Ёдимда, ҳазратим! Аммо ота-боболарингиз ўсмирликдан от чопиб, ов қилиб ўрганганлар. Қон билан ўтган бу одатни ўғлингиз ҳам тарк этмаганлари маъқулмикин?
— Мен овни тарк этдим-ку. Энди биз чиқарган фармонни ўғлимиз бузса одамлар не дегай! Салим ёлғиз ўлтириб ўй сурса, халақит берманг. Демак, унда фикр-мулоҳаза уйғонган. Ўзи билан ўзи мусоҳаба-ю мурокаба қилсин.
— Xўп, ҳазратим, хўп! — деб, Фарид Бухорий таъзим қилганича чиқиб кетди. Аммо ичида: «Оқибатига ўзингиз жавобгарсиз!» деб қўйди.

Атрофида бўлаётган маънавий зилзилани ва мураккаб зиддиятларни Салимнинг ёш идроки ҳазм қилолмас, отаси эса ўғли билан дилдан суҳбатлашишга ва нима бўлаётганини унга яхшилаб тушунтиришга вақт тополмасди.
— Ҳазратимга мужтаҳидликнинг не кераги бор? — деб мавлоно Фарид оғир уф тортди.

Бир вақтлар у ҳам Акбарга бағишлаб шеърлар ёзган эди. Яхши ғазал ва рубоийлари бўлгани учун мавлоно Фарид соҳибқалам шоир ҳисобланарди. Гужарат юришида қирқ кунлик йўлни Акбар билан тўққиз кунда босиб ўтган ва Музаффар Ҳусайн мирзога қарши урушда бир ўзи тўртта ёв навкарини қилич билан уриб йиқитган довюрак одам ҳам шу Фарид Бухорий эди. Акбар уни «соҳиби сайф ва қалам» деб мақтаб, Фарид Бухорийга мавлонолик унвонини берган ва Салимга тарбиячи муаллим қилиб қўйган эди.

Бироқ мавлоно Фариднинг шайх Муборак билан сози келишмас, Салимга сирдошларча шивирлаб:
— Ҳазратимни шу шайх икки ўғли билан бутунлай ўзлариники қилиб олмоқдалар! — деди. — «Доҳий», «маҳдий», «мужтаҳид» — ҳаммасини шулар ўйлаб чиқармишдир. Катта ўғли Файзи Фаёзий ҳазратим ҳақида достон ёзиб улкан мукофотлар олди. Кичик ўғли Абулфазл энг биринчи вазир. Шайх Муборакнинг ўзи ашаддий душманлари бўлган ансорийларни ҳазратимнинг ёрдамида йўқ қилиб қасд олдилар. Бўлди-да энди!

Бу гаплар таъсирида Салим отасини Шайх Муборак ва Абулфазлдан қизғанадиган бўлиб борар эди.

Салим отасининг дийдорига тўймай ўсаётган бўлса, мавлоно Фарид фарзандга зор эди. У уч марта уйланган, лекин фарзанд кўрмаган, ёши қирқдан ошгандан сўнг тақдирга тан берган. Энди Салимни ўзига фарзанддай яқин олиб, дилида қатланиб ётган оталик меҳрини бутунича унга сарф қилар эди. Ўсмирларда бўладиган ишонувчанлик ва ота меҳрига ташналик туфайли Салим ҳам мавлоно Фариднинг меҳрига дилини очиб берар ва уни ўзининг энг яқин сирдоши деб биларди.
— Амирзодам, энди сиз Абулфазлдан эҳтиёт бўлинг, — дерди. — Ҳазрат отангиз шу вазирнинг маслаҳатига кириб, кофир фарангиларни саройга ишга олмоқчи эмишлар. Падрелар сиз билан шаҳзода Муродга муаллим бўлиб, фаранги тилини ўргатармиш!

Шайх Фарид бу гап билан Салимни чўчитмоқчи эди. Салим бошқа бир оламдан келган, кийимлари ҳам, юриш-туришлари-ю гапиришлари ҳам ўзгача бўлган фарангиларга ўсмирларча бир қизиқиш билан қарар эди. Шайх Фарид ўнта гапирганда битта ҳам жавоб айтмай, ўйчан ва хомуш юрган Салим устозининг сўнгги гапидан алланечук тетикланди:
— Қачон... сабоқ берармиш? — деб сўради.
— Сармунши Нақибхон айтди. Эҳтимол, эрта-индин ҳазратим сизни чақириб қоларлар... Кофирдан тил ўрганишга рози бўлурмисиз, амирзодам?
— Фарангилар форсий тилда сўзлармишлар-ку. Гапларини эшитиб кўрай. Ғаройиб саргузаштларни билармишлар.
— Аммо саргузашт айтиш баҳонаси билан, сизни ўз динларига... ўтказиб олсалар-чи?

Салим энди хиёл кулимсиради:
— Сиз менга берган таълимларни дилда маҳкам тутгаймен, мавлоно. Боболар эътиқодига содиқмен!

Фарид Бухорий Салимга туркий тилдан дарс берган, Навоий, Бобур шеърларидан юзлаб сатр ёд олдирган, шулар таъсирида Салимда улуғ боболарига кучли бир эҳтиром пайдо бўлган эди. Айни вақтда, Фарид Бухорий Салимни ҳинд онаси-ю тоғалари таъсиридан ҳам узиб олишга интиларди. Салимнинг тоғалари Ман Синх ва Бҳагван Дас ботир жангчилар бўлса ҳам, Улуғбек, Бобур каби ноёб китоблар ёзган эмаслар. Шунинг учун Салим улардан кўра ота аждодларига ўзини яқинроқ олади ва уларнинг маънавий меросига қалбини кенгроқ очади. Агар Салимни «тоғаларига тортибди» дейишса, иззат-нафсига тегади, чунки бу уни ярим ҳинд, ярим муслим қилиб иккига бўлиб майдалаштирадиган ва яримта-юримта қилиб кўрсатадигандек туюлади. У Фарид Бухорий таъсирида темурий боболарининг удумини отасидан ҳам маҳкамроқ тутишга интилади. Устози ҳам шу боисдан уни ўз фарзандидай астойдил яхши кўради.
— Амирзодам, мен айтган гаплар орамизда қолсин, фаранги муаллим ҳақидаги сирни мендан эшитганингизни ҳазрат отангиз зинҳор билмасинлар.
— Нечун?
— Ахир бу ҳали махфий гап. Сирни ошкор қилганим учун жазо бермоқлари мумкин. Менинг ҳам душманларим кўп. Айниқса, ҳамшаҳрим Аҳмад Бухорий пайт топса, мени ҳам марҳум Ансорийга ўхшатиб йўқ қилгай.

Салим отанинг содиқ шогирди бўлган Аҳмад Бухорий ҳозир шайх Муборак ва Абулфазлнинг энг яқин маслакдошига айланган, Фарид Бухорий ва уларнинг яширин душмани эди. Иккита бухороликнинг ўт билан сувдай келишолмаслиги Салимни ҳам ҳайратга соларди.

Эртаси куни Акбар Салимни ўзининг хонайи хосига чақиртириб, фаранги тилини ўрганиш ҳақида гап очганда, шаҳзода ўз устозининг сирини яшириш учун ҳеч нарсадан хабари йўқдай жим қулоқ солди.
— Ўғлим, сен нуқул китоб мутолаасига берилиб, хомуш юрган эмишсан. Узоқ юртларга боргинг келгайми? Ҳинд уммонида кемаларда сузиб саёҳат қилишни истайсенми?

Салим бирдан жонланиб:
— Истаймен! — деди.
— Мен Гоа оролига кемада сузиб борганим ҳеч эсимдан чиқмайдир. Фарангиларнинг зўр кемалари бор экан. Бизда ҳали бундай қуввайи баҳрия йўқ. Шунинг учун биз босқинчи фарангиларни Ҳиндистон қирғоғидан улоқтириб ташлашга ҳамон ожизмиз. Ёғийдан кучлироқ бўлиш учун унинг ички сирларини билмоқ керак, тажрибасини ўрганмоқ зарур. Фаранги падреларни мен ана шу мақсадда саройимга чақирдим. Калтабин одамлар бизни «Насора динига ўтмоқчи эмиш!» деб бемаза миш-мишлар тарқатиб юрганидан қўрқма. Фарангиларнниг кема қуришдаги тажрибаларини, бутун илм-у маърифатини билмоқ учун уларнинг тилларини ўрганмоғимиз керак. Шу мақсадда ининг Муродни ҳам чақирганмен!

Акбар қарсак чалиб сармуншига буюрди:
— Мурод кирсин!

Икки ўғли ёнма-ён турганда Акбар уларнинг фарқларига хиёл таажжубланиб кўз ташлади. Салим онасидек қорачадан келган, ўн икки ёшида бўйи чўзилиб отасига тенглашиб қолган, елкалари тоғалариникидек кенг, мўйлаби эрта сабза урган. ўн бир яшар Муроднинг соч ва қош мўйлари қизғиш олтинранг, юзи раъно гулидай оқ-сарғиш, кўзлари эса тиниқ зангори рангда. Мурод она томонидан ҳам бобурий бўлгани учун барлосларда кўп учрайдиган қизғиш соч ва зангори кўз унга мерос ўтган эди. Феъли ҳам Салимникидан бошқача — ўй суриб ўтиришни суймайди, симобдай серҳаракат, шўх. Гоҳ чавандозликни, гоҳ қиличбозликни машқ қилади, мерганлиги ҳам бор, сувда сузишга ҳам ишқибоз, Жамнанинг у қирғоғидан бунисига сузиб ўтганини Акбар ўзи кўрган.

Акбар ўғилларини икки ёнига ўтказди-ю, Мурод билан аввал туркий тилда, сўнг форсча ва ҳиндча гаплашиб кўрди. Ўғли ҳиндчани ҳали унча эркин гаплашолмаслигини пайқади-да:
— Ўрганмоғинг керак! — деди. — Ҳиндистон бизнинг ватанимиз. Ҳинд улусининг тилини билмоғинг — ҳам қарз, ҳам фарз. Ҳар бир ўрганган тилинг — сенинг қалб бойлигингдир. Мана, бизга келган фарангилар форсча, ҳиндча бемалол сўзлашурлар. Биз эса уларнинг тилини билмайдирмиз. Ҳолбуки, уларда ҳам китоб кўп, маърифат улкан. Лекин баъзилар: «Насоралар — кофирдир, уларнинг тилларини ўрганиш гуноҳ», дейдир. Сен қандай фикрдасен, Мурод?

Муроднинг тарбиячиси, устози шоир Файзий эди. Шаҳзода Файзийдан бани башар ҳақида олган сабоқларига суяниб:
— Насоралар ҳам Одам Атодан тарқаган-ку, — деди.
— Албатта-да! — қувониб хитоб қилди Акбар. — Биз жаҳон миқёсига чиқмоқ учун барча қитъаларнинг илм-у санъатига бағримизни дадил очмоғимиз керак, ўғилларим! Бунинг учун аввало, дунё тилларини ўрганмоғимиз зарур. Падрелар бизга Оврупо деган қитъада қанча мамлакат-у қанча улус борлигини сўзлаб бердилар. Кўпчилигимиз уларни билмаганимиз учун ҳаммасини «фаранги»лар деб юрар эканмиз. Овруподан нарида Америка деган яна бир янги қитъа кашф этилмишдир. Уммон бўйлаб кемада сузганда ўша қитъага олти ойда етиб бормоқ мумкин экан. Фарангилар қилган улуғ жуғрофий кашфиётларни ҳали ҳеч бир мамлакат қилмаган экан. Сўзлаб бераверсалар, «Минг бир кеча» эртакларидан ҳам мароқлидир!

Акбар ўғилларини фаранги тилига шу тарзда қизиқтиргандан сўнг падреларнинг олдига дастлабки машғулотга юборди.

* * *

Асли каталониялик испан бўлган Антони Монсеррате қирқ беш ёшларда. Миллати италян Рудолф Аквавива эса ҳали ўттизга кирмаган бақувват йигит. Акбар саройида Монсерратени ёши каттароқ бўлгани учун фарангиларнинг бошлиғи деб кўпроқ эҳтиром қилишади. Лекин аслида Аквавива Монсерратега раҳбар қилиб юборилган эди. Чунки Рудолфнинг тоғаси Гоа оролидаги барча черковларнинг пешвоси. Португалия қироли ҳам Ҳиндистон ишларида Аквавивани ўзига содиқроқ деб билади. Иезуитлар сулукатида Рудолф энг имтиёзли ва фидойи гуруҳ ҳисобланадиган мартирлар сафига қабул қилинган. Мартирлар ўз жонларини католик черкови учун қурбон этишга қасамёд қиладилар. Улар иезуитлар орасидаги бўлажак шаҳидлар сифатида юксак обрўга эга бўладилар.

Акбар буни билмаса ҳам, Аквавиванинг ўз динига ҳаддан ортиқ берилган қизиққонроқ руҳоний эканини сезган; «еҳтимол, ёш бўлгани учун ақли унча қуюлмагандир», деб ўйлаган ва мулоҳазакор, босиқ Монсерратени ундан афзал кўриб, муаллимликка таклиф қилган эди.

Монсеррате шаҳзодаларга тил ўргатиш учун бораётганда Аквавива унга иезуитлар сулукати номидан кўрсатма берди:
— Сизнинг муқаддас бурчингиз — сарацин[13] шаҳзодаларини католик динига ўтказмоқдир.
— Акбар барча динларни баробар деб эълон қилганда биз одамларни бир диндан иккинчисига ўтказишимиз не керак падре? Ахир биз, европаликлар, осиёликлардан орқада эмас, олдинда юрмоғимиз зарур эмасми?
— Олдинда юрганимиз учун ҳам уларни ўзимизга эргаштирмоғимиз керак, Антони! Мен қиролга ёзган мактубимда «Акбар «Инжил»ни кўзига суриб ўпгани — насора динига мойиллигини кўрсатди», дедим. Агар биз маҳорат билан иш олиб борсак, бу сарацин подшосини ўз динимизга ўтказишимиз аниқ!

Антони Рудолфнинг бу нияти хомхаёл эканини сезиб турарди. Ҳатто жўн бир тухумни ёриб чиққан жўжа ҳам шу тухумнинг қобиғига қайтиб киролмайди-ку. Антонининг тасаввурида улкан бургутга ўхшаб учаётган Акбар қандай қилиб католик динининг қобиғига кирсин!

Монсеррате мустақил фикр юритишни қанчалик яхши кўрмасин, католик черковининг инкивизицияси ўрнатган шафқациз истибдоддан жуда қўрқар эди. Агар Аквавива уни «католик черковига хиёнат қилган даҳрий» деб, инквизицияни бунга ишонтирса, Антони қайтиб борганда уни ўтга ташлаб ўлдиришлари муқаррар эди. Акбар ўз юртида мана шунақа диний истибдодни ағдариб ташлагани Антонига маънавий камолотдай туюлмоқда эди.

Португалия учун бундай маънавий камолот ҳали олдинда эканини[14] у ич-ичидан сезарди. Шунинг учун Монсеррате ахийри Аквавиванинг талабларига ён беришга мажбур бўлди. Акбарни ва унинг ўғлини католик динига ўтказиш орқали бутун Ҳиндистонни Португалиянинг мулкига айлантириш мақсадида иш олиб боражагини Аквавивага аҳд-паймон тарзида айтди. Шундан кейин Аквавива унга Акбарнинг ҳарбий сирларини қандай билиш кераклиги тўғрисида йўл-йўриқлар кўрсата бошлади.

Монсеррате жосусликдан ҳазар қилар эди:
— Падре, мен ҳарбий одам эмасмен! — деди.
— Бўлмаса Алберт Перейро доим сизнинг ёнингизда юрсин. «Ёрдамчи халфам» деб таништиринг. Домланинг халфаси бўлиши шарт, сарацинларда шундай қоида бор. Перейро бирга юрса, қолган ишни ўзи эплагай.

Ўттиз ёшлардаги хушмуомала, чаққон йигит Алберт Перейро Гоадан падрелар билан бирга келган, ҳозир ҳам уларни қўриқлаб юрибди. Бу йигит бир вақтлар Ҳумоюн саройига келган Алваро Пакавиранинг жияни. Унинг асли оти Алберт Пакавира. Лекин Акбар Гоага борганда Алваро Пакавирани суиқасдга қатнашишда айблагани учун унинг жияни бу ерга келишда фамилиясини «Перейро» қилиб ўзгаратириб олди. Аслида Алберт ҳам Пакавиранинг тарбиясини олган, унинг махфий ишларини давом эттириш учун ҳинд ва форс тилларини ўрганган. Қиличбозлик, мерганлик, чавандозлик, сувда сузиш бўйича Гоада унга тенг келадиган йигит кам.

Монсеррате ўзи жосуслик қилгиси келмагани учун Албертни халфа ўрнида шаҳзодаларнинг олдига бирга олиб борди.

Фаранги тили машғулотлари шаҳзода Салимга зерикарли туюлса ҳам, аммо Алберт Перейронинг денгиз саёҳатлари ҳақидаги ҳикоялари унга қизиқарли туюла бошлади. Перейро ўнг олти ёшидан бери денгизда кўп сузган, ер куррасини айланиб чиққан Ма-гелланнинг тарихини яхши билар, Колумб Ҳиндистонга бораман деб адашиб, Американи қандай очганини кулгили тарзда ҳикоя қиларди. Перейронинг денгиз қароқчилари ҳақида айтиб берган қўрқинчли ҳикояларидан эса Салимнинг сочи гўё тикка бўлиб кетарди. Алберт Перейронинг мерганлиги ва чавандозлиги ҳам Салимга ёқиб қолди. Шаҳзода уни «Алибек» деб чақирадиган бўлди. Монсерратенинг сабоқлари тугагандан сўнг Салим Албертни ўзининг хонайи хосига бошлаб кирди. Ҳиндистоннинг иссиқ иқлимида Салим жуда тез балоғатга етгани унинг дўриллаган овозидан ва лаб устида сабза урган майин тукларидан сезилар эди. Xонайи хосда ёлғиз ўлтирганларида Алберт фаранги қизларнинг гўзал баданлари ва ноз-у карашмаларидан сўз очди. Бу мавзу Салимни ғоят қизиқтириб қўйганини сезгач:
— Амирзода, — деди, — агар ҳеч кимга айтмасангиз, битта сурат кўрсатгаймен.
— Сир сақлашга қодирмен! Бу ерда фақат иккимиз. Қани, кўрсатинг.

Алберт қўйнидаги яширин чўнтакдан чарм ичида авайлаб, асралган кафтдай бир рангли сурат олди. Бу суратда ҳозиргина чўмилиб чиққан гўзал бир қизнинг оппоқ сонлари, бўлиқ кўкраклари шундай тасвирланган эдики, Салим суратга тикилиб туриб энтикиб кетди... У Алберт Перейрога бир ҳамён олтин бериб, бу суратни сотиб олди.

Перейро учун энг муҳими — ораларида пайдо бўлган яқинлик эди. У шаҳзодага бундан ҳам ғалатироқ суратлар топиб келишга ваъда берди...

* * *

Фарангистонлик Антони Монсерратенинг саройга ишга олингани ва шаҳзодаларга сабоқ бераётгани атроф вилоятларига: «подшомиз ўғилларини насора динига ўтказмоқчи эмиш!» деган ваҳимали овозалар тарзида тарқалди. Акбар бу овозаларни босиш учун сулҳи кулл нималигини халққа тушунтирувчи махсус мурожаатнома ёздириб, уни барча шаҳар-у қишлоқларда ўқиб эшиттиришни буюрди.

«Биз Ҳиндистондаги барча улусларнинг ички урушсиз, тинч яшашларини истаб, ҳамма томонлама тинчлик — сулҳи кулл сиёсатини амалга оширмоқдамиз, — дейилганди мурожаатда: — Одамларга — тинчлик, салтанатга — хавфсизлик, барча имон-у эътиқодларга — баробар эҳтиром!»

Акбар ўзининг бу шиорига қандай амал қилаётганини кўрсатиш учун ҳар куни эрталаб уфқ ортидан чиқиб келаётган офтобни таъзим билан кутиб оларди. Оташпарастларнинг бу одати тоғлиқ жойларда яшайдиган кўпгина ҳинд қабилаларида ҳам сақланиб қолган эди. Оташпараст туркий эллардан қолган ва Акбарга жуда маъқул тушган яна бир одат — оқшом қоронғи туша бошлаганда чироқларни «ўт оғаси» деб аталадиган оила ёки қабила бошлиғининг ёқиб бериши эди. Акбар оқшом ғира-ширасида саройни ёритадиган биринчи шамни ўзи ёқиб берар эди. Саройда чироқларга қарайдиган махсус хизматкорлар Акбар ёндирган шу митти олов билан улкан саройдаги юзлаб қандиллар шамини бирма-бир ёқиб чиқар эдилар.

Гужаратлик оташпараст Мехержи Акбарга уч попукли чиройли камар тақдим қилган эди. Камардаги уч попук учта фазилат рамзи саналарди: бири — «пиндори хуб», яъни яхши ўй, ният, иккинчиси — «гуфтори хуб», яъни яхши сўз, калом, учинчиси — «кирдори хуб», яъни яхши иш, ахлоқ. Бу уч фазилат гўё бир камарга боғланиб, инсонда бирга юрса, ўй, сўз, иш бир-биридан ажралиб қолмаса, мурод ҳосил бўлиши Акбар интилаётган энг баланд маънавий юксаклик эди. Шунинг учун уч попукли камарни чоршанбайи муродбахш кунларида белига боғлаб юрарди.

Ҳиндлар пешонага қўйиб юрадиган тилак — қизил хол ҳам энг эзгу-ниятлар тимсоли ҳисобланарди. Акбар ҳиндларнинг имон ва эътиқодларини ҳам астойдил ҳурмат қилишини кўрсатиш учун сешанба куни ҳиндча кийиниб, пешонасига қизил хол — тилак қўйдириб саройда кўпчиликка кўриниш берди.

Бу ҳодиса мамлакат аҳолиси орасида: «Подшо ҳинд динини қабул қилганмиш!» деган овоза тарзида яшин тезлигида тарқалди. Ҳиндлар бу овозадан қувониб, Акбарни «махагуру», яъни «улуғ пир» деб эъзозлаганлари сари мутассиб шайхлар унинг мажусий бўлганига жоҳил одамларни ишонтира бошладилар. Бир вақтлар шайх Ансорийга тарафдор бўлган ва Аградан Жаунпурга сургун қилинган шайх Муҳаммад Яздий Ганга бўйида туриб Акбарга қарши исён бошлади. У уламо ва шайхлар номидан фатво ёзиб, Акбарни «даҳрий», «мажусий», «оташпараст», «кофир» деб минг мақомга солиб айблади. «Бундай одам мусулмон давлатига подшо бўла олмагай!» деб, Жаунпурдаги масжидда ваъз айтди. Унинг ваъзига кўпчилик қавмлари ҳам қўшилгандан кейин, Муҳаммад Яздий Акбарнинг Кобулдаги иниси Муҳаммад Ҳакимга одам юборди. Муҳаммад Ҳаким ҳам Акбарнинг «Сулҳи куллига» қарши эканини айтиб, исёнчиларга ён босгач, Муҳаммад Яздий Жаунпурнинг жоме масжидида ўқилган хутбадан Акбарнинг номини олдириб ташлади. Унинг ўрнига Муҳаммад Ҳакимни Ҳиндистон подшоси деб эълон қилиб, номини хутбага қўшиб ўқитди.

Бихар ва Банголада марказий давлатдан ажралиб чиқишга ва яна мустақил ҳокимият тузишга ташна бўлган афғон амирлари бор эди. Улар дарҳол Муҳаммад Яздий бошлаган исёнга қўшилдилар.

Муҳаммад Яздий бу хабарларни ўз тарафдорлари ёрдамида Гужаратга, Малвага, Панжоб ва Кобулга тарқатди. Бу вилоятларда ҳам Акбарнинг даҳрийлигига ишонувчилар кўп эди. Энди уларнинг орасида ҳам Акбарни тахтдан ағдариш ҳақидаги ваъзлар, мусулмонларни ғазотга ундовчи хитоблар янграй бошлади.

Гужаратда ҳалигача Акбарга қарши курашиб юрган Музаффаршоҳ ҳам Акбарнинг ўрнига укасини тахтга чиқариш ҳаракатига тушиб, Кобулга махсус вакиллар юборди. Турондаги Абдуллахондан Кобулга келган элчилар ҳам энди фақат Муҳаммад Ҳаким Ҳиндистон подшоси бўлиши кераклигини унинг қулоғига қуйдилар.

Кўпдан бери шуни истаб юрган Муҳаммад Ҳаким катта қўшин тўплади-ю, диндан қайтган акасига қарши ғазот эълон қилиб, Ҳиндистон томонга юриш бошлади.

Акбарнинг ўзи қўзғатган маънавий зилзила унинг тож-у тахтини ҳам силкита бошлагач, оёқда мустаҳкам туриш қийин бўлиб қолди, саройда ваҳима бошланди. Акбар энг содиқ одамларини атрофига тўплаб:
— Ким ҳақиқий дўст экани энди билингай! — деди. Тодар Мал бир қисм қўшин билан Бихарга, Азиз кўка— Гужаратга, Ман Синх — Панжобга жўнади. Акбарнинг ўзи эса энг катта хавфга айланган Муҳаммад Ҳакимга қарши қўшин тортди.

Лахўр, Кобул: Дўстдан Кўп Душман

Ҳиндикуш тоғларидан тушиб келаётган Кобул дарёси тор тангилардан ўтиб, жанубга шошилади. Ҳимолай тоғларидан бошланадиган Ҳинд дарёси шарқдан Панжоб текислигига отилиб тушади-да, Пешоварнинг кунботиш томонида Кобул дарёси билан қўшилиб, айқашиб кетади.

Акбардан тўрт ёш кичик бўлган иниси Муҳаммад Ҳаким милодий 1581-йилда мана шу дарёлардан ўтиб, Панжобга йигирма беш минг қўшин билан бостириб кирди. Бу ерда уни Акбарнинг ислоҳотларидан норози бўлган шайхлар ва уларнинг қавмлари қучоқ очиб кутиб олдилар. Муҳаммад Ҳаким Лахўрни йўлакай ишғол қилиш умидида эди. Масжидларда шовқин-сурон кўтариб, Акбарни динсизликда айблаб юрган имомлар Муҳаммад Ҳакимни аллақачон подшо эълон қилиб, номини хутбага қўшиб ўқитмоқда эдилар.

Лекин Панжоб аҳолисининг кўпчилиги бу диний исёнга қўшилмай сукут сақлаб туради. Чунки Панжобда ҳам мусулмонлардан кўра ғайридинлар кўп, улар жизя солиғининг бекор қилинганидан мамнун, Акбарнинг барча имон-у эътиқодларни тенглаштиришга интилаётгани кўпчиликка манзур.

Рави дарёсининг баланд қирғоғида турган ва сўнгги ўн йил ичида деворлари қайтадан мустаҳкамлатилган Лахўр қалъасини Ман Синх бошлиқ қўриқчи аскарлар ичкаридан маҳкам бекитиб олдилар.

Бу орада Акбар қирқ беш минг отлиқ қўшин, беш минг фил, ўн минг пиёда аскар билан Деҳли ва Панипатдан ўтиб, Панжобга яқинлаша бошлади.

Қўшин сафида унинг ўғиллари Салим ва Мурод билан бирга фаранги тили муаллими Антони Монсеррате ҳам ўз халфаси Алберт Перейро ҳамроҳлигида келмоқда. Рудолф Аквавивани Акбар Фатҳпурда қолдирди — бу падренинг насора динини ҳаддан ортиқ эҳтирос билан мақташлари унга хуш келмади.

Алберт Перейро эса Салимга гоҳи-гоҳида португал ҳарбий кемаларининг суратларини чизиб кўрсатади ва уни амирал баҳр бўлишга қизиқтиради. Алберт бу ишларни атайлаб шаҳзоданинг атрофидаги одамларнинг кўзи олдида қилади. Чунки у кетига махсус пойлоқчи қўйилганини, Перейро ва Монсерратенинг нималар қилаётганини Акбарга етказиб турувчи хуфиялар борлигини билади.

Акбарнинг асл мақсади ҳам фарангиларнинг қуввайи баҳрияларига оид тажрибаларини ўғилларига ўргатиш бўлганлиги учун Алберт Перейронинг Салим билан денгиз ва кема мавзуларида узоқ-узоқ суҳбатлашишларига йўл бериб қўйган.

Монсеррате эса шаҳзодаларга тил ўргатишдан вақт орттирганда чодирда ўлтириб эсдаликлар ёзиб боради. У ҳали ҳеч бир фаранги умрида кўрмаган жойларни кўраётгани, Акбардай улуғ саркарданинг ҳарбий юришига иштирок этаётгани учун ўз толейидан мамнун. Монсеррате Европа учун ҳали бутунлай номаълум бўлган бу ердаги ҳаёт тарзини ва Акбар шахсига оид ўз таассуротларини ёзиб бормоқда. Португалияда ўша даврларда эсдаликларни «Комментария», яъни «Изоҳлар» — деган сарлавҳа билан ёзиш одат бўлган эди. Монсеррате ҳам ўз эсдалик дафтарини шу ном билан атади. Акбар падреларни ҳар ҳафтада бир марта қабул қилиб, узоқ-узоқ суҳбатлашган эди. Монсеррате Акбарнинг қалби ҳис-туйғуларга бойлигини суҳбат пайтида кўзларидан ҳам сезди. Акбарнинг кўзлари унга денгиз тўлқинларининг қуёш нурларида жилваланишини эслатган пайтлари бўлди. Бу кўзларда денгизнинг теранлиги ҳам, бағри кенглиги ҳам, тўфон пайтида даҳшатли кучга айланиб кетиши ҳам акс этаётгандай туюларди. Монсеррате фақат бир нарсани афсус билан қаламга олдики, Акбар ҳазрати исонинг умуман отаси бўлмаганига, Биби Марям осмондаги илоҳий руҳдан ҳомиладор бўлганига ҳеч ишонмади.

Монсерратенинг бутун эътиқоди эса муқаддас учлик — ота, ўғил ва илоҳий руҳ бирлигига асосланган. Чўқинганда бошга ва икки елкага уч бармоқни теккизиб олиш ҳам шу учликни тан олишдан келиб чиқади. Бироқ Аквавива ва Монсеррателарнинг ойлар давомида католик динини жон-жаҳдлари билан тарғиб қилишларига қарамай, Акбар бу учликни «афсона» деб атади ва тан олмади.
— Отасиз фарзанд бўлиши мумкин эмас! — деб туриб олди.
— Ахир биз келтирган китобни кўзга суртиб, ўпиб қабул қилдингиз-ку, ҳазрати олийлари! — деди Аквавива илтижо билан. — Энди муқаддас учликни ҳам тан олиб бир марта чўқина қолсангиз биз муродга етган бўлардик.
— Китоб — жаҳолат тунини қувғувчи чироқдир,— деди Акбар. — Шунинг учун мен уни нондек эъзозлаб кўзга сурдим. Етти иқлимдан келган ҳақиқат изловчилар билан ибодатхонада йиллар давомида суҳбатлашдим. Ҳақиқат турли элларда турфа либослар кийиб, бўлиниб-бўлиниб яшамоқда экани менга энди аён бўлди. Мен унинг бўлакларини бир қалбда бирлаштирмоқ учун «сулҳи кулл» сиёсатини амалга оширмоқдамен. Чўқиниш эса ҳақиқатнинг фақат бир бўлагини тан олиш, яъни сулҳи куллдан чекиниш бўлгай!

Акбарнинг бу гаплари диндор Монсерратега шаккоклик ва даҳрийлик бўлиб кўринди, эсдаликларида уни лотинча «атеист!» деган сўз билан уришиб, қоралаб ҳам қўйди.

Монсеррате дафтарининг саҳифаларини Акбарга оид таассуротлари билан тўлдириб борар экан, ёзаётган эсдаликлари европалик ватандошлари учун кутилмаган бир янгилик бўлишини ўйлаб, ҳаяжонли орзулар қилади.

Антони бу янги оламни Ғарбда биринчи бўлиб кашф эца, унинг номи тарихда қолмайдими? У ўзининг «Изоҳлар»ини китоб қилиб чиқарса, фақат Португалияда эмас, дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам одамлар қизиқиб ўқишлари мумкин-ку. Порту-галия қироли ҳам Антонини ўз саройига чақириб, суҳбатлар қилиши турган гап.[15]

Монсеррате ўз юртининг энг машҳур одамларидан бирига айланишини хаёлига келтирганда юраги илҳом билан уриб, қалами дафтар устида шаҳдам ҳаракатланади.

Акбар қўшинида уни «кофир» деб суймайдиганлар ҳам оз эмас. Лекин шаҳзодаларга ва уларнинг ихтиёридаги минглаб бек-у навкарларга фаранги меҳмонларни тун-у кун қўриқлаб юриш топширилган. Ҳарбий юриш пайтида тил бўйича машғулот ўтказиш ҳам осон эмас. Бироқ қароргоҳда узоқроқ тўхтаб қолсалар, Монсеррате уларга икки-уч соат тил ўргатади. Бу ишга Мурод кўпроқ қунт қилади. Шаҳзода Салимни эса Алберт Перейронинг саргузашт ҳикоялари ва «антиқа» суратлари кўпроқ қизиқтиради.

Алберт бу суратларни кўрсатиш баҳонасида гоҳо Салим билан унинг хос чодирида ёлғиз қолади ва сўнгги янгликларни билиб олишга интилади. Чунки Акбар қўшинидаги одат бўйича, ҳарбий юриш пайтида тўнғич шаҳзода ўз бек-у аъёнлари билан подшо яқинида боради, қароргоҳ танланганда ҳам Салимга Акбар турган чодирларнинг яқинроғидан ўрин берилади. Шунинг учун отасига келиб турган янги хабарларни Салим бошқалардан олдинроқ эшитади.

Шарқдаги исённи бостиришга юборилган Тодар Малнинг чопари бугун қандай янги гап олиб келганини ҳам Алберт Салимдан эшитди. Жаунпур ва Биҳарда шайхлар исёнига қўшилган афғон сипоҳилар хазинадан бериладиган моянанинг озлигидан норози бўлиб юрган эканлар. Тодар Мал дарҳол уларнинг мояналарини бир ярим баробар ошириш ҳақида подшонинг номидан фармон чиқартиради. Акбар бу фармонни тасдиқлайди. Шундан сўнг шарқдаги кўпчилик сипоҳилар Муҳаммад Яздий бошлиқ бўлган хурофотчилар ғалаёнига қатнашмай қўядилар. Яккаланиб қолган хурофотчилар Тодар Малнинг қўшинига туриш беролмай таслим бўлади. Қозикалон Муҳаммад Яздий ва унинг салафлари бўлган ўндан ортиқ руҳоний қўлга олинади. Тодар Мал уларни кемаларга солиб, сув йўли билан Акбар ҳузурига афв сўрашга юборган экан, Гангада қандайдир фалокат юз беради-ю, кемадаги Муҳаммад Яздий билан унинг салафлари ғарқ бўлиб ўладилар...

Эртаси куни кечки пайт Перейро яна Салимнинг хос чодирига кирди-ю:
— Амирзодам, Гангада юз берган фалокатни мен бошқалардан ҳам эшитдим, — деди.
— Кема ағдарилган эканми? Қозикалон нечун ғарқ бўлибдилар?
— Тодар Мал ўзи уларнинг бўйинларига тош боғлатиб Гангага чўктирган эмиш. У ҳақда ҳазрат отангиздан Тодар Малга махфий ишора бўлган экан.
— Сизга ким айтди?

Перейро овозини пасайтириб деди:
— Кимлигини айцам... ҳазрат отангиз жазога буюришлари мумкин...
— Отамга билдирмагаймиз. Гап шу ерда қолгай... Чодирда иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ-ку!
— Чопар менга таниш эди. Секрида фаранги совғалар берган эдим. «Ўз кўзим билан кўрдим!» деб айтди.
— Об-бо шўрлик Яздий!..

Муҳаммад Яздий илгари Агранинг таниқли уламолари орасида юрганда Салим уни бир неча марта кўрган, ваъзларини ҳам эшитган эди. Энди Яздийнинг оппоқ соқоли Ганга тубидаги лойқаларга ботиб ётганини кўз олдига келтирганда ёш ўсмирнинг юраги бир сесканди. Наҳотки отаси шу қадар бешафқат бўлса?!
— Ҳали бу фақат бошланиши, — деб давом этди Алберт. — Эрта-индин бундан даҳшатлироқ ҳалокатнинг гувоҳи бўлурсиз, амирзодам.
— Яна не ҳалокат?
— Мирдевон Шомансур деган бормиди?

Салим қирқ ёшлардаги серғайрат, ҳушмуомала, истараси иссиқ молия вазири Шомансурни кўз олдига келтирди. Асли камбағал бир оиладан чиққан Шомансурни Акбар тарбиялаб юксак мартабалар берган эди. Унинг ҳисоб-китобни яхши билишини, молия бобида истеъдоди тенгсизлигини кўп одам мақтар эди. Ҳатто Тодар Мал ҳам ҳисоб-китоб ишида унга бас келолмай қолгани учун Акбар мирдевонликни Шомансурга берган эди. Бундан Тодар Малнинг тарафдорлари норози бўлиб юрар эдилар. Салим Шомансурнинг ҳибсга олинганини кеча эшитган эди. Йўлда келаётганларида гўё унинг жосуслиги маълум бўлган эмиш. Шомансур Муҳаммад Ҳаким билан махфий алоқа ўрнатган эмиш. Унинг Муҳаммад Ҳакимга ёзган мактуби Панжобдаги жангларда ҳалок бўлган кобуллик амир Шодмоннинг киссасидан топилган эмиш. Биров бу гапга ишонса, биров: «Тодар Малнинг тарафдорлари мирдевонлик лавозимини Шомансурдан тортиб олиш учун шу туҳматни ўйлаб топишган», дейишарди.

Ҳозир Перейро ҳам шаҳзода Салимга шивирлаб:
— Амирзодам, Шомансурни қатл эттирмоқчи эмишлар! — деди. — Ахир сиз адолатни яхши кўрурсиз! Xатни Шомансурнинг душманлари ёзиб, ўлган амирнинг чўнтагига солиб қўйган бўлишлари мумкин эмасми?
— Ким солиб қўйиши мумкин? — деб сўради Салим.

Алберт Перейро Салим билан Абулфазлнинг ораси яхши эмаслигини, шаҳзода доим подшога яқин юрадиган бош вазирдан отасини қизғанишини аллақачон сезган эди. Энди уларнинг орасидаги дарз кетган жойга пона ургиси келиб пичирлади:
— Шомансурни, айниқса Абулфазл ёмон кўрар экан. Отангиз Шомансурнинг истеъдодига қойил бўлиб, бош вазир қилиш фикрига ҳам борган экан-да.

Абулфазл тилга олингач, Салимда Шомансурни туҳматдан қутқариш истаги уйғонди. Алберт бу истакни усталик билан Акбар томон йўналтирди.

Орадан яна бир кун ўтгач, кечқурун тўхтаганларида Салим отасининг ҳузурига киришга рухсат олди. У боргоҳда энди Шомансур ҳақида сўз очмоқчи бўлганда Абулфазл келди-ю, кирланган ва эзғиланган бир мактубни олиб кириб, Акбарга таъзим билан тутди:
— Ҳазратим, хоиннинг бу мактуби илми сиёҳ усули билан ўқилди.
— Шомансурнинг ўзи ёзган эканми?
— Дастхат ўзиники. Фақат сир сақлаш учун ҳарфларни хийла ўзгартириб ёзган. Кўрнамак, тузингизни ичиб юриб, яна сизни сурбетларча ёмонлабдир.
— Қани, ўқинг-чи, — деди Акбар ва ўғли Салимга «ешитиб қўй!» дегандек қилиб қаради.

Абулфазл Шомансурнинг мактубидан бир-икки жойини таъкид билан ўқиди:
— «Подшомиз Абулфазл ва Тодар Мал таъсирида диндан чиқиб беимон кофир бўлди. Энди бизнинг пуштипаноҳимиз ўзингизсиз, амирзодам! Панжобни олган заҳотингиз пойтахтдаги ихлосмандларингиз ҳам бош кўтаргусидир. Илоҳим пок мусулмончиликни даҳрий оғангиз тажовузидан асраб қолиш, сиз, Муҳаммад Ҳаким ҳазратларига насиб бўлсин!»

Акбар ўғли Салимга қараб:
— Ғаддор муҳитнинг туҳматини кўрдингизми? — деди. — Бадмаст иним тун-у кун май ичиб, қусуғига қоришиб ёца ҳам, мендан покроқ мусулмон эмиш! У фақат отамнинг ташқи суратини мерос олган... Улфат беклари уни ичириб маст қилган ҳолда бизга қарши ғазотга кўндирган. Мен уч йилдан берли майни оғзимга олганим йўқ, фақат дорувор гиёҳлар-у мева шарбатларидан тайёрланган «обиҳаёт» номли ичимлик ичиб юрибмен. Беш вақт намоз ўқурмен, рўза тутамен. Жониворларнинг уволига қолмаслик учун овни ман этганмен. Илкимдан келган барча савоб ишларни қилсам-у Шомансур менинг хизматимда юриб, бунинг ҳаммасини унуца? Билиб туриб қанчалик хиёнат қилган одам қай даражада ғаламис!..
— Ҳазрат отажон, — деди Салим, — балки бу мактубни Шомансур ёзмагандир? Эҳтимол, бошқалар ёзиб... ўлган амирнинг киссасига яшириқча солиб қўйгандир?

Акбар ялт этиб ўғлига қаради:
— Ажабо! Сенга бу шубҳани ким ўргатди?

—Ўзим... ўзимнинг хаёлимга келди. Ахир... Шерхон шундай ҳийлаларни кўп ишлатган, деб бизга ўзингиз сўзлаб берган эдингиз-ку.

Акбар ўғлининг чигал, мураккаб нарсаларга ақли етадиган бўлиб қолганидан сергакланиб, Абулфазлга савол назари билан тикилди:
— Мавлоно, Шомансур айбини бўйнига олдими?
— Қийноққа солинганда бўйнига олган эди. Кейин яна тонди. Аммо дастхат уники эканлиги аниқ.

Абулфазлга сўзсиз ишонадиган Акбар:
— Дастхат энг ишонарли далилдир, — деди-да, ўғли Салимга юзланди: — Сен Шомансурга ачинмоқдамисен?
— Гангада ғарқ этилган мўйсафид Яздийга ҳам... раҳмим келди.
— Раҳмдил бўлмоқ яхши, аммо ғанимларим муродларига ецалар, мени не кўйларга солишларини ўйладингми? Бутун мамлакатда менга қарши исён кўтарган жоҳиллар ғолиб чиқсалар, мени кофирдан олиб, даҳрийга солиб, ўн жонимдан бирини ҳам тирик қўймагайлар-ку!

Акбар белидаги камарига олмос сопли ханжарини қистириб олган. Салим уни кўпдан бери бугунгидек қатъиятли ва шиддаткор қиёфада кўрмаган эди.
— Ғанимларим мамлакат ичидагина эмас, ташқарида ҳам бизга қарши қанча хуружлар қилаётганидан хабаринг борми? — сўради у Салимдан. — Мавлоно Абулфазл, шаҳзодага Адандан келган мактубни кўрсатинг!

Абулфазл Аданда ғанимлар асоратига тушиб қолган Гулбадан бегимнинг мактубини Салимга берди. Мактубни ўқиган сари шаҳзоданинг изтироби оша борди.

«Дунёда ягона нажоткорим бўлган ҳазрати Акбаржон! — деб ёзган эди Гулбадан бегим. — Ёшим олтмиш бирга кирганда бундай қора кунлар бошимга тушар деб ҳеч ўйламаган эдим. Бобурийлар хонадонининг энг кекса кайвониси мен бўлганим учун Арабистонга бориб, оғам Комрон мирзонинг қабрларини зиёрат қилмоқчи эдим. Ҳазрат отамнинг табиатларидаги сайёҳлик иштиёқидан озгинаси менга ҳам ўтган экан, денгизда сузиш, кўрмаган юртларимни кўриш орзусида йўлга чиқдим. У пайтларда ҳали исёнлар бошланмаган эди. Сиз бизга «Тезров» деган яхши денгиз кемангизни берган эдингиз. Араб денгизидан эсон-омон сузиб ўтганимиздан сўнг эшитдикки, Ҳиндистонда сизга қарши исёнлар бошланибди. Сиздан зарба еб қочган бир талай аламзада шайх-у имомлар Аданга паноҳ истаб келган эканлар. Улар жоҳилларни бизга қарши қўзғотдилар. Адан ҳокими гўё бизни ташқи тажовузлардан ҳимоя қилмоқчи бўлгандек, кўримсиз бир бинога киритиб, атрофимизга соқчилар қўйдирди. «Тезров» кемамизни ҳам аллақаёққа олиб кетиб, кўрфаз бурчагига яшириб ташладилар. Кунлар, ҳафталар ўтди. Биз ҳибсга тушганимизни сезиб, ҳокимдан дарҳол бўшатишларини талаб қилдик. Шунда Адан ҳокими бизнинг ҳузуримизга шайхулисломини юбориб, даҳшатли гапларни айттирди. Гўё сиз кофир бўлган эмишсиз, биз шунинг учун сиздан воз кечмоғимиз керак эмиш. Муҳаммад Ҳакимни Ҳиндистон тахтига энг муносиб тождор деб шайхулисломга кафолат бермоғимиз керак эмиш! Улуғ Бобурнинг фарзандлари орасида тирик қолгани биргина менман! Наҳотки олтмишдан ошганимда шундай хиёнат йўлига кирсам?! Xоин бўлиб яшагандан кўра, сизга, отамнинг руҳига содиқ туриб жон беришни афзал деб билурмен. Шайхулисломга буни рўйирост айтдим.

Мен-ку, ёшимни яшаганмен. Сиз ёнимга қўшган қўриқчи йигитларга, ёш канизларимга раҳмим келур. Ҳазрати Акбаржон, охирги нафасим қолгунча мен сизга садоқат сақлагаймен. Иложини топсангиз, бизни бу ёвуз одамларнинг асоратидан қутқаринг! Мактубни йиғлаб ёзган аммангиз Гулбадан бегим».

Мактуб Салимга қаттиқ таъсир қилганини Акбар унинг ялтираб кетган кўзларидан пайқади.
— Ғанимларимизнинг ноинсофлигини кўрдингми?— деди. — Кобулдаги майпараст инимни менга қарши қўзғатганлари оз экан! Энди ҳажга кетган аммамни ҳам душманимга айлантирмоқчи эканлар! Аммо бизнинг тарафдорларимиз ҳам оз эмас. Адандан бу мактубни бизга Қиличхон Андижоний етказиб келди. Қиличхонни турк кемачилари денгиздан ўтказиб қўйибди. Улар Сейди Али Раисни яхши билар эканлар. Биз Деҳлида Сейди Алининг ҳурматини жойига қўйиб жўнатганимиздан Турк подшоси мамнун экан... Ёдингда борми биз Сурат бандаридан улкан бир турк замбарагини аробаларга ортиб Фатҳпур Сикрига келтирган эдик.
— Сулаймоний замбарагими?
— Ҳа, кейин биз бу замбаракни энг катта дарё кемасига ўрнатдик, Банголада Довудхон билан жанг қилганимизда бу замбарак бизга зафар келтирган энг зўр қуроллардан бири бўлди. Ҳозирги Туркия подшоси Султон Мурод отаси Сулаймон Қонуний номидаги бу замбаракни биз қутқариб олганимиздан хабардор эканлар. Биз энди турк кемачиларига қўшиб Қиличхон Андижонийни катта совғалар билан элчи қилиб юбор-моқдамиз. Аммамиз Гулбадан бегим асира бўлиб турган Адан шаҳри турк султонининг таъсир доирасига кирар экан. Иншооллоҳ, бизнинг Туркияга борадиган элчимиз ёлғиз қайтмагай. Садоқатда тенгсиз аммамиз Гулбадан бегимни асоратдан қутқармагунча тинчимагаймиз!

Отасининг бугунги шиддаткорлигига бунақа сабаблар ҳам борлигини энди билган Салим:
— Ҳазрат аммам қайцалар, мен пешвоз чиқиб кутиб олгаймен! — деди.
— Тангрим сени шу ниятингга етказсин, ўғлим! Душманлар бизга ҳатто узоқ Аданда шунчалик шафқациз муомала қилмоқда экан, биз нечун уларни аямоғимиз керак? Ҳаёт-мамот курашида юмшоқлик қилиб бўлмагай!

Акбар Абулфазлга юзланди:
— Барча ички-ташқи ғанимларга сабоқ бўлмоғи учун хоин Шомансур баланд бобул дарахтига осиб ўлдирилсин! Токи бизнинг яхшилигимизга ёмонлик билан жавоб берган кўрнамаклар буни узоқ-узоқлардан кўрсин! Барча қўшин Шомансур осилган дарахтнинг олдидан олиб ўтилсин!

Эртаси куни эрталаб дамома деган катта нақоралар таҳдидли йўғон товуш билан гум-гум қила бошлади. Жаллодлар баланд бобул дарахтига дорнинг сиртмоғини боғладилар. Қўли боғлоқлик Шомансурни сиртмоқ тагига олиб келганларида у жон аччиғи билан қичқирди:
— Мен хоин эмасмен! Туҳмат қилганларни бегуноҳ қоним туцин!

У яна нимадир демоқчи эди, лекин жаллодлар бўйнига тез сиртмоқ солиб, арқоннинг учини тортдилар. Шомансурнинг гавдаси ердан узилиб, ўлим талвасасида бир-икки марта ғужанак бўлиб, қисқариб кўринди. У жон бергандан кейин эса гавдаси чўзилиб, аввалгидан хийла узун кўрина бошлади.

Салимнинг таъсирчан қалби бу ҳодисадан шундай даҳшатга тушдики, у кечалари босинқираб уйғонадиган ва Абулфазлдан ҳам, отасидан ҳам ҳайиқиб ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди.

* * *

Муҳаммад Ҳаким ўттиз ёшга кириб, бирорта катта жангда қатнашмаган эди. Акбар унга қарши икки баробар кўп қўшин билан Панжобга кириб келгани, Шомансурни дарахтга осиб ўлдиргани, Гангада эса Яздийнинг сувга ғарқ қилингани Муҳаммад Ҳакимни ваҳимага солди. Кобулдан бирга келган унинг улфат беклари ҳам талвасага тушдилар. Машваратларда:
— Тезроқ Нилобдан ўтиб, Кобулга қайтайлик! — деган таклифлар тушди.

Муҳаммад Ҳаким Лахўр қамалини тўхтатиб, шимолга йўл олди. Бу орада кунлар тўсатдан исиб, тоғларда музлар ва қорлар бирваракай эришга тушди. Ёмғир фасли ҳам одатдагидан уч ҳафта олдин бошланди. Тиниқ пайтида нил қўшиб оқизилгандек кўкимтир кўринадиган ва шунинг учун бир номи Нилоб бўлган Ҳинд дарёси энди кулранг селдай тошиб, улкан тошларни юмалатиб, ваҳима билан ҳайқириб оқар эди. Муҳаммад Ҳаким уч-тўрт кун дарё сувининг пасайишини кутди, аммо оқим пасайиш ўрнига кўтарилиб, кенгайиб бормоқда эди. Ёмғир фасли авжига чиқса, кейин бир-икки ой Панжобда қолиб кетиши, бу орада Акбар етиб келиб, уни тор-мор қилиши муқаррар. Муҳаммад Ҳакимга акаси тошқин дарёдан ҳам қўрқинчлироқ туюлади. Шунинг учун таваккал билан қўшинини телбаланиб оқаётган дарёга бошлаб кирди. Ҳинд дарёсининг аёвсиз тўлқинлари орасида унинг мингдан ортиқ бек-у навкарлари ғарқ бўлиб кетди. Зўр оқим Муҳаммад Ҳакимнинг ўзини ҳам гирдобига тортиб кетаётганда, сувчи йигитлари уни меш ёрдамида зўрға қутқариб қолдилар ва бир амаллаб нариги қирғоққа олиб чиқдилар.

Акбар уни таъқиб этиб Нилоб бўйига етиб келганда иниси аллақачон Кобулга бориб улгурган эди. Эллик мингдан ортиқ аскарни овора қилиб Кобулга бориб юрмаслик учун Акбар дарё бўйида тўхтади-ю, инисига одам юборди, уни шу ерга чақиртирди. Лекин гуноҳи жуда оғир эканини сезган ини ўзи келишдан қўрқди. Ўн уч яшар ўғли Кайқубодни жавоб мактуби билан юборди-ю: «Мен шайтон васвасига берилиб хато қилдим, агар афв эцангиз, қолган умримни Кобулда сизга садоқат сақлаб ўтказгаймен», деган гапларни ёзди. Бу гаплар носамимий экани сезилиб турарди. Муҳаммад Ҳаким ҳозир саратон ойида ёмғирлар авжига чиқиб, дарёлар тошганини, Акбарнинг қўшини ҳали-бери шимолий қирғоққа ўтиб келолмаслигини биларди. Ёмғир фасли тугагунча куз киради. Ҳиндикуш тоғларига қор тушади, Ҳайбар девони ёпилади. Акбарнинг кўпчилик аскарлари совуққа бардош беролмайдиган ҳиндистонлик йигитлар, филлар ҳам қорли йўллардан юролмайди. Акбар шунга қарамай Кобулга совуқда қўшин тортиб келадиган бўлса Муҳаммад Ҳаким уни енгиши осон бўлади.

Инисининг бу маккор режасини пайқаган Акбар:
— Яхшиликча ечиб бўлмайдиган тугунни қилич билан кесмоқдан ўзга илож йўқ! — деди.

Дарё суви асад ойида сал пасайиши билан бутун қўшинини шимолий қирғоққа олиб ўтди.

Шаҳзода Салимни тошқин дарёдан ўтказишда Алберт Перейро ўзининг сувда сузишга нақадар усталигини ҳаммага кўрсатди. Унинг зўр денгизчи бўлганига ўша куни Акбар ҳам ишонди.

Дарёдан ўтишда падре Монсерратенинг юраги ёмон бўлди, уни энди қорли Ҳайбар довонидан олиб ўтиш хатарли эди. Шунинг учун Акбар Монсерратени Одинапур[16]да Бобур бобоси бунёд этган Боғи Вафода қолдирди. Алберт Перейро эса Акбардан илтимос қилди:
— Ҳазрати олийлари, ижозат беринг, мен ҳам Кобул юришига иштирок этай. Бўш вақт бўлганда шаҳзодаларга халфа сифатида тил ўргатурмен.
— Тил билан бирга денгизчилик, кемасозликдан ҳам сабоқ беринг.
— Бажонидил, ҳазратим! Агар муносиб кўрсангиз, умрим охиригача сизга-ю шаҳзодаларга хизматда бўлмоқчимен!

Акбар ҳайрон бўлиб сўради:
— Умрингиз охиригача? Демак, Фарангистонга қайтмоқчи эмасмисиз?
— Албатта, туғилган юртим Португалия менга беҳад азиз! Аммо биз томонларда жаҳолат кучли, сал бошқача фикр юрицангиз, гулханга ташлаб ўлдиргайлар. Фаранги қулфурушларнинг ишларидан ҳам безор бўлганмен. Сизнинг даргоҳингизда руҳим яйрамоқда. Бу ерда барча имон-у эътиқодлар баробар. Турли миллат вакиллари якдил. Сулҳи кулл менга беҳад ёқди. Сизга содиқ фуқаро бўлмоқчимен!

Акбар фарангиларнинг хуфия иш олиб боришда қанчалик илгарилаб кетганини ва қанақа янги усуллар кашф қилганини ҳали билмас эди. Алберт ҳатто ўз номини Алибек қилиб ўзгартириб, Акбарга астойдил ихлос қўйганига уни ишонтирди.
— Падрелар бизни ўз динларига ўтказмоқчи эдилар, аксинча бўлди-ку! — деб, Акбар ич-ичидан қувониб қўйди.

Шундан кейин Алибек Салимнинг хос навкарлари қаторида Кобул юришига бирга олиб кетилди.

Жанг-у жадалга кўпроқ қизиқадиган Мурод Ман Синх бошчилигидаги илғор қисмлар билан олдинда борар эди. Муҳаммад Ҳакимнинг аскарлари Кобул бўсағасида Ман Синх ва Муроднинг ўнг минг кишилик отлиқ қўшинлари билан қаттиқ жанг қилиб кўрдилар. Ман Синхнинг ражпут йигитлари ва Муродга саралаб берилган отлиқ жангчилар Муҳаммад Ҳаким аскарларининг қаршилигини енгиб, Кобулга биринчи бўлиб ёриб кирдилар. Орқадан Акбарнинг ўзи яна қирқ минг аскар билан келмоқда эди. Унга бас келолмаслигини сезган Муҳаммад Ҳаким қалъанинг нариги дарвозасидан чиқиб, шимол томондаги тоғларга қараб қочди. Йўлда ундан ажралиб, орқага қайтган синглиси Бахтинисо бегим эри Xўжа Ҳасан Бадахший билан бирга Акбар келиб тушган Ўрта Боққа борди.

«Акбар кофир бўлиб, салла ҳам ўрамай қўйганмиш!» деган овозаларни Бахтинисо бегим ҳам кўп эшитган эди. «Ҳазрат оғам браҳман кийимида пешонасига қизил хол қўйдириб келган бўлсалар, қандоқ кўришгаймиз?» деган изтиробли ўйдан бегимни ғам босмоқда эди.

Лекин уни кўшк айвонида кутиб олган Акбар аввалгидай ипак тўн кийган, бошига симоби салла ўраган эди. Бахтинисо бегим бирдан ўзини унинг оёғи тагига ташлади-ю, йиғлаб гапирди:
— Гумроҳ синглингизни, кечиринг, ҳазрат оғажон! Сизга пешвоз чиқолмадим! Содда бўлмасам, ёмон овозаларга ишонармидим?!

Акбар синглисини елкасидан олиб оёққа турғизди, унинг ёшли кўзларига тикилиб:
— Ҳайрият, сиз ўзингиз келдингиз, — деди. — Лекин инимиз нечун қочиб юрибдир? Муҳаммад Ҳакимда сиздагичалик ҳам журъат йўқми?
— Инингизни улфат беклари қўрқитиб бирга олиб кетди. «Сизни ҳажга юбориб ўлдиргайлар, Комрон мирзодай кўр қилгайлар!» десалар Муҳаммад Ҳаким шунга ишониб қочди!
— Аммо ўша бекларни туттириб тилка-пора қилдирмоғим керак. Инимизнинг кетидан қувғинчи юборсам, ҳаммасини тутиб келгай!
— Ҳазрат оғажон, инингизнинг нияти ёмон, сизга тутқич бермай, Балхдаги шайбонийзодалар томонига ўтиб кетгай. Улардан шундай таклиф билан элчи ҳам келган эди. Тўполон сал босилгунча қувғинчи юбормай туринг, баттар маломатга қолмайлик!

Ўттиз тўрт ёшга кирган Бахтинисо Кобулнинг энг ақлли ва мулоҳазали аёлларидан саналар эди. Катта момолари Моҳим бегимни кўрган кекса одамлар Бахтинисони ўша доно аёлга ўхшатишарди. Оналари Норчучук бегим ўлиб кетгандан бери Кобулни идора этишда майпараст Муҳаммад Ҳакимга мана шу синглиси ёрдам бериб юрганини, бироқ кейинги пайтларда у Бахтинисонинг маслаҳатларига кирмай қўйгани учун шунча фалокатлар юз берганини Акбар хуфиялар ахборотидан ҳам билар эди.
— Бахтинисо, бугундан эътиборан менинг иним ҳам сиз ўзингизсиз! — деди. — Муҳаммад Ҳаким мен учун ўлди. Сиз ҳақсиз, унинг кетидан қувғинчи юборишга ҳам арзимайдир!

Акбар Кобулда узоқ туролмаслигини биларди. Сунбула кириб, атрофдаги тоғларга қор тушган, кечалари совуқ эди. Довонлар бекилмасдан тезроқ жанубга қайтиб кетиши керак эди. Лекин инисининг ўрнига кимни Кобул ҳокими қилиб тайинлаши мумкин? Асосий ишни олиб борадиган амирлар топилади. Аммо подшо оиласидан ким бу ишга муносиб? Акбарнинг ўғиллари ҳали ёш...

Кечаси хонайи хосда у Абулфазл билан шу ҳақда маслаҳатлашар экан, яна Бахтинисони кўз олдига келтирди. Фақат уни аёл киши деб писанд қилмасликлари мумкин.
— Бироқ жаннатмакон Бобур бобонгиз Ҳиндистонга кетганларида Кобул ихтиёрини Моҳим бегимга бериб кетганлари тарихдан маълум, — деди Абулфазл. — Бахтинисо бегим ҳам ўша улуғ момоларига ўхшар эмишлар. Мунимхон шундай деди.
— Бахтинисо Муҳаммад Ҳакимдан ўн чандон ақллироқ, — деди Акбар. — Фақат унинг бақувват бир амир муовини бўлмоғи лозим.

Иккови кенгашиб бу ишга Ман Синхни муносиб кўрди. Уни беш минг ражпут йигити билан Кобулда қолдирса, шимолдаги шайбонийзодалар ҳам тажовуз қилолмайди. Мутассиб шайхлар ҳам Ман Синхни йўлдан оздиролмайди. Ман Синх Акбарнинг душманларига бас кела олади. Одамлар уни бекорга «Акбарнинг қиличи» деб атаган эмаслар.

Акбар синглиси Бахтинисо бегимни Муҳаммад Ҳакимнинг ўрнига Кобул ҳукмрони қилиб тайинлагач, Ман Синх шаҳар кутвали ва лашкарбоши бўлди. Сал олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, Акбар Ҳиндистонга қайтиб кетгандан сўнг Муҳаммад Ҳаким тоғлар орасидан синглисига одам юборди, ялиниб-ёлвориб, Кобулга қайтишга рухсат олди. Лекин Ман Синх уни ҳокимият ишларига яқин келтирмади. Амалидан тушиб, ҳамманинг назаридан қолган Муҳаммад Ҳаким аввалгидан баттар майхўрликка берилди. Охирги марта икки кеча-ю икки кундуз сурункасига чоғир ичиб, мастликда жон берди. Бахтинисо бегим бориб кўрганда, унинг жасади кўмирдай қорайиб кетган эди.

* * *

Кобулда ўтказилган бир ҳафтанинг Салим учун энг унутилмас куни — Бобур боболарининг мақбарасига борган пайтлари бўлди. Панжобда Салим билан отасининг орасида пайдо бўлган чигаллик ўша куни бир қадар тарқади. Салим отасига Абулфазлдан ҳам яқинроқ бўлишни истарди. Бугун Акбар Абулфазлни пастда қолдириб, фақат ўғиллари билан Гузаргоҳдаги Боғи Бобурга чиқиб келгани, тўнғич ўғилга жуда ёқиб тушди.
— Менинг бу ерларга келмаганимга... йигирма етти йил бўлибдир! — деди Акбар ва охирги марта шу мақбара олдида кўзи кўр амакиси Комрон мирзо билан қандай учрашганини ўғилларига айтиб берди. Ундан олдин Ҳумоюн ўз инилари билан ярашган куни экилган тўртта чинордан иккитагинаси қолибди. Бобур боболарининг ўзи қаздирган ариқ ҳам бекилиб, қуриб ётибди. Боғи Бобур ташландиқ аҳволда, дарахтлар сарғая бошлаган.
— Муҳаммад Ҳакимни арвоҳ ургани бежиз эмаски, шундай азиз жойни қаровсиз қолдирибдир! — деб, Акбар инисидан яна бир койинди.

Салимнинг кўзига мақбара ҳам мунғайиб тургандай кўринди. Қабр устидаги қора мавжлик қизил мармарга чанг ўтирган эди. Акбар мармарнинг чангини секин бармоқларига олди-да, пешонасига сурди. Шу билан бобосининг хотирасини нечоғли муқаддас деб билишини, унинг руҳини қай даражада эъзозлашини ўғилларига кўрсатган бўлди. Аввал Салим, ундан сўнг Мурод ҳам бобокалонларининг қабри устидан чангни бармоқларига олиб, пешоналарига эъзоз билан сурдилар.

Учовлари мақбарани зиёрат қилиб чиққанларидан сўнг, Акбар ўғилларига шимол томондаги тоғларни кўрсатди:
— Ҳазрат бобомиз ўша тоғлар ортидан келганлар. Самарқанд, Андижон, Тошкент. Тенги йўқ жойлар!..
— Сиз Туронга қачон боргансиз, ҳазрат отажон?— деб сўради Мурод.
— Болалигимда... тушимда кўрганменми ёки қонимда борми... боболар юртини қўмсаб яшамоқдамен. Турон ҳалигача шайбонийзодаларнинг тасарруфида. Қани эди, Кобул-у Фатҳпурда қурган обидаларимизни Фарғона-ю Бухорода ҳам қурсак!
— Туронда бизга хайрихоҳ одамлар кўп эмиш-ку!— деди Салим. — Ўшалар «келинг» деб таклиф қилмасларми?
— Таклиф қилувчилар кўп. Самарқандда шоир Абдураҳмон Мушфиқий бизга атаб қасида ёзиб юборганидан хабаринг бор-ку.

Салим бу қасидани ўқиган, унинг икки сатри ёдида қолган эди. Ҳозир шуни эслади:

Саводи Ҳиндро карда аз латофат гулшани ҳазро

Муҳаммад Акбар Ғозий Жалолиддини дунё[17].
— Мушфиқийни бу қасидаси учун шайбонийзодалар ўлдириб юборишларига сал қолган. Бечора жанубга қочиб қутулган...
— Шайбонийзодаларнинг ўзларини қувмоқ керак!— деди Мурод қизишиб. — Шундай қудратли лашкаримиз бор, ҳазрат отажон! Туронга қўшин тортиб борсак, тарафдорларингиз қучоқ очиб чиқмагайларми?

Акбар оғир уф тортди-ю:
— Туронда ҳозир ғанимларимиз кўпаймишдир, вазият ёмон, — деди. — Биз Ҳиндистонда ўтказган ислоҳотларни шайбонийзодалар Самарқанд-у Фарғона аҳлига бутунлай тескари қилиб етказибдирлар. Улуғбекни ўлдиртирган жоҳиллар Туронда бизга ҳам қарши қилич қайрамоқдалар. Бунинг устига Ҳиндицонда ғанимларимиз бош кўтарди. Ҳатто Аданда ҳазрат аммамизни ўшалар асир қилмишлар. У кишини қутқармоқ учун ҳам пойтахтга тезроқ қайтмоғимиз керак, ўғилларим!

Шу билан хаёллари жанубга кетди. Акбар ўғилларига жануб томондаги Кобул дарёсини кўрсатди:
— Мана шу Кобул дарёси Ҳинд дарёсига қуйиладиган жойда мен бир ғаройиб ҳикоят эшитганмен. Бобокалонларинг ҳақидаги бу ҳикоятни афғон улуси тўқиганми, ҳинд эли яратганми, аниқ билмаймен. Аммо бу ҳикоят шу икки юртнинг чегарасида пайдо бўлмишдир. Мазмуни шуки, жаннатмакон бобом дарё бўйида ёлғиз ўлтириб, шеър ёзаётган эканлар. Орқадаги ўрмондан бобомнинг хундор душмани ханжарни қўлига олиб, пусиб келмоқда экан. Бобом билан бўлган жангларда бу одамнинг оғаси ўлгани учун қасд олмоқчи экан. Дарё соҳилида уч-тўртта болачалар сувга ёғоч ташлаб, оқизоқ ўйнаб юрган эканлар. Болалардан бири ўйинга берилиб, сувга тушиб кетибдир. Икки дарё қўшилган жойда оқим жуда зўр, ҳалиги бола ғарқ бўлиши муқаррар. Қирғоқда қолган болачалар дод солиб, бобомдан ёрдам сўрабдир. Бобур бобомиз дарёда оқиб кетаётган болачанинг кетидан ўзларини сувга отибдилар. У киши сувда яхши сузар эканлар. Ганганинг у қирғоғидан бунисига неча марта сузиб ўтганларини умр китобларида ёзмишлар. Ўқиганмисенлар? — деб Акбар ўғилларига савол назари билан тикилди.

Китобни кам ўқийдиган ўйинқароқ Мурод нима дейишини билмай ерга қаради.
— Мен ўқиганмен, — деди Салим. — Фақат Ганга эмас, бобомиз йўлларида учраган дарёларнинг ҳаммасидан сузиб ўтган эканлар.
— Ана, кўрдингми? — деб Акбар Муродга қаради: — Сен ҳам ўқиб чиқ... Xуллас, жаннатмакон бобом дарёга тушиб кетган ўша болани қутқариб олиб чиқибдилар. Xанжарини яланғочлаб пусиб келган хундор душман қараса, қутқарилган бола — унинг кичик ўғли эмиш. «Ҳали мен боламни қутқарган одамни ўлдирмоқчи эдимми?» — деб ўзидан қаттиқ ранжибдир, ханжарини Бобур бобомизга тутиб дебдир: «Боламни тирик олиб чиқдингиз, энди ёмон ниятим учун шу ханжарни менга уришга ҳақлисиз!» Бобур бобомиз воқеанинг тафсилотини сўраб билганларидан сўнг, ханжарни дарёнинг ўртасига улоқтириб юборибдилар. «Бу тиғ — адоват тимсоли экан, ғарқ бўлсин!» дебдирлар. Болани отасининг илкига тутқазиб айтибдирлар: «Бола — истиқболимиздир, буни бирга асрайлик[18].

Акбар ўғилларига бир-бир кўз ташлаб қўшиб қўйди:
— Ким билсин, ўшанда бобомиз дарёдан қутқариб чиққан бола — балки мендирмен, балки Салим ёки Муроддир. Агар бобомиз Аграда менинг отамни ўлим хавфидан қутқариб олмаганда, мен ҳам туғулмас эдим, сенлар ҳам.
— Рост! — деб бош ирғади Мурод.

Салим ўйчан эди. Акбар унга тикилиб туриб давом этди:
— Бобомиз қутқарган ўша истиқболни мен сенларга, сенлар ўз авлодларингга хайф қилмасдан камол топдириб етказиб бермоғимиз керак. Мана шу мақбара турган жой — бизнинг энг улуғ зиёратгоҳимиздир. Бу ерни қаровсиз қолдирсаларинг, Муҳаммад Ҳакимнинг аҳволига тушгайсенлар. Бундай истиқболдан тангрим сизларни асрасин!

Акбар икки ўғлини эргаштириб, пастда уларни кутиб турган Абулфазл ва бошқа бек-у аъёнларнинг олдига тушиб борди. Кобул кутвали Ман Синхга буюрди:
— Маҳарожа, дарҳол бу тоққа юзта коргар олиб келиб, илгариги ариқларни очдиринг. Уч кунда бу ерга сув келсин. Боғ обод-у ораста қилинсин. Кобул атрофидаги суғориладиган ерлардан беш юз жариби Бобур бобомиз мақбараси ихтиёрига берилсин, фармон ёзинг. Шу йилдан эътиборан мақбара ихтиёридаги беш юз жариб ердан тушадиган даромадлар Боғи Бобурни обод-у ораста сақлашга сарф қилинсин. Яна мақбара билан боққа қараб турадиган тўртта одамга давлат хазинасидан доимий маош тўлаб турилсин.

Ўғиллар олдида берилган бу фармойишлар келажакда уларни ҳам ўз бобокалонларидан ибрат олишга ўргатиши керак эди.

Лекин ғалаба тантаналари ичида қийинчилик кўрмай ўсаётган эрка ўғиллар бобокалонларининг ибрат олиб бўлмайдиган одатларига эргашган пайтлари ҳам бўларди.

Мурод Кобулни олишда жасорат кўрсатгани учун отасидан мурассаъ ханжар мукофот олди. Шу муносабат билан Боғи Наврўзийда жанговар беклар Муродга чоғир таклиф қилдилар.
— Бобур бобомлар чоғир ичмаганлар-ку! — деб Мурод аввал унамади.
— Бобонгиз чоғирни қирқ беш ёшга бориб ташлаганлар, — деди Чиғатойхон. — Аммо Кобулда яшаганда беармон ичганлар. Xотира китобларида ўқимаганмисиз? Далада, кемада, булоқ бўйида, боғда, ҳатто хазон бўлган дарахтларнинг тагида ўтириб роса кайф қилганаларини ёзганлар-ку!

Бобокалони ҳақидаги бу гаплар Муроднинг ҳозирги кўтаринки кайфиятига тўғри келиб турар эди. Ўша оқшом у биринчи ғалабаси шарафига маст бўлгунча ичди. Устидан афюн қўшилган маъжун ҳам еди.

Муроднинг аткаси Зайниддин кўка унинг Боғи Наврўзийда маст бўлиб юрганини кўриб:
— Онҳазрат билсалар икковимизга ҳам жазо берурлар! — деб пўписа қилди. — Амакингиз Муҳаммад Ҳаким ёшликдан ичиб юриб, не кўйга тушганини билурмисиз?
— Кобулда Бобур бобом ҳам май базмлари ўтказган эканлар-ку! — деди Мурод.
— Э, аввал тарихни ўрганинг! Сизнинг ёшингизда Бобур бобонгиз майни оғизларига олган эмаслар. Сиз ҳам у кишидай йигирма беш-ўттизларгача сабр қилинг. Кейин бирда-ярим ичсангиз ярашгай.

Мурод ўзини жуда ёш деб камситишларини ёмон кўрарди. Ахир у ёши катталар қатори ҳинд дарёсидан сузиб ўтмадими? Олдинги сафда қилич яланғочлаб, Кобулга ёриб кирмадими? Отаси унинг ихтиёрига бутун бир Боғи Наврўзийни бериб қўйибди-ку. Мурод беш минг аскарга бошлиқ. Қўл остидаги бек-у навкарлари унга таъзим қилиб туришади. Шу сабабларга кўра у ўзини чоғир ичишга ҳақли деб ҳисоблайди. Зафар кетидан зафар келиб турибди, қувноқ базмлар учун сабаб кўп. Улфат беклар уни навбатма-навбат чоғир базмига таклиф қилардилар, отаси ва аткасидан яшириқча яна роса ичирардилар...

* * *

Салим ҳам аллақачон май ичиб, маъжун еб кўрган, у ҳам базмларга иштиёқманд, лекин Кобулнинг Ўрта Боғида отасининг кўзи яқинида яшаётган кунлари Салим ўзини тийиб юрибди. Отаси билан бирга Гузаргоҳдаги мармар мақбарани зиёрат қилгандан бери дилида «Бобурнома»га ўхшаган хотира китоби ёзиш орзуси пайдо бўлган. Катта бобоси ҳам ўн икки ёшлардан насрий машқлар қила бошлаганини Салим ўз устози Фарид Бухорийдан эшитган. У ўзининг хилватхонасида ҳали ҳеч нарса ёзилмаган зарҳал муқовали дафтарни очди-ю, ёнида турган Фарид Бухорийга юзланди:
— Сарлавҳаси «Хотирот» бўлсинми?
— Қайси тилда ёзмоқчисиз, амирзодам?
— Туркийча.
— Лекин бир муаммо бор: «Бобурнома»ни эллик йилдан буён уч марта туркийдан форсийга таржима қилдилар. Кўнгилдагидек чиқмади. Ахийри Абдураҳим хони хононнинг таржимаси онҳазратга маъқул бўлди. Келгусида сизни ҳам бу муаммо қийналмаслиги учун биратўла форсийда ёзсангиз-чи?

Салим яшаган муҳитда форсий тил кўпроқ ишлатилар эди. Шунинг учун унга форсийда ёзиш осонроқ туюлар эди. Фақат у боболари маъқул кўрган бирорта туркий сўзни сарлавҳага чиқаришни истарди.

Унинг бу истаги Фарид Бухорийга ёқиб тушди:
— Амирзодам, «тузук» деган сўз бор. Отангизнинг саройларида қабул маросимларини бошқарадиган одам «мири тузук» деб аталур. Фақир эшитдимки, энг катта бобокалонингиз Амир Темур ўзлари битган хотиралари ва низомларини «Тузуклар» деб атаган эканлар. Бу тузуклар бизгача етиб келмай йўқолиб кетганми, ўзини ҳеч қаерда учратмадим.
— Бўлмаса мен ҳам ўз хотираларимни «Тузук» деб атагаймен!

Салим бу сўзни дафтарнинг биринчи варағига йирик қилиб ёзди.
— Иншоолло, бу дафтар келгусида улкан бир китобга сарчашма бўлғай. Эҳтимол, одамлар буни «Тузуки Салими» деб атагайлар.

Фарид Бухорий «Салими» сўзини «Салима» дегандай қилиб айтди. Салим ўгай онаси Салима бегимни эслади-ю, афтини буруштирди. Шаҳзодага ўз номи унча ёқмаслигини мавлоно Фарид аввал ҳам сезган эди.
— Э, амирзодам, сиз туғулганда фақир ҳам ҳазрат отангиз билан овда юрган эдим. Менинг ҳамшаҳрим Аҳмад Бухорий Салим отанинг ихлосмандларидан эди. Отангиз ўша Аҳмаднинг маслаҳати билан сизга Салим чештининг номини қўймоқчи бўлдилар. Лекин мен Салим Чештининг тарихини билар эдим, асли эшкакчидан чиққан одамнинг номини шаҳзодага қўйиш жоиз эмас эди. Бунинг устига ҳазратимнинг хотинларидан бири — Салима эди. Фақир узр сўраб: «Ҳазратим, тўнғич ўғлингизга бошқа муносиброқ исм бор», — дедим. «Қайси исм?» дедилар. Бобокалонингиз катта ўғилларига Жаҳонгир деб от қўйганларини эслатдим. Аммо сўзим ўтмади, амирзодам! Не қилайки, рақиб ҳамшаҳрим Аҳмад Бухорий отангизни ўшанда Салим деган исмга кўндирди!

Салим оғир тин олиб, алам билан бош чайқади:
— Жаҳонгир деган исм минг марта яхши эди. Насиб қилса, қачондир бир вақт... шу номга қайтгумдир![19]

Салим отаси қўйган номдан воз кечмоқчи бўлгани мавлоно Фаридга улкан бир жасоратдай туюлди.
— Амирзодам, сиз ҳозир ўн учга қадам қўйдингиз. Отангиз шу ёшда тахтга чиққан эдилар. Бобур бобонгиз подшо бўлганларида ҳали ўн иккига тўлмаган эдилар. Насиб бўлса, бир кун сиз ҳам тахтга чиқгайсиз! Ўша кунни кўриб ўлсам армоним қолмагай! Чунки афсус қилурменки ҳазрат отангиз динларни бирлаштириш йўлига кирдилар. Ҳолбуки, ғайридинлар биздан бир неча баробар кўп. Биз уларнинг орасида йўқ бўлиб кетгаймиз! Бу йўл хатодир!
— Мен бу йўлга зинҳор юрмагаймен! — деди Салим қатъият билан.
— Шунинг учун бутун нажотни биз сиздан кутмоқдамиз, амирзодам! Ҳазрат отангизга Байрамхон ҳам бас келолмади, Моҳим энага ҳам, Ансорий ҳам. Охирида, мана, ёлғиз инилари Муҳаммад Ҳаким забун бўлди. Бироқ ҳеч ким бас келолмаган Рустам достонга ахийри ўзининг ўғли Суҳроб бас келгани «Шоҳнома»дан маълумдир. Илоҳим, сиз бизнинг Суҳробимиз бўлинг-у Жаҳонгир номи билан тахтга чиқинг!

Агар бу гаплар отасининг қулоғига етиб борса мавлоно Фарид тирик қолмаслигини Салим сезди ва атрофига хавотирланиб қараб қўйди. Лекин хилватхонада икковларидан бошқа ҳеч ким йўқ, эшик-деразалар берк. Ўлим хавфидан қўрқмай шундай далил тилакларни айтган мавлоно Фарид Салимга жасур одам бўлиб кўринди:
— Мавлоно, менга тож-у тахт насиб қилган куни биринчи хутбани ўзингиз ўқигайсиз!

Мавлоно Фарид азбаройи таъсирланганидан кўзларига ёш олди-да, Салимни суюкли фарзандидек бағрига босиб, елкаларини силади.

Акбар билан унинг ўғли орасига биринчи пона шу тарзда урилди.

Фатҳпур: Ечиб Бўлмайдиган Тугунлар

Ўн ой давом этган Кобул юриши Акбарни жуда толиқтирган эди. У пойтахтдаги оромгоҳлар, сокин кутубхона ва тасвирхоналарни[20] соғинган эди. Кобулдан қайтгач, Фатҳпурда муқим яшаб, чала қолган кўп ишларини ниҳоясига етказди. Илгари қад кўтарган муҳташам бинолар ёнига Панж Маҳал деб аталадиган беш қаватли қаср, қизлар учун қурилган янги мактаб, мармар ҳовуз ўртасидаги гўзал шоҳсупа, ҳовли юзида ҳар бир катагига одам сиғадиган улкан сатранж майдони ва Акбарнинг меъморлик истеъдодини кўрсатадиган бошқа ўнлаб обидалар қўшилди. Фатҳпур-Секри қуриб битирилган пайтда уни келиб кўрган инглиз сайёҳи Ралф Фитчнинг ёзишича, Акбарнинг янги пойтахти ўша даврдаги Лондондан икки баробар улканроқ бўлган. Шундай улуғвор шаҳарни яхлит бир санъат асарига ўхшатиб кашф этган ва ўнг беш-йигирма йил ичида қурдирган меъморни узоқ юртлардан келган одамлар бир кўриб кетишга интилар эдилар.

Қиличхон Андижоний «дарбор» деб аталадиган қабул кунида Акбарнинг ҳузурига оқ юзли, қўнғир соч, барваста бир сайёҳни бошлаб кирди. Ўсиқ соқолига оқ оралаган бу одам — москвалик тужжор Матвей Калитиннинг ўғли Аким эди. Қиличхон уни бундан қирқ йил бурун Эроннинг Мозандаронида, Ҳазар денгизи бўйига кемада сизиб келган пайтда кўрган эди. Ўшанда Ҳумоюн Матвейнинг Московиядан Аграга совға қилиб олиб борган самур пўстини ва қарчиғайига жавобан ёқут инъом қилгани Қиличхоннинг ёдида бор эди. Энг муҳими, Аким Матвэевич Адан орқали ўтиб келаётганда Гулбадан бегимнинг тақдиридан хабар топган ва сўнгги янгиликларни эшитиб келган эди.

Қиличхон бунинг ҳаммасини айтганда Акбар узоқ юртдан келган меҳмонга қизиқиб пешвоз чиқди. Аким Матвэевич бошидан картузини олиб, унга таъзим қилди-да:
— Газрати алийлари! — деб сўз бошлади. У туркий тилни Қозонда ўрганган ва булғор татарларини эслатадиган талаффуз билан сўзлар эди: — Сизнинг буюк қудратингизга турк султони ҳам тан бермишдир. Юборган элчингизни бик яхши қабул қилган. Адан ҳокимига қарши аскар юбориб, Гулбадан бегимни асирликдан бушатувға мажбур итган. Мен Аданға келганда барча эл-улус шул тўғрида сўзлаб юрурлар экан. Бегимнинг улуғ оғалари мирзо Ҳумоюнни мен Ҳазар бўйинда кўрганим ёдимға тушди. Буюк падарингиз менинг отамға зўр бир ёқут берган эди. Раҳматли отам ул ёқутни менга мерос қилиб қолдирған. Мен ҳалигача бу ёқутни қалбим ёнида асраб юрурмен.

Аким Матвэевич қўйнига қўл солиб, юмалоқ чарм ҳамёнчани олди-да, ичини очди. Тўқ қизил ёқут Акбарнинг кўзига чўғдай ялтираб кўринди. Унинг ўзи ҳам отаси ёзиб берган тўрт сатр шеърий тилакни ҳалигача тумор қилиб кийими ичидан осиб юрар эди. Кўкрагининг чап томонини пайпаслаб, туморчанинг салқин ипаги баданига текканини ҳис қилганда олис юртлардан ҳам аммасининг, ҳам отасининг хабарини олиб келган Аким Калитин кўзига жуда иссиқ кўринди.
— Xушхабар келтирганингиз учун сизга ташаккур, жаноби Аким. Аданда Гулбадан бегимнинг одамларидан кимни кўрдингиз?
— Аҳмад Бухорийни кўрдим. У билан ҳам қирқ йил бурун Ҳазар денгизи бўйида танишган эдик. Аҳмад Бухорий кексайиб, мўйсафид бўлиб қолибдир.
— Мен уни аммамга қўшиб юборган эдим. Ҳозир аҳволлари нечук экан? Саломатликларини сўрадингизми?
— Турк султони Адан ҳокимига фармон бериб, бегимни хушҳаво бир кўшкка ўтказибдирлар. Соғлиқлари яхши экан. Фақат «Тезров» деган кемалари етти ой қаровсиз ётгани учун ичидаги нарсаларини талаб, баъзи жойларини бузган эканлар. Ҳозир сиз юборган одамлар Аҳмад Бухорий бошчилигида кемани тузатмоқдалар. Бир ойларда тузатиб, Ҳиндистон томонга йўл олмоқчилар.
— Xайрият! — деди Акбар енгил бир сўлиш олиб.

Аким Матвэевич орқага ўгирилиб қаради. Унинг хизматкор йигити оқ ипак матога ўралган катта бир китобни икки қўллаб тутиб турар эди.
— Газрати олийлари! Сиз барча халқларнинг китобларига эҳтиром кўрсатганингизни биз ҳам эшитдик. Улуғ бобонгиз Бобуршоҳ бошлаган нек ишларни сиз давом эттираётганингиздан беҳад шодмиз. Бобур бобонгиз мамлакатларимиз тарихида биринчи бўлиб Москвага элчи юборгани икки томон учун ҳам жуда хайрли иш бўлмишдир. Бобонгизнинг элчиси уч йил Россиянинг Муром шаҳри яқинида истиқомат этган эди. Мен ҳам муромликмен. Бизнинг яқинимизда сўнгги қирқ йил ичида Бабурин деган қишлоқ пайдо бўлди. Бабурин деган номлар ҳам бор. Xалқ орасида ривоят тарқалганки, ҳинд шоҳи Бобурнинг авлодлари Муром атрофларига келиб яшаган[21].

Улуғ адиб бўлган бобонгизнинг ҳурмати учун биз сизга Россиядан китоб совға қилиб келтирдик.

Аким Матвэевич китобни хизматкор йигитдан олди-да, Акбарга тутди. Акбар китобнинг устидаги оқ ипак пардани кўтариб муқовасига қаради. Четлари зарҳал қилинган қалин чарм муқова устида нотаниш олтин ёзув кўринди.
— Бу — лотин хатими? — сўради Акбар.
— Йўқ, бу — рус хатидир. Бундан беш юз йил муқаддам Кирилл билан Мефодий номли улуғ ватандошларимиз шу алифбони кашф қилмишлар.

Беш асрдан бери ўз алифбосида иш олиб борадиган халқнинг китоби Акбарга энди жуда қизиқарли кўринди:
— Бу китобнинг номи недур?

—«Апостол». Исо пайғамбарнинг энг ишонган ўн икки ёр-дўсти, халифаси бўлган. Шулар бизда апостол деб эъзозланур. Сизлардаги чорёрлар каби.
— Ундоқ бўлса, бу табаррук китоб экан! — деб, Акбар совғани эъзозлаб кўзига сурди.

У китобни варақлаётганда ҳар бобнинг бош ҳарфларига махсус расмлар ишланганини кўрди, бироқ матнлар қўлда кўчирилганга ўхшамаслигини сезиб таажжубланди. Шунда Аким Матвэевич ўзи келтирган китобнинг босмахонада қандай чоп этилганини айтиб берди.

Китоб чоп этиш ҳали шарқ мамлакатларига етиб келмаган, Акбар бунинг нималигини билмас эди. Аким Матвэевич унга Иван Фёдоров деган кишининг Москвада биринчи бўлиб милодий 1563-йилда очган босмахонаси бир марта терилгандан сўнг китобни зудликда ўнлаб нусха босиб чиқариши мумкинлиги Акбарга жуда катта янгилик бўлиб туюлди.
— Аммо бизда ҳам янгиликдан жони чиқадиган руҳонийлар бор, — деди Аким Матвэевич. — Иван Фёдоров Москвада биттагина китобни чоп этишга улгурди. Кейин руҳонийлар уни даҳрий «антихрист» деб айбладилар. Фёдоровнинг босмахонаси ёғоч уйга ўрнатилган экан. Жоҳиллар бу уйга ўт қўйиб, ҳаммасини куйдириб юборадилар. Иван Фёдоров Москвадан қочиб, чет бир вилоятга боради.
— Подшоларингиз ким?
— Подшомиз Иван Грозний Қозон, Астрахан хонликларини забт этиш билан банд эди. Кейинчалик унинг рухсати билан Фёдоровнинг босмахонасида кўпроқ диний китоблар чоп этиладиган бўлди.

Акбар Иван Грознийнинг Қозон ва Астрахан хонликларини қандай забт этганини Аграга келиб кетган Эрон элчисидан эшитган эди.
— Жаноб Аким, биз ҳам бегуноҳ фаришталар эмасмиз, шафқациз урушлар қилиб, беҳуда қонлар тўккан пайтларимиз бўлган. Лекин ҳозир шундай хулосага келдикким, қилич билан одамларнинг дилини яралаб эришилган ғалаба бебақо экан. Ундан кўра одамларнинг қалбига яхшилик билан йўл топиб эришилган ғалабанинг умри узоқ бўлгай.
— Сиз менинг дилимдаги гапни айтдингиз, ҳазрати олийлари. Қонни қон билан ювиб бўлмагай. Тождорлар қилган шафқацизликлар учун халқлар айбдор эмас. Қозонда менинг дўстларим бор. Россиянинг виждонли кишилари Иван Грознийнинг аёвсиз ишларини афсусланиб тилга олурлар. Чунки у жаҳл устида ҳатто ўзининг катта ўғлини темир ҳасса билан уриб ўлдириб қўйган. Лекин унинг тарихга кирган яхши ишлари ҳам бор: тарқоқ ўлкаларни Москва атрофига бирлаштириб, улкан давлат тузди. Яна бир нек иши — Москвада, биз Кремл деб айтадиган улуғ қизил қалъа ёнида Қозон фатҳига бағишланган муҳташам бир обида — собор қурдирди.

Орқада турган хизматкор йигит Аким Матвэевичнинг ишораси билан чўзинчоқ ёғоч сандиқчани олиб келди. Ўрол тоғларининг ранг-баранг тошлари билан зеб берилган бу сандиқча ичида рангдор суратлар бор эди. Акбар Москвада Кремлнинг кунгирадор қизил деворларини, қуббаларига яхлит олтин қопланган баланд қўнғироқхоналарини шу суратларда кўрди. У Қозон соборининг тасвири чизилган расмни қўлга олиб қараётганда:
— эътибор беринг, ҳазрати олийлари, — деди Аким Матвэевич. — Рус меъморлари Қозоннинг ўзига хос қиёфасини бу обидада эҳтиром билан ифодалашга интилганлар. Собор тепасидаги баъзи қуббаларнинг тарам-тарамлари менга муслим салласининг ўрамларини эслатур.
— Гапингиз асосли, жаноб Калитин, мен ҳам бу обидада миллий адоват эмас, аксинча, турли имон-у эътиқодларга ҳурмат ифодасини кўрмоқдамен. Эл-улуслар орасидаги ўзаро эҳтиром ўчоқда сақланадиган чўғ каби ҳамиша бордир. Фозил кишилар шу чўғни кул орасидан излаб топиб, унинг ёрдамида катта гулханлар ёқмоғи мумкин. Биз ҳозир Одам Ато фарзандларини ана шундай маънавий гулхан атрофига тўплаш ҳаракатидамиз.
— Биз ҳам шу гулхан ёруғини узоқдан кўриб келдик!
— Қадамингиз қутлуғ бўлсин! Подшоларингизда Ҳиндистондай узоқ мамлакатларга элчи юборишга ҳозирча имкон бўлмаса... майли. Лекин элчилар ишини яхши китоблар-у сиз каби жасур сайёҳлар ҳам қилмоғи мумкин.

Акбар китобдорни чақиртирди ва «Бобурнома»нинг янги кўчирилган бир нусхасини олиб келишни буюрди. У Аким Матвэевичга берар экан:
— Сиз бизни Московиядан йўқлаб келганингизнинг ўзи катта бир қадрдонликдир, жаноб Аким! — деди. — Ҳазрат бобомиз мамлакатларимиз орасида шундай қадрдонлик бўлишини истаб элчи юборган эканлар. Руслар қадршунос эл эканки, бобомизнинг бу хайрли ишини унутмасдан, номини ўз одамларига қўйибдирлар, қишлоқларини Бабурино деб атабдирлар. Бу — таҳсинга сазовор фазилатдир. Сиз туркий тилни билар экансиз. Шунинг учун «Бобурнома»нинг асл туркийча нусхасини сизга инъом этдик!

Аким Матвэевич зарҳал муқовали китобни олиб, эъзозлаб кўзига сурди-ю:
— Мен бу китобнинг шуҳратини бутун мамла-катимизга ёйгаймен, — деди. — Ватандошимиз Афанасий Никитин юз йил бурун биз учун Ҳиндистонни очган эди. Унинг «Уч денгиздан нарига саёҳат» номли китобида бизнинг Ҳиндистонга бўлган беғараз қизиқишимиз, самимий эҳтиромимиз ифода этилмишдир. Биз баъзи фарангиларга ўхшаб, Ҳиндистон атрофидаги денгизларга хўжайинлик қилмагаймиз, оролларни босиб олмоқчи эмасмиз, фақат холис ният билан ҳамкорлик қилишни истаймиз.
— Сиз фаранги тилларини ҳам билсангиз керак?
— Ҳа, билурмен. Денгиздан португал кемасида ўтиб келдим. Шунда уларнинг ўзаро гапларидан тушундимки, Аданда ҳазрат аммангизни сизга қарши қўзғатмоқчи бўлган кучлар орасида португаллар ҳам бор экан. Улар зимдан ёмонлик қилишда беҳад катта тажриба орттирмишлар. Беғараз ҳайрихоҳингиз сифатида айтиб ўтмоқчимен. Улар сизни ўз динларига ўтказиб, кейин бутун Ҳиндистонни мустамлака қилиш орзусидалар.

Акбар истеҳзоли кулди:
— Ушалмайдиган орзу! Мен барча имон-у эътиқодларни баробар кўрганим учун падреларга пойтахтдан жой бердим.
— Албатта, португаллар орасида адолатпарвар, ҳалол одамлар ҳам бор. Лекин мен уларнинг шафқациз қулфурушларини ҳам кўрдим. Улар Оврупонинг қул бозорларига бечора қора танлиларни Африкадан кемаларга босиб бориб, олтинга сотмоқдалар. Сиз Ҳиндистонда қул бозорларини беркиттириб олижаноб иш қилибсиз. Қулларни озод этибсиз. Аммо фарангилар янги кашф этилган Америка қитъасида ҳам қул бозорлари очмишлар, ҳабашистонлик юз минглаб қора танлиларни кемаларда Америкага элтиб, қул қилиб сотибдирлар. Шу йўл билан беҳисоб кўп бойлик орттирибдирлар.
— Инсонфурушлик билан орттирилган бойлик — дунёдаги энг ҳаром бойликдир! — деди Акбар нафрат билан.— Мен билурмен, биз бўш келсак, ҳиндларни ҳам «қора танли» дейишиб, кемаларга босиб кетиб, қул қилиб сотишга тайёр фарангилар бор. Аммо биз тирик эканмиз, улар бу шум ниятларига етолмагайлар!

Гап орасида Акбар меҳмонга савол берди:
— Биздан не тилагингиз бор, меҳмон?

Аким Матвэевич бир ўйланиб олди. Жизя ва тамға солиқларининг бекор қилингани, барча насораларнинг ҳуқуқлари муслимларники билан тенглаштирилгани Аким Матвэевич каби ажнабий сайёҳларга жуда катта енгиллик бермоқда эди. Калитин ўзи учун ҳеч нарса сўрамоқчи эмас, фақат шу ерда учратган бир ватандошининг мушкулотини осон қилгиси келар эди.

Парамон деган киши ёшлигида Волга дарёси бўйларида Қрим хонлари билан бўлган жангда яраланиб, асир тушгандан сўнг уни қул қилиб сотган эканлар. Фалакнинг гардиши билан Ҳиндистонга келган бу одам ўзига ўхшаган насора аёлга уйланиб, иккита фарзанд кўрган экан. Касби иморацоз уста. Акбарнинг янги пойтахтини қуришга ўн етти йил меҳнати сингган. Лекин ҳали ҳам она тилини унутмаган экан. Аким Калитин у билан русча гаплашганда кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди. «Бирга олиб кетинглар, биродарлар, қолган умримни Ватанимда ўтказай!» — деб ялинди. Аммо саркори унга жавоб бермади. Чунки ўғли ҳам ганчкор уста экан. «Бундай катта усталарга ҳазратим ўзлари жавоб бермасалар, менинг ҳаққим йўқ!» — деб туриб олди.

Акбар бу гапни эшитиб, Қиличхонга юзланди ва гап қайси уста ҳақида бораётганини сўради.
— Уста Пармон бўлса керак, — деди Қиличхон,— ўзи ҳозир ташқарида қабулингизни кутиб турган эди.

Акбар Миритузукка уста Пармонни чақиришни буюрди. Ҳиндистон офтобида юзлари қорайиб кетган эллик ёшлардаги кўккўзли миқти одам эшикдан таъзим қилиб кирди:
— Менинг асли отим Парамон, ҳазрати олийлари! Ўзим Волга бўйларида ўсганмен. Мени қул қилиб сотган эдилар, сизга раҳмат, биздан «қул» деган иснодни олиб ташладингиз. Менинг орзуйим — ватанга қайтиш эди. Ахир бизни ватандан зўравонлик билан жудо қилган эдилар! Ижозат берсангиз, оилам, ўғлим билан энди Россияга кецам...
— Аммо биз сиздек яхши устоларни қайдин топурмиз?
— Ҳазрати олийлари, йигирма йилда тўққизта шогирд етиштирдим, ҳеч бири иморацозликда мендан қолишмагай!

Акбар Абулфазлни чақиртирди:
— Жаноб вазир, фармон битинг: уста Пармоннинг оиласи билан бирга ватанига қайтиб кетишига рухсат берилсин. Янги пойтахтни қуришда ўғли билан қилган кўп йиллик меҳнати учун унинг ватанига етиб боргунича кетадиган йўл харажатлари хазинадан тўлансин.
— Бош устига, ҳазратим! — деб Абулфазл бу фармонни дарҳол бажариш учун орқаси билан юриб чиқиб кетди.

Уста Парамоннинг қувончи ичига сиғмай, ёнидаги Аким Матвэевични қучоқлаб ўпа бошлади...

Ўша кунлари Антони Монсеррате ва Рудолф Аквавива Гоага қайтиб кетиш ҳаракатида юрган эди. Акбар Аким Калитин ва уста Парамонни падрелар билан бир карвонга қўшиб жўнатди. Гоа оролида Калитинлар Португалия кемасига тушиб Европага йўл олдилар[22].

Падрелар эса оролда қолишди.

Рус совет олимаси Г. Ф. Благова эса Бабурино деган қишлоқларнинг Муром ва Киржач атрофларида 1960-йилларда ҳам бўлганлигидан гувоҳлик беради.

* * *

Акбар ҳам, ўғиллари ҳам католик динига ўтмаганлиги Гоадаги португал маъмурларини жуда кўнгилсизлантирди. Улар Монсеррате ва Аквавиванинг Акбар давлатида олиб борган уч йиллик ишларини «муваффақияциз миссия», деб баҳоладилар. Фақат падрелар келтирган ҳарбий маълумотлар фойдали деб топилди. Айниқса, Алберт Перейронинг Алибек деган туркийча ном билан шаҳзода Салим мулозимлари орасига ишга олинганлиги ва Фатҳпурда қолганлиги Гоа ҳокимини мамнун қилди. Чунки Акбар саройида Алберт Перейродай тадбиркор хуфиянинг иш олиб бориши португаллар учун жуда зарур эди. Гоа ҳокими Перейро билан алоқа боғлаш учун савдогар қиёфасидаги махсус одамни Гоадан Фатҳпурга жўнатар экан:
— Сенёр Албертга айтинг, қайтиб келганда биз уни генерал унвонига тақдим этмоқчимиз, — деб ваъда берди. Кемасозликка оид эски китоблардан унга кўпроқ олиб бориб беринг. Акбар билан унинг ўғлига бизнинг тажрибамизни истеъмолдан қолган эски кемалар асосида ўргацин. Афғон юсуфзайлари билан алоқани узмасин. Алберт уларнинг қўзғолончи пирлари — равшанийларни билади. Кобул юришига борганда Пешоварда улар билан танишган. Равшанийлар Ҳайбар довони этагида Акбарга қарши исён кўтарганлар. Аммо равшанийларнинг пешвоси шайх Жалолиддинни Акбар Фатҳпурда ҳибсда сақламоқда эмиш. Равшанийлар бу шайхни ҳибсдан бўшатиш ҳаракатида эмишлар. Сиз Фатҳпурга борган заҳотингиз равшанийлар пири шайх Жалолиддинни ҳибсдан қочирмоқнинг йўлини изланг. Бу пир қочиб чиқса, равшанийлар исёни янада авжланиб, Ҳайбар довони бекилиб қолгай. Бизга худди шу керак! Акбарнинг кучлари шимолий чегаралар ташвишидан бўшамасин!

Гоа ҳокимининг бу фикри Рудолф Аквавиванинг кўнглидаги гап эди:
— Сиз мутлақо ҳақсиз, сенёр вице-қирол! — деди Аквавива. — Биз уч йил Акбар саройида юриб шунга амин бўлдикки, ҳозир бутун Шарқни ларзага солаётган тўртта энг зўр давлат туркий сулолалар қўлидадир. Кичик Осиёда турк султонлари, Эронда буюк шоҳ Аббос номи билан улуғланаётган озарбайжонлик Сафавий, Туронда Абдуллахон Шайбоний. Xайриятки, бу тўрт давлат бирлаша олмайдир, акс ҳолда, биз уларга бас келадиган куч топа олмас эдик. Аммо туркий подшолар орасида биз учун энг хатарлиси — Акбардир. Нариги учаласи шиа сунний низолари туфайли бир-бирига ашаддий душман. Аммо Акбар ҳар учала туркий сулола билан муроса йўлини топиб, борди-келди қилиб турибдир. Ҳатто турк султони Мурод Акбарнинг ҳурмати учун Аданда асира бўлиб қолган Гулбадан бегимни қутқаришга ёрдам берибдир.
— Бу бегим Фатҳпурга қайтиб боргани ростми?
— Ҳа, уни тантана билан кутиб олдилар. Энди турк султони денгиз кемалари қурадиган усталарни ҳам Акбар ҳузурига юбормоқчи эмиш. Турк ҳарбий флоти ҳозир Ўрта ер денгизида ҳукмрон, бизга у ёқларда кун йўқ. Шундай зўр флот Ҳинд уммонида ҳам пайдо бўлса, Гоа билан хайрлашишга тўғри келгай!
— Йўқ, бунга йўл бермаслик керак! — деди Гоа ҳокими ва Фатҳпурга жўнатаётган савдогар-хуфияга уқтирди: — Шайх Жалолиддин тезроқ ҳибсдан қочирилмоғи шарт! Ғайридин Ман Синх Кобулда ўз ражпутлари билан ҳукмрон бўлиб тургани муслим афғонлар-нинг иззат-нафсига тегмоқда. Биз сув йўли орқали Пешоварга махсус одамлар, қурол-яроғлар юборгаймиз. Ҳинд-муслим низоларини аланга олдирмоғимиз зарур! Шуни Перейрога яхшилаб тушунтиринг!

Алберт Перейро Фатҳпурда мана шу кўрсатмалар асосида шайх Жалолиддинни ҳибсдан қочиришга муваффақ бўлган пайтда Гоанинг католик черкови Антони Монсерратени Арабистон ва Туркияга махфий топшириқлар билан жўнатди. Бироқ турк султони Акбардан кўра шафқацизроқ эди. Монсеррате муслимлар орасида насора динини тарғиб қилганлиги учун Синан деган жойда қамоққа олинди ва етти йил ҳибсда ётди. У қамоқдан қутулиб Гоага қайтганда Рудолф Аквавива аллақачон оламдан ўтган эди.

маълум бўлишича, Рудолф муқаддас мартирлик унвонини оқлаш учун Гоа яқинидаги ҳинд қишлоқларида қатъий ҳаракатлар қилади. У иезуитлар ғояси учун ўзини шаҳид қилишга кўпдан тайёрланиб юрганини, мартирлик унвони шуни тақозо қилишини Монсеррате биларди. Ўттиз уч ёшли Рудолф Селсет қишлоғида бир эски ибодатхонани католик черковига айлантирмоқчи бўлади. Тўртта бақувват португал йигитини ишга солиб, ибодатхонадаги мажусий ҳайкаллар ўрнига салиб ўрнаттираётган пайтда ерли аҳоли бирдан исён кўтаради-ю, Рудолфни ҳам, унинг тўрт йигитини ҳам уриб ўлдиради.

* * *

Акбарнинг ҳаётини яқиндан кузатиб, у ҳақда махсус асар ёзаётган ҳинд тарихнавислари орасида икки киши аввал тенгқур, дўст, кейин эса бир-бирига ашаддий рақиб бўлиб кетдилар. Буларнинг бири Абулфазл бўлса, иккинчиси — Абдуқодир Бадавний эди. Улар Акбар саройига деярли бир вақтда келишган ва хизматни энг паст поядан — доғ қилинган отларни хатлайдиган битикчиликдан бошлаган эдилар. Кейин Абулфазлнинг омади келиб, вазирлик лавозимига кўтарилди. Бироқ, Абдуқодир Бадавний саройдаги еттита оддий имомлардан бири бўлганича қолди. Лекин у ўзини қалами ўткир, истеъдодли муаррих деб билар, саройда, ҳарбий юришда, ибодатхонада Акбарни зимдан кузатиб, унга боғлиқ энг муҳим воқеаларни дафтарига ёзиб борарди. Бир кун эмас бир кун Акбарнинг назари Бадавнийга ҳам тушиши ва унинг ҳам Абулфазлдай кўтарилиб кетиши эҳтимолга яқин туюларди. Шунинг учун Бадавний «Мунтахабут таворих» (яъни, танланган тарихлар) деб аталган ёзувларининг бош қисмларини Акбарга ихлосманд одам сифатида ёзди: «Ҳазрати олийлари кўп йиллар давомида қарама-қарши фикрларни бир-бирига муқояса қилиб, уларнинг орасидан ҳақиқатни топишга ўргандилар. Ҳазратимнинг янгича эътиқодлари худди тошга ўйилган суратдай узоқ ўйлар, мунозаралар натижасида аста-секин шаклланиб борди. Бу эътиқод бўйича, ақлли одамлар ҳамма миллатлар орасида ҳам бор, уларни йиғиб якдил қилмоқ савобли иш эмасми?»

Бадавний Акбар томонда туриб ўзича бу саволни берган пайтларда ҳали маънавий зилзилалар ва шайхлар исёни бошланмаган эди. Мулла Абдуқодир Ажмирдаги машҳур Муйиниддин Чешти мақбарасининг пешвоси бўлиш умидида эди. Бу мақбарага Акбарнинг ўзи ҳам пиёда зиёратга борар ва катта эҳсонлар қилар эди. Буни кўрган бек-у аъёнлар ва бошқа одамлардан назр-у ниёзлар дарёдай оқиб келарди. Бу ерда пешво бўлишнинг бойлигидан ташқари, катта нуфузи ҳам Бадавнийни ўзига тортарди.

Лекин Фатҳпурдаги ибодатхонада бўлган диний мунозараларда Бадавний бир неча марта Ансорий томонида туриб, шайх Муборак билан мунозара қилди. Бир марта ҳатто қизиққонлик қилиб, шайх Муборакни даҳрийликда айблади. Акбарга унинг шу ишлари ёқмаган экан. Абулфазл отасига ён босиб, Бадавнийни подшога ёмон кўрсатган бўлиши керак. Акбар Ажмирдаги машҳур мақбарага шайх Муборакнинг тарафдори бўлган бошқа бир одамни пешво қилиб тайинлатди. Кейин Ансорийнинг шайхулисломлиги бекор бўлди-ю, унга яқин имомлар ҳам ишсиз қолди. Шу имомлардан бири бўлган Абдуқодир Бадавний сарой кутубхонасига таржимон бўлиб ишга кирди. Рўзғор тебратиш учун ўзи суймайдиган ғайридинларнинг китобларини форсча шеърга солишга мажбур бўлди.

Шундан кейин унинг Акбардан жуда кўнгли қолди. Лекин подшога қарши норозилик билдириш ҳам хатарли. Исён кўтарган шайхларнинг ёстиғи қуригани Бадавнийни эҳтиёт бўлишга ундайди. У кундуз кутубхонада таржима билан шуғулланиб қайтгач, кечаси уйида эшикни ичдан бекитиб, деразага парда тортади ва хира йилтираган шам ёруғида Акбарга қарши дилида тўпланган норозиликларини қоғозга тўка бошлайди. Унинг назарида, Ансорий ноҳақ қувғин қилингандай, Абулфазл эса имонини подшонинг ислоҳотларига қурбон қилиб катта мартабага эришгандай кўринади. «Мен исломга содиқ бўлганим учун ҳанузгача косам оқармай, муҳтожликда юрибмен», дейди у ичида ва Акбарнинг хатоларини фош қилиш билан ўзини Абулфазлдан маънан устун сезади.

Чунки Абулфазл Акбар даври ҳақида расмий китоб ёзаётгани сарой аҳлига маълум. Бу китобда Абулфазл ўз ҳомийсини фақат мақташга мажбур, унинг айбларини фош қилишга журъат этолмаслиги аниқ. Майли, Абулфазл бойлиг-у шон-шуҳрат ичида чўмилиб юрган бўлса ҳам, адолат ва жасорат бобида Абдуқодир Бадавний ўзининг ундан устун эканини исбот қилади. Мана шу ўй унга илҳом беради, кечалари алламаҳалгача жон чекиб асар ёзади.

Аммо чала ухлаб, эртаси куни кутубхонага ишга борганда уни Акбар тўплаган китобларнинг салобати боса бошлайди. Йигирма мингдан ортиқ китобнинг кўпчилиги — қимматбаҳо қўлёзма нусхалар. Алоҳида жавонда турган юнонча ва фарангича китоблар ёнидан москвалик меҳмон келтирган русча китоб ҳам ўрин олган. Форсча, арабча, туркий ва санскрит тилларидаги китобларнинг бир қисми Акбарга ота-боболаридан мерос қолган. Бошқаларини эса унинг ўзи битталаб йиққанини Бадавний билади. Акбарнинг китобга ишқи баландлигини узоқ юртларда туриб эшитган одамлар гоҳо Эрондан, гоҳо Турондан камёб китоблар олиб келадилар. Дарбор кунлари «ҳазратимга нодир китоб кўрсатмоқчимен» деган одамни унинг ҳузурига тезроқ киритадилар. Акбар китобни синчиклаб кўргач, нарх қўйишни холис бир саҳҳофга буюради. Шерозлик Ҳусайн Инжу деган киши Беҳзод қўли билан саккизта сурат чизилган Шарафиддин Яздий асарини олиб келган эди. Акбар уни саҳҳоф белгилаган нарх билан уч минг рупийга сотиб олди. Бадахшондан келган Фарруҳбек деган киши Ҳилолийнинг «Сифотул ошиқон» номли китобини Акбарга бир минг тўққиз юз қирқ беш рупийга сотганини Бадавний кўрган. Фаррухбек шу биргина китобнинг пулига бош-оёқ кийим ва бошқа талай нарсалар олиши мумкин эди, чунки бозорда бир жуфт атлас ўн рупий, бир қоп буғдой етти рупий, битта қўй уч-тўрт рупий турарди[23].

Китоблар шунчалик қиммат бўлгани учун Акбар уларни ҳашарот ва сичқонлар теголмайдиган хушбўй сандал ёғочидан ишланган қутичалар ва жавонларда асрайди. Бадавний бу хушбўй қутичалар ёнида ўлтириб ишлашни яхши кўради. Сарой кутубхонасида шоир Файзий бош китобдорлик вазифасини ўтайди. Акбарнинг топшириғи билан Нақибхон деган олим Бадавнийга қўшилиб «Рамаяна»ни таржима қилмоқда. Файзийнинг ўзи «Инжил»ни юнончадан форсчага маснавий шеър шаклида таржима этмоқда. Ҳиндларнинг тўртта муқаддас китобларидан бири саналган «Ахтарваведа»ни санскритдан форсчага ағдариш Xўжа Иброҳим Сирхиндига топширилган.

Акбар ҳафтада бир марта кутубхонага келиб, қалам аҳлини хонайи хосга йиғади-да, энг яхши таржималардан намуналар ўқитади. Улуғ ҳинд достонлари «Рамаяна» ва «Маҳабхорат» гоҳ Фирдавсий «Шоҳнома»сини, гоҳ Навоий «Хамса»сини эслатувчи улуғвор аруз вазнида жаранглар экан, Акбар ўз қаршисида ўлтирган мавлоноларга мароқ билан қараб қўяди. Бу давра «Хамса»даги Чин шаҳзодаси Фарҳод арман маликаси Ширин, юнон файласуфи Арасту, эронлик Шопур, арабистонлик Қайс каби турли халқ вакилларининг Навоий қалбида ва ижодида бир-бирига яқин қадрдонларга айланганини эслатмайдими? Акбар шу саволга жавоб излаб, қаршисида ўлтирган Абулфазлга, рожа Бирбалга, Азиз кўкага, Тодар Малга, Абдураҳим хони хононга, Бадавнийга бир-бир кўз ташлаб чиқди-да:
— Ажаб! — деб сўз бошлади. — Биримизнинг аждодимиз араб, биримизники ҳинд... Биримиз — афғон, биримиз — туркий улусданмиз. Диний адоватлар туфайли «Рамаяна»дай улуғ достон минг йиллардан буён қўшни тилларнниг бирортасига таржима этилмабдир. Ҳолбуки, барчамизга баробар бўлган умум бир тил топиш мумкин экан-ку! Рожа Тодар Малга балли, бутун давлат ишларини форсий тилда олиб боришга Аграни ҳам, Панжобни ҳам, Гужаратни ҳам, Банголани ҳам кўндирди.

Рожа Бирбал луқма ташлади:
— Ҳазратим, кўнмаганларни Тодар Мал қандай далил билан кўндирганини эшитганмиз?
— Йўқ. Қани, эшитайлик?
— Тодар Мал уларга сизни ибрат қилиб кўрсатмишдир. «Сен уйингда панжобча сўзлашсанг, подшомиз туркийча сўзлашурлар. Лекин давлат идорасида икки томонга ҳам баробар форсий тилда иш олиб боришга подшо кўнса-ю, сен кўнмасанг, ўзингни ҳазратдан баланд олган бўлмайсенми?» — деган. Қани, бу далилдан ҳайиқмай кўрсин!

Шўх оҳангда айтилган бу гапдан кўпчилик бир кулиб олди. Акбар ҳам кулиб туриб деди:
— Ҳар қалай, кўп тил билмоқ — фозиллик аломатидир. Буни бизнинг тутунган фарзандимиз Абдураҳимнинг шуҳрати ҳам кўрсатиб турибдир. Абдураҳим отаси Байрамхон каби ҳазрат Навоийдан ибрат олиб чиройли туркий шеърлар ёзди. Яна форсчада, арабчада битган шеърлари ҳам машҳур бўлди. Сўнгги йилларда Абдураҳимнинг ҳинд тилида ёзган доҳалари[24] одамлар орасида мақол янглиғ айтиб юрилганига, мана, биз гувоҳмиз. Турли имон-у эътиқодларни тенг кўришнинг энг яхши самараси шу эмасми?

Акбар тўсатдан Абдуқодир Бадавнийга мурожаат қилди:
— Мавлоно, бир вақтлар сиз «Рамаяна» билан «Маҳабхорат»ни «имонсиз китоблар» деб камситган эдингиз. Энди бу асарларни таржима қилиш давомида фикрингиз ўзгарган бўлса керак? Шундай улуғ достонлар яратган халқнинг имони кучли, руҳи қудратли эканини сезгандирсиз?

Бадавнийнинг ранги қўрқувдан оқарди. Наҳотки Акбар унинг яширин ёзувларидан хабар топган бўлса? Бадавний қўл қовуштириб ўрнидан турди:
— Ҳазратим, фақир нонимни ҳалол қилиб ейиш учун жон-жаҳдим билан таржима қилмоқдамен. «Рамаяна» билан «Маҳабхорат»ни форсийча арузда ёзганим сари бу достонларнинг шеърий қудрати мени сеҳрлаб олаётгани рост. Ҳатто ҳиндларнинг имон-у эътиқоди дилимга йўл топиб келгандек бўлур. Исломга хиёнат қилган каби сесканиб кетурмен!
— Агар барча эътиқодларни баробар билганингизда бундай сесканмас эдингиз. Назаримда, сулҳи кулл ҳали дилингизда қарор топган эмас.

Акбарнинг бу сўзлари Бадавнийга «бегонасен!» дегандек эшитилди:
— Ҳазратим, фақир сулҳи куллни тан олганим учун ҳинд достонларини таржима этмоқдамен-ку! Наҳотки, фақирни ҳамон бегоналар қаторига қўшсангиз?!
— Биз эмас, ўзингиз ўзингизни бегона кўрсатмоқдасиз...

Бадавний яна хавотирга тушди:
— Мени афв этинг, фақир қачон ўзимни бегона кўрсатибмен?..
— Мана ҳозир ҳам... — Акбар даврадагиларни бир-бир кўрсатди. — Ҳеч ким соқол қўйган эмас. Фақат сиз биздан норози шайх-у имомлар каби узун соқол билан юрибсиз!

Чиндан, Акбарнинг ўзи соқол қўйган эмас, фақат мўйлови бор. Абулфазл ҳам, Бирбал ҳам, янги эътиқод тарафдори бўлган бошқа кишилар ҳам илгариги узун соқолларини олдириб ташлаганлар, фақат мўйловларини қолдирганлар. Ҳозир Акбар тарафдорларини шундан ҳам таниб олиш мумкин. Лекин эски мусулмончилик тарафдори бўлганлар соқолни «мўйи муборак» деб улуғлашар, «уни олдирганлар даҳрийлар йўлига киргай!» деб таҳдид қилишарди. Бадавний шу таҳдиддан қўрққани учун оқ оралаган чиройли соқолини ҳалигача олдирмай юрар эди. Бироқ ҳозир Акбар уни бегоналар қаторига қўшгани нариги таҳдиддан хатарлироқ туюлди. Кечалари яширинча ёзаётган асари ва унда Акбарнинг айбини фош этаётгани ёдига тушди. Подшонинг хуфиялари бор. Агар уларга буюрилса, Бадавнийнинг уйини яшириқча тинтиб махфий ёзувларни қўлга туширишлари ҳеч гап эмас. Кейин Бадавнийнинг барча орзу-умидлари пучга чиқади! Ундан кўра Бадавний ҳам Акбарга ўзини содиқ кўрсатиб, соқолини олдириб ташлай қолгани афзал эмасми? Яхши кунлар келганда яна соқол қўйиши мумкин-ку!

Шу фикр билан Бадавний келгуси ҳафта Акбар кутубхонага келадиган пайтгача соқолини олдириб, унинг содиқ тарафдорлари қиёфасига кирди. Акбар кулимсираб:
— Жасорат кўргазибсиз, мавлоно! — деди ва сармунши Нақибхонга буюрди: — Ҳижрий минг йилликка[25] атаб тайёрланаётган «Тарихи алфа»дан бир бобини ёзиш мавлоно Бадавнийга топширилсин!

«Тарихи алфа» — минг йилнинг тарихи деган маънони билдирарди. Шу минг йилдан икки асрлик давр тарихини ёзиш Бадавнийга топширилди ва бу ишга яраша дурустгина маош ҳам белгиланди. Бадавний бундан жуда мамнун бўлди-ю, лекин соқол олдиргани туфайли илгариги маслакдош дўстларидан кўп таъналар, истеҳзолар эшитди. Исломга садоқат сақлаб соқолини олдирмай юрган шайхлар Бадавнийни сотқин ҳисоблаб, ундан ўзларини олиб қочадиган бўлдилар. Бадавний эса ойнага қарагиси келмай қолди. Чунки илгариги бўлиқ соқоли ингичка хунук иягини бекитиб, уни ўзига ҳам чиройли ва салобатли кўрсатарди. Ҳозир ойнага қараса, юзи сичқонникидай фариштасиз туюлиб, таъбини тирриқ қилади. Бунинг устига Бадавний кутубхонада ўлтириб таржима қилаётган ҳинд достонининг ғайридинларга хос таъсири уни даҳрий қилиб қўяётгандай бўлади. У худонинг ғазабидан қўрқади, дилини гуноҳлардан поклаш учун кечқурун уйга қайтганда яхшилаб таҳорат қилади, намоз ўқийди, сўнг Қуръон сураларидан дилимга яқин туюлганларини тоза оқ қоғозга хаттотларча чиройли ҳарфлар билан кўчиришга тушади.

Абдуқодир Бадавний ўзини яна имони бут муслимдек ҳис қила бошлагандан кейингина Акбар ҳақидаги яширин асарини ёзишга ўтади.

Акбарга қарши исён кўтаргани учун Гангага чўктириб юборилган қозикалон Муҳаммад Яздийни Бадавний «шаҳид» деб улуғлайди. Акбар ўзининг ўн тўрт рупийлик олтин ашрафий тангасига калимайи шаҳодатни ёздирмаганини «исломга хиёнат» деб қоралайди. Шайхлар ғалаёни бостирилганда бу ғалаёнга қатнашган имомлар жазодан қўрқиб қочган, ўша кезларда баъзи масжидлар ҳувиллаб, бўшаб қолган, уларнинг айримларини ҳарбий қоровуллар эгаллаган эди. Бадавний шуни назарда тутиб, «Акбар масжидларни қоровулхонага айлантирмоқда, омборхона қилиб қўймоқда», деб куйинади.

Айниқса, Акбарнинг қамарий йил ҳисобидан шамсий ҳисобга ўтиш ҳақида чиқарган фармони Абдуқодир Бадавнийни қаттиқ норози қилади. Муқаддас рамазон ойи наҳотки унутилса? Ражаб, муҳаррам... одамлар болаларига исм қилиб қўядиган бу номлар Бадавнийнинг қулоғига беҳад сеҳрли эшитилади.

Бироқ ой тўлишига қараб ҳисобланадиган қамарий ойлар шамсий ойлардан қисқароқ, шунинг учун ҳар йили ўн-ўн бир кун ортиб қолади. Қамарий ойлар ҳам ўн-ўн бир кундан сурила-сурила, рўза гоҳ қишда, гоҳ ёзда келади. Акбар кузда туғилган бўлса ҳам, қамарий ойлар сурилиб юргани учун ўз туғилган кунини гоҳ баҳорда, гоҳ ёзда нишонлашга мажбур. Йил фаслларининг аниқ ҳисобини олиб иш кўрадиган деҳқонлар, косиблар, бошқа ҳунар эгалари учун ҳам мудом кўчиб юрадиган қамарий ойлар кўп ноқулайликлар келтиради. Шунинг учун халқ орасида азалдан бор бўлган шамсий ҳисоб (ҳар йили аниқ бир вақтда келадиган наврўз, саратон, мезон) кўпроқ истеъмолда бўлади.

Бадавний учун эса шамсий ойлар ҳам, наврўз байрами ҳам оташпарастлик давридан қолган бидъат. У фақат ҳижрий йил ҳисобини муқаддас деб билади. Акбар шу келаётган ҳамал ойидан бошлаб бутун давлат ишларини шамсий ҳисобга ўтказиш ҳақида фармон чиқаргани Бадавнийга «кофирона фармон» бўлиб кўринади.

Кундузлари Акбарнинг шаънига мақтовлар айтиб, «Маҳабхорат» ва «Рамаяна»ни таржима қилиб пул ишлайдиган бу одам кечалари эшик-деразани бекитиб, Акбарнинг худодан қайтганлигини исбот этувчи далилларни қоғоз юзига бирма-бир тизарди ва бисотида бор диний айбларни унга тақарди. Биладики, бу айблар Акбар ҳукмронлигининг илдизига уриладиган болтанинг ишини қилади. Чунки одамлар подшонинг диндан қайтганини билсалар, уни тахтдан туширишга ҳақли бўладилар. Шаҳзода Салим отасининг ислоҳотларига зимдан қарши эканини Бадавний эшитган. У ўз «Мунтахаби таворихини» келажак авлод учун ёзмоқда. Бадавний Акбардан ёш, ҳали унинг даври тугайдиган кунни ҳам кўришига ишонади. Мана шу ишонч унинг қаламига куч, дилига мадад беради.

* * *

Акбар топшириғи билан худди шу давр ҳақида очиқчасига китоб ёзаётган Абулфазл эса бутунлай бошқа манбалардан руҳий мадад олади. У ўз ватани Ҳиндистонни севади. Бундан ўттиз-қирқ йил олдин ўз-аро урушлар ва миллий низолардан абгор бўлиб заифлашиб қолган Ҳиндистон ҳозир дунёнинг энг қудратли давлатлари сафига кираётганидан қувонади. Акбарни ғарбдаги Англиядан тортиб шарқдаги Xитойгача ўнлаб мамлакатлар тан олиб, элчилар юбормоқда. Бу элчилар: «Ҳозир дунёда иккита энг қудратли ва обрўли мамлакат бўлса, бири Ҳиндистондир!» деб айтганларини Абулфазл ҳар эшитганда ифтихор туйғусидан қалби бир даража ўсади.

Ахир у ёшликдан ўз ватанининг мана шундай юксалишини орзу қилмаганмиди? Отаси билан бирга энг оғир кунларни кўрганда, қувғинлар, адолацизликларни бошидан кечирганда халқ эртакларидаги каби одил бир раҳбарга эҳтиёж сезмаганмиди? Шу эҳтиёж туфайли маҳдийлар ҳаракатига қўшилган ва ҳиндларнинг бҳақти таълимотини дилига жо этмаганмиди? Саройда вазир бўлгандан бери ўша орзу-истакларини Акбар ёрдамида амалга оширишга интилаётгани шу боисдандир. Тўғри, Акбар ҳам ички-ташқи зиддиятлар исканжасидан қутулолмайди, осий банда сифатида катта гуноҳлар ва ҳатолар қилади. Абулфазл шуни билса ҳам, бари бир Акбардан умидини узмайди. Унинг назарида, Акбар фавқулодда йирик шахс, тақдир унга омадни ҳам, истеъдодни ҳам аямай берган. Абулфазл унинг ҳақида тарихий китоб ёзаркан, ўзича бир саволга жавоб излайди: Кобулда икки ярим яшарлигида ўзидан катта амакиваччаси Иброҳим мирзони курашда йиқитгандан бери Акбарнинг елкаси ер кўрмай келаётганининг сабаби нимада? Абулфазл бунинг сир-у асрорини Акбардан сўраса ҳазиломуз жавоб олади:
— Мен ҳам кўп йиқилганмен... Бир ёшдан ошиб, энди юра бошлаганимда раҳматли амаким мирзо Аскарий оёғимга саллалари билан уриб, беш-ўн марта йиқитган эдилар. Шу ҳалигача ғира-шира ёдимда бор. Бу туркий удумни «болалигингдаги йиқилганларинг бутун умрингга етгулик бўлсин, улғайганда елканг ер кўрмасин», деган тилак билан қилар эканлар. Эҳтимол, шу тилак ижобат бўлгани учун иқбол менга ёрдир?

Лекин Акбарнинг ҳаётини йигирма йилдан бери яқиндан кузатиб юрган Абулфазл зафарнинг ўзи келмаслигини, ҳар бир мушкулотни бартараф қилишга беҳад кўп куч, истеъдод, меҳнат сарф бўлишини биларди. Акбар ҳам ота-боболарига ўхшаб кам ухлар эди. Ярим тунда ёца ҳам, эрталаб тонг отар-отмас уйғонар, ўртача тўрт соат уйқу унга бир кеча-кундузга етар эди. Қолган вақти давлат иши-ю, бошқа минг хил заруротларга тақсим бўларди.

Кобул юришидан кейин ташвиш сал камайган бўлса ҳам, дарёдай тинимсиз оқаётган ҳаёт ўз йўлида янги-янги ўпқонларга дуч келар, улар Акбарга қўшиб Абулфазлни ҳам кутилмаган гирдоблар домига тортарди.

Ташқи оламда ана шундай хатарли гирдоблардан бири Пешовар ва Ҳайбар довони этакларида бош кўтарган равшанийлар исёни туфайли пайдо бўлди. Бу исённи шимолдан Абдуллахоннинг махфий одамлари қўллаб-қувватлардилар. Гоа оролидаги Фарангилар сув йўллари орқали Пешоварга қурол-яроғ етказиб бериб турдилар. Фатҳпур — Секридаги Алберт-Алибек равшанийлар пешвоси шайх Жалолиддинни ҳибсдан қочирганини саройда ҳеч ким билмай қолди. Аммо бу шайх Пешоварга қайтиб бориб, Ҳайбар довонининг нари-берисидаги юсуфзайларни қўзғолон гирдобига тортгандан кейин равшанийлар исёни Бианадаги маҳдийлар қўзғолонига ўхшаб, катта бир халқ ҳаракатига айланди, унга минг-минглаб деҳқонлар, чўпонлар ҳам иштирок эта бошлади. Кобулда Ман Синх каби рожпутлар ҳоким бўлиб тургани учун шайхлар афғон қабилаларининг миллий ғурурини қўзғатди. Улар мустақил давлат тузиш учун Ҳайбар довонини икки томонидан бекитиб олишди. Кобул марказий давлатдан бир йилча узилиб, карвон қатнови тўхтаб қолди. Ту-рондаги Абдуллахон шу қулай пайтдан фойдаланиб, Бадахшонни ўз қаламравига ўтказди.

Акбар навбатдаги юришни Гоа оролидаги фарангиларга қарши қилмоқчи бўлиб, ўн беш минг қўшин тайёрлаган эди. Энди бу қўшинни шимолга буришга мажбур бўлди.

Рожа Бирбал ва Зайниддин кўкалдош саркардалигидаги саккиз минг қўшин Ҳайбар довонини очиш ва Кобулдаги Ман Синх билан алоқани тиклаш учун юборилди.

Ташқи оламда мушкулот кўпайганда ички мухолифлар ҳам дадилланишини Абулфазл шу кунларда аниқроқ ҳис қилди. Акбарнинг нохайрихоҳлари энди уни ўғли Салим ёрдамида йиқитиш умидида эканликларини қаттиқ сир тутар эдилар. Лекин гоҳи-гоҳида Фарид Бухорий Салимни «Шоҳнома» қаҳрамони Суҳробга қиёслаб мақтаганда Алибек ва Абдуқодир Бадавнийлар бундан ўзларича теран маъно топиб, мамнун кўз уриштириб олар эдилар. Ҳеч кимдан енгилмаган Рустамни ўғли Суҳроб енгганлиги Абулфазлнинг ҳам эсига тушар эди-ю, «наҳотки булар Акбарни ҳам Салим йиқитишига шунчалик умид бойласалар?» деб изтиробга тушар эди. Бу мудҳиш ниятдан Салимнинг хабари бормикин? Ҳали у энди ўн тўртга кирган ўсмир-ку.

Лекин Ҳиндистоннинг иссиқ иқлимида Салим тез балоғатга етмоқда эди. Алибек Перейро айтиб берган шаҳвоний ҳикоялар ва яширинча кўрсатган беҳаё суратлар шаҳзоданинг тушларига кириб чиқади. Оппоқ баданлар сурати кечаси гоҳо тирик қизга айланиб, шаҳзоданинг қўйнига киради, унинг юраклари гурсиллаб уриб, уйғониб кетади. Кейинги пайтларда Алибек уни тезроқ уйланишга чорлайди.

Бироқ Акбар вояга етмаган ўсмирларнинг уйланишини тақиқлайдиган махсус қонун чиқарган. Чунки Ҳиндистонда ўн-ўн бир яшар қизларни ҳам эрга бериш одатлари бор. Балоғатга етмай қурилган оилаларда хунук ҳодисалар юз беради. «Сати» деган бидъат ҳам қанча бегуноҳ аёлларнинг ўлган эрлари мурдасига қўшилиб оловда куйиб кетишларига сабаб бўлмоқда. Акбар махсус фармон билан «сати» одатини ҳам, ўн-ўн икки ёшли қизларни эрга беришни ҳам қатъиян ман қилди. Ўғил болани ўн олти ёшдан олдин уйлантириш, қизларни ўн тўртга тўлмасдан эрга бериш қонун томонидан тақиқланди. Бирбал, Абулфазл каби алломалар маслаҳати билан чиқарилган бу қонун шаҳзода Салимнинг Алибек томонидан уйғотилган истакларига қарши келиб қолди. Салим ва унинг тарафдорлари бу қонунни четлаб ўтиш учун қулай фурсат пойладилар.

Наврўз байрами Ҳиндистондаги барча имон-у эътиқод вакиллари учун баробар бўлган умумхалқ байрами тарзида ўтказилар эди. Барча сарой иморатлари, кўча ва майдонлар, бозор расталари чўғдай ясатилар, анвойи ширинликлар, сумалак ва «ш» билан бошланадиган етти хил тансиқ нарсалар тайёрланарди.

Наврўзга бир кун қолганда Акбар энг яқин бек-у аъёнларини девони омга йиғди-да:
— Ҳар бирингиз дилингизга тугиб юрган битта эзгу тилакни айтинг, — деди, — токи шу қутлуғ айёмда биз уни бажо келтирайлик.

Беклар тахтнинг ўнг томонида, подшонинг ёнида ўлтирган Салимга кўз тикишди. У барча аъёнлардан ёшроқ — энди ўн тўртга кирган. Лекин тўнғич шаҳзода бўлгани учун кекса амир-у вазирлардан ҳам юқорироқда — Акбардан кейинги иккинчи ўринда ўлтирибди. Бобур ҳам, Ҳумоюн ҳам ўз тўнғич ўғлини мана шундай эъзозлаб ўстиргани учун Акбар ота-боболарининг қарзини ўғлида узмоқда. У биринчи тилак айтиш ҳуқуқини ҳам Салимга бериб:
— Қани амирзодам, — деди.

Салим ўрнидан туриб отасига яхшилаб таъзим қилгач:
— Ҳазратим, сиздек улуғ сиймога ўғил бўлганим учун тангрига шукурлар қилурмен! — деди. — Агар жоиз бўлса, дилимдаги битта тилакни айтгаймен.
— Жоиз, жоиз! — деди Акбар жилмайиб.

Салим отасидан сўрамоқчи бўлган тилагини мавлоно Фарид ёрдамида олдиндан пишитиб келгани учун яхши ёд олган дарсини айтаётган талабадай равон сўзлай бошлади:
— Ғазни ёки Бадахшон каби салқин тоғлар орасида йигитлар эҳтимол ўн олти ёшгача балоғатга етмаслар. У ёқдаги қизларни ўн тўрт ёшгача эрга бермаслик тўғри... Аммо Ҳиндистон иқлимида ёшлар тез балоғатга етурлар... Азалдан.. одат бор... Ўғли-нгизнинг тилаги шуки, ўн олти ёшдан уйланиш ҳақидаги фармони олий шимолий ўлкаларга жорий қилинса. Бу ерда ўн тўрт ёшдан уйланишга рухсат берилса... Қизлар ўн икки ёшдан узатилсалар...

Беклар шаҳзоданинг ҳалитдан уйланишни истаб қолганини сезишди-ю, бир-бирларига жилмайиб қараб қўйишди. Бироқ Акбарга биринчи бўлиб тилак айтган ўғлининг бундан муҳимроқ нарсаларни ўйламаслиги ва отаси чиқарган қонунни бузишдан тоймаслиги жуда нохуш туюлди. Лекин ўғлини беклари олдида изза қилмаслик учун ҳеч нарса демади-да, Салимга «ўтира тур!» деган ишорани қилди, сўнг Абулфазлга юзланди:
— Мавлоно, сизнинг тилагингиз недур?
— Ҳазратим, ҳанузгача эътибордан четда қолиб келмоқда бўлган бир зарурат бор, — деб Абулфазл аҳолининг сони ҳақида гапирди. — Биз пулни ҳисоблаймиз, молни ҳисоблаймиз. Бироқ одамларимиз қанча? Аҳолининг қанчаси эркак, қанчаси аёл? Қанча одам қайси элга, қайси эътиқодга мансуб? Шуни ҳалигача аниқ билмайдирмиз. Ҳолбуки, буни билмасдан туриб бехато сиёсат юргизиб бўлмагай. Шунинг учун фақир бутун мамлакатда аҳоли рўйхати ўтказилсин, деб тилак билдиргаймен.

Акбар бу тилакни маъқул кўриб бош ирғади. Бошқа аъёнлар катта кўприклар қуриш, ариқ қазиб, сув чиқариш ҳақида муҳим-муҳим истакларини айтдилар. Акбар давлат ва эл-юрт манфаатларини кўзлаб айтилган ҳамма тилакларни қабул қилди. Буларнинг қаршисида ўғли Салимнинг фақат ўзини ўйлаб билдирган тилаги янада майда ва бачкана туюлди.

Акбар аъёнларига жавоб берди-да. Салимни ўзининг хонайи хосига бошлаб кирди. Уни қаршисига тик турғизиб қўйиб:
— Ўғлим, сен бугун мени ҳам, ўзингни ҳам хижолатга қолдирдинг, — деди. — Бутун мамлакатга эълон қилинган фармонни мен нечун бекор қилмоғим лозим? Сенинг тезроқ уйлангинг келгани учунми?

Салим бўзрайиб ерга тикилганича сукут қилди. Унинг узр сўрамай жим тургани Акбарга ўжарлик аломати бўлиб кўринди.
— Сенда ҳалитдан нафс ғолиб келса, оқибати не бўлишини ўйлайсенми? Ахир никоҳнинг муқаддас мақсади — фарзанд кўриш-ку. Фақат кўнгилхушлиги учун уйланурлар, деб сенга ким ўргатди?

Сўнгги пайтларда Алибек Салимга Акбарнинг ҳарамида қанақа гўзал қизлар борлигини шивирлаб айтиб берган ва уни ҳазратдан ибрат олишга ундаган эди. Лекин сир сақлашга ўрганган Салим ҳозир буни отасидан яширди.

Салимнинг боши эгик бўлса ҳам, лабининг бир чети тиржайиб истеҳзоли жилмайгандай бўлди. У отасининг мутъа никоҳи билан уйланган хотинлари кўплигини эслатиб, «ўзингиз ҳам ўргатмоқдасиз!» демоқчи эди.

Акбарнинг ҳарамида Салима бегим, рани Жодҳа Бай каби ўғил туққан хотинларидан ташқари Истамбули бегим деган йигирма ёшли ҳуснда тенгсиз турк жувони ҳам бор. Яна у фарангистонлик Мария деган сутга чайилгандай оппоқ бир гўзални ҳам никоҳига олганини Салим яқинда Алибекдан эшитди. Отаси қирқдан ошгандан буён шу икки ёш хотин унга қанчалик суюкли бўлиб қолганини Алибек бутун тафсилотлари билан айтиб берди. Ахир Салимнинг онаси Жодҳа Бай ҳам энди ўттиз бешга кирган кўҳлик жувон-ку. Онаси ҳафталар давомида Акбарнинг йўлига кўз тикиб, кундошлик аламидан юм-юм йиғлаган пайтларида, отаси бошқа суюкли хотинининг ҳарамида кўнгилхушлик қилишини Салим билмайдими?

Акбар ўғлининг тиржайишидан шу маънони пайқади-ю, аччиқланиш ўрнига ўнғайсизланди. Чунки у ўз ҳаётининг ўғилларига ибрат бўлолмайдиган энг чигал қисми ҳарамда кечишини биларди. Нафис ва жўшқин эҳтирослар дарёсида чаппар уриб сузганлари, Жодҳа Бай қасрида сатранж ўйнаганлари, Салима бегим кўшкидаги шеърхонликлар, бошқа хотинлари учун қурдирган ораста уйларда бўладиган ўйин-кулги, ашула, рақс, хурсандчиликлар — ҳаммаси унинг оғир жангларда ва ҳокимият талотумларида тортган азоблари эвазига тақдир томонидан юборилган мукофот, холосми? Йўқ, кўнгилхушликлар ўтгандан кейин бошланадиган дилсиёҳликлар Акбарга бу мукофотнинг ичи тўла жазо эканини кўрсатиб туради. Севиб уйланган жуфти ҳалоли Жодҳа Байнинг муҳаббатига яраша вафо кутиб термулган ёшли кўзларини кўрганда Акбар ўзидан ўзи нафратланади. Бошқа хотинлари ҳам мудом унинг дийдорига зор. Шоҳона уй-жойлар-у зеб-у зийнатлар ҳам уларнинг кўзларига кўринмайди. Гулдай умрлари ҳар замонда бир келиб кетадиган эрнинг дастидан хазон бўлаётгани, айниқса, фарзанд кўрмай ўтаётган ёш хотинлари учун даҳшатли фожиа эканини Акбар уларнинг дил ёриб йиғлаб гапирган пайтларида билиб қолади, руҳий қийноқларга чидай олмай, ҳатто саройдан бош олиб кетгиси келади.

Бултур ярим тунда отаси ҳарамдан руҳан эзилиб чиқиб, ёлғиз ўзи Панжоб томонга йўл олганини ўғли Салим ҳам эшитган. Иккита қўриқчи йигити унга яқинлашишга журъат этолмай, кетидан эргашадилар. Қўрчибеги, «бундай пайтда Акбарга сўзи ўтадиган ягона одам — рожа Бирбал» деб, уни уйғотди. Икковлари қоронғи тунда ҳамон пиёда кетаётган Акбарга яқин бориб, отдан тушдилар. Бирбал қўрқа-писа ёнига борганда, Акбар уни ҳам жеркиб ташлади:
— Мени ўз ҳолимга қўйинг! Кетинг!
— Ҳазрати шаҳаншоҳ, ахир қоронғи тунда қайга бормоқчисиз?
— Мени тахтга чиқарган жойларига боргаймен. Подшоҳлигини қайтариб бериб, бу гуноҳлардан соқит бўлмоқчимен. Кетинг! Эргашманг!

«Хуши жойида эмас, Истамбули бегим ҳузурида кўпроқ ичиб қўйганми?» деб ўйлади Бирбал. Сўнг тонг отгунча Акбар билан қорама-қора бораверди. Атроф ёришиб кетгандан сўнг йўлда учраган одамлар уни таний бошлади. Кун ёйилганда Акбарнинг атрофида одам кўпайиб кетди.

Акбар Панжобгача пиёда етолмаслигини энди фаҳмлагандай бўлди-ю, от келтиришни буюрди. Бирбал ҳам отланиб, ўттиз милча йўлни бирга босиб ўтди. У ёқдан бу ёқдан гапириб, ҳар хил ҳикоят, ривоят ва латифалар айтиб берди-да, ахири Акбарни жилмайишга мажбур қилди. Ҳовури сал босилгандан кейин, Бирбал уни саройга қайтишга кўндирди.

Бу йил баҳорда Акбар яна ҳарамдаги руҳий қийноқлардан безиб, саройдан саҳар палла ёлғиз чиқди-да, Секрининг жанубидаги ўрмонларга кириб кетди. Икки кунгача туз тотмади, ҳеч кимни яқинига йўлатмади. Бу гал ҳатто онаси Ҳамида бегим билан ҳам гаплашгиси келмади. Унинг ҳарамга оид нозик ва чигал сирларини фақат рожа Бирбал билар эди. Яна шу дўсти Акбарнинг олдига бориб, қувса ҳам кетмай, ахийри уни дил ёриб сўзлашга мажбур қилди:
— Фаранги хотиним Мария йиғлаб айтдики, «ҳатто қулларни озод қилибсиз, қул эмас, чела деб аташни буюрибсиз, лекин ҳарамда сизни суядиган хотинларингизни нечун бунчалик қаттиқ тутмоқдасиз?» Шундай деб эшикни менга кўрсатди: «Буни фақат ташқаридан қулфлайдилар, қулф ичкаридан очилмайдиган қилиб ўрнатилмишдир!» Яъни ҳарамдаги аёл остона ҳатлаб ташқарига чиқмасин, унинг ҳар бир қадами назорат остида бўлсин, деб шундай қилинмишдир!
— Бундай ҳарам тутиш русумини сиз ўйлаб чиқарибсизми, ҳазратим? Неча асрлардан бери давом этиб келаётган шоҳлик удуми шундай бўлса начора?
— Лекин шу шафқациз удумни йўқотиб бўлмагайми? Бечора Мария... бошқача ҳаётга ўрганган... Ёки унга жавоб берайми?
— Ўзи шуни истайдирми?
— Йўқ, у менга дил берган. Истайдики, мен ҳам фақат битта уни дейин. Раҳматли Салим ота ҳам, шерга ўхшаб, битта танлаган жуфтим билан яшашни маслаҳат берган эдилар. Не қилай? Бошқа хотинларни талоқ қилиб ҳарамдан чиқарсам...

Рожа Бирбал қўрқиб кетди:
— Бу ҳеч мумкин эмас! Ўғилларингизнинг оналарини талоқ қилиб, ҳарамдан чиқариш... Йўқ, йўқ! Айтишга тил бормайдир!

Акбарнинг ўзи ҳам бунинг мумкин эмаслигини сезиб турибди. Боши берк кўча, ечиб бўлмайдиган тугун! Бирбал икковлари ўрмонда гулхан ёқиб кечаси билан гаплашиб чиқишди. Кўпни кўрган Бирбал ўзи билган ҳар хил ғаройиб воқеалардан, ўқиган турли китобларидан мисол келтирди:
— Инсон ҳаётида ечиб бўлмайдиган тугунлар ҳамиша бўлган, улар ҳар бир кишининг дилида бор, — деб Акбарни ишонтирди...

Ранг-рўйи ўчган, ўрмонда озиб кетган отаси ғалати бир аҳволда Бирбал билан бирга саройга қайтганини Салим ҳам кўрган эди. Акбар бу воқеаларнинг сабабини ўғлидан сир тутарди. Ҳозир ҳам у Салимга пардали қилиб гапирди:
— Мен кўрган руҳий қийноқларни илоҳим сен кўрмагин, ўғлим! Шу ниятда сенга Салим отадай инсофли пок бир одамнинг номини қўйганмен.

Салим ҳамон бошини эгиб жим турибди. Аммо энди лабининг иккинчи чети кўтарилиб, яна кинояли жилмайди. У Салим отанинг ўттиз ёшда суяклари уриб синдирилган ногирон одамга айланиб, ҳассага суяниб қолганини мавлоно Фариддан эшитган. Бунинг нимасига ҳавас қилиб бўлади? Салим йигитлик кучининг бепоёнлиги жиҳатдан отасига ўхшашни, балки ундан ҳам ўзишни истайди.

Акбар ўғлининг авзойидан сўнгги гапи бекор кетганини сезди-ю, ота-боболарининг тажрибасини гувоҳликка чақирди:
— Ахир сен ҳам ўзингдай яхши ўғил кўрмоғинг учун ёшинг етилмоғи керак! Мана, қара: сен туғилганда мен йигирма етти ёшда эдим. Бобур бобомиз туғилганда оталари Умаршайх мирзо ҳам йигирма етти ёшда эканлар. Мен туғилганда ҳазрат отам ўттиз уч ёшда бўлганлар.

Салим энди бошини кўтариб, отасига маъюс бир назар ташлади. Наҳотки отаси уни йигирма-ўттиз ёшларгача бўйдоқ юргин демоқчи?
— Ҳеч бўлмаса, ўн олтидан ошгин, — деди Акбар. — Назаримда, ҳозирги муаллимларинг сени тўғри йўлга сололмаётганга ўхшайдир. Энди Абулфазлни сенга бош тарбиячи қилиб тайин этгаймен.

Салимга Аграда алоҳида қаср қуриб берилган. Шаҳзодалик удумига биноан юзлаб одам унинг итоатида эди.

Абулфазл шаҳзода Салим ихтиёридаги қасрга бориб, унга тарихдан, фалсафадан дарс бериб юрган кезларда Акбар ўзининг янги маслагини эълон қилди. Абулфазл биринчилардан бўлиб уни қабул қилди-ю, Салимни ҳам отасининг йўлига юргизишга интилди.

Салим яна кинояли кулимсиради:
— Бироқ мен ҳали ёшмен, янги маслакни балоғатга етганлар қабул қилсин.
— Об-бо, ҳазратим уйланишга шошилма деганларидан ҳалигача хафа бўлиб юрибсизми, а? Аммо ҳушёр бўлинг. Тождор ота билан ворис ўғли орасида кичкина бир жой дарз кеца шунга дарҳол пона қоқиб, ёриқни жарга айлантирувчилар бор!
— Ўшалар кимлар? — ўсмоқчилаб сўради Салим.— Тодар Малми? Тоғаларим Ман Синх билан Бҳагван Дасми?
— Xудо сақласин! — хитоб қилди Абулфазл.
— Ахир улар ҳам дини илоҳийни қабул қилмабдирлар-ку?!
— Амирзодам, янги маслакни қабул қилиш ихтиёрий. Агар мажбурий бўлганда тоғаларингиз қабул қиларди. Аммо ҳазратимнинг янги эътиқодларини «бҳақти» тарафдори бўлган минг-минг деҳқон-у косиблар, навкар-у заҳматкашлар ихтиёрий қабул қилмоқдалар. Бу борада турли шаҳар-у қишлоқлардан келган ахборотларни сизга ҳам кўрсатмоғим мумкин. Абдуқодир Бадавнийни билсангиз керак. Бадқовоқ имомлардан бўлган шу одам ҳам «мамлакатнинг авом халқидан ярмиси янги маслакка ўтиши мумкин»[26] деб қўрқиб юрибдир.
— Мавлоно, менга авомларни ибрат қилиб кўрсатманг. Ундан кўра тасвирхонага бошлаб боринг.

Салимда мусаввирликка қизиқиш борлигини сезган Абулфазл уни тасвирхонага бошлаб келди. Бу ерда Xўжа Абдусамад, Басаван, Кесу Гужарати, Фарруҳбек Қалмоқи, Жаган Натҳ деган турли элларга мансуб рассомлар «Бобурнома» воқеалари асосида хилма-хил расмлар чизмоқда эдилар. Акбарнинг буйруғи билан мусаввирлар Алишер Навоийнинг «Хамса»сини ҳам чиройли суратлар билан безаган эдилар. Янгидан кўчирилган «Хамса» саҳифаларидан бирида Фарҳод ўз суюкли ёри Ширинни оти билан бирга кўтариб дарёдан ўтказиб қўйгани кўрсатилган эди. Акбарнинг кўрсатмаси билан ишланган яна бир суратда Навоийнинг ўз «Хамса»сини тугатиб, Ҳусайн Бойқарога келтириб бераётган пайти ифода этилган эди. Улуғ хамсанавис шоирлардан Низомий ва Xисрав Деҳлавийлар тепадан уларга завқ билан қараб турганлари ҳам суратда таъкидлаб кўрсатилган эди.

Салим «Маҳабхорат» ва «Рамаяна»га ишланаётган афсонавий суратларни ҳам қизиқиб томоша қилгандан кейин Xўжа Абдусамад унга отасининг суратларини кўрсатди. Қалам билан чизилган хомаки бир суратда Акбарнинг кўзлари ярим юмуқ, қаттиқ ўйга толган пайти худди ҳаётдагидек аниқ кўрсатилган эди. Яна бир суратда Акбар Фарангистондан келган қора кийимли руҳонийларни қабул қилган пайти. Гилам устида Синай тоғидан келтирилган муқаддас тошлар ётгани нафис бўёқлар билан тасвир этилган эди. Шаҳзода Салим мусаввирларнинг ишига астойдил қизиқаётганини пайқаган Абулфазл унинг тасвирхона орқали отасига руҳан яқинлаштириб, маслакдош қилиш фикрига борди.
— Амирзодам, агар истасангиз, санъаткорлар сизнинг ҳам суратингизни чизмоқлари мумкин, — деди.
— Иттифоқо, қиёфалари ҳам ҳазрат оталарига ўхшаш, — деди Xўжа Абдусамад.

Бироқ Салим ўз суратининг отасиникидан бутунлай бошқача тарзда чизилишини истар эди. Акбарнинг суратлари унга ҳаётда бор нарсалардан нусха кўчирилгандай жўн кўринарди. Салим эса афсонавий кўтаринкиликни яхши кўрарди. У «Маҳабхорат»нинг афсонавий воқеаларини тасвир этган рассомларга ўзининг шу ҳақдаги истагини айтди:
— Тушимда Xўжаи Xизрга ўхшаган нуроний бир мўйсафид менга китоб берган эдилар. Ўша пайтда баланд бир жойда ўлтирган эканмен. Пастимда қанотли одамчалар учиб юрганини кўрдим. Фаришталар бўлса керак. Ана шу ҳодисани тасвир этиш мумкинми?

Мусаввирлардан бири шаҳзоданинг бу истагини дарҳол бажо келтиришга киришди. Яна бир рассом Салимнинг онаси ражпутлардан эканини, унинг тоға авлодларида Синх, яъни шер деган номлар кўплигини назарда тутиб, шаҳзодани кулча бўлиб ётган ювош бир шернинг устида тикка турган ҳолда ёвларига камондан ўқ отаётган афсонавий ботир жангчи қиёфасида тасвирлади.

Салимга бу суратлар беҳад ёққани учун уларни чизган рассомларга катта инъомлар берди. Абулфазл эса шаҳзоданинг ташқи қиёфаси отасига ўхшаса ҳам, сийрати бошқача эканини бу суратлар орқали сезиб лол бўлиб қолди.

Акбар ўзи ҳақидаги суратларнинг мумкин қадар ҳаққоний бўлишини истайди. У ота-боболарининг суратларини чиздирганда ҳам, бирортасига Xўжаи Xизр ёки фаришталарни қўшдирган эмас. Ҳолбуки, «Акбарнинг жиловида Xизр юргай», деб ишонадиганлар кўп. Бироқ ўзини назаркарда қилиб тасвирлатиш Акбар учун ўта нокамтарлик бўлиб туюлади.

Салим эса ҳалитдан ўзини Xизр назар қилган фаришталар ёрлақаган, шер елкасига миндирган афсонавий ботир қилиб тавирлаца, кейин нима бўлади?

Абдулфазл ўзининг мана шу андишасини Акбарга бориб айтди.
— Машаққат чекмай ўсган бола ўзини босиб олиши қийин бўлар экан-да! — деб, Акбар уҳ тортди: — Қаттиқ гапирай десанг, дили нозик, дарров кўнгли қолгай. Биз шу ёшда қанча азобларни бошдан кечирган эдик. Буларнинг замонаси бошқа. Отасининг давлати соясида фақат роҳат-фароғатда яшашни ўйлайдир. Начора? Биз ёшликда кўрмаган роҳатлар ҳам ўғилларимизга насиб қилган экан-да. Салимнинг томирида ражпут қони ҳам бор, жуда тез улғаймоқда, уйланишга шошилаётгани ҳам шундан бўлса керак. Қайноғамиз Бҳагван Даснинг чиройли қизи бор. Исми Ман Бай. Салимнинг шунга ишқи тушган эмиш. Ҳозирча унаштириб қўяйлик. ўн олтига тўлганда никоҳлаб бергаймиз.
— Балки уйлансалар қуюлиб ҳам қоларлар, — деб умид қилди Абулфазл.

Лекин Салим уйланиб ҳам босилмади, ўн олти ёшида хотин олиб, ўн еттига тўлмасдан ўғил кўрди-да, отасига: «Ҳозирги ёшлар сизлардан тезроқ балоғатга етишини билиб қўйинг!» дегандай ғолибона кулимсираб қаради.

Ўн беш ёшли Ман Бай бақувват, соғлом бола туққанини кўриб Акбарнинг ўзи ҳам ҳайрон эди. Болага Xисрав деб от қўйдилар. Ман Байнинг ўзини Акбар Шоҳ бегим деб улуғлай бошлади. Салим эса ўн саккиз ёшида Зайниддин кўканинг қиз жиянига ошиқ бўлиб қолди. Ҳамида бегим орага тушиб, «неварам энди мусулмон оиласига ҳам куёв бўлсин», деди. Шу сабабларга кўра, ўн саккиз ёшли Салимга иккинчи қизни ҳам олиб бердилар. Орадан бир йил ўтмай бу келин ҳам ўғил туғди-ю, отини Парвез қўйдилар.

Акбар Абулфазлни чақириб:
— Шаҳзодага энди бирон вилоятни берайлик, — деди ва кулди: — Бошқа иши бўлмагандан кейин бутун кучини ҳарамга бериб яна уйлангиси келиб қолмасин.
— Рост, «Хотира ёзгаймен», деб уни ҳам қилмадилар. Менга бирон саҳифа ёзув кўрсатган эмаслар.

Акбар Салимни пойтахтга яқин бўлган Ажмирга ҳоким қилиб жўнатди. Орадан икки йил ўтмай, Ажмирда у яна бир афсонавий гўзалга ошиқ бўлиб қолди. Рани Балмати исмли бу қиз Бобур билан жанг қилган машҳур ражпут саркардаси Рана Санграм Синхнинг чевара авлодларидан эди. Қизнинг бобоси Удай Синх аввалги адоватларни унутиб, Гужарат юришида Акбарга иттифоқдош бўлган эди. Лекин шу хонадондан чиққан Пратап Синх номли бошқа бир ботир йигит ҳалигача Акбарни тан олмай, тоғлик ўрмонларда унинг аскарларига қарши жанг қилиб юрар эди. Энди Акбар ўғлини Удай Синхнинг чевараси ва Пратап Синхнинг қариндошига уйлантирса, бутун мамлакат танийдиган машҳур оилани ўзига эл қилиши мумкинлигини ўйлади ва Салимга Рани Балматини ҳам олиб берди. Орадан бир йил ўтгач, бу учинчи келин Акбарнинг аввалги невараларидан ҳам миқтироқ ва кўҳликроқ ўғил туғди. Бу ўғилга Xуррам деб от қўйдилар.

Акбарнинг неваралари кўпайиб, ёши элликка яқинлашган сари кўз таглари салқиган, дурустгина қорин ҳам қўйган, юзларида ажинлар кўпайган, мўйловига оқ толалар оралаган бобо қиёфасига кириб борарди. Унга шафқациз бўлган вақт энди бутун марҳаматини Салимга кўрсатмоқда эди.

Йигирма икки ёшида уч ўғилнинг отаси бўлган шаҳзоданинг кўнгли ўсиб, йигитлик жозибаси йил сайин барқ уриб очилиб борар, у ҳар қандай қизни ўзига маҳлиё қила оладиган забардаст кўҳлик йигит эканини ўзи ҳам сезиб мағрурланарди.

Салимнинг хос навкари Алибек Перейро ҳам бу орада агралик бир ҳинд қизига уйланиб, ундан фарзанд кўрди. Алибекнинг умрбод Ҳиндистон фуқароси бўлиб қолганига энди шайх Фарид ҳам ишонди. Авваллари, «бу фаранги шаҳзодани диндан чиқармасин тағин!» деб хавотирда юрган шайх Фарид бора-бора Алибек билан тил топишиб, иноқлашиб кетди. Чунки Алибек ҳам шайх Фаридга ўхшаб, Абулфазлни ёмон кўрар ва Акбарнинг ўрнига тезроқ шаҳзода Салимни тахтга чиқариш орзусида юрар эди.

Аслида-ку, Алберт Перейро Акбар билан Салим орасида нифоқ чиқариш тўғрисида Гоадан махфий топшириқ олган. Шу мақсадда Алибек шаҳзода Салимнинг отасига ёқмайдиган хотинбозликларига иложи борича кўпроқ ёрдам берарди.

Салим Алибекни ўртага қўйиб, Меҳринисо номли гўзал бир эронлик қиз билан танишди. Бу қизга ошиқи беқарор бўлиб, аввалги ёш хотинларига қарамай қўйди. Эрининг интиҳосиз бевафоликлари Акбарнинг суюкли келини Шоҳ бегимнинг ўлимига сабаб бўлди. Энди йигирма ёшга кирган бу кўҳлик жувон афюнни кўп ичиб, ўзини ўзи ўлдирди.

Остонага бош қўйганича абадий уйқуга кетган ёш жувоннинг тепасида олти яшар ўғилчаси Xисрав йиғлаб турар, ҳали ўлим нималигини билмайдиган бечора бола нуқул онасини уйғотмоқчи бўларди. Акбар буни кўриб ларзага келди. Салимга нафрат ва ғазаб билан қичқириб:
— Сен шу фожианинг сабабчисисен! — деди. — Малакдай жувоннинг уволи сенинг бўйнингда! Тоғаларингнинг олдида бизнинг ҳам юзимиз шувит! Бу оғир гуноҳни фақат фидойилик билан ювмоғинг мумкин. Шайбонизодалар Бадахшонга бостириб кирмишлар. Ҳайбар довонида юсуфзайлар бизга қарши исён кўтармишлар. Энди ўшаларнинг устига қўшин тортгайсен! Жангларда ўлим билан олишиб поклангайсен! Бор, йўл тайёрлигини кўр!

Салим эътирозга оғиз очолмай таъзим қилганича чиқиб кетди. Аммо унинг юсуфзайлар билан ҳам, шайбонийзодалар билан жанг қилишга хоҳиши йўқ эди. Шайх Фарид билан Алибек ҳам:
— Зинҳор Ҳайбар довонига борманг! — деб шивирлади.
— Рожа Бирбалнинг ўлими озми, сизни ҳам отангиз шундай хатарли жойга юбормоқчи?

Рожа Бирбал Қоракар довонида ҳалок бўлган, равшанийлар тоғ-у тошлар орасидан тинимсиз ҳамлалар қилиб, Акбар қўшинига катта талафот етказган эдилар. Қорли тоғлар орасида саркардасиз қолган қўшин орқага чекинишга мажбур бўлган эди. Буни яхши биладиган Салим Ҳайбар довонига жўнаш ҳақидаги буйруқни бажармай Аградаги қалъасига қайтиб борди-да, ўзини касалга солиб ётиб олди.

Ундан хабар олишга юборилган Абулфазл Салимнинг Жамна бўйидаги Ҳашт Биҳишт боғида яна ўша Меҳринисо билан учрашиб, висол завқини суриб юрганини билиб келди.

Акбар энди ғазабини босолмади. Меҳринисонинг отаси эътимодхон Акбар қўшинида мингбоши эди. Акбар уни чақиртирди-да:
— Қизингизни кимга узатайлик? — деб сўради. — Салимдан бошқа кимни куёвликка муносиб кўрурсиз?

еътимодхон подшонинг авзойи ёмонлигини сезиб, унинг раъйига қаради:
— Қизимизга Алиқули Истожли деган озарбайжон йигитнинг кўнгли бор, — деди. — Шерни йиқитгани учун Алиқули Шерафкан деган лақаб олган. Ўзи менда юзбоши.

Акбарнинг буйруғи билан Меҳринисони эртаси куниёқ ўша Шерафканга никоҳлаб бердилар. Акбар бу йигитни Бихардан нари Банголадаги вилоят ҳокими Қутбиддиннинг ихтиёрига мингбоши қилиб жўнатди, Меҳринисо ҳам бир кечада эри билан Банголага кетиб ғойиб бўлди. Аградан Банголагача отда бир ойлик йўл. Салим Меҳринисодан бутунлай айрилди. Акбар уни Аградан ўз ҳузурига чақириб олди-да, паст товуш билан:
— Нечун буйруқни бажармадингиз, амирзода? — деб сизлаб гапирди. Аммо унинг мулойим қилиб «сиз»лашидан қўрққулик эди. Салимнинг овози титраб:
— Бемормен... — деди. — Шу аҳволда жангга борсам... кўнглим сезиб турибдир... мен ҳам рожа Бирбалдек ҳалок бўлгаймен!..

Акбар кўнгил сирларини айтиб дардлашадиган суюкли мусоҳиби рожа Бирбални юсуфзайларга қарши жангга юборганидан минг-минг пушаймон эди. Қоракар довонида исёнчилар билан жангга кириб қайтиб чиқмаган Бирбал беном-у нишон йўқолган эди. Қишда Қоракар ва Ҳайбар довонлари бекилиб қолди. Ёзда довонлар очилгандан кейин Акбар юборган олти минг кишилик қўшин шайх Жалолиддинни Ғазни томонларга қочишга мажбур қилди. Акбар афғон қабилаларининг талабига биноан Ман Синхни Кобулдан чақириб олиб, ўзининг кўкалдоши, асли афғонистонлик тожик Зайниддин кўкани Кобулга ҳоким қилиб тайинлади. Юсуфзайлар у билан тез тил топишдилар ва муроса йўлига ўтдилар. Шундан сўнг довонлар очилиб, карвонлар қатнови тикланди.

Фақат рожа Бирбални икки ой излаб, ҳеч жойдан жасадини ҳам тополмадилар. Бу машъум ҳодисадан Акбар узоқ вақт мусибат чекиб юрди.

Ўғлининг сўнгги гапи ундаги ўша мусибат туйғусини уйғотди-ю, қаҳрини сал босди.
— Бемор эмиш!.. — деб Акбар юмшаган товуш билан киноя қилди: — Ҳашт Биҳишт боғида янги маъшуқа билан кайф-у сафо қилиб юрганингизни биз билмаймизми? Сиздаги беморлик — шаҳватпарастликдир! Мен ҳам фаришта эмасмен, кўп хотин олиб оғир гуноҳлар қилганмен! Эҳтимол шунинг қасоси ўғлимнинг шаҳватпарастлигидан қайтаётгандир! Лекин биз қилган яхшиликлар нечун қайтмайдир? Биз тортган азоблар, биз қилган меҳнатлар сизда нечун йўқ? Эртагаёқ кўч йиғиштиринг! Тоғангиз Ман Синх Кобулдан қайтди. Сиз у билан Ражастхон вилоятига жўнагайсиз! Мен болалигимда кўрган Тар саҳросини сиз ҳам бир кўринг, иссиқ-совуқларда тобланиб, одам бўлинг!

Салим отасининг бу галги буйруғини бажармай иложи йўқ эди. Тоғаси Ман Синх ҳам жуда қаттиққўл одам. У айниқса, жияни Шоҳ бегимнинг ўлимидан кейин Салимга аёвсиз муомала қилиши аниқ. Ражастхон эса пойтахтдан узоқдаги исёнкор, нотинч ўлка, Салимнинг Аградаги сўлим боғлардан, Секридаги сафоли кўшклардан кўнгил узиб чет жойга кетиши беҳад қийин бўлди. Абдулфазл уни жўнатиш учун келганда Салим Алибекнинг олдида бутун заҳрини отасининг дўстига сочди:
— Сиз мени отамга ёмонлаб, Меҳринисодан[27] жудо қилдингиз! Ражастхонни ҳам сиз ўйлаб топгансиз! Аммо билиб қўйинг, мавлоно, сизга ҳам қасос қайтгусидир!

Бу гаплар Абулфазлга қанчалик қаттиқ боца, Алибек билан шайх Фаридга шунчалик хуш ёқди. Чунки Салим қасд қилса Абулфазлни ўлдиртириш қўлидан келарди.

Кашмир, Лахўр, Агра: Сўнгги Қадамлар

Бир-бирига туташиб кетган ўнг иккита зилол кўлнинг ойнадай тиниқ сатҳида қорли Ҳимолай тоғлари, арчазор ва қарағайзор ёнбағирлар, қирғоқ яқинидаги мирзатераклар, чинорлар, санобар дарахтлари беҳад кўпайиб акс этади. Анвойи гулшодалар билан безатилган кемалар карвони Дал[28] кўлидан Гулор ва Дегин кўлига сузиб ўтар экан, улар қўзғатган тўлқинлар қирғоқ яқинида очилиб турган минглаб нилуфарларни шўх-шўх тебратиб қўяди. Кеманинг пастки қисмида Акбар даврининг энг машҳур созандаси Тансен бошлиқ машшоқлар Кашмир табиатининг кўркига мос тушадиган гўзал ва нафис куйлар чалиб бормоқдалар. Кеманинг шийпонга ўхшаш болохонаси толорида Акбар, унинг онаси Ҳамида бону ва аммаси Гулбадан бегим юмшоқ зарбоф курсиларда ўлтириб, атрофни томоша қилмоқдалар. Орқадаги кемалардан бирида Жодҳа Бай невараси Xисрав ва надималари билан сузиб келмоқда. Салима бегим ҳам келинли, неварали бўлган. Шаҳзода Мурод Азиз кўканинг қизига уйланиб, ўғил кўрди, отини Рустам қўйдилар. Учинчи кемада Салима бегим Рустамни қўлидан етаклаб, Кашмир тоғларини кўрсатмоқда.
— Ана у — Забарван тоғи.
— У-чи? — деб беш яшар Рустам иккинчи томондаги тоғни кўрсатади.
— Xари Парват тоғи, — деб тушунтирди Салима бегим, — бу тоғнинг устидаги қалъани ҳазрат бобонгиз қурдирмишлар.
— Ана у недир? — деб бола қирғоқдаги боғни кўрсатади.
— Бу — Насимбоғ. Ичида фавворалари бор. Уни ҳам ҳазрат бобонгиз бино қилдирганлар.

Кашмирнинг кўлларида юзлаб катта-кичик кемалар сузиб юрибди. Улардан ҳам кўпроқ кемалар қирғоқларда лангар ташлаб турибди. Кўл суви осойишта, ҳаво илиқ ва майин. Йил бўйи кемаларда истиқомат қиладиган кашмирликлар бор. Тоғдаги ўрмонзорларда эса кемасозлик учун яхши ёғоч берадиган дарахтлар ўсади. Акбар Кашмир кемасозларига буюртмалар бериб беш юздан ортиқ кема қурдирди. Унинг бу тадбири кашмирликлар учун айниқса бу йилги табиий офатлардан кейин жуда қўл келди.

Ҳозир қуёш чарақлаб турган илиқ ва қуруқ сунбула ойида баҳордаги қалин қорларни кўз олдига келтириш қийин. Кашмирда бодом яхши бўлади. Бу ернинг боғлари бутун Ҳиндистонни бодом билан таъминлайди. Кашмир ҳатто қўшни мамлакатларга ҳам бодом чиқариб сотади. Лекин бу йил наврўз кунларида Кашмир бодомзорлари оқ-қизғиш бодом гулларига бурканган пайтда икки кеча-ю кундуз тинимсиз лайлакқор ёғди. Қорнинг қалинлиги одамнинг белидан баланд эди. Йўллар бекилиб қолди. Қийғос гуллаган бодомларнинг шохларини қалин қор ўз залвори билан қарс-қарс синдириб ташлади. Юз минглаб бодом дарахтларини икки кунда шундай пийпалаб, гуллаган шохларини битталаб синдириб чиқишга ҳеч қандай ёвуз дев ёки алвасти ҳам улгурмаган бўларди. Ҳамма бодом гулларини совуқ уриб, синган шохлари пастга осилиб қолди. Бодом ҳосилидан шу тарзда маҳрум бўлган кашмирликларнинг тирикчилик тебратиши қийинлашди, очарчилк бошланди.

Савдо карвонлари бу ерга гуруч, буғдой ва бошқа егулик нарсаларни кўпроқ ташиб келтиргани сари бозорларда нарх-наво пасайиб борди. Аммо табиий офатга учраган кўпчилик кашмирликларда бозордан дон олиш учун пул йўқ эди. Аҳоли меҳнат қилиб пул топиши учун ҳам Акбар Xари Парват тоғи устидаги қалъани ва кўлларда сузиб юрган юзлаб кемаларни қурдирди. Кашмирда сув кўп. Кўллардан ташқари Желам дарёси ҳам сувга тўлиб оқади. Бунинг устига қор-ёмғир сувлари қўшилса, боғлар ва экинзорларни сув босади. Бу офатдан сақланиш учун Акбар катта ариқлар қаздирди. Фақат бу ариқлар экин суғоришга эмас, аксинча, далалардаги ортиқча сувни қочиришга хизмат қила бошлади.

Шу тарзда кашмирликларнинг очарчилик ва қаҳатчилик балоларидан қутулиши анча осонлашди. Акбар бу ерда ҳам қурилиш ва ободончилик ишларини йўлга қўйгани учун Кашмирда унинг ҳайрихоҳлари кўпайиб бормоқда. Акбар уни шу бугун оила аъзолари билан қирғоққа келиб, кемаларга чиқаётганда ўзи, онаси ва аммасининг пойи қадамига нафис гул барглари сочган кашмирликларнинг илиқ муомаларидан сезди.

Ҳозир кўл сатҳидан кўринаётган улуғвор манзаралар завқи кемадагиларнинг кайфиятини янада баланд кўтарди. Табиатан жуда таъсирчан бўлган Гулбадан бегим шавқ-завқини ичига сиғдиролмай хитоб қилди:
— Ҳазрати Акбаржон, айланай сиздан, кекса аммангизни Адандаги жаҳаннам азобидан қутқариб, жаннатдай гўзал Кашмирга олиб келдингиз-а! Тоғ довонларидан гўё кафтингизда олиб ўтгандай бўлдингиз!
— Ўшанда тортган азобларингизнинг роҳатини ҳам кўринг дедим-да! Ахир сиз бобурийлар хонадонининг энг ёши улуғ валинеъмати бўлиб қолдингиз.
— Рост-а, Ҳамида бегим, ёшим етмишдан ошди. Аданда етти ой ҳибсда ётганимда нуқул хотиралар билан жон сақладим. Жаннатмакон отам, раҳматли оғам, Ҳумоюн... уларнинг бошларига тушган кулфатлар... Бирга кўрган яхши кунларимиз... Ҳаммасини илк бор асирлик кунларимда қоғозга туширган эдим.
— Сизда ҳам ҳазрат бобомиздаги адиблик истеъдоди борлигини мен ўша ёзувларингиздан билдим, — деди Акбар. — Тарихнинг не-не улуғ воқеалари соҳибқалам муаррихлар томонидан ёзиб қолдирилмагани учун бутунлай унутилиб кетмишдир. истеъдод нури билан йўғрилган, қалб ҳарорати билан илитилган тарихий воқеаларгина авлодлар хотирасида абадий яшаб қолур экан. Шунинг учун мен ҳатто Шерхон тарихини ҳам Аҳмад Сарангони номли соҳибқалам афғон муаррихига инъомлар бериб махсус ёздирдим. Аҳмад Саран-гони Шерхон аскарлари сафида хизмат қилган экан, унинг ботирлигини роса мақтабдир. Майли, Шерхоннинг катта тажрибаси-ю бошдан кечирган ҳодисалари ҳам авлодларга сабоқ бўлсин. Ҳақиқат зарралари бизнинг рақибларимиз илкида бўлса, уларни ўша жойдан ҳам топиб, эъзозлаб, умуминсоний бир маънавият хазинасига қўшмоқ — бизнинг бурчимиздир.
— Бу бурчни фақат мард, донишманд сиймоларгина шунчалик теран ҳис қилурлар! — деди Гулбадан бегим Акбарга. — Сиз мени ҳам шу бурчга хизмат қилдирганингиздан бошим кўкка етмишдир. Мана, ҳозир Кашмирнинг афсонавий гўзалликларидан завқ олиб, ўзимни бахтиёр сезмоқдамен!

Кашмирга келишдан олдин Гулбадан бегим Акбарнинг илтимосига кўра «Ҳумоюннома» китобини ёзиб тугатган эди. Ҳумоюн даврининг барча аччиқ-чучукларини бирга бошдан кечирган Ҳамида бону ҳам Гулбаданга ўзи яхши билган воқеаларни айтиб бериб, китобнинг мукаммал чиқишига кўмаклашган эди. Акбарга Бобур бобосининг ўлмас хотираларидай самимий ва ҳаққоний туюлган бу китобда фақат аёлларгина айтиб бера оладиган шундай нозик ва гўзал нуқталар бор эдики, уларни ўқиган одам Гулбадан бегимнинг нафис дидига ҳам, адиблик истеъдодига ҳам тан бермай туролмас эди. Акбар аммасини шундай китоб ёзгани учун астойдил бир қувонтиргиси келиб Кашмирга атайлаб олиб келган эди.
— Аммажон, сиз Кашмирдан қанчалик завқлансангиз, мен сиз ёзган китобдан шунчалик завқ олдим!

Акбарнинг бу баҳосини эшитганда Гулбадан бегимнинг кўзларига қувонч ёшлари қуюлиб келди.
— Илоҳим узоқ умр кўринг, Акбаржон! Кашмирнинг бодомзорлари, анорзорлари, тутзорлари, мирзатераклари худди Фарғона водийсини эслатар эмиш. Мен ўзим-ку, Фарғона водийсини кўрганим йўқ, лекин Қиличхон Андижоний Кашмирга келгандан бери туғилган жойларини қўмсаб юраги эзилиб юрибдир.

Ҳамида бону оғир тин олди-ю:
— Менинг раҳматли отам ҳам Тошкент-у Самарқандни қайта кўролмай армон билан ўтиб кетдилар, — деди.

Бу гаплар таъсирида Акбарнинг хаёли тоғлар оша Сирдарё ва Амударё бўйларига томон учди. Кашмир орқали Қашқарга, ундан Ўш орқали Андижон-у Фарғонага олиб борадиган тоғ йўлларининг харитасини шу бугун кечаси синчиклаб кўриб чиққани эсига тушди. Ҳимолай ва Помир тоғларининг оралиқларидан ўтадиган бу йўл Кобул ва Термиз орқали борадиган йўлдан бир неча баробар яқин. Деҳлида Пўлат васвас отган камони шошийнинг ўқи, бу жароҳатининг аччиқ оғриғи уни Турондаги ғанимларидан ўч олишга ундайди. Аммо икки орада Акбар учун Ҳимолай тоғларидан ҳам улканроқ монеликлар бор.

Мовароуннаҳрда ҳамон Абдуллахон ҳукмронлик қилмоқда. Абдуллахон учун энг хатарли рақиб — Акбар бўлганлиги сабабли, у ўзининг энг сара қўшинларини Кобул ва Кашмир билан чегарадош бўлган жанубий ўлкаларда сақламоқда. Акбар отасининг Балхда шайбонийзодалардан қандай енгилганини унутолмайди, улар билан беллашиш учун аввал Ҳиндистондаги ички парокандаликни тугатиб, барча кучларни бир туғ остига йиғишни ўйлайди. У мана шу мақсадда Кашмирни ҳам марказий давлатга қўшиб олди. Абдураҳим хони хонон Синд ва Белужистонга қўшин тортиб кетди.

Қанийди, Акбарнинг ўз ўғли Салим ҳам Абдураҳим каби садоқатли, қобил фарзанд бўлса-ю, отасининг оғирини енгил қилса! Салимнинг ташвиши озлик қилгандай, кейинги ўғли Мурод ҳам ичкиликбозликка ўрганиб, умрини базмларда ўтказмоқда. Акбар уни пойтахтдаги улфат бекларидан узоқроқ тутиш учун жанубдаги Малвага ҳоким қилиб жўнатди. Учинчи ўғли Дониёл ҳозир Қандаҳорда. Ёши ўн саккизга кириб, у ҳам кўп ичадиган бўлган. Наҳотки уч ўғилдан бирортасига Акбардаги ирода ўтмаган бўлса? Бу жавобсиз савол ҳатто ҳозир Кашмир кўлларида сузиб юрган энг масъуд дамларида ҳам унинг дилига соя ташлаб турибди.

Ташқи кўринишдан аммаси Гулбадан бегим ҳозир ўзини жуда қувноқ сезаётганга ўхшайди. Лекин унинг дилида ҳам армонлари кўп.
— Онам Самарқандда, отам Андижонда туғилиб ўсган бўлса-ю, мен ҳанузгача уларнинг юртини бориб кўролмасам-а? — дейди.

Наҳотки Акбар ҳам Андижон-у Самарқандларни кўрмай ўтиб кеца? Унинг Ҳиндистонда қилган нек ишларини Мовароуннаҳрдан келган хайрихоҳ одамлар кўрганда, «қани шу ободончилиг-у ислоҳотлар бизда ҳам амалга оширилса!» деб армон қилишади. Бухорода ҳали ҳам қул бозорлари гавжум эканини, даштий султонлар мусулмон эронликларни «рофизий, шиа» деб, бўйнидан боғлаб, ҳатто бурнини тешиб чилвир ўтказиб, қул бозорига ҳайдаб келиб сотишларини куйиниб айтиб берадилар. Шайбонийзодалар давлатида жуда эътиборли бўлган Қўшқулоқбий, Булдуриқбий, Чўлтанби, Бўзахўр Султон деган беклар Самар-қанд-у Тошкентдай қадимий маданият марказларига хўжайин бўлиб олиб, илм-у маърифатни оёқости қилаётганлари Акбарга ҳам оғир бир кўргиликдай туюлади. «Мовароуннаҳрни бу даштий жоҳиллардан қутқаринг!» деб келувчиларга, «ҳали фурсат етилган эмас, сабр қилмоқ керак», деб жавоб беради.

Лекин сабр қила-қила Акбар ҳам элликдан ошди. Наҳотки Самарқанддаги Амир Темур мақбарасини, Шоҳизиндани, Фарғона боғларини, Тошкетнинг Бўзсувини бирор марта бориб кўриш унга насиб қилмаган бўлса?

Бу савол негадир ҳозир Кашмирдаги мирзатераклар ва чинорзорларни кўрган пайтда юракни эзувчи бир мунг билан кўнгилдан ўтмоқда эди. Шу топда у Мовароуннаҳрга бемалол бориб келаётган элчилар ва савдо карвонларини ҳавас билан эслар эди. Бобур даврида бошланган алоқалар ҳанузгача узилгани йўқ, йигирма йил давомида Абдуллахондан Акбар саройига уч марта элчилар келиб кетди. Акбар ҳам Бухорога уч қайта элчилар юборди, Абдуллахоннинг совғаларига яраша қимматбаҳо инъомлар жўнатди.

Бундан мақсад фақат муроса қилиш эмас, балки бир-бирларининг аҳволидан яхшироқ хабардор бўлиш ва қулай пайт келганда ёнбошга олиб, ерга кўтариб уриш ҳам эди. Савдо карвонлари билан Мовароуннаҳрга ҳар йили бориб келаётган хуфиялар янги-янги гаплар топиб келишмоқда. Акбарнинг Ҳиндистонда диний тўнтариш ясагани Бухородаги жўйбар шайхларининг сочини тикка қилиб юборибди. Улар Акбарни шиалардан ҳам баттар кофир деб эълон қилишиб, унинг номини тилга олдирмай қўйишибди, Абдуллахонни эса мусулмон оламининг имони пок, исломга содиқ тождори деб улуғлашибди.

Хўжа Ислом номли дин пешвоси энг мутаасиб шайхларни Бухорога йиғиб, уларнинг номидан Акбарга қарши ғазабли фатволар чиқараётган бўлсалар ҳам, Абдуллахон ҳанузгача Ҳиндистон билан алоқани узган эмас. У ҳамон Акбарга элчилар юбориб, мактублар ёзиб турибди. Чунки агар хон Акбар билан алоқани узса, бундан Эрон подшоси шоҳ Аббос фойдаланади. Акбар давлатининг қудрати маълум, агар уни Эрон ўз томонига оғдириб олса, Абдуллахон иккита зўр рақиб қаршисида яккаланиб қолади. Абдуллахон Акбар олиб бораётган янгича сиёсатни қанчалик ёмон кўрмасин, унинг элчиларини зўр тантана билан қабул қилди. Акбар Бухородаги жўйбар шайхларининг таҳдидли фатволари устидан кулган каби, ўзининг энг яқин маслакдошларини — Ҳаким Ҳумом ва Садри Жаҳонларни Абдуллахон саройига элчи қилиб юборди. Қани хон янги имон-у эътиқод вакилларига бирон ёмонлик қилиб кўрсин-чи! Ёки жўйбар шайхлари уларни «кофир» деб тошбўрон қилдирсин-чи! Йўқ, улар Акбарнинг беш-олти йилдан бери бутун кучларини шимолий вилоятфларга йиғаётганидан хабардор. Ҳозир ёши олтмишдан ошиб, анча касалманд бўлиб қолган Абдуллахон Акбарнинг енгилмас саркарда деб шуҳрат қозонгани бежиз эмаслигини билади ва у билан урушишга юраги бетламайди. Шунинг учун Абдуллахон ўзининг мафкуравий душманлари бўлган Акбар элчиларига катта зиёфатлар берди, сафарларга бирга олиб чиқди, зарбоф тўнлар ва чопқир отлар инъом қилиб, иззат-икром билан жўнатди.

Мовароуннаҳрда бир йилдан ортиқ юриб қайтган Акбар элчилари Самарқанд-у Бухорода хон зулмидан безор бўлган одамлар тобора кўпайиб бораётганини, бунинг устига хоннинг катта ўғли Абдумўмин отасининг тахтини тезроқ эгаллаш иштиёқида унга қарши кураш бошлаганини билиб қайтдилар. Абдуллахон Xуросонга Қулбобо кўкалдошни ҳоким қилиб тайинлагани Абдумўминни қаттиқ норози қилибди. Чунки у Ҳиротни ўзига пойтахт қилмоқчи ва мустақил давлат тузмоқчи эди. Шу мақсадда у ҳатто турк подшоси Султон Салимга отасидан бесўроқ элчилар юборган эди. Ўғлининг нияти бузуқлигини сезган Абдуллахон Абдумўминни Ҳиротдан ҳам, Бухородан ҳам узоқроқ тутгиси келиб, Балхга ҳоким қилиб жўнатди. Балх Панжобга яқинроқ эди. Абдумўмин энди Лахўрда турган Акбарга отасидан бемаслаҳат элчилар юборди. Унинг саройидаги ҳуфияларнинг маълумоти Акбарга бу элчидан олдинроқ етиб келди: Абдумўмин ўз элчисига совчилик вазифасини ҳам юклабди, Акбарнинг қизига уйланиш истагини билдирибди ва шу йўл билан ўз отасидан баланд келмоқчи бўлибди.

Босар-тусарини билмай ҳовлиқиб юрган Абдумўмин ўзини Акбарга тенг кўриб элчи юборгани, яна уялмай унинг қизини хотинликка сўрамоқчи бўлгани Акбарнинг қаҳрини келтирди. У Ҳайбар довони этагига элчини кутиб олиш учун махсус одамлар юборди-да:
— Бадбахтни ўша ёқда даф қилинглар, Ҳинд дарёсидан берига ўтмасин! — деб буюрди.

Абдумўминнинг совчилик вазифасини ҳам ўташ учун келаётган элчиси серсув Ҳинд дарёсидан ўтаётганда гўё тошқин туфайли ғарқ бўлиб кетди. Абдумўминнинг Акбарга куёв бўлгиси келиб ёзган мактуби ҳам, юборган совғалари ҳам сувга чўкиб ном-нишонсиз йўқолганини Бухорода туриб эшитган Абдуллахон:
— Баттар бўлсин! — деб суюнди.

Шайбонийзодаларнинг ўз ичидан чиқаётган бу ўт аланга олса, Абдуллахон узоққа бормаслиги аниқ. Чунки унинг жигар касали кучайиб, отга минолмайдиган бўлиб қолганини Акбар эшитган. Шу кетишда Абдумўмин отасининг ўлимини тезлаштиради. Лекин Абдумўминнинг ўзига қарши бош кўтарадиган кучлар ҳам кўп. Акбар ана шу кучлар ёрдамида уни енгиши мумкин.

Аммаси Гулбадан бегимнинг Самарқанд-у Фарғонани қўмсаб айтган гаплари таъсирида қўзғалган мураккаб ўйларини у шу фикр билан якунлади-да:
— Аммажон, мана, Кашмирга келдик, омон бўлсак, ҳадемай Самарқанд-у Фарғоналарга ҳам бориб қолгаймиз! — деди.
— Илоҳим муродингизга етинг!

Ҳамида бегим бу гаплардан қувониш ўрнига алланечук сергакланиб қолди.
— Шоҳ ўғлим, Туронга сиз фақат қўшин тортиб, жанг қилиб бормоғингиз мумкин. Шайбонийзодаларнинг беҳисоб кўп қўшини бор эмиш. Ўзлари ўлгундай жангари, қанча одам қирилишини ўйласам, ваҳмим келур!
— Начора! Биз ҳам сайёҳ ёки элчи бўлсак эдик, бирорта карвонга қўшилиб, ота-боболаримиз ватанига тинчгина бориб келар эдик. Лекин шайбонийзодалар бобурийларни Туронга йўлатмайдилар, ҳатто бизнинг тўғримиздаги рост гапдан ҳам қўрқадилар. Мовароуннаҳрдан Ҳиндга келиб кетган одамлар кўзлари билан кўрган қурилишларимиз, тасвирхоналаримиз, янгича сиёсатимиз ҳақида Самарқанд-у Бухорога бориб ҳақиқатни сўзласалар бас, «Диндан қайтган Акбарнинг тарафдори», «хоин», «кофир» дейишиб, жазога буюрурлар.
— Наҳотки шунчаликка боришса? — ҳайрон бўлиб сўради Ҳамида бегим. — Абдуллахон Бухорода мадрасалар, карвонсаройлар қурдирган эмиш. Работлар ҳам солдиргани учун эл орасида янги бир нақл пайдо бўлган эмиш. «Абдуллахон бир кеча ётиш учун работ солдирган, сен ҳам беш кунлик дунёда уй-жой қуриб яшаб қол», дер эмишлар.
— Рост, шайбонийзодалар орасида энг истеъдодлиси— Абдуллахондир. Бундай қудратли давлат тузиш ҳар кимнинг ҳам илкидан келмагай. Лекин даштий султонларга хос дағаллик унда ҳам бор экан-да. Бундан анча йил аввал самарқандлик Абдураҳим Мушфиқий деган шоир Аграга биздан паноҳ истаб келди. Шунда менга куйиниб айтиб бердики, «Бобурнома»ни мақтагани учун Абдуллахон уни «сен биздан темурийларни баланд қўймоқчисен» деб ўлимга буюрибдир. Мушфиқий сарой кутубхонасининг китобдори, катта шоир бўлгани учун Абдуллахоннинг вазири Қулбобо кўкалдош орага тушиб, шафоат сўрабдилар. «Мушфиқий сизни темурийлардан баланд қўйиб шеърлар ёзган», дебдир. «Қани ўша шеърлар?» дебди хон. Вазир шеърни ўқиб берибди. «Мен қилич ялан-ғочлаб, от чоптириб борай, Мушфиқий узангимдан ушлаб, ёнимда ўша мақтов шеърларини айтиб чопсин. Агар шу шартни бажаролмаса, бўйнига қилич ургаймен, боши кетгай». Бечора шоир не қилсин? Абдуллахон қилич яланғочлаб отини йўрттирибдир, Мушфиқий унинг узангисидан ушлаб, хонни улуғлайдиган шеърларни айта-айта чопибдир.
— Оҳ, бечора! — деб қўйди Гулбадан бегим.
— Мушфиқийнинг зеҳни ўткир экан, адашмасдан, тўхтамасдан, маррага етгунча ашъор айтибдир. Шу тарзда тирик қолгандан сўнг, Абдуллахондан ихлоси қайтиб, Бухородан бош олиб чиқибди-ю, савдо карвони билан Аграга келибдир.
— Ҳозир ҳам Аградами?
— Йўқ, икки-уч йил тургач, кетишга рухсат сўради. Кейин билсам, бизнинг сарой шоирлари уни хафа қилган эканлар. «Ҳар қанча азоб чексам ҳам, ватанимга қайтай, шоир туғилган юртидан айрилса ердан узилган дарахтдай ижоди сўнар экан» деди. Жавоб бердик, қайтиб кетди.

Акбар сўнгги сўзларни Мушфиқийга алланечук ҳаваси келиб айтди, чунки ўша шоир қайтиб борган Самарқандга у ҳалигача боролмас эди. Бироқ бобокалонларининг мақбараси турган бу шаҳарни шайбонийзодалардан тортиб олиш, Мовароуннаҳрда Улуғ-бек ва Навоийлар давридаги маънавий кўтарилишларни қайта тиклаш истаклари йил сайин дилида чуқур илдиз отиб борарди. Бу истакларни Ҳиндистоннинг шимолида туриб амалга ошириш қулайроқ бўлгани учун Акбар милодий 1585-йилдан бошлаб пойтахтни Фатҳпурдан Лахўрга кўчирган эди. Пойтахтни Лахўрга кўчиришнинг яна бир сабаби — Фатҳпур-Секри дарёлардан узоқ, унинг ёнидаги кўл эса аҳоли кўпайган сари саёзлашиб, суви шўрроқ бўлиб кетди. Фатҳпур-Секрида аҳолининг сони икки юз-у эллик мингга борди. Бунча одам кўл сувини яна ўттиз-қирқ йилда ичиб тамом қилиб қўйиши ҳам мумкин. Бир чеккаси шуни ҳам ўйлаб, Акбар пойтахтни серсув Лахўрга кўчириб келган эди.

* * *

Ўн беш йилдан бери Лахўр пойтахтга айланиб, Рави дарёси бўйида Самарқанд обидалари каби ранг-баранг кошинлар билан зийнатланган янги қасрлар, мадрасалар пайдо бўлди. Подшо саройи қаерни пойтахт қилса ўша жойда пулдорлар кўпайишини ва савдо қизишини биладиган тужжорлар Лахўрда янги-янги расталар ва бозорлар очдилар.

Жаҳоннинг турли томонларидан йўлга чиққан савдо карвонлари шимолдаги Кобул, ғарбдаги Қандаҳор, жанубдаги Агра ва Деҳли орқали Лахўрга келади. Катта йўллар орасида энг машҳури — Агра, Фатҳпур ва Лахўрни бир-бирига боғлайдиган уч юз мил узунликдаги Шоҳроҳ. Махсус буйруқ билан кенгайтирилган ва атрофи обод қилинган бу йўлдан тўрт-бешта арава қатор юрса ҳам сиғади. Унинг саҳнига силлиқ тошлар ётқизилган, икки томонига бора-боргунча серсоя дарахтлар ўтказилган, ҳар етти-саккиз мил жойда тўхтаб дам олинадиган, овқат ейиладиган ва от алмаштириладиган ёмхона — бекатлар қурилган. Шунча узоқ масофага чўзилган бундай катта йўл ўша даврда жаҳоннинг жуда камдан кам жойида учрашини милодий 1591-йилда Лахўрга келиб кетган инглиз элчиси лорд Эдвард Лаётон ўз хотираларида ёзиб қолдирган.

Акбар шимолий чегаралар ташвиши билан нечоғлиқ банд бўлмасин, португал истилочиларининг жанубдаги ҳаракатларини сергак кузатиб турарди. Сўнгги йилларда Ҳинд уммонида инглизлар португаллар билан аёвсиз жанглар қилмоқда эдилар. Акбар бу икки рақибнинг ўзаро низоларидан фойдаланиш учун инглиз элчиси Эдвард Лаётонни Лахўрда қабул қилди. Муомалага уста бу лорд Англияни фақат ҳинд савдоси қизиқтираётганига Акбарни ишонтирди. У португалларга қарши курашда Акбарга ёрдам бериш шарти билан Ганга дарёсининг уммонга чиқадиган Калкутта номли жойида «Ост-инд» ширкатининг кичик бир шуъбасини очишга рухсат олди. 1600-йилда Англия қироличаси Елизавета бу ширкатни қўллаб-қувватлайдиган махсус қарор чиқарди. Лекин «Ост-инд» ширкати келажакда бутун Ҳиндистонни мустамлакага айлантирадиган машъум кучга айланишини у пайтда Акбар ҳам, Елизаветанинг ўзи ҳам тасаввур этмаган бўлсалар керак...

Аммо уммонлар ортидан сузиб келаётган фаранги кемалар Ҳиндистоннинг жанубий қирғоқларида тобора кўпайиб бораётгани Акбарни безовта қиларди. Фойда кетидан қувган фарангилар уммон бўйидаги Бижапур, Голканда, Аҳмаднагор ва Xандеш деган майда-чуйда мусулмон давлатларини бир-бири билан уруштириб қўйиб, ўзлари уммон қирғоқларида янги-янги қароргоҳлар барпо қилмоқда эдилар. Акбар эса бу султонликларни фарангиларга қарши бирлаштиришга интилар эди. Шу мақсадда ўзининг энг ишонган одамлари бўлмиш Файзий ва Абулфазлларни жанубдаги султонликларга бир эмас, тўрт марта элчи қилиб юборди. Ахийри Xандеш султонлигининг Алихон деган ҳукмдори Акбар давлатига ихтиёрий равишда қўшилди ва унинг аскарларига ўз давлати чегараларини очиб берди.

Хандешнинг Бурхонпур шаҳрига Акбар ўзининг йигирма саккиз ёшли ўғли Муродни катта қўшин билан жўнатди. Муродга тажрибали саркарда Абдураҳим хони хонон бош маслаҳатчи қилиб тайинланди. Акбар уларга фарангиларни Малобар қирғоқларидан ва Гоадан қувишни бош вазифа қилиб қўйди. Унинг назарида, Муроднинг фаранги тилини билишлиги бу вазифанинг сўзсиз адо этилишига ёрдам бериши керак эди.

Мурод Бурҳонпурда туриб, фарангилардан бир қанча замбараклар сотиб олди. Аммо бу замбараклар хийла эскирган. Гоада истеъмолдан чиққан, уларни фаранги тўпчиларнинг ёрдамисиз отиб бўлмас эди. Шунинг учун Мурод фаранги тўпчилардан бирини ўз ёнига таклиф қилди. Бу фаранги тўпчи жуда хушмуомала улфат йигит экан, Муроднинг ичкиликни яхши кўришидан фойдаланиб, у билан тонготар базмларда майхўрлик қила бошлади. Акбар ўғлини майхўрликдан эҳтиёт қилишни Абдураҳимга топширган эди. Абдураҳим хони хонон шаҳзоданинг тунги базмларини тўхтатишга, бутун эътиборини Акбар топширган вазифага қаратишга кўп уринди. Аммо шаҳзода унинг гапига эмас, майхўр улфатларининг гапига кўпроқ қулоқ солар эди. Абдураҳим билан шаҳзоданинг орасини ўшалар бузди. Ширакайф Мурод Абдураҳимни: «Сен шиасен, бизга етти ёт бегонасен!» деб ҳақорат ҳам қилди. Яна Абдураҳимнинг устидан шикоят ёзиб, чопар билан Лахўрдаги отасига жўнатди.

Худди ўша кезларда Самарқанддан Акбар учун жуда муҳим бўлган янги хабарлар келмоқда эди. Абдуллахон Қарши атрофларида қишлаётган пайтда Абдумўмин Балхдан отасига қарши яшириқча қўшин тортади. У Амударёдан ўтганда Абдуллахон бундан хабар топади-ю, Самарқандга шоша-пиша чекинади. Жигари ҳилвираб қолган хонга қишки йўлларнинг азоби ёмон таъсир қилади. Абдуллахон Самарқандда 1598-йилнинг ҳут ойида вафот этади.

Абдумўмин тўнғич ўғил бўлгани учун дарҳол отасининг тахтини эгаллайди ва биринчи қилган иши — отаси яхши кўрган бек-у аъёнларни аямай қириш бўлди. Шулар орасида Абдуллахон давлатининг энг ақлли ва тадбиркор вазири Қулбобо кўкалдош ҳам «душоха» деб аталадиган даҳшатли исканжага солиниб, минг қийноқлар билан ўлдирилади. Абдумўмин хон оиласининг тахтга даъво қилиши мумкин бўлган вакилларини ҳам бирма-бир қиличдан ўтказади. Абдуллахон авлодидан фақат Пирмуҳаммад кўкнори аллақайси такяда кайф билан ётиб қолган бўлади, уни ўлдиришга юборилган одамлар уйидан тополмайдилар. Кейин Абдумўминга қарши исён кўтарган бийлар ана шу Пирмуҳаммад кўкнорини ўзларига хон кўтариб, майдонга чиқадилар. Ички уруш бошланади.

Акбарнинг Мовароуннаҳрдаги тарафдорлари: «Энди сизнинг Туронга келишингиз учун фурсат етилди, Абдумўмин билан Пирмуҳаммад кўкнори ҳадемай бир-бирининг бошига етгай!» деган мазмундаги мактублар юбордилар.

Аксига олиб, худди шу кезларда Акбарнинг ўз даргоҳида ҳам бир-биридан оғир мусибатлар юз бера бошлади. Унинг энг ишонган саркардалари Бҳагван Дас ва Тодар Мал орқама-кетин касалга чалиниб вафот этишди. Улардан сўнг шоир Файзи Фаёзий оламдан ўтди. Муроднинг ўғли Рустам тўққизга кирганда бўғма касалидан жон берди. Бу машъум хабар Бурҳонпурда Абдураҳим билан тил топишолмай, нуқул ичиб юрган Муродга маълум бўлди. У иссиқни унутиш учун ҳам май ичар эди. Энди ўғлининг доғида йиғлаб тун-у кун маст бўлиб юрди ва ахийри оқтутқалоқ касалига учраб, ўзи ҳам вафот этди.

Бурҳонпурдан Лахўргача отда бир ярим ойлик йўл. То Акбарга хабар етиб келгунча ҳинд иссиқларида Муроднинг жасадини сақлаб туриш ҳам мумкин бўлмади. Уни ота-она иштирокисиз Бурҳонпурга дафн этган эдилар. Буни эшитган Салима бегим:
— Наҳотки ёлғиз ўғлимнинг жасадини ҳам кўролмасам! — деб дод солиб йиғлади, юзларини тирнаб қонатиб юборди: — Йўқ, мени Муроджоннинг олдига юборинглар! Мен унинг қабрини қучоқлаб видолашай!

Лекин у ёқларда ҳали уруш тугамаган, йўллар хатарли эди.
— Xатарли бўлса майли, ўлсам ўғлимнинг ёнига кўминглар!

Йигирма тўққиз ёшли Мурод Акбарнинг дилидан ҳам катта бир парчасини юлиб олиб кетгандай бўлди. Абдураҳим Бурҳонпурдан келиб фожианинг тафсилотларини айтиб берди. Муроднинг интиҳосиз майхўрликларида унинг яқин улфатига айланган фаранги тўпчининг ҳам хизмати борлигини Акбар сезди. Деҳлида Акбарга суиқасд қилган Пўлат васвас ва унинг уйидан топилган фаранги тўфанг хаёлида қайта гавдаланди. Ўшанда Пакавира Акбарга қарши оттиришга улгурмаган тўфангни энди фаранги тўпчи чоғирга айлантириб, унинг ёрдамида Муродни ҳалок қилган бўлиши мумкин эмасми?

Наҳотки Акбар — Акбар бўлиб, уммон ортидан келган бир неча минг босқинчи фарангини Ҳиндистондан даф қилолмайди? Салима бегим ҳам жанубга талпинарди. Туронга қўшин тортиш режаси кейинга сурилди. Акбар шимол юриши учун тайёрланган қўшин-ларини энди жануб томонга бурди.

Лекин бутун нажотни ундан кутаётган бухоролик ва самарқандлик тарафдорлари Акбарнинг кетидан яна мактуб йўллаб, Абдумўмин ҳам ўлдирилганини, шайбонийзодалар сулоласи тугаш арафасида эканини хабар қилдилар.

Абдумўмин худди отасига қарши қилич кўтарган темурийзода Абдуллатифга ўхшаб фақат олти ой подшо бўлди. У саратон кунларида Зоминнинг салқин сувлари бўйида дам олгандан кейин, Самарқандга қайтаётган пайтида ўтадиган йўлига душманлари чуқур қазиб, тепасини билинмайдиган қилиб бекитиб қўядилар. Абдумўмин оти билан шу чуқурга тушиб кетгандан кейин уни Пирмуҳаммад кўкнорининг тарафдори бўлган бийлар тутиб олиб ўлдирадилар ва жасадини Бухорога олиб бориб, хон саройи олдидаги жазо майдонига осадилар. Ҳозир хон бўлган гиёҳванд Пирмуҳаммадни одамлар писанд қилмайди. Шайбонийзодаларнинг куни шу заиф кўкнорига қолгани учун бошқа каттадаҳан бийлар янги сулолага асос солиш ҳаракатига тушадилар. Бу бийлар орасида Ҳазар денгизининг шимолидаги Аштархондан чиққан Олтин ўрда қолдиғи сифатида Иван Грозний аскарлари билан жанг қилиб енгилган ва Бухорога қочиб келиб жон сақлаган Мингқишлоқхоннинг авлодлари ҳам бор. Ана шу аштархонийлардан ака-ука Имомқулихон ва Нодир Муҳаммад Самарқандни ишғол қилиб, энди Бухородаги Пирмуҳаммад кўкноридан тахтни тортиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар.

Акбарга бу воқеалар хабарини етказган самарқандлик тарафдорлари: «Тезроқ келиб бобокалонингиз пойтахтини эгалламасангиз, Мовароуннаҳр шайбонийзодалардан ҳам золимроқ ва жоҳилроқ аштархонийлар тасарруфига ўтиб кетгай!» деб нидо қилган эдилар.

Минглаб чақирим жойдан етиб келган бу нидо Акбарнинг аввалги ўй ва истакларини яна қўзғатди. У Аграга борганда Муроднинг йигирмасига келган шаҳзода Салимни бухоролик устози мавлоно Фарид билан бирга ўзининг хонайи хосига чақиртирди. Уларни Абулфазл бошлаб кирди. Тўртовлари юзма-юз ўлтиришди-ю, Акбар Самарққанддан келган сўнгги хабарларни айтиб берди.
— Амирзода, бир марта сизни шайбонийзодаларга қарши жангга юбормоқчи бўлганимизда бормаган эдингиз, — деди Акбар Салимга майин кўз ташлаб. — У пайтда чиндан ҳам вазият оғир эди, юсуфзайлар Ҳайбар довонини бекитиб ётган эдилар. Лекин сўнгги йилларда яхши муомала билан юсуфзайларни тинчитдик. Тинчимаган саркашларини Зайниддин кўка Кобулдан келиб тор-мор қилди. Ҳайбар довони энди бехатар, йўл очиқ. Шайбонийзодалар ҳам ўлиб, қирилиб, биттагина кўкнориси қолибдир.

Акбар бир тўхтаб олди, ёши ўттизга кирган, елкалари тўлишиб хушмўйлов дуркун йигитга айланган ўғлига мамнун назар ташлаб сўзида давом этди:
— Сиздек паҳлавон бобурийзода наҳотки кўкнорига бас келолмасангиз? — деди. — Наҳотки Олтин Ўрда харобаларидан Бухорога қочиб келган қаёқдаги аштарҳонийлар бобокалонимиз шаҳри Самарқандни забт эца-ю, биз бу ерда лоқайд қараб турсак?

Салим Мовароуннаҳрга отасининг кетишидан умидвор эди, ўзи эса Ҳиндистонда қолишни истарди. Буни очиқ айтишга журъат этолмай гапни айлантирди:
— Ҳазратим, барча сўзларингиз ҳақ. Ўғлингиз фақат Дакан юришини эслатмоқчи. Жанубдаги урушни тугатмасдан туриб шимолга юриш бошлаш... қандоқ бўларкин?

Акбар Фарид Бухорийнинг дилида нима борлигини билгиси келиб:
— Мавлоно, сизнинг фикрингиз қалай? — деди. — Асли бухороликсиз, наҳотки ота-боболарингиз шаҳрига қайтишни истамасангиз?

Фарид Бухорий ота-боланинг бирига ён босса иккинчисидан балога қолиши мумкинлигини сезиб типирчилади:
— Ҳазратим, фақир Деҳлида, туғилиб ўсган бўлса ҳам... Бухорони ҳеч бўлмаса бир марта кўриб ўлсам армоним қолмагай... Фақат... Туронга юриш қииш бобида... Мавлоно Абулфазл фақирдан кўра донороқ вазирдирлар... Аввал шу кишининг фикрини эшитиб, сўнг ўзимнинг камтарона мулоҳазамни айтишга ҳазратимдан ижозат сўраймен.

Акбар Фарид Бухорийнинг қувлигини сезиб, кинояли кулимсиради-да, Абулфазлга сўз берди.
— Тарих адолатли ҳакам эканини Самарқанддан келган хабарлар яна бир бор тасдиқ этмоқда, — деб секин сўз бошлади Абулфазл. — Шайбонийхон билан унинг ворислари бир аср давомида не-не истеъдодли фузалоларни ватанларидан жудо қилдилар. Мирзо Бобур каби не-не сиймолар ватанларига қайтиш учун шайбонийзодалар билан кўп йил олишдилар, аммо уларни енголмадилар. Лекин алоҳида одамлар қила олмаган ишни вақт, тарих ўзи қилди. Шайбонийзодалар давлати ичдан чириди, таги тешилган, ҳализамон чўкиб кетиши муқаррар бўлган кеманинг аҳволига тушди.

Аммо бу кемада жуда кўп бегуноҳ одамлар, соҳибдил, маърифатли фузалолар бор. Улар бир аср давомида Шайбонийхоннинг Турондаги авлодлари билан Мирзо Бобурнинг Ҳиндистондаги авлодлари орасидаги маънавий мусобақани холис кузатиб турдилар. Тарих бугун шу мусобақанинг ғолибини адолатли тарзда аниқлади. Ҳазратим камолга етказган Ҳинд давлати — дунёдаги энг улуғ, энг мустаҳкам давлатларнинг биринчи сафида бормоқдадир. Ҳазратимнинг Турондаги хайрихоҳлари биздаги илм-у маърифатдан, бошқа имкониятлардан баҳраманд бўлишни истайдилар. Жоҳил бийлар зулмидан уларни қутқармоқ — сизнинг олижаноб бурчингиздир, амирзодам! Ҳиндистоннинг имкониятлари чексиз. Агар эллик минг қўшин ҳазратим билан жанубга йўл олса, яна шунча қўшин сиз билан Турон юришига бормоғи мумкин.
— Демак, ҳам шимолга, ҳам жанубга бирваракай қўшин тортгаймизми? — норози бўлиб сўради Салим Абулфазлдан.

Унинг гапига Акбар қатъий жавоб берди:
— Вазият шуни талаб қилмоқда!

Салим отасига гап қайтаролмай жим қолди. Абулфазл мулойимлик билан сўзида давом этди:
— Амирзодам, сиз жаннатмакон бобокалонингиз Бобур ҳазратлари каби хотиралар ёзмоқдасиз. Сизда шунга муносиб истеъдод бор, қаламингиз ўткир. Энди Бобур ҳазратлари каби катта жасоратлар ҳам кўрсатмоғингиз керак. Агар сиз Самарқанд-у Бухорони жоҳиллар зулмидан қутқарсангиз, у ерда ҳам илм-у санъатга кенг йўл очилса, бу нек ишингиз умр китобингизнинг энг ёрқин бобига айланиб, қоғозга тушгай. Ахир «Бобурнома»дек китоб ёзмоқ учун шу китобда қаламга олинган улуғ ишларни қилмоқ ҳам керак-ку!

Бу гаплардан Салимнинг ранги оқариб, лаблари кўкиш тусга кирди. Абулфазл унинг энг оғрийдиган жойига урганини Акбар шундан сезди. Салим отасидан рухсат олгач:
— Жаноби вазири аъзам, — деб Абулфазлга олайиб қаради: — Сиз бизга ваъда қилган эллик минг қўшиннинг ярми ражпутлар бўлғай, шундоқми?
— Тахминан шундоқ.
— Туроннинг буткул аҳолиси мусулмонлар экани маълумингиздир, — деб Салим энди ўзини сал босиб вазминроқ сўзлай бошлади. — Тарихни бир эсланг, жаннатмакон бобокалонимиз қизилбошларни бошлаб борганда нақшбандий шайхлар бутун Туронни уларга қарши қўзғатган эдилар. Қизилбошлар-ку, мусулмонлар эди. Уларни «келгинди шиалар» деб аёвсиз қириб ташлаган туронликлар ғайридин саналган бизнинг ражпутларни аягаймилар? Агар биз ҳам эллик минг қўшин билан жангга кириб, туронликлар қонини ҳиндистонликлар қиличи билан тўксак, тарих буни кечиргаймикан? Авлодлар бизни босқинчиликда айбламасмикин?

Акбарнинг ўзини ҳам худди шу хавф кўп ўйлантирар эди. Онаси Ҳамида бегим ҳам бўлажак қирғинлар оқибатидан қўрқиб, Акбарнинг Мовароуннаҳрга қўшин тортишига эътироз билдирган эди. Акбар онасининг эътирозига қарши айтган сўзларини ҳозир ўғли олдида кескин қилиб такрорлади:
— Қаёқдаги Аштархондан келган Мингқишлоқхоннинг авлодлари туронликларнинг қонини тўкса босқинчилик бўлмас экан-у биз бобокалонимиз пойтахти Самарқанд учун жанг қилсак, босқинчилик бўлар эканми?
— Ҳазратим, — деб Салим отасига майинроқ гапиришга тиришди, — Мингқишлоқхон Аштархондан урилиб-сурилиб кетгани рост, аммо унинг ўғли Ёрматхон Абдуллахоннинг синглиси Зуҳра хонимга уйланган экан. Ҳозир Бухоро тахтига даъво қилаётган Боқиму-ҳаммад ана ўша Зуҳра хоним туққан Динмуҳаммаднинг ўғиллари экан. Биз Ҳиндистонда туғилиб ўсганимиз каби, улар ҳам Туронда туғилиб ўсган эканлар. Биз ўзимизни ҳиндистонлик деб билганимиз каби, Динмуҳаммаднинг ўғиллари ҳам ўзларини ту-ронлик деб ҳисоблашга ҳақлидирлар...

Салимнинг ҳамма нарсадан хабардор экани ва кўпни кўрган одамлардай мантиқли гапириши отасини ҳимояга ўтишга мажбур қилди.
— Xўш, амирзодам, Бухоро тахтини аштархонийлар олаверсин-у биз жим қараб тураверайликми? Нажотни биздан кутиб, вакиллар юбораётган, мактублар ёзаётган туронлик хайрихоҳларимиз ноумид бўлиб қолаверсинларми?
— Ўғлингизни маъзур тутинг, ҳазратим, — деб Салим ётиғи билан гапирди: — Туронлик тарафдорларимиз яна бир-икки йил куцалар ҳеч гап бўлмас. Шайбонийзодалар билан аштархонийларнинг олишуви ҳали узоқ давом эца керак. Туронликлар икков томондан ҳам безор бўлиб ёппасига қўзғолон кўтаришлари эҳтимолдан узоқ эмас. Унгача Дакан юриши ҳам ғалаба билан якулангай. Ана ўшанда бор кучларни йиғсак, ўзингиз бош бўлиб, Туронга борсак, хонлар зулмига қарши қўзғалган эл-улус бизнинг тарафимизни олса, Самарқанд-у Бухорога жангсиз кирмоғимиз ҳам мумкин. Бу сизнинг сулҳи кулл сиёсатингизга ҳам мос тушгай!

Акбарнинг ўзида ҳам шундай бир истак йўқ эмас эди. Ахир унинг бутун ҳаракати диний адоватларни тинч йўл билан йўқотишга қаратилган пайтда, наҳотки боболар юрти Туронда қонли ғазавот бошланиши жоиз бўлса? Йўқ, Салим бу жиҳатдан ҳақ. Лекин Акбар ўғлининг олдида ўзини мағлуб кўрсатгиси келмади.
— Начора, амирзода! Бундай кайфият билан сиз менга Турондан ғалаба келтира олмагайсиз. Мағлубиятдан эса худо сақласин! Турон юришини кейинга қолдиргаймиз.

Мунозарада Салим ўз сўзини ўтказа олгани Фарид Бухорийни беҳад суюнтирди. Акбар унинг Салимга ифтихор туйғуси билан завқланиб қараб қўйганини кўрди. Салимга «пойтахтдан йироқ кетманг, отангиз олтмишга бориб қолдилар, бирон ҳодиса бўлса дарҳол тож-у тахтни эгалламоғингиз керак» деб маслаҳат берувчи жонкуярлар ҳозир анча кўпайган. Зиёвул Мулк, шайх Рукниддин, Саидхон Чиғатой деганлари ҳам ана шулар қаторига қўшилган. Шаҳзодага ҳаммадан кўра Фарид Бухорий кучлироқ таъсир ўтказишини Абулфазл сезган ва Акбарга келиб айтган эди. «Сиз узоқ Даканга кетганда шаҳзода Салим Фарид Бухорийнинг гапига кириб, пойтахтни эгаллаши ҳам мумкин», деган эди. Акбар бундай фитналарнинг олдини олиш учун Салим билан Фарид Бухорийни бир-биридан ажратгиси келди, буйруқ оҳангида:
— Амирзодам, сиз эртага яна Ражастхонга жўнаб кетинг, — деди. — Тоғангиз Ман Синх ҳамон саркаш меварликлар билан олишмоқда. Пратап Синх ўлган бўлса ҳам, унинг ўғли Амар Синх ҳамон бизни тан олмайдир. Сиз ўша хонадонга куёвсиз, уларни тинчитишнинг йўлини топинг.

Салимнинг қовоғи осилиб кетди. Акбар бунга эътибор бермай сўзида давом этди:
— Ҳатто мавлоно Абулфазл ҳам энди белларига қилич тақгайлар. Уч минг навкарга саркарда бўлиб Даканга бормоқдалар.

Сўнгги гап Салимга ҳам, Фарид Бухорийга ҳам ёқиб тушганини Акбар уларнинг мамнун кўз уруштириб олганларидан сезди. Xатарли жангларда Абулфазл ҳалок бўлиб кеца, улар бундан фақат суюнишлари мумкин эди. Аммо Акбар улардаги бу ичи қора мамнуниятни йўққа чиқаргиси келди. Фарид Бухорийга қараб деди:
— Мавлоно, Гужарат юришида яхши жанг қилган эдингиз. Энди Даканда ҳам жасорат кўрсатишингизга имкон бермоқчимиз! Даканга биз билан бирга борурсиз. Сафарга тайёрланинг!

Акбар эътирозга йўл бермайдиган буйруқ оҳангида айтган фармойишни Салим ҳам, Фарид Бухорий ҳам таъзим билан қабул қилишга мажбур эдилар.

* * *

Салимнинг дили хуфтон. Отаси уни атайлаб Фарид Бухорийдан ажратмоқчи экани ва нотинч Ражастхонга жўнатаётгани шаҳзодага берилган сургун жазосидек туюлади. Агар Салим Ражастхон тоғларида Амар Синх билан жанг қилиб ўлиб кеца, отаси унга ачинмайдигандек кўринади. Чунки нарёқда кичик ўғил — Дониёл бор. Салимни нуқул дўзахдай Тар саҳроси томонга юбораётган ота Дониёлга Ганга бўйидаги жаннатдай жой — Оллоҳободни бериб қўйди. Ахир удум бўйича тўнғич ўғил кўпроқ эъзозланиши керак эмасми? Аксинча қилинаётгани ҳар хил мишмишларга сабаб бўлмоқда. Одамлар: «Тахт вориси Салим эмас, Дониёл бўлармиш!» — деб гап тарқатишмоқда. Агар отаси шунчалик адолацизликка борса, Салим ўзининг ворислик ҳуқуқини қўлда қилич билан ҳимоя қилишга ҳам тайёр!

Ота билан ўғил орасида пайдо бўлган адоват жари мана шу тарзда тобора чуқурлашиб, кенгайиб бормоқда. Салимнинг назарида, унинг отасига, айниқса, Абулфазл ёмон кўрсатмоқда. Бу одам Акбарнинг кўзи олдида Салимни камситиб: «Сиз Бобур бобонгиздай китоб ёзолмагайсиз, бунга яраша жасоратлар кўрсатганингиз йўқ», деган маънода гапиргани Салимга туриб-туриб алам қиларди. «Тузуки Жаҳонгирий» деб атамоқчи бўлган хотира китобини у чиндан ҳам давом эттиролмай ташлаб қўйди. Айниқса, Абулфазлнинг «Иқболнома»[29] деб аталган уч жилдлик улкан китобини ўқигандан сўнг, ўзи ёзган хотиралар кўзига жуда ғариб кўринди-ю, қўли қаламга бормай қолди. Фарид Бухорий Салимни Суҳробга ўхшатиб, «отангиз Рустами достондай зўр бўлса ҳам сиз уни, албатта, енггайсиз!» деб ишонтиргандан бери унинг ўзи тўғрисидаги фикрлари беҳад юксак эди. Абулфазлнинг китобида эса Акбарнинг эллик йилдан бери не-не курашларни ғалаба билан тугаллаб келаётгани йилма-йил, номма-ном барча далиллари билан ёзилган эди. Аммо Салим, ўттиздан ошаётган бўлишига қарамай, бирорта катта жангда отасидай жасорат кўрсатганми? Абулфазл ўз китобида бу саволга «йўқ!» деб жавоб берган эди. «Акбарнома» саҳифаларида отасининг жасоратлари улуғвор Ҳимолай тоғининг қорли тизмаларидай ястаниб кўринганда, Салимга оид воқеалар шу тоғ этагидаги кичик тепаликларга ўхшаб турар, «туғилди», «уйланди», «ўғил кўрди», «Ажмирга ҳоким тайинланди» деган жўн гаплар билан таърифланар эди.

Салимни шунчалик ўкситадиган «Иқболнома»ни сарой аҳли, жумладан, Акбарнинг ўзи нуқул мақтайди. Бири: «Жаноб Абулфазл «Бобурнома» анъаналарини давом эттирмишлар, мураккаб такаллуфлардан воз кечмишлар, тиниқ, равон услубда асар ёзганлари таҳсинга сазовор!» — дейди. Яна бири Абулфазлл ёзган уч жилдлик асарнинг «Бобурнома» каби жамият-у табиат тўғрисида қомусий маълумотлар берганидан мамнун бўлади. Фақат наботот, жуғрофия, тарих, давлат тартиби, турли касб-ҳунарлар таърифи, ҳатто бозордаги нарх-наволарга оид турли-туман қомусий маълумотлар билан бир жилдга сиғиши мумкин эмас эди. Абулфазл «Бобурнома» анъаналарини ижодий давом эттириб, кашф этган янгилик шу бўлдики, қомусий маълумотлар «Ойини Акбарий» деб аталган алоҳида жилдга жамланди. Йигирма йил давомида Абулфазл Акбарнинг номидан турли мамлакатларга ва вилоятларга ёзган мактубларнинг энг муҳимлари «Муншоат» деб аталадиган учинчи жилдга киритилди.

Акбар бу уч китобни Ҳиндистоннинг шу даврдаги маданияти хазинасига қўшилган уч йирик гавҳар деб атади. Абулфазлга мамлакатнинг энг улкан олими — Алломий деган унвон берилди.
— Алломийнинг ижодий жасорати тарихда қолмоғи керак! — деди Акбар ва энг яхши мусаввирларга топшириқ берди: — Абулфазл Алломий шоҳ асарини битириб, бизга келтириб берган кунига махсус бир сурат бағишлансин. Токи бу сурат Алишер Навоий ўз «Хамса»сини тугатиб, Ҳусайн Бойқарога келтириб топширган пайтини эслатадиган даражада мукаммал бўлсин.

Акбар айтгандай қилиб, энг нафис ва гўзал бўёқлар билан чизилган бу суратни Салим кўрганда дилидаги эски рашк баттар хуруж қилди. Суратда Абулфазл ўзи ёзган икки жилд китобни икки қўлида тутиб, одоб билан чўкка тушиб ўлтирибди. Китобнинг учинчи жилди гилам устида навбат кутиб турибди. Тахт устидаги Акбарнинг бутун диққат-еътибори Абулфазлга қаратилган. У ўнг қўлининг икки бармоғини Абулфазлга кўрсатиб, нимадир демоқчи бўлади. Салимнинг фикрича, Акбарнинг икки бармоғини очиб кўрсатгани — «саройда Абулфазл икковимиздан яқин дўст йўқ» деган маънони билдиради. Отаси Салимдан ҳам кўра, камбағал оиладан чиққан қаёқдаги Абулфазлни баланд қўйишини бу сурат ҳаммага очиқ намойиш қилгандай бўлди. Салим гўё Абулфазлдан кейинги учинчи ўринга тушиб қолди. Бу ҳодиса унинг сирдош жонкуяри шайх Фаридга ҳам оғир ботди. Ҳозир мартабаси ошиб, Салимнинг ички беклари қаторига ўтган Алибек— Алберт Перейро ҳам шаҳзода учун куйинади. Мана энди Акбар ўша Абулфазлнинг гапига кириб, Салимдан Фарид Бухорийни ҳам тортиб олмоқчи ва Даканга бирга олиб кетмоқчи.

Шаҳзода рашк ва аламга тўлиб Аградан Ражастхонга жўнаб кетиш тайёрлигини кўраётган куни кечаси унинг хонайи хосига Алибек билан Фарид Бухорий секин кириб келишди. Алибек Перейронинг қўлтиғида кўк белбоққа ўралган оғиргина қўлёзма бор. Учови хонайи хосда холи қолганларида шайх Фарид қўлёзмани Алибекдан олиб, белбоғ ичидан чиқарди:
— Амирзодам, бу нарсани ҳозирча сиздан бошқа ҳеч ким ўқимаслиги керак.
— Ўзингиз ёзганмисиз?
— Йўқ, Абдуқодир Бадавний деган муаррих яшириқча битган экан. Буни содиқ бекингиз Алибек билар экан. Сиз тахтга чиққанингизда буни Бадавний сизга тақдим этмоқчи экан. Аммо бечора муродига етолмабдир. Кундузлари кутубхонада ўлтириб, «Рамаяна» билан «Маҳабхорат»ни таржма қилар эди. Кечалари мана шу махфий китобни ёзиб, тун-у кун тиним билмай ишлайвергандан сўнг шўрликнинг миясига қон қуйилиб оламдан ўтди. Алибек унинг ёзувларини дарҳол илкига олибдилар.
— Нечун буни махфий ёзган?
— Чунки Бадавнийнинг бу асари Абулфазлнинг «Иқболнома»сига қарши битилган, — деди Алибек. маълумингизким, Абулфазл ҳазрат отангизни нуқул улуғлайдир, мақтайдир, хатоларини айтмайдир...
— Бадавний отангизнинг тутган сиёсатига қарши эди! — деб Алибекнинг сўзини шайх Фарид давом эттирди: — Бадавний хусусан, Абулфазлни, Бирбални, шоир Файзийни ёмон кўрар эди. Бирбал ўлганда отангиз қанча кўз ёши қилганларини кўргансиз. Қаранг, Бадавний қўрқмасдан ёзибдир: «Бирбал жаҳаннамнинг итлар турадиган жойига кетди...»

Шоир Файзий юраги портлагандай бўлиб, тўсатдан вафот этган эди, иссиқ кунда то дафн қилгунларича жасади бироз қорайиб қолганди.

Бадавний буни ҳам ўзича талқин қилиб: «Файзий исломдан қайтди, шунинг учун уни пайғамбаримизнинг арвоҳлари уриб, қорайтириб юборган», деб ёзиб қолдирган эди.

Фарид Бухорий Бадавний қўлёзмасининг шунга ўхшаш жойларини топиб, Салимга бир-бир ўқиб бергани сари шаҳзоданинг дил яраларига малҳам қўйилгандай ёқа бошлади. Абулфазлнинг «Акбарнома»сидан топиб бўлмайдиган имон-у эътиқод курашининг тафсилотлари Бадавнийнинг «Мунтаҳаби таворих»ида эринмай ёзиб кетилган эди. Салим учун энг муҳими, Бадавний ҳам Фарид Бухорий ва Алибек каби шаҳзодага тарафдор экан. «Мунтаҳаби таворих»да Акбарнинг диндан қайтганини кўрсатадиган талай исбот-у далиллар келтирилганини ўқиган Салим: «Мусулмон давлатида подшо диндан қайца уни тахтдан тушуриш савобдир», деган азалий урф-одатни эслади. Бу одат уни отасига қарши курашишга ҳақли қилиб кўрсатди.
— Дилим сезиб турибдир, амирзодам, — деди шайх Фарид овозини сирдошларча пасайтириб. — Яқин йилларда давлат тизгинлари сизнинг илкингизга ўтгай. Отангизнинг суянган тоғи Абулфазлнинг зўр душмани бор. Рожа Бир Синх деган. Мол-мулкини Абулфазл мусодара қилган. Абулфазлдан қасд олишни кўнглига туккан Бир Синхни Алберт Перейро Салимнинг ҳузурига бошлаб келди.
— Шаҳзода, сиз отангизга ўхшамайсиз, — деди Бир Синх. — Томирингизда бизнинг ражпут қонимиз ҳам бор. Абулфазл сизга ҳам кўп алам ўтказганини жаноб Алибек айтиб бердилар. Агар келгусида менинг ота мулким бўлган Бундхелани ўзимга қайтариб берсангиз, мен Абулфазлни даф қилишим мумкин.

Салим хиёл ўйланиб турди-да:
— Қандай даф қилмоқчисиз? — деб сўради.

—Абулфазл Дакандан Аграга қайтаётган эмиш,— деди Алибек гапга аралашиб. — Йўлда, ўрмон ичида бир Синх уни саранжом қилиши мумкин. Шаҳзода, бир вақтлари сиз Абулфазлга қасос қайтиши муқаррарлигини айтган эдингиз. Энди шу башоратингиз рўёбга чиқсин!..
— Бир оғиз «ҳа» десангиз бас! — деди Бир Синх.

Салим шунча йилдан бери Абулфазлга қарши дилида тўпланиб келаётган аламли кеклар ва норозиликларни бир жойга йиғди-да:
— Ҳа! — деди. Алибек билан Бир Синхга шу етарли эди.

Абулфазл йигирматача одами билан келаётган пайтда Серонж деган жой яқинидаги ўрмонзорда Бир Синх уни икки юз ражпут йигити билан ўраб олди... Абулфазлнинг мулозимларидан Асадбек дегани Аграга тирик қайтиб, воқеани айтиб берди... Абулфазл икки йил давом этган Дакан юриши даврида оиласини ва ижодхонасини беҳад соғинган, тезроқ уйига қайтиш ва чала қолган асарларини ёзиб тугатиш иштиёқи билан шошилиб келмоқда эди. Бир Синх унга ўн баробар кўп навкар билан ҳамла қилганда Абулфазл қилич яланғочлаб, отдан йиқилгунча жанг қилди. Жон бергандан сўнг қарасалар, танаси ўн икки жойидан яраланган экан. Бир Синх унинг бошини кесиб, қонли салласига ўради-ю, Оллоҳобод қалъасида отасига қарши қўшин тўплаётган Салимга кўрсатгани олиб кетди.

* * *

Ўттиз икки йил бурун Акбар билан бирга Фатҳпур-Секрига, ундан Лахўрга кўчган пойтахт милодий 1601-йилнинг ёзида яна Аграга қайтди. Жанубда ҳарбий ҳаракатлар тугамаган, янги қўшиб олинган Берар, Ҳамдеш, аҳмаднигор вилоятларини марказдан туриб бошқариш учун Агра қулайроқ эди. Бундан ташқари, Оллоҳободдаги Салимнинг исёнини даф қилиш учун ҳам шарқий вилоятлар билан сув йўли орқали боғланган Агра маъқулроқ эди.

Дакандан ғалаба билан қайтган Акбарни аграликлар карнай-сурнайлар, ранг-баранг гулшодалар билан кутиб олдилар. Илгари пойтахт кўчиб кетганда ҳувиллаб қолган қалъа атрофлари, Ҳашт Биҳишт, Зарафшон ва Гулафшон боғлари энди қайтадан безаниб, ораста тус олди. Шаҳарда бирдан одам кўпайиб, кўча ва хиёбонлар, раста ва бозорлар серҳаракат бўлиб кетди.

Пойтахт қайтиб келганидан аграликлар хурсанд. Бироқ Акбарнинг ўзи кийимлари остида яширин яраларни кўтариб юрган одамдай хазин ва изтиробли. Ёши олтмишга кириб, қадди гўё бирдан букила бошлагандай энгашиброқ юради.

Ноқобил фарзандлар ота қаддини қандай букиши мумкинлигини, юзма-юз олишувларда енгилган ғанимлар ўғилларининг тантиқлигидан фойдаланиб, қанчалик қақшатқич зарбалар беришини Акбар энди билмоқда.

Муроднинг интиҳосиз майхўрликлардан оқтутқалоқ бўлиб йигит ёшида ўлиб кетгани мусибат устига қўшилган бир маломат бўлди. Нима қилса ҳам жигарбанди, Акбар Муроднинг хокини узоқ Бурхонпурдан Аграга олиб келиб, Искандар деган жойга қайтадан дафн эттирди ва қабрини қучоқлаб видолашди.

Унинг энди қолган ўғиллардан умиди йўқ. Дониёл ҳам ҳар куни ичмаса туролмайдиган бўлиб қолган. Отасининг давлати соясида эрка ўсган болалар мўрт бўлишини Акбар Муроднинг бевақт ўлимида кўрди. Даканда қолган Абдураҳим куёви Дониёлга қачонгача кўзқулоқ бўлади? Ўз ўғилларидан юз чандон содиқроқ, иродалироқ бўлиб чиққан Абдураҳим Акбарга бошқа ташвишларни бартараф этиш учун ҳам керак. Уни Дониёлнинг олдидан чақириб олса, кичик ўғилнинг аҳволи нима бўларкин? Салим-ку, отасига қарши очиқчасига исён кўтарди.

Акбарнинг ўзи ҳам қариганда ҳали шимолга, ҳали жанубга қўшин тортиб, фотиҳликка бунча берилмаса, ўғилларининг тарбиясига кўпроқ вақт ажраца бўлмасмиди? Агар Мурод Даканга юборилмаганда, ота-онасига яқинроқ бир жойда яшаганда балки уни қутқариб олиш мумкин бўларди? Акбар бу аччиқ ҳақиқатдан сабоқ чиқариши ва қолган умрини тинч ўтказиши керак эмасми? Унинг абадий уйқуга кетадиган пайти ҳам унча узоқ эмас... Акбар шу ўй таъсирида Искандар деган жойдаги кенг, текис ер майдонининг атрофига девор олдирди ва узоқ яшайдиган дарахтлар эктирди. Сўнг хотини Жодҳа Байга бу жойни махсус кўрсатди:
— Марями Замон, бу дунёга ҳаммамиз ҳам меҳмонмиз. Умрим бица абадий маконим мана шу ер бўлсин...

Ўғли Салим отасига қарши исён кўтарганидан Жодҳа Бай жуда эзилиб юрган эди. Уйга қайтганларида бирдан кўзига ёш олди.
— Сиз Салим туфайли бундай ғамгин гапларни айтмоқдамисиз, ҳазратим? Аммо Салимни мен туққанман! Ўғил туфайли бу дунёдан кечмоқ керак бўлса, аввал мен кечай! Менга рухсат беринг, Оллоҳободга ўзим борай! Агар Салим сизга қарши қилич кўтарса, ўша қиличга мен аввал ўзимни тутай! Майли, мени ўлдирсин-у кейин билганини қилсин!

Йиғлаб айтилган бу сўзлар Акбарни ларзага келтирди. У Жодҳа Байни бағрига босди-да, ўртаниб дил ёрди:
— Марями Замон, менинг гуноҳларим сизникидан кўпроқ! Шоҳлик удумлари қуриб кецинки, мен-у сизни оилавий бахтдан маҳрум қилди. Шу удумга бўйсуниб ўғилни тўрт ёшидаёқ сиздан айирдим, Фарид Бухорий каби мураббийларга ишониб бердим! Ўғил тарбиясига кўпроқ қунт қилмаганимдан энди минг пушаймонмен! Болага қанчалик меҳр-у эътибор берсанг, у ўшанчалик сеники бўлур экан. Биз беролмаган меҳр-у эътиборни бошқалар берса, бола ҳам ўшаларники бўлиб кетар экан! Мен бу аччиқ ҳақиқатни энди билмоқдамен. Қайси бир гуноҳимни айтайки, Салим ҳаммасини кўпайтириб, шишириб, ўзимга қарши зарбага айлантирмоқда! «Экканингни ўрасен!» деганлари рост экан! Шахсий ҳаётда қандай гуноҳлар эккан бўлсам, энди ўғлим орқали шуларнинг ёмон оқибатларини ўрмоқдамен. Марями Замон! Менга қўшилиб сиз ҳам қилмаган гуноҳларингизнинг азобини тортмоқдасиз! Бу не кўргилик-ки, руҳим гуноҳларга тўлган танамдан безор бўлди! Шунинг учун бу беш кунлик дунёдан тезроқ кетгим келмоқда!

Рани Жодҳа Бай Акбарнинг бағрида юм-юм йиғлар:
— Суянган тоғимизсиз, бизга раҳм қилинг! — дерди. — Ҳали ҳам менга ижозат беринг. Бориб Салимни бошлаб келай!..
— Салимга рожа Рам Дасни элчи қилиб юбордим. Жавобини билайлик... Кейин!..

Акбар Дакандан қайтиши керак бўлган Абулфазлни ҳам кутмоқда эди. Ора узоқ, отда қирқ кунлик йўл, Абулфазлнинг ҳаяллашини Акбар шундан деб билар, унинг ўлдирилганини хаёлига ҳам келтирмас эди.

Лекин зилдай оғир ҳислар вужудини босиб ётар, руҳи тушкун, бўлажак мақбара режаси хаёлидан нари кетмасди.

Уйқусиз тунда ўзи қўйиладиган мақбаранинг хомаки режасини чизди-ю, эртаси куни бош меъморни маслаҳатга чақирди.
— Мавлоно, ўлим ҳақ. Эс борида этакни ёпмоқчимен. Замонлар ўзгарди. Бу обида ота-боболаримизга қўйилган мақбаралардан бошқачароқ бўлмоғи керак.

Нозиктаъб меъмор тирик одам билан унинг бўлажак қабри ҳақида гаплашишдан аввал жуда тортинди. Лекин Акбар ўз мақбарасининг баланд пештоқлари Самарқанд обидалари каби ранг-баранг бўлиши кераклигини, фақат кошинлар ўрнига рангли тошлар тарашланиб, қандай гулчин қилинишини айтгани сари, меъморни унинг ғоясидаги янгилик ўзига тортди-ю, ўнғайсизлиги тарқаб кетди.

Деҳлидаги Ҳумоюн мақбарасининг миноралари йўқ эди. Акбар ўз мақбарасининг тўрт томонига оқ мармардан тўртта баланд минора ясашни буюрди.

Ҳумоюн мақбараси қурилганда Акбарга ҳаёт ҳозиргидан бехатарроқ туюлар эди. Шунинг учун Деҳлидаги обиданинг атрофи очиқ, унга бирваракай ўнлаб одамлар кириб чиқиши мумкин. Аммо янги маслак эълон қилингандан бери Акбарнинг ғоявий душманлари кўпайиб кетди, ҳатто тўнғич ўғли ўшалар томонга ўтди. Ўзи тириклигида шунчалик хуруж қилаётган ғанимлар Акбар оламдан кўз юмса, қабрини бузишдан ҳам тоймайди. Мақбарани ҳимоя қилиш осон бўлсин учун сағанага кириладиган узун мармар йўлакни фақат икки киши ўта оладиган торликда режалаштирди. У бешинчи қаватга қўйиладиган қабр тоши ёнига бисотида бор камёб Лаъл ва гавҳарларни сангфарш қилиб ўрнатиш ниятида эди. Бу нодир жавоҳирларни қўриқлаш[30] осон бўлиши учун юқориги ошиёнга чиқадиган тош зиналар тарҳини ҳам фақат битта одам сиғадиган даражада тор қилиб чиздирди.

Акбар ўзига мақбара қурдирмоқчи эканини эшитган Ҳамида бону ўғлининг хилватхонасига кирди-ю, унинг сағана тарҳини чизиб ўлтирганини кўриб даҳшатга келди:
— Сизга не бўлди, шоҳ ўғлим? Ҳали мен, онангиз, тирик юрибмен. Тангримга шукур, етмиш тўққизга кирдим. Сиз аввал менинг ёшимга боринг... Марями Замонга васиятнома сўзлар айтибсиз, эшитганидан бери йиғлайдир!.. Менинг ҳам дилимда ғулғула!..
— Бу ўткинчи дунёга ҳеч ким устун бўлолмас экан, онажон. Вазиятни кўриб турибсиз. Тарҳ чизишга бошқа бўш вақтим бўлгайми, йўқми, билмаймен!

Бу мақбара Акбарнинг сўнгги меъморлик асари бўлишини унинг дили сезиб турарди.
— Ниятни яхши қилинг, болам. Ахир саксон, тўқсонга борганлар йўқми? Неварангиз Xисрав ўн бешга кирди. Эндиги йил уйлантиргаймиз. Азиз кўканинг кичик қизига меҳри бор экан. Унаштириб қўяйлик. Xуррамжон ҳам ўн бирга кирди. Тўйлар қилинг, сиз ҳам менга ўхшаб эвара, чевара кўринг!

Баданидан эти қочиб, муштдеккина бўлиб қолган Ҳамида бегимнинг руҳи ҳали ҳам тетик, ҳассага суянмасдан гавдасини тик тутиб юрибди. Онаси неваралардан, тўйдан гапириб, ахири, Акбарнинг хаёлини оғир ўйлардан четга тортди.

Бирга туғилиб ўсган содиқ тенгдоши Азиз кўка билан қуда бўлиш Акбарга ҳам ёқимли туюлди. Дакан юришида икки йил бобосининг ёнида бўлиб, унга жуда ёқиб қолган Xисрав ва Xуррам отасидан кўра Акбарга кўпроқ ён босар эдилар. Xисравни Азиз кўканинг тўртинчи хотинидан туғилган кичик қизига унаштирган кунлари зиёфат пайтида Қиличхон Андижоний:
— Жаноби хони аъзам, — деб Азиз кўкага тегишди, — ҳазратим невара уйлантирмоқчилар. Сиз, тенгдошлари бўлатуриб, ҳали ҳам қиз чиқариб юрибсиз?
— Сал кечикканмиз-да, жаноби Қиличхон. Бўлмаса бизда ҳам олти ўғил, олти қиз, элликдан ортиқ невара бор. Ҳинд аёли жуда болажон бўлишини қирқдан ошганда билиб қолдик. Кенжа қизимиз ҳинд хотинимиздан туғилган.
— Биринчи аёлингиз эронлик эди-ку.
— Ҳа, эронлик хотиннинг тили жуда ширин, суҳбатлашиб роҳат қилурмен. Мовароуннаҳрлик хотиним ҳамманинг бошини қовуштириб, ҳукмрон бека бўлиб турадир. Ундан ўзим ҳам ҳайиқурмен!

Бу гапга Акбар ҳам кулиб юборди. Ёр-дўстлар даврасидаги ҳазил-мутойибадан, неваралари Xисрав ва Xуррамнинг беғубор, маъсум меҳридан Акбар энди сал яйраб, аввалги ғамларни хаёлидан узоқлаштира бошлаган кунларда яна бир мусибатли хабар Асадбек қиёфасига кириб эшилк тақиллатиб келди. Абулфазлнинг ўлимини Акбарга қандай айтишни билмай қолдилар. Шунда саройнинг Ҳожи Жаҳон деган энг нуроний мўйсафиди елкасига кўк фўта ташлаб, унинг ҳузурига ғамгин юз билан кирди.
— Сизга қувват берсин, ҳазратим! — деб бошлаган сўзидан ва кўк фўтадан яна бирон бахцизлик бўлганлигини Акбар сезди. Юраги «шиғ» этиб:
— Не бўлди, мавлоно?.. — деб сўради.
— Жаноби Абулфазл... Xудо раҳмати...
— Абулфазл?! Қачон? Ким айтди?!

Асадбекни Акбар ҳузурига чақирдилар. Абулфазлнинг ўлган жойида фақат танаси қолганини, бошини кесиб Оллоҳободга олиб кетганларини эшитганда Акбарнинг баданидан «лоп!» этиб олов чиқиб кетгандай бўлди:
— Ў, номардлар! — деб қичқириб юборди. — Салимга тахт керак бўлса, мени ўлдирсин эди! Абулфазлда не айб?! Ў, номардлар!..

Ўттиз йил давомида ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларини бирга татиган дўсти, ҳамма алғов-далғовларни бирга бошдан кечирган сафдоши энди йўқ! Акбар суянган устуни қулаган уйдай ларзага тушиб ўкириб йиғлади:
— Тилаб олган ўғлим!.. Ўзимдан чиққан бало!.. Бунга қайдан даво излайин!..

Асафхон бошлиқ уч минг сараланган навкарлар Серонж томонларга бориб, ўрмонни тит-пит қилиб, Бир Синхни излашди, аммо топишолмади. Уни Салим Оллоҳобод томонларда яшириб юрибди! деган махфий ахборот келди.
— Ўғил билан жанг қилиш тақдиримда бор экан! — деди Акбар саркардаларни машваратга йиғиб. — Икки юзта ҳарбий кема тайёр қилинсин. Оллоҳободга ҳам сув йўлидан, ҳам қуруқликдан ҳамла қилурмиз. Мингта фил, ўттиз минг отлиқ аскар икки ой ичида тахт бўлсин!

Салимнинг ҳарбий кучлари бундан ҳам ортиқ эди. Акбарга қарши кўп марта исён кўтарган Жаунпур, Бихар ва бошқа шарқий вилоятлар ҳозир Салимни подшо деб тан олган, олиқ-солиқдан тушадиган олтин-кумушларни унинг Оллоҳободдаги хазинасига келтириб тўкишар, юзлаб филлар, от-уловлар ва бошқа совғаларини ҳам Салимга пешкаш қилишар эди. Шаҳзода ҳозир бойиб кетган, аскарларининг сони ҳам қирқ мингдан ошган, шунинг учун отасидан тап тортмас эди.

Ота-бола бундай катта кучларни майдонга чиқариб уруш қилса оқибати қанчалик ёмон бўлиши оналарни даҳшатга келтирди. Ҳамида бону бетоб бўлиб ётиб қолди. Акбар онасини кўргани борса, Салима бегим билан Марями Замон—Жодҳа Бай қайнонала-рининг тўшаги ёнида ўлтирган эканлар.
— Онажон, сизга не бўлди?
— Уйқу йўқ. Оёқ-қўлдан дармон кетди. Туролмай қолдим.
— Ҳаким Мисри дармонга киритадиган даволар қилсин. Яхши бўлиб кетгайсиз.
— Шоҳ ўғлим, менга Ҳаким Мисри эмас, фақат сиз шифо бермоғингиз мумкин.
— Мен? Айтинг, қани...
— Шунча йил умр кўрганим аввало худодан бўлса, сониян сизнинг яхши фарзанд чиққанингиздандир. Лекин энди Оллоҳободга қўшин тортмоқчи эмишсиз. Шуни эшитгандан бери дилим безовта, вужудим вайрон. Ахир ўйланг: ота-бола урушида ғолиб бўлгайми? Қайси томон енгилса ҳам бизга бахцизлик келтирмагайми? Самарқанддаги Улуғбекнинг ўз ўғли Абдуллатиф билан урушгани не оқибатга олиб келганини бир эсланг!
— Ахир бу нобакор ўғил муомалага кўнмаса не қилай, онажон? Яхшиликча ҳузуримга қайцин, айби бўлмаса исбот қилсин, деб рожа Рам Дасни Оллоҳободга элчи қилиб юбордим. Рад жавоби олиб келди. Қирқ йил жон чекиб ягона давлат туздим, неварангиз уни иккига бўлиб парчаламоқда!.. Бегуноҳ Алломийни қасддан ўлдиртирса, қотилни яшириб юрса!.. Йўқ, мен унга жазо бермагунча тинчиёлмаймен!..

Марями Замон Акбар қаршисида чўкка тушиб, қўлларини кўксига қўйди:
— Ҳазратим, ёмон одамлар ораларингизга нифоқ солмишдир! Салим Абулфазлни ўлдиртирганига мен ишонмаймен! Салим бундай қилиши ақлимга сиғмайдир! Мана, Салима бегим ҳам айцинлар!

Муроднинг ўлимидан сўнг сочлари оппоқ оқариб, нуроний кампирга айланиб қолган Салима бегим Акбарга юзланди:
— Мен ёлғиз ўғлимдан жудо бўлдим. Бошимга оғир кун тушганда Марями Замон туғушган синглимдай ёнимда турди. Шаҳзода Салим ҳам «мен сизга ўғил эмасменми?» — деб неча марта дилимга таскин берди. Раҳматли катта момомиз Моҳим бегим ўгайлик балосидан мудом баланд турар эканлар. Ҳиндол мирзони ўз ўғилларидай тарбия қилган эканлар. Ҳазрат онангиз ҳам бизни ўша улуғ момодан ибрат олиб, иноқ бўлишга ўргатдилар. Мен ҳам шаҳзода Салимга меҳр қўйганмен, шеър ўргатганмен, уни ўз ўғлимдан зиёд парвариш қилганмен!
— Бу рост! — деди Марями Замон. — Шайх БобоCite error: Closing </ref> missing for <ref> tag</ref> ҳам бегимни мендан зиёд ҳурмат қилур.
— Шунинг учун, — деб Салима бегим Акбарга қараб давом этди, — агар ваколат берсангиз, мен Оллоҳободга элчиликка борай. Аминменки, Абулфазлнинг ўлимида шаҳзода Салимнинг иштироки йўқ. Ота-болани уруштиришдан манфаатдор бўлган қора кучларнинг туҳмати бу!

Акбарнинг ўзи ҳам бунинг туҳмат бўлишини жуда истарди, ўшанда унинг бир алами икки бўлмасди.

Ўғли ўйланиб қолганини кўрган Ҳамида бегим Салимага ён боса бошлади:
— Бир вақтлар раҳматли Xонзода бегим Аградан Лахўрга элчи бўлиб бориб, оға-ини урушини бартараф қилган эди. Салима ҳам ҳозир ўша доно кайвонининг ёшида. Ўзи ҳам йил сайин Xонзода бегимга ўхшаб бормоқда. Кечиримли бўлинг, шоҳ ўғлим. Бобур бобонгиз — «улуғлар кўтаримлик бўлғай» деб бежиз айтмаганлар!

Оллоҳобод Жамна билан Ганга қуйиладиган жойда, Аградан отда салкам бир ойлик йўл. Салима бегим шаҳзодани ўгай кўрмай, шундай узоқ сафарни ва мушкул элчиликни зиммасига олмоқчи экани Акбарга катта бир фидойилик бўлиб кўринди. Онасининг бемор-лиги-ю Марями Замоннинг дардларига ҳам даво шу эканини Акбар сезди. У Салима бегимга уч юз кишилик қўриқчи аскар ва бошқа ҳамма керакли нарсаларни бериб Оллоҳободга жўнатди.

Орадан уч ойлар ўтди, савр ойи кириб, ҳинд иссиқлари авжига чиқа бошлаган кунларда Оллоҳободдан хушхабар келди. Катта амир-у саркардалар бориб кўндиролмаган шаҳзодани Салима бегим Аграга отаси билан ярашишга кўндириб, олиб келмоқда эди. Келини даҳшатли уруш хавфини бартараф қилганидан суюнган Ҳамида бегимнинг беморлиги ҳам эсидан чиқиб кетди. У келини ва надималарини ёнига олиб, Аградан маҳофада пешвоз чиқди-да, Салима бегимни шаҳардан ўн мил нарида кутиб олди.

Шаҳзода Салим отасига атаб саккиз юзта фил, бир карвон туяга юк бўладиган олтин ва турли совғалар олиб келди. Ўғлининг бош эгиб таъзим қилганидан ва катта совғалар келтирганидан кўнгли ийиган Акбар уни бағрига босиб кўришди. Лаъл ва гавҳар қадалган қимматбаҳо саллаларидан бирини Салимнинг бошига кийдирди. Ярашишнинг охири тўйга уланиб кетди — Салимнинг тўнғич ўғли Xисравни Азиз кўканинг қизига уйлантирдилар.

Ота-бола урушининг олдини олган оналар ва бошқа хайрихоҳлар, Абулфазлнинг ўлимида фақат Бир Синх айбдор, деб Акбарни ишонтирган бўлсалар ҳам, лекин дилининг бир четида тошдай тугун ҳамон ечилмай турар эди. Акбар тасвирхонага Салим билан бирга кирган куни унга Абулфазлнинг суратини кўрсатди. Икки қўлида иккита китобни ушлаб турган Абулфазлнинг кўзлари тўла нур, лаблари қатида неклик, у ҳамон тирикдек ва ҳозир гапириб юборадигандек кўринди.

Шу пайтда унинг қонли салласига ўралган кесик калласи, қилич теккан пешонаси Салимнинг кўзига қайта кўриниб кетди. Суратдаги Абулфазл қоғоз юзидан туриб келиб, шаҳзоданинг ёқасидан оладигандек ва уни Акбарга тутиб берадигандек туюлди. Салимнинг ранги ердай ўнгиб:
— Йўқ, йўқ, Бир Синх ўзи қилган бу ишни! — деб юборди.
— Ундоқ бўлса... нечун Бир Синхни Оллоҳободда яшириб юрган эмишсиз?
— Бир Синх Меварга қочиб кетмишдир! Кўрган одамлар айтди: тоғларда сизга қарши исён кўтарган Амар Синх уни ўз паноҳига олмишдир.
— Лекин сизнинг Бир Синх билан тил бириктирганингиз ҳақидаги овозалар ҳали ҳам босилгани йўқ. Агар бу чиндан туҳмат бўлса, фош қилмоғингиз керак. Неча минг қўшин керак бўлса берай, Мевардаги исёнчиларга қўшилган Бир Синхни тутиб келинг.

Отаси Абулфазлни унутолмаслигини, унинг руҳи ва хотираси ҳамиша ораларига ихтилоф солишини Салим жуда оғриниб ҳис қилди. Отаси учун Салим Оллоҳободдан келиб узр сўрагани етарли эмас эканми? Энди яна Мевар тоғларига қўшин тортиб бориб, Абулфазлнинг қотилини тутиб келиши қолганмиди? Лекин у дилидан ўтган бу норозиликни отасидан яширди. Тил учида:
— Фармонингиз бош устига! — деб таъзим қилди: — Фақат ижозат берсангиз, аввал бир Оллоҳободга борсам. Асосий кучларим ўша ёқда қолган. Ҳаммасини йиғиб келсам-у кейин Меварга қўшин торцам...

Акбар бунга ижозат берди. Салим Оллоҳободга бориб олгандан кейин Мевар юришидан бош тортди. Ҳозир унинг ўз саройи ва катта қўшини бор эди. Кимки Акбар билан чиқишолмаса Оллоҳободга бориб Салимдан паноҳ топарди. Орадан кўп ўтмай Салимнинг тарафдорлари Оллоҳободдаги масжиди жомеда хутбадан Акбарнинг номини олиб ташладилар.

Шайх Рукниддин Салимнинг номини хутбага қўшиб ўқигани оғиздан оғизга ўтиб, Акбарнинг қулоғига ҳам етиб келди.

* * *

Ота ва ўғил низоси кун сайин улканлашиб, гўё баланд бир тоғга айланиб кетди.

Акбарнинг жизяни бекор қилгани, турли эътиқодларни баробарлаштиргани, қирқ йил давомида жорий этган бошқа ислоҳотлари жуда кўп диндор-у амалдорларни аввалги имтиёзларидан маҳрум этган эди. Уларнинг назарида, Акбарнинг янгича сиёсати тоғнинг кунгай томони каби жазирама, нам турмайдиган, ўрмон ўсмайдиган сувсиз чағат бўлиб кўринарди. Мулла-имомларнинг эски имтиёзларини тиклаётган Салим эса гўё тоғнинг ёмғир кўп ёғадиган кўкаламзор, серсув терскай томони бўлиб туюларди. Шунинг учун улар Салим томонга ёпирилиб ўтиб борар эдилар. Тарафдорлари кун сайин кўпайиб кетаётганидан дадилланган салим ўз номига олтин тангалар зарб эттиришга тушди. Бу тангалардан дини илоҳийнинг тимсоли бўлган «Аллоҳу Акбар» иборасини олдириб ташлади. Унинг ўрнига Акбардан олдинги даврда олтин тангаларга зарб этиладиган калимаи шаҳодатни қайта ёздирди. Савдогарлар билан бирга бутун мамлакатга тарқаётган бу тангалар эски мусулмонободни қўмсаб юрган Акбарнинг ғанимларини жонлантириб юборди. Агар қўйиб берилса, Оллоҳободдаги жунбиш Панжоб-у Гужаратга, Кобул-у Сингда ҳам тарқаши муқаррар эди.

Акбар бу фалокатнинг олдини олиш учун бултур тўхтатилган Оллоҳобод юришини қайта бошлашга мажбур бўлди. Банголадан қайтган Ман Синх ва Дакандан чақирилган Абдураҳим хони хонон қирқ минг отлиқ аскар, беш минг филни қуруқликдан шарққа томон бошлаб кетдилар. Акбарнинг ўзи Жамнада саф тортиб турган икки юз ҳарбий кема билан борадиган бўлди. Одатга биноан, узоқ юришга кетишдан олдин онасидан оқ фотиҳа олиш учун Ҳамида бегим турадиган кўшкка йўл олди.

Салима бегимнинг элчилиги ота-бола урушини фақат бир йилгина орқага сурганини, орадаги ихтилофнинг илдизлари жуда чуқур эканини, Акбар Оллоҳобод исёнини бартараф қилмай туролмаслигини энди онаси ва хотинлари ҳам тушуниб қолишган, уни қайтаришга кучлари етмас, фақат куйиниб йиғлашар эди. Ҳамида бегим яна хасталаниб қолган, Акбар кирганда орқасига ёстиқ қўйиб, деворга мажолсиз суяниб ўлтирар эди. У ўғлини кўпроқ ёнида тутиб тургиси келиб, узоқ хотираларга берилди, Жамна бўйларида қандай чавгон ўйнагани, Тар саҳросида қанча вақт саргардон бўлгани, Қазвин-у Кобул, Бҳира-ю Кашмир — ҳаммасини тўхтаб-тўхтаб, бирма-бир эслаб чиқди.
— Шоҳ ўғлим, бобурийлар хонадонидан энг кексаси — фақат мен қолдим, — деди. — гулбадан бегим бултур яраш-яраш бўлган фараҳли кунларда оламдан ўтганига ҳозир менинг ҳавасим келур... Саксонга кирганда умримнинг энг тахир даври бошлангай, деб ҳеч ўйламаган эдим, Болажоним!..

Ҳамида бегим кўз ёшини оқ дока рўмолининг учи билан секин артиб қўйди.
— Насиб қилса, бу тахир кунлар ҳам ўтгай, онажон! Яна фараҳли дамларга етгаймиз...
— Акбаржон, бутун умр мен сизга омад тиладим, мағлубиятингизни кўрмайин, дедим! Илоҳим, ота-бола икковларинг ҳам кетимда қолинглар, доғларингни кўргилик қилмасин! Шу гал кўнглим жуда безовта!..

Акбар онаси билан қучоқлашиб хайрлашар экан:
— Кўп хавотир бўлманг, ҳали яна кўришгаймиз!— деди.

У туғилгандан бери бор бўлган онаси ҳеч қачон ўлмайдигандек, абадий собит турадигандек туюларди. Лекин Акбар кемага тушиб, Оллоҳобод томонга икки кун сузар-сузмас шум хабар уни қувиб етди. Қуруқлик йўлдан шошилиб келган чопар Акбарга Салима бегимнинг мактубини тутқазди:

«Ҳазрат онамлар изтироб чека-чека беҳол бўлиб йиқилдилар. Охирги айтган сўзлари Сизнинг номингиз бўлди. Кечадан бери тилдан қолдилар. Фақат кўзлари очиқ, атрофга термулиб сизни излайдилар. Ҳазратим, жон беролмай қийналаётган улуғ онангиз ҳурмати, тезроқ етиб келинг.

Завжангиз Салима бегим!»

Акбар дарҳол кемадан тушиб отланди-ю. Аграга қайтди. Ўша заҳоти Рани Жодҳа Бай Оллоҳободдаги Салимга мактуб йўллади:

«Ҳазрат отангиз, ҳарбий юришни тўхтатиб, Аграга қайтдилар. Мен Сизга берган оқ сутимга рози бўлишимни истасангиз, сиз ҳам улуғ бувингиз билан видолашиш учун тез Аграга келинг. Бу ўткинчи дунёда яхши от қолдиринг, жоним болам! Ёш тўла кўзлар билан йўлингизга нигоронмен.

Онангиз Рани Жодҳа Бай».

Акбар ярим кечада саройга етиб, Ҳамида бегим ётган хонага кирди. Ранги қонсиз, кўзлари юмуқ онасининг ёнида чўккалаб, унинг озғин танасини чойшаб билан бирга қучди-да:
— Онажон! — деб секин чақирди.

Ёлғиз ўғлининг овози Ҳамида бегимни гўё нариги дунёдан қайтариб олиб келгандай бўлди. Кўзини мажолсиз очди-ю, тепасида Акбар турганини кўрди. Шунда хира кўзлари нурга тўлиб бир ёришди, аммо тили гапга келмади. Акбарни тирик кўргани она учун сўнгги тасалли бўлди. Илҳақлик тутиб турган жон энди узилди-ю, очиқ кўзлар тез сўна бошлади.

Оллоҳободдаги Салим ҳам уруш ҳаракатларини тўхтатиб, бувисини дафн қилишга келаётгани атроф вилоятларга маълум бўлди. Ҳатто ўз ўлими билан фалокат урушнинг олдини олган Ҳамида бегимга бутун мамлакат аза тутди. Унинг тобутини Аградан Деҳ-лигача юз минглаб одамлар кузатиб қўйдилар. Бегимнинг жасади ўзи қурдирган Мирзо Ҳумоюн мақбарасининг ўнг қанотига дафн этилди. Одатга биноан, унинг қабри устига қўйилган мармар тош юзасига тўрт қиррали мўтабар белги тарашланди. Бу белги Ҳамида бонунинг тўрт фарзанд кўрган она эканини билдирар эди.

Оллоҳобод узоқ бўлгани учун, Салим орадан ўн беш кунлар ўтгандан сўнг Деҳлига етиб борди. Ҳиндистон одатига биноан мотамсаро оқ кийим кийиб, бобоси ва бувисининг мақбарасини зиёрат қилди. Сўнг Ҳамида бегимнинг Аграда ўтказилаётган «йигирма»сига йўл олди.

Салимнинг қўшинсиз келгани Акбарга яхшилик аломати бўлиб туюлди. «Йигирма»га келганлар тарқагач, у ўғлини хонайи хосига таклиф қилди-ю, қаршисига ўтқазди.
— Xайриятки бу гал дилингизда меҳр-у оқибат ғолиб келибдир, — деди. — Онам раҳматли ўз ўлими билан аввало, сизнинг истиқболингизни қутқарди, амирзода!

Салим кинояли илжайди:
— Ҳазратим, нечун фақат мени?.. Сиз умр бўйи худди афсонавий Рустами достон каби мағлубият кўрмай келмоқдасиз... Агар Рустамнинг шундай халоскор онаси бўлганда, эҳтимол, ўғли Суҳроб ҳам уни енголмаган бўларди!..

Акбар ўғлининг нима демоқчилигини тушунди-ю, овозини таҳдидли пасайтириб сўради:
— Э, ҳали сиз Суҳроб бўлиб мени енгишингизга ишонганмидингиз? Наҳотки сиз билан Суҳробнинг орасида қанчалик катта фарқ борлигини билмайсиз? Суҳроб умр бўйи отасини кўрмай ўсган, уни танимай, билмай ҳалол олишган! Аммо отасининг эркаси бўлиб, кўзининг ёғини еб ўсган шаҳзодалар кўра-била туриб падаркушлик қилганда олти ойдан ортиқ подшо бўлолмаслигини тарих қайта-қайта исбот этган-ку! Энг охирги далил — отасига қарши тажовузлар қилган туронлик Абдумўмин ҳам Абдуллахондан кейин олти ой подшолик қилар-қилмас боши кесилганини эшитганмисиз?
— Эшитганмен, кўп оташин бўлманг, ҳазратим! Отага қарши қилич кўтарган ўғилнинг давлати узоққа бормаслигига мен ҳам энди аминмен[31]. Шунинг учун, мана, қўшинсиз, қуролсиз, бош эгиб ҳузурингизга келдим.
— Xўш, қани, тилагингиз недур?
— Ҳазрат отажон, мен ҳам ўттиз бешга кирдим. Ўғлим Xисрав фарзанд кўрди, мен энди неварали, сиз чеварали бўлдингиз. Мамлакат жуда улкан бўлиб кетди, уни бошқариш сизга ҳам қийин. Бу борада Шоҳруҳ мирзо билан ўғли Улуғбекнинг тажрибалари бизга мос келмоғи мумкин. Ота Ҳиротда, ўғил Самарқандда бўлгани каби сиз Аграда бош бўлиб турсангиз, фақир Оллоҳободда шарқий вилоятларни идора эцам...
— Демак, сиз Мирзо Улуғбекдек мустақил подшо бўлмоқчисиз! Аммо ёшингиз шунчага кириб, неварали бўлиб, Улуғбек қилган буюк ишларнинг қайси бирини қилдингиз? Расадхона-ю мадрасалар қурдингизми? «Зичи Кўрагоний»дек кашфиётлар қилдингизми? Оллоҳободда сиз ўзингизга сарой қилиб олган қирқ устунлик улуғвор қасрни ҳам биз қурдирганмиз! Сиз тайёрига айёр бўлиб, кайф-у сафо қилиб юрибсиз!

Акбар ўз дилида йиллар давомида ўғлига қарши тўпланиб юрган дард-у аламларни бирваракай тўкиб солди.
— Агар сиз менга тўғаноқ бўлмаганингизда, фарангиларни жанубдаги Гоа-ю Дамандан аллақачон қувиб юборган бўлардим! Улар бизнинг ички низоларимиздан фойдаланиб энди Банголанинг жанубида ҳам пайдо бўлишди. Xугла деган бандарни ўзлариники қилиб олишди. Агар сиз менга ёрдам берганингизда, Турондаги хайрихоҳларимизнинг истиқболи ҳам бошқача бўларди! Биз бу ерда ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолганимиз учун қаёқдаги аштархонийлар Бухоро-ю Самарқанд тахтини аллақачон эгаллаб олдилар. Шунча ёмонлик қилганингиз озмидики, мана бу тангалардан менинг номимни олиб ташлабсиз!

Акбар зарбоф кўрпача тагидан бир сиқим олтин тангани олиб ўғлининг устига сочиб юборди:
— Мен эллик йил жон чекиб, амалга оширган нек ишларни наҳотки тилаб олган ўғлим шунчалик ноинсофларча барбод қилса?! Яна бунинг устига Абулфазлдек энг суянган дўстимнинг бошига еца?!

Салим сўнгги гапдан дир-дир титрай бошлади. Акбар унинг гуноҳкорлигини шундан ҳам сезди-да, қаттиқ қарсак чалди. Эшик ортида турган иккита девқомат йигит тез кириб келишди.
— Олинг буни! — деб Акбар йигитларга буюрди: — Ғуслхонага элтиб ҳибс қилинг! Жазосини торцин!

Танаси латтадай бўшашиб қолган Салимни хизматкорлар икки қўлтиғидан олишди, қасрнинг бир четидаги ғуслхонага олиб бориб, қамаб қўйишди.

Подшоҳ оиласининг чўмиладиган жойи бўлган ғуслхонанинг ичи нам, деразаси йўқ. Деворлари мармардан, оёқ остиларига рангли тошларни чиройли қилиб териб сангфарш қилишган. Дам оладиган хонасига хушбўй атирлар сепилган, гулдор гилам ва кимхоб кўрпачалар тўшалган. Лекин ҳозир ёмғир фасли, бунинг устига ғуслхона ўзи нам, ҳамма нарса зах тортиб қолган. Сочиқларнинг ҳўли қуримаган. Одамлар баданларининг кирларини ювган шу жойда кеча-ю кундуз қамалиб ўлтириш таъби нозик шаҳзода учун чидаб бўлмас қийноққа айланиб кетди.

Акбар ичкарига ҳеч кимни, ҳатто оналарни ҳам киритмасликни, сув-нондан бошқа ҳеч нарса бермасликни буюрди. Соқчилар бу буйруқни қаттиқ туриб бажара бошлашди.

Мудом сархил овқатлар ейдиган, ҳар куни кечки пайт хушбўй чоғир ичиб турадиган, икки-уч кунда бир афюн қўшилган маъжун еб, кайф қилишга ўрганган Салим тўққиз кун нон-сув билан зах ғуслхонада ўлтиргач, баданлари тиришиб, ўладиган ҳолатга келди. Эшикларни тақиллатиб дод солди:
— Мен касалмен! Очинг! Чоғир беринг! Бас! Бўшатинг мени! Бўшатинг!

Ўғлини кўришга келган, лекин ичкарига киролмаётган Рани Жодҳа Бай йиғлаб гапирди:
— Мен не қилай, болам? Отангиз қаҳридан тушмаяптилар!
— Мени Муродга ўхшатиб ўлдирмоқчимилар?! Баданим тиришиб қоляпти! Чоғир берсинлар, бир хумордан чиқай! Бўлмаса ўламен!

Марями Замон Акбарнинг олдига борди:
— Шафқат қилинг! Мени ҳам фарзанд доғига гирифтор этманг!
— Қўрқманг, Марями Замон. Чоғир сўраган бўлса ҳали дами баланд. Ёцин ўша жойда! Тавбасига таянсин!

Ўнинчи куни Салим яна эшикни тақиллатиб дод сола бошлади. Гоҳ афюнни кўп еб, остонага бош қўйганича абадий уйқуга кетган биринчи хотини Ман Бай, гоҳ Абулфазлнинг кесилган боши унинг кўзига кўриниб кетарди. Ғуслхонада қандайдир даҳшатли шарпалар уни қувиб юргандай бўларди. У жинниларча бақириб, ҳўнграб йиғлади:
— Бўшатинглар мени! Кўзимга арвоҳлар кўринмоқда! Жинни бўлишимни истайсенларми?! Очинглар!

Бу гал ёпиқ эшикнинг олдига Жодҳа Бай билан бирга Салима бегим ҳам келди.
— Мен бир бор элчи бўлиб орага тушган эдим, болам! — деди Салима бегим. — Саркашлик қилдингиз! Нечун чоғир сўрайсиз? Шафоат сўранг! Бир оғиз «тавба қилдим» денг!

Ҳолдан тойган Салим заиф товуш билан:
— Xўп, онажонлар, менга шафе бўлинглар!.. — деди. — Мени отамнинг олдига олиб борсинлар!.. Афв сўрай!..

Салим ўн кунлик ҳибс давомида уч-тўрт ой касал ётган одамдай рангини олдирган, кўзлари ичига ботган, оёқлари каловланиб зўрға қадам ташлар эди. Икки она икки ёнида, уни отаси олдига олиб бордилар.
— Тавба қилдим! — деди Салим тиз чўкиб.

Акбар дармони кетиб қолган ўғлини қаршисига, оналарни икки ёнига ўтқазди.
— ўн кун ғуслхона — сизнинг тоғдай гуноҳларингиз ўтрусида зиғирдай кичик бир жазо холос, — деди Салимга. — Ўз оёғингиз билан келганингиз учун сизни аядим, оналарингизнинг юзидан ўта олмадим... Ёмонликнинг жазоси ҳаётдан қайца ана у ёмон бўлғай! Заҳҳоки Морон деган афсона ёдингиздами? Ёмонликни кўп қилгани учун Заҳҳокнинг икки елкасидан иккита илон ўсиб чиқмишдир. Ана шундай илонлар ҳар қандай подшонинг ҳам елкасида ин қўйишга ишқибоздир. Бу илонларнинг бири золимлик, бири — бидъат-у хурофот. Бири тахтпарастлик, бири— худпарастлик! Мен ўз елкамдан бош кўтармоқчи бўлган бу илонларни йўқ қилдим, деб ўйлаган эдим. Кейин қарасам, бу илонлар сизнинг елкангизга ўрмалаб чиқмоқда. Ахир бу илонлар мудом қурбон талаб қилур! Суюкли ёрингиз Шоҳ бегим, менинг дўстим Абулфазл ана шу илонларнинг қурбони бўлмадими? Шу кетишда бу илонлар ахийри ўзингизнинг ҳам бошингизга етмагайми?!

Сўнгги гаплар ғуслхонада Салимнинг кўзига кўринган даҳшатли шарпаларни ёдига солди-ю, сескантириб юборди:
— Инонинг, ҳазратим, мен энди ўз номимга хутба ҳам ўқитмагаймен, пул ҳам зарб этмагаймен. Елкамдан ўсиб чиқмоқчи бўлган илонларнинг бошини кесгаймен!
— Илоҳим шу ниятингизга етинг, ўғлим! Бу илонлардан ҳали мен ўзим ҳам қутулган эмасмен. Тож-у тахт, мутлақ ҳокимият бор жойда улар ҳамиша бўлур эканлар. Яхши бўлишни истасанг, умр бўйи бу илонлар билан олишиб яшашга мажбур экансен. Лекин дунёда яхши ном қолдиролмасанг, яшашнинг не қизиғи бор? Бобур бобомизнинг туркий сатрлари ёдингиздами? «Бори элга яхшилик қилғилки, бундин яхши йўқ, то дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилик».
— Мен бу ғазални бошданоёқ ёд билурмен!— деди Салим.
— Агар ёд билсангиз энди унга амал қилинг! Ахир авлодлар алмашганда алғов-далғов бўлиши, оталар билан болалар орасида низо чиқиши тарихда кўп учрайдиган ҳодиса. Аммо бизнинг Бобур бобомиз билан отамиз шу фалокатдан юқори турган улуғ сиймолар эди. Улардаги меҳр-у оқибат, авлодларнинг бир-бирига фидойилиги — беҳад ноёб бир гавҳар экан. Энди сиз билан мен шу гавҳарни йўқотиб қўймайлик, ўғлим! Гавҳар ҳаёт уммонига қайтадан тушиб кеца, кейин уни топиб бўлмагай. Ана ундан сўнг менга қилган оқибацизлигингиз ўғилларингиздан ўн ҳисса кўпайиб қайтгай. Охирида бу иллат уларни падаркушликкача олиб боргай! Зинҳор, минг зинҳор буни унутманг!

Акбарнинг сўнгги сўзлари Салимга васиятдек эшитилди-ю, кўзларини жиққа ёш қилди. Ўғлининг дили юмшаб инсофга келиб турган шу дамда рани Жодха Бай унинг отасига чин ихлосманд, балки маънавий ворис бўлишига умид қилди. Акбардан сўзлашга рухсат олди-ю, Салимга юзланди:
— Шайх Бобо, гавҳар йўқолмасин учун уни олтин узукнинг кўзида асрайдилар. Фарзандлик оқибати гавҳар бўлса, уни ўз бағрида асрайдиган олтин — имон-у эътиқоддир. Жаннатмакон бобонгиз Ҳумоюн ҳазратлари ўз оталарига дилдан маслакдош бўлганлари учун шу қадар оқибат кўргазганлар. Сиз ҳам имон-у эътиқодда ҳазрат отангизнинг содиқ маслакдоши бўлмоғингиз керак!

Бу сўзлар Салимга отаси кашф қилган дини илоҳийни эслатди-ю, бирдан вужудини сергаклантирди.
— Ҳазрат отажон, тепамизда Xудо турибдир. Ростини айтай. Олтин ашрафийларга калимайи шаҳодатни қайта зарб эттирганимдан ранжидингиз. Бироқ мен сизни ҳам Аллоҳ таолонинг қаҳридан сақлаш ниятида шундай қилдим. Ахир калимайи шаҳодат «Худо биттадир. Ал-лоҳдан бошқа илоҳа йўқдир» деган маънони билдирадир-ку. Биз бошқа динлар, бошқа худоларни тан олсак, Аллоҳнинг иродасига қарши борган бўлмаймизми?
— Йўқ! Чунки мен олтин ашрафийларимга «Аллоҳу акбар» иборасини зарб эттирганмен. Дини илоҳий «Аллоҳ улуғдир» деган шу эътиқодга асосланмишдир. Манфаатпараст уламолар-у, золим ҳукмдорлар калимайи шаҳодатни тор маҳаллий маънода талқин қилиб, диний босқинчиликларга йўл очиб бермишлар. Улар «Аллоҳдан бошқа илоҳа йўқ» деган иборани «Бошқа халқларнинг илоҳалари қалбаки, динлари ёлғон, шунинг учун биз ғайридинларни қул қилишга ҳақлимиз, улардан жизя солиғи олиб бойишимиз керак!» деган маънода тушунтириб, баднафс тамагирларни рағбатлантирди. Бундай зўравонликлар ислом оламини бошқа халқларга ёмон кўрсатди, унинг дунёдаги мавқейини пасайтирди.
— Лекин бошқа динлар исломни тан олмаса, биз улар билан нечук иноқлашгаймиз, ҳазрат отажон?
— Исломни тан олмаса, Xудони тан олгай-ку. Ахир Xудо демаган бирор дин борми? Қочган ҳам Xудо дейдир, қувган ҳам! Xудо битта, фақат турли қавмлар уни турли номлар билан атайдилар, унга турфа сифатлар берурлар. Бу хилма-хиллик — муқаддас юксакликка олиб борувчи йўлларнинг бир-бирига ўхшамаслигидан далолат берур. Аммо инсон зотининг энг муқаддас туйғулари ахир оқибатда юксак бир ҳақиқат меҳварига йиғилгусидир. Мен бунга имон келтирурмен, чунки барча эллар бир қуёш остида, битта заминда яшамоқдалар. Инсоният улғайган сари имон-у эътиқод йўллари тобора баланд кўтарилиб бормоқда. Мен сизга тоғ ёнбағрларининг бир чўққи устида бирлашиб кетишини аввал ҳам мисол қилиб айтган эдим. Ўшал чўққини сиз ҳам ҳозир тасаввур кўзи билан кўрсангиз бўлур. Қарама-қарши томонлардан тоққа қадам қўйган турли дин вакиллари бир-бирларини кўрмаган-билмаган пайтларда ҳар қанча ёвлашган бўлсалар ҳам, энг баланд илоҳий нуқтага чиққанларида кўзлаган мақсадлари-ю, интилган манзиллари ягона эканига амин бўлурлар. Муқаддас туйғуларимиз олий юксакликда бир-бирига туташганда биз ҳаммамиз одамзоднинг тақдири ҳам, парвардигори ҳам ягона эканига ишонгаймиз. Ўшанда айтурмиз: «дунёда биздан бошқа инсоният йўқдир, ягона парвардигордан бошқа илоҳа йўқдир». «Ло илоҳо иллоллоҳу»ни мана шундай умуминсоний миқёсда тушунсангиз дини илоҳий дилингизга йўл топгай, ўғлим!

Салим бир лаҳза отасининг мантиқ кучига тан бериб, унинг ҳақлигига имон келтиришга чоғланди... Аммо бирдан Фарид Бухорий каби эски мусулмонобод тарафдорлари эсига тушди. Улар минг-минг, ҳаммаси Салимдан нажот кутади, унга умид кўзини тикади. Наҳотки Салим бирдан шунча одамни ноумид қилиб, имон-у эътиқодини ўзгартирса? «Бунинг оқибати ёмон бўлғай» деди унга ички бир овоз.

Салим отаси олдида мажолсиз бош эгди-ю:
— Ҳазратим. Сиз айтган олий юксакликка кўтарилиш бугундан бошлаб менинг эзгу-нийятимга айлангай. Аммо ҳозир ҳибсдан кейинги дармонсизлик туфайлими... дилим алланарсадан хавотир бўлмоқда...

Акбар хотинларига қаради.
— Нелар сизни хавотир қилмоқда, болам? — деб Салима бегим Салимга меҳрибон кўзларини тикди: — Биз сизнинг хавотирингизга ҳам шерикмиз. Дилингиздаги ғуборни ота-она меҳри билан ювсангиз енгил тортгайсиз... Очиқ сўзланг!
— Рост, сизларнинг меҳрингиз менга шифодир... Xавотирим шулки, — деб Салим Фарид Бухорийнинг Кобулда айтган сўзларини эслади: — Дунёда ғайридинлар биздан кўпроқдир. Динлар қўшилса ислом суюлиб, мавқейимиз пасайиб кетмагайми? Биз ғайридинлар уммонида ўзлигимизни қандай сақлагаймиз?

Акбар оғир тин олди-ю, Салима бегимга «жавоб беринг!» дегандек ишора қилди.
— Амирзодам, ҳазрат отангиз дини илоҳийни эълон қилганларига йигирма йилдан ошди. Шундан бери мавқейимиз пасайдими, ёки кўтарилдими?

Салим ўйлаб туриб:
— Кўтарилди, — дейишга мажбур бўлди.
— Чиндан ҳам, сўнгги йигирма йиллик кўтарилиш Ҳиндистон тарихида минг йилда бир учрайдиган улкан ҳодиса бўди, — деди Салима бегим. У тарих китобларини кўп ўқиган, элчилик ҳам қилган. Қалами ўткир шоира бўлганлиги учун Абулфазл вафот этганидан бери ёзув-чизув ишларида, чет эллардан олинадиган баъзи нозик мактубларга жавоб ёзишда Акбарга кўмаклашади. У Акбардан ижозат сўраб, Салимга Англия, Испания, Франсия ва Xитой элчилари олиб келган мактублардан баъзи жойларини айтиб берди: — Қаранг, амирзодам, шарқ-у ғарбнинг шундай обрўли давлатлари ҳазрат отангизни ислом оламининг бугунги энг улуғ подшоси деб тан олмоқдалар. «Сулҳи кулл» сиёсатини катта маънавий жасорат деб атамоқдалар. Отангиз амалга оширган ислоҳотлар ислом оламининг жаҳон миқёсидаги обрўсини оширмоқда, мусулмон давлатлари янги юксалишларга, янгиланишларга қодир эканини кўрсатмоқда. Бундай буюк юксалиш-у янгиланишлар Соҳибқирон Амир Темур давридан буён энди содир бўлмоқда. Энг истеъдодли мусаввирлар ҳазрат отангизни бобокалонингиз Амир Темур суратига ёнма-ён қўйиб тасвир этганларини сиз ҳам кўргансиз. Дунёда ҳозир учта энг қудратли давлат бўлса, бири Ҳиндистондир. Буни шарқда Xитойдан тортиб, ғарбдаги Фарангистонгача барчаси тан олмоқда. Шундай бўлгач, нечун биз ғайридинлар уммонида ўзлигимизни сақлай олмас эканмиз? Аксинча, отангиз барпо этган улуғ давлат бу уммонда ўзлигимизни янада маҳкам сақлашга имкон бермайдими?

Салима бегим шоирона бир эҳтирос билан сўзлаган сари, Рани Жодха Бай унга маҳлиё бўлиб тикилар, унинг назарида Салим ҳозироқ отасининг оёғига тиз чўкиб, Дини илоҳийни қабул қиладигандек бўлар, шундан кейин Акбар уни валиаҳд деб эълон қилса, ҳаммалари мурод мақсадларига етарди. Чунки Салимнинг ҳам энг катта мақсади — валиаҳд бўлиш эди. Бироқ Салим ўз дилига ҳали астойдил ўрнашмаган янги эътиқодни хушомад тарзида носамимий қабул қилишни ўзига ҳам, отасига ҳам муносиб кўрмасди. У икки ўт орасида қолгандек мушкул аҳволга тушди, юзи бўғриқиб, ёноқларида, ҳатто бўйнида тер томчилари йилтиради... Ўғлининг лаблари қақраб, ёрилай деб турганини Акбар энди кўрди. Қарсак чалиб савдарни чақирди-да, обиҳаёт келтиришни буюрди.

Акбар учун махсус тайёрланадиган бу яхна ичимликка дармон берадиган, асабни тинчитадиган доривор гиёҳлар қўшилган эди. Салим олтин пиёлага қуйилган муздек обиҳаётни ичиб, анча тетикланди. Отасига миннатдор кўзлар билан қараб деди:
— Ҳазрат отажон, сиздан ҳам, мунис онажонларимдан ҳам яширадиган сирим йўқ. Сизнинг душманларингиз — менинг ҳам душманимдирлар. Сизни ғайридинлар Xитой-у Фарангистонда мақтаганлари сари Турон-у Эронда, Арабистон-у Румда бизни минг мақомга солиб, «кофиру маъжусий» деб ёмонламоқдалар. Ҳатто сизга оқ сут берган энагалар орасида Рупа Рани номли ҳинд аёли борлигини далил келтирурлар...
— Рост, мен ҳам бу гапни эшитдим. Гўё кофирлиг-у маъжусийлик менга она сути билан кирган эмиш, энди фақат жон билан чиқар эмиш!

Салимнинг ўзи ҳам ҳинд динидаги онани эмганлиги учун бу сўзлардан даҳшатга келди:
— Онанинг оқ сутини ҳам қорага бўяйдиган бундай манфур ёғийларга дастак бермаслик учун фақир «Ло илоҳа иллоллоҳу»ни дилимга маҳкам жойламишмен! Ундан воз кечишга қўрқамен!

Акбар хиёл жилмайиб сўради:
— Сизнингча мен калимайи шаҳодатдан воз кечмишменми?
— Йўқ зинҳор! Ахир сиз ҳар куни беш вақт намозни канда қилмайсиз! Жума кунлари жоме масжидига доим намозга боришингизни эл-улус яхши билур. Фақат ғаразгўйлар...
— Ғаразгўйлар фақат сиз-у биздан эмас, Қуръон-у Ҳадисдек муқаддас китоблардан ҳам қусур излаганлари сир эмас-ку. Айниқса, ота юртимиз Туркистонда ислом динини бойлиг-у мансаб орттириш воситасига айлантирган тамагирлар энг улуғ алломалар бошига не кулфатларни солмади! Ҳадис илмида дунёда тенгсиз авлиё Исмоил Бухорийни ғаразгўйлар сомонийларга ёмон кўрсатиб, Бухородан қандай қувганлари сенга маълумми?
— маълум, ҳазратим!
— «Алқонунни» яратган улуғ ҳаким Шайхурраис Ибн Сино нечун Турондан қувғин қилинди? Ҳиндистон ҳақида буюк китоб ёзган Беруний нечун ватанига сиғмади? Бизнинг бобомиз Бобур Мирзо нечун туғилган юртидан жудо бўлди? Чунки бу улуғ сиймолар исломнинг умуминсоний ғояларига таяниб, бошқа динларга бағрикенглик билан қараган эдилар. Улар барча халқларни Одам ато ва Момо ҳаводан тарқаган биродарлар деб билганлар. Дили тор ҳукмдорлар шундай улуғ сиймоларни ватанидан қувиш билан Ту-ронни таназзулга дучор қилмадиларми? Бир вақтлар жаҳон маданиятининг пешқадам марказларидан бўлган Турон ҳозир қўшни юртлардан узилиб, ортда қолиб, жаҳолат ичида хароб бўлмоқда-ку! Наҳотки сиз Ҳиндистоннинг ҳам шу аҳволга тушишини истайсиз, ўғлим?
— Бундай истаклардан тангрим мени асрасин, ҳазратим! Менинг муқаддас тилагим шулки, ота юртимиз Туркистон ҳам Амир Темур бобомиз давридаги юксакликларга қайта кўтарилсин!

Бу сўзлардан Акбар енгил бир сўлиш олди, Салимга аталган илиқ бир оталик меҳри қалбида яна уйғонаётгандай бўлди. Кошки Салим отасининг ишини давом эттирадиган ва юқори босқичларга кўтара оладиган даражага еца-ю, Акбар қолган умрини ўғли билан иноқ яшаб ўтказса!..
— Муқаддас тилак! — деди Акбар ўғлининг сўзларини ёқтириб. — Одамнинг дилида муқаддас туйғулар бўлмаса имон-у эътиқоди барбод бўлғай. Сиз билан менинг муқаддас тилакларимиз бор экан, энди уларни рўёбга чиқариш йўлларини ҳам бирга излайлик. Сиз «Ло илоҳа иллоллоҳ»ни Фарид Бухорийлар талқинида келтирдингиз. Бундай талқин бошқа динларни тан олмасликка чорлайдир, ғайридинларда жизя олишга йўл очадир. Жизя эса нафси катта уламоларга бойлик келтирадир. Бой бўлганларидан сўнг катта мартабаларга интиладилар. Ҳолбуки, исломни муқаддас деб билган сўфийлар бойлиг-у мартабани тан олмаганлар. Шаҳрисабзда Амир Темурнинг пири Амир Шамсиддин ўзларини Кулол деб атаганлар, бойлиг-у мартабадан воз кечиб, кулоллик меҳнати билан рўзғор тебратганлар. Бухорода ўтган ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд наққош бўлганлар, ўз ҳунарлари ҳисобига кун кўрганлар. Улардан кейин келган мулло-ю эшонлар аксини қилиб нафсга берилдилар, назр-ниёз билан бой бўлдилар, қўша-қўша хотин олдилар. Мана менга хабари келди: Туронда ҳукмрон бўлган Жўйбар шайхлари Бухоро атрофларидаги жуда кўп ер-у мулкка эга бўлиб, бойлик орттиришда хонлар билан мусобақа қилур эканлар. Бунинг оқибатида эл-юрт қашшоқлашиб, Турон таназзул ботқоғига тобора чуқур ботиб кетмоқда. Ҳолбуки, барча уламолар ислом динига Баҳовуддин Нақшбанд каби беғараз хизмат қилсалар, ота юртимиз яна юксалган бўлур эди. Туркияни юксалтирган сиймолардан бири Жалолиддин Румий дин-у миллат айирмай, барча инсон зотини бирдай улуғлаган. Муслим-у насора, оташпараст-у ёҳудий — ҳаммасига атаб Румий гўзал маснавийлар битган. Румий вафот этганда уни турли дин, турли миллат вакиллари биргалашиб дафн этганлар. Ёки Алишер Навоийнинг «Хамса»сида турли дин, турли миллат вакиллари биргалашиб, бутун одамзодни ёмон балолардан сақлайдиган Садди Искандарий қурганларини эсланг. Наҳотки шундай улуғ сўфийлар «Ло илоҳа иллоллоҳни» яхши тушунмаганликлари учун турли дин вакилларига биродарона муносабат қилган бўлсалар? Қуръони каримнинг «Ҳужарат» сураси турли миллат-у қавмларни бир ота, бир онанинг фарзандларидек биродар бўлиб яшашга даъват этгани ёдингизда борми?

Салим титроқ қўлларини кўксига қўйганича аввал оналарига, сўнг отасига узрли кўзлар билан қаради:
— Ҳаммаси ёдимда бор, ҳазрат отажон. Мен бугун сиз кўтарилган маънавий юксакликни ҳар қачонгидан ҳам аниқ тасаввур этмоқдамен. Сулҳи куллга, тинч-тотув яшашга мен ҳам имон келтирурмен! Фақат сиз каби улуғ сўфийлар кўтарилган юксакликка ҳар ким ўз руҳи, ўз заковати, ўз имон-у эътиқоди билан кўтарилишига энди ақлим етмоқда. Фотиҳа берингиз, токи шу юксакликка... кўтарилиш менга ҳам насиб қилсин!

Салим отаси олдида хушомад қилмай, самимий сўзлагани қадрли туюлди. Акбар:
— Омин, шу мақсадга етинг! — деб юзига фотиҳа тортди.

Шу билан ота-ўғил уруш-юрушсиз тинч яшай бошладилар. Салим отасининг ҳурматини жойига қўйиб муомала қилар, аммо имон-у эътиқод тўғрисида бошқа сўз очмас эди. Акбар унинг ўз ёқтирган муҳити ва ихлосмандлари таъсиридан чиқиб кетолмаслигига ишонгач: «Оқибати не бўларкан?» — деб ўйга толди. Уч ўғил ўстириб бирортасидан кўнгли тўлмаса... Ёки Дакандаги кичик ўғил Дониёл ичишни ташлаб, ақлини йиғиб олармикан? Ўшанда Акбар Дониёлни валиаҳд тайинлаши мумкин. Салим норози бўлса, Дониёлнинг ёнида тадбиркор Абдураҳим хони-хонон бор. Ман Синх уларга ёрдам бериши аниқ. Кўплашиб Салимни тинчитишар. «Ажаб дунё! — деб сўнгги ўйидан унинг ўзи таажжуб қилди: — Шундай улкан давлатни бошқарган одам, тилаб олган ўғилларимни йўлимга сололмасам-а!.. Бу не аччиқ насиба?»

Хотима

Акбарга берилган ҳаёт жомининг тубидан яна бир оғу чиқди. Ўттиз уч ёшли Дониёл Даканда худди Мурод каби муттасил ичкилик ичишдан оқтутқалоқ бўлиб вафот этди. Аввалги жудоликлар устига қўшилган яна бир маломатли ўлим Акбарга навбатдаги қақ-шатқич руҳий зарба бўлиб тушди. У ўзининг умри ҳам охирлаб қолаётганини сезиб, сўнгги марта Деҳлига борди. Ота-онаси қўйилган мақбарада бир неча соат ўлтириб, марҳумларнинг хоки билан видолашди. Деҳлидан Фатҳпур-Секрига ўтиб, ўзи қурдирган саройлар, эътиқодхона ва тасвирхона биноларини бир-бир айланиб чиқди.

Азиз кўка, Ман Синх ва Абдураҳим унинг икки ёнида бормоқда эдилар. Тўртовлон Салим ота мақбарасини зиёрат қилдилар, рожа Бирбал ва Абулфазл турган уйларни кириб кўрдилар. Пойтахт кўчиб кетгандан сўнг бўм-бўш бўлиб ҳувиллаб қолган Панж Маҳал қасри, Девониом, Девонихос Акбарда маъюс хотиралар уйғотди. У ҳаётининг энг жўшқин йиллари ўтган кимсасиз биноларга қараб:
— Алвидо! — деганда тош деворлардан бўғиқ акс садо қайтди. — Ҳайҳот, мен ишонган кўп нарсалар сароб бўлиб чиқди. Диний адоват ҳамон тугаган эмас! Сулхи қулл эълон қилдиг-у, аммо урушдан бошимиз чиқмади! Отам раҳматли табиатдаги уйғунлиг-у мувозанатни давлат тартиботига жорий этмоқчи бўлган эди. Лекин бу — амалга ошмайдиган хаёлот эканини умрининг охирида фаҳмлади. Мен бутун одамзодни руҳан бирлаштирмоқчи бўлганим ҳам ҳали-бери амалга ошмайдиган бир хаёлот эканини энди сезиб турибмен. Балки бунинг учун асрлар керакдир. Инсоннинг умри шунчалик қисқа!

Акбар Секри тепалиги устидан шимол томонга тикилиб, узоқларда Кашмир кўллари ичида сузиб юрган кемаларни, Кобул дарёси бўйидаги боғларни кўз олдига келтирди.
— Бир армоним — Самарқанд-у Андижонларни кўриш насиб қилмади, — деб қўйди. — Лекин шукур қилишим ҳам керак. Мана шу биноларни қурдик. Ёнимда олтмиш тўрт йилдан бери садоқатини бузмай келаётган Азиздек кўкалдошим бор. Рожа Ман Синх билан қирқ йилдан берли иноқмиз. Фарзандларимдан кўрмаган меҳр-у оқибатни тутунган ўғлим Абдураҳимдан кўрмоқдамен. Учовларингиздан ҳам минг марта розимен!

Акбар Агра қалъасига қайтганда невараси Xисрав билан Xуррам уни қарши олдилар. Акбар икковини филхонага бошлаб кирди, ҳар бирига энг ёқтирган филларини тақдим қилмоқчи бўлди.

Филхонада Акбарнинг эски қадрдони Бҳишан Чанд саркор эди. ўн саккиз ёшли Xисрав Намудор деган улкан бир филни маъқул кўрди. У онаси Шоҳ бегимнинг ўлимига отаси сабаб бўлганини билгандан бери Салимни суймас эди. Акбар Оллоҳободга қўшин тортганда Xисрав ҳам отасига қарши урушга қатнашмоқчи бўлиб бирга отланган эди. Ман Синх билан Азиз кўка Xисравни Салимнинг ўрнига валиаҳд деб эълон қилиш тарафдори эдилар. Лекин Акбар ота-бола душманлигини аланга олдирмаслик учун бу фикрдан қайтди. Ҳозир у Xисравга Намудорни тақдим қилар экан:
— Невараларим, сизлар ҳам шу филдай қудратли, филдай бардошли бўлинглар! — деди. — Бҳишан Чанд — менинг қирқ беш йиллик қадрдоним. Бағри кенг ҳинд халқининг заҳматкаш фарзанди. Бобур бобомизнинг Тоҳир деган заҳматкаш қадрдони бор эди. Сенлар ҳам ҳалол заҳматкашлар орасидан Тоҳирдек, Салим отадек, Бҳишан Чанддек қадрдонлар топинглар! Энг оғир дамларда шулардай беғараз, ҳалол одамларга суянинглар.

Бу йил ўн уч ёшга кирган ва отасидан ҳам кўҳлик йигитча бўлиб бораётган Xуррам энг бўйи баланд қора филни ёқтириб қолди. Акбар бу филни неварасига тақдим этар экан:
— Бунинг номи — Зинҳор! — деб тушунтирди. — Фил жуда зийрак жонивор. Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам унутмагай. Филга зинҳор ёмонлик қилмагин. Ота-боболарингдан фақат яхши фазилатларни олинглар-у нуқсонларимизга зинҳор эргашманглар!..

Акбар милодий 1605-йилнинг кузида бир ойча касал бўлиб ётди. Вафотидан сал олдин Салимни ҳузурига чақириб, бошига ўзининг Кўҳинур олмоси қадалган салласини, эгнига тўнини кийдирди. Сўнг Акбар ўзининг боши устига эъзозлаб осиб қўйилган Амир Темур қиличини Салимнинг белига тақдирди.
— Бу қиличга «Куч адолатдадир» деган башорат битилганини билурсиз, ўғлим, — деди Салимни «сиз»лаб.— Икки юз йилдан буён авлоддан авлодга ўтиб келган бу қилични фақат адолат учун курашда ишлатинг. Соҳибқирон бобокалонимиз бизга ақл-у инсофни, муроса-ю маърифатни, меҳр-у оқибатни васият қилганларини зинҳор унутманг.
— Мен буни умрбод ёдда тутгаймен! — деди Салим. — Соҳибқирон бобомиз васиятларидан илҳом олиб, мен ҳам тузукот битмоқдамен!
— Илоҳим яхши ниятларингизга етинг!

Акбар оламдан ўтгач, бек-у аъёнлар янги ҳукмдорга садоқат билдириш учун девониомга йиғилдилар. Шунда Салимнинг Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир номи билан тахтга чиқажагини биринчи бўлиб эълон қилиш Фарид Бухорийга топширилди. Мавлоно Фарид энг катта орзуси ушалганидан овози сурурли жаранглаб, бахтиёрлик туйғусини яширолмай, бу топшириқни бажонидил адо этди... Алберт Перейро эса кексайиб ўз ватанига қайтиб кетди ва Акбарга қарши олиб борган махфий ишлари учун катта мартабаларга эришди.

Акбарни Аградан беш мил беридаги Искандар деган жойга, ўзи тархини чизган мақбарага дафн этдилар. Мақбарани ўн икки йил давомида улуғвор бир обида шаклида қуриб битиришга Марями Замон Жодха бай билан Салима бегимнинг кўп меҳнатлари сингди. Улар иккови ҳам саксон ёшдан ошиб, опа-сингиллардай иноқ яшадилар. Вафот этганларидан сўнг эса Акбар мақбарасининг икки қанотидан абадий ўрин олдилар.

Бу орада Xисрав отасига қарши исён кўтариб, енгилди-ю, кўзи кўр қилинди. Кўпроқ бобосига тортган Xуррам бобурийлар хонадонининг энг истеъдодли вакили бўлиб етилди ва кейинчалик Шоҳжаҳон номи билан танилиб, машҳур Тожмаҳални қурдирди. Аммо унгача Акбар Фатҳпур-Секрида қурдирган муҳташам эътиқод уйини жоҳил хурофотчилар таг-тугигача бузиб, яксон қилиб ташладилар. Шу билан улар Акбарнинг турли эллар ва эътиқодларни аҳил қилишга қаратилган ғояларини ҳам тарих саҳифаларидан ўчириб юбормоқчи бўлдилар.

Лекин орадан ўтган тўрт аср давомида Акбарнинг маънавий изланишлари ва умуминсоний ғоялари унутилмади. Унинг номи ҳиндча, русча, инглизча, форсча, испанча ва бошқа тилларда босилган китобларнинг сарлавҳаларида учраши бежиз эмас.

Фатҳпур-Секрининг дунё танийдиган меъморлик обидалари Акбарнинг ижодкор руҳи ҳамон тирик эканини ва ҳали ҳам одамларга бадиий завқ беришини кўрсатиб туради. Искандардаги Акбар мақбарасига Ҳиндистоннинг узоқ-яқин ўлкаларидан ва жаҳоннинг турли мамлакатларидан турнақатор одамлар келади.

Акбар мақбарасига келиб гул қўйган сиймолар орасида ҳинд халқининг улуғ фарзанди Жавоҳарлал Неру ҳам бўлган. Жавоҳарлал Нерунинг инглиз мустамлакачилари қамоқхонасидан ўз қизи Индира Гандига ёзган мактубларида[32] Акбар Ҳиндистонни бирлаштирган ва ҳинд миллатига ота бўлган улуғ сиймолар қаторида қаламга олинади. «Фақат шоҳлик мартабасидан бўлак ҳеч вақоси бўлмаган беҳисоб кўп тождорлар орасида Акбарнинг чинакам мардона қиёфаси юксакка бўй чўзиб, ҳалигача бизни қойил қилиб келаётгани ҳайрон қоларли ҳол эмасми!» — деб ёзади Жавоҳарлал Неру.

Кишини ҳайратга соладиган яна бир ҳодиса — Бобур ва Акбар мансуб бўлган сулоланинг асрдан асрга ва мамлакатдан мамлакатга ўтиб, беш асрдан ортиқ умр кўрганлигидир. «истеъдод мерос бўлиб ўтмайди» деган ақида бор.

Лекин Амир Темурнинг улуғ истеъдоди кичик ўғли Шоҳруҳ орқали Улуғбекка ўтганлиги, унинг ўртанча ўғли Амираншоҳ эса отасининг ўлмас даҳосини чевараси Мирзо Бобурга етказиб берганлиги тарих томонидан тасдиқ этилган ҳодисалардир. Айниқса, Амир Темурнинг улуғ давлат арбоби ва енгилмас саркарда сифатидаги истеъдоди икки асрдан сўнг Акбарда янги бир шаклда қайта тирилгани шарқнинг барча машҳур тарихчилари томонидан эътироф этилгандир. Акбарнинг меъмор сифатидаги истеъдоди эса унинг невараси Шоҳжаҳонда янада баланд босқичга кўтарилгани — бу сулолага хос ирсий даҳо инсоният тарихида кам учрайдиган бир қудрат ва умрбоқийлик билан ҳайратомуз мўжизалар яратганини исбот этади.

Бу улуғ сулоланинг сарзамини бизнинг қадимий Туркистон эканини кўп мамлакатлар ҳали билмайди. Чунки Бобур ва унинг авлодларини «Улуғ мўғуллар» деб аташ бир одат тарзида кўпгина мамлакатларда сақланиб келмоқда. Ҳолбуки, Бобур ҳам, унинг авлодлари ҳам ўзларининг туркий улусдан эканликларини таъкидлаб ёзганлар ва темурийзода бўлганликлари билан ифтихор қилганлар.

Яқин вақтларгача Ўзбекистонни танимаган-билмаган юздан ортиқ мамлакатлар ҳозир бизни тан олиб, элчилар юбормоқдалар. Ишонамизки, Ўзбекистон мустақиллигига хайрхоҳ мамлакатлар ундан сунъий равишда бегона қилинган бу улуғ тарихий сиймоларнинг ота юрти— бизнинг бугунги Ватанимиз эканини жаҳон миқёсида тан оладиган кунлар келади.

1983—1993. Дўрмон
IV- qism
 
Keyingi



  1. Қувваи баҳрия — ҳарбий флот.
  2. Мусоҳаба — худтаҳлил, ўз-ўзини кузатиб анализ қилиш. Мурокаба — ўз-ўзини чеклаш, қаноатга ўрганиш.
  3. Маҳзар — марказий нуқта, синтез жойи.
  4. Суба — вилоят.
  5. Биркурур — 10 миллион.
  6. Панжоб, Ауд ва бошқа ўлкаларда Акбар ҳақидаги халқ қўшиқлари ҳалигача айтиб келинаётгани ҳинд олими Мунилалнинг 1978 йилда Деҳлида чиққан китобида келтирилган. Юқоридаги халқ қўшиғининг сатрма-сатр таржимаси ҳам ўша китобдан олинди.
  7. Дҳоти — кенг иштон.
  8. Падре — ота. Руҳонийлар унвони.
  9. Ҳар томонлама сулҳ, тинчлик.
  10. Тепамда филбоним ўлтирмаса, мен ҳам шу филга ўхшаб борган жойимда бошимга тупроқ сочиб издан чиқаман. Филбоним бошим устида этагини ҳилпиратиб, мени чоптирса, унга ишқим ортади.
  11. Таржимаси: Маст филга ўхшаб ҳар замон жўшу хуруш қилгим келур
  12. Ўтрумиз — қаршимиз, рўпарамиз.
  13. Сарацин — португалча «мусулмон» дегани.
  14. Ҳатто Франсияда руҳонийлар истибдоди ва эркин фикрли кишиларни ўтга ташлаб ўлдирувчи инквизициянинг шафқацизликлари Волтер яшаган XVIII асргача давом этгани тарихдан маълум.
  15. Аммо А. Монсеррате тириклигида эсдаликларини чоп этишга муяссар бўлмади. Чунки католик черкови ундан китоб эмас, миссионерлик ишини талаб қилар эди. Унинг ёзувлари португал маъмурлари томонидан фақат разведка мақсадларида фойдаланилди ва махфий тутилди. Орадан уч юз йил ўтгандан сўнг «Изоҳлар»ни эсдалик тарзида аввал инглиз тилида тўлиқ чоп этдилар. Кейинчалик бошқа тилларда ҳам чиқди-ю, Монсерратега ўзи орзу қилган шуҳрат уч аср кечикиб келди.
  16. Одинапур — кейинчалик Жалолобод бўлган.
  17. Таржимаси: Ҳинд кенгликларини улкан бир гулшанга айлантирди Муҳаммад Акбар Ғози Жалолиддини дунё. (Бу ерда Акбарнинг Жалол (Нур) деган исми асосига қурилган сўз ўйини бор).
  18. Бобурҳақидагибуҳикоятхалқорасидаҳалигачаайтибюрилганини1983-йилдаАфғонистоннингжанубида — Жалолободда бир йил таржимон бўлиб ишлаб келган тошкентлик олим сўзлаб берди.
  19. Салим ўз хотираларини кейинчалик «Тузуки Жаҳонгирий» деб атайди.
  20. Тасвирхона — мусаввирлар даргоҳи.
  21. Аслидабу — Бобур юборган элчининг халқ хотирасида ўзгарган ва бойиган ҳолда сақланиб қолганлигини кўрсатувчи ривоятдир. Бабуринский хутор, Бабурино деган жойлар ва Бабурин деган исмлар улуғ рус ёзувчиси И. С. Тургенев яшаган даврда ҳам бўлган. Шу сабабли И. С. Тургенев ўзининг «Пунин ва Бабурин» деган повестида Парамон Семёнович Бабуриннинг ҳинд шоҳи Бобурдан келиб чиққанлиги ҳақидаги ривоятдан фойдаланади.
  22. Фатҳпур-Секрида асоратдан қутқарилган бир рус оиласи Португалия миссионерлари ҳамроҳлигида Ҳиндистондан жўнаб кетганини инглиз олими В. Смит «Акбар» номли китобида қайд этган.
  23. Бу нархлар Абулфазлнинг «Ойини Акбарий»сида келтирилган.
  24. Доҳа — икки сатрли қисқа шеър.
  25. Ҳижрий минг йиллик милодий 1592-йилда киради.
  26. Бадавнийнинг бу сўзлари унинг «Мутахаби таворихи»да ҳам бор.
  27. Бадавнийнинг бу сўзлари унинг «Мутахаби таворихи»да ҳам бор. Салим Меҳринисо билан отаси ўлгандан кейингина қайта топишди. Салимга эрга чиққан бу аёл тарихда Нуржаҳон номи билан машҳур бўлди.
  28. Дал — кашмирчада «минг баргли нилуфар» деган маънони билдиради.
  29. «Иқболнома» кейинчалик «Акбарнома» деган ном билан машхур бўлди. Дастлаб «Ойини Акбарий» ҳам шу китобга илова тарзида ёзилган.
  30. Кейинчалик Акбар қабри ёнидаги бу нодир жавоҳирларни инглиз мустамлакачилари пичоқ билан кўчириб олиб кетадилар.
  31. Салим худди шу сўзларни кейинчалик ўзининг «Тузуки Жаҳонгирий» деб аталган китобида ёзиб кетган.
  32. Жавоҳарлал Нерунинг ўз қизига ёзган бу мактублари кейинчалик «Дунё тарихига бир назар» номли уч жилдли асар шаклида нашр этилган.