OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҚўчқор Норқобил
Асар номиЭлакда сув турмайди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Қўчқор Норқобил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм11KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/07/02
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 10-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Элакда сув турмайди (ҳикоя)
Қўчқор Норқобил

Ёмондан қоч-да қутул. Бўлмаса, ўл-да қутул! Кетай демайди. Ўтирибди. Ланжиллагани ланжиллаган.
– Оғамбойим, ке энди, шугина – булбулнинг кўз ёшидай бир имзо... Сендан нима кетди?!

Қони юзига тепиб чиқди. Нима қилсин? Бегона эмас: «Мен сени одам қилдим демасаям, Тошкентга сени мен олиб келдим...» деган иддаоси бор: Орадан йигирма йил ўтди – шу даъво-дастак Довул Давроннинг миқти гавдасига шиддат, қисиқ кўзларига ўт-чақмоқ бахшида этади. Ҳа, Илҳомни кўрганда, юзига шундай таънагирлик қалқиб чиқади.
– Кўз тегмасин, оғамбойим! Сумби-савлатинг бип-бинойи. Ҳар ҳолда тўрт-беш одам оғзингга қарайди. Гапингнинг дами тошни кесиб турибди.

Довул Даврон ўлжага шайланган мушукдай бир ҳурпайиб, яна писиб олди. Санъатингга қойил дейдиган одам йўқ. Феъли-рўйи сира ўзгармади. Қаримадиям.

Ҳеч кимса уни олтмишга кирган демайди. Жўрақанд қовунча келадиган майдагина бошини елкачалари ичига киритиб олган бу пак-пакана буратиносифат одамча Илҳомнинг қаршисидаги курсида муштдеккина бўлиб ўтирибди. Унинг чорпахил, чувак юзига заҳарханда илжайиш ёйилди. Қисиқ кўзлари Илҳомга тешиб юборгудай тикилди. Сукунатни ожиз бир сас бузди:
– Ўқидингми?
– Ҳимм...
– Xўш?
– Менимча, Рустам ҳам ўқиб чиқса яхши бўларди, – Илҳом ҳозирча ундан қутулишнинг йўлини изларди.
– Оғамбойим, боши қоранинг бори яхши, деб сени қора тортиб келувдим. Ҳа, энди менам уюшма аъзосиман. Тўрт-беш китоб чиқардим. Билиб турибсан, мавзу чаккимас. Айни пайти. Темирни қизиғида босганимиз дурустмикин? Эпласанг элакда сув туради дейишади-ку...
– Майли, Рустам ҳам ўқиб кўрсин.
– Рустам яхши шоирдир, эҳтимол. Лекин сенинг йўриғинг бошқа. Биламан, танлов ҳайъатига аъзо экансан... Раҳбар одамсан, гапинг ерда қолмайди. Бир қўллавор энди... Xудойим ол қулим деса, бизам... энди...
– Довул ака, тўғрисини айтайинми? Xом-хатала жойлари жуда кўп. Қайтадан ёзиш керак. Достоннинг юки йўқ бунда. Тағин денг, муқаддас мавзу – Ватан ҳақида ёзаяпсиз...
– Xом бўлса пиширайлик. Сенга бекорга бердимми? Шундай пайтда қўлламасанг оға-инилик чикора? Бир ариқдан сув ичган одамлармиз, жигар.

Довул ариқ деганида, Илҳом Ҳазарбоғ канали ёнидан ўтган «Бақироқ» ариқни эслади. Болалигини хотирлади. Қисқа лаҳзаларда кўз ўнгида қишлоқ манзаралари жонланди. Довул Давроннинг Тошкентдай шаҳарда ўқишни битириб, қишлоққа довруқ солиб шоир бўлиб борганию, бу ҳодиса қишлоқ аҳли оғзида дўмбира бўлганини ёдга олди. Сўнг Университетнинг дастлабки поғонасини тугатиб, таътил пайти туман газетасида Довул Даврон қўлида амалиёт ўтагани кўз ўнгидан ўтди. Тўғри, унга ҳавас қилган, унга эргашган кезлари ҳам бўлган. Бундан кўз юмолмайди. Ким билсин, у пайтлар ёш эдими, ҳар нечук қаричини кишининг ҳадди-хислатига қаратмас эди.

Илҳом муддао тошини ҳазилга ўраб отди:
– Xом бўлса пиширайлик дейсиз. Xамиртурушнинг ўзи йўқ бунда. Демак, тандирга ёпганингиз билан бефойда, хамир оқиб тушаверади. Пишмайди.

Довул Даврон бир қалқди. Қиёфаси тундлашди. Кичик бошчасини ирғабгина қўйди:
– Ҳимм. Оғамбойим, ўзгарибсан. Манови, курси одамни ўзгартиради. Бироқ, бу нарса, бу дов-даска умрбод берилмайди. Яхши-ёмон кунда атрофингда ўзингникилар қолади. Эски чориғимизни унутмайлик, дейман-да.

Энди бу гап ортиқча. Юзхотирлик юзга тарсаки сотиб олгани ёмон. Илҳомнинг тўрт уммон бемалол сиғадиган сабр косасига Довулнинг гапи оғу бўлиб томди. Кўнгил косасини заҳар-заққум этди. Ўзини базўр тутди. Дилидаги тилга кўчди:
– Мукофот беришмаса яшай олмайсизми?

Довул ўтирган жойида сапчиб тушди. Лабларини асабий тишлади.
– Йўқ, яшай олмаяпман. Ҳа, шундай! – Лаблари пирпиради. Ичидан хўрсиниқ тошди. Илҳом кўрдики, кўзида ёш ғилтиллаяпти.

Дийдиёнинг охири бундай тугашини хаёлига ҳам келтирмаган эди у. Уялиб кетди. Анчадан бери чекмаган эди, тортмага қўл узатиб тамаки тутатди. Довулга қарашга ботинолмади. Бир нуқтага тикилиб қолди.
– Бўпти. Тақриз ёзаман.

Илҳом қорангни кўрмайин, энди бу ердан тезроқ кета қол маъносида юзини дераза томон бурди. Рўпарадан, Довулдан сас келди:
– Раҳмат, оғамбойим, раҳмат!.. Бойнинг томчиси камбағалнинг ҳовузини тўлдиради. Яхшилигингни ўлгунимча унутмайман. – У ўрнидан дик этиб турди. Ҳануз қўлтиғида турган ялтироқ қоғозжилдни шиғиллатиб очди. Жилддан ортидан ёв қувгандай олд-ортига қарамай шоша-пиша уч дона қоғоз олиб Илҳомга узатди.
– Мана тақриз тайёр. Овора бўлма, оғамбойим. Шундай, имзо қўйсанг, бас. Эртага Сени овора қилиб нима наф кўраман... Эртага қишлоққа кетаман. Отанг – тоғамжонимга, энанг – опамжонимга саломингни етказаман. Қишлоқ сендан фахрланади, ука. Сен телевизорга чиқсанг, кўзимда ёш билан қарайман. Кўз тегмасин дейман. – Довул кўз ёшини тиёлмади. – Сен зўрсан, ягонасан, оғамбойим.

Қани энди, ер ёрилса-ю, Илҳом ерга кириб кеца. Ер қурмағур ҳам ёрила қолмади.

Оёғи тагидаги ерга сўнгги русумдаги мустаҳкам қурилиш ашёси ётқизилган – қаерданам ёрилсин!

Илҳом беихтиёр қўл чўзиб қоғозларни олди. Ўқий бошлади. Юзи оқарди. Бўш қўли билан чап кўксини силади, кўйлагининг ёқа тугмаларини ечди. Мийиғида кулди. Сўнг қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.
– Нима бу?
– Тақ... Тақриз, – Довул эсанкираб қолди.
– Адашмадингизми? – Илҳом минг бир азоб исканжасида алам билан қаҳ-қаҳ отарди.

Довул бир қўлтиғидаги жилдга, бир Илҳомнинг қўлидаги қоғозларга қараб ичидан чийиллаган иҳроқли бир овоз келди-да, хонадан ўқдай отилиб чиқиб кетди.

Илҳом стол устидаги қоғозга яна бир бор кўз югуртирди.

«Ҳурматли _____________ вич!

Мен умрим бино бўлиб бировнинг устидан шикоят ёзмаганман. Лекин айрим кимсаларнинг адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига тўғаноқ бўлаётганидан кўз юмолмайман. Шулардан бири бу – Илҳом Зафар. Кўп йиллардан бери каттакон ижодий идора раҳбари бўлиб ишлаётган бу жанобни ўз ўрнига нолойиқ деб биламан. Чунки у ўзидан юксак истеъдодларни кўролмайди, уларга нисбатан шахсий ғарази бор. Илҳом Зафарга ўхшаган кимсаларнинг ҳайъат аъзоси бўлиши, бундай одамнинг раҳбар бўлиб ишлаши тўғримикин? Xолис текширув ўтказиб унга адолатли чора кўрилишини сўрайман...

Тахаллусимни қўймоқдаман: – Одил Ростгўй...»

Илҳом қоғозни тортмага солиб қўйди. Лаблари беихтиёр пичирлади. Ғудранди:
– Камбағалнинг томчиси бойнинг ҳовузини тўлғазибди... Йўқ, тескариси эди шекилли!

Яна қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Энди анча енгил тортди.