OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифПиримқул Қодиров
Асар номиЭрк (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Пиримқул Қодиров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм373KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Эрк (қисса)
Пиримқул Қодиров

1

Шаҳар четидаги салқин чорбоғдан бирин-кетин бешта енгил машина чиқди-ю катта кўча томон бурилди. Розия ҳам шу чорбоғдан чиқиб, автобус бекатига қараб бормоқда эди. Машиналар карвони уни қувиб ўтганда, олдинда кетаётган қора «Волга» бирдан секинлади. Орқадагилари ҳам тормозларини ғийқиллати6, унинг кетидан тўхтади.

Бу машиналарда москвалик меҳмонлар ва уларни олиб юрган мезбонлар келаётганини Розия билар эди. Шаҳар меҳмонхоналари иссиқ бўлганлиги учун москвалик мутахассисларга боғдан жой қилинган. Розия ҳозир уларга керакли маълумотларни бериб қайтмоқда эди. Энди улар ҳаммаси нега тўсатдан тўхтаб қолганига қизиқиб машиналарга кўз югуртирди.

Олдинги қора «Волга»дан тушган новча, ўрта яшар меҳмон Розияга бир гапи бордай ўгирилиб қаради. Бу орада мезбонлардан икки-учтаси машиналардан тушиб, меҳмонни ўраб олишди.
— Нима бўлди? Машинани нега тўхтатдингиз, Максимич?
— Рухсат берсаларингиз, мен шу ерда тушиб қолсам.
— Бир ўзингиз-а?
— Ҳа.
— Нега энди, Максимич? Ё орадан бирон гап ўтдими?
— Хаммаси жойида, дўстлар, мен ҳеч кимдан, ҳеч нарсадан хафа эмасман. Фақат оддий бир йўловчи бўлиб шаҳар кезмоқчиман, холос.
— Йўғ-э! Кун иссиқ, қийналиб қоласиз!
— Ҳечқиси йўқ, мен чиниққан одамман!
— Ахир, биз ҳам шаҳарни айланмоқчи бўлиб кетаётибмиз-ку, Максимич! Метрополитен учун мўлжаллаётган трассамизни яна бир кўрмоқчи эдингиз-ку!
— Масала умуман ҳал бўлсин, кейин яна, албатта, кўрамиз. Ҳозир мен шаҳарни яхшилаб бир томоша қилмоқчиман.
— Бўлмаса, машиналардан бирини берайлик, одам қўшайлик! Адашиб кетишингиз мумкин.
— Раҳмат, дўстлар, бунинг ҳожати йўқ. Адресни, телефонни ёзиб олганман. Ўзим топиб бораман.

Машинада ўтирган бошқа меҳмонлар ҳам гапга аралашишди:
— Максимичнинг шунақа одати бор. Майли, мажбур қилмайлик.

Ниҳоят, машиналар карвони жўнаб кетди. Енгил кулранг пиджагини ечиб, билагига ташлаб олган Максимич серсоя йўлкадан секин ўтиб кетаётган Розияга қараб юрди.
— Ўртоқ гидрогеолог, бир минутга мумкинми? Розия тўхтаб, орқасига ўгарилди. Шундай мўътабар меҳмон, шундай салобатли одам наҳотки Розия туфайли бешта машинани тўхтатиб, тушиб қолган бўлса! Розия бу тахминга ишонгиси келмай:
— Менми? — деди ва бир қўлининг учини кўксига қўйиб, беихтиёр ўзини кўрсатди. Унинг кўзлари ҳайратдан катта-катта очилган, лаблари бегона эркакдан чўчигандай қимтилган эди.
— Ҳа, отингизни билмаганим учун касбингизни айтиб чақирдим, кечирасиз.
— Марҳамат. — Розия мехмонга сергакланиб қараб турарди.
— Мен меҳмонлик ҳукуқимдан фойдаланиб қолмоқчиман. Шарқда «меҳмон отангдек азиз» дер эканлар, тўғрими?

Розия меҳмоннинг сочи оқариб қолган чаккаларига кўз ташлади-ю: «Ҳақиқатан, отам тенги одам экан, нега чўчийман?» дея ичида ўзидан кулди.
— Умуман, тўғри, — деди.
— Бўлмаса танишиб қўяйлик.

Розия қизил сумка тутган қўлларини орқасига қилиб турган эди, қўл бермасдан шундоқ ўз номини айтди.
— Розия! — меҳмон унинг номини ёқтириб русча урғу билан бир-икки такрорлаб қўйди. — Чиройли, қисқа ном. Менинг номим ўзимга ўхшаган узун: Илларион Максимилианович. Эсингизда қолдими? Қани, айтинг-чи?

Розия ярмигача тўғри айтди. У русчани яхши билса ҳам, нарёғига тили келишмай адашди. Бундан икковлари ҳам кулиб юборишди. Шундан кейин Розия ортиқча тортинмай эркин гаплаша бошлади.
— Боя чорбоғда сизни «Максимич» деб чақирганларини эшитган эдим.
— Умуман, бу қисқартириш унча тўғри эмас. «Максим» билан «Максимилиан» икки турли номлар. Лекин, агар истасангиз, сиз ҳам мени Максимич деяверишингиз мумкин. Мен ўрганиб кетганман.

Розия «Максимич» деса ўзини унга ҳаддан ташқари яқин оладигандай бўлар эди. Шунинг учун:
— Кўрай-чи, балки тўлиқ айтишга ҳам кучим етар, — деди.

Бу гаплар давомида иккови автобус бекатига етиб борди. Узоқда автбус кўринди.
— Сиз нечанчига? — деди Розия.
— Билмайман. Шаҳарларингизга биринчи келишим, айланиб кўрмоқчиман. Агар рухсат берсангиз, сиз борган жойгача бирга кетсам. Нарёғига балки, йўлни тушунтириб қўярсиз?
— Майли, — деб Розия дарҳол розилик берди-ю, аммо унинг юзида қандайдир тараддуд ифодаси пайдо бўлди.

Бекатда турган одамлар уларга қараб-қараб қўймоқда эдилар. Максимичнинг оқ юзи қирмизи тусга кирган, зангори кўзлари ичган одамнинг кўзларидай ёниб турар, аммо қўлида олиб юрган пиджаги унинг салқин шимолдан келганини, иссиққа ўрганмаганлигидан қизариб кетганини кўрсатар эди. Қорачадан келган қийғоч қошли Розия йигирма беш ёшларга борган бўлса ҳам, ҳали онаси ўпмаган қиздай латофатли эди.

Унинг баланд қилиб турмакланган, қоп-қора, майин сочига гулдор дурра боғлаб қўйилган, енгсиз кимоно кўйлаги хипча қоматига жуда ярашган, таранг оёқларидаги ҳиндча заррин сандалининг учидан кўринаётган тирноқлари ҳам яхшилаб педикюр қилинган. Шундай ёшгина жануб қизи эллик ёшларга бориб қолган шимоллик одам билан шаҳар бўйлаб сайр қилиб юриши одамларнинг эътиборини тортиши табиий эди.

Розиянинг юзида кўринган тараддуднинг сабаби шу эканини Максимич ҳам тушунди. У бекатда турган қора қош бир йигитнинг Розияга хўмрайиб тикилганини кўриб қолди. Бу хўмрайишда рашкка ўхшаш туйғу бор эди. «Ие, ҳали йигитларнинг рашкини келтирадиган даражада навқирон эканмиз!» деб Максимич ўзича жилмайиб қўйди. Хўмрайган йигитча Розияни пулдор домлалар билан юрадиган студент қиз, деб ўйлаб ғаши келмокда эди. Розия буни сезиб, баттар унинг жиғига теккиси келди. Максимични енгидан олиб, автобусга томон тортдида:
— Қани, бўлмаса, юринг, бирга кетдик! — деди.

Автобусда эшикка яқинроқ ўтирган ўсмирлардан бири аввал Розияга, сўнг Максимичга қараб олиб мағрур юз билан ўрнидан турди ва олдига ўтиб кетди. Бу унинг жой бўшатгани эди. Розия Максимични ўтиришга таклиф қилди.
— Йўқ, йўқ, сиз мени жентльменлик ёшидан ўтган деб ўйламанг. Қани, ўзингиз ўтиринг, Розия, ўтиринг!

Ўриндиқ жуда зскириб, юмшоқ бўлиб қолган экан, Розия анча чўкиб ўтирди. Модага мослаб калтароқ қилинган этаклари оркага кетиб, тиззаси очилиб қолди. Шунда у секин сумкасини тиззалари устига ётқизиб қўйди.

Максимич, бир қўлида пиджак, иккинчи қўли билан автобуснинг тутқичидан олиб, баланд гавдасини Розиянинг устига эгиб, очиқ деразадан шаҳарга қарар ва қаерда нима борлигини сўрар эди. Розия бир қисми битган, бир қисми ҳали қурилаётган янги уйлар, янги кўчалар ва майдонлар ҳақида гапирар экан, «шаҳримиз чиндан ҳам жуда тез янгиланяпти!» деб қўйди ичида. Бундан икки йил бурун зилзила хуруж қилган пайтда деворлари ёрилиб, хом ғиштлари кўриниб ётган ночор уйлар энди йўқ. Оғир кунларда камқатновроқ кўчаларга беҳисоб чодирлар қурилган эди. Ҳозир катта кўча қайта қурилаётгани учун автобус ўша камқатнов кўчалардан бирига бурилди. Розия асфальтга қоқилган ва бошигача ерга ботиб, қолиб кетган темир қозиқларни кўрди. Машина ғилдираклари тегавериб силлиқлаб кетган 6у қозиқларни Розия Максимичга кўрсатди:
— Зилзила пайтида бу қозиқларнинг атрофи чодирларга тўлиб кетган эди. Ҳу анави тўрт қаватли уйлар бор-ку. Янги қурилган. Ўша ерларда ҳам чодир кўп эди.

Максимичга Розиянинг гапидан ҳам кўра ўзи мароқли туюларди. Унинг лабларида табиий бир қизиллик ва лола баргини эслатувчи нафислик бор. Юзи гоҳ сокин бир завқдан, гоҳ сирли бир эҳтиросдан нурланиб кетади. Максимич уни гапга солиб қўйиб, ҳуснига яхшилаб қараб олгиси келди.
— Бундан икки йилгина олдин мана шу ерларда даҳшатли зилзила бўлиб ўтганини ҳозир тасаввур қилиш қийин. Ўшанда сиз ҳам чодирда яшаганмидингиз?
— Йўқ, бизга чодир етмаган. Ўшанда биз...

Розия ҳовлида чойшаб тутиб яшаганларини айтиб бермоқчи эди. Автобусга халойиқ ёпирилиб кирди-ю, Максимични олдинга суриб кетди. Автобус шаҳар марказига кириб келган сари йўловчи кўпаяр, одамлар ичкарига сиғмай эшикларда осилиб борар, ҳайдовчи эшикни ёполмай устма-уст сигнал берар эди. Бировнинг елкаси, бировнинг оёқ-қўллари, бировнинг боши, яна бировнинг похол шляпаси Розия билан Максимичнинг орасига тушиб, суҳбатини давом этказгани қўймади. Улар шу аҳволда ҳиёбонга келиб, автобусдан тушишди.

2

Максимичнинг қўлидаги пиджаги ғижимланган, ўзи терлаб, бўғриқиб кетган эди.
— Енгил машинада яйраб келаётган эдингиз, автобусга тушганингиздан афсус қилаётгандирсиз, Илларион Максимилианович?

Розия хамроҳининг кўнглини кўтаргиси келиб, унинг номини атайлаб тўлиқ айтди. Максимич буни сезиб, миннатдорона кулимсиради.
— Агар ёлғиз бўлсам, афсус қилишим мумкин эди, Розия.
— Машинадаги хамроҳларингиз яхши одамлар эди.
— Тўғри, улар жуда хам меҳмондўст кишилар экан. Бир дақиқа эътиборсиз қолдиришмайди. Нима истасангиз, муҳайё қилишади. Менинг бугунги истагим мезбонларнинг ихтиёридан чиқиб, ўз эркимча шаҳар кезиш эди. Ҳозир шу истагим ҳам амалга ошяпти.

Ҳиёбон атрофларида ҳали қурилиш бормоқда эди. Самосваллар гоҳ шағал, гоҳ тупроқ, гоҳ қум ортиб ўтар, иссиқда эриган асфалт ҳидига чанг-тўзон аралашиб, нафас олишни оғирлаштирарди.
— Эркингиз ўзингизда бўлгани, албатта, яхши, — деди Розия. — Аммо ҳозир автобусдагидай азоб тортмасмикансиз?
— Сиздай ҳамроҳим бўлса, менга ҳеч қандай азоб писанд эмас!

Розия бу гапни ҳазилга буриб лаблари билан кулди-ю, аммо кўзларида жиддий бир ташвиш ифодаси кўринди. Афтидан, меҳмон у билан ҳали яна бирга сайр қилишни истайди. Аммо ҳозир Розия уйга кетмоқчи. Бугун кечқурун уни кўпдан ҳаяжонлантириб юрган учрашув бўлиши керак. Унгача Розия бирпас дам олмоқчи, сўнг ювиниб, кийимларини алмаштириб чиқмоқчи. У Сатторни бундан бир ҳафта олдин кўрган, аммо бир ой кўрмагандай соғинган. Бугун кечқурун, яна бир неча соатдан кейин уни кўришини ўйласа, кўнглида бор чигалларини унинг қўли билан ечиб, бир умрга бахтиёр бўлиши мумкинлигини гўё олдиндан ҳис қилади-ю, юзи сирли ва оловли туйғулардан яшнаб кетади.

Шундай пайтда Розия Максимичга беҳад чиройли кўринади.

«Сулув сулув эмас, суйган сулув» деганларидай, муҳаббат Розиянинг қалбидаги ҳамма гўзал туйғуларини уйғотиб юборган эди. Уйғонган туйғулар унинг ҳуснини алоҳида бир қизлик жозиба чулғаб, шундай сеҳрли килиб кўрсатар эдики, уни кўрган ҳар қандай эркак киши беихтиёр яна кўргиси келар эди. Максимич ҳали бунинг сабабини билмаса ҳам Розиянинг латиф юзида, эҳтиросли нигоҳида, ҳар бир ҳаракатида кишини ўзига тортувчи алоҳида бир сеҳр борлигини боя чорбоғда биринчи марта ҳис қилган ва бехосдан унга кизиқиб колган эди. Розия унга одам зотининг орасида кам учрайдиган бир табиат мўъжизасига ўхшаб кўринар, Максимич уни яқинрокдан билгиси келар эди.
— Тошкент мен кутгандан ҳам иссиқ экан. Юринг, Розия, биттадан сув ичайлик ёки сиз мороженое ейсизми?

Розия сув дўкони яқинроқ эканини кўриб:
— Йўқ, майли, сув, — деди.

Максимич икки шиша сув олиб келгунча, Розия юмалоқ мармар столчанинг ёнига бориб турди. «Қизиқ бўлди-ку! — дерди у ўзича. — Наҳотки, бу одам ишқибозлик қилмоқчи?»

Розия чорбоғдаги кенгашда Максимичга ҳамма алоҳида эҳтиром билан муомала килганини эслаб, бу тахминига ишонгиси келмади. Москвалик мутахассислар Тошкентда метрополитен қурилишига оид мураккаб муаммоларни ўрганишга келишган эди. Ҳали метро қуриш ҳақида ҳукумат қарори чиққан эмас, ҳозир шунга тайёргарлик борар эди. Москвалик катта мутахассислар — Максимич уларнинг орасида энг нуфузлиларидан эканини Розия аллақачон пайқаган эди — булар масаланинг ҳал бўлиш-бўлмаслигига катта таъсир кўрсатишлари мумкин эди. Давлат аҳамиятига эга бўлган бу катта иш қаерда-ю, ўзидан икки баробар ёш қизга ишқибозлик қилиш қаёқда? Бу икки нарса Розиянинг ҳаёлида бир-бирига мутлақо тўғри келмас эди.

Максимич стаканларга сув қуяётиб:
— Нималарни ўйлаяпсиз, Розия, билсак мумкинми? — деди. Бу савол кўпдан бери таниш ёки қадрдон бир қизга қаратилгандай нафис ва шўх оҳангда берилгани ҳам ғалати эди.
— Мумкин, — Розия сал қошини чимириб, гапни атайлаб иш мавзуига бурди. — Метрони ўйлаяпман.

Унинг гап оҳангида «метрони ўйлаб сиз билан бошлашиб юрибман-да!» деган бир маъно бор эди. Максимич буни тушуниб, ўзини Розияга бунчалик яқин олиши ўринсизроқ эканини сезди ва овозига расмий оҳанг бериб сўради:
— Чорбоғда берган ахборотингизга қараганда, сиз ҳам Тошкент метроси учун жон куйдириб юрганга ўхшайсиз?
— Бу рост. Лекин бундан қатьи назар бизнинг ахборотимиз...
— ...Яхши тузилган, Розия, ахборотингиз менга ёқди. Тошкент тупроғи нам тегса ўтирадиган тупроқ экан. Сиз чизиб кўрсатган ер ости сувлари... Ана шу сувларнинг намига тўйиб шиббаланган қатлам бизни жуда кизиқтиради. Қачондир бир вақт Тошкентда метро қурилса, пўлат излар ўша қатламнинг энг юқори чизиғи бўйлаб ўтиши керак.
— Қачондир бир вақт? Сизнингча, яқин йилларда метро қурилиши бошланмайдими?
— Билмадим. Қарор қабул қилинишидан олдин ҳамма жиҳати яна бир яхшилаб текширилса керак.

Бу гаплар давомида улар курантнинг тагига бориб қолишди. Максимич уч томондан келган катта кўчага тикилиб қаради. Ковланган ёки бузилган жойлар кўп эди, беҳисоб машиналар ўнкир-чўнқирлар олдида секинлаб ва силкиниб ўтишарди.

Розия уйга бориш ниятини кейинга суриб, Максимичнинг метро ҳакидаги фикрини билишга қизиқиб қолди.
— Мен Тошкентни ҳали билмайман, Розия, — деди Максимич. — Лекин Москвадан келган одамнинг кўзига бир нарса жуда тез ташланади. Ҳар жиҳатдан созланган мукаммал кўча кам. Қаранг, транспорт тез юролмайди, демак, йўловчиларни тез ташиёлмайди.
— Бу ҳам зилзиланинг касофати. Ҳамма жойда курилиш кетяпти. Қурилиш битмагунча кўчаларни узил-кесил созлаб бўлмас экан. Бултур аҳвол бундан беш бадтар эди. Бу йил сал дуруст. Мен ишонаманки, эндиги йил кўчаларимиз ҳозиргидан яхшироқ бўлади. Бир-икки йил ўтказиб келсангиз, Тошкентни танимай қоласиз.
— Мен ҳам биламан, Тошкент жуда тез қайта қуриляпти. Лекин, ер остида метро қуришдан оддин ер устидаги кўчаларни қуриб, битириб, ҳар жиҳатдан созлаб олиш керак эмасми? Қани, сиз айтинг-чи, шаҳар транспортидаги кийинчиликни шу йўл билан йўқотиб бўлмай-дими?
— Бу саволингизга Тошкентни мендан яхшироқ биладиган бошлиқларимиз жавоб беришгандир?
— Албатта! Лекин мен сизнинг фикрингизни билмоқчиман.
— Мен нима, оддий бир одам бўлсам.
— Бизда ҳар бир оддий одам давлат миқёсида фикрлаши керак-ку, Розия?
— Менга қолса, кўчаларни ҳам тезроқ созлар эдим, метрони ҳам тўхтовсиз қураверар эдим.
— Йўқ, Розия, сиз аввал муаммони тушунинг. Гап шундаки, кўчалар чинакам созланиб, транспортнинг тезлиги оширилса, эҳтимол, метронинг ҳам ҳожати бўлмас?
— Мен бунга ишонмайман, Илларион Максимилианович.
— Нега энди? — Максимич Розиянинг юзига тикилиб қаради. Унга яна Розиянинг гапидан кўра ўзи мароқлироқ туюла бошлади.

Розия кимдандир эшитган далилини яхшироқ эслаш учун бир лаҳза тўхтаб олди, сўнг Алпомиш, Гўрўғли тўғрисида гапириб кетди:
— Булар шундай улкан паҳлавонлар бўлганки, уларни жўн отлар кўтариб юролмаган. Уларга фақат Бойчибор, Ғирот деган зўр тулпорларнинг кучи етган.
— Тушундим. Демак, Тошкент ҳозир ўшаларга ўхшаган паҳлавонга айланган, уни энди фақат метро деган тулпор кўтариб юра олади.

Розия алоҳида бир жиддият билан бошланган гапни Максимич бирдан ҳазилга бургани икки орада баҳс чиқишига сабаб бўлди.
— Киевда метро қурилганига нима дейсиз? — сўради Розия. — Тбилисида ҳам қурилган. Бокуда ҳам!
— Чунки бу шаҳарларнинг тараққиёти шунга олиб келган.

Максимич замонавий шаҳар қурилиши Киев ва Тбилисиларда анча олдин бошланганини, жуда сифатли олиб борилганини гапирар экан, улар катта кўчани кесиб ўтиб, нариги йўлкага чиқдилар. Шу пайт узун кўк троллейбус муюлишдан секин бурила бошлади. Бирдан унинг тепасидаги бесўнақай пўлат ёйлари симидан чиқиб кетди, бир-бирига урилиб, кўкиш ўт чақнатди-да, сапчиб бориб, терак шохига тегди ва яшил бутқлардан бир қанчасини синдириб туширди.
— Кўрдингизми? — деди Максимич Розияга. — Бу кўчанинг муюлиши бундай замонавий троллейбусга торлик қиляпти.

Бошка вақт бўлса Розиянинг ўзи ҳам ҳуда-беҳуда ковлаб ташланган кўчалардан, транспорт қийинчиликлари-ю, бунинг сабабчиларидан фиғони чиқиб гапирган бўлар эди. Аммо ҳозир Максимич бошлаган баҳс таъсирида бунинг аксини қилди:
— Эни юз метрлик кўчаларимиз ҳам кўпайяпти, Илларион Максимилианович. Ҳозир иложи бўлса сизни Дўстлик, Янги Ўзбекистон кўчаларига олиб борар эдим. Лекин ҳозир у кўчалар битган эмас, трамвай боролмайди. Нима қилайлик? Зилзила шундай бир офат эканки, оқибатлари бир-икки кунда тугамас экан!

Максимич Розияга тикилиб туриб кулди:
— Сиз шаҳар раҳбарлари билан тил бириктириб олганга ўхшайсиз.
— Аммо сиз, — деди Розия ҳам кулимсираб, — биздаги баъзи бир «метро керак эмас» деб юрганларнинг таъсирига тушиб қолганга ўхшайсиз. Мен эшитганман, тошкентликлар орасида ҳам шундай одамлар бор.
— Кўрмаяпсизми, мен ҳеч кимнинг таъсирига тушмайин деб оддий бир йўловчи бўлиб юрибман-ку.

Максимичнинг шаҳар кезишдан мақсади нима эканлигини Розия энди тушунгандай бўлди. Афтидан, боя машинада юрган мезбонлар Максимичнинг кўнглини олишга ҳаддан ортиқ кўп ҳаракат қилганлар, бу уни сергаклантириб кўйган. У ўз олдида турган масъул топшириқни виждонан бажариш учун Тошкентни «ичдан» мустақил кўргиси, унинг транспорт муаммосини астойдил ҳис қилгиси келган. Розия шуни ўйлаб, атрофига кўз ташлаб қўйди.

Кўчаларда, бекатларда дақиқа сайин одам кўпаймоқда эди.
— Ишдан кейинги долзарб соатлар бошланяпти, — деди Розия тиқилинчдан юраги зириллаб.
— Долзарб соатларда ҳар қандай катта шаҳарда ҳам тиқилинч бўлади.
— Сиз биздаги тиқилинчни ҳали билмайсиз.
— Билиш учун нима қилиш керак?

Максимич бу саволни «Қани, бошланг, кўрайлик!» деган маънода берди. Розия чапга ўгирилиб, курант минорасидаги соатга қараб олди. Сатторни кўрадиган вақт анча яқин келиб қолган эди. Буни ҳис қилиб, юраги ёқимли бир орзиқди, «қайтага, бу одам билан баҳслашиб, вақт тез ўтганини сезмабман» деди ичида.
— Майли, Илларион Максимилианович, — деди у. — Мен меҳмондўстлик бурчимни охирига етказай. Агар сиз тиқилинчрок маршрутни кўрмоқчи бўлсангиз, юринг, Чилонзорга кетдик!
— Жуда соз!

Максимичнинг зангори кўзларидаги тантанали шодлик униш Розия билан бирга юришни астойдил истаганидан далолат берарди. Розия буни кўрди-ю, ичида «тавба!» деб ҳайратланиб қўйди.

3

Муюлишда тўхтаб қолган троллейбуснинг олдинги эшиги очиқ турар, шим кийган ҳайдовчи киз оғир ёйларни арқонидан олиб, тепадаги симга улашга тиришар зди. Троллейбусларнинг ичи иссиқ ва дим бўлгани учун эшик олдида сиқилиб турган йўловчилардан уч-тўрттаси кўча саҳнига тушди. Розия Максимичга караб «пайтдан фойдаланиб қолиш керак!» дегандай имо қилди ва троллейбуснинг очиқ турган олд эшигидан «лип» этиб кириб кетди. Максимич ҳу наридаги бекатда юзга яқин одам тўпланиб турганини кўрди-ю, Розиянинг осон йўл топганини тушуниб, дарҳол унинг кетидан кўтарилди.

Кўча саҳнига тушиб ўзларини елпиб турган ҳалиги йўловчилар бўш жой қўлдан кетиб қолиши мумкинлигини сезишиб, шоша-пиша троллейбусга қайтиб киришди. Узоқдаги бекатдан беш-ўнта ёш-яланглар бу томонга чопиб келмоқда эди.

Ҳайдовчи қиз ишини битиргунча улар ҳам ичкарига кириб, эшик олди одамга тўлиб кетди. Ҳайдовчи қиз кабинасига зўрға ўтди.

Розия ичкарироққа суриламан деб новча одамларнинг орасига тушиб қолди. Тиғиз бошлар орасида унинг гулдор дуррали баланд прическаси сал-пал кўринарди. Максимич узун қўлларини тепага чўзиб, троллейбуснинг шифтига панжасини тиради. Троллейбус кучаниб, титраб қўзғалди. Розия бошлар ва елкалар орасидан Максимичга қараб деди:
— Ҳар қалай, ишимиз ўнгидан келди!
— Бошланиши дуруст, — деди Максимич ҳам. У олдинги бекатларда тирбанд турган халойиқни ўйларди. ҳозир улар ҳам бостириб киради-ю, нафас олиш яна ҳам оғирлашади.

Аммо троллейбус нариги бекатда хиёл секинлаб, тўхтамай ўтиб кетди — ҳайдовчи қиз графикка тушиб олиш учун шошилмоқда эди. Максимич троллейбуснинг тўхтамай ўтганидан беихтиёр шодланиб, Розияга «Ҳайрият!» дегандай қилиб қаради. Розия эса бекатда интизор турган, троллейбус тўхтамай ўтганидан аччиғи келаёттани, уни нарироқда тўхтайди деб ўйлаб, кетидан зргашиб чопаётган одамларга кўз югуртирди.

Троллейбус нариги бекатда бир лаҳзагина тўхтади-ю, яна шитоб билан кўзғалди. Унинг суръати йўл азобидан тезроқ қутулишга интилаётган йўловчиларга жуда ёқиб тушмоқда эди.

Темир йўл бошқармасидан беридаги чорраҳадан ўта бошлашди. Уч томондан келиб, бир-бири билан чатишиб кетган трамвай изларининг «милки» очилиб ўнқир-чўнқирлар кўпайиб кетган эди. Троллейбус ғилдираклари гоҳ изларга урилиб, гоҳ чуқурликлардан сапчиб ўтар экан, Максимич «ҳозир яна ёйи чиқиб кетади!» деб ўйлади.

Лекин ёйи чиқмади-ю, ундан бадтари бўлди. Қаттиқ силкинаётган зўр троллейбуснинг зарби билан тепадаги симнинг трамвай симига уланган жойи узилиб кетди. Йўғон жез симнинг узилган учи орқадан келаётган юк машинасининг ёғоч бортига шартиллаб урилди-да, гажак бўлиб асфальтта тушди. Ичидан кучли ток келадиган бу сим одамларга илондай хатарли кўтаринар эди — машиналар ва йўловчилар уни иложи борича узоқдан айланиб ўта бошладилар.

Узун троллейбус чорраҳанинг қоқ ўртасида трамвай изларига кўндаланг бўлганича қолди. Энди авария машинаси келиб симни уламагунча бу ердан на троллейбус ўтади, на трамвай.

Пастга тушганларида Максимич Розияга ҳазиломуз кўз ташлаб:
— Хўш, гап миқдорда эканми, сифатда? — деди. У чорраҳанинг «сифати»ни, тепадаги симнинг пухта уланмаганини, ҳайдовчи қиз ҳам шошилганини назарда тутмоқда эди. Розия буни тушуниб турган бўлса ҳам, атайлаб енгилроқ гапга ўтди:
— Кўз тегди. Аксига олди. Энди бир оз пиёда юрамиз.

Серчанг, сершовқин кўчаларда одамлар дарёдай оқиб борар эди. Улар шу дарёга шўнғиб кетишди-ю, бир вақт Марказий универмагнинг нарёғидаги бекатдан чиқишди. Бу ерда халойиқ боягидан бир неча баробар қалин.

Кўпчилик Чилонзорга интилади. Автобуслар лиқ тўла, айниқса эшикларнинг олдида одам шу қадар кўпки, ўнг томони ерга теккудай майишиб, чангли ғилдираклари тутаб келади. Автобусларнинг кўпчилиги ё тўхтамай ўтади, ёки бекатдан узоқда тушувчилар учун бир зум тўхтаб, яна жўнаб қолади.

Бу ахволга ўрганиб қолган Розия яна чаққонлик килди... Нарироқда тўхтаган бир автобусга сакраб чиқиб олди. Аммо Максимич етиб боролмади. Унинг қолиб кеттанини кўриб, Розия қайтиб тушди.

Кечки ҳарорат бензин ва асфальт ҳидига қўшилиб, Максимични энди жуда безовта қила бошлади. Боя улар троллейбусда келаётганларида одамлар троллейбусга қандай эргашиб чопган бўлсалар, Розия билан Максимич ҳам ҳар битта автобусга эргашишар, тўхтамай кетган автобуслардан чексиз норози бўлиб қайтишар эди. Тиқилинчда бўлса ҳам, ҳар қалай, автобусда кетаётганлар, Максимичнинг ҳавасини, ҳатто ҳасадини келтираётгани знди унинг ўзига ғалати туюлди. «Автобус бизни олмай, тўхтамай ўтиб кетаётгани, эҳтимол, ичкаридагиларнинг кўпини хурсанд қилаётгандир? — ўйлади у. — Тўғри-да, биз чиқсак, уларга жой оз қолади, ноқулайлик кўпаяди. Боя мен ўзим ҳам троллейбусда кетаётиб худди шуни ҳис қилмаганмидим? Тўхтамай ўтганимиздан суюнмаганмидим? Бунча одам ернинг тагидан қайнаб чиқаётиптими дейман?».
— Кизиқ! — деди у Розияга қараб- — Йўловчи кўпайган сари одам одамга халақит берадиган бир тўсиққа ўхшаб кўринади-я!
— Ким билади! — деб Розия аниқ жавоб бермади. Ҳар ҳолда унинг бетоқат бўлаётгани билинмас эди. «Ўрганиб қолган, бундан ташқари ҳали ёш-да, — ўйланди Максимич. — Ёшликда одам унча-мунча ноқулайликни писанд қилмайди».
— Розия, сиз боя шаҳрингизда аҳоли кўплигини таъкидлаб, «уч йилда мунча ошди» деган эдингизми? Бироқ одамларнинг катта шаҳарларга бу қадар кўп тўпланишиб яшаши яхшимикан? Хусусан, Тошкентга ўхшаган иссиқ иқлимли шаҳарда...

Розия қандайдир жиддий ва маъюс бир оҳанг билан:
— Бу ҳаммаси бизга боғлиқ эмас-да, нима қилайлик, — деди.
— Йўқ, айтинг-чи, наҳотки бу масала ҳеч ўйлантирмайди?
— Мени ўйлантирганда ҳам... — деб Розия бир зум тўхтаб олди-да, гапни аввалги мавзуга бурди: — Сиз... умуман миқдорга унчалик аҳамият бермаган эдингиз-ку? Сиз учун сифат муҳимроқ эмасмиди?

Максимичнинг бояги далилини Розия унинг ўзига қарши нозик йўл билан ишлатгани алланечук завқли туюлди. Максимич кулди-да, йўлга қаради:
— Э, қаранг, ана у автобус бўшроққа ўхшайди!
— Чопдик! Энди сиз оддин чиқинг, жентльменликни қўйинг, бўлмаса яна қолиб кетасиз! Чиқинг!

Ниҳоят, автобусга ҳам минишди. Гавдалар бир-бирига иложи борича тиралиб, энди ҳеч канча бўш жой қолмади, деб турганларида икки-учта бақувват йигитлар чиқишди, эшикнинг тутқичидан олиб: «Қани сурилинглар, ўрта бўш, ўтинглар!» деб, одамларни итара-итара, ҳаммани бир-бирига роса қалиштириб ташлашди. Розия юпқагина шоҳи кўйлаги орқали атрофидаги одамларшшг терлаган, кизишган таналарини ҳис қилар, фақат кўксини ҳимоя қилишга тиришиб икки кўлини сумкаси билан бирга кўкрагига қўйиб турар эди. Нариги бекатга яқинлашганларида билет сотиладиган темир қути олдидаги иккита одам эшикка қараб интилди, Максимичнинг пиджаги уларнинг орасига тушиб қисилиб қолди ва ҳалигилар билан бирга кета бошлади.
— Ўртоқлар, пиждакни ташлаб кетинглар! — кулиб деди Максимич.
— Ёз кунида пиджак! — ўшқирди оғзидан ароқ ҳиди келаётган сариқ бир киши. — Бу қанақа олифталик!

Максимич пиджагини торта-торта бир амаллаб олиб қолди. Бу орада Розия билет қутисининг олдидаги жойга ўтиб олган эди. Энди уни орқадан дераза, бир ёнидан темир қути ҳимоя қила бошлади. У бўшашган қўли би-лан сумкасини очиб танга олди.
— Шошманг, мен тўлайман! — деб Максимич чўнта-гини ковлаёттан эди, автобусга бир талай одам чиқди-ю, уни Розияга томон суриб кедди. Розия бир қўлини сумкасини билан кўксига қалқон қилди-да, иккинчи қўли билан билетга пул ташлади.
— Меҳмонсиз, Илларион Максимилианович, Москвага борганда сиз тўларсиз.

Максимич тепадаги тутқичдан малҳам ушлаб, гавдасини Розиядан узоқроқ тутишга тиришар эди. Шу пайт автобус катта бир чуқурга тушиб қаттиқ силкинди-ю Максимичнинг юзи Розиянинг баланд причёскасига тегиб кетди. Майин қора сочданми ёки унга боғланган дурраданми, ёқимли бир атирнинг ҳиди кедди. Бу ҳид Максимичга бирдан оловли ёшлик йилларини эслатди.

Автобус то Чилонзорга етиб боргунча неча қайта итар-итар, сур-сурлар бўлди. Неча жойда одамлар асабийлашиб, бир-бирлари билан ғижиллашиб олишди — бу энди Максимичга унчалик таъсир қилмас эди. У Розиянинг яқингинада турганини ҳис қилар, бу яқинлик унга ёшлигини қайтариб бераётгандай бўлар эди.

Розия бир неча марта кўча соатларига қараб-қараб қўйди. Вақт ўтган сари у атрофдаги нарсаларни унутиб, паришонхотир бўлиб борар эди. Гоҳо Максимич билан гаплашиб туран пайтда ҳам, ҳаёли бошқа ёққа кетиб қолаётгани сезилар эди.

У шаҳар ҳақида гапиради, саволларга жавоб беради, аммо бунинг ҳаммасини қалбининг бир чети билан қилади. Қалбининг тубидаги муҳаббат туйғуси, яқинлашаёгган висол ҳисси тобора кучлироқ, тобора гўзалроқ садо беради. Розия шу садога қулоқ солаётгандай тўсатдан жим бўлиб қолди, тиқилинчни, чангни, ҳавонинг димлигини мутлақо сезмайди.

Чилонзорга етиб автобусдан тушганларида Максимич унга:
— Роса ҳаёлга чўмиб кетдингиз-а? — деди.
— Ҳа, — деб Розия ийманиб кулимсиради-да, ҳушини йиғиб олди: — Хўш, Илларион Максимилианович, фикрингиз қалай?

Максимич бири бирини тўсган кўп қаватли уйларга, кинотеатр пештоқида тўппонча ўқталиб турган йигитнинг каттакон рангдор суратига, ичи - таши одамга тўлган ойнаванд магазинга кўз югуртирди. Сўнг негадир қўлидаги пиджагига қаради. Пиджак кела-келгунча ғижимланиб латтага айланиб қолган, тер ва чанг тегавериб бир-икки соат ичида бутунлай эскириб кеттанга ўхшар эди. Максимич бошини кўтариб Розияга кўз ташлади ва унга ёқадиган гап айтгиси келди.
— Ҳақиқатан... оғир маршрут экан.
— Айтмадимми! Агар метро бўлса, шу йўлни ўн баробар тез, ўн баробар осон босиб ўтармидик, йўқми?
— Эҳтимол, шундайдир. Аммо сиз бир нарсани унутманг, Розия. Тошкентда метро бўлиш-бўлмаслигини менга ўхшаган битта-иккита одам ҳал қилолмайди.
— Тўғри-ю лекин мен ишнинг сизга боғлик қисмини айтмоқчиман-да.

Максимич Розия билан иш тўғрида гапиришга эқди унча ҳуши йўқдай кўринди.
— Менга боғлиқ қисми бўйича ҳозир, албатта, маълум бир тасаввур ҳосил бўлди, — деди у лоқайд товуш билан. Розия эса, аксинча, шўх товуш билан гапирди:
— Тасаввурингиз тўлиқроқ бўлиши учун еттинчи трамвайга ёки ўттиз саккизинчи автобусга тушиб, Студентлар шаҳарчасига ҳам бориш керак эди-я!

Максимич кулиб қўлларини кўтарди:
— Мен таслим бўлдим, Розия. Агар вақтингиз бўлса, энди бирор жойда дам олайлик.

Розия тез соатига қаради, Саттор тайинлаган вақт яқинлашиб қолганини кўриб, юраги «шиғ» этиб кетди. Унинг юзи бирдан ўзгарганини кўриб, Максимич шошиб сўради:
— Бирор жойга бормоқчимидингиз? Кеч қоляпсизми?
— Ўн беш минут бор. Улгураман.

Розиянинг юзида яна ўша ўтли жозиба барқ уриб кўринди. Максимич ундаги бояги ўйчанлик ва ҳозирги ўзгаришнинг сабабини билмоқчи бўлиб:
— Нима, висол бормиди? — деди.

Розия юзини чўғдай қиздирган эҳтироснинг тафтини ўзи ҳам сезди-ю, уялиб ерга қаради:
— Ҳа.

Максимич тарвузи қўлтиғидан тушгандай бир лаҳза хомуш туриб қолди. Розия унга майин бир нигоҳ ташлаб:
— Кечирасиз, энди, — деди. — Бормасам бўлмайди. Розия билан бирга ўтказган дамлар Максимичга энди бутунлай бошқача кўриниб кетди. «Бу қиз нега мунча ёқимтой десам, ҳаммаси севгининг жозибаси экан-да. Севган йигит уйғотган гўзаллик мени ўзига тортган бўлса, мен бошқа одам учун ёқилган гулханда исинмоқчи бўлдимми?»
— Аҳ! Сиз мени кечиринг, Розия! — деди Максимич ва Розиянинг тиқилинчда эзғиланган кийимига қаради. Қизлар висолга махсус кийиниб, безаниб бориши кўнглидан ўтди. Розия меҳмоннинг кўнглига қараб, бунинг ҳаммасидан маҳрум бўлгани Максимични қаттиқ ҳижолатга солди.
— Оддинроқ айтсангиз бўлмасмиди, Розия? Мен тушунар эдим-ку!

Розия «Керак бўлганда айтдим!» — дегандай жилмайиб турарди.
— Ўн беш минут қолган бўлса, автобусда улгуролмассиз. Узоқми? Мен ҳозир такси топаман!

Чилонзорда кечки пайтларда марказга бўш қайтадиган таксилар учраб туради. Максимич шулардан бирини тўхтатиб, Розияни чиқарди. Сўнг ўзи ҳам миниб:
— Сизни ташлаб ўтиб кетаман! — деди. Шундан кейин Максимичдаги хижолатлик сал тарқади. У ўриндиқнинг нариги четида юзини шабадага тутиб бораётган Розияга кўз қирини ташлади. «Ёшлик ажойиб-да! — деб қўйди Максимич ўзича. — Ҳар қандай ҳолатда одамнинг оҳори тўкилмайди. Бу қиз ҳозир махсус ясаниб чиқиши шарт эмас, бусиз ҳам висолга муносиб нафосати-ю, таровати бор».
— Ким у бахтиёр йигит, Розия, билсак мумкинми?
— У ҳам лойиҳачи муҳандис.
— Лойиҳачи? Бизга ҳамкасб эмасми?
— Ер ости коммуникациялари бўйича ишлайди. Метрони лойиҳалашга жуда ишқибоз.
— О, шунақами?
— Метронинг дарди менга ўша кишидан юққан.
— Ана, холос! Маслакдош экансизлар-да! Сиз боя мен билан баҳслашганингизда у йигит ҳам ёнингизда турган экан-да!
— Бўлмасам-чи! — деди Розия шўх кулиб, бояги ноқулайликларга ҳам Розия ўша йигит туфайли чидаб юрганини Максимич энди пайқади. «Ажабо! — ўйланди у. — Мени ҳам бирор қиз шундай севганмиди? Севган бўлса ҳам ёшлиқдаги муҳаббат одамни бунчалик гўзал кўрсатишини мен энди биляпман. Ҳаёт ғалати, ёшликнинг қадрини ёши анчага борган одамларгина билади».

Шу пайт кўкси алланечук тортишиб оғриётганини сезди-ю, ҳаёли бошқа ёққа бурилди.

«Юрак ҳунар кўрсатмаса эди. Иссиқда кўп юрдим-да, ўрганмаганликдан! — деб ўзига тасалли берди. — Бориб дам олсам ўтиб кетар».

Такси Бешёғоч орқали ўтиб, анҳор бўйига келганда Розия уни тўхтатди. Кўприкдан берироқда йўлга қараб турган ёлғиз йигит машинадан тушаётган Розияни кўрди-ю, қувониб унга қараб кела бошлади. Розиянинг юзи ажиб бир завқдан нурланиб кетди. Кўзлари ҳаяжондан учқунланди. Шундай бўлса ҳам, у Максимичнинг Сатторга қизиқиб тикилаётганини сезиб:
— Истасангиз таништириб қўяман, — деди.
— Истайман! — деб Максимич хам машинадан тушди. Таксичига «кетмай туринг!» ишорасини қилди-да, Розия билан бирга Сатторга қараб юрди.

Саттор яқин келганда Максимич у билан Розиянинг орасида қандайдир сирли бир муносиблик борлигини, икковининг юлдузи юлдузига чиндан хам тўғри келишини сезди. Сатторнинг қадди-қоматида, юз-кўзида баркамол йигитларга хос алоҳида бир жозиба бор эди. Унинг қўл беришидан, босиқ кулимсирашидан, гоҳ Розияга, гоҳ меҳмонга юзланиб гапириши ва гапга қулоқ солишидан яхши тарбия кўрган зиёли йигит экани ҳам билиниб турарди. Максимич унга тан берганини айтгиси келди.
— Агар мен сизни Парижда учратсам, манаман деган француз йигитларидан фарқ қилолмас эдим!

Саттор гапни ҳазилга буриб кулди:
— Мақтовингиз учун раҳмат. Бироқ Париж бизга жуда узоқ. Биз ҳозир мана шу Тошкентда муносиб бўлиш ҳаракатидамиз.

Максимич ҳам кулиб, Розияга маъноли кўз ташлаб олди.
— Ҳа, Тошкентга оид ҳаракатларингиздан хабардормиз.

Саттор Розияга савол назари билан қаради. Шунда Розия Максимичнинг Тошкентга нима иш билан келганини, ҳозир нима мақсадда шаҳар айланганларини гоҳ жиддий туриб, гоҳ кулиб ҳикоя қила бошлади.

Бу орада такси сабрсизланиб бир-икки марта дудутлади.
— Машинага жавоб берайлик, биз билан бирга дам олинг, — деди Саттор Максимичга. Аммо у ҳам, Розия ҳам, бу Анҳор бўйига фақат бир-бирларини деб келганликлари, икковининг фақат бир-бирига аталган розлари борлиги шундоққина билиниб турарди.
— Жоним билан эди-ю, — деб, Максимич чап кўкрагини ушлаб қўйди: — Лекин юрак санчяпти. Бугун кўп юрдим. Ёш ҳам анчага бориб қолган-да. Энди бориб ётиб дам олишим керак. Розия, мен сиздан жуда миннатдорман. Мана, бизнинг адрес, агар Москвага йўлларингиз тушса, марҳамат!

Максимич чўнтагидан бир томонига русча, иккинчи томонига инглизча ёзилган визит карточкасини олди. У чет элларга ҳам бориб ишлаган, Москвада ҳам чет элликларни кўп қабул қиладиган мутахассислардан эди. Визит карточкаси ажнабийларга мўлжаллаб бостирилган бўлса-да, Максимич уни қулайлиги учун ўз одамларимиз орасида ҳам ишлатар эди. У карточкасини Розияга узатмоқчи бўлганда бир нарсани сезиб қолди: Розия астойдил хурсанд бўлиши учун буни йигитга бериши керак эди.
— Марҳамат, коллега, — деб Максимич карточкани Сатторга берди.
— Икковларингиз учун менинг эшигим ҳамиша очиқ.

Максимич хайрлашиб, таксига чиқди.

4

Оқшом ғира-ширасида Саттор билан Розия анҳор қирғоғи бўйлаб юқорига қараб ўтишди. Ўнгдан сув салқини уфуриб турарди. Чапдаги стадиондан ўн минглаб томошабиннинг афсонавий алплардай наъра тортиши, гоҳо яхлит бир овоз билан «у-ў-о-а-аҳ!» деб, оҳ уриши эшитиларди.

Сув бўйида сайр қилиб юрган одамлар беҳисоб. Аммо Саттор билан Розия учун оламда гўё икковидан бошка ҳеч ким йўқ. Кўзлари фақат бир-бирларини кўради. Қулоқларига фақат бир-бирларининг гапигина киради. Розия таксида нотаниш одам билан бошлашиб келганда ҳийла таажжубланган Саттор воқеанинг тафсилотларини эшитгач, гап нимадалигини фаҳмлади. Розиядай қиз унга шу қадар меҳр қўйса, унинг ўзинигина эмас, яхши кўрган ишини ҳам шунчалик севса, эъзозласа, бундан ортиқ нима бўлиши мумкин? Саттор Розиянинг елкасидан қучиб, ҳиёл эгилди. Юзини Розиянинг юзига босиб, уни секин силкитиб қўйди.
— Дунёда қизларнинг яхшисидан яхшироқ зот бўлмас экан-да, мен буни энди биляпман, Розия.

Розиянинг елкасидан қучган залворли қўл ҳам, унинг юзига тегинган эркакча юз ҳам худди гулга ёки болага тегингандай эҳтиёткор эди. Сатторнинг қандайдир дард аралаш завқ билан айтган сўзларида, ширали, йўғон овозида, соқоли яқинда олинган мармардай ёноғида Розия мардона нафислик ва софлик сезди. Сатторни астойдил қувонтиролгани бунинг устига қўшилиб, Розиянинг қалбидаги бахтиёрлик туйғусини жуда ошириб юборди. Бу туйғу ҳаддан ташқари ширин эди. Розиянинг эътироз қилгиси келди.
— Қизларнинг яхшисидан яхшироқ зот йўқ дедингизми?
— Ҳа.
— Менимча бор.
— Ким?
— Буни тан олган йигитлар!

Розия Сатторнинг завқ қилиб кулишини кутган эди. Бироқ Сатгор жуда баланд бир чўққига чиқиб қолиб, йиқилиб кетишдан хавотирланган одамдай оғир энтикди-да:
— Қани энди шундай бўлса! — деди.

Шу пайт қирғоқ чироқлари ёнди. Анқорда ҳали ҳам чўмилиб юрган одамлар бор эди. Семиз бир киши сувни шапиллатиб, Сатторнинг олдидан қирғоққа чиқди. Сатторнинг ҳаёлига хам шунга ўхшаш кутилмаган бир нарса келди шекилли, у дарров қўлини Розиянинг елкасидан олди.
— Юринг, тинчроқ жой топайлик.

Стадион томондан келаётган шовқин Розияга энди эшитилди. Баланд мачталарга марвариддай терилган шода-шода прожекторлар ўткир нурларини пастга санчиб турарди. Томошабинлар эса осмонни бошига кўтариб қийқирар, ҳуштак чалар эди. Бу галги наъра жуда узоқ давом этганига қараганда, тўп дарвозага кирган эди.

Розия Сатторга маъноли жилмайиб қаради. У Сатторнинг футболга ниҳоятда ишқибоз эканини билар эди. Аммо Саттор ёнгинасида бўлаётган ҳаяжонли ўйин шовқинини ҳамон эшитмас, Розиянинг нозик бармоқларини бақувват панжаси билан авайлаб ушлаганича қирғоқ бўйлаб юқорилаб борар эди.

Чироқлар узоқда қолди. Тепада ой борлиги билинди. Бу ерда баланд қирғоқнинг баъзи жойлари жарга айланиб қолган. Жимжит дарахтлар орасига қоронғида одам кам келади. Розия у ёққа боргиси келмай тўхтади. Бундан икки ой олдин юз берган бир воқеа эсига тушди.

Ўшанда кино кўриш учун чиққан Розия ҳали сеанс бошланишига анча вақт борлиги учун ташқаридаги кўкалам майдончада дугонаси билан айланиб юрган эди. Бир пайт телбаланиб келаёттан иккита маст йигит тўсатдан Розия билан унинг дугонасига ёпишди. Қизлар уларни итариб ташлаб, қочиб кетишга уринишди, Розиянинг дугонаси баланд бўйли бақувват қиз эди, қочиб қутулишга муваффақ бўлди... Аммо Розияга, осилган ҳўкиз тахлит бир йигит:
— Сен менинг севган қизимсан-ку, нега ўптирмайсан! — деб уни маҳкам қучоқлаб олди.
— Мен сени биринчи кўришим! Қўйвор!
— Э, ҳали танимайдиган бўлдингми?
— Қўйвор! Ҳайвон!

Хамма ёқ одам. Бирпасда томошабин тўпланди. Бировлар маст йигитга йўлашни истамайди, бировлар «қиз ҳам шу йигит билан юргандир-да, бўлмаса бирдан қучоқлаб ўпишга тушармиди?» — дейди. Аллаким узоқдан туриб:
— Ҳай йигит, қизинг бўлса, кўчада мунча хор қилма! — деди.

Розияни ҳаммадан ортиқ даҳшатга келгирган нарса — одамлар уни шу махлуқ билан юрган деб ўйлаётгани эди. Бунинг туҳмат эканини исбот қилиб бўлмас эди. Розия нуқул:
— Ёлғон! Қўйвор! Қўйвор! — деб унинг темирдай қўлидан чиқиб кетмоқчи бўлиб талпинар, бошини орқага ташлаб, юзини безорининг сассиқ оғзидан олиб қочар эди.

Иккита ўртоғи билан матчни кўриб келаётган Саттор ҳам шу можаронинг устидан чикди. Гулдай бир қиз бу жирканч маҳлуқ билан юриши мумкин эмаслигини, безорилик устига қабиҳ бир туҳмат бўлаётганини сезиш унча қийин эмас эди. Саттор ҳам ҳўкиз тахлит йигитга қўл тегизишдан ҳазар қилар эди-ю, аммо қизнинг аҳволига қараб чидаб туриш мумкин бўлмай қолди. Саттор уларнинг олдига қандай бориб қолганини ўзи яхши эслолмайди. У безорининг билагидан ушлаб:
— Ошна, қизга раҳминг келсин, қўйвор! — деди.
— Сен аралашма, бу менинг қизим!

Футболга ичиб кирган, ўйин пайтида яна ичиб жинниси чиқиб қайтаётган безори ҳозир Розияни чини билан «ўзиники деб» ўйлаётган бўлиши мумкин эди. Розия ёш тўла кўзларини Сатторга умид билан тикиб:
— Ёлғон! Мен уни умримда кўрган эмасман! — деди. Саттор энди йигитнинг бўйнидан тортди:
— Сени футболнинг жазаваси тутибди, ошна, адашибсан. Бу бошқа қиз. Қўйвор.
— Тошингни тер, қанжиқ! — деб безори Сатторни тепмоқчи бўлиб оёғини силтади.

Шунда Саттор унинг биқинига мушт туширди. Безорининг кўнгли озиб, гавдаси сал бўшашганда, Саттор уни ўсиқ сочидан силтаб тортиб, Розиядан узиб олди.

Қиз четланиши билан безорининг шериги Сатторга ҳамла қилди. Муштлашув бошланди.

То милиция етиб келгунча ҳўкиз тахлит йигит ўзини ўнглаб, Сатторга пичоқ уриб қочди. Чангли асфальтта томган қон — Сатторнинг қони! — ҳозир яна Розиянинг кўз олдига келди-ю, қаттиқ увушди. У қўлини секин Сатторнинг қўлидан бўшатиб олди. Сатторнинг ўнг биқинидаги чандиқни юпқа кўйлаги устидан силаб топди:
— Оғримайдими?

Нозик бармоқлар ўша пичоқнинг жароҳатидан қолган чандиқни ўпаётгандай ёқимли тегди.
— Йўқ. Битиб кетган.

Розиянинг ҳаёлидан ўтган воқеа Сатторнинг ҳам эсига тушди-ю, стадион томондан келаётган шовқин қулоғига энди эшитилди. Розия маст безорилар яна учраб қолишидан хавотирланиб тўхтаган эди. Саттор буни сезди. Яра изини силаб топган нафис бармоқларни худди кўкрагига қўнган маъсум қушча каби авайлаб кафтига олди.
— Бугун матч кеч бошланган, — деди, — футбол жиннилари ҳали-бери кўчага чиқмайди.
— Чиққанда ҳам, сиз ёнимда юрсангиз, мен ҳеч кимдан қўрқмайман.

Завқли ва эҳтиросли товуш билан айтилган бу сўзларда алоҳида бир ишонч бор эди. Саттор Розиянинг қўлидан ушлаганича секин тўхтатди, уни бағрига босгиси, эркалаб ўпгиси келди. Аммо кўз кўзга тушганда бунга журъат этолмай, қизни секин олдинга бошлади.
— Менинг ўзимдан кўрқмайсизми, Розия?

Розия Сатторнинг сезилар-сезилмас ҳаракатига ҳам бўйсуниб, у қаёққа бошласа, измига сўзсиз итоат этиб кетаётганини энди сезди. Саттор ҳозир истаса, Розияни қўлларида чирпирак қилиб кўтариб кета олади. Агар Саттор ўзини қўйиб берса, Розияни оловли ўпичларга кўмиб ташлай олади, нафасини кайтаргудай қучиб эркалай олади. Розия бунга монелик қилолмаслигини билади, чунки қачондир бир вақт шундай бўлишини у ҳам истайди. У Сатторнинг севгисидан ўзини бахтиёр ҳис қилган сари ихтиёри қўлидан кетаётганини пайқади, қалбида уйғонган истак оловидан ўзини олиб қочишга интилди:
— Сиздан эмас... ўзимдан қўрқяпман!
— Нега энди?
— Билмайман... — деди Розия эриб юмшаган товуш билан. — Ихтиёрим қўлимдан кетиб қоляпти.

Бу — қизнинг муҳаббат изҳори эди.

Сатторнинг овози шодлик туғёнидан товланиб эшитилди.
— Агар ихтиёрингаз менинг қўлимда бўлса, мен уни кўз қорачиғимдай асрайман. Фақат... Қани эди...

Саттор сўнгги сўзларни дардли товуш билан айтди-ю, бир лаҳза жим туриб қолди. Розия тўхтаб, унинг юзига интизор кўзлар билан қисқа бир назар ташлади-да, яна ерга кўз тикди. У Сатторнинг муҳаббат ҳақида, балки тўй ва уйланиш ҳақида очиқроқ гапиришини кутди. Бу жуда мушкул бўлганлиги учун «Саттор қандай гап очишни билмай қийналяпти!» деб ўйлади. У Сатторнинг овозидаги дардли оҳангга жавобан «дардингизни айта қолинг, давоси топилади!» дегандай кулимсираб ҳам қўйди.

5

Бироқ Сатторни эзаётган дард Розия ўйлагандан бутунлай бошқача, Саттор бундан беш йил бурун ҳали институтда ўқиб юрган кезларида қишлоқдаги ота-онасининг қистовларига бўйсуниб уйланиб қўйган. Унинг ёшгина хотини, тўрт яшар ўғилчаси билан ҳали ҳам қишлоқда яшайди, Сатторнинг кекса онасига далда бериб, қишин-ёзин шаҳардаги зрининг йўлига кўз тикади. Сатторнинг Тошкентда уй-жойи йўқ, ўзи ётоқхонада туради. Ишхоналаридан уй бермагунларича хотини билан ўғлини кўчириб келишни истамайди.

Уйланган йиллари Саттор қишлоққа тез-тез борар эди. Аммо, шаҳарда ўтган сўнгги йиллар уни жуда ўзгартириб юбордими, ҳар қалай у ҳозир қишлоққа фақат оғир мажбурият юзасидан ойда-йилда бир боради. Ҳар борганда кўр-кўрона уйланганидан кўнгли чўкиб қайтади.

Унинг назарида, бир-биридан кўҳлик кизлар, айниқса, сўнгга йилларда жуда кўпайиб кетяпти. Саттор кўзга яқин йигит, Тошкентда уларнинг баъзилари билан танишиб, билишиб ҳам кўрган. Аммо ҳақиқий жозиба ва ҳақиқий меҳр қанақа бўлишини Саттор мана энди, Розияга қараб билмоқда эди. Уни ҳали ҳеч бир одам Розиячалик эъзозлай олмаган, ҳеч бир қиз ҳали унинг қадр-қимматини бунчалик баланд кўтармаган, унга Розиячалик таъсир кўрсата олмаган. Саттор Розиядан жуда катта бир яхшилик кўраётгандай бўлади, ундан ажралиб қолишдан қўрқади. Айни вақтда, оиласи борлигини айтмаса, игундай пок қизнинг муҳаббатини нопок қўл билан ўғирлаб олаёггандай бўлади. Бу ўғриликнинг бир кун эмас, бир кун фош бўлиш хавфи қалбига муттасил таҳлика солади, энг ширин дамларига ҳам оғу қўшади. Шунинг учун Саттор бугун Розияга ҳақиқатни айтмоқчи бўлиб келган. Айтганда ҳам, Розияни чўчитадиган тарзда эмас, аксинча, қизни унга ҳамдард қиладиган йўсинда айтишни истайди. Саттор ҳозир мана шу истак билан Розияга юзланди.

Ойдинда Розиянинг қошлари кумушнинг қорасидай ҳиёл товланиб кўринди. Майин кулимсираётган лаблар ҳозирги онлардан факат қувонч ва шодлик кутади. Розия унинг уйланган бўлиши мумкинлигини ҳаёлига ҳам келтирмаяпти! Уни ўзи тенгли бўйдоқ йигит деб ўйлаётгани шундоққина билиниб турибди. Саттор ҳозир айтса гул устига дўл ёғдиргандай бўлишини сезди.

«Ахир мен ҳам бир вақтлар уйланмаган йигит эдим-ку. Наҳотки, бир соат-ярим соат ўша дамларга қайтиб яшай олмасам? Розиянинг ёнида, унинг шодланишини кўриб ўзим ҳам бирпас яйраб юришга ҳаққим йўқми? Барибир мен Розияни алдаб боши берк кўчага олиб киролмайман. Айтаман! Пайти келди. Балки ўзи сўраб қолар...».

Саттор Розиянинг қўлини секин қўйиб юборди.
— Қани эди, — деди Саттор бояги дардли сўзларини такрорлаб, — одамларга бахт улашиш менинг қўлимда бўлса... Мен бахтни сандиғи билан сизга келтириб берар эдим. Истаганингизни олинг эди.
— Мен... аввал «ўзингиз олинг» десам-чи?
— Бахт улашадиган одамнинг аввал олишга ҳаққи бўлмаса керак.
— Нима учун?
— Чунки... қоидага биноан бўзчи белбоққа ёлчимайди.
— Хўп, агар ўша сандиқда мен истаган бахт бўлмаса-чи?
— Қаёқда бўлиши мумкин, Розия?
— Буни бахт улашадиган одамдан сўраш керак.
— Энди, у одам ҳам хом сут эмган банда, билмаслиги мумкин...
— Мен ҳам ҳали билмайман.
— Унда мен ёнингизга тушиб, бахтингизни бирга қидирайми?

Сирли бир нафосатга тўлган, гоҳ шўх, гоҳ маъюс туйғуларга йўғрилган бу савол-жавоб давомида Розия анча ўзини босиб олди. Боя уни бўшаштириб, ихтиёрини Сатторга бериб қўйган қўрқинчли истак ўрнини қувончли бир эрк туйғуси эгаллади. Розия энди Сатторни ўз измига бўйсундиргиси келди:
— Майли, юринг!

Саттор ҳам унинг изми билан дунёнинг нариги четигача боришга тайёрдек:
— Юринг! — деди.

Розия Сатторнинг билагидан олди. Иккови анҳорнинг пиёдалар кўпригига қараб кетишди.

Шу вақтгача товуш чиқармай жим оқаётган анҳор кўприкдан берида аллақандай нишабликка дуч келиб, тоғ дарёсидай шовиллаб ўтаётгани билинди. Саттор қарама-қарши томонга кетаёттан шиддатли тўлқинларга қаради. Уларнинг ҳар бири осмондаги ойдан бир бўлак синдириб олиб, ўзи билан оқизиб кетмоқчи бўларди. Аммо ойнинг сув юзига сочилган акси тўлқиндан-тўлқинга ўтиб, Сатторлардан ажралмасдан оқимга қарши сузиб борарди. Сатторнинг қалбидаги зиддият ҳам мана шу тўлқинларга ўхшар, Розиядан тушаётган сеҳрли нурни ой нури каби чил-чил синдириб оқизиб кетмоқчи бўларди. Тўлқинларга бўйсунмаётган бу нур эса гўё, Сатторнинг ўзини оқимга қарши бошлаб борар, Розиядан бошқа ҳамма нарсани унутишга, нурдай эркин бўлишга ундарди. Розия стадион томонидан устма-уст эшитилиб турган қийқириққа боши билан ишора қилиб кулди:
— Футбол ишқибозлари роса бақиряпти-ку!

Розия стадионда бақираёттан одамларни эмас, Саттор ҳозир ёнгинасида бўлаётган ўйин шовқинини эшитмаётганлигидан завқланиб кулмоқда эди. Саттор буни гўё тан олди ва Розиянинг ҳазилига яраша шўхроқ жавоб қиларди:
— Лекин бақираётганлар бошқа, Розия. Ҳақиқий ишқибозлар бақирмайди. Рустам-достонга ўхшаб наъра тортишади.

Минглаб ишқибозларнинг бир овоздан «у-у-о-а-аҳҳ!» деб нидо қилгани яна эшитилди. Розия қувноқ товуш билан:
— Шуми? — деб сўради.
— Бу ҳали наъра эмас. Лекин «оҳ» урса осмон ларзага келади дегани шу. Қаранг, Алпомишга ўхшайдими, йўқми?

Саттор Алпомишни кўрган одамга ўхшаб гапиргани ҳам Розиянинг завқини келтирди. Розия жўрттага унга тақлид қилди:
— Алпомишгами? Ўхшайди! Метро Бойчибар бўлади-ю, унга мана шу Алпомишингиз минади...
— Минса жуда ярашади!
— Боя мен шу гапингизни москвалик меҳмонга айтиб кулгига қолдим.

Розиянинг сўнгги гапида ноз аралаш эркалик бор эди. Унинг бу эркалиги ҳам Сатторга жуда ёқимли туюлди:
— Менинг гапим факат энг ёқимли кулгига сабаб бўлиши мумкин, — деди у Розиянинг сўзидан ҳам олдин, эркалигига жавоб бериб.
— Гапингизнинг обрўси мунча баланд? — деб Розия яна тегишди.

Бу орада улар кўприқдан ўтиб майдонга қараб кетдилар. Йўлларида учраган одамлар икковига қизиқиб қараётганларини Розия энди сезди. Чироқлар тагида қўлтиқлашиб келаёттан чиройли-чиройли учта қиз гоҳ Сатторга, гоҳ Розияга ҳавас билан тикилиб ўтишди. Шу пайт Розия ўзидан ҳам, Саттордан ҳам фахрланиб жилмайди. Саттор зса бу ифтихорга ҳаққи йўқлигини эслаб, бошини эгди. Овози бирдан пасайиб, тутилиб-тутилиб гапира бошлади:
— Гапимнинг обрўси баланд эмас, лекин бу... стадиондаги... беҳисоб одамни жўн транспорт эплай оладими? Метронинг катта бир станцияси мана шу атрофда қурилиши керак.

Сатторга ҳозир иш тўғрисида ўйлаш ва гапириш осонроқ эди. У метронинг хомаки лойиҳасига яна кўп аниқликлар киритилганини, туннель мана шу атрофда анҳорнинг тагидан ўтиб, майдоннинг ости билан хиёбонга қараб кетиши кераклигини сўзлай бошлади.

Бир қарашда зерикарли туюладиган бу мавзу ҳам Розияга ўзининг энг мароқли томони билан кўринар эди. Ҳали қанча одам Тошкентда метро бўлишини тасаввур ҳам қилолмайди. Саттор билан Розия эса бу катта ишнинг илк режалари учун жон куйдириб юришибди. Буни ўйлаган сари Розиянинг кўнгли тоғдай кўтарилади. Бири устига бири қўшилаётган завқ, қувонч, ифтихор туйғулари бениҳоя ёқимли эди. Розия яна Сатторга эркаланиб:
— Бу ҳаммаси ҳали хомҳаёл! — деди.
— Лекин қачондир бир вақт метро, албатта, қурилади, мен бунга ишонаман, Розия. Ҳозир республикамизнинг энг катта раҳбарлари ҳам метрога астойдил эътибор беришяпти. Москвалик меҳмонлар келгандан бери биз кечалари ҳам қолиб ишлаяпмиз. Ҳали Максимичдан умид катта эди. Сиз унга воқеани тушунтириб жуда яхши қилибсиз-да, лекин!

Саттор Розияни ўнг қўли билан елкасидан олиб, боягидай эркалаб силкитди. Кўли кифтигача очиқ кўйлак кийган Розия елкасининг яланғоч жойи билан Сатторнинг биқинидаги чандиқни яна ҳис қилади.

Ўша мудҳиш воқеанинг тўполонида у Сатторни йўқотиб қўйгани, ҳатто унинг кимлигини, оти нималигини билмай қолгани зсига тушди. Кейин Розия метронинг тайёргарлик ишларига жалб этилгани, шу иш устида Сатторни топиб олгани, бугун у билан учинчи марта учрашаётгани ҳаёлидан ўтди. Ҳозир у бунинг қувончини метро ҳақидаги гапга ўшиб айтди:
— Тошкентимиз Осиё қитъасида биринчи бўлиб метро қурса-я! Ажойиб бўлар эди-да!
— Ҳа, Япония орол экани ҳисобга олинса, Осиёдай улуғ материкда ҳали битта ҳам метро йўқ.
— Лойиҳаларингиз тасдиқланармикан-а?
— Лойиҳаларимиз, денг. Ер ости қатламлари аниқланмаганда лойиҳалар ҳавога чизилармиди?

Розия шундай аниқ, шундай буюк иш икковини бирлаштириб турганини яна бир марта шодланиб ҳис қилди.
— Хўп, Саттор, лойиҳаларимиз.
— Ҳали лойиҳаларнинг хомакисини ишлаяпмиз, холос. Лекин, мана бу майдонга бир қаранг...

Улар майдоннинг ғарбидаги баландликда тўхташди. Майдоннинг анҳор қирғоғига чиқадиган томони ҳали битмаган. Четлари тош ва чим билан ишланаёттан йўлкаларнинг бир қисмигина тайёр бўлган, холос. Майдоннинг нариги томонида ҳам қурилиш давом этяпти. Кўтаргич кранлар осмонга найзаларини санчиб турибди. Аммо майдоннинг асосий саҳни аллақачон битган ва ўзининг кўркамлиги, бағри кенглиги билан бутун шаҳарга ҳусн киритган эди.
— Илгари бу ерда нималар борлигини эслайсизми? — сўради Саттор.

Розия эслай бошлади:
— Ҳу ана у ердан трамвай чинқириб бурилар эди. Ифлос сувли бир ариқ бор эди. Хом ғиштдан қурилган уйлар... Қандайдир бир омбор...
— Анҳорнинг бўйида-чи? Худди товуқнинг каттагига ўхшаган уйчалар бетартиб қалашиб турмасмиди?
— Майдонга ўтиладиган йўл ҳам жуда тор эди-я.
— Мана энди кўринг! Ҳозир бу майдонни ҳар бир тошкентлик бутун жаҳонга фахрланиб кўрсатиши мумкинми, йўқми?
— Мумкин!
— Гап шундаки, Розия, мана шу майдоннинг лойиҳаси ҳам ҳозирги метронинг лойиҳасига ўхшаб кўп мунозараларга сабаб бўлган. Мен бу лойиҳанинг чет ёқасига сал-пал иштирок қилганман, биламан. Ҳали зилзила давом этиб турган пайтлар эди. «Майдонни бунчалик қилиш керак эмас, нима, аэродром қурамизми?» деганлар бор эди. «Бу майдон бутун куч билан маблағни олиб қўяди, ундан кўра уй-жой қурилишига зўр берайлик» деганлар бор эди. Лекин Тошкентнинг марказида шундай бир кўркам майдон бўлмагунча шаҳарнинг чиройи очилмаслигини астойдил сезиб юрганлар кўпчилик эди. Охири мана...

Розия Сатторнинг юзига ўтли бир эҳтиром билан тикилди.
— Шу кўпчиликнинг орасида сиз ҳам...

Саттор мақтанчоқ кўринишдан кўрқиб унинг сўзини бўлди:
— Мен мингларнинг бири эдим, холос. Жуда кичкина бир лойиҳачи эдим. Лекин майдоннинг мана шундай қурилиши учун жон куйдириб юрганим рост.
— Ўшанда мен охирги курсда эдим, — деди Розия. — Бузилган иморатларнинг ўрнини тозалашга чиқар эдик. Эсингиздами? Эски танклар биноларни қулатиб берар эди. Мана шу майдоннинг ўрнини тозалаш учун ҳам бир неча марта шанбаликка чиқиб, роса чангга ботиб ишлаганмиз.
— Ажабо! Мен айтган мингларнинг бири ўзингиз экансиз-ку!

Розия билан Сатторнинг орасига яна битта яқинлик ипи тортилгандай бўлди. Гўё, мана шу майдоннинг ўтмиши ҳам уларни бирлаштирди.
— Яна беш-олти йил ўтиб, метро ҳам қурилса, бугунги гапларимизни қанақа қилиб эсларкинмиз, Розия?

Бу гап Розияга «келажагимиз ҳам бир!» дегандай эшитилди.
— Кувониб, яйраб эслардик-да!

Розия Саттор билан нима тўғрисида сўзлашмасин, — ўтмишдан ҳам, келажакдан ҳам, кўз ўнгидаги майдондан ҳам, атрофидаги нарсалардан ҳам ўз бахтини топаётгандай қувонади. Унинг толеи гўё бутун борлиққа сочилган-у, Саттор бирга юриб, унга ҳамма жойдан бахт териб беряпти.

Шу тариқа яшнаб-яйраб майдонни кесиб ўтишди.

Одам сийрак. Тошкентликлар ҳали 6у ерга кўп келиб ўрганишмаган. Нариги ёқдаги гўзал фавворалар қурилиши энди бошланган. Намойишлар хиёбонининг ўртасига — оёқ остига маржондай тизиб қўйилган қатор ер-чироқлар ҳали ёндирилган эмас. Шундай бўлса ҳам, майдон гўзал эди. Розия тўхтаб осмонга қаради. Унинг назарида юлдузлар ҳозир машшоқларга айланиб, Саттор икковлари учун ғалати бир куй чалмоқда эди. Розия шу куй остида Саттор билан ўйинга тушгиси келди.
— Саттор, эшитяпсизми? — сўради у сирли товуш билан.
— Нимани?
— Юлдузлар куй чаляпти.
— Ҳа!

Розия сумкасини билагига солиб, чап қўлини Сатторнинг елкасига қўйди. Саттор Розиянинг истагини тушуниб, ўнг қўли билан белидан олди.
— Тангоми? — деди.
— Йўқ, вальс!

Саттор Розияни оҳиста қучиб, «Ўзбек вальс»ини оғзида чалиб, ним қоронғи майдонда уни гир-гир айлантирар экан, ўзини дунёда энг толеи баланд бир кишидек ҳис қилди. Вужудида улкан майдонни у бошидан бу бошигача шу ҳолатда ўнлаб марта айланиб чиқишга етадиган бир куч сезди.

Унинг учун оламда фақат Розия бор эди. Бояги чигал дард гоҳо кўнглига тикандай қадалиб қўйса ҳам, энди бу тиканни Розиянинг қўли билан олиб ташлаш мумкинга ўхшарди. Ички бир овоз Сатторга шивирларди: «Шундай ақлли қиз наҳотки сени тушунмаса, сенинг мушкулингни осон қилмаса? Розияга ишон, у сенинг ўзингни ҳамма дарду ғамларингдан баланд қўя олади, ҳар қандай ҳолатда ҳам сени дейди!». Саттор бу ички овознинг завқига берилиб, вақт қандай ўтганини, қанча масофалар ортда қолганини сезмас эди.

6

Бир пайт улар Хадича Сулаймонова кўчасидан айланиб ўтиб, ўқувчилар саройининг қаршисидаги очиқ кафега келдилар. Розия қачонлардан бери дам олмай пиёда юрган бўлсаам, чарчоқлик сезмас эди. Саттор унинг қуруқшаб турган лабларига қараб:
— Чўллабсиз-а! — деди. — Ҳали овқат ҳам емагандирсиз? Ресторанга бора қолайлик.
— Мен оч қолганим йўқ. Шу ер яхши эмасми? Очиқ ҳаво.

Саттор Розияни четроқда турган столга бошлади. Хизмат ҳар кимнинг ўзидан экан. Саттор ялтироқ маъдан вазачаларда мороженое келтириб қўйди.
— Ҳозир, — деб кулиб қайтиб кетди. У икки қўлида икки фужер тўла шампань виноси билан Розияга қараб келаётган эди, ўнг томондаги столлар ёнидан кимдир уни чақирди. Саттор юриб кетаётган бўйича ўгирилиб қаради. Чақирган одам унинг ҳамкасби Нодир Иноятов эди. Нодирнинг ёнида ишхоналарининг бошлиғи Файзулла Бекназаров ҳам шампань ичиб салқинлаб ўтирган экан. Улар иккови Сатторга синовчан назар билан тикилиб турар эди. Саттор тўхтаб уларга томон бир-икки қадам ташлади.
— Уч марта ўтиб бизга қайрилиб қарамадинг-а! — деди Нодир. Унинг юпқа лаблари ва кисиқ кўзларида гина аралаш киноя бор эди.
— Мен кўрмай қолибман! — Саттор Файзулла Бекназаровга узр сўрагандай қилиб қаради.
— Ҳа, кўзинг қамашиб кетганга ўхшайди, — деди яна Нодир. У бошлиқнинг номидан ҳам киноя қилаётганга ўхшарди. Бекназаров индамас, аммо Сатторнинг яшнаб турган юзига, унинг икки қўлида бижиллаб ўйнаётган икки фужер шампань виносига хиёл ҳайратланиб қарар эди. «Хотиним, ўғлим борлигини, уларни олиб келаман деб уй сўраб ариза берганимни эслаётган бўлса керак!» деган ўй Сатторнинг қалбини музлатиб ўтди.

У ўнғайсиз ҳолатдан қутулиш учун гапни ҳазилга бурди.
— Кўз қамашган йўқ-ку... лекин кўриб турибсизлар, ҳозир атрофга аланглайдиган пайтим эмас.
— Ёнингда шундай қиз юргандан кейин атрофга аланглармидинг. Аммо балосан! — деди Нодир ва серсоч бошини Розия ўтирган томонга силкитиб давом этди:
— Бу ҳў ўша... сен қутқарган қиз-ку. Ўзиям жуда очилиб кетибди. — Нодир Файзулла Бекназаровга изоҳ берди — Саттор мана шу қизни деб пичоқ еган эди-да. Ўшанда мен ҳам стадиондан чиқиб келаётувдим. Аммо, унда менга бунчалик гўзал кўринмаган эди. Ҳозир жуда...

Саттор гапни тезроқ тамомлагиси келиб Нодирнинг сўзини бўлди:
— Қани, Файзулла ака, юринглар, бирга чанқоқ босди қилайлик...
— Йўқ, майли, сиз боринг, — деди Бекназаров. — Лекин энди... пичоқ-мичоқдан эҳтиёт бўлинг. Бизга ҳам кераксиз.

Саттор кулиб, хайрлашиб кетаётган эди, Нодир унинг кетидан гап отди:
— Ҳа, сен бизга энг ростгўй, энг виждонли одам бўлганинг учун кераксан. Буни у қизга ҳам билдириб қўй, дўстим.

Нодир Сатторнинг оиласи борлигини эслаб ва Розия ҳали буни билмаслигини сезиб истеҳзо қилмоқда эди. Хотин-қизлар билан муносабатда виждонни ҳам, инсофни ҳам тан олмайдиган Нодирнинг истеҳзоси Сатторга ўқдай тегди. У аччиқ бир жавоб айтгаси келиб кескин ўгирилди. Шу пайт қўлидаги вино чайқалиб, озгинаси тўкилди. Бу Сатторнинг шаҳдини қайтарди. У истеҳзоли илжайиб:
— Насиҳатлар учун раҳмат! — дея олди, холос. Саттор Розиянинг олдига қайтганида рангидан қони қочиб, юзи бўзариб қолган эди. Аммо ўзини хушҳол кўрсатишга тиришиб:
— Қани, олдик, Розия, — деди. — Кечирасиз. Ҳамкасблар учраб гапга тутиб қолишди. Қани, олинг!

Розия виноси ҳамон ўйнаб турган қадаҳни секин қўлига олди ва Сатторга боягидай меҳрли кўзлар билан қаради. У Саттор билан биринчи марта уриштириб ичадиган қадаҳи умрбод эсда қоладиган дамлардан нишона бўлишини истарди.

Аммо Сатторда бояги уфуриб турган байрам кайфияти энди йўқ. Розиянинг назарида, унинг елкалари ҳам алланечук пасайиб, ўзи бир оз чўкиб қолгандай кўринади. «Олинг, олинг» дейишлари ҳам анчайин бир меҳмонга қилинадиган юзаки манзиратни эслатади.
— Ҳамкасбларингиз бирон... нохуш хабар айтишдими?— деди Розия.
— Ҳе, йўқ, шунчаки гап...

Саттор Файзулла Бекназаровнинг «Пичоқ-мичоқдан эҳтиёт бўлинг!» деган тагдор гапини эслади. «Розия билан тўғриликча юрибман-ку, нега бошлиқнинг гапини дарров ўзимга оламан!» деб Саттор ичида ўзидан ранжиди. Аммо Нодирнинг «балосан!» дегани бунинг аксини исботлаётганга ўхшади. «Шундай қизни қўлга туширибсан, ўшанда буни қутқарганингнинг ҳақини ол, бўш келма, хотининг борлигини билдирмай юравер, маза қил!» демоқчи эди Нодир унга. Нодир учун чиройли қизлар билан лаззатланиб юриш — овга чиқиб, қармоқ ташлаб, катта ўлжа олишдай гап эди. Бунақа «овни» Саттор ҳам бир вақтлар билар эди. Аммо ҳозир Розияни ўткинчи бир «ов» деб ўйласа ўзидан жирканарди. Нодирнинг сўзларидаги «овчилик» маъноси эса Сатторнинг қалбидаги энг пок, энг азиз туйғуларига ифлос бир қўл каби тегиб, чиркин из қолдирди.

Ҳозир Сатторни эзаётган яна бир нарса шуки, Нодир уни ўзига ўхшатиб «Балосан!» деганда, сўнг унинг ростгўйлигини масхара қилганда, Саттор жавоб тополмади, «Насиҳатлар учун раҳмат!» деб писиллаб қўя қолди. Чунки, унинг тили қисиқ эди!

Саттор қадаҳни қўлга олди. Розия унинг бир нарса дейишини кутмоқда эди. Қизнинг меҳр тўла кўзлари Сатторга ёрдам беришга, унинг ҳар қандай мушкулини осон қилишга тайёр эканини билдирарди. Розия уни боягидай беғам ва шод қиёфада кўришни истарди.
— Кечирасиз, Розия... Менинг ҳаёлим бўлинди. Ичинг! Мана шу биринчи қадаҳимиз... охирги қадаҳ бўлмасин. Дунёда ҳеч ким, ҳеч нарса бизни бир-биримиздан... — «ажрата олмасин» дейишга Сатгор журъат этмади... — бизни бир-биримизга қарши қўёлмасин!
— Яхши!

Шампань ичиб, мороженое еб ўтирганларида Розиянинг ҳусни яна ҳам очилиб кетди. Унинг қизлик жозибаси атрофдаги ҳамма одамларнинг эътиборини тортмоқда эди.

Бироқ Розиянинг одамларга бу қадар сеҳрли кўринаётган ҳусни Саттор туфайли очилиб кетгани қизнинг ҳар бир ҳаракатидан, ҳар бир нигоҳидан билиниб турарди. Саттор ўзига ҳавас билан қараётган кўзларни кўриб, юраги алланечук увушди. У муҳаббат туйғусининг тобора баланд чўқкисига чиқиб бораётганини сезар, бу чўққидан йиқилиб кетса чилпарчин бўлишини ўйлаб, қалбини ваҳима босар эди. У Розиядан ҳали замон маҳрум бўлиб қолишини олдиндан сезаётгандай изтироб чекар, Розияга термилиб-термилиб қарар эди.

Розия эса Саттордаги бу ҳолатларга муҳаббат изҳоридан олдин бўладиган тараддуд ва ташвиш сабаб бўляпти, деб ўйларди. Бугун ҳал қилувчи бир гап бўлинини ўйлаганда, Розиянинг юраги ҳам така-пука бўлиб қўярди. Аммо Сатторнинг изтироби уникидан кучлироқ экани қизга далда берар, шампань ҳам таьсир қилиб, олам унинг кўзига беҳад гўзал кўринарди.

Улар кафедан чикиб яна анҳор томонга қараб кетаётганларида Саттор оғир тин олиб:
— Розия, — деди. — Сиздан бошқа киз бўлса, мен кўнглимдаги сирларимни айтиб ўтирмас эдим. Лекин сиз мен учун шунчаки бир қиз эмассиз, топилмайдиган бир инсонсиз. Мен бу дунёда фақат сиз билан бахтиёр бўла олишимни сезиб турибман.

Муҳаббат изоҳини кутаётган Розия «бошланди!» — деб ширин бир эҳтиросдан энтикди. Саттор овози бўғилиб гапирди:
— Лекин мен... сиз билан ўтаётган мана шу масъуд дамларга ҳаққим борми, йўқми, билмайман.
— Нега энди?
— Мен ҳозир сизга муносиб эмасман, деб қўрқаман! Розия бу гапни камтарлик деб ўйлаб завқи келди.

Бугун Саттордан фахрланган пайтларини эслаб кулди-ю:
— Сиз ҳали ўзингизни билмас экансиз, — деди.
— Йўқ, Розия, сиз билмайсиз!
— Нимани?
— Ҳозир сизнинг кўнглингиз менинг қаршимда нозик бир ойнага ўхшаб турибди. Мен шу ойнага тош тегмасин дейман.
— Канақа тош, Саттор? — деб Розия энди сергакланди.
— Балки тош эмасдир. Балки бунинг сиз учун аҳамияти ҳам йўқдир. Гап шундаки, мен ёшлик қилиб бекордан-бекорга эркимни қўлдан бериб қўйганман!

Розия шу пайтгача завқ ва қувонч тўлқинлари орасида чаппар уриб сузиб келаётганга ўхшарди. Ипакдек майин тўлқинлар энди бирдан ғадир-будур тошга айланиб кетаётгандай бўлди. Розия сесканиб сўради:
— Уйланганмисиз?
— Беш йил олдин учрашмаганимиз менга алам қилади!

Тошга айланаётган тўлқинлар Розияни исканжага олиб суякларигача зирқиратиб қисгандай бўлди. Унинг вужуди қақшаб:
— Беш йил? — деди. — Болаларингиз ҳам бордир?
— Тўрт яшар ўғилча бор.

Розия шафқатсиз тош-тўлқинлар орасидан чиқиб кетмоқчи бўлиб талпина бошлади:
— Мен нима!.. Мен сизнинг оилангизга... яхшилик истайман. Сиз менга ёмонлик қилганингиз йўқ... Кўша қаринглар!

Саттор Розияни тирсагидан ушлаб ўзига қаратди:
— Нега мунча ўзгариб кетдингиз, Розия? «Қўша қаринглар» деган гапингиз менга киноядай эшитиляпти!
— Бошқа нима ҳам дейишим мумкин?
— Агар мен у билан қўша қаришни истаганимда сизга бунчалик армон қилиб гапирмас эдим!

Розиянинг кўзи олдида Саттор боягидан бутунлай бошқача — гўё у бирпасда беш-ўн ёш улғайиб, ували-жували киши бўлиб қолди. Бутун учрашув давомида Саттор ўзини тутиб, Розияни авайлаб келаётгани, армон аралаш айтган гаплари, ҳамкасбларини учратиб хомуш бўлиб қолгани, — ҳаммасининг ички сабабини Розия энди билди. У Саттордан бутунлай бошқа нарсалар кутиб алдангани кўнглини эзди. Унинг ўзига ҳам, Сатторга ҳам раҳми келиб, кўзларида бирдан ёш ғилтиллади.
— Мен ўзим ҳам фаросатсизлик қилибман... Аввалроқ сезишим керак зди... Мени кечиринг, Саттор, оилангиз борлиги менга бундай таъсир қилмаслиги керак эди. Лекин мен нима қилай... умидим бошқача бўлганини яширолмаяпман. Ўзимни қўлга ололмаяпман. Ўзим-ўзимга бунчалик аянчли кўринаман деб ҳеч ўйламаган эдим!
— Сиз ўзингизни айбламанг, Розия. Сиз самимийсиз, оқкўнгилсиз. Сизни мен қийнаб қўйдим. Кўзингиздаги ёшдан менинг юрак-бағрим ўртаниб кетяпти. Йиғламанг, илтимос қиламан!

Саттор Розиянинг кўз ёшини қўли билан секин артиб олди. Розия атрофига қаради. Ҳамма нарса тутун аралаш туман орасида ётгандай хира кўринарди. Улар Навоий кутубхонасидан нарироқда, дарахт пана қилиб турган йўлка четида туриб гаплашмоқда эдилар. Розия кўзини қоплаган туман ичидан чироқларини ёқиб ўтаётган узокдаги трамвайни кўрди. У қалбини ҳам тутундай қоплаб олган аччиқ туйғудан тезрок қутулгиси келди. Трамвайга томон интилиб:
— Мен кетаман! — деди.

Саттор у билан видолашаётгандай мунғайиб:
— Ўзингиз биласиз, — деди. — Мен сизни «қолинг» дейишга ҳаққим йўқ! Бу ёғини энди фақат сиз ҳал қиласиз.

Розия Сатторни шу аҳволда ташлаб кетолмаслигини сезди. Бундан бир соатгина олдин иккови қандай унутилмас дамларни бошдан кечирганлари эсига тушди. Ундан олдин бу йигит Розияни ёмон бир фалокатдан қутқараман деб пичоқ егани кўз олдига келди. Бугун ҳам Саттор олижаноб, софдил бир йигитдек муомала қилаётгани Розиянинг онгига энди бориб етди. Саттор шунчалик мунғайиб, мушкул аҳволга тушиб қолганда ҳеч ким унга ёрдам беролмаслиги Розиянинг юрагини эзиб, кўзини яна ёшга тўлдирди.
— Саттор, менга ҳали умримда сиздай яхши йигит учраган эмас эди. Бундан ярим соат олдин мен сиз билан юрганимдан бахтиёр эдим. Энди, билсам, бунга ҳакқим йўқ экан... Мен бошқа бировни шунчалик сева оламанми, йўқми, билмайман. Лекин сизни... сизнинг менга қилган яхшилигингизни умрбод унутмайман. Хайр!
— Энди шошманг, Розия... мен ҳам сизни бутун вужудим билан севаман, бошқа ҳеч кимни бунчалик севган эмасман, севолмайман. Биз шуни била туриб, нега ажрашиб кетишимиз керак? Нега дарров таслим бўляпмиз?
— Сабабини ўзингиз айтдингиз!
— Йўқ, мен эрким ўзимда эмаслигини айтдим. Лекин менинг кўнглим сизда, келажагим ўзимга боғлиқ. Мана сиз ёнимда бўлсангиз, эрким ҳам ўзимга қайтади, Розия, бунга ишонинг!

Розия Сатторга бир лаҳза жим тикилиб турди. У Сатторнинг оилавий ҳаётини кўз олдига келтира бошлади. Мана шу кенг елкалар, мана шу изтиробли юз, мана шу оловли кўзлар, мана шу ёқимли овоз, Розия севиб қолган мана шу кўҳлик йигит беш йилдан бери бошқа аёл билан яшаётгани, орада икковидан бино бўлган фарзанд борлиги Розиянинг тасаввурида шундай гавдаландики, рашк, алам, армон ҳаммаси биргалиқда унинг Сатторга бўлган меҳрини гўё тошбўрон қила бошлади.

Розия бутун борлиғи қақшаб:
— Йўқ, — деди. — Йўқ! Мен истамайман!
— Нимани? — қўрқиб сўради Саттор.
— Сиз бировнинг отасисиз. Бировнинг эрисиз!
— Лекин мен бировнинг шахсий буюми эмасман, Розия! Муҳаббат нималигини билмай адашиб уйланган бўлсам, умрбод бахтсиз ўтишим керакми? Мен бу аҳволда оиламга нима бахт бера оламан? Улар қишлоқда. Ойда-йилда бир борар эдим. Ҳозир боргим ҳам келмай қолган.

«Ҳозир» деган сўз Розияга «Сиз учрагандан бери» дегандай эшитилди ва жуда нохуш туюлди. У ўзини Сатторнинг хотинидан кейинги навбатдаги аёлдай сезди. Қаттиқ озорланиб деди:
— Мен ҳам нима қилай? Менинг орзуларим бутунлай бошқа эди.
— Биламан. Мен шу сирни айтмаганимда орзуларингиз бари ўз ўрнида турар эди. Лекин мен сизнинг кўнглингизда нима борлигини сезиб туриб, уйланганлигимни яширсам, сизни алдаб қўлга туширгандай бўлар эдим. Бунга менинг виждоним йўл бермайди. Мен сизни тушунасиз деб айтдим.
— Тушунганим билан нима ҳам қила оламан?
— Истасангиз мени бахтиёр қила оласиз!
— Сиз бошқаларни бахтсиз қилиб кандай бахтиёр бўла оласиз?
— Бошқалар ҳам ўз шахсий бахти учун курашиши керак. Ҳозир йигирманчи аср. Бу ҳақда қанча китоблар ёзилган, қанча фильмлар олинган. Бу босқичлардан аллақачон ўтиб кетганлар жуда кўп.

Розиянинг ўзи ҳам муҳаббатда эркни жуда баланд қўяр, буни тушунмаган ёки тан олмаганлар унинг кўзига тараққиёт босқичларининг энг паст зиналарида тургандай кўринар эди. Агар ҳозир ўзининг бошида тушаётган савдони бирорта китобда ўқиса ёки фильмда кўрса, Розия ҳеч иккиланмай Сатторнинг гапини маъқуллаган бўларди. Шундай қилмай ҳар хил андишаларга берилиб «йўқ!» дейдиган қиз Розиянинг кўзига четдан жуда қолоқ кўринар эди. Аммо, ҳозир ўзи Сатторни оиласидан кечтириб, унинг ўғлини отасиз қолдириб турмуш қуришни ўйласа, келажак Розияга жуда ишкал, жуда ғуборли кўринарди. Розия ўзига бундай келажакни раво кўра олмаслигини энди биляпти. У йигирма беш ёшга киргунча кўпгина тўйларни кўрган, кўпгина қариндошлари ва дугоналарининг турмушларини кузатган. Ўзлари ҳам меҳр-муҳаббат билан топишган, ота-оналар ва қариндош-уруғларининг ҳам кўнглини олиб, маҳалла-кўйнинг ҳам олқишига сазовор бўлиб турмуш қурган йигит-қизлар Розиянинг ҳавасини келтиради. У кўпчиликнинг таъна ва дашномига учрайдиган ишкал бир келажакка эмас, аксинча, ҳамманинг таҳсинига сазовор бўладиган, тенг-тушларининг ҳавасини келтирадиган бир келажакка интилиб, ўрганиб қолган. Шунинг учун ҳозир Сатторга ён босолмайди. Бироқ у ўз келажагини Сатторсиз ҳам тасаввур этолмайди. Сатторсиз келажак унга ҳувиллаган совуқ бир бўшлиқ бўлиб кўринади.

Розия нима қилишини билмай атрофга аланглади. Саттор унинг жавобига мунтазир эди. Узоқ жимликдан сўнг Розия яна:
— Мен кетаман, — деди.

Саттор уни трамвай бекатига бошлаб бораётганда кўчада бирдан одам кўпайиб кетди. Тунги чироқлар ёруғида юқоридан ёпирилиб тушиб келаётган беҳисоб одамларнинг аксарияти йигитлар, эркаклар эди. Саттор буларнинг футболдан чиқиб келаётган томошабинлар эканини пайқади. Сершовқин, серҳаракат халойиқ дарёси ҳозир Розияни оқизиб кетишидан хавотирланиб, унинг билагидан олди.
— Розия, менга қаранг. Яна қачон учрашамиз?
— Мен сиздан миннатдорман, Саттор, лекин энди...
— Ҳозир жавоб берманг! Шошилманг!
— ... Мен сизнинг софдиллигингизни унутмайман...
— Видолашманг, илтимос қиламан, кўнглингизни яхшилаб синанг. Мен кутаман!
— Сиз менга шунча яхшилик қилдингиз, бас.
— Бироқ сиз мени дўзах азобига солманг, Розия. Бугунги жойда ҳар куни кечқурун ишдан кейин сизни кутаман.
— Ҳар куни? Йўқ-йўқ!
— Уч кунгача кутаман, Розия!
— Кутманг!
— Йўқ, бир ҳафтагача кутаман... Ҳар куни!

Розия яна бир лаҳза турса «хўп, келаман!» деб қўйишини сезди-ю:
— Йўқ! — деди. Аммо Сатторга бу сўз жуда оғир туюлганини сезиб, Розия оёқ учига кўтарилди, Сатторнинг юзидан тезгина ўпди, шу билан «энди кўришолмас-миз» демоқчи бўлди ва кўчани тўддириб ўтаётган халойиқнинг орасига ўзини урди.

Футболдан ҳаяжонланиб чикқан издиҳом орасида ичиб олган безорилар ҳам бор. Аммо ҳозир Розиянинг кўзига ҳеч қандай хавф-хатар кўринмайди. Саттор билан ажрашиш азоби олдида ҳамма хатарлар жўн туюлади. Бутун вужуди Саттор билан яна учрашишни истаб турганда, бу истакни эгиб, букиб ўтиш ҳар қандай ташқи ноқулайликни аҳамиятсиз қилиб қўйган.

Саттор уни трамвайгача узоқдан кузатиб борди. Халойиқ йўлкаларга ва бекатларга сиғмай кетган. Вагонларии тўлдириб жўнаётган одамлар орасида Розия гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай боряпти.

Ниҳоят, у ҳам трамвайга чиқди. Ичкарига сиғмаган ёш-яланглар вагонларнинг эшикларига ва орқаларига осилиб олган. Трамвай тўс-тўполонда аранг жойидан жилди-ю, нарироққа бориб тезлаб кетди.

Саттор билан Розиянинг топишишига сабаб бўлган издиҳом дарёси ҳозир гўё Розияни унинг бағридан юлиб олди-ю, тунги шаҳарнинг аллақаёқларига олиб кетди.

7

Саттор эртаси куни ишга борганида худди бошқа бир оламга келиб қолгандай ўз касб-корига хиёл таажжубланиб қараётганини сезди. Унинг бутун борлиғи ҳамон Розия қўзғатган туйғулар билан тўлиб турибди. Кечаги учрашувнинг турли-туман тафсилотлари ҳаёлида муттасил чарх уради. Орадаги чигал муаммо кўнглининг бир четини куйдириб, зирқиратиб турган бўлса ҳам, бундан қатъи назар, Розиядай қизнинг севгисини қозонгани унинг руҳини кўтаради, иссиқ лабларнинг тафти ҳали ҳам юзидан кетмай туради, икки орада ёнган муҳаббат олови бутун вужудини илитиб, ҳаёлларини равшанлаштиради.

Шу оловнинг ёруғида Сатторга илгари унча кўринмайдиган нарсалар ҳам ҳозир фавқулодда бир аниқлик билан намоён бўлади. У ўзи ишлайдиган хонада нақадар қоғоз кўплигини гўё энди пайқаётибди. Олти лойиҳачи инженер бир хонада ишлайди. Ҳар бирининг столи ва чизмакашлик асбоблари бор. Ҳамма столларнинг ичи-ю усти турли-туман лойиҳалар, қўлланмалар, илтимосномалар, кўрсатмалар билан тўлиб кетган. Ора-орага қўйилган жавонларда ҳам, тумбочкаларда ҳам муқоваланган, букланган, тахланган қоғозлар, полда ҳам қоғоз қийқимлари, чиқинди учун қўйилган саватчаларда ҳам ғижимланган қоғоз. Кенг деразалардан ёз офтобининг аёвсиз сели оқиб кириб турибди. Хонадаги ҳаводан ҳам чаш аралаш қоғоз ҳиди келади.

Бугунги тараққиёт қоғозни бу қадар кўп ишлатиши, ҳар бир қурилиш алоҳида ғиштигача аввал қоюзда чизилиб хилма-хил ёзувлар билан асосланиб, шундан кейингина амалга ошиши Сатторга ҳозир қандайдир бошқача — яхлит ва янги бир нарсадай туюлади.

Қоғоз уммонида ҳар қандай туйғу ғарқ бўлиб кетиши, одам ҳиссиз бир машинага ўхшаб, нима иш буюрилса бефарқ бажаравериши жуда осон. Бу уммонда ғарқ бўлмаслик учун ҳар ким ўзига маъқул бир усул билан сузишни ўрганган.
— Саттор, Байтқўрғонда битта ош бўладиган! — деб Нодир хомаки бир лойиҳани стол устига ёйиб қўйди. Нодирга эргашиб келган ўрта ёшли тепакал киши янги чарм папкасини кўлтиғига қисиб ва ширин жилмайиб:
— Машинамиз ҳам бор, олиб бориб-олиб келиб қўйиши ўзимиздан, — деди. — Кггмиз ташкил қиламиз.

Саттор бу одамнинг аллақайси корхонадан келган вакил эканини биларди. Лойиҳага қараб туриб, зиёфатнинг сабабини ҳам тушунди.

Бу корхона янги уй-жой мавзеида ўз одамлари учун бир нечта кўп қаватли уй қурган. Худди шу мавзеда бошқа-бошқа министрликларга қарайдиган яна иккита катта ташкилот ҳам шунга ўхшаш турар жойлар қуряпти. Сув, газ, электр каби нарсалар мавзедаги янги уйларнинг ҳаммаси учун яхлит лойиҳа билан бирваракайига олиб борилгани яхши. Аммо нариги икки ташкилотнинг қурилиши кеч бошланган, суст боряпти, ҳали-бери битадиган эмас. Уйлари битиб қолган корхона уларни кутиб ўтиришни истамайди. Шунинг учун мана бу махсус лойи-ҳани тасдикдан ўтказиб, ер ости коммуникацияларини ҳам ўзлари учун алоҳида қуришмокчи. Аммо ҳар учала ташкилотнинг кувурлари бир кўчадан ўтади. Агар ҳар бири алоҳида лойиҳа билан ўз билганича кувур ётқизса, бу кўча уч кайта ковланади. Ўзи юз хил илтимос билан яқиндагина асфальт бўлган кўча эди. Эртага бориб булар бир бузса, уч ойдан кейин бошқа ташкилот келиб кайтадан ковласа, олти ойдан сўнг яна бузилса!..

Саттор шуни айта бошлаган эди, вакил гапни илиб кетди:
— Биламан, ўртоқ инженер, ҳаммамиз ҳам кўчаларнинг устма-уст ковланаверишидан безор бўлганмиз. Агар уч ташкилот бош қўшиб шу ишни бирга қилса, биз жон дер эдик. Лекин бошқалар ҳали ер ости коммуникацияларини ўйлаётгани ҳам йўқ. Бизнинг уйлар битган, одамлар «қачон кўчиб кирамиз!» деб кулоқ-мияни еворяпти.
— Зилзиладан кейинги уй-жой танқислиги маълум-ку, — деб Нодир вакилга ён босди. — Неча юз одам уй-жойсиз азобланиб юргандан кўра кўчанинг бир-икки марта ортиқроқ ковлангани афзалроқ эмасми?
— Хўш, таклифинг нима?
— Нима бўлар эди? Ёзув-чизувларини биз икковимиз тўғрилаб берайлик. Файзулла акага тушунтириб айтсак, тасдиқдан ўтказади. Бунинг қонунга хилоф жойи йўқ.

Нодир Сатторга «Балосан! — дегандай кулиб қаради. — Ҳалиги қизга қилган яхшилигингни ҳиссасини чиқарганинг билиниб турибди. Албатта, оиланг борлигини яширгансан, йўлини топиб маза қилгансан, шунинг учун бугун ғолибга ўхшаб юрибсан!» Нодир Сатторни юмшатиш учун гапини текислашга тиришди.
— Шу баҳона билан кечаги ғалабангни ҳам ювамиз! Сатторнинг қалбида ёниб турган мусаффо оловга Нодир чиркин бир сув сочгандай бўдди. Сатторнинг қаҳри келиб:
— Сен бу ювғувчилигингга ҳаммани аралаштираверма! — деди.
— Ўртоқ муҳандис, сиз группа бошлиғи экансиз, бизнинг ишимиз сизсиз битмайди, — деб папка қўлтиқлаган амаки Сатторга ялина бошлади.
— Хўп, сиз ош қилиб бераман дейсиз. Лекин бу ош қанчалик қимматга тушишини бир ўйлаб кўринг-а. Агар уч ташкилотнинг ҳар бири ўз бошига лойиҳа тузиб алоҳида коммуникация ўтказса, бунга уч баробар ортиқ куч ишлатилади, уч баробар ортиқ пул сарфланади, кўча уч марта ковланишидан аҳоли ҳам ойлаб-йиллаб азоб тортади!
— Сен ҳам осмондан келасан-да, Саттор. Нима, булар тайёр бўлган уйларни қулфлаб қўйиб, нариги биноларнинг битишини кутиб ўтирсинми?
— Кутиб ўтиргилари келмаса, нариги ташкилотлар билан тил топишишсин. Эрта-индин улар ҳам ер ости коммуникацияларининг ташвишига тушади. Ундан кўра ҳозир мана булар билан бирга шу ташвишдан қутулиб олишсин. Барибир, сув ҳам, газ ҳам ўша мавзедаги ҳамма уйларга битта трассадан боради.
— Мен улар билан тўрт марта гаплашдим. Уни-буни баҳона қилиб бош қўшишмаяпти.
— Лекин сиз йўлини топинг. Жуда бўлмаса, бизга қилиб бермоқчи бўлган ошингизни ўшаларга қилиб беринг!

Папка қўлтиқлаган амаки сўнгги гапдан жуда норози бўлди:
— Мен уларга нега ош қилиб берар эканман? Уларга бирон қарамлик жойим борми? Биз ҳам мустақил ташкилотмиз!
— Лекин сиз мана бу масалани мустақил ҳал қилолмайсиз, — деди Саттор, — учта ташкилотдан биттасининг бизга иши тушиб турибди. Файзулла аканинг қўлида уларнинг бошқа бир лойиҳаси бор. Тасдиқлатишга келганда маҳкам ушлаймиз. Мана бу ишга бош қўшмагунча ўтказмай туриб оламиз!
— Ана 6у бошқа гап! — деб папкали амаки қувониб кетди.
— Бироқ учинчи ташкилотни ўзингиз кўндирасиз.
— Бўлмаса, бундай қилайлик, — деди Нодир папкали амакига. — Ўша Байтқўрғонда бўладиган ошга учинчи ташкилотдан бир-иккита ўзингизга ўхшаган мутасаддиларни олиб келасиз. Нима дединг, Саттор?
— Яхши бўлади.
— Сизлар ҳам борасизлар-да, — деди папкали амаки.
— Бўлмаса-чи, — кулди Нодир. — Бунақа ошлар бизсиз пишмайди.
— Майли, пиширишига қатнашамиз, — деди Саттор ҳам.

Папка кўтарган амаки маслаҳатни бир жойга қўйиб чиқиб кетаётганда Сатторнинг кўзи эшик тепасига ўрнатилган катта электр соатга тушди. Кечқурун Розияни кўриш умидида анҳор бўйига бормоқчи экани эсига тушди-ю, юраги бир така-пука бўлди. Розиянинг «Кутманг!» — дегани қулоғи тагида гўё қайтадан эшитилди. «Келмайди» деган шубҳа кўнглига соя солиб ўтди. Кейин Розия уни ўпгани эсига тушиб, вужудига илиқ бир ҳарорат тарқагандай бўдди. Боя Нодир Сатторга ғолибона қарагандай қарагани бежиз эмасдек туюлди.

Розия келармикан? Агар келса, Саттор чиндан ғалаба қилган бўлади. Ундан нарида айрилиқ бўлмайди. Саттор ҳамма чигалликларни Розия билан бирга ечади, бошига нима иш тушса, ҳаммасига чидайди.

Мана шу қарор билан Саттор кечки пайт анҳор бўйига келди. Офтоб бугун ҳаддан ортиқ маъюс ботаётгандай кўринди. Саттор Розияга салгина ўхшайдиган қиз кўринса ҳам юраги ҳаприқиб, атрофдаги кўча ва майдонларга интизор кўзлар билан тикилиб, икки соат ёлғиз айланиб юрди.

Аммо Розия келмади. Оқшом ғира-ширасида Саттор бўшашиб орқага қайтар экан, кеча Розиянинг ўксиниб йиғлагани эсига тушди. «Ваъдага биноан яна олти кун бор» — деб Саттор ўзи-ўзига тасалли бермоқчи бўлди. Аммо Розиянинг бирор оғиз «Келаман» демагани Сатторнинг бир ҳафта давомида ҳар куни кутишга чиқишини алланечук маъносиз қилиб кўрсатар эди. Саттор бу оғир ва чигал туйғуларни ишда сал ҳаёлидан узоқлаштиршпи мумкин эди. У ётоқхонага бормай, яна ишхонасига қайтди.

8

Файзулла Бекназаровичнинг кабинетидан ёруғ тушиб турар эди. Саттор бу ерда яна метронинг лойиҳаси муҳокама қилинаётганини сезди-ю, тўғри ўша ерга кириб борди.

Узун столнинг устида харитадай катта лойиҳа қоғози очиқ турипти. У ерга бўлажак метро станцияларининг илк номлари ҳам ёзиб қўйилган: «Фарҳод», «Дўстлик», «Ёшлик...» Четдан қараганда булар ҳаммаси ҳали туғилмаган фарзанд учун яхши ният, ёрти мол, деб олдиндан танлаб қўйилган исмларга ўхшайди. Бироқ, стол атрофида ўтирган ўн чоғли киши худди эртагаёқ қуриладиган аниқ бир нарса ҳақида гап бораётгандай жиддий мунозара қилишади. Файзулла Бекназарович Сатторга столнинг бир четидан жой кўрсатди-ю, қизишиб гапираётган қўнғир соч йигитнинг сўзини бўлди:
— Гриша, шошма, сен бир нарсани тушун. Бу ҳали дастлабки режа. Ҳозир биз лойиҳа топшириқларининг бир вариантини тузяпмиз.
— Аммо иш мана шу босқичда пухта ўйланмаса, кейин яхши бўлмайди.
— Тўғри, лекин биз — маълум бир ғоянинг ижрочиларимиз, холос. Бизга вазифа берилган. Лойиҳа метро қурилишининг энг тежамли усулларини ҳисобга олиб тайёрланиши керак. Ёпиқ усул билан туннель қуриш очиқ усулга нисбатан икки баробар қимматга тушади. Икки баробар! Шунинг учун москвалик мутахассислар трассанинг кўпроқ қисми очиқ усул билан куриладиган бўлсин деяпти. Ҳозирги илк лойиҳада очиқ усул билан қуриладиган жойларни кўпроқ кўрсатаверамиз. Кейин масала умуман ҳал бўлганда ҳаммасини бошқатдан тузиб чиқармиз.
— Масала умуман юқорида ҳал бўладими?
— Албатта!
— Унда метронинг неча пулга тушиши олдиндан кўрсатиб берилади, шунга яраша маблағ ажратилади. Агар очиқ усулда қуриладитан участкаларни биз ҳозирдан кўп кўрсатсак, кейин буни камайтириш жуда ҳам қийин бўлади. Чунки буни камайтириш — харажатни неча юз минг сўмга, балки бир неча миллионга ошириш деган сўз. Ҳукумат бунга йўл қўймайди!

Саттор беихтиёр сўнгги фикрга қўшилиб, ичида «Тўғри!» деб қўйди. Метронинг баҳси унинг паришон ҳаёлларини бир жойга йиғиб, фикрини уйғота бошлади. Анҳор бўйидан кайтганда кўнглини хуфтон килиб турган мавҳум бир карахтлик мунозара шабадасидан аста-секин тарқаб кетди-ю, баҳсга сабаб бўлаётган муаммо унинг кўзи олдида гавдаланди.
— Мана бу талабингизга тушунаман, Саттор. Уй сўраб берган аризангизни эртагаёқ юқорига кўтариб чиқаман. Келгуси ойда бизга учта квартира ажратишмоқчи эди. Шундан бирини сизга олиб бермагунча қўймайман!

Бекназаров столининг устида турган қўнғир чарм муқовали календарь-дафтарини очиб, эртанги куннинг варағига Сатторни ёзиб қўйди. Унинг бу дафтарига ёзилган иш битмай қолмас эди. Аммо Сатторни ҳозир уй ҳам унча қизиқтирмас эди. Бу уйда ким билан туради?

Бекназаров унга аризасини узатди:
— Олинг, йиртиб ташланг!

Саттор аризасини қайтариб олгиси келмас эди. У ёмон бир муваффақиятсизликдан ўзини йўқотиб, нима қилишини билмай эсанкираб ўтирган одамга ўхшар эди. Бекназаров унинг аризасини қўлига зўрлаб тутқазди-ю:
— Агар жуда қишлоққа чиққингиз келаётган бўлса, — деди, — уч-тўрт кунга жавоб берай. Бориб бир ўйнаб келинг. Бўлдими энди?.. Боринг, эртагача ҳалиги ишни битиринг-у, индин кетаверинг.

Шу ўтирган кишиларнинг тўрттаси метро қуриш тажрибаси билан танишиш учун Москва, Ленинград, Киев, Боку, Тбилиси шаҳарларига командировкага бориб келган эдилар. Буларнинг бири Саттор эди. У ҳар иккала усулдаги метро қурилишини кўз олдига келтирди.

Ёпиқ усулдаги курилиш худди шахталардаги каби ер остида олиб борилади. Ер юзидаги биноларда, шаҳар кўчаларида одатий ҳаёт давом этаверади. Одамлар ер остидан метро трассаси ўтаётганини сезмай ҳам қолади. Аммо бу усул вақтни ҳам, кучни ҳам кўп олади.

Очиқ усулдаги қурилиш хийла арзонга тушиши ва тезроқ битиши мумкин. Бироқ, бунинг учун шаҳарнинг яқиндагина созланган яши кўчалари яна қурилиш майдонига айланиши керак. Экскаваторлар эни ўттиз-қирқ метр, чуқурлиги ўн-ўн беш метр келадиган ҳандақлар қазийди, беҳисоб кўп тупроқ уюмлари Тошкентнинг қуруқ ва иссиқ иқлимида чанг-тўзонга айланиб ҳавони қоплайди. Очиқ усулдаги метро қурилишида кенглиги салкам эллик метр келадиган «П» шаклидаги зўр кранлар рельс устида у ёқдан-бу ёққа юриб туриб ишлайди. Бу кранларнинг ҳаракат доирасида биронта ҳам тиккайган дарахт, биронта ҳам бутун кўча ёки бино қолмайди.

Саттор ҳозир Файзулла Бекназаровичга шуни айтиб, стол устидаги лойиҳанинг бир жойини кўрсатди:
— Менга мана шу нуқтадаги ер ости коммуникацияларининг ўрнини ўзгартириш лойиҳаси топширилган эди, — деди. — Мен бор схемаларни қараб чикдим. Кейин ўша жойни бориб кўрдим. Менимча, бу ер очиқ усулда метро қуришга мутлақо тўғри келмайди.
— Нега тўғри келмайди? Бу ерда ҳеч қанака йирик иншоот йўқ-ку!
— Лекин бу ерда юз йиллик чинорлар бор, ажойиб эман дарахтлари бор. Шаҳарнинг энг гўзал, энг сердарахт жойларидан бири шу. Мен санаб чиқцим. Агар мана шу жойда қурилиш очиқ усудда олиб бориладиган бўлса, ўттизта яхши чинор, саксонта зўр эман таг-томири билан кетади!

Кекса бир лойиҳачи Сатторга ўйчан кўз тикиб деди:
— Ҳакикатан, қурилишга зўр бераётганимиз яхши-ю, лекин баъзи жойлардаги дарахтларни сақлаб қололмаётганимиз чатоқ-да. Юнусобод томонда қандай ажойиб токзорлар, олмазорлар бор эди! Оқтепа мавзеини эсланг! Чилонзорнинг ўзи ҳам, атрофлари ҳам қулф уриб турган кўм-кўк боғ-роғлар эди. Ҳаммасининг ўрнида ҳозир кўп қаватли бинолар, деворлар-у, деразалар турибди, холос...
— Энди, агар ҳар битта дарахтни айланиб ўтаман десак, умуман қурилиш қилиб бўлмас эди, — деди Файзулла Бекназарович. — Мана, марказда эҳтиёт қилиб сақлаб қолган дарахтларимиз ҳам оз эмас. Ноилож нобуд бўлган дарахтларнинг ўрнига янги ниҳоллар ўтқазяпмиз, ҳали келажакда Тошкент яна ҳам кўкаламлашиб кетади.

Шу билан Бекназаров Сатторнинг фикрига ҳам қўшилмаганини билдирди.
— Бироқ мен сиз буюрган лойиҳани чизишга қўлим бормайди, Файзулла Бекназарович, — деди Саттор. — Мен сиз айтгандай чизиқ тортсам, қўлим қалтирайди. Қаламим болтага айланиб, шундай гўзал дарахтларни бекорга қийратаётгандай бўлади!
— Сиз бунақа нозик ҳисларга кўп берилаверманг, Саттор. Биз давлат аҳамиятига эга бўлган лойиҳа устида сўз юритаётирмиз. Биз баъзи кўчалар орқали ҳам метро трассасини очиқ усулда қуриб ўтмоқчимиз. Бу кўчаларда ҳам дарахт бор, асфальт бузилади, бетон олиб ташланади...
— Асфальт бузилса, етти-саккиз кунда қайтадан асфальтлаш мумкин, — деди Саттор, — лекин мана бу чинорлар билан эманларни қайтадан ўстириш учун етмиш-саксон йил керак бўлади! Ахир бу дарахтлар ўтган асрда экилган, яхши қаралса, яна бир неча аср туриши мумкин!

Файзулла Бекназарович бетоқат бўлиб соатига қараб олди:
— Ўртоқлар, биз бундай масалаларни ўзимиз ҳал қилолмаймиз. Юқоридан берилган топшириқ бор.
— Бўлмаса, мен юқориларга ўша дарахтлар масаласини ёзиб бераман! — деди Саттор.
— Аммо топширилган лойиҳани битириб, кейин ёзасиз!
— Майли.

Саттор ўз хонасига ўгиб чироқни ёкди. Сўнг чарчаб, боши оғирлашиб кетгунча ишлади.

Бугун Розиянинг анҳор бўйига келмаганлиги, эрта-индин келиш-келмаслиги ҳам маълум эмаслиги, умуман, у Саттордан воз кечиб кетиши мумкинлиги ҳали ҳам унинг кўнглига тикандай қадалиб турар эди. Иш ва ҳорғинлик мана шу тиканни алланечук ўтмаслаштираётгандай, унинг заҳрини олаётгандай бўлар эди.

Тўрт кунгача Саттор бутун аламини ишдан олиб кечалари ҳам қолиб ишлади, оқшомлари эса анҳор бўйига чиқишини қўймади. Кун ўтган сари унинг Розиядан умиди узилиб борар эди. Ўшанда Розиянинг учрашиши истаги борлигини сезиб, ажрашиб кетиш унга ҳам оғир эканини кўзига ёш оққанидан пайқаб: «Бир ҳафтагача ҳар куни кутаман!» деб юборган эди. Энди у ўзининг шундай деганидан ҳижолат бўлди. Оилалик одам, Розиядай қизга хомтама бўлиб, уни яна учрашишга бу қадар кўп даъват этиши жоизмиди? Сатторнинг бунга нима ҳаққи бор эди? Агар қиз уни унутолмаса, Сатторсиз яшай олмайдиган даражада яхши кўрса, ўзи қидириб топмасмиди? Эрталаблари ҳаёли тиниқроқ пайтда Саттор ўзига-ўзи: «Бугун оқшом чиқмайман, бас, барибир келмайди!» дерди. Аммо кун кеч бўлган сари Розиянинг унга севги изҳор қилиб айтган гаплари эсига тушаверар эди. «Энг муҳими — орада шундай муҳаббат бор! — дерди у ўзига -ўзи. — Одамлар муҳаббат йўлида нималар килмайди! Балки Розия бугун келар, «Бир ҳафтагача» деган сўзлар оғзингдан чиқдими, энди шу гапингда турасан!».

Саттор кечгача иккилана-иккилана, охири соат олтидан ўтгандан кейин яна анҳорга қараб кетарди.

Унинг йўлида қайтадан қурилаётган квартиралар бор эди. Бузилган уйларнинг қолдиқдарини самосваллар олиб чиқиб кетган, илгариги ҳовлилар ва йўлкаларнинг ўрни омон қолган дарахтлар тартибидан билиниб турарди.

Баъзи дарахтларнинг танасини бульдозер ғажиб ўгган, баъзиларининг шохларини экскаватор синдириб кетган. Баъзилари бутун бўлса ҳам, бу ерда омонат турибди — лойиҳадаги қурилиш бошланса, ноилож олиб ташланади.

Сатторнинг кўнглидаги умид ҳам мана шу дарахтларга ўхшаб гоҳ ярим-ёрти, гоҳ омонат кўринар, гоҳ ҳамма ўзгаришлардан омон қоладигандай туюларди.

Бешинчи кун оқшом Саттор яна анҳор бўйига келган эди, узун бўйли бир қиз унга яқинланшиб салом берди. Саттор уни қаердадир кўрганини эслаб юзига тикилиб қаради. Бу барваста қиз Розиянинг дугонаси эди, ҳу ўшанда стадиондан чиққан безорилар Розия билан бирга кинога кирмоқчи бўлиб ўтирган мана шу қизга ҳам осилган эдилар. Ҳозир бу қиз қўлидаги китобнинг орасидан битта конверт олиб, Сатторга узатди:
— Розия бериб кетди. Қечирасиз, — у Сатторга раҳми келгандай килиб қаради: — Хайр!

Саттор «бериб кетди» деган сўздан юраги «шиғ» этиб конвертни очди. Унда кичкина бир хат бор эди:

«Саттор! Сиз истаган йўлдан юришга менинг кучим етмас экан. Бу хат етиб борганда мен узоқ сафарда бўламан. Алвидо! Р.»

Саттор бирдан мағлубиятга учраган одамдай бутун вужуди мадорсизланиб кетди. Қирғоқ бўйида кекса бир тол бор эди, шунга суяниб хатни яна бир ўқимоқчи бўлди. Аммо кўз олди хиралашиб, ҳарфларни дуруст илғай олмади.

Атроф ҳам алланечук нурсиз ва бегона бўлиб қолди. Саттор кўчалардан тусмол билан ўтиб, ётоқхонага қараб кетди.

Улкан шаҳар ҳамма чироқларини ёндирган. Кўча ва майдонларни тўлдириб ясан-тусан одамлар, ранг-баранг машиналар юрибди. Музика садолари эшитиляпти. Аммо бу шаҳарда энди Розия йўқ. Шунинг учун Тошкент ҳам Сатторга ҳувиллаб қолгандай кўринади.

«Сиз истаган йўлдан юришга менинг кучим етмас экан...». Бу сўзлар Сатторга ҳаддан ташқари силлиқ ва совуқ туюдди. «Баҳона!» деган аламли сўз ҳаёлидан ўтди. — «Сен менга муносиб эмассан!» — деб очиқ айтолмай шуни ўйлаб топган! Албатта, кўр-кўрона уйланиб қўйган мендай қишлоқи учун Розиядай киз ўзини фидо қилармиди? Тошкентдан кетибди... Узоқ сафарда, мени тезроқ унутиш учун кетгандир. Ха, ҳа!».

Сатторнинг ўзи ҳам Розияни унутишга интила бошлади. Бироқ Тошкентда ҳамма нарса, — ҳатто уйқусиз тунларда чизган метро лойиҳалари ҳам унга Розияни эслатарди. Розиянинг олдида мағлубиятга учрагани бир лаҳза ҳам ҳаёлидан нари кетмасди. Розия ҳар эсига тушганда қалбидаги очиқ яра бир янгиланар, Саттор куну тун ўзини эзаётган ички азобдан қутулиш учун бирон ёққа бош олиб чиқиб кетгиси келар эди.

Аксига олиб, унинг эман ва чинорларни сақлаб қолиш ҳақидаги таклифи ҳам маъқул кўрилмади. Ҳисоблаб қаралса, бу дарахтлар жуда қимматга тушар экан. Ортиқча ҳисобланган бу харажатнинг масъулиятини ҳеч ким бўйнига олишни истамас эди. Саттор шуни эшитган куни Файзулла Бекназаровичнинг кабинетига ариза кўтариб кирди.

Бекназаров телефон трубкасини олиб, номер термоқчи бўлаётганда аризадаги «ишдан бўшатишингизни сўрайман» деган сўзларга кўзи тушди-ю, Сатторга таажжубланиб тикилди:
— Бирон ҳодиса бўлдими? Рангингиз сарғайиб кетибди.
— Чарчаган бўлсам керак.
— Нега бўшамоқчисиз?
— Тошкентдан кетмоқчиман.
— Ие! Қаёққа кетасиз?
— Қишлоққа.

Файзулла Бекназарович трубкани «шақ» этиб жойига қўйди.
— Агроном, врач ё ўқитувчи бўлганингизда бу хоҳишингизни табриклаган бўлар эдим. Лекин сиз Тошкентда, катта шаҳарнинг ер ости коммуникацияларини лойиҳалаётган инженерсиз. Сизни давлат махсус мана шу ишга ўқитган. Қишлокда нима қилмоқчисиз?
— Топилар бирон иш.
— Буни дурустроқ ўйлаб ҳам кўрмабсиз чамаси? Тавба! Бир хил одамлар бор, шаҳарда иши юришмаса, дарров қишлоққа чопади. «Қишлоқда қийинчилик кўпроқ, мен қийинчилиқдан кўрқмай кетяпман!» — демоқчи бўлади. Қишлоққа жўнаши биланоқ гўё обрўси ошади. Нима, шаҳарда қийин ишлар озми? Зилзиладан кейин Тошкентни қайта қуриш осонмиди? Бу иш ҳали битмасдан, биз, мана, метро қуриш орзусида юрибмиз. Шу масалада сизни командировкага юбордик. Кўп нарсани ўрганиб келган экансиз, ҳозир яхши таклифлар беряпсиз.
— Ўтмайдиган таклифлар... — деб Саттор маъюс кулимсираб қўйди.
— Ҳа, энди, бири ўтмаса, бири ўтяпти. Ҳалиги учта ташкилотнинг бошини қўшиб, ягона коммуникация қуриш масаласи сиз айтгандай ҳал бўлди. Тағин нима дейсиз?
— Буниси яхши бўпти.
— Сабр қилсангиз, ўша чинорларни ҳам сақлаб қоламиз. Бизнинг лойиҳалар Москвада кўрилади. Иложи бўлса, сиз ҳам борасиз. Ёпиқ усулда қуриладиган участкаларни бизга фақат Москва кўпайтириб бера олади.
— Ким билади ҳали... — деб Саттор елкасини қисди. Ҳозир унинг руҳи тушиб, дунёси қоронғи бўлиб турган пайтда, «метро қурилади» деган гап ҳам унга ушалмайдиган бир орзу бўлиб туюлмоқда эди.

Файзулла Бекназарович унинг бундан бир ҳафта олдин метро қурилишига шубҳасиз ишониб юрган пайтларини эслади.
— Жуда ўзгариб кетибсиз-а! — деди. — Ё ҳалиги... биз кафеда кўрган қиз...

Файзулла Бекназарович «ўзгартиряптими» деган саволни беришга тили бормай, Сатторга ҳазиломуз кулиб қаради.

Саттор бунинг кулиб гаплашадиган енгил гап эмаслигини айтгиси келиб, оғир тин олди:
— Файзулла ака, мен кетишим керак. Менга жавоб беринг!
— Мен сизга жавоб бериш учун сабабини билишим керак.
— Сабабини айтдим. Қишлоғимга қайтмоқчиман.
— Яна «қишлоғим» дейсиз-а! Нима, бизнинг пешанамизга фақат қишлоқ битилганми? Мана, мен ҳам қишлоқдан чиққанман. Шунинг учун мен ҳам қайтиб кетишим керакми?
— Мен фақат ўзимни айтяпман, Файзулла ака!
— Хўп, сиз ўзингиз нега кетишингиз керак? Мен давлат топшириқларини сизсиз бажара олмайман! Нега энди жавоб беришим керак?..
— Чунки мен... Тошкентда яшашга лойиқ эмасман! Саттор шундай деди-ю, бирдан хўрлиги келиб ўпкаси тўлди. Файзулла Бекназарович кафеда Саттор билан бирга ўтирган чиройли қизни яна бир эслади-да, йигитнинг бошига қандай савдо тушганини сал-пал фаҳмлагандай бўлди.
— Саттор, агар сизга биров шундай деган бўлса, бекор айтипти!
— Гап бировнинг айтганида эмас. Мен ўзим... икки жаҳон овораси бўлиб жуда тўйиб кетдим! Бу ерда уйим бўлмаса, оилам бўлмаса!..

Файзулла Бекназарович Сатторнинг оиласи ҳали ҳам қишлокда яшашини, у кўп марта уй сўраб мурожаат қилганини эслади. «Бу кетишда биз ҳам ёш бир оиланинг бузилишига сабаб бўламиз!» деган ўй кўнглига таҳлика солиб ўтди.

9

Ғўза ўтоғига чиққан Ойшахон кечки пайт бошига бир боғ ўт қўйиб уйларига қайтди. Бостирмага шохидан боғлаб қўйилган тарғил сигир арқонни узгудек бўлиб тортиб, Ойшахонга қараб интилди.

Ҳовлига кираверишдаги эски уйда Ойшахоннинг қай-нанаси Хосият хола қурт тутган эди. Хосият хола қуртхонадан ғана олиб чиқаётиб келинига кўзи тушди:
— Ҳай, Ойшахон, мен сизни барг олиб келасиз деб ўтирувдим-а! Бу қуртларга барг етказолмай ўлиб бўлдим...
— Аяжон, мен бригадирга айтганман, аравада барг юборадиган бўлган. Сигир ҳам оч турипти-да, қаранг.

Ойшахон бостирмага кириб, боцшдаги ўтнинг ярмини сигирнинг олдига ташлади, қолганини бир четга элтиб кўймоқчи бўлиб қучоғига олди.

Шу пайт дарвозадан чамадон кўтарган Саттор кириб келди. Уни биринчи бўлиб кўрган Хосият хола:
— Вой, болам келди, Сатторжон келди! — деб қучоғини ёзиб ўғлига томон юрди.

Ойшахон эрига ўгирилиб қаради-да, қучоғидаги ўтни дарров ерга ташлади.ёш боладай чопиб Сатторга пешвоз чиқди.

Хосият хола ўғлини қучоқлаб, юзидан, пешанасидан ўпмоқда эди.

Ойшахон уларга яқинроқ борганда Сатторнинг оппоқ нейлон кўйлагига, қошикдек хушбичим туфлисига, шаҳарча қирқилган чиройли сочи ва тиниқ юзига, бошдан-оёқ ҳамма ёғи озода эканига кўзи тушди. Шунда у ўзининг ҳозиргина даладан келганини эслади. Куни билан ўт юлиб бармоқлари тирналган, ўтнинг яшили эниб қолган қўллари ювилмаган эди... Ойшахонга оёғидаги кирза этиги энди оғирлик қилгандай бўлди. У Сатторга йўлай олмай, уч-тўрт қадам берида тўхтади, қўлини орқасига қилиб, уялиб-тортиниб сўрашди:
— Эсон-омон келдингизми, Сатторжон ака! Уч ойдан бери йўлингизга қараймиз! Ишларингиз яхшими? Мухтор сизни жуда соғинди... Хат ҳам ёзмайсиз...
— Иш кўп. Қалай, дурустмисизлар?
— Шукур, тўрт кўз тугал. Мухтор, чоп даданг келди! Юз-кўзи Сатторга жуда ўхшаб кетадиган тўрт яшар болача ариқ бўйида оқизоқ ўйнаб юрар эди. У ҳам ойи-сига ўхшаб аввал югуриб келди-ю, кейин дадасига яқинлашолмай Ойшахоннинг пинжига тиқилди.
— Даданг билан кўриш, ахир! — деди бувиси кулиб. Мухтор ойисининг панасига ўтиб, унинг кўлтиғи тагидан дадасига мўралаб қарар эди.
— Бор, дадангни ачом қил! — деди Ойшахон унинг устига энгашиб.

Аммо ойиси қилолмаган ишни Мухтор уддалай олмади. У кўпдан бери дадасини кўрмай ундан жуда уяладиган бўлиб қолган. Бундан ташқари, Саттор билан Ойшахоннинг орасида қандайдир совуқлик борлигини бола ҳам сезади. Бу совуқлик кўпроқ дадасидан чиқаётгандай бўлади, шунинг учун Мухтор Саттордан бегонасирайди.

Охири Саттор ўзи она-болага ёндашди, Мухторнинг бошини силаб, елкасига секин уриб-уриб қўйди. Шунда унинг очиқ билаги Ойшахоннинг қўлига тегиб кетди. Шу биргина тегиш Ойшахонга эрининг қучиб эркалашидай ёқимли туюлди. Саттор эса Ойшахондан тер хиди келаётганини сезди. Хотинининг бўйнида тер билан бирга қотган кир чизиқлари кўзига жуда хунук кўринди.
— Ойшахон шу топда даладан келувди! — деди Хосият хола келинини окламоқчи бўлгандай.

У келини билан ўғлининг ҳовли юзида ўзларини вазмин тутиб сўрашганларини, ачомлашиб кўришмаганларини одобдан деб билади, жуда маъқул кўради. Бироқ Саттор билан Ойшахоннинг орасидаги фарқ борган сари улканлашиб кетаётгани уни хавотирлантиради. У Сатторнинг кўз қарашидаги нохуш маънони пайқаб:
— Келинимдан айланай, колхознинг ишини ҳам ўринлатади, уй ишини ҳам, — деди. — Эртаю кеч тинмайди. Ойшахоннинг ҳаммадан раҳмат оляпти, болам! Мана 6у ҳовлидаги гулларга, райҳонларга қара. Ким келса келинимнинг гулчилигини мақтаб кетади.

Айвондан берида, ариқ бўйидага сўри атрофида ҳафсала билан ўстирилган турли-туман гуллар, садарайҳонлар чиндан ҳам кишининг кўзини қувонтирар эди.
— Сатторжон ака, бултур мана бу оқ атиргул сизга жуда ёкқан эди-я, эсингиздами? Бу йил қаламча қилиб кўпайтириб, пайванд қилган эдим, ҳаммаси бинойидай олди.
— Яхши, — деди Сатгор овозига кувноқ оҳанг беришга тиришиб. Лекин унинг юзи ва кўзларидаги маъюсликни Ойшахон кўриб қолди.
— Йўлда чарчагандирсиз, ичкари салқин, кириб дам олинг...

Ойшахон унинг жажжи чамадончасини ердан олиб, шифер билан ёпилган ўз уйларига томон юрди. Аммо Саттор ҳозир уйга у билан ёлғиз киришни истамас эди. Ариқ бўйида, саданинг соясида турган сўрини кўрсатиб:
— Очиқ ҳаво дуруст, — деди.
— Хўп, мана, ҳозир!

Ойшахон бирпасда сўрига жой қилиб, дастурхон ёзди. Хосият хола ўчоқ бошида чой қайнатмоқда эди. Саттор ҳовлидаги анжир, шафтолидан узиб, уч-тўрттасини ювиб еди, чойдан бир-икки пиёла ичди. Сўнг Ойшахон овқатга уннаганда уйга кириб кийимларини алмаштирди, сочиқни елкасига ташлаб, ҳовлидан чиқди.

Уларнинг ҳовлилари дарё бўйида, қирғоқнинг баландроқ жойида эди. Офтоб энди ботган, сарғиш-қизил шафақ ёруғида дарёни тўлдириб ёйилиб оқаётган улкан сув жуда улуғвор кўринар эди. Шарқдаги қорли тоғлар ортида уфқ қорая бошлаган. Тоғ билан дарё оралиғидаги ям-яшил далалар, сердарахт қишлоклар ва қўнғир адирлар оқшомги соялар оғушида бениҳоя кенг кўринди. Саттор ўзини қийнаётган қарама-қарши ҳисларни шу кенгликларга ёйиб юбора олса кўнглининг чигали ёзиладигандай бўлади. Бу улкан кенгликлар олдида унинг ҳаёлини банд қилиб турган чигал ўйлари кичик ва аҳамиятсиз бўлиб қолишини истайди.

Бироқ унинг бутун борлиғи ҳали ҳам Розия билан, унинг висоли-ю ҳижрони билан банд. Розия уйғотган ҳислар ва ундан қолган хотиралар мана шу кенгликларга ҳам сиғмайдигандай туюлади. Саттор Розиядан умидини узишга интилади. Уни унутишда оила ёрдам берар деган илинж билан кишлоққа келган. Ҳозир ҳаёлан онаси томонда туриб, Ойшахонни мақташга тиришади: «Шундай меҳрибон, меҳнаткаш жувон, шунча йилдан бери йўлингта қараб ўтирибди. Яна нима керак? Сен қўлнинг кирига-ю, тер ҳидига бу қадар зътибор берасан, ўзинг асилзодамисан? Меҳнат нималигини билмайсанми? Бир сув билан ювилиб кетадиган нарсаларга ичи қора одамларгина бунчалик аҳамият беради. Ойшахоннинг қалби тоза, у сенга жонини фидо қилади!».

Сатторнинг ақли айтиб турган бу гапларга қалби қулоқ солмайди. Унинг Ойшахонга юраги «жиз» этмайди. Ойшахон ҳам вақтида кўпгина қишлоқ йигитларини мафтун қилган хушбичим қиз бўлгани унинг эсига тушади. Янги уйланган йили Сатторнинг Ойшахонга эҳтирос билан интилган пайтлари кўп бўлар эди, «ишқ» дегани шудир-да!» деб ўйлар эди. Аммо бунинг ўткинчи бир эҳтирос эканини, ҳақиқий севги бошқача бўлишини Саттор энди билмоқда эди. Ойшахон уни яхши кўриши ҳар бир ҳаракатидан кўриниб турибди. Аммо, Сатторнинг ўзида муҳаббат бўлмагани учун Ойшахоннинг меҳри унга малол келади. Бу меҳрдан у ўзини беихтиёр олиб қочади. Бир чеккаси шунинг учун ҳозир ҳовлидан чиқиб, дарёга чўмилгани келди.

Ойшахон эса бунинг ҳаммасини эр кишига хос вазминлик белгиси деб билади. У Сатторнинг кўнглини олишга ҳаракат қилади. Хосият хола:
— Ошни мен дамлай, — деди. — Сиз уйингизни йиғиштиринг, ўзингизга ҳам қаранг, болам. Ҳали замон ёри дўстлари Сатторжонни йўқлаб келади.
— Хўп, аяжон!

Ойшахон шоша-пиша уйга кирди, Саттор ечиб кетган оқ кўйлак билан кулранг шимни ойнабанд шкафга авайлаб осиб қўйди. Сатторнинг ўзига қўл тегизишдан ийманган Ойшахон энди унинг кийимларини бағрига босгиси келар эди. Дахлизда Сатторнинг икки пой туфлиси икки жойда ётган экан. Ойшахон уларни жуфтлаб чангини артиб, токчага олиб қўйди.

Сигир соғадиган пайт бўлган эди. Бузоқ дарёга яқин ўтлоққа арқонлаб қўйилган эди. Ойшахон ҳовлига чиққанда Хосият хола:
— Бузоқни мен олиб келайми, — деди.
— Йўқ, аяжон, сиз ошни қилаверинг, мен ўзим олиб келаман.

Саттор дарёнинг қаерида чўмилишини Ойшахон билади. Бузоқ арқонлаган жойдан дарёнинг ўша жойи яхши кўринади. Ойшахон эрини неча ойдан бери кутиб юриб, жуда соғинган, уни дам-бадам кўргиси келади. У бузоқни ечиб олар экан, дарё четида қулоч отиб сузаётган Сатторга болаларча бир мароқ билан тикилиб-тикилиб қаради. Шу топда у ўзи ҳам маза қилиб чўмилаётгандай завқланиб кулимсирар эди.

Ўғилчалари Мухтор ҳам дарахтларнинг панасида туриб, дадасининг сувда сузишини томоша қилаёттан экан. Саттор сувдан чиқаётиб уни ва нарирокда бузоқни арқонидан ушлаб бу ёкқа қараб турган Ойшахонни кўриб қолди. Она-боланинг томошабинлиги Сатторга алланечук нохуш туюлди. У энсаси қотгандай бўлиб Мухторга юзланди:
— Нега бақрайиб турибсан? Чўмилмоқчимисан? Қани, кел!

Бола уялиб ойисига қараб қочди. Ойшахон ўгирилиб, Сатторнинг баданини кўрди, эрининг келишган қадди-қомати ва таниш жозибасини ҳис қилиб, юраги «жиғ» этиб кетди. Товуши алланечук титраб:
— Эҳтиёт бўлинг, бу йил дарёда сув кўп! — деди. Шу билан у ўзининг Сатторга маҳрам эканини ва эрини тергашга ҳам ҳақи борлигини айтгандай бўлди.

Агар Ойшахоннинг ўрнида Розия бўлганда, Сатторга унинг ўгирилиб қарагани ҳам, тергагани ҳам бениҳоя ёқар эди. Бироқ Ойшахоннинг маҳрамлиги Сатторнинг ғашини келтирди. У хотинига жавоб бермай қовоғини солиб сувга қайтиб тушди.

Саттор ўзида Ойшахонга нисбатан соф муҳаббат туйғуси ҳеч қачон бўлмаганини яна оғриниб ҳис қилди. Хали кўзи очилмаган пайтда охирини ўйламай уйланганлиги ҳозир унга умрбод тузатиб бўлмайдиган бир букрилик бўлиб туюлар зди. Букриликни дарё ювиб кетиши мумкиндек, Саттор оқин сувда ҳолдан тойгунча сузди. Сўнг аъзойи баданида карахтликка ўхшаш бир осудалик ҳис қилиб, ғира-шира қоронғиликда уйга қайтди.

Бу орада Ойшахон ҳам ювиниб, тараниб, кийимларини алмаштириб олган эди. Эгнида гулоби ранг крепдешин кўйлак, кўк бахмал нимчаси кўкрагини бўрттириб, белини хипча қилиб кўрсатади. Икки ўрим узун сочлари юрганда тақимига урилиб тўлғанади. Оёғида енгил шиппак. Қадам олиши, қувноқ чеҳраси бугун Ойшахон учун байрам эканини айтиб туриюди.

Сатторни кўришга келган ёру биродарлари ҳам Ойшахонни табриклашади:
— Қалай, хўжайин келиб хурсанд бўлиб қолдингизми?
— Раҳмат, хуш келибсизлар!..

Айвонга жой қилинган, дастурхон ёзилган эди. Хосият хола қўшнининг ўғилчасига пул бериб, магазинга юборган экан, уч-тўрт шиша ичкилик ҳам келди.
— Э, бормисиз, Хосият хола! — деб мўйлов қўйган йигит хурсанд бўлиб шишаларни дастурхоннинг бир четига терди. — Мен сизга қойилман. Тушунган оналардансиз-да!
— Ҳа, ҳозир шу ўлгурсиз меҳмон кутиб бўлмаслигини тушуниб қолганмиз! — кулди Хосият хола. — Ош бўлсин, хурсандчилик қилинглар. Сатторжонни маст қилиб қўймасаларинг бўлди!
— Э, бугун Саттор ичмасидан маст! — деди мўйловдор йигит. — Тўйган қўзидай бўлиб ўтиришини қаранг!

Гур-гур кулги Сатторни ҳам ўз оқимига бўйсундириб, кайфини кўтара бошлади. Мўйловдор йигит ҳозир колхозда аравакаш эди. Саттор шунга ишора қилиб:
— Қуруқ опқочасан-а, Йўлдош, — деб қўйди.
— Араваними? — сўради Йўддош. — Минадиган одам топилмаяпти, топилса шотисига миндириб ҳам опқочар эдим!

Аския бошланиб кетди. Саттор бундан беш йил бурунги тўй кечасини эслади. Ўшанда Йўлдош унинг куёв жўраси эди. Саттор ундан ҳар хил аскиялар, латифалар эшитавериб, жуда ташна-ю бетоқат бўлган эди. Сатторнинг ўшандаги туйғулари яна қайтиб кела бошлади. Икки-уч қўл ичилгандан кейин, унга боя букрилик бўлиб туюлган нарса текисланиб кетганга ўхшади. У нозик ҳислардан батамом қутулишни истарди, ароқ ва аския бунга ёрдам беришини пайқаб:
— Йўлдош, косагули бўлсанг дурустроқ қуй, бадан жимиллайдиган бўлсин! — деди.
— Мен қуяман, сен шаҳарда эшитан ҳалигидақа... қизиқ гаплардан оласанми?

Саттор атрофига қараб, гапларини аёллар эшитолмаслигига қаноат ҳосил қилди-да:
— Бўпти! — деди.

Ойшахон уларнинг сўзини эшитмаса ҳам, ширакайф кулгиларидан гап нима ҳакда бораётганини тахмин қилмоқда эди. У мехмонларнинг тезроқ тарқалишини ва Сатторнинг бир ўзи қолишини истарди.

Ниҳоят, Саттор меҳмонларни кузатиб ҳовлидан чиқди. Улар кўчада ҳам анча вақт чақчақлашиб туришди. Бу орада Ойшахон айвондаги дастурхонни апил-тапил йиғиштирди. Мухтор сўрида ухлаб қолган эди, уни уйга олиб кириб ётқизди. Сўнг бир вақтлар эри хуш кўрган тунги ипак кўйлагини сандикдан олди-да, чироқни ўчириб, кўйлаги тагидан уни кийди. Ойшахон чироқни яна ёқиб, тўшак устига оппоқ чойшаб ёзаётганда Саттор кириб келди.

Ойшахон ёш қизчадай уялиб, кўзларини эридан олиб қочди. Кайфи анча ошиб қолган Саттор хиёл гандираклаб унга яқинлашар экан:
— Ойша, биламан, сен мени яхши кўрасан! — деди. — Сен менинг пешанамга битилган экансан! Сен...
— Шошманг, эшикни ёпай!.. Сатторжон ака ҳозир... Ойшахон эшикни ёпиб, чироқни ўчирди.

* * *

... Катта бир майдонда осмонга отилиб турган фонтаннинг суви сиёҳдай қорамтир кўринади. Фонтан атрофида ўн қаватлими, ўн беш қаватлими, ишқилиб, жуда баланд бинолар бор. Шу бинолардан бирида энг юқориги қаватнинг очиқ деразасида Розия кўринди. Саттор ерда, ора узоқ. Шундай бўлса ҳам, Розия ҳаво ранг кимоно кўйлак кийганини Саттор аниқ кўрди. Саттор унинг елкасигача очиқ турган нафис билагидан олмоқчи бўдди. Аммо Розия узоқда эди, қўлларини пастга ёрдам сўрагандай қилиб чўзди. Бир қўлида алланарса йилтиради. Калитми?

Саттор тезроқ унга етиб бормоқчи бўлиб чопди. Шу пайт ер остидан бир бало гумбурлаб, бинолар устма-уст силкиниб, зилзила бошланиб кетди. Саттор жон ҳолатда қочмоқчи бўлди. Аммо ларзага туштан ер уни қадам босгани қўймай у ёкдан-бу ёққа отар эди. Саттор даҳшат ичида Розия турган юқориги қаватга қаради. Боя Розия турган деразада энди Ойшахон пайдо бўлди. Баланд бино қаттиқ лапанглаб, юкориги қавати чанг-тўзон кўтариб қулади. Ойшахонми, Розиями бузилган девор ғиштларига, дераза тахталарига аралашиб пастга учиб кетди. Бошқа бир улкан девор тўғри Сатторнинг устига қулаб тушмокда эди. Саттор:
— А-а-а! А-а-а! — деб устма-уст бақирди-ю, ўз овозидан ўзи уйғониб кетди. У ваҳима ичида ўрнидан сапчиб кўтарилган, ҳозир тўшакда совуқ терга ботиб, титраб-қалтираб ўтирар эди.

Ойшахон ҳам уйғониб кетди.
— Вой, нима бўлди, Сатторжон ака, нима бўлди? — деб уйқу аралаш уни елкасидан қучоқлади.
— Тушимда... зилзила... — деди Сатгор заиф товуш билан ва Ойшахоннинг қучоғидан елкасини бўшатиб олди.
— Қуриб кетсин бу Тошкент зилзиласи, ҳеч эсингиздан чиқмайди-я. Ўшанда ёмон қўрққан экансиз-да.

Ойшахон тўшакнинг бош томонига совуқ чой қилиб қўйган эди. Кўлини чўзиб чойнакни топди-ю, қоронғида пиёлани тополмади: Манг, жўмрагидан ича қолинг.

Ҳамма ёқ тинч, осуда. Пастдан тунги дарёнинг босинқи шовиллаши эшитилади. Ҳовлида ҳашаротлар бир қиёмда чириллайди. Саттор яхнани ичаётганда чойнак қопқоғининг шиқирлаши ҳам тун сукунатини таъкидлагандай бўлди.

Саттор ёстиққа қайтиб бош қўяр экан, бўлиб ўтган қўрқинчли воқеанинг туш эканлигини ўйлаб, сал енгил тортди, «Хайрият!» деган сўз кўнглига илиқ тегди. Аммо унинг оғзи тахир, аъзойи бадани оқшомги ароқдан тиришиб, зирқирар эди. Ичиб олиб айтган гаплари ва қилган қилиқлари эсига туша бошлади. Уйқуси қочиб, ўзига-ўзи жирканч кўриниб кетди.

Ойшахон бирпасда яна ухлаб қолди. Саттор бошқа ухлай олмади, ўрнидан туриб секин кийинди-да, ҳовлига чикди. Кўрган тушининг даҳшати кўз олдидан нари кетмас эди. Назарида, Розияга бир гап бўлган ёки бўлади. Қулаган деворнинг деразасидан Ойшахон ҳам кўринган эди-ку?

Сатторни олдинда ёмон бир фалокат кутаётгандай кўнгли безовта. У ўзини гуноҳкор сезади. Вужуди бўшашган, таъби кир. Ҳали Ойшахон уйғонса у билан қандай юз кўришишини, қандай гаплашишини билмайди.

Тонг бўзарганда Саттор кўчага чиқиб кетди.

10

Қишлоқ ёзда эрта уйғонади. Ҳали уфқ сарғаймасдан мўриларда тутун пайдо бўлади. Ҳовлилардан сигир соғаётган аёлларнинг товуши келади, далаларда туни билан ғўза суғорган деҳқонларнинг шарпаси кўринади, кўчалардан машина ва аравалар чанг кўтариб ўтади.

Саттор тонг саҳардан беда ташишга чиққан Йўлдошнинг автокачкасига миниб, бедазорга борди. Сўнг автокачкага том бўйи қилиб ортилган юмшоқ йўнғичқа устида ёнбошлаб ётиб қишлоққа қайтди.

Тагидаги йўнғичқанинг ёқимли ҳиди Сатторга уйланмасдан олдинги беғам, беташвиш ўсмирлик йилларини эслатар эди. Тепадан унга таниш кўчалар, таниш уйлар, далалар бир-бир кўриниб ўтарди. Ҳў нариги катта йўл асфальт бўлибди, атрофига бир катор янги уйлар тушибди. Болаликда Йўлдош иккови мол боқиб юрган қўриқларга ҳам пахта экилибди. Олдинда сарғиш рашта бўялган мактаб биноси кўринди. Саттор маъсум ўқувчилик йилларини эслаб, бунинг энди ҳеч қачон қайтмаслигини ўйлади-ю, юраги эзилди. Кўнглида яна бугун ёмон туш кўриб уйғонгандаги хиралик ва ғашлик пайдо бўлди.

Бир пайт Йўлдош тизгинни икки қўллаб тортиб, автокачкани тўхтатди-да, Сатторга ўгирилди:
— Раис турибди. Тушиб кўришмайсанми?

Саттор қаддини кўтариб пастга қаради. Ариқ бўйида ер ковлайдиган ва тупроқ сурадиган қизил трактор ёнида яшил газик кўринди. Нарирокда сариқ шоҳи китель ва қўнғир брезент этик кийган раис бир-иккита одамлар билан гаплашиб турибди. Ўттиз беш ёшлардаги бу миқти йигит Ойшахоннинг тоғаси. Саттор қишлоққа ҳар келганда уни махсус бориб кўрар эди. Бу гал уни шу ерда кўриб ўтгиси келди-ю, автокачкадан тушиб қолди.
— Э, Саттормисан? — деб раис у билан илиқ сўрашди: — Сен ҳам беда ташиб юрибсанми? Қачон келдинг?
— Кеча. Ҳормангизлар энди!
— Ҳа, мана водопроводни ариқнинг тагидан қандай олиб ўтишнинг маслаҳатини қиляпмиз. Ишимиз кимёлашиб, дори кўпайиб кетди. Қишлоқчилик, ариқлар ҳаммаси очиқ. Одамлар сувни водопроводдан ичмаса бўлмай қолди.
— Э, жуда тўғри!

Саттор қишлоққа ўтган гал келганида водопровод лойиҳасининг у ёқ-бу ёқларини кўриб, баъзи нозикроқ жойларига аниқлик киритиб берган эди. Қурувчиларнинг бригадири унга шуни эслатди:
— Қувурни мана бу ариқдан ҳам ўша сиз чизиб берган схема билан олиб ўтмоқчимиз.
— Тўғри келяптими ахир?
— Схема яхши, лекин материал етишмаяпти.
— Бери кел, — деб раис Сатторни билагидан олиб четроққа чиқарди: — бу бригадир бўшроқ чиқиб қолди. Ҳали қувур тополмайди. Ҳали жўмрак йўқ, ҳали у, ҳали бу. Майда-чуйдалар жонга тегди. Сал ёрдам берсанг-чи!
— Мен ҳам шу... топоғонлиқда йўқроқман.
— Э, қўйсанг-чи. Шундай катта даргоҳда ишлаб юрибсан. Тошкентда танишларинг кўп.

Саттор мийиғида кулиб, ерга қаради:
— Майли, таъминот бўйича ишлайдиган одамларин-гиз Тошкентга борганда киришсин. Қўлимдан келса жо-ним билан...

Раис Сатторнинг оиласи тўғрисида ҳам гап очмоқчи бўлди-ю, аммо йўл устида буни ўзига эп кўрмади.
— Бир келгин. Гаплашамиз, — деди-да, машинасига ўтириб жўнаб кетди.

Саттор уйга қайтаётиб йўл-йўлакай Розияни ва у билан бўлган сўнти учрашувни эслаб кетди. Ўшанда Розия «ҳа» деса ҳозир шу кунларда Саттор Ойшахон билан ўйди-чиқди бўлиб юрармиди? Унда Ойшахоннинг бутун қариндошлари, шу жумладан, мана бу миқти раис Сатторга қанчалик қаҳру ғазаб билан қараган бўлишарди... Онаси Хосият холанинг аҳволи нима бўлар эди? Бурноғи йил Сатторнинг отаси ўлгандан бери кампир ҳийла чўкиб, мункайиб қолган, Сатторнинг иморатсоз уста акаси районга кўчиб кетган, синглиси кўшни қишлоққа тушган. Хосият хола ҳозир кичик келини Ойшахонга суяниб юрибди.

«Ҳаракат килиб, муроса йўлини тутиш керак, тақдирда бори шу бўлса, иложим қанча!» деган ўй билан Саттор ҳовлига кирди.

Ойшахон бугун бригадирдан жавоб олиб, уйда қолган, аллақачон нонуштани тайёр қилиб, Сатторни кутиб ўтирган эди.
— Вой, Сатторжон ака, қаёкларда юрибсиз? Сиз яхши кўрасиз деб аччиқ мастава қилган эдим... Келинг тезроқ!

Ойшахон жуда очилиб кетган, кўриниши қувноқ. Эрталабдан қошларига ўсма қўйишга ҳам улгурган. «Мен эзилган сари бу яйрайди! — ичи музлаб ўйланди Саттор. — Наҳотки ҳеч нарсани сезмаса?!»
— Аям қани? — буғиқ овоз билан сўради у.
— Аям ҳали чой ичиб олдилар, оч юришга чидамлари йўқ. Ҳозир қуртхонадалар. Чиқинг айвонга, мен маставани қуяман.

Саггор Ойшахон билан юзма-юз ўтириб, холи суҳбатлашишга тоқати етмаслигини сезди.
— Сен қўявер, мен аямни чақкираман, — деб қурт тутилган хонага кирди.

Бир вақтлар чол-кампир турганда деворларига нақшлар солинган сертокча уй ҳозир қават-қават сўрилар билан тўлган. Эшик-деразалар ёпиқ, ичкари дим. Ипак қурти иссиқни яхши кўради. Ҳамма ёқдан худди ёмғир шитир-шитирига ўхшайдиган шитирлаш эшитилади. Барг ва новдалар орасида ўрмалаб юрган беҳисоб оқ қуртлар тинмай япроқ ейди. Хосият хола уларга овқат етказиб беролмай овора.
— Ҳорманг!
— Сатторжон, кел, болам.
— Қани, юринг, ўзингиз ҳам овқат енг.

—Айланай сендан, менга илиндингми? Ҳозир, ерга тушган ану жувонмаргларни олиб қўяй. Булар кечки-да. Режа бажарамиз деб боқяпмиз. Бўлмаса саратон кирди-я!

Хосият хола қўлига курак олди. Сўрининг тагига тушиб кетиб, ерда ғивирлаб ётган уч-тўртта қуртларни супурги билан авайлаб куракка ўтказди-да, сўридаги барглар устига чиқариб қўйди.
— Ҳозир буларнинг уйғонган пайти, болам, — деб тушунтирди Хосият хола ўғлига. — Иштаҳалари карнай. Жайдари тутнинг баргидан қанча берсанг ейди. Барги катта алламбало тут бор-ку?
— Япон тутими?
— Ҳа, уни кўп суймайди. Уни зўрлаб едирсанг, кейин пиллани ҳам яхши ўрамайди. Булар шунақа нозикки, вай-вай-вай!..

«Тили йўқ қуртнинг шунча нозик хислатларини билибсиз, — ўйланди Саттор ўзича. — Менинг кўнглим вайрон бўлиб юрганини нега сезмайсиз, онажон!».

Бундан беш йил олдин Саттор «уйланмайман», деб кўп саркашлик қилган, «аввал ўқишимни битирай, ишга кирай, кейин бир гап бўлар», деб тўйга розилик бермаган эди. Аммо касалманд отаси: «Кўзим очиғида сени уйлантирмасам бўлмайди!» деб туриб олган, онаси ҳам: «Ойшахон ҳозир бўйи етиб турибди, сен ўқишни битириб келгунча ота-онаси қараб ўтирмайди, бошқа бировга бериб юборади!» деб тўйни тезлатган эди. «Оқибати нима бўлди? — деди Саттор ҳаёлан онасига мурожаат қилиб.
— Ҳатто шу ипак қуртига ҳам суймаган баргини зўрлаб едирсангиз пилла ўрамас экан. Ахир мен одамман-ку! Сизнинг ўғлингизман-ку! Мен қандоқ қилай?».

Серсоя айвонда Саттор Ойшахоннинг ёнига ўтириб мастава ичар экан, хотинининг юзига қарай олмас, бирор жойи унга тегиб кетишидан чўчир, ўзини мажбур қилиб, одоб юзасидан узуқ-юлуқ гаплашар эди. Шунинг устига Ойшахон ўзининг косасидан чиққан бир парча гўштни Сатторнинг косасига солди:
— Мен тўйиб қолдим, олинг, Сатторжон ака.

Саттор қошиғини кўтарганича Ойшахонга ҳайратлниб қаради, сўнг кутилмаганда жаҳли чиқди:
— Фаросат борми, ўзи?! Ол, энди буни ҳам ўзинг ич!

Саттор маставасини хотинига томон суриб қўйди. Ойшахон билмасдан гуноҳ қилиб қўйган боладай бир кизарди, бир бўзарди, сўнг кўзлари ёшланиб, қайнанасига қаради.
— Шаҳарда юриб мунча нозик бўлиб кетибсан! — деб Хосият хола ўғлини жеркиди. — Бир ёстиққа бош қўйганингдан кейин, бир косадан овқат есанг нима бўлибди?
— Дунёда одоб деган гап бор, маданият деган гап бор! — Саттор ҳеч кимга қарамай бўғилиб гапирар эди:
— Бу ҳам ўрта мактабда ўқиган-ку, ахир, саккизинчини битирган, наҳотки фаҳми етмаса?
— Хўп, кечирасиз, — деди Ойшахон секин ва Сатторнинг овқатини олиб дастурхон четига қўйди. Сўнг ўчоқ бошига борди, бошқа косага мастава сузиб келиб, эрининг олдига қйди. — Олинг, ош бўлсин!

Саттор арзимаган нарсадан шунчалик аччиқлангани учун энди изза бўлди.
— Гап овқатда эмас, умуман... — деб ўзини оқлашга уринди, аммо давомини айтолмади.
— Беш-ўн кун турадиган бўлиб келдингми? — деди Хосият хола гапни янгилаш учун.

Сатторнинг ҳозироқ кетгиси келар эди. Аммо тўрт кунга жавоб олганини эслаб:
— Уч кундан кейин кетаман. — деди.
— Яна «Кетаман!» дейсан. «Келаман!» деган гапингни отанг раҳматлик кута-кута, ахири, ўлиб кетди. Менинг ҳам неча кунлик умрим қолган, Худо билади. Оёқ-қўлинг боғлоғлик бўлса тезроқ кайтарсан деб, мана, Ойшахонга уйлантириб қўйдик. Пешанамдан айланай, келинга ёлчидим. Келиним тилла чиқди. Лекин сен мени куйдиряпсан, болам! Кечалари ўйласам уйқум қочиб кетади. Ахир, аскарлиқда эмассанки, жавоб ололмасанг! Нега келиб, отангдан қолган шу ҳовлига эга бўлмайсан?
— Ўттан гал тушунтириб берувдим-ку, ая!
— Э, қўй-э! Сен ўша Тошкентга ёмон ўргангансан. Энди ернинг тагидан ер қазиб, ғордан алламбало поезд юргизмоқчи эмишсизлар. Ўзи зилзиладан кейин ер ҳилвираб турган бўлса, сени ҳам босиб қолмасин тағин?
— Мен ғорда ишлармишманми? Ким айтди шуни сизга?
— Мана, Ойшанг у куни шундай деб тушунтирди. Сатторнинг «метро қурамиз» деб юрганини Ойшахон ҳам эшитган эди. У метрони умрида кўрмаган, фақат мактабда бир оз таърифини эшитган эди. Ер тагида юрадиган поездларни ўйласа, кўз олдига каттакон ғор келар эди.
— Ерни ковлайверсалар ер бўлмайдими? — деди у Сатторга уялиб кўз ташларкан.

Саттор заҳарханда қилиб:
— Дурустсан, — деди. — Ҳалигача менинг нима иш қилишимни билмайсанми?
— Биламан. Анақа... режа чизасиз.
— Ғордами?
— Йўқ, анақа... бултур борганимизда уч қаватли уйни кўрсатган эдингиз-ку. Ўша ерда ишлайсиз-а? Режани чизиб бўлганингиздан кейин... анақа... ернинг та-гида ишлайдиганларга ўзингиз олиб бориб... анақа... тушунтириб берасиз. Шундайми?

Ойшахон дарсда тутилиб-тутилиб жавоб бераёттан талабага ўхшар эди. Хосият хола келинидан завқланиб кулиб қўйди. Саттор эса оғир «уҳ» тортди.

«Умр йўлдошим шу! — ўйланди у ички бир дард билан. — Менинг бутун ҳаётимга шерик, бутун фаолиятимга ҳамкор бўладиган сирдош аёл, кўнглимни ипидан-игнасигача тушуниши керак бўлган ҳамдард хотин шу!..»

Бирдан Сатторнинг эсига Розия тушди. Москвалик катта олимни Тошкент бўйлаб олиб юрган, кейин анҳор соҳилида Сатторга шу қадар нафис, шу қадар теран гапларни айтган Розия...
— Нима бўлганда ҳам, энди шаҳар бас, шу ерга кел, — деди Хосият хола ўғлига. Саттор индамас эди. — Ё бўлмаса бошқа бир йўлини топ! Токайгача саргардон бўлиб юрасан? Хотининг билан ўғлинг бу ёқда интизор, сен у ёқда сарсон! Бўлди-да энди!

Хосият хола шу тарзда гапира-гапира қуртхонага кириб кетди. Ойшахон чой дамлаб келди. Қўл қовуштириб келинчаклик одоби билан Сатторга чой узатди.
— Сиз ҳам... ёлғиз юриб жуда зериккан кўринасиз, Сатторжон ака. Иссиқ-совуғингиздан хабар оладиган одам йўқ... Агар келолмайдиган бўлсангиз... Майли, биз Мухтор билан борайлик...
— Аям-чи?
— Аям бу ҳовлини ташлаб кетолмасалар керак. Ёлғиз қолмасинлар десангиз, холамга айтамиз, келиб бирга туради. Мен гаплашиб қўйганман.
— Астойдил-ку!.. Раис тоғанг билан ҳам гаплашганмисан? Сенга жавоб берармикан?
— Бермай нима! Эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша ерда бўлишини биладилар. Бир марта ўзлари шундай деганларини эшитганман.
— Хўп, Тошкентда қаерда турмоқчисан?
— Яқинда уй беради, демадингизми!..
— Қачон айтибман?
— Бугун кечаси... — Ойшахон уялиб, айни вақтда боланинг ширин гапини эслагандай завқланиб давом этди: — Эсингиздан чиқдими? «Сен пешанамга битилгансан» ҳам дедингиз.

Саттор кайф билан алжиб айтган гапларни Ойшахон бунчалик ёқтириб ва фахрланиб эслаётгани унинг ғашини келтирди. Пиёладаги чойига макруҳ бир нарса тушгандай, Саттор уни ҳовлига сепиб ташлади. Энсаси қотиб:
— Ҳали уй бергани йўқ, — деди. — Аввал берсин, кейин кўрармиз.
— Вой, кўрармиз деганингиз нимаси? Уй берса ҳам бир ўзингиз турмоқчимисиз? Бизсиз-а?

Сатторнинг назарида, Ойшахон ҳали берилмаган уйга олдиндан эга бўлмоқчидай, хотинлик ҳақини даъво қилиб, эрининг келажагини ҳам қўлига олмоқчидай кўринди. Сатторнинг кўнглидаги ғашлик яна бирдан жаҳлга айланди:
— Ҳали уй бергани йўқ дедим-ку! Берса кейин даъво қиласан!

Ойшахон эсанкираб, довдираб қолди:
— Ие... а... мен нима даъво қилибман? Нима бўлди сизга, Сатторжон ака? Тўғри гапга ҳам аччиғингиз келади!
— Сен нимани тушунасан?! Пешонамга битилган эмиш... Қуриб кетсин бундай пешона!

Саттор ўрнидан туриб, ҳовлидан чиқиб кетди. Кечгача дарёда балиқ овлаб, қишлоқда таниш-билишлар билан айланиб юрди.

Уйга қайтиши кераклигини ўйласа, юраги безиллар эди. Суймаган хотини билан яшаш яширин бир букриликни баданида олиб юришдай жирканч туюларди. Бу букрилик уни ҳуда-беҳудага жаҳли чиқаверадиган мижғов, жиззаки одам қилиб қўймоқда эди. Кечаси барибир Ойшахоннинг ёнига бориши кераклигини ўйласа, чойхонада ошга қўшилиб жўрабозлик қилгиси, кечагидай ароқ ичиб, мастликда ҳамма нарсани унутиб, кўпол бир ҳирс билан уйга қайтгиси келар эди.

«Бу кетишда охири нима бўлади? — деган ўй юрагини кемириб ўтди. — Мен Розияни унутаман деб келиб, олижанобликни унутяпман шекилли?».

Розия билан бирга ўтган мусаффо дамлар... Қани Сатторнинг ўшандаги самимийлиги? Розия унга: «Мен ҳали умримда сизчалик яхши йигитни учратмаган эдим!» деганида, унинг юзидан ўпиб хайрлашганида Саттор чиндан ҳам шу сўзларга, шу ўпичга ўзини муносиб сезган эди. Ҳозир-чи? Саттор ўзига-ўзи хиёнат қилгандай ёмон кўринади. Бугун кечаси кўрган тушида машъум бир маъно йўқмикан? Тушида зилзила бўлиб уни отиб-отиб ташлаган замин — хиёнатга карши исён кўтарган муҳаббат эмасмикан? Қулаган девор... Розиянинг ёрдам сўрагандай пастга қўл чўзиб тургани... Буни қандай таъбир қилиш мумкин? Туш ҳамма вақт ҳам тўғри келавермай-ди! Аммо Розияга бирон гап бўлдимикан? У ўзи қаёққа кетган, ҳозир қаерларда юрибди? Саттор ўшанда буни суриштириб билмаганига энди пушаймон бўлди. Беш кунгача анҳор бўйига бориб, бекорга интизор бўлиб юргунча иш жойига бориб хабар олса бўлмасмиди? Ўша оқшом Розия йиғлаб айтган гапларидан унинг ҳам мушкул аҳволга тушиб қолгани билинган эди-ку!

Саттор Розияни қидириб топмаса ва унинг аҳволидан тезроқ хабар олмаса, кейин бир умр армон қилиб юрадигандай безовталана бошлади.

11

Юриб кетаётган зинапоялар ғуж-ғуж одамларга тўлиб, етти қават ер тагига тушиб боради. Ер остидаги мармар қасрнинг силлиқ деворларида бир кўпайиб, бир камайиб ўтаётган халойиқ тўлқини аксланади. Икки томондан икки ёққа қараб ўтадиган ҳаво ранг поездлар хар гал одам туширганда йўловчилар ҳамма ёқни тўлдириб эскалаторга караб оқади. Юриб турган эскалатор ҳам худди оқаётган сувга ўхшайди — ҳар зинаси гўё бу сувнинг бир тирик тўлқини.

Ҳали метрода кўп юриб ўрганмаган Саттор бу «тирик» зинага эҳтиёт билан қадам қўйди. Зинапоя билан ёнма-ён қора резинка тутқич ҳам юриб бормоқда эди. Саттор бир қўли билан шунга суяниб мувозанат сақлади-да, юқорига қаради.

Иш соатлари тугаган, юқоридан бир эмас, иккита эскалаторни тўлдириб, тумонат одам тушиб келмоқда эди.

Қарама-қарши туриб юқорига кўтарилаётган ва пастга тушаётган кишилар бир-бирларига жуда аниқ кўринарди. Саттор рўпарадан ўтаётган одамлар оқимига қараб-қараб боради. Бировлар ҳаёлчан, бировлар гаплашиб кетяпти, бировлар шу ерда ҳам китоб ўқийди. Дунёнинг турли томонларидан келган хилма-хил кийимлар, ғалати-ғалати юзлар, юлдузлардай беҳисоб кўзлар... Шулар орасида Саттор узокдан сариқ атлас кўйлакни кўриб юраги «жиғ» этди. Бу кўйлак қирқ ёшлардан ошган тўла гавдали аёлнинг эгнида эди. Аёлнинг ёнида Сатторга ярим ўгирилган ҳолда хипча бир қиз гурибди. Японча кофта кийган. Баланд причёска қилинган қоп-қора сочига гулдор дурра ўраган... Қадди-қомати Сатторга жуда таниш кўринди. Эскалаторлар уларни бир-бирларига яқинроқ олиб келганда қиз аллакимнинг тикилганини сезиб юзини бу ёкқа ўгирди. Кўзи тўсатдан Сатторга тушди-ю қийғоч қошлари парвоз қилаётган қушнинг қанотидай силкинди.

Саттор азбаройи ҳаяжонланганидан овози ичига тушиб кетди. Лаблари кўкариб:
— Розия... — деб пичирлади. Ўзи юрар зинапоя Розияни унинг ёнидан олиб ўтиб, пастга тушиб кета бошлади. Сатторнинг оёғи тагидаги зинапоялар эса тинмай юқорига ўрмалаяпти. Саттор бу зинапояларни дарҳол тўхтатгиси келиб, резинка тутқични икки қўллаб чангаллаганича Розия томон талпинди.

Розия салом бергандай килиб қўлини кўтарди. Саттор аллакимга суйкалиб, кимнидир итариб, бир-икки кадам оркага чекинди. Аммо қудратли зиналар уни Розиядан тобора узоққа олиб кетмоқда эди. У ҳамма нарсани унутиб, баланд овоз билан:
— Розия! — деб қичқирди. — Мен сизни қидириб юрган эдим... Розия!.. Мен ҳозир тушиб бораман!

Ҳамма унга ўгирилиб қарар, аммо Саттор Розиядан бошқа ҳеч кимни кўрмас эди. У қўлларини ҳаракатлантириб юқоридан айланиб тушмоқчи эканига ишора қилди. Кўзлари жавдираб узоқлашиб кетаётган Розия яна қўлини кўтариб, бир-икки силкитди. Бу унинг: «Тушундим!» деганими ёки хайрлашганими, Саттор билолмай қолди. Розия кутмай кетиб қолиши ҳам мумкин эди. Саттор унинг шу томонларда юрганини ҳамкасбларидан сўроклаб билган эди. Неча кундан бери қидириб юриб, Розияни энди топган пайтида наҳотки бирпасгина қараб турмай кетиб қолса?

Зинанинг юриши Сатторга ҳаддан ортиқ секин туюлди. У одамлар қаторини ёриб ўтиб, шоша-пиша зинадан зинага кўтарила бошлади. Юқорига чиққан заҳоти «лип» этиб пастга туширадиган эскалаторга чопиб ўтди. Яна зинадан зинага сакраб, одамларнинг ранжишларига ҳам карамай пастга томон отилди.

Бу орада Розия ёнидаги аёл билан эскалатордан тушди-ю, сал нарига бориб тўхтади. У Сатторни кўриб алланечук гарангсиб қолган, оёқ-қўллари бўшашиб, атлас кўйлакли хотиннинг билагидан ушлаганича унга суяниб турар эди. Розиянинг холаси булган бу аёл ҳайратга тушиб:
— Сенга нима бўлди, Розия? — деди. — Мунча титрайсан?

Розияни кичиклигидан суйиб ўстирган холаси Сорахон унинг ҳамма сирларидан хабардор эди. Ҳозир эскалаторда учраган йигитнинг кимлигини пайқаб:
— Ўшами? — деди.

Розия унинг саволларига жавоб бермас, қулоғига гап кирмаётганга ўхшарди. У юқоридан одам олиб тушаётган эскалаторга олазарак бўлиб қараб турарди. Розия Саттор билан яна учрашишдан қўрқарди, ундан ўзини олиб қочмоқчи бўлар эди. Аммо ўзига бўйсунмайдиган ички бир куч уни Сатторга қараб тортар, бир лаҳзагина бўлса ҳам дийдор кўришишга ундар эди.

Сорахон Розиянинг эс-ҳуши ўзида эмаслигини сезиб:
— Розияжон, юр, кетайлик! — деди. — Ана, поезд келди. Юр тезроқ!

Сорахон Розияни перронга қараб тортди. Розия бир-икки қадам юрди-ю, яна тўхтади. Саттор ҳозир уни деб юқоридан чопиб тушиб келаётганини кўз олдига келтирди. Буни сезиб туриб, кетиб қолишга у ўзини мажбур қила олмас эди. Агар улар Тошкентда дуч келиб қолганларида, эҳтимол, Розия Саттор билан узоқдан саломлашиб ўтиб кета олар эди. Аммо туғилган юртларидан минглаб чақирим йирокда, Ўзбекистондан келган ҳар бир нотаниш одам ҳам алланечук қадрдон кўринадиган бу жойда Саттордай азиз кишисини бир нафасгина кутмай кетиб қолиш Розияга кечириб бўлмайдиган тошмеҳрлик бўлиб кўринди.
— Холажон... Бирпас туринг!..
— Туриб нима қиласан? Гапни бир жойга қўйган эдик. «Энди учрашмайман» деган эдинг, Тошкентдан видолашиб чиқиб келган эдинг!
— Излаб юрган экан...
— Изласа излар!
— Бирон иши бордир...
— Иши бўлса ўзи эплайверсин. Бизга нима? Сорахоннинг гапларида Сатторга қарши қаратилган нафрат бор эди. Розияга бу жуда ўринсиз туюлди:
— Сиз уни билмайсиз!..
— Лекин мен сени биламан, Розия! Кейин бадтар бўлади, яна ўзинг қийналасан! Ундан кўра, юр!

Розия бир-икки қадам қўйди-ю, яна тўхтади. Ўзига-ўзи гапиргандай пичирлаб:
— У ҳам одам-ку, — деди.
— Бу бежиз эмас...
— Нима-нима?

Розиянинг ҳаёли паришон, гаплари ҳам пойма-пой. У холасининг сўзларини яхши уқмас, ҳозир фақат бир нарсани — Саттор билан кўришмасдан кетолмаслигини аниқ сезарди, холос.
— Бу ўзи яхши йигит бўлса, сени энди тинч қўйиши керак эди! — деди Сорахон қаҳр билан. — Ҳозир келсин, мен уни бир боплай!

Розия холасининг билагини маҳкам қисиб, озорланган товуш билан:
— Йўқ, йўқ! — деди. — Унда нима айб? Сиз аралашманг, итлимос қиламан!

Ниҳоят, эскалатор зиналари билан бирга оқиб тушаётган одамлар орасида Саттор кўринди. У ўсмир боладай югуриб-елиб келмоқда эди. Юзида, кўзларида, қадам олишида шундай бир ғайрат ва қувонч бор эди-ки, Розия уни кўрган заҳоти завқи келди. Ҳозиргина Розияни бўшаштириб турган дармонсизлик қаёққадир йўқолди. Бутун вужудига илиқ бир куч қуюлгандай бўлди. У холасининг қўлини қўйиб юбориб, Сатторга томон уч-тўрт қадам юрди. Ўзини кутилмаган даражада бардам ва қувноқ тутиб, Саттор билан кўришди, сўрашди.
— Танишиб қўйинг, менинг холам Сора Акрамхўжаева, — деб Сатторга атлас кўйлакли аёлни кўрсатди.

Бир четда Сатторга зимдан тикилиб турган Сорахон бу йигитнинг истараси ҳақиқатан ҳам иссиқ эканини, унга ёмон муомала қилолмаслигини сезди-да, сиполик билан саломлашди. Саттор ийманиб унинг юзига майин кўз ташлади:
— Кечирасиз, мен сизларни йўлдан қолдирдим.
— Зарари йўқ...
— Москваларда юрибсиз? — жилмайиб сўради Розия Саттордан.

Гўё орада ўша мушкул гаплар ва видолашувлар бўлмаган, гўё ҳамма нарса аслига қайтган-у, энди фақат учрашув шодлигига ўрин бор! Саттор бунинг бир сабабчиси мана шу атлас кўйлакли аёл эканини пайқади. Розия холасининг олдида ўзини мумкин қадар босиқ ва сипо тутаётганини, Сатторни ҳам шунга ундаётганини сезди. Шу билан икковининг орасига алоҳида бир сирдошлик, иттифоқдошлик ипи тортилаётгандай бўлди. Саттор ҳозир гапни иш мавзуига буриши кераклигини фаҳмлаб:
— Командировкага келган эдим, — деди.

Саттор билан Розия учун нима ҳакда гаплашишнинг аҳамияти йўқ. Уларнинг жўн, анчайин гаплари ҳам дийдор кўришиш шодлигига чулғаниб, хароратга тўлиб чиқади. Кўзлар кўзлардан илҳом олади, бирининг овози иккинчисига завқ беради, бирининг табассуми иккинчисининг қалбига нур сочади. Бири бирини йўқотган, бир-биридан умидини узган, бир-бирининг дийдорига ташна бўлган бу иккови ҳозир четдан қараган ҳар қандай одамнинг ҳаваси келтирадиган даражада бахтиёр эдилар.

Сорахон уларга нима дейишини билмай лол бўлиб қараб турарди. У бир ойдан бери Розияни қутқариш ҳаракатида юрган эди. Розиянинг оилали йигитни севиб қолгани Сорахоннинг назарида жуда ёмон бир фалокат. Чунки Сорахоннинг ўзи шунга ўхшаш бир ҳодисанинг жабрини тортган.

Сора Акрамхўжаева асли хўжалар авлодидан эди. Ота-она «хўжалардан куёв чиқса узатамиз» деб уни анча йил эрга бермадилар. Сорахон ўқиши битгунча бунга чандон эътибор қилмади-ю, аммо ёши йигирма олтига кирганда умрбод кари қиз бўлиб қолишдан таҳликага туша бошлади. Шунда ота-оналари уни хўжа авлодли бир йигитга узатадиган бўлдилар. Йигит ҳам йигирма олти ёшда эди, улар бир-бирларини яхши билмас эдилар, шундай бўлса ҳам иккови ота-оналарининг ихтиёрларига қараб турмуш қурдилар. Аммо бир-бирларига кўнгил қўёлмадилар. Орадан уч йил ўтгач, йигит Сорахонни икки боласи билан ташлаб кетди, ўзидан олти ёш кичик бир қизга ошиқ бўлиб уйланди. Сорахон эса иккинчи эр қилмади, болаларига фидо бўлиб, ҳамон бева юрибди. Унинг бутун алами, дарди, ёлғизлик азоби Розияга ёшлигидан маълум. Розиянинг ҳамма яқинлари икки боласини ташлаб, бошқа қизга ошиқ бўлиб уйланган собиқ поччани виждонсиз, ноинсоф деб айблаб ўрганганлар. Улар оилали одамга теккан қизни ҳам доимо нафрат билан тилга оладилар. «Бировнинг оиласини бузган, болаларини отасиз қолдирган, Сорахоннинг эрини тортиб олган» у қизни Розия ўзи кўрмаган бўлса ҳам, бундайларга жирканиб қарашга болалиқдан одатланган.

Бироқ, энди ҳаёт шу муаммони Розиянинг ҳам бошига солди-ку! Шунда у Сора холасини эслади. Холасига ҳамиша раҳми келиб, қайишиб юрган Розия бир кун Сорахоннинг уйига бориб, бутун воқеани айтиб берди. Шундан кейин Сорахоннинг қистовларига бўйсуниб, Сатторга ҳалиги хатчани ёзди. Саттор Сорахоннинг тасаввурида ўзининг собиқ эрига ўхшаш бемаза йигит эди. У Розияни бу йигитнинг касофатидан омон сақлаш учун дарҳол Тошкентдан олиб кетди. Улар Розия иккови Москва этагидаги ўрмонлар орасида, Истра дарёси бўйида уч ҳафта дам олишди. Бу кунлар давомида Сорахон Розияни Москвада аспирантурада ўқиётган ҳамшаҳар йигитлар билан таништирди, «Зора шулардан бирортасига қизиқиб, ҳалиги дардини унутса!» деб умид қидди. Аммо Розиянинг чеҳраси очилмади. Гўзал табиат бағрида, ҳамма дам олиб, яйраб-яшнаб юрган ажойиб жойда Розия диққинафас бўлиб, уч ҳафтада беш-олти ёш улғайгандай сўлиб қолди.

Бундан ярим соатгина оддин эскалаторда мана бу йигит учрамасидан аввал Розиянинг ранги кўкиш, уч-тўрт бола кўриб ташвишга ботган ўрта яшар жувондай хомуш келмоқда эди. Мана ҳозир Саттор билан кўришиб, гаплашаётганда эса юзидаги ўша сўлғинлиқдан асар ҳам қолмади. Ёноқларига қизиллик югуриб, кўзлари ялтиллаб, лабларида табассум ўйнаб, чеҳраси бутунлай ўзгариб кетди.

Сорахон шунча кундан бери етолмаган ниятга — Розияни аввалгидай гўзал, шод кўриш ниятига — Саттор бир лаҳзада етди. Сорахон шунча ҳаракатлар билан қурган ғов бир сомон парчасидай учиб кетаёттанини сезди-ю чора ахтариб соатига қаради. Қовоғини солиб:
— Розия, вақт бўляпти, — деди.

У Сатторнинг Розия билан тезроқ хайрлашиб ўз йўлига кетишини истарди. Боя Розиянинг ўзи ҳам: « Саттор билан бир лаҳзагина кўришиб саломлашсам бас!» деб ўйлаган эди. Аммо, кишининг бутун ташналиги булоқ бўйига етганда билинганидек, Розия билан Саттор бир-бирларини қай даражада соғинганликлари ҳозир чинакам сезилмоқда эди. Оби ҳаётдан бир қултум ичган одам кейин унга қонмагунча ўзини тутолмагани каби, улар ҳам бир-бирининг дийдорига тўймагунча ажрашгилари келмас эди. Бироқ қовоғини солиб соатига қараб турган Сорахон Розияга: «Ақлингни йўқотма, охирини ўйла!» демоқчи бўлар эди. Холасининг бу гапи бежиз эмаслигини Розия ҳам тушуниб турибди. Унинг ўзида ҳам «хушингни йиғ» деяётган бир ўй бор эди. Аммо дийдор кўришишдан алангала-ниб кетган муҳаббат ҳислари бунинг ҳаммасини аҳамиятсиз қилиб кўрсатар, «Сен ёш бола эмассан, холангнинг қоровуллиги нимага керак!» деяётганга ўхшарди.

Сорахоннинг Розияга ҳокимона тикилиб: «Вақт бўляпти», дегани Сатторга бошқача таъсир кўрсатди. Саттор бу аёлнинг ҳамма сирдан хабардор эканини сезди-ю, бирдан айби очилган одамдай қаттиқ ҳижолат бўлди. У Розиядан ҳеч нарса кутмаслигини, ҳеч нарса таъма қилмаслигини, фақат уни соғ-саломат кўргани кифоя эканини айтмоқчи бўлди.
— Розия, агар шошилаётган бўлсангиз, майли...

Розия Саттор билан шу аҳволда хайрлашиб кета олмас эди. У холасининг қоровуллигига муҳтож эмаслигини Сатторга сездирмоқчи, шу билан уни хижолатлиқдан қутқармоқчи бўлди:
— Мен шошаёттаним йўқ! Холам кенгашга шошиляпти. Мен шунчаки томоша қилиб юрибман.
— Бўлмаса... — Саттор Розияга «нима қилай» деган маънода қаради.
— Юринг, холамни кузатиб қўяйлик. Вақтингиз қалай?
— Бўшман, — деди Саттор.

Сорахон лабини қимтиб перронга қараб юрди. У Сатторга: «Яхши йигит, хотинингиз бор экан, Розияни тинч қўйинг!» демоқчи бўлар, аммо бунга қулай фурсат тополмас эди. Розия Сатторни ўз ҳимоясига олиб, совуқ гапга ўрин қолдирмай борар эди. Саттор ҳам ўз қадрини ерга урмайдиган хушмуомала, зийрак йигит эканлиги Сорахоннинг тилини боғлаб турар эди.

Ер остидаги қасрини шовқинга тўлдириб, метро поезди келди. Ўнлаб эшиклар бир вақтда ўз-ўзидан очилди. Вагонлар лаҳза ўтмай бўшаб қолди-ю, яна бирпасда одамга тўлди. Қизил шапка кийган навбатчи қиз бир томони сариқ, бир томони қизил кафгирчасини юқори кўтарди. Унинг ишораси билан ҳаво ранг экспресс яна ер қаъридаги туннелга отилиб кириб кетди.
— Ажойиб-а! — деди Саттор кўнғир чарм ўриндиқда холаси билан ёнма-ён ўтирган Розияга. — Биз ҳозир Тошкентнинг келажагига саёҳат қилаётгандаймиз.

Поезд тез юрган сари шовқини кучаяр, шунинг учун баланд овоз билан гапиришга тўғри келар эди.
— Келажакда метро поездларининг шовқинсиз юрадигани чиқади, дейишади, ростми? — сўради Розия.
— Мен ҳам эшитдим. Шовқини билинмайдиган трамвайлар чиқди-ку. Тошкентда метро қурилгунча, эҳтимол, шовқинсиз поездлар ҳам пайдо бўлар.
— Айтмоқчи, лойиҳаларингиз нима бўлди?
— Олиб келдик. Юқориларда кўриляпти.
— Э, шу иш билан келганмидиларингиз? Ҳалиги, Максимични кўрмадингизми?
— Шу одам бизга жуда керак эди. Отпуска олиб уйидами, дачасидами ишлаётган эмиш. Тополмаяпмиз. Ишимизнинг нозик бир нуқтаси ўша Максимичга боғлиқ бўлиб турибди.
— Анҳор бўйида сизга адресини берган эди-ку. Саттор бир лаҳза ўшандаги беғубор ва ширин висол пайтига келгандай бўлди.

«Нега менга экан, икковимизга берган эди-ку!» — деб ҳазил килгиси келди. Аммо кейинга ишкалликлар эсига тушиб, ўзини босди.
— Адреси чўнтагимда юрибди, — деди. — Лекин уни сиз яхши танийсиз, Розия. Шаҳар бўйлаб сиз бирга юргансиз... Мен ўзимча боришга тортиндим.

Розия ўшандаги тиқилинчларни эслаб кулиб қўйди. Сўнг Сатторнинг гап авзойидан Максимичникига бирга бориш мумкинлигини фаҳмлаб, бир лаҳза жим қолди.

Поезд зўр шиддат билан борар, деразалар олдидан туннелъ чироклари лип-лип қилиб ўтар, уларнинг акси ялтироқ пўлат тутқичларда сирғаниб, учиб-қўниб ўйнар эди.

Саттор Розиядан жавоб кутиб турганини Сорахон ҳам пайқаган экан, дабдурустдан:
— Яхши йигит, Розия ҳозир бунақа ишларга аралашолмайди, — деди.

Саттор ҳайрон бўлиб Розияга қаради. Розия холасининг томдан тараша тушгандай бўлиб чикқан гапидан озорланиб сўради:
— Нега энди?
— Сен отпускада юрибсан!
— Отпускада юрган одам танишлариникига бориши мумкин эмасми?
— Сен ўзингга-ўзинг қиляпсан, Розия! Сорахоннинг бутун важоҳати: «Сен бу йигитни кўргандан бери бутунлай ўзгариб кетдинг, унинг сеҳрига берилиб, оиласи борлигини унутдинг!» деб турганга ўхшарди. Аммо, ҳадеб Сатторнинг оиласи борлигини эслатиш, ҳамма одамларга тўғриликча одам деб қарамасдан, ҳа-мани уйланган ёки уйланмаган деб ажратиш Розияга ҳозир хунук бир бидъат бўлиб кўринди. Бир ойдан бери холасининг гапига кириб, Саттордан қочиб юргани эса мана шу бидъатга берилиб, ўз эркини бекордан-бекорга бўғиш бўлиб туюлди.
— Кўриб турибсиз! — Розия холасига «Саттор мени еб кўяётгани йўқ, у мени оғир аҳволдан халос қиляпти, мен унинг ёнида қафасдан озод бўлган қушдай эркин юрибман» дегандай қилиб қаради. Аммо оғизда бошқа гапларни айтди: — Кўриб турибсиз, метро ажойиб нарса. Агар Тошкентда ҳам метро қурилишига менинг заррача нафим тегишини билсам, отпускада юрганим кўзимга кўринадими? Сиз кенгашдан бўшагунча биз ҳам Максимичникига бориб келамиз.

«Биз» деб Розия ўзи билан Сатторни қўшиб айтгани Сорахоннинг шунчалик энсасини қотирдики, у «билганингни қил!» дегандай қўл силтаб, юзини нарёқка ўгириб олди. Свердлов майдонига бориб метродан тушганларида ҳам, Пушкин кўчаси томондан ер юзасига чиққанларида ҳам Сорахон Розияга қайрилиб қарамади.

Улар ер остида юрганда Москвага ёмғир ёғиб ўтган эди. Ҳозир осмондаги булутларнинг бир четини ёриб офтоб нурлари ёғилиб турар, кўчаларни тўддирган беҳисоб машиналар ҳўл асфальтдан сув сачратиб ўтар эди.

Светофор пиёда одамларга йўл берди. Сорахон Розияга атайлаб гап қотмади, унга қайрилиб ҳам қарамади. Саттор билан тил учида хайрлашдида, кўчадан ўтиб, Колонна залига қараб кетди.

Розия холасига ачингандай бўлиб, кетидан бирпас тикилиб турди.
— Бу кишига хафа бўладиган гап қилмадик шекилли? — деди Саттор.
— Холамни ҳаёт хафа қилган. Илож қанча?.. Бу кишининг эътиқоди шунақа.
— Қанақа?

Розия холасининг тарихини ва сирдошлик сабабини айтиш учун огаз жуфтлади-ю аммо ҳозир бундай ишкал нарсалар тўғрисида сўзлашгиси келмади.
— Кейин айтиб бераман... Саттор, сиз менга сўз беринг. Биз ҳеч кимга ёмонлик қилмаймиз!
— Хўп. Лекин биз ўзимизга ҳам ёмонлик қилмаслигимиз керак, Розия. Шу бир ой ичида мен қандай кунларга қолганимни билсангиз эди... Дунёга келганимдан пушаймон бўлдим!
— Биламан. Мен ўзим ҳам ўлимимга рози эдим.
— Қўйинг, бундай деманг... Менинг тушимга бир кун ўша зилзилалар кирди. Мен пастда. Сиз ўнинчими, ўн бешинчими қаватда. Уйлар қулаб, устимга тушяпти. Югурсам, қадамим орқага кетади.
— Даҳшат!
— Шундан бери сизни излаб юрган эдим. Хайрият, эсон-омон экансиз.
— Мен ҳам сизни... ҳар замонда бир кўриб турсам бас. Саттор, келинг, биз ҳамиша холис, беғараз дўстлар бўлиб қолайлик!

Саттор Розиянинг майин ва салқин қўлини кафтига олиб:
— Майли, — деди. — Бунинг номи дўстликми, танишликми, ишқилиб, дийдор кўришиб турсак бўлди.

Розия Тошкентда Саттор билан муҳаббат изҳор қилишган пайтларини эслади. «Дўстлик» деб ўзини алдамоқчи бўлаётганини сезди-ю, шошилиб, гапни бошқа ёққа бурди:
— Биз... Максимични топмоқчи эдик-ку? Уй телефони борми?
— Ҳа, визит карточкасида ёзилган.
— Бўлмаса, аввал бир қўнғироқ қилиб кўрайлик.
— Юринг, — деб Саттор Розиянинг билагидан олди. Автомат-телефон кабиналари оддига келганларида Розия навбатда турган ёш-яланглар икковларига қизиқиб, ҳавасланиб, кўз ташлаёгганликларини ҳис қилди. Бу ҳис унинг қалбида яна бир вақтлардаги ифтихор туйғусини уйғотди.

12

Саттор билан Розия Москванинг ҳар жой-ҳар жойидан улкан чўққиларга ўхшаб бўй чўзиб турадиган учи найзадор биноларни узоқдан кўрган эдилар-у, аммо ҳали ичига кирмаган эдилар. Максимич шу кўкўпар бинолардан бирида, ўн саккизинчи қаватда турар эди. Қасрни эслатувчи кенг вестибюль ва зиналардан ўтиб, тез юрар лифт билан ўн саккизинчи қаватта чиққанларида Сатторни бинонинг салобати боса бошлади.
— Максимич мени дуруст эслолмаса керак. Ноқулай бўладими дейман-да, Розия?
— Нега эслолмас экан? Телефонда ўзи таклиф қилди-ку!

Айтилган эшикни қидириб топганларида Саттор қўлида кўтариб келаёттан тўрни ичидаги олтин ранг қовуни билан Розияга тутқазди. Саттор тортинган сари Розия дадилланар эди. У олдинга ўтиб, ҳашаматли эшик теп-сидаги кўнғироқ тугмасини босди.

Эшик очилганда Саттор Розиядан бир-икки қадам кетинда турар эди. Сочини ўсмирларникига ўхшатиб калта қирқтирган нозиккина жувон уларни ичкарига бошлаб кирди.

Квартира деворларига қимматбаҳо ёғочдан панеллар қилинган. Рангсиз лак билан бўялган паркет пол ойнадай ялтиллайди. Жувон тўғридаги ойнадан эшикка қараб:
— Ларя, чиқ, келишди! — деди.

Кейин ўша хонадан серюнг қўнғир свитер кийган новча Максимич чиқиб келди:
— А-а-а? Розия!.. Тошкентлик дўстлар! Жуда соз!

У меҳмонлар билан кўришар экан, Сатторнинг исмини эслаёлмай:
— Хуш кўрдик, коллега! — деди. — Танишинглар, менинг рафиқам Елена Львовна.

Уларга эшик очган хушбичим жувон Розияга қўл бераётиб, ўзини:
— Лена, — деб атади. У энди ўттизга кирган, эридан ўн етти ёш кичик эди.

Максимич Сатторларни ичкарига бошлади. Ҳамма ёқ озода ва саришталик. Ён томондаги хонанинг кия очиқ эшигидан полга тўшалган чиройли гиламнинг бир чети кўринди. Меҳмонлар туфлиларини ечмоқчи бўлишган эди, уй эгалари қўйишмади. Шу пайт ён томондаги хонадан қизил този ит чопиб чиқди: бели ингичка, оёқлари узун, бўйнида тасмаси бор. Розия чўчиб ўзини Сатторнинг панасига олди.

Саттор кулиб шивирлади:
— Қўрқманг, този одамга тегмайди.
— Эльза, бор жойингда ёт! — буюрди Максимич. Този кўзини мўлтиратиб орқага қайтди ва гилам тўшалган хонага кириб кетди.

Шундай квартирада този ит юрганидан меҳмонлар таажжубланганини сезиб, Максимич мийиғида кулди-ю:
— Ҳайрон бўлманглар, мен овни яхши кўраман, — деди. — Асли ўзим ўрмонзорлар орасида ўсганман. Бу тозини табиатнинг тирик бир заррачаси деб ўн саккизинчи қаватда ҳам асраб юрибман. Табиатни, умуман, табиий гўзалликни мен Худо ўрнида кўраман.

Максимич Розияга томон ўгирилиб, унинг юзига завқли бир назар ташлаб олди. Боя Розия телефон қилганда Максимич бу қизнинг ажиб бир табиий чиройи борлигини зслаган, уни яна кўргиси ва севган йигити билан бирга хотинига ҳам кўрсатгиси келган эди. Бир чеккаси шунинг учун Максимич уларни уйига таклиф қилган эди.
— Хиёл озибсиз, Розия, — деди Максимич. Розия Сатторга юзланиб майин жилмайди:
— Мен боя Сатторга «озибсиз» деган эдим. Ўзим ҳам озибманми?
— Аммо озғинлик икковларингизга ҳам ярашар экан. Тўғрими, Лена?

Ҳижрон азобларидан кейинги учрашув бугун Розиянинг чиройини шундай очиб юборган эдики, унинг бутун борлиғидан қизлик жозибаси ёғилиб турганга ўхшарди. Сатторнинг юзида ҳам севимли йигитларда бўладиган мардона бир латофат барқ уриб турибди. Улар бу уйга ўзлари билан бирга фақат севишганлардагина бўладиган сеҳрли бир гўзаллик ва назокат олиб киргандай бўлишди. Максимич ғалати бир очиқлик билан:
— Лена, буларга бир қара! — деди. — Табиат икковини фақат бир-бири учун яратганга ўхшайди-я! Бир-бировига шу қадар муносиб тушганлари ажойиб! Одамнинг ҳаваси келади-я!

—Сен буларни уялтиряпсан, Ларя! Саттор гапни ҳазилга бурди:
— Ҳечқиси йўқ. Максимич бизга ёқадиган гапларни айтяпти! Тўғрими, Розия?
— Албатта!

Ҳаммалари бир кулиб олишди.

Уй бекаси Саттор билан Розияга диванда жой кўрсатди. Максимич уларнинг қаршисига кресло суриб ўтирар экан:
— Леночка, энди буларнинг бахти учун бир рюмкадан ичмаксак бўлмас! — деди.
— Албатта-да! Сизлар бу ерда ишга оид гапларингни гаплашиб олинглар. Унгача биз нариги хонада стол тузаймиз. Ксеня! — деб Елена Львовна эшикдан чиқаётиб ошхонадаги уй ходимасини чақирди.

Розия Сатторга оҳиста кўз ташлаб олди-да, унинг номидан ҳам гапираётгандай бўлиб Максимичга юзланди:
— Уйда ишлаш учун жавоб олган экансиз, Илларион Максимилианович. Биз сизни безовта қилдик.
— Мен ҳам ўшанда сизни овора қилган эдим-ку, Розия! Автобусларда қанақа юрганимизни боя Ленага айтиб бердим, икковимиз роса кулишдик... Хўш, энди... Тошкентда метро қуриш масаласига келсак, бу, албатта, жуда мураккаб, жуда катта иш. Бундай улкан масалалар осонликча ҳал бўлмайди.
— Ўзи ҳам бир тўхтаб қолади, бир юришиб кетади, — деди Саттор.
— Ҳозир юришаётган пайти шекилли?..
— Билмадим, юқорида нима дейишаркин?..
— Биз тошкентлик ўртоқларнинг таклифларини қувватлаб, махсус бир хат ёзган эдик. «Натижа нима бўлдийкин?» деб ҳозир юқоридаги бир ўртоғимга телефон қилдим. Сизларни қувонтиришим мумкин. Тошкент метросига тааллуқли лойиҳа топшириқлари яқин ҳафталарда юқоридан ўтиб, муҳокамадан ҳукуматнинг тасдиғига чиқарилса керак.

Розия қувониб Сатторга юзланди, гўё уни кўзлари билан табриклаб:
— Ажойиб янгилик-ку! — деди.

Саттор кўпдан кутаёттан бу хушхабардан кувониш билан бирга, бир оз ташвишга ҳам тушди:
— Биз лойиҳа топшириқларига аниқликлар киритмоқчи эдик, аввалги вариантида чатоқ жойлари бор эди. Бу ёғи қандоқ бўлади, Илларион Максимилианович?
— Ҳали лойиҳа топшириғи тасдиқлангандан кейин ҳам то қурилиш бошлагунча кўп вақт ўтади, — деди Максимич. — Баъзан йиллар давомида тадқиқот ишлари олиб борилади, тайёргарлик кўрилади. Кўп нарса чизмалар тузилганда аниқланади.

Саттор хиёл ўйланиб турди-ю:
— Мен бир оддий лойиҳачиман, Илларион Максимилианович, — деди. — Юқориларда бўладиган гапларга кўп ҳам аралашолмайман. Бир масалада ўзимнинг бошлиғим билан баҳслашиб юриб, уни зўрға кўндирган эдим, Москвага келиб гапим яна ўтмай қолди.
— Қанақа гап?
— Лойиҳа топшириғига биноан очиқ усулда курилмоқчи бўлган бир участкани мен ёпиқ усулда кўринши таклиф қилган эдим.

Саттор шундай деб, чинорлар ва эманларни олиб қолиш учун қилаётган ҳаракатини гапириб берди.
— Иқлимизни кўргансиз, бизда бундай дарахтлар олтинга топилмайди.
— Москвада ким билан гаплашдиларинг?
— Хамма иш Пётр Самойловичнинг қўлидан ўтар экан. Биз бошлиғим иккаламиз ҳозирги гапларни унга ёзиб юборган эдик. Кеча кирсак, ҳаммасини чўтга солиб, ҳисоб-китоб қилиб қўйибди. Ёпиқ усул қимматроқ эмасми? Агар ўша юз ўнта дарахтни олиб қолиш учун ёпиқ усулда қурилса, ҳар чинор бир неча минг сўмга тушар эмиш. Пётр Самойлович шуни айтиб таклифимизни рад қилди.
— Ҳа, Пётр Самойлович ҳар бир тийинни ўн марта санайдиган одам. Унинг тежамкорлиги яхши-ю, лекин табиатнинг қадрини пул билан ўлчаб бўладими?

Максимич ўрнидан туриб, қалам-дафтар топди-да, хотира учун баъзи нарсаларни ёзиб қўйди.
— Мен икки-уч кунда ишга қайтаман. Ўшанда Пётр Самойлович билан ўзим гаплашаман. Тежамкорлик учун бошқа имкониятлар бор. Аммо юз йиллик чинорлар... У одам Тошкентни кўрган эмас-да, дарахтлар ўрмондагидай ўзидан-ўзи ўсиб ётади, деб ўйлайди. Ҳар бир дарахт учун одамлар ариқ ковлаб, сув чиқариб, ер чопиб, қанча меҳнат сарфлашини кўз олдига келтиролмайди... Бу-ку, одамлар тер тўкиб ўстирган дарахтлар экан. Ўша бизнинг ўрмонларда ўзи ўсиб ётган қарағайлар беҳуда нобуд қилинганини қўрсам, менинг ҳаётимда ҳам азиз бир нарса нобуд бўлгандай эзилиб кетаман. Ахир биз ҳам табиат фарзандимиз. Агар табиат йўқолса, биз ҳам йўқ бўлиб кетамиз. Биласизми шуни?
— Сал-пал билсам керак. Мен хам табиат бағрида ўсганман. Менинг сезишимча, табиат вайрон филинган жойда одамларнинг бузилиши осонлашади.

Максиич бу сўзлардан таъсирланиб кетиб:
— Кўлингизни беринг! — деди. — Биз сиз билан маслакдош эканмиз, жуда яхши айтдингиз. Табиат биз учун фақат ташқи дунё эмас. Биз ўз ички дунёмизни ҳам фақат табиат ёрдамида чинакам гўзал қила оламиз!

Шу пайт Елена Львовна уларни нариги хонадаги дастурхонга таклиф қилиб кирди.
— Ах, Ларик, яна табиатдан гап очдингми? Менинг эрим бу мавзуда икки-уч соатлаб гапирса ҳам, гапи тамом бўлмайди! Қани, мана бу уйга марҳамат.

Стол тузалган хонадан ёқимли қовун ҳиди келди. Дастурхонга гардиш килиб сўйилган икки тарелка қовун ҳам қўйилган эди.
— Меҳмонлар жуда ғалати қовун олиб келишибди! — деди Елена Львовна эрига. — Ксеня татиб кўриб, «умримда бунақа ширинини емаган эдим» дейди.

Саттор билан Розия «хайрият, яхши чиқибди» дегандай бир-бирларига мамнун қараб олишди.
— Мен табиат тўғрисида гапирсам, сенга ёқмайди, Лена. Лекин мана шу қовун ҳам табитатнинг бир мўъжизаси эмасми? Бир донаси ўн-ўн беш кишини тўйдиради. Ҳидининг ажойиблигини қара! Мен бултур Тошкентга борганимда икки дона яхши қовун олиб беришди. Меҳмонхонанинг номерига олиб кириб қўйдим. Куни билан юриб, кечқурун келсам, номерим шундай бир муаттар ҳидга тўлиб турибдики, ҳавони симириб нафас олдим-у, яйраб кетдим.
— Ҳақиқатан, бензин ҳидига тўйинган шаҳар ҳавосида табиатнинг хушбўй нарсалари кишига жуда бошқача туюлади, — деди Елена Львовна ҳам энди эрига ён бериб. — Ларя, қани, энди гапдан ишга ўтайлик...

Дастурхонда қовурилган товуқ, осетра балиғи, қора икра, жажжи қадаҳлар ва бир шиша «Плиски» коньяги турар эди.
— Дурустроқ виномиз қолмаган экан, биз ҳам озгина коньяк ича қоламиз, тўғрими? — деб Елена Львовна Розияга жилмайиб каради: — Олинг!

Розия коньякдан кўрқар эди, зўрға бир қултум ичди. Шунинг ўзидан ҳам бадани қизиб, юзлари ловиллай бошлаганини сезди. Мезбонлар яна қадаҳ таклиф қилишганда, рюмкани лабига тегизди-ю секин қайтиб қўйди.
— Озгина олинг, — деди Саттор ўзбекчалаб.
— Маст бўлиб қоламан, — шивирлади Розия. Елена Львовна уларнинг гапларини тушунмаса ҳам, шивирлашларига ва майин муомалаларига қараб, икковини яқинда оила қурган куёв-келинга ўхшатди.
— Куёвингиз ёнингизда-ку, нимадан қўрқасиз, олинг! — деди Елена Львовна Розияга тегишиб.

«Куёв» сўзи Сатторга оловдай тегди. У мезбонларни адаштириш яхши эмаслигини ўйлаб, Розияга «Ростини айтайми?» дегандай қилиб қаради. Розия «Йўқ!» дегандай бош силкиб, коньякдан яна бир қултум ичди. Сўнг анча дадиллашиб, уй бекасидан сўради:
— Сиз бизни эр-хотин деб ўйладингизми? Йўқ, биз...
— Ах, ундай эмасми? Мен негадир ўйлабманки, сизлар асал ойининг гаштини суриб юрган ёшгина куёв-келин...

Бу гапдан меҳмонлар ўнғайсизланаётганини кўриб, Максимич хотинининг сўзини бўлди:
— Лена, бунинг аҳамияти йўқ. Асли ўзи энг ширин асал ойлари уйланишдан олдин бўлади!

Кулишди. Максимич қадаҳларни яна тўлдирар экан, сўзида давом этди:
— Энг муҳими нима? Гунафша кўриндими, демак баҳор келяпти, эрта-индин атиргул ҳам, албатта, очилади. Чунки табиатнинг йўлини ҳеч ким тўсолмайди.

Саттор ўз дардини эслаб оғир тин олди-да:
— Айтганингиз келсин! — деб қўйди.

Максимич Саттор билан Розияни қийнаб юрган қандайдир муаммо борлигини сезди. Аммо уларнинг ички сирларига аралашгиси келмади.
— Мен мана шу қадаҳни, — деди, — икковларингизнинг баҳорларингиз учун ичаман.
— Мен Ларикнинг тостига қўшиламан! Чиндан ҳам сизлар билан бирга уйимизга баҳор ҳавоси кириб келгандай бўлди.

Бу сўзлар келин-куёвлик ҳақидаги бояги тахминга қўшилиб Розиянинг ҳаёлини шундай банд қилиб олдики, у ўтиришнинг қолган қисми қандай ўтаётганини элас-элас пайқар эди.

«Муҳаббатни астойдил эъзозлайдиган одамлар бунақа бўлар экан-у, — дерди у ўзича. — Бўлмаса биз киммиз? Буларга нима яхшилик қилибмиз? Буларнинг ўз ҳаётларида муҳабатнинг қадри баланд. Шунинг учун бизнинг муҳаббатимизни ҳам... ҳурмат қилишади. Қизиқ: «Биз Саттор билан бир-биримизни севишимиз шу қадар сезилиб турар эканми, уй бекаси ҳалиги гапларни айтди. Куёв-келин...» Бу сўзлар Розиянинг қалбига тушган бир чўғ бўлди-ю, ҳамма туйғуларини алангалантира бошлади.

Саттор Розиянинг кўнглидан ўтган нарсаларни сезиб тургандай унга тикилиб қаради-да, сирли кулимсираб қўйди. У мезбонларга тан берганини айтмоқчи эди. Боя келганларида Максимичнинг хотини эридан ўн беш-йигирма ёш кичик кўринган, Саттор бундан бир оз таажжубланган эди. Ҳозир Елена Львовна билан Максимичнинг ёшларидаги фарқ билинмай кетди. Максимич хотинининг ёнида алланечук жуда ёшариб қолди.

«Меҳр ёшартиради-да, — ўзича ўйланди Саттор. — Муҳаббатнинг йўли тўсилмаса шундай бўлади. Максимич муҳаббатни табиатдай зўр куч дегани бежиз эмас!..».

Саттор Розия билан кўз уриштириб, гўё унинг хам розилигини олди-да, қадаҳ кўтарди.
— Биз бу ерда гўзал бир табиат бағрида ўтиргандай яйраб ўтирибмиз, — деди. — Бизни шу қадар очиқ кўнгил билан кутаётганларингиз учун тўрт девор ичида ўтирганимиз ҳам эсимиздан чиқиб кетяпти.
— Рост! — хитоб қилди Розия. Саттор унинг кўнглидагини топиб айтгани беҳад ёқимли эди.
— Эндиги тилагимиз шуки, — Саттортнг овози беихтиёр пасая бошлади: — Биз Розия икковимиз ҳам... сизларни... ўз уйимизда шундай яйратиб меҳмон қиладиган кунларга етайлик!

Саттор «ўз уйимизда» деган сўзни шундай айтдики, бунинг тагидаги маънони фақат Розия тушунди. Бу сўз жуда ширин эди-ю, аммо таги ковланса тахири чиқадиганга ўхшарди. Розия ҳозир уни ковлаштиргиси келмади. Елена Львовна билан қадаҳини уриштириб:
— Тошкентда меҳмон бўлишларингиз учун! — деди.
— Битта олловердиси бор! — деди Максимич. — Қўшимча тилак шуки, Лена билан бирга уйларингизга борганда, йўлнинг бир қисмини Тошкент метросининг поездида босиб ўтайлик.
— Яшанг! — завқланиб деди Розия.
— Бўлмаса яна битта олловерди, — деди Сатторнинг илҳоми келиб: — Бизнинг Тошкент иссиқ жой: Максимич билан Елена Львовна бўлажак метродан чиққанларидан кейин то манзилга етгунларича толиқиб қолишлари мумкин, шунинг учун икковлари бугун биз айтган чинорлар билан эманларнинг соясида бирпас салқинланиб ўтсинлар! Ўшангача бу дарахтлар омон турсин!

Максимич яна боягидай таъсирланиб:
— Қўлни беринг! — деди. Саттор кафтини тутган эди, Максимич қўлининг учи билан енгилгина уриб қўйди. — Биз бу тилакларни рўёбга чиқармагунча қўймаймиз!

Розия бунақа меҳмондорчиликда Саттор билан биринчи ўтириши эди. Саттор Максимичга чиндан ҳам ёқиб қолаётгани Розиянинг кўнглини ўстирар, қалбидаги меҳрга меҳр қўшар эди. «Қизиқ! — деб Розия ўзича ўйлади. — Агар Максимич Сатторнинг оиласи борлигини билса нима деркин? Боягидай пинагини бузмай, «бунинг аҳамияти йўқ» дейиши ҳам мумкин».

Розиянинг ўзига ҳозир бунинг аҳамияти илгаригидай катта кўринмас эди. Ичимлик уни беғам ва ботир қилиб қўйдими ёки бу даврада кўнгли ўсиб, ўзига ишончи ошдими, ҳар қалай, Саттор икковининг олдида турган ишкаллик энди ечиш мумкин бўлган бир тугунга ўхшаб кўрина бошлади. Қачондир бир вақт Саттор билан Розиянинг тақдирлари қўшилишига унинг ишонгиси келарди. Бу йўлда учрайдиган ҳамма довонларни ошиб ўтишга етадиган бир куч ҳозир қалбида мавжланиб турганга ўхшарди.

Бир вақт улар мезбонлар билан хўшлашиб чиқиб, лифтга кирдилар. Лифтда бошкд ҳеч ким йўқ эди. Саттор эшикни ёпаётиб, завқли товуш билан:
— Қойилмисиз? — деди.
— Мезбонларгами? — сўради Розия. — Қойилман. Сизга ҳам!

Саттор лифтнинг пастга олиб тушадиган тугмасини босмоқчи эди. Тугмани босмасдан Розияга ўгирилди:
— Менга қойилсиз?
— Ҳа, бугун жуда илҳомингиз келди!

Розия бў сўзларни Сатторга меҳри товланиб, кўзлари порлаб айтди. Саттор буни сезди-ю, лифтни ҳам унутиб Розияга яқинлашди. Бошқа вақтда унга айтолмайдиган, айтишга тили бормайдиган сўзлари юрагига қуйилиб келди.
— Розия, мен сиз билан бирга бўлсам, жаҳонда ҳеч бир одамдан қолишмайман, деб ўйлайман. Ўзимни шундай қудратли сезаманки, бахт деган нарсанинг бир нишонаси шу бўлса керак. Сизда мени юксакларга ундайдиган бир куч бор. Мен фақат сиз билан бирга чинакам олижаноб одам бўла олишимни айрилиқ кунларда сездим!

Розия лифтнинг тўхтаб турганини сезиб, тугмасини босди. Лифт майин силкиниб пастга тушаётганида Розиянинг товуши олиниб:
— Саттор, буни мен ҳам сезаман, — деди. — Лекин...
— Шошманг! Бугун биз Москва метросида юрдик. Тўғрими? Йигирманчи асрнинг мўъжизаларидан бири шу. Жаҳон савиясида фикрлашни талаб қиладиган иш. Биз шу ишга иштирок қилаётганимиздан фахрлансак арзийди. Лекин сиз ҳалигидай «алвидо» деб кетганингиздан кейин мен бу ишни ҳам ташлаб кетмоқчи бўлдим. Энди эсласам ҳайрон бўламан. Бирдан ўн йил орқага кетиб қолган эканманми дейман. Хайрият, бошлиғимиз жавоб бермади. Бўлмаса бугун кўришармидик, йўқми...

Кутилмаганда Розия қўлларини Сатторнинг кўкрагига қўйди. Табиат уларни бир-бирлари учун яратганига ҳозир Розиянинг ишонгиси келар эди.
— Майли, энди ихтиёр сизда, — деди у эҳтиросдан бўшашган товуш билан. — Мен сизга ишонаман, Саттор. Сиз учун ҳамма қийноқларга тайёрман!..

... Лифт аллақачон пастга тушиб тўхтаган эди. Кимдир эшикни очди. Саттор Розияни қўлидан олиб ташқарига бошлади.

13

Августнинг охирлари эди. Теримга тушишдан олдин уч-тўрт кун бўш вақт берилган. Ойшахон айвоннинг соя томонида иш тикиб ўтирар, пастдаги гулзорда ўғилчаси Мухтор капалак қувиб юрар эди.

Шу пайт дарвозадан Саттор кириб келди. У ўтган гал келганида қовоғини очмагани ва охирида хафалашиб кетгани учун Ойшахон эрини, яна уч-тўрт ойсиз келмайди, деб юрар эди. Энди Сатторнинг алланечук мулойим бўлиб ҳовлига кириб келганини кўрди-ю, қувониб айвондан яланг оёқ чопиб тушди:
— Вой, Сатторжон ака, қандай шамол учирди! — деб эрини елкасидан олиб кўришди, дарров қўлидан чамадонини олди. — Мухтор, чоп, даданг билан кўриш!

Лабларида яқинда еган қовунининг шираси қолган лўппи юзли болача бир қўли билан ойисининг этагидан тутган ҳолда иккинчи қўлчасини дадасига кўришиш учун узатди. Кўзлари ялтиллаб, эшитилар-эшитилмас товуш билан:
— Ассаём! — деб шивирлади. Саттор унинг қўлчасини кафтига олиб секин силкитар экан, юраги «жиз» этди. Москвадан кўнглига тугиб келган ниятини амалга ошириши энди аввалгадан қийинроқ туюлди. У атрофга аланглаб:
— Аям кўринмайдими? — деди.
— Аям районга кетганлар. Топширган пиллаларига газвор берармиш. Кечқурун келадилар.
— Ҳамма соғми ахир?
— Ҳа, шукур, эсон-омон юрибмиз.

Саттор онаси уйда йўқлигидан ўзича мамнун бўлиб қўйди. У аввал Ойшахон билан яккама-якка гаплашмоқчи эди. Чамадонини очиб, Мухторга олиб келган ўйинчоқ машиналарни олиб берди:
— Бор, ана у сояда ўйна, — деб сўрини кўрсатди. Ойшахонга қараб: — Ичкарига кирамиз, гап бор, — деди.

Саттор бугун жуда бошқача. Унинг мулойим гапириши Ойшахонга аввал ёқди, кейин эса меҳмонга келган бегона йигитнинг сиполигидай совуқ туюлди. Ойшахон чой дамлаб кирмоқчи эди, Саттор:
— Чой керак эмас, — деб уйга кириб диванга ўтирди. — Қани, сен ҳам ўтир.

Ойшахон ёмон бир кўнгилсизликни олдиндан сезаётгандай юраги увушиб, атлас рўйжо ёпилган сим каравотнинг бир четига омонатгина ўтирди.
— Ойша, мен сен билан бугун очиқчасига гаплашмоқчиман.
— Нимани?
— Икковимизнинг турмушимиз нотўғри қурилганини. Биласанми, девор қийшиқ урилса, бир кун эмас, бир кун қулайди.

Ойшахон каравотдан йиқилиб кетаётгандай бўлиб, яллтироқ никель дастани маҳкам чангаллади.
— Бу нима деганингиз?!
— Биз эскича турмуш қурганмиз, тўғрими? Ота-онанинг измига бўйсунганмиз. Бир-биримизнинг кўнглимиз билан ҳисоблашмаганмиз. Мана энди бунинг жабрини тортиб юрибмиз.
— Мен сиздан жабр кўрганим йўқ. Бирда-яримда қийналган бўлсам, ҳаммасига чидаб юрибман. Ё мени биров сизга ёмонлаб бордими? Бировларнинг гапига ишонманг, Сатторжон ака! Мана, тепамизда Худо турипти! Мен ўлгунимча сизга содиқман!

Ойшахон оташин бўлиб айттан бу сўзлар унинг Сатторни астойдил севишини кўрсатиб турар эди. Аммо ўзи суймаган хотинининг севгиси бу гал ҳам Сатторга малол келди.
— Гап бировларнинг ёмонлашида эмас!

Саттор «мен сенга кўнгилсизман» деган фикрни ётиқроқ қилиб тушунтириш учун сўз қидирди:
— Мен ўзим... жуда қийналиб юрибман. Кўр-кўрона турмуш қуришнинг жабрини мен тортяпман!

Ойшахон бу гапларни яна бошқача тушунди:
— Беш йилдан бери шаҳарда бир ўзингизга қийин бўлаётибди, биламан, ўтган гал айтдим-ку, бизни олиб боринг, ижара бўлса ҳам майли...
— Гап уйда эмас, ахир, Ойша, наҳотки ҳеч нарсага фаросатинг етмайди! Гап меҳрда! Гап кўнгилда! Менда меҳр йўқ, тушундингми?!

Ойшахон каравотни шиқирлатиб, ўтирган жойида бир қимирлаб олди. У «эрим менга содиқми, йўқми» деб кўп ҳам бош қотирмас эди. У Сатторни яхши кўриши ва унга садоқат сақлаши гўё икковлари учун ҳам етарли эди. Сатторнинг ўтган галгига ўхшаш совуқ муомаласини эса Ойшахон кечириш мумкин, деб ўйлар эди. «Одамларнинг эри уради, оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан сўкади. Сатторжон акам мени ҳали чертган ҳам эмас!» деб ўзича фахрланиб юрар эди. Мана энди эри ўзининг бемеҳрлигини айтяпти.
— Меҳр кўзда, дейишар эди, сиз биздан узокларда юриб меҳрингизни йўқотгандирсиз.
— Бор бўлса йўқотар эдим, йўқни йўқотиб бўладими?
— Йўқ?! — ранги бўздай оқариб сўради Ойшахон.

У бирга ўтказган йилларидан ҳимоя истар, юзлаб одамлар уларга ок фотиҳа берган тўйларидан мадад олмоқчи бўлар эди. Аммо Саттор у таянмоқчи бўлган ҳамма устунларни бир-бир қулатиб бораётганга ўхшарди:
— Мен ўшанда ўқимоқчи эдим, Ойша, тўй бўлишига қарши эдим. Мен ўзим ҳам айбдорман! Ёмон хато қилганман! Қочиб кетмаганимга кейин минг пушаймон бўлдим! Орият деб мени мажбур қилишган эди...
— Энди буни менга нега айтасиз?
— Ахир сен ҳам ҳақиқатни билишинг керакми, йўқми? Ёки умрбод бу совуқ турмушга кўникиб ўтиб кетмоқчимисан?

—Совуқ бўлса сиз учун совуқдир, мен учун эмас!..

Саттор бу жавобдан танг қолиб, ўрнидан туриб кетди. Ойшахон ҳам беихтиёр ўрнидан туриб, каравотнинг ялтироқ дастасидан ушлаган ҳодда Сатторга бақрайиб қаради. Унинг ранги қонсиз, кўзлари алланечук тўхтаб қолган. У Сатторнинг қаршисида худди муаллимидан қаттиқ дашном эшитаётган талабага ўхшаб турарди.
— Сен ўзингни менинг ўрнимга ҳам қўйиб кўргин, Ойша. Кўзингни каттароқ очиб аҳволимга бир қарагин! Агар менинг сенга астойдил кўнглим бўлганда беш йилдан бери кўчиртириб олиб кетмасмидим? Ёки ўзим ёнингга келмасмидим! Одамлар севган хотинлари учун нималар қилмайди. Мен эса... бу ерга бўйнидан бойлангандай мажбур бўлиб келаман. Сал нарсадан энса қотган, асаб бузилган... Бу ҳали уч-тўрт ойда бир келиб кетганим учун бўлаётган ҳолваси. Агар доим бирга турадиган бўлсак, турмушимиз жаҳаннамга айланиб кетади. Ҳар куни уриш-жанжал қилиб, шарманда бўлиб юриб, охири бир кун ажрашишга мажбур бўламиз. Ундан кўра ҳозир яхшиликча бир битимга келайлик!

Ойшахон сим каравотнинг дастасига суянганича индамай ерга қараб турар, фақат аъзойи бадани зир титрар эди. Унинг титроғи суяниб турган каравотига ҳам ўтиб, темирларни ҳам шиқирлатарди. Саттор унинг юзи ўзгариб аллақандай жонсиз бўлиб қолганини кўрди-ю «Нима қилиб қўйдим?» деб калимага келиб:
— Ахир... ажрашмоқчимисиз? — деди.
— Бошқа чора йўқ. Мен сендан ёмонлик кўрган эмасман, Ойша. Шунинг учун яхшиликча орани очиқ қилиб кетмоқчиман. Менга ҳеч нарса керак эмас. Уй, буюм, мол-ҳол ҳаммаси сенга қолсин. Бола бор. Унинг учун қонун талаб қилган нафақани тўлаб тураман...

Ойшахондан садо чиқмас эди. Саттор «Ҳамма гапни айтдим», дегандай қилиб ҳовлига чиқиб кетди.

Ойшахоннинг кўзи қаршидаги деворга тушди. Тўйларига онаси билан бирга тиккан кўк бахмал сўзана деворни энлаб, ипаклари ҳали ҳам товланиб турибди. Сўзананинг устига Саттор билан Ойшахоннинг гулдор рамкага солинган расмлари ёнма-ён осиб қўйилган. Буни ҳам Ойшахон ўзи қилган эди. У Сатторни соғинганда девордаги расмга узоқ-узоқ тикиларди. Сатторнинг йўлига кўзи тўрт бўлиб, кечалари ёлғиз тунаганда, бу расм гўё унинг ёлғизлигини билдирмас эди. Мана энди унинг кутадиган Саттори йўқ. Энди бу одам уни умрбод ташлаб кетади!

Ойшахонни девордаги сўзана ҳам, расм ҳам чақиб олгандай бўлди. У бирдан бўғилиб, нафаси қайтиб, уйдан ташқарига интилди.

Айвонда Мухтор машина ўйнаб ўтирибди. Томнинг бўғотида мусича кукулаяпти. Қовоғари секин ғўнғиллаб учиб ўтди. Олам шундай тинч, осмон ўз ўрнида турибди, сув ўз ариғида осойишта оқяпти. Фақат Ойшахоннинг ўй-ҳаёллари тўс-тўполон бўлиб кетган, бутун ҳис-туйғулари жойидан қўзғалган. Ажрашиш ҳақидаги гаплар унинг вужудига заҳар бўлиб тарқаляпти. Ойшахон нажот истагандай атрофига аланглади.

Унинг кўзи товуқ катагининг томи устига ёйиб қўйилган қовун қоқига тушди. Ойшахон бу қовун қоқини «Сатторжон акам яхши кўрадилар, Тошкентга кўчиб борсак кишда еймиз» деб қилган эди. У Сатторнинг бу ерга келолмаслигини билгандан бери «бир куни келиб бизни албатта, кўчиртириб кетадилар» деб ишонар эди. Ойшахон Саттор олган квартирада кўп қаватли бинонинг бешинчими, олтинчими қаватида қандай яшашларини ўйлаб, куни кеча бир талай орзулар қилган, турли-туман режалар тузган эди. Мана энди бунинг ҳаммаси пуч ёнғоқ бўлиб чиқди. Бирпасда Ойшахоннинг ҳамма орзу-умидлари чил-чил синди.

Бостирмадаги ола сигир арқонини таранг тортиб, Ойшахонга томон интилди-да, овқат сўрагандай босиқ бир товуш билан маъради. Унга ўт ўриб келиш керак. Ойшахон бирор ишга уннаса сал енгил тортадиганга ўхшади. Ўроқни олмоқчи бўлиб нариги уйга ўтаётган эди, сўрида пешанасини кафтига қўйиб ҳаёл суриб ўтирган Сатторни кўрди. Кейимлари, сочи, бўйни ҳаммаси шундай озода, шундай чиройли, ўтириши ҳам шундай шаҳарча, назокатли! Ойшахон ўзи билан эрининг орасида фарқ нақадар катта эканини энди четдан кўргандай бўлди. «Ўзига муносиб қизни шаҳардан топган бўлса керак!» деган аламли ўй юрагини ўртаб юборди. У тўсатдан Сатторнинг тепасига келди-ю:
— Мен билан ажрашиб, шаҳардаги яхши кўрганингизни олмоқчимисиз? — деди.

Ойшахон Сатторнинг «яхши кўрган ҳеч кимим йўқ» дейишини истарди. Саттор унинг шубҳасини рад этса, Ойшахоннинг кўнгли сал таскин топадиганга ўхшарди.

Саттор унга ачингандай бўлиб каради-ю:
— Нима қилай, ҳаёт шунақа экан, — деди. — Сенинг ҳам эркинг қўлингда бўлади-ку, Ойша. Ҳали ёшсан, мен билан турмуш қилиб ёлчиган эмассан. Балки бошқа биров...
— Бас! Эр сиздака бўладиган бўлса, мен дунёдан эрсиз ўтаман!
— Ихтиёр ўзингда. Фақат сендан илтимос... Бежанжал, яхшилик билан ажрашайлик.

Шундай ёмон ишни Саттор яхшилик билан қилмоқчи бўлаётганини Ойшахонни тутақтириб юборди:
— Сиз менга бунақа мулойим хунук гапларни айтманг! Ундан кўра Азроил бўлиб жонимни олганингиз яхшироқ! Чала ўлик килиб кетгунча, ўлдириб кетинг мени!

Айвонда ўйнаёгган Мухтор ўйинни ҳам унутиб онасига кўзининг пахтасини чиқариб қараб қолди. Саттор иложи борича ётиғи билан юракдан чиқариб айтган сўзлари Ойшахонни бунчалик дахшатга солади, деб ҳеч ўйлааган эди, довдираб қолди.
— Ойша, ўзингни бос, илтимос қиламан, Ойша!.. Сатторнинг сўзини ҳеч вақт ерда қолдирмаган, ҳамиша ювош, қобил-мўмин Ойшахон ҳозир унинг илтимосига қулоқ ҳам солмас, ҳовлининг ўртасида туриб, титраб-қақшаб:
— Пичоқни олиб чиқинг! Сўйиб кетинг мени! — дерди.

Мухтор йиғлаб ойисига томон интилди. Саттор саросима бўлиб Ойшахонни тирсагидан одди:
— Эсингни йиғ, Ойша! Мухторни қўрқитяпсан! Болангга қара! Ойшахон Сатторнинг қўлидан ҳазар қилганга ўхшаб силтаниб, тирсагини бўшатиб олди:
— Қўлингизни тортинг! Мен «пуф сассиқман!». Саттор уни севмаслиги, у билан ажрашиб, севганини олмоқчи эканлиги Ойшахоннинг қалбини шундай тимдалаяптики, оғриғига чидаб бўлмайди. Йиғласа, балки кўз ёшлари бу оғриқни сал юмшатар эди. Аммо унинг кўзлари намсиз. Лаблари ички қийноқдан тиришган, юзи ердай ўнгиб кетган.

Ўғилчаси йиғлаб келиб этагига ёпишган эди, Ойшахон:
— Тегма менга! — деб этагини боланинг қўлидан чиқариб олди. Унинг кўзига ҳозир бола ҳам кўринмас эди. У Сатторни четлаб ўтаман деб ёз бўйи ўзи авайлаб ўстирган нозик гул, бўтакўзларни босиб олди. Аммо буни сезмади. Боши оғриб нариги уйга кирди. Нега кирганини эслаёлмай, ичкарида нафаси бўғилиб, дарров қайтиб чиқди. Сўнг томорқани оралаб узоқлашиб кетди.

Бола унга эргашган эди, Саттор қайтарди:
— Ойингни бирпас ўз ҳолига қўй. Жаҳли сал босилсин. Юр, машиналарингни ўйнайсан. Юр!

Саттор ўғилчасини қўлидан тортиб, етаклаб, айвоннинг оддига олиб келди. Аммо боланинг машина ўйнагиси келмас, у ойиси кетган томонга хавотирланиб қараб турар эди.

«Мен сенга азалдан бемеҳрман... Тўй бўлишига қарши эдим. Ўшанда қочиб кетмаганимга пушаймонман... Ахир сен ҳам ҳақикатни билишинг керакми, йўқми?».

Саттор айтган бу сўзларнинг ҳар бири Ойшахонни гўё чаён бўлиб чақар эди. Ойшахон бу сўзларни ҳаёлидан узоқлаштирмоқчи бўлиб атрофига қаради. Ўт-ўланлар орасида дарахтдан тўкилган олмалар юмалаб ётибди. Узоқда трактор тариллади. Уфқ қира, хаводан тупроқ ёғиб турибди. Қаердадир чанг-тўзон бўлган. Ойшахон ҳаёлини шу нарсалар билан банд қилишга тиришди:

«Қурт еган олмани сигирга териб бермоқчи эдим... Трактор нима қиляпти экан?». — Аммо тўсатдан яна Сатторнинг гаплари ҳаёлига босиб келди-ю бошқа нарсалар билан аралаш-қуралаш бўлиб эшитила бошлади. «Агар менинг сенга кўнглим бўлганда, беш йилдан бери кўчириб олиб кетмасмидим?». Осмон ғубордан паст бўлиб қолганга ўхшайди. «Одамлар яхши кўрган хотинлари учун нималар қилмайди! Мен эса бўйнидан бойлагандай мажбур бўлиб келаман...» Сигир қурт еган олмани яхши ейди... Ойшахонга ҳозир ўзи ҳам, Саттор билан кечирган умри ҳам аянчли ва жирканч кўрина бошлади. Уй ҳам, ҳовли ҳам, томорқа ҳам заҳарли туйғуларга тўлиб кетганга ўхшарди. Ойшахон бу туйғулардан қочиб кутуладиган жой қидириб, томорқадан нарига ўтиб кетди.

У қаёққа бораётганини ўзи ҳам билмас эди. Торгина сўқмоқ пастда тўлқинланиб оқаётган улкан дарё бўйига келиб тамом бўлди...

Ҳовлида қолган Мухтор дадасининг қўлидан юлқиниб чиқди-да, туртиниб-қоқиниб ойисининг изидан кетди.

Ойшахон дарёдан ҳар кун сув оладиган жойига келиб тўхтади.

Кенг ўзанда тармоқланиб оқаёгган дарёнинг бир қисми бу ерда тош аралаш қумлоқ қирғоққа «чилп-чилп» урилиб ўтар эди. Қуйироқда бу оқим дарёнинг асосий оқимлари билан қўшилиб, ваҳимали гирдобга айланиб кетар, нураб турган пастки соҳилни йил сайин емириб, жар қилиб борар эди.

Ойшахон тупроғи сувга тўкилиб, нураб турган ўша жарга қаради-ю, Сатторнинг «девор қийшиқ бўлса бир кун эмас, бир кун қулайди» деган сўзларини эслади. Саттор буни икковларининг кўнгилсиз турмушлари ҳақида айттан бўлса ҳам, ҳозир Ойшахоннинг ўзи ўзига қийшиқ бир девор бўлиб кўринди. Саттор уни ташлаб кетадиган бўлса, бировлар «қийшиқ бўлгани учун ташлаб кетди!» деб кулишини, бошқа бировлар: «Бундан узоқроқ юрайлик, яна устимизга қулаб тушмасин!» деб ўзини тортишини Ойшахон гўё олдиндан ҳис қидди. У чидаб туриб бўлмайдиган бир аламдан тўлғаниб, ўзига ўзи гапирди:
— Ташландиқ хотин... қийшиқ девор... Қулайди! Қуласа ҳам мана шу дарёга қуласин... Агар... Ҳеч ким... Ҳаммасини сув яширади...

Ойшахон кўзларини катта-катта очиб, дарёга тикилиб қолди. Ўзини чаёндай чақаётган ҳамма заҳарли туйғуларни шу дарёга ғарқ қилиб юбориши мумкиндай туюлди. Бунинг учун Ойшахон ўзи ҳам ғарқ бўлиши кераклигини ҳис қилди-ю, сесканиб, қирғоқдан икки-уч қадам орқага чекинди. Шунда ҳамма аламли ўйлар, ҳамма заҳарли туйғулар аввалгидан ҳам зўр бир куч билан вас-вас бўлиб босиб келди. Унинг кўз олди қоронғилашди. Нима қилаётганини ўзи ҳам билмагани ҳолда нимчасини ечиб ерга ташлади. Ҳаёлида интиқом аралаш бир ўй тутундай буруқсар эди: «Ҳали пушаймон бўлади! Ҳали кўради! Ҳа, ҳа...».

14

Ҳовлида ёлғиз ўзи қолган Саттор Ойшахонга айтган гапларини эслаб, мулоҳаза қииб кўрди. Ҳаммаси рост, ҳаммаси уни кўпдан бери қийнаб юрган ҳақиқат. Аммо, бу ҳақиқатни Ойшахон кўтара оладими ёки бирон корҳол юз берадими? Мана шу ўй унинг ҳаёлига энди келди-ю, Саттор бирдан изтиробга тушди. Эҳтимол, онасининг авзойи бежолигини Саттордан кўра бола тезроқ сезгандир? Шунинг учун дадасининг ёнида қолгиси келмай ҳовлидан йиғламсираб чиқиб кетгандир?

Саттор ўғли кетган томонга шошилиб жўнади. Сўқмоққа чиққанда дарахтлар орасидан дарёнинг нариги чети ойнадай ярақлаб кўринди. Шу пайт қирғоқ томонда боланинг дод солиб йиғлагани эшитилди. Саттор овоз келган томонга қараб югурди.

Мухтор ойисининг телбага ўхшаб бир нарсалар деб гапириши, ўзини дарёга ташлаганини анча берироқдан кўрган эди. У қўрққанидан ойисига қараб эмас, орқага қараб чопиб келмоқда эди:
— Ая!.. Аяжон! Ая! — Бола Сатторни кўрди-ю, унга караб қўл чўзди: — Дадажон! Ая кетди! Ая...

Васвасга берилиб боласини ҳам унутган Ойшахон муздай тўлкинлар ичида сесканиб: «Нега бундай қилдим?» деди. У дарёнинг чуқур жойига ўзини ташлаган эди, чўкаётиб Мухторнинг «Ая!» деб чинқирганини эшитди. Оналик туйғуси энди ўзини эслатди. Ойшахон жон-жаҳди билан юқорига интилди. Оёғи дарёнинг тагига тегиб қапчидими ёки оқим ёрдам бердими, Ойшахон сузишни билмаса ҳам, сув юзига бир талпиниб чиқди. Шунда ёруғ дунё унга бениҳоя ғанимат ва азиз туюлди. У ҳозир боласининг ёнига чиқишни, яшашни истарди, тирик қолишга бутун борлиғи билан интиларди. Дунёда ўлимдан бераҳм, ўлимдан мудҳиш нарса йўқлиги унга энди билинмоқда. Унинг назарида дунё ҳозир сувга эмас, ўлимга тўлиб оқмоқда эди. Қирғоқларга урилиб ўтаётган бераҳм куч уни ўз қаърига тортиб кетди. Ойшахон, нафаси қайтиб, сув ютиб, яна кўринмай қолди. Чинқириб йиғлаётган боласига сўнгги марта қараб олишга ҳам улгурмади.

Унинг юзага бир қалқиб чиққанини кўрган Саттор чопиб келаётган кўйича кўйлагини ечди, туфлисини оёғидан отди-да, дарёга сакради.

Қудратли оқим Ойшахоннинг жар этагидаги гирдобларга томон олиб кетмоқда эди. Дарё бўйида ўсиб, бу атрофда кўп сузган Саттор ўша гирдоблардан ҳамиша қўрқар эди. Бу ерда яхши сузадиган одамни ҳам пастга тортиб кетадиган бир ўпқон бор эди. Бундай беш йил олдин шу ерда бир сувчи йигит чўкиб ўлгани унинг эсига тушди.

Ойшахон сув ичида талваса қилиб, қўл-оёқларини сермаб типирчилар, аммо ушлайдиган ё таянадиган ҳеч нарса тополмас, нафаси қайтиб, сув ютиб, ҳушидан кетиб борар эди. Шу пайт Саттор етиб келди. Унинг қўлига Ойшахоннинг ёқаси илинди. Саттор ёқадан тортиб, энди юзага чиққан пайтда Ойшахон жон аччиғи билан унга ёпишди-ю, бўйнидан маҳкам кучоқлаб олди. Ўзини йўқотиб қўйган Ойшахон нима қилётганини билмас, Сатторни қучоғидан қўйса сўнги умидидан ажраладиганга ўхшар эди. Бироқ, бу ҳолатда сузиб бўлмас эди. Энди иккови бирга чўка бошлади. Сатторни ваҳима босди. Ойшахон зилдай оғир. Сув ичида таянадиган жой бўлмагани учун дурустроқ силтаниб ҳам бўлмасди. Саттор тиззаси билан Ойшахоннинг қорнигами, биқинигами бир урди. Шунда Ойшахон уни қўйиб юборди. Саттор бир интилиб сув юзига чиқар экан, тусмол билан Ойшахоннинг бошини топиб, сочидан ушлаб юқорига тортди.

Ниҳоят, икковларининг ҳам бошлари сув юзида кўринди. Саттор энтикиб, сув пуркаб, нафасини ростлади. Ойшахон ҳушидан кетган эди. Саттор уни чалқанча қилиб, бир қўли билан кўйлагининг елкасидан ушлаб олди.

Бу орада улар машъум гирдобларга яқин бориб қолган эдилар. Зўр оқимнинг асосий қисми шу гирдобларга бориб пасаяр, ўпқонга тушиб, йўқ бўлиб кетар эди. Аммо оқимнинг нариги четида йирик соч ўримларига ўхшаган ғайир тўлқинлар гирдобини четлаб ўтар эди. Саттор бутун кучини ишга солиб, оқимнинг ўша четига қараб суза бошлади. Бу оқим дарёнинг ўртасига — бошқа ваҳимали оқимларга қараб кетса ҳам, қуйироққа бориб қиргоққа ёндашишини у яхши биларди. Жони кўзига кўринмаган бўйдоқлик даврида Саттор тенгдош йигитлар билан бас бойлашиб, бир марта мана шу жойдан сузиб ўтган ҳам эди. Аммо ҳозир бир кўлидаги оғир юк билан кучли оқимнинг нариги четига ўтиш беҳад мушкул туюлди. У хатарли гирдобга яқин бориб қолди. Оқим жимиб, гирдобга сингиб кетаётган жойда сув уни куч билан пастга тортди. Саттор «энди тамом» деб ўйлади. Аммо тирик қолиш истаги, яшаш иштиёқи унга шундай бир қувват берди, ўлим хавфи уни шундай қамчилади-ки, Сатторнинг оёқ-қўлларигина эмас, бутун вужуди, баданида бор ҳар битта мускули сузгичга айланиб кетгандай бўлди. У жон-жахди билан талпина-талпина соч ўримларига ўхшаган ўша четки оқимга қулоч отиб кирди. Бу оқим ёрдамида нишабга қараб сузиш осонроқ эди. Саттор анча нарига бориб, тошлоқ қиргоққа ёндашди.

Ойшахон хушига келиб кўзини очса, тепасида мажнунтолнинг майин эгилган шохлари қуёш нурларида нафис йилтираб турибди. «Тирик қолдимми?» деган ўй ҳаёлига биринчи бўлиб келди. Бадани карахт, у бошини бир ёнга бурди. Кўп йиғлаб кўзи қизарган Мухтор ойисининг қимирлаганини кўриб, суюниб кетди. Ойшахон эшитилар-эшитилмас товуш билан:
— Мухторжон!.. — деди. Бола тошлоқда шақир-шуқур юриб келиб, онасининг ёнига чўккалади. Ойшахон ётган куйича қўрғошиндай оғир қўлини зўрға кўтариб, ўғлини бағрига босди. Шағалда оғир қадам товуши эшитилди. Ойшахон юзини нариги томонга ўгирди. Сочлари хўл, майкачан Саттор унга ҳорғин кўзлари билан тикилиб турибди. Ойшахон сув тагида кимгадир ёпишганини ғира-шира эслади. Ким эди у? Ойшахон билмайди. У Саттордан ҳайиқиб, юзини Мухторнинг панасига олди. Заиф лаби титраб, боладан шивирлаб сўради:
— Мени ким... олиб чикди?

Мухтор бошини кўтариб, Сатторга болаларча бир ифтихор билан қаради. Сўнг завқ билан:
— Дадам! — деди.

Болача отасини гўё энди таниган ва гўё энди астойдил яхши кўриб қолган эди. Ойшахон буни сезди-ю, кўзларига ёш қуйилиб келди. У Сатторни пушаймон қилдирмоқчи бўлиб ўзини дарёга ташлаганидан энди минг пушаймон эди. Ўзини ўлимдан олиб қолган Сатторга эса уялиб қарай олмас эди.

Саттор унинг қилган ишидан қанчалик норози бўлмасин, ҳозир кўзига ёш олаётганини кўриб, енгилроқ гап қидирди:
— Сувни кўп ютиб роса водавоз бўлиб кетган экансан. Тўкиб-тўкиб зўрға тамом қилдим!

Саттор уни қўлига кўтариб, оғзини пастга қилиб, ютган сувларини қандай туширгани Ойшахоннинг кўз олдига келди. У изза бўлиб ўрнидан туришга интилди, аммо бошини кўтариб ололмади. Кўнгли беҳузур бўлди.
— Ёт, қимирлама, ҳадемай яхши бўласан, — деди Саттор. — Унгача аям ҳам келиб қолар.

Саттор унинг қуруқ нимчасини бошига қўйди.

Хосият хола райондан қайтганда Ойшахон уйга келтирилиб, диванга ётқизиб қўйилган, Саттор фельдшерни чақириб, дори-дармон қилдирган эди. У Ойшахоннинг ўзини сувга ташлаганини онасига ҳам, бошкаларга ҳам атайлаб айтмади. Гапни кўпайтиргиси келмай:
— Оёғи тойиб тушиб кетибди, — деб кўя қолди. Ойшахон ҳам буни тасдиқлар эди. Ажрашиш ҳақида бўлиб ўтган гап фақат иккови биладиган ички сир бўлиб қолиши Ойшахонга далда берар, кераксиз гап-сўзлардан уни ҳимоя қиладигандай бўлар эди. Кечки пайт воқеадан хабар топиб Ойшахоннинг онаси ҳам келди. Саттор кўчага чиқиб кетганда:
— Қудажон, болам кўзиккан, бунга инс-жинс теккан, иримини қилайлик, — деб Ойшахонга исириқ солди. Кейин уни ҳовлига суяб олиб чиқишди.

Хосият хола битта жўжахўрозни келинининг оёғи тагига келтириб сўйди-да, қонидан чаккасига озгина суртди. Ойшахонни елкасига уриб-уриб қоқди:
— Суқбўлсанг, чиқ, ҳасад бўлсанг, чиқ! Арвоҳ бўлсанг, гўрга бор! Шайтон бўлсанг, ғорга бор!

Ойшахон бунақа иримларнинг фойда беришига ишонар, шунинг учун ўзини тобора яхши ҳис қилар эди.

Оқшом унга жўжахўрознинг шўрвасидан ичириб ётқизишди. Эртаси куни Ойшахон ҳийла яхши бўлиб турди ва кундалик юмушларини қилиб кетди.

У ошхонада ширчой пишираётганда Хосият хола билан Саттор айвонда гаплашиб ўтирар эдилар.
— Бир Худо деганимиз бор экан-да, — деди Хосият хола. — Бўлмаса, бу дарё ҳар йили қонсирайди. Битта-иккита одамними, молними олиб кетади. Сенинг хабардор бўлиб қолганингни айт-а, Сатторжон. Мана бу болагинангнинг бахтими, ишқилиб, хотининг бир ўлимдан қолибди!

Мухтор бир ғилдираги чиқиб кетган машиначасини Сатторнинг олдига кўтариб келди:
— Дада, тузатиб беринг!

Саттор ғилдиракни ўрнига қўйиб берган эди, бирпас ўтмай Мухтор яна:
— Дада, бу сизга! — деб Сатторнинг олдига қошиқ келтириб қўйди.

У Сатторнинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрарди. Гўё у дадасини энди топиб олган. Шу вақтгача Саттор қўл етмас бир узоқлиқда юрар, Мухтор ундан доим уялар, тортинар, яқинига боришдан ҳайиқар эди. Кечадан бери дадаси унга беҳад яқин, беҳад қадрдон бўлиб қолган, Мухтор унга болаларча бир ихлос билан қарайдиган бўлган. Бугун ширчойни ҳам у Сатторнинг ёнида ўтириб ичди.

Оталик ҳисси Сатторга ҳам жуда илиқ туюлиб, кўнглининг бир четини юмшатиб турар эди. Аммо кўнглининг тубида ҳали ҳам ўша тошдай оғир тугун ўрнидан жилмай ётибди. У ёқда Сатторни деб ич-этини еб юрган Розия. Бу ёқда бу кўнгилсиз турмуш. Икки ўт орасида куйиб юрган унинг ўзи...

Москвада Розия бутун ихтиёрини Сатторга бергандан кейин бу чигал тугунни ечишнинг йўли топилгандай бўлган эди. Саттор Ойшахонни жанжал-тўполонсиз ажрашишга кўндираман, деб ўйлаган, кеча шу ишонч билан бу ерга келган эди.

Бироқ, бу ҳаммаси бир хом ҳаёл эканини у энди кўриб турибди. Бир-бирига киришиб кетган эт билан тирноқни оғриқсиз ажратиб бўлмаслигини Саттор унутган экан. Сўнги бир кун унга хотини севмаслигидан ҳам муҳимроқ, мураккаброқ нарсалар борлигини эслатди.

Агар Ойшахон ҳам Сатторнинг ўзи даражасида мустақил фикр юритадиган, ҳамма нарсани таҳлил қила оладиган одам бўлганида эди, ҳар қандай ички оғриқларга чидаб, инсоний ғурурини қўлдан бермай, «муҳаббатсиз турмушни мен ҳам истамайман» деган бўларди. Унда Саттор ўйлагандай бежанжал ажрашишлари мумкин эди. Бироқ, Ойшахон аввал ота-онанинг, сўнг эр билан қайнонанинг измига бўйсуниб ўрганган. Унинг ички дунёси боланикидай мўрт бўлиб қолган. У дала иши-ю, рўзғор ташвиши билан бўлиб, ўзига яхши қараёлмагани учунми, ҳамиша кимгадир суянади, кимнингдир раъйига қарайди. Турмушга чиққандан бери унинг суянган тоғи ҳам, энг катта таянчи ҳам Саттор эди. Кеча Саттор ҳалиги гапларни айтгандан кейин бу тоғ гўё жойидан қўзғалиб кетди, Ойшахон таянчидан ажралиб, мувозанатини йўқотди-ю бехосдан дарёга йиқилиб тушгандай бўлди. Бугун шу тоғ яна ўз ўрнида осойишта турганга ўхшайди — Саттор Ойшахонни дарёдан олиб чиққани ҳам, одамларга гап нимадалигини айтмагани ҳам, ўғилчасини ёнига олиб ўтиргани ҳам гўё шундан далолат беради.

Ойшахон ширчойни ҳамма қатори иштаҳа билан ичди, Хосият хола эр-хотинни ёлғиз қолдиргиси келиб, коса-товоқларни ўзи йиғиштириб олиб кетди. Саттор Ойшахонга ер тагидан қараб:
— Энди дурустмисан? — деди.
— Ҳа, шукур.
— Кеча... нега ундай қилдинг?..
— Ўзим ҳам билмайман.
— Мендан қасд олмоқчи бўлдингми?..
— Ўзим ҳам билмайман.
— Мендан қасд олмоқчи бўлдингми?
— Қасд? Йўқ, мен... мен... шармандаликдан қутулмоқчи бўлдим.
— Агар сен чўкиб кетсанг, энг катта шармандалик ана унда бўлар эди!

Ойшахон кўзлари ёшланиб:
— Ҳеч ким билмас эди, — деди. — «Оёғи тойиб тушиб кетибди», дедингиз, ҳамма ишонди-ку.
— Ҳеч ким билмаса ҳам, мен билар эдим!
— Сиз ҳам кеча одамга оғир ботадиган гапларни айтдингиз-да.
— Гапим нотўғри бўлса, исбот қилиб бергин эди, дардинг бўлса, очиқ айтгин эди. Шунчалик жаҳолатга бериласанми? Бу ёкда бола. Ўзингнинг ёш жонинг. Яна мени ҳам бировнинг ўлимига сабаб бўлган бир қотилга айлантириб кетмоқчимидинг?

Ойшахон кеча ақлини йўқотиб қилган қилиғининг бунчалик ёмон маънолари борлигини энди астойдил фаҳмлади-ю азбаройи ҳижолат бўлганидан пиқ-пиқ йиғлай бошлади.
— Мен бир аҳмоқлик қилдим... Умримда бундай уятли иш қилган эмас эдим...

Ҳозир шу туришда Ойшахон Сатторга фақат ўзининг хотини бўлиб эмас, ёрдамга муҳтож бечора бир одам бўлиб кўринди. Уни шу аҳволда ташлаб кетиш — сузишни билмайдиган одамни дарёнинг ўртасига олиб бориб ташлаб кетишга ўхшарди.
— Э тавба! — деди Саттор куюниб. — Сен ҳам мана шу қишлоқда дарёнинг бўйида ўсгансан-ку. Нега ақалли сузишни ўрганмагансан?

Гап фақат сувда сузиш ҳақидагина эмаслигини Ойшахон ҳам сезди. У кўз ёшини кафти билан артиб:
— Уялганман, — деди. — Кичкиналигимда дарёдан қўрқар эдим. Кейин: «Қиз болага уят бўлади» деб аям қўймаганлар. Ўзим ҳам одамлар гап қилади, деб тортинганман.
— Одамларнинг гапи-ю, эскича қарашлари келиб-келиб сенга ёпишгани қизиқ. Ахир худди шу қишлокдан чиққан Рихсихон Тошкентда сузиш мусобақаларида соврин олди-ку. Уни телевизорга чиқариб мақташганда ҳаммаларинг: «Бу қиз бизнинг қишлоқдан!» деб фахрлангандирсанлар?

Саттор шу билан: «Гап сенинг қиз бола бўлганингда ҳам эмас, қишлоқлик эканлигингда ҳам эмас, ҳамма айб ўзингда!» деяётгандай бўлди.

Бу Ойшахонга эрининг кечаги оғир гапини эслатди. Ойшахоннинг кўзига яна ёш куюлиб келди:
— Нима қилай? Рихсихон институтда ўкиган. Мен ҳам ўзимга яраша бирон жойда ўқий дедим. Олиб бормадингиз.
— Институтда ўқимасданам униб-ўсиб кетаётганлар йўқми?
— Нега бўлмас экан? Бор. Раис тоғам мени, табелчиликка оламан, деди. Дадам қўймадилар. Механизаторликни ўрганай дедим, аянгиз рухсат бермадилар. Ўзимнинг аям ҳам: «Болалик аёлга тўғри келмайди», деб туриб олдилар.
— Хуллас, сен бировнинг рухсатига қараб, бировнинг измига бўйсуниб ўрганиб колгансан. Лекин сени мустақил яшашга ўргатиб бўлармикан? Сувда сузиш унча қийин эмас. Ҳаёт дарёсида мустақил сузишни сенга ўргатиб бўлармикан?

Ойшахон бош эгиб, «сиз нима десангиз шу» деганга ўхшаб ўтирарди. Унинг юзи ички бир изтиробдан оқариб кетган, лаблари титрар эди.

Хосият хола ошхонадан қайтиб келаётиб, эр-хотиннинг орасида жиддий гаплар бўлаётганини сезди. Келинининг кўзи нам эканини кўриб:
— Сатторжон, сен Ойшага қаттиқ ботма, ўзининг сал мазаси бўлмай юрибди, — деди. — Саратон кунларида ҳам Худо буни бир фалокатдан асраб қолган. Сигирга ўт ўраман деб, самолёт эндигина дори сочиб ўтган жойга бориб қолган. Бир-икки тутам ўт ўргандан кейин билган.
— Ҳашаротга қарши сепганмиди? — деб Саттор Ойшахонга хавотирлик билан тикилди.
— Ҳа.
— Ҳамма ёкқа эълон қилинар эди-ку. Эҳтиёт бўлинглар, дейишмаганмиди?
— Айтишган эди. Мен билмай бориб қолибман.
— Ие, ҳидидан ҳам билсанг бўларди-ку!
— Ҳиди ҳамма ёққа тарқаб кетган эди-да... Йўлнинг четига байроқча тиқиб қўйилган экан, мен гўл кўрмай ўтиб кетибман.
— Кейин нима бўлди?
— Сезган заҳотим ўтни ташлаб қочдим. Уч-тўрт кунгача бошим айланиб, кўзим тиниб юрдим. Докторлар дори-дармон қилди.
— Сигирга ўт ўраман деб-а? Жонинг сабил қолганми сенинг? Одам ҳам шунақа бўладими?

Сатторнинг койишлари Ойшахонга оғир ботмас, бир жиҳатдан ҳатто ёқимли туюлар эди. Бу койишларда кечаги совуқ сиполик йўк, балки жонкуярликка ўхшаш бир илиқлик бор. Сатторнинг бояги куюнганлари ҳам, «Сени ҳаёт дарёсида мустақил сузишга ўргатиб бўлармикан?» деган сўзлари ҳам Ойшахонни умидлантиради. «Сатторжон акамлар ажрашиш тўғрисидаги гапларини аччиқ устида айтган бўлсалар, — деб ўйлайди у, — бора-бора ҳаммаси эсларидан чиқиб кетармикин? Кошки шундай бўлса!..»

Ойшахоннинг кўнглидан ўтган бу гапларни Саттор гўё сезди-ю, қалбида қарама-қарши ҳислар туғён уриб ўрнидан туриб кетди.

«Нима қилиш керак? Муҳаббатсиз турмушдан воз кечишга у ҳозир ҳам ўзини ҳакли сезади. Лекин Ойшахон ҳам тирик бир одам. Кеча Саттор унинг чўкаёттанини кўриб, бир четда жим қараб туролмади-ку? Бугун унинг ёрдамга муҳтож бир инсон эканлигини кўриб туриб, ташлаб кетса, кейин бир умр ўзини гуноҳкор сезмасмикан? Ахир айб Ойшахоннинг бир ўзида змас-ку. Нарёқда қолоқ ота-она, бу ёкда эски тушунчали қайнона. Саттор Ойшахонни уларнинг таъсиридан қутқариб олиш учун беш йилдан бери нима қилди? Ҳеч нарса! Нуқул хотинини суймаслигини пеш қилиб, ўзини ундан олиб қочиб юрди. Одам одамга дўст, ғамхўр, деган тушунча каёкда қолди? «Мен илғорман, сен орқада қолгансан, нари тур!» деб итариб ташлаш...

Йўқ, Саттор бундай қилолмайди. Аммо, бу боши берк кўчадан қандай чиқиш мумкин? Ойшахонни бу ерда қолдириб кетса-ю, турмушлари аввалгидай давом этса, яна шу ота-она билан қайнонанинг таъсири ўзини кўрсатаверади. Ҳеч нарса ўзгармайди. Агар уни Тошкентга олиб бориб, бирга яшаса, Ойшахон тезроқ ўзгариши мумкин, Сатторнинг кўнглини тезроқ тушуниши мумкин. Бироқ бунга Саттор бардош бера олармикин? Кеча дарёда Ойшахон уни бўйнидан қучоқлаб, чўктириб юбораёзгани Сатторнинг эсига тушди-ю, эти жунжикди. Ойшахон мана шунақа қилиб унинг бутун орзуларини чўктириб юбормасмикан? Саттор Розиядан маҳрум бўлиб армон қилиб юрмасмикан?

Бироқ Розиянинг ўзи: «Менга сўз беринг, биз ҳеч кимга ёмонлик қилмайлик!» демаган эдими? Энди Саттор бошкаларга ёмонлик қилмаслик учун бутун оғирликни ўзига олса нима деркин? Ўзини қандай тутаркин? Наҳотки, шу ҳолатда ҳам Розия Саттордан юз ўгириб кета олса?

Нима қилиш керак? Саттор не вақтгача ёлғиз ўзи ҳовли билан битта бўлиб ўй ўйлайди-ю, охири яна Ойшахонга рўпара бўлди:
— Таваккал! — деб гўё ўзига-ўзи далда берди. — Мен сени Тошкентга кўчиртириб кетсам... борасанми?

Ойшахон Сатторга «синаб кўряпсизми ё чини биланми» дегандай, кўзларини катта-катта очиб тикилди. Саттор унга изтироб билан қараб турибди. Ойшахоннинг «ҳа» дейиши кўнглининг аллақаерига оғир зарба бўлиб тушадигандек.

Ойшахон унинг кечаги гапларини эслади-ю, иккиланди:
— Борсак қаерда турамиз?
— Кузда уй берадиган бўлган.
— Бизга-я?
— Ҳа, сен ҳам рўйхатда борсан.
— Бориб яна... ортиқча юк бўлсак...
— Бу ёғи ўзинга боғлиқ. Ишга кирарсан.
— Ундай бўлса, майли... Бораман!

Кеч кузда Саттор уйга ордер олди-ю, Ойшахонларни кўчиртириб кетди.

15

Қиш жуда қаттиқ келди. Февраль охирлаб қолаётган пайтда ҳам Тошкентда қор белга урар эди. Қаҳратон совукқа чидаб бўлмайди. Кўчалар тойғоқ, машиналарнинг ғилдиракларида занжирлар шақирлайди. Шаҳарда бор бульдозерлар, скреперлар ишга солинган бўлса ҳам, устма-уст ёғиб турган қордан кўчаларни тозалаб улгуришолмайди. Бундай пайтда троллейбус, трамвайларнинг юриши қийинлашади, бекатларда одам ҳаддан ташқари кўпайиб кетади.

Саттор ишдан чиқиб боғчага борса, Ойшахон Мухторни кийинтириб олиб чиқаётган экан. Учовлари трамвай бекатига келиб узоқ туришди. Уларнинг трамвайлари қаердадир қорга тиқилиб, тўхтаб қолган эди. Кечки изғиринда боланинг юзи кўкариб кетди. Саттор унинг қалт-қалт титраётганини кўрди-ю, кўчадан ўтаётган машиналарга қўл кўтара бошлади.

Ҳозир таксининг бўши анқога шафе. Қўл кўтарувчилар беҳисоб. Одамлар ҳатто, кабинаси бўшроқ юк машиналарига ҳам қўл кўтаради.

Таксининг орқа ўриндиғида хомуш келаётган Розия йўлда қўл кўтариб турган Сатторни кўриб қолди. Ҳовурдан хира тортган дераза орқали унинг ким билан турганини кўзи илғаганича бўлмай, таксичига:
— Тўхтатинг! — деди.

Машина йўл четига чиқиб тўхтаётганини кўрган Саттор болани қўлига олиб чопди. Ойшахон унинг кетидан югурди. Ҳайдовчи олдинги эшикни очди.
— Қаёққа?
— Илгариги Қашқар маҳалласи томонга, янги уйларга!
— Пўстин кийган семиз ҳайдовчи орқага бурилиб, Розияга:
— Айланиш бўлади-ку! — деди.

Саттор орқа ўриндиқда ўтирган сувсар телпакли аёлга энди қаради. Розияни таниб, бирдан нафаси ичига тушиб кетгандай бўлди.
— Сиз! — дея олди, холос.

Бу орада Ойшахон ҳам етиб келиб, орқа эшикни очди:
— Вой, жой бор экан-а, ола қолинг, амаки, айланиш бўлса пулини тўлаймиз!

Ойшахон қўнғир тивит рўмолини пешанасига бостириб ўраган. Совуқда юзининг туклари тиккайиб турган бу озғин жувон Сатторнинг хотини эканини Розия энди пайқади-ю, нима дейишини, ўзини қандай тутишини билмай, бир лаҳза қотиб турди.

Саттор уй олиб хотинини кўчиртириб келганидан Розия хабардор эди. Саттор унга ҳамма воқеани айтиб берган, шундан бошқа илож йўқлигини Розия ҳам тушунган, орзу-умидлари барбод бўлса ҳам, тишини-тишига қўйиб, Саттор тутган йўлни маъқуллаган эди. Аммо, ҳозир Тошкентнинг аллақаерида Ойшахон унинг севган йигити Саттор билан бирга яшаётганини кўз олдига келтирса, Розия ички азобдан ўзини қўядиган жой тополмай қолар, Ойшахон кўчиб келгандан бери шундай катта шахар гоҳо Розияга торлик қилаётгандай туюлар эди. Энди улар ҳаммаси шунчалик мураккаб ҳис-туйғулари билан бирга мана бу машинага қандай сиғишади?

Саттор Розиянинг ўзгариб кетганини сезди, бу тасодифий учрашувдан унинг ўзи хам қаттиқ ўнғайсизланиб, дарров эшикни ёпмоқчи бўлди.

Шу пайт Розия Сатторнинг қўлида совукдан дийдираб турган болани кўрди. Бирдан ҳушини йиғиб:
— Йўқ, йўқ, киринглар, айланиш бўлса майли! — деди.

Ойшахон орқа эшикдан кириб ўриндиққа ўзини ташлади. Машинанинг печкаси «ғир-ғир» ишлаб турар эди:
— Иссиққина экан-эй! — деди Ойшахон суюниб, сўнг болани Сатторнинг қўлидан олди.

Саттор хотинининг гаплари ва ўтиришларидан уялдими, шу аҳволда Розияга дуч келганидан изза бўлдими, бўйнини қисиб ҳайдовчининг ёнига ўтирганича сукутга кетди.

Розия ҳам қимир этмай жим ўтирарди. Улар анчадан бери кўришмаган, бир-бирларини соғинган эдилар. Аммо ҳозир учрашиб қолганларидан хурсанд бўлолмасдилар. Бошқа мураккаб туйғулар икковини ҳам эсанкиратиб қўйган, ҳатто саломлашишга ҳам тиллари бормас эди. «Нега?» — деди Розия ўзича. — Наҳотки Саттор ўзини танимаганга солиб ўтира олса? Хотинидан шу даражада ҳайиқадими?».

Розия Саттор билан охирги марта учрашганда бўлиб ўтган мушкул гапларни эслади.

«Мен шундай бир оғир аҳволдаман-ки, — деган эди Саттор, — сизга ҳатто «Кутинг!» ҳам деёлмайман. Бировнинг қўйди-чиқди бўлишини кўришда нима олижаноблик бор? Мен сиздан садоқат талаб қилишга ҳам ҳаққим йўқ. Агар бошқа биров билан бахтингиз очилса, ҳозир мен бунга рози бўлишдан бошқа чора тополмайман!» Розия кўзига ёш олиб, бу гапларга қаттиқ эътироз билдирган бўлса ҳам, чигал ўй-ҳаёллар жонидан тўйдириб юборганда бошқа бирор йигитни Сатторга ўхшатиб севиб қолишни астойдил истар эди. «Бу бедаво дарднинг давоси шу бўлса керак!» деб ўйларди. Москвадан Розия билан хафалашиб қайтган Сора холаси воқеанинг бир четини Розиянинг ота-онасига айтиб берган эди. Розияни ҳалигача эрга беролмаганларидан ташвиш чекиб юрган ота-она энди бу гапларни эшитиб қатгиқ изтиробга тушган, қизлари бошқа бирор йигитга мойиллик билдиришини зориқиб кутар эдилар. Розиядай кўҳлик қизга севги изҳор қилган, жазман бўлиб совчи юбораёттан йигитлар йўқ эмас эди, аммо уларнинг бирортаси Розиянинг қалбидаги муҳаббатдан устун келолмас эди. Розиянинг ота-онаси эса, ўзлари севишиб оила қурган одамлар бўлганликлари учун қизларини хоҳламаган одамига мажбур килиб узатишни истамас эдилар. Розиянинг ўзи кеча-ю кундуз Сатторни ўйлар, уни бирор соат ҳаёлидан узоқлаштиролмас эди. Сатторнинг хотинига нисбатан ҳам одамгарчилик қилаётгани, унинг Розияга айтган сўнгги гапларида ҳам алоҳида бир тантилик борлигини унутолмас эди. Агар Розия муҳаббатсиз оила қуришнинг бутун даҳшатини Саттор орқали бунчалик яқиндан кўрмаганда эди, балки ўзига сал-пал ёққан бирор яхши йигитга тегиб ҳам кетарди. Аммо кўнгилсиз турмуш одамни қандай оғир аҳволларга солишини Розия мана ҳозир ҳам Сатторга қараб кўриб ўтирибди.

Машина кўзғалгунча ўтган бир лаҳзалик жимликда Розиянинг аёлидан чопқиллаб ўтган бу ўйлар Сатторга гўё, энди бориб етди. Саттор қиров инган қулоқчинини пешанасидан нари сурди-ю, орқага ўгирилди. Розия ҳайдовчининг кетида ўтирар эди. Сатторнинг соғинч тўла кўзи Розиянинг кўзларига тушганда, қизнинг чеҳраси худди офтоб тушган ойнадай тўсатдан жонланиб кетди.
— Розия, сўрашмадик ҳам, яхши юрибсизми? Сатторнинг Розияга қараёттан кўзларида ажиб бир майинлик бор эди. Унинг овози ҳам шу кадар илиқ эшитилардики, Ойшахон ёнида ўтирган қизга «ялт» этиб қаради.

Сунъий қоракўл пальтоси ўзига жуда ярашиб тушган бу хушрўй қизнинг Сатторга қараши ҳам бениҳоя нафис. У Саттор билан сўрашар экан, эҳтирос тўла кўзларини йигитнинг юзидан ололмас эди.
— Ие, а... бирга ишлайсизларми? — сўради Ойшахон таажжуб аралаш норозилик оҳангида.

Саттор Ойшахоннинг бу оҳангига мутлақо мос келмайдиган босиқ товуш билан:
— Ҳа, — деди, — Розия ҳам метрони лойиҳалашга қатнашган. Танишиб қўйинглар!

Ойшахон билан Розия тил учида сўрашар эканлар, «бир кун эмас, бир кун учрашар эди, — деб ўйланди Саттор. — Майли, бир-бирини кўриб, билиб қўйсин!».

Сатторнинг овозидаги босиқ оҳанг Розияга ҳам ўтди:
— Айтмоқчи, Саттор, метро ҳақида ҳукумат қарори чиқибди. Газеталарда ўқидик...
— Охири бахайр бўлсин, Розия. Бошланиши яхши! Саттор билан Розия кўпдан кутилган бу қарордангина эмас, ҳозир учрапшб колганларидан ҳам шодланиб ганирмоқда эдилар. Дийдор кўришиш кувончи энди ўзини кўрсатмоқда эди. Ойшахон эса уларнинг гапига аралашолмай, бир четга чиқиб қолгандай безовталаниб ўтирар эди.

Сирғанчиқ йўлдан кўзини олмай, машинани эхтиёт билан ҳайдаб бораётган ҳайдовчи бирдан гапга аралашди:
— Метрони айтяпсизларми? Мен ҳам газетада ўқидим. Яқин орада қурилармикин?
— Ҳозирча лойиҳа топшириқлари тасдиқланди. Яна ҳали тадқиқот ишлари олиб борилади. Курилиш бир-икки йилдан кейин бошланса керак.
— Газетада қанақа станциялар бўлишини ҳам ёзиишибди, — деди ҳайдовчи. — Схемаси ҳам бор экан, мен шу «Фарҳод» деган станциянинг қаерда бўлишини би-лолмай қолдим.

Саттор буни тушунтириб берган эди, ҳайдовчи афсусланиб:
— Биздан узоқроқ экан-да, — деди. — Майли, узоқ бўлса ҳам, ишқилиб, қурилсин. Бу совуқда кўл кўтариб турган одамларнинг кўплигини қаранг!

Қор-совуқларда асфальтнинг ўйилган жойлари жуда кўпайиб кетган, машиналар силкиниб-қоқиниб унча тез юролмас, шунинг учун ҳайдовчилар қўл кўтарувчилар олдида ҳуда-беҳуда тўхтаб вақт кеткизишни ёқтиришмас эди. Машиналар тўхтамай ўтаверганидан асабийлашган иккита ёш йигит йўлнинг ўртасига чиқиб Сатторлар ўтирган таксини мажбур қилиб тўхтатмоқчи бўлди. Ҳайдовчи рулни кескин буриб ўтиб кетмоқчи эди. Ғилдираклар қорда сирғаниб кетиб, машина йўлга кўндаланг бўлиб қолди. Хайрият, қаршидан келаёттан автобус узоқда эди, ҳайдовчи тезликни ўзгартириб, машинасини усталик билан ўнглаб олди. Йўл тўсган йигитчалар ура қочишди.
— Хозир қувиб бориб қулоқ-чаккасига тарсаки туширсам бўлар эди-ю, лекин одам ҳар ёғини ўйлаб андиша қилади-да, — деди терлаб кетган ҳайдовчи. — Бир чеккаси, йўловчиларга ҳам осон тутиб бўлмайди. Ҳаво мунақа. Транспортнинг аҳволи маълум. Одам кўп. Сменани топширгунча ийиғим чиқиб кетади-е!.. Метро қурилса биз ҳам сал енгил тортармидик, дейман-де!
— Енгил тортишингиз аниқ, — деди Саттор. — Метронинг ҳузурини ҳамма кўради. Ер остида қиш-у ёз баробарлигини айтмайсизми!

Розия Москва метросида Саттор билан бирга юрганларини эслади-ю:
— Ҳақиқатан, метронинг қор-ёмғир билан ҳисоблашмаслиги ҳам яхши-да, — деб қўйди.

Машинанинг бир бурчагида ўғлини олдига олиб ўтирган Ойшахон Саттор билан Розиянинг қандайдир сирли бир муносабатлари борлигини тобора аниқ пайқамоқда эди. Бу икковининг орасида катта бир ижодий мехнат ва жозибали мақсаддан ташқари, улкан бир туйғу ҳам борлигини, Саттор билан Розия бир-бирига жуда муносиб кўринишини Ойшахон рашк оловида ўртаниб ҳис қилди-ю, бунга қарши исён кўтаргиси келди.
— Қор-ёмғир дейсиз! Ҳозир бизнинг гулхонага боринг. Қаҳратон совуқларда ҳам гуллар очилиб ётибди!

Ойшахон бу гапларни Розияга қараб, «биз сиздан кам эмасмиз» деган бир писанда билан айтди. Кутилмаган бу писандадан Розия эсанкираб қолди. Саттор ўриндиққа чап қўлтиғини таяб, Ойшахонга ўгирилиб қаради. Унинг лаблари алам билан титраётганини кўрди-ю сабабини сезиб, кўнглини кўтариб қўйгиси келди.
— Ойша ҳозир шаҳарнинг энг катта гулхонасида ишлайди, — деди Саттор Розияга. — Ўзи қишлоқда ҳам гулчиликни яхши кўрар эди. Бу ерда машҳур бир гулчига шогирд бўлиб олди. Устозинг ким эди?
— Шафоат Розиқовна! — деди Ойшахон ифтихор билан. — Газеталарда суратлари чиққан. «Янги Тошкентни гулбоғ шаҳарга айлантирамиз!» деб сўз берганлар!
— Ҳа, эшитувдим, — деди Розия Ойшахондан кўзини олиб Сатторга қараркан.

У Ойшахоннинг ишга қандай кирганини Саттордан эшитган эди. Қўни-қўшнилардан бири Ойшахонни тикув фабрикасига ишга таклиф қилган, бошқа бири уни заводга олиб борган, учинчиси комбинатга одам кераклиги ҳақидаги эълонни олиб келиб кўрсатган эди. Ҳамма жойда: «Ўз ҳисобимиздан ўқитиб, истаган ҳунарингизни ўргатамиз, кейин бизда ишлайсиз!» дейишар эди. Ишлайдиган одамга талаб бу қадар катталиги, меҳнаткаш киши бу даражада азиз экани Ойшахонга жуда ёқиб тушган эди. Бироқ у ҳовлига ўргангани учунми, тўртинчи қаватдаги квартираларида ўтиравериб сиқилиб кетар, кўкаламзор жойларни қўмсар эди. Буни сезган Саттор янги Тошкентни гулзор, кўкамламзор қилиш учун жонкуяр одамлар кераклигини ўйлади-ю, Ойшахонни шаҳар гулхонасига олиб борди. Ойшахон улкан оранжереяларда Ўзбекистонда бор энг ажойиб гуллар ва кўркам ўсимликларни ўстириш мумкинлигини кўриб, бу ишга астойдил қизиқиб қолди. Ҳозир у ҳам янги Тошкентда гуллар ва боғларни мумкин қадар кўпайтириш иштиёқи билан ишлаб юрибди.

Розия шуни сезди-ю, Ойшахоннинг севган иши бутун ҳаётига яхши таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўйлади. Қачондир бир вақт Ойшахон ҳам орадаги мураккаб муаммони ўзича мустақил таҳлил қиладиган ва адолатли ҳукм чикарадиган бўлишини истади. Розия шу истак таъсирида Ойшахонга мулойим бир назар ташлади-да:
— Ишингиздан хурсанд бўлсангиз... биз ҳам сиз учун хурсандмиз, — деди.

Розия Ойшахоннинг бояги писандасини кўнглига олмай, бу қадар мулойим жавоб қилгани ғалати эди. Ойшахон унинг нега бундай деганини тушунолмай юзига тикилиб колди. Шунда бирдан кўз-кўзга тушди. Розиянинг кўзлари ҳамма воқеадан хабардор эканини айтиб турарди. Ойшахон буни пайқаб, юраги орқасига тортиб кетди. Саттор Ойшахондан ажрашиб, шу қизни олмоқчи бўлганми? Наҳотки, бу қиз Ойшахоннинг ўзини дарёга ташлаганини ҳам билса? Ойшахон Розиянинг кўзларида ёниб турган оловга тоб беролмади. Нигоҳини Розиядан олиб, тез Сатторга қаради. Бироқ Сатторнинг кўзларида ҳам худди шундай олов ёнмоқда эди. Ойшахон эрини ҳеч вақт ҳозиргидай ўтли бир қиёфада кўрган эмас. Саттор Розияни кўргандан бери бутунлай ўзгариб қолганини Ойшахон ўз кўзи билан кўриб турибди!

Шу пайт Саттор яна Розияга юзланди. Сирдош кишилар орасидагина бўладиган нозик бир туйғу билан:
— Эртага Москвадан Максимич келадиган, — деди.
— Максимич? Метронинг иши билан-а?
— Ҳа, меъморчилар метро станцияларининг эскизларини чизишяпти. Қурилиш бошланишидан олдин тайёргарлик ишлари жуда кўп бўлади-ку. Шунинг ҳаммасига Максимич Москвадан мутасадди қилиб тайинланибди.

Москвада ўн саккизинчи қаватда бўлган ўтириш, ўшандаги масъуд дамлар, яхши тилаклар, Саттор қадаҳ кўтариб айтган орзулар ҳаммаси бирдан Розиянинг ёдига тушди. Қани бу орзуларнинг амалга ошгани? Максимич хотинини олиб келса Саттор билан Розия уларни қайси уйларига таклиф қилишади? Ҳаёт билан орзунинг орасига тушган тоғлар Саттор билан Розияни умрбод бир-биридан айириб қўядигандай туюлди.

...Розиянинг кўзларида ёш ҳалқаланди. Саттор бунинг сабабини сезиб, юраги эзилди:
— Агар... у одам сизни сўраса... нима дейман, Розия?

Бу саволда «Наҳотки ўша орзулардан бутунлай воз кечсак?» деган маъно бор эди. Йўқ, Розия умидини узмоқчи эмас. Ҳамма нарсадан қатъи назар, дийдор кўришиб туриш ҳам унга ғанимат туюлди.
— Мени сўраса, ўзимга хабар беринг, — деди Розия. — Телефон бор-ку.

Саттор билан Розия яқин орада яна учрашишлари муқаррарлигини сезган Ойшахон аламидан дод деб юборгиси кедди. Аммо Саттор унга бутун ҳақиқатни айтган ўша даҳшатли кун эсига тушди. Саттор ундан ҳеч нарсани яширган эмасди-ку. Ҳозирги аҳволга Ойшахон ҳам сабабчи экани унинг ўзига энди сезилди. Саттор билан Розия астойдил истасалар, ҳозир ҳам Ойшахонни зор қақшатиб, бир-бири билан топишиб кетишлари мумкин эмасми?
— Тўхтатинг! — деди Ойшахон тўсатдан ҳайдовчига. — Биз келдик!

Машина илгариги Қашқар маҳалласининг ўрнига тушган баланд уйлар қаршисида тўхтади. Розия улар билан хайрлашаётиб, Сатторга кўзлари мўлтираб қараганини Ойшахон кўриб қолди. Саттор бошқа аёл билан яшаши Розияни қанчалик ўрташини сезиб, Ойшахоннинг қалбидаги алам сал пасайди.

Саттор хомуш. У Ойшахон билан уйига бораётган бўлса ҳам, бутун ҳаёли, фикри Розияга эргашиб кетган эди. Ойшахон буни сезиб, аввал хўрлиги келди. Сўнг Саттор бутун оғирликни ўзига олиб, уни янги уйга кўчиртириб келганини, суйган ишига киритиб қўйганини ўйлади-ю яна ҳовуридан тушди. Кечқурун газ ёниб турган бежирим ошхонада чой ичиб ўтирганларида у Сатторга қўрқа-писа кўз ташлади-да:
— Сатторжон ака, мунча жимиб қолдингиз? — деди. — Нимани ўйлаяпсиз?
— Билгинг келдими?
— Ҳа.
— Эрк деган нарсани ўйлаяпман.
— Эрк?
— Ҳа. Оналар боласини, «эркам» деб суяди. Кексалар «юртингта эрка бўл» деб дуо қилади. Шунга қараганда, эрк азалдан жуда тансиқ экан-да.
— Лекин ўзига жуда эрк бериб ёмон йўлга кириб кетган тантиқлар ҳам бор...
— Ҳамма нарсанинг ортиқчаси одамни бузади. Лекин мен буни айтаётганим йўқ... Офтоб ҳаммага баробар нур сочади. Лекин ҳар бир тирик жон бу нурдан ўз кучига яраша баҳра олади. Мана, сен гулчисан... Айт-чи, офтоб нур сочиб тургани билан гулнинг ичида бор кучлар уйғонмаса ёки уйғонган кучларга эрк берилмаса, шу гул очиладими?
— Йўқ.
— Қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бу ерда муҳим. «Бахтинг очилсин» деган тилак бор. Менимча, одамнинг бахти очилиши учун юрагида аввал мана шунақа бир гул очилиши керак.

Саттор дилдан чиқариб айтган бу гаплар икки орадаги ғуборни тарқатгандай бўлди. Аммо ғубор тарқагандан кейин янада аниқ кўрина бошлаган бир нарса Ойшахонни баттар изтиробга солди.

Саттор Ойшахон билан яшаётганидан бахтиёрми? Бояги қиз... кўзлари мўлтираб кетди... Ойшахоннинг ўзи-чи? Унга осонми бундай яшаш?

Саттор чойни ичиб бўлиб, ўз бўлмасига кириб кетди.

Икки хонали квартиранинг кичикроқ хонасини Саттор кабинет қилиб олган. У кечалари алламаҳалгача лойиҳа чизади. Гоҳи-гоҳида Саттор чарчабми, сиқилибми, оғир «уҳ» тортади.

Бугун Ойшахон юпқа девор орқали шу «уҳ»ни яна эшитди-ю, юраги қон бўлиб кетди. Ўғилчасини бағрига босиб:

«Энди нима қиламиз? — деб шивирлади. — Қандоқ қилсак тўғри бўлади?».

Кичкина бола ҳали бу саволларга тушунмайди. Ота-онаси эса ҳамон бир қарорга келолмайди.

1969