OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифПиримқул Қодиров
Асар номиЮлдузли тунлар (I- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Пиримқул Қодиров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм642KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/09
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Юлдузли тунлар (I- қисм)
Пиримқул Қодиров

Муаллифдан

Бобур мирзонинг ҳаёти ва фаолиятига оид мавзулар уммондай чексиз. Бу уммонда ўнлаб, юзлаб адабий кемалар сузиши мумкин. «Юлдузли тунлар» ана шу мажозий кемалардан бири тарзида юзага келди. Уни 1972-йилда илк бор ёзиб нашрга топширганимда тоғдай бир юк елкамдан тушгандай бўлган эди.

Лекин мустабид тузум тазйиқи остида роман олти йил чоп этилмай ётди. Бу йиллар давомида ўша залварли юкни яна елкамда кўтариб юргандай бўлдим. Қўлёзмани кўпгина масъул мутасаддилар, катта академиклар ўқиб фикр айтишди. Чоп этиш масаласи Қизил империя марказининг рухсати билангина ҳал этилиши мумкин экан. Қўлёзманинг сатрма-сатр таржимасини Москвада ҳам ўқишиб, ёзма тақризлар беришди.

Хилма-хил фикр ва мулоҳазалар чангалзоридан тиканларга тирналиб ўтдим, йўлимдан адашиб кетмаслик учун доим тарих ҳақиқатига, хусусан — «Бобурнома»дай асл манбаларга таяндим. Олти йил давомида романга киритган янги таҳрирларим кўпроқ унинг бадиий нуқсонларини тузатишга, тарих ҳақиқатини чуқурроқ очишга қаратилди.

1979-йилда раҳматли Шароф Рашидовнинг ёрдами билан роман китоб бўлиб чиқди. 1981-йилда унга Давлат мукофоти ҳам берилганлиги мустабид тузум золимларининг қаҳрини келтирган бўлса керак. Улар «пахта иши», «ўзбек иши» деган даҳшатли туҳматлар даврида Амир Темур ва Бобур мирзога қарши янги ҳужумлар уюштириб, мени ҳам роман билан бирга лойқа селлар гирдобига тортиб тушуришга уриниб кўрдилар.

Лекин жамоат фикри уйғонган, истиқлолимиз тонги отаётган пайтлар эди. Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлган кундан бошлаб тарихий адолатни тиклашга жуда катта эътибор берди. Дилимизда армон бўлиб юрган эзгу орзуларнинг ушалиши учун энди имкон яратилди.

Бундан эллик йил бурун талабалик йилларимда Бобур мирзога ихлосмандлик менда Амир Темур асос солган сулолага қизиқиш туфайли бошланган эди. Бобур мирзо темурийлар сулоласини ҳалокатдан қутқариб, асрдан-асрга, мамлакатдан-мамлакатга олиб ўтганлиги, бу улуғ сулола Ҳинд заминида яна уч юз йилдан ортиқ давр сурганлиги ўша йиллардаёқ дилимда ҳайрат ва ифтихор туйғусини уйғотган эди. Кейинчалик «Темур тузуклари» билан танишганимда соҳибқироннинг васиятларига ва улуғ бунёдкорлик анъаналарига Бобур мирзо астойдил амал қилгани жуда кўп тарихий воқеаларда кўзга ташланди. «Темур тузуклари»ни «Бобурнома»га қиёслаб ўқиганимда уларнинг орасида руҳий ва услубий яқинлик борлигини ҳам сездим.

Аммо шўро даврида бу ҳақиқатларни ёзиш — арининг уясига чўп тиқиш билан баробар эди. Чунки шўролар ҳар гал Амир Темурга қарши ҳужум уюштирганда нуқул Бобур мирзони унинг ёнига қўйиб қоралашарди. Бу ҳужумлар эллигинчи йилларда Бобур асарлари мактаб дарсликларидан чиқариб ташланганда бир хуруж қилган, етмишинчи йилларда «Темур тузуклари» чоп этилганда Москвадан чиқадиган «Вопросу истории» журнали орқали жазава билан давом эттирилган, 1986-йилда Учинчи пленум номини олган машъум йиғинда авжига чиқарилган эди.

Мана шу алғов-далғовлар сабабли Бобур мирзо тўғрисидаги романнинг ёзилишига илк бор туртки бўлган юқоридаги тарихий ҳақиқатни ўша даврда китобхонларга етказиб беришнинг иложи бўлмади.

Аммо Амир Темур ва Бобур мирзо орасидаги ворисийликка, тарихий, ирсий ва ижодий яқинликка бағишланган боблар ва лавҳаларнинг романда ўз ўрни бор эди, улар аввалдан режалаштирилган, дилда пишитилган, қисман қоралаб ҳам қўйилган эди. Фақат орадан ўнлаб йиллар ўтгандан сўнг уларни сюжет чизиқларига узвий боғлаш, қайтадан аввалги ижодий жараёнларга кириш кўп вақт ва қунт талаб қилди.

Ниҳоят, романнинг аввалги нашрларига кирмай қолган боблар ва лавҳалар бу йил вақтли матбуот саҳифаларида чоп этилиб, жамоатчиликнинг назаридан ўтказилгандан сўнг ушбу нашрга киритилди.

Йиллар давомида романдаги айрим ноаниқликлар ва нуқсонлар ҳақида асосли танқидий фикрлар билдирилган эди. Зокиржон Машрабов бошлиқ Бобур экспедитсияси жаҳонни кезиб, кўпгина янги тарихий фактларни кашф этди. Улар ҳам ушбу нашрда баҳоли қудрат ҳисобга олинди.

Бундан ўттиз йил муқаддам 1969-йилнинг январида бошланган бу иш шоядки шу билан ниҳоясига етган бўлса.

1999

Аросат (Биринчи Қисм)

Қува - Қил Устида Турган Тақдирлар

1

Милодий 1494-йилнинг ёзи. Саратон иссиғида Фар-ғона водийсининг осмонига чиққан қуюқ булутлар куни бўйи ҳавони дим қилиб турди-ю, кечки пайт бирдан жала қуйиб берди. Қизил тупроқли тепаликлар орасидан ўтиб келаётган серсув Қувасой қон қўшиб оқизилгандек қип-қизил бўлиб кетди.

Сой бўйидаги мажнунтоллар панасида бир йигит билан қиз шивирлашиб гаплашмоқда эди.
— Робия, инон, мен тирик бўлсам, сенга бало-қазони йўлатмасмен!
— Тангрим сизни ҳам паноҳида асрасин, Тоҳир оға!.. Ёғийнинг[1] минг-минг аскари бор. Қайси бирига бас келурсиз? Ана, қочқинларга қаранг!..

Тоҳир орқасига ўгирилиб, Қувасойнинг қуйи томонларига кўз югуртирди. Пастда қамишзор ботқоқлик ва унинг устидан ўтган узун ёғоч кўприк бор эди. Кўприкдан чумолидай беҳисоб одамлар, отлар, моллар, аравалар тизилиб ўтиб келаётгани ёмғир пардаси орасидан элас-элас кўзга чалинарди.

Самарқанд подшоси Қўқонни босиб олиб, қўшинига талатган ва Марғилонга ҳужум қилган эди. Босқинчилар шаҳару қишлоқларни талаш билан қаноатланмай, кўҳлик қизларни чўриликка олиб кетишар эди. Бунинг ҳаммасини эшитган одамлар ёвдан қочиб, тинч жой излаб бормоқда эдилар.
— Улуснинг шўри қурсин! — деди Тоҳир. — Касофат подшолар урушмай туролмаса. Биридан қочсанг, бошқасига тутилсанг. Ундан кўра қочмаймиз! Таваккал. Пешонага битилгани бўлур!

Тоҳир ёмғирда ҳўл бўлиб, баданига ёпишиб турган қалами яктак устидан ханжар тақиб олган эди. Робия ханжарга қўрқа-писа кўз ташлади-да:
— Қайдам, — деди. — Отамлар мени қўрғонга элтиб қўймоқчилар.
— Қайси қўрғонга?
— Андижон қўрғонида амаким борлар-ку.

Тоҳир Робиянинг ҳозироқ жўнаб кетишидан чўчигандай унинг билагидан олди. Илгарилар ҳуркович оҳудек тутқич бермайдиган Робия ҳозир алланечук ювош бўлиб қолган эди. Унинг хина қўйилган қўллари гулдай чиройли. Бошига отасининг қора жун чакмонини ёпиниб чиққан экан. Ёмғирда ҳўл бўлиб оғирлашган чакмон унинг нозик бўйнига оғирлик қилди. Робия чакмонни елкасига туширди. Шунда ёқасининг битта боғичи ечилиб кетди-ю, қизғиш мармардай силлиқ бўйнининг пасти кўринди. Яшил нимчаси ўн етти ёшлик қизлардагина бўладиган толма белидан қучиб, қаттиқ кўкракларини маҳкам чирмаб турар эди.

Болаликдан Робия билан девордармиён қўшни бўлиб ўсган Тоҳир унинг қанчалик жозибали қиз эканини, босқинчи бек ва навкарлар мана шунақа қизларга қанчалик ўч бўлишини гўё энди астойдил ҳис қилди.

Бу йил баҳорда ота-оналари уларни унаштириб қўйган пайтларида ҳам Робия Тоҳирга ҳозиргичалик чиройли кўринмас эди. Рамазон ойи ўтгандан кейин уларнинг тўйлари бўлиши керак. Тоҳир Робия билан ҳадемай бир ёстиққа бош қўйишларига ишониб, бехавотир юрган эди. Бироқ энди уруш довули Қувага яқинлашиб келаётган шу хатарли дамларда Робия унга ҳар қачонгидан ҳам азиз, ҳар қачонгидан ҳам ғанимат кўринди.

Тоҳир Робиянинг Андижон қўрғонида бирорта бўйни йўғон бекнинг тузоғига илиниб қолиши мумкинлигини ўйлади-ю:
— Йўқ! — деди. — Мени десанг қўрғонга борма!

Робия Тоҳирнинг бахмалдай майин мўйлови тагида хиёл титраб турган лабига ва изтироб билан чақнаётган қўнғир кўзларига тикилди.
— Менинг ҳам сиздан йироққа кетким йўқ... Лекин неқилай... Қўрқамен!..

Тоҳир қизни чакмон билан бирга қучиб, бағрига босди. Робиянинг майин соч толалари йигитнинг юзига тегди, бир лаҳза икковининг нафаси нафасига қўшилиб кетди. Тоҳир қизнинг бадани титраётганини сезди-ю:
— Чиндан қўрққанингми бу, Робия? — деди. — Сенга не бўлди?..
— Мен бир ваҳимали туш кўрдим, Тоҳир оға! Илоҳи тушим ўнг келмасин!..

Энди Тоҳир ҳам хавотирланиб, қизни қучоғидан бўшатди-да, унинг катта-катта бўлиб кетган кўзларига қаради:
— Ёмон тушми?
— Айтишга ҳам тилим бормайдир.
— Тушга нелар кирмас!.. Айт!.. Майли...
— Сизни бир қора ҳўкиз ханжардай шохлари билан сузиб... Йўқ! Йўқ! Эсласам, этим жунжикиб кетадир!

Тоҳир ёмон бир фалокатни олдиндан сезгандай юраги увушди:
— Шошилмай гапир! Сузган бўлса, қон оқдими?
— Қон? Ҳа, ҳа.. Қон тирқираб кетди.
— Ундай бўлса қўрқма. Тушдаги қон — ёруғлик. Отам доим шундай дейди.
— Тангрим шу таъбирни рост келтирсин! Тоҳир оға, мен... Агар Андижонга сиз бормасангиз... мен ҳам кетмасмен. Неки бўлсак, шу ерда... бирга...

Мажнунтол барглари орасидан сирқиб тушаётган ёмғир томчилари қизнинг пайваста қошларига, тиғиз киприкларига теккан. Тоҳирнинг назарида, Робия ёмон бир бахтсизлик бўлишини ҳозирдан сезиб, кўзига ёш олаётгандек кўринарди.
— Мендан кўп хавотирланма, Робия. Мен бир деҳқон одаммен. Ҳаво очилса, далага чиқиб қўшимни ҳайдаймен. Ўроғимни ўрамен. Ёғийнинг менга не иши бор? Лекин сен... эҳтиётингни қил. Андижон қўрғонида амакиларинг бор...
— Андижонда сизнинг ҳам мулла тоғойингиз борлар-ку! Ё бирга кетайликми?

Тоҳир ўйланиб қолди. Унинг Андижонда меъмор бўлиб ишлайдиган Фазлиддин тоғаси эл орасида танилган машҳур одам. Қувасой ботқоғининг устидан ўтган мана шу узун ёғоч кўприк ҳам мулла Фазлиддин чизиб берган тарҳ[2] бўйича қурилган. Андижон аркида мулла Фазлиддин самовий нақшлар ва кошинлар билан безаб қурган девонхона тождор Умаршайх мирзога маъқул бўлгандан кейин унга тўбичоқ от ва бир ҳамён олтин инъом қилганини Тоҳир ҳам эшитган. У тоғасининг шаҳар қўрғонидан ташқаридаги Боғот маҳалласида туришини билади. Мулла Фазлиддин Қувада турган пайтларида Тоҳирга хат-савод ўргатган эди. Энди жияни паноҳ истаб борса, қаноти тагига олиши мумкин. Лекин бу ерда чол-кампирлар нима деркин? Тоҳир — ёлғиз ўғил, жавоб бермасликлари мумкин. У Андижонга Робия туфайли боришини эса ота-онасига айтишдан уялади... Балки буни Робиянинг акаси Маҳмуд айтар?
— Робия, майли, иложи бўлса, Андижонга бирга кетурмиз. Лекин дадамларни кўндириш осон эмас... Маҳмуд оғанг эшикдами?[3]
— Дўконга чиққан эдилар. Ифторгача келурлар. Нима эди?
— Ифтордан сўнг бизникига ўтсин. Маслаҳат бор.
— Хўп, мен айтамен.

Робия юзини Тоҳирнинг кенг кўкрагига босди:
— Тангрим бизни бир-биримизга кўп кўрмасин! — деди-да, мажнунтол шохлари орасидан чиқди.

Сой бўйида турган бўш мис кўзани ёмғир томчилари чертиб-чертиб қўяди. Робия кўзага қараб сувга келганини эслади ва уни тўлдириб, уйлари томон кўтариб кетди.

Қаллиқлар одамларнинг кўзидан йироқда — яшириқча учрашиб юрар эдилар. Қиз узоқлашиб кетгандан кейин Тоҳир ҳам мажнунтолларнинг панасидан чиқди.

Шунда Робиянинг тушига кирган қўрқинчли воқеа унинг эсига тушди-да, номаълум бир хатар вужудига ларза солиб ўтди...

2

Бу йилги рўза ёз чилласига тўғри келган, жазирама кунларда тонг саҳардан кечқурун қоронғи тушгунча туз тотмай оч юриш кўп одамнинг силласини қуритар, бунинг устига ташналик азоби қўшиларди. Рўзадорлар кунни қандай кеч қилишларини билмай, тезроқ қош қорайишини интизорлик билан кутишарди.

Ғира-шира қоронғиликда Қува масжидининг минорасидан азон товуши эшитилди. Уруш таҳликаси қанчалик кучли бўлмасин, дастурхон атрофига йиғилган одамлар рўзасини очаётган пайтда очлик ва ташналикдан қийналган вужудлари роҳатланиб, дунё ғамлари бирпасга бўлса ҳам хаёлларидан узоқлашди.

Тоҳир кекса ота-онаси билан бирга ифтор қилмоқда эди. Дастурхондан седаналик иссиқ нон ва ҳандалак ҳиди келади. Нон еб, бир косадан қатиқли ош ичганларидан кейин Тоҳир Андижонга кетиш ҳақидаги гапнинг учини чиқаришга чоғланди.

Шу пайт кимдир қамчи дастаси билан дарвозани тақиллатди. Ҳовлида ётган кекса кўппак ит йўғон ва хирри товуш билан вовуллади. Тоҳир ўрнидан турган эди, отаси:
— Эҳтиёт бўл! — деди овозини пасайтириб. — Аввал кимлигини сўраб бил.

Ташқарида ёмғир тинган, лекин осмон булутли, қоронғиликда ҳеч нарсани кўриб бўлмас эди. Тоҳир дарвозахонага яқин бориб:
— Ким? — деб сўради. Кўппак қаттиқроқ ҳура бошлади. Ташқаридаги одам овозини баландлатиб:
— Тоҳир, жиян? — деб сўради. — Оч, мен тоғо-йингмен!

Тоҳир ташқаридаги овозни таниб, очиқ дарча орқали ичкарига:
— Ая, Фазлиддин тоғойим! — деди-ю, чопиб бориб дарвозанинг занжирини туширди.

Ичкаридан чиққан чол-кампирлар меҳмон билан кўришаётганда Тоҳир қорайиб турган икки ғилдиракли соябон аравани кўрди. Аравага қўшилган отнинг эгари устидан кимдир пайпасланиб тушмоқда эди.
— Мулла тоға, арава сизданми?
— Ҳа, жияним. Кўч-кўроним билан келдим.
— Шунақами? — деди Тоҳир ҳайрон бўлиб. Унинг кўнглида боя тоғасини кўрганда ёнган қувонч энди ташвишли ўйлар билан алмашинди. Тоҳирнинг Андижондаги паноҳи — мана шу тоғаси эди. Тоғаси кўчиб келган бўлса, Тоҳирнинг қўрғонга борадиган йўли бекилгани шу. Робия нима бўлади?
— Тоҳир, нега ағрайиб турибсан? Юкларни туширишгин! — деди онаси. — Мулло тоғойинг ёмғирда кўп азоб тортганга ўхшайдир.
— Э, азоб ҳам гапми, опа! Арава лойларга тиқилавериб жонимиздан тўйдирди. Йўллар тирбанд. Қочоқлар беҳисоб.

Тоҳир аравадан юк тушираётиб, отнинг сағрисига қўли тегиб кетди. Шунда қўлига шилимшиқ лой илашганини сезди. Лой отнинг сағрисигача чиққан бўлса, бу бечоралар кела-келгунча қанчалик қийналганикин? Ҳамма ёвдан қочиб Андижонга қараб кетаётганда, бу-лар нега Қувага кўчиб келганикин? Тоҳир қанор қопга солинган юкни аравадан туширмоқчи бўлганда тоғаси:
— Ҳушёр бўл, жуда оғир, икковлашиб кўтаринглар,— деди аравакашга.

Тоҳир қопнинг ичида унча катта бўлмаган пўлат сандиқ борлигини сезди. Мулла Фазлиддин ўтда куймайдиган, сув кирмайдиган бу сандиқни Қуванинг темирчи усталарига буюртма бериб ясаттирган эди. Унинг ичида тарҳлар, лойиҳалар, суратлар сақланарди. Мулла Фазлиддин уч йил Самарқандда, тўрт йил Ҳиротда таҳсил кўрган, ўша ёқдан меъморлик санъати билан бирга мусаввирлик[4]ни ҳам ўрганиб келган эди. Ҳиротда жангномалар ичига суратлар чизиш одат тусига кирган, мавлоно Беҳзод чизган Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро тасвирлари расмий доираларда шуҳрат топган, лекин Самарқандда, хусусан, Фарғона водийсида одам шаклини чизиш ҳали ҳам қуръон номидан қаттиқ тақиқланиб келмоқда эди. Шунинг учун мулла Фазлиддин ўзи чизган суратларини мана шу пўлат сандиқда доим махфий сақлар эди.

Тоҳир қопдаги пўлат сандиқни аравакаш билан кўтаришиб уйга олиб киришди.

Мулла Фазлиддин ҳўл бўлиб оғирлашган пиёзи чакмони ва этигини даҳлизда ечиб қолдирди. Оёғига чарм кавуш кийиб, обрез четида бет-қўлини ювди. Сўнг боя Тоҳирлар ўтирган дастурхонлик уйга кирди.

Унинг чакмонидан ўтган ёмғир калта енглик абосини нам қилган эди. Лекин ёз оқшоми илиқ бўлганлиги учун кийим алмаштириш эсига келмади. Йўлда қаттиқ толиққанлиги учун дуруст овқат ҳам емади. Фақат бир-икки тилим ҳандалак едию уч-тўрт пиёла чой ичди. Аравакаш йигит икки коса тўла қатиқли ош ичгандан кейин отларига қараш учун ҳовлига чиқиб кетди.
— Оббо! Мулла Фазлиддин-эй! — деди Тоҳирнинг отаси узун оқ соқолини ўйчан эзғилаб. — Зап келибсизда. Шу нотинч кунларда бирга бўлганимизга не етсин!
— Ҳамма ёғийдан қочганда биз аждаҳонинг комига яқин келиб қолганимиз ғалати бўлди, — деб мулла Фазлиддин жиянига маъюс кўзлари билан қаради.
— Бирон сабаб билан келгандирсиз-да, мулла тоға?— сўради Тоҳир.
— Сабаб шуким, жиян, уруш бошланса, қурилиш тўхтайди, меъморнинг кераги бўлмай қоладир...
— Ие, ахир, сизни подшонинг ўзи хизматига олган эмасмиди?
— Подшо Ахси қўрғонида мудофаа билан овора. Тошкент хони Маҳмудхон ҳам Хўжанд томондан бизга қарши қўшин тортиб келмоқда эмиш. Қашқар ҳокими Абубакир дуғлат деган яна бир босқинчи шарқдан Ўзганнинг устига бостириб келмишдир.

Тоҳирнинг кекса отаси қўрқиб, ёқасини ушлади:
— Ё тавба! Бу ёқда Самарқанд қўшини... Уч томонимиздан ёғий бостириб келибдими, а? Бу не кўргулик, мулла Фазлиддин? Ахир бу подшолар сал муроса қилсалар бўлмайдими, а? Ҳаммаси бир-бирига қариндош эмиш-ку. Шу ростми?
— Ҳа, рост. Тошкент хонига бизнинг подшомиз куёв бўладир. Қўқонни талаб, бизнинг устимизга қўшин тортиб келаётган Самарқанд подшоси Султон Аҳмад мирзо эса бизнинг подшомиз билан бир отадан бўлган оға-инидирлар. Яна бу икки подшо бир-бирларига қуда бўлмоқчи эдилар. Самарқанд подшосининг қизи бизнинг валиаҳдимиз Бобур мирзога беш яшарлигидан унаштириб қўйилган эди. Шундан билингки, оға инига, қайнота куёвга қарши қилич кўтариб чиқмишдирлар!
— Ё пока парвардигор! Охирзамон дегани шумикин, мулла Фазлиддин?
— Билмадим, почча. Ҳар қалай, ёмон тождорларнинг замонаси охирлаб қолаётганга ўхшайдир. Кошки, ўзлари билан ўзлари олишиб, бизни тинч қўйсалар! Урушнинг бутун жабру жафоси эл-улуснинг бошига тушадир.
— Шўримиз бор экан-да!
— Ҳа, толе бўлмаса қийин экан! Мен не-не орзулар билан илм-ҳунар ўрганиб келган эдим! Ватанимиз бўлмиш Фарғона водийсида Самарқанддагидек, Ҳиротдагидек мадрасалару кўркам обидалар қурмоқчи эдим. Бу салтанату подшолардан не қолур? Ҳаммаси ном-нишонсиз кетгай! Биздан ёдгорлик бўлиб қолса Улуғбек мадрасасидек, Навоий Унсиясидек санъат асарлари қолур!

Мулла Фазлиддин оғзидан чиқиб кетган сўнгги гаплардан хавотирланиб, эшик томонга қараб қўйди. Унинг сарой аҳлига яқин юриб, айғоқчилардан юрак олдириб қўйганини Тоҳир ҳам сезди.
— Мулла тоға, сўзлайверинг, бу ерда ҳамма ўз-ўзимиз... Андижон қўрғонидан нечун сизга жой бермадилар?

Мулла Фазлиддин сўнгги кунларда бошдан кечирган мудҳиш ҳодисаларни эслаб, бир лаҳза оғир сукутга кетди...

Ўтган куни хуфтон пайтида мулла Фазлиддин ўзларидан беш-олти уй нарида турадиган бир хаттот ошнасиникида ифтор қилиб ўтирганда қандайдир номаълум кишилар унинг уйига бостириб киради. Ҳовлидаги ит вовуллаб қўймаганда уни қилич билан чопиб ташлайдилар. Бугун бу ерга аравани миниб келган хизматкор йигитнинг оғзига латта тиқиб, қўл-оёғини боғлайдилару қазноққа ташлайдилар. Сўнг уйга кириб, тинтув ўтказадилар ва пўлат сандиқни кўрадилар. Лекин уни очишнинг иложини тополмай, қулфини болта билан уриб синдиришга киришадилар.

Қилич билан чопилган ит қаттиқ вангиллаганда девордармиён қўшнилар бир фалокат бўлганини сезадилар. Улардан бири чиқиб мулла Фазлиддиндан хабар олмоқчи бўлса, дарвоза қаршисидаги дарахт панасида бир одам тўртта отнинг жиловидан ушлаб турибди. Унинг юзи қора ниқоб билан бекитиб олинган, фақат кўзлари кўринади. Ичкаридан эса пўлат сандиқ қулфига урилаётган болта товуш эшитилади...

Мулла Фазлиддинга қадрдон бўлган қўшни унинг уйига ёмон одамлар тушганини сезади-ю, дарҳол хаттотникига чопади. Ундан воқеани эшитган мулла Фазлиддин уйига югуриб келди.

Пўлат сандиқнинг қулфини синдириб очиб, ундаги қоғозларни титкилаётган босқинчилар уй эгасини кўриб, дарчадан айвонга сакрашди.
— Тўхта, нобакор! — деб мулла Фазлиддин биттасининг қаршисидан чиққан эди, юзига қора ниқоб тутган айиқдай зўр йигит уни елкаси билан уриб четлатди-да, кўчага отилди. Бошқалари ҳам кўчадаги отларига миниб, бир лаҳзада ғойиб бўлишди.

Мулла Фазлиддин уларни қувлаб етолмаслигини сездида, тўс-тўполон бўлган уйга қараб интилди ва очиқ ётган пўлат сандиқнинг тепасига келди. Токчада қўшалоқ шам ёниб турибди. Унинг ёруғида аралаш-қуралаш бўлиб кетган, баъзи жойлари йиртилган лойиҳалар ва чизмалар кўзга ташланди. Сандиқ ичида подшоҳ инъом қилган олтиннинг бир қисми ҳамёни билан турган эди. Шу йўқ. Лекин ҳозир мулла Фазлиддиннинг кўзига олтин ҳам кўринмас эди. Унинг бутун хаёли сандиқ тубидаги махфий тагқутини бекитиб турган силлиқ мис парчасида эди. Уни чапга секин сурган эди, тагқутининг калит солинадиган жойи очилди. Мулла Фазлиддин атрофига аланглади — уйда бошқа одам йўқ, қўшниси қазноқдаги хизматкорнинг оёқ-қўлини ечиш билан овора эди. Мулла Фазлиддин қўйнидан кичкина калит олиб, тагқутининг қулфига солди. Қулф очилгандан кейин тагқутининг мис қопқоғини секин кўтарди-ю, юпқа жилд ичидаги суратларни очиб кўрди... Кекса боғбоннинг дарахт пайванд қилаётган пайти... Чилмаҳрам тоғларидаги ов тасвири... Энг пастда чанг чалаётган гўзал бир қизнинг сурати...

Бу — Умаршайх мирзонинг қизи. Андижон чорбоғида подшоҳ оиласи учун тиллакори кўшк қурган пайтларида ўн саккиз ёшлик Хонзода бегим унинг мусаввир ҳам эканлигини билиб қолиб, ўзининг суратини чиздирган. Мулла Фазлиддин бу ишни яшириқча қилган. Агар шариат пешволари унинг одам суратини чизганини билиб қолишса, соғ қўйишмайди. Яна тағин гўзал малика билан яшириқча тил бириктириб сурат чизгани қизнинг подшоҳ отасига маълум бўлса борми, мулла Фазлиддинни тилка-пора қилиб ташлашлари ҳеч гап эмас.

Шу сабабли ҳозир уни энг қаттиқ қўрқитган нарса— бу суратнинг босқинчилар қўлига тушиб қолиш эҳтимоли эди. Хайриятки, улар сандиқ тагида махфий тагқути борлигини сезишмабди. Лекин сандиқни отларига ўнгариб кетишса нима бўларди? Унда тагқутидаги суратларни ҳам албатта топиб олишарди!..

Хизматкор йигит сал ўзига келгандан сўнг, мулла Фазлиддин ундан ва қўшнисидан воқеанинг тафсилотларини сўраб билди, ўзининг кўрганларига буни таққослаб, шундай хулосага келдики, унинг уйига тушганлар — оддий ўғрилар эмас, балки қайси бир зўравон бекнинг йигитлари. Улар уйни тинтиб нимани қидиришган? Тарҳларни ташлаб кетишибди. Демак, суратларни излашган... Мулла Фазлиддиннинг сурат чизишини биладиган одам... унда қасди бор бек юборган бўлиши керак бу йигитларни!..

Изтиробли ўйлар туни билан мулла Фазлиддин кўзига уйқу қўндирмади. Урушнинг алғов-далғовида тобора бўйни йўғон бўлиб кетаётган бебош беклар эсига тушгани сари кўнгли безовта бўларди.

Андижонлик беклардан Ҳасан Ёқуб дегани шу йили баҳорда мулла Фазлиддинни чорбоғига чақиртириб, катта бир иш топширмоқчи бўлди.
— Мирзо ҳаммомидан ҳам улканроқ бир ҳаммом қурдирмоқчимен... Ёзда салқинлайдиган мармар хо-налари бўлсин... — Ёқуббек овозини пасайтириб давом этди. — Чиройлик асира қизлар сотиб олғаймен. Олтиним етарли. Ўша қизлар ҳаммомнинг мармар ҳовузида чўмилганда мен ўлтириб томоша қиладиган махфий туйнуклари ҳам бўлмоғи лозим. Уқдингизми? — деб Ёқуббек хахолаб кулди-да, гапнинг хулосасини айт-ди.— Ана шу ҳаммомнинг тарҳини ўзингиз чизинг. Қурилишига ҳам сиз саркор бўлинг. Қанча ҳақ тиласангиз берай. Хўпми?

Меъморликни муқаддас бир санъат деб ишонган мулла Фазлиддин Ёқуббекнинг шаҳвоний ниятларини эшитиб нафрати келди:
— Жаноб бек, узр, мен ҳаром ишдан қўрқамен!..
— Нимаси ҳаром?.. Мен ҳаммомни ўз ақчамга қурдиргаймен!
— Ҳаммомга махфий туйнуклар қўйиб қурадиган саркорлар бошқа... Сиз ўшаларга мурожаат қилинг. Менга Мирзо ҳазратлари покиза бир даргоҳ қурдирмоқчилар. Шу кунларда мадраса тарҳини чизиш билан бандмен. Рухсат этинг, мен борай...

Ўринларидан турганда Ёқуббек мулла Фазлиддинга ўқрайиб кўз тикди:
— Лекин мен айтган гап шу ерда қолсин, жаноб меъмор. Акс ҳолда...
— Албатта, бу гап шу ерда қолур! Лекин сиз ҳам мендан озурда бўлманг. Ора очиқ! Маъқулми, жаноб бек?
— Маъқул!

Мулла Фазлиддин шу билан бу бўйни йўғон бекдан қутулдим, деб ўйлаган эди. Лекин бундан ўн беш кунча бурун Аҳмад Танбал деган бир бадавлат бек мулла Фазлиддинни сўроқлаб, кечки пайт унинг уйига келди. Икковлари холи қолганда Аҳмад Танбал чўнтагидан бир ҳамён олтин олди-да, мулла Фазлиддинга узатди:
— Тақсир, мана шу олтинни олингу битта сурат чизиб беринг.
— Қанақа сурат?

Ёши йигирма бешлардан ошган бўлса ҳам, юзига ҳали дуруст соқол чиқмаган, кўсанамо Аҳмад Танбал оғзини меъморнинг қулоғига яқинлаштириб шивирлади:
— Маликамизнинг сурати керак менга!
— Қайси маликамиз? — сергакланиб сўради мулла Фазлиддин.
— Чорбоғда тиллакори кўшк қурганингизда кўргансиз... Хонзода бегим... Ўзи ҳам сизнинг санъатингизга ихлосманд эмиш-ку...

Мулла Фазлиддиннинг юраги така-пука бўлиб кетди. Наҳотки бу бек пўлат сандиқдаги суратдан хабардор бўлса!
— Ким сизга шундай деди?.. Мен меъмормен... Мен фақат иморатларнинг суратини чизамен...
— Мендан яширманг, жаноб меъмор! Мен шариат пешвоси эмасмен. Сурат чизишни бизда ман қилганларига мен ҳам қаршимен! Ҳиротда Шоҳруҳ мирзо Бойсунқур мирзо учун қурдирган саройнинг деворлари гўзал қизлар сурати билан безалган экан. Тўғрими?
— Тўғри-ю, лекин... Ҳар жойнинг ўз тошу тарозиси бор. Агар Хонзода бегимнинг сурати ҳақида сиз айтган гапни подшоҳ ҳазратлари билиб қолсалар, нима бўлишини ўйлайсизми?
— Билмагай! — деб шивирлади Аҳмад Танбал. — Икковимиздан бошқа ҳеч ким огоҳ бўлолмагай! Хўп денг! Манг, олтинни олинг!
— Шошманг, бек. Мени сурат чизади, деб сизга ким айтди?..
— Эшитдик-да!
— Кимдан?.. Ҳасан Ёқуббекданми?..
— Ҳасан Ёқуббек бир боғбондан эшитган экан...

«Демак. Аҳмад Танбалнинг бу ерга келганидан Ҳасан Ёқуббек хабардор! — ўйлади мулла Фазлиддин.— Булар биргалашиб мени қўлга тушурмоқчи бўлса керак. Сендек қурбақатахлит бек учун Хонзода бегимнинг суратини чизиб бериб мен аҳмоқ эмасмен!».
— Жаноб Аҳмадбек, камина боғларнинг суратини чизганда бир четига боғбонни ҳам тасвирлашим мумкин. Меъморлик санъати буни инкор этмайди. Аммо маликанинг суратини чизиш учун менда на санъат бор, на ҳақ ва на журъат!
— Хуллас, менинг сўзимни ерда қолдирмоқчимисиз?
— Бошқа иложим йўқ. Мени маъзур тутинг, жаноб бек. Бундай таклиф билан келиш сиз учун ҳам хатардан холи эмас!
— Э, мен буздиллардан[5] эмасмен! — деб Аҳмад Танбал қаҳр билан ўрнидан турди ва йирик тишларини иржайтириб қўшиб қўйди: — Лекин сиз менинг шахтимни қайтарганингиз учун ҳали пушаймон бўлурсиз!

Бу таҳдид мана энди тўртта босқинчининг қиёфасига кириб, қоронғида унинг уйига бостириб келган бўлса ажаб эмас. Қуролсиз, навкарсиз мулла Фазлиддин Аҳмад Танбалдай юз-икки юзтадан қуролли йигитлари бор бекларга қандай бас келади? Лекин «бўлари бўлди», деб индамай юраверса, бу қутурган бек эртага бешбаттар ёмонликлар қилиши мумкин эмасми?

Мулла Фазлиддин эрталаб подшоҳ инъом қилган тўбичоқ отни минди-да, шаҳар доруғаси[6] қабул қиладиган маҳкамага йўл олди. Узун Ҳасан исмли ингичка, новча доруға аскарликка одам олиш ва шаҳарни яқинлашиб келаётган душмандан ҳимоя қилиш ташвиши билан банд экан. Мулла Фазлиддиннинг арзини қаёққадир кетмоқчи бўлиб шошилиб турган пайтда тинглади-да:
— Тарҳларингизга тегмай, ҳамёнингизни олиб кетган бўлса, бу — тўқайдан чиққан ўғриларнинг иши, — деди. — Ёғий ташвишидан қутулсак, тўқайларни ўғрилардан тозалагаймиз... Ҳозир аҳволни кўриб турибсиз!..

Қўл қовуштириб тикка турган мулла Фазлиддин доруғага яқинроқ келди:
— Менинг бошқа гумоним бор, жаноб доруға, — деди. Сўнг Аҳмад Танбалнинг сурат чиздирмоқчи бўлганини, рад жавоби олганда эса аччиқланиб кетганини айтиб берди.
— Кимнинг сурати? — деб доруға қизиқиб қолди.

Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг номини тилга олишга қўрқди.
— Парилар суратимиди? Яхши тушунмадим.
— Сандиғингизда парилар сурати бормиди? Босқинчилар шуни олиб кетибдирми?
— Сурат ўзи бўлмаса нени олиб кетсин! Мен ҳазрати олийлари буюрган мадраса тарҳини чизиш билан бандмен. Сураткашликка вақтим йўқ. Сандиқда хомаки лойиҳаларим бор эди, холос.
— Улар жойида қолганми, ахир? Ундоқ бўлса Аҳмадбекдан нечун гумонсирамоқдасиз?
— Сабабини айтдим, жаноб доруға! Тафтиш ўтказишингизни сўраймен!
— Аҳмадбек — султонлар авлодидан эканини унутган бўлсангиз, мен эслатиб қўяй.

Ҳазрати олийларининг катта хотинлари Фотима бегим Аҳмадбекка қариндош бўлурлар. Фотима бегимнинг чақириғи билан Султон Аҳмадбек бугун азонда пойтахтимиз Ахсига кетдилар.

«Агар ўша бек сандиқдаги суратларни қўлга туширса, Ахсига элтиб, подшоҳ оиласига кўрсатмоқчи бўлганми?— деган ўй мулла Фазлиддиннинг ичини музлатиб ўтди. — Булар менинг қонимга шунчалик ташнами? Балки Аҳмад Танбал Хонзода бегимни ҳам шу сурат орқали қўлга туширмоқчидир? Ҳали уйланмаган бу бек подшога куёв ва Хонзода бегимдек гўзал қизга эр бўлишни жон-дили билан истаса керак!»

Ўргимчак тўрига ўхшаш ёпишқоқ бир бало атрофини ўраб келаётганини сезган мулла Фазлиддин жон-жаҳди билан бу тўрни йиртиб чиқиб кетишга уринди:
— Жаноб доруға, мен сиздан адолат истаб келдим! Подшоҳ ҳазратлари мени сизнинг ҳимоянгизга топширган эдилар! Агар босқинчиларни топиб жазо бермасангиз, мен подшоҳ ҳазратларининг ҳузурларига паноҳ истаб кетишга мажбур бўлурмен!
— Аммо шуни билингки, жаноб меъмор, ҳазрати олийнинг ҳузурига сиздан ҳам олдин баъзи бир гапларингиз етиб бориши мумкин!
— Яъни, қайси гапларим, жаноб доруға?
— Баъзи меъморлар ўзларини подшоҳлардан ҳам баланд қўярмишлар. «Бу тахту салтанатлар беному нишон йўқолур, фақат меъмору мусаввирлар яратган зўр санъат асарлари тирик қолур», деган густохона ақидалар бизга маълум!

Мулла Фазлиддин бугун Қувада поччасининг уйида бехосдан айтиб юборган бу эътиқодини бошқа ишонган одамларига ҳам айтган пайтлари бўлган эди. Ана шу ишонганларидан аллақайсиси айғоқчилик қилиб, бу гапни доруғага етказганини, энди доруға буни подшоҳга дастурхон қилиб олиб бориши мумкилигини сезди-ю, баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Лекин доруғага сир бой бериш қанчалик хатарли эканини пайқаб:
— Бу ҳаммаси иғво! — деб хитоб қилди: — Жаноб доруға, сизнинг устингиздан иғво қилувчилар ҳам оз эмас! Буни билурсиз! Мен Андижонда неки бино қилган бўлсам, ҳаммасига Мирзо ҳазратларининг номларини битмоқдамен! Аркдаги девонхонани кўринг! Чорбоғдаги кўшкни кўринг! Мен уларнинг бирор жойига ўз номимни ёзибменми? Қани, иғвогарлар далил келтурсинлар! Мен ҳаммасига Мирзо ҳазратларининг муборак номларини битганмен! Демак, тарихда менинг номим эмас, Мирзо ҳазратларининг номи қолсин, деганмен! Шундоқми, йўқми? Қани айтинг!

Доруға бу мантиқли далилларни рад этолмасдан:
— Шундоқликка шундоқ, аммо...
— Аммоси йўқ, жаноб доруға! Сиз мени босқинчилардан ҳимоя қилиш ўрнига, айғоқчиларнинг туҳматига ишонадирган бўлсангиз, мен алҳол Ахсига бориб, Мирзо ҳазратларига арз қилурмен!..

Узун Ҳасан бу дўқни писанд қилмай:
— Майли, боринг, арз қилинг! — деди. — Лекин шуни билингки, атрофимизни ёғий босган бу хатарли дамларда подшоҳга меъмордан кўра навкар зарурроқ! Аҳмадбекдек, мендек жанговар беклар учун подшоҳ ҳозир сиздеклардан қанчасининг баҳридан ўтур!
— Ахсига борганда кўрурмиз, — деб мулла Фазлиддин маҳкамадан шахт билан ташқарига чиқди. Унинг важоҳати ҳозироқ Ахсига, подшоҳ ҳузурига арзга борадиганга ўхшарди.

Лекин у отланиб уйига қайтаётганда сал ҳовуридан тушди-ю, Узун Ҳасан айтган сўнгги гапларда аччиқ бир ҳақиқат борлигини сезди. Ёв қуршовида қолаётган Умаршайх мирзо битта меъморни деб юз, икки юздан навкари бор зўравон бекларга қарши бормаслиги аниқ. Аҳмад Танбал бугун Ахсида — шоҳ саройида. Агар у мулла Фазлиддиннинг малика суратини чизгани ҳақида гап тарқатса... Лекин Аҳмад Танбал буни қандай пайқаганикин? Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг суратини чизиш учун у билан тиллакори кўшкда пинҳон учрашганда буни зимдан кўриб қолган канизлар ёки савдарлар[7] бўлса, Аҳмад Танбал шунинг бир четини эшитиб, ҳалиги ҳамённи кўтариб келганмикин? Босқинчи йигитларини ишга солиб ҳам мақсадига етолмаган бу ёвуз бек энди шоҳ саройига бориб пешгирлик қилиши мумкин. Агар у ўзи эшитган миш-мишни ҳарамдаги аёллар орқали подшоҳнинг қулоғига етказса... Умаршайх мирзо бўй етган қизининг қаёқдаги бир меъмор билан яши-риқча учрашиб, сурат чиздирганини ўз шаънига катта иснод деб билиши аниқ. Шоҳ исковучлари ишга туширилса, мулла Фазлиддин яшириб юрган суратни топиб олиб, Аҳмад Танбалнинг гапига далил қилиш қўлларидан келади. Ана ундан сўнг шоҳ қизига иснод келтирган мусаввирни минг қийноқларга солиб ўлдиришлари турган гап!

Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг суратини чизиш билан нечоғлиқ хатарли ишга қўл урганини энди астойдил ҳис қилди. Агар сурат қўлга тушса, у қиз ҳам маломатга қолади. Дунё бусиз ҳам ташвиш-таҳликага тўла!.. Мулла Фазлиддин тагқутидаги малика суратини титроқ қўллар билан жилддан олди. Иғвогар аблаҳларга далил қолдирмаслик учун буни йўқ қилиши керак! Мулла Фазлиддин ўчоқда ёнаётган оловга яқин борди.

Рангли бўёқлар билан ишланган мўъжазгина суратдаги гўзал қиз шу пайт унга тирик бир одам бўлиб кўринди. Аланга ёлқинида қизнинг киприклари, лаблари билинар-билинмас нафис ҳаракатлар қилаётганга ўхшаб кетди. Қизнинг ақлни шоширадиган жозибаси бор эди. Бу жозиба мулла Фазлиддинни ҳар галгидай яна сеҳрлаб олди, бояги таҳлика хаёлидан узоқлашиб, қалбида илиқ туйғулар уйғонди. «Наҳотки мен бу қизга ошиқ бўлсам? — ҳайрат ичида ўйланди мулла Фазлиддин. — Қора халқ орасидан чиққан мендай бир сураткашнинг шоҳ қизига муҳаббат қўйиши кулгили эмасми? Йўқ! Мен фақат ўзим чизган суратга— ўз ижодимга меҳр қўйганмен, холос! Бошим омон бўлса, бундай суратни яна чизгаймен!»

Шу ўй билан суратни ўтга ташламоқчи бўлиб эгилди. Қиз тасвири оловга яқинлашганда юзи қизариб бўғриққандек, кўзлари эса чақнаб кетгандек кўринди. Мулла Фазлиддин тирик одамни ўлдираётгандек, севиклисини ўтга ташлаётгандек сесканиб орқага чекинди. Ички бир овоз уни «Қўрқоқсен!» дегандек жеркиди. «Душманларинг устингга бостириб келаётгани йўқ-ку! Аҳмад Танбал ҳам Ахсида. Билиб қўй, сен бундай гўзал суратни иккинчи марта чиза олмассен! Тасвирга бунчалик тирик жозиба бахш эта олганинг— такрорланмас бир илҳомнинг натижаси. Ботир бўлсанг, қутқариб қолурсен!»

Мулла Фазлиддин суратни тагқутига қайтариб солди-ю, хизматкор йигитни чақирди.
— Кўчларни йиғиштир! Аравани қўш! Қувага жўнагаймиз!.. Тез!.. Тезроқ!..

Мана ҳозир опасининг уйида ўтириб, юз берган воқеани поччаси билан жиянига сўзлаб берар экан, пўлат сандиқда Хонзода бегимнинг сурати борлигини уларга ҳам айтмади. Бу сирни у ҳеч кимга билдирмоқчи эмас эди...
— Во дариғ! — деб Тоҳирнинг отаси оғир ух тортди:— Бизнинг суянган тоғимиз сиз эдингиз, мулла Фазлиддин!.. Энди сиз ҳам қувғинга учраган бўлсангиз.
— Начора? Ҳаммамизнинг ҳам тақдиримиз қил устида турибди!
— Подшоҳга арзга борсангиз, додингизга етмасмикин, мулла тоға?
— Бу тўполонлар босилса, бир марта бориб арз қилишим аниқ. Агар додимга етса етди, етмаса, яна Ҳиротга қайтиб кетурмен! Алишер Навоий Шифоия деган бино қурдирмоқчи, деб эшитган эдим. Оламда биз учун ёнган ягона умид чироғи ўша сиймо бўлиб қолди.
— Ҳирот орзусини қилманг, мулла Фазлиддин, Фар-ғонада ҳам ҳунарингизнинг қадрига етадиган одамлар бор. Қуванинг кўприги сизнинг режангиз билан қурилган эди. Халқ ҳалигача сизни дуо қилиб юрибдир.
— Халқ! Қани энди бу кўприкдан фақат халқ ўтса! Эрта-индин бу кўприкдан ёғий қўшинлари ўтиб келур! Халқнинг бошига ёғиладиган балоларни ўйласам, бугунги жалалар селга айланиб, ўша кўприкни оқизиб кетмаганига афсус қиламен! Агар ёғий, бу томонга ўтолмасин деб, ўша кўприкни ҳозир ёндириб юборсалар, мен жон деб рози бўлур эдим!

«Чиндан ҳам, — ўйлади Тоҳир ўзича, — ёғоч кўприк. Ёғ сепса ёнур. Ёғий фақат шу кўприкдан ўтиши мумкин. Кечув ҳам йўқ. Ҳаммаёқ ботқоқлик, қамишзор. Агар кўприк ёндирилса ёғий ўтолмагай!» Тоҳир кутилмаган жойдан нажот йўлини топгандай бўлди. Тасаввурида гавдаланган ёнғин алангасидан гўё унинг бадани қизиб кетгандай туюлди. Робияни бало-қазодан асрайдиган энг зўр қалқон ана ўша олов бўлиши мумкин! Тоҳир қалтис истакдан кўзлари ёниб отасига қаради. «Айтсаммикин? Йўқ! Розилик бермас. Ёлғиз ўғилмен. Тоғам... нозик одам, аралашмагани маъқул. Таваккалчи йигитлардан топишим керак!».

Тоҳир секин ўрнидан туриб, ҳовлига чиқди.

Осмонни тўлдирган булутларнинг йиртиғидан бирда-ярим юлдузлар кўриниб қолади. Уйлар чироқсиз. Кўчалар сукутда. Аҳён-аҳёнда кучуклар ҳургани эшитилади.

Ифторни қилиб чиққан Маҳмуд Тоҳирга дарвоза олдида учради. Робиянинг акаси бўлган бу косиб йигит Андижон қўрғонига кетишдан гап очган эди:
— Э, бу ниятлар ҳаммаси пучга чиқди! — деб Тоҳир унга тоғасидан эшитганларини айтиб берди. Маҳмудни ҳам бирдан ғам босиб:
— Энди қайдан нажот излаймиз, э худо! — деди.
— Ўзинг учун ўл етим, деган гап бор, Маҳмуд... Юр, дарвозахонага кирайлик. Бир сир айтамен. Оғзинг-дан чиқарма! Кўприкни ёндирамиз!..
— Қандай қилиб? — ҳайрат билан сўради Маҳмуд.

Тоҳир унга ўзининг режасини шивирлаб тушунтирди.
— Ёғ сепсак, ёғоч тез ёнгай. Билдингми?
— Жинни бўлибсен! Кўприкда соқчилар бор-ку.
— Ўзимизнинг беклар қўйган соқчиларми? Ҳали ёғий яқин келса ҳаммаси қўрғонга қочгай. Ўшанда биз...
— Йўқ, шошма! Ахсидан бизнинг подшомиз қўшин тортиб келаётган эмиш. Бу кўприк ҳали ўзимизга керак!..
— Подшойинг қўрғонидан чиқса шу кунгача чиқар эди! Ана, Марғилон ҳам бой берилибди! Подшодан дарак йўқ!..
— Билмасам, кадхудо[8] гузарда ишонтириб айтди. «Подшо ҳазратлари йўлда, эрта-индин ҳимоямизга етиб келишлари аниқ!» — деди.
— Чиндан йўлга чиқибдими-а?
— Ҳа, ўз қулоғим билан эшитдим! Бултур подшомиз ёғий билан Хўжанддан нари Ховосга бориб урушган экан-ку. Қува Ахсига Ховосдан ёвуқроқ[9] эмасми?
— Ёвуқликка ёвуқ-ку!.. Зора сен айтганинг рост чиқса-я, Маҳмуд?
— Ҳа, ахир, кўприкка соқчиларни бекорга қўйганларми?.. Подшомиз эрта-индин келиб жонимизга оро киргай... Мана, кўрурсен!..

Шу топда Тоҳирнинг кўнглида ҳам умид учқунлагандай бўлди. У қоронғи осмоннинг узоқ бир четида— Сирдарёдан нарида жойлашган Ахси томонга интизор кўзлар билан тикилди.

Ахси - Ажалга Даво Йўқ

1

Баланд тепалик устига қурилган Ахси қалъаси тун оғушида тоғ қоясига ўхшаб қорайиб кўринади. Қалъа этагида Косонсойнинг Сирдарёга гувуллаб қуйилаётгани, икки дарё тўлқинлари бир-бирлари билан олишиб, қирғоққа шалоплаб урилаётгани узоқдан эшитилиб туради.

Ахсининг ҳукмрони Умаршайх мирзо бу кеча ҳарамда ўн саккиз ёшлик Қоракўз бегимнинг хобгоҳида ухлаб ётибди. Шоҳона тўшакнинг ипак пардаси ортида биттагина шам липиллаб ёниб турибди. Унинг заиф ёғдуси ташқаридан босиб кирмоқчи бўлаётган тун қоронғисидан қўрққандай титраб-қалтирайди.

Саҳар пайтида қалъа сукунатини бузиб ҳазин сурнай товуши янгради. Сўнг унга қўш нақора товуши жўр бўлди. Рўза тутиш — шоҳу малайга баробар келган мажбурият бўлгани учун сурнай ва нақора сарой аҳлини саҳарликка уйғотмоқда эди.

Ёз тунлари қисқа, уйқуга тўймай саҳарликка туриш хийла нохуш. Шундай бўлса ҳам Қоракўз бегим ўрнидан оҳиста туриб ювинди, кийинди. Лекин парқу тўшакда бақувват қўлларини ипак чойшабдан чиқариб ухлаб ётган Умаршайх мирзо ҳамон уйғонмас эди.

Хобгоҳдан икки хона нарида ҳашаматли танобий уйда аллақачон тузаб қўйилган дастурхон Мирзога мунтазир эди. Унинг кеча ифтордан сўнг берган амрига мувофиқ бугунги саҳарлик учала хотинлари ва болалари билан бирга қилиниши керак эди. Мирзонинг биринчи хотини Фотима Султон, иккинчи хотини Қутлуғ Нигор хоним, ўн саккиз ёшлик қизи Хонзода бегим ва ўн яшар ўғли Жаҳонгир мирзо — ҳаммалари ўша танобий уйга йиғилган эдилар. Лекин ҳазратнинг ўзлари келмагунча ҳеч ким тамадди қила олмас эди.

Ички эшикдан Қоракўз бегим чиқиб келди. Кичик жуссали бу ёш жувон тепада ёнаётган қандил ёруғида беҳад чиройли кўринди. У катта бегимларга уялибгина салом берди-да, ҳазратни уйғотишга журъат этолмаганини айтди.

Қоракўз бегимнинг ёшлиги, гўзаллиги, хусусан, уялиб гапириши ҳозир унинг энг суюкли хотин эканини эсга туширди-ю, Фотима Султоннинг рашкини қўзғади.
— Ҳазратимни мунча қаттиқ ухлатибсиз, энди уй-ғотиш нечун илкингиздан келмайдир?

Қутлуғ Нигор хоним болалар олдида қилинган бу киноядан озорланиб:
— Қўйинг, оға ойи. Бу бегимда айб йўқ! — деди.

Хонзода бегим ойисининг юзига маъноли кўз ташлаб: «Айб бизнинг отамиздами?» демоқчи бўлди. Подшоҳ ота қизи тенглик Қоракўз бегимнинг хобгоҳида, қонли уруш ҳаммани бесаранжом қилиб турган шундай таҳликали тунда қотиб ухлаб ётиши унга беҳад хунук туюлди. Ҳозир отаси келса, Хонзода бегим унинг юзига қарай олмаслигини сезди-ю, ойисидан илтимос қилди:
— Рухсат беринг, мен кетай... Саҳарликни бошқа қизлар билан қилай...
— Ҳазрат отангиз сўрасалар, биз не деймиз? Хафа бўлмасинлар, тағин. Сабр қилинг, қизим... Мунча ошиқманг...

Ташқари эшикдан таъзим қилиб кирган чошнагир[10] аёл овозини қўрқув билан пасайтириб хабар берди:
— Осмонда юлдузлар сийрак қолди. Ҳадемай тонг ёришур. Ҳазрати олий саҳарликсиз қолурларму?

Тонг отиб, азон айтилгандан сўнг рўза ўз кучига киради, ҳеч ким ҳеч нарса еб-ичиши мумкин бўлмай қолади. Узун ва иссиқ ёз кунида подшоҳни саҳарликсиз қолдириш бегимлар учун ўзлари оч-наҳор қолишларидан қўрқинчлироқ эди.

Барча кўзлар ички эшик олдида ийманиб турган Қоракўз бегимга тикилди. Мирзо унинг хобгоҳида ётибди, у ерга кириб ҳазратнинг ширин уйқусини бузишга бошқа ҳеч ким ботинолмайди. Чошнагир аёл Қоракўз бегимга илтижо қилди:
— Илоҳо Рустамдай ўғил кўринг, бегим!.. Бугун умидимиз сиздан!

Қоракўз бегим ташвишли юз билан секин бурилди-ю, ички эшиклардан ўтиб, хобгоҳга қайтиб борди. Умаршайх мирзо боши ёстиққа ботиб, қаттиқ ухламоқда эди. Қоракўз бегим олтин шамдонни парда ортидан олиб, нақшин токчага қўйди. Шам ёруғи Мирзонинг юзига тушди. Аммо бу ҳам уни уйғотолмади — Мирзо кечаси маъжун[11] еган эди.

Қоракўз бегим уни чўчитиб юборишдан қўрқиб, майин товуш билан:
— Ҳазратим! — деб чақирди. Бу ҳам кор қилмади. Қоракўз бегим гилам узра чўккалаб, ваҳимадан хиёл титраётган нафис қўлларини ҳазратнинг майин чойшаб устида ётган залварли билагига қўйди. Тўшакдан гул ҳиди келмоқда эди — кеча оқшом чойшабларга гул атри сепилган эди. Қоракўз бегим Мирзонинг уйғонмаётганидан ажабланиб, унга тикилиб қаради. Лаблари ярим очиқ, оқиш юзи осойишта. Шу ётишда у қўрқинчли подшоҳ эмас, ҳали қирқ ёшга тўлмаган ва баҳодирона уйқуга чўмган кўҳлик бир йигит бўлиб кўринди. Бу йигит Қоракўз бегимга тўсатдан жуда ғанимат туюлди. Ҳозир юрт нотинч, Ахсига ёв бостириб келяпти. Мирзони ажал кутаётганини олдиндан сезгандек, Қоракўз бегимнинг юраги ёмон бир увушди. У тўсатдан эгилиб, Мирзонинг юзидан, кўзларидан видолашган каби ўпа бошлади.

Умаршайх мирзонинг киприклари титради. У кўзини очиб, тепасида турган Қоракўз бегимга карахт юз билан бир лаҳза тикилиб турди.

Қоракўз бегимнинг катта-катта кўзлари хавотирлик тўйғусидан яна ҳам улканлашиб кетди. У уйқудаги Мирзони ўпиш беадаблик саналишидан таҳликага тушган эди. Мирзо:
— Сизми? — деди-ю, нима бўлганини фаҳмлаб, кулимсиради.

Қоракўз бегим энди енгил тортди ва дадилланиб таъзим қилди.
— Ҳазратим, саҳарлик вақти ўтиб кетмасин.
— Сизнинг бўсаларингиз саҳарликдан ширинроқ...

Бегим жиддий гапирди:
— Оға ойим, хоним ойи — ҳаммалари ҳазратимга мунтазирлар.

Умаршайх мирзо бугунги режалари ва уруш ташвишларини эслаб, қовоғини солди-да, индамай ўрнидан турди.

У зардўзи кўрпачалар тўшалган танобийга тўрдаги эшикдан кириб келди. Салласи ва камарига қадалган қимматбаҳо гавҳарлар шам ёруғида нафис жилоланарди. Одатдаги таъзимлардан сўнг, аёллар нафасларини ичларига олиб, бир лаҳза жим қолдилар. Подшоҳ кимни қайси ёнига таклиф қилса — кимнинг ҳурмати қай даражада экани шу билан белгилаб берилади.

Фарғона водийсига уч томондан душман ҳужум қилиб келаётган шу оғир вазиятда Умаршайх мирзо ҳамма хотинларига иложи борича илтифот кўрсатмоқчи бўлди. Хотинлари орасида энг ёши улуғи ва энг обрўпарасти Фотима Султон бўлганлиги учун Мирзо би-ринчи бўлиб уни юқорига таклиф қилди. Фотима Султоннинг кўзлари қувончдан чақнаб кетди. У подшоҳнинг ўнг томонига ўтмоқчи бўлиб бораётган эди. Бироқ Умаршайх мирзо унга чап томонидан жой кўрсатди. Энг мўътабар ҳисобланган ўнг томонга эса Қутлуғ Нигор хонимни таклиф қилди. Хоним — тахт вориси Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг онаси эди, унинг ўнг томонида ўтириши адолатдан эканини кичик хотинлар тан олар эдилар. Аммо Фотима Султон ўзининг ҳурмати Қутлуғ Нигор хонимникидан паст эканини яна бир марта ҳис қилиб, кўзлари алам билан қисилди.

Дастурхонга тортилаётган кийик кабоби, каклик гўштлари ҳазратдан сўнг Қутлуғ Нигор хонимга қўйилар, ундан кейин Фотима Султонга навбат келар эди. Шу сабабли оғизда эрийдиган энг аъло гўштлар ҳам Фотима Султонга илитма овқатдек мазасиз туюларди.

Оқшом ифторда ёйилган таомлар ҳазм бўлиб улгурмаган, дастурхон атрофидагиларнинг кўпчилиги ҳали кун бўйи оч юришини ўйлаб, ўзини мажбур қилиб бўлса ҳам кўпроқ овқат ейишга интилар эди. Қутлуғ Нигор хонимнинг ёнида ўтирган Қоракўз бегим овқатдан ҳам кўпроқ бодринг, ҳандалак ер, шарбат ичар эди — кеча кун иссиғида ташналикдан ниҳоятда қийналгани эсидан чиқмас эди.

Осмон оқариб қолди. Тонг ёришган сари қандилдаги шамларнинг нури хира торта бошлади. Азон айтадиган пайт ўтиб боряпти. Аркдан ташқаридаги масжиднинг имоми кошинлик минорага чиқиб, баковул[12]нинг ишорасини сабрсизлик билан кутяпти. Ахир Мирзо ҳазратлари саҳарлик қилиб улгурмасдан, азон айтиш хатардан холи эмас. Овқат ейилиб, чойга ўтилганда Умаршайх мирзо хотинларига вазият қанчалик оғирлашаётганини айтиб берди.

Шу пайт масжид томондан азон товуши эшитилди. Чой ичаётган Хонзода бегим шошилиб пиёласини дастурхонга қўйди. Умаршайх мирзо хотинларига бир-бир қараб, деди:
— Мўйсафидлар «тўрт мучанг бутун бўлсин», деб дуо қилурлар. Фотима Султон, Қутлуғ Нигор хоним, Қоракўз бегим, фарзандларимиз Хонзода бегим, Жаҳонгир мирзо — ҳар бирингиз оиламизнинг азиз бир мучасидирсиз. Истайменки, бу мушкул вазиятда ҳамма мучаларимиз бутун бўлсин, бир-бирларига меҳру шафқат кўрсатсин. Илик[13] ўз ўрнида азиз. Кўз ўз ўрнида мўътабар. Агар кўз билан илик бир-бирига низо қилса, бундан ҳар иккиси жабр кўрур.

Сўнгги гап Фотима Султон билан Қутлуғ Нигор хонимга қаратилганини ҳамма сезди. Хонимнинг хаёли шу хатарли вазиятда ота-онадан узоқда — Андижонда турган ёлғиз ўғли Бобурда эди. Ҳазрат уни нега фарзандлари қатори тилга олмади?
— Ҳазратим, берган ўгитингизни бебаҳо гавҳар ўрнида қабул қилурмиз, — деди Нигор хоним. — Ижозат берсангиз, битта ўтинчим бор.
— Ижозат.
— Уруш хатари кучлик экан. Бобур мирзони Андижондан пойтахтга чақиртирсангиз, ёнимизда бўлсалар...
— Андижон қалъаси мустаҳкам. Бобур мирзо у ерда бўлса қалъа янада мустаҳкам бўлур. Бизнинг Мирзога ишончимиз катта.

Бу жавоб билан хонимнинг илтимоси рад этилди. Фотима Султон ёнида уйқусираб ўтирган ўғилчаси Жаҳонгир мирзони секин бағрига босиб, бошини силаб қўйди. Бу билан у Қутлуғ Нигор хонимдан кўра ўзининг аҳволи яхшироқ эканини намойиш қилмоқчи эди.
— Бобур мирзонинг онаси сиздан умрбод миннатдор, ҳазратим, — деди Қутлуғ Нигор хоним, — фақат ҳали ўн икки ёшга тўлмаган бола... уруш майдонида...
— Хоним, ортиқча хавотирга ўрин йўқ. Бобур мирзонинг ёнига энг яхши бекларимиз юборилган. Ёш бўлса ҳам саркардаликка тайёрланмоғи зарур. Агар менинг куним битса, ўрнимни Бобур мирзо олғай.

Энди ўттиз тўққиз ёшга кирган ва қирчиллама йигит ёшини яшаётган Мирзонинг ўз ўлими ҳақидаги сўзларидан ҳарам аҳли оғир жимликка чўмди. Ҳамманинг хаёли қонли урушга кетди. Хонзода бегим отаси ҳақидаги бояги нохуш ўйларини унутиб, унга кўзи мўлтираб қаради. Умаршайх мирзо гапининг таъсирини янада оширгиси келиб давом этди.
— Агар мен бу фоний дунёдан кўз юмсам, ҳаммангиз Бобур мирзонинг амрини ҳозирги менинг амрим каби бажо келтиргайсиз. Жаҳонгир мирзо!

Подшоҳ отаси билан муомалага яхши ўргатилган ўн яшар бола дарҳол сергакланиб, қўлини кўксига қўйди:
— Лаббай, ҳазратим!..
— Менинг бу гапларимни сен ҳам эсда тутгил. Бобур мирзо сендан фақат икки ёш катта бўлса ҳам, агар менинг ўрнимда қолса, сен унга фарзанддек содиқ бўлғил.
— Хўп, ҳазратим!..

Бола отасининг сўзларидаги маънони дуруст тушунмагани учун бунчалик тез ва осон «хўп» деди. Аммо аёллар мураккаб ҳислар туғёнида қолдилар. Қоракўз бегимнинг Умаршайх мирзога термилиб турган кўзларида ёш йилтиллади. Мирзо буни кўрди-ю, суюкли хотинининг бояги ўпичлари эсига тушиб, видолашув аломатига ўхшаб туюлди. Умаршайх мирзо ўзининг сўнгги гаплари ҳам васиятга ўхшаб кетганини энди сезди. Юзига бирдан ажал шарпаси теккандай юраги «шиғ» этди. «Менга не бўлди? Ўлимни бўйнимга олиб васият қилдимми? Йўқ, йўқ!»

Мирзо ўз гапларидан ўзи қўрқиб кетганини пайқаган Хонзода бегим бугун отасининг алланечук ёрдамга муҳтож бир аҳволда эканини кўриб, унга бехосдан раҳми келди.
— Ҳазратим, мен мунглиқ қизингиз, сизга худодан Шайх Саъдийнинг умрини тилаймен! Илоҳим юзга киринг!
— Айтганинг келсин, қизим! — деб Умаршайх мирзо енгил бир сўлиш олди. У қизининг зийраклигини, сўнгги пайтда бўй етиб, ҳусни етилиб, кўзга ниҳоятда яқин бўлиб қолганини гўё энди сезди-да, қўшиб қўйди:— Мен ахир сенинг тўйингни ўтказмоқчимен!

Хонзода бегимни Самарқанд подшосининг ўғли Бойсунқур мирзога сўратган эдилар. Лекин Умаршайх мирзо бунга рози бўлмаган эди. Мана энди агар жуда дўппи тор келса, балки у қизини подшоҳ акасининг ўғлига бериб, шу йўл билан урушни ярашга айлантирар? Лекин бундай истиқбол Хонзода бегимга қоронғи тундек мавҳум ва ваҳимали туюларди. Унинг бошқа орзулари бор эди. Шунинг учун отасининг сўнгги ниятидан чўчиб, гапни бошқа ёққа бурди:
— Агар инимиз Бобур мирзони чақиртириш имконсиз бўлса, мен билан ойимга рухсат беринг, биз Андижонга борайлик!
— Қизим, сен менинг энг бебаҳо гавҳарларимдансен. Бу хатарли аснода сени қанотим остидан чиқармагаймен!
— Ундоқ бўлса менга рухсат беринг, ҳазратим! — деди Қутлуғ Нигор хоним.
— Хоним, Марғилондан чопар кутмоқдамиз. Вазият аниқланса, рухсат олурсиз.

Умаршайх мирзо дастурхонга фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди-ю, шошилинч тадбирлар ўйлаб, ҳарамдан чиқди.

Ҳарамга кириш ҳуқуқидан маҳрум қўрчилар туни билан ташқарида қўриқчилик қилган эдилар. Энди ҳазрати олийнинг эътиборини тортмасликка ва хаёлини бўлмасликка тиришиб, секингина унга эргашдилар.

2

Тонг энди отган, ҳали офтоб чиқмаган бўлса ҳам кўпчилик беклар ва мулозимлар девониомда ҳозир эрдилар. Ҳаммалари Мирзони таъзим билан қарши олдилар. Зарбоф тўн кийган, белига тилла камар боғлаган серсоқол эшик оға биринчи вазир даражасидаги энг катта бек эди. Мирзо унга юзланиб, қаердан чопар борлигини сўради.
— Ҳазрати олийлари, Исфарадан.

Эшик оға икки букилиб таъзим қилар экан, юзи тунд кўринди.
— Қандай хабар, бек?
— Ҳазратим, қулингизнинг бир қошиқ қонидан ўтинг...

Демак, Исфара ҳам ёв қўлида! Мирзо ички бир титроқ билан Марғилон чопарини сўради.
— Ҳазратим, Марғилон чопарига интизормиз.

Наҳотки Марғилон ҳам таслим бўлган? Унда Андижон ҳам хавф остида қолади! Ёки чопарлар ёв қўлига тушганмикин? Балки бирортаси хиёнат қилиб, нариги ёққа ўтиб кетгандир?
— Ҳазрати олийлари, яна чопар юборишга фармон берурларми?
— Чопар юбориб яна неча кун йўлига қарайлик?!

Эшик оға узр сўрагандек, таъзим қилиб, орқага чекинди.

Ахси қалъасининг қамалда қолиши Мирзога энди муқаррардек туюлди. У эшик оғага олти ойлик захира тайёрлатишни буюрди. Қалъа баланд тепаликда тургани учун унга сув чиқмас, сувни мешкобчилар ташиб келтиришар эди. Мирзо ўттиз ёшлик, хушқомат Қосимбекка қалъа ичида бир тошҳовуз қурдириш ва уни сув билан тўлдиртириш амрини берди.

Мирзонинг авзойи ёмонлигини сезиб турган беклар дарҳол унинг фармонини бажаришга киришдилар. Мирзонинг ўзи эса отланиб аркдан чиқди. Мулозимлар ва қўрчилар ҳам отланиб, одатдагидай, унга эргашдилар.

Умаршайх мирзо қалъанинг бир четида, дарёнинг баланд қирғоғи устида, жар лабида турган кабутархонага қараб йўл олди. Отлиқ чопарлар дом-дараксиз кетганликлари учун Мирзо энди қанотлик «чопар»ларини ишга солмоқчи эди.

Кабутарларнинг дон ва сувларига қараётган кабутарбонлар подшоҳни яқин келиб қолганда кўрдилару шоша-пиша таъзимга чиқдилар. Мирзо отини тўхтатди. Орқадаги мулозимлардан иккитаси — рикобдор[14] билан жиловдор тез отдан тушдилар. Бири Мирзо минган қора қашқа отнинг олтин жиловидан, иккинчиси кумуш узангисидан тутди. Мирзо каттагина қорин қўйган семиз одам эди, отдан эҳтиёт билан секин тушди.

Марғилон ва Қўқонга учадиган махсус кабутарлар келтирилди. Найча қилинган қисқа хатлар уларнинг қанотлари тагига маҳкамланди. Умаршайх мирзо кабутарларни ўз қўли билан учиришни яхши кўрар эди. У ҳаворанг чиний кабутарни қўлига олиб, ёғоч зина билан кабутархонанинг томига чиқди.

Томдан атроф жуда яхши кўринар эди. Узоқдаги тоғ ортидан қуёш жимгина кўтарилиб келар, пастда шовуллаётган дарёнинг тўлқинлари нафис жилоланиб турар, ғир-ғир эсаётган эрталабки шабада ипакдай майин туюлар эди. Умаршайх мирзо том тепасида туриб, ўзи мустаҳкамлатган ва пойтахтга айлантирган Ахсига кўз югуртириб чиқди. Қўрғоннинг қўл етмас баландликка қурилганидан ва атрофи чуқур ўнгирлар билан иҳота қилинганидан алоҳида бир мамнуният сезди. «Ҳали бу жарларга қанчадан-қанча ёғийларим қулагай», деган ўй кўнглини шод қилди.

Бироқ бу баҳайбат ўнгирлар оёқ остидаги заминни ичдан ҳилвиратиб қўйганини, кабутархона ортидаги жарнинг тагини сув ўйиб кетганини, ер ўпирилгудек бўлиб турганини Мирзо ҳам, унинг атрофидаги мулозимлар ҳам мутлақо сезмас эдилар. Тупроғи тўкилиб, қулашга баҳона тополмай турган жарнинг қаърида хатарли бир шарпа борлигини ҳозир фақат кабутарлар сезаётган бўлса эҳтимол. Чиройли тўрлар ва озода катаклар ичида ўтирган бу жониворлар бугун кечаси негадир жуда безовталаниб, патир-патир қилиб чиқишди. Ҳозир ҳам улар дон-сувга қарамай, нуқул ташқарига интилишар, катак чи-виқларини асабий чўқишар эди. Кабутарбонлар бунинг сабабини тушунмай ҳайрон эдилар.

Фақат Умаршайх мирзонинг қўлидаги чиний кабутар катакдаги хатардан қутулгандай осойишта бўлиб қолган эди. Ҳозир бутун олам Умаршайх мирзога мана шу кабутардай маъсум ва осуда туюлди. У том ўртасига бориб, кабутарнинг майин қанотини юзига босди. Уни учиришдан олдин:
— Марғилонга уч, қанотли чопарим! — деб шивирлади.

Тагидан нураб турган жар шу аснода бирдан ўпирилди.

Кабутарлар қўнадиган айри ёғоч «шақ» этиб пастга учиб кетди. Одамлар нима бўлаётганини тушуниб улгурмасларидан кабутархонанинг нариги девори жар билан бирга ўнгирга қулаб, томни ҳам тортиб кетди. Томнинг ўртасида турган Умаршайх мирзо чанг-тўзон ичида қаттиқ бир чайқалди-ю, гандираклаб йиқилди. Унинг жон аччиғи билан қичқиргани ваҳимали қарсиллаш ва гурсиллашларга қўшилиб эшитилди. У йиқилиб тушаётганда қўлидаги кабутарни қўйиб юборган эди. Чиний кабутар чанг-тўзон орасидан юлқиниб чиқиб, осмонга қараб отилди. Мирзонинг ўзи эса том ёғочларига, сомон су-воқларига, жар тупроқларига аралашиб, уч терак бўйи пастга қулаб кетди.

Мирзонинг кетидан томга энди чиққан кабутарбон зинапоядан ўзини ерга отди. Мулозимлар ва қўрчилар кутилмаган фалокатдан ваҳимага тушиб орқага қочдилар. Отлар ҳуркиб, нўхталарини узгудек силтанишар ва кишнашарди.

Ҳазрати олийни хавф-хатардан асраймиз, деб юрган қўрчилар аввал нима бўлганини фаҳмлай олмай эсанкираб қолдилар. Кейин улар жар ўпирилганини фаҳмладилар, лекин Мирзонинг олдига тезда етиб бора олмадилар. Чунки бош айланадиган баландликдан пастга тушиб бўлмас, нураб турган жарнинг лабига одам борса яна ўпирилиши мумкин эди. Қўрчилар ва мулозимлар қалъадан от чоптириб чиқиб, Мирзо қулаб кетган жар этагига етиб боргунларича, сўнг уйилиб ётган тупроқ, кесак ва ёғочлар орасидан уни топиб, кавлаб олгунларича ўн жонидан бири ҳам қолмаган эди.

Унинг жасадини аркка киритиб ювдилар. Мажақланиб, таниб бўлмас ҳолатга келган юзини оқ шоҳи билан ёпиб қўйдилар.

Бугун эрталаб Умаршайх мирзо саҳарлик еган танобийда Қоракўз бегим Қутлуғ Нигор хонимни қучоқлаб уввос тортиб йиғлар эди.
— Мен сабаб бўлдим, хоним ая! Ҳазратимни мен нечун уйғотдим?! Уйғотмасам ўша жойга кечроқ борар эдилар-ку! Мен юзи қора сабаб бўлдим бу ўлимга! Мен!

Бугун саҳарлик пайтида Мирзо худди ўлишини билгандай васият қилганини эслаб, Қутлуғ Нигор хоним ҳам ўзини йиғидан тутолмас эди.
— Э, воҳ, раҳматлик куни битганини қандай билган экан-а?! Шундай гапларни айтдилар...

Қоракўз бегим хонимнинг қучоғидан чиқиб, кичкина мушти билан чаккасига урди.
— Мен ҳали туғилмаган фарзандимни отасидан жудо қилдим, хоним ая! — деб ўртаниб шивирлади: — Бўйимда бўлганини шу кеча билиб эдилар! «Ўғил бўлсин!» — деб орзу қилиб эдилар! Энди бу болага отасини қайдан топамиз?! Қайдан топамиз?! Мен ҳазратимни нечун уйғотдим, хоним ая? У кишига келган ажал мени олса бўлмасмиди? Ўша жардан мен қуласам бўлмасмиди?
— Ундоқ деманг, жоним! Биз ҳам энди жар лабида қолдик! Бутун атрофимиз таҳликали жар!

Қутлуғ Нигор хоним эрининг кутилмаган ўлимида қандайдир сирли бир маъно борлигини ҳозир тилига келган шу сўзлардан сезди. Умаршайх мирзодек жанговар одам қонли урушларда қилич чопиб юрганда ўлмасдан, жардан қулаб ўлгани тасодифмикин? Мирзонинг ота-боболари барпо этиб кетган давлат мана шундай баланд жарлар лабига қурилган биноларга ўхшамасмикин? Парча-парча бўлиб кетган ва ўзаро урушларда емирилаётган улкан давлат Қутлуғ Нигор хонимнинг тасаввурида жарга қулаб тушаётган ўша биноларга ўхшаб кўринди-ю, вужудини сескантириб юборди. Ахир унинг ёлғиз ўғли, суюкли фарзанди Бобур ҳам мана шу биноларнинг бирида истиқомат қилмаяптими? Отасини олиб кетган ўпирилишлар Бобурнинг бошига ҳам тушмасмикин?!
— Йўқ, йўқ! Тангрим уни паноҳида асрасин! Мен борай, бегим, Андижонга чопар юборай! Бобур мирзони бу фалокатлардан огоҳ қилай!

Қутлуғ Нигор хоним кўз ёшларини артиб, ўз хонасига чиқди ва энг ишонган амирларидан Қосимбекни чақиртирди. Уни топиб келгунларича Андижон чорбоғида Бобур билан бирга турган онаси Эсон Давлат бегимнинг номига мактуб ёзди.

Фотима Султон бегимнинг топшириғи билан Андижонга яширинча жўнаган Аҳмад Танбал бу орада Сирдарё кўпригидан ўтиб, Банди Солор йўли билан анча жойга бориб қолган эди. Кўзга ташланмаслик учун биттагина навкар эргаштириб кетаётган Аҳмад Танбал кеча Андижондан олтмишта навкар билан келган эди. Бугун Фотима Султон унга катта ваъдалар берди. Агар Аҳмад Танбал Андижондаги содиқ бекларнинг бошини қовуштириб, Бобурни четлатса-ю, тахтга Жаҳонгир мирзони ўтқазса, марра уники. Аҳмад танбал Умаршайх мирзо саройида иккинчи даражали беклар қаторида шунча йил кўнгли чўкиб юрди. Энди бас! Жаҳонгир мирзо подшоҳ бўлса, Аҳмад Танбал унинг энг биринчи вазирига айланади. Норасида подшоҳга вазир бўлиш эса подшоҳ бўлиш билан баробар! Ана унда қаёқдаги мусаввирдан Хонзода бегимнинг суратини сўраб юрмайди. У Хонзода бегимнинг ўзини олади! Мана шу орзу билан Андижонга от суриб бораётган Аҳмад Танбал орқага ўғринча ўгирилиб қараб қўйди.

Банди Солор йўлида бошқа ҳеч ким кўринмас эди. Орадан бир неча соатлар ўтиб, Аҳмад Танбал кўзга кўринмай кетганидан кейин Ахсидан Қосимбек қавчин тўртта навкари билан от чоптириб чиқди. У ҳам тезроқ Андижонга етиб боришга интилар, Бобур мирзонинг тарафдорларини йиғиб, уни тахтга ўтқазиш иштиёқи билан ёнар эди.

Андижон - Гул Ва Қуюн

1

Чопарлар ҳали йўлда. Уруш тўполони Андижонга етиб келганича йўқ. Шаҳарнинг шимолидаги кўркам чорбоғ баланд девор билан ўралган, дарвозаларга соқ-чилар қўйилган. Чорбоғ ичида ўн икки ёшлик Бобур мирзо чавандозлик машқлари ўтказмоқда. У чорбоғ четидаги ялангликдан бўз отни чоптириб чиқди-ю, бирдан жиловни қўйиб юборди. Камонга чапдастлик билан ўқ ўрнатди ва чопиб бораётган от устидан нишонга отди. Ёй ўқи нишон ёғочига «тақ» этиб урилгани баралла эшитилди.

Бир тўп отлиқлар машқни чинор соясида туриб кузатмоқда эдилар. Қора отлиқ Мазидбек нишонга биринчи бўлиб яқинлашди. У Бобурнинг бек аткаси[15] эди. Бобур отини қайтариб келаётганда, Мазидбек унга:
— Мўлжални андак баландроқ олибсиз, аммо зарбингиз беҳад яхши, — деди.

Мазидбек сопига садаф қадалган ёй ўқини нишондан авайлаб суғуриб олди-да, қанчалик чуқур ботганини бармоғи билан ўлчаб кўрди:
— Билагингизда куч кўп, амирзодам! Шерпанжасиз. Подшоҳ ҳазратлари сизни Бобур деб атаганлари бежиз эмас. Бобур арабча шер демакдир!

Бобур мирзонинг навкарлари, яроқбардор, тенгдош-кўкалдош[16] мулозимлари ҳам нишон атрофига йиғилдилар. Улар Бобурнинг ҳали ёш ўспирин эканини, қўлидаги камони бўйи-бастига мос қилиб кичрайтириб ишланганини билар эдилар. Шуни ўйлаб, Бобур мақтовни ўзига олгиси келмади.
— Шерпанжа деб отамни айтсинлар. Мен кўрганмен, зарблари бундан ўн ҳисса ортиқ. Мушт урсалар, энг зўр йигитни ҳам йиқитурлар.
— Камина ҳам айтмоқчи эдимки, амирзодамнинг шерпанжаликлари подшоҳ отангизга тортганлигингиздан нишонадир!

Мазидбек гапни моҳирлик билан бурганини сезиб Бобур кулиб қўйди. Унинг майин сарғиш тукли пешонасида, юқори лабининг устида тер резалари йилтирарди.
— Кун исиди, амирзодам. Ёз рамазони тинкани қуритур. Ифторгача толиқиб қолмасинлар. Энди бориб, салқинда мутолаа қилсинлар. Камина Андижон қўрғонини мудофаага тайёрлаш билан банд бўлурмен.

Бобур мулозимлари билан машқ майдонидан чиқаётганида кўнглида янги бир истак уйғониб, кўзлари шўх йилтиради. У отини тўхтатиб, орқасига ўгирилди ва жийрон қашқа от минган навкарни ёнига чақирди. Навкар ёндашганда, қўлини чўзиб, отининг эгарини силкитиб кўрди. Эгар маҳкам урилган эди. Бобур навкарга эллик қадамча нарига боришни, отдан тушиб, жиловидан секин етаклаб кетаверишни буюрди.

Мулозимлар орасида энг эътиборлиси Бобурнинг опаси билан бир онани эмиб ўсган ўн етти ёшлик Нўён Кўкалдош эди. Мазидбек йўқлигида Бобурни эҳтиёт қилиш Нўёнга топширилган эди. Нўён Бобурнинг нима қилмоқчи эканини фаҳмлаб, безовталанди:
— Амирзодам, ҳозиргина бир машқдан чиқдингиз. Бошқа мушкул машқларни эртага қолдиринг.
— Хўп, мушкули эртага қолсин, ҳозир осонини кўрайлик, — кулиб деди Бобур.

Навкар айтилган жойга бориб отдан тушди ва жийрон қашқасини секин етаклади. Бобур бўз отни чоптириб бориб, навкарга етганда оёқларини узангидан бўшатди, қамчини тишига олди. Бўз от жийрон қашқа билан жипс келган заҳоти Бобур бўй чўзиб, нариги отнинг эгаридан икки қўллаб ушлади-ю, бор кучи билан эгардан эгарга сакради.

Бироқ навкарнинг оти сакраш зарбидан чўчиб, ҳуркиб кетди. Бобурнинг хипча гавдаси бир лаҳза ҳавода муаллақ бўлиб қолди, кейин пастга тушиб кетди. Оёқлари ерга «тап» этиб урилди. Аммо у қўлларини эгардан бўшатмади — бўшатса ёмон йиқилишини сезиб, жон-жаҳди билан ёпишди. Билаклари чиндан ҳам кучли экан, шундай оғирликка бардош берди. Фақат навкар отини тўхтатиб олгунча Бобурнинг оёқлари ерни тирнаб судралиб борди-ю, бежирим ипак салласи бошидан учиб кетди.

Нўён Кўкалдош ёрдамга етиб келганда Бобур ўзини ўнглаб оёқда турар, бироқ ранги жуда оқариб кетган эди. Нўён отдан сакраб тушди ва Бобурга салласини олиб бермоқчи бўлди. Аммо Бобур тупроққа тушган саллага қарагиси ҳам келмади. Қамчи ҳамон тишида эди, уни қўлига олди, навкар етаклаб келган бўз отга индамай минди. Сўнг отига қамчи босиб, чорбоғ дарахтлари орасидан от чоптириб кетди.

Нўён унинг кетидан ваҳима билан тикилганича қолди. Ҳаммаёқ дов-дарахт, ариқ. Отлиқлар юрадиган катта йўл чорбоғнинг нариги четидан ўтади. Бобур эса тўғрига кетган тор сўқмоқдан, қалин дарахтлар орасидан елдай учиб боряпти! От ариқдан сакраб ўтаётганда Бобурнинг боши ариқ бўйида ўсган ўрикнинг катта бир шохига уриладиган эди. Аммо у отнинг бўйнини қучоқлаб, пастга шундай эгилдики, ўрик новдалари орқасини ишқалаб ўтди. Пишган ўриклардан бир қанчаси узилиб, ариқдаги сувга «чўлп-чўлп» этиб тушди.
— Сен нега отни маҳкам тутмадинг, авбош! — деб Нўён навкарни сўкди. — Ҳаммамиз амирзоданинг қаҳрига қолдик! Биздан хафа бўлиб кетдилар!

Бобур боғ тўридаги муҳташам кўшк олдига бориб, отини тўхтатди. Хизматкорларидан бири шошилиб келиб отнинг жиловидан олар экан, Бобурнинг ёлғиз ва бош яланг қайтганидан таажжубга тушди. Кўшкда Бобурнинг бувиси Эсон Давлат бегим уни кутиб ўтирган бўлса керак. Агар ҳозир у Бобурнинг қай аҳволда қайтганини кўрса-ю, нималар бўлганини билса, мулозимлар ҳам, навкарлар ҳам жазо олиши аниқ. Чунки подшоҳ ҳазратлари Бобурни кўз қорачиғидай асрашни Эсон Давлат бегимга топшириб, чорбоғ ва қасрни ҳамма хизматкорлари билан унинг ихтиёрига бериб қўйган.

Мулозим ва навкарлар қўрқа-писа кўшкка яқинлашаётганларида мармар ҳовуздан беридаги беҳи шохига қантариб қўйилган бўз отга кўзлари тушди. Бобур ҳовуз бўйидаги тиллакори шийпонга кирганини сезишиб, шу ерда секин отдан тушдилар. Нўён Кўкалдош Бобурнинг салласини чангдан тозалаб, қўлида авайлаб олиб келмоқда эди. Шу пайт шийпон ичидан бошига бўрк кийган Бобур чиқди. Оти ҳурккан навкар ўзини Бобурнинг оёғи тагига ташлаб, узр сўрашга чоғланди.

Нўён Кўкалдош саллани нодир совғага ўхшатиб авайлаб кўтариб келаётгани Бобурга бирдан жуда кулгили туюлди. Ундан қаҳрли дашном кутиб бош эгиб турганлар тўсатдан кулги товушини эшитиб, ҳайрат билан бош кўтардилар. Бобур болаларча завқ билан гавдасини орқага ташлаб, хандон уриб кулар эди. Нўён Кўкалдош ҳам қўлидаги саллага энди бошқача кўз билан қаради ва кулиб юборди. Бошқалар ҳам елкаларидан тоғ қулаб тушгандай яйраб кулар ва жилмаяр эди. Бобур кулгидан тўхтаб, оти ҳурккан навкарга юзланди:
— Сизда айб йўқ эди...

Навкар ундан катта бир инъом олгандай астойдил миннатдор бўлиб таъзим қилди. Бобур Нўёнга тайинлади:
— Катта онам билмасинлар.
— Муддаомиз ўзи шу, амирзодам, — кулди Нўён ва бошқа мулозимларга сирдошларча кўз қисиб қўйди.

Шундай пайтда кўкалдош ва тенгдошлар ўзларини тахт ворисига хизмат қилиб юрган ёш мулозимлар деб эмас, унинг сирларига шерик бўлган яқин дўстлар деб билишар ва бундан кўнгиллари ўсиб, Бобурга меҳрлари ошар эди.

Кўшкдан чиқиб келган савдар Бобур қаршисида қўл қовуштириб, ичкарида мударрис уни кутиб ўтирганини айтди. Бобур бугун шариат илмидан дарс олиши кераклигини эслади ва тенгдошларидан истар-истамас ажралиб, кўшкка йўналди.

Эшиклари нафис ўймакорликлар билан безанган, ичидаги олтин-кумуш буюмлар кўзни қамаштирадиган кўшкда ҳозир Бобурни фақат битта хона ўзига тортар эди. Мударриснинг кутиб ўтирганига қарамай, Бобур яхши кўрган китоблари қўйилган шу хонага бурилди. Бахмал ва чарм муқовалар ичидан саҳифаларга битилган сатрларда улуғ шоирларнинг оташ нафаслари сезилиб тургандай бўлади. Бобур Фирдавсийдан, Саъдийдан минглаб байтларни ёд билади. Ҳозир у китоблари орасидан «Хамса»ни олар экан, узоқ Ҳиротда яшаётган Алишер Навоийни хаёл кўзи билан кўриб тургандай бўлди. Ҳиротда таълим олиб келган андижонлик меъмор мулла Фазлиддин мана шу кўшк ва мармар ҳовузли тиллакори шийпонни қурган пайтларида ёш Бобурга Навоий ҳақида жуда кўп ажо-йиб ҳикоялар айтиб берган эди. Меъмор Ҳиротдан Алишер Навоийнинг Беҳзод чизган расмидан яхши бир нусха кўчиртириб келган эди. Бобур ҳам Навоийга ихлосманд эканини сезган меъмор унга мана шу расмни инъом қилган эди. Бобур «Фарҳод ва Ширин» достони қатидан шу расмни олди-ю, шариат илмига оид дафтарининг ичига солди. Сўнг мударрис ўтирган хонага чиқди.

Оппоқ соқоли кўкрагини қоплаб ётган, катта оқ салла ўраган қошлари ўсиқ кекса мударрис дарсхона тўрида, банорас кўрпача устида ўлтириб, қуръондан қироат билан суралар ўқигач, форс тилида фиқҳ[17] илмининг қонунларини тушунтиришга киришди. Бобур араб-форс тилларини яхши ўрганган, қуръон сураларининг кўпини ёд билар, маъносини ҳам тушунар эди, фиқҳ илмининг баъзи нуқталарига қизиқар ҳам эди-ю, аммо ҳозир шу дақиқаларда унинг кўз олдидан Суҳроб ва Фарҳодларнинг қаҳрамонона ишлари сурон солиб ўтмоқда эди. Чорбоғдаги машқлар пайтида танасига сиғмай авжланиб кетган шўх, бебош бир куч ҳали ҳам қалбини жунбишга келтириб турибди.

Унга ёд бўлиб қолган севимли байтлар гоҳ туркий, гоҳ форсий оҳангларда мударрис қироатини ёриб ўтиб, хаёлида жаранглаб эшитила бошлади: «Қоши ёсинму дейин, кўзи қаросинму дейин?»
«Зи мардони жаҳон марди биёмуз![18]»
Ёд бўлиб қолган бу сатрлар хаёлидан ўтаётганда, Бобур дафтари орасига солинган суратни мударрисга кўрсатмасликка уриниб секин олди. Кўзларидан илҳом ва меҳр ёғилаётган Навоий узун қора чакмон кийган, ингичка ҳассага суянган. Унинг бутун қиёфаси яхшилик истаб келган ҳар бир кишига катта яхшиликлар қила олишидан далолат беради. Бобур суратга қараб туриб ўзича сўради: «Улуғ амир, насиб қилса, ҳузурингизга борсам, йўлимда Ахраману аждаҳо учраса, Фарҳодингиздай ҳаммасини енгиб ўтсам. Ўшанда сиз менга... шеърият тилсимини очғувчи калит берурмисиз?»

Мударрис қироат билан уқтираётган дарслари беҳуда кетаётганини бирдан сезиб қолди, секин ўрнидан турди-да, Бобурнинг ёнига келди. Бобур суратни яширишга улгуролмади.
— Одам сурати? — шиддат билан сўради мударрис. — Сиз қуръони шарифдан сабоқ эшитиш ўрнига, шариат қатъиян ман этган сураткашлик билан машғулмисиз.
— Мударрис жаноблари, бу суратни мен чизган эмасмен. Буни менга Ҳиротдин келтирмишлар. Бу улуғ зот — Амир Алишер.

Мударрис Навоийни шоир деб эшитган, асарларини ҳали ўқимаган эди.
— Одам суратини тарқатмоқ — шайтону лаиннинг иши! Қани бу суратни менга беринг, мирзом! Беринг!

Мударриснинг қаҳрли важоҳати суратни йиртиб ташлашдан ҳам тоймаслигини кўрсатар эди. Шунинг учун Бобур суратни бермай туриб олди. Мударриснинг ғазаби келди-ю, аммо тахт ворисига қаттиқ гапиришдан қўрқди. Бобурдан хафа бўлиб, Эсон Давлат бегимга шикоят қилгани кетди.

Эллик беш ёшлардаги салобатли кампир сидирға оқ атлас кўйлагини шитирлатиб дарсхонага кириб келаётганда Бобур дарҳол ўрнидан туриб, бувисига салом берди. Эсон Давлат бегим суратни қўлига олди ва Навоий тасвирига беихтиёр қизиқиб:
— Юзларида фаришталари бор зот эканлар, — деб қўйди. Сўнг ҳарир даканасининг бир чети билан юзини мударрисдан тўсиб, унга ярим ўгирилган ҳолда деди:— Мударрис жа-ноблари, бу сурат Ҳиротда шариат пешволарининг рухсатлари билан чизилган-ку.
— Мени маъзур тутинг, ҳазрат хоним, — деди эшик олдида қовоқ солиб ерга қараб тур-ган мударрис,— аммо Ҳиротда шариат қонунлари бузилмишдир. Шиалар таъсирида чизилган бу сурат бизнинг пок сунний мазҳабимизга мутлақо тўғри келмайди. Мен тахт во-рисини огоҳ қилмоқчиманки, бизга Муҳаммад алайҳиссалом васият қилган чин мусулмонлик алҳол Хуросонда эмас, Мовароуннаҳрдадир!

Эсон Давлат бегим мударрис билан мазҳаблар тўғрисида баҳслашиб ўтиришни истамади. Бобурга юзланиб:
— Мударрис жаноблари бир жиҳатдан ҳақлар, — деди, — фиқҳ дарсида сурат томошаси ўринсиз, азизим. Тангри иноят қилса, сиз ҳукмдор бўлиб юрт сўрагайсиз. Шунинг учун фиқҳ қонунларини бошидан-охиригача билиб олинг. Суратни мен олиб кетай.

Бобур суратни бувисидан бир нафасга сўраб олди-ю, авайлаб китоб орасига солиб берди.
— Эҳтиёт қилингиз, сизга орзуйимни топширдим,— деди.

Эсон Давлат бегим неварасининг сўзларини ёқтириб деди:
— Балки Алишербекни Андижонга таклиф қилурсиз.
— Келурмиканлар? — кўзлари ёниб сўради Бобур.
— Самарқандга келганлар-ку, Фарғона водийсининг таърифи оламга машҳур. Илож топсалар, албатта келурлар. Алишербек ниҳоятда пок, авлиётабиат одам, деб эшитганмиз. Ўзлари келсалар, мударрис жанобларига ҳам манзур бўлишлари шубҳасиз!

Мударриснинг энди сал чеҳраси очилди. Қаддини тиклаб:
— Шояд шундай бўлса! — деб қўйди.

Эсон Давлат бегим уларни усталик билан яраштирганидан мамнун бўлиб дарсхонадан чиқди.

2

Кун қиёмига келиб, пешин намози ўқилгандан кейин кўшкнинг ич-таши жимжит бўлиб қолди. Рўзанинг азоби энди билина бошлаган, ёз кунида чанқаб ҳолсизланган одамлар кунни қандай кеч қилишни билмай бетоқат бўлишар эди. Кошона эгалари салқин хоналарда жимгина ётиб, уйқу билан жон сақлашни одат қилганлар.

Бобур ҳам бугунги сабоқларини тугатиб, ўз хонасида ёнбошлаб ётибди. Бироқ бояги ширин орзулар ҳамон хаёлини тўлқинлантириб, кўзига уйқу қўндирмайди. У қоғоз-қалам олиб, шеър ёзмоқчи бўлди. Лекин ҳозир унинг хаёлига ёд бўлиб қолган машҳур байтлардан бошқа шеър келмас эди. Шунда у иккинчи бир дафтарни олди-ю, Фарғона водийси ҳақида билганларини оддий наср тариқасида ёза бошлади: «Гирдо-гирди тоғлар, ови қуши кўп. Оқ кийикни Ахси чўлида кўрганбиз. Марғилон ёвуғида ҳам бор». Бобур Фарғона водийсида нимаики гўзаллик кўрган бўлса, ҳаммасини ёзгиси келар эди. Кейин Ҳиротга Амир Алишернинг ҳузурига борганда бу ёзувлари жуда керак бўладиганга ўхшарди.

У ёзувга берилиб кетиб, кўшк олдигача чопиб келган отнинг дупурини эшитмади. Бирдан жимжит кўшкнинг аллақайси хонасида аёл кишининг ўртаниб йиғлагани эшитилди. Бобур чўчиб бошини кўтарди. Йиғи товуши Эсон Давлат бегимнинг хоналари томондан келмоқда эди. Бобур ўрнидан сакраб турди, такрор эшитилган аламли йиғидан эти жунжикиб, бувисининг хонасига қараб югурди.

Эшик ланг очиқ. Эсон Давлат бегимнинг рўмоли бошидан тушиб кетган. У қизи Қутлуғ Нигор хоним юборган хатни очиб ўқимоқчи бўлади, аммо ёшли кўзлари ҳеч нарсани кўрмайди.

Ахсидан ўлим хабарини олиб келган Қосимбек деворга елкаси билан мажолсиз суяниб, оёқларида зўрға турибди. У саксон чақиримлик йўлни отда дам олмай босиб ўтган ва киприкларигача чангга ботган эди.

Ҳозиргина гулдай нафис туйғулар ичида юрган Бобурга ўлим хабари шу гул орасидан чиққан илон бўлиб туюлди. У Қосимбекдан сескангандай ранги ўчиб, бирдан орқага тисарилди. Қосимбек эса унга интилди. Бобур қаршисида тиз чўкиб, бўғиқ ва илтимоскорона овоз билан гапира бошлади:
— Мирзом!.. Тангри сизга қувват берсин! Энди бизнинг пушти-паноҳимиз ўзингизсиз! Икки тарафимизни ёғий босган. Волидангиз тайинлаб юбордилар. Дарҳол Андижон қўрғонига бориб, бекларни тўпламоқ керак!

Эсон Давлат бегим қайғуга берилиб, йиғлаб ўтирадиган пайт эмаслигини энди сезди. Қосимбекни оёққа турғизди-да:
— Садоқатингиздан миннатдормиз, — деди. — Сиз Бобур мирзо билан бирга отланинг! Биз ҳам энди чорбоғдан қўрғонга кўчамиз.

Мудҳиш хабар Бобурни жимжит қилиб қўйди. У карахт бир аҳволда кийинди, отига минди. Шу пайт унинг кўзига яшнаб турган дарахтлар, суви тўла мармар ҳовуз алланечук мунғайиб тургандай кўринди. Буларнинг ҳаммасини отаси бино қилган эди. Энди у одам бу жойларга ҳеч қачон келмайди. Ана у нашватиларнинг кўчатини Умаршайх мирзонинг ўзи ўтқаздирган эди. Ҳозир шулар мева солган, ҳадемай пишади. Аммо уларни эктирган одам энди ҳеч вақт бу мевалардан татиб кўролмайди.

Чорбоғдан чиқиб, тош йўлдан бораётганларида Бобур яна отасини эслади. Бу йўлга отаси тўшатган тошлар ҳам турибди. Узоқда кўринган баланд қўрғонни ҳам отаси қурдирган эди. Ҳаммаси бутун, ҳаммаси бор. Фақат унинг ўзи йўқ. Бобур энди отасини умрбод кўролмаслигини бутун вужуди билан ҳис қилди-ю, аччиқ жудолик туйғуси бирдан унинг борлиғини тўлдириб, кўзларидан ёқасига ёш бўлиб томди.

Олдинда сув тўлдирилган чоҳ ва ўн бир пахсалик баланд девор билан ўралган Андижон қўрғони кўринди. Улар Мирзо дарвозасига яқинлашганларида ичкаридан беш-олти киши от чоптириб чиқди. Олдинда саман от миниб келаётган қисиқ кўзли мўғултахлит бек — Бо-бурнинг онасига қариндошчилиги бўлган Шерим тоғойи эди. У Бобурнинг юзида оғир мусибат аломатини кўрди-ю, отдан сакраб тушди, кўзига ёш келмаса ҳам ҳўнграб:
— Мен ишонмаган эдим, амирзодам! — деди. — Пушти-паноҳимиздан айрилганимиз ростми? Оҳ, бевафо дунё!
— Кимдан эшитдингиз? — сўради Қосимбек. — Бу хабар ҳозирча сир тутилмоғи керак эди!

Шеримбек ёқасини ушлаб:
— Тангрининг қудратини қарангки, — деди, — бир алоқачи кабутарим осмонда учиб юриб бирдан йўқ бўлиб қолди. «Ким уни тушириб олди?» — деб том устига чиқдим. Анчадан кейин кабутар олдимга келиб қўнди. Қанотининг тагида бир қоғоз кўринди. Олиб қарасам — мана шу қайғули хабар! Ким ёзган? Осмонда фаришталар ёзиб юбордими, билмадим!

Шеримбек Бобурнинг эгарига бир қўлини қўйиб, юзини унга яқинлаштирди-да, паст товуш билан.
— Мирзом, қўрғонга кирмангиз, хатарли, — деди.

Бу сўзларни Қосимбек ҳам эшитди. Умаршайх мирзо тириклигида дурустроқ лавозим ололмай кўнгли чўкиб юрган Шеримбек энди Бобур мирзога бошқалардан олдинроқ меҳру оқибат кўрсатиб, унинг ишончини қозонмоқчи ва каттароқ мартабага эришмоқчи эди. Қосимбек буни сезиб Бобурга осойишта гапирди:
— Амирзодам, ортиқча таҳликага ўрин йўқ. Тезроқ қўрғонга кириб, содиқ бекларни тўплайлик.

Шеримбек от устидаги Қосимбек билан ерда туриб сўзлашишни ўзига эп кўрмади. Шошиб отига минди-да, шиддат билан деди:
— Сиз ҳали аҳволни билмайсиз, жаноб Қосимбек! Содиқ бекларингиз Хўжандни ёғийга топширди! Исфарани топширди! Марғилонни топширди!
— Марғилонни?! — сесканиб сўради Бобур. — Қачон?
— Ҳозир хабар келди! ?ғий мўри малахдай ёпирилиб Қувага яқинлашди! Энди навбат Андижонга. Содиқ беклар Андижонга қўшиб Мирзомни ҳам ёғийга берсинларми? Йўқ! Мен тирик бўлсам, бунга йўл қўймаймен!

Оғир мусибат устига қўшилган бу шум хабарлар Бобурни жуда эсанкиратиб қўйди. Ўзи куни билан рўза тутиб, дармони кетиб борар, ниҳоятда қаттиқ чанқаганлигидан тили танглайига ёпишиб қолгандек туюлар эди. Унинг ташна кўзлари қўрғон девори тагидаги хан-даққа тўлдирилган қорамтир сувга тушди. Туриб қолган шу қора сув ҳам унга алланечук жозибали кўринди. У қуруқлашган лабларини намсиз тили билан ялаб қўйди.

Шеримбек дадил бориб, Бобур минган бўз отнинг олтин безакли юганидан олди:
— Мен содиқ тоғойингизмен, Мирзом, ижозат беринг, сизни бу хатарлардан узоққа олиб кетай!

Бобур Шеримбек айтаётган хатарларни ҳозир унча ўйламас ва аниқ ҳис қилмас эди. Аммо унинг қайғудан эзилган кўнгли ҳам, ташналикдан қийналаётган тани ҳам кўз олдидаги бекик ва дим қўрғондан кўра, узоқдаги дарахтзорларни, кенг, очиқ жойларни афзал кўрарди. Шунинг учун Шеримбек унинг отини орқага бураётганда Бобур қаршилик қилмади. Қосимбек саросима бўлиб:
— Мирзом, волидангизнинг тайинлаганлари бошқа эди!— деди.
— Волидалари бу ердаги аҳволни билмаганлар! — деб Бобурнинг ўрнига Шеримбек жавоб қилди. Аммо Қосимбек унинг гапига қулоқ солмай Бобурга ёндашди:
— Хоним ҳазратлари бугун дафн маросимини ўтказиб эртага Андижонга келурлар. Улуғ онангиз ҳам чорбоғдан қўрғонга кўчмоқчи эдилар. Улар сизни қаердан топурлар?

Бобур энди сал хаёлини йиғиб, Шеримбекдан сўради:
— Қаёққа бормоқчимиз?

Шеримбек Қосимбекка эшиттирмасликка тиришиб, Бобурнинг қулоғига шивирлади:
— Олатоғ томонларга. Ўшга. Балки Ўзганга. Бобур буни Қосимбекдан сир тутишни истамай, секин унга айтди:
— Ўш йўлида бўлурмиз. Онамга хабар беринг.
— Мен аввал қўрғондаги беклар билан сўзлашай, амирзодам! Уларнинг кайфиятини билай!
— Ундан кўра, Хўжа Абдуллага учранг.
— Бу амрингизни дарҳол бажо келтирурмен!

Қосимбек отини қўрғон дарвозаси томонга бурди. Бобур эса ёнидаги элликка яқин отлиқ билан қўрғондан узоқлашиб кета бошлади.

3

Қўрғон ичидан дарвозахонанинг томига чиқиб олган япасқи бир навкар девор кунгураси орасидан уларни кузатиб турган эди. Қосимбек Мирзо дарвозасидан шитоб билан кираётганда бу навкар ҳам томдан секин тушди-ю, девор олдига боғлаб қўйилган отни миниб, хўжайини Аҳмад Танбал кутиб турган жойга қараб кетди.

Мевалари ғарқ пишган катта боғнинг тўрида мармар гумбазлик ҳаммом бор эди. Боғ эгаси Ёқуббек ёзнинг иссиқ кунларида шу ҳаммомнинг меҳмонхонага ўхшатиб безатилган салқин бир хонасида дам олар эди. Асл гиламлар тўшалган бу хонанинг тўрида ҳозир Аҳмад Танбал ўтирибди. У кумуш билан безатилган қимиз кадидан жийда гулли пиёлага қимиз қуйиб, сипқорди. Сўнг сарғиш мўйловини кафти билан артар экан:
— Тангрим мени кечирсин, бугун рўзани буздим,— деди. — Йўлда ташналикдан тилим танглайимга ёпишиб қолди. Ҳушимдан кетиб отдан йиқиладиган ҳолатга келдим.
— Бугун сизга раво, — деди Ёқуббек. — Зарураст— маъзураст. Мушкул ишга бел боғлабсиз. Агар кушойиши корингизни бериб, тахт Жаҳонгир мирзоға ўтса, сиз унинг энг ишонган раҳнамоси бўлурсиз.

Аҳмад Танбал бу нурли истиқболни кўз олдига келтириб, бир энтикди. Олдинги тишларидан иккитаси тушиб кетган семиз Ёқуббек унга синовчан назар билан қараб турарди. Ёқуббекнинг нигоҳида «Менинг бу хатарли ишга нечун бош қўшаётганимни унутмасмикансен?» деган маъно бор эди. Аҳмад Танбал сергакланди:
— Бек жаноблари, сиз билан биз асли мўғул[19] уруғиданмиз. Барлосларнинг Фарғона вилоятида шунча вақт ҳукм сурганлари етар. Энди навбат бизники. Мен сизни мўғул бекларининг энг улуғи деб билурмен. Тангри омад бериб, агар мен тахт ворисига раҳнамо бўлсам, ўшанда ҳам менга сиз раҳнамолик қилғайсиз!
— Иншоолло! — деб Ёқуббек мамнун юз билан калта соқолини силаб қўйди. — Қани, Аҳмадбек, чан-қоқ босилгандан сўнг очлик билинадир. Яхна гўштдин тотининг.

Аҳмад Танбал чинни лагандаги гўштга энди қўл узатганда эшик секин очилди. Аҳмад Танбал лаганни бир четга суриб, эшикка қадалиб қаради. Бояги япасқи навкар хўжайинининг тинчини бузгани учун узр сўрагандай бўсағадан нарида туриб, таъзим қилди:
— Бек жаноблари, севинчи беринг! — деди. — Бобур мирзо қўрғонга кирмай қайтиб кетдилар.
— Айни муддао!

Аҳмад Танбал учун бу чиндан ҳам қувончли хабар эди. Чарм ҳамёнидан битта олтин танга олиб, бўсаға олдига ташлади. Япасқи навкар тангани шоша-пиша олиб, икки букилиб раҳмат айтди. Сўнг Аҳмад Танбалнинг ишораси билан эшикни секин ёпиб, орқага чекинди.

Ахсидан Андижонга келиб тўғри Ёқуббекникига тушган Аҳмад Танбал подшоҳнинг ўлими ҳақидаги хабарни энг аввал Шерим тоғойига етказдирган эди. Унинг ҳовлиқма феълини қўзғатиб, ўзи панада қолиш учун имзосиз хатни кабутар ёрдамида осмондан туширтирган эди.
— Маслаҳатингиз билан тузилган режа шарофатли чиқди!— деди Аҳмад Танбал уй эгасига мамнун кўз ташлаб.
— Ҳа, Шеримбек энди жиянини хавф-хатардан яхшилаб «халос қилур». Унинг энг нуфузли бекига айланиш учун Олатоғдан ҳам ошур.
— Энди биз Бобурнинг хатардан қўрқиб қочганини халойиқнинг қулоғига етказмоғимиз керак. Бобур шундай пайтда ота юрти Андижонни ташлаб кетганини халқ билсин, ундан ихлоси қайтсин. Ана ундан сўнг Жаҳонгир мирзонинг тахтга ўтиришига ҳеч бир монелик қолмас.

Ёқуббек соқолини тутамига олиб, бир лаҳза ўйланиб турди-ю:
— Овоза тарқатишнинг энг афзал жойи бозор, — деди.— Менинг савдогар мижозларим бор.
— Аммо овоза биздан чиққанини ҳеч ким билмаслиги зарур!
— Хотиржам бўлсинлар, жаноб Аҳмадбек. Сир сақлашга қодирмиз...

* * *

Андижон аҳолиси душман қўшинлари яқинлашиб келаётганини эшитиб, шу кунларда жуда хавфсираб юрар эди. Шунинг устига: «Подшоҳ жардан йиқилиб ўлганмиш, шаҳарни бугун ёғий босар эмиш, Бобур мирзо қўрқиб қочганмиш», деган овоза тарқалди. Андижон расталаридаги ва тимнинг тагидаги дўконлар савдо энг қизиб турган пайтда бирин-кетин ёпила бошлади. Ҳалиги овозанинг қаердан чиққанини ҳеч ким аниқ билмас эди-ю, лекин халойиқ унга бир-биридан ваҳимали тафсилотлар қўшар эди. Ниҳоят, «Ахсини ҳам ёғий босганмиш, ёғий подшони жардан ташлаб ўлдирганмиш», деган гаплар ҳам пайдо бўлди. Халойиқ орасида юрадиган хуфиялар даҳшатли мишмишларни шаҳар ҳокими — доруғага етказиш учун аркка томон шошилдилар.

Бу орада Қосимбек Бобур мирзонинг устози Хўжа Абдуллани уйидан қидириб топган, улар икковлашиб аркдаги беклар олдига чиқишган эди. Хўжа Абдулла ҳам, беклар ҳам подшоҳнинг ўлимидан мутлақо бехабар эдилар. Бу хабарни Қосимбекдан эшитганларидан кейин, уруш хатари кўзларига янада таҳликали кўринди, ёмон ўзгаришлар бўлишини сезишиб, саросима бўлиб қолишди. Шунинг устига бозорда даллол бўлиб юрадиган ишонч-ли бир хуфия келиб, хунук овозалардан ҳаммаёқ тўполон бўлиб кетганини айтиб берди-ю, Узун Ҳасан номли новча доруға эсанкираб қолди.
— Биздан омад кетди, жаноблар! — деди йиғламсираб.— Ташқарида ғаним. Ичкарида тўполон. Бобур мирзо қўрғонга кирмай кетганлари бежиз эмас!
— Биз ҳам жон сақлаш учун ҳар қаёнга тарқаб қочсакмикин? — киноя билан сўради Хўжа Абдулла.

Ўзи ҳам, соқол-мўйлови ҳам қоп-қора Хўжа Абдулла катта олим бўлишидан ташқари, Андижон бекларининг энг нуфузли пири ҳисобланар эди. Бобур мирзо ҳам уни ўзига муршид санаб қўл берган эди. Шунинг учун Узун Ҳасан Хўжа Абдулланинг киноясига қарши кескин жавоб бера олмади.
— Пирим, Бобур мирзо узоқлашмасдан қайтариш зарур! — деди Қосимбек.
— Бобур мирзонинг кўнгиллари менга аён, — деди Хўжа Абдулла. — У олий зот қўрқиб қочган эмаслар. Бекларнинг садоқатини билмоқ учун шундай қилганлар. Бозордаги овоза — фитнанинг белгиси. Агар фитна бўлмаса, подшоҳнинг қазо қилганини биздан олдин бо-зордагилар қандай билмишлар?

Узун Ҳасан ўзининг ақли етмаган бу мантиқли фикр-га тан берди. Бобурнинг кўнглида нима борлигини Хўжа Абдулла шу ерда туриб билганига қойил бўлди. Хўжа Абдулла унинг кўзига чинакам авлиё бўлиб кўринди:
— Пиримга ҳаммаси аён бўлган экан! — деди у чуқур эътиқод билан. — Энди пирим нима десалар биз шунга шаймиз!
— Менга аён бўлгани шуки, — деди Хўжа Абдулла овозини пасайтириб, — агар бир тан-бир жон бўлиб, Бобур мирзога хизмат қилсак, ҳаммамиз омон қолурмиз, ҳеч қайсимизнинг бир мўйимиз кам бўлмағай!

Хўжа Абдулланинг комил ишонч билан айтган бу сўзлари Узун Ҳасанни бир оз таҳликага солди. Агар иш Хўжа Абдулла айтгандай бўлиб чиқса-ю, Бобур мирзо подшоҳ бўлса... унда Узун Ҳасаннинг бугунги иккиланишлари қандай оқибатга олиб келади? Унинг рақиблари бу иккиланишларни бўлажак подшоҳга айтиб, доруғалик амалини тортиб олишлари мумкин эмасми? Йўқ, Узун Ҳасан бунга йўл қўймаслиги керак:
— Пирим, менга фотиҳа беринг, Бобур мирзонинг ҳузурларига мен ўзим борай. Бекларнинг номидан садоқат изҳор қилиб, қўрғонга таклиф этай!
— Ниятингиз таҳсинга сазовор, жаноб Ҳасанбек. Аммо сиз доруғасиз. Сиз аввал шаҳардаги ғулуни бартараф қилинг, фитнанинг уясини топинг, ана унда Бобур мирзонинг иноятларига сазовор бўлғайсиз.
— Яна каромат қилдингиз, пирим! Биз зудлик билан бу ишга киришурмиз!

* * *

Ёз офтоби еру кўкни шундай қиздирмоқдаки, от туёқларидан кўтарилган чанг юзга аланга тилларидек тегади. Ҳаво дим. «Ғир» этган шамол йўқ. Тупроғи билқиллаб ётган тор кўчадан ўтаётганларида Бобурни тер босди. У бениҳоя чанқаганлигидан оғзи тахир бўлиб кетган эди. Кеча шу пайтларда Андижонсой бўйида салқинлаб ётгани эсига тушди. Бундан бир неча соат олдинги ҳаёти, чорбоғнинг мусаффо ҳавоси, зилол сувли ҳовуз, салқин кўшк, беташвиш дамлар — ҳаммаси бирдан узоқ ўтмишга айланган эди. Назарида, шиддатли бир қуюн уни ўша масъуд ҳаётдан юлиб олиб, аллақаёқларга чирпирак қилиб учириб кетаётибди. От туёқларидан кўтарилган чанг унга мана шу қуюннинг чангидек туюлади. Уни отасидан жудо қилган, пушти-паноҳидан айириб, хавф-хатарлар комига тортган машъум бир куч гўё мана шу қуюннинг кучи эди. Уни қўриқлаб бораётган эллик чоғли отлиқлар ҳам Бобурга мана шу қуюн ичида юргандай хира кўринарди. Рўза тутиб куни бўйи туз тотмаганлигидан унинг боши айланмоқда эди. Атрофидаги отлиқлар тўғри юриб бораётган бўлсалар ҳам, Бобурнинг назарида уларнинг ҳаммасини ўша қуюн чирмаб айлантираётгандай бўларди.

Ўзган йўли билан бориб Намозгоҳга етганларида узоқда қорли тоғлар кўринди. Бобур тоғ салқинини кўзи билан ҳис қилгандай бўлди ва ўша ерга тезроқ етиб боргиси келиб, отининг биқинига ниқтади. Қақроқ лабларини қийинлик билан очиб Шеримбекка:
— Тезроқ! — деди.

Шеримбек эса орқага ўгирилиб қараб:
— Чопар бор! — деди. — Тўхтайлик.

Андижон беклари юборган чопар Хўжа Абдулланинг қўли билан ёзилган мактубни Бобурга топширди. Бобур ўрам қилиб юборилган мактубнинг ипак боғичини узиб, ёнида турган Нўён Кўкалдошга берди:
— Ўқинг.

Мактубда Андижон бекларининг Бобурга садоқат билдирганлари айтилган эди. Сўз орасида ёмон овозалар тарқалаётгани, номаълум фитначилар «Бобур мирзо қўрқиб қочди», деган туҳматни тарқатиб, бунга элни ишонтирмоқчи бўлаётгани айтилган эди.
— Мен сизни ана ўша фитначилардан эҳтиёт қилган эдим, амирзодам! — деди Шеримбек Бобурга. — Ҳозир вазият ёмон. Қўрғон — иғвонинг уяси. Қўрғонга қайтманг, амирзодам! Содиқ беклар бўлса кетингиздан келсинлар!

«Ота юртини ташлаб қўрқиб қочди» — бу овоза оғиздан-оғизга ўтиб шаҳарма-шаҳар, қишлоқма-қишлоқ тарқаб кетиши мумкин!
— Йўқ! — деди Бобур отини орқага буриб. — Мен қочмоқчи эмасмен!
— Амирзодам, бу ҳаммаси иғво!
— Мен бунинг иғволигини исбот қилурмен! Қайтинг ҳаммангиз. Қўрғонга қайтинг!

Бобур орқага бурган отининг юганини бўшатди-ю, сағрисига қамчи урди. От чопиб бораётганда кўкрагига шамол тегиб, ўзини бир оз енгил сезди. Бояги даҳшатли қуюн энди ундан орқада — изма-из елиб келаётган навкар ва савдарлар орасида қолиб кетгандай бўлди.

Улар офтоб уфққа яқинлашган пайтда Андижон қўрғонига кириб келдилар. Кечқурун гавжум бўладиган кўчалар ҳозир алланечук жимжит. Дўконлар ёпиқ. Ҳаммаёқ ҳувиллаган. Бутун шаҳар хавф-хатардан қўрқиб, биқиниб турганга ўхшарди.

Шеримбек олдинда бораётган Бобурни эҳтиёт қилмоқчи бўлиб, навкарларига «қуршаб боринг» ишорасини қилди. Ўзи эса Бобурнинг олд томонига ўта бошлади. Атрофини отлиқлар ўраб ола бошлаганда Бобур яна қуюннинг ичига тушиб қолгандай бўғилди. Кўз ўнгида яна отлар, одамлар чирпирак бўлиб айланишга тушди. Бобур ютоқиб олдинга интилди, отини қамчилаб, навкарлар қуршовини ёриб чиққанда юзига шабада тегиб, хиёл енгиллашди. Шеримбек яна олдинга интилиб, Бобурга ёндашмоқчи бўлганда Нўён Кўкалдош унинг жиловидан маҳкам ушлади:
— Бек жаноблари, қўйинг, амирзодам олдинда борсинлар. Фуқаро тахт ворисини кўрсин, кўнгли таскин топсин. Ана, туйнуклардан мўралаб турган одамлар иғвогарларнинг гапи ёлғонлигига амин бўлсинлар!
— Фитначилар бирор тешикдан амирзодамни ўқласалар-чи?
— Ниятни яхши қилинг!

Бобур бошлиқ отлиқлар аркка яқинлашганларида улкан дарвозанинг ҳар икки тавақаси ланг очилди. Хўжа Абдулла ва бир тўда беклар, мулозимлар Бобурга пешвоз чиқдилар. Бобур отдан тушиб устози билан кўришар экан, бирдан кўнгли юмшаб, кўзларига ёш қуйилиб келди. Хўжа Абдулла ранги ўчган, лаблари титраётган Бобурни бағрига босиб, тасалли бергиси келди, аммо беклар ва навкарлар олдида тахт ворисини қучоқлаш одобсизлик саналишини ўйлаб, ўзини тутди. У ҳам кўзига ёш олиб:
— Кулфатда қолдик, амирзодам, мусибатда қолдик!— деди. — Энди бизнинг пушти-паноҳимиз ўзингизсиз!

Мазидбек аъёнлар даврасидан бир-икки қадам олдинга чиқди. Ўзининг Бобурга бек атка эканини билдириб қўйгиси келиб, Хўжа Абдулланинг гапини оғзидан олди:
— Амирзодам, ҳамма беклар сизга содиқ хизмат қилишга тайёрдурлар!

Бобур тўпланиб турган бекларга кўз ташлаган эди, улар ҳаммаси Мазидбекнинг гапини тасдиқлаб, қўллари кўкракларида, таъзим адо қилишди. Бобур товуши титраб:
— Миннатдормен, — деди.

У яна отланиб арк дарвозасидан кираётганда орқадан Ёқуббек ҳам етиб келиб, беклар даврасига қўшилди. У Бобур қайтганини эшитган заҳоти ҳар қандай шубҳадан холи бўлиш учун дарҳол отланиб, садоқат изҳор қилишга шошилган эди. Хўжа Абдулла ўнгда, Мазидбек чапда юриб Бобурни арк тўридаги қишлик қасрга бошлаб келдилар.

Илгари пойтахт Андижондалигида тахт мана шу қасрга ўрнатилган эди. Кейин пойтахт Ахсига кўчирилгач, устунлари ўймакорликлар билан безатилган мармар зинапояли бу қаср аввалги ҳашаматидан маҳрум бўлиб, кўримсизлашиб қолган эди. Бугун Бобур келишидан олдин Хўжа Абдулланинг фармойиши билан қасрнинг зинапояларига яна пояндоз тўшалди. Илгари тахт қўйилган шаҳнишинга туркман гиламлари ва кимхоб кўрпачалар солиниб, махсус жой ҳозирланди.

Бобур бинафшаранг пояндозга қадам қўйганда қуруқшаб кетган томоғини ҳўлламоқчи бўлиб ютинди. Аммо оғзида нам йўқлигидан томоғини алланарса қириб ўтгандай бўлди. Бўлажак подшоҳга хизмат қилиш учун тўпланган бекларнинг ҳеч қайсиси Бобурга ҳозир бир қултумгина сув кераклигини сезмас эди. Бирда-ярим сезганлари ҳам шунча одамнинг олдида ёш подшоҳнинг рўзасини очириш мусулмончиликка тўғри келмайди, деб бундай ишни қилишдан қўрқишар эди.

Ҳамма ўлтиргач, Хўжа Абдулла қуръон ўқиб, Ахсида бугун дафн этилган Умаршайх мирзонинг арвоҳига бағишлади. Бир неча киши:
— Илоҳо жойлари жаннатдан бўлсин! — деб қўйди. Яна бир неча киши Бобурга юзланиб кўнгил сўради.
— Муҳтарам беклар, давлатхоҳлар! — деб гап бошлади Хўжа Абдулла. — Уруш ташвиши бўлмаганда биз аввал мотам маросимини ўтказган бўлур эдик. Эшитишимизча, Ахсида ҳазрати олийни ҳурматларига яраша маърака ўтказиб қабрга қўйганлар. Андижонга ёғий яқин келиб қолган шу оғир кунда бизнинг аввалин машваратимиз давлатни янги подшоҳга топширмоқ хусусида бўлгани маъқул.

Мазидбекдан нарироқда семиз Ёқуббек ўтирган эди. У Хўжа Абдулланинг сўзларини ҳаммадан олдин илиб кетди:
— Доно тадбирни ўртага солдингиз, пирим. Бандангизнинг фикрича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур мирзони қонуний подшоҳ атаб, муборак номларини хутбага қўшиб ўқитмоқ керак!

Бобур «ялт» этиб Ёқуббекка қаради. Унинг овозидаги майинлик, юзидаги ҳаяжон, ҳатто олд тишлари тушиб кетган оғзининг кемшиклиги Бобурга алланечук ёқимли туюлди.

Ёқуббекнинг энг нуфузли ва қайсар мўғул бекларидан эканлигини ҳамма биларди. Фақат унинг бундан бир неча соат олдин Бобурга қарши фитна уюштириб юргани ўтирганлар учун сир эди. Энди Ёқуббек мана шу сирни яхшироқ бекитиш учун Бобурга ҳаммадан ортиқ садоқат билдирмоқда эди. Унинг шу сир очилиб қолишидан изтиробга тушиб, дардли ва ҳаяжонли кўзлар билан Бобурга қараши, ундан нажот кутгандай бўлиб ҳаяжонланиши ўзи қийналиб ўтирган Бобурга ғалати таъсир қилди. Ёқуббек биринчи бўлиб Бобурни подшоҳ деб атагани ёш ўспириннинг ўртаниб турган қалбига гўё сарин бир шабада бўлиб тегди. Қачондир бир вақт тахтга чиқиш ва шу юрган ҳамма бекларга бош бўлиб, ғолибона жанглар қилиш Бобурнинг энг кучли орзуларидан эди. Ёқуббекдан кейин гапирган беклар ҳам бирин-кетин Бобурни подшоҳ деб тан олар эканлар, унинг мана шу орзуси булут орасидан чиққан тўлин ойдай чарақлаб юзага чиқди-ю, кўнглини бирдан ёриштириб юборди. Бошига тушган мусибат ҳам, ичини куйдираётган ташналик ҳам хаёлидан узоқлашди.

Шу пайт эшикдан шаҳар доруғаси Узун Ҳасан таъзим қилиб кирди.
— Амирзодам! — деди у энтикиб. — Қулингизни авф этинг, сизни кутиб ололмадим. Мен Андижонда номуносиб гаплар тарқатган фитначиларни овлаш билан банд эдим. Алҳол бир фитначи арбобни тутиб келтирдим.

Бобур беихтиёр олдинга интилиб:
— Қайси арбоб? — деди. — Ким у? Келтиринг!
— Бажонидил, амирзодам! — деб Узун Ҳасан шошилиб орқасига қайтди.

Ҳамма кўзлар очиқ эшикка қадалди. Ёқуббекнинг ранги «қув» ўчди. Наҳотки Аҳмад Тан-бал қўлга тушган бўлса? Унда сир очилади. Ёқуббек саросима кўзлар билан дарчани қидириб топди. Дарча у ўтирган жойдан анча узоқ. Дарчадан нарида аркнинг ўн пахсалик баланд девори бор. Йўқ, бу ердан қочиб қутулиб бўлмайди! Ёқуббекни титроқ босди...

Шу пайт эшикдан нарида йўғон бир овоз:
— Қўлимни ечинг, мен гуноҳкор эмасмен! — дегани эшитилди. Товушидан Аҳмад Танбалга ўхшамайди.

Оқ шоҳи яктак кийган йўғон гавдалик бўйдор кишини икки навкар икки томонидан маҳкам тутиб олиб кирди.
— Э, бу — Дарвеш гов-ку! — деди Ёқуббек бирдан енгил тортиб.

Андижон миробларининг бошлиғи бўлган бу одам гардани жуда гўштдор бўлганлиги учун ҳўкизга ўхшаб бўйнини бир оз олдинга эгиб юрар, шунинг учун ор-қаворатдан уни «гов», деб аташар эди. Андижон Қўрғонига тўққиз ариқ сув кирса ҳам, боғ-роғларнинг кўплигидан ёз ойларида сув етишмайди, амалдорлар оддий фуқаронинг навбатини ҳам олишга интилишарди. Шундай пайтларда Дарвеш гов кўпинча фуқаронинг томонини олар, бекларга навбати келмагунча сув бермас эди. «Бек бўлсанг, ўзингга, худонинг олдида ҳамма бандаси баробар!» — деб тап тортмай гапирганини кўп одам эшитган. Шу сабабли беклар Дарвеш говни ёмон кўришар, айниқса доруға Узун Ҳасан кўпдан бери унга кек сақлаб юрарди.

Қўли боғлоғлиқ Дарвеш гов Бобурга ва ундан берироқда ўтирган Хўжа Абдуллага бош эгиб, таъзим қилди-ю:
— Адолат қилинг, амирзодам! — деди. — Мен фитначи эмасмен, устод! Бозорда бир япасқи навкар менга айтди. «Подшоҳ Ахсида маст бўлиб жардан йиқилиб ўлибдир. Бобур мирзо ёғийдан қўрқиб Олатоғ томонга қочибдир», деди.

Бобурнинг ғаши келиб:
— Бўҳтон бу! — деди.
— Бўҳтонлигини мен кейин билдим, амирзодам, мени авф қилинг! — деб Дарвеш гов бир-икки қадам берига келиб, қўли орқасига боғланган ҳолича тиз чўкди: — Туҳматлигига бу ерда муборак юзингизни кўриб амин бўлдим. Аммо бозорда халойиқ ваҳимага тушиб тўс-тўполон бўлиб қочганда ўзимни йўқотиб қўйдим. Бир одамни тўхтатиб: «Шундоқ гапларни эшитдим, наҳотки рост бўлса?» деб сўраётганимда доруға жанобларининг хуфиялари гапимни эшитиб турган эканлар...
— Йўқ, сен гап сўраш баҳонаси билан бу қабиҳ овозани тарқатиб юрганингда қўлга тушдинг! — деди Узун Ҳасан.
— Каломуллони беринг, қасам ичамен!
— Каломуллони ҳам хор қилмоқчи бу қасамхўр! — деди Ёқуббек Бобурга юзланиб: — Амирзодам, агар бу мардак садоқатли қулингиз бўлганда ёмон овоза тарқатган ўша навкарни қўлидан тутиб доруғага топширмасмиди? Ваҳоланки, бу ўзи ўша овозани бошқаларга айтган, яъни иғво тарқатган. Буни ҳозир ўз тилидан ҳам эшитдик!

Дарвеш гов ҳангу манг бўлиб:
— Ё алҳазар! — деди.

Ёқуббек Бобурга боягидек мулойим кўз ташлаб, кемшик оғзини содиқ бир табассум билан очди:
— Амирзодам, сизнинг раҳматлик отангиз Дарвеш говни миробларга сардор қилиб қўйган эдилар. Отангизнинг инояти билан шундай мартабага эришган бу гов энди ҳазрати олийни муқаддас рамазон ойида маст бўлиб йиқилган деса-я! Бу қандай ноинсофлик!

Бобурнинг ёш қалби бу машъум иғвога қарши ғазаб туйғусига тўлиб бормоқда эди. «Алдаш учун бола яхши!» ўйланди Ёқуббек умид билан. Иғво тарқатган бу одам ўзининг айбини жон-дили билан Дарвеш говга ағдариб, Бобурни бунга ишонтиришга бутун кучини сарфламоқда эди. Бу ишда Ёқуббек ёлғиз эмас эди, бекларнинг кўпчилиги Дарвеш говни айбдор деб билмоқда эдилар.
— Иғво тарқатганини ўзи бўйнига олди! — деди Ёқуббек.
— Тилидан тутилмишдир, жазосини бериш даркор!— деб Али Дўстбек номли бадқовоқ кўса бир киши Ёқуббекнинг тарафини олди.

Ўйчан ўтирган Қосимбек боя Шеримбек тоғойининг имзосиз хат келтирган кабутар ҳақидаги гапини эслади-ю:
— Балки яна тафтиш ўтказиш лозимдир? — деди.

Унга Мазидбек эътироз қилди:
— Ортиқча тафтишларга фурсат қани? Ёғий Мар-ғилонни олиб, Андижонга бостириб келур. Қонли уруш пайтида элни ваҳимага туширган, подшоҳнинг мартабасига рахна солмоқчи бўлган иғвогарларга раҳм қилинмайдир!
— Сиёсат учун майдонда ясоққа етказиш керак, токи бошқаларга ибрат бўлсин! — деди Узун Ҳасан.

«Ясоққа етказиш» — халойиқ олдида бошини кесиш деган гап эди.

Дарвеш говнинг юзига ўлим шарпаси соя солиб ўтгандай бўлди. У тиззаси билан юриб Бобурга яқинлашар экан, йиғлаб илтижо қилди:
— Амирзодам, мен иғвогар эмасмен! Мен иғвогарларнинг қурбонимен! Менга раҳм қилинг! Бешта ёш болам бор! Ноумид қилманг, амирзодам!

Дарвеш гов, йўғон гавдаси силкиниб, ўкириб йиғлар экан, қўли боғлиқ бўлгани учун юзини яширолмас, кўз ёшлари мош-гуруч соқолига томчилаб оқиб тушар эди.

Шундай катта ёшли одамнинг бунчалик куюниб йиғлагани Бобурнинг қалбида кўпириб турган ғазабни бирдан босди. Унинг Дарвеш говга раҳми келди-ю, устози Хўжа Абдулладан «шу бечоранинг қонидан кечинг!»— деган бир гапни кутди.

Бироқ Хўжа Абдулла оғиз очгунча бўлмай, яна Ёқуббек гапирди:
— Бешта боласи бор одам тилини тийиб юрса бўлмасмиди!
— Э, бу гов ўзи ҳаддидан ошган! — деди Узун Ҳасан. — Бўлмаса, подшоҳ ҳақида иғво қилганларнинг гапини эшитган ҳамоно оғзига урмасмиди! Ёки у ҳаромнамакларни бизга тутиб бермасмиди!

Бир-бирини инкор қилувчи бу гаплар Бобурнинг хаёлларини чалкаштириб юборди. Вужудини ўртаётган ташналик янги бир куч билан қайтиб келди. Юзлар, деворлар, гиламлар бир-бирига қўшилиб, чаплашиб, чир-чир айлана бошлади. Дарвеш говнинг йиғлаб гапирган сўзлари гўё узоқдан эшитилди:
— Амирзодам! Адолат қилинг! Мен отангизнинг содиқ раийятлариданмен! Сиз ёшсиз, беғуборсиз. Сиз ҳали бу бекларни билмайсиз! Буларнинг менда кеки бор! Бекларга ишонманг, амирзодам! Халқдан сўранг! Мени эл улус билади! Раийят билади!

Али Дўстбек қўлини миробга пахса қилиб:
— Эшитдингизми, амирзодам? — деди. — Бу говнинг ичи қоралигини кўрдингизми?

Ёқуббек Бобур томонга таъзим билан эгилиб, боягидай меҳрибон товуш билан тушунтирди:
— Бу гов эл-улусни бекларга қарши қўзғамоқчи, амирзодам. Ёғий ҳужуми пайтида барият билан раийятнинг[20] орасига нифоқ солмоқчи!
— Нияти бузуқлиги шундан ҳам аён! — деди Узун Ҳасан ва навкарларга қараб буюрди. — Бас, олиб чиқ!

Бояги икки навкар Дарвеш говни икки қўлтиғидан олиб, ўрнидан турғизди-да, куч билан эшикдан олиб чиқа бошлади. Энди Бобурдан ҳам умидини узган банди:
— Мен бегуноҳмен! — деб қичқирди. — Беш боламнинг уволи уради сен бекларни! Менинг бегуноҳ қоним тутади ҳаммангни!

Бу қарғиш Бобурнинг қалбига ўткир тиғдай қадалди. Унинг қўл-оёқлари титраб, ўтирган жойида кўзи тина бошлади. Назарида, бояги қуюн аввалгидан баттар хуруж қилар, уни мана шу одамларга қўшиб чирмаб айлантирар эди. Атроф кўзига чанг-тўзон орасида қолиб кетгандай хира кўринар эди. У ўтирган жойида йиқилиб кетмаслик учун икки қўлини икки ёнига тиради.

Дарвеш говнинг қарғишидан ғазаби ошган беклар энди унинг ўлдирилишини яна ҳам қаттиқ туриб талаб қилдилар:
— Бу кўрнамак ясоққа етмагунга элдаги ваҳима босилмайдир!
— Сиёсат учун битта иғвогарнинг бошини кесмоқ зарур!
— Ясоқ!
— Ясоқ!

Бобурнинг кўз олдидан бояги одамнинг соқолига оқиб тушган кўз ёшлари кетмас, қулоғи тагида унинг аламли қичқириғи ҳамон жаранглаб турарди. Шу тирик одам мурдага айланиши керак. Бобур бунга фармон бериши керак. Нечун? Беклар у одамни гуноҳкор деб Бобурни ишонтиргани учунми?

Балки бу беклар чиндан ҳам Бобурни алдаётгандир? Балки мана шунақа беклар Ахсида Умаршайх мирзони жардан итариб юбориб ўлдиргандирлар? Балки булар эрта-индин Бобурнинг жонига ҳам қасд қилишар?

Бирдан Бобурнинг беғам юрган даври эсига тушди. Кечагина у тенгдош ўртоқлари билан от чоптириб ўйнаб юрмаганмиди? Алишер Навоийнинг расмига тикилиб мусаффо ёшлик хаёлларига берилгани қачон эди? Орадан бир неча йил ўтганга ўхшайди. Ҳолбуки, шу бугун эрталаб, шу бугун чошгоҳда унинг ҳаёти қуёшли осмондай тиниқ ва соф эди-ку. Бу қора булутлар унинг атрофига қаёқдан ёпирилиб келди? «Ясоқ!» — деб қичқираётган ҳар дарғазаб бек Бобурдан қуёшни тўсиб олган бир қора булутга ўхшарди. Бобурни чир-маб айлантираётган даҳшатли қуюн мана шу қора булутларнинг шамоли эмасмикан? Наҳотки бу булутлар доим тожу тахт билан бирга юрса-ю, Дарвеш говга ўхшаганларнинг қонига шунчалик ташна бўлса?! Боя Бобурга худди булутлар орасидан сузиб чиққан тўлин ойдай гўзал кўринган тожу тахт энди ой тутилган тундай ваҳимали тусга кирди. Бобур номаълум хавф-хатардан сесканиб, Хўжа Абдуллага ёрдам сўрагандай қаради:
— Устод!

Хўжа Абдулла унга томон сурилиб:
— Амирзодам, бардам бўлинг, — деди.
— Не қилай, айтинг!.. — шивирлади Бобур.
— Ҳукм чиқаринг! Беклар ясоққа етсин деб талаб қилмоқдалар.
— Сиз-чи, устод?

Агар Хўжа Абдулла, ўтирганларга қарши чиқиб, Дарвеш говни ёқласа, шунча амал-тақал билан бошлари зўрға қовушган беклар яна пароканда бўлиб кетишлари аниқ эди.
— Амирзодам, — шивирлади Хўжа Абдулла, — подшоҳлик удумига биноан хатарли уруш пайтида тождорлар шаънига номуносиб гап айтган одам жиноятчи ҳисобланур! Дарвеш гов яна бу ерда ҳам тилини тиймай чатоқ қилди. Барча бекларни ёмонлаб, қарғаб, оловга мой сепди! Энди сиз... битта Дарвеш говни деб барча беклардан воз кечолмагайсиз. Вазият таҳликали... Сиёсат учун говни ясоққа етказмоқдан бошқа илож йўқ!

* * *

Эртаси куни пешинда Андижон аркининг қаршисидаги жазо майдонида ноғоралар чалинди. Тўпланган халойиқнинг кўзи олдида Дарвеш гов, ёмон овоза тарқатишда айбланиб боши кесилди.

Ёқуббек Аҳмад Танбални япасқи навкари билан бирга ўша куни кечаси Ахсига яшириқча жўнатиб юборган эди. Икки орадаги сир сирлигича қолди.

Душман Марғилонни олиб, Андижонга таҳдид солмоқда эди. Хўжа Абдулла бошлиқ элчилар Бобурнинг номидан Самарқанд подшосининг Марғилондан беридаги қароргоҳига бориб, сулҳ тузишни таклиф қилдилар.
— Сиз билан уруш бошлаган инингиз Умаршайх мирзо жардан йиқилиб шунқор бўлди![21] Бобур мирзони фарзанд ўрнида кўргайсиз! Ахир у зот сизга куёв бўлиш орзусидалар! Сизни бош ҳукмдоримиз, деб тан олурлар! Ўлпон тўлагаймиз! Урушни тўхтатинг, ҳазратим!

Хўжа Абдулланинг бу таклифига самарқандлик беклар қаттиқ қарши чиқдилар. Улар Андижон ва Ахсини босиб, талаб, катта-катта ўлжа олиш умидида эдилар. Сулҳ уларни мана шу ўлжалардан маҳрум қилар, ўлпонни подшоҳнинг бир ўзи олар эди.
— Шунча жойдан қон кечиб, жон бериб-жон олиб келиб, энди етдик деганда қуруқ қайтамизми? — деди Муҳаммад тархон номли бек.
— Сулҳ тузманг, ҳазратим!
— Қаттиқ туринг! — дейишди бошқа беклар ҳам.

Султон Аҳмад мирзо бекларнинг раъйини қайтаролмайдиган заиф тождорлардан эди. Хўжа Абдулла бошлиқ элчилар ундан рад жавоби олиб қайтдилар.

Энди аввалгидан баттар қирғин бўлишини сезган бек ва навкарлар Андижон қўрғонига кириб бекина бошладилар.

Қува - Жасоратнинг Жазоси

1

Ўтган куни отланиб Андижонга кетган мулла Фазлиддин бугун қаттиқ изтироб ичида яна Қувага қайтди.

У Бобурнинг отаси ўрнига ҳукмдор бўлганини эшитиб ундан ҳимоя сўраш ниятида аркка борган эди. Агар унинг ҳузурига кирса ноумид қайтмаслигига ишонарди. Чунки мулла Фазлиддин чорбоғда кўшк қурган пайтларда Бобур билан кўп ҳамсуҳбат бўлган, унинг зеҳни ўткир, шоиртабиат, зукко ўспирин эканини сезиб, Алишер Навоий суратини ҳадя қилган эди. Энди мулла Фазлиддин бўйни йўғон беклардан кўрган ёмонликларини айтиб берса, Бобур уни ҳимоясиз ташлаб қўймаслиги керак. Лекин арк дарвозаси олдида ўша доруға Узун Ҳасан турган экан.
— Бобур мирзонинг ҳузурига кирмоқ учун махсус рухсат керак, — деб унинг йўлини тўсди.
— Рухсатни ким берур, жаноб доруға?
— Эшик оға Ёқуббек жаноблари!.. Ана, ўзлари ичкаридан чиқмоқдалар!..

Ўнтача навкар қуршовида ичкаридан отлиқ чиқиб келаётган Ёқуббек фақат биринчи вазир даражасидаги эшик оғалар тақадиган энли олтин камарни белига тақиб олган эди. Пули катта бу бек Андижон мудофаасига ҳаммадан кўп маблағ ажратган эди. Унинг навкарлари ҳам бошқа бекларникидан кўпроқ эди, ўзи ҳам Бобурга ихлоси зўрлигини ҳар ишда намойиш қилиб, туну кун тинмас эди. У биринчи куниёқ Бобурга ўзини содиқ кўрсатгани устига бу ҳаммаси қўшилиб, ахири соҳиб ихтиёр эшик оға бўлиб олган эди. Буни энди билган мулла Фазлиддин хиёл саросимага тушди. Лекин ўзини дадил тутишга тиришиб, отлиқ келаётган Ёқуббекнинг қаршисидан чиқди:
— Жаноб эшик оға, ижозат беринг, камина Бобур мирзо ҳузурларига кирай!

Ёқуббек отининг жиловини тортиб, хиёл тўхтади-ю, қўлини кўксига қўйиб турган мулла Фазлиддинга тепадан кинояли назар ташлади:
— Кириб не қилмоқчисиз?
— Арзим бор... Меъморлик санъатига оид...
— Ҳозир ёш подшоҳимизга меъморлар эмас, мамлакат мудофаасига ярайдиган навкарлар керак! Уруш тугагандан сўнг келинг!

Ёқуббек: «Гап тамом!» дегандек қилиб, отини елдирганича ўтиб кетди. Мулла Фазлиддин бир лаҳза қаққайиб туриб қолди. Бир вақт Узун Ҳасаннинг:
— Жаноб меъмор, тавочилар навкарликка одам олмоқдалар, истасангиз бориб навкар бўлинг! — деган кинояси уни ўзига келтирди.
— Ўлмасак ҳали меъмор керак бўладиган кунларга ҳам етишурмиз! — деди мулла Фазлиддин доруғага нафратли назар ташлаб.

Энди унинг Бобур ҳузурига киролмаслиги аниқ. Ёқуббек билан Узун Ҳасаннинг ихтиёрига ўтган қалъада қолиш эса жуда хатарли. Дарвеш говнинг ўлимига шу беклар сабаб бўлганини мулла Фазлиддин эшитган эди. Ҳозир унинг учун сал бехатарроқ жой — Қувадаги опасининг уйи эди...

Мулла Фазлиддин хуфтон пайти ҳовлига кириб келса, поччаси билан опаси ёв яқинлашаётганини эшитиб, ваҳимага тушиб ўтиришган экан.

Қувасойдин нарида — Каркидон адиридаги ёв ил-ғорлари ёққан гулханлар милт-милт қилмоқда эди.
— Мулла Фазлиддин, ёғий келса пўлат сандиғингизни тинч қўймас, — деди поччаси. — Буни тезроқ яширинг.
— Бўш ўрангиз борми, почча?
— Бор. Ана, бедахонада.
— Тоҳир қани?
— Маҳмуд билан кўприкка қараб кетди. Билмадим, не иши бор? Сўрасам, айтмади.

Мулла Фазлиддин поччасининг ёрдамида пўлат сандиқни яна қопга солиб, бедахонада-ги бўш ўрага тушириб қўйди-ю, ўранинг оғзини тахталар билан бекитди. Кейин бу тахталар устига беда боғларини баланд қилиб тахлаб ташлади.

* * *

Осмонни яна қуюқ булут қоплаган. Бирда-ярим ёмғир томчилаб қўяди. Қува кўчалари жимжит. Ёв яқинлигини сезган одамлар уй-уйига бекиниб олган. Аҳён-аҳёнда итлар ҳургани эшитилмаса, бутун Қува кўчиб кетганга ўхшарди. Қувасой устидан ўтган ёғоч кўприк ҳам кимсасиз. Элчилар ёмон хабар билан қайтгандан сўнг, кўприкдаги соқчилар қўрғонга қочиб кетишган...

Тун яримлаганда шу кўприкка қараб кетадиган йўл четида уч-тўртта қора кўринди. Йўл бўйидаги дарвозанинг бир тавақаси секин очилди-ю, ундан катта чўва кўтарган пакана одам чиқди.

Тоҳир шивирлаб сўради:
— Чақмоқ билан тутантириқни ҳам олдингми?
— Олдим.

Пакана йигитнинг кийимларидан зиғир ёғининг ҳиди келади — унинг касби жувозкаш.

Тоҳир юзига ёмғир томчилаганини сезиб осмонга қаради. Булут қуюқлашиб, юлдузлар кўринмай қолган.

«Жала қуйса, олов ёнмай бало бўлармикин? — ўйланди у. — Кўприкнинг ёғочлари ҳам ҳўл бўлиб ивиб ётгандир».
— Маҳмуд, мен битта болта олдим. Энди яна битта болта билан икки кишилик катта арра керак. Сен дурадгорсен, асбобларинг тахт.
— Аррани нима қиласен?
— Керак! Умрзоқ, сен ҳам бирга бор. Дарров олиб чиқинглар.

Икки йигит бир тор кўчага кириб кетишди-ю, анчадан кейин айтилган нарсаларни олиб келишди. Кейин ҳаммалари деворнинг зеҳи билан юриб олдинма-кетин кўприкка яқинлашишди.

Тоҳир кўприкда қоровул йўқлигини боя аниқлаган эди. Андижон қўшини орқага чекиниб, қўрғонга кириб кетган, бостириб келаётган ёв буни яхши билар, шунинг учун Қувадай жойларда ҳеч қандай хавф-хатар бўлишини кутмас эди.

Тоҳир кўприкдан берироқда — қорайиб турган катта бир дарахтнинг тагида ҳамроҳларини тўхтатди:
— Ўзларингдан қолар гап йўқ. Беклар билан навкарлар бизни ёғийнинг оёғи остига ташлаб кетди. «Ўзинг учун ўл етим», деган гап бор. Худо кушойиши коримизни берса, ҳаммамиз уй ичимиз билан бир балодан халос бўламиз. Мабодо, ишимиз ўнгидан келма-са... Битта-яримтамиз қўлга тушадиган бўлсак...
— Ўшанда ҳам мард бўлиш керак, — деди Маҳмуд. — Онт ичайлик: кимки ёғийга сир берса, онаси хотини бўлсин!
— Омин!
— Омин!

Ҳаммалари юзларига фотиҳа тортишди-ю, бирин-кетин кўприкка чиқишди. Тоҳирнинг мўлжали қирқ-эллик қадам ичкарироққа бориб, кўприкнинг ўртасидан ўт қўйиш эди. Аммо улар илгарилаган сари атрофлари очилиб, ўзларини ҳимоясиз сеза бошлашди. Сувнинг очиқ сатҳи соҳилга нисбатан ёруғроқ эди. Кўприк ёв қўшинлари қаршисида нишон тахтасига ўхшаб тургандек ваҳимали туюларди.

Бир вақт дурадгор йигитнинг қўлидаги катта арра эгилиб, юпқа пўлати Тоҳирнинг болтасига тегиб кетди. Унинг жаранги қоронғида шундай кескин эшитилдики, йигитлар сесканиб тўхташди. Атрофга қулоқ солиб, бир лаҳза қотиб туришди. Қурбақалар бир текис қурилламоқда эди.
— Тоҳир, кўп нарига бормайлик! — деб шивирлади Маҳмуд. — Келиб қолса қочиб қутулишни ҳам ўйланг-лар.
— Нарёқдан келадими? Умрзоқни ўша ёққа қоровул қилиб қўямиз. Қўрқманглар, ёғий узоқда.

Шу пайт ёмғир савалай бошлади. Энди узоқдаги гулханлар ҳам кўздан йўқолди. Ёв уларни кўриб қолиш эҳтимоли бутунлай бартараф бўлганини сезиб, Тоҳир ичида суюниб қўйди.

Кўприк хийла узун бўлганлиги учун уч-тўрт жойида тагидан қўйилган зўр сепоя тиргаклари бор эди. Тоҳир кўприкнинг қанотидан пастга эгилиб қараб, шу тиргаклардан бирини мўлжалга олди-ю, тўхтади. Умрзоқ кўприкнинг нариги четида қоровул бўлиб туриш учун кетди. Қолганлар кўприк ёғочларининг осонроқ ёниши мумкин бўлган жойларидан танлаб, болта билан пайраҳа кўчиришди, сўнг чувадаги ёғдан сепишди. Уч кишилашиб чақмоқни тошга уриб, тутани[22] ёмғирдан бекитиб, роса уринганларидан кейин, ниҳоят аччиқ пахта тутуни димоғларига урилди. Ўт ёқишга эпчилроқ бўлган жувозкаш йигит тутани пуфлаб-пуфлаб чўғ қилди. Тоҳир чакмоннинг тагидан қўлтиғига қисиб олиб келган қуруқ похолни шу чўққа тутди.

Похолнинг заиф олови зиғир ёғи сепилган пайраҳаларга илашиб энди сал кўтарилай деганда, шамол қайириб ураётган ёмғир томчилари «жиз-жиз» этиб тегди-ю, ўчириб қўйди.
— Ёнмайдиган сирқинди мой экан! — деди Маҳмуд жувозкаш йигитга таъна қилиб.
— Ёмғир ўчирди-ку! Шу мойни топиб чиққанимга ҳам жон де!
— Бас! — шипшиди Тоҳир жувозкаш йигитга. — Тутани ўчирмай тур!

Тоҳир иккита белбоғни бир-бирига улаб, бир четини белига боғлаб, кўприкнинг тагига осилиб тушди. Тиргакларнинг нам тегмаган жойларидан пайраҳа кўчириб олиб ёғ сепиб, минг азоб билан энди олов олдираётганда шамолнинг кучли бир эпкини ёнаётган пайраҳаларни сувга учириб туширди.

Тоҳир кўприкка қайтиб чиқди-ю, болтани қўлига олиб, ғазаб билан кўприк қанотларини уриб синдира бошлади:
— Мана ёнмасанг! Мана ёнмасанг! Мана! Мана!

Жувозкаш йигит иккинчи болтани қўлига олиб, кўприкнинг нариги қанотини синдиришга тушди.
— Тоҳир, бу ишларингдан нима фойда? — деди Маҳмуд. — Ундан кўра болтани менга бер. Мана бу михланган ёғочларини кўчириб ташлайлик.

Ҳансираган Тоҳир Маҳмуднинг олдига келди. Қоронғида мих кўринмаса ҳам касби дурадгор бўлган Маҳмуд ёғочнинг мих қоқилган жойини тусмоллаб топди. Тоҳир иккаласи кўприкка кўндаланг қўйиб михланган тахтасимон бир ёғочни кўчириб олишди. Аммо иккинчи ёғочни кўчириш жуда қийин бўлди.
— Айтмоқчи, арра бор-ку? — деди Маҳмуд.

Бир четда ётган аррани Тоҳир пайпаслаб топди. Икки йигит унинг икки дастасидан олиб, кўприк ёғочларини арралашга тушишди.
— Шошма! — деди Тоҳир. — Бу ердаги беш-ўнта ёғочни арралаб ташлаганимиз билан ҳеч иш чиқмайди.
— Нега чиқмасин? От-арава ўтолмайдиган қиламиз!
— Бирорта устани олиб келиб, кўприкни тузатиб, ўтиб кетаверса-чи?
— Фойдаси йўқ ишга уннадик чамаси-да! — деди жувозкаш йигит умидсизланиб.
— Йўқ, биз кўприкни бўйига эмас, энига қараб арралашимиз керак.
— Энига қўйилган ёғочлар жувозкундадай йўғон-ку. Арралаб бўладими?
— Бўлади!

Тўрт киши навбатма-навбат арра тортиб, кўприкнинг кўндалангига тўсин қилиб қўйилган йўғон ва қаттиқ ёғочни арралаётганда қора терга ботиб кетишди. Илиқ ёмғир ҳали ҳам савалаб турар, уларнинг юзлари ва баданларидан оққан тер ёмғир сувига қўшилиб кийимларини шалаббо қилган эди. Йигитларнинг мақсади кўприкни икки томондан ушлаб турган ўқёғочларни арралаб, уни бир-икки жойидан узиб ташлаш эди. Аммо улар кўприкнинг ҳар икки томонидаги йўғон ўқёғочларни арралаб қирқишди ҳамки, кўприк улар кутгандай узилиб тушмади. Уни яна қандайдир михлар, бир-бирига тишлатиб қўйилган болорлар ва «белбоғ» ёғочлар маҳкам ушлаб турарди. Тоҳир билан Маҳмуд аррани қўйиб, яна болтани қўлга олишди, қоронғида тимирскиланиб, болорларга тишлатилган қавс михлардан беш-олтитасини топишди ва кўчириб ташлашди. Шундан кейин кўприкнинг аллақаери қирсиллади-ю, аммо ўзи аввалгидай тураверди.
— Бўлди! — деди Маҳмуд мадорсизланиб. — Қўлимиздан келмайдиган ишга уннабмиз!
— Падарига лаънат! — деб, Тоҳир қўлидаги болта билан яна кўприк қанотларини қарсиллатиб синдира кетди. Шу пайт кўприкнинг нариги четидан улар қоровул қўйган йи-гит чопиб келди:
— Қўй, бас! Мунча қарсиллатма! Нариги адирдан ёғий келаётганга ўхшайди.
— А! Кўрдингми?
— Товушларини эшитдим. «Отлан!», «Сафлан!» деб бақириб-чақирганлари қулоғимга чалинди!
— Бўлмаса ҳозир бостириб келади! — деб жувозкаш қочишга чоғланди.
— Аррангни ол, бу ерда ҳеч нарсани қолдирманглар!— деб Тоҳир ёнмаган пайраҳаларни, ёғоч синиқларини сувга отди.

Беш йигит муваффақиятсизликка учрагандай руҳлари тушиб, уйларига тарқалганларида тонг ёриша бошлаган эди.

2

Саҳарликни еб, йўлга тушган ёв қўшинининг олдинги тўпи кўприкка чиқа бошлаганда тонг қоронғиси ҳали тарқалмаган эди. Ёмғир тоғларда қаттиқ қуяётганлиги учун Қувасойнинг суви тобора кўтарилиб бормоқда эди. Олдинда келаётган отлиқ чиғдовуллар унча кўп эмас эди, шунинг учун кўприкдан сийрак саф билан ўтиб кетишди.

Аммо улардан кейин келаётган сафлар жуда қалин эди. Ҳар бир бекнинг навкарлари ўзларига қарашли юкларни туя қўшилган оғир араваларга ортиб келмоқда эдилар.

Чуғуруқдай беҳисоб қўшин отлари, туялари, аравалари билан бирга ёмғирли тонгда қоп-қора селга ўхшаб кўприкни лиммо-лим тўлдириб кела бошлади.

Кўприкнинг ўртасида бояги йигитлар михларни суғуриб, тўсинларини арралаб кетган жой бунчалик оғир юкка бардош бериши амримаҳол эди. Бунинг устига, худди ўша жойда бир чўбир отнинг икки олдинги оёғи михи кўчирилган ёғочларнинг ёриғига тушиб кетди. От ўмрови билан йиқилиб тушиб, оёғини суғуриб ололмай типирчилай бошлади. Эгарда ўтирган навкар отнинг бошидан ошиб, бошқа отларнинг оёғи тагига учиб тушди. Ҳозир беҳисоб туёқлар остида қолиб янчилишини сезди-ю, дод солиб қичқирди. Ҳамроҳлари беихтиёр жиловларини тортишди. Баъзи отлар қўрқиб орқага тисарилиб кетди.

Орқадагилар эса ҳеч нарсадан бехабар, ёпирилиб келмоқда эди. Бир лаҳзада кўприкнинг шу жойи ҳаддан ташқари тиқилинч бўлиб кетди. Арра ва болта зарбаларидан ночорлашган кўприк ёғочлари тўсатдан қарсиллаб синди. Тиқин бўлиб ётган ўнлаб отлар, одамлар кўприк ёғочларига қўшилиб сувга қулаб тушди. Тошиб турган сойнинг суви қулаб тушганларни лопиллатиб оқизиб кетди.

Кўприк устида қолганлар жонҳолатда орқага бурилиб, қочмоқчи бўлишди. Аммо орқадан ҳамон отлиқлар, аравалар, туялар кўчкидай бостириб келмоқда эди. Олдинда нима ҳодиса бўлганидан бехабар подшоҳ энг яқин беклари билан сойнинг нариги четида туриб, қўшинни кўприкка томон йўналтирмоқда эди. Лекин кўприк ўртасидан кўтарилган қий-чув, тўполон тобора зўрайиб борарди. Ваҳимага тушган қўшин бирдан ўзини орқага ташлади, аммо ур-сур тўполонда кўприкка сиғмай, от-уловлари билан сувга тутдай тўкила бошлади.

Кўприк қанотларининг анча жойи синдириб ташлангани уларнинг қулаб тушишини осонлаштирарди. Тартиби бузилган аравалар бир-бирини итариб, кўприкнинг бутун турган қанотларини ҳам синдириб қуламоқда эди. Баъзи навкарлар йўлида учраган тирик жоннинг ҳаммасини қамчилаб ўтмоқчи бўлса, баъзи беклар қилич яланғочлаб, тўполонни тиғ билан босмоқчи бўлишади. Аммо ғиж-ғиж бўлиб, қурт-қумурсқадай қайнаб ётган қўшин кўприкка шундай тиқилиб қолган эдики, унга на қамчи кор қилар эди, на қилич. Туялар бўкиради. Одамлар қичқиради. Талвасага тушган оломон тиғ кўтарган бекларнинг ўзини отлари билан суриб бориб, кўприкдан ағанатиб юборади.

Подшоҳ билан бирга қирғоқда турган хос навкарлар сувда оқиб бораётганларни қутқаришга фармон олдилар. Улар қамишларни шалдиратиб, сувга яқин борганларида ўзлари ҳам балчиққа ботиб кета бошлади. Кейин орқада қолганлари арқон ташлаб уларнинг уч-тўрттасини зўрға қутқариб олди. Бошқаларини қамишзор балчиқ қаърига тортиб кетди.

Сувга қулаб тушганларнинг чўккани чўкиб ўлди. Сузишни биладиганлари эса отларнинг бўйнига ёпишиб қамишзор қирғоққа чиқай деганда балчиққа ботди. Сассиқ ботқоқлик аждаҳога айланиб одамни ҳам, отни ҳам оёғидан пастга тортар эди. Отлар жон аччиғида силтаниб кишнар, одамлар қамишлардан қўллари тилиниб дод солар, аммо улар талваса қилганлари сари балчиққа чуқурроқ ботиб, юз азоблар билан жон беришар эди.

Ўртаси синиб тушган кўприкнинг устида — ағдарилган аравалар, йиқилиб ётган от ва туялар орасида талай навкарларнинг эзғиланган жасадлари қолди. Ёвнинг шу бир-икки соат ичида кўрган талафоти уруш бошлангандан бери кўрган ҳамма талафотларидан кўпроқ ва даҳшатлироқ эди. Яна бу фалокатнинг сабабини ҳеч ким билмас эди. Шунча одамнинг мислсиз қийноқларда жон берганини кўрган жангчилар мағлубиятга учрагандан баттар эсанкираб, руҳсизланиб қолдилар.

3

Қуваликлар тонг ёришгандан кун ёйилгунча бўлиб ўтган бу фалокатни нариги қирғоқдаги девор ва томлардан мўралаб кўриб турар эдилар. Уларнинг баъзиси «ёғий баттар бўлсин», деб шодланса, баъзиси не-не йигитларнинг сувга оқиб, балчиққа ботиб, минг азоблар билан ўлаётганидан ачинарди. Тоҳир кечаси ўртоқлари билан қилган ишларини боя Фазлиддин тоғасига «уддасидан чиқолмадик», деган маънода маъюсланиб айтиб берган эди. Кейин юз берган ҳодисани томга чиқиб кўрган мулла Фазлиддин нарвондан тез пастга тушди-ю, Тоҳирни бир четга имлаб чақириб олди:
— Ўртоқларингга айт! Ҳаммаларинг тезроқ беркининглар!
— Нечун, мулла тоға?
— Кўприк арраланган жойидан синганга ўхшайди. Агар кўприкка ўт қўйиб юборганларингда ҳам бунчалик талафот бўлмас эди. Чунки ёғий кўприкнинг ёнган жойини тузатмагунча устига черик чиқармас эди. Улар ғафлатда қолиб балога йўлиққан! Агар қилган ишларингни билиб қолса, ҳаммамизни қириб ташлашлари аниқ!
— Ёғий ҳали нарёқда-ку?
— Чиғдовуллари бу ёққа ўтган экан, мен кўрдим. Гапни кўпайтирмай, тезроқ яширин. Тўқайга чиқиб кетинглар. Тез!

Тоғаси астойдил хавотир бўлаётганини сезган Тоҳир бошқа эътироз қилмади-ю, ўртоқларига секин хабар бериб чиқди:
— Арқон билан ўроқ олинглар. Ким сўраса, ўтинга борамиз, денглар. Лекин хўрак икки-уч кунлик бўлсин.

Беш йигит одамларнинг кўзига ташланмасликка тиришиб, қишлоқдан якка-якка чиқишди-ю, тўқай ичида учрашишди.

Кўприк синмасидан олдин бериги томонга ўтиб қолган чиғдовуллар Қуванинг кадхудосини топиб, унинг ёрдамида дурадгор усталарни кўприк тузатишга ҳайдаб чиқди. Нарёқда қолган навкарлар арқон ташлаб, ёғоч ташиб, уларга кўмаклаша бошлашди.

Кўприк тузатишга чиққанларнинг орасида Тоҳирнинг отаси ҳам бор эди. У кечаси ўғлининг қаёққадир бориб, саҳар пайтида чарчаб қайтганини сезган эди. Дурадгорлардан бири ёғочнинг арраланган жойини Тоҳирнинг отасига кўрсатиб, ўз шубҳасини айтмоқчи бўлганда, уста бунинг олдини олиб лабини тишлади:
— Дамингизни чиқарманг, — деб шивирлади. — Агар ёғий бирор гумонингизга ишонса, бутун Қувага ўт қўяди. Ҳаммамизни қиличдан ўтказади!
— Гапингиз ҳақ!

Шундан кейин бу тўғрида ҳеч ким оғиз очмади. Икки кун деганда кўприк наридан-бери тузатилди-ю, ёвнинг отлиқ аскарлари битта-иккитадан бўлиб, эҳтиёт билан ўтишди. Ниҳоят, подшоҳ ҳам мулозимлари билан кўприкдан ўтиб, Қувада тўхтамасдан йўлида давом этди.

Ёвнинг араваларга ортилган оғир юклари ва туя карвонлари кўприкдан нарида қолиб кетди. Шунга қараганда ёвнинг режаларида қандайдир бир ўзгаришлар юз берган эди.

Тўқайда яшириниб юрган Тоҳир Робиядан хавотирда эди. Ота-онаси қизни қўлларидан келганича авайлаб, яшириб юрганларини билса ҳам, ёвнинг ҳамон Қува атрофида ўралашиб юргани жуда таҳликали эди. Учинчи куни йигитларнинг хўраклари ҳам тугади. Аҳвол қандай бўлаётганини билиш ва хўрак ғамлаб келиш учун Тоҳир ўзи борадиган бўлди. У кечки пайт бир боғ қамишни орқалаб секин ҳовлиларига яқинлашди. Дарвоза занжир экан, қўлининг учини тиқиб, занжирни туширди. Мулла Фазлиддин бостирманинг олдида араванинг ғилдиракларини кўздан кечираётган эди. Қамиш кўтариб кирган Тоҳирни кўриб унга қараб чопди:
— Сулҳ муборак, жияним! Сулҳ!
— Уруш тугадими?
— Худога шукур, тугади.

Тоҳир елкасидан қамишни ерга ташлаб юборди. Тоғаси уни бағрига босиб, қулоғига шивирлади:
— Жасоратларинг бекор кетмади, жияним! Самарқанд подшоҳининг ўзи сулҳ таклиф қилган эмиш! Кўприкдаги талафот ёғийнинг белини синдирган экан!

Мулла Фазлиддин елкасига энсиз жияк тикилган кифтаки кўйлак кийган эди. Тоҳир энгагини жиякнинг боғичига босиб ва кутилмаган шодликнинг зўридан ўпкаси тўлиб:
— Хайрият! — дея олди, холос.

Мулла Фазлиддин унинг залварли елкасини силаб паст товуш билан:
— Аломат бўлди, — деди. — Не-не бекларнинг қўлидан келмаган халоскорлик сендек таваккалчи йигитларнинг қўлидан келгани аломат бўлди! Киборлар сендекларни «қора халқ», деб писанд қилмайдилар. Аммо бугун шу «қора халқ»нинг жасорати билан уруш балосидан халос бўлганларини билсалар эди!
— Лекин мунчалик бўлишини биз ўзимиз ҳам билмаган эдик, мулла тоға. Бир чеккаси, сизнинг келиб қолганингиз яхши бўлди. Сиз бўлмаганингизда бу иш менинг хаёлимга ҳам келмас эди, сиз туртки бердингиз.
— Шундайми, а, жияним? Агар шундай бўлса менинг бошимни сен кўкка етказдинг!

Мулла Фазлиддин нуқул овозини пасайтириб, қандайдир хавф сезиб гапирмоқда эди.
— Мулла тоға, Қувада ҳали ҳам ёғий борми? — деди Тоҳир.
— Ҳа, ёғий ўтиб тамом бўлганича йўқ. Подшоҳлари Андижондан бир ёғоч[23] берида сулҳ тузиб орқага қайтган эмиш. Черигининг бир қисми кўприкдан нарига ўтиб кетганини, ўзим кўрдим. Аммо қолган-қутганлари энди қайтса керак. Эҳтиёт шарт, жияним, уйга кир.

Тоҳир уст-бошига илашган қамиш баргларини қоқиб уйга кираётганда қўшни ҳовлидан аёл кишининг алласи эшитилди.

Тоҳир Робияни эслади-ю юраги бир орзиқди. Сулҳ тузилганини эшитганмикин? Тоҳир уни жуда соғинган эди. Қани энди иложи бўлса-ю, ҳозир девор ошиб, қўшни ҳовлига ўтса. Робияга уруш қандай даф бўлганини айтиб бериб, унинг қувонганини кўрса! Лекин қаллиқлик одоби бунга йўл бермас, Тоҳир Робия билан фақат яшириқча учрашар эди.

Тоҳир энди уйга кириб, онасини сулҳ билан муборакбод қилаётган эди, кўчада бирдан итлар асабий хуриб, от дупури эшитила бошлади. Тоҳир шошилиб дарчадан ҳовлига қаради. Айвондан пастда турган мулла Фазлиддин унга ўтинхонани кўрсатиб:
— Бу ёққа чиқ! — деб шипшиди. — Бекин!

Тоҳир белига тақилган ханжарни сопидан ушлаб, айвон орқали ўтинхонага чопиб ўтди ва қамиш боғларининг орасига яширинди.

Дарвоза тавақалари шахт билан очилди. Эгарларининг қошига ёй осилган, бошларига дубулға кийган, кенг чолворлари этикларининг қўнжини ёпиб турган отлиқ аскарлар ҳовлига кираётиб, атрофга аланг-жаланг кўз югуртириб чиқди. Улардан иккитаси битта қора отга мингашиб олган эди.

Дубулғасининг учига яшил матодан байроқча қадалган понсод бостирмада турган яйдоқ отни кўрди-ю, мингашиб келаётганларга қараб:
— Ана у сеники! — деди.

Ҳабашдай қорайиб кетган ўсиқ мўйловли йигит қора отнинг сағрисидан сакраб тушди-ю, бостирмага қараб югурди. Қолган йигитлар понсоднинг ишораси билан уйга кириб, янгироқ кигизми, гиламми, бўхчами ҳаммасини ҳовлига кўтариб чиқа бошлади.

Айвоннинг устунига суяниб жим турган мулла Фазлиддин буларни: «Кўприк воқеасидан хабар топиб Тоҳирларни қидириб келганми?» деб қаттиқ қўрққан эди. Энди буларнинг баднафс талончилар эканини кўриб нафрати келди. Отдан тушмай ҳовли ўртасида турган понсодга қараб:
— Меҳмон, инсоф ҳам даркор! — деди. — Подшоҳларимиз сулҳ тузганларидан кейин бунчалик талон-торож қилиш мусулмончиликка тўғри келармикин?

Бостирмада мулла Фазлиддиннинг отини аллақачон ўзиники қилиб, унга эгар ураётган қора йигит:
— Сулҳ, омон-омон! — деб, бу сўзларни масхаралагандай кулиб айтди.

Бошқа бир йигит бўхчани титкилаб, ундан бир жуфт атлас топди-да, понсодга узатиб:
— Моли амон![24] — деди.

Понсод атласни олиб хуржунга солар экан, мулла Фазлиддинга зуғум қилиб, самарқандча талаффуз билан гапира бошлади:
— Олтмишта отимиз ўлат бўлиб ўлди. Бизга касофатларинг урди. Сен бунда савори юргину мани йигитим Самарқандга пиёда кетсунми? Икки киши бир отга мингашиб кирганини кўрдингми?
— Кўрдим. Агар аравага қўшилган шу чўбир от йигитингизни Самарқандга кўтариб боролса, майли, олинг. Лекин аёлларнинг бўхчасини кавлаш, сиздек олижаноб понсодга жоизмикан?
— Бизнинг аёлларимиз Фарғона атласидан савғо келтиринг, деб тайин қилган. Биз шунча жойдан овора бўлиб келиб, энди бесавғо қайтайлукми? Инсоф шуми?!

Понсод сўнгги сўзни алам билан айтганига қараганда, урушнинг ғалабасиз тугаганидан жуда норози эди. Бу одамлар, урушдан катта ўлжалар олиш умидида ойлаб-йиллаб қон кечиб, ҳамма азоб-уқубатларга бардош бериб юрар эдилар. Агар Андижон ва Ахси каби бой шаҳарлар босиб олинса, жангчиларнинг ҳар бири ўлжадор бўлиши шубҳасиз эди. Бироқ Қувадаги талафотдан кейин дарҳол сулҳ тузилди. Андижондан ярашиш учун чиққанлар Самарқанд подшоҳига олтин-кумуш совғалар, қимматбаҳо саруполар, бир неча юз чопқир от ва туялар инъом қилдилар. Бу инъомлар подшоҳнинг ичкилари, мулозимлари, беклари ва бошқа яқинларидан ортмай қолди. Мана бу понсодга ўхшаган жангчилар эса ўлжасиз қолди.

Шунинг аламига улар орқага қайтишда йўлларида учраган қишлоқларни тинтиб, ўлжа қидиришга тушган эди.

Улардан бештаси ҳозир Робияларнинг ҳовлисига ҳам бостириб кирган эди. Ўтинхонанинг бир девори Робияларнинг ҳовлисига туташ бўлгани учун Тоҳир қўшни ҳовлида ҳам тўполон кўтарилганини эшитиб қолди.

Кеча эҳтиётини қилиб ичкарида бекиниб ўтирган Робия уруш тугаганини эшитган, сўнг ҳовлига сигир соғишга чиққан эди. Сигирга бузоқни қўйиб, уни ийдириш билан андармон бўлди-да, ҳовлиларига отлиқ аскарлар кириб келганини кеч сезди.

Аяси оғилхонага чопиб кирди.
— Вой, ўлай, сен шу ердамидинг?
— Нима бўлди, ая?
— Ёғий! Тўхта! Ҳовлига чиқма!.. Ана у туйнукдан сомонхонага ўт!

Ўлжа от қидириб юрган навкарларнинг иккитаси дарҳол оғилхонага кирди-ю, унинг тўридаги туйнукдан нарёққа ошиб ўтаётган қизни кўриб қолди. Қисиқ кўзли қипчоқ йигит ёнидагига қараб:
— Сулув қизга ўхшайди! — деди.
— От жўқ экан-да, — деди шериги афсусланиб.
— Жахши қиз отдан ҳам қиймат бўлади. Жур, олиб чиғайиқ. Самарқандга олиб бориб Фозилбекка сотамиз!

Сигирнинг панасида турган она бу даҳшатли сўзларнинг маъносини тушунди-ю, чопиб бориб туйнукнинг оғзини гавдаси билан бекитди.
— Мусулмон бўлсаларинг қизимга тегманглар! Мени ўлдирсаларинг ўлдиринглар! Қизимга яқинлашманглар! Бировнинг омонати! Бировга фотиҳа бўлган!

Бу сўзлар қисиқ кўзли йигитнинг назарида қизнинг қийматини яна ҳам оширгандай бўлди. У кампирни қўлидан бир силтаб, охурга қараб улоқтирди. Кампир охурга боши билан урилиб чинқирди-ю, ҳушидан кетди.

Қипчоқ йигит туйнукдан сомонхонага ўтганда Робия сомонхонанинг эшигидан қочиб ҳовлига чиқди. Шунда иккинчи йигит қаршисидан чопиб чиқиб уни тутиб олди. Ичкаридан қисиқ кўзлиги етиб келди. Қиз уларнинг қўлидан чиқиб кетмоқчи бўлиб балиқдай патиллар эди. Учинчи бир йигит эгаридан қоп олиб қопнинг оғзини очганича уларга яқинлаша бошлади. Қиз ҳозир бошига қоп кийдирилишини сезди-ю, бор овози билан дод солиб қичқира бошлади.

Тоҳир шу вақтгача тишини-тишига қўйиб, уйларида бўлаётган талон-торожга чидаб ўтирган эди. Аммо Робиянинг чинқириғини эшитгандан кейин кўзига ҳеч нарса кўринмай қолди. Ўтинхонадан чопиб чиқди-да, қўшни ҳовлининг деворига тирмашди. Деворнинг су-воқларини кўчириб, нарёққа ошиб тушар экан, шунча кундан бери уни хавотирга солиб юрган энг ёмон бахт-сизлик у кутгандан ҳам даҳшатлироқ бир тарзда рўй бераётганини кўрди. Бири Робияни оёқларидан ушлаб олган, иккинчиси унинг қўлларини белига қўшиб маҳкам қисиб турган ва учинчиси қизнинг бошига қоп кийдирмоқчи бўлаётган йигитлар Тоҳирнинг баданига ҳам заҳарли илон бўлиб ёпишаётгандай туюлди. Тоҳир қичқириб юборди. Ҳовлида бир йигит отларни жиловидан тутиб турибди. Яна бири қўлида узун найзаси билан от устида ўтирибди. Ҳаммасининг белида қиличи, ёнида ўқ-ёйи. Тоҳир бир ўзи буларга бас келоладими, йўқми, буни ўйлаб ўтирадиган аҳволда эмас. Робияга ёпишган илонларга тезроқ тиғ уришдан бошқа ўйи ҳам, истаги ҳам йўқ. У югуриб бораётиб ханжарини қинидан суғурди.

Найза кўтарган отлиқ:
— Тўхта! Тўхта! — деб унинг кетидан от солди. Тоҳир икки сакраб мўлжаллаган жойига етиб борди. Робияни оёғидан қучоқлаб олган қисиқ кўзли йигитнинг биқинига ханжар урди. Ханжар сопигача ботиб кетгани, қисиқ кўзли йигит инграб Робиянинг оёқларини қўйиб юборгани эсида. Тоҳир ханжарни тортиб олаётганида ўзининг елкасига ғарчиллаб санчилган найза зарбидан гандираклаб кетди. Унинг ханжар тутган қўллари даҳшатли бир оғриқдан бўшашди. От устидан унга найза санчган йигит найзасининг узун сопидан тортиб суғуриб олаётганда Тоҳирнинг елкасидан — кўйлаги билан бирга кесилган баданидан қон тизиллаб отилиб кетди. У ўзи қулатган қисиқ кўзли йигитнинг устига йиқилар экан, Робиянинг косасидан ўйноқлаб чиққан ваҳима тўла кўзини кўрди. Қизнинг:
— Вой, Тоҳир оғам! — деб қичқиргани узоқлардан келган шарпадай зўрға эшитилди. Сўнг бу ҳам зулмат қаърига шўнғиб йўқ бўлди.

Тоҳир қонига беланганича қолди-ю, Робияни Самарқанд томонга олиб кетишди.

Ўш - Нажот Қайда?

1

Баланд қоятошлар билан текис воҳалар бир-бирига ғалати тарзда киришиб кетган Ўш атрофлари бир неча кундан бери жуда серҳаракат. Андижондан туяларга ортиб келинган ҳашаматли чодирлар Буратоғ[25] этагидан оқиб ўтадиган Жаннатариқ бўйига ўрнатилди. Оқбурасой бўйларида ҳам, Чилмаҳрам тоғининг этакларидаги кўкаламзорларда ҳам юзлаб чодирлар ва ўтовлар пайдо бўлди. Тоғдан ҳайдаб тушилган думбали қўйлар сўйилди, кабоб қўраларида арчанинг пистоқи кўмири чўғлатилди, дошқозонларда гўшт қайнай бошлади.

Бугун Ўшга Бобур мирзо бошлиқ ҳамма аркони давлатларнинг келиши кутилмоқда.

Мулла Фазлиддин ёш подшоҳнинг амри билан Буратоғнинг чиқиш қийин бўлган хушманзара бир қоятоши устига кичкина ҳужра қурган. Бобур мирзо бултур шу ишни унга топширгандан кейин Самарқандга қўшин тортиб кетган ва Ўшга мана энди йўли тушмоқда эди. Мулла Фазлиддин савдарлар билан пастга тушиб, ҳужрага ярашадиган гилам ва зарбоф кўрпачаларни ўзи танлади. Тик, сирғанчиқ қоятошга чиқиб ўрганмаган савдарлар жиҳозларни олиб келаётганда жуда қийналиб қолишди. Қашқарча кумуш обдаста кўтариб келаётган семиз офтобачи ҳар ўн қадамда бир тўхтаб қоларди. Мулла Фазлиддин унинг қўлидан обдастасини олиб, ўзини суяб чиқди.

Савдарбоши айвоннинг сангфарш қилинган зиналарига гулдор пояндоз тўшатган эди, мулла Фазлиддин илтимос қилиб, уни олдириб ташлади. Чунки зиналарга ишлатилган рангли тошлар ҳар қандай пояндоздан қимматроқ ва гўзалроқ эди.

Тоғ қиррасида турган ҳужрадан бутун Ўш шаҳри ва унинг атрофлари кафтдагидек аниқ кўринар эди. Ҳали ҳам нафасини ростлаб ололмай ҳансираб ўтирган офтобачи пастга тикилиб қарадию, ўрнидан сакраб турди:
— Ана, келдилар!

Мулла Фазлиддин айвон четига бориб, пастга кўз югуртирди.

Оқ отлиқ Бобур мирзо юздан ортиқ беклари ва хос навкарлари билан Жавзо масжидидан ўтиб, тоғ этагига яқинлашиб қолган эди. Улар ҳаммаси Жаннатариқ бўйига ўрнатилган боргоҳ[26] ва хиргоҳ[27] олдида тўхтадилар. Ичи заррин ипак, усти қимматбаҳо майин мовут билан қопланган бу чодирларнинг зарҳал чилвирлари кумуш қозиқларга боғланган эди. Чодирларда дам олиш ва катта зиёфатлар бериш учун ҳамма тайёрликлар кўриб қўйилганини мулла Фазлиддин билар эди. «Энди бугун Бобур мирзо ўша ерда дам олсалар керак, бизнинг ҳужрага балки эртага чиқарлар», деган ўй билан ишини секин давом эттирди. Аммо орадан бир соат ўтар-ўтмас пастдан серсоқол қўрчибоши тўртта соқчиси билан ҳансираб чиқиб келди:
— Ҳозир бу ерга олий зотлар қадам ранжида қилурлар. Тахтиравон қаерда?

Савдарбоши мулла Фазлиддинга ёрдам сўрагандай қилиб қаради. Зира беқасамдан юпқа тўн кийган мулла Фазлиддин қўрчибоши қаршисида қўл қовуштириб:
— Маъзур тутинг, жаноби бек, — деди.
— Хўш?

Мулла Фазлиддин шу ҳужрани қуришда ғиштларни замбилга солиб кўтартириб чиқмоқчи бўлган, аммо иложини тополмаган эди. Чунки бу тик қояга одам фақат битта-битта бўлиб, гоҳо қўли билан қояга суяниб чиқиши мумкин эди. Тахтиравонни эса тўрт киши тўрт томонидан кўтаради, унинг ичида подшоҳ ёки маликалар ўтиради.
— Биз тажриба этиб кўрдик, бу қояга тахтиравон кўтариб чиқиш мумкин эмас, — деди мулла Фазлиддин.

Қўрчибоши уч томони девордай тик қоятош бўлган, фақат бир томонидан ёлғиз одам зўрға ўтиб келадиган тоққа дурустроқ қаради-ю, тахтиравон ишлатиш фикридан қайтди. Савдарбошига хўмрайиб:
— Бу ерда ортиқча одам бўлмасин! — деб буюрди.

Ҳужра атрофидаги саҳн торроқ бўлса ҳам қоянинг шимол томонида — уйдай баланд тошлар ортида кичкина майдонча бор эди. Соқчилардан иккитаси офтобачи ва савдарбоши билан бирга ўша ёққа ўтиб туришди. Бошқа савдарлар пастга тушиб кетишди. Қўрчибоши мулла Фазлиддинга қараб:
— Жаноби меъмор, сиз йўлни яхши билурсиз, подшоҳга пешвоз чиқинг, — деб буюрди. Қоидага биноан қўрчибошининг ўзи ҳам пастга қайтиб тушиб, подшоҳ билан бирга чиқиши керак эди. Аммо бу тоққа икки қайта устма-уст тушиб чиқиш бениҳоя қийин. Буни сезган ўрта яшар қўрчибоши иккита соқчини мулла Фазлиддинга қўшиб пастга тушириб юборди-ю, ўзи ҳужра ёнидаги силлиқ тош курсига ўтириб, терлаб кетган йўғон бўйинларини арта бошлади.

Мулла Фазлиддин Буратоққа ҳар куни неча қайтадан тушиб-чиқиб ўрганиб қолган. Унинг оёғидаги ихчам мўккиси тошдан-тошга енгил ўтиб боради. Аммо кўнгли нотинч. Ҳозир подшоҳ ва унинг бекларига дуч келиши кераклиги, улар билан муомала қилишнинг қийинлиги қалбига таҳлика солади.

Бобур мирзо ва унинг одамлари тоғнинг кунчиқиш томонидан отлиқ айланиб ўтиб, қоятошга жанубдан яқинлашдилар-да, мазоратдан юқорироқда отдан туша бошладилар. Шунда мулла Фазлиддин бек ва навкарларга қўшилмай алоҳида тўп бўлиб келаётган аёлларни кўриб қолди. Ювош қора отда ўтирган ва оппоқ кийинган ўрта яшар аёл — Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигор хоним эди. Гулибодом рангли шўх, ўйноқи отда қирмизи ипак кабо[28] кийган Хонзода бегим келмоқда эди. Мулла Фазлиддин уни шўх от устида чавандоз йигитлардай яхши ўтирганидан ҳам таниди-ю, вужуди бирдан қизиб кетгандай бўлди. Кўнглидаги бояги безовталик устига оловли бир ҳаяжон қўшилиб, юраги қинидан чиққудай ҳаприқиб кетди. Мулла Фазлиддин ўзида бирдан юз берган бу ўзгаришни бировга сездириб қўйишдан қўрқиб, подшоҳни кутиб олаётган мулозимларнинг панасига ўтди-да, бош эгиб, қўл қовуштириб турди. Шунда тиззалари ҳам қалтираётганини сезиб, «Худоё ўзинг шарманда қилма!» деган сўзларни дилидан ўтказди.

2

Бобур мирзонинг опаси Хонзода бегим мулла Фазлиддинни кўпдан бери ҳайратга солиб келади. Бундан тўрт йил муқаддам мулла Фазлиддин Ҳиротдан келиб Умаршайх мирзонинг Андижондаги чорбоғида кўшк қура бошлаган кезларида Хонзода бегим ўн олти ёшда эди. Асилзода қизлар орасида энг кўҳлиги бўлган Хонзода бегим бир марта эркакча кийиниб от миниб, инисининг ўсмир мулозимлари билан чавгон[29] ўйнаган. Мулла Фазлиддин буни кўриб бир ҳайратга тушган эди. Орадан икки йил ўтгач, мулла Фазлиддин Андижон аркидаги тўрхонанинг баъзи нақшларини янгилаш учун чақирилди. Шунда ўн саккиз ёшли Хонзода бегимни равонда канизлар орасида сетор чалиб ўтирган пайтида яна бир кўрди-ю, ўз кўзларига зўрға ишонди. Чунки бир вақтлар йигитча кийиниб чавгон ўйнаган ўша қиз энди сеторда шунчалик нафис, шунчалик майин куй чалар, унинг ўзи ҳам шу қадар нафосатга тўлиб ўтирар эдики, мулла Фазлиддин беихтиёр унинг сеҳрига берилиб, ғалати бўлиб кетди.

Кейин мулла Фазлиддин деворга хомаки нақш чизаётганда Хонзода бегим унинг олдига келиб, ишини қизиқиб томоша қила бошлади. Мулла Фазлиддиннинг қўлидаги паргор[30] ҳаяжонидан ерга тушиб кетди.
— Ажойиб нақш чизган эдингиз, кўзим тегдими, мавлоно? — деди Хонзода бегим айбни ўзига олгандай бўлиб.

Мулла Фазлиддин паргорни ердан кўтарар экан:
— Йўқ, аксинча, бегим, сизнинг назарингиз тушган нақш янада яхшироқ чизилгай!
— Мен эшитдимки, мавлоно мусаввир ҳам эмишлар.
— Аслида меъморлар мусаввирлик санъатидан хабардор бўлмоқлари даркор.
— Ундоқ бўлса менинг суратимни чизиб кўринг!

Кутилмаган бу таклифдан чўчиган мулла Фазлиддин атрофга аланглаб қаради. Тўрхонада бошқа ҳеч ким йўқ. Шундай бўлса ҳам овозини пасайтириб деди:
— Бажонидил чизар эдим... Фақат...
— Хавотир олманг, мавлоно, мен сир сақлашга қодирмен!
— Агар мен чизган сурат нариги дунёда жон талаб қилса, қайдан топурмен, бегим?

Мулла Фазлиддин бу сўзлар билан шариат сурат чизишни ман этганини, агар қўлга тушса жони хавф остида қолишини айтмоқчи эди. Хонзода бегим унинг очиқ айтолмаган фикрини тушунди-ю, жилмайди:
— Агар суратим учун сиздан жон талаб қилсалар, менга айтинг, мен ўз жонимни бергаймен!

...Мулла Фазлиддин пўлат сандиқда яшириб юрган суратни мана шу гаплардан кейин чизишга журъат этган эди. Шундан кейинги тўполонларда у Хонзода бегимни узоқ вақт учратолмай юрди.

Ниҳоят, бултур кузда мана шу Буратоққа Хонзода бегимнинг ўзи келиб қолди. Бобур Самарқандга кетишда ўз онаси ва эгачисига «Ўшдаги ҳужрадан хабар олурсизлар», деб тайинлаб қўйган экан. Мезон ойида Ўшга меҳмон бўлиб келган Хонзода бегим битта канизи билан Буратоққа чиқди. Мулла Фазлиддин ўша пайтда ёлғиз шогирди билан ишламоқда эди. Ҳар битта ғиштни, ёғочни, ҳар бир кўза сувни пастдан олиб чиққунларича тинкалари қуриб кетарди. Мармар йўниб сангкорлик қилишга сангтарош йўқ. Сирланган кошин олиш-га пул йўқ. Бу ҳаммаси мулла Фазлиддинни жуда қийнаб қўйган. Лекин бу мушкулотларни Хонзода бегимга қандоқ айтади? Бегимнинг марварид қадалган ипак тоқиси[31]дан тортиб учи қайрилган қизил этикчасигача бутун борлиғи шундай нафис кўринар, бу самовий гўзаллик олдида тош ва ғиштдан гап очиш жуда эриш туюларди.

Бироқ Хонзода бегим мулла Фазлиддиндан бўлажак ҳужранинг режаси чизилган тарҳни сўраб олди. Қоғозга қараб туриб:
— Гумбазини кошин билан безатмоқчи бўлибсиз, кошинингиз етарликми? — деди.

Мулла Фазлиддин энди дардини айтишга мажбур бўлди. Бу қиз меъморлик санъатидан ҳам хабардор бўлиб, анчагина китоб мутолаа қилган экан.
— Бобур мирзо зафар билан қайтсалар, худо раҳмати отамнинг ўша орзуларини рўёбга чиқарурлар, — деди. Ўшанда яна ўзингиз бош бўлурсиз, мавлоно!

Дунёда ҳали ҳеч бир товуш мулла Фазлиддинга бунчалик ёқимли туюлмаган эди. Хонзода бегим ҳар гал уни «мавлоно», деб улуғлаш билан гўё порлоқ бир истиқбол ваъда қилгандай бўларди. Подшоҳ оиласидан меъморчилик санъатини шунчалик биладиган, қадрлайдиган иттифоқдош топилгани мулла Фазлиддиннинг кўнглини кўтарибгина қолмай, қалбида ғалати бир завқ ва дадиллик уйғотди.

У сирпанчиқ қоятошга кўтарилишдан кўра тушиш қийинлигини билар эди. Шунинг учун Хонзода бегимни пастга кузатиб туша бошлади. Халқ «қилкўприк» деб ном қўйган тор ва хатарли тош сўқмоқдан ўтаётганларида Хонзода бегимнинг оёғидаги таги силлиқ чармдан тикилган этиги тойиб кетди. Хонзода бегим мувозанатини йўқотиб, ёнида бораётган канизига қўл чўзди. Аммо каниз ҳам зўрға келаётган эди, иккови баробар чайқалиб кетди. Каниз қўрқиб чинқириб юборди. Улар пастдаги чақир тошларга йиқилиб тушадиган бўлганда мулла Фазлиддин олдинга сакраб ўтиб, икковини икки қўли билан қучоқлаб тутиб қолди. Ёшгина каниз қўрққанидан мулла Фазлиддиннинг елкасига ёпишиб олди. Кийикдай чаққон Хонзода бегим йигитнинг елкасидан тутиб, ўзини тез ўнглади ва унга секин раҳмат айтди. Шу пайт мулла Фазлиддин ўз юзида Хонзода бегимнинг илиқ нафасини ҳис қилди. Қизнинг юзидами, лабларидами, гул атрига ўхшамайдиган, аммо ундан ҳам ёқимлироқ, сирлироқ бир ҳид бор эди. Мулла Фазлиддин шу ҳидни олди-ю, Хонзода бегимнинг шоҳ қизи эканлигини гўё унутди. Қизнинг салқин, юмшоқ қўлидан ушлаб нарёғи текис кетган сўқмоққа чиққунларича қўйиб юбормади. Беш-ўн қадамлик масофада оддий меъмор билан малика орасидаги фарқ гўё йўқолиб кетди, улар бир-бирларига фақат забардаст йигиту гўзал қиз бўлиб туюлдилар.

Лекин ундан нарида яна канизлар, жиловдорлар, савдарлар орага тушиб, Хонзода бегимни қуршаб олиб кетдилар. Мулла Фазлиддин ғалати бир туш кўриб уйғонган одамдай ҳайратланиб қолаверди.

Эртаси куни Хонзода бегим ёрдамга юборган иккита норғул йигит мулла Фазлиддинга керакли юкларни пастдан ташиб чиқа бошлади. Орадан бир ҳафта ўтгач, туяга ортилган кошинлар ҳам етиб келди. Хонзода бегим юбортирган ҳар бир нарсада мулла Фазлиддин унинг ўзини кўргандай бўларди. Пўлат сандиқдаги суратни оқшомлари ёлғиз қолганда қўлига олиб узоқ-узоқ тикилади. Қиз сирғаниб кетган мана шу тоғнинг тошларидан Хонзода бегимнинг ўшандаги илиқ нафаси ва сирли ҳиди ҳамон келиб турганга ўхшарди. «Наҳотки бу муҳаббат бўлса? — дерди мулла Фазлиддин ўзига-ўзи. — Йўқ, зинҳор! Мендаги туйғу — беғараз илоҳий бир меҳрнинг нишонаси, холос. Бошқача бўлиши мумкин эмас!»

Ҳозир яна Хонзода бегим яқинлашиб келаётганини кўриб, саросимага тушиб қолган мулла Фазлиддин ўзининг мана шу эътиқодида маҳкам туришга тиришар ва аёллар томондан нигоҳини олиб қочарди.

3

Бобур мирзо отдан тушганда бўйи ўсиб, катта йигитларга тенглашиб қолгани билинди. Қадам олиши ҳам хийла салмоқли. Тахтга ўтирганидан бери ўтган сўнгги уч йил уни жуда тез улғайтирган, кўз қарашлари кўпни кўрган одамларникидай вазмин. Фақат хипча қомати ва ҳали унча тўлишмаган елкалари энди ўн беш ёшга кирганини эслатиб турарди.

Аммо тоққа чиқишда Бобурнинг ўсмирлиги жуда иш берди. У ҳаммадан олдинда тошдан-тошга енгил кўтарилиб борар, гоҳ онасига, гоҳ опасига юқоридан қўл чўзиб ёрдамлашиб қўярди.

Беклар ва мулозимларнинг кўпчилиги пастда қолишди. Йўл тор, ҳужра кичкина бўлганлиги учун ҳозир биринчи навбатда подшоҳ оиласи ва Бобурга энг яқин киши бўлган эшик оға Қосимбек чиқишмоқда эди. Қавчин уруғидан чиққан Қосимбек тўладан келган барваста киши эди, тоғнинг ярмига чиққунча нафаси бўғилиб, қийналиб қолди. Бобур буни кўриб, текисроқ бир тош устида тўхтади. Қосимбек ҳам тўхтаб, орқада келаётган мулла Фазлиддинга юзланди:
— Жаноби меъмор, бу тошлардан зинапоя тарашлаш хотираларига келмабдир-да.

Мулла Фазлиддин пастроқда тўхтаб қўл қовуштирди-ю, енгил бир таъзим билан жавоб берди:
— Агар зоти олий амр берсалар, зинапоя тарашлаш имкони бор.

Қосимбек юқорига юз ўгириб, Бобурга савол назари билан қаради. Бобур кулимсираб:
— Ажабо! — деди энди йўғонлаша бошлаган ўсмир овози билан. — Тоғ чўққисига ҳам зинапоя билан чиқурларми?

Соддароқ одам бўлган Қосимбек таклифи ўринсиз чиққанини сезди-ю, иззат-нафсга бормай, гапни кулгига бурди:
— Амирзодам, лутф қилдилар. Каминани бу терлаб-ҳансирашлардан зинапоя ҳам қутқаролмас эди.

Энди Қутлуғ Нигор хоним ҳам кулди:
— Қосимбек жаноблари ҳақдир. От-улов ўтолмайдиган бу чўққиларга шоҳ ҳам пиёда чиқур, малика ҳам!
— Ҳатто, хонзодалар ҳам! — деб Бобур опасига қараб шўх кулимсиради.

Шунақа ҳазил-ҳузуллар билан ҳужрага етиб бордилар. Нилий гумбазли жажжи бино кўклам қуёшида шундай нафис жилоланиб кўриндики, Бобурнинг дили бирдан равшан тортиб кетди.

Атрофдаги табиатнинг гўзаллиги, баҳор ва тоғлар айвонга ишлатилган нақшларни, гумбаздаги кошинлар рангини алланечук жуда очиб кўрсатар эди.

Қосимбек Бобурни, унинг онаси ва опасини тавозе билан ичкарига кузатиб қўйди-ю, ўзи мармар зинапоя олдида қўл қовуштирганича қолди. У аёллар бор жойга подшоҳдан ишора бўлмагунча кирмас эди.

Мулла Фазлиддин Қосимбекдан берироққа — айвон тагига келиб турди.

Ҳужра эшиги ёнғоқ ёғочидан ўймакор қилиб, зар билан ишланган эди. Бобур гўзал ўймакорликларга, девор ва шифт безакларига бир-бир кўз ташлаб чиқди-да, ҳужранинг эшигини очди. Онаси билан опасига йўл бериб кейин ўзи ичкарига кирди.

Ҳужранинг ичи қоронғи бўлмаса ҳам қоидага биноан ғарб томонидаги меҳробга шам ёқиб қўйилган эди. Кундузги ёруғлик қаршисида кўзга зўрға ташланаётган шам ёғдуси ён-веридаги гулгун нақшларга тушиб, элас-элас жилваланарди.

Бу ҳаммаси Бобурда ғалати бир завқ уйғотди. У шам ёнидаги тўқ-қизил нақшларни Хонзода бегимга кўрсатиб:
— Ислими гулхан шуми? — деб сўради.

Хонзода бегим бир укасига, бир нақшга қаради-ю, шўх жилмайди:
— Бир қошиқ қонимдан кечсангиз, айтурмен.

Бобур ҳам кулимсираб:
— Кечдим, айтингиз, — деди.

Хонзода бегим ўнгга қайрилиб, эшик тепасидаги қип-қизил нақшларни кўрсатди.
— Ислими гулхан мана бу. Сиз нақши лолани бунга ўхшатмишсиз, амирзодам.

Хонзода бегим кўрсатган нақшлар ҳақиқатан қип-қизил олов тилларини эслатар, унинг эшик тепасига нақшланиши ҳам бежиз эмас эди. «Келувчига эргашган бало-қазони олов олиб қолади», деган қадимий эътиқод ва келин-куёвни эшик олдига ёқилган оловдан айлантириб олиб ўтиш одатлари Бобурнинг эсига тушди. У опасига тан берган каби қараб:
— Сиз ҳақсиз, мен саҳв қилибмен, — деди.

Шунда Қутлуғ Нигор хоним гап қўшди:
— Бобур мирзонинг саҳвлари узрлик. Чунки бу ҳужрада нақши лола ҳам худди гулхандек ёниб кўринур!

Онасининг лутф қилиб айтган сўзлари Бобурнинг ҳужрадан олган завқини яна бир даражада оширди.

Учовлари айвонга қайтиб чиқар эканлар, пастда турган мулла Фазлиддин Бобурнинг чеҳраси очилиб кетганини кўрди. Бобур зинапоя олдида турган Қосимбекка қараб:
— Буратоққа жуда муносиб! — деб қўйди.

Буратоғни Бобур ёшлигидан яхши кўрар эди. Текис водийнинг ўртасига тушган бу баланд тоғ одамларни ҳайратлантириш учун яратилганга ўхшарди. Гўё у улкан тоғнинг бир парчасини илоҳий бир куч шундай кўтариб олиб келгану томоша учун сайҳон жойга чиройли қилиб ўрнатиб кетган. Мана шундай тоққа муносиб бўлиш ҳужра учун жуда катта шараф эканини сезган Қосимбек бир четда қўл қовуштириб, сукут сақлаб турган меъморни чақирди.

Бобур подшоҳ бўлгандан бери ўз кўнглидан чиқариб қурдирган биринчи иморати жуда кичик бўлса ҳам унга азиз ва ғанимат туюлди. Бу ҳужра тоғ қиррасида шундай жозиба билан узоқ вақт туришини истаб, меъморга савол назари билан қаради:
— Тоғда қор-ёмғирлар кўп бўлур. Ҳужра узоқ вақтга бардош берурмикин?

Айвонда турган Қутлуғ Нигор хоним билан Хонзода бегим ҳам меъморга кўз тикишди. Мулла Фазлиддин ҳаяжонланганидан тиззалари букилиб-букилиб кетмоқда эди. У қўлини таъзим билан кўксига қўйиб:
— Иншоолло, бардош берур, — деди. Қосимбек унинг гапини тасдиқлаб:
— Ҳа, қирқ-эллик йил яхши турур, — деб қўйди.

«Қирқ-эллик йил» деган сўзлар мулла Фазлиддинга озор бергани унинг Қосимбекка қисқа бир кўз ташлаб қўйганидан сезилди. Шу пайт мулла Фазлиддин ўз юзига кимнингдир майин нигоҳи тушганини ҳис қилди. Бошини кўтарса, Хонзода бегим юзига ёпилган юпқа оқ ҳарир парда орқали мулла Фазлиддинга қараб турибди. Мулла Фазлиддиннинг бутун вужуди олов сели ичида қолгандай бўлди. У ҳозир сири фош бўлиши мумкинлигини сезиб, яна таъзимга бош эгди. Шунда Хонзода бегим Бобурга изоҳ берди:
— Амирзодам, худо хоҳласа, бу ҳужра кўп авлодларни кўргай. Қаранг, қор-ёмғир тегадиган жойлари сангкорлик қилинган. Пойдевори қоятошга маҳкам ўрнатилган. Мулла Фазлиддиннинг маҳоратлари баланд — Ҳирот билан Самарқанд меъморларидан таълим олмишлар.

Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг мақтовини ишга оид оддий гаплардек қабул қилмаса, кўнглидаги нозик ҳисларни сездириб қўйса, ўн жонидан бири ҳам омон қолмаслигини сезди. Ахир жўн бир меъморнинг шоҳ қизига муҳаббати подшоҳ оиласига ҳам, унинг бекларига ҳам ҳақоратдай туюлиши мумкин!

Хайриятки, ҳукмдорлар олдида ҳаяжонга тушиш ва таъзим қилиш одат тусига кириб қолган. Мулла Фазлиддин Хонзода бегимнинг илиқ сўзларига жавобан яна бир таъзим қилди-да, ерга қараб, худди қиличнинг тиғи устидан юриб бораётгандай эҳтиёт бўлиб гапира бошлади:
— Ҳазрати олийга арзим шулки, Самарқандда Улуғбек мадрасасининг деворлари учун қандай ганчу гилмоя, ғишту кошин ишлатилган бўлса, бу ҳужранинг деворларига ҳам фақир шуларни ишлатмишмен. Худодан умидим бор. Бобур мирзонинг муборак номларига мансуб бу ҳужра асрлар давомида мустаҳкам турур[32].

Бобур бу сўзлардан таъсирланиб:
— Айтганингиз келсин, — деди. — Ҳужра биз истаганимиздан ҳам яхши!

Қосимбек «қирқ-эллик йил турар», деб ҳужранинг умрини қисқа қилиб қўйганидан энди хижолат бўлди. Ҳужрадан нарида харсангтош ортида буйруқ кутиб турган савдарбошига бир қараб олдида, кейин меъморга ўгирилди:
— Офарин сизга, мулла Фазлиддин!

Бобур Қосимбекнинг гапини тўғрилаб:
— Мавлоно Фазлиддин! — деди.

Шу билан меъморга мўътабар мавлонолик унвони берилгандай бўлди. Қосимбек подшоҳнинг олдида бир неча марта устма-уст саҳв қилганини бир ҳаракат билан тўғрилагиси келди-ю, савдарбошига буюрди:
— Мавлонога тўн келтирилсин!

Савдарбоши саросима бўлиб пастга қаради. Мукофот учун олиб юриладиган тўнлар тоғ этагидаги чодирларда қолган эди. Қосимбек буни сезди-ю, ўзининг эгнидаги янги кимхоб тўнни ечмоқчи бўлиб:
— Мирзо ҳазратлари, ижозат беринг! — деди. Бобур унинг жўмардлигига тан бергандек, жилмайиб бош ирғади.

Қосимбек зар ёқали кимхоб тўнини ечиб, мулла Фазлиддиннинг елкасига ташлади.
— Мавлонога биздан битта от анжоми билан инъом қилинсин, — қўшимча қилди Бобур.

Мулла Фазлиддин таъзимга эгилиб миннатдорчилик билдирар экан, бир неча кишининг.
— Муборак! Муборак! — деган сўзларини эшитди.

Бу сўзларнинг орасида энг ёқимлиси — Хонзода бегимнинг муборакбоди бўлди. Мавлоно Фазлиддин унга иккинчи марта қарашга журъат этолмай ерга кўз тикиб турган бўлса ҳам, шу дақиқаларда ўзини бахтиёр сезар эди.

Йигирманчи асрнинг ўрталарида академик Иброҳим Мўминов Қирғизистон олимлари билан ҳамкорликда тарихий ҳақиқатни тиклаб, бу ҳужрани Бобур мирзо қурдирганини илмий жиҳатдан асослаб бердилар. Оқ уйнинг пештоқига буни билдирадиган мармар ёдгорлик ўрнатилди.

Аммо Бобур номининг бундай улуғланиши мустабид шўро мафкурачиларининг қаҳрини келтирди. Улар ҳужранинг зиёратгоҳ бўлганини баҳона қилишиб, динга қарши кураш шиори остида 1963 йилда Оқ уйни аскарий қисмлар ёрдамида портлатиб бузиб ташладилар.

Лекин ҳужранинг мустаҳкам қоятошга ўрнатилган пойдевори бутун қолган эди. Унинг тасвири туширилган суратлар бор эди. Адолатпарвар одамларимиз орасида Бобур мирзо қурдирган бу ажойиб обидани қайта тиклаш нияти йиллар ўтган сари кучайиб борди.

Саксонинчи йилларнинг охирида миллий уйғониш шабадалари эса бошлаган даврда Ўш шаҳрининг ўзбек, қирғиз ва бошқа миллатларга мансуб вакиллари Оқ уйни қайта тиклаш учун махсус жамғарма ташкил қилдилар. Бу жамғармага Бобур мирзонинг барча мухлислари томонидан тўпланган маблағлар ҳисобига Оқ уй тарихий аслига мос гўзал шаклда қайта тикланди. (Муаллиф)

4

Кечки пайт ҳужрада Бобурнинг ёлғиз ўзи қолди. Қосимбек керакли одамларга: «Ҳужра — мирзо ҳазратларининг хилватгоҳлари бўлди, кечаси ҳам ўша жойда тунамоқлари мумкин», деб билдириб қўйди. Қўрчилар Бобурнинг кўзига ташланмасликка тиришиб, ҳужранинг орқа томонида қўриқчилик қила бошладилар.

Доимо кўпчиликнинг диққат-марказида бўлиш ва подшоҳнинг ҳар бир гапи, ҳар бир ҳаракати кимнингдир тақдирига таъсир қилишини унутмай ҳамиша зийрак ва эҳтиёткор туриш Бобурни жуда сиқилтирар эди. Ёш танаси эркин бўлишни, оддий тенгдошлари каби очиқ-сочиқ яйраб юришни қўмсар эди. Ҳозир у ҳужра ичкарисига тўшалган беқасам кўрпачалар устида бошига ёстиқ қўймасдан бирпас чалқанча ётди. Кейин ағанаб юзтубан бўлди-да, энгагини кафтига тираб, девордаги нақшларга тикилди. Куни бўйи отда юриб толиққан бўлса ҳам дам олиб ётгиси келмас эди. Ўрнидан сакраб туриб бир-икки марта қулочини ёзиб керишди, эснади. Сўнг айвонга чиқди-да, яна атрофни томоша қила бошлади.

Тўрт томон баҳор нафосатига тўла. Ҳаво мусаффо бўлгани учун пастда ёқилаётган оловнинг тутуни ҳам одатдагидан тиниқроқ кўринади. Охири қорли тоғлар билан туташиб кетган водийнинг кўз илғаган ҳамма жойи кўкаламзор. Бир ёғида Ўзган, бир ёғида Марғилон, узоқларда Исфара, Хўжанд, Косон ва Ахси — бу ўрчин[33]ларнинг ҳаммасида боғ-роғлар чаман бўлиб гуллаганини Бобур гўё хаёл кўзи билан кўриб турибди. Улуғвор тоғлар афсонавий Қалъа деворларидек атрофни ўраб турган бу гўзал водий ҳозир аввалгидан хийла осуда. Уруш тугаганига икки йилдан ошди.

Бундай тинч, масъуд дамларда уни қоғоз-қалам ўзига тортарди. Савдарлар ҳужрага олти оёқлик миз[34] келтириб қўйишган. Бобур миз ёнига ўтириб «Вақоиъ» деб атаган хотира дафтарини очди. Сўнгги ёзувлари— ўзи яқинда кўрган Конибодом ва Исфара ҳақида эди. Энди бу ёзувларини давом эттириб, Ўш тўғрисида бита бошлади: «Ўш қасобаси Андижондан тўрт йиғоч йўлдир... Боратоғнинг тумшуғида тарих тўққиз юз иккида3 мен бир айвонлик ҳужра солдим. Бу ҳужра бисёр яхши воқеъ бўлибдур. Тамом шаҳар ва маҳалла оёғ остидадур...»

Бобур Ўшнинг бинафшаси, лолалари, оқар сувлари, оқ мавжли қизил тошлари ҳақида ҳам берилиб ёзаётган эди, бирдан Қосимбек эшик оғзида пайдо бўлди:
— Амирзодам, хаёлингизни бўлсам, маъзур тутинг. Бухородан — Султон Али мирзодан мактуб келмишдир!

Бобурдан ишора бўлгач, Қосимбек ичкарига кириб, ўрам қилинган олтин боғичли мактубни Бобурга узатди. Бобур мактубни очиб ўқиди-ю:
— Султон Али мирзо бизни Самарқанд юришига чорлабдир, — деди.
— Битим тузган эдингиз-да, амирзодам. Сафарга чиқмоқ керак.
— Ошиқманг, бек. Аввал онам ҳазратларининг ризолигини олайлик.

Бобур ҳар муҳим ишда онасидан маслаҳат сўраши Қосимбекка унча ёқмас эди. Чунки аёллар жангу жадалдан жуда безган эдилар. Жанговар беклар эса урушсиз юрса қиличлари занглаб қоладигандек бетоқат бўлишади.

Қосимбек Қутлуғ Нигор хонимнинг чодирига Бобур билан бирга тушиб борди.

Хонзода бегим ҳам онасининг ҳузурида ўтирган экан. Улар Бобур учун дастурхон ёздириб, чинни лаганда кабоб келтирдилар. Кабобдан сўнг қимиз ичилди. Қосимбек мўйловига теккан қимиз юқини кафти билан артиб, сўз бошлади:
— Амирзодам Султон Али мирзо билан иттифоқ тузганлар. Бу ердан черик тортиб бормоққа сўз берганмиз.
— Тангрим бизни фараҳли кунларга етказди, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Энди шуни ғанимат билайлик, жаноб Қосимбек, Султон Али мирзо ўз оғаси Бойсунқур мирзо билан Самарқанд тахтини талашурлар. Бобур мирзо улардан баланд турмоқлари керак. Тангрига шукур, амирзодамнинг Андижонда ўз тахтлари бор.

Қосимбек бу сўзларга тезда жавоб тополмай тараддудланиб қолди. Шунда Хонзода бегим гапга аралашди:
— Амирзодам, Самарқанд юришининг сарфу харожатига Андижонда саройлар, мадрасалар қурсангиз бўлур. Андижон ҳам Самарқанддек сайқали рўйи замин бўлса номингиз Улуғбек мирзонинг номидек шуҳрат қозонса— биз муштипарларингизнинг орзуимиз шу!

Бобур ҳазиломуз кулимсиради:
— Мен аввал Самарқанд сайқалини бир кўрмоқчимен. Ибрат олсак, ундан сўнг олурмиз.

Қосимбек Бобурнинг сўзларини ёқтириб:
— Лутф қилдингиз, амирзодам! — деб қўйди.
— Лекин амирзодам Самарқандни ёшликларида кўрганлар, — деб эътироз қилди Қутлуғ Нигор хоним.
— Беш ёшимда кўрганим ёдимда унча қолмабдир.

Хонзода бегим кулди:
— Бултур Самарқанд азимати билан кетиб бизни кўп соғинтирган эдингиз-ку?

Бобур бултурги муваффақиятсиз юришини эслаб, жиддийлашди:
— Рост, бултур тўрт ой Самарқанд атрофини кездик. Аммо шаҳар дарбозалари биз учун бирон марта очилмади. Биз бобокалонимизнинг пойтахтини кўришга муносиб эмас эмишмиз!

Бобур бу сўзларни шундай куюниб, алами келганини яширолмай лаблари титраб айтдики, унинг ҳали ҳам жуда ёш эканлиги бирдан билиниб қолди. Ҳолбуки, у Самарқандга қўшин тортиб борган, агар шаҳарга кирса, тахтга ўтириши керак эди. Тўғри, Бойсунқур мирзо ҳам темурийлар авлодидан бўлиб, яна тағин Бобурдан беш ёш катта эди, демак, тахтда ўлтириши қонуний эди. Бироқ Андижон беклари Бойсунқур мирзодан юз хил кам-чилик топиб, уни ҳамиша ёмонлаб гапиришар ва Самарқанд тахтига фақат Бобурни муносиб кўришар эди. Бойсунқур мирзо буни билганлиги учун Бобурни Самарқандга йўлатмас эди. Мабодо, Бобур шаҳарга қўшинсиз, шунчайин пойтахтни кўриш учун кирадиган бўлса, Бойсунқур мирзо уни туттириб, йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Чунки орадаги тахт талаши ва бекларнинг адовати уларни бир-бирларига душман қилиб қўйган эди.

Қутлуғ Нигор хоним энди ўн беш ёшга кирган ўғлининг бу талашлар ва адоватларга аралашмасдан, ўз мулкида осойишта ҳукм суришини истарди. У Бобурнинг аламдан ўзгариб кетган юзига оналарча қайишиб қаради-ю, унга жони дилини бергиси келиб гапирди:
— Бобуржон, сўзимга ишонинг, бу беш кунлик дунё сизнинг куюнишингизга арзимайдир!

Онаси ўғлини подшоҳ бўлмасидан олдинги номи билан атаб, меҳри товланиб гапиргани Бобурга жуда ёқимли туюлди. Бир лаҳза у ўзини меҳрибон бир онанинг беғам, беташвиш бўталоқ ўғлидек сезди-ю, елкасидаги катта юк ерга тушгандек енгил тортди.
— Вақти-соати келур. Самарқанд орзусига ҳам етишурсиз, — деб давом этди Қутлуғ Нигор хоним. — Бироқ ҳозир раийят осойишта умр кўришга муштоқ. Қанотингиз остида Қосимбекдек тадбиркор амиру умаронгиз бор. Мана шу Ўшдаги ҳужрани қурган меъмордек ҳунарпешалар сизнинг хизматингизда. Энди онангиз сиздан илтимос қилур: Самарқанд муҳорибасини беш-олти йилга кечиктирсангиз. Барчамизга бош бўлиб, водийни обод қилсангиз, Андижонда, Марғилонда, Ўшда катта обидалар қурсангиз!

Қутлуғ Нигор хоним подшоҳ ўғлига кўпдан бери бунчалик жиддий, бунчалик қатъий илтимос билан мурожаат қилмаган эди. Қосимбек ерга қараб сукутга кетди. Бобур ҳам бир лаҳза дастурхон четида олтин жомда қизғиш кўринаётган қимизга кўз тикиб жим қолди. Умумий сукунатда Хонзода бегимнинг нафис, тиниқ овози эшитилди:
— Амирзодам, сиз Навоийнинг достонларини ёд билурсиз. Фарҳод қандай ажиб бинолар қурганини бир эсланг. Мен бир мунглик эгачингиз доим орзу қилурмен: сиз ҳам Фарҳоддек бунёдкор бўлингиз! Дунёда бундан улуғ, бундан савобли иш йўқ!

Бобур Ўшда ўзи қурдирган кичик бир ҳужрадан бугун қанчалик завқ олганини эслади-ю, онаси билан опасининг тилакларини қўллаб-қувватлагиси келди. Аммо у бундай муҳим давлат ишларини бир ўзи ҳал қилолмаслигини ҳам билар эди. Бобур Қосимбекка кўмак сўраган каби қараб:
— Чораси топилурмикин? — деди.

Гап Самарқанд юришини қолдириш ҳақида эканини Қосимбек сезди. Асли ҳарбий одам бўлган ва жуда кўп жангу жадалларда қатнашган Қосимбек Бобур истаган чора топилмаслигини ич-ичидан сезиб турарди. Чунки Самарқанд юриши ҳамма нуфузли бекларнинг машваратида маъқулланган, тайёрлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Катта бир тўсиқдан ўтиш учун бутун кучи билан сакраётган отни бирдан тўхтатиб бўлмайди, мабодо зўр билан тўхтатилганда ҳам от йиқилиши, чавандозини ерга улоқтириши мумкин. Қосимбек буни очиқ айтишга журъат этолмади-ю, қўлини кўксига қўйиб:
— Амирзодам, қулингиз чора топишдан ожизмен,— деди. Бу жавоб Бобурга оғир ботди.
— Онамнинг илтимосларини рад этайликми?

Бобур бу сўзларни шундай зарда қилиб айтдики, Қосимбек унинг ҳозир онаси ва опаси айтган ишларни қилгиси келиб турганини аниқ сезди. Сўнг у Бобурнинг кечагина Самарқанд юришига тарафдор бўлиб, жангларда қатнашиш иштиёқида ёниб айтган сўзларини эслади-ю, ичида ғижиниб қўйди. Бобурдаги бу ўзгарувчанликни Қосимбек ёшлик ғўрлигидан кўрар, хусусан, бундай мураккаб давлат ишларида аёлларнинг гапига киришни катта бир заифлик белгиси деб биларди. Аммо Қосимбек Қутлуғ Нигор хоним билан ҳам ҳисоблашишга мажбур, чунки ёш подшоҳга онасининг таъсири кучли эканини ўз кўзи билан кўрмоқда эди.
— Хоним ҳазратларининг илтимослари менга тожи сар бўлсин, — деди Қосимбек чўккалаб ўтирган кўйича бош эгиб. — Қулингиз айтмоқчименким, бундай муҳим ишда барча нуфузли бекларнинг ризолигини олмасак бўлмас.

Подшоҳ оиласи Қосимбекка алоҳида эҳтиром билдирганда унинг номига «амирлар амири» деган унвонни қўшиб айтар эди. Ҳозир ҳам Қутлуғ Нигор хоним:
— Жаноби амирул умаро, — деди унга. — Сиз бошқа бекларнинг ризолигини олишда Бобур мирзога кўмак берурмисиз?
— Жоним билан! Аммо бекларнинг баъзи андешаларидан фақир хабардормен. Густоҳлик саналмаса айтай.
— Айтингиз, — деди Бобур.

Қосимбек ерга қараб, бир лаҳза ўй сурди, ҳали оқ тушмаган ғайир қўнғиртоб соқолининг учлари сакарлот чакмани[35]нинг заррин, ёқасига тегиб, қайрилди. Ниҳоят Қосимбек бошини кўтариб Бобурга қаради-ю, Самарқанддаги улуғ обидалар улкан бир давлатнинг кучи ва бутун вилоятларнинг иштироки билан қурилганини, ҳозир ўша ягона давлат парчаланиб кетганини, Фарғона катта водий бўлса ҳам, аммо Мовароуннаҳрнинг фақат бир қисми эканини гапира бошлади. Унинг нима демоқчи эканини сезган Хонзода бегим истеҳзоли жилмайиб сўради:
— Жаноби амирул умаро, Андижонда обидалар қуришга кучимиз етмайди, демоқчимисиз?
— Олий насаб бегим, сиз Самарқанддек улуғ шаҳар қуриш ҳақида сўз очдингиз. Беклар айтурларки, улуғ шаҳар бунёд этмоқ учун яна ўша улуғ давлатни тикламоқ керак. Бутун вилоятларнинг кучини бир жойга йиғмоқ керак. Ҳозирги парокандалик улуғ қурилишлар қилишга имкон бермагай.

Қосимбекнинг бу гаплари Бобурга жуда мантиқли туюлди. У онасига қараб бундан ҳам мантиқлироқ бир сўз кутди.
— Жаноб Қосимбек, улуғ обидаларни фақат Амир Темурдек соҳибқиронларгина қурган эмас, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Ҳиротда Алишербек Ихлосия, Унсия отлиқ бинолар қурмишлар, Бобур мирзонинг ҳокимиятлари Алишербекнинг ҳокимиятларича эмасми? Ахир Алишербек бир тождорнинг мусоҳиби[36] бўлсалар, Бобур мирзо мустақил давлатнинг подшосилар-ку!

Қутлуғ Нигор хонимнинг бу сўзлари Бобурнинг қалбида чўкиб ётган энг ўтли истакларини юзага қалқитиб чиқаргандай бўлди. Унинг ёшлик эҳтироси билан қалбига тугиб юрган энг кучли орзуси — жангларда катта ғалабаларга эришиб ёки ажойиб шеърлар, достонлар ёзиб эл оғзига тушиш, сўнг Навоийдек улуғ одамларга танилиш ва уларнинг махсус эътиборларига сазовор бўлиш эди. Етти ой овора бўлиб Самарқандни ололмай келганидан кейин, жангларда катта ғалабаларга эришиш ҳали ушалмайдиган бир орзу эканига унинг кўзи етиб қолди. Улуғ шоир бўлиш орзуси ҳам қўл етмас бир баландликда учиб юрган бахт қушига ўхшайди. Бобур уни тутишга ҳали кучи етмаслигини сезади. Аммо ҳозир онаси Навоий қурган иморатларни тилга олиши билан Бобурни ўша ўтли орзусига етказадиган бошқа бир йўл «ялт» этиб кўзига кўриниб кетди. Навоий қурган Ихлосия ва Унсияларнинг шуҳрати оғиздан-оғизга ўтиб, Фарғона водийсига етиб келган экан, энди бу ерда ўн беш ёшлик подшоҳ ўшанақа обидалар қурдирса, овозаси Ҳиротга ҳам етиб бормасмикин? Кейин, эҳтимол, Навоий ҳам буни эшитар, Бобурнинг кимлигини сўраб билар, уни орқаворатдан таниб қолар. Кейин балки Бобур Ҳиротга борар ёки Навоий ўзи бу томонларга келишни ихтиёр қилар. Навоий Ҳусайн Бойқаронинг саройидан безиб юрганини Бобур ҳам эшитган эди. Балки улуғ шоир Хуросондан Фарғона водийсига келиб, ёш Бобурга мураббий бўлар. Ўйи шу ерга етганда Бобур жуда ҳаяжонланиб кетди.

Кўзлари ёниб, Қосимбекка қаради-ю:
— Онам ҳақлар, — деди. — Бекларни кўндирмоқ керак!

Бобурнинг сўнгги сўзи фармондек эшитилди-ю, Қутлуғ Нигор хоним билан Хонзода бегимнинг чеҳралари очилиб кетди. Улар, «Қосимбек энди енгилди», деб ўйладилар. Аммо улкан гавдали Қосимбек ўзининг кенг елкалари ортида зўр беклар турганини ҳис қилгандай ҳамон таслим бўлмас эди.
— Амирзодам, фармойишингизни адо этишдан олдин бекларнинг яна бир андешасини айтишга рухсат этинг.

Бобур истар-истамас бош ирғаб, рухсат берган бўлди. Қосимбек лабларини ёпиб турган узун қўнғир мўйловини қўли билан икки ёнга сурди-да, кулимсираб Хонзода бегимга қаради:
— Бегим, сиз амирзодамни Фарҳодга яхши қиёс қилдингиз. Бекларимиз замон Фарҳодининг хизматида бўлишдан ифтихор қилурлар. Бизнинг орзуйимиз — Фарҳодимизни ўз Ширинларига етказишдир. Аммо, — деб Қосимбек бирдан жиддийлаш-ди, — маълумингизким, бизнинг Ширин бугун Самарқандда ёғий қуршовида асира каби изтироб чекмоқдалар.

Бобурнинг юзига нафис қизиллик югурди. У уялганини сездиргиси келмай, бошини эгди-ю, ўз тиззаларига кўз тикди.

Қосимбек жуда мушкул ва нозик бир гапни қўзғаган эди. Бобур беш ёшлигида унга Самарқанд подшоси Султон Аҳмад мирзонинг ўртанча қизи Ойиша бегимни унаштириб қўйишган эди. Ҳозир шу қиз ўн уч ёшга кирган. Бобур уни яқин йилларда кўрган эмас, аммо кўрганлар ҳаммаси Ойиша бегимнинг ғунчадек гўзаллигини мақтаб келганини эшитган. Ўша гўзал қизча Бобурни ўз нажоткорини кутгандай кутади, буни ҳам Бобурга келиб айтувчилар бор. Бобур ҳам ўзининг маликасига қаҳрамонликлар кўрсатиб етишишни истайди. У Ойиша бегимнинг ўзини эслолмаса ҳам, беш ёшида Султон Аҳмад мирзога узатилган термизлик гўзал бир келинчакни яқиндан кўргани ёдида.

«Бет очар» деган одатга биноан, ёш келинчакнинг юзидаги пардасини пок нафасли ёш бола очиши керак эди. Ўша кунларда Қутлуғ Нигор хоним беш ёшли жажжи ўғли Бобурни Самарқандга тўйга олиб борган эди. Султон Аҳмад мирзонинг ўғли йўқ эди, Бобурга подшоҳ оиласи ҳавас билан қарар эди. Шунинг учун кайвонилар «янги тушган келин ҳам мана шу шердек ўғил кўрсинлар», дейишиб, бет очишга Бобурни муносиб топдилар. Бу ҳодисанинг кўп тафсилотлари Бобурнинг хотирасида қолмаган. Аммо олтин қўшиб тўқилган ҳарир оқ пардани келинчакнинг юзидан олганда бутун борлиғини ниҳоятда ёқимли бир туйғу чулғаб олгани ҳеч эсидан чиқмайди. Бу — гўзаллик туйғуси эканини у энди билади. Термизлик келинчак ақлни шоширадиган даражада кўҳли бўлганига беш яшар боланинг фаҳми етмаган бўлса ҳам, аммо гўдак қалби афсонавий бир жозибадан тўлқинлангани ёдида қолган. Шунинг учун ҳозир унга Самарқанддаги қаллиғининг ҳуснини мақтаганларида, ўша келинчак эсига тушади. Бошқа тафсилотлар ўқиган китобларидаги гўзаллар тасвиридан олиб қўшилади. Бобур Самарқанддаги қаллиғини ўсмирларча бир софлик билан ғойибона севади. Мана шу севгилиси бугун Бобурнинг душманлари асоратида экан, у Андижонда бамайлихотир юра оладими?
— Жаноб Қосимбек, — деди Қутлуғ Нигор хоним,— келинимизнинг тақдири бизни ҳам изтиробга солур. Биз оналаридан илтимос қилиб китобат юборган эдикки, Ойиша бегимни Тошкентга эгачилари Робия бегим ҳузурига жўнатсинлар. Эҳтимол, шу илтимосимиз бажо келтирилгандир?

Қосимбек маъюс бош эгиб:
— Афсус, хоним ҳазратлари, афсус! — деди. — Қулингиз Самарқанддаги хуфиялардан келган бир хабарни амирзодамга кўрсатишдан тортинган эдим. Сизларни ҳам хавотирлантирмоқчи эмас эдим...
— Нима хабар? Тинчликми? — хавотирланиб сўради Бобурнинг онаси.
— Ойиша бегим оналарию опалари билан бирга Тошкентга яширинча кетмоқчи бўлганларида Бойсунқур мирзо билиб қолиб, монелик қилмишлар. Ёғийлик мақомида қўпол гаплар айтмишдир. Уйлари атрофига одам қўймишлар. Ҳовлиларидан чиқармас эмишлар. Асиралар энди бутун нажотни Андижондан кутар эмишлар!

Сўнгги сўзлар Бобурнинг бутун вужудини зирқиратиб ўтди. Унинг қаллиғига қўпол гапириб, бечорани асирадек азоблаётган Бойсунқур мирзо шундай ғазабини келтирдики, эртагаёқ унинг устига қўшин тортиб, бостириб бориш ва қаллиғини асоратдан қутқариш истаги Бобурнинг қалбидаги бошқа ҳамма истакларини босиб кета бошлади.

Хонзода бегим укасидаги ўзгаришни сезиб:
— Амирзодам, илоҳо асираларни қутқариш сизга тезроқ насиб бўлсин! — деди. — Аммо нажотни фақат жангу жадал келтирурмикин? Заифа эгачингизнинг эътиқоди шулки, қон тўкилса, адоват кучаюр. Бойсунқур мирзо асираларга баттар ўчакишур. Нажот урушда эмас, амирзодам, нажот — сулҳда!

Бегим ҳаяжонланиб айтган бу сўзлар Бобурнинг кўнглида қўзғаган бояги ғазабни анча пасайтирди. «Сулҳ» сўзи қалбига илиқ туюлди.

Хоним дарҳол қизнинг гапини қувватлаб, ўғлига юзланди:
— Бойсунқур мирзога элчи юборингиз, амирзодам! Орадаги адоватни йўқотингиз!
— Бойсунқур мирзо зўравонлик қилсин! Мен мўминларча бош эгиб элчи юборай!

Бобур бу гапларни айтар экан, унинг зўрликка зўрлик, зарбга зарб билан жавоб бериш истаги нақадар кучли эканлиги ҳаммага сезилди. Қосимбек ундаги бу истакни қўллаб-қувватлашга тушди:
— Хоним ҳазратлари, ҳозирги замонда зўравонликка мўминлик мутлақо рост келмас. Зўрлар орасида зўр бўлмоқ керак! Алҳол, Шайбонийхон Самарқандга шимолдан кўз тикмишдир. Ҳисор ҳукмдори Хисравшоҳ илож топса, Самарқандга жанубдан чанг солғусидир. Бойсунқур мирзо — ношуд тождор. Пойтахтни эртами-кечми бой бергай. Агар Бобур мирзо Самарқандни тезроқ эгалламасалар, боболаридан қолган салтанат бегона сулола илкига ўтиб кетгусидир. Худо кўрсатмасин, агар Шайбонийхонми, Хисравшоҳми — биронтаси Самарқандни забт этса, куч-қудрати ошиб, тез кунда Андижон устига ҳам қўшин тортиб келгусидир...
— Ахир барча темурийлар бирлашиб иттифоқ тузсалар бўлмасми? — деди Нигор хоним куюниб.
— Барча темурийларнинг пароканда кучларини йиғиб бирлаштирмоқ учун ҳам қудрат керак. Истеъдод керак! Бойсунқур мирзога ўхшаганларда на униси бор, на буниси. Мовароуннаҳрдаги темурийлар орасида энг соҳибистеъдод, соҳибқудрат сиймо — Бобур мирзодирлар. Шунинг учун биз жонимизни амирзодам кўзлаган улуғ мақсадлар йўлига тикканмиз. Иншоолло, Самарқандни бу йил забт этсак, хавф-хатарлар бартараф бўлғай. Ана ундан кейин чинакам осуда давр келур, ҳар қанча бинолар қурсак осон бўлур.

Хонзода бегим Қосимбекка тикилиб сўради:
— Хуллас, волидаи муҳтарамамизнинг илтимослари рад этилурми?

Қосимбек қўлини кўксига қўйиб, бош эгди:
— Қулингизнинг густохлигини авф этинг, бегим, мен амирзодамнинг ижозатлари билан дилимда борини сўзладим.

Бобур аросатда қолиб қийналар эди. Онаси шунчалик ишонтириб айтган ҳақли илтимосларни рад этишга унинг тили ҳам бормас, кўнгли ҳам чопмас эди. Аммо Қосимбек унинг қалбида шундай туғёнли ҳислар қўзғадики, улардан қутулишнинг ҳам иложи кўринмай қолди. Агар у Самарқанддан воз кечса, нариги зўравонлар пойтахтни олиши, кейин Андижонга бостириб келиши муқаррар экани, унга ҳозир жуда аниқ сезилмоқда эди. Бутун Мовароуннаҳрда уруш гирдобидан қочиб қутуладиган бирон вилоят кўзига кўринмас. Бобур қашқирлар қуршовига тушиб қолгандек безовталанар эди. Онасининг: «Сулҳ тузинг, бинокор бўлинг!» — дегани «кийикдай беозор яшанг» дегани эди. Лекин Бобур йиртқичлар орасида кийик бўлиб кун кўролмаслигини ич-ичидан ҳис қилар, шунинг учун атрофини қуршаб келаётган бўрилар билан шер бўлиб олишишни истар эди. Буни сезиб турган Қосимбек мунозарани ортиқ чўзиб ўтиргиси келмади.
— Амирзодам, бугун отлиқ сайрга чиқмоқчи эдингиз, хоним ҳазратларининг таклифларини барча беклар билан кенгашиб кўрурмиз. Оқшом хиргоҳда машварат ўтказайлик.

Хонзода бегим онасига «ялт» этиб қаради-ю: «Ҳозир биргина Қосимбекка ўтказа олмаган таклифларимизни кейин барча бекларга қандоқ ўтказурмиз?» демоқчи бўлди. Қутлуғ Нигор хоним Бобурга яна нималарнидир айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади. Аммо Бобур Қосимбекка қараб:
— Машварат эртага чақирилсин, яхшироқ ўйлаб кўрайлик, — деди-да, ўрнидан турди. Сўнг Қосимбек бошлиқ мулозимлари билан отлиқ сайрга чиқиб кетди.

5

Ўшнинг жанубидаги кенг текисликлар, тўлқинсимон қир ва адирлар турли-туман дала гуллари билан безанган. Сап-сариқ қоқилар, кўк-қизғиш нахўтаклар, нопормон эр-баҳолар орасида узоқдан қип-қизил гиламга ўхшаб кўзга ташланадиган — қийғос очилган лолақизғалдоқлар эди.

Бобур олисдаги қорли тоғларга қараб борар экан, тиззага чиқадиган юмшоқ кўкат устида отлар ҳам ма-йин қадам ташлаб бораётганини сезарди. Баҳор нафосати ҳозир унинг кўзини эркалаётган бўлса ҳам, аммо дилига таъсир қилолмас эди. Бояги мушкул зиддиятлар ҳали ҳам хаёлини банд қилиб, кўнглида тугун бўлиб турибди. Бобур бу чигал тугунларни ўзи ечолмаслигини сезади. Бу тугунларни у истагандай ечиб бера оладиган доно одам бормикин? Унинг эсига устози Хўжа Абдулла тушди. Бетоб бўлиб Ўшга бирга келолмаган Хўжа Абдулла ҳам Бобурнинг Самарқандга қўшин тортиб боришига тарафдор эди. «Мовароуннаҳрдаги парокандаликни тугатиб, қудратли давлат тузмагунча катта орзуларимиз рўёбга чиқмагай!» — деган сўзларни Бобур устозидан ҳам кўп эшитган. Аммо бунинг учун яна урушиш керак. Урушга эса онаси қарши. Ким ҳақ? Бобур бу саволга жавоб тополмайди.

Отлиқлар узун бир тепаликка кўтарилганларида Қосимбек тоғ томонни кўрсатиб:
— Сурувлар бу қадар кўп? — деб таажжуб билдирди.

Бобур у кўрсатган томонга кўз югуртирди. Қир ва адирларнинг ҳар биридан бир нечтадан сурувлар ёпирилиб тушиб келмоқда эди. Хўжа Калон деган йигирма беш ёшли қоп-қора бек қўлини пешонасига соябон қилиб кунботиш томонга қаради-ю:
— Ў-ҳў-ў! — деди. — Бу томонда ундан ҳам кўп!
— Кунчиқиш томонда ҳам бор!

Сурувлар ғуж-ғуж келаётганига қараганда, ёйилиб юрган қўйлар эмас. Ана, тўғридаги қирлар ортидан яна икки сурув чиқиб келди. Сўнг узоқдаги адирлар орасидан бирин-кетин уч тавила йилқи отилиб чиқди-ю, бериги томонга қараб селдай бостириб кела бошлади. Чап томонда яна уч-тўрт тавила йилқи кўринди.

Йилқилар ҳам, қўй сурувлари ҳам узоқдаги қорли тоғлардан Ўшга қараб келмоқда эдилар. Ниҳоят, тоғ томондан тизилиб тушиб келаётган отлиқ аскарлар кўринди.

Шунда Бобур тоғларга қўй ва йилқи ундириш учун уч юз аскар билан чопқинга кетган Аҳмад Танбални эслади. Қосимбек қувониб:
— Азаматларнинг ўлжаси жуда улуғ-ку! — деди.

Хўжа Калон ҳам ҳаяжонланиб:
— Беадад! — деб хитоб қилди. — Баҳодирона ўлжа!

Одатга биноан, бу беҳисоб қўй ва йилқиларнинг бешдан бири подшоҳ ихтиёрига ўтар, қолган тўрт қисми ҳамма бек ва мулозимларга тақсимланар эди. Шуни билган беклар гўё осмондан тушаётган бу катта бойликка қараб севинчларини яширолмас эдилар.

Бобур отини тоғдан келаётган аскарлар томонга буриб, жиловини бўшатди. Бедов от қушдай учиб бора бошлади. Бошқалар ҳам Бобурнинг кетидан от чоптириб кетдилар. Бир қир ўтиб, иккинчисига кўтарилганларида, наригилар ҳам буларни кўриб, бурилиб кела бошладилар. Бобур баланд бир жойда отини тўхтатди.

Аскарларнинг олдида келаётган Аҳмад Танбал зирҳли кийимда эди. Елкаси ва кўкрагини ёпиб турган жибанинг темири офтобда йилтирарди. Унинг бўйнига ёй ўқи тек-кан, ярадор жойини яшил мато билан боғлаб олган эди. Ўзи озиб, мўғулча ёноқларининг суяклари яна ҳам бўртиб чиққан. У Бобурдан эллик қадамча нарида отдан тушиб, қўл қовуштириб келди-да, ер ўпиб юкунди:
— Мирзо ҳазратларига ёғийлик мақомида бўлган чаграклар ўлпон тўлашдан бош тортганлари учун ўн олти минг қўйлари, икки ярим минг йилқилари жарима тарзида тортиб олиб келинди!
— Чопқин талафотсиз бўлдими?
— Мирзо ҳазратлари, бизнинг уч йигитимиз ҳалок бўлди, ўн киши яраланди. Аммо биз ёғийлардан бунинг қасдини олдик!

Аҳмад Танбал олдинги сафда турган йигитларидан бирига ишора қилди. Айиқтахлит, қўпол бир йигит эгарининг устида дўмпайиб турган хуржунни олди-да, подшоҳга яқинлашди. Олачадан тикилган хуржуннинг ҳаммаёғи қон эди. Айиқтахлит йигит Аҳмад Танбалнинг ишораси билан хуржуннинг ҳар икки кўзини тўлдирган нарсани ерга ағдарди. Ўн-ўн бешта одам калласи кўкатлар ва лолақизғалдоқлар устига юмалаб тушди. Бобур каллаларни кўрган заҳоти: «Чаграклар ҳам бизнинг одамларга ўхшар экан-ку!» деган ўйдан эти жунжикиб кетди. Чорвадор туркий қабила бўлган чаграклар ҳам Бобурнинг ватандошлари эканлигига, ҳаммалари бир эл, бир улусданлигига унинг ишонгиси келмас эди. Чунки чаграклар унинг ҳукмига бўйсунмас, юборган кишиларини қўлда қилич билан қарши олишарди. Мана энди ўзлари қиличнинг тиғидан ўтиб, бошлари оёқ остида ағанаб ётибди. Бу жонсиз бошлардан бирининг соқоли йўқ, кўк-сарғиш юзи силлиққина, мўйлови энди чиқа бошлаган. Бобур унинг ўн етти-ўн саккиз ёшли йигит бўлганини пайқади-ю, энгаги тагидан кесилган гўшт аралаш қонли бўйнига қараб, кўнгли бирдан беҳузур бўлди. Ёрдам сўрагандай, ўнг томонидан турган Қосимбекка қаради.

Султон Аҳмад Танбал ҳам, унинг отлиқ аскарлари ҳам Бобурдан мақтов ва мукофот кутмоқда эдилар. Ўн олти минг қўй, икки ярим минг йилқи ҳазилакам бойлик эмас эди. Уч йигит ўлган бўлса, уларнинг қасдига ўн беш-йигирмата ёғийнинг бошини кесиб келиш ҳам шу турганларнинг одатига биноан мардона иш ҳисобланар, буни тақдирламаслик эса адолатсизлик саналар эди.

Қосимбек Бобурнинг юзи оқариб кетганини кўриб ҳайрон бўлди. Унинг фикрича, кесик каллалар Бобурга бунчалик таъсир қилмаслиги керак эди. Бултур Самарқанд урушида ёш подшоҳ бундай бошларни кўп кўрган эди. Одатда: «Фалончи юзта ёғийни ўлдирибди», деб қуруқ мақтасалар унча ишонарли бўлмайди, чунки озгина ишни кўп қилиб кўрсатиб, лоф урадиган бек ва навкарлар ҳам бор. Жангчининг хизмати ишонарли бўлиши учун ўлдирилган душманларининг бошини кесиб келиб ҳисоб бериш эскидан одат тусига кирган.
— Амирзодам, — деб шивирлади Қосимбек. — Қулингиз сўзлайинми?

Бобур тасдиқ маъносида бош ирғади. Қосимбек юзини Бобурга яқинроқ келтириб, яна эшитилар-эшитилмас қилиб сўради:
— Мукофотига қилич берсак... Розимисиз?

Бобурнинг яроғбардори олиб юрган тиғлар орасида ёйдай эгик катта бағдодий қилич бор эди, Бобур бир-икки марта таққанда жуда оғир туюлган эди. Бобурнинг нигоҳи шу қиличда тўхтаганини кўрган Қосимбек, «тушундим», дегандек бош ирғади.
— Султон Аҳмад жаноблари, —деб овозини кўтариб гапирди Қосимбек. — Сиз баҳодирона зафар билан қайтганингиз Мирзо ҳазратларини беҳад шод қилди. Сиз Бобур мирзога нечоғлик содиқ эканлигингизни яна бир бор исбот этдингиз. Бутун мавкаб[37] бугун сизларни олқишлағай! Ўшдаги қароргоҳда бу оқшом сизларнинг шарафинғизга тантанали зиёфат берилур, ҳамма йигитларингиз шоҳона инъомлар олурлар. Ҳозир Мирзо ҳазратлари Султон Аҳмад жанобларига шамшири хос инъом этдилар!

Қосимбек бағдодий қилични яроғбардордан ол-ди-ю, ерга таъзим қилиб турган Султон Аҳмадга узатди. Султон Аҳмад тиз чўкиб қилични қинидан тўрт энликча чиқарди-да, пўлатидан ўпди, сўнг овози ҳаяжондан титраб деди:
— Мирзо ҳазратлари, ўлгунимча бу марҳаматингизни унутмасмен! То умрим охирича сизга содиқ хизматда бўлғаймен!

Шу куни оқшом Ўш қалъасининг миноралари устида, шаҳар атрофига тикилган юзлаб чодир ва ўтовлар олдида карнайлар, нақоралар чалинди, машъаллар ёқилиб, катта тантаналар бошланди. Минг-минг қўй ва йилқиларни инъом тариқасида текинга оладиган барча беклар, навкарлар ва мулозимлар бугун астойдил шодланмоқда эдилар. Подшоҳнинг ҳашаматли хиргоҳида оқшом қабул маросими ва базм бўлди. Созандалар энг қувноқ куй-ларини чалишди, ҳофизлар энг яхши ашулаларини айтишди.

Бобур хиргоҳ тўрида тўртта олтин зина билан чиқиладиган баланд шоҳсупа устида ёлғиз ўлтирибди. Бугун унинг ўнг томонидан ўрин олган энг нуфузли беклари орасида Аҳмад Танбал ҳам пайдо бўлган. У кундузги зирҳли кийимлар ўрнига зарбоф тўн ва симоби салла кийган, подшоҳ инъом қилган олтин сопли қилични кумуш камарга тақиб олган. Ҳамма уни мукофот билан муборакбод қилади. Табрикларнинг барчасидан ёқимлиси — боя хиргоҳга кирганда уни Қутлуғ Нигор хоним муборакбод қилгани бўлди. Подшоҳнинг онаси билан эгачиси ҳозир катта дастурхоннинг нариги томонида Аҳмад Танбалга ярим ўгирилган ҳолда ўтириб, созандаларнинг куйига қулоқ солишяпти. Аҳмад Танбал ҳар замонда уларга кўз қирини ташлаб қўяди. Хонзода бегимнинг нафис қадди-қомати, ҳафткор[38] ипак матодан кийган камалакдай товланувчи кабоси Аҳмад Танбалга бугун ҳар қачонгидан ҳам жозибали кўринади.

Ёш подшоҳнинг базмларида ичкилик ичилмас, Бобур ҳали майни оғзига ҳам олган эмас эди. Қосимбек ҳам ичкиликни ёмон кўрар ва уни базмларга йўлатмас эди. Лекин Умаршайх мирзо даврида май ичиб ўрганган бошқа беклар мана шундай базмларда Бобурдан яшириб чет-четда ичиб олишар эди.

Али Дўстбек деган қотма, кўсанамо бир бек орқада шарбат кўтариб турган шарбатчига сирли кўз қисди-ю, Аҳмад Танбални кўрсатди. Шарбатчи маъноли кулимсираб Аҳмад Танбалга яқинлашди ва кумуш кўзачадан чинни пиёлага тўлдириб кўкимтир шарбат қуйиб берди. Аҳмад Танбал пиёлани қўлига олар экан, димоғига ўткир май ҳиди урилди.
— Олинг, бек, илоҳим Самарқандда бундан ҳам улуғ зафарларга муяссар бўлинг! — деди Али Дўстбек.

Аҳмад Танбал миннатдорона бош ирғаб, майни сип-қарди-ю, кейин дастурхондаги тандиркабобга қўл чўзди.
— Мана энди Самарқанду Бухорони олгунча етадиган захирамиз бор! — деди ширакайф Дўстбек. — Муҳорибани тезлатмоқ керак.

Аҳмад Танбалнинг ўнг томонида Узун Ҳасан ўтирган эди. Туриб юрганда жуда новча кўринадиган бу озғин одам ўтирганда гўё қатланиб, кичкина бўлиб қолар эди.
— Шайбонийхон Дашти Қипчоқдан Самарқандга бўйин чўзармиш, — деди Узун Ҳасан.
— Тушини сувга айтсин! Самарқанд бизники бўлур!— деди майдан бадани қизий бошлаган Аҳмад Танбал овозини хиёл кўтариб.

Унинг бу сўзлари Бобурнинг қулоғига ҳам чалинди. Бугун тоғдан ҳайдаб тушилган беҳисоб қўй ва йилқилар сарой аҳлининг Самарқандга юриш қилиш иштиёқини яна ҳам ошириб юборгани Бобурга тобора аниқ сезилмоқда эди. Илгари ҳам уларнинг бу иштиёқларига қарши бориш қийин эди. Аммо ҳозир бек ва навкарларнинг Самарқандга интилиши — тоғ дарёсининг юқоридан пастга қараб отилишига ўхшарди. Бу дарёни орқага қайтариш ҳеч кимнинг қўлидан келмасди...

6

Оқиш сувли жўшқин Бурасой Ўш қалъасининг тош ётқизилган пойдеворига бош уриб, кўпириб ўтади. Сойнинг ўнг бетидаги сердарахт маҳаллада мавлоно Фазлиддин бултурдан бери истиқомат қилаётган пешайвонлик мўъжаз бир уй бор. Унинг олдидаги беш-олтита нок ва беҳи дарахтлари ҳозир оппоқ бўлиб гуллаб турипти. Ҳовлининг четидаги бостирмага иккита от боғлаб қўйилган. Бериги ёқдаги оёқлари узун тўриқ қашқа отни анжомлари билан Бобур мирзо инъом этган эди. Мавлоно Фазлиддин подшоҳнинг хос меъмори қилиб тайинланган, унга яхшигина улуфа[39] белгиланган эди. Бунинг ҳаммасидан мавлоно Фазлиддин ўзида йўқ хурсанд бўлиб юрган эди. Бироқ кейин баъзи бир нохуш хабарларни эшитиб, кўнгли ғаш торта бошлади.

Мавлоно Фазлиддин Андижонда қурмоқчи бўлган катта иморатларини шу бу йил ёздаёқ бошлаш орзусида эди. Бобур мирзо кўрсатган марҳаматлар бу орзунинг рўёбга чиқишига йўл очгандай бўлган эди. Ҳатто Бобур мирзонинг ўзи уни боргоҳда қабул қилиб, қанақа мадраса, қандай хонақоҳ ва кутубхоналар қуриш ҳақида гаплашган, мавлононинг бу ҳақдаги таклифларини маъқуллаган, «Хонзода бегим биз йўғимизда мутасадди бўлурлар, режаларни бутун тафсилотлари билан тузиб, бегимга кўрсатурсиз», деган эди. Иш устида яна Хонзода бегим билан учрашишини ўйлаганда, мавлононинг қалбида қўрқув аралаш ширин бир ҳаяжон қўзғалар эди.

Бироқ Бобур яқинда яна Самарқандга қўшин тортиб бормоқчи эканлиги, давлатнинг бутун кучи шунга кетиб, қурилишлар номаълум вақтга кечиктирилиши маълум бўлди. Агар Бобур Самарқандни ололмай, урушда енгилса, унда мавлононинг барча орзулари ўз-ўзидан пучга чиқади. Агар Бобур Самарқандни олса, табиий, ўша ерда подшоҳ бўлиб қолади. Кейин у Фарғона водийсида катта қурилишлар қиладими, йўқми? Одатда, подшоҳлар қаерни пойтахт қилсалар, ўша ер кўпроқ обод бўлади. Андижон яна пойтахт бўлиши гумон. Демак, мавлононинг бу ерда қилмоқчи бўлган ишлари, барча режалари қум устига қурилгандай омонат.

Ҳозир айвонда эски ҳандаса ва риёзиёт китобларини титкилаб, керакли бир жадвални ахтараётган мавлоно мана шу нарсаларни ўйлаб, таъби тирриқ бўлмоқда эди.

Бир пайт дарвоза устма-уст тақиллади. Бостирмада отларнинг тагини тозалаётган кекса хизматкор ёғоч курагини деворга суяб қўйиб, дарвозага қараб ўтди. Бирпасдан сўнг хизматкор айвоннинг олдига қайтиб келди-ю:
— Мавлоно, бир кимса ҳузурингизга кирмоқчи.
— Ким?
— Кийими увада, ўзи баҳайбат бир йигит. «Жиянлари бўламан», деди, аммо мен сиздан берухсат киргазмадим.
— Жияним? Шошманг-чи! — деб, мавлоно ўрнидан турди. Яланг оёғига чарм кавуш кийиб, ярим очиқ дарвозанинг олдига борди.

Олача тўни ҳам, оёғидаги чанг босган чориғи ҳам йиртилиб кетган новча бир йигит кўзлари ялтираб, кулимсираб унга қараб юрди. Қадам олиши, қараши жуда таниш. Йигит:
— Мулла тоға! — деб қучоқ очганда мавлоно унинг овозини таниди-ю:
— Тоҳир! Тоҳиржон! — деб у билан қучоқлашиб кетди. — Шунча ўлимлардан омон қолган жияним, сени зўрға танибмен. Бу қадар ўзгариб кетибсен! Юзингга не бўлди?
— Э, сўраманг, мулла тоға...
— Майли, юр, аввал дамингни ол. Кейин айтиб берурсен...

Улар айвонга чиқар эканлар, мавлоно Фазлиддин бундан салкам уч йил олдин Қувасой бўйида бўлиб ўтган қонли воқеаларни яна бир эслади. Ўшанда Тоҳирга найза санчган самарқандлик босқинчи уни ўлдирганига шубҳа қилмай кетган эди. Онаси ёлғиз ўғлининг қонига беланиб, жонсизланиб ётганини кўриб, уни «ўлди» деб ўйлаган ва шайтонлаб йиқилган эди, бечора она шу ётганича қайтиб туролмай, эртаси куни вафот этди. Тоҳир эса отаси топиб келган табиблар ва дору дармонлар таъсирида уч кундан кейин ҳушига келди. Найза ўпканинг бир четини кесиб ўтган бўлса ҳам юрак ва жигар каби нозик аъзоларга тегмаган. Тоҳирнинг ёшлиги ва бақувватлиги устун келиб, аста-секин тузалиб кетган эди. Қўни-қўшнилар: «Тоҳирга келган ўлимни онаси ўзига олди-ю, бу тирик қолди», дейишарди. Мавлоно Фазлиддин ўшанда опасининг қирқини ўтказиб келганича, қайтиб Қувага бормаган эди.
— Отанг қалай, бардамми? — сўради мулла Фазлиддин Тоҳирни юқорига таклиф қилиб.

Тоҳир чанг босган чориғи билан кўрпачага чиқишдан ибо қилди-ю, пойгаҳдаги шолча устига ўлтирди:
— Отам сизга салом айтиб юбордилар. Мен бир йилча қишлоқда бўлмадим... Қариндошлар «чолнинг иссиқ-совуғидан хабар олиб турсин», деб бир бева кампирни олиб берибдилар... Онам раҳматли эсимга тушди-ю, уйда тургим келмади.

Фақат онасининг мусибати эмас, босқинчилар боғлаб олиб кетаётганларида Тоҳирдан нажот кутиб қичқирган Робия ҳам унинг хаёлидан нари кетмайди. Қизнинг ўшандаги нидоси ҳали ҳам Тоҳирнинг қулоғига эшитилиб тургандай бўлади. У бурноғи йили Самарқандгача пиёда бориб келди, йўлларда ўроқчилик қилиб, карвонларга қўшилиб юриб, иложи бўлган жойдан Робияни қидирди, «синглим эди, Султон Аҳмад мирзонинг навкарлари олиб қочиб кетган эди», деб сўроқлади. Аммо ҳеч қаердан дарагини тополмади.

Султон Аҳмад мирзо ўша йилиёқ ўлиб, қўшини тарқаб кетган, бир йил давомида Самарқанд тахтида икки марта подшоҳ алмашинган, кўп тўполонлар бўлиб, ит эгасини танимайдиган аҳволга келган эди. Жиззахлик бир киши Тошкент томонларга чўрилар кўп сотилганини айтиб қолди. Бултур кузда Тоҳир пиёда Тошкентгача борди, яна ҳар жойларда мардикорлик билан кун ўтказиб Робияни сўроқлади, аммо ҳеч натижа чиқмади. Замона нотинч, юрт алғов-далғов, ҳаёт ҳамма жойда худди лойқалатилган дарёга ўхшаб оқади. Робияни топиш — лойқа дарёга тушиб кетган гавҳарни топишдек қийин эканини Тоҳир ич-ичидан сезар эди-ю, барибир умидини узолмас эди. Мавлоно Фазлиддин Тоҳирнинг гапларидан шуни пайқаб:
— Жияним, сен ўша бечора қизни ҳали ҳам унутолмай икки йил излаганинг —жуда ажойиб бир дилинг борлигидан далолат берур. Мен сенинг садоқатингга тан бердим! Аммо сен энди ўзингга ҳам жабр қилмаслигинг керак. У қиз тақдирида борини кўргай. Агар тирик бўлса, балки... биров унга уйлангандир. Балки фарзандлик ҳам бўлганлар. Ахир уч йил уни тек қўйишлари мумкинми? Сен ўзинг бир ўйлаб кўргин...
— Мен бунинг ҳаммасини аллақачон кўнглимдан ўтказганмен, мулла тоға... Фақат мен у қизнинг олдида ўз гуноҳимни ювмоқчимен, холос.
— Қайси гуноҳингни?
— Ўшанда Робияни Андижонга қочирмоқчи бўлганларида мен Қувада олиб қолганмен. Агар Андижонга кетганда бу фалокат бўлмас экан.
— Сен нима бўлишини қайдан билибсен, жияним?
— Ҳар қалай, мен уни топиб, шу гуноҳимни ювмагунимча тинчиёлмаймен. Робия, сиз айтгандек, уйлик-жойлик бўлиб, тинчиб кетган бўлса, унда... майли... Тақдирга тан берурмен. Агар ҳали ҳам нажот излаб, мени кутиб юрган бўлса-чи? Ахир мен уни унутолмай юрибмен-ку? Унга ҳам мен керак бўлсам-чи?

Мавлоно Фазлиддин бош чайқаб:
— Дил дардига даво йўқ экан-да, — деди ва мавзуни ўзгартирди: — Йўқлаб келибсен, энди меҳмон бўл. Қани, дастурхонга қара...

Тоға-жиян бирга ўлтириб ширчой ичдилар. Кейин мулла Фазлиддин Тоҳирнинг кийим-бошларига яна бир кўз югуртирди-ю:
— Жияним, тоғанг ҳозир хийла бадавлат, — деди қўйнига қўл солиб, боғичи попукли қора чарм ҳамён олди. У ҳамённи очиб, жиянига бир нечта олтин танга олиб бермоқчи эди. Ҳамён тезда очилавермагач, мавлоно уни очмасдан жиянига узатди. — Ма, Ўшнинг расталарига чиқ, бугун жума, мол кўп, ўзингга керакли кийим-кечак ол.

Тоҳир ҳамённи олмай туриб деди:
— Йўқ, мулла тоға, менга ўзингиз санаб, қарз беринг.
— Ҳа, хўп, қарз! Ўзинг керагича ол, пулдор бўлганингда қайтарурсен.
— Ундай бўлса, майли.

Тоҳир ҳамённи қўйнига солиб чиқиб кетганича пешин кечроқ оёғига янги аскарий этик, бошига мўғулча бўрк кийиб, чакмонга ўхшаш дағал юнгли дағалани елкасига ташлаб келди. Унинг қўлида қини эскириб кетган арзон бир қилич ҳам бор эди. Мавлоно Фазлиддин ҳайрон бўлиб:
— Нечун бундай кийимлар олдинг? — деди. — Қилични не қилурсен?
— Мулла тоға, ёлғиз саргардон бўлиб юриш менинг жонимга тегди. Энди Самарқандга Бобур мирзонинг қўшини билан бирга бормоқчимен.
— Сарбоз бўлибми?
— Ҳа, тавочилар аскарликка одам олаётган эмишлар...

Жияни Ўшга ҳам шу ният билан келганини мавлоно Фазлиддин энди сезди-ю, ундан қаттиқ ранжиди.
— Жинни бўлибсен, Тоҳир! Ҳамма урушдан қочса, сен бу аждаҳонинг комига ўз ихтиёринг билан бормоқчисен! Бир марта найза еб, ўлимдан қолганинг озмиди?
— Мулла тоға, ундан кейин мен яна неча ўлимлардан қолганимни сиз билмайсиз. Тошкентда бир мўғул беги бечора косибнинг қизини зўравонлик билан тортиб олмоқчи бўлганда мен чидаб туролмадим. Орага тушганим учун мана, юзимда ўша бекнинг ханжа-ридан чандиқлар қолди.
— Замона зўрникилигини ҳали ҳам билмайсенми?
— Билганим учун мен ўшандай зўрлар билан зўр қўшиннинг сафида туриб олишмоқчимен, мулла тоға. Мен кўп юртларни кўрдим, турли одамлар билан бирга ишлаб, бирга юрдим. Бобур мирзонинг табиати покиза, кўнгли тийрак эканини кўп одам билар экан. «Атрофдаги подшоҳлардан яхшилик чиқмаса ҳам Бобур мирзодан бир ёруғлик чиқар», деб умид қиламен.

Мавлоно Фазлиддин ерга қараб:
— Қайдам, — деди. — Бобур мирзо ҳали ёшлар. Мен ҳам шу зотга умид боғлаган эдим... Лекин яна уруш, қон... Ҳаммамиз тун зулматидай интиҳосиз бир қоронғилик ичида юрибмиз. Мамлакат пароканда, золим тождорлар қон устига қон тўкурлар. Бобур мирзонинг атрофидаги беклар ҳам раҳм-шафқатни унутмишлар. Муҳит шундоқ ғаддор бўлгач, сен ҳам ёмон беклар хизматида юриб, ўзингга ўхшаш жабрдийда заҳматкашларнинг кушандасига айланмасмикинсан, жияним?
— Ишонинг, мулла тоға, мен ёмон бекларнинг зулмига иложим борича қарши тургаймен!
— Бобур мирзо ҳукмдор бўла туриб даф қилолмаган адолатсизликларни сен нечун даф қилурсен?
— Балки Бобур мирзонинг мендек навкарлари бўлмагани учун даф қилолмагандирлар? Балки у зотга мен керакдурмен, мулла тоға! Мен ўзим учун шундан маъқул йўл тополмадим. Ёлғиз яшашимнинг маъноси қолмади. Не қилай?

Мавлоно Фазлиддин жиянининг юзига тикилиб қаради-ю, уни ниятидан қайтариб бўлмаслигини сезди. Тоҳир бундан уч йил олдин Қувасой кўпригини бузиб, ёв қўшинига катта талафот келтирган пайтларда тарих дарёсининг қудратли оқимига тортилмаганми-ди? Энди умрбод ўша оқимдан чиқолмасдан, тарихий воқеаларнинг ичида юришга маҳкум этилганмикин? Ҳар қалай, жиянининг сўнгги гаплари мавлонони ўйлантириб қўйди. У бирпас жим тургач:
— Тавочига учрадингми? — деди.
— Учрадим. «Отинг йўқ экан, пиёда қўшинга оламиз», деди. Мен пиёда юриб ўрганиб қолганмен, мулла тоға.
— Аммо жангда энг кўп талафот пиёдалар орасида бўлур, буни билурсенми?
— Майли-да, қирқ йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлгай.
— Бас!

Мулла Фазлиддин бу ҳақда бошқа гаплашмади. Эрталаб нонуштадан кейин хизматкорига айтиб, бостирмада турган ҳар иккала отни ҳам эгарлатди. Тоҳирга оёқлари узун жийрон отни кўрсатиб:
— Сен мана шуни мин, — деди. — Мен сенинг пиёда аскар бўлишингни ўзимга муносиб кўрмасмен.

Мулла Фазлиддин ўзи Бобур инъом қилган тўриқ қашқани минди. Сўнг икковлари Бобурнинг қароргоҳига отлиқ йўл олдилар.

Одатдагидай, Бобур ҳузурига кириш учун эшик оғадан рухсат олиш керак. Тоға-жиян саккиз бурчакли улкан оқ ўтовдан берироқда отлиқ келаётган Қосимбекни кўрдилар ва унинг ҳурматига отдан тушиб қўл қовуштирдилар.
— Жаноби амирул умаро, жияним ҳам Бобур мирзога содиқ хизмат қилиш орзусида келди, — деди мавлоно Фазлиддин. — Ижозат берсангиз, амирзоданинг ҳузурига кирсак.
— Амирзодам ҳозир беҳад банддир, мавлоно. Балки илтимосингизни менга айтурсиз?..
— Жияним Тоҳир... амирзодамнинг хос навкарлари қаторига олинишини ўтиниб сўрамоқчи эдим.

Қосимбек Тоҳирнинг барваста гавдасига ва юзидаги чандиққа қаради-ю:
— Йигит, аскарий хизматда бўлганмисен? — деди.

Қосимбекнинг «сенсираб» гапиргани Тоҳирга унча ёқмади. Лоқайд товуш билан:
— Ҳали бўлган эмасмен, — деди.

Мавлоно Фазлиддин орага тушди:
— Жаноби амирул умаро, жиянимиз асли деҳқон бўлса ҳам, лекин табиатида жанговарлик бор. Эсингизда бўлса, Қуванинг кўпригида ёғийларимиз жуда катта талафот кўриб, ўзлари сулҳ таклиф қилган эдилар. Ўшанда бизга ғалаба келтирган азамат йигитларнинг бири — мана шу Тоҳир!
— Ғалаба келтирган?! — ишонқирмай сўради Қосимбек. — Қандай қилиб?

Мавлоно Фазлиддин Қувада ўз кўзи билан кўрган воқеаларни Қосимбекка қисқача сўзлаб берди. Унинг ҳикоясига қараганда, жанговар беклар ва навкарлар эплай олмаган ёвнинг белини оддий «ялангоёқлар» синдирган бўлиб чиқарди. Қосимбек бунга ишонгиси келмади.
— Қувада ғалабани тангрим ўзи бизга инъом қилган, мавлоно! — деди Қосимбек.

Бу гапга қарши чиқиб бўлмас эди.
— Албатта, буларнинг кўнглига шу ишни худо ўзи солган. Лекин ўшандаги жасорати учун ёғийлар Тоҳирга найза санчиб, уни оғир ярадор қилдилар. Жияним нақ бир ўлимдан қолди, жаноб Қосимбек!
— Шундоқми? — деб Қосимбек энди Тоҳирга илиқроқ назар билан қаради. — Самарқанддаги ёғийларимизда қасдинг борми, йигит?
— Ҳа, ўчим бор.

Қосимбек кетида сукут сақлаб турган тавочига ўгирилди:
— Бу йигитни Чилмаҳрам тоғи этагида аскарий машқ ўтказаётган навкарлар қаторига қўшинг! — Сўнг у мулла Фазлиддинга изоҳ берди. — Жиянингизнинг машқи етилсин, ҳарбий муомалани ўргансин. Ундан сўнг амирзодам лозим кўрсалар, хос навкарлари қаторига олурлар.

Тоҳир мавлоно Фазлиддин билан қучоқлашиб хайр-лашди-да, отига минди ва тавочининг кетидан Чилмаҳрам тоғига қараб йўл олди.

7

Бекларнинг машваратида Самарқанд юришини рамазон ойида бошлашга, тайёрлик ишларининг асосий қисмини Ўшнинг ўзидаёқ битириб кетишга қарор қилинди.

Бобур онасининг сўзини ерда қолдирганидан хижолат бўлиб, Қутлуғ Нигор хонимнинг кўзига ташланмасликка тиришарди. Сафар тайёргарликларидан бўшаган пайтларда ўз чодирида ёлғиз ўтириб китоб ўқирди.

Бугун намозигар кечроқ Бобур «Вақоиъ»[40] номли дафтарга отасининг ўлими ҳақида ёзаётган эди, ясовул кириб, Қутлуғ Нигор хоним билан Али Дўстбекнинг чодирга киришга ижозат сўраётганларини айтди. Бобур дафтарини ёпиб, онасини эшик олдида қарши олди ва тўрга ўтқазди.

Қутлуғ Нигор хонимнинг ранги хиёл ўчган. Унинг пешонасидан юқорида — сочининг фарқ очилган жо-йида Бобур бир тутам оқарган соч толаларини кўрди. Энди қирқ ёшга кирган онаизор кампирлардек одми кийинар ва қаддини эгиброқ юрар эди. Бобур онасига алланечук раҳм қилиб паст товуш билан гапирди:
— Онажон, сўзим ерда қолди, деб куюнманг. Насиб бўлса, Самарқанддан қайтганда ҳамма айтганларингизни қилурмен.
— Худонинг хоҳиши шундай бўлса, биз бандалар қаноат қилгаймиз. Илоҳо, яхши ниятларингизга етинг, шоҳ ўғлим!

Али Дўстбек бақувват қўлларини фотиҳа учун очиб:
— Илоҳи омин! — деди.

Сўнг катта-катта панжаларини қоп-қора силлиқ юзига, соқолсиз узун иягига суртди.

Юзи мўғулча бўртган бу чайир кўса одам Бобурнинг бувиси Эсон Давлат бегимга амакивачча бўлади. Шу сабабли ўз номига «тоғойи» деган сўзни унвондек қўшиб айтади ва Қутлуғ Нигор хонимга акаларча меҳрибончилик кўрсатиб юради. Ҳозир ҳам кўрпачалар устига ўтирганларидан кейин Али Дўстбек Қутлуғ Нигор хонимга «Гапни очайми?» дегандай бир қараб олди. Хоним тасдиқ маъносида бош ирғагач, Али Дўстбек томоқ қириб, сипориш билан сўз бошлади:
— Амирзодам, волидангиз икковимиз нозик бир муаммода сизнинг маслаҳатингизни олгани келдик. Муҳтарама эгачингиз Хонзода бегим ҳозир йигирма ёшдалар. Айни узатиладиган пайтлари. Бегим ой деса ойдек, кун деса кундек, оқилаю фозиладирлар. Шу вақтгача муносиб куёв учрамай доғда эдик. Волидангиз ҳам, тоғойингиз ҳам вақт ўтиб кетаётганидан изтиробда эдик.
— Яна бир-икки йил уйда ўлтириб қолса, «қари қиз» деб кулурлар, — деди Қутлуғ Нигор хоним.

Опасининг тақдирига оид бунақа гапларни Бобур илгарилари ҳам эшитган эди. Аммо бугун Дўстбекнинг гапларига қараганда, қандайдир куёв топилганга ўхшарди. Бобур шуни билгиси келиб, ўсмирларча қизиқиш билан сўради:
— Ким бизга почча бўлмоқчи?

Рўйирост берилган бу савол, Дўстбекни шошириб қўйди. У яна гапни айлантирди:
— Сиздек олий зотга «муносиб почча бўлурмен», деб ҳеч ким журъат қилиб айтолмас. Аммо умароларингиз орасида асилзода беклар бор. Чунончи, Султон Аҳмадбек. Йигирма беш ёшга кирган норғул йигит. Чопқунга бориб, баҳодирона зафар билан қайтди. Беклар орасида обрўси баланд. Ёнида уч забардаст иниси бор. Уч юз навкари билан ҳаммаси сизга то ўлгунча содиқ хизмат қилмоқчилар.

Бобур ҳали оила нималигини, куёв-келин қандай бўлишини билмаса ҳам опаси Хонзода бегимни Аҳмад Танбалнинг ёнига қўйиб тасаввур қилди-ю, икковини бир-бирига тўғри келтиролмади. Сўнг онасига қараб:
— Сиз розимисиз? — деди.

Қутлуғ Нигор хоним оғир тин олиб:
— Начора! — деди. — Хонзода бегим тождор, тахт-дор куёвларга муносиб қиз. Аммо ҳозирги нотинч замонада қани биз истаган куёв? Биз тоғойингиз билан суриштириб билдик. Султон Аҳмадбекнинг авлод-аждоди асилзодалардан экан. Бобокалонлари Жўжихон, Чингизхонларга қон-қариндош бўлган султонлар экан. Ҳозир Тилба Султон номлик оғаси Тошкентда тоғойингиз Маҳмудхонда соҳибихтиёр эшик оға экан. Энди бу Аҳмадбек куёв бўлса, орага оғаси тушиб, тоғойингиз Маҳмудхон билан сизни яқинлаштирармикин? Шундай нуфузли бек сизга куёв бўлиб, бутун уруғларию навкарлари билан қанотингиз тагига кирса, ишингизнинг ривожи яхшироқ бўлурмикин?
— Шубҳасиз, шундай бўлур! — деди Дўстбек чуқур эътиқод билан.

Бобур нима дейишини билмай елка қисди: ёш ўсмир ўзидан катта опасини кимга эрга бериш ҳақида ўйлашдан ҳам тортинар эди. Аммо онаси ва тоғаси бу ишни унинг подшоҳлик ҳукми билан амалга оширишни истардилар.
— Бегимнинг ўзлари учун ҳам яхши бўлур, — деб давом этди Дўстбек. — Агар бошқа бир юртдаги тождорга тушсалар, оналаридан йироқда бўлурлар, амирзодамдай суюкли иниларининг ҳимояларидан узоқлашурлар.
— Ҳа, ундан кўра ёнгинамда бўлгани афзал, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Хонзода менинг тўнғич қизим, маслаҳатгўйим, Аҳмадбекка берсак, кўз ўнгимда менинг ёлғизлигимни билинтирмай юрур.

Бобур бу борада ўзи билмайдиган кўп нарсаларни онаси яхши билишини ўйлади-ю:
— Онам рози бўлсалар, бўлди, — деди.

Дўстбек қувониб кетди:
— Ҳақ гапирдингиз, амирзодам, жуда ҳақ! Она ро-зи— худо рози, деб бежиз айтмаганлар!

Қутлуғ Нигор хоним ҳамон хомуш эди. Бобур бунинг сабабини сезгандай бўлиб:
— Бегимнинг ўзлари нечук? — деб сўради.

Қутлуғ Нигор хоним оғир тин олиб:
— Бегим рози эмаслар, — деди. — Эшитиб кўп йиғладилар.
— Бундай пайтларда йиғлаш қизларнинг азалий одати,— деб кулиб қўйди Дўстбек.
— Аммо, Хонзода бегимнинг аҳволидан мен хавотирдамен, амирзодам, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — «Ўзимни ўлдирамен», деган сўзларини эшитиб қолдим.
— Наҳот? — деди Бобур ҳам бирдан хавотирга тушиб.
— Эгачингиз сизни жондан азиз кўрурлар, Мирзо ҳазратлари, сўзингизни икки қилмаслар, — деди Дўст-бек.— Волидаи муҳтарамангиз билан иккаламиз сиздан илтимос қилгани келдик. Хонзода бегимни ҳузурингизга чорлаб, насиҳат қилинг. Давлатингизнинг манфаатлари учун эгачингиз ризолик бермоқлари керак. Султон Аҳмадбек орага одам қўйган. Бутун уруғлари билан сизнинг марҳаматингизга мунтазир. Рад жавоби уларни сиздан... совитиб қўйиши мумкин. Сўнгра, агар Хонзода бегим ризо бўлмай, яна уч-тўрт йил уйда ўлтириб қолсалар, «куёв топилмабдир, қари қиз бўлибдир», деб ёғийларингиз маломат қилурлар. Бундай гаплар подшоҳ оиласининг шаънига мутлақо тўғри келмас. Агар Хонзода бегим сизга яхшилик истасалар, ризо бўлмоқлари керак. Буни энди бегимга фақат сиз тушунтирурсиз, Мирзо ҳазратлари!

Бобур бошини чангаллаб бир лаҳза жим қолди. Бундай нозик, бундай чигал ишга умрида биринчи дуч келиши. Бегона бўлса ҳам бир сари эди, гаплашиши осонроқ бўларди. Ўзининг жонажон опаси. Бобур Хонзода бегим билан бу тўғриларда гапиришишдан ҳам ийманади. Лекин бу ёқда онаси мушкул аҳволга тушиб, ёрдам кутиб ўтирибди. Бу ёқда опаси жонига қасд қилмоқчи эмиш.
— Майли, — деди Бобур онасига маъюс кўз ташларкан, — бегим келсинлар, ўзим бир сўзлашай.

Қутлуғ Нигор хоним тез ўрнидан қўзғалиб:
— Ҳозир... ҳозир бориб айттириб юборурмен, — деди ва чодир эшигига йўналди.

Дўстбек йирик тишларини очиб мамнун кулимсиради-ю, чодирдан орқаси билан юриб чиқа бошлади. Эшик олдида таъзим қилди-да:
— Амирзодам, сиз шоҳсиз, сизнинг ҳукмингиз вожиб,— деб Бобурни дадилроқ бўлишга ундаб кетди.

* * *

Бобур қатор шамлари липиллаб ёнаётган иккита олтин қандил оралиғида садаф билан безатилган бежирим мизга кўкрагини тираб китоб варақлаб ўлтирганда Хонзода бегим чодир эшигидан секин кириб келди. Эгнида сидирға сариқ атлас кўйлак. Ҳазин товуш билан саломлашиб, Бобур таклиф қилган зарбоф кўрпача устига хасталардек бўшашиб ўлтирди. Унинг қовоқлари шишинқираганини кўрган Бобур:
— Мунча ғамгинсиз, бегим? — деди.
— Амирзодам, мен ҳузурингизга нажот излаб келдим!

Хонзода бегимнинг сўлғин юзига кўзларидан ёш сирғалиб тушди. Бобур яқиндагина яйраб-яшнаб юрган опасини ҳозир бу аҳволда кўриб, юрагини бир нарса тимдалаб ўтди. Онаси унинг зиммасига юклаб кетган вазифа қанчалик мушкул эканини у энди астойдил ҳис қилди. Тақдир унинг бошига солаётган мушкулотлар озмиди, устига бу ҳам қўшилди? Бобур куюниб гапира бошлади:
— Мен ўзим бу фалакнинг дастидан нажот излаймен, бегим. Ечилмас муаммолар бири устига бири қўшилур. Шу аснода наҳотки сиз ҳам менинг мушкулларимни кўпайтирмоқчи бўлурсиз?

Хонзода бегим укасининг ўзи чиндан ҳам ёрдамга муҳтожлигини, ёшига номуносиб ишлар уни жуда қийнаб юборганини сезди-ю, кўзини тез артди. Боягидан тетикроқ оҳанг билан гапира бошлади:
—Амирзодам, мен бир гап эшитдим. Ростмикин?
— Қайси гап?
— Аҳмад Танбал тоғдан бир хуржун одам калласини олиб тушганмиш...

Бобур ўтган куни кўрган кесик каллаларни, хусусан, ҳали соқоли ўсиб улгурмаган ёш йигитнинг гўшти чиқиб ётган қонли бўйнини эслади-ю, бирдан сесканиб тушди.
— Жанг ўлимсиз бўлмас, — деб Бобур гўё ўзини-ўзи босмоқчи бўлди. — Ёғий ҳам бизникиларни ўлдирмишдир. Бу — эски одат. Сиз буни унутинг, бегим.
— Бунисини унутсам, омилиги, жоҳиллиги бор. Мен умримни фозил киши билан ўтказиш орзусида эдим. Аҳмад Танбал қўли қон, бераҳм одам. Амирзодам, наҳотки сиз мени унга муносиб кўрурсиз?
— Сизга муносиб йигит, балки етти иқлимда ҳам йўқдир. Аммо... сабабларини онам айтгандирлар... Мен ҳам... мажбурмен!

Хонзода бегим қандилда липиллаб ёнаётган шамларга қараб туриб, Аҳмад Танбални кўз олдига келтирди-ю, ўша бадқовоқ йигит билан бир ёстиққа бош қўйишини ўйлаб, эти жунжикиб кетди:
— Мен бу бекдан қўрқамен!
— Биз бор эканмиз, сиз ҳеч кимдан қўрқманг, бегим. Мен сизга заррача зулм ўтказишларига йўл қўймасмен.
— Мени маъзур тутинг, амирзодам. Аммо эгачингизни хоҳламаган одамига зўрлаб узатсалар, шунинг ўзи катта бир золимлик бўлмагайми?

Бу мантиқли сўзлар Бобурни довдиратиб қўйди:
— Золимлик... Ҳа, фалакнинг ўзи золим! Мен ҳам ҳар куни суймаган одамларим билан муомала қилурмен. Хоҳламаган ишларимга мени аралаштирурлар. Давлат манфаатларини ўйлаб ўзимни-ўзим мажбур қилурмен. Бошқа иложим йўқ!

Бобур ўз ёшига ярашмайдиган бу сўзларни қанчалик қийналиб айтаётган бўлса, кўнглига ёқмайдиган, аммо муҳит, вазият талаби билан мажбуран адо этадиган ишларни ундан ҳам ортиқ азоблар билан қилиши сезилиб турарди. Бобур бу мушкул аҳволдан чиқишнинг йўлини тополмай ич-ичидан эзилиб юрганини Хонзода бегим энди пайқади-ю, укасига раҳми келди. Бобурнинг подшоҳлигини унутиб, уни кичиклигида эркалатиб суйган пайтларини эслади.
— Бобуржон, — деди, — сиз ёлғиз иним, пушти-паноҳимсиз, мен сиз учун жонимни ҳам аямаймен! Агар сизга чиндан ҳам шу зарур деб ишонсам, ҳозирги гапингизга ҳам ризо бўлур эдим. Лекин мен сизнинг куйрак кўнглингизни билурмен. Агар мен умрбод бебахт бўлиб қолсам, кейин сиз ҳозиргидан ортиқроқ изтироб чекурсиз!
— Худо хоҳласа, бебахт бўлмассиз.
— Кўнглим сезиб турибдир, агар шу одамга тушсам, бебахт ўтурмен. Бобуржон, эгачингизнинг сўзига ҳам ишонинг. «Давлат манфаатлари» деб ўзингизни кўп эзманг. Сиз билан биз учун ҳам бу умр ғанимат. Ўз кўнглимизга ҳам ишонишимиз керак! Кўнгил тоза бўлса, кишини алдамайдир!

Хонзода бегим шундай бир самимият билан ёниб гапирмоқда эдики, унинг қалбидаги олов гўё Бобурнинг қалбига ҳам ўтди. Шафқатсиз беклар муҳити ва подшоҳлик мажбуриятлари ёш Бобурнинг қалбини қаҳратон қишнинг музларидай сиқиб ётар эди. Хонзода бегим эса ўзининг оловли нафаси билан гўё шу музларни эритар, Бобурнинг қалбига баҳор майинлиги, ёшлик эркинлиги яна қайтиб келаётгандай, эти жимир-жимир қиларди. Хонзода бегим яна кўзларига ёш олди:
— Бобуржон, сизнинг дилингиз беғубор, сиз нодир истеъдодли фидокор йигитсиз! Бу беклар ўз манфаатларини ҳам «давлат манфаатлари» деб кўрсатишга ўрганиб қолганлар. Булар сизнинг ёшлигингиздан фойдаланурлар. Аммо сиз суймаган ишни «давлат манфаатлари учун» деб қилдирмоқчи бўлганларида, кўнглингизга ҳам бир қулоқ солинг. Энг маҳрам дўстингиз — сизнинг мусаффо қалбингиздир. Сиз бу дўстингизга ишонинг, жоним!

Хонзода бегим ўтирган кўйича укасига қўл чўзиб, йиғи аралаш илтижо қилди:
— Мен сизнинг пок қалбингиздан адолат излаймен! Қалбингиз нима буюрса, сиз менга шуни буюринг! Мен розимен!

Бобур сакраб ўрнидан турди-ю, опасининг қўлларидан олиб, уни ўрнидан турғазди:
— Йиғламанг, бас! — деди. Аммо Бобурнинг ўзи ҳам кўнгли эриб, кўз ёшини зўрға тутиб турарди. — Сиз менга барча бекларимдан яқинроқсиз. Бир туғишган ягона эгачимсиз. Сиз туфайли не оғирлик келса, майли, кўтарай! Хотиржам бўлинг! Токи бормен, суймаган одамингизга узаттирмасмен!

Хонзода бегим азбаройи қувонганидан укасини маҳкам қучиб пешонасидан, кўзларидан ўпди.

Самарқанд - Зафар Ва Кулфат

1

Бобурнинг қўшини Самарқандни бутун ёз ва куз бўйи қамал қилди. Бойсунқур мирзо етти ой шаҳар дарвозаларини беркитиб ётди-ю, ахири очлик ва танқисликка бардош беролмай, совуқ қиш кечаларидан бирида яқин одамлари билан Самарқанддан яширинча чиқиб, Ҳисор томонга қочди.

Шаҳарда қолган беклар бундан хабар топганларидан кейин қалъа дарвозаларини очтирдилар. Бобурнинг уч мингга яқин қуролли кишилари зафар куйини чалиб, қўш нақоралар ва карнайлар садоси остида шаҳарга кира бошладилар.

Бобур беш яшарлигида кўрганлари яхши эсида қолмаган экан. Самарқанднинг ҳар ер-ҳар еридан мовий тоғлар каби кўкка бўй чўзиб турган улуғвор гумбазларнинг қайсиси Улуғбек мадрасасиники эканини, қайсиси Бибихоним мадрасасига мансублигини ёнида бораётган Қосимбекдан сўраб билди. Фақат аркка яқинлашганда чап томонда кўринган улкан обиданинг Амир Темур мақбараси эканини жангчининг дубулғасига ўхшаш гумбазнинг афсонавий гўзал тарам-тарамларидан таниди. Қанча даврлар ўтса ҳам, бўёқлари худди бугун сурилгандай яп-янги турган бу ажойиб бинолар, уларнинг тантанавор кўриниши ва офтобда ғалати товланиши Бобурнинг қалбидаги зафар завқига яна завқ қўшарди.

Арк жойлашган баландликка кўтарилаётганларида Бобур ўнгу сўлда кўринган айвонли уйлар ва ҳовлиларга кўз ташлади-ю, бирдан ўзининг асира қаллиғи Ойиша бегимни эслади. Ажаб эмаски, бегим мана шу уйлардан бирида дарча тирқишидан ғолибларга қараб турган бўлса. У бечора энди барча азоб-уқубатлардан қутулиб, Самарқанд қизлари орасида энг мўътабари бўлишини, ҳамма уни «ёш подшоҳимизнинг қаллиғи», деб эъзозлашини билармикин?

Бобур отини Қосимбекнинг отига яқинлаштириб, паст овоз билан сўради:
— Асирлардан хабар олишга одам тайинландими?

Қосимбек бу саволнинг яширин маъносига тезда тушунолмади:
— Амирзодам, қайси асирларни айтурсиз?

Бобур отаси тенгли Қосимбекнинг олдида қаллиғини тилга олишдан уялар эди. У алланечук ийманиб қовоғини солганидан Қосимбек гап нимадалигини фаҳмлади-ю:— Ҳа, асираларми? — деб, Бобур айтолмаган сўзни ўзи айтди. — Бу ишга Нўён Кўкалдошни тайин этганмен. Аввало Султон Аҳмад мирзонинг фарзандларидан хабар олинур. Қулингиз айтганмен. Кечқурун Нўён сизга ахборот берур.Арк ичига кирдилар. Бу ердаги энг улкан ва салобатли бино — тўрт қаватли Кўксарой эди. Кўксаройда жуда кўп фожиалар бўлган, талай шаҳзодалар шу ерда ўлдирилган. Шунинг учун Самарқанднинг сўнгги тождорлари Кўксаройда турмас эдилар, фақат машҳур Кўктош устига чиқиб, тантана билан тахтга ўтириш маросимини ўтказар эдилар. Бобур ҳам аркнинг ўнг томонида жойлашган Бўстонсаройга тушди.

Оқшом Бўстонсаройда қандиллар ёндирилганда Бобур ўтирган хонаи хосга Нўён Кўкалдош кириб келди. Зар билан нақшланган бу хона жуда совуқ эди. Улар иккови пўстинларини ва телпакларини ечмасдан кўрпача устида ўтириб гаплаша бошладилар.

Нўён Кўкалдошнинг овозида илиқ бир ҳаяжон сезилди. Бобур подшоҳ бўлганидан бери улуғ беклар атрофини ўраб олиб, Нўён Кўкалдошдай тенгдошлари анча четга чиқиб қолган эди. Бугун оралари яна илгаригидай яқин бўлиб қолганидан қувонган Нўён тўлқинланиб сўзлай бошлади:
— Амирзодамнинг номларидан олтин билагузуклар, асл матолар, субҳони ўриклар[41], лавзиналар[42] олиб бордик. Улуғ холангиз Меҳр Нигор хоним пешвоз чиқдилар...

Бобур ўз онасини эслади. Меҳр Нигор хоним — Қутлуғ Нигор хонимнинг туғишган опаси ва Султон Аҳмад мирзонинг катта хотини эди. Ойиша бегимнинг онаси ёшлигида ўлиб кетган, уни фарзандсиз Меҳр Нигор хоним тарбиялаб ўстирган, ҳозир ҳам унга она ўрнида ғамхўрлик қилар эди. Шунинг учун Меҳр Нигор хоним Бобурга ҳам хола-ю, ҳам бўлажак қайнона эди.
— Озиб кетибдилар, — деб давом этди Нўён. — Ошлиқдан[43] жуда қийналмишлар. «Қаҳатчилик бўлиб, пулга ошлиқ топилмай қолди», дейдилар. «Зоғора нонга ҳам зор» бўлдик, деб йиғлаб юбордилар. Ўтин-чўплари ҳам йўқ экан. «Совуқда дийдираб ўлтирибмиз» дейдилар.
— Бойсунқур мирзо шу қадар ноинсофлик қилибдирми, а?
— Мирзонинг ўзи ҳам охирги пайтларда қорни тўйиб таом емаган бўлса керак, амирзодам. Етти ой қамалда ётиш осонми? Кўчаларда очдан ўлган одамларнинг ўликлари ётибди. Фақиру бечоралар очдан ўлмаслик учун эшак гўштини, ит гўштини ейишгача етиб бормишлар... Биз бундан бехабар эканмиз. Дар-ҳол қайтиб келиб, Қосимбек қавчинга учрадим. Бир арава ун, гуруч, бир арава ўтин, ўнта қўй олдик. Ке-йин ҳаммасини яна ўзим элтиб топширдим. Шунда мени ичкари уйга таклиф қилдилар.

Нўён Кўкалдош сирли кулимсираб, бир лаҳза тараддудланиб турди. Бобур унинг ҳозир Ойиша бегим ҳақида гапирмоқчи эканини сезиб, сабрсизланди:
— Сўзланг, Нўён, сўзланг!
— Тиллакори уйда Ойиша бегим юзларига оқ ипак парда ёпиб қаршимдан чиқдилар... — Нўён бир тўхтаб олди. Ойиша бегим унинг кўзига жуда кичкина, норасида ўсмир қизчадек кўринган эди. У буни Бобурга айтишга журъат этмади. — Жуда нозик кўриндилар. «Хуш келибсиз», дедилар. Овозлари шундай майин, шундай соф.

Бобур Андижондан Ойиша бегимни ўйлаб келиб, энди кўришолмаслиги, балки сабрсизлик қилган каби қиз томонни ҳам ранжитиши унга бедаво бир дард бўлиб туюлди.

Нўён Кўкалдош бу дардга дори топмоқчига ўхшаб қўйнига қўл солди-ю, жажжигина оқ ипак халтача олди.
— Ойиша бегимнинг номидан сизга буни Меҳр Нигор хоним бериб юбордилар.

Бобур халтачани қўлига олганда ичида ҳеч нарса йўқдай туюлди. Боғичини очиб халтачани кафтига секин ағдарган эди, икки дона гавҳар тушди. Ҳар бири гуручдан сал каттароқ, аммо хийла салмоғи бор. Жилоси нафис ва улуғвор.
— Сиртига ҳам қаранг, — деди Нўён.

Нозик мунчоқлар билан безатилган халтачанинг сиртига каштага ўхшатиб тикилган чиройли ипак ёзувни Бобур энди кўрди. «Нажоткоримизга» деган биргина сўз унга бутун бир муҳаббатномадек ширин туюлди. Ойиша бегим бу ипак ёзувни олдиндан тика бошлаган бўлса керак. Акс ҳолда, Нўён борган заҳоти тикиб улгурмас эди. Демак, у Бобурнинг нажот келтиришига ишонган!
— Амирзодам, қўлингиздаги гавҳарларнинг тарихини эшитинг, — деб давом этди Нўён. — Булар Султон Аҳмад мирзонинг саллаларига қадалган асл гавҳарлардан экан. Унинг мунглиқлари тилак билдирдиларки, Султон Аҳмад мирзонинг шу гавҳарлари сиз билан бирга яна Самарқанд тахтига чиқсину, сизнинг азиз бошингизда юз йил безавол порлаб турсин!

Султон Аҳмад мирзо тилга олинганда Бобурнинг кўнгли бир хира тортди. Аммо унинг қўлидаги гавҳарлар шундай мусаффо товланар эдики, уларда порлаган гўзал нур қаллиғининг кўзларидан нишона бериб турганга ўхшарди.
— Майли, мунглиқлар тилагандек бўлсин! — деди Бобур Нўёнга.

Сўнг секин қарсак чалиб, дасторпечни чақиртирди.

Дасторпеч бу гавҳарларни Бобурнинг тантанали маросимларда ўрайдиган салласига қадаб қўйди.

Шу оқшом Бобур ғойибона меҳр қўйган қаллиғини кўргиси келиб, ғазал ёза бошлади: Жамолинг васфини, эй ой, неча элдан эшитгаймен
Не кун бўлғай висолингга мени дил хаста етгаймен?

2

Қиш чилласи авжида. Изғиринли еллар эсади. Қўл-оёқларига кишан солинган, кийимлари йиртиқ маҳбуслар Самарқанднинг Регистон майдонида совуқдан қалтираб, шаҳар қозисининг ҳукмини тинглайдилар.

Ишончли амалдорларнинг аниқлашларига қараганда, булар Бобур мирзога хиёнат қилганлар — қамал пайтида унга махфий одам юбориб, «кечаси келинглар, дарвозани очиб берурмиз», деганлар. Бобурнинг бир даста ботир навкарлари Ғори Ошиқон олдидан қалъага ошиб ўтганда, хиёнатчилар уларни душманларига тутиб берганлар.
— Биз эмас! Тутиб берганлар қочиб кетмишлар! — йиғламсираб қичқирди маҳбуслардан бири.

Аммо унинг сўзига ҳеч ким эътибор бермади. Фармони олийга биноан жаллод уларнинг қўлларини ор-қаларига боғлаб, махсус чуқур олдига чўккалатиб қўйди-да, бўғизларига ханжар тортди. Қатл этилганларнинг иссиқ қони майдоннинг тошларига сачраб, совуқда ҳовур чиқариб буғланар эди.

Кечаси бўралаб ёққан қор бунинг ҳаммасини бекитиб, борлиқни оппоқ қилиб кетди. Эртаси куни тушдан ҳаво юмшаб, гумбазларнинг қорлари эриб туша бошлади.

Пешин намозидан кейин Бобур мирзо отланиб Самарқанд расталарини айланишга чиқди. Ёнида эшик оға Қосимбек, Аҳмад Танбал ва Хонқули деган яна бир бек орқароқда навкарлар билан келишмоқда. Шаҳарнинг қаерида нима борлигини яхши биладиган са-марқандлик кекса шоир Жавҳарий уларга йўл кўрсатиб, олдинда боряпти.

Улуғбек қурдирган улкан гумбазли хонақодан ўтганларидан кейин Жавҳарий кунчиқиш томондаги кўчани кўрсатди.
— Амир Алишер Самарқандга келганларида мана шу кўчадан кўп ўтар эдилар. Мазкур кўчанинг охирида Алишербекнинг устозлари фақиҳ Абдуллайс истиқомат қилур эди. Уйлари ҳали ҳам бор.
— Сиз Мир Алишернинг суҳбатларида бўлганмисиз? — сўради Бобур.
— Ҳа, ёшимиз Алишербек билан тенг эди, аммо фақир у зотни устоз ўрнида кўрур эдим, мудом ашъорларимни ўқиб бериб, маслаҳат олур эдим. Унутмаган эканлар, «Мажолисун нафоис» номли китобларида фақирни ҳам тилга олмишлар.

Соқоллари оппоқ, қошларига ҳам оқ тушган Жавҳарий ҳозир Бобурнинг ҳавасини келтирди. Қани у ҳам Навоийнинг назари тушган шоирлардан бўлса! Аммо Бобур ҳали машқ шеърлар ёзишдан нарига ўтган эмас, уларни бировга кўрсатишга уялади. Шундай бўлса ҳам катта шоир бўлиш орзусини ҳеч тарк этмайди. Мана шу орзунинг таъсирида бугун Бобур ўзига йўл кўрсатувчиликка Самарқанднинг машҳур бекларини эмас, Навоийни кўрган мўътабар шоирни таклиф қилган эди.

Жавҳарий уларни новвойлар маҳалласига бошлади. Кўчалар алланечук ҳувиллаган. Босилмаган қор отларнинг тиззасига чиқади. Соя жойларда изғирин юзни ялаб ўтса ҳам, офтоб тушиб турган пахса деворлар ва том бўғотлари эриган қордан ҳўл бўлиб борар эди.

Бобур томларга қаради. Бирортаси куралмаган. Том кураётган биронта одам кўринмайди. Новвойлик растасига келсалар, қатор дўконларнинг ҳаммаси ёпиқ.

Бобурнинг таажжуби ортиб, Жавҳарийга қаради:
— Мавлоно, новвойлар кўчиб кетганмилар?
— Мирзо ҳазратлари уч ойдирки, растага нон чиқмайди. Чунки ун йўқ. Қамалда кўп новвойлар очдан ўлиб кетди. Одамлар ҳолдан тойган. Томга чиқиб қор курашга ҳам мадорлари йўқ.

Бобур бунга сабабчи бўлган одамдек ўнғайсизланиб Қосимбекка қаради. Қосимбек эса шоирга кесатиброқ гапирди:
— Новвойларнинг тирик қолганлари ҳам бордир, мавлоно?
— Албатта, бор. Лекин ёрдамга муҳтож. Қани, энди амирзодам буюрсалару новвойларга ун берилса. Расталар яна очилса, Самарқанднинг машҳур нонларидан одамлар тўйиб еса.

Бобур Жавҳарийнинг айтганини қилмоқчи бўлаётганини сезиб, Қосимбек бунинг олдини олишга интилди:
— Амирзодам, бизда ҳам ошлиқ оз қолди. Қўшинга захира керак. Расталарга ҳозир ун беролмасмиз. Балки кейинроқ...

Кекса шоир Бобурга умид билан қараб турибди... Шу пайт унинг қора мовут чакмоними, хиёл эгик елкасими, калта қирқилган соқолими, нимасидир Бобурга Навоийнинг Беҳзод чизган расмини эслатди. Бобур мавлонони ноумид қилса, Навоийнинг умидини ҳам оқлолмайдигандай бўлди. У Қосимбекка буйруқ оҳангида гапирди:
— Биз унни расталарга эмас, новвойларга бермоғимиз керак. Ишончли бир киши назорат қилсин, новвойлар нон ёпиб, бизнинг номимиздан очларга тарқатсинлар. Беш-олти қоп ун билан қўшин захирасиз қолмас. Жиззахга юборилган карвон эрта-индин ошлиқ олиб қайтгуси!
— Саховатингизга офарин, Мирзо ҳазратлари! — деб Бобурнинг сўзларига фақат Жавҳарий қувонч билдирди.

Семиз тўриқ айғирнинг жиловидан тортиб турган Аҳмад Танбал мавлонога қараб пўнғиллади:
— Амирзодам Бойсунқурдан қолган очларнинг қайси бирига ошлиқ етказсинлар? Биз буларни боқишга келдикми?

Аҳмад Танбал, «амирзодам» деб, гўё Бобурга жон куйдириб гапирган бўлса ҳам, аслида Бобурнинг ҳозирги буйруғидан норозилиги сезилиб турарди.

Аҳмад Танбал Ўшда Хонзода бегимга одам қўйиб ниятига етолмаганидан бери Бобурга қарши адовати аввалгидан ўн ҳисса ортиқ бир куч билан хуруж қилмоқда эди.
— Жаноб Аҳмадбек, — деди Бобур. — Биз Самарқандни боқиш учун келмаган бўлсак, талаш учун ҳам келган эмасмиз!

Танбал кеча заргарларни талатганини эслаб, кўзлари бир бежо бўлди. Аммо ўзини осойишта кўрсатиб:
— Сўзингиз тўғри, Мирзо ҳазратлари, — деди. Бироқ шунча жангу жадал билан олган шаҳримиздан озгина ўлжадор бўлишга наҳотки ҳаққимиз йўқ? Ахир ғолибларнинг ўлжа олиши ота-боболаримиздан қолган русум-ку!

Танбалнинг гапи навкарлар орасида турган Хонқулибекка жуда ёқиб тушгани унинг кулимсираб бош ирғаганидан билинди. Кўпчилик навкарлар ҳам Аҳмад Танбални ҳақ деб билар эди. Самарқанддан дуруст ўлжа ололмаган бекларнинг барчаси норози бўлиб юргани маълум эди.

Шу топда Бобур ўзини икки ўт орасида қолгандай сезди. Беклару навкарларнинг кўнглига қарай деса, бу ёқда раийят очарчиликдан ўляпти. Раийятни очлик чангалидан қутқазай деса, беклару навкарлар: «Булар нега бизнинг насибамизга шерик бўлади?» деб дод солади.

Бобур Қосимбекка умид билан кўз тикди-ю:
— Очарчиликка фақат Бойсунқур мирзо сабабчими?— деди. — Агар биз шаҳарни етти ой қамал қилмасак, бу бахтсизлик бўлмаслиги мумкин эди-ку!

Қосимбек Бобурнинг Танбал қаршисида яккаланиб қолишини истамади-ю, мунозарани тезроқ тугатишга тиришди:
— Амирзодамнинг сўзлари қулингизга сари тож бўлсин! Эртагаёқ новвойларга ун бериб, очларга нон ёптириб тарқатишни мен ўз зиммамга олурмен!

Бобур Қосимбекка миннатдорона кўз ташлаб:
— Гап тамом, — деди. Сўнг Жавҳарийга юзланди.— Қани энди саҳҳофлар[44] растасига ўтайлик.

Жавҳарий уларни қинғир-қийшиқ бир кўчага бошлар экан, Аҳмад Танбал, қовоқ-тумшуғи осилиб, Бобурнинг кетидан эргашди. Кенг бир саҳнга чиқдилар. Ёпиқ турган саҳҳофлик дўконлари кўринди. Икки дўкон оралиғидаги икки тавақалик дарвоза ичидан аввал қандайдир шовқин эшитилди, сўнг оёқ яланг, бош яланг бир кампир дод солиб чиқди:
— Вой боламни ўлдирган худонинг ўзи ўлсин! Оч қолиб шишиб ўлсин!

Кампирнинг кетидан ўрта яшар озғин бир эркак югуриб чиқди-ю, отлиқларни кўриб, қўрққанидан бир лаҳза ағрайиб туриб қолди. Кампир ҳамон бор овози билан бақириб худони қарғарди:
— Худонинг ўзи қамалда қолиб ўлсин! Илоё менинг боламдай очдан ўлсин! Ўлсин!!!

Жавҳарий отини эркак киши томонга буриб:
— Мулла Қутбиддин, нима бўлди? — деб сўради.

Мулла Қутбиддин энди ҳушини йиғиб, кампирга қараб чопди. Озғингина, мадорсиз кампирни судраб ҳовлига олиб кириб кетди-да, энтикиб қайтиб чиқди. Қўл қовуштириб отлиқлар томонга келар экан:
— Афв этгайсизлар, — деди. — Оғамнинг заифаси фарзанд доғидан телба бўлиб қолди. Бечоранинг ўғилчаси очликдан кунжара еган экан, шишиб ўлди.

Оғир сукунатда Бобурнинг:
— Яна бу шўрликлардан ўлжа олмоқчи бўлурлар!— деган кинояли сўзлари эшитилди-ю, Аҳмад Танбал билан Хонқулибекка ўқдай тегди.

Мулла Қутбиддин Самарқанднинг таниқли саҳҳофларидан эди. Мавлоно ким келганини саҳҳофга секин айтди. Мулла Қутбиддин кўпдан бери очилмаган дўконини шоша-пиша очди. Бобур отдан тушиб, мавлоно билан бирга дўконга кирди. Мулла Қутбиддин бисотида бор энг нодир китобларни бир-бир олиб, чангларини артиб, Бобурга кўрсата бошлади. Қимматбаҳо зарҳал муқовалар ичида Маҳмуд Кошғарий, Абдураҳмон Жомий... Шарафид-дин Али Яздийнинг Беҳзод суратлари билан безанган «Зафарномаси»... Абдураззоқ Самарқандий... Ҳа, мана. Навоийнинг «Мезонул авзони». Бу китобни Бобур кўпдан бери сўроқлаб юрган эди. У олтинга топилмайдиган ажойиб китобларнинг кўплигини кўриб, афсонавий хазинага кириб қолгандай ҳаяжонланар, нуқул:
— Яна не бор? Яна? — деб сўрарди.

Мулла Қутбиддин ҳам бири-биридан ноёб китобларни унинг олдига қалаштириб ташлади. Машҳур хаттотлар катта пуллар эвазига кўчирган, ҳар бир варағига нафис безаклар ишланган бу қўлёзма китобларнинг ҳар бири бир неча минг динор туришини Бобурнинг ёнида турган Қосимбек ҳам билар эди. У Самарқанд хазинаси шипшийдам эканини, Андижондан олиб келинган олтинлар эса кўпга бормаслигини ўйлаб қараб турарди. Ниҳоят, Бобур ажратиб олган китоблар ўндан ошганда, Қосимбек секин шипшиди:
— Амирзодам, ҳозир хизоначи йўқ...

Китоблардан бошқа нарсани унутган Бобур Қосимбекнинг шамасини тушунмади.
— Хизоначини юборурмиз, — деди ва танлаган китобларини саҳҳофга кўрсатди: — Ҳаммасини ҳисоблаб қўйинг. Китобдор билан хизоначи пулини тўлаб олиб кетурлар.

Мулла Қутбиддин қўл қовуштириб:
— Бош устига! — деди-ю, аммо унинг ниманидир айтолмай тараддудланаётгани Бобурга сезилди.
— Не тилагингиз бор, мулло? Айтинг, тортинманг. Китобларингиз бебаҳо!

Бобур бу китоблар учун мол-дунёсини аямайдигандай кўринди. Саҳҳоф дадилланиб:
— Мирзо ҳазратлари, — деди. — Ҳозир пулга ошлиқ топилмайди. Болаларим, «нон» деб йиғлаб, ҳар куни юрак-бағримизни эзурлар. Агар иложи бўлса, озгина ун...

Бобурнинг кўз олдига бояги телба кампир келди-ю, саҳҳофнинг муҳтожлигини олдинроқ сезмагани учун ўзидан койинди. Қосимбекнинг новвойлик растасидаги эътирозлари эсига тушиб, унга ҳеч нима демади. Яна бекларнинг жинини қўзғамаслик учун саҳҳофга керакли нарсани сарой ошпазидан бериб юборишни кўнглига тугди. Саҳҳофга паст товуш билан:
— Ғам чекманг, — деди. — Тилагингиз амалга ошур. Хайр!

Бобур ташқарига чиқди. Аҳмад Танбал ҳамон отидан тушмай ўшшайиб турар эди.

Шу куни шомда китобларни олиб кетишга келган китобдор ва савдарлар саҳҳофга сўраган пулини беришди-ю, унинг уйига бир қоп ун ва битта семиз қўй тушириб кетишди.

Эртаси куни новвойлик растасига Қосимбекнинг навкарлари бир арава ун олиб келганликлари, қор тагида совиб ётган тандирларга ўт қаланиб, иссиқ нон ҳиди атрофга тарал-гани, отлиқ жарчилар подшо номидан очларга нон улашилишини эълон қилгани ҳамманинг қулоғига бориб етди. Новвойлик растасига келиб, хушбўй буғдой нонининг таъмидан кўзи чарақлаб очилаётган очлар Бобурдан нечоғлиқ мамнун бўлсалар, тамагир бек ва навкарлар: «Бизнинг оғзимиздан олиб, авбошларга берди!» — деб, ёш подшоҳдан шунчалик норози эдилар. Самарқанддаги очлик ва танқисликдан безган бир қисм жангчилар Андижонга қайтиб кетишга интила бошладилар.

3

Тандирдан узилган нонларни қопга солиб чиқиб очларга улашаётган навкарлардан бири — Тоҳир эди. Аввал у ҳам: «Менга найза санчиб, онамнинг ўлимига сабаб бўлган ёғийларга хизмат қилгани келганми мен?!» деб аччиқланди-ю, лекин увада кийинган, бўйинлари қилтириқдай бўлиб қолган оч ўсмирларга, чолларга, аёлларга кўзи тушганидан кейин ҳовури босилди. Ичкаридан ола қопда иссиқ нон кўтариб чиқар экан: «Балки бу аёлларнинг орасида Робия ҳам бордир?— деб ўйланди. — Ёки Робияни кўрган-билганлар учраб қолар?»

Тоҳирнинг бошида тулки телпак, эгнида почапўстин, сўнгги ойларда мудом отлиқ юриб, қадам олиши хийла ўзгарган. Узангига ўрганиб кетган оёқлари ерда аввалгидай равон одимлай олмайди. Аммо қўллари чавандозча бир чаққонлик билан қопга тез тушиб-чиқади.

Кўзлари лўқ очлар Тоҳирнинг ўзини эмас, нон улашаётган қўлларини кўришади, холос. Уларнинг кўпи имиллаб, кичик-кичик қадам ташлаб жуда секин ҳаракат қилишади. Йўлларида кичкина ариқ ёки дўнглик учраб қолса, ўтолмай тўхтаб қолишади. Бақувватроқлари суяб, кўмаклашиб ўтказиб қўйишади.

Тоҳир одамларнинг ҳар бирини синчиклаб кўздан кечиради. Наҳотки уларнинг орасида Робияни кўрган-билган бирорта одам бўлмаса?

Ана, бир аёл тўн ёпиниб, ярим ўгирилиб турибди. Тоҳир унинг ёнидаги кампирга қараб:
— Холалар, ораларингда андижонлик ёки қувалик аёллар борми? — деб сўради.

Кампир тожикча талаффуз билан:
— Ундоқлар йўқ, айланай, — деди.

Тоҳир юзлаб марта айтган сўзларини такрорлаб:
— Синглимни излаб юрибман, — деди. — Султон Аҳмад мирзонинг аскарлари Қувадан олиб қочиб кетганига тўрт йил бўлди.
— Бечора! — деб қўйди кампирнинг ёнидаги аёл.

Нарироқда нонга кўз тикиб турган бир киши сабр-сизланиб йўталди. Тоҳир нон улашишда давом этар экан, ўттиз беш ёшлардаги, сийрак малла мўйловли новча бир кишининг қаршисида тўхтади.
— Сиз илгари навкар бўлганмисиз?

Юзи шишинқираган бу одам хавотирли товуш билан:
— Ҳа, — деди.
— Қачон?
— Кўп жил бўлди.
— Андижонга борганмисиз?
— Жўқ... берироғидан қайтканмиз.

Бу одамнинг талаффузи ўшанда Робияни қопга солиб олиб кетган «жўқ»чи йигитларни эслатди-ю, Тоҳирнинг вужуди қалтираб кетди. Эҳтимол, бу ўша босқинчиларнинг биридир?

Тоҳир орқасига ўгирилиб, новвойхона томонда турган шеригини чақирди. Қопнинг тагида қолган нонларни унга берди-ю, малла мўйловли кишини билагидан олиб бир четга бошлади. У одам қўрқувдан бўшашиб, каловланиб, тўхтаб қолди:
— Укажон, мен бир бечора одамман! Мени қўйиб жубаринг! Нонға келиб эдим... Нонға!...

Тоҳир калаванинг учини шу одам топиб бериши мумкинлигини сезиб, мулойимроқ гапиришга тиришди.
— Нон оласиз. Сизга кўпроқ нон берамен. Менга ростини айтинг. Султон Аҳмад мирзога навкар бўлганмисиз?
— Бўғанмен.
— Андижондан беридаги Қуванинг кўпригидан ўтганмисиз?
— Қайси кўприк? Синиб кетиб, бизни хароб қилған кўприкма?
— Худди ўзи! — деди Тоҳир ғазаб аралаш қувонч билан. Мана, ўша босқинчи! Тоҳир унга ҳозир ханжар урса бир аламдан чиқар эди. Аммо Робия нима бўлади? Буни ўлдирса, Робияни кимдан сўроқлаб топади?

Тоҳир малла мўйловли йигитни ёқасидан олиб қаҳр билан силкитди:
— Робия қани? Айт тезроқ!

Очликдан дармони кетиб, зўрға юрган йигит Тоҳирнинг силталашидан тўкилиб, парчаланиб кетадиганга ўхшарди. У нафаси ичига тушиб:
— Қа-қайси Рокия? — деди.
— Рокия эмас, Робия? У қизни Қувадан олиб қочиб қаёққа олиб бордиларинг? Ҳозир қаерда? Ростини айтмасанг, каллангни оламен! Айт!
— Ука! Укажон! Мен Робия деган қизни кўрганим жўқ. Ўлдирсанг, майли, ўлдир, лекин мендан бекорга гумонсирама, ўшанда мен қиз обқочадиган аҳволда эмас эдим. Туғушган укам кўприкдан жиғилиб, сувға оғиб ўлди. Қамишларнинг орасидан уч кун қидириб ўлигини тополмадим. Балчиқ жутиб кетган экан.

Тоҳир ўша кўприкни ўзи бузганини эслади, малла мўйловли йигитнинг кўзлари ёшланганини кўрди-ю, унинг ёқасини қўйиб юборди.

Робияни қопга солаётган «жўқ»чи йигитлардан бири иккинчисини «Жуман» деб атагани Тоҳирнинг ёдида қолган эди. У қаршисида кўзлари мўлтираб турган одамга тикилиб:
— Отинг нима? — деди.
— Отим Мамат.
— Маматми ё Жуманми?
— Ука, ишонмасангиз, мана шу маҳалланинг одамларини чақириб сўранг. Отим Маматлигини ҳамма билади. Ўзим кўнчи косибман.

Тоҳир ўзича ўйланди: «Агар укаси Қувада балчиққа ботиб ўлган бўлса, бу ҳам менинг гирибонимдан олишга ҳаққи бор!» Шу ўй таъсирида Тоҳир жаҳлидан тушди. Маматга яна «сиз»лаб гапира бошлади:
— Жуманни билармидингиз?

Мамат пешонасини ушлаб, ниманидир эслашга тиришди:
— Тўхтанг, тўхтанг, Жуман маймоқ деганимиз бўлар эди. Шериклари билан ўша ёқдан иккита қиз обқочиб келган, деб эшитиб эдим.
— Самарқандга олиб келганми?
— Қизларними? Бунисини билмадим. Ўратепанинг нарёғида Оқсув деган сой бор. Оқсувга жетганимизда подшомиз ўлиб қолди. Ўшанда бир алғов-далғов бошланди, мана ҳалигача босилмайди. Навкарлик ҳам жонимга тегди, бўшаб кетдим.
— Жуман маймоқ ҳозир қаерда?
— Билмадим-ов. Уч-тўрт жилдан бери кўрган эмасмен. Баттарин жигит эди, ўлиб кетдима ё бошқа подшонинг хизматига ўтиб кетдима. Подшо ҳам кўп-ку. Тошкентда Маҳмудхон дегани, Туркистонда Шайбонийхон дегани, Ҳисорда яна бирови.
— Бу подшоларнинг уруш-жанжаллари бошларидан қолсин! — деди Тоҳир куюниб. — Сиз бир косиб бўлсангиз. Мен бир деҳқон эдим. Келиб-келиб биздай заҳматкашларни бир-биримизга душман қилиб қўйган замонанинг уйи куйсин!

Мамат Тоҳирнинг ханжар изи қолган юзига энди ботиниброқ қаради:
— У қиз кимингиз бўлар эди, ука? Синглингизмиди?
— Кўзимнинг оқу қораси эди!

Мамат гап нимадалигини фаҳмлаб, Тоҳирга хиёл ҳайратланиб тикилди. Сўнг унинг армон тўла кўзларини кўриб, бу йигитга ўзини алланечук яқин сезди ва унга тасалли бергиси келди:
— Худо хоҳласа, товилади! Менинг таниш-билишларим кўп, ука. Сўроқлайман. Хотинимга айтаман. Аёллардан суриштиради.

Маматнинг астойдил ёрдам бермоқчи эканини сезган Тоҳир уни енгидан олди-ю:
— Бу ёққа юринг, — деди. Маматни новвойхонанинг йўлагига олиб кирдида, ичкаридан тўртта нон олиб чиқди.
— Олинг! Сиз бу ерга нонга келган эдингиз.

Мамат нонларни титроқ қўллари билан олиб, қўйнига тиқди. Иссиқ буғдой ноннинг ҳиди ва тафтидан оғир-оғир нафас олиб, устма-уст ютинди. У ҳар қанча оч бўлса ҳам Тоҳирнинг олдида дарҳол нон кавшашдан ўзини тутди. Фақат ноннинг ҳидидан маст бўлгандай эзма-ланиб гапира бошлади:
— Нондай азиз бўлинг, ука. Биз кўрган кунларни ҳеч кўрманг. Қўлдан берганга қуш тўймас. Жотиб жесанг бу нон икки кунга ҳам жетмайди. Лекин мен шунинг кучи билан қишлоғимга жетиб оламан. Ана у товнинг орқасида оға-иниларим бор. Биз ўзбекнинг қўянқулоқ уруғиданмиз. Қишлоғимга жетиб борсам, бир-икки қоп ғалла товиб келаман. Лекин бўш қоп тик турмас экан, ука. Битта чўбир отим бор эди, кузда сўйиб жеб қўйдик. Пиёда кетай десам, оч одам товда жиғилиб совуқда қотиб ўламан, деб қўрқдим. Мана эн-ди қўрқмасам бўлади...
— Мен сизни қаердан топамен? — деди Тоҳир унга аввалги ваъдасини эслатиб.
— Кўнчилик гузарида уйим бор. Мамат полвон десангиз, ҳамма билади. Бир вақтлар полвон эдик, ука. Мана энди гавдамизни зўрға кўтариб журибмиз.
— Эсингизда бўлсин, қизнинг оти Робия.

Мамат полвон бу номни бир-икки такрорлаб хотирасига жойлагач:
— Агар хабари чиқса, сизни қаердан товаман? — деди.
— Қосимбекнинг навкаримен. Отим Тоҳир.
— Хўп, Тоҳирбек, мен сизни қидириб товамен. Бизнинг одамлар сизга жаманлиқ қилган бўлса, сиз менга жахшилиқ қилдингиз. Бу жахшилиғизни албатта қайтараман. Хайр!

Тоҳир унинг орқасидан қараб қолди. «Қувада укасининг балчиққа ботиб ўлганига мен сабабчи бўлганимни билса нима қиларкин?» деб ўйланди.

Мамат эса нарироққа бориб шоша-пиша қўйнига қўл тиқди-ю, иссиқ нондан бир бурда узиб олиб, тез оғзига солди.

4

Андижонлик бек ва навкарлар «Самарқандни олсак ҳамма мушкулларимиз осон бўлади», деб ўйлаган эдилар. Бироқ энг катта ишкалликлар Самарқанд олингандан кейин бошланди. Уч минг кишилик қўшиннинг беш-олти минг от-улови бор. Қаҳратон қишда қамалдан абгор бўлиб чиққан шаҳарда на очларни тўйдириб бўлади, на қўшинга озиқ-овқат етказиб бўлади, на отларни ем-хашак билан таъминлаб бўлади. Шаҳар дарвозалари очилган, бу ёғи Ўратепагача, бу ёғи Қаршигача барча томонларга туя карвонлари жўнатилган, бозор ва расталарни тирилтириш учун турли чоралар кўрилаётган бўлса ҳам пойтахтда ҳаёт ҳали-бери изга тушадиганга ўхшамас эди. Самарқанд сўнгги йилларда кўп марта қўлдан-қўлга ўтиб, даҳшатли талон-торожлардан қашшоқланиб қолган эди.
— Бу мушкулотлар кўз очиб-юмгунча ўтиб кетгай,— деб, машваратларда Бобурнинг устози Хўжа Абдулла андижонлик бекларни сабр-қаноатга чақирар эди:— Баҳор яқин, пишиқчиликка етсак, оғир кунларни кўрмагандек бўлиб кетурмиз. Танқисликлар ўтур, аммо бу ёғи Қаршию Шаҳрисабзгача, у ёғи Ўшу Ўзгангача — шундай улуғ мамлакат қолур. Тангрим бизга шундай катта кишварни иноят қилгани учун, биз Самарқанддай оламшумул доруссалтанага муяссар бўлганимиз учун шукроналар айтмоғимиз керак. Бобур мирзонинг орзулари шулким, Мовароуннаҳр яна Улуғбек давридаги каби бирлашса, пойтахт аслига қайтса, ҳамма вилоятлар ҳамжиҳату обод бўлса. Амирзодамнинг бу орзулари сизу бизнинг муқаддас мақсадимиздир. Илоҳи омин, парвардигори олам бизни бу мақсадимизга ҳам етказсин!

Бу гаплар Хонқулибек ва Аҳмад Танбалга ўхшаган бекларнинг ғашига тегса ҳам, улар машваратга тўпланган бошқа беклар қатори:
— Илоҳим омин! — дейишиб, юзларига фотиҳа тортадилар. Четдан қараган одам буни якдиллик белгиси деб ўйлайди.

Аммо беклар машваратдан янги бир вазифани зиммаларига олиб, уй-уйларига тарқалганларидан кейин хилватда иккита-учтадан бўлиб олиб, ғийбатга тушиб кетишади:
— Хулласи калом. Бобур мирзонгиз Улуғбекдек улуғ одам бўлмоқчи эканлар-да, Аҳмадбек? — сўрайди Хонқулибек истеҳзо қилиб.

Улар бахмал кўрпа ёпилган иссиқ сандалнинг икки четида ўтириб кечки таомни бирга емоқда эдилар. Аҳмад Танбал қазидан бир парра олиб, киноя билан кулди:
— Ҳа, Бобур мирзоингиз улуғ одам бўлишлари учун яна биргина нарса етмай турганмиш...
— Хўш?
— Бугун машваратда айтдилар-ку! Самарқанд деҳқонлари очарчиликда уруғлик донларини еб қўйган эмишлар. Биз Қаршига карвон юбориб олиб келган донларимизни деҳқонларга қарз берур эмишмиз.
— Дард устига чипқон!
— Илож қанча, Хонқулибек! Ёш подшоҳимиз улуғ бўлишлари учун ҳаммасига чидайсиз. Яна бу кишим Самарқандга куёвлар, қаллиқлари бор. Домод раийятга ўзларини яхши кўрсатмоқлари зарур. Бу ҳам етмагандай, ёш подшоҳимиз ҳар ҳафтада шоирларни тўплаб мушоира ўтказмоқдалар.
— Шоир ҳам бўлмоқчилар шекилли-да!
— Ҳа, бизнинг насибамизга қаёқдаги шоирларни ҳам шерик қилганлари ана шу сабабдан! Хазинадаги олтинларни совуриб, қатор-қатор қимматбаҳо китоблар олишлари ҳам ана шундан!

Хонқулибек соқолини ғижимлаб:
— Этак силкиб Андижонга кетай десам, рухсат бермайдир, — деди. — Тангри ҳаққи, Бобурингиздан тўйдим, Аҳмадбек!

Аҳмад Танбал заҳарханда қилиб кулди-да, ўрнидан туриб эшикни зичлаб ёпди. Жойига келиб ўтиргач:
— Хонқулибек, — деб товушини пасайтириб гапира бошлади, — беклар бўмаса, подшоҳларнинг илкидан ҳеч иш келмайдир. Навкарнинг кўпчилиги бизники. Жангни биз қилдик. Азобни биз тортдик. Энди бундай муте бўлиб, ёш йигитчадан рухсат сўраб ўтирмоғимиз не керак?
— Гапингиз рост! — шивирлади Хонқулибек. — Подшо бўлса ўзига! Рухсат бермаса бермасин, мен барибир кетурмен!
— Мен ҳам бу ерда хор бўлиб юрмоқчи эмасмен. Омон бўлсам, подшоҳ топилур. Ахсида Жаҳонгир мирзо бор. Бухорода Султон Али мирзо бор. Буларнинг уруғи кўп. Ҳаммасига сизу биздек беклар керак. Сизга менинг маслаҳатим — Андижонда кўп турманг. Иликка тушиб қолурсиз.
— Ахсига борайми?
— Ҳа, Ахсида Узун Ҳасанга учранг. Сизни Жаҳонгир мирзонинг хизматига олур.
— Олурмикин? Балки Жаҳонгир мирзо Бобурга қарши боролмас?
— Сизу биздай беклари кўпайса борур! Жаҳонгир мирзо Андижон тахтига ишқибоз...

... Икки бек шу куни гапни бир жойга қўйдилару эртаси куни кечаси Аҳмад Танбалнинг ишончли одамлари Феруза дарвозасида соқчилик қилаётган пайтда Хонқулибек элликтача навкари билан секин шу дарвозадан чиқиб қочди. Орадан бир ҳафта ўтгач, Аҳмад Танбалнинг ўзи Зоминга карвонни кузатиб бориш баҳонаси билан навкарларини эргаштириб кетди-да, Самарқандга қайтмай, тўғри Ахсига йўл олди. Шундан кейин шаҳардан ташқарига зарур иш билан юборилган бек ва навкарларнинг қайтиб келмаслик ҳоллари тобора кўпая бошлади. Кечалари қалъа деворларидан ошиб тушиб қочаётганлар бунинг устига қўшилди. Қишнинг охирига бориб, Самарқандга Бобур билан келган бек ва навкарларнинг ярми ҳам қолмади. Одами жуда сийраклашиб қолган Бобур кетганларни қайтариб келиш учун энг содиқ беклардан бирини Андижонга юборди. Бироқ орадан йигирма кун ўтгач, бу бекни Аҳмад Танбал ва унинг тарафдорлари Андижон билан Ахси оралиғида тутиб олиб ўлдирганлиги ҳақида хабар келди. Фарғона водийсида ёмон бир фитна бошланганига энди шубҳа йўқ эди.

Фитначи бекларнинг бир қанчаси Хўжа Абдуллага қўл бериб, унга мурид бўлганликлари маълум эди. Бобур Қосимбек билан маслаҳатлашиб, охири Хўжа Абдуллани Андижонга юборди. Бобур тахтга ўтирган кезларда Хўжа Абдулланинг гапига кирган Узун Ҳасан ва бошқа фитначи беклар бу гал унинг насиҳатларию ваъдаларига мутлақо қулоқ солмадилар. Ниҳоят, фитначилар Андижонга ҳужум қилдилар. Хўжа Абдулла бошлиқ содиқ беклар шаҳар дарвозаларини беркитиб, қамалда қолдилар.

* * *

Бу мудҳиш хабар Самарқандга етиб келганда Бобур қаттиқ бетоб бўлиб, Бўстонсаройнинг иккинчи қаватидаги хобгоҳда иситмалаб ётган эди. Андижондан келган чопар ўрам қилиб сўрғичланган мактубни ясовулга кўрсатди-ю, аммо бермади:
— Ҳазрати хоним «амирзоданинг ўз иликларига беринг», деб буюрганлар!

Бобур ҳар куни неча қайта: «Андижондан чопар борми?» — деб сўрар эди. Ясовул чопарни дарҳол юқорига бошлади.

Хобгоҳ эшиги олдида уларни Бобурнинг шахсий табиби бўлган кичик жуссали мўйсафид тўхтатди:
— Бу китобатни аввал Қосимбек ўқимоқлари керак. Агар хушхабар бўлса, кейин амирзодамга берурсиз.
— Оналари, буюрганлар, устодлари Хўжа Абдулла ҳам тайинлаганлар, амирзодамнинг ўзлари ўқимоқлари керак.
— Ёмон хабар Мирзо ҳазратларини хароб қилиши мумкин! — деди табиб куюниб. — Асли ўзлари тумовлаб тузалиш арафасида эдилар. Ташвиш устига изтироб, изтироб устига кулфат, ҳаммаси қўшилди-ю, муолажани охирига етказмай туриб кетдилар. Мана бугун узликиб аҳволлари оғирлашиб ётибдилар!
— Андижон хавф остида. Агар тезроқ билдирмасак, кейин кеч бўлур, биздан норози бўлурлар!
— Йўқ, мен ҳозир ижозат бермайдирмен!
— Жаноби табиб...
— Йўқ, йўқ!

Бу баҳс ичкарида ётган Бобурнинг қулоғига чалинди. У баланд товуш билан:
— Чопар бўлса кирсин! — деб буюргандан кейин, табиб чопарга йўл берди.

Бобур катта танобий хонанинг тўрида ердан бир газча баланд қилиб солинган парқу тўшакда ётган эди. Чопар тўшакдан анча берида юкунди-да, тиззасида сирғалиб бориб, мактубни Бобурга икки қўллаб узатди.

Иситманинг зўридан бўғриқиб ётган Бобур ёнбошга туриб, мактубни титроқ қўллари билан очди. Ичма-ич иккита хат. Бирида Хўжа Абдулланинг имзоси. Бирини Қутлуғ Нигор хоним ёзган. Улар иккови ҳам Андижоннинг даҳшатли аҳволи, қамал тафсилотлари ҳақида ёзишган. Бобурдан бошқа нажоткорлари йўқлигини айтишиб, тезроқ етиб келишини илтижо қилишган эди.

Андижон қуршовда! Фитначи беклар Андижон тахтига Жаҳонгир мирзони ўтказмоқчилар. Аҳмад Танбални лашкарбоши қилишиб, Бобурдан ота юртини тортиб ол-моқчилар! Бобур уларни бунчаликка боради, деб ҳеч ўйламаган эди. Тўсатдан унинг устидан бир челак совуқ сув қуйилгандай бўлди-ю, аъзойи бадани музлаб, бўшашиб, боши ёстиққа «шилқ» этиб тушди. Тамом!

Танбал билан Жаҳонгир ғалаба қилса, уларнинг томонига қочиб ўтувчилар яна кўпаяди. Бобур ким билан қолади? Балки ҳозир ҳам Танбал томонга қочиб ўтаётганлар бордир? Балки Қосимбекнинг ўзи ҳам... Кутилмаганда хаёлига келган бу ўйдан Бобур шундай даҳшатга тушдики, бутун кучини тўплаб, ўрнидан сапчиб турди:
— Қосимбек қани??!
— Ҳозир келурлар, одам юбордик, — деди табиб мулойим товуш билан. — Амирзодам, ётинг, сизга ором керак!

Бобурнинг хаста хаёлида бирдан қилич тутган Танбал гавдаланди. Бобур бу қилични таниди. Ўшда Танбал шу қилични ўпиб, «то ўлгунимча содиқ қулингизман», деган эди. Танбал ўша қилични ҳозир гўё Бобурнинг боши устида ўйната бошлади... Танбалнинг оёғи ос-тида тоғдан хуржунга солиб келинган каллалар юмалаб ётипди. Уларнинг бири танишга ўхшади. Қутлуғ Нигор хонимнинг боши... Бобур алаҳсираб кўз олдига келтирган бу қўрқинчли хаёл уни гўё тўшакдан отиб юборди. У гилам устида ички кийимда оёқ яланг турганича:
— Шамширни беринг! — деб қичқирди. — Менга шамширни беринг!

Табиб уни маҳкам қучоқлаб олди:
— Амирзодам, хастасиз, ётмоғингиз керак... Амирзодам! — Табиб Бобурни гўё Танбалнинг қиличига тутиб бермоқда эди. Бобур унинг қучоғидан юлқиниб чиқиб эшикка интилди:
— От келтиринг! Мен Андижонга борамен! Шамшир қани? Бекларга хабар беринг! Тезроқ тайёрлансинлар!

Табиб унинг кетидан югурди. Дасторпеч Бобурнинг кимхоб тўнини олиб бориб елкасига ёпди, оёғига кавушини берди. Бобур кавушнинг бир пойини кийди-ю, иккинчисини кийишга тоқати етмади. Унинг боши гир-гир айланар, ҳаво етишмай, нафаси қисилар эди. Кўз олдида ҳамон ўша қонли қилич ва кесик каллалар.
— Хоин! — деди у Танбалга қарата. — Қонхўр!

Бобур айвон эшигига қараб чопди. Лекин эшик олдида гандираклаб йиқилди. Табиб билан дасторпеч уни беҳуш аҳволда тўшакка кўтариб келиб ётқизишди.

Сўнг у ярим кечага бориб сал ҳушига келди. Кўзини очиб, оғзига пахтадан сув томизаётган табибни кўрди. Назарида, тили шишиб, шундай катта бўлиб кетган эдики, бутун танасини тоғдай босиб ётарди. Бобур кўзини очганини сезиб, Қосимбек унинг тепасига келди:
— Хайрият-э!.. Амирзодам, бизни мунча қўрқитдингиз?

Бобур кўзлари мўлтираб нимадир демоқчи бўлди, аммо беҳад оғирлашиб кетган тилини қимирлатолмади.
— Энди яхшимисиз, амирзодам?

Бобур жим. Қарайди-ю, гапиролмайди. Унинг тилдан қолганини сезган Қосимбек кўзидан тирқираб чиққан ёшни кўрсатмаслик учун юзини четга бурди.

Андижон, Хўжанд - Увол Бўлган Орзулар

1

Тун қоронғиси устига осмонни қуюқ булут қоплади-ю, қалъа ичини зулмат босиб кетди. Андижон кўчалари таҳликали бир сукутга чўмган. Жимжит кечада арк дарвозасининг ғийқиллаб очилгани узоқларга эшитилди. Дарвозахонадан тушган хира ёруғда аркдан чиқиб келаётган бир тўп қуролли отлиқлар кўринди. Олдинда эркакча тўн ва бўрк кийган, белига камар боғлаб, ханжар осган Хонзода бегим. Унинг навкарлари орасида келаётган мавлоно Фазлиддин ҳам тўнининг устидан ҳарбийча камар боғлаб, белига қилич тақиб олган.

Самарқанддан қайтган чопар Бобурнинг ҳаёт билан ўлим орасида беҳуш бўлиб ётганини айтиб бергандан кейин қалъа ҳимоячиларининг бир қисми фитначилар томонга қочиб ўтиб кетди. Қўрғон деворларининг ҳар бир газини қўриқлаб туришга одам етишмай қолди. Қоронғи тунда душманнинг деворга нарвон қўйиб, ошиб тушиш хавфи кучайди. Ўн олти ёшида шўхлик билан йигитча кийиниб, чавгон ўйнаб юрган Хонзода бегим энди чинакамига қуролланиб, ҳаёт-мамотлари қил устида турган қалъа ҳимоячиларига кўмакка боряпти.

Қуюқ қоронғиликда отларнинг тақалари кўча тошларига урилиб учқун чиқаради. Ҳаводан ёмғир ҳиди келади, майин шабада эсади. Мавлоно Фазлиддин баҳор кирганини, қалъа ичидаги боғчаларда ўрик ва бодом гуллаганини эслади ва атрофига синчиклаб қаради, аммо биронта оқарган нарса кўзига чалинмади. Тун бутун борлиққа қоп-қора парда тортиб қўйган эди.

Мавлоно Фазлиддин мана шу шаҳарда қурмоқчи бўлган мадраса ва сарой тарҳини Хонзода бегимга кўрсатиб, унинг мақтовини эшитган ёруғ кунларини эслади-ю, юрагини армон ғижимлаб ўтди. Бобур Самарқандни олгани ҳақида хабар келгандан кейин мавлоно Фазлиддин орзуси энди амалга ошишига астойдил ишонган эди. Хонзода бегим ҳам уни бир неча марта ўз ҳузурига чақириб, бўлажак қурилишларга қаердан ўрин танлаш ва тайёргарлик ишларини қандай бошлаш ҳақида узоқ-узоқ гаплашган эди.

Аркдан чиққан отлиқлар қоронғида тусмол билан қалъанинг Мирзо дарвозаси томонга борар эканлар, мавлоно Фазлиддин олдинда хомуш кетаётган Хонзода бегимнинг ўша суҳбатлар пайтидаги маъсум ва шод қиёфасини эслай бошлади.

Одатда Хонзода бегим уни канизлари билан истиқомат қиладиган олти хоналик циркор уйнинг ташқи бўлмасида қабул қилар эди. Бегим эркаклар билан гаплашганда махсус ишланган ипак парданинг ортида ўлтиради. Лойиҳанинг баъзи жойларини сўз билан изоҳлаш мушкул бўлиб қолса, Хонзода бегим орадаги пардани очиб:
— Қани, гумбаз билан миноралар орасида нелар бўлур? — деб сўрайди.

Улар иккови икки томондан қоғоз устига энгашганларида гоҳ нафаслари бир-бирлариникига қўшилиб кетгандай бўлади. Мавлоно Фазлиддин Ўшда, қоятош устида би-ринчи марта бошдан кечирган ажойиб туйғу яна борлиғини маст қилади. У ишдан бошқа нарса ҳақида гап очишга қўрқади, атрофларида юрадиган канизларга ҳаяжонини сездирмасликка тиришади. Қутлуғ Нигор хоним дуч келиб қолса, эгилиб таъзим қилиш билан кўзини ундан яширади. Бироқ сўнгги марта учрашганларида Хонзода бегимнинг ўзи тўсатдан:
— Мавлоно, нечун шу ёшгача уйланмагансиз?— деб сўраб қолди.

Қиз асилзодаларга хос бир назокат билан ўзини эркин тутиб кулимсираётган бўлса ҳам, кўзининг ҳаёдан ялтиллаб кетганини мавлоно Фазлиддин пайқади. Мавлоно сири очилиб қолишидан қўрқиб, ҳазил билан қутулмоқчи бўлди:
— Бегим, фақир дунёдан тоқ ўтмоқчимен.
— Менга ўхшабми?
— Йўқ, бегимнинг тоқ ўтишларига ақлим бовар қилмайдир.
— Не сабабдан?
— Ахир сиз... бу дунёда... не-не шаҳзодалар, асилзодалар бор.
— Бўлса бордир. Аммо мавлоно ўзлари билган шаҳзодаю асилзодаларнинг қайси бирига... мени муносиб кўрурлар?
— Агар бўлса, фақат Фарҳодни сизга муносиб кўрур эдим.
— Нечун фақат Фарҳодни?

Мавлоно жавоб тополмай тараддудланган эди, Хонзода бегим яна савол берди:
— Фарҳод ҳам сиздек меъмору бинокор бўлгани учундир?
— Бундай дейишга фақирнинг ҳаддим сиғмайдир.

Мавлоно маъюс бўлиб айтган бу сўзлар Хонзода бегимни ҳам маъюслантириб қўйди. У оғир тин олди-да:
— Худойим мени нега шоҳ қизи қилиб яратди экан?— деди. — Мен ҳам фақир бир қиз бўлсам, бахтимни топишим балки осонроқ бўлур эди...

Мавлоно Фазлиддин бегимнинг бу сўзларини ҳар эслаганда кўнгли бир даража кўтарилади. Демак, Хонзода бегим унинг муҳаббат дардини билади. Биладигина эмас, балки ўз қалбида унга ҳамдардлик ҳам сезади. Шоҳ қизи билан оддий меъмор орасидаги тоғдай фарқлар бегимни ҳам эзади. Агар Хонзода бегим унга астойдил кўнгил берса, мавлоно бу тўсиқларни енгиб ўтиши мумкин эмасмикан? Ўшда қурган кичик бир ҳужраси учун Бобур мирзо уни шунчалик эъзозлаган эди. Энди агар бу водийда катта обидалар қурса, мавлононинг обрўси баъзи асилзодаларникидан кам бўлмаслиги мумкин. Бобур танти йигит, опасини яхши кўради. Балки уларга марҳамат кўрсатар. Бундан қатъи назар, мавлононинг меҳрига Хонзода бегимнинг қарши эмаслиги, у билан учрашиб туришга майли борлиги — мана шунинг ўзи ҳам мавлононинг қалбини ҳароратли, ёруғ туйғуларга тўлдириб юрар эди.

Бироқ Андижон қамалда қолгандан кейин мавлононинг орзу-умидларини мана шу тун каби қоронғи зулмат ўз қаърига тортиб кетди. Барча лойиҳалари кераксиз қоғозга айланди. Мавлоно Фазлиддин урушни ҳам, навкарликни ҳам бутун вужуди билан ёмон кўрар эди. Бироқ бугун аркка бориб Самарқанддан келган ёмон хабарни эшитди ва Хонзода бегимнинг қуролланиб чиқаётганини кўрди-ю, лоқайд қараб туролмади. Бу мушкул вазиятда титраб-қалтираб, тақдир зарбасини кутиб ўтиргандан кўра, қурол билан ҳимояга чиқиш яхшироқ эканини сезиб, умрида биринчи марта белига қилич тақди. Мана, ҳозир ваҳимали қоронғиликда сув қуйгандай жимиб ётган шаҳарни оралаб борар экан, бир неча қадам олдинда Хонзода бегим ҳам кетаётгани, мавлоно уни шу навкарлар қатори ҳимоя қилиши мумкинлиги кўнглига бир қадар таскин берарди.

Улар Мирзо дарвозасига яқинлашганларида қалъа ташқарисида бирдан карнай ва нақора чалингани, юзлаб навкарларнинг қичқириқлари эшитилди. Хонзода бегим орқага ўгирилиб:
— Ёғий дарвозани очмоқчи! — деди-ю, отининг бошини қўйди. Бошқалар унинг кетидан от чоптиришди.

Ёвнинг бир қисм кучлари Мирзо дарвозаси қаршисида ғавғо кўтариб, қалъага ёниб турган ўқлар отаёт-ган пайтда бошқа бир гуруҳ навкарлар қалъанинг пана томонига нарвон қўйиб, секин чиқиб келмоқда эдилар. Девор шинакларидан бирида ўтирган қоровул йигит буни сезиб қолди-ю, дарвозахона тепасида машъала ёруғида одамларга иш буюриб турган Хўжа Абдуллага қичқирди:
— Пирим, ёғийлар бу ёқда нарвон қўйиб чиқмоқдалар! Нарвон!!

Хонзода бегим навкарлари билан ўша қоровул турган жойга бориб отдан тушди. Навкарлардан бири машъала ёқди. Унинг ёруғида деворга чиқиладиган зинапоя кўринди. Мавлоно Фазлиддин девор тепасидаги хатарга Хонзода бегим ҳаммадан аввал рўбарў бўлишидан қўрқди-ю, зинапояга биринчи бўлиб қадам қўйди. Шинакка етганларида бегимнинг қўлидаги машъаласини олди:
— Эҳтиёт бўлинг, бегим, ёғийга кўринманг!

Деворга ташқаридан қўйилган кенг нарвонларнинг учлари хиёл чиқиб турар эди. Ёрдамчилар етиб келганидан дадилланган бояги қоровул йигит нарвонлардан бирини икки қўллаб итариб, ағдариб ташлаётган пайтда пастдан зарб билан отилган ёй ўқи унинг кўкрагига қадалди. Бечора йигитни ушлаб қолишга улгуролмадилар— нарвон билан бирга қалъадан ташқарига учиб кетди.

Шинак атрофига қиррали тошлар тайёрлаб қўйилган эди. Хонзода бегим шу тошлардан бирини икки қўллаб олди-ю, пастга отди. Бошқа навкарлар ҳам нарвон қўйилган жойнинг пастини мўл тош ота бошлади. Пастда эшитилган дод-войлар ва инграшларга қараганда, бу тошлар мўлжалга тегмоқда эди.

Шу пайт қалъанинг нариги четида — Хакан дарвозаси томонда қўшкарнайларнинг ғат-ғати, табл ва нақора товушлари, аллакимларнинг ғолибона қичқириқлари эшитилди. Мавлоно Фазлиддин шовқин келаётган томонга қулоқ солиб туриб қўрқиб кетди. Бу галги ғавғо шаҳар ичида кўтарилмоқда эди.
— Бегим, қулоқ солинг! Ёғий қалъага кирганми?

Шаҳар ичидан бу томонга ёпирилиб келаётган шовқиндан Хонзода бегим ҳам сесканиб кетди. Пастдан Нўён Кўкалдош жон-жаҳди билан қичқирди:
— Бегим, хиёнатчилар Хакан дарвозасини ёғийга очиб бермишлар. Тезроқ аркка қайтинг! Аркка!

Нўён от чоптирганча Мирзо дарвозаси томонга ўтиб кетди. Хонзода бегим зинапоядан пастга чопиб тушар экан, мавлоно Фазлиддин қўлидаги машъала билан унинг изидан югурди. Отга минганларидан кейин Хонзода бегим:
— Машъалани ташланг! — деб буюрди.

Машъала мавлонони ёв ўқига нишон қилиб бериши мумкин эди. Мавлоно Фазлиддин ёниб турган машъалани ерга ташлади-ю, бегим билан бирга аркка қараб от чоптириб кетди.

Аммо улар аркка яқинлашганларида бир неча юз отлиқлар олдиларидан қирқиб чиқдилар ва дарвоза йўлини тўсиб қўйдилар. Қуролли отлиқлар орасида машъала кўтарган навкарлар ҳам бор эди. Машъала ёруғида белига олтин камар боғлаган, дубулға ва жиба кийган Аҳмад Танбал кўринди-ю, мавлоно Фазлиддиннинг борлиғи музлаб кетгандай бўлди. Танбалнинг қўшини Хонзода бегимни ва унинг навкарларини дарҳол қуршовга олди. Аҳмад Танбал ёнидаги навкарга шўх товуш билан гапирди:
— Машъалани яқинроқ тут! Ие, Хонзода бегиммилар? Кўзларимга ишонмаймен! Бегим, бу не ҳол? Нечун мардона кийим кийибсиз?
— Номардлар кўпайиб кетгани учун мардона ки-йиндим!

Танбал бу истеҳзони ўзига олгиси келмай кулди:
— Қўрғонда мардлар қолмаган бўлса, мана, биз келдик, бегим!

Танбалнинг кетида турган Узун Ҳасан бу гапни ёқтириб хахолади. Машъала ёруғи беклар орасида аянчли кулимсираб турган кўсанамо Али Дўстбекка тушди. Бобур Андижонни мана шу одамга ишониб топшириб кетган эди. Али Дўстбек эса Бобурни ўлим тўшагида ётипти, деб эшитиб ундан умидини узган эди. Боя Танбалнинг қўшини Мирзо дарвозасининг олдида жўрттага ғавғо кўтарган, деворга нарвон қўйиб чиқмоқчи бўлганлар ҳам ҳимоячиларни атайлаб чал-ғитган эди. Аҳмад Танбал билан тил бириктирган Али Дўстбек бугун мана шу тўполон пайтида қалъанинг нариги четидаги Хакан дарвозасини ёвга секингина очиб берган эди. Хонзода бегим буни энди фаҳмладию, Дўстбек билан Аҳмад Танбалга нафрати ошиб, жирканиб кўз ташлади:
— Сизларми мардлар?! Сизлар учун мардлик билан хоинликнинг фарқи қолмадими?! Кечагина Бобур мирзога содиқмиз, деб қасамёд этганлар бугун унга шунчалар ёмонлик қилмоқдасиз! Мен аминмен: эртага сиз Жаҳонгир мирзога ҳам хиёнат қилурсиз!

Аҳмад Танбал қиличининг сопини чангаллаб:
— Ҳаддингиздан ошманг, бегим! — деди. — Бобур мирзо адолатсизлик қилди. Самарқанд олингандан кейин Андижон Жаҳонгир мирзога берилмоғи керак эди. Бобур мирзо бермади! Биз адолат учун жанг қилиб, мана бугун ғалабага эришдик! Аммо сиз шарму ҳаёни унутиб, нечун бизни бунчалик ҳақорат қилмоқдасиз? Шоҳ қизига ярашмайдиган бу қилиқни сизга ким ўргатди? Ёнингиздаги муллоча ўргатдими?!

Аҳмад Танбалнинг ғазабли кўзлари мавлоно Фазлиддинга қадалди. Мавлоно Фазлиддин ҳам унинг кўзларига кўзини қадаб гапирди:
— Бегим шарму ҳаёдан сизу бизга сабоқ беришга қодирлар! Бегимнинг ҳақ сўзларини фақат қаллоблар ҳақорат деб тушунурлар!
— Ким қаллоб? — деб Аҳмад Танбал қиличини суғуриб, мавлонога қараб от чоптирди. Шунда Хонзода бегим отини ниқтаб унинг йўлини тўсиб чиқди:
— Илму ҳунар аҳлига тиғ тортиш уят!

Икковининг отлари бир-бирига урилиб, айқашиб кетди. Аҳмад Танбал қиличини ҳавода ўйнатар экан:
— Бегим, бу муллочани маъшуқалардек ҳимоя қилишлари уят эмасми? — деди. — Биз махфийлардан эшитган эдик, аммо лойиҳа чизиш баҳонаси билан бу муллоча бегимни нечоғлик ром қилганини билмас эканмиз!

Кўпчилик олдида Аҳмад Танбал Хонзода бегимнинг номига доғ туширмоқчи бўлгани Хонзода бегимни шунчалик ғазаблантирдики, у белидан ханжарини суғурди:
— Мени бадном қилолмайсен, аламзада хоин! — деб, бор кучи билан Танбалнинг кўкрагига тиғ урди. Ханжар Аҳмад Танбалнинг тўни тагидан кийган зирҳли жибасига тегдида, жаранглаб, сирғаниб кетди. Аҳмад Танбал қиличини Хонзода бегимнинг тепасида сермади. Қилич зарбидан Хонзода бегимнинг бошидаги бўрки учиб кетди-ю, узун сочлари ёйилиб елкасига тушди.

Шу пайт орқадан ўн тўрт ёшли Жаҳонгир мирзо бир тўп мулозимлари билан келиб қолди. Буни кўрган Дўстбек Аҳмад Танбални огоҳлантирди:
— Аҳмадбек жаноблари, бас, бўлди!

Хонзода бегим ўгай бўлса ҳам ҳар қалай, Жаҳонгир мирзонинг опаси эди, шоҳ қизини кўпчиликнинг олдида сазойи қилишга йўл қўймас эди. Аҳмад Танбал Жаҳонгир мирзо томонга отини бурди ва ўзини оқламоқчи бўлиб гапирди:
— Бу қандай ҳол, амирзодам? Наҳотки эгачингиз сизга қарши қурол кўтариб чиқса? Ёнларидаги фитначи меъмор эгачингизни йўлдан урмиш, амирзодам!
— Мавлоно Фазлиддин сиздек хиёнатчи бекдан минг ҳисса софдил, минг ҳисса олижаноб! — деди Хонзода бегим.— Мавлононинг меъморлик санъати Андижоннинг ифтихори бўлиши мумкин эди. Аммо сиздек қонхўрлар унинг орзуларини увол қилдингиз! Илоҳим шу орзуларнинг уволи тутсин сизни!

Хонзода бегим сўнгги сўзларини йиғлаб айтди-ю, отини қамчилаб, арк дарвозасига қараб интилди. Бироқ дарвозани девордек тўсиб турган навкарлар унга йўл бермадилар. Бегим ёшли кўзлар билан орқага — мавлоно Фазлиддинга ўгирилиб қаради.

Мавлоно Фазлиддин белини пайпаслаб, қиличининг сопини топди-да, уни қинидан уқувсизлик билан суғуриб олиб, Хонзода бегимнинг йўлини тўсган навкарларга қараб ин-тилди. Аммо Аҳмад Танбалнинг отлиқ навкарлари мавлоно Фазлиддиннинг йўлини тўсиб чиқдилар. Иккитаси мавлоно минган отни жиловидан ушлаб тўхтатди. Бири оғир чўқмор билан мавлононинг билагига уриб, қиличини қўлидан тушириб юборди.

Бу орада Жаҳонгир мирзонинг ишораси билан нариги навкарлар Хонзода бегимга йўл берган эдилар. Бегим ёлғиз ўзи арк дарвозасидан от қўйиб ўтар экан, яна орқага ўгирилиб қаради. Навкарлар яна девордек бўлиб, дарвоза йўлини тўсиб олган эдилар. Мавлоно Фазлиддин ёв қўлида қолганини сезган бегим ўкириб йиғлади.

Унинг йиғисига фақат дарвозахона шифти бўғиқ бир нидо билан жавоб берди, холос.

Танбалнинг одамлари мавлоно Фазлиддинни отдан тортиб туширдилар ва қўлини орқасига боғлаб, пиёда ҳайдаб кетдилар.

2

Чўқмор зарбидан жароҳатланган билаги қаттиқ оғриётганини мавлоно Фазлиддин қоронғи бир ҳибсхонада ёлғиз ўзи қолганда сезди. Уни Андижоннинг Чақаридаги тош истеҳком ичига, ўлим жазосини кутадиган маҳбуслар ҳужрасига қамаб, эшигини ташқаридан қулфлаб олдилар. Бу билан ҳам қаноат қилмай эшик олдига иккита соқчи қўйиб қўйдилар. Боя арк дарвозаси олдида Аҳмад Танбал билан Жаҳонгир мирзонинг ўзаро гапларидан мавлоно Фазлиддин шуни аниқ сездики, уни шоҳ қизига тама қилишда ва олий зотларга беадабона муносабатда бўлишда айблаб, эртага тошбўрон қилиб ўлдиртирмоқчилар. Шу билан Аҳмад Танбал Хонзода бегимни ҳам бадном қилиб, бир аламдан чиқса керак. Бобур ва унинг тарафдорлари халқ орасида ёмонотлиқ бўлишларидан Жаҳонгир мирзо ва унинг онаси Фотима Султон бегим ҳам манфаатдор эдилар, бу билан улар Андижон тахтини наригилардан тортиб олиб тўғри иш қилганларини исботлагандай бўлардилар.

Рутубатли зах ҳужрада қоронғиликка тикилиб ўтирган мавлоно Фазлиддин орқасига боғланган қўлларини белига босиб, билагининг оғриғини тўхтатмоқчи бўлар, лекин оғриқ пасайиш ўрнига тобора зўраяр эди. Бу ҳали биргина чўқморнинг зарби... Эртага унинг устига дўлдай ёғиладиган тошларнинг оғриғи қанчалик даҳшатли бўларкин? Мавлоно буни кўз олдига келтирганда эти жунжикиб, ўрнидан туриб кетди. Гўё у ҳозир ҳибсхонада эмас, бир-бирига қараб қулаётган икки тоғнинг оралиғида турибди-ю, энди ҳар икки томондан учиб тушган қоятошлар уни эзиб мажақлаши керак. Мавлоно бу балодан қутулмоқчи бўлгандай эшикка томон интилди. Елкасини ёпиқ эшикка уриб, жон-жаҳди билан қичқирди:
— Очинг! Очинг дейман! Очинг!

Кутилмаган бу қичқириқдан чўчиб тушган бир соқчи қаҳр билан сўради:
— Жин урдими? Не гап?
— Илкимни ечинглар! Жоним керак бўлса эртага олурсиз! Илким жароҳатланган! Ечиб қўйинглар!

Соқчилар бу ерда пойлоқчи бўлиб ўтирганларидан жуда асабий эдилар. Чунки ҳозир бошқа ғолиблар Бобур тарафдорларининг молу мулкларини талон-торож қилиб бойимоқда эди. Тун ярмидан оққан бўлса ҳам Андижоннинг кўчалари ва ҳовлиларидан отларнинг ду-пури, итларнинг вангиллаши, аёлларнинг дод-войи, бемаҳал қўзғатилган сигир ва қўйларнинг маъраши эшитилмоқда эди. Бу ерда қолган соқчилар қанчалик кўп ўлжалардан маҳрум бўлаётганларини мана шу товушлардан пайқаб, ич-этларини еб ўтирар эдилар. Бунинг устига маҳбуснинг асабий гаплари қўшилиб, уларнинг жаҳлини чиқарди. Хириллаган овозга қараганда ёши анчага бориб қолган бир соқчи:
— Илки жароҳатланган эмиш-а! — деди. — Эртага асфаласофилинга кетадиган ҳароми, бугун илкингни ўйлаб нима қиласен?

Эшик ортидаги маҳбуснинг нафрат билан:
— Жаллодлар! — дегани эшитилди.

Хириллоқ соқчи ўрнидан сапчиб туриб дўқ қилди:
— Жим ёт, ўлакса! Ҳозир кириб, бир жароҳатингни ўнга етказамен!

«Қандай кунларга қолдим? — деди мавлоно ўзига-ўзи. — Одамзод шунчалик шафқатсизми?» Ўлим шунчалик нақд экан, бугун мана бу махлуқлардан гап эшитиб, эртага тош-бўронда хор бўлиб ўлгандан кўра, Танбал билан олишиб, қўлида қиличи билан жон бергани яхши эмасмиди? Боя Хонзода бегимнинг олдида мавлоно шунга қодир эди-ку! Нега тақдир уни шундан ҳам маҳрум қилди?

Ташқарида от тақасининг ҳовли тошларига урилиб қарсиллагани эшитилди.
— Ким келди? Тўхта!

Ҳовлига кириб келган уч отлиқдан бири:
— Хўжа Абдулла, мавлоно қози ёш подшоҳнинг фармойиши билан келдилар! — деди.

Келганлар бирин-кетин отдан тушдилар. Икки соқчи узун найзаларини уларга тўғриладилар:
— Фармойишни аввал ўнбошига кўрсатмоқ керак!— деди хириллоқ соқчи.

Унинг тепасида хирагина фонус ёниб турар эди. Малла чакман кийган Хўжа Абдулла соқчиларнинг найзасига қараб келар экан:
— Ўнбошини тополмадик! — деди. — Нечун бу ерда сизлардан бошқа ҳеч ким йўқ?

Ёшроқ соқчи аламли товуш билан:
— Бошқалар ўлжанинг кетидан қувиб кетгандир-да, — деди.

Хўжа Абдулла қўлида ўрам қилинган қоғоз билан икки соқчининг найзалари қаршисига келиб:
— Ундай бўлса фармойишни сиз бажармоғингиз керак, — деди. — Олинг, ўқинг!

Нариги икки навкар отларини девор тагидаги устунга боғлаб, ўзлари Хўжа Абдулланинг кетидан келмоқда эдилар.
— Сизлар ўша жойда тўхтангиз! — деди хириллоқ соқчи. Навкарлар тўхташди. Хириллоқ соқчи найзасини кўтариб, Хўжа Абдуллага йўл берди, сўнг унинг қўлидаги қоғозни очиб кўрди. Қимматбаҳо қоғоздаги қисқагина ёзув тагига шоҳона муҳр босилган эди. Хириллоқ соқчи муҳрни чироқ ёруғига солиб кўрди, аммо ўқиёлмади. У чаласавод эди.
— Қани, сен ўқи-чи, — деб ёшроқ соқчига берди. Бироқ униси бутунлай саводсиз эди. Қоғозни қўлида айлантириб, Хўжа Абдуллага қаради:
— Пирим, бу қанақа фармойиш?
— Бу ерда ётган нобакор жуда хатарли маҳбус. Уни аркка олиб кетмоғимиз керак.

Орқада турган навкарлардан бири қўшимча қилди:
— Мавлоно қози аркда у ҳаромини сўроқ қилмоқлари зарур!

Хўжа Абдулла Андижоннинг энг машҳур қозиси ва жуда кўп мўътабар одамларнинг пири эканини соқчилар ҳам билар эдилар. Улар Хўжа Абдуллани бир кўришдаёқ таниган эдилару, аммо унинг Бобур тарафида туриб жанг қилганини эслаб иккиланар эдилар.
— Бу ўзи Жаҳонгир мирзонинг фармойишларими?— сўради хириллоқ соқчи.
— Шубҳалансангиз, ўқиб кўринг!
— Маҳкам сақланглар, деб буюрган эдилар-да, пирим.
— Маҳкам сақлаганларинг шуми? Юзбоши қани? Нечун фақат икковлон қолмишсиз? Бу нобакорнинг тарафдорлари кўплашиб ҳужум қилса қандоқ қилурсиз? Йўқ, буни тезроқ аркка олиб кетмоқ зарур! Эшикни очинг!

Ёш соқчи кексасига қараб: «Бу қози ҳам энди Жаҳонгир мирзо томонига ўтибди-да, бўлмаса бунчалик жон куйдирармиди?» — демоқчи бўлди. Бироқ униси ҳамон иккиланар-ди:
— Биз кейин не деймиз?
— Сиз икковингиз ҳозир биз билан бирга кетурсиз! — деди Хўжа Абдулла. — Буни кўплашиб қўриқлаб бормасак, олдириб қўйишимиз мумкин!

Шундан кейин хириллоқ соқчи ҳам бўшашди. Найзасини деворга тираб қўйиб, эшикни очди. У ичкарига қадам қўйиши билан Хўжа Абдулланинг ҳамроҳларидан бири ёш соқчининг бошига қора бир нарсани ёпиб, ўзини ерга ағанатди. Иккинчи навкар хириллоқ соқчининг бошидаги дубулғасига чўқмор билан қарсиллатиб уриб, уни ичкарига қулатди-да, устидан босиб тушди.

Хўжа Абдулла ҳамроҳларига шивирлади:
— Ўлдирманглар, уволларига қолмайлик!
— Ўлдирмасак кейин булар сизни тутиб берурлар!

Мавлоно Фазлиддин жияни Тоҳирнинг овозини таниб:
— Жияним! Тоҳиржон! — деб қичқирди.

Қора парда ичида талваса қилаётган ёш йигит эса:
— Пирим, шафқат қилинг! — деди. — Пирим! Сизга зинҳор ёмонлик қилмаймиз! Қутқаринг, пирим!
— Бас! —деб шивирлади Хўжа Абдулла Тоҳирга.— Оёқ-қўлларини боғласаларинг бўлди!

Мавлоно Фазлиддин Тоҳир билан Хўжа Абдуллага томон отилди:
— Устод!... Жияним!.. Нажоткорларим!..

Тоҳир наригиларнинг қўл-оёғини боғлаш билан овора эди.
— Мавлоно Фазлиддин, қанисиз? — деди Хўжа Абдулла.

Хўжа Абдулла мавлонони бағрига босар экан, унинг қўли боғлиқ эканини сезди-ю, қучоғидан қўймай эшикдан ташқарига олиб чиқди. Фонус ёруғида белидан ханжарини олиб, мавлононинг қўли боғланган ола чилвирни кесиб ташлади.

Тоҳир шериги билан нариги икки соқчини ичкарига қамаб, эшикни қулфлади-да, тоғасининг қучоғига отилди.
— Жияним, худо сени қайдан етказди?
— Боя Самарқанддан чопар бўлиб келдим!
— Бобур мирзо соғмилар?
— Ҳа, тузалиб қолдилар. Ёрдамга етиб келмоқчилар!
— Андижон қўлдан кетганини билурларми?
— Ҳали билмайдилар-да!..

Хўжа Абдулла уларга шипшиди:
— Энди жим!

Тоҳир тоғасини отига мингаштириб олди. Чақардан секин чиқиб, қалъанинг овлоқ бир четига қараб кетдилар. Ғолиблар ҳовлиларда ҳамон талон-торож билан банд эдилар. Тўртовлон уч отда қалъа деворининг тагига келдилар. Энди ҳамма ҳимоячилар тарқаб кетиб, девор атрофи ҳувиллаб қолган эди.
— Мана шу ерда ошиб ўтишга қулай жой бор, — деди Хўжа Абдулла.

Ҳаммалари отдан тушдилар. Тоҳирнинг шериги ҳуржунидан ўрам қилинган арқон олди. Тўртовлон махсус зинапоядан девор тепасига чиққанларида Хўжа Абдулла мавлоно Фазлиддинга ёндашди:
— Мавлоно сизни дарвозадан отлиқ чиқариш хатарли. Таниб қолурлар.
— Миннатдормен, устод!

Хўжа Абдулла қўйнидан бир нарса олиб, мавлононинг қўлига тутқазди. Бу — ичи олтинга тўла оғиргина чарм ҳамён эди.
— Буни сизга хоним ҳазратлари бериб юбордилар,— деди Хўжа Абдулла.
— Воқеадан хоним ҳазратлари ҳам хабар топдиларми?
— Ҳазрат хоним йиғлаб мендан илтимос қилдилар. Аҳмад Танбал сиз орқали бегиму хонимларни шармисор қилмоқчи экан. Аммо биз тирик бўлсак, Бобур мирзонинг оиласига ҳам, муборак номига ҳам доғ тушурмагаймиз!

Мавлоно ҳамённи олиб қўйин чўнтагига солар экан:
— Мен тўғри Бобур мирзонинг ҳузурларига йўл олурмен! — деди.
— Мавлоно, — деди Хўжа Абдулла маъюс товуш билан. — Биз хоним ҳазратлари билан сизга бошқа бир маслаҳат бермоқчи эдик.

Андижонда араб тилини Хўжа Абдуллачилик яхши биладиган одам йўқ эди. Бир вақтлар мавлоно Фазлиддин ҳам шу одамдан араб тилидан сабоқ олган эди ва шундан бери уни устод деб атар эди:
— Қандай маслаҳат бўлса бош устига, устод!
— Самарқандга Тоҳирбек борурлар.
— Мен тоғамни бирга олиб кетсам-чи? — деди Тоҳир.
— Йўқ, Тоҳирбек, сиз чопарсиз. Балки Бобур мирзо Самарқандни ташлаб чиққандирлар... Мавлоно, сизнинг ноёб истеъдодингиз бор. Сиз ўзингизни эҳтиёт қилмоғингиз керак. Мовароуннаҳрдаги бу фаторатлар[45] ҳали-бери босилмаса керак. Мавлоно, сиз бир вақтлар Ҳиротга кетиш фикрингиз борлигини айтган эдингиз. Энди шу фикрни амалга оширадиган пайт келди.

Ҳиротга бир марта бориб келган мавлоно Фазлиддин нотинч ўлкалардан ойлар давомида юриб ўтиладиган беҳад машаққатли йўлларни кўз олдига келтирди-ю, юрагини ғам босди. Жароҳатли қўлининг оғриғи боя эсидан чиққан экан, энди бу оғриқ янги бир куч билан қайтиб келди. Мавлоно оғриётган билагини чангаллаб:
— Мен ватанни қандай тарк этай, пирим? — деди.
— Ҳозир Алишер Навоий яшаб турган Хуросон ҳам бизга ватан эмасми, мавлоно?
— Ватан, албатта... Аммо мен... балки қайтиб келолмасмен. Кулбамда китобларим, лойиҳаларим қолган, Тоҳир жиян!..
— Ҳозироқ қайтиб бориб, барчасини яширтириб қўюрмен, хотиржам бўлинг, мулла тоға!

Мавлоно Фазлиддин Хонзода бегимни энди умрбод кўролмаслигини олдиндан сезаётгандай юраги увушди. Хўжа Абдулла билан Қутлуғ Нигор хоним уни Ҳиротга жўнатаётганларининг бир сабаби, мавлоно билан Хонзода бегим орасидаги нозик муносабат ва шунга оид пасту баланд гаплар эди.

Мавлоно Ҳиротга кетиши билан Хонзода бегим атрофида бўлаётган гаплар тезроқ босилиши мумкин эди. Мавлоно шуни ўйлади-ю:
— Майли, устод, — деди. — Мен Бобур мирзонинг номларини пок тутиш учун ҳар ишга тайёрмен. Аммо бир илтимос: хоним ҳазратларига айтинг, ёлғон овозаларга ишонмасинлар. Хонзода бегим ҳалолу покизаликда беназирлар!
— Сиз ҳам шундайсиз, мавлоно, мен билурмен. Биз бунга ишонмаганимизда, жонимизни гаровга қўйиб, бояги соқчиларни алдаб юрмас эдик. Мен умримда шундай ишлар қилурмен, деб ҳеч ўйламаган эдим. Мана, Тоҳирбек менга далда берди. Аммо ёғийларнинг ғаламислиги ҳам кишини мажбур қилар экан!
— Сизлар менга янгидан жон ато қилдиларингиз, устод! Энди ўзингиз ҳам эҳтиёт бўлинг! Жияним, сен ҳам!..
— Рост, пирим ҳам Андижондан узоқроқ кетсалар, бехавотир бўлур эдик! — деди Тоҳир.
— Ҳаммамиз кетсак, хониму бегимларга ким мадад берур? — деди Хўжа Абдулла. — Шўрлик муштипарлар ҳозир мени кутиб ўтирган бўлсалар керак.

Осмоннинг шарқ томонидан бир парчаси хиёл оқариб келмоқда эди. Мавлоно Фазлиддин шуни кўриб, арқонни белига боғлай бошлади.
— Насиб бўлса ҳали яна кўришурмиз, мулла тоға!
— Тоҳир, жияним, менинг тарҳларим... чизган суратларим йўқолиб кетмасин. Сен ҳарбий одамсен, асрашинг қийин. Шунинг учун иложи бўлса ҳаммасини Хонзода бегимга бергин.
— Бажонидил!
— Мен бу илтимосингизни Хонзода бегимга ҳам етказурмен! — деди Хўжа Абдулла.

Улар қучоқлашиб хайрлашдилар. Сўнг мавлонони белига боғланган арқон ёрдамида ўн бир газли девордан пастга туширдилар.

Мавлоно тонг ёришганда Қуванинг йўлига чиқиб олди.

Аммо қўрғон ичида қолган Хўжа Абдулла эртаси куни чошгоҳ пайтида Хакан дарвозасининг яқинида турадиган бир муридининг ҳовлисида яшириниб ўтирганда Аҳмад Танбалнинг одамлари уни қўлга туширдилар. Чақарда қўли боғлиқ ётган соқчилар қаттиқ сиқув остида мавлоно Фазлиддинни ким озод қилганини Аҳмад Танбалга айтган эдилар.

Аҳмад Танбал Хўжа Абдулла тутилган жойга от чоптириб келганда кўчани одам тутиб кетган эди. Қўли орқасига боғланган кўйлакчан Хўжа Абдулла қуролли навкарлар қуршовида секин юриб бормоқда эди. Унинг оёқларидан мадор кетган, ранги ўчган. Оқ салласи ва кўйлагининг оқлиги ўсиқ соқолини одатдагидан қорароқ кўрсатар эди.

Халойиқ Аҳмад Танбалга йўл бериб четланди. Хўжа Абдуллани ҳайдаб бораётганлар тўхтадилар. Аҳмад Танбал ҳам отини жиловидан тортиб тўхтатди:
— Ҳа, алдамчи пир! — деди. — Бизга шунча ёғийликлар қилганингиз озмиди, энди соқчиларни алдаб, ҳароми муллочани ҳам қочирибсиз!
— Мен бир бегуноҳ ҳунарпешани адолатсиз ўлимдан қутқардим, холос!
— Соқчиларга ёлғон муҳрлар кўрсатишга уялмадингизми, алдамчи пир?!

Ўнлаб кўзлар Хўжа Абдуллага тикилди. Агар Хўжа Абдулла Танбалдан қўрқиб, саросимага тушса, ўзини йўқотиб қўйса, гуноҳи бўйнига тушгандай кўриниши мумкин эди. Шуни ўйлаб, Хўжа Абдулла иложи борича дадил гапиришга тиришди:
— Мен соқчиларга Бобур мирзонинг муҳрларини кўрсатдим. Чунки Бобур мирзони Андижоннинг ягона подшоси деб билурмен!
— Сен, имонсиз, муридларингни яна алдамоқдасен! Бобур мирзо Самарқандда вафот этган. Ҳозир тожу тахт Жаҳонгир мирзоники!
— Мусулмонлар, бу гапга ишонманг! Алҳамдулиллоҳ, Бобур мирзо тириклар! Андижонга яна келурлар!
— Ёлғон! Халойиқ, сиздек муридларини алдаб юрган, айбини яширмоқ учун ифлос бир ҳаромини биздан қочирган бу имонсиз пир тошбўрон қилиб ўлдирилиши керак! Тош отинг бунга! Савобталаб бўлсангиз тош отинг!

Аҳмад Танбал эгар устидан улоқчиларга ўхшаб пастга энгашди-ю, узун қўли билан ердан муштдай бир тошни олди. Сўнг қаддини тиклаб, тошни Хўжа Абдуллага қараб отди. Хўжа Абдулланинг кенг кўкрагига «тўп» этиб теккан тош оқ кўйлакда чангли из қолдириб, ерга юмалаб тушди. Оғриқдан Хўжа Абдулланинг кўзлари ёшланди, нафаси қайтди. Навкарлардан баъзи бирлари ҳам ерга энгашиб тош қидираётганини кўрган Хўжа Абдулла нафаси титраб:
— Мусулмонлар! — деди ва ҳамон жим турган халойиққа тикилди. Уларнинг орасида йигирма беш ёшлардаги гардани йўғон бир йигитни кўрди-ю, бир вақтлар ёлғон овоза тарқатишда айбланиб ўлдирилган мироб Дарвеш говни эслади. Бу йигит ўша миробнинг ўғли эди. Хўжа Абдулла ўшанда ёш Бобурга бир оғиз: «Буни қатл эттирманг!» — деса, эҳтимол мироб ҳали тирик юрар эди. Хўжа Абдулла ўшанда Аҳмад Танбалга ўхшаш бек-ларнинг кўнглига қараб Дарвеш говни қутқариб қололмагани энди қалбида армон қўзғади. Ҳозир ўзи ҳам ўша миробнинг аҳволига тушди-ку! Нечун ўшанда лоқайдлик қилди? Миробнинг ўғли отасининг қасди учун Хўжа Абдуллага тош отса, балки ҳақли бўлар!.. Лекин бегуноҳ меъморни қутқариб, ўзи балога қолаётган Хўжа Абдуллага ҳеч ким тош отмади.
— Мусулмонлар! — куюниб такрорлади Хўжа Абдулла. — Мен адолат йўлида жон беришдан қўрқмаймен! Адолат ким томонда — шуни бир ўйлаб кўринглар. Инини оғага душман қилганлар кимлар? Яхшиларга бахиллиги келиб, пойига болта ураётганлар кимлар? Бу қора кунларни бошимизга солганлар кимлар?!
— Сен ўзинг! — деб қичқирди Аҳмад Танбал.
— Мен Бобур мирзога кичиклигидан илм ўргатдим, лисон ўргатдим, мен уни одил подшоҳ бўлишга ундадим, Мовароуннаҳр яна бирлашсину юрт ички урушлардан қутулсин, дедим. Бобур мирзо мардона ишлар қилиб, Самарқанд билан Андижонни бирлаштирганда мен эзгу орзуларимга етгандай суюнган эдим. Ҳайҳот, мамлакат яна парчаланди. Юрт вайрон бўлди! Халойиқ, агар мени ўлдириш билан мушкулингиз осон бўлса, майли, ўлдиринг!
— Тошбўрон қилинг! — буюрди Аҳмад Танбал халойиққа.

Одамлар тўпининг орқароғидан йиғламсираган товуш эшитилди:
— Шайхулислом фатво бермагунча тошбўрон қилишга ҳаққимиз йўқ!

Кекса бир киши:
— Пирнинг қарғишидан қўрқамиз! — деди.

Навкарлар ҳам қўлларидаги тошларини Хўжа Абдуллага отишга журъат этолмай, Аҳмад Танбалга қарадилар. Аҳмад Танбал юзбошига буюрди:
— Ундай бўлса, қиличингни ол, калласини кес! Бўйнига тиғ ур!

Барзангидай қоп-қора ўрта яшар юзбоши кумуш сопли қиличини қинидан имиллаброқ суғурди. Хўжа Абдулла унга тикилиб, паст товуш билан деди:
— Мирбадалбек, ҳушёр бўлинг, менинг қоним етти пуштингизга сачрайди!

Халойиқ орасидан қўрқув аралаш нидо эшитилди:
— Пирнинг қони тутади ҳаммамизни!

Юзбошининг қўлидаги қиличи қалтирай бошлади. У Аҳмад Танбалга қараб ялинди:
— Ўтинамен, бу ишдан мени озод қилинг!

Аҳмад Танбал унга ғазаб қилиб елкасига қамчи урди.
— Сени юзбошиликдан озод қилурмен, қўрқоқ!

Аҳмад Танбал бошқа навкарларига буюрди:
— Бу имонсизни дарвозахонага ҳайданг! Халойиқ шу ерда қолсин! Ким бизга эргашса қилич билан чопинг! Аяманг!

Навкарларнинг бир қисми Хўжа Абдуллани дарвозахонага ҳайдаб кетди. Қолган навкарлар халойиқнинг йўлини тўсиб, Хўжа Абдулланинг кетидан боргани қўймади.

Орадан ярим соат ўтгандан кейин Аҳмад Танбал одамлари билан аркка томон от чоптириб қайтиб кетди. Шундан сўнг дарвозахонага борган одамлар Хўжа Абдулланинг шифтдаги йўғон тўсинга осиб ўлдирилганини кўрдилар. Марҳумнинг оқ салласи оёғи тагида чувалиб ётарди, бўйи эса тириклик пайтидагидан хийла узайган эди. Одамлар уни дордан секин тушириб олдилар. Кафан ўрнига салласига ўраб, шаҳидлардек кўмдилар.

3

Устма-уст ёққан баҳор ёмғирлари йўлларини балчиқ қилиб юборган. Андижонда юз берган даҳшатлар хабарини тезроқ Самарқандга етказиш учун лой сачратиб, от чоптириб бораётган Тоҳир энди Қувага яқинлашди. Агар Бобур мирзо тузалган бўлса-ю, Андижонга ишониб, Самарқандни ташлаб чиқса, аҳвол ҳозиргидан баттар бўлиши мумкин. Тоҳир шуни ўйлаб, тагидаги бедовни қистайди. Аммо от қанчалик зўр ва чопқир бўлмасин, тиззага чиқадиган лой унинг йўлини боғлайди, тинкасини қуритади. Чопиб келаётган от балчиққа йиқилиб тушади-ю, қайтиб туролмасдан, бурнидан қон келиб, жон беради. Тоҳир уни йўл устида қолдириб, эгар-юганларини олади-ю, Қувадан бошқа от топади. Аммо бир кун юрмасдан бу от ҳам ҳолдан кетиб йиқилади. Нарёқда Хўжанд, Жиззах — яна ўн кунлик йўл... Тоҳир осмонда учиб бораётган қушларга ҳавас ва армон билан қарайди.

* * *

Бироқ Тоҳир қуш бўлиб учганда ҳам энди Бобурни Самарқанддан тополмас эди. Бобур хасталик тўшагидан турган заҳоти онаси ва устозини қутқаришга шошилиб, Самарқандни аллақачон ташлаб чиққан эди. Унга келган ахборотларга биноан, Андижон қамали ҳали узоқ давом этиши керак бўлиб, бир йилга етарли захира бор эди. Шунчалик абгорлиги билан Самарқанд етти ойлик қамалга чидаганда ўн икки минг қўйи бор Андижон қўрғони Хўжа Абдулладай довюрак одам раҳбарлигида ҳали беш-олти ой «қилт» этмай туриши шубҳасиз туюларди. Шу туйғу билан мингга яқин одамларнинг ҳаммасини Самарқанддан олиб келаётган Бобур Булунғур ва Халилия[46] қишлоқларидан ўтиб, Сангзор дарёсига яқинлашиб қолган эди.

Оғир хасталикдан яқинда турган Бобур яна узликиб қолмаслиги учун уни тўрт отлиқ маҳофага ўтказганлар, тагига юмшоқ парқулар солганлар. Маҳофанинг эшик ва деразаларига осилган қизғиш ипак пардалар йўлнинг ўнқир-чўнқирларида аланга тилларидай муттасил силкиниб ўйнаб боради. Пар ёстиққа ёнбошлаб ўтирган Бобур ҳар замонда бир ўрнидан қўзғалиб, маҳофанинг орқа томонидаги пардани кўтаради-ю, узоқларга тикилиб қарайди.

Унинг қўшинидан беш-олти чақирим орқада яна бир маҳофа келмоқда эди. Бир талай отлиқлар қўриқлаб бораётган бу кўркам маҳофада Бобурнинг холаси Меҳр Нигор хоним ва қаллиғи Ойиша бегим сафар қилмоқдалар. Бобур Самарқандни ташлаб кетмоқчи эканидан Бухородаги Султон Али мирзо аллақачон хабар топган ва пойтахтни дарҳол эгаллаш учун Шаҳрисабзга келиб шайланиб турар эди. Бобур ўз рақиби Султон Али мирзодан яхшилик кутмас ва қаллиғини унинг қўли остида қолдиргиси келмас эди. Бир вақтлар Бойсунқур мирзодан қаттиқ жабр кўрган Меҳр Нигор хоним ва Ойиша бегимлар ҳам эндиги хавф-хатарлардан тезроқ қутулгилари келар эди. Ҳозир улар учун энг бехатар жой — Тошкент эди. Тошкент хони Маҳмудхон — Меҳр Нигор хонимнинг акаси, Ойиша бегимнинг опаси Розия Султон бегим ҳам Тошкентга, Маҳмудхонга тушган. Тошкент йўли Жиззахгача Андижон йўли билан бир. Мана шу сабабларга кўра Бобур холаси ва қаллиғини бутун одамларию кўч-кўронлари билан бирга қўриқлаб олиб кетмоқда эди. Фақат урф-одатни бузмаслик учун куёв билан қаллиқ орасида беш-олти чақиримлик масофа қолдириб, икки тўп бўлиб бормоқда эдилар. Кечқурун Сангзордан ўтиб, кўм-кўк адирларда тунаш учун тўхтаганларида ҳам ўша масофани сақлаб, икки жойга чодир ва ўтов тикдилар.

Ёнбағирларда лолалар очилган. Ҳаво ниҳоятда ёқимли. Бобур майин кўкат устига қадам қўйганда ўзини хийла енгил сезди.

Самарқанддан чиқаётганда вужудини зилдай босиб ётган ғам-ғуссалар энди аста-секин тарқаб кетаётгандай туюлди. Пойтахтни шунча машаққатлар билан олиб, охири ўз ихтиёри билан бошқага қолдириб кетиши унга сўнгги йилларда қилган барча ҳаракатларини беҳуда кўрсатиб, таъбини тирриқ қилган эди. Ҳозир мана бу кўклам адирларда яйраб нафас олар экан, у онаси ва устозини қутқариш ниятида кетаётганини, бунда бир олижаноблик борлигини, қаллиғини асоратдан қўриқлаб олиб бораётгани ҳам мардликдан эканини ўйлади-ю, кўнгли бир қадар таскин топди.

Темур дарвозаси деб аталган улуғвор тангидан ўтганларидан кейин Бобур маҳофанинг эшигини очиб, мирохўр[47]ни чақиртирди.

Мирохўр маҳофага жипс келганда:
— Б-б-бўз о-о-отимни кел-т-т-тиринг, — деб буюрди.

У соғайиб кетгандай кўринса ҳам, аммо ҳали тилида ўша оғир хасталикнинг асорати бор эди. Унинг дудуқланиб гапиришидан хавотирланган Қосимбек:
— Амирзодам, от нечук керак? — деди. — Минмоқчиларми?

Бобур яна тили тутилиши мумкинлигини сезиб, тасдиқ маъносида сўзсиз бош ирғади-ю, мирохўрга: «Айтганимни қилинг!» дегандек қаради.

Маҳофа юриб бормоқда эди. Мирохўр:
— Бош устига! — деб отга кетди.

Қосимбек орқароқда келаётган табибни чақиртирди. Калта оқ соқолли ўша жиккак табиб маҳофага ёндашиб, Бобурдан ҳали яна уч-тўрт кун от минмасликни илтимос қилди. Аммо Бобур ўзини яхши ҳис қилмоқда эди:
— Б-бир-пас отл-лиқ юрай!
— Тилингиздан калолат кетмагунча сабр қилинг, амирзодам!

Эгар-жабдуқларидаги олтин безаклари қуёш нурида ялт-ялт қилаётган бўз отни жиловдор етаклаб келди.

Қосимбек унга:
— Қайт! — деди-ю, Бобурга маҳофада тинчгина кетаверишни маслаҳат берди.

У билан табиб Бобурнинг яна узликиб қолишидан астойдил қўрқмоқда эдилар. Аммо Бобур отни орқага етаклаб кетаётган жиловдорга кулиб қаради-ю:
— Йў-йўқ, отни к-келл-тиринг! — деди.

Сўнг Қосимбекка ҳам кулимсираб гапирди:
— Х-ха-во-отир олм-мангиз!

Жиловдор отни яна маҳофа олдига етаклаб келди. Маҳофа тўхтади. Бобур унинг зинасига оёқ қўйиб, бўз отнинг эгаридан олди-ю, бир сакраб отга минди. Жиловдор бундан завқи келиб жилмайди ва жиловнинг учини Бобурнинг қўлига тутқазди.

Қосимбек Бобурни ортдан синчиклаб кузатиб боради, агар унинг беҳол бўлгани сезилса, дарҳол ёрдамга етмоқчи бўлади.

Аммо Жиззахга етиб бордилар ҳамки, от устидаги Бобурнинг беҳол бўлгани сезилмади.

Кичиклигидан от миниб суяги қотган чавандоз сўнгги кунларда сувориликни жуда соғинган эди. Маҳофанинг юмшоқ парқуллари унга хасталик тўшагини эслатарди. Тагидаги бўз отнинг шўх қадам олиши ва соғлом бир қудрат билан ўйноқлаши эса Бобурнинг аъзоларида анчадан бери мудраб ётган ёшлик кучларини уйғотгандай бўларди. У отлиқ юрган сари бадани яйраб, баҳри-дили очилиб борарди.

Жиззахдан наридаги кўкалам адирларга ўтиб тунаш учун тўхтадилар ва икки жойга чодир тикдилар. Бобурнинг бугун отлиқ юргани ва ўзини жуда соғлом сезаётгани ҳақидаги хабар холаси билан қаллиғига ҳам етиб борган эди.

Меҳр Нигор хонимнинг куёвга хола, айни чоқда, қизга она экани совға-салом юбориш ва борди-келди қилиш учун қулай эди. Намозшом пайтида Меҳр Нигор хонимнинг эшик оғаси Бобур мирзога совға олиб келди: чиройли зарбоф тўн, олтин камар, кумуш дастали қимматбаҳо қамчи. Тўн — Бобурнинг тузалиш шодиёнаси. Камар — «куёвнинг бели яна ҳам бақувват бўлсин», деган тилакни билдиради. Қамчи — бугун Бобур отлиқ юргани туфайлимикин? Ёки «Подшоҳ отини қамчилаб, тезроқ Андижонга етсину ёғийларни саваласин!» деган маъноси ҳам бормикин? Нима бўлганда ҳам Бобур бу совғалардан жуда таъсирланиб кетди.

Эртага улар хайрлашишлари керак. Тошкент йўли шимолга бурилиб кетади. Бобур томонидан ҳам совға юборилиши лозим. Бироқ аёлларга ёқадиган қимматбаҳо матолару тақинчоқларни улар қаердан топишади? Ҳаммалари эркаклар. Қўнган жойлари ҳам чўл. Қосимбек шуни Бобурга айтиб:
— Кумуш лаганларда олтин пул юбора қолсакмикин?— деди.

Бобур эса шу лаган ва олтинларни бугун бўш қолган маҳофага солиб юборишни таклиф қилди.
— Маҳофа ҳам совға бўлсинми? Балки эртага ўзингиз маҳофада юрурсиз, амирзодам?
— Ху-худо хоҳл-ласа, юр-масмен. 3-заифалар юрс-синлар.

Сўнгги гапни Бобур буйруқ оҳангида айтди, шунинг учун Қосимбек бошқа эътироз қилолмади.

Эртаси куни эрталаб икки муҳташам маҳофа кўч ортилган туялару аравалари билан бирга шимол томонга бурилиб, Мирзачўл орқали Тошкентга йўл олди.

Бобур ўз қўшинидан юз кишини қўриқчиликка ажратган эди улар ҳам маҳофалар билан бирга узоқлашиб кета бошладилар.

Андижон йўлидан четроқда катта бир қоровултепа кўринди. Бобур ёлғиз ўзи шу тепанинг устига от қўйиб чиқди-да, эгардан тушди. Отининг жиловидан тутганича чексиз чўлда тобора кичрайиб бораётган маҳофаларга анча вақт тикилиб турди. Гўё у шу туришда қаллиғи билан хайрлашди, унга ўз эҳтиромини билдириб, оқ йўл тилаган бўлди.

Бобур юз кун Самарқандда туриб Ойиша бегим билан бирор марта юзма-юз кўришган эмас. Бунга урф-одат ҳам йўл бермади, ёшлик ҳаёси ҳам монелик қилди. Кўксаройда ёза бошлаган ғазалининг «Не кун бўлғай висолингга мени дил хаста етгаймен» деган сатри эсига тушди. Сўнг от устида кун бўйи йўл юриб бораётиб хаёлан ўша ғазалини давом эттирди:

Муяссар бўлмаса бошимни қўймоқлик оёғига,

Бошимни олиб, эй Бобур, оёқ етгунча кетгаймен.

Кечқурун тунаш учун Қўштегирмон деган жойда тўхтаганларида Бобур бу сатрларни қоғозга ёзиб қўйди. Ғазал — шу сатрлар билан тугалланиши керак. Лекин ўртада яна уч-тўртта байт бўлиши керак. Уларни кейинчалик, хотиржамроқ пайтда топмоқчи бўлди.

* * *

Андижонда бўлган воқеалар даҳшати Тоҳир қиёфасига кириб Бобурга тобора яқинлашиб келмоқда эди.

Бобур одамлари билан Новдан ўтганда Тоҳир Қўқондан ўтиб, Ходарвиш чўлига кирди. Бобур чўлларда олти марта тунаб, еттинчи куни кечки пайт Хўжандга етганда қора оти лойга беланган, ўзи таниб бўлмас даражада қорайиб, озиб кетган Тоҳир унинг қаршисидан чиқди.

Бобур ҳамма бек ва навкарлари билан келаётганини кўрган Тоҳир отдан ўзини ерга ташлаб, дод солиб йиғлаб гапирди:
— Нечун Самарқандни ташлаб келдингиз, амирзодам?!

Бобур Андижон қўлдан кетганини эшитди-ю, назарида, бутун борлиқ зилзила ичида қолди, еру кўк чайқалиб силкиниб кетди. Чапда ялтираб кўринган Сирдарё қирғоқларидан тошиб чиқа бошлагандай туюлди.

Дарёдан нарида Хўжанд тоғлари. Бу ердан Андижон нақадар узоқ! Самарқанд нақадар узоқ! Ўгай тақдир Бобурни бу ерга гўё алдаб олиб келгану бирваракайига Самарқанддан ҳам, Андижондан ҳам маҳрум қилган! Энди унинг ора йўлда муаллақ бўлиб қолганини Андижондаги Аҳмад Танбал ҳам, Самарқанддаги Султон Али мирзо ҳам, Туркистондаги Шайбонийхон ҳам гўё узоқдан кўриб турар эдилару «Боладай алданибди!» деб қаҳ-қаҳ уриб кулар эдилар. Уларнинг кулгилари атрофдаги тоғлардан акс садо бўлиб қайтаётгандай туюлар эди.

Тоҳир Али Дўстбекнинг хиёнат қилиб, дарвозани кечаси очиб берганини, Хўжа Абдулла эса Бобурга садоқати туфайли шу дарвозахонага осиб ўлдирилганини айтганда Бобур ортиқ бардош қилолмай отига қамчи босди. Қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмас эди. Чанқаган от уни дарёнинг жар бўлиб ётган баланд қирғоғига олиб келди. Бирдан Бобур Ахсида жар қулашидан ҳалок бўлган отасини эслади. Назарида у турган замин ҳам ҳозир қулаб тушмоқда эди. Бобур отини орқага бурди. Лекин орқадаги пасту баланд ерлар ҳам жаҳаннам қаърига қулаб тушаётгандай лопиллаб кўринди.

Бобур отининг бўйнидан қучоқлади-ю, елкалари силкина-силкина йиғлаб юборди.

Қосимбек билан табиб чол унинг ёнига келдилар. Қосимбек қайғу тўла товуш билан йиғламсираб гапирди:
— Амирзодам, ҳаммамиз ҳам хонавайрон бўлдик. Менинг молу мулкимни талатибдилар. Ўғлим оғир ярадор эмиш...

Бобур бошини кўтарди. Кўз ёшидан юзи нам. Табиб унинг елкасини силади.
— Амирзодам, шукур, онангиз, эгачингиз саломат эканлар. Кўп куюнманг, бошингиз омон бўлса, давлат топилур... Ўзингизни эҳтиёт қилинг, яна хасталаниб қолманг!

Бобур дарвозахонага осилган устозини эслади-ю, кўзига яна ёш қуйилиб келди:
— Пирим, мени кимларга ташлаб кетдингиз? Шундай одамни осиб ўлдирсалар?! Мен устозим учун қасос олмоғим керак! Қасос!

Тоҳир Али Дўстбекнинг хиёнат қилиб, дарвозани кечаси очиб берганини, Хўжа Абдулла эса Бобурга садоқати туфайли шу дарвозахонага осиб ўлдирилганини айтганда Бобур ортиқ бардош қилолмай отига қамчи босди. Қаёққа кетаётганини ўзи ҳам билмас эди. Чанқаган от уни дарёнинг жар бўлиб ётган баланд қирғоғига олиб келди. Бирдан Бобур Ахсида жар қулашидан ҳалок бўлган отасини эслади. Назарида у турган замин ҳам ҳозир қулаб тушмоқда эди. Бобур отини орқага бурди. Лекин орқадаги пасту баланд ерлар ҳам жаҳаннам қаърига қулаб тушаётгандай лопиллаб кўринди.

Бобур отининг бўйнидан қучоқлади-ю, елкалари силкина-силкина йиғлаб юборди.

Қосимбек билан табиб чол унинг ёнига келдилар. Қосимбек қайғу тўла товуш билан йиғламсираб гапирди:
— Амирзодам, ҳаммамиз ҳам хонавайрон бўлдик. Менинг молу мулкимни талатибдилар. Ўғлим оғир ярадор эмиш...

Бобур бошини кўтарди. Кўз ёшидан юзи нам. Табиб унинг елкасини силади.
— Амирзодам, шукур, онангиз, эгачингиз саломат эканлар. Кўп куюнманг, бошингиз омон бўлса, давлат топилур... Ўзингизни эҳтиёт қилинг, яна хасталаниб қолманг!

Бобур дарвозахонага осилган устозини эслади-ю, кўзига яна ёш қуйилиб келди:
— Пирим, мени кимларга ташлаб кетдингиз? Шундай одамни осиб ўлдирсалар?! Мен устозим учун қасос олмоғим керак! Қасос!

Ўртаниб гапираётган Бобурнинг тили тутилмаётганидан табиб чол ҳайратга тушиб, унга тикилиб қолди.
— Охирги нафасим қолгунча олишурмен!

Бобурнинг юзи қаҳру ғазабдан бир оқариб, бир қизариб кетаётган бўлса ҳам сўзлари равон эди. Самарқандда Бобурни тилдан қолдирган касаллик — ғоят кучли бир руҳий ларзанинг оқибати эди. Энди ундан ҳам кучлироқ руҳий ларза Бобурнинг тилида қолган дудуқликни бирдан йўқ қилиб юборди. Душманларига қарши чексиз бир нафрат ва ғазаб унга куч-қувват бермоқда эди.
— Хоинлар жазосини олур! Чекиниш йўқ! Одамларни тўпланг! Ҳаммага айтинг! Андижонга борурмиз!

Бобур отини кескин бурди-ю, паришон бўлиб тарқаётган одамларга қараб кетди.

Хўжанд, МарғИлон, Андижон - Амир Темур Сабоқлари

1

Бобур минган ёлдор саман от эгасининг изтиробларини сезгандай юган сувлиғини асабий чайнайди, жиловни тортиб, олдинга учмоқчи бўлади. Қосимбекнинг тўриқ қашқаси саман билан ёнма-ён йўрғалаб боради. Йўл Сирдарёнинг баланд қирғоғидан кунчиқиш томонга қараб кетади. Бобур тезроқ Андижонга бориб, ота юртини Аҳмад Танбал истилосидан халос қилишга ошиқади. Қосимбек уни Хўжандда тўхтаб, куч йиғишга, вазият етилишини кутишга ундайди.
— Амирзодам, Самарқанддан бемаврид йўлга чиққан эканмиз. Андижон чопарини кутсак бўларкан. Энди шошилмайлик!
— Устозим Хўжа Абдуллани осиб ўлдирган Танбал онам билан эгачимни соғ қўйгайми? Уларни ким қутқаргай?
— Парвардигор ўзи қутқарибдир. Ҳазрат онангиз билан эгачингиз Андижондан Қўқонга келибдирлар.
— Ким айтди?
— Тоҳир уларни Қўқондан берида йўлда кўрибдир. Бир кеча Конибодомда тунаб, кейин Хўжандга борурмиз дейишибдир.
— Қўқон ҳали бизга тобеъми?
— Ҳа, шукур. Хўжанд ҳам сизга хайрихоҳ!

Бу хабарлар Бобурга хиёл таскин бергандай бўлди. Қосимбек сўзида давом этди:
— Онайизор сизни беҳад соғингандирлар. Мулозимлар билан пешвоз чиқиб кутиб олсангиз қанчалик шод бўлғайлар. Унгача мен Хўжанд доруғаси билан сўзлашиб, сизларга жой ҳозирлагаймен.

Бобурнинг ўзи ҳам ўн ойдан бери кўришмаган онаси ва эгачисининг илиқ меҳрларига жуда ташна эди. Қосимбекнинг сўнгги таклифи маъқул тушиб, мулозимлари ва икки юзтача қўриқчи навкарлари билан Хўжанддан Конибодом йўлига чиқди.

Қайроққумдан берида туя ва хачирларга кўч ортган карвон кўринди. Карвон ортида сандиқлар юкланган катта ғилдираклик қўқон аравалар ҳам келмоқда. Уларнинг ҳаммасини тўрт-беш юз кишилик отлиқ навкарлар уч томондан қўриқлаб йўл юрмоқда. Хон қизи бўлган Қутлуғ Нигор хонимнинг беш юздан ортиқ хос навкари борлиги Бобурнинг ёдига тушди.

Олдинги қатордаги қўриқчилар орасида бўз от миниб келаётган Қутлуғ Нигор хоним Бобурни салласига қадалган тождорлик белгисидан таниб отини ўғли томон елдирди.

Она-бола ва эгачи-ини отларидан тушиб, қучоқлашиб кўришар эканлар, гоҳ хонумондан айрилиш аламларини, гоҳ дийдор кўришиш қувончларини ичларига сиғдиролмай, кўзларига дам-бадам ёш олишар эди.

Яна отланиб Хўжандга етгунларича кўрган-кечирганларини бир-бирларига сўзлаб беришди.
— Танбал асоратидан қандай қутулдиларингиз? — сўради Бобур онасидан.
— Мана шу қўриқчи навкарларим Танбални биз турган жойга яқин келтирмади. «Мен Юнусхоннинг қизимен, иним Маҳмудхон Тошкент тождоридир, агар Аҳмадбек бизга зиён еткизса, хонлар олдида жавоб берур!» деб, орада турган одамларига айтдим. Ҳар қалай, гапим таъсир қилибди, бешикаст чиқиб келдик.
— Афсус, мен бундан бехабар қолдим! Чопар кечикди!
— Биз ҳам шунисига куйинурмиз, Бобуржон! Сиз бизни деб Самарқандни жангсиз топширибсиз!

Шу тарзда дардлашиб, Хўжандга етиб келдилар. Шаҳар доруғаси нуфузли аъёнлари билан қўрғон дарвозасидан чиқиб, Бобур ва унинг онасини эҳтиром билан кутиб олдилар. Бу қадимий шаҳар халқи Чингизхон билан мардона олишган Темур Малик давридан бери мўнғул босқинчиларидан кўп жабр кўрган. Ҳозир ҳам Тошкентда ҳукмрон бўлиб олган чингизийлар Хўжандга хавф солиб турарди. Бунинг устига Андижон ҳам Аҳмад Танбалдай золимларнинг қўлига ўтган пайтда хўжандликлар Бобур каби темурий шаҳзодалар ҳимоясига эҳтиёж сезарди. Шунинг учун шаҳар доруғаси Бобурни олий даражада эъзозлаб, Сирдарё соҳилидаги улкан боғини икки ошиёнлик қасри билан унинг ихтиёрига берди.

Қосимбек Бобурга, унинг онаси ва эгачисига иккинчи ошиёндаги энг яхши хоналарни тайёрлатиб қўйди. Ўзи беку мулозимлар ва қўриқчи йигитлар билан биринчи қаватни эгаллади.

Ҳаммалари нарсаларини жойлаштириб тинчиганларидан сўнг, иккинчи ошиёндаги катта танобий уйда Бобур онаси ва эгачиси билан яккама-якка қолиб, бошқалар олдида айтилмайдиган дарду аламларини тўкиб солдилар.
— Толеъ биздан юз ўгирди! — деди Бобур «уҳ» тортиб, — Танбалнинг ўн минг қўшини бор эмиш, ростми?
— Рост! Нобакорлар сизни «Самарқандда вафот этди», деб овоза тарқатдилар, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Беҳуш ётганингизни кўриб келган чопарни гувоҳ қилиб кўрсатиб, кўп одамни бунга ишонтирдилар. Шундан сўнг тарафдорларингиз маъюс бўлиб, Танбал билан Жаҳонгирга бўйин эгдилар.
— Қосимбек ҳам хато қилганки, мени беҳуш аҳволда кўрган навкарни Самарқандда тўхтатиб турмаган. Буни сир тутмоқ керак эди! Ҳозир бизнинг бир ярим мингга етар-этмас навкаримиз қолди. Уларнинг ҳам кўпи водийдаги уйларига, аҳли оиласига талпинур, Хўжандда кўп туролмай тарқаб кетгай. Мен энди қайси куч билан Танбалга қарши борай? Бу не кўргуликки, бирваракай ҳам Самарқанддан, ҳам Андижондан маҳрум бўлдик! Икки мулк орасида муаллақ қолдик! Нажот йўқ! Атрофимиз зимзиё қоронғилик! Боши берк кўча!!

Бобур жигарбандларига дил ёриб сўзлар экан, иложсизликдан кўнгли эзилиб, руҳи қийналар, кўзларига ёш қуюлиб келарди.

Яқиндагина оғир хасталикдан турган ўн олти ёшлик ўғлининг бунчалик эзилиб қийналишлари Қутлуғ Нигор хонимни изтиробга солди.
— Бобуржон, болам, шукурки, соғ-саломат кўришдик! Хайрият, тузалиб кетибсиз.
— Баракс, тузалмай турганим маъқул эди! Самарқандни ташлаб чиқмас эдик!

Бундай оғир кайфият билан ёлғиз ўғли яна узликиб ётиб қолиши мумкин. Хавотирланган она Бобурга таскин берадиган, унинг кўнглини кўтарадиган чора излай бошлади.

Шунда қизи Хонзода бегим ёрдамга келди:
— Онажон, амирзодамни мамнун қиладиган ноёб бир совғамиз бор эди-ку!
— Қайси совға?
— Шахнишиннинг орқасидан топилган махфий сандиқ-чи?
— Ҳа, айтмоқчи! — Қутлуғ Нигор хоним ўғлига юзланиб, овозини сирли тарзда пасайтирди: — Бобуржон, сизга аталган буюк бир мерос топилди. Юринг, кўрсатай!

Қутлуғ Нигор хоним Бобурни ва қизини ўзи жойлашган нариги томондаги хонага бошлади. Бобур онаси билан ёнма-ён борар экан, унинг бўйи шу ўн ой ичида хийла ўсганини, Бобур тез улғайиб ўн олти ёшида девқомат, паҳлавон йигит бўлаётганини сезган Қутлуғ Нигор хоним ичида яратганга яна бир шукрона айтиб қўйди. Айвони Сирдарёга қараган баҳаво, кенг хонага кирдилар. Гиламлар, беқасам кўрпачалар тўшалган хонанинг тўрида силлиқ чарм қопланган сандиқ кўринди. Учовлари шу сандиққа яқинлашганларида Қутлуғ Нигор хоним Бобурга қараб деди:
— Эсингиздами, отангиз сизга «Бобакалонимиз Амир Темурдан қолган ноёб мерос бор, асраб-авайлаб юрибмен, катта бўлганингизда берурмен» дер эдилар?
— Ҳа, отам бизга соҳибқирон бобомиз ҳақида кўп ғаройиб ҳикоялар ҳам айтиб берганлар.
— Бобокалонларига ихлослари зўр эди-да. Вафотларидан кейин ўшал меросни Ахсидан изладим, тополмадим. Ўтган ҳафта Андижонда кўч йиғиштирган пайтимизда хонайи хоснинг деворига осилган туркман гиламини олсак, усти шувалган туйнукнинг изи кўринди... Туйнук орқасидаги махфий жойга мана шу сандиқ беркитилган экан!..

Қутлуғ Нигор хоним намоз ўқиган пайтидаги каби эзгу бир товуш билан секин:
— Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм! — деди-да сандиқни очди. Ундан нафис ипак матога ўралган олтин сопли қилични икки қўллаб олиб, ўғлига кўрсатди:
— Соҳибқирон Амир Темурнинг қиличлари!

Бобур қулоқларига ишонмай, кўзларини катта-катта очиб қиличга тикилди:
— Ростданми, а?
— Ёзувлари бор! Олинг, болам, ўқиб кўринг!

Қиличнинг қини енгил бир маъдан қотишмасидан қуйма қилиб ясалган, устидан олтин суви югуртирилган эди. Қиннинг юз томонига иккита йирик яшил зумрад тоши қадалган, уларнинг оралиғида чиройли хаттотлик ҳарфлари билан битилган арабча ёзув бор эди.

Бобур қилични онасининг қўлидан икки қўллаб олдида, ёзувини кўзларига яқин келтириб ўқиди:

«Бизким, малики Турон, подшоҳи Туркистон Амир Темур Кўрагон фарзандимиз Мироншоҳ Мирзога Тўхтамиш билан муҳорибада кўрсатган жасорати учун ўз қиличларимиздан бирини инъом этдик».

Бобур бу қилич дастасига Амир Темурнинг қўли текканини, балки Соҳибқирон уни жангларда ишга солганини кўз олдига келтириб ҳаяжонланиб кетди. Тўхтамишхон ва бошқа чингизийлар билан қилинган даҳшатли жанглар хаёлида гавдаланди.
— Қиличнинг ўзида ҳам битик бор, — деди паст товуш билан Хонзода бегим.

Бобур қиличнинг олтин сопидан секин тортиб, уни бир қаричча қинидан чиқарди. Шун-да олмосдай ялтираган қисқа бир ёзув кўзига жилваланиб кўринди. Амир Темурнинг муҳридаги «Рости-расти», яъни «Куч — адолатдадир» деган сўзлар қиличнинг пўлатига қадама тарзида мустаҳкам қилиб битилган эди.

Бу қисқа сўзларни ўқиганда негадир Бобурнинг эти жимирлаб кетди, дилида қўзғалган кучли бир туғёндан энтикди, олмос ёзувни кўзларига суриб, ўпди.

Қилич унча оғир эмас эди. Бобур уни белига таққанда атрофидаги ҳамма нарса кўзига боягидан бошқача — алланечук сокин ва салобатли кўринди.
— Онажон, сиз менга янги бир руҳ ато қилдингиз!
— Бобокалонингизнинг руҳи сизга мададкор бўлсин, ўғлим! Бу қилични Мироншоҳ баҳодирдан сўнг отангизнинг оталари Султон Абусаъйид баҳодир таққан эканлар. Иншооллоҳ, сиз ҳам боболарингиздек баҳодир бўлғайсиз!
— Айтганингиз келсин!
— Худо раҳмати Абусаъйид бобонгиз вафот этганларидан сўнг қолган мерослари ўғиллари орасида тақсим этилур. Катта ўғиллар олтину жавоҳир тўла сандиқларни тала-шиб олурлар. Аммо сизнинг жаннатмакон отангиз мана шу сандиқдаги қилич билан хотиротлар битилган дафтарларни афзал кўрурлар. Чунки бу хотиротларда Амир Темур ҳазратларининг кўрган-кечирганлари битилмишдир. Хонзода, қизим, сиз ўқиб кўрдингиз, шекилли?
— Ҳа, Соҳибқирон бобомиз йигитлик пайтларида чингизийлар ҳукмронлигига қарши чиққан эканлар. Эл-юрт Самарқандда Темурбекни ўз ҳукмдорлари, деб эълон қилган экан. Чингизийларни юртимиздан қувмоқчи бўлганлар кўп экан. Бундан ғазабланган Туғлуқ Те-мурхон билан унинг ўғли Илёсхўжа Мўғулистондан эллик минг қўшин билан келиб, Темурбек тарафдорларини қирғин қилурлар. Темурбекнинг ўзи Қорақум, Қизилқум саҳроларида, Хисору Бадахшон тоғларида олти йил қувғинда юриб, куч тўплайдирлар.

Бобур бу ҳодисалар ҳақида отасидан ҳам кўп мароқли ҳикоялар эшитганини эслади. Айниқса Темурбекнинг суюкли ёш хотини Ўлжой Туркон оға билан энг оғир дамларда бирга бўлгани, гоҳо хотинини отига миндириб, ўзи қум саҳросида пиёда юрганлари ёш Бобурга кучли таъсир қилган эди.

Шуни биладиган Хонзода бегим инисига меҳри тобланиб тикилди:
— Сизда ҳам Соҳибқирон бобокалонингиздаги жўмардликдан бор, амирзодам! — деди. — Ўшдаги тажовуздан мени қутқарганингизни умрбод унутмагаймен! Бўлажак келинимиз Ойиша бегимни сиз Самар-қанддан ёғий асоратидан халос қилиб, бизга хайрихоҳ Тошкентга кузатиб қўйибсиз. Бу ҳам бир жўмардлик эмасми? Етти ой қамал азобини тортган самарқандликларга ошлик тарқатибсиз, уруғлиги қолмаган деҳқонларга баҳорда уруғлик келтириб берибсиз. Бу ҳаммаси— дилингизда адолат туйғуси кучли эканидан далолатдир. Белингиздаги қиличга Соҳибқирон бобокалонингизнинг «Куч — адолатдадир» деган ҳикматлари бежиз битилмаган. Аҳмад Танбалнинг ўн минг аскари бўлгани учун у ҳозир «Мен кучлимен!» деб юрибдир. Аммо ёлғоннинг умри қисқа! Аҳмад Танбал Андижонни алдамчилик билан эгаллади, сизни «ўлди» деб овоза тарқатди. Сиз соғ-саломат қайтганингизни одамлар ҳадемай билурлар, Танбалнинг ёлғони фош бўлур. Унинг золимлигидан ҳамма безор бўладиган кунлар келур.
— Ана ўшал кунлар келгунча сабр-бардошли бўлинг, Бобуржон, — деди онаси. — Соҳибқирон бобонгиз мана шу Хўжандга ҳам неча бор келганлар. Сирдарёдан неча марта ўтганлар, вазият етилишини йиллар давомида кутганлар, ахийри адолат ғолиб чиққан кунларга етганлар. Сиз ҳам етурсиз, ишонинг!
— Ишондим, онажон! Сиз билан эгачим менинг дилимда ўчиб қолган умид чироқларини қайта ёндиргандай бўлдиларингиз. Минбаъд мен доим Соҳибқирон бобокалонимиздан сабоқ олиб иш тутгаймен!

Онаси инъом қилган буюк мерос чиндан ҳам Бобурнинг дилини равшан қилиб юборган эди. Улар келиб тушган боғда ўриклар оппоқ бўлиб гуллагани энди унинг кўзига ташланди. Дарё бўйидаги қалин чакалакзорда булбуллар басма-бас сайраётгани қулоғига чалинди. Айвонга чиққанда кечки шабада юзига ипакдай майин салқинлик берди.

2

Аммо бу маъсуд дамлардан кейин келган кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ломаконлик ва саргардонликда ўта бошлади. Соҳибқирон бобокалонидан сабоқ олиб яшашга аҳд қилган Бобур бунинг қанчалик қийин бўлишини ўз бошига оғир кунлар тушганда билди. У онаси инъом қилган сандиқдаги хотиротларни такрор-такрор ўқиб, Соҳибқирон бобосини йигитлик пайтидаги исми билан хаёлида Темурбек деб аташга ўрганди. Темурбек йигирма беш ёшида Самарқанд ва Шаҳрисабздаги хонумонидан жудо бўлгани ва ота юртининг тўрт томонига бош уриб нажот излагани Бобурнинг ҳозирги аҳволини эслатарди.

Тўғри, Темурбекка тажовуз қилган Илёсхўжа ва Амир Бекчиклар Аҳмад Танбалдан юз чандон қудратлироқ ва хатарлироқ эди. Улар Темурбекни тутиб олиб ўлдириш учун минглаб одамларни сафарбар этадилар. Ўлим хавфи йиллар давомида Темурбек билан изма-из юради. Қорақум саҳросидан нарида Хива бўсағасида Темурбек олтмиш йигити билан минг кишилик ёв қуршовини қўлда қилич билан ёриб чиқиб, қутулиб кетади.

Энди ўн етти ёшга кираётган Бобур ҳали бундай даҳшатли хатарларга дуч келган эмас. Фақат ота юртидан айрилиб, ломакон бўлиб юргани ва Аҳмад Танбалга бас кела оладиган кучли қўшин йиғиш ниҳоятда мушкул бўлаётгани уни қийнайди. Бобурнинг ишонган одамлари яшириқча Андижону Ахсига, Марғилон ва Ўшга бориб келмоқда. Хайрихоҳлар кўп, аммо юрак ютиб майдонга чиқадиганлар кам. Бобурнинг ўзи ҳам бу ёғи Исфара ва Конибодомга, у ёғи Зомин ва Жиззахгача, жанубда Ўратепа, шимолда Тошкентгача ҳамма жойга бир неча марта бориб келди. Бир ярим йилдан бери қишни қиш, ёзни ёз демай йўл босди. Сирдарёдан қайта-қайта сузиб ўтди. Қишда музни тешиб чўмилган пайтлари бўлди. Унинг ўзига ўхшаб чиниққан йигитлари

Темурбекнинг Хисор тоғларида, афсонавий ғорларда яшаб тобланган йигитларини эслатади.

Бироқ навкару сардорлари билан бир жойда узоқ вақт меҳмон бўлиб туришга юзи чидамайди. Чунки ҳафталар, ойлар давомида юзлаб одамларга овқат, отларга емиш топиб бериш мезбонларга жуда оғир тушишини сезади. Шунинг учун онаси ва эгачисини Хўжанддан Ўратепага, холаси Хуб Нигор хонимнинг уйларига келтириб қўйди. Ўзи уч юзга яқин беку навкарлари билан жанубдаги тоғларга чиқиб кетди. Овчи деб аталадиган бир қишлоқ яқинига чодир ва ўтовлар тикишиб, анча вақт ов ўлжалари билан рўзғор тебратишди.

Овчи қишлоғига тор бир дарадан ўтиб борилади. Даранинг тубидан одамни оқизадиган катта сув ҳайқириб оқади. Сув бўйида беш қаватлик уйдай бир баҳайбат қоятош осмонга бўй чўзиб туради.

Бобур шу қоятошнинг устини текислатиб, чодир ўрнаттирган. Овдан бўшаган пайтлари-да чодирда ўлтириб китоб ўқийди, хотира дафтарига кўрган-кечирганларини ёзади, шеър машқ қилади.

Бир кун шу чодирда Бобур Мирзо Улуғбекнинг «Тарихи арбаа улус»[48] китобини ўқиб ўтирганда, даранинг нариги четидан бир отлиқ одам жадаллаб келаётганига кўзи тушди.

Оти терга ботган бу отлиқ Марғилондан келган чопар йигит эди. У Бобур қаршисида тиз чўкиб арзини айтди:
— Амирзодам, мени Марғилон доруғаси Али Дўстбек тоғойингиз юбордилар.
— Бизга хиёнат қилиб, Андижонни Танбалга яшириқча топширган тоғойимизми?
— Ҳа, тоғойингиз бу қилган ишларидан ҳозир минг пушаймонлар. Аҳмад Танбал унинг уйларига бостириб келиб, яхши кўрган қизларини зўравонлик билан ҳарамига олиб кетибдир. Мол-мулкини талатибдир!
— Қасос қайтар экан-да! — деди Қосимбек. — Дўстбекнинг ўзи Андижонда бизнинг мол-мулкимизни талатган эди.
— Жаноб амирал умаро, Танбалнинг амалдору солиқчилари ҳам жабр-зулмни ҳаддидан ошириб юборди. Эл-юрт уларга қарши исён кўтарадиган бўлиб турибдир. Айниқса, марғилонликлар ҳозир жўшу хурушга келган. «Бобур мирзо келсалар қўрғон дарвозаларини очиб бергаймиз!» деб, тоғойингиз мени ҳузурингизга юбордилар.
— Тоғойимиз Танбал билан тил бириктириб, бизни унга тутиб берсалар-чи?!
— Тепамизда худо турибдир, амирзодам! — деб чопар қасам ичди. — Ҳазрат момонгиз Эсон Давлат бегим Али Дўстбекка яқин қариндош эканлар. Момонгиз яқинда Марғилонга борибдилар.
— Сиз момомни ўша ерда кўрдингизми?
— Ҳа, маслаҳатларини ҳам олдим. «Али Дўстбек билан Танбалнинг ёвлашгани рост!» дедилар. Момонгиз сизга салом айтдилар, «Тезроқ етиб келсинлар!» деб тайинладилар.

Бобур энди ҳаяжон билан ўрнидан кўтарилди:
— Жаноб Қосимбек, таваккал қилайлик! Одамларга буюринг. Дарҳол кўч йиғиштирсинлар!

Ўша куни қоронғи тушгунча барча ўтовлар қатори Бобурнинг қоятош[49] устидаги чодири ҳам йиғиштириб олинди. Туни билан йўл юриб, саҳар палла Хўжанддан берида бир-икки соат дам олдилар-да, яна йўлга тушдилар. Тўрт кунлик йўлни бир ярим кунда шитоб билан босиб ўтдилар. Марғилондан берида Исфайрамсой шовуллаб оқмоқда. Саҳар палла эди. Сой бўйида бирпас тўхтадилар. Бобур сой сувидан таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиди. Жойнамоз устида ўлтириб, Соҳибқирон бобокалонига бағишлаб тиловат қилди, улуғ аждодлар руҳидан мадад сўраб, юзига фотиҳа тортди. Сўнг тонг қоронғусида Марғилон қўрғонининг ёпиқ дарвозаси олдига келдилар.

Али Дўстбек дарвоза қоровулхонасида уларни кутиб ўлтирган экан. Дарвозани тўрт энлик очиб, қўрқа-писа Бобурга мурожаат қилди:
— Амирзодам, Андижонда қилган гуноҳларим учун афв сўраймен! Танбал ҳаммамизни алдаган экан!
— Минбаъд садоқат сақлай олурмисиз?! — шиддат билан сўради Бобур.
— Қуръони карим олдида сўз берурмен, умрбод содиқ қулингиз бўлурмен, амирзодам! Фақат мени иноятларингиздан маҳрум қилмасангиз, бас!
— Иноятлар истаганингиздан ҳам зиёда бўлғусидир. Очинг, дарвозани!

Бу буйруқни Али Дўстбек дарҳол адо этди. Бобур фонус ёруғи тушиб турган дарвозахонага кирганда Али Дўстбек ўзини унинг оёғи тагига ташлаб юкунди. Бобур уни қўлтиғидан олиб турғизди:
— Маъзурсиз! Танбалнинг содиқ одамлари бўлса, ҳозир уйқуда тутдирмоқ керак!
— Унинг талончилари ухлаб ётган жойларини билурмен!
— Жаноб Қосимбек, бизнинг навкарларимизга сиз бош бўлинг!

* * *

Тонг ёришганда Марғилон кўчаларида отлиқ жарчилар Бобур мирзонинг қайтиб келганини эълон қилдилар. Танбалнинг кўпчилик одамлари қуролсизлантирилгани ҳам шаҳарликларга маълум бўлди. Бутун Марғилон аҳли оёққа қалқди. Шаҳар аъёнлари Бобур келиб тушган кўшкка бориб, уни ғалаба билан қутладилар. Бозорларда Танбал солиқчилари учраб қолса, одамлар уларни таёқ билан уриб, шаҳардан қувдилар. Маҳаллаларда нақоралар, карнай-сурнайлар янгради.

Қосимбек Бобур мирзо номидан дошқозонларда палов дамлатиб, минглаб одамларга ош улашди.

Кечагина Танбал зулмидан мотамсаро аҳволга тушган Марғилон бугун Бобур мирзо қайтгани туфайли байрам тусини олди. Бу ҳодиса кўп ўтмай Андижон, Ахси ва Ўшларга ҳам маълум бўлди. Бобур мирзонинг пинжига кириб олган Али Дўстбек Қосимбекнинг ўрнига соҳиб ихтиёр эшик оға бўлиш ниятида эди. У Бобурни холи топиб, гапнинг учини чиқарди:
— Амирзодам, кутганимдан ҳам ортиқ иноятлар қилмоқчи эдингиз...
— Марғилон доруғалиғи сизга етарлик эмасми?
— Доруғаликни менга Танбал берган эди. Энди бундан каттароқ иноятни сиздан кутмоқдамен.
— Қани, Андижону Ўшлар ҳам бизга қайта насиб қилса. Кейин ўйлаб кўрурмиз.
— Иттифоқо, Ўшдан Қамбарбек келди. Ўшликлар ҳам сизга мунтазир эмишлар.
— Аммо ҳозир Андижондан ёмон хабар олдик. Аҳмад Танбал катта қўшин тўплаб Марғилон томонга бостириб келмоқда.
— Ундай бўлса, Ўшга Қосимбек сиздан вакил бўлиб борсин. Ўзганга ҳам ўтиб, тарафдорларингизни ишга солсин!

Айёр Али Дўстбек шундай нозик пайтда Қосимбекни Бобурдан узоқлаштириб, соҳиб ихтиёр эшик оға вазифасини ўзи бошқармоқчи эди. Лекин Бобур барча машаққатларни бирга бошдан кечирган қадрдони Қосимбекдан ажрашгиси келмади.
— Жаноб Дўстбек, Танбалдай ёғий бостириб келаётган пайтда кўпни кўрган Қосимбек ёнимизда бўлмоғи керак. Ўшга бошқа беку навкарларни юборгаймиз.

Сўзи ерда қолган Али Дўстбек қовоғини солиб, тўмтайиб қолди.

Қосимбекнинг ўз одамлари билан Марғилонда қолгани яхши бўлган экан. Танбал Андижондан катта қўшин билан Марғилонга ҳужум қилиб келганда, барча кучлар бирлашиб ҳимояга чиқдилар. Марғилондаги беку навкарлар қўрғондан ташқаридаги маҳаллалар ва қишлоқлардан йиғилган минглаб ботир йигитлар ёрдамида Танбал қўшинини улоқтириб ташладилар. Бу орада қуваликлар Танбалга орқадан зарба бердилар.

Ўш ва Ўзган халқи ҳам Танбалга қарши исён кўтариб, Бобурга кўмак юборди.

Тўрт томонидан ўт кетган Танбал тезроқ Андижон қўрғонига қайтиб бориб жон сақламоқчи бўлди.

У Андижонга Носирбек деган кишини доруға тайинлаб келган эди. Аҳмад Танбал Марғилонда Бобурдан енгилиб, талвасага тушиб келаётганини эшитган андижонликлар Носирбекнинг қароргоҳини ўраб олдилар. Тўрт тарафдан ҳайқириқ ва хитоблар эшитила бошлади:
— Аҳмад Танбал даф бўлсин!
— Дарвозадан киритилмасин бу золим!
— Бобур мирзога одам юборинг, туғилган юртиға тезроқ қайтсин!
— Тўйдик чингизийлардан! Бобур келсин!
— Агар доруға яна Танбалга ён босса, қўрғон дарвозаларини биз ўзимиз Бобур мирзога очиб бергаймиз!

Тошган дарёдай тўлқинланаётган бир неча минг кишилик издиҳом Носирбекни қўрқитиб юборди:
— Халойиқ! Тинчланинг! Менга қулоқ солинг! Ораларингизда мўйсафидлар бор! Мана, менинг ёнимда Шайхулислом жаноблари турибдилар. Мўйсафидлар жомеъ масжидига борсинлар! Қуролланган йигитлар бизга ёрдамга келсинлар. Дарвозаларни дарҳол бекитгаймиз. Танбални Андижонга киритмагаймиз. Жума намозида Бобур мирзонинг номини хутбага қўшиб ўқигаймиз! Кейин бунинг хабарини мўътабар одамлар орқали Бобур мирзога етказгаймиз. Токи ул зоти олий Андижонга иззат-икром билан қайтиб келсинлар. Шунга розимисизлар?

Бу режа амалга ошди-ю, эртаси куни андижонликлар Бобур мирзони қўрғон дарвозаси олдида карнай ва нақоралар чалиб кутиб олдилар. У миниб келаётган гулибодом отнинг оёғи тагига гилам поёндозлар тўшадилар. Бобур шодликдан кўзлари ёшланиб, ёнида келаётган Қосимбекка сўз қотди:
— Эл-юртда адолат бор экан-а!
— Ҳа, меҳру оқибат ҳам кучли экан. Фақат юзага чиқиши осон бўлмас экан!
— Шукр, масъуд кунларга етишдик!

* * *

Шу тарзда Андижондан қувилган Аҳмад Танбал қолган-қутган одамлари ва кўч-кўрони билан Ахсига йўл олди. Бироқ Ахсида ҳам Танбалга қарши исён кўтарилган, Бобур тарафдорлари қўрғон дарвозаларини эгаллашган. Танбалга садоқат сақлаб турган Ахси доруғаси Узун Ҳасан аркка кириб бекинган эди.

Бобур ва Қосимбекнинг қўшини сўнгги вақтларда беш мингдан ҳам ошиб кетди. Улар Андижонда кўп тўхтамай, Банди Солор йўли билан Ахсига етиб бордилар ва аркдаги Узун Ҳасанни асир олдилар.

Бу хабарни эшитган Аҳмад Танбал мустаҳкам қўрғонлардан бири бўлган Попга қараб чекинди. Аммо у етиб боргунича Бобур тарафдорлари Поп қўрғонини ҳам беркитиб, Аҳмад Танбални дарвозадан киргизмай қувдилар.

Аҳмад Танбал Ғова орқали Чотқол тоғларига қараб чекинди. Унинг сўнгги умиди — катта акаси Тилба Султондан ва Тошкент хони Маҳмудхондан эди. Тилба Султон хон саройида сўзи ўтадиган эшик оға эканини Бобур биларди. Аҳмад Танбал Фарғона водийсини талон-тарож қилиб орттирган бойликларидан катта бир қисмини Оҳангарон орқали Тошкентга, Маҳмудхонга совға қилиб юборгани ҳам хуфиялар маълумотидан маълум эди. Лекин Маҳмудхон — Қутлуғ Нигор хонимнинг акаси бўлатуриб, жияни Бобурнинг ашаддий душмани Аҳмад Танбалга ён босиши мумкин эмасдай туюларди.

Шунинг учун Бобур қўшини Аҳмад Танбални Чотқол тоғи этагигача таъқиб этиб борди.

Кун совуқ, йўллар тойғоқ. Кечки пайт Танбал беш юзтача аскари билан Архиён деган жойдаги қўрғонга кириб бекинди. Бу қўрғон деворларига шоти қўйиб ошиб ўтиш мумкин эди.
— Кеч киряпти, қоронғи тушмасдан тезроқ ҳаракат қилайлик! — деди Бобур. Аммо шотиларни ўн чақиримча беридаги Ғазнайи Намангандан келтиргунларича ғира-шира қоронғи тушди. Кечки изғиринда оғиздан чиққан ҳовур узоқдан кўзга ташланади, навкарларнинг қўли қовушга келмайди, гапирганда лаблари ҳам қийинлик билан ҳаракатланади.
— Амирзодам, — деб Али Дўстбек Бобурга арз қилди: — Қоронғи тушиб қолди, ёвни ўзимизникилардан ажратиш қийин бўлғай. Қамални эрталабдан бошлайлик.
— Унгача Танбал қочиб кетса-чи? — сўради Бобур.
— Қочиб қаёққа боргай? Нарёғи тоғ, довон бекилган!
— Танбалнинг акаси Тилба Султон Арчакент довони орқали инисининг олдига келиб кетибди-ку! — деди Қосимбек.
— Не бўлганда ҳам, энди Танбал иликка тушмоғи керак! — деди Бобур. — Архиён қўрғони атрофига чодирлар тикдиринг! Минг киши туни билан қоровуллик қилсин! Эртадан беш минг киши билан деворга шотиларни қўйиб ҳамла қилурмиз!
— Бош устига! — деб Али Дўстбек бу фармонни бажаришга киришди.

Қосимбек Бобур учун шу атрофнинг энг обод ва кўркам жойи бўлган Ғазнайи Наманганда қароргоҳ тайёрлата бошлади.

Тошкент, Наманган, Андижон - Чингизийлар Яна Ҳукмрон Бўлмоқчи

1

Қирчиллама қишда самур[50] пўстин ва қундуз телпак кийган Маҳмудхон хонаи хосда эшик оға Тилба Султон билан яккама-якка суҳбатлашмоқда. Осмонни қуюқ булут қоплаган. Кундуз куни бўлишига қарамай, хонайи хосдаги қандилларда шамлар липиллаб ёнмоқда.

Маҳмудхон шам ёруғида Тилба Султоннинг юзига тикилиб қаради-ю, унинг озиб кетганини пайқади.

Одоб билан чўкка тушиб ўлтирган Тилба Султон хонга томон қаддини букиб, қўлини кўксига қўйиб сўзламоқда:
— Шу совуқ кунларда довон ошиб Фарғона водийсига икки марта бориб келдим, хон ҳазратлари. Арчакент довони пастроқ экан, ундан ошиб ўтиб, Косонсойга қишда ҳам борса бўлар экан.

Қорли довонлардан қайта-қайта ошиб ўтиш осон бўлмагани Тилба Султоннинг совуқда қорайиб кетган кўсанамо юзидан, қалин лабларининг у ер-бу ерини изғирин ёриб юборганидан билиниб турарди:
— Иним Аҳмадбек бутун нажотни сиздан кутмоқда, хон ҳазратлари! Ахир сиз бугунги Чиғатой улусининг энг қудратли ҳукмдорисиз. Бизнинг етти пуштимиз Чингизхон наслига содиқ хизмат қилиб келмоқда. Ўзимиз ҳам аслан ҳазрати Чиғатойхоннинг қиз авлодларидан туғилганимиз сизга маълумдир.
— Рост, сиз билан бизнинг узоқ қариндошчилигимиз бор.
— Шунинг учун иним Аҳмадбек Фарғона водийсини Бобурга эмас, сизга топширмоқчи!
— Аммо Бобур ҳам бизга жиян-да.
— Хон ҳазратлари, бу жияннинг сизга бирон фойдаси теккани йўқ! Отаси Умаршайх мирзо сиздан Тошкентни тортиб олмоқчи бўлиб қанча урушлар қилди? Пайтини топса, Бобур ҳам сизга қарши қилич яланғочлагай!
— Унчалик эмасдир, жаноб вазир. Бобур Тошкентга келганда жуда одобли, меҳру оқибатлик кўринган эди.
— Ташқи кўринишдан шундайдир. Аммо қилаётган ишлари батамом сизга қарши! Мен буни ўзим бориб кўрдим, эл-юрт орасида айтган гапларини ўз қулоғим билан эшитдим, хон ҳазратлари!

Тилба Султон ёлғонни ҳам ростдай қилиб гапиришга уста эди. У Бобур айтмаган сўзларни ичидан тўқиб чиқара бошлади:
— Бобурнинг ўзи ҳам, тарафдорлари ҳам чингизийларни «жете»[51] деб камситади. «Йўқолсин чингизийлар! Фарғона водийси темурийлар мулкидир! Жетеларни қир!» деган бақириқларни Фарғона водийсининг кўп жойларида мен ўзим эшитдим!
— Наҳотки Бобур бизга жиян бўлатуриб шундай гапларни айтса?!
— Айтиш ҳам гапми?! Бобур Амир Темурнинг қиличини тақиб олган. Бу қилични Тўхтамишхон тор-мор бўлган пайтларда Темурбек ўғли Мироншоҳга инъом қилган экан. Энди Бобур бошқа чингизийларни ҳам худди Тўхтамишга ўхшатиб шу қилич билан тор-мор қилмоқчи эмиш!

Маҳмудхон аччиқ истеҳзо билан кулди:
— Бу ҳаммаси бекорчи хомхаёл! Темурийлар Чиғатой улусида юз йилдан ортиқ ҳукм сургани етар! Энди уларнинг даври тугади! Бир йилда катта ёшлик, тажрибали темурийлардан учтаси кетма-кет оламдан ўтди. Яна Бойсунқур мирзо деганини Хисорда Хисравшоҳ ўлдириб, тахтини эгаллади. Бухорода Султон али мирзо деган бўш-баёв бир ўсмир ҳукмрон эди. Шайбонийхон Бухорони осонгина ундан тортиб олди.
— Шайбонийхонга сиз ёрдам бердингиз-да, хон ҳазратлари! Бу одам аввал темурийзода Султон Аҳмад мирзо хизматида уч юзтагина навкари билан понсот даражасида хизмат қилиб юрган эди.
— Ёрдам бердик, чунки Шайбонийхон билан илдизимиз бир. Биз соҳибқирони аъзам, хоқони муаззам Чингизхоннинг ўртанча ўғли Чиғатойхондан тарқаган хонлармиз. Шайбонийхон Чингизхоннинг катта ўғли Жўжихондан тарқаган хонлар авлодидандир. Буни би-лурмисиз?
— Яхши билурмен, хон ҳазратлари. Аммо Жўжихоннинг ўғли Ботухон Чиғатой улусини Олтин Ўрдага бўйсундирмоқчи бўлиб, сизнинг боболарингизга кўп жабру ситамлар ўтказган! Қанча-қанча чиғатойларни Ботухон бегуноҳ ясоққа етказган!
— Лекин Шайбонийхон — Ботухон авлодидан эмас, Шайбон улусидандир, шуни унутманг, жаноб вазир! Шайбон — Жўжихоннинг бешинчи ўғли бўлган, Ботухонга қарши турган.
— Бунисини билурмен, хон ҳазратлари. Шайбон улуси Ёйиқ билан Иртиш дарёлари орасидаги яйловларда кўчиб юрган. Шайбонийхоннинг невара-чевараларидан бири Абулхайрхон номи билан шуҳрат қозонган. Ҳозирги Муҳаммад Шайбонийхон ана ўша Абулхайрхоннинг невараси экан. Отаси Шоҳбудоқ султон хонлик маснадига етишолмай ўлиб кетган.
— Ҳа, рост, Шайбонийхоннинг асли оти — Шоҳбахт экан. Уни болалигида Абулхайрхон ўзи тарбиялаган экан. Бобоси ўлгандан кейин алғов-далғов бошланиб, Шоҳбахтхон кўп азоб тортади. Ахийри Дашти Қипчоқдан Бухорога кўчиб келиб, жон сақлайди.
— Тасанно, хон ҳазратлари! Бухорода темурийлар хизматида бир бек бўлиб юрган Шоҳбахтхон сизнинг кўмагингизда қаддини тиклаб, кимсан, Шайбонийхон бўлди-я![52]
— Лекин Шайбонийнинг ўзи ҳам калласи яхши ишлайдиган, пишиқ, довюрак одам эканда. Чирчиқ дарёси бўйидаги жангда жонини гаровга қўйиб бизга қандай кўмак бергани ёдингиздами?
— Нега ёдимда бўлмасин, хон ҳазратлари? Ўзим кечаси дарё бўйларига бориб воситалик қилган эдим-ку.

Хон билан вазир икковлари учун ҳам ёқимли бўлган ўша воқеаларнинг тафсилотларини эслаб кетдилар.

Бу воқеаларнинг орасида қуда-андачиликнинг алоҳида ўрни бор эди. Маҳмудхоннинг отаси Юнусхон бир эмас, уч қизини ака-ука темурийларга узатган эди. Улардан ўртанчаси Аҳмад мирзо — Самарқанд подшоси, иккинчи куёв — Маҳмуд мирзо — Ҳисор ҳукмдори, учинчи куёв — Умаршайх мирзо — Фарғона тождори. Хонлар удумига биноан, Юнусхон ҳар бир қизига мингдан ортиқ мўғул беклари, навкарлари, каниз ва хизматкорларидан қўшиб юборган эди. Улар куёвнинг даргоҳига ўрнашиб, келиннинг хизматини қилишар, айни вақтда, темурийларнинг ички ишларига аралашиб, уларнинг ораларида низо чиқишига сабаб бўлар эдилар.

Ана шу тарзда чиққан низолар туфайли Аҳмад ва Умаршайх мирзолар бир-бирлари билан Тошкентни талашиб кўп урушдилар. Қайноталари Юнусхон уларни яраштириш баҳонаси билан Мўғулистондан Тошкентга келиб-кетиб юрди, ахийри бу шаҳарга ўрнашиб олди.

Юнусхоннинг вафотидан сўнг, унинг катта ўғли Маҳмудхон Тошкентни бутунлай мўғул хонларининг қароргоҳига айлантирди.

Чингизийлар ҳукмронлигининг қайта тикланиши кўпчилик туронликларни норози қилмоқда эди. Самар-қанд подшоси Аҳмад мирзо шу норозилар орасидан олтмиш минг қўшин тўплаб, Тошкент бўсағасида, Чирчиқ дарёси бўйида ҳал қилувчи жангга тайёрлана бошлади.

Жанг арафасида Шайбонийхоннинг уч юз кишилик навкарларига Бухоро ҳокими Абдуали Тархон бошчилигида жуда масъулиятли вазифа юкланди. Уларга қўшин марказида бўлиш ва Аҳмад мирзонинг туғларини, байроқдорини қўриқлаш топширилди.

Ўттиз олти ёшлик Шайбонийхон жанг пайтида байроқ ва туғлар қанчалик улкан аҳамият кашф этишини яхши биларди. Унинг дили — ўзи мансуб бўлган сулоланинг вакили Маҳмудхон томонида эди. Жанг арафасида Шайбонийхон ишончли бир хуфиясини Маҳмудхон қароргоҳига яшириқча жўнатди. Бу хуфияга қуйидаги гапни айтиб юборди:

«Мен ҳам Чингизхон наслиданмен, темурийларнинг ички сирларини билурмен, агар Маҳмудхон ҳазратлари лозим кўрсалар, кечаси яшириқча Чирчиқ бўйига келсинлар, мен бу томондан ўтиб борурмен, эртанги жангда хонга ғалаба келтирадиган бир режанинг маслаҳатини қилурмиз».

Бу хуфиянинг гапи тайинлик эканини тафтиш қилиб билган эшик оға Тилба Султон уни Маҳмудхон билан учраштирди. Сўнг Тилба Султон билан Маҳмудхон ярим тунда дарё бўйига Шайбонийхон тайин этган жойга бордилар. Шайбонийхон дадил йигит экан, отни ҳам оқизадиган Чирчиқ дарёсидан кечаси сузиб ўтиб келди.
— Аҳмад мирзо ношуд саркарда, — деди у Маҳмудхонга. — Унинг ишонган амири Абдуали Тархон эртага бўладиган жангда марказга — ғулга тайин бўлди. Подшо ҳам, унинг туғлари, байроқдори ҳам ғулда бўлур. Сиз қўшинингизни дарё қирғоғидан орқароққа олиб, гўё чекингандай бўлсангиз. Улар дарёдан ўтгунча, ҳаммалари ҳўл бўлиб сафлари анча-мунча тўзғийдир. Шунда мен уч юз навкарим билан уларнинг байроқдорларини уриб йиқитиб, сиз томонга қочиб ўтгаймен. Байроқ ерга тушиб оёқости бўлдими, қўшин енгилган ҳисоблангай! Шунда сиз ҳужумни кучайтирурсиз. Мен ҳам навкарларим билан сизлар томонда Аҳмад мирзога қарши жанг қилгаймен. Ёғийнинг орқасида тошқин дарё. Қочганларининг аллақанчаси сувга чўкиб ҳалок бўлур.

Шайбонийхоннинг бу режаси Маҳмудхонга маъқул тушди. Эртаси куни жангда ўша режага амал қилган Маҳмудхон Аҳмад мирзо устидан ғалаба қозонди. Шундан кейин Маҳмудхон дадилланиб, Ўратепани ҳам Аҳмад мирзодан тортиб олди-да, у ерга ўзининг қадрдони бўлган мўғул-дуғлат амири Муҳаммад Ҳу-сайнни ҳоким қилиб қўйди.

Чирчиқ бўйидаги жангда катта хизмат кўрсатган Шоҳбахт — Шайбонийхон Маҳмудхондан мукофот кутмоқда эди. Маҳмудхон уни ўз ҳузурига чақириб шундай деди:
— Туркистон шаҳри ҳамон темурийлар илкида. Ҳолбуки биз, чингизийлар, бу жойларни Чиғатойхондан мерос олган эдик!
— Хон ҳазратлари, менинг бобом Абулхайрхон ҳам Туркистон шаҳрини ўзига мулк қилган эди.
— Чунки пўлат вараққа битилган аҳдномага биноан, хонлик маснадига фақат Чингизхон авлодлари муносиб кўрилган. Темурнинг бобокалони Қорачор нуён бу аҳдномага имзо чеккан, илоҳий тангри олдида хонлик даъвосидан воз кечган. Доим хонлар хизматида лашкарбоши амир бўлиб хизмат қилишга сўз берган. Амир Темур ҳам ўзини хон деб атамаганку!
— Ўзини хон деб атамаган-у, лекин хонларни қўғирчоқ қилиб ўйнатган! — деди Шайбонийхон алам билан. — Чингизхон наслидан бўлган Суюрғатмишхон, Маҳмудхон деганларни хўжакўрсинга оқ кийгизга солиб хон кўтарган. Аслида бу хонлар унинг хизматини қилган. Фақат Тўхтамишхон Темур билан дадил олишган, аммо омади келмай енгилган. Олтин Ўрда ер билан яксон қилинган. Темур Мўғулистон хонларига қарши бир эмас, етти марта юриш қилиб, Чингизхон авлодларини Чиғатой улусидан бутунлай сиқиб чиқарди. Унинг ўғли Шоҳруҳ билан невараси Улуғбек чингизийларни Туронга йўлатмай қўйди. Мана энди, орадан юз йил ўтгандан кейин темурийлар давлати парчаланиб, ўзаро урушлардан батамом заифлашди-ю, сизу бизга омад келди.
— Гапингиз тўғри, жаноб Шоҳбахтхон, Чиғатой улусидан темурийларни сиқиб чиқариб, чингизийлар ҳукм-ронлигини қайта тиклаш сиз билан бизнинг зиммамизга тушадир. Сайраму Туркистонлар ҳам икки юз йил давомида чингизийлар тасарруфида бўлган. Кейин Амир Темур Яссавий мақбарасини қуриб, бу ерларга эга бўлиб олди. Ҳозир ҳам Туркистон темурийларга садоқат сақлаб турибдир. Мен сизга уч минг кишилик сара қўшин берай. Бобонгиз Абулхайрхоннинг мулкини темурийлардан қайтариб олинг!
— Миннатдормен, хон ҳазратлари! Туркистонни темурийлардан тортиб олиб, сизнинг давлатингиз таркибига қўшиш — менинг орзуйимдир! Сиз барча чингизийларга раҳнамо бўлгайсиз! Менинг эзгу ниятим — сизнинг йўлбошчилигингизда чингизийларнинг улуғ салтанатини қайта тикламоқдир!
— Мана бу ният — таҳсинга сазовор, жаноб Шоҳбахтхон. Аммо замонлар ўзгарди. Сиз билан биз ҳам Чингизхон давридаги мўғуллар эмасмиз. Исломни қабул қилдик. Туркий тил — она тилимизга айланди. Мана, сиз мадрасада ўқидингиз. Биз ҳам форсча, арабча ўргандик. Кийим-кечак, озиқ-овқат, уй тутиш, ҳаёт тарзи — ҳаммаси ўтроқ туркий аҳолиникидан фарқ қилмагани яхши бўлди. Чунки бу ҳаммаси бизнинг Туронзаминга отган янги илдизларимизга айланди.
— Аммо ўқ илдизимиз — Чингизхон наслидан эканлигимиздир! — гап қўшди Шоҳбахтхон.
— Ҳа, ана шу ўқ илдизни маҳкам тутинг, аммо Туронзаминга отган янги илдизларингиздан ҳам озиқланинг!
— Менинг дилимдаги гапни айтдингиз, хон ҳазратлари. Мен ўз атрофимга Турондан ҳам, Дашти Қипчоқдан ҳам барча турк-мўғул қавмларни йиғмоқдамен. Буларнинг бири қипчоқ, бири найман, бири қўнғирот, бири жалойир, аммо ҳаммаларини «ўзига-ўзи бек — ўзбек» деган чиройли ном билан атасам, кўпчилигига маъқул тушди. Ораларида Қуръонни менчалик яхши қироат қиладиган имомлари йўқ. Шунинг учун ҳаммалари мени «Имоми замон!» деб тан олурлар!
— Кўпчиликнинг бошини қовуштириш учун нимайики зарур бўлса, ҳаммасини қилинг. Энг муҳими, аҳилликдадир. Ўзаро урушлар темурийларнинг бошига етмоқда. Сиз билан биз бир ёқадан бош чиқарсак, Ислом байроғини темурийлардан кўра баландроқ кўтарсак, барча мусулмонлар бизга эргашгай!
— Тўғри айтдингиз, ҳазратим! Ҳозир бобокалонимиз Чингизхоннинг мафкураси билан иш юритиб бўлмагай! Энди фақат исломнинг сунний мазҳаби бизга мос келур.

Маҳмудхон Шайбонийхоннинг бу фикрини ҳам маъқул кўрди. Уларнинг маслакдош эканликлари, айниқса Шайбонийхонга қўл келди. Маҳмудхоннинг ёрдами билан Шайбонийхон аввал Туркистонни, сўнг Бухорони ношуд темурийзода Султон Али мирзодан тортиб олди. Вазият етилиши билан Шайбонийхон Самарқандни ҳам эгаллайди. Унинг ҳомийси Маҳмудхон бундан мамнун.

Шайбонийхонга раҳнамо бўлиб бутун Туронда, ундан сўнг Хуросону Эронларда ҳам Чингизхон авлодларининг шону шуҳратини, давлату ҳокимиятини қайта тиклаш Маҳмудхоннинг энг улкан орзусидир. Буни яхши биладиган Тилба Султон:
— Илоҳим, ана шу орзуйингиз тезроқ рўёбга чиқсин, хон ҳазратлари! — деб тилёғламалик қила бошлади. — Сиз Соҳибқирон аъзам Чингизхоннинг даҳосини мерос олгансиз. Она томондан Искандар Зулқарнайн авлодларидан экансиз! Муҳтарама волидангиз Шоҳбегим менга сўзлаб бердилар.
— Ҳа, она томондан бобомиз Шоҳ Муҳаммад ҳазратлари буюк юнон подшоси Искандар Зулқарнайннинг Помирда қолиб кетган авлодларидан эканлар. Раҳматлик отамиз Юнусхон Шоҳ Муҳаммад ҳазратлари билан Бадахшонда танишган эканлар.
— Қаранг, хон ҳазратлари, худо суйган бандасига қўша-қўша қилиб берар экан-да! Ҳали келажакда Бадахшон ҳам сизга мерос бўлиб қолғай. Тошкенту, Андижону Фарғоналар сизга буюк Чингизхондан меросдир. Иним Аҳмадбек Фарғона водийсида орттирган бойлигини тўққиз туяга юклаб, сизга инъом қилиб юборгани шу боисдандир. Олтину жавоҳир, кимхобу атлас...
— Кўрдим! Аҳмадбекнинг саховати дуруст. Лекин у ҳалигача норасида бир темурийзода Жаҳонгир мирзо хизматида юргани ғалати.
— Бу ҳаммаси ноиложликдан, хон ҳазратлари. Қани эди, сиз катта ўғлингиз Хоникахонни иним Аҳмадбекка ёрдамга юборсангиз. Биргалашиб темурийзодаларни дафъ қилсак. Ана унда Фарғона водийси сизнинг ўғлингизга тобеъ бўлғай. Аҳмадбек то ўлгунча сизгаю, ўғлингизга содиқ хизмат қилғай.
— Мана бу режа ҳақида ўйлаб кўрсак бўлади, — деди Маҳмудхон. — Бобурга авом халқ тарафдор бўлиб исён кўтаргани, бизнинг одамларни водийнинг шаҳару қишлоқларидан қувиб чиқаргани менга ёқмайди!
— Сиз минг бора ҳақсиз, хон ҳазратлари! Менинг иним Аҳмадбек ўша авомларнинг йўлини тўсиб турибдир. Агар Аҳмадбек мағлуб бўлса, бу исёнлар шундай тоғдан ошиб, Тошкентга етиб келиши муқаррар! Бу ерда ҳам темурийлар даврини қўмсаб юрган алам-задалар оз эмас. Буни хуфиялар ахборотидан ҳам билурсиз. Худо кўрсатмасин, агар ичкарида пусиб ётган ғанимларингиз бош кўтарса, нарёқдан Бобур Амир Темурнинг қиличини яланғочлаб келса...
— Йўқ, йўқ, бунга мутлақо йўл қўймаслигимиз керак! Айтинг-чи, Аҳмадбек Фарғона водийсини бизнинг давлатимиз таркибига қўшмоқчи экани — шунчаки гапми ёки асоси борми?
— Асоси бор! Мана, Аҳмадбек ўз илки билан сизга мактуб ёзган! Агар уни ҳозирги хавф-хатардан сақлаб қолсангиз, иним умрбод сизнинг хизматингизни қилгусидур. Андижону Ахсини темурийлар номидан эмас, сизнинг номингиздан идора этишга сўз берган!

Маҳмудхон Аҳмад Танбалнинг имзоси қўйилган ва муҳри босилган мактубни ўқиб кўрди-да, ўзининг махсус қоғозлари сақланадиган жуздонга солиб қўйди.

Хоннинг ён бераётганини сезган Тилба Султон қўлини кўксига қўйиб илтижо қилди:
— Хон ҳазратлари, ўн беш минг лашкарингиз кўпдан бери куч йиғиб ётибдир. Катта ўғлингиз Хоникахон ҳам йигит бўлиб қолди. Улкан ғалабаларга эришгилари келур...
— Қиш кунида ўн беш минг қўшинни бошқариш осон эмас. Фармон ҳозирланг, Хоникахон олти минг лашкар билан ҳарбий юришга отлансин. Аммо бу юришнинг бутун масъулияти сизнинг зиммангизга тушадир, жаноб эшик оға!
— Бошим билан жавоб берурмен, хон ҳазратлари!
— Ана шу сўзларингизни аҳднома тарзида ёзиб, имзо чекинг!
— Бош устига!

Мазкур аҳдномага биноан Маҳмудхоннинг олти минг кишилик қўшини Аҳмад Танбални қутқариш учун Арчакент довонидан ошиб, Косонсой атрофларига бос-тириб келди.

2

Архиён қўрғонини қамал қилаётган Бобур энди асосий кучларини Косонсой томонга буришга мажбур бўлди. У Аҳмад Танбалга келадиган ҳар қандай кўмакнинг йўлини тўсмоқчи, керак бўлса, тоғасининг ўғли Хоникахон билан ҳам олишмоқчи эди.

Бу хабар Ахсида турган Қутлуғ Нигор хонимга ва унинг кекса онаси Эсон Давлат бегимга ҳам етиб борди. Оналар тоға-жиян орасида уруш бошланса жуда кўп бегуноҳ қонлар тўкилишидан изтиробга тушиб, аввал Ахсидан Косонсойга бордилар, Тилба Султон билан Хоникахонни яхшиликча Тошкентга қайтишга ундаб кўрдилар. Бироқ олти минг қўшиннинг кучига ишонган Тилба Султон Маҳмудхоннинг номидан бир қанча оғир шартларни ўртага қўйди:
— Бобур мирзо қўшинини Андижон томонга олиб кетсинлар. Ахси билан Сирдарёнинг ўнг қирғоғидаги ҳамма жойлар аввалгидай Жаҳонгир мирзо ихтиёрида қолсин. Ана ундан сўнг биз қўшинни Тошкентга олиб қайтгаймиз.

Қутлуғ Нигор хоним онаси билан Косонсойдан Наманганга, Бобур қароргоҳига келдилар.

Саккиз бурчаклик катта оқ ўтовда Бобур ўнг ёнига онаси ва бувисини эъзозлаб ўтқазди. Унинг чап ёнидан Қосимбек ва Али Дўстбек ўрин олдилар. Оналар келтирган нохуш хабардан оташин бўлган Бобур куюниб сўз бошлади:
— Биз Танбал туфайли шунча жабр кўрдик, икки йил саргардон бўлдик, хон тоғамиз бизга биронта ҳам навкарини ёрдамга юбормади. Танбал ўз қилмишига яраша ҳамма жойдан қувилиб тор-мор бўлаётган пайтда хоннинг олти минг қўшини уни қутқариш учун тоғ ошиб етиб келибди! Буни қандай тушунмоқ керак, ҳазрат моможон? Қани бу ерда адолат?!

Қутлуғ Нигор хоним хон оғасининг қилмишидан хижолат бўлиб ерга қаради.

Эсон Давлат бегим томоқ қириб қийналиб гапирди:
— Амирзодам, адолат сиз томонда. Лекин Маҳмудхоннинг эшик оғаси Тилба Султон ўта муғамбир одамда. Хонни шу одам қўшин юборишга кўндирган. Биз Косонсойда улар билан сўзлашдик. Мақсадлари урушиш эмас. Инингиз Жаҳонгир мирзо билан сизни яраштириб қўйишмоқчи.
— Мен Жаҳонгир билан эмас, Танбал билан олишмоқдамен. Майли, Жаҳонгир ҳали бола, узр сўраб келса у билан ярашайлик. Аммо Танбални қамалдан бўшатмагаймиз! Бу қотил ўз қилмишлари учун жавоб бермоғи керак!
— Бироқ Танбал Жаҳонгирнинг оталиғи-ку! Бири билан ярашсангиз, иккинчиси билан ҳам ярашмоғингиз керак бўлур, — деди Али Дўстбек. — Бундан ташқари, Аҳмад Танбал ҳам Чиғатойхон авлодларидандир. Хон тоғойингиз шунинг учун унинг ҳимоясига катта қўшин юбормишдир!
— Ҳа, ана, коса тагидаги нимкоса энди кўринди!— деди Қосимбек. — Маҳмудхон ҳазратлари темурийларга ўгай кўз билан қарайдирлар. Амирзодам, мен буни кўпдан бери кузатиб юрибмен. Тошкентда, Бухорода, Туркистонда сизнинг тарафдорларингиз, бизга ҳақиқатни етказиб турувчи хуфияларимиз бор. Улар Маҳмудхоннинг Шайбонийхонга ён босаётганлиги бежиз эмаслигини маълум қилмоқдалар. Асли Чингизхон наслидан бўлган бу хонлар ҳозир темурийларга қарши тил бириктирганлар. Улар нафақат Тошкенту Фарғонада, балки бутун Туронда Чингизхон авлодларининг ҳукмронлигини қайта тикламоқчилар!

Бу гаплардан Қутлуғ Нигор хонимнинг юзи қизариб, кўзлари чақнаб кетди:
— Мен ҳам Чингизхон наслиданмен! Сиз бизни Маҳмудхонга қўшиб ўғлимиз Бобур мирзодан бегона қилмоқчимисиз?!
— Мени афву этинг, хоним ҳазратлари! Сиз Бобур мирзога Амир Темур қиличини, унинг руҳий мададини етказиб бериб, олижаноб ишлар қилдингиз!.. Салкам икки йил барча саргардонликлар азобини сиз амирзодам билан бирга тортдингиз. Шунчалик қийналган пайтларингизда Маҳмудхон оғангиз сизга ҳам ён босмади-ку!
— Бу рост! — деди Эсон Давлат бегим. — Маҳмудхон бошқа онадан туғилган. Унинг онаси Шоҳбегим Бадахши менга кундошлик қилур, бизни кўрарга кўзи йўқ. Ана шунинг таъсирида Маҳмудхон бизга ўгайлик қилиши мумкин. Аммо бунинг учун барча чингизийларни темурийларга душман қилиб кўрсатишингиз нотўғри, жаноб Қосимбек!
— Мени маъзур тутинг, «барча хонлар» деганим йўқ. Фақат Маҳмудхон билан Шайбонийхонни, яна Аҳмад Танбални назарда тутдим!
— Булар ҳам сизу биз каби туркий тиллик мусулмонлар-ку! — деб гап қўшди Али Дўстбек. — Айирмачилик қилиш кимга керак?
— Айирмачиликни биз эмас, улар қилишмоқда! — деди Бобур. — Мен тарих китоблари-да ўқидим. Энг қадимий бобокалонимиз Ўғизхоннинг Кунхон, Ойхон, Тоғхон деган ўғиллари бўлган экан. Шулардан бўлган фарзандлардан бири Юлдузхон деб аталган экан. Қаранг, ҳаммаси туркий номлар! Ана шу Юлдузхоннинг невараси — афсонавий аёл Аланқува қурлос уруғидан экан. Қурлос барлосга қон-қариндош. Номи ҳам уй-қаш. Мен буни Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи» китобида ўқидим. Илоҳий руҳдан ҳомиладор бўлиб ўғил туққан Аланқува туркий қавмларнинг афсонавий онаси саналаркан.
— Ҳа, рост, — деб бу гапни Эсон Давлат бегим маъқуллади, — оталари мўғул қавмидан бўлган Чингизхон ҳам Аланқувани ўзининг момокалони деб билган. Шундай бўлгач, чингизийларни темурийларга ашаддий душман деб таърифлаш адолатдан эмас-да, жаноб Қосимбек!
— Аммо бу икки сулола тарихда бир-бири билан озмунча ёғийлашганми, ҳазрат бегим? Ҳокимият учун курашда оға-инини, қариндош-уруғ бир-бирини аямаганлиги ҳеч кимга сир эмас-ку!
— Бобур мирзо ўз аждодларининг ёғийлашган давр-ларидан эмас, иноқ бўлган даврларидан ибрат олмоқлари керак! — деди Эсон Давлат бегим. — Ҳазрати Амир Темурнинг бобокалонлари Қочувли баҳодир билан ҳазрати Чингизхоннинг бобокалонлари Қобулхон иноқ бўлиш ҳақида аҳду паймон қилишиб, пўлот китобга буни ўйиб ёздирган эканлар.
— Хўп, бу аҳдномани кимлар мудом бузиб келмоқда, ҳазрат момо? Соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур Жўжихон авлодидан бўлган Тўхтамишхонга қанча яхшиликлар қилганини билурмисиз?
— Билурмиз, аммо...
— Энди шошманг! Тўхтамишхон нечун бу яхшиликларга ёмонлик билан жавоб берди? Нечун Амир Темур давлатига қарши тажовузлар қилди? Чунки Тўхтамишхон Олтин Ўрдага хон бўлгандан кейин атрофидаги хушомадгўйлари уни ҳовлиқтирди. «Сиз Чингизхон наслидансиз, сизнинг мартабангиз Темурбекникидан баланд, давлатни фақат сиз бошқаришингиз керак, Темурбек лашкарбоши бўлиб, сизга хизмат қилиши керак!» деган ақидага уни ишонтиришди!..
— Ахийри бу ақида Тўхтамишхоннинг бошига етди, буни биз яхши билурмиз, — деди Эсон Давлат бегим.
— Аммо сиз ақиданинг ҳали ҳам тирик эканини билмасангиз керак, ҳазрат бегим! — деб Қосимбек Бобурга ён боса бошлади: — Бизга келган махфий ахборотлар бор. Тилба Султон ҳазрати Маҳмудхонга хушомадлар қилиб, Аҳмад Танбалнинг совғаларини бериб, худди шу ақида асосида бизга қарши қўшин юборишга хонни кўндирибдур!
— Айғоқчиларнинг ахборотига мунча инонманг, жаноб эшик оға, — деб эътироз қилди Али Дўстбек. — Ҳазрати Маҳмудхон Тилба Султоннинг ақли билан иш қиладиган заиф тождор эмаслар. Ул зот бугунги Чиғатой улусининг энг қудратли султонидурлар!
— Бугунги Чиғатой улуси? — ҳайрон бўлиб сўради Бобур. — Тўғри, она томондан биз ҳам Чиғатойхонга авлодмиз. Мен ҳазрат онамни ардоқлаб, бошимга кўтарурмен. Аммо Чиғатойхондан минг йиллар олдин Турон, Туркистон деб номланган муаззам заминни ҳанузгача Чиғатой улуси деб аташга ҳеч бир асос кўрмаймен! Ахир Чиғатойхон Туронда бирон йил яшамаган, биронта тарихий обида қурдирмаган, бирон жойни обод қилмаган! Аксинча, обод жойларни харобага айлантирган, тўғонларни буздириб, шаҳару қишлоқларни сувга бостирган!
— Тўғонлар ҳазрат Чингизхоннинг фармони билан буздирилган, шекилли, — деб гап қўшди Эсон Давлат бегим.
— Ҳар қалай, барча қирғинлар, бузғунчиликларга Чиғатойхон ҳам катта улуш қўшган, — давом этди Бобур. — Тарих китобларидан ўқидимки, Чингизхон ўзига ҳам биронта ёдгорлик қурдирмаган экан. «Ўлсам, текис ерга дафн қилинглар, қабрим устидан мингта от юриб ўтсин, токи кўмилган жойимни ҳеч ким тополмасин», деган экан. Вафот этганидан кейин худди унинг айтганини қилишибди. Мингта от унинг қабрини топтаб ўтибди. Ҳалигача унинг қабрини ҳеч ким тополмас эмиш.
— Эътиқоди шундай бўлган экан-да, — деди Эсон Давлат бегим. — Доим ўтовда ёки отда, табиат бағрида бўлишни истаркан. Шаҳарларни, қўрғонларни ёмон кўраркан.
— Бегуноҳ шаҳарликларни-чи? — сўради Бобур.— Табиат билан ҳамкорлик қилиб чўлларга сув чиқарган, боғ-роғлар бунёд қилган бутун ўтроқ аҳолини нечун аёвсиз қирган? Турон халқининг доди парвардигорга етган экан-ки, Амир Темурдек бир нажоткорни юборибдир. «Биз Чингизхон наслиданмиз!» деб кўкракларига уриб мақтаниб юрганлар билсинлар! Насл-насаб билан мақтаниш заифлик белгисидир! Ўзининг илкидан яхши иш келмайдиганлар мудом насл-насаблари билан керилурлар. Аммо одамнинг кимлигини қилган ишию авлодларга қолдирган мероси кўрсатгай. Чингизхондан, Чиғатойхондан, Тўхтамишхондан қандай мерос қолди-ю Амир Темурдан, Шоҳруҳдан, Улуғбекдан қандай мерос қолди? Бир қиёслаб кўринг! Адолат ким томонда экани шунда дарҳол билинур!

Баҳсга аралашмай бошини эгиб жим ўлтирган Қутлуғ Нигор хоним ўғлига меҳр тўла кўзлар билан қаради-да:
— Сиз ҳақсиз, Бобуржон! — деди. — Бугун бўлмаса эртага ҳақ жойида қарор топгай. Мен шундай паҳлавон, ҳақгўй, баҳодир ўғлим борлиги билан ифтихор қилурмен. Сиз ўз номингизга муносиб шер йигитсиз. Аммо Аҳмад Танбал билан унинг оғаси чиябўрига ўхшайдилар. Сиз ўшалар билан тенг бўлманг, улар туфайли хон тоғойингиз билан орани бузманг, сулҳ таклиф қилишса, яраша қолинг, болам!
— Қайси шарт билан ярашайлик? — сўради Бобур.
— Ахси Жаҳонгир мирзода қолсин, майли денг. Сахий бўлинг!
— Ие, икки йил жон чекиб олишганларимиз бекор кетгайми? — норози бўлиб сўради Қосимбек Бобурдан. — Отангиздан қолган яхлит давлат яна парчалансинми?!
— Агар бунга кўнмасангиз Маҳмудхон юборган қўшин билан жанг қилурмисиз?! — таҳдид қилиб сўради Али Дўстбек.

Қосимбек ҳам унга тик жавоб берди:
— Агар амирзодам буюрсалар, жангга тайёрмиз!
— Олдинда Маҳмудхон! Орқада Танбал! Сиз амирзодамни икки ўт орасига ташламоқчимисиз?! — сўради Эсон Давлат бегим ҳам қизишиб. — Сиз Бобур мирзога нуқул хонларни ёмонлаб, икки орани бузмоқдасиз-ку, жаноб Қосимбек!
— Мен ҳақиқатни айтдим, холос, ҳазрат бегим!
— Сиз ҳақиқат деган нарса айғоқчиларнинг ёлғон-яшиқ иғволаридир!

Али Дўстбек бу даъвони яна бир парда баланд кўтарди:
— Жаноб Қосимбек шу иғволарга таяниб хонларга туҳмат қилмоқдалар!

Бобур орага тушди:
— Жаноб Дўстбек! Ҳазрат момо! Қизишмангизлар!

«Туҳмат!» деган гап Қосимбекка жуда оғир ботди. У Бобурдан ҳимоя истарди. Аммо Бобур момоси билан Дўстбекни янада асабийлаштирмаслик учун Қосимбекни очиқчасига ёқлай олмади:
— Жаноб Қосимбек, ўйлаб кўрайлик, — деди. — Балки бирон муроса йўли топилар!

Қосимбек ўзини босолмади:
— Мен Танбал билан муроса қилолмагаймен! Амирзодам, менга ижозат беринг, бу ердан кетай! Сизга қачон керак бўлсам, чақиртирсангиз яна келгаймен! Аммо ҳозир... туҳмат балосидан худо асрасин! Ҳазрат бегим, хоним ҳазратлари, узр сўраймен!

Қосимбек боргоҳдан чўғдай қизарган, асабий бир алпозда чиқиб кетди.

Яна Қутлуғ Нигор хоним ўғлига мулойимлик билан гап қотди:
— Ўйлаб кўринг, Бобуржон! Косонсойда хон тоғойингизнинг олти минг қўшини турибдир. Агар сиз бу қўшин билан жанг қилиб, уни енгсангиз... тоғойингиз жим қараб турмагай... Орқадан яна ўн минг, балки йигирма минг қўшин билан ўзи етиб келгай!.. Унда не қилурсиз?..
— Мен тоғойим билан жанг қилмоқчи эмасмен... Фақат Танбалнинг қандай хоин эканини хонлар ҳам билсалар эди!..
— Вақт ўтиши билан билиб қоларлар, — деди Қутлуғ Нигор хоним. — Сизга хиёнат қилган Танбал хонга ҳам хиёнат қилмай туролмагай. Хўжа Абдулладай пирни осиб ўлдирган қотилга қасос қайтмай қолмас!

Бобур ўйланиб жим қолганидан фойдаланган Али Дўстбек гапни кутилмаган томонга бурди:
— Икки йилдан буён сиз кўп азоб тортдингиз, амирзодам! Энди бу дунёнинг роҳатини ҳам кўришингиз керак. Ёшингиз ўн саккизда, алпқомат йигитсиз. Айни уйланадиган пайтингиз. Қаллиғингиз Ойиша бегим ҳам ўн олтига тўлиб, сеп йиғмоқда эмишлар.

Мавзу ўзгарганидан жонланган Эсон Давлат бегим Ойиша бегимни таърифлай кетди:
— Бориб кўрганлар маҳлиё бўлиб гапирганларини мен ўзим эшитдим! Эгачилари Қоракўз бегимнинг гўзаллиги таърифга сиғмас эди. Ойиша бегим эгачисидан ҳам кўҳлироқ бўлиб етилибдур!

Бобурнинг уруш-жанжаллар қаҳратонидан жунжиккан қалбига бирдан баҳорнинг илиқ шабадаси теккандай бўлди. Ўзи ёзган ғазалнинг сатрлари: «Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен? Не кун бўлғай висолингга мени дилхаста етгаймен?» деган саволлар дилида гўё най навосига қўшилиб эшитилди. Агар тоғаси Маҳмудхон билан ёвлашса, Тошкентдаги Ойиша бегимнинг тақдири нима бўлади? Яна Самарқанддаги каби аросатга тушадими?
— Худо сақласин! — деди Эсон Давлат бегим. — Уруш бошланса қаллиғингизни гаровга олиб азоб бергайлар! Лекин сулҳ тузилса, хон тоғангиз келинимиз Ойиша бегимни сеплари билан Андижонга хушу хурсанд жўнатмоқчи эканлар!
— Оҳ, қани, ёлғиз ўғлимнинг тўйларини кўрсам! — деб орзиқиб хитоб қилди Қутлуғ Нигор хоним.

Бобур шунча вақтдан бери бир кўришга муштоқ бўлиб юрган қаллиғига етишадиган кунларни кўз олдига келтирди-ю, мулойим бўлиб қолди. Оналар Андижонда бўладиган тўй шодиёнасидан эл-юрт ҳам тинчиб бир яйраб олишини айтишди ва ниҳоят Бобурни Аҳмад Танбал билан сулҳ тузишга кўндиришди.

3

Жавзо ойининг илиқ оқшомларидан бирида Андижон аркидаги ҳарамда икки ойлик келинчак Ойиша бегимнинг хобгоҳида канизлар шоҳона тўшакка гул атри сепдилар. Олтин-кумуш буюмлар ва ипак гиламлар билан безатилган танобий уйнинг эшиги олдига чиройли пояндоз тўшалди. Ойиша бегимнинг қўлларига хина, қошига ўсма қўйилган эди. Гўзал келинчакнинг бошқа пардозлари энди тугаганда канизлардан бири қувониб шивирлади:
— Келдилар!

Айвонда бошига олтин жиға кийган Бобур кўринди.

Сўнгги йилларнинг тинимсиз олишувлари уни хийла пишитган. Елкалари тўлишиб, ўн саккиз ёшли дуркун йигитга айланган.

Хобгоҳ олдида Бобурни таъзим билан кутиб олган ўн олти ёшли Ойиша бегим куёвга нисбатан кичкинагина, ингичкагина кўринади. Унинг бошига кийган сербезак баланд тоқиси, бўйнига тақилган зебигардон ва маржонлар нозик қоматига оғирлик қилаётгандек туюлади.

Канизлар таъзим қила-қила чиқиб кетдилар. Бобур улардан баъзиларининг кўзлари шўх чақнаганини пайқаб, ўнғайсизланади. Куёв ҳарамда тунайдиган тунни канизлару савдарлар олдиндан билиб, махсус тайёргарлик кўриши, хобгоҳга шунча одамнинг кириб-чиқиши унга нохуш туюлади.

Бунинг устига Ойиша бегим ҳаддан ортиқ уятчан. У Бобурни:
— Марҳабо, ҳазратим! — деб тўрга таклиф қилганда овози ҳаёдан титраб, зўрға эшитилди.

Уйнинг тўрида — ҳарир парда ортида икки кишилик баланд тўшак бор. Ойиша бегимнинг уятчанлиги Бобурни баттар ўнғайсизлантирди. У юқорига ўтиб ўтираётганда тўрдаги тўшакка қарамасликка тиришди. Кўзини дастурхонга тикиб:
— Хушвақт юрибсизми, бегим? — деб сўрашди.
— Шукр.

Ойиша бегим азбаройи тортинганидан дастурхоннинг Бобурдан энг узоқ четига ўтирди. Сўнгра орага ноқулай жимлик чўкди.

Ойиша бегим хушсурат бўлса ҳам, ҳали етилмаган норасида қиз эди. Ота-онасидан эрта ажралган бу қиз кўп касалга чалиниб озиб кетган.

Бир вақтлар Бобур уни кўрмасдан олдин хаёлида тасаввур этиб юрган афсонавий паризод бутунлай бошқа эди. Хаёл билан ҳаёт орасидаги фарқ қанчалик катта бўлишини Бобур энди билди.

Урф-одатга биноан улар бир-бирларини тўйдан сўнг гўшангада биринчи марта кўрдилар.

Улар ҳали бирор марта ҳамсуҳбат бўлмасларидан ва руҳан яқинлашишга улгурмасларидан олдин бошланган жисмоний яқинлик Бобурга уят ишдек туюлар ва унинг илгариги мусаффо туйғуларини поймол қилаётгандай бўларди. Шунинг учун кечалари давлат ишлари билан бўлиб, кўпинча ўзининг хобгоҳида тунаб қоларди... Ҳукмдорлик удумига биноан унинг фақат баъзи тунларни хотини билан ўтказиши расм-русумга хилоф ҳисобланмас, Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо ҳам шундай қиларди. Лекин ёш келин-куёв орасида аввалги хаёлий орзу билан ҳозирги аҳволнинг кескин фарқидан келиб чиққан нохуш бир мураккаблик борлигини Ойиша бегим ҳам пайқар ва ўзини Бобурга номуносиб сезиб ич-ичидан изтироб чекарди.

Ойиша бегим орага тушган ноқулай жимликда қирмизи чойнакдан пиёлага чой қуйиб, тавозе билан Бобурга узатди.

Бобур пиёлани олаётганда Ойиша бегимнинг ҳали унча тўлишмаган озғин қўллари титраб кетганини кўрди.
— Раҳмат, — деганда унга ўз овози ҳам гуноҳкорона товланиб эшитилди.

Бобур бир вақтлар хаёлида ардоқлаб, оёғига бош қўйгиси келиб ғазал ёзган қаллиғини энди бунчалик уялтираётгани учун ўзини ҳам гуноҳкор сезарди.

Чошнагир аёл чинни лаганда зира ҳиди келаётган кабоб кўтариб кирди. Ёши элликка борган бўлса ҳам дуррани чаккасига қия қилиб ўраган бу шаддод аёл куёв-келиндаги уятчанликни сезиб, ҳазил қилди:
— Амирзодам, йигит киши ёш келинчакни гапга солиб ўтириши керак эмасми? Қизиқ-қизиқ ҳангомалардан сўзлаб беринг. Самарқанддан элчилар келган эмиш. Қандай хушхабарлар бор?

Чошнагир аёл лаганни куёв-келиннинг ўртасига қўйиб, кумуш соврини[53] очди. Оқ кийикнинг гўштидан тайёрланган тоза кабобнинг ҳиди зира ҳидига қўшилиб атрофга таралди.
— Бегим, сиз ҳам очилибгина ўлтиринг. Бундай бахтли ёшлик бир марта келадир. Завқини суриб қолинг, айланай бегим, бизга ўхшаб кексайганингизда эслаб юрарсиз!

Чошнагир аёл кулиб чиқиб кетди. Унинг «завқини суриб қолинг» деган сўзлари Ойиша бегимдаги уятчанликни камайтириш ўрнига баттар оширган эди. Бобур эса бир оз дадилланиб:
— Қани, бегим, — деди. Лаган устига қўл чўзди-ю, лекин Ойиша бегим кабобга қўл узатишини кутди.
— Сиз бошланг, — шивирлади келинчак.
— Хўп, мана. Қани, энди, сиз...

Шу тарзда бир оз кабоб еганларидан кейин яна чойга ўтдилар.
— Бегим, шаҳрингизни соғинганингиз йўқми?

Ойиша бегим энди Бобурнинг юзига ботиниброқ қаради:
— Самарқандними?.. Соғиндим.
— Агар насиб қилса, ёзда Самарқандга қайтурсиз.
— Кошки эди... Бироқ мен... ўзим кетурменми?
— Йўқ, Самарқанд насиб бўлса, бу ердан ҳаммамиз кўчиб кетурмиз.
— Кўчиб?.. Андижон кимга қолур?

Бобур ҳорғин товуш билан:
— Ҳозирча Аҳмад Танбал билан Жаҳонгир мирзога,— деди.

Ойиша бегим ҳеч нарсага тушунолмай таажжубланиб қолди. Бобур Андижонни қайта қўлга киритгунча озмунча азият чекдими? Энди нечук Андижонни ихтиёрий равишда ташлаб кетмоқчи?
— Мен Самарқандни соғинган бўлсам ҳам, — деди Ойиша бегим, — лекин сизнинг ота юртингизда осуда яшашни афзал кўрурмен!

Ойиша бегим бояги уятчанлигини унутиб, очилиб гапира бошлаганида Бобурга унинг юзи аввалгидан жозибалироқ кўринди.
— Сиздан ҳам ўтинамен, ҳазратим, — давом этди Ойиша бегим, — кўп азоб тортгансиз. Самарқанд сизга жангсиз дарвоза очмас. Энди ўзингизга раҳм қилинг. Урушга борманг, ўтинамен!
— Бегим, бу ердаги ҳозирги аҳволимиз сизга ҳам муносиб эмас, менга ҳам.
— Нечун бундай дедингиз? Ахир сиз ўз юртингизда подшоҳсиз-ку.

Бобур кинояли кулимсираб, бош чайқади:
— Ҳозир фақат номим подшоҳ, — деб қўйнидан бир варақ букланган қоғоз олди-да, Ойиша бегимга узатди.

Сўнгги ойларда Бобур кўнгил дардларини қоғозга туширишга кўп эҳтиёж сезар ва деярли ҳар куни шеър машқ қилар эди. Бу қоғозда унинг шу бугун ёзган бир қитъаси бор эди. Ойиша бегим қоғозни очиб, сатрларга кўз югуртирди:

Қолмади ҳурмат аҳли оламда,

Оламу олам аҳлидан юв илик.

Бобуро, икки подшоҳлиғдин

Яхшироқ бу замонда бир беклик.
— Ҳазратим, шеърингиз муборак бўлсин!
— Қуллуқ. Энди менинг дардимни тушунгандирсиз?
— Тушундим. Сиз Жаҳонгир мирзонинг Ахсида иккинчи подшоҳ бўлиб олганидан дард чекмоқдасиз. Илгариги ягона давлат иккига бўлинган...
— Бегим, гап фақат Жаҳонгирда эмас, ҳозир Али Дўстбек билан Аҳмад Танбал бизни ўргимчак тўридай чирмаб келурлар, — деди Бобур Ойиша бегимга. — Агар биз шу ўргимчак тўрини ёриб чиқиб кетмасак, кейин буларга емиш бўлурмиз!
— Ҳазратим, Самарқандда ҳам ёғийларингиз беҳисоб. Яна уруш бошланса...
— Самарқандда ҳозир дўстларимиз ҳам оз эмас.
— Келган элчи сизни пойтахтга чорладими?

Бобур элчи билан бўлган гапларни ҳозирча жуда махфий тутиши зарур эди.

Самарқанд беклари билан Султон Али мирзо орасида нифоқ кучайган. Мазид тархон бошлиқ беклар мингдан ортиқ навкарлари билан шаҳарни ташлаб чиққанлар. Улар Ургутда Бобурга мунтазир турган эмишлар. Яқинда Бухорони забт этган Шайбонийхон энди Самарқандга кўз тиккан эмиш. Агар Бобур тезда етиб бормаса, Султон Али мирзо пойтахтни Шайбонийхонга бериб қўйиши аниқ. Шайбонийхоннинг бераҳмликларини кўп эшитган одамлар ундан қўрқиб, энди шаҳар дарвозаларини Бобурга пинҳона очиб бермоқчи эмишлар. Бобур мана шу қулай пайтдан фойдаланиб қолишни истайди.
— Элчи бизни чорлагани рост, — деб, у Ойиша бегимга умумийроқ жавоб қилди. — Аммо Султон Али мирзо тахтни бизга осонликча бермас.
— Демак, яна уруш! Яна хавфу хатар!..
— Бегим, тоғнинг боши қорсиз бўлмас, йигитнинг боши — хатарсиз.
— Ҳазратим боя ўргимчак тўридан гап очган эдилар. Агар сиз кетсангиз, ўргимчак тўрида биз қандай қолурмиз?
— Истасангиз, сизни бирга олиб кетурмен!
— Жанг майдонигами?

Ойиша бегимнинг саволида озгина киноя ҳам бор эди. Буни сезган Бобур хижолатдан хиёл қизарди.
— Уруш тугагунча онам билан Хонзода бегим учовларингиз Ўратепада туришларингиз мумкин. Баҳаво жой. Шаҳар ҳокимининг хотини онамнинг туғишган синглиси. У ердан Самарқандга боришларингиз ҳам осон.
— Ўратепа тоғлиқ жойми? Йўллари жуда ёмондир? Мен отлиқ юролмаймен.
— Маҳофада боришингиз мумкин.

Шаҳар қизи бўлган Ойиша бегим бир жойда муқим яшашни яхши кўрарди, йўл азобини кўтаролмас эди.

Бобурнинг сўнгги гапига бош чайқаб:
— Маҳофадан қўрқамен, — деди.

«Ўгай тақдир менга бу борада ҳам киноя қилмиш!— деди Бобур ичида. — Мендек қўнимсиз сайёҳтабиат кишига бунингдек нозигу муқим табиат рафиқа бермиш!»

Ойиша бегим ҳозир ҳимояга муҳтож бир муштипар қиз бўлиб кўринди. Бобур унинг кўнглини кўтаргиси келиб, қувноқ оҳангда гапирди:
— Отда юролмасангиз, бегим, маҳофадан қўрқсангиз, унда мен сизни... кафтимда олиб юрурмен!
— Кулманг, мирзо ҳазратлари! Мен кафтингизда юришга муносиб эмасмен...

Ойиша бегимнинг сўнгги сўзлари Бобурга алланечук ширин туюлди. Унинг йигитлик қони кўпиргандек бўлиб ўрнидан кўтарилди-ю:
— Йўқ, муносибсиз! — деди.
— Кулманг...
— Муносиблигингизни исбот этайми?

Ойиша бегим ҳуркович кийикдек чаққонлик билан ўрнидан турди ва қочишга ҳозирланди. Бобур тўй кечаси уни маҳофадан қандай азод кўтариб туширган бўлса, ҳозир ҳам ўшандай кўтариб олди. Уни тўрдаги тўшак томонга олиб ўтаётиб, пастки қандилда ёниб турган шамларни пуфлаб ўчирди.

Ҳозир шу дақиқаларда Ойиша бегим Бобурнинг кўзига оловли жозибага тўлиб кўринди. Ўзининг бу хобгоҳда уч-тўрт кунда бир марта тунаши энди тушуниб бўлмайдиган англашилмовчиликдай туюлди. «Минбаъд ҳар куни шу хобгоҳга келурмен! — деб ўзича аҳд қилди. — Мен Самарқандга кетсам, неча ой, неча ҳафталар айрилиқда ўтгай. Ундан кўра Андижонда муросаю қаноат билан яшайверсаммикин?»

* * *

Тонг отди. Кечаси Бобурнинг режаларини ўзгартирмоқчи бўлган сеҳрли туйғулар эрталаб офтобдан қочган юлдуздай қаёққадир яширинди. Эр-хотин нонушта қилиб ўтирганларида Аҳмад Танбал билан Али Дўстбекнинг ўргимчак тўрлари яна унинг хаёлини чирмаб олди. Бобур кеча элчига «Самарқандга албатта борурмиз», деб ваъда берган, Қосимбек бошлиқ содиқ кишилар янги юриш тайёрлигини бошлаб ҳам юборишган эди. Бобур ваъдасидан қайтиши мумкин эмаслиги эрталабки ёруғликда аниқроқ кўринаётганга ўхшади.

Ойиша бегим ундаги хомушликни сезиб, сукут сақлаб ўтирибди. Бобур унинг юзига ботиниб қарай олмай кўкрагидаги олтин баргакларига кўз ташлади:
— Бегим, Ўратепага борадиган бўлдингизми?

Бобурнинг яна Самарқандга юриш қилиши қатъий экани унинг гап оҳангидан сезилди. Олдиндаги бир неча ойлик ҳижрон Ойиша бегим учун беҳад оғир эди. Бу оғирликни Бобур унчалик сезмаётгани Ойиша бегимга худди бемеҳрлик нишонасидек туюлди-ю, бирдан аламини келтирди.
— Ҳазратим, аввал Самарқанд сизга муяссар бўлсин. Кейин борсам биратўла шаҳримга борурмен. Ўратепага эмас!

Бобурнинг назарида, Ойиша бегим унинг Самар-қандни қайта эгаллашига кўп ҳам ишонмаётгандай кўринди. Шунинг учун Бобур ҳарамдан чиқиб кета туриб:
— Майли, бегим, — деди совуқ оҳангда: — Худо хоҳласа, шаҳрингизда кўришганда бу гапларни яна давом эткарурмиз.


Avvalgi
I- qism
 



  1. Ёғий — ёв.
  2. Тарҳ — чизма, лойиҳа.
  3. Эшик — бу ерда уй, ҳовли маъносида.
  4. Мусаввир — рассом.
  5. Буздил — эчкиюрак, қўрқоқ.
  6. Доруға — шаҳар ҳокими.
  7. Савдар — хос хизматкор.
  8. Кадхудо — қишлоқ оқсоқоли.
  9. Ёвуқ — яқин.
  10. Чошнагир — подшонинг дастурхонига қарайдиган ходима.
  11. Маъжун — зиравор ва доривор гиёҳлардан тайёрланган. Кўпинча унга афюн ҳам қўшганлар.
  12. Баковул — подшоҳ ошхонасининг жавобгар ходими.
  13. Илик — бу ерда қўл маъносида.
  14. Рикобдор — узангичи.
  15. Бек атка — ҳали балоғатга етмаган мирзоларга ҳомийлик қилиш учун подшоҳ томонидан тайин этиладиган масъул бек.
  16. Кўкалдош — бир онани эмган болалар.
  17. Фиқҳ — мусулмон қонуншунослиги.
  18. «Мардликни жаҳон мардларидан ўрган».
  19. Бу ерда гап ўзбеклашган мўғуллар ҳақида боради.
  20. Барият — бек ва аъёнлар. Раийят — фуқаро.
  21. Вафот этди маъносида.
  22. Тута — чақмоқ учқунидан ёниши қулай бўлган пахта ипи.
  23. Бир ёғоч — тахминан ўн олти чақирим.
  24. Моли амон — урушда тўланадиган товон.
  25. Буратоғ баъзи манбаларда Боратоғ ҳам деб аталади. Бироқ «Оқ Бурасой» каби асли «бура» сўзидан олинган бўлиши керак. Туркий тилларда нортуянинг энг улкани «бура» ёки «буғра» деб аталади. Бу тоғ чиндан ҳам текис жойда чўк тушиб ётган улкан нортуяга ўхшаб кетади. (Муаллиф)
  26. Боргоҳ — подшоҳнинг хос чодири.
  27. Хиргоҳ — подшоҳнинг тахти қўйиладиган ва қабул маросимлари ўтказиладиган чодир.
  28. Асилзода аёллар киядиган узун енгли устки кийим. Камзулга ўхшаш.
  29. Чавгон — ҳозирги хоккей ўйинига ўхшайди. Фақат очиқ майдонда от миниб ўйналади.
  30. Паргор — циркул.
  31. Тоқи — чўққисимон заифона бош кийим.
  32. Чиндан ҳам, Ўшдаги бу ҳужра тўрт юз йилдан ортиқ мустаҳкам турди. Тоғ тепасида оқариб кўрингани учун халқ уни «Оқ уй» деб атайдиган бўлди. Асрлар ўтиши билан таъмагир шайхлар бу бинони «Сулаймон пайғамбар томонидан қурилган қадимжой» деб эълон қилдилар, тарихдан бехабар одамларни бунга ишонтириб, назр-ниёз ундириш воситасига айлантирдилар.
  33. Ўрчин — ҳозирги туман тушунчасига тўғри келади.
  34. Миз — олти оёқлик столча.
  35. Сакарлот чакман — туя жунидан қилинган енгил, қимматбаҳо чакмон.
  36. Мусоҳиби — яқин суҳбатдоши, дўсти.
  37. Мавкаб — подшоҳ ва унинг барча аъёнлари, яқинлари.
  38. Ҳафткор — етти хил ранг.
  39. Улуфа — маош ва тураржой.
  40. «Вақоиъ» — «Чиндан юз берган воқеалар», демакдир. «Бобурнома» энг аввал шундай деб аталган.
  41. Субҳони ўрик — данаги ўрнига мағиз солинган ўрик.
  42. Лавзина — бодом қўшиб ишланган ширинлик.
  43. Ошлиқ — бу ерда дон, ун маъносида.
  44. Саҳҳоф — муқовачи. Китоб савдоси билан саҳҳофлар шуғулланган.
  45. Фаторат — алғов-далғов.
  46. Ҳозирги Ғаллаорол яқинидаги қадимий қишлоқ.
  47. Мирохўр «амири охур» дегани. Мирохўр — подшоҳ отбоқарларининг бошлиғи.
  48. Тарихи арбаа улус тўрт улус тарихи демакдир.
  49. Овчи қишлоғи ва ундан пастроқдаги қоятош ҳозир ҳам бор. Ўша жойнинг туркийзабон аҳолиси бу қоятошни «Бобуртош» дейди, тожикзабон аҳолиси эса уни «Санги Бобурхон» деб атайди.
  50. Самур — собол.
  51. Жете — босқинчи, талончи демакдир.
  52. Шайбонийхон ва Маҳмудхон муносабатлари Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашиди» китобида келтирилган.
  53. Соври — овқат совиб қолмаслиги учун устига ёпиладиган махсус идиш.