OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҚўчқор Норқобил
Асар номиОсмон остидаги сир (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Қўчқор Норқобил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм103KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журнали, 2010 йил, 7-cон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Осмон остидаги сир (қисса)
Қўчқор Норқобил

Қишлоқ узра хушхабар тарқалди. Аҳли қишлоқ ҳайратда қолди. Кун чиқса ҳам, ой чиқса ҳам Хайринисонинг бошида порлайдиган бўлди. Подаётоқнинг пойидаги кўримсиз кулбада улғайган етимчанинг донғи-довруғи етти иқлимга кетиб, номи оламнинг оғзига тушиши ҳеч кимнинг, ҳатто Рўзи башоратчининг ҳам хаёлига келмаган эди. Тўғри-да, тоғ тагидаги дўппидайгина қишлоқдан чиққан қиз бутун дунёни ўзига қаратиб турса...

Аслида бу қишлоққа на телевизорнинг, на радионинг кераги бор. Ҳар бир хонадоннинг ўзи алоҳида телевизор, бўлакча радио – ҳар бир уйдан ўзига хос янгилик, хабар тарқалади. Қишлоқнинг бир бурчидаги шивир шу лаҳзанинг ўзидаёқ қанот боғлайди, қарабсизки, киприк қоқиб улгурганча ҳамма-ҳамма бохабар. Шундай бўлгач, телевизор таъкидлаб, радио тасдиқлаб турган, айнан шу қишлоққа тааллуқли Хайри беванинг фарзанди билан боғлиқ жаҳоний хушхабар қишлоқ осмонида момоқалдироқдай гумбурламаслиги мумкинми?

Ойда-йилда бир кўриниб-кўринмайдиган тоға бўлмиш Наби валломат хотинининг ҳай-ҳайлашига қарамай, ўғлим ҳарбийдан қайтса сўяман деб боқаётган қўчқорни етаклаб Хайринисоникига йўлга тушди. Эл кўзи-да, эл кўзи! Айрим оғзи билан юрадиганларнинг ичи куйсин. Тоғанинг қандай одамлигини кўриб қўйишсин... Шу пайтгача тумшуғи булутга етиб турган, димоғидан ёғ доғ бўлгудай ҳамсоя Ҳаби дўкондорнинг ҳовли ҳатлаганига нима дейсиз? Болаларига бош ирғаб, имо қилган эди, бир бидон ёғ, уч-тўрт қути тўла ичкиликни ҳамсояникига ўтказиб ташлашди. Қариндошнинг қўлини қайирма деб Ҳасан бўла тугунча тутди: “Ками-кўстингга ишлат. Мен ёнингдаман, Хайри...”.

Бола-бақранинг бақир-чақири, хотин-халажнинг вағир-вуғури ҳукмрон ҳовлида эс-ҳуши билан бирга ўзи ҳам учиб юрган Хайринисо бир гапириб ўн кулар, қутлагани келганларга эси кирари-чиқари бўлиб жавоб қайтарар, ҳовлининг у бошидан бу бошига зир-зир югурар, нималаргадир уннамоқчи бўлар, лекин хаёлини йиға олмай, супа четига чўк тушиб, бир нуқтага тикилган кўйи кўз ёши ҳам тўкиб оларди.

– Ҳой, овсин, берман келинг! Бугун энди келди-кетди кўп бўлади. Хотинларни ичкари уйга олиб, эркакларга супага, ҳамсоянинг ҳовлисига жой ташласак, нима дейсиз? Қозон-товоқни қизларга қўйиб беринг.

Пешинга бормай ҳовли одамга тўлди. Мўмин қишлоқда шунақа: тўй-ҳашам, аза-маърака ўртада ўтади. Эшитган-эшитмаган келади. Одамлари ҳар бири ўзича донишманд, мағрур бўлишига қарамай, бир-бирига елка тутади, қайишади, бир-бирини овоз қўйиб тергамайдиган русми-тамойил вожиб.

Қўчқор йиқитилди. Қозон осилди. Қудрат почтачи Сапи момонинг самоварини олиб келиб ўт қалади. Хушвақт фермер эски, шалоқи чиққан “Жигули”сини гуриллатиб келиб, айвоннинг нақд бўсағасида тўхтатди. Ўчоқ томон қозон кўтариб бораётган ёш-яланглар базўр ўзларини четга олиб қолишди.

– Отанг отиб олганми дейман, Сайфи? – ғудранди оёғи тойиб, мункайиб кетгач, истил шолвори қозон куяга беланган Азим пўрим.

– Отам ичмайди, оғзингга қараб гапир, – ўқрайди Сайфи.

– Ичмагани шуми? Эл-эломон йиғилган маъракада орқасидан ёв қувгандай шалдироқ аравасини учириб ўтди. Хайрият, бостирмага бориб урилмади. Йўқса Хайри холага уйингдаги сигирингни олиб келиб берардинг.

– Сигир беради-я, энаси отасини чархпалак қи¬либ учирворади...

– Бас қилинглар. Қани, қозонни кўтардик.

Хушвақт фермер улови юкхонасини очиб, қоплардан сабзи-пиёз, картошка-шолғомни айвонга, дунё ғийбати билан андармон хотин-халаж олдига дурсиллатиб ташлади.

– Ҳой уккағарди аёллари! Жағларингга ем бермай иш билан шуғулланинглар. Мана, манавиларни тозаланглар. Жума ошпазнинг жиғига тегманглар. Масаллиқ вақтида тайёр бўлмаса, жизғанаги чиқиб жириллайди.

– Фермер қайнимдан ўзим айланай, – деди айвонда бир тўп аёл ичида савлатдор гум-гурсдай бўлиб ўтирган Қурбоной амма. – Акангизга кўп мақтайман, шу инингиз қорувли чиқди деб. Ҳадеб хуржинни эгнингизга ортиб бозор қатнайвермай, Хушвақт пермерга бир бормисан денг, ҳамма нарсани ест қилади дейман. Қаёқда, акангиз хода ютгандай, тип-тикка! Эй, қўй, тинч ўтир. Ноқулай бўлади, дейди. Нима ноқулайлиги борми, пермержон?

– Ҳечам-да, амма. Ноқулайлиги йўқ. Чолингизнинг ўзи одамга эл бўлмайди. Оҳ, кўча-кўйда юришини кўрсанг, министр дейсиз! Министр-а...

– Хушвақтжон, куйинг манг. Чол-да, шу ғоз юришдан бошқа ҳеч нарса қолмаган.

Хушвақт фермернинг кўнгли юмшади. Тақдир ҳазилини қаранг-га, тоғни урса талқон қиладиган Мамат полвон бугун аёли олдида ўсал. Зап полвон эди. Нарёғи Тожикистон, буёғи Туркманистондан келган курашчиларнинг оёғини осмондан қиларди. Елкаси ер искамади. Даврада боши хам бўлмади. Тўйнинг энг катта тобоқини Мамат полвон кўтарарди, совриннинг зўри ҳам шуники эди. Ё қудратингдан, шундай одамлар ҳам қариб-қартаяр экан-да. Лекин ҳозир ҳам қарашида қирғийни қулатадиган ўт бор-ов, шиддат-шижоати сўлмаган хотини шундай одамни ўсал қилаётганидан фермер хижолат тортди, ичида нимадир зил кетгандай бўлди. Юзига қизиллик урди.

– Амма, кечқурун уйингизга ўтаман, – деди тилига эрк бериб юборганидан мулзам тортиб.

Элдан айланай, элдан қўймасин, дегани шу бўлса керак. Ҳовлида бип-бинойидай тўй бошланиб кетди. Турдиқул прокатнинг стол-стулини опкелишди. Қари-қартангга супада жой қилинди. Мўмин қишлоқнинг катта-кичиги йиғилган Хайри беванинг ҳовлисида карнай-сурнай садоси янгради. Қишлоқ кичкина эди, етти маҳалласи бўлмаса ҳам тўйнинг овозаси ён-атрофдаги кичик-кичик етти қишлоққа етадиган бўлди.

...Бадабанг, қарса-қурс тўй авж олиб кетганидан кўнгли ёруғ тортган Амир оқсоқол қиёфасига жиддий тус бериб, тўғри супага қараб йўл олди. Туман марказидан қайтган оқсоқолни супада ўтирган қариялар андак қизиқиш билан қарши олишди, хўш нима гап дегандай унга зимдан кўз қирини ташлашди. Даврага,сукут чўкди.

– Гап бундай, кайвонилар, – дея сўз бошлади оқсоқол томоқ қириб, – эртага вилоятдан ҳам катталар келишаркан. Хайрини қутлашаркан. Катта раҳбарнинг ўзи ҳам иштирок этади. Тартиб-интизомни сақлаб туриш керак. Анови зормандадан эҳтиёт бўлинглар. Ичадиган уйига бориб ичсин. Меҳмонлар кеп-кетсин, кейин нима қилишса, қилишаверсин, Мўминда тўйнинг бир кун бўлганини ким кўрибди..? Кейин нима нағмаси бўлса қилишаверади.

– Тўғри. Асад пиён билан Али калга эҳтиёт бўлсак кифоя. Уйингда ўтира тур, йўқсам, отангнинг соқолига ўт қўямиз, деб қўрқитамиз. – Қодир чол хи-хилаб кулди.

– Бова, ҳазилнинг ўрни эмас. Бу – сиёсий тўй!

– Элнинг йиғинига сиёсатни аралаштирманг, жиян, – деди Шариф бобо.

– Тўғри, лекин ўзларингча тўйни бошлаб юборибсизлар. Марказдан келишимни ҳам кутмабсизлар, – оқсоқол иззатталаблик билан ёрилди.

– Эшонбовалардан рухсат оп келдик. Тоблари йўқ экан. Яхшиси у кишини ҳам бир йўқлаб қўйсангиз ёмон бўлмасди. Ҳарна маҳалла оқсоқолисиз, Амирвой...

Шу маҳал шими поччасини тиззасигача қайириб олган болакай супа ёнига чопиб келиб шоша-пиша бидирлай кетди:

– Шариф бова, қишлоққа жар солиб чиқайликми?

– Эҳ-ҳа, ҳалиям шу ердамисанлар, тирранчалар. Ҳе, отангни жилигига...

– Олим акамнинг мотоцикли энди соз бўлди-да, бова. Нима, деб айтайлик, нима деб бақирайлик, деб сўраяпти Олим акам? – деди бола бурнини тортиб.

Супада қур тортган чоллар жим қолишди. Ҳамма бир-бирига назар солди. Ва ниҳоят Шариф бобо:

– Тўлқин амакиникига, Тўлқин танкникига тўйга деб қичқиринглар, овозларинг Вахшиворга етсин, – деди хўрсиниб синиқ оҳангда. – Ҳа, шундай денглар, болаларим. Бугун Тўлқин танк тирилган кун. Тўлқин танк овозларингни эшитадиган кун. Бугун Тўлқин танк ҳаммаларингни кўриб, билиб ётибди. – Сўнг ўзича: – Эҳ, худойим-а, тақдири-амал дегани шумикин? – деб қўшиб қўйди.

Олимбой эски “Иж” мотоциклининг педали бир тепиб ўт олдирди-да, ҳаё-ҳуй деб қишлоқни қоқ иккига бўлган ягона кўчадан Обшир қишлоққа – юқорига қараб йўл солди. Унинг ортига ёпишиб олган болакай чийилдоқ, қулоқни тешгудай овозда жар соларди.

– Ҳамма-а-а, Тўлқин танкникига тўйга-ааа... Тўйга-а-а-а-а-ёв. Тўлқин танкникига-а-а-а, тўй-га-а-а-а-а!!!

Ҳовлиси адоғидаги ариқ бўйида таҳорат олаётган Рўзи махсумнинг ичида оғриқ турди, юрагини нимадир чимиллатиб чаққандай бўлди. Толнинг билакдай новдасига орқасини бериб ўтириб олди. Болакайнинг чийилдоқ овози махсумнинг асабини қақшатди, чакка томирлари лўқиллаб оғриди.

– Хурсанд калнинг неварасига ўхшайди. Таги пастнинг овози бунча совуқ бўлмаса, – ғудранди махсум, сўнг юрагини куйдираётган ўтдан қутилиш учун шалдираб оқаётган ариқ сувидан беихтиёр ҳовучлаб-ҳовучлаб ича бошлади. Овоз тобора яқинлашиб келарди.

– Ҳаммааа-а-а Тўлқин танкникигаа-а. Тўйгаааа-а-ёв!

– Оғзингга ўқ теккур. Тўлқин танк тирилиб келгандай ваҳима қилади-я...

Махсумни уятми, ҳасадми, нимадир исканжага оларкан, бошини тиззаларига қўйиб, минг азоб ичида қулоқларини бекитиб олди. Бироқ хотира лавҳидан ўкинч ва алам ёшларига беланган Хайринисонинг қарғишга қўл очиб уввос тортган ҳолатини ҳайдай олмади. Ўтирган жойида ихраб юборди ва ўзига ўзи пичирлади: “У замон ўлдирган бўлса, бу замон энағар Тўлқин танкни тирилтирди...”

* * *

Тўлқин танк у ёқда, дарё ортида хизматни ўтаб қайтгандан сўнг бир замон ҳардамхаёл бўлиб юрди. Элга эш, қарига ёш бўлолмади. Одамовиликни орттириб келди. Ўзиям тамакини кетма-кет, орадан шамол ўтказмай паровоздай тутатарди. Бир нуқтага термулиб тураверарди. Эл-элдош, қавм-қариндошдан бегонасираб, хаёлпараст бўлиб қолган йигитни отаси Раҳим полвон кўп жойларга олиб бориб даволатди. Энаси Марям момо эскичилик деди, сув деди, ўт деди, чилтон деди, жин деди, олиб бориб ўқитмаган мулласи, силатмаган кинначиси қолмади. Дўхтирдан бўлдими, табибдан бўлдими, Тўлқин танк элга қўшилди, ранг-рўйи ўзгариб, одам сиёғига қайтди, тўй-томошаларга чиқадиган бўлди, қони тортиб яна тўйларда кураш туша бошлади, от изини той босди – Раҳим полвон тўй-маъракада хотиржам оёқ узатиб ўтирадиган бўлди. Изида издоши бор. Тўлқин полвон бор. Бироқ, Тўлқинбойнинг тўйини кўролмади. Ўғли афғонда бўлган кезлар Раҳим полвон юрак ўйноғини орттирганди. Қўрқув, ваҳима полвоннинг ичини тўкиб, ҳадигу хавотир асорати соғлиғига чанг солиб бўлганди. Бояқиш ўлди-кетди. Лекин бамайлихотир оёқ узатиб кетди. Ўғлининг элга қўшилганини кўриб кетди.

Ўлимидан икки кун аввал ерни ёстиқ, осмонни кўрпа қилиб ёпиб олган Раҳим полвон дўсти-даврадоши Тўйчи полвонни чақиртирди. Тўйчи полвоннинг бир бурдагина бўлиб қолган бўйинсасига боқиб, кўнгли чўкди, юраги эзилди. Бемор билан қўл беришиб кўришаркан, кафтига теккан муздай шилимшиқ нарсадан сесканиб кетди, ўлим нафасини туйиб, пешонасини совуқ тер қоплади.

– Ошна, сени бекорга чақирмадим. Кўриб турибсан, елкам ерга малол келаяпти. Бу дунёдан насибам узилганга ўхшайди, – Раҳим полвоннинг томоғига нимадир тиқилгандай бўлди. Овози қалтираб чиқди.

– Қўй бу гапларни. Бурга тепганга ўхшайди сени. Шунга шунча ваҳима қиласанми, сени қара-я, – Тўйчи полвон беморнинг кўнгли учун ҳеч нарсани сезмаганга олиб бепарво сўзлашга уринди.

– Мени овутма, Тўйчи. Эллик йилдан бери енгу-елкадош дўстмиз. Даврамиз бир бўлди. Қуру тўримиз бир бўлди. Ҳамиша бир-биримизнинг оримизни олиб курашдик. Бу атрофда сендай оркаш полвон йўқ ҳисоб. Ҳамиша сенга тан бериб келдим. Буни бугун тилимга чиқараяпман, ошна. Гапнинг бўлари, Тўлқинбойимнинг тўйини кўролмаслигим аниққа ўхшайди. Сезмай қолдим, дард бирдан йиқитди. Шу болам афғон урушига кетганини эшитган кунимда кўкрагимда бир нарса пайдо бўлганди. Болам ўша ёқдан келгунигача неча бор ўлиб тирилдим. Кўксимдаги оғир тош каттариб, ич-этимни эзиб юборган, билсанг ошна. Ҳа майли, дийдиёнинг нафи йўқ...

Тўйчи полвон дўстининг беҳудага ўз дардини дастурхон қилиш учун чақиртирмаганини билиб, ҳис қилиб турарди. Тўғрида, Раҳим полвонни энди кўриб тургани йўқ.

– Хуллас, ошна, шу қизинг Хайринисони Тўлқинимга келин қилсак. Энди бу ёғи икковига ҳам ўзинг оталик қилсанг. Узанги йўлдош ошначилигимиз ҳурмати, илтимос қиламан, сўзимни ерда қолдирма, Тўйчи ошна!

Тўйчи полвон бироз каловланиб турди-да, хўп маъносида бош ирғаб, ризолик билдирди.

Раҳим полвоннинг йили ўтгач, аҳду қарор – эр йигит лафзи, деганларидай Тўйчи полвон данғиллама тўй қилиб, қизи Хайринисони Тўлқинга узатди. Бироқ Раҳим полвон қизини эрга берди деса, биров полвон ўғлини уйлантирди, Тўлқинжон отаси билан ошна бўлгач, ота ўрнида оталик қилди, дейишди. Нима бўлганда ҳам элнинг кўнглидаги иш бўлди.

Олахуржун елкасига тушган куёв хўжалик техника омборидаги “Олтой” занжирли тракторни инженердан қабул қилиб олди. Бир ой қорамойга беланиб таъмирлади. “Олтой” гуриллаб ўт олганда, Тўлқин қалпоғини тепага отиб, бор овозда қичқирди:

– Уррра-а-а! Танк соз бўлди. Танкни тузатдим. Халойиқ, танкмисан танк тайёр бўлди.

Гараждагиларнинг кулавериб ичаги узилди. Ҳамкасбларга худо берди:

– Танкингнинг пушкаси йўқ-ку... Ёки бу урғочи танкмикин?... – деди Ҳайдар тракторчи ҳаммага эшиттириб дўриллаган овозда.

– Эй, Тўлқинбой, афғондаям танк ҳайдагансиз-а?, – ўсмоқчилади Ражаб қоровул нимагадир шама қилиб.

– Ҳа, ҳайдаганман. Етти юз ўн олтинчи танкни ҳайдаганман. Бутун Афғонистонни кезиб чиққанман, – Тўлқин коса тагидаги нимкосани пайқамади.

– Хўш, энди манави урғочи танкнинг кетига пулуг боғламасдан, бир ўша ёққа – Афғонга олиб бориб келмасангиз бўлмайди. Йўқсам, уволига қоласиз.

Қоровулнинг пичинги Тўлқиннинг энсасини қотирди:

– Нега ундай дейсиз?

– Ахир у ёқдаги танкдан қочириб, насл олмайсизми. Бир умр бепушт бўлиб юраверадими?

Бўлди кулги. Бўлди қаҳқаҳа. Тўлқиннинг ҳамқиш¬лоқларининг беғараз ҳазилидан кўнгли яйради. Бугун кайфияти чоғ эди, “танк” тузалди, энди далага чиқиб ишлайди.

– Тўлқинбой, агар афғонга яна қайтиб боришдан чўчиётган бўлсангиз бошқа йўли ҳам бор, – деди Ҳайдар тракторчи.

– Хўш, қанақа йўли бор? Ўша ёққа боришга юрагим дош бермай, очиғи қўрқиб тургандим.

– Ҳозир “танк”ингизга пулуг тиркаб тўғри Рўзи махсумникига борасиз. Камида йигирма сотих ери ҳайдовсиз ётибди. Сўраб-нетиб ўтирмай, ерини ҳайдайверасиз. Ишни тугатгач, махсум ҳаққингизга дуо қилиб, “Олтой”га дам солиб қўяди. Кейин кўрасиз, “танк”ингизнинг бўйида бўлади.

Техника омборидаги ҳангома шу куниёқ қишлоққа ёйилди. Тўлқин ўзига танк деган лақаб орттириб олди. Одамлар Тўлқин танк дейдиган бўлди. Бориб-бориб қишлоқдошларининг шундай чақиришларига ўзи ҳам кўникиб кетди. Одамлар Тўлқиндан миннатдор эди, қишлоқ аҳли Тўлқинни яхши кўришди: “Тўлқин танк барака топсин, еримизни ҳайдаб берди...”, “Ана, Тўлқин танкка айт, ерингни текислаб беради...”, “Тўлқин танк адирликдан ер очишимизга ёрдамлашди...”, “Тўлқин танк тоғдан ўтин судраб олиб келиб берди”. Хуллас, Тўлқин танк аллада азиз, тўрвада майиз бўлди-қолди. Рўзғорига ҳам барака инди. Қўлинг қуруқ бўлмасин деб қишлоқдошлар хизмати эвазига чой-чақа бериб турди. Мол-ҳол қилди, қўрасига қўй, катагига товуқ кирди. Фақат ҳовлисида пилдираб, югургилаб товуғига тош отадиган боласи йўқ эди. Тўлқин танкнинг ичи эзилиб борарди.

Ичи куйиб-кул бўлиб борарди. Йиллар ўтаверди. Тўлқин танк яхши ният билан Денов бозоридан олиб келган бешик ҳамон уй бурчида осилиб турарди. Ўргимчак тўр ташлади бешикка. Хотини Хайринисонинг туман марказига дўхтирга қатнайвериб силласи қуриди. Охири қўл силтади. “Пешанамдан кўрдим. Худонинг айтган яхши куни ҳам бордир”, деб ўйлади.

Тўлқин танк одамлардан яна ўзини олиб қочадиган бўлиб қолди. Гўёки ҳамма унга қўлини бигиз қилиб кўрсатаётгандай туюларди. Олдинги одамовилигига қайтди. Яна қора ўй-хаёллар ғужғон ўйнаб, бошида оғриқ қўзғала бошлади. Кечалари алаҳсиб ухлай олмади. Кўзи илинди дегунча сон-саноқсиз танклар босиб келаверар, қиёмат-қойим жанг майдонида қолиб кетарди, гоҳида гўдагини бағрига босиб югураётган Хайринисони соч-соқоли ўсиқ, саллали, қурол тутган кишилар қувиб боришар, ушлаб ўртага олишар, шафқатсизларча отиб ташлашар эди. Баъзида аллақаерлардан пайдо бўлган болакай Тўлқин танкка қараб чинқириб югурар, навқирон пайтида ўзи жанг қилган Чорикор чангалзорлари, Погман ва Гардез тоғлари, Кандаҳор чўлларидами, қаердадир ўша югириб юрган болани ҳимоя қилиш учун кўксини ўққа тутар, югурай деса зил-замбил оёқлари ўзига бўйсунмас эди. Бундай пайтларда бақириб уйғониб кетарди. Урушнинг хотира оғриғини инсон тафаккуридан ҳеч бир куч суғуриб олиб ташлай олмас экан. Уруш одамзотни барибир мағлуб этиб, уни ўз комига тортиб оларкан, инсон уруш хотираси комида яшаркан.

Оғзига кучи етмаганлар ғийбат қилди, бу дунёда ғаними йўқ одамнинг ўзи йўқ экан. Тўлқин танкнинг афғон урушида нафақат калласи кетган, пушти ҳам куйиб кул бўлган, дегувчилар ҳам топилди. Тешик қулоқ эшитади-да, бундай пайтлар Тўлқин танкка еру осмон қоришиб кетгандай, елкасини бир оғир юк босиб ер қаърига киргизиб юбораётгандай туюларди. Қишлоқ юқорисидаги оқтепа пойида кўксини зах ерга бериб, юзтубан ётарди. Куйиб ёнган бағрини ерга босиб совутарди, ҳовуридан тушарди. Шундай кезлари ўтмишнинг туманли манзаралари хаёлини қоплар, зил-замбил бошида оғриқ турарди.

* * *

...Дастлаб қарсиллаган, сўнг лаҳзада борлиқни ларзага солиб гумбирлаган портлаш эшитилди. Қўрғон томон ғизиллаб бораётган танк лопиллаб ҳавога кўтарилиб, оний ҳолатда муаллақ тургандай бўлди-да, гурсиллаб ерга қулади. Тўлқиннинг қулоқ-чаккаси шанғиллаб, боши кузатув ойнасига урилди. Ҳуш-беҳуш ҳолатда танк портлади, деган ўй хаёлини чақиндай тилиб ўтди. Кейин эшик қопқоғини қандай очиб қай ҳолатда танк ичидан ташқарига отилиб чиққанини эслай олмади. Ёнидан кўкиш тутун кўтарилиб, чанг-тўзон ўрлаб, портлаш рўй берди. Зарб билан урилган иссиқ ҳаво тўлқини тўрт-беш қадам нарига, хароба кулба девори ёнига учириб юборди. Қовуғида жизиллаган оғриқни ҳис этиб ҳушидан кетди.

Қобулдаги марказий госпиталда тўрт ой даволанди. Елкасидаги, сўл курагининг пастидаги жароҳат енгил эди, тез битди. Бироқ қовуғини ёриб кирган снаряд парчасини олиб ташлаш ўлим билан баробар бўлди. Ит азобини тортиб қийналди. Яра заҳми умуртқагача етди. Дард ҳам, даво ҳам тақдирнинг ёзиғи. Куни бор экан, ҳаётга қайтди. Госпиталдан чиқадиган куни палатага даволовчи врач полковник Стоногин кириб келди. Каравотга ётқизиб, обдон кўрикдан ўтказди. Киндиги пастига, қовуғига ўртанча бармоғи билан уриб кўрди, тумба устидаги касаллик варақасини олиб синчиклаб кўздан кечирди. Тўлқинга “бўлди, ўтиравер” ишорасини қилиб, ўзи ҳам унинг ёнига чўкди. Йигитнинг елкасига қўл ташлаб, нигоҳига термулиб турди, сўнг муҳим гапни айтмоққа шайланиб, лаблари пирпиради... Куйиб-пишиб нималарнидир гапираётган полковникнинг сўзларини ўрисчага шашти паст Тўлқин унчалик англаб етмай, бош ирғаб қўярди. Йигитнинг бунчалар бамайлихотир бош силкитиши полковникнинг энсасини қотирди, шу билан бирга раҳмини келтирди. Каравот ёнида серрайиб турган ҳамшира юзини бурди, елкалари силкиниб, пиқиллаб йиғлаб юборди. Полковник жарангдор овозда: “Ну ладно, самый главный ты живой!” – деди.

Тўлқин бу гапнинг тагидаги мазмун-моҳиятни анчагача англай олмай юрди. Сўнг тириклигингга шукур қил, тириклик ҳамма нарсадан афзалдир, деган маънога йўйди.

* * *

Оқтепа пойидаги зах ерга бағрини босиб ётган, дунё кўзига қоронғу кўринган кезларда полковникнинг ўктам овози қулоқлари тагида жарангларди. Бутун аъзойи бадани титроққа тушарди, уятдан ер ёрилса-ю, ерга кириб кетса... “Энағар билган экан-да... Шунинг учун менга ғалати қараш қилиб гапирган... Пуштим куйганини сезган экан, мен овсар унинг куйиб-пишгани сабабини тушунмабман. Ҳамширанинг йиғлагани-чи?.. Бу кунингдан ўлганинг яхши... деганимиди бу. Уф...ф, одам тирик туриб ҳам ўлар экан-да, полковник? Мен тирик бўла туриб ўлган одамман, полковник!..”

Тўйдан олдин таомили тақдир деб уялиб-нетиб, кўзига кўринмай юрган Тўлқинга Тўйчи полвон одам юборди. Ҳузурига чорлади. Тўлқин уялди. Бетини без қилиб бўлғуси қайнота ҳузурида хўроздай бўп турса эпдан бўлмас. Эл-улус бор. Элагининг эпақаси кетган оломоннинг оғзига эрмак бўлсинми...

Тўлқиннинг истиҳоласи полвонга хуш келди. Ори бут экан, томири тоза-да, тарбиянинг таги зил кетмабди, деб кўнгли хотиржам тортди: “Ундай бўлса, ўзим борганим бўлсин!”.

Тўйчи полвон Тўлқинни кўчада тутди. Полвонни кўриб Хурсан калнинг дарвозасига ўзини ураман деб тайсаллаган эди, улгуролмади, полвоннинг гуриллаган овозидан жойида тошдай қотди:

– Ҳов бола, бери ке! Қочма, ўғлим!

Полвоннинг қаршисида туриш қийин бўлди, унинг ўсиқ қошлари орасида ялтиллаб турган ўткир нигоҳ¬ларига дош беролмади. Ияги ўмганида. Полвон дуриллаб гапирди, назарида бутун қишлоқ эшитиб тургандай Тўлқин ўзини қўярга жой тополмай қолди:

– Отангнинг васияти вожиб бўлди, сени куёв қилдим. Бу деганим ўғлим йўқ эди, ўғлим бўлдинг деганим. Хайринисо – якка-ёлғизим. Хотиним бундан олдин тўрт ўғил туғди, тўртовиям турмади, ерни семиртирди, йўғасам тўртови тўрт томонимда тик устун бўлиб бошимдаги осмонни суямасмиди? Бу дунёда топганим – ўғлим ҳам шу, қизим ҳам шу. Болам, насиҳат-ниятим – боламга қўл кўтармайсан, томиринг тоза сувга теккан – Полвон наслидансан, чин эркак аёлга қўл кўтармайди, болам. Ожизага қўл кўтарган эркакнинг эркаклиги қолмайди, рўзғорининг ҳам баракаси учади. Уқдингми, болам? – полвоннинг овози қалтираб чиқди.

– Тушундим, Полвон ота! Тушундим. Аёлимга кўтарилган қўлим синсин, қўлим узилиб тушсин, – деди Тўлқин ҳам.

– Биламан, болам, биламан. Отангнинг боласисан! Ожизнинг оҳидан қўрқадиганлар хилидансан. Томиринг тезак қуйқали кўлмакдан сув ичганда оғзимнинг елини шамолга бермасдим, болам.

Полвон кетди. Тўлқин йўлнинг қоқ ўртасида ўзига келиб-келмай сўррайиб туриб қолди.

Тўлқин Хайринисога сира қўл кўтармади. Уч йил ўтди, беш йил ўтди – зор-зардобни ичига ютди. Нима десин? Нима қилсин? Оҳини кимга айтсин. Эшитган қулоққа ёмон. Ўл-а, бу кунингдан дейишмайдими, бу кунингдан ўлганинг авло демайдиларми? Йўқ, Тўлқин танк аёлини урмади, ўзини урди, ургандаям ерга, қаттиқ, тош-метин ерга кўтариб-кўтариб урди. Полвоннинг боласи эди Тўлқин танк. Уни ҳали ҳеч ким бундай алфозда, ўзичалик ерга урмаган эди, ўзини ўзи ерга урди, ёлғиз қолган паллаларда пахтазор ўртасидаги лайлак тут тагига бориб ўзини ўзи ерга уриб-уриб йиғлади, ичи эзилиб йиғлади. Ичи тўкилиб йиғлади, хилватда ҳаловат билмади – уй ичини қулфлаб, икки дунёси зимистон бўлиб, ўзини ерга отди, тутқаноқи тутиб, қуёнчиғи қўзиб, ўзини ерга урди.

Тўрт томирини тупроқ чиритган, тўрт мучасида тўрт ўлимнинг армони қотган Тўйчи полвон ҳам бу дунёнинг номардлигига тан берди, ҳаё-ҳуйт, деб этак силкиб, бу дунёни тарк этди. Армони Тўлқин ўғли, Хайринисо қизининг бешигида бувак йиғламади. Чолининг ими-жимида ўз ишини битириб, чархи чиғирни ўзига омонатга қолдириб кетганидан кўнглига қил сиғмай қолган Музтар кампир, қизи Хайринисо чеҳрасидаги синиқликними, сўниқликними аҳён-аҳёнда пайқаб, жазаваси тутиб қоларди. Кампирнинг тишсиз оғзидан шу даражада ҳақорат тошлари ёғилардики, бу тошу дашномлар ўқи кимга қаратилганини Хайринисо ҳис қилиб турар, ич-ичидан эзилиб кичрайиб, шу муштдеккина кампир олдида ўзини ожизу нотавон сезарди.

– Қилобдан кетгурнинг геррайишига ўласанми? Сени буйтиб хода ютиб юришингга бировнинг оқ бути қора куярмиди. Қилиқсизники қирқ қарич деб шуни айтсалар керакда, темир-терсак ичида мойга ботиб, шувиллатиб шувиллак чалгандан кўра ўзингни қаратсанг ўласанми, бўйнинг узилгур! Ўзингдиям, бошқалариям овораи жаҳон этиб нима қиласан, кўкайимни қуритиб, кўктомиримни чиритди-я, бу гўрсўхта.

Хайринисо “гўрсўхта” кимлигини билади. Эри. Эрини қарғаяпти энаси. У шўрликка ҳам осон дейсизми? Ўз дарди ўзи билан. Хайринисо эрини яхши кўради. Гоҳида балки “айб” ўзимдадир, шундай эркакни оввораю жаҳон қилаётгандирман...” деган ўйга боради. Қўрқувдан сесканиб кетади. Эрини ўзидан айри тасаввур қилолмайди. Минг бир таҳлика ўти ичида хаёлига келган машъум ўйдан тўлғониб, чидай олмайди. Ўзини қўярга жой тополмай типирчилаб қолади. “Ундай эмас. Айб мендамас. Термизга текширувга борганимда дўхтир опа ичингиз тўла бола деб эди...” – деган ўй билан ўзини юпатади, ёнган кўксига сув сепади. Бироқ, бу таскин ҳам узоққа чўзилмайди. “Айб” эрида экан, мабодо эри тузалмаса-чи! Бундай кезда ҳам Хайринисо ваҳима гирдобига кириб қоларди. На унисига чидайди, на бунисига. Хуллас, ёстиғини эридан бошқа бировга юмалатишни истамас, бундай бўлишини тасаввурига ҳам сиғдиролмасди. Эрининг дўқ-пўписасидан чўчиб мум тишлаб тўйга ризолик берган Музтар кампир ҳол сўраб келган қизига ҳовлини бошига кўтариб арзи-дод айларди:

– Ҳой, менга қара, болам. Анави қирчинингдан қийилгурингга айт, трактори билан қўшмазор бўла¬вермай ўзини уёқ-бу ёққа кўрсатсин! Қартайиб кўксингда сутинг қотгач, супрақоқдига зор бўлиб умринг ўтади.

Тўйчи полвон йўқ-да, Тўйчи полвон йўқ. Овозини осмонга қўйиб, ҳовлини бошига кўтарадиган бўлди кампиршо. Хайринисо энасининг уйидан кўнгли чўкиб, қадди букилиб қайтади. Қир этагидаги ўз уйига келгунча бошида турфа хаёллар айланади. Энаси айтгани каби чинданам кўкрагим қуриб қолдимикан, деб кўксига қўл юбориб кўради, эти увишиб, қўл теккан юмшоқ жойига титроқ киради, қаёқда, ҳали қаримаган, қуруқ ўтинга айланмаган.

Бу қилиғидан юзига қизиллик уриб, уялиб кетади, чор теваракка аланглаб қараб қўяди. Хайрият ҳеч ким кўрмади.

Кўраси атрофида куйманглаб, гўнг уюмини томорқага сочаётган Рўзи махсум қўпорилиб тушган пахса девор оша адирга туташ йўл адоғига қарайди. Қип-қизил кўйлаги шамолда олдга ҳилпираб, келишган бели-бастини кўз-кўзлаб кетаётган Хайринисо Рўзи махсумнинг кўзига ловуллаган олов бўлиб кўринади. Махсум энтикиб тикилади. Кафтини пешонасига соябон қилиб қарайди. Ичида нимадир қўзғалиб, бўғзига тиқилиб қолгандай бўлади. Қони кўпириб-тошади. Оғир-оғир нафас олади, энтикиб, хўрсиниб қўяди:

– Энағар, Тўлқин танк, шундай жувонни хор қилди, – дейди ўзига-ўзи ютиниб. Сўнг адир адоғидаги гуриллаб ёнаётган қип-қизил олов кўздан ғойиб бўлгунга қадар тикилиб туради-да, ҳувиллаган ҳовлида бир ўзи сўппайиб қолгани, хотинини Руқиянинг беш яшар қизини етаклаб онасиникига, қўшни қишлоқ – Обширга қайтмас бўлиб кетгани алам қилади, ёлғизлик жон-жонидан ўтиб, суяк-суягини қақшатиб оғритаётганини ҳис қилади, беҳол пахса деворга суяниб ўтириб қолади. Уккағарди қизи Руқия мард экан. Оғзиниям очмади. Тишиниям ёрмади. Элга овоза қилмади, лозимини бошига илиб айюҳаннос солиб, қишлоқни бошига кўтариб шаллақилик қилмади. Қизининг қўлидан ушлаб етаклади, кетди! “Уйингга ўт тушсин. У дунёи бу дунё хору зор бўлиб ўласан. Манави норасиданинг уволи тутади... “Худога солдим. Икки кўзинг кўр бўлмаса, розимасман” деди қизининг қўлидан тортқилаб. Охирги гапни айтганда Руқиянинг кўзига ёш келди. Рўзи махсум ток ургандай сесканиб кетди, оёқ-қўли бўшашиб, эти увишди. Назарида, хотини ўзи билан юрак-бағрини ҳам суғуриб олиб кетаётгандай эди. Даҳлизда қуниш теккан товуқдай қалтираб турган Тамара малла ўз она тилига ўзбекчани уриштириб, пойма-пой сўзлаб ўзини оқламоққа уринарди:

– Ҳой, ты совсем дура, мен яхшиликка келувдим, эрингга уқутувга, дам солдирувга келувдим. Нега так шовқин-сурон соласин... Ибей, соседлар эшитсалар не дейди. Ким айтади сени мулланинг хотини деб.

Руқия эшик кесакисига суяниб, илкис қаради. Нигоҳида қаҳр учқунлари сачрагандай бўлди:

– Овозингни ўчир, мегажин. Болталаб ташламаганимга шукр қил, қари кампир... Ўзингни ўқитгани келган бўлсанг, бу исқиртнинг қўйнида ётиб ўқиттирасанми?..

Тамаранинг уни ўчиб, нафаси ичида қолди.

Рўзи махсум музтар бўлди, тили калимага келмади.

Шундай қилиб хотини кетди, лекин кетганда ҳам қишлоққа гап оралатмай кетди, дими-дирс бўлиб кетди. Тамара билан икковининг орасида бўлиб ўтган гап фақат уччовига ва биргина Худога аёнлигича қолди.

Мана шундан бери Рўзи махсум сўққабош. Беш йил бўлди, ҳовлидаги дорда аёлнинг кийими илинмади. Тамара ҳам қишлоқни тарк этди. Айтишларича Уфага, опасиникига кетганмиш.

Қишлоқ аҳли негадир Рўзи махсумдан чўчирди.

Унинг уйи ҳам қишлоқнинг четида эди. Бир ўзи якка-мохов бўлиб яшарди. Эл орасида махсумнинг қори бобоси жодугар ўтган, кўзга иссиқ қиз-жувонларни дуоибанд қилиб, ортидан, эргаштириб кетаверган, деган гап-сўзлар юрарди. Рўзи махсум элнинг тўй-маъракасида ўзини кўрсатарвермас, унга тўй ёки маърака соҳибининг ҳам кўзи учиб ўтирмас эди.

... Мана, ҳафтадирки Рўзи махсумнинг халовати йўқ. Шунча йилдан бери билинмаган ёлғизлик энди билингандай. Уйқуси қочди. Кўзини юмди дегунча, уфқ йўлида қип-қизил кўйлагини шамолда ҳилпиратиб, сими-симбатини кўз-кўз қилиб кетаётган Хайринисони кўради. Ҳаром томирида жодугар бобосининг қони қайнаб, кўкнори боши қизиб, кўзи қизаради. Нафси-наҳс оралиғида турли режалар тузди. Охири, катта бир семиз қўчқорни Хумор момонинг неварасига етаклатиб, тўғри кампирнинг ҳовлисига кириб борди. Қишлоқда ғийбату-ғурбатнинг бошида турадиган Хумор кампир бундай мулозаматдан гангиб қолди. “Момо, савоб учун, ўғлингиз Ҳайдарқул армиядан келса оёғининг тагига думалатасиз. Тўхтасин бобом хешимиз эди, Худо раҳматли чолингизнинг ҳам руҳи шод бўлади, ният қилганман, момо.” Рўзи махсумнинг гапи кампирни сариёғдай эритди, кўнглини сел-селоб қилди, раҳматли чолининг тиригида тўқимга алмаштирмайдиган Рўзи махсум бугун чолнинг ҳурматини жойига қўйиб, қўрага сиғмайдиган қўчқор тортиқ қилгани момонинг ҳушини учириб, дили-димоғини чоқ қилган эди.

– Ҳа, энди, момо, ўтадиган беш кунликда бир-биримизга меҳр-оқибат кўрсатсак, нимаси ёмон. Айниқ¬са, қишлоқдаги сиздай, дугонангиз Музтар момодай кайвони кампирларнинг дуосини олишнинг ўзи ҳам савоб-ку. Ҳазрат Навоий ҳам инсоннинг кўнгли Каъбадан азиз, деб бежиз айтмаганлар, момо. Ҳа, айтмоқчи, дугонангиз Музтар кампирнинг соғлиги яхшими, раҳматли полвон бобо кетиб кампир ҳам сўппайиб қолди. Бу дунё-дун шу экан-да, момо...

– Нимасини айтасиз, иним. Кеча кўрганинг бугун йўқ, деб шуни айтадилар. Музтар ҳам изимиздан чироғимизни ёқадиганнинг томирига болта тегди деб куюнади. Шугина, ёлғиз қизиям тирноққа зор ўтаяпти. Кампирнинг дарди шунда. Ўлиб ўлолмайди, шўрлик. Тинчи-ҳаловатига ўт кетган, дарди бир ўзи-ю, якка Оллоҳимга аён...

– Момо, суқсурдай қизининг умри завол топаяпти. Биласиз, бу қишлоқ, бир-бирига чатишиб кетган. Баримизнинг томиримиз бир. Қариндош-уруғмиз. Бегона йўқ. Мениям момомга раҳмим келади. Самарқанддаги нафаси тошни ёриб, сувни тескари оқизадиган мулла ошнам дам солинган дуоли дорилардан берувди. Ўзим айтсам ноқулай, момо, сиз Музтар момомга айтинг, қизи Хайринисони бизникига олиб келсин. Ноумид шайтон дейдилар... Илло, дуойи дармонимиз мустажоб бўлса... Музтар момога жоним ачиганидан айтаяпман буни.

Мулла рўзи шу тобнинг ўзида мўъжиза кўрсатиб, Хайринисонинг бўйида гумона пайдо қилгани каби Хумор кампир бир қалқиб кетди, беихтиёр кўзига ёш келди, қўлларини дуога очиб махсумнинг шаънига бисотидаги жами яхши гапларни айтди, сўнг қуруқшаган бармоқларини намли юзига тортиб махсумга тикилди:

– Боради, Махсумжон, боради. Зора бир бечоранинг мушкули осон бўлса...

...Хайринисо остонадан кўчага ҳатлаши ҳамоно қалқиб кетди, энаси Музтар момога суяниб, ўзини тутиб қолди. Азойи бадани куйиб, ичида титроқ турган жувоннинг юрак уриши тезлашиб, бошига лўқиллаб оғриқ кирди.

– Эна ғалати бўб кетаяпман, оёқ-қўлим қал¬тира¬япти. Дармоним йўқ, эна, – деди базўр.

– Махсумнинг дами ўткир, болам, бу дуонинг кучи, – деди кампир ҳам ўзида алланечук титроқ сезиб, – Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Кеча яхши тушлар кўрдим. Раҳматли отанг боғимизда олма териб юрибди. Юзи ойдай тиниқ, кулиб-чарақлаб турибди. Бу яхшиликка, худо хоҳласа, этагинг тўла бола сенинг. Махсум ҳам айтди-ку, қизингизнинг йўлида банд солинган деб. Махсум шу бандни олади. Илоё, умридан барака топсин...

Хотини тўрт кундирки майизми, қанд-қурсми ту¬гунча қилиб эрталабдан онасиникига отланади. Тўл¬қин танк Хайринисонинг кейинги пайтлар ҳардам хаёлроқ бўлиб қолганини сезиб юрибди. Аввалдан жини суймайдиган қайнонаси яна “пропаганда”ни бошлаган кўринади. Мижғовсираб қизини тергагани-тергаган. Буларнинг оиласига бурун суқишни сира канда қилмайди. Доимо бир балони бошлаб юради шум кампир. Тўлқин танк қайнонасини ичида бўралаб сўкиб, кўнгли таскин топди-да, хотинидан бугун яна қаёққа отланиб қолганини сўради.

– Энамни кўриб келаман, тоби йўқ, – деди.

Хайринисо шундай деди-ю, ёлғон сўзлаганидан дув қизариб кетди, назарида, эрига нисбатан ножўя хатти-ҳаракатлар қилаётгандай, эридан сир тутган нарсаси эрининг иззат-нафсини топтаётгандай, шу билан эрини ҳақоратлаётгандай туюлди. Бор гапни эрига шартта айтмоққа чоғланган эди, Тўлқин танк билганингни қил, деган каби қўл силтаб, булдозер занжирига оёқ қўйиб кабинага кирди-да, уни ўт олдирди. Булдозер гуриллаб, Обшир адир томон йўл солди.

Музтар кампир оёғим оғрияпти, деб оҳ-воҳ қилди. Қирилиб кетгур жин кўчадан адирлик бўйлаб махсумнинг уйига қатнашверишга ҳолим йўқ болам, деб зорланди. Ўзинг бор, ихлосни канда қилма деб қизига ялиниб-ёлворди. Махсумнинг дами ўткирлигини яна бир бор қизига писанда қилди.

Қишлоқдан айрилиб қолган, нишоблик орқали тор сўқмоқ олиб борадиган махсумнинг кулбаси ҳаёт уммонидан улоқтириб ташланган кемадай файзсиз ва кўримсиз эди. Хайринисо пахса деворга омонат тиркалган эшикни тақиллатиб очиб, ичкарига ҳатлаши ҳамоно ботинида ваҳима қўзғалди, бир ўйи ортимга бурилиб қайтиб кетаман, деб тараддудланиб турган эди ҳамки, рўпарадаги пастқам уй эшиги очилиб, даҳлизда Рўзи махсум пайдо бўлди:

– Келсинлар, биби, келсинлар, – деди томоқ қириб чийиллаган овозда, эгнидаги желак ёқасидан икки қўли билан ушлаб, курашга шай полвондай қаддини ғоз тутиш қилди.

Хайринисо ноилож эшик ёнида туриб қолди. Махсум яна бир бор томоқ қирган эди, оёқлари ўзига бўйсунмай, беихтиёр даҳлиз томон юрди. Димиққан, ним қоронғи хона ичи фонуснинг хира ёғдусида ютиб юбораман дегандай ваҳимали кўринади. Махсум бурчакдаги исқоти пўстак устига бориб ўтирди. Жувонга бери кел, ишорасини қилиб, қўли билан ёнига чорлади. Хайринисо сеҳрлангандай махсумнинг ёнгинасига бориб ўтирди, носнинг бадбўй ҳиди димоғига урилгандай бўлди. Махсум томоқ қириб қўлини дуога очди. Хайринисонинг кўз олди хиралашди. Махсум узундан-узун нимарсаларни овоз чиқариб ўқий бошлади. Хайринисонинг азойи бадани терлаб, титроққа тушди. Бирпасда махсумнинг қиёфаси ўзгариб, мутлоқ бошқа тусга кира бошлади. Махсумнинг кўкрагидан юқориси, бош қисми туйқус бўри кўринишини олди, сўнг танасида тулпорнинг боши пайдо бўлди, хуллас махсумнинг қиёфаси дамба-дам тушунарсиз бир ҳайвоннинг қиёфасига кираверди. Ўтакаси ёрилган Хайринисо қўрқув азобида шилқ этиб махсумнинг тиззасига йиқилди, ҳушидан кетди...

Хайринисо зил-замбил бошини базўр кўтарди. Боши лўқиллаб оғрирди. Нима воқеа рўй берганини англай олмай, бир оз карахт аҳволга тушиб қолди. Танаси пийпаланганини, гулли чит кўйлаги бари кўкрагига сурилиб, бадани ярим очиқ ҳолда ётганини ҳис этди. Ток ургандай сесканиб, ови тиззасига тушиб қолган лозимини тўғрилаб кийди. Нима бўлганини англаб, телбанамо кулиб қўйди. Хаёли ўзида эмасди, гўё ичига бир нарса кириб олиб, уни сархуш этарди. Сўнг хона бурчидаги тунука печ ёнига қўйилган бир челак сув ва занглаган тоғорага кўзи тушди. Ботинидан келаётган буйруққа итоат этиб, челакдаги илиқ сувга чўмич солди – ювинди. Гўёки, ҳеч нарса рўй бермагандай оҳиста кийиниб ҳовлига чиқди. Назарида у бу ҳовлида узоқ-узоқ йиллардан бери яшаб келаётгандай эди. Айни тобда унинг ўйлашига, фикрлашига нимадир монелик қиларди, у сеҳрланган кўйи кўчага чиқиб Обшир адир томон – ўз уйига йўл олди. Борлиқ шафақ оғушига чўмган намозшомда тоғ томонда бир парча олов кўзга ташланарди. Муддаосига етган махсум мамнун ҳолда унга термулиб турарди.

Хайринисо худди сеҳрланган каби инон-ихтиёрини Рўзи махсумга топшириб қўйди. У ҳар куни эрталаб, “Энамни кўргани бораман”, деб йўлга чиқарди. Тўлқин танк хотинининг ўзидан узоқлашиб, орада совуқчилик тушаётгани, Хайринисонинг бетгачопар бўлиб бораётганини қайнонасининг қилмиши деб тушунди: “Жодугар кампир қизини ҳар куни менга қарши қайраяпти, урғочи шайтон ерга кирмагунча менга тинчлик бермайди, мени бунча ёмон кўрмаса...”, деган ўй кўнглига оғриқ солди.

Хайринисо бу оқшом ҳам эрини хушламай қарши олди.

Тракторнинг тар-тури ўчиб, эри гурсиллаган қадам билан супа ёнига яқинлашганда Хайринисо сапчиб ўрнидан туриб, овқат иситиш баҳонасида ўчоқ бошига югургилаб кетди. Гилосга қизиллик, довуччага хол уриб, пишиқчилик оғзида турган ёзнинг илк оқшомида Тошқул дўкондорнинг бир шиша виносини тик туриб урган Тўлқин ўзича қадим бир куйни хиргойи қилиб келди-да, супа қирғоғига чўккалаган бўлди. Сўнг ўзини кўрпача устига ташлаб, сархуш ҳолда хотинини ёнига чақирди.

– Хайри-и-и, ҳо, Хай-ри-ии. Ке буёққа, овқат-повқатинг керакм-а-ас.. Ёнимга ке.

Хайринисонинг кўнгли айниди. Ўхчиди, зардолига суянган кўйи алланечук аҳволда, ҳолсизланиб ўтириб қолди. Бу ҳол иккинчи бор такрорланаётгани, ботинида сақлаган сир, қўрқув, ўлим янглиғ бир фожиа юзага қалқиб чиқаётганини англаб, эрига мунғайиб қаради. Офтобада юз-қўлини ювиб, ўзини дадил тутишга чоғланди. Ўрнидан турган эди, боши чириллаб айланди, лаҳзада кўз олди қоронғулашиб зардоли танасига суяниб қолди. Чалқайрамон бўлиб сузик кўзини кўкка тикиб, ҳалиги зорманда таъсирида сархуш ётган Тўлқин танк энди ўдағайлай бошлади:

– Хайрии, ҳо, Хай-ри-и-и... Энангди сени... Хайриии... Ке буёққа!!!

Хотини дарахтга суяниб жойида тош қотиб тураверди. Айни шу алфозда нафақат эри, балки бутун эркак зотини кўрарга кўзи, отарга ўқи йўқ, бошқоронғу Хайринисо эрига нафрат билан қаради: “Қирилиб адо бўлгур ношуд эр, мени итнинг олдига ташлаб, чалқайромон ётиб кариллашингга ўлайинми..?”.

Сабри чидамаган Тўлқин танк ўрнидан қўзғалиб айиқ юриш қилиб хотини томон йўл солди. Бориб хотинининг белидан қучди. Тўлқин танк хотинининг кенг-мўл чит кўйлаги ичидаги қорни войишдаги кадидай дўппайиб турганини пайқади. Аъзойи-бадани бўшашиб кетди. Бошида чақин чаққандай бўлди, хотинини қучоғидан бўшатиб турган жойида қўлларини осмонга чўзиб йиғлаб юборди-да, телбаларга хос қиёфада ўчоқни айланиб югура бошлади, сўнг тош қотиб турган хотинининг ёнига келиб, уни яна қучмоқчи, суйиб-эркаламоқчи бўлди. Хотини жон уҳмида унинг қўлини силтаб ташлади, ғайри-шуурий тарзда эрининг кўксидан итарди. Ғазаб ва нафрат олови важоҳатли тус олган кўзларини эрига тик қадади. Бу ўткир, қўрқинчли нигоҳларга эркак дош беролмади, унинг ичидан нимадир узилиб кетгандай бўлди.

Хайринисо худди ақлдан озган каби бошини чайқаб, эрининг ёқасига чанг солди:

– Мени ўлдир! Мени ўлдирақол! Менга ит тегиб бўлди. Мен хор бўлдим. Нега бақрайиб турибсан. Гумонам сендан эмас... Сен ношудсан!

Аёл уввос тортиб йиғлади-да, ўзини эрининг оёғи остига ташлади. Икки дунёси қоронғу тортган Тўлқин танк карахт аҳволда, бояги хушҳолликдан асар ҳам қолмай ичган виноси бурнидан булоқ бўлиб гарангсираб турарди. Кайфи тарқаб, ҳуши учган Тўлқин танк бошига кирган оғриқдан иҳраб юборди. Аёлнинг хиёнат қилганини англаб, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Ярадор арслондай ўкирди. Ерда ғужанак бўлиб ётган хотинини юзи аралаш тепиб юборди-да, ҳовли эшигидан кўчага отилиб чиқди. Боши оққан томонга йўл олди. У кўз ёшларини тутиб туролмас, бўғзида қон-зардоб оқиб ихрар, бу дунёда нималар бўлаётганини англаб-англамай тепалик томон югургилаб борарди. Ҳаллослаб, ҳарсиллаб бораркан нималардир деб ғулдирар, сўкинарди.

* * *

...Саҳармардонда тепалик адоғидаги даладан ўт ўргани чиққан Болта муаллим Рўзи махсумнинг эшиги ёнидаги қари тут шохида осилиб турган қора нарсага кўзи тушди. Махсум отининг эгар-жабдуғини илиб қўйибди, деган хаёлга борди-да ўз ишига андармон бўлаверди. Муаллим ғумай ва шамак аралаш ажриқ ғарамини арқон билан боғлаб елкасига олаётиб, яна тут томонга кўзи тушди-ю, қалқиб кетди, оёқ-қўли бўшашиб, жойида ўтириб қолди. Ғира-ширалик чекиниб, тонг ёришгани боис қари тут шохида арқонга осилиб турган одам гавдасини кўрди. Тут ёнида арқони ечилган сигир бу дунёнинг даҳшатига молфаҳмлик билан қараб кавш қайтарарди.

Муаллим Тўлқин танкнинг танасини арқондан холос этаётиб, унинг оёқ-қўли аллақачон совиб бўлганини пайқади. Таҳорат олгани чиққан Рўзи махсум ҳовлиси адоғида Тўлқин танкни елкалаб турган муаллимни кўриб ҳуши учди. Беихтиёр қўлида офтоба тутиб, тут томон югурди. Тўлқин танкнинг бўйнидаги арқон, тарашадай қотиб, докадай оқариб кетган юзи, хийла очиқ оғзи, лаби бурчида сизиб турган қон юқини кўриб ўтакаси ёрилди. Қўлидан офтобаси тушиб кетди.

– Нега бундай қилдийкин? Ўзини осиб қўйибди, бечора, – деди Болта муаллим мурдани ерга ётқизиб, сўнг қалтироқ қўллари билан юзига фотиҳа тортди.

Тўлқин танкни сўнгги манзилга қўйиб келишгач, қишлоқ аҳли орасида турли гаплар тарқалди. Кимнинг оғзига элак билан урасиз; эл бўлгандан кейин гапиради-да, шамолни тўхтатиб бўлмайди-ку ахир. Қишлоқчилик Тўлқин танкни уруш бошига етди, афғон уруши ўлдирди, шўрликнинг хаёли жойидамас эди, боши заҳарланган, урушдан соғ қайтмаган экан, вос-вос бўлиб қолганди, дейишди. Одамлар урушни қарғади, навқирон ўғлоннинг икки дунёсига ўт қўйган, ўн саккиз-йигирма ёшида мусибат оловига ташлаган шум тақдирдан койинишди. Урушда бўларича бўлиб келган, неки иллати бўлса ўша афғон урушида топган дейишди, чоллар. Хотинлар лабини қимтиб гапирди: Шўрлик Хайринисо, шунча йил ўтиб энди бўйида бўлган экан, бу кўргиликни кўринг, энди рўзғорига файз киради, деганда шўр пешонанинг эри ўзини осиб қўйганини айтмайсизми?” Хуллас, Тўлқин танкнинг ўлими бир оз вақт элга эрмак бўлди.

Вақт ўтиб, бу дийдиёлар ҳам тинди. Гўёки Тўлқин танкнинг шундай қисматга маҳкум бўлганини одамлар олдиндан билгани каби бу ҳолатга унчалик таажжубланарли ҳол деб қаралмади. Биргина Хайринисога қийин эди. У ўз ёғига ўзи қоврилар, кун ўтиб қорни каттариб, норасида ўзини сездиргани сайин кўз олди қоронғулашар, азойи-баданини қўрқув чўлғарди. У тунлари ўз тақдирини қарғаб йиғлар, кечалари телбаланган куйи кафтини дуога очиб, лаблари пичирлаб Рўзи махсумга ўлим тиларди. Назарида Рўзи махсум уни эртанги умидидан, бахтидан, яхши кунидан, туғилажак фарзандидан жудо қиладигандай эди. Рўзи махсумни эслаши ҳамоно юрагини ваҳм босиб, ичида қалтироқ тутарди.

Куз оёқ узатиб, қиш остона ҳатлади. Хайринисонинг кўзи ёриди. Қиз туғди. Икки ойдан бери ҳовли-жойини ташлаб қизиникига келиб олиб бошида парвона бўлган Музтар кампир қизини ўз уйига кўчириб кетди. “Бу жинхонада гўдакни ажина чалиб кетади... Уйини ҳам гўр ютсин...”, – деб марҳум Тўлқин танкнинг ортидан яна бир бор ғазабини сочиб, аччиқ-бичиқ гап айтиб, кўнгли таскин топгандай бўлди.

* * *

Орадан йиллар ўтди. Хайринисонинг суянчи ҳам, овунчи ҳам қизи Ёдгорой бўлди. Бўйи чўзилиб мактабга қатнай бошлади. Ўтган азобли кунлар, олис ва зимистон хотиралар ичра Ёдгорой ойдай порлаб, қуёшдай балқиб Хайринисо ҳаётини тиниқ ва ёруғ бир оламга олиб чиқди. Хайринисо якка-ёлғиз фарзанд бўла туриб онаси Музтар кампир қазо қилганида ҳам ўзини тамоман йўқотиб қўймади, тўғри, юрагидан нимадир узилгандай бўлди, бироқ ёнида тақдирининг қуёши бўлиб порлаган Ёдгорой бор эди. Очиғи, Музтар кампирнинг вафотидан сўнг, Хайринисонинг кўнгли бир оз таскин ва хотиржам бўлгандай бўлди. Рўзи махсум билан боғлиқ воқеалар хусусида ҳатто ўз онаси билан ҳам сирдош бўлишни сира-сира истамасди. Онаси тўшакка михланиб, жон таслим қилгунга қадар бир жиддий ғамгин нигоҳ уни таъқиб этар, азоблаб келарди. Назарида онаси кутилмаганда Рўзи махсумнинг исмини айтиб кўз нури, умри мазмунидан жудо қиладигандай эди. Онасининг вафотидан сўнг юрагидаги қўрқув ва хавотир тутуни ёйилгандай бўлди. Бу ёруғ дунёда энди унга биргина Рўзи махсум халал берарди. Назарида Вахшивор тоғларининг аллақайси ғорларида даҳшатли бир шамол, махсум тимсолидаги бўрон бекиниб ётибди. Бир кун у қўзғолиб Хайринисонинг ҳаётини остин-устун қилиб, ўзини эса тақдирнинг қоронғу ва зах пучмоқларига чирпирак қилиб учиради. Биргина ўзига, махсумга ҳамда Яратганга аён сир Хайринисога тинчлик бермасди, Рўзи махсум тирик экан, Хайринисо хавотирдан холи яшай олмасди. Шу боис қизи Ёдгоройни олиб қишлоқдан узоқ-узоқларга Рўзи махсумлар яшамайдиган жойга кетишни истарди. Бироқ қайга борсин? Бева боши билан қаерга сиғинди бўлсин? Етим норасидаси билан кимнинг кўнглидан жой топсин. Ўз уйи, ўлан-тўшагини ташлаб қаерлардан бошпана ахтарсин? Тубсиз жарлик янглиғ ўй-хаёллар домида қолган аёл якка-ю-ягона суянган Ёдгоройининг беғубор нигоҳида порлаган нурдан умид чироғига чўғ олар, қизининг нигоҳларида ялт этган шуъла унинг бесаранжом дунёсини ёритар, шу ёруғлик унинг ҳаётига файз бахшида этарди.

Хайринисо ўзини ўтга урди, чўққа урди – қизини ўзгаларнинг фарзандидан кам қилмади, топганини қўшқўллаб боласига тутди. Қишлоқ мактабига фаррош бўлиб ишга кирди. Тунлари қиз узатадиган ёки келин туширадиган хонадонларнинг каштасини тикди, кўрпа-ёстиғини қавиди, қўни-қўшниларнинг томорқасини ўтаб, кирини ювишдан ҳам ор қилмади. Эшигини тақиллатиб кўнглини сўраб келган совчилар кўп бўлди, боши очиқ аёлнинг бошига осмон қулайди, дегувчилар кўп бўлди, уларга қарата Хайринисонинг жавоби битта бўлди: “Боламни ўгай ота қўлига қаратмайман...”

Хайринисо Ёдгорой иккинчи синфга кўчганда уни туман марказидаги интернатга берди. Бир ҳисобда яхши бўлди, иссиқ-совуғи интернатнинг бўйнида. Ётоғи бор. Энг муҳими Рўзи махсумнинг кўзидан панада. Хайринисо қизини кўргани ҳафтада бир борса боради, бормаса йўқ.. Олдинги борганида муаллимлари мақтаганди, боши кўкка етиб, бир ҳафта қушдай учиб юриб, кўнгли чоғ бўлди. Қизининг бадиий гимнастика тўгарагида машқларни яхши бажараётгани, спортга уқуви баландлигини эшитиб роса қувонди. Ўрис муаллиманинг узундан-узун гапидан тушунгани шу эди – худо хоҳласа, Ёдгорой зўр гимнастикачи бўлади.

* * *

Қаҳратоннинг аёзли шоми. Совуқ. Ҳавога болта отсанг, музлаб қолади. Эгнига гуппи чопон илиб, юз-кўзини жун рўмол билан танғиб олган Хайринисо қия очиқ ёғоч дарвоза олдидаги аравадан кўмир тушираяпти. Азбаройи совуқнинг зўридан жун рўмоли беркитган юзига аёзнинг игналари санчилади. Оёғидаги кирза этикнинг оғир ва бесўнақайлиги боис зўрға қадам ташлайди, муз қотган ердан такиллаган овоз чиқади. Хайринисо кўмир тўла зил-замбил челакларни кўтариб ҳовли ўртасига келган эди ҳамки, ёғоч эшикнинг ғийқиллаган товуши эшитилди. Номозшомда ким келдийкин, деган ўй билан челакларни ерга қўйиб, ортига ўгирилди. Турган жойида тош қотди, азойи баданида қалтироқ туриб, бўғинлари бўшашиб кетди. Не кўз билан кўрсинки, Рўзи махсум дарвозага суяниб турибди. Эгнига қалин пахталик кийиб, қулоқчини қулоқларини тушириб олган махсум айни дамда Хайринисонинг кўзига бало-қазо тимсоли бўлиб кўринди. Аёл ўзида журъат топиб, дарвоза томон юрди. Махсум тараддудланди. Хайринисо ерга энгашиб дўппайиб турган тошга ёпишди. Тош жойидан кўчмади – музлаб, ерга қапишиб қолганди. Аёлнинг бу қилиғи махсумни сергаклантирди. Ердан қаддини ростлаган Хайринисога махсум хезланиб қаради:

– Нега келдинг? – деди аёл лаблари қалтираб.

– Ўзим... Ҳолингдан хабар олай дедим.

– Йўқооолл! – Хайринисо қўлга тушгудай бирор нарса қидириб тимирскилана бошлади.

– Қизингни гимнастикачиликка берибсан деб эшитдим. – Махсумнинг ҳам овози қалтираб чиқди.

– Сенинг нима ишинг бор? – Аёл дарвоза томон яқинлаша бошлади.

– Хар ҳолда...

– Гапирма, иблис. Йўқол бу ердан!

– Қўрқма, кетаман. Сирингни оламга ёйсам, нима қиласан?!

– Сени ўлдираман, аблаҳ. – Аёл турган жойида гир айланиб, махсумга ҳамла қилиш пайида у-бу нарса излай бошлади.

– Егани нони йўғу, итининг отини маржон қўйибди, деган мақолни эшитганмисан. Ана шу мақол сен ҳақингда. Гимнастикада нима бор, қисиб ўтирмайсанми, кўрпангга қараб оёқ узатмайсанми?

Махсумнинг масхаромуз гапи жон-жонидан ўтиб кетган аёл ўзини тутиб туролмади. Жон ҳолатда югуриб келиб махсумнинг кўкрагидан итарди. Махсум гандираклаб кетди:

– Йўқол, ифлос! Икки кўзинг кўр бўлади сен ифлоснинг! Кет бу ердан.

Хайринисо аравадаги кўмирнинг қиррадор бир бўлагини олиб жон ҳолатда махсумнинг юзига туширди. Махсум қалқиб кетди, сўнг лаҳзада гурсиллаб қулади. Иҳраб юборди, ўтакаси ёрилиб эмаклай бошлади, бир амаллаб ўрнидан турди-да, жуфтакни ростлаб қолди. Хайринисо эшик кесакисига суянган кўйи уввос тортиб йиғлаб юборди. Сўнг юзини кунботарга, қиблага буриб икки қўлини дуога очди:

– Илоё, икки кўзинг кўр бўлсин! Кўзинг оқиб тушмаса, розимасман!

Аёл титроқ кафтлари билан юзига фотиҳа тортди.

Махсумнинг иккинчи аёлдан шу тахлитда қарғиш эшитиши эди.

* * *

...Мотоциклнинг гуриллаши тиниб, боланинг чин¬қироқ овози ўчгунга қадар Рўзи махсум кўзларини қисиб, тол новдасига орқа бериб ўтирди. Оқиб ўтаётган сой сувининг шалдираши ҳам кўнглига сокинлик бахш этолмади. Ўтмишда бўлиб ўтган воқеалар хотира азобига айланиб кўксининг бир бурчида қотиб қолган армон дарди юрагини баттар сиқа бошлади, қовоғи оғирлашиб, кўз олди қоронғулашди.

– Ҳамма Тўлқин танкникига тўйга а-а, тўйгаа-а-а. Тўйга-а-аа-аёв!!

Боланинг олислардан эшитилаётган чийилдоқ овози юрагини тилка-пора қила бошлади. Махсум тол танасига суяниб ўрнидан турмоқчи, юмуқ кўзларини оч¬моқчи бўлди, зил-замбил киприклар оғирлик қилди, махсум кўзларини очди, лекин борлиқ зимистон эди, у ҳеч нарсани кўрмасди. У йўлак бўйлаб урина-сурина даҳлизгача келди. Назарида туш кўраётгандай, бир оздан сўнг уйғониб, ёруғ оламни кўрадигандай эди. Айвон деразасидаги радио ҳамюртимиз Ёдгорой Тўлқин қизининг бадиий гимнастика бўйича жаҳон чемпиони бўлганлиги ҳақидаги хушхабарни, айни дамда Тошкент аэропортида жаҳон чемпионини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтаётгани, эртага спортимиз маликаси ўз ота юртига йўл олиши ҳақидаги хабарни тарқатди. Махсумнинг баданидан совуқ тер чиқиб кетди. Бир силтаниб зимистонлик чоҳига, даҳлиз ёнига гупиллаб йиқилди. Унинг хира–нурсиз кўзларида алам ва қўрқув қотиб қолганди. Изтироб кўланкаси из ташлаган жонсиз ва қонсиз юзига очилиб қолган жағи аянчли тус берарди. Адирлик тарафдан тўйга чорловчи боланинг овози элас-элас эшитилар, Вахшивор тоғлари томондан эсган эпкинлар унинг овозини олис-олисларга олиб кетарди.

...Тўйхонада ўйин-кулги авжига чиққан паллада махсумнинг қўшниси Норбой қизил совуқ хабар олиб келди:

– Махсум омонатини топширибди, биродарлар! Ҳовлисида йиқилиб жон берибди.

Тўйхонани ғам кўланкаси кезиб ўтгандай бўлди.

– Тўй билан аза ёнма-ён деб шуни айтадилар-да. – Амир оқсоқол юзига фотиҳа тортди.

Махсумнинг укаси Сойибқул овозини баралла қўйиб оғамлаб йиғлаб, тўйхонадан чиқиб Рўзи махсумнинг уйига қараб югургилаб кетди. Қишлоқ одамлари бир-бирига хеш-ақроба, қавми қариндош, чатишиб кетган. Бундай пайтда марҳумнинг иззати ҳаққи ўйин-кулги элга унча хуш келмайди. Одамлар тўғри махсумникига йўл олишди. Тўйхонадан чиқишгач, Амир оқсоқол қишлоқ аҳлига амр этди:

– Халойиқ, Ёдгорой қизимизни шу хонадоннинг яқинлари, қавми қариндошлари эртага эрталаб кутиб олишади. Асосий тўйни махсумнинг еттисини ўтказиб қиламиз. Тўйга азани аралаштирмаганимиз маъқул. Нима дейсизлар?

– Тўғри, оқсоқол! Гапингиз тўғри! – маъқуллашди ҳамқишлоқлар. Одамларнинг юзида ачиниш, ўлим кўпчиликни бирлаштирган пайтда пайдо бўладиган тундлик зоҳир эди. Бу дунёдан ёлғизлик юкидан қадди дол бўлиб кетган сўққабош махсумнинг кемтик тақдири ҳар кимнинг хаёлида ўзига хос тарзда талқин этилаётган бўлса не ажаб? Лекин унда ачиниш ҳисси бор эди, десак тўғри бўлар. Хуллас, махсумга, марҳумга ҳамма ачинаётган эди. Бу хабарни эшитиши ҳамоно биргина Хайринисонинг шодлиги ичига сиғмади, кўнгли равшан тортиб, елкасидаги зил-замбил тош гумбурлаб қулагандай бўлди. Хонадонида тўйга тайёргарлик кўрилаётган маҳалда оёқ остидан лоп этиб азанинг чиқиб қолиши Хайринисо учун тўй устига тўй бўлди. Чунки аёл тақдирини чилпарчин қилиб ташлаши мумкин бўлган кулфат шамолининг йўли тўсилган эди. У ҳаётида илк бор қазои барҳақдан мамнун бўлди.

Махсумнинг жасадини намозгардан олдин тупроқ¬қа қўйдилар.

Эртасига Мўмин қишлоқда тўй бўлмаса ҳам тан¬тана давом этди. Пешин пайти яп-янги, қоп-қо¬ра маҳобатли машиналар қатори Хайринисонинг кўримсиз кулбаси ёнида тўхтади. Аҳли Мўмин бу дову-доскага эсанкираб пешвоз чиқди. Вилоятнинг улкан раҳбарлари кузатувида келган Ёдгорой олдинги машинанинг орқа эшигидан тушди-да, шашқатор кўз ёшлари юзини ювиб, эс-ҳуши кирди-чиқди бўлиб турган Хайринисонинг қучоғига отилди. Жиккаккина, навниҳол, озғин, қорачадан келган кулча юз, истараси иссиқ қизнинг довруғи дунёга достон бўлганига ишониб-ишонмай қараб турган ҳамқишлоқларнинг ҳам кўзларида ёш ғилтиллади. Катталар олдида парвона бўлиб қўл қовуштириб турган туман газетасининг учар мухбири Тўра Қора ён чўнтагидан дафтарча олиб нималарнидир ёза бошлади:

– Раҳматли Тўлқин танкнинг қуёши энди порлади. Афсус бу қуёшни у кўролмай кетди, – деди мухбир бошини сарак-сарак қилиб чийиллоқ оҳангда. Туман ҳокимининг ўринбосари Саъдулло Чориевич мухбирга еб қўйгудай бўлиб қаради, сўнг ижирғаниб нимадир деб ғудраниб қўйди.

Қишлоқ қишлоқ бўлгандан бери бунақа тантанани кўрмаган эди. Хайринисонинг ҳовлисида митинг бўлди. Вилоятдан келган катталардан тортиб қишлоқ оқсоқолигача Ёдгоройнинг шаънига яхши-ёруғ гаплар айтди. Хайринисо ҳам қуруқ қолмади. Матонат дейишди, она дейишди, жасорат дейишди, лекин нима десалар-да Хайринисога нисбатан чин, ҳақ гапларни айтишди. Вилоят марказидан келган раҳбар гапираётганда туман ҳокими ўринбосари ўрта қатордаги машина салонидан иккита оппоқ гулдаста олиб келди. Раҳбар сўзини тугатиб гулдастанинг бирини Ёдгоройга, бирини Хайринисога тутди. Хайринисонинг кўзи тиниб кетди, гулдастанинг муаттар ҳидидан кўнгли сархуш бўлди.

Расмий тадбир ярим соатлар чамаси давом этди. Сўнг салобатли машиналар қатори қишлоққа қай тарзда ваҳима солиб кириб келган бўлса, яна ўша алфозда қайтиб кетди. Одамларнинг билгани шу бўлди! Ёдгорой дунёда ягона. У мамлакатнинг фахри! Хайринисо беванинг қизи, раҳматли Тўлқин танкдан қолган Ёдгорой бугун дунёга довруғ солиб турибди.

Оқшомга бориб келди-кетди камайди. Ҳовлида қўни-қўшни, узоқ-яқин қариндошлар қолди. Супада Хайринисонинг кўксига бош қўйган кўйи худди болалигидаги каби эркаланиб ўтирган Ёдгорой ўйга чўмган алфозда сўз қотди:

– Эна, чарчамадингизми?

– Бу нима деганинг, болам. Мен энди чарчамайман, мен энди яшайман, болам, – Хайринисо кўз ёшларини тиёлмади.

– Бўлди қил-ей, Хайри. Кўзингнинг шўрваси ҳам ҳамиша тайёр тураркан-да-а? – қўшни Шодмон хола шаддодлик билан Хайринисонинг сонидан чимчилаб ўйиб олди. Хола яна чимчилайми деб қўл чўзган эди, Хайринисо орқага сурилиб ўзини олиб қочди. Супада бир қур хотин-халажнинг кулгуси янгради. Ёдгорой пешайвон ёнига бориб, онасини имлаб чақирган бўлди.

– Энажон, хўп десангиз отажонимдан хабар олиб келсам. Ният қилган эдим, эна. Отажонимнинг қабрига гул қўйиб келаман, эна.

Ёдгоройнинг овози қалтираб чиқди.

Қуёш уфққа оққан. Кўкдаги парча булутлар қирмиз тусда. Фалакдан қизғиш нурлар тўкилаётгандай. Кўкдаги булутлар парча-парча бўлиб оловга айланиб шовуллаб оқаётган дарёга қулаб тушганга ўхшайди, дарё тубида ҳам олов оқмоқда. Бир бурчига тоғ чўққиси санчилиб, осмон қонталаш бўлган ана шундай сеҳрли паллада Ёдгорой онаси ортидан эргашиб, осма кўприкдан ўтиб, қабристон остонасини хатлади. Олам оловтус сукунатга чўмган. Хайринисо мозорот ичидан ўтган сўқмоқ бўйлаб эрининг қабри томон йўл олди. Она-бола қабристон ичкарисига киришгач, рўпарада тупроғи ҳали совуб улгурмаган қабр саҳнини лойсувоқ қилаётган Сойибқулга рўбарў келишди. Хайринисо титраб кетди, ортга тисланди.

– Эна, сизга нима бўлди, юрмайсизми? – деди Ёдгорой онасининг ортидан турткилаган бўлиб.

Сойибқул қабр олдида афтодаҳол қиёфада гарангсиб турган Хайринисо ҳамда унинг ортида бир қучоқ оқ гул кўтариб турган озғин, қорамағиз Ёдгоройга ҳайратланиб қаради. “Тўлқин танкнинг қабрини излашаяпти, топишолмаяпти шекилли”, деган ўйга борди.

– Эна, бу кимнинг қабри? Нега тўхтаб қолдингиз?

Хайринисо жим... Хайринисо қабр ичидан даҳшатли овозни эшитгандай бир сапчиб тушди.

– Бу махсум бобонгнинг, Рўзи махсумнинг қабри эна қизим. Рўзи махсумни танирмидинг, қизим? – Ҳеч нарсадан бехабар Сойибқул Хайринисони даҳшатга солган, юрагига санчилган саволлардан холос этди. Аёл ўзини бироз енгил ҳис қилди.

Ёдгорой қучоғини тўлдириб турган оқ гулларнинг бир қисмини Рўзи махсумнинг совимаган қабрига қўйди. Хайринисонинг юраги увушиб кетди. Учовлон қабр ёнига чўк тушишди. Сойибқул тиловат қилди. Фотиҳага қўл очишди. Хайринисонинг қўллари зил-замбил эди. Хайринисо қўлларини кўта¬ролмас, қўллари билан юзига фотиҳа тортишга мажоли етмас эди. Нигоҳини юмиб тиловат қилган Сойибқул буни сезмади. Бир нуқтага тикилиб турган Ёдгорой бу ҳолни пайқамади.

– Қизим, отангнинг қабри анави жийда ўсган жойда. Ана, панжара билан ўралган қабр ёнида... Ўнг томондан айланиб ўтганларинг маъқул.

Она-бола ўт-ўлан қоплаган қабр ёнида чўкдилар. Қиз қўлидаги оппоқ гулларни қабр устига ёйиб чиқди. Елкалари титраб пиқиллаб йиғлай бошлади. Ёдгорой ўзича нималардир деб пичирларди, нималардир деб кўнглини бўшатарди. Сўнг озғин қўлларини ёйиб, қабрни қучоқлаб, уввос солиб йиғлаб юборди. Хайринисо қизининг юзига тик қарашга ботинмасди, назарида ловуллаб ёнаётган қирмизи шафақнинг ҳа¬ро¬рати сиймосини жазиллатиб куйдираётгандай эди. У олов тафти урган юзларини Вахшивор тоғлари томонга бурди. Тоғ дараларида қудратли, даҳшатли шамол беркиниб, пайт пойлаб ётганга ўхшарди.