OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифПиримқул Қодиров
Асар номиИлинж (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Пиримқул Қодиров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/08/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Илинж (ҳикоя)
Пиримқул Қодиров

«
Менинг икки опам уруш даврида Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган эрларига садоқат сақлаб, бошқа турмуш қуришмади. Бири икки ўғилни, бири уч фарзандни отасиз ўстириб одам қилишди. Бундай оналар ҳар бир қишлоқда, ҳар бир шаҳарда бор. Мен шу ҳикоя орқали уларнинг ҳаммасига чексиз эҳтиромимни изҳор қилмоқчиман.
Муаллиф
»

Кечаси соат иккиларда дарвоза тақиллади. Айвонда ётган Алишер қаттиқ ухлаб қолган экан, тезда уйғонмади. Дарвоза қаттиқроқ тақиллагандан кейин ички уйнинг эшиги ғийқиллаб очилди-ю, Иқбол опа айвонга чиқди. Алишер энди уйғонди ва сапчиб ўрнидан турди. У қоронғида апил-тапил кийинар экан, дарвоза томонга:
— Ҳозир! — деб қўйди.

Иқбол опа ички бир титроқни босишга тиришиб:
— Тезроқ қара-чи, даданг эмасмикан? — деди. Алишер уйқули товуш билан қайтариб сўради:
— Ким дейсиз?
— Даданг!

Алишер таажжуб билан:
— Қизиқсиз-а, ойи! — деди-да, айвондан тез тушиб, дарвозахонага қараб кетди.

Алишернинг дадаси Умаржон ака урушда бедарак йўқолиб кетганига ўттиз йилдан ошиб боряпти.

Иқбол опанинг энг қўрққан нарсаси — «қорахат». Бедарак йўқолиш, ҳар қалай, ундан берироқдай туюлади. У эрининг тўсатдан кириб келиб қолишини кутади, кечалари дарвоза тақиллаб қолса, юраги ҳаприқиб, болаларга «даданглар эмасмикан?» дейишини қўймайди.

Алишер ҳам кичиклигида ойисига ўхшаб, доим дадасининг йўлига кўз тикиб юрар эди. Лекин ёши улғайгандан кейин отасининг тирик қолганига шубҳа қила бошлади. Агар у тирик бўлса, ўттиз йилдан бери суюкли хотинини, гулдай фарзандларини қидириб топиб келмасмиди?! Ёки дунёнинг нариги четида бўлса ҳам биронта дарак, бирон энлик хат юбормасмиди?!
— Бу урушда нималар бўлмаган! — дерди Иқбол опа ўғлига. — Даданглар ярадор пайтида асир тушган бўлса, чет мамлакатларга олиб кетиб қолишганми? Бошига бирон кўргилик тушган бўлса, «болаларим иснодга қолмасин», деб атайдан жим юрганмикин? Бирор кун ўзини оқлайдиган яхши иш қилса, йўли очилиб, келиб қолармикин?

Бу тахминлар Алишерда мураккаб, чигал ўй-хаёллар уйғотар эди. Алишер бу чигалликлардан безганда дадасининг жанг майдонида ҳалок бўлганини исботлашга интиларди. У Москвада бедарак йўқолган жангчиларни қидириш билан шуғулланадиган махсус идора борлигини эшитиб, ўша ерга бир неча марта хат ёзди. Отасининг сўнгги суратлари, хатлари, адресларидан нусхалар кўчиртириб юборди. Кидирув гоҳ юришиб, гоҳ тўхтаб, бир неча йилга чўзилди. Ниҳоят, бултур кузда Москвадан келган жавобда Умаржон Раҳимов хизмат қилган ўқчи ротанинг кўпчилик жангчилари Ғарбий Украинанинг Тернопол шаҳри учун олиб борилган оғир жангларда ҳалок бўлганлиги айтилган эди. Умаржон Раҳимов ҳам шулар қаторида ҳалок бўлгани тахмин этилган, лекин бунинг аниқ ҳужжатлари топилмаган эди. Чунки Тернопол бир марта озод қилингандан кейин яширин босмачи — бендерачиларнинг хиёнати туфайли шаҳар яна вақтинча душман қўлига ўтган, ўшанда жуда кўп ҳужжатлар нест-нобуд бўлиб кетган эди.

Ҳужжатлар бўлмаса, балки тирик одамлар бордир? Алишер энди шу савол билан Тернопол шаҳар идораларига, ҳатто ёшлар ташкилотларига — ёш изтопарларнинг отрядларига хатлар ёзди. Натижа чиқмади. Келган жавобларнинг бирида бу чигал муаммони хат орқали ҳал қилиш қийинлиги, бедарак йўқолган жангчиларнинг белгиларини яхши биладиган одам ўзи келса бирон дарагини топиши мумкинлиги айтилган эди.

Ким боради? Иқбол опа ўттиз йил фабрикада ишлаб, яқинда пенсияга чиққан. Лекин унинг соғлиғи ёмон. Қанд касали дармонини кетказиб қўйган. Қон босими ошиб кетган. Шу аҳволда борса-ю, тўсатдан эрининг қабрини топса, сўнгги илинжидан ҳам айрилиб, адойи тамом бўлмайдими?
— Мен ўзим бораман, — деди Алишер. Бунга опаси Маҳфуза кўнмади:
— Сен дадамни эслолмайсан. Чақалоқ эдинг. Одамлар бирон белгисини сўраса нима дейсан! Мен дадамни кўрганман. Мен бора қолай...

Маҳфуза жўнаб кетганига, мана, саккиз кун бўлди. Шунинг учун дарвоза тақиллаганда Алишернинг хаёли дарров опасига кетди.

Дарвозахона йўлагини оқиш «Запорожетс» банд қилиб турар эди. Алишер машинанинг чап ёнига ўтиб, қоронғида электр чироқнинг тугмасини пайпаслаб топди. Йўлақда чироқ ёнгандан кейин ташқаридан кекса бир одамнинг:
— Телеграмма! — деган хирқироқ товуши эшитилди.

Алишер дарвозанинг бир табақасини очди-да, чироқ ёруғида телеграмманинг квитантсиясига қўл қўйиб берди.

Бу орада Иқбол опа ҳам рўмолини бошига солиб, айвондан дарвозахона олдига тушиб келди.

Алишер қатлаб бекитилган телеграммани чироқ ёруғига солиб, сабрсизланиб очди.

«Қидирганим топилди. Киевдан кечки рейс билан учаман. Тошкент вақти билан соат учда кутиб ол. Маҳфуза».

«Топилди» деган сўз Алишерни энтиктириб юборди. У ойисига томон ўгирилиб, кўзлари ялтираб:
— Опам!.. — деди.
— Нима депти? Дадангни дарагини топибдими?
— Топганга ўхшайди!
— Вой худоим-эй! Қаерда юрган эканлар? Нега шу вақтгача келмас эканлар?!

Иқбол опа эрининг тирик топилганига ишониб гапирмоқда эди. Алишер буни сезиб бирдан хавотирланди. Балки Маҳфуза оталарининг... қабрини топгандир. Опа-ука сўнгга пайтда оталарининг ҳалок бўлганига шубҳа қилмай қўйишган эди-ку. Ахир тирик одам шунча йилдан бери Тернополда жим ўтирармиди? Лекин ойиси буни ўйламади. Агар у «тирик топилибди» деб астойдил ишониб қолса-ю, кейин бунинг акси бўлиб чиқса, касали баттар оғирлашади.
— Ойижон, сиз дарров ишонаверманг!
— Ҳа, нега энди?
— Сал ўйлаб кўринг ахир... Опам келсин, аниғини айтади.
— Қачон келаркан?
— Тунги учда. Ҳозир неча бўлдийкин?.. О, қирқ минут қолипти!.. Мен тезроқ чиқишим керак!

Алишернинг ёшгина хотини ҳам уйғонди ва шоша-пиша кийинди. «Запорожетс» вағиллаб, дарвозахонадан кўчага орқаси билан юриб чиқди. Иқбол опа ўғли билан келинини аеропортга кузатди-ю, айвонга қайтиб келди.

Бир-биридан кичик уч бола айвонда пишиллаб ухлаб ётибди. Осмонда кемтик ой сузиб юрибди.

Иқбол опа ўзи турадиган ичкари уйга кирди-ю, тўрдаги эски сандиқнинг олдига борди. Сандиқнинг устида қатланиб турган бахмал кўрпаларни пастга олиб қўйди. Сўнг токчадаги михга осиғлиқ калитни олиб, сандиқнинг қулфига солди.

Сандиқ майин оҳанг чиқариб, жиринглаб очилди-да, унинг ичидан қалампирмунчоқнинг ҳиди келди. Умаржон ака қалампирмунчоқни яхши кўрарди. Баъзида унинг бир-икки донасини оғзига солиб, тишларининг орасида айлантириб юрар, гапирганда нафасидан ҳам қалампирмунчоқнинг ҳиди келарди. Шу эсида турган Иқбол опа унинг кийимларини, хатларини қалампирмунчоқ билан бирга сақлар эди.

Мана, Умаржон ака бундан ўттиз йил олдин кийган сариқ жужунча кител-шим, ёқаси билан енгига ироқи кашта тикилган кўйлак, хром этик... Умаржон ака фронтдан ёзган хатларида: «Икки ёш болани боқиш сенга осон эмас, уйдаги буюмларни аяма, керак бўлса, менинг кийимларимни ҳам сотиб, егулик ол, омон бўлсак нарса топилади, ўзингни, болаларни эҳтиёт қил!» деб тайинлар эди. Иқбол опа ўзининг сепларини, тақинчоқларини сотганда ҳам, эрининг ҳамма кийимларини асраб юрар, ҳар йили бир-икки мартадан шамоллатиб, яна тахлаб қўярди. Алишер бўй етиб катта йигит бўлгунича жужунча кителлар, ёқаси кашталик кўйлаклар модадан қолди. Ҳозир меъмор бўлиб, лойиҳалар чизиб юрадиган Алишер отасининг хром этигини ҳам киймади. Тавба, ҳозирги зиёлилар нега этик кийишмайди? Умаржон ака ҳам ўқитувчи эди-ку. Мактабда ботаникадан дарс берар эди, лекин этик кийиб юрар эди.

Майли, сандиқдаги кийимлар расмдан чиққан бўлса ҳам, агар Умаржон ака келса, Иқбол опа буларни эрига албатта кийдиради. Сандиқда чиройли бир най ҳам турибди. Қашқар ғаровидан ишланган бу найнинг нафис кумуш ҳалқалари ўзига ниҳоятда ярашган. Найнинг бир учидаги кумуш қуббачаси майда кўкиш феруза билан безатилган.

Умаржон ака шу найда баъзан «Наво»ни, баъзан «Дугоҳ»ни, баъзан Иқбол опа отини билмайдиган ғалати куйларни чаларди. Шунда бутун борлиқ завққа тўлиб, эриб кетгандай бўларди. Ҳозир ҳам гўё най бирдан тилга кирди-ю, уни чалаётган эри Иқбол опанинг кўзи олдида гавдаланди. Умаржон ака найнинг тешигига лабини тўғрилаб, оғзини хиёл очиб, куй чалганда унинг оппоқ тишларида аксланган нурнинг шуъласи кумуш ҳалқачаларда билинар-билинмас жилваланарди. Ҳозир мана шу жило найда яна кўриниб кетгандай бўлди. Умаржон ака найда чалган куйлар энди гўё Иқбол опанинг қалбидан эшитила бошлади. Унинг кўнглида ҳам мана шу най пардаларига ўхшаш нафис, гўзал торлар бор эди-ю, буни фақат Умаржон ака чала оларди.

Эри урушга кетгандан бери Иқбол опа бу найни ҳеч кимга берган эмас. Най ўттиз икки йилдан бери сукут сақлайди. Иқбол опанинг қалбидаги муҳаббат туйғуси ҳам ҳамон Умаржон акага мунтазир...

Умаржон ака шу кийимларини кийиб, най чалиб юрган пайтларида йигирма уч яшар йигит эди. Иқбол опа эса энди йигирмага кирган келинчак эди.

Ўша масъуд дамлари мана шу кийимларнинг қатида, қалампирмунчоқнинг ҳидига қўшилиб, найнинг сиртида жилваланган шуълаларга айланиб, ҳамон тирик турибди. Рост, Иқбол опа ҳозир пенсияга чиққан, невара кўрган кайвони. Лекин унинг қалбида ўттиз икки йиллик ҳижроннинг ҳаққи турибди, шунча йилларнинг сарфланмаган нафис туйғулари қатланиб ётибди. У бир лаҳзага бўлса ҳам яна йигирма ёшга қайтишни хоҳлайди, суюкли эри билан бирга ўттиз-қирқлардан такрор ўтишни истайди.

Фақат бу истакнинг амалга ошиши учун Умаржон ака қайтиб келиши керак. Зора ҳозир болалари билан бошлашиб кириб келса!

Маҳфуза телеграммада «топдим» депди-ку. Дадасини топмаса шундай дермиди?

Иқбол опанинг қалбида шунча йилдан бери яшаб келган илинж ишончга айланди. У электр дазмолни қўйди. Сўнг Умаржон ака келса киядиган нарсаларни сандиқдан олиб, дазмоллай бошлади...

* * *

Саҳар паллада кўчада «Запорожетс»нинг мотори вағиллагани эшитилди. Иқбол опа шоша-пиша ҳовлига чиққан эди, дарвозадан Маҳфуза кириб келди. Она-бола кучоқлашиб кетдилар. Иқбол опа қизининг юзига юзини босди. Шунда Маҳфузанинг юзи кўз ёшидан нам эканини сезди-ю, юраги «шиғ» этди.
— Қалай бориб келдинг? Дадангни топдингми, йўқми?!
— Дараклари топилди, ойи...

Алишер машинасини дарвозахонага киргизиб, ундан тушди-да:
— Юринглар, уйга кириб гаплашайлик, — деди.

Унинг кўриниши ҳам алланечук маъюс эди. Опаси самолётдан тушгандан бери айтиб берган ҳодисалар, ўттиз йил олдинги шафқатсиз урушнинг тафсилотлари уни даҳшатга келтирган эди...

Тернопол шаҳри бендерачилар ёрдамида иккинчи марта фашистларнинг қўлига ўтган куни кечаси Умаржон ака олти хонали бир уйга ўз бўлинмаси билан бекиниб олиб, охирги нафаси қолгунча жанг қилган. У бу уйда турадиган аёллар билан болаларни орқа томондаги деразадан тушириб, қочиртириб юборган. Бўлмаса, улар ҳам битта қолмай ҳалок бўлар экан. Чунки фашистлар Умаржон акалар бекинган уйни оғир танк билан қулатиб, устидан босиб ўтган...

Тернопол душмандан иккинчи марта озод қилинганда харобалар остида жон берган жангчилар жасади кавлаб олиниб, биродарлар мозорига дафн этилган, аммо уларнинг кўпларини таниб бўлмаган, номлари аниқланмай қолган...

Фақат Умаржон ака орқа деразадан қочириб қутқарган болалардан бири уни яхши эслаб қолган. Шу уйда бир неча вақт бирга турганларида Умаржон ака ўзининг ўзбекистонлик эканини, Тошкентда бир ўғил, бир қизи борлигини айтган, бу гап боланинг ёдида қолган. Ҳозир бу бола — қирқ ёшдан ошган ўқитувчи экан. Тернополлик изтопарлар Тошкентдаги Алишернинг хатини олиб, унинг отасига оид хужжатларни қидириб юрганларини шу мактабда ишлайдиган ҳалиги ўқитувчи эшитиб қолади.

Корамағиздан келган, қошлари ингичка, қийиқ кўз Маҳфуза отасига жуда ўхшаш эди. У отасини қидириб боргандан кейин, ҳалиги ўқитувчи бир қарашдаёқ Умаржон акани эслайди. Ҳатто уни жангчилар «Умар» деб атагани ҳам энди ёдига тушади. Умаржон ака деразадан қочириб, қутқариб қолган аёллардан яна бири шу шаҳарда яшар экан. Кейин ҳаммалари ҳарбий комиссариатга бориб, Умаржон Раҳимовнинг қандай ҳалок бўлгани, ўлими олдидан қандай жасорат кўрсатгани ва қаерда дафн этилгани ҳақида гувоҳлик берадилар. Умаржон ака шаҳар марказига — улуғвор мармар обида қўйилган саксон кишилик биродарлик қабрига дафн этилган экан. Лекин унинг кимлиги, қандай ҳалок бўлгани ҳалигача аниқланмагани учун мармарга ёзилган номлар орасида унинг номи йўқ эди. Маҳфуза шаҳар ташкилотларига учрашиб, мармар обидага отасининг номини ёздириб қайтди...

Ҳозир аеропортдан келаётиб, у бунинг ҳаммасини укаси Алишерга айтиб берар экан, кўзига қайта-қайта ёш олди. Алишер унга:
— Ўзингизни босинг, опа, ойимга ёмон таъсир қилади, — деб бир неча марта айтди.
— Қандоқ қилай? Тернополда юрганимда ҳам ҳеч кўз ёшимни тўхтатолмадим. Кўчадаги одамлардан уялганимдан қора кўзойнак тақиб юрдим. Баъзида кўзойнакнинг тагидан ҳам ёш оқиб тушаётганини сезиб, рўмолча билан артиб оламан.
— Лекин... ҳалиги... — Алишернинг ҳам ўпкаси тўлиб, зўрға гапирди: — ҳалиги... харобалар остида қолиб кетганларини ойимга айтманг.
— Жинни бўпманми?..

Ҳозир Маҳфуза ойиси билан ичкари уйга кирганда сандиқ яна очилганини, дадасининг ёқаси кашталик кўйлаги силлиқ қилиб дазмоллаб қўйилганини кўрди-ю, телеграммада «топдим» деб ёзганидан пушаймон бўлди. Иқбол опа ундан хушхабар кутиб, кўзлари жавдираб турибди. Маҳфуза ойисини қучоклаб, йиғи аралаш:
— Ойижон, сизга кувват берсин, мард бўлинг! — деди.

Иқбол опанинг ранги оппоқ бўлиб кетди. Қизининг қучоғидан сирғатиб чиқди-да, бўшашган, синиқ товуш билан:
— Нима... Даданг... энди йўқми?.. — деди.
— Нега?.. Дадамнинг руҳлари ҳамиша тирик! Дадам охиригача мардона туриб берган эканлар. Қанча болаларни оналари билан қутқариб қолган эканлар.

Иқбол опа инграгандек бир товуш билан:
— Мен-чи? — деди. Мени бу беваликдан энди ким қутқаради?

Иқбол опанинг огзи бирдан қуруқшаб, боши гир-гир айлана бошлади. Ойисининг касалини яхши биладиган Маҳфуза:
— Ойижон, бунча қаттиқ олманг, ўзингизни босинг! — деб уни секин диванга ўтқазди.

Иқбол опа дазмоллаб қўйилган ёқаси кашталик кўйлакка қаради. Энди буни ҳеч ким киймайди! Шунча йилдан бери сандиқда асралган этик ҳам ҳеч кимга керак эмас! Кумуш ҳалқали найни Умаржон ака энди ҳеч қачон чалмайди... Бу даҳшатли ўйдан Иқбол опа йиғламоқчи бўлди, лекин кўзига ёш келмади. Томоғидан бир нарса бўғиб олган, ҳаво етишмаётгандек қийналар эди.

Алишер тез ошхонага чиқиб, бир пиёла сув олиб кирди. Маҳфуза ойисига сув ичирди. Кейин уни каравотга ётқизди.

Келинлари шифокор эди, дарров шпритсни қайнатишга қўйди. У қайнонасига укол килиб ўрганиб қолган эди. Аввал қон босимини туширадиган, юракни тинчлантирадиган укол қилди. Кейин нонуштага яқин инсулин укол қилди.

Иқбол опа уч-тўрт кун ўтгандан кейин хиёл ўзига келди-ю, Маҳфузадан сўради:
— Дадангнинг сурат-пуратлари йўқ эканми?
— Суратларини тополмадим.

Узоқ жимлиқдан сўнг Иқбол опа яна сўради:
— Ўз қўли билан қабрга қўйган одам бор эканми?..
— Билмадим... Мен унақа одамни кўрганим йўқ.

Алишер ойисининг бу саволлари тагида қандайдир маъно борлигини сезди. У эрининг ўлганига яна шубҳа қилмоқда эди. Тўғрироғи, «Умаржон акам бир кун эмас, бир кун келиб қолади», деган ўттиз йиллик илинж Иқбол опанинг қалбида яна уйғонмоқда эди. Бу илинжнинг тагида қанчалик катта меҳр, қанчалик чексиз садоқат борлигини Алишер энди сезмоқда эди. Бунинг ҳаммаси — ҳаёт-мамот урушида бизга ғалаба келтирган улуғ туйғулардан эканига чам унинг энди ақли етди. Шунинг учун онасининг қалбидаги илинжни асраб-авайлагиси келди.
— Ким билади ойи, «ўлди» деб қорахат келганларнинг қанчаси, тирик қолган-ку. Балки дадам ҳам тўсатдан келиб қоларлар...

Бу гаплар Иқбол опага ёқиб, ёстиқдан бошини кўтарди, заифгина кулимсираб:
— Тавба! — деб қўйди. — Фабрикада... аскарларга кийим тикиб юрганимда бир жувон билан ўртоқлашиб қолгандик. Икковимиз ҳам илғор бўлиб, газеталарда расмимиз чиққан эди. Шу дугонамга бир кун қорахат келди... Бечора эридан айрилиб роса йиғлади, аза тутди. Боласи йўқ эди... Урушдан кейин бошқа эрга тегди... Бир куни эшитсам, урушга кетган эри тирик экан, тўсатдан кириб келибди... Дугонам пушаймон. Армон қилиб йиғлайди...

Шу-шу Маҳфуза ҳам, Алишер ҳам оталарининг ўлимини оналарининг олдида тилга олмайдиган бўлдилар. Иқбол опа бир ҳафта кўрпа-тўшак қилиб ётди. Келини унга ҳар куни керакли уколларни қилиб, иссиқ-совуғига қараб турди. Кейин у ўрнидан туриб кетди.

Бир куни ярим кечада яна дарвоза тақиллади. Иқбол опа буни яна ўғлидан олдин эшитди-ю, Алишерни уйғотиб:
— Қара-чи, даданглар эмасмикан? — деди.

Дарвозани қўшнилардан бири тақиллатган экан. Алишер қайтиб келиб, пиджагини елкасига ташлади-да:
— Акбарнинг хотинини тўлғоқ тутиб қолибди, туғруқхонага олиб боришим керак экан, — деди.

Иқбол опа секин бир «уҳ» тортди, лекин ўзини бардам кўрсатиб:
— Майли, болам, тезроқ олиб бора қол, — деди.

Алишер дарвозани очиб, машинасини кўчага олиб чиқар экан, кўнглида ёруғ бир туйғу пайдо бўлганини сезди. Ҳозир унга ҳам гўё отаси урушда ўлмагандек, эрта-индин дарвозани тақиллатиб келиб қоладигандек туюларди...