OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифПиримқул Қодиров
Асар номиЮлдузли тунлар (II- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Пиримқул Қодиров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм590KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/09
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Юлдузли тунлар (II- қисм)
Пиримқул Қодиров

Аросат (Биринчи Қисм давоми)

Самарқанд - Ҳал Қилувчи Олишув

1

Бўстонсаройнинг бир четида ранг-баранг тошлар билан сангфарш[1] қилинган мармар ҳовузли ҳаммом бор эди. Кечки пайт шу ҳаммомга Султон Али мирзонинг ҳарамидаги энг чиройли қизлар чўмилишга келдилар.

Ҳамомнинг ичида гиламлар ва кўрпачалар тўшалган, шоҳона дастурхон тузаб қўйилган махсус бир хона бор эди. Бир вақтлар Султон Маҳмуд мирзо тириклигида шу хонадан қизлар чўмиладиган бўлмага махфий бир туйнук очилган эди. Шаҳвонийпарастлик билан донг чиқарган Султон Маҳмуд мирзо ўша туйнукдан қизларнинг чўмилишини томоша қилар эди.

Султон Маҳмуд мирзо ўлиб кетганига беш йил бўлди. Ҳаммомда махфий туйнук борлигини унинг ўн етти яшар ўғли, ҳозир Самарқанд тахтида ўтирган Султон Али мирзо яқинда билиб қолди. Уни бу сирдан воқиф қилган Абу Юсуф Арғун ҳарамга бир қанча чиройли қизлар келтириб бериб, ёш подшонинг соҳиб ихтиёр, сирдош бекига айланди.

Ҳозир Султон Али мирзо қўлида май тўла биллур қадаҳ билан махфий туйнук олдида ўтирибди. Мармар ҳовузда қий-чув қилиб чўмилаётган яланғоч қизлар унинг кўзларини ёндириб, вужудини жингак қилаётгандай бўлади. У томоғи қуруқшаганда май хўплаб қўяди-ю, аммо кўзини туйнукдан олмайди.

Бир пайт унинг бу томошасига кимдир халақит берди.
— Мирзо ҳазратлари, хуфиялар фавқулодда хабар келтирмишлар.

Султон Али мирзо Абу Юсуф Арғуннинг майин овозини танийди-ю, аммо унга ўгирилиб қарагиси келмайди:
— Нима хабар бўлса онамга айтаверинг.
— Бегим ҳазратлари мени сизга юбордилар, амирзодам!

Султон Али мирзо энди Абу Юсуф Арғунга ўгирилиб қаради.

Унинг қуюқ таъзими ҳам, пастки тишлари тушиб кетган кемтик оғзининг табассуми ҳам кўзига жуда ёмон кўринди:
— Жаноб бек, ўзингиз-ку, бизга меҳрибончилик кўрсатиб гўзал қизлар пешкаш қилдингиз... Энди нега ором олгани қўймайсиз?
— Мирзо ҳазратлари, салтанатингиз хавф остида! Мен шунинг учун оромингизни бузишга журъат этдим!
— Яна қандай хавф? Онам қаердалар?
— Девони хосда сизга мунтазирлар.

Султон Али мирзо кайфини бузганларидан аччиғи келиб, қўлидаги қадаҳни майи билан мармар деворга отиб уриб чил-чил синдирди. Сўнг барвақт семирган йўғон гавдаси кайфдан хиёл чайқалиб, ташқарига чиқди.

Қоронғи тушиб қолган эди.

Девони хоснинг кираверишида эллик ёшлардаги қовоқлари қалин, жингалак соқолли бир бек қўл қовуштириб, бош эгиб турибди. Уй тўрида тикка турган Зуҳра бегимнинг юзи қаҳрданми, қўрқувданми оқариб кетган:
— Амирзодам, сиз айшу ишрат билан бандсиз. Хиёнатчилар пойтахтни ёғийга пинҳона топширмоқчилиғидан бехабарсиз!

Султон Али мирзодан норози бўлиб шаҳарни ташлаб чиққан мингдан ортиқ бек ва навкарлар Андижондан қўшин тортиб келган Бобур билан бирга Дарғом бўйларида фурсат кутиб юрганлари маълум эди. Аммо Султон Али мирзо барча дарвозаларга энг ишончли кишиларини қўйиб, шаҳарни маҳкам беркитиб ётар эди. Шунинг учун онасига зарда қилиб:
— Яна нима ваҳима? — деди.
— Менга ишонмасангиз, мана Муҳаммад Султон жанобларидан сўранг. Бу бек ҳозиргина Бобурнинг қароргоҳидан қочиб келмишлар. Шаҳар ичидаги фитначилар бугун кечаси Сўзангарон дарвозасини Бобурга яшириқча очиб бермоқчи эмишлар. Пирингиз Хўжа Яҳё ҳам сиздан юз ўгириб, Бобурга тарафдор бўлган эмишлар.
— Ишонмаймен! — деб Султон Али мирзо қўл қовуштириб турган Муҳаммад Султонга тикилди.
— Амирзодам, гапим ёлғон бўлса бугун кечаси текшириб кўринг! Мен ёғийларингиз билан Дарғом бўйида икки ҳафта юрдим. Хўжа Яҳёнинг ризолигини Бобур роса ўн бир кун кутди. Ниҳоят, бугун эрталаб Мамадали китобдор хўжанинг ризолигини олиб борибдир. «Тун ярмида келсинлар, шаҳарга киритгаймиз», деганмиш. Бобур бугун пешинда ишонган бекларини тўплаб, машварат ўтказди. Хайриятки, унинг ишонган бекларидан бири, мен — сизнинг содиқ қулингиз эдим!..

Султон Али мирзо қовоғи қалин бекка энди мамнун назар ташлади-ю:
— Ўғрини қароқчи ургандай бўлибдир! — деб хахолаб кулди.

Унинг кайф билан бепарво кулиши Зуҳра бегимнинг ғашини келтирди:
— Амирзодам, ҳар бир дақиқа ғанимат. Хос нав-карларингиз отланган. Ҳаммаси фармойишингизга мунтазир.
— Фармойишми? — деб Султон Али мирзо бир лаҳза ўйланиб олди: — Майли, Бобур дарвозадан кирсин. Кейин туттириб кўзига мил торттирмоқ керак! Токи бизга қасд қилгани учун абадий кўр бўлиб қолсин!

Абу Юсуфбек оқ оралаган қалин соқолининг учини тутамлаб бош чайқади:
— Туттиролсак яхши эди-ю, аммо бу режа анча қалтис, амирзодам. Дарвозани очсак, сўнгра ёпиб бўлмас. Бобурнинг улкан қўшини бор. Қалъа ичида ҳам тарафдорлари кўп. Ўтган сафар Самарқандга кирганда очларга нон улашиб, деҳқонларга уруғлик қарз бериб, авомнинг кўнглини овлаган экан. Бир ёқдан Хўжа Яҳёнинг фатвоси билан авом кўтарилса, ташқаридан қўшин кирса...
— Йўқ, бу — жуда хатарнок! — деди Зуҳра бегим.
— Ҳа, ундан кўра тезроқ Сўзангарон дарвозасига бориб, у ердаги соқчиларни алмаштириш лозим, — деди Абу Юсуф ва зарҳал жилдга солинган бир қоғоз келтирди.— Амирзодам, мана бу — сизнинг муборак номингиздан ёзилган нишон[2]. Бунда фитначи бекларнинг номлари ҳам кўрсатилган. Шулар бугун кечаси қўлга олинмоғи лозим.
— Фитначиларнинг молу мулклари мана бу Муҳаммад Султон каби садоқатли бекларга олиб берилсин!— деб қўшимча қилди Султон Али мирзо.

Қовоғи қалин бекнинг жосуслик қилишдан мақсади ҳам шу эди. У Султон Али мирзога икки букилиб таъзим қилди:
— Ўлгунимча хизматингиздамен, амирзодам. Ижозат беринг, мана бу муборак фармойишингизни бажо келтиришда фақир ҳам навкарларим билан иштирок этай.

Бу бек фитначиларнинг ҳовлиларини талашда бевосита иштирок этса, кўпроқ ўлжа олиши мумкинлигини сезиб шундай демоқда эди.
— Ижозат бердик.

Муҳрдор чақиртирилди ва қоғоздаги фармойишга подшоҳнинг муҳри босилди.
— Қолган ишни биз бажо этурмиз, — деди Абу Юсуф Арғун.

Султон Али мирзо тил учида:
— Мен ҳам бирга борай, — деди.
— Йўқ, йўқ! — деди Зуҳра бегим тез. У ёлғиз фарзандини қоронғи тунда душман кўпайиб кетган шаҳарга чиқаришни истамас эди. Мирзо онасининг юзидан ўтолмагандай бўлиб саройда қолди.

Сўнг она-бола Бўстонсаройнинг иккинчи қаватидаги очиқ айвонга чиқиб, Сўзангарон дарвозаси томонга қулоқ сола бошладилар.

Тун сукунатида отларнинг дупури қулоққа баралла чалинарди. Амир Темур мақбарасидан сал нарироқда жойлашган Сўзангарон дарвозаси Бўстонсаройга кўп ҳам узоқ эмас эди.

Ярим кечада Бобурнинг илғорлари дарвозага секин яқинлашганда Абу Юсуф ва Муҳаммад Султоннинг навкарлари дарвозахона устидан уларга камондан ўқ отиб, бир қанча кишини ярадор қилди.

Қоронғида девор тепасидан тусмол билан отилган баъзи ўқлар отларга ҳам теккан эди. Оғриқдан асабийлашган отларнинг қаттиқ кишнагани Бўстонсаройга ҳам эшитилди.

Дарвозахона устидаги қўриқчилар Бобурнинг одамларини масхара қилиб кулишарди:
— Мирзоларинг баракни[3] хом санабдир!
— Ҳа-ҳа-ҳа!
— Самарқандни энди тушларингда кўринглар!
— Кейин тушларингни сувга айтурсанлар?
— Ҳо-ҳо-ҳо!

Бобурнинг қўшини орқага қайтиб кетиши билан дарвоза олдида шовқин тинди-ю, кейин шаҳарни у ер-бу ерида итларнинг жон-жаҳд билан ҳургани, одамларнинг аччиқ фарёди эшитила бошлади. Абу Юсуф Арғун бошлиқ хос навкарлар дарвозани тинчитиб, энди фитначиларни овлашга киришганини айвонда ўлтирган Султон Али мирзо шу узуқ-юлуқ дод-войлар товушидан сезди.
— Энди тинч ухласак бўлур, — деб хобгоҳига кириб кетди.

Аммо Зуҳра бегим қандиллар ёниб турган ўз хонасига келиб, тонг отгунча ухламай ўтирди.

Ҳозиргина бир фалокатнинг олди олинган бўлса ҳам, аммо келажакдаги мушкулотлар унинг уйқусини қочирмоқда эди. Бобур Самарқандни яна қамал қилиши мумкин. Унинг ўтган галги қамали ҳали кўпчиликнинг эсидан чиққан эмас. Ичкарида Зуҳра бегим ишона-диган одамлар тобора камайиб боряпти. Бугун фитначи беклар жазоланса ва таланса, Султон Али мирзодан норози бўлувчилар яна кўпаяди. Уларнинг бошчиси — Хўжа Яҳё жуда нуфузли руҳоний. Султон Али мирзо Хўжа Яҳёга қарши кескин чора кўролмайди. Чунки бу-тун диндорлар Хўжанинг томонида. Агар Хўжа авом халққа фатво бериб, бутун муллоларни ишга солса, ғулу кўтарилиб кетиши мумкин.

Зуҳра бегим хаёлида ўзига таянч излар экан, яқинда Бухорони олган, энди Самарқандга қўшин тортиб келиши кутилаётган Шайбонийхон эсига тушди. Бундан уч кун бурун нақшбандий дарвишларидан бири Зуҳра бегимга Шайбонийхондан махфий бир хат келтириб берган эди. Бегим пардали махсус токчада турадиган олтин сандиқчасига калит солиб очди-да, ўша хатни олиб, қандил ёруғида қайта ўқий бошлади.

Зарвараққа битилган чиройли ёзувда Зуҳра бегимнинг ақли ва ҳусни усталик билан таърифланган, ёш умрини ўғлига фидо қилиб эрсиз юргани алоҳида эҳтиром билан тилга олинган эди. Хатнинг энг ғалати жойи— Шайбонийхоннинг Зуҳра бегимга ғойибона кўнгил қўйиб, унга уйланмоқчи эканини шеър билан айтгани эди:

«Ўғлингиз ўғлиму ўзингиз ёрим,

Дилбару ҳамнафасу дилдорим».

Ҳозир шу сатрларни ўқиётганда Зуҳра бегим забардаст бир эркакнинг ўтли нафасини ўз юзида ҳис қилгандай бўлди. Зуҳра бегим олти йилдан бери мана бу тўшакда ёлғиз ётади. Унинг гулдай умри беваликда сўлиб боряпти. Зуҳра бегим тегаман, деса уни оладиган зодагонлар топилар эди. Ахир у таърифи кетган гўзал қиз бўлгани учун Султон Маҳмудхондай подшоҳнинг суюкли хотинига айланган эди. Бироқ ўғли тахтда ўтирган Зуҳра бегим фақат ўзига муносиб подшоҳга тегиши мумкин, удум шундай.

Мана энди унга харидор подшоҳ ҳам топилди. Бегим Шайбонийхоннинг шеъридаги иккинчи сатрни яна бир ўқиганда, хаёлий бир эркак уни қучиб, «Дилбар ёрим, дилдорим!» деб эркалаётгандай бўлди-ю, бадани қизиб кетди.

У ўрнидан туриб, катта тошойна олдига борди-да, ўзининг аксига тикилиб қаради. Уйқусиз тундан кўз остилари хиёл кўкариб салқиган. Аммо қошлар — қалдирғоч қаноти. Қора кўзлари учқун сочиб порлайди. Кўкраклар баланд. Бўйни оқ мармардай силлиқ, лаб-лари эҳтиросли.

Шайбонийхоннинг ёши элликка яқинлашган, хотинлари ва болалари бор, Зуҳра бегим буни билади. Аммо бегим ўзининг ойнадаги аксига мамнун тикилиб турган шу дақиқаларда: «Шайбонийхоннинг саҳройи хотинлари нима бўлипти? — деб ўйланди. — Мен хонни ўзимга шундай ром қилайки, ҳаммаси оғзини очиб қолсин!»

Эртасига ўша дарвиш келиб, бегимнинг жавобини олиб кетиши керак. Бегим Шайбонийхонга хат ёзиш учун қоғоз қалам олди.

Бироқ қандилларда кўпдан бери ёнаётган шамларнинг тутунидан уй сал хира тортиб қолган эди. Зуҳра бегим ҳаворанг барқут дарпардаларни очди-ю, саҳар салқинига юзини тутиб, айвон эшиги олдида бирпас турди.

Шунда аркка яқин бир маҳалладан эр кишининг жон аччиғи билан қичқиргани эштилди. Аёл кишининг ўкириб йиғлагани унга жўр бўлди.

Абу Юсуф Арғун билан Муҳаммад Султон ҳамон фитначиларни овлаб юргани, уларнинг уйларини талаб бойиётгани, аллакимлар ўқ ёки тиғ зарбидан жон бераётгани Зуҳра бегимнинг кўз олдига келди. Шунда хаёли бирдан бошқа ёққа бурилди.

Шайбонийхон Самарқандни жангсиз олиш учун Зуҳра бегимга ёлғондакам ишқ изҳор қилаётган бўлса-чи? Самарқандни олганидан кейин сўзидан қайтсаю, Зуҳра бегимни мана бу қоронғи тунда ўкириб йиғлаётган аёлнинг аҳволига солсачи?

Бу шубҳадан бегимнинг борлиғи музлаб кетди. У орқасига қайтиб Шайбонийхоннинг мактубини яна қўлига олди. Хон унинг шундай шубҳаларга боришини олдиндан сезгандай, мактубнинг яна бир жойида шеър айтган эди:

«Мен Самарқандни сенсиз нетайин,

Жасади тийрани жонсиз нетайин?»

Бу сатрларнинг тафтидан Зуҳра бегимнинг қалбига яна илиқлик югурди. Шу топда бегимнинг ўзига ҳам ёрсиз Самарқанд — жонсиз танадай совуқ туюларди. Шайбонийхон унинг бевалик ҳаётига иссиқ жон бўлиб кириб келиши кўз олдида гавдаланди-ю, қаламни қўлига олиб, хонга жавоб ёзишга киришди. Сатр бошидан хоннинг таърифини юксакларга кўтариб:

«Ҳазрати имоми замон, халифайи раҳмон», деб ёза бошлади...

2

Самарқанд қалъасининг ташқарисидаги боғ кўчалар, Улуғбек расадхонасининг атрофлари, Обираҳмат ариғининг бўйлари беҳисоб қўшинга тўлиб кетган. Чўпонота тоғининг этакларида, нарёғи Зарафшон соҳилида юзлаб ўтовлар ва чодирлар пайдо бўлган.

Бу қўшиннинг саркардаси Шайбонийхон Боғи Майдонга, Улуғбек қурдирган машҳур Чилсутун кўшкига келиб тушган эди. Шайбонийхон кўшкнинг юқориги қаватида тўрт тарафи айвонлик катта уйда пешин намозини ўқиб бўлган ҳам эдики, ясовул кириб, Султон Али мирзо бир неча ичкилари билан қалъадан хон ҳузурига келганини айтди.

Шайбонийхоннинг кичик-кичик кўзлари қувончдан ялтиллаб кетди.
— Султонларни бу ерга чорланг. Кейин мирзони бошлаб киринг.
— Ҳазратим, тахтингиз пастки ошиёнда.
— Жойнамозим тахтимдан баланд!
— Лутф қилдингиз, ҳазратим!

Ясовул икки букилиб таъзим қилганича орқаси билан юриб чиқиб кетди.

Шайбонийхон бўталоқ жунидан тўқилган майин малла жойнамоз четига қайтиб ўтирди.

Ясовул пойгакдаги эшикдан Султон Али мирзони бошлаб кирганда Шайбонийхон ҳали ҳам шаҳнишинда ўша жойнамоз устида ўлтирган эди. Шаҳнишин пастида унинг ўн чоғли султонлари чўккалаб ўлтиришибди.

Шайбонийхон безаксиз жўн кийинган эди. Султон Али мирзо эшикдан кирган заҳоти унинг салласига қадалган дуру гавҳарлар, тўнига тикилган олтину марваридлар дабдаба билан ялтираб кўзга ташланди. Аммо Мирзонинг кўзлари бесаранжом, семиз гавдаси бўшашган. У онасининг ва Абу Юсуф Арғуннинг гапига кириб, қалъадан қўшинсиз чиқиб келган эди. Бу ерда хоннинг беҳисоб қўшинини кўриб, юраги така-пука бўлиб кетди.

Шайбонийхон билан аввалдан тил бириктириб юрган Абу Юсуф Арғун Султон Али мирзони хон ҳузурига авраб олиб келиш учун боя тушки овқат пайтида мирзога яхши кўрган майларидан анча ичирган эди. Ҳозир Султон Али мирзо Шайбонийхонга томон таъзим билан бораётганда оёқлари гиламда қоқиниб, гавдаси гандираклаб кетди. Абу Юсуф Арғун суяб қолмаганда йиқилиб тушарди.

Шайбонийхон ўрнидан туриб, Мирзо билан кўришар экан, хушбўй май ҳиди димоғига урилди. У Мирзонинг кайфи борлигини дарров сезди-ю, уни ўғли Темур Султон ва куёви Жонибек Султондан қуйироққа ўтқазишни ясовулга имо қилиб буюрди.

Шайбонийхон бошига қизил бўрк устидан оқ салла ўраган, кўк мовутдан або кийган. Олтин тугмали або тагидан кийган яшил кўйлаги мусулмон байроғининг рангини эслатади. Жойнамоз устида ўлтиргани ҳам уни художўй бир одамга ўхшатиб кўрсатар эди. Бунинг ҳаммаси Султон Али мирзонинг ваҳимасини сал босди-ю, аммо қуйидан жой кўрсатилгани унинг иззат-нафсига тегди. Бошқа султонлар Шайбонийхоннинг олдида чўккалаб ўтирганда, Султон Али мирзо атайлаб чордана қуриб олди. Шайбонийхоннинг ўғли унга ғаши келиб қараб қўйди.
— Сиз менга фарзанддек яқин бўлмоқчимисиз, Мирзо? — сўради Шайбонийхон мулойим товуш билан.
— Хон ҳазратлари иттифоқ тузиш учун чорлабдирлар...
— Волидаи муҳтарамангиз келмадиларми?
— Онам мени юбордилар.
— Аммо ўзлари ҳам келмоқчи эдилар.
— Аёл киши, тортинурлар.
— Одам юборинг, Мирзо, онангиз ҳам келсинлар.

Султон Али мирзо ёнида чўккалаб ўтирган Абу Юсуфбекка қаради. Абу Юсуф Арғун дарҳол ўрнидан туриб, Шайбонийхонга таъзим қилди:
— Ижозат беринг, хон ҳазратлари, мен ҳозир бориб Зуҳра бегимни айтиб келай.

Бу нозик ишларнинг ҳаммаси Абу Юсуф Арғуннинг ҳаракатлари билан битаётганини яхши биладиган Шайбонийхон ясовулга буюрди:
— Абу Юсуфбекка менинг энг чопқир отларимдан бирини инъом қилинг!
— Миннатдорман, ҳазратим!
— Бек, қайтишда Хўжа Яҳёга ҳам хабар қилинг. Султон Али мирзо келган жойга Хўжа келмаса ора узилур.
— Ҳақ гапни айтдингиз, хон ҳазратлари!

Абу Юсуф Арғун бу топшириқни бажариш учун кетгандан кейин Шайбонийхон ўрнидан турди-ю, султонларига қараб:
— Мирзо билан суҳбатлашиб ўтиринглар, — деди, ўзи эса орқа эшикдан айвонга чиқиб, пастга тушиб кетди.

Султон Али мирзо атрофидаги султонларнинг адоватли юзларига қараб, улар орасида ёлғиз қолишга қўрқди ва ўрнидан туриб, ён эшикка қараб йўналди. Шунда туркистонлик султонлардан бири ўрнидан сакраб туриб, унинг йўлини тўсди.
— Амирзода, буйруқ бўди[4], энди бизинг янимиздан кетмайсиз!

Барваста бир навкар қўлини ханжарининг сопига қўйиб, эшикка кўндаланг бўлиб олди. Султон Али мирзо қопқонга тушганини энди сезди-ю, кайфи бирдан тарқаб кетди. Юзи бўздек бўлиб, бояги жойига қайтиб ўтирди.

Орадан бир-икки соат ўтгандан кейин Зуҳра бегим ҳам тўртта канизи билан Боғи Майдонга кириб келди. Унинг бошида келинчакларни эслатувчи оқ ҳарир рўмол, пешонасига эса тиллақош тақилган. Эгнида хипча белли гулгун кабо. Унинг тагидан кийилган оқ атлас кўйлагининг этаги шунчалик узунки, икки каниз икки томондан кўтариб келяпти.

Зуҳра бегимни Чилсутуннинг пастки ошиёнида махсус безатилган хонаи хосга бошлаб ўтаётганларини Шайбонийхоннинг қирқ ёшлардан ошган катта хотини кўриб қолди:
— Бу не деган юзсиз хотин? — деб ёнидаги аёлга шипшиди: — Эрсираган мегажин иззатини билиб уйида ўтирмайдими? Совчи бориб ишни битирганча шошмай турмайдими? Илойим касофати ўзидан берига келмасин!

Зуҳра бегим хонаи хосга кирганда Шайбонийхон тахт устида ўтирар эди. Зуҳра бегим икки букилиб таъзим қилар экан, Шайбонийхон у билан тахт устидан тушмасдан сўрашди.
— Хуш келдингиз, бегим.

Хондан бошқача муомала кутган Зуҳра бегим тўсатдан кўнгли бузилиб, кўзига ёш олди.
— Хон ҳазратлари, мен ўзимни сизга қурбон қилдим. Фарзандимни, хону моним — ҳаммасини марҳаматингизга ишониб топширдим!

Зуҳра бегимнинг юзи оқ ипак тўр ортидан аниқ кўринмас эди. Хон унинг гавҳар кўзли олтин узуклар тақилган қўлларига қаради. Томирлари бўртиб турган бу титроқ қўллар бегимнинг анча ёшга борганидан далолат берарди. Шайбонийхон яқинда Бухорода никоҳлаб олган ўн тўққиз ёшли кичик хотинини эслади. Сўнг Зуҳра бегимнинг каттагина ўғли Султон Али мирзо кўз олдидан ўтди.
— Хотиржам бўлинг, бегим Сизнинг мақсадингиз бизга маълум. Худо хоҳласа, муродингиз ҳосил бўлмай қолмас.

Шайбонийхон бошқа ҳеч нарса демади. Ясовул Зуҳра бегимни хонаи хосдан олиб чиқиб кетди. Уни канизлари билан бошқа бир кичикроқ хонага киритиб, эшикларини ташқарисидан ёпиб олдилар.

* * *

Шайбонийхоннинг нима қилмоқчи эканини ҳеч ким тушунмас, аммо бугун Боғи Майдонда фавқулодда бир ҳодиса бўлаётганини сезган барча лашкарбошилар ва аъёнлар Чилсутун кошонасининг ён-верида икки-учтадан бўлиб айланиб юришар эди. Уларнинг орасида шоир Муҳаммад Солиҳ ҳам бор эди. Унинг ипак салласи нозик қилиб ўралган, калта енгил ипак абоси ўзига жуда ёпишиб туради. Ёзда ҳам телпак кийиб юрадиган, урушдан бошқа нарсани билмай қўполлашиб кетган кўчманчи султонлар унинг зиёлича нозик кийинишини ёқтирмайдилар, темурийлар хизматида ўтган оғир ўтмишини эслатиб туришни яхши кўрадилар.

Найман уруғининг бошлиғи Қамбарбий боғда Муҳаммад Солиҳга тегишди:
— Ҳа, жаноб шоир, Самарқанддан мирзонгиз минан чечангиз[5] келиб, суюниб турибсизми?
— Қамбарбий жаноблари, Зуҳра бегим асли ўзбекнинг найман уруғидан бўлурлар. Бегимни мендан олдин сиз чеча дейишингиз лозим.

Манғит, дўрмон ва қўшчи уруғининг султонлари бу гапни ёқтириб хахолоб кулдилар. Қамбарбийнинг аччиғи келди. Муҳаммад Солиҳга ўшқириб:
— Сиз-чи? — деди. — Сиз барлос туркиданмисиз?!

Темур ва темурийлардан чиққан барлослар Шайбонийхоннинг энг ёмон кўрган уруғи эди. Муҳаммад Солиҳ Хусайн Бойқаро саройида хизмат қилган, Султон Али мирзога ҳам мулозим бўлган, ахири мирзолардан айниб, Шайбонийхон томонига қочиб ўтган эди. У Султон Али мирзонинг ҳарбий сирларини Шайбонийхонга айтиб бериб, Бухоро ва Дабусия қалъасининг олинишига кўмаклашгани учун хон уни ёқтириб қолган эди. Аммо Қамбарбий ичида уни: «Хиёнат йўли билан обрў орттирган беқарор турк!» деб ёмон кўрар эди.

Муҳаммад Солиҳ Қамбарбийнинг бу нафратини ўзига олгиси келмай, гапни ҳазилга бурди:
— Жаноб Қамбарбий, мен ҳозир — ўзбек туркиданмен!
— Қувлик қилманг, ўзбек бошқа, турк бошқа!
— Лекин ўзбекда «ота юртим Туркистон» деган нақл борку, бунисига не дейсиз?
— Вой-бўй, — деди Кўпакбий, — манав шоиринг бизнинг Туркистонни ҳам туркларга бериб жубормоқчи-ғу!

Дашти Қипчоқдан чиққан оми Кўпакбий Туркистондай маданий шаҳарни ўзиники қилиб гапирганидан Муҳаммад Солиҳнинг кулгиси келди:
— Жаноб Кўпакбий, сиз аввал Туркистон деган сўзнинг маъносини тушунинг! Туркистон — турклар макони дегани-ку!
— Не демоқчисан? Биз Рум[6] туркидан тарқағанмизми?
— Аксинча, Рум турклари ҳам Туркистонни «ота юртим» дерлар. Улар билан бизнинг илдизимиз бир. Самарқанд қўрғонидан берида турган ҳу ана у тепаларга бир қаранг. Ана ўша ерда бундан минг йил аввал Афросиёб деган улкан шаҳар бўлган. Афросиёб эса Мовароуннаҳр туркларининг афсонавий қаҳрамони эди. «Унинг асли оти Алп Эр Тўнға бўлган» деб, «Қутадғу билик»да Юсуф Хос Ҳожиб ёзмишдир.
— Бу шоир ўзбекнинг нонини еб, нуқул туркни мақтайди-я!
— Жаноб Қамбарбий, ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз— барчаси ҳам туркий улуслардир. Бир отанинг болаларидек еримиз бир, тарихимиз бир. Сизлар ўзбек уруғларининг тарихини Ўзбекхон[7] бошлайсизлар. Бу тўғри эмас.
— Нега тўғри бўлмас экан? — ўшқирди Кўпакбий,— Ўзбекхондан тарқалган эмасмизма?
— Жаноб Кўпакбий, сизнинг қипчоқ уруғингиз Ўзбекхондан минг йил олдин машҳур бўлган. Қўнғирот уруғининг тарихи ҳам олти-этти асрга боради. Манғит, найман, дўрмон, қушчи уруғлари ҳам қадимдан бери бор. Бу уруғлар ҳаммаси ҳозир онҳазратим Шайбонийхон қўл остига бирлашиб «ўзбек улуси» деган умумий ном олган экан, сизлар бу улуснинг тарихини эсдан чиқарманглар. Ўзбек деган исм туркий халқларда Ўзбекхондан неча юз йил олдин ҳам мавжуд бўлган. Мен Хоразмда ўсмишмен. Қадимий китоблардан ўқидимким, Чингизхондан олдин шоҳ бўлган Хоразмшоҳ Муҳаммад ўз ўғилларидан бирига Ўзбек деб ном қўймишдир. Шундан маълумки, бу ном юртимизда Чингизхон келмасидан олдин ҳам мўътабар бўлган. Ўзбек номини бизнинг улусимиз Ўзбекхондан олган эмас. Аксинча, бу қадимий номни Ўзбекхон бизнинг туркий улуслардан олмишдир!
— Яна туркий дейди-я! Хон ҳазратларининг бобокалонлари улуғ Чингизхон турк бўлмаған-ку!

Қамбарбий қалтис мавзуда гап очганини сезиб, ҳамма жим бўлиб қолди. Чунки Чингизхоннинг ғайридин бўлганини, Бухоронинг жомеъ масжидига от миниб кирганини Туроннинг кўпчилик аҳолиси биларди. Шайбонийхон бу аҳолини чўчитмаслик учун Чингизхон наслидан эканини ошкор қилмасдан дил тубида сақларди. Аммо хоннинг туркий тилли мусулмон эканлиги, ислом байроқдори бўлиб майдонга чиққанлиги катта бир сиёсат шаклида очиқчасига тарғиб қилинарди. Муҳаммад Солиҳ ҳам ана шу сиёсатга мос келадиган сўзларни излаб топди:
— Жаноб Қамбарбий, Шайбонийхоннинг боболари Абулхайрхон, оталари Шоҳбудоқ Султон ислом динидан баҳраманд бўлишиб, хоқони аъзам Чингизхондан ҳам баландроқ маънавий юксакликка кўтарилганлар. Шайбонийхон ҳазратлари ҳозир ана шу юксакликда туриб, Туроннинг пок мусулмон халқига раҳнамо бўлмоқдалар!
— Об-бо, сарттинг боласи-эй, энди Туронни ўртага солиб, сўзини ўтказмоқчи-да!
— Тарих шундай бўлса мен не қилай, жаноб Қамбарбий? Минг йиллардан буён Хуросондан нарёғи Эрону бериги ёғи Турон деб юритилур... Хон ҳазратлари буни яхши билурлар. Имоми замон Бухоро мадрасасида таҳсил қўрганларида жуда кўп туркий шеърларни ёд олганлар. Ўзлари ҳам туркий тилда ғазаллар ёзганлар. Мен онҳазратнинг ғазалларидан бир байт келтирай, эшитинг:

«Фирқат отидан йиқилдим, ёр келди сурғали

Эй Шайбоний, ёр дардингга даво қилди яна».
— Хон ҳазратларининг бу шеърлари туркийча эмас, ўзбекча! — деди Қамбарбий.
— Лекин барча туркигўй шоирлар худди шу тилда шеър ёзганлар-ку! Агар бу ўзбек тилида бўлса, демак, Навоий ҳам ўзбек тилида ёзган. Демак, камина ҳам ҳозир сизлар билан ўзбек тилида сўзлашмоқдамен. Демак, Мовароуннаҳрнинг туркий тилию ўзбек тили, аслида бир тил. Жаноблар, энди дилимиз ҳам бир бўлмоғи керак. Темурийлар турку ўзбек деб улусни улусдан ажратиб, халқни пароканда қилдилар, мамлакат парчаланиб, хароб бўлди. Энди имоми замон, Искандари соний[8] яна шу улусни бирлаштириб, мамлакатга ягона жон ато қилмоқчилар! Илоҳим ҳазрат хонимиз шу мақсадларига етсинлар!

Муҳаммад Солиҳнинг бу гапига энди ҳеч ким эътироз қилолмади. Мунозарада усталик билан ғолиб чиққан шоир кўшкка қараб кетди.

Кўпакбий Қамбарбийга қараб:
— Сарттинг боласини кўрдингизма? — деди. — Буларни гап билан женгиб бўлмайди!
— Гап билан енгмасак қилич билан енгамиз! — деди Қамбарбий. Ҳаммалари хаҳолаб кулдилар.

* * *

Кўшкдан ясовул чиқиб, боғда мунтазир турган лашкарбоши ва аъёнларни хон ҳазратлари юқориги қаватга кенгашга чақирганини айтди.

Боғдаги аркони давлат кўшкнинг тўрт бурчига минорага ўхшатиб ишланган ва торгина йўлак ичидан ўтган зинапоялар билан юқорига кўтарила бошладилар.

Хоннинг ўзи ҳали ҳам пастдаги хонаи хосда яна ниманидир кутмоқда эди.

Кечки пайт Самарқанддан беш-олтита муридини эргаштириб, Хўжа Яҳё ҳам чиқиб келди. У Боғи Майдонга кириб отдан тушаётганда саросима бўлиб, оёғи узанги қайишига ўралиб қолди. Муридлари уни суяб туширдилар.

Катта оқ салла, малла сақарлот делагай кийган Хўжа Яҳё Шайбонийхон ўтирган тахтнинг олдигача таъзим қилиб борди. Қироатга ўрганган жарангдор товуш билан:
— Ассалому алайкум, хон ҳазратлари, — деди. — Самарқанд дарвозалари сиз улуғ зот учун очиқдур!

Шайбонийхон Хўжа Яҳё билан ўрнидан турмай сўрашди-ю, киноя қилиб деди:
— Самарқанд қопқаларини биз учун сиз очиб келдингизми?
— Ҳазратим, ҳар иш худонинг хоҳиши билан бўлур.
— Бироқ сизнинг хоҳишингиз — Самарқандни Бобурга бериш эди-ку?
— Осий бандалармиз, хон ҳазратлари. Хатолик ўтган бўлса, афв этинг, ҳузурингизга бош эгиб келдим...

Хўжа Яҳё кўзига ёш олди.

Шайбонийхон ясовулга буюрди:
— Юқорига олиб чиқиб мирзосининг қапталига[9] ўтирғизинг!

Хўжа Яҳёни олиб чиқиб кетганларидан кейин Шайбонийхон ўзининг энг яқин маслаҳатгўйи бўлган олтмиш ёшли мўйсафид мулла Абдураҳимни чақирди ва у билан нима ҳақдадир яккама-якка гаплаша бошлади.

Хоннинг шошилмаётгани баъзи султонларни таажжубга солмоқда эди. Самарқанд дарвозалари очиқ пайтда нега пойтахтга от қўйиб кирмасдан, бу ерда имиллаб ўтиришибди?

3

Шайбонийхон тўрдаги эшикдан кирганда ҳамма ўтирганлар ўринларидан сапчиб туриб, хонга эгилиб таъзим қилдилар. Хон шаҳнишинга тўшалган кимхоб кўрпача устига чордана қуриб ўтирди. Унинг ўнг ёнига чўкка тушган мулла Абдураҳим қуръондан қисқа бир оят ўқиб, хон ҳазратларига энг олий тилаклар билдирди-ю, ниҳоят мақсадга ўтди:
— Имоми замон, халифаи раҳмоннинг ниятлари фақат шаҳар олиш эмас, дину миллат душманларини фош этиб, сизу бизни Муҳаммад алайҳиссалом юрган муқаддас йўлга етаклашдир. Агар фақат молу мулкни ўйлайдиган подшоҳ бўлса, Самарқанд қопқалари очилган заҳоти урҳо-ур, деб қалъага от қўйиб кирур эди, карнай-сурнай чалдириб, ўз ғалабасини тезроқ халққа ошкор қилур эди. Аммо бизнинг улуғ хонимиз — доноликда Искандари замон Шайбонийхон молу мулкдан аввал инсофу имонни ўйлаюрлар.
— Барҳақ! — деб қўйди мулла Абдураҳимдан пастроқда ўтирган Муҳаммад Солиҳ.
— Подшоҳ инсофу имонни унутса не чоғлиқ мурдорликлар юз бериши, мамлакат не чоғлиқ хароб бўлиши темурийларнинг кирдикорларидан бизга аён. Абдуллатиф мирзо ўз отаси Улуғбек мирзони ўлтиртирди. Ҳиротда Ҳусайн Бойқаро ўз невараси Мўмин мирзони ўлтиртирди. Мана ҳозир биз билан ўлтирган Султон Али мирзо ўз оғаси Бойсунқур мирзони туттириб ўлдирмоқчи бўлганда, оғаси қочиб қутулди. Кейин Бойсунқур мирзо бу инисини туттирганда кўзини кўр қилмоқчи бўлди. Аммо жаллодни олтинга сотиб олиб, бу Мирзо ҳам қочиб қутулди. Мирзоларнинг саройида сотқинлик, хиёнат, бузуқлик авж олди. Қуръони шариф майни макруҳ деб қатъий тақиқлаган. Аммо даврамизда ўлтирган мана бу ёш Мирзо жойнамоз устида ўлтирган имоми замон ҳузурига май ичиб ширакайф келмиш. Бу Мирзонинг шаҳвонийпарастлиги, шу ёшдан ҳаром йўлга юришлиги имоми замон хонимизга аввалдан аён эди!

Кўпакбий ғазабланиб гап қўшди:
— Осиб ўлдириш керак бундай Мирзони!
— Айб фақат бу навжувон Мирзода эмас, — деб Муҳаммад Солиҳ унга эътироз қилди. — Бунинг отаси Маҳмуд мирзо бағоят имонсиз бузуқ одам эди. Самарқандда подшоҳлик қилганда хотинбозликка қаноат қилмай, баччабозликни ҳам авжига чиқарган эди. Бечора халқ чиройли ёш ўғлонларини кўчага чиқартиришга қўрқиб, қизларни яширгандек ичкарига яширар эди.
— Ўғил отасига тортибдир-да?
— Онаси-чи? Мирзонинг онаси қалай?

Бу қалтис саволдан ҳамма бир лаҳза жим бўлиб қолди. Чунки «Шайбонийхон Зуҳра бегимни никоҳлаб олмоқчи эмиш», деган овоза кўпчиликнинг эсига тушди. Хон бу аёлга уйланса обрўси тушишини бояёқ сезган ва уйланмоқчи эмаслигини мулла Абдураҳимга айтган эди. Ҳозир мулла Абдураҳим миш-мишларни бартараф қилишга шошилди:
— Мирзоларнинг касофати хотинларига ҳам урмиш. Бу Мирзонинг онаси ўз нафси учун ёлғиз ўғлини қурбон қиладиганга ўхшайди!

Мулла Абдураҳимнинг бу гапидан кейин хоннинг Зуҳра бегимга муносабати ҳам кўпчиликка аён бўлди. Султонлардан бири:
— Қутурган бияга судратиб ўлдириш керак ундай хотинни! — деди.

Яна бири:
— Қопга солиб энг баланд минорадан ташлаш керак!— деди.

Шайбонийхон мунозарага эрк бериб, ўзи ҳамманинг гапига зимдан қулоқ солиб ўлтирарди. Бир-биридан қўрқинчли таклифлар кўпайиб кетгандан кейин Шайбонийхоннинг ишораси билан мулла Абдураҳим ҳаммани жим қилди.

Хон гапирар экан, ўнлаб кишилар унинг салмоқдор, вазмин овозидан, дона-дона қилиб айтаётган сўзларидан сеҳрлангандай қотиб қулоқ сола бошлади. Шайбонийхон мирзоларнинг инсофни, имонни унутганлари, эл-улусни вайрон қилганларига яна бир талай мисоллар келтирди-ю, бирдан Хўжа Яҳёга юзланди:
— Бу мирзоларингнинг пири — сизнинг отангиз Хўжа Аҳрор эди. «Мен валийман» деб, подшоҳларга ҳукмини ўтказиб, жуда катта бойлик орттирган эди. Бизнинг хабаримиз бор, отангиздан сизга жуда кўп олтин қолған. Отангиз ўлгандан кейин, мана, ўн бир йилдан бери сиз Самарқандға руҳоний ота бўлиб юрибсиз. Сиз ҳам нафсга берилиб, жуда кўп сийму зар тўплағансиз. Балиқ бошидан бузилади. Пир қандай бўлса, мурид ҳам шундай бўлади. Қапталингизда ўтирған мана шул шаҳвонийпараст ёш Мирзо сизнинг муридингиз, худо олдида сиз шунға жавоб бераман деб қўлини олғансиз!

Шайбонийхон шаҳодат бармоғини бигиз қилиб, аввал Мирзони, сўнг Хўжа Яҳёни кўрсатди-да, кейин ўша бармоғини пастга қаратиб силкитди:
— Сизнинг яна бир муридингиз аёл боши билан эр истаб келиб, пастда ўтирипти. Сизнинг қандай пирлиғингизни мана шулар кўрсатиб турипти! Сиз аввал муридларингизга хиёнат қилиб, Самарқандни Бобурга бермоқчи бўлдингиз. Кейин булар пирларига хиёнат қилиб, менинг олдимга келди. Хиёнат устига хиёнат! Бири у ёққа тортса, бири бу ёққа тортади! Подшоҳ ўзича-ю, дин раҳнамоси ўзича! Бири бирини алдайди. Бири бирининг гўштини емоқчи бўлади! Муҳаммад алайҳиссалом ҳам пайғамбар эдилар, ҳам подшоҳ эдилар, ҳам лашкарбоши эдилар. Ким шунга қодир бўлмаса, ким пайғамбаримизнинг муқаддас йўлидан юрмаса, мана шу пир билан муридга ўхшаб кофирлик жарига йиқилади!

Шайбонийхон бу гапларни ўзининг қўл остидаги аъёнларига ҳам тегизиб гапирмоқда эди. Чунки уларнинг баъзиси «хонимиз тахту тожга қаноат қилмай имоми замон, халифаи раҳмон ҳам бўлиб олдилар», деб шивирлашар эди. Темурийларнинг ишини кўпдан бери кузатиб юрган Шайбонийхон уларнинг салтанатларида Хўжа Аҳрор каби диний раҳбарлар ўзларича мустақил ҳукмдор бўлиб олиб, мирзоларнинг ҳокимиятини ичдан заифлаштирганини яхши билар эди. Шайбонийхон хонлик ҳокимияти билан диний ҳокимиятни ўз қўлида бирлаштириб, темурийларга нисбатан катта бир устунликка эришмоқда эди. У Бухорода мадрасада ўқиб юрганда шариат ва тариқат илмини яхши ўрганган, қуръонни ёд билар эди. Ҳозир Шайбонийхоннинг қароргоҳида ислом динини ундан яхши биладиган, қуръонни қироат билан ўқишда ундан ўтадиган одам йўқ эди. Унинг имомлик ва халифалик унвонлари шундан ҳам келиб чиққан эди. Шайбонийхон марказлашган улуғ бир давлат тузишга интилар экан, бу мақсадга тезроқ етиш учун қўл остидаги одамларнинг ихлос ва эътиқодини ҳам қозонишга, уларнинг мафкурасини ўзига бўйсундириб, ҳаммасини бир доҳий атрофига жипслаштиришга алоҳида эътибор берар эди. У ўз даврининг энг зўр мафкураси — диний мафкура эканлигини яхши биларди.

Шунинг учун ҳозир ўзи эришаётган муваффақиятларни ҳам динга ва илоҳий кучларга боғлаб гапира бошлади:
— Бизнинг Самарқанддаги душманларимиз етти бошлиқ аждарҳодай зўр эди. Бу аждарҳо не-не қўшинларни комига тортиб ютиб юборган. Аммо бизнинг имонимиз пок, ниятимиз холис. Олло таоло шу аждарҳони инидан тортиб чиқариб, бизнинг ҳузуримизга олиб келди. «Нима қилсанг қил!» деб қўлимизга берди. Худонинг қудрати билан Самарқанддек шаҳарнинг қопқалари бизга жангсиз очилди!

Самарқанд урушсиз таслим бўлаётганлиги, унинг подшоҳи ва диний раҳбарлари ўз оёқлари билан Шайбонийхон ҳузурига кириб келганлиги нақадар улкан бир зафар эканини барча аъёнлар гўё энди астойдил ҳис қилдилар. Бу зафарнинг худо томонидан берилганлиги эса Шайбонийхонни уларнинг кўзига худонинг назари тушган бир авлиё қилиб кўрсатар эди. Шайбонийхон нафаси ўткир валий бўлмаса, бу қадар мураккаб, бу қадар қийин ишни шунчалик донолик ва усталик билан амалга оширолармиди?

Мулла Абдураҳим ўрнидан сакраб туриб:
— Имоми замонимиз минг йил умр кўрсинлар! — деб олқиш айтди.

Бошқалар ҳам оёққа қалқдилар. Устма-уст олқиш янгради:
— Искандари сонийга офарин!
— Ҳазрати валийга минг раҳмат!
— Халифаи раҳмон дунё тургунча турсинлар!

Ҳамма аъёнлар ўринларидан турганларидан кейин Султон Али мирзо билан Хўжа Яҳё ҳам жойларидан кўтарилдилар. Аммо улар тирик мурдадек оёқда зўрға туришар эди. Агар ҳозир Шайбонийхон мана бу олқиш айтаётганларга бир оғиз буюрса, улар Мирзо билан Хўжани тилка-пора қилиб ташлашлари аниқ эди.

Хоннинг ишораси билан олқишлар тинди, ҳамма жойига қайтиб ўтирди.
— Манави хўжа билан мирзоға, — деди Шайбонийхон, — минг азоб бериб ўлдирсак ҳаққимиз бор. Бироқ инсофу имон қанчалик бўлишини буларга яна бир кўрсатиб қўяйлик. Майли, қонларидан кечайлик, жонлари омон қолсин!

Боятдан бери ўлимни бўйинларига олиб, жонларидан умид узиб ўтирган Мирзо билан Хўжа энди бирдан эгилиб, хонга миннатдорчилик билдирдилар. Хўжа Яҳёнинг кўнгли юмшаб, кўзига ҳатто ёш келди:
— Худо умрингизни берсин, хон ҳазратлари!..
— Бироқ, — деди хон овозини кўтариб, — жаноб Хўжа Яҳё молу дунёга ҳирс қўйиб, тавфиқни унутган. Имонларини поклаш учун Маккаи мукаррамага сафар қилсинлар. Хўжага эрталабгача муҳлат берамиз. Керакли нарсаларини йиғиштириб, икки ўғиллари билан бирга ҳажга жўнасинлар. Кўпакбий!
— Лаббай, хон ҳазратлари!
— Хўжа Яҳёни ўғиллари билан эрта эрталаб Самар-қанддан чиқариб қўйишни сизга топширдик!
— Бош устига, хон ҳазратлари!
— Мана бу ёш Мирзо, — деб Шайбонийхон Султон Али мирзога қараб давом этди, — бизга ўғил тутингиси келибди. Майли, диндан қайтганни яна дин йўлига солиш — савоб иш. Шаҳзода Темурхон уни ўз одамлари қаторига олсинлар.

Отасига яқин ўтирган йигирма ёшли хушбичим Темурхон семиз Мирзога нафратли бир назар ташлади-ю, аммо хонга таъзим қилиб, буйруқни бажаражагини айтди.
— Яхши бўлса ошини ер, — қўшиб қўйди Шайбонийхон, — ёмон бўлса бошини!

Султон Али мирзо вақтинча тирик қолаётганини кўп одам шу сўзлардан сезди. Энди пастки қаватда ўтирган Зуҳра бегимнинг тақдирини ҳал қилиш керак эди.

Шайбонийхон бир вақтлар Зуҳра бегимни жуда гўзал деб эшитиб, «ўзимга ғунчачи[10] қилиб оларман», деб ўйлаган эди. Шунинг учун бегимга ёзган хатига бир неча сатр шеър қўшган эди. Аммо уни бугун ўз кўзи билан кўргандан кейин бегимдан ихлоси қайтди. Тўғри, шеър ёзиб бегимни алдагани кўнглининг бир четини хира қилиб турар эди. Аммо бу ерда Зуҳра бегимдан нафратланиб гапирган аъёнлар у хотиннинг бузуқлигига хонни ҳам ишонтирди-ю, кўнглидаги бу хираликни тарқатиб юборди. «Ўзи шундай алданишга муносиб хотин экан, — деб ўйланди хон. — Агар ҳозир қўйиб берсам, султонлар уни қутурған бияга судратиб ўлдиради. Лекин мен «Муродингизга етасиз!»— дедим. Муроди — эрга тегиш экан. Зўр бир эр топиб бериб, сўзимнинг устидан чиқайин!»

Хоннинг кўзлари даврада ўтирган султонларни оралаб ўтиб, пойгакроқда ўтирган йўғон гавдали чўтир қора кишида тўхтади. Мансур бахши деб аталадиган бу одам табиблик қилар эди. У чилдирма чалиб «кўчириқ» қилишни ҳам билар эди, «кўтарувчи» деган лақаби бор эди. Унга хотин чидамас — олган хотинлари ё бир-икки йил умр кўрмай ўлар, ёки қочиб кетар эди.
— Мансур бахши, сиз хотинга ёлчимай юрибсиз,— деди Шайбонийхон. — Пастдаги бегим келинчак ёнглиқ ясаниб келибди. Шуни сизга узатайикми?

Мансур бахши ўрнидан сакраб турди, қувонганидан оғзи қулоғига етгудай кулиб таъзим қилди:
— Марҳаматингиздан айланайин, ҳазратим, жон дейман!

Ҳамма кулиб юборди. Шайбонийхон бу тугунни ҳам султон ва аъёнларга ёқадиган бир усталик билан ечганидан кўпчилик мамнун эди:
— Хон ҳазратлари доно йўл топдилар!
— Мансур кўтарувчи энди бегимни қучоғидан қўймай роса кўтаради.
— Бири бирига муносиб!
— Бироқ, — Шайбонийхон яна сўз бошлаган эди, ўзаро гаплар ва кулгилар дарҳол босилди, — бахшининг тўйини Самарқандда қиламиз. Ҳаммамиз шаҳарга тартиб билан кирамиз...

Самарқандда бир неча марта бўлган ва қаерда нима борлигини яхши биладиган хон қўшинларнинг шаҳарга кириш ва жойлашиш тартибини олдиндан ўйлаб қўйган эди. Ҳозир шуни буйруқ шаклига келтириб, лашкарбошиларга аниқ кўрсатмалар бера бошлади.

Шайбонийхоннинг беш минг кишилик қўшини Чорраҳа дарвозасидан Самарқандга кириб борганда шаҳарнинг нариги томонидаги Сўзангарон дарвозасидан юзлаб одамлар қочиб чиқиб кетмоқда эдилар. Бобур ҳозир Шаҳрисабзда эди. Самарқанддан қочиб чиққан унинг тарафдорлари Шаҳрисабзга қараб шошилмоқда эдилар.

Аммо Шайбонийхоннинг қуюндай югурик отлиқлари уларнинг кўпини қувиб етиб, кўчларини талашди, кўпларини аёвсиз ўлдиришди.

Кечаси шаҳарда талончилик авжига чиқди. Фақат Хўжа Яҳёнинг ҳашаматли уйига ва кенг ҳовлисига талончилар йўлатилмади. Кўпакбийнинг юзтача навкари Хўжа Яҳёнинг ҳовлисини қўриқлаб турди. Бироқ Кўпакбий қўйган махсус одамлар Хўжа Аҳрордан қолган бойликлар, олтин ва жавоҳирларнинг қайси сандиқларга жойлаштирилаётганини пана-панадан кузатиб, кўз тагига олиб қўйдилар.

Хўжа Яҳё икки ўғли, уч хотини, ўн бештача хизматкори ёрдамида туни бўйи кўч йиғиштирди. Тонг отганда барча сандиғу бўғчаларини, кўч-кўронини тўртта аравага ва ўн икки туяга юклатди. Аёлларни соябон аравага чиқаришди. Хўжа Яҳёнинг ўзи, икки ўғли ва ўнта қўриқчи хизматкор йигити энг яхши отларини миндилар, Самарқанд билан ғамгин хайрлашиб, қалъадан чиқдилар. Кўпакбий ўз навкарлари билан бирга Хўжа Яҳёни Оҳаклик тоғигача кузатиб қўйди. Термиз йўлига тоғ ошиб ўтиш керак эди. Бир тоғ дарасининг ичида Кўпакбий Хўжа Яҳёга қараб:
— Биз онҳазратимнинг буйруғини бажардик, энди у ёғига ўзингиз кетаверинг! — деди-ю, навкарлари билан орқага бурилди.

У кўринишидан Самарқандга қайтмоқчига ўхшарди. Аммо дарадан чиққандан кейин йўлни ўнгга бурди, бошқа бир дара орқали Хўжа Яҳёнинг ўнг томонидан айланиб ўтди.

Ғира-шира қоронғилик тушиб, одам одамни яхши танимайдиган пайт бўлганда Кўпакбий барча аскарлари билан юқоридан кўчкидай ёпирилиб тушди. Қий-чув, дод-войларга қарамай, Хўжа Яҳёнинг ўзини ҳам, икки ўғлини ҳам, қўриқчи йигитларини ҳам қиличдан ўтказишди. Тирик қолган аёллар Кўпакбийнинг ўнбошиларига бошқа ўлжалар қаторида улашилди. Сандиқдаги жавоҳирлар ва олтин-кумушларнинг ярми кечаси хоннинг хазинасига элтиб топширилди. Чунки Кўпакбийнинг Хўжа Яҳёни ҳажга жўнатиш баҳонаси билан тоғ ичида ўлдириши ва бойлигини мусодара қилиши Шайбонийхоннинг имо-ишораси билан қилинган эди.

Бу воқеадан хабар топган Султон Али мирзо ўлим хавфи ўзига ҳам яқинлашиб келаётганини сезди-ю, қандай қилиб бўлса ҳам қочиб қутулишнинг пайига тушди. Қуюқ туман тушган куни азонда икки навкари билан Феруза дарвозасидан яшириқча чиқиб, Панжакент томонга қочди. Бироқ Темур Султон унинг кетига қўйган хуфиялар бу воқеадан хабардор эдилар. Султон Али мирзо қалъадан қочиб чиққунча уни атайлаб қўйиб берган эдилар. Чунки унинг айбини бўйнига қўйиб қочиб кетаётган пайтида тутиб ўлдирмоқчи эдилар. Султон Али мирзо Сиёб бўйларига бормасданоқ кетидан Темур Султон икки юз навкари билан уни қувиб етди ва дарҳол ўраб олиб, бир қилич зарби билан бошини танасидан жудо қилди.

Мансур бахшига никоҳлаб берилган Зуҳра бегим ёлғиз ўғлининг тобутда бошсиз ётган танасини кўрганда ўзининг калласига муштларини уриб дод солди, юзини қўли билан тирнаб қонатиб юборди, кўйлагининг ёқасини йиртиб чинқирди. Лекин ғолиблар бунинг ҳаммасига: «Баттар бўл, ўзинг сабабчисан!» дегандек бир заҳарханда билан қарашди.

4

Сувларнинг юзи хазонларга тўлиб оқадиган сершамол куз кунлари бошланди. Самарқанддан ўттиз чақиримча шарқ-жануб томонда, Панжакентдан қуйида Зарафшон дарёсини кечиб ўтган икки юздан ортиқ қуролли суворийлар қоронғи тушганда Сиёб бўйига яқинлашдилар. Улар йўлларида учраган қишлоқларни четлаб ўтишар, ҳеч қаерда тўхтамасдан, шовқин-сурон кўтармасдан, мумкин қадар сукут сақлаб келишар эди. Уларга бирда-ярим дуч келиб қолган деҳқонлар қўрқиб ўзларини четга олар эдилар. Шайбонийхоннинг аскарлари ҳамманинг юрагини олиб қўйган эди. Ҳозир Самарқанд атрофларида хоннинг беш мингдан ортиқ қўшини бор эди. Одамлар мана бу отлиқларни ҳам шу қўшиннинг бир бўлаги деб ўйлаб, улардан балодан қочгандай қочар эдилар.

Бироқ отлиқларнинг ўзлари алланарсадан хавотири бордай эҳтиёт билан бормоқда эдилар. Қоронғида Сиёбдан ўтаётганларида, отларнинг беш-олтитаси балчиққа тиқилиб қолди. Уларни балчиқдан чиқаришга уриниб, ўзлари лойга ботган, юзларини қамишлар тирнаган навкарлар аччиқ устида баланд овоз билан сўзлашган эдилар, таниш овоз уларни уришиб берди:
— Мунча додлайсиз? Ёғийга хабар бермоқчимисиз?

Бобурнинг овозини таниган бир навкар:
— Маъзур тутинг, амирзодам, — деди. — Ҳаром ўлгур от ёмон тиқилди!

Булоқ сувларидан йиғилган Сиёб совуқ куз кечасида буғланиб оқмоқда эди. Тун қоронғиси устига сув буғлари ҳам қўшилиб, балчиқни қуруқ ердан ажратиб бўлмас эди. Лойга ботган отлар анча одамни йўлдан тутиб қолаётганини кўрган Бобур:
— Бас, чиқариб бўлмаса, қолсин! — деди.

Қосимбек дарҳол унинг сўзини қувватлади:
— Пиёда қолганлар менинг отларимдан олсинлар!

Оти лойга тиқилган навкарлардан бири Тоҳир эди.
— Тоғларда қанча оту тевалар қолди, учмалардан ўтиб келган отим энди шу балчиқда қолсинми-а? — деди Тоҳир отига ачиниб.
— Ўзимизнинг жонимиз ҳам қил устида! — деди Бобур.

Тоҳир Қосимбек учун етаклаб келинаётган отлардан бирига минди. Яна икки навкар пиёда қолган эди. Уларга Бобур ўзининг тўртта отидан иккитасини берди.

Ҳозир унинг кўзига от-улов кўринмас эди. Энг муҳими, унинг Самарқандга яқинлашаётганини Шайбонийхон мутлақо сезмаслиги керак.

Бобур ёзи билан тоғларда юрди, Шаҳрисабздан Ҳисорга, ундан Фондарё бўйларига ошиб ўтди. Самар-қанд беклари бутун навкарлари билан Ҳисор ҳокими Хисравшоҳ томонига ўтиб кетди. Андижондан Бобур билан келган одамларнинг кўпчилиги Искандаркўл бўйларидан Ўратепа орқали Фарғона водийсига қайтдилар.

Жангдовуллар бу хабарларнинг ҳаммасини Шайбонийхонга аллақачон етказган эдилар. Бобурнинг бир неча юз киши билан тоғ орасида қийналиб юрганини аниқ биладиган Шайбонийхон энди унинг Андижонга қайтиб кетишига ёки Ўзгандан нарида хонлик қилаётган тоғаси Олачахон олдига боришига шубҳа қилмас эди. Шайбонийхон ёв ҳужум қилишини кутмас, шунинг учун шаҳарда беш юз кишилик қўшин қолдириб, қалъа ташқарисидаги Хўжа Дийдор деган жойни қароргоҳ қилган эди.

Шайбонийхоннинг бехавотир юрганидан хабар топиб, Самарқандга таваккал қилиб бораётган Бобур жуда қалтис бир ишга бел боғлаганини сезарди. Шайбонийхоннинг жосуслари кўплиги унга маълум эди. Хон ўзини сезмаганга солиб, Бобурни шаҳарга яқин келгунча қўйиб бериши, кейин қуршовга олиши мумкин эди. Шаҳар ичидаги қўшин ҳам Бобурнинг одамларидан икки-уч баробар кўп. Бобур Шайбонийхоннинг қўлига тушса, тирик қутулолмаслигини билади. Навкарлар, беклар омон қолиши ва хон аскарлари сафида хизмат қилиб кетиши мумкин — Султон Али мирзонинг кўпчилик бек ва навкарларини хон ўз лашкарларига қўшиб олгани ҳаммага маълум. Аммо янги бир сулолага асос солмоқчи бўлган Шайбонийхон темурийларни аёвсиз ўлдиришга қасд қилганини Бобур билар эди. Шунинг учун агар бирон фалокат бўлса-ю, қутулиб кетолмаса, охирги нафасигача жанг қилишга, хоннинг қўлига тирик тушмасликка аҳд қилиб бормоқда эди.

Қоронғида яна бир талай ариқлардан ўтдилар, куз кириб, эгалари кўчиб кетган кимсасиз боғотларни оралаб бориб, Самарқанддан берироқдаги Пули Мағоқ кўприги олдида тўхтадилар. Бундан икки кун олдин тўртта ишончли навкар деҳқон кийимида шу ерга юборилган, улар қалъа деворига қўйиб чиқиш учун улкан шотилар тайёрлаган, шу билан бирга, вазиятни ўрганган эдилар. Олдиндан тузилган режага биноан, навкарлардан етмиш саксонтаси шу ерда отдан тушдилар ва шотиларни кўтаришиб, секин Ғори Ошиқон деб аталадиган баланд жарликка томон пиёда кетдилар.

Бобур қолган навкарлар билан Феруза дарвозасига яқин бориб, дарахтзор тепалик панасида тўхтади.

Атроф жимжит. Узоқдан хўрознинг биринчи қичқириғи эшитилди. Осмон ола булут. Қорайиб турган баланд қўрғон кўзга зўрға чалинади. Бобур ёнидаги Қосимбекнинг ютоқиб, титраб нафас олганини сезди-ю, ўзининг ҳам эти уча бошлади.

Қалъадан ажал совуғи эсаётгандай туюларди. Бундан тўрт ой олдин мана шундай қоронғи тунда Хўжа Яҳё шаҳар дарвозасини яшириқча очиб беришига ишониб душманнинг масхарасини эшитиб қайтгани эсига тушди. Ундан олдин Ғори Ошиқонга кечаси борган йигитларнинг алданиб, қўлга тушиб ҳалок бўлгани кўз олдига келиб, қалбига таҳлика солиб ўтди. Бобур бу гал яна алданмаслик учун шаҳар ичидаги тарафдорларнинг ҳеч бирига хабар бермасдан, фақат ўз кучига ишониб, таваккал қилиб келди. Аммо унинг икки юз қирқ кишилик бир даста қўшини Шайбонийхоннинг беш-олти минг кишилик лашкарларига қандай бас келиши мумкин? Яна хон қўшини мустаҳкам қалъа ичида. Тарихда бунчалик таваккалчилик бўлганмикин?

Қўрғонга пинҳон етиб олдилар. Агар Шайбонийхон ичкарига «қопқон» қўйган бўлса-чи? Бобур бу «қопқон»га ўз оёғи билан кириб борадими?

Баъзи беклар мана шу андишаларни айтиб, Бобурни қалтис ниятидан қайтармоқчи ҳам бўлдилар.

Аммо бу ниятдан қайтиш — Андижонга шумшайиб бориб, яна Али Дўстбекка муте бўлиш деган сўз эди. Ёки уйсиз, жойсиз, куз изғиринларию қиш совуқларида хору зор бўлиб юришлари керак эди. Бобур мутелигу хор-зорликдан кўра бир ўлимни бўйнига олиб, Шайбонийхонга йўлбарсдай дадил ташланишни афзал кўрган ва бекларни ҳам шунга кўндирган эди.

Агар ишлари чаппасидан келса-ю, Шайбонийхоннинг қопқонига тушсалар, ажал сиртмоғи энг аввал Бобурнинг бўйнига тушишини ҳаммалари билардилар. Бобурнинг барча ҳаракати — ёв «қопқони»нинг қопадиган жойига тегмасдан ўтишга қаратилган эди. Шу ергача шарпаларини ёвга сездирмай келдилар. Энди бу ёғи қандоқ бўларкин?

Бобур бутун вужуди билан атрофга қулоқ солар экан тун сукунатида ўз юрагининг дукиллаб уришини баралла эшитди. Бу дукиллашда гўё тақдир отининг дукури ҳам бор эди.

* * *

Оғир шотиларни секин кўтариб, қадимий Чақардиза[11] қабристонини айланиб ўтаётган навкарларнинг бири — Тоҳир эди. Улар қоронғида туртина-туртина Шоҳи Зинданинг орқа томонидаги баҳайбат бир ўнгирга яқинлашдилар. Ўнгирнинг тепаси баланд жар. Унинг этагида ғор ҳам бор. Бу ваҳимали жойларга кундузлари ҳам ҳеч ким келмайди. Оёқ ости чакалакзор. Қўрғоннинг девори мана шу жар устидан ўтади. Шотиларни девор тагига кўтариб боргунча, йигитлар қора терга ботиб кетишди.

Уларга бошчилик қилаётган Нўён Кўкалдош девор тепасига тикилиб бирпас кутди. Терак бўйи келадиган ғиштин девор жуда энли бўлиб, унинг тепасидан бир неча киши бемалол юриб ўтиши мумкин эди. Бироқ тепада ҳеч бир шарпа сезилмас, қоровуллар совқотиб пастга тушиб кетганга ўхшарди.

Шотиларни секин тикладилар, учини девор қиррасига тираб қўйдилар.
— Қани, чиқинглар! — шивирлади Нўён Кўкалдош ғуж бўлиб турган навкарларга. Аммо ўн уч газ баландликдаги девор жуда ваҳимали, ундан йиқилган одам тирик қолмаслиги аниқ эди. Эҳтимол, қоровуллар сезиб қолишарда, чиқаётганларга тош отар, ўқ ёғдирар? Сал итариб юборса ҳам тамом. Шуни сезган навкарларга биринчи бўлиб чиқиш жуда даҳшатли туюларди.

Охири Нўён Кўкалдош ўзи шотининг поясига оёқ қўйди-ю:
— Бир ўлим бўлса ҳаммавақт бор, мардона бўлинг-лар, қани! — деди.

Тоҳир иккинчи шотидан чиқа бошлади. Шотилар кенг, мустаҳкам қилиб ишланган, ҳар бири олти-этти кишини бемалол кўтарар эди.

Йигитлар олдинма-кейин юқорига чиқар эканлар, Нўён ҳаммадан олдин девор тепасига етди. Деворнинг усти йўлкадай кенг, отлиқ юрса ҳам бўладиган. Яқин орада ҳеч ким йўқ.

Тоҳир ҳам чиқиб, ўзини девор кунгурасининг панасига олди ва пастдан чиққан навкарни қўлидан тортиб шивирлади:
— Болта қани?
— Мана.

Иккинчи навкар белига қистирилган болтани Тоҳирга олиб берди.
— Шинакка бекин! — шивирлади Нўён кимгадир.

Кунгура ва шинаклар бўлмаса, девор устидаги одамнинг қораси пастдан кўриниб қолиши мумкин эди. Шунинг учун пастдан чиққан навкарлар шинакларга бекиниб турдилар. Ҳамма чиқиб бўлгандан кейин, секин-секин юриб, энгашиб, девор усти билан Феруза дарвозаси томонга бора бошладилар.

Деворнинг маълум бир жойларида қоровулхоналар бор эди. Бир қоровулхонага яқин келганларида ичкаридан кимдир найманча талаффуз билан уйқу аралаш:
— Ирисбай, келдингма? — деб сўради.

Девор устидан келаётганлар таққа тўхташди. Тоҳир қўлидаги болтанинг сопини икки қўллаб қисди-ю:
— Ҳа, — деди.

Аммо ичкаридаги қоровул унинг овозини танимай ҳадиксиради шекилли, уйқуси бирдан ўчиб:
— Кимсан? — деди.

Нўён Кўкалдош қоровулхонага қараб отилди. Қоровул ичкаридан шошиб чиқаётганда кўкрагига ғарчиллатиб ханжар санчди. Қоровул жон аччиғида чинқириб юборди. Пастдаги қоровуллар ҳам уйғониб кетди.
— Тоҳир тўхтамасдан дарвозага югур! — деди Нўён Кўкалдош. У йигитларнинг беш-ўнтасини пастда уйғонган қоровулларни бир ёқли қилиш учун қолдирди-ю, ўзи бошқа навкарларни эргаштириб, Феруза дарвозасига томон югуриб кетди.

Шайбонийхон бу дарвозани қўриқлашни Фозил Тархон билан унинг юз эллик йигитига топширган эди. Ҳозир бу йигитларнинг кўпчилиги уй-уйига тарқаб кетган, дарвоза қоровулхонасида йигирматача одам ухлаб ётар эди. Улар то уйғониб, қурол-яроғларини қўлларига олгунларича болта кўтарган Тоҳир дарвоза қулфига яқинлашди. Отнинг калласидай келадиган қулф бир-икки зарбани писанд қилмади. Уйи бу ерга яқин бўлган Фозил Тархон машъала кўтарган йигитлари билан дарвозахонага етиб келди. Уларнинг бири дарвоза қулфига болта ураётган Тоҳирга қараб найза отди. Найза Тоҳирнинг дубулғасига ёнлама тегиб сирғалиб ўтди-ю, дарвоза ёғочига қадалди. Дарвозахонада найзабозлик ва қиличбозлик бошланди. Нўён Кўкалдош бошлиқ йигитлар кўпчилик эди. Фозил тархон бўйнидан қилич еб, отдан йиқлиб тушди.

Тоҳир болтани икки қўллаб кўтариб, гоҳ қулфга, гоҳ дарвоза занжирининг зулфига урар, темирдан учқун сачрар, аммо зўр қулф, «қилт» этмас эди. Ниҳоят, зулфин синди-ю, занжир шарақлаб тушди.

Қўрғон атрофида сув тўлдириб қўйилган энли чоҳ бор эди. Чоҳдан дарвозага ўтиладиган кўприк ҳам махсус занжир билан дарвоза томонга кўтариб қўйилган эди. Тоҳир дарвозани очаётганда йигитлардан бири кўприкнинг занжирини ҳам бўшатди.

Бобур ва Қосимбеклар ичкаридаги олишув шовқинини эшитиб, чоҳ лабига келиб турган эдилар. Дарвоза очилиб, кўприк тушиши билан улар ичкарига от қўйиб, қилич яланғочлаб кирдилар. Фозил Тархоннинг тирик қолган навкарлари шаҳар ичига қараб қочдилар.

Қосимбек бошлиқ отлиқлар уларни қувиб кетди. Нўён Кўкалдошга отини келтириб бердилар. Тоҳир ҳам, бошқа пиёдалар ҳам яна отландилар. Бобур навкарларнинг бир қисмини Нўён Кўкалдош билан бирга Чорраҳа дарвозасини эгаллашга юборди. Ўзи қолган навкарлар билан Сўзангарон дарвозасига қараб от чоптириб кетди. Агар дарвозалар тезроқ эгалланмаса, ташқаридан Шайбонийхон бутун қўшини билан кириб келиши мумкин эди.

Феруза дарвозаси олдидан бошланган жанг шовқини бирпасда бутун шаҳарни қамраб олди. Шаҳар доруғаси Жонвафо Шайхзода дарвозаси томонда — Хўжа Яҳёдан тортиб олинган ҳашаматли ҳовлида ухлаб ётган эди. Тўполондан чўчиб уйғониб, бор навкарлари билан ҳовлидан отланиб чиққунича, Қосимбекнинг йигитлари Фозил Тархоннинг одамларини қувиб келди. Чорраҳа дарвозасидан қувилган Кўпакбийнинг навкарлари ҳам доруға ётган жойга қочиб келмоқда эдилар. Қоронғида ёв қайсию ўзининг одамлари қайси, доруға ажратолмай қолди. Унинг кўзига ҳамма чопиб келаётган ёв бўлиб кўринди. Назарида, Самарқандга бир неча минг кишилик ёв бостириб кирганга ўхшади.

Доруға «беҳисоб ёвга бас келолмайман», деб ўйлаб, отини Шайхзода дарвозаси томонга бурди. Бобурнинг одамлари ҳали бу дарвозага етиб келмаган эдилар. Доруға ўз навкарларига буюриб, дарвозани очтирди-ю, юзтача одами билан хон қароргоҳига томон от чоптириб кетди.

Саҳар палла маст уйқудан қўрқиб уйғонган кўпчилик самарқандликлар хон навкарларини Бобурнинг одамлари қувиб юрганини тонг ёришганда фаҳмладилар, Шайбонийхондан норози кишилар жуда кўп эди. Косиблар таланган, деҳқонларнинг экинларини кўчманчи қўшиннинг беҳисоб моллари топтаб ташлаган. Ҳаж йўлида икки бегуноҳ ўғли билан ваҳшийларча ўлдирилган Хўжа Яҳёнинг тарафдорлари қотиллардан қасд олиш учун косиб ва деҳқонларни қўзғатдилар. Ҳокимият ўзгаргандан кейин амалидан ажралган илгариги амалдорлар: «Шайбонийхоннинг одамлари Султон Али мирзони ҳам номардларча ўлдирдилар», деб хун талаб қилиб чиқдилар. Бобурнинг икки юзу қирқ кишиси ёнига беш-олти минг кишилик қасоскор оломон қўшилди. Селдай даҳшатли оломон хоннинг одамларини яширинган жойларидан топиб чиқар, кўчада қочиб бораётганларнинг олдини тўсиб қуршаб олар, пичоқми, болтами, таёқми, тошми, ғиштми, қўлларига нимаики тушса, ҳаммаси билан золимларни ура-ура ўлдириб, янчиб ташларди. Оломон орасида аввалги мирзалар ва беклардан жабр кўрган одамлар ҳам кўп эди, улар беш-ўн йил олдинги қасосларини ҳам энди мана бу золимлардан олмоқда эдилар.

Кун чиқаётганда шаҳар ташқарисида бир қисм қўшини билан Шайбонийхон пайдо бўлди, аммо сув тўла чоҳдан берига ўтолмади. Барча дарвозалар Бобурнинг одамлари томонидан бекитиб олинган, чоҳларнинг кўприклари кўтарилган, ичкарида интиқом давом этмоқда эди.

5

Тоҳир кечаси билан ухламай югуриб-элиб юрган бўлса ҳам ғалабанинг шодлигидан чарчаганини сезмас, фақат қорни очқаб, Самарқанднинг новвойлик ва ошпазлик расталари дам-бадам эсига тушар эди. Эрталаб ҳамма дарвозаларга қоровуллар тайин бўлгандан кейин Қосимбек Тоҳирга жавоб берди. Тоҳир отига миниб, яна иккита отлиқ ўртоғи билан новвойлик растасига келди. Бу ерда ҳам бир неча юз кишилик издиҳом беш-олтита хон навкарларини ўраб олиб, тошбўрон қилмоқда эди. Навкарларнинг баъзилари йиқилиб, тош-кесаклар остида жон берган, бир-иккитаси қўли билан юзини тўсиб дод солар, инграр эди. Яланг бошидан қон оқаётган, йиртилган кўйлаги орасидан моматалоқ бадани кўриниб турган, ўзи чўкка тушиб, одамлардан шафқат сўраётган йигирма ёшлардаги йигитга Тоҳирнинг раҳми келди. У оломон орасига от солиб:
— Халойиқ Бобур мирзо фармон бердилар! — деб қичқирди. — Таслим бўлганларни асир олмоқ керак! Булар ҳам мусулмон! Халойиқ, бас қилинг! Биз ҳам навкармиз! Навкар айбдор бўлмаслиги мумкин! Ҳамма айб буларнинг хонларида! Халойиқ тўхтанг! Бобур мирзонинг фармонини бажаринг!

Одамлар Бобурнинг номини эшитиб отлиқ йигитнинг гапига қулоқ сола бошладилар. Шунда нариги икки отлиқ ҳам оломон орасига ёриб кирди. Учовлашиб, тошбўронни тўхтатдилар.

Тоҳир бу ерга нега келганини ҳам унутди. Чала тирик йигитлардан учтасининг қўлини орқасига боғлатиб, асир қилиб олиб кетмоқчи бўлди.

Шунда оломон орасида турган сарғиш мўйловли, баланд бўйли бир киши:
— Тўхта, йигит, сен... Тоҳир эмасмидинг? — деб қолди.

Тоҳир йўғон сўйил кўтариб олган бу одамга тикилиб қаради-ю, бундан уч йил олдин мана шу кўчада очларга нон улашган пайтини эслади.
— Мамат оға! Сиз нега сўйил кўтариб юрибсиз? Ўзингиз ҳам ўзбек уруғидан эмасми-сиз?
— Э, ука, булар ўзбекка кўп жаманлиқ қилди. Менинг бечора хотиним шуларнинг дастидан ўлиб кетди!

Маматнинг кўзларида ёш йилтиради. Тоҳир бу одам билан Робия ҳақида гаплашганини эслади-ю, унутилган аламлари бирдан янгиланди. У асирларни нариги икки шеригига ҳайдатиб юборгач, ўзи отини етаклаб, Маматни четга бошлаб чиқди.
— Мамат оға, мен тайинлаб кетган гап эсингиздами?
— Қайси?.. Ҳа, ҳа... Айтмоқчи, бечора хотиним тириклигида бир гап эшитиб келган экан... Сиз айтган қиз андижонликмиди?
— Қувалик.
— Билмадим, ишқилиб, ўша томондан обқочиб келишган экан. Кейин туркистонлик бир савдогар тархон сотиб олиб кетган экан.
— Туркистонгами?
— Ҳа, кейин шу тархон Шайбонийхон билан бирга Самарқандга кўчиб келипти.
— Қиз биланми? Қиз тирикми, йўқми?
— Тирик!

Тоҳир Маматнинг сўйил тутган қўлларидан маҳкам ушлади-ю, шошилиб сўради.
— Оти Робиями, а, Робиями?
— Раҳматлик хотиним отини билмас эди.
— Ўзини кўриптими? Қаерда кўрипти?
— Фозил тархоннинг уйида.
— Қайси Фозил тархон?
— Бугун кечаси уни ўзларинг ўлдирибсизлар-ку?
— Уйи қаерда, уйи?
— Журинг, мен кўрсатиб қўяйин!

Тоҳир бир сакраб отига минди-ю, Маматни орқасига мингаштирди. Мамат сўйилини ташлади, Тоҳирнинг қўлтиғи тагидан ушлаб, уни қинғир-қийшиқ кўчалардан бошлаб бора бошлади.

Отини йўрттириб бораётган Тоҳир: «Илоҳим ноумид қилмагин-да парвардигор! — дерди ичида. — Илоҳим Робия бўлсин-да!» У олти йилдан бери Робияни қидира-қидира, ахири, энди топилмайди, деган фикрга келган ва бу фикрга кўника бошлаган эди. Ҳозир чақмоқдай чақнаган умид унинг важоҳатига момақалдироқ ларзасини соляпти. Бу умиднинг чақиндай тез сўниши мумкинлиги юрагини така-пука қиларди, аъзойи баданини зир титратарди.
— Ана ўша уй! — деб Мамат орқасида катта боғи бор икки қаватлик ғиштин иморатни кўрсатди.

Дарвоза ланг очиқ, қуролли йигитлар ичкаридан жимжимали сандиқлар ва чўғдай гиламлар кўтариб чиқмоқда эдилар. Яқинроқ бориб, Тоҳир Қосимбекнинг навкарларини таниди. Уларга катта савдогар бой ва Шайбонийхоннинг яқин кишиси Фозил тархоннинг мол-мулкини мусодара қилиш топширилган эди.

Тоҳир дарвоза олдида отдан тушди-ю, таниш нав-карларнинг ҳайҳайлашларига эътибор бермай, тўғри ичкари ҳовлига йўналди. Равонда Фозил тархоннинг қонга беланган мурдаси ётипти. Юқориги қаватдан аёлларнинг йиғи-сиғиси эшитилди. Фозил тархоннинг хотинлари эрлари учун аза очган, баъзилари бойлик тўла сандиқлардан ажралаётганлари учун ҳам додлашар, баъзилари эса ёвдан қўрқиб йиғлашар эди.

Тоҳир пастки қаватдаги очиқ эшикларга бош тиқиб қаради. Ҳеч ким йўқ. Фақат аёлларнинг кийимларию безаклари турибди. Бу тархоннинг нечта хотини бўлганикин? Робия шунга тушган бўлса, уни ҳам хотин қилиб олганмикин? Тоҳирнинг хаёлига тўсатдан келган бу фикр қалбини ўртаб ўтди. У айвондан пастга сакраб тушиб, ҳовлининг ўртасига келди-ю, юқорида йиғлаётган аёлларга қарата қичқирди:
— Ҳей, Робия борми? Роби-я! Қувалик Робия шу ерда борми?

Хотинларнинг йиғиси бирдан тинди. Юқоридаги қаватнинг айвонидан яшил дуррали бир жувоннинг боши кўринди. Унинг қош-кўзи Робияникига ўхшарди. Тоҳир юқорига талпиниб, қалтираб:
— Робия! — деди. — Робия!

Яшил дуррали жувон уни кўрди-ю, ўзини орқага олди, сўнг яна айвон четига чопиб келди. Тоҳир энди унинг бахмал нимчасини, бўйнидаги маржонларини ҳам кўрди. Жувонга йигитнинг товуши таниш туюлар, аммо қилич ва ханжар таққан, юзида катта чандиғи бор, соқол-мўйлови ўсиқ баҳайбат навкар унинг ваҳмини келтирарди. Жувон алданишдан қўрқиб, яна орқага қочди. Тоҳир юқориги қаватга қараб чопди, аммо саросима бўлганидан, айвон четидаги зинапояни тополмади. Негадир ўпкаси тўлиб кўзига ёш келди:
— Робия, мен Тоҳирмен! Тоҳир!

Юқоридан жувоннинг чинқириғи эшитилди:
— Тоҳир оға!

Сўнг яшил дуррали жувон чочпопугини шилдиратиб, зинапоядан ўзи чопиб туша бошлади. Юз-кўзи Робияники, аммо маржонлари, кийимлари, яна нимасидир бегона. Тоҳир уни кўриб жойида қотиб қолди. Робия ҳам зинапоя олдида тўхтади, кўзларини чақчайтириб, қўрқув аралаш шивирлади:
— Сиз Тоҳир оғамнинг арвоҳисиз!

Робия Тоҳирни ўша найза зарбидан ўлиб кетган деб ўйлар, унинг арвоҳига бағишлаб дуолар ўқир эди. «Энди тирик кўрмаймен, арвоҳини кўрсам ҳам рози эдим», деб худодан астойдил сўраган пайтлари кўп бўлур эди. Унинг шу илтимосига фаришталар омин деган эканми?
— Арвоҳингиз ҳам жонимдан азиз, Тоҳир оға!
— Мен тирикмен, Робия! Сени олти йилдан бери излаб юрибмен!
— Тириксиз?! — деб, Робия Тоҳирга яқин келди. Унинг чакмонини, қиличини, қўлларини бир-бир ушлаб кўрди. Тоҳир уни елкасидан қучиб бағрига босган эди, Робия унинг арвоҳ эмаслигига энди ишониб, йиғлаб юборди: — Тирик! Тирик! Худога шукр, тирик!

Тоҳир унинг сариқ атлас кўйлаги устидан елкасини силаб:
— Робиям, жоним! — деди. — Хайрият, ўзинг ҳам тирик экансен! Мен сени олти йил изладим, қаерларда юрдинг? Нима бўлди?

Робия Фозил тархоннинг еттинчи хотини бўлиб ўтказган йилларини эслади-ю, бирдан орқага силтаниб, Тоҳирнинг қўлларидан юлқиниб чиқди:
— Мени қучманг, Тоҳир оға! Мен сизга муносиб эмасмен!

Робия аламли кўзлари билан айвонда ётган ўликка қараб қўйди. Фозил тархон уни ўша босқинчилардан бир ҳамён олтинга сотиб олган эди. Робия элликдан ошган бу чолдан ҳазар қилар эди. Фозил тархон Туркистоннинг Ясси шаҳрида уни никоҳлаб олгандан кейин беш-ўн кун турар-турмас, савдо иши билан Бухорога жўнади, у ердан бошқа бир кўҳлик қизни олиб, кейин ўша билан бўлиб кетди. Робия олти йилдан бери унинг ҳарамида бевадай яшайди. Лекин буни энди Тоҳирга қандай тушунтиради? Тоҳирга фотиҳа қилинган Робия кейин бировга хотин бўлган, бунинг доғини қандай ювиш мумкин?

Робия юзини қўллари билан тўсиб юм-юм йиғлай бошлади. Унинг бўйнидаги маржонлари, сочига тақилган чиройли кумуш чочпопуклари, эгнидаги атлас кўйлаги— ҳаммаси ўша бой савдогарнинг пулига келган. Тоҳир шуни ўйлади-ю, унинг назарида, Робия ўлган эрига куюниб йиғлаётгандай кўринди.
— Робия, ростини айт, сен эрингга... содиқмисен?!
— Мени пулга сотдилар! Зўрлаб никоҳладилар!
— Бўлмаса нечун мунча куюниб йиғлайсен!
— Мен сизга вафо қилолмаганимга куюнамен! Сизни унутганим йўқ эди, Тоҳиржон оға! Мана, тепамизда худо турипти! Бу савдогар сизнинг тирноғингизга ҳам арзимас эди! Лекин мени унга қул қилиб бердилар.

Тоҳир тишини-тишига босиб сўради:
— Боланг борми?

Робия йиғи аралаш бош чайқади:
— Мен номига хотин эдим... Аслида бева...

Бир вақтлар гулдай қиз бўлган Робиянинг ўзини «хотин», «бева», деб аташи Тоҳирнинг борлиғини қақшатиб юборди. Робиядай қизга олти йилдан бери «ит тегмай» юриши мумкин эмаслигини у илгари ҳам хаёлида кўп ўтказарди. «Фақат тирик топсам бас!» деб қидирарди. Бироқ Робияни топгани билан ёшликдаги беғубор, содда бахти энди абадий топилмаслигини у илгари билмас эди. Бадандаги оғир жароҳат тузалганда ҳам чандиғи умрбод қолганидай, бошларига тушган савдонинг даҳшатли изи кўнгилларидан осонликча кетмаслигини Тоҳир энди сезмоқда эди. Робия ҳам абадий йўқолган беғубор ёшлигига куюниб йиғламоқда эди.
— Робия, бас! Омон қолганимизга шукр қил, қани, юр!

Тоҳир Робиянинг билагидан олиб ташқарига бошлади. Қиз йиғидан тўхтаб:
— Қаёққа? — деди.
— Сен ҳали ҳам менинг қаллиғимсен. Юр, тезроқ!
— Ахир мен... мен нарсаларимни олай!
— Ҳеч нарса олмайсен. Ҳаммасини унут. Иккинчи ёдимга солма!

Ташқи ҳовлига чиққанларида Робия юк ташиётган навкарларни кўрди-ю:
— Кўчада... уяламен! — деди. — Ёпинчиғим йўқ.

Тоҳир чакмонини ечиб берди. Робия товонига тушадиган узун симоби чакмонни бошига ёпинди-ю, Тоҳирнинг отига мингашиб чиқиб кетди.

Кейин Тоҳир Қосимбекка арз қилиб, Фақиҳ Абуллайс маҳалласидан Шайбонийхоннинг одамлари ташлаб кетган дурустгина бир ҳовлини олди. Робиянинг иддаси ўтгач, маҳалла имоми уни Тоҳирга никоҳлаб берди.

6

Кечаси ёққан қалин қор ҳар бир томни, деворни, ҳар бир дарахт ва гумбазни майин оқ ҳошия билан безаб чиққан.

Бобур Бўстонсаройнинг юқориги қаватидан шаҳарга қараб турибди. Тоза қор орасидан жимжима бўлиб кўринаётган дарахт шохлари ҳозир унинг назарида худди оқ қоғозга битилган настаълиқ[12] хатига ўхшаб кетади. Бугун Ҳиротдан, Алишер Навоийдан келган хат ҳам настаълиқ билан ёзилгани эсига тушди-ю, қалбидаги қувонч ва фахр туйғуси янги бир куч билан мавжлана бошлади.

Бобур Самарқандни Шайбонийхондан тортиб олгандан бери унинг жасоратига тан бериб шеър ёзганлар, сатрлардан абжад ҳисоби билан ғалабанинг аниқ санасини чиқарган тарихнавислар кўп эди. Алишер Навоийдан Бобурга келган табрик эса ҳаммасининг гултожи бўлди. Ҳирот Самарқанддан қанчалик узоқ, Навоийнинг диққат-эътиборини банд қиладиган машҳур одамлару муҳим ишлар қанчалик кўп! Шунга қарамай, Навоий Бобурни ҳам билар экан, унинг тақдирига узоқдан қизиқиб қарар экан, Самарқандни аввал бир марта олганидан хабардор экан. «Бу дафъа Самарқандни ўз номингизга муносиб ҳамла билан олмишсиз», дебди. Бобурнинг ўтган дафъа Самарқандни етти ой қамал қилганда, шаҳар халқи очликдан нечоғлиқ азоб тортганини Навоий ҳам эшитган бўлса керак. Бундай қамалларни у Бобурга муносиб кўрмагани учун шундай деб ёзганмикин?

Бобур қимматбаҳо жавонларига китоблар териб қўйилган хонаи хоснинг тўрига ўтди. Хушбўй сандал дарахтидан ишланган миз устида Навоийдан келган олтин боғичли хат турипти. Бобур миз олдига тўшалган зарбоф кўрпачага ўлтириб, хатни бошқатдан ўқишга тушди.

Ҳар бир сатр туркий тилнинг гўзал жилвалари билан тўлган. Бобур биринчи ўқишда унча эътибор бермай ўтказиб юборган бир неча жумлага бу гал қайта-қайта тикилди. Навоий Бобурнинг шоирлик орзуси борлигини андижонлик бир меъмордан эшитиб, уни дадилроқ ёзишга ундаган эди. Бу меъмор мавлоно Фазлиддин бўлса керак. Агар мавлоно Ҳиротга етиб бориб, Навоийнинг ҳузурига кирган бўлса, бошқа кўп нарсаларни ҳам айтиб берган бўлиши керак. Бобур Навоийга йўлламоқчи бўлган жавоб мактубига яхши бир шеърини ҳам қўшиб юбормоқчи бўлди-ю, машқлари ёзилган қалин дафтарни олиб варақлай бошлади.

Кўпчилиги йўлда, от устида хаёлига келган, жангу жадаллар орасида дафтарга узуқ-юлуқ ёзиб қўйилган, аммо ҳали тугалланмаган шеърлар. Хиёнат устига хиё-нат бўлган, Бобур хонумонидан айрилган, атрофида биронта сирдош дўст тополмай ўзини ниҳоятда ёлғиз сезган оғир кунларда бир ғазал бошлаган эди: «Жонимдан ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглимдан ўзга маҳрами асрор топмадим».
Аммо бу ғазал чала ётипти. Балки шуни битириб юбориш керакдир? Алишер Навоий ҳам атрофидаги кишилардан кўп бевафолик кўрганини, ҳатто яқин дўсти Ҳусайн Бойқаро ҳам унинг сиру асрорига маҳрам бўлолмаётганини Бобур ишончли бир одамдан эшитган эди. Қани энди Бобур Навоийнинг кўнглидагини ҳам топиб айтолса!

Бу ғазал Навоийга ёқиши мумкин. Уни тезроқ тугаллаш керак. Бобур қоғоз-қалам олди.

Шу пайт савдарбоши эшикдан ҳовлиқиб кириб, таъзим қилди:
— Мирзо ҳазратлари, қўлингизни маъзур тутинг.
— Хўш? — деди Бобур норози бўлиб.
— Хоним ҳазратлари қабулингизга мунтазирлар.
— Онаммилар? — деб Бобур сакраб ўрнидан турди.— Келдиларми?
— Бегимлар ҳам келдилар!
— Воажаб! — деб Бобур қувониб эшикка томон шошилди.

* * *

Улар салкам олти ойдан бери кўришмаган эдилар. Қутлуғ Нигор хоним Ойиша бегим ва Хонзода бегимлар билан Ўратепада қолган эдилар. Кейин Самарқанд-дан Бобур юборган ишончли одамлар уларни Ўратепадан бу ерга кўчиртириб келдилар.

Бобур улар билан Бўстонсаройнинг биринчи қаватидаги катта танобий уйда кўришди. Онаси уни бағрига босганда, Бобур онасининг озиб, қўллари енгиллашиб қолганини сезди. Опаси Хонзода бегим эса совуқдан киргани учунми, юзлари чўғдай ёниб, кўзлари чақнаб турипти. Узоқ йўл уни ҳеч қанча қийнамагандек қувноқ. Аввалгидан ҳам чиройли. Бобур унга ўнг елкасини тутиб сўрашар экан:
— Нечун бу қадар ҳаял қилдиларинг? — деди. — Неча ҳафтадан буён мунтазирмиз!
— Э, сўраманг, амирзодам, узрли сабабларимиз бор,— деб Хонзода бегим Ойиша бегимга кўз ташлаб қўйди.

Бир вақтлар Ойиша бегимни кўрмасдан севиб юрган пайтларида унинг оёғига бош қўйгиси келиб ғазал ёзганлари энди Бобурга таъбири хато чиққан бир тушдай туюларди... У Ойиша бегимни ойлар давомида кўрмаса ҳам соғинмасди... шундай бўлса ҳам у Ойиша бегимга иложи борича яхши муомала қилар эди. Ҳозир ҳам кичик жуссали қотма келинчакка яқинлашиб:
— Хуш кўрдик, бегим! — деди-да, унга ўнг елкасини тутди.

Ойиша бегим озғин қўлини унинг елкасига қўйиб кўришар экан:
— Ҳазратим, ғалабангиз муборак! — деди.

Ҳамма Бобурни «амирзодам», деса Ойиша бегим уни яна ҳам улуғлаб «ҳазратим», дерди.
— Сизга она шаҳрингиз муборак, бегим!
— Қуллуқ, — деб Ойиша бегим таъзимга бош эгди.
— Келинимиз йўлда кўп азоб тортдилар, — деди Хонзода бегим.

Бобур хотинининг бели йўғонлашиб, қорни дўппайиб қолганини кўрди. Ажабо, Бобур ота бўладиганми? Кўришмаганларига олти ой бўлди. Демак, камида олти ойлик...

Ойиша бегимнинг озғин юзида ҳомиладор хотинларда бўладиган доғлар пайдо бўлган эди. Илгари ҳам отда юролмайдиган, маҳофада боши айланадиган бегим энди оғриоёқлигида қанчалик қийналганини, унга қараб қанчалик секин йўл босганларини Бобур ўзича тасаввур этди.
— Худо хоҳласа, энди барча машаққатлардан халос бўлдиларингиз, — деди. — Ҳаммаларингиз учун махсус жойлару жиҳозлар тайёрланмишдир. Яна неки даркор бўлса буюрурсиз. Бўстонсаройда кимки бор, ҳаммамиз хизматларингизда бўлурмиз!

Хонзода бегим қувноқ кулиб:
— Миннатдормиз! — деди. — Амирзодам билан дийдор кўришиб, бошимиз осмонга етди. Энди шу осмонда суҳбатингиздан баҳраманд қилсангиз бас.
— Камина ҳам суҳбатларингизни соғинганмен. Сизлар жойлашгунларингизча осмонда дастурхон ҳозирланур, — деб, Бобур қўли билан юқориги қаватга ишора қилди.

Унинг осмонни пайров қилиб ҳазиллашганидан ҳаммалари кулиб олдилар.

Бобур юқориги қаватга чиқар экан, қалбини тўлдирган шодликлар орасида сурнай навосидек жарангли ва ёқимли бир туйғу янграб эшитилаётганини сезди. Бу унинг дилида бирдан уйғониб кетган оталик туйғуси эди. Унинг бўлажак фарзандини бағрида кўтариб юрган Ойиша бегим юзидаги қўнғир доғлари билан Бобурга аввалгидан қадирдонроқ туюларди.

Буни сезган Ойиша бегим аввалгидан дадилроқ муомала қилар эди. Эр-хотин хобгоҳда чироқни ўчириб ётганларида бегим кўрпани юзига тортиб:
— Мен фахрланамен, — деб шивирлади.

Бобур ўз сўзининг устидан чиққанлиги учун, «енди Самарқандда учрашамиз», деб кетиб, ахири шу айтганини қилгани учун хотини ундан ифтихор қилмоқда эди.

У Бобурнинг бўлажак фарзандига она бўлиш билан фахрланишини ҳам айтмоқчи эди. Бобур буни тушунди-ю, ҳомиланинг неча ойлик бўлганини билгиси келди, аммо рўйирост сўрашга тили бормай гапни айлантирди:
— Энди... шодиёнаси қачон?
— Салкам уч ой бор. Ўйласам, ваҳмим келур.
— Ваҳмни қўя туринг. Ҳозир фахрдан гап очдингиз-ку.
— Ҳа, агар худо ўғил берса, исмини Фахриддин қўюрмизми?

Ойиша бегим Бобурнинг номи Заҳириддин эканини ўйлаб, шунга оҳангдош ном топган эди. Бобур мамнун товуш билан:
— Хўп, ўғил бўлса, Фахриддин, — деди. — Агар қиз бўлса, Фахринисоми?

Ойиша бегим қиз бўлишини истамас эди, чунки ўғил туғиб, тахт ворисига она бўлишни орзу қиларди. Шундай бўлса ҳам Бобурга:
— Майли, — деди. — Лекин мен худодан ўғил тилаганмен.
— Айтганингиз келсин!

Фахриддин... Фахринисо... Шу кунларда Бобурнинг кўнглини тўлдириб-тоширган ифтихор туйғусига бу номлар жуда мос эди.

* * *

Омад ҳам бир келса, қўша-қўша бўлиб келишини Бобур энди билмоқда эди. Самарқанд унинг қўлига ўтгандан кейин бу ёғи Ургут, у ёғи Суғд ва Дабусия қалъаси бирин-кетин Шайбонийхоннинг ихтиёридан чиқиб, Бобурнинг ҳокимиятини тан олди. Мана бугун Қарши ва Ғузордан хушхабар келди — бу шаҳарлар Шайбонийхон қўйган доруғаларни қувибди. Бобурга совға-саломлар юбориб, унинг ихтиёрига бир неча юз навкар ҳам йўллабди. Бобур бу навкарларни бошлаб келган бекларни девони хосда қабул қилиб, ҳаммасига сарпо кийдирди ва улуфа тайинлади.

Сўнг кеча тамомланмай қолган мактубининг давомини ёзиш учун иккинчи қаватга кўтарилар экан, кенг мармар зинапояда опаси Хонзода бегимга дуч келди.
— Амирзодам, Ҳиротдан китобат келгани ростми?

Бобур тўхтаб, опасининг юзига синовчан кўз билан қаради-ю:
— Рост, ҳазрат Алишербекдан, — деди.
— Муборак бўлсин!
— Қуллуқ.

Хонзода бегим инисидан яна қандайдир мураккаб бир хабар кутиб, унинг юзига термилиб қаради. Бобур опасининг кўнглидаги дардни сезиб бир лаҳза тараддудланди. Сўнг рост гапни яширса ёлғон гапиргандай бўлишини ўйлади-ю:
— Юринг: китобатни кўрсатай, — деди.

Хонзода бегим хонаи хосда Бобурнинг қаршисида ўтириб, Алишер Навоийнинг мактубини ўқир экан, андижонлик меъмор тилга олинган жойига етганда кўзида ёш йилтиради.
— Нечун кўзингиз ёшланди, бегим? Мен сизни суюнтирмоқчи эдим-ку!
— Қандоқ қилай, толеим паст экан.
— Инингиз подшоҳ бўла туриб, наҳотки сизга ёрдам беролмаса?
— Сиз ҳали ҳам мени деб кўп жафо чекдингиз. Агар ўша йили... Ўшда мен рози бўлсам, эҳтимол кейин Аҳмад Танбал сизга бунча ёғийлик қилмас эди.

Опасининг бунчалик тантилик билан айтган сўзлари гўё Бобурни яна танти бўлишга ундар эди. Кўнгли яхши туйғуларга тўлиб юрган шу кунларда наҳотки туғишган эгачисига катта бир яхшилик қилолмаса?

Мана, ҳозир улар Самарқанднинг муҳташам бир кошонасига кўчиб келишди. Бу ерда қанча асилзодаю шаҳзодалар яшаган. Аммо кўпчилиги из қолдирмай кетган. Фақат меъморлар яратган гўзалликлар ҳали ҳам кўрган кўзни қувонтириб, ял-ял ёниб турибди. Яхши бир меъмор — ҳунарсиз асилзоданинг юзтасидан афзал эмасми?
— Бегим, сиз Танбалнинг ёғийлиги учун хижолат чекманг. Илон барибир илонлигини қилур эди.
— Миннатдормен, амирзодам.
— Ҳазрати Алишербек ҳам биздан улуғ ишлар кутиб китобат юбормишлар. Насиб қилса, биз ҳам умрбоқий обидалар қурурмиз, ҳунарпешалар яна йиғилиб келурлар. Мен бу муборак китобатнинг жавобини махсус элчидан бериб юборурмен. Агар Ҳиротга борган ўша андижонлик меъмор — мавлоно Фазлиддин бўлсалар, элчи топиб, Самарқандга таклиф қилур.

Хонзода бегимнинг ҳали ёши қуримаган кўзларида энди шодлик учқунлади. У инисига завқ билан тикилиб шивирлади:
— Сиз Мовароуннаҳр осмонида бизнинг ягона умид юлдузимизсиз!
— Энди парвардигор Шайбонийхонни тезроқ даф қилсину юрт тинчисин, денг. Ўшанда нафасни ростлаб, Ўшда қилган орзуларимизнинг ижросига киришурмиз.

Мавлоно Фазлиддин Андижонда қурмоқчи бўлган меъморлик обидаларининг тарҳларини, лойиҳаларини Хонзода бегим онасидан олиб, ҳамон асраб юрар эди. Ҳозир буни Бобурга айтишдан ийманди-ю:
— Амирзодам, мен энди кечаю кундуз худога илтижо қилурмен — деди, — илоҳим шу орзуларимиз рўёбга чиқсин!

Хонзода бегим руҳи кўтарилиб чиқиб кетганидан кейин Бобур сандиқчадан шеър дафтарини олди-ю, кечаги машқини давом эттирмоқчи бўлди. Дафтардаги бир матлаъ унинг ҳозирги руҳига мосроқ эди: «Ҳар кимки вафо қилса вафо топқусидир,
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидир...»
Алишер Навоийга шу шеърни битириб юборса яхшироқ бўлармиди? У яна бир сатр ёзди, ўзига ёқмагандан кейин ўчириб, яна ёзди, яна ўчирди, ниҳоят учинчи уринишда:

«Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз»

деган сатрни топди-ю, уни ич-ичидан ёқтириб, илҳом ҳаяжонидан нафасида титроқ пайдо бўлди. Назарида, Навоий унинг елкаси оша бу янги сатрни ўқиётгандек эди. У одамларга Навоийдек кўп яхшилик қилган сиймонинг ҳеч қачон ёмонлик кўрмаслигини истар, энди шу истагини шеърига ҳам сингдирмоқчи бўларди.

Бобур тўртинчи сатрни бошлаганда савдарбоши эшикдан бош эгиб, қўрқа-писа:
— Мирзо ҳазратлари, — деди.
— Мени тинч қўйинг демабмидим?
— Қулингизни афв этинг...
— Яна не ташвиш?
— Амирзодам буюрган эдилар. Агар мулла Биноийни келтирсалар, дарҳол хабар беринг, деган эдингиз.
— Шоир Биноий Шаҳрисабздан келибдирми?
— Қосимбек жаноблари келтирмишлар.

Бобур бу хабарни эшитди-ю, ёзишдан тўхтаб, қаламни миз четига қўйди. Пастдаги қабулхонага тушиб бораётганда Биноийнинг тақдирига оид мураккаб воқеалар хаёлидан такрор ўта бошлади.

* * *

Бобур ҳиротлик машҳур шоир Камолиддин Биноий билан бундан уч йил олдин Самарқандга биринчи гал келган пайтларида танишган эди. Биноийнинг санъаткор хаттотлар томонидан кўчирилган нодир бир қўлёзма китоби бор экан. Китоб йиғишга ҳавасманд Бобур бу китобга жуда ҳаваси келди. Биноий китобини унга совға қилмоқчи бўлди. Бобур Биноийнинг Самарқандда мусофир эканини, танқислик тортиб қийналганини билар эди. Шунинг учун Бобур саҳҳофларни чақириб, бу китобнинг энг баланд нархи қанча бўлишини сўради. Саҳҳофлар «енг баланд баҳоси беш минг дирҳам», дейишди. Бобур бу пулни Биноийга юборишга улгурмай, қаттиқ бетоб бўлиб ётиб қолган эди.

Кейин у касалликдан туриб, Андижонга жўнаш учун йўл ҳозирлигини кўраётганда «Мажмуати Рашиди» деб аталадиган ўша китобни кўрди-ю, Биноийга ҳали ҳақини бермагани эсига тушди. Дарҳол хазиначини чақириб, беш минг дирҳам олтинни санатди, сўнг пулни китобдорга бериб, Биноийга юбортирди.

Бир вақт китобдор Биноийни тополмай қайтиб келди. Мусофир шоирнинг Самарқандда муқим турадиган уйи йўқ, у бугун қаёққадир меҳмонга кетган эди. Бобурнинг одамлари Андижонга тезроқ жўнаш ва куч йиғиш ташвиши билан ниҳоятда банд бўлганликлари учун ҳозир Биноийни қидириб юриш уларга жуда малол келди. Лекин Бобур:
— Шу қиёматлик қарзни узмагунча Самарқанддан қўзғалмаймен! — деб туриб олди.

Шундан кейин савдару навкарлар шаҳарнинг ҳар тарафига от чоптиришиб, ниҳоят Биноийни топдилар, унга бўлган воқеани айтиб, беш минг динор пулини топширдилар.

Киши молига суқ подшоҳларни кўп кўрган Биноий ўн олти ёшли Бобур мирзонинг бунчалик ҳалоллигидан жуда қаттиқ таъсирланди-ю, унга атаб бир шеър ёзди. Бу шеърдан бир нусхасини хаттотга кўчиртириб, Бобур жўнаётганда унга эсдалик қилиб бериб юборди.

Қирқ тўрт йўллик бу шеърда у Бобурни кўп мақтаган:

«Шоҳ султони Заҳириддин Бобур,

Ки жаҳон шуд зи сити адлаш пур!» —

деб, гўё жаҳон Бобурнинг адолат бобидаги шуҳратидан нурга тўлганини айтган эди. Бобур, «Жаҳон, қайда-ю, менинг шуҳратим қайда!» деб, бу сатрлардаги муболағадан кулган бўлса ҳам, лекин замонадан кўп жабр кўрган Биноий учун шу кичик яхшилик туфайли, эҳтимол, бутун жаҳон адолатга тўлиб кўрингандир, деб ўйлади.

Бироқ кейинчалик Самарқандга Шайбонийхон хон бўлди ва шаҳар шоирларини йиғиб бир мушоира ўтказди. Бу мажлисида Биноий ҳам қатнашиб, шеър ўқиди. Хон унинг шеърини ёқтиради-ю, Биноийни ўзига мулозим қилиб олади ва эришган ғалабаларининг тарихини ёзишни топширади. Биноий «Шайбонийнома» деган асарини энди ёза бошлаган пайтда Самарқанд яна қайтадан Бобурнинг қўлига ўтади. Шайбонийхон атроф туманлар-дан ҳам қувилиб, Бухорога қараб чекинган кунларда Биноий унинг қароргоҳидан қочиб, Самарқандга келади. У Бобур билан учрашмоқчи бўлади, лекин Қосимбек уни Шайбонийхон тарафдори деб, Бобурнинг ҳузурига киритмай, Шаҳрисабзга жўнатиб юборади. Бобур бу ҳодисадан яқинда хабар топиб, Қосимбекка:
— Чакки қилибсиз, — деди. Мулла Биноий — катта шоир. Ўзи келган бўлса рухсат бермоқ керак эди.

Қосимбек важ кўрсатди:
— Катта шоирингиз Шайбонийхонни мақтаб шеър ёзган.

Бобур кулди:
— Бизни мақтаб шеър ёзганини билмасмисиз? Тождорлар мақтовни суйсалар, шоир не қилсин!

Қосимбек жиддий туриб эътироз қилмоқда эди:
— Амирзодам, бу одам Шайбонийхоннинг хуфияси бўлиши мумкин.

Бобур ўйлаб туриб:
— Йўқ, — деди. — Ҳиротда Бойқародай шоҳга хуфия бўлмаган киши Шайбонийхонга хуфия бўлмас.
— Аммо бу шоир Хўжа Яҳёнинг ҳовлисида туриб, унинг тузини ичган, кейин Хўжа Яҳёни ноинсофларча ўлдиртирган Шайбонийхонга мулозим бўлган. Шу яхшими?
— Бу яхши бўлмаса, яхшилик қандай бўлишини биз кўрсатмоғимиз керак. Одам юборинг, мулла Биноийни Самарқандга бешикаст олиб келсинлар.

Сўнгги сўз фармойиш тарзида айтилгани учун Қосимбек уни бажаришга мажбур бўлган эди.

...Бобур пастга тушиб, девониомга тўрдаги эшикдан кирди. Кўп ўтмай пойгакдаги эшикдан Қосимбек Биноийни бошлаб кирди.

Биноийни Бобур бундан икки-уч йил олдин ҳам бир кўрган эди. Ўшанда у жуда салобатли эди. Ҳозир эса жуда озиб, гавдаси алланечук кичрайиб қолган. Тўни ҳам, салласи ҳам эскириб кетган. Фақат йирик-йирик кўзлари аввалгидай мағрур чақнаб турибди. Бобур унга пешвоз чиқиб уй ўртасида қўл бериб кўришди. Ўнг ёнига Қосимбекни, чап ёнига Биноийни ўтқазиб ҳол-аҳвол сўради. Шунда Биноий ёдаки бир рубоий айтиб, егулик ғалласи йўқлигини, кияй деса ғалланинг қопи ҳам топилмаслигини айтди:

Не ғалла мароказ тавонам нўшид,

Не муҳмали ғалла то тавонам пўшид

деган сатрлардаги нозик сўз ўйинини сезиб, Бобур беихтиёр жилмайди. «Муҳмал» аслида ноаниқ деган маънони билдирарди. Бу сўз билан мулла Биноий ўз аҳволининг ноаниқлигига ишора қилмоқчи эди. Айни вақтда, «муҳмали ғалла» — яъни қоп киядиган даражага етганини ҳам айтиб, ўз аҳволига киноя қилмоқда эди. «Хон ҳузурида топган мартабамиз шу бўлди!» демоқчи эди.

Бобур бунинг ҳаммасини тушунган маънода бош ирғади-ю, панжасини пешонасига тираб, бир лаҳза жим қолди. Унинг авзойидан шеърга шеър билан жавоб бермоқчи эканлигини сезган Қосимбек Биноийга «Шошмай туринг!» дегандай ишора қилди. Ниҳоят, Бобур қўлини пешонасидан олди-ю, Биноийга кулимсираб қаради:

Инъому вазифа бори буйрулғусидир,

Муҳмалга бўю ғаллага уй тўлғусидир.

Бобурда бунчалик шеърий истеъдод бор деб ўйламаган Биноий бир лаҳза ҳайратланиб турди-ю, сўнг тожикча талаффуз билан:
— Яна бир такрорланг, амирзодам, фақир радифини уқиб олмоқчиман! — деди.

Бобур шеърни иккинчи айтишда баъзи жойларини силлиқлаб, «ғаллага уй» жумласини «ғалладин уй тўлғусидир», деб тўғрилади. «Бўй» ва «уй» деган ички қофиялар ўзига ҳам ёқимли туюлиб, завқини келтирди.
— Таъби назмингизга тан бердим, амирзодам! — деди Биноий. Сўнг у оқ оралаган қалин соқолининг учларини тутамлаб бирпас жавоб қидирди. Топди шекилли, бошини тез кўтариб, қаддини тиклади:

Бир муҳмал учун мунча иноят бўлди,

Мустаъмал агар десам нелар бўлғусидир!

Биноийнинг туркий шеърга ҳам бунчалик усталиги энди Бобурни ҳайратга солди. Бу ерда «муҳмал» сўзи учинчи бир маънода ишлатилгани — Биноий аввалги рубоийсига камтарона баҳо бериб, уни «муҳмал», яъни «хом» деб атагани ҳам ажойиб эди. «Муҳмал»га «мустаъмал», яъни «пишиқ», «мукаммал» сўзининг ички қофия қилингани ҳам Бобурга жуда ёқди, у муншийни чақириб, мулла Биноий айтган рубоийларни ёзиб олишни буюрди.

Икки орада бўлиб ўтган мушоирадан Қосимбек ҳам хийла таъсирланган эди. У ўша куниёқ Биноийни яхши бир ҳовлига жойлаштирди, Бобурнинг буйруғи билан аравада ун, гуруч, бир қўй, иссиқ барра пўстин бериб юборди. Биноий подшоҳ мулозимлари қаторида улуфа ола бошлади.

Орадан икки кун ўтгач, янги зира беқасам тўн устидан барра пўстин кийган Биноий яна Бўстонсаройга келди. Бобур бу гал уни иккинчи қаватдаги меҳмонхонада қабул қилди. Улар дастурхон атрофида яккама-якка суҳбатлашдилар. Биноий Бобурнинг Шайбонийхон ҳақида савол беришини кутиб, хон саройида кўрганларини киноя билан гапириб беришга тайёрланиб келган эди.

Лекин Бобур Биноийни ўнғайсизлантирмаслик учун ўтган гал ҳам, бугунги суҳбатда ҳам, Шайбонийхонни атайлаб тилга олмади. Сўнгги кунларда Навоийдан келган хатнинг таъсирида юрган Бобур Ҳиротдан гап очди. У Навоий билан Биноийнинг ўзаро муносабатлари ҳақида баъзи бир гаплар эшитган, энди бунинг тафсилотларини билгиси келар эди.

Шайбонийхон тилга олинмаганидан енгил тортган Биноий кулиб гап бошлади:
— Алишербекнинг қулоқлари оғриганда кўк қийиқ боғлаган эканлар. Буни баззоз эшитиб, кўк рўмолга «Нози Алишерий» деб ном қўйиб сотадиган бўлдилар. Алишербек — улуғ сиймо, номларига ярашадиган улуғ ихтиролар қилганлар. Бачкана кишилар арзимаган нарсаларга ҳам «Алишерий» деб ном қўйиб, пул ишлашлари фақирнинг ғашига тегди. Эшагимга ғаройиб бир эгар ясатдиму бунга ҳам «Алишерий» деб от қўйдим. Кейин шу эгар ҳам машҳур бўлди! Мен бу билан савдогарларнинг бачкана гапларига киноя қилган эдим. Аммо иғвогарлар буни «Алишербекка беҳурматлик» деб овоза қилдилар, икки орага ғубор солдилар.

Мулла Биноий ҳазиломуз бошлаган гапини ҳасратли товуш билан тугатди:
— Амирзодам, менинг Алишер Навоийга эҳтиромим чексиз! Фақир у зотнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган пайтларимни эсласам, юрагим эзилур.
— Ёмон одамлар солган ғуборни орадан олиб ташлаш мумкин эмасмикин?
— Мен ҳозир шу ғуборни тарқатиш ҳаракатидамен. Мусофиротда юриб, Алишер Навоийга атаб бир қасида ёздим. Жоиз бўлса, баъзи жойларини амирзодамга ўқиб берай.
— Марҳамат!

Мулла Биноий ўзи ёзган шеърий асарларнинг ҳаммасини ёддан билар эди. Ҳозир ҳам бир бурчакка тикилиб, «Мажмаъул ғаройиб» деган қасидасини ёдаки айта бошлади. Мулла Биноий Навоийдан узоқда унинг суҳбатини соғиниб:

Бе ту чун оби Дарғамам дар ғам,

Бе ту чун руди Кўҳакам гирён[13], —

деганда Бобур завқдан бош ирғаб:
— Ўҳ! — деб қўйди.

Қасида ўқиб тугатилганда Бобур таъсирланганидан қасрда ўтирганини ҳам унутган эди. У атрофига қараб, гўё меҳмонхонага узоқлардан қайтиб келгандай бўлди.
— Мавлоно, бу қасидани Алишербекка нега юбормайсиз?
— Ҳиротга борадиган тайинлик одам йўқ, амирзодам.
— Биз яқинда Ҳиротга элчи юбормоқчимиз. Каминага Алишербекдан китобат келган эди. Жавобини ёзиб юбормоқчимен.
— Амирзодам, қани эди, қулингизнинг бу қасидасини ҳам...
— Марҳамат, хаттотга бериб кўчиртирмоқ зарур бўлса, мен буюрурмен. Сўнг элчидан бериб юборурмиз.

Гап шунга қарор топди-ю, мулла Биноий хурсанд бўлиб чиқиб кетди.

Бобур яна хонаи хосга кириб, чала қолган шеърини қўлига олди. Бироқ энди катта шоир билан бўлган узоқ суҳбатдан сўнг, аввалги шеърлари Навоийга юборишга муносиб эмасдек туюлди. Унга илгари жўн туюладиган нарсалар ҳам аслида жуда мураккаб экани ҳозир жуда аниқ сезилаётгандай бўларди. Ҳамма нарсани муҳит, аҳли жаҳон мураккаблаштиради. Ҳиротда яшаётган Алишер Навоий ҳам, ҳозир Бобурга кўп нарсаларни куюниб айтиб берган Биноий ҳам муҳитдан, замона аҳлидан норози бўлганларича бор эди. Бобурнинг ўзи бу замонадан озмунча жабр кўрдими?

Ким кўрибдир, эй кўнгил, аҳли жаҳондин яхшилик!

Бу ҳароратли сатр қоғозга тез ва равон тушди. Бобур ўз зеҳнининг гўё қайралиб, ўткирлашиб қолганини сезиб турарди. У ҳозир хаёл кўзи билан Ҳиротдаги Алишер Навоийни аниқ кўраётганга ўхшарди. Бобур муҳитдан, замонадан, фақат ўз манфаатини кўзлайдиган жаҳон аҳлидан яхшилик кутган одам алданиши муқаррарлигини Навоийга айтиб дардлашгиси келарди:

Кимки андин яхши йўқ, кўз тутма андин яхшилик.

Яъни, ўз муҳитидан баланд туролмайдиган одам бировга яхшилик қилолмайди. Алишер Навоийнинг одамларга шунча кўп яхшилик қилаётгани — Бобурга унинг жаҳон аҳлидан беқиёс даражада юксак эканини яққол кўрсатаётгандай бўларди. У ўз кўнглини ҳам мана шу юксакликка ундаб яна бир байт ёзди.

Бори элга яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ,

Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондан яхшилик.

Шу куни кечаси Бобур Навоийга аталган мактубини ҳам, шеърини ҳам ёзиб тугатди. Орадан икки кун ўтгач, бу мактуб махсус элчи билан Самарқанддан Ҳиротга жўнатилди. Бобур Навоийдан қиш чиққунча жавоб олиш умидида эди. Бироқ қиш чиқиб, энди бойче-чак очилган кунларда Ҳиротдан мусибатли хабар келди: қиш чилласи пайтида ҳали Бобур юборган элчи йўлда эканида Алишер Навоий вафот этган эди. Бобур ўзига улуғ бир мураббий топдим, деб суюниб юрганда, ўгай тақдир уни бу мададкоридан ҳам жудо қилган эди.

7

Тепаликка учиб чиқаётган чопқир отнинг туёғи ердан бош кўтариб, бугун-эрта очилай деб турган лола ғунчасини эзиб-янчиб ўтди. Бу от устида ўтирган Шайбонийхоннинг кўзлари эса пастдаги кенг текисликда чуғурчуқдай ёпирилиб пойга ўтказаётган отлиқларда эди.

Тиниқ баҳор осмонининг бир четида Самарқанд билан Бухоро оралиғининг энг машҳур қўрғони бўлган Дабусия[14] қалъаси савлат тўкиб турибди. Кеч кузда бу қалъа ҳам Шайбонийхоннинг қўлидан чиқиб, Бобурга ўтиб кетганда, қўшини Бухорога чекиниб, оғир аҳволга тушиб қолган эди. Руҳи тушган баъзи саркардалар: «Эсимиз борида этак ёпиб, Туркистонга қайта қолайлик!» дейишган эди. Аммо Шайбонийхоннинг Самарқанддаги хуфиялари Бобурнинг шоирлар ва олимлар суҳбатига берилиб, янги жангларга суст тайёрланаётганини билдириб турар эдилар. Қўлдан-қўлга ўтиб, жуда кўп таланган Самарқанд баҳорга чиқиб яна очлик ва қаҳатчилик балосига йўлиққан эди. Бунинг ҳаммаси Шайбонийхонни дадиллаштирди. Яқинда у Бухородан Дабусияга қўшин тортиб келди. Қалъанинг баланд деворларига улардан ҳам баланд шотилар қўйдирди. Қалъа ҳимоячилари тепадан ўқ ва тош ёғдиришаётган бўлса ҳам хон ўз аскарларига тап тортмай чиқаверишни буюрди. Одамлар ўлган-қолганига қарамай чиқиб келаётганини кўрган ҳимоячилар тепадан катта ёғоч болорлар отишди, ёниб турган ёғларни чиқаётганларнинг бошидан қуйишди. Девор таглари ўликларга тўлиб кетди. Хон навкарлари қўрқиб чекина бошладилар. Шунда Шайбонийхон ўзининг туғишган укаси Маҳмудхонни ва суюкли ўғли Темурхонни бутун навкарлари билан жангга солди. Хон укаси ва ўғлини ҳам аямаётганини кўрган жангчилар яна шотиларга ёпишдилар. Юқоридан ёғилаётган ажал шотига чиққанларни тутдай тўкаётган бўлса ҳам, бир неча юз киши шовқин-сурон билан девор тепасига чиқиб борди. Девор тепасидаги жангда икки томондан ҳам жуда кўп одам қирилди, ўликлар туйнукларни бекитиб қўйганидан пастга ўқ отиш мумкин бўлмай қолди. Хон қўшини сон жиҳатдан бир неча баробар кўп бўлиб, шотилардан орқама-орқа чиқиб бормоқда эди.

Бобурдан ёрдам сўраб кетган чопар Самарқандга етиб боргунча бўлмай Шайбонийхон Дабусияни қонга белаб ахири олди-ю, ҳимоячиларни битта қолдирмай қиличдан ўтказди.

Бу зафар хон қўшинининг руҳини кўтарди.

Энди Шайбонийхон Дабусияни тоғдай бир таянчга айлантириб, ундан Самарқанд устига сакраш тайёрлигини кўряпти.

Ҳозир пастда ўтказилаётган пойга ҳам — шунчаки кўнгил очиш учун эмас, Бобур билан бўладиган ҳал қилувчи жангларда Шайбонийхонга энг зўр, энг чопқир отлар танлаш учун керак.

Куни кеча Самарқанддан келган дарвиш кийимидаги бир махфий Бобурнинг хотини қиз туққанини, отини Фахринисо қўйганларини айтиб берган эди.

Шайбонийхон пойгада бир-биридан ўзиб, сор бургутлардай учиб бораётган йигитларига завқ билан тикилди-ю, ўзича деди, «Майли, Бобур куздаги ғалабасидан фахрланиб, қизига Фахринисо деб от қўйсин, керилиб, шеърини ёзиб ётаверсин! Унгача мен бургутларимнинг ҳаммасини овга ўргатаман».

Шайбонийхон ҳали ҳеч қайси жангга бунчалик жон-жаҳди билан тайёрланган эмас. У Бобурни енгиш осон эмаслигини сезарди. Бобур энди ўн тўққизга кирган ёш йигит бўлса ҳам ниҳоятда истеъдодли, ниҳоятда довюрак саркарда эканини Шайбонийхон амалда кўрди. Ҳозир бу атрофдаги шаҳару қишлоқларнинг кўпчилиги Бобурга ён босади. Шайбонийхоннинг душманлари эса беҳисоб. Султон Али мирзонинг кўпчилик бек ва навкарлари бултур Шайбонийхонга қўшилган эди, Бобур Самарқандни олгандан кейин ҳаммаси унинг томонига қочиб ўтиб кетди. Бобурнинг қўшини кун сайин кўпайиб боряпти. Ҳатто Андижондаги Аҳмад Танбал ҳам укаси Султон Халилни икки юз навкари билан Бобурнинг ихтиёрига юборипти. Шайбонийхон шуни эшитгандан кейин, ҳозир Бобурнинг обрўси жуда баланд эканини, ундан ҳатто Аҳмад Танбал ҳам қўрқиб қолганини сезди. Бу кетишда ёзга бориб Бобурнинг қўшини яна ҳам кўпаяди. Шайбонийхон ҳал қилувчи жангни тезлатмаса, кейин ютқизади.

Бу мунажжим ҳам шоир Биноийга ўхшаб, хон қароргоҳидан Бобур ҳузурига қочиб борган эди. Хон Бобурнинг раҳмини келтириш учун мунажжимни Бобур ҳузурига қочиришдан олдин калтаклатиб, оғиз-бурнини қон қилган, кийимларини йирттирган эди. Мавлоно Шаҳобиддин исмли бу мунажжим ҳозир Бобур саройида иззат-икромда экани ҳам Шайбонийхонга маълум эди. Хоннинг яширин топшириғи қаландар кийимидаги киши орқали мунажжимга етказилган куни кечаси Шайбонийхон ўн минг қўшини билан Бобур ўрдасига бостириб борди, нақоралар, карнайлар чалдириб, истеҳком деворлари орқали ўқлар ёғдирди.

Отлар хандақлардан ўтолмас, аммо хон аскарларининг ҳақоратомуз қичқириқлари ўрдада ўтирган Бобурга ва унинг одамларига баралла эшитиларди:
— Жонинг бўлса майдонга чиқ!
— Қўрқоқлар, курк товуқдай мояк босиб ўтира берасанми?!
— Бобурингда юрак бўлса улуғ хонга ўзини кўрсатсин!
— Мард бўлса чиқсин майдонга!

Ҳимояда ётган одамларга тунги ҳужум ва шовқин-сурон оғир таъсир қилишини Шайбонийхон яхши билар эди. Бобурнинг ўрдаси атрофида унинг юзлаб отлиқлари урра-ур қилишиб, борлиқни ларзага келтиришди, иҳота қилинган шох-шаббаларга ёниб турган ёй ўқларини отишиб, бир-икки жойини ёндириб юборишди. Ичкаридан ҳам ўқлар отилди, аччиқланган навкарларнинг ҳақоратлари эшитилди, аммо хон қўшини билан олишиш учун ҳеч ким юрак ютиб чиқолмади.

Шайбонийхон Бобурнинг кеча қўққисдан майдонга қўшин тортиб чиқолмаслигини олдиндан биларди, чунки ҳеч бир ақлли-ҳушли саркарда бу қоронғи тунда селдай ёпирилиб келган лашкар қаршисига тайёргарликсиз бетартиб отилиб чиқмаслиги ўз-ўзидан аён эди. Бу тунги шовқин-сурон Шайбонийхонга ўз лашкарининг руҳини кўтариш учун керак эди. У ўзининг ҳеч нарсадан қўрқмаслигини, Бобур эса гўё тиззаси қалтираб, истеҳкомдан берига чиқолмаётганини ҳар икки томонга намойиш қилмоқчи, шу билан ёш душманининг из-зат-нафсини қўзғатмоқчи эди. Айни вақтда, бу тунги ҳужум — Бобур қароргоҳида иш олиб бораётган мунажжимни ҳам дадиллаштиришга қаратилган эди.

Чиндан ҳам бу тунги ҳужум Бобурнинг иззат-нафсига қаттиқ тегди. Мунажжим эса осмондаги юлдузлар тартибини мураккаб бир тарзда унга тушунтириб: «Ҳозир саккиз юлдуз сиз томонда рост турур, — деди.— Яна икки кун ўтгач, бу саккиз юлдуз ғанимингиз томо-нига оғиб кетгай. Агар эрта-индин жангга киришсангиз, ғалаба сизники бўлишидан бутун фалакиёт далолат бермоқда!»

Ахири шу сабаблар бир бўлиб, Бобур Шаҳрисабз ва Тошкентдан келадиган катта кўмакни кутиб ўлтирмасдан, индин чоршанба куни жанг майдонига чиқишга қарор берди. Мунажжим буни ўша алоқачи қаландар орқали Шайбонийхонга етказдирди.

Шайбонийхон чоршанба куни ҳаёт-мамоти ҳал бўлишини сезиб, бор истеъдодини, бутун тажрибасини ишга сола бошлади. Куни бўйи бўлажак жанг майдонининг ҳар бир пасту баланд жойини кўздан кечириб чиқди, офтоб қаёқдан чиқиб, шамол қаёқдан эсишигача эътибор берди. Кечаси эса отларни эгарлатиб, ҳамма нарсани тахт қилиб ётишни буюрди, ёв майдонга чиққан заҳоти дарҳол қулай томонни эгаллашнинг режасини тузиб қўйди. Икки кеча деярли ухламади. Ярим тунда ҳам, саҳар паллада ҳам унинг оқ ўтовидан кучли овоз ва катта ихлос билан ёдаки қироат қилинаётган қуръон товуши эшитилиб турди. Шайбонийхон жойнамоз устида саждага бош қўйиб, худога муножот қилар, кўзларига ёш олиб «Шарманда қилма парвардигор!» деб пичирларди.

Жангдовуллар азон палла Бобур қўшинининг шошилинч сафланаётганини ва туғ тикаётганини айтиб келган заҳоти Шайбонийхон ҳам бор аскарларини оёққа турғизди. Чавкар отда сафларни айланиб чиқди.
— Шунқорларим! — деб жарангли овоз билан қўшинга мурожаат қилди. — Бу атрофда бизнинг худодан бўлак суянчиғимиз йўқ. Ота юртимиз узоқ, енгилсак етолмаймиз. Бирдан-бир нажот — енгиш! Менинг парвардигордан умидим катта. Тушимда аён бўлди— насиб қилса, ғалаба бизники!
— Иншоолло! — деди ўнлаб овоз бирдан.

Шайбонийхон қуръондан қисқа бир сурани оҳангдор товуш билан таъсирли қилиб ўқиди-ю, диний раҳбарларга хос сирли ва салобатли тарзда фатво берди:
— Омин, оллоҳу акбар!

Минглаб одам бирдан:
— Оллоҳу акбар! — деб такбир туширганда осмон титраб кетгандай бўлди. Шайбонийхоннинг валийлигига ишонадиган, унинг фатвосидан руҳланган қўшин аввалдан ўйланган аниқ режа билан ёв томонга йўналди.

Узоқ машқлар бекор кетмаган эди. Хоннинг қўшини гўё бир тан-бир жон бўлиб ҳаракат қилар, худди таранг тортилган ёйдай ўртаси хиёл олдинга чиқиб борар эди.

Чап томон дарё. Шайбонийхон қўшинини ўнг томондаги кенгликлардан дарё томонга қиялатиб йўналтирди. Чунки дарё томон нишаброқ эди, бугун шамол ҳам жанубдан эсмоқда эди. Йўл нишаб бўлса-ю, шамол орқадан эсса, чопқир отлар янада тезроқ учиши мумкин. Шайбонийхон бугун қўлламоқчи бўлган тўлғама усули — яшин тезлигида ҳаракатланишни талаб қилади. Шунинг учун у отларнинг чопқирини аввалдан танлаб қўйган, бугун эса шамолнинг йўналишию ернинг нишаблигини ҳам ҳисобга олган эди.

Шайбонийхон қўшинининг жанубдан қиялаб яқинлашаётганини кўрган Бобур қўшини ёв билан юзма-юз тўқнашиш учун ўнг қанотини олдинроқ чиқариб, дарёга орқа ўгирдию, жанубга томон бурила бошлади.

Орада икки-уч чақиримча масофа қолганда Шайбонийхон хос навкалари, ичкилари ва туғбардори билан бирга баланд бир тепаликда тўхтади. Бобур ҳам шунақа бир тепаликда отлиқ турар, унинг орқасидаги дарёнинг суви эрталабки қуёш нуридан товланиб кўринарди.

Бобурнинг қўшинлари орасида тўра[15] кўтарган, дас-таси узун найзалар ва ойболталар билан қуролланган пиёдалар ҳам кўп эди. Агар отлиқлар уларга тўғридан рўпара бўлса узун найзалар отга ёки отлиққа санчилади. Шайбонийхон пиёдаларнинг марказда келаётганини кўриб, ўзининг қўшинига ёв марказини очиқ қолдиришни, ёвнинг икки қанотини айланиб ўтиб, икки биқинидан ва орқадан зарба беришни буюрган эди.

Чап томон дарё. Шайбонийхон қўшинини ўнг томондаги кенгликлардан дарё томонга қиялатиб йўналтирди. Чунки дарё томон нишаброқ эди, бугун шамол ҳам жанубдан эсмоқда эди. Йўл нишаб бўлса-ю, шамол орқадан эсса, чопқир отлар янада тезроқ учиши мумкин. Шайбонийхон бугун қўлламоқчи бўлган тўлғама усули — яшин тезлигида ҳаракатланишни талаб қилади. Шунинг учун у отларнинг чопқирини аввалдан танлаб қўйган, бугун эса шамолнинг йўналишию ернинг нишаблигини ҳам ҳисобга олган эди.

Шайбонийхон қўшинининг жанубдан қиялаб яқинлашаётганини кўрган Бобур қўшини ёв билан юзма-юз тўқнашиш учун ўнг қанотини олдинроқ чиқариб, дарёга орқа ўгирдию, жанубга томон бурила бошлади.

Орада икки-уч чақиримча масофа қолганда Шайбонийхон хос навкалари, ичкилари ва туғбардори билан бирга баланд бир тепаликда тўхтади. Бобур ҳам шунақа бир тепаликда отлиқ турар, унинг орқасидаги дарёнинг суви эрталабки қуёш нуридан товланиб кўринарди.

Бобурнинг қўшинлари орасида тўра[16] кўтарган, дас-таси узун найзалар ва ойболталар билан қуролланган пиёдалар ҳам кўп эди. Агар отлиқлар уларга тўғридан рўпара бўлса узун найзалар отга ёки отлиққа санчилади. Шайбонийхон пиёдаларнинг марказда келаётганини кўриб, ўзининг қўшинига ёв марказини очиқ қолдиришни, ёвнинг икки қанотини айланиб ўтиб, икки биқинидан ва орқадан зарба беришни буюрган эди.

Ўнг қанотдаги Маҳмуд Султон, Жонибек Султон ва Темур Султон хоннинг буйруғига амал қилишиб, ёвга бир чақирим қолганда отларини тўсатдан ўнг томонга буришди ва Бобур қўшинининг чап қанотини айланиб ўта бошлашди. Шайбонийхон қўшинининг чап қанотидаги машҳур лашкарбошилар Ҳамза Султон ва Мадҳи Султон ҳам марказга тегмай, Бобурнинг ўнг қанотини айланиб ўтмоқда эдилар.

Энг зўр кучларини марказга қўйган Бобур аввал тузган режасини шошилинч равишда ўзгартира бошлади. Бобур марказга қўйган қўшиннинг бир қисми ўнг қанотга қўшилиб, Шайбонийхоннинг чап қанотига ташланди.

Тўлғаманинг бир қалтис жойи шунда эдики, марказга тегмай ўтган икки қанот бир-биридан ажралиб қолиши мумкин эди. Ёв уларни иккига бўлиб ташлаши, сўнг орқадан ҳужум қилиб тўлғама ишлатмоқчи бўлганларнинг ўзларини тўлғаб, қуршаб олиши мумкин эди. Ҳозир Шайбонийхон қўшинининг чап қаноти худди мана шу аҳволга туша бошлади.

Аммо ана шу ерда энг югурик отларнинг танлангани иш берди. Бобурнинг отлиқлари олдиндан қирқиб чиқишга улгурмадилар. Маҳмуд Султон бошлиқ уч-тўрт юз чавандоз ёв қўшинининг орқасига ўтиб олишга муваффақ бўлди. Ўнг қанотдан Ҳамза Султоннинг икки юз отлиғи ҳам чопқир отларда ёвни айланиб ўтиб келиб, Маҳмуд Султоннинг йигитларига қўшилди. Бобур қўшини кутилмаганда ҳам икки ёндан, ҳам орқадан зарба еб, эсанкираб қолди. Жон аччиғида бақираётган, қилич ва ўқ зарбидан йиқилаётган, оёқ остида мажақланиб чинқирган ваҳимали овозлар, тиғ, найза зарбалари, «Урҳо, ур!» деган нидолар отларни ҳам қутуртириб юборган эди. Бобур қўшинининг дастлабки ясоғи бузилиб кетди, икки томоннинг отлиқлари аралаш-қуралаш бўлиб, пиёдаларнинг устига отда бостириб келди. Пиёдаларни энди ўз қўшинининг отлиқлари ҳам босиб-янчиб кета бошлади.

Очиқ қолган марказдан Бобур аскарларининг бир қисми аланга тилидай отилиб чиқди-ю, Шайбонийхон турган тепаликка ҳамла қилиб кела бошлади. Ўнг қанотдаги Темур Султон билан Жонибек Султоннинг йигитлари ҳали ҳам қуршовдан чиқолмас эди. Шайбонийхон томонга бостириб келаётган икки юздан кўпроқ отлиқнинг рафтори жуда ваҳимали эди. Кўпакбийнинг уч-тўрт юз йигити қирғин бўлаётган жойдан чиқиб, ёв отлиқларининг кети-дан тушди. Аммо орадаги масофа анча узоқ, Кўпакбий етиб келгунча беригилар Шайбонийхонни бутун ичкилари билан янчиб ўтиши мумкин эди. Буни сезган хоннинг ичкилари саросимага тушиб қолишди. Ювошгина от миниб чиққан мулла Абдураҳим:
— Ҳазрати имоми замон, вақт ўтди, бехатар жойга чекинайлик! — деди.

Шайбонийхоннинг рангида қон қолмаган. У ҳам бехатар жойга кетишни истарди. Аммо бу тепаликда у туғлар билан турибди. Агар пастга тушиб кетса-ю, аскарлари ўгирилиб қараб, уни ва туғларни кўрмаса, «Енгилибмиз!» — деб ўйлашади. Хоннинг чекиниши— енгилиш аломати бўлади. Шунинг учун Шайбонийхон титраб-қақшаб:
— Ўлим бор, чекиниш йўқ! — деб қичқирди. Сўнг у юз қадамча нарида турган хос навкарларига буюрди:
— Чиқ ҳамманг! Ана у келаётган отлиқларнинг йўлини тўс!

Бу хос навкарлар хоннинг энг сўнгги таянчи ҳисобланар, улар одатда енгилиб қочиш керак бўлганда хонни қўриқлаб олиб кетиш учун сақланар эди. Хон буйруқ бергандан кейин ёпирилиб келаётган нариги ёвнинг қаршисидан чиқиб, ёйлардан ўқ ота-ота уларга яқинлашдилар. Хос навкарлар наригиларга қараганда икки баробар оз бўлсалар ҳам дадил саваша бошладилар. Нарёқдан Кўпакбий ҳам уч-тўрт юз отлиғи билан етиб келди. Энди ёв илғорлари қуршовда қолди. Бир вақт шу қуршовни ўнтача отлиқ ёриб чиқди.

Худди кўпкари пайтида улоқ талашиб тўсатдан томошабин устига бостириб келиб қоладиган улоқчиларга ўхшаб, Шайбонийхон турган тепаликка чиқиб борди. Мулозимлардан бир нечаси «гур» этиб орқага қочди. Аммо Шайбонийхон ўз навкарларининг қўли баланд келаётганини кўриб турар эди. Камонга ўқ ўрнатиб, тепани қиялаб қочиб ўтаётган ёв отлиқларига қараб отди. Ўқ ҳеч кимга тегмаган бўлса ҳам хон шахсан ўзи жангга қўл урганини кўрган навкарлар аввалгидан ҳам қаттиқроқ қичқиришиб, ёв илғорини битта қўймай қириб ташладилар.

Нарёқда ёв қўшинини ўраб, чулғаб, тўлғама усулини хон айтгандай амалга ошираётган султонлар мингга яқин йигитлари билан Бобур турган тепаликка етиб бордилар. Пиёдалар Бобурга иш бермай қўйди. Яқинда Тошкентдан келиб қўшилган мўғул отлиқлари Бобур-нинг жангни бой бераётганини сезишди-ю, ўлжасиз кетмаслик учун эгасиз қолган отларни жиловидан тутиб, етаклаб, жанг майдонидан чиқиб кета бошладилар. Баъзи мўғуллар эса ўзлари билан бир сафда жанг қилаётган андижонлик ва самарқандлик йигитларни эгарларидан ағдариб ташлаб, отларини ўлжа қилиб олиб қочишга тушдилар.

Бир вақт Шайбонийхон Бобурнинг ўн-ўн бешта ичкилари билан тепаликдан тушиб, дарё томонга қараб чекинаётганини кўриб қолди. Бу бир ҳийла эмасмикин, деб тикилиб қараса, Бобур тўлиб-тошиб оқаётган дарёга от солиб кирди. Қирғоқда қолган унинг бир неча юз навкарлари Бобур кетидан интилган ёвнинг йўлини девордай тўсиб олди. Бобур Самарқандга қараб қочаётганига энди астойдил ишонган Шайбонийхон қўлларини осмонга чўзиб, ҳаяжон билан:
— Худоё ўзингга шукр, ўзингга шукр! — деди. Аммо ёви енгилиб қочаётгани энди унга озлик қиладиган туюлди. Шу топда у ўз ғалабасининг яна бир даража баланд бўлишини истарди. Шунинг учун ортда турган чопар томонга ўгирилди:
— Тез бориб шунқорларимга айт. Бобурнинг бошини кесиб келган одамга боши баробарлик олтин бераман!

Чопар энди отининг жиловини бўшатиб жойидан силтаниб қўзғалганда Шайбонийхон:
— Тўхта! — деди. У мағлуб бўлган Бобурни асир олиб, тавбасига таянтирса, ғалабасининг шуҳрати яна бир даража ошишини сезди: — Шунқорларимга яна бир буй-руғимизни еткиз! Бобурни тирик тутиб келганга бўйи баробарлик олтин бераман! Ё тирик, ё ўлик, албатта, олиб келинглар!

Чопар тепаликдан от чоптириб тушиб кетаётганда Шайбонийхон кўзларининг нам эканини сезди. Ғалаба завқидан кўзига ёш келганини у энди пайқади-ю, кулимсираб, кафти билан кўз ёшини секин артиб қўйди.

8

Саратон ўтиб, асад ойи кирди. Самарқанд атрофидаги боғларда мевали дарахтларнинг шохлари етилган ҳосилдан эгилиб, ерга салом бера бошлади. Шаҳар ичида ҳам мевали дарахтлар, токлар жуда кўп, аммо улар ҳаммаси ҳозирданоқ шип-шийдам бўлиб қолган. Ҳали сарғаймаган кўм-кўк барглар орасида бирорта олма, бирорта шафтоли, бирор шингил узум қолмаган. Беш ойдан бери қамал азобини тортаётган шаҳар халқи бор меваларни пишар-пишмас еб тугатган. Қўрғоннинг ҳамма дарвозалари ёпиқ, шаҳар атрофини Шайбонийхоннинг қўшини қуршаб ётибди. Ичкаридан ҳам ҳеч кимни чиқармайди, ташқаридан ёрдам бермоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсади.

Улуғбек мадрасасининг баланд томи устидаги текис саҳнга Бобурнинг оқ ўтови ўрнатилган, бу ердан қўрғон деворлари, атроф маҳаллалар, шаҳар дарвозалари яхши кўринади. Бобур гоҳо оч одамларнинг том бўғотларига ин қурган мусичаларни овлаб юрганини кўради. Қанотли қушлар силласи қуриган очларга тутқич бермайди. Шаҳар ичида қушлар ейдиган дон-дун, овқат қолдиқлари ҳам топилмайди. Шунинг учун бу ердан қушлар ҳам ўзини олиб қочади. Гоҳо атроф кўчаларда бирор киши ит ёки мушук тутиб олса, очлар шуни ҳам талашиб, ғижиллашиб қолишади.

Мадрасанинг орқа томонида подшоҳнинг катта отхонаси бор. Илгари бу ерда саройнинг етмиш-саксонта оти боқилар эди. Ҳозир шулардан тўрттагинаси қолган. Бир қисми Сарипул[17]да қўлдан кетди. Кўпчилиги сўйиб ейилди. Бироқ шу тўртта отга ҳам емиш топилмайди. Дон юзини кўрмаганларига бир ойдан ошди. Пичану бедалар аллақачон тугаган. Атрофдаги дарахтларнинг баргларини ҳам юлиб, қоқиб, от ва туяларга едиришган. Ҳозир баргсиз дарахтлар ёзда ҳам худди қишдагидай яланғочланиб, кўзга жуда хунук кўринади.

От-уловларга барг ҳам топилмай қолгандан кейин дарахтларнинг қуриган ёғочларини рандалаб берадиган бўлишган.

Бобур отхона ҳовлисида ёғоч рандалаётган Тоҳирни кўрди. Сарипулда бу йигит Бобурнинг хос навкарлари орасида эди, дарёдан ўтишда ҳам, кейин ҳам жонбозлик кўрсатган эди. Бобур яқинда унинг уйланиш тарихини эшитди. Шунча азоблар билан қайта топиб олган хотини очарчиликда нобуд бўлиб кетмасин деб, Робияни онаси Қутлуғ Нигор хонимга каниз қилиб қўйди.

Тоҳир майда қилиб рандалаган ёғочни сарғиш мўйловли Мамат сувга ивитиб юмшатмоқда эди. Шундай қилинмаса уни от еёлмас эди.

Сарипул жангига Мамат ҳам навкар бўлиб қатнашган эди. Ўша қирғиндан эсон-омон қайтган бу йигит ўтган ҳафта қўрғон ташқарисига мева ўғирлашга чиқиб, бир қулоғидан ажралиб қайтди.

Қўрғон деворидан бўй чўзиб, ташқарига қараган очлар ташқи боғларда пишиб, шохларда тиралиб турган, ерларга тўкилиб ётган олмалар, ноклар, шафтолиларни кўриб чидаб туролмас эди. Кечаси эл ухлаганда Мамат уч-тўртта эски косиб ошналари билан қалъа девори тагидаги обмўридан ташқарига чиқади. Чоҳдан ҳам бир амаллаб ўтиб пишган мевалардан тўйганича ейишади. Кейин қўлларидаги халта ва хуржунларни ҳам мевага тўлдиришади, аммо қўрғонга томон қайтаётганларида шафқатсиз Кўпакбийнинг йигитлари уларни тутиб олишади. Мамат ҳам ўзини косиб деб танитди. Агар «Бобурнинг навкариман» деса тирик қолмас эди. Кўпакбий «мева ўғирлагиси келганларга ибрат бўлсин», деб тутилганлардан учтасининг бурнини, иккитасини қулоғини кестиради-ю, қўйиб юборади. Бир сиқим мева учун қилинган бу ваҳшийлик туфайли Мамат энди ёзда ҳам телпагини кесик қулоғидан пастгача бостириб киядиган бўлган. Баъзида у ўзига-ўзи тасалли беради:
— Қўлоқни-ку, жаширса бўлади, бурним кесилса нима қилар эдим?

Бобур кўчадан ўтаётиб гоҳо бурни кесилган бечораларни ҳам кўриб қолади.

У бир вақтлар ўзи Самарқандни етти ой қамал қилиб ётганда одамларнинг бошига қанчалик оғир кулфатлар тушганини мана энди чинакам биляпти. Ўша очарчиликда саҳҳофлик растасига борганларида ўғли кунжара еб шишиб ўлган, ўзи жинни бўлиб қолган бир кампир худони қарғаб, «Илоҳим ўзи ҳам шу кўйга тушсин!» — деганини Бобур энди қасоскор тақдирнинг ҳукмидек эслайди...

Камбағаллар кулбасидан бошланган очлик аста-секин навкарлар, беклар қароргоҳига ҳам, подшоҳ саройига ҳам ўрмалаб келди. Мана, ўн кундирки, Бобур нон юзини кўрмайди. Ун аллақачон тугаган, унга олтин-кумуш идишларда эрталаб бир сиқим майиз билан чой, кечқурун туя гўштидан пиширилган бир коса шўрва ёки уч-тўрт туюр кабоб берадилар. Бобур олтинлари ялтираган шоҳона идиш-товоқларга термилиб қарайди-ю, ҳозир шуларнинг ҳаммасидан бир парча нонни афзал кўради. Лекин нон олтинга ҳам топилмайди.

Ойиша бегимнинг олти ойлик эмизикли қизчаси биғиллаб йиғлайди. Чунки озиб, мадордан кетиб қолган Ойиша бегимнинг сийнасидан сут келмайди. Яқинда бола кўрган бошқа бир онани топиб, Фахринисони беш-ўн кун эмиздирган эдилар, фалокат юз берди, у она вабога учраган хонадондан экан. Даҳшатли касаллик Фахринисога юқди-ю, икки кун ичида бола мумдай эриб жон берди.

Бобур кафанга ўралган гўдакни янги қазилган қабр олдигача кўтариб борар экан, унинг буришган юзчасига юзини босиб йиғлаб юборди: «Майли, шу вабо менга ҳам юқсину бу азоблардан биратўла халос бўлай!» — деган аламли ўй билан гўдакнинг совуқ лабларидан ўпди.

Ғалаба кунлари дунёга келиб Фахринисо номини олган қизчани қабрга қўйиб, устига тупроқ тортганларида Бобур бир лаҳза ўзини унинг ўрнида кўрди, ҳали тирик бўлса ҳам ҳаётининг бир бўлаги, аввалги зафарларию қувончлари билан бирга умрбод тупроқ тагида қолганини бутун вужуди билан ҳис қилди.

Ичкарида Бобур кулфат чекиб ғам-ғуссага ботган сари ташқарида унинг душманлари тантана қилишмоқда эди. Бобур Ҳиротдаги амакиси Ҳусайн Бойқародан, Тошкентдаги тоғаси Маҳмудхондан беш ой давомида ёрдам кутди, келмади. Энди келмаслиги аниқ. Шуни пайқаган Шайбонийхон ҳар куни кечаси дарвозалар ташқарисида нақора чалдиради, карнай-сурнайлар билан шаҳар аҳлини уйғотади. Сўнг хон жарчилари қўрғон ташқарисидаги кўтармаларга чиқиб, шаҳардагиларни хон томонига ўтишга чорлайди, оч одамларга турли ноз-неъматлар ваъда қилади. Бобур энди урушни бой берганини сезган бек ва навкарлар деворлардан ошиб тушиб, сув мўриларидан ўтиб, қамал балосидан қочади.

Бир кун кечаси Бобурни қўриқлаб юрадиган қўрчи беги ҳам қалъадан яширинча чиқиб қочди. Хос қўриқчилар орасида Тоҳир бор эди. Эртаси куни кечаси Бобур уни ўз ҳузурига чақириб олди.

Тоҳир озиб кетганидан елкалари пучайиб қолган, кўзлари ичига ўприлиб тушган. Юзидаги чандиғи эса бўртиб, гўё аввалгидан хийла катта бўлиб кетган.
— Тоҳирбек, — деди Бобур, — Амир Темур мақбарасининг ҳошиясига араб тилида бир ҳикмат битилмишдир. Бу ҳикматда «Жаҳон сендан юз ўгирмасдан олдин сен жаҳондан кўнгил уза билгин» дейилмишдир. Мен энди жаҳондан кўнгил узмоқчимен. Вабо мени олиб кетса, балки тез қутулар эдим. Лекин мени вабо ҳам четлаб ўтди...
— Худо сақласин, амирзодам! Бизнинг суянган тоғимиз ўзингизсиз!
— Суянган тоғингиз ҳозир ер билан яксон бўлмишдир, Тоҳирбек! Кеча бир байт битмишмен:

Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,

Тангри учун де, бу оламнинг сафоси қолдиму?!

Тоҳир шеърдан таъсирланиб:
— Рост, ҳозирги кунларимизда сафо қолмади, амирзодам! — деди. — Лекин ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. Шукр, ҳали танда жон, белда шамширимиз бор!

Бобур ўйланиб турди-ю:
— Энди сўнгги илинж ёғий илкига тирик тушмаслик! — деди. — Бор кучларни тўплаб, қулай бир пайтда қалъадан чиқайлигу ёғий ҳалқасига ҳамла қилайлик! Кунимиз битмаган бўлса ёриб ўтурмиз, битган бўлса қилич билан жон берурмиз!..
— Худо хоҳласа ёриб ўтурмиз, амирзодам!
— Бу сирни ҳозирча фақат Қосимбек билур, сиз ҳам сир сақланг, тайёрлик кўринг!
— Жоним билан!

Тоҳир ўша куни кечаси Қосимбекка учрашди. Икковлари қалъа деворининг хокрезлари орқали ташқарини кузатиб, ёвнинг асосий кучлари Оҳанин, Феруза ва Чорраҳа дарвозалари томонда жойлашганини, Шайх-зода дарвозасининг атрофларида эса ёв ҳалқаси заифроқ эканини аниқладилар. Навкарлар ва отлиқларнинг энг бақувватларини танлаб, уларни ҳамлага тайёрлай бошладилар.

Бобур Бўстонсаройда хонайи хосда китоблари ва қоғозларини кўздан кечириб, уларнинг энг кераклиларини олиб кетмоқчи бўлиб саралаётганда эшикдан Қутлуғ Нигор хоним, Эсон давлат бегим ва Қосимбек кириб келишди. Важоҳатларидан фавқулодда бир гап бўлган.

* * *

— Амирзодам, — деб Бобурнинг бувиси, сўнгги йилларда анча букчайиб қолган Эсон Давлат бегим гап бошлади: — Шайбонийхон сулҳ таклиф қилиб одам юбормиш!

Сулҳ сўзи Бобурнинг қулоғига нажот оҳангидай эшитилди. Аммо нажотни ҳеч қачон Шайбонийхондан кутмаганлиги учун қулоқларига ишонмай, кўзларини бувиси билан онаси-га тикди. Қутлуғ Нигор хоним негадир қаттиқ изтиробга тушган. Эсон Давлат бегимнинг қўлида зарҳал ҳошияли қоғоз. Кампир алланарсадан хижолат чеккандай бўлиб:
— Хоннинг номаси, — деди-да, қўлидаги қоғозга истар-истамас қараб қўйди.

Хоннинг номаси нега энг аввал бувисининг қўлига келиб тушганидан Бобурнинг таажжуби ошди:
— Номани ким келтирди?
— Нуфузли бир дарвиш. Нақшбандийлардан. Раҳматлик Хўжа Яҳёга қўл берган мўйсафид экан.

Бобур онасига қаради:
— Сизга келтириб бердими?
— Йўқ, — деб Қутлуғ Нигор хоним маъюс бош чайқади.

Эсон Давлат бегим номани Бобурга узатар экан, уялинқираб қўшиб қўйди:
— Аслида бу нома Хонзода бегимнинг номларига келмишдир.
— Ажабо! — деб Бобур хатни жирканиброқ қўлига олди.
— Амирзодам, — деди бувиси, — сизга айтишга ҳам уялурмен... Шайбонийхон Хонзода бегимнинг таърифларини эшитиб ғойибона дард чекармиш. Номасида бир пора шеър ҳам бор.

Бобур Шайбонийхоннинг бу йил эллик ёшга кирганини, ўғилларини аллақачон уйлантириб, неваралик ҳам бўлганини билар эди. Заҳарханда билан номани очар экан, энг аввал шеърий сатрларга кўзи тушди:

«Сифатингни эшитиб зор ўлдим,

Ишқинг илкига гирифтор ўлдим».

Бобурнинг ғаши келиб, номани гилам устига отди:
— Бу хон бултур Султон Али мирзонинг онаси Зуҳра бегимга ғойибона ошиқ бўлиб нома юборганини нечун унутдиларингиз? Наҳотки, ишониб бўлса?!

Қутлуғ Нигор хоним уҳ тортди. Эсон Давлат бегим эса иложи борича совуққонлик билан гапира бошлади:
— Амирзодам, бошқа вақт бўлса душманингизнинг бу номасини ўқишга ҳам ҳазар қилур эдик. Лекин ҳозир жонимиз қил устида. Мен-ку, ёшимни яшаб, ошимни ошаганмен, беш кун олдинми, кейинми, бари бир кетурмен. Лекин сиз фарзандимнинг ёлғиз ўғли, кўзимизнинг оқу қораси...
— Мен ҳам тақдиримда борини кўрурмен. Насиб қилса ёв ҳалқасини ёриб чиқурмиз!

Бобурнинг қалтис қарорини Қутлуғ Нигор хоним Қосимбекдан эшитган экан шекилли, таҳлика тўла товуш билан гапирди:
— Тақдир деб ўзингизни ўтга ташламанг, амирзодам! Бизни ҳам ўйланг! Сиз ёв тиғига ўзингизни урсангиз, биз не қилурмиз? Умр йўлдошингиз Ойиша бегим не қилур?

Бобур бундай хатарли жангга аёлларни олиб чиқиб бўлмаслигини энди ўйлади-ю, онасининг сўзларига жавоб тополмай қолди. Бир лаҳзалик сукутдан сўнг Эсон Давлат бегим гилам устида ётган номага ишора қилиб, истеҳзоли кулимсиради:
— Бунинг келганига икки кун бўлди. Мени билурсиз, амирзодам. Кўп балоларни кўриб пишган тадбиркор кампирмен. Нома келтирган дарвишни гапга солдим. Шубҳаларимизни айтдим. Дарвиш қасам ичди. «Хон астойдил сулҳ тузмоқчи», деб бир талай далил келтирди. Бари-бир ишонмадим. «Бўлмаса вакил юборинг, хон ўз ниятини қўлида қуръон билан тасдиқласин!» — деди. Биз буни сизга айтишдан олдин ўзимиз тафтиш қилмоқчи бўлдик. Раҳматлик Хўжа Яҳёга қўл берган ҳалолу покиза бир мўйсафид бор эди. Ўшани дарвиш билан бирга хон ўрдусига чиқардик. Бугун эрталаб қайтиб келди. Хон барча султонларнинг олдида қўлига қуръон олиб айтибдир: «Шунча қон тўкилгани етар, энди Хонзода бегим ро-зи бўлсинлар, иниларига, оналарига, бошқа одамларига тегмаймиз, қалъадан бехавотир чиқиб кетсунлар», дебди. Катта тўй-томоша билан уйланмоқчи эмиш. Самарқанд халқига ҳам авфи умумий бермоқчи эмиш! Бир қанча мўйсафидлар буни эшитиб, биздан илтимос қилдилар. Начора?

Бобур чаккаларини икки қўли билан қисиб, бир лаҳза жим турди-ю, сўнг бирдан алами келиб гапирди.
— Гулдай Хонзода бегим неваралик хоннинг ҳарамида... Йўқ, йўқ! Бу инсофсизлик!
— Амирзодам, — деб энди Қосимбек гапга аралашди. — Шу кетишда Шайбонийхон Самарқандни барибир олур. Ўшанда зўрлик билан бўлса ҳам ўз ниятига етур.

Бобур онасидан ҳимоя кутиб, Қутлуғ Нигор хонимга юзланди:
— Онажон, Хонзода бегим ҳам сизнинг суюкли фарзандингиз-ку. Шундай жигарбандимизни қайси виждон билан ўтга солурмиз?!

Ўзи зўрға турган Қутлуғ Нигор хоним ўғлининг бу гапидан куюниб йиғлай бошлади:
— Худо менинг бошимга бу қора кунларни солгунча жонимни олса бўлмасмиди?! Хонзода бегим — менинг тўнғичим! Ёлғизлигимни билдирмай юрган сирдошим, меҳрибоним! Мен ундан қандоқ айрилгаймен, э, парвардигор? Мен шундай қизимни ёғий панжасига қандай топширурмен?!

Эсон Давлат бегим қизининг елкасидан силаб, унинг изтиробини босишга тиришар экан:
— Ўзингизни босинг, болам! — деди. — Сиздан кўра қизингиз ақллироқ. Хонзода бегим ҳамма нарсани тушунди. Мушкилотларга фаҳми етди. Йиғлаб-сиқтаб, ахири кўнди.

Бобур ҳанг-манг бўлиб Қосимбекка юзланди:
— Наҳотки шу гап рост? Хонзода бегим рози бўлдиларми?
— Ҳа, амирзодам!
— Ишонмаймен! — деди Бобур. Сўнг кафтини кафтига асабий уриб савдарбошини чақирди-ю: — Хонзода бегимни чорланг! — деб буюрди. Кейин онаси, бувиси ва Қосимбекка қарата деди: — Мени маъзур тутингиз, бегим билан яккама-якка сўзлашмоқчимен.

Учовлари индамай чиқиб кетишди. Анчадан кейин яшил кабо кийган Хонзода бегим эшикдан мотамсаро бир алфозда секин кириб келди.

Бобур уни қаршисига ўтқазиб, бир лаҳза юзига тикилиб турди. Илгариги гулгун ёноқлар энди сарғайиб ичига ботган. Лаблар сўлғин. Фақат йирик-йирик кўзларида қандайдир қатъият аломати бор.
— Бегим, сиз... Шайбонийхон таклифига ризолик берган эмишсиз. Шу ростми?
— Ризо бўлмай не иложим бор?
— Менинг мағлубиятим сизни иложсиз қолдиргани рост. Лекин инингиз ҳали тирик. Мен асир тушмоқчи эмасмен. Бир ўлим бўлса, ҳаммавақт бор. Ажал етмаган бўлса, сизларни олиб чиқиб кетурмиз. Куним битган бўлса, илкимда қилич билан жон берурмен. Ана ундан кейин ризолик берсангиз майли. Унда ҳеч ким: «Ўзи омон қолиб эгачисини қурбон қилди», деёлмас. Менга бундай маломатдан ўлим афзал. Ризо бўлманг!

Хонзода бегимнинг кўзига ёш қуюлиб келди. У Бобурни ёв ҳалқасини жанг билан ёриб чиқиб кетолмаслигини биларди. Бобур бир ўлимни астойдил бўйнига олиб шундай деганини сезарди. У Бобурни мана шу мардлиги ва довюраклиги учун ҳам жонидан ортиқ кўрар, ўзини ёв қўлига тутқазиб, укасини нақд ўлимдан олиб қолишни истарди.

Лекин у ўзининг бу ниятини Бобурдан яширишга мажбур эди. Чунки Бобур, ҳозир ўзи айтгандай, опасини қурбон қилиб қутулиб кетиш маломатидан ўлимни афзал кўрарди. Агар у Хонзода бегимнинг асл ниятини билиб қолса, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам опасини ниятидан қайтаради. Ундан кейин нажот йўли бутунлай бекилади!
— Бобуржон, сиз мени деб бевақт ўлимни бўйнингизга олманг. Мен сизнинг улуғ истиқболингизга ишонурмен. Сиздек нодир истеъдодлар дунёга кам келишини бошқалар билмаса ҳам мен билурмен. Ўзингизни эҳтиёт қилинг! Тақдирингизни толеи паст эгачингизнинг тақдири билан тенглаштирманг!
— Нечун бундай дейсиз? Ҳаммамиз ҳам бу ўткинчи дунёга меҳмонмиз! Сиз билан мен бир онанинг фарзандларимиз!
— Лекин мен қиз туғилганмен, фарқимиз шунда! Ёшим йигирма бешга кирди-ю, ҳамон ёлғизмен. Мен кўнгил қўйган одамни тақдир менга раво кўрмади! Омадингиз келиб, Шайбонийхонни енгганингизда, балки менинг орзуларим ҳам рўёбга чиқур эди! Ўшанда балки менинг ҳам бахтим очилармиди? Йўқ ҳамма умидларим тарихнинг ғилдираги тагида ян-чилди! Қачонгача даргоҳингизда қари қиз бўлиб юргаймен, иззатимни билишим керак!
— Наҳотки, сиз неваралик чолни ўзингизга муносиб кўрсангиз?
— Муносибимни топишдан умидим узилган! Энди кексами, ёшми менга барибир!
— Бир вақтлар Ўшда сиз менга нелар деган эдингиз? «Кўнглингизга ишонинг», демаган эдингизми? Наҳотки, сизнинг кўнглингиз шу бераҳм хонга мойил бўлса? Бултур бу одам Зуҳра бегимга қанчалик ноинсофлик қилганини бир эсланг. Наҳотки, сиз шундай одам туфайли биздан ажралиб кетмоқчи бўлсангиз?!

Хонзода бегим ўкириб йиғлаб юборди:
— Не қилай?! Бошқа нажот йўқ! Йўқ!!!
— Бир онадан туғилганмиз, энди тақдиримизда неки бўлса бирга кўрурмиз! Биздан ажралманг! Тунда ёв ҳалқасига ҳамла қилурмиз! Тайёр туринг!

Хонзода бегим ҳам яна эркакча кийиниб, укаси билан жангга киришни бутун вужуди билан истарди. Ҳозир унга ҳам душман асоратидан кўра қўлида қурол билан ўлиш афзал туюларди. Хонзода бегим тўсатдан шу туйғуга берилиб:
— Қачон? — деб сўради.

Бобур овозини пасайтириб:
— Шу бугун кечаси! — деди.

Хонзода бегим бугун кечаси суюкли укасининг ёв қуршовида ҳалок бўлиши муқаррарлигини гўё олдиндан сезди-ю, сесканиб ўрнидан турди:
— Бугун эмас! Йўқ, йўқ!

Бобур ҳам ўрнидан турди:
— Бегим, менинг иниларча айтган сўзим инобатга ўтмаса, буни подшоҳлик фармони деб билинг!

Хонзода бегим индамай Бобурга яқинлашди. Юзини укасининг кўкрагига босиб, елкалари силкина-силкина ўртаниб йиғлади. Шу тарзда у Бобур билан сўзсиз видолашди-ю, кейин гўё унинг фармонига бўйсунгандай бош эгиб, чиқиб кетди.

* * *

Ярим тунда Бобур, Қосимбек, Қутлуғ Нигор хоним, Ойиша бегим, Тоҳир хотини Робия билан бирга, яна ўттиз-қирқта бек ва навкарлар Шайхзода дарвозасига йиғилдилар. Бироқ уларнинг орасида Хонзода бегим йўқ. Бобур Хонзода бегимни бирга олиб чиқишни онаси-га топширган эди.

Қутлуғ Нигор хоним йиғлайвериб овозини олдириб қўйган. Унинг ҳазин товуш билан берган узуқ-юлуқ изоҳидан Бобур шуни билдики, Хонзода бегим бувиси билан бирга Чорраҳа дарвозасига қараб кетган.

Шайбонийхоннинг қароргоҳи ўша томонда. Наҳотки Хонзода бегим ўша ниятидан қайтмаган?

Бобур орқароқда турган навкарларига ўгирилди-ю, кўзи Тоҳирга тушди:
— Тез чорраҳа дарвозасига боринг! Хонзода бегимни топиб, менинг буйруғимни етказинг! Дарҳол бу ёққа етиб келсинлар! Бегим келмагунларича биз қўзғолмаймиз! Шуни бориб айтинг!
— Амирзодам!.. — деб Қосимбек Бобурга эътироз қилмоқчи бўлган эди. Бобур унга қулоқ солмай яна Тоҳирга буюрди:
— Тезроқ боринг!

Шиддат билан чопаётган отнинг тақалари тошларга қарсиллаб урилиб, кўчаларнинг тунги сукутини бузиб ўтди. Тоҳир Чорраҳа дарвозасига етиб борганда Хонзода бегим тушган маҳофа машъал кўтарган отлиқлар қуршовида қўрғондан чиқиб кетмоқда эди.

Кўпдан бери давом этаётган қамал ёв қўшинини ҳам толиқтирган, ҳамма уруш тугашини сабрсизлик билан кутар, агар Бобурнинг опаси хоннинг шартини қабул қилса, сулҳ тузилишини кўп одам билар эди. Энди шаҳардан машъалалар ёқиб, дарвозани очиб чиққан шоҳона маҳофа ва унинг ичида ўтирган Хонзода бегим хон қўшинига тинчлик аломати бўлиб кўринди-ю, ҳаммани уйғотиб юборди. Сулҳ келтираётган малика шарафига нақоралар ва карнай-сурнайлар чалинди.

Маҳофа атрофига мўри-малаҳдай қўшин тўпланиб бораётганини Тоҳир очиқ дарвоза орқали кўрди-ю, отини тез орқага бурди. Шайхзода дарвозаси олдига учиб бориб, ҳамма кўрганларини Бобурга айтиб берди.

Шодликка тўлиб янграётган нақора садолари, карнайнинг «ваҳ-ваҳа-ҳу-у»си, сурнай навоси бу ерларга ҳам эшитилмоқда эди. Бобурнинг назарида, Хонзода бегим қари қиз бўлишдан қўрқиб ва укаси даргоҳида тортган кулфатларидан безиб, Шайбонийхон ҳузурига роҳат-фароғат излаб кетган эди.
— Дунёда садоқат йўқ экан! — деди у алам билан ва отининг жиловини силтади: — Дарвозани очинг!

Дарвоза секин очилди. Чоҳ кўприги туширилди. Олти ойдан бери қўрғондан чиқмаган бир даста отлиғу пиёда одамлар қоронғи тунда юракларини ҳовучлаб, чоҳ кўпригидан ўтдилар. Атроф таҳликага тўла. Гўё ҳар дарахт ортида бир ўлим кутиб турибди. Йўлларда ёв жангдовуллари учраб қолишидан хавотирланиб, йўлсиз жойлардан юрдилар, чуқур ариқлардан ўтдилар. Лекин бирор жойда ёвга дуч келмадилар.

Самарқанд қўрғонига ўралиб, унинг олти дарвозасини олти бошли аждарҳодай қўриқлаб ётган ёв қўшинининг бутун диққат-эътибори хон қароргоҳидан келаётган карнай-сурнай товушига ва қалъадан гўё сулҳ тимсоли бўлиб чиққан маликага жалб бўлган эди. Хонзода бегим хоннинг шартини қабул қилгандан сўнг Бобурни таъқиб этмаслик ҳақида бутун қўшинга фармон берилган эди.

Хонзода бегим ҳамма балоларга ўзини тутиб бериб укасини ёв қуршовидан халос қилганини Бобур билмаса ҳам Қутлуғ Нигор хоним яхши билар эди. Узоқдаги нақора ва карнай-сурнайлар тўй шодиёнасини эслатувчи қувноқ куйлар чалган сари Қутлуғ Нигор хонимнинг юраги қон бўлиб, кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди.

Тошкент, Ўратепа, Сўх - Кўчки Босган Булоқ

1

Тошкент... Ўн беш-йигирма йилдан бери урушнинг совуқ нафаси тегмаган бу шаҳар Са-марқандга нисбатан осуда ҳаёт кечирмоқда эди. Тошкент қўрғонининг ҳар ўн икки дарвозасидан одамлар бемалол кириб-чиқиб турибди. Бўзсув ва Солор ариғининг бўйларидаги мевали дарахтлар куз ёмғирида ювинган. Ўрик, олча барглари ўз бутоқлари билан видолашиш олдидан шафақдай қизил тус олган. Узоқдан кўриниб турган Чотқол тоғларига қор тушган.

Қамал даҳшатларини бошдан кечириб келаётган Бобурга Тошкентнинг тўкин-сочин кузи, бағри кенглиги, тоғдан эсган сарин шабадаси маъсуд ўсмирлик даврини эслатди. У ўн олти яшарлигида келганида Хадрадан пастдаги Ҳазрати Уккоша булоғидан сув ичган. Ўқчи маҳалласида Тошкентнинг жаҳонга машҳур ўқ-ёйларини ясаган усталарга олтин безакли «Камони Шоший» буюртма берган, Шайҳантоҳурга кўмилган бобоси Юнусхоннинг қабрини зиёрат қилган эди.

Ҳозир у элликтача бек ва навкари билан (қолганлари уни Ўратепада кутиб турадиган бўлишди) Беш-оғоч дарвозасидан кириб, Қоратош маҳалласи орқали хон саройи томон борар экан, ёнидаги Қосимбек бирдан безовта бўлди:
— Нечун доруға пешвоз чиқмади?

Бобур Тошкент хонининг жияни эди, ўтган гал келганларида шаҳар доруғаси уларни қўрғондан ташқарида иззат-икром билан кутиб олиб, саройга бошлаб борган эди.
— Бу гал биз хонумондин айрилиб, мағлуб бўлиб келмоқдамиз, жаноб Қосимбек! — деди Бобур маъюс кулимсираб. — Шунинг учун ортиқча эҳтиром кутманг.

Чиндан ҳам Маҳмудхон саройида Бобурни жуда совуқ қарши олишди. Унинг навкарларини ҳатто аркка киргизишмади. Бобур Қосимбекнинг иззат-нафсга бориб асабийлашаётганини кўрди-ю:
— Сиз билан биз Самарқандда нақд ўлимни зиммамизга олган эдик, ҳатто ўлимдан нажот излаган эдик!— деди. — Ўшал даҳшатларнинг олдида бу майда беҳурматликлар ҳеч гап эмас. Кеча Ўратепада бир байт битдим, айтайми?
— Бажонидил!
— Эшитинг:

Давлат учун кўнгулни зор этма,

Иззат учун ўзингни хор этма!
— Ҳақ гапни битибсиз, амирзодам. Бу бевафо дунё ғам емакка арзимайдир!

Шу билан икковлари бир-бирларига сал тасалли берган бўлдилару, Бобур хоннинг қабулхонасига қараб кетди.

Қўлига олтин дастали ҳасса ушлаган, зарбоф тўн кийган шиғовул Маҳмудхоннинг Шайбонийхон элчиси билан банд эканини айтганда, Бобурнинг қалбида бирдан нохуш туйғулар қўзғалди. У қамалдан чиққандан сўнг икки ойча Ўратепада холасиникида турган, Шайбонийхон Маҳмудхонга элчи юбориб, Мовароуннаҳрни бўлиб олиш ҳақида битим тузишга интилаётганини ўша ерда эшитган эди. Мишмишларга қараганда, Шайбонийхон Фарғона водийсини Тошкент хонига бериб, Ўратепани ўзи ишғол қилмоқчи эмиш. Агар шу гап рост чиқса, Бобурнинг бу атрофда жон сақлайдиган жойи қолмайди, Мовароуннаҳрдан бош олиб чиқиб кетиш керак бўлади.

Унинг бугун Тошкентга келишидан мақсади — тоғасини Шайбонийхоннинг макру ҳийлаларидан огоҳ қилиш ва уни босқинчиларга қарши мудофаага чорлаш...

Бобур қабулхонада анча вақт мунтазир тургандан кейин шиғовул чиқиб, уни хоннинг ҳузурига бошлаб кирди. Тўрда қимматбаҳо тошлар билан безатилган шатранж доналари кўринди. Шайбонийхоннинг элчиси йўғон гавдали, баҳайбат Жонибек Султон хонга таъзим қилиб турибди. Сарғиш юзли, хушбичим Маҳмудхон тилларанг мўйловини диккайтириб мамнун кулимсираётганига қараганда, ҳозир Жонибек Султонни шатранжда ютган эди. Тўрт йилдан бери жиянини кўрмаган тоғаси шунча узоқдан бошига кулфат тушиб келган Бобурни куттириб қўйиб, ўзи Шайбонийхоннинг элчиси билан шатранж ўйнаб ўтирганида қандайдир яширин маъно бор эди. Маҳмудхон мағлуб бўлган жиянидан кўра ғолиб Шайбонийхонни ортиқроқ ҳурмат қилишини элчига сездириб қўймоқда эди.

Буни пайқаган Бобур Жонибек Султонга атайлаб салом бермади, унга худди деворга қарагандай бепарво бир назар ташлади-да, тоғасига юзланди:
— Хон ҳазратлари, мен сизни ёғийларингизнинг макру ҳийлаларидан огоҳ қилгали келдим!

У Жонибек Султоннинг чиқиб кетишини кутиб бир лаҳза сукут қилди. Орага тушган ноқулайликни тарқатиш учун Маҳмудхон элчига махсус эҳтиром билдириб, уни эшик оғзигача кузатиб қўйди. Сўнг Бобурни зарбоф кўрпача устига таклиф қилиб, ўнг ёнига ўтқазди:
— Хуш келибсиз, Мирзам! Кўп оташин бўлманг. Бу кунлар ҳам ўтар. Сиз ҳали ёшсиз, ўн гулингиздан бири ҳам очилган эмасдур.
— Менинг кўп гулларим очилмай хазон бўлди, ҳазратим. Менинг бир қанотим Аҳмад Танбалнинг оловида куйди-ю, иккинчи қанотимни Шайбонийхон куйдирди. Илоҳим, энди сиз шу машъум оловларнинг орасида қолманг!

Маҳмудхон бу гапни сал бошқача тушунди:
— Тўғри, Танбал бизга ҳам хиёнат қилди. Шунинг учун биз Танбал элчисини эмас, Шайбонийхон элчисини қабул қилдик.
— Аммо сиз учун Танбалдан кўра Шайбонийхон юз чандон хатарлироқ, ҳазратим! Чунки Танбалга Фар-ғона водийси етиб ортадир. Аммо Шайбонийхон бутун Мовароуннаҳрни эгалламоқчи. Хуросон билан Эронни ҳам олмоқчи. Эътибор берган бўлсангиз, унинг унво-ни: «Халифаи раҳмон, Искандари соний!». Шайбонийхон Искандар Зулқарнайндек барча мамлакатларни фатҳ этмоқчи, яна бу билан қаноатланмай, бутун мусулмон оламининг диний раҳбари — халифаи замон бўлмоқчи!

Шайбонийхоннинг нияти унинг унвонидан ҳам кўриниб туришига Маҳмудхон илгари унча эътибор бермаган эди. Ҳозир Бобурнинг сўзлари таъсирида бир лаҳза ўйланиб олди, сўнг бояги хон элчисининг сўзларини эслади:
— Назаримда, Шайбонийхон бизга қарши юриш қилмоқчи эмас. Элчисининг айтишича, улар Ҳисорни, сўнг Хуросон билан Эронни эгаллашмоқчи.
— Хон ҳазратлари, бу ҳаммаси сизни ғафлатда қолдириш учун келтирилган ёлғон далиллардир! Тарихни бир эсланг: қайси фотиҳ аввал Тошкент билан Фарғонани олмай туриб, Хуросону Эронга юриш қилган? Чингизхонми? Йўқ! Амир Темурми? Йўқ! Ахир бутун Мовароуннаҳрни, Самарқанду, Тошкенту, Фарғонани эгалламасдан, уларнинг кучига таянмасдан туриб, Хуросону Эронга юриш қилиш аҳмоқлик бўлур-ку! Буни Шайбонийхон билмагай дейсизми?

Шайбонийхоннинг Тошкентга ҳужум қилиш эҳтимоли Маҳмудхонни анчадан бери таҳликага солиб келарди. Шунинг учун у Иссиқкўлдан нарида ҳукмронлик қилиб юрган укаси Олачахонни ўн беш минг қўшини билан ёрдамга чақирган. Бу қўшин ҳозир йўлда, бирор ой ичида Тошкентга етиб келади. Шайбонийхоннинг одамлари бундан аллақачон хабар топган бўлишлари керакки, Тошкентга элчи юбориб, муроса йўлини излаб қолишди. Маҳмудхон Шайбонийхоннинг саркардалик қобилиятини яхши билади ва у билан урушишни истамайди. Жияни Бобур эса уруш бўлишини жуда нақд қилиб қўйяпти. Нега? Маҳмудхон жиянининг ниятини аниқроқ билмоқчи бўлди:
— Хўш, Мирзам, Шайбонийхоннинг урушиши аниқ бўлса, биз не қилмоғимиз керак?
— Шайбонийхонга қарши турган барча кучлар тўпланиб иттифоқ тузмоғимиз лозим!

Маҳмудхон қўнғир кўзларини Бобурга синовчан назар билан тикди.
— Сиз билан иттифоқ тузайликми, Мирзам?
— Фақат биз эмас, кичик хон додам Олачахон ҳазратлари борлар-ку.
— Ҳа, Олачахоннинг қўшини билан менинг қўшиним бирлашса ўттиз минг бўлур. Кейин биз сизнинг қўшинингиз билан бирлашурмиз — шунда қанча бўлғай?

Бобурнинг икки юзу элликтагина одами қолган эди. Буни яхши биладиган Маҳмудхон Бобурни кулги қилмоқчи бўлиб, шу саволни бермоқда эди. Чиндан ҳам ўттиз минг қўшини бор хонлар бир даста аскари қолган, хонумонидан айрилган Бобур билан иттифоқ тузиб ўтирармиди? Бобур Маҳмудхонни ўзига яқин олиб, шу гапни айтганидан изза бўлди.
— Ҳазратим, ўгай тақдир ҳозир мени шу кўйга солди. Аммо биз мағлубият заҳрини ичишдан олдин ғалаба шаробини ҳам татиб кўрган эдик. Шунинг учун сизга кўнглимни очиб гапиришга журъат этдим!
— Очиқ гапирганингиз маъқул, албатта. Қалай, илож бўлса Шайбонийхон билан яна олишмоқчимисиз?

Маҳмудхоннинг саволида: «Йиқилган курашга тўймайди, чамаси-да!» деган кинояли маъно бор эди.
— Олишишга менинг ҳаққим бор, — деди Бобур.— Чунки бирда йиқилган бўлсам, бирда йиқитганмен! Аммо сиз Шайбонийхонга кўп ёрдамлар бергансиз!..
— Бу — рост, рост! — деди Маҳмудхон. Шу топда унинг кўнглидан: «Агар оға-ини икковимизнинг ўттиз минг қўшинимизга Бобурни саркарда қилиб қўйсак, жиянимиз Шайбонийхон билан урушиб, анча тажриба орттирган, ўзи ҳам довюрак йигит, енгиб чиқиши мумкин», деган фикр кечди.

Маҳмудхоннинг ўзида саркардалик истеъдоди йўқ эди. Агар Бобур унинг қўшинига бош бўлиб Шайбонийхонни енгса, кейин одамлар Маҳмудхонни эмас, Бобурни ва унинг истеъдодини улуғлайди. Ундан сўнг, Бобур Тошкентни ҳам тоғасидан тортиб олишга ҳақли бўлади. Чунки азалдан маълум: қўшин кимнинг қўлида бўлса, ҳокимият ўшаники.

Маҳмудхон шуни ўйлади-ю, ўз қўшинига Бобурни саркарда қилиш фикридан дарҳол қайтди. Гапни бошқа ёққа буриб:
— Шўрлик Хонзода бегим... не кўйларга тушди-а?— деди. — Шайбонийхон маккор тулки-да. Хонзода бегим она томондан бизга авлод, ота томондан темурийларга мансуб. Бегимни олса обрўси ошишини билган. Самарқандда дабдабали тўй бериб уйланганмиш.

Маҳмудхоннинг гап авзойидан, Бобур гўё опасини қурбон қилиб, ўзи қутулиб чиққан эди. Бобур воқеанинг бошқача бўлганини айта бошлаганда, Маҳмудхон ишонгиси келмай бош чайқади:
— Жуда уят бўлди-да, Мирзам, ҳаммамиз маломатга қолдик!
— Даврон менинг бошимга тож кийдирган эди, — деди Бобур яна оташин бўлиб. — Энди шу тож ўрнида таъна тоши! Ҳаммасидан тўйдим, хон ҳазратлари! Энди борса келмас бўлиб бош олиб кетишдан бошқа иложим қолмади!
— Ундоқ деманг, Мирзам! Минбаъд сиз бизнинг азиз меҳмонимизсиз. Эгачим Қутлуғ Нигор хоним сизга мунтазир эдилар. Заифангиз Ойиша бегим ҳам шу ердалар. Бориб улар билан кўришинг, дам олинг. Эртага Шайбонийхон элчиси шарафига қабул маросими ўтказмоқчимиз. Сиз ҳам иштирок этинг!

Бобур хон ҳузуридан чиқар экан, ҳамма гапи бекор кетганини, Маҳмудхон Шайбонийхондан таҳликага тушиб қолганини ва у билан дадил олишишга журъат этолмай, хушомад йўлига ўтганини энди аниқ сезди. Арк ҳовлисидан ўтиб бораётганда Тошкентдаги осудалик ҳозир унга довул олдидан бўладиган хатарли сукунатдек туюлди. Яқинлашиб келаётган довулдан онаси ва хотинини олиб чиқиб кетиш нияти билан аркнинг тўридаги аёллар турадиган ички ҳовлиларга қараб кетди.

* * *

Ойиша бегим Тошкентга бундан икки ой аввал келганди. Самарқандда илк фарзандининг ўлими устига қамал азоблари қўшилиб, ёш жувон касалманд бўлиб қолган эди. Маҳмудхоннинг суюкли хотини Розия Султон синглисига ўзи турган қасрдан жой бериб, уни энг яхши табибларга қаратган ва яхши парвариш қилиб, оёққа турғизган эди.

Бобур шунинг ҳурматини қилиб, аввал Розия Султон бегим ҳузурига кирди. Ойиша бегимга қилган парваришлари учун қайнегачисига миннатдорчилик билдирди-ю, энди хотинини Ўратепага олиб кетмоқчи эканини айтди. Лақаби «Қоракўз бегим» бўлган ўттиз ёшлардаги бу чиройли жувон шаҳло кўзларидан учқунлар сочиб:
— Амирзодам, Ойиша бегим саргардонликдан тўйган, энди уни чекка жойга юбормагаймиз! — деди.
— Тақдиримизда бори шу бўлса, начора, ҳазрат бегим?
— Мени маъзур тутинг, амирзодам, аммо ҳар кимнинг тақдири ўз пешонасига битилур.
— Бироқ... кемага тушганнинг жони бир бўлмасми?
— «Жонимиз бир» деб бечора синглимга шунча азоб берганларингиз етар. Озиб чўп бўлиб келди. Энди соғайганда яна сарсонлик, яна ломаконлик!

Бобур бугун майда-чуйда беҳурматликларга бардош беришни зиммасига олиб келган бўлса ҳам, лекин хоннинг бояги киноялари устига қайнегачисининг бу беандиша гаплари қўшилиб, жон-жонидан ўтиб кетди.
— Ҳазрат бегим, мақсадингизни очиқ айтинг — энди синглингизни мендан ажратиб олмоқчимисиз?!
— Мен ундоқ деганим йўқ! Сиз ҳам саргардонликни бас қилинг, амирзодам. Энди Тошкентда муқим туринг!

Бобур: «Сизга сиғинди бўлибми?» дегиси келди-ю, лекин яна ўзини босиб:
— Таклифингиз учун ташаккур! — деди ва хайрлашиб чиқиб кетди. Ўша куни оқшом у Ойиша бегим билан ёлғиз қолганда Розия Султон бегимнинг гапларидан норози бўлганини айтди:
— Тўн илиғини эгаси билур, дейдилар. Розия Султон бегим бизни ўзимизчалик билмасалар керак. Кўп аралашмасалар яхши бўлур эди.
— Аммо мен эгачимга ҳамма гапни айтиб берганмен, Мирзам.
— Эр-хотиннинг ҳеч кимга айтмайдиган сирлари бўлмагайми?

Ойиша бегимнинг илгариги уятчанликлари энди қаёққадир йўқолганди. У ҳам опасига ўхшаб, Бобурга тик гапирди:
— Менинг эгачимдан яширадиган сирим йўқ, Мирзам!

Бир вақтлар Бобурни улуғлаб, «ҳазратим» дейдиган Ойиша бегим энди хонга ўхшаб, баландроқдан келиб, «мирзам» дейиши ҳам ғалати эди.

Бобур киноя билан сўради:
— Демак, энди сизга мен керак эмасмен, фақат эгачингиз керак?
— Нечун ундай дейсиз? Мен ҳали ҳам сизнинг никоҳингиздамен!
— Ундай бўлса, мен сизни бу ердан олиб кетурмен. Сафар тайёргарлигини кўринг!

Йўл азобига чидами йўқ Ойиша бегим озорланиб сўради:
— Яна Ўратепагами? Мен ўша йўлларни эсласам, кўнглим беҳузур бўладир. Ҳазратим, менинг жонимни йўл олди! Самарқандга бежон бўлиб бормасам эдим, жигарпорам ўлмас эди. Мана ҳозир бир ёшга кириб тетапоя бўлиб юриб кетур эди!

Ойиша бегим гўдак ўлган қизалоғини эслаб, кўзлари жиққа ёшга тўлди. Ўшандаги ўлимнинг совуқ нафаси Бобурнинг ҳам юзига тегиб ўтгандай эти увушди.
— Ажалга даво йўқ экан, бегим. Лекин ундан берида бир бошга неча қайта офтоб тегиб, неча марта кулфат тушар экан. Ёш бўлсак ҳам буни кўп кўрдик. Ўлмасак, ҳали яна ёруғ кунларга етишурмиз, фарзандлик ҳам бўлурмиз. Шу мушкул дамларда бир-биримизни тарк этмайлик. Мен билан бирга юринг.
— Бирга юрган пайтларимда сиз менга қарадингизми, Мирзам? Ҳамиша салтанат ташвишию уруш-юришлар... Мен сизни деб шунча саргардон бўлдим. Сиз мени ойлар давомида кўрмасангиз ҳам соғинмас эдингиз... Балки мен сизга муносиб эмасдурмен?.. Суймаган хотинингизнинг сизга не кераги бор?!

Бобур хотинига кўнгилсизроқ бўлиб юрган пайтларини эслади. Ҳозир ҳам Ойиша бегимни бирга олиб кетишга уринаётгани — уни ортиқ даражада суйганидан ёки усиз яшай олмаслигидан эмас, балки Ойиша бегимни яқинлашиб келаётган хавф-хатар гирдобига ташлаб кетишни ўз шаънига муносиб кўрмаганидан эди.
— Хонзода бегимни ёғийга олдирганимиз озми? — деди Бобур. — Шунинг маломати ҳам менга етиб ортадир, бегим! Энди сизни бундай балолардан узоққа олиб кетмоқчимен!
— Ҳозир мен учун Тошкентдан тинч жой йўқ!
— Бу ҳаммаси — муваққат тинчлик, инонинг! Кўп ўтмай Шайбонийхон бу ерга ҳам бостириб келур!
— Мен эгачимнинг қаноти остида ҳеч нарсадан қўрқмаймен! Даргоҳингиздан адои тамом бўлиб келиб, эгачимнинг ёнида яна тирилдим!
— Менинг даргоҳимда қийналганингиз рост. Лекин... яхши кунларимиз ҳам бўлган эди-ку!.. Инсоф билан бир эсланг ахир!..

Ойиша бегимнинг барча аламлари янгиланиб, хотираси лойқаланиб турган шу дақиқаларда бирорта яхши кун эсига тушмади.
— Даргоҳингизда қачон яхши кун кўрибмен, Мирзам! Мудом сафар! Мудом таҳлика! Мудом сарсонлик! Мудом бемеҳрлик!

Бобур Ойиша бегимдан бунчалик адолатсиз гап кутмаган эди. Ахир у Самарқандни биринчи марта олганида Ойиша бегим «нажоткоримизга» деб совға юбормаганмиди? Кейинги ғалабасида «фахрланамен» деб шивирлаган ким эди? Бобур буларни эслаб ўтиришни ўзига эп кўрмади-ю, хотинига ҳайрат билан тикилиб:
— Наҳотки ҳаммасини унутгансиз? — деди.
— Йўқ, кўрган азоб-уқубатимни умрбод унутмасмен!
— Фақат азоб-уқубат?!
— Бу озми? Оз бўлса, хўрланиб йиғлаганларимни ҳам унутмасмен! Энди қолган умримни эгачимнинг дуои жонини қилиб ўтказурмен. Саргардонлик бас! Хўрлик бас! Мен ҳам шоҳ қизимен!

Бобур олтин камарига осилган чарм ҳамёнини титроқ қўллари билан очиб, ниманидир қидирди, аммо тополмади. Сўнг индамай ташқари чиқди-ю, мулозимлари турадиган хонага ўтди.

Дасторпеч эртага бўладиган қабул маросими учун Бобурнинг шоҳона кийимларини сандиқдан олиб, дазмолламоқда эди. Олтинлар, қимматбаҳо гавҳарлар билан безатилган ипак кийимлар Бобур ҳозиргина хотини ва қайнегачисидан эшитган беандиша гаплар аламини янада ошириб кўрсатгандай бўлди. Шунинг устига Қосимбек Бобурга рўпара бўлиб шикоят қилди:
— Хон шиғовули эртанги қабул маросимида Жонибек Султонни сиздан баландроққа ўтқазмоқчи эмиш! Бу не сурбетлик! Ахир сиз шоҳсиз! Наҳотки даштий бир бекни сиздан ортиқроқ эъзозласалар?!

Қосимбек ҳали ҳам ўзини Бобурнинг эшик оғасидек тутар ва унинг обрў-иззатини ҳимоя қилишни ўзининг бурчи деб биларди. Хон бугун Бобурни қабулхонасида мунтазир қилиб қўйиб, Шайбонийхоннинг элчиси билан шатранж ўйнаб ўтирганда ҳам даштий султонни жиянидан баланд қўйган эмасмиди? Бир кунда шунча камситиш!.. Эртага бундай майда-чуйда камситишлар янада кўпайиши аниқ. Бунинг ҳаммасига чидаб, сиғинди бўлиб юришга бардоши етмаслигини энди аниқ сезган Бобур:
— Йўқ! — деди. — Ҳаммасидан кечдим! Жаноб Қосимбек, мен энди шоҳ эмасмен! Керак эмас менга хон қабули! Бас! Улоқтиринг ҳаммасини!

Бобур дасторпечнинг қўлидаги олтин безакли тўнни юлқиб олиб, ерга отди. Нарироқда гавҳар ва ёқутлар билан безатилган шоҳона салла турган эди. Бобур саллага қадалган иккита гавҳар донасини — бир вақтлар Ойиша бегим берган совғани ситиб, юлиб олди, сўнг саллани эшикка қараб отди. Салла чувалиб кетиб, бир учи остона устига узала тушди.

Қосимбек саросима билан Бобурнинг елкасига қўлини қўйди:
— Амирзодам, сизга не бўлди? Амирзодам!

Рангида қон қолмаган Бобур ҳансираб хитоб қилди:
— Минбаъд мен бир дарвиш бўлиб кун кўрмоқчимен! Жаноб Қосимбек, онамга айтинг! Мен ҳозир Ўратепага кетурмен! Юз чумчуққа бир кесак! Тожу тахт даъвосидан воз кечдим! Ким шунга кўнса, мен билан юрсин! Қолганларга жавоб!

Бобур салладан юлиб олган иккита гавҳарни сиқимлаганича арк ҳовлисига чиқди. «Суймаган хотинингиз сизга не керак?» деган сўзлар қулоғига қайтадан эшитилиб кетди. Чиндан ҳам юлдузи тўғри келмаган бегимни энди ўз ихтиёрига қўйган маъқул эмасми? Аммо бу бегим энди тил чиқариб, шунча аччиқ гапларни айтиши, эридан биронта ҳам яхшилик кўрмадим, дейиши, Бобурнинг қалб яраларига сепилган туздек вужудини ачиштирмоқда эди. У ўз хонасига кириб қоғоз ва дафтарлари сақланадиган сандиқ тагидан Ойиша бегим бир вақтлар ипак билан тиккан халтачани қидириб топди. Йиллар давомида халтачанинг оқ матоси сарғайиб, хиралашган, аммо қизил ипак билан тикилган «Нажоткоримизга» деган каштасимон ёзув аслидай турган эди. Бобур гавҳарларни халтачага солиб, Ойиша бегимнинг олдига борди.
— Бегим, сиз мени нажоткор билиб, бу гавҳарларни «тахтга чиққанда тожга қадаб чиқсинлар» деб юборган эдингиз. Ҳозир менинг тожу тахтим йўқ... Шоҳлик даъвосидан ҳам бутунлай воз кечдим. Дарвиш бўлиб тоғларга чиқиб кетмоқчимен. Сиз эса шоҳ қизисиз... Олинг гавҳарларингизни!.. Балки яна бошқа бирон... нажоткорингизга совға қилурсиз!

Ойиша бегим халтачани олар экан, аччиқ билан бидиллаб деди:
— Мени яна ташлаб кетадиган бўлсангиз, жавобимни бериб кетинг!
— Шундоқми? Ажрашмоқчимисиз?
— Ҳа. Ажрашамен!
— Бўлмаса... бугундан бошлаб менга хотин эмассиз! Бошингиз очиқ! Шариат бўйича уч талоқсиз!

2

Ўратепанинг жанубидаги Туркистон тизма тоғи этакларига баҳор анча кечикиб келади. Ҳамал ойининг охирларида далаларга энди қўш чиқади. Қорли Пирях чўққисининг тагида тўрт томони баланд тепаликлар билан ўралган шамолпана Даҳкат қишлоғида ўриклар савр ойига бориб гуллайди.

Қишлоқнинг кунботиш томонида баланд тепаликка кўтариладиган тик йўл — бароз бор. Бароз шунчалик баландки, унинг юқорисидан Даҳкатга қаралса, қишлоқ теран бир чуқурликнинг тубига жойлашгандай кўринади.

Бароздан юқоридаги текис далада Тоҳир яланг оёқ бўлиб, ҳўкиз билан ер ҳайдамоқда. Самарқандда Тоҳирга қўшилиб навкар бўлиб келган бир қулоғи кесик Мамат эса ҳали ҳайдалмаган зояк ерга қулочкашлаб уруғ сочяпти. У ҳам яланг оёқ бўлиб иштон почасини шимариб олган. Улардан нарида уч-тўртта даҳкатлик тожик деҳқонлар ҳам ер ҳайдаб, экин экаётир. Ер юмшоқ, ҳаво ёқимли, ишнинг унуми яхши. Шунинг учун ҳаммаларининг руҳлари кўтаринки. Шунча вақт жангу жадалда юриб, деҳқончилик касбини соғинган Тоҳир энди яйраб ер ҳайдайди ва бирда-ярим ашула хиргойи қилиб қўяди.

Бароздан пиёда кўтарилиб келган Бобур тоғда қўй боқиб юрган, далада қўш ҳайдаётган ёш-ялангларга қарар экан, бир нарсадан таажжубланди. Тоғу тошга поябзал чидамагани учун камбағалларнинг кўписи яланг оёқ юрарди. Уст-бошлари ҳам юпун, лекин руҳлари тетик, қоринлари тўйиб овқат ейишса, кайфлари чоғ.

Бобур ўзини шу ёшларга қиёс қилади: унинг ҳам тўрт мучаси соғ, ўзи кучга тўлган йигирма ёшли йигит, қишлоқ йигитларидан камлиги йўқ. Лекин нега у бунчалик ғамгин? Мана бу улуғвор тоғлар бағрида нега у гўзал табиатнинг тирик бир бўлагидай яйрай олмай-ди?

Ҳамма гап яланг оёқ юришда бўлганидай, Бобур ағдарма этигини ечиб марзага қўйди-ю, ҳайдалган ер устида сарпойчан юриб кўрди.

Тупроқ бахмалдай майин, ундан баҳор ва ёшликнинг ҳиди келади. Одамнинг тупроқдан яратилгани ҳақидаги ривоят эсга тушади.

Навкарлар ва деҳқонлар Бобурнинг яланг оёқ юрганини аввал ҳазилга йўйиб кулишди. Кейин Бобур этигини марзада қолдириб, Даҳкатнинг барозидан яланг оёқ тушиб кетаётганини кўришди-ю, ҳайрон бўлишди.

Барознинг майда тошлари Бобурнинг товонларига ботар, тик жойлардан тушаётганда чақир тошлар оёғига тикан бўлиб кириб кетаётгандай оғриқ қўзғар эди. Лекин Бобур тишини-тишига қўйиб оғриққа чидаб борар эди.

Барознинг ярмигача тушганда кетидан ағдарма этикни қўлига олиб, сакраб-сакраб Тоҳир етиб келди:
— Амирзодам, этикни кийинг! Тўхтанг. Бу тошлар оёғингизни яра қилмасин!

Бобур тўхтаб, Тоҳирнинг товонлари қорайган катта-катта оёқларига қаради:
— Сизнинг оёғингиз жароҳатсиз-ку?
— Э, амирзодам, биз ўрганиб кетганмиз.
— Мен ҳам ўрганмоқ истаймен.
— Нечун?
— Сизларга ҳавасим келур, — деди Бобур йўлида давом этиб.

Тоҳир ундан сал кейинроқда борар экан, кулди:
— Амирзодам, подшоҳнинг навкарга ҳаваси келиши мумкин эмас.

Бобур Тоҳирдан хиёл ранжиб:
— Сиз ҳам менга ишонмадингизми? — деди. — Тошкентда подшоҳлик даъвосидан воз кечганимни айт-ган эдим-ку!

Бу ҳодисага Қосимбек ҳам, бошқа кўпчилик бек ва навкарлар ҳам «аччиқ устида шунча-ки айтилган гап», деб қарашган ва ўша икки юз эллик кишининг ҳаммаси Қутлуғ Нигор хоним билан бирга Бобурнинг кетидан Даҳкатга келишган эди.

Тоҳир оғир тин олди-ю:
— Амирзодам, мен сизга ўзимдан ҳам ортиқ ишонурмен, — деди. — Аммо сизнинг шоҳлик ташвишидан қутулишингиз мумкин эмас.
— Нечун? Ахир шаҳзодаларнинг тожу тахтсиз ўтганлари йўқми?
— Бор. Аммо сиз ундайлардан эмассиз.
— Аммо мен тожу тахтнинг бевафолигини билганларданмен. Шоҳ Жамшиддек, Искандар Зулқарнайндек тождорлар ҳам орттирган давлату молу дунёларини ташлаб, қабрга битта кафан билан кетган эмасларми?

Тоҳир яқинда тоғнинг нариги томонидаги Оббурдон қишлоғига борганларини эслади.

Бобурнинг тожу тахтдан ихлоси қайтганлиги беҳазил бўлса керакки, шоҳ Жамшиднинг тилидан айтилган тожикча шеърни чашма бўйидаги тошга ўйдирди. Тўрт сатрлик бу шеърнинг икки сатри Тоҳирнинг эсида турибди: Гирифтем олам ба марди-ю зўр,
Ва лекин набурдем бо худ ба гўр[18]
Оламни забт этган жаҳонгирларнинг салтанати ҳам омонат — ўзлари дунёдан кетишла-ри билан тугайди. Лекин шоирнинг яхши сўзлари тошга битилган ҳарфлардай асрлар давомида ўчмайди. Шундай экан, Бобур қолган умрини шоирликка бағишласа яхши эмасми?
— Мен жон дер эдиму, лекин беклар сизни қўймаслар,— деди Тоҳир.
— Бекларга ижозат берурмиз, кетурлар.

Бобур шу сўзининг устидан чиқа олишини яланг оёқ юриш билан исбот қилмоқчи бўлгандай, яна майда тошлар устидан сарпойчан юриб кетди. Бироқ унинг қийналиб бораётгани майишиб юришидан сезилди. Тоҳир уни қувиб етди-ю:
— Амирзодам, этикни кийинг, — деди. — Яланг оёқликни ҳавас қила кўрманг. Худо сизни ҳеч вақт бу кўйларга солмасин.
— Қайси кўйларга?
— Ялангоёқларнинг аҳволига тушманг!
— Ажабо! Ялангоёқлар одам эмасдирларми?
— Одам. Лекин сиз шоҳ бўлиб туғилгансиз!
— У ҳолда — шоҳ одам эмасдирми?

Тоҳир жавоб тополмай қолди. У шоҳ билан навкар орасида тоғдай баланд девор борлигини билар, Бобур бу девордан бир сакраб ошиб ўтмоқчи бўлаётгани ғалати туюларди.

Тоҳирнинг назарида, Бобур қайта шоҳ бўлишдан умидини узгану тушкунликка учрагани учун шу гапларни айтяпти.
— Амирзодам, агар сиз шоҳликдан шоирликни афзал кўрсангиз, унда мен ҳам... аҳли аёлим билан тинч бир гўшада деҳқончилик қилиб, сизга садоқат билан умр ўтказган бўлур эдим... Лекин бунинг иложи бўлмас...

Бобур этигини Тоҳирнинг қўлидан олди.
— Сиз қайтинг, — деди Тоҳирга. — Аммо бу гаплар орамизда қолсин. Кейин яна кенгашурмиз. Боринг!

Тоҳир бароздан қайтиб чиқар экан, Бобурнинг унга ўзини яқин олиб шунча ғалати гаплар айтганидан кўнгли кўтарилиб кулиб қўйди. Бироқ Бобур бир гўшада тинчгина яшайдиган мискинтабиат одамлардан эмас эди. Унинг яланг оёқ юришга ўрганмоқчи бўлгани эса Тоҳирга шоирона бир шўхлик бўлиб кўринарди.

Тоҳир барознинг тепасига чиққанда орқасига ўгирилиб қаради. Бобур ҳамон этигини қўлига олиб, пастлаб бормоқда эди. Тоҳир унинг чидамига тан бериб: «Лекин сўзидан қайтмайдиган одати ҳам бор!» деб қўйди.

Бобур оёғининг бир-икки жойи қавариб шилинганини сезса ҳам оғриғига чидаб, қишлоқнинг бериги четидаги чашма бўйига сарпойчан борди. Ундан нарида юмшоқ тупроқли сўқмоқ бор эди. Лекин қишлоқ одамлари унинг яланг оёқ юрганини кўриб, пасту баланд гап қилишлари мумкин эди.

Унга уйини берган қишлоқнинг кадхудоси ҳам, бек ва мулозимлар ҳам «Мирзо ҳазратлари» деб, Бобурга ҳамиша таъзим қилишар эди. Агар Бобур камбағал деҳқонга ўхшаб сарпойчан юрса, булар оддий яланг-оёққа таъзим қилгандай кўриниб, иззат-нафсга боришлари ва хафа бўлишлари мумкин эди. Шунинг учун Бобур аъёнлар учрайдиган жойлардан одатдагидай этик кийиб ўтар эди-ю, Даҳкатнинг атрофидаги ёнбағирларга боргач, яна яланг оёқ бўлиб оларди. Оёғига ботиб озор берадиган ғадир-будур тошлар, буталар дилини ўртаётган аламли ўйларнинг тафтини оладигандай бўлар эди. Кунлар ўтиши билан унинг товонлари сағри чармидай қалинлашиб тош-пошлар, ёғин-сочинлар кор қилмайдиган бўлиб кетди.

* * *

Даҳкатдан уч-тўрт чақирим қуйида Қоразов деб аталадиган баланд жарлар тагидан одамни оқизадиган улкан Оқсув елиб ўтади. Бу сувнинг ўнгга бурилиб, ёйилиб оқадиган сокинроқ бир жойида кечув бор.

Тоғ бағридан қиялаб ўтган сўқмоқ билан арчалар орасидан юриб келаётган Бобур тушга яқин Оқсувнинг шу кечуви олдидан чиқди ва дарёдан ўтиб келаётган йигирматача қуролли отлиқларга рўпара келиб қолди. Олдинда пиёзи чакмон ва қизил бўрк кийган Қосимбек. Унга эргашиб келаётган навкарлар ҳам таниш.

Бобур уларга яланг оёқ юрганини кўрсатгиси келмади-ю, йўлдан четланиб, баланд бир арчанинг соя-сига бориб ўтирди.

Лекин бу орада Қосимбек ҳам уни кўриб қолди. Кечувда қорнигача ҳўл бўлган отини Бобурдан анча нарида тўхтатиб, тез ерга тушди. Навкарлар ҳам Бобурни ҳурмат қилиб апил-тапил отдан тушдилар. Қосимбек отининг жиловини навкарига бериб, эгилиб таъзим қилган кўйича Бобурга яқинлашди. Мусибатли товуш билан деди:
— Амирзодам, бир қошиқ қонимдан кечинг! Яна бир шумхабар!...

Бобурнинг хаёли Тошкентга кетди. Қосимбек уч ойдан бери ўша ёқларда юрган эди. Бобурнинг тоғаси Маҳмудхон Шайбонийхоннинг элчиси шарафига зиёфатлар бериб юриб, ахири хон билан битим тузган эди. Бу битимга биноан Шайбонийхон Ўратепани Маҳмудхонга бериб, ўзи Ҳисорга қўшин тортиб кетган эди. Пайтдан фойдаланган Маҳмудхон укаси Олачахон билан бирга Фарғона водийсидаги Аҳмад Танбалга қарши уруш очган эди. Улар водийни Аҳмад Танбалдан тортиб олиб, Тошкент хонлигига қўшмоқчи эдилар. Шайбонийхон аввал бу ниятга қўшилган эди. Наҳотки энди сўзидан қайтган бўлса?!
— Не бўлди? Сўзланг!
— Шайбонийхон манфурлик билан сўзидан қайтмишдир, амирзодам! Тоғаларингиз Фарғона водийсида Аҳмад Танбал билан олти ой олишиб, уни енголмай, кўп талафотлар бериб, заифлашиб қолган пайтда Шайбонийхон битимни бузиб, кутилмаганда кетларидан бостириб келмишдир! Олдинда Аҳмад Танбал қўшини, кетларида ёлғон иттифоқчи Шайбонийхон қўшини! Тоғангиз бу икки балонинг орасида қолиб тор-мор бўлдилар! Шайбоний-хон уни асир олмишдир.

Бобур жойида ўтиролмай ўрнидан туриб кетди.
— Ё алҳазар! Тошкент ҳам кетдими, а?
— Э, сўраманг, амирзодам! Тошкентда икки минг қўриқчи аскар бор эди. Олти ойга етгулик захира бор эди! Қўрғонни қаттиқ туриб ҳимоя қилса бўлур эди. Бироқ асир тушган Маҳмудхон беҳад уятлик бир иш қилмишдир. Шайбонийхон уни қатл эттирмоқчи бўлганда, Маҳмудхон: «Қонимдан кечинг, не талабингиз бўлса бажарай!» деди. Шунда Шайбонийхон шарт қўюрки, Тошкентдаги қўриқчи аскарларингизга буйруқ ёзиб юборинг, токи қўрғонни жангсиз ташлаб чиқиб кетсинлар, аммо хазина билан ҳарам қўрғонда қолсин. Жон ширин-лик қилиб, Маҳмудхон бу шартни қабул қилмишдир!
— Наҳотки бутун ҳарам Шайбонийлар илкига тушган бўлса?!
— Ҳа, амирзодам, ғолиблар қўриқчисиз Тошкентда уч кун элни таламишдир! Тоғойингиз Маҳмудхоннинг энг кўҳлик синглиси Давлат бегим Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султон ҳарамига учинчи хотин бўлиб кирмишдир. Эллик уч яшар Шайбонийхоннинг ўзи Маҳмудхоннинг ўн олти ёшлик гўзал қизи Мўғил хонимни никоҳлаб олмишдир! Маҳмудхоннинг суюкли хотини Розия Султон бегим илгариги элчи Жонибек Султонга ғунчачи қилиб никоҳланмишдир! Бултур Хонзода бегим учун бизни шунчалар маломат қилган Маҳмудхон энди суюкли хотинини, қизини, синглисини ўз жони учун бунчалик шармандали аҳволга солгани бутун эл-улуснинг нафратини келтирмишдир!

Бобурнинг хаёли Ойиша бегимга кетди. Ундан кўнгли қолиб, ажрашиб кетган бўлса ҳам, лекин бир вақтлар илк ёшлик меҳри билан суйган хотинининг Шайбонийхон ҳарамига тушиши эҳтимоли уни даҳшатга келтирди. Опаси Хонзода бегимнинг Шайбонийхон ҳарамига тушгани озми?

Бобур Қосимбекка даҳшат тўла кўзларини тикиб сўради:
— Наҳотки Ойиша бегим...Эгачим Хонзода бегимнинг кундошига айлантирилган бўлса?!
— Йўқ, амирзодам! Не тил билан айтайки, Ойиша бегим хоннинг амакиси — эллик беш ёшли Кўчкинчихонга тўқол хотин қилиб никоҳланмишдир!

Бобур юзини қўллари орасига олиб нидо қилди:
— О, бу не разолат? Не шармандалик?!

Қора кўзларидан учқунлар сочиб Бобурга аччиқ гаплар айтган ўша Розия Султон бегим бугун Жонибек Султоннинг қучоғида! Бу йўғон гавдали маккор бек Маҳмудхон саройида элчи бўлиб, хон билан шатранж ўйнаб, атайлаб ютқизиб юрган пайтларидаёқ унинг суюкли хотинини кўз остига олиб қўйган бўлса эҳтимол. Ойиша бегим-чи?

Қосимбек армон тўла товуш билан сўзида давом этди:
— Кошки Маҳмудхон шунча уят ишлар қилиб, тирик қолган бўлса!
— Тоғойим ўлдирилдими?!
— Шайбонийхон биринчи мартасида уни ўлдирмаган эди. Лекин ҳалиги шармандаликлар билан руҳан ўлдиргандан баттар қилиб Мовароуннаҳр чегарасидан шарққа — Олтой томонга қувиб юборган эди. Бундан алами келган Маҳмудхон ўша ёқларда ўзига тарафдорлар топиб, қўшин йиғиб Шайбонийхондан қасд олиш учун яна Сирдарё бўйига келади. Хўжанд яқинида иккинчи марта жанг бўлиб, Маҳмудхон яна енгилади-ю, икки ёш ўғли билан асир тушади. Бу гал Шайбонийхон Маҳмудхоннинг ўзини ҳам, ёш ўғилларини ҳам аёвсиз қатл эттирмишдир!
— Ё алҳазар!.. Ё раб!..

Бир вақтлар Бобурга оқибатсизлик қилиб, алам ўтказган яқинларининг тақдир томонидан бунчалик шафқатсизларча жазоланиши Бобурни қора босириқдай эзиб, карахт қилиб қўйди. Бобур улардан ҳар қанча ранжиганда ҳам бундай оғир жазоларни уларнинг ҳеч бирига раво кўрмас эди.

Бобурнинг ранги қув ўчиб, юз мускуллари титраётганини кўрган Қосимбек шумхабар келтиргани учун яна бир марта узр сўради. Бобурнинг сал тафтини оладиган чора қидириб:
— Амирзодам, қани, ўлтирсинлар, марҳумларнинг арвоҳига тиловат қилайлик, — деди.

Тиззалари бўшашиб, оёғида зўрға турган Бобур арча тагидаги бояги жойига қайтиб ўлтирди. Қосимбек унинг қаршисига тиз чўкди. Навкарлар ҳам бирин-кетин чўнқайдилар. Қосимбек ширали, йўғон овоз билан қуръон сураларини оҳангдор қилиб айтиб, узоқ тиловат қилди. Дарёдай бир зайлда оқадиган бу оҳанглар Бобурга дунёнинг бебақолигини, ўтиб турган ҳар бир дақиқа умр қайтиб келмайдиган неъмат эканини, ҳаётнинг ғаниматлигини эслатди-ю, у ўзини сал босиб, ялангоёқларини тўнининг этаги билан бекитиб қўйди. Тиловат тугаб, юзларига фотиҳа тортганларидан сўнг Қосимбек навкарларга қўли билан нарироқ бориб туриш ишорасини қилди. Улар узоқлашгач, Бобурга янада яқинроқ келиб, паст овоз билан деди:
— Шайбонийзодалар бу ғалабалардан қутуриб, Андижонга кўз тикмишлар. Босқинчилар эрта-индин Ўратепага ҳам келурлар. Энди бу ерларда юриш хатарли, амирзодам. Тоғ ошиб, Ҳисорга кетмоқ керак.

Ҳисор ҳукмдори Хисравшоҳ тахтни Бобурнинг амакиваччаси Бойсунқур мирзодан тортиб олиб, тахтга даъвогар бўлмасин, деб, ўлдиртирган эди. Бобур шуни эслади-ю:
— Менинг қордан қочиб дўлга тутилишим не даркор, жаноб Қосимбек? — деди.
— Менинг мақсадим бошқа, амирзодам. Камина Ҳисор беклари билан бултурдан бери махфий музокара олиб бормоқдамен. Уларнинг кўпи Хисравшоҳдан норози экан. Ўзи бир навкардан чиққан таги паст ҳукмдор. Тахтда ўлтиришга ҳаққи йўқ. Борсак, яхши беклари сизга ён босгайлар.
— Яна тахт талашишми? Йўқ, жаноб Қосимбек! Мен бу талашлардан жуда тўйдим! Ҳозир менга тинч бир гўша бўлса, дарвишона ҳаёт кечирсам, ашъор ёзсам — шу ўзи бас!..

Қосимбек боядан бери кўзини Бобурнинг яланг оёқларидан олиб қочмоқда эди. Шаҳзоданинг бундай юриши унга жуда эриш туюларди.
— Амирзодам, сиз бизнинг тақдиримизни ҳам ўйланг! Икки юз элликта содиқ одамларингиз — беклару мулозиму навкарларингиз сизга омад тилаб, аввалгидан ҳам катта мартабаларга етишингизга ишониб, тоғу тошда саргардон бўлиб юриши нечун?

Қосимбекнинг гапи тагида: «Чиндан дарвиш бўламен десангиз сизга бунча беку навкарларнинг не кераги бор? Нечун жавобини бермайсиз?» деган маъно ётар эди.
— Сиз келтирган мудҳиш хабарлардан кўнглим вайрон бўлиб турган пайтда яна бир мушкул гапни қўзғадингиз, жаноб Қосимбек!
— Густохлигим учун мени кечиринг!
— Аммо сиз ҳақсиз. Мен сиздек содиқ кишиларимнинг тақдирини ҳам унутмаслигим керак. Ростини айтинг, жаноб Қосимбек, Хисравшоҳнинг ўзи ҳам сизни хизматга чорлаганми?
— Чорлаган. Икки қайта махсус одам юбормишдир.

Бобур Қосимбекнинг мардона юзига, қирқ ёшга бормасдан оқ оралай бошлаган калта соқол-мўйловига маъюс бир назар ташлади.
— Сиздан маҳрум бўлиш мен учун беҳад мушкул!— деди. — Отам ўлгандан бери менга отадек ғамхўрлик қилдингиз. Мен сиздан кўрган садоқату яхшиликни ҳали бошқа ҳеч қайси бекдан кўрган эмасмен!
— Сарафрозмен, амирзодам!
— Энди шу яхшиликларингиз ҳурмати, мен сизга жавоб берурмен. Майли, Ҳисорга боринг!
— Сизни тарк этиб кетишга кўнглим йўқ, амирзодам! Бирга кетайлик!
— Мен ўзим ҳам шоҳлик занжиридан бутунлай озод бўлишга интилмоқдамен, жаноб Қосимбек. Бу занжирнинг бир учи тобе одамларга боғланган бўлса, унинг иккинчи учи шоҳнинг ўзига боғланур экан! Шу сабаб, тобеларни занжирдан бўшатмагунча подшоҳнинг ўзи ҳам занжирбанд бўлур экан. Мен энди мана шу табиат бағрида занжирсиз яшашга қасд қилдим. Шунинг учун сизга жавоб! Бошқа беку мулозиму нав-карлар ҳам вақт-соати билан жавоб олурлар!

Бобур Қосимбек билан хайрлашмоқчи бўлиб ўрнидан турди. Самарқандда суюкли опасидан, Тошкентда хотинидан айрилган, бугун эса шунча машъум хабарлар эшитиб, яна энг ишонган бекидан ҳам ажрашишга мажбур бўлаётган Бобур ўзини ҳар қанча тетик тутишга уринса ҳам тиззалари букилиб, гандираклаб кетди. Қосимбек уни қучоқлаб хайрлашар экан, кўзлари жиққа ёшга тўлди.

3

Бобур ўзига азоб берадиган оғир туйғуларни тоғлардан кўринадиган кенгликларга сочиб юбора олса ёки гўзал шеърий сатрларга жойлай олса бир қадар енгил тортади.

Не ерда сокин ўлай? Не қилай? Қаён кетайин?

Не дайрдин эшигим очилур, не масжиддин.

Неча эшикдин эшикка гадо каби етайин?

Куйиб-ёниб ёзган бу сатрлари қалбининг тафтини олар, дунёда унинг учун ҳамма эшиклар бекилганда ҳам бир муқаддас қопқа — шеърият қопқаси доим очиқ эканини ич-ичидан сезиб кўнгли кўтариларди. У ўз қалбида ҳали сарф этилмаган қудратли кучлар борлигини, опаси Хонзода бегим Бобур билан видолашган пайтида: «Сизнинг нодир истеъдодингиз бор, бу буюк неъматни ҳайф қилманг!» деган сўзлари кўп эсига тушади. Кеча мана шу Оқсув бўйидаги бир қишлоқда тўй бўлган, шунда ёш бир хонанда сеҳрли товуш билан Бобурнинг «Кўнглимдан ўзга ёри вафодор топмадим» деб бошланадиган ғазалини ашула қилиб айтганини у ўзи кўчадан ўтаётиб эшитган эди. Ўша дақиқаларда унинг қалбидаги энг зўр куч жунбушга келиб, юзага чиқиш учун йўл ахтарган эди. Бу ички куч унга Даҳкатнинг кунчиқиш томонидан уч минг газ баландликдаги Осмон Яйлов тоғининг учидан отилиб чиқиб турган мўъжизавий булоқни эслатди. Жилғалар бўйидан, тоғ ён-бағриларининг тагидан кўз очган булоқлар кўп. Лекин шундай юксак тоғнинг энг баланд бир нуқтасидан ёриб чиққан бундай ғалати чашмани Бобур биринчи марта шу ерда учрат-ди.

Жанубда мангу қорга бурканган улуғвор Пирях чўққиси ялтираб турибди. Аммо у чўққи билан Осмон Яйлов тоғнинг орасида беҳад чуқур жилғалар, катта-катта баландликлар бор. Бу булоқнинг суви ўша чўққидан тушиб, яна Осмон Яйловга чиқиб келгунча икки орадаги чуқурликлардан ҳам теранроқ жойга тушиб, сўнг яна юксак тоққа кўтарилган бўлиши керак. Булоқ бунча кучни қаердан олганикин? Уни шунчалик баланд жойга чиқишга, шундай тошлар орасидан кўз очишга нима мажбур қилган экан? Эҳтимол, илгари унинг кўзи пастдаги тоғ камарларида бўлгандир? Балки булоқнинг устига тоғ кўчиб тушиб, аввалги кўзини бекитиб қўйгандир?

Бобурга бирдан ўз ҳаёти ҳам кўчки босган булоққа ўхшаб кўринди. Ахсида қулаган жар ҳам шу булоқнинг кўзига тушган. Кўчманчи султонларнинг Самарқанддаги ғалабаси ҳам... Ички бир куч билан қайнаб чиқаётган булоқ кўчкининг тупроқларини ювиб, тошлар орасидан йўл топиб ўта бошлаганда Мовароуннаҳрдаги ижтимоий зилзилалар зарбидан янги-янги жарлар қулайди, қоялар кўчади-да, яна шу булоқнинг кўзига тушади.

Булоқ ҳамон туғилган заминининг бошқа жойларига бош уриб, ёруғ дунёга олиб чиқадиган янги йўллар излайди.

Агар Осмон Яйлов булоғи тошлар орасидан йўл топиб, мана шундай баланд қояни ёриб чиққан бўлса, Бобур умидсизланмаслиги керак. Эҳтимол, унинг толеи ҳам мана шу булоққа ўхшаб, баланд бир нуқтадан қайта кўз очар. Балки бу баланд нуқта шеъриятдадир?

Бир куни пешин кечроқ Бобур Осмон Яйлов булоғи бўйида мана шу хаёлларга ғарқ бўлиб ёлғиз ўтирганда, катта-катта иккита бўрибосар итни эргаштириб бир чўпон йигит келиб қолди. Оёғида чориқ, бошида қизил хошияли оқ қалпоқ, белига катта пичоқ осиб олган, қўлида қизил ирғай таёқ. У тош устида ўтирган Бобурга салом берди-ю, итларни орқароқда қолдириб, ўзи булоқдан кафтида сув олиб ичди. Кейин ҳўл қўлларини қалами яктагининг қўлтиқларига арта туриб, Бобурга гап қотди:
— Ҳа, жўра, пошшонг зиқналик қилдими, тоққа яланг оёқ чиқибсен?

Чўпоннинг «сен-сен»лаб гапиргани Бобурнинг қулоғини тирнаб ўтгандай бўлди. Аммо ўзини босиқ тутиб:
— Қайси подшоҳим? — деб сўради.
— Бобур деган бир подшо Даҳкатда юрган эмиш. Сен ўшанинг одамлариданмисен?

Бобур эски кийимларини кийиб чиққан, ўзи тоғ офтобида куйиб қорайган, аммо унинг юзида, қўлларида асилзодаларга хос бир назокат борлиги билиниб турарди. Чўпон уни подшоҳнинг мулозимларидан деб ўйламоқда эди. Бобур ўзини танитгиси келмай:
— Ҳа, — деди.

Чўпон ирғай таёғига кенг кўкрагини тираб, Бобурга синовчан назар билан тикилди:
— Подшонгга жуда содиқмисен?

Бобур мийиғида кулиб:
— Мен ўзимга содиқ бўлсам бас, — деди.
— Подшонг ҳам сени ёмон кўрса керак-да, хор қилиб қўйибди.

Энди Бобур чўпоннинг юзига тикилиб қаради. Бетига ҳали устара тегмаган йигирма ёшлардаги йигит. Лекин чуқур кўзлари қирқ-эллик ёшга кирган ва кўп ғам чеккан одамникидай сўлғин, кексанамо.
— Подшоҳимни мунча кўп сўроқладинг, бирон арзинг борми? — деди Бобур кулимсираб.

Чўпон қовоқларини уйиб:
— Мен уни мана шу тоғда яккама-якка учратмоқчимен, — деди.
— Агар учратсанг... Не гапинг бор?

Чўпон йигитнинг кўзлари ғазаб билан қисилди:
— Отам билан акамнинг бошини не қилган, шуни сўраб билмоқчимен.
— Бошини? Бобур-а?! Сен... сен кимсан ўзинг?
— Чагракларданмен!

Бобур Андижон тоғларида яшайдиган чорвадор туркий қабила — чагракларни эслаб ҳайрат билан сўради:
— Бу ерда ҳам чаграклар борми?
— Биз бу ерга Ўш томонлардан қочиб келганмиз. Мен ўшанда ўн тўрт яшар бола эдим. Бобур келиб отам билан акамнинг қўйларини, йилқиларини тортиб олмоқчи бўлган. Чўпонлар: «Бермаймиз!» деб ғалаён қилган. Кейин Бобур ҳаммасини ўлдириб, бошларини кесиб кетган. Онам билан борсак, ўн беш-йигирмата ўлик ётибди. Бошлари йўқ. Танасидан таниб олиш қийин бўларкан. Онам дам у танани қучоқлаб йиғлайди, дам бу танани...

Бобур Ўшнинг жанубида бундан олти йил аввал Аҳмад Танбалнинг қонли хуржунидан лолақизғалдоқлар устига юмалаб тушган каллаларни яна кўз олдига келтирди. Ўшанда уни сескантириб юборган ёшгина йигитнинг калласи ва устара тегмаган юзи кўз олдида қайтадан гавдаланди. Мана бу турган чўпоннинг юзи Бобурга бирдан ўша юзни эслатди-ю, кесик бўйиннинг қон аралаш гўштлари хаёлида такрор пайдо бўлиб, борлиғини даҳшатга келтирди. У чўпонга саросима кўзлар билан қараб:
— Аҳмад Танбал ўлдирган! — деди. — Султон Аҳмад Танбал!

Чўпон таёғини кўкрагидан олиб, Бобурга яқинроқ келди:
— Сен ўша бошларни кўрганмидинг?
— Ҳа, яйловда... Ўшнинг яйловида Аҳмад Танбал ўша бошларни келтириб кўрсатган. Бунга олти йил бўлди... Чўпонлар ғулу кўтариб, навкарлардан уч-тўрттасини ўлдирмишлар. Танбал ўшанинг қасдига бош кесиб келган эди!
— Танбал эмас! Менга кўрган одамлар айтган! Отамнинг бошини Бобур кесиб кетган!
— Одамлар ёлғон айтмишлар! Мен... аниқ биламен. Бобур норасида ўсмир эди. Тоққа Султон Аҳмад Танбал борган!

Бобур ўзини оёқлаётган одамга ўхшаб шошилиб гапираётгани учун чўпон йигит энди ундан гумонсиради. Зуғум қилиб:
— Сен ўзинг кимсен? — деди. — Бобур сенинг киминг?

Бу савол Бобурнинг этини жунжиктирди. Гўё чўпон ҳозир ундан отасининг хунини талаб қиладигандек туюлди.

Эгасининг овозидаги ғазаб ва таҳдидни пайқаган итлар бирдан ириллаб, Бобурга ташланишга тайёрланишди. Бобур ўрнидан сапчиб турди. Қўли беихтиёр белидаги ханжарнинг сопига борди.

Лекин унинг оёқлари яланг эди. Итлар энг аввал унинг оёғидан оладигандай кўринди. Шу пайт у ўзининг яланг оёқ юрганидан қаттиқ пушаймон бўлди.
— Нега индамайсен? — деди чўпон яна таҳдид билан.

Бобур ўзини иложи борича вазмин тутиб:
— Не дейин? Гапимга ишонмасанг! — деди.

Чўпон итларига ўгирилиб:
— Тўрткўз, Бўйноқ, ётинглар! — деди. Сўнг яна Бобурга юзланди: — Хўш, гапинг чин бўлса, менинг отамни Бобурнинг ўзи эмас, Танбал деган беки ўлдирган. Шундайми?
— Шундоқ.
— Ўша бекка ким фармон берган? Бобурми?
— Бобур бундай бўлишини билмаган... Ёшлик қилган!
— Яна пошшойингнинг тарафини оласан-а! Агар мен ҳозир мана бу итларимга «ол»! — десам, сени тилка-пора қилиб ташлагай. Шунда фақат итлар айбдор бўлгайми? Буларни олқишлаганим учун мен гуноҳкор бўлмасменми?

Бобур чўпоннинг бу гапига эътироз қилиб бўлмаслигини сезди-ю, бошини қуйи солди:
— Балки сен ҳақлидирсен...
— Кимсен ўзинг? Айт ростини!

Чўпоннинг овозидаги таҳдидни сезишиб, итлар яна ириллашди. Бобур қўрққанини сезса, итлар унга ташланадиганга ўхшарди. У бор кучини гўё кўзларига йиғиб, чўпонга тик қаради-ю, дадил туриб:
— Мен Бобурмен! — деди.

Чўпон қулоқларига ишонмай, унинг яланг оёқларига яна бир қаради:
— Наҳотки подшоҳ Бобур сен бўлсанг?!
— Ҳа, мен подшоҳ эдим!
— Ҳозир-чи?
— Ҳозир... тожу тахт даъвосидан воз кечдим. Энди фақат шоирона ҳаёт кечирмоқчимен.
— Шошма, шошма!

Оқсув бўйида бўлган кечаги тўйда чўпон ҳам бор эди. У хушовоз ёш ҳофизнинг Бобур ғазали билан айтган ашуласини тинглаб ғалати бўлиб кетган эди. Ашула охирида: Бобур, ўзунгни ўргата кўр ёрсизки, мен
Истаб жаҳонни, мунча қилиб ёр топмадим! —
деган сатрлар унинг эсида қолган эди.

Ҳозир Бобур бир ўзи тоғу тошда ёлғиз юргани ҳам унинг ўша байтини тасдиқлаган кўринди-ю, чўпон итларига қараб:
— Ёт! Бўйноқ, ёт! — деб буюрди. Итлар тинчлангач, яна Бобурга кўз тикиб сўради: — Шоирлигинг рост бўлса, шу ерда ёзган шеърларингдан бирини айт-чи?

Бобур ерга қараб ўйланиб олди-да, бошини кўтарди.
— Эшит: Не хеш мени хушлару не бегона,
Не ғайр ризо мендину не жонона.
Ҳар нечаки яхшиликда қилсам афсун,
Халқ ичра ёмонлик билан мен афсона.
Ички туғён билан ўртаниб айтилган бу сатрларнинг тафти чўпоннинг бирдан ялтираб кетган кўзларида акс этди.
— Сен ҳам куйганлардан экансен, шоирлигинга тан бердим! Агар шу шоирлигинг бўлмаса, сени раҳматлик отамнинг қасдига итларимга талатиб юборар эдим! Хайр, шоир, омон бўл!

Чўпон итларини эргаштирганича чағатда ёйилиб юрган қўйларига қараб кетди.

Бобур шу куни Осмон Яйловдан Даҳкатга қандай тушиб келганини билмайди. У машъум ўтмишидан осонликча қочиб қутулолмаслигини, ёмон беклар Бобурнинг номидан қилган золимликларни одамлар ундан кўришини ўйлаб, вужудини янги бир безовталик чулғаб олди. Ёшликда бекларнинг раъйига қараб қилган хатолари бояги иккита ваҳимали итнинг қиёфасига кириб, ҳали ҳам кетидан қувиб келаётганга ўхшарди.

Даҳкатда эса уни яна бир таҳликали хабар кутиб турарди. Шайбонийхон қўшинлари Ўратепага етиб келган, шаҳарга бозор қилиш учун борган даҳкатлик кадхудони хон кишилари тутиб олиб калтаклашган.
— Бобур яшириниб юрган жойини кўрсатасан! — деб талаб қилишган эди. Юзлари қамчи изидан қонталаш бўлиб шишиб кетган эллик ёшлардаги кадхудо тожикчалаб:
— Мен меҳмонимни тутиб берадиган аблаҳ эмас!— деди Бобурга — Ёвларингизни Оқтанги деган дарага бошлаб бориб, адаштириб, ўзим тоғма-тоғ қочиб келдим!

Оқтанги Даҳкатдан ўттиз чақиримча ғарбда эди. Хоннинг искабтопарлари бугун бўлмаса, эртага бу ерларга етиб келиши муқаррар. Шайбонийхон Бобурнинг бошини кесиб келганларга катта олтин ваъда қилган.

Ички ҳовлидан Қутлуғ Нигор хоним чиқди:
— Бобуржон, ҳаммамиз нажотни сиздан кутмоқдамиз! Дарвишона юришларни энди бас қилинг. Ҳамма сизни қувғиндаги шоҳ деб билур, бошқа гапга ҳеч ким ишонмагай. Хон кишилари ҳам сизни тахтга даъво қилиши мумкин бўлган бир шаҳзода деб излаб юрурлар. Даҳкатликлар ҳам шунча вақт бизга нону туз бердилар. Энди бу қишлоқни хавф-хатардан қутқариш ҳам сизнинг бурчингиздир, жоним!

Бобур агар ёв билан бу ерда тўқнашса, қишлоқ оёқости бўлишини ўйлади. Бу ерда у билан бирга юрган онасини, бек ва навкарларини ёвдан омон сақлаш учун ҳам, ўзи бояги чўпонга ўхшаш қасоскорларнинг тасодифий қурбони бўлиб кетмаслиги учун, даҳкатлик кадхудонинг тузини оқлаш учун ҳам Бобур яна қайтадан қурол-яроғ тақишга ва одамларига бошчилик қилишга мажбур эканини, ҳозир шундан бошқа иложи йўқлигини ҳис қилди-ю, оғир «уҳ» тортди:
— Шоҳлик тақдиримдан яланг оёқ қочиб қутулолмас эканмен! Жаноб Шеримбек! Сиз энди Қосимбекнинг ўрнида амирал умаросиз!

Бобурни ўн икки ёшида Олатоғ томонларга олиб қочиб кетиб қутқармоқчи бўлган кекса Шеримбек тоғойи қувониб таъзим қилди:
— Иноятингиздан сарафрозмен, амирзодам! — деди.— Буюринг!
— Одамларимизнинг барчасига амримизни етказинг. Кўч-кўронни йиғиштирсинлар! Шу бугун кечаси Даҳкатдан жўнаб кетгаймиз!
— Муборак буйруғингиз алҳол адо этилур, амирзодам!

Яна зирҳли кийимлар кийган, қурол-яроғ таққан Бобур ўша кеча тоғдан-тоққа ошиб кун чиқиш томонга — Исфарадан наридаги Сўхга қараб кетди.

4

Тоғдан тушиб келаётган Сўх сойи тошларга бош уриб шовуллайди. Бобур арчазор сўқмоқдан Ойнатоғ томонга кўтарилиб боради. Тоғларда кўп юриб ҳар қанча чиниққан бўлса ҳам, тик сўқмоқ йўлда ҳансираб қолади. Ойнатоққа етгунча икки-уч марта тўхтаб на-фас ростлайди.

Табиат мўъжизаси бўлган бу тоғнинг силлиқ тошларида атроф худди ойнадаги каби аксланиб туради. Бобур бу тоққа чиққанда унинг сеҳрли ойнасида ўз тақдирини кўришга интилади. Қачонгача тоғдан-тоққа ўтиб, чет қишлоқларда Шайбонийхон қиличидан жон сақларкан? Ана, яшил боғларга бурканган Сўх, Ҳушёр қишлоқлари. Булар ҳам чингизийлар ҳуружидан ҳимоя истаб, Бобурни уч юзтача навкари билан йил бўйи меҳмондай эъзозлаб юришибди. Босқинчиларнинг шум қадамлари ҳали бу ерларга етиб келган эмас. Улар Сирдарё бўйларида ва Андижон томонларида ўзаро урушлар билан банд.

Бобур қуёшли кунда Ойнатоғ тепасига чиқиб, Қўқон томонларга оқиб кетаётган Сўх сойига тикилади. Бу сойнинг сувида тилларанг шуълалар ўйнайди. Айтишларича, Сўх сувининг таркибида олтин бор экан, шунинг учун бу сувни ичган одамнинг вужуди яйрайди. Наҳотки шу Ойнатоғ ҳам, шу тиллоли сой ҳам — ҳаммаси яна чингизийлар истилосига гирифтор бўлса?

Бобурнинг ортидаги қорли тоғлардан совуқ шамол эсади. Узоқдаги яшил водийларга осмондаги оқиш булутларнинг сояси тўшалиб ётади.

Ҳозир авжи баҳор, Фарғона водийси яшил либосда.

Уфқнинг ҳарир пардаси ортида — кўз илғамас узоқликларда Чотқол тоғларию Тошкент воҳаси бор. Жиззах ва Самарқандни, Марғилон ва Андижонни Бобур ҳозир гўё хаёл кўзи билан кўрди-ю, бир вақтлар шундай кенг дунёда бехавотир, эркин юрган пайтларини эслаб, юрагини армон тимдалади.

Ҳозир мана шу улкан ватанда унинг осуда яшайдиган макони, тайинли бир уйи йўқ. Ҳаммаси Танбал билан Шайбонийхоннинг қўлига ўтиб кетган. Эшик оға Шерим тоғойи Бобурни Хуросонга кетишга ундайди.

Бироқ Бобур кетса, ватанидан умрбод айрилиши мумкинлигини гўё олдиндан сезади. Илгари туғилган юртида бемалол юрганда унчалик билинмайдиган ватан туйғуси энди ватанидан айрилиш хавфи туғилганда унинг бутун вужудини қамраб олган. У мана шу ўлкани неча қайта у четидан-бу четигача кезиб чиққан, унинг ҳар бир чақиримига кўз нурини тўкиб, ёшлигини уруғдай сочиб ўтган. Унинг бутун умри, бутун борлиғи мана шу муаззам заминга илдиз отган. Энди бу илдизларнинг ҳаммасини қандай юлиб олиб кетади? Бунинг оғриғига қандай чидаш мумкин?

Аҳмад Танбал билан Шайбонийхон аввал бир-бири билан иттифоқ тузиб, ҳозир бир-бирининг пайини қирқишга тушган. Шу кунларда улар жанг қилаётганини Бобур аниқ билади. Зора бу иккаласи бир-бирининг бошини еса-ю, Бобурнинг бекилган йўллари очил-са...

Бобур шу умид билан Андижон томонга махсус одамлар юборган. У эртаю кеч шу одамларнинг хушхабар билан қайтишини кутади.

Лекин юборилган одамлар бир ярим ойдан бери қайтмаяпти. Нима бўлдийкин? Кутиш оғир. Кунлар бениҳоя секин ўтади. Бобур нима қилишини билмай тоғ ёналарини ёлғиз кезгани-кезган. Тадбиркор Қосимбек кетиб қолмаганда, балки ундан яхши бир маслаҳат чиқармиди? Жонкуяр сафдоши Нўён Кўкалдош ҳам йўқ — бултур Тошкентнинг жанубидаги Оҳангаронда бир номард уни баланд жардан ташлаб ўлдирган. Бир-биридан машъум хотиралар Бобурнинг хаёлида муттасил чарх уради. У интиҳосиз ғам-ғуссалар қуршовидан чиқиб кетишга интилиб, хаёлида шеър машқ қилиб кўрди. Аммо уни бу кўйларга солган даҳшатли воқеаларни қофияга солиб, оҳангдор қилиб айтишга хуши келмади.

* * *

Кечки пайт тоғларга туман тушди. Арчазор ёнида хаёл суриб юрган Бобур пастдаги водий йўлларини ҳам туман тўсиб қўйганини кўрди-ю, сой бўйига келди.

Қуюқ туман дунёни алланечук тор ва совуқ қилиб қўйди. Сўх сойининг юқори-пастлари ҳам кўздан йўқолди. Тезоқар тоғ дарёчасининг қаёқдан келиб, қаёққа кетаётгани энди фақат унинг тошларга урилиб шовуллашидан билинар эди, холос.

Бобурнинг ҳозирги қароргоҳи мана шу сойнинг яқинида — кенг бир сайҳонликда эди. Баландроқ бир жойда унинг қизил мовут чодири бор. Чодирнинг ўнг ёнида Қутлуғ Нигор хонимнинг саккиз бурчакли оқ ўтови турипти. Қолган йигирма-ўттизта ўтов ва чодирлар уларнинг нари-берисига ўрнатилган. Совуқ туман ичида чодир ва ўтовлар гўё бир-бирларидан узоқлашиб кетгандай ва ҳаммасини моғор босаётгандай кўринарди.

Бобур йўлида учраган одамларнинг таъзимларига индамай бош ирғаб ўтди-ю, Мамадали китобдорнинг ўтови томонга бурилди. Бу ерда Бобур доим ўз кўчи билан бирга олиб юрадиган китоблари сақланар эди. Беш-олти туяга юк бўладиган нодир китоблар қалин чарм қопланган махсус сандиқ ва қутиларга ёғин-сочин ўтмайдиган қилиб жойланган эди. Кексайиб қолган бўлса ҳам ҳамма сафарларда Бобур билан бирга юрадиган захил юзли эллик беш яшар Мамадали китобдор китобларни худди чақалоғини авайлайдиган онадай авайлаб-асрар эди. У Бобурга таъзим қилиб:
— Буюринг, амирзодам! — деди.

Бобур тарихий китоблардан бир-иккитасининг номини айтди.

Мамадали китобдор китобларга қўл уришдан олдин қўлини яхшилаб ювадиган одати бор эди.
— Сиз мунтазир бўлманг, қулингиз элтурмен!

Бобур ўтовдан чиқиб ўз чодирига кирди. Орадан анча вақт ўтганидан кейин Мамадали китобдор айтилган китобларни ипак матога ўраган ҳолда икки қўллаб кўтариб кирди-ю, тўрдаги миз устига секин қўйиб, орқаси билан юриб чиқиб кетди.

Бобур машҳур саркардалар ва шоҳларнинг ҳаётлари ҳақидаги тарихий китобларни варақлар экан, мураккаб жумлалар, жимжимадор ўхшатишлар, афсона ва ривоятлар орасидан чинакам бўлган ва одамни ишонтирадиган воқеаларни изларди. Лекин кўпчилик китобларда нуқул ғалабалар дабдабали услуб билан куйланарди.

Эҳтимол, ҳозир Шайбонийхон ҳақида ҳам мана шундай дабдабали китоблар ёзилаётгандир. Бобур Биноийнинг яна Шайбонийхон томонига ўтиб кетганидан, Муҳаммад Солиҳ эса «Шайбонийнома» деган шеърий китоб ёзаётганидан хабардор эди. Улар Шайбонийхоннинг Бобур билан олишувларини қандай ёзишаркин? Мана бу китоблардаги каби ғолибни кўкларга кўтариб мақташса, Бобурга бўлмаган айбларни тақиб, уни ёмонлашса, кейин одамлар ҳақиқатни қаердан билади?

Бобур нуқул зафар тантаналарини куйлаган жангомаларни бир четга суриб қўйди. Сўнг ўрнидан туриб, ўзининг «Вақоиъ» деб аталган хотира дафтарларини сандиқдан олди.

Қизиқ: сўнгги марта дафтарга Бобур ўзининг Самарқандни Шайбонийхондан қандай тортиб олганини ёзгану кейин унга қўл урмаган эди. Демак, кейинги мағлубият ва саргардонликларни унинг ўзи ҳам ёзишни истамаган экан! Аммо булар дафтарга ёзилмагани би-лан Бобурнинг хотирасида муттасил такрорланиб юрибди-ку. «Иситмани яширсанг, ичга урар», дейдилар. Бобур қилган хатоларини дафтаридан яширгани билан улар ҳар куни не-ча қайта янги-янги тафсилотлари билан хаёлидан ўтиб, қалб ярасини тирнагани-тирнаган. Бундан кўра ҳамма воқеаларни ростгўйлик билан мана бу дафтарга ёзса, балки ўшанда иситма ташига чиқиб, дили хиёл енгиллашар?

Бобур дафтарига Сарипулда қандай мағлуб бўлганини, кейин қандай хўрликлар кўрганини ёза бошлади.

У бу ишни гўё ўзи учун, ўз виждони олдида ҳисоб бергиси келиб қиларди. Шунинг учун боя ўқиган китобларидаги жимжимадор, баландпарвоз услуб бу ёзувларга мутлақо ярашмаслигини сезарди. Шу сезги таъсирида китоблари орасида турган Шомийнинг «Зафарнома»сини қўлига олиб варақлади.

Бу китобнинг муқаддимасида Шомийнинг Амир Темурдан қандай топшириқ олгани ҳикоя қилинган эди. Соҳибқирон жангномалар ва тарих китобларида кўп учрайдиган ҳашамдор такаллуфларни суймас эканлар, ортиқча лоф уришлар, муболағалар ичида ҳақиқат йўқолиб кетишини, дабдабали услуб чиндан содир бўлган воқеаларнинг маъно ва моҳиятини одамлардан тўсиб қўйишини айтган эканлар. «Шунинг учун сиз бор ҳақиқатни аниқ равон қилиб ёзинг, токи унинг маъносини авом халқ ҳам англагай, хос кишилар ҳам мақбул кўргай», — деб соҳибқирон Шомийга махсус тайинлаган эканлар.

Афсуски, Шомий бу топшириқни тўлиқ уддалай олмаган экан. Амир Темур унинг «Зафарнома»сини ўқиганда қаноатланмаганини Бобур онаси инъом қилган сандиқдаги бошқа қўлёзма манбалардан билди. Эҳтимол, шундан сўнг Амир Темурнинг кўрган-кечирганлари ва яратган тузуклари унинг ўз тилидан аниқ, илиқ ва равон услубда баён этилгандир?

Ҳозир Бобурнинг дилига энг яқин услуб мана шу эди. У хотира ёзишда ҳам соҳибқирон бобокалонидан сабоқлар олар, бошидан кечирган барча ҳодисаларни, ютуқ ва хатоларини энг ишонган сирдошига айтиб дардлашган каби самимият билан қалам тебратарди. Фақат унинг эндиги сирдоши — ўзию мана шу дафтари эди. «Кўнглимдан ўзга маҳрами асрор топмадим!» деб ғазал битган Бобур энди барча кўрган-кечирганларини мана шу маҳрамига роз айтганга ўхшаб хотира ёзарди.

Бу розлар орасида фақат жабру жафолар эмас, ёдга тушганда кўнгилни кўтарадиган воқеалар ҳам йўқ эмас эди. Бошига тушган кўргуликлар Бобурни ниҳоятда чиниқтирган, гоҳо яланг оёқ қор кечиб юрар, аммо шамоллаш нималигини билмас эди. Шу ҳақдаги бир лавҳани дафтарига ёзиб қўйди:

«Хаштияк кенти яқинида маҳкам зарб совуқ эдиким, икки-уч киши совуқнинг шиддатидан ўлуб эди. Манга ғуслга эҳтиёж бўлди. Бир ариқ сувидаким чеккалари қалин муз тўнғиб эди, ўртаси сувнинг тезлигидан ях боғламайдур эди, бу сувга кириб ғусл қилдим, ўн олти қатла сувга чўмдим».

Ўшандаги совуқнинг таъсири ёдига тушиб, эти яна бир жунжикди, лекин ўн олти марта муз орасига чўмган бўлса ҳам, соғ-саломат қолгани — вужудида қанчалик паҳлавонона куч-қувват йиғилганидан далолат беришини ўйлаб суюниб қўйди.

Аммо шундан кейинги воқеаларни қаламга олганда Аҳмад Танбалга инъом қилган бағдодий қиличи айланиб келиб Бобурнинг жонига қасд қилгани кўз олдида таҳликали тарзда гавдаланди.

Ўша йили Бобур Аҳмад Танбал билан қайтадан жангга киришиб, Ўш ва Ўзганни қўлга киритган, Андижон яқинида унинг аскарларига шикаст етказиб, қўрғон ичига чекинишга мажбур қилган эди.

Бироқ кечаси Бобур қоровулликка тайин этган нав-карлар бепарволик қилиб ухлаб қолганми ёки тунда Танбал билан яшириқча тил бириктирганми, ҳар қалай, тонг қоронғисида кимдир «Ёғий босди!» деб қичқирди-да, ура қочди. Хакан ариғи яқинида очиқ жойда ухлаб ётган одамлар чўчиб уйғонишди-ю, ваҳима ичида тум-тарақай бўлиб кетишди. Бобур тез отга миниб, ёни-верига қараса, ўнтача одами қолибди. Нарироқда ёвнинг жангдовуллари қочганларнинг кетидан ўқ отяпти:
— Тўхта! Қайтинглар! — деб қичқирди Бобур ўз одамларига. Аммо ҳеч ким қайтмади.

Ёв жангдовуллари оздек кўринди. Бобур ёйдан уларга қараб ўқ отди. Жангдовуллар қочди. Бобур уларни қувиш билан бўлиб, дарахтлар орасидан чиқиб келган юзга яқин отлиқларни анча кеч кўрди.

Тонг ёришиб қолган эди. Ҳаммадан олдинда қўлида қалқон тутган, қилич яланғочлаган Аҳмад Танбал келмоқда эди.

Бобур уни танигач, отининг жиловини тортиб, ён-верига қаради. У билан фақат Тоҳир ва яна иккита йигит — учтагина жангчи қолган эди. «Тўрт киши буларга бас келолмайсен, қоч!» деди ички бир овоз.

Аммо шунча хиёнатлар қилган, доим қочиб қутулиб юрган Аҳмад Танбал энди биринчи марта юзма-юз келганда ундан қўрқиб қочишга орият йўл бермади. Орият ўлимдан ёмон деб, бежиз айтмаган эканлар. Бобур дарҳол жиловини қўйиб юбориб, камонига ўқ ўрнатди. Аҳмад Танбал қиличини суғураётганда Бобур унинг қисиқ кўзларини мўлжалга олиб ўқ отди. Ўқ Танбал бошига кийган зирҳли дубулғага қарсиллаб урилди, уни тешиб ўтолмаган бўлса ҳам, Бобур хиёнаткор душманининг бошига мушт туширгандай бўлди. Бобур чапдастлик билан ёйга яна ўқ ўрнатиб, унинг безрайган юзига тўғрилаб отди. Танбал юзини қалқони билан тўсишга улгурди. Бобур отган иккинчи ўқ қалқон орқали Танбалнинг юзига урилган тарсакидек овоз чиқарди. Бу орада Танбалнинг ёнидаги кишилар Бобурга ҳам ёйдан ўқ ёғдирдилар. Бир ўқ унинг тиззасидан пастроқ болдирига қадалди. Аҳмад Танбалнинг ўзи отини «чу-чулаб» қўлида қиличи билан Бобурга бақамти келди. Бобур ярадор оёғининг «жизиллаб» куйиб оғриганини ва Аҳмад Танбалнинг қўлидаги қилич алланечук таниш эканини бир вақтда ҳис қилди. Бу — Бобурнинг номидан Аҳмад Танбалга инъом қилинган эгик бағдодий қилич эди. Бу қилични ўпиб, Бобурга садоқатли бўлиш ҳақида қасамёд қилган Аҳмад Танбал наҳотки энди уни эгасига қарши кўтарса? Бобур буни ўйлашга ҳам улгурмасдан қилич унинг бошидаги дубулғага келиб тушди. Бобурнинг кўзларидан гўё оловли учқунлар сочилиб кетди, боши бировнинг бошидек ҳиссиз бўлиб қолди. Қиличнинг тиғи дубулға кийгизини кесиб ўтолмаган бўлса ҳам бош яраланган эди. Бобурнинг бўйнига дубулға четидан қон сирқиб тушди. Болдиридаги ярадан этиги иссиқ қонга тўлмоқда эди.

Аҳмад Танбал ғолибона ҳайқириб қиличини яна кўтарди. У энди ўткир қиличини Бобурнинг зирҳли кийимлари орасидан сал-пал кўриниб турган бўйнига урмоқчи ва бошини кесиб туширмоқчи эди. Шу пайт ортдан Тоҳир етиб келди-ю, Бобур минган бўз отнинг жиловини силтаб тортди. Бедов от ўрнидан сакраб қўзғолар экан. Аҳмад Танбал бўйнини мўл урган қилич Бобурнинг ёй-ўқлари солинган сақдоғига тегиб, уни шарт кесиб тушди.
— Амирзодам! Жиловни олинг! — қичқирди Тоҳир.

Ўзи эса Бобурнинг отига қамчи босди.

Қамчи еб ўрганмаган учқур бедов олдинга ўқдай отилиб, эгасини бало-қазодан олиб чиқиб кетди.

Ярадор Бобур Ўшга қайтди, анча кунгача боши ғувиллаб, оёғи чўлоқланиб юрди.

Лекин уни яра оғриғидан ҳам ортиқ қийнаган дард— Қосимбекнинг таклифи билан Танбалга инъом этилган бағдодий қиличнинг айланиб келиб ўз бошига тушганлиги эди. Қотилга ким қилич берса ўзи унинг тиғига дучор бўларканми? Бироқ дунёда адолат бўлса, шунча қотилликлар, шунча хиёнатлар қилган Аҳмад Танбалга нега қасос қайтмайди?

Бобур шу ўйлар билан хотира ёзишга берилиб кетиб, қоронғи туша бошлаганини ҳам сезмади. Савдарлар олтин қандилдаги шамларни ёқдилар. Бобурга кечки овқат келтирдилар. У ёлғиз ўтириб овқатланди. Хотира ёзганда унга ўз ҳаёти аввалгидан илиқроқ ва маънолироқ туюлган эди. Бекор ўтирганда эса яна ўша оғир ўйлар, совуқ пушаймонлар хаёлига босиб кела бошлади. Бобур улардан тезроқ қутилгиси келиб, яна қаламини қўлига олди.

Кейин ярим тунгача дафтаридан бош кўтармай сўнгги йилнинг воқеаларини ёзди.

* * *

Атрофдаги ўтовлар жим, ҳамма уйқуда.

Тун сукунатида отнинг дупури, итларнинг ҳуриши эшитилди. Қароргоҳнинг четига қўйилган қоровул зарда қилиб:
— Тўхта! Кимсен? — деди. Ўронни[19] айт!
— Ўрон — Андижон.

Қоровулнинг овози юмшади:
— Андижон бўлса келавер. Овозингдан Тоҳир чопуққа ўхшайсенми?
— Ҳа, Тоҳирмен.
— Бемаҳалда ёлғиз юрибсен?
— Мени гапга тутма. Мирзо ҳазратларига шошилинч хабар келтирдим.

Тоҳир қоронғида Бобурнинг чодирини тусмоллаб топди-ю, отини берироқдаги қозиққа боғлади. У аввал соқчиларни ёки мулозимларни уйғотмоқчи бўлиб, чодирнинг рўпарасидаги ўтовга қараб ўта бошлади. Шунда чодирнинг ичи ёруғ эканини, эшик ўрнига тутилган парда очилиб, Бобур чиқиб келганини кўрди. Тоҳир Бобурнинг қаршисига келиб юкунди. Паст товуш билан:
— Амирзодам, мунтазир қилганим учун афв этинг,— деди. — Ёғийларингизнинг уруши энди тугади.

Бобур сабрсизланиб сўради:
— Хушхабар борми? Нечун ёлғиз қайтдингиз?

Тоҳир бошини қуйи солиб, ҳазин товуш билан деди:
— Бир қошиқ қонимдан кечинг, амирзодам!..

Бобур совуқ хабарлар изғиринини олдиндан сезгандай эти увушди:
— Қани ичкари киринг.

Савдарлар ухлаб қолган. Бобур ҳеч кимни уйғотгиси келмади. Баланд, кенг чодирнинг тўрида тўрт-бешта шам липиллаб ёниб турибди.

Бобур шам ёруғида Тоҳирга энди зеҳн солиб қаради. Чакмонининг этакларига лой сачраган. Озиб кетганидан елкалари пучайиб қолган, кўзлари ичига ўпирилиб тушган. Юзидаги чандиғи эса бўртиб, гўё аввалгидан хийла катта бўлиб кетган. Лаблари пирпираб, ўпкаси тўлиб гапирди:
— Амирзодам, Андижон ҳам Шайбонийхоннинг илкига ўтди. Беҳисоб кўп одам қирилди. Ҳамроҳим қирғинда ҳалок бўлди.

Тоҳир шунчалик чарчаган эдики, гавдаси чайқалиб, оёқ устида зўрға турар эди. Сўнгги умидидан ҳам айрилиб бўшашган Бобур кўрпача устига ўтиб ўтирди-ю, Тоҳирни ҳам ўтиришга таклиф қилди.

Тоҳир гилам устига чўккалаб ўтиргач, Бобур ундан воқеанинг тафсилотини ва Аҳмад Танбал нима бўлганини сўради.

Тоҳир Андижон яқинидаги Хўжа Катта деган қишлоқда бой бир одамга аравакаш бўлиб ёлланган, ўзининг кимлигини билдирмай бутун ҳодисаларни одамлардан сўраб билган, бойнинг шаҳардаги дўконига мол олиб борганда кўп нарсани ўзи ҳам кўрган эди.

Аҳмад Танбал Андижон этагида бўлган жангда шикаст егандан кейин қўрғонга кириб бекинади. Қамал бошланади. Қўрғон ичида очлик, касаллик ва нифоқ кучаяди. Бир вақтлар Самарқандда Бобурни ташлаб, Аҳмад Танбалга эргашиб қочган бек ва навкарлар энди унинг ўзини ташлаб, Шайбонийхон томонига қочиб ўтадилар. Хоннинг қўшини деворга шоти қўйиб чиқиб, қўрғонни босиб олади.

Аҳмад Танбал акаси Бек Тилба, укалари ва бошқа одамлари билан аркка кириб бекинишади. Бироқ аркнинг атрофида уйлар кўп, уларга орқадан шоти қўйиб томига чиқиш осон. Аҳмад Танбал аркда жон сақлаёлмаслигини сезади-ю, Шайбонийхондан шафқат сўрашга қарор беради. «Йиққан барча олтинларимни ҳазрати хонга моли амон тариқасида тўламоқчимен, умрбод хизматларида бўлмоқчимен, қонимдан кечсинлар!» деб аркдан бир мўйсафидни вакил қилиб чиқаради. Аммо мўйсафид аркка қайтиб келмай йўқ бўлади. Хон аскарлари аркнинг томлари устига шоти қўйиб чиқа бошлайдилар. Талвасага тушган Аҳмад Танбал ака-укалари билан бирга аркнинг дарвозахонасига боради. Таслим бўлганларини кўрсатиш учун қиличларини бўйинларига осиб, дарвозадан ташқарига шафқат сўраб чиқадилар.

Арк дарвозаси олдида Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султон турган экан. Навкарларига: «Асир олма, арзимайди, қир ҳаммасини!» — деб буйруқ беради. Аҳмад Танбални ака-укаларига қўшиб, қилич билан чопиб, бурдалаб ташлайдилар. Кейин бошларини кесиб бир қопга тиқадилару Шайбонийхонга кўрсатгани олиб кетадилар.

Тоҳирнинг ҳикояси шу ерга келганда Бобур:
— Ё худоё тавба! — деб беихтиёр ёқасини ушлади.

Сўнгги пайтларда Бобурни эзиб юрган жавобсиз саволлардан бирига ҳозир гўё момақалдироқдай ваҳимали жавоб келган эди. Хўжа Абдулладай мард, фидокор одамни қўрғон дарвозасига осиб ўлдирган Аҳмад Танбалнинг ўзи энди ўша қўрғондаги арк дарвозаси олдида итдай хор бўлиб ўлган эди! Бобур инъом қилган қилични унинг бошига разилона урган Танбал энди бошқа қиличлар зарбидан бурдаланган эди!

Тоғдаги чагракларнинг бошини ваҳшийларча кесиб, хуржунга солиб келган Танбалнинг ўз бошини янада ваҳшийроқ бир тарзда кесиб, қопга солиб кетган бўлсалар, уни, албатта хонга элтиб кўрсатганлар.

Бобур қопдан Шайбонийхоннинг оёғи тагига юмалаб тушган таниш каллаларни кўз олдига келтирди. Маҳмудхонда эшик оға бўлиб юрган Тилба Султоннинг йўғон бўйинли семиз бошини Шайбонийхон таниган бўлса керак. Аммо хон Аҳмад Танбалнинг калласини танимайди. Шайбонийхон ўзини шунча овора қилган Аҳмад Танбалнинг башарасини кўриб қўйгиси келади, аммо юзтубан тушган қонли каллага қўл ургиси келмайди. Аҳмад Танбалнинг қонли калласини оёғининг учи билан юмалатиб ўнглаб, сийрак соқолига, суяги бўртган кенг юзига қарайди. Бобур ўзича тасаввур этган бу ҳодисадан ақли шошиб:
— Оббо! Оббо! — деб бир неча марта такрорлаб қўйди.

Бу ҳодисаларда қандайдир ўзгача бир адолат борлигини сезган Бобур бошқа воқеаларни ақлига сиғдиролмай лол бўлиб қолди. Шайбонийхон бераҳмликда Аҳмад Тан-балдан ҳам ўтиб тушган-ку. Наҳотки фалак интиқом қиличини шундай шафқатсиз хоннинг қўлига бериб қўйса? Бир вақтлар Бобур орзу қилган, аммо етишолмаган улкан мақсадга — Мовароуннаҳрдаги пароканда вилоятларни бирлаштириб, ягона кучли давлат барпо этиш мақсадига — энди Шайбонийхон етишмоқдами? Наҳотки бунинг учун Шайбонийхондай маккор, золим ва шафқатсиз бўлиш керак эди? Тоҳир Андижонда хоннинг буйруғи билан бўлган қирғиннинг тафсилотини айтиб берганда Бобурнинг сочлари тикка бўлиб кетди. Мингларча аёллар, ўсмирлар, чоллар Аҳмад Танбалнинг одамлари қаторида бекордан-бекорга нобуд қилинган эди. Наҳотки ҳозирги зўрлар замонасида енгиб чиқиш учун Шайбонийхондай зўравонликлар қилиш шарт бўлса?!

Бобур маърифатли шоҳ бўлишга уриниб, шеъру санъатга кўп вақт бериб, инсофу диёнатни ўйлаб, наҳотки шу туфайли Шайбонийхонга ютқизган бўлса?!
— Амирзодам, хон кишилари сизни сўроқлаб юрганларини эшитдим. Айғоқчилари ҳид олиб Сўхга келиб қолсалар ҳам ажаб эмас!

Бобур ота юртидан батамом ажралганини энди астойдил ҳис қилди. Аҳмад Танбалнинг мағлубияти булоқнинг кўзига тушган янги бир кўчки эди. Тоғнинг бу томонида булоқ қайтадан кўз очиши мумкин бўлган йўлларнинг ҳаммаси бекилди. Агар Бобур тезроқ тоғ ошиб Хуросонга кетмаса, Шайбонийхон айланиб ўтиб, унинг сўнгги йўлини ҳам бекитади!

Бобур изтироб ичида Тоҳирнинг оддий бир навкар эканлигини ҳам унутди-ю, унга ҳасрат қилиб гапирди:
— Хонумондин айрилганимиз озмиди? Энди ватандин ҳам жудо бўлурмизми?!

Бобурнинг кўзи ёшланганини кўрган Тоҳирнинг ҳам кўнгли бузилиб, лаблари пирпира-ди:
— Амирзодам, мусофирлик ғами менинг ҳам юрак-бағримни ўртайди. Бизнинг Қувалар ҳам хоннинг пош-наси тагида мажақланди. Агар борсам мендан Фозил тархоннинг қасдини олишлари аниқ. Биз ҳам киндик қони томган жойдан айрилдик, амирзодам. Мусофирлик тақдиримизда бор экан. Сўхда ҳам мусофирмиз. Ҳисорга борсак ҳам, ундан нарига кетсак ҳам шу мусофирлик... Йўлда келаётиб ўйланиб келдим. Мен сиздан ажралмайман, амирзодам!

Тоҳир бутун нажотни одил подшоҳдан излайдиган деҳқонтабиат йигит эканини Бобур биларди.
— Лекин мен сиз кутгандек одил подшоҳ бўлолмадим! — деди Бобур. — Келгусида бўламенми, йўқми, ҳали номаълум...

Орага бир лаҳза сукунат чўмди. Ташқарида Сўх сойи гўё тун сукунатидан фиғони чиқиб шовулларди.

Чодир ичида қувғиндаги шоҳ билан унинг оддий навкари юзма-юз ўлтирибди. Ватандан ажралиш мусибати олдида уларнинг ораларидаги катта фарқ гўё кичрайиб, аҳамиятсиз бўлиб қолган. Бошларига тушган кўргиликлар уларнинг тақдирларини бир-бирига ўхшаш қилиб қўйган. Шунча йил жангу жадалларда бирга юриб, қанчадан-қанча ўлим хавфларини бирга кечирган бу икки йигит бугун биринчи марта сирдошларча очиқ сўзлашмоқда эдилар. Тоҳир бошқа вақтда Бобурга айтолмайдиган сўзларини ҳозир кўнгли юмшаб, эриб турган пайтда айтди:
— Амирзодам, мен бир навкарингиз бўлсам ҳам сизга туғушқонимдек меҳр қўйганмен. Ботирлигингизгами, шоирлигингизгами, одамгарчилигингизгами, ишқилиб, менинг... сизга ихлосим зўр! Сизнинг шунча хавфу хатарлардан омон қолганингиз ҳам катта давлат!

Шу топда Тоҳир суюкли инисига меҳри тобланиб, оғир пайтда унинг кўнглини кўтараётган жонкуяр акага ўхшар эди. Дарҳақиқат, у Бобурдан етти ёш катта эди. Бобур ҳам бир лаҳза шоҳлигини унутиб, Тоҳирга худди акасига қарагандай қаради:
— Мени жуда кўп хатарлардан сиз олиб қолгансиз. Мен сиздан кўрган яхшиликларимнинг ўндан бирини ҳам қайтарган эмасмен. Сиз менга оғамдек қадрдонсиз.
— Раҳмат сизга.
— Лекин ҳозир менинг кўнглим ер билан яксон. Тақдир менга истеъдод берган, куч берган, ғайрат берган, аммо нечун бахт бермаган?!
— Бу замонда бахт ўзи йўқ, амирзодам! Ахир сиздек нодир истеъдодлар дунёга ҳар куни келмайди-ку! Нодон тождорлардан қон йиғлаган элюртимиз сиздек маърифатли саркардага муштоқ. Лекин бахил замона ғалабани золим хонга бериб, бизни, мана ватанимиздан ҳам жудо қилмоқчи. Илоҳим бу бахил замонанинг боғлари қуриб кетсину сизу бизнинг қадримизга етадиган яхши замонлар ҳам келсин! Энди... амирзодам, бу ердан тезроқ кетиш керак. Ҳирот ҳам бизга бегона юрт эмас. Подшоҳ Ҳусайн Бойқаро сизнинг қариндошингиз. Менинг тоғойим мавлоно Фазлиддин ҳам Ҳиротда экан...

Бобур Хуросонга кетмай иложи йўқлигини ўйлади-ю, ошиб ўтиши керак бўлган тоғларни кўз олдига келтирди. Узоқдан мовий тусга кириб беҳад жозибали кўринадиган бу тоғлар тик довонлардан, хатарли учмалардан ўтиши керак бўлган одамга қанчалик тунд ва бераҳм кўринади! Ҳозир Бобурнинг тасаввурида баланд чўққиларнинг асрий қорлари кафандай беҳаракат ва совуқ, ўлимдай абадий бўлиб гавдаланди.
— Хатарли йўлларда мен ўз жонимни аввал худога, сўнг сизга ишониб топширмоқчимен. Бугундан бошлаб сиз менинг қўрчибошимсиз. Ички бекларим қаторида бўлурсиз.
— Иноятингиздан миннатдормен, амирзодам!
— Ҳозир бу иноятнинг шарафидан азоби кўпроқ. Йўлда чарчагансиз. Бориб дам олинг. Эртадан сафар тайёрлиги бошланур.

Тоҳир таъзим қилганича чиқиб кетди.
— Раҳмат сизга.
— Лекин ҳозир менинг кўнглим ер билан яксон. Тақдир менга истеъдод берган, куч берган, ғайрат берган, аммо нечун бахт бермаган?!
— Бу замонда бахт ўзи йўқ, амирзодам! Ахир сиздек нодир истеъдодлар дунёга ҳар куни келмайди-ку! Нодон тождорлардан қон йиғлаган элюртимиз сиздек маърифатли саркардага муштоқ. Лекин бахил замона ғалабани золим хонга бериб, бизни, мана ватанимиздан ҳам жудо қилмоқчи. Илоҳим бу бахил замонанинг боғлари қуриб кетсину сизу бизнинг қадримизга етадиган яхши замонлар ҳам келсин! Энди... амирзодам, бу ердан тезроқ кетиш керак. Ҳирот ҳам бизга бегона юрт эмас. Подшоҳ Ҳусайн Бойқаро сизнинг қариндошингиз. Менинг тоғойим мавлоно Фазлиддин ҳам Ҳиротда экан...

Бобур Хуросонга кетмай иложи йўқлигини ўйлади-ю, ошиб ўтиши керак бўлган тоғларни кўз олдига келтирди. Узоқдан мовий тусга кириб беҳад жозибали кўринадиган бу тоғлар тик довонлардан, хатарли учмалардан ўтиши керак бўлган одамга қанчалик тунд ва бераҳм кўринади! Ҳозир Бобурнинг тасаввурида баланд чўққиларнинг асрий қорлари кафандай беҳаракат ва совуқ, ўлимдай абадий бўлиб гавдаланди.
— Хатарли йўлларда мен ўз жонимни аввал худога, сўнг сизга ишониб топширмоқчимен. Бугундан бошлаб сиз менинг қўрчибошимсиз. Ички бекларим қаторида бўлурсиз.
— Иноятингиздан миннатдормен, амирзодам!
— Ҳозир бу иноятнинг шарафидан азоби кўпроқ. Йўлда чарчагансиз. Бориб дам олинг. Эртадан сафар тайёрлиги бошланур.

Тоҳир таъзим қилганича чиқиб кетди.

Бобурнинг уйқуси келмас эди. У яна чодирдан чиқди. Кундузги туман тарқаб кетган, лекин осмонда булут бор. Юлдузлар онда-сонда кўриниб қолади. Сўх сойи осмонни бошига кўтариб шағирлайди. Тунда тоғларнинг қораси кундузгидан ҳайбатлироқ кўринади.

Бобур қоп-қора тоғларга тикилиб турганда яна кўчки босган булоқ эсига тушди. Тоғларнинг бу томонида ҳамма йўллари бекилган булоқ энди тоғларнинг нарёғидан кўз очиб чиқа олармикин? Улуғтоғдан нарида баҳайбат Помир. Ундан нарида Ҳимолай ва Ҳиндикуш...

Булоқ бу тоғларнинг ҳаммасидан ўтиб бориб, нар-ёқларда қайтадан кўз очиши учун қанчалик катта куч-қудрат керак!

Тақдир Тақозоси (Иккинчи Қисм)

Ҳирот - Довулдан Олдинги Осудалик

1

Хазонрезлик пайти. Ҳирот боғларига сув берадиган Ҳирийруд дарёси ва Инжил анҳорининг қирғоқларига заъфарон япроқлар тўкилган. Қалъа ташқарисидаги машҳур Боғи Жаҳоноро, Боғи Мухтор, Боғи Зубайда, Боғи Чаманлардаги узумзор ва анорзорлар ёз бўйи кўтариб турган меваларидан айрилиб, яккам-дуккам қовжироқ барглар билан сўппайиб қолганлар.

Бироқ бу жанубий шаҳарда кузнинг хазонрезлик одатига бўйсунмайдиган дарахтлар ҳам кўп. Ҳиротга Қандаҳор томонидан келишда йўл бўйидаги хиёбон ва сайргоҳларда ўсган мингларча сарвлар, санобар[20] дарахтлари кузда ҳам баҳордагидек яшнаб турибди. «Ҳусайн Бойқаро ҳовузи» деб аталган улкан тошҳовуз бўйида кумушранг жажжи япроқлари қуш тилини эслатадиган баланд ва гўзал лисониттайр дарахтлари бор — булар ҳам хазон нималигини билмайди.

Лисониттайрнинг барглари яра-чақага дорилигини эшитган Тоҳир ҳовуздан берироқда отдан тушди-ю, жиловини ёшгина навкарига тутқизди. Сўнг ўзи ҳовузнинг хилватроқ томонига ўта бошлади. У доривор барглардан юлиб олиб кетмоқчи бўлиб тепадаги шохларга тикилиб бораётганда қаршидан кимдир:
— Менга қаранг, бек йигит! — деб қолди.

Тоҳир дарахтнинг йўғон танаси ортидан чиқиб келаётган мулланамо кишини кўрди. Нимасидир Фазлиддин тоғасини эслатиб, юрагини ҳаприқтирди. Аммо соқолининг узунлиги-ю, юзининг кексанамо кўриниши Тоҳирни шубҳага солди. У одоб билан:
— Лаббай, — деб салом берди.

Тоҳирнинг юзидаги ханжар изига тикилиб турган ҳалиги киши энди унинг овозини ҳам таниди-ю:
— Тоҳир! Жияним! — деб қичқириб юборди.

Тоҳир ҳам энди тоғойисини таниб, қучоқ очганича унга қараб отилди. Ҳовузнинг шишадай тиниқ сувида уларнинг акслари бир-бирига қўшилиб кетди.
— Ватанимнинг ҳидини олиб келган жияним! Худога шукр, эсон-омон экансен!

Мавлоно Фазлиддин жиянини қучоғидан қўйди-ю, кўзидан юзига оқиб тушган қувонч ёшларини артиб, Тоҳирнинг кумуш камарига, беклар тақадиган қимматбаҳо ханжарига ва сақорлот чакмонига энди разм солиб қаради. Тоҳирнинг бошидаги дубулғанинг тепасида ҳам бекларга хос кичкина байроқча бор эди.
— Жияним, мартабанг ошибдими?
— Ҳа, тоға, қўрчибегимен.
— Муборак бўлсин. Илоҳим сенга ёмон бекларнинг таъсири урмасин!
— Бобур мирзо ҳам ёмон бекларидан безгандан кейин биттасининг ўрнига мени қўйди... Хўш, ўзингиз қалайсиз, мулла тоға? Келганимдан бери қидирамен. Сўроқлаб-суриштирай десам, таниш-билиш йўқ.

Ёши қирққа кирар-кирмас юзига ажин тушган мавлоно Фазлиддин маъюс товуш билан деди:
— Юрибмиз... Тупроқдан ташқарида. Худо бизни омадсиз яратган экан-да, жияним. Бу ерга келиб, энди Навоий ҳазратларининг марҳаматларидан баҳраманд бўлай деганимда, у зоти олий вафот этдилар. Катта қурилишлар Ҳусайн Бойқаро замонида ҳам унча-мунча бўлиб турган эди. Мана шу йил Ҳусайн Бойқаро ҳам оламдан ўтди. Қурилишлар тақа-тақ тўхтаган. Бизга ўхшаганларга яна иш йўқ!
— Ундай бўлса, Бобур мирзога бир учранг.
— Бобур мирзо ҳам бу ерда меҳмон... Мени қабул қиладими, йўқми? Орада нозик гаплар ўтган.

Тоҳир мавлоно Фазлиддин билан Хонзода бегим орасида бўлган мураккаб воқеаларнинг чет-ёқасини эшитган эди.
— Бўлмаса, аввал мен у кишини холи топиб, сиз тўғрингизда гап очиб кўрайми, мулла тоға?
— Майли, буни кейин яна маслаҳатлашурмиз. Оббо жияним-эй! Мен Бобур мирзонинг Ҳиротга келганларини эшитганимдан бери «сен ҳам бормикинсен, йўқмикинсен», деб ҳар бир навкарга кўз тикиб юрган эдим... Қани энди, юр, уйга борайлик! Агар сенга мана бу доривор япроқлар керак бўлса, уйдан топиб бераман. Бизнинг боғчада ҳам шу дарахтдан бор.
— Боғчада... бир ўзингизмисиз ёки уйландингизми, мулла тоға?
— Уйланганмиз, жиян. Навоий ҳазратлари маслаҳат бердилар. У кишида боғбон бўлган дуруст бир одамнинг қизи бор экан...
— Муборак бўлсин! Фарзандлар ҳам борми?
— Ҳа, бир ўғил, бир қиз.
— Э, ажойиб-ку! Ундай бўлса, мен уйингизга тўёналар билан борурмен!
— Ўзингни кўрганим минг тўёнадан афзал, жиян! Қани, юр!

Тоҳир бир неча қадам юрди-ю, кейин ниманидир эслаб, осмонга қаради. Офтоб оғиб борар эди.
— Мулла тоға, уйингиз яқинми?
— Йўқ, узоқроқ. Шаҳар четидаги Назаргоҳ маҳаллотида. Нима эди?
— Мен ҳозир бир соатдан сўнг хизматда бўлмоғим керак эди. Подшоҳ буюрган эди.
— Оббо!.. Ундоқ бўлса... Шу ерда бирпас ўтирайлик. Мен сал дийдорингга тўяй! Ўзинг қалайсен, жияним, уйланганмисен?

Тоға-жиян ҳовуздан четроқдаги тош курсига бориб ўтирдилар. Тоҳир Робияни қандай топганини айтиб берди-ю:
— Кобулга келиб битта ўғилча кўрдик! — деди. — Отини Сафарбек қўйдик.
— Э, хайрият! Мен бир вақтлар ҳамма нарсадан умидимни узган эдим. Сени ҳам қайта кўролмасмен, деб ўйлаган эдим. Бош омон бўлса, ҳаммаси ўтар экан... Сен билан биз-ку, қутулиб келдик-а! Андижондагиларнинг аҳволи не бўлди?
— Буни сўраманг, мулла тоға! Шайбонийхоннинг қирғини кечалари тушимга кирса, босинқираб чиқамен!.. У ёқда роса абгор бўлиб, икки юз қирқтагина одам билан Хуросонга қараб жўнадик. Ҳисор тоғларининг орасида роса қийналдик. От-уловлар ўлиб-сўйилиб тамом бўлган. Бобур мирзо ҳам отини онасига бериб, ўзи пиёда юради. Оёқларимизда чориқ. Қўлларимизда таёқ. Турадиган жойнинг тайини йўқ. Биров бери кел, демайди. Арзимаган амалдорлар Бобур мирзодай одамга беҳурматлик қилиб «йўлларингдан қолманглар, Ҳисордан тезроқ ўтинглар», дейди. Бизнинг ғазабимиз келиб, қўпол гапирган амалдорларни чопиб ташласак, деймиз. Лекин Бобур мирзо: «Бардош қилинглар, тезроқ Амударёдан ўтиб олайлик», деб шоширади.
— Лекин шоширганича бор экан-да, жиян. Сизлардан сал кейин Шайбонийхон Ҳисорни ҳам босибди-ку.
— Ҳа, кейин билсак, Бобур мирзо узоқни ўйлаб шундай қилган эканлар. Ҳисор подшоси Хисравшоҳ умрида бир мушук билан ҳам урушиб кўрмаган қўрқоқ одам экан. Бекларнинг кўпчилиги ундан норози экан. Бобур мирзога махфий одамлар юбориб: «Келинг, Ҳисорни сизга берайлик!» дер эканлар. Лекин Бобур мирзо фитнага аралашмади. «Келинг», деган ҳалиги бекларга: «Хоқон бўлсаларинг ўзларинг келинглар», деб яхши гаплар айтиб одам юбордилар. Биз Амударёдан бу ёққа ўтганда, Шайбонийхон Ҳисорга бостириб кирибди. Қўрқоқ Хисравшоҳ хон билан жанг қилишга юраги бетламай, пойтахтни ташлаб қочибди. Унинг ўттиз минг қўшини тарқаб кетибди. Ўзингиз биласиз, мулла тоға, бундай пайтда беклар номи улуғроқ бир подшоҳ излаб қолишади. Бобур мирзо Шайбонийхон билан дадил жанг қилгани, бирда енгилган бўлса, бирда уни енггани эсларига тушади. Илгариги эшик оға Қосимбек ўша пайтда Ҳисор қўшинининг орасида эди. Унинг Бобур мирзога ихлосмандлигини биласиз.

Хуллас, ини бузилган арига ўхшаб тарқалган Ҳисор қўшини Амударё бўйида бизга келиб қўшилаверди. Энг аввал Боқибек Чағониёний дегани тўрт юз аскари билан келди. Бобур мирзо унга кутганидан зиёда ҳурмат кўрсатди. Боқибекни энг баланд мартабали эшик оға қилиб қўйди. Кейин Хисравшоҳнинг бошқа беклари-ю, навкарлари кетма-кет келиб бизга қўшилаберди-да. Ўзимиз дарёдан икки юз қирқтагина одам ўтган эдик. Бир ой ичида тўрт мингга етдик...

Мавлоно Фазлиддин жиянининг сўнгги йилларда бир қадар ўзгариб қолганини энди аниқроқ сезди. Тоҳир илгари бунчалик сўзлай олмас эди. У гапдон асилзодалар орасида кўп юриб, мулозимларга хос мураккаб иборалар ишлатишга ўрганган эди.
— Биз Кобулга келсак, арғин деган уруғдан Муқимбек ҳоким бўлиб ўтирган экан. Тахт даъво қилишга ҳаққи ҳам йўқ, биз билан олишадиган кучи ҳам йўқ. Кобулни бизга жангсиз берди. Кейин Ҳусайн Бойқародан Бобур мирзога хат берди. «Черик билан келинг, Шайбонийхонга қарши иттифоқ бўлиб чиқайлик», дебди. Отда қирқ кун юриб шунча жойдан келсак, Ҳусайн Бойқаро оламдан ўтибди.
— Бир жиҳатдан Кобулни пойтахт қилиб, бу ерга обрў билан келганларинг яхши бўлибдир, жияним. Акс ҳолда, Ҳусайн Бойқаронинг калондимоғ ўғиллари Бобур мирзони писанд қилмаган бўлур эди.
— Лекин ҳозир ҳурматимиз жуда жойида. Шаҳар ҳокимини бизга қўшиб қўйганлар. Ҳиротни айлантириб роса томоша қилдирди. Катта даргоҳларда ҳар кун зиёфат. Бугун кеч Бобур мирзо яна саройга боришлари керак эди...

Тоҳир осмонга кўз ташлаб, офтобнинг анча пасайиб қолганини кўрди-ю, безовталаниб ўрнидан қўзғалди:
— Мулла тоға, мен кеч қолсам бўлмас. Сизнинг уйингизга эртага борсам майлими? Қандай топиб борамен? Шуни айтинг.

Улар Тоҳирнинг отини жиловидан тутиб турган навкарнинг олдига боргунларича мавлоно Фазлиддин уйининг қаердалигини Тоҳирга батафсил тушунтирди. Тоҳир отининг жиловини навкарининг қўлидан олар экан:
— Мулла тоға, отингиз қани? — деди.
— Жияним, мен пиёда юрамен.
— Уйингиз узоқ бўлса ҳам-а?
— Ўрганиб кетганмен.

Тоҳир тоғасининг камбағаллашиб қолганини энди сезди-ю, отининг кумуш безакли юганини мавлоно Фазлиддинга тутқазди:
— Бўлмаса мана шу от сизники.
— Ўзинг-чи, жияним?
— Отхонада менинг яна иккита отим турибди. Мининг!

Тоҳир тоғасини қўймасдан отга миндирди-ю, белига қистирилган қимматбаҳо қамчини ҳам тоғасига берди.
— Сиз Ўшда менга миндириб юборган отнинг қулуни бу, мулла тоға. Ўшанда мени бошдан-оёқ кийинтирган эдингиз-а, эсингиздами?
— Э, бош омон бўлса дўппи топилади, жиян! Буни эслатиб ўтирма.

«Аммо эртага келин аямга ҳам, болаларига ҳам бош-оёқ кийимлик олиб бориб, тоғамни яна бир суюнтиришим керак!» деди Тоҳир ўзича.

Иккинчи от устида ўтирган ёшгина навкар нима бўлаётганига унчалик тушунмаса ҳам тоға-жиянга анграйиб қараб турарди.

Мавлоно Фазлиддин хўшлашиб кета бошлади. Тоҳир навкарига қараб шипшиди:
— Фаросатинг борми?

Бекни пиёда қолдириб, навкарнинг отлиқ туриши чиндан ҳам одобга тўғри келмас эди. Ёш навкар буни эртароқ сезмаганидан изза бўлиб отдан сакраб тушди ва жиловини Тоҳирга тутди:
— Афв этинг, бек жаноблари.

Мавлоно Фазлиддин ўгирилиб қаради-ю, Тоҳир нав-карнинг отида бекларча савлат тўкиб бораётганини, навкар эса унинг ёнида йўрғалаб пиёда кетаётганини кўрди. Навкардан чиққан баъзи беклар обрўталаб бўлиши мавлононинг эсига тушди. «Ишқилиб, Тоҳир ўшаларга ўхшамасин-да!» деб қўйди ичида.

2

Бугун ўн етти кундирки, Бобур Ҳиротда Алишер Навоий истиқомат қилган муҳташам Унсияда[21] яшайди. Унсиянинг баланд пештоқлари, нилий гумбази, офтобда жилоланган ранг-баранг кошинлари Бобурга Самарқанддаги Улуғбек мадрасасини эслатади. Лекин Унсия-нинг тўрт томонидаги тўртта минораси Улуғбек мадрасасиникидан баландроқ, бинонинг ҳажми ҳам каттароқ эди. Ўзи бундан ўн беш йилчагина олдин қуриб битирилган, ҳали ҳамма безаклари яп-янги эди.

Унсиянинг ичидаги хоналардан бир қанчасини Навоийнинг шахсий кутубхонаси эгаллаган. Бобур кутубхонадаги китобларни варақлаганда, уларнинг баъзи жойларида улуғ шоирнинг дастхатини кўрди-ю, Самар-қандда ундан олган мактубни эслади. Навоийни кўришга муяссар бўлолмагани учун юрагини маъюс туйғулар чулғади.

Кутубхона эшиги олдига чиройли бир жавонга ўхшаш катта соат қўйилган. Белгили вақтларда бу соатнинг тепасидаги жажжи ҳайкалча ҳаракатга келади-ю, олтин болғачалар билан оҳангдор қилиб занг чалади. Бундай соат ясаш ғоясини соатсозга Навоийнинг ўзи айтиб, махсус буюртма берган эди. Кейин Ҳиротда «Алишерий» деб аталадиган занг чалувчи соатлар расм бўлиб кетган эди.

Бобур кутубхонадан чиқар экан, устма-уст занг чалаётган соатга қараб туриб, ўзича ўйланди: «Ажаб! Алишербекнинг ўзлари вафот этган бўлсалар ҳам ихтиролари тирик. Умри соний шулмикин? Бу соат ўз эгасининг иккинчи умрини ўлчаб занг чалмоқдамикин?»

Унсиянинг ич-ташида бу бинони қурган ва унда ҳаётининг охирги кунигача яшаган ноёб инсоннинг руҳи кезиб юрганга ўхшарди. Бобур Навоийнинг қўли теккан эшикларни эҳтиёт билан очар, мармар зиналарда унинг кўзга кўринмас изларини босиб ўтаётганини ҳис қилиб, мумкин қадар секин қадам ташлар эди.

Ҳовлида тошҳовуз бўйидаги чинорлар тагида фаррош йигит хазон супурмоқда эди. Бобур икки томонида тўқ яшил шамшод дарахтлари қатор турган чиройли йўлкага бурилди. Бу ерда уни Навоийнинг шогирди Хондамир ва унинг энг яқин надим[22]ларидан Соҳиб Доро кутиб турар эдилар. Ҳасса таянган кекса Соҳиб Доро Бобур билан кўришаётиб:
— Амирзодам, — деди. — Ҳазрат Мирнинг вафотларидан бери Унсия руҳсиз танадек эди. Сиз келганингиздан сўнг бу танада янги жон, янги руҳ пайдо бўлди!

Ёши ўттизларга борган тийрак кўзли Хондамир Бобурга синовчан назар билан кулимсираб тикилди: «Андижондан келган йигирма тўрт ёшлик шаҳзода бу муболағали гапга яраша камтарона жавоб топармикин?»

Қалби эзгу ва маъюс туйғуларга тўлиб турган Бобур шоирона ўхшатишлар қилиб ўтиргиси келмай жўн жавоб берди:
— Мавлоно, ҳазрат Алишернинг маконлари менинг ўзимда янги бир руҳ пайдо қилди. Бу ерда мен санъату маърифатнинг ҳали умримда кўрмаган камолотини кўрмоқдамен.

Хондамир Бобурнинг жавобидан қаноатлангандек мамнун бош ирғади. Соҳиб Доро ҳам:
— Сиз ҳақсиз, амирзодам, — деди. — Ҳазрати Мир неки яратган бўлсалар, ҳаммасида ўзларининг олий руҳларидан бир нишона қолдирмишлар. Мана бу минораларга бир назар ташланг!

Бобур учи осмондаги оқ булутларга тегай деб турган баланд кошинкор минораларга тикилди.

Одатда, юксак минораларнинг одам чиқиб атрофга қарайдиган усти ёпиқ ҳалқаси, яъни шийпончаси энг тепасида бўлади. Унсия минораларида эса тепадаги ҳалқадан ташқари ўрта белида ҳам махсус ҳалқалар бор эди. Соҳиб Доро бунинг сабабини айтди:
— Ҳазрати Мир Ҳирот манзараларига баланд бир жойдан қараб ўлтириб ҳордиқ чиқарар эдилар. Кексайган пайтларида минора тепасидаги ҳалқага чиқишлари мумкин бўлмай қолди. Шундан сўнг меъморга ўзлари айтиб, пастроққа ҳам ҳалқа қурдирдилар.
— Илож бўлса, шу ҳалқалардан бирига биз ҳам чиқсак, — деди Бобур.
— Бажонидил!

Соҳиб Доро Бобурни Хондамир билан бирга ғарбий минорага томон бошлади. Аммо минора ичидаги тик, айланма зиналардан чиқолмаслигини айтиб, ўзи пастда қолди. Миноранинг ўрта ҳалқасига Бобурни Хондамир бошлаб чиқди.

Улар атрофга кўз югуртиришди. Узоқда қорли Мухтор ва Искалжа тоғлари. Пастда куз кириб, суви жилдираб қолган Инжил анҳори. Унинг чап соҳилида машҳур Гавҳаршодбегим мадрасаси савлат тўкиб турибди. Навоий қурдирган Ихлосия мадрасаси Инжилнинг ўнг қирғоғида — Гавҳаршодбегим мадрасасига юзма-юз тушган эди. Ихлосиядан нарида беморлар даволанадиган, айни вақтда, мударрислар ёшларга тиббиёт илмини ўргатадиган Шифоия номли шифохона— мадраса. Ундан нарида улкан гумбазли Халосия хонақоҳи. Катта бир маҳалланинг ўрнини оладиган жой Алишер Навоий қурдирган нодир обидаларга тўлиб, Ҳиротнинг салобатига салобат қўшган эди.

Шаҳарнинг нариги ёқларида ҳам мовий тоғларга ўхшаб юксалиб турган минора ва гумбазларнинг кўплиги Бобурга бирдан Самарқандни эслатди-ю, юрагини дард аралаш соғинч туйғуси чулғади.
— Мавлоно, — деб Бобур Хондамирга юзланди. — Ҳирот обидаларини қурган меъморлар орасида Мовароуннаҳрдан келганлари ҳам бормиди?
— Амирзода, Сиз Ҳиротда Самарқанд сайқали ҳам борлигини сезиб турганга ўхшайсиз.
— Ҳа, саволимнинг боиси ҳам шу.
— Ҳиротнинг кўп улуғ зотлари Самарқандда таҳсил кўрмишлар. Улар Самарқанд сайқалини қалбларида олиб келмишлар, яна Мовароуннаҳрдаги фаторатлардан безиб қочган талай истеъдодлар Ҳиротга келиб, ҳазрат Алишердан паноҳ топмишлар. У олий зотнинг фазилатлари беҳисоб эди. Лекин фақирга энг улуғ туюлган фазилатлари— ҳазрат Мирнинг истеъдодшуносликлари-ю, заковатпарварликлари эди. Улуғ ишларини улуғ истеъдодларсиз қилиб бўлмаслигини ҳазрат Алишер яхши билур эдилар. Шунинг учун ҳамиша эл-улус орасидан нодир истеъдодлар излаб ўтдилар. Ёнларида юрган надимларига, мусоҳибларига, биз каби шогирдларига айтар эдиларки, бахиллик доим нурсиз, лаёқатсиз, истеъдодсиз одамлардан чиқур. Хусусан, олий жамиятда лаёқатсиз бахиллар доим истеъдодларнинг йўлини тўсурлар, худодод заковатларини юзага чиқармай, хайф қилурлар, бундан бутун халқ зарар кўрур. Дунёдаги энг машъум бахиллик, истеъдодларнинг йўлини тўсгувчи бахилликдир. Дунёдаги энг олий саховат эса нодир истеъдодларни юзага чиқарувчи саховатдир.
— Айни ҳақиқат! — завқланиб хитоб қилди Бобур.

Хондамир бу хитобдан руҳланиб, овозини хиёл кўтариб давом этди:
— Биз бирон сафардан қайтсак ёки ҳазрат Алишерга бир-икки кун кўринмай юриб, кейин ҳузурларига келсак: «Қани, хўш, яна қандай ажойиб истеъдод учратдингиз?»— деб сўрар эдилар. Биз учратган нодир истеъдодларнинг баъзилари ўн беш-ўн олти ёшлик ўспиринлар бўлар эди. Ҳазрат Алишер: «Бўладиган бола ўн беш ёшида бош бўлур, бўлмайдиган одам қирқ ёшида ҳам ёш бўлур», дер эдилару топилган истеъдод ўспирин бўлса ҳам ҳузурларига чорлар эдилар. «Соҳиб Доро истеъдодли шоир Зайниддин Восифийни ўн беш ёшида ҳазрат Мирнинг ҳузурига келтирган эди. Ҳазратнинг саховатларидан баҳраманд бўлган бу ёш шоир жуда тез улғайиб, бутун Ҳиротга машҳур бўлди. Улуғ мусаввир Камолиддин Беҳзод ҳам ёшликдан ҳазрат Мирнинг тарбиялари билан улғайдилар. Шоир Ҳилолий, хаттот Султон Али Машҳадий ҳам ҳазрат Алишер кашф этиб, тарбият қилган истеъдодлардандир. Кўз ўнгимизда турган Ҳирот сўнгги ўттиз-қирқ йил мобайнида аввалгидан ўн баробар гўзалроқ, улуғворроқ бўлиб кетганини барча фозил кишилар ай-турлар.
— Сўзингиз чин, мавлоно. Мен кўрган Рубъи маскунда[23] Ҳиротдек шаҳар йўқдир!
— Амирзодам, бугунги Ҳиротни шунчалик гўзал, шунчалик улуғ қилганлар — эл-улус орасидан чиққан истеъдодлар эмасми?
— Рост! Кўз ўнгимизда турган барча нодир обидалар — улуғ истеъдодлар хазинасидан чиққан гавҳарлардир.
— Лутф қилдингиз, амирзодам. Ҳазрат Алишер — гавҳардай бебаҳо истеъдодлар хазинасини очган энг улуғ кашфиётчи эдилар. Буни султон Соҳибқирон Ҳусайн Бойқаро ҳам тан олган эдилар. Эшитгандирсиз амирзодам, ҳазрат Алишер билан Ҳусайн Бойқаронинг ораларига нифоқ солган бахиллар кўп эди. Маълумингизким, султон Ҳусайн мастликда кўп ёмон ишлар ҳам қилган эдилар... Аммо ичмай юрган таъблари тиниқ кунларда ҳазрат Алишерга шундоқ эҳтиромлар кўрсатар эдиларки, ҳаммамиз ҳайрон қолар эдик.

Бобур Хондамирнинг завқли бир воқеани эслагандек мамнун кулимсираганини кўрди-ю, унинг ҳикоясини кутиб, юзига тикилди.

Хондамир ҳали йигит ёшида бўлса ҳам кўп ўлтириб ишлаш оқибатида бир оз семириб қолган тўла гавдали ўрта бўй киши эди. У гўштдор бармоқлари билан қошининг устини силаб қўйди-ю:
— Ҳазрат Алишер «Хамса»ларини битириб Султон Ҳусайн Бойқарога ўқишга бердилар, — дея ҳикоя қила бошлади. — Султон Ҳусайн таъби назми ўткир зот эдилар. «Хамса»ни ўқиб ҳазрати Алишерни саройларига чақирмишлар, бутун аъёнлари олдида табрик айтмишлар. Султон Ҳусайннинг яхши кўрган бебаҳо бир оқ отлари бор эди. Мирохўрга: «Ўшал отни келтиринг!» — деб буюрмишлар. Мир ҳазратлари ҳайратга тушиб: «Менга от инъом қилмоқчиларми? — деб ўйламишлар. Отни келтиргунларича подшоҳ Мир Алишерга қараб: «Энди сиз шеъриятда менга устоз пирсиз, мен сизга мурид бўлмоқчимен», деганлар. Мир Алишер изтироб билан эътироз қилганларки: «Ҳазратим, сиз подшоҳдирсиз, сизга мен мурид бўлмоғим керак». Шу аснода оқ отни олтин анжомлари билан келтирурлар. Султон Ҳусайн кулиб туриб сўрабдилар: «Мурид пирнинг амрини бажармоғи керакми?» Мир Али-шер, албатта, тасдиқ жавоб бермишлар. Шунда подшоҳ у олий зотга айтмишларки: «Бўлмаса, мана шул отга мининг!» Шоҳнинг амри вожиб. Мир Алишер отга яқинлашурлар. Оқ отнинг бир феъли бор экан: Султон Ҳусайндан бошқа одам минмоқчи бўлса, беланглаб қўймас экан.

Мир Алишер яқинлашганда от беланглашга тушмиш. Шунда Султон Ҳусайн отни жиловидан олиб: «Тинч тур!» — деб ўшқирурлар. От тинчлангач, ҳазрат Мир унга минурлар. Сарой аҳли: «Энди нима бўларкин?» деб нафасларини ичларига олиб сукутга кет-миш. Султон Ҳусайн отнинг жиловини илкларидан қўймай ҳовли бўйлаб юриб кетмишлар. Ҳамма ҳайрон. Шунда подшоҳ от устидаги ҳазрат Алишерга айтурларки: «туркий тилда биринчи бўлиб ёзган улуғ «Хамса»нгиз учун мендек Султон Соҳибқирон сизга жиловдор мурид бўлса арзир!» Сарой аҳли бу сўзни эшитиб, лол бўлиб қолмиш. Ҳазрат Алишернинг ўзлари шу даражада мутаассир бўлмишларки, ҳушларидан кетиб қолмишлар. Кейин мулозимлар чопиб бориб ҳазратни отдан тушириб олмишлар... Ана, амирзодам...
— Фикрингизга тушундим, мавлоно, — деди Бобур ўйчан товуш билан. — Қаердаки истеъдодларга бахиллар завол келтиролмаса-ю, сахийлар йўл оча олса, ўша жой бугунги Ҳирот каби камолот чўққисига кўтарилар экан.

Хондамирнинг кўнглидаги гапни Бобур бунчалик яхши топиб айтгани мавлонога ғалати таъсир кўрсатди. Хондамир Бобурда ўзининг маслакдошини топгандай қувониб:
— Тасанно, амирзодам! — деди. — Ўшал улуғ зотлар даврида Ҳиротнинг камолот қуёши осмоннинг энг баланд нуқтасига чиққани рост! Лекин... афсуски, қуёш энг баланд нуқтадан сўнг пастга оғар экан. Сўнгги йилларнинг мудҳиш воқеаларини кўриб, қалбимни бир ваҳм титратур: «Ҳиротнинг толе қуёши аста-секин оғиб тушмасдан, бирдан зулмат қаърига қулаб кетса... унда не қилғаймиз?

Хондамир Мовароуннаҳрдаги тўполонлар ва қир-ғинлар Шайбонийхоннинг қўшини билан бирга Ҳиротга ҳам яқинлашиб келаётганини сезгани учун шу изтиробли саволни берган эди. Унинг назарида, бу саволга Шайбонийхон билан юзма-юз олишган Бобургина жавоб бериши мумкин эди.
— Изтиробингиз бежиз эмас, мавлоно, — деди Бобур.— Ҳиротдаги бугунги осойишталик даҳшатли тўфон олдидан бўладиган муваққат сокинликни эслатур. Тошкент ҳам мен сўнгги марта борганимда, худди ҳозирги Ҳиротга ўхшар эди. Мен минг балоларни бошдан кечириб, жаҳаннам қаъридан чиқиб борган эдим. Марҳум тоғойим Маҳмудхонга: «Бу балолар сизнинг ҳам бошингизга тушмасин, бирга чора топайлик», деганимда истеҳзо қилиб кулган эди. Раҳматлик сиз айтган истеъдодсиз, лаёқатсиз тождорлардан эди... Хийла бахиллиги бор эди... Маҳмудхон ахири Шайбонийхоннинг оёғи тагида қандоқ топталганлиги маълумингиздир.
— Наҳотки, ўша ҳодисалар Ҳиротда яна такрорланса, амирзодам?

Бобур Ҳиротнинг шимол-ғарбида ғубор ичида кўринаётган Соқи Солмон чўлининг хира уфқига тикилиб, ўйланиб қолди. У Ҳиротга темурийларнинг бошини қовуштириб, Шайбонийхонга қарши мустаҳкам иттифоқ тузиш учун келгани, бу мавзуда қарийб йигирма кун-дан бери музокара бораётгани Хондамирга маълум эди. Бобур тезда жавоб беравермагач, Хондамир андиша қилиб деди:
— Амирзодам, музокаралар махфий бўлса, фақир давлат сирларини билишга ҳаққим йўқ. Фақат...
— Мавлоно, минора устида биз фақат иккимиз турибмиз. Менинг сиздан яширадиган сирим йўқ. Ҳирот тахтида икки оға-ини бирга подшоҳлик қилишларини билурсиз.
— Ҳа, асли ўзи тахт Бадиуззамон мирзоники эди-ю, лекин Хадича бегимнинг тарафдорлари Музаффар мирзони иккинчи подшоҳ қилиб кўтардилар. Тарихда ҳаргиз мисли кўрилмаган ҳодиса.

Хондамирнинг бу ҳодисадан норози эканлиги сезилиб турарди. Бобур босиқ товуш билан сўзида давом этди:
— Ҳар икки подшоҳларингиз ҳам меҳмондўстликда, суҳбатдорликда, ораста базм ўтказишда беназирлар. Аммо жангу жадалга хоҳишлари йўқми, ҳар қалай, Мурғоб бўйида учрашганимизда ғалати бир ҳодиса бўлди. Хоннинг бир пора қўшини Хуросоннинг Чечекту навоҳисини[24] босгани тўғрисида хабар келди. Хоннинг ўзи Амударёдан нарида эди. Хондан кўра биз турган жой Чечектуга яқинроқ эди. Мен таклиф қилдимки, Чечектуни беш-олти юз кишилик ёғий босган бўлса, дарҳол отланиб уларнинг ўзларини босмоқ керак. Токи хон қўшини Хуросонга осонликча келолмайдиган бўлсин. Бадиуззамон мирзо инилари Музаффар мирзони Чечектуга юбормоқчи бўлдилар. Маълумингизким, ҳар икковларининг ўз эшик оғалари, ўз мулозимлари, ўз черикларию алоҳида саркардалари бор. Музаффар мирзо жанг кўрмаган йигит. Чечектуга боришга журъат қилмади. «Ҳазрат оғам борсалар, биз бошқа чегаралар ҳимоясида бўлурмиз», деди. Бадиуззамон мирзо: «Мен жангда нобуд бўлсам, бу тахтни ёлғиз ўзи эгаллайдими?» деб ўйлади назаримда, Чечектуга боргиси келмади. Кўп сансалор бўлгандан сўнг мен айтдимким: «Ижозат бергайсизлар, мен йигитларим билан бориб, Чечектуни ёғийдан озод қилишга уриниб кўрай». Оға-ини бир-бирларига қарадилару эл-улусдан номус қилдилар. «Сиз меҳмонсиз» деб, мени бу ниятимдан қайтардилар. Қўймасдан Ҳиротга бошлаб келдилар. Чечекту ёғий илкида қолди.

Хондамир куюниб «уҳ» тортди:
— Бу ҳаммаси — Хуросондан толе юз ўгираётганининг нишонаси! Амирзодам, бошимиз устида қандай балолар тўпланаётганини бизнинг подшоҳларимиздан кўра сиз яхши билурсиз. Чунки барчасини ўз кўзингиз билан кўрмишсиз. Биз бу ҳақда мавлоно Беҳзод билан ҳам кўп гаплашдик. Ҳиротнинг барча жонкуяр фозил кишилари умид кўзини сизга тикканлар. Хатар қанчалик кучли эканлигига шояд подшоҳларимизни ишонтирсангиз. Барча яхши кучлар бирлашса-ю, шояд фалокатнинг олдини олишга муяссар бўлсалар.

Бобур минорадан пастга тикилиб:
— Билмадим, мавлоно, — деди. — Бугун-эрта подшоҳлар билан яна шу ҳақда гаплашмоқчимен.
— Илоҳим, кушойиши корингизни берсину музокарангиз биз истагандек тугасин, амирзодам!

Бобур ташаккур айтиб, минора зинапоясига томон йўналди. Пастга тушаётиб, Ҳирот қалъасининг ичида— баланд тепалик устида турган улкан аркка нохуш назар ташлади.

3

Куз илиқ келгани учунми, Ҳирот тождорлари ҳали ҳам қалъа ташқарисидаги боғларда яшамоқда эдилар. Шаҳарнинг шимол-шарқидаги Қипчоқ дарвозасидан нарида Шоҳруҳ мирзо даврида машҳур бўлган Боғи Сафидда Музаффар мирзо Бобур шарафига катта зиёфат берди. Ҳиротнинг энг зўр пазандалари тайёрлаган ғизол[25] кабоблари, иштаҳа очувчи нордон очарлар[26], моҳича номи билан машҳур бўлган ўта нозик хуштаъм суюқ ошлар Музаффар мирзо ўз меҳмони билан ўтирган тиллакори кўшкнинг юқориги қаватига кетма-кет олиб чиқилмоқда эди. Созандалар пойгаҳроқда ўтириб, қонун ва удда, ғижжак ва найда этни жимирлатувчи куйлар чалишарди. Ҳиротнинг машҳур ҳофизлари овозларини унча баланд кўтармасдан, юракнинг қат-қатига сингадиган сокин майин товуш билан ашула айтишар, бу ҳаммаси Бобурга жуда улуғвор бир санъатнинг намунаси бўлиб туюларди.

Базм авжига чиққанда соқий Бобур қаршисига келиб, бир тиззасини гиламга тираб чўккалади, сўнг йигирма йилдан бери хумда куч йиғиб ётган ва бугунги зиёфат учун очилган тиниқ хушбўй майи нобдан суроҳийга қуйди-да, Бобурга узатди. Бобур ҳали май ичмаган эди. Аммо ҳозир эшитган куй ва ашулаларининг таъсирида бирдан унинг май ичгиси келди-ю, ўнг ёнидаги Қосимбекка қаради.

Оббурдонда Бобурдан ажралиб Ҳисорга кетган Қосимбек Қавчин бултур Кобулда барча навкари билан бирга Бобур хизматига қайтиб келган ва яна унинг энг яқин маслаҳатгўйига айланган эди. Қосимбекнинг ўзи умрида май ичмаган худотарс киши бўлгани учун Бобурни ҳам ичкиликка йўлатгиси келмас эди.
— Амирзодам, — шивирлади Қосимбек. — Бадиуззамон мирзонинг чоғир мажлисида май таклиф қилганларида ичмаган эдингиз. Бу ерда ичсангиз, нариги мирзо эшитиб кўнглига олмасмикин?

Бу сўзлар Бобурни сергаклантирди. У битмай ётган мураккаб ва чигал ишларини эслади-ю, Музаффар мирзога қараб:
— Фақирни маъзур тутинг, мирзо ҳазратлари, — деди. — Мен умримда май ичмаганмен!

Музаффар мирзо Бобурнинг май ичишдан қўрқаётганини сезиб, қаҳ-қаҳ уриб кулди. Унинг анчагина кайф қилгани шу беандишароқ кулгисидан билинди:
— Амирзодам, наҳотки бутун Андижону Самарқанд май завқидан бехабар бўлса?
— Мирзо ҳазратлари, май завқи Самарқанду Андижонда ҳам керагидан ортиқ. Аммо фақир бошқа завқлардан ортмас эдим. Узримни ҳазрат оғангиз Бадиуззамон мирзо қабул қилган эдилар... Фақир андеша қилмоқдамен...

Бадиуззамон мирзо тилга олингач, Музаффар мирзо ҳам жиддийлашди. Бобурнинг андишаси унга асосли туюлди-ю, соқийга: «Бас, қистама!» ишорасини қилди. Базмда Бадиуззамон мирзонинг эшик оғаси Зуннунбек арғун ҳам бор эди. Соқий подшосининг ишораси билан Бобурга қўйилган майни ўша Зуннунбекка берди.

Одамларнинг кайфи ошган сари базм қизиб борар, баъзи беклар ҳам ўртага чиқиб рақс қилишар, Мир Сарбараҳна, Бурхон гунг деган машҳур қизиқчиларнинг аскияларидан кўтарилган қаҳқаҳалар шифтдаги нақшларни ҳам титратаётгандай бўлар эди.

Ҳусайн Бойқаронинг ўлимига ҳали кўп вақт бўлмаган. Ҳирот хавф остида турган оғир бир вазиятда шунчалик хушчақчақ базм ўтказилаётгани Бобурдан ҳам кўра Қосимбекнинг ғашини келтирмоқда эди. Қосимбек кулги, шовқин орасида Бобурга шивирлади:
— Бу ширакайф шоҳ билан энди музокара қилиб бўлмас. Бунинг ихтиёри онаси Хадича бегимда эмиш. Ҳозир бегимнинг ҳузурига чиқайлик, амирзодам.
— Зиёфат тугамасдан чиқиб кетсак, беҳурматлик бўлмасми?
— Қулингиз келишиб қўйганмен. Бегим ўз қасрларида бизга мунтазирлар.

Аскиячилар мусобақаси тугаб, кулгилар босилгач, Бобур Музаффар мирзодан ҳазрат бегимнинг ҳузурларига бориш учун ижозат олди.

* * *

Оқ мармардан қурилган уч қаватли улкан қасрда ўнлаб олтин қандиллар ёнмоқда эди. Бобур, Қосимбек, Зуннунбек ва уларни бошлаб бораётган Бурундуқбек зиналарга тўшалган майин гулдор пояндозлардан товушсиз қадам ташлаб, учинчи қаватга кўтарилдилар. Қасрнинг деворларига Шоҳруҳ мирзо ўзининг санъаткор ўғли Бойсунқур мирзо учун ишлатган гўзал расмлар ҳали оҳори тўкилмай яп-янги турар эди.

Хадича бегим Бобурни қасрнинг муҳташам қабулхонасида кутиб олди ва олти оёғи ҳам қуйма олтиндан ишланган, устига яхлит садаф қопланган миз ёнига ўтқазди.

Салобатли, хушқомат бегимнинг орқароғида — қабулхонанинг энг кўзга кўринарли жойида бир туп атиргул ярқираб турибди: поялари олтиндан, барглари зумраддан, тўқ қизил гуллари ёқутдан. Гул шохига қўниб турган кичкина олтин булбулнинг тумшуқчасида — дон ўрнида соф гавҳар жилоланиб турибди. Қабулхонанинг эшик ва деразаларига осилган шоҳи дарпардаларга ҳам дурлар, лаъллар ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган эди.

Фақат Хадича бегимнинг ўзи қорамтир кумушранг парчадан безаксиз кабо кийган, унинг бошидаги кўкиш тоқида кўзга унча ташланмайдиган сийрак марварид доналари кўринар эди. Ақлни шоширадиган бундай жавоҳирот орасида гўзал қиз-жувонлар қуршовида ўтирган эллик ёшли улуғсифат малика Бобурни ҳам, Қосимбекни ҳам анча довдиратиб қўйди.

Бобур кўнглига тугиб келган мураккаб гапларини бегимнинг мусоҳабалари ва келинлари олдида қандай айтишни билмай безовталанди. Хадича бегим буни сезиб осойишта кулимсиради:
— Амирзодам, сиз бизга қариндошсиз. Шунинг учун менинг келинларим, мусоҳабаларим сизни ҳам ўз мирзоларидек эъзозлаб суҳбатингизга иштирок этмоқчилар. Тортинмай эркин ўлтиринг.
— Муташаккирмен!

Юзларида юпқа оқ пардалари бор қиз-жувонларнинг юз-кўзлари шам ёруғида унча аниқ кўринмас эди. Аммо хина қўйилган нафис қўллар, ипак кийимлар оғушидаги ингичка беллар ва баланд кўкраклар кўпчилик аёлларнинг ёш жувонлар эканидан далолат берарди. Музаффар мирзонинг энг кўҳлик хотинларидан Қоракўзбегим дегани қайнонасининг қулоғига лабини яқинлаштириб, енгил бир кулги билан алланарса деди. Хадича бегим ҳам шўх кулиб бош ирғади-ю, Бобурга юзланди:
— Амирзодам, Ҳиротнинг асилзода қизлари сизга мароқ билан кўз тикар эмишлар. Шундай баҳодир шоҳ, шундай кўҳлик йигит, шундай истеъдодли шоир ҳарамсиз бўйдоқ яшар эмишсиз. Ростми?

Бобур қип-қизариб ерга қаради-ю, бу тўғрида гап очилганидан озорланиб:
— Ҳазрат бегим, рост, — деди. — Тақдиру насибим шундоқ бўлди.
— Тақдирингиз энди тағайюр топсин, амирзодам. Ҳиротда қолиб, Музаффар мирзога ини бўлинг. Сиз ҳам темурийзодалардансиз. Ҳиротдан сизга муносиб гўзалу оқила қизлар топайлик, тўй-томоша билан уйланинг.

Музаффар мирзога ини бўлиш — унинг тарафдорига айланиш деган сўз эди. Бир вақтлар невараси Мўмин мирзонинг ўлдирилишига сабаб бўлган Хадича бегим, эҳтимол, келажакда Бадиуззамон мирзони ҳам йўқ қилиш ва ўғлини якка подшоҳга айлантириш мақсадидадир. Бобур унинг ўғлига ини бўлса, албатта, бегимнинг бу мақсадини амалга оширишга иштирок этиши керак.
— Муташаккирмен!

Юзларида юпқа оқ пардалари бор қиз-жувонларнинг юз-кўзлари шам ёруғида унча аниқ кўринмас эди. Аммо хина қўйилган нафис қўллар, ипак кийимлар оғушидаги ингичка беллар ва баланд кўкраклар кўпчилик аёлларнинг ёш жувонлар эканидан далолат берарди. Музаффар мирзонинг энг кўҳлик хотинларидан Қоракўзбегим дегани қайнонасининг қулоғига лабини яқинлаштириб, енгил бир кулги билан алланарса деди. Хадича бегим ҳам шўх кулиб бош ирғади-ю, Бобурга юзланди:
— Амирзодам, Ҳиротнинг асилзода қизлари сизга мароқ билан кўз тикар эмишлар. Шундай баҳодир шоҳ, шундай кўҳлик йигит, шундай истеъдодли шоир ҳарамсиз бўйдоқ яшар эмишсиз. Ростми?

Бобур қип-қизариб ерга қаради-ю, бу тўғрида гап очилганидан озорланиб:
— Ҳазрат бегим, рост, — деди. — Тақдиру насибим шундоқ бўлди.
— Тақдирингиз энди тағайюр топсин, амирзодам. Ҳиротда қолиб, Музаффар мирзога ини бўлинг. Сиз ҳам темурийзодалардансиз. Ҳиротдан сизга муносиб гўзалу оқила қизлар топайлик, тўй-томоша билан уйланинг.

Музаффар мирзога ини бўлиш — унинг тарафдорига айланиш деган сўз эди. Бир вақтлар невараси Мўмин мирзонинг ўлдирилишига сабаб бўлган Хадича бегим, эҳтимол, келажакда Бадиуззамон мирзони ҳам йўқ қилиш ва ўғлини якка подшоҳга айлантириш мақсадидадир. Бобур унинг ўғлига ини бўлса, албатта, бегимнинг бу мақсадини амалга оширишга иштирок этиши керак.
— Ғамхўрлигингиздан миннатдормен, ҳазрат бегим, — деди Бобур.— Фақат менинг бир андешам бор.
— Қандай андеша, амирзодам?
— Фақирни маъзур тутинг.

Бобур сукут қилиб, ерга қаради. У гапини фақат Хадича бегимнинг ўзига айтмоқчи эканини сезган аёллар таъзим қила-қила чиқиб кетдилар. Шундан кейин Бобур Шайбонийхоннинг Ҳирот устига бостириб келиши муқаррарлиги ҳақида, ҳозир тўй-томошага эмас, ҳаёт-мамот жангларига тайёрланиш кераклиги тўғрисида гапира бошлади.
— Шайбонийхон Андижондан Хоразмгача, Марвдан Туркистонгача барча жойни олиб, беҳисоб қўшин тўпламишдир. Мен унинг ҳар бир жангга қанчалик астойдил шайланишини билурмен. Бало-қазодай бостириб келса анча-мунча черик тит-пит бўлиб кетишини кўрганмен!

Бобур Шайбонийхоннинг ҳарбий қудратини ва шаф-қатсизлигини исботлайдиган далиллар келтира бошлади. Хадича бегим сабрсизланиб:
— Бу балонинг балогардони недур? Шуни айтинг, амирзодам! — деди.
— Бунинг балогардони барча темурийзодаларнинг бирлашувидир. Ҳамма вилоятларга тавочилар юбориб, эллик-олтмиш минг қўшин тўпламоқ керак. Қиш бўйи бу қўшинни машқ қилдириб, ягона бир саркарда бошчилигида жангга тайёрламоқ керак.
— Ягона саркарда ким бўлиши мумкин? — деди Хадича бегим сергакланиб.

Қосимбек «ялт» этиб Бобурга қаради. Ҳозир тирик қолган темурийлар орасида Бобурдан бошқа одам бу ишни эплолмаслиги унинг кўнглидан ўтди. Аммо қўшин кимники бўлса, ҳокимият ҳам ўшаники экани азалдан маълум. Хадича бегим ўғлининг ҳокимиятига ҳеч кимни йўлатмаслиги ҳам аниқ.

Бобур унинг кўнгли учун: «Ягона саркарда — Музаффар мирзо бўлсинлар!» демоқчи бўлди-ю, орқароқда Зуннунбек ўтиргани эсига тушди. Зуннунбек бу гапни Бадиуззамон мирзога етказса, икки орага нифоқ тушади.
— Бош саркарда ким бўлишини ҳазрат оға-инилар ўзлари ҳал қилмоқлари керак, — деди. — Базмларни тўхтатиб, бутун эътиборни мудофаага қаратмоқ керак. Ҳар бир кун ғанимат, ҳазрат бегим!

Хадича бегим Зуннунбек билан Бурундуқбекка мурожаат қилди:
— Жаноб амирлар, сизларнинг фикрларингиз қалай?

Зуннунбек ўсиқ қошларини диккайтириб, кўзларини Бобурга қатъият билан тикди:
— Амирзодам Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрдаги ғалабаларию хунхўрликларидан бизни огоҳ қилганлари яхши. Аммо Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрда синмаган қиличи Хуросонга келиб, албатта синур! Мен бунга аминмен, ҳазрат бегим! Шунинг учун ортиқча ташвишу таҳликага ўрин йўқ, деб ҳисоблаймен.

Зуннунбек ишонч ва эътиқод билан айтган бу сўзлардан Хадича бегим дарҳол енгил тортди. Бобур эса Зуннунбекка таажжуб билан тикилиб деди:
— Кароматингиз илоҳо тўғри келсин, жаноб амир! Аммо бу кароматга қандай асослар бор?
— Бу кароматни мен эмас, Ҳиротнинг энг обрўли валийлари қилмишлар.

Зуннунбек шундай деб Хадича бегимга ийманиброқ қараб қўйди. Бу қарашнинг маъносини тушунган Хадича бегим Бобурга кулимсираб изоҳ берди:
— Ҳиротнинг Қутб номли машҳур валийси бор. Шу вақтгача Қутб нимани каромат қилган бўлса, ҳаммаси тўғри чиқмиш. Қутбга тушида аён бўлурки, Шайбонийхоннинг қиличини амир Зуннунбек синдирурлар. Мўътабар мунажжимлар юлдузларга қараб, бу кароматни тасдиқ қилдилар. Шундан сўнг валийлар Зуннунбекнинг елкаларига муқаддас фўта солиб, номларига Ҳизабрулла унвонини қўшиб айтадиган бўлдилар.

«Ҳизабрулла» — арабча «оллоҳнинг арслони», яъни «енгилмас ботир» дегани эди. Арабчани яхши биладиган Бобур бу унвоннинг маъносини тушуниб, истеҳзоли кулимсиради:
— Жаноб Зуннунбекда арслоннинг юраги борлигига шак-шубҳа йўқ. Аммо ҳазрат бегим валийлару мунажжимларни тилга олганларида фақир Сарипулда Шайбонийхон билан масоф урушга чиққан кунларимни эсладим. Мана, жаноб Қосимбек ҳам бор эдилар. Шаҳобиддин номлик мунажжим кечаси осмонга қараб: «Саккиз юлдуз елкангизда рост турур, эртага урушга кирсангиз, зафар, албатта, сизники бўлғай!» — деб валийлик қилди. Биз шунга ишониб, Шаҳрисабздан келадиган кўмакни ҳам кутмасдан, майдонга чиқдик... Мана, ҳалигача ўшал хатомизнинг азобини тортиб юрибмиз.

Бобурнинг гапларидан Хадича бегимнинг юзлари тундлашиб, лаблари атрофида бурушиқлар пайдо бўлди. Зуннунбек эса ўтирган жойида асабий тўлғаниб:
— Амирзодам, ниятни яхши қилмоқ керак! — деди. Ҳиротнинг валийлари Самарқанд мунажжимларидек нодон эмаслар! Сарипулдаги хатони Ҳиротдай улуғ шаҳарда ҳеч ким такрор этмагай!

Зуннунбек кўзлари ёниб, телбаланиб гапирганини кўрган Бурундуқбек уни босишга тиришди:
— Жаноб Зуннунбек, олий меҳмон бизга яхшилик истаб Кобулдай жойдан келмишлар. Вазият хатарли эканлиги рост. Шошилинч чоралар ўйламоқ керак!

Хадича бегим баҳслашувчиларни мулойимлик билан яраштириб қўйишга ҳаракат қилди:
— Жаноб Зуннунбек, вазият чиндан ҳам жиддий, бепарво бўлмаслик керак. Аммо жаноб Бурундуқбек ҳам бир нарсани унутмасинлар: мағлубиятни кўп кўрган одамга хатар гоҳо аслидан каттароқ кўринур. Амирзодам сиз кўп ташвиш чекманг. Шайбонийхон бизга тажовуз қилса, ўз тажовузидан ҳалок бўлур!

* * *

— Хадича бегимдек кўпни кўрган малика шайхларнинг хушомад гапига ишониб юрганларидан мен ҳайрон, — деди Бобур эртаси куни Боғи Жаҳонорода Бадиуззамон мирзо билан гаплашиб ўтирганда.

Гавдасининг шертахлитлиги ва кўзининг қисиқлиги отаси Ҳусайн Бойқарога ўхшаб кетадиган Бадиуззамон мирзо истеҳзо билан кулимсиради:
— Ҳайрон бўлманг, амирзодам. Не қилса ҳам аёл кишида, қисқа ўйлаб ўрганган.
— Аммо бу калтабинликнинг касофати ҳаммага уриши мумкин-ку, ҳазратим?
— Начора? Суюкли фарзандимиз Мўмин мирзо ҳам шу бегимнинг касофатидан ҳалок бўлиб кетди!
— Ҳазратим, раҳматлик отангиз кайф устида қилган фожиавий хатони энди унутинг!
— Унутолмаймен, чунки айб марҳум отамда эмас эди! Султон Соҳибқирон Мўмин мирзони беҳад яхши кўрар эдилар, шеърларини ёд билар эдилар. Авваллари отамнинг менга ҳам меҳрлари яхши эди. Ахир мен— тахт вориси эдим! Хадича бегим мен билан отамни душман қилишнинг йўлини излар эди. Мўмин мирзо асир тушгач, бу йўл топилди — уни ширакайф подшоҳнинг фармони билан ўлдирдилару мен билан отамни хундор душманга айлантирдилар. Шундан кейин бегимнинг ўғли Музаффар мирзо менинг ўрнимга валиаҳд бўлди. Бугунги шерики подшоҳлик ҳам ана шу бегимнинг ихтироси! Мен аниқ биламен: бегим мени муваққат тождор деб билурлар. Мени йўқ қилиб, Музаффар мирзони ягона подшоҳга айлантиришнинг қулай пайтини пойламоқдалар!

Бобур Бадиуззамон мирзога Шайбонийхонни эслатди:
— Ҳазратим, Шайбонийхон ҳақида не янги хабарлар бор?
— Хон Хоразмни олиб, Самарқандга қайтган эмиш...
— Ундоқ бўлса, хон энди Хуросон юришига чиқмоқчидур? — сўради Бобур.
— Дарҳол-а? Хоразм юришидан сўнг бирор йил дам олмасмикин?

Бадиуззамон мирзонинг тусмол гаплари — унинг душман орасидан аниқ хабар юбориб турадиган махфийси йўқлиғидан далолат берарди. Ўз инисининг барча майда-чуйда сирларини билиб туриш учун беҳисоб махфийлар юбориб қўйган подшоҳ бу ишни ашаддий душмани Шайбонийхонга нисбатан қилмаётгани Бобурни танг қолдирди.
— Ҳазратим, Шайбонихоннинг реву рангини[27] фақир озроқ кўрганмен. Хоннинг махфийлари ҳозир Ҳиротда дарвиш, ё савдогар, ёки навкар қиёфасида юриб, барча зарур хабарларни Самарқандга етказиб турган бўлсалар керак.

Бобурнинг койиниб гапирганини сезган Бадиуззамон мирзо киноямуз кулди:
— Амирзодам, сиз ҳам шоҳсиз, эҳтимол, сизнинг махфийларингиз Самарқанддан янги хабар юборгандирлар?
— Мен сизни отамдек эъзозлаймен, ҳазратим. Гап махфийларда эмас. Фақир тажрибадан шуни биламенки, Шайбонийхон чарчаган аскарларини босиб олган вилоятда дам олиш учун қолдириб, аввалдан дам олиб ётган қўшини билан дарҳол янги юришга отланур. Унинг бутун кучи шундаки, барча оға-ини, қариндош-уруғлари билан бир тан-бир жон бўлиб, майдонга чиқур. Биз бу хатарли ёғий қаршисида ички низоларни унутмоғимиз керак. Биз ҳам бир тан-бир жон бўлиб, ягона саркарда бошчилигида жангга астойдил тайёрланиб кирмасак, оқибати ёмон бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.
— Ягона саркарда, дедингизми? Ким бизга саркарда бўлмоқчи, амирзодам?

Биринчиликни талашаётган бу икки оға-ини «Менга бўлмаса, унга ҳам бўлмасин!» дейишга тайёр эканлиги Бобурга ҳозир аниқроқ сезилди. Рақиб оға-ини талашаётган мамлакат улардан фақат бирига ёки амакиваччалари Бобурга текканидан кўра етти ёт бегонага теккани афзалроқ. Чунки бегоналар уларнинг бунчалик бахиллигини келтирмас эди.
— Наҳотки жангга ҳам алоҳида-алоҳида чиқмоқчисизлар? — деди Бобур.
— Начора? Ҳар кимнинг ўз чериги, ўз саркардаси бор. Мен Музаффар мирзога ишонмаймен. Аммо сиз билан ҳар қандай жангга бирга киришга тайёрмен. Чунки сизга ишонамен. Амирзодам, сиз Ҳиротда қолинг! Неки даркор бўлса айтинг! Муҳайё қилурмиз.

Бобур оға-инининг фақат шу нуқтада якдил эканини сезди. Жанг кўрган Бобур бутун бек ва навкарлари билан Ҳиротда қолса-ю, вақти келиб, жангга бирга чиқса уларнинг мушкуллари осонроқ бўладиганга ўхшарди.

Аммо оға-инининг қўш ҳокимияти Бобурга таги чириб тешилган кемага ўхшаб кўринарди. У бу кемада қолса паймонаси тўлган оға-инига қўшилиб ғарқ бўлиши муқаррарлигини тобора аниқ ҳис қилмоқда эди.

Эртаси куни пешин намозидан кейин Унсияга Бобурни кўриш учун келган мавлоно Фазлиддин навкару савдарларнинг кўч йиғиштираётган ва сафарга ҳозирланаётганларини сезди. Йўлакда тоғасига дуч келиб қолган Тоҳир:
— Э, хайрият, ўзингиз келдингиз, мулла тоға! — деди.
— Ҳа, не гап жияним?
— Эртага тонгда Ҳиротдан жўнаб кетурмиз.
— Кобулгами?
— Ҳа, — деб шивирлади Тоҳир. — Лекин подшоҳлар буни билмасинлар. Рухсати олий шаҳар ташқарисида қишламоқ учун берилди. Ҳаммага «Хуросонда қишлагаймиз» деб эълон қилинди. Сиз ҳам билдирманг.

Мавлоно Фазлиддиннинг руҳи тушиб:
— Оббо, — деди. — Бизни сағирдек мунғайтириб кетар экансизлар-да?
— Қиш чиқса, сиз ҳам Кобулга кўчиб боринг. Ўтган гал учрашганингизда Бобур мирзо ўзлари таклиф қилдилар-ку.
— Кўчиб бориш осонми, жияним? Бир ой-қирқ кунлик йўл... Аёлманд одаммиз...

Мавлоно Фазлиддин хомуш бўлиб Бобурнинг қабулхонасига қараб кетди. Бир вақтлар Алишер Навоийнинг қабулхонаси бўлган кўркам танобийнинг заррин ўймакор эшиги олдида ясовул йигит турган эди. У ичкарига кириб, тез қайтиб чиқди-ю, эшикни очиб, мавлонога йўл берди.

Уй тўрида Бобур билан суҳбатлашиб ўлтирган кишиларни мавлоно бир қарашда таниди. Навоийнинг надимларидан бўлган қирқ беш ёшлардаги кўса одам— шоир Султон Муҳаммад эди. Ундан берига машҳур хаттот Султон Али Машҳадий чўккалаган. Бобурнинг ўнг томонида Камолиддин Беҳзод ва Хондамир ўтиришибди.

Шоир Султон Муҳаммаднинг кўзлари исёнкорона чақнади.
— Уларга буни сўз билан эмас, фақат шамшир билан уқтириш мумкин!

Хондамир эшик томонга хавотирли кўз ташлаб қўйди. Бир вақтлар Алишер Навоийдек одамга махфийларини юбориб қўйган подшоҳлар Бобурнинг кетига ҳам одам қўйган бўлишлари мумкин эди.

Султон Али Машҳадий суҳбатни хатарли мавзулардан нарироқ олиб кетиш учун ёнида турган чарм жуздонни очди-да, бир даста зарварақ олди.
— Фақир олий меҳмонимизнинг ғазалларидан бир нечасини кўчириб келган эдим.

Варақлар қўлдан-қўл ўта бошлади. Хаттотнинг ажойиб санъати туфайли ҳар бир ҳарф нафис ва тирик тасвирга айланган эди. Хондамир сатрларга кўз югуртириб:
— О! — деди ҳайрат билан. Кўп шоирлар «ёр»ни илоҳийлаштириб, бутун нажотни «ёр» дан излаб ўрганмишлар. Амирзодам бу одатий алданишларга қарши исён қилган каби ёзмишлар: Жонимдан ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглимдан ўзга маҳрами асрор топмадим...
Бобур, ўзингни ўргата кўр ёрсизки, мен —
Истаб жаҳонни, мунча қилиб ёр топмадим!
— Мардона сўзлар! — деди Беҳзод Бобурга қараб.— Сиз минг марта ҳақсиз! Одам ўзига ҳам ишонмоғи керак!
— Миннатдормен, мавлоно.

Шоир Султон Муҳаммадга иккинчи шеърнинг матлаи ёққан эди.
— Эшитинг, жаноблар:

Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,

Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.

Мавлоно Фазлиддин оғир тин олди:
— Ҳозиргина сўзлашган дардимизни айтмишлар!

Бобур мақтовлардан хиёл ўнғайсизланиб:
— Жаноблар, — деди, — мен сизлардек санъаткорлар билан учрашиб, суҳбатлашганим учун тангрига шукр қиламен. Фақирнинг қоғозни қоралаб ёзган сатрларим мавлоно Машҳадийнинг тенгсиз санъатлари туфайли сизларга шунчалик манзур бўлди. Жоиз бўлса, ғазаллардан хотира учун мавлоноларга бир нусхадан бермоқчимен.
— Айни муддао! — деди Хондамир қувониб.

Бобур ғазалларидан атайлаб уч-тўрт нусхадан кўчиртирган эди. Хондамирга, Беҳзодга, Султон Муҳаммадга ўзлари ёқтирган ғазаллардан бир нусхадан берди. Улар шоир ва хаттотнинг ҳурматлари учун ғазал битилган зарварақларни олиб, нон каби кўзларига суртиб қабул қилдилар. Бобур сўнгги ғазалдан бир нусхасини мавлоно Фазлиддинга узатиб:
— Мавлоно, биз сиз билан фақат ватандош эмасмиз, ҳамдарду ҳасратдошмиз, — деди.

Мавлоно Фазлиддин ғазални олиб кўзига суртди-ю:
— Мен аминмен, Ҳиротда битилган ушбу ғазал тез кунда Самарқанду Андижонга ҳам етиб борур, — деди.— Худо амирзодам билан бизни ҳам ватанга соғ-саломат қайтгулик қилсин!
— Айтганингиз келсин, мавлоно!

Бобур Қосимбекни чақиртирди ва Султон Али Маш-ҳадийга ғазалларни санъаткорона кўчирганлиги учун олтин тугмалик кимхоб тўн кийдирди.

Сўнг у мавлоноларни ҳовлига кузатиб чиқди. Ҳаммалари хайрлашаётганларида меъморга қараб:
— Балки келгуси йилда Кобулга борурсиз, мавлоно? — деди. — Рост, катта меъморлик обидалари қуришга ҳали имконимиз йўқ. Кобул ҳозир Ҳиротга нисбатан чекка бир вилоят. Улуғ санъаткорларга макон бўларлик саройимиз йўқ. Лекин худодан умидимиз борки, келгусида толе бизга ҳам кулиб боққай, биз ҳам улуғ санъаткорларга макон берадиган кунларга етгаймиз!
— Таклифингизни бажонидил қабул қилурмен! — деди мавлоно Фазлиддин.
— Амирзодам, — деди Хондамир. — Алишер Навоийнинг даргоҳларида қилган покиза ниятингиз илоҳим рўёбга чиқсин! Илоҳим ҳазрат Алишернинг руҳлари ҳамиша сизга мададкор бўлсин!

Бу тилакка ҳаммалари сидқидилдан қўшилиб, юзларига фотиҳа тортдилар.

* * *

Эрталаб кун чиқаётганда Бобур хос навкарлари ва беклари билан Ҳиротнинг ташқарисидаги кенг боғ-кўчадан кетиб борар эди. Кўчанинг икки томонида Ҳирот аъёнларининг ғиштин деворли, кошинкор гумбазли кўшк ва чорбоғлари бор эди. Салобатли бир боғ ҳовлининг баланд девори ёнидан ўтаётганларида, девор тепасидан кимдир уч-тўртта атиргул ташлади. Тўқ қизил рангли гуллардан бири Бобур минган саман отнинг ўсиқ ёлига келиб тушди. Гулнинг тиканлари от ёлига илиниб қолганини кўрган Бобур девор тепасига қаради-ю, ёш бир қизнинг қийғоч қошларини ва қош устига бостириб кийган гулдор тоқисини кўрди. Кейин у от ёлига илиниб қолган гулни қўлига олиб, лабига яқинлаштирди.

Узоқда ястаниб турган Занжиргоҳ тоғларининг баланд чўққиларига қор тушган эди. Ҳиротнинг кеч кузида нима ҳам бўлиб очилган бу гулнинг ажиб ҳиди бор эди. Бобур гулнинг хуш бўйи димоғига урилган заҳоти жиловни беихтиёр тортиб, отини тўхтатди. Узангига оёқларини тираб, эгардан бўй чўзди-да, девор тепасидаги қизга тикилиб қаради. Энди унга қизнинг олов чақнатиб турган қоп-қора кўзлари, бу кўзларга ниҳоятда ярашган гулранг ёноқлари аниқ кўринди. Бобур бу кўчадан аввал ҳам ўтган эди. Қиз аввалари ҳам уни кўриб, таниб қолган эканми, кўзлари мўлтираб ва уялиб бош эгди. Бу унинг салом берганимиди ёки хайрлашганимиди? Ўн етти-ўн саккиз ёшлардаги бу қизнинг жозибасию мўлтираб бош эгиши Бобурга шундай таъсир қилдики, у бир лаҳза нима қилишини билмай эсанкираб турди.

Бу орада бошқа мулозимлар ҳам қизни кўриб отларини тўхтатган эдилар. Бобурни Музаффар мирзонинг Ҳирот бўйича доруғаси Юсуф Алибек кузатиб бормоқда эди. Қирқ ёшлардан ошган кўнгилчан бу бек девор тепасидаги қизни таниб кулди-ю:
— Ие, Моҳиммисиз! — деди. — Оббо, Моҳчучук-эй, катта қиз бўлиб қолибсиз-а!

Қиз гўё энди ўзига келди, «лип» этиб, бошини девор ортига олди-ю, кўздан ғойиб бўлди.

Юзи қандайдир ички оловнинг тафтидан қизарган, кўзлари ғалати чақнаган Бобур Юсуф Алибекдан шошиб сўради:
— Ким? Ким дедингиз?
— Амирзодам, бу ҳовли Султон Соҳибқироннинг узоқ қариндошларидан бирига қарашли. Қизнинг отаси Ҳусайн Бойқаронинг нуфузли девонбошиларидан эдилар. Борди-келдимиз бор эди.
— Ҳозир бормилар?
— Борлару, лекин... давлат ишидан четланмишлар.
— Нечун?
— Билмадим, ҳозирги подшоҳларимиз билан оралари яхши бўлмаса керак. Қандаҳоргами, Ғазнагами кўчиб кетиш тараддусида эмишлар, деб эшитдим.

Отлар юриб бормоқда эди. Бобур Моҳим деб аталган қизнинг тобора узоқда қолаётганини ўйлаб, кўнглида кучли бир армон сезди. Йигирма кун Ҳиротда юриб, бу қизни нега фақат энди, жўнаб кетаётган пайтда кўрди?

Бобур ҳали ҳам қўлида ушлаб бораётган гулга қаради. Бояги гўзал қиз Ҳиротнинг бутун нафосатини ўз жозибаси билан бирга мана шу гулга муаттар ҳид каби жойлаб берганга ўхшар эди.

Бобур гулни яна бир ҳидлади-да, бошидаги салласининг қатига кўзга унча ташланмайдиган қилиб қистириб қўйди.

Лекин ундаги нафис бир ҳаяжонни Қосимбек зимдан кузатиб бормоқда эди. Бобурга отадек ғамхўр бўлган бу одам шундай кўҳлик йигитга муносиб бир қиз учрашини кўпдан бери кутиб юрарди. Бобур эса кўз очиб кўрган ёстиқдоши Ойиша бегимнинг бевафолиги-дан қаттиқ озор чеккани учун аёл зотидан тортинар, анча-мунча қизларга мойиллик билдирмас эди. Ҳирот маликаси Хадича бегим уни асилзода хонадонларга куёв қилишга уриниб кўрди. Бобур рўйхушлик бермади.

Марҳум Султон Аҳмад мирзонинг кичик қизи Маъсума бегим онаси билан Самарқанддан Ҳиротга келиб қолган экан. Кайвони аёллар орага тушиб, бир меҳмондорчилик пайтида Бобурни Маъсума бегим билан учраштирдилар. Қиз жуда назокатли ва гўзал эди. Аммо Қосимбек уни кўрганда Тошкентда қолган Ойиша бегимни эслади.

Чиндан ҳам Маъсума бегим — Ойиша бегимнинг синглиси эди. Бобур орада турган ҳиротлик амма-холаларнинг кўнглига қараб, қизга мойиллик билдирган бўлди, лекин тўйни пайсалга солди. Қосимбек орқали шундай жавоб айттирди:
— Маъсума бегим оналари билан Кобулга борсалар...

Қизнинг онаси:
— Хўп, Кобулга боргаймиз, — деб ваъда берди.

Лекин Қосимбек бу нозиккина қизнинг Ҳиндикуш тоғлари оша Кобулга етиб боришига унча ишонмасди. Етиб борганда ҳам Бобурнинг боши устида чарх уриб юрган интиҳосиз мушкулотларига бардош беролмаса керак, деб ўйларди.

Аммо боғ кўча деворидан гул ташлаган Моҳим исмлик олов қизнинг юз-кўзларида нафис гўзалликка йўғрилган қудратли бир оҳанрабо бор эди. Ана шу оҳанрабо Бобурни ҳамон ўзига тортиб турар эди.

Боғ кўчадан кенг далага чиққанларида Бобур салласи қатидаги пушти ранг атиргулни секин қўлига олиб, яна бир ҳидлаб кўрди. Шунда девордан мўралаган қиз унинг кўз олди-да қайтадан гавдаланди-ю, бутун борлиғини нафис ва ширин туйғуларга тўлдирди. «Шунча қилиб, истаб жаҳонни ёр топмадим!» деган Бобурга балки шу қиз ёр бўлар? Нега ундан бу қадар тез айрилди? Наҳотки бу қизни қайта кўриш насиб қилмаса?

Қосимбек отини Бобурнинг отига яқин келтириб, паст товуш билан сўради:
— Амирзодам, бу атиргул қайси гулзорда ўсганини суруштириб кўрайми?..
— Ихтиёрингиз, — деди Бобур уялинқираб.
— Қизнинг оталари Ҳусайн Бойқарога хеш бўлсалар, мен бу хонадон билан албатта алоқа боғлагаймен.

Бобур бу режани маъқуллаган маънода бош ирғади.
— Амирзодам, агар юлдузи юлдузингизга тўғри келса, мен Моҳим бонуни Ҳиротданми, Қандаҳор ёки Ғазнаданми, қаердан бўлса ҳам, албатта излаб топгаймен!

Ҳиндикуш, Кобул - Ўлим Билан Юзма-Юз

Хиротдан узоқлашганлари сари гўзаллик ва нафосат нурига йўғрилган илиқ туйғулар ўрнини Ҳиндикуш тоғининг баҳайбат қоятошлари ва унинг совуқ музларига ўхшайдиган хавотирликлар эгаллай бошлади. Бобурнинг Кобулдан чиқиб келганига уч ойдан ошяпти, лекин у ердаги ишончли одамлардан хабар келмаяпти. Ора узоқ — отда бир ой-қирқ кунлик йўл. Карвон билан Кобулдан келган савдогарлар нохуш овозалар эшитибди. Гўё Бобур мирзо Ҳирот тождорлари билан ёвлашиб қолганмиш, уни Ихтиёриддин қалъасига қамаб қўйганмишлар.

Ҳисорда Хисравшоҳдан ажралиб келиб, Бобур хизматига кирган йигирма минг мўғул сипоҳилари бу хабарга асосланиб, Кобулда ўз ҳокимиятларини ўрнатиш ҳаракатига тушганмиш. Мўғулларнинг дуғлат қавмидан бўлган Муҳаммад Ҳусайн (аввалги Ўратепа ҳокими) фитначиларга бош бўлмоқда эмиш. Аммо Кобул доруғаси Мулла Бобо Бобурга садоқат сақлаб, қўрғон дарвозаларини беркитиб олганмиш. Агар шу гаплар рост бўлса, қўрғон қамалда қолади. Аммо ташқаридан йигирма минг қўшин ҳужум қилса, қўрғонни эгаллаши ҳеч гап эмас. Унда Бобур Самарқанд туфайли Андижондан айрилгани каби, Ҳирот сабабли Кобулдан ҳам ажралиб, яна ора йўлда муаллақ қолиши мумкин.

Бу хатарнинг олдини олиш учун Бобур Кобулга тезроқ етиб бориш ҳаракатига тушди.

Аксига олиб, қиш эрта бошланди. Қавс ойидаёқ тоғ этакларига ёққан қалин қор отларнинг тиззасига етиб борди. Чахчарон деган жойда Бобур бекларни машваратга тўплади.
— Довонлар бекилгандир, — деди Хўжа Калонбек.— Қандаҳор орқали борсак, йўл текис. Ҳиндикушни айланиб ўтгаймиз.
— Айланиб ўтганингизгача қирқ-эллик кун вақт кетгай! — эътироз қилди Қосимбек. — Унгача мўғуллар Кобул қўрғонини эгаллаб олса, кейин не қилгаймиз?
— Худо кўрсатмасин! — деди Бобур. — Илоҳим бу мишмиш ёлғон чиқсин!
— Аммо шамол бўлмаса теракнинг учи қимирламагай, амирзодам! Кобулга тезроқ етиб бормоғимиз шарт! Тўғридаги Кўтали Зарриндан ошсак Қандаҳор йўлига нисбатан масофа икки баробар қисқаргай. Бир ой вақт ютгаймиз!
— Ундай бўлса, майли, жаноб Қосимбекнинг таклифини қабул қилайлик. Фақат довон йўлини яхши биладиган йўлбошчи топиш керак.
— Буниси менга тан! — деди Қосимбек.

Эртаси куни яна қор ёға бошлади. Бобур қўриқчи йигитлари билан отланиб чиқаётганда Қосимбек аф-ғонларнинг пашойи қабиласи яшайдиган қишлоқдан Султон деган бир йўл кўрсатувчини топиб келди.

Олачипор салла ўраган, баланд бўйли, бурни узун, жингалак соқолига оқ оралаган бу одамнинг юзи Бобурга алланечук тунд кўринди. Бобур у билан от устида туриб дарий тилида сўзлашди:
— Қишда Кўтали Зарриндан ўтиш мумкинми йўқми?
— Ўтганлар бор, — деди Султон. — Аммо бу йил қор жуда кўп. Кўчки босиб қолишидан қўрқмасангиз...
— Сиз қўрқмасангиз биз нечун қўрқайлик?..
— Мен қишда ўтсам, бир ўлимни зиммамга олиб ўтаман. Кетишда уйдагилардан рози-ризолик сўраб йўлга чиқаман. Қайтиб келмаслигим мумкин.

Бобур Қосимбек томонга ўгирилиб туркий тилда сўради:
— Нафаси мунча совуқ? Бошқаси йўқмиди?
— Бошқалари унамади. «Довон бекилган, жон керак!» дейишди.
— Бизга жон керак эмасми?
— Э, булар шунақа ваҳима қилиб, қадрини оширгай! Мана шу Султон қишда ҳам Кўтали Зарриндан ўтган экан. Кадхудоси айтди!

Султон пашойи соқолига инган қор зарраларини кафти билан сидириб ташлар экан, истеҳзоли кулимсираб қўйди. Бобур унинг туркийчани тушунишини сезди, аммо ис-теҳзосини ёқтирмади. Султоннинг дилида ортиқча ғурурми, кудуратми, совуқ бир нарса бордек туюлди.
— Жаноб Қосимбек, одамларимизни ортиқча хатарларга гирифтор қилмайлик. Ҳали ҳам бўлса Қандаҳор йўлига қайтайлик!
— Аммо вақтни бой берсак, Кобул иликдан кетгай, амирзодам! Сиз билан биз қанча хатарли довонлардан ошганмиз! Ҳисор тоғларидан қор бўронлари тагида даҳшатли учмалар, секиртмалардан ўтиб, Искандаркўл-га тушганимиз ёдингиздами? Худо асраймен деса, ҳеч гап эмас!
— Хайр, бу гал ҳам худо ўзи асрасин! — деб Бобур Султоннинг йўл кўрсатувчи бўлишига розилик берди.

Султон уйига бориб, чиндан ҳам онасидан, хотини ва бўй етган фарзандларидан рози-ризолик сўраб чиқди. Унинг ўзига тўқ, бадавлат оиласи бор, сайисхонасидаги саккизта отига махсус отбоқар қарайди. Бу гал қишда йўл кўрсатувчи бўлишдан мақсади фақат пул ишлаш эмас. Ёшликдан унга тинчлик бермай келаётган алам ва интиқом туйғуси унинг шу ишга бош қўшишига сабаб бўлди.

У Қосимбекка розилик беришдан олдин, довондан ўтмоқчи бўлаётганларнинг кимлигини суриштириб билди. Бобур — темурийлардан экани, Абусаид мирзо унинг бобоси бўлгани Султоннинг ўн ёшарлик пайтида бошдан кечирган фожеаларни эсига солди.

Султоннинг ота-боболари Шоҳруҳ мирзо билан яхши ҳамкорлик қилган бадавлат одамлар эди. Шоҳруҳнинг ўлимидан кейин бошланган алғов-далғовларда Турондан Абусаид мирзо ўғли Маҳмуд мирзо билан Хуросонга бостириб келдилар. Султоннинг отаси Шоҳруҳ мирзодан кўп яхшилик кўргани учун унинг невараларига ён босди.

Лекин Абусаид мирзо ғолиб келиб, Шоҳруҳнинг кўпчилик невараларини қиличдан ўтказдирди. Султоннинг отаси ва акасини ҳам шоҳруҳийлар томонида тургани учун бошларини кесдирди. Ҳовлиларида бор мол-ҳолларини, онасининг бўқчаларидаги нарсаларигача талаб кетишди. Бу ҳам озлик қилгандай, Султоннинг ўн беш ёшлик чиройли опасини асира қилиб олиб кетдилар. Кейин эшитсалар, уни Абусаид мирзо ҳарамига бир неча кунлик жория қилиб берибдилар...

Устма-уст келган бу бахтсизликлардан Султоннинг онаси касал бўлиб ётиб қолди. Лекин уларнинг бадавлат қариндошлари бор эди. Оғир пайтда улар ёрдам қўлини чўздилар. Султон йигит ёшига етгунча замонлар ҳам бир қадар тинчиди, карвонлар кўп қатнайдиган бўлди. Султон карвонларга йўл кўрсатувчилик қилди, савдо-сотиқдан ҳам яхши даромадлар олиб, рўзғорини бутлаб олди.

Ҳозир қаҳратон қиш кунида уйида оиласи билан тинчгина ўлтириши мумкин. Лекин Бобур ҳам бу ерларга бобоси Абусаид мирзонинг изидан келганлиги Султоннинг дилидаги қасоскор туйғуларни уйғотиб юборди. Ноҳақ ўлдирилган отаси ва акаси, номуси топталган опаси учун мана бу темурийзодадан хун талаб қилиб қасд олишга ҳаққи йўқми? Бу ҳам ўша келгинди фотиҳларнинг бирику. Турондан келиб бу ерларда хўжайин бўлиб юрибди. Қани, Ҳиндикуш тоғига ҳам хўжайин бўлиб кўрсин-чи?! Султон ўз хундор душманини энг машаққатли йўллардан бошлаб боради, унинг азоб тортганларини кўриб бир аламдан чиқади. Иложини топса, довон йўлларида қор бўронларига кўмиб қайтади. Шу билан отаси ва акасининг руҳлари олдидаги қиёматлик бурчини бажарган бўлмайдими?

Султон шу ўй билан сайисхонага кирди. Тоғларда яхши юрадиган энг баққувват қора қашқа отини эгарлади. Жун хуржунга икки ҳафтага етадиган қилиб қовурдоқ гўшт, ёғлиқ патир ва бошқа егуликлар солдирди. Ўзи қалин пўстин кийиб, яна иккита жун чакмон, иссиқ қулоқчин, «жўраб» деб аталадиган қалин пайпоқлар олди. Отларга ем-хашакни ҳам унутмади. Пўстин тагидан белига ханжар тақиб олди. Ҳамма юкларини қизғиш рангли миқти отга орттирди-да, уни етовга олди.

Бобур ва Қосимбек бошлиқ беку навкарлар уч юз кишидан ортиқ. Кўпчилигининг етовда оти бор. Туяларга турли юклар, чодир ва йиғма ўтовлар ортилган. Қиш куни буларнинг ҳаммасини озиқ-овқат ва ем-хашак билан таъминлаш осон эмас.

Аввалги ҳокимларнинг одатини яхши биладиган Султон: «Булар ҳам аҳолининг мол-ҳолини зўравонлик билан тортиб олиб захира йиғса керак», деб ўйлади.

Аммо Бобур хазиначига буюриб, ҳамма захиралар учун олтин-кумуш танга тўлатди. Ҳатто ем-хашакни ва қор курайдиган ёғоч куракларни ҳам тангага сотиб олишди.

Кўз илғаган ҳамма жой оппоқ қорга бурканган. Султон қора қашқа отда олдинда йўл бошлаб боради. Бобур ва Қосимбеклар унинг кетидан отлиқ келишмоқда. Орқада юзлаб беку навкарлар етовдаги отлар ва юк ортилган туялари билан турнақатор бўлиб тизилиб йўл юради.

Бир ҳафтадан бери ҳар куни қор ёғади. Гоҳо қалин булутлар йиртиғидан офтоб хирагина бўлиб кўринади-да, кўп ўтмай йўқ бўлиб кетади.

Оппоқ тоза қор кўзни олади. Сўнг яна майдалаб қор ёғишга тушади.

Йўллар қор тагида кўринмай кетган. Султон болаликдан яхши биладиган тепаликлар, жилғалар ва қоятошларга қараб тусмол билан йўл бошлаб боради. Тоғ этакларида уларга биронта қўй суруви, биронта қорамол учрамайди— чорва ейдиган ўт-ўланлар қор тагида қолиб кетган. Ҳатто какликлар ҳам бу қорда дон тополмай пастликларга тушиб келган. Улар қалин қорда дуруст учолмай қоларкан, қанотларини ёзиб, қорга тиқилиб қолган какликлардан беш-ўнтасини йигитлар йўл бўйидан тутиб олдилар:
— Кечқурун тунашга тўхтаганда кабоб қилгаймиз!— дейишиб, хуржунларига жойладилар.

Тоғ оралиқларига кирганларида қор отнинг тиззасидан баландга чиқди. Қиш чилласи қаҳрли, совуқнинг қаттиқлигидан оёқ тагларида ғарчиллаган қорнинг товуши тоғ ёнларидан акс-садо бўлиб қайтади. Юқорига кўтарилганлари сари юриш қийинлашади, от-уловлар бурунларидан ҳовур чиқариб оғир-оғир нафас олишади, ҳорғин пишқиришади.

Беку навкарларнинг оғизларидан чиққан ҳовур ёғаётган қорга қўшилиб, соқол-мўйловларга оппоқ қиров бўлиб ёпишади ва ҳаммани мўйсафидга ўхшатиб кўрсатади.

Қиш куни қисқа, довонга етиб боролмадилар. Кеч кирганда нина баргли болут дарахтлари ўсиб ётган ўрмонда тўхтадилар. Текисроқ жойлар топиб, қорини кураб ташладиларда, ўрмондан ўтин кесиб келиб, гулханлар ёқдилар. Гулхан атрофларини эриган қорлардан тозалаб, Бобур, Қосимбек ва бошқа эътиборли аъёнлар учун чодирлар тикдилар. Йигит-яланглар қори куралган ерларга қалин кигизлар тўшаб ўлтирдилар. Юклар орасида қозон-товоқлар ҳам бор экан. Кундуз куни тутилган какликлардан қилинган кабобнинг олди Бобур ва Қосимбекка сузилди. Гулхан оловида қовурдоқлар ҳам тайёрланди.

Султон майхўрлик ҳам бўлишини кутган эди. Лекин у ҳамроҳ бўлиб бораётган беку навкарларнинг ўзаро гап-сўзларидан шуни билдики, йигирма беш ёшлик Бобур ҳали умрида май ичмаган намозхон йигит. Унинг шундай қор совуқларида ҳам таҳорат олиб намоз ўқиганини сафар пайтида бир неча марта кўрган Султон ўзича таажжубланиб қўйди.

Эртаси куни яна довон томонга кўтарилиб бораётганларида қорнинг қалинлиги отнинг ўмровигача чиқди. Отлар сал илгарилаганларидан сўнг оёқлари ерга тегмай, қорга ботиб тўхтаб қолишди.

Қосимбек йигитларга курак билан йўл очишни буюрди. Беш-олти киши курак олиб олдинга ўтди. Аммо қалинлиги одамнинг кўкрагига чиқадиган қорни курак билан уддалаб бўлмас, икки-уч қадам йўл очгунча бир дунё вақт кетарди.
— Э, бу бўлмас экан, — деди Бобур. — Бир кунда икки чақирим йўл боссак қачон етгаймиз?

Султон олдинга ўтди-да, қорни тепа-тепа шиббалаб, бирпасда тўрт-беш қадам йўл қилди.
— Буни биз тажрибада кўрганмиз, — деди Султон Бобурга. — Йигитларингизга буюринг, мана шундай қор тепиб йўл очсинлар. Бошқа илож йўқ!

Қосимбек «Қандаҳор орқали текис йўл билан борайлик!» деган таклифга кўнмагани ва довон йўлидан юришга сабабчи бўлгани учун Бобурдан хижолат чекмоқда эди. Шу сабабли ўғиллари Тангиберди ва Қамбаралини икки ёнига олиб, ҳаммадан олдин ўзи қор тепишга киришди. Орқадан яна Тоҳир бошлиқ тўрт-беш йигит олдинга ўтиб, қорни ғарчиллатиб шиббалашга тушдилар.

Бирпасда юз қадамча сўқмоқ йўл ҳосил бўлди. Ундан отларни етаклаб ўтишга тўғри келарди. Қор тепаётган Қосимбек ҳансираб деди:
— Отни зўр жонивор дердик, бундай қорга одам отдан ҳам зўр бўларкан!

Орқада йўл очилишини кутиб отлиқ турган беку навкарлар кўпчилик эди. Бу қаттиқ совуқда уларнинг отдан тушгилари келмасди, чунки отнинг баданидан озгина бўлса ҳам иссиқлик чиқиб, суворийга илиқ тапти уриб турар, пастдаги одам бўйи қор эса кафандай совуқ туюларди. Жуда секинлик билан илгарилаб боришар, бу кетишда бир кунлик йўл бир ҳафтага чўзилиши муқаррар эди. Ишбоши бўлиб турган Султон ҳар замонда Бобур томонга кўз ташлаб қўярди. «Қор қамалида қолаётган бу темурийзода энди не қиларкин?» деб уни зимдан кузатарди.

Султон Бобурнинг совқотиб асабийлашишини, йўл жуда секинлаб қолганидан тажанг бўлишини, одамларига бақириб-сўкиниб иш буюришини, айтганини қилмаганлар бўлса қамчи билан савалашини кутмоқда эди. Отаси ва акасини ўлимга буюрган ҳукмдорлар қиёфасида Султон ана шунақа золимларни кўрган, бугун эса улардан бирининг талвасага тушишига гувоҳ бўлиб, бир аламдан чиққиси келар эди.

Бироқ Бобур жим. У олдинда қор тепаётган кекса Қосимбекнинг ҳансираб, ҳолдан кетиб қолаётганини кўрдида, индамай отидан тушди. Олдинга ўтиб, Қосимбекнинг ёнига борди:
— Бас, сиз энди нафасни росланг! — деди, сўнг унинг ўрнига қор тепиб йўл оча бошлади.

Орқада йўл очилишини кутиб, отдан тушмай ўлтирган беку навкарлар энди бунга лоқайд қараб туролмадилар. Бобурнинг индамай кўп қатори ишга тушиб кетгани орқадагиларга зуғум қилиб буйруқ бергандан кўра кучлироқ таъсир қилди. Йигитлардан йигирма-ўттизтаси апил-тапил отларидан тушиб, Бобур томонга шошилдилар.

Баландга кўтарилганлари сари ҳаво сийраклашиб, нафас олиш қийинлашар, қирчиллама совуқ бунинг устига қўшилар, энг бақувват йигитлар ҳам йигирма-ўттиз қадам йўл очгунча чарчаб, ҳансираб четга чиқарди. Икки-уч марта бу ишни қилиб чиққан одам-ларнинг кўпи тўртинчи-бешинчи дафъа қор тепишга ярамай қоларди.

Аммо Бобур энг паҳлавон йигитлар қатори қайта-қайта олдинга ўтиб, бир ҳафта давомида одамларига йўл очиб боргани Султонни лол қолдирди. Беку навкарлар ўзаро гаплашганда:
— Амирзодамга кўз тегмасин, алплардай паҳлавонлиги бор! — деб қўйишарди.
— Саркарданг бўлса шундай бўлсин!

Султон ҳам ичида: «Худо бу йигитга куч-қувватни ҳам, ҳимматни ҳам аямай берганга ўхшайди», деб қўйди. Кеч кирганда баланд бир ялангликка кўтарилдилар. Бундан нарида довон бошланиши керак эди. Лекин бу баландликда қор бўрони бошланди. Қаттиқ шамол қор учқунларини юз-кўзга келтириб ура бошлади. Совуқнинг шиддати бир неча баробар ошиб кетди.

Ҳаволи Кутий деб аталадиган бу баланд жойда шамол-пана тоғ камарлари борлигини Султон биларди. У кичикроқ бир камарга Қосимбекни бошлаб кирди.

Аммо бу камарга тўрт-бешта одам зўрға сиғарди. Қосимбек Бобурни ҳам ичкарига таклиф қилди.

Юзлаб одам ташқарида қор бўрони остида дийдираб турибди. Суяк-суякларгача етиб бораётган аччиқ совуқнинг заҳрига даҳшатли қор бўронининг зарби қўшиляпти.

Агар одамлар шу очиқ жойда тунашга мажбур бўлса, уларнинг кўпи музлаб қолиши муқаррар. Ўлим хавфини сезган навкарлардан бири:
— Э-воҳ, жасадимиз қор тагида қолса, бизни ким топиб дафн этгай? — деди.
— Қордан кафан кийгаймизми-а? — деди иккинчи навкар.
— Ҳиндикуш деб бежиз айтмас эканлар! Бу тоғ одамкуш тоққа ўхшайдир!

Бобур бу навкарларни овозидан таниб, уларнинг олдига келди.
— Мирзоқули, ниятни яхши қилинглар! Худо хоҳласа, бу қор қамалидан эсон-омон чиқиб кетгаймиз. Маматбек, куракларинг борми?
— Бор! — деб Тоҳирнинг самарқандлик дўсти Мамат отининг эгарига танғиб боғланган куракни Бобурга олиб берди.

Бобур энига ва бўйига уч-тўрт қадам келадиган жойнинг қорини курай бошлади. Мамат подшоҳга қор куратиб, ўзи қараб туришга уялди, куракни Бобурнинг қўлидан олди:
— Бу ерда не қилмоқчисиз, амирзодам?
— Қордан иҳота ясамоқчимен. Ертўла қазийдилар-ку. Биз қортўла қазисак бўлмасмикан?
— Қани, кўрайлик... Э, йўқ, қор ҳали жуда юмшоқ экан, увалиб тушди...
— Ерга етгунча қазийлик-чи! — деди Бобур.

Қорни кўкраклари баробар қазисалар ҳам, курак ерга тегмади:
— Об-бо, қор бўрони бу ерга қорни уйиб ташлаган бўлса керак! — деди Мамат умидсизланиб.
— Майли, бас, — деди Бобур ва Тоҳир қўрчибегини чақирди: — Битта кигиз билан жойнамоз келтиринг!

Кўкрак бўйи келадиган қор девори шамолнинг шиддатини бир оз пасайтиргандай бўлди. Аммо тепада яна қор қуюн бўлиб ёғилмоқда эди. Тоҳир келтирган кигизни оёқ остига тўшадилар. Ёшликдан совуқ сувларда ювиниб чиниққан, ҳатто музни тешиб ғусл қилишга ўрганган Бобур ҳозир қор билан рамзий таҳорат олган бўлди-да:
— Таяммум! — деб қўйди.

Тоҳир эса Мирзоқули ва бошқа йигитларга мурожаат қилди:
— Беҳаракат тураверсак, совуқда тўнғиб тамом бўлурмиз! Ундан кўра амирзодамга ўхшаб қорни қазиб, шамолпана жойлар ясайлик. Ҳаракатланиб турсак, совуқ урмагай!

Бу гапларга зимдан қулоқ солиб турган Султон: «Кўрайлик-чи, қани бу темурийзоданинг чидами қанчага етаркин?» деди ўзича. Бобур эса соҳибқирон бобокалонидан олган сабоқларига биноан ҳаёт-мамоти ҳал бўладиган пайтларда икки ракат намоз ўқиб, худодан нажот тиларди.

Ҳозир кигиз устига жойнамоз тўшаб намоз ўқир экан, эгнидаги пўстинининг елкалари, гардишли қундуз телпаги бўралаб ёғаётган қордан оппоқ бўлиб қолди. Султон буни кўрди-ю, Бобур паналаб ўтирган жойни бўрон туни билан қорга кўмиб ташлашини ўзича тасаввур этди. Дилида тугун бўлиб турган интиқом туйғуси: «Қўйиб бер, — деди, — шаҳид бўлган отам билан акамнинг олдига бу темурийзода ҳам борсин! Қор тепиб чарчаган одам совуқдан карахт бўлиб, уйқуси элтса, кейин қайтиб уйғонмай эрталабгача нариги дунёга кетади!..»

Лекин Бобурнинг шундай мушкул аҳволда ҳам ўзини йўқотмай, одамларга далда бераётгани, кекса Қосимбекни камарга жойлаб, ўзи кўпчилик навкарлар қатори очиқ ялангликда қор бўрони тагида ўлтиргани Султоннинг инсоф ва диёнат туйғусини уйғота бошлади. Айниқса, Бобурнинг намоз ўқиётганини кўрганда ва саждага бош қўйиб парвардигордан нажот сўраганини эшитганда ички бир овоз «Худодан қўрқмайсанми, Султон? — деб сўрагандай бўлди. — Ахир худо олдида ҳар бир одам ўз гуноҳи учун ўзи жавоб беради-ку. Ёмон темурийзодалар қилган гуноҳлар учун нечун Бобур жавоб бериши керак? Ахир бунинг ўзи сенга ёмонлик қилгани йўқ-ку. Бир ҳафта қор тепиб сенга ҳам йўл очиб келмади-ми? Яхшиликка жавобан ёмонлик қилсанг, кейин қасоси ўзингга қайтмайдими?»

Бобур намозини тугатгандан сўнг Султон унинг олдига келди:
— Ҳазрат шоҳ, туни билан қор бўрони ичида музлаб қолишдан қўрқмайсизми?
— Начора? Сиз бизни огоҳлантирган эдингиз. Довон йўли чиндан хатарли экан...
— Қосимбек ўлтирган камарга сиз нечун кирмайсиз? Ахир шоҳлар доим тўрда ўлтириши керак-ку!
— Ҳаёт-мамот олдида шоҳу гадо баробар, жаноб Султон. Қосимбек кекса одам, менга отадек азиз. Мен ташқарида қолган бу йигитларим билан ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларини бирга татиб келмоқдамен. Қанча хавфу хатарларни бирга бошдан кечирганмиз. Бугун ҳам биз ўлим билан юзма-юз турибмиз. Шундай пайтда мен энг қадрдон одамларимни ташқаридаги хатар ичига ташлаб, ўзим қайси юз билан ичкарида жон сақлагаймен?
— Ҳазрат, мен сизни фақат подшоҳ деб ўйлаган эдим. Лекин сизда дарвишлик ҳам бор экан. Бу сўзимни кўнглингизга олмайсизми?
— Нечун кўнгилга олай? Шоҳлардан кўра дарвишларда адолат кўпроқ... Ахир сиз ҳам мусулмонсиз-ку.
— Алҳамдулиллоҳ муслимман. Барча муслимлар бир-бирларига биродардирлар. Юринг, мен сизга ҳамма одамларингиз сиғадиган улкан ҳовални кўрсатай!

Бобур қувониб, тез ўрнидан турди-да, Тоҳир билан Маматни чақирди.
— Қани, жаноб Султон билан боринглар-чи, бошқа камарлар бор эмиш!

Чиндан ҳам орқаси улкан ғорга туташиб кетган иккита камар бор экан. Уларга ташқарида қолган ҳамма одамлар кириб, туни билан шамолпана, қуруқ жойда гулханлар ёқиб исинишди.

Эртаси куни қор бўрони тўхтаб, ҳаво очилиб кетди. Кечаги кучли шамол қорларни учириб, ҳамма ўнгир ва жарларни қорга тўлдирган ва текислаб кетган эди. Бўрон ва совуқнинг шиддатидан бу қорлар шиббаланиб, қалин қатқалоқ ҳосил бўлган эди. Ана шу қатқалоқдан ва ўйдим-чуқурларни тўлдириб текислаган қорнинг қалинлигидан Султон усталик билан фойдаланди, Бобурни барча одамлари билан тоғнинг нариги томонига бошлаб кетди. Яна куни бўйи йўл юриб, керак бўлганда қор тепиб, кечки пайт Яккаўланг[28] деган қишлоққа етиб бордилар.

Бу туркийзабон қишлоқ одамлари:
— Осмондан тушдиларингизми? — деб ҳайрон қолишди: — Умримиз бино бўлиб қиш чилласида бу довондан тирик ўтиб келган шунча кўп одамни кўрмаган эдик!

Яккаўлангликлар Бобур ва Қосимбекнинг оёғи тагига қўйлар сўйиб, катта зиёфатлар беришди.

Бир кеча дам олганларидан сўнг Султон қайтиб кетишга рухсат сўради.
— Бир ўзингиз тоғдан қандай ўтасиз? — деди Бобур.
— Келган йўлимиз ҳали бекилмагандир. Отларим бор-ку.
— Балки биз билан қолурсиз? Мамлакатнинг тўрт томони тоғ. Бизга сиздек йўл кўрсатувчи доим керак.
— Таклифингиз учун ташаккур, ҳазрат шоҳ. Мен сиздек мард подшоҳни умримда биринчи кўришим. Уйга қайтиб, барча пашойиларга сизнинг тўғрингизда сўзлаб бермоқчиман. Хизматингизга келсам ҳам, юз-икки юзта йигитларни бошлаб келамен. Худо ҳофиз!

Бобур хазиначига буюриб, Султонга кутганидан ҳам ортиқ мукофотлар бериб жўнатди.

* * *

Кобулда уларни бошқа хавф-хатарлар кутмоқда эди. Фитначилар Бобурни «Ҳиротда қатл этилибди» деб овоза тарқатганлари рост экан. Ўратепанинг собиқ ҳокими Муҳаммад Ҳусайн дуғлат фитначиларга бош бўлиб, Бобурнинг ўрнига унинг амакиваччаси — марҳум Маҳмуд мирзонинг йигирма ёшлик ўғли Мирзохонни Кобул подшоси, деб эълон қилибди. Бунинг хабарини Кобулда қолган содиқ навкарлардан Муҳаммад Андижоний Лангари Темур деган жойда Бобурга етказиб келди. Маълум бўлишича, Кобул қалъасини Бобур учун беркитиб турган Мулло Бобо ва Аҳмад Юсуфларнинг аҳволи жуда оғир. Қўрғонни қамал қилаётган Мирзохон бошлиқ мўғулларнинг йигирма минг одами бор, деворларга нақб солиб борут билан портлатиб ўтишга ҳаракат қилишяпти. Қўрғон ҳимоясида икки юзтагина одам турибди. Уларнинг ҳам захиралари тугаб боряпти. Шу кетишда фитначилар кетма-кет ҳужум қилаверса қўрғонни бир ҳафта-ўн кунда олиб қўйишлари эҳтимолга яқин.
— Биз Лангари Темурдан Кобулга тўрт кунда етиб боргаймизми, а, жаноб Қосимбек? — сўради Бобур.
— Илдам юрсак, уч кунда ҳам етгаймиз. Аммо Қандаҳор йўли билан келганимизда Кобулга яна бир ойда зўрға етган бўлардик.

Муҳаммад Андижоний бу гапни маъқуллаб қўшимча қилди:
— Фитначилар сизларнинг қиш чилласида Ҳиндикушдан ошиб келишларингизни мутлақо билмайди, амирзодам! Ахир бу — ақл бовар қилмайдиган иш! Шунинг учун фитначилар асосий кучларини Қандарҳордан келадиган йўл бўйларига жойлаштирганлар. Қоровуллари ҳам Қандаҳор томонда пойлоқчилик қилмоқда эмиш. Менга буни Мулло Бобо тайинлаб айтиб юборди. «Ғазна томондан келмасинлар, Манор тоғи томондан келсинлар» деб илтимос қилди.
— Аммо жаноб Қосимбек, сиз узоқни кўзлаб довон йўлини танлаган экансиз. Мен сизнинг ҳақлигингизга энди астойдил тан бердим.
— Ташаккур, амирзодам. Энди ҳамма гап Кобулга ёғийлар кутмаган томондан билинтирмай боришимизга боғлиқ. Уларни ғафлатда босмоқ керак!

Бобур, Қосимбек, Хўжа Калон ва бошқа ишончли амирлар маслаҳатни бир жойга қўйишди. Кобул қўрғонидаги Мулло Бобо бошлиқ содиқ кишиларига Бобур ўз қўли билан махфий мактуб ёзди.

«Мардона бўлинг, нажот яқин, худо хоҳласа, сешанба куни тунда биз Манор тоғида улкан ўт ёндирғумиздир. Сизлар ҳам аркда, эски кўшкнинг устидаким, ҳозир хазинадур, улуғ ўт ёндирингиз, токи билғаймизки, биздан хабардор бўлибсиз...»

Муҳаммад Андижоний Бобурнинг мактубини Кобул қўрғонидагиларга вақтида етказиб борган экан. Сешанба куни кечаси Бобур одамлари билан Манор тоғига етиб, Кобул қўрғони кўринадиган жойда улкан олов ёндирдилар. Кўп ўтмай Кобул аркида хазинанинг томи устида ҳам каттакон олов ялтиллаб кўринди.

Шундан кейин Бобур одамлари билан Кобулнинг шимол томонидаги Ғурбанд Тангисидан саҳар палла чиқиб, энг аввал фитначиларнинг бошлиқлари ухлаб ётган қасрларга яқинлашдилар. Тун жуда совуқ, изғирин шамол эсади, кўпчилик қоровуллар ҳам шамолпана илиқ жойларга кириб кетишган. Муҳаммад Ҳусайн билан Мирзохон ғафлат уйқусига ётган пайтда қўрғон ичкарисидан Мулло Бобо ва Аҳмад Юсуф ўз одамлари билан Оҳанин дарвозасидан қуролланиб чиқдилар. Қўрғонни қамал қилиб ётган мўғулларнинг ҳалқаси шимол томонда сийрак эди, чунки улар Бобурнинг жануб-ғарб томондан келишини кутмоқда эдилар.

Бобур шимолдаги Ғурбанд томондан, қўрғондагилар қалъа томондан бирваракай зарба беришиб, мўғуллар ҳалқасини синдириб ўтдилар.

Кобул подшоси деб эълон қилинган Мирзохон қўрғон ташқарисидаги ҳашаматли бир қасрда ухлаб ётган пайтда Бобурнинг Хўжа Калонбек бошлиқ йигитлари қаср ҳовлисига тиғ яланғочлаб кирдилар. Мирзохоннинг қўриқчи йигитлари ҳам қиличларини қиндан суғурдилар. Қиличбозлик жангидан бир неча навкар яраланиб йиқилди. Чўчиб уйғонган Мирзохон:
— Бобур бостириб келди! — деган хабарни эшитиб ўзини йўқотиб қўйди. «Ўлдига» чиқарилган одамнинг бирдан тирилиб келиши Мирзохонни шунчалик ваҳимага солдики, у тарафдорларини тўплаб жанг қилишни хаёлига ҳам келтирмади. Қантариб қўйилган эгарлоғлиқ бир отга сапчиб минди-да, кунчиқиш томондаги тоғларга қараб қочди. Буни эшитган Бобур Юсуфбек бошлиқ бир тўда йигитларни Мирзохоннинг кетидан қувғинчи қилиб юборди. Ўзи Боғи Биҳишт деб аталадиган боғнинг икки қаватлик қасрига томон от суриб кетди.

Фитначиларнинг бошлиғи Муҳаммад Ҳусайн дуғлат шу қасрда эди. Дарвозанинг томи устида ўлтирган қўриқчилар Бобурга ёйдан ўқ ёғдирдилар. Ўқлардан бири унинг пўлот дубулғасига, яна бири кўкрагидаги зирҳли «чор ойнага» ўралиб қапчиб кетди. Сўнг Бобур камондан отган ўқлар том устидаги соқчилардан бирини ерга қулатди.

Дарвозани қўриқлаб турган отлиқ мўғул беклари қилич яланғочлаб, Бобурга ҳамла қилишди. Улардан бири яқин келиб қилич урганда Бобур ўзини қалқони билан тўсди. Сўнг фитначининг бўйнига шундай қилич урдики, эгардан ерга учириб, юмалатиб юборди. Яна иккинчи, учинчи... бешинчисини отидан қулатди...

Қилич яланғочлаб келаётган ҳар бир душман унга юзма-юз келган ўлим тимсоли бўлиб кўринарди. Ёвни қилич билан уриб йиқитганда ўзига чанг солаётган ўлимни бартараф қилгандай енгил тортарди.

Бобурнинг ўзи тиғ билан ёвларини уриб, йиқитиб келаётганини эшитган Муҳаммад Ҳусайн дуғлат ҳовлига чиқишга ҳам журъат этолмади. Хотинларнинг кўрпа-тўшак йиғиб қўйиладиган хонасига кириб, бўғжаманинг ичига яширинди.

Меҳр Нигор хоним — Бобурнинг холаси эди. Бултур Қутлуғ Нигор хоним оламдан ўтгандан бери Бобур бу холасини она ўрнида ҳурмат қилиб юрарди. Бобурнинг одамлари ичкариларни ахтариб, Муҳаммад Ҳусайнни топиб чиққанларича Бобур шу холаси олдида фарзанддек таъзим қилиб кўришди.

Тошкентда хон бўлган марҳум Маҳмудхоннинг онаси Шоҳбегим ҳам шу қасрда экан. Бобурга ўгай бўлса ҳам, ҳар қалай момо ҳисобланган Шоҳбегим тўсатдан пайдо бўлиб қолган Бобур олдида саросима бўлиб, дудуқланиб бирон сўз айта олмади. Бобур унинг ҳам ҳурматини жойига қўйиб, таъзиму тавозе билан сўрашди.

Ичкаридан икки йигит қўлтиғидан маҳкам ушлаб олиб чиққан Муҳаммад Ҳусайн эса:
— Менда не айб?! — деб пешгирлик қилди.
— Сизда айб бўлмаса нечун мендан қочиб тўшакхонага бекиндингиз? — сўради Бобур.
— Қилич ялонғочлаб кирганлардан қўрқдим, рост!
— Аммо менинг ўрнимга Мирзохонни подшоҳ кўтарганда худодан қўрқмадингизми? Бир подшоҳга қарши фитна уюштириб, бошқа подшоҳни тахтга чиқариш — давлат тўнтариши эканини билмасмисиз? Бундай хиёнатлар учун энг оғир жазолар берилиши, танаси пора-пора қилиниб, минг қийноқлар ичида қатл этилиши сизга маълум эмасмиди?!
— Мени... мўғул беклари йўлдан урдилар!.. Кечиринг, амирзодам, кечиринг — деб Муҳаммад Ҳусайн ҳўнграб йиғлай бошлади ва Бобурнинг оёғи остига ўзини ташлади.

Соқолига оқ тушган бу одамнинг Ўратепадаги уйида Бобур кўп марта меҳмон бўлган, унинг ўғиллари билан бирга ўсган эди. Айниқса, Муҳаммад Ҳусайннинг кичик ўғли Ҳайдар Мирзо Бобурга жуда меҳрибон, зеҳни ўткир, етти-саккиз ёшдаёқ китоб ўқиб, шеър айтадиган заковатли бола эди[29].

Меҳр Нигор хоним ҳам, Шоҳбегим ҳам Муҳаммад Ҳусайннинг шу болаларини ўртага солиб, Бобурдан шафоат сўрадилар. Бобур Муҳаммад Ҳусайнга нафрат билан кўз ташлаб деди:
— Мана шу оналару бегуноҳ болалар ҳурмати... Мен сизнинг қонингиздан кечдим... Аммо энди сиз билан орамиз узилди... Кўчингизни олиб, менинг қаламровимдан чиқиб кетинг! Тамом!

Бобур бу ердан отланиб чиққанда фитначи қўшинлар Кобул қўрғонининг атрофларини тарк этиб, тоғларга қараб чекинмоқда эди. Қамал пайтида қўрғонни аждаҳодай ўраб ётган минглаб мўғул аскарлари энди ўз сардорларидан ажралиб, боши кесилган илондек талваса ичида гўё думалаб кетмоқда эди.

Мирзохоннинг кетидан юборилган қувғинчилар уни Қарға Булоқ деган жойдан тутиб олиб, аркда девонхонада ўлтирган Бобурнинг олдига олиб кирдилар. Енгил кийинган Мирзохон совуқда дийдираб кўкариб кетган. Бобурга эгилиб таъзим қилаётганда ерга гурсиллаб йиқилиб тушди. Йигитлар уни ўрнидан турғиздилар. Йиғлаб илтижо қилди:
— Мени афу этинг, ҳазратим! Сиз менинг ягона подшоҳимсиз!
— Аммо ўзингизни ҳам подшоҳ деб эълон қилибдилар-ку!
— Мени алдадилар! «Темурийлардан Кобулда фақат Сиз қолгансиз, — дедилар. — Бобур мирзо қайтиб келгунча элга бош бўлиб туринг» деб кўндирдилар! Мана, худога шукр, эсон-омон қайтиб келибсиз!
— Бизга пешвоз чиқиб кутиб олиш ўрнига, нечун тоққа қараб қочдингиз?
— Хом сут эмган банда, ваҳимага берилибмен! Аммо мен мўғул беку навкарларидан ҳимоя истаб қочганим йўқ. Сизнинг ҳузурингизга жанг тугагандан сўнг қайтмоқчи эдим.

Бобур учун ҳам Мирзохоннинг мўғул беклари томонга қочиб кетмагани яхшилик аломати эди. Агар Мирзохон улар томонга ўтиб кетганда, икки орадаги уруш узоқ давом этиши, яна кўп беҳуда қонлар тўкилиши мумкин эди.
— Мен сизнинг қаҳрамонлигингизга тан бериб тиз чўкурмен, ҳазратим! — деб Мирзохон яна юкунди.— Сизда Соҳибқирон бобокалонимизнинг қиличи борлигини билурмен! Бу қиличга «Куч—адолатдадир» деган муқаддас ёзув битилганини ўзингиз менга айтган эдингиз. Бугун сиз ана шу қилич билан баҳодирона жанг қилиб ғалабага эришдингиз. Чиндан ҳам, куч—адолатда эканига мен энди астойдил имон келтирдим! Буюринг, токи умрим борича сизга хизмат қилай!

Бобур Мирзохонга ўнг томонидан жой кўрсатди.
— Шарбат келтирилсин! — деб буюрди.

Савдарбоши олтин косада келтирган шарбатдан Бобур аввал ўзи ичди-ю, кейин Мирзохонга берди.
— Ҳозир Кобулда темурийлардан фақат иккимиз қолдик, — деди Бобур. — Бу мўғуллар азалдан темурийлар билан олишиб келурлар. Қундузда Шайбонийхоннинг қўшини турибдир. Ора яқин. Кобулда хоннинг жосуслари ёлғон овозалар тарқатиб, мени атайлаб «ўлдига» чиқарган бўлсалар керак.
— Бу рост! Қундуз ҳокими Қамбарбий Кобулдаги мўғул беклари билан тил бириктирганини мен ҳам сездим.
— Кимлар ўша тил бириктирган беклар?

Мирзохон бир неча мўғул бекларининг номларини айтди.
— Ана шуларни сиз бизга тутиб беришингиз керак! — деди Бобур. — Бўлмаса булар яна пайтини топиб, сиз билан мени Шайбонийхонга сотгайлар!
— Кемага тушганнинг жони бир, ҳазратим! Мен то ўлгунимча темурийлар кемасида собит тургаймен! Агар ўлимга буюрсангиз ҳам сўз қайтармай борурмен!

Мирзохон девқомат ёвқур йигит эди, унинг томирида она томондан бобокалони Искандар Зулқарнайн қони ҳам борлигига Бобурнинг ишонгиси келарди.
— Сизни ўлимга буюрмоқчи эмасмен. Мирзохон, балки ҳамкорликка чорламоқчимен!..
— Жону таним, бутун борлиғим билан ҳамкорингиз бўлурмен, ҳазратим!

Мирзохон шу сўзининг устидан чиқиб, Бобур буюрган барча ишларни сидқидил билан адо этадиган бўлди.

Муҳаммад Ҳусайн дуғлат эса кўч-кўронини туя ва отларга ортиб жўнаб кетди ва Мурғоб бўйларида Шайбонийхонга бориб қўшилди. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, ўша ерда ҳам фисқу фасод ишларга бош қўшгани учун Шайбонийхон томонидан ўлдирилди.

Ўша қиш Бобур кўрсатган мардлик ва довюракликнинг мукофоти шу бўлдики, Қосимбек Ҳирот чорбоғида учраган гўзал қизни излаб топди. Бобур Кобулда катта тўй қилиб, Моҳим бону исмли бу олов қизга уйланди ва орадан бир йил ўтар-ўтмас ундан ажойиб ўғил кўрди. Бахтли истиқбол орзуси билан бу тўнғич ўғилни Ҳумоюн деб атадилар.

Ҳирот, Марв - Паймонаси Тўлганлар

1

Ҳирот атрофларида қиш осойишта ўтди-ю, авжи баҳор кунларида Шайбонийхон эллик минг қўшин билан Мурғоб дарёсидан ўтиб, Хуросонга бостириб кирди. Бадиуззамон мирзо билан Музаффар мирзо Ҳиротнинг шимолида Қораработ ва Тарноб деган жойларда икки бўлак қўшин, икки алоҳида саркарда билан ланж бир аҳволда ўтирган эдилар.

Шайбонийхоннинг Убайдулла Султон ва Темур Султон бошлиқ отлиқ аскарлари бу икки қўшиннинг орасига тиғдай ёриб кирди-ю, кучли бир зарба билан икки подшоҳни икки томонга улоқтириб ташлади. Мирзолар кўпчилик бек ва навкарлари билан тумтарақай бўлиб қочдилар. Фақат Зуннунбек арғун ўзининг Ҳизабрулла бўлишига ва Шайбонийхоннинг қиличини синдиришига ҳали ҳам ишонгани учун бир неча юз навкарини хон қўшини қаршисига бошлаб чиқиб, охирги нафаси қолгунча олишди. Убайдулла Султоннинг отлиқлари ҳаял ўтмай уни эгардан уриб туширдилар, бошини кесиб найзага санчдилару Шайбонийхон минган отнинг оёғи тагига элтиб ташладилар.

Жанг майдонидан ҳаллослаб қочган Бадиуззамон мирзо Ҳиротга ҳаммадан олдин етиб келди, аммо шаҳар ичига кирмади. Боғи Жаҳонорода бир неча соат тўхтаб, отларига дам берди-ю, олтин-кумуш ва жавоҳирларидан кўтарганича олди. Унинг хотин-болалари шаҳар ичида — аркда эди. Орқадан қувиб келаётган ёв таҳликасидан қўрққан Бадиуззамон мирзо шаҳар доруғасини чақириб, қалъа дарвозаларини бекитиб олишни буюрди. «Қамалда қолишдан қўрқманглар, биз Қандаҳор томондан қўшин тўплаб келиб, сизларни халос қилурмиз», деган қуруқ ваъда билан хотинлари ва болаларини қўрғон ичида қолдириб ўзи жанубга қараб шошилди.

Ҳиротга кечаси етиб келган Музаффар мирзо ҳатто енгилиш ва қочишда ҳам акаси билан мусобақалашган каби иш қилди. У ҳам шаҳар ташқарисидаги Боғи Сафидда бир неча соат тўхтаб, нафасини ростлагач, энг керакли нарсаларини олди-ю, ёв етиб келиб қолишидан қўрқиб, аркка кирмади, онаси ва хотинларини қалъа ичида қолдириб, дарвозаларни бекитишни буюрди, у ҳам Қамалда қолсаларинг ўзим келиб қутқарамен!» деганича Астрободга қараб қочди.

Мирзоларни кутганидан ҳам осон енгган Шайбонийхон шаҳардан ўн беш чақиримча шарқдаги Қаҳдистон деган хушҳаво ўтлоққа тушиб, шоҳона чодирларини тикдирди.

Хадича бегим Ҳиротда бор аъёнлар ва қўриқчи аскар саркардаларни тўплаб, қўрғон дарвозаларини бекитишга уриниб кўрди. Аммо икки оға-ини подшодан биронтаси Ҳирот мудофаасига бош бўлмасдан қочиб кетганлиги ҳамманинг руҳига ёмон таъсир қилган, қамал азобини ҳеч ким зиммасига олишни истамас эди. Хоннинг ғазабига қолмаслик учун Ҳиротни унга жангсиз топширишни маъқул кўрувчилар кўп эди. Ахири Ҳирот шайхулисломи Тафтазани бир неча нуфузли кишиларни ёнига олиб, Ҳирот шаҳрининг калитларини қимматбаҳо совға-саломлар билан бирга хонга элтиб топширди.

Қаҳдистоннинг оромбахш баҳор ҳавосида улкан ғалабадан таъби очилиб юрган Шайбонийхон энди жозибали бир аёл билан қовушгиси келар эди. У Ҳиротнинг энг таърифи кетган гўзал жувони — Музаффар мирзонинг йигирма ёшлик суюкли хотини Қоракўз бегим деб эшитган эди. Тошкентда ва Андижонда Қоракўз бегим деб от чиқарган қиз-жувонлар қанчалик чиройлик бўлганини хон яхши билар эди. Ҳиротлик Қоракўз бегимнинг асл номи бошқа бўлса ҳам қора кўзли гўзаллар орасида энг чиройлиси бўлгани учун эл орасида шу исм билан танилган эди.

Шайбонийхон доимий одатини қилиб, бу жувонга ғойибона ошиқ бўлгани ҳақида қисқа бир ғазал ёзди-ю, шоир Муҳаммад Солиҳни орага қўйиб, шеърини бегимга етказдирди.

Музаффар мирзо номардлик қилиб хотинларини ташлаб кетганидан қаҳри келган Қоракўз бегим хоннинг ғазалини хуш қабул қилди. Хадича бегим бошлиқ бошқа келинлар Ҳиротнинг энг мустаҳкам истеҳкоми бўлган Ихтиёриддин қалъасига кириб бекинганларида Қоракўз бегим улардан ажралиб қолди ва отасининг шаҳар ташқарисидаги чорбоғига кетди. Кейин бегимни ҳаммомда ювинтиришиб, келинлардай ясантиришди-ю, хон юборган шоҳона маҳофага солишиб Қаҳдистонга олиб кетишди.

Кечки пайт Ҳиротнинг шайхулисломи ва қозиси хон қароргоҳига чақирилди.

Бугун одатдагидан ёшроқ кўринаётган Шайбонийхон шариат пешволарини маҳфури[30] гилам тўшалган боргоҳда қабул қилди. Хоннинг ёнида турган мулло Абдураҳим Қоракўз бегимни бугун имоми замонга никоҳлаш ҳақида гап очди.
— Бугунми? — деб шайхулислом қозига саросима бўлиб кўз ташлади. Қози бу қарашнинг маъносини тушунди.

Қоракўз бегим Музаффар мирзонинг никоҳида эди. Эрининг ташлаб кетганига беш кун ҳам бўлгани йўқ. Ҳолбуки, бир мусулмоннинг никоҳидаги хотиннинг иддаси бўлади, уч ой ўтмагунча бошқа кишига никоҳлаш мумкин эмас. Шариат буни қатъиян ман қилган!

Шайхулислом хоннинг оёғи тагидаги гиламни ўпиб, шу тўғрида гап бошлаган эди, хон унинг сўзини кесди:
— Шариатни бизга ўргатманг! Бегимни ҳезалак эри бундан тўрт ой олдин уч талоқ қўйган. Сиз уч ой дейсиз! Бегим тўрт ой боши очиқ юрган! Наҳотки, сиз, шариат пешволари бундан бехабарсиз?!

Хоннинг қаҳридан қўрқиб кетган шайхулислом оппоқ соқолини маҳфури гиламга суркаб яна ер ўпди.
— Хабардормиз, ҳазратим!
— Хабардормиз! — деди қози ҳам гиламни ўпиб. Улар Музаффар мирзонинг бундан тўрт ой бурун аччиқ устида хотинини уч талоқ қўйганини билар эдилар. Бироқ кейин мирзо хотини билан яна ярашганда шайхулислом билан қози бегимни эрига қайтадан никоҳлаб берган эдилар. Лекин бегимнинг аввалги ёш эри тилга олинганидан рашки келиб, сабр косаси тўлиб турган хонга буни айтиш— ўлимни бўйнига олиш билан баробар эди.

Шариат пешволари энди бу тўғрида «чурқ» этмасдан никоҳ ўқишга ҳозирландилар...

* * *

Салласига лаъл ва гавҳар билан бирга укпар ҳам қадалган Шайбонийхон кечаси бегимнинг хобгоҳига шаҳдам қадамлар билан кириб кетди. Хобгоҳнинг ташқи бўлмасида хоннинг ҳарамига қарайдиган кекса бека, иккита бичилган ҳабаш қул ва бегимга эргашиб келган иккита каниз навбатчилик қилиб қолишди.

Бир вақт хобгоҳ эшиги шахт билан очилди-ю, елвагай тўн кийган, бошидаги оқ шабпўши[31] бир ёнга оғиб кетган Шайбонийхон чиқиб келди. Унинг ранг-қути ўчган, лаблари пирпирайди.
— Беҳаё экан! Бузилиб кетган экан! Безбет!

Ҳарам бекаси бегимнинг канизлари билан бирга шоша-пиша ичкарига кирдилар. Тўшак четида юзини қўллари билан бекитиб олган гўзал жувон елкалари силкиниб, пиқ-пиқ йиғлар эди.

Маълум бўлишича, Қоракўз бегим Ҳиротнинг сўнгги подшолари яхши кўрадиган ва олий табақа аёллари «ғалвира» деб от қўйган шўх бир қилиқ қилади. Бу билан у эллик олти ёшлик хонни қойил қилмоқчи, балки унинг илҳомини оширмоқчи бўлади. Бироқ кўп марта уйланган, қанча қиз-жувонлар билан бир ёстиққа бош қўйган хон умрида бундай қилиқларни кўрмаган экан. У аввал саросимага тушади, кейин Қоракўз бегимнинг аввалги ёш эрини эслайди. Бегим бундай қилиқларни аввалги эрига ҳам қилганларини кўз олдига келтиради-ю, ҳафсаласи бирдан пир бўлади ва сўкиниб ўрнидан туриб кетади.

Бегим бу шўхликни хонга ёқиш учунгина қилганини, Ҳирот асилзодалари орасида бу жоиз эканини канизлар ҳарам бекасига тушунтирдилар. Бегимга раҳми келган ҳарам бекаси хоннинг олдига чиқиб, уни жаҳлидан туширишга тиришди:
— Ҳазратим, айб фақат бу бегимда эмас! Айб унга шу қилиқни ўргатганларда! Ҳиротда беҳаёлар кўп экан.
— Бу шаҳар — диндан қайтган рофизийлар[32] уяси!— деди хон ҳам энди ғазабини бошқа томонга йўналтириб. — Бу жувоннинг қайнонаси Хадича бегим — безбетларнинг энг каттаси! Энг аввал ўшани тутиб жазосини бериш керак.

Шайбонийхон хобгоҳга қайтиб кирмади. Қоракўз бегимни тавфиқ ва ҳаё йўлига қайтаришни ҳарам бекаси билан ҳабаш қулларга топширди-ю, ўзи боргоҳга жой солдириб ётди. Аммо тонг отгунча ухлай олмади.

Эрталаб азонда боргоҳдан ҳиргоҳга ўтди-ю, лашкарбошилардан Убайдулла Султонни, мулозимлардан Муҳаммад Солиҳни, мавлоно Биноийни ва Мансур бахшини чақиртирди.

Энг аввал жияни Убайдулла Султонни сўроққа тутди:
— Ихтиёриддин қалъаси олиндими, йўқми?
— Хон ҳазратлари, бугун-эрта олинғусидир!
— Битта бузуқ хотин бекитиб ётган қалъани шунча лашкар билан ҳалигача ололмайсан! Ё ўзим бориб олайми?

Хонга кечаси бир бало бўлганини ҳамма сезди. Йигирма ёшли девқомат Убайдулла Султон улкан гавдасини эгиб, хонга икки букилиб таъзим қилди:
— Ҳазратим, қалъани шу бугун оламиз. Ҳозир мен ўзим бориб ҳамла қиламен!
— Ҳамла қиламен деб, лашкаринг деҳқонларнинг экинини топтаб кетибди. Биз Ҳиротга меҳмон бўлиб келганимиз йўқ. Деҳқоннинг ҳосили ўзимизга керак! Боғларни ҳам от босмасин! Мевасини ўзинг ейсан! Сен темурийзодаларнинг уруғини қурит! Ўшаларга хизмат қилиб қутурган шиаларни бос!
— Барча айтганларингизни бажо келтирамиз, ҳазратим!

Убайдулла Султон кетишга чоғланди. Шунда Шайбонийхон:
— Агар қалъани бугун оладиган бўлсанг, Мансур бахшини ҳам олиб кет! — деди. — Бу бахши яна бўйдоқ юрибди. Бунга хотин чидамайди. Хадича бегим шунга ўхшаган зўр бир эр тополмай юрган эмиш. Қалъа-ни олсанг, ўша хотинни Мансур бахшига никоҳлаб берасан!

Семириб, аввалгидан баттар йўғонлашиб кетган ўтовдай катта Мансур бахши:
— Айналайин сиздан, хон ҳазратлари! — деди. — Самарқандда никоҳлаб берган Зуҳра бегимингиз ўлгандан бери сўққабошлик жонимга тегиб юрган эди!
— Лекин сен бахши ҳадеб нафсингни ўйлай берма!— деди хон. — Ҳиротнинг энг катта бойликлари Хадича бегимнинг қўлида. Менга ахбороти келган, бу хотин олтиндан гул ясатган эмиш, барглари зумраддан эмиш. Гулга қўниб турган булбулнинг оғзида гавҳари бор эмиш.
— Хон ҳазратлари, бунисини мен сизга топтириб бераман! — деди Мансур бахши. — Хазинаси ҳам сизники! Менга ўзи бўлса бас!

Бу шўх гаплардан кейин Шайбонийхоннинг чеҳраси сал очилди-ю, Убайдулла Султон билан Мансур бахшига кетиш учун рухсат берди. Муҳаммад Солиҳ билан мавлоно Биноий хон қаршисида ҳамон қўл қовуштириб, оёқ устида сукут сақлаб туришарди. Қизил кимхоб кўрпача устида чордана қуриб ўтирган хон Муҳаммад Солиҳга қараб:
— Сен, шоир, нуқул Ҳиротни мақтар эдинг, — деди.— Ҳиротинг ҳаёсини йўқотган бетавфиқларнинг уяси экан-ку!

Муҳаммад Солиҳ хоннинг бошига кечаси қандай ҳангома тушганини аллақачон пайқаган эди. Шайбонийхон ҳозир кексалик заифлигига чора тополмай алами келаётгани ҳам сезилиб турарди.

Муҳаммад Солиҳ унинг ярасига туз сепмаслик учун гапни бошқа ёққа бурди:
— Ҳазратим! Ҳиротнинг ахлоқини темурийлар бузган. Сиз темурийларни жангда жисмонан енгдингиз, энди уларни маънан енгмоқдасиз! Имоми замонамизнинг ахлоқий покликлари ҳиротликларга ибрат бўлмоғи керак.
— Гапга чечансен! Лекин Ҳиротнинг ахлоқини шоирлар ҳам бузганини нега айтмайсен! Темурийларни мақтаб, беҳаё шеърлар ёзиб, лаган-лаган олтин олган шоирларинг бўлмағанми?
— Бўлган, хон ҳазратлари. Мана мавлоно Биноийни Ҳиротдан ана ўшанақа шоирлар кеткизиб юборган!

Шайбонийхон мавлоно Биноийга юзланди:
— Шундайми?
— Шундоқ, ҳазратим! — деди Биноий таъзим билан.
— Ундай бўлса мавлоно Биноий адолат қиличини белига тақиб, ёмон шоирлардан қасдини олсин! — деди хон. — Бизнинг ғолиб навкарларимиздан эллик-олтмиштасини мавлононинг ихтиёрига беринг. Темурийларнинг олтинидан қутуриб юрган шоирларнинг молу мулки мусодара қилинсин! Барча олтинларини тортиб олиб хазинага топширинг! Кейин бу шоирларнинг кўзи очилиб, тавфиқу ҳаё йўлига қайтиши осон бўлади!

Мавлоно Биноий безовталаниб Муҳаммад Солиҳга қаради. У бир вақтлар ўзига алам ўтказган баъзи Ҳирот шоирларини ҳар қанча ёмон кўрса ҳам, лекин ёнига аскар олиб, бировларнинг уйини тинтишни, молу мулкини мусодара қилишни ўзига муносиб кўрмас эди. Бироқ буни хонга рўйи-рост айтиш ҳам мумкин эмас эди.
— Ҳазратим, шундай улуғ вазифани фақирга ишониб топширмоқ ниятингиздан сарфарозмен!.. Фақат бир андешам бор.
— Хўш?
— Ҳазратим, мен умримда қилич чопмаган кекса одаммен. Ёшим элликдан ошган. Бу фармони олийни жанговар бек шоир Муҳаммад Солиҳ жаноблари фақирдан юз ҳисса яхши бажарурлар! Фақир бу жанобга кучим етганича ёрдам берай!

Муҳаммад Солиҳ бу ишни ўзига йўлатгиси келмади.
— Мавлоно, мен Ҳирот шоирларини сизчалик яхши билмаймен!

Буйруғи сансалор бўлаётганини сезган Шайбонийхон, кўзлари таҳдидли ялтираб, Биноийга тикилди.
— От инъом қилдик — миндингиз. Тўн инъом қилдик— кийдингиз. Улуфа бердик — йўқ демадингиз. Энди иш буюрсак, йўқ дейсизми?!

Бошқа эътирозга ўрин қолмади. Олти йилдан бери хон хизматида юрган Биноий унинг ҳозирги буйруғини бажаришга мажбур эди...

* * *

Шайбонийхоннинг ўнг қўл вазири — олтмиш беш ёшлик мулла Абдураҳим Ҳирот алломаларидан олтин ундиришнинг бошқа бир йўлини ўйлаб топди. Ҳирот атрофларидан ғолибларнинг қўлига тушган ўлжалар орасида сурув-сурув қўйлар ҳам бор эди. Мулла Абдураҳим шу қўйлардан олтмиштасини Ҳиротнинг Қипчоқ дарвозаси ташқарисидаги бозорга ҳайдаб тушишни хизматкорларига буюрди. Сўнг шаҳарга бир тўп навкар юбориб, тему-рийлар даврида машҳур бўлган Хондамирни, Бобурга яқинлиги билан танилган мавлоно Фазлиддинни, Ҳусайн Бойқарога атаб шеърлар ёзган «кўкса» лақаблик шоир Султон Муҳаммадни, яна шуларга ўхшаш беш-олти кишини қўй бозорига мажбуран олиб келтирди. Кейин мулла Абдураҳимнинг ўзи ҳам бир тўп мулозимлари билан бозорга ўйноқи бир арғумоқни миниб кириб келди. Мулозимлардан бири пиёда қўл қовуштириб турган Хондамирга ва унинг ҳамроҳларига шундай деди:
— Судурлар садри Низомиддин Абдураҳим ҳазратлари ўзларининг бу қўйларини фақат сизларга сотмоқчилар!

Хондамир шерикларига: «Шу билан қутулсак кошки!» дегандай қилиб қаради-ю, кейин судурлар садрига таъзим қилди:
— Бажонидил олурмиз. Нархини айтсинлар.

Мулозим овозига тантанали тус бериб деди:
— Бу қўйлар — судурлар садрининг нафаси теккан табаррук қўйлардир. Сизлар темурийлар хизматида ҳаромхўрликка ўрганиб, бузилиб кетган одамсизлар. Бу қўйларни сўйиб еб ҳалқумларингни поклашларинг керак. Шунинг учун қўйлардан ҳар бирининг нархи олти юз динор!

Олти юз динорга битта эмас, етти-саккизта қўй олиш мумкин эди. Бироқ қўйларни судурлар садри айтган нархда олмаслик — унинг ғазабига учраш ва шафқатсиз жазога гирифтор бўлиш демак эди.

Пулдан қийналиброқ юрган мавлоно Фазлиддин безовталаниб сўради:
— Жаноблар, яқинда моли омон ҳам тўлаган эдик-ку?

Шоир Муҳаммад Султон истеҳзоли кулимсиради:
— Мавлоно, бу ноёб қўйларга ҳазратимизнинг муборак назарлари тушган экан. Шунинг учун энди бу моли омон эмас, балки моли имондир!

Мулла Абдураҳим истеҳзони пайқаб қаҳри келди ва навкарларига буюрди:
— Буларнинг ҳар бирига қўйлардан ўнта-ўнта қўшалоқлаб беринглар! Буларни темурийларнинг олтини қутуртирган! Ҳаммасининг димоғи жуда баланд! Буларни осмондан ерга тушириб қўйиш керак. Қўйларни уйларигача ўзлари ҳайдаб кетсин! Ҳеч ким ҳайдашмасин! Уйларигача кузатиб бориб, пулини ундириб келинглар. Қайси бири буйруқни бажармаса, молу мулкини мусодара қилиб, ўзини зиндонга ташланглар!

Навкарлар буйруқни бажаришга киришдилар.

Ҳиротда кўпчилик танийдиган шоир, олим ва меъмор иссиқ кунда ҳалпиллаб, сертупроқ, серчанг кўчалардан қўй ҳайдаб кетдилар. Кейин бу «табаррук» қўйларнинг пулини қарз ҳавола қилиб бўлса ҳам, тўлаб қутулдилар.

2

Убайдулла Султоннинг бир ярим минг навкари ўн кундан бери Ихтиёриддин қалъасининг атрофида ғивирлар, аммо ўқ ҳам, шоти ҳам етмайдиган баландликдаги қалъани олишнинг ҳеч иложини тополмас эди. Темир дарвозаларга тўпдан ўқ отиб кўришди, бўлмади. Кейин ер тагидан ғор қазишга тушишди.

Шуни ҳисобга олмаганда, Ҳирот ҳозир бир қадар тинчиб бормоқда эди. Мусодара қилинадиган хазиналар бўшаб қолган, таланадиган молу мулклар таланиб бўлган эди.

Шайбонийхон Қаҳдистондан Боғи Жаҳонорога кўчиб келиб, Ҳиротнинг машҳур санъаткорларини ўз ҳузурига чақиртирди. Санъат ишларини бошқараётган Муҳаммад Солиҳ воситачи бўлиб, Беҳзодни хон билан бир-икки марта учраштирди. Хоннинг маслаҳатгўйи мулла Абдураҳим расм чизишни шиалар ва рофизийларнинг иши деб ёмон кўрса ҳам Шайбонийхон Беҳзоднинг расмлари Ҳусайн Бойқарони қанчалик машҳур қилганини билар, энди бу мусаввирнинг истеъдодидан ўз шуҳрати учун фойдаланишни истар эди.

Беҳзодга Шайбонийхоннинг расмини чизиш топширилди.

Мусаввирнинг илтимоси билан хонни қип-қизил кимхоб кўрпа устига ўтқаздилар, унинг орқасига қора бахмал болиш қўйдилар, белига ингичка олтин камар боғлатдилар, олдига олтин муқовали кичик дафтар, қалам ва сиёҳдон қўйдилар. Ўттиз йилдан бери рассомлик қилиб юриб, кўпгина подшоҳларни кўрган ва улар билан муомала қилишни яхши биладиган Беҳзод Шайбонийхонга ҳам фақат мақтов ёқишини аллақачон пайқаган эди:
— Ҳазратимни арғумоқ от устида қилич яланғочлаган пайтларида тасвирлашим мумкин. Бироқ ҳозир сизнинг энг зўр лашкарбоши эканлигингиз ҳаммага аён. Аммо олам аҳли сизнинг кўп йил мадрасаларда ўқиган фозил имоми замон эканлигингизни ҳам суратда кўрмоғи керак. Шу сабабли фақир сизни муқаддас китобу олтин қалам билан тасвир этмоқчимен!
— Маъқул, — деб хон бунга розилик берди.

Сурат тайёр бўлгандан кейин Шайбонийхон, Муҳаммад Солиҳ ва бошқа бир неча мулозимлар Беҳзод ишлаган хонага тўпландилар. Мулла Абдураҳим расмга, сўнг хонга қаради-ю, ҳайрон бўлиб:
— Ҳазратимнинг худди ўзлари-я! — деди.

Суратда Шайбонийхоннинг кўпни кўрган тажрибали одам эканлиги кўзга аниқ ташланиб турарди. Бўёқлар Беҳзодга хос улуғ бир маҳорат билан хилланган эди. Оддий одам расмдан ҳеч бир камчилик тополмас, Беҳзод хонни иззат-икром билан тасвирлабди, деб ўйлар эди. Лекин Муҳаммад Солиҳ хоннинг тагидаги кўрпанинг ранги қип-қизил қон рангида эканини сезди. Хон кўрпа устида эмас, гўё қон дарёси устида ўтирганга ўхшарди. Хоннинг белига боғланган ингичка олтин камарнинг учи чалмашган оёқлар тагидан худди қорамтир бошли сариқ илонга ўхшаб буралиб турар эди. Хон суянган қора болиш ҳам қора кучларнинг тимсолига ўхшарди.

Шайбонийхоннинг барча ишларидан хабардор Беҳзод бу яширин рамзий бўёқлар билан нималар демоқчи бўлганини Муҳаммад Солиҳ пайқади-ю, қўрқиб кетди. Агар у сезган маънони хон сезиб қолса, Беҳзод ҳам омон қолмайди, орада воситачи бўлган Муҳаммад Солиҳ ҳам! Шунинг учун у суратга хомуш тикилиб турган Шайбонийхоннинг фикрини хатарли рамзий маънодан узоқроқ олиб кетишга интилди:
— Муҳаммад алайҳиссалом яшил рангни яхши кўрар эканлар. Имоми замон хон ҳазратлари ҳам яшил рангни суйишларини мусаввир дуруст пайқабдир. Қаранг, ҳазратимнинг кўйлаклари яшил рангда. Суянган деворлари ҳам яшил.
— Буниси маъқул, — деб хон энди оғзини очди. — Лекин... биз мавлоно Беҳзоднинг бошқа суратларини ҳам кўрган эдик...

Шайбонийхон Беҳзод тасвиридаги шертахлит Ҳусайн Бойқарони эслади. Ҳусайн Бойқаронинг сафарга чиққан пайтини тасвир этган бошқа бир расмда гўё булутлар ҳам, осмон ҳам, ҳатто тоғу тошлар ҳам подшонинг кетидан эргашиб, у кетаётган томонга интилиб бораётгандай кўрсатилган эди. Темурийларни бунчалик улуғлаган Беҳзод Шайбонийхонни жўн бир одам қилиб тасвирлаганга ўхшарди. Хон суратни кўрганда кўнглида қўзғалган мураккаб туйғуларни айтишга муносиб сўз тополмади-ю, Беҳзодга қараб:
— Мўйқаламни менга беринг! — деди.

Хоннинг авзойи ёмонлигини ҳамма сезди. Беҳзод махсус қаламдонда турли бўёқлар билан бирга турган мўйқаламларни хонга таъзим билан тутди. Шайбонийхон қорамтир қўнғир бўёққа ботириб қўйилган мўйқаламни олди. У Бухорода мадрасада ўқиб юрган пайтларида сурат чизишни ҳам анча машқ қилган, мўйқалам тутишни сал-пал билар эди. Беҳзод чизган суратда Шайбонийхоннинг соқол-мўйлови ҳаддан таш-қари қисқа ва сийрак кўрсатилган, хоннинг назарида, тасвир шунинг учун жўнлашиб кетганга ўхшарди.
— Соқолни дурустроқ чизмоқ керак! — деб Шайбонийхон ўзининг суратида — қулоқ яқинида жуда сийрак кўрсатилган соқолни бир оз қалинлаштирмоқчи бўлди. Аммо мўйқаламда бўёқ кўпроқ экан, қулоқ олдидаги соқол бирдан кигиздай қалинлашиб кетди. Беҳзод соғ тиши суғуриб олинаётган одамдай:
— Иҳ! — деди.

Аммо Муҳаммад Солиҳ Беҳзоднинг билагини маънодор қилиб қисди-ю:
— О! О! Ҳазратим мўйқалам теккизишлари билан суратга яна файз кирди! — деди.

У Беҳзодни фалокатдан фақат хонни мақтаб қутқариш мумкин эканлигини сезиб шундай демоқда эди, буни Беҳзодга ҳам сездиргиси келиб:
— Мавлоно, тарихий бир ҳодиса юз берди! — деди.— Сиз чизган суратга имоми замон, Искандари соний ўз муборак қўлларини теккиздилар! Буни одамлар асрлар давомида бир-бирларига айтиб юргайлар!

Беҳзод хоннинг қилган ишини — санъаткорга аҳмоқона хўжайинлик қилишнинг намунаси деб билмоқда эди. «Шу маънода чиндан ҳам буни тарих унутмас, одамлар бир-бирларига кулиб айтиб юрурлар», деган фикр Беҳзоднинг хаёлига энди келди. Муҳаммад Солиҳ расмдаги рамзий маънони аллақачон пайқаганини, энди хондан балога қолмаслик учун атайлаб шу гапларни айтаётганини Беҳзод тушунди-ю, ички бир истеҳзо билан хонга таъзим қилди:
— Қулингиз чизган суратга халифаи замонамизнинг назарлари тушганидан бошим кўкка етди!
— Баракалла! — деб хон уни энди мақтади.

Хоннинг қўли билан чапланган соқол қулоқ яқинига ёпиштириб қўйилган пўстак парчасига ўхшар эди. Беҳзод ичида: «Баттар бўлсин!» деди-ю, хон бу соқолни қандай хунук чаплаган бўлса, шундайлигича қолдирди.

3

Хадича бегим кириб бекинган Ихтиёриддин қалъаси Убайдулла Султонни ўн етти кун овора қилди. Ниҳоят, қалъа деворининг отбозорига туташган ночорроқ бир жойини тагидан кавлаб, нақб солиб[33] бузиб кирдилар. Қалъани мудофаа қилиб турган эллик-олтмиш йигит битта қолмай қириб ташланди. Қўлга тушган қиз-жувонлар ғолиб қўшиннинг бек ва навкарларига улашилди.

Хадича бегимнинг ўзи ҳарамнинг ичма-ич эшикларини орқасидан тамбалатиб, энг тўрдаги бир хонага кирди-ю, ёнида қолган канизларга буюрди:
— Тантанали маросимларда киядиган кийимларимни келтиринг!

Убайдулла Султоннинг навкарлари ҳарамнинг ичида тамбаланган эшикларини бузиб киргунларича Хадича бегим катта гавҳар қадалган бинафшаранг тоқисини бошига кийиб, ясаниб, охирги эшикдан ўзи чиқиб келди. Олтин аралаш ипакдан тўқилган қабоси кўзни қамаштирар эди. Қаддини тик тутиб келаётган барваста аёл маликаларга хос улуғворлик билан шошилмай эшикдан чиқар экан, қилич яланғочлаган, ҳансираган навкарларни унинг салобати босди. Хадича бегим бошини мағрур тутиб яқин келганда навкарлар беихтиёр ўзларини четга олиб, унга йўл бердилар. Бегим уларнинг саркардасини сўради.

Навкарлар уни ҳовлида отлиқ турган Убайдулла Султоннинг олдига бошлаб чиқдилар. Ҳамон канизлар қуршовида келаётган бегим енгил бир таъзим билан шошилмай гап бошлади:
— Султон жаноблари, тақдир экан, биз таслим бўлдик. Энди мен Шайбонийхон ҳазратларининг ҳузурига йўллашингизни илтимос қиламен!

Убайдулла Султон бекларининг орасида турган Мансур бахши билан маъноли кўз уриштириб олди-ю, масхараомуз кулимсиради:
— Хон ҳазратлари бегимга айтадиган гапларини бизга тайинлаб юбордилар.
— Ундай бўлса қулоғимиз сизда, султон жаноблари!

Убайдулла Султоннинг беклари орасида оқ саллалик бир эшон ҳам бор эди. Убайдулла Султоннинг ишораси билан Мансур бахши ва эшон отдан тушдилар. Мансур бахши зар ёқалик тўн, қизил этик кийиб, куёвлардай ясаниб келган эди. Йигитлардан етти-саккизтаси унинг атрофини куёвнавкарлар каби ўраб олдилар. Шундан кейин Убайдулла Султон Хадича бегимга юзланди:
— Имоми замоннинг фармони билан сиз бугун Мансурбекнинг никоҳига ўтурсиз!
— Бегимнинг ўзлари ҳам билгандай ясаниб чиқибдилар! — деб кулди мулозимлардан бири.

Хадича бегим қоп-қора йўғон Мансур бахшининг чўтир юзига қаради-ю, даҳшатга келди:
— Мен... мен хон ҳазратлари билан ўзим сўзлашамен!
— Хоннинг сиз билан сўзлашишга вақтлари йўқ!
— Ахир мен ҳам подшоҳ оиласиданмен! Бу қандай хўрлик?!
— Сиз рофизийлар оиласидансиз! Рофизийларни жазолаш — савоб!
— Султон жаноблари, сизнинг ҳам мендек кекса онангиз бордирлар. Ҳеч бўлмаса оналигимни ҳурмат қилинг!..
— Менинг онам сиз қилган разилликларни қилган эмас! Қайси она ўз неварасини ўзи ўлдиртирибди?! Сиз неварангиз Мўмин мирзонинг ўлимига сабаб бўлган хунхўрлардансиз!

Хадича бегимнинг бояги улуғвор ва мағрур қиёфаси энди бирдан аянчли тусга кирди, қадди букчайиб, қўллари осилиб қолди.

Убайдулла Султон навкарларига буюрди:
— Ичкарига олиб киринглар. Энди бунинг кўзини Мансур бахши очсин!

Хадича бегимнинг бўшашиб, гўё тўкилиб кетаётган гавдасини икки каниз икки томонидан суяб ичкарига олиб кириб кетдилар.

Никоҳ ўқилгач, Мансур бахши канизларни ҳарамдан чиқариб юборди-ю, Хадича бегим билан яккама-якка қолди.

Тун сукунатида қандайдир мислсиз қийноқлардан чинқирган бегимнинг фарёди ҳарам атрофидаги уйларга ҳам эшитилиб турарди.

Ярим кечада Мансур бахши оёқда зўрға турган Хадича бегимни олдига солиб, ҳарамдан чиқди. Иккови ойдин қалъанинг бир четига қараб кетишди.
— Олтин гул, — деб шивирлади Мансур бахши. — Олтин булбули бор. Оғзида гавҳари бор. Ана шуни топиб бермасанг, ҳозиргидан бешбаттар қиламен. Топ тезроқ!

Ҳозир жонидан бошқа нарса кўзига кўринмаётган Хадича бегим Мансур бахшини қўрғон четидаги яширин хазинага бошлаб келди. Ер остидаги бу хазинага салқин сув сақланадиган сардобанинг четидаги махфий йўлдан кирилар эди. Мансур бахши қўлида ёқмасдан олиб келаётган машъалани ер тагига тушганда ёқди.

Ер остида беш-олтита темир сандиқ қатор турибди. Хадича бегим мадорсиз қўллар билан уларга бир-бир калит солиб, очиб кўрди. Иккитасида кумуш тангалар, биттасида олтин тангалар. Биттасида қилич ва ханжарларнинг олтин дасталари. Яна бир сандиқда аёлларнинг қимматбаҳо тақинчоқлари. Мансур бахши кўзлари ёниб, бу бойликларга бир-бир қўл уриб кўрди-ю:
— Олтин гул қани? — деди. — Барглари зумрад гул қаерда?

Ер остини ағдар-тўнтар қилиб қидирсалар ҳам бу гул топилмади. Хадича бегим:
— Воҳ! — деди мусибатли товуш билан. — Энг ишонган одамларим ҳам менга хиёнат қилмишлар. Гулни ўғирлаб кетмишлар! Сўнгги нажотимни ҳам ўғирлатибмен! Оҳ!
— Сен оҳ-воҳ деб, Ҳусайн Бойқарони алдаб ўргангансен. Лекин мени алдай олмайсен. Топ гулни! Қани, қаерга яширгансен?
— Мана шу четки сандиқда эди...
— Ёлғон! Сен уни бошқа жойга яширгансен! Кўрсат ўша жойни!

Мансур бахши Хадича бегимни зинапоядан юқорига сардоба бўйига олиб чиқди.
— Мени алдай олмайсен! Кўрсат!
— Мен сизни алдаганим йўқ? Ўзим алдандим! Менинг паймонам тўлгани рост экан. Мени ўғлим алдаб кетди! Музаффар мирзони деб мен нималар қилмаган эдим! Оқибати шу бўлди! Мени бу қийноқларга ўғлим ташлаб кетди! Ўғлим!!!
— Лекин сен олтин гулни ўғлингга ҳам бермагансен! Уни ўзинг яширгансен! Хон ҳазратлари менга айтдилар. «Гавҳар донасини тишлаб турган булбули бор», дедилар. Мен бу гулни олтин булбули билан хонга пешкаш қиламен деб сўз берганмен. Топ ҳозир!
— Ўғирлатган бўлсам қандай топай?!
— Топмайсенми ҳали? Топмайсенми?! Мана топмасанг! Девдай зўр Мансур бахшининг бир зарби билан Хадича бегим суви муздай сардобага шалоплаб қулаб тушди. Мансур бахши уни сочидан тортиб чиқариб олди-ю, ҳарамга томон судраб кетди.

Бу қийноқлар уч кун давом этди, аммо олтин гул топилмади. Хадича бегимнинг жони қаттиқ экан, тирик қолди. Мансур бахшини эса келажакда бўладиган жанглардан бирида ажал кутмоқда эди...

4

«Наҳотки менинг ҳам паймонам тўлган бўлса?»— деган қўрқинчли ўй Шайбонийхоннинг хаёлига Мур-ғоб дарёсининг бўйида тўсатдан Шоҳ Исмоилнинг қўшинлари қуршовига тушиб қолган пайтда келди.

Аччиқ изғирин эсиб, қор учқунлаб турган бу бад-қовоқ кунда Шайбонийхон Мурғоб бўйига Шоҳ Исмоил Сафавийни таъқиб этиб бориб қолган эди. Бундан бир неча соатгина олдин Шоҳ Исмоил бор қўшини билан Марв қўрғонидан орқага чекинган пайтда Шайбо-нийхон ўзининг яна улкан ғалабага эришишига мутлақо ишонган эди. Чунки Марв қўрғони ичида кўпдан бери куч сақлаб ўтирган Шайбонийхоннинг ўн беш минг қўшини бор эди. Хонга келган аниқ ахборотларга қараганда, Шоҳ Исмоилнинг Марв қўрғонини қамал қилиб, қиш совуғида изғиб юрган қўшини ўн икки мингдан ошмас эди. Совқотиб, орқага бетартиб чекинган лашкарга ичкарида иссиққина жойда куч тўплаб ётган лашкар ҳамла қилса — Шайбонийхоннинг ғолиб чиқиши муқаррардек туюларди.

Сўнгги йилларда Шайбонийхоннинг энг зўр истаги— Шоҳ Исмоил устидан узил-кесил ғалаба қилиш эди. Ўзини «халифаи раҳмон» деб эълон қилган Шайбонийхон мусулмон оламига ягона диний раҳбар бўлиш ниятида эди. Эрон ва Озарбойжонда шиа мазҳабини давлат дини қилиб кўтарган Шоҳ Исмоил Сафавий эса ўзини «соҳиби замон» деб эълон қилган эди. Демак, у ҳам мусулмон оламига раҳбар бўлишга интиларди. «Бир қинга икки қилич сиғмагай, мусулмон оламига ё мен раҳбар бўлишим керак ёки Шоҳ Исмоил!» Шайбонийхон шу эътиқод асосида Шоҳ Исмоил билан бултур астойдил беллашмоқчи бўлди. Ҳиротдан эллик минг қўшин билан Эроннинг Кермон ва Гургон шаҳарларигача бостириб борди.

Ўшанда Шоҳ Исмоил ғарбдаги турк султони Боязид ИИ билан жанг қилиб юрган эди. Гургонда ва айниқса Кермонда шиалар ҳаракати жуда авжига чиққан, Шайбонийхон бу шаҳарлардаги шиаларнинг бошлиқларини аёвсиз қатл эттирди, уларнинг масжид ва зиёратгоҳларини буздирди, мол-мулкларини талаттирди. Бу ҳаммаси шиалар пешвоси Шоҳ Исмоилни дарғазаб қилиши ва дарҳол жангга отлантириши керак эди. Ўша пайтда ҳал қилувчи жанг бўлса, Шайбонийхон ғолиб чиқиши муқаррар, чунки Шоҳ Исмоилнинг ярим кучи турк султони билан урушда банд эди. Буни шоҳнинг ўзи ҳам сезган бўлса керак-ки, ҳамма аламини ичига ютиб, Шайбонийхонга яхши муомала қилди, махсус элчи юбориб, уни Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг олий ҳукмдори, деб тан олди ва орадаги адоватни урушсиз бартараф қилишга истак билдирди.

Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султон, жияни Убайдулла Султонлар шоҳ элчисига иложи борича яхши муомала қилишни, унга ширин гаплар айтиб, шоҳга совға-саломлар юбориб, уни Самарқанддаги Султон Али мирзо ва Тошкентдаги Маҳмудхон каби ғафлатда қолдиришни, кейин пайти келганда ўшаларга ўхшатиб йўқ қилиб юборишни истар эдилар. Лекин орада дину мазҳаб низоси аждаҳога ўхшаб оғзини очиб турарди. Шайбонийхон Хуросонда турган ўз қўшинининг шиалар таъсирида шу аждаҳонинг домига тортилиб кетишидан қўрқар, «дину имон йўлида муроса йўқ, кимки шиаларга қўл берса, диндан қайтиб, рофизий бўлғай», деган гапни кўп такрорларди. Энди агар Шайбонийхон ўғли ва жиянининг сўзига кириб, Шоҳ Исмоилни тан олса, унга яхши муомалада бўлса, шу билан беихтиёр шиа мазҳабини тан олган бўлмайдими? Одамлар: «Хонимизнинг ўзи ҳам рофизийлик йўлига киряпти!» демайдими? Йўқ! Шайбонийхон ўзининг пок эътиқодига доғ туширишни истамайди! Унингча, ғайридиндан ҳам рофизийлик ёмон. Чунки ғайридин — ҳали мусул-мончиликдан бехабар. Рофизийлар эса аввал мусулмон бўлган, кейин чорёрлар номига хиёнат қилиб, улардан юз ўгирган. Шайбонийхон бундай одамларга шафқатсиз муносабатда бўлиши керак.

Шу фикр асосида у шоҳ элчисини беҳурмат қилиб қайтарди. Шоҳнинг мактубига эса осмондан келиб жавоб ёзди. «Сен бир шайхнинг ўғлисан, тожу тахтни сенга ким қўйибди, белингга кашкулингни боғлаб, қаландарлигингни қилсанг-чи!» деган маънода унга кашкул ва ҳасса «совға» қилиб юборди. Бу воқеадан кейин Шоҳ Исмоил турк султони билан сулҳ тузди-ю, Шайбонийхонга қарши жангга тайёрлана бошлади. Хоннинг Кермондаги шиа масжидларини буздиргани устига энди Шоҳ Исмоилнинг элчисини беҳурмат қилиб қайтаргани қўшилгач, Шайбонийхондан қасос олишни истовчиларнинг сони кўпайиб кетди.

Худди шу пайтларда Мовароуннаҳрдан ҳам ташвишли хабарлар кела бошлади — кўчманчи султонлар зулмига чидай олмаган Тошкент, Фарғона, Бухоро аҳолиси уларга қарши исён кўтарадилар. Ғалаёнлар Самарқандда ҳам, Ҳисорда ҳам бўлаётганини эшит-ган Шайбонийхон Ҳиротдаги қўшинларидан ўттиз мингини Мовароуннаҳрдаги султонларга ёрдамга юборди. Бу ғалаёнларнинг сабабини билишига юборилган махсус кишилар Туркистон, Ҳисор ва Бухоро султонларининг ўзбошимчалик йўлига ўтганларини аниқлаб келдилар. Шайбонийхон уч йилдан бери Ҳиротда яшамоқда эди. Унинг узоқдалигидан фойдаланган султонлар ўзларини хон, кўланкалари майдон билиб иш олиб бормоқда эдилар. Хуфиялар уларнинг иғво гапларини ҳам Шайбонийхонга етказиб турар эдилар. Хусусан, Убайдулла Султон, Кўчкинчихон ва Ҳамза Султонлар Шайбонийхоннинг Шоҳ Исмоил билан қалтис сиёсат олиб бораётганидан норози эдилар: «Жангни биз қиламиз, ғалабани биз келтирамиз, хонимиз фақат ёш қизчаларни никоҳига олиб, лаззатланишни билади, ҳеч қайсимизнинг маслаҳатимизни олмайди, шундай бўлгач, биз ҳам бу ерда истаганимизча даврон сурайлик-да». Султонларнинг бу гаплари Шайбонийхоннинг ғазабини авжига чиқарди.

У ички низоларни бир зарба билан бартараф қилмоқчи бўлди-ю, Убайдулла Султонни Бухоро ҳокимлигидан, Кўчкинчихонни Туркистон ҳокимлигидан, Ҳамза Султонни Ҳисор ҳокимлигидан олиб ташлади ва уларнинг ўринларига бошқа итоаткор одамларни қўйди. Албатта, бу кескин тадбир хон қўшини орасида катта обрўга эга бўлган Убайдулла Султон ва Ҳамза Султонларнинг тарафдорларини қаттиқ норози қилди.

Мовароуннаҳрдаги ғалаёнлар ва хон саройидаги ички низолардан хабар топган Шоҳ Исмоил бу қулай фурсатдан фойдаланиб қолишга интилди. Одатда, катта ҳарбий юришлар баҳор ва ёз ойларида бошланар, Шайбонийхон ҳам шоҳнинг ҳужумини «бўлса, қиш ўтгандан кейин бўлар», деб ўйлар эди. Унгача Мовароуннаҳрга жўнатилган ўттиз минг қўшин Ҳиротга қайтиб улгуриши мумкин эди. Лекин Шоҳ Исмоил хон кутмаган кеч куз пайтида Ҳирот устига қўшин тортиб келаётгани маълум бўлди. Хуросонда Шайбонийхондан норози одамлар жуда кўп, Шоҳ Исмоил яқинлашса, улар бош кўтариши муқаррар. Хоннинг асосий кучлари эса Амударёдан нарида. Шайбонийхон шошилинч равишда Мурғоб бўйига — Марв қўрғонига чекинишга мажбур бўлди.

Хоннинг бундай сесканиб чекинишини кўпдан бери кўрмаган аъёнлари қаттиқ саросимага туша бошладилар. Шунда хон уларнинг ўпкасини босадиган битта важ кўрсатди:

«Ўша ғаддор рофизийлар юртидан узоқроқ кетганимиз маъқул. Шоҳ бизга эргашиб Мовароуннаҳрга яқинроқ борсин. Ўзимизнинг пок мазҳабли суннийлар юртидан мадад олурмиз. Унгача ўттиз минг лашкар етиб келгай. Биз шоҳга Марвда қопқон қўйиб, тумшуғидан илинтиргаймиз!»

Хоннинг бу режасини барча мулозимлари ва аъёнлари дарҳол: «Доно тадбир!» деб мақтадилар. Бироқ улар Марв қалъасида бекиниб ўтирган пайтларида Шоҳ Исмоил қўрғонни қамал қилиб, Шайбонийхон номига кинояли мактублар йўллади. «Хон юборган ҳассага суяниб, кашкулни белимизга боғлаб келдик, қани энди хонда юрак бўлса қўрғондан чиқсин, шайхнинг ўғли билан беллашсин!» деган заҳарханда гаплар Шайбонийхоннинг иззат-нафсига қанчалик қаттиқ тегмасин, у тишини тишига қўйиб, ҳафталар давомида қўрғонда ўтирди. У тажрибали лашкарбоши сифатида шуни яхши билар эдики, йигирма тўрт ёшли Шоҳ Исмоил қанчалик уринмасин, эртами-кечми қиш совуқлари ва изғиринлари уни илиқ жой излашга мажбур қилади. Очиқ ҳавода дийдираб юрган аскарлар қўли қовушга келмай қунишиб чекинишга тушса, ана ўшанда Шайбонийхон иссиқ қўрғонда куч тўплаб ётган ўз аскарларини бошлаб чиқади. Унгача албатта Мовароуннаҳрдаги лашкар ҳам келиб қолади. Икки томондан берилган зарба Шоҳ Исмоилни тамом қилиши аниқ. Ана ундан кейин Эрон ҳам Шайбонийхонники бўлади, нарёғи Бағдодга ва Маккаю Мадинага йўл очилади... Шайбонийхон чиндан ҳам бутун мусулмон оламига халифаи раҳмон ва Искандари соний бўлади!..

Хоннинг бу ширин ўйларини фақат бир нарса тахир қилмоқда эди. Чопар кетидан чопар бориб, Мовароуннаҳрдаги қўшинни тезроқ Марвга етиб келишга ундаётган бўлса ҳам ўттиз минг лашкар ҳамон Амударёдан нарида имиллаб юрар эди. Хон бу имиллашнинг сабабини биларди. Қўшинда ҳали ҳам Убайдулла Султон ва Ҳамза Султонларнинг таъсири зўр. Улар ҳокимликдан туширилганликлари учун хондан жуда хафа. «Мана энди онҳазратимиз бизсиз жанг қилиб кўрсинлар!» дегандек аразлаб юришибди.

«Лекин мен бўлмасам ҳамманг кучукбаччадай хор бўлиб ўласан-ку!» — ичида султонларини сўкарди Шайбонийхон.
— Ҳозир бутун давлатимиз, бутун сулоламиз хавф остида-я, наҳотки шуни фаҳмламасанглар? Ҳаёт-мамотинг ҳал бўладиган пайтда, ё шоҳ мени йўқ қиладиган, ёки мен шоҳни нест-нобуд қиладиган аснода шундай аразлаб юришларинг итлик эмасми? Сен итлар ҳали кўрасенлар, шу қамалдан эсон-омон қутулсак, ҳаммангни тавбангга таянтиргаймен!»

Ниҳоят, изғиринли совуқ кунларнинг бирида, Шоҳ Исмоил хонга яна бир мактуб йўллаб, унинг қўрғондан чиқмаганини қўрқоқлик деб атади, баҳорда яна қайтиб келажагини билдирди, сўнг Марвнинг ғарби жанубидаги Маҳмуди деган қишлоқ томонга чекина бошлади.

Шайбонийхон ўн беш минг қўшинни дарҳол отлантирди. Уч юзтача навкарни қалъада қўриқчилик қилиш учун қолдирди-ю, қолганларини қўрғон дарвозаларидан ташқарига бошлаб чиқди. Узоқда шоҳ аскарлари чодир ва ўтовларини араваларга ортиб, бетартиб чекиниб бормоқда.

Шайбонийхон баланд бир жойга чиқиб, Амударё томонга узоқ тикилиб қаради. Қани энди ўша ўттиз минг қўшини ҳозир етиб келса! Лекин ўша ёқдан отини елдириб келган чопар қўшиннинг ҳали ҳам Амударёдан нарида юрганини айтди.

Шоҳ Исмоил аскарлари ҳамон чекиниб бормоқда. Наҳотки Шайбонийхон шундай қулай фурсатни бой бериши керак? Одамлар: «Хон қўрқоқлик қилган, бўлмаса унинг қўшини шоҳникидан кўп, дадил ҳамла қилса енгар эди», дейишмайдими? Нариги султонлар эса: «Ана, бизсиз хон ҳеч вақт жанг қилолмайди!» дейиши ҳам турган гап. Эҳ, агар шу гал хон ғалабани нариги Убайдулла Султон ва Темур Султонларсиз қўлга киритса эди, қолган бутун умри шон-шуҳрат ичида ўтмасмиди?

Хон иккиланиб турганини кўрган мулла Абдураҳим изғиринда лаблари кўкариб, илтимос қилди:
— Ҳазратим, биз сизнинг улуғ жонингизни хавф-хатардан узоқроқ тутмоғимиз даркор. Мовароуннаҳрдан келадиган қўшинни кутайлик.

Хон қаҳр билан сўради:
— Қани ўша қўшин! Қани?!
— Қиш изғиринида дарёдан ўтмоқ мушкул. Бироқ Убайдулла Султон билан Темур Султонлар ҳадемай келиб қолурлар.
— Шоҳ Исмоил Табризига етганда келурми? Агар бу ит султонлар истаса аллақачон етиб келмасмиди? Бу султонларинг жўрттага мени ёлғиз ташлаб қўйди! «Ҳамма ғалабани биз қўлга киритамиз!» деб мақтанар эмишлар, аблаҳлар! Мен бўлмасам ғалабани тушларида ҳам кўришмас эди!
— Ҳақ гапни айтдингиз, ҳазратим!
— Мен мана бу шунқорларим билан эришганмен бутун ғалабаларга! — Шайбонийхон шундай деди-ю, жангга шай бўлиб турган ўн тўрт мингдан ортиқ қўшиннинг сафлари орасига от чоптириб кирди: — Шунқорларим, ёғийнинг сафи бузилиб чекинганини кўрдиларинг. Улар сон жиҳатдан ҳам биздан оз! Ўзлари совуқда дийдираб ҳолдан кетган. Мен ишонамен, оллоҳу таоло бизга яна бир улкан ғалабани инъом этгусидир! Муҳаммад алайҳиссаломнинг арвоҳлари пок сунний мазҳабидагиларни қўллаб-қувватлагусидир! Чорёри босафолар мададкорингиз бўлсин, шунқорларим. Душман ўз сафларини қайта тузиб улгурмасдан етиб боринглар! Худо омадларингни берсин! Омин оллоҳу акбар!

Минглаб овозларнинг:
— Оллоҳу акбар!
— Оллоҳу акбар! — деган ҳайқириғи барча сафлар бўйлаб таралди.

Кўпакбий ва Қамбарбийлар олдинда, Шайбонийхон қўшиннинг ўртароғида қизилбошлар кетидан от чоптириб кетдилар.

Илгари хонга аниқ ахборотлар бериб турадиган махсус одамлар бу гал Шоҳ Исмоилнинг ёлғондакам чекинаётганини ва ҳарбий найранг ишлатмоқчи эканини билмай қолган эдилар.

Шоҳ Исмоил Марвни қамал қилиш учун аскарларнинг озроқ бир қисмини бошлаб борган эди. Унинг яна йигирма минг кишилик сараланган аскарлари Марвдан йигирма чақиримча наридаги қумтепалар ортига пистирма қилиб қўйилган эди.

Бундай ҳарбий найрангни Шайбонийхоннинг ўзи ўн икки йил муқаддам Бухоронинг Қоракўл шаҳрида қўзғолон кўтарган исёнчиларга қарши ишлатган эди. У ҳам қўшиннинг асосий қисмини Қоракўлнинг шарқидаги пана жойларга бекитиб қўйиб, озгина аскари билан ҳужумга борган, қалъа ичидаги исёнчилар ёвнинг озлигидан дадилланиб ташқарига чиққан эдилар. Шунда хоннинг қўшини жўрттага тумтарақай бўлиб қочган, исёнчилар эса уларни «Енгдик» деб кетларидан қувган эди. Бироқ қалъадан беш-олти чақирим узоқлашганларидан кейин пистирмадаги хон аскарлари ёпирилиб чиққан ва исёнчиларни қириб ташлаган эди. Кейин Шайбонийхон қалъа ичида қолганларни ҳам қатлиом қилиб, Қоракўлнинг отбозорида одам калласидан улкан минора ясатган эди.

Ҳозир ўз кучига ортиқ даражада ишонадиган Шайбонийхон бу ҳийлани бошқа лашкарбошилар унга нисбатан ҳам ишлатишлари мумкинлигини хаёлига келтирмас эди. Шоҳ Исмоилнинг Марвга кўриниш берган ўн минг чоғлик қўшини Маҳмуди деган жойда Мурғоб дарёси устига қурилган кўприкдан шоша-пиша ўтиб кетди. Шоҳ Исмоил гўё бу кўприкни ҳимоя қилиб туриш учун уч юзтача аскар қолдирган эди. Шайбонийхон кўприкка яқинлашгач, бу уч юз қизилбош хўжакўрсинга тирақайлаб қочди. Дарёдан фақат шу кўприк орқали ўтиш мумкин эди — ҳар икки қирғоқ ҳам баланд жар, кечув йўқ, бунинг устига, қишки дарёнинг суви жуда совуқ, тўнғиб қолиш ҳеч гап эмас эди. Шайбонийхоннинг бутун қўшини кўприкдан ўтиб бўлгунча Шоҳ Исмоилнинг пистирмада ётган кучлари ўзини сездирмади. Шайбонийхон узоқда «қочиб кетаётган» Шоҳ Исмоил қўшинининг изидан тушиб, кўприкдан анча узоқлашгандан кейин пистирмада ётган кучлар бирдан майдонга чиқди. Ўқлаб қўйилган замбараклар хон устига тўсатдан ўқ ёғдирди. Тўрт тарафни қизилбошлар тутиб кетди.

Шайбонийхон ўзининг Қоракўлда ишлатган ҳарбий ҳийласини энди эслади-ю, орқада қолган кўприкка қараб чекинди. Аммо ёғоч кўприк аллақачон бузиб ташланган эди. Чекиниб борган қўшиннинг бир қисми жардан дарёга қулаб тушди. Дарёнинг ўзанини отлар ва одамларнинг ўлиги тутиб кетди. Хоннинг ўзи сараланган хос навкарлари билан моллар қишлайдиган атрофи ёпиқ бир қўрага кирди. Қўрани қизилбошларнинг олов ҳалқаси ўраб олди. Хоннинг хоснавкарлари қизилбошлар қуршовида ўлган-қолганларига қарамай жанг қилдилар. Қўра дарвозасининг олдилари, пахса деворларнинг таглари ҳар икки томондан қирилганларнинг жасадига тўлиб кетди. Хон ҳимояда қаттиқ турганини кўрган Шоҳ Исмоил замбаракларни қўранинг атрофига ўрнаттириб, девор оша ўқ оттира бошлади.

Замбарак гумбурлашидан ҳурккан, ярадор бўлиб қутурган отлар бир-бирларини уриб, йиқитиб ўзларини у ёқдан-бу ёққа ташлай бошладилар. Қўра ичида даҳшатли тиқилинч, ур-сур бошланди. Шайбонийхон қўлида қиличи билан одамларига ҳайқириб, тўполонни босмоқчи бўлаётганда тўпнинг тош ўқларидан бири хон минган отнинг бошига келиб тегди. От гандираклаб бир ёнига йиқилди-ю, эгасини ҳам ерга отиб урди. Шайбонийхон оёғини узангидан чиқаришга улгурмади— бир оёғи отининг тагида қолди. Шу заҳоти яна бир от суриниб йиқилди-да ўмрови билан хоннинг кўкрагидан босиб тушди. Шайбонийхон қовурғалари синиб, вужуди эзилиб, нафас ололмай қолди-ю, ҳушидан кетди.

Жанг тугагандан кейин хонни танийдиган қизилбош беклардан бири унинг жасадини қалашиб ётган от ва одам ўликлари орасидан аранг қидириб топди. Абдураҳим Туркистоний, Мансур бахши кўтарувчи ва бошқа жуда кўп мулозимлар, навкарлар ҳам хоннинг нари-берисида ўлиб ётар эдилар.

Ғолиблар Шайбонийхоннинг бошини кесиб, найзага санчдилару Шоҳ Исмоил миниб турган отнинг оёғи тагига элтиб ташладилар. Кейин қизилбошлар Шайбонийхон қирган шиалар қасдига унинг кесик бошидан терисини шилиб олиб ичига сомон тиқдилар. Ғарбда шиаларни қувғин қилаётган ва Шоҳ Исмоилга алам ўтказган суннийпарастлардан яна бири — турк султони Боязид ИИ эди. Шоҳ Исмоил Шайбонийхоннинг сомон тиқилган бошини турк султонига: «Мен билан қасдлашган суннийлар қай аҳволга тушишини кўриб қўй!» деган маънода «совға» қилиб юбортирди.

Сунний — шиа душманлиги шу даражага етган эдики, қизилбошлар бунга ҳам қаноат қилмай, Шайбонийхоннинг бош суягига олтин қоплатиб, ундан май ичадиган коса ясайдилар[34].


II- qism
 



  1. Сангфарш — гўзал тошлардан гул ясаш.
  2. Нишон — фармон, буйруқ.
  3. Барак — чучвара.
  4. Бўди — «бўлди» дегани.
  5. Чеча — бу ерда келинойи, янга маъносида.
  6. Рум — Туркия.
  7. Ўзбекхон — Олтин Ўрда хони, 1312—1342-йилларда ҳукмронлик қилган, унинг пойтахти Сарой Берке Волга бўйида, ҳозирги Волгоград яқинида бўлган.
  8. Искандари соний — Иккинчи Искандар, Шайбонийхонга берилган юксак таърифлардан бири.
  9. Қаптали — ёни, қатори.
  10. Ғунчачи — муваққат хотин.
  11. Чақардиза — кейинчалик «Шакаржиза» деб айтиладиган бўлган.
  12. Настаълиқ — араб ёзувидаги ҳуснихатнинг кенг тарқалган бир тури.
  13. Сенсиз Дарғам сувидек дарду ғамдамен,
    Сенсиз Кўҳак (Зарафшон) дарёсидек гирёнман.
  14. Дабусия — «Темир қўрғон» демакдир. Зиёвиддин деган жойда ҳозир бу қалъанинг харобалари бор.
  15. Масофуруш — очиқ жойда юзма-юз олишиш.
  16. Тўра — қалқоннинг бир тури. Отлиқларнинг қалқонидан каттароқ бўлади.
  17. Сарипул — ҳозирги Каттақўрғон шаҳри яқинидаги бир қишлоқ.
  18. «Оламни мардлик ва зўрлик билан олдик, лекин ўзимиз билан бирга гўрга олиб кетмадик». Бобур 1502-йилда тошга ўйдирган бу сатрларни орадан 452-йил ўтгандан кейин 1954-йилда тожик олими А. Мухторов Оббурдон қишлоғидаги бир қудуқ ёнидан топиб олади. Тошга битилган бу шеър ҳозир Душанбеда музейда сақланмоқда.
  19. Ўрон — парол.
  20. Санобар — нина барги оч ҳаворанг тусдаги гўзал қарағайсимон дарахт. Бизда масалан, Сайробда учрайди.
  21. Унсия — «Дўстлик уйи» демакдир.
  22. Надим — қурдош-суҳбатдош.
  23. Рубъи маскун — дунёнинг инсон обод қилган қисми.
  24. Навоҳи — кичик ўлка, туман.
  25. Ғизол — кийикнинг Хуросонда кўп учрайдиган бир тури.
  26. Очар — зира ва цирка қўшиб тайёрланган гўштли таом.
  27. Реву ранг — шумлик, ўз ишига пухталик.
  28. Ўланг — яйлов дегани.
  29. Келажакда Муҳаммад Ҳайдар Мирзо Бобур тарбиясини олиб улкан адиб бўлиб етишади ва машҳур «Тарихи рашиди» китобини яратади.
  30. Маҳфури — гулларига шеърий байтлар қўшиб тўқилган нодир ипак гилам.
  31. Шабпўш — кечаси кийиб ётиладиган дўпписимон енгил бош кийими.
  32. Рофизийлар — исломнинг сунний мазҳабидан шиа мазҳабига ўтганлар ва умуман, мусулмончиликдан чиққанлар.
  33. Нақб солиш — таги кавланган деворни олов ва борут (порох) билан портлатиб қулатиш.
  34. Ақл бовар қилиши қийин бўлган бу тафсилотлар Шоҳ Исмоилнинг душманлари томонидан ёзиб қолдирилса муболаға деб ўйлаш мумкин эди. Лекин бу тафсилотлар Шоҳ Исмоилнинг хайрихоҳлари ёзган «Тарихи олам оройи Аббосий»да ва Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сияри»да ҳам келтирилган.