OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифПиримқул Қодиров
Асар номиЮлдузли тунлар (III- қисм)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Пиримқул Қодиров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Китоблар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм629KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/12/09
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Юлдузли тунлар (III- қисм)
Пиримқул Қодиров

Тақдир Тақозоси (Иккинчи Қисм давоми)

Қундуз. Самарқанд - Икки Қилич Орасида

1

Заррин попуклар билан безатилган оқ туянинг устида маликалар ўтирадиган бахмал соябонли кажавада Хонзода бегим тўққиз яшар ўғилчаси Хуррамшоҳ билан Балхдан тоғ ошиб, сув кечиб Қундузга бормоқда эди. Бегимни беш-олтита канизлари, хизматкорлари ва юзга яқин шоҳ навкарлари кузатиб келмоқда эдилар.

Шайбонийхондан шунчалик шафқатсиз ўч олган Шоҳ Исмоил хоннинг Марвда асир тушган хотинларидан бири — Бобур мирзонинг эгачиси эканлигини эшитиб, унга алоҳида илтифот кўрсатгани тасодифий эмас эди.

Марвдаги воқеаларни Қундузда туриб эшитган Бобур Шоҳ Исмоилга махсус мактуб йўллаб, уни Шайбонийхон устидан эришган катта ғалабаси билан табриклаган, сўнг хон ҳарамидаги эгачиси Хонзода бегимни бешикаст Қундузга жўнатиб юборишни илтимос қилган эди.

Бобурни Шайбонийхон билан дадил олишганлиги учун ҳурмат қиладиган Исмоил Сафавий энди уни ўзига иттифоқдош қилгиси келди-ю, Хонзода бегимга қўшиб, энг ишонган кишиларидан бири — Муҳаммаджон эшик оғасини Бобур ҳузурига элчи қилиб жўнатди.

Хонзода бегим шоҳнинг яширин ниятларини билмаса ҳам яна аллақандай хатарлар уни ёш ўғилчаси билан бирга ўз гирдобига тортмоқчи эканини элас-элас сезар ва номаълум бир таҳликадан юраги дам-бадам увушар эди.

Шоҳнинг элчиси ва навкарлари бутун йўл давомида Хонзода бегимни ҳам, унинг ўғли ва канизларини ҳам ўз одамлари каби астойдил авайлаб ва қўриқлаб келмоқда эдилар. Уларнинг аёллар билан муомаладаги одобларини, олижаноб эҳтиромларини бегим кўп марта сезди. Шоҳ Исмоилдан бошқа подшоҳ бўлса, Шайбонийхондай ашаддий душманнинг норасида ўғлини йўқ қилиб юбориши, хоннинг хотинини ўз ҳарамининг асирасига ай-лантириши ёки бирорта бекига никоҳлаб бериши мумкин эди. Шоҳ Исмоил шундай қилмагани, аксинча, Хонзода бегимни маликалардай иззат-икром қилиб, ёнига мўътабар элчилару ўнлаб навкарларини қўшиб, Бобурнинг ҳузурига юборгани, бу жабрдийда жувоннинг қалбида умрбод унутилмайдиган бир миннатдорчилик туйғуси уйғотган эди.

Хонзода бегимни бутун йўл бўйи сергаклантириб бораётган номаълум хавф гўё баҳайбат тоғлар ва ўрмонларда яшириниб турганга ўхшарди. Қиш энди чиққан, тоғларда ҳали қор кўп. Баланд довонлардан, тор-тангилардан ўтаётганларида Хонзода бегимнинг назарида, тоғдан кўчки тушиб, ҳаммаларини босиб қоладигандай бўларди. Момақалдироқли ёмғирлар ёққанда дараларнинг селлари бегимнинг ёнидаги ўғилчасини оқизиб кетадигандай ваҳмини келтирарди. Бир кеча Амударёнинг чап қирғоғидаги ўрмоннинг четида— Сурбайтал деган жойда тунадилар. Хонзода бегим ўрмонда кийик овлаб юрган йўлбарсларнинг ҳайбатли бўкиришларини эшитиб, туни билан ухлай олмай чиқди.

Илгари Шайбонийхоннинг укаси — жуда кўп хатарли жангларда ўлмаган Маҳмуд Султон мана шу Қундузга келганда аллақандай ёмон безгакка учраб, бир неча кун ичида ўлиб қолган, кейин уни Қаршига элтиб кўмишган эди.

Қундузнинг илгариги хонлари баҳаво бир жойга қурдирган мустаҳкам қалъа ва унинг ичидаги қаср ҳам Хонзода бегимга узоқдан хийла файзли кўринди. Бу қаср ичида ҳозир у ўзининг суюкли иниси билан учрашишини ўйлаганда шодлиги кўксига сиғмай энтикди.

Уларни кутиб олган мулозимлар Хонзода бегимни ўғли ва канизлари билан бирга меҳмонхонанинг яхши безатилган алоҳида бир хонасига киритиб қўйдилару Бобурга хабар бериш учун қўрғоннинг тўрига қараб кетдилар.

Анчадан кейин Хонзода бегим ўтирган хонанинг эшигидан чиройли соқол-мўйлов қўйган ўттиз ёшлардаги йигит шошилиб кириб келди. Бегим уни Бобурнинг мулозимларидан деб ўйлади, секин ўрнидан туриб, саломига алик олди. Йигит унга томон юриб келар экан, овози титраб:
— Бегим, қадамингиз қутлуғ бўлсин! — деди.

Бу — Бобур эди. Лекин Хонзода бегим укасини соқол-мўйлов қўймаган ўн тўққиз ёшли силлиққина йигит қиёфасида эслаб қолган эди. Ҳозир унинг қаршисида турган кенг елкали, соқол-мўйлови текис тарашланган йигитнинг кийимлари ҳам шоҳона эмас эди: бошида безаксиз оддий симоби салла, эгнида зира беқасам тўн. Бегим яна уни Бобурнинг бекларидан бири деб ўйлади-ю, ҳаяжонланиб айтган сўзларига босиқ жавоб қилди:
— Қуллуқ!

Девони хосда ёзув-чизув ишларини қилиб ўтирган Бобур опасининг хабарини эшитиб хонаки кийимда чопиб келган эди. Хонзода бегим эса ҳали ҳам подшоҳ укасининг киришини кутиб, эшикка олазарак бўлиб қарар эди. Бобур опасига ағрайиб қараб қолди. Эшикдан Муҳаммад Кўкалдош деган мулозим кирганда бегим ундан:
— Амирзодам қанилар? — деб сўради.

Муҳаммад Кўкалдош ҳайрон бўлиб Бобурга қаради. Бобур гап нимадалигини энди тушунди-ю, томоғига бир нарса тиқилиб, овози бўғилди:
— Мени танимадингизми?
— Сиз... Сиз...
— Мен Бобурмен!
— Наҳот?!
— Мен сизнинг инингизмен! Гуноҳкор инингиз Бобур!

Хонзода бегим Бобурнинг кўзларини, бобурона овозни энди таниди-ю, ўзини инисининг бағрига отди. Қўлларини юзи билан бирга Бобурнинг кўкрагига босди. Бобур опасининг елкаларидан қучди, унинг соғинч ва қувонч билан айтган сўзларини қулоғи билан эмас, гўё кўкси билан эшитди:
— Бобуржон! Сиз... Сиз ўшанда мендан ранжигансиз!.. Биламен... Бошингизга таъна тошлари ёғилган... Мен... айтолмаган эдим. Ўзим учун эмас, сиз учун...
— Мен ҳам буни кейин билдим. Сиз мени қутқариш учун ўзингизни хонга тутиб бермишсиз. Мен сиздан умрбод қарздормен!
— Ўшал қарзингизни мана энди уздингиз, Бобуржон. Бу дафъа мени сиз қутқардингиз! Агар Шоҳ Исмоилга ёзган номангиз бормаса, мени ҳам, хон ҳарами билан асир тушган аёллар қатори, бирон бек ёки мулозимга тутқун қилиб берур эдилар. Шоҳ Исмоил сиз туфайли мени шунчалар иззат-икром билан озод қилиб, кузатиб қўйди. Сиздек иним борлиги учун худога минг шукрлар қилдим!

Хонзода бегим юзини Бобурнинг кўксидан олди-ю:
— Ҳазрат онамлар қайдалар? — деди. — Бултур бир шумхабар эшитдим, ростми?
— Беш йил бурун... Хасба[1]дан жон бердилар. Кобулнинг Боғи Наврўзийсиға қўйдик.
— Э воҳ, элликка ҳам тўлмай кетибдилар-а!..
— Менга ҳам шуниси беҳад алам қилди! Саксонга, тўқсонга кирганлар озми?
— Онамни ғаму ғурбат адо қилган, амирзодам! Бизни деб озмунча кулфат чекдиларми!

Муҳаммад Кўкалдош гапни бошқа ёққа бурди:
— Тақдирга чора йўқ, бегим. Мана бугун сиз подшоҳ ҳазратлари билан яна топишганингиздан ҳазрат онангизнинг арвоҳлари шод бўлур! Қани, ўтирсинлар. Фотиҳа ўқийлик.

Зарбоф кўрпачалар устига ўтиб ўтирдилар. Бу орада ташқаридан бегимни кўриш учун кирган Қосимбек қавчин Қутлуғ Нигор хонимнинг руҳига бағишлаб тиловат қилди.

Кейин Хонзода бегим канизлари орасида ҳаммани жимгина кузатиб ўтирган ўғилчаси Хуррамшоҳни имлаб чақирди.

Боланинг оқ-сарғиш юзи, кўзининг кўкимтирлиги, қисқа бўйни ва сийрак қошлари худди Шайбонийхонникига ўхшар эди. Бобур Шайбонийхонни кўрмаган бўлса ҳам Хонзода бегим ўғлини унга таништираётганда боланинг қиёфасида хон отасидан мерос қолган аломатларни аниқ кўргандай бўлди.

Хуррамшоҳ етти ёшга кирар-кирмас отаси уни Балх вилоятига ҳоким қилиб қўйган эди. Ҳокимликни болага атка қилиб белгиланган Мадҳи Султон қилса ҳам Хуррамшоҳ ўз қаршисида катта-катта одамларнинг бош эгиб таъзим қилишларига анчагина ўрганган эди. Хонзода бегим ўғлига Бобурни кўрсатиб:
— Тоғойингиз мана шу кишилар! — деганда Хуррамшоҳ Бобурнинг хаёлидан ўтган нарсани сезиб ётсирадими ёки унинг кийимлари жўнлигини кўриб, назарига илмадими, истар-истамас бош ирғаб салом берди. Аммо тоғасига яқин бормади. Шунда Хонзода бегим уни елкасидан секин итариб қулоғига шивирлади:
— Эсингизни йиғинг, подшоҳ Бобур мирзо ҳузуридасиз! Шоҳ Исмоил шу ҳазрат туфайли сизни озод қилди!

«Подшоҳ» ва «ҳазрат» деган сўзлардан боланинг кўзлари гўё чарақлаб очилиб кетди. Шу пайт Бобур жиянининг кўзлари ойисиникидай йирик-йирик эканини сезди.

Тождорлар билан муомала қилишнинг машқини яхши олган бола энди тиззачасини гиламга тираб, Бобур қаршисида юкунди, сўнг икки қўлини кўксига қўйиб, эгилиб таъзим қилар экан, чучук тил билан:
— Ҳазратим, мен сизга... сизга хизматқа келдим!— деди.

Бобур унинг бурни ҳам Хонзода бегимники каби қиррали эканини энди кўрди ва бу болага нисбатан қалбида тутун аралашган оловдай мураккаб бир илиқлик сезди.
— Хизматга келган бўлсангиз хуш кўрдик, шаҳзода, — деди-ю, болани қўлидан олиб, ўнг ёнига ўтқазди.

Шу пайт ташқаридан эллик ёшлардаги семиз ҳарам бекаси таъзим қилиб кирди:
— Подшоҳ ҳазратлари, Моҳим бегим олинасаб эгачингиз ҳузурига келишга ижозат сўрадилар!

Бобур Хонзода бегимга қараб сирли бир тарзда жилмайди. Сўнг бекасига буюрди:
— Айтинг, келсинлар! Мирзо Ҳумоюнни ҳам ола келсинлар.

Бобурнинг ёш хотини Моҳим бегим кекса Қосимбек ўтирган хонага киришдан ийманиб келолмаётганини ҳамма сезди. Қосимбек ва Муҳаммад Кўкалдош Бобурдан рухсат олиб, секин эшикдан чиқдилар.

Меҳмонхона олдида одам кўп. Марғилонлик Хўжа Калонбек, унинг укаси Кичик Хўжа, қувалик Тоҳир кўрчи, тошкентлик Саидхон, самарқандлик Мажид барлос, Юсуф Андижоний деган бир навкар — ҳаммалари ватанларининг дарагини олиб келган Хонзода бегимни кўрмоқчи бўлишар, аммо ичкарига киришдан истиҳола қилиб туришар эди. Қосимбек уларга:
— Аввал ҳарам аҳли билан кўришсинлар, кейин сизларга ҳам рухсат сўрармиз, — деб уларни тарқатиб юборди.

2

Шафтоли гулли ипак қабоси ингичка белига, назокатли қадди-қоматига жуда ярашган бир жувон шаҳзодаларча ясантирилган уч яшар болани қўлидан етаклаб, эшикдан оҳиста кириб келди. Болачанинг юз-кўзи Бобурга ўхшашини Хонзода бегим бир қарашдаёқ сезди-ю, тез ўрнидан турди. Моҳим бегим келинлик назокати билан эгилиб таъзим қилди. Хонзода бегим унга пешвоз чиқиб, аввал елкасига қўлларини қўйиб кўришди. Сўнг жувоннинг юзидаги нафис оқ пардани секин кўтариб қаради-да, унинг ажиб бир латофатини юракдан ҳис қилиб завқи келди. Келинини пешонасидан, кўзларидан қувониб ўпди, сўнг шодликдан балқиган юзини Бобурга ўгирди.
— Муборак бўлсин! Бир-бирларингизга бениҳоя муносибсизлар! Бахтли бўлинглар!

Кичкина Ҳумоюн бир қўлчаси билан онасининг этагидан тутиб пастдан юқорига мароқ билан қараб турарди. Хонзода бегим уни қўлига кўтариб олди. Бола аммасини биринчи марта кўраётган бўлса ҳам, бу истараси иссиқ аёлни кўпдан бери биладигандек бегонаси-рамас эди. Хонзода бегим боланинг лўппи юзига юзини қўйиб эркалатганда Ҳумоюн буни ёқтириб кулимсиради.

Хонзода бегим уни ўзининг ўғилчаси олдига кўтариб олиб борди-да, ерга қўйди:
— Қани, кичкина тоғача «катта» жиянча билан танишсинлар-чи!

Уч яшар бобурийзода билан тўққиз яшар шайбонийзода аввал бир-бирларига жим тикилиб турдилар. Кейин Ҳумоюн Хуррамшоҳнинг белидаги кичкина безакдор ханжарчасига қизиқиб қўл чўзди. Хуррамшоҳ унинг қўлини олиб кўришди-ю, аммо ханжарини бергиси келмай орқага чекинди. Буни кўрган катталар кулиб юбордилар.

Хонзода бегимнинг бошидан кечган барча даҳшатлар, Қундуз йўлида унинг юрагини титратган номаълум хавфу хатарлар шу бир қувноқ кулги билан гўё узоқ ўтмишга айланди. Хонзода бегим ийманиб табассум қилаётган келинини бир ёнига ўтқазди. Иккинчи ёнида хушчақчақ кулимсираб болаларга қараётган Бобурни кўрди. Яқингинада ўзлари ҳам мана шу тоғача-жиян каби ёш бола бўлган пайтлари эсига тушди. Оғир айрилиқ йилларида опа-ука икковлари ҳам фарзандлик бўлганлари, душман хонадонларидан чиққан бу болалар энди гўдакларча бир маъсумлик билан танишаётганлари қаҳратон қиш кетидан келган баҳордек беҳад ёқимли эди.

Хонзода бегим келинига яна бир қараб олди-да, кейин Бобурга шўх назар ташлади:
— Толе сизга энди кулиб боқибди, амирзодам! Ўзингизга бунчалик муносиб маликани қандай учратдингиз! Моҳим бегим, қаерликсиз?
— Хуросонлик, ҳазрат бегим.

Моҳим бегим Бобурга: «Боғкўча деворидан гул ташлаганимни айтиб мени уялтириб қўйманг яна!» дегандек илтимоскорона қараб олди. Бобур унинг бу қарашидаги маънони сезиб, завқли жилмайди. Сўнг Моҳим бегимнинг Ҳусайн Бойқарога қариндошлиги борлигини, оталари бундан тўрт йил бурун Бадиуззамон мирзо билан чиқишолмай Ғазнага келиб қолишганини опасига айтиб берди. Бобур Моҳимнинг ота ва оғаларини Ғазнадан Кобулга таклиф қилган, кейин бу ерда Моҳим билан яна кўришиб унга уйланган эди.
— Ҳирот билан Мурғоб оралиғида Ҳазрати Жом деган шаҳар бор, кўрганмисиз? — сўради Бобур опасидан.
— Кўрганмен! Улуғ шоир Аҳмад Жомийнинг номларига қўйилган.
— Бегимнинг она авлодлари ана ўшал Ҳазрат Жомийга хеш эканлар. Устод Абдураҳмон Жомийга ҳамшаҳар эканлар.

Бобур ҳазиломуз кулиб қўшиб қўйди:
— Бегимнинг ўзлари ҳам шундай шоирпарвару шеършуносларки, Жомий билан Навоийнинг барча ғазалларини ёд билурлар. Аммо биз шеър ёзсак, мунаққидлик[2] қилиб, нуқсини кўрсатурлар.

Моҳим эрининг ҳазилига ҳазил билан жавоб берди:
— Мунаққид бўлмай иложим йўқ, чунки ҳазратим менинг таърифимда кўп муболаға қилурлар!

Хонзода бегим эр-хотиннинг ҳазилкашлигидан завқланиб кулди:
— Лекин таърифингизда қанча муболаға қилсалар ҳам оз!
— Миннатдормен, ҳазрат бегим! — Моҳим энди ҳаяжонли товуш билан гапирди: — Мен сизнинг жасоратингизни, фидойилигингизни ҳазратимдан эшитиб, ўзингизни кўриш орзусида эдим. Тангримга шукр, бугун шу орзуйим рўёбга чиқди. Ҳазрат бегим, мен сизни аф-сонавий бир малика деб ўйлар эдим. Бироқ ўзингизни кўрдиму сиздаги меҳригиё афсонавий маликаларда ҳам бўлмас, деб ўйладим! Энди уйимизнинг пешгоҳи ҳам, кўнглимизнинг тўри ҳам сизники!

Моҳим бегим бу гапларни самимий бир ихлос билан айтганини сезган Хонзода бегим:
— Бизга сиздек келин берган тангримга шукр! — деб қўйди.

Хонзода бегим бирдан Ойиша бегимни эслади ва уни Моҳим бегимга таққослаб кўрди. «Бир ҳисобда, Бобуржон аввалги хотини билан ажрашиб кетгани ҳам яхши бўлган экан», деб қўйди ўзича. Сўнг хон ҳарамида ўзининг тортган азобларини эслаб кетди.

Бобур ўттиз тўрт ёшли Хонзода бегимнинг сочларига битта-яримта оқ оралаб қолганини энди кўрди. Шу туришда опаси Бобурга онасининг энди бева қолган ўттиз етти-ўттиз саккиз яшарли пайтларини эслатди. Хонзода бегим ҳам энди бева эди. Бобур шуни ўйлади-ю:
— Сиз мени деб кўп азоб тортгансиз! — деди. — Сизни эсон-омон даргоҳимизга етказдирган Шоҳ Исмоилнинг яхшилигини ҳеч вақт унутмасмен!

Шоҳ Исмоил тилга олиниши билан Хонзода бегимнинг чеҳраси яна очилди.
— Шоҳнинг Тожли хоним деган ёшгина, кўҳликкина хотини бор экан, — деб ҳикоя қила бошлади. — Шу жувон мени шоҳнинг ҳузурига бошлаб кирди. «Шоҳ Исмоил сунний мазҳабидагиларни ўлдириб, терисига сомон тиқдирармиш» деган ваҳимали гапларни кўп эшитган эдим. «Баҳайбат бир одам бўлса керак», деб титраб-қалтираб бордим. Қарасам, йигирма тўрт-йигирма беш ёшли хушсурат бир йигит тахтда ўлтирибди. Соқол қўйган эмас, фақат узун, ингичка мўйлови бор. Бургут бурун. Кўзлари катта-катта. Озарий тилда гапирди, сўзларининг ҳаммасига тушундим. Шиаларнинг имомлари Биби Фотиманинг авлодлари бўлган эмасми, шунинг учун улар аёл зотини жуда ҳурмат қилар эканлар. Мен буни йўлда ҳам кўп сездим.
— Лекин ўзимизда ҳам илгари аёлларга эҳтиром кучли бўлган, — деди Бобур.— Самарқандда Биби Хоним номли мадраса қурилган, Туман оқа мақбараси бор. Ҳиротда Гавҳаршод бегим мадрасаси машҳур.
— Билмадим, у замонларда улуғ аёллар кўп бўлганми ёки уларнинг илму санъатга иштироклари катта бўлганми? — деди Моҳим бегим эрига қараб. — Ҳозир нечукдир ундоқ эмас-да, ҳазратим?
— Фалакнинг гардиши ажиб! — деди Бобур. — Аёлларга муносабат ҳамиша илму санъ-атга муносабат билан рост келур. Илму санъат барқ урган даврларда аёлларнинг ҳурмати ҳам баланд. Чунки илму санъат аёлларнинг иштироки билангина астойдил юксалган. Маънавий инқироз даврларида олимлару санъаткорлар нечоғлик хор бўлса аёллар ҳам шунчалик камситилмишдир.
— Сиз айтган шу инқироз ҳозир Мовароуннаҳрни чирмаб олган, ҳазратим! — деди Хонзода бегим. — Кўчманчи хону султонлар мамлакатнинг қуруқ гавдасини эгаллаб олмишлар. Унинг руҳи билан ишлари йўқ. Ўлган одамнинг арвоҳини ранжитиш адолатдан эмас. Шайбонийхон пароканда бўлиб ётган ўлкаларни бирлаштирди. Самарқандда ўз номига мадраса қурдирди. Кўҳак[3] дарёсининг устига кўприк қурдирди. Савоб ишлари шу бўлди. Лекин олимлару санъаткорларга муомаласи қандоқ дурушт бўлса, аёлларга ҳам шундоқ эди. Те-мурийлар аёлларнинг номига мадрасаю мақбаралар қурдирганини айтсангиз, ғазаби келур эди. Унингча, Улуғбек илму санъатга берилиб, дину имонни унутган эмиш, аёлларни талтайтириб, халқнинг ахлоқини бузган эмиш. Хон ёздирган «Шайбонийнома», «Нусратнома» деган китобларнинг биронтасида бирорта аёлнинг номи тилга олинган эмас. Шаҳзодаю султонларнинг оналари ёки хотинлари ҳақида сўзлаш зарур бўлиб қолса, «фалончининг қизи», «фалончининг хотини» деб, фақат отаси ёки эрининг номини ёзурлар. Чунки аёлларнинг номини номаҳрамлар тилга олсалар гуноҳ бўлур эмиш! Ҳали бу— мадраса кўрган илмлик хоннинг даврида бўлган ишлар.

Ҳозир тирик қолганларида шу илм ҳам йўқ. Фақат дағал бир кучу бидъату хурофот. Илму санъат аҳли султонлар зулмидан қочиб, бири Хуросонга, бири Истамбулга кетди, бири Кобулга келди. Энди бутун умидимиз сиздан, Бобуржон! Сиз Мовароуннаҳрнинг улуғ руҳини тикларсиз, илму маърифат қуёшини юртимизга қайтариб олиб борурсиз деб, йўлингизга кўз тикканлар кўп!

Бобур опасининг айтганлари қуруқ гап эмаслигини биларди. Шайбонийхон ўлгандан кейин Самарқанддан, Бухородан, Тошкентдан Бобурга махфий хатлар ва чопарлар келган эди. Кўчманчи султонлар зулмидан безган одамлар Бобурни тезроқ юртига қайтишга чор-лар эдилар.
— Ўтган ҳафта Андижондан хушхабар келди, — деди Бобур опасига мамнун кўз ташлаб.— Фарғона водийсидаги барча хайрихоҳларимиз кўчманчи султонларни қувиб юборибдир. Менга китобот келдики, «Қоратегин орқали Андижонга тезроқ етиб келинг, ота юртингиз сизга мунтазир!»

Хонзода бегим қувонч билан:
— Тангримга минг қатла шукр! — деди.
— Ҳазратим бизни Кобулдан Қундузга олиб келганларининг бойиси ҳам шуки, — деди Моҳим бегим овозини пасайтириб, — тезроқ ватанларига қайтмоқчилар!
— Андижонгами? — шивирлади Хонзода бегим инисига.

Бобур ўйчан кулимсираб бош чайқади — у Андижонга ишончли бир кишисини юбормоқчи, ўзи эса Ҳисор орқали Самарқандга юриш қилмоқчи эди. Лекин Бобур ўзининг бу ниятини тарих саҳнасида пайдо бўлган янги бир куч — Шоҳ Исмоил билан келишмасдан амалга оширолмаслигини сезиб турарди. Чунки Шоҳ Исмоил кўчманчи султонларга қарши курашни давом эттириш ва уларни Мовароуннаҳрдан қувиб чиқариш учун Бобур билан иттифоқ тузмоқчи эди. Бугун Хонзода бегим билан келган элчининг қандай нияти борлигини Бобур тахминан билар эди.

Башарти, у Шоҳ Исмоил таклиф қилаётган иттифоқни рад этиб, Андижонга ёки Самарқандга ўзича юриш қилса, шоҳ ундан айниб, шайбонийзодалар билан иттифоқ тузиши мумкин эди. Шайбонийхоннинг ўғли Темур Султон шоҳга элчилар ва совғалар юбориб, музокара олиб борганидан Бобур хабардор эди. Бу икки зўр кучга Бобур ёлғиз бас келолмаслиги эса ўз-ўзидан аён эди...

У аёлларга бу мураккаб муаммоларни айтиб ўлтирмадию, Шоҳ Исмоилнинг шоирлигидан гап очди.
— Мирзохон менга шоҳнинг шеърларидан келтириб кўрсатди, — деди опасига. — Таъби назми баланд, озарбойжон туркийсида жуда чиройли ғазаллар битибдир. Яна камтарлик билан «Хатоий» деган тахаллус танлабдир.
— Катта шоирлиги рост, — деди Хонзода бегим. — Ғазалларини одамлар қўшиқ қилиб айтганларини эшитдим. Шоҳ мени қабул қилганда «Бобур подшоҳнинг шоҳлигини ҳам, шоирлигини ҳам эҳтиром эдюрмиз» деди. Кейин ҳазратимнинг Ҳиротда куйга солинган ғазалларидан бир байтини ёд айтиб, «Чўх яхши!» деб қўйди.

Бобур шоҳнинг бу мақтовидан кўнгли ийиб, уялин-қираб:
— Қайси ғазал экан? — деди.

Хонзода бегим бармоқларини лабларига қўйиб ғазални сўзма-сўз эслашга тиришар экан, Моҳим бегим унга кўмаклаша бошлади:
— «Менинг кўнглимки, гулнинг ғунчасидек таҳбатаҳ қондир» деб бошланурми?
— Ҳа, ҳа, худди шу! — деб Хонзода бегим иккинчи сатрини ўзи айтди: — «Агар юз минг баҳор ўлса очилмоғи но имкондир».
— Шоҳга бу матлаънинг ёққани бежиз бўлмаса керак, — деди Бобур. — У ҳам бизга ўхшаб, отасидан ёш қолиб, қувғинларга учраб, кўп кулфат чеккан экан. Менга унинг тарихини Мирзохон айтиб берди. Энди Шоҳ Исмоил дунёда адолат ўрнатмоқчи эмиш.
— Шоҳ менга ҳам шуни айтди, — деди Хонзода бегим. — «Адолатни суннийлар ўн икки имом билан бирга ўлдирмишлар», деди. Лекин ўн иккинчи имом— Ҳазрати Мадҳи ўлган эмас эмишлар, ҳозир осмондан ерга тушиб, суннийларнинг жазосини берар эмишлар. Шунинг учун шиалар шоҳни «соҳиби замон» деб улуғлар эмишлар.

Бобур бу ясама эътиқодлардан ғаши келиб, бош чайқади-ю:
— Таажжуб! — деб қўйди. — Марҳум Шайбонийхон ўзини «Халифаи раҳмон, имоми замон» деб юриб, охири нима бўлди? Динни сиёсатга айлантириш не ҳожат?
— Лекин шиалар билан суннийларнинг адовати аслида ҳокимият талашишдан келиб чиққан эмасми, ҳазратим?— деди Моҳим.

Ислом тарихини яхши биладиган Бобур суннийлар билан шиаларнинг қонли курашларини хаёлидан ўтказа бошлади.

Бу кураш Бобур яшаган даврдан салкам тўққиз юз йил аввал — Муҳаммад пайғамбарнинг ўлими билан бошланган эди. Муҳаммад пайғамбар тузган давлатни ким бошқариши керак? Ким унинг давомчиси — халифи бўлиши керак?

Энг яқин қариндошни ворис қилиш тарафдори бўлганлар Алини биринчи халиф қилиб кўтармоқчи эдилар. Чунки Али пайғамбарнинг амакиваччаси эди ва унинг ягона фарзанди Биби Фотимага уйланган эди. Аммо Али чорёрлар орасида энг ёши эди. Қабила удуми, яъни суннага биноан энг ёши улуғ ва обрўси баланд ўтағаси мусулмон оламига бош бўлиши керак эди. Шу сабабли кекса Абубакирни биринчи халиф қилиб кўтардилар. Шу билан бирга Али ҳам пайғамбарнинг тўртта энг яқин салафларидан — чорёрларидан бири деб тан олинди, фақат ёшига қараб уни Абубакир, Умар ва Усмондан кейинги тўртинчи ўринга қўйдилар.

Душманлари аввал Умарни, кейин Усмонни суиқасд билан ўлдирадилар. Ниҳоят Али халиф бўлади. Аммо орадан беш йил ўтар-ўтмас душман тараф қасдма-қасдига Алини ҳам ўлдирди.

Али тарафдорлари унинг ўрнига ўғиллари — Биби Фотимадан туғилган Ҳасан ва Ҳусанни мусулмон оламининг бошлиғи деб эълон қилдилар. Аммо Имом Ҳасан касалланиб ўлди. Имом Ҳусан Карбало даштида суннийлар билан қилинган жангда ҳалок бўлди. Шундан кейин халифалик яна суннийлар қўлига ўтди-ю, Алининг авлодига мансуб бўлган барча имомлар бирин-кетин ўлдирилаверди. Фақат ўн иккинчи Имом Муҳаммад ёшлигида сирли бир тарзда йўқолди, унинг ўлик-тириги топилмади. Мухолифлари уни ўғирлаб кетиб ўлдирганлари тахмин қилинса ҳам, унинг тарафдорлари халқ орасида «Имом Муҳаммад осмонга чиқиб кетган, бир кун Имом Мадҳи номи билан қайтиб тушиб, дунёда адолат ўрнатади» деган бир диний эътиқодни тарқатдилар. Адолатсизликдан азоб тортиб юрган жуда кўп содда одамлар бу гапга ишонадилар. Шиалар мусулмон оламидаги барча бахтсизликларга Алидан олдинги уч халифани ва уларнинг кейинги авлодларини сабабчи қилиб кўрсатдилар.

Суннийлар узоқ вақт давлат тепасида турган ва мусулмон динини жуда кўп мамлакатларга тарқатган ҳоким куч бўлганликлари учун уларнинг зулмларидан норози бўлган кўпгина олимлар, санъаткорлар, деҳқонлар, косиблар ва бошқа турли табақа вакиллари ҳам шиалар томонига ўтдилар. Қадимий маданият маркази бўлган Эрон ва Озарбойжонда шиаларнинг суннийларга қарши кураши тобора ўсиб борди. Шоҳ Исмоил шиаларнинг мана шу курашидан фойдаланиб, давлат тепасига келди, тарихда биринчи марта шиа мазҳабини катта бир давлатнинг динига айлантирди ва суннийларга қарши ғазавот эълон қилди.
— Рост, шиа-сунний адовати қандай хунрезликларга сабаб бўлганини мен Ҳиротда кўриб даҳшатга келдим!— деди Хонзода бегим ва бир воқеани ҳикоя қилиб берди.

Марвдан кейин Ҳирот қизилбошлар қўлига ўтгач, бу ерда Шайбонийхон даврида қатағон қилинган шиалар қасоскорона бош кўтардилар. Улар Ҳиротда Шайбонийхоннинг барча ишларига фатво берган саксон ёшли шайхулислом Тафтазанини шиаларга тутиб бердилар. Шиалар чолни кўчага — халойиқ орасига судраб олиб чиқдилар ва дарҳол сунний мазҳабидан шиа мазҳабига ўтишни буюрдилар. Тафтазани бунга кўнмади. Шундан кейин шиалар уни кўчадаги бир дарахтга осиб ўлдирдилар ва жасадини дарахт билан бирга ёқиб юбордилар.

Буни кўрган холис одамлар шиа-сунний душманлигидан безор бўлиб, Абдураҳмон Жомий тириклигида ёзиб кетган ўткир рубоийни бир-бирларига шивирлаб айтадилар: Эй муғбачаи даҳр, бидеҳ жоми маям,
Ки омад зи низойи сунни-ю, шиа қаям.
Гўяндки, Жомиё, чи мазҳаб дори?
Сад шукрки, саги сунни-ю, хари шианаям![4]
Бу рубоийнинг сўзлари оғиздан-оғизга ўтиб, шиаларнинг қулоғига ҳам етиб боради. Айниқса «шианинг эшаги» деган ибора уларнинг жонини чиқаради. Қизилбошлар бидъатга берилган ҳиротлик шиалар ва ёш безорилар тўдасини Абдураҳмон Жомийнинг мақбарасига бошлаб борадилар. Қабр устига қўйилган мармар тошни кўчириб ташлайдилар. Тошга ўйилган «Жомий» сўзидаги арабча «   »нинг нуқтасини ўчириб «   » тарзида ҳарфнинг юқорисига қўядилар. Натижада улуғ шоирнинг номи «Хомий» деб ўқиладиган бўлади. Жоҳиллар бу билан ҳам қаноат қилмайдилар. Жомий мақбарасига Навоий ўрнаттирган заррин ўймакорлик гўзал эшикни синдириб, мақбара билан бирга ёндириб юборадилар.

Бу воқеани опасидан эшитган Бобур ғазаб аралаш ҳайрат билан сўради:
— Наҳотки Шоҳ Исмоил шундай жаҳолатга йўл берган бўлса?
— Менинг билишимча, бу ишдан шоҳ бехабар қолган. Ҳиротдаги мудҳиш ишларга шоҳнинг Хуросон бўйича ноиби Нажми соний бошчилик қилган.
— Не бўлганда ҳам ҳазрати Жомий минг марта ҳақлар: шиа-сунний низолари кўнгилни оздирадиган даражада хунук!.. Ҳайҳот, дунёнинг ишлари ҳамиша чигал! Туғишганлардан-ку, дўст-ёр тополмадим. Энди тақдир менга Шоҳ Исмоилдек бир мард, танти, фозил дўст берди, деб суюнсам, бунинг ҳам ишкал ишлари бор экан.

Моҳим бегим Бобурнинг кўнглига чўккан ғуборни тарқатгиси келиб, кулимсираб гапирди:
— Гул тикансиз бўлмас экан-да, ҳазратим!

Бобур хотинининг жилмайган юзига тикилиб қаради-ю, ўзининг ҳам чеҳраси очила бошлади. Шунча айрилиқлардан кейин севимли опаси билан яна учрашгани, бу қувончга Шоҳ Исмоил туфайли муяссар бўлгани такрор эсига тушди. Қундузда шайбонийзодалардан ихлоси қайтган йигирма минг кишилик қўшин мўғул беклари бошчилигида Бобур ҳузурига келгани ва унинг хизматига ўтгани яна ёдига тушди-ю, кўнглини яйратиб ўтди.

Бобур кўзини Моҳим бегимдан олиб опасига қаради:
— Энди ҳеч бир гулнинг тиканидан қўрқмасмиз! Мақол борки, гули учун тикани ҳам ноилож суғорилур... Шоҳ Исмоил шунчалик одамгарчилик қилибди! Майли!

Бобур ўрнидан турди. У шоҳдан келган элчи билан учрашиши керак эди. Моҳим уни эшик олдигача кузатиб борди. Бобур эшикдан чиқаётиб, Хонзода бегимни қаерга жойлаштириш ва қандай эъзозлаш ҳақида хотинига кўп гапириб ўтирмади-ю:
— Эгачимни онам ўрнида кўргайсиз! — деди. Шу бир оғиз гапдан ҳамма нарсани англаган Моҳим ҳам:
— Жоним билан! — деб қўлини кўксига қўйди. — Сиздан ҳам бир илтимос, ҳазратим.
— Хўш!
— Биз тикан деб ўйлаган нарсалар оғули тиғлар бўлиб чиқмасин. Эҳтиёт бўлинг!

Бобур хотинининг ҳамма нарсага фаҳми етадиган зийрак бир дўст эканини ҳозир яна бир марта сезди-ю, унга меҳри тобланиб:
— Хотиржам бўлинг! — деди.

Сўнг қалби учрашув қувончига, меҳрибон аёллар нафосатига ва маъсум болалар завқига тўлиб, қўрғон ҳовлисига чиқди.

Девонхонага яқинлашганда элчилар билан бўладиган муомалани кўз олдига келтирди-ю: «Молу дунёни аямаслик керак» деган ниятни кўнглига тугди.

3

Бобурнинг буйруғи билан Вали хазиначи бисотида бор энг қимматбаҳо дуру гавҳарлардан, Бадахшон лаълиларию олтин безакли кийимлардан, камёб тиғлар ва буюмлардан шоҳга алоҳида, унинг элчисига алоҳида инъомлар ҳозирлади. Сарой бовурчилари, баковул ва ясовуллар икки кечаю икки кундуз югуриб-елиб, Қундузда ҳали мисли кўрилмаган шоҳона зиёфат ва базмга ҳозирлик кўрдилар. Улкан зиёфат учун ҳисорий қўйларнинг ўзидан етмиш-саксонтаси сўйилди. Тоғлардан, ўрмон ва дарёлардан овлаб келинган ғозлар, какликлар, оҳулар сони бундан кўпроқ эди.

Шоҳ Исмоилнинг меҳмондорчиликларини кўп кўрган одамлардан бири — Бобурнинг амакиваччаси Мирзохон эди. У Бобурга бир неча марта:
— Шоҳ элчилари чоғирсиз зиёфатни зиёфат ўрнида кўрмаслар,— деб айтди.

Бобурнинг эшик оғаси Қосимбек эса ичкиликни жуда ёмон кўрарди. Бобурнинг ўзи ҳам ҳали беклари билан бирор марта ичкилик базми ўтказган эмас, фақат Кобулда Моҳимга уйлангандан кейин хушбўй чоғирлардан бир-икки марта татиб кўрган эди.

Ҳозир унинг кўнглида кўпириб турган қувонч билан бирга Шоҳ Исмоилга ва шиалар билан суннийларнинг душман муносабатларига бориб тақаладиган қандайдир ғашлик, чигаллик бор эди. Бу ғашликни бугун фақат май билан тарқатиш мумкинга ўхшарди. Бундан ташқари, меҳмонларнинг кўнгли учун ҳам Бобурнинг ичиши зарур эди.

Унинг амри билан Қундуздан топиш мумкин бўлган энг тоза чоғирлар, энг ўткир майлар топтириб келтирилди.

Гулгун парчадан зар ёқали або кийган ўспирин соқийлар олтин кўзалардан олтин-кумуш суроҳийларга май қуйиб, аввал Бобурга, сўнг унинг ёнида ўтирган шоҳ элчиси Муҳаммаджон эшик оғасига, элчидан нарига чўккалаган Мирзохонга навбатма-навбат узатдилар.

Зиёфатда Бобур томонидан юздан ортиқ аъёнлар, беклар ва мулозимлар қатнашмоқда эдилар. Аввалги зиёфатларда Бобурдан ва Қосимбекдан яшириб май ичадиган кўпчилик беклар энди чоғир тўла қадаҳларини қўлларида бемалол тутган ҳолда бир-бирлари билан шўх-шўх кўз уриштиришар, қувноқ илжайишар ва подшоҳнинг ишорасини кутишар эди. Пойгаҳда кичик беклар орасида ўтирган Тоҳир ҳам қўлидаги май тўла кумуш қадаҳга жонли бир нарсага қарагандай эҳтиёт билан қараб қўярди.

Мирзохон ёнидаги элчига шивирлаб изоҳ берди;
— Олий меҳмон, сиз ғаройиб бир ҳодисанинг гувоҳидирсиз. Бобур подшоҳ саройида бугун биринчи марта чоғир мажлиси!.. Эътибор беринг: мажлисда фавқулодда бир ҳаяжон ҳукмрон!

Бошига қизил жиғалик катта салла ўраган, соқоли хина билан бўяб қизартирилган бургутбурун элчи Бобурга мароқ билан тикилди.

Бобур қўлидаги қадаҳни учиб кетиши ёки чўқиб олиши мумкин бўлган нотаниш бир қуш каби авайлаб ушлаб турарди. Одамлар унинг сўзини кутаётганларини сезиб, овози товланиб гапира бошлади:
— Олий зотлар даврасида шодиёна кунларда узум сувидан ҳалолу покиза қилиб тайёрланган чоғир ичмоқ ота-боболаримиздан қолган одатдир. Ҳаётимизда шодликдан кўра ғаму ғурбат кўпроқ эди, шунинг учун ҳанузгача чоғир мажлисига майл кўрсатмадик.

Ҳиротда Бадиуззамон мирзо билан Музаффар мирзодек тождор хешларимиз биз учун ораста базмлар бериб, чоғир таклиф қилганлари мажлис аҳлига маълум бўлса керак. Ўшанда ҳам биз узрлар айтиб, чоғирдан ўзимизни тортган эдик, чунки у маҳалларда май ичиб хурсандчилик қилғудек шодмон эмас эдик. Тангрим бизни шод-хуррам кунларга мана энди етказди. Биз бу масъуд кунларга Шоҳ Исмоил ҳазратларининг шарофатлари билан етишдик. Бугунги шод-хуррамликни бизга олий меҳмонимиз Муҳаммаджон эшик оғаси жаноблари келтирдилар! Шунинг учун бизнинг биринчи чоғир мажлисимиз Шоҳ Исмоил ҳазратларига чексиз ишонч ва эҳтиромларимиздан кичик бир нишона бўлғай! Биринчи қадаҳимиз эса шоҳнинг мўътабар элчиси Муҳаммаджон эшик оғаси жанобларига юксак ҳурматимизнинг исботи бўлғай!

Бу сўзлардан кўнгли ийиб, чуқур кўзлари оловланиб кетган элчи ўрнидан туриб, Бобурга эгилиб таъзим қилди. Сўнг жойига ўтириб, қўлидаги чоғирни охиригача сипқарди.

Пастда ўтирган созандалар «Сарви наво» куйини чала бошладилар. Дастурхонга кийик ва каклик кабоблари тортилди. Энг мазали таомлар орасида яна икки-уч қайта май ичилди. Одамлар энди ўзларини боягидан хийла эркин сеза бошладилар. Қаҳқаҳа, ўйин-кулги авжига чиқди. Қувноқ, шўх куйлар кетидан яна алёрлар айтилди. Ниҳоят, сўз навбати шоҳ элчисига келди. Шунда Муҳаммаджон эшик оғаси ёнидаги мулозимга нимадир деб шивирлади. Мулозим бош ирғаб, ён эшикдан чиқиб кетди-ю, навбатдаги қувноқ куй тугаган пайтда устига бир неча қават оқ ипак ёпилган қандайдир совғани олтин баркашга солиб кўтариб кирди.

Муҳаммаджон эшик оғаси Шоҳ Исмоилнинг Бобурга бериб юборган мактубини ва олтин-кумуш инъомларини кундуз топширган эди. «Энди бу яна нима экан?» деб ҳамма ўтирганлар олтин баркашга тикилиб қолди. Умумий жимликда қизилбош бек баркашдаги совға билан Бобурнинг қаршисига таъзим қилиб келди. Бобурга яқин ўтирган Муҳаммаджон эшик оғаси ўрнидан туриб гап бошлади:
— Султон Заҳириддин Муҳаммад Бобур баҳодир ҳазратларининг соҳиби замон Шоҳ Исмоил ҳазратлари я чўх юксак, чўх семимий ҳурматлари варлиғина алҳол бизим ишончимиз камил ўлди. Шу себебли Шоҳ Исмоил ҳазратлари юбормиш муқаддас инъомни Бобур подшоҳ ҳазратлария топширмоға ижоза вергайсиз!

Элчи олтин баркашдаги совғанинг устидан ипак пардани олди. Бобур ёқут ва дур билан безалган нафис оқ ипак саллани кўрди. Салланинг тепасига ўн икки имомнинг қонини эслатувчи қизил жиға суқиб қўйилган эди. Салла анча катта — Бобур ўрамларнинг сони ҳам шаҳид бўлган имомлар каби ўн иккита эканини тахмин қилиб билди. Шиаларнинг эътиқодига биноан, бу ўрамларнинг ҳар бири — бир имомнинг руҳи учун муқаддас макон эди.

Ичган чоғирдан юзи қизариб, кўзлари ялтиллаб турган Бобур ўзининг аъёнлари орасида шивир-шивир бошланганини пайқади-ю, кулимсираб Қосимбек томонга қаради. Аммо Қосимбек ва ундан нарида ўтирган Хўжа Халифа номли шайхулислом олтин баркашдаги дасторга жирканиб ва ҳатто қўрқиб қарамоқда эдилар.

Чунки Бобурнинг ўзи ҳам, Қосимбек ҳам, зиёфатда ўлтирган бошқа сунний аъёнлар, мулозимлар ҳам чорёрларнинг ҳурмати учун бошларига тўрт ўрам қилинган салла ўрар эдилар. Кичиклигидан оллоҳу таолога, пайғамбар ва чорёрларга чексиз ишонч ва эътиқод руҳида тарбияланган одамлар бошларидаги саллаларининг тўрт ўрамида тўрт чорёрнинг руҳи яшайди, деб ишонар эдилар. Шиалар шу чорёрларнинг учтасини тан олмай ҳақорат қилишар, уларнинг ўн икки ўрамлик саллалари эса Абубакир, Умар ва Усмонларнинг авлодларига қарши курашган шиа имомларини улуғлар эди.

Шиаликни муқаддас чорёрлардан юз ўгириш, диндан чиқиб, рофизий бўлиш, деб ўрганган кекса Қосимбекка олтин баркашдаги салланинг майин йилтирган ипаги — илон терисининг йилтирашидек кўринди. Қосимбекнинг назарида саллага қадалган ёқутларнинг чўғдай ёниши заҳарли илоннинг қизғиш кўзлари қонга тўлиб ёнишига ўхшарди.

Муҳаммаджон эшик оғаси Бобурга яна бир марта таъзим қилди-ю, Шоҳ Исмоил шахсан бериб юборган шу муқаддас дасторни қўлига олиб бошига кийишини ундан илтимос қила бошлади.

Ўнлаб кўзлар Бобурга «Не қиларкин?» деб тикилди. Қосимбек Хўжа Халифага таҳлика билан шивирлаб:
— Макру ҳийла билан ҳазратимни шиа мазҳабига ўтказмоқчиларми? — дегани Бобурнинг қулоғига чалинди.

Бобур агар шу дасторни бошига қўйса шиа мазҳабига ўтгандай кўриниши мумкинлигини энди пайқади. У ичган чоғиридан дурустгина кайф қилган эди. Ҳозир вазият унга Қосимбек қўрққанчалик ваҳимали туюлмас эди. Чорёрлар, ўн икки имом ҳам Бобур учун бундан тўққиз аср бурун ўтган тарихий шахслар эди. Узоқ ўтмишга айланган қонли душманликни бугун давом эттириш кимга керак?

Қизилбош бек ҳамон Бобурнинг қаршисида тиз чўкиб, олтин баркашдаги саллани унга тутиб турибди. Шоҳ элчиси унга илтимоскорона таъзим қиляпти. Улар орқали Шоҳ Исмоил гўё Бобурга ҳамкорона қўл чўзяпти. Бобур бу қўлни қайтарса, шоҳ билан орани узиши керак бўлади. Кейин шайбонийзодалар шоҳ билан иттифоқ тузишади-ю, Бобурнинг ватанга қайтадиган йўлларини яна бекитишади. Бобур эса ҳозир бутун вужуди билан ватанига қайтишни истайди. Бу истаги йўлида тоғ келса кемириб, сув келса симириб ўтмоқчи бўлади.

Бобур элчига мулойим кўз ташлаб:
— Шоҳ Исмоил ҳазратларининг инъомлари биз учун беҳад азиз, — деди ва баркашдаги саллага қўл чўзмоқчи бўлди.

Шунда Қосимбек оғзини унинг қулоғига яқинлаштириб, хавотир билан шивирлади:
— Ҳазратим, зинҳор бошингизга кийманг! Зинҳор!

Бу сўзлар элчига ҳам эшитилди ва уни ранжитгани авзойи ўзгариб кетганидан сезилди.

Сув қуйгандай жимжитликда Бобур Муҳаммаджон эшик оғасига майин кулимсираб қаради:
— Олий меҳмонимиз имомия[5] мазҳабиданлар, шундайми?

Элчи тасдиқ маъносида бош ирғади. Бобур яна ўшандай мулойимлик билан сўзида давом этди:
— Имомиялар ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларими?
— Алҳамдулилло! — деб элчи дарҳол калима келтирди.

Шундан кейин Бобур Қосимбек томонга ўгирилди.
— Сиз ҳам Муҳаммад умматимисиз, жаноби амирул умаро?

Қосимбек ҳам калима келтирди-ю, охирида:
— Ҳазратим, сизни илоҳо чоҳорёри босафолар қўллаб-қувватласинлар! — деб қўшиб қўйди.

Чорёрлар тилга олиниши билан элчининг ранги ўчиб лаби асабий пирпиради.
— Жаноб Муҳаммаджон эшик оғаси! — деди Бобур тез.
— Қуръони шарифда айтилганки, «қулли муслимина ихватун». Яъни, барча мусулмонлар оға-инилардир. Биз ҳаммамиз бир диндамиз. Демак, ҳаммамиз оға-инилардек яқин бўлмоғимиз керак. Биз сизнинг мусулмонлик эътиқодларингизни ҳурмат қилганимиз каби, сиз ҳам бизнинг, — деб Бобур икки қўлини ёйиб, барча бек ва мулозимларини кўрсатди, — мусулмонлик эътиқодларимизни ҳурмат қилурсиз, деб ишонамиз!

Элчи энди бир оз юмшаб, устма-уст бош ирғади:
— Ушбу муқаддас армуғон ҳам бизни сизлара буюк эҳтиромимиз аломатидир!

Бобур энди Қосимбекка юзланди:
— Ҳазрати Алини сизу биз ҳамиша бошимиз устида олиб юрибмиз, шундоқми?

Қосимбек — салласидаги тўрт ўрамнинг бири — Ҳазрати Алининг руҳига макон эканини ўйлаб, қўлини кўксига қўйди:
— Шундоқ, ҳазратим.
— Муҳаммад алайҳиссаломнинг ягона фарзандлари бўлган Биби Фотима биз учун ҳам муқаддас волидадирлар, шундоқми?
— Шундоқ, ҳазратим.
— Шундоқ бўлса, Ҳазрати Али билан Биби Фотиманинг азиз авлодлари бўлган имомларни биз ҳам эъзозласак мусулмонликка тўғри келурми, йўқми?

Боя Бобурга жон куйдириб ҳалиги гапни унинг қулоғига шивирлаган Қосимбек подшони ниятидан қайтаролмаслигини, шоҳнинг бу махсус совғасини Бобур қабул қилмай иложи йўқлигини энди сезди. У кўпчиликнинг олдида Бобурга тан бергандай бўлиб, аслида уни ёқлагиси келиб бош эгди:
— Подшоҳ ҳазратлари, сиз ҳақсиз, қулингизни гус-тохлигим учун авф этинг!

Бобур Қосимбекка мамнун кўз ташлаб:
— Маъзурсиз, — деди. Сўнг дастор солинган оғир баркашни тутиб туравериб қўллари толиб кетган қизилбош бек томонга ўгирилди. Бобур дасторни дадил бир ҳаракат билан икки қўллаб баркашдан олганда унинг ўнлаб бек ва мулозимлари ваҳима билан: «о!» деб юборишди. Бобур дасторни қўлида тутган ҳолда:
— Шоҳ Исмоил ҳазратлари ўзи муборак иликлари билан юборган бу армуғонни биз кўзга сургаймиз! — деди-ю, дасторни кўзи аралаш пешонасига теккизиб олди.

Муҳаммаджон эшик оғасининг юзи қувончдан балқиб кетди:
— Муташаккирам, подшоҳ ҳазратлари, муташаккирам!

Лекин Бобурнинг бек ва мулозимлари орасида, хусусан, яқинда унга келиб қўшилган мўғул беклари орасида ҳайрат, қўрқув ва койиниш оҳангларига тўла бир шовур-шувур эшитилди.

Бу ғовурдан Қосимбекнинг ранги оқариб кетди. Муҳаммаджон эшик оғаси эса Бобурни шиа мазҳабига ўтказиб, катта ғалабага эришгандай шодланиб гапирди:
— Подшоҳ ҳазратлари, биз умид эдюрмизки, сиз шоҳ ҳазратларининг буюк мададлари ила яна Самарқанд тахтия чиққанингизда азиз бошингизда шу муқаддас дасторни кўришга муяссар ўлурмиз!
— Тангри бизни сиз айтган бахтиёр кунга еткизса, бу дасторни тож ўрнида киюрмиз. Шоҳ Исмоил ҳазратларига шу аҳдимизни бориб айтгайсиз!

Бу гаплардан сўнг мўғул беклари орасидаги асабий шовур-шовур яна кучайди. Шоҳ элчиси эса Бобурнинг дадил одам эканига, Шоҳ Исмоил билан мустаҳкам иттифоқ тузиш учун суннийпараст бекларининг ҳар қандай қаршиликларини енгиб ўтиши мумкинлигига энди ишонди.

Мана шу ишонч Бобурнинг шоҳ элчиси билан эртаси куни олиб борган музокараларини анча енгиллаштирди.

Шоҳ Исмоилнинг Бобур билан иттифоқ тузишдан мақсади — Мовароуннаҳрга у билан бирга қўшин тортиб бориш ва шайбонийзодаларни бирга тор-мор қилиш эди. Бобур шайбонийзодалар устидан ғалаба қилишни нечоқлик истамасин, Мовароуннаҳрга ўз қўшини билан мустақил кириб боришни истарди. Чунки агар у асосий ғалабани ўзи мустақил қўлга киритмаса, ватанига обрў билан қайтолмаслигини, ёвлари уни «Шоҳ Исмоилнинг найзасига миниб кириб келди!» деб маломат қилишларини сезиб турарди.

Бобур Шоҳ Исмоилнинг Марвда эришган ғалабаси етарли эканини, энди улар дам олишлари кераклигини, шайбонийзодаларни Ҳисордан, сўнгра Самарқанддан қувиб чиқаришни энди Бобур зиммасига олиши кераклигини элчига қайта-қайта айтиб кўрди. Лекин Шоҳ Исмоил ҳам Самарқандга интилмоқда эди, агар унинг бу интилиши амалга ошмаса Бобур билан иттифоқ тузишнинг қизиғи қолмас эди. Элчининг гапидан буни сезган Бобур музокарани бошқа йўналишга бурди.

Шоҳ Исмоилнинг аскарлари тоғ йўлларида қийналиб, минглаб чақирим ортиқча йўл юриб, Қундуз ва Ҳисорга келиб юриши не керак? Шоҳ қўшини карвон йўли билан Термиз ва Бойсун орқали Самарқандга қараб отлансин. Бобур эса ҳозир Ҳисорга яқин турибди. Бир ҳамла билан Ҳисорни кўчманчи султонлар қўлидан тортиб олишга кучи етади. Кейин у Самарқандга жануб томонидан йўл очади ва Шоҳ Исмоилнинг қўшини билан Шаҳрисабз — Қарши атрофларида учрашади.

Мантиқан асосли бўлган бу фикрга шоҳ элчиси эътироз қилолмади-ю, Бобурнинг таклифини қабул қилди.

Бобур элчи билан тузган бу битимни Шоҳ Исмоилнинг тасдиғидан ўтказиш учун Мирзохонни Табризга вакил қилиб юборди-ю, ўзи Ҳиндикуш тоғининг шимоли-ғарбий этакларига тўпланган қўшинларини жангга тайёрлай бошлади.

Баҳор охирлаб қолган кунларнинг бирида Бобур Қосимбек билан адир йўлидан мўғул бекларининг қароргоҳларига отлиқ кетмоқда эдилар. Шунда Қосимбек Бобурни йўлдан четроққа бошлаб чиқиб, бир шумхабарни айтди.

Шоҳ Исмоил юборган шиа дасторини Бобур кўзига суриб элчига қуюқ ваъдалар берганидан мўғул беклари қаттиқ ранжиган эмишлар, уни «чорёрлардан воз кечиб, имомия мазҳабига ўтди», деб фитна уюштирган эмишлар. Бундан беш-тўрт йил бурун Кобулда Эгу Салим, Шерқули деган мўғул беклари Бобурга суиқасд қилмоқчи бўлган пайтларида қўлга тушган, Бобур уларни яқин тарафдорлари билан қатл эттирган эди. Шайбонийзодалардан айниб, яқинда Бобурга келиб қўшилган мўғул бекларининг орасида ўша ўлдирилганларнинг уруғдошлари бор бўлиб, улар кек сақлаб юрган эканлар. Энди шу беклар яширинча тил бириктириб, Бобурни Қундузда ўлдирмоқчи ёки Кобулга қувиб юбормоқчи эмишлар. Унинг ўрнига Бобурнинг қўлида ўсган тоғаваччаси, марҳум Олачахоннинг ўн етти яшар ўғли Саидхонни тахтга чиқармоқчи эмишлар.
— Кимлар шундай қилмоқчи? Кимлар?! — деб Бобур ғазабдан титраб сўради.

Қосимбек орқасига ўгирилиб қаради. Мулозим ва хос навкарлар узоқда қолган, овоз уларга эшитилмайди. Шундай бўлса ҳам Қосимбек товушини пасайтириб:
— Қамбарали Саллоҳ, Сайидали Шакма, — деб бир қанча фитначиларнинг номларини айтди.
— Иблислар! Қачонгача булар менинг елкамга тиғ урурлар?! Андижондаги Аҳмад Танбал ҳам шу тоифадан эди! Бас! Ҳаммасини туттиринг! Пора-пора қилиб, гўштларини қузғунларга ташлатурмиз!

Қосимбек отининг жиловини тортиб, тоғ этакларидаги минглаб ўтовларга хавотир билан кўз югуртириб чиқди.
— Ҳазратим, қаранг, булар жуда кўп. Навкарлари билан йигирма минг!

Кўп асрдан бери Мовароуннаҳрда яшайдиган, туркий тилда сўзлашадиган, мусулмон динини қабул қилиб, унинг хурофотига қаттиқ берилган бу мўғул беклари ва навкарларининг касби ҳарбий иш эди. Қайси подшоҳ улуфани кўпроқ берса, қайси жангдан ўлжа яхшироқ тушадиган бўлса, буларнинг кўпини ўша подшоҳ ва ўша жанг ўзига жалб қилар эди. Хисравшоҳ хизматидан Шайбонийхонга ўтган, унинг мағлубиятидан сўнг Бобурга келиб қўшилган бу ёлланма аскарлар беқарорликка ўрганган эдилар.

Агар Бобур фитначи бекларни туттириб жазолатадиган бўлса, уларнинг уруғ-аймоқлари аразлаб кетиб қолиши, сўнг қасд олишнинг пайига тушиши аниқ эди. Агар ички уруш бошланиб кетса, кейин Бобур шайбонийзодалар қаршисида заифлашиб, енгилиши муқаррар эди.

Бобур шуни ўйлаганда қалбидаги ғазаб ўрнини оғир хавотирлик туйғуси эгаллади.
— Мудом инсофу имонга хилоф хиёнатлар шу мўғул бекларидан содир бўлур! Яна булар дину маз-ҳабни ҳимоя қилмоқчиларми?!
— Бутун жаҳолат ана шундоқ нодонлардан чиқади-да, ҳазратим! Қулингиз ана шу жоҳилларнинг кайфиятини сезиб, дасторни олманг, деган эдим.
— Лекин олмай иложим бормиди?
— Йўқ эди, ҳазратим, сиз мутлақо тўғри қилдингиз! Энди буни ҳаммага яхшилаб уқтириш керак. Мўғулларнинг орасида ҳам яхшилари бор, фитна тайёрланганини менга мўғул авлодидан чиққан тоғаваччангиз Саидхоннинг ўзи келиб айтди. «Ҳазратимдан илтимос қилинг, иложи бўлса мени Андижонга юборсинлар», деди.
— Лекин Саидхон... берган тузимизни оқлабдир... Дуруст!
— Бошқа инсофлик мўғуллар ҳам кўп, ҳазратим. Сиз бир пора ёмон бекларнинг фитнасидан кўп маъюсланманг. Фақир чорасини ўйлаб қўймишмен.
— Хўш, қани?
— Саидхон сизга садоқатини исбот қилди. Уни хон кўтармоқчи бўлган беш-ўнта фитначи бекларга бир-икки минг навкарлари билан рухсат берайлик. «Бор, Андижонни шайбонийзодалардан ҳимоя қилиб ол!» дейлигу ҳаммаларини Қоратегин орқали жўнатиб юборайлик. Шу билан биз ҳам фитначилардан халос бўлурмиз, улар ҳам истаган хонларнинг хизматига ўтиб тинчирлар.
— Қолганлари яна бир кун хиёнат йўлига ўтса-чи?
— Қолганлари билан кейин мен ўзим яккама-якка гаплашиб чиқурмен. «Подшоҳдан гуноҳларингни сўраб олдим, бир марта шафе бўлдим, иккинчи марта бўлмасмен», деб тушунтирурмен. Бу ҳам кифоя қилмаса, шубҳалироқларининг кетига зийрак хуфялардан қўйиб қўйганмен. Агар яна бузуқлик қилсалар, унда тутиб келтирурмен, кейин истаганингизча жазо берурсиз!

4

Ниҳоят, барча режалар гаплашилган тарзда амалга ошди-ю, Бобурнинг мўғуллар билан биргаликда йигирма беш мингдан ошадиган қўшини ёз кунларида Амударёнинг Панж деб аталадиган юқори оқимидан ўтиб, Кўлоб орқали Вахш водийсига йўналди.

Шайбонийзодалар Шоҳ Исмоил қўшинининг Термиз томондан келаётганини, улар Бобур аскарлари билан қўшилса, енгиш мушкул бўлишини билар эдилар. Шунинг учун улар Убайдулла Султон бошлиқ бир қисм қўшинларини Қарши ва Самарқандда қолдиришиб, асосий кучларини Ҳисорга йиғиб келдилар. Темур Султон, Жонибек Султон, Ҳамза Султон ва Мамат Султон бошлиқ ўттиз минг отлиқ қўшин чўл ва водийлардан чиқиб, баланд тоғ оралиқларига шитоб билан кўтарилиб келмоқда эди. Улар Бобур қўшинини Вахш дарёсидан ўтказмасликка интилар эдилар.

Бироқ юқоридан тез тушиб келаётган Бобур бутун аскарлари билан Вахш бўйига душманидан анча олдин етиб борди ва Пули Сангин[6] деган кўприкдан ўтди. Сўнг одам оёғи тегмаган тик қоятошлар ва зовлар орасидаги баҳайбат даранинг даҳанасини[7] ва ҳарбий жиҳатдан қулай баландликларни эгаллаб олди. Пастдан ёпирилиб чиқиб келган ёв қўшини торгина йўл билан даранинг ичига киришга журъат этолмай тўхтади.

Султонлар от устида туриб анча вақт кенгашганларидан кейин Темур Султон бошлиқ ўн мингтача аскар даранинг ўнг томонига ўтди-ю, Бобур турган баландликка орқадан айланиб келмоқчи бўлди. Темур Султоннинг орқадан чиқиб келиб тўлғама ишлатишини Сарипул жангида кўрган Бобур унинг ниятини фаҳмлаб қолди. Дарҳол Мирзохон бошлиқ ўн минг отлиқни ёв айланиб ўтаётган томонга жўнатди. Айланиб ўтаётганлардан кўра тўғридан бораётганлар мўлжалланган жойга тезроқ етдилар ва баландликнинг Вахш дарёсигача бориб тақаладиган ҳамма муҳим нуқталарини ишғол қилдилар.

Вахш учуримли қоялар орасидан шундай даҳшат солиб оқар эдики, унинг қирғоғини ёқалаб ўтиб бўлмас эди. Темур Султон қаршисидан чиққан аскарларнинг сафини ёриб ўтмоқчи бўлиб, пешингача жанг қилди, лекин мухолиф томон юқоридан тош юмалатиб, ўқ ёғдириб, уларга йўл бермади.

Очиқ чўлларда ўсган, текис водийларда дадил ҳаракат қиладиган султонлар ҳаммаёғи бекик даралар ва тик қоятошли тоғлар орасида жуда қийналиб қолдилар. Уларнинг даштий отлари ҳам тоғда дуруст чополмас эди. Баъзилари тик ёнадан тушаётганда тоғда юришга мўлжалланмаган қуюшқон ва айиллари узилиб кетар, эгалари отларидан йиқилиб тушишар эди. Шундай йиқилиб тушганлардан бирини тутиб олиб, Бобурнинг олдига «тил» тариқасида келтирдилар. Бобур «тил»ни сўроқ қилдириб, шайбонийзодалар орасида уларнинг энг истеъдодли саркардаси бўлган Убайдулла Султон йўқлигини, бошқалари дуруст-роқ олишишнинг эпини тополмай, чекинишга ҳам журъат этолмай, иккиланиб турганини аниқлади.

Бобур ёв қўшини сафланиб турган пастликнинг яқинида сув йўқлигини билар эди. Ҳаво иссиқ. Куни бўйи югуриб-элиб чарчаган одамлар ва отлар ҳализамон чанқаб, сув қидиришга тушиши муқаррар. Сув эса ёв турган жойдан беш-олти чақиримча орқада эди.

Кеч кириб, кун бота бошлаганда Бобур одамларига: «Бугун энди жанг бўлмади, эртани кутамиз», дегандай қилиб, отидан тушди. Тепаликда Бобурнинг ёнида турган мингдан ортиқ аскарлар ҳам отдан намойишкорона туша бошладилар.

Буни даранинг ташқарисидаги шайбонийзода султонлар кўриб турардилар. Лекин даранинг ичида — султонларга кўринмайдиган жойда Бобурнинг асосий кучлари отдан тушмай, саф тортиб, ҳужумга шайланиб турар эдилар.

Тепаликда турган Бобур ён-веридаги барча навкарлари билан кечки пайтда отдан тушганини ва навкарлар сафини тарқатиб юборганини кўрган султонлар «бугун чиндан ҳам жанг бўлмайди» деб ўйлаган бўлсалар керак. Улар ҳам сафларини бузиб, баъзилари отларини етаклаган ҳолда орқага бурилишди ва сув излай бошлашди.

Бобурга шу керак эди. У сакраб отига минди-ю, дара ичида ёвга кўринмай тайёр турган бек ва нав-карларига қараб қичқирди:
— Ёғий чекинди! Зафар бизники бўлур! Таъқиб этинг! Бу буйруқ оғиздан-оғизга ўтиб, бир лаҳзада бутун сафларга тарқалди. «Ёв қочса ботир кўпаяди» деганларидек, ёв чекинганига ишонган дарадаги аскарлар даҳана ташқарисига шердай дадил ҳамла қилиб чиқдилар. Бобур ҳам қилич яланғочлаб, тепадаги туғбардорлари ва хос навкарлари билан пастга отилди.

Шайбонийзодалар дара ичидан ва тепадан тоғ кўчкисидай отилиб тушиб келаётган ўн беш минг қўшин қаршисида шошиб қолдилар. Улар бузилган сафларига қайтадан тартиб беришга улгуролмай, ваҳима ичида қочишга тушдилар.

Бу қочишни ўнг томонда Мирзохон билан олишаётган Темур Султоннинг одамлари ҳам кўрдилару яккаланиб, қуршовга тушиб қолишдан қўрқиб, нариги бир дарага қараб чекиндилар.

Бобур хос навкарлари билан бирга ёвнинг асосий кучларини таъқиб қилиб бормоқда эди. Ғира-шира қоронғилик тушганда унинг Муҳаммад Султон Дўлдай деган беки Ҳамза Султоннинг қўшинини тор-мор қилиб, ўзини асир олиб келди. Хуфтон кечроқ Хўжа Калон бошлиқ навкарлар Маҳди Султонни ҳам қўлга тушириб келдилар.

Қоракўл ва Андижонда бўлган кўпгина қирғинларнинг сабабчилари мана шу султонлар эди. Бобур уларни ўлимга ҳукм қилди.

5

Тиниқ куз осмонида оқ ипакдан ҳам нафис мезонлар учади. Самарқанд боғларида катта дона анорлар етилган, соҳиби узумлар ва нақш олмаларнинг энг ширинлари қолган пайт. Шаҳарнинг барча дарвозалари очиқ, кирди-чиқди бемалол. Ўн кундан бери Самарқандда на қўшин бор, на бир ҳокимият. Шайбонийзодалар Вахш бўйида Бобурдан енгилганларидан кейин Ғузор ва Қарши атрофларида яна астойдил бир жанг қилмоқчи бўлиб, куч тўплаб кўрдилар. Бироқ Бойсун тоғларидан нарида Бобур қўшинига Шоҳ Исмоил юборган ўттиз минг қизилбош аскари келиб қўшилгани маълум бўлгандан кейин султонлар иккинчи марта мағлубиятга учрашдан қўрқдилару Қарши, Бухоро ва Самарқандни жангсиз ташлаб чиқдилар. Фақат улар душманларига захира қолдирмасликка тиришиб қўлларига тушган ҳамма от-улов, мол-ҳол, дон-дунни талаб олиб кетдилар. Шу муносабат билан кўчманчи қабилаларнинг яна бир талон-торожини бошдан кечирган ва уларга қарши нафрати бениҳоя ошган ўтроқ аҳоли энди бутун нажотни Бобурдан кутиб, унинг йўлига умид билан кўз тика бошлади.

Бобур иттифоқдошлари билан Ғузордан Қаршига, ундан Бухорога ўтган, бу қўрғонларга ишончли одамларини қўйиб, энди Самарқандга келмоқда эди. Бундан хабар топган самарқандликлар Чорраҳа дарвозасини, унга келиб кирадиган Бухоро йўлининг икки четини дорпеч, гилам ва палаклар билан безатдилар. Йўл бўйига ўнлаб муваққат дўконлар қурилди, ҳайит кунларидаги каби сайил бошланди.

Шаҳарнинг энг обрўли одамларидан йигирма-ўттизтаси қўрғон калитлари ва қимматбаҳо пешкашлар билан Бобурни бир кунлик йўлда пешвоз олдилар. Эртаси куни Бобур саф-саф отлиқ қўшин олдида мулозимлари билан Самарқандга яқинлашар экан, йўлнинг икки бўйини халойиқ тутиб кетганини, ҳаммаёқ байрам тусини олганини, том устларида, дарвоза олдиларида карнайлар ва нақоралар чалинаётганини кўрди.

Бобурнинг Ҳисордаги ғалабаси шарафига ёзилган шеърий таърихлар[8], унинг Самарқандга келишини қутлайдиган сатрлар хаттотлар томонидан йирик-йирик ҳарфлар билан оқ ипак матоларга ёзилиб, йўл бўйларига, дўкон тепаларига, қўрғон ичининг кўзга кўринарли жойларига осиб қўйилган эди. Бобур хор-зор бўлиб чиқиб кетган ватанида бунчалик иззат-икром билан қарши олинишини хаёлига келтирмаган эди. У мавкаби билан шаҳарнинг марказий хиёбонидан Кўксаройга қараб ўтаётганда Улуғбек мадрасасининг баланд пештоқи ва миноралари устида қўшкарнайлар чалиб, нақораларни сайратиб, қувонч билдираётган ватандошларини кўрди. Шунда бирдан эти жимирлаб, кўзига ёш келди. Ёнида бораётган Қосимбекка қараб:
— Ишонгим келмас, тушимми бу, ўнгим? — деди.
— Ўнгингиз, ҳазратим! Ўнгингиз!

Хос навкарлардан сал кейинроқда саллаларига қизил ўтағалар қадалган Шоҳ Исмоилнинг беклари Аҳмадбек сўфи ўғли, Шоҳруҳбек Афшар, Муҳаммаджон эшик оғаси ўз мулозимлари билан бир тўп бўлиб келмоқда эдилар. Улар от устида ғолибларга хос виқор билан ўтиришар, юзларидан: «Биз бўлмасак Бобур Самарқандга қайтиб кўрсин эди!» деган бир маъно англашилар эди.

Самарқандликлар эса бутун карнай-сурнайларини Бобурга қаратиб чалишарди. Шоҳ Исмоилнинг бек ва навкарлари халойиқ олдидан ўта бошлаганда карнайлар ва нақоралар бирин-кетин тиниб қоларди. Қизилбошларнинг шафқатсиз ишлари ва шиа мазҳабини зўрлик билан тарқатиш борасидаги ҳаракатлари Самарқандга жуда ваҳимали овозалар тарзида етиб келган эди. Шаҳарнинг сунний аҳолиси саф-саф бўлиб ўтаётган қуролли шиаларга хавотирли, нохуш назар билан қарашарди. Халойиқнинг совуқ муносабатидан қизилбош бекларининг қовоқлари осилиб борар, Бобурга кўрсатилаётган иззат-икромлар уларнинг ғашларини келтирарди.

Бундай мураккаб ҳолатлар Қарши ва Бухорода ҳам бўлган эди. Бобур ватандошларининг меҳмондўстлик туйғусини уйғотиш учун шу куниёқ Самарқанднинг майдон ва кўчаларига жарчи чиқартириб: «Шоҳ Исмоилнинг ғозийлари бизнинг мўътабар меҳмонларимиздандир!» деб эълон қилдирди. Сўнг қувончли айём муносабати билан меҳмонларга ва шаҳар аҳолисига уч кунгача ош беришни буюрди.

Бобур ва унинг одамлари бундан ўн йил муқаддам қамалда қолиб, очликдан интиҳосиз машаққатлар чеккан Бўстонсаройда, маҳалла ва гузарларда, боғ ва сайргоҳлардаги юзлаб тандирларда осиёги нонлар, ширмойлар, патирлар, чаватилар ёпилди, минглаб товоқ ошлар тортилди, беҳисоб кўп қўйларнинг гўштларидан қовурдоқлар, кабоблар, шўрвалар тайёрланди, асил чоғирларга тўла хумлар очилди.

Бобур ҳар куни меҳмонлари ва мусоҳиблари билан чоғир ичиб хурсандчилик қилар эди. Тўй-томоша устига яна тўрт тарафдан хушхабарлар келиб турарди. Андижон, Марғилон, Ўш ва Ўзган ҳаммаси бирин-кетин шайбонийзодалар ҳукмидан чиқиб, Бобур томонига ўтган эди. Жанубда Қундуз, Кобул, Ғазна барчаси энди Бобурнинг қаламравидаги ягона мамлакатга айланганди. Унинг назарида, ҳаётининг энг бахтли даври бошланган, барча орзулари энди бекаму кўст рўёбга чиқиши керак эди.

Бироқ бу бахтнинг жуда омонат, жуда муваққат эканлиги энг аввал масжид билан бозорда билинди.

* * *

Самарқанд қўрғонининг Оҳанин дарвозаси яқинидаги улкан мармар масжиднинг текис тош тўшалган саҳнига йигирма минг намозхон тўпланган. Бугунги жума намозида хутба қандай ўқилишини кўпчилик самарқандликлар ўз қулоқлари билан эшитгилари келади. Чунки: «Бобур подшоҳ шиалар томонига ўтганмиш, чорёрлардан юз ўгириб, ўн икки имомни тан олганмиш!» деган миш-мишлар кўпайган, Бобурни қувониб қарши олган сунний мазҳабидаги одамлар, бу овозага ишонгилари келмас, бироқ унинг мухолифлари аҳолининг асабига тегадиган миш-мишларни тобора кўп тарқатишар эди. Бугун жоме масжидида ўқиладиган хутба бу овозаларнинг қанчалик рост, қанчалик ёлғонлигини аниқлаб бериши керак эди — қоидага биноан, хутбага ёки чорёрларнинг номи, ёки ўн икки имомнинг номи, албатта, қўшиб ўқилар эди. Буни биладиган одамлар жоме масжидининг ич-ташини тўлдириб юборган эдилар. Хутба ўқилишига бир соат қолганда масжид саҳнида бўш жой қолмади. Шундан кейин эшик ва дарвозалар олдида турган қуролли соқчилар ичкарига ҳеч кимни киргизмай қўйдилар.

Бир вақт масжиднинг орқа эшигидан садрлар судури Хўжа Халифа, Бобур, Қосимбек ва уч-тўртта қизилбош беклар кириб келишди. Бобур масжиднинг ич-ташига одам бениҳоя кўп тўпланганини кўриб, юраги изтироб билан «шиғ» этди. Бу одамлар унинг ҳозир қилмоқчи бўлган қалтис иши муваққат бир чора эканини тушунишармикан?

Мана шу вазиятда энг тўғри йўл — шоҳ қўшинини «отанг яхши, онанг яхши», деб силаб-сийпаб, ватанига жўнатиб юбориш эди. Аввалдан келишилган шартларга биноан, Бобур Шоҳ Исмоилни олий ҳоким деб эълон қилиши, хутбага унинг ва ўн икки имомнинг номини қўшиб ўқитиши, кейин шоҳнинг номидан пул зарб қилиши керак эди. Шу шартлар бажарилса, Шоҳ Исмоилнинг беклари ўз қўшинларини Мовароуннаҳрдан олиб чиқиб кетишга кўнар эдилар. Юқоридаги шартларни хўжа-кўрсинга бўлса ҳам бажариб, бегона қўшиндан тезроқ халос бўлиш тўғрироқ эканини Қосимбек ҳам, бошқа сирдош аъёнлар ҳам тушунган эди. Хўжа Халифа ҳам бугунги хутбани Бобур истаган тарзда ўқишга рози бўлган эди. Режага биноан, Хўжа Халифа самарқандлик сунний намозхонларнинг ғазабига қолмаслик учун чорёрларни умумий бир тарзда номларини тилга олмай айтиб ўтиши, ўн икки имомни эса қизилбош бекларни қониқтирадиган оҳангда номма-ном тилга олиши керак эди.

Узун мош-гуруч соқоли киндигига тушадиган Хўжа Халифа барча қавмларнинг олдида туриб, жума намозини ўқиди-ю, кейин қўлига ҳассасини олиб, масжид тўридаги мармар зинапояли минбарга кўтарила бошлади.

Йигирма минг намозхон ҳаммаси жим. Масжид саҳнини тўлдирган одамларнинг ҳаммаси гўё ўзларининг сунний мазҳабларини намойиш қилмоқчи бўлгандек бошларига тўрт ўрамлик саллалар ўраган эдилар. Сунний саллаларнинг саноқсиз кўплигидан ғаши келган элчи Хўжа Халифанинг бошидаги дасторга қаради. Ўрамлари тўрттадан кўп, аммо ўн иккита ҳам эмас. Санаб бўлмайди. Муҳаммаджон эшик оғаси Бобур ва Қосимбекнинг бошларидаги саллаларга қаради. Буларнинг ўрамлари ҳам тўрттадан кўп, аммо ўн иккитадан оз. Бу саллалар шундай ўралганки, ўрамини санаш мумкин эмас.

Муҳаммаджон эшик оғаси бунда қандайдир маъно борлигини сезиб, сергакланди. Наҳотки Бобур Қундузда берган ваъдасини бажаришдан бош тортмоқчи бўлса?

Муҳаммаджон эшик оғаси Хўжа Халифанинг ҳаракатларини сергак туриб кузата бошлади. Масжид саҳнидаги одамлар ҳам нафасларини ичларига ютиб, хутбанинг бошланишини кутмоқда эдилар. Умумий жимликда Хўжа Халифанинг йўғон товуши алланечук титраб, из-тиробга тўлиб эшитилди:
— Бисмилла-аҳу раҳмо-онур раҳим!

Минбарда турган Хўжа Халифа йигирма минг сунний намозхоннинг ўзига сергакланиб тикилаётганини кўрди-ю, тиззаси ҳам қалтирай бошлади. Мана, у оллоҳ шаънига, пайғамбар шаънига битилган сурани ўқиб тугатяпти. Энди чорёрлар тилга олиниши керак. Наҳотки, Хўжа Халифа — ёшликдан сунний мазҳабида чорёрларга зўр эътиқод билан тарбияланган одам энди шунча намозхоннинг умидини пучга чиқарса? Унинг қаршисида йигирма минг салла турибди. Бу саллалардан ҳар бирининг қатларида чорёрларнинг руҳи яшашига Хўжа Халифа болаликдан ишонади. Ҳозир намозхонларнинг бошлари сабрсизлик билан қимирлаганда Хўжа Халифага салла ўрамларидаги арвоҳлар қимирлагандай туюлди. Агар у чорёрларга ҳурматсизлик қилса, арвоҳ уриб кетадигандай бўлди.

Йўқ, Хўжа Халифа чорёрларнинг арвоҳидан қўрқади. Шунинг учун:
— Чорёри босафолар Ҳазрати Абубакир! Ҳазрати Умар! — деб ҳозир айтиши керак бўлмаган номларини бирдан хутбага қўша бошлади.

Бобурнинг орқасида турган минглаб намозхонларнинг қувонч билан енгил нафас олгани эшитилди. Муҳаммаджон эшик оғасининг эса ранги ўчиб кетди. Унинг нариги ёғида турган Шоҳруҳбек Афшар қиличининг сопини чангаллаб, минбарга томон интилди.

Шиалар Абубакир, Умар ва Усмонни бугунги тирик душманларидек ёмон кўришар, масжидда уларни улуғлаган ҳар бир суннийни чопиб ташлагилари келар эди. Ҳиротнинг жоме масжидида чорёрларни улуғлаган Зайниддин деган хотибни қизилбошлар намозхонларнинг кўзлари олдида қилич билан чопиб парчалаб ташлаганини Бобур эшитган эди. Ҳозир у Шоҳруҳбекни билагидан олиб, илтимоскорона товуш билан:
— Бек жаноблари, сабр қилинг, сабр! — деди. Бу орада Хўжа Халифа чорёрларнинг номини айтиб бўлди-ю, қизилбошлар севадиган имомларни хутбага қўша бошлади.
— Ҳазрати Имом Ҳасан! Ҳазрати Имом Ҳусайн! Ҳазрати Зайналиддин Али!

Шоҳруҳбек Афшар бу номларни эшитиб қўлини қиличининг сопидан олди-да, қаторга қайтиб кирди. Аммо орқадаги намозхонлар орасида шундай бир асабий шовур-шувур бошландики, Хўжа Халифа қолган имомларнинг номини бақириб айтишга мажбур бўлди.

Орқадан кимдир:
— Э, бас, бас! — деб қичқирди. Бироқ намозхонлар орасига тартиб ўрнатиш учун қўйилган девқомат навкарлардан бири «бас!» деб қичқирган одамнинг оғзини улкан кафти билан бекитиб, бўйнидан судраб олиб чиқиб кетди.

Хотиб ўн икки имомни номма-ном санаб бўлиб, уларнинг муқаддас ишини бугун давом эттираётган соҳиби замон Шоҳ Исмоил Сафавийни мақтаб сўзлай бошлаганда, масжид саҳни яна ҳам асабийроқ жунбушга келди. Фақат Хўжа Халифа Бобурни Мовароуннаҳрнинг подшоси, деб эълон қилганда шовқин хиёл босилди.

Хутбадан сўнг уй-уйига тарқалган намозхонларнинг баъзилари: «Бобур мирзо Мовароуннаҳрнинг подшоси бўлди, тахтини келгиндига бермади», деб тасалли топмоқчи бўлса, бошқалар:
— Пок мазҳабимизга рофизийлик аралашди, — деб шивирлади. — Ҳаром бўлдик! Чорёрларнинг қарғишига қолдик! Яна қимматчилик бўлгай! Яна очарчилик бошлангай!

* * *

Бобур қизилбошларнинг шартларини адо этиб, уларни тезроқ жўнатиб қўйиш учун Шоҳ Исмоил инъом қилган ўша машҳур дасторни тахтга чиққанда бошига кийиб кўриниш берди. Сўнг Шоҳ Исмоилнинг тамғаси билан бир неча минг танга пул зарб қилдириб, бу пулларни қизилбошларнинг ўзларига тарқатди.

Шу муносабат билан шаҳару қишлоқларда ҳар хил миш-мишлар аввалгидан ҳам кўпайиб кетди. Гўё афсонавий китобларда битилган Яъжуж-Маъжужлар мана шу қизилбошлар эмиш. Бобур қизилбошларнинг салласини Кўктошга кийиб чиққанда муқаддас тошнинг бир чети ёрилиб кетган эмиш. Энди Шоҳ Исмоил Самарқандга келиб мана шу Кўктошга чиқармиш. Ўшанда қиёмат-қойим бошланармиш.

Шайбонийзодалар Самарқандда қолдириб кетган мулла ва дарвиш кийимидаги хуфиялар маҳалла-куйларда, бозорларда ваҳимали овозалар тарқатиб, шиа-сунний низоларини мумкин қадар алангалантиришга тиришар эдилар. Бозорда нарх-наво ошиб кетаётганини ҳам шиаларнинг касофатидан кўраётган оми кишилар қизилбошларга нафрат билан қарар эдилар.

Битимдаги шартлар бажарилгандан кейин қизилбошлар юртларига қайтиб кетишга ҳозирлана бошладилар. Уларнинг беш-олтитаси Самарқанднинг Чорсусидаги атлас дўконига совға сотиб олиш учун келди.

Бозор куни. Чорсуда одам жуда кўп. Қизилбош навкарлар етти хил ранг билан товланаётган Самарқанд атласига харидор бўлиб қолишди. Мулла ёқа кўйлак кийган семиз баззозга қараб, тўрт кийимлик атлас кесишни буюришди.

Баззоз ёғоч газни қўлига олди-ю, қизилбош нав-карларга истеҳзоли кўз ташлаб:
— Аввал пулингни кўрсат, — деди. — Ақчанг қандоқа? Танганг?

Катта чўгирма кийган бир йигит чарм ҳамёнидан уч-тўртта кумуш танга олиб, баззозга берди.

Баззоз тангаларнинг олд томонига Шоҳ Исмоилнинг тамғаси орқа томонига шиа имомларининг номи зарб берилганини кўрди-ю, қўрқиб кетди. У сунний муллаларнинг: «Шиа пули ҳаром, уни олган одам чорёрларнинг қарғишига учрайди», деган гапларини эшитган эди. Шунинг учун қўлига тангани эмас, заҳарли чаёнларни олгандай жирканиб ва шошиб тангаларни эгасига қайтарди.

Белига қилич ва ханжар таққан девқомат қизилбош навкар аввал кафтидаги янги кумуш тангаларга, сўнг баззозга таажжуб билан тикилди.
— Не ўлди?! Бу оқчада не иллат ва-ар?
— Бизда бу тангалар ўтмайди. Ҳеч ким олмайди.
— Нечун олмассан? Нечун? — куйиб-пишиб сўради қизилбош навкар.
— Ўтмайди.
— Нечун ўтмас?!

Бу саволга четроқда турган безоринамо бир йигит жавоб берди:
— Келгиндиларнинг пули ҳаром!
— Ҳаром?! — деб қизилбош навкар ҳалиги йигитга қараб интилди. Аммо у йигит ўзини бозор тўла халойиқнинг орасига урди. Шунда дўконлар орасидан кимдир қизилбош навкарга тош отди:
— Рофизийлар, кет юртингга! — деган товуш эшитилди.

Кўзларидан олов чақнаётган иккинчи қизилбош баззоздан таҳдид билан чўзиб сўради:
— Бизим ақчани олмас-са-ан?!

Баззоз энди унинг ғазабидан қўрқиб, мулойимроқ гапирди:
— Олсам, куйгаймен, меҳмон. Биз эски ақчада савдо қилишга ўтганмиз.
— Эски ақча? Шайбонийхоннинг ақчаси керакми?

Ҳозир Самарқанд бозорида чиндан ҳам Шайбонийхон чиқарган тангалар яхши ўтарди. Бу тангаларга суннийлар сиғинадиган чорёрларнинг номи битилган эди. Савдогарлар учун бундан ҳам муҳими — Шайбонийхон тангаларининг вазни оғирроқ, демак, қиймати баландроқ эди.

Шайбонийхон ўлимидан уч-тўрт йил бурун Ҳиротдан то Тошкент ва Туркистонгача бўлган вилоятларда пул ислоҳоти ўтказган, рақибларидан молия соҳасида ҳам устун келиш учун ўз тангаларининг оғирлигини темурийлар чиқарган тангаларнинг вазнига нисбатан бир данг[9] оширган эди. Шунинг учун ҳозиргача бутун Хуросон ва Мовароуннаҳр бозорларида Шайбонийхон тангаларининг харидори кўпроқ эди. Лекин баззоз ғазаби келиб турган қизилбош навкарига буни очиқ айтмади.
— Шайбонийхон йўқ, ўлган, — деди.

Шу пайт кимдир узоқдан:
— Самарқандни бўшат, келгинди! — деди-ю, дўкон олдида турган қизилбошга кесак отди. Кесак унинг телпагига тегиб ушалди-да, чанги юзига тушди. Халойиқ орасидан аллакимларнинг кулгани эшитилди. Қизилбош навкар эгри қиличини қинидан суғуриб, кесак отган одамни кўзлари билан қидирди, аммо тополмади. Сўнг яна семиз баззозга юзланди. Сўзининг охирги бўғинини чўзиб сўради:
— Шоҳ Исмоилни ақчасин алмас-сан?

Баззоз унинг қиличидан қўрқиб, титраб гапирди:
— Мен олсам балога қоламен.

Қизилбош яна бир марта:
— Алмасса-ан?! — деб чўзиб сўради-ю, кейин четдан отилган тош ва кесакларнинг аламини ҳам баззоздан олиб унинг елкасига бор кучи билан қилич урди. Ўткир қилич баззознинг гўштдор елкасини бўйнининг олдидан киндигигача кесиб тушди. Шунда иккинчи қизилбош ҳам қиличини яланғочлади-ю, чўккалаб қолган баззознинг бошини бир зарб билан танасидан жудо қилди. Семиз баззознинг бошсиз бўйнидан шариллаб отилган қон дўкон ичидаги атласлар ва ипак матоларга сачради.

Буни кўрган одамлар қий-чув кўтариб, ваҳима ичида қоча бошладилар.

6

Шиа-сунний низолари бундай қонли тўқнашувларни тобора кўп келтириб чиқараётгани қизилбош бекларни ҳам ташвишга солиб қўйди. Бобур ўзининг Шоҳ Исмоил билан тузган иттифоқига содиқ эканини уларга қайта-қайта уқтириб, нуфузли бекларга қимматбаҳо саруполар, отлар, олтин-кумуш пуллар инъом бериб, ниҳоят, қиш чилласи чиққанда ўттиз минг қўшинни Мовароуннаҳрдан Эронга жўнатиб юборди.

Шундан сўнг Самарқанд анча тинчиб қолди. Тошкент, Хўжанд, Ўратепа ҳам шайбонийлар ҳукмидан чиқиб, Бобур томонига ўтганлиги ҳақида хушхабарлар келди. Қизилбошларни уч ой давомида боқиш ва қимматбаҳо совғалар билан кузатиш пайтида анча бўшаб қолган хазина ўша шаҳарлардан келган пешкашлар билан яна анча тўлди.

Самарқанд боғлари оқ-пушти бодом гуллари билан безана бошлаган илк баҳор кунларида Бобур бир тўп яқинлари билан отланиб, Улуғбек расадхонаси томонга сайрга чиқди.

Ўнтача қўрчи навкарларни тўриқ қашқа от минган Тоҳир бошқариб бормоқда эди. Оқ отлиқ Бобурнинг икки ёнида Қосимбек билан марғилонлик Хўжа Калонбек. Улардан орқароқда ўтган ҳафта Ҳиротдан келган мавлоно Фазлиддин ювош қора отга миниб ўйчан келмоқда. Ички беклар орасида мунши ҳам, мактаб-мадраса ишлари билан шуғулланувчи бир мударрис ҳам бор. Отлиқлар Обираҳмат ариғига етмай Боғи Майдон томонга бурилдилар. Улуғбек замонида жуда обод ва машҳур бўлган, бундан ўн беш йил олдин ҳам файзлик турган Боғи Майдон шайбонийлар даврида қаровсиз қолиб, ички ариқлари бекилиб кетган, сувсизликдан кўпгина дарахтлар қуриб қолган эди. Икки қаватлик нақшин кўшк — Чиннихонанинг шифтидан томчилар ўтиб ажойиб расмларнинг анчаси ўнгиб кетган эди.

Бобур бунинг ҳаммасини кўриб чиққач, мавлоно Фазлиддинга юзланди:
— Мавлоно, биз сизни Ҳиротдан чорлаб келтирганда янги қасрлар, чорбоғлар қурдириш умидида эдик. Аммо оламга машҳур қадимий обидаларимизнинг бу аҳволини кўриб, ўзингиз ҳам таассуф этсангиз керак!
— Ҳазратим, Улуғбек мирзонинг оламда ягона расадхонаси ҳам мана шу Чиннихона каби ташландиқ аҳволдадир, — деди мавлоно Фазлиддин. — Кеча кўриб кўнглим вайрон бўлди. Олтмиш йилдан бери қаровсиз. Нодир асбоб-олотлари таланган. Деворларидан кошинлари, мармар тошлари кўчириб кетилган. Шу аҳволда ташлаб қўйилса уч ошиёнлик расадхона кўп вақт ўтмай харобага айланур.
— Демак, шошилинч чоралар кўрмоғимиз даркор, жаноб Қосимбек. Бизнинг хос меъморимиз мавлоно Фазлиддин қандай маблағу кўмак талаб қилсалар берайлик, Улуғбек мирзодан ёдгор қолган Чиннихонаю расадхоналар дарҳол таъмир этилиб, аслидек тиклансин.

Қосимбек енгил бир таъзим билан:
— Ҳазратим, амрингизни жоним билан адо этгаймен! — деди. — Чиннихонани таъмирлаш унча мушкул эмас. Боғнинг кўмилиб кетган ариқларини ҳам очгаймиз, гуллар ўстирурмиз.
— Наврўз байрамигача улгургаймисиз? — сўради Бобур. — Бу йилги Наврўз базмини мана шу Чиннихонада ўтказайликми, а, жаноб Калонбек?

Ичкилик базмларини яхши кўрадиган Хўжа Калонбек мамнун жилмайди:
— Доно фикр айтдингиз, ҳазратим! — деди. — Самарқандда боғбонлару наққошлар етарлик. Ҳамма ҳунарпешаларга мавлоно Фазлиддин саркор бўлурлар. Наврўзгача бу боғ обод қилинмоғи керак.

Мавлоно Фазлиддин қўлини кўксига қўйиб, Бобурга юзланди:
— Чиннихонани тиклаш мумкин, ҳазратим, аммо расадхонани не қилурмиз?
— Уни ҳам тикламоқ зарур, жаноб Қосимбек, — деди Бобур.

Қосимбек расадхонани тиклашдан қўрқарди. Чунки шайхлар сўнгги ўн йилликлар давомида расадхонани динсизлар макони деб лаънатлаб, авом халқни шунга ишонтириб қўйган эди. Агар Бобур расадхонани қайта тиклаб, яна ишга солиб юборса, Улуғбекнинг бошини еган қора кучлар унинг жонига ҳам қасд қилиши мумкин эди. Қосимбек шуни ўйлаб:
— Ҳазратим, ётган илоннинг думини босмайлик, — деди. — Расадхонани таъмирлаганимиз билан унда иш олиб борадиган етук олимларни қайдан топгаймиз? Олтмиш йилдан бери кекса авлод олимлар ўлиб, ёшлари бошқа юртларга кетиб қолмишдир.
— Кетганларини чорлаб келтириш мумкин, жаноб Қосимбек, — деди Бобур ва муншига юзланди: — Бизнинг номимиздан қадағалар битинг.

Мунши дарҳол қўйнидан дафтар-қалам олиб, тикка турган кўйича ёза бошлади.
— Улуғбек яратган фалакиёт амалий илмидан хабардор олимлар Ҳиротдами, Румдами, Табриздами, қаердаки бўлсалар, бизнинг номимиздан уларни Самарқандга таклиф этинг. Расадхонани қайта очмоқчи эканлигимизни, кимда-ким Мирзо Улуғбекнинг буюк ишини давом эттирмоқчи бўлса барча имкониятларни яратиб беражагимизни маълум қилинг. Агар келсалар йўл харажатларини биз зиммамизга олурмиз. Бу қадағаларни элчиларимиз орқали Ҳиротга ҳам, Румга ҳам тезда жўнатмоқ сизга топширилди, жаноб мунши!

Мунши Бобур айтганларини дафтарига ёзиб бўлиб:
— Амрингизни бажаришга дарҳол киришурмен! — дея таъзим қилди-да, Чиннихонадан пастга тушиб кетди.

* * *

Мавлоно Фазлиддин саркор бўлиб, Боғи Майдоннинг кўмилган ариқларини қайта кавлатишда, қуриган дарахтларни олиб ташлаб, ўрнига майса ва гуллар ўстиришда, Чиннихонани таъмирлаб ораста қилишда унча қийналмади — инсоф билан ҳақ тўланса ишлаб чарчамайдиган ҳунарпешалар, боғбон ва деҳқонлар жуда кўп эди. Лекин усталарни расадхонага олиб бориб ишлатиш ва уч қаватли улуғвор доирашакл бинонинг нураган, бузилган жойларини таъмир этиш бениҳоя мушкул бўлди. Тепадан ер қаърига тушиб кетган ярим доира шаклидаги зинапояларга яқин борган усталар худди ҳозир жаҳаннам қаърига қулаб тушадигандек қўрқа бошларди. Диндорлар расадхонани: «Дўзахийлар макони, ким унга кирса жин чалиб, арвоҳ уриб кетади!» деб, аҳолининг катта бир қисмини бунга ишонтириб қўйган эдилар. Улуғбекнинг вафотидан сўнгги олтмиш йил ичида жуда кўп мактаб ва мадрасалар бекилган, саводсиз жоҳил кишилар кўпайиб кетган, уларга мутаассиб шайхларнинг таъсирлари бениҳоя кучайган эди.

Шундай бўлса ҳам мавлоно Фазлиддин ишсиз юрган уста ва коргарлар[10]га яхши ҳақ тўлаб, дастлабки кунлари элликтача одамни расадхонадаги таъмир ишларига олиб чиқди. Иккинчи-учинчи қаватнинг шифт ва деворларидаги нураган жойларини тузатиш учун ҳавозалар қурилди. Лекин ўша кундан бошлаб расадхона атрофларида жоҳил қаландарлар тўдаси ҳам кўпайиб кетди. Улар давра тортиб, зикр тушиб, «Ҳақ дўст ё олло!»ни муттасил такрорлаб, чорёрларнинг руҳига шак келтирганларини арвоҳ уришини шеърга солиб, «каромат» қила бошладилар. Бу қаландарлар орасида шайбонийзодаларнинг жосуслари ҳам бор эди. Ана шу жосуслардан бири коргар бўлиб ёлланиб, расадхонанинг ичида ғишт ташиб ишламоқда эди.

Бу жосус уч-тўрт кун таъмирчилар ичида юриб, уларнинг энг дадили ва Бобур мирзога ихлосманди, қирқ беш ёшлардаги бир кошинкор уста эканини аниқлади. Хонлар жосуси мана шу устани учинчи қаватда ҳавоза устида ишлаётган пайтида киши билмас қилиб ҳавозадан паст-га итариб юборди. Учинчи қаватдан тош уюми устига боши билан қулаб тушган уста ўша заҳоти жон берди.

Кўчаларда зикр тушиб юрган қаландарлар: «Устани арвоҳ урди!», «Худо ғазабини кўрсатди!» деб вайсай бошладилар. Бу фалокатдан сўнг қолган уста ва коргарлар расадхонага келмай қўйишди. Мавлоно Фазлиддин ишга зор бўлиб ярим оч юрган бошқа уста ва коргарларни ёлламоқчи бўлса, нуқул: «Расадхонада ишлаб топилган пул ҳаром эмиш! Борган одамни арвоҳ уриб ўлдирармиш!» деган ваҳимали гаплар эшитар, оми одамлар ундан балодан қочгандай қочар эди...

* * *

Бўстонсаройнинг тиллакори қабулхонасида Амударё бўйидаги Урганч ва Қоракўл шаҳарларидан хушхабарлар билан келган бек ва аъёнлар шарафига зиёфат берилмоқда эди. Шайбонийзодалардан кўп жабр кўрган бу шаҳарлар ҳам Бобурни ўзларига олий ҳукмдор деб тан олишган ва қимматбаҳо совғалар бериб юборишган эди. Ўз вақтида Шайбонийхон Қоракўл ва Урганчни забт этиш учун ойлар давомида жанг қилган, беҳад кўп қон тўкиб уларни олган эди. Мана энди бу шаҳарлар жангу жадалсиз элчи юбориб, Бобур томонига ўтганлиги унда зўр бир ифтихор туйғусини уйғотди. Бобур ёшликдан кўнглига туккан орзусига — бутун Мовароуннаҳрни бирлаштириш, Улуғбек давридаги улкан давлатни қайта тиклашга мана энди муяссар бўлаётганидан бениҳоя шод. Қундузда биринчи марта бошланган ичкилик базмлари Самарқандда давом этиб, авжига чиқмоқда. Эришилаётган ғалабалар шарафига бек ва аъёнлар навбатма-навбат зиёфат беришиб, Бобурни деярли ҳар куни таклиф қилишади, унга энг нодир, энг ажойиб майларни ичириб, хурсанд қилишда бир-бирларидан ўзишга интилишади.

Фақат Қосимбек ҳамон ичкиликни оғзига олмас, пайтини топса Бобурни ҳам ҳушёрликка ундар, мамлакат ичида қора кучлар бош кўтараётганини, шимолдаги даштда эса шайбонийзодалар ҳаёт-мамот жангига тайёрланаётганини такрор-такрор эслатар эди.

Лекин Бобур унга жавобан сўнгги пайтда ёзган бир ғазалидан тўрт сатр ўқиб берди: Ёз фасли, ёр васли, дўстларнинг суҳбати,
Шеър баҳси, ишқ дарди, боданинг кайфияти.
Ёз фаслида чоғир ичмакнинг ўзгача ҳоли бор,
Кимга бу нашъа муяссар бўлса бордир давлати.
Бу ғазалга куй басталаниб, қабул маросимларида ҳам айтиладиган бўлган эди. Ширакайф Бобур:
— Жаноб Қосимбек! — деди. — Эшитдингизми, Самарқанд мактабларида болалар мен ихтиро қилган хат билан жуда тез саводхон бўлмоқда эмишлар. Мана, мударрис жанобларидан сўранг...

Бошида саллаю қўлида май тўла қадаҳ билан таъзим қилиб турган мударрис:
— Жаноб Қосимбек, — деди, — халқимизни жаҳолат панжасидан қутқариб олишда ҳазратим ихтиро қилган Хатти Бобурий ажойиб бир восита бўлиши аниқ! Қуръон хати гар-чи биз учун азиз, аммо зеру забарлари, шикаста усуллари савод чиқаришга беҳад мушкул. Хатти Бобурий эса зеру забарсиз, ўрганишга осон.

Қосимбек Бобурнинг бундан уч йил олдин Кобулда ихтиро қилган хати Сирдарё бўйидаги Сиғноқдан топилган қадимий туркий ёзувга[11] асосланганини билар эди. Араб ёзувини «Қуръон хати муқаддас», деб ҳисоблайдиган руҳонийлар ислом динидан олдин тарқалган қадимий ёзувларни қаттиқ қоралаб, топилган жойида ўчириб ташлашни буюрар эдилар. Бобур эса буни жаҳолат ҳисоблар, қадим замонда ихтиро қилинган туркий ёзувнинг динга алоқаси йўқлигини айтар, Хатти Бобурийни шунинг учун халқ орасида тарқатмоқчи бўлар эди.

Ичкилик базми пайтида бу мураккаб мавзуларда гапиришни ёқтирмайдиган Қосимбек орадан икки кун ўтгач, девони хосда ўтирган Бобурнинг ҳузурига мавлоно Фазлиддин билан Хатти Бобурийни тарқатиб юрган мударрисни бошлаб кирди.

Уларнинг учови ҳам алланарсадан жуда безовта эканини сезган Бобур:
— Тинчликми, жаноблар? — деди.
— Ҳазратим, — деди мударрис. — Хатти Бобурийни тарғиб қилиб мактаб очган бир мактабдорни авбошлар тошбўрон қилиб ўлдирмишлар.
— Ўлдирмишлар?! — деб Бобур ўрнидан туриб кетди.— Бу не жаҳолат, жаноб Қосимбек? Бизга қарши ғулуми?!
— Ҳазратим, мутаассиб шайхлар билан қаландарлар ҳамма жойда бизга қарши иш олиб бормоқдалар. Расадхонада бир уста ҳавозадан йиқилиб ўлгандан бери таъмир ишларига одам ёллаш мумкин бўлмай қолди. Масжидда ваъз айтган муллалар Хатти Бобурийни «Шоҳ Исмоил юборган шиалар хатти» деб эълон қилган эмишлар. Шу овоза бутун шаҳарга тарқалиб, охири ҳалиги мактабдорнинг тошбўрон бўлишига олиб келмишдир.
— Бу ёлғон овозани тарқатганларни нега ҳибсга олмадингиз? — қаҳр билан сўради Бобур. — Ахир бу хатнинг Шоҳ Исмоилга мутлақо алоқаси йўқ-ку.
— Хўжа Халифа шуни масжиди жомеда минбарга чиқиб айтмоқчи бўлган экан, «Ёлғон! Кофирлар хати ҳаром! Қуръон урсин сен Халифани!» дейишиб, жоҳиллар уни минбардан тортиб туширмишлар. Агар Тоҳирбек бошлиқ соқчиларимиз Хўжа Халифани қутқариб қолмасалар, жоҳиллар уни ҳам ўлдиришлари мумкин экан. Авбошлардан йигирма-ўттизтасини ҳибсга олдик. Аммо Хўжа Халифага қарши ваъз айтган муллалар Хўжа Аҳрори валийнинг авлодларидан экан. Уларни сиздан бемаслаҳат ҳибсга олишга журъат этмадим.

Бобур аҳволнинг нақадар жиддийлашиб кетганини энди сезди. Хўжа Аҳрор авлодини ҳибсга олиш — ёнай деб турган оловни пуфлаб алангалатиш билан баробар эди.
— Қўшиннинг кайфияти ҳам яхши эмас, ҳазратим,— деб давом этди Қосимбек. — Ҳозир ичак узилди пайт, нарх-наво кўтарилган. Шайбонийзодалар чиқарган олтин-кумуш тангаларнинг вазни биз чиқарган тангалар вазнидан ортиқ бўлганлиги учун уларнинг бозори чаққон. Беку навкарлар улуфани оширишни талаб қилмоқдалар. Уларга улуфа оширилса, хазинада пулимиз етмас.
— Ундоқ бўлса таклифингиз недур?
— Таклифим шуки, ҳазратим, бекларни дарҳол машваратга тўплаб, фавқулодда чоралар кўрмоқ лозим.
— Биламен, беклар даштда изғиб юрган шайбонийзодаларга қарши урушмоқ қасдидалар. Янги вилоятлар олинса, беку навкарлар ўлжадор бўлурлар. Беш ойдан бери Самарқандда жангсиз туриб қиличлари қонсираган.
— Уларнинг касблари уруш бўлгандан сўнг бекор тургилари келмайди-да. Ҳозир шайбонийзодалар шимолдан Бухорога яқинлашиб келмоқда эмишлар.
— Аниқ ахборот борми?
— Кўрган одам келиб айтди. Саркардалари Убайдулла Султон эмиш. Ўн минг қўшини бор эмиш. Буни Самарқанддаги шайху қаландарлар ҳам эшитган бўлсалар керак. Шайбонийзодалар ташқарида жонланган сари ичкарида булар бизни «Шиага сотилган рофизийлар!» — деб халққа ёмонлаб, қора кучларни қўзғатмоқдалар.

Бобур мавлоно Фазлиддин билан мударрисга афсусли бир назар ташлади-да:
— Жаноблар, маърифат муаммоларини бу аҳволда ҳал этолмайдиган кўринамиз, — деди. — Хатти Бобурийни мактабда ўқитиш ҳозирча тўхтатилсин. Расадхонани ҳам кейинроқ тиклагаймиз... Биз энди бутун эътиборни ҳарбий ишларга беришга мажбурмиз.

Мударрис билан мавлоно Фазлиддин маъюс қиёфада орқалари билан юриб чиқиб кетдилар. Қосимбек билан Бобур Убайдулла Султонга қарши Бухоро томонга қўшин тортиб боришнинг маслаҳатини қила бошладилар...

* * *

Бухорога ҳужум қилган Убайдулла Султоннинг ўн минг кишилик қўшини Бобурнинг Самарқанддан ўттиз минг қўшини билан келаётганидан хабар топиб, Қизилқум саҳросига қараб чекинди. Бобур қўшини Бухоро атрофида тўхтаб, душманнинг яна қайтиб келишини кутиши мумкин эди. Лекин душман аскарлари сон жиҳатдан уч баробар кам бўлгани учун Бобур уни дадил таъқиб этишга қарор берди-ю, қўшинини қумтепалар орасига бошлаб кирди. Убайдулла Султонга шу керак эди. Бобур қўшинининг энг садоқатли қисми тоғлик жойда яхши жанг қилиб ўрганган, отлари чўлда, қумтепалар орасида дуруст чополмайдиган жангчилар эди. Бундан ташқари, шиа-сунний зиддиятлари Бобурга Қундузда қўшилган йигирма минг кишилик мўғул қўшинининг руҳига ёмон таъсир қилган эди. Уларнинг орасига кириб борган суннийпараст муллалар: «Бобуршоҳ шиалар билан иттифоқ тузиб, пок мазҳабини булғади, энди пайғамбаримиз уни эмас, суннийни пок тутган шайбонийзодаларни қўллаб-қувватлагай», деган эътиқодга кўпларни ишонтирган эдилар.

Барханлар ичида замбарак ортилган аравалар қумга ботиб, отлар яхши чополмай, Бобур қўшинининг сафи чувалиб кетди. Пайтдан фойдаланган беш мингга яқин қундузлик мўғуллар Убайдулла Султон томонига қочиб ўтиб кетди.

Қизилқумда кўп юриб, унинг пасту баландини биладиган, Кўли Малик[12] деган жойда отлиқ жанг учун энг қулай ўринларни эгаллаб ётган Убайдулла Султоннинг қўшини яна тўлғама усулини ишлатиб, Бобур қўшинининг икки қанотини букди-ю, орқасига ўтиб олди. Тўрт томондан берилаётган зарбалар устига беш минг хоиннинг бирдан ёв томонига ўтиб кетиши жанг тақдирини бир неча соатдаёқ ҳал қилиб қўйди.

Бобур Қизилқумда мағлубиятга учраб, қолган-қутган аскарлари билан Самарқандга, ундан Ҳисорга чекиниб борганда қаршисидан Шоҳ Исмоил юборган Нажми Соний олтмиш минг қизилбош аскари билан таҳдидли суратда чиқиб келди.

Оғизда Нажми Соний Бобурга ёрдамга келган эди.

Бироқ аслида у Бобурга жазо бермоқчи эди. У қизилбош қўшинларининг Самарқанддан тез қайтариб юборилганидан норози эди. Бобур Мовароуннаҳрда мустақил давлат тузаётганини, унинг шиаларга ён босиши — муваққат чоралигини хуфиялар Шоҳ Исмоилга аллақачон етказган эдилар. Шоҳ Исмоил Мовароуннаҳрга оид ҳамма ишларни Нажми Сонийга ишониб топширган эди. Нажми Соний шайбонийзодаларни бартараф қилгандан кейин Бобурни ҳам ҳокимиятдан четлатиши ва Самарқанд тахтига бошқа ишончли одамни ўтқазиб, Мовароуннаҳрда қизилбошлар ҳокимиятини узил-кесил барқарор қилиши керак эди.

Бу режа қаттиқ сир тутилар, Бобур билан иттифоқ ҳозирча давом этар, аммо калондимоғ Нажми Соний Бобурни ҳам, унинг ўн мингтагина қолган аскарларини ҳам назар-писанд қилмаслиги ошкора сезилар эди.

Бобурни икки томондан чирмаб келган икки даҳшатли қилич Ғиждувонда бир-бирига зарб билан урилди. Нажми Сонийдан ихлоси қайтган Бобур шайбонийзодаларнинг қўли баланд келаётганини сезди-ю, қонли қиличлар орасидан чиқиб, яна Ҳисор томонга чекинди.

Босқинчи қўшин саркардаси Нажми Соний Ғиждувон жангида ўлдирилди. Қизилбошлар тор-мор бўлди, олтмиш минг қўшиннинг бир қисми ўлди, бир қисми асир олинди, омон қолиб қочганларини эса ғолиблар Амударёгача қувиб бордилар ва дарёга чўктириб юбордилар.

7

Бундан бир ярим йил аввал Хонзода бегим ёлғиз ўғилчаси билан Балхдан Қундузга келаётганда унинг юрагини титратган номаълум хавф-хатарлар гўё мана шу оғир чекиниш пайтини кутиб ётган экан.

Тун ярмидан ошган эди. Бойсун орқали Ҳисорнинг Қоратоғига чекиниб келган Бобур етти минг аскар ва уғруғи[13] билан сайҳон бир ўтлоқда тунамоқда эди. Хонзода бегим ўғли ва канизи билан ухлаб ётган ўтов Бобурнинг чодирига ёнма-ён эди.

Саҳарга яқин бирдан тўполон кўтарилди. Хонзода бегим отларнинг тасир-тусир қилиб чопиши ва итларнинг асабий ҳуришидан чўчиб уйғонди. Ғазабли товушлар:
— Ур! Ур!
— Рофизийларни аямай қир! — деб қичқирар эди.

Хонзода бегим сапчиб турди. Ўтов тўрида хира қорачироқ липиллаб ёнмоқда эди. Бегим қаттиқ ухлаб ётган ўғли Хуррамшоҳни қучоқлаб оёққа турғизди.
— Ёғий босди! Ёғий! — деб, ўғлига этигини кийдириб, тўнининг енгига қўлларини тиқаётганда ўтовнинг кигизига алланарса «тарс» этиб урилди. Ёй ўқининг чархланган учи кигизни кесиб ўтди, лекин қаноти кигиз жунига ўралиб туриб қолди. Қўрқиб кетган Хонзода бегим ўғлини бағрига босди.

Бу йил ўн бирга қадам қўйган Хуррамшоҳнинг бўйи онасининг елкасидан ошиб қолган эди. У учи пастга осилиб қолган ёй ўқига қизиқиб қараб турарди.

Ташқаридан Бобурнинг саросимали товуши эшитилди:
— Тўфангандозлар қани? Хўжа Калонбек! Тўфанг отилсин! Қосимбек! Тоҳирбек! Ҳарамга қаранг! Болалар тезроқ олиб чиқилсин! Тўфанг!

Ўша замоннинг чақмоқли милтиғи бўлган тўфанг яқин бир жойда гумбурлаб отилди. Бобур қизилбошлар билан иттифоқ бўлиб орттирган бир нарсаси — ўша даврнинг энг замонавий қуроли бўлган мана шу тўфанглар эди. Ҳали жуда кам тарқалган тўфанглар фақат Бобурнинг хос навкарларида бор эди.

Бир нечта тўфангнинг устма-уст отилгани эшитилди. Хонзода бегим энди сал дадилланиб, ўғлининг тўни устидан бежирим ханжарчаси осилган камарини ҳам боғлатди.

Хуррамшоҳ ўтовнинг бир четига ўнтача ёй ўқи солинган кичкина соқдоғини осиб қўйган эди. Онасининг қўлидан чиқиб шу соқдоғини елкасига осди-да, камонини қўлига олди.

Онасини ваҳимага солган жанг болада қўрқув аралаш мароқ уйғотган эди. У кичиклигидан жанговар руҳ билан ўсган, тезроқ катта бўлиб, урушда ботирликлар кўрсатгиси келар эди. Самарқандда турган пайтларида Хуррамшоҳ Бобур тоғасининг Бухоро томонда қилган жангларига қатнашмоқчи бўлиб, онасининг олдидан қочиб ҳам кетган эди. Лекин Бобур уни бек аткасига қўшиб йўлдан қайтариб юборган эди.

Хонзода бегимнинг Бобурга қўйган меҳри ўғлига ҳам юққан эди. Болага дарс берадиган ва ҳарбий машқ ўргатадиган кишилар ҳаммаси Бобурнинг ихлосмандлари эдилар. Хуррамшоҳ онасидан ва мураббийларидан Бобур ҳақида жуда кўп яхши гаплар эшитар, ўзи ҳам тоғасини ҳар кўрганда унга болаларча жўшқин бир меҳр ва ишонч билан қарар эди. У тоғасини оғир аҳволларга солаётган шайбонийзодаларни — гарчи ўзининг Шайбонийхонга ўғил бўлишини билса ҳам — кун сайин ёмон кўриб борар эди. Унинг тасаввурида, ҳозир Бобур қароргоҳига ҳужум қилиб келган, «Ур, қир!» деб қичқираётганлар ҳам ўша кўчманчи султонлар эди. Хуррамшоҳ соқдоғида бор ўқларини тоғасининг мана шу душманларига қараб отгиси келди-ю, ўтов эшигини очиб чиқа бошлади.
— Ҳой, шаҳзода, тўхтанг!

Хонзода бегимнинг кекса канизи югуриб бориб болани камаридан тутди-да, ичкарига тортди. Бола қаршилик қилиб кирмади. Уни узоқда бўлган жангларга юбормаган эдилар. Энди жанг ўзи Хуррамшоҳ ётган жойга етиб келганда яна қўйишмайдими?
— Қўйворинг мени! Ҳазрат тоғойимга кўмак берамен! Қўйворинг!

Бу орада Бобурнинг хос навкарлари тўфанг ота-ота, ёв отлиқларини аёллар ва болалар ётган ўтовлардан узоққа суриб ташлаган эдилар. Тоҳир Хонзода бегимнинг ўтови олдига иккита от етаклаб келди:
— Ҳазрат бегим! Шаҳзода! Тезроқ чиқинглар!

Хонзода бегим сандиқ ва бўғчаларига қаради.
— Кўч-кўронлар қолурми?
— Э, жон омон бўлса, буюм топилур! Чиқинг тезроқ! Ҳазратим буюрдилар!

Хонзода бегим канизи билан чиққунча Хуррамшоҳ отларнинг кичикроқ кўринган биттасига миниб олди.

Осмонда шом еган саккиз кунлик ой бор эди. Шунинг ёруғида оқ ўтовдан беш яшар Ҳумоюнни бағрига босиб чиққан Моҳим бегим кўринди. От устида турган Қосимбек тез энгашиб болани онасининг қўлидан авайлаб олди-да, елкаларини чакмани билан ўради.

Бегимнинг ёнида ўн яшар ўғилчаси Сафарни қўлидан етаклаб келаётган Робия ҳам бор эди. Тоҳир ўғли билан хотинини тез бир бияга мингаштирди.

Қосимбек бошлиқ эллик-олтмишта хос навкарларга аёллар ва болалар минган отларни ўртага олиб, жануб томонга йўналдилар.

Уч томонни ёв ҳалқаси ўраб олган, фақат жануб томон очиқроқ эди. Тўфанг гумбурлаши, ярадор бўлганларнинг додлаши, отларнинг пишқириши ва кишнаши орасидан кимларнингдир асабий бақириқлари эшитиларди:
— Ҳаммамиз шу подшонинг касофатига қолдик!
— Шиаларга сотилиб бизни хароб қилди!
— Йўқолсин Бобур!
— Уруғини қурит! Қир ҳаммасини!

Хонзода бегим ҳеч нарсага тушунолмай ёнида бораётган Қосимбекдан сўради:
— Бу қанақа ёғий?
— Ўзимиздан ўт чиқди, бегим! Бурноғи йил Қундузда шайбонийзодалардан бизга қочиб ўтган мўғул беклари исён кўтарди! Қузғунлар ҳазратимни уйқуда тутиб ўлдирмоқчи эканлар. Хайрият, Тоҳирбекнинг қўрчилари пайқаб қолибди!
— Фалокат устига фалокат!
— Ҳа, булар биздан икки баробар кўп. Ҳаммаси олдиндан тайёрланиб чиққан! Ўртада юринглар, ўртада!

Шу пайт исёнчи отлиқлар жануб томонга ҳам чопиб ўтдилар. Ўша томондан Бобурнинг овози эшитилди:
— Устод Али! Тўфангандозларни олдинга бошланг! Олдинга!

Тўфанглардан отилган ўқлар жиба ва дубулғаларни бемалол тешиб ўтар, шунинг учун фитначилар тўфанг қаршисида туриш беролмас эди. Бобур тўфанглар ва энг ишонган хос навкарлари ёрдамида ёв ҳалқасини жануб томондан ёриб ўтмоқчи, сўнг Боботоғнинг шар-қидаги Ҳисор қалъасига етиб олмоқчи эди. Бироқ фитначи беклар уни қалъага ўтказмоқчи эмас эдилар— улар бу мустаҳкам қўрғонни ўзлари эгаллаш мақсадида исён кўтарган эдилар.

Уч-тўрт марта ўқ отилгандан кейин тўфангларнинг қувурлари қизиб кетиб, иш бермай қўйди. Ёв сафлари шарқ томонда сал сийраклашганини кўрган Бобур Хўжа Калонбек бошлиқ мингтача навкарини ўша томонга ташлади.

Хос навкарлар қуршовида бораётган Хуррамшоҳ гоҳо қиличларнинг бир-бирига шақ-шуқ урилганини эшитиб қоларди. Бу тунги жанг унга жуда қўрқинчли туюлса ҳам у ваҳимани енгишга тиришарди. Тоғасига шундай пайтда суиқасд қилган хоинларнинг ҳеч бўлмаса биттасини соқдоғидаги ўқлари билан отиб йиқитгиси келар эди.

Ёв қуршовини ёриб ўтаётганларида болалар ва аёлларни ўраб бораётган навкарлар ҳам жангга тушишга мажбур бўлдилар. Шунда Хуррамшоҳ уларнинг ёнига кирди-ю, отининг жиловини қўйиб юбориб, камонидан устма-уст учта ўқ отди. Хонзода бегим тунги тўполонда уни бир лаҳза кўздан йўқотиб қўйди. Кейин боланинг навкарлар ёнида ўқ отаётганини кўриб, отини унга томон чоптирди. У ўғлига етиб борган ҳам эдики, қаршидан отилган бир дайди ўқ боланинг ўнг биқинига «шарт» этиб санчилди. Хуррамшоҳ инграб, камонини қўлидан тушириб юборди ва эгардан оғиб туша бошлади.
— Вой, болам! — деб Хонзода бегим қичқириб ўғлига томон интилди.

Тоҳир ҳам шу яқин жойда эди, отидан сирғалиб тушаётган Хуррамшоҳни ушлаб қолди, сўнг уни эгари устига кўтариб ўтқазди.

Бола беҳуш эди. Тоҳир билан Хонзода бегим уни Бобурнинг овози келаётган томонга олиб чопдилар. Бу томонда ёв қолмаган, Хўжа Калонбекнинг навкарлари подшоҳ учун йўл очиб, унинг кетидан ҳарам аҳлини ҳам олиб ўта бошлаган, орқадан таъқиб этишга уринган душманларнинг эса йўлини тўсган эдилар.

Бобур Ҳисор қўрғонидан воз кечиб, Вахш водийси томонга йўл олганини сезган фитначилар уни бошқа таъқиб этмай, орқага қайтдилар ва шоҳона чодирлар ичида эгасиз қолган бойликларни талашга тушдилар.

Тонг ёришиб қолган эди. Бобур ярадор жиянини қўлига олар экан, унинг биқинидан иссиқ қон оқаётганини сезди.
— Табибни чақиринг! — қичқирди у. — Табиб!

Подшоҳнинг хос табиби болани чакман устига ётқизиб, ярасига дори қўйиб боғлади. Хуррамшоҳ ҳамон ҳушига келмас, фақат ўқтин-ўқтин инграр эди.

Унинг биқинига санчилган ўқ ўпка ва қорин оралиғидаги пардани йиртиб, ички аъзоларига ёмон зарар етказган эди. Табиб унга мумиёйи асилдан сув билан ичирмоқчи бўлди. Бироқ беҳуш боланинг томоғидан сув ҳам, дори ҳам ўтмади. Хонзода бегим буни кўрди-ю, боласини қучоқлаб, қичқира бошлади:
— Хуррамжон! Ёлғизим! Хуррамим!

Боланинг кўзлари ола-кула бўлиб бир очилди, ке-йин қорачиқлари тепасига қараб кетди-ю, киприклари ярим юмуқ ҳолда тўхтаб қолди.

Бобур боланинг жон берганини сезди-да, опасини қучоқлаб, жасаднинг тепасидан олиб кетмоқчи бўлди. Лекин Хонзода бегим унинг қўлидан юлқиниб чиқди. Ўғлининг ўлганига ишонгиси келмас эди. У боласини қучоқлаб даст кўтарди-ю, дод солиб, яна уни чақира бошлади:
— Хуррам! Хуррамжон, қанисан? Қанисан, болам! Болам қани?!

Бобур ҳўнграб йиғлар экан, болани опасининг қўлидан олди-да, яна чакман устига ётқизди. Қосимбек боланинг ярим очиқ қолган кўзларини юммоқчи бўлиб, қошларини силади, киприкларини ётқизишга уриниб кўрди. Лекин киприклар ётмади, мурғак кўзлар ярим очиқлигича қолди. Хонзода бегим ўғлининг ўлганига энди ишонди-ю, ўзининг чаккаларига мушт уриб йиғлади:
— Сени бу ерларга олиб келмай онанг ўлсин, болам! Сени асраб қололмаган онагинанг ўлсин!!!

Бобур опасининг мушт бўлиб тугилган қўлларини икки қўлига олди-да, юзини юзига қаратди.
— Қарғаш керак бўлса мени қарғанг! — деди. — Сиз яна менинг касофатимга қолдингиз! Ажалда адолат бўлса бу бегуноҳ боладан аввал мен гуноҳкорни олсин эди! Буни икки қилич орасига мен олиб кирдим! Сизларни дину мазҳаб балосига мен гирифтор қилдим!

Қосимбек Бобурнинг елкасидан қучоқлади. У бурноғи йил Қундузда мўғул бекларининг Бобурга қарши фитнаси илк бор маълум бўлганда орага тушиб хато қилганини, бугунги ғилу — ўшанда кесиб ташланмаган яранинг патоси эканини ўйлади:
— Гуноҳкорни изласангиз, ҳаммамиз ҳам айбдормиз, ҳазратим! Дунё ўзи шундоқ яратилган бўлса биз қандоқ қилайлик?!

Хонзода бегим яна ўғилчасининг жасадини қучоқлади:
— Тўйдим бу дунёдан! Бас! Тўйдим! Мени болам билан бирга кўминглар!..

Хуррамшоҳнинг жасадини арчадан ясалган тобутга солиб, шу куни кечгача қўлма-қўл кўтариб бордилар. Кейин уни Помир тоғининг этакларидаги кўкалам бир тепаликка кўмдилару қабри устига оқ байроқча қадаб қўйдилар.

Тирик мурдага ўхшаб қолган Хонзода бегимни бир амаллаб Қундузга, ундан Кобулга олиб кетдилар.

Кобул - Тошган Дарё Ўзан Излайди

1

Кечки пайт Кобул қалъасининг жанубидаги кўлдан бир тўп ўрдак учди. Кўл бўйидаги бўлиқ ўт-ўланлар орасида писиб ўтирган мирзо Ҳумоюн камондан кетма-кет иккита ўқ отди. Осмонга кўтарилиб бораётган тумшуғи узун ўрдаклардан бири тўпидан айрилиб пастлай бошлади, сўнг қанотларини мажолсиз ёйиб, кўлнинг нариги четига қулаб тушди.

Кўлнинг ўша томонида подшоҳнинг саккиз эшкакли, соябонли кемаси юрган эди. Ҳумоюн бу ёқдан то отланиб, аткаси ва мулозимлари билан кўл соҳилини айланиб ўтиб боргунича кемадагилар ўқ теккан ўрдакни сувдан олиб, қирғоққа чиқдилар.

Уларнинг орасида Бобур ҳам бор эди. Ҳумоюн ўзи отган ўрдакни отаси қўлига олиб қараётганини кўрди-ю, отидан сакраб тушди ва анча берида таъзим қилиб тўхтади.

Бобур ўрдакнинг тўшига қадалиб қолган ёй ўқини кескин бир ҳаракат билан суғуриб олди-ю, ўғлига кўзларини сузиб қаради:
— Бу ўқ сеникими?

Ҳумоюн отасинниг кайфи борлигини сезди. Бобур сўнгги пайтларда кўп ичадиган бўлган, бугун ҳам улфат беклари билан кемада чоғир ичиб ўтирган эди. Ҳумоюн кўл ва унинг атрофлари подшоҳнинг дахлсиз, хос ерлари эканини эслади. Отаси олдида одобсизлик қилиб қўйгандай кўзлари жавдираб:
— Ҳазратим, — деди, — афв этинг, бемаврид ўқ отмишмен.
— Аммо ўқни яхши отмишсен, — деб Бобур ўғлига энди кулимсираб гапирди. — Ма, ҳалолинг бўлсин!

Ҳумоюн чап қўлини кўксига қўйганича, ўнг қўли билан овини отасидан олди-ю, мулозимларидан бирига берди.

Бобурдан орқароқда турган кўзлари катта-катта озғин қора йигит — Ҳиндубек тиғиз оқ тишларини очиб кулди:
— Амирзодам мерганликда ҳазрат оталарига тортмишлар.

Ширакайф Хўжа Калонбек бу гапга дарҳол қўшилди:
— Падари бузрукворга муносиб ўғил!

Бобур эса бир четда жим қўл қовуштириб турган Қосимбекка мамнун назар ташлади. Ёши олтмишдан ошиб, эшик оғалиқ лавозимидан кетган Қосимбек ҳозир Ҳумоюнга аткалик қилмоқда эди. Бобурнинг ўзига шунча йил содиқ хизмат қилган бу одам энди бўй етиб келаётган Ҳумоюнни ҳам оталарча меҳр билан тарбиялаётгани билиниб турарди.
— Жаноб Қосимбек Ҳумоюнга мерганликдан яхши таълим бермишлар, — деди Бобур. — Бироқ амирзодам чавандозликда нечуклар?

Қосимбек Ҳумоюнга «жавоб беринг» дегандай қилиб қаради. Ҳумоюн кўзлари гўё илҳом билан ёниб:
— Ҳазратим, ижозат беринг, — деди-да отларни қўли билан кўрсатди. Бобур унинг сўнгги йилларда ўрганган чавандозлик машқларидан бирини кўрсатмоқчи эканини сезди.
— Қани, қани, — деди мароқ билан.

Ҳумоюннинг ёши ўн учга бориб, бўйи отасининг бўйига етай деб қолган. Юриш-туриши ҳам Бобурнинг ўсмирлик пайтини эслатар эди. Қосимбекнинг ишораси билан навкарлар иккита ювошроқ отни бир четга етаклаб чиқдилар-да, ёнма-ён тутиб турдилар. Ҳумоюн ўзининг серёл қора қашқа отига сакраб минди, жиловни кескин буриб, хиёл орқага кетди. Сўнг нариги икки отга шитоб билан яқинлашди-да, жиловини қўйиб юборди. Отлар жипс келганда иккинчи отнинг эгаридан икки қўллаб тутганича, эгардан эгарга сакраб ўтди. Шунда учинчи от жойидан қўзғалиб кетди. Ҳумоюн минган отининг жиловини тез қўлга олаётиб, учинчи отнинг юганидан тутган навкарига:
— Маҳкам ушланг! — деди.

Сўнг тагидаги отни наригисига жипс келтирди-ю, иккинчи эгардан учинчисига сакраб ўтди.

Ширакайф беклар даврасидан:
— Офарин! Тасанно! — деган хитоблар эшитилди.

Ҳумоюн ҳансираб отдан тушди-да, отаси томонга кела бошлади. Бобур ўзининг ўсмирлик пайтида Андижон чорбоғида эгардан-эгарга сакраб ўтолмай оёғи ерга тапиллаб тушганини эслади-ю:
— Тангрим Ҳумоюнни ёмон кўздан асрасин, — деди. — Чавандозликда биздан ўтадиган кўринадир.
— Ҳазратим, мирзо Ҳумоюн ҳар ишда сиздан ибрат олишга интилурлар, — деди Қосимбек.

Бобур ўнғайсизланиб бош чайқади:
— Менинг шаҳзодага ибрат бўлгудек ҳолим йўқ.

Ҳумоюн отасининг маъюс юзига таажжуб билан тикилди.
— Нечун, ҳазратим! Аткам менга барча жангларингизни айтиб бердилар. Рустаму Суҳроблар ҳам, Гўрўғлию Алпомишлар ҳам сизчалик кўп жанг кўрган бўлмасалар керак!
— Жанг ҳисоб эмас, амирзодам, жангнинг натижаси ҳисоб, — деди Бобур ўзининг мағлубиятларини эслаб.

Лекин Ҳумоюн учун энг муҳими — отасининг мислсиз даҳшатларга дуч келиб, барча ўлимларни енгиб ўта олгани ва ҳамма қирғинлардан омон чиққани эди. Бобурга астойдил ихлос қўйган Қосимбек: «Ҳазратимга дуо кетган, у кишини ўқ олмайди, тиғ кесмайди», дерди ва бу содда эътиқодини Ҳумоюннинг қалбига ҳам сингдирган эди. Ҳумоюн отасининг Кобул билан Ҳирот оралиғидаги баланд тоғлардан одам зоти ўтолмайдиган қаҳратон қиш кунларида юрак ютиб ўтганини, кўпчилик бек ва навкарлар ҳолдан кетиб, отлар ҳам юролмайдиган бўлиб қолган пайтларда Бобур ўзи олдинга чиқиб, кўкрагигача қорга ботиб, ҳаммага йўл очиб борганини, ўшанда унинг қулоғини совуқ олиб, юзи кўмирдай қорайиб, таниб бўлмас аҳволга келганини Қосимбекдан яқинда эшитган эди.

Ҳумоюн ўша пайтларда бўлган бир ғалати ҳодисани отасидан тасдиқлатиб олгиси келди:
— Ҳазратим, Кобул чорбоғида Дўст деган бир паҳлавон навкар сизни танимай қилич билан чопгани ростми?
— Рост. Кейин таниб қолиб, қиличини ташлаб қочди. Шукрки, ҳеч шикаст етмади. Бўлмаса Дўст паҳлавон тиғ урган одам ҳаргиз тирик қолмагай эди.
— Худонинг қудратини қаранг-а! — деди эшик оға Муҳаммад Дўлдай хушомад оҳанги билан.

Ҳумоюн унинг кайфдан қизариб, кўпчиб турган юзига нохуш назар ташлади-ю, яна отасига юзланди. У фақат отаси билан гаплашишни истарди. Бобур тўғрисида Қосимбекдан ва бошқа одамлардан шунча ғаройиб ҳикоялар эшитиб ўсган бола энди унинг ўзи билан юракдан яқинлашишни истарди.

Лекин Бобур доим давлат ишию ёзиш-чизиш билан банд бўлар, бўш қолганда беклари чоғир мажлисини бошлашар, Ҳумоюнга эса улар ҳали ҳамсуҳбат бўлолмайдиган ёш бола деб қарашар эди. Бироқ Ҳумоюнда отаси билан суҳбатлашиш иштиёқи кун сайин ортиб бормоқда эди.
— Ҳазратим, бултур Синд дарёсининг бўйида йўлбарс билан олишган экансиз...
— Қайдан билдингиз?
— Ҳазратимнинг хонаи хосларида йўлбарс терисини кўрдим.

Бобур орқасида турган бекларга ишора қилди:
— Йўлбарсни биз кўплашиб енгганмиз.

Ҳиндубек кулиб эътироз қилди:
— Ҳазратим бўлмаганларида биз йўлбарсга рўбарў бўлолмас эдик.

Ҳумоюн Ҳиндубекнинг гапини маъқуллаган каби бош ирғади ва отасига болаларча соф бир ифтихор билан қараб қўйди.

Бобур Бухоро атрофларида ва Ҳисорда бошига тушган кулфатларни ҳамон унутолмас, ўшандаги мағлубиятлар алами аввалгиларига қўшилиб, юрагини ҳалигача тимдалар, дунё ғамларини хаёлидан узоқлаштириш учун ҳам у тез-тез чоғир ичар эди. Унинг руҳи тушиб, ўз тақдиридан ихлоси қайтиб юрган мана шу кунларда ўғли отаси қилган яхши ишларни бунчалик эъзозлаб тилга олиши Бобурга ғалати таъсир кўрсатди.

Бир лаҳза у ўзини ўсмир ўғлининг кўзи билан кўргандай бўлди. Ҳумоюн фахр билан тилга олган воқеалар чиндан ҳам бўлган воқеалар эканлиги тўсатдан Бобурнинг кўнглини кўтарди. Шу дақиқагача унга бутун ҳаёти қоп-қоронғи бир тун бўлиб туюлган бўлса, энди у бу тунга гўё Ҳумоюннинг кўзи билан қаради-ю, қоронғи осмоннинг у ер-бу ерида юлдузлар милтиллаётганини кўрди.

Ҳумоюн отаси билан яккама-якка гаплашгиси келиб, овозини пасайтириб:
— Ҳазратим, — деди, — инъом қилган девонингиздаги барча шеърларни ёд олмишмен. Лозим кўрсангиз имтиҳон қилинг.

Бобур орқароқда жим турган бек ва мулозимларга ўгирилиб қаради. Улар Бобурнинг ўғли билан гапини тезроқ тугатишини ва кемага қайтишини кутмоқда эдилар. Лекин Бобурга энди чоғир мажлисидан кўра ўғли билан бирга бўлиш ёқимлироқ туюла бошлади.
— Жаноблар, — деди у бекларига юзланиб, — бугун бизга кема сайри бас. Энди мирзо Ҳумоюн билан шеър машғулоти ўтказмоқчимен. От келтирилсин!

Бобур отлангандан кейин Ҳумоюн ҳам отига қувонч билан сакраб минди. Ота-бола ёнма-ён Кобул аркига қараб йўл олдилар. Қосимбек ва бошқа мулозимлар орқароқда одоб сақлаб жим бормоқда эдилар.

Бобур кемада ичган чоғирнинг тафти ва карахтлиги унинг ялтираган сузук кўзларидан билинар эди.
— Қани, амирзода, эшитайлик, — деди у Ҳумоюнга кайф аралаш кулимсираб қараркан.

Отаси бирга кетаётганидан ўзида йўқ қувонган Ҳумоюн Бобурнинг девонидан ёд олган бир рубоийни шошилиброқ ўқиди: Озар ила неча гуфтигў[14] қилғайсиз,
Озурда бўлурни жустижу[15] қилғайсиз.
Мунчаки кўнгулларга етишди озор,
Май била магарки шустишў[16] қилғайсиз.
Ҳумоюн бу шеър билан отасининг май ичиш сабабини тушунишлигини ва ҳозир кайфи борлиги ҳам узрли эканини айтмоқчи эди, Бобур буни фаҳмлади-ю:
— Маъқул, маъқул, — деб кулди. — Фақат аввалги икки сатрнинг вазнини бузиброқ ўқидинг. Афтидан, сен бу сатрлардаги кинояни яхши фаҳмламагансен.
— Қандоқ... киноя? — деб бу сатрларни камоли жиддият билан ўқиган Ҳумоюн таажжубланди.
— Кинояки, одамлар бир-бирларига озор берадиган гапни кўп гапирурлар. Гоҳо озор берадиган нарсани ўзимиз жустижў қилиб топурмиз. Ундан кейин бу озорни кўнгилдан май билан ювмоқчи бўлиб ичишга ружу қилурмиз.

Отаси ўзининг май ичишига киноя билан қарашини Ҳумоюн энди сезди ва яна ҳайрон бўлди:
— Нечун шундай?
— Сенинг ёшингда бунинг сабабини тушуниб бўлмас. Мен ҳам ўттиз ёшимгача чоғирга эҳтиёж сезган эмасмен. Сен қалайсен?.. Кўнглингда чоғирга иштиёқ борми?

Ҳумоюн уялиб бош чайқади. Сўнг отасининг ичкиликдан шишган қовоқларига жиддий бир қараб олди-да:
— Мен чоғирни ёмон кўрамен, — деди.

Ўн уч ёшида Бобур ўзи ҳам ичкиликдан ҳазар қилишини эслади-ю, ўғлининг жавобини маъқуллаб бош ирғади.
— Хўш, неларни яхши кўрурсен?
— Менми? — деб Ҳумоюн бир лаҳза ўйланиб олди. Унинг яхши кўрган нарсалари кўп эди: — Сафарда юришни, саёҳатни яхши кўрурмен, яхши китоб бўлса эртаю кеч ўқигим келур...

«Бу жиҳатлари менга ўхшабдир», деди Бобур ичида ва ўғлининг қамчи дастасини тутган қўлларига қаради. Ҳумоюннинг юз-кўзи ҳам, қўллари ҳам Бобурникидан қорароқ эди. Балки жанубда туғилиб ўсаётгани учун шундайдир? Лекин панжасининг шакли отасиникига жуда ўхшаш. Бобур ўғлининг билагидан олиб:
— Қани, кафтингни оч, — деди.

Ҳумоюн қамчини тақимига қистирди-да, кафтини отасига очиб кўрсатди. Бобур унинг кафтидаги чизиқларга қаради-да, кейин ўз панжасини очиб, ўғлининг кафтига кафтини ёнма-ён тутди. Катта ва кичик ҳар икки кафтдаги кўндаланг чизиқлар бир-бирининг айнан такрори эди. Отасига ўхшашни жуда-жуда истайдиган Ҳумоюн мамнун жилмайди. Бобур чуқур тин олди-да:
— Илоҳим, мен кўрган балоларни сен кўрмагин! — деди.
— Лекин мен сизнинг барча ишларингизни ўрганмоқчимен.

Бобурнинг яхши-ёмон ишлари хаёлидан аралаш-қуралаш бўлиб ўта бошлади. Бераҳм муҳит уни ҳам шафқатсиз бўлишга ўргатарди. Мана шу Кобул вилоятининг ўзида хирилчи қабиласига мансуб талай одамлар карвон йўлларида талончилик қилганликлари учун Бобур аскарлари томонидан аёвсиз ўлдирилган, ҳазора қабиласининг ўнлаб жанговар йигитлари чопқин пайтида қириб ташланган эди... Бобур бу қонли лавҳаларни умр китоби бўлмиш «Вақоиъ»га бирма-бир ёзиб борар эди. Аммо ҳали балоғатга етмаган ва оламга болаларча мусаффо бир ишонч билан қараётган Ҳумоюнни бундай шафқатсизликлардан мумкин қадар узоқ тутгиси келарди.
— Сен ҳушёр бўл, — деди Бобур, — менинг ҳавас қилиб бўлмайдиган ишларим ҳам бор!
— Қайси ишларингиз, ҳазратим?
— Қайғули, фожиали ишларим. Бутун тақдирим...
— Буни бир ғазалда ҳам айтмишсиз.

Ҳумоюн яна ёддан отасининг сатрларини айта бошлади:

Ҳар ёнғаки азм этсам, ёнимда борур меҳнат,

Ҳар сорики юзлансам, ўтрумға келур қайғу,

Юз жавру ситам кўрган, минг меҳнату ғам кўрган,

Осойиши кам кўрган мендек яна бир борму?

Шеърнинг ғамгин ва сеҳрли оҳангидан таъсирланган Бобур:
— Яхши ўқидинг, — деди ўғлига. — Истайменки, мен кўрган қайғулару шафқатсизликларни илоҳим сен кўрмагин.
— Хўп, ҳазратим, мен фақат сиз билган ажойиботларни билсам бас!

Ота-бола суҳбатга берилиб аркка қандай етганларини сезмай қолдилар. Кейин улар даричалари Шоҳи Кобул тоғига қараб очиладиган хушҳаво хонаи хосда ўтирганларида Ҳумоюн қўлига қоғоз ва қалам олди-ю, отаси ихтиро қилган Хатти Бобурий ҳарфлари билан бир байт шеър ёзди:

Турклар хатти насибинг бўлмаса, Бобур, не тонг,

Бобурий хатти эмасдур, хатти Сиғноқийдурур[17].

Бобур сўнгги дафъа Самарқандда юз берган машъум воқеаларни ва Хатти Бобурийни мактабда болаларга ўргатган муаллимнинг тошбўрон қилиб ўлдирилишини эслаб «уҳ» тортди.

Бир вақтлар Улуғбекни ҳалок этган ёвуз кучлар унинг расадхонасини қайта тикламоқчи бўлган Бобурни ҳам динсизликда ва рофизийликда айблаб, ҳатто қўшиннинг кўп қисмини шунга ишонтиргани Қизилқумдаги мағлубиятга замин яратган эди. Шундан бери Бобур ўзи ихтиро этган хатни жорий этиш фикридан бутунлай қайтган эди.
— Сенга буни қайси муаллиминг ўргатди? — сўради Бобур Ҳумоюннинг ёзувига кўз югуртириб.
— Мирбадал хаттотдан ўргандим... Ҳумоюннинг ёзувида хато бўлмаса ҳам, лекин ҳали бу хатга қўли ўрганмаганлигидан ҳарфлар нотекис чиққан эди.
— Сенга манзурми?
— Жуда! Белгилари оз. Тез ёзиш мумкин. Ўқиши жўн.
— Ундай бўлса кўпроқ машқ қил. Минбаъд менга мактуб ёзсанг, шу хат билан бити. Мен ҳам сенга шу хат билан жавоб ёзурмен. Махфий тутмоқ осон бўлур.

Ҳумоюн подшоҳ отаси билан махфий хатлар ёзишини кўз олдига келтирди-ю, кўнглида яна иссиқ бир ифтихор туйғуси мавж урди. Отасига меҳри тобланиб, унинг кўнглига ёқадиган яна бир иш қилгиси келди.
— Ҳазратим, лозим бўлса, энди мусиқадан бир имтиҳон қилиб кўринг.
— Қани, қани!

Ҳумоюн савдарбошига афғон рубобини келтиришни буюрди. Сўнг дур ва садаф билан безатилган, тоғлар садосини эслатувчи улуғвор товуш берадиган бағри кенг рубобни созлаб, аввал наво йўлида бир куй чалди, кейин савтга ўтди. Бобур қулоғига жуда ёқимли туюлган бу савтни дарҳол таниди.

«Чоргоҳ савти» деб аталган бу куйни бултур Бобурнинг ўзи басталаган эди. Ҳумоюн буни ҳам излаб топибди-да! Ёки мураббийлари унга атайлаб отаси ёзган шеърларни ёдлатиб, отаси басталаган куйни ўргатиб, шу йўл билан подшоҳдан таҳсин эшит-моқчимикинлар?

Мураббийларда шундай бир хушомад бўлганда ҳам Ҳумоюннинг ўзи куйни самимий ихлос билан чалаётгани билиниб турарди. Бола ўзининг бояги сўзини — отасининг ижодидан ибрат олишга ҳаваси зўрлигини ҳозир чиндан исбот қилмоқда эди.

Бобур ўғли чалаётган гўзал куйга қулоқ солиб туриб, кўнгли завқли туйғуларга тўлиб кетди.

Энди ўзининг ҳаёти ҳам унга энг ёруғ ва тиниқ томонлари билан кўрина бошлади. Ахир у ҳам бир вақтлар Ҳумоюн каби беғубор, мусаффо ёшлик дамларини бошдан кечирмаганмиди? Унинг ҳаёти ҳам тиниқ бир булоқ бўлиб оқмаганмиди? Кейин бу булоқнинг устига жарлар қулаб, уни лойқалатди. Лекин ҳали бу булоқ қуриган эмас, унинг обиҳаёти Ҳумоюннинг қалбини ҳам обод қилгани мана ҳозир билиниб турибди.

Бобур ўзи билан ўғлининг орасида ажиб бир боғланиш борлигини бугун биринчи марта аниқ сезди. Отанинг ҳаёти ўғлининг ҳаётида айнан такрорланмаса ҳам, лекин янги бир тарзда давом этиши мумкинлигига, агар ўғил астойдил отага содиқ бўлса, унга тортса, отанинг умри ўғилнинг умрига уланиб кетишига Бобурнинг энди кўзи етди. Шундай бўлгач, Ҳумоюнни аткаси, онаси ва мураббийлари Бобурга ихлосманд қилиб тарбиялаганлари, унга отасининг фазилатларини саралаб олиб беришга интилаётганлари катта бир неъмат эмасми? Бобурнинг ўзи ҳам ўғлига фақат фазилатларини раво кўрадику. Фақат шундагина ўғил у қилган хатоларни қилмаслиги, у тортган азобларни тортмаслиги мумкин.

Фазилатлар... Бобур ўз фазилатларини бугун ўғли орқали алланечук сараланган ҳолда кўриб, кўнгли кўтарилди, ўзига бирдан ҳурмати ортди.

Кейин у Ҳумоюннинг аткаси Қосимбекни саройга чақиртириб, унга бош-оёқ сарупо ва от инъом қилди. Шаҳзоданинг бошқа мураббийлари ва муаллимлари ҳам катта-катта ҳадялар олдилар.
— Сенга не инъом қилай, айт! — деб Бобур ўғлига кулимсираб тикилди.

Ҳумоюн китоб йиғишни яхши кўрарди. Унинг алоҳида бўлмани эгаллаган хос кутубхонасидан ташқари, хобгоҳида ҳам китоб тўла жавонлар бор эди. Тўшагининг бош томонига хушбўй сандал дарахтидан ишланган жавон қўйилган, отасининг шеърий девони жавоннинг алоҳида токчасида ёлғиз турар эди.
— Яна янги шеърий китоблар ёзсангиз, — деди Ҳумоюн отасига уялинқираб кўз ташларкан, — мана шу алоҳида токча сизнинг асарларингиз билан тўлса... Ўғлингизнинг тилаги шу!

Бобур завқ билан қаҳ-қаҳ уриб:
— Э-ҳа, сенинг бу тилагингни ўринлатмоқ учун мен бир умр меҳнат қилмоғим керак-ку!.. — деди. — Майли, «яхши ният — ярим давлат» дерлар. Бугундан бошлаб сен учун бир шеърий китоб бошлагаймен. Қани, дафтарингни бер...

Ҳумоюн муқоваси олтин суви билан зийнатланган, нафис варақларига ҳали ҳеч нарса ёзилмаган янги дафтарини отасига икки қўллаб тутди.

Бобур хона тўридаги миз ёнига келиб ўлтирди-ю, бирдан ўғлига меҳри тобланиб, ҳаяжон ичида:

«Жигарим билан жонимга пайванд фарзандим!»— деб ёзди.

Ўзидаги оталик меҳри ва Ҳумоюндаги фарзандлик садоқати тождор оталар ва валиаҳд ўғиллар орасида жуда кам учрайдиган нодир туйғулар эканини, Улуғбек билан Абдуллатиф орасида бўлиб ўтган фожиаларга солиштирганда, у ўз ўғлидаги самимий ҳисларни қанчалик қадрлаши, қанчалик асраб-авайлаб, камолга етказиши зарурлигини шу лаҳзада бутун вужуди билан ҳис қилди. Қалбини тўлдирган оталик туйғуси шеърий оҳанг билан қоғозга туша бошлади: «Давлату бахт била Ҳумоюн бўл, комрон бўл, жаҳонда юз туман обрўйи иззат кўр!»

Бобур ёзишдан тўхтаб ўрнидан турди:
— Давомини кейин битгаймен!.. Китобнинг номи сенинг исмингга қофия бўлғусидир!..

Бобур ўша йили ёзиб тугаллаган шеърий китоб — «Мубаййин» — Ҳумоюннинг номига чиндан ҳам қофиядош эди. У ўғлининг дафтарига битган эзгу тилакларини ҳам шу китобга шеърий сатрлар шаклида жойлаб, ҳаммасини санъаткор хаттотга кўчиртирди-да, Ҳумоюнга тақдим қилди.

Ҳумоюн шу вақтгача отасидан олган совғалар орасида энг улкани ва бебаҳоси — мана шу шеърий китоб эканини сезиб, уни қайта-қайта кўзларига сурди...

У араб тилида ёзилган, мураккаб фиқх китобларини тушунолмай қийналиб юрар эди. Отаси тақдим қилган «Мубаййин» фиқхнинг қонун-қоидаларини равон туркий тилда гўзал маснавийларда ифодалаб, Ҳумоюн учун ҳам дарслик вазифасини бажарар, ҳам унга шеърий завқ берарди. Энг муҳими, унинг отасига бўлган меҳри, ихлоси шу китоб туфайли янги бир куч билан ўсиб борарди.

Ҳумоюн ўн беш ёшга кирганда унинг китоб жавонида отасининг яна бир асари — аруз илмига бағишланган «Мухтасар» пайдо бўлди. Ҳумоюннинг эндиги истаги — отасининг ўсмирлик йилларидан бери ёзиб юрган «Вақоиъ» номли китобини ўқиш эди. У отасининг энг катта, энг мароқли асари мана шу эканини онаси Моҳим бегимдан эшитган эди.

Ҳумоюн ўн олти яшарлигида отаси унга Бадахшон вилоятини бериб, аскар ва савдари билан Кобулдан кузатиб қўйди. Ҳумоюн тоғлар орасида отаси билан хайрлашаётганда оила аъзолари ўзаро «Бобурнома» деб атай бошлаган ўша «Вақоиъ» китобидан бир нусха кўчиртириб юборишни илтимос қилди.

Ўғлининг бошқа кўп илтимосларини сўзсиз қабул қилган Бобур бу гал ерга қараб бош чайқади:
— Ҳали у китоб битган эмас. Ўлда-жўлда ётган асарни кўчиртириб бўлмас.
— Қачон биткурурсиз, ҳазратим? Мен интизормен!

Бобур ўғлининг юзига хомуш назар билан тикилди.
— Кўп интизор бўлма. Чунки у китобнинг битиши учун менинг умрим тугаши керак.

Ҳумоюн сесканиб тушди:
— Нечун бундай дейсиз?

«Бобурнома»нинг давоми анча вақтдан бери ёзилмай юрар эди. Қизилбошлар билан тузилган иттифоқ, Бобур ватанига бегона қўшинни бошлаб бориб, мағлубиятга учраганлари... буни ёзиш у ёқда турсин, ҳатто эслашдан ҳам юраги безиллар эди. Наҳотки умр китобининг сўнгги боби шу бўлса? Бобур энг йирик асарини бу тарзда ёзиб тугатолмаслигини сезарди. Уни кўнгилдагидек тугаллаш учун эса ўша мағлубиятлар заҳрини ювиб кетадиган катта ғалабаларга эришиши керак эди. Мана энди ўғли Ҳумоюн улғайиб, ёнига киряпти.

У Ҳумоюннинг сўнгги гапдан изтиробга тушганини сезиб:
— Менинг сўзимдан ташвишланма, — деди. — Мен «Вақоиъ»ни умрим бўйи ёзмоқчи бўлганим учун шундай дедим. Орзуйим борки, унинг келгуси бобларига сенинг ҳам яхши ишларинг битилгай. Зора ўзим ҳам... бу китобнинг поёнига ёруғ юз билан етсам.
— Ҳазратим, ундоқ бўлса, илоҳим «Бобурнома»ни яна эллик йил ёзинг, юз йил ёзинг!
— Ўшангача кутишга сабр-тоқатинг етурмикин?— деб кулди Бобур.

Ҳумоюн жиддий туриб:
— Тангрим олдида онт ичиб айтаменки, сабр-тоқатим умрим етгунича етур! — деди.

2

Кобул дарёсининг бўйида Бобур эгачиси Хонзода бегим учун қурдирган Боғи Дилкушонинг кўк мармар кўшкида мавлоно Фазлиддин чўкка тушиб ўлтирибди. Ундан пастроқда мавлононинг соқол-мўйлови кўзга кўриниб қолган ўғли одоб билан қўл қовуштириб, ердан кўзини олмай сукут сақлайди.

Нафармон кабо кийган, юзига оқ ҳарир парда тутган Хонзода бегим синиқ товуш билан тўхтаб-тўхтаб сўзлайди:
— Ҳаммадан кўра.. ўлган одамга қийин экан, мавлоно. Ўлган қайтиб келмас экан... Тириклар... оҳ-воҳ қилиб, минг куйиб-ёнсалар ҳам, ахири бир кун... тасалли топар эканлар. Мана, ўзимдан қиёс...
— Бегим, бу замонда тирикларга ҳам осон эмас. Менинг Андижондан бош олиб чиқиб кетганимга йигирма уч йил бўлди. Шундан бери сизнинг бошингизга қанча кулфатлар тушди! Биз қанча балоларни кўрдик.

Хонзода бегим Андижонда қолиб кетган ёшлик йилларини кўз олдига келтира бошлади. Мавлоно Фазлиддин ўшанда қанчалик кўҳлик йигит бўлганига ҳозир ишониш қийин. Азоб-уқубатларга тўлиб-тошган сўнгги ўн йилликлар унинг бўйинларига ҳам ажинлардан тўр солиб кетган, қўлларини суякдай қотириб, томирларини бўрттирган, елкасини букчайтиб, олтмиш ёшлик мўйсафидга ўхшатиб кетган. Ҳолбуки, у энди эллик уч ёшга киргани Хонзода бегимга маълум эди. «Ўзимчи?» деб бегим ҳар куни кўзгуда кўрадиган аксини хаёлидан ўтказди. Хонзода бегимнинг олд тишларидан уч-тўрттаси тушиб кетиб, лаблари буриша бошлаган, сочи сийраклашиб, кулранг тусга кириб қолган эди.

Гўзал ёшликлари энди ҳеч қачон қайтиб келмаслиги, умрларининг энг яхши йиллари очилмай сўлган гулдай умрбод хазон бўлганлиги Хонзода бегимнинг юрак-бағрини тимдалаб ўтди.
— Мавлоно, ўғлингиз неча ёшдалар?
— Йигирма бирда, бегим.

Хонзода бегим ҳалок бўлган Хуррамшоҳнинг тирик бўлса ҳозир йигирма икки ёшга киришини эслади. Бу йўқотишнинг унутилмас алами кейинги дарди устига қўшилди-ю, кўзига ёш қуйилиб келди:
— Ишқилиб, ўғлингизнинг умри узоқ бўлсин. Мен кўрган мусибат сизнинг бошингизга ҳеч вақт тушмасин, мавлоно. Мен энди тирик қолмайман деган эдим. Ёлғиз ўғлимнинг кетидан кетаман деган эдим. Лекин жоним қаттиқ экан.

Мавлоно бегимнинг йиғисидан саросимага тушиб ўғлига бир қараб олди. Сўнг бегимнинг хаёлини бошқа ёққа буриш учун ўзининг бошига тушган азоб-уқубатлардан сўзлашга тушди:
— Ҳиротлар ҳам жуда нотинч бўлиб кетди, бегим. Шоҳ Исмоил шаҳарни олиб, суннийларни қувғин қилди. Кейин яна шайбонийзодалар шаҳарни босиб олиб, шиа тарафдорларини қатағон қилди. Шиа мозорларини очириб, Марвда Шайбонийхонни ўлдиртирган руҳонийларнинг суякларини тўпларга солиб оттирдилар. Кейин кўп ўтмай, Ҳиротни яна қизилбошлар улардан тортиб олишди. Қасд олиш қайтадан бошланди. Ҳаммаёқ алғов-далғов. Камолиддин Беҳзод Ҳиротдан Табризга шоҳ саройига хизматга олиб кетилди. Мавлоно Хондамир шаҳардаги тўполонлардан безиб, ота юртларидаги узоқ бир қишлоққа чиқиб кетдилар. Бизга ўхшаган мусофирларнинг аҳволи бундан ҳам баттар бўлди... Ўғлимиз Аловиддин Ҳиротда сангтарошлик санъатини ўрганган эди. Лекин санъат билан кимнинг иши бор? Ахири, шоир Муҳаммад Султон билан маслаҳатни бир жойга қўйдигу Бобур мирзодан паноҳ истаб Кобулга келдик.

Бу гаплар давомида Хонзода бегим кўз ёшларини артиб, ўзини анча босиб олди:
— Келиб беҳад яхши қилгансиз, мавлоно... мен сизга бир омонатингизни қандай қайтаришни билмай юрган эдим.

Мавлоно Фазлиддин кўзлари пирпираб:
— Қайси омонатим? — деди.

Хонзода бегим маъюс кулимсираб:
— Ҳозир, — деди-ю, ўрнидан кўтарилди ва тўрдаги ўймакор эшикдан ичкарига кириб кетди.

Кўп ўтмай у бир хизматкорга оқ ипак матога ўралган нарсани кўтартириб қайтиб чиқди. Бегимнинг ишораси билан хизматкор ҳалиги нарсани мавлоно Фазлиддиннинг олдига қўйди-да, таъзим қила-қила орқаси билан юриб чиқиб кетди.
— Мавлоно, очиб кўринг, — деди Хонзода бегим.

Мавлоно Фазлиддин ўрамни секин очди-ю, четлари сарғайиб кетган чизмакашлик қоғозларини кўрди. Сўнг уларни авайлаб варақлар экан, ўзининг Андижонда қурмоқчи бўлиб, Хонзода бегим билан бамаслаҳат чизган лойиҳаларини таниди. Йигитлик орзулари хаёлида қайтадан уйғониб, кўзлари чақнаб кетди. Андижонда қурилмай қолган обидаларнинг лойиҳасини шунча йилдан бери асраб олиб юрган Хонзода бегим унга ҳозир ўша ошиқлик пайтидагидек нафис ва жозибали кўринди. Ўшда, қоятош устида нохосдан бегимнинг белидан олган пайтидаги ширин туйғулари уйғонди-ю, юрагини завққа тўлдирди:
— Ҳазрат бегим, сиз менга жонимни қайтариб бергандек бўлдингиз! Мўъжизани қаранг! Орада шунча йиллар! Шунча йўллар! Шунча тоғу дарёлар!

Мавлоно Фазлиддинни тўлқинлантирган завқ ва қувонч Хонзода бегимга ҳам ўтди. Унинг товушида шодлик жаранги эшитилди:
— Ростдан, бу лойиҳалар менга қўшилиб жуда кўп балоларни бошдан кечирди. Мен қанча жойга борган бўлсам, булар ҳам бисотлариму жавоҳирларим орасида мен билан саргардон бўлиб юрди. Фақат охирги марта Қундуздан Самарқандга жўнаганимизда тоғлару дарёлардан кўп юк олиб ўтиб бўлмади. Сандиқларимдан бир қисми Қундуз қўрғонида қолди. Шуларнинг ичида бу лойиҳа ҳам қолган экан. Самарқандга бориб кўп ачиндим. Ёз келса Қундузга одам юбориб олиб келтирмоқчи эдим... Кейин ҳалиги фалокатлар бўлди... Қундузга қолгани яхши бўлган экан. Бошқа сандиқларимнинг ҳаммаси Ҳисорда фитначи мўғулларнинг илкида қолди... Мавлоно, қаранг-чи, ҳамма варақлари жойидами?

Шундай деб, Хонзода бегим юзидан ҳарир пардасини боши устига кўтариб қўйди-ю, лойиҳаларга тикилиб қаради.
— Ҳаммаси жойида! — деди мавлоно Фазлиддин унинг юзига миннатдорона кўз таш-лаб. — Самарқандда фақир сизнинг ҳузурингизга киришга журъат этолмаган эдим.
— Ўзим сизни чорламоқчи бўлдим. Аммо лойиҳалар Қундузда қолганлиги учун андеша қилдим...

Мавлоно Фазлиддин Андижонда Хонзода бегимнинг суратини ҳам чизганини, ҳозир лойиҳалар орасида ўша сурат йўқлигини бегимга эслатгиси келиб:
— Балки... Суратлар йўқолиб кетгандур? — деди.

Хонзода бегимнинг юзига нафис қизиллик югурди:
— Ҳали ҳам мусаввирлик қилмоқдамисиз, мавлоно?
— Ҳазрат бегим, кўп йил машқ қилинмаса қўл мусаввирликдан чиқиб қолар экан... Ҳозир фақат меъморлик билан машғулмен.
— Андижонда чизган суратларингизни мен алоҳида сақламоқдамен, — деб Хонзода бегим мавлононинг ўғлига ийманиб кўз ташлади.

Бўй етиб қолган бу йигит олдида ўзларининг ёшлик муҳаббатларини эслатувчи суратни Хонзода бегим атайлаб олиб чиқмаганини мавлоно Фазлиддин энди сезди.
— Лутфан сиз ҳақсиз, ҳазрат бегим... Ўша суратлар энди умрбод сизники бўлғай!

Буни жуда истаб турган Хонзода бегим:
— Саховатингиздан тоабад миннатдормен! — деди.

Мавлоно Фазлиддин қўлини кўксига қўйиб, одоб билан бош эгди. Сўнг гапни яна очиқ турган эски лойиҳалари устига бурди:
— Мен энди буларни Ҳиротда ўрганган янгиликларим билан тўлдиргаймен. Ана ундан сўнг бемалол амалга оширсам бўлур... фақат... бу мадрасаю қасрлар қаерга қурулмоғи мумкин? Андижон... узоқда қолди. Кобулгами?

Хонзода бегим маъюс бош чайқади:
— Кобул — биз орзу қилгандек қудратли давлат эмас, мавлоно. «Улуғ меъморлик обидалари қурмоқ учун улкан давлатнинг қудратига суянмоқ керак» деганлар ҳақ эканлар. Начора?..

Мавлоно Фазлиддин олдида очиқ турган тарҳларга ғамгин кўз тикиб:
— Ҳа, тақдир бизни нотавон қилиб яратмишдир, — деди. Овози кексаларникидек ғижирлаб эшитилганини ўзи ҳам сезди-ю, қўшиб қўйди: — Мен энди қариб қолдим. Қирғинлар, тўполонлар, фаторатлар билан умрим ўтди. Лекин наҳотки бу ҳаммаси узлуксиз давом этаверса? Ахир бир мен эмас, ўнлаб заковатли олимлар, ҳунарпешалар, шоирлар жаҳолат довули билан Мовароуннаҳру Хуросондан қувилмишлар. Илгари қора кучлар бизни Андижондан қувсалар, Самарқанддан паноҳ топар эдик. Самарқанд жоҳиллари кун бермасалар Ҳиротдан нажот излар эдик. Энди Андижону Самарқанд ҳам, Бухорою Ҳирот ҳам — барчаси кўчманчи султонлару диний адоватлар довулидан зир титрамоқда. Довул учирган хазондай ватанидан қувилган қанча маърифатлик олиму санъаткорлар, қанча нодир истеъдодлар беҳуда ҳайф бўлиб кетмоқдалар. Бизнинг ватандан айрилишимиз — дарёнинг ўзанини йўқотиб, дашту биёбонга тошиб чиқиб кетишига ўхшайдир. Амударё бир вақтлар шу куйга тушган экану то ўзига янги йўл солиб, бошқа бир денгизга бориб қўйилгунча у ёқдан-бу ёққа бош уриб, тошиб юрган экан. Биз ҳам умр бўйи у ёқдан-бу ёққа бош уриб муносиб ўзанимизни тополмаймиз. Энди бу кажрафтор фалак ҳеч бўлмаса фарзандларимизга раҳм қилсин! Биз бўлмасак, булар ўзларига муносиб ўзан чопиб, янги бир маданият денгизига бориб қуйилсинлар!

Умр бўйи ўз ижодий режаларини амалга оширолмай куйиб юрган истеъдоднинг бу аламли нидоси Хонзода бегимни титратиб юборди.
— Мавлоно, фақат сиз эмас, Бобур мирзо ҳам ўзанини йўқотган дарёдек безовталар!
— Биламен, тақдир ул ҳазратга ҳам ўгайлик қилмишдир!
— Аммо Бобур мирзо саргардон бўлиб юрган истеъдодлар дарёсини бир жойга йиғмоқчилар, насиб бўлса, илму санъатнинг янги бир денгизини барпо қилмоқчилар.
— Биз учун сўнгги умид ҳали ҳам Бобур мирзодирлар. Шунинг учун ўғлим билан Кобулга келдик.
— Қаерга жойлашдиларингиз, мавлоно?
— Жияним Тоҳирбекникига тушдик. Ўзи сафарда экан...

Ота-бола икковлари ҳам эски кийим кийишган, ранг-ларини жуда олдириб қўйишган. Уларнинг моддий жиҳатдан ҳам қийналиб юрганларини сезган Хонзода бегим яна ўрнидан туриб, ичкари хонага кириб кетди. Қабосининг чўнтагидан калит олиб, токчада турган пўлат сандиқни очди.

Иниси Бобур мирзо Хонзода бегимга энг нуфузли аъёнлари қатори улуфа тайинлаган эди. Ҳар ойда хазинадан чарм ҳамёнга солинган минг динор олтин келиб турар эди. Хизматкорлар бегимга берилган мулкнинг экин-тикини билан тирикчилик ўтказишарди. Бегимнинг бир ўзига кўп пул кетмас, шунинг учун хазинадан келган олтин тўла ҳамёнларнинг анчаси пўлат сандиқда тахланиб турар эди.

Хонзода бегим мавлоно Фазлиддиннинг кичикроқ бир ҳовли ва от сотиб олиши, кийим-кечаги, уч-тўрт ойлик тирикчилиги учун қанча пул кетишини чамалаб кўрди-да, минг динорлик ҳамёнларидан иккитасини олди. Сўнг уларни бояги хизматкорга бериб, олтин баркашда кўтартирганича ота-боланинг олдига қайтиб чиқди.

Мавлоно Фазлиддин ҳамённи кўриб, хижолат чека бошлади. Хонзода бегимдан пул олиш унга оғир эди.

Хонзода бегим мавлоно Фазлиддиннинг кичикроқ бир ҳовли ва от сотиб олиши, кийим-кечаги, уч-тўрт ойлик тирикчилиги учун қанча пул кетишини чамалаб кўрди-да, минг динорлик ҳамёнларидан иккитасини олди. Сўнг уларни бояги хизматкорга бериб, олтин баркашда кўтартирганича ота-боланинг олдига қайтиб чиқди.

Мавлоно Фазлиддин ҳамённи кўриб, хижолат чека бошлади. Хонзода бегимдан пул олиш унга оғир эди.
— Мавлоно, бу ҳамёнлар Бобур мирзонинг хазиналаридан келмишдир. Ўзлари бўлмаганликлари учун улуфаларини мен сизга топширмоқчимен. Бири — ўғлингиз Аловиддинга. Марҳамат! Олингиз!

Аловиддин қўлини кўксига қўйиб, энди биринчи марта оғиз очиб гапирди:
— Раҳмат, ҳазрат бегим, биз сиздан беҳад миннатдормиз!

Унинг ёқимли товуши ва сўзларни майин талаффуз қилиши мавлоно Фазлиддиннинг йигитлик пайтини эслатар эди... Шу туфайли ота-бола иккови ҳам бегимга бениҳоя азиз кўринарди.

3

Амударё томондан тоғ ошиб учиб келган турналар Кобулнинг устидан жануб-шарқ томонга ўтмоқда эдилар. Аркнинг тиллакори айвонида Моҳим бегим билан нонушта қилиб ўтирган Бобур турналарнинг қисқа ва сирли товуш билан «қурей»лашини эшитди-ю, ўрнидан туриб, айвон четига борди ва осмоннинг овоз келаётган томонига тикилди... Кўкда эгилиб-чайқалиб келаётган бир шода қора маржонни кўзлари билан қидириб топгандан кейин турналарнинг товуши унга гўё аниқроқ эшитила бошлади.

Гўзал ва тиниқ «қур-эй», «қур-эй»ларда қандайдир ҳорғинлик оҳанглари борга ўхшарди ва турналарнинг узоқ-узоқлардан учиб келаётгани эсга тушар эди. Балки улар шу келишда Андижоннинг устидан учиб ўтиргандирлар? Ёки Тошкент ва Самарқанд атрофларидаги со-кин сувлар бўйига қўниб дам олгандирлар?

Бу ўйдан Бобурнинг қалбини аламли бир соғинч туйғуси чулғаб олди. Ҳатто шу турналар кўриб келаёт-ган жойларни у энди бориб кўролмайди. Кўли Маликда ва Ғиждувонда енгилиб, Ҳисорда фитначилар хиёнатидан абгор бўлиб қайтганига, мана, ўн уч йил бўляпти. Бобур шундан бери қалтис ҳарбий юришлардан ўзини тийиб юрибди. Мўғул бекларининг хиёнатларини Қундуздаёқ била туриб, яна ўшаларга ва қизилбошларга таваккалчилик билан суяниб иш қилгани унинг ватанига қайтадиган барча йўлларини бекитиб ташлаган эди.

Турналарнинг узоқлашиб сўниб бораётган товушлари таъсирида Бобурнинг кўнглига: «Энди туғилиб-ўсган юртингга умрбод қайтолмайсан!» деган аламли ўй келди-ю, юзи бирдан тундлашди. Орқасига ўгирилиб, савдарбошига чоғир келтиришни буюрди.

Моҳим бегим дастурхон ёнидан Бобурга томон келар экан:
— Ҳазратим, эрталабдан чоғир? — деб таажжубланди. Ҳозир фарзандларингиз саломга келурлар... Ана, мирзо Ҳиндол аткалари билан келмоқдалар.

Бошига кичкина ипак салла ўраган, мурассаъ камарига кичкина қилич тақилган саккиз ёшли мирзо Ҳиндол айвоннинг баланд зинапоясидан катталардай қўл қовуштириб, таъзим қилиб чиқди. Отаси буни кўриб беихтиёр жилмайди. Ҳиндолни елкасидан қучиб эркалатди, кейин уни ёнига олиб, зарбоф кўрпача устига ўлтирди.
— Қилич тақиб олибсиз, амирзодам, жангга бормоқчимисиз? — деб ҳазиллашди.

Ҳиндол катта-катта кўзларини чақнатиб Моҳим бегимга бир қараб олди. Моҳим бегим «Айтинг!» дегандай бош ирғади. Шунда Ҳиндол бурро тил билан отасига:
— Мени ҳам олиб боринг, — деди.
— Қаерга?
— Ҳин... Ҳиндистонга.
— Ҳиндистонда нима қилмоқчисиз?
— Йўл... йўлбарсни кўрамен...
— Ана холос! — деб Бобур кулди. — Биз сизга Ҳиндол исмни берсак, сиз фақат Ҳинд йўлбарсини томоша қилмоқчисиз холосми?

Бола қизариб:
— Йўқ, — деди ва жажжи қиличининг сопини қисимига олди. — Агар йўлбарс... «ейман» деса, мен мана шу қилич билан уни урамен!

Бобур Ҳиндолни яна елкасидан қучиб эркалатди:
— Баракалло! Ундай бўлса сизни Ҳиндистонга албатта олиб борурмиз...

Шу пайт айвон зинапоясидан олтин кўзачада чоғир олиб чиқаётган шарбатчи кўринди. Моҳим унга қўли билан «Қайтинг!» ишорасини қилди. Шарбатчи Бобурга қўрқа-писа кўз ташлади-да, унинг ўғли билан овуниб, чоғирни эсидан чиқарганини сезди ва зинадан секин қайтиб тушиб кетди. Бобур Ҳиндолдан хат-саводни қанчалик ўрганганини, қанақа шеърлар ёд билишини сўради.
— Мен қуръон оятларидан ёд билурмен. Кулҳу оллоҳу аҳад...
— Ҳиндолнинг шеърга унчалик иши йўқ, — деб изоҳ берди Моҳим бегим. — Бунга ўйин бўлса, ёйдан ўқ отса, от чопса бас. Китобга хуши йўқ.
— Балки ёши кичик бўлгани учундур?
— Гулбадан бундан уч ёш кичик. Аммо саводи Ҳиндолдан яхши. Ҳозир кўрурсиз... Қизча китобга шунчалик ўчки, таажжубдан ёқамни ушлаймен.

Бобур ўйчан товуш билан:
— Наҳот Ҳиндол ўша тоғаларига тортса? — деди.

Бобурнинг бу сўзларида қанчалик мураккаб маъно борлигини фақат Моҳим бегим тушунарди. Чунки Ҳиндол Моҳим бегимдан эмас Бобурнинг кичик хотини Дилдор оғачадан туғилган эди. Шариат берадиган рухсат бўйича Бобур ҳам уч хотинлик бўлиб олган, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган бу бераҳм одат Моҳим бегимни қанчалик эзмасин, аламини ичига ютиб чидаб келар эди. Бобурнинг иккинчи хотини Гулруҳ бегимдан Мирзо Комрон ва Мирзо Аскарий отлиқ икки ўғил туғилди. Булар Ҳумоюндан кейинги тахт ворислари эдилар. Гулруҳ бегим шу сабабли Моҳим бегимга кундошларча совуқ муомала қилар эди. Уч хотин Кобулнинг уч чеккасида ҳар бири алоҳида кўшкда турса ҳам бир-бирларининг аҳволларидан хабардор эдилар. Дилдор оғача беш йилда икки қиз туғди. Моҳим бегим эса уч марта фарзанд доғини бошдан кечирди. Унинг Ҳумоюндан кейин туққан икки ўғил, бир қизи бирин-кетин ўлиб кетди. Кейин умуман бўйида бўлмай қолди. Бунинг ҳаммасидан Моҳим бегим жуда қаттиқ куйиб юрганини сезган Бобур унга қандай тасалли беришни билмас эди. Бир куни мана шу айвонда ўтирганларида Моҳим бегимнинг ўзи: «Дилдор оғача яна ҳомиладор эмишлар, — деб қолди.— Мен куйиб адо бўлдим. Энди Дилдор оғача шу гал ўғил туғса ҳам, қиз туғса ҳам, агар менга берсангиз ўз фарзандимдек тарбиялаб ўстирар эдим».

Дилдор оғача ўз фарзандини кундошига ишониб топширишини тасаввур қилиб бўлмас эди. Лекин Моҳим бегим Ҳумоюнни қанчалик яхши тарбиялаганини ҳамма билар, унинг яна фарзанд ўстириш иштиёқи зўрлигини Бобур ҳам сезар эди.

Дилдор оғача Кобулнинг Боғи Йўнғичқасида мана шу Ҳиндолни туққанида Бобурнинг махсус фармони билан уч кунлик чақалоқни аркда турадиган Моҳим бегимнинг тарбиясига келтириб бердилар.

Бу болани тўққиз ой қалби тагида кўтариб юрган Дилдор оғача: «Ўғлимдан тириклай жудо бўлдим», деб анча вақт йиғлаб-сиқтаб юрди. Бобур унга:

«Азалдан удум шундоқ, — деб важ кўрсатди. Подшоҳ оиласида ўғилларни катта хотин тарбият этмоғи керак. Моҳим Ҳумоюнни қандоқ вояга етказди, кўрдингми? Ҳозир Бадахшонда энг обрўлик ҳоким! Худо хоҳласа, Моҳим Ҳиндолни ҳам шундоқ вояга еткизгусидир!»

Моҳим бегим Ҳиндолни ўз фарзандидан ҳам зиёда тарбия қилаётгани Бобурга маълум эди-ю, лекин боланинг тоға авлодлари жоҳил ва маърифатсиз одамлар эди. Дилдор оғача Ҳисор ва Самарқандда кўп ёмон ишлар қилган Султон Маҳмуд мирзонинг авлодларидан эди. Шайбонийхон томонидан ўлдирилган Султон Али мирзога ҳам хешлиги бор эди. Бобур Самарқандда сўнгги гал ғалаба билан борганда ва қизилбошлар билан май ичиб юрган кунларида Дилдор оғачанинг ҳуснини, хусусан, дутор чалиб ашула айтгандаги ширин овозини ёқтириб қолиб, кайф устида уни ҳарамига олган эди. Бунинг ҳаммасидан хабардор бўлган Моҳим бегим Бобурнинг «Ҳиндол маърифатсиз тоғаларига тортмасин, тағин!» деган ҳадигини тарқатишга интилди:
— Ҳазратим, Ҳумоюннинг кўп фазилатлари Ҳиндолда ҳам бор. Қалби тўла меҳр.

Ишонаменки, Ҳиндол ҳам сизга тортгай. Эгачингиз Хонзода бегимдан эшитганмен. Сиз ҳам мана шу ёшда «уруш-уруш» ўйнашни беҳад яхши кўрар экансиз.

Бобур яна Ҳиндолга юзланди:
— Мен сенга китоблар совға қилсам ўқурмисен?
— Ўқу... ўқурмен! — деб Ҳиндол тутилиброқ жавоб берди.

Бобур муншини чақириб, Кобул кутубхонасидан Ҳиндолга керакли китобларни Моҳим бегимга келтириб беришни буюрди. Шундан кейин савдарбоши ички хонадан боланинг бўй-бастига мослаб ишланган олтин дастали Камони Шоший олиб чиқди. Чиройли соқдоқда ўн иккита олтин безакли ёй ўқи ҳам бор эди. Бундай чиройли ўқ-ёйни биринчи марта кўраётган бола нодир совғани қўлига олганда кўзлари қувончдан ялтираб кетди.
— Ана, тирандозлиқни машқ қил, аммо китоб ўқишни ҳам унутма! — деб тайинлади Бобур.

Ҳиндол таъзим билан отасига қуллуқ қилиб, зинапоядан пастга тушиб кетди. Орадан сал ўтмай айвоннинг ички эшигидан эллик ёшлардаги энага аёл кичкина Гулбаданни қўлидан етаклаб чиқди. Бу истараси иссиқ аёл — Тоҳирнинг хотини Робия эди. Авваллари Қутлуғ Нигор хоним хизматида бўлган Робия ҳозир Моҳим бегим ҳузурида беш яшар Гулбаданга энагалик қилмоқда эди.

Бобур ўз оиласига йигирма тўрт йиллик қадрдон бўлган Робиянинг таъзим билан берган саломига алик олиб, у билан илиқ сўрашди. Сўнг қизчаси Гулбаданга юзланди.

Қўғирчоқдай ясантирилган жажжи қизчанинг қош-кўзи беихтиёр Дилдор оғачани эслатди. Гулбаданни ҳам ўша гўзал жувон туққан эди. Моҳим бегим Ҳиндолни оналарча суйиб парвариш қилаётганини йиллар давомида кузатиб юрган Дилдор оғача бу аёлнинг тантилига қойил бўлган ва Гулбаданни унга ўзи фарзандликка берган эди. Бу икки аёл энди калондимоғ Гулруҳ бегимга қарши гўё болалар орқали иттифоқ тузган эдилар. Гулруҳ бегим эса бир эмас, икки ўғли бўй етиб келаётганидан беҳад мағрурланар, Комрон мирзо ва Аскарийларни тахт вориси Ҳумоюнга қарши рақобат туйғуси билан тарбиялар эди. Шу сабабли Бобур ҳам Гулруҳ бегимдан кўп ранжир, лекин орадаги кундошлик балосини бутунлай даф қилиш қўлидан келмас эди.

Мурғак қизчасини кўрган заҳоти эсига тушган бу мураккабликлар Гулбаданнинг эгилиб таъзим қилиши ва ширин «ассаломи» билан хаёлидан узоқлаша бошлади. Бобур қизчасини қўлида кўтариб олиб, пешонасидан ўпди, сўнг дастурхон олдига келиб, уни тиззасига олиб ўтирди. Дастурхон тўла ноз-неъматларни, Одинапурдаги Боғи Вафода ўсган чиройли норинж[18]ларни кўрсатиб:
— Не ейсан? — деб сўради.

Гулбадан одоб билан бош чайқади — у подшоҳ отасининг олдида овқат чайнаб ўтиришдан ийманар эди. Лекин дадасининг зар қўшиб тўқилган қимматбаҳо абосидаги тугмалар уни жуда қизиқтириб қўйди. Бу тугмалардан бирининг юз томонига кичкина қилиб йўлбарс шакли ўйилган. Йўлбарснинг кўзлари ўрнига зиғирдан ҳам кичик ёқут доналари ўрнатилган. Иккинчи олтин тугманинг юзида афсонавий бир қуш қанотларини ёзиб тумшуғида кичкина гавҳарни олиб учиб боряпти. Умрида бундай ғалати тугмаларни кўрмаган қизча уларнинг биттасини қўлчаси билан секин ушлаб кўрди.
— Сенга тугмалар маъқулми? — деб сўради дадаси, Гулбадан «ҳа», деб жилмайди. Бобур қизчаси ушлаб кўрган юқориги тугмани юлиб олмоқчи бўлиб бир тортди. Лекин тугма жуда маҳкам тикилган экан, узилмади.
— Ҳазратим, не қилмоқчисиз? — ҳайратланиб сўради Моҳим бегим. — Қўйинг, тугмани узманг, ахир бу сизнинг шоҳона либосингиз!
— Ҳечқиси йўқ. Заргарга буюрсалар, яна битта шундоқ тугма ясаб бергай.

Бобур камарига осилган қиндан кичкина қаламтарош олди-ю, ўша тугмани ипидан қирқиб олиб, қизчасига берди:
— Лекин йўқотма. Бу қуш — Ҳумо. Илоҳим сенга бахт келтирсин.

Гулбадан қувониб ва ҳаяжонланиб:
— Раҳмат, ҳазрати... оли... — деди-ю, лекин жумланинг охирини унча келиштиролмади.
— Мени ота дея қол қизим.

Гулбадан онаси Моҳим бегимга савол назари билан қаради. Моҳим «ҳа, айт!» дегандек бош ирғади. Шунда Гулбадан қўлчалари билан отасининг бўйнидан қучди-да:
— Отажон! — деб унинг ёноғидан ўпди.

Бобур кўпдан бери ҳис қилмаган болаларча бир поклик ва маъсумлик борлиғига гўё нур бўлиб таралди.
— Гули, — деди Моҳим бегим, — энди ҳазрат отангга битта ҳикоя айтиб бергин.

Гулбадан секин отасининг тиззасидан пастга тушдида, худди муаллимга жавоб бераётган талабадек тик туриб, тошбақа ва чаён ҳақидаги машҳур ҳикоятни айтиб берди. Хусусан, тошбақа чаёнга яхшилик қилиб, уни дарёдан ўтказиб қўймоқчи бўлганда, чаён унга заҳар солишга тиришганини, сўнг бу ёмонлиги учун дарёга чўкиб ўлганини шундай келиштириб айтдики, Бобур завқ қилиб кулди-да:
— Сиз сўзлаб берганмидингиз? — деб Моҳимдан сўради.
— Йўқ, ўзи «Тўтинома»ни бемалол фаҳмлаб ўқиди. Беш ёшга етмай савод чиқарган қизчани мен биринчи кўришим.
— Гулбаданга кўз тегмасин, зеҳну муҳофазаси беназир.
— Саъдийнинг «Гулистон»идан хийла ҳикоятларни ёд билур. Ашъорга унча ўч эмас. Аммо насрий ҳикоя хотирасига сўзма-сўз нақшланиб қолур. Боғда, кўчада кўрганларини ҳам келиштириб ҳикоя қилур. Мен ўзимча орзу қилурменки, Гулбадан шоира бўлмаса ҳам ҳазрат оталарининг насрнавислигини мерос олса не ажаб?
— О, наср ёзмоқ учун қанчалик кўп савдоларни бошдан кечирмоқ керак, Моҳим!

Гулбадан ота-онасининг гапларига яхши тушунаётгандай сергакланиб қулоқ солмоқда эди. Унинг катта-катта шаҳло кўзларида қандайдир умид, айни вақтда, хавотирлик борга ўхшарди. Гўё унинг отасидан кутган умидлари пучга чиқса кўнгли қаттиқ озорланишини сезиб хавотирланаётгандек кўринарди.
— Зукко қизим, ҳазрат онанг сендаги ажиб бир қобилиятни яхши пайқабдир. Агар Гулининг насрга ишқи зўр бўлса, — деб Бобур Моҳим бегимга қараб давом этди, — «Воқоиъ»нинг осонроқ бобларидан берай, хаттот қизчамизга бир нусха кўчириб берсин.
— Мен ҳам сиздан шуни илтимос қилмоқчи эдим. Гули туркий тилни ҳазрат оталарининг китобларидан ўргангани яхши. Мен, ожизангиз, орзумандменки, фақат Ҳумоюндек ўғилларингиз эмас, Гулбадандек қизларингиз ҳам тарихда сизга муносиб ном қолдирсалар[19].

Бу сўзларнинг самимийлигини бутун вужуди билан сезган Бобур нохосдан тўлқинланиб кетди. Моҳим бегим кундоши Дилдор оғачанинг бир эмас, икки фарзандини шунчалик меҳр билан тарбиялаши ва уларнинг келажагига шу даражада жон куйдириши учун қанча катта бардош, тантилик, бағри кенглик керак бўлганикин? Бобур ёши қирқдан ошган сари келажак авлод ҳақида кўп ўйлар, фарзандлар, айниқса, шу ёшда одамнинг ҳаётида ҳал қилувчи кучлардан бирига айланишини сезарди. Шу сабабдан ҳам Моҳим бегимнинг биргина Ҳумоюнни эмас, мана, Ҳиндол билан Гулбаданни ҳам оталарига садоқатли ва меҳр-оқибатли фарзандлар қилиб тарбиялаётгани хотин кишининг ўз эрига қилиши мумкин бўлган энг улуғ яхшилиги эканини ҳозир бутун борлиғи билан ҳис қилди. Бобур подшоҳлик удумига ён бериб, Моҳим бегимнинг устига яна икки хотин олган бўлса ҳам Моҳим буни бағрикенглик билан кечиргани, яна ўзини унга шунчалик фидо қилаётгани — тенгсиз бир муҳаббат ва садоқатнинг нишоналари эмасми?

Бобур тез ўрнидан туриб, кўрпачада ўлтирган Моҳим бегимнинг устига энгашди-ю, сочидан, пешонасидан, юзидан ўпа бошлади.
— Моҳим, сиз менинг беназир малагимсиз! — деб эҳтирос билан шивирлади: — Мен шоҳ бўлсам ҳам улуғ қалбингиз ўтрусида қулмен!

Моҳим ҳам тез ўрнидан кўтарилди. Гулбадан ота-оналарига ийманиб қараб турганини кўрди-ю, атрофга олазарак бўлиб кўз ташлади.

Робия уларни холи қолдириб ичкарига кириб кетган. Савдарбошилар ҳам йўқ. Бобур Моҳим бегимнинг кўзларидан ҳам ўпиб:
— Буюринг, — деди, — неки истасангиз мен бажо келтирай!

Моҳим бегим уялиб шивирлади:
— Гулбаданга жавоб берайлик...

Бобур яна савдарбошини чақирди ва Гулбаданга Ҳиндистондан келтирилган тўтиқушларни ҳадя қилишни буюрди.

Чиройли олтин қафасларга солинган тўтиқушларнинг камалакдай товланган патлари Гулбаданнинг эътиборини ўзига тортди. Тўтиқушлар сўзлашни билар эди, каттароғи шанғи товуш билан:
— Ассалом, бегим! — деди.

Гулбадан бундан завқ қилиб болаларча соддалик билан:
— Ассалом, тўти! — деди.

Шунда ҳаммалари беихтиёр кулиб юбордилар. Гулбадан дадасининг олдига чопиб келди, бу ажойиб совғаси учун унинг қўлини ўпди. Бу орада ичкаридан чиққан Робия қизчани секин қўлидан олди-да, тўтиқуш солинган қафас билан бирга зинапоядан пастга олиб тушиб кетди.

Бобур ва Моҳим бегим икковлари ичкари хонага йўналдилар. Катта танобий уйнинг тўридаги шаҳнишинга эроний гиламлар ва зарбоф кўрпачалар тўшалган эди. Бобур Моҳим бегимнинг хипча белидан қучиб, ўша томонга бошлаб борар экан:
— Ҳали ҳам келинчаклик пайтларингиздагидек сарв-қоматсиз, Моҳим, — деди.
— Чунки сиз мен учун ҳамон йигирма ёшлик йигитсиз!

Моҳим бегим шундай деб, ички уйнинг очиқ эшигидан кўриниб турган шоҳона тўшакларига оловли бир нигоҳ ташлаб олди. Бугунги эҳтиросли тун, икковлари худди аланга тилларидек гоҳ бутун борлиқлари бирлашиб, гоҳ яна ажрашиб, сўнг қайтадан олов мавжида бирлашиб, икки тан бир вужудга айланган пайтлари хаёлига титроқ солиб ўтди. Ўша дақиқаларда Моҳим эрининг қулоғига: «Сиз менинг кўз очиб кўрган ягона ёримсиз, сочингиздан-тирноғингизгача бутун борлиғингиз менга жонимдан ҳам азиз, энди сизни бошқа ҳеч кимга бермасмен!» деб шивирлаган эди. Бобурнинг ҳозир уни ўпиб: «Мен шоҳ бўлсам ҳам сизнинг улуғ қалбингиз ўтрусида қулмен!» дегани Моҳимнинг ўша тунги сўзларига жавобдек эшитилди. Бу сўзлар ва ўпичлар Моҳим бегимнинг борлиғини шундай яйратиб юбордики, ёши ўттиз еттига борган бўлса ҳам ҳозир йигирма ёшли жувондек ҳусни жамоли очилиб, кўзларидан ўт чақнаб, шўх оҳангда сўради:
— Мен ҳозир неки тиласам бажо келтирурмисиз?

Бобур Моҳимнинг янги бир кўшк қуриб беришини ёки катта харажатлар учун хазинадан қўшимча олтин сўрашини кутган эди. Унинг бунақа истакларини сўзсиз бажаргиси келиб турган Бобур:
— Сиздан молу жонни аямасмен, буюринг! — деди.

Моҳим бир лаҳза тараддудланиб турди-ю, паст ва жиддий товуш билан деди:
— Сиздан молу жон эмас, фарзандимиз Ҳумоюнни... Кобулга қайтаришингизни илтимос қилмоқчимен.

Бобур ҳам энди жиддийлашиб:
— Нечук? — деди. — Бутунлай Кобулга қайтсинми?
— Ҳа, сиздан ўтинамен!
— Моҳим, Ҳумоюн ёнимизда бўлишига мен ҳам ташнамен. Бироқ шимолий чегараларимизни Ҳумоюндек ишончли одам қўриқлаб турмаса, шайбонийзодаларни ўзингиз билурсиз...
— Билганим учун туну кун хавотирдамен. Икки йилдан бери Ҳумоюн Бадахшонда. Мен уни шунчалик соғинаменки, турган хоналарига кирсам, ўқилган китобларини варақласам, кўзимга ёш келур.
— Моҳим, сиз билурсизки, тождорлару валиаҳдларга она бўлишнинг машаққати беҳисоб... Шукр қилинг, менинг раҳматлик онам тортган азобларни худо сизнинг бошин-гизга солган эмас. Ҳумоюн мирзонинг ишлари жуда тараққийда. Бадахшонлик содиқ йигитлардан тўрт-беш минги уни асраб-авайлаб юрурлар. Шайбонийзодалар ҳам биз билан муроса қилишга мажбур, чунки ҳозир улар ички низоларни тинчитолмай, ўзлари билан ўзлари овора.
— Ундоқ бўлса, Бадахшонга энди Комрон мирзони юбора қолинг. Ахир у киши ҳам ўн олтига кирдилар. Гулруҳ бегим доим ўғилларининг эр етганидан фахрланиб гапирурлар.

Бобур хотинларининг орасидаги рақобатни жуда ёмон кўради. Чунки кундошлик рақобати болаларга таъсир қилса, улар бора-бора бир-бирларига душман бўлиб қолишлари мумкинлигини биларди.
— Сиз Гулруҳ бегимнинг гапига эътибор берманг деган эдим-ку, Моҳим!
— Эътибор бермай иложим йўқ, ҳазратим! Чунки Гулруҳ бегимнинг икки ўғли ҳам ёнларида. Мен бўлсам узоқдаги Ҳумоюнни соғиниб қон ютурмен!
— Оббо!.. Майли, мен сизнинг тилагингизни бажо келтирамен, деб сўз бердим. Сўзимда турмоғим керак. Ҳумоюнни жуда соғинган бўлсангиз, икки-уч ҳафтадан сўнг уни албатта кўрурсиз.
— Қаерда кўрурмен? — овози титраб сўради Моҳим.— Кобулдами?

Бобур овозини пасайтириб:
— Одинапурда, — деди.

Одинапур Ҳиндистон чегарасига яқин жойда эди, Моҳим бегим Бобурнинг ўша жойда қўшин тўплаётганини эшитган эди. Афтидан, Ҳумоюннинг Кобулга келиб юрмасдан, бор қўшини билан Бадахшондан тўғри Одинапурга ўтиб бориши ҳарбий мақсадларга мувофиқроқ келар эди.

Моҳим бегим энди хавотирли овоз билан сўради:
— Ҳазратим Ҳумоюнни ҳам Ҳинд юришига олиб бормоқчиларми?

Сир сақланаётган мавзуда гап очилгани учун Бобур атрофга кўз ташлаб, бир лаҳза жим қулоқ солди. Айвонда ҳам, ички уйларда ҳам икковларидан бошқа одам йўқ эди.
— Сиз билурсиз, мен Мовароуннаҳрдан умидимни узганимдан бери ёруғ бир истиқболни Ҳиндистон томондан изламоқдамен. Ўн йилдан бери бир неча қайта ишончли одамларимни Ҳиндга элчиликка юбордим.
— Ўзингиз ҳам Ҳиндга тўрт қайта бориб келдингиз-ку.
— Лекин тўрт мартасида ҳам Деҳлига етолмадим. Лахўр атрофларидан қайтдим.
— Ҳиндда ватанларини жон-жаҳд билан ҳимоя қиладиган ботир йигитлар кўп экан-да.
— Ҳа, хусусан, ражпут йигитлари жасур қиличбоз келурлар.
— Улар жангда нечоғлик беомон эканини биз ҳам эшитдик. Шунинг учун ҳар гал Ҳинд юришига кетганингизда хавотирлик оловида қоврилиб, тунларни уйқусиз ўтказурмен. Ҳар икки томондан қанча бегуноҳ одамлар жанг қилиб ҳалок бўлгани хаёлимдан нари кетмайди. Ҳатто Бажур қўрғонида ўлдирилган уч минг ёғийнинг бошидан калла-минора ясатибсизлар!
— Сиёсат учун... зарур бўлди.
— Аммо бундай сиёсат сиздек сиймо учун маъзур эмас, ҳазратим! Шаккоклигим учун мени кечиринг! Ҳинд юриши энди бас!
— Йўқ, бас қилолмасмен. Ҳиндистон рожалари менга элчи юбормишлар. Улар Иброҳим Лодининг[20] зулмидан безор эмишлар. Мамлакатлари вайрон, улуслари пароканда, ўзаро урушлардан ҳамма безган. «Ҳиндда қудратли давлат тузиб, қадимий маданиятни тикламоқ учун бизга сиздек маърифатли тождор керак» деб, панжоблик Давлатхон ўз ўғли Диловархонни бизга вакил қилиб юборибдир.

Моҳим бегим Бобурнинг Давлатхон билан иттифоқ тузганини билар эди. Бобурни Иброҳим Лоди зулмига қарши чорлаётганлар орасида ҳиндистонлик машҳур рожа Санграм Синх ҳам бор эди. Бундан уч кун олдин Бобур шу рожанинг элчисини қабул қилган, лекин унга нима жавоб берганини ҳали кўпчилик билмас эди. Моҳим эрига майин тикилиб:
— Бир саволга ижозат беринг, — деди.
— Марҳамат.
— Рано Синх билан ҳам иттифоқ туздингизми?

Бобур тасдиқ маъносида бош ирғади.
— Мен Ҳиндга борсам, уни талаб келиш учун эмас, балки умр бўйи интилиб етишолмаётган орзуларимни ўша ерда рўёбга чиқариш учун бормоқчимен! Ҳозир шу мақсадга етишиш учун қулай фурсат келди.
— Бироқ бу мақсадингиз йўлида даҳшатли бир чоҳ— қонли уруш бор!
— Биз бу чоҳдан от сакратиб ўтмоғимиз мумкин.
— Ҳазратим, сиз от сакратиб ўтганингизда ҳам, бу чоҳга минг-минг беваю сағираларнинг кўз ёшлари тўкилгай! Бегона юртнинг оналарию бевалари сиз билан урушда ўлган фарзандларию эрларининг ўлимини кечирармикинлар?
— Ўшал оналару беваларнинг фарзандларию эрлари пароканда юртнинг ички урушларида озмунча ҳалок бўлмоқдами? Иброҳим Лоди гоҳ Панжоб билан, гоҳ Гвалиор билан, гоҳ Бангола билан жанг қилур. Наригилар ҳам бир-бирлари билан тахт талашиб урушурлар. Ҳар йили қирқ-эллик минг навкар бу ўзаро урушларда беҳуда ҳалок бўлмоқда. Мамлакат бизнинг Мовароуннаҳрдек хароб. Бу тўполонлардан безган ҳинд беклари қочиб келиб мендан паноҳ топдилар. Шулардан бири Ҳиндубек беш йилдан бери менинг нуфузли амирларим қаторида юрганини билурсиз. Улар ҳам мени Ҳинд сари чорлайдирлар, мамлакатни обод қилишни, илму маърифатни юксалтиришни ўйлайдилар.
— Агар бундай маърифатли подшоҳ ўз юртларидан чиқса эди, улуғ давлат тузиш йўлида ноилож тўкиладиган қонлар осонроқ унутилмоғи мумкин эди. Аммо бошқа юртдан борган фотиҳларнинг тўккан қонлари фотиҳлик қиличидан етган дил яралари асрлар давомида унут бўлмағай, тузалмағай! Мен ана шундан хавотирдамен, ҳазратим!

Моҳимнинг сўнгги сўзлари Бобурнинг дилидаги энг оғрийдиган ярани тирнагандай бўлди. У озорланиб ўрнидан турди:
— Тақдир қиличи бизнинг дилимизни озмунча яраладими? Қани бу яраларнинг унут бўлгани? Қани тузалгани?!

Бобур кафтини кафтига қаҳр билан уриб, савдарбошини чақирди:
— Мен боя айвонда чоғир келтиришни буюрган эдим! Нечун келтирмади?

Унинг авзойи кескин ўзгарганини, ҳозир савдарбоши кирса бирон жазо олиши мумкинлигини Моҳим бегим сездию тез ўрнидан турди.
— Ҳазратим, чоғир ичгингиз келса, марҳамат, мен сақлаб қўймишмен, — деб ипак парда билан тўсилган токчадан олтин кўзача тўла май ва иккита нафис чинни пиёла олди. Бошқа токчада гулдор дастурхон билан бир лаган норинж турган эди. Дастурхонни апил-тапил шаҳнишинга ёзиб, норинжни унга қўйди-да, Бобурни таклиф қилди. Кўзачадан чинни пиёлага хушбўй майни қуяр экан:
— Ижозат берсангиз, мен ҳозир соқийлик қилсам!— деди.

Бобур ўтирар экан, ижозат маъносида бош ирғади.

Моҳим пиёлага ярмидан ошириброқ май қуйди-ю, чап қўли кўксида, ўнг қўли билан Бобурга узатди:
— Олинг, ҳазратим, сизга узоқ умр, бахту саодат ёр бўлғай!

Пиёладаги тиниқ хушбўй ичимлик Моҳимнинг қўли билан бирга хиёл титраб турибди. Бобур пиёлани олар экан, хотини илиқ бир гап кутаётганини сезди. Лекин ҳозир унинг қалбида қандайдир совуқ изғирин хуруж қилмоқда эди. Ҳарбий ва сиёсий ишларнинг қорбўрони хаёлларини чирмаб, гоҳ ҳазора қабилалари билан бўлган қонли тўқнашувларга олиб кетар, гоҳ Панжобга боғлиқ чигал муаммолар, гоҳ карвон йўлларида талончилик қилган қароқчиларни жазолаш ташвишлари эсига тушар, гоҳ оғир замбаракларни синовдан ўтказиш пайтида уларнинг йўғон мис қувури ёрилиб кетгани ва тўпчилардан беш киши ўша жойда ҳалок бўлгани кўз олдига келар эди. У совуқ изғирин чангалидан чиқиб кетишга ва аввалги илиқ руҳий ҳолатига қайтишга интилиб, дардли товуш билан деди:
— Моҳим, узоқ умру бахтли ҳаёт мен учун ушалмайдиган орзу бўлса керак.
— Нечун? Агар тангрим насиб қилса, ушалиши ҳеч гап эмас. Илоҳим насиб қилсин!
— Айтганингиз келсин...

Бобур майни сипқорди-ю, пиёлани Моҳим бегимга қайтариб берди. Норинждан биттасининг пўчоғини қўли билан арчиб, ярим палласини еди. Сўнг Моҳим бегимга «Яна қуйинг!» ишорасини қилди.

Иккинчи пиёладан кейин вужудига майин бир илиқлик таралди, бояги совуқ изғирин хаёлидан узоқлашгандай бўлди-ю, Моҳимга кўнглини очиб гапиргиси келди.
— Бу амирлар, элчилар, иттифоқдошлару ёғийлар, яна юз хил давлат ишлари қалбимни юз бўлак қилиб, юз томонга тортадир, Моҳим! Гоҳо менинг кўнглим ҳам парчаланиб кетган, ўзаро урушларда азоб тортаётган мамлакат каби алғов-далғов бўладир! Ҳаётимда гўё шундай бир қутб борки, унга барча амирлару элчилар, чопқинлару урушлар тўпланмишдир. Бу қутбда мен совуққонликка ўрганмишмен, чунки сиёсат бобида одамларга худди шатранж тахтаси устидаги пиёдаю сипоҳийларга қилган шафқатсиз муомалани қилмасанг, уларни ақлу фаросат, ҳисобу китоб билан идора этмасанг, муродга етолмассен. Аммо бу шафқатсиз сиёсатнинг совуқ изғиринидан ўзим тўнғиб кетурмен. Сўнг май ичиб, исингим келур. Бу совуқ қутбда шеър ёзишга ҳам ҳафсалам қолмас!
— Ўшал нохуш қутб ўтрусида бошқа илиқ маконингиз йўқми, ҳазратим?
— Бугун... мана ҳозир яна бир марта пайқадимким... мен учун оламда энг илиқ қутб — Сиз, Ҳумоюн, Гулбадан... Сизлар билан бўлганда туйғуларим жўшиб, ижод қилгим келур.
— Ундоқ бўлса, доим биз билан бирга бўлинг! Бундан биз ҳам беҳад бахтиёр бўлурмиз!
— Қани эди!.. Аммо бунинг учун мен давлат ишларидан бутунлай воз кечмоғим керак.
— Бутунлай воз кечишингизга ҳожат йўқ, ҳазратим. Ахир сиз Кобулда катта давлат барпо этдингиз. Қундуздан Қандаҳоргача, Бадахшондан Синд дарёсигача бўлган пароканда ўлкаларни бир марказ атрофига бирлаштирдингиз. Кобул ўз тарихида биринчи марта шундай улкан мамлакатнинг пойтахтига айланди. Бу ерда сиз янги кўшклар қурдирдингиз, янги боғлар барпо этдингиз, янги ариқлар қаздириб, кўп жойларни обод қилдингиз. Шу ҳаммаси сиз учун азиз эмасми?
— Ношукрлик бўлмасин, мен Кобулда кўп масъуд кунларни кўрдим. Бироқ катта орзуларимни рўёбга чиқаришга ҳамон ожизмен. Шу менга тинчлик бермайдир. Кобул атрофидаги кўп жойлар ҳали қаламий эмас, сайфий[21]. Ана, Ғазнида неча асрдан бери бузилиб ётган улуғ банд[22] бор. Маҳмуд Ғазнавий банди дерлар. Агар шу банд тикланса, чўл бўлиб қолган катта бир водий яна яшнаб кетгай. Мен шу бандни тузаттирмоқчи бўлдим. Лекин сарфини ҳисоблаб кўрсам, хазинам етмас экан... Бу аҳволда мен Камолиддин Беҳзоддек улуғ истеъдодларни қайси давлатимга таклиф этамен? Беҳзодни Шоҳ Исмоил Табризга олиб кетмишдир. Чунки ҳозир шоҳ мендан қудратлироқ. Қанчадан-қанча илму ҳунар аҳли, меъморлару муҳандислар бор, агар чорласам, кўплари келурлар. Лекин... Кобулга ўзи келган меъмор мавлоно Фазлиддинга муносиб иш топиб берганим йўғу бошқаларни қандоқ чорлай?

Моҳим бегим Бобурнинг Ҳиндистонга интилишига нақадар кўп ва мураккаб сабаблар борлигини сезиб:
— Хоразмлик ватандошингиз Беруний ҳам Ҳиндис-тонга борган — деди. — Ҳазратим, сиз унинг «Ҳиндис-тон» отлиқ китобини қандай ўқиганингиз эсингиздами?

Бобур Ғазнидан топиб келинган бу китобнинг эски араб тилидаги нусхасини қийналиб ўқиган бўлса ҳам мазмунини жуда ёқтирган эди.
— Ҳа, Ҳинд ҳаётини Берунийчалик теран таҳлил этган олим кам бўлса керак. Беруний ҳам менинг Ҳиндни кўриш иштиёқимни оширди.
— Биламен. Ҳиндда сизни оҳанрабодай ўзига тортган яна бир сиймо Хисрав Деҳлавийдир.
— Сўзингиз чин, Моҳим. Мен Деҳлавийнинг кўп ашъорларини «Мухтасар» китобимда келтирмишмен. Деҳлавийнинг отаси амир Маҳмуд Қарши билан Шаҳрисабз оралиғида яшаган лочин исмли туркий қабиладан эди. Мен буни яқинда билдим. Лочин қабиласи Чингизхон истилосидан қочиб, Ҳиндга бориб қолган экан. Хисрав Деҳлавий Давлатноз исмли ҳинд муслимасидан туғилмишдир.
— Ҳазратим, — деди Моҳим Бобурга мулойим тикилиб, — сиз ҳам шоирсиз, ҳам олимсиз. Мен орзу қилардимки, барча эл-улуслар сизни ҳам Берунийдек, Деҳлавийдек фақат яхши сўзлар билан тилга олсалар.

Бобур Моҳим бегимнинг ботиниб айтолмаган сўзларини тушунди-ю, юзи тундлашди. Хаёлида яна ўша совуқ изғирин қўзғалди.
— Сиз менинг подшоҳ ҳам эканимни нечун эслатмоқчи эмассиз?
— Чунки мен сизни ижодингиз олови ёнган илиқ қутбда муқим туришга чорламоқчимен!
— Мен ижод қутбида умрбод қолмоқчи бўлиб, Даҳкатда, Осмон Яйловда ялангоёқ юрганимда нечун учрамадингиз? Энди кеч!.. Подшоҳни барча эл-улуслар фақат яхши сўзлар билан тилга олиши — ушалмайдиган бир орзу. Мен одамларнинг мақтовига ҳам, таънаю маломатига ҳам роса тўйганмен!

Бобур яқинда ёзган бир ғазалидан икки сатрини жўн сўзга ўхшатиб оҳангсиз, айтди:
— Улуснинг таъну таърифи[23] менга, Бобур, баробардур, бу оламда ўзимни чун ёмон-яхшидан ўткардим.
— Рост, бизнинг ҳеч биримиз дунёнинг аччиқ-чучугини сизчалик кўп татиб кўрган эмасмиз... Оламнинг бераҳм дағал жабру жафоларини бунчалик кўп кўра туриб шу қадар нафис шеърлар битишингиз, шунчалик назокатли оҳангда куйлашингиз мени доим бир мўъжизадек ҳайратга солур. Ҳазратим, сиз улуғ шоирлар даврасидан жой олмоғингиз керак. Мен гоҳо қўрқаменки, жаҳонгирлик, фотиҳлик сизнинг шоирлигингизга соя ташлаб қўймасмикин?
— Ҳинд юришидан воз кечинг, демоқчимисиз?!

Моҳим бегим Бобурни бу ниятидан қайтаролмаслигини энди аниқ сезди.
— Ҳазратим, ҳеч бўлмаса Ҳумоюнни Кобулда қолдиринг! Ахир сиз Ҳиндга кетсангиз, кимдир Кобулни бошқариши зарур-ку!
— Мен йўғимда Кобулни сиз идора этгайсиз, бегим!
— Наҳот! Ахир мен аёл кишимен! Шариатга биноан хотиннинг мавқеидан ўғилларнинг мавқеи баландроқ бўлур. Кобулда ўғилларингиз мирзо Комрон билан мирзо Аскарий борлар.

Бобур бу муаммони бирпасда совуққонлик билан ҳал қилди:
— Мирзо Комронга Қандаҳорни бергаймен. Аскарий иккаласи шу ҳафта Қандаҳорга кетурлар.

Қандаҳор бу ердан отда бир ҳафталик йўл. Ўғиллари кетса, Гулруҳ бегимнинг ҳовури пасайиб қолиши аниқ.
— Кобул менинг хос шаҳрим, — деб давом этди Бобур. — Уни ҳаргиз ўғилларга бермасмен, фақат сизга топшириб кетгаймен! Қосимбек қавчин хизматингизда бўлур. Барча ҳарам аҳли мен йўғимда сизга бўйсунғусидир!

Кутилмаган бу иноятдан Моҳим бегим энди ҳаяжонга тушди. Подшоҳ ўз хотинига бунчалик катта ишонч билдириши жуда кам учрайдиган ҳодиса эди. Айниқса, бутун ҳарам, ҳатто Гулруҳ бегим ҳам Бобур йўғида Моҳим бегимга бўйсуниши, бунга халақит бериши мумкин бўлган мирзо Комрон ва мирзо Аскарийларнинг Қандаҳорга жўнатилиши Моҳим бегимни қийнаб юрган ишкал тугунни бирдан ечиб юборгандек енгиллик берди:
— Ҳазратим, иноятингиздан бошим кўкка етди! Аммо билурсизки, ожизангиз ҳокимликка ташна эмасмен.
— Кимки ҳокимликка ташна бўлмаса, мен ўшал зотга кўпроқ ишониб ҳокимият бергаймен. Барча ташқи ишларга Қосимбек мутасадди бўлғай. Ҳиндол ёнингизда. Сиз унинг номидан ҳам амру фармон берсангиз, шариатга мос келур.

Моҳим бегимнинг бояги изтиробли ўйлари бир лаҳзага бўлса ҳам хаёлидан узоқлашди. Бобурнинг катта ишончи қалбига шунчалик ёқиб тушгани бегимнинг ўзини ҳам хиёл таажжублантирди. Қандаҳорга ҳоким бўлиш Комрон мирзога ҳам ёқиб тушишини ўйлади. Бобур икки томонни ҳам тинчитадиган нозик бир сиёсат юргизаётганини бегим энди сезди. Одамлардаги ички манфаат туйғусини бехато топиб, шу туйғуга суянган ҳолда уларни моҳирона бошқара билиш катта бир санъат экани, Бобур йиллар давомида мана шу санъатни қанчалик яхши эгаллаганини бегим ҳозир жуда яқиндан кўрди ва гўё ўз тажрибасидан ўтказди. Комрон мирзони Қандаҳорга жўнатиш, Моҳим бегимга Кобул ихтиёрини бериш бошқа кўп амиру бекларнинг кўнглидагини топиб, ўринларини алмаштириш — бу ҳаммаси шатранж доналарини уларга жуда мос келадиган бир маҳорат билан суриш ва ўринларини алмаштиришга ўхшаб кетарди. Шундай бўлса ҳам Бобур Моҳим бегимнинг кўнглидаги энг нозик дардни пайқаб, уни кундоши Гулруҳ бегимнинг қўли етмайдиган юксак мартабага муносиб кўргани беҳад ёқимли эди.
— Ҳазратим, сизнинг улуғ ишончингиз менинг танимга янги бир жон ато қилди! Бироқ... не қилайки, мен дунёдаги барча неъматлардан, ҳатто ўз жонимдан ҳам сиз билан Ҳумоюнни ортиқ кўрурмен. Сиз ҳозир раҳнамолик санъатида беназирсиз. Шундай бўлса ҳам фотиҳларнинг ғаними кўп бўлур. Ҳиндда беадад эл. Беадад ёғий. Ўйласам ваҳмим келур!
— Жанг хатарсиз бўлмас. Сиз мунча изтиробга тушмоқдасиз, Моҳим? Сизга не бўлди?
— Мен Ҳумоюн учун ҳам изтироб чекмоқдамен... Ҳеч бўлмаса Ҳумоюн Кобулда қолсин, сиздан ўтинамен, ҳазратим!

Бобур Моҳим бегимга энди озорланиб кўз ташлади: наҳотки у «ерим хатарли жангда ўлса ҳам ўғлим ёнимда тирик қолсин» демоқчи?
— Ҳумоюн тахт вориси, — деди Бобур ранжиган товуш билан. — Шунинг учун қўшинда мен билан бирга бориши шарт... Эскидан одат шундайлигини нечун унутдингиз?

Бу одатнинг маъноси шу эдики, агар узоқ юртдаги жангда подшоҳ ҳалок бўлса, тахт во-риси дарҳол қўшинга бош бўлиши керак эди, акс ҳолда, қўшин бошқа даъвогарлар томонига ўтиб кетиши мумкин эди. Бобур бу одатни эслатиш билан «мен агар оламдан ўтсам, ўрнимга Ҳумоюн қолишини истаб, уни бирга олиб кетмоқчиман», демоқчи эди.

Моҳим бегим Бобурнинг гапидаги бу маънони фаҳм-лади-ю, изтироби баттар ошди. Назарида, Бобур Ҳиндистондан умрбод қайтиб келолмайдигандай, олдиндаги юриш «борса келмас» юриш бўладигандай туюлди. Моҳим бегимнинг юраги эзилиб, кўзлари жиққа ёшга тўлди.
— Э худойим! Дунё нечун бундай беомон яратилган? Қачон бехатар кунларга етгаймиз?

Бобур жим эди.

Лахўр. Панипат. Деҳли - Янги Қирғоқлар

1

Қўшин илгарилаган сари ўрмон қалинлашиб борар эди. Чинордай баланд банъян дарахтларининг очиқ илдизлари шохларидан пастга осилиб тушиб, ерга кириб кетган. Йўғон чирмовуқлар дарахтдан дарахтга ўтиб, ҳаммаёқни ўраб-чирмаб ташлаган. Оёқ тагида ўсиқ буталар. Ҳаво дим ва рутубатли.

От устида келаётган Бобур енгил шоҳи кўйлак кийган бўлса ҳам терлаб-пишиб кетган. У банъянларнинг шамолдан шовуллаётган баланд шохларига термилиб қарайди. Тепада эсиб турган шамол чангалзор ўрмон ичида бораётганларга шабадасини ҳам теккизолмайди.

Ўрмондан маймунларнинг шўх қий-чувлари эшитилиб туради. Гоҳо товусларнинг «қў-ў-ўв» деб кескин ва нохуш овоз билан қичқиргани қулоққа чалинади.

Бир пайт ўрмон ичида туя етаклаб пиёда кетаётган навкарлардан аллақайсисининг жон аччиғи билан чинқиргани эшитилди. Сўнг сафдан-сафга:
— Илон чақибди!
— Кўзойнакли илон! — деган шивир-шивир тарқалди.

Тўп ортилган аравалар томондан оти лойга ботган уста Алиқул ташвишланиб чиқиб келди-ю, Бобурга арз қилди:
— Подшо ҳазратлари, оғир тўпларни бу чангалзор ўрмондан ўтказиб бўлмас! Оёқ таги лой! Тўп ортилган аравалар ҳаммаси тиқилиб қолди!

Бобур орқароқда келаётган Тоҳирга ўгирилиб қаради:
— Раҳнамони чорланг, бек!

Йўл бошловчи Лаъл Чанд олдинда фил миниб бормоқда эди. Тоҳир уни чақириб келганда Бобур минган саман от филдан ҳуркиб асабий пишқирди. Лаъл Чанд филини тўхтатиб, унинг қулоғига бир нима деган эди, фил хартумини юқорига чўзиб, пастга тушириб қўйди.

Лаъл Чанд кафтларини бир-бирига қўйиб, кўзи аралаш пешонасига теккизди-да, Бобур-га таъзим қилди. Бобур унга форсча гапирди:
— Бу йўл бизга тўғри келмади. Бошқа йўл топиш керак.
— Ҳазрат олийлари, бошқа йўлларни сув босган. Бу ер Панжоб. Бешта дарёмиз бор. Ҳаммаси тошган.
— Панжобда аравалар ўтадиган йўл кўп деб эшитганмиз. Бу йўлда аравалар тиқилиб, юролмай қолди. Биз адашдикми?
— Адашганимиз йўқ, ҳазратим. Аравалар қаерда тиқилди?.. Рухсат беринг, фил билан чиқарай. Бугун юрсак, эртага яхши йўлларга чиқамиз. Лахўр яқин.
— Филни бошлаб боринг, араваларни чиқариб берсин, — деди Бобур уста Алиқулга. Кичкина жуссали озғин Лаъл Чанд тоғдай баланд қора филга яна унинг хартуми ёрдамида минди. Сўнг филнинг супрадай катта қулоқларига тиззалари билан ниқтаб, қўлидаги учи қайрилган темир хилла — кажак ёрдамида уни ўнгу сўлга йўналтириб, тўп ортилган араваларга қараб кетди.

Туялар тортолмай қолган араваларни фил бирпасда балчиқдан чиқариб берди.

Араваларнинг бирида оёғини илон чаққан навкар кўм-кўк кўкариб, инграб ётибди. Унинг тирик қолиши гумон бўлса ҳам яланг оёғининг илон заҳар солган жойига доривор барглар қўйиб боғлашган, заҳар баданга кўп тарқалмаслиги учун тиззасини ола чилвир билан танғиб ташлашган эди.

Аравалар қўзғалди. Фил минган йўл бошловчи яна олдинга ўтиб кетди. Йўл юрганлари сари рутубат кучайиб, нафас олиш оғирлашиб борар эди.

Кун оққанда Рави дарёси томондан юзтача қуролли одами билан Ҳиндубек чиқиб келди. Хос навкарлар уни яхши билишарди. Асли деҳлилик сипоҳийлардан бўлган Ҳиндубек Иброҳим Лоди билан келишолмай бундан етти йил олдин Кобулга борган ва Бобурнинг хиз-матига кирган эди. Қирқ ёшлардан ошган бу йигит Бобурнинг Ҳиндистонга қилган аввалги юришида кўп жасорат кўрсатган эди. Бобурга унинг довюраклиги билан бирга ватанидаги ички парокандаликни тугатиш йўлида кўп қон тўкмасликка, иложи бўлган жойларни жангсиз олишга астойдил интилиши ҳам жуда маъқул тушган эди. Ҳиндубек туркий, форсий тилларни ҳам мукаммал ўрганган, илмли, маърифатли, дилкаш киши бўлганлиги учун Бо-бурнинг энг яқин мусоҳиб беклари қаторига кирган эди. Бундан олдинги юришда Кашмирдан оқиб келадиган Жилом дарёси бўйидаги Бҳира Ҳиндубекнинг ҳаракатлари билан жангсиз олинганда Бобур бу обод вилоятга Ҳиндубекнинг ўзини ҳоким тайинлаб, Кобулга қайтиб кетган эди. Ҳозирги юришда Бобур Лахўрни ҳам қон тўкмасдан жангсиз олиш умидида эди ва Ҳиндубекни воситачи қилиб Лахўр амирлари билан музокара олиб бормоқда эди.

Бобур Ҳиндубекни узоқдан таниди ва у билан яккама-якка гаплашиш учун отини йўлдан четроққа бурди. Ҳиндубек отдан тушиб, таъзим қилди.
— Сўзланг, бек!
— Ҳазратим, Давлатхоннинг авзойи бузуқ. Мени туттирмоқчи бўлганини сезиб қочиб келдим.
— Нечун? Ахир Кобулга ўғли Диловархонни юбориб, биз билан иттифоқ тузган эди-ку. Мен уни отам деган эдим! Қанча яхшиликлар қилган эдим.
— Давлатхон ҳаммасини унутган. Белига иккита қилич тақиб олган. Мен бунинг сирини ўғли Диловархондан сўраб билдим. Бир қилични Деҳли султонни Иброҳим Лодига қарши таққан эмиш. Иккинчи қилични сизга қарши.
— Ўғиллари ҳам ёғийлик мақомидами?
— Диловархон сизга хоҳон, келиб мулозамат қилмоқчи, Лахўрни жангсиз бермоқчи. Отаси мени туттирмоқчи эканини Диловархон айтиб, бир фалокатдан қутқарди. Лекин катта ўғли Ғозихон отаси томонида.
— Оламхон-чи?
— Оламхон Иброҳим Лоди билан урушиб мағлуб бўлгандан бери қайта урушишга журъати йўқ. Лахўрга борганингизда чиқиб мулозамат қилишга сўз берди. Агар Ғозихон шикаст еса, кўпчилик беклар бўйин эгурлар, Лахўр жангсиз олинур. Лекин... ҳазратим, нечун Лахўрга бундай ёмон йўллардан бормоқдасиз?
— Панжоблик иттифоқдошларимиз пешвоз чиқарган раҳнамо бизни шу йўлга бошлади.
— Қани ўшал раҳнамо? Ижозат беринг, мен бир тафтиш қилиб кўрай.

Фил минган йўлбошловчини яна чақириб келдилар. Лаъл Чанд филини чангалзорга яқинроқ бир жойда тўхтатди ва яна жуфтланган қўлини пешонасига қўйиб, эгилиб саломлашди. Ҳиндубек ҳам кафтини жуфтлаб, пешонасига теккизди-да, ўзини осойишта тутиб, ҳиндча гапириша бошлади:
— Асли қаерликсиз?
— Аграликман, соҳиб.
— Панжобга қандай келиб қолгансиз?
— Иш излаб келганман.
— Шундай зўр филингиз бор экан, Иброҳим Лоди сизга иш топиб бермадими?
— Иброҳим Лоди хасис. Бутун мамлакатнинг олтинларини йиғиб, хазинасига яшириб қўйган. Қурилишга сарфлаш йўқ. Одамларни ишлатиб, рози қилиш йўқ! Безор бўлдик!
— Тўғри айтасиз, — деди Ҳиндубек. — Мен ҳам Лодиларнинг зулмидан қочиб келганман. Искандар Лоди[24] менинг отамни саркашликда айблаб, қутурган филнинг оёғи тагига ташлаб ўлдирган.

Филбон Ҳиндубекка мароқ билан тикилди-ю:
— Кшатрий[25]ларданмисиз? — деди.
— Ҳа, асли отим Индри. Бобур ҳазратлари Ҳиндубек деб атадилар. Бу ном ҳаммага маъқул бўлди. Хўш, сизнинг отингиз нима?
— Лаъл Чанд.
— Сиз ҳам Иброҳим Лодининг зулмидан қочиб келган экансиз. Энди бу зулмдан бизни ким қутқаради, деб ўйлайсиз?
— Худо.
— Бандаларидан-чи?

Лаъл Чанд ўйланиб қолди:
— Давлатхонми? — деди Ҳиндубек.
— Давлатхон сахий одам. Ғозихон ҳам Иброҳимдан яхши.

Ҳиндубек овозини пасайтириб сўради:
— Ростини айтинг, сиз бу қўшинни нега бу йўлдан бошлаб боряпсиз?
— Ғозихон айтган йўл шу.
— Ғозихон нега ўтиб бўлмайдиган ёмон йўлдан юргин деган, биласизми?
— Булар учун яхши йўл шу.
— Нега? Булар сизга нима ёмонлик қилди?
— Битта золим подшоҳ — Иброҳим бизга озмиди? Яна биттаси келяпти!
— Ғозихон сени алдаган!

Лаъл Чанд филини чангалзор томонга кескин бурди-ю, қичқирди:
— Булар босқинчилар! Булар Бажур қўрғонида уч минг йигитимизни қиличдан ўтказган! Шаҳар-қишлоқларимизни талатган!

Лаъл Чанд шундай деяр экан, филини чоптириб, ўрмон ичига қараб қочди.
— Ҳазратим, бу раҳнамони туттиринг! Бу ёғий кишиси! Сизни хароб қилмоқ учун ёмон йўлга бошлаган!
— Тутинг уни! — қаҳрланиб қичқирди Бобур. — Нобакорни олдидан тўсиб чиқинг! Тез!

Отлиқлар филнинг кетидан интилдилар. Улардан учтаси катта банан дарахтини айланиб ўтиб, филнинг йўлини тўсиб чиқдилар. Филбон қўлидаги темир кажак билан филни қаттиқ хиллалаб, бир нарса деб қичқирди. Фил отларнинг бирини оёғи билан тепиб йиқитди, иккинчи отнинг бўйнига хартумини ўраб, силтаб итқитиб юборди. Буни кўрган учинчи отлиқ дарахт панасига қочиб, зўрға қутулиб қолди.

Қаҳри келган фил баҳайбат товуш билан наъра тортиб, йўлида учраган йўғон чирмовуқларни узиб ўтар, катта-катта шохларни қарсиллатиб синдирар ва отлиқлар киролмайдиган қалин чангалзорда тобора узоқлашиб борар эди.
— Ўқланг! — деб қичқирди Бобур.

Лаъл Чанд филнинг улкан бўйнига бағрини бериб, унинг баланд сағриси ва қулоқлари панасида биқиниб ётар эди. Орқадан ёғдирилган ёй ўқларининг кўпини дарахтларнинг шохлари ва чирмовуқлар ўтказмади. Уч-тўртта ўқ шохлар орасидан ўтиб филнинг орқасига урилди, лекин пўлатдай қаттиқ ва қалин фил терисига ботолмай, ерга учиб тушди.

Уста Алиқулнинг тўфангдозлари милтиқларини ўрмонга тўғриладилар. Бироқ барқандозлар чақмоқ чақиб, то милтиқ пилтасини ёндиргунларича Лаъл Чанд минган фил йўғон ва қалин дарахтлар панасига ўтиб кўзга кўринмай кетди. Фил зарбасидан йиқилган ҳар икки от ердан туролмай уялаб ётар, уларнинг устидаги навкарлар ўлган бўлмаса ҳам оёқ-қўллари шикастланган эди.
— Ярадорлар аравага олинсин! — буюрди Бобур.— Бизни адаштириб ҳалок қилмоқчи бўлган нобакор жазоланмоғи керак! Тўфангандозлар отланиб, ўрмонни айланиб ўтсинлар!

Тўфангандозлар шоша-пиша отланиб, айланма йўл излай бошладилар. Аммо ҳаммаёқ чангалзор, ботқоқлик эди.
— Қани, Ҳиндубек, энди бизга сиз раҳнамолик қилинг!
— Бош устига, ҳазратим!

Ҳиндубек кечки пайт уларни кенг бир кўкламзор водийга бошлаб чиқди. Беҳад чарчаган Бобур шу кўкаламзорга чодир тикдирди.

Ўрмонда кийимлари тирналиб йиртилган, отлари лойга беланган тўфангандозлар Лаъл Чандни тополмай қайтдилар. Шунинг устига Лахўрдан амир Давлатхон, унинг ўғли Диловархон эллик-олтмишта мулозим ва навкарлари билан Бобурнинг қароргоҳига яқинлашишди. Диловархоннинг аввалдан хайрихоҳлигини яхши биладиган Бобур хиргоҳда уни ўрнидан туриб кутиб олди ва ўнг томонда ўтирган эътиборли беклари орасидан жой кўрсатди.
— Жаноб Диловархон, падари бузрукворингиз нечун иттифоқни бузиб, бизга ёғийлик мақомида қилич қайрамишлар?
— Ҳазрати олийлари, отамни оғам Ғозихон йўлдан урди. «Ёт қўшин келса Лахўр биздан кетади, булар ҳам бизга Иброҳим Лодийдай душман», деб ишонтирди.
— Шунинг учун Давлатхон алдамчи раҳнамо юбориб, бизни ўрмон ичида адаштирган экан-да?
— Аммо бу фитнадан отамнинг хабарлари йўқ, ҳазрати олийлари! Бу — Ғозихоннинг иши. Агар отам шундай қилганларида бу ерга ўзлари келмас эдилар. Лахўрда қон тўкилмасин деб, сиздан иноят истаб келдилар.
— Бизнинг иноятларимизга фақат сиз муносибсиз, жаноб Диловархон! Аммо отангиз қилмишларига яраша жазо олгусидир! — Бобур шиғовулга юзланди: — Давлатхон сўнгги пайтларда белларига иккита қилич тақиб юрган эмиш. Қани, ўша қиличларини биз ҳам бир кўрайлик... Ҳар икки қилични бўйнига осиб киритинглар!

Кўп ўтмай икки зўр навкар оппоқ соқолли кекса Давлатхонни икки билагидан маҳкам ушлаб чодирга олиб кирди. Чол навкарларнинг қўлидан бўшамоқчи бўлиб асабий силтанар, унинг бўйнига осилган иккита узун қилич кўкрагига урилиб селанглар эди. Давлатхон Бобурга алам билан тикилиб деди:
— Подшоҳ ҳазратлари, мен асир олинган эмасмен, ўзим келдим! Бу қандай шафқатсизлик?
— Сиз мендан элчи бўлиб борган Ҳиндубекни туттирмоқчи бўлибсиз! Агар ниятингизга етганингизда Ҳиндубек омон қолмас эди! Кейин биз ҳам чангалзорда балчиққа ботиб, Ғозихоннинг қопқонида жон берармидик? Бизга шафқат қилганларинг шуми? Шафқатсизларга биз ҳам шафқатсизмиз! — Бобур шиғовулга буюрди: — Бу одам оиласи билан бирга Лахўрдан Бҳирага бадарға этилсин. Бҳиранинг Милват қўрғонида ҳибсда сақлансин!

Бўшашиб ҳеч нарса деёлмай қолган Давлатхонни олиб чиқиб кетдилар.

2

Куз ва қиш ўтиб бораётган бўлса ҳам, дарахтлар яшил либосини ечмас, «дун» деб аталадиган бағри кенг, сайҳон Ҳинд водийлари йил бўйи баҳордагидай кўкалам бўлиб турар эди.

Жамна дарёси бўйлаб жанубга томон ҳаракат қилиб бораётган Бобур қўшини Деҳлидан эллик чақиримча шимолдаги Панипат шаҳрига келиб тўхтади. Деҳли султони Иброҳим Лоди юз мингга яқин аскар ва бир ярим минг ҳарбий фил билан Агра томонидан яқинлашиб келмоқда эди. Иброҳим Лоди шу филлари ва аскарлари билан бултур Деҳли бўсағасида Оламхон, Диловархон ва бошқа душманларининг қирқ минг кишилик қўшинини тор-мор келтирганди. Бобурнинг қўшини эса ўн икки мингдан ошмас эди. Ёвнинг сон жиҳатидан беқиёс даражада устунлиги кўпчилик бек ва навкарларнинг қалбига ғулғула солар эди. Агар мағлуб бўлишса, атроф ҳаммаси нотаниш ерлар, бегона юрт, қаерда жон сақлашади?

Ички беклар орасида юрган Тоҳир кўпроқ Бобурнинг ҳарбий тажрибасига ва уста Алиқул бошлиқ тўфангандозлар ва тўпчиларнинг қуролларига умид боғлаган эди. Жаҳонда ҳали жуда кам тарқалган бундай қуроллар Иброҳимнинг қўшинида йўқ эди. Бобур ўзида йўқ ҳарбий филлар ҳужумини мана шу қуроллар кучи билан бартараф қилиш фикрида эканини Тоҳир билар эди.

Улар Панипат шаҳри билан Жамна дарёсининг оралиғидан тўфанг ва тўп отиш учун қулай бўлган бир жойни топишди-ю, яқин-йироқлардан олиб келинган барча араваларни ярим доира шаклида саф қилдиришди. Етти юздан ортиқ арава бир-бирига занжирдай маҳкам тиркишлар[26] билан боғланди. Араваларнинг олди ва ораларига ёй ўқи ўтмайдиган темир қалқонлар ўрнатилди. Тўфангандозлар ва тўпчилар шу қалқонлар ортига бекиниб ўқ отишни машқ қилдилар.

Аравалар баланд бир тепаликнинг этагига — олди нишаб жойга келтирилди. Улар ўз-ўзларидан юриб кетмаслиги учун ғилдиракларнинг тагига ёғоч тўсиқлар тираб қўйилди.

Ҳарбий машқлар ўтказилган куни Бобур аравалар ортидаги тепаликда отлиқ туриб, ғилдираклар олдидаги ёғоч тўсиқларни бирваракайига олишни ва барча араваларни баробар юргизиб кўришни буюрди.

Мулозимлар қаторида юрган Тоҳир аравалар сафининг нариги четига от чоптириб бориб, саркарданинг буйруғини Мустафо тўпчига етказди. Ҳамма пиёдалар, тўпчилар, зарбзан ва барқзанлар[27] буйруқни бажаришга ҳозирландилар. Ҳаммага кўринадиган жойда турган уста Алиқул:
— Аравалар сурилсин! — деб қичқирди.

Аравалар баъзиси ҳадеганда ўрнидан жилмади, баъзилари эса бирдан тезлаб кетди. Аравалар сафи эгри-бугри бўла бошлади, ора-орага боғланган тиркишлардан бир қанчаси узилди, темир қалқонлар қулаб тушди.
— Тўхтанг! — буюрди Бобур. — Машқни такрорлатинг, жаноб Алиқулбек, токи бирорта тиркиш узилмасин, бирорта қалқон ҳам қуламасин!

Одамлар терлаб-пишиб араваларни юқорига судраб чиқа бошладилар.

Бу оғир ишдан баъзи навкарлар ўзларини четга олса, ўнбошилар аямай сўкар, ҳатто урар эдилар.
— Машқ пайтида навкарни аяманг, — деди Бобур Алиқулбекка. — Ҳозир аясангиз жангда мағлуб бўлиб ўлиб кетур.

Бобур тепаликдан тушиб, дарё томонга йўл олди. У ёқда фил ўтолмайдиган чуқур хандақлар қазилган, энди баъзи жойларга шох-шабба босиб, иҳота ясашмоқда эди.

Хизмати юзасидан Бобурга эргашиб, уни қўриқлаб юрадиган Тоҳир хандақлар ва шох-шаббаларга қараб ўзича ўйланди: «Шунча тайёргарликларга яраша ёғий тўғримиздан келса яхши-я! Агар шаҳарни айланиб ўтиб орқадан келса ҳаммаси беҳуда-да!»

Бироқ шаҳарнинг нариги томонига бориб келган чиғдовуллар у ёқдаги ботқоқлик ва чангалзорлардан катта қўшин ўтолмаслигини аниқлаб келдилар. Ўнг томонда Жамна дарёси. Чапда Панипат шаҳрининг аҳолиси тиғиз маҳаллалари. Иброҳим Лоди бу маҳаллаларни қўшинига топтатиб, шаҳар оралаб келмас. Демак, уни фақат тўғридан кутиш мумкин. Лекин салкам ўн баробар катта куч билан келаётган ёвга бу аравалару хандақлар туриш берармикин?

Бир вақтлар Кобулда Андижон ва Қуваларни эсласа юраги эзиладиган Тоҳир энди Кобулни эсласа юраги соғинчдан орзиқади. Кобулда унинг ўн беш йил истиқомат қилган уйи бор, хотини Робия, мадрасада ўқиётган ўғли Сафарбек, ёлғиз тоғаси мавлоно Фазлиддин бор. Олдиндаги жанг таҳликасидан кўнгли безовта бўлиб юрган Тоҳир: «Ишқилиб ўлим бўлмасин-да, — дейди ўзича. — Агар шу гал ҳам тирик қолсам, сипоҳийликни бас қилардимда. Ёш ҳам элликка бориб қолди. Қачонгача бегона юртларда тентираб юрамен? Сафарбек катта йигит бўлиб қолди, бу йил мадрасани ҳатм қилиб[28], муҳандис[29] бўлади. Кейин бошини иккита қилиб қўйсам... Ё худо! Ўғлимнинг тўйини кўриш менга насиб қилганмикин-а? Робияни яна кўрармикинман-а?»

Юракка ғулғула солувчи бу изтиробли ўйларни ичкилик бир оз босар эди. Тоҳир кўпдан бери беклар даврасида юриб, кўнглининг чигалини ичкилик билан тарқатишга анчагина одатланиб қолган эди. Ҳиндистонда узум кам, шунинг учун чоғир танқис, лекин маҳва деган дарахтнинг баргидан олинадиган ўткир ароқ учраб турар эди.

Иброҳим Лоди билан жанг бўлишидан бир кун олдин Тоҳир шу ароқдан кўпроқ ичган эди. Саҳар палла бадани тиришиб уйғонди. Оғзи тахир, боши лўқиллаб оғрийди. У ёқ-бу ёққа ағдарилиб, яна ухламоқчи бўлиб кўрди, лекин ухлай олмади. Шундай кейин туриб, сопол кўзанинг тагида қолган ароқдан уч-тўрт қултум ичди-да, сабуҳий қилди.

Шу пайт бирдан довуллар ва нақоралар чалиниб, ҳаммани сафланишга чорлай бошлади.

Чиғдовуллар Иброҳим Лодининг бостириб келаётгани ҳақида хабар берган эдилар.

Сабуҳийдан яна кайф қила бошлаган Тоҳир этиги билан жибасини анча вақт имиллаб кийди. Бир қулоғи Самарқандда кесилган Мамат сўнгги йилларда Тоҳирнинг отбоқарига айланган, лекин эски қадрдонлиги ва бир-икки ёш катталиги туфайли гоҳ уни койиб ҳам қўяр эди.
— Саҳари мардондан ичиб нима қилар эдингиз, бек!— деб пўнғиллади Мамат.
— Гапни кўпайтирмай кўк отни тезроқ келтиринг!— буюрди Тоҳир.

Сўнгги йилларда хийла озиб, юз-кўзлари аввалгидан ҳам ортиқроқ бўртиб қолган Мамат отлар боғланган томонга чопиб кетди. Ёв яқинлашиб келаётгани ҳақидаги хабардан кўп одам жонсарак бўлиб у ёқдан-бу ёққа югурмоқда эди.

Мамат кечаси ечилиб кетган кўк отни тутиб олгунча анча овора бўлди. Одатда от кечаси эгарлоғлиқ қолса, айили, қоринбоғи бўшатиб қўйиларди. Тўполонда Мамат шошилиб айилни маҳкамлашни хаёлидан қочирди.

Тезроқ Бобурнинг ҳузурига етиб бориши керак бўлган Тоҳир узангини излаб ўтирмади-ю, отнинг бўйнидан олиб, устига сакраб минди. Шунда эгар бир чайқалди. Тоҳирнинг кайфи бўлмаганда эҳтимол, эгарнинг яхши урилмаганини тез сезган бўларди, отдан тушиб айилни маҳкамлаб олар эди. Лекин у эгарда чайқалганини сабуҳийдан кўрди-да, оёқ тираб, отни тез орқага бурди.

Анчадан бери боқувда ётиб кучи танасига сиғмай кетган кўк бедов орқа оёқларига тикка туриб, оғзидан кўпик сочиб, бурилди. Шунда бирдан эгар оғиб отнинг қорнига тушди-ю, Тоҳир елкаси билан ерга гурсиллаб йиқилди.

Мамат чопиб келиб, бир қўли билан отнинг жиловидан олди ва иккинчи қўли билан Тоҳирни суяб турғизди. У Тоҳирни кайфи борлиги учун йиқилди деб ўйлаб кулиб гапирди:
— Тоҳиржон, бек бўлдингизу ичадиган ҳунар чиғардингиз-да! Бу сабилни кўп ичманг демаганмидим!

Тоҳир юмшоқ ерга йиқилгани учун ҳеч қаери лат емади. Лекин катта жанг арафасида шундай аҳмоқона йиқилиши унга машъум бир фалокатнинг хабарчисидек туюлди. У қаҳр билан сўкиниб. Маматга эгарни кўрсатди.
— Айилни ким бўшатиб қўйган эди?

Мамат кечаси от дам олсин деб бўшатиб қўйган айилини эрталаб маҳкамламаганини энди пайқади.
— Тўполонда эсимдан чиқибди-я! Ҳей, мен хомкалла!

Мамат энди ўзидан кулиб, айилни торта бошлади. Тоҳирнинг ароқдан лойқаланган тасаввурида Мамат уни йиқитиб, устидан кулиш учун айилни атайлаб бўшатиб қўйгандай кўринди. Илгари иккови ҳам навкар бўлган пайтларида Тоҳир бундай ҳазилларга кулиб кетаверар эди. Лекин ҳозир...
— Сен менинг бек бўлганимга бахиллигинг келиб шундай қилгансан! — деб у бирдан Маматни сенсираб сўка бошлади: — Сен менга ўлим тилаганингми бу?

Тоҳир ғазабдан титраб, белини пайпаслади-ю, қамчисини қидирди. Қамчи ерда ётар эди.

Гуноҳ қилган навкарларни сўкиш, уриш беклар орасида кенг тарқалган одат эди. Бу одат Тоҳирга ҳам озми-кўпми юққан эди. Лекин у ўттиз йиллик қадрдони Маматга ҳали бирор марта мушт кўтармаган эди.

Мамат ерда ётган қамчинни олиб Тоҳирга узатди:
— Манг, гуноҳим учун қамчиланг, лекин бундай гапларни айтманг! Мен сизга ўлим тилайдиган бахиллардан эмасмен!

Мамат яна Тоҳирдан кулаётгандай, ўзини ундан олижаноброқ қилиб кўрсатаётгандай туюлди. Тоҳир:
— Шундай кунда йиқитганинг — ўлим тилаганинг эмасми? — дедию унинг пешонаси аралаш бошига қулочкашлаб мушт урди.

Мамат уч-тўрт қадам нарига учиб кетди ва кўзи тиниб ерга ўтириб қолди.

Пешона суяги Тоҳирнинг қўлига тошдай қаттиқ тегди, бош бармоғи «қирс» этди-ю, ўткир бир оғриқ миясига чиқиб борди.

«Бошмалдоқ синди-ёв! — деди Тоҳир ичида. — Қилич тутадиган ўнг қўлнинг бошмалдоғи.. Бунга ҳам мана шу сабабчи!»

Бу ўйдан унинг ғазаби яна бир даражада ошди. Ўрнидан туришга интилаётган Маматни чап қўли билан ҳам уриб ерга йиқитди.

Орқадан етиб келган барваста бир йигит орага тушди.
— Қўйинг, бек оға, бир марта кечиринг! Мамат оға сиз учун жонини беради-я! Айилни мен бошқатдан тортиб берай! Мана, ҳозир, ҳозир...

Тоҳир айили тортиб боғланган отга минганда қаттиқ оғриётган қўлига тикилиб қаради. Бош бармоғи шишиб кетган, қимирлатса, оғриғига чидаб бўлмас эди.

«Мендан омад кетди!» ўйлади Тоҳир мулозимлар тўпланаётган томонга от чоптириб борар экан.

Унинг кетидан эргашган йигирматача отлиқ навкарлари орасида пешонаси ғурра бўлган, юзи бўздай оқарган Мамат ҳам бор эди. Бек минг уриб-сўкканда ҳам навкар унинг кетидан қолмаслиги керак эди.

* * *

Жамна дарёсининг чап томонидан чиққан офтоб найза бўйи кўтарилганда ёв қўшинининг тиғиз сафлари аниқ кўрина бошлади. Охири уфққа бориб тақалган беҳисоб кўп қўшиннинг ҳар ер-ҳар еридан ҳарбий филларнинг улкан гавдалари чўққиларга ўхшаб чиқиб турарди. Энг катта оқ филнинг устида ўтирган Иброҳим Лоди атрофга худди тепалик устидан қараётгандек ҳаммаёқни баҳузур кўрар эди.

Бобур бир-бирига боғлаб ташланган аравалар ортидаги тепаликда туриб, ёвнинг яқинлашишини кутмоқда. Унинг ўнг қанотига ўғли Ҳумоюн жавобгар эди. Хўжа Калонбек, Ҳиндубек каби энг синалган беклар барча навкарлари билан Ҳумоюннинг ихтиёрига берилган. Марказни тўпчилар ва тўфангандозлар эгаллаган. Ҳар икки қанотнинг икки четида тўлғама учун ажратилган отлиқлар тайёр турибди. Иброҳимнинг ҳарбий филлар ҳимоясига таяниб урушадиган қўшинида пиёдалар кўплиги ва сафлар тиғиз бўлиши маълум эди. Бундай ҳолларда Шайбонийхон тажрибадан ўтказган тўлғама усули қўл келишини Бобур яхши биларди. У ҳам Шайбонийхонга ўхшаб тўлғамага ажратилган аскарларга отларнинг энг чопқирларини саралаб берган эди.

Тоҳир ички беклар ва хос навкарлар билан бирга подшоҳдан орқада турибди. Бобурнинг икки ёнини алоқачи беклар, ясовуллар ва чопарлар эгаллаганлар. Бобур уларга иш буюрар экан, овози ички бир куч ва ишонч билан жаранглаб эшитиларди. «Шу одамнинг паноҳида неча қирғинлардан омон чиқдинг, — деди Тоҳир ўзига-ўзи тасалли бериб. — Бобур мирзо бор экан, сенга ҳеч нима қилмайди».

Дарё билан шаҳар оралиғини тўлдириб ваҳимали қора булутга ўхшаб келаётган Иброҳим Лодининг қўшини қаршисида ҳаракатсиз тек туриб кутиш оғир эди. Кўпчилик бек ва навкарлар фурсатни бой бериб қўяётгандек сабрсизланишар, лекин Бобур:
— Ҳеч ким буйруқсиз қўзғалмасин! — деб ҳаммани қаттиқ тутиб турарди.

Иброҳим Лоди Бобурнинг қўзғалмасдан кутиб турганини, икки орада юзлаб аравалардан ясалган мустаҳкам девор ва чуқур хандақлар борлигини кўрди-ю, қўшинини тўхтатди. Лашкарбошиларни чақириб, асосий зарбани ёвнинг ўнг қанотига бериш ва шаҳар томондан айланиб ўтиш ҳақида буйруқ берди. Бироқ юз минг қўшинга то янги буйруқни тарқатиб, уни шаҳар томонга бургунча анча вақт ўтди.

Бобур дарҳол мана шу вақтдан фойдаланди. Унинг буйруғи билан тўлғамага ажратилган икки минг отлиқ жойидан қўзғалди. Чопқир отлар ёв қўшинининг икки қанотига тегмай ўтди-ю, бехавотир келаётган орқадаги отлиқлар ва пиёдаларга ҳамла қилди.

Ҳумоюн бошлиқ тўрт минг отлиқ ўнг томондан ёвнинг йўлини тўсиб чиқди. Чап қанот ҳам жангга тушди. Марказдаги араваларнинг ора-орасидан тўплар устма-уст ўқ ёғдира бошладилар.

Тўрт томондан яшин тезлигида бирваракайига қилинган ҳамлани тепадан кузатиб турган Тоҳир Бобурнинг саркардалик тажрибасига ўзича қойил бўлиб қўйди. У ҳарбий санъатни фақат дўстларидан эмас, душманларидан ҳам ўрганган эди. Бобур тўп ва милтиқ ишлатишнинг аҳамиятини биринчи марта иттифоқдош Шоҳ Исмоилга қараб билган бўлса, тўлғама ишлатишда ашаддий ёвлари Шайбонийхон ва Убайдуллахоннинг тажрибасини ўзлаштирган эди. У аччиқ мағлубиятлар жараёнида орттирган барча ҳарбий тажрибаларини бугун гўё ягона бир муштга тугиб, майдонга усталик билан ташлади-ю, ташаббусни дарҳол қўлга олди.

Бобурнинг бутун режаси — ёв қўшинини тўрт томондан ўраб олишга ва қанотларини ичкарига қайириб ташлашга қаратилган эди. Лекин ўраб олинган ёв Бобур қўшинига нисбатан етти-саккиз баробар кўп эди, чопқир отлар баҳайбат филларнинг бир зарбасидан юмалаб йиқилиб кетарди. Шу сабабли Иброҳим Лоди аскарлари ҳали ўнгда, ҳали сўлда Бобур қўшинининг ҳалқасини ёриб чиқарди. Бобур ёнида турган алоқачи беклар ва ясо-вулларни кетма-кет жанг майдонига чоптирар, ёвнинг қўли баланд кела бошлаган қанотларга марказдан кўмак юбортирар эди. У марказни ёвга атайлаб очиқ қолдирмоқда эди, чунки ҳали ҳаракатсиз турган аравалар ва тўфанглар марказга қўйилган эди.

Икки томондан ва орқадан устма-уст зарба берилавергандан кейин Иброҳим Лодининг асосий кучлари ва ҳарбий филлари марказга ташландилар. Шунда Бобур араваларнинг ғилдираклари тагидаги ёғочларни олишни буюрди.

Етти юз арава жойидан қўзғалиб ёв қўшинининг рўпарасидан чиқди. Аравалар устидан тўплар, ора-орадан эса тўфанглар яқин келиб қолган ёвга ўқ ота бошлади. Тўпларнинг гумбурлаши, милтиқларнинг қарсиллаши, борут тутуни, ҳар қандай қалқонни тешиб ўтадиган оловли ўқлар зарбаси ва яна бунинг ҳаммаси беҳисоб аравалар шаклига кириб ўз-ўзидан юриб келаётгани ёв қўшинини даҳшатга келтирди. Филлар ярадор бўлиб бўкира бошлади. Филбонлар талвасага тушиб, филларни орқага бурдилар. Орқада эса ғуж-ғуж отлиқлару пиёдалар бир-бирига аралашиб кетган эди. Итар-итар, ур-сур бошланди. Яраланиб қутурган филлар отлиқларни йиқитиб, пиёдаларни босиб янчиб ўта бошлади.

Тўплар ва милтиқлар ҳамон ўқ отмоқда. Тўп ўқи теккан филлардан бир қанчаси пиёдалар устига ағанаб тушди. Орқадан келаётган отлар ва филлар ўзларини тўхтатолмасдан ағанаб ётган филларга суриниб йиқилишарди. Кетма-кет бир-бирини итариб, суриб келганлари олдин йиқилганларнинг устига қулашар ва ўтиб бўлмайдиган тўсиққа айланишарди.

Бу қиёмат ур-йиқитдан қочиб қутулушнинг иложини топган филбонлару отлиқлар жон-жаҳдлари билан қочишга тушдилар. Орқада тўлғама ишлатган отлиқларнинг сафи анча сийраклашиб қолган эди. Филлар бу сафни бирпасда ёриб ўтдилару Деҳли томонга интилдилар.

Тепалик устидан бунинг ҳаммасини кўриб турган Бобур:
— Ёғий Деҳлини бекитмоқчи! — деди ва алоқачи беклари турадиган ўнг томонга ўгирилди. Бироқ алоқачи беклар, чопарлар ва ясовуллар ҳаммаси бирин-кетин жанг майдонига махсус топшириқлар билан юборилганича қайтиб келишмаган эди. Эҳтимол, уларнинг баъзилари ўлгандир ёки яралангандир — жанг бусиз бўлмайди. Бобур отини буриб, ички беклари ва навкарлари томонга юзланди. Шунда унинг кўзи Тоҳирга тушди. Тоҳир махсус фармонларни ҳамиша яхши адо этиб келганини эслади:
— Тоҳирбек, Иброҳим Лоди қочдими ёки жанг майдонида қолдими, шуни аниқламоқ керак. Агар қочган бўлса хосса тобин[30] дан қувғинчи юборгаймиз.

Тоҳир чанг-тутунга бурканиб жаҳаннам бўлиб ётган жанг майдонига кўзи жавдираб қаради-ю, синган бошмалдоғини эслаб, овози қалтираб деди:
— Бош устига, ҳазратим!

Шу пайт жанг бўлаётган томонда оёғига ўқ тегиб, узангисидан қон сирқиб оқаётган бир ясовул от чоптириб келди.
— Ҳазратим, зафар бизники! — деди у ҳансираб.— Ёғий қочди!
— Иброҳим ҳам қочдими?
— Қочган филлар орасида Иброҳимнинг оқ филини кўрдим! Қочди!
— Бўлмаса дарҳол изига тушмоқ керак! Тоҳирбек, сиз тўхтанг! Жаноб Қосимтой мирзо!
— Лаббай, ҳазратим! — деб қирқ ёшлардаги норғул бек сафдан олдинга чиқди. Туркистонда туғилиб-ўсган бу бекнинг Улуғбек мирзога узоқ қариндошчилиги бор эди. У ўн беш йилдан бери Бобур ҳузурида хизматда эди.
— Агар Иброҳим Лоди Деҳли ёки Аграга етиб, бу қалъаларни бекитса, муҳорибаю муҳосара қайтатдан бошланур, — деди Бобур Қосимтой мирзога. — Ҳолбуки, биз Деҳли билан Аграни жангсиз олиш умидидамиз. Ёғийнинг бизга ҳамла қилиш эҳтимоли энди бартараф бўлди. Жаноб Қосимтой, хосса тобиндан минг кишини олинг. Беклардан Бобочуҳра... Тоҳирбек навкарлари билан... Иброҳимни қувланглар. Агар Деҳлида тўхтамай яна қочса, Аграгача кетидан қолманглар, токи бу шаҳарларни беркита олмасин. Кетларингиздан биз изма-из етиб борурмиз!
— Фармони олийга жонимиз фидо! — деди Қосимтой мирзо.
— Сиз бизнинг илғоримизсиз. Тангрим ёрингиз бўлсин! Енгингу енгилманг!
— Омин!

Шундай ғолибона жангда илғор сафда бўлиш Тоҳирнинг кўнглини кўтарди-ю, синган бошмалдоғининг оғриғи ҳам сезилмай қолди. У навкарларини ёнига олиб, жанг майдонига ҳаммадан олдин кириб келди.

Офтоб тиккага келган. Кун иссиқ. Чекинаётган ёв беш-олти бўлакка бўлиниб кетган. Баъзиларини Ҳумоюннинг одамлари, баъзиларини Хўжа Калонбекнинг навкарлари таъқиб этмоқда. Лекин уларнинг отлари эрталабдан бери у ёқдан-бу ёққа чопиб, чарчаб қолган. Тоҳирларнинг тобинда дам олиб турган отлари жангдан толиқиб қолган отлиқлардан ўтиб, ёвга бирпасда етиб олди.

Енгилган қўшин бўлиниб-бўлиниб қочаётган бўлса ҳам чўғи жуда катта экани Тоҳирга яқин борганда билинди. Ҳар тўпда етти минг-саккиз минг келадиган қўшин. Уларга нисбатан қувиб келаётганларнинг тўпи жуда кичик. Ёвнинг ҳар тўпида қатор-қатор филлар келаяпти. Лекин уларнинг орасида оқ фил йўқ. Балки Иброҳим филдан тушиб, от миниб кетаётгандир?

Қосимтой билан Тоҳир ўзаро маслаҳатлашишди-ю, ёвнинг кичикроқ кўринган бир тўпини икки ёнидан айланиб ўтиб, олдиларидан тўсиб чиқишди ва бир сурув филни эгалари билан асир олишди. Уларнинг орасида Иброҳим Лоди йўқ эди.

Қосимтой филбонларни ҳинд таржимон орқали сўроқ қила бошлади.
— Айт, Иброҳим Лодининг қайси тўпда кетаётганини кўрсатиб берса озод қиламен!

Филбонлардан бири орқада қолган жанг майдонини кўрсатиб, куйиб-пишиб алланарса деди:
— Иброҳим минган фил яраланиб йиқилган эмиш, унинг ўзи ўлганмиш, — деди таржимон.

Лекин Қосимтой бунга ишонмади:
— Бизнинг одамлар Иброҳимнинг қочганини кўрган. Сўра, ростини айтсин, бўлмаса боши кесилгай!

Биринчи филбон яна аввалги гапини такрорлади. Чиндан ҳам Иброҳим жанг майдонида ўлган эди. Лекин Қосимтой филбоннинг гапидан кўра боя Бобурга ахборот берган ясовулнинг гапига кўпроқ ишонар эди. Қосимтой сиқиштира бергандан кейин бошқа бир филбон тусмол билан Иброҳимнинг дарё бўйлаб кетиб бораётган катта тўпда эканини айтди. Учинчи бир филбон ўнг томонда кетаётган тўпни кўрсатди.

Қосимтой ҳамма филбонларни филлари билан бирга махсус навкарларга топшириб, Бобурнинг ихтиёрига юборди. Кейин дарё бўйлаб чекинаётган тўпнинг кетидан тушдилар. Бу тўпда фил минган, от минган ва Лоди қўшинининг энг жанговар қисми ҳисобланадиган ражпутлар кўп эди. Қосимтой дарё томонда, Бобобек билан Тоҳир ўнгдан айланиб ўтиб, уларнинг йўлларини тўсиб чиқдилар. Ражпутлар таъқиб этаётганларнинг нисбатан оз эканлигини кўрдилару камонларига ўқ ўрнатиб, қилич яланғочлаб, дадил жанг қила бошладилар.

Тоҳир камонига ўқ ўрнатиб отаётганда синган бармоғининг жонсизланиб, ишламай қолганини сезди. Ўқнинг учини бошқа бармоқлари билан тутиб, камонни тортиб отди. Ўқ қилич яланғочлаб келаётган қора бир одамнинг кўзи аралаш юзига тегди. Ўқ еган ражпут бир қўли билан юзини чангаллаб, отдан йиқилиб тушди. Бу орада полвонтахлит бир ражпут Тоҳирга яқин келиб қолди. Тоҳир камонига қайта ўқ ўрнатишга улгурмаслигини сезди-ю, қиличини суғурди. Ражпут полвони олтита кескир тиғи бор чакра деган қуролини кўтарди. Тоҳир унинг чакра тутган қўлига қараб қилич сермади. Қилич чакрага қарсиллаб текканда Тоҳирнинг синган бошмалдоғидан баданига шундай оғриқ тарқалдики, вужуди зирқираб кетди. Шишиб кетган бошмалдоқ қиличнинг дастасини қўлидан қандай чиқариб юборганини билмайди. Фақат қилич ерга учиб тушганини кўриб, белидан ханжарини олмоқчи бўлди, лекин улгурмади. Олти тиғли кескир чакра унинг бўйни ва ўнг елкасига шундай бир зарб билан урилдики, кифтидан энгагигача ҳамма жойини қиймалаб ташлагандай туюлди. Тоҳир кўзи тиниб отнинг ёли устига кўкраги билан тушганда чакранинг яна бир зарбаси унинг зирҳли кийимига қарсиллаб урилди. Тоҳир даҳшатли оғриқ ичида: «Энди бу мени отдан йиқитмагунча қўймайди! — деб ўйлади. У отдан йиқилса жасади туёқлар тагида қандай мажақланишини тасаввур қилди-ю: — Тезроқ ҳушимдан кетсам эди!» — деди.

Шу пайт Мамат етиб келиб, дастаси узун ойболтани чакра кўтарган ражпутнинг қўлига урди. Чакра ерга тушиб кетди. Мамат қонга беланиб, эгардан сирғалиб туша бошлаган Тоҳирни тез ўнгариб олди-ю, жанг майдонидан қочиб чиқди.

3

Деҳлига отасидан олдин кириб келган Ҳумоюн Жамна дарёсининг ўнг қирғоғидаги қизил деворли улкан қалъани жангсиз эгаллади. Иброҳим Лодининг қалъадаги хазинала-рини муҳрлаб, ишончли посбонларга топширдида, уч юзтача хос навкари билан шаҳарни айланишга чиқди.

Унда-бунда учрайдиган паст-баланд тепаликларни ҳисобга олмаганда, Деҳли — кўкалам бир текисликка жойлашган ва четларини кўз илғамайдиган катта шаҳар эди. Тиғиз жойлашган уйлар, маҳалла-куйлар беҳисоб, лекин кўчаларда одам кам — нотаниш фотиҳлардан чўчиб, уйларидан чиқмай ўтирганлар кўп.

Ҳумоюн қайси кўчадан ўтмасин, бесаранжом бир синчковлик билан эшик-деразалар тирқишидан, девор тепаларидан қараб турган ўнлаб кўзларни кўради.

Муқаддас дарё ҳисобланган Жамна бўйида тўп-тўп одамлар дафн маросими ўтказмоқдалар. Улар ўликларни хушбўй ўсимлик мойи сепилган ўтинлар устига қўйиб куйдирадилару кулини секин дарёга оқизадилар. Нариги дунёга оид бу иш билан бўлиб, бу дунёнинг ташвишларига, ҳатто шаҳарни эгаллаётган бегона қўшинга ҳам кўпда эътибор бермасликка тиришадилар.

Чорсу бозорида билакларига ва бўйинларига шода-шода гул осган ялангоёқ болалар, аёллар кўринади. Ҳатто соч-соқоли оқарган баъзи бир кексалар ҳам билакларига қизғиш-сариқ рангли гулшодалар солиб олишган эди.
— Бу — Чандин Чоук бозори, — деб изоҳ берди Ҳумоюннинг ёнида бораётган Ҳиндубек. — Ойдин Чорсу деган маъноси бор.
— Бугун ҳайитми, гул кўп? — сўради Ҳумоюн.
— Ҳа, баҳорги экинларнинг униб чиқишини қутлаб ўтказиладиган ҳайит. Ҳиндистонда ҳайит кўп. Бирон ой ҳайитсиз ўтмайди.
— Ғаройиб эл! — деди Ҳумоюн ўйчан кулимсириб.

Эски бир қасрнинг том ва деворлари устида оёқ-қўллари узун маймунлар бемалол сайр қилиб юрар эди. Юзлари, қўллари қора қоринлари сарғиш, бошқа ҳамма жойлари оқиш-кулранг. Жажжи маймун болалари томдан банан ва ним дарахтларининг шохларига сакраб ўтишар, бир-бирлари билан қувлашиб, дарахтдан ерга ҳам тушишар эди. Қасрнинг ич-ташида одамлар юрибди, лекин маймунлар билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ҳумоюннинг кетидан бораётган юзбошининг кўзлари бирдан овчилик эҳтироси билан ёна бошлади. У камонини қўлига олаётганини кўрган Ҳиндубек:
— Маймуннинг уволи ёмон бўлади, — деди. Буни овлаган одам бахтсизликка учрагай.

Ҳумоюннинг ўнг ёнида бораётган Хўжа Калонбек кулиб сўради:
— Сигирни ҳам шунақа эъзозлашимиз керакми, жаноб Ҳиндубек?
— Неки тансиқ бўлса, элга азиз кўринур, — деди Ҳиндубек. Бу ернинг иссиқ иқлимида сигир асраш осон эмас.
— Ҳар қалай, — деб Ҳумоюн Ҳиндубекка ён босди, — подшо ҳазратлари махсус фармон чиқардиларки, ҳинд халқининг азалий удумларига ҳурмат билан қаралсин, эл-улуснинг нафсониятига тегадиган ҳаракат содир бўлмасин.

Хўжа Калонбек ўнг қўлини кўксига қўйди:
— Амирзодам, бу фармони олий биз учун қонун! Мен фақат Ҳиндубекка сал тегишдим.
— Бекнинг густохлиги маълум-ку, — деб энди Ҳиндубек ҳам Хўжа Калонга ҳазил қилди.

Олдинда баланд дархтлар орасидан бўй чўзиб чиқиб турган ёнлари қиррадор минора кўринди.
— Қутб Минора! — деди Ҳиндубек.

Ҳумоюн минора олдида отдан тушди, сўнг беклар билан миноранинг тепасига чиқди. Минорадан юз қадамча нарида терак бўйи келадиган ёлғиз бир қора устун кўринди. Уста атрофида одам кўп эди.
— Бу недур? — сўради Ҳумоюн Ҳиндубекдан.
— Бу устун яхлит темирдан ясалган. Билганларнинг айтишича, уч юз йилдан бери турган эмиш. Кимки устунни қучиб, илкини бир-бирига теккизолса, ўйлаган муроди ҳосил бўлар эмиш.

Шу вақтгача ўзини босиқ тутиб келаётган Ҳумоюн энди ўсмирларча бир қизиқиш билан:
— Қани кўрайлик! — деди ва чаққонлик билан зинадан чопиб тушиб кетди.

Темир устун атрофидаги одамлар шаҳзодани кўриб, ўзларини четга олдилар.
— Жаноб Ҳиндубек, қани, устунни не тавр қучиш керак?

Устуннинг тепаси ва пасти қорайиб кетган. Фақат ўртаси — беҳисоб одамларнинг қўл ва елкалари теккан жой оппоқ бўлиб, маъдани йилтираб чиқиб турар эди.

Ҳиндубек устунга тескари туриб, елкасини унга тиради-да, қўлларини орқага чўзди. Устун анча йўғон эди. Ҳиндубек уни тескари қучиб қўлини бир-бирига чўзди, лекин еткизолмади. Бутун кучи билан чиранди, барибир қўли қўлига тегмади.

Буни кўрганлар хахолаб кула бошладилар. Ҳумоюн ҳам кула-кула Ҳиндубек уддалай олмаган ишни қилиб кўрди. Лекин у ҳам қўлини қўлига теккизолмади. Бек ва навкарлару яна беш-олтитаси куч синаб кўрди. Шулардан фақат биттаси — қўллари узун, ўзи озғин са-марқандлик йигит — устунни тескари қучиб, қўлини қўлига текказишга муваффақ бўлди.

Ҳумоюн унга бир сиқим кумуш танга мукофот берди.

* * *

Деҳлида тўп-тўп бўлиб айланиб юрган ғолиблар орасида ёғли ўлжа излаётганлари ҳам бор эди. Синд дарёсининг бўйидан Бобур аскарларига қўшилиб келган Ёр Ҳусайнбек илгари Хайбар довонининг жанубида йўлтўсарлик қилган қароқчилардан эди. Ҳозир унинг навкарлари шаҳар четидаги бир ибодатхонага киришиб, ҳиндлар сиғинадиган худоларнинг ҳайкалларига ўрнатилган қимматбаҳо тошларни кўчириб олишга тушдилар.

Деворлари оқ-сарғиш мармардан ишланган ибодатхонада кекса бир бараҳман[31] кўзларига ёш олиб, будданинг улкан тош ҳайкалидан нажот сўрамоқда. Ибодатга келган аёллар, чоллар, ўсмирлар, худолари олдида бош эгиб жим туришибди.

Ёр Ҳусайнбекнинг навкарлари эса тўрт қўллик худо Шиванинг баланд ҳайкалига нарвон қўйиб чиқишган, Шиванинг пешонасига катта қизил ҳолга ўхшатиб ўрнатилган ёқутни ханжар билан кавлаб олишга уринишарди.

Шу ҳодисанинг устига келиб қолган Ҳумоюн нар-вондаги навкарга қаҳр билан қичқирди:
— Подшоҳ ҳазратлари номидан буюрамен. Ҳайкалга тегма! Туш пастга!

Ёр Ҳусайнбек нимқоронғи ибодатхона ичида Ҳумоюнни аввал танимади:
— Кофирларнинг ҳайкалини ҳимоя қиладиган подшонг ўзингга! — деди-да, нарвондаги навкарга буюрди: — Олавер!

Навкар ханжар билан ҳайкалнинг пешонасини кавлашда давом этди. Шунда Ҳумоюн отган ёй ўқи унинг билагига тегди. Ханжар ерга тушиб кетди. Навкар билагини чангаллаганича орқага ўгирилди.

Ёр Ҳусайнбек қиличини суғуриб:
— Ким у? — деб ўшқирди-ю, Ҳумоюн томонга ҳамла қилди.

Ҳиндубек ҳам қиличини суғуриб олдинга чиқди:
— Сиз Ёр Ҳусайнбек бўлсангиз, бу олий зот Бобур подшоҳнинг ўғиллари мирзо Ҳумоюндирлар!

Ёр Ҳусайнбек бу гапга ишонгиси келмай Ҳумоюнга кўзларини олайтириб тикилди. У энг аввал Ҳумоюннинг эгнидаги арғувоний тўнни таниди. Ёқаларига дурлар қадалган бу тўн — Бобурники эди. Ҳумоюн Панипат жанги арафасида Иброҳим Лодининг Ҳамидхон деган лашкарбошиси билан олишиб, уни енгган, уч юздан ортиқ одамини асир олиб келган эди. Бобур ўғлининг бу жасоратига қойил бўлиб, эгнидаги шоҳона тўнини ўғлига кийдирган, буни ҳамма беклар, шу жумладан, Ёр Ҳусайнбек ҳам кўрган эди. Ўша тўн ҳозир ҳам Ҳумоюннинг эгнида эди — унинг хипча гавдасига бир оз катта келиб, елкалари осилиброқ турар эди.
— Амирзодам, мен сизни танимабмен! — Ёр Ҳу-сайнбек қўлида қиличи билан бир қадам орқага чекинди.
— Қилични топширинг! — буюрди Ҳумоюн.
— Амирзодам, мен ҳазрат отангизга содиқ хизмат қилган бекларданмен!
— Ибодатхонада суғурилган қилични мен подшоҳ ҳазратларига элтиб топширишим керак! — деди Ҳумоюн.— Сиз йўлтўсарликдан тавба қилиб, ҳазрати олийнинг хизматига кирган экансиз. Бугун яна талончилик кўчасига қайтмишсиз. Подшоҳ ҳазратлари зиёратгоҳларда ножўя ҳаракат содир бўлмасин деб, буюрмаган эдиларми? Нечун назарни бунчалик паст қилдингиз, бек? Ёғий хазиналаридан барча жангчилар ўз улушларини олгайлар! Бу хазина сизга ҳам етиб ортгай! Иброҳим Лодининг одамлари шу ҳайкалнинг пешонасидаги ёқутга тегмаган эканлар. Улар қилмаган пасткашликни қилиш бизга иснод эмасми? Олинг қиличини! Мана бу нокас йигитларни тутиб ҳибсга элтинг! Токи бошқа йигитларимизга ибрат бўлсин!

Хос навкарлар бу буйруқни бажарганларидан кейин Ҳумоюн Ҳиндубекка бараҳманни ва унинг қавмларини кўрсатди-да:
— Жаноб бек, подшоҳ ҳазратлари бизга тайинлаган гапларни буларга таржима қилиб беринг, — деди. Буларнинг дини бошқа. Лекин биз барча ғайридинларни бир худонинг бандалари деб билурмиз. Биз Ҳиндистонга яхши ниятлар билан келдик. Бу муаззам кишварни ҳиндлар билан бирга обод қилмоқчимиз. Кимки бизга ҳамкор бўлса, ҳамкорлик қилурмиз!

Ҳиндубек таржима қилган бу сўзларни бараҳман ва унинг қавмлари бош ирғаб, таъзим қилиб эшитдилар. Шаҳзода ва унинг одамлари чиқиб кетгандан кейин эса бараҳман яна будданинг ҳайкали олдига ибодатга келиб, бутун миннатдорчилигини унга айта бошлади. Муқаддас ёқутни олмоқчи бўлган нокаснинг қўлидан ўқ еб жазоланиши будданинг иродаси билан бўлганига бараҳман ўз қавмларини ишонтириши зарур эди.

4

Узоқ Сирдарё воҳаларида энди лола барг ёзадиган салқин ҳамал ойида Жамна бўйлари авжи саратон пайтидагидек иссиқ эди. Куни бўйи офтобда отлиқ юриб бадани мисдай қизиб кетган Бобур кечки пайт салқинроқ жой излаб Жамна дарёсининг бўйига келди.

Куннинг иссиғидан ташқари пешиндан сўнг ичилган ароқнинг тафти ҳам унинг ичини ёндирмоқда эди. Кобулда кўп ичиб ўрганган беклар Панипатдаги ғалаба шарафига ҳар куни бир-икки жойда зиёфат беришиб, уни таклиф қилишарди. Иссиқ ва сернам ҳавода устма-уст ичилаётган чоғир ва ароқлар Бобурнинг юрагини беҳаловат қилиб, кечалари уйқусини қочириб юборарди. Кўп ичиб ётган кунлари эрталаб туриб йўталса балғамга қон аралашиб чиқарди. Буни кўрган ҳиротлик хос табиб Юсуфий:
— Ҳазратим, ўтинамен ичкиликни ташланг! — дея ялинарди.

Бобурнинг ўзи ҳам уйқусиз беҳаловат бўлиб ётган кечалари «енди ташламасам бўлмас», дерди. Лекин кундуз бирон ташвишдан кўнгли ғаш бўлса ёки аксинча, кайфини чоғ қиладиган яхши воқеа юз берса, яна ичгиси келиб қоларди. Айниқса, илк қадаҳларни ичиб, кайфи энди кўтарилиб келаётган пайтларда беклари бундан кейинги ичкилик мажлисга таклиф қилсалар осонликча розилик бериб қўярди. Бугун пешиндаги ўлтиришда ҳам худди шундай бўлган, «кечаси кемада базм қилурмиз» деб бекларни ўзи зиёфатга таклиф қилган эди.

Ҳолбуки тушда ичилган майнинг ғубори ҳалигача тарқамасдан борлиғини лоҳас қилмоқда эди.

Бобур мулозимлари ва хос навкарлари билан Жамнага яқинлашганда дарё бўйидаги кўкалам ялангликда дафн маросими ўтказаётган бараҳманлар, аёллар, кекса-ёш юздан ортиқ одамларни кўрди. Бобур дафн маросимини яқинроқдан кузатмоқчи бўлди-ю, отини ўша томонга бурди.

Панипатдаги жангнинг даҳшатли тафсилотларини эшитган одамлар отлиқлардан қўрқиб, маросимни бузиб қоча бошладилар. Бобур яқин борганда ёндиришга тайёрлаб қўйилган ўлик олдида битта мотамсаро келинчак, кекса аёл ва мункайган бир бараҳман чол қолган эди. Ўтин устида чалқанча ётқизиб қўйилган жасаднинг пешонасини тўфангдан мерганларча отилган ўқ қорайтириб тешиб ўтган эди.

Бу ражпут йигитни Бобур қаердадир кўргандай бўлди. Ҳа, Панипат жангидан бир кун олдин Ҳумоюн Ҳамидхон деган афғон саркардасини енгиб, унинг уч юз навкарини асир олиб келган эди. Иброҳим Лоди билан бўладиган жанг ҳали олдинда. Унинг қўшини саккиз баробар кўп. Шунинг таҳликаси таъсирида Бобур асирларга нисбатан аёвсиз бир сиёсат ишлатганини эслади.

Иброҳим Лоди қўшинларида тўфанг йўқ. Асир олинганлар ҳам тўфангдан одамни отиб ўлдириш мумкинлигини билишмайди. Улар кўпроқ ҳинд худоларидан бўлмиш Шиванинг қаҳридан қўрқишади. Ражпутларнинг эътиқоди бўйича, агар Шива астойдил ғазабланса, икки кўзидан ташқари пешонасида учинчи кўз пайдо бўлади. Шива кимгаки шу учинчи кўзининг қип-қизил оловини сочса, ўт теккан одам тил тортмай ўлади...

Бобур мана шу диний эътиқоддан ҳарбий мақсадда фойдаланмоқчи бўлди-да, асирлардан юзтасини бир четга саф қилдирди. Уларнинг қаршисига юзта тўфангандозни қўйди ва йигирма қадам жойдан ўт очишни буюрди. Ўша тўфанглардан отиб ўлдирилган асирларнинг бири — пешонасидан ўт теккан мана шу йигит эди.

Тирик қолган асирлар тўфангдан отилган оловли ўқ одамни қандай ўлдиришини умрларида биринчи марта кўриб даҳшатга тушдилар. Улардан бири осмонга қўл чўзиб:
— О Шива! Раҳм қил, Шива! — деб бақирди.

Бобур ваҳимадан титраётган юзта асирга таржимон воситасида мурожаат қилди:
— Ҳа, бизда Шиванинг кўзидай шафқатсиз олов сочадиган қурол бор! Сизларни ҳозир озод қилгаймиз. Бориб юртдошларингизга айтинглар! Биз билан урушганлар мана шу оловнинг зарбидан ҳалок бўлурлар! Урушмай таслим бўлганлар сизлар каби омон қолурлар!

Тирик қўйиб юборилган юзта асир бу гапларни шаҳару қишлоқларга тарқатдилар. Ҳозир Жамна бўйида дафн этилаётган жангчи йигитнинг яқинлари ҳам унинг Шива оловини эслатадиган бир балодан ҳалок бўлганини эшитган эдилар.

Марҳум жангчининг ёшгина хотини ўзини эрининг жасади билан бирга оловга ташлаб куйдиришга тайёрланмоқда эди. Бобур сочлари ёйилиб елкасига тушган келинчакнинг юзида ўлим шарпасини кўрди-ю, ҳиндлардаги сати одатини эслади.

Агар келинчак тирик қолса, умр бўйи азадорлик кийимида юриши, кунига фақат бир марта овқат еб, бошқа эр қилмай, то ўлгунча азоб-уқубатда яшаши керак эди. Мабодо келинчак бундай забун ҳаётни ўзига муносиб кўрмаса, сати одатига бўйсуниб, эрининг мур-даси билан бирга оловда ёниб кетиши керак эди...

Кекса бараҳман жасаднинг тагидаги ўтинларга бирдан ўт қўйиб юборди. Махсус мой сепилган ўтин ловиллаб ёниб кетди. Келинчак олов ичида қолаётган жасадга қараб бир талпинди-ю, лекин жони ширинлик қилиб, орқага чекинди.

Бобур Ҳиндубекка юзланди:
— Наҳотки шундай гўзал келинчак ўзини оловга ташласа? Бу не жаҳолат?! Бараҳманга бизнинг буйруғимизни айтинг! Келинчакни олиб кетсин!

Ҳиндубек отини чу-чулаб бараҳман билан келинчакка яқинлашди-да, ҳиндчалаб бир нарсалар деди. Келинчак Бобурга тез ўгирилиб қаради:
— Фотиҳларнинг подшоси шуми? Менинг эримга Шиванинг оловини шу одам сочганми? — келинчак икки қўлини Бобур томонга чўзди: — Агар сенда Шиванинг қудрати бўлса эримни тирилтириб бер! Ўшанда мен ҳам тирик қолурмен! Сен Шива бўлсанг, энди бизга раҳм қил! Тирилтир!

Ҳиндубек бу илтижони таржима қилганда Бобур саросима бўлиб:
— Ҳуши жойидами? — деди. — Мен Шива эмасмен! Ўлган одам энди тирилмагай! Келинчакни қутқаринг!

Бу гапларнинг таржимасини эшитган келинчак бирдан ғазабланиб қичқирди:
— Шива бўлмасанг, нечун ёлғон овоза тарқатдинг? Нечун менинг эримни ўлдирдинг?! Энди менинг ўлимимга ҳам сен сабабчи бўлурсен!

Келинчак оловга яқинлашар экан, Бобур Ҳиндубекка:
— Ушланг, ушланг! — деди.

Ҳиндубек от устидан келинчак томонга интилиб, уни ўнгариб олмоқчи бўлди. Аммо келинчак Бобурга қарата:
— Кет босқинчи! Йўқол! Юртингга кет! — деб қичқирди-да, Ҳиндубекка чап бериб, ўзини оловга отди ва эрининг ёнаётган жасадини қучоқлаб олди.

Ловуллаб ёнаётган олов дарҳол келинчакнинг ҳарир кийимларига ва елкасида ёйилиб ётган қора сочларига илашди. Бобур унинг олов ичида аччиқ оғриқдан чинқириб юборганини эшитди, шунда ҳам жангчи эрининг жасадини қучоғидан қўймаётганини кўрди-ю, ларзага келиб, отини орқага бурди.

У Жамнанинг сокин қўлтиғида лангар ташлаб турган икки ошиёнлик кемага томон отини елдириб бораётганда орқадан эсган шамол оловда куйган одам танасининг кўнгилни айнитадиган чучмал ҳидини олиб келди.

Кеманинг пастки қаватида баковул ва ошпазлар подшонинг тушлик таоми учун кабоб пиширмоқда эдилар. Бобур кеманинг «толор» деб аталадиган болохонасига кўтарилаётганда, манғалда пишаётган кабобнинг тутуни ва ҳиди бояги оловнинг чучмал ҳидини эслатди-ю, бирдан кўнглини беҳузур қилди. У баковулга ўгирилиб:
— Манғални ўчиртиринг! — деди.
— Ҳазратим, сизга тушлик...
— Тушлик керак эмас.
— Аммо кечқурунги зиёфат...
— Зиёфат қолдирилсин!..

Бобур ғамгин юз билан толорга бир ўзи чиқиб келди. Ҳадемай пастки қаватга ҳам жимлик чўкди. Шу жимликда ўзини оловга ташлаган келинчакнинг чинқириғи гўё қайта эшитила бошлади... Панипатдаги ҳарбий ғалаба бу чинқириқ таъсирида Бобурга маънавий мағлубиятдек туюлиб кетди. Шива ҳақидаги ривоятдан сиёсат учун фойдалангани илгари ҳарбий ишда хатарли аснода жоиз бир чорадек кўринган бўлса, энди оловда ёнган гўзал келинчак бунинг қанчалик ғайриинсоний шафқатсизлик эканини унинг кўзига баралла кўрсатди.

Панипат зафари... Тақдир унга шундай улкан ғалабани нега Мовароуннаҳрда бермади? Ватанида жанг қилса, ҳеч ким уни босқинчиликда айблай олмас эди-ку!

Узоқларда қолган Моҳим бегим эсига тушди. Кўрмаганига олти ойдан ошяпти. Сўнгги марта суҳбатлашганларида Моҳим бегим бугунги даҳшатларни олдиндан сезгандай, қанчалик изтиробга тушган эди!..

Бояги келинчакнинг: «Кет, босқинчи! Кет!» деб қичқиргани унинг қулоғи остидан кетмас эди. Бобур ичида: «Ёраб, бу не кўргилик!» деди-ю, хаёлини бошқа бирон нарса билан банд қилиш учун дафтар-қалам олди. Севган ёридан ва туғилиб-ўсган диёридан узоқда у ўзини беҳад толесиз, бахтсиз сезган пайтлари кўп бўлар эди. Ҳозир ҳам шу оғир туйғу юрагини чулғаб олди. Бобур кўнглини дафтарига бўшатгиси келиб, биринчи сатрни ёзди:

Толеъ йўқи жонимга балолиғ бўлди.

У кенг қирғоқлар орасидан товушсиз жим оқиб ўтаётган Жамнага тикилди. Ботиб кетган қуёшнинг қуюқ шафағидан дарё суви қизғиш кўринади. Бобурнинг назарида, дарё сувини шафақ эмас, жангларда тўкилган қонлар қизартириб юборгандай туюлди.

У изтироб билан кейинги сатрларни ёзди: Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди,
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди!

* * *

Ғира-шира қоронғиликда ўнг қирғоқдан катта бир қайиқ чиқиб, кемага қараб кела бошлади. Кеманинг пастки қаватидан қўрчибоши:
— Ким у қайиқдаги? — деб сўраганини Бобур ҳам эшитди-ю, қайиққа тикилиб қаради.

Қайиқнинг олтитами-саккизтами эшкаги бор эди.
— Мирзо Ҳумоюн ҳазрати олийларининг ҳузурларига ижозат сўрайдилар! — деб жавоб берди қайиқдан йўғон бир товуш.

Ҳумоюн билан кўпдан бери яккама-якка суҳбатлаша олмаган Бобур бугун ўғли билан бир дардлашгиси келди-ю, пастдан савдарни чақирди:
— Айтинг, Ҳумоюн толорга чиқсин!

Кўп ўтмай толор зинасида вазмин қадам товушлари эшитилди. Ҳумоюн эшикдан кирганда Бобур унинг чақнаган навқирон кўзларига, энди лаб устини қоплаган нозик мўйловига, кучга тўлиб турган хипча, соғлом гавдасига ҳаваси келиб тикилди. Бобурни қийнаётган изтиробли туйғулар, уни беҳаловат қилган иссиқлар Ҳумоюн учун гўё йўқ эди. «Ўн саккиз ёшимда мен ҳам шундай йигит эдим-а, энди нимам қолди?» деган ўйдан Бобурнинг кўнгли қаттиқ эзилди.

Ота-бола кўришиб-сўрашганларидан сўнг, Ҳумоюн отасининг рўбарўсига чўкка тушди-да, кулимсираб қўйнидан чиройли садаф қутича олди.
— Ҳазратим, шуни бир очиб кўринг.

Бобур қутичани қўлига олиб шошилмай очди. Қора бахмал мато орасидан олмосга ўхшаш сержилва бир тош юлдуздай чарақлаб кўринди. Лекин тошнинг ёнғоқдай катталигига қараб, Бобур унинг олмослигига ишонгиси келмасди. Жуда кўп хазиналарни ва хилма-хил жавоҳирларни кўрган Бобур бунчалик катта олмосни ҳали учратмаган, олмос донасининг бу қадар улкан бўлишини тасаввур ҳам этмас эди.
— Бу қандай жавоҳир? — деб сўради Бобур ўғлидан.
— Олмос эмиш.

Бобур нур жилвасига чўмиб ўйнаётган тошни қўлига олиб салмоқлаб кўрди:
— Вазни етти-саккиз мисқол келур. Наҳот шунчалик катта олмос бўлса?
— Мен бир муқаййим[32]ни чақириб кўрсатдим. Маш-ҳур Кўҳинур[33] олмоси шу, деди. Оламда бундан катта олмос йўқ эмиш. Баҳоси сандиқ-сандиқ олтинлардан баланд эмиш.
— Мен Бангола подшоси Султон Аловиддинда улуғ бир олмос бор деб эшитган эдим. Таъриф қилган эдиларки, шу битта олмос катта бир мамлакатнинг бир ойлик сарфу харажатини кўтаргай.
— Муқаййимнинг айтишича, мана бу олмоснинг қиймати тамоми оламнинг икки ярим кунлик сарфига баробар экан.
— Сен буни қаердан олдинг?

Ҳумоюн ўнғайсизланиб жилмайди-ю:
— Гвалиор рожасининг хайлхонасида пешкаш қилдилар,— деди.
— Нечун?

Ҳумоюн воқеани ҳикоя қилар экан, Бобур Гвалиор вилоятида юз йилдан бери ҳокимлик қилиб, жуда катта бойлик орттирган рожа Бикрамадитъянинг ҳашаматли қасрини кўз олдига келтирди. Бикрамадитъя Иброҳим Лодига бўйсунмасдан, у билан узоқ вақт уруш қилган, охири Гвалиорни Иброҳимга бериб, ўзи Шамсобод деган жойга кўчиб кетган ва кўп ўтмай вафот этган эди. Панипатдаги ғалабадан кейин Ҳумоюн бошлиқ илғорлар Деҳлидан ўтиб бориб кўп қасрларни ишғол қилдилар. Шу қасрлардан бирида ўлиб кетган ўша рожанинг бўй етган икки қиз, бир ўғли ва уларнинг оналари яшаб турган эди.

Рожанинг йигирма ёшлардаги ўғли Ҳумоюнни яхши қарши олди:
— Сизларнинг душманларингиз бўлган Иброҳим Лоди бизнинг ҳам душманимиз эди, унинг мағлуб бўлганидан биз шодмиз, — деди. — Энди рухсат берингизлар, биз Шамсободдан она юртимиз Гвалиорга қайтиб кетайлик.

Ҳумоюн ҳам ёш рожа билан илиқ муомала қилди-ю, лекин Гвалиорга кўчиб кетиш учун ўзи рухсат бера олмаслигини, подшоҳни кутиш кераклигини айтди. Ўша кеча Вайс деган бир бек элликкача йигити билан рожанинг қасрида тунади. Ҳумоюннинг ўзи қасрнинг ҳовлисидаги боққа чодир тиктириб, кечаси чодирда ухлаб ётганда ичкарида кўтарилган тўполонни эшитиб уйғониб кетди. Қўрчиларини ёнига олиб, қаср ичига чопиб кирса, Вайсбекнинг йигитларидан бири эшик олдида қонга беланиб ўлиб ётибди. Қандилларда шамлар ёниб турибди. Иккинчи қаватнинг зинапоясида турган ўн саккиз ёшли гўзал қиз чувалиб ётган ипак сарисини титроқ қўллари билан олиб, яланғоч елкасига ёпишга уриняпти. Рожанинг ўғлини беш-олтита навкарлар ўртага олиб, қўлидаги қиличини уриб туширишди.

Маълум бўлишича, Вайсбек рожанинг шу қизини ёқтириб қолиб, навкарлари ёрдамида ўз бўлмасига куч билан олиб келтирмоқчи бўлган. Қизнинг акаси қилич яланғочлаб ҳимояга чиққан. Қизни кўтариб кетмоқчи бўлган навкарни қилич билан уриб йиқитган. Энди бунинг қасдига навкарлар ёш рожанинг ўзини ўлдирмоқчи эдилар.

Ҳумоюн гап нимадалигини суриштириб билгач, нав-карларга:
— Рожани бўшатинг! — деб буюрди. — Ўз сингилларини бунчалик мардона ҳимоя қилган йигит эҳтиромга сазовор. Подшоҳ ҳазратлари бундай кишилар билан яхши муомалада бўлишни буюрган эдилар. Фармони олийни унутган шаҳватпараст Вайсбек ҳибсга олинсин! Қизни иликламоқчи бўлган навкарлар ўн дарра калтаклансин!

Хос навкарлар бу буйруқни бажармагунларича Ҳумоюн уларнинг тепасидан кетмай турди. Бу орада зинапоядан ёш рожанинг онаси қўлида кичкина садаф қутича билан тушиб келди. У олий табақанинг ўқимишли аёлларидан эди, кўп тилларни биларди, Ҳумоюнга форсчалаб гапирди:
— Шаҳзода, менинг бисотимдаги энг катта бойлигим— мана шу қутичанинг ичида. Менга фарзандларим дунёнинг ҳамма бойликларидан азизроқ. Сиз ўғлимнинг жонини қайтариб бергандек бўлдингиз. Мана бу қутичадаги улуғ олмосни сизга пешкаш қиламан!
— ... Воқеанинг тафсили шу, — деди Ҳумоюн ва отасига «Бир навкарнинг ўлгани-ю, Вайсбекнинг жазолангани учун гап эшитмасмикинмен?» дегандек термилиб қаради.

Бобур оғир тин олди-ю:
— Алқисса, бу гўзал олмос ҳам зўравонлигу хунрезлик балосини кўриб келмишми? — деди.
— Ҳазратим, мендан хатолик ўтган бўлса афв этинг. Мен ўйладимки, ўз ор-номусларини шундай бебаҳо олмосдан ҳам ортиқ қадрлайдиган одамлар ғайридин бўлсалар ҳам...
— Рост, бу мамлакатда шундай ор-номусли одамлар борлигини ўйласам, менинг ҳам кўнглим кўтарилур, ўғлим! Аммо бизнинг назари паст беку навкарларимиз зўравонлигу талончилик билан ҳинд элини биздан чўчитмоқдалар. Ахир бизнинг мақсадимиз фақат мамлакат олмоқ эмас эди-ку. Биз Ҳиндистонда катта давлат тузиш орзусини кўнглимизга тугиб келган эдик. Ягона қудратли давлат барпо этилишидан ҳинд эли ҳам манфаатдор эмасми? Барча ўлкалар бирлашса, элнинг тинкасини қуритган ички урушлар тўхтамасми? Улус тин-чиб, илму санъатнинг равнақи осонлашмагайми? Буни сезган ҳиндистонийлардан Диловархон, Ҳиндубек кабилар биз билан ҳамкорлик қилмоқдалар. Биз энди бутун ҳинд элининг кўнглини олмоққа интилмоғимиз даркор, ўғлим!
— Ҳинд элининг кўнглини олмоқ?! — таажжуб билан сўради Ҳумоюн. — Қонли жанглар ваҳимасидан қўрқиб, шаҳару қишлоқларини ташлаб қочмоқда бўлган минг-минг одамларнинг кўнглини биз қандоқ олғаймиз?

Бобур Панжобда йўлни адаштириб, фотиҳларни хароб қилмоқчи бўлган филбонни ва боя «Кет, босқинчи!» — деб қичқириб ўзини оловга ташлаган келинчакни эслади:
— Ҳа, бу жуда мушкул муаммо! — Бобур миз устида турган садаф қутичани қўлига олди. — Умидвормен, шояд бу муаммони ечишга муяссар бўлсак. Ахир мана сен бир қанча ҳиндистонийларнинг кўнглини олмишсен-ку. Деҳлига келган кунинг ибодатхонада бу элнинг муқаддас туйғуларини ҳимоя қилмишсен. Бунинг ҳаммасига лойиқ мукофот мана шу олмосдир! Ол, ҳалолинг бўлсин!
— Ҳазратим, — деб Ҳумоюн қутичани олмай қўлини кўксига қўйди, — бу олмосни мен сизга атаб келтирдим.

Бобур садаф қутичани яна миз устига қўйди-ю, овози хиёл товланиб:
— Сенинг бу саховатинг учун тангрига шукрлар қиламен, — деди. — Панипат жангида сен менга энг биринчи бўлиб зафар келтирдинг, қўшиннинг руҳини кўтаришга сабабчи бўлдинг. Мен ҳали бу хизматларингни кўнглимдагидек тақдирлаганим йўқ.
— Лекин сизнинг аввалги инъомларингиз менинг бутун умримга етгуликдир, — деб Ҳумоюн отасига «Мубаййин»ни эслатгиси келди. — Мен ҳам сизга арзирлик бир армуғон келтириш орзусида эдим...
— Ундай бўлса, майли, мен бу армуғонингни бир марта қабул қилай. Энди шу олмос меникими?
— Сизники!
— Лекин тақдир менга дунёдаги барча олмослардан қимматлироқ бир мукофот бермишдир. Бу мукофот — менинг сендек ўғлим борлигидир. Тождор, тахтдор ота-ўғиллар орасида қандоқ ёмон бахилликлар, қандоқ разил хунхўрликлар бўлганлиги сенга сир эмас. Мен истайменки, бу балолар сену менга ҳеч вақт ёвуқ келмасин. Худодан тилагим шуки, мендан сенга, сендан авлодларингга саховату мардлик, фидокорлигу олижаноблик мерос бўлиб қолсин. Бу фазилатлар бизни улкан тоғ силсиласидек доимо бир-биримизга боғлаб турсин. Ана ўшандагина биз Ҳиндистонга келиб кўзлаган улуғ мақсадларимизга етишгаймиз.
— Сиз айтган улуғ мақсадлар учун ўғлингиз жонини беришга ҳам тайёр!
— Бунга менинг ишончим комил. Шунинг учун бу ноёб олмосни мен фақат сенга муносиб кўрурмен. Ол!

Ҳумоюн энди ўрнидан сакраб турди-ю, садаф қутичани таъзим билан отасининг қўлидан олиб, кўзига сурди. Бобурнинг бояги беҳаловатлиги ва тушкун кайфияти энди тарқаб кетган, кўнглида яна яхши истиқболга ишонч туйғуси мавж урар эди. У Ҳумоюнга:
— Ўтир, — деди-да, қарсак чалиб савдарбошини чақирди: — Ҳиндубекни чорланг. Хўжа Халифа билан бирга кирсин.

Чақирилганлар келгунча Бобур Ҳумоюнга Аградаги аҳвол тўғрисида гапириб берди:
— Қўрғонни Иброҳимнинг онаси, ўғли, Маликдод Короний отлиқ вазири мингдан ортиқ хос аскарлари билан беркитиб олмишлар. «Сўнгги одамимиз қолгунча жанг қилурмиз» деб аҳд қилмишлар. Бу аҳдни бизнинг қўшин бир ҳамла билан кўкка совурмоғи мумкин. Аммо яна хунрезлик бўлур, шаҳар бузилиб, бизга керакли қанча одамлар ҳайф кетур!

Хўжа Халифа ва Ҳиндубек толорга таъзим қилиб киришди. Бобур уларни қаршисига ўтқазгач:
— Сизлар Аграга биздан элчи бўлиб бормоқларингиз керак, — деди. — Мақсад — қўрғонни жангсиз олиш. Молу жонлари омон қолсин. Иброҳимнинг онаси Жамна бўйидан паргана[34] сўраган эмиш. Майли, берайлик, Иброҳимнинг ўғли арабча-форсча ўрганган илмлик ўспирин эмиш, уни саройдаги обрўли мулозимларим қаторига қўшай. Маликдод Коронийни тадбиркор вазир деб эшитдим. Уни Ҳиндистон муаммолари бўйича ўзимга маслаҳатгўй қилиб хизматга олай. Бориб, яхшилаб сўзлашинг. Яна қандай маъқул тилаклари бўлса қабул қилайлик. Хуллас, қирғин бўлмасин, бева-бечора кўпаймасин, деб шу йўлни тутмоқдамиз... Яъни, сизларнинг вазифаларингиз — қалъа олиш эмас, балки қалъадагиларнинг кўнглини олишдир!

Оғир жангларнинг олдинги сафида қон кечиб юрган Ҳумоюн билан Ҳиндубек Бобурнинг бу тадбиридан енгил тортишиб, бир-бирларига мамнун қараб олишди.

Агра - Ё Ҳаёт, Ё Мамот

1

Иброҳим Лодининг онаси малика Байда Панипат жангида ўлдирилган ўғли учун аза тутиб, бошдан-оёқ оқ кийиниб юрар эди. Орага қўйилган одамлар унга истаган парганасини бериб, Аграни жангсиз топширишга кўндирдилар. Малика қўрғон дарвозаларининг калитини Жамна бўйида Бобурга топшираётганда кўзларидан тирқираб ёш чиқиб кетди.

Бобур бу салобатли кампирнинг кенг пешонаси ва бир-бирига қўшилган қошларини қаердадир кўргандай бўлди. Сўнг бирдан Панипат эсига тушди. Жанг тугагандан кейин бир бек минглаб ўликлар орасидан Иброҳим Лодининг жасадини излаб топган ва бошини кесиб олиб, узун найзага санчиб Бобурга келтириб кўрсатган эди. Энди қирқ ёшларга борган Иброҳим Лодининг кенг пешонаси ва пайваста қошлари ҳам худди онасиникига ўхшар эди.

Бобурга бир лаҳза шундай туюлдики, гўё Иброҳим Лоди тўсатдан тирилиб, онасининг қиёфасига кириб келган. Бобур алланечук саросима бўлиб:
— Малика, йиғламанг, — деди. — Биздан яна қандай тилагингиз бўлса айтинг?

Малика Байда кўз ёшини кафти билан тез артди:
— Менга бошқа озор бермасалар бўлди.

Бобур мулозимлари томонга юзланди:
— Минбаъд маликага ҳеч ким озор бера кўрмасин, ҳамма уни мўътабар онамиздек эҳтиром қилсин!

Мулозимлар бу топшириқни таъзим билан қабул қилдилар. Малика ҳам бош эгиб, миннатдорчилик билдирган бўлди. Аммо унинг йиғидан намланган кўзлари пўлат тиғнинг совуқ жилосини эслатиб нафрат билан ялтираб кетганини ҳеч ким кўрмади.

Малика Байда ўғлининг кушандасини кечирадиган оналардан эмас. Панипатдан мудҳиш хабар келганда малика учун осмон ўпирилиб ерга қулагандай бўлган эди. У ўғлини сўнгги марта кўришни истар, унинг жасадини ўз қўли билан тупроққа қўйиб, қабрини қучоқлаб йиғласа — кўнгли хиёл таскин топадиганга ўхшар эди. Шунинг учун малика энг ишонган одамларини Панипатга юбориб, Иброҳимнинг жасадини топиб келишни буюрган эди.

Лекин Агра билан Панипатнинг ораси уч-тўрт кунлик йўл. То ўлим хабари Аграга етиб келгунча, сўнг Аградан малика юборган одамлар Панипатга боргунча орадан бир ҳафтача ўтган, унгача ўликларнинг бир қисми кўмдирилган, бир қисми мечкай қузғунлар суякларигача тозалаб еб кетган эдилар... Малика Байда юборган одамлар султон Иброҳимнинг жасадини тополмадилар, фақат жанг куни унинг калласини найзага санчиб Бобурга элтиб кўрсатганлари ҳақида хабар топиб келдилар... Ўғлининг жасади қандай хор бўлганини эшитган онанинг қайғу-аламлари аввалгидан ўн ҳисса ошди. У ҳатто жойнамоз устида намоз ўқиб ўтирганда ҳам: «Иброҳимжон, энди бу оламда сенинг қабринг ҳам йўқ, худо менга жасадингни ҳам кўп кўрди! — деб нола қилар: — Илоҳим, сенга ўлим келтирган Бобурнинг ўзи ўлсин, бундан минг ҳисса ортиқ хор бўлиб ўлсин!» — деб қарғар эди.

Маликанинг канизлари ва хизматкорлари кўча-кўйдан унга таскин берадиган гаплар топиб келишарди. Бобурнинг аскарлари ем-хашакдан қийналиб, деҳқонларнинг экинларини отларига едирган экан, деҳқонлар ғалаён кўтариб, навкарлардан бир қанчасини болта ва паншахалар билан уриб ўлдирибди. Фотиҳларни Ҳиндистоннинг иссиқлари ҳам жуда қийнаб қўйган эмиш. Салқин тоғ ҳаволарига ўрганган от ва одамлар бу ернинг аёвсиз иссиғига бардош беролмай ўлаётган эмиш. Вабо ва қора безгак ҳам уларнинг сафларини сийраклаштириб қўяётган эмиш...

Малика овозаларнинг қанчалик ростлигини Бобур саройида хизматда юрган невараси Баҳодирдан суриштириб билмоқчи бўлди. Баҳодир ҳафта-ўн кунда келавермагач, малика «уни саройдан чиқаришмаса керак», деб ўйлади-ю, канизини подшоҳ маҳкамасига юборди. «Мен бетобман, неварамга рухсат берсинлар, мени келиб кўриб кетсин», деган маънода мактуб юборди.

Ўн етти ёшли Баҳодир форсчани ва санскритни яхши билар, Бобур учун зарур бўлган баъзи ҳужжатларни таржима қилар эди. Саройда бошқа таржимонлар ҳам бор эди. Баҳодирга кўп иш буюришмас эди-ю, лекин уни ўзича эркин ҳам қўйишмасди. Бобур уни қаттиқ қўриқлаб юришни буюрган эди. Бу қўриқчилар Баҳодирни ташқи хатарлардан эҳтиёт қилиб юргандай кўринсалар ҳам, аслида улар шаҳзодани «Иброҳим тарафдорлари томондан уюштирилиши мумкин бўлган бирон фитнага бош қўшмасин» деб синчиклаб кузатишарди. Шу сабабли Баҳодирни саройдан кўп чиқаришмасди.

Бироқ эшик оға Муҳаммад Дўлдай малика Байданинг «Касалман, неварам келиб кетсин» деган мазмундаги хатини олгач, Бобурнинг «Маликани мўътабар онамиздай эҳтиром қилинг» деган буйруғини эслади-ю, Баҳодирга жавоб берди. Фақат унинг ёнига аввалгидан икки баробар кўпроқ навкар қўшди-да, шу бугуноқ қайтиб келишни тайинлади.

Невараси келганда малика Байда дарё бўйидаги мармар кўшкнинг нимқоронғи ички хонасида хасталардай шифтга тикилиб ётган эди. Йўлда иссиқдан терлаб-пишиб кирган неварасига ёнидан жой кўрсатди-ю, мажолсиз бир аҳволда ўрнидан туриб ўтирди. Неварасининг бўғриққан юзларига қараб ҳол-аҳвол сўрашди. Ёз бу йил ҳар йилгидан ҳам иссиқ келганини айтди.
— Фотиҳлар иссиққа бардош беролмай ўлаётгани ростми? — деб сўради.
— Бирда-ярим ўлаётганлари бор, — деди Баҳодир.
— «Ҳиндистонда турмаймиз, салқин жойларга қайтиб кетамиз» деяётганлари-чи?
— Подшоҳлари кетгани қўйгайми? Кўпчилик унинг измидан чиқмас экан. Ўзи ҳам жуда гапга уста нотиқ одам экан. «Кетамиз», деб юрганларни саройга тўплаб, шундай бир гаплашдики, ҳаммаси жим бўлиб қолди.
— Сен отангнинг қотилини... мақтаяпсанми?

Баҳодир эшикка хавотирли кўз ташлаб қўйди. У ўзи билан бирга келган ҳамроҳларидан хавотирда эди. Буни сезган малика овозини пасайтириб сўради:
— Кетингга одам қўйганларми?
— Ҳа, ҳеч ким билан яккама-якка гаплашолмайман. Ҳамиша ён-веримда қўриқчилар... Ёмонласам, дарров етказадиганлар кўп.
— Қўрқма, бу хонада фақат биз иккаламиз... Илгари бизга хизмат қилган одамлардан саройда ҳеч ким борми?
— Отамнинг вазири Маликдод Короний бор... Ке-йин... бизнинг кутубхонада ишлаган тўртта олим ҳам хизматга олинди. Билишимча, Бобур ҳиндистонликларни ўзига эл қилмоқчи, уларни ишончини қозонмоқчи. Шунинг учун отамнинг барча ошпазларини саройга тўплаб, тўрттасини ўзи учун танлаб олибди.
— Шу бизнинг ошпазлар пиширган овқатларни Бобур ҳам ермишми?
— Ҳа, кўрганлардан эшитдим. Бобур ҳиндистоний таомларни ейиш билан ҳам ўзини бизнинг элга яқин кўрсатмоқчи бўлса керак.

Малика илгари ўзининг итоатида бўлган ўша тўртта ошпаздан бирортасини қўлга олиш мумкинлигини ўйлади-ю кутилмаган бир бардамлик билан ўрнидан туриб кетди. Унинг қалбини ўртаб юрган қайғу-аламлар энди бирдан янги йўл топгандай бўлди. Зўр интиқом туйғуси унинг хаёлларини бир нуқтага тўплаб, вужудига куч-қувват бергандай бўлди. «Агар Бобур ўлдирилса, унинг одамлари бу ерда туролмайди: кетади, мамлакат яна ўзимизга қолади!» деган ўй ҳам унинг ошпазларини қўлга олиш ҳақидаги қарорини мустаҳкамлади. Малика оғзини неварасинниг қулоғига яқинлаштириб сўради:
— Ўша ошпазларни сен кўрдингми?
— Кўрдим.
— Уларнинг орасида Аҳмад чошнагир йўқми?

Баҳодир бувисининг авзойи ўзгарганидан алланечук чўчиб:
— Йўқ, — деди. — Аҳмад чошнагир Аградан Атовага кетган.

Малика Баҳодирнинг эшикка яна хавотир билан кўз ташлаб қўйганини кўрди-ю, кинояомуз илжайди: «Бу неварам бўшроқ, айғоқчиси ҳам кўп экан, сир бериб қўйса жувонмарг бўлади, мен ҳам ниятимга етолмайман», деди ўзича ва кўнглидаги қалтис ниятни унга билдирмай гапни бошқа ёққа бурди:
— Бизга шунчалик содиқ кўринган одамлар ҳозир душманларимизга хизмат қиляпти-я! Э, бевафо дунё! Маликдод Короний ҳам, ошпазлар ҳам ҳаммаси сотилган! Лекин сен... душманлар билан тил учида муроса қилу дилингни отангга содиқ тут!
— Ҳали ҳам шундай, бувижон! — пичирлаб деди Баҳодир.

* * *

Невараси кетгандан кейин малика Байда хасталик тўшагини йиғиштирди, илгариги фиғон чекишлар ва қарғашларни ҳам бас қилди. Унинг фикру зикри — энг садоқатли ва тадбиркор одамларини ишга солиб, Бобурни заҳарлаб ўлдиришга қаратилди. Маликанинг атрофида фотиҳлардан қасос олишга ташна одамлар кўп эди. Бобур аскарлари билан тўқнашувларда бирининг акаси, бирининг иниси ўлган, бири илгариги макони ва мавқеидан ажралиб хонавайрон бўлган... Малика ана шундай қасоскорларнинг энг ишончлиларини излай бошлади. Бобур ишга олган тўрт ошпаздан бирининг ёлғиз иниси Панипат жангида ҳалок бўлган эди. Малика зимдан суриштириб буни билганда қувониб кетди. Бироқ ўзи бу ошпаз билан бевосита алоқа қилишни лозим топмади. Чунки маликани ҳамма танийди. Бобур одамлари сезиб қолишлари мумкин.

Илгари султон Иброҳимнинг саройида бу ошпазлар билан бирга ишлаган ва уларга қадрдон бўлиб қолган энг ишончли одам — Атовага кетиб қолган Аҳмад чошнагир эди. Малика Аградан анча узоқ бўлган Атовага махсус одам юбориб, Аҳмад чошнагирни ўз ҳузурига таклиф қилди.

Аҳмад чошнагир Аградаги ҳовлиси ва молу мулкидан айрилиб фотиҳларга қарши ғазабга тўлиб юрар эди. Малика Байда уни ўз парганасига ишга олди, уй-жой ва маош берди, сўнг аста-секин кўнглидаги ниятини айтди. Аҳмад чошнагир аввал «уддалай олмайман» деб қўрқди. Лекин малика унга далда берди, «иниси Панипатда ўлдирилган ошпаз билан гаплашиб берсанг бўлди, қолган ишни ўзимиз қиламиз», деди. Аҳмад чошнагир саройга қандай киришни билмас эди. Бунинг йўлини ҳам малика ўзи топди. Малика Байда неварасидан хабар олиш учун саройга бориши мумкин эди. Малика нафис шоҳи ва парчалардан совғалар тайёрлатди, сўнг бу совғаларни Аҳмад чошнагирга кўтартириб саройга борди... Малика подшо қабулига кириб чиққунча Аҳмад чошнагир эски қадрдони бўлган ўша ошпазни топган ва у билан эртаси куни саройдан ташқарида учрашишга келишган эди. Орадан бир ҳафтача ўтгач, Аҳмад чошнагир ошпаз билан тил бириктирганини маликага келиб айтди.
— У ҳам келгиндиларни даф қилишнинг йўлини билмай юрган экан. Подшоҳлари ўлса ҳаммаси даф бўлади деб ишонтирдим!
— Агар ҳамма иш ўйлаганимиздай бўлса, отасининг тахтини Баҳодиржон олади. Ўшанда сизга катта бир паргана берамиз. Ошпаз ҳам катта мукофот олади.
— Илоҳим шу ниятимизга етайлик! Ватанимиз бераҳм фотиҳлардан халос бўлсин!
— Омин!

Аҳмад чошнагирнинг сарой ошпази билан келишувига биноан, Бобурнинг овқатига солиниши керак бўлган заҳарни малика ўзининг энг ишончли бир канизидан бериб юбориши керак эди. Энди улар мана шу нозик ишни қайси канизга топширишни ўйлай бошладилар..

2

Уч ойдан бери муттасил кўтарилиб бораётган жазирама иссиқлар ҳиндча ашора деб аталадиган тўртинчи ойга[35] келиб жуда авжига чиқиб кетди. Ёмғир фаслининг бошланишига ҳали салкам бир ой бор. Тўрт ойдан бери нам кўрмай қуриб ётган ер иссиқнинг зўридан тарс-тарс ёрилиб кетган.

Жамна дарёсининг чап қирғоғига — илгариги ташландиқ ерлар ва чакалакзорлар ўрнига қурилаётган Зарафшон боғида ҳали соя жойлар кам. Бобур қурилишни отлиқ айланиб кўрар экан, узанги темирининг иссиғи этикдан ўтиб, оёғини жизиллатиб узиб олаётганини сезади. Олтин қопланган эгарнинг офтобда ялтираётган қошини ушлаганда чўғни ушлагандай бўлиб, қўли куяр эди.

Шундай бўлса ҳам у иссиқдан беҳаловат бўлаётганини кетидан эргашиб келаётган бекларига сездирмас эди. Чунки бу беклар ўлжа тушган хазиналардан катта-катта улушлар олгандан бери салқин жойларга кетиб, роҳат-фароғатда яшашга интилишар, Агра ва унинг атрофида янгидан иморат қуриб, боғ-роғ қилишга тоқатлари йўқ эди.

Кобул ва Ғазни каби салқин жойларга тезроқ қайтиб кетишнинг йўлини излаётган беклардан бири марғилонлик Хўжа Калонбек эди.

Бобур унга узун оқ яктак кийган, кичкина оқ салла ўраган мўйсафид меъморни кўрсатди-ю:
— Танидингизми? — деди.
— Андижонлик мавлоно Фазлиддинми?
— Ҳа, Кобулдан биз билан кетма-кет келсин деб тайинлаган эдим. Сангтарош ўғли билан етиб келиб, мана шу боғнинг тарҳини чизди. Шундоқ кекса одам чидаган иссиқларга наҳотки биз бардош бера олмасак?
— Лекин мижозига иссиқ тўғри келмайдиган одамлар ҳам бор-да, ҳазратим. Кечаги боди самумда[36] менинг навкарларимдан учтаси тап-тап йиқилиб жон берди.
— Ажали етган бўлса, самум бир сабаб бўлган, холос, — деди Бобур ва таъзим қилиб пешвоз чиққан мавлоно Фазлиддинга юзланди. — Ҳорманг, мавлоно... Қани арзингиз бўлса эшитгали келдик.
— Арзим шуки, ҳазрати олийлари, бизга фил билан ишлайдиган филбонлар керак. Боғ ўртасидаги мармар қаср учун Деҳалпурдан жуда оғир тошлар олиб келмоқчимиз. Бундай тошларни катта аробаларга фақат филлар ортиб беришлари мумкин.

Бобур Панипат жангида филбонлари билан асир олинган сурув-сурув филларни эслади. Сўнг девонхонага ишга олинган ҳиндистонлик маслаҳатчиси Маликдод Коронийга юзлан-ди:
— Жаноб Короний, ҳарбий филларни меҳнатга ўргатиш мумкинмикин?
— Мумкин, ҳазратим. Фил жуда зийрак жонивордир. Филбонлардан эшитганим бор. Филлар қонли жанглардан кўра осуда меҳнатга тезроқ ўрганар эмишлар.
— Бизнинг қўшинлар фил ёрдами билан жанг қилишга одатланган эмаслар. Шунинг учун Панипатда ўлжа олинган ҳарбий филларни қурилишларда ишлатмоқ мумкин. Жаноб Короний, бу фармонни шу бугуноқ барча филбонларга етказинг!
— Жоним билан.

Короний буйруқни тезроқ бажариш учун ҳозир кетмоқчи эди, Бобур уни тўхтатди:
— Яна шаҳару қишлоқларга махсус тавочилар юборинг. Биз Иброҳимдан ўлжа олинган бойликларни ободончилик йўлида сарфламоқчимиз. Шуни барча вилоятларга маълум қилинг. Қурилишларда ишлаш учун сизга ўн беш минг коргар етарликми, мавлоно?
— Етарлик. Лекин ҳазратим мармар қаср билан тош войин[37]ни бир йилда қуриб битиришни буюрган эдилар. Сангкорлик — тез бўладиган иш эмас...
— Сангтарошларни кўпайтирсак-чи? — деди Бобур.
— Мен ҳам шуни илтимос қилмоқчи эдим. Ҳиндис-тоннинг ҳавосига Ҳироту Самарқанддаги ғишту кошиндан кўра тошу мармар мосроқдир.
— Ҳозир қурилишларимизда қанча сангтарош уста бор, мавлоно?
— Агранинг ўзида олти юз саксон сангтарош ишлатмоқдамиз. Секрида, Деҳалпурда, яна бошқа жойларда— жами минг тўрт юз тўқсон бир сангтарош...
— Бу оз эмас! — деди Бобур. — Бобокалонимиз Амир Темур Самарқандда энг катта иморатлар қурдирганда турли мамлакатлардан икки юз сангтарош бориб ишлаган экан. Тарихчи мулла Шарафиддин[38] буни фавқулодда мақтаб таърифлаган эканлар. Лекин Ҳиндистон ҳунарпешаларга шу қадар бойки, биз юзлаб эмас, минглаб уста-сангтарошларни ишга таклиф этишимиз мумкин. Жаноб Короний, бизнинг қаламравимиздаги барча шаҳарларга жарчилар чиқаринг. Эълон қилсинларки, бизнинг қурилишларимизга келиб ишлайдиган коргару усталарга истаганларидан ҳам зиёда ҳақлар тўланур, имтиёзлар берилур. Дину миллат айириш йўқ. Барча усталар аввало худонинг, ундан сўнгра бизнинг ҳимоямизда бўлурлар!

Короний таъзим билан:
— Фармони олийга жонимиз фидо! — деди-да, отини буриб, Агра томонга йўл олди.

Бошқа бек ва мулозимлар тобора кучайиб бораётган иссиқдан бетоқат бўлиб, дарёда лангар ташлаб турган кемаларга қараб-қараб қўйишарди. Улар қурилишни кўриб бўлганларидан кейин подшоҳ билан бирга шу кемаларга чиқиб дам олишлари мумкинлигини билишарди. Шунинг учун қурилишга оид гаплар тугашини сабрсизлик билан кутишмоқда эди.

Лекин Бобур меъмордан бўлажак қаср билан дарё оралиғига тушадиган мармар ҳаммомнинг гумбази ва ичи қандай бўлишини сўради.
— Ичи худди Самарқанддаги Улуғбек мирзо ҳаммомидек сангфарш қилинур, — деди мавлоно Фазлиддин.— Лекин гумбази мирзо ҳаммомининг гумбазидан хийла улуғ бўлур. Деворлари қизил тошдан ишланур... Мармарнинг бир хосияти шуки, ёзда муздек салқинлик берур.
— Бўлмаса, мармар иморатларни тезроқ қурингки, биз бу жазирамада куйиб кул бўлмайлик! — деди иссиқдан бўғриққан Калонбек.
— Мармар иморатлар тезроқ битсин десангиз, отдан тушиб ҳашар қилишинг, жаноб бек! — деб тегишди мавлоно.

Бобур унинг жавобидан мамнун бўлиб кулди-да:
— Қалай, мавлоно, иссиқ ўзингизни кўп қийнамадими? — деди.
— Қийнаса ҳам чидаймиз-да. Мана шундай катта обидаларни Андижонда қурамен деб, қуролмадим. Ҳиротда қурамен деб, қуролмадим. Чизган тарҳларим ўттиз йил сарғайиб ётди. Қарангки, бутун умр қилган орзуларим узоқ Аграга келганимда рўёбга чиқадиган бўлиб турибдир. Тақдиру насибам шуни тақозо қилса, иссиғи кўзимга кўринурми? Ҳиндистоний усталар салқин тутадиган мева шарбатларию енгил таомлар ейишар экан. Мен ҳам шунга ўргандим. Эрталаб салқинда туриб бир пахра[39] ишлаймен. Кун қизиганда бир пахра ётиб дам олгаймен. Иссиқнинг тафти пасайгач, яна бир пахра ишлагаймиз.
— Биз бўлсак, эртаю кеч сергўшт таомлар, қазию кабоблар еюрмиз, — деди Бобур Хўжа Калонга қараб.— Яна бу етмагандек, оловли майлар ичурмиз.

Хўжа Калон от устида офтобнинг тиғида туриб шундай терлаган эдики, юзи ва пешонасидан сирқиган тер томчилари мош-гуруч соқолидан оқиб кўкрагига томмоқда эди.

Бобурнинг ўзи ҳам ҳар нафас олганда ичига ҳаво эмас, олов кираётгандай бўларди. У меъмор билан гапини тугатгач, отини дарёдаги кемалар томонга бурди-ю, елдириб кетди.

Отлар тез юрганда қаршидан шабада эсгандай бўлар ва нафас олиш енгиллашар эди. Шунинг учун Бобурнинг кетидан бошқалар ҳам отларини тез ҳайдай бошладилар. Шу тарзда дарё соҳилига яқинлашар эканлар, Хўжа Калоннинг навкари минган бадахшоний қора от суриниб йиқилиб тушди. Бадахшонлик навкар оёғини отнинг тагидан тортиб олди-да, юганни силкитиб, отини турғизмоқчи бўлди. Оғзидан қон аралаш кўпик келаётган от бир-икки талпиниб кўрди, лекин ўрнидан туролмади.
— Буни ҳам офтоб урди! — деди Хўжа Калон алам билан. — Кошки бу мамлакатда от топиш осон бўлса!
— Жаноби бек, бир от учун мунча изтироб чекманг, мен буюрай, навкарларингиз бизнинг тавиладан бир от олсин, — деди Бобур.
— Ғоят миннатдормен, ҳазратим! — деди Хўжа Калонбек. — Лекин гап фақат отда эмас. Мен бу ўлимда ўз истиқболимни кўриб изтироб чекмоқдамен!

Бобур отдан тушди-ю, дарёда лангар ташлаб турган «Осойиш» номли икки ошиёнлик муҳташам кемани Хўжа Калонбекка кўрсатиб ҳазиллашди:
— Ҳозир сизга мана бу истиқбол мунтазир! Юринг!

* * *

Қайиқларга миниб кемага етганларида Бобур Хўжа Калонбекни кеманинг тумшуқ томонидаги хонаи хосга бошлади. Кема дарё бўйлаб сузиб борар экан, сувнинг шамоли энг аввал шу хонага тегар ва ажиб бир салқинлик берар эди.

Савдарлар дарёда совитилган норинж ва лиму[40] шарбатидан келтирдилар. Хўжа Калонбек муздай норинж сувидан бир чини коса сипқарди-ю, нафасини сал ростлаб, Бобурнинг юзига қаради.
— Ҳазратим, сиз ҳам қорайиб жуда озиб кетибсиз,— деди. — Бизга билдирмайсизу, лекин не чоғлик қийналиб юрганингизни бошқалар сезмаса ҳам мен пайқаймен.
— Ҳа, энди... Сиз билан биз ўттиз йилдан бери биргамиз. Не ранжу не машаққатларни бошдан кечирмадик! Ўшал ғаму аламларга нисбатан ҳозирги азобларимиз — давосини топса бўладиган дардлар-ку.

Хўжа Калонбекни яна тер босди. У қўйнидан ипак рўмолча олиб, пешонасидан кўзига оқиб тушган терларини артар экан:
— Афсуски, ёшим кетиб қолди, — деди. — Йигитликда иссиқ-совуқни фарқ қилмас эдик. Ҳозир элликдан ошдик... Сезиб турибменки, Ҳинднинг боди ҳавосидан бир ҳафтада бир ёшга қаримоқдамен. Эски беклардан Қосимбек қавчин бор эди. Бу йил кексайиб, дунёдан кўз юмди. Бу аҳволда мен ҳам кўпга бормасмен, ҳазратим!
— Ундай деманг, жаноб Калонбек. Иссиққа ҳам одатланурмиз.
— Мовароуннаҳрдай салқин ўлкалардан чиққан одам ҳинд иссиғига ўрганишига ақлим бовар қилмайдир!
— Нечун! Асли Шаҳрисабзнинг лочин уруғидан бўлган Хисрав Деҳлавий Ҳиндда етмиш йил умр кўрмиш. Бунисига не дейсиз?

Хисрав Деҳлавий — Хўжа Калонбекнинг севимли шоирларидан эди. Деҳлидан ўтганларида Калонбек ҳам Бобур билан бирга Хисрав Деҳлавийнинг Низомиддин Авлиё мақбарасига қўйилган қабрини зиёрат қилган эди. Ўша ерда Калонбек Деҳлавийнинг «Рўй ба Ҳинд овардони соҳибдилон бечиз нест!» деган машҳур сатрини эслаган, «биз ҳам энди Ҳиндга келган соҳибдилларданмиз» дегандек мағрурланган эди. У пайтда ҳали иссиқнинг тафти бунчалик баланд эмас эди. Хўжа Калонбекнинг Ҳиндистондан қайтиб кетиш истаги ҳам ҳозиргичалик кучли эмас эди. Бобур Деҳлавийни эслатиш билан Калонбекнинг аввалги аҳдида туролмаётганини айтмоқчи эди.

Хўжа Калонбек буни пайқаб, томоқ қирди:
— Ҳазратим, Деҳлавий улуғ одам бўлган, — деди.— Менинг улуғ одамларга тенглашадиган қудратим йўқ экан...
— Сиз яна аввалги эътиқодларингизга зид гапирмоқдасиз. Мақсад улуғ одамларга тенглашмоқ эмас, балки уларнинг нек ишларини давом этказмоқ эди-ку. Бизни мафтун қилган ҳодиса — Хисрав Деҳлавийнинг қалбида туркий улуснинг қудрати билан ҳинд элининг даҳоси бир-бирига пайванд бўлиб, улуғ натижа берганлиги эмасмиди?

Хўжа Калонбек эътирозга сўз тополмай тасдиқ маъносида бош ирғади ва дастурхонда турган лиму шарбатига қўл чўзди.

Улар Деҳлавий ҳақида илгари ҳам кўп сўзлашган эдилар. Лахўр, Деҳли ва Аграда Деҳлавийнинг ҳинд тилида битган қўшиқларини мусулмонлар ҳам, оташпараст ва будпарастлар ҳам тўю томошаларда куйлаб юрганларининг гувоҳи бўлдилар. Деҳлавий Бобурдан икки юз йил олдин ўтган бўлса ҳам унинг ғазаллари, куйлари, қўшиқлари худди бугун битилгандай янги ва таъсирли эди. Бобур Деҳлавийнинг Ҳиндистондаги барча элларни аҳилликка даъват этиб кетганини, агар бу мамлакат дину миллат низоларидан баланд турса ва тарих майдонига якдилу яктан бўлиб чиқса, жаҳоннинг энг улуғ қитъасига айланиши мумкинлигини айта бошлади.

Бобурнинг бу гапларни айтишдан мақсади — Хўжа Калонбекни Ҳиндистонда олиб қолиш эди. Лекин Хўжа Калонбек дўстлари даврасида чоғир ичиб ўлтирганда: «Шу бу йил Ҳинддан кетмасам юзим қора бўлсин!» — деб қасам ичган эди. Энди у қасамхўр бўлиб қолмаслик учун ҳам Ҳиндистондан кетишга интилмоқда эди. У Бобурнинг нутқи ва мантиқи жуда зўрлигини яхши билар, Бобур келтирган кучли далилларга жим туриб қулоқ солар, лекин эътироз учун қулай пайт пойлар эди.
— Ҳинднинг қадимий маданиятини Беруний қанчалик улуғлаб ёзганини билурсиз, — сўзида давом этди Бобур. — Бу элда истеъдоду салоҳият конлари ҳозир ҳам беадад. Фақат инқирозли даврлар бу конларни беркитиб кетмишдир. Биз бу конларни қайтадан очмоғимиз мумкин. Ҳунармандлар беҳисоб. «Иш топиб берсангиз қилғаймен», деб мунтазир турган қурур-қурур[41] заҳматкаши бор. Хазиналарини ўзингиз кўрдингиз. Аҳолисию бойлигининг улканлигини яна шундан билса бўлурки, бизда йўқ рақамлар буларда бор. Юз қурур — бир арб[42]. Юз арбни қарб дерлар. Юз қарбни нил[43] дерлар. Юз нил — падам[44]. Биргина Деҳли вилоятидан ҳар йили давлат хазинасига тушадиган даромад уч қуруру олтмиш тўққиз лаку эллик минг тангадан ортиқ. Бундай вилоятлар Ҳиндистонда озми? Сиз шу вилоятлардан қайси бирини маъқул кўрсангиз, шунисини берайлик.
— Ҳазратим, менга Ғазнини иноят қилсангиз, марҳаматингиздан умрбод миннатдор бўлур эдим.
— Яна Ғазни дейсиз-а! Ғазнида нечоғлик тангдастлик билан кун кечирганларимиз эсингиздан чиқдими? Маҳмуд Ғазнавийнинг бузилган бандини тиклаймиз деб, уддасидан чиқолмаган эдик. Одам топсак, маблағ топилмас эди, маблағ топсак, яна бирон нарса етишмас эди. Бу ерда ҳаммаси бор. Кучу қудрат уммондай чексиз!
— Лекин бу уммон мендек... мусофирни ном-нишон қолдирмай ютиб юборишидан қўрқамен!

Хўжа Калон «мендек мусофирни» деб фақат ўзи ҳақида гапираётгандай кўринса ҳам аслида у Бобур билан келган барча ватандошларини назарда тутмоқда эди. «Бу улкан мамлакатга бир урвоқ ҳам бўлолмаймиз, катта халққа аралашиб йўқ бўлиб кетамиз, ундан кўра оладиган ўлжамизни олиб, шимолга тезроқ қайтиб кетайлик», деб юрган беклар ёлғиз Хўжа Калон эмас эди. Бобур шуни ўйлади-ю:
— Мақсад ном-нишон қолдириш бўлса, — деди,— одам шу мақсадга ўзини фидо қила билиши керакми йўқми? Биз ўрганган салқин боғлар, равон ариқлар бу ерда йўқ. Узум йўқ, қовун йўқ, ях йўқ. Яхши от йўқ. Султон Иброҳимдек подшонинг саройида шаму шамдон ишлатилмас экан. Юз-икки юз чароғбон давтийлар тирик шамдон бўлиб хизмат қилар эканлар. Чап иликларига сепоя бор чироғни тутиб, ўнг иликларига ёғ солинган кадуни кўтариб, улуғларига чироғ керак бўлганда ўтруларида шамдонга ўхшаб турар эканлар... Мен буюрдимким, ҳунармандларга бизнинг шамдонлару қандилларни кўрсатиб, шундайларини ясатсинлар. Бир ой ўтмай саройга етгулик шамдону қандил тайёрланди. Шамгарлик ҳам жорий этилди. Ток эктирдим, насиб қилса ҳинд узумини ҳам ермиз. Бугун кўриб келган боғимизнинг ўрни қанчалик бесафо ерлар бўлганини кўрган эдингиз. Ўлмасак, ушбу ерда Самарқанду Ҳиротнинг энг машҳур боғу чорбоғларидан ҳам гўзалроқ боғлар, кўшклар барпо этилганини кўрурмиз. Самарқанду Ҳиротда инқирозга юз тутган маданиятни биз энди ҳинд маданиятига қўшиб юксалтира олсак... Шунинг ҳаммаси биздан ному нишон бўлиб, авлодлар хотирасида қолмасми, бек?
— Ҳазратим, ниятларингизнинг улуғлигига тасанно айтурмен. Лекин ватанимизда қилмаган нек ишларни бегона юртда қилсак, ким бунинг қадрига етур? Не қилсангиз ҳам биз келгинди фотиҳлармиз. «Булар йигитларимизни жангда ўлдириб, кишваримизни зўрлик билан олган», деб таъна қилмасларми? Пайтини топганда қасос олмасларми?

Бобур оғир «уф» тортди-ю:
— Не қилай? — деди. — Мен шу орзуларни ватанимда рўёбга чиқарай деб озмунча олишдимми?
— Сиздан олдин Ҳиндистонни фатҳ этган Маҳмуд Ғазнавий катта ўлжалар олиб, керакли ҳунарпешаларни Ғазнига олиб кетиб ишлатган. Ана!...
— Наҳотки сиз менинг Маҳмуд Ғазнавийга ўхшашимни истарсиз?
— Густоҳлигим учун маъзур тутинг!
— Ахир биз мамлакатни талаб, бойликларинию ҳунарпешаларини олиб чиқиб кетадиган қароқчилар эмасмиз-ку!
— Бир шеърингизда ўз еримизни қўйиб Ҳинд сари юзланганимизни юзи қаролик деб атаган эмасмидингиз, ҳазратим?
— Атаган бўлсам, энди юзимизга теккан қарони ювиб ташлаш ҳаракатидамен! Агар биз ҳам Хисрав Деҳлавийдек шу мамлакатга фарзанд бўлсак, бутун ақлу заковатимизни унга бахш этсак, аминменки, келажак авлодлар олдида юзимиз ёруғ бўлғусидир!

Хўжа Калонбек мунозара йўли билан Бобурга сўзини ўтказолмаслигини энди аниқ сезди.
— Ҳазратим, сизнинг метин иродангиз бор, — деб энди Бобурни мақтаб юмшатишга тириша бошлади. — Сизнинг бошингизга тушган кулфатлар бошқа одамнинг бошига тушса, бардош беролмас эди. Лекин сиз ҳаммасига бардош берибгина қолмай, яна шундай улкан ишлар қилмоқчисизки, бунга жаҳон таҳсин ўқиғусидир. Йиллар ўтган сари мен сизнинг улуғ бир сиймо эканлигингизни тобора аниқ сезмоқдамен. Мана ҳозир ҳам сизнинг ёнингизда худди улкан тоғ чўққисининг домонасидаги кичик бир тепачадек, ўзимга-ўзим ожиз кўриниб кетдим.

Хўжа Калонбек овози ҳаяжондан титраб, кўзи аламданми, ўксинишданми чақнаб гапирмоқда эди. Буни кўрган Бобур унинг кўнглини кўтаргиси келиб, Деҳлавийнинг бир сатрини эслатди:
— «Асли кас аз кас набошад кам чу жумла аз одаманд»[45].
— Лекин беш қўл баробар эмас, ҳазратим... Менинг аҳволим ўзимга маълум. Сиз кўтарган улуғ юкка елкамни тутсам, майиб бўлурмен. Мени беш-олти йил тирик юрсин десангиз, рухсат беринг Ғазнига борай. Маҳмуд Ғазнавийдан қолган ўша эски бандни тикла-тиб, чўлни обод қилай. Бу ишнинг бутун савобини сизга бағишлай.

Бобур бу сўзларга эътироз қилмай, ўйланиб қолди. Хўжа Калонбек кўзлаган мақсадига етказадиган йўлни энди топганини сезди-ю, шоша-пиша сўзида давом этди:
— Ҳазратим, илтимосимни қабул этинг! Умримнинг охирида дуои жонингизни қилиб ором олай. Ўлсам, жасадимни Ғазнига қўйсинлар. Ҳарна ватанимизга яқинроқ бўлғаймен.

Бобур Хўжа Калонбекнинг кўзи намланганини кўрди-ю, ўзининг Ҳумоюнга тайинлаган бир гапи эсига тушди: «Урушда қон кечиб юрибмиз, мабодо вафот этсам, мени Кобулга элтиб кўмгин» деган эди Бобур. Хўжа Калонбек кетса, улар яна дийдор кўриша оларми-кинлар? Шу ўй таъсирида Бобурнинг ҳам кўнгли бузилиб, овози товланиб эшитилди:
— Кетингиздан бошқа бек-навкарлар эргашса... мен ким билан қолғаймен?
— Ҳамма беклар билан ўзим гаплашурмен, «подшоҳ Ғазнидаги бандни тиклаш учунгина рухсат бердилар», дермен. Ҳеч ким менга эргашмайдиган қилиб кетгаймен, бунга ишонинг!

Бобур Ҳиротга, Табризга, Балхга, Андижону Тошкентга одамлар юборган, «кимда-ким бизга хайрихоҳ бўлса Ҳиндистонга келсин, улуфалар берурмиз, не истаклари бўлса адо этурмиз» деган қадаға[46]лар йўллаган эди. Кобулдаги доруғалар келувчиларнинг сарфу харажатлари учун махсус маблағлар олган эдилар.
— Бўлмаса, сиз ҳам... қаердаки қизилбошлар билан шайбонийзодалардан безган олиму ҳунарманд, беку навкар кўрсангиз, бизнинг номимиздан айтинг, келсинлар!— деди у Хўжа Калонбекка.
— Жоним билан айтурмен, токи мендек кетганларнинг бири ўрнига юзи келсин!

Хўжа Калонбек Бобурга бу гапларни чин дилдан айтгандай кўринган эди. Аммо Ҳиндистондан кетишга ижозат олгандан кейин Бобурга ўзини аянч кўрсатиб ялингани учун алами келди. У бек дўстлари олдида ичган қасамини қойиллатиб бажарганини ҳаммага намойиш қилгиси, Ҳиндда қолаётганларни куйдириб кетгиси келди-ю, Аграда яшаган уйининг деворига бир байт шеър ёзиб қолдирди:

Агар байхайри саломат гузар зи Синд кунам,

Сиёрўй шавам, гар ҳавойи Ҳинд кунам[47].

Хўжа Калонбекнинг уйига кўчиб ўтган Ҳиндубек бир кун кечки пайт бу шеърни ёзиб келиб Бобурга кўрсатди ва байтни ўқиган одамлар ҳамма жойда шов-шув гап қилиб юрганини айтди.

Бобур Хўжа Калоннинг «Ҳеч ким менга эргашмайдиган қилиб кетгаймен!» деган сўзларини эслади-ю:
— Бу кудурат нечун? — деб ҳайрон бўлди. — Наҳотки, Хўжа Калон бошқа бекларнинг ҳам Ҳинддан кетишини истаса?
— Билмадим, бу ерда қолган бекларнинг фидойилиги Хўжа Калонбекнинг аламини келтирганми?
— Ҳа, ўзи шундай фидойи бўлолмаганининг алами бу! — деди Бобур ва қарсак чалиб муншини чақирди.

Мунши келгунча ўрнидан туриб, хонаи хоснинг у бурчагидан-бу бурчагига асабий бир тарзда бориб келди. Бир кўнгли Хўжа Калоннинг кетидан чопар юбориб, уни Ғазни ҳокимлигидан бекор қилишга мойил эди. Лекин шунча йиллик қадрдонидан айрилиш, кейин Ғазнидаги вайрон бўлиб ётган бандни тиклаш учун яна бошқа одам излаш ташвиши уни бу фикрдан қайтарди.

Нима қилиш керак? Хўжа Калоннинг шеъри Ҳиндистондан кетгиси келиб юрган беку навкарларни баттар қўзғатиб қўйиши аниқ. Агар бу байт учун Хўжа Калон жазоланса, шеърнинг таъсири янада ошиши аниқ.
— Бу байт деворга ёзилганича турибдими? — сўради Бобур Ҳиндубекдан.
— Ўчиртириб ташладим.
— Бекор қилибсиз, бек. Сиз ўчирганингиздан сўнг бу байт одамларнинг хотирасига янада маҳкамроқ ўрнашур, шеърнинг таъсирини фақат шеър билан кесмоқ мумкин.

Қўлида қалам-қоғози билан хипча бўй, ўрта яшар мунши таъзим қилиб кирди.
— Ёзинг! — буюрди Бобур унга.

Мунши гилам устига чўкка тушиб, жуздонни тиззасига қўйди, қоғозни кафти билан текислаб, ёзишга тайёрланди.

Бобур бадиҳа оҳангида гапирди: — Юз шукр де Бобурки, кариму ғаффор,
Берди сенга Синду Ҳинду кишвари бисёр.
«Кишвар» сўзи вазнга тушмай сакталик берганини сезди-да, иккинчи сатрни бошқача қилиб такрорлади: Берди сенга Синду Ҳинду мулки бисёр.
Иссиқлиғига гар сенда йўқдур тоқат.
Совуқ юзин кўрай десанг Ғазни бор.
Мушоиранинг нозик қоидаларига мослаб бирпасда яратилган бу бадиҳа Ҳиндубекнинг завқини келтирди. У деворга совуқ гап ёзиб кетган Хўжа Калонбекнинг башараси ҳам Бобурга нечоғлиқ совуқ кўринганини ўзича тасаввур этиб, беихтиёр кулиб юборди. Бобур от-ган ўқининг нишонга текканини шу завқли кулгидан сезди-ю, енгил бир сўлиш олиб, муншига буюрди.
— Бадиҳани уч нусха кўчиринг. Бир нусхасини Хўжа Калонбекнинг кетидан жўнатсинлар. Ҳиндубек, бир нусхасини сиз олиб, Калонбекнинг байтини ўқиган беку навкарларга беринг. Кўрсинлар-чи, мушоирада ким ғолиб?

Бу бадиҳани ўқиган кўпчилик бек ва мулозимлар Хўжа Калонбекни кулги қилишиб, «Совуқ юзин кўрай десанг Ғазни бор!» дейдиган бўлишди. Иссиқдан тоқатсизланиб нолийдиганларга ҳам: «Совуқ юзин кўрай десанг Ғазни бор!» деб истеҳзо қилиш расм бўлди.

3

Панипатда оғир ярадор бўлган Тоҳир уч ойгача ўрнидан туролмай ётди. Саройдан юборилган табиб унинг этидаги яраларни дуруст муолажа қилди-ю, лекин қовурға ва қўл суякларининг майда-майда бўлиб синган жойларини эпақага келтиролмади. Синган суякларнинг оғриғи туну кун тинчлик бермас эди. Тоҳир Аграда ўша эски қадрдони Мамат билан кичик бир ҳовличада турар, «енди бу ердан ўлигим чиқса керак», деб ўйлар эди.

Шунинг устига Кобулдан мавлоно Фазлиддин Тоҳирнинг муҳандис ўғли Сафарбекни бошлаб келиб қолди. Улар қурилишда бирга ишлайдиган ҳинд сангтарошларидан сўраб-суриштириб, агралик бир жарроҳни топиб келдилар. Жарроҳ камбағалпарвар одам эканини эшитган мавлоно Фазлиддин жиянини унга таништирар экан:
— Соҳиб Байжу, — деди. — Тоҳир ҳам аслида заҳматкаш бир деҳқон эди. Мен бунинг навкар бўлишига қарши эдим...
— Ўшда сиз ҳақ гапни айтган экансиз, мулла тоға,— деди Тоҳир. — Мен бераҳмлар орасида юриб бераҳм бўлиб кетган эканмен... Бўлмаса, йигирма йиллик қадрдоним Маматга шунчалик шафқатсизлик қилармидим? Мана, ҳаммасининг қасоси қайтди. Ҳали ҳам Мамат одамгарчилик қилди. Бўлмаса отларнинг оёғи тагида қолиб мажақланиб кетардим!

Мавлоно Фазлиддин Маматнинг бу яхшилигини келган кунлари эшитган ва уни боғ қурилишига ишга олган эди. Мавлоно буни табибга форсча аралаш урдуча тилида ҳикоя қилиб берди-да:
— Жияним ҳам энди беклигу навкарликни ташламоқчи, — деди. — Сизу биздек тинч меҳнат билан кун кўрмоқчи. Бунга ёрдам берайлик!
— Биламан, сиз бизнинг юртимизга ободончилик қилиш учун келгансиз, соҳиб, — деди Байжу, — Сиз илтимос қилганингиз учун жиянингизга қўлимдан келганича ёрдам бераман!

Табиб айтганини қилиб Тоҳирни бир ой астойдил даволади. Байжунинг сезгир қўллари қайси суяк қаеридан қандай синганини бехато аниқлаб, ҳаммасини моҳирлик билан жой-жойига қўйиб чиқди. Бир ой давомида Тоҳир унинг кафти оқиш-кўкимтир, усти қора майин панжаларига худди ўз қўлларига ўргангандай ўрганиб кетди. Кейин тузалиб ўрнидан турган куни Байжунинг шу панжаларини қўлларига олиб, кўзига сурди:
— Айтинг, соҳиб, мен бу яхшилигингизни қандай қайтарай?
— Жарроҳнинг қўлини шунчалик эъзозлаб кўзга сурганингиз — яхшилигимнинг қайтгани эмасми?
— Йўқ, мен сиздан умрбод қарздормен!
— Ким билсин, балки мен ўзим ҳозир бир қарзимни узгандирман?

Мавлоно Фазлиддин ҳам шу ерда турган эди. У табибнинг алланимани «Айтайми, айтмайми?» — деб иккиланаётганини кўрди-ю:
— Соҳиб Байжу, сиз нечун ўзингизни қарздор сездингиз? — деди.
— Бунинг тарихи узоқ... Фақат илтимос қиламан, бошқа ҳеч кимга айтмангизлар.
— Илтимосингизни бажонидил қабул қилдик!
— Менинг бир филбон акам бор. Иброҳим Лоди замонида акам Аградан иш тополмай Панжобга кетган эди. Ўша ерда қўшинларингиз қанча одамларимизни қирганини эшитипти. «Буларни ватанимга киргизмайман», дебди-ю, қўшинларингизни адаштириб, чангалзор ботқоқликка бошлабди.
— Э, бўлди, бўлди! — деди Тоҳир филбон раҳнамо Лаъл Чандни эслаб. — Бизнинг иккита навкаримизни филига урдириб, майиб қилиб кетган эди... Аммо мен ўшанда унинг довюраклигига қойил бўлган эдим. Бир ўзи бир қўшиндан қўрқмай олишган эди-я!.. Биз уни чангалзор ботқоқликдан чиқолмайди, деб ўйлаган эдик. Чиқибдими-а? Ҳозир тирикми?
— Тирик, лекин энди Аграга келишдан қўрқади... Акам ўша навкарларингни майиб қилгани... яхши бўлмаган... Эҳтимол, мен соҳиб Тоҳирни даволаганим— ўша гуноҳимизни ювиб кетгандир?
— Сиз акангиз қилган ишни гуноҳ деб атаманг, соҳиб Байжу! — эътироз қилди мавлоно Фазлиддин.— Ватанни бундай баҳодирона ҳимоя қилиш гуноҳ эмас, балки шарафдир!
— Яхши сўзларингиз учун раҳмат, соҳиб! Аммо ўша иши туфайли акам ҳамон ишсиз. Ўз ватанида бекиниб қочиб юрибди. Бола-чақаси оч-яланғоч.
— Акангиз қурилишда ишлаганми?
— Ҳа, фил билан доим қурилишда ишлар эди.
— Бўлмаса менга учрасин, иш топиб берай. Биз ҳатто ҳарбий филларни меҳнатга ўргатмоқдамиз-ку!
— Акам бунинг ҳаммасини эшитган. Иброҳим Лоди бекитиб ётган олтинларни сизлар энди қурилишга сарфлаётганларингиздан мамнун. Аммо қўлга тушиб қолишдан қўрқади.
— Балки акангизнинг Аграга келмагани тўғридир. Бу ерда беку мулозимлар кўп, таниб қолиб, бир бало қилишлари мумкин. Акангиз аъёнлар кам борадиган чет жойдаги қурилишга келсин. Мен жума куни Деҳалпурга бораман. Истаса, ўша жойга борсин.
— Соҳиб, сизни подшоларингиз ҳурмат қилар эмишлар, энг катта қурилишларнинг саркори экансиз. Подшоҳдан акамнинг гуноҳини сўраб, шафоат олиб беролмайсизми?— Ўшанда биз бехавотир юрар эдик.

Мавлоно Фазлиддин ўйланиб турди-ю:
— Сизни бунга ишонтиролмайман Байжу, — деди.— Чунки подшоҳнинг жонига қасд қилган одамларни аёвсиз жазолаш ҳақида фармон чиқарилган. Бобур мирзо шу фармонга имзо чекканлар. Ўзлари соҳибдил шоир, маърифатлик инсон бўлсалар ҳам подшоҳлик билан фотиҳлик у кишини мураккаб зиддиятларга дучор қилган. Ўшанда Лаъл Чанд уни аскарлари билан адаштириб, йўқ қилиб юбормоқчи бўлгани эсига тушса, қаҳр устида қатл эттириб юбориши мумкин.

4

Аграда сершамол ёмғир фасли бошланган саратон кунларининг бирида Тоҳир саройга — Бобурнинг ҳузурига келди.

Девони хоснинг мармар айвонида ўтирган Бобур уни зўрға таниди — Тоҳирнинг соч-соқоли оқариб кетган. Юзидаги чандиқдан ташқари, энгаги аралаш бўйнига гўё катта бир ямоқ тушган.
— Хайрият, тузалиб кетибсиз, — деб Бобур унинг кўнглини кўтарадиган гап излади.
— Ҳа, мулла тоғам жонимга ора кирдилар...
— Энди қалай, аввалги хизматга қайтмоқчимисиз?

Тоҳирнинг ўнг қўли заиф, бўйни ҳам дуруст қайрилмайдиган бўлиб қолган, ён-верига қарамоқчи бўлса, бутун гавдасини буриб қарар эди.
— Мен энди қўрчиликка ярамасмен.
— Бўлмаса ички беклар қаторида юраверинг.
— Лекин мен бекликни эплолмадим... Панипатда ўзимдан ўтди.
— Нечун?

Тоҳир жанг бўладиган куни азонда қандай сабуҳий қилганини, отдан қандай йиқилганини ва қадрдон навкарини қандай шафқатсизларча урганини бир-бир айтиб бер-ди.
— Бек бўлдим, деб мағрурланиб золим бўлиб кетган эканмен. Ўлим тўшагида ётиб ўзимни танидим. Менга беклик... тўғри келмас экан, ҳазратим. Ўзим ҳам энди майиб одаммен. Ижозат беринг, мулла тоғам тарҳини чизган боғда сувчими, гулчими бўлиб қолай... Бир вақтлар Қувада кичкина боғчамиздаги дов-дарахтларни суғоришни яхши кўрар эдим...

Бобур айвоннинг жимжималик мармар устунлари ортидан сузиб ўтаётган ёмғир булутларига тикилиб оғир хўрсинди. У Тоҳирга яхшилик қилмоқчи бўлиб беклик унвонини бергани охир-оқибатда ёмонлик бўлиб чиққан эди.
— Сиз-ку, бекларнинг касофат муҳитидан сувчи бўлиб қутулмоқчисиз. Лекин мен қандоқ қутулгаймен?

Бу савол Тоҳирни шошириб қўйди.
— Сиз... подшоҳсиз, ҳазратим. Беклар сизнинг итоа-тингиздалар.
— Итоатимда бўлиб итоат этдирурлар... Буларнинг шундай гирдоблари борки, сал бехабар қолсангиз ғарқ қилиб юборурлар... Мен Сўхда сизга айтган гапларим эсингиздами?
— Мен у сўзларингизни ҳеч вақт унутмасам керак...
— Ўшанда, сиз, умрбод ҳузурингиздан кетмасмен, деган эдингиз-ку!
— Ҳазратим, мен у вақтда соғлом йигит эдим... Ҳозир аҳволим бу...
— Саройда менинг хилватхонамга қарайдиган дуруст одам йўқ. Шу ишни сиз олсангиз.

Хилватхона — Бобурнинг ёлғиз ўтириб ижод қиладиган жойи эканини Тоҳир билар, Бобур ҳаётининг энг дилкаш томони унинг ижодида эканини сезарди. Лекин саройнинг мураккаб, бўғиқ муҳитидан кўнгли қолган Тоҳир боғда, тоғасининг ёнида ишлашни истарди.
— Ҳазратим, қулингизни маъзур тутинг. Мен боғда ишлаймен, деб аҳд қилган эдим...
— Боғда ҳам хилватхона бўлур, — деди Бобур. — Қуриб битирилса унга ҳам сиз қарагайсиз. Маъқулми?

Энди «йўқ» дейишнинг иложи қолмади. Бобурнинг сўзини икки қилиб ўрганмаган Тоҳир қўлини кўксига қўйди-ю, розилик берди.

* * *

Агра қалъасидаги хилватхона девони хос билан подшоҳ ошхонасининг оралиғида эди. Бир ойдан бери давом этаётган ёмғир фасли ҳали-бери тугайдиганга ўхшамас, баъзи кунлари беш-ўн мартадан жала қуйиб ўтарди. Ёғин-сочинли кунларда Бобур кўпроқ Аграда ишлайди. Хилватхона — ичма-ич қурилган уч хонадан иборат. Бу хоналарнинг майда-чуйда ишларини тўртта савдар қилади, лавозими «офтобачи» деб аталадиган Тоҳир уларга бошлиқ. Энг ички хонада қоғоз, қалам ва Бобур тайинлаган китоблар туради. Бериги хонага дастурхон солиниб, Бобур хуш кўрадиган гулоб, норинж шарбати, анба меваси[48] қайла[49], танбул барги[50] ва мағзи қизил фуфал ёнғоғи қўйилган.

Бир куни Тоҳир дастурхонга энг тоза Ғазни чоғиридан ҳам бир кўзача қўйдирган эди, Бобур:
— Чоғир мажлиси хиргоҳда бўлди, бас, — деди.

Шундан кейин Тоҳир хилватхонага ичкиликни йўлатмайдиган бўлди.

Бобур ички уйда туни билан ишласа Тоҳир ҳам тонг отгунча ухламай, унинг тинчини қўриқлаб чиқар эди. Унинг ташқи хонада уйғоқ ўтиришини биладиган Бобур гоҳо ичкаридан чиқиб келиб, ғалати саволлар берарди:
— Бадахшонда арчазорларда нафис бир ўт бўлур эди, эсингиздами? Даҳкат атрофида, Осмон Яйловда ҳам мўл эди. Ранги ҳаворанг. Мен бир дафтарга ёзиб қўйган эдим... Кобулда қолганми? Йўқ.
— От ейдими?
— Ҳа, яхши ейди. Бўйи паст-паст, ердан тўп-тўп бўлиб чиқур.
— Бетакамикин?
— Ҳа, ҳа, бетака ҳам дерлар, лекин асли бутака! Бутталаб ўсгани учун бутака дер эканлар. Мен бунинг важҳи тасмиясини[51] Бадахшонда эшитган эдим.

Бобур қидирган сўзини топганидан мамнун бўлиб ичкарига кириб кетди. У Тоҳир билан бирга кўрган жойлари, бирга бошдан кечирган воқеаларининг мана шунақа тафсилотларини сўраб, аниқлаб олган кунлари Тоҳирнинг ҳам кўнгли кўтарилиб юрарди. У Бобурнинг ўз кўрган кечирганлари ҳақида катта китоб ёзаётганини эшитган эди. Энди Тоҳир ҳам шу китобнинг ёзилишига бир қадар иштирок этаётгани учун «ҳар қалай, бу ерда ўтган кунларим зое кетмайдиганга ўхшайди», деб қўярди. Бир кун тун яримлаганда Бобур хилватхонадан хомуш бўлиб чиқди-ю, ҳазин товуш билан бир тўртлик ўқиб берди:

Кўпдан бериким ёру диёрим йўқдир,
Бир лаҳзау бир нафас қарорим йўқдир,
Келдим бул сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқдир.
Бу сатрлар Тоҳирнинг соғинч туйғуларини шундай қўзғатдики, кўпдан бери кўрмаган Робиясини қўмсаб, ўпкаси тўлди.
— Болалар билан қачон дийдор кўришаркинмиз-а, ҳазратим?
— Йўллар ҳали нотинч. Ҳарам учун хатар кўп. Бу ёқда Рано Санго биздан норизоларни атрофига тўплаб, куч йиғмоқда эмиш...

«Биздан норизолар» деган сўзлар Тоҳирга мана шу қалъа ҳовлисида ўтган куни юз берган бир фожиани эслатди.

Ҳинд усталари, пашкол пайтида ер қазиб бўлмайди, ишни тўхтайлик, дейишди. Лекин саркор бунга кўнмади: «Биз войинни олти ойда қуриб битиришга сўз берганмиз, ёмғир фасли икки ой давом этса, кейин қачон улгургаймиз? Подшо ҳазратлари бизни ёлғончи демасларми? Ёмғир писандмас! Қайтага салқин бўлди! Ишлайверинглар!» Хуллас, саркор ер қазувчиларни мажбур қилиб ишлата бошлади.

Муттасил ёғиб турган ёмғирлар ерни ивитиб, ҳилвирлатиб қўйган эди. Ўтган куни ер қазувчилар ўн қулоч чуқурликдаги чоҳнинг тубида ишлаётганларида жардай чуқур ҳавзанинг бир томони ўпирилиб тушди-ю, тўрт одамни босиб қолди. Уларни лой аралаш тупроқ тагидан кавлаб олгунларича учтаси аллақачон жон берган, тўртинчиси тирик бўлса ҳам бели синиб, майиб бўлган эди.

5

Хилватхонадан сал нарида — сарой ошхонасида овқат пишириб юрган Баҳлул исмли ўрта яшар бир ошпаз ҳам войиннинг чоҳи тагида жон берган ер қазувчиларни кўрган эди. Бу фожиа ошпазга Панипат жангида фотиҳларнинг қиличидан ҳалок бўлган йигирма яшар суюкли инисини эслатган ва қалбидаги интиқом туйғусини яна жунбишга келтирган эди.

Аҳмад чошнагир малика Байданинг канизларидан бирини орага қўйиб, заҳарни шу Баҳлулга етказиб берган эди. Малика Байданинг яна бир канизи келиб, режани ҳозирги пашкол кунларда — Бобур бирон ёққа юришга кетиб қолмасидан олдин амалга ошириш кераклигини айтган эди.

Тўрт букланган оқ қоғоз ичида зираворга ўхшаб турган заҳар икки мисқолгина бўлса ҳам Баҳлулга зўр бир пўлат қуролдек оғир туюларди. У жангда ватанини ҳимоя қилиб жон берган инисининг ўчини шу қурол ёрдамида олишни ва фотиҳларни бу ердан тезроқ қувишни истар эди. Агар Бобур ўлдирилса, фотиҳлар Ҳиндистонда туролмай кетиб қолишларига Аҳмад чошнагир Баҳлулни ишонтирган эди.

Подшоҳ ошхонасида ҳар бир таомни текшириб татиб кўрадиган махсус баковуллар бўлар эди. Қаттиқ ёмғир ёғаётган куни кечқурун шу баковуллар ароқ ичиб, маст бўлиб қолишди.

Қозонда карунди дарахтининг нордон мевасидан қўшиб тайёрланган мазали қайла пишиб турибди. Бобур бу қайлани яхши кўришини Баҳлул билар эди. У секин қўйин чўнтагига қўл солиб, тўрт буклоғлиқ қоғозни олди. Ошхонада ҳеч ким йўқ. Баковуллар нариги хонада маст бўлиб ашула айтишяпти, шамол аралаш ёмғир ёғяпти.

Баҳлул заҳарни қозонга солмади — баковулларнинг ароққа қайлани газак қилиш одатлари бор, еб кўришса, заҳарланиб, билдириб қўйишлари мумкин. Шунинг учун ошпаз заҳарни Бобур овқат ейдиган чинни лаганга юпқа лочира нон устига сепа бошлади. Бирдан шамол ташқи эшикни қарсиллатиб ёпти. Баҳлулга кимдир келаётгандай туюлди-ю, заҳарнинг қолганини қозон тагида ёниб турган оловга отди. Кейин чинни лагандаги заҳар сепилган лочира устига тез-тез қайлани солди.

Орадан сал вақт ўтгач, савдар кирди, қуён гўштидан қилинган қовурдоқни ва қайла солинган чинни лаганни Бобур овқат еб ўтирган хўракхонага олиб чиқиб кетди.

Аҳмад чошнагир бу заҳарни таъмидан билиб бўлмаслигини, унинг таъсири аста-секин билинишини айтган эди. Баҳлул сир очилгунча қўрғон дарвозасидан чиқиб кетиш умидида эди. Аммо у ошхона эшигидан чиқаётганда ширакайф баковуллардан бирига дуч келди.
— Қани, қуён гўштидан бизга ҳам қолдирдингми?
— Қайла бор, соҳиб.
— Йўқ, қуён қовурдоғи керак!
— Қовурдоқ оз эди, ҳаммасини ҳазратга бериб юбордим. Қайла ей қолинг, газакка яхши.
— Йўқ! Қуён кўп эди-ку! Нега бизга қолдирмадинг?
— Ҳаммасини қовурганим йўқ эди...
— Бўлмаса ҳозир бизга қуён гўштидан қовуриб бер! Тез!

Баковулнинг йўғон гавдаси эшикни тўсиб турарди.

Ошпаз орқага қайтди ва саросима ҳаракатлар билан ёғ доғлаб, қуён гўштини қовуришга тайёрлай бошлади.

Ёмғирли тун саройни чулғаб олган. Шу пайт бирдан хос навкарлар табибга югуриб, баковуллар бир-бирини чақириб, ошхонанинг ич-таши тўполон бўлиб кетди. Хилватгоҳда ўтирган Тоҳир ҳам хўракхонага чопиб келди.

Бобур устма-уст қайт қилиб, юзи кўкариб кетган. У нафаси қайтиб, ташқарига интилди, аммо икки қадам қўйгунча бўлмай гандираклаб йиқила бошлади. Тоҳир чопиб бориб, уни қўлтиғидан суяб олди. Табиб Юсуфий Бобурнинг нариги қўлтиғига кирди. Жонсарак бўлиб қолган савдарларга буюрди.
— Ичкарига жой қилинг!
— Равонга! — деди Бобур ютоқиб.

Унинг кўнгли беҳуд, боши гир-гир айланар, нуқул ҳаво етишмаётгандай бўлар эди.

Бобурни равонга суяб чиқариб ётқиздилар. Табиб юракка қувват берадиган доридан ҳидлатди.
— Сизга не бўлди, ҳазратим? Майни кўп ичдингизми? Ё маъжун аралашдими?
— Овқатда бир сир бор! — деди Бобур ва яна кўнгли айниб, чинни тоз устига энгашди. — Ошпаз тафтиш қилинсин!

Шу пайт қайладан еган яна икки мулозим Бобурга ўхшаб қайт қилаётгани маълум бўлди. Баковуллар қайла пиширган Баҳлулни тутиб, саройнинг энг қаттиққўл терговчисига топширдилар. Терговчи уни турли қийноқларга солиб сўроқ қилишга киришди.

Бобур туни бўйи ўлим билан олишиб чиқди. Ҳар қайт қилганда юрак-бағри узилиб, парчаланиб чиқаётгандай оғрир, гоҳо нафаси ичига тушиб кетар эди. Табиб унинг тепасидан кетмай:
— Шифо топасиз, бардам бўлинг! — деб тасалли берар эди.

Тоҳир ҳам табибга қарашиб, туни бўйи мижжа қоқмай чиқди. У Бобурнинг бошини тутар, тер босган юзини, бўйинларини елпир эди. Бобурнинг заҳар азобидан тўлғанаётганини кўрган сари, ўзи ҳам заҳар ичгандай қийналар эди. Тонг пайти Бобур алаҳсирагандай бўлиб, Ҳумоюн билан Моҳим бегимни йўқлай бошлади.

Шимолий чегаралар яна нотинч бўлиб қолгани учун Бобур Ҳумоюнни ўтган ойда Бадахшонга қайтариб юборган эди. Моҳим бегим ҳамон Кобулда эди.
— Ҳумоюн мирзога чопар юборайликми? — деб сўради Тоҳир.

Бобур кўзини очиб, хиёл ўзига келгандек бўлди. Чопар Кобул ва Бадахшонга етиб боргунча камида бир ой вақт ўтади. Бу орада бирон кориҳол бўлса на Ҳумоюн, на Моҳим бегим етиб келолмасликлари аниқ. Бобур ғамгин бош чайқаб:
— Фойдаси йўқ, — деди.

Унинг аҳволи тобора танг бўлаётганини кўрган Тоҳир:
— Ҳазратим, бардам бўлинг! — деб илтижо қилди.— Биз сиз билан неча ўлимлардан қолганмиз! Дардга бўй берманг, енгасиз!
— Лекин... бундай фалокат... биринчи учраши!..

Бобур беҳол қўзғалиб яна тоз устига энгашди, оғриқ зарбидан кўзларига дув-дув ёш келди. Сўнг бошини яна ёстиққа қўйиб кўзини юмиб ётганда равонга терговчи кирди.

Юсуфий унга:
— Қисқа сўзланг, фақат ахборот! — деб шипшиди.

Терговчи Байдани ҳам сўроқ қилганини, нариги учовига шу бадбахт малика бош бўлганини, лекин таш-қи душманлар билан, жумладан, Рано Санграм Синх билан алоқаси борлигини рад этганини, бошқа саволларга жавоб беришдан бош тортганини айтиб берди.
— Малъунлар!.. деди Бобур ётган жойида ғазабдан овози қалтираб. — Мен уларга шунчалик ишониб... илкидин таом есам... иззат-икром қилсам!..
— Ҳазратим, бу иблисларни минг қийноққа солиб ўлдирмоқ керак!
— Нариги учовини... қоидага биноан қатл эттиринг! Байда... кейин!
— Бош устига! — деб терговчи чиқиб кетди.

Қоидага биноан, подшоҳнинг жонига қасд қилганлар энг оғир қийноқларга солиб ўлдириларди. Ошпаз Баҳлулнинг териси тириклай шилиниб олинди. Жаллодлар Аҳмад чошнагирнинг аввал қўл-оёқларини кесиб, кейин бошини танасидан узиб, вужудини парча-парча қилиб ташладилар. Икки орада воситачи турган ва усталик билан саройга заҳар олиб кириб, ошпазга берган канизак қутурган филнинг оёғи тагига ташлаб ўлдирилди.

Малика Байда энг қаттиқ ҳибсда сақланар, энди одамлар унинг қандай қатл этилишини кутар эди.

Табиб Юсуфий Бобурнинг ҳаёти учун икки кечаю кундуз тинмай курашди. Тоҳир ҳам икки кечаю кундуз беморнинг ёнидан жилмай, хизматини қилди. Ниҳоят, учинчи кун табиб:
— Худога минг қатла шукр, ҳазратим, бир ўлимдан қолдингиз! — деди. — Онадан қайта туғилгандай бўлдингиз. Энди озгина қатиқ ичинг. Сўнгра ухланг!

Бобур бир пиёла қатиқ ичгач, кўзини юмиб, ёстиққа бош қўйди. Лекин бошидан ўтган ўлим даҳшати ҳамон хаёлидан нари кетмасди. Унинг жони шунча вақт қил учида осилиб турганини ўйласа, беихтиёр ваҳми келарди. Шу қил узилса ўлим деб аталадиган зулмат қаърига қулаб тушишини икки кун давомида муттасил ҳис қилиш унда яшаш истагини кучайтириб юборган эди. Ҳаётнинг бир лаҳзаси, бир учқуни дунёнинг барча бойликларию тожу тахтларидан ҳам азиз эканлиги унга энди астойдил сезилди. Унинг азобдан толиққан вужуди ҳамон беҳол бўлса ҳам руҳида нимадир ўзгаргандек ва дунё кўзига бошқачароқ кўрингандек бўларди. Ҳар бир кишининг фақат биттагина умри бор экан ва умрнинг ҳар лаҳзаси шу қадар ширин экан, Бобурнинг ёшига етмай ўлиб кетганларга осон тутиб бўладими? Иброҳим Лоди ундан тўрт ёш кичик эди.

Малика Байда буни унутиши ва Бобур яхши муомала қилгани учунгина уни кечириб, фарзанди ўрнида эъзозлаши мумкинмиди? Жангда эришган ғалабалари унга энг мушкул ишларни ҳам осон кўрсатиб қўйгани учун бўлса керакки, Бобур Иброҳим Лодининг онасига шунчалик ишонган ва унинг амрида бўлган ошпазларни ишга олган экан-да! Бу ошпазлар тайёрлаган ҳиндча таомларни ейиш билан эл-улуснинг кўнглини олмоқчи бўлгани ҳам, унинг ўз кучига ортиқ даражада ишонганидан келиб чиқмаганмикин? Ҳолбуки, кечаги душманларни бугун дарҳол дўстга айлантириш осонми? Хусусан, Байдадек фарзанд доғида куйиб юрганлар ёки ошпаз Баҳлулдек инисининг қасдини олмоқчи бўлганлар билан муомалада эҳтиёткорроқ бўлиши керак эмасмиди? Кобулда Моҳим бегим айтган изтиробли гаплар яна унинг ёдига тушди. Бегона юртдан борган фотиҳни осонликча кечирмасликлари, унинг қиличидан пайдо бўлган яралар асрлар давомида битмаслиги рост бўлса... Бобур бу мамлакат халқининг кўнглини олиши учун қанча кўп йиллар керак бўлади? Бунга унинг умри етармикин? Умуман, бу ўзи эришиш мумкин бўлган мақсадми ёки сароб?..

Бу ўйлардан Бобур яна боши берк кўчага кириб қолгандай бўлди, келажак кўзига қоронғи кўриниб кетди.

Фақат танасига аста-секин қайтиб келаётган ҳаётий кучлар шу зулматни ёриб ўтиб келаётган ёғдулардай илиқ туюларди. Ўша кеча Бобур яхши ухлади. Эртаси куни табиб унинг томиридан кўпроқ қон олмоқчи бўлди.
— Заҳарланган ҳаром қонни чиқариб юборгаймиз, ҳазратим. Яна бирор ҳафта қимирламай ётмоғингиз керак.

Бобур бунга эътироз қилди. Бусиз ҳам унинг дармони кетиб қолган эди. Агар табиб кўп қон олса узоқ ётиши аниқ. Ҳолбуки, «Подшоҳ ўлим тўшагида ётган эмиш!», «Умид йўқ эмиш!» деган овозалар тарқалган, қулай фурсат кутаётган ғанимлар жонланиб қолган эди. Беклар ҳам Бобурнинг тезроқ кўпчиликка кўринишини истар эдилар.

Орадан яна икки кун ўтгач, Бобур тантанали маросимларда киядиган кийимларда девониомга чиқди. Баланд тахтнинг икки томонида тизилиб турган юздан ортиқ амирлар, саркардалар, вилоят ҳокимлари таъзим бажо келтириб бўй эгдилар. Бобур тахтга шошилмай чиқиб ўтиргач, иккита навкар малика Байдани пойгаҳдаги эшикдан олиб кирди.

Кампир ҳали ҳам бошдан-оёқ оқ кийиб, ўғли Иброҳимга аза тутиб юрар эди. Фақат қадди аввалгидан бир оз букчайганроқ. Лекин кўзлари Бобурнинг юзига тушганда унинг оғир касалга ўхшаб сарғайиб қолганидан қаноат ҳосил қилгандай мамнун йилтиради.

Эшик оға Муҳаммад Дўлдай маликани сўроққа тутиб, суиқасдга яна кимлар иштирок этганини суриштира бошлади.
— Суиқасд эмас, бу интиқом! — деди малика. — Подшоингиз тўккан қонларнинг қасоси бу! Менга ёрдам берган ошпаз ҳам, Аҳмад Чошнагир ҳам, каниз ҳам ботир қасоскорлар эди. Ҳаммаси мардларча жон берди. Энди навбат меники. Мен ўғлимнинг доғида куйиб кул бўлганман. Энди қўлларингдан келса кулимни кўкка совуринглар!

Малика саройда ҳамма тушунадиган форсий тилда гапирмоқда эди.

Аъёнлар нафасларини ичларига олиб, ерга қарашди. Малика бир ўлимни бўйнига олиб келган энди ҳар бир сўзни ўққа айлантириб ёвига дадил отар, Бобурнинг ғазабга тўлиб, жаллод чақиришини, қуролсиз онага қарши барча қуролларини ишга солишини истарди. Ўшанда маънавий ғалаба малика томонида бўлар, унинг довюраклиги оғиздан-оғизга ўтиб, одамларнинг эҳтиромини қозонар эди. Буни Бобур ҳам сезди-ю, ўзини босиб, Маликдод Коронийга қаради.
— Бу қандай ёсуманлик! — деди Маликдод Короний Байдага. — Шунчалик ўч олиш ниятингиз бор экан, аълоҳазратнинг иноятларини нега қабул қилдингиз?
— Ниятимга етишим учун шундай қилишим керак эди!
— Аълоҳазрат сизни «Мўътабар онамиздек эъзозланг!» деганларида йиғлаб миннатдорчилик билдирганингиз бизнинг ёдимиздан чиққан эмас!
— Мен у пайтда нафратим зўридан йиғлаган эдим! Ўғлимнинг кушандасига она бўлишдан қийналиб кўзим ёшланган эди!
— Ё алҳазар! Ахир сиз ҳам Муҳаммад умматисиз, муслимасиз-ку! Ўғлингиз буларга қарши неча баробар катта куч билан чиққанини билмасмисиз? Булар мағлуб бўлса ўғлингиз ёвларининг минг жонларидан бирини ҳам тирик қўймас эди. Сиз султон Иброҳимнинг қанчалик шафқатсиз бўлганини билар эдингиз. Агар сизда инсофу имон бўлса, қўлида қиличи билан очиқчасига жанг қилган саркардага яшириқча заҳар бермас эдингиз!
— Мен аёл кишиман, қилич кўтариб жанг қилолмайман! Ана ўша заҳар — менинг қиличим эди. Фотиҳлар Панипатда минг-минг одамларнинг ўлимига сабаб бўлди! Бу мамлакатнинг яна кўп жойларига ажал уруғини экди! Мен каби минглаб оналар ҳозир мотам тутиб, кўз ёши тўкиб юрибди. Қанча-қанча келинчаклар бева қолиб, ўзларини эрларининг жасадлари билан бирга оловда ёндиряпти! Мен берган заҳар ана ўша ажалнинг уруғидан тайёрланган эди! Унга бева-бечораларнинг аччиқ кўз ёшлари ҳам қўшилган эди!

Маликанинг сўнгги сўзлари фотиҳ бекларга ҳам тегиб кетди. Серсоқол бир бек ўрнидан сакраб туриб, Бобурга таъзим билан мурожаат қилди:
— Ҳазратим, бу ялмоғизнинг тилини оғзидан суғуриб олмоқ керак! Шундай малъунлиги устига яна бунча гап!
— Майли, мени қиймалаб ташласинлар! — деб қичқирди Байда. — Мен қўрқмайман!

Бобур Байдани беклар истагандек қийноқларга солиб ўлдиртирса эл-улус нима дейишини ўйлар экан, «лоп» этиб Ҳиротдаги Хадича бегим эсига тушди. Маккорликда у ҳам Байдадан қолишмас эди, невараси Мўмин мирзонинг ўлимига сабаб бўлгани кўпчиликка маълум эди. Шунга қарамай, Шайбонийхон уни Мансур бахшининг ихтиёрига топшириб, даҳшатли қийноқларга солгани жуда кўп одамларнинг нафратини келтирган эди. Бобурнинг ўзи бундан бир ҳафтагина олдин хилватхонада хотира ёзиб ўтирганда Шайбонийхоннинг бу ишини жирканиб қаламга олган эди. «...Беш кунлик ўтар дунёда Шайбонийхон мундоқ аблаҳоно ишлари билан ёмон от қозонди» — деган сатрларни ўз умр китобига битган Бобур энди мана бу қуролсиз онага қандай чора кўриши керак? Қандай қилса одамларнинг нафратига эмас, ҳурматига сазовор бўлади?

Беклар ҳамон Байданинг ўлдирилишини талаб қилмоқда эдилар:
— Бу ялмоғизни қутурган филнинг оёғи тагига ташлаб қатл эттирмоқ керак!
— Ёки оёқ-қўлини чирмаб боғлаб, баланд минора устига ётқизиб қўймоқ даркор — гўштини қузғунлар еб, кўзларини чўқиб кетсин!

Маликага зимдан тикилиб турган Бобур сўнгги таклифлардан Байданинг ранги ўчиб, юзи кўкимтир тусга кирганини кўрди. Шунда Муҳаммад Дўлдайнинг ишораси билан беклар жим бўлдилар. Бобур малика тушунадиган форсий тилда:
— Жаноб беклар таклиф қилган жазолар барчаси асосли,— деди. — Бироқ хиёнатчи маликага буларнинг ҳаммасидан ҳам оғирроқ бир жазо бор. Бу хонимнинг гапига қараганда, ҳамма етиму есирлар учун жони ачир эмиш, заҳарни ўшаларнинг кўз ёшларидан тайёрлаган эмиш! Бироқ бунинг ўғли Иброҳим Лоди эл-улусга озмунча зулм ўтказганми? Озмунча одамни етиму есир қилганми? Иброҳим сабабчи бўлган ички урушларда ҳар йили қанча одам ҳалок бўлган эди, жаноб Короний? Сиз билсангиз керак?
— Ҳазратим, менда ҳисоботи бор: сўнгги уч йил давомида султон Иброҳим бошлаган ички урушларда биздан юз йигирма минг одам ҳалок бўлмишдир.
— Уч йилда бир юзу йигирма минг! — хитоб қилди Бобур. — Иброҳим Лоди эса ўн йилдан ортиқ тахтда ўлтирган! Ҳиндистонда одам кўп. Юз минги ички урушда ҳалок бўлса, Иброҳим яна юз мингини пулга ёллаган. Агар Иброҳимнинг онаси бўлмиш бу хоним ўлган навкарларгаю уларнинг етим-эсирларига астойдил жон куйдирса, нечун юз минглаб одамларнинг беҳуда ўлиб кетишларига йўл қўйган? Нечун ўғлини бундай ножўя қирғинлардан қайтармаган?!
— Мен фақат она эдим, подшоҳ ўғлимга амр-фармон беролмас эдим! — деб малика Байда энди ўзини ҳимоя қила бошлади.
— Ножўя ички қирғинларни тўхтатишга амр-фармон бермоқ учун мана биз бел боғладик! — деди Бобур. — Тангридан умидимиз борки, бу улуғ мамлакат энди ягона марказий давлат атрофига жипслашгусидир. Биз Ҳиндни ободу қудратли қилмоқ орзусидамиз. Бизга ҳамкору ҳамнафас ҳинд беклари, фузалолари, ҳунарпешалари кўп. Бизни заҳарлаб ўлдирмоқчи бўлган бу маккор хоним учун энг оғир жазо шуки, биз мана, тирикмиз! Бу хонимнинг ўзию ўғли қилолмаган улкан ишларни биз қилмоқдамиз!

Маликдод Короний бирдан енгил тортиб:
— Ҳазратим лутф қилдилар! — деди.
— Бу малика, — деб давом этди Бобур, — шу даража бева-бечорага жонкуяр бўлса.. Абдукаримбек!

Байдага яқин бир жойда ўтирган шиғовул сакраб ўрнидан турди. Бобур унга буюрди:
— Бу маликанинг барча молу дунёсини мусодара қилиб, Жамна бўйида бир буқъаи хайр[52] қурдиринг. Барча хизматкорлари ўша буқъада хизмат қилсин, маликанинг бутун бойлиги, молу дунёсини етим-эсирга хайр-эҳсон қилиб улашсинлар.
— Бош устига! — деб Абдукарим бу фармонни таъзим билан қабул қилди.
— Маликани то умри етгунича тирик сақлаш ҳам сизга топширилур, жаноб Абдукаримбек!
— Тирик?! — ҳайрон бўлиб сўради шиғовул.

Бошқа аъёнлар ҳам таажжубланаётганини кўрган Бобур овозини кўтариброқ гапирди:
— Малика бизнинг бундан кейинги зафарларимизни ҳам кўрсин. Ёмонликка яхшилик қилиш мард кишининг қўлидан келишига амин бўлсин. Агар маликада виждон бўлса, ўғли қилмай кетган ишларни биз қилганимизни кўриб виждони азоблансин. Агар виждони бўлмаса, ичида фақат бахиллик чаёнлари бўлса, бу чаёнлар ўзини чақиб ётаверсин. Маликага бундан ўзга жазо муносиб эмасдир!

Бек ва аъёнларнниг пичир-пичирлари орасидан аллакимнинг:
— Ҳазратим тантилик қилдилар! — деган қувончли хитоби эшитилди.

Ўз ўлимини ҳам ўткир бир қуролга айлантирмоқчи бўлиб келган малика Байда энди бу қуролидан айрилганини сезди. Шу пайтгача у ажали етганига шубҳа қилмас эди. Энди бирдан яна яшаш умиди пайдо бўлди. Маликанинг ўлим совуғидан музлаган қалбига ҳаётнинг илиқ нафаси тегди-ю, кўнглини бўшаштириб юборди.

Малика юзини қўллари билан тўсиб, елкалари силкина-силкина йиғлай бошлади.

Секри - Қайта Кўз Очган Булоқ

1

Бобурнинг махсус таклифи билан Ҳиротдан Аграга келаётган мавлоно Хондамир, шоир Шиҳоб Муаммий ва мударрис Иброҳим Қонуний уч ойга яқин йўл юрдилар.

Бадваҳима Хайбар довонидан ўтиб, серсув Синд дарёсидан кечиб, чангалзор ўрмонларни оралаб борар эканлар, мавлоно Хондамир оламнинг нақадар улканлигини энди биринчи марта астойдил ҳис қилди. Ҳафталар, ойлар давомида отлиқ сафар қилиб охирига етиб бўлмайдиган бағри кенг ўлкалар ҳаммаси энди яхлит бир давлат бўлиб бирлашганлиги, Балхдан Кобулгача, ундан Лахўр ва Деҳлигача ҳамма жойда Бобурнинг муҳри босилган фармонини бетўхтов адо этишларидан сезилар эди. Бу фармонга мувофиқ Хуросон ва Мовароуннаҳрдан Бобурнинг таклифи билан келаётган илму санъат аҳлини, ҳунарпешаларни барча вилоят ҳокимлари, барча қўриқчи аскарлар ва бекат назоратчилари қўшни давлат элчиларига кўрсатиладиган иззат-икром билан кутиб олиб, кузатиб қўйишлари керак эди. Йўлларда ҳали қароқчилар тугатилмаган, тартиб ўрнатилмаган нотинч шаҳар ва қишлоқлар бор эди. Хондамир ва унинг ҳамроҳларини бундай жойлардан «бадрақа» деб аталадиган икки юз-уч юз кишилик қўриқчи аскарлар ўтказиб қўйишарди.

Карвонсаройларда ҳам уларни «подшоҳнинг хос меҳмонлари» дейишиб, энг яхши хоналарга жойлаштиришар, қўлларидаги қоғозларига биноан кундалик таомлари учун бепул гуруч, гўшт, ёғ беришар, тағин майда харажатлари учун махсус улуфа ҳам тўлашарди. Чарчаган от-уловларини алмаштиришлари керак бўлиб қолса, ёмчилар боқувдаги от-уловларидан уларга биринчи навбатда беришар эди. Кобулдан Деҳлигача бўлган минглаб чақирим йўл бўйидаги карвонсаройлар ва ёмлар Бобурнинг ҳаракатлари билан шунчалик обод ва шунчалик яхши ишлаб турар эди.

Хондамир йўлларда, бекатларда Ҳиндистонга бориб келаётган элчилар, сайёҳлар ва савдогарларни кўп учратарди. Бултур Аградан эллик чақиримча ғарбдаги Секри деган жойда Бобур Рано Санго билан урушиб, Панипатдагидан ҳам улканроқ ғалабага эришгандан кейин уни астойдил тан олиб, элчи юбора бошлаган подшоҳлар кўпайиб қолган эди. Хондамир Лахўрда учратган қизилбошларнинг элчиси Шоҳ ТахмасиИ[53] номидан ғалати совғалар олиб бормоқда эдилар. Бу совғалар орасида оқ туянинг зар уқали кажавасида парваришлаб олиб кетилаётган иккита гўзал черкас қизи ҳам бор эди. Шоҳ Тахмаси бу қизларни Бобурнинг ҳарамига атаб юборган эди.

Хондамир Деҳлидан шимолроқдаги бир бекатда самарқандлик ва тошкентлик элчиларни ҳам учратди. Секридаги ғалабанинг шуҳрати атроф мамлакатларга ёйилганидан кейин Бобур Ҳиндистонда тузган янги давлатни унинг ашаддий душманлари бўлган шайбонийзо-далар ҳам тан олган эдилар. Ҳозир Самарқанд тахтида ўлтирган Кўчкинчихоннинг элчиси Бобурга Самарқанднинг сояки майизларидан, Конибодомнинг субҳони ўрикларидан, Бухоронинг ўткир майларидан, Мовароуннаҳрнинг бошқа ноёб неъматларидан етти туяга совға-салом юклаб, ёнига икки юзта яхши отни ҳам тортиқ қилиб қўшиб келтирган эди. Бобур бу элчини ўзининг Жамна бўйида қурдирган янги Ҳашт Биҳишт боғида хонлар ўтирадиган оқ кигиз устига ўтқазиб, камоли эҳтиром билан қабул қилган эди. Бобурнинг қабулидан ва совға-саломларидан мамнун бўлиб қайтаётган хон элчиси Хондамирга мақтанди:
— Э, мавлоно, биз Ҳиндистонда кўрган хирмон-хирмон олтинларни ҳали ҳеч ким кўрмагандир. Бобур мирзо қуйма олтиндан қилинган тахтда ўлтирибдир. Тахтнинг пастига катта гилам тўшалган экан. Вилоят ҳокимлари ҳар йили берадиган олтинларини шу гиламнинг устига келтириб тўкдилар. Бирпасда олтиндан катта хирмон кўтарилди.

Бобур шайбонийзодаларнинг олтинга суқ одамлар эканини билгани учун элчининг кўзи олдида атайлаб шундай хирмон кўтарганини Хондамир ич-ичидан сезиб кулди:
— Жаноб элчи бу хирмондан капсан олмадиларми?
— Подшоҳ бизга қимматбаҳо саруполар кийдирди. Гилам устидаги олтиндан ҳазрат Кўчкинчихонга атаб совға берилди. Олтин тангаларни санаб ҳам ўлтирмадилар. Икки юз эллик мисқолни бир кумуш тош билан тортиб бердилар — қўйдилар.
— Икки орада бирон шартнома тузилдими?
— Ҳа, бемалол борди-келди қиладиган бўлдик. Савдо-сотиқ тикланди. Алоқалар илгаригидан яхшироқ равнақ топғусидир. Биз булардан ипак, зиравор олурмиз. Буларга ҳўлу қуруқ мевалар, от-уловлар сотурмиз... Йўли узоқ бўлса ҳам корвонларимиз иштиёқ билан келиб кетади. Чунки Бобур мирзо бутун қаламравида тамға[54] солиғини бекор қилмишлар. Ўзбек, туркман, тожик, ҳинд, араб, ажам, форс — қўйингки, ҳамма бани башар[55] бу оғир солиқдан халос бўлиб, даромадлари ошибди. Ҳунарманду савдогарлар ҳам шунисидан жуда мамнун. Фақат Бобур подшонинг бир амри бизга маъқул келмади.
— Қайси амри? — қизиқиб сўради Хондамир.
— Бутун мамлакатида май ичиш ман этилмишдир. Бобур мирзонинг ўзи ҳам «минбаъд ичмаймен», деб бутун эл олдида тавба қилибдирлар. Базмлари ичкиликсиз... муздаккина!

Кўчкинчихоннинг элчисини кўнгилсизлантирган бу янгилик Хондамирнинг руҳини кўтарди. Ҳусайн Бойқарони ва унинг ўғилларини ичкилик балоси қай даражада хароб қилгани ҳали мавлононинг эсидан чиққан эмас эди. Бундан тўққиз йилча бурун Бобур Ҳиротга иккинчи марта борганда Хондамир унинг ҳам майхўрликка ружу қила бошлаганини кўрган, «Наҳотки, бу нодир сиймо ҳам бошқа кўп темурийлар сингари истеъдодини ичкиликка бой берса!» деб ташвишланган эди. Элчининг ҳикояси унинг мана шу ташвишини тарқатиб юборди.

Хондамир бу узоқ ва машаққатли сафарга Бобурни орқа қилиб чиққан эди. Ёши элликдан ошаётган олим бу узоқ юртлардан Ҳиротга соғ-саломат қайта оладими, йўқми, ҳали ўзи учун қоронғи эди. У Бобур туфайли мана шу қоронғиликни бўйнига олиб келмоқда эди. Энди йўлларда Бобурнинг иродаси ва ақл-заковатидан далолат берадиган нимаики учра-са, ҳаммаси мавлононинг қалбидаги машъум қоронғиликни қуваётгандай бўлар ва ёруғ бир истиқболга ишонч уйғотар эди.

Хондамир Аграга келиб кирганда дарё бўйига қурилган Ҳашт Биҳишт ва Зарафшон боғларини, мармарларига чиройли гуллар солиб ишланган тош иморатларни, томлари майсалар билан безанган тиллакори толорларни[56], чаман-чаман гуллари кўзни қамаштирадиган гулзорларни кўрди. Бу улуғвор гўзалликлар мавлононинг кела-келгунча кўрган ва эшитганларига қўшилди-ю, у Бобурни аввалгидан бошқача фавқулодда қудратли бир қиёфага киритиб тасаввур эта бошлади...

* * *

Лекин Бобур сўнгги йилларда кўп касал бўлиб, жуда озиб кетган, жуссаси хийла кичрайиб қолган эди. Хондамир унинг ўзини қанчалик олдириб қўйганини Секри тоғига сайрга чиққанларида офтоб ёруғида жуда аниқ кўрди. Бобур Секри тоғининг мўъжазлиги ва текис жойга тушганлиги Ўшдаги Буратоғни эслатиши ҳақида гапирар, тоғ этагидаги кўл ичига қурилаётган тошсупани қўли билан кўрсатар, пастда қулф уриб ўсган ям-яшил боғ ва дарахтлар орасидан кўриниб турган янги иморатлар қандай барпо бўлганини ҳикоя қиларди.

Хондамир эса унинг суяги бўртиб қолган озғин юзига, кўз атрофлари ва пешонасидаги қават-қават ажинларига, уйқусизликдан ичига ботиб кетган қовоқларига қараб, ич-ичидан унга куюнар эди.

Тоғдан кўл томонга тушиб бораётганларида Бобур Хондамирнинг бу куюнишини сезгандай бўлиб:
— Менинг тақдирим ғалати, мавлоно, — деди. — Атрофимни обод қилганим сари ўзим сўлиб бормоқдаман.
— Унчалик эмасу... ҳар қалай, ўзингизга ҳам кўпроқ ғамхўрлик қилишингиз зарурмикин?
— Зарурликка зарур. Лекин мамлакат қанчалик улкан бўлса, уни идора этиш шунчалик қийинлашар экан. Мен зўр бир давлат тузиш мақсадини зиммамга олганимда бунинг қанчалик мушкул эканини тасаввур қилмаган эканмен. Туну кун меҳнат, ташвиш, ўт, олов... Худди ҳаракатдаги вулқонлар орасига тушиб қолгандекмен. Кўзлаган мақсадим амалга ошгунча умрим етгайми, йўқми, билмаймен.
— Ниятни бутун қилмоқ керак, ҳазратим. Сиз ҳали йигит ёшидасиз, алҳол қирқ олти ёшдасиз.
— Аммо Ҳиндга келганимдан бери ҳар йили беш-ўн йиллик умрим сарф бўлгандек туюлур. Иситма, уйқусизлик...

Хондамир Бобурнинг Ҳиндистонга келиб тузган янги девонини бугун эрталаб ўқиган эди. Шу девондаги бир рубоий ҳозир унинг эсига тушди:

Жисмимда иситма кунда маҳкам бўладур,

Кўздин учадур уйқу чу оқшом бўладур.

Ҳар иккаласи ғамим била сабримдек,

Борғон сари бу ортадур, ул кам бўладур.

Бобурнинг уйқусиз тунлардан киртайган кўзлари сал шамол тегса ёшланадиган бўлиб қолган эди.
— Табиблар уйқусизликнинг давосини билар эдилар-ку?
— Ҳиротлик хос табибимиз Юсуфий муолажа қилиб кўрди. Бўлмади. «Сизга ором керак» дейдир. «Давлат ташвишларини унутинг», дейдир. «Кечалари шеър ёзманг», дейдир. Аммо... давлат тепасида ўлтириб, унинг ташвишини қандай унутиш мумкин? Фақат шеър ёзганда, ижод қилганда бу ташвиш хаёлимдан кўтариладир. Лекин Аграда бўлсам ижодга ҳам фурсат тополмасмен. Кечаси ҳам, кундузи ҳам давлат ташвиши... Безор бўлиб, мана шу Секрига чиқиб келдим. Ижод учун бу ер тинчроқ... Анчадан бери маснавий ёзмоқдамен. Санасам, бир кеча-кундузда эллик байт маснавий битибмен.

Бобур хасталиги устига кўп ишлаб ўзини жуда толиқтириб қўйганини, уйқусизликнинг бир сабаби шу эканини, табиб кечалари шеър ёзишни ман қилиши тўғрилигини Хондамир сезиб борарди-ю, лекин буни айтишга андиша қиларди. Табиатан ором нималигини билмайдиган Бобур ўзини аямай ишлаб ўрганиб қолган эди, у бир кунда шунча шеър ёзганидан мамнун бўлиб юрганда уни бу мамнуниятдан ҳам маҳрум қиладиган насиҳат гап айтиш мавлонога ўринсиз туюлди.
— Ишқилиб, худо сизга қувват берсин, — деб қўя қолди.

Бобур мавзуни янгилагиси келиб:
— Мавлоно, «Ҳабиб ус-сияр[57]»ни неча йил ёзгансиз?— деди.
— Ўн бир йил. Лекин ҳали хатм қилган эмасмен. Хотиржамлик бўлганда Ҳиротда хатм қилмоқчи эдим. Лекин йигирма йилдан бери суннийпарастлар билан шиапарастлар Ҳиротни бир-бирларидан тортиб олиб, гоҳ ўтга урдилар, гоҳ сувга...
— Ҳў ўшанда... Унсиянинг минорасида туриб сўзлашганимизда «Ҳиротнинг толе қуёши ботиб кетмасмикин? — деб изтироб чеккан эдингиз. Шу изтироблар бари ўринли экан-да.
— Ҳиротда толе кетганда Самарқанд бизга қучоқ очиб турса экан! Шиа-сунний адовати Мовароуннаҳр билан Хуросону Эроннинг маданий алоқаларини узиб ташлади. Бу алоқалардан қанча авлодлар баҳра олган эди, қанча истеъдодлар камол топган эди. Жоҳил султонлар Мовароуннаҳрни биқиқ муҳитга солиб қўйиб, хурофот билан бидъатга ем қилмоқдалар. Самарқанддан келган бир олим йиғлагудай бўлиб айтиб берди. Обираҳмат бўйидаги уч ошиёнлик Улуғбек расадхонаси вайрон бўлмишдир. Шаҳар ҳокимининг парвойига келмас эмиш. Жоҳиллар нураб ётган расадхонанинг ғиштларини олиб кетиб, ўз ҳовлиларига ишлатмоқда эмишлар.
— Биз ўзга юртга келиб иморатлар қурганда улар ўз юртимиздаги обидаларни бузмоқдалар! Чархнинг бундан аччиқ кинояси бўлурми, мавлоно? Шуни ўйласам, ўз еримизни қўйиб, Ҳиндга кўнгил берганим менга худди оқибатсизликдек кўринадир!
— Бироқ фалакнинг гардиши шуни тақозо қилса, одам илож тополмас экан-да. Мана, мен ҳам сиздан ибрат олиб, Ҳиндга келдим-ку! Муаррих бўлганлигим учун тарихий зарурат биздан зўр бўлишини кўп сезмишмен.

Бобур Хондамирнинг сўнгги гапига қизиқиб, отини унинг отига яқин юргиза бошлади.
— Дарҳақиқат, тарих алоҳида шахслар иродасига бўйсунмас экан, — деди Бобур. — Оёғингиз тагидаги тоғ пастга қараб кўчса, сиз юксакка қанчалик интилманг, тоғ кўчкиси билан бирга пастга қулаб кетар экансиз. Энди ўйлаб кўрсам, Мовароуннаҳрдаги кўчкилар мени худди шу кўйга солган экан. Бироқ сиз қадам қўйган тоғ ичдан кўтарилиб ўсиб борса, кўзлаган юксаклигингизга қандай кўтарилганингизни ўзингиз сезмай қолур экансиз. Ҳиндистон менга ичдан кўтарилиб ўсиб борувчи тоғдек туюладир, мавлоно. Шунинг учун Самарқанду Андижонда қилолмаган ишларимни бу ерда қилиш умидидамен!
— Менинг назаримда ҳам эндиги юксалиш асри Ҳиндга кўчганга ўхшайдир. Жаҳолат қувган жуда кўп илму санъат аҳли сиздан паноҳ истаб Ҳиндга келишлари бежиз эмасдир. Чунки фалакнинг гардиши ўзгарди. Ахир бир вақтлар Хуросону Мовароуннаҳр ҳам ичдан кўтарилиб ўсиб борувчи тоғдек юксалган эмасмиди? Хоразмда — Беруний, Бухорода — Ибн Сино, Тусда — Фирдавсий, Боласуғунда — Юсуф Хос Ҳожиб— булар ҳаммаси бир-бирига асрдош. Шунча зўр сиймолар чиққан аср — бизнинг улуғ бир юксалиш асримиз эди. Чингизхоннинг кўчманчи ўрдалари босиб келди-ю, маданий тараққиётимиз ипларини бир неча асрга узиб ташлади. Улуғбек даврида Самарқандда, Навоий даврида Ҳиротда жуда кўп маданий даҳолар яна уйғонди. Янги юксалишлар асри бошланди. Лекин кажрафтор фалак буни ҳам бизга кўп кўрди! Яна чингизий султонлар маданий тараққиёт ипларини узиб, чалкаштириб юбордилар... Фақир Ҳиротда тополмай юрган калаванинг учини шу ерда топгандек енгил тортмоқдамен. Мусофирлик жуда оғир бўлса ҳам, лекин башарият яшаб турган шу кенг оламда янги даҳолари уйғонган, илму санъатга астойдил йўл очилган Ҳинднинг борлиги қалбларга қувват берадир... Мен энди «Ҳабиб ус-сияр»нинг сўнгги таҳририни шу ерда, қанотингиз остида тугаллаш умидидамен.
— Бажонидил!.. Биздан неки кўмак зарур бўлса тортинмай айтинг.
— Фақир Ҳазрат Мир Алишернинг кутубхоналарида кўп йил ишладим. Ҳусайн Бойқаро ҳазратларининг кутубхоналаридаги нодир қўлёзмалардан ҳам кўп фойдаландим... Энди... бу кутубхоналар Ҳиротда қолди.

Хондамир Бобурнинг ҳам эллик киши ишлайдиган улкан кутубхонаси борлигини билар, Ҳиротдан топилмайдиган нодир манбалар бу ердан топилиши мумкинлигига ишонар эди. Бироқ подшоҳнинг хос кутубхонасига анча-мунча одам йўлай олмайди. Хондамир шуни ўйлаб, гапининг давомини айтишга ийманди.
— Сиз бизни деб шунча жойдан келибсизу биз кутубхонамизни сиздан аягаймизми, мавлоно? — деди Бобур унинг ийманиш сабабини сезиб. — Абдулла китобдорга буюргаймен, сизга неки асар зарур бўлса топиб бергай. Кутубхонада ҳиндистоний китоблар ҳам кўп. Абдулла китобдорнинг ихтиёрида санскритни яхши биладиган таржимон олимлар бор. Шулардан бир-иккитасини сизнинг ихтиёрингизга берурмен, неки хизматингиз бўлса адо этурлар.
— Тоабад миннатдормен, ҳазратим! Густохлик саналмаса, яна бир эркалигим бор...
— Марҳамат, мавлоно.
— Ҳиротда ўзингиз ёзган саргузаштларингиздан парча ўқиб берган эдингиз. Мени мафтун этган эди. Агар шу асарингизнинг тайёр қисмлари бўлса, мен учун... энг азиз, энг нодир манба бўлур эди. Чунки сиз бошдан кечириб, тадқиқ этган тарихий воқеаларни бошқа ҳеч ким шундай яхши тадқиқ этган эмас...

Бобур отининг чимирилган қулоқларига тикилиб бир оз жим борди. У икки йилдан бери

«Бобурнома»ни бошидан қайтиб кўчириб, яхлит бир асар ҳолига келтирмоқда эди. Бултур ёз иссиқлари тугаб, ёмғир фасли бошланганда жуда қаттиқ шамол кўтарилган. Бобур чодирда ишлаб ўлтирганда ёмғир аралаш келган довул унинг чодирини йиқитиб, қўлёзмаларнинг ўнлаб варақларини учириб кетган эди. Бутун-бутун бобларни ёмғир-довул ҳалок қилган эди. Уларни тиклаш учун ҳалигача яхлит бир вақт топилмас эди. Қўлёзмани шу аҳволда Хондамирга берса тўғри бўлармикин?
— Мен ўйлаб кўрай, мавлоно.

Бу орада улар Секри тоғининг этагидаги булоққа яқинлашдилар. Атрофи ораста қилиб қўйилган суви муздай булоқ Бобурнинг яхши кўрган жойларидан бири эди. Шу ерда Хондамир икковлари отдан тушдилар.

Тиниқ мавжларга тоза қумлар қўшилиб қайнаб чиқаётган булоқ сокин гулзорларни оралаб, шилдираб оқмоқда эди.
— Атроф шундай сокин, — деди Хондамир. — Кўл бўйида қурилишлар... Бундан икки йил бурун шу Секрида Рано Санго билан даҳшатли жанглар бўлганини тасаввур этиш мушкул.

Мана шу атрофларда бўлиб ўтган қирғиннинг энг таҳликали дамлари Бобурнинг тасаввурида қайтадан гавдаланди. Ўшанда у нақ ўлимни бўйнига олиб қўйган эди.

Заҳар асорати ҳали кетмаган. Бобур аста-секин дармонга кириб, соғлиғини тиклаётган кунларда навбатдаги ҳаёт-мамот кураши бошланди. Бу гал энг жанговар ражпут қўшинларининг саркардаси Рано Санграм Синг тўқсон минг қўшин тўплаб, Бобурга қарши жангга отланди.

Ҳолбуки Бобур Кобулда эканида Рано Санграм бир неча марта элчилар юбориб, уни Ҳиндистонга таклиф қилган ва Иброҳим Лодига қарши курашга чорлаган эди. Рано Санграм ўғли Бикрамадитни орага қўйиб тузган шартномада «агар Бобур ҳазратлари бизни Иброҳим Лоди зулмидан халос қилсалар, уни олий ҳукмдоримиз деб тан олурмиз» дейилган жойи ҳам бор эди.

Эҳтимол, у пайтда Рано Санграм Бобурни «Ҳиндис-тон иссиқларига бардош беролмас, оладиганини олиб қайтиб кетса, мамлакат ўзимизга қолар», деб ўйлагандир. Аммо Бобур Ҳиндистонда маҳкам ўрнашиб, икки йилдан буён катта қурилишлар қилаётгани ва улкан боғлар, тошҳовузлар, қасрлар бунёд этаётгани Рано Санграмнинг аввалги умидини пучга чиқарди. Суриштириб қараса, Бобурнинг қўшини ҳали ҳам ўн беш мингдан ортиқ эмас. Рано Санграм эса барча ражпут роа ва ранолари билан тил бириктириб, бундан олти баробар ортиқ қўшин тўплади. Яна Иброҳим Лодининг укаси Маҳмуд Лоди ҳам йигирма минг суворий билан унга ёрдамга келди. Рано Санграм мингдан ортиқ жанговар филни олдинга чиқариб, йўлида учраган тўсиқларни парчалаб, янчиб, Бобур томонга бостириб кела бошлади. Ичкарида фитна, хиёнат. Бобур лахўрлик Оламхонни икки минг қўшин билан Гвалиор ҳимоясига юборган эди, у одам йўлини бехатар томонга буриб, аскари билан Панжобга қочди. Ҳасанхон деган яна бир афғон саркардаси олти юз навкари билан Бобур қароргоҳидан яшириқча чиқиб, тунда душманга бориб қўшилди.

Шунинг устига Муҳаммад Шариф деган мунажжим:

«Миррих ғарб томонидадир, осмондаги юлдузлар бизнинг мағлубиятимиздан дарак бермоқда», деб овоза тарқатди. Беку навкарларни ваҳима босганини сезган Бобур Секри кўли яқинидаги қароргоҳга беш юздан ортиқ одамларини йиғди.

Дошқозонларда палов пишмоқда. Дастурхонларга ноз-неъматлар, олтин-кумуш суроҳийлар қўйилган. Соқийлар хумларда куч йиғиб ётган майлардан кўзачаларини тўлдириб олишмоқда. Улардан бири иккинчисига шивирлаб дейди:
— Эртага яна қирғин уруш бўлармиш. Шундай пайтда ичкулик базми кўнгилларига қандай сиғаркин?

Иккинчи соқий эътироз қилади:
— Ичкулик одамни ботир қилгай, ғам-ғуссани унутдиргай! Хумда хосият кўп.

Баъзи беклар ҳам: «Жангчиларнинг кайфиятини май билан кўтармоқ керак!» деб, базмнинг тезроқ бошланишини сабрсизлик билан кутмоқда эдилар. Ҳатто шаҳзодалардан Ҳумоюн билан Аскарий ҳам хатарли уруш олдидан тўйиб кайф қилиш умидида эдилар. Бобур ўғилларининг отадан ибрат олиб аллақачон май ичишга ўтганларини ҳозир яна бир оғриниб ҳис қилди-ю, кўпдан бери кўнглига туккан ниятини шу қирғинбарот арафасида амалга оширмаса бўлмаслигини ўйлади.

У савдарларга буюриб зиёфат бўладиган жойдан нарироққа каттагина чуқур қаздирди. Чуқур яқинига сандиқдай-сандиқдай иккита харсангтошни юмалатиб келтириб ўрнаттирди.

Беку навкарлар унинг нима қилмоқчилигини тушунолмай ҳайрон эдилар. Бобур олтин-кумуш суроҳийларга май қўйишни буюрди. Лекин дастурхон ёнига ҳеч кимни таклиф қилмади. Ўзи ҳам май тўла олтин суроҳий билан ҳалиги чуқур яқинида тикка турибди. Беклардан бири ёнидаги ўртоғига:
— Бугун тик туриб ичгаймиз, чамаси? — деб шивирлади.

Бобур ҳамма эшитадиган жарангдор товуш билан:
— Жаноб беклар! Йигитлар! — деб гап бошлади.— Таклиф бўлдики, жангчиларга май ичирайлик, токи дадил бўлиб майдонга кирсинлар. Аммо бошимиздан ўтган, билурмизки, май дадиллиги — алдамчидир. Маст одам жангда ажал паймонасидан қандай ичганини билмай қолур. Нажот қайда? Эртанги жанг биз кўрган қирғинларнинг энг мушкулию энг мураккаби бўлғусидир. Биз сепоялар ясадик, аробаларни занжирлар билан боғладик, ғалабанинг барча режаларини туздик. Энди бу режаларни энг нозик нуқталаригача бехато амалга оширмасак мағлуб бўлгаймиз. Жангда ниҳоятда ҳушёр бўлмоғимиз керак. Нажот мастликда эмас, ҳушёрликдадир! Май ичиб кўп гуноҳлар қилдик. Энди мен ҳаёт-мамот жангига ҳалқумимни поклаб кирмоқчимен... Бир ўлим ҳар вақт бошимизда бор. Агар эртага куним битса, бу фоний дунёдан боқий дунёга май мастлиги билан эмас, имон поклигию тан ҳалоллиги билан кетмоқчимен!

Бобур ўша дамда чиндан ҳам бир ўлимни зиммасига олиб, беку навкарлари билан ви-долашаётган одамдай ҳаяжонланиб гапирган эди. Бу кўпчиликка жуда қаттиқ таъсир қилди. Бир лаҳзалик оғир жимликдан сўнг, Бобур шу бугун битган маснавий шеъридан тўрт сатрини ёддан айтди:

Кимки ўлмак ўзига жазм этар,
Ушбу ҳолатта билурсенки нетар.
Аритур барча гуноҳидан ўзин...
Тавба қилдим чоғир ичмакликдин!
Сўнгги сатрини баланд овоз билан айтгандан сўнг, суроҳийдаги майни оёғи остидаги чуқурга сепиб ташлади. Сўнг суроҳийни чуқур ёнидаги харсангтошга қарсиллатиб урди. Олтин суроҳий худди учқун сачратгандай «ялт-юлт» этиб пачақланди-ю, кўкат орасига юмалаб тушди. Бундай ҳодисани умрларида биринчи марта кўраётган беку навкарлар қўлларидаги майларини нима қилишни билмай саросима бўлиб қолишди. Бобур яна жа-рангдор, таъсирли товуш билан шеър айтди:

Олтину нуқра суроҳи-ю, аёқ —
Мажлис олотин тамоми бул чоқ
Ҳозир айлаб борини синдурдум!
Тарк этиб майни кўнгил тиндирдум!
Беку навкарлар ҳанг-манг бўлиб туришибди. Кимлардир қўлларидаги хушбўй майни чуқурга тўкишдан қизғанади. Кимлардир олтин-кумуш суроҳийларни харсангга уриб синдиришга журъат этолмайди. Балки Бобур ўзига эп кўрган бу иш беку навкарларга жоиз эмасдир?

Ўзининг таъсирли нутқларию шеърлари билан ихлосмандларини сеҳрлаб олишга ва ортидан эргаштиришга ўрганган Бобур бугун ҳар қачонгидан ҳам ортиқ эътиқод билан сўзламоқда:
— Беклар! Йигитлар! Қачонгача нафсимизга тобе бўлурмиз? Токай умримизни майга зое этурмиз? Ичкуликнинг ҳаром кайфи кимга вафо қилибдики, сизу бизга вафо қилгай? Олтину нуқрага ачинманг! Суроҳийларнинг синиғини мискину бечораларга улашгаймиз.

Агар тангрим бизга мадад берса, эртанги жангдан ғолиб чиқгаймиз! Май тўкилган мана шу чуқур ўрнига обод бир манзилу мармар войин қурдиргаймиз. Ният қилайликки, войин зилолдай булоқ сувига тўлиб турсин. Войин бўйига хайр-эҳсон уйи барпо этайлик. Токи бу уйда ичкулик базмларининг сарфу харажатини, олтину нуқра суроҳийлар пулини муҳтожларга хайру эҳсон қилиб улашсинлар. Шу эзгу ният йўлида кимки менга ҳамдаму маслакдош бўлса майни тўксин, синдирсин майхўрлик олотини!

Бобур Ҳумоюнга бир қараб олди. Бу қарашнинг маъносини сезган Ҳумоюн:
— Ҳазрат отажон, мен доим сиздан ибрат олишга ўрганмишмен, — деди. — Даф бўлсин маю суроҳий!

Ҳумоюн майни чуқурга сепди-ю, олтин суроҳийни харсангга уриб синдирди. Ундан сўнг Аскарий, Тоҳир, Ҳиндубек... бир неча соат ичида уч юзга яқин беку мулозим қўлидаги қадаҳини харсангга уриб, май ичишдан тавба қилди. Бу ҳодиса ўша куни қароргоҳдаги ўн минг жангчининг ҳаммасига маълум қилинди. Бобурнинг ҳаёт-мамот жанги олдидан чиқарган фармонида:
— Ўз нафсини енгган одамлар ҳар қандай ёғийни енгишга қодирдирлар! — деган сўзлар махсус таъкидланди ва буни исбот этадиган мисоллар муқаддас китоблардан ҳам келтирилди.

Бу ҳаммаси қўшин орасида тарқалган ваҳимани босишга ва одамларнинг руҳини кўтаришга ёрдам берди. Бошқа муаммолар жанг майдонида ҳал бўлди.

Замбараклар ёвнинг ҳарбий филларига оловли ўқлар отдилар. Замбарак ўқлари кигиз парчаларига ўралган эди. Борутдан ўт олган кигиз парчалари филларнинг устига олов бўлиб ёғиларди. Оловдан чўчиган ёв филлари бўкириб орқага қайтар ва изма-из келаётган отлиғу пиёдаларни босиб-янчиб қочиб қоларди.

Лекин Рано Санграмнинг қўшини беҳисоб кўп эди.

Эрта тонгдан бошланган жанг кечгача давом этди. Бобурнинг ўзи оғир аҳвол юз берган жойларга от чоптириб борарди. У захирадаги кучлар ёрдамида ёвнинг энг хатарли ҳужумларини бир неча марта қайтаришга муваффақ бўлди. Ҳумоюн ўнг қанотдан, Аскарий чап қанотдан ёв аскарларига устма-уст зарбалар берди. Кечки пайт Бобурнинг буйруғи билан Турдибек Туркистоний чопқир отларда ёвнинг ҳар икки қанотини айланиб ўтди-да, тўлғама ишлатиб, орқадан қақшатқич зарба берди.

Олов ҳалқаси ичида қолган Рано Санграмнинг кўзига ўқ тегди, бир кўзи кўрмай қолди. Шунда ражпут соқчилари уни жанг майдонидан олиб чиқиб қочдилар...

Ғалабадан сўнг ўша чуқур ўрнига мармар войин, унинг ёнига хайр-эҳсон уйи қурилди. Харсангга уриб синдирилган олтин-кумуш суроҳийлар пули беваю етимларга, ғарибу муҳтожларга улашилди...

Кейинчалик Бобур Рано Санграм Синхнинг бир кўзи оқиб тушганини, ўзи мағлубият аламидан оғир касалга учраб ётиб қолганини эшитди. Ҳозир буни Хондамирга сўзлаб бергач:
— Ғайридинлар учун ҳам худо бор экан! — деди.— Рано Санграм биз билан иттифоқ тузган эди. Сўзидан қайтиб, аҳдини бузганларга худо ўзи жазо бераркан! «Вақоиъ»нинг махсус бобида муҳорибанинг барча тафсилотларини ёзмишмен. Хаттот китобнинг тайёр қисм-лари билан бирга шу бобни ҳам бугун кўчириб бўлгай. Оқшом ҳаммасини сизга берурмен, мавлоно. Ўқиб фикр айтурсиз.

Боя жавобсиз қолган илтимосига энди жавоб олган Хондамир қўлини кўксига қўйди:
— Сиз менга тенгсиз бир ишонч билдирурсиз, ҳазратим!
— Сизни Ҳиротдан чорлаб келтиришдан мақсад ҳам ижодий ишлар бўйича маслаҳатингизни олмоқ эди.
— Сарафрозмен!

Шу пайт от дупури эшитилди. Йўлка охирида узоқдан от чоптириб келган чопар сакраб ерга тушди ва таъзим билан Бобур томонга кела бошлади.
— Аграда бирон шошилинч иш чиққанга ўхшайдир, — деди Бобур. — Мавлоно, агар мен пойтахтга кетсам, «Вақоиъ»ни сизга оқшом келтириб берурлар.

Бобур отини тутиб турган жиловдор томонга йўналди.

2

Секри тоғининг шимолий ёнбағрида салқин боғнинг тўрида жойлашган уч хонали шинам хилватхона мавлоно Хондамирга берилган эди. Бобур ўша куни Аграга жўнаб кетди. Мавлоно хилватхонанинг ўймакор айвонига чиқиб, ундан яхши кўринадиган шишадай тиниқ кўлни томоша қилиб ўтирганида хонаи хоснинг савдарбошиси Бобурнинг қўлёзмасини унга олиб келиб берди.

Қўлёзма хаттот томонидан зарварақларга бениҳоя чиройли қилиб кўчирилган эди. Хондамир уни хона ичига олиб кириб, миз устига қўйди. Тепада ёнаётган шамларни миз устига яхши ёруғ берадиган қилиб ўрнатгач, кўзойнагини тақди ва асарни эҳтиёт билан варақлаб ўқишга тушди.

Бундан ўн йилча аввал Бобур Ҳиротга иккинчи марта борганида Хондамирга «Вақоиъ»дан ўқиб берган бобнинг услуби мавлонони хиёл таажжубга солган эди. Мана бу қўлёзмада ҳам Бобур қаламга олган воқеалар жуда мураккаб бўлса-да, муаллиф уларни оғзаки ҳикояга яқин бир тарзда хийла оддий услубда ёзган эди. Кўп жойларда Хондамир ҳатто Бобурнинг сўзлаш тарзини, оҳанги, баъзи бир шахсий хислатларини пайқаб: «Ғалати-ку!» — деб қўйди. Чунки отаси Мирхонд Хондамирни ёшликдан бошқача эътиқодлар билан тарбиялаб ўстирган эди. Бу эътиқодга биноан, насрнавис муаррих ўз шахсий услубини давр услубига бўйсундирмоғи, ўз «мени»ни давр уммонига қўшиб билинтирмай юбормоғи керак эди. Агар асарда муаллиф ўзини намоён қилаверса, бу — нокамтарлик белгиси ҳисобланарди. Катта тарихий китоблар ҳукмдорлар учун ёзилар, асосий таърифу тавсиф ўшаларнинг ишларига бериларди. Назокатли ўхшатишлар, жимжимадор мажозлар ва шоирона кўтаринки услуб ҳукмдорларга хуш келар ва барча муаллифлар бўйсунадиган бир қонун ҳисобланарди.

Бобур мана шу қонунни бутунлай инкор этувчи услуб билан асар ёзгани Хондамирга ортиқ даражадаги бир шаккокликдек туюлди. Бобур ўғли Ҳумоюнга ёзган хатини ҳам китобида келтирган эди:

«...Хат битирда такаллуф қилай дейсен, ул жиҳаттин муғлақ[58] бўладур. Бетакаллуф пок алфоз била бит, сенга ҳам ташвиш оз бўлар ва ўқиғувчиға ҳам».

«Ажабо! — ўйланди Хондамир, — бетакаллуф тил билан асар битмоқ Бобур мирзо учун пок услуб белгиси ҳисобланур экан-да!» Хондамир ўзининг ўн йилдан бери ёзаётган «Ҳабиб ус-сияр»ида назокатли такаллуфлар кўплигини эслади-ю, ўзини ўнғайсиз сезиб, ўқишдан тўхтади ва айвонга чиқди.

Осмонда саккиз кунлик ой сузиб юрар, унинг нури қаршидаги кўлнинг ўртасида ойдин йўлка ҳосил қилган эди. Кўлнинг нариги четидан тоғ этагигача келган бу нур йўлкасида тўлқинлар жимир-жимири гавҳар жилвасига ўхшаб кўзни қамаштирарди. Лекин Хондамир шу нур ўйинида ҳам Бобур тасвирлаган воқеаларни кўрар, уларнинг таъсирини хаёлидан узоқлаштиролмас эди. Сертакаллуф, сербезак услуб Хондамирдан жуда кўп куч, вақт, меҳнат талаб қилар эди. Бундай жимжимадор услубда асар ёзиш қанчалик қийин бўлса, уни ўқиб тушуниш ҳам шунчалик қийин эди. Бобур икки томонни ҳам бу қийинчиликдан қутқаришга интилса нимаси ёмон? Ўғлига ёзган хатида «сенга ҳам ташвиш оз бўлар, ўқиғувчига ҳам» деганда у ҳақли эмасми? Унда Хондамирнинг юксак шоирона услубга оид эътиқодлари пучга чиқадими? Йўқ, бу мумкин эмас!

Хондамир қайтиб ичкарига кирди-ю, ўзининг ҳақлигига далил қидириб, очиқ қўлёзманинг давомини ўқишга тушди.

Ҳали ҳеч бир муаррих қаламга олмаган ғаройиб воқеалар бу қадар кўп! Хондамир китобнинг мазмуни янги ва мароқли эканига тан бермай иложи қолмади. Бобур ўзини-ўзи очиқчасига муҳокама қилган, ўз хатоларини рўйи-рост ёзган жойлари ҳам Хондамирга жу-да илиқ туюлди. Охирги бобларида яна ажиб бир хат учради. Бобур Аградан Кобулга юборган бу мактуб Моҳим бегимга атаб ёзилганини Хондамир сезди. Бобурнинг заҳарланиш тафсилотлари шу ерда битилган эди: «Дастурхон устида икки-уч марта кўнглум барҳам уриб қусаёздим. Охир кўрдумким бўлмас, қўпдум... Обхонага бориб қалин қусдим. Ҳаргиз ошдин сўнг қусмас эдим, балки ичганда ҳам қусмас эдим. Кўнглимга шубҳа кечди.

...Жон мундоқ азиз нима эмиш: мунча билмас эдим, ул мисраъ борким:

«Ким ўлар ҳолатга етса,

Ул билур жон қадрини».

Тенгри таолонинг инояти бор экандир, манга янги бошдан жон бағишлади».

Бобур ўз ҳаёти ҳақида бу қадар очиқчасига ёзгани Хондамирни ҳайрон қолдирди. Кейинги бобда яна бир тафсилот унинг эътиборини тортди. Ичкиликни бундан икки йил один ташлаган Бобур уни ҳалигача қайтиб оғзига олмас эди. Бунинг осон бўлмаганини Хондамир қуйидаги сатрлардан билди: «Бу ўтган икки йилда чоғир мажлисининг орзу ва иштиёқи беҳад ва ғоят эди, андоқки, чоғир иштиёқидан борлар[59] йиғламоқ сарҳадига етар эдим».

Ўз истагига қарши курашиб, йиғлаш даражасига борганини очиқ ёзиш тождорлар орасида мисли кўрилмаган бир соҳибдиллик эканига Хондамир ич-ичидан тан берди. Очиқчасига айтган мана шунақа оддий тафсилотлар туфайли Бобур унга ўзи каби бир инсон фарзанди бўлиб туюлди. Аммо бошқа тождорлар тарихий китобларда оддий одамларга ўхшаб кўринишдан қанчалик чўчийдилар! Улар эл-юртдан мумкин қадар баландда бўлишни, оддий инсондан кўра худога яқинроқ туришни қанчалик яхши кўрадилар! Шунинг учун ҳам Хондамирдек муаррихлар подшолар ҳақида оддий одамлар тушунмайдиган баландпарвоз, сертакаллуф тилда китоб ёзишга мажбур бўладилар. Бобур ўзи подшоҳ бўлгач, бундай такаллуфларни ким учун ёзади? Ҳамма томонидан қабул қилинган давр услубининг қонунларини бузиб чиқиб, ўз ҳаёти ҳақида шундай эркинлик ва ростгўйлик билан асар ёзиши — ҳеч кимга қарам эмаслиги туфайли эмасмикин?

Бу фикр Хондамирни Бобурнинг услубидаги ўзгачалик билан гўё яраштирди. Шундан кейин Бобурга хос оддийликнинг теран бир шеърий нафосати ҳам борлигини, бу нафосат одамни сеҳрлаб олишини сезди. Тун ярмидан ошганда эса асарда тасвирланган воқеаларга қизиқиб, услубини бутунлай эсдан ҳам чиқарди.

Тонгга яқин озгина ухлаб, сўнг яна ўқишни давом эттирди-ю, қўлёзманинг охирига етмагунча ундан ажралолмади.

Бобур Секрига учинчи кун эрталаб қайтиб келди— кундузи ҳаво жуда иссиқ бўлгани учун йўлни тун сал-қинида босиб ўтган эди. У Хондамирни яна боғда учратди, иккови пиёда ўша булоқ бўйига келдилар.

Бобур йўл юриб чарчаган, уйқусиз ўтган яна бир тун юзини жуда сўлитиб қўйган бўлса ҳам у ўзини хушҳол тутиб:
— Мавлоно, менсиз дилгир бўлмадингизми? — деди.
— Ҳазратим, мен туну кун сиздан айрилмай суҳбатингизда бўлдим, сиз ёзган асар саҳифаларида унутилмас дамларни бошдан кечирдим.
— Ҳали охирига етмагандирсиз?
— Кеча пешинда охирги саҳифасини ёпганимча ҳамон унинг таъсири билан яшамоқдамен.
— Мени аяманг, мавлоно, ростини айтинг.
— Ростини айтсам, сиз мени чил-чил синдирдингиз!

Хондамир бу гапни шундай жиддий туриб, ички бир дард билан айтдики, Бобур таажжубланиб тўхтади:
— Нечук синдирмишмен, мавлоно?
— Услубингиздаги нафис бир соддалик қаршисида менинг юксак шоирона услубим ортиқча бир такаллуфдек туюлди.
— Э, такаллуфми? Аммо менинг аҳволим ўзингизга маълум. Жумлаларни такаллуф билан безашга фурсатим йўқ эди.
— Асли гўзал бўлган юзга ортиқча зеб-зийнат не ҳожат? Ҳазратим, сиз адабиётимизда ҳали ҳеч ким қилмаган улуғ бир ишни қилмишсиз. Муборак бўлсин!
— Миннатдормен, мавлоно. Бироқ ҳали мен бу ишнинг йўқолган саҳифаларини тикламоғим керак.
— Тиклашингизга аминмен. Охири яна бошқа нек ишларингиз ёзилгусидир. Бироқ шу туришда ҳам мен бу улкан асарингизни туркий тилда айтилган янги бир сўздек қабул қилдим. Мен аминменки, авлодларимиз сизнинг бу шоҳ асарингизни Алишер Навоийнинг «Хамса»си каби эъзозлагайлар. Чунки шу вақтгача туркий тилда битилган энг улуғ шеърий асар «Хамса» бўлса, шу вақтгача туркий тилда битилган энг улуғ насрий асар, менимча, «Бобурнома» бўлғусидир.
— Мавлоно, гарчи муболаға қилган бўлсангиз ҳам, дил сўзларингиз учун ташаккур. Мен бу асарни ниҳоя-сига етказиш учун бугун яна Секрига қайтиб келдим. Агар нуқсонлари бўлса очиқ айтинг.
— Фақир баъзи саҳифалардаги саналару номларда ноаниқликлар учратдим. Хусусан, Ҳиротга Ҳусайн Бойқаро саройига оид боблар хиёл таҳрирталаб.
— Мана шу нуқталарда менга сизнинг кўмагингиз даркор.
— Бажонидил, ҳазратим. Неки ноаниқлик бўлса, барчасини алоҳида қоғозга ёзиб қўйдим. Асарингиз билан бирга бермоқчимен.

Шу пайт тепадан ўтаётган қушлар кескин ҳуштак чалганга ўхшаб нохуш овоз чиқаргани эшитилди. Бобур осмонга қараб, қорамтир-қизғиш калхатлар галаси қанот қоқмай учиб бораётганини кўрди. Сўнг уларни Хондамирга кўрсатиб:
— Бу йиртқичлар жанглардан сўнг ўлакса еб мазахўрак бўлмишлар, — деди. — Рано Санго билан бўлган жангдан сўнг мана шу кўл атрофларида, боғнинг ўрнида ўлиб ётган одамлар, готлар, туялар, филлар беҳисоб эди. Калхатлар қон ҳидини сезиб, узоқлардан гала-гала учиб келганлари ёдимда бор...

Бу хотира Бобурда нохуш туйғулар қўзғаганини сезган Хондамир:
— Начора, ҳазратим, — деди. — Ҳанузгача ҳеч бир улуғ давлат жангу жадалсиз барпо бўлган эмасдир.
— Сўзингиз чину, аммо... Сўнгги йилларнинг воқеаларини қоғозга туширганимда, барча қурбонлар, тўкилган барча қонлар кўз ўнгимда шундай тўлиқ гавдаландики уйқуларим ўчиб кетди... Бажур қўрғонида уч минг кишининг қиличдан ўтказилгани... Панипатда бир неча юз асирнинг тўфангдан отиб ўлдирилгани... Бизнинг одамлар ҳам калла-миноралар қўнаргани...
— Ҳаммасини умр китобингизда рўйирост битмишсиз.
— Чунки авлодлар ҳақиқатни билсинлар, бизни фаришта деб ўйламасинлар. Қилган гуноҳларимиз ўзимизга нечоғлиқ оғир тушганидан огоҳ бўлсинлар.

Бобурнинг руҳида дам-бадам сезилиб қолаётган ички бир дард — фақат хасталик ёки чарчоқликдан эмаслигини Хондамир энди сезди. Бобур ижодий ишга берилган сари унинг қалбидаги шоҳ билан шоирнинг муроса қилиши қийинлашиб кетарди.

Хондамир беихтиёр Ҳиротни ва Алишер Навоий билан Ҳусайн Бойқаро орасидаги мураккаб муносабатларни эслади. Бу икки зот ёшликдан бир-бирларини яхши кўрар эдилар, аммо подшоҳнинг шафқатсиз ишлари шоирнинг нафис туйғуларига шу даражада зид келар эдики, Алишер Навоий Ҳусайн Бойқаро билан бир шаҳарга, ҳатто бир мамлакатга сиғишмай қоладиган ва Хуросонни ташлаб ҳажга кетишга астойдил интиладиган пайтлари бўларди.

Ҳатто бир шаҳарга ва бир мамлакатга сиғмайдиган катта шоир билан подшоҳ Бобурнинг қалбида бирга яшашга мажбур эканини ва бу уни қанчалик қийин аҳволларга солишини Хондамир ҳозир яқиндан кўргандай бўлди. Унинг ёдига Бобурнинг:

Юз хайфки, зоеъ ўтадир умри азиз,

Афсуски, ботил[60] борадир умри шариф!

деган сатрлари тушди. «Шоир бу сатрларни подшоҳлик ташвишларидан тўйиб кетган пайтда ёзган бўлса керак!» деган ўй кўнглидан кечди.

Бобур булоқ бўйига чўнқайиб ўтириб, кафтини муздай тиниқ сувга тўлдириб олди-да, уни симириб, хиёл тафти босилгандай бўлди.

Хондамир гапни ёқимлироқ мавзуга бургиси келди:
— Ҳазратим, Ҳиротда учрашганимизда сиз ўз ҳаётингизни... кўчки босган булоққа ўхшатган эдингиз. Ёдингиздами?
— Ёдимда бор.
— Фақир ҳозир тахмин қилдимким, Мовароуннаҳрда кўчки босган булоқ балки шу ерга келиб қайта кўз очгандир?
— Ақл бовар қилмайдир. Орада шунча узоқ масофалар бор.
— Лекин чинакам зўр истеъдодлар — ўлмас булоқларга ўхшар эканлар. Уларнинг кўзини ўн жойда бекитсалар, ўн биринчи жойдан яна ёриб чиқар эканлар!
— Рост, ҳазратим, турк оламининг бу тарихий нуқсони ҳақида сиз билан Ҳиротда ҳам кўп дардлашган эдик.
— Ана ўшал дардларнинг турткиси билан мен Кобулу Самарқандда туркий алифбони тикламоқчи бўлдим. Бундан мақсад — барча давлат ишини туркий тилда юритмоқ эди. Аммо... бу ҳаракат қандай фожеа билан тугагани маълумингиздир.
— Э-воҳ, шундай улуғ жасорат увол бўлди-я! Жоҳиллар яна ғолиб келдилар!
— Аммо туркий алифбо билан туркий маънавиятга оид орзулар мени ҳамон тарк этган эмас. Ўғилларим Ҳумоюн билан Комрон хатти Сиғноқийни мукаммал ўрганибдир, менга ўшал алифбода мактублар битурлар. Ҳозир мен туну кун туркий тилда ўйлаймен, шу тилда ижод қилмоқдамен. Чунки бизга она сути билан кирган тилимиз — бизнинг маънавий ватанимиздир. Туркий тилда ёзганимда руҳим яна Андижону Самарқандга қайтгандек таскин топур. Маънавият оҳанрабоси билан туркий элларни руҳан яқину иноқ қилиш менинг эзгу ниятимдир. Бу ниятга биз етолмасак, шояд келгуси авлодлар етса!

Бобур кўпдан бери уйқусиз юрганиданми ёки соғинч ҳиссининг зўриданми, кўзлари беихтиёр ёшга тўлди.
— Мен ҳам Ҳиротни беҳад соғиниб юрибмен, ҳазратим. Лекин... ўзингиз айтган эдингизки, Ҳинд ҳам энди биз учун ватан. Ёзган асарларингиз Ҳинднинг шавкатига ҳам шавкат қўшғусидир. Ҳиндда барпо қилган улуғ давлатингиз эса сизни вояга етказган Мовароуннаҳрга ҳам шуҳрат келтиргусидир.
— Зора шундай бўлса! — деди Бобур.

У Хондамир билан кечгача дардлашиб юрди-ю, кўнглини бўшатиб, ўзини анча енгил сезди. Бироқ кечаси яна уйқуси қочиб, тонг отгунча мижжа қоқмади.

Агра - Юлдузлар Гирдоби

1

Яна ёзнинг жазирама иссиқлари бошланди. Бобур гоҳ девониомда, гоҳ кутубхонада ишлар, мудом ичи куйиб, совитилган норинж шарбати ва яхна чой ичар, лекин чанқоғи ҳеч босилмас эди.

Бир кун пешин кечроқ Тоҳир хилватхонага уч-тўрт бош оқ кишмиш узум олиб кирди. Ҳозиргина узиб ювилган олтин ранг кишмиш доналари устида сув зарралари йилтираб туради. Кўпдан бери бундай узумни кўрмаган Бобур таажжуб билан:
— Қайдан олдингиз? — деди.
— Ўзимизнинг Ҳашт Биҳишт боғимиздан. Самар-қанддан келтирилган кишмиш кўчатини ўз илкингиз билан экканингиз ёдингиздами, ҳазратим?

Бобур қувониб узумдан бир бошини қўлига олди. Бу ерларнинг тарихида биринчи марта етиштирилган оқ кишмиш сал серсувроқ бўлса ҳам, лекин унинг таъми Бобурга Самарқандни эслатди. Узум еган сари чанқоғи босилиб, ўзини бирдан тетик сезди.
— Буни Моҳимга кўрсатмоқ керак! — деб ўрнидан турди.

Бултур кузда Кобулдан Аграга кўчиб келган Моҳим бегим бу боғнинг тўридаги мармар кўшкда эди. Бобур баркашдаги узумни Тоҳирга кўтартириб, гулзор йўлкалардан кўшкка қараб кетди.

Ҳаво дим ва рутубатли. Яна пашкол фасли бошланиб, осмондан булут аримай қолган. Баркашдаги олтинранг кишмиш Бобурга шу булутларни ёриб ўтиб, узоқ Самарқанддан етиб келган ёруғ бир нурдек кўринарди.

Моҳим бегим кўшкнинг айвонида миз устига энгашиб алланарса ёзмоқда эди.

Айвонга Тоҳирни эргаштириб кирган Бобур:
— Узумимиз пишибди, Моҳим! — деди. — Бир татиб кўринг.

Моҳим бегим ўрнидан туриб, Бобурни одатдагидай таъзим билан қарши олди, лекин ўпкаси тўлиб, дуруст гапиролмади.

Сўнгги икки йил ичида ярасидан қолган асоратлар тузалиб, қўллари аввалгидай ишлайдиган бўлиб кетган Тоҳир узумни таъзим билан Моҳим бегимга тутди.

Моҳим бегим баркашни унинг қўлидан олиб, миз устига қўйди. Унинг қовоқлари шишиб, кўзлари йиғидан қизарганини пайқаган Тоҳир секин орқаси билан юриб чиқиб кетди.

Эр-хотин ёлғиз қолганларида Бобур:
— Сизга не бўлди? — деди. — Йиғлабсизми?
— Нафасим қисилди...

Моҳим бегим қирқ ёшга боргандан бери юзлари тўлишиб, анчагина семириб қолган эди. Кобулнинг енгил ва қуруқ тоғ ҳавосига ўрганган бегим Жамна бўйидаги иссиқ кунларда сернам дим ҳаводан нафас олиш қанчалик қийин бўлишини аввал ҳам эшитган, бир чеккаси шу сабабдан тўрт йилгача Аграга келмай юрган, ахири Бобурнинг юзидан ўтолмай бултур келган эди.
— Пашкол фаслида мен ҳам жуда қийналиб, нафас олурмен, — деди Бобур. — Ташвиш чекманг, ўрганиб кетурсиз. Қани, узумдан олинг!

Моҳим бегимнинг ҳеч нарса егиси келмас эди. Шундай бўлса ҳам кишмишдан икки дона олиб оғзига солдию, Бобурнинг кўнглига бўла:
— Яхши пишибдир, — деди.
— Мактуб ёзмоқчи эдингизми?
— Ҳа, Ҳумоюнга... Менинг нафасимни пашкол эмас, соғинч қисадир!

Тўлиб ўтирган Моҳим бегим бирдан йиғлаб юборди:
— Мен ҳамиша Ҳумоюннинг дийдорига зормен. Сиз мудом ўғлимни мендан узоқларга юборурсиз! Кобулда эканимда Ҳумоюн Жамнаю Ганга бўйларидан бўшамади. Мен Аграга келдим, Ҳумоюн Бадахшонга жўнаб кетди. Бадахшонни тинчитиб қайтди ҳамки, уни яна узоқ Самбхалга юбордингиз. Қаерда бир хатар бўлса, ўшанга Ҳумоюн рўбарў! Қайси узоқ юртда мушкул иш бўлса — яна Хумоюн! Мен бу ерда хавотирликда қон ютиб изтироб чекурмен!
— Бунчалик хавотирланишнинг не ҳожати бор, Моҳим!
— Сиз хавотирланмайсиз, ҳазратим, сизнинг фарзандларингиз кўп! Менинг ёлғиз фарзандим қолган! Учтасини тупроққа топшириб, шу биргина Ҳумоюн билан қолганмен!

Гулбадан ота-онасини ҳеч қачон бундай мушкул ва ноқулай аҳволда кўрмаган эди. У кўзлари жавдираб, нима гап бўлаётганини тушунолмай лол бўлиб турарди. Ахир ҳазрат онаси подшоҳ отасига ниҳоятда меҳрибон эди-ку. Кобулдан икки ой йўл юриб, кела-келгунча унинг номини тилдан қўймай эъзозлаб гапирар эди-ку! Ҳазрат отаси ҳам уларга Аградан пешвоз чиқиб, Жалоли кўли яқинида кутиб олмаганмиди? Чарчаган отидан тушиб, бошқа от келтиргунларича сабри чидамаган Бобур Моҳим бегимнинг олдига пиёда келган эмасмиди? Сўнг суюкли хотинини эъзозлаб, уни отдан тушишга қўймаган, ўзи эса Моҳим бегимнинг оти ёнида уч чақиримча жойга пиёда борган эди-ку. Буни кўрган одамлар: «Подшоҳнинг ўз хотинини бу даражада юксак иззат-икром билан кутиб олганини умримизда кўрган эмасмиз!» деганларини Гулбадан ўз қулоғи билан эшитган эди-ку. Ҳозир буларга нима бўлди?

Бобур қизчасининг ҳанг-манг бўлиб турганини сезиб, тез ўрнидан турди, баркашдаги узумдан бир бошини қўлига берди:
— Ма, қизим, е!— деб унга мулойим гапириб, эшикдан ташқарига етаклаб чиқди. — Бор, энди боғда ўйна.

У кўз ёшларини ҳамон тўхтатолмаётган Моҳимнинг қаршисига қайтиб келиб ўлтирди ва ҳазин товуш билан деди:
— Моҳим, сиз мендан ҳар қанча ранжисангиз ҳаққингиз бор. Шариат рухсат бергани билан ҳар бир мусулмон уч хотин олиши шарт эмас эди... Мендек сайёҳтабиат одам...

Умрининг ярмидан кўпини сафарларда, жангларда ўтказишини била туриб, уч хотин олиши... кечирилмайдиган бир хатолик бўлди. Бу хотинларнинг ҳеч бири мен орзу қилгандек бахтиёр бўлолмаганини... бугун сизга қараб кўриб турибмен... Кундошлик аламлари... Бир-бирига ўгай болаларнинг рақобати... Ота-боболаримизни ўртаган бу жаҳаннамлар бизга дахл қилмас деб ўйлаган эдим... Йўқ, мана, ҳатто сиздек суюкли ёрим ҳам... шу жаҳаннам азобидан кўзёш тўкмоқдасиз. Мажруҳ дилим сизни кўриб, баттар хасталанди.

Моҳим бегим Бобурнинг сарғайиб қолган касалманд юзига қаради-ю, кўз ёшини апил-тапил арта бошлади.
— Ҳазратим, мендан озорланманг. Мен бир мунглик аёлмен. Сиз подшоҳсиз. Арзимни сизга айтмасам, кимга айтамен?
— Ҳа, мен подшоҳмен — бутун бало шунда. Неки хатолик, неки гуноҳ қилган бўлсам, ҳаммасининг бирламчи сабаби менинг подшоҳлигимдир. Ёшлигимда подшоҳлик занжиридан қутулиб кетмоқчи бўлдим. Лекин мени бу занжирдан халос қиладиган нажоткор топилмади. Энди умидим борки, менинг нажоткорим Ҳумоюн бўлғусидир.

Моҳим бегим Бобурнинг бу сўзларига ишониб-ишонмагандай унга термилиб қаради.
— Моҳим, мактубингизни давом эттиринг. Менинг номимдан ҳам ёзинг, Ҳумоюн Аграга тезроқ қайтсин. Кўзим тириклигида тожу тахтни эгалласин. Ёзинг, мен имзо чекурмен!
— Ҳазратим, Сиз Ҳумоюнни тожу тахтга бунчалик интиқ деб ўйламанг! Ҳеч ундай эмас! Мен фақат ўғлимиз ёнимизда бўлсин демоқчи эдим, холос!
— Ёзинг, келсин!.. Фақат подшоҳ бўлиш шарти билан келсин. Бу махфий гапни ҳозирча бошқа ҳеч ким билмасин.

Бобурнинг нияти жиддийлигига энди ишонган Моҳим бегим:
— Сиз... Кобулга қайтмоқчимисиз? — деб сўради.
— Мабодо, оламдан кўз юмсам, Кобулда дафн этинглар.
— Нечун бундай дейсиз?
— Сиздан яширадиган сирим йўқ, Моҳим. Сиз Кобулда «фотиҳликнинг қасоси қайтса ёмон бўлур» деган эдингиз. Шу гапингиз рост чиқди. Подшоҳлигу фотиҳлик балолари малика Байда берган заҳар шаклига кириб, менинг умримни кемирди. Агар мен ҳам бор ку-чимни фақат илму ижодга берсам, балки Берунийдек етмишдан ошармидим? Ёки Алишер Навоийдек олтмишга кирармидим? Бироқ мана қирқ етти ёшимда умримнинг охири кўриниб қолди.

2

Отасининг махфий мактуби борганда Ҳумоюн Самбхалда оғир касалга чалиниб тўшакда ётган эди. Мактубни ўқигач одамларига:
— Мени тезроқ Аграга етказинглар!— деб буюрди.

Деҳлига келгунча Ҳумоюннинг иситмаси яна ошиб, касали баттар оғирлашди. Уни олиб келаётган Ҳиндубек йўлда бирор кор-ҳол бўлишидан қўрқиб, дарҳол Аграга хабар юборди-ю, ўзи Деҳлида қолиб Ҳумоюнни энг яхши табибларга даволата бошлади.

Лекин дору дармон кор қилмас, қора безгакка ўхшаш бир дард Ҳумоюнни кечаю кундуз куйдириб, гўё жингак қилиб ташламоқда эди.

Аградан икки кечаю кундуз отлиқ йўл юриб, Моҳим бегим етиб келди. Дарё йўли тинчроқ ва салқинроқ дейишиб, Ҳумоюнни Деҳлида кемага солишди-да, оқим бўйлаб Аграга олиб келишди.

Ҳумоюнни тахтиравонга ётқизиб, саккиз йигит Зарафшон боғига кўтариб кирди. Бобур ранги ердай ўнгиб кетган Моҳим бегимни кўргандаёқ, юраги «шув» этиб кетди. Йигитлар кўтариб келаётган тахтиравон унинг кўзига тобутдай совуқ кўринди.

Ҳумоюн туни бўйи алаҳлаб беҳуш ётди. Фақат саҳар палла кўзини хиёл очиб, тепасида турган отасини таниди, ўрнидан тургиси келиб қимирлади, лекин бошини кўтаришга ҳам мадори етмади. Отасининг махфий мактубида ёзилган гапга рози бўлолмаслигини айтмоқчи бўлиб:
— Биз... хизматда... сизсиз... — «Мумкин эмас!» дегандай бош чайқади-ю, кейин яна аллаҳлай бошлади. — Ғулга уринг... уринг! Кетди!.. Тўхта!..

Ҳумоюн нафаси қайтгандай талваса қилиб, ўзини у ёқдан-бу ёққа бир-икки отди-ю, яна ҳушидан кетди.

Сарой табиблари бу оғир дардга ҳеч бир даво тополмадилар. Моҳим бегим юм-юм йиғлайди. Бобур суюкли ўғлини ҳадеб ўтга-сувга солиб, шу касалликка ўзи ҳам сабабчи бўлгандай ўртанарди. Оғир пайтларда Бобур суяниб ўрганган одамлар бирон чора топишни ундан кутадилар. Лекин ҳозир у ҳам чорасизликдан ўзини қўядиган жой тополмай қийналди. Кексайиб мункиллаб қолган шайхулислом Бобурнинг ёнига келди:
— Ҳазрати олийлари, кўп ғам чекманг, парвардигор ғойибдан шифо юборгусидир, — деди. — Табибларданки иш чиқмади, энди худо йўлига дунё молидан тасаддиқ қилмоқ керак.

Бобур шайхулисломнинг ниятига тушунолмай:
— Қайси молдан? — деб сўради.
— Жон омон бўлса жавоҳир топилур. Ўшал... ашхас олмос яхши тасаддиқ бўлғай.

Бобур Жамна устида кемада ўлтирганда Ҳумоюн келтириб кўрсатган олмосни эслади.
— Кўҳинурними?

Шайхулислом тасдиқ маъносида бош ирғади. Бобур ҳушини бир жойга йиғиб:
— Тақсир, кимга тасаддиқ қилайлик?— деб сўради.

Қиймати улкан олтин хазиналарига баробар келадиган бу олмосни ўғрилардан қўриқлаб туриш учун ҳам жуда кўп навкар керак эди. Шуни биладиган шайхулислом «менга» дейишга тили бормади.
— Муртазо Али мозорига, — деди. — Дин йўлига.

Мозор ва Кўҳинур олмоси бир-бирига мутлақо қовушмайдиган нарсалар эди. Диндорларнинг каттаси шайхулислом бўлганлиги учун оламни безайдиган бу гўзал олмос айланиб келиб унинг сандиғига тушиши аниқ. Бобур ҳозир молу дунёни ўйлайдиган аҳволда бўлмаса ҳам Ҳумоюнга тақдим этилган бу ноёб гавҳарга мункайган шайхулислом кўз тиккани уни сергаклантирди. Руҳонийлар иложини топса подшоҳдан ҳам баланд туришга ва уларнинг бошига оғир кун тушганидан фойдаланиб ўз ҳукмларини ўтказишга интилишлари кўпдан маълум эди.
— Тақсир, назарингизда, ўшал олмос азизми ёки менинг жоним азиз?

Шайхулислом ҳанг-манг бўлиб:
— Нечун ундай дейсиз, ҳазратим! — деди. Ундоқ олмосларнинг юзтасидан сизнинг бир мўйингиз азизроқдир!
— Миннатдормен! Ундоқ бўлса, мен Ҳумоюнга жаҳондаги барча олмослардан ҳам азиз-роқ бир нарсамни қурбон қилмоқчимен. Фақат бу қурбонни сизу бизга ўхшаган бандалари эмас, зарур бўлса парвардигорнинг ўзи олсин!

Бобур ўзига умид билан қараб турган одамларнинг орасидан ўтиб, Ҳумоюннинг тўшаги ёнига келди.
— Ҳумоюн, жигарбандим! — деди у ҳамма эшитадиган товуш билан. — Сенинг бетоқатлиғингга мен тоқат келтирай. Сенинг шу оғир дардингни худо сендан олиб менга берсин!

Беҳуш ётган Ҳумоюн бу гапларни эшитмас, лекин беморнинг хобгоҳидаги аёллар, мулозимлар, табиблар, руҳонийлар — ҳаммаси Бобурга қулоқларини динг қилиб қараб турардилар.

Бобур умумий жимликда Ҳумоюннинг бошидан уч марта айланди-ю:
— Ё, парвардигор! — деб илтижо қилди. — Менки Бобурмен, агар жон бериш мумкин бўлса, умру жонимни Ҳумоюнга қурбон қилдим! Азройил менинг жонимни олсину худо Ҳумоюнга шифо берсин!

Моҳим бегим йиғидан тўхтаб, Бобурга қўрқув аралаш ҳайрат билан тикилиб турарди. Кекса шайхулислом эса ҳозирнинг ўзидаёқ Ҳумоюнинг соғайиб кетишини ва Бобурнинг ҳолсизланиб йиқилишини кутгандай анча вақт ота-болага бақрайиб қараб турди. Лекин кутилган мўъжиза юз бермади. Беҳуш Ҳумоюн алаҳлаб бир нима деди-да, яна жим бўлди.

Бобурнинг баданидан «лоп» этиб олов чиққандай бўлди, вужуди қизиб кетди. У ҳамон беҳуш ётган Ҳумоюнга қараб:
— Кўтардим дардингни! — деди-да, елкасига оғир юк олган одамдай қадди хиёл эгилиб хобгоҳдан чиқиб кетди...

3

Йигирма уч ёшлик Ҳумоюннинг йигит юраги отаси кўрсатган руҳий мададдан куч олиб, оғир касалликни ахийри енгди. Орадан бир ҳафта ўтгач, у касал кўришга келганларни ўрнидан туриб қабул қилди. Яна икки кундан сўнг отасини бориб кўриш учун хобгоҳидан чиқди.

Бобур ўғлини Оромбоғнинг тўридаги хонайи хосда қабул қилди. Ҳумоюн унинг қаршисида тиз чўкиб, кўзига ёш олиб гапирди:
— Ҳазратим, мен сизнинг илтижонгиз билан шифо топмишмен. Ўзимга келганимдан бери худодан тилайменки, сизнинг умрингиз узоқ бўлсин! Бу улуғ давлатни сиз барпо этдингиз. Ҳаммамизнинг пушти паноҳимиз ўзингизсиз. Парвардигор бизга раҳм қилсин!

Бобур ўғлини елкасидан олиб ўрнидан турғизди:
— Мана, шукр, юрибмен-ку, ўғлим. Сен кўп хавотир бўлма.
— Аммо шайхлар: «Ҳазратим ўғлига келган ажални ўзларига олдилар», деб кўнглимга ғулғула солдилар.

Бобур ўғлига ўнг ёнидан жой кўрсатди.
— Ҳумоюн, ўғлим, мардона бўл, энг оғир юклар энди сенинг елкангга тушадиган кўринадир. Хайрият, тузалиб кетдинг. Агар мутаассиб шайхларнинг гапига кириб, Кўҳинур олмосини тасаддиқ қилсам, улар ғолиб чиқмасмиди? «Ҳумоюнни биз ўшал тасаддиқ эвазига қутқариб қолдик, биз подшоҳдан ҳам зўрмиз!» деб тантана қилмасмиди? Имону эътиқод бундай ғаразлардан баланд турмоғи керак-ку, ахир!
— Илоҳим, сиз ҳаққингиздаги кароматлари ҳам ёлғон чиқсин!
— Ҳар қалай, сен Оллоҳу таолога ғаразли шайхлар орқали эмас, бевосита имону эътиқодинг орқали илтижо қилишга ўргангин. Шайхлар мудом подшоҳнинг тепасига чиқиб, унга ҳукмини ўтказишга интилурлар. Шундан эҳтиёт бўлгин.
— Токи тирикмен, бу ўгитингизга ҳамиша амал қилгаймен!.. Энди... Ҳазратим, Самбхал чегарасида яна қонли тўқнашувлар бўлмоқда эмиш. Ижозат берсангиз, мен бориб чегараларни тинчитсам...

Бобур индамай ўрнидан турди-да, хонайи хоснинг тўридаги сандиқни очди. Ҳумоюн тик турган ҳолда отасига юзланиб қўл қовуштирди.

Бобур сандиқдан оқ ипак матога ўралган қилични олди.
— Ҳумоюн, ўғлим, менинг қанча умрим қолгани худонинг ўзига аёндир. Соҳибқирон бобокалонимизнинг мана шу қиличини энди сен тақмоғинг керак. Бу қиличга «Куч — адолатдадир» деган сўзлар битилган. Доим одил бўлгину мағлуб бўлмагин!

Бобур қилични ўғлига икки қўллаб узатди. Ҳумоюн табаррук қилични тиз чўкиб олди-да, унинг муқаддас ёзув битилган жойини кўзларига суриб ўпди.
— Майли, — деди Бобур. — Самбхал нотинч бўлса, бориб тинчитгину ўрнингга Ҳиндубекни қўйиб қайтгин. Энди давлат ишини зиммангга олмоғинг керак...

* * *

Ёмғир фасли ўтиб, осмон яна булутлардан тозаланди, тунлар салқин бўлиб қолди. Бобур уйқусиз тунларда боққа чиқар ва юлдузларни томоша қилгиси келиб осмонга қарарди. Лекин танида иситманинг баландлигидан осмондаги юлдузлар жойидан кўчиб, гирдобга тушиб айланиб кетаётгандай кўринар, кўнгли беҳузур бўлиб, осмондан дарҳол кўзини оларди.

Кундуз саройда давлат ишларини қилган пайтида гоҳ шайхулисломни, гоҳ нуфузли аъёнларни учратур, улар Бобурга аввалгидан ҳам пастроқ, эгилиб таъзим қилишар, лекин ўлиши муқаррар бўлган беморга қарагандай мусибатли кўзлар билан қарашар, муомалаларидаги алоҳида мулойимлик ҳам шундан далолат берар эди. Уларнинг эътиқодига биноан, Бобур ўз ҳаётини ўғлига қурбон қилган, шунинг учун Ҳумоюн тузалиб кетган, энди кўзга кўринмас ажал қиличи Бобурнинг боши устида осилиб турар эди.

Очиқ айтилмайдиган, ҳаддан ортиқ майин гаплар, таъзиму тавозелар остига яшириладиган бу машъум ишонч Бобурга жуда оғир таъсир қилар, гоҳо атрофида айланиб юрган ўлим шарпасини унинг ўзи ҳам сезгандай бўларди.

Мезон ўтиб, қавс ойи кирганда Бобурнинг касаллиги баттар оғирлашди. Бирор жойида яра ёки шиш йўқ, нуқул ичи куяди, иситмаси кўтарилиб, ухлай олмайди, ранги кун сайин сўлиб боради. Мавлоно Юсуфий мамлакатнинг энг машҳур табибларидан уч-тўрттасини чақиртириб маслаҳатлашди. Беморнинг томиридан қон олиб кўришди. Қоннинг ранги соғлом одамникидек тиниқ эмас, алланечук ириганга ўхшаб қолган эди.

Табиблар ўзаро кенгашиб, «Малика Байда берган заҳарнинг қонда асорати қолган» деган хулосага келдилар ва қонни тозалайдиган дорилардан, анор сувидан кўпроқ беришни буюрдилар.

Лекин бу нарсаларнинг ҳеч бири кор қилмади. Бобур ҳолсизланиб ётиб қолгач, Ҳумоюнга чопар юборишди.

Ҳумоюн келса, отаси ўз хобгоҳида баланд оқ тўшакда терга ботиб ётибди. Ранги сап-сариқ бўлиб кетган. Бобурнинг бош томонида Хонзода бегим пат елпиғич билан унинг юзини елпияпти. Оёқ томонида Моҳим бегим ғам-ғуссага ботиб, ҳайкалдай беҳаракат ўлтирибди.

Ҳумоюн тиз чўкиб, отасининг тўшагини қучоқлади. Бобурнинг озғин қўлини ўпиб кўришди, сўрашди. Сўнг отасининг бу аҳволига ўзи сабабчи бўлгандай ёниб гапирди:
— Нечун бизга бунчалик жон фидо қилдингиз, ҳазратим?

Бобур мажолсиз товуш билан:
— Сен буни ўзингдан кўрма, — деди. — Иллат қонда эмиш. Билмадим... Ҳар қандай олов ҳам ёниб-ёниб ахийри бир кун... — Бобур «ўчади» демоқчи бўлди-ю, лекин аёлларни аяди: — Алангаси пасаядир. Мен умр бўйи аёвсиз ёндим.
— Биз учун ҳам куйиб-ёнгансиз! Энди бу қарзларни узишга менинг бутун умрим етмагай!
— Қарзингни менга узолмасанг... фарзандларингга узарсен...

Бобур тўхтаб-тўхтаб сўзлаётган бўлса ҳам кўнглидаги гапларини равон айтаётгани Ҳумоюнни умидлантирди. У отасининг сўзини бўлмай, жим қулоқ сола бошлади.
— Темурийларнинг кўпчилиги... фидойиликни унутиб... йўқ бўлиб кетди. Ўғил отани ўлдирди. Оға инига хиёнат қилди... Оқибатда... бари разолатнинг қурбони бўлди... Ундан кўра.. яхшиликнинг фидоси бўлган афзал эмасми?... Мана амманг Хонзода бегим... Самарқандда мени қутқариб ўзини асоратга солди. Бу фидойилик мени ҳамиша... шундай бўлишга ундаб келди... Сен ҳам энди иниларингу... авлодларингни мардликка... фидойиликка ўргатгин.

Бобур тўшакнинг орқа томонидаги ҳарир оқ парданинг ортига бошини буриб қаради. Парда ортида одам борлигини Ҳумоюн энди пайқади.
— Тоҳирбек, жуздонни келтиринг, — деди Бобур.

Шу вақтгача қимир этмай ўтирган Тоҳир энди тез ўрнидан турди-ю, токчадаги катта чарм жуздоннинг ичидаги янги муқоваланган қўлёзмаси билан икки қўллаб кўтариб келди.
— Бадахшонда, «Вақоиъ»ни сўраган эдинг, — деди Бобур Ҳумоюнга. — Мана, ёзиб тугатдим. Ол.

Тоғлар орасида Бобур: «Бу китоб битганда менинг умрим ҳам тугагай!» — дегани Ҳумоюннинг ёдига тушди. У жуздон ичидаги китобни олиб пешонасига суриб ўпар экан, кўзидан тирқираб ёш чиқиб кетди. Йирик бир ёш томчиси зарҳал муқова устига томиб тушганини Бобур ҳам кўрди.
— Сендан илтимосим, — деб давом этди Бобур. — Буни авлодларинг ҳам ўқисин.. Хатоларимни такрор этманглар. Яхши ишларим... оз бўлса, кўпайтиринглар. Бу китобдан нусхалар кўчиртириб, Самарқандга... Тошкентга... Андижонга... муносиб одамларга юборгин... Мен туғилган юрт билан алоқани узманглар. Шояд мен битган китоблар... икки орадаги алоқанинг ришталари бўлса...

Бобур ўғлига васият қилаётганини сезиб турган Хонзода бегим ўзини ортиқ тутиб туролмади.
— Бобуржон, мен эгачингиз!.. Мен... мен сиздан беш ёш каттамен! Бу дунёдан кетиш навбати аввал меники! Сиз таслим бўлманг! Бобуржон, иним!

Хонзода бегим унинг подшолигини унутиб, «Бобуржон!» деганда Бобур болалигини эслаб, кўнгли бир орзиқди. У беклардан ҳам, савдарлардан ҳам, бегоналардан ҳам, ҳатто суюкли ўғли ва хотинидан ҳам нуқул «ҳазратим» деган мурожаатни эшитар, кўп ишлатилавериб сийқа бўлиб кетган бу сўз унинг меъдасига теккан эди.

Пиқ-пиқ йиғлаётган Моҳим бегим олдинги оғир суҳбатларни эслаб:
— Менинг хархашаларим ҳам сизни хаста қилди, ҳазратим! — деди. — Мени кечиринг!
— Моҳим, сиз мени кечирсангиз бўлди... Мен сиздан розимен... фақат энди мени ҳазратим деманг...

Моҳим Бобурни: «Кўз очиб кўрган танҳо ёримсиз, жисмимдаги жонсиз!» демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаб кўрди-ю, лекин атрофидагилардан уялди. Йиғи аралаш:
— Хўп, — дея олди, холос.

Бобур унинг айтилмаган сўзларини овозидан, кўзларидан сезди. Сўнг ўғлига юзланди:
— Ҳумоюн, мен сендан ҳам «ота» деган сўзни ҳали эшитганим йўқ.

«Ота» деган жўнгина сўзга ўрганмаган Ҳумоюн:
— Падари бузруквор! — деб кўрди. Бундан отасининг кўнгли тўлмаганини сезди-ю: — Отажон! — деди. — Сиз салтанатни менга бермоқcши бўлибсиз. Лекин ишонинг, мен бу тожу тахтдан сизнинг бир нафаслик умрингизни афзал кўрурмен!
— Мен сендан розимен... Энди мендан ҳам рози бўлинглар!

Хонзода бегим розилик сўрашга тили бормай ўртаниб йиғлади. Унинг йиғисига Моҳим бегим қўшилди. Бу оғир аҳволнинг устига кириб келган мавлоно Юсуфий Бобурнинг кўзлари бежо бўлаётганини, уни қаттиқ тер босганини кўрди.
— Энди ҳазратим ором олишлари керак! — деб қўлига оқ докани олиб, Бобурнинг юзидан, бўйинларидан терларини арта бошлади. Қийналиб нафас олаётган Бобур бош томонда турган Тоҳирга шивирлаб:
— Елпинг!.. — деди.

Йиғи-сиғи билан Бобурни қийнаб қўйганларини энди сезган бегимлар секин чиқиб кетдилар. Бобур Ҳумоюнга:
— Энди эшик оға билан... аъёнлар кирсин, — деди.— Кўзим тириклигида... ҳокимиятни сенга топширай.

Ташқарида кутиб турган Муҳаммад Дўлдай ва бошқа нуфузли беклар кирдилар. Бобур уларнинг олдида подшолик тожини ўғли Ҳумоюнга топширди. Рози-ризолик сўраш пайтида беклардан бир-иккитаси кўзига ёш олгандай бўлди. Лекин чиқиб кетаётганларида ҳаммалари энди Ҳумоюннинг атрофида парвонадай айланиб, янги иноятлар умидида кўзлари тама билан ёнганини Бобур кўриб қолди.

Хонада Тоҳир билан икковлари қолгандан сўнг:
— Энди... беку султонларга менинг керагим йўқ, — деди. — Тоҳирбек, кечга... Мавлоно Фазлиддинни чақиртиринг.

Тоҳир Бобурга табиб Юсуфий буюриб кетган суюқ доридан ичиртирди, унинг қийшайиброқ қолган ёстиғини тўғрилаб қўйди. Сўнг савдарлар хонасига ўтиб, тоғасига одам юборди.

Айтилган пайтга етиб келган мавлоно Фазлиддин Бобурнинг ўлим тўшагида ётганини кўрди-ю, туғён ичида:
— Ҳазратим, худо сизга қувват берсин! — деб қўлидан ўпди.
— Мен... подшоҳликни Ҳумоюнга топширдим... Минбаъд ҳазратим, деманг, мавлоно. Муносиб кўрсангиз... мени ҳам мавлоно денг.
— Биз Навоийни улуғ ижодлари учун «ҳазрат Алишер» дер эдик. Сиз туркий адабиётимизнинг Навоийдан кейинги энг улкан сиймосидирсиз. Шу сабабли сизни шоир ва адиб сифатида «Бобур ҳазратлари» дейишга ҳақлимиз».
— Миннатдормен, мавлоно... Сиз Аграда, Секрида, Деҳалпурда ажиб кўшклар, оромгоҳлар барпо этдингиз... Худо умр берса мен... Самарқанддаги Бибихоним мадрасасидек улуғ бир... мадрасанинг тарҳини сизга... чиздирмоқчи эдим... Опа-сингилларимизнинг қадрини бошимизга... кўтарсак арзигай...

Мавлоно Фазлиддин Бобурнинг сўнгги кучларини тўплаб, қийналиб сўзлаётганини сезди-ю, унинг фикрини ўзи давом эттирди:
— Доно сўзларни айтдингиз, ҳазратим! Чиндан ҳам халқимизда бу одат азалдан мавжуд... Самарқандда Бибихоним мадрасасидан ташқари Туркан оғо мақбараси бор. Ҳиндларда ҳам аёл зотига эҳтиром зўр экан, ҳатто сиғинадиган худолари орасида ҳам аёллар бор... Бизнинг Ҳироту Самарқанддаги энг яхши меъморчилик анъаналаримизни Ҳиндистоннинг энг эзгу ажиб анъаналарига пайванд этиб, аёл зотини улуғловчи бир мадраса қуриш менинг ҳам энг эзгу орзуларимдандир!

Бобур мавлоно Фазлиддиннинг Хонзода бегимга бўлган ёшлик меҳри замона зайли билан қандай қурбон бўлганини эслади-ю:
— Мавлоно, — деди, — менинг эгачим Хонзода бегим... инсонийликда тенгсизлар!.. Агар сиз орзу қилган... мадрасани қуриш бизга насиб бўлса... уни «Хонзода бегим мадрасаси...» деб атасак арзир эди...

Мавлоно Фазлиддиннинг кўзларида яшин каби бир олов чақнади:
— Ҳазратим, сиз ҳозир менинг кўзимга муқаддас бир мақсадни кўрсатдингиз! Агар бу мақсадни рўёбга чиқаришга менинг умрим етмаса, уни фарзандларимизнинг дилига жо этиб кетгаймен. Токи улар ҳинд меъморлари билан ҳамкорликда халқларимизнинг аёл зотига бўлган эҳтиромини улуғ бир меъморчилик обидасида ифода этсинлар!

Бобурни тер босди. Унинг ҳарир оқ кўйлаги қорайиб танасига ёпишиб қолганини кўрган Тоҳир безовталаниб ўрнидан турди:
— Мулла тоға, ҳазратимни чарчатиб қўймайлик!.. Табиб «кўп ҳаяжонланмасинлар!» деб тайинлаган эди...

Суҳбатнинг тафти чиндан ҳам баланд бўлаётганини энди сезган мавлоно Фазлиддин ўрнидан кўтарилди:
— Ҳазратим, энди ором олинг! Мен кейин яна келурмен!..

Бобур Мавлоно Фазлиддинга қараб:
— Яна бир ўтинчим бор,— деди.— Оламдан кўз юмсам... Кобулда ўзингиз тарҳини чизган боғ бор... Тоғ тепасида... Абадий оромгоҳим... ўша Гузаргоҳда бўлсин... Ортиқча даб-дабасиз... шоирона бир тарҳ чизинг...

Мавлоно Фазлиддин ўпкаси тўлиб гапиролмади. Тасдиқ маъносида бош ирғади-ю, кўзидан оппоқ соқолига оқиб тушган ёшни артиб эшикдан чиқди.

Тоҳир Бобурнинг тердан ҳўл бўлган ички кийимларини алмаштирди. У ўзини одатдагидай осуда тутиб, кундалик хизматларини қунт билан адо этар эди. Бобур чанқаса сув берадиган ҳам, нафаси қайта бошласа елпийдиган ҳам Тоҳир эди. У шу ерда бўлса, Бобур сокинроқ ётишини мавлоно Юсуфий ҳам билар, шунинг учун Тоҳирни туну кун беморнинг олдидан кеткизмас эди.

Бугун кечаси Бобур ичкарида ҳадеб беҳаловат бўлавергандан кейин Тоҳир савдарларни чақириб, уни тўшаги билан ҳовлидаги усти очиқ мармар супага чиқартирди.

Агранинг кеч кузи худди Андижоннинг баҳор пайт-ларидек салқин ва майин туюлар эди. Қоп-қора осмонда юлдузлар чарақлаб турибди. Иситмаси баланд Бобурга юлдузлар яна гирдобга тушиб айланаётгандай ва бир-бирларига урилиб кетаётгандай кўринди. Бобур кўзини юмди:
— Баданимда... қон уюшиб қолаётгандай... — деди Тоҳирга.

Тоҳир унинг елкаларини, қўлларини, кейин оёқларини секин-секин уқалай бошлади. Бобур бундан сал енгил тортгандай бўлди-ю, кўзини очиб яна осмонга қаради.

Юлдузлар энди жой-жойида тўхтаб, сокин нур соча бошлади. Ана Олтин Қозиқ. Унинг ғарб томонидаги Етти Оғайни юлдузлари уфққа оғиб тушиб кетяпти. Шарқдан эса бир тўп бўлиб Ҳулкар юлдузлар кўтарилиб келяпти.
— Бизнинг Қувада ҳам Ҳулкар худди мана шунақа бўлиб чиқар эди, — деди Тоҳир.

Бобур ҳам болалиги ўтган Андижон осмонини эслади. Мана шу Етти Оғайни юлдузлари ўша ерда ҳам Олтин Қозиқни айланиб ўтиб, ғарбга ботиб кетарди. Ўша ерда ҳам Етти Оғайни уфққа бош қўйган сари Ҳулкар юлдузлари осмоннинг баланд жойларига чиқиб борарди. Бобур ўсмирлигида Ҳулкар юлдузларини олмосдан ясалган варракка ўхшатар эди. Думини қувноқ силкитиб учадиган олмос варрак унинг хаёлини яна мусаффо болалик йилларига олиб кетди. Осмон дунёнинг ҳамма жойида бир экани, умрининг бошланишида Андижонда кўрган юлдузлари умрининг охирида Аграда ҳам чақнаб тургани унга сўнгги бир тасаллидек туюлди. Бобур осмонга қараб ётганда яна ёш, соғлом йигитга айланиб, Андижон чорбоғининг супасида ётгандай бўлди.

Бир лаҳзалик бу ширин ҳис кетидан яна шафқатсиз бир қалтироқ босиб келди-ю, юлдузли осмонни гирдобига олиб, гир-гир айлантира бошлади...

Тун ярмидан ошганда Тоҳирнинг ўкириб йиғлагани қоронғи боғни зир титратди...

* * *

Мавлоно Фазлиддин Кобулда Бобурга анвойи рангли мармарлар билан зийнатланган серфайз бир мақбара қуришга улгурди, лекин Хонзода бегим номига мадраса қуриш унга насиб бўлмади, унинг бу орзусини орадан юз йиллар ўтгандан сўнг Бобурнинг чевараси Шоҳ Жаҳон қурдирган машҳур Тож Маҳалда улуғ ҳинд меъморлари рўёбга чиқарган бўлсалар эҳтимол.

Тоҳир «Бобурнома»дан кўчирилган нусхаларни адибнинг Андижондаги, Тошкент ва Самарқанддаги мухлисларига элтиб топширгач, ўзи Робия билан бирга Қувага қайтди. Улар умрларининг қолган қисмини туғилган юртларида ўтказдилар. Бироқ ўғиллари Сафарбек мавлоно Фазлиддиннинг фарзандлари билан бирга Аграда умрбод қолдилар ва ўша ерда оила қуриб, ҳинд халқига қўшилиб кетдилар.

Бобур тузган улкан давлат ўз қудрати ва маданий ёдгорликлари билан жаҳонга танилиб, уч аср умр кўрди-ю, тарихда қолди. Унинг ўғил авлодлари бугунги кунга етиб келолмадилар — энг охирги бобурийлар ўтган асрларда инглиз мустамлакачилари даврида маҳв этилди.

Фақат Бобур ўз қўли билан ёзган асарлар ҳалигача тирик бир қалбнинг ҳароратига тўлиб, одамларга ҳамон маънавий озиқ ва завқ беряпти. Тўғри, унинг бир умри қоронғи осмонда оловли из қолдириб учган юлдуздек тез сўнди. Лекин ўлмас асарлари саҳифасида салкам беш асрдан бери давом этиб келаётган иккинчи умри— бу юлдузнинг тундан тонгга қараб учганини ва ўз нурини келажакка йўналтирганини айтиб турибди. Бобур қалб ўтига йўғириб яратган маданий мерос бугунги сернур авлодларни баҳраманд қилгани сари унинг ана шу иккинчи умри ҳам қоронғи тунлардан кейинги ёруғ кунларда астойдил обод бўляпти.

1969-99
III- qism
 
Keyingi



  1. Хасба — ичтерлама, тиф.
  2. Мунаққидлик — танқидчилик.
  3. Кўҳак — ҳозирги Зарафшон.
  4. Таржимаси: Эй дунёнинг ёш оташпарасти, менга майим жомини бергилки, сунний ва шиа низоларидан қусгим келмоқда. Десалар: Жомий, сен қайси мазҳабдансен? Юз шукрки, суннийнинг ити-ю, шианинг эшаги эмасман!
  5. Имомия — шиа мазҳабининг расмий номи.
  6. Пули Сангин — «Тош кўприк». Ҳозирги Норак шаҳрининг яқинида бўлган.
  7. Даҳана — даранинг оғзи, кириб-чиқиладиган жойи.
  8. Шеърий таърих — махсус бир шеърий жанр бўлиб, ҳарфларидан абжад ҳисоби билан маълум йил ва ой келиб чиқади.
  9. Бир данг — «олтидан бир» демакдир. Темурийлар тангасининг вазни 4,6 грамм бўлса, Шайбонийхоннинг тангаси 5,2 грамм бўлган.
  10. Коргар — қурувчи ишчи
  11. Бу ёзув аслида Ўрхун-Енисей руник ёзувининг Бобур даврида Сиғноққа етиб келган бир тури бўлиши керак.
  12. Кўли Малик — ҳозир қуриб қолган. Бухоро областининг Хайробод деган жойида.
  13. Уғруғ — оила аъзолари, кўчлари.
  14. Гуфтигў — гаплашиш.
  15. Жустижў — қидириш.
  16. Шустишў — ювиш, яъни май билан дил ғуборини ювиш.
  17. Сиғноқ — Туркистондан шимолроқда Сирдарё яқинида жойлашган қадимий шаҳар.
  18. Одинапур — Афғонистоннинг жанубидаги шаҳар, ҳозирги Жалолобод. Норинж— апелсин.
  19. Олдинроққа кетиб айтиш мумкинки, Моҳим бегим Гулбаданни чиндан ҳам Бобур насри руҳида тарбиялади. Гулбадан бегим вояга етганда «Бобурнома»нинг энг яхши фазилатларидан ибрат олиб, ўзининг машҳур «Ҳумоюннома» асарини ёзди. Ўша замонларда аёлларни камситувчи диний ақидаларга қарши бориб ёзилган «Ҳумоюннома» тарихимизнинг нодир маданий обидаларидан бирига айланди.
  20. Иброҳим Лоди — афғон қабилаларидан чиққан подшо.
  21. Қаламий — амри фармон билан солиқ тўлайдиган қаламрав ерлар. Сайфий— ҳали бўйсунмаган, қилич кучи билан солиқ тўлайдиган ерлар.
  22. Банд — сув омборининг тўғони.
  23. Таъну таъриф — таънасию мақтови.
  24. Искандар Лоди — Иброҳим Лодининг отаси. 1517-йилда ўлган.
  25. Кшатрий — ҳиндлардаги асосий тўрт табақанинг бири, ҳарбийлар.
  26. Тиркиш — ҳўкизнинг хом терисидан эшилган арқонсимон нарса.
  27. Барқзан — чақмоқ чақиб, милтиқнинг пилтасини ёндирадиган одам.
  28. Хатм қилиш — тугатиш.
  29. Муҳандис — инженер.
  30. Тобин — резерв.
  31. Бараҳман — ҳиндларнинг руҳонийси.
  32. Муқаййим — жавоҳиршунос заргар.
  33. Кўҳинур — «нур тоғи» демакдир. Ўша замонда бу олмос— одамзод топган олмосларнинг энг улкани бўлган. Олимлар Кўҳинур олмосининг 1304 йилдан бери борлигини аниқлаганлар. Ҳозир бу олмос Лондонда сақланади.
  34. Паргана — кичикроқ вилоят.
  35. Ашора — жавзо ойига тўғри келади. Ҳиндистонда ёз фасли баҳорда ҳут ойидан бошланиб, тўрт ой давом этади. Кейин «Пашкол» деб аталадиган ёмғирлар фасли бошланиб, бу фасл мезон ойигача давом этади.
  36. Боди самум — энг иссиқ гармсел шамол.
  37. Войин — катта ҳовуз.
  38. Яъни Шарафиддин Али Яздий.
  39. Бир пахра — тўрт соат.
  40. Лиму — лимон.
  41. Қурур — юз лак, яъни ўн миллион.
  42. Арб — миллиард.
  43. Нил — триллион.
  44. Падам — квардиллион.
  45. Аслида одам одамдан кам эмас, чунки ҳамма ҳам Одам Ато фарзандидир.
  46. Қадаға — чақириқ хат.
  47. Яхшилик ва саломатлик билан Синд дарёсидан ўтиб олганимдан кейин агар яна Ҳиндни ҳавас қилсам юзим қаро бўлсин.
  48. Анба — ананаснинг бир тури.
  49. Қайла — банан.
  50. Танбул барги — апелсин баргига ўхшаб кетади. Фуфал ёнғоғи билан бирга оғизга солиб чайналса кайф беради, тишни мустаҳкамлайди.
  51. Важҳи тасмияси — шундай деб аталиш сабаби, этимологияси.
  52. Буқъаи хайр — хайр-эҳсон уйи.
  53. ТахмасиИ — Шоҳ Исмоилнинг ўғли. 1524-йилда Шоҳ Исмоил вафот этгач, Тахмаси унинг ўрнига шоҳ бўлади.
  54. Тамға — қўшимча даромад солиғи.
  55. Бани башар — одам фарзанди.
  56. Толор — шийпон.
  57. «Ҳабиб ус-сияр» — «Севимли дўстнинг таржимаи ҳоли» демакдир. Хондамир ўзининг бу катта асарида Араб, Эрон, Ўрта Осиё, Хуросон тарихининг олам пайдо бўлганидан то ХВИ асргача ўтган энг муҳим даврлари ҳақида сўз юритади.
  58. Муғлақ — тушуниб бўлмайдиган.
  59. Борлар — «баъзи пайтлар» маъносида.
  60. Ботил — қалбаки йўлдан бориш, адашиш.