OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҚўчқор Норқобил
Асар номиҚишдаги лола (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Қўчқор Норқобил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм49KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/02/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қишдаги лола (ҳикоя)
Қўчқор Норқобил

Деразанинг бир қанотини очиб, тўртинчи қаватдан ташқарига қарадим. Уҳ, совуқ. Қаҳратоннинг қаҳри юмшамаган. Кечаси қатрондай қотган йўлак ва кенг кўча, дов-дарахтлар — бутун борлиқ аёзга таслим бўлган. Қор десам қорга ўхшамайди, нимадир чирсиллаб ёғяпти. Дераза ойналарига чирсиллаб уриляпти. Тошёмғир сим-симлаб, шиғалаб, ёқимли ёғяпти. Ҳа, бу — тошёмғир. Қор ва ёмғир орасидаги қаҳру азоб бу.

Шамсия тутмаганимни ҳисобга олмаганда, рисоладагидек кўчага чиқдим. Ёмгирли кунлар шамсия кўтариб юрмайман, негадир юрагим сиқилади, ҳаво етишмайдими-эй, атрофим зимистон тортаверадими-эй, ишқилиб, менинг шу пайтгача ёғингарчиликда шамсиядан паноҳ топиб юрганимни биров кўрмаган. Ҳатто уйимиз ёнидаги бозорчада салат сотаётган корейс хотин ҳам шундай намгарчиликда шамсиясиз чиққаним учун бошимдаги кимматбаҳо товланма телпагимга ачиниб қараб қўйди. Эгнимдаги қалин, чарм пиджакдан эса ёмғир тугул, бошқа нарса ёғса ҳам сезилмас эди.

Ишга бугун ҳам кеч бордим.
— Қаерларда юрибсиз? Доим кечикасиз-а? — котибанинг одатий саволи шу бўлди.
— Тинчликми? Каллаи саҳарлаб кимга керак бўлдим? Катта сўраяптими, ё?
— Канақасига каллаи саҳар бўлсин? Соат ўндан ошди. Катта эмас, сизни бир ўрис аёл пастда кутиб турибди. Шўрлик бир соатдан бери телефон қилади. Юринг, ички телефонни олинг. Нега қараб турибсиз?

Пича тараддудланиб қолдим. Котибанинг қатъиятли иддаоси таъсирида қабулхонага югурдим.
— Эшитаман, — дедим одатий оҳангда.
— Алло, бу сенмисан, Толик — деди аёл лўнда қилиб.
— Ҳа, менман... Сиз ўзингиз кимсиз? — таажжубландим.
— Менман. Пастга туш. Туша оласанми?

Аёлнинг сенсираши, ўзига яқин олиши энсамни қотирди. Шу билан бирга овозидаги сокинлик, алланечук титроқ кўнглимда оний лаҳзада илиқлик уйғотди.
— Кечирасиз, мен Сизни...

Гапим оғзимда қолди:
— Худойим-эй, мен Москвадан келдим... Мана, ниҳоят, сени топдим. Иринаман!

Аёл гўшакни қўйиб қўйди.

Эсанкирадим. Москвада менинг Ирина деган танишим йўқ эди. Ўйлаб қарасам, умуман, ҳеч кимим йўқ экан Москвада. Қаршимда котиба маъноли жилмайиб турибди. Ҳардамхаёл бўлиб пастга тушдим. Фое хийла совук эди. Эгнимга пиджагамни илиш ҳам ёдимдан кўтарилибди. Таниш-билиш ҳамкасблар билан йўл-йўлакай сўрашиб, ойнаванд эшик томон юрдим. Миршаб рўпарасидаги аёлга кўзим тушди. Эгнидаги мўйнаёқали палтосининг бари ерга тегай-тегай деб турибди. Бошига қимматбаҳо оқ сур телпак кийиб, бўйнига яшил шарф ташлаб олган. Миршаб аёлга алланималар деб, мен томонга қўл чўзиб, имлади. Лаҳзада баланд бўйли аёлнинг ўзига ярашиқли уст-боши, қадди-бастини назардан ўтказдим. У менга илкис қаради. Кўнглимда ғашлик аралаш қизиқиш уйғонди. Ойнаванд эшикка яқинлашдим. У менга кимнидир эслатарди.

Кўзлари катта-катта. Тим қора. Ёниқ. Порлаб турибди. Чеҳраси тип-тиниқ. Қора, қалин қошлари ёйдай эгилган. Қиррабурни юзига мос, қалин лабларига хиёл табассум инган. Оқ сур телпаги остидан чиқиб турган бир тутам сочи силлиқ манглайини тўсган, шундан бўлса керак, кўзлари янада чарақлаб боқаётганга ўхшайди. Чеҳрасига нурли табассум ёйилган бу аёлни кавказликларнинг гўзал вакиласига ўхшатиш мумкин эди. Аёлга маҳлиё бўлиб қараб туравердим. Сукутни унинг ҳаяжонли овози бузди:
— Салом, мени танидингми?

У ўзини нечоғлик қувноқ тугашга уринмасин, юзидаги ифода кисқа сонияда ўзгариб, лаблари пирпираб учганини ҳис этдим. Ёниб турган қора кўзларидаги сир-асрор мени ўз комига тортиб кетаётганди. Сохта табассум билан ўзимни бепарвороқ тутишга уриниб, елка учирдим. Бош силкиб, «йўқ танимадим» ишорасини қилдим.
— Ана шунақа!.. Мен эса сени унутмадим. — Аёл ўта вазмин, озгина гина-кудурат оҳангида сўз қотди. Аммо, юзидаги табассум сўлиш олгани йўқ. - Ҳа, майли, эслаб кўр... 1987 йил. Ёз. Файзобод. Ирина Михайловна. Энди ёдингга тушгандир?..

Миямга чақмоқ ургандай бўлди. Чайқалиб кетдим. Ичимда нимадир узилди, гўё. Беихтиёр иҳраб юбордим. Тиззаларим қалтираб, мадорсизландим. Қаршимдаги сулув хилқат, ўша — бундан ўн олти йил аввалги Ирина Михайловна эканлигини ҳануз тасаввуримга сиғдиролмай гангиб турардим. Туйқус, оний бир кудрат кўмагида тасаввуримда ўн олти йил аввалги Ирина гавдаланди. Ҳа, бу ўша. Тим қора кўзларида сеҳрли бир маъно. Чеҳрасининг чароғонлиги, ўарашлари, кулгилари ўша-ўша. Бироз тўлишибди, чиройи янада очилибди. Кўриниши анчагина салобатли. Устидаги қимматбаҳо кийим-бошлар янада жозибали кўрсатиб турибди.

Ўзимни йўқотиб қўяёздим. Қўлларини маҳкам сиқиб, юзимга яқин олиб келдим. Атрофдагилар, ён-веримдагиларни ҳам унутиб қўйдим... Дағ-дағ титраган кўйи дедим:
— Қандай топдинг? Бу сенми ахир?.. Оҳ, худойими-эй! Ҳозир, Ирина... Ҳозир... Шошма, ўйлаб олай... Ҳа-я, сен! Шу ерда туратур. Мен кийиниб тушаман... Кир, ичкарига кир, ана, бурчакдаги ўриндиққа ўтир. Мен ҳозир... Ярим дақиқада қайтаман.

Эсим кирди-чиқди бўлиб, лифтни ҳам кутмай, зина узра юқорига югурдим. Шоша-пиша пиджагимни кийиб, сейфдага бор пулимни чўнтагимга урдим. Йўлакка чиқишим билан котибага йўлиқдим:
— Ким сўраса ҳам айтинг, мен йўқман... Бугун мен йўқман...
— Туу-шуун-аарли! — деди котиба киноя аралаш.

Мен унга эътибор бермай, оёғимни кўлимга олиб фоега қараб чопдим. Назаримда, у кетиб қоладигандай, умуман, бу англашилмовчилик, у мени излаб келмагандай эди, гўё. Йўқ, ана у мени кутиб турибди.
— Кетдик, Ирина. Ташқарига чиқамиз, — қўлидан тутиб ташқарига бошладим. Юрагим дукиллаб урар, ҳалигача ўзимни қўлга ола билмаган эдим. Ёмғир қорга айланган. Совуқнинг заҳри бир оз пасайган. Бироқ, шамол аралаш ураётган қор кўз очирмасди.

Ишхона рўпарасидага катта йўлда такси тўхтатдим. Биз орқа ўриндиққа ўтирдик. Шофёрга «Қаёққа бўлса ҳам ҳайданг. Шу ердан тезроқ кетайлик!...» дедим. У анграйиб қаради-да машинани юргизди.
— Хўш, хўш. Энг яхши ресторанга ҳайданг.

Шаҳардаги энг нуфузли ресторанларнинг бири... Залда деярли ҳеч ким йўқ. Хилватроқ бўлсин дея бурчакдан жой танладим. Шоҳона зал шифтининг бор-бўйига кўзгу тиркалган. Унга осилган айланма биллур қандиллардан таралган ёғдулар, стол-стулларда тахланган кумуш ликопчалар, қошиқ-санчқи, пичоқларга тегиб сарғимтир, оқиш тусда жилоланади. Деворларига қопланган қимматбаҳо кўкимтир матоҳ, юмшок, чарм креслолар, италянча стол-стуллар, столлар устига терилган соф, биллур қадаҳлар рестораннинг бир қадар замонавий ва ўзига хослигини билдиради. Табиийки, кишининг кайфиятига ҳам виқор ва шукуҳ, ажиб кўтаринкилик бахшида этади.

Қўлларим қалтираяпти. Қордай оппоқ шойи ва силлиқ ялтироқ мато тортилган столнинг бир четини черта бошладим. Ирина самимийгина, кўзи чақнаб-чарақлаб кулимсирайди, холос. Телпаги, шарфи, сарғиш чарм палтосини ечганидан сўнг янаям гўзал бўлиб кетди. Тим қора сочлари эгнида ловуллаб турибди. Бўйнидаги тилла маржон, яшил кофтасининг икки кўксида ўрнатилган қип-кизил атиргулларнинг қоқ ўртаси, гулкосасига жойлаштирилган ям-яшил ёқуткўзлар қандилларнинг ўткир нурида яраклаб нур сочади. Иринанинг қаршисида ўзимни кичрайиб бораётгандай сезаман. Ёнимизга келиб қаққайиб турган навниҳолгина қиз, ресторан хизматчиси менга саволомуз қараб турибди. Стол четидаги қора ҳошияли жилдни очиб таомлар турига кўз ташладим-да, сўнгра таомномани Иринага узатдим.

Дастурхонга бир зумда файз кирди, таомлар, ичкиликлар тортилди. Қадаҳларга тўлатиб қуйдим. Соғлик-омонлик тилаги бажо айлангач, бир кўтаришда тўлиб-тошиб турган «Тошкент» ароғини сипқордим. Ирина лаб теккизиб, винони бир ҳўплади. Бошим қизигандай бўлди, бироқ ҳануз ўзимга келолмай турардим, ҳаяжон ҳарорати бироз пасайгандай эди. Таомлар газакбоп, ўткир, иштаҳани очади. Иккинчи қадаҳни тўлатиб, Иринадан «бахтли тасодиф» шарафига кўтаришимизни илтимос қидтсим. Унинг чиройи янаям очилиб кетди. Юрагимдаги ваҳимага ўхшаш тугунлар ечила бошлади. Кўзларига тик қараб туравердим. Журъатим ошгандай бўлди.
— Шундай қилиб ёзувчиман, де, — у самимият билан сўради.
— Ҳа, шу... Бошқа нарса қўлдан келмайди, — тилимга келгани шу бўлди. У кулиб юборди.
— Яхши одам бўлишингни, аниқроғи, яхши бола эканлигингни ўшандаёқ сезганман. Ҳа-я, сен мендан уч ёш кичкинасан-а?...
— Тўғриси, ғалати бўлиб кетаяпман. Ирина, мени қандай қилиб топдинг?
— Нимайди? Москвада яшаётган аёл қандай қилиб, кутилмаганда бу ерда пайдо бўлиб қолди демоқчимисан?
— Ҳа, балким. Эй йўқ, нима десам экан, — каловландим.
— Менда адресинг бор. Униб-ўсган жойингга қўнғироқ қилдим. Тошкентда дейишди. Нима, Москвадан қўнғироқ қилиш қийин эканми?
— Сен яшаш жойимни... Ҳалиги. Эй тўхта, уф. Нима десам экан?
— Топдим. Ҳа, шундай. Буни кейин билиб оласан. Мен сенга учрамай, топмасдан қийналиб яшашга қурбим етмаслигани сездим. Тушуняпсанми? Мен ҳеч қачон тақдирнинг олдида, сенинг олдингда, ўз виждоним олдида қарздор бўлиб яшашга дош беролмас эканман.
— Бу нима деганинг, ахир?
— Кейин билиб оласан... Ол, е... Овқатинг совиб қолди, жаноб ёзувчи, - у кулди-да, қўлидаги яримланган қадаҳни ҳаволатди. Мен «нима бўлса бўлди», дегандай қилиб ўз қадаҳимни яна лиқ тўлдирганча, даст кўтариб ичиб юбордим. Чунки айни ҳолатда ўзимни туш ва ҳуш оралигида қолгандай сезаётгандим.
— Майли, сен айтгандай бўла қолсин... Лекин, Тошкентга қачон келдинг?
— Кеча. Меҳмонхонага жойлашдим. Сенинг ишхонангга яқин экан. «Интерконтинентал». Яхши жой. Энди, сен ўзинг ҳақингда гапир. Менга шуниси қизиқ. Сен ўзинг, ҳаётинг, яшаш тарзинг тўғрисида сўзласанг-чи... Худога шукр, соғ-омон экансан. Кўз тегмасин. Анча куч-қувватга тўлибсан, очиғи, унчалик ҳам ўзгармагансан. Яхши-я, бари бир ҳаёт, яшаш яхши-я? Дарвоқе, оиланг, фарзандларинг бордир?
— Бор... Ирина. Бор. Тўхта. Сен, нима десам экан, ўзинг қандай яшаяпсан? Москвада нима иш қиляпсан?
— Асосан савдо. Эрим Франтсия билан ҳамкорликда тузилган қўшма корхонанинг бош директори. Ўзимнинг фирмам бор. Европа давлатлари билан савдо-сотиқ қиламан. Ҳозирча ишлар чаккимас. Икки нафар фарзандим бор. Очиғи, сен билан бир йилдан буён учрашмоқчи бўлгандим. Иш. Иш... Фурсат тополмадим. Охири кўзимни чирт юмиб, Тошкентга учдим. Вақти соати келган экан, мана қаршингда турибман. Тўғри, қўнғироқ қилсам ҳам бўларди. Бироқ, ўзим келишим керак эди. Ҳа, шундай...

Ичимлик менга таъсир қила бошлаганди. Мен унинг қўлларини ушладим. Нигоҳига термулиб, ёш қалқиганини пайқадим. Ичимда бир оғриқ кўтарилди. Ўпкам тўлиб, димоғим ачишди. Кўзларимдан ёш сизди. Ёнига ўтиб, сочларини силадим. Юзини ўзимга қаратдим. У оппоқ узун-узун бармоқлари билан юзимни сийпалай бошлади. Эс-ҳушимни йўқотиб қўйдим. Биз ҳароратли эҳтирос измига ўзимизни топширдик. Тақдирнинг марҳамати билан олис йиллардан сўнг юз берган учрашувда ана шундай ҳодиса рўй бериши табиий эди, албатта.

Кўз одтсимни туман қоплади. У менинг бўйнимдан, қулоқларимдан қаттиқ чимчилади.
— Бўлди, бўлди... Жойингга ўтир... илтимос... Қўй. Ўзингни қўлга ол. Эҳ, сен менинг... ўтмишимнинг ёрқин ва мунгли хотирасисан — у бирдан кулгига олди. — Ҳа, дарвоқе, ёзувчилар шунақа гапиришади-я?

Мен ўз ўрнимдан жой олдим. Иринанинг юзларида ҳорғинликми, ўйчанлик ифодасими қалкиб турарди. У нигоҳини бир нуқтага тикди. Жимжит. Оғир ух тортди. Елкасидан нафас олди.

Билмадим, тилимга шу сўз қаёқданам келди:
— Бахтлимисан? — деб юбордим.

У бош силкиди. Тўзғиган сочларини текислаб тирсагини столга қўйди-да, кўли билан пешонасини ушлади. Юм-юм йиғлаяпти.
— Йўқ, — деди яна бош чайқаб, — йўқ... Умуман олганда, ким билсин, ҳаётни кўриб туришинг, тирикликнинг ўзи бир бахтдир, шундаймасми? Тўқлик, фаровонлик, бойлик, яхши яшаш бахт бўлса, агар шундай деб тушунилса, мен бахтлиман. Лекин, инсонни доимо азоблаб тургувчи бошқа нарсалар ҳам кўп ҳаётда. Кимдир камбагал, базўр кунини кўради. Лекин, қалби хотиржам. Хотира оғриғи йўқ унда. У назаримда, мендан кўра бахтлироқдир. У эса ўз ўйича мени қайғу-ҳасрати йўқ, бахтиёр аёл деб ўйлайди.
— Чиройлисан. Сен жудаям гўзалсан, — дедим гапни бошқа ёққа буриб. У яна жилмайди.
— Ҳмм. Шундай де. Йўқ, сенинг кайфинг ошмаган. Атайлаб чалғитаяпсан. Майли, дийдиёни тўхтатамиз. Қўй шуни, яхши гаплардан суҳбатлашайлик. Сўра, яна қандай саволинг бор?

Мен бу учрашув бундан кейин қандай давом этишини тасаввуримга ҳам сигдиролмаётгандим. Хўп, кечгача бирга ўтиришимиз мумкин. Кейин-чи? Умуман, юрагимда оғриқли туйғуларни аланга олдирган, ҳаётимнинг оғир, қайғули чоғларида мен билан бирга, йўлдош бўлган аёлга, тақдирим йўлида учраган энг қадрдон инсонга айни дам нима дейишимни билмасдим. Баъзида нимадир демоқчи бўласану, суҳбатдошинг, айниқса, у кўнглингга яқин бўлса, ҳеч нарса деёлмайсан, у эса нима демоқчи эканлигингни бир қарашдаёқ билиб олади. Ортиқча гап-сўзларга ҳожат қолмайди. Ирина иккимизнинг орамизда ҳам бўлак гапларга ўрин қолмаганди. Биз, дунёнинг икки бурчагида яшаётган икки хотирдош, орадан ўн олти йил ўтиб яна топишган эдик. Индамасдан, шундай — бир-биримизга қараб ҳам сўзсиз суҳбатлашишимиз мумкин эди.

Ирина жимликни бузди:
— Тоҳир, нимадир дегин... Майли ичайлик, ҳеч бўлмаса, қадаҳ сўзи айт...
— Кел, ҳаёт учун ичайлик. Тириклик учун ичайлик.
— Мен учун-чи?
— Сен учун. Сенинг гўзаллигинг учун, Ирина!
— Сен учун ҳам. Мана, кара мен ҳам ичаяпман, Тоҳир.
— Оҳ, ана, ўзбекча мусиқа янгради... Сенга ёқмаяптими? Бемалол, ҳеч нарсани ўйлама... Бугун сенга бутун Тошкентни томоша қилдираман.

У яйраб кулди. Чеҳраси яшнаб кетди.
— Шошма. Мен сенга бир гап айтаман...
— Айт.
— Соатинг неча бўлди?
— Бирга яқинлашди.
— О, демак... Мени меҳмонхонагача кузатиб қўй. Иккида эрим, Володя кўнғироқ қилади. У Тошкентга атайлаб, сени излаб келганимни билади. Ҳаммасидан хабардор. Сен билан учрашишимни унга айтганман.

Мен нима дейишимни билмай қолдим. Иринанинг жиддий тус олган чеҳрасида самимият балқиб турибди.
— Нега энди соат иккигача?
— Мана, сен билан юз кўришдик. Суҳбатлашдик... Ё сен бундан хафамисан?
— Йўқ. Ахир, сен, бемалол ўтиролмаяпсан...
— Вақт сен билан менга бўйсунмайди... Нима қилай, иш. Ишбилармон аёлман, айтишади-ку, «янги рус»ларнинг ишбилармон вакиласи, — у энди атайлаб чеҳрасига жиддий тус бериб, қовоғини уйгандай бўлди. Кейин яна уҳ тортиб, овози юмшади. — Ҳа, майли. Мен сенга бир гап айтайми?
— Айт, айтавер.
— Ишхонангда менинг ёнимга келаётганингда юришингга эътибор бердим. Кейин, зинадан югуриб чиқаётганингни кўриб жуда қувониб кетдим. Ишонасанми, сен қайтиб тушгунингча йиғлаб ҳам олдим.
— Шуям сенинг эсингдами? — дедим. Томоғимга нимадир тиқилди.
— Эҳ. Сен билмайсан. Балки, ишонмассан. Ўша жойни эсласам, энг аввало ёдимга сен тушасан. Афсуски, эсламасликнинг иложи йўқ.

Яна уф тортди. Қўлларимни сиқиб, кўзларимга тик қаради. Қароғларидан ёш думалади, ғалати бўлиб кетдим. Шу топда Иринанинг ўй-хаёлида қотган лаънати ўтмишни суғуриб ташлагим келар, лекин бунинг ҳеч иложи йўқ эди. Мен ўрнимдан туриб, унинг ёнига ўтдим. Қўлини яна кафтим орасига олиб, манглайидан ўпдим. Юрагим минг азобда қоврилаётганди. Ялиндим.
— Қўй, Ирина. Ҳозир мавриди эмас. Қўй, шуни эслама, умуман эслама, қара, ахир сен чиройлисан, бошқа нарсадан гапир, Ирина. Воҳ, Худойим-эй, лаънат бўлсин бундай ҳаётга. Кел, ахир сен менинг меҳмонимсан, олисдан келдинг. Йиғлама, йиғламагин.

Ирина мунгли қиёфада қотиб турди-да, тирсагимдан кўтарди. Ўрнимдан турдим. Тик туриб бошини қучдим. Ирина қўли билан сўл оёғимни ушлаб, шимим почасини кўтара бошлади.
— Тоҳир, хўп десанг оёғиннаи кўрсам. Тиззангнинг пасти, сўл оёғинг эди-а?
— Ҳа, сўл оёғим...
— Мана.. оҳ бечорагинам. Мана... чандиқ, чуқурча бўлиб қолибди-да? Қўлим билан ушлаб ҳам сезаяпман, анча жабр кўргансан... Ҳозир оғримайдими?
— Йўқ. Совуқда оз-моз билинади.
— Ундай бўлса, нега шимнинг ичидан қалин иштон киймадинг...
— Хўп, кияман. Ўйлама. Яхши бўлади. Ҳа, сен ўзинг нима билан савдо-сотиқ қилишингни айтмадинг-ку, — мен уни чалғитмоқчи бўлдим.

Ирина қатъиятли бир ҳолатда айтмоққа уринди, лекин эплай олмади.
— Буни сенга мутлақо қизиғи йўқ-ку! Тўғрими? Ҳа, майли Москвадаги асосий супермаркетларнинг деярли барчаси, қаршингда турган ақлсиз аёлники. Шу ақлсиз аёлнинг эри Владимир Павлович Семёнов эса пойтахтнинг машҳур саноатчиларидан. Яна нима дейин?
— Яхши. Мана билиб олдим.
— Азбаройи шунчаки сўрадинг. Қани энди, муҳтарам ёқимтой мезбон, мени меҳмонхонага кузатасанми?

Ташқари оппоқ. Қор майдалаб ёғар, ер сатҳидаги қорларни шамол тўзғитиб ўйнарди.
— Россиянинг совуғига ўхшаяптими? — дедим зинапоядан Иринани етаклаб тушаётиб, — кўз очирмаяпти-ку!
— Йўқ, унчаликмас. Россиянинг киши билан ҳазиллаша кўрма, — деди Ирина кулгига олиб.

Такси ушлаб, меҳмонхонага йўл олдик. Ирина орқа ойнага бош тираб ташқарини кузатиб бораяпти. Шамол дарахтларнинг яланғоч новдаларига ўрнашиб, музлай бошлаган қорни минг бора силкисин, бари бир учириб, тўзғитолмайди. Машина деразаларига изиллаб изғирин урилади. Қор қуюн бўлиб ёғаяпти. Қаҳратон ҳамласида ўз ҳаётини давом этказаётган шаҳарнинг қоқ маркази «Амир Темур» хиёбонидаги курант соат мили ўн беш минут кам иккини кўрсатарди. Ирина ресторандан чиққанимиздан бери кўзини ташқаридан олгани йўқ, миқ этмайди, бошини ойнага тираб олган, қайрилиб ҳам қарамайди. Мен елкасидан қўлимни ўтказиб, уни ўзимга тортдим. У кескин бурилиб, менга тикилди. Кўзларидан ёш шашқатор оқаяпти. Юзи жиққа хўл. Ютинади, қалтирайди. У ўзини бағримга ташлаб ўкириб йиғлаб юборди. Ҳайдовчи аланглаб бизга қараб, шартта тормоз берди. Ҳайдовчи рус эди.
— Нима бўлди? Ўзини ёмон ҳис этаяптими?
— Юринг, ана етиб келдик.. Ҳаммаси, яхши, — дедим.
— Ҳа, мен ўзимни ҳамиша ёмон ҳис этганман, ҳамиша шундай бўлган, — деди Ирина ҳиқиллаб, елкалари силкиниб.

Машина меҳмонхона тўғрисида тўхтади. Ирина бироз ўзига келиши учун шофёрдан озгина тўхтаб туришни илтимос қилди. Тилла тасмали чарм сумкасидан лаббўёқ ва аллақандай крем-упалар олиб ўзига оро берди. Сўнг юзига жилмайиш бериб қўлимни қисди...
— Ана энди тушсак бўлади. Қани, юр.

Маҳобатли меҳмонхона эшигидан ҳатлашимиз билан, эшикбон Иринага тавозе-ю таъзим бажо айлаб, жилмайди. Фоеда чарм диванда ўтирган иккита барзанги йигит ўрнидан сапчиб туришди. Иккови ҳам бир хил кийинган. Узун ва ёқадор чарм пиджак, бошида чарм кепка, бўйнида оқ шарф. Оқ-сариқдан келган, бир-бирига икки томчи сувдай ўхшаш бу икки қорувли йигитни Ирина билан бирга келишганини пайқадим. Йигитлар биз томонга икки-уч қадам ташлашди-да, Ирина оҳиста бурилиб ёвқараш қилгач, жойида таққа тўхташди. Бири қўл соатига қаради. Уларнинг юз ифодасидан ҳеч бир маъно уқмасам-да, кўнглимда ғашлик уйғонди.

Ирина биқинимдан туртиб, эркалаган кўйи майин оҳангда сўз қотди:
— Ҳеейй, болакай!.. Сен уларга эътибор берма. Сени маст деб ўйлашди, чоғи. Қани, қўлингни узат, хайрлашамиз.
— Сен қачон кетасан?
— Эртага, — унинг овози қалтиради. Қўллари ҳам титраяпти.
— Ҳозир нима қиласан?
— Айтдим-ку, Москвадан телефон бўлади...
— Кейин-чи?
— Тоҳир, кечқурунгача энди менинг вақтим йўқ.

Ирина ўкинч билан айни лаҳзада ялинган кўйи сўзлаётганини пайқашим қийин эмасди.
— Айт, мен қачон келай?.. Қайси хонадасан?
— Кечқурун... Соат олтида. Эшикбонга учраш. Нима қилишинг лозимлигини айтади.

Ирина эшикбон томонга бош ирғаб қўйди. Сўнг шарт бурилиб ҳалиги барзанги йигитлар томон юрди, уларнинг қуршовида лифтга кирди. Мен унинг ортидан музтар бўлиб қараб қолдим. Эшикка яқинлашиб, эшикбондан сўрадим.
— Ановилар ким?
— Хонимнинг ёнидагиларми?
— Ҳа, ўшалар.
— Ий-э, Сиз билан бирга келишди-ку... Сиз ва хонимдан икки дақиқа аввал кириб келишди. Эрталаб хоним билан бирга чиқиб кетишганди.
— Тушунмадим?..
— Улар хонимнинг қўриқчилари-ку...
— Шундай денг...

Эшикбон «Шунчалар гўлмисан», — дегандай тикилди. Мен нималар бўлаётганини англаб-англамай, ташқарига чиқдим. Демак, Ирина ишхонага ҳам қўриқчилари билан келган. Ресторанда мен билан овқатланаётганда ҳам қўриқчилар кузатувида бўлган. Мен уларни нега кўрмадим? Залда биздан бошқа ҳеч ким йўқ эди-ку... Тушунарли, улар ресторан эшиги ёнида, ташқарида кузатишган. Ташқарида туришган. Энди кечқурунгача нима қиламан? Соат икки бўлди. У Москва билан гаплашаяпти. Ҳар бир қадами назоратда экан...

Дарвоқе, ҳикоямни бирпас тўхтатсам: муҳтарам ўқувчимизнинг бу соҳибжамол Ирина деганлари билан ёзувчимиз орасидаги илиқ муносабатларнинг сабаби не экан, деб ичи қизиб турганини сезаяпман. Майли, озгина ортга чекиниб, «ўтмиш»дан бир шингил сўзлайин. Бир бошидан гапирсам, бемалол бир китоб бўлади, бунга сабр қайда. Хуллас, Ирина хоним билан биз армияда, ҳа, тақдир тақозоси билан афғон урушида бирга бўлганмиз. У қисм тиббиёт бўлимида шифокор эди. Камина командирлик қилаётган бўлим билан доимо Ирина ҳам бирга жангга чиқар эди. Эҳҳе, бошдан кечирган азоб-уқубатларимизнинг чеки чегараси йўқ. Ҳар қадамда ўлим, ҳар кадамда ярадорлар оҳ-воҳи... Ирина биз учун нажот элчиси, ҳаёт фариштаси эди.

Ҳарбий хизматим давомида, сўнгги жангда ҳам Ирина ёнимда эди. Взводга қирғин солган саллалилардан бирининг ортидан сиқувга олдик. У қочиб, бир кулбага ўзини урди. Кўзимга қон тўлиб, кулба эшигини тепиб кирдим... Тор ва ним қоронғу хонада ҳалиги қочқин ҳансираб тўлғанаяпти. Яраланган, хона бурчагида эса тош қотган кўйи ёш жувон гўдагини кўксига босиб тик турибди. У нималардир деб қичқира бошлади.

Сўнг кўк кўйлакли ёш жувон жимиб қолди. Менга қаҳрли нигоҳини тикди. Бир менга, бир ердаги ярадорга қараб, гўдаги огзига сўл кўксини тутди. Кейин шоша-пиша чақалоққа бу кўкрагини берди. Мен гарангсирадим, эсим кирди-чиқди эди... Аёл боласини ерга қўйди-да, ярадорнинг ёнига чўкди. Қўлларини кўкка чўзиб, нимадир деб пичирлай бошлади. Сўнг унинг қонли юзларини силаб, бағрига босди. Шунда билдим — ярадор жувоннинг эри эди. Эшик қарсиллаб очилди. Икки разведкачи ва Ирина кириб келди. Мен сапчиб туриб разведкачиларга отманглар, деб бақирдим. Ҳалиги ярадорни танам билан тўсиб олдим. Ирина ҳамда разведкачилар қуролларини пастга туширишди. Ирина мени ўрнимдан турғизмоқчи бўлди. Сўл оёғимни босиб, чап ёнимга гупиллаб йиқилдим. Оғриқнинг зўридан инграб юбордим. Чап тиззамнинг пастидан қон оқар, ботинкам ичи ҳам билч-билч қон эди. Оғриқни шу маҳалгача сезмагандим. Разведкачиларнинг бири мени кўтариб чиқди. Ирина йўл-йўлакай тиззамга иккита оғриқни қолдирадиган ампула урди... Оғриқ сусая бошлади, кўзим тиниб борарди.

Қишлоқдан чиққандан кейин кўзимни очибман. Яланглик... Замбилдаман. Бошимда Ирина турибди. Нимадир дейди. Йиғлайди, жилмаяди... қўлим билан сув бер деб, ишора қилдим. У сув келтирди. Муздай сув... Ичим ёнаётган эди. Ютоқиб ичдим.

Икки йилдирки, оғир жангларда ёнимда бўлган Ирина билан бу менинг сўнгги бор жангга чиқишим эди. Мени госпиталга олиб кетишди. Иринанинг хизмат муддати тугаб, Москвага қайтган экан... Ана шунақа гаплар...

...Қишнинг куни қисқа бўлади. Қор тўхтаган. Кечки аёз бошланган. Музлаган қуруқ қор оёқ остида ғижирлайди. Мен ҳашаматли меҳмонхонага кириб келганимда, қоронғи тушиб қолган эди. Қоп-қора ойнали эшикни очиб ичкариладим. Кенг ва ёруғ зал шифтига осилган улкан қандиллар нурида ёғдуланар, залнинг мармар сатҳи жимирлаб товланарди. Ичкаридан ёқимли, дилни сархуш қиладиган бўй таралади.

Мени кўриб эшикбон ўрнидан турди. Таъзим килиб, салом берди. Юзида мулойимлик, базўр бўлса-да, илжайиб турибди.
— Келдингизми, ока?
— Ҳа, Ирина Михайловнага учрашмоқчи эдим.
— Хоним кетдилар, ока...
— Нима-а-а? Нима деяпсиз, ўзи? — чинкириб юбордим.

Устимдан биров совуқ сув қуйиб юборгандай бўлди. Турган жойимда типирчилай бошладим.
— Менга қаранг, нега кетади, адашяпсиз чоғи? Ахир ҳозир учрашишимиз керак эди-ку... Ҳалиги аёлни айтаяпман. Эсингиздами, мен келгандим-ку, бирга! Ирина Михайловна!

Гапим оғзимда қолди:
— Хоним бугун соат учда учиб кетди. Сизнинг келишингизни айтувди. Мана, Сизга қолдириб кетди.

Эшикбон тортмадан конверт олиб узатди. Кўз олдим хиралашди. Дағ-дағ титрайман. Вужудимдан совуқ тер оқди.
— Тушунмадим... Тушунмадим.., — дердим ақлу ҳушим учиб... Зал четидаги чарм диван сари юрдим. Назаримда, оёқларим ўзимга бўйсунмаётгандай эди. Ўзимни диванга ташладим. Қўлларим қалтираб, конвертни очдим. Конверт ичидан сурат чиқди. Кирқ ёшлар чамасидаги истараси иссиқ жувон билан ўғли бўлса керак, аёлга жуда ўхшаш ўспириннинг бирга тушган сурати. Иккови ҳам кулиб туришибди. Сурат ортида арабий имлода нималардир деб ёзилган эди. Конвертда жуда чиройли дастхат билан Ирина ёзиб қолдирган мактуб ҳам бор эди.

«Салом Тоҳир, азизим! Бугунги кун — ҳаётимнинг энг гўзал куни бўлиб қолади. Орадан шунча йиллар ўтиб сен билан бирга бўлдим. Сени кўрдим. Жуда хурсандман. Соғ-саломат экансан. Юрагингни, ўша ажойиб, инсоний туйғуларингни асраб қолибсан. Биласанми, сен жуда яхши одамсан. Бугун менинг туғилган куним. Туғилган кунимни эса сен билан бирга ўтказдим, ниҳоят. Кейинги йиллар фақат шу учрашувни кутиб яшадим. Эримга ёлвордим — мен учун энг яхши совға, бугун Тошкентга бориб сени кўриб келишимга изн беришини сўрадим. Рухсат берди. У яхши одам. Мени тушунади. Сен ҳақингда гапириб берганман.

Тоҳир, ўзингни эҳтиёт қил! Мен ярим соатдан кейин учиб кетаман. Шундай бўлгани яхши.

Тоҳир, қўлингдаги— суратга яхшилаб разм сол. Танимадинг, тўғри. Бу аёлнинг исми — Шафиқа. Ёнидаги ўғли — Аҳмад. Улар Лондонда яшашади. Худди мен сингари уларнинг ҳаётида ҳам сен — яхши одам (ҳа, бошқача ибора тополмадим) бўлиб қолгансан. Бу тўғри — шундай бўлиши керак. Улар сени бир умр унутишмайди. Унутиши ҳам мумкин эмас.

Шафиқа ўша, кулбада сен отиб ташламаган афғон аёли, (унинг ярадор эрини ҳам отмаган эдинг) унинг кўкрагидаги гўдак эса сен суратда кўриб турганинг йигит — Аҳмад! Улар мени топишди. Эсингдами, чодирга снаряд тушиб (ей, худойим-эй, эсласам титроқ босади), чодир портлаб кетган эди. Ўшанда ҳамма нарса чодирда қолган эди. Шафиқа биз чиқиб кетгач, ўша жойдан менинг ярми ёниб ётган дафтарчам, шунга ўхшаш нарсаларни топиб олади. Унинг айтишича, у бизни бари бир топмоқни ният қилган.

Ўтган йили менга мактуб ёзди. Ишонасанми, ақлдан озай дедим. Манави суратни эса сенга бериб қўйишимни илтимос қилганди. Унинг ортида «Ҳаётимизнинг энг оғир лаҳзаларида бизга шафқат қилган мард ва меҳрибон инсонга улкан миннатдорчилик ва қарздорлик билан ташаккур айтамиз...» — деб ёзилган.

Тоҳир, Шафиқага қўнғироқ қил. Мана, телефон рақами (.....).

Биз сени эрим билан истаган пайтингда Москвада кутамиз...

Мени кечир, ҳозир менга нақадар оғирлигини ўзимдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шу билан бирга сени кўриб елкамни босиб турган тоғдай оғир юкдан халос бўлдим.

Тоҳир, сен яхши одамсан, яхши ёзувчи бўласан. Эсингдами, ваъда бергандинг...

Менинг фикримча, дунёнинг қайси чеккасида яшашларидан қатъий назар одамлар урушсиз, тинч-тотув кун кечиришлари керак. Уруш инсоннинг бир-бирига ёвуз ва шафқатсиз қилиб қўяди. Ўйлаб қарасам, одамлар бир-бирига меҳрибон бўлсалар, бир-бирини отмасалар... бу ҳаётда инсон бўлиб яшай биладилар...

Узр... Сен мендан ранжима... Сени Москвада кутамиз... Омон бўл! Ирина. 16.02.03 й».

Кўча совуқ эди. Йўл четида тизилган симёғочлар шаҳар кўчасини чароғон этган. Чироқлар нурида қор учқунлари сирли жимирлайди. Мен қорли йўлакда карахт ҳолда кетиб борардим. Қаёққа бораётганимни ўзим ҳам билмасдим.